язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Биржалар ва биржа фаолияти. Биржадан ташқари савдолар/ Умумий қоидалар/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 06.05.1999 й. 223-сон "Ўзбекистон Республикасида биржа ва кўргазма-ярмарка савдосини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

06.05.1999 й.

N 223



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА БИРЖА

ВА КЎРГАЗМА-ЯРМАРКА САВДОСИНИ

ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Маҳсулот ишлаб чиқарувчилар билан истеъмолчилар ўртасидаги боғловчи бўғин ҳамда бозор инфратузилмасининг таъсирчан механизми сифатида товар-хом ашё биржалари фаолияти самарадорлигини янада ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Товар-хом ашё биржалари савдоларида импорт контрактлари тузиш тартиби 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


2. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда Республика товар-хом ашё биржаларининг ҳисоб-китоб (клиринг) палаталари тўғрисида Низомни бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказсин.


3. Вазирликлар ва идораларнинг корхоналари ҳамда ихтисослаштирилган ташқи савдо бирлашмалари ва фирмаларига, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси аъзоларига, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши аъзоларига битишувларни, қоидага кўра, биржалар ва ярмаркаларда тузиш тавсия қилинсин, бунда рақобат, қулайлик ва битишувларнинг ошкоралиги таъминлансин.

4. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги товарлар ва хом ашёларнинг асосий турлари учун Биржалар Кенгаши томонидан тақдим этилган биржа котировкалари оммавий ахборот воситаларида мунтазам эълон қилиб борилишини таъминласин.


5. Ўзбекистон Республикаси вазирликлари ва идоралари ўзларининг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларини бир ой муддатда белгиланган тартибда мазкур қарорга мувофиқлаштирсинлар.


6. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларига 2-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари В.А. Чжен зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                      И. Каримов





Вазирлар Маҳкамасининг

1999 йил 6 майдаги

223-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Товар-хом ашё биржалари

савдоларида импорт контрактлари тузиш

ТАРТИБИ


1. Мазкур Тартиб "Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ишлаб чиқилган ва у тўлов ҳамда ҳисоб-китоб Ўзбекистон Республикасининг миллий валютаси - "сўм"да назарда тутиладиган биржа савдоларида тузиладиган товарлар ва хом ашё харид қилиш бўйича импорт контрактларига жорий этилади.

2. Импорт товарларни биржа ва кўргазма-ярмарка савдоларида, шу жумладан, ихтисослаштирилган савдо майдончалари орқали сотувга қўйишда сотувчи ёки сотувчининг брокери биржага:

сотувга қўйилаётган товарга унинг мижозининг мулк ҳуқуқини, товарнинг мавжудлигини ёки ишлаб чиқарувчи корхона томонидан унинг тайёрланишини тасдиқловчи - кафолат таъминоти маблағларини тўлаган ҳолда биржа битишувлари амалга оширилган тақдирда, шунингдек товарнинг қонун ҳужжатларида белгиланган сифат талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи сотувчи томонидан имзоланган кафолат хатини;

кафолат таъминоти маблағлари тўланмаган ҳолда биржа битишувлари амалга оширилган тақдирда - омбор маълумотномасини;

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда бошқа ҳужжатларни тақдим этади.

3. Банклар, бошқа кредит муассасалари ва суғурта ташкилотларининг белгиланган тартибдаги шартнома-кафолатномалари, кафолатлари сўм асосида биржаларда тузилган импорт контрактларини таъминлаш шакллари ҳисобланади.


4. Биржа савдоларида тузилган импорт контрактларида консалтинг хизматларининг нархлар даражаси ҳақидаги эксперт хулосаси талаб қилинмайди.


5. Биржанинг барча қатнашчилари учун реал вақт режимида ташкил этилиб ўтказилган биржа савдолари натижаларига кўра тузилган импорт контракти:

товар-хом ашё биржаларининг биржа савдоларида тузиладиган контрактларга идентификация рақамлари беришнинг тасдиқланган Тартибига мувофиқ биржада ёки унинг филиалида (ихтисослаштирилган савдо майдончасида) рўйхатдан ўтказилади;

биржада ёки унинг филиалида (ихтисослаштирилган савдо майдончасида) расмийлаштирилади ҳамда уларнинг муҳри билан тасдиқланади.

Импорт контрактида:

реал вақт режимида биржа савдоси ўтказилган сана;

биржа савдоси протоколининг тартиб рақами кўрсатилиши шарт.

Мазкур Тартибнинг 2-бандида санаб ўтилган ҳужжатлардаги маълумотларнинг ҳаққонийлиги учун ушбу маълумотларни имзолаган мансабдор шахслар жавоб беради.

Импорт контрактларининг тўғри расмийлаштирилиши учун уларни имзолаган томонлар жавоб беради.

Импорт контрактларининг биржада рўйхатдан ўтказилиши учун биржа жавоб беради.

8. Импорт контрактлари биржада рўйхатдан ўтказилгандан сўнг тегишли банк муассасалари томонидан ижро этишга қабул қилинади. Биржада тузилган импорт контрактлари бўйича ҳақ тўлаш контракт асосида амалга оширилади. Факсимиль алоқа бўйича олинган ва биржа муҳри билан тасдиқланган шартномалар - топшириқлар, кафолат хатларидан фойдаланишга йўл қўйилади, кейинчалик асл нусхалари навбатдаги ўн календарь кун давомида тақдим этилади.

10. Импорт контракти тузилгандан кейин харидор уч банк куни давомида контрактда кўрсатилган тўлов шартларига мувофиқ, бироқ битишув суммасининг камида 15 фоизи миқдорида биржа ҳисоб-китоб (клиринг) палатасининг махсус счётига пул маблағлари ўтказади.

11. Биржа импорт контрактлари бўйича товарни олиб келишда товарнинг келиб тушиш жойидаги божхона бўлинмаларига қуйидаги ҳужжатлар ҳам тақдим этилади:

товарнинг келиб чиқишини тасдиқловчи сертификат;

юк божхона декларацияси.

Ўзбекистон Республикаси божхона органларига тақдим этилган ҳужжатларнинг ҳаққонийлиги учун тегишли ҳужжатларни тақдим этган шахс жавоб беради.


12. Товар биржа импорт контрактлари бўйича Ўзбекистон Республикасига келиб тушгандан ва харидор томонидан белгиланган тартибда қабул қилингандан кейин биржанинг ҳисоб-китоб-клиринг палатаси маблағларни Ўзбекистон Республикаси миллий валютаси - сўмда сотувчи-норезидентнинг биржанинг ҳисоб-китоб (клиринг) палатасидаги ҳисоб рақамига ўтказади, сотувчи улардан фақат биржалар ва биржаларнинг кўргазма-ярмарка савдоларида тузилган экспорт шартномалари, божхона божлари, суд харажатлари ҳамда биржа шартномаларини тузиш ва ижро этиш билан бевосита боғлиқ хизматлар (воситачилик йиғимлари, брокерлик ҳақлари, ташиш харажатлари ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа харажатлар) тўловлари учун ишлатиши мумкин.

Маҳсулотларни товар-хом ашё биржаларининг очиқ электрон савдоларида сотишдан норезидентлар томонидан олинган маблағлардан биржа брокерлари Ўзбекистон Республикасининг тижорат банклари орқали ички валюта бозорида хорижий валютани сотиб олиш (сотиш) учун норезидентлар билан тузилган шартномалар асосида фойдаланиши мумкин.

Биржалар ва ярмаркаларнинг ҳисоб-китоб-клиринг палаталари ҳисоб рақамларида бўлган маблағлардан фойдаланган ҳолда, пул талабномасидан воз кечиш бўйича операцияларни амалга ошириш тақиқланади.

Биржа брокерлари маҳсулотларни товар-хом ашё биржаларининг очиқ электрон савдоларида сотишдан олинган маблағлар ҳисобига мижоз-норезидент номидан хорижий валютани сотиб олишга (сотишга) тижорат банкларига буюртманомалар бериш, норезидентлар - юридик шахслар эса - Ўзбекистон Республикасининг тижорат банкларида ҳисоб рақамлари очиш ва маҳсулотларни товар-хом ашё биржаларининг очиқ электрон савдоларида сотишдан олинган маблағлар ҳисобига хорижий валютани сотиб олиш (сотиш) ҳуқуқига эгадир.





Вазирлар Маҳкамасининг

1999 йил 6 майдаги

223-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ҳукумат  қарорларига киритиладиган

ўзгартиришлар ва қўшимчалар


1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикасида биржалар фаолиятини мувафиқлаштириш тўғрисида" 1992 йил 3 мартдаги 95-сон қарорида (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 1992 й., 3-сон, 5-модда):

1-банднинг биринчи хат боши чиқариб ташлансин;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатаётган биржаларни давлат томонидан рўйхатга олиш тартиби 3-бандидаги "лекин 2500 сўмдан кам бўлмаган миқдорида" сўзлари "лекин энг кам ойлик иш ҳақининг беш бараваридан кам ва юз бараваридан кўп бўлмаган миқдорларида" сўзлари билан алмаштирилсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Ташқи савдо операцияларини амалга оширишда хорижий валютадаги маблағлардан фойдаланиш устидан назоратни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 1996 йил 13 мартдаги 95-сон қарорида:

2-банднинг учинчи хат боши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"импорт контрактларини ҳисобга қўйиш (товар-хом ашё биржаларида тузилганлари бундан мустасно) ваколатли банкларда икки иш кунида, импорт қилувчи хўжалик юритувчи субъект давлат рўйхатидан ўтказилган жойдаги Давлат божхона қўмитаси ҳудудий бошқармаларининг валютани назорат қилиш бўлимларида - икки иш кунида, ҳужжатлар топширилган кундан ташқари амалга оширилади";

1-илованинг 1-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Мазкур низом Ўзбекистон Республикаси ҳудудига товарлар олиб келиниши ёки резидентларга хизматлар кўрсатилишини назарда тутувчи барча битишувларга (товар-хом ашё биржаларида тузилганлари бундан мустасно) татбиқ этилади".



"Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари тўплами", 1999 й., N 5, 25-модда.