язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Саноат/ Саноат хавфсизлиги экспертизасини амалга ошириш Қоидалари (АВ томонидан 08.10.2009 й. 2013-сон билан рўйхатга олинган "Саноатконтехназорат" давлат инспекцияси бошлиғининг 09.09.2009 й. 172-сон Буйруғи билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2009 йил 8 октябрда 2013-сон

билан рўйхатга олинган

"Саноатконтехназорат" давлат

инспекцияси бошлиғининг

2009 йил 9 сентябрдаги

172-сон буйруғига

ИЛОВА



Саноат хавфсизлиги экспертизасини амалга ошириш

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси "Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги тўғрисида"ги Қонуни (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 йил, 39-сон, 386-модда) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 10 декабрдаги 271-сон "Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар ҳақида"ги қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 йил, 50-сон, 496-модда) мувофиқ саноат хавфсизлиги экспертизасини амалга ошириш тартибини ҳамда экспертиза хулосасини расмийлаштиришга нисбатан қўйиладиган талабларни белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


аккредитация аттестати - аккредитация қилинган эксперт ташкилотларининг саноат хавфсизлиги экспертизаси бўйича фаолиятни амалга ошириш ваколатини тасдиқлайдиган расмий ҳужжат;


буюртмачи - саноат хавфсизлиги экспертизасини амалга оширишга ариза билан мурожаат қилган ташкилот;


саноат хавфсизлиги соҳасидаги эксперт (кейинги ўринларда эксперт деб юритилади) - саноат хавфсизлиги экспертизасини амалга оширадиган аттестациядан ўтказилган мутахассис;


саноат хавфсизлиги экспертизаси (кейинги ўринларда экспертиза деб юритилади) - экспертиза объектининг унга қўйиладиган саноат хавфсизлиги талабларига мувофиқлигини баҳолаш;


хавфли ишлаб чиқариш объектида ишлатиладиган техник қурилмалар - хавфли ишлаб чиқариш объектида ишлатиладиган жиҳоз, ускуна, механизм, агрегат, асбоб ва шу кабилар бўлиб, улардан фойдаланиш хавфли ишлаб чиқариш объектларидаги авария ёки нохуш ҳодисаларга олиб келиши мумкин;


эксперт ташкилоти - экспертизани амалга оширадиган, белгиланган тартибда аккредитация қилинган ташкилот;


экспертиза объектлари - хавфли ишлаб чиқариш объектидаги лойиҳа ҳужжатлари, техника қурилмалари, бинолар ва иншоотлар, саноат хавфсизлиги декларацияси ва хавфли ишлаб чиқариш объектидан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган бошқа ҳужжатлар;


экспертиза хулосаси - экспертиза объектининг саноат хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги (мувофиқ эмаслиги) тўғрисида асосли хулосаларни ёки хавфли ишлаб чиқариш объектларининг идентификациялаш натижаларини ўз ичига олган ҳужжат.


2. Ушбу Қоидаларга мувофиқ қуйидагиларнинг экспертизаси амалга оширилади:

хавфли ишлаб чиқариш объектини қуриш, кенгайтириш, қайта қуриш, техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш, консервациялаш ва тугатишга доир лойиҳа ҳужжатлари;

хавфли ишлаб чиқариш объектида қўлланиладиган техника қурилмалари (Хавфли ишлаб чиқариш объектларида фойдаланиладиган техник қурилмаларнинг турлари (типлари) мазкур Қоидаларнинг 1-иловасида келтирилган);

хавфли ишлаб чиқариш объектидаги бинолар ва иншоотлар;

саноат хавфсизлиги декларацияси ва хавфли ишлаб чиқариш объектидан фойдаланиш билан боғлиқ бошқа ҳужжатлар.


3. Экспертиза эксперт ташкилотлари томонидан мазкур Қоидаларнинг, шунингдек саноат хавфсизлиги соҳасидаги қонун ҳужжатлари ва норматив техник ҳужжатлар талабларига мувофиқ амалга оширилади.


4. Турли экспертиза объектлари экспертизасини амалга оширишда инобатга олиниши лозим бўлган талаблар экспертиза объектларининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 10 декабрдаги 271-сон қарори билан тасдиқланган Саноат хавфсизлиги экспертизаси тизими тўғрисидаги низом ҳамда мазкур Қоидаларга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси (кейинги ўринларда "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси деб юритилади) томонидан белгиланади.

5. Экспертизани амалга ошириш сифати ва натижаларининг ҳаққонийлиги, шунингдек экспертиза натижаларини сақлаш учун жавобгарлик экспертизани ўтказган эксперт ташкилоти зиммасига юклатилади.


6. Экспертиза эксперт ташкилоти билан хавфли ишлаб чиқариш объектидан фойдаланаётган ёки ундан фойдаланишни мўлжаллаётган ташкилот ўртасида тузилган шартнома асосида амалга оширилади.


7. Экспертиза хавфли ишлаб чиқариш объектидан фойдаланаётган ёки ундан фойдаланишни мўлжаллаётган ташкилот маблағлари ҳисобидан ўтказилади.


8. Экспертизани амалга ошириш муддати экспертиза объектининг мураккаблигига қараб белгиланади, лекин саноат хавфсизлиги соҳасидаги қонун ҳужжатлари ва норматив техник ҳужжатларга мувофиқ зарур бўлган материаллар ва ҳужжатлар туркуми олинган ҳамда экспертизани амалга ошириш бўйича бошқа барча шартлар бажарилган вақтдан бошлаб уч ойдан ошмаслиги керак.



II. ЭКСПЕРТИЗАНИ АМАЛГА ОШИРИШ ТАРТИБИ


9. Экспертизани амалга ошириш жараёни қуйидаги босқичлардан иборат:

а) дастлабки босқич;

б) экспертизани амалга ошириш учун аризани қабул қилиш;

в) ҳужжатларни дастлабки баҳолаш ҳамда экспертизани амалга ошириш учун шартномани расмийлаштириш;

г) экспертиза объектини баҳолаш;

д) баҳолаш натижалари бўйича экспертиза хулосасини расмийлаштириш.

Экспертизани амалга оширишнинг кейинги ҳар бир босқичи аввалги босқичларда ижобий натижаларга эришилган тақдирда амалга оширилади.


10. Экспертизанинг дастлабки босқичи уни амалга оширишга масъул бўлган эксперт томонидан буюртмачи вакили билан қуйидаги мақсадлар учун ўтказилади:

экспертизани амалга ошириш тартиби, мазмуни ва бориши ҳақида маълумот бериш;

экспертизани амалга ошириш учун зарур бўлган материаллар ва ҳужжатларни муҳокама қилиш ҳамда аниқлаб олиш;

экспертизани амалга ошириш давомида олинган ҳар қандай маълумот ва ахборот эксперт ташкилоти ходимлари томонидан махфий маълумот сифатида кўрилиши ҳақида маълум қилиш (қонунчиликда назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно);

бажариладиган иш ҳажмлари ва муддатларини муҳокама қилиш ва аниқлаб олиш;

зарурат бўлганда экспертиза объектини баҳолашни жойига бориб ўтказиш учун тайёргарлик кўришни муҳокама қилиш.


11. Экспертизани амалга ошириш учун буюртмачи мазкур Қоидаларнинг 2-иловасида келтирилган шакл бўйича расмийлаштирилган аризани эксперт ташкилотига тақдим этади.

Экспертиза объектларининг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилиниши зарур:

а) буюртмачи ва экспертиза объекти ҳақидаги маълумотлар;

б) лойиҳа, конструкторлик, фойдаланиш, таъмирлашга оид ҳужжатлар, хавфли ишлаб чиқариш объектининг саноат хавфсизлиги декларацияси, техник қурилмалар ҳамда бино ва иншоотларнинг паспортлари, хавфли ишлаб чиқариш объектидаги авариянинг кенгайиб кетишига йўл қўймаслик ва унинг оқибатларини тугатиш режалари, йўриқномалар, технологик регламентлар, экспертиза ва хавфли ишлаб чиқариш объектларини идентификация қилиш учун керак бўлган шифрланган ёки махсус белгига эга бўлган бошқа ҳужжатлар (объектга боғлиқ ҳолда);

в) зарурат бўлганда синов далолатномалари (баённомалари), диагностика (текширувлар) натижалари, сертификатлар (зарур бўлганда комплект ускуналар учун ҳам), лицензиялар, шунингдек мустаҳкамлик ҳисоблари ва шу кабилар.


12. Нотўғри тўлдирилган ёки нотўғри расмийлаштирилган ариза кўриб чиқишга қабул қилинмайди.

Тақдим этиладиган ҳужжатлар асл ёки буюртмачи томонидан тасдиқланган нусхаларда топширилиши лозим.


13. Эксперт ташкилоти топширилган аризаларни тикилган бетлар сони кўрсатилган, эксперт ташкилоти муҳри билан муҳрланган дафтар (журнал)ларда рўйхатга олади.


14. Ариза рўйхатга олинган кундан бошлаб беш иш куни муддатида тақдим этилган ҳужжатлар дастлабки баҳоланади.


15. Тақдим этилган ҳужжатларни дастлабки баҳолашда ҳужжатларнинг тўлиқлилиги ҳамда бу ҳужжатларда маълумотларнинг етарлилиги ўрганилади.


16. Тақдим этилган ҳужжатларни дастлабки баҳолаш натижалари салбий бўлганда, эксперт ташкилоти буюртмачига унинг аризаси рад этилганлигини асосланган сабаблари кўрсатилган ҳолда хабарнома юборади ва буюртмачи билан келишган ҳолда камчиликларни бартараф этиш учун муддат белгилайди.


17. Эксперт ташкилотининг хабарномасида кўрсатилган камчиликлар келишилган муддатда буюртмачи томонидан бартараф этилмаган тақдирда, экспертиза амалга оширилмайди ҳамда тақдим этилган ҳужжатлар буюртмачига қайтарилади.


18. Тақдим этилган ҳужжатларни дастлабки баҳолашда ижобий натижаларга эришилган тақдирда, эксперт ташкилоти буюртмачи билан экспертизани амалга ошириш учун шартномани расмийлаштиради.


19. Шартнома қийматининг камида 15 фоизи миқдорига тенг маблағ буюртмачи томонидан эксперт ташкилотига тўланганда ва зарур бўлган материаллар ва ҳужжатлар тўлиқлигича олингандан сўнг, эксперт ташкилоти экспертиза объектини баҳолашга киришади.


20. Эксперт ташкилоти томонидан экспертиза объектини баҳолаш учун малакали экспертлар гуруҳи расман тайинланади.

Экспертлар гуруҳига бошқа мутахассислар ҳам киритилиши мумкин, бунда мутахассислар сони гуруҳдаги экспертлар сонидан кўп бўлмаслиги керак.


21. Экспертлар орасидан экспертиза объектини баҳолашнинг бевосита ўтказилиши, экспертлар ўртасида вазифаларнинг тақсимланиши ва экспертиза натижаларини расмийлаштирилиши учун жавобгарлик юкланган етакчи эксперт тайинланади.

22. Экспертлар экспертиза объектининг унга нисбатан қўйиладиган саноат хавфсизлиги талабларига мувофиқлигини баҳолашади. Зарурат бўлганда, экспертлар тақдим этилган маълумотлар ва ҳужжатларнинг тўлиқлигини, ишончлилигини ва тўғрилигини аниқлашади ҳамда уларнинг қонун ҳужжатлари ва норматив техник ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини баҳолашади.


23. Зарурат бўлганда экспертлар экспертиза объектини баҳолашни жойига бориб ўтказиши мумкин.


24. Жойига бориб баҳолаш ўтказилганда экспертлар экспертиза объектига боғлиқ ишлар талаб даражасида олиб борилишини кузатадилар, шунингдек комплекс тарзда қуйидагиларга баҳо берадилар:

а) бино ва иншоотлар ҳамда асбоб ва ускуналарнинг яроқлилиги, шунингдек синов воситалари ва асбобларнинг уларга хизмат кўрсатилиши бўйича ҳолатига;

б) қадоқлаш (маркировка) ва идентификация қилишнинг ишончли тизими мавжудлигига;

в) тегишли қонун ҳужжатлари, норматив техник ва услубий ҳужжатлар, қоидалар, ишчи йўриқномалари мавжудлиги ҳамда уларга амал қилинишига;

г) ҳисобот ҳужжатларининг мазмуни ва уларни расмийлаштириш талабларига риоя этилишига.

Буюртмачи экспертлар талаби бўйича экспертиза объектига боғлиқ барча текшириш, диагностика ва синов натижалари, ҳужжатлар, ҳисоблар, баённомалар ва ҳисоботларни тақдим этиши лозим.


25. Экспертиза объектининг мураккаблигига қараб, етакчи эксперт талабига мувофиқ мутахассислар ўзлари бажарган ишлар натижалари бўйича маълумотнома тайёрлашади.


26. Зарур ҳолларда экспертизани амалга ошириш жараёнида эксперт ташкилоти қонун ҳужжатлари ҳамда норматив техник ҳужжатларда кўрсатилган услублар ёки буюртмачи билан келишилган услуб ва дастур асосида синовлар ўтказади.

"Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси ўз ваколати доирасида берадиган хавфли ишлаб чиқариш объектларида ишларни бажариш учун рухсатномаларга эга бўлган бошқа лабораторияларнинг синов натижаларидан ҳам фойдаланиши мумкин.

27. Экспертизани амалга ошириш жараёнида номувофиқликлар ва камчиликлар аниқланган ҳолларда мазкур Қоидаларнинг 3-иловасида келтирилган шакл бўйича баённома тузилади.

Баённомада номувофиқликлар ва камчиликларни бартараф этиш муддатлари буюртмачи билан келишилган ҳолда белгиланади.

Баённомада кўрсатилган номувофиқликлар ва камчиликларни бартараф этиш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар буюртмачи томонидан мазкур Қоидаларнинг 3а-иловасида келтирилган шаклга мувофиқ эксперт ташкилотига юборилади.

Эксперт ташкилоти буюртмачи томонидан номувофиқликлар ва камчиликларни бартараф этиш бўйича амалга оширилган чора-тадбирларни, келтирилган асосларни ва хавфсиз фойдаланиш бўйича кўрилган чораларни таҳлил қилади. Зарурат бўлганда экспертиза объектини такроран жойига бориб баҳолаш ва тегишли синовлар ўтказилиши мумкин.

28. Қуйидаги ҳолларда эксперт ташкилоти томонидан салбий экспертиза хулосаси расмийлаштирилади:

баённома расмийлаштирилган санадан ўн иш куни муддатида буюртмачи томонидан аниқланган номувофиқликлар ва камчиликларни бартараф этиш муддатлари келишиб берилмаса;

келишилган муддатларда мазкур Қоидаларнинг 3а-иловасига мувофиқ шаклда номувофиқликлар ва камчиликларни бартараф этиш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар юборилмаса;

келишилган муддатларда буюртмачи томонидан баённомада кўрсатилган номувофиқликлар ва камчиликларни бартараф этиш чора-тадбирлари амалга оширилмаса ёки амалга оширилган чора-тадбирлар, келтирилган асослар ва хавфсиз фойдаланиш бўйича кўрилган чоралар эксперт ташкилоти томонидан етарли эмас деб ҳисобланганда.

Салбий экспертиза хулосасида аниқланган номувофиқликлар ва камчиликлар асослантирилган ҳолда кўрсатилиши лозим.

Экспертиза натижаларидан норози бўлган буюртмачилар салбий экспертиза хулосаси расмийлаштирилган кундан бошлаб бир ой давомида "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекциясига ёзма шикоят бериши мумкин.

29. Салбий экспертиза хулосаси расмийлаштирилган ҳолларда буюртмачи салбий экспертиза хулосасини расмийлаштиришга асос бўлган номувофиқликлар ва камчиликларни бартараф этиб, экспертизани амалга ошириш учун такроран ариза бериши мумкин.


30. Фойдаланилаётган экспертиза объектига салбий экспертиза хулосаси расмийлаштирилганда, эксперт ташкилоти тегишли хавфли ишлаб чиқариш объектидан хавфсиз фойдаланиш бўйича тезкор чоралар кўриш учун "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекциясига ёки унинг минтақавий инспекциясига экспертиза натижалари ҳақида тезкор хабар юборади.

31. Экспертизани амалга ошириш учун тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиш, экспертиза объекти ҳолатини баҳолаш ҳамда ўтказилган тегишли синовлар натижалари ижобий бўлганда ёки номувофиқликлар ва камчиликларни бартараф этиш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар, келтирилган асослар ва хавфсиз фойдаланиш бўйича кўрилган чоралар эксперт ташкилоти томонидан етарли деб ҳисобланганда ижобий экспертиза хулосаси расмийлаштирилади.

32. Экспертлар мазкур Қоидаларнинг 4-иловасида кўрсатилган экспертиза хулосасини расмийлаштиришга нисбатан қўйиладиган талабларга мувофиқ экспертиза хулосасини расмийлаштиради.



III. ЭКСПЕРТИЗА ХУЛОСАСИНИ ТАСДИҚЛАШ


33. Эксперт ташкилоти ижобий экспертиза хулосасини расмийлаштиргандан сўнг, ўн кун муддат ичида экспертиза хулосасини тасдиқлаш учун "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекциясига тақдим этади. Агар кўрсатилган муддатнинг тугаши иш куни бўлмаган кунга тўғри келса, у ҳолда тасдиқлаш учун тақдим қилиш муддати кейинги иш кунига қадар узайтирилади.

Экспертиза хулосасини белгиланган муддат давомида тасдиқлаш учун тақдим қилиш факти "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекциясининг девонхонаси томонидан келиб тушган кузатув хатига қўйилган санадан, агар экспертиза хулосаси почта орқали юборилган бўлса, алоқа бўлинмаси томонидан жўнатма қабул қилинган санадан қайд қилинади.

34. Экспертиза хулосалари "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекциясига эксперт ташкилоти раҳбари томонидан имзоланган кузатув хати билан 3 та нусхада (1 та асли ва 2 та нусхаси) тақдим қилинади. Кузатув хатида экспертиза хулосасининг ҳисобга олиш рақами кўрсатилиши лозим.

35. Кузатув хати ва унга илова қилинган экспертиза хулосалари амалдаги иш юритиш тартибига мувофиқ қабул қилинади ва рўйхатга олинади.


36. Экспертиза хулосаларини тасдиқлаш "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси томонидан экспертиза хулосаси келиб тушган кундан бошлаб ўттиз кун муддат ичида амалга оширилади. Агар кўрсатилган муддатнинг тугаши иш куни бўлмаган кунга тўғри келса, унда экспертиза хулосасини тасдиқлаш муддати ундан кейинги биринчи иш кунига қадар узайтирилади.

Экспертиза хулосаларини тасдиқлаш малакали мутахассисларни ёки манфаатдор томонлар (эксперт ташкилоти, буюртмачи, лаборатория ва бошқалар) вакилларини жалб қилиш орқали батафсил ўрганиб чиқишни талаб қиладиган ҳолларда, экспертиза хулосаларини тасдиқлаш муддати "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси бошлиғи (унинг ўринбосари) қарорига асосан йигирма кунгача узайтирилиши мумкин.

37. Экспертиза хулосаларини тасдиқлаш қуйидагиларни ўз ичига олади:

а) экспертиза хулосаларини кўриб чиқиш;

б) экспертиза хулосаларини кўриб чиқиш натижалари бўйича қарор қабул қилиш;

в) экспертиза хулосаларини ҳисобга олиш.


38. "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекциясида экспертиза хулосаларини кўриб чиқиш ва ҳисобга олишга масъул бўлган бўлинма ва (ёки) ходимлар (кейинги ўринларда масъул ходимлар деб юритилади) тайинланади. Экспертиза хулосаларини кўриб чиқишда тегишли тармоқ инспекциялари ходимлари иштирок этишлари шарт.

39. Экспертиза хулосаларини кўриб чиқиш экспертиза объектининг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда қуйидаги йўналишлар бўйича ўтказилади:

а) экспертиза хулосасини расмийлаштиришга нисбатан қўйиладиган талабларга амал қилинганлиги;

б) эксперт ташкилотининг аккредитация соҳасига амал қилганлиги;

в) экспертизани амалга оширишда ўрнатилган тартибда аттестациядан ўтган экспертларнинг иштирок этганлиги;

г) экспертизани амалга оширишга қўйилган талабларга амал қилинганлиги;

д) экспертизани амалга оширишда саноат хавфсизлиги соҳасидаги тегишли қонун ҳужжатлари ҳамда норматив техник ҳужжатлардан фойдаланилганлиги;

е) экспертизани амалга оширишда тегишли синовлар ўтказилганлиги ҳамда ушбу синовларда зарур бўлган назорат, синов, диагностик жиҳозлар ва ўлчаш воситаларидан фойдаланилганлиги.

40. Экспертиза хулосаларини кўриб чиқишда эксперт ташкилотидан ҳамда буюртмачидан қўшимча маълумотлар сўралиши мумкин. Зарур бўлган ҳолларда мавжуд саволларни муҳокама қилиш учун манфаатдор томонлар вакиллари жалб этилиши мумкин.


41. Экспертиза хулосаларини кўриб чиқиш натижалари салбий бўлганда мазкур Қоидаларнинг 5-иловасида келтирилган шакл бўйича расмийлаштириладиган экспертиза хулосасини тасдиқлаш юзасидан рад этиш ҳақида қарор қабул қилинади.

Қарорда экспертиза хулосасини тасдиқлаш рад этилганлигининг асосланган сабаблари кўрсатилади.


42. Экспертиза хулосасини тасдиқлаш юзасидан рад этиш ҳақида қарор қабул қилинганда эксперт ташкилоти экспертиза хулосасини тасдиқлаш рад этилганлигининг сабабларини эътиборга олган ҳолда, экспертиза хулосасини қайта кўриб чиқиб, тасдиқлаш учун такроран тақдим этади.

Экспертиза хулосаси тасдиқлаш учун такроран тақдим этилганда кузатув хатида экспертиза хулосасини тасдиқлаш юзасидан рад этиш ҳақида қарорнинг санаси ва рақами кўрсатилиши лозим.


43. Экспертиза хулосаларини кўриб чиқиш натижалари ижобий бўлганда мазкур Қоидаларнинг 6-иловасида келтирилган шакл бўйича расмийлаштириладиган экспертиза хулосасини тасдиқлаш ҳақида қарор қабул қилинади.


44. Экспертиза хулосасини тасдиқлаш ёки тасдиқлаш юзасидан рад этиш ҳақидаги қарор "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси бошлиғи (унинг ўринбосари)нинг имзоси ва "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекциясининг гербли муҳри билан тасдиқланади.

45. Экспертиза хулосасини тасдиқлаш ҳақида қарор қабул қилингандан кейин масъул ходимлар томонидан мазкур Қоидаларнинг 4-иловаси 4-параграфи талабларига мувофиқ экспертиза хулосасини ҳисобга олиш рақамининг тегишли белгилар гуруҳлари тўлдирилади.


46. Экспертиза хулосасини тасдиқлаш ёки тасдиқлаш юзасидан рад этиш ҳақидаги қарорнинг ҳамда экспертиза хулосасининг асли экспертиза хулосасини тасдиқлаш учун тақдим этган эксперт ташкилотининг ходимига тилхат орқали буюртмачига топшириш учун берилади. Агар қарор қабул қилингандан кейин уч иш куни мобайнида қарорнинг ҳамда экспертиза хулосасининг асли эксперт ташкилоти томонидан олинмаса, улар "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси томонидан почта орқали экспертиза хулосасини тасдиқлаш учун тақдим этган эксперт ташкилотига юборилиши мумкин.


IV. ЯКУНИЙ ҚОИДА


47. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси, Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси, Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши билан келишилган.






Қоидаларга

1-ИЛОВА



Хавфли ишлаб чиқариш объектларида

фойдаланиладиган техника қурилмаларининг

турлари (типлари)


1. 0,07 мегапаскалдан ортиқ босим остида ёки ишлатиладиган суюқликнинг нормал атмосфера босимидаги қайнаш ҳароратидан ортиқ ҳароратда ишлайдиган жиҳозлар (қозонлар, босим остида ишлайдиган идишлар, буғ қувурлари), иситиш ускуналари, иссиқлик пунктлари ва иссиқлик тармоқлари жиҳозлари, юқорида номлари келтирилган жиҳозлардан фойдаланишда ишлатиладиган аварияга қарши ҳимоя, сигнализация ва назорат воситалари, асбоблари ва тизимлари.


2. Кўтариш иншоотлари (юк кўтариш кранлари, кран-манипуляторлар, лифтлар, қувурларни ётқизувчи кранлар, юк кўтаргичлар (миноралар), қурилишда ишлатиладиган кўтаргичлар, осма пўлат арқон йўллари, фуникулёрлар (тоғ темир йўллари), эскалаторлар, кўтарма платформалар, юкни тутиб турувчи ечиладиган қисмлар ва мосламалар, махсус ишларни бажарадиган ускуналар, машиналар ва агрегатлар).


3. Портлашдан ҳимоя қилинган I ва II гуруҳ электр жиҳозлари ва кончилик электр жиҳозлари.


4. Тоғ-кончилик ва бойитиш ишларида қўлланиладиган жиҳозлар (жумладан: кўмир ва олтин қазиб олиш саноати учун мўлжалланган махсус жиҳозлар, кон қазилмалари вентиляцияси ва чангини ушлаб қолувчи жиҳозлар, кон қазилмаларида ишлатиладиган мустаҳкамловчи жиҳозлар, ўзакли кўтаргич ва кон транспорти жиҳозлари, қудуқ ва хандақларни бурғулаш жиҳозлари, қудуқларни қазиш ва маҳкамлаш жиҳозлари).


5. Нефть-газни қазиш ва газни қайта ишлаш саноати қурилиши жиҳозлари (жумладан: барча турдаги қудуқларни бурғулаш ва фойдаланиш учун жиҳозлар, отиш ва портлатиш ишларида қўлланиладиган механизмлар, қудуқларни ўзлаштириш, фойдаланиладиган қудуқларни таъмирлаш ва жадаллаштириш учун мўлжалланган жиҳозлар, нефть кон(майдон)и ва геология-қидирув жиҳозлари учун ёрдамчи жиҳозлар ва асбоблар).


6. Фойдали қазилмалар кон(майдон)ларини қидириш ва қазишда олиб бориладиган геология-қидирув ва геофизик ишлар учун жиҳозлар.


7. Магистрал қувурлар транспорти объектлари, нефть-газ маҳсулотлари билан таъминлаш объектлари, электрокимёвий ҳимоя воситалари учун жиҳозлар ва механизмлар.


8. Хавфли ишлаб чиқариш объектларида фойдаланиладиган техника қурилмаларини ишлаб чиқариш, ўрнатиш (монтаж қилиш), қайта қуриш (реконструкция қилиш) ва таъмирлашда пайвандлаш, кавшарлаш, путур етказмасдан текшириш, эритиш, термик ишлаш ва юзасини тозалаш учун мўлжалланган жиҳозлар.


9. Металлургия соҳаси учун жиҳозлар ва механизмлар:

қора ва рангли металлургия учун жиҳозлар;

электр ўчоқлари ва индукцион электр ўчоқлар агрегатлари, индукцион қиздирувчи ускуналар ва қурилмалар, ёйсимон ва руда-термик электр ўчоқлари, янги турдаги қиздирувчи (эритадиган ва қиздирадиган) қаршилик электр ўчоқлари ва қурилмалари;

пўлатни эритиш учун жиҳозлар.


10. Суюқлик ва вакуумда ишлайдиган насослар, насос агрегатлари, ҳаво ва газда ишлайдиган компрессорлар ҳамда компрессор агрегатлари.


11. Хавфли ишлаб чиқариш объектларида қўлланиладиган арматура.


12. Технологик жиҳозлар учун металл конструкциялар, суягичлар ва ҳимоя қопламалари.


13. Газ билан таъминлаш (газни тақсимлаш ва газни истеъмол қилиш) тизими жиҳозлари ва техника қурилмалари (жумладан: қозонлар, технологик линиялар ва агрегатларнинг газ жиҳозлари, сиғимли ва оқиб ўтказувчи сув иситгичларнинг газ горелкали қурилмалари, полиэтилен газ қувурларини пайвандлаш учун жиҳозлар ва бошқа жиҳозлар).


14. Кимё, нефть-кимё, нефть-газни қайта ишлаш ва хавфли моддалар ишлатиладиган бошқа ишлаб чиқариш корхоналари ва объектларида қўлланиладиган технологик, транспорт ва ёрдамчи жиҳозлар (жумладан: сиғимли, устунли, реакторли, машинали, криогенли, вакуумли, совутувчи, электролизли, масса алмаштирувчи, иссиқлик алмаштирувчи, фильтрловчи, вентиляцияловчи, майдаловчи, қуритувчи, аралаштирувчи жиҳозлар, ўчоқлар, сиғим (резервуар)лар, аварияга қарши ҳимоя, сигнализация ва назорат воситалари, асбоблари ва тизимлари ва бошқа жиҳозлар).


15. Газдан ҳимоя қилувчи нафас олиш аппаратуралари учун воситалар (изоляция қиладиган респираторлар, ҳаво аппаратлари, изоляция қиладиган ва фильтрловчи ўз-ўзини қутқариш воситалари), газни назорат қилиш асбоблари, авария ҳолатларини бартараф қилиш учун қурилмалар, шахсий ҳимоя воситалари.


16. Хавфли ишлаб чиқариш объектларида қўлланиладиган автоматлаштириш асбоблари ва воситалари, технологик жараёнларни бошқариш ва назорат қилиш асбоблари, автоматлаштирилган тизимлар учун дастурий-техника комплекслари (жумладан: путур етказмайдиган назорат қилиш, механик ва физик катталикларни ўлчаш учун қурилмалар ва асбоблар, хавфсизлик автоматикаси асбоблари, босим ростлагичлари, ҳисоблагичлар, газоанализатор (газ таркибини таҳлил қилувчи асбоб)лар).


17. Хавфли моддалар учун махсус мўлжалланган сиғим (цистерна)лар ва контейнерлар ҳамда идиш (баллон)лар.


18. Хавфли юкларни ташиш (транспортировка қилиш) учун жиҳозлар.


19. Портловчи ва заҳарли моддаларни ҳамда унинг таркибига кирувчи материалларни яратиш, ишлаб чиқариш ва сақлашда қўлланиладиган жиҳоз ва асбоблар. Портлатиш ишларини олиб боришда қўлланиладиган жиҳоз ва асбоблар.


20. Ўсимлик хом ашёсини сақлаш ва қайта ишлаш бўйича портлаш хавфи бўлган ишлаб чиқариш объектларида қўлланиладиган технологик, транспорт ва ёрдамчи жиҳозлар (жумладан: технологик жараёнларни тартибга солиш, ўлчаш ва назорат қилиш учун техника асбоблари ва воситалари, технологик жараёнларни бошқаришнинг дастурий-техника комплекслари ва тизимлари, сигнализация ва аварияга қарши ҳимоя қурилмалари ва тизимлари (портлашдан ҳимоя ва огоҳлантирувчи қурилмалар, тез ҳаракатланувчи қурилмалар, портлашларни маҳаллийлаштириш воситалари) ва бошқа жиҳозлар).


21. Газ ҳолатидаги, майда дисперс ва суюқ ҳолатдаги отқин ва оқимларни фойдали равишда ишлатиш (утилизация қилиш) бўйича жиҳозлар.






Қоидаларга

2-ИЛОВА



      _______________________ раҳбарига

                                                                    (эксперт ташкилоти номи)


Саноат хавфсизлиги экспертизасини

амалга ошириш учун

АРИЗА

(буюртмачи номи)

нинг

(экспертиза объекти номи)


саноат хавфсизлиги экспертизасини амалга оширишингизни сўрайди.



Илова қилинаётган ҳужжатлар:

______________________________________

______________________________________



_______________________  _______    ________________________

    (масъул раҳбар лавозими)          (имзо)                             (Ф.И.О.)


М.Ў.






Қоидаларга

3-ИЛОВА



Саноат хавфсизлиги экспертизасини

амалга ошириш жараёнида аниқланган

номувофиқликлар ва камчиликлар

БАЁННОМАСИ


-сон


(баённома рақами)


(расмийлаштирилган сана)

                 

(эксперт ташкилоти номи, етакчи экспертнинг Ф.И.О.)

          

          

(экспертиза объекти номи)

        

          

(буюртмачи номи, унинг масъул вакили лавозими ва Ф.И.О.)

          

          

    

      

Т/р

Экспертиза натижасида аниқланган номувофиқликлар ва

камчиликлар (талаблари бажарилмаётган тегишли қонун

ҳужжатлари ва (ёки) норматив техник ҳужжатлар белгиси

ёки номи, тузилмавий бирлиги)


Бартараф этиш

муддатлари


1


2


3





Етакчи эксперт _________






Қоидаларга

3а-ИЛОВА


нинг 20__ йил "___" ________даги

(эксперт ташкилоти номи)


_____-сонли баённомасида кўрсатилган номувофиқликлар

ва камчиликларни бартараф этиш бўйича амалга

оширилган чора-тадбирлар

Т/р

Кўрсатилган

номувофиқликлар

ва камчиликлар


Амалга оширилган

чора-тадбирлар*


Чора-тадбирлар

амалга оширилган

муддатлари


Изоҳ**


1

2

3

4

5









Ташкилот раҳбари ___________

Ташкилотнинг масъул вакили (вакиллари) ___________



*) Кўрсатилган номувофиқликлар ва камчиликлар буюртмачи томонидан қабул қилинмаган ёки уларни бартараф этиш экспертиза объектининг ишончлилигига (мустаҳкамлигига) салбий таъсир этиш сабаблари асослаб берилади;

**) Кўрсатилган номувофиқликлар ва камчиликлар бартараф этилмаган ҳолатларда тегишли хавфли ишлаб чиқариш объектидан хавфсиз фойдаланиш бўйича кўрилган чоралар ва (ёки) чора-тадбирлар амалга оширилган муддатлари баённомада кўрсатилган муддатлардан кечиктирилганлиги сабаблари кўрсатилиши керак.






Қоидаларга

4-ИЛОВА



Экспертиза хулосасини расмийлаштиришга

нисбатан қўйиладиган

ТАЛАБЛАР


1-§. Умумий қоидалар


1. Ижобий экспертиза хулосасининг титул варақаси "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси томонидан белгиланган тартибда эксперт ташкилотларига тарқатилган махсус бланкда расмийлаштирилиши лозим.

2. Салбий экспертиза хулосасининг титул варақаси эксперт ташкилотининг расмий бланкида расмийлаштирилиши лозим.


2-1. Экспертиза хулосасининг матни А4 форматдаги қоғоз варағининг бир томонида масштаб кичрайтирилмаган ҳолда қоғоз варағининг китоб ҳолатида жойлашиши, "Тimes New Roman" 12 ўлчамли шрифтида Мicrosoft Word матн редакторидан фойдаланилган ҳолда компьютер воситасида босиб чиқарилиши лозим.

Экспертиза хулосасининг асосий қисми 1,2 қатор оралиғида ёзилиши, ҳар бир бет ҳошияси: юқоридан ва пастдан 1,5 см, чапдан 2,5 см, ўнгдан 1,5 см бўлиши, хатбоши беш-олти белгига тенг ва бир хилда бўлиши лозим.

Экспертиза хулосасида жадваллар, графиклар, хариталар, схемалар берилса, уларни А3 форматдаги қоғоз варағида жойлаштириш мумкин.

2-2. Экспертиза хулосасида қўлланиладиган қисқартмаларга тушунчалар берилиши лозим.

3. Экспертиза хулосаси расмийлаштирилганда экспертиза хулосаси тегишли бўлган объектлар санаб ўтилиши лозим.


4. Экспертиза хулосаси эксперт ташкилоти раҳбари ва экспертизани амалга оширган экспертлар томонидан имзоланиши, эксперт ташкилоти муҳри қўйилиши ҳамда бетлар сони кўрсатилган ҳолда тикилиши лозим.



2-§. Экспертиза хулосасининг тузилишига талаблар


5. Экспертиза хулосаси қуйидаги қисмлардан иборат бўлади:

а) титул варақаси;

б) мундарижа;

в) асосий қисм;

г) экспертиза хулосасига иловалар.


6. Экспертиза хулосасининг титул варақаси мазкур Талабларнинг 1-иловасида келтирилган шаклда расмийлаштирилади.


7. Экспертиза хулосасининг мундарижасида экспертиза хулосасининг барча бўлимларининг номи ва тегишли саҳифаларнинг рақамлари кўрсатилади.


8. Экспертиза хулосасининг асосий қисми қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:

а) кириш қисми (бунда экспертизани амалга ошириш учун асос, экспертизани амалга оширган ва экспертиза хулосасини расмийлаштирган эксперт ташкилоти ҳамда экспертлари ва мутахассислари ҳақидаги маълумотлар ҳамда буюртмачи ҳақидаги маълумотлар кўрсатилиши лозим);

б) экспертизанинг мақсади;

в) экспертизани амалга ошириш жараёнида кўриб чиқилган ҳужжатлар ҳақидаги маълумотлар;

г) экспертиза объекти ҳақидаги маълумотлар (бунда экспертиза объектига тегишли хавфли ишлаб чиқариш объекти ҳамда экспертиза объекти ҳақидаги маълумотлар кўрсатилиши лозим).

Лойиҳа ҳужжатлари, саноат хавфсизлиги декларацияси ва хавфли ишлаб чиқариш объектидан фойдаланиш билан боғлиқ бошқа ҳужжатларнинг экспертиза хулосаларида бу ҳужжатларни ишлаб чиқиш учун асос ҳамда бу ҳужжатларни ишлаб чиққан ташкилот ҳақидаги маълумотлар ҳам келтирилади;

д) экспертизани амалга ошириш натижалари (бунда экспертизани амалга ошириш натижасида қабул қилинган хулосанинг асосланган сабаблари кўрсатилади. Шунингдек, саноат хавфсизлигини таъминлаш юзасидан тавсиялар ҳам кўрсатилиши мумкин);

е) хулоса.


9. Экспертиза хулосасига экспертизани амалга ошириш жараёнида аниқланган номувофиқликлар ва камчиликлар баённомалари ҳамда номувофиқликлар ва камчиликларни бартараф этиш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар (улар мавжуд бўлганда), экспертизани амалга оширишда фойдаланилган қонун ҳужжатлари ва норматив техник ҳужжатлари рўйхати ҳамда ўтказилган синов натижалари илова қилиниши лозим.


3-§. Хавфли ишлаб чиқариш объектларини идентификациялаш

бўйича экспертиза хулосасини расмийлаштиришга

нисбатан қўйиладиган талаблар


10. Хавфли ишлаб чиқариш объектини идентификация қилиш бўйича экспертиза хулосаси мазкур Талабларнинг 2-параграфига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 10 декабрдаги 271-сон қарори билан тасдиқланган Хавфли ишлаб чиқариш объектларини идентификациялаш тартиби тўғрисидаги низом талаблари ҳамда хавфли ишлаб чиқариш объектларини идентификациялаш бўйича "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси тавсияларини эътиборга олган ҳолда расмийлаштирилади.

11. Хавфли ишлаб чиқариш объектини идентификация қилиш бўйича экспертиза хулосасига хавфли ишлаб чиқариш объектларини идентификациялаш варақаси ҳамда мазкур Талабларнинг 2-иловасида келтирилган шаклда расмийлаштириладиган хавфли ишлаб чиқариш объектларини умумлаштириш варақаси илова қилинади.



4-§. Экспертиза хулосасини ҳисобга олиш бўйича талаблар


12. Расмийлаштирилган экспертиза хулосаси эксперт ташкилоти ва "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси томонидан ҳисобга олинади. Ҳисобга олиш рақами экспертиза хулосаси титул варақасига қўйилади.

13. Ҳисобга олиш рақами чизиқча (дефис) билан ажратилган бешта белгилар гуруҳидан ташкил топган бўлиб, ХХХ-ХХ-ХХХХ-ХХХХХ-ХХ кўринишига эга.

Биринчи белгилар гуруҳи (XXX) эксперт хулосасини расмийлаштирган эксперт ташкилоти рўйхат рақамини билдиради.

Иккинчи белгилар гуруҳи (XX) экспертиза объектини билдиради ва экспертиза объектининг шартли белгиларини қуйидаги мазмунда акс эттиради:

ЛҲ - хавфли ишлаб чиқариш объектини қуриш, кенгайтириш, қайта қуриш, техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш, консервациялаш ва тугатишга доир лойиҳа ҳужжатлари;

ТҚ - хавфли ишлаб чиқариш объектида қўлланиладиган техника қурилмалари;

БИ - хавфли ишлаб чиқариш объектидаги бинолар ва иншоотлар;

ХД - саноат хавфсизлиги декларацияси;

БҲ - хавфли ишлаб чиқариш объектидан фойдаланиш билан боғлиқ бошқа ҳужжатлар.

Хавфли ишлаб чиқариш объектларини идентификациялаш бўйича экспертиза хулосаларини ҳисобга олиш рақамининг иккинчи белгилар гуруҳига ИХ (хавфли ишлаб чиқариш объектларини идентификациялаш бўйича экспертиза хулосаси) белгиси қўйилади.

Учинчи белгилар гуруҳи (XXXX) экспертиза хулосасини эксперт ташкилотида расмийлаштириш тартибидаги ҳисобга олиш рақамини билдиради.

Тўртинчи белгилар гуруҳи (XXXXX) экспертиза хулосасини "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекциясида ҳисобга олиш рақамини билдиради.

Бешинчи белгилар гуруҳи (XX) экспертиза хулосаси тасдиқланган йилнинг охирги рақамларини ифодалайди.






Талабларга

1-ИЛОВА


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ САНОАТ

ХАВФСИЗЛИГИ ЭКСПЕРТИЗАСИ ТИЗИМИ

                       

(эксперт ташкилоти номи, манзили, телефон рақами, аккредитация аттестати рақами)

         

            

(буюртмачи номи, манзили)

            

          

(экспертиза объекти номи)

САНОАТ ХАВФСИЗЛИГИ ЭКСПЕРТИЗАСИ ХУЛОСАСИ


Ҳисобга олиш рақами ХХХ-ХХ-ХХХХ-ХХХХХ-ХХ



"Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекциясининг

экспертиза хулосасини тасдиқлаш тўғрисидаги

қарорисиз экспертиза хулосаси ҳақиқий эмас*



                                                                                  Илова: ___ варақда

Эксперт ташкилоти раҳбари





(имзо)


(Ф.И.О.)

                                                       М.Ў.

Етакчи эксперт





(имзо)


(Ф.И.О.)

       

____________________

(Расмийлаштирилган сана)


Изоҳ: *) "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекциясининг экспертиза хулосасини тасдиқлаш тўғрисидаги қарорисиз экспертиза хулосаси ҳақиқий эмас" ёзуви ҳамда "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекциясининг белгиси махсус бланкда кўрсатилади.






Талабларга

2-ИЛОВА


Хавфли ишлаб чиқариш объектларини умумлаштириш

ВАРАҚАСИ

1. Хавфли ишлаб чиқариш объектларидан фойдаланувчи ташкилот:

Ташкилотнинг тўлиқ номи



Раҳбарнинг лавозими ва Ф.И.О.



Ташкилотнинг почта манзили



Телефон, факс



2. Хавфли ишлаб чиқариш объектлари:

Тўлиқ номи


Объект

типининг коди


Суғурта суммаларининг энг

кам миқдори (энг кам ойлик

иш ҳақи миқдорларида)








ЖАМИ:



Қоидаларга

5-ИЛОВА



Экспертиза хулосасини тасдиқлаш

юзасидан рад этиш ҳақида

ҚАРОР


("Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси

бланкида расмийлаштирилади)

      

         

_______________

           (сана)

__________________

(тартиб рақами)   

"Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси



(экспертиза хулосасини тасдиқлашга тақдим этган эксперт ташкилоти номи)

томонидан тақдим этилган ХХХ-ХХ-ХХХХ рақам билан ҳисобга олинган

(экспертиза объекти номи)

экспертиза хулосасини кўриб чиқди.

Экспертиза хулосасини кўриб чиқиш натижасида қуйидаги камчиликлар ва номувофиқликлар аниқланди:

Экспертиза хулосасини кўриб чиқиш натижасида экспертиза хулосасини тасдиқлаш юзасидан рад этиш ҳақида қарор қабул қилинди.



___________________   __________  ____________________

               (лавозими)                       (имзоси)                      (Ф.И.О.)






Қоидаларга

6-ИЛОВА



Экспертиза хулосасини тасдиқлаш ҳақида

ҚАРОР


("Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси

бланкида расмийлаштирилади)



_______________

           (сана)

__________________

(тартиб рақами)   

"Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси



(экспертиза хулосасини тасдиқлашга тақдим этган эксперт ташкилоти номи)

томонидан тақдим этилган

(экспертиза объекти номи)

экспертиза хулосасини кўриб чиқди.


Экспертиза хулосасини кўриб чиқиш натижасида экспертиза хулосасини тасдиқлаш ҳақида қарор қабул қилинди ҳамда экспертиза хулосаси ХХХ-ХХ-ХХХХ-ХХХХХ-ХХ рақам билан ҳисобга олинди.



___________________   __________  ____________________

               (лавозими)                       (имзоси)                      (Ф.И.О.)

"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 41-сон, 446-модда.