Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Бухгалтерия ҳисоби. Аудит. Баҳолаш фаолияти / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Баҳолаш фаолияти /

Ўзбекистон Республикаси Мулкни баҳолаш 8-сон миллий стандарти (МБМС) "Хусусийлаштириш мақсадида мулк қийматини баҳолаш" (АВ томонидан 28.10.2009 й. 2025-сон билан рўйхатга олинган Давлат мулки қўмитасининг 06.10.2009 й. 01/19-18/20-сон Қарори билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2009 йил 28 октябрда 2025-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Давлат мулки қўмитасининг

2009 йил 6 октябрдаги

01/19-18/20-сон қарорига

ИЛОВА


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МУЛКНИ БАҲОЛАШ МИЛЛИЙ СТАНДАРТИ


8-СОН (МБМС)



ХУСУСИЙЛАШТИРИШ МАҚСАДИДА

МУЛК ҚИЙМАТИНИ БАҲОЛАШ


Мазкур Мулкни баҳолаш 8-сон миллий стандарти (МБМС) Ўзбекистон Республикасининг "Баҳолаш фаолияти тўғрисида"ги Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 й., 9-сон, 208-модда), Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 24 апрелдаги ПҚ-843-сонли "Баҳоловчи ташкилотлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва кўрсатилаётган хизматлар сифати учун уларнинг масъулиятини ошириш тўғрисида"ги қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 18-сон, 145-модда) мувофиқ Ўзбекистон Республикасидаги баҳолаш фаолиятининг норматив жиҳатдан тартибга солинишини белгилайди.



I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. 8-сон МБМСнинг мақсади хусусийлаштириш объектлари қийматини аниқлаш ва баҳолаш натижаларини акс эттириш меъёрлари ва қоидаларини белгилашдан иборатдир.


2. 8-сон МБМСнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

хусусийлаштириш объектларини баҳолашнинг стандарт тушунчалари ва қоидаларидан фойдаланиш орқали баҳоловчилар ҳаракатларининг мувофиқлигини таъминлаш;

баҳолашнинг холисоналигига ва унинг сифатини оширишга кўмаклашишга қаратилган тартиботларни белгилаш;

бошланғич дастлабки ахборотга, баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот мазмунига ва материални баён этишга қўйиладиган баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботлар ҳар хил талқин қилинишини истисно этадиган талабларни белгилаш;

мулкни баҳолашнинг самарали миллий тизимини шакллантиришга кўмаклашиш.



II БОБ. АТАМАЛАР ВА ТУШУНЧАЛАР


3. 8-сон МБМСда қуйидаги атамалар ва тушунчалар қўлланилади:


аналог - асосий иқтисодий, жисмоний ва бошқа тавсифларга кўра баҳолаш объекти билан ўхшаш, нархи ўхшаш шартларда тузилган битимдан ёки рақобатли бозорда қилинган таклифдан маълум бўлган бошқа объект;

баҳолаш санаси - баҳолаш объектининг қиймати аниқланган сана;


пул оқими - даромад келтираётган мулкдан фойдаланишда ва (ёки) уни сотишдан тушумлар ва чиқимлар (харажатлар)дан ҳосил бўладиган ҳақиқий ёки ҳисобий даврий даромад;


дисконтлаш - баҳолаш объектидан кутилаётган бўлғуси пул оқимларини дисконтлашнинг тегишли ставкасидан фойдаланиб жорий қийматга келтириш;


фаразлар - баҳоловчининг ҳаққоний деб ҳисобланадиган тахминлари. Фаразлар текшириш ва тасдиқлаш мумкин бўлмаган баҳолаш объектига ёки баҳолаш ёндашувларига таъсир этадиган фактлар, шартлар ёки вазиятларни ўз ичига олади;


эскириш (қадрсизланиш) - жисмоний эскириш, функционал ва ташқи (иқтисодий) қадрсизланиш каби турли сабаблар таъсирида мулк қийматининг йўқолиши;


нархларнинг қимматлашиш индекслари - саноат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг тегишли графа бўйича баҳолаш объектининг ҳар бир позициясига кўра (қурилиш материаллари, машиналар, асбоб-ускуналар, техника ва технологиялар ва ҳ.к.) нархлар индекслари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий фаолият турларининг умумдавлат таснифлагичининг саноат фаолияти бўйича (В, С, D, E) саноат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг нархлари индекслари;

капиталлаштириш - баҳолаш объектидан кутилаётган тушумларни унинг жорий қийматига айлантириш;


назорат улуши - мулкда қатнашиш (корхона устав фондида улуш) бўлиб, унинг эгасига корхона устидан назорат қилиш имкониятини таъминлайди;


мультипликатор - корхонанинг нархи ёки бошқа қиймат негизи ва унинг фаолиятини тавсифловчи молиявий, ишлаб чиқариш ва моддий кўрсаткичлари ўртасидаги нисбатни кўрсатувчи коэффициент.


чекловчи шартлар - қонунчилик, буюртмачи ёки баҳоловчи томонидан баҳолашга қўйилган чеклашлар;


таваккалчилик - баҳолаш объекти қийматига таъсир кўрсатишга қодир бўлган прогноз қилинаётган натижаларга эришмаслик ёки улардан ҳар қандай четлаш;


ихтисослаштирилган мулк - ўзининг (мазкур мулк хусусияти ёки унинг тузилиши, конфигурациясининг хусусиятлари, ўлчами, жойлашган ери ва бошқалар билан белгиланган) хусусиятига кўра фойдаланиш доираси чекланган мулк;


дисконтлаш ставкаси - бўлғуси пул оқимларини жорий қийматга ўзгартириш учун ишлатиладиган унумлилик ставкаси;


капиталлаштириш ставкаси - одатда фоиз ҳисобида ифодаланган маълум давр учун даромад миқдорини қийматга ўзгартиришда ишлатиладиган бўлувчи.



III БОБ. ҚЎЛЛАНИШ СОҲАСИ


4. Қуйидагилар хусусийлаштириш мақсадида баҳолаш объектлари (кейинги ўринларда матнда баҳолаш объекти деб юритилади) ҳисобланади:

мулкий мажмуалар сифатидаги давлат унитар корхоналари ёки давлат муассасалари (кейинги ўринларда матнда корхоналар деб юритилади);

давлат мулкида бўлган кўчмас ва кўчар мулк;

давлатга тегишли бўлган қимматли қоғозлар;

юридик шахсларнинг устав фондларида давлатга тегишли бўлган улушлар ва мулкий пайлар;

давлатга тегишли бўлган номоддий активлар (интеллектуал мулк объектларидан ташқари).

Бир-бирига ўзаро боғлиқ бўлган ва биргаликда юридик шахс мақомига эга бўлмаган ҳолда мулкий мажмуадан иборат давлат активлари барча активлар бозор қийматининг йиғиндиси сифатида баҳоланади.

5. 8-сон МБМС баҳоловчи ташкилотлар, баҳоловчилар ҳамда баҳолаш хизматларининг буюртмачилари учун мўлжалланган ва хусусийлаштириш мақсадида баҳолаш объектлари қийматини баҳолаш бўйича хизматлар кўрсатишда ва хусусийлаштирилаётган мулкни баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботларнинг ҳаққонийлигини текширишда қўлланилиши мажбурийдир.

Бир пайтнинг ўзида бир корхонанинг давлатга тегишли бўлган акциялари (улушлари) ва давлатга тегишли бўлмаган акциялари (улушлари) ҳам баҳоланиши керак бўлган тақдирда, баҳолаш 8-сон МБМС талабларига мувофиқ амалга оширилади.

6. 8-сон МБМС:

банкротлик тартиботлари доирасида реализация қилинаётган баҳолаш объектлари;

хусусийлаштирилаётган давлат тураржой фонди (бозор қиймати бўйича хусусийлаштириладиган давлат тураржой фонди объектлари бундан мустасно);

ҳаво ва сув транспорти воситалари;

алоҳида баҳолаш объектлари сифатида хусусийлаштирилиши лозим бўлган интеллектуал мулк объектлари қийматини баҳолашга татбиқ этилмайди.

7. Баҳолаш объектининг 8-сон МБМСга мувофиқ аниқланган қиймати хусусийлаштириш объектининг бошланғич нархини белгилашда тавсия этиладиган қиймат ҳисобланади. Хусусийлаштириш чоғида тузилган битимда белгиланган нарх баҳолашни амалга ошириш чоғида аниқланган қийматдан фарқ қилиши мумкин.


8. 8-сон МБМСни амалиётда қўллашда ушбу 8-сон МБМСнинг иловасида келтирилган Услубий кўрсатмалардан фойдаланиш лозим.



IV БОБ. БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИ

СТАНДАРТЛАРИ БИЛАН АЛОҚАДОРЛИК


9. Баҳолаш амалиётида "эскириш" атамасининг мазмунини бухгалтерия ҳисобида қўлланиладиган шундай атама (амортизация ажратмалари) мазмунидан фарқлаш лозим. Шу туфайли ҳам "эскириш" ёки "ҳисобланган эскириш" атамаларини баҳоловчилар Ўзбекистон Республикаси Мулкни баҳолаш 1-сон миллий стандарти (МБМС)да (рўйхат рақами 1604, 2006 йил 24 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 30-сон, 302-модда) акс эттирилган баҳолашнинг умумий принциплари ва тушунчаларига мувофиқ қўллашлари лозим.

"Асосий воситалар", "товар-моддий захиралари", "номоддий активлар", "бошланғич қиймат", "жорий қиймат", "қолдиқ (баланс) қиймати" тушунчалари улар бухгалтерия ҳисобида қайси маънода қўлланилса, шу маънода тушунилиши лозим.


10. Молиявий ҳисобот ҳужжатларидан МБМСнинг асосий фарқи шу билан белгиланадики, баҳолаш объектини баҳолашда қўлланиладиган қийматнинг пулдаги ифодаси тарихий факт эмас, балки муайян даврда объектнинг фойдалилигига қийматнинг танланган турига мувофиқ берилган баҳо ҳисобланади. Қийматнинг бу баҳоси молиявий ҳисоботда акс эттирилган қийматдан фарқ қилиши мумкин.



V БОБ. СТАНДАРТ ТАЛАБЛАРИ


11. Баҳолаш объектининг қийматини хусусийлаштириш мақсадида баҳолаш қуйидаги босқичлардан ташкил топади:

баҳолаш ҳақидаги вазифани белгилаш ва баҳолаш объектини баҳолаш тўғрисида шартнома тузиш;

баҳолаш объектини идентификация қилиш;

ахборот йиғиш ва уни таҳлил қилиш;

баҳолаш объектидан энг мақбул ва энг самарали фойдаланишнинг таҳлили (8-сон МБМСда назарда тутилган ҳоллар учун);

баҳолаш ёндашувлари ва усулларини танлаш, асослаш ва қўллаш;

баҳолаш натижаларини, қўлланилган баҳолаш ёндашувларини мувофиқлаштириш ва баҳолаш объектининг якуний қийматини ҳисоблаш;

қўлланилган баҳолаш ёндашувлари натижаларини мувофиқлаштириш ва баҳолаш объектининг якуний қийматини ҳисоблаш;

баҳолаш ҳақидаги ҳисоботни тузиш.



1-§. Баҳолаш ҳақидаги вазифани белгилаш ва баҳолаш

объектини баҳолаш тўғрисида шартнома тузиш


12. Баҳолаш ҳақидаги вазифа буюртмачи томонидан баҳоловчи ташкилот билан биргаликда тузилади ва баҳолаш объектини баҳолаш тўғрисидаги шартномага илова сифатида расмийлаштирилади. Баҳолаш ҳақидаги вазифада қуйидагилар кўрсатилиши лозим:

баҳолаш объектининг номи ва тавсифи;

баҳолаш санаси;

баҳолаш мақсади (мақсадлари) ва баҳолаш натижаларидан фойдаланиш мўлжали;

баҳолаш мақсадига мувофиқ бўлган қиймат тури;

чекловчи шартлар;

буюртмачи ёки унинг вакили тақдим этиши лозим бўлган дастлабки маълумотлар рўйхати;

баҳолаш ишларини бажариш муддатлари.

Баҳолаш мақсадига ва баҳолаш объектининг хусусиятларига қараб баҳолаш ҳақидаги вазифа қўшимча шартларни ўз ичига олиши мумкин.


13. Давлат корхонаси ёки муассасасини хусусийлаштиришда, агар давлат мулки объектларини тасарруф этувчининг қарорлари билан ўзгача тартиб ўрнатилган бўлмаса, баҳолаш объектининг бозор қиймати аниқланади. Баҳолаш мақсадларига қараб бозор қиймати билан бир қаторда бозор қийматидан фарқ қилувчи бошқа қиймат аниқланиши ҳам мумкин. Бозор қийматидан фарқ қилувчи бошқа қийматни аниқлаш зарур ҳолларда, аниқланаётган қийматнинг қўлланиш сабаблари ва унинг бозор қийматидан фарқи баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда очиб берилиши ва тавсифланиши лозим.


14. Аниқланадиган қиймат тури баҳолаш ҳақидаги вазифада белгиланиши ва кейинчалик баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда акс эттирилиши ва тушунтирилиши лозим.



2-§. Баҳолаш объектини идентификация қилиш


15. Баҳолаш объектини идентификация қилишда баҳоловчи баҳолаш объектини ва унга бўлган ҳуқуқларнинг амалдаги ҳолатини тақдим этилган ҳужжатларга мувофиқлигини аниқлайди. Шунингдек, баҳолаш жараёнида вужудга келиши мумкин бўлган фаразлар ва чекловчи шартлар таҳлили амалга оширилади.


16. Баҳолаш объектини идентификация қилиш баҳоловчи томонидан буюртмачи ва (ёки) унинг вакили тақдим этган ҳужжатлар асосида баҳолаш объектини кўздан кечириш, ўлчаш, фотосуратга олиш (зарур ҳолда), унинг амалда мавжудлиги ва ҳолатини текшириш, объект номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли, жойлашган ери, жисмоний таркиби, техник тавсифини ва баҳолаш объектининг ўзига хос хусусиятларини акс эттирувчи бошқа маълумотларни ўз ичига олган тавсифини ўрганиш йўли билан амалга оширилади.


17. Акциялар, улушлар (пайлар)ни баҳолашда баҳоловчи мулкдорнинг мазкур объектларга бўлган ҳуқуқларини буюртмачи ёки унинг ваколатли шахси томонидан тақдим этилган ҳужжатларга, яъни: корхона (эмитент)нинг таъсис ҳужжатларига ҳамда Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси ва инвестиция воситачисининг маълумотларига мувофиқлигини идентификациядан ўтказиши керак.

18. Буюртмачи билан келишган ҳолда, баҳолаш объектини (унинг таркибий қисмларини) идентификация қилиш баҳолаш объекти фаолиятининг хусусияти ва (ёки) асосий воситалар бирлигининг миқдоридан келиб чиққан ҳолда чекланган хусусият касб этиши мумкин.

Баҳолаш объектини идентификация қилишнинг чекланган хусусияти баҳолаш ҳақидаги вазифада чекловчи шартлар билан бир қаторда кўрсатилади.


19. Тақдим этилган ҳужжатлар билан баҳолаш объекти ва унга бўлган мулкий ҳуқуқларнинг амалдаги ҳолати ўртасидаги тафовутлар аниқланган тақдирда, баҳоловчи бу ҳақда буюртмачига ва (ёки) ҳужжатларни тақдим этган шахсга хабар бериши ва уларга тегишли тузатишлар киритишни талаб қилиши шарт.

Буюртмачи ва (ёки) ҳужжатларни тақдим этган шахс уларни баҳоловчининг талаблари билан мувофиқ ҳолатга келтиришни рад этган ёки уларга зарурий тузатишларни киритиш мумкин бўлмаган ҳолда, баҳоловчи баҳолашни амалга оширишдан бош тортиши ёки баҳолашни баҳолаш объектининг амалдаги ҳолатидан келиб чиқиб, тақдим этилган ҳужжатлар ва баҳолаш объектининг ҳолати ўртасида тафовут мавжудлигини баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда акс эттирган ҳолда амалга ошириши мумкин.



3-§. Ахборот йиғиш ва уни таҳлил қилиш


20. Ахборот йиғиш ва уни таҳлил қилиш:

баҳолаш объектига оид ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатларни;

баҳолаш объектига оид бухгалтерия ҳисоби ва ҳисобот маълумотларини;

баҳолаш объектининг тузилиши, баҳоланаётган ҳуқуқлар таркиби ва мазкур ҳуқуқларни тасдиқловчи ҳужжатлар ҳақидаги маълумотларни;

баҳолаш объектига оид қўшимча юкламалар ва сервитутлар ҳақидаги маълумотларни;

баҳолаш объектидан фойдаланишга чекловларни;

баҳолаш объекти ва унинг таркибий қисмларининг техник тавсифини;

баҳолаш объекти мансуб бўлган бозорнинг ҳолати ва динамикаси ҳақидаги ахборотни;

бошқа хил ахборотни олиш ва ўрганишни ўз ичига олади.

Корхоналар (акциялар, улушлар, пайлар)ни баҳолашда корхона (эмитент) тавсифи ва ривожланиш режалари қўшимча тарзда ўрганилади.


21. Баҳолаш объектларини баҳолашда қуйидагилардан фойдаланилади:

буюртмачи ёки унинг вакилидан олинган дастлабки маълумотлардан, шунингдек баҳоловчи томонидан бухгалтерия, бирламчи ва статистик ҳисоб маълумотларидан олинган, баҳолаш объекти раҳбари (баланс сақловчи, эмитент) имзоси билан тасдиқланган маълумотлардан;

ишларни бажаришга жалб қилинган учинчи шахслардан олинган, уларнинг имзоси билан тасдиқланган ахборотдан;

ихтисослашган ташкилотлардан олинган (тармоққа оид, аналитик шарҳлар, фонд бозори шарҳлари), шу жумладан оммавий ахборот воситалари ва Интернет тармоғида эълон қилинган ахборотдан;

бошқа хил (сўров, интервью натижаларига кўра ва бошқа манбалардан олинган) ахборотдан, бунда мазкур ахборотдан фойдаланиш учун жавобгарлик баҳоловчига юклатилади.


22. Қуйидагилар баҳолаш объектини баҳолашда буюртмачи ёки унинг вакили тақдим этадиган дастлабки ахборот ҳисобланади:


хусусийлаштирилаётган корхоналар (акциялар, улушлар, пайлар) учун:

юридик шахснинг амалдаги устави ёки таъсис шартномаси, акциядорлар реестридан кўчирма (реестр сақловчининг маълумотномаси);

шўъба ва тобе жамиятлар ҳақида ахборот, уларга оид ҳуқуқни белгиловчи ва молиявий ҳужжатлар;

охирги уч йил учун ва охирги ҳисобот санасига қадар бўлган ҳолатга кўра бухгалтерия баланслари ва молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботларни ўз ичига олувчи бухгалтерия ҳисоби ва ҳисобот маълумотлари, баланс моддаларига изоҳлар;

асосий воситалар, номоддий активлар ва узоқ муддатли қўйилмалар рўйхати;

5 йилдан кам бўлмаган муддатга мўлжалланган корхонанинг ривожланиш режаси;

участкадаги ердан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар, шу жумладан участканинг ҳудудий чегараси ҳақида маълумотлар (геодезик план/чизма ёки ер участкасининг у жойлашган ер кўрсатилган ва тавсифланган хариталари нусхалари, ер участкасини ажратиш тўғрисида қарор);

бинолар ва иншоотларга оид кадастр ҳужжатлари;

баҳолаш объектидан фойдаланишга оид қўшимча юкламалар ва чекловлар, шу жумладан, узоқ муддатли ижара мавжудлиги ҳақида маълумотлар (ваколатли орган маълумотномаси);

охирги ҳисобот йили учун аудитор хулосаси (агар аудиторлик текшируви ўтказилган бўлса);


кўчмас мулк учун:

участкадаги ердан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар, шу жумладан, участканинг ҳудудий чегараси ҳақида маълумотлар (геодезик план/чизма ёки ер участкасининг у жойлашган ер кўрсатилган ва тавсифланган хариталари нусхалари, ер участкасини ажратиш тўғрисида қарор);

бинолар ва иншоотларнинг кадастр ҳужжатлари;

сервитутлар ва узоқ муддатли ижара шартномалари мавжудлиги ҳақида маълумотлар (ваколатли орган маълумотномаси);

бинолар ва иншоотлар миқдори ва техник ҳолати, кўкаламзорлар, ҳудудни ободонлаштириш ва муҳандислик коммуникациялари ҳақида ахборот;

баҳолаш объекти таркибида баҳоланиши лозим бўлган мулк ҳақида маълумотлар;

баҳоланиши лозим бўлган мулкнинг бошланғич ва қолдиқ (баланс) қийматлари;

корхона (эмитент)дан жорий фойдаланиш ҳақида ахборот;


машиналар ва ускуналар учун:

объектнинг тўлиқ номи: русуми, модели, серияси;

ишлаб чиқарувчи завод (фирма);

баҳоланаётган ускунани харид қилиш, ижарага олишга ёки унга нисбатан ўзга ҳуқуққа оид ҳужжатларнинг нусхалари;

ишлаб чиқарилган йил ва ишга туширилган сана;

объектнинг техник тавсифи (техник ҳужжатларга биноан);

баҳолаш объектининг техник ҳолатига оид актлар;

инвентарь рақами, баҳолаш санасидан олдин охирги ҳисобот санасига қадар бўлган ҳолатга кўра бошланғич ва қолдиқ (баланс) қийматлари;

консервация ва таъмирлаш ҳақида маълумотлар (узеллар, агрегатларни алмаштириш, такомиллаштириш);

транспорт воситаси техник паспортининг нусхаси.


23. Дастлабки ахборотдан ташқари баҳоловчи корхона фаолияти билан боғлиқ таваккалчиликлар, баҳоланаётган корхона ва (ёки) тармоқ корхоналари акцияларининг котировкалари ва акциялар курсларининг ўзгаришлари, акциядорлар ўртасида акцияларнинг тақсимланиши, акцияларнинг акциядорлар ўртасида тақсимланиши, ўхшаш мулк бўйича битимлар, ўхшаш мулкни ижарага беришнинг бозор ставкалари ҳақида қўшимча ахборотни йиғади ва таҳлил қилади.

Йиғиладиган ахборотнинг хусусияти ва ҳажмини баҳоловчи баҳолаш ҳақидаги вазифага, баҳолаш объектининг хусусиятлари ва баҳолаш натижаларининг қўлланилишига қараб белгилайди.


24. Баҳолаш жараёнида фойдаланиладиган ахборот ишончли ва баҳоловчи нархни белгиловчи энг муҳим омилларни аниқлаши учун етарли бўлиши лозим.

Буюртмачи ёки унинг вакили тақдим этган ахборот (шу жумладан маълумотномалар, жадваллар, бухгалтерия баланслари), шунингдек баҳоловчининг ўзи бевосита йиққан ахборот шу ахборотни тақдим этган ташкилот раҳбари томонидан имзоланган ҳолдагина ишончли деб ҳисобланади.

25. Баҳоловчи, агар тақдим этилган ахборот ҳажми ва сифати 8-сон МБМС талабларига мувофиқ баҳолашни амалга ошириш ва баҳолаш ҳақида ҳисобот тайёрлаш учун етарли бўлмаса, баҳолаш ишларини бажаришдан бош тортиш ҳуқуқига эга.


26. Баҳолашни ўтказиш вақтида баҳоловчи олган барча ахборот ва ҳужжатлардан маҳфийлик шароитида, қонунчилик талабларини ҳисобга олган ҳолда фойдаланилиши лозим.

Баҳоловчи баҳолаш жараёнида унга тақдим этилган барча ахборот ва ҳужжатлардан қонунчилик талабларини ҳисобга олган ҳолда маҳфийлик шароитида фойдаланилиши лозим.


27. Йиғилган ахборот асосида баҳоловчи томонидан баҳолаш объектига мансуб бўлган бозор ва тармоқ ҳамда молиявий ҳисобот таҳлил қилинади, шунингдек зарур ҳолда унга тузатиш киритилади. Бунда, тузатилган ҳисоботдан фақат баҳолаш ҳақидаги вазифада назарда тутилган мақсадларда фойдаланилади.


4-§. Баҳолаш объектидан энг мақбул ва энг

самарали фойдаланишнинг таҳлили


28. Баҳолаш объектидан энг мақбул ва энг самарали фойдаланишнинг таҳлили фақат баҳолашнинг алоҳида объекти ҳисобланган кўчмас мулкни баҳолаш чоғида амалга оширилади.


29. Баҳолаш объектидан энг мақбул ва энг самарали фойдаланишнинг таҳлили баҳолаш объектидан энг даромадли ва рақобатли фойдаланиш йўлини аниқлаш учун ўтказилади.


30. Мавжуд фойдаланиш шароитида (баҳолаш объектлари фаолият тури сақланган ҳолда хусусийлаштирилганда) баҳолаш объектининг қиймати аниқланган ҳолда баҳолаш объектидан энг мақбул ва энг самарали фойдаланишнинг таҳлили ўтказилмайди.


31. Баҳолаш объектидан энг мақбул ва энг самарали фойдаланишни аниқлаш баҳоловчи ўз таҳлилий малакаси ёрдамида чиқарган хулосалар ва амалга оширган ҳисоб-китоблар маҳсули ҳисобланади ва сўзсиз фактни эмас, балки унинг фикрини ифода этади.


32. Объектдан энг мақбул ва энг самарали фойдаланишнинг вариантини аниқлашда таҳлилнинг қуйидаги мезонларидан фойдаланилади:

қонунчилик нуқтаи назаридан рухсат этилганлик - мўлжалланган фойдаланишнинг хусусияти баҳолаш объекти мулкдорининг ҳаракатларини чекловчи қонунчиликка зид бўлмаслиги лозим;

жисмоний имконият - баҳолаш объектидан энг мақбул ва энг самарали фойдаланиш;

молиявий жиҳатдан мақсадга мувофиқлик - объектдан фойдаланиш баҳолаш объектининг мулкдорига даромадни таъминлаши лозим;

мумкин қадар юқори даражадаги самарадорлик - энг мақбул ва энг самарали фойдаланиш ё мулкдорнинг соф фойдасини мумкин қадар кўпайтиришни, ё баҳолаш объектининг энг катта қийматига эришишни назарда тутади.



5-§. Баҳолаш ёндашувлари ва усулларини

танлаш, асослаш ва қўллаш


33. Баҳолаш объектининг қийматини хусусийлаштириш мақсадида баҳолашда баҳоловчи даромад, харажат ва қиёсий ёндашувлардан фойдаланади. Бирон-бир ёндашувни қўллаш мумкин эмаслиги ёки қўллашнинг чекланиши баҳоловчи томонидан баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда асосланиши лозим.


34. У ёки бу ёндашувни қўллашда баҳоловчи 8-сон МБМСда белгиланган баҳолаш усулларининг биридан фойдаланади. Баҳолашнинг энг мақбул усулини танлаш баҳоловчининг мулоҳазаларига мувофиқ амалга оширилади ва баҳолаш натижаларидан фойдаланишнинг мақсади, аниқланаётган қиймат тури, баҳолаш объектининг хусусиятлари ва ахборот манбалари билан белгиланади.


35. Даромад ёндашуви баҳолаш объектининг қийматини мазкур объектдан фойдаланишдан олиш кутилаётган даромадларнинг жорий қийматини аниқлашга асосланади. Баҳолаш харидор мазкур объектни харид қилишдан олиши мумкин бўлган бўлғуси даромадларнинг прогнозига мувофиқ шакллантирилади.


36. Даромад ёндашуви доирасида тўғридан-тўғри капиталлаштириш усули ёки пул оқимларини дисконтлаш усули қўлланилади.

Даромад ёндашуви усуллари билан баҳолаш дисконтлаш ставкаси ва (ёки) капиталлаштириш ставкасидан фойдаланишни назарда тутади.

Дисконтлаш ставкаси пул оқимининг қўлланиладиган моделидан келиб чиқиб белгиланилади.

37. Тўғридан-тўғри капиталлаштириш усули баҳолаш объектидан фойдаланишдан ҳар йили тенг миқдорда пул оқимларини олиш мўлжалланганда амалдаги активларни баҳолаш учун қўлланилади.

Усул баҳолаш объектидан йил давомида фойдаланишдан олинган пул оқимини капиталлаштириш ставкасидан фойдаланган ҳолда қийматга айлантиришга асосланади.


38. Пул оқимларини дисконтлаш усули пул оқимлари беқарор бўлган объектларни баҳолашда қўлланилади ва бўлғуси пул оқимлари жорий пул оқимларидан сезиларли даражада фарқ қилиши мумкин, деган фаразга асосланади.

Мазкур усул бўлғуси даромадлар прогнозини шакллантиришни, даромадларни олиш билан боғлиқ таваккалчиликка баҳо беришни ва даромадларни олиш вақтини аниқлашни назарда тутади.

Бўлғуси даромадларни аниқлашда корхона фаолиятининг кутилаётган муддати икки даврга бўлинади. Прогноз даври деб аталадиган биринчи давр учун пул тушумларининг батафсил йилма-йил прогнози тузилади. Прогноз даври тугаганидан сўнг корхона пул тушумларининг ўсиш суръатлари умуман олганда барқарор бўлиб қоладиган ва уларни олдиндан айтиш мумкин бўладиган мутаносиб ҳолатга эришиши лозимлиги (прогноздан кейинги давр) фараз қилинади.


39. Қиёсий ёндашув олди-сотди бозор нархларини ва (ёки) улар мавжуд бўлмаган ҳолда таклиф нархларини баҳолаш объектига қиёсий (ўхшаш) объектнинг тегишли тузатишларини ҳисобга олиб таққослашга асосланади.

Аналогларни танлашнинг асосий мезонлари бўлиб, баҳолаш объекти билан ўхшаш жисмоний ва иқтисодий тавсифлар, аналогнинг баҳолаш объекти билан айни бир бозор сегменти ва (ёки) тармоққа мансублиги, баҳолаш объекти ва аналогдан фойдаланишнинг ўхшашлиги ҳисобланади.


40. Баҳолаш объекти қийматини қиёсий ёндашувда баҳолашда капитал бозори усули (компания-аналог усули), битимлар усули, бозорга оид таққослашлар усули, баҳолаш объекти билан олдинги битимлар усули ва аналог билан тўғридан-тўғри таққослаш усули (машиналар, ускуналар ва транспорт воситалари қийматини баҳолаш учун) қўлланилади.


41. Капитал бозори усули (компания-аналог усули) таққослаш учун асос сифатида бозорда вужудга келган маълум олди-сотди нархидан фойдаланишни назарда тутади.

42. Битимлар усули акциялар назорат пакетининг ва умуман корхонанинг нархлари ҳақидаги ахборотга асосланади. Усулдан акцияларнинг назорат пакетларини ёки корхоналарни баҳолашда фойдаланилади.


43. Бозорга оид таққослашлар усули баҳоланаётган кўчмас мулк билан жисмоний ва иқтисодий тавсифларга кўра ўхшаш бўлган кўчмас мулкни сотишга доир битимларнинг бозор нархларини ёки таклиф нархларини таҳлил қилишга асосланади. Усул "талаб ва таклиф" принципига асосланиб, мазкур принципга мувофиқ объект нархи шу жойда, шу вақтда ва шу бозорда аналогга бўлган талаб ва таклифнинг ўзаро алоқаси натижасида аниқланади.


44. Баҳолаш объекти билан олдинги битимлар усулини қўллашда баҳолаш объекти билан илгари тузилган битимларнинг нархлари ахборот манбаи ҳисобланади. Бунда, баҳоловчи вақт омилини, шунингдек иқтисодий муҳит ва тармоқдаги ҳолатларнинг ўзгаришларини ҳисобга олиб тузатишлар киритади.


45. Аналог билан тўғридан-тўғри таққослаш усули асосан таққослашнинг ўхшаш объектлари хусусидаги бозорга оид ахборотдан ҳамда баҳолаш объектининг аниқ нусхаларига доир ахборотдан фойдаланишга асосланади. Усул аналогларнинг нархларига уларнинг жойлашган ери ва битим санасини ҳисобга олган ҳолда тузатишлар киритишни назарда тутади.


46. Қиёсий ёндашув усулларидан фойдаланиш ўхшаш объектларнинг жисмоний ва иқтисодий тавсифлари, нархлари ва битимларнинг саналари, жойлашган ери, бажарилиши, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг турдошлиги ва ўхшаш объектларнинг бошқа тавсифлари ҳақида ахборотнинг мавжудлигини назарда тутади. Баҳоланаётган объект ўхшаш объектдан қай даражада фарқ қилса, айни шу даражада ўхшаш объект нархига у баҳолаш объекти билан айни бир тавсифга эга бўлган ҳолда қандай нархда сотилиши мумкинлигини аниқлаш учун тузатишлар киритилади.


47. Қиёсий ёндашув усуллари билан баҳолаш барча аналоглар бўйича ҳисобланадиган ва айни бир кўрсаткичга кўпайтирувчи сифатида қўлланиладиган мультипликаторлардан фойдаланишга асосланади.


48. 8-сон МБМС мақсадларида икки хил мультипликатор: оралиқли ва моментли мультипликаторлардан фойдаланилади. Қўлланилган мультипликаторни танлаш баҳоловчи томонидан баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда асосланиши лозим.


49. Харажат ёндашуви умумий эскириш ёки қилинган харажатлар (мажбуриятлар) ҳисобига қадрсизланишни ҳисобга олиб объектни тиклаш ёки алмаштириш учун зарур бўлган харажатларни аниқлашга асосланади.

Харажат ёндашуви даромадли объектни баҳолашга нисбатан бирдан-бир ягона ёндашув сифатида қўлланишига йўл қўйилмайди.


50. Хусусийлаштирилаётган корхона (акциялар, улушлар, пайлар)ни баҳолашга нисбатан харажат ёндашувининг асосий усули соф активлар усулидир. Айрим ҳолларда, давлат мулки объектларини тасарруф этувчининг тугатилаётган корхона мулкини (таркибий бирликларини) хусусийлаштириш тўғрисида қарори мавжуд бўлган тақдирда, хусусийлаштириш объектини баҳолашга нисбатан харажат ёндашуви қўлланилганда тугатиш қиймати усулидан фойдаланилиши мумкин.


51. Соф активлар усули қўлланилганда баҳоланаётган мулк таркибига қуйидагилар киритилади:

корхона балансидаги ва қонунчиликда белгиланган хусусийлаштириш тартиботлари доирасида ўтказилган инвентаризация натижасида аниқланган асосий воситалар, уларнинг техник ҳолатидан қатъи назар, амалдаги (шу жумладан вақтинчалик капитал таъмирлашда бўлган ва модернизация қилинаётган объектлар, тугалланмаган қурилиш объектлари) ва консервация қилинган, захира ёки резервдаги объектлар (ўрнатилмаган асбоб-ускуналар), ишлаб чиқариш ва хўжалик инвентари, ишчи ва маҳсулдор ҳайвонлар, кўп йиллик ўсимликлар ва бошқа турдаги, шунингдек бошқа корхоналар ва ташкилотларга фойдаланиш учун, ижарага берилган асосий воситалар;

хусусийлаштирилаётган корхона (бинолар, иншоотлар, объектлар) жойлашган ер участкаларидан (агар улар бўлса) фойдаланиш ҳуқуқи ва корхона фаолияти учун зарур бўлган ажратилган ер участкаларидан фойдаланишга бўлган ҳуқуқ;

бошқа узоқ муддатли активлар, шу жумладан, номоддий активлар;

жорий активлар;

бошқа активлар.


52. Мулкни баҳолаш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

а) қуйидагиларнинг тикланиш қиймати аниқланади:

кўчмас мулкнинг (бинолар ва иншоотларнинг) тикланиш қиймати лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида ёки қурилиш-монтаж ишларининг қимматлашишини инобатга олувчи индексларни, шунингдек нархларнинг қимматлашиши индексларини қўллаш орқали бинолар ва иншоотлар тикланиш қийматини аниқлашнинг йириклаштирилган кўрсаткичлари асосида;

машиналар, ускуналар ва транспорт воситаларининг (ҳаво ва сув транспорти воситалари бундан мустасно) тикланиш қиймати алмаштириш харажатлари ёки аниқ нусхасини яратиш харажатлари негизида, ёхуд уларнинг бошланғич баланс қийматини ишлаб чиқарувчи заводларнинг нархлари, прейскурантлар, прайс-варақлар қийматига мувофиқ бўлгунгача қайта баҳолаш ёки баҳолаш санасига асосий фондларни Ҳукумат қарори бўйича сўнгги қайта баҳолаш санасидан бошлаб нархларнинг қимматлашиш индексларини қўллаш орқали;

қолган асосий воситаларнинг тикланиш қиймати уларнинг бошланғич баланс қийматини ишлаб чиқарувчи заводларнинг нархлари, прейскурантлар, прайс-варақлар қийматига мувофиқ бўлгунгача қайта баҳолаш ёки баҳолаш санасига асосий фондларни Ҳукумат қарори бўйича сўнгги қайта баҳолаш санасидан бошлаб нархларнинг қимматлашиш индексларини қўллаш орқали;

қурилиши тугалланмаган объектларни баҳолаш кўчмас мулк объектлари сифатида харажат ёндашуви усуллари билан конструктив элементлари битказилганлиги даражасидан келиб чиқиб амалга оширилади (мавжуд бўлганда);

ўрнатилмаган асбоб-ускуналарни баҳолаш харажат ёндашуви усуллари билан машиналар, ускуналар, транспорт воситаларини баҳолаш тартибида амалга оширилади;

б) эскириш ҳажми аниқланади:

кўчмас мулк, шу жумладан қурилиши тугалланмаган объектлар учун - умумий эскириш (жисмоний, функционал ва ташқи);

машиналар, ускуналар ва транспорт воситалари учун - умумий эскириш (жисмоний, функционал ва ташқи);

қолган асосий воситалар учун - жисмоний эскириш ёки норматив (баланс бўйича қабул қилинган) эскириш;

ўрнатилмаган асбоб-ускуналар учун - функционал ва ташқи эскириш.

Кўчмас мулк, машина ва ускуналар, шунингдек транспорт воситалари умумий эскиришининг ҳисобланган миқдори ўлчами балансда сақловчининг бухгалтерия ҳисобига биноан инобатга олинадиган эскиришдан юқори натижани берган ҳолларда баҳоловчи 8-сон МБМСни қўллаш бўйича услубий кўрсатмаларда белгиланган тартибда баҳолаш объектининг амалдаги ҳолатидан келиб чиқиб умумий эскириш қийматини хисобга олади.

Баҳоловчи томонидан қолган асосий воситаларнинг ҳар бир позицияси бўйича аниқланган эскириш ҳажми давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнида ташкил этилган Комиссия томонидан белгиланган норматив эскириш миқдоридан юқори бўлиши мумкин эмас.

Агар янги аниқланган объектлар ва баланс қийматига эга бўлмаган объектлар баҳоланиши лозим бўлса, эскириш миқдори баҳоловчи томонидан экспертиза асосида баҳолаш санасидаги ҳақиқий ҳолатидан келиб чиқиб белгиланади.

в) 10 фоиздан камроқ қолдиқ қийматга эга бўлган асосий воситалар бўйича баҳолаш вақтида уларнинг тикланиш қийматининг 10 фоизи миқдоридаги қиймати киритилади;

г) интеллектуал мулк объектлари Ўзбекистон Республикаси Мулкни баҳолаш миллий стандарти (13-сон МБМС) "Интеллектуал мулк объектлари қийматини баҳолаш"га (рўйхат рақами 2371, 2012 йил 18 июнь) мувофиқ баҳоланади;

д) узоқ муддатли инвестициялар қийматини баҳолаш белгиланган тартибда бозор қиймати бўйича амалга оширилади;

е) баҳолаш чоғида товар-моддий захираларига тааллуқли инвентарлар ва хўжалик буюмларининг қиймати баланс қийматига тенг ҳолда қабул қилинади;

ж) қолган узоқ муддатли ва жорий активлар қиймати, шунингдек корхонанинг мажбуриятлари корхонанинг охирги (баҳолаш санасидаги) ҳисоботи корхонанинг бухгалтерия баланси маълумотлари асосида баланс қиймати бўйича белгиланади.

Бунда муддати кечиктирилган харажатлар ва даромадлар қиймати қуйидаги тарзда белгиланади:

агар улар бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартлари билан белгиланган активлар ва мажбуриятларни тан олиш мезонларига жавоб берса, уларнинг қиймати баланс қийматига тенг ҳолда қабул қилинади;

агар улар бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартлари билан белгиланган активлар ва мажбуриятларни тан олиш мезонларига жавоб бермаса, уларнинг қиймати тўланадиган фойда солиғи (муддати кечиктирилган даромад учун) ёки мазкур солиқдан тежалган сумма (муддати кечиктирилган харажатлар учун) бўйича ҳисобланади.

Тўланадиган солиқ суммаси ёки унинг тежаш суммаси ушбу солиқнинг амалдаги ставкасини муддати кечиктирилган харажатлар ва даромадларнинг баланс қийматига кўпайтириш йўли билан ҳисобланади;

з) ер участкасига бўлган ҳуқуқларнинг қийматини баҳолаш ер рентаси асосида амалга оширилади.

Бухгалтерия баланси корхона томонидан йилига бир марталик даврийликда тузилганда, агар баҳолаш санаси бухгалтерия балансини тузиш санасидан уч ойдан ортиқ муддатга ортда қолган бўлса, ҳисоб-китоблар учун асос сифатида охирги (баҳолаш санасидан олдинги) чорак якуни бўйича оралиқ баланс олинади.

53. Асосий воситалар қийматини баҳолашда уларнинг баҳолаш натижалари бўйича аниқланган қиймати корхона бухгалтериясида кўрсатилган ва корхона балансида акс эттирилган баланс қолдиқ қийматидан кам бўлмаслиги керак.


54. Баҳолаш объекти корхонада иштирок этиш улуши (акция пакети, улуши, пайи) бўлган ҳолларда балансда сақловчи (эмитент) асосий воситалари қийматини баҳолаш юқоридагига ўхшаш тартибда амалга оширилади.

54-1. 8-сон МБМС доирасида ҳар бир ёндашув бўйича усуллар яхлит корхонанинг ёки 75 фоиздан юқори назорат улуши қийматини баҳолаш шартларини назарда тутади. 75 фоиз ва ундан кам бўлган акциялар пакетлари (улушлар, пайлар)нинг қийматини баҳолаш тегишли чегирмаларни инобатга олган ҳолда амалга оширилади. Чегирмаларни қўллаш 8-сон МБМСни қўллаш бўйича Услубий кўрсатмаларда белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширилади.


6-§. Қўлланилган баҳолаш ёндашувлари натижаларини

мувофиқлаштириш ва баҳолаш объектининг

якуний қийматини ҳисоблаш


55. Баҳолаш объектининг якуний қийматини ҳисоблаш учун баҳоловчи, қўлланилган баҳолаш ёндашувлари натижаларини мувофиқлаштириш (ўлчаш)ни амалга оширади.


56. Мувофиқлаштириш жараёнида баҳоловчи барча омиллар, шу жумладан, қабул қилинган фаразлар ва чеклашлар таҳлили асосида ҳар бир ёндашувнинг афзалликлари ва камчиликлари нисбатини, баҳолашнинг якуний натижасига уларнинг таъсири даражасини турли ёндашувларни қўллашда олинган натижаларга бериладиган ўлчов коэффициентларини таҳлил қилиш йўли билан миқдор жиҳатидан акс эттириши лозим.


57. Турли хил ёндашувлар билан олинган энг катта ва энг кичик натижалар ўртасида жиддий (50 фоиздан ортиқ) тафовут мавжуд бўлган тақдирда, мазкур тафовут сабаблари таҳлил қилиниб, унинг натижалари баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда акс эттирилади ва мувофиқлаштириш учун баҳоловчи фикрига кўра энг ишончли бўлган натижалар танланади.


58. Баҳолаш объектининг якуний қийматини ҳисоблашда баҳоловчининг барча мулоҳазалари ва фаразлари асосланиши лозим.


59. Баҳолашга ёндашувларни қўллаш натижалари мувофиқлаштирилганидан кейин баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда акс эттирилган баҳолаш объектининг якуний қиймати ягона катталик сифатида ифодаланиши лозим.



7-§. Баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботни тузиш


60. Ёзма тарзда тузилган баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот баҳоловчи ташкилот баҳолаш объекти қийматини аниқлаш бўйича ўз мажбуриятларини бажарганлигини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади.

Баҳоловчи ташкилот томонидан баҳолаш объекти қийматини аниқлаш бўйича ўз мажбуриятларини бажарганлигини тасдиқловчи ҳужжат бўлиб, баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот ҳисобланади.


61. Баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда баҳолаш объектига тавсиф берилади, йиғилган ахборот, амалга оширилган таҳлил босқичлари ва ҳисоб-китоблар акс эттирилади, олинган натижалар асосланади, баҳолаш объектининг якуний қиймати, баҳолаш базасининг тасдиғи, баҳолаш мақсади, шунингдек баҳолаш натижаларини тўлиқ ва бир хилда талқин қилишни таъминловчи барча фаразлар ва чекловчи шартлар кўрсатилади.

Баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда акс эттирилган дастлабки маълумотлар таркиби ва амалга оширилган баҳолаш жараёнини баён этишнинг кетма-кетлиги баҳолаш объекти қийматини ҳисоблашни тўлиқ акс эттириш имконини бериши ва ўхшаш натижаларга олиб келиши лозим.


62. Ҳисобот фақат баҳолаш жараёнида ҳисоблаш ва таҳлил қилишда фойдаланилган ахборот ва маълумотларни ўз ичига олиши лозим.

Баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда келтирилган, баҳолашни амалга ошириш чоғида фойдаланилган ёки ҳисоблашлар натижасида олинган ахборотга ахборот манбаига ишора қилиш йўли билан изоҳ берилиши лозим.


63. Баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот қуйидаги таркибий қисмлардан иборат бўлиши лозим:

титул варағи;

мундарижа;

умумлаштирувчи қисм (илова хат);

қисқартмалар, шартли белгилар, символлар, бирликлар ва атамалар рўйхати;

кириш;

асосий қисм;

хулоса;

фойдаланилган манбалар рўйхати;

иловалар.


64. Баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот рақамланган ва баҳоловчи (баҳоловчилар) томонидан саҳифама-саҳифа имзоланган, тикилган, шунингдек баҳолаш буюртмачиси шартнома тузган баҳоловчи ташкилот раҳбарининг имзоси ва муҳри билан (муҳр мавжуд бўлган тақдирда) тасдиқланиши лозим.

65. Баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботга иловада баҳоловчи фойдаланган ва баҳолаш объектининг миқдор ва сифат тавсифларини белгиловчи ҳужжатларнинг нусхалари, шунингдек техник инвентаризация ҳужжатлари ва бошқа зарур ҳужжатлар келтирилиши лозим. Агар бу баҳолаш ҳақидаги вазифада белгиланган бўлса, баҳолаш объектининг унинг баҳолаш санасидаги жорий ҳолатини акс эттирувчи фотосуратлари мавжудлиги мажбурийдир.

Иловада баҳоловчи ташкилот лицензияси, баҳоловчиларнинг малака сертификатлари ва фуқаролик жавобгарлиги суғурта полисининг нусхалари ҳам келтирилиши лозим.


66. Баҳоловчи ташкилот баҳолашнинг баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда акс эттирилган натижалари учун қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўлади.

Баҳоловчи ташкилот кўрилган зарарлар ёки баҳолаш объектининг суд томонидан баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда акс эттирилган қиймат ҳаққоний эмас деб топилганлиги учун, агар улар баҳолаш буюртмачиси ёки учинчи шахслар томонидан ишончсиз ахборот берилиши оқибатида вужудга келган бўлса, жавобгар бўлмайди.



VI БОБ. АХБОРОТНИ ОШКОР ЭТИШГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


67. Баҳолаш жараёнида фойдаланилган ахборотни баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда ошкор этиш шундай амалга оширилиши лозимки, баҳолаш ҳақидаги ҳисоботдан фойдаланувчилар баҳолаш жараёни мантиғини ва баҳолаш объектининг қийматини аниқлаш учун баҳоловчи кўрган чораларни тушуна олсинлар.


68. Баҳолаш жараёнида қўлланилган барча ахборот ошкор этилиши лозим, маҳфий хусусиятга эга бўлган ахборот бундан мустасно. Маҳфий ахборотни баҳоловчи фақат буюртмачи ва (ёки) мазкур ахборотни тақдим этган шахслар билан келишган ҳолда ёки суднинг тегишли қарорига биноан ошкор этади. Фойдаланилаётган ахборотнинг маҳфийлик даражаси буюртмачи ва (ёки) мазкур ахборотни тақдим этувчи ёки унга бевосита алоқадор бўлган шахслар томонидан белгиланади.


69. Баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда барча фаразлар ва чекловчи шартларнинг моҳияти, шунингдек ахборотни ошкор этишга қўйиладиган ҳар қандай талаблар очиб берилади.

Баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботга мазкур стандартга ва қабул қилинган бошқа мулкни баҳолаш стандартларига риоя қилинганлиги ҳақидаги баёнот киритилиши, стандартларнинг талабларидан ҳар қандай четга чиқиш кўрсатилиши ва бундай четга чиқишга изоҳ берилиши лозим.


70. Баҳолаш объектининг 8-сон МБМС талабларига мувофиқ тузилган баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда кўрсатилган якуний қийматидан, агар баҳолаш ҳақидаги ҳисобот тузилган санадан баҳолаш объектини хусусийлаштириш мақсадида унинг бошланғич нархи тайинланган санагача 6 ойдан ортиқ вақт ўтмаган бўлса, хусусийлаштириш мақсадида фойдаланилиши мумкин.

Баҳолаш ўтган (баҳолашни амалга ошириш санасига мос келмайдиган) санага қадар бўлган ҳолатга кўра амалга оширилган тақдирда, баҳолаш объектининг қиймати ҳақидаги хулоса баҳолаш амалга оширилган санадагина ҳақиқий бўлади.



VII БОБ. СТАНДАРТДАН ЧЕТГА ЧИҚИШ ШАРТЛАРИ


71. Меъёрий қоидалар ёки давлат мулкини тасарруф этувчиларнинг қарорлари баҳоловчига 8-сон МБМС талабларига тўлиқ ёки қисман риоя қилиш имкониятини бермаса, баҳоловчи қийматни аниқлаш бўйича мос келувчи ҳисоблашларни ва тегишли баҳолаш тартиботларини қўллаши лозим. Бунда, баҳолаш ҳақидаги ҳисоботда аниқланиши лозим бўлган қийматни кўрсатиш билан бир қаторда 8-сон МБМС талабларидан четга чиқиш сабаблари далиллар билан асосланиши лозим.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 44-сон, 474-модда.





















Время: 0.1996
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск