ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Конституциялар ва кодекслар / Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси / Кодекснинг биринчи қисми моддаларига шарҳ /

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси биринчи қисмига шарҳ

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Фуқаролик кодекси биринчи қисмига

ШАРҲ*


(Қонунчиликнинг 2010 йил 1 январь ҳолатига кўра)



Рус тилидаги матнига қаранг



МУНДАРИЖА


Сўз боши

            

I Бўлим. Умумий қоидалар

          

1-кичик бўлим. Асосий қоидалар

          

1-боб. Фуқаролик қонун ҳужжатлари (1-7-моддалар)

2-боб. Фуқаролик қонун ва бурчларининг вужудга келиши.

Фуқаролик ҳуқуқларини амалга ошириш ва ҳимоя қилиш

(8-15-моддалар)

             

2-кичик бўлим. Шахслар

              

3-боб. Фуқаролар (жисмоний шахслар) (16-38-моддалар)

4-боб. Юридик шахслар

           

§ 1. Умумий қоидалар (39-57-моддалар)

§ 2. Тижорат ташкилотлари (58-72-моддалар)

§ 3. Тижоратчи бўлмаган ташкилотлар (73-78-моддалар)

             

5-боб. Давлат фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар

иштирокчиси сифатида (79-80-моддалар)

                 

3-кичик бўлим. Объектлар

                  

6-боб. Умумий қоидалар (81-82-моддалар)

7-боб. Моддий неъматлар (83-96-моддалар)

8-боб. Номоддий неъматлар (97-100-моддалар)

                 

4-кичик бўлим. Битимлар ва вакиллик

                  

9-боб. Битимлар

                 

§ 1. Битимлар тушунчаси, турлари ва шакли (101-112-моддалар)

§ 2. Битимларнинг ҳақиқий эмаслиги (112-128-моддалар)

                  

10-боб. Вакиллик ва ишончнома (129-144-моддалар)

                   

5-Кичик бўлим. Муддатлар. Даъво муддати

                 

11-боб. Муддатларни ҳисоблаш (145-148-моддалар)

12-боб. Даъво муддати (149-163-моддалар)

                  

II Бўлим. Мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар

                     

13-боб. Умумий қоидалар (164-175-моддалар)

14-боб. Хўжалик юритиш ҳуқуқи. Оператив

бошқариш ҳуқуқи (176-181-моддалар)

15-боб. Мулк ҳуқуқининг вужудга келиши ва

унинг бекор бўлиши (182-206-моддалар)

16-боб. Хусусий мулк (207-212-моддалар)

17-боб. Оммавий мулк (213-215-моддалар)

18-боб. Умумий мулк (216-227-моддалар)

19-боб. Мулк ҳуқуқини ва бошқа ашёвий

ҳуқуқларни ҳимоя қилиш (228-233-моддалар)

              

III Бўлим. Мажбурият ҳуқуқи

                

1-кичик бўлим. Мажбуриятлар тўғрисида умумий қоидалар

                       

20-боб. Мажбурият тушунчаси ва тарафлари (234-235-моддалар)

21-боб. Мажбуриятларни бажариш (236-258-моддалар)

22-боб. Мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш (259-модда)

                

§ 1. Неустойка (260-263-моддалар)

§ 2. Гаров (264-289-моддалар)

§ 3. Ушлаб қолиш (290-291-моддалар)

§ 4. Кафиллик (292-298-моддалар)

§ 5. Кафолат (299-310-моддалар)

§ 6. Закалат (311-312-моддалар)

                     

23-боб. Мажбуриятдаги шахсларнинг ўзгариши (313-323-моддалар)

24-боб. Мажбуриятларни бузганлик учун

жавобгарлик (324-339-моддалар)

25-боб. Мажбуриятларнинг бекор бўлиши (340-352-моддалар)

                    

2-кичик бўлим. Шартнома тўғрисида умумий қоидалар

                  

26-боб. Шартнома тушунчаси ва шартлари (353-363-моддалар)

27-боб. Шартнома тузиш (364-381-моддалар)

28-боб. Шартномани ўзгартириш ва бекор қилиш (382-385-моддалар)




СЎЗ БОШИ


Ҳар бир норматив ҳуқуқий ҳужжатни қўллаш ҳуқуқни қўлловчининг мантиқ, ҳуқуқий онг ва профессионал билимнинг юқори даражасига асосланган мураккаб фикрий жараёндир. Фуқаролик ҳуқуқига келсак, унинг ялпи қамраб олувчи хусусияти ва фуқаролик муомаласида деярли барча фуқаролар ва юридик шахсларнинг иштироки туфайли Фуқаролик кодекси қўлланишини давлат ҳокимияти тузилмасининг барча хизматчилари, барча муомалага лаёқатли фуқаролар ва юридик шахслар бевосита ёки билвосита жалб қилинган жараён деб ҳисоблаш мумкин ва шу жиҳатдан ФКга шарҳларга зарурат мавжуд.

Кўпинча, қонун тўғридан-тўғри, қўшимча тушунтириш ва талқинларсиз қўлланиши лозим деб ҳисобланади. Аммо ҳаёт шуни кўрсатмоқдаки, биринчидан, қонун нормалари билан барча нарса ҳал бўлмайди ва унинг воситасида вужудга келаётган ҳамма ижтимоий муносабатларни тартибга солишнинг имкони йўқ, қонунни тўлдирувчи, аниқлаштирувчи қонуности норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар зарур; иккинчидан, ФКнинг қоидалари кўп ҳолларда узил-кесил, унданда кўпроқ диспозитив хусусиятга эга, баъзи ҳолатларда эса бошқа қоидаларга хавола қилади ва юқорида санаб ўтилган сабаблар туфайли вужудга келган саволлар, изоҳлар ва асослантиришга муҳтождир.

Буларнинг барчаси қонунларга малакали шарҳларни тузишнинг имкони ва зарурлигини шарт қилиб қўяди. Ўқувчилар, қонунни қўлловчиларнинг эътиборига 1997 йил 1 мартдан кучга киритилган Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига моддалар бўйича ҳуқуқий илмий-амалий, Шарҳ таклиф этилмоқда.

Амалдаги Фуқаролик кодексига ёзилган аввалги, биринчи шарҳ 1997 йилда нашр этилган эди. У ўзбек тилида нашр этилган бўлиб, ўша пайтда кўпчилиги янги ҳамда юрист ва ҳуқуқни қўлловчиларнинг кенг оммасига ва оддий фуқароларга Фуқаролик кодекси кўпчилиги янги ва маълум бўлмаган қоидаларини тушунтиришда улкан рол ўйнади.

Аммо ўшандан буён 10 йилдан ортиқ вақт ўтди, ҳуқуқий онг, бозордаги ҳақиқий аҳвол ўзгарди. Қонун ижодкорлигида маълум тажриба тўпланди, қонунчилик, жумладан, фуқаролик қонунчилиги ҳам ўзгарди, ҳуқуқий ислоҳотларнинг навбатдаги босқичи учун мақсадлар белгиланди. Буларнинг барчаси ФКга янги, айни пайтда икки тилда - ўзбек ва рус тилларида шарҳни тайёрлаш ва нашр қилиш заруратини келтириб чиқарди.

Тақдим этилаётган шарҳлов фуқаролик ҳуқуқининг асосий институтлари ва ФК нормаларини, фуқаролик-ҳуқуқий фаолият тўғрисидаги бошқа қонун ҳужжатларини тушунтириш ва талқин қилишга, уларнинг қоидалари ва кўрсатмаларидан фойдаланишни енгиллаштиришга қаратилган.

Унинг матнида шарҳланаётган ёки турдош муносабатларни тартибга солувчи бошқа қонун ва қонуности ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди пленумларининг қарорларидан фойдаланилган ва улардан кўчирмалар келтирилган.

Қонун чиқарувчининг кўрсатмасини яхшироқ англашга ва амалиётда тўғри ҳуқуқни қўллашга имкон бериш мақсадида илмий, шарҳлов ва бошқа адабиётлар, ўзга манбалар кўрсатилган. Ушбу манбалар сони беш юзга бориб қолган қонунларнинг ва минглаб ҳисобланаётган қонуности ҳужжатларнинг йилдан-йилга кўпайиши сабабли мураккаблашиб бормоқда.

Фуқаролик-ҳуқуқий фаолиятни, яъни фуқаролик муомаласи иштирокчиларининг ҳолатини, мулк ҳуқуқи ва ашёвий ҳуқуқларнинг вужудга келиш ва амалга ошириш асосларини, мажбуриятларнинг асосий қоидаларини белгилайдиган муносабатларни тартибга солувчи ҳуқуқ соҳалари ва нормаларини фарқлаш ва тушуниб етиш ҳам муҳим аҳамият касб этади.

ФКни шарҳлашнинг зарурати яна шундаки, фуқаролик қонун ҳужжатлари ҳар қандай таракқий этган ҳуқуқ тизимининг асосий, таянч қисми бўлиб, уни тўғри тушуниш ва қўллаш фуқаролик жамиятининг зарурий элементи ва уни ривожланишининг шартидир.

Ушбу нашр вужудга келаётган конкрет амалий масалаларни ҳал этиш, фуқаролик-ҳуқуқий фаолият мобайнида пайдо бўладиган турли ҳодиса ва ҳаракатларни тартибга солиш усулларини аниқлаш учун тегишли ҳуқуқий нормалар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва ҳуқуқ институтларини танлашда кўмак беришга мўлжалланган.

Шарҳнинг ҳуқуқий хусусияти унинг легал, юридик йўналтирилганлигини, норматив-ҳуқуқий, жумладан, қонуности ҳужжатларига, ҳуқуқий тадқиқотлар ва суд амалиётига таянишини назарда тутади.

Қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Ўзбекистоннинг бутун ҳудудида амал қилади ҳамда барча фуқаролар ва мансабдор шахслар томонидан ижро этилиши лозим. Маълумки, қонунларнинг мажбурийлиги ва узил-кесиллигидан фарқли равишда шарҳлар фақат тавсия хусусиятига эга бўлиб, бу ёзилган матннинг сабаб омиллари ва ахборий ҳажмига, далилий кучига, муаллифларнинг обрў-эътиборига боғлиқдир.

Ўзбекистон Республикаси ФКни қўллашнинг кейинги муайян даври ва унга мувофиқ бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилиниши, бошқа қонунлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг унга мувофиқлаштирилиши, уларнинг кейинчалик ижроси келажакда янада кенгроқ ва батафсилроқ шарҳлар ёзилишини истисно этмайди.

Кишилар томонидан яратиладиган бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар сингари, Ўзбекистон Республикаси ФК моддалари ҳам камчиликлардан ҳоли эмас. Аммо муаллифлар ФК танқид қилишга ва ундаги баҳсли масалалрга диққат қаратишга интилмасдан, ҳуқуқни қўлланишда унинг салоҳиятини конструктив тарзда тушунтириб беришга ҳаракат қилганлар. Шарҳ бу ишда кўмакчи, ўқувчиларнинг барча мулоҳаза ва таклифлар эса унинг янги нашрларига туртки бўлади деб умид қиламиз.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ҳуқуқий муаммоларни ўрганиш Марказининг (Тошкент ш.) ходимлари, Тошкент давлат юридик институтининг ходимлари бўлган юксак назарий ва амалий билимларга эга таниқли юристлар ушбу нашр муаллифлари ва тузувчиларидир.

Шунингдек, Европа Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Кенгашининг Ўзбекистондаги Мувофиқлаштирувчисининг Идорасига Фуқаролик кодексига шарҳлар устида ишни ташкил қилишда кўрсатган ёрдами учун миннатдорчилик билдирамиз.



Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазири

Р. Мухитдинов




БИРИНЧИ ҚИСМ


Ўзбекистон Республикасининг 21.12.1995 й.

163-I-сон Қонуни билан тасдиқланган




I БЎЛИМ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-кичик бўлим. Асосий қоидалар (1-2 боблар. 1-15-моддалар)

2-кичик бўлим. Шахслар (3-5 боблар. 16-80-моддалар)



1-КИЧИК БЎЛИМ. АСОСИЙ ҚОИДАЛАР


1-боб. Фуқаролик қонун ҳужжатлари (1-7-моддалар)

2-боб. Фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларининг вужудга келиши.

Фуқаролик ҳуқуқларини амалга ошириш ва ҳимоя қилиш (8-15-моддалар)



1-БОБ. ФУҚАРОЛИК ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИ


1-модда. Фуқаролик қонун ҳужжатларининг асосий негизлари

2-модда. Фуқаролик қонун ҳужжатлари

билан тартибга солинадиган муносабатлар

3-модда. Фуқаролик қонун ҳужжатлари

4-модда. Фуқаролик қонун ҳужжатларининг вақт бўйича амал қилиши

5-модда. Фуқаролик қонун ҳужжатларини ўхшашлик бўйича қўллаш

6-модда. Иш муомаласи одатлари. Маҳаллий одат ва анъаналар

7-модда. Фуқаролик қонун ҳужжатлари ва халқаро

шартномалар ҳамда битимлар



1-модда. Фуқаролик қонун ҳужжатларининг асосий негизлари


Фуқаролик қонун ҳужжатлари улар томонидан тартибга солинадиган муносабатлар иштирокчиларининг тенглигини эътироф этишга, мулкнинг дахлсизлигига, шартноманинг эркинлигига, хусусий ишларга бирон-бир кишининг ўзбошимчалик билан аралашишига йўл қўйилмаслигига, фуқаролик ҳуқуқлари тўсқинликсиз амалга оширилишини, бузилган ҳуқуқлар тикланишини, уларнинг суд орқали ҳимоя қилинишини таъминлаш зарурлигига асосланади.

Фуқаролар (жисмоний шахслар) ва юридик шахслар ўз фуқаролик ҳуқуқларига ўз эркларига мувофиқ эга бўладилар ва бу ҳуқуқларини ўз манфаатларини кўзлаб амалга оширадилар. Улар шартнома асосида ўз ҳуқуқ ва бурчларини белгилашда ва қонун ҳужжатларига зид бўлмаган ҳар қандай шартнома шартларини аниқлашда эркиндирлар.

Товарлар, хизматлар ва молиявий маблағлар Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида эркин ҳаракатда бўлади.

Хавфсизликни таъминлаш, инсонларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш, табиатни ва маданий бойликларни муҳофаза қилиш учун зарур бўлса, товарлар ва хизматлар ҳаракатда бўлишини чеклаш қонун ҳужжатларига мувофиқ жорий этилиши мумкин.


1. Шарҳланаётган моддада фуқаролик қонун ҳужжатларининг асосий тамойиллари, яъни, моҳиятан, бутун фуқаролик ҳуқуқи тизимининг пойдевори бўлган энг асосий қоидалар ифодаланган ва мустаҳкамланган, унда Ўзбекистон Республикасида мулк, иқтисодий фаолиият ва тадбиркорлик дахлсизлигининг конституциявий кафолатлари акс этган.

Моддада баён этилган асосий негизлар (тамойиллар) ва кафолатлар фуқаролик қонун ҳужжатларига янги сифат хусусиятлари бахш этиб, ФКни Ўзбекистоннинг ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти шаклланиши ва ривожланиши давридаги муҳим ҳуқуқий манба деб ҳисоблашга имкон беради.


2. Шарҳланаётган модданинг биринчи қисмида фуқаролик қонун ҳужжатлари асосий негизлари (тамойиллари)нинг рўйхати келтирилади. Улар жумласига қуйидагилар киради:


а) фуқаролик қонун ҳужжатлари билан тартибга солинадиган муносабатлар иштирокчиларининг тенглиги тамойили. Бундай тенглик қуйидаги улуш услубий тартибдан келиб чиқади: фуқаролик - ҳуқуқий муносабатлар қатнашчилари бир-бирларига нисбатан тобе, қарам бўлмаган субъектлар (жисмоний ва юридик шахслар) хисобланадилар ва фуқаролик ҳуқуқларини вужудга келиши, амалга оширилиши ва химоя қилинишда қонунга биноан тенг ва мустақил деб эътироф этиладилар. Ҳуқуқий муносабатлар қатнашчиларини бундай тенглиги уларнинг субъектив фуқаролик ҳуқуқларини тенглигини англатмайди, балки унинг эгалари учун бундай ҳуқуқлар вужудга келиши, ўзгартирилиши, бекор бўлиши ва уларни бузганлик учун жавобгарликда тенглигини назарда тутади. Фуқаролик қонун ҳужжатларини предмети бўлиб хисобланадиган ушбу муносабатларда уларнинг иштирокчиларини фуқаролик қонуни ва суд олдида тенглиги уларнинг моддий ва ижтимоий нотенглигидан ва ташкилий жиҳатдан бири бирига тобе, қарамлигидан қатъий назар амал қилади ва бу шахслар хатти-харакатларига фуқаролик-ҳуқуқий таъсир кўрсатиш усулигагина хосдир. Фуқаролик ҳуқуқи субъектларининг хеч бири бошқасига буйруқ беришга хақли эмас.


б) мулк дахлсизлиги тамойилининг аҳамияти энг аввало мулкдор томонидан ўз мол-мулкидан қонунда таъқиқланмаган хар қандай мақсадларга эришиши учун ўзининг шахсан эркин хоҳиш асосида фойдаланиш имкониятида намоён бўлади. Бу айни пайтда мулкдорга товон пули тўланиши ёки тўланмаслигидан қатъий назар мулк ҳуқуқини мажбурий бекор бўлишга йўл қўйилмаслигини хам англатади. Қуйидаги қоидага қатъий амал қилиш талаб этилади:

мулк ҳуқуқини мажбурий бекор бўлишига фақат қонунда бевосита назарда тутилган асослар мавжуд бўлгандагина йўл қўйилади. Бундай норма Конституциянинг 53-моддада мустахкамлаб қўйилган бўлиб, унга кўра “хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин”.


в) Тартибга солинувчи бозор шароитларида шартнома эркинлиги фуқаролик ҳуқуқини хал қилувчи негизи сифатида намоён бўлади, бунда шартнома тарафларни муносабатларга хақиқатан хам эркин, ўз ташаббуси билан кираётганлигини ифодалайди. Шартнома мустақил субъектларни хўжалик алоқаларини ташкил этишнинг асоси хисобланади.

Шартнома эркинлиги тарафларни шартномавий муносабатларга киришишга хақиқий истаги ва эрк изҳори биринчидан, шартномани тузиш харакатларида, иккинчидан шартнома шартларини белгилаш харакатларида, учинчидан эса шартнома мажбуриятларини бажариш бўйча харакатларида намоён бўлади.

Шартномалар эркинлиги тамойили ФКнинг 354-моддада мустахкамлаб қўйилган бўлиб, унга кўра “Фуқаролар ва юридик шахслар шартнома тузишда эркиндирлар. Шартнома тузишга мажбур қилишга йўл қуйилмайди, шартнома тузиш бурчи ушбу Кодексда, бошқа қонунда ёки олинган мажбуриятда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. Тарафлар қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган шартномани хам тузишлари мумкин.”.

Фуқаролар ва юридик шахслар нафақат шартнома мазмунини белгилашда, балки шартнома бўйича шерикларини (контрагентларни) танлашда хам эркиндирлар. Улар моддий ёки маънавий турмушнинг у ёки бу турдаги предметларига нисбатан ўз эхтиёжларини қаноатлантириш заруратига қараб шартномавий муносабатларга киришадилар. Шартнома тузишга мажбурлашга қонунда бундай ҳолат назарда тутилган ёки суд қарорида белгиланган бўлса йўл қуйилади (ФКнинг 377-модда 6-7-қисм). истеъмолчига тегишли товарлар сотиш, иш бажариш, хизмат кўрсатиш имконияти бўлган ҳолда оммавий шартнома тузишдан бош тортишга йўл қўйилмайди (ФКнинг 358-модда 3-қисм) давлат эҳтиёжлари учун товарлар етказиб бериш шартномасини тузиш давлат буюртмачиси учун хам, товарлар етказиб берувчи учун хам мажбурийдир (ФКнинг 459-модда 2-4-қисмлари).


г) Хусусий ишларга ва шахсий ҳаётга бирон бир кишининг ўзбошимчалик билан аралашишига йўл қўйилмаслиги фуқаролик қонун ҳужжатларининг асосий тамойилларидан хисобланади. Ўзбекистон Республикаси қонунларида назарда тутилган тартибдан ва ҳолатлардан ташқари ҳеч қандай давлат идораси ва махаллий ўзини-ўзи бошқариш органлари, шунингдек, бошқа ҳар қандай шахслар мулкий ва номулкий муносабатларга аралашувига йўл қўйилмайди. Ушбу тамойил Конституциянинг 27-моддада мустахкамлаб қўйилган “хар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий хаётига аралашишдан химояланиш ва турар-жойи дахлсизлиги ҳуқуқига эга” деган нормага асосланади.

Хусусий ишларга бирон бир кишининг ўзбошимчалик билан аралашишга йўл қўйилмаслиги тадбиркорлик субъектлари (якка тадбиркорлар ва тижорат ташкилотлари)ни ўз мол-мулкларини тасарруф этиши, даромадларини тақсимлаш, улардан фойдаланиш соҳасига давлат органлари ходимлари ва бошқа шахсларни хар қандай тазйиқларига таъқиқни англатади. Агарда қонунларда қандайдир талаблар белгилаб қўйилган бўлмаса, субъектларни ўз ишларида кимнидир руҳсатини олиш, маълумотлар тақдим этиш, бошқа бировни розилигини олиш талаб этилмайди. Шахсий, оилавий ва тижорат сирларига таълуқли маълумотларни тақдим этилишини талаб этиш таъқиқланади.

Хусусий ишларга хеч кимни ўзбошимчалик билан аралашишга йўл қўйилмаслиги айни пайтда шахсий хаётга, шахсий ҳужжатларга ва шахсий муносабатларга аралашувларга хам таъқиқ қўяди. Бундай таъқиқлар ФКнинг 8-боби тегишли нормаларида белгилаб қўйилган. Хусусий ишларга хеч кимни ўзбошимчалик билан аралашишига йўл қўйилмаслиги тамойили талабларини рўёбга чиқаришда ФКнинг 15-моддада белгилаб қўйилган давлат органлари ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари ёки ушбу органлар мансабдор шахслари томонидан содир этилган ғайриқонуний харакатлар натижасида фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарни қопланиши тўғрисидаги нормаси муҳим аҳамиятга эга.


д) фуқаролик ҳуқуқларини ҳеч қандай тўсқинликларсиз амалга оширилиши тамойили ФКнинг кўпгина нормаларида, хусусан унинг ўзига хос жиҳатлари ФКнинг 9-моддада ўз ифодасини топган. Фуқаролар ва юридик шахслар ўзларига тегишли фуқаролик ҳуқуқларини, шу жумладан уларни ҳимоя қилиш ҳуқуқини ҳам ўз хоҳишларига кўра тасарруф қиладилар ва хеч ким уларни амалга оширишга тўсқинлик қилишга хақли эмас. Фуқаролик ҳуқуқларини амалга ошириш бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги лозим. Фуқаролик - ҳуқуқий муносабатлар иштирокчиларининг ҳалол, оқилона ва адолат билан ҳаракат қилиши назарда тутилади.

Фуқаролар ва юридик шахслар ўз ҳуқуқларини амалга оширишда жамиятнинг маънавий тамойиллари ва ахлоқий нормаларини ҳурмат қилишлари, тадбиркорлар эса иш одоби қоидаларига ҳам риоя этишлари керак. Фуқаролар ва юридик шахсларнинг бошқа шахсга зарар етказишга бошқача шаклларда ҳуқуқни суистеъмол қилишга, шунингдек ҳуқуқни унинг мақсадига зид тарзда амалга оширишига қаратилган харакатларига йўл қўйилмайди.


е) Бузилган ҳуқуқларни тикланиши, уларнинг суд орқали ҳимоя қилинишини таъминлаш хам фуқаролик ҳуқуқининг асосий тамойилларидан хисобланади. Бу шу билан изоҳланадики, фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлик ҳуқуқбузарлик содир этганнинг шахсига эмас, балки шахсни бузилган ҳуқуқларини тикланишига, ҳуқуқбузарлик оқибатида унга етказилган моддий зарарларни ва маънавий зиённи қопланишига қаратилади.

Барча ҳолатларда фуқаролик ҳуқуқларини суд тартибида ҳимоя қилиш демократик тамойилларни фуқаролик қонун ҳужжатларига жорий этилишини ўзига хос исботи бўлиб ҳисобланади. Ушбу тартиб қуйидаги икки қоидани ўзида мустаҳкамлайди: а) ФКда ва бошқа қонунларда тегишли кўрсатма бор-йўқлигидан қатъий назар фуқаролик ҳуқуқларини маъмурий тартибда ҳимоя қилиш хисобланади (ФКнинг 10-модда 2-қисм). Бироқ бунда хам маъмурий тартибда қабул қилган қарорлар устидан судга шикоят қилиш мумкин, демак маъмурий тартиб устидан хам суд назорати мавжуд; б) Суд фуқаролик ҳуқуқларини бузувчи ҳужжатларни, яъни улар давлат органлари ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан қабул қилинганидан қатъий назар, ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Фуқаролик ҳуқуқининг юқорида санаб ўтилган раҳбарий қоидалари, асосий негизлари реал турмушдан узилган мавҳум мулоҳазалар эмас. Ушбу тамойиллар ижтимоий тараққиёт эҳтиёжларини ўзида тўлиқ мужассамлаштирувчи инъикоси ҳисобланади.


3. Юқорида кўрсатилган фуқаролик қонун ҳужжатларининг асосий негизлари (тамойил)ларининг хеч бири мутлоқ характерга эга эмас. Уларнинг барчаси юридик тартиботни, кўпроқ эса фактик (амалиёт) тартиботининг у ёки бу истиснолари таъсири доирасига тушади. Ушбу рахбарий қоидаларни (тамойилларни) асосий қиймати шундаки улар биргаликда мажмуа сифатида фуқаролик қонун ҳужжатларини мулкий ва номулкий муносабатларни энг самарали тарзда тартибга солишга қодир бўлган демократик типдаги яхлит тизимли тузилма сифатида шакллантиради. Шуни ҳам таъкидлаш лозимки муайян холатларда фуқаролик қонун ҳужжатларини асосий негизлари, масалан, ҳуқуқ аналогияси (ўхшашлиги)дан фойдаланишда муайян ҳуқуқий муносабатларда тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини бевосита белгилаш манбаси бўлиб хам хизмат қилиши мумкин (ФКнинг 5-модда 2-қисм).


4. Шархланаётган модданинг иккинчи қисмида фуқаролар ва юридик шахсларни қонунда назарда тутилган фуқаролик ҳуқуқларига эга бўлиш ва амалга оширишда эркинлиги тамойили мустахкамланган. Бунда ўз “эркларига кўра” ва “ўз манфаатларини кўзлаб” тушунчалари фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллаш босқичида ушбу тамойилни умумий йўналтирувчи харакатини белгилайди. Албатта, уларни хар доим ҳам том маънода талқин этиш тўғри бўлмаган бўлур эди, чунки фуқаролик ҳуқуқларига эга бўлиш ва амалга ошириш “ўз эрки билан эмас” (масалан, васийларни вояга етмаганларга нисбатан харкатлари) ва “ўз манфаатларини кўзламаган” холда (масалан, бошқа шахслар, давлат, жамият манфаатларини кўзлаб) намоён бўлиш ҳоллари ҳам учрайди.

Шархланаётган модданинг 3-қисмида товарлар, хизматлар ва молиявий маблағларни ЎзР худудида эркин харакатда бўлиши тўғрисидаги норма ўз ифодасини топган, бу эса мамлакатни ягона иқтисодий майдон сифатида мавжудлигининг муҳим шарти ҳисобланади.

Ушбу модданинг 4-қисмида товарлар, хизматлар ва молиявий маблағларни эркин харакатини чеклаш асослари белгиланган бўлиб, буни амалга оширишга давлат ва жамият хавфсизлигини, инсонлар соғлиғи ва ҳаётини, табиатни ва маданий бойликларни муҳофаза қилинишини таъминлаш мақсадида давлат хокимияти органлари томонидан махсус норматив ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш орқалигина йўл қўйилади.



2-модда. Фуқаролик қонун ҳужжатлари билан

тартибга солинадиган муносабатлар


Фуқаролик қонун ҳужжатлари фуқаролик муомаласи иштирокчиларининг ҳуқуқий ҳолатини, мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқларнинг, интеллектуал фаолият натижаларига бўлган ҳуқуқларнинг вужудга келиш асосларини ҳамда уларни амалга ошириш тартибини белгилайди, шартнома мажбуриятлари ва ўзга мажбуриятларни, шунингдек бошқа мулкий ҳамда у билан боғлиқ шахсий номулкий муносабатларни тартибга солади.

Фуқаролар, юридик шахслар ва давлат фуқаролик қонун ҳужжатлари билан тартибга солинадиган муносабатларнинг иштирокчилари бўладилар.

Агар қонунда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, фуқаролик қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган қоидалар чет эллик фуқаролар, фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳамда чет эллик юридик шахслар иштирокидаги муносабатларга қўлланилади.

Шахсий номулкий муносабатлар ва мулкий муносабатлар билан боғлиқ бўлмаган шахсий муносабатлар, агар қонунларда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса ёки бу муносабатларнинг моҳиятидан ўзгача ҳол англашилмаса, фуқаролик қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган белгиларга жавоб берадиган Оила муносабатларга, меҳнат муносабатларига ва табиий ресурслардан фойдаланиш ҳамда атроф - муҳитни муҳофаза қилиш муносабатларига нисбатан фуқаролик қонун ҳужжатлари бу муносабатлар махсус қонунлар билан тартибга солинмайдиган ҳолларда қўлланилади.

Бир тарафнинг иккинчи тарафга маъмурий бўйсунишига асосланган мулкий муносабатларга, шу жумладан солиқ, молиявий ва бошқа маъмурий муносабатларга нисбатан фуқаролик қонун ҳужжатлари қўлланилмайди, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.


1. Шарҳланаётган моддада фуқаролик қонун ҳужжатлари томонидан тартибга солинадиган ижтимоий муносабатларнинг турлари таърифланади. Мазкур муносабатлар объектларининг хусусиятлари ва фуқаролик муомаласи иштирокчиларининг ҳуқуқий ҳолатини ҳисобга олган ҳолда фуқаролик қонун ҳужжатлари таъсири қамраб оладиган муносабатларни айрим турларига ҳуқуқий тавсиф берилади.

Фуқаролик қонун ҳужжатлари томонидан тартибга солинадиган муносабатларнинг уч тури фарқланади: мулкий муносабатлар, улар билан боғлиқ шахсий номулкий муносабатлар ҳамда мулкий муносабатлар боғлиқ бўлмаган, объекти сифатида инсоннинг унинг ўзидан ажралмас ҳуқуқ ва эркинликлари, шунингдек, бошқа номоддий манфаатлар ҳисобланган шахсий муносабатлар фарқланади.

Иқтисодиёт соҳасида амал қилувчи мулкий муносабатлар кўрсатиб ўтилган муносабатлар ичида етакчи ўрин тутади. Товар-пул муомаласида товар сифатида иштирок этадиган ёки иштирок этиши мумкин бўлган мол-мулк уларнинг асосий объекти ҳисобланади. Бозор иқтисодиётига ўтилиши билан боғлиқ равишда фуқаролик қонун ҳужжатлари билан тартибга солинадиган мулкий муносабатларнинг мол-мулкни янги тоифаларини қамраб олиш жараёни содир бўлмоқда. Бугун уларнинг сирасига, жумладан, товарга айланиб улгурган ер, бошқа табиий ресурслар, кўп қаватли тураржой бинолари, бошқа тураржой квартиралари киритилмоқда.


2. Мулкий муносабатларга боғлиқ шахсий номулкий муносабатлар (шарҳланаётган модданинг 1-қисми) кўпчилик ҳолларда муаллифлик ҳуқуқи, исмга бўлган ҳуқуқи ҳамда илм-фан, адабиёт ва санъат асарларига, ихтиролар, саноат намуналарига бўлган бошқа шахсий номулкий муносабатлар, адабиёт ва санъат асарлари ижрочиларининг шахсий номулкий ҳуқуқлари юзасидан вужудга келади. Иқтисодий мазмунга эга бўлмаган ва тўғридан-тўғри пулда баҳолашнинг имкони бўлмаган ҳуқуқлар бундай муносабатларнинг объекти ҳисобланади. Аммо ушбу ҳуқуқларнинг эгалари, бир пайтнинг ўзида, мулкий ҳуқуқларга, энг аввало, ўзининг интеллектуал фаолияти натижаларидан фойдаланишга мутлақ ҳуқуққа эгадирлар. Шунга боғлиқ равишда улар ушбу номулкий муносабатлар билан туташ мулкий муносабатлар асосида моддий наф топишлари ва даромад олишлари мумкин.


3. Инсоннинг ажралмас ҳуқуқ ва эркинликлари, шунингдек, бошқа номоддий неъматлар билан боғлиқ манфаатларни ҳимоялаш бўйича муносабатлар алоҳида турни ташкил этади. Ушбу муносабатлар мулкий муносабатлар билан бевосита боғлиқ эмас, аммо тегишли ҳуқуқ, эркинлик ва манфаатлар бузилганда уларнинг эгаларига етказилган маънавий зиён учун товон тўлаш бошқа чоралар билан биргаликда қўлланиши мумкин. ФК фуқаролик қонун ҳужжатлари билан муҳофаза қилинадиган ҳуқуқ, эркинлик ва бошқа номоддий манфаатларнинг рўйхати очиқ бўлиши (узил кесил бўлмаслиги) нуқтаи назарида туради, бу эса уни қўлланиш доирасини анча кенгайтиради.


4. Шарҳланаётган моддада фуқаролик қонун ҳужжатлари томонидан тартибга солинадиган мулкий ва номулкий муносабатларнинг белгилари мавжуд. Ушбу белгилар мазкур муносабатларни ҳуқуқнинг бошқа соҳалари, жумладан, меҳнат, оила, маъмурий, ер, табиий ресурслар ва ш.к. ҳуқуқ нормалари доирасига тааллуқли бошқа мулкий ва номулкий муносабатлардан алоҳида ажратишга ва шунга мувофиқ равишда чегаралашга имкон беради. Фуқаролик қонунчилиги томонидан тартибга солинадиган муносабатлар иштирокчиларининг тенглиги, эрк мухторияти ва мулкий мустақиллиги шундай белгилар сирасига киради. Фуқаролик қонун ҳужжатлари фуқаролик ҳуқуқи иштирокчилари (субъектлари) ўртасидаги ташқи деб аталувчи муносабатларни тартибга солади. Юридик шахслар ичида ташкилот ходимлари ўртасида юзага келадиган, ёлланма меҳнатдан фойдаланишга асосланган мулкий ва ўзга муносабатлар одатда анъанавий тарзда меҳнат ҳуқуқи нормалари билан тартибга солинади, башарти қонун ҳужжатларида ёки таъсис шартномасида улар бевосита фуқаролик қонун ҳужжатларига ҳавола қилинмаган бўлса. Жумладан, ташкилотларда иш берувчилар ва ходимлар ўртасидаги ёлланма меҳнатдан фойдаланиш бўйича муносабатлар фуқаролик эмас, меҳнат қонунчилиги нормалари билан тартибга солинади. Акциядорлар, иштирокчилар, аъзоларнинг тижорат ва айрим турдаги нотижорат ташкилотларининг фаолиятида қатнашуви билан боғлиқ ички муносабатлар ФК нормаларига мувофиқ фуқаролик қонун ҳужжатларининг таъсир доирасига киради.

Фуқаролик қонун ҳужжатлари таъсир доирасининг кўрсатиб ўтилган ташкилотлар ичида юзага келадиган ички муносабатларни қамраб олиши билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролик ҳуқуқи янги хусусиятлар касб этади.

Фуқаролик қонун ҳужжатлари томонидан тартибга солинадиган муносабат турларини белгилаб беришдан ташқари, модданинг матнида фуқаролик муомаласи иштирокчиларининг ҳуқуқий мақомига ва фуқаролик - ҳуқуқий муносабатларини асосий тоифаларининг умумий тавсифига доир қоидалар ҳам келтирилган.


5. Шарҳланаётган модданинг биринчи қисмида ишлатилаётган фуқаролик муомаласи тушунчаси ўз ичига битимларни ҳамда шу муомала иштирокчилари ўртасида юзага келувчи фуқаролик - ҳуқуқий муносабатлари доирасида мол-мулк ва бошқа объектларни хақ эвазига ва текин беришга қаратилган бошқа ҳатти-ҳаракатларни олади. Объекти субъектидан ажралмас ҳуқуқ, эркинлик ва бошқа номоддий манфаатлар бўлган муносабатлар фуқаролик муомаласидан ташқарида ётади. Фуқаролик - ҳуқуқий муносабатларининг иштирокчилари (субъектлари) сифатида эса фуқаролар, юридик шахслар, давлат (шарҳланаётган модданинг 2-қисми) иштирок этиши мумкин. Қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, фуқаролик - ҳуқуқий муносабатларида миллий тартибни тақдим этиш асосида чет эллик фуқароларни, фуқаролиги бўлмаган шахсларни ва хорижий юридик шахсларни иштирок этишига йўл қуйилади.

Шарҳланаётган модданинг биринчи қисмида фуқаролик - ҳуқуқий муносабатларнинг қонун чиқарувчи томонидан ажратиб кўрсатилаётган учта тоифаси етарлича аниқ кўриниб турибди, булар: мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқларга доир ҳуқуқий муносабатлар; интеллектуал фаолият натижаларига бўлган мутлақ ҳуқуқлар билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатлар (ажралмас ҳуқуқ, эркинлик ва бошқа номоддий манфаатлар тўғрисидаги ҳуқуқий муносабатларни ҳам шулар жумласига киритиш лозим); мажбуриятга оид ҳуқуқий муносабатлардир.

Фуқаролик қонунчилиги бир томоннинг иккинчи томонга маъмурий бўйсунишига асосланган муносабатларга, яъни томонлар ўртасида юридик тенглик негизи бўлмаган муносабатларга нисбатан қўлланилмайди. Бу маъмурий ҳуқуқ ва ҳуқуқнинг бошқа оммавий соҳаларининг амал қилиш доираси ҳисобланади.



3-модда. Фуқаролик қонун ҳужжатлари


Фуқаролик қонун ҳужжатлари ушбу Кодексдан, ушбу Кодекс 2-моддасининг биринчи, тўртинчи ва бешинчи қисмларида кўрсатилган муносабатларни тартибга солувчи бошқа қонунлар ҳамда қонун ҳужжатларидан иборат.

Бошқа қонунлар ва қонун ҳужжатларидаги фуқаролик қонун ҳужжатлари нормалари ушбу Кодексга мос бўлиши шарт.

Вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат органлари ушбу Кодексда, бошқа қонунлар ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва доирада фуқаролик муносабатларини тартибга солувчи ҳужжатлар чиқаришлари мумкин.


1. Фуқаролик ҳуқуқи манбалари тизимида шарҳланаётган модданинг қоидалари энг муҳим аҳамиятга эга. Улар ФКнинг 2-моддасида кўрсатилган муносабатларни тартибга солувчи норматив ҳужжатларнинг юридик табиати ва қуйидан юқорига босқичма-босқич бўйсуниш тизимини таърифлайди.

Шарҳланаётган модданинг биринчи қисмида фуқаролик қонунчилиги тушунчаси мавжуддир. "Қонунчилик" тушунчасидан ФКда қонунлар (шу жумладан ФК), Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари, шунингдек, вазирлик ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ҳамда жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий тусдаги ҳужжатларни жамлаб белгилаш учун қўлланилади.

Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисмида фуқаролик қонунчилигига яна бир муҳим янгилик киритилмоқда. ФКнинг бошқа барча қонунларга нисбатан уларнинг таркибига қўшилаётган фуқаролик ҳуқуқи нормалари борасида устунлиги ўрнатилмоқда. Иккинчи қисмнинг қоидалари, фуқаролик қонунчилиги тизими ҳар доим ҳам ФК нормалари билан чекланиб қолмаслигидан келиб чиқмоқда. Фуқаролик ҳуқуқи нормалари етарлича катта миқдорда меҳнат, оила, маъмурий, ўрмончилик, сув қонунчилигида, ер ости бойликлари ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликда, комплекс хусусиятга эга кўп сонли қонунларда мавжуд. Фуқаролик қонунчилиги тизимида ФК мувофиқлаштирувчи марказ ўрнини тутмоқда. Шу сабабдан бошқа қонунлар ва қонуности ҳужжатларида мавжуд фуқаролик ҳуқуқи нормалари унга мувофиқ бўлиши керак. Мазкур нормалар ушбу талабга мувофиқ бўлмаган, аммо уларни қабул қилинишини жамият ва давлат манфаатлари тақозо этган ҳолларда бундай нормаларни қабул қилиш билан бирга ФКга тегишли ўзгартиришларни киритиш зарур бўлади.


2. Фуқаролик ҳуқуқи нормаларини ўз ичига олган ҳужжатларнинг босқичма-босқич кетма-кетлигида қонунлардан сўнг иккинчи ўринни Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари эгаллайди.

Улар, ФК ва ўзга қонунларга зид бўлмаслик шарти билан, ФКнинг 2-моддаси биринчи ва тўртинчи қисмларида кўрсатилган муносабатларни фуқаролик-ҳуқуқий тартибга солишнинг барча масалалари бўйича қабул қилиниши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонларида фуқаролик ҳуқуқи нормаларининг икки тоифаси бўлиши мумкин.

Бир тоифаси Ўзбекистон Республикаси фуқаролик ҳуқуқи ва амалдаги бошқа қонунларнинг нормаларини конкретлаштиришни мақсад қилиб қўяди.

Нормаларнинг иккинчи тоифаси муносабатларнинг, ҳали улар бўйича қонун қабул қилинмаган ёки қабул қилинишида умуман зарурати бўлмаганларини тартибга солиш учун мўлжаланган. Бунда, Конституция ва ФК бундай муносабатларни Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари ва қарорлари билан ҳуқуқий тартибга солишга имкон беради деб фараз қилинади. Булар тезкор хусусиятга эга нормалар бўлиб, кейинчалик улар, башарти Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниши лозим бўлса, тегишли қонунларга алмаштирилиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 20 июлда ПФ-3897-сонли Иқтисодиётнинг стратегик тармоқларидаги корхоналарни хусусийлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш борасидаги қўшимча тадбирлар тўғрисида”ги фармонида мавжуд нормалар бунга мисол бўлиши мумкин.

Фуқаролик ҳуқуқи нормаларини ўз ичига олган Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари фуқаролик ҳуқуқи манбаларининг босқичма-босқич кетма-кетлигида учинчи ўринни эгаллайди. Норма яратиш соҳасида улар, қонунлар ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорларини бажарилишини таъминлашга мўлжалланган. Шарҳланаётган модданинг учинчи қисмида кўрсатилганидек, улар ФК ва бошқа қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари асосида ва уларни бажарилиши учун қабул қилинадилар. Хусусан, ФК 358-моддасининг бешинчи қисмида Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматини оммавий шартномаларни (намунавий шартномалар, низомлар ва ш.к.) тузиш ва бажаришда шарт бўлган қоидаларни чиқаришга ваколатловчи норма киритилган.


3. ФК Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан фуқаролик ҳуқуқининг, уларни бажариш-таъминлаш вазифаси доирасидан четга чиқувчи нормаларни ўз ичига олган қарорларни қабул қилиш имкониятини назарда тутмайди. Шуниси билан улар Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорларида мавжуд бўлиши мумкин нормаларда фарқланади. Уларни ижобий аҳамияти ҳам шунда, чунки улар ФК ва бошқа қонунларнинг нормалари билан бир қаторда узоқ муддат фойдаланишга мўлжалланган. Бошқача айтганда, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларида мавжуд фуқаролик-ҳуқуқий нормалар барқарор амал қилади деб фараз қилинади.


4. Фуқаролик ҳуқуқи нормалари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси вазирликлари ва бошқа ижроия ҳокимияти органлари (давлат қўмиталари, бошқа давлат органлари) томонидан чиқариладиган ҳужжатларда ҳам мавжуд бўлиши мумкин. Улар идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат деб аталиб, фуқаролик ҳуқуқи манбалари тизимида ўзининг доимий ўрнига эга.

Ижроия ҳокимияти органлари фуқаролик ҳуқуқи нормаларини ўз ичига олган ҳужжатларни фақатгина ФКда, бошқа қонун ва ўзга ҳуқуқий ҳужжатларда (Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларида) назарда тутилган ҳолатларда ва доирадагина қабул қилишлари мумкин.

Ижроия ҳокимияти органларининг давлат рўйхатидан ўтмаган, шунингдек, рўйхатдан ўтган, аммо белгиланган тартибда эълон қилинмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари (ўз ичига давлат сирини ташкил этувчи маълумотларни ёхуд махфий тусдаги маълумотларни олган ҳужжатлар ва уларнинг айрим қоидаларидан ташқари) амалга киритилмагани сабабли ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқармайди ҳамда тегишли ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш, уларда мустахкамланган талабларни бажармаганлиги учун фуқароларга, мансабдор шахсларга ва ташкилотларга нисбатан жазо чораларини қўллаш учун асос бўла олмайди. Низоларни ҳал қилишда бундай ҳужжатларга таяниш мумкин эмас.



4-модда. Фуқаролик қонун ҳужжатларининг

вақт бўйича амал қилиши


Фуқаролик қонун ҳужжатлари орқага қайтиш кучига эга эмас ва улар амалга киритилганидан кейин вужудга келган муносабатларга нисбатан қўлланилади.

Қонун у амалга киритилгунга қадар вужудга келган муносабатларга қонунда тўғридан-тўғри назарда тутилган ҳоллардагина татбиқ этилади.

Фуқаролик қонун ҳужжати амалга киритилгунга қадар вужудга келган муносабатлар бўйича бу қонун ҳужжати у амалга киритилганидан кейин вужудга келган ҳуқуқ ва бурчларга нисбатан қўлланилади.

Агар шартнома тузилганидан кейин тарафлар учун мажбурий бўлган, шартнома тузилаётган пайтдагидан бошқача қоидаларни белгилайдиган қонун қабул қилинган бўлса, тузилган шартноманинг шартлари ўз кучини сақлаб қолади, қонуннинг аввал тузилган шартномалардан келиб чиққан муносабатларга татбиқ этилиши кўрсатилган ҳоллар бундан мустасно.


1. Шарҳланаётган моддада фуқаролик қонун ҳужжатларининг вақт бўйича таъсир қилишига тааллуқли иккита норматив қоида белгиланади. Улардан бири янгидан вужудга келувчи ҳуқуқий муносабатларни, иккинчиси эса, янги Қонун кучга кирганидан сўнг ҳам давом этаётган ҳуқуқий муносабатларни қамраб олади.

Умумий қоида сифатида янги қонун фақатгина у кучга кирганидан сўнг вужудга келган муносабатларга нисбатан қўлланади ва шунга мувофиқ равишда, орқага қайтиш кучига эга эмас.


2. Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 14 декабрда 160-II-сонли "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида"ги Қонунининг 26-моддасига биноан: "Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорлари, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари, агар ҳужжатларнинг ўзида бошқа муддат кўрсатилган бўлмаса, расман эълон қилинганидан сўнг ўн кундан кейин кучга киради".

Истисно сифатида қонун, у кучга киргунига қадар вужудга келган муносабатларни ҳам қамраб олиши мумкин, агарда бу қонунда тўғридан-тўғри назарда тутилган бўлса. Янги қонуннинг у кучга киргунига қадар юзага келган муносабатларга татбиқ этилишининг икки: тўлиқ ва қисман вариантлари (турлари) мавжуд бўлиши мумкин.

Биринчи ҳолда қонуннинг таъсири, у кучга киргунига қадар бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинган муносабатларга татбиқ этилади. Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисмида айнан шу ҳолат (вариант) кўзда тутилган.


3. Қонуннинг у кучга киргунига қадар юзага келган муносабатларга нисбатан қўлланишининг иккинчи ҳоли шарҳланаётган модданинг учинчи қисмида назарда тутилган. У янги қонуннинг кучга киргунидан сўнг вужудга келган ҳуқуқ ва мажбуриятларга нисбатан қўлланишига тааллуқлидир. Янги қонун кучга кирмасдан аввал вужудга келган ҳуқуқ ва мажбуриятларга, жумладан, янги қонун кучга кирган пайтда бирон-бир сабабларга кўра амалга оширилмай (бажарилмай) қолганларига нисбатан аввал амалда бўлган қонунчилик қўлланади.

Кўрсатиб ўтилган қоида янги қонун кучга киргунига қадар тузилган шартнома бўйича томонларнинг муносабатларига таъсир этмайди (ФК 357-моддасига қисмлар).



5-модда. Фуқаролик қонун ҳужжатларини

ўхшашлик бўйича қўллаш


Ушбу Кодекс 2-моддасининг биринчи, тўртинчи ва бешинчи қисмларида назарда тутилган муносабатлар қонун ҳужжатлари ёки тарафларнинг келишуви билан тўғридан-тўғри тартибга солинмаган ҳолларда фуқаролик қонун ҳужжатларининг ўхшаш муносабатларни тартибга солувчи нормаси қўлланилади (қонун ўхшашлиги).

Кўрсатиб ўтилган ҳолларда қонун ўхшашлигидан фойдаланиш мумкин бўлмаса, тарафларнинг ҳуқуқ ва бурчлари фуқаролик қонун ҳужжатларининг умумий негизлари ва мазмуни (ҳуқуқ ўхшашлиги)га ҳамда ҳалоллик, оқиллик ва адолат талабларига амал қилган ҳолда белгиланади.

Фуқаролик ҳуқуқларини чеклайдиган ва жавобгарлик белгилайдиган нормаларни ўхшашлик бўйича қўлланишга йўл қўйилмайди.


1. Мазкур модда қоидаларини қўллаш учун иккита зарур шартга риоя қилиниши талаб этилади. Биринчидан, моддада сўз бораётган муносабатлар фуқаролик қонун ҳужжатлари томонидан тартибга солинаётган ҳуқуқий майдон чегарасида бўлиши керак (ФК 2-моддаси). Иккинчидан, ушбу муносабатлар қонунларда, бошқа норматив ҳужжатларда ёки иш муомаласи одатларида мавжуд конкрет ҳуқуқий нормалар билан тартибга солинмаган. Бошқача айтганда, фуқаролик ҳуқуқи манбаларида кўриб чиқилаётган муносабатлар таркибига оид бўшлиқ мавжуд. Шарҳланаётган модданинг биринчи қисмидаги томонларнинг келишувига доир ҳавола нотўғри, чунки томонларнинг келишуви моҳиятига кўра фуқаролик ҳуқуқи манбалари сирасига кирмайди. Бунинг устига, айнан унинг ўзи кўпинча қонун ва ҳуқуқ ўхшашлигини қўллаш объекти ҳисобланади. Қонун ўхшашлиги ҳуқуқ ўхшашлигига нисбатан устунликка эга. Қонун ва ҳуқуқ ўхшашлиги авваллари фақат фуқаролик-ижроия қонунчилигида назарда тутиларди.


2. Қонун ўхшашлиги деганда тегишли муносабатга нисбатан ўхшаш муносабатларни тартибга солувчи қонунни қўллашга айтилади. Бирон-бир ўзга норматив ҳужжат, шу жумладан, ЎзР Президентининг фармони ва ЎзР Ҳукуматининг қарори эмас, балки айнан қонуннинг ўзи қўлланиши керак. Масалан, қонун билан тартибга солинувчи бир тусли шартнома (пудрат туридаги шартнома, мулкдан фойдаланиш билан боғлиқ шартнома ва ш.к.) юзасидан келиб чиқадиган муносабаталар ўхшаш муносабатлар жумласига киради.


3. Ҳуқуқ ўхшашлиги деганда тегишли муносабатга нисбатан фуқаролик қонунчилигининг умумий негизлари ва мазмунини, мазкур муносабат субъектлари риоя қилиши лозим бўлган ҳалоллик, оқиллик ва адолат талабларини ҳисобга олган ҳолда қўллаш тушунилади. Ҳуқуқ ўхшашлиги қонун ўхшашлигидан фойдаланишнинг имкони бўлмаганда қўлланади.

Фуқаролик қонун ҳужжатларининг умумий негизлари ва мазмуний моҳияти ФКнинг 1- ва 2-моддаларида мустаҳкамлаб қўйилган. Бундан ташқари, ҳуқуқ ўхшашлигидан фойдаланганда ҳуқуқни қўлловчилар ФКда мавжуд бўлган бошқа ўхшаш қоидалардан фойдаланишлари лозим.

Ҳуқуқ ўхшашлиги таъсири остига тушадиган муносабат субъектларига нисбатан қўйиладиган ҳалоллик, оқиллик ва адолат талаблари мазкур муносабатлар юзага келган ва мавжуд бўлган даврда субъектларнинг ўзини тутиши хусусиятларини белгилайди. "Ҳалоллик" субъектларнинг хулқида амалдаги виждонлилигини, "оқиллик" - ўз хулқининг ҳуқуқий тўғрилигини, мувофиқлигини англашни, "адолат" эса субъект хулқининг жамиятда ҳукмрон бўлган одоб-ахлоқ ва маънавий меъёрларга мувофиқлигини англатади.



6-модда. Иш муомаласи одатлари.

Маҳаллий одат ва анъаналар


Тадбиркорлик фаолиятининг бирон-бир соҳасида вужудга келган ва кенг қўлланиладиган, қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган хулқ-атвор қоидаси, бирон-бир ҳужжатда ёзилганлиги ёки ёзилмаганлигидан қатъи назар, иш муомаласи одати деб ҳисобланади.

Фуқаролик қонун ҳужжатларида тегишли нормалар бўлмаган тақдирда, бу муносабатларни тартибга солишда маҳаллий одат ва анъаналар қўлланилади.

Тегишли муносабат иштирокчилари учун мажбурий бўлган қонун ҳужжатлари нормаларига ёки шартномага зид бўлган иш муомаласи одатлари, маҳаллий одат ва анъаналар қўлланилмайди.


1. Фуқаролик ҳуқуқи манбалари тизимига тадбиркорлик фаолияти соҳасида қўлланадиган иш муомаласи одатлари киритилмоқда. Тадбиркорлик фаолияти соҳаси жамият иқтисодий ҳаётининг бирон-бир соҳаси ёки ҳудуд билан боғланмайди. Одатлар тармоқ ичида, тармоқлараро, ҳудудий, маҳаллий, умуммиллий ва ҳоказо турларда бўлиши мумкин. Муҳими шуки, ўзининг вазифаси ва хусусияти бўйича улар фуқаролик-тадбиркорлик муомаласи соҳасида қўлланадиган Ўзбекистон фуқаролик ҳуқуқи манбалари гуруҳига мансубдир. Одат ашёвий ҳуқуқ эмас, мажбурият ҳуқуқининг манбасидир. Шу сабабдан ФКда улар иш муомаласи одатлари деб аталмоқда. Тадбиркорлик муносабатлари доирасидан ташқарида иш муомаласи одатлари (савдо одатлари) фуқаролик ҳуқуқи манбалари деб ҳисобланмайди.


2. Шарҳланаётган модданинг биринчи қисмида хулқ-атвор қоидаси, яъни қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган норма сифатида иш муомаласи одатига тушунча берилмоқда. Иш муомаласи одатларига тааллуқли хулқ-атвор қоидаларини ажратиб олишда иккинчи қисмида кўрсатилган қонунчилик нормаларининг мавжуд эмаслигига ҳаволанинг ўзигина етарли эмас.

Давлат томонидан унинг норма яратувчанлик фаолияти соҳасида қабул қилинган ўзга расмий ҳужжатлари (ЎзР Президентининг фармонлари, ЎзР Ҳукуматининг қарорлари, идоравий норматив ҳужжатлар)да ҳам назарда тутилмаган хулқ-атвор қоидаси иш муомаласи одати деб ҳисобланиши мумкин.

Одат сифатида кўриб чиқилаётган хулқ-атвор қоидаси тадбиркорлик фаолиятининг тегишли соҳасида барқарор ва умум эътироф этилган ("шаклланган ва кенг қўлланадиган") бўлиши лозим. Ифодаланиш шакли бўйича у оғзаки ёхуд бирон-бир ҳужжатда ёзма қайд этилган бўлиши мумкин. Муайян ҳуқуқий муносабатларга нисбатан қўлланадиган одатларнинг, жумладан, оғзаки шаклда ифодаланган одатларнинг мавжудлиги ва мазмуни исботлаш ҳуқуқи соҳасига тааллуқлидир.

Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисмида тўғридан-тўғри айтилганидек, иш муомаласи одатлари нафақат қонунчиликка (давлат томонидан қабул қилинадиган бошқа норматив ҳужжатларга), балки шартномага нисбатан ҳам тобе ўрин тутади. Томонлар шартномага иш муомаласи одатларига зид бўлган шартларни ҳам қўшишга ҳақлидир. Худди шу тартибда улар иш муомаласи одатларини шартнома шартларига айлантиришлари ҳам мумкин, бу ҳолда одатлар фуқаролик ҳуқуқи манбаси сифатида кучини йўқотади.

Иш муомаласи одатлари ҳам мажбуриятли ҳуқуқий муносабатларнинг шартларини белгиловчи нормалар сифатида қўлланиши (ФКнинг 236, 239, 243 моддаларини қисмлари), ҳам шартнома шартларини талқин қилишда (ФКнинг 363-моддаси) ишлатилиши мумкин.



7-модда. Фуқаролик қонун ҳужжатлари ва

халқаро шартномалар ҳамда битимлар


Агар халқаро шартномада ёки битимда фуқаролик қонун ҳужжатларидагига қараганда бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома ёки битим қоидалари қўлланилади.


1. Фуқаролик қонун ҳужжатлари билан халқаро шартнома ва келишувларнинг ўзаро муносабати тўғрисидаги шарҳланаётган модданинг қоидаси Ўзбекистон фуқаролик ҳуқуқи учун янги ҳисобланади.

Халқаро шартнома ва битимларни ЎзР ҳуқуқ тизимига ва унинг фуқаролик ҳуқуқига доир осттизимига киритилиши икки хил усулда амалга оширилиши мумкин: халқаро шартнома ва келишувларнинг қоидаларини мамлакатимизнинг ҳуқуқ нормаларига айлантирувчи (имплантация) қонунни қабул қилиш йўли билан ҳамда қонун чиқарувчи томонидан унсиз (сукут) равишда Ўзбекистон ҳуқуқ тизимида шартнома ва келишувларнинг қоидалари мавжудлигини тан олиш йўли билан.


2. Ўзбекистоннинг фуқаролик қонунчилигида кенг қўлланадиган биринчи ҳолда ҳаттоки халқаро ҳуқуқнинг муайян манбаларига хавола қилиш заруратининг ўзи вужудга келмайди. Масалан, ФКга фуқаролик қонун ҳужжатларининг асосий негизлари тўғрисидаги 1-модда шу тартибда киритилган эди. Шунга мувофиқ равишда, фуқаролик қонунчилиги билан халқаро ҳуқуқ нормаларининг ўзаро муносабатига бирон-бир алоҳида муаммонинг ўзи амалиётда вужудга келмайди.

Иккинчи ҳолатда эса кўрсатиб ўтилган халқаро шартнома ва келишувлар ЎзР ҳуқуқ тизимида автоном тартибда амал қилади. Халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган нормаларига нисбатан бу ҳолат уларни идентификациялашда ҳуқуқни қўллаш органлари учун маълум бир қийинчиликларни туғдиради. Бу нормалар БМТ Уставида, БМТ Бош Ассамблеясининг декларация ва резолюцияларида, Халқаро Суднинг қарорларида, бошқа универсал халқаро ташкилотларнинг қарорлари ва умуман халқаро одат ҳуқуқида мавжуддир. Масалан, Халқаро савдо палатаси томонидан чиқариладиган савдо атамаларининг талқин этиш бўйича Халқаро қоидалар ("Инкотермс") халқаро иш муомаласи одатлари сирасига киради.


3. Шарҳланаётган моддада ЎзР халқаро шартнома ва келишувларини қўллашга доир махсус қоидалар белгиланган. Қонунда белгиланган тартибда ратификация қилинган ёки кучга киритилган ЎзР халқаро шартномаларини бевосита қўллаш презумцияси назарда тутилмоқда. Халқаро шартномада мавжуд қоида ва нормаларни қўллаш бўйича ички давлат ҳужжатини қабул қилиниши фақатгина бу шартноманинг ўзидан келиб чиққан ҳоллардагина талаб этилади.

Бундан ташқари, фуқаролик қонун ҳужжатлари нормалари ва ўзга норматив ҳужжатларга зид бўлган ҳолларда халқаро шартнома ва битимларнинг қоидаларини қўллаш устунлиги мустаҳкамлаб қўйилмоқда.



2-БОБ. ФУҚАРОЛИК ҲУҚУҚ ВА БУРЧЛАРИНИНГ

ВУЖУДГА КЕЛИШИ. ФУҚАРОЛИК ҲУҚУҚЛАРИНИ

АМАЛГА ОШИРИШ ВА ҲИМОЯ ҚИЛИШ


8-модда. Фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларининг вужудга келиш асослари

9-модда. Фуқаролик ҳуқуқларини амалга ошириш

10-модда. Фуқаролик ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш

11-модда. Фуқаролик ҳуқуқларини  ҳимоя  қилиш  усуллари

12-модда. Давлат органининг ёки фуқароларнинг ўзини ўзи

бошқариш органининг ҳужжатини ҳақиқий эмас деб топиш

13-модда. Фуқаролик ҳуқуқларини шахснинг ўзи ҳимоя қилиши

14-модда. Зарарни қоплаш

15-модда. Давлат органлари ва фуқароларнинг  ўзини  ўзи

бошқариш органлари томонидан етказилган зарарни тўлаш



8-модда. Фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларининг

вужудга келиш асослари


Фуқаролик ҳуқуқ ва бурчлари қонун ҳужжатларида назарда тутилган асослардан, шунингдек фуқаролар ҳамда юридик шахсларнинг, гарчи қонун ҳужжатларида назарда тутилган бўлмаса-да, лекин фуқаролик қонун ҳужжатларининг умумий негизлари ва мазмунига кўра фуқаролик ҳуқуқ ҳамда бурчларни келтириб чиқарадиган ҳаракатларидан вужудга келади.

Фуқаролик ҳуқуқ ва бурчлари қуйидагилардан вужудга келади:

1) қонунда назарда тутилган шартномалар ва бошқа битимлардан, шунингдек гарчи қонунда назарда тутилган бўлмаса-да, лекин унга зид бўлмаган шартномалар ва бошқа битимлардан;

2) қонунда фуқаролик ҳуқуқ ва бурчлари вужудга келишининг асоси сифатида назарда тутилган давлат органларининг ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳужжатларидан;

3) суднинг фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларини белгилаган қароридан;

4) қонун йўл қўядиган асосларда мол-мулк олиш натижасида;

5) фан, адабиёт, санъат асарларини яратиш, ихтиролар ва бошқа интеллектуал фаолият натижасида;

6) бошқа шахсга зарар етказиш натижасида;

7) асоссиз бойиб кетиш натижасида;

8) фуқаролар ва юридик шахсларнинг бошқа ҳаракатлари натижасида;

9) қонун ҳужжатлари фуқаролик-ҳуқуқий оқибатларнинг келиб чиқиши билан боғлайдиган ҳодисалар натижасида.

Давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт бўлган мол-мулкка бўлган ҳуқуқлар, агар қонунда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, унга бўлган тегишли ҳуқуқлар рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб вужудга келади.


1. Шарҳланаётган модда фуқаролик - ҳуқуқий муносабатларининг юзага келиши учун асосларни назарда тутмоқда. Фуқаролик ҳуқуқ ва бурчлари вужудга келтирувчи бундай асос деб атрофимиздаги воқеликнинг юридик фактлар деб аталувчи ҳолатлари тушунилади. Уларни айрим ҳолларда фуқаролик ҳуқуқи субъектининг ихтиёри билан, бошқа ҳолатларда эса унинг ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолда юзага келиши юридик фактларни тегишли равишда ҳаракатлар ва ҳодисаларга ажратиш имконини беради.

Ҳодисалар деганда атрофимизни ўраб турган воқеликнинг субъектларни ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлари тушунилади (масалан, инсоннинг туғилиши ёки ўлими, турли табиат ҳодисалари). Қонунчилик уларни фуқаролик - ҳуқуқий оқибатларни юзага келиши билан боғлаган ҳолатлардагина фуқаролик - ҳуқуқий муносабатларнинг вужудга келиши учун асос бўлишлари мумкин. Хусусан, фуқаровий-ҳуқуқий хусусиятга эга оқибатларни келтириб чиқарувчи ҳодисалар ЎзР ФКнинг 17-моддаси иккинчи бандида (инсоннинг туғилиши ва ўлими), ЎзР ФКнинг 333-моддасининг учинчи қисмида (турли табиат ҳодисалари) ва ш.к. кўрсатилган.

Юридик факт деб тан олинадиган ҳаракатлар қонуний (қонун ҳужжатлари асосида ва унга мувофиқ, ушбу модданинг иккинчи қисми 1-5-бандлари) ва ноқонуний (қонун ҳужжатларига шартномалар ёки зиммага олинган турли мажбуриятларнинг шартларига зид ва уларни бузувчи ва б., ушбу модданинг иккинчи қисми 6-7-бандлари) деб ажратилиши мумкин.

Таъкидлаш лозимки, субъектнинг пассив хулқ-атвори, ҳаракат (ҳаракатсизлик)дан ўзини ноқонуний равишда тийиб туриши ёки сукут сақлаши ҳам фуқаролик - ҳуқуқий муносабатларнинг юзага келиши учун асос бўлиши мумкин. Шартномавий мажбуриятларни бажармаслик (ЎзР ФК 237-моддаси) ва ш.к. ҳаракатсизликка мисол бўлиши мумкин. Қонун ҳужжатлари ёки томонларнинг келишуви имкон берган ҳолларда битим тузиш иродасини ифодалаш сукут орқали намоён бўлиши хам мумкин. (ЎзР ФК 105-моддаси)

Ушбу модда фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларини вужудга келтирадиган асосларнинг тўла-тўкис рўйхатини белгиламайди, унда фақат кўп учрайдиган ва фуқаролик муомаласи учун аҳамиятли бўлган асослар келтирилган.

Мазкур модданинг қоидаларида (8-9-бандлар) ҳаракат ёки ҳодисалар оқибатида, улар фуқаролик кодексида ёхуд бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилмаган бўлсада, аммо фуқаролик қонун ҳужжатларининг асосий негизлари ва мазмунига биноан ушбу оқибатларни келтириб чиқариши натижасида фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларини вужудга келиши назарда тутилади (бир шахс томонидан иккинчи шахснинг фойдасига қонунда тўғридан-тўғри назарда тутилган шартномавий ёки бошқа асосларсиз ишларнинг бажарилиши ёки юридик шахснинг бошқарув органлари томонидан қабул қилинадиган қарорлар ва ҳ.).


2. Шартномалар ва бошқа битимлар фуқаролик - ҳуқуқий муносабатларнинг юзага келиши учун энг кўп учрайдиган асос ҳисобланади. Икки ёки бир неча шахснинг фуқаролик ҳуқуқлари ва бурчларини вужудга келтириш, ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги келишуви шартнома дейилади (ЎзР ФК 353-моддасининг биринчи қисми). Шартнома ирода эркинлиги тамойилларида тузилади, шартнома тузиш мажбурияти ЎзР ФКда, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатда ёки олинган мажбуриятда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Битимлар ҳам бир томонлама бўлиши мумкин. Бир томонлама битимда бир томоннинг иродаси фуқаролик-ҳуқуқий муомаланинг бошланиши учун асос сифатида етарлидир, ўз навбатида битимларнинг ушбу тури фақат уни амалга оширган томон учун мажбурий ҳисобланади. Иккинчи томоннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари фақат унинг розилиги билан ёхуд қонунчиликда белгиланган асосларда юзага келиши мумкин. Бир томонлама битимларга ишончнома (ЎзР ФК 134-моддаси), оммавий танлов (ЎзР ФК 976-моддаси), васият (ЎзР ФК 1120-моддаси) ва бошқалар мисол бўлиши мумкин.

Қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган, аммо унга зид бўлмаган шартномалар ва бошқа битимлар тузилиши мумкин. Тузиладиган шартномалар ва бошқа битимлар фуқаролик-ҳуқуқий муомаланинг мақсадлари ва мазмунига мувофиқ бўлган ҳолларда бунга йўл қўйилади.


3. Қонунда фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларини вужудга келиши учун асос сифатида назарда тутилган давлат органларининг ёки фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларининг ҳужжатлари ҳам фуқаролик - ҳуқуқий оқибатлар юзага келиши учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин. Одатда давлат органлари ёки фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари оммавий ҳуқуқий муносабатларнинг субъекти бўлиб ҳисобланади ва асосан уларнинг ҳужжатлари маъмурий ҳуқуқий муносабатларни келтириб чиқаради. Фақатгина қонунда тўғридан-тўғри назарда тутилган ҳолатлардагина юқорида кўрсатилган ҳужжатлар фуқаролик-хуқуқий оқибатлар учун асос бўлиши мумкин.


4. Умумий юрисдикция суди, хўжалик суди ёки ҳакамлик судининг қарори фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларининг вужудга келиши, шунингдек, уларни ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлиши мумкин. Эгасиз ашёга мулк ҳуқуқини тан олиш тўғрисидаги суднинг қарори (ЎзР ФК 191-моддаси), мулк ҳуқуқини бекор қилиш тўғрисидаги суднинг қарори (ЎзР ФК 197-моддаси) ёки вояга етмаган шахсни ўзи ишлаб топган маблағини мустақил тасарруф қилиш ҳуқуқини чеклаш ёки шу ҳуқуқдан маҳрум қилиш тўғрисида суднинг қарори (ЎзР ФК 27-моддаси) бунга мисол бўлиши мумкин. Бироқ, фақат фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларини белгиловчи (мавжудларини "тасдиқламасдан" ёки аниқламасдан) суднинг қарорлари фуқаролик - ҳуқуқий муносабатларини вужудга келиши учун асос бўлиши мумкин. Яъни, биз ушбу ҳолда кўриб турганимиздек, қарзни ундириш тўғрисидаги қарор субутсиз қарздорни шартномавий ёки бошқа асослардан вужудга келган мажбуриятларини бажаришга давлат томонидан мажбур қилишнинг усулидир.


5. ЎзР ФК 8-моддасининг тўртинчи бандида белгиланган қоида субъектлар учун қонунда йўл қўйилган бошқа асосларда ҳам мол-мулкни қўлга киритишга (демак, фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларини вужудга келишига) имкон яратади. Жумладан, ФК томонидан назарда тутилган ўсимлик, ҳайвонот дунёси ва жонсиз табиатнинг ҳамма олиши мумкин бўлган бошқа объектларига (ЎзР ФК 189-моддаси), эгасиз ашёга (ЎзР ФК 191-моддаси), топилмага (ЎзР ФК 192-моддаси), қаровсиз ҳайвонларга (ЎзР ФК 195-моддаси), хазинага (ЎзР ФК 196-моддаси) ва ҳоказоларга мулк ҳуқуқини қўлга киритиш имконияти шулар сирасига киради. Аммо фуқаролик - ҳуқуқий оқибатлар юзага келиши учун мол-мулкни мазкур асосларда қўлга киритиш қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ амалга оширилиши талаб этилади. Масалан, ашёни топган шахс топилма ҳақида хабар қилмаган бўлса ёки уни яширишга уринган бўлса, мукофот олиш ҳуқуқи вужудга келмайди (ЎзР ФК 194-моддаси).


6. Илм-фан, адабиёт, санъат асарларини, ихтиролар ва интеллектуал фаолиятнинг бошқа натижаларини яратиш фуқаролик - ҳуқуқий оқибатлар юзага келиши учун асос бўлиши мумкин. Фуқаролик ҳуқуқ ва бурчлари уларни яратиш натижасида вужудга келади, аммо ихтиро билан боғлиқ ҳолда фақат муаллифнинг, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда уни ихтиро муаллифи деб тан олиш ҳуқуқигина пайдо бўлади. Қонунда белгиланган патентни олганидан сўнг муаллиф мазкур ихтирога мутлақ ҳуқуқларни қўлга киритади. Инсон ҳали болалик пайтидаёқ интелектуал асарга муаллифлик ҳуқуқига эга бўлиши мумкин.


7. ЎзР ФК 8-моддасининг 6 ва 7-бандларида кўрсатилган ноқонуний ҳаракатлар фуқаролик ҳуқуқи ва бурчларини вужудга келиши учун асос бўлиши мумкин. ЎзР ФК 8-моддаси 6-бандида кўрсатилган қонун бузилиши уни содир этувчида зарарни жабрланганга қоплаб бериш бурчини ҳамда жабрланган кишида эса, кўрган зарарини қопланишини талаб қилиш ҳуқуқини вужудга келишига олиб келади. Мазкур қонун бузилишлари ЎзР ФКнинг 57-боби билан тартибга солинади. ЎзР ФК 8-моддаси 7-бандида кўрсатилган фуқаролик ҳуқуқининг бузилиши ҳам асоссиз бойиб кетган шахс учун, у кимнинг ҳисобига бойиган бўлса, ўша кишининг олдида ЎзР ФК 58-моддасига биноан мажбуриятни келтириб чиқаради.


8. Юқорида кўрсатилганидек, ЎзР ФКда назарда тутилмаган ҳаракат ва ҳодисалар ҳам фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларининг вужудга келиши учун асос бўлиши мумкин, чунки фуқаролик - ҳуқуқий муносабатларнинг вужудга келиши учун асос бўлиши мумкин бўлган барча ҳаракат ва ҳодисаларни ФКда санаб ўтишнинг имкони йўқ.


9. Ҳодиса - бу одам ихтиёридан қатъий назар юзага келадиган реал борлиқнинг воқеасидир. Масалан, зилзила каби ҳодиса турар жойни суғурталаган шахснинг, агар зилзила оқибатида уй бузилган бўлган тақдирда, суғурта товонини (зарар компенсациясини) олиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи ҳуқуқий далил факт бўлиб ҳисобланади. Кишининг вафоти каби ҳодиса кўп сонли ҳуқуқий оқибатларни туғдириши мумкин - вафот этган фуқаро иштирок этган мажбуриятларнинг бекор бўлиши, мол-мулк мерос бўлиб ўтиши бўйича ҳуқуқий муносабатлар ва ҳ.к.



9-модда. Фуқаролик ҳуқуқларини амалга ошириш


Фуқаролар ва юридик шахслар ўзларига тегишли бўлган фуқаролик ҳуқуқларини, шу жумладан уларни ҳимоя қилиш ҳуқуқини ҳам ўз хоҳишларига кўра тасарруф этадилар.

Фуқаролар ва юридик шахсларнинг ўз ҳуқуқларини амалга оширишдан воз кечиши бу ҳуқуқларнинг бекор қилинишига олиб келмайди, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Фуқаролик ҳуқуқларини амалга ошириш бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шарт. Фуқаролик - ҳуқуқий муносабатлари иштирокчиларининг ҳалол, оқилона ва адолат билан ҳаракат қилиши назарда тутилади.

Фуқаролар ва юридик шахслар ўз ҳуқуқларини амалга оширишда жамиятнинг маънавий тамойиллари ва ахлоқий нормаларини ҳурмат қилишлари, тадбиркорлар эса - иш одоби қоидаларига ҳам риоя этишлари керак.

Фуқаролар ва юридик шахсларнинг бошқа шахсга зарар етказишга, бошқача шаклларда ҳуқуқни суиистеъмол қилишга, шунингдек ҳуқуқни унинг мақсадига зид тарзда амалга оширишга қаратилган ҳаракатларига йўл қўйилмайди.

Ушбу модданинг учинчи, тўртинчи ва бешинчи қисмларида назарда тутилган талабларга риоя қилинмаган тақдирда, суд шахсга қарашли ҳуқуқни ҳимоя қилишни рад этиши мумкин.


1. ЎзР ФК 9-моддасининг қоидаларида фуқаролик қонунчилигининг пойдевор, негиз кафолатларидан бири - фуқаролик - ҳуқуқий муносабатлари субъектларининг ўзларига тегишли фуқаролик ҳуқуқларини мустақил тасарруф этиш ҳуқуқи назарда тутилади. Ушбу ҳуқуқ ўз таркибига ҳуқуқлардан фаол фойдаланиш, жумладан, ҳимояланиш ҳуқуқини (бу шунингдек, ЎзР Конституциясининг XII-бобида ҳам кўрсатилган) ҳам, ўз ҳуқуқларини амалга оширишни рад этишни ҳам олади. Яъни ҳуқуқ субъектида танлаш имкониятлари бўлиб, ҳуқуқ эгасини бирон шахс томонидан қарор қабул қилишга мажбурлашга йўл қўйилмайди. Масалан, томонларда бири шартнома шартларини бузган тақдирда товон ундиришга ҳақли томон уни талаб этиши ёхуд ўз ихтиёри ва манфаати асосида ундан воз кечиши мумкин (ЎзР ФК 1-моддасининг иккинчи қисмида шунга ўхшаш ҳуқуқ кўрсатилган).


2. ЎзР ФК 9-моддасининг иккинчи қисм қоидасида субъект ўз ҳуқуқларини амалга оширишдан воз кечганда у мазкур ҳуқуқдан маҳрум бўлмаслиги умумий қоида сифатида назарда тутилмоқда. Ҳуқуқ субъектлари ўзларига тегишли фуқаролик ҳуқуқларини амалга оширишдан воз кечганда бу ҳуқуқий оқибатларга олиб келмайди. Аммо қонунчиликда истисно ҳолатлар ҳам назарда тутилади. Масалан, кредитор қарздордан қарзни олишдан воз кечганда, у кейинчалик қарзни талаб қилиш ҳуқуқини йўқотади (ЎзР ФК 348-моддаси) ёки мулкдор имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқини амалга оширишдан воз кечса ёки бу ҳуқуқни хабар қилинган кундан эътиборан кўчмас мулкка нисбатан бир ой давомида, бошқа мол-мулкка нисбатан эса - ўн кун давомида амалга оширмаганда ҳам у мазкур ҳуқуқни йўқотади (ЎзР ФК 224-моддаси).


3. Қонун чиқарувчи, фуқаролик ҳуқуқларини амалга ошириш бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслигини шарт қилиб белгилади. Юқорида кўрсатилган тамойил, ҳуқуқни суистеъмол қилишга йўл қўйиб бўлмаслиги тўғрисидаги умум ҳуқуқий тамойил билан бир хилдир - фуқаро томонидан ҳуқуқ ва эркинликларининг амалга оширилиши бошқа шахслар, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини бузмаслиги лозим (ЎзР Конституциясининг 20-моддаси). Фуқаролик муомаласи иштирокчиларининг ҳаракатлари асосида ҳалоллик, оқиллик ва адолат назарда тутилади. Шунингдек, ўз ҳуқуқларини амалга оширишда фуқаролик - ҳуқуқий муносабатларнинг субъектлари жамиятнинг маънавий тамойиллари ва ахлоқий нормаларини ҳурмат қилишлари, тадбиркорлар эса - иш одоби қоидаларига ҳам риоя этишлари керак.

"Ҳалоллик", "оқиллик" ва "адолат" тушунчаларига бу ҳолда нафақат юридик-ҳуқуқий, балки маънавий-ахлоқий мазмун ҳам киритилмоқда. Наинки нормал иқтисодий фаолият, жамиятнинг бутун ҳаёти ҳам фаолиятнинг асосида маънавий тамойил ва ахлоқ нормаларисиз мавжуд бўлиши мумкин эмас. Халқимизнинг кўп асрлик тарихи давомида ишлаб чиқилган ишбилармонлик одоби қоидаларига ҳам тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи шахслар томонидан риоя қилиниши лозим. Қонунчилик ёки юридик шахснинг таъсис ҳужжатлари асосида унинг номидан иш юритаётган шахс ўз ҳаракатларида ҳалоллик ва оқилликка таяниб иш кўриши мажбурий талаб эканлигини қўшиб қўйиши лозим (ЎзР ФК 45-моддаси).

ЎзР ФК 9-моддасининг тўртинчи қисмида ҳуқуқни суистеъмол қилишга йўл қўйиб бўлмаслиги таъкидланиб, ҳуқуқни суистеъмол қилишнинг аниқ шакллари келтирилади: фуқаролар ва юридик шахсларнинг бошқа шахсга зарар етказишга ҳамда ҳуқуқни унинг мақсадига зид тарзда амалга оширишга қаратилган ҳаракатлари. Ҳуқуқни суистеъмол қилишнинг бу шакллари асосида субъектив омил - ҳуқуқдан ўзга шахснинг зарарига фойдаланиш ёки ҳуқуқдан унинг мақсадига зид тарзда фойдаланиш қасди ётади. Бирон шахсга зарар етказишни ёки ҳуқуқдан унинг мақсадига зид тарзда фойдаланишни асосий мақсад қилиб фуқаролик ҳуқуқи амалга оширилганда, мазкур ҳуқуққа эга шахс ҳар доим айбли ҳаракат қилади, бунда айб тўғридан-тўғри қасд шаклини олади. Бошқа ҳолларда ҳуқуқни суистеъмол қилишга оид ҳаракатлар мазкур ҳуқуққа эга шахс томонидан ўз манфаатлари йўлида содир этилади, аммо бунинг натижасида субъектив ҳуқуқ қонунчиликда белгиланган доирадан ташқарига чиқиб, фуқаролик муомаласининг бошқа иштирокчиларини ҳуқуқ ва манфаатларини бузади. Бунда мазкур ҳуқуқнинг эгаси бўлган шахснинг содир этилаётган ҳаракат ва унинг оқибатларига муносабати билвосита қасд қилиш ёки эҳтиётсизлик шаклида ифодаланиши мумкин. Мазкур ҳуқуққа эга шахсда бундай қасднинг бор-йўқлигини аниқлаш билан суд шуғулланиши лозим. Уни исботлаш юки, мазкур ҳуқуққа эга шахс уни суистеъмол қиляпти, деб таъкидлаётган субъект зиммасига тушади.


4. ЎзР ФК 9-моддасининг олтинчи қисмига биноан, шахс учинчи, тўртинчи ва бешинчи қисмларида назарда тутилган талабларга риоя қилмаганда суд унинг ҳуқуқларини ҳимоялашни рад этиши мумкин. Умумий юрисдикция суди, хўжалик суди ёки ҳакамлик суди шу асосда иш юритиши мумкин. Яъни, ҳуқуқни суистеъмол қилиш ҳолати бор-йўқлигини тан олиш суднинг ваколатига киритилган.



10-модда. Фуқаролик ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш


Фуқаролик ҳуқуқлари процессуал қонунлар ёки шартномада белгилаб қўйилганидек, ишлар қайси судга тааллуқли бўлишига қараб, суд, хўжалик суди ёки холислар суди (бундан кейин - суд) томонидан ҳимоя қилинади.

Қонунда назарда тутилган ҳоллардагина фуқаролик ҳуқуқлари маъмурий тартибда ҳимоя қилинади. Маъмурий тартибда қабул қилинган қарор устидан судга шикоят қилиш мумкин.


1. ЎзР ФК 10-моддасида ҳуқуқнинг энг муҳим тамойилларидан бири - ҳуқуқ ва эркинликларнинг судда ҳимоя қилиниши қатъий белгиланади. Худди шу каби қоида ЎзР Конституциясида ҳам кўрсатилган (ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқи кафолатланади - ЎзР Конституциясининг 44-моддаси). ЎзР ФК 10-моддасининг қоидаларида, процессуал қонунлар ёки шартномада белгилаб қўйилганидек, ишлар қайси судга тааллуқли бўлишига қараб, суд, хўжалик суди ёки хакамлар суди фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун мурожаат қилиш имконияти умумий қоида сифатида мустаҳкамланади.

Фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларини кўриб чиқадиган умумий юрисдикция судлари тизимига фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлар, фуқаролик ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари, вилоят судлари, Тошкент шаҳар суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди киради. Умумий юрисдикция судларининг ташкил этилиши ва фаолияти Ўзбекистон Республикасининг "Судлар тўғрисида"ги 1993 йил 2 сентябрдаги 924-XII-сонли Қонуни, ЎзР ФПК ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари билан белгиланади. Фуқаролик, жиноий ва маъмурий суд ишини юритиш соҳасида Ўзбекистон Республикаси Олий суди суд ҳокимиятининг олий органи ҳисобланади (ЎзР Конституциясининг 110-моддаси, "Судлар тўғрисида"ги қонуннинг 13-моддаси).

ЎзР ФПК 31-моддасига биноан умумий юрисдикция судларига ишларнинг қуйидаги тоифалари тааллуқлидир:

1) тарафлардан ҳеч бўлмаганда биттаси фуқаро бўлган низоларга доир ишлар, қонунда бундай низоларни ҳал қилиш хўжалик суди ёки бошқа органларга топширилган ҳоллар бундан мустасно;

2) ЎзР ФПК 279-моддасида санаб ўтилган алоҳида тартибда кўриладиган ишлар;

3) қонун билан ушбу судларнинг ваколатига берилган бошқа ишлар.

Суд томонидан алоҳида иш юритиш тартибида кўриладиган ишларга қўйидагилар киради:

1) юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги ишлар;

2) фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ва фуқарони ўлган деб эълон қилиш тўғрисидаги ишлар;

3) фуқарони муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топиш тўғрисидаги ишлар;

4) мол-мулкни (ашёни) эгасиз деб топиш тўғрисидаги ишлар;

5) тақдим этувчига деб берилган ҳужжатлар йўқолган тақдирда, улар бўйича ҳуқуқларни тиклаш тўғрисидаги ишлар (чақириб иш юритиш). (ЎзР ФПК 279-моддаси).

Бир-бири билан боғлиқ бўлиб, баъзилари судга, баъзилари эса, хўжалик судларига тааллуқли бўлган бир қанча талаблар бирлаштирилганида, бу талабларнинг ҳаммаси судда кўрилиши керак. (ЎзР ФПК 32-моддаси)

Хўжалик судлари, одатда, юридик шахслар ёки якка тадбиркор бўлган жисмоний шахслар иштирок этган фуқаролик-ҳуқуқий низоларни кўриб чиқади. Бундай низолар иқтисодий низо деб аталади. Улар тижорат ва нотижорат ташкилотларнинг тадбиркорлик соҳасидаги фаолияти билан боғлиқдир. Хўжалик судларининг ташкил этилиши ва фаолияти Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 2 сентябрдаги 924-XII-сонли "Судлар тўғрисида" (янги таҳрирда)ги Қонунида, ЎзР ХПК ва ЎзР бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида белгиланган. Фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоялаш масалаларини кўриб чиқадиган хўжалик судлари тизимини вилоят судлари, Тошкент шаҳар суди, Ўзбекистон Республикаси Олий Хўжалик суди ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Хўжалик суди ташкил этади.

ЎзР ХПК 23-моддасига биноан хўжалик судларига ишларнинг қуйидаги тоифалари тааллуқлидир:

1) иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар (бундан буён матнда ташкилотлар деб юритилади), юридик шахс тузмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва якка тартибдаги тадбиркор мақомини қонунда белгиланган тарзда олган фуқаролар ўртасидаги (бундан буён матнда фуқаролар деб юритилади) фуқаролик, маъмурий ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга доир ишлар;

2) иқтисодиёт соҳасида ташкилотлар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари вужудга келиши, ўзгариши ёки бекор бўлиши учун аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш (бундан буён матнда юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш деб юритилади) тўғрисидаги ишлар;

3) ташкилотлар ва фуқароларнинг банкротлиги тўғрисидаги ишлар.

Қонун билан хўжалик судига тааллуқли ишлар жумласига бошқа ишлар ҳам киритилиши мумкин.

Хўжалик суди ўзига тааллуқли ишларни, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси ташкилотлари ва фуқаролари, шунингдек чет эл ташкилотлари, чет эл инвестициялари иштирокидаги ташкилотлар, халқаро ташкилотлар, чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар иштирокида кўради.

Хўжалик судларига тааллуқли турли иқтисодий низолар ҳам фуқаролик, ҳам маъмурий (бошқа оммавий-ҳуқуқий) ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқилиши мумкин.

Юқорида айтилганидек, фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи судлар қаторига фуқаролик қонунчилиги томонидан ҳакамлик судлари ҳам киритилган. Ҳакамлик судлари давлат судлари тизимига кирмаслигини қайд этиш лозим. Ҳакамлик судларининг фаолияти ЎзР "Ҳакамлик судлари тўғрисида"ги 2006 йил 16 октябрь ЎРҚ-64-сонли Қонуни билан тартибга солинади. Ушбу судлар фуқаролик - ҳуқуқий муносабатларнинг иштирокчилари томонидан улар ўртасида юзага келган ёки келажакда вужудга келиши мумкин бўлган низоларни ҳал этиш учун сайланади. Ҳакамлик судлари юридик шахсларнинг ўзаро иқтисодий низоларини, шунингдек, хорижий, жумладан, МДҲ мамлакатларининг юридик шахслари иштирок этаётган низоларни ҳал қилиш учун жуда қулай воситадир.

Ҳакамлик судлари фуқаролик - ҳуқуқий муносабатларидан, жумладан, тадбиркорлик субъектлари ўртасида юзага келадиган хўжалик низоларини ҳал қиладилар. Ҳакамлик судлари маъмурий, Оила ва меҳнат муносабатларидан келиб чиқадиган низоларни, шунингдек, қонунда назарда тутилган бошқа низоларни ҳал этмайдилар. Давлат ёки унинг тузилмалари иштирокидаги ишлар ҳакамлик судлари томонидан кўриб чиқилиши мумкин эмас. Низони ҳал қилиш учун ҳакамлик судига фақат ҳакамлик келишуви мавжуд бўлганда берилиши мумкинлигини ёдда тутиш муҳим. ("Ҳакамлик судлари тўғрисида"ги Қонуннинг 11-моддаси).

ЎзР қонунчилиги томонидан доимий фаолият юритувчи, шу билан бирга бирон-бир муайян низони ҳал қилиш учун муваққат ҳакамлик судларини тузишга йўл қўйилади.


2. ЎзР ФК мазкур моддасининг иккинчи қисмида фуқаролик ҳуқуқларини маъмурий тартибда, аммо фақат қонун ҳужжатларида рухсат этилган ҳолларда ҳимоялаш назарда тутилади. Фуқаролик ҳуқуқларини маъмурий тартибда ҳимоялаш тартиби кўпчилик ҳолларда юқори органга ёки махсус ваколатланган бошқа давлат органига мурожаат қилиш йўли билан назарда тутилади. Масалан, давлат солиқ хизмати органлари қарорлари, уларни мансабдор шахсларнинг ҳаракати ёхуд ҳаракатсизлиги устидан шикоят давлат солиқ хизматининг юқори органи (юқори мансабдор шахси)га тақдим этилади. (ЎзР СК 122-моддаси). Лекин албатта, ишларни кўриб чиқишнинг маъмурий тартибини ўрнатувчи асосий қонун ЎзР МЖКдир. ЎзР МЖКда фуқаролик ҳуқуқи нормаларининг айрим бузилишлари кўрсатилган, масалан, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари ва бошқа препаратларни ташиш, сақлаш ва қўллаш қоидаларининг бузилиши (ЎзР МЖКнинг 89-моддаси), товар белгисининг ёки хизмат кўрсатиш белгисининг эгаси ҳуқуқларини бузилиши (ЎзР МЖКнинг 177-моддаси), реклама тўғрисидаги (ЎзР МЖКнинг 178-1-моддаси) ва оғир юкларни автомобиль транспортида ташиш қоидаларини бузилиши кабилардир. Ушбу ҳуқуқбузарликлар учун нафақат фуқаролик - ҳуқуқий, балки маъмурий жавобгарлик ҳам белгиланиб, МЖКда назарда тутилган асосларда қўлланилади. Шунга қарамасдан, маъмурий тартибда қабул қилинган қарор устидан судга шикоят берилиши мумкин.

Фуқаролик ҳуқуқларини маъмурий тартибда ҳимоя қилиш одатда умумий қоидадан истисно ҳисобланса ҳам, аммо ҳар қандай маъмурий қарор устидан судга шикоят келтириш имкони бундай ҳолатларда ҳам суд орқали ҳимояланиш ҳуқуқини сақлаб қолади.



11-модда. Фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш усуллари


Фуқаролик ҳуқуқлари қуйидаги йўллар билан ҳимоя қилинади:

ҳуқуқни тан олиш;

ҳуқуқ бузилишидан олдинги ҳолатни тиклаш ва ҳуқуқни бузадиган ёки унинг бузилиши хавфини туғдирадиган ҳаракатларнинг олдини олиш;

битимни ҳақиқий эмас деб топиш ва унинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаш;

давлат органининг ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг ҳужжатини ҳақиқий эмас деб топиш;

шахснинг ўз ҳуқуқини ўзи ҳимоя қилиши;

бурчни аслича (натура) бажаришга мажбур қилиш;

зарарни тўлаш;

неустойка ундириш;

маънавий зиённи қоплаш;

ҳуқуқий муносабатни бекор қилиш ёки ўзгартириш;

давлат органининг ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг қонунга зид ҳужжатини суднинг қўлламаслиги.

Фуқаролик ҳуқуқлари қонунда назарда тутилган бошқача усуллар билан ҳам ҳимоя қилиниши мумкин.


1. Шарҳланаётган моддада фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш усулларининг рўйхати келтирилмоқда. ЎзР ФКда фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоялашнинг иқтисодий ва суд амалиётида энг кўп учрайдиган 11 усули келтирилган. Аммо ушбу рўйхатни узил-кесил деб атаб бўлмайди. Фуқаролик ҳуқуқини қонунда назарда тутилган бошқа усуллар билан ҳам ҳимоялашга йўл қўйилади. Бир пайтнинг ўзида фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоялашнинг бир неча усулини қўллаш истисно қилинмайди. Фавқулодда ҳолатларда, қонунчилик талаблари юзасидан ёки бузилган (даъво қилинган) ҳуқуқнинг хусусиятидан келиб чиқиб, у фақат муайян усул билан ҳимоя қилиниши лозим.

Фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоялашнинг усуллари, мазкур усулларни амалга ошириш механизмига боғлиқ равишда бўлиниши мумкин:

1) фақат суд томонидан, айрим ҳолатларда эса бошқа ваколатли давлат органлари томонидан қўлланадиган усуллар, бу эса муайян усул воситасида ҳимоя қилиш тўғрисида уларга илтимоснома билан мурожаат қилиш заруратини назарда тутади (ҳуқуқни тан олиш, ҳуқуқ бузилгунига қадар мавжуд бўлган ҳолатни тиклаш, ҳуқуқни бузувчи ҳаракатларни тўхтатиш ва ҳ.);

2) ҳуқуқий муносабат иштирокчиси томонидан мустакил равишда қўлланадиган усуллар (ўз-ўзини ҳимоялаш, қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса, мажбуриятларни бажаришдан бир томонлама воз кечиш йўли билан ҳуқуқий муносабатларни бекор қилиш ва б.);

3) ҳам суд органларининг ёрдами билан, ҳам мустақил тартибда қўлланадиган усуллар (зарарни қоплаш, неустойка ундириш ва б.).

Ҳуқуқ субъектлари томонидан бузилган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоялашнинг турли усуллари ва чораларини қўллаш имконияти субъектив фуқаролик ҳуқуқларини амалга оширишнинг кафолатларидан бири бўлиб хизмат қилади.


2. Ҳуқуқни тан олиш билан мазкур шахсда ҳуқуқ мавжудлиги юзасидан вужудга келадиган гумонлар бартараф этилади. Мазкур шахсда ушбу субъектив ҳуқуқнинг мавжудлиги ёки йўқлигини юрисдикция органи сифатида фақат суд тасдиқлаши ёки рад этиши мумкин. Фуқаролик ҳуқуқларини тан олишнинг усулларидан бири сифатида ҳуқуқни тан олиш шахсда субъектив ҳуқуқ мавжудлиги бирон кимса томонидан инкор қилинса, натижада низо юзага келиши мумкин бўлган ҳолатларда қўлланади. Масалан, шахс суд томонидан мусиқий ёки ўзга асарнинг муаллифи деб тан олинса, шу тахлит суд мазкур ҳуқуқни бошқа шахс томонидан ўзлаштирилиши имконини бартараф этган бўлади. Нотураржой битта хонага бир нечта юридик шахс мулк ҳуқуқини даъво қиладиган ҳолатлар учраб туради. Мазкур нотураржой хонасига ушбу юридик шахслардан бирининг мулк ҳуқуқини суд томонидан тан олиниши низони кейинчалик давом этишини истисно қилади.

Бузилган ёки даъво қилинаётган ҳуқуқни тан олиш тўғрисидаги талаб кўпинча бошқа талабларни мажбурий бажартириш учун асос бўлади. Масалан, кўчмас мол-мулкка мулк ҳуқуқини рўйхатга олишни талаб қилишдан аввал унга бўлган мулк ҳуқуқини тан олиш тўғрисида судга даъво топширилиши, кўчириб киритиш тўғрисидаги талабдан аввал нотураржой хонасидан фойдаланиш ҳуқуқини тан олиш тўғрисида даъво киритилиши мумкин. Шу билан бирга, ҳуқуқни тан олиш мустақил аҳамиятга ҳам эга бўлиши мумкин, юқорида баён этилган мусиқий ёки адабиёт, илм-фан, санъат, асарларига, ихтиро ва бошқаларга муаллифлик ҳуқуқини тан олиш ҳолатлари каби.

Ҳуқуқни тан олиш юридик аҳамиятга эга фактларни аниқлаш воситасида ЎзР ФПК 283-моддаси ва ЎзР ХПК 29-моддаси асосида амалга оширилиши мумкин.


3. Ҳуқуқ бузилгунга қадар мавжуд бўлган ҳолатни тиклаш ҳамда ҳуқуқни бузувчи ёки уни бузиш хавфини юзага келтирувчи ҳаракатларни тўхтатиш субъект ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг кенг тарқалган усули ҳисобланади. Ҳуқуқ бузилгунга қадар мавжуд бўлган ҳолатни тиклаш, ҳимоя усули сифатида, энг аввало, ҳуқуқни бузилиши оқибатларини бартараф этишга қаратилган бўлиб, ҳуқуқий муносабат субъектларини бузилишгача бўлган дастлабки ҳолатга қайтаришдан иборат. Бунга, ўзганинг ер участкасида ўзбошимчалик билан иморат қурган шахсни уни бузиб ташлашга мажбур қилиш (ЎзР ФК - 212-моддасининг 3-қисми), шунингдек, ҳақиқий бўлмаган битим оқибатларини қўллашда икки тарафлама реституция (ЎзР ФК 114-моддаси) ёки низоли битимни ҳақиқий эмас деб топиш (ЎзР ФК 113-моддаси) мисол бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Хўжалик юритувчи субъектларнинг юридик аҳамиятли ҳаракатларини суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши, масалан, ОАЖ умумий йиғилиши қарорини бекор қилиб, кейинчалик эса ОАЖ умумий йиғилиши қарори қабул қилингунга қадар мавжуд бўлган холатни тикланиши кўп учрайдиган мисол бўлиши мумкин.

Ҳуқуқни бузувчи ёки ҳуқуқни бузиш хавфини юзага келтирувчи ҳаракатларни тўхтатиш ҳуқуқни ҳимоя қилиш усули сифатида суд томонидан, нафақат давом этаётган хуқуқ бузилишини тўхтатиш, балки ҳуқуқбузар шахс томонидан уни кейинчалик такрорланишини олдини олишнинг реал имконияти мавжуд шароитларда қўлланиши мумкин. Мазкур усулдан мулкдор, эгалик ҳуқуқидан маҳрум бўлиш билан боғлиқ бўлмаган ҳаракатлардан ўз ҳуқуқини ҳимоялаш учун негатор даъво топшириш йўли билан (ЎзР ФК 231-моддаси), келажакда зарар етказиш хавфи бўлганда эса, бундай хавфни юзага келтирувчи фаолиятни тақиқлаш тўғрисида даъво тақдим этиш йўли билан фойдаланиши мумкин.


4. Битимни ҳақиқий эмас деб топиш ва уни ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаш фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоялашнинг усули сифатида ЎзР ФК 113-128-моддаларига мувофиқ амалга оширилади.

Низоли битимни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талаб фақатгина ЎзР ФКда кўрсатилган шахслар томонидан тақдим этилиши мумкин. Масалан, юридик шахс томонидан унинг ҳуқуқ лаёқати доирасидан четга чиқадиган битим амалга оширилганда унинг таъсисчиси (иштирокчиси) ёки давлат томонидан ваколатланган орган судга даъво билдириш ҳуқуқига эга бўлади. (ЎзР ФК 125-моддаси).

Ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битимларга келсак, бундай битим, низоли битимдан фарқли равишда, суд томонидан унинг ўз-ўзидан ҳақиқий эмаслигини албатта тан олинишини талаб этмайди. Аммо ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битимни ҳақиқий эмас деб топиш талабини қўйиш имкони ЎзР ФК томонидан истисно қилинмайди. Ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битим ҳақиқий эмаслигининг оқибатларини қўлланиш тўғрисидаги талабни ҳар қандай манфаатдор шахс қўйиши мумкин. Шу билан бирга суд, бирон шахснинг бузилган субъектив ҳуқуқларини ҳимоялаш мақсадида бундай оқибатларни ўз ташаббуси билан қўллашга ҳақли (ЎзР ФК 113-моддаси).


5. Давлат органи ёки фуқароларни ўз-ўзини бошқариш органини ҳужжатларини ҳақиқий эмас деб топиш; ўз ҳуқуқини ўзи ҳимоя қилиш; ва зарарларни қоплаш усуллари хусусида тегишли равишда ЎзР ФК 12, 13 ва 14-моддаларининг шарҳни қаранг.


6. Одатда реал (ҳақиқий) бажариш деб аталувчи, мажбуриятни натура шаклида бажаришга мажбур қилиш фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг усулларидан биридир. Яъни қарздор шартнома ёки қонунда унинг зиммасига юклатилган мажбуриятни бажаришга мажбурланади (товарни топшириш, хонани тақдим этиш ва ҳ.). Масалан, қарздор мажбуриятни тегишли тарзда бажармаганида кредитор ундан мажбуриятни натура шаклида бажаришни, яъни мажбуриятнинг моҳиятини ташкил қилувчи ҳаракатларни содир этишни талаб қилишга ҳақли бўлади (ЎзР ФК 330-моддаси 1-қисми). Аммо мажбуриятни бажармаганида зарарларни қоплаши ҳамда бажармагани учун неустойка тўлаши қарздорни мажбуриятни натурада ижро этиш мажбуриятидан озод қилади (ЎзР ФК 330-моддаси 2-қисми). Бошқа бир мисол сифатида ЎзР ФК 408-моддасини кўрсатиш мумкин, унда сотиб олувчининг товарда аниқланган камчиликларни бепул бартараф қилишни ёки камчиликларга эга товарни алмаштириб беришини сотувчидан талаб қилиш ҳуқуқи назарда тутилади.

Мажбуриятни натура шаклида бажаришнинг реал имконияти сақланиб қолган тақдирдагина мажбуриятни натура шаклида ижро этиш талаби қондирилиши мумкин. Акс ҳолда гап зарарларни қоплаш ёки товар қийматини қоплаш ҳақида кетиши мумкин.


7. Фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг неустойка ундириш усули, башарти мазкур чора шартномада ёки томонларнинг келишувида назарда тутилган бўлса, қўлланади. Неустойка ундирувини қўллашда ЎзР ФК 22-бобининг 1-параграфи 260-263-моддаларининг, шунингдек, 24-бобининг 324-339-моддаларининг талаблари ҳисобга олиниши керак. Моҳиятан неустойка нафақат фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоялашнинг усули, балки мажбурият бажарилишини таъминлашнинг ҳам усулидир (ЎзР ФК 259-моддаси). Яъни, худди кўрилган зарар каби, неустойканинг таркибий қисмларидан бири унинг компенсация вазифасидир. Нестойкадан фарқли равишда, мажбуриятни бажармаслик ёки тегишли асосда бажармаслик оқибатида етказилган зарарлар, қонунчиликда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, қарздор томонидан кредиторга қоплаб берилиши шарт (ЎзР ФК 324-моддаси).


8. ЎзР ФКнинг мазкур моддасида назарда тутилган маънавий зиённи қоплаш фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоялашнинг усули сифатида хизмат қилади. Маънавий зиённи қоплаш фуқароларнинг номоддий манфаатларини (шахсий номулкий ҳуқуқларини) ҳимоялаш ҳисобланади (ЎзР ФК 8-бобининг 97-100-моддалари). Маънавий зиён пул маблағлари шаклида қопланади ҳамда қопланиши лозим мулкий зиёнга боғлиқ бўлмаган ҳолда қопланади (ЎзР ФК 1022-моддаси). Маънавий зиённи қоплаш миқдори суд томонидан, ЎзР ФК 57-бобининг 4-параграфи 1021-1022-моддаларида кўрсатилган қоидаларни ҳисобга олган ҳолда белгиланади.

Юридик шахслар ҳам умумий қоида бўйича маънавий зиённи қоплашни талаб қилишлари мумкин. ЎзР ФК 100-моддасининг тўққизинчи қисмида, ушбу моддадаги фуқаронинг ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қоидаси юридик шахснинг ишчанлик обрўсини ҳимоя этишга нисбатан ҳам тегишли йўсинда татбиқ этилиши назарда тутилади. Масалан, юридик шахслар фаолиятнинг тадбиркорлик ва бошқа иқтисодий соҳаларида ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш учун хўжалик судига даъво тақдим этиш усулидан фойдаланишлари мумкин. (ЎзР ХПК 24-моддаси 8-қисми).


9. Фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоялашнинг усули сифатида ҳуқуқий муносабатларни бекор қилиш ёки ўзгартириш шартномада, ЎзР ФКда ёки бошқа қонунчилик ҳужжатларида (ЎзР ФК 340-моддаси, шунингдек, 341-352-моддалари) назарда тутилган тартиб ва асосларда қўлланади. Томонларнинг келишуви, мажбуриятларнинг бажарилиши ва бошқа қонуний йўллар билан мажбуриятларнинг бекор бўлиши ёки ўзгартирилиши фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоялаш воситасидан фойдаланиш деб қаралиши мумкин эмас. Бундан, ҳуқуқий муносабатларни тўхтатиш ёки ўзгартириш ҳимоя воситаси сифатида агарда томонлардан бирининг бир томонлама аризаси бўйича, бошқа томон шартномани жиддий бузганда ёки қонунчилик ёхуд шартномада назарда тутилган бошқа асосларда, ҳуқуқий муносабатлар бекор бўлганда ёки ўзгартирилганда қўлланади. Бунда ҳуқуқий муносабатлар ҳам томонларнинг келишуви билан, ҳам суднинг қарори билан бекор бўлиши ёки ўзгартирилиши мумкин (ЎзР ФК 382, 383-моддалари). Шартнома томонлардан бирининг талаби билан ҳам бекор бўлиши мумкин (масалан, ЎзР ФК 455-моддаси бўйича маҳсулот етказиб бериш шартномаси маҳсулот етказиб берувчи ёки сотиб олувчи томонидан жиддий бузилганда, қарши томон ҳуқуқни бузган шароитда ЎзР ФК 343-моддасига асосан муқобил талабларни ҳисобга ўтказилганда).

Хулоса қилиб, ЎзР ФКнинг алоҳида шартномалар тўғрисидаги нормалари мажбуриятлар бузилишининг турли ҳуқуқий оқибатларини назарда тутишини айтиб ўтиш мумкин. Ҳуқуқ субъекти томонидан бундай оқибатларнинг қўлланиши ҳам ўз ҳуқуқини ҳимоялашнинг усули ҳисобланади. Маҳсулот сотиб олувчининг жўнатиш разнарядкасини тақдим қилмаслиги, яъни товарларни қабул қилиб олувчиларни кўрсатмаслиги, маҳсулот етказиб берувчига ё маҳсулот етказиб бериш шартномасини бажаришдан бош тортиш, ёки сотиб олувчидан товарлар ҳақини тўлашни талаб қилиш ҳуқуқини беради. (ЎзР ФК 441-моддаси).

Шартномада шартномавий муносабатларни бузаётган томонга таъсирнинг турли ҳуқуқий воситалари назарда тутилиши мумкин, - товарни, ишларни ҳақини тўлашнинг тартиби, шакли ва муддатларини ўзгартириш; ҳақни тўлашдан бош тортиш.

Таъсирнинг (ҳимоялаш усулининг) шу каби ҳуқуқий воситалари кўпинча тезкор санкциялар деб аталади, чунки уларнинг қўлланиши ҳуқуқни бузувчи учун турли мулкий йўқотишларга олиб келади ҳамда адабиётларда мулкий жавобгарликка яқин турувчи махсус оқибатлар сифатида кўриб чиқилади.


10. Давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органинининг қонунга зид бўлган ҳужжатини суд томонидан қўлламаслик фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ўзига хос алоҳида усули ҳисобланади. Бу ҳолда ҳужжат деганда ҳам норматив, ҳам муайян шахс ёки шахслар гуруҳига йўналтирилган норматив бўлмаган тартибда ҳуқуқни қўллаш ҳужжатни тушуниш керак. Бу ҳолда суд томонидан қонунни қўлламаслик имкони истисно қилинади, чунки ҳимояланишнинг кўриб чиқилаётган усулини қўллашлик учун асос ҳужжатни қонунга зидлигидир.

ЎзР ХПК 12-моддасининг иккинчи қисмида ҳам худди шундай ёндашув кўрсатилган бўлиб, бунда Хўжалик суди ишни кўриш чоғида давлат органи ёки бошқа органнинг ҳужжати қонунга тўғри келмаслигини, шу жумладан у ваколат доирасидан четга чиққан ҳолда чиқарилганини аниқласа, қонунга мувофиқ қарор қабул қилади, яъни ушбу ҳужжатларни низони хал этишда қўлламайди.


11. Фуқаролик ҳуқуқлари қонунда назарда тутилган бошқа усуллар билан ҳам ҳимояланиши мумкин. Қарздор ашёни топшириш, ишларни бажариш, хизмат кўрсатиш бўйича ўз мажбуриятларини бажармаганида кредитор томонидан уни бажаришни учинчи шахсларга топшириши ёки барча зарур харажатларни қарздорга юклаб ўзи бажариши фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг шундай усулига мисол бўлиши мумкин. (ЎзР ФК 328-моддаси, ЎзР ФК 453-моддаси).



12-модда. Давлат органининг ёки фуқароларнинг ўзини ўзи

бошқариш органининг ҳужжатини ҳақиқий эмас деб топиш


Давлат органининг ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган ҳамда фуқаронинг ёки юридик шахснинг фуқаролик ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжати суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Суд ҳужжатни ҳақиқий эмас деб топган тақдирда, бузилган ҳуқуқ ушбу Кодекснинг 11-моддасида назарда тутилган усулларда ҳимоя қилиниши керак.


1. Давлат органининг ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган ҳамда фуқаронинг ёки юридик шахснинг фуқаролик ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжати суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Бошқарув соҳасидаги ҳужжат ва ҳаракатларнинг суд томонидан текширилиши фуқаролик ҳуқуқларини амалга ошириш ва уларга риоя қилишнинг муҳим кафолати бўлиб хизмат қилади. Суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин бўлган давлат органининг ҳужжати деб ЎзР ФК 8-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган ва қонун томонидан фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларини вужудга келиши учун асос сифатида назарда тутилган ҳужжатлар тушунилади. Бундай ҳужжатлар сирасига фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларини тасарруф қилиш бўйича ҳаракатларини ўз ичига олган буйруқлар, кўрсатмалар, хатлар ва бошқа ҳужжатлар киритилиши мумкин. Давлат органининг ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг норматив бўлмаган ҳужжатини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талаб ҳар доим, норматив бўлган ҳужжатга оид бундай талаб эса фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда тақдим этилиши мумкин.

Ҳужжатлар устидан судга шикоят келтиришнинг умумий тартиби ва асослари ЎзР ФПК 26-бобида (264-268-моддалари), 27-бобида (269-272-моддалари), 28-бобида (273-375-моддалари), 29-бобида (276-278-моддалари) ҳамда ЎзР ХПК 12-24-моддаларида белгиланган.

Фуқаро ўзининг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар (қарорлар) устидан бевосита судга ёки бўйсунув тартибида юқори органга, мансабдор шахсга мурожаат қилишга ҳақли. (ЎзР ФПК 269-моддаси)

Норматив ҳужжатни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талаб фақат қонунда кўрсатилган ҳолатлардагина тақдим этилиши мумкин.

ЎзР ФК 12-моддасининг қоидаларида фақат давлат органлари ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан қабул қилинадиган ҳужжатлар кўрсатилади. Аммо бу, нодавлат органлар, масалан, жамоат ташкилотлари, хўжалик жамиятлари ва ширкатларининг бошқарув органлари ва бошқалар томонидан чиқарилган, фуқаролик ҳуқуқларини бузувчи ва қонунга мувофиқ бўлмаган ҳужжатлар ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин эмаслигини англатмайди. ФКнинг 12-моддасига кўра ҳимоялаш қонунда назарда тутилганидан бошқа усулларда ҳам амалга оширилиши мумкин. ЎзР ФПК II бўлимининг III-кичик бўлимида давлат органларининг ва бошқа органларнинг, шунингдек, мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари (қарорлари) устидан шикоят ва аризалар бўйича иш юритуви умумий юрисдикция судига тааллуқли эканлиги белгиланган.

Фуқароларни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги Низомга кўра, Конституциявий судда бевосита равишда фуқаролар томонидан уларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳамда Ўзбекистон Республикаси томонидан олинган халқаро шартномалардаги мажбуриятларда белгиланган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, қонунлар ёки Олий Мажлис палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органларининг қарорлари қабул қилиниши натижасида бузилиши тўғрисидаги мурожаатлари ўрганилади.

Норматив ҳужжатлар устидан бевосита юридик шахсларнинг тўғридан-тўғри шикоят келтириши қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган.


2. ЎзР ФК 12-моддасининг иккинчи қисмида ҳужжат ҳақиқий эмас деб топилган ҳолатларда ҳуқуқни ЎзР ФК 11-моддасида кўрсатилган усул билан ҳимоялашни назарда тутади. Ҳуқуқлари бузилган субъект, жумладан, ҳуқуқ бузилгунга қадар мавжуд бўлган ҳолатни тикланишини, ЎзР ФК 15-моддаси тартибида зарар қопланишини талаб қилиши, шунингдек, ЎзР ФК 11-моддасида кўрсатилган бошқа усуллардан ҳам фойдаланиши мумкин. Суд томонидан норматив бўлмаган ёки норматив ҳужжатни ҳақиқий эмас деб топилиши у қабул қилинган пайтдан бошлаб юридик оқибатларни келтириб чиқармаганини билдиради.



13-модда. Фуқаролик ҳуқуқларини шахснинг ўзи ҳимоя қилиши


Фуқаролик ҳуқуқларини шахснинг ўзи ҳимоя қилишига йўл қўйилади.

Фуқаролик ҳуқуқларини шахснинг ўзи ҳимоя қилиш усуллари ҳуқуқни бузишга мутаносиб бўлиши ҳамда ҳуқуқ бузилишининг олдини олиш учун зарур ҳаракатлар доирасидан чиқиб кетмаслиги керак.


1. Ўзини-ўзи ҳимоя қилиш деганда ҳуқуқ субекти томонидан ўзининг фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоялаш мақсадида бир томонлама юридик ёки жисмоний ҳаракатларнинг содир этилиши англанади. Ҳуқуқ эгаси ўзини ёки ўз мол-мулкини ҳуқуқни бузувчига ёхуд унинг мол-мулкига нисбатан рухсат этилган жисмоний таъсир ўтказиб ҳимоялаши фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоялашнинг ушбу усулига хосдир. Фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг бошқа усулларидан фарқли равишда, шахснинг ўзини ҳимоя қилиши судга ёки фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоясини амалга оширувчи бошқа органга мурожаат қилмасдан амалга оширилади. Ҳимоянинг мазкур усулидан фойдаланиш учун биргаликда учта шартнинг мавжуд бўлиши талаб этилади: а) ҳуқуқнинг бузилиши ёки уни бузилиш эҳтимоли (хавфи); б) бузилишни тўхтатиш, бархам бериш (олдини олиш) зарурати; в) ҳуқуқ бузилишининг хусусияти ва мазмунига мос келувчи чораларнинг қўлланиши.

Ўзини-ўзи ҳимоя қилиш усуллари бузилишни тўхтатиш, барҳам бериш учун зарур ҳаракатлар доирасида амалга оширилиши ҳамда ҳуқуқни бузишга мутаносиб бўлиши лозим. Бошқа шахсга етказилган зарарнинг миқдори ўзини ҳимоя қилган шахсга етказилган ёки етказилиши мумкин бўлган зиёндан сезиларли даражада ошиб кетмаслиги керак. Ҳимояланаётган шахснинг барча ҳаракатлари беистисно тарзда ўзининг ҳуқуқи бузилишини тўхтатишга қаратилган бўлиши лозим. ЎзР ФК 987-моддасига кўра, зарурий мудофаа ҳолатида етказилган зарар, агар бунда мудофаа чегарасидан чиқилмаган бўлса, тўланмайди. Ҳуқуқни ҳимоялаш даражасига эришилгандан кейин ҳуқуқ эгасининг манфаатларини бузилишига йўл қуйган тажавуззкор шахсга қарши кейинги ҳаракатлар ўзини ҳимоялаш деб тан олинмайди.

Мажбуриятларни таъминлашнинг ФК томонидан кўрсатилган усулларидан бири - "ушлаб қолиш"ни ўз-ўзини ҳимоялашнинг намоён бўлиши деб ҳисоблаш мумкин. Масалан, кредитор мажбурият бажарилганидан сўнг қарздорга берилиши лозим бўлган мулкни токи мажбурият бажарилгунга қадар ўзида ушлаб туриш ҳуқуқига эга. Сақловчи томонидан унга тегишли мукофот тўлангунга қадар муайян мол-мулкни ўзида ушлаб туриши яна бир мисол бўлиши мумкин. Бу ҳолда мулкий ҳуқуқларнинг эгаси судга мурожаат қилмасдан туриб, ўзининг жисмоний кучи билан ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилади.

Бузилган ҳуқуқни шахснинг ўзи ҳимоя қилиши бўйича ҳаракатлар ҳуқуқ эгаси томонидан ҳам, унинг манфаатларини кўзлаб ёки унинг топшириғи билан ҳаракат қилувчи учинчи шахслар томонидан ҳам амалга оширилиши мумкин. Жумладан, муайян мол-мулкнинг мулкдори ўз кучи билан ёки қўриқлаш ва сақлаш бўйича хизмат кўрсатадиган ихтисослашган ташкилотга мурожаат қилиб, унинг бус-бутунлигини таъминлаш, сақлаш чораларини кўриши мумкин.

Ҳуқуқ субъекти томонидан қўлланадиган ўзини-ўзи ҳимоялаш чоралари устидан судга ёки бошқа ваколатли органга шикоят келтирилиши мумкин, бу эса фуқаролик муомаласи субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг кафолати ҳисобланиб, уларни ўз-ўзини ҳимоя қилишга бўлган суистеъмолликлардан муҳофазалашга имкон беради. Ўз-ўзини ҳимоялаш доирасидан чиқиш фактлари юрисдикция органлари томонидан, жумладан, унга қарши ўз-ўзини ҳимоялаш чоралари қўлланган шахснинг мурожати бўйича белгиланади.



14-модда. Зарарни қоплаш


Агар қонун ёки шартномада зарарни камроқ миқдорда тўлаш назарда тутилмаган бўлса, ҳуқуқи бузилган шахс ўзига етказилган зарарнинг тўла қопланишини талаб қилиши мумкин.

Зарар деганда, ҳуқуқи бузилган шахснинг бузилган ҳуқуқини тиклаш учун қилган ёки қилиши лозим бўлган харажатлари, унинг мол-мулки йўқолиши ёки шикастланиши (ҳақиқий зарар), шунингдек бу шахс ўз ҳуқуқлари бузилмаганида одатдаги фуқаролик муомаласи шароитида олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромадлари (бой берилган фойда) тушунилади.

Агар ҳуқуқни бузган шахс бунинг натижасида даромад олган бўлса, ҳуқуқи бузилган шахс бошқа зарар билан бир қаторда бой берилган фойда бундай даромаддан кам бўлмаган миқдорда тўланишини талаб қилишга ҳақли.


1. ЎзР ФК 14-моддаси жабрланган томон учун, ҳуқуқи бузилганда, ҳуқуқбузардан ўзига етказилган зарарнинг тўла қопланишини талаб қилиш ҳуқуқини беради ҳамда тўлиқ қоплашнинг турлари ва умумий тамойилини белгилайди. Мазкур қоида асосида ЎзР ФКга зарарларни қоплашда юзага келадиган муносабатларни тартибга солувчи нормалар киритилган (масалан, ЎзР ФК 15, 324, 325, 456-моддалари).

Зарар шахсий номулкий ёки мулкий ҳукуқлари бузилиши натижасида шахсда вужудга келувчи салбий мулкий оқибатлардир. Зарарни қоплаш бузилган фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоялашнинг универсал усули бўлиб, муайян вазиятда қонунда бундай имконият назарда тутилган ёки тутилмаганидан қатъи назар, ҳам шартномавий (масалан, қарздор томоннинг тузилган шартномадан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажармаслиги ёки тегишли тарзда бажармагани натижасида), ҳам шартнома доирасидан ташқари бўлган муносабатларда (масалан, авария натижасида мол-мулк ёки соғликка зарар етказилганда) қўлланиши мумкин.


2. ЎзР ФК 14-моддасининг иккинчи қисми зарарларнинг икки хилини ажратиб кўрсатади, булар ҳақиқий зарар ва бой берилган фойдадир. Ҳақиқий зарарни "ҳуқуқи бузилган шахснинг бузилган ҳуқуқини тиклаш учун қилган ёки қилиши лозим бўлган харажатлари, унинг мол-мулки йўқолиши ёки шикастланиши" ташкил этади.

Бой берилган фойда деб "шахс ўз ҳуқуқлари бузилмаганида одатдаги фуқаролик муомаласи шароитида олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромадлари" тушунилади. Одатдаги фуқаролик муомаласи шароити сифатида бозор фаолиятининг, кўзда тутилмаган вазиятлар ёхуд енгиб бўлмас куч деб талқин қилинаётган вазиятлар таъсир этмаётган, унинг учун одатдаги шароитлари тушунилиши лозим. Масалан, маҳсулот етказиб берувчи шартномани бузиб товарни етказиб бермаслиги сотиб олувчи дўконнинг бекор туриб қолишига сабаб бўлса, мажбурий бекор туриш билан боғлиқ ижара ҳақини тўлаш харидор -дўкон учун ҳақиқий зиённи, етказиб берилмаслик ва унинг оқибатида келиб чиққан бекор туриш сабабли харидор-дўкон ололмаган фойда эса бой берилган фойдани ташкил этади.

Қилишга мажбур бўлинган харажатларни ҳам, бўлғуси харажатларни ҳам қоплаш тўғрисида талаб тақдим этилганда мажбуриятни бузиш (бажармаслик) билан зарар ҳамда унинг миқдори ўртасидаги сабабий алоқа исботланиши лозим эканлигини ёдда тутиш муҳимдир. Олинмаган даромад (бой берилган фойда)ни қоплаш тўғрисидаги талаблар тақдим этилганда ҳам мазкур шартларга риоя қилиниши керак. Ҳуқуқлари бузилган шахс мажбурият бузилгани оқибатида ололмаган даромаднинг миқдорини, шунингдек, мажбурият бажарилмаслиги билан олинмаган даромад ўртасидаги сабабий алоқани исботлаши лозим. Олинмаган даромадлар миқдорини ҳисоблашда жабрланувчи шахс одатдаги фуқаролик муомаласи шароитида олишни мўлжаллаган даромадларнинг ҳақонийлиги (реаллигини)ни аниқлаш муҳим аҳамият касб этади.

Етказилган зарарни тўлиқ қоплаш тўғрисидаги умумий қоида сифатида қатъий белгиланган талаб ЎзР ФК 14-моддасининг қоидаларидан биридир. Мазкур талаб фақат қонун ёки шартномада бевосита белгиланган ҳоллардагина қўлланиш билан чекланмайди. Масалан, ЎзР ФК нормаларида муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаро билан битим тузилганда зиённи фақат ҳақиқий реал зарар кўринишида қоплаш имкони назарда тутилади (ЎзР ФК 119-моддаси). Шартнома асосида қопланиши лозим бўлган зарар ҳажми чекланганда ЎзР ФК 332-моддаси иккинчи қисмини ҳисобга олиш зарур, унга кўра қўшилиш шартномаси ёки кредитор истеъмолчи сифатида иш олиб борувчи фуқаро бўлган бошқа шартнома бўйича қарздорнинг жавобгарлик ҳажмини чеклаш тўғрисидаги келишув ҳақиқий эмас, башарти мажбуриятларнинг ушбу тури ёки ушбу ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик ҳажми қонун билан белгилаб қўйилган бўлса ва агар мажбуриятни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун жавобгарликни келтириб чиқарадиган вазиятлар юз бергунча келишувга эришилган бўлса.


3. ЎзР ФК 14-моддасининг учинчи қисмида ҳуқуқни бузган шахс бунинг натижасида даромад олган бўлса, бой берилган фойдани ҳуқуқни бузган шахс олган даромаддан кам бўлмаган миқдорда қоплаш назарда тутилган. Масалан, маҳсулот етказиб берувчи етказиб бериши лозим бўлган товарини баландроқ нархда чет ташкилотига сотиб юборди, натижада ҳуқуқи бузилган шахс (бу ҳолда дўкон) етказиб берувчи товарни сотишдан олган даромаддан кам бўлмаган миқдордаги бой берилган фойдага даъво қилишга ҳақли.



15-модда. Давлат органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи

бошқариш органлари томонидан етказилган зарарни тўлаш


Давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки ушбу органлар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги), шу жумладан давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган ҳужжат чиқарилиши натижасида фуқарога ёки юридик шахсга етказилган зарар давлат томонидан ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан тўланиши керак. Давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари мансабдор шахсларининг айби билан етказилган зарарларни қоплаш суднинг қарори билан шу мансабдор шахслар зиммасига юкланиши мумкин. (ЎзР 15.12.2000 й. 175-II-сон Қонуни тахриридаги модда)


1. ЎзР ФК 15-моддасида давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки ушбу органлар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) оқибатида фуқарога ёки юридик шахсга етказилган зарар учун жавобгарлик белгиланган. Ушбу зарарлар давлат ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан қопланиши керак. Кўриб турганимиздек, давлат органларининг ғайриқонуний ҳаракатлари билан етказилган зарар учун давлатнинг ўзи, унинг субъектлари, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари мулкий жавобгарлик субъекти бўлиб чиқмоқда. Юқорида кўрсатилган нормани рўёбга чиқишига ЎзР ФК 990-моддаси, шунингдек, жабрланувчиларга фақат мулкий зарарни қоплаш масалаларини тартибга солувчи шарҳланаётган модда хизмат қилади. Давлат органларининг жавобгарлигини белгиловчи қоидалар бошқа қонунчилик ҳужжатларида ҳам мавжуд.

"Ноқонуний" деганда давлат органлари ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан ўз ҳуқуқларини номувофиқ (ваколатини бузиб ёхуд умуман ваколатсиз, қонунчиликка зид холда) тарзда амалга ошириши натижасида вужудга келадиган ҳаракатлар тушунилади. Ҳаракатсизлик эса тегишли давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига юклатилган мажбуриятларни белгиланган муддат ва тартибда бажармасликни назарда тутади (ҳужжатни қабул қилмаслик, ҳаракатларни содир этмаслик). Масалан, ЎзР ФК 380-моддасида ва бошқа нормаларда (масалан, "Товар бозорларида монополистик фаолиятни чеклаш ва рақобат тўғрисида"ги (27.12.1996 йилдаги 355-I-сонли) ЎзР Қонунининг 18-моддаси 1-банди) назарда тутилган бош тортиш ҳаракатсизликнинг кўринишларидан биридир.

ЎзР ФК 15-моддасида ғайриқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик)га аниқ мисол сифатида фуқароларга ёки юридик шахсларга зарар етишига сабаб - давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган ҳужжатнинг чиқарилиши кўрсатилган. Зарарлар бошқа ғайриқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик)лар оқибатида ҳам етиши мумкин.

Давлат органи, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ёки ушбу органлар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) оқибатида етказилган зарарни тўлаш хусусида талаб давлат органи, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ёки ушбу органлар мансабдор шахс чиқарган ҳужжатни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги суднинг қарори қонуний кучга кирганидан сўнг қўйилиши мумкин. Давлат органи, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи чиқарган ҳужжатни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талаб ушбу ҳужжат чиқарилиши натижасида фуқароларга ёки юридик шахсларга етказилган зарарни тўлаш тўғрисидаги талаб билан битта даъвода бирлаштирилиши ҳамда ушбу талаблар битта иш юритувида кўриб чиқилиши мумкин. Суд фақат битта ёки бир нечта қўшилган талабларни алоҳида юритувга ажратишга ҳақлидир (ЎзР ХПК 115-моддаси учинчи қисми).

Мазкур талаб ФПК ва ХПКда белгиланган тааллуқлилик қоидаларига мувофиқ ҳуқуқлари бузилган шахс томонидан умумий юрисдикция судига ёки хўжалик судига тақдим этилади. Бизга маълумки, суд зарарларни ундиришдан аввал зарар етказилишига сабаб бўлган ҳаракатларнинг ва чиқарилган ҳуқуқий ҳужжатларнинг қонунийлигини баҳолаши лозим. Бундан эса, бошқарув соҳасида етказилган зарарларни қоплаш талаби фуқаролик-ҳуқуқий бўлса ҳам, улар бир пайтнинг ўзида маъмурий муносабатлардан ҳам келиб чиқиши, бинобарин улар ҳакамлик судига кўриб чиқиш учун берилмаслиги тўғрисида хулоса келиб чиқади.

Давлат органи, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ёки уларнинг мансабдор шахсларининг айби билан етказилган зарарлар, қонунда ёки тарафларнинг келишувида зарарларни камроқ миқдорда қоплаш назарда тутилмаган бўлса, тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим.

Айрим қонунларда амалга оширилиши зарарни қоплашга асос бўлувчи ҳужжатлар ва ҳаракатлар аниқ кўрсатилган. Масалан, "Товар бозорларида монополистик фаолиятни чеклаш ва рақобат тўғрисида"ги (27.12.1996 йилдаги 355-I-сонли) ЎзР Қонунининг 19-моддасига кўра, агар давлат бошқаруви органи ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органи, шу жумладан монополияга қарши давлат органи томонидан монополияга қарши қонун ҳужжатларига хилоф равишда қабул қилинган норматив ҳужжат туфайли хўжалик юритувчи субъектга ёхуд бошқа шахсга зарар келтирилса, зарар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўланиши лозимлиги кўрсатилган.


2. Шунингдек, ЎзР ФК 15-моддасида давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари мансабдор шахсларининг айби билан етказилган зарарларни қоплаш суднинг қарори билан шу мансабдор шахслар зиммасига юкланиши мумкинлиги назарда тутилади. Аммо умумий юрисдикция судида ёки хўжалик судида зарарни қоплаш юзасидан мансабдор шахс эмас, балки ушбу мансабдор шахс ишлайдиган давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи жавобгар бўлиши лозим. Мансабдор шахсларнинг ноқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) оқибатида юзага келган зарарни қоплаш бўйича ишларда зарар етказилишида айбдор бўлган мансабдор шахслар низонинг мазмуни бўйича жавобгар томондан мустақил талаб билан арз қилмайдиган учинчи шахс мақомига эга бўлишлари мумкин. Ҳаракатлари натижасида давлат маблағлари хисобидан қопланадиган зарар етказишга айбли мансабдор шахс моддий жиҳатда фуқаро ёки юридик шахс олдида эмас, балки тегишли давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи олдида жавоб беради. Яъни, мансабдор шахсларнинг ўзига жавобгарлик фақат регресс тартибида юкланиши мумкин. Бу ерда жабрланувчига зарарни қоплаб берган давлат органи кейинчалик тўланган суммани айбли мансабдор шахсдан ундириб олиш ҳуқуқига эгалиги назарада тутилмоқда. Афсуски, шарҳланаётган моддага киритилган ўзгартишлар сабабли (ЎзР 2000 йил 15 декабрдаги Қонуни) суд қарори билан зарарларни қоплаш учун жавобгарлик айби натижасида зарар етказилган давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари мансабдор шахсларига юкланиши мумкин. Суд амалиёти ҳам зарарни қоплаш учун жавобгарликни уни қоплаш учун маблағга эга бўлмаган давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари мансабдор шахсларига юклаш йўлидан кетди, шунинг натижасида давлат органларининг мансабдор шахсларидан жабрланганлар уларга етказилган зарарга товон олмасдан қолмоқдалар.



2-КИЧИК БЎЛИМ. ШАХСЛАР


3-боб. Фуқаролар (жисмоний шахслар) (16-38-моддалар)

4-боб. Юридик шахслар (§§ 1-3. 39-78-моддалар)

5-боб. Давлат фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар

иштирокчиси сифатида (79-80-моддалар)



3-БОБ. ФУҚАРОЛАР (ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАР)


16-модда. Фуқаро (жисмоний шахс) тушунчаси

17-модда. Фуқароларнинг ҳуқуқ лаёқати

18-модда. Фуқаролар ҳуқуқ лаёқатининг мазмуни

19-модда. Фуқаронинг исми

20-модда. Исмни ҳимоя қилиш

21-модда. Фуқаронинг яшаш жойи

22-модда. Фуқаронинг муомала лаёқати

23-модда. Фуқаронинг ҳуқуқ лаёқати ва муомала

лаёқатини чеклашга йўл қўйилмаслиги

24-модда. Фуқаронинг тадбиркорлик фаолияти

25-модда. Фуқаронинг мулкий жавобгарлиги

26-модда. Якка тадбиркорнинг ночорлиги (банкрот бўлиши)

27-модда. Ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган

вояга етмаганларнинг муомала лаёқати

28-модда. Эмансипация

29-модда. Ўн тўрт ёшга тўлмаган вояга

етмаганларнинг муомала лаёқати

30-модда. Фуқарони муомалага лаёқатсиз деб топиш

31-модда. Фуқаронинг муомала лаёқатини чеклаш

32-модда. Васийлик ва ҳомийлик

33-модда. Фуқарони бедарак йўқолган деб топиш

34-модда. Фуқарони бедарак йўқолган деб топиш оқибатлари

35-модда. Фуқарони бедарак йўқолган деб топиш

ҳақидаги қарорнинг бекор қилиниши

36-модда. Фуқарони вафот этган деб эълон қилиш

37-модда. Вафот этган деб эълон қилинган фуқаро

қайтиб келишининг оқибатлари

38-модда. Фуқаролик ҳолати ҳужжатларини қайд этиш



16-модда. Фуқаро (жисмоний шахс) тушунчаси


Фуқаролар (жисмоний шахслар) деганда Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, бошқа давлатларнинг фуқаролари, шунингдек фуқаролиги бўлмаган шахслар тушунилади.

Агар қонунда бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, ушбу Кодекснинг қоидалари барча фуқароларга нисбатан қўлланилади.


1. Ушбу 3-бобнинг номида ва хусусан, ЎзР ФК 16-моддасининг матнида, илгари амал қилган ЎзССР Гражданлик кодексидан фарқли равишда, "фуқаролар" ва "жисмоний шахслар" деган иккита атама қўлланади (ЎзССР Гражданлик кодексида фақат "фуқаролар" тушунчаси қўлланган эди). "Фуқаро" ва "жисмоний шахс" тушунчаларидаги фарқлар маълум бўлса ҳам, аммо ЎзР ФКда "фуқаролар" ва "жисмоний шахслар" тушунчалари бир маънода қўлланган. Бу холат қонун чиқарувчининг "фуқаро" сўзини анъанавий ва одатга айланган тарзда қўлланишини сақлаб қолиш истаги билан боғлиқ.


2. ЎзР ФК 16-моддасининг қоидасида "фуқаро" деганда нафақат Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, балки бошқа давлатларнинг фуқаролари, шунингдек фуқаролиги бўлмаган шахслар тушунилиши белгиланган. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бошқа давлатларнинг фуқаролари, шунингдек, муайян фуқароликка эга бўлмаган шахслар истиқомат қилишади. ЎзР Конституциясининг 23-моддасида бундай дейилган: "Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ таъминланади.

Улар Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари ва халқаро шартномалари билан белгиланган бурчларни адо этадилар".


3. ЎзР ФК 16-моддасининг иккинчи қисмида, агар қонунда бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, ЎзР Фуқаролик кодекснинг қоидалари барча фуқароларга нисбатан қўлланилиши белгиланган. Бу ердаги истисно писандаси эса масалан, ЎзР ФК 1167-моддасида кўрсатилган ҳолатларни назарда тутади "Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахсларининг ҳуқуқларига махсус чекловлар қўйган давлатларнинг фуқаролари ва юридик шахсларига нисбатан жавоб тариқасида чекловлар (реторсиялар) белгилаши мумкин".



17-модда. Фуқароларнинг ҳуқуқ лаёқати


Барча фуқароларнинг фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларига эга бўлиш лаёқати (ҳуқуқ лаёқати) тенг равишда эътироф этилади.

Фуқаронинг ҳуқуқ лаёқати у туғилган пайтдан эътиборан вужудга келади ва вафот этиши билан тугайди.


1. Фуқароларнинг фуқаролик ҳуқуқларига эга бўлиш ва бурчни ўташга умумий қобилияти фуқароларнинг ҳуқуқ лаёқати деб аталади. Фуқаронинг ҳуқуқ лаёқати муайян юридик фактлар - ҳаракат ва ҳодисалар мавжуд бўлгандагина пайдо бўладиган конкрет субъектив ҳуқуқларга эга бўлишининг асоси бўлади.

ЎзР ФК 17-моддаси биринчи қисмининг қоидалари билан барча фуқаролар учун бир хил ҳуқуқ лаёқати назарда тутилади. ЎзР ФК бу моддаси Ўзбекистон Республикасини барча фуқароларининг бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенглигини кафолатловчи ЎзР Конституциясининг 18-моддаси қоидаларини мустаҳкамлайди. Бироқ, фуқароларнинг ҳуқуқ лаёқати тенглиги тамойили фуқароларнинг муайян субъектив ҳуқуқларининг тенглигидан эмас, фақат фуқароларнинг ҳуқуқий имконияти тенглигидан далолат беради, чунки қонунда кўрсатилган (масалан, ЎзР ФК 18-моддасида), шунингдек, санаб ўтилмаган ва шу билан бирга тақиқланмаган фуқаролик субъектив ҳуқуқларига эга бўлиш имконияти (қобилияти), уларга ҳақиқатда эга бўлиш билан доимо мос тушмайди.


2. Фуқаронинг ҳуқуқ лаёқати у туғилган пайтдан эътиборан вужудга келади ва вафот этиши билан тугайди. Ҳуқуқ лаёқати фуқарога бутун умри мобайнида хос бўлиб, унинг ёши, соғлигининг ҳолати, ҳуқуқ ва бурчларни амалга ошириш имконияти ва ш.к. боғлиқ эмас. Ҳуқуқ лаёқати ҳатто ҳали туғилмаган болада ҳам пайдо бўлиши мумкин, масалан, ЎзР ФК 1118-моддасида мерос қолдирувчининг ҳаётлик пайтида ҳомила ҳолида бўлган ва мерос очилгандан кейин тирик туғилган болалари меросхўр бўлишлари мумкинлиги назарда тутилган.

Ҳуқуқ лаёқати фуқарони ЎзР ФК 36-моддасида санаб ўтилган вазиятлар мавжуд бўлиб, тегишли шартларга риоя қилинган холда суд томонидан фуқарони вафот этган деб эълон қилинганда ҳам тўхтатилади, чунки фуқарони вафот этган деб эълон қилиш фуқаронинг ўлимидаги каби оқибатларга олиб келади (ЎзР ФК 36-моддасининг тўртинчи қисми). Аммо вафот этган деб эълон қилинган фуқаро ҳаёт эканлиги аниқланса, ушбу фуқарони вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги суднинг қарорини бекор қилувчи суд қароридан сўнг фуқаро яна тўлиғича "ҳуқуқий лаёқатли" бўлади.



18-модда. Фуқаролар ҳуқуқ лаёқатининг мазмуни


Фуқаролар:

мулк ҳуқуқи асосида мол-мулкка эга бўлишлари;

мол-мулкни мерос қилиб олишлари ва васият қилиб қолдиришлари;

банкда жамғармаларга эга бўлишлари;

тадбиркорлик, деҳқон (фермер) хўжалиги билан ҳамда қонунда тақиқлаб қўйилмаган бошқа фаолият билан шуғулланишлари;

ёлланма меҳнатдан фойдаланишлари;

юридик шахслар ташкил этишлари;

битимлар тузишлари ва мажбуриятларда иштирок этишлари;

етказилган зарарнинг тўланишини талаб қилишлари;

машғулот турини ва яшаш жойини танлашлари;

фан, адабиёт ва санъат асарларининг, ихтиронинг, қонун билан қўриқланадиган бошқа интеллектуал фаолият натижаларининг муаллифи ҳуқуқига эга бўлишлари мумкин.

Фуқаролар бошқа мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари мумкин.


1. Фуқаролар ҳуқуқ лаёқатининг мазмуни ўз ичига фуқаро эга бўлиши мумкин бўлган мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқ ва бурчларни олиб, улар ЎзР Конституцияси асосида унга тегишли ва кафолатлангандир.

Шарҳланаётган моддада биркитирилган ҳуқуқларни амалга ошириш ва ҳимоялаш тартиби бошқа нормаларда бевосита очиб берилади. Масалан, мулк ҳуқуқи асосида фуқаронинг мол-мулкка эга бўлиш ҳуқуқи ЎзР ФК II бўлимида, мол-мулкни мерос олиш ва васият қилиш ҳуқуқи ЎзР ФК V бўлимида, ёхуд асар муаллифнинг фан, адабиёт ва санъат асарларининг, ихтиронинг, қонун билан қўриқланадиган бошқа интеллектуал фаолият натижаларининг муаллифи ҳуқуқига эга бўлиш ҳуқуқи ЎзР ФК IV бўлимида очиб берилган.

Мажбуриятларга эга бўлиш қобилияти ҳам фуқаролар ҳуқуқ лаёқатининг бир қисмини ташкил этади: фуқаролар битим тузиш ва мажбуриятларда иштирок этишга, яъни зиммасига учинчи шахс фойдасига муайян ҳаракатни содир этиш мажбуриятини олишга ҳақлидирлар. Масалан, мол-мулкни топшириш, ишни бажариш, пулни тўлаш ва ҳ., - ёки маълум ҳаракатни бажаришдан сақланиш.


2. ЎзР ФК 18-моддасида кўрсатилган ҳамда фуқаролар ҳуқуқ лаёқатининг мазмунини ташкил этувчи ҳуқуқлар рўйхати ўз ичига энг муҳим (иқтисодий ва ижтимоий аҳамиятли) фуқаролик ҳуқуқларини олади, аммо тўкис-тугал ҳисобланмайди. Фуқаролар ЎзР фуқаролик ва бошқа қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган асослардан, шунингдек, фуқаролик қонунчилигининг асосий негизлари ва мазмунидан келиб чиқиб шундай ҳуқуқларни юзага келтирувчи ҳаракатлардан вужудга келадиган бошқа мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари мумкин (ЎзР ФК 8-моддаси). Чунки барча ҳуқуқларни санаб ўтишнинг имкони йўқ, фуқаролик ҳуқуқи билан тартибга солинадиган муносабатлар доимий ривожланиб бораётгани сабабли бу номақбул ҳамдир.

Фуқаролар ҳуқуқ лаёқатини рўёбга чиқариш муайян чегараларга эга эканлигини ҳам ёдда тутиш муҳимдир. Фуқаролар ўзларига тегишли фуқаролик ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширганда ўзга шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан ҳимоя қилинадиган манфаатларини бузмасликлари, ҳуқуқ орқали ўзга бир шаклда суистеъмол қилмасликлари лозим (ЎзР ФК 9-моддаси, ЎзР Конституциясининг 20-моддаси). Айрим ҳолларда бундай чекловлар қонун билан белгиланади (масалан, мол-мулк хатланганда уни тасарруф қилиш бўйича мулкдорнинг ҳуқуқи чекланади).



19-модда. Фуқаронинг исми


Агар қонундан ёки миллий одатдан бошқача тартиб келиб чиқмаса, фуқаро ўз фамилияси ва номидан, шунингдек отасининг исми билан ҳуқуқ ва бурчларга эга бўлади ҳамда уларни амалга оширади.

Қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда фуқаро тахаллусдан (тўқилган исмдан) фойдаланиши мумкин.

Фуқаро қонунда белгиланган тартибда ўз исмини ўзгартиришга ҳақли. Фуқаронинг ўз исмини ўзгартириши аввалги исми билан олган ҳуқуқ ва бурчларини бекор қилиш ёки ўзгартириш учун асос бўлмайди.

Фуқаро ўз исмини ўзгартирганлиги ҳақида қарздорлари ва кредиторларига хабар бериш учун зарур чораларни кўриши шарт ва у мазкур шахсларда фуқаронинг исми ўзгарганлиги ҳақида маълумот йўқлиги туфайли келиб чиқиши мумкин бўлган оқибатлар хавфини ўз зиммасига олади.

Исмини ўзгартирган фуқаро ўзининг аввалги исмига расмийлаштирилган ҳужжатларга ўз ҳисобидан тегишли ўзгартиришлар киритилишини талаб қилишга ҳақли.

Фуқаро туғилган вақтида олган исмини, шунингдек ўзгартирилган исмини фуқаролик ҳолати ҳужжатларини қайд этиш учун белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиши керак.

Бошқа шахс исмидан фойдаланиб ҳуқуқ ва бурчларга эга бўлишга йўл қўйилмайди.


1. Ўз исмига эга бўлиш - фуқаронинг ажралмас ҳуқуқидир. БМТ “Бола ҳуқуқлари ҳақида”ги Конвенциясини 7-бандининг биринчи қисмига мувофиқ, туғилиш пайтидан бошлаб бола ўз исмига эга бўлиш ҳуқуқига эгадир. Кенг маънодаги исм сифатида фуқаронинг исми, отасининг исми ва фамилиясини тушунадилар. Бироқ, ЎзР ФК 19-бандининг биринчи қисмига кўра, миллий урф-одатдан ёки махсус қонун ҳолатларидан келиб чиққан ҳолда “фуқаронинг исми” тушунчасининг бошқача мазмунга эга бўлишига ҳам йўл қўйилади.

ЎзР ОКнинг 69-моддасида, боланинг исми ота-оналарнинг ўзаро келишувига кўра берилиши, отасининг исми эса унинг отасининг исми бўйича берилиши белгиланган.

Боланинг фамилияси ота-оналарнинг фамилияси бўйича белгиланади. Боланинг ота-оналари ҳар ҳил фамилияларга эга бўлганлари ҳолатида, ота-оналарнинг ўзаро келишувига мувофиқ, болага отасининг фамилияси ёки онасининг фамилияси берилади. Ота-оналарнинг ҳоҳишига кўра, миллий анъаналарга мувофиқ, болага унинг отаси томонидан ёки мувофиқ равишда онаси томонидан бўлган бобосининг исмидан ҳосил қилинган фамилия берилиши мумкин. Боланинг исми ва (ёки) фамилияси бобида ота-оналар ўртасида ўзаро келишув мавжуд бўлмаган ҳолда, пайдо бўлган келишмовчиликларни васийлик ва хомийлик идораси томонидан ҳал этилади.

Агарда боланинг отаси қонунда белгиланган тартибда аниқланмаган бўлса, - бу ҳолда боланинг исми онасининг кўрсатмаси бўйича, отасининг исми - туғилиш ҳақидаги гувоҳномасида унинг отаси деб кўрсатилган шахснинг исми бўйича, фамилияси эса - онасининг фамилияси бўйича берилади.


2. Фуқаронинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари унинг шахсий исми бўйича амалга оширилади ва қўлга киритилади. Шундай бўлса ҳам, қонун томонидан кўзда тутилган ҳолларда ва тартибда шахснинг таҳаллусдан (тўқиб чиқарилган исмдан) фойдаланишига йўл қўйилади. Масалан, фан, адабиёт, санъат ва турдош ҳуқуқлар соҳаларида яратилган ижодий асарнинг муаллифи ўз исмини шахсийлаштириши мақсадида ўзга шахснинг исмини такрорламайдиган тўқиб чиқарилган исмдан (таҳаллусдан) фойдаланиши мумкин. Муаллиф ўз асаридан таҳаллус остида ёки ўз исмини кўрсатмаган, яъни аноним муаллиф тарзида фойдаланиши ёки ундан фойдаланишга рухсат бериш ҳуқуқига эгадир (ЎзР 20.07.2006 й. ЎРҚ-42-сон “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонунининг 18-моддаси).


3. Фуқаро ўз исмини қонунда белгиланган тартибда ўзгартириш ҳуқуқига эга эканлиги шарҳланаётган мазкур-банд қоидаси билан белгиланади. ЎзР Оила Кодекси никоҳ тузиш (ЎзР ОК 20-моддасининг биринчи қисми), никоҳдан ажратиш (ЎзР ОК 46-моддаси), никоҳни хақиқий эмас деб топиш (ЎзР ОК 56-моддасининг олтинчи қисми), фарзандликка олиш (ЎзР ОК 164-моддасининг учинчи қисми), оталикни белгилаш (ЎзР ОКнинг 207-моддаси) ҳолларида фуқаронинг ўз фамилиясини ўзгартиришига йўл қўйилади. Бола ота-оналарининг биргаликда билдирган илтимосига кўра, унинг ўн олти ёшга тўлмагунигача, фуқаролик ҳолатини рўйхатга олиш органи, боланинг манфааатларидан келиб чиққан ҳолда, унинг исмини ўзгартиришга, ва шунингдек унга берилган фамилияни ўз ота-онасидан бошқа бирининг фамилиясига ўзгартиришга ҳақлидир ( ЎзР ОКнинг 70-моддаси).

Никоҳни тузишда эр-хотин, ўз ихтиёри бўйича эр-хотиндан бирининг фамилиясини ўзлари учун умумий фамилия сифатида танлайдилар ёки эр-хотиннинг иккаласи ҳам ўзларининг никоҳгача бўлган фамилияларини сақлаб қоладилар. Никоҳ тузилганида ўз фамилиясини бошқа фамилияга ўзгартирган эр(хотин), никоҳ бекор қилинганидан кейин ҳам шу фамилия билан номланиш ҳуқуқига эгадир ёҳуд суд томонидан никоҳнинг бекор қилиниши тўғрисидаги қарор қабул қилинганида унинг ҳоҳиши бўйича унга никоҳгача фамилияси қайтариб берилиши мумкин. Инсофли эр (хотин), никоҳ бекор қилинганида никоҳ тузишни давлат рўйхатига олиниши пайтида ўзи танлаган фамилияни сақлаб қолишга ҳақлидир.

Зарурият мавжуд бўлган ҳолларда, фарзандиликка олишда, фарзандликка олинадиган боланинг исми, отасининг исми, фамилияси ўзгартирилиши мумкин.

Агарда боланинг ота-оналари алоҳида-алоҳида яшаётган бўлсалар ва бола билан бирга яшаётган ота(она) унга ўз фамилиясини бериш ҳоҳишини билдирса, бу ҳолда васийлик ва ҳомийлик органи, боланинг манфаатларига боғлиқ ҳолда ва ота(она)лардан бошқа бирининг фикрини инобатга олган ҳолда мазкур масалани ҳал қилади. Ота(она)нинг турар жойини аниқлаш иложи бўлмаганида, унинг ота-оналик ҳуқуқларидан махрум этилишида, унинг муомилага лаёқатсиз деб тан олинишида, ва шунингдек, ота (она)нинг болани тарбиялашдан ва уни боқишдан асосли сабабларсиз бош тортиши ҳолларида унинг фикри инобатга олиниши шарт эмас.

Агарда бола бир-бири билан ўзаро никоҳда бўлмаган шахслардан туғилган бўлса, ва ва унинг отаси қонуний тартибда белгиланмаган бўлса, васийлик ва хомийлик органи, боланинг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, унинг фамилиясини тегишли илтимос билан мурожаат қилган пайтдаги онасининг фамилиясига ўзгартириш учун рухсат беришга ҳақлидир.

Ёши ўнга тўлган болани исмини ёки фамилиясининг ўзгартирилиши фақат унинг розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Исмни алмаштириш фуқаронинг аввалги исми остида қўлига киритган ҳуқуқлари ва мажбуриятларининг бекор қилиниши ва ўзгартириши учун асос бўлмайди. Аммо, фуқаронинг зиммасига ўзининг қарздорларини ва кредиторларини ўз исмини ўзгартирганлиги ҳақида ҳабардор қилиш учун зарурий чораларни кўриш мажбурияти юкланади. Шунингдек, ўз исмини ўзгартирган фуқаро қарздорлар ҳамда кредиторларнинг унинг исми ўзгартирилганидан беҳабар бўлганлигидан келиб чиқадиган оқибатлар бўйича жавобгарликни ўз зиммасига олишини ҳам қонун чиқарувчи томонидан белгиланди. Қонунчиликнинг баъзибир ҳужжатларида учинчи шахсларни исмнинг ўзгартирилганлиги тўғрисида хабардор қилишнинг маҳсус тартиби кўзда тутилади. Масалан, ЎзР “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги Қонунининг 20-моддасида (25.05.2000 й. 71-II-сон) лицензия олувчи, жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми ёки яшаш жойи ўзгартирилиши ҳолатида, лицензия олувчи шахс қайта рўйхатдан ўтганидан кейин бир ҳафталик муддат ичида лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисидаги ариза билан мазкур маълумотларни тасдиқловчи барча ҳужжатларни илова қилган ҳолда лицензиялаштирувчи органга мурожаат қилиши белгиланади.

Ўз исмини ўзгартирган фуқаро ўзининг аввалги номига расмийлаштирилган хужжатлар таркибига ўз ҳисобига ўзгартиришлар киритишни талаб қилишга ҳақлидир. Мазкур ҳолат янги ҳужжатни бериш ёки (агарда йўл қўйилса) аввалги хужжатнинг мазмунини ўзгартириш йўли билан амалга оширилиши мумкин. Алмаштирилиши ёки таркибига ўзгартиришларни киритиш лозим бўлган мазкур ҳужжатлар жумласига энг аввало Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспорти киради. “Ўзбекистон Республикасида паспорт тизими тўғрисида”ги Низомнинг 16-бандига мувофиқ (ЎзР Президентининг 1999 йил 26 январдаги ПФ-2240-сонли Фармонига 1-илова) фамилия, исм, отасининг исми ўзгартирилган ҳолларда паспортни алмаштириш амалга оширилади. Шунингдек, таркибига ўзгартиришлар киритилишини фуқаро томонидан талаб қилиниши мумкин бўлган ҳужжатлар жумласига маълумот тўғрисидаги диплом, меҳнат дафтарчаси, харбий билет, пенсионерлик гувоҳномаси, хайдовчи гувоҳномаси, хонадонга мулк ҳуқуқи далолатномаси, шахсий қимматли қоғозлар ва хоказолар киради.

Фуқаронинг исми, отасининг исми ва фамилияси, шунингдек, уларни ўзгартириш “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини рўйхатга олиш Қоидалари”да (ЎзР ВМнинг 1999 йил 12 апрелдаги 171-сонли Қарорига 1-илова) белгиланган қоидаларга мувофиқ ФҲДЁ органларида рўйхатга олинади.

Бошқа шахснинг номидан ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг қўлга киритилишига йўл қўйилмайди ва бундай ҳолат оқибатда номи фойдаланилган ўзга шахсга келтирилган моддий зарарнинг қопланишини келтириб чиқариши мумкин.



20-модда. Исмни ҳимоя қилиш


Ўз исми билан яшаш ҳуқуқига эътироз билдирилаётган ёки исмидан қонунсиз фойдаланилаётганлиги муносабати билан манфаатлари бузилаётган шахс манфаатларини бузувчидан бундай ҳаракатларга чек қўйишни ва раддия беришни талаб қилиши мумкин. Агар манфаатлар қасддан бузилаётган бўлса, жабрланган шахс қўшимча суратда зарарни қоплашни талаб қилиши мумкин. Зарарни қоплаш учун манфаатни бузган шахснинг даромадини бериш талаб қилиниши мумкин. Манфаат қасддан бузилганида жабрланувчи маънавий зиённинг қопланишини ҳам талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Исм ёки шахсий шаън эгаси бўлмаган, лекин Оила мавқеига кўра бундан манфаатдор бўлган шахс ҳам ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳаракатларга чек қўйиш ёки раддия бериш ҳақидаги талабларни қўйиши мумкин. Бу шахс бошқа шахснинг ўлимидан кейин ҳам унинг исмини ва шаънини ҳимоя қилишга қаратилган талабларнинг бажарилишига ҳаракат қилиши мумкин. Исмни ва шаънни бузиш туфайли келтирилган зарарни қоплаш талаби ўлимдан кейин тан олинмайди.


1. Исм, фуқарога тегишли номоддий неъмат сифатида фуқаролик қонунчилиги, бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда кўзда тутилган ҳолларда ва тартибда ҳимоя қилинади ва бегоналаштирилмайдиган ҳамда бошқа усул билан ўтказилмайдиган номулкий ҳуқуқ жумласига киради (ЎзР ФК 99-модда). ЎзР ФК 20-моддасининг биринчи қисмида ўз исмига эга бўлиш ҳуқуқига эътироз билдирилаётган ҳолатда ёки исмидан ноқонуний тарзда фойдаланиши оқибатида унинг манфаатларига путур етказилиши ҳолида мазкур фуқаро ҳуқуқ бузувчи шахсдан ҳуқуқбузарликка чек қўйишни ва раддия берилишини талаб қилиши мумкинлиги кўзда тутилади. Фуқаронинг номидан ноқонуний тарзда фойдаланишга масалан, фуқаронинг исмини қасддан ёки эҳтиётсизлик билан бузиб тилга олиш, ўзга шахснинг номидан исм эгасидан розилик олмай фойдаланиш, исм унсурларидан бирини тилга олмаслик ва шу кабилар ёки хатто жиноий жавобгарликка тортиладиган харакатни амалга оширишда ёҳуд жиноятнинг изини яшириш учун ўзга шахснинг номидан фойдаланиш ҳоллари кириши мумкин.

Ўз номига эгалик қилиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун, жабрланувчи ўзга шахс томонидан ўзининг номидан фойдаланиши ҳолларининг тўхтатилишини (ЎзР ФК 11-моддаси), ўз номига эгалик қилиш ҳуқуқининг бузилиши муносабати билан ўзининг шаъни, қадр-қимматининг суд тартибида ҳимоя қилинишини талаб қилиши, ва шунингдек агарда ҳуқуқбузарлик оммавий ахборот воситаси томонидан амалга оширилган бўлса ўша оммавий ахборот воситаларида раддия эълон қилинишини (ЎзР ФК 100-моддаси) талаб этиши мумкин. Агарда ҳуқуқбузарлик қасддан қилинган ҳолда рўй берса, жабрланувчи шахс қўшимча тарзда ўзига етказилган зарарни моддий жиҳатдан қопланишини (ЎзР ФК 14-моддаси) талаб қилиши мумкин, етказилган зарарни қоплаш миқдори сифатида ҳуқуқбузарнинг олган даромади хизмат қилиши мумкин. Шунингдек, жабрланувчи шахс маънавий зарарнинг қопланишини ҳам талаб қилиши мумкин (ЎзР ФК 100-моддаси)


2. ЎзР ФК 20-моддасининг иккинчи қисми билан исм ёки шахсий шаън эгаси бўлмаган, лекин оила мавқеига кўра бундан манфаатдор бўлган шахс учун бошқа шахснинг ўлимидан кейин ҳам унинг исмини ва шаънини ҳимоя қилишга қаратилган талабларнинг қўйиши мумкинлиги белгиланади. Шунга ўхшаш нормалар ЎзР ФК 99-моддасида ва ЎзР ФК 100-моддаси таркибида ҳам мавжуд. Бироқ, ЎзР ФК 20-моддаси иккинчи қисмининг охирги жумласи билан жабрланувчи шахснинг вафотидан сўнг унинг номига ва шаънига етказилган зарарнинг моддий жиҳатдан қопланиши тўғрисидаги талабномалар тан этилмаслиги белгиланади.



21-модда. Фуқаронинг яшаш жойи


Фуқаронинг доимий ёки асосан яшаб турган жойи унинг яшаш жойи ҳисобланади.

Ўн тўрт ёшга тўлмаган вояга етмаганларнинг (кичик ёшдаги болаларнинг) ёки васийликда бўлган фуқароларнинг қонуний вакиллари - ота-оналари, фарзандликка олувчилари ёки васийлари яшайдиган жой вояга етмаганлар ёки васийликда бўлган фуқароларнинг яшаш жойи ҳисобланади.


1. Яшаш жойини эркин танлаш ҳуқуқи инсоннинг ажралмас ҳуқуқидир ва Инсон ҳуқуқларининг Умумжаҳон декларацияси томонидан белгиланган (Инсон ҳуқуқларининг Умумжаҳон декларациясининг 13-банди), Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 1948 йил 10 декабрда Бош Ассамблеясида қабул қилинган 217 А (III) Резолюциясида ўз ифодасини топган. Яшаш жойи сифатида киши яшайдиган уй, хонадон, ётоқхона, хизмат турар жойи, шунингдек фуқаронинг мулк ҳуқуқи, турар жой биносини ижара шартномаси асосида ёки бошқа хил қонуний асосларда доимий тарзда ёхуд асосан яшаб турган жойи бўлиши мумкин.

ЎзР ФК 21-модда биринчи қисмининг мазмунига кўра фуқаро билан маълум жойда доимий ёки асосан истиқомат қилиш имконияти кўзда тутилади. Баъзи бир фуқаролар ўз касби ёки фаолиятининг ҳусусияти учун ҳос белгилари туфайли (подачи ва чўпонлар, кема жамоаларининг аъзолари, геологик ва қидирув жамоаларнинг, экспедицияларнинг ходимлари, ва ҳоказо) доимий яшаш жойига эга бўлмасликлари мумкин. Уларнинг яшаш жойи сифатида улар асосан яшайдиган маълум аҳоли турар жойи пункти ҳисобланиши мумкин. Бироқ яшаш жойи билан маълум вақт (муддатли) яшайдиган жойни фарқини белгилаш лозим. Маълум вақт(муддатли) яшайдиган жойи деб меҳмонхона, санаторий, дамолиш уйи, оромгоҳ, сайёҳлар базаси, шифохона, ва шунингдек фуқаро вақтинча яшаётган жойлар тан олинади.

Фуқаронинг ҳуқуқларини амалга ошириш, ижтимоий тартибни ҳимоя қилиш учун фуқаронинг яшаш жойини аниқлаш муҳим аҳамиятга эга. Масалан, яшаш жойи билан кишининг ўз мажбуриятларини бажарш жойи боғлиқ, умумий қоидага мувофиқ пул қарзи мажбуриятини бажариш жойи сифатида кредиторнинг яшаш жойи, бошқа мажбуриятлар бўйича эса - қарздорнинг яшаш жойи хизмат қилади (ЎзР ФК 246-моддаси). Шунингдек, бир қатор ҳолатларда қонунчилик томонидан хужжатларда киши яшаш жойини кўрсатиш мажбурийлиги кўзда тутилади (масалан авальни амалга оширувчи шахс ўзининг яшаш жойини кўрсатган ҳолда аваль хужжатини имзолайди (ЎзР ФК 811-моддасининг тўртинчи қисми), ёҳуд қонун чиқарувчи яшаш жойига нисбатан маълум юридик оқибатлар келиб чиқишини белгилайди (мисол учун, мерос иши очиладиган жой деб мерос қолдирувчи шахснинг оҳирги яшаш жойи тан олинади (ЎзР ФК 1117-моддаси). ЎзР ФК 21-моддаси биринчи қисмининг мазмунига мувофиқ фуқаро фақат битта яшаш жойига эга бўлиши мумкинлиги ҳақидаги ҳулосага келиш мумкин, бироқ баъзи мамлакатларнинг қонунчилигида бошқа хил қоидалар мавжуд. Масалан, Германия фуқаролик тузукларининг 7 (2) § да кишининг яшаш жойи бир вақтнинг ўзида бир неча худудларда бўлиши мумкинлиги кўзда тутилади.

Фуқаронинг яшаш жойини аниқ белгилаш усули - бу уни маълум жойда қайд этилиши, яъни рўйхатга олинишидир. Фуқароларни яшаш жойлари бўйича қайд этиш - Ўзбекистон Республикаси худудида маълум яшаш жойида шахснинг доимий ёки вақтинча яшаётганлиги фактини қонун ҳужжатлари томонидан белгиланган тартибда ички ишлар органлари томонидан рўйхатга олинишидир (“Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини амалга ошириш тўғрисида”ги Йўриқноманинг 37-банди, ЎзР ИИВ 1999 йил 29 мартдаги 55-сонли буйруғининг 1-иловаси, 1999 йил 9 апрелдаги 698-сон билан ЎзР Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган). Кишининг яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниши ёки олинмаганлиги фактининг ўзи қонунчиликда белгиланган фуқароларнинг ҳуқуқларини ва эркинликларини чекланиши ёки уларни амалга ошириш шартининг асоси бўлиши мумкин эмас. Лекин яшаш жойини танлашнинг таъқиқланиши ёки чекланиши қонунчиликнинг баъзи бир алоҳида ҳужжатларида кўзда тутилиши мумкин. Масалан, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эллик фуқаролар, фуқаролиги бўлмаган шахслар учун давлат ҳавфсизлигини таъминлаш учун зарур бўлган чегарадош худудларда ва алоҳида режимли ерларда яшаш жойини танлаш учун чекланишлар белгиланади (Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини амалга ошириш “ги Йўриқноманинг 50-банди).


2. Вояга етмаганларнинг яшаш жойи деб уларнинг ота-оналари яшаган жой тан олинади. Васийликда бўлган фуқароларнинг яшаш жойи деб, уларнинг васийлари яшаган жой тан олинади. Агарда вояга етмаган боланинг ота-оналари алоҳида яшаётган бўлса, бу ҳолда боланинг яшаш жойи сифатида у билан доим бирга бўлган ота (она)сининг яшаш жойи орқали белгиланади. Бу масала ҳусусида ота-оналар ягона ўзаро фикрга келишаолмайдиган бўлса, мазкур низо суд томонидан оила қонунчиликда кўзда тутилган қоидалар асосида ҳал қилинади. Лекин, боланинг яшаш жойи унинг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, ва шунингдек ёши ўнга кирган боланинг фикрини инобатга олган ҳолда, қабул қилинадиган қарор унинг манфааатларига зид бўлмаслиги лозим.



22-модда. Фуқаронинг муомала лаёқати


Фуқаронинг ўз ҳаракатлари билан фуқаролик ҳуқуқларига эга бўлиш ва уларни амалга ошириш, ўзи учун фуқаролик бурчларини вужудга келтириш ва уларни бажариш лаёқати (муомала лаёқати) у вояга етгач, яъни ўн саккиз ёшга тўлгач тўла ҳажмда вужудга келади.

Вояга етгунга қадар қонуний асосда никоҳдан ўтган фуқаро никоҳдан ўтган вақтдан эътиборан тўла ҳажмда муомала лаёқатига эга бўлади.

Никоҳ тузиш натижасида эга бўлинган муомала лаёқати ўн саккиз ёшга тўлмасдан туриб никоҳ бекор қилинган тақдирда ҳам тўла сақланиб қолади.

Никоҳ ҳақиқий эмас деб топилганида суд вояга етмаган эр (хотин) суд белгилаган пайтдан бошлаб тўла муомала лаёқатини йўқотганлиги ҳақида қарор қабул қилиши мумкин.


1. Муомала лаёқати деганда фуқаро томонидан содир этиладиган ҳаракатлари орқали фуқаролик ҳуқуқларини қўлга киритиш ва амалга ошириш, ўзи учун фуқаролик мажбуриятларини яратиш ва уларни ижро этиш қобилияти англанади. 1963 йил 23 мартда ЎзССР ГКнинг 11-моддаси билан таққосланганида, муомала лаёқати тушунчасига фуқаронинг ўз харакатлари орқали фуқаролик ҳуқуқларини амалга ошира олиши ва фуқаролик мажбуриятларини ижро эта олиши қобилиятини кўрсатувчи қўшимчалар киритилди. Ҳақиқатан ҳам, ҳуқуқларнинг амалга ошириш имкониятисиз қўлга киритилиши ва мажбуриятларнинг ижро этиш имкониятисиз яратилиши амалий мазмунга эга бўлмаган мавҳум бир иборага айланиб қолади.

Муомала лаёқати тушунчаси таркибига, шунингдек шахс томонидан ҳам қонуний, ҳам ноқонуний харакатларни амалга оширабилиш (деликтоқобилият) қобилиятлари киради. Қонуний харакатларга қонунчиликка зид бўлмаган битимлар ва бошқа хил харакатлар киради. Масалан, олди-сотди битимларини тузишда мазкур битимларда иштирок этаётган фуқароларнинг муомала лаёқати белгиланган тартибда аниқланади (ЎзР 26.12.1996 й. 343-I-сон “Нотариат тўғрисида”ги Қонунининг 33-моддаси). Ноқонуний харакатлар (деликтлар) зарарни етказиш оқибатида вужудга келадиган мажбуриятларни белгилайдилар, яъни ўзининг ноқонуний харакатларини амалга оширадиган фуқаро ўзга фуқарога, мол-мулкига зарар етказган бўлса, оқибатда ушбу зарарни қоплаш мажбурияти пайдо бўлади (ЎзР ФКнинг 57 боби).

Бироқ, муомала лаёқати таркибига фуқаро ақлий салоҳиятининг маълум даражада ривожланганлиги киради, чунончи - ўз харакатларининг аҳамиятини тушуна олиши, уларни бошқара олиши ва уларнинг оқибатларини кўрабилиши талаб этилади. Шу боис ЎзР ФК тўлиқ ҳажмли муомала лаёқатининг пайдо бўлишини шахснинг балоғат ёшига, яъни унинг 18 ёшга кириши билан боғлайди.


2. Фуқаронинг муомала лаёқати, умумий қоидага мувофиқ, унинг вояга етиши билан тўлиқ ҳажмда пайдо бўлади, бу ҳақда аввал юқорида айтилган эди. Шу билан бирга, вояга етмаган, қонуний асосда никоҳга кирган фуқарода ҳам, унинг никоҳга кириши пайтидан бошлаб тўлиқ ҳажмли муомала лаёқатининг пайдо бўлишига йўл қўйилади Никоҳга кириш ёши эркаклар учун ўн саккиз ёш деб, аёллар учун ўн етти ёш деб белгиланади (ЎзР ОКнинг 15-моддаси). Лекин, узрли сабабларга кўра, алоҳида мустасно ҳолларда никоҳни давлат рўйхатига олиш ҳудудидаги туман, шаҳар хокими никоҳни тузиш хоҳишини билдирган шахсларнинг илтимосига кўра, никоҳга кириш ёшини пасайтириши, аммо бир ёшдан орттирмаслик шартида камайтириши мумкин (ОКнинг 15-моддаси). Фуқаролик ҳолатларини қайд этиш органларида никоҳнинг рўйхатга олиниши пайтидан бошлаб, 18 ёшга тўлмаган фуқаролар тўлиқ ҳажмли муомала лаёқатига эга бўладилар. Мазкур қоида эр-хотиннинг никоҳдаги тенг ҳуқуқлилигини, яъни Оила қонунчиликнинг тамойилини таъминлаш учун зарурдир. Агарда никоҳ бекор қилинадиган бўлса, бу ҳолда қўлга киритилган муомала лаёқати шахснинг вояга етгунича ҳам сақланади.

Агарда никоҳ суд томонидан ҳақиқий эмас деб тан олинса, бу ҳолда вояга етмаган эр(хотин)нинг тўлиқ ҳажмдаги муомала лаёқатининг сақланиши масаласи суд томонидан, вояга етмаган ота(она)нинг манфаатларига ва бошқа ҳил сабабларга (масалан, никоҳ даврида туғилган фарзанд ва б.) асосланган ҳолда ҳал этилади. Эр (хотин)нинг бири вояга етмаганлида тузилган никоҳни ҳақиқий эмас деб тан олинишининг ўзи мазкур фуқарони тўлиқ ҳажмдаги муомала лаёқатидан автоматик равишда маҳрум қилолмайди.



23-модда. Фуқаронинг ҳуқуқ лаёқати ва муомала

лаёқатини чеклашга йўл қўйилмаслиги


Қонунда белгиланган ҳоллар ва тартибдан ташқари, ҳеч кимнинг ҳуқуқ ва муомала лаёқати чекланиши мумкин эмас.

Фуқароларнинг муомала лаёқатини чеклашнинг қонунда белгилаб қўйилган шартлари ва тартибига риоя қилмаслик давлат органининг тегишли чеклашни белгилайдиган ҳужжати ҳақиқий эмаслигига сабаб бўлади.

Фуқаронинг ҳуқуқ лаёқатидан ёки муомала лаёқатидан тўла ёки қисман воз кечиши ва ҳуқуқ лаёқати ёки муомала лаёқатини чеклашга қаратилган бошқа битимлар ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир, бундай битимларга қонун томонидан йўл қўйиладиган ҳоллар бундан мустасно.


1. Шарҳланаётган модданинг биринчи қисми, қонунда белгиланган ҳоллардан ташқари фуқаронинг ҳуқуқ лақаёти ва муомала лаёқатининг чекланмаслигини белгилайди. Шунга ўхшаш холат ЎзР Конституциясида ҳам мавжуддир, унда Конституцияда ва қонунларда белгилаб, мустаҳкамлаб қўйилган фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари дахлсиздир, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга хеч ким ҳақли эмас (ЎзР Конституцияси 19-модда). Бироқ, қонун томонидан кўзда тутилган ҳолларда, кўпинча маълум муддатга, фуқаро ҳуқуқ лаёқатининг ва муомала лаёқатининг чекланиши кўзда тутилган. Ҳусусан, ЎзР ФКда муомала лаёқатининг чекланиши қуйидаги ҳоллар учун кўзда тутилади, чунончи : ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган, вояга етмаган шахсларнинг муомала лаёқатининг чекланиши (ЎзР ФКнинг 27-моддаси); спиртли ичимликларни ва гиёхванда моддаларни суистеъмол қилувчи фуқарони муомала лаёқатининг чекланиши (ЎзР ФКнинг 31-моддаси). Фуқаронинг руҳий касалликка йўлиқиши (руҳий хасталик, ақли заифлиги) оқибатида, ўз харакатлари мазмунини тушунмаслиги ёки уларни бошқараолмаслигида муомала лаёқатсиз деб топилади. (ЎзР ФКнинг 30-моддаси).

Лекин, юқорида келтирилган мисоллар фуқаронинг муомала лаёқати чекланиши ёхуд уни муомала лаёқатсиз деб тан олинишини асосан муваққат чора сифатида тайинланиши назарда тутилади, ва агарда фуқаро муомала лаёқати чекланиши ёҳуд унинг муомалага лаёқатсиз деб топилиши учун сабаб бўлган асослар йўқолса, бу ҳолда суд уни муомалага лаёқатли деб тан олади ёки унинг муомала лаёқатига қўйилган чекланишни бекор қилади.

Қонунда белгиланган ҳолларда фуқаронинг ҳуқуқ лаёқати чекланишининг бошқа мисоли тариқасида ЎзР ЖК 45-моддаси холатларида кўзда тутилган жиноят ҳуқуқида шахсни жазолашнинг асосий ёки қўшимча чораси сифатида унинг маълум ҳуқуқдан маҳрум қилиниши ҳолатини келтириш мумкин. Масалан, бир қатор мулкий жиноятлар содир этилганида, қўшимча жазо чораси сифатида шахсни савдо корхоналарида моддий қийматликларни тасарруф этиш, сақлаш ва рўйхатга олиш билан боғлиқ лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан маълум муддатга маҳрум этиш чораси қўлланиши мумкин.


2. ЎзР ФК 23-моддасининг иккинчи қисми шахсни ҳуқуқ лаёқати ва муомала лаёқатини чекланиши чораларини фақат қонунда белгиланган ҳолларда ва тартибда қўлланишига йўл қўяди, ва шу билан бирга мана шундай тартибга амал қилмасликнинг оқибатлари келиб чиқишини кўзда тутади: тегишли чеклашни белгилайдиган давлат органнинг хужжати, фуқаро муомала лаёқатини чекланишининг қонун томонидан белгиланган шартлари ва тартибига амал қилинмаган ҳолларда ҳақиқий эмас деб тан олинади. Хужжатнинг ҳақиқий эмаслигини тан олиниши ЎзР ФК 12-моддасининг асосида белгиланиши тўғрисида эслатиш жоиз.


3. Ҳуқуқ лаёқати ва муомала лаёқати фуқаролик - ҳуқуқий муносабатларининг субъекти бўлмиш фуқаронинг ажралмас сифатидир. Шу муносабат билан фуқаролар ўзларининг ҳуқуқ лаёқатидан ва муомала лаёқатидан на тўлиқ, ва на қисман ҳолда воз кечишлари мумкин эмас. Масалан, фуқаро қарз бериш шартномаси бўйича бериладиган қарз тўловини талаб қилмаслиги мумкин, лекин у мазкур мажбурият бўйича ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласида судга мурожаат қилмаслик ҳақида олдиндан ваъда беришга ҳақли эмас. Мазкур битим ўз-ўзидан ҳақиқий эмас ва ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқармайди. Бироқ қонунчилик томонидан фуқаронинг ўз ҳуқуқ лаёқатидан ва муомала лаёқатидан тўлиқ ёки қисман воз кечиши ва ҳуқуқ лаёқати ёки муомала лаёқатининг чекланишига қаратилган бошқа хил битимлар тузилиши ҳолларига йўл қўйилади. Масалан, 2004 йил 2 декабрда қабул қилинган 704-II-сонли “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қонунчилик палатаси депутати ва сенати аъзосининг мақоми тўғрисида”ги ЎзР Қонунининг 6-моддаси асосида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қонунчилик палатаси депутати ва сенатининг аъзоси, ўз ваколатларини амалга ошириш даврида илмий ва педагогик фаолиятдан ҳақ тўланадиган бошқа хил фаолият турлари билан шуғулланиши мумкин эмас. Яъни, кўриниб турибдики, депутат ёки сенатор бўлган фуқаро тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан ўзини маҳрум қилади.



24-модда. Фуқаронинг тадбиркорлик фаолияти


Фуқаро якка тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга ҳақлидир.

Фуқароларнинг юридик шахс ташкил этмасдан амалга ошириладиган тадбиркорлик фаолиятига нисбатан, агар қонун ҳужжатларидан ёки ҳуқуқий муносабат моҳиятидан бошқача тартиб англашилмаса, ушбу Кодекснинг қоидалари қўлланилади.

Юридик шахс ташкил этмасдан ушбу модданинг биринчи қисми талабларини бузган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган фуқаро тузган битимлар хусусида ўзининг тадбиркор эмаслигини важ қилиб кўрсатишга ҳақли эмас. Суд бундай битимларга ушбу Кодекснинг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ мажбуриятлар тўғрисидаги қоидаларини қўллаши мумкин.


1. ЎзР ФК фуқароларнинг ҳуқуқ лаёқати тушунчасининг мазмунига уларнинг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш имкониятини қўшиб қўйди, тадбиркорлик фаолияти деганда тадбиркорлик субъектлари томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ (ЎзР 25.05.2000 й. 69-II-сон “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунининг 3-моддаси) даромад (фойда) олишга қаратилган, ташаббускор фаолият тушунилади. Фуқаро юридик шахсни ташкил этмасдан, фақат якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган пайтидан бошлаб тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши мумкин. Якка тадбиркорни рўйхатга олиш ЎзР Президентининг 2006 йил 24 майдаги ПҚ-357-сонли "Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш ва хисобга қўйишнинг хабардор қилиш тартибини жорий этиш тўғрисида"ги Қарори ва унга илова қилинган "Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш хабардор қилиш тартиби тўғрисида”ги Низом шунингдек, ер участкаларининг ажратилиши, газ ва электр тармоқларига уланиши ҳамда лицензияланадиган фаолият турлари бўйича қарор талаб қилинадиган тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш учун "Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, хисобга қўйиш ва рухсат этувчи хужжатларни расмийлаштириш тартиби тўғрисида"ги Низом (ЎзР ВМ 2003 йил 20 августда 357-сонли Қарорига 1-илова) асосида амалга оширилади.

Юридик шахсни ташкил қилмасдан якка тартибдаги тадбиркорлар сифатида тижорат фаолиятини амалга ошириш учун мўлжалланган товарларни келтириш ниятида бўлган жисмоний шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби ва муддатлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 2 сентябрдаги 413-сонли Қарори билан тасдиқланган Низом билан тартибга солинади.

Якка тартибдаги тадбиркорни давлат рўйхатидан ўтказиш уларнинг яшаш жойлари бўйича туман (шаҳар) ҳокимликлари қошидаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш инспекциялари томонидан, уларни давлат солиқ ва статистика органларида ҳисобга қўйган ҳолда амалга оширилади. Якка тартибдаги тадбиркорнинг давлат рўйхатига олиниши учун жисмоний шахс томонидан ўзининг яшаш жойидаги Инспекцияга шахсан келиши ёки почта орқали белгиланган намуна бўйича давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги ариза тақдим этилади.

Давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги аризага қуйидагилар илова қилинади:

- 3 х 4 ўлчамидаги иккита фотосурат;

- белгиланган миқдордаги давлат божи тўланганлиги ҳақидаги банк тўлов ҳужжати;

- муҳр ва штамп эскизларининг уч нусхаси (якка тартибдаги тадбиркорнинг ихтиёрига кўра);

- паспорт кўчирма нусхаси.

Зарурий ҳужжатлар илова қилинган ариза тақдим этилган санадан бошлаб тадбиркорлик субъектини давлат рўйхатига олиниши ва давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақидаги гувоҳноманинг берилишигача бўлган муддат 2 иш кунидан ортиқ бўлмаган вақтни ташкил этади. Рўйхатдан ўтишнинг барча амаллари тугалланишидан кейин рўйхатга олувчи орган якка тадбиркорларга якка тадбиркорнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида белгиланган шаклдаги гувоҳномасини, ва шунингдек (ўзларининг ихтиёрига кўра) муҳрни ва штампни тайёрлаш учун, муҳр ва штампнинг эскизи билан рухсатномани тақдим этади.

ЎзР ФКнинг 24-моддасида фуқаронинг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишида ёши бўйича чекловлар йўқ эканлигини таъкидлаш жоиз. ЎзР ФКнинг умумий ҳолатларидан келиб чиққан ҳолда, ЎзР ФКнинг 22-моддасида белгиланган ёшга етган, яъни вояга етган, ёши ўн саккизга тўлган фуқаро тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни бошлаши мумкин. Ёки, ЎзР ФКнинг 28-моддасида кўзда тутилган эмансипация натижасида, эртароқ ҳам бошлаши мумкин.

Қонунчилик томонидан баъзи тоифа шахсларга (Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва доимий ишловчи сенаторлари, харбий хизматчилар ва ҳуқуқ тартиботи органларининг ходимлари, ва ҳ-зо) ва тўлиқ муомала лаёқатига эга бўлмаган шахсларга (вояга етмаганлар қонунда белгиланган ҳоллар бундан мустасно, руҳий ҳасталиклар билан касалланганлар ва ҳ-зо) нисбатан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга чекланишлар ўрнатилганлиги боис улар якка тадбиркор бўлишлари мумкин эмаслигини ёдда сақлаш муҳим.


2. ЎзР ФК 24-моддасининг иккинчи қисми якка тадбиркорнинг ҳуқуқ лаёқатини юридик шахсларнинг (тадбиркорлик субъектларининг) ҳуқуқ лаёқатига тенглаштиради. Якка тадбиркорларнинг фаолияти юридик шахсларнинг тижорат фаолиятини тартибга солувчи фуқаролик қонун ҳужжатлари меъёрлари билан тартибга солинади, у ёки бу юридик шахс ҳуқуқий муносабатининг моҳияти, ҳусусиятларидан келиб чиқадиган ҳоллар, ва шунингдек якка тадбиркорларга нисбатан қонун ёки бошқа ҳуқуқий хужжатлар томонидан бошқача қоидалар белгиланган ҳоллар бундан мустасно. Масалан, юридик шахсни ташкил этмаган ҳолда, фуқароларнинг амалга ошириладиган тадбиркорлик фаолиятига нисбатан фуқаролик қонун ҳужжатларини юридик шахсларни тугатиш тўғрисидаги нормалари, уларнинг ҳуқуқий ҳолати ҳусусиятларига кўра қўлланилмайди. Шунингдек, фуқаролар шуғулланиши мумкин бўлмаган тадбиркорлик фаолияти, масалан суғурта, банк ва б. хил фаолият турлари ҳам мавжуд.


3. Фуқаро юридик шахсни ташкил этмаган, давлат рўйхатидан ўтмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширган ҳолда суд бундай битимларга нисбатан ФКнинг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ қоидаларини қўллаши мумкин. Бундан келиб чиққан ҳолда ЎзР ФКнинг 24-моддаси мазкур фуқаро бажарган битимларига нисбатан унинг ўзи тадбиркор эмаслигини важ қилиб кўрсатиш ғайриқонунийлигини ва бундай битимларга нисбатан суд тадбиркорлик фаолиятини тартибга солувчи меъёрларни, ҳусусан, ўз мажбуриятларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун (ЎзР ФКнинг 333-моддаси) тадбиркорлик муносабатларидаги (айбдорлик даражасидан қатъий назар) оширилган жавобгарлик тўғрисидаги нормани қўллаши мумкинлигини кўзда тутади. Шу билан бир вақтда, шундай шахсларнинг иштироки билан ўтадиган низолар умумий юрисдикция судига тегишли, чунки бундай фуқаро юридик шахс мақомига эга эмас. Агарда тадбиркорлик фаолияти рўйхатга олинмаган ёки лицензиясиз ҳолда (лицензия бўлиши мажбурий ҳолларда ) ёхуд лицензиялаштириш шартлари бузилган ҳолда амалга оширилган бўлса, бу ҳолатда бундай фаолият ноқонуний бўлиб, оқибатда жиноий жавобгарликни келтириб чиқариши мумкин (масалан, ЎзР ЖКнинг 190-моддаси). ЎзР 1996 йил 26 апрелда қабул қилинган 221-I-сонли "Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонуни юридик шахслар каби якка тадбиркор зиммасига ҳам, товарларни сотиш, хизматларни кўрсатиш ва б. ҳолларда истеъмолчиларга ахборот бериш, товарларнинг ҳаёт ва саломатлик учун ҳавф туғдирмаслигини таъминлаш каби бир қатор вазифаларни юклашини таъкидлаш жоиз.



25-модда. Фуқаронинг мулкий жавобгарлиги


Фуқаро ўз мажбуриятлари юзасидан ўзига қарашли бутун мол-мулки билан жавоб беради, қонунга мувофиқ ундирувни қаратиш мумкин бўлмаган мол-мулк бундан мустасно.


1. ЎзР ФК 25-моддасининг қоидаси фуқаролар мулкий жавобгарлигининг асосий тамойилини белгилайди. Фуқаро ўз мажбуриятлари (шу жумладан тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлган мажбуриятлар, бунга шунингдек якка тадбиркорларнинг мажбуриятлари ҳам киритилади) бўйича ўзига тегишли барча мол-мулки билан жавоб беради. Фуқаро ўз номидан қатнашган мажбуриятлари бўйича жавоб беради. Агарда мазкур мажбуриятларнинг иштирокчилари бирнеча нафар фуқаролар бўлса, бундай ҳолатда улар улушли ёки солидар жавобгарлиги асосида жавоб берадилар (ЎзР ФКнинг 251-255-моддалари). Фуқаронинг мажбуриятларни қаноатлантиришга қаратиладиган унга тегишли мол-мулк сифатида, унинг барча мол-мулки, шу жумладан шахсий мол-мулки, ва шунингдек умумий ёки биргаликдаги мулкдаги улушлари назарда тутилади.

Бироқ ЎзР ФКнинг 25-моддасида, шунингдек, ундириш чоралари қўлланиши мумкин бўлмаган мол-мулк тури қонун ҳужжатлари томонидан белгиланиши мумкинлиги кўрсатилади. Ҳусусан, ундириш чоралари қўлланиши мумкин бўлмаган мол-мулк турларининг рўйхати ЎзР 2001 йил 29 августда қабул қилинган 258-II-сонли "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Қонунининг 52-моддасида кўрсатилган.



26-модда. Якка тадбиркорнинг ночорлиги (банкрот бўлиши)


Якка тадбиркор кредиторларнинг ўз тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириши билан боғлиқ бўлган талабларини қаноатлантиришга қодир бўлмаса, бундай тадбиркор белгиланган тартибда банкрот деб топилиши мумкин.

Якка тадбиркорни банкрот деб топиш расм-русмларини амалга ошириш жараёнида унинг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган мажбуриятлари бўйича кредиторлари ҳам ўз талабларини қўйишга ҳақли. Мазкур кредиторларнинг ушбу тартибда қўйилмаган талаблари якка тадбиркорни банкрот деб топиш расм-русмлари тамом бўлганидан кейин ҳам ўз кучини сақлаб қолади.

Якка тадбиркор банкрот деб топилган тақдирда унинг, кредиторларининг талаблари ушбу Кодекснинг 56-моддасида назарда тутилган тартибда қондирилади.

Суд томонидан якка тадбиркорни банкрот деб топишнинг ёки якка тадбиркор ўзини банкрот деб эълон қилишининг асослари ва тартиби қонун билан белгиланади.


1. Шарҳланаётган модда якка тадбиркорни, унинг тадбиркорлик фаолияти кредитори талабларини қондираолмаслигига олиб келадиган ҳолларда уни ночор (банкрот) деб тан олинишига бағишланган. ЎзР 1994 йил 5 майда 1054-XII-сонли “Банкротлик тўғрисида”ги (Янги таҳрир) Қонунининг 3-моддасига мувофиқ, банкротлик (иқтисодий ночорлик) деганда хўжалик суди томонидан қарздор кредиторларнинг пул мажбуриятлари бўйича қўйган талабларини тулиқ ҳажмда бажараолмаслиги ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятларини бажараолмаслигининг тан олиниши ҳисобланади. Суд томонидан якка тадбиркорни банкрот деб тан олинишининг асослари ва тартиби ЎзР 1994 йил 5 майда 1054-XII-сонли “Банкротлик тўғрисида”ги (Янги таҳрирдаги) Қонунининг нормалари билан тартибга солинади. Агарда қарздорга, яъни якка тадбиркорга нисбатан қўйилган талаблар энг кам иш ҳаққининг ўттиз бараваридан кам бўлмаса ва юқорида кўрсатилган Қонунда кўзда тутилган ҳоллардан ташқари банкротлик аломатлари мавжуд бўлса, бу ҳолатда банкротлик тўғрисидаги иш хўжалик суди томонидан қўзғатилииши мумкин. Пул тўлови мажбуриятларининг бажарилмаганлиги муносабати билан қарздорни банкрот деб тан олиш ҳақидаги ариза билан хўжалик судига мурожаат қилиш ҳуқуқига қарздор, кредитор ва прокурор эгадирлар. Мажбурий пул тўловлари бўйича мажбуриятларнинг бажарилмаганлиги муносабати билан қарздорни банкрот деб тан олиш ҳақидаги ариза билан хўжалик судига мурожаат қилиш ҳуқуқига қарздор, прокурор, давлат солиқ хизмати органлари ва бошқа ваколатли давлат органлари эгадирлар.

Хўжалик суди томонидан қарздорни, яъни якка тадбиркорни банкрот деб тан олиш тўғрисидаги қарорнинг қабул қилиниши ва тугатиш ишининг очилиши пайтидан бошлаб қуйидаги оқибатлар келиб чиқади:

қарздорнинг пул мажбуриятларини ижро этиш муддатлари бошланган деб ҳисобланади;

қарздорнинг барча мажбуриятлари бўйича неустойка (жарима, пеня), фоизлар ва бошқа хил иктисодий (молиявий) санкциялар ҳисобланиши тўхтатилади;

алиментларни ундириш талаблари бўйича ижро хужжатларидан, ва шунингдек шахснинг ҳаётига ёки саломатлигига етказилган зарарни қоплаш талабларидан ташқари барча ижро хужжатлари бўйича қарздордан пул ундириш тўхтатилади.

Қарздорни, яъни якка тадбиркорни банкрот деб тан олиш ва тугатиш ишини очиш тўғрисидаги қарорни хўжалик суди барча аниқланган кредиторларга икки ой ичида кредиторлари ўз талабларини билдириши лозимлиги хақида хабардор қилади. Хўжалик судининг мазкур қарорининг юборилиши қарздорнинг, яъни якка тадбиркорнинг мол-мулки ҳисобидан амалга оширилади.

Хўжалик суди томонидан қарздорни, яъни ҳусусий тадбиркорни банкрот деб тан олиш ҳақидаги қарор қабул қилиниши пайтидан бошлаб унинг давлат рўйхатидан якка тадбиркор сифатида ўтказилганлиги ўз кучини йўқотади, ва шунингдек фаолиятнинг алоҳида турларини амалга ошириш бўйича берилган лицензияларнинг амал қилиши тўхтайди.

Хўжалик суди қарздорни, яъни ҳусусий тадбиркорни банкрот деб тан олиш ҳақидаги қарор нусхасини, қарздорни якка тадбиркор сифатида рўйхатга олган органга ва лицензияловчи органга йўллайди.


2. ЎзР ФК 26-моддаси иккинчи қисмининг нормалари юқорида кўрсатилган “Банкротлик тўғрисида”ги Қонуннинг 175-моддаси учинчи қисмининг нормаларига ўхшайди, ва айнан Қонунда қарздорни, яъни ҳусусий тадбиркорни банкрот деб тан олиш таомилини амалга оширишда шахснинг ҳаётига ёки саломатлигига етказилган зарарни ундириш, алиментларни ундириш, ва шунингдек бошқа хил шахсий талаблар бўйича кредиторлар ўз талабларини кўрсатишга ҳақли деб айтилган. Мазкур кредиторларнинг талаблари банкротлик таомилларини қўллаш пайтида билдирилмаган бўлса, якка тадбиркорни банкрот деб тан олиш таомилидан кейин ҳам ўз кучини йўқотмайди.

ЎзР ФК 26-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ, якка тартибдаги тадбиркор банкрот деб топилган тақдирида унинг кредиторлари талабларини қондириш тартиби ЎзР ФК 56-моддаси билан белгиланади (мазкур моддага изоҳни қаранг). Якка тадбиркор кредиторлари талабларини қондиришнинг мукаммалроқ тартиби ва шартлари ЎзР “Банкротлик тўғрисида”ги (Янги таҳрирдаги) Қонунининг 183-моддасида кўрсатилган. Мазкур моддага мувофиқ, хўжалик судининг депозитига топширилган пул маблағлари ҳисобига кредиторлар талабларининг қондирилишигача, банкротлик ишини кўриб чиқиш ва қарздорни, яъни якка тадбиркорни банкрот деб тан олиниши бўйича хўжалик суди томонидан қабул қилинган қарорни ижро этиш билан боғлиқ харажатлар қопланади ва шунингдек, қарздор яъни якка тадбиркор томонидан ҳаётига ёки саломатлигига зарар етказилган фуқароларнинг олдида қонун ҳужжатларига мувофиқ билдирилган талаблари қаноатлантиради.

Кредиторларнинг талаблари қуйидаги навбат тартибида қондирилади:

биринчи галда - мажбурий тўловлар бўйича кўрсатилган талаблар, алиментларни ундириш ҳақидаги талаблар, ва шунингдек иш ҳақи тўловларини ва муаллифлик шартномалари бўйича мукофот тўловларини кўзда тутган талаблар;

иккинчи галда - қарздор мол-мулкининг гаров билан таъминланган пул мажбуриятлари бўйича кредиторларнинг талаблари;

учинчи галда бошқа кредиторлар билан ҳисоб китоблар амалга оширилади.

Ҳар бир гал дастлабки гал бўйича талаблар тўлиқ даражада қондирилганидан сўнг кейинги навбатдаги талаблар қондирилади.

Хўжалик судининг депозитидаги пул воситаларининг етишмовчилиги ҳолатида, улар тегишли навбатдаги кредиторлар ўртасида билдирилган талабларининг суммасига мутаносиб тарзда тақсимланади.



27-модда. Ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган

вояга етмаганларнинг муомала лаёқати


Ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаганлар, ушбу модданинг иккинчи қисмида санаб ўтилганлардан ташқари, битимларни ўз ота-оналари, фарзандликка олувчилари ёки ҳомийларининг ёзма розилиги билан тузадилар. Бундай вояга етмаган шахс томонидан тузилган битим кейинчалик шахснинг ота-онаси, фарзандликка олувчилари ёки ҳомийси ёзма равишда маъқуллаганидан сўнг, у ҳам ҳақиқий ҳисобланади.

Ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаганлар ота-оналари, фарзандликка олувчилар ва ҳомийларининг розилигисиз қуйидагиларни мустақил равишда амалга оширишга ҳақли:

1) ўз иш ҳақи, стипендияси ва бошқа даромадларини тасарруф этиш;

2) фан, адабиёт ёки санъат асарининг, ихтиронинг ёхуд ўз интеллектуал фаолиятининг қонун билан қўриқланадиган бошқа натижаси муаллифи ҳуқуқини амалга ошириш;

3) қонунга мувофиқ кредит муассасаларига омонатлар қўйиш ва уларни тасарруф этиш;

4) ушбу Кодекс 29-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган майда маиший битимларни ҳамда бошқа битимларни тузиш.

Ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаганлар ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларига мувофиқ ўзлари тузган битимлар бўйича мустақил равишда мулкий жавобгар бўладилар. Бундай вояга етмаганлар ўзлари етказган зарар учун ушбу Кодексга мувофиқ жавобгар бўладилар.

Етарли асослар мавжуд бўлганида суд ота-оналар, фарзандликка олувчилар ёки ҳомийнинг ёхуд васийлик ва ҳомийлик органининг илтимосномасига мувофиқ ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаганнинг ўз иш хақи, стипендияси ёки бошқа даромадларини мустақил тасарруф этиш ҳуқуқини чеклаб қўйиши ёки бу ҳуқуқдан маҳрум қилиши мумкин, бундай вояга етмаган шахс ушбу Кодекс 22-моддасининг иккинчи қисмига ёки 28-моддасига мувофиқ тўла ҳажмда муомала лаёқатига эга бўлган ҳоллар бундан мустасно.


1. ЎзР ФК 27-моддасининг биринчи қисмига биноан, ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаганлар, шарҳланаётган модданинг иккинчи қисмида санаб ўтилганлардан ташқари, ўз ота-оналари, фарзандликка олувчилари ёки ҳомийларининг, яъни қонуний вакилларини ёзма розилиги билан битимларни тузишлари мумкин, ёки кейинчалик тузган битимлари ҳомийси томонидан ёзма равишда маъқулланиши керак. Кўриб турганимиздек, ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаганлар тўлиқсиз фуқаролик муомала лаёқатига эга. Бу ҳолат улар битимларнинг бир қисмини ота-оналари, ҳомийларининг розилиги билан тузишларида, муайян шароитларда эса вояга етмаганлар томонидан етказилган зарар учун уларнинг ота-оналари, ҳомийлари жавобгар бўлишида намоён бўлади. Мазкур розиликнинг шакли ва мазмуни қонун ҳужжатларида аниқ ифодаланмаган, аммо бу турдаги ҳужжатда вояга етмаганни қонуний вакилларининг иродаси, уни битимда томон сифатида иштирокини қўллаб-қувватлашга тайёрлиги аниқ кўрсатилиши лозим. Битим нотариал тартибда расмийлаштирилса, нотариус шартномада шаҳодат ёзувида шартнома вояга етмаган (туғилган санаси ва йилини кўрсатиб) шахс томонидан унинг шахси аниқланган қонуний вакили ёки ҳомийсининг (фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилади) розилиги билан имзолангани, ваколатлар текширилганини қайд қилади. Вояга етмаган томонидан амалга оширилган битим кейинчалик қонуний вакиллари томонидан маъқулланган тақдирда ҳам ҳақиқий ҳисобланади.

Битимга ёзма розилик берилмаган ёки маъқулланмаган бўлса, ушбу битим суд томонидан ЎзР ФК 118-моддасиги биноан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Аммо розилик (мақуллаш)нинг йўқлиги ёки унинг оғзаки шаклда берилиши битимни ўз-ўзидан ҳақиқий эмаслигига сабаб бўлмайди. Битим фақат суднинг қарори билан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.


2. ЎзР ФК 27-моддасининг иккинчи қисмида вояга етмаган мустақил равишда битимга киришиши мумкин бўлган ҳолатларнинг рўйхати келтирилган. Ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаганларнинг мустақил равишда ўз иш ҳақи, стипендияси ва бошқа даромадларини тасарруф этиши уларнинг энг муҳим ва кўп қўллайдиган ҳуқуқидир. Меҳнат (ЎзР МК 77-моддасида 15 ёшга тўлган вояга етмаганнни ишга қабул қилишга йўл қўйилади) ва тадбиркорлик фаолияти натижасида олинган даромадлар, шунингдек, ота-онанинг бири томонидан тўланадиган алиментлар, соғлиғига етказилган зарарларни қоплаш учун тўланадиган суммалар, банк омонатлари бўйича фоизлар ва ҳ.к. вояга етмаганнинг бошқа даромадлари бўлиши мумкин. Вояга етмаган шахс томонидан фан, адабиёт ёки санъат асари, ихтиро ёки ўз интеллектуал фаолиятининг қонун билан муҳофаза қилинадиган натижасига муаллифлик ҳуқуқини амалга ошириб олган қалам ҳақи (гонорар) даромаднинг бошқа манбаи бўлиши мумкин.

ЎзР 1996 йил 25 апрелда "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида"ги 216-I-сонли Қонунига кўра вояга етмаган банкларга ва бошқа кредит ташкилотларга омонат қўйишга ҳамда омонатларини тасарруф этишга ҳақли.

Шунингдек вояга етмаганлар мустақил равишда, қонуний вакилларининг розилигисиз, майда маиший битимларни тузишга ҳақлидир. Мактаб ошхонасида тушликка ҳақ тўлаш, сақич ва турли ширинликларни харид қилиш, шаҳар транспортида йўл ҳақини тўлаш майда маиший битимга мисол бўлиши мумкин. ЎзР ФК майда битимнинг суммасини аниқлаштирмайди, шу сабабдан битимни майда маиший тоифага тааллуқли эканлигини аниқлашда эхтиёж даражасини вояга етмаганнинг ёшига нисбатини ҳамда битим миқдорини ҳисобга олиш зарур. Бундан ташқари, эҳтимол, вояга етмаганнинг оиласидаги турмуш даражасини ҳам эътиборга олиш керакдир, чунки майда маиший битимлар суммаси тобора ортиб бормоқда.

ЎзР ФК 27-моддасининг 4-бандидаги қоида 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган вояга етмаганлар томонидан ЎзР ФК 29-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган битимларни мустақил амалга ошириш имкониятини назарда тутади. Ушбу қисмда олти ёшдан ўн тўрт ёшгача бўлган кичик ёшдагилар мустақил амалга ошириши мумкин бўлган битим турлари санаб ўтилади:

1) майда маиший битимлар;

2) текин манфаат кўришга қаратилган, нотариал тасдиқлашни ёки давлат рўйхатидан ўтказишни талаб қилмайдиган битимлар;

3) қонуний вакил ёки унинг розилиги билан учинчи шахс томонидан муайян мақсад ёки эркин тасарруф этиш учун берилган маблағларни тасарруф этиш борасидаги битимлар.

Битимларнинг бу турлари ЎзР ФК 29-моддасига келтирилган шарҳларда батафсилроқ кўриб чиқилган.


3. 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган вояга етмаганлар деликт лаёқатли, яъни қонуний вакилларининг розилиги (маъқуллаши) билан тузган битимлар бўйича ҳам, ҳам ЎзР ФКга мувофиқ мустақил амалга оширишлари мумкин битимлар бўйича ҳам мустақил равишда мулкий жавобгар бўладилар. Вояга етмаганлар томонидан етказилган зарар улар томонидан умумий асосда қопланади. Битимларни бузганлик учун жавобгарлик ЎзР ФК 24-бўлими билан тартибга солинади. Вояга етмаганнинг қонуний вакилларига, башарти улар ўзларининг айби йўқлигини исботлай олмасалар, вояга етмаганнинг етарлича мол-мулки бўлмаган тақдирда жавобгарлик юклатилиши мумкин (ЎзР ФК 994-моддаси). Агар битим ота-онанинг ёки ҳомийнинг розилигисиз (бундай розилик қонунга кўра талаб этилса) тузилган бўлса, битим ота-онанинг ёки ҳомийнинг даъвоси билан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин (ЎзР ФК 118-моддаси).


4. ЎзР ФК 27-моддасининг охирги қисмида 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган вояга етмаганларнинг қисман муомалага лаёқатини чеклашнинг шартлари ва тартиби белгиланади (ЎзР ФКда кўрсатилган асосларда тўлиқ ҳажмда муомала лаёқатини қўлга киритган шахслар бундан мустасно). Одатда муомала лаёқати чекланган асослар деб вояга етмаганлар томонидан спиртли ичимликлар ва гиёҳванд моддаларнинг истеъмол қилиниши, қиморга берилиб кетиш ёки руҳий касалликка чалиниши ҳисобланади. Суд томонидан фуқарони муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топиш тўғрисидаги ишлар ЎзР ФПК 291-297-моддаларига мувофиқ кўриб чиқилади. Муомала лаёқатини чеклаш тўғрисидаги қарорни суд ота-онанинг, фарзандликка олган ёки ҳомий шахснинг ёхуд васийлик ва ҳомийлик органининг илтимосига биноан қабул қилади. Суд қарорида вояга етмаганнинг ўз даромадларини мустақил тасарруф қилиш ҳуқуқини чеклаш ёки ундан маҳрум қилиш назарда тутилиши мумкин. Вояга етмаганнинг қисман муомалага лаёқатсизлиги қуйидаги ҳолларда тикланиши мумкин: чеклаш муддати тамом бўлганда (агар шундай муддат суднинг қарорида белгиланган бўлса), вояга етган шахс 18 ёшга тўлса, ёхуд қонунда йўл қўйиладиган ҳолатларда эмансипация эълон қилинса, чеклаш учун сабаб бўлган асослар йўқолганда муомалага лаёқатини чеклашни бекор қилиш тўғрисидаги суднинг қарори билан.



28-модда. Эмансипация


Ўн олти ёшга тўлган вояга етмаган шахс меҳнат шартномаси бўйича ишлаётган бўлса ёки ота-онаси, фарзандликка олувчилари ёхуд ҳомийсининг розилигига биноан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган бўлса, у тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши мумкин.

Вояга етмаган шахсни тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиш (эмансипация) ота-онанинг, фарзандликка олувчиларнинг ёки ҳомийнинг розилиги билан васийлик ва ҳомийлик органининг қарорига мувофиқ ёхуд, бундай розилик бўлмаган тақдирда, суднинг қарори билан амалга оширилади.

Ота-она, фарзандликка олувчилар ва ҳомий эмансипация қилинган вояга етмаганнинг мажбуриятлари бўйича, хусусан, у етказган зарар оқибатида келиб чиққан мажбуриятлар бўйича жавобгар бўлмайдилар.


1. ЎзР ФК 28-моддасининг мазмуни ЎзР қонунчилиги учун янги тушунча ҳисобланган, вояга етмаган шахс томонидан тўлиқ ҳажмда муомала лаёқатини олиши учун янги асос - эмансипацияга бағишланган. Вояга етмаганни битим тузиши учун ҳар сафар қонуний вакилларининг розилигини олишдан озод қилишни, эҳтимол, эмансипациянинг асосий мақсади деб ҳисоблаш мумкиндир. ЎзР ФК 28-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилганидек, фақат 16 ёшга етганидан сўнг вояга етмаган шахс муомалага тўлиқ лаёқатли деб эълон қилиниши мумкин. ЎзР МК 16 ёшдан бошлаб меҳнат фаолияти билан шуғулланишга, фуқаролик қонун ҳужжатлари эса битимларнинг айрим турларини тузишга йўл қўяди. Яъни вояга етмаганни тўлиқ муомалага лаёқатли деб топиш учун у меҳнат шартномаси бўйича доимий иш жойи бўйича ёки тадбиркорлик фаолияти асосида мустақил даромадга эга бўлиши зарур. Ота-она ёки бошқа қонуний вакилнинг эмансипацияга розилиги ҳамда васийлик ва ҳомийлик органининг қарори зарур. Шуниси диққатга сазоворки, ЎзР ФК 28-моддасида вояга етмаганнинг хоҳиш-истаги ҳақида айтилмаган. Лекни шубҳа йўқ-ки, эмансипация фақат ўн олти ёшга тўлган вояга етмаганнинг истаги ва аризаси асосида эълон қилиниши мумкин.

Ота-она иккаласининг, қонуний вакилларининг розилиги бўлмаганида эмансипация суднинг қарори билан амалга оширилади. Вояга етмаганни тўлиқ муомалага лаёқатли деб эълон қилиш тўғрисидаги ариза суд томонидан аризачининг, ота-онанинг (ёки улардан бирининг), фарзандликка олувчининг, ҳомийнинг, васийлик ва ҳомийлик органи вакилининг иштирокида кўриб чиқилади.


2. Муомалага тўлиқ лаёқатли деб эълон қилинганидан сўнг вояга етмаган тўлиқ ҳажмда фуқаролик ҳуқуқларига эга бўлади ҳамда мажбуриятлар, жумладан, ўзи томонидан етказилган зарар оқибатида вужудга келган мажбуриятлар зиммасига юкланади. Аммо қонунчиликда ёш чеклови ўрнатилган қатор ҳуқуқ ва бурчлар назарда тутилган. Масалан, эмансипация қилинган вояга етмаган фуқаро алкоголь истеъмол қилишга ҳаққи йўқ, ҳомий ёки васий бўла олмайди. Жиноят содир этганида унга нисбатан вояга етганлар учун назарда тутилган жиноий жазо чоралари қўлланмайди.



29-модда. Ўн тўрт ёшга тўлмаган вояга

етмаганларнинг муомала лаёқати


Ўн тўрт ёшга тўлмаган вояга етмаганлар (кичик ёшдаги болалар) учун битимларни, ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилганлардан ташқари, уларнинг номидан фақат ота-онаси, фарзандликка олувчилари ёки васийлари тузиши мумкин.

Олти ёшдан ўн тўрт ёшгача бўлган кичик ёшдаги болалар қуйидагиларни мустақил равишда амалга оширишга ҳақлидирлар:

1) майда маиший битимлар;

2) текин манфаат кўришга қаратилган, нотариал тасдиқлашни ёки давлат рўйхатидан ўтказишни талаб қилмайдиган битимлар;

3) қонуний вакил ёки унинг розилиги билан учинчи шахс томонидан муайян мақсад ёки эркин тасарруф этиш учун берилган маблағларни тасарруф этиш борасидаги битимлар.

Кичик ёшдаги боланинг битимлари бўйича, шу жумладан ўзи мустақил тузган битимлар бўйича унинг ота-онаси, фарзандликка олувчилари ёки васийи, агар улар мажбуриятнинг бузилишида ўзларининг айблари йўқлигини исботлай олмасалар, мулкий жавобгар бўладилар. Ушбу шахслар қонунга мувофиқ кичик ёшдаги болалар етказган зарар учун ҳам жавобгар бўладилар.


1. ЎзР ФК 29-моддаси кичик ёшдаги болалар - ўн тўртга тўлмаган вояга етмаганларнинг муомала лаёқати чегараларини белгилайди. Қонуний вакилларнинг кичик ёшдаги болаларнинг мол-мулки юзасидан тузган битимларига, васийлик остидаги шахснинг мол-мулкини тасарруф этишда васийларга нисбатан амал қиладиган қоидалар қўлланади (хусусан, "Ўзбекистон Республикаси васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Низом белгиланган ҳуқуқ ва бурчлар, ЎзР ВМ 1999 йил 12 апрелдаги 171-сонли Қарорига 2-илова).

Олти ёшдан ўн тўрт ёшгача бўлган кичик ёшдаги болалар қатор битимларни тузишга ҳақли бўлиб, уларнинг батафсил рўйхати ЎзР ФК 29-моддасининг иккинчи қисмида келтирилган. ЎзР ФК 29-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилганларидан ташқари, ўн тўрт ёшга етмаган кичик ёшдаги болалар томонидан тузилган барча битимлар ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир (ЎзР ФК 117-моддаси биринчи қисми).

Кичик ёшдаги болалар майда маиший битимларни мустақил тузишлари мумкин. Илгарироқ биз майда маиший битимларга мисолларни ва уларни амалга ошириш хусусиятини кўрсатган эдик (ЎзР ФК 27-моддасига келтирилган шарҳни қаранг). Кичик ёшдаги болалар текин манфаат кўришга қаратилган, нотариал тасдиқлашни ёки давлат рўйхатидан ўтказишни талаб қилмайдиган битимларни амалга оширишга ҳақли. Нотариал тасдиқлашни ёки давлат рўйхатидан ўтказишни талаб қилмайдиган совға ва текин фойдаланиш шартномалари шундай битим бўлиши мумкин. Шунингдек, кичик ёшдаги болалар қонуний вакил ёки унинг розилиги билан учинчи шахс томонидан муайян мақсад ёки эркин тасарруф этиш учун берилган маблағларни тасарруф этишга ҳақли. Кичик ёшдаги болага нафақат пул, балки мол-мулк ҳам тақдим этилиши мумкин. Учинчи шахслардан, масалан, бобоси, бувиси, холаси ва бошқалардан маблағ олиш учун қонуний вакилнинг розилиги талаб этилади. Берилган маблағларнинг муайян мақсади белгиланган бўлса, битим айнан шу мақсадга эришишга қаратилган бўлиши лозим (масалан, кичик ёшдаги болага нон харид қилиш учун маблағ берилган, у бу маблағни айнан нон сотиб олишга сарфлаши лозим). Башарти берилган маблағлар нимага сарфланиши белгиланмаган бўлса, кичик ёшдаги бола уларни ўз ихтиёри бўйича тасарруф этиши мумкин бўлади. Аммо ушбу (ва ҳар қандай бошқа) маблағларни кичик ёшдаги болалар фақат майда маиший битим тузиш кўринишида тасарруф қилишлари мумкин.


2. Кичик ёшдаги болалар деликт муомалага тўлиқ лаёқатсиз, яъни улар амалга ошираётган битимлари, жумладан, мустақил равишда амалга оширган битимлари учун мулкий жавобгар бўлмайдилар. Кичик ёшдаги болалар томонидан етказилган зарар учун уларнинг қонуний вакиллари, башарти ўзларининг айби йўқлигини исботлай олмасалар, жавобгар бўладилар (ЎзР ФК 993-моддаси биринчи қисми). Қонуний вакиллар кичик ёшдаги боланинг қилмиши ва ҳаракатлари устидан тегишли назорат ўрнатмагани ёки болаларни тарбиялаш бўйича мажбуриятларини тегишли даражада бажармагани учун жавоб берадилар ва мажбуриятнинг бузилишида ёки зарарнинг етказилишида ўзларининг айблари йўқлигига исбот келтира олган тақдирда жавобгарликдан халос бўлишлари мумкин.



30-модда. Фуқарони муомалага лаёқатсиз деб топиш


Руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги оқибатида ўз ҳаракатларининг аҳамиятини тушуна олмайдиган ёки уларни бошқара олмайдиган фуқарони суд қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топиши мумкин ва бундай фуқарога васийлик белгиланади.

Муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаро номидан битимларни уни васийи амалга оширади.

Фуқаронинг муомалага лаёқатсиз деб топилишига сабаб бўлган асослар бекор бўлса, суд уни муомалага лаёқатли деб топади ва унга белгиланган васийликни бекор қилади.


1. Фуқаронинг муомалага лаёқатлиги нафақат унинг ёшига (олти ёшгача болалар муомалага лаёқатсиздир), балки руҳий соғлигининг ҳолатига ҳам боғлиқдир. Фуқаро ўз ҳаракатларининг аҳамиятини тушуна олмайдиган ёки уларни бошқара олмайдиган руҳий касаллик (ақли заифлик) фуқарони муомалага лаёқатсиз деб топишга асос бўлиб, фуқаро, шунингдек, ўз ҳаракатларининг аҳамиятини тушунсада, аммо уларни бошқара олмаган тақдирда ҳам муомалага лаёқатсиз деб топилиши мумкин. Руҳий касалликни аниқлаш ва ташҳис қўйиш тартиби умум эътироф этилган халқаро стандартлар ва таснифлар асосида белгиланиб, фуқаронинг жамиятда қабул қилинган ахлоқий, маданий, сиёсий ва диний қадриятларга қўшилмаслиги ёхуд унинг руҳий соғлиги билан бевосита боғлиқ бўлмаган бошқа сабабларга таяниши мумкин эмас. Руҳий касалликка учраган шахсни ташҳислаш ва даволаш учун қонунчиликда белгиланган тартибда рухсат этилган тиббий воситалар ва усуллардан фойдаланилади (ЎзР 2000 йил 31 августда қабул қилинган 123-II-сон "Психиатрия ёрдами тўғрисида"ги Қонунининг 12-моддаси).

Фуқаро фақат суд тартибида муомалага лаёқатсиз деб топилиши мумкин, бу эса унинг ҳуқуқларини кафолатлайди ва муҳофазалайди. Фуқарони муомалага лаёқатсиз деб топиш ишларини кўриб чиқиш тартиби ЎзР ФПК 33-боби билан тартибга солинади. Фуқарони муомалага лаёқатсиз деб топиш ҳақидаги иш унинг оила аъзолаpи, васийлик ва ҳомийлик органлаpи, пpокуpоp, даволаш муассасалари ва бошқа давлат органлаpи, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ҳамда жамоат бирлашмалаpи берган аpизалаp бўйича кўзғатилиши мумкин (ЎзР ФПК 291-моддаси).

2. Фуқаро муомалага лаёқатсиз деб топилганидан сўнг бундай фуқарога васийлик белгиланади. Васий этиб муомалага лаёқатсиз шахснинг эри (хотини), ота-онаси, бошқа қариндоши, шунингдек, бошқа шахс тайинланиши мумкин. Васий муомалага лаёқатсиз фуқаронинг қонуний вакили бўлиб, унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилади ҳамда унинг номидан битимлар ва юридик аҳамиятга эга бошқа ҳаракатларни амалга оширади. Муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаро томонидан етказилган зарарни унинг васийи ёки унинг устидан назоратни амалга ошириши шарт бўлган ташкилот, агар зарар уларнинг айби билан етказилмаганлигини исботлай олмаса, тўлайди (ЎзР ФК 996-моддаси). Муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаро томонидан тузилган битим ўз-ўзидан ҳақиқий эмас (ЎзР ФК 119-моддаси).

3. Башарти фуқаро муомалага лаёқатсиз деб топилишига сабаб бўлган асослар бекор бўлса, суд унинг оила аъзолаpи, васийлик ва ҳомийлик органлаpи, пpокуpоp, даволаш муассасалари ва бошқа давлат органлаpи, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ҳамда жамоат бирлашмалаpи берган аpизалаpга биноан, суд-pуҳий экспеpтизасининг хулосасига асосланиб, соғайган фуқаpони муомалага лаёқатли деб топиш ҳамда унинг устидан белгиланган васийликни бекоp қилиш ҳақида ҳал қилув қаpоpи чиқаpади (ЎзР ФПК 296-моддаси).



31-модда. Фуқаронинг муомала лаёқатини чеклаш


Спиртли ичимликларни ёки гиёвандлик воситаларини суиистеъмол қилиш натижасида ўз оиласини оғир моддий аҳволга солиб қўяётган фуқаронинг муомала лаёқати суд томонидан фуқаролик процессуал қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чеклаб қўйилиши мумкин. Унга ҳомийлик белгиланади. Бундай фуқаро майда маиший битимларни мустақил тузиш ҳуқуқига эга. У бошқа битимларни ҳомийнинг розилиги билангина тузиши, шунингдек иш ҳақи, пенсия ва бошқа даромадлар олиши ҳамда уларни тасарруф этиши мумкин. Бироқ бундай фуқаро ўзи тузган битимлар бўйича ва етказган зарари учун мустақил равишда мулкий жавобгар бўлади.

Фуқаронинг муомала лаёқати чекланишига сабаб бўлган асослар бекор бўлса, суд унинг муомала лаёқатини чеклашни бекор қилади. Фуқарога белгиланган ҳомийлик суд қарори асосида бекор қилинади.


1. ЎзР ФК 31-моддасига кўра, вояга етган шахснинг муомалага лаёқати икки шарт мавжуд бўлганда чекланиши мумкин: спиртли ичимликларни ёки гиёвандлик воситаларини суиистеъмол қилиш ва иккинчиси, шунинг натижасида ўз оиласини оғир моддий аҳволга солиб қуйиши. Фуқаро томонидан спиртли ичимликларни ёки гиёвандлик воситаларини ҳаддан ташқари кўп ва мунтазам равишда истеъмол қилиниши суиистеъмол деб ҳисобланиши мумкин. Шу билан бирга, оилани бошқа аъзоларида иш ҳақининг ёки бошқа даромадларнинг мавжудлиги фуқаронинг муомала лаёқати чеклаш тўғрисидаги аризачининг илтимосини қондиришни рад этишга асос бўла олмайди, башарти оиласи спиртли ичимликларни ёки гиёвандлик воситаларини суиистеъмол қилаётган фуқародан зарур моддий ёрдам олмаётган ёхуд уни тўлиқ ёки қисман боқишга мажбур бўлса. Аммо фуқаро бир ўзи (оиласиз) истиқомат қилаётган бўлса, унинг муомала лаёқати чекланиши мумкин эмас.

Фуқаронинг муомала лаёқати фақат суднинг қарори билан чекланиши мумкин. Фуқаронинг муомалага лаёқатсиз деб топишга ўхшаш тарзда, фуқаронинг муомала лаёқати чекланган деб топиш тартиби ЎзР ФПК 33-боби билан тартибга солинади. Суд фуқаpони муомала лаёқати чекланган деб топиш тўғpисидаги ишни албатта шу фуқаронинг (жавобгаpнинг), пpокуpоp ҳамда васийлик ва ҳомийлик органи вакилининг иштиpокида кўpади (ЎзР ФПК 294-моддаси). Суднинг фуқаpони муомала лаёқати чекланган деб топиш тўғpисидаги ҳал қилув қаpоpи васийлик ва ҳомийлик органининг муомала лаёқати чекланган шахсга ҳомий тайинлаши учун асос бўлади (ЎзР ФПК 295-моддаси).

Муомала лаёқати чекланган фуқаро фақат майда маиший битимлар тузишга хақлидир. Бошқа битимларни у фақат ҳомийнинг розилиги билан содир этиши мумкин. Қонун чиқарувчи, ҳомий розиликни қандай битимлар бўйича оғзаки ва қандай битимлар бўйича ёзма шаклда бериши мумкинлигини аниқлаштирмайди. Шунга боғлиқ равишда ҳомийнинг ҳомийлик остидаги шахсга битим тузиш учун берадиган розилигининг ҳар иккала шаклини қонуний деб ҳисоблаш мақбулдир. Акс ҳолда, спиртли ичимликларни ёки гиёвандлик воситаларини суиистеъмол қилиши оқибатида муомала лаёқати чекланган шахс томонидан содир этилган битим суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин (ЎзР ФК 120-моддаси). ЎзР ФК 31-моддаси асосида ҳомийлик белгиланган фуқарони муомала лаёқатининг чекланганлиги ЎзР ФК 27-моддасида кўрсатилган, иш ҳақи ёки даромадларга эга, 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган вояга етмаган шахснинг чекланган муомала лаёқатидан фарқланади. ЎзР ФК 31-моддаси қоидаларида фуқаро мустақил равишда, ҳомийнинг розилигисиз иш ҳақи, пенсия ва бошқа даромадлар олиши ҳамда уларни тасарруф этиши мумкин эмаслиги (ЎзР ФК 27-моддасида кўрсатилган вояга етмаган шахсдан фарқли)назарда тутилган.


2. Башарти фуқарони муомала лаёқати чекланишига сабаб бўлган асослар бекор бўлса, суд фуқаро ўзининг, ҳомийнинг, васийлик ва ҳомийлик органлаpи, пpокуpоp, даволаш муассасалари ва бошқа давлат органлаpи, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ҳамда жамоат бирлашмалаpи берган аpизалаpга биноан фуқаpони муомала лаёқати чекланган деб топиш ҳамда унинг устидан белгиланган хомийликни бекоp қилиш ҳақида ҳал қилув қаpоpи чиқаpади (ЎзР ФПК 296-моддаси 1-қисми).



32-модда. Васийлик ва ҳомийлик


Васийлик ва ҳомийлик муомалага лаёқатсиз ёки муомалага тўлиқ лаёқатли бўлмаган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун белгиланади. Вояга етмаганларга васийлик ва ҳомийлик уларни тарбиялаш мақсадида ҳам белгиланади. Васийлар ва ҳомийларнинг бунга тегишли ҳуқуқ ва бурчлари қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Васийлар ва ҳомийлар ўз ҳимояларидаги шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар қандай шахслар билан муносабатларда, шу жумладан, судларда ҳам махсус ваколатсиз ҳимоя қиладилар.

Вояга етмаганларга васийлик ва ҳомийлик уларнинг ота-онаси, фарзандликка олувчилари бўлмаган, ота-онаси суд томонидан ота-оналик ҳуқуқларидан маҳрум қилинган тақдирда, шунингдек бундай фуқаролар бошқа сабабларга кўра ота-она ҳимоясидан маҳрум бўлиб қолган, хусусан, ота-она уларни тарбиялашдан ёхуд уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдан бўйин товлаган ҳолларда белгиланади.


1. Васийлик ва ҳомийлик ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ўзлари мустақил ҳимоя қилишга қийналадиган ёки эплай олмайдиган фуқароларни ҳимоя қилиш усулидир. Вояга етмаганлар учун эса васийлик ва ҳомийлик уларни оилада тарбияланиши учун имкониятдир. ЎзР ОК 173-моддасига биноан, васийлик ва ҳомийлик ота-она қаровисиз қолган болалар устидан уларни боқиш, тарбиялаш ва таълим бериш мақсадида, шунингдек, уларнинг шахсий ва мулкий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун белгиланади. Умуман олганда эса, васийлик ва ҳомийлик таркибига фуқаролик, оила, маъмурий ҳуқуқ қоидаларини олган комплекс ҳуқуқий институт ҳисобланади.

Ушбу ҳуқуқий институт васийлик ва ҳомийликни белгилаш, муомалага лаёқатсиз ёхуд тўлиқ ҳажмда муомалага лаёқатли бўлмаган фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича муносабатларни, шунингдек, бу мақсадларни амалга ошириш бўйича васийлик ва ҳомийлик органларининг фаолиятини тартибга солувчи нормаларни белгилайди ва тартибга солади. Васий ва ҳомийларнинг шунга мувофиқ ҳуқуқ ва бурчлари ЎзР ФК 32-моддасида, ЎзР ОК 21-бўлимида, "Ўзбекистон Республикасида васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Низом (ЎзР ВМ 12.04.1999 йил 12 апрелда қабул қилган 171-сонли Қарорига 2-илова) ва бошқа қонунчилик ҳужжатларида белгиланган. Хусусан, вояга етмаган шахснинг васий ва ҳомийсининг ҳуқуқ ва бурчлари ЎзР ОКнинг 181-моддасида белгиланган.


2. Васийлик ва ҳомийликнинг моҳияти айнан ўз васийлигидаги ва ҳомийлигидаги шахсларнинг ҳуқуқ ва бурчларини ҳимоя қилишни назарда тутади. Шу сабабдан васий ва ҳомийларнинг ўз васийлигидаги ва ҳомийлигидаги шахсларнинг ҳуқуқ ва бурчларини ҳимоя қилиш бўйича фаолияти, жумладан, судларда ҳам, бирон ишончнома ёки бошқа махсус ваколат берилишини талаб этмайди. Масалан, муомалага лаёқатсиз ёки муомила лаёқати чекланган шахсларнинг ҳуқуқ ва қонун билан муҳофаза қилинадиган манфаатларини судларда уларнинг қонуний вакиллари (ота-оналари, фарзандликка олганлар, васийлар, ҳомийлар) ҳимоя қилади (ЎзР ФПК 51-моддаси) ёки бунга кўмаклашади.


3. Вояга етмаган болалар устидан васийлик ва ҳомийлик уларнинг ота-онаси, фарзандликка олувчиси бўлмаганида, суд томонидан ота-оналик ҳуқуқидан ота-оналари маҳрум қилинганда, шунингдек, бундай фуқаролар бошқа бирон сабаб билан ота-она қарамоғисиз қолганда, хусусан, ота-оналари уларни тарбиялаш ёки ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдан бўйин товлаганида тайинланади. Вояга етмаганлар устидан васийлик ва ҳомийликни тайинлашнинг шартлари ЎзР ОКнинг 21-бўлимида батафсилроқ баён қилинган. Масалан, боланинг ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинмаган ота-онаси бор бўлса, васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан болани ота-онасининг тарбиясида бўлиши унинг манфаатига жавоб бермаслигини, шунингдек, унинг ҳаёти ва соғлиғи учун бевосита хавф мавжудлиги аниқланса, васий ёки ҳомий тайинланади (ЎзР ОК 177-моддаси). Ёки, ота-оналари олти ойдан кўп муддат бўлмаганларида, болаларнинг манфаати талаб этган ҳолларда болалар устида васийлик ёки ҳомийлик ўрнатилади. Ота-оналари вақтинча бўлмаган пайтда, агар бола улар томонидан қариндошларининг ёки бошқа яқин кишиларнинг қарови ва назорати остига қолдирилган бўлса, васийлик ва ҳомийликни белгилаш талаб этилмайди (ЎзР ОК 178-моддаси).



33-модда. Фуқарони бедарак йўқолган деб топиш


Агар фуқаронинг қаердалиги ҳақида унинг яшаш жойида бир йил давомида маълумотлар бўлмаса, манфаатдор шахсларнинг аризасига мувофиқ суд бу фуқарони бедарак йўқолган деб топиши мумкин.

Йўқолган шахс тўғрисида охирги маълумотлар олинган кунни аниқлаш мумкин бўлмаса, бедарак йўқолган деб ҳисоблаш муддати йўқолган шахс тўғрисида охирги маълумотлар олинган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан, бу ойни белгилаш мумкин бўлмаган тақдирда эса - кейинги йилнинг биринчи январидан бошланади.


1. Фуқарони бедарак йўқолган деб топишдан асосий мақсад унинг ҳуқуқларини ҳимоялаш ва мол-мулкини сақлаш деб ҳисоблаш мумкин, чунки шахснинг узоқ муддат йўқлиги ва турган жойининг номаълумлиги мазкур ҳуқуқларга таҳдид солади. Иккинчи томондан, фуқаро турган жойининг номаълумлиги ва унинг тўғрисида маълумотларнинг йўқлиги йўқолган шахснинг кредиторлари, боқимандалари, эри (хотини)нинг манфаатларига даҳлдордир, чунки йўқолган шахс уларнинг олдида қарзларини тўлаш, боқиш учун пул тўлаб туриш ва ҳ. мажбуриятларни олган ҳолда уни бедарак йўқолган деб топиш ушбу шахсларда ўзларининг муайян ҳуқуқларини вужудга келиши учун асос бўлади. Фуқаро фақат суднинг қарори билан бедарак йўқолган деб топилиши мумкин. Фуқарони бедарак йўқолган деб топиш тўғрисидаги иш суд томонидан алоҳида тартибида юритиладиган судлов сифатида ЎзР ФПК 32-моддаси қоидалари бўйича кўриб чиқилади. Фуқарони бедарак йўқолган деб топишдан унинг эри (хотини), мазкур фуқаронинг қарамоғида бўлган шахслар, кредиторлари, солиқ органлари ва ш.к. манфаатдор бўлиши мумкин. Манфаатдор шахсларнинг аризасида, фуқарони бедарак йўқолган деб топиш аризачига қандай мақсад учун зарурлиги кўрсатилиши, шунингдек, фуқаронинг дараксиз йўқолганин тасдиқловчи вазиятлар баён этилиши лозим (ЎзР ФПК 286-моддаси). Фуқарони бедарак йўқолган деб топиш тўғрисидаги ишлар албатта прокурорнинг иштироки билан кўриб чиқилади (ЎзР ФПК 288-моддаси).


2. ЎзР ФК 33-моддаси биринчи қисмига мувофиқ, агар фуқаронинг қаердалиги ҳақида унинг яшаш жойида бир йил давомида маълумотлар бўлмаса, фуқаро бедарак йўқолган деб топилиши мумкин. Ушбу модданинг иккинчи қисмига кўра, йўқолган шахс тўғрисида охирги маълумотлар олинган кунни аниқлаш мумкин бўлмаса, бедарак йўқолган деб ҳисоблаш муддати йўқолган шахс тўғрисида охирги маълумотлар олинган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан, бу ойни белгилаш мумкин бўлмаган тақдирда эса - кейинги йилнинг биринчи январидан бошланади.



34-модда. Фуқарони бедарак йўқолган деб топиш оқибатлари


Бедарак йўқолган деб топилган фуқаронинг мол-мулкини доимий суратда бошқариб туриш зарур бўлса, бу мол-мулк суднинг қарорига мувофиқ васийлик ва ҳомийлик органи томонидан белгиланадиган ва ушбу орган билан тузиладиган ишончли бошқарув тўғрисидаги шартнома асосида иш олиб борадиган шахсга топширилади.

Ушбу мол-мулкдан бедарак йўқолган шахс қонунга мувофиқ боқиши керак бўлган фуқароларга таъминот берилади ва унинг солиқлар ва бошқа мажбуриятлар бўйича қарзлари тўланади.

Васийлик ва ҳомийлик органи йўқолган фуқаронинг қаердалиги тўғрисида маълумот олинган кундан бошлаб бир йил ўтганга қадар ҳам унинг мол-мулкини муҳофаза қилувчи шахсни белгилаши мумкин.

Шахсни бедарак йўқолган деб топишнинг ушбу моддада назарда тутилмаган оқибатлари қонун билан белгиланади.


1. ЎзР ФК 34-моддасининг қоидаларида фуқарони бедарак йўқолган деб топишнинг ушбу фуқарони мол-мулкига нисбатан оқибатлари белгиланган. Аммо бедарак йўқолган деб топилган шахснинг ушбу мол-мулки фақат бу мулкни доимий бошқариш зарурати бўлсагина ишончли бошқаришга берилади. Суднинг қарорига асосан васийлик ва ҳомийлик органи мазкур мол-мулкни бошқарадиган ва мол-мулкни ишончли бошқариш шартномаси тузиладиган шахсни белгилайди. Қайд этиш лозимки, васийлик ва ҳомийлик органи йўқолган фуқаронинг қаердалиги тўғрисидаги маълумот олинган кундан бошлаб бир йиллик муддат ўтмасдан туриб ҳам унинг мол-мулкини қўриқлаш учун шахсни тайинлаши мумкин. Мол-мулкни ишончли бошқариш тартиби ЎзР ФК 49-бўлимида белгиланган. Хусусан, корхоналар ва бошқа мулкий мажмуалар, кўчмас мулк тоифасига кирадиган алоҳида объектлар, қимматли қоғозлар, мутлақ ҳуқуқлар ва бошқа мол-мулк ишончли бошқариш объекти бўлиши мумкин. Қонунда назарда тутилган ҳолатларни (ЎзР ФК 851-моддаси) истисно қилганда, пул маблағлари ишончли бошқариш объекти бўлиши мумкин эмас.

Қонун чиқарувчи мол-мулкни доимий бошқариш "заруратининг" мезони нимада эканлиги тўғрисидаги масалани, шунингдек, доимий бошқариш зарурати бўлмаган ҳолатда мол-мулкнинг ҳуқуқий режими тўғрисидаги масалани тартибга солмаганини айтиб ўтиш лозим. Бедарак йўқолган шахснинг мол-мулкини сақлаш билан боғлиқ шу ва шу каби бошқа масалалар суд томонидан, юзага келган вазият ва ишнинг барча ҳолатларини ҳисобга олган ҳолда ҳал этилади.


2. Бедарак йўқолган шахснинг мол-мулкидан ва ундан олинган даромадлардан бедарак йўқолган шахс таъминот бериш лозим бўлган фуқароларга (масалан, болалари, меҳнатга қобилиятсиз эри (хотини) ва ш.к.) нафақа берилади ҳамда бедарак йўқолган шахснинг солиқ ва бошқа тўловлар бўйича қарзлари тўланади.


3. Қонунчиликда фуқарони бедарак йўқолган деб топишнинг ушбу моддада назарда тутилмаган бошқа оқибатлари ҳам белгиланади. Масалан, фуқаро томонидан берилган ишончноманинг ҳаракатдан тўхташи (ЎзР ФК 141-моддасининг 6-банди), топшириқ берувчи ёки вакил бедарак йўқолган деб топилиши оқибатида топшириқ шартномасининг бекор бўлиши (ЎзР ФК 823-моддаси), бедарак йўқолган фуқаро билан тузилган никоҳ фуқаролик ҳолати ҳужжатларини ёзиш органлари орқали бекор қилинади (ЎзР ОК 43-моддаси) ва ҳ.



35-модда. Фуқарони бедарак йўқолган деб топиш

ҳақидаги қарорнинг бекор қилиниши


Бедарак йўқолган деб топилган фуқаро қайтиб келган ёки унинг турар жойи аниқланган тақдирда, суд уни бедарак йўқолган деб топиш ҳақидаги қарорни бекор қилади. Суднинг қарори асосида фуқаронинг мол-мулкини бошқариш бекор қилинади.


1. Фуқарони бедарак йўқолган деб топиш кейинчалик уни турган жойини аниқлаш имконини истисно қилмайди. Фуқаронинг қайтиб келгани аниқланганда ёки унинг турган жойи топилганда суд фуқарони бедарак йўқолган деб топиш тўғрисидаги қарорни бекор қилади. Суднинг янги қарори фуқаронинг мол-мулкини ишончли бошқаришни бекор қилиш ҳамда уни бедарак йўқолган деб топиш юзасидан вужудга келган бошқа фуқаролик-ҳуқуқий ва бошқа юридик муносабатларни тўхтатиш учун асос ҳисобланади. Суд томонидан вафот этган деб эълон қилинган ёки бедарак йўқолган деб топилган эр-хотиндан бири қайтиб келиб, тегишли суд қарорлари бекор қилинганда никоҳ эр-хотиннинг биргаликдаги аризаси бўйича тикланиши мумкин. Эр-хотиндан бири янги никоҳга кирган бўлса никоҳни тиклаш мумкин эмас. (Ўз ОКнинг 48-моддаси).



36-модда. Фуқарони вафот этган деб эълон қилиш


Агар фуқаронинг қаерда турганлиги ҳақида унинг яшаш жойида уч йил мобайнида маълумот бўлмаса, башарти у ўлим хавф солиб турган ёки муайян бахтсиз ҳодисадан ҳалок бўлган деб тахмин қилиш учун асос бўладиган вазиятларда бедарак йўқолган бўлиб, унинг қаердалиги ҳақида олти ой мобайнида маълумотлар бўлмаса, манфаатдор шахсларнинг аризасига мувофиқ суд уни вафот этган деб эълон қилиши мумкин.

Ҳарбий ҳаракатлар муносабати билан бедарак йўқолган ҳарбий хизматчи ёки бошқа фуқаро ҳарбий ҳаракатлар тамом бўлган кундан эътиборан камида икки йил ўтгандан кейин суд томонидан вафот этган деб эълон қилиниши мумкин.

Суднинг фуқарони вафот этган деб эълон қилиш ҳақидаги қарори қонуний кучга кирган кун вафот этган деб эълон қилинган фуқаронинг ўлган куни деб ҳисобланади. Ўлим хавф солиб турган ёки муайян бахтсиз ҳодисадан ҳалок бўлган деб тахмин қилиш учун асос бўладиган вазиятларда бедарак йўқолган фуқаро вафот этган деб эълон қилинган тақдирда, суд унинг тахмин қилинган ҳалокат кунини ушбу фуқаронинг ўлган куни деб топиши мумкин.


Фуқарони вафот этган деб эълон қилиш бундай фуқаронинг ҳуқуқ ва бурчлари борасида унинг ўлими олиб келиши мумкин бўлган оқибатларни вужудга келтиради.


1. Фуқарони вафот этган деб эълон қилинганда суд унинг ўлими презумпциясидан келиб чиқади. Фуқарони вафот этган деб эълон қилиш тартиби ЎзР ФПК 32-моддаси билан тартибга солинади. Фуқарони вафот этган деб эълон қилиш тўғрисида ариза манфаатдор шахслар томонидан берилади, аммо қонунчиликда мазкур ҳолатда кимларнинг манфаатдор шахс эканлиги кўрсатилмаган. Ўхшашлик тамойилидан келиб чиқиб, манфатдор шахс деб ЎзР ФПК 291-моддасида кўрсатилган шахслар, яъни унинг оила аъзолари, ҳомийлик ва васийлик органлари, прокурор, даволаш муассасалари ва бошқа давлат органлари, фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш органлари ва жамоат бирлашмалари деб тахмин қилиш мумкин. Суднинг фуқарони вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги қарори фуқаролик ҳужжатлари далолатномаларини ёзиш органи томонидан ушбу фуқаронинг ўлими тўғрисидаги ёзувни фуқаролик ҳужжатлари далолатномаларини ёзиш дафтарига киритиш учун асос бўлади (ЎзР ФПК 289-моддаси). Мазкур шахснинг қаерда турганлиги ҳақида унинг яшаш жойида уч йил мобайнида маълумот бўлмаса, башарти у ўлим хавф солиб турган ёки муайян бахтсиз ҳодисадан ҳалок бўлган деб тахмин қилиш учун асос бўладиган вазиятларда бедарак йўқолган ҳолда эса, унинг қаердалиги ҳақида олти ой мобайнида маълумотлар бўлмаса, уни вафот этган деб эълон қилишга асос бўлади. Фуқарога ўлим хавфини соладиган вазиятларга турли табиий офатларни (зилзила, ер кўчиши ва б.) ҳамда турли фалокатлар (ёнғин, автомобиль, темирйўл ёки авиаҳалокат ва б.) киритиш мумкин.

ЎзР ФК 36-моддаси иккинчи қисмида фуқаро ҳарбий ҳаракатлар ҳудудида йўқолганда махсус муддат белгиланган. Мазкур муддат ҳарбий ҳаракатлар тугаган кундан бошлаб икки йилни ташкил этади. Ҳарбий ҳаракатлар якунланган кунда сулҳ пакти қабул қилиниши ёки ҳарбий ҳаракатлар тугагани тўғрисидаги бошқа расмий ҳужжат билан боғлашади. Мазкур муддат нафақат ҳарбий хизматчиларга, балки ҳарбий ҳаракатлар сабабли йўқолиши мумкин бўлган бошқа шахсларга ҳам татбиқ қилинади.


2. Суднинг фуқарони вафот этган деб эълон қилиш ҳақидаги қарори қонуний кучга кирган кун вафот этган деб эълон қилинган фуқаронинг ўлган куни деб ҳисобланади. Ўлим хавф солиб турган ёки муайян бахтсиз ҳодисадан ҳалок бўлган деб тахмин қилиш учун асос бўладиган вазиятларда бедарак йўқолган фуқаро вафот этган деб эълон қилинган тақдирда, суд унинг тахмин қилинган ҳалокат кунини ушбу фуқаронинг ўлган куни деб топиши мумкин. Юқорида кўрсатилган вазиятлар ёки бахтсиз ҳодиса фуқаронинг ҳалок бўлиш ҳодисасини эмас, балки фуқарога ўлим хавфини солган ҳамда тахминий ҳалок бўлган санасини кўрсатиш учун асос бўладиган ушбу вазиятлар ёки бахтсиз ҳодисанинг мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатлар, гувоҳларнинг кўрсатмалари ва бошқа далиллар билан тасдиқланади.


3. Фуқарони вафот этган деб эълон қилиш бундай фуқаронинг ҳуқуқ ва бурчлари борасида унинг ўлими олиб келиши мумкин бўлган оқибатларни вужудга келтиради. Яъни, суднинг қарори қонуний кучга кириши билан мерос очилади, никоҳ бекор бўлади, қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа оқибатлар ҳам юзага келади.



37-модда. Вафот этган деб эълон қилинган

фуқаро қайтиб келишининг оқибатлари


Вафот этган деб эълон қилинган фуқаро қайтиб келган ёки унинг қаерда турганлиги маълум бўлган тақдирда, уни вафот этган деб эълон қилиш ҳақидаги қарор суд томонидан бекор қилинади.

Фуқарони вафот этган деб эълон қилиш ҳақидаги қарор бекор қилинганидан кейин у ҳар қандай шахсдан бу шахсга бепул ўтиб қолган мавжуд мол-мулкини ўзига қайтариб беришни уч йил мобайнида суд орқали талаб қилишга ҳақли, ушбу Кодекснинг 229-моддаси иккинчи ва тўртинчи қисмларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Агар вафот этган деб эълон қилинган фуқаронинг мол-мулки унинг ворислари томонидан учинчи шахсларга сотилган бўлиб, бу шахслар харид нархини фуқаро қайтиб келган пайтгача батамом тўламаган бўлсалар, бу ҳолда тўланмаган суммани талаб қилиш ҳуқуқи қайтиб келган фуқарога ўтади.

Вафот этган деб эълон қилинган фуқаронинг мол-мулкини ҳақ тўлашни назарда тутадиган битимлар асосида олган шахслар мол-мулкни вафот этган деб эълон қилинган фуқаронинг тириклигини била туриб сотиб олганликлари исботланса, улар фуқарога бу мол-мулкни қайтариб беришлари шарт. Бундай мол-мулкни асли ҳолида қайтариб беришнинг имкони бўлмаса, унинг қиймати тўланади.

Агар вафот этган деб эълон қилинган шахснинг мол-мулки мерос ҳуқуқи бўйича давлатга ўтган ва сотиб юборилган бўлса, фуқарони вафот этган деб эълон қилиш ҳақидаги қарор бекор қилинганидан кейин унга мол-мулкни сотишдан тушган пул қайтариб берилади.


1. Шарҳланаётган модданинг биринчи қисмига мувофиқ, фуқарони вафот этган деб эълон қилиш ҳақидаги суднинг қарорини бекор қилиш учун ушбу фуқаро қайтиб келиши ёки турган жойи аниқланиши талаб этилади. Бу ҳолда суд ўзи илгари чиқарган қарорни бекор қилади ҳамда янги қарор фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини қайд қилиш давлат дафтаридаги ўлим тўғрисидаги ёзувни бекор қилиш учун асос ҳисобланади. (ЎзР ФПК 290-моддаси).


2. ЎзР ФК 37-моддасида, шунингдек, қайтиб келган фуқарони мол-мулки тақдирини тартибга солиш қоидалари ҳам назарда тутилган. Фуқаро мол-мулкининг тақдири, ушбу фуқаронинг мол-мулки қайси асос ва шартларда бошқа шахсларга ўтганига боғлиқ бўлади. Қайтиб келган фуқаро ҳар қандай шахсдан бу шахсга бепул ўтиб қолган мавжуд (сақланиб қолган) мол-мулкини ўзига қайтариб беришни суд орқали талаб қилиб олишга қонун чиқарувчи томонидан уч йиллик муддат белгиланганини қайд этиш лозим. Белгиланган муддатдан ташқари, ЎзР ФК 229-моддасининг иккинчи ва тўртинчи қисмларида қатор ҳолатлар белгиланган бўлиб (уларга ёзилган шарҳга қаранг), бунда қайтиб келган фуқаро шахсга бепул ўтиб қолган мавжуд (сақланиб қолган) мол-мулкини ўзига қайтариб беришни суд орқали талаб қилиб олишга ҳақли бўлмайди. Башарти мол-мулк суд қарорларини ижро этиш учун белгиланган тартибда сотилган бўлса, талаб қилиб олишга йўл қуйилмайди (ЎзР ФК 229-моддасининг иккинчи қисми), шунингдек, пул маблағлари, тақдим этувчи номига ёзилган қимматли қоғозлар талаб қила олиниши мумкин эмас (ЎзР ФК 229-моддасининг тўртинчи қисми).

Агар вафот этган деб эълон қилинган фуқаронинг мол-мулки унинг ворислари томонидан учинчи шахсларга сотилган бўлиб, бу шахслар харид нархини фуқаро қайтиб келган пайтгача батамом тўламаган бўлсалар, бу ҳолда қайтиб келган фуқаро тўланмаган суммани талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Ҳақ тўлаб олинганидан сўнг эгалари томонидан пул эвазига ўзгаларга ўтказилган ёки йўқотилган ашёларнинг қийматини талаб қилиб олиш ЎзР ФК 37-моддасида назарда тутилмаган, шу сабабли, башарти вафот этган деб эълон қилинган фуқаронинг меросхўрлари меросга олган хонадонни сотиб юборган бўсалар, бу ҳолда вафот этган деб эълон қилинган фуқаронинг тириклигидан хабари бўлмаган сотиб олувчидан ушбу хонадонни талаб қилиб олиш мумкин эмас, шунингдек, унинг қийматини меросхўрлардан ҳам ундириш мумкин эмас.


3. Вафот этган деб эълон қилинган фуқаронинг мол-мулкини ҳақ тўлашни назарда тутадиган битимлар асосида қўлга киритган шахслар мол-мулкни вафот этган деб эълон қилинган фуқаронинг тириклигини била туриб сотиб олган бўлсалар, улар бу мол-мулкни ёки унинг қийматини қайтиб беришлари шарт. Яъни улар инсофсиз эгалловчи деб топилиши мумкин ҳамда қайтиб келган фуқаро ЎзР ФК 228-моддасига мувофиқ ўз мол-мулкини бошқа шахснинг қонунсиз эгалигидан талаб қилиб олишга ҳақли бўлади. Бошқа ҳолатларда мол-мулк ёки унинг қиймати қайтиб берилмайди.


4. Агар вафот этган деб эълон қилинган шахснинг мол-мулки мерос ҳуқуқи бўйича давлатга ўтган ва сотиб юборилган бўлса, фуқарони вафот этган деб эълон қилиш ҳақидаги қарор бекор қилинганидан кейин унга мол-мулкни сотишдан тушган пул қайтариб берилади.



38-модда. Фуқаролик ҳолати ҳужжатларини қайд этиш


Қуйидаги фуқаролик ҳолати ҳужжатлари давлат томонидан қайд этилиш керак:

1) туғилиш;

2) ўлим;

3) никоҳ тузилганлиги;

4) никоҳдан ажралиш.

Фуқаролик ҳолати ҳужжатларини қайд этиш фуқаролик ҳолати ҳужжатларини ёзиш органлари томонидан фуқаролик ҳолати ҳужжатларини қайд этиш дафтарига (ҳужжатлар дафтарига) тегишли ёзувларни киритиш ҳамда шу ёзувлар асосида фуқароларга гувоҳномалар бериш йўли билан амалга оширилади.

Фарзандликка олиш, оталикни белгилаш, фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш, жинснинг ўзгартирилиши каби воқеа ва фактлар ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган фуқаролик ҳолати ҳужжатларида уларга тегишли ўзгартишлар киритиш йўли билан ифодаланади.

Фуқаролик ҳолати ҳужжатлари ёзувларини тузатиш ва ўзгартириш етарли асослар бўлса ҳамда манфаатдор шахслар ўртасида низо бўлмаса, фуқаролик ҳолати ҳужжатларини ёзиш органи томонидан амалга оширилади.

Манфаатдор шахслар ўртасида низо бўлса ёки фуқаролик ҳолати ҳужжатларини ёзиш органи ёзувни тузатиш ёки ўзгартиришни рад этса, низо суд томонидан ҳал қилинади.

Фуқаролик ҳолати ҳужжатлари ёзувларини бекор қилиш ва тиклаш фуқаролик ҳолати ҳужжатларини ёзиш органи томонидан, манфаатдор шахслар ўртасида низо бўлса ёки фуқаролик ҳолати ҳужжатларидаги ёзувларда жиддий тафовутлар бўлса - суд қарори асосида амалга оширилади.

Фуқаролик ҳолати ҳужжатларини қайд этувчи органлар, бу ҳужжатларни қайд этиш тартиби, фуқаролик ҳолати ҳужжатлари ёзувларини ўзгартириш, тиклаш ва бекор қилиш тартиби, ҳужжат дафтарлари ва гувоҳномаларнинг шакллари, шунингдек ҳужжатлар дафтарларини сақлаш тартиби ва муддатларини белгиловчи органлар қонун ҳужжатлари билан белгиланади.


1. Фуқаролик ҳолати ҳужжатлари - фуқароларнинг шахсий ҳаёти соҳасидаги воқеа ва ҳаракатлар бўлиб, улар фуқароларнинг ўзи учун ҳам, давлат ва жамият учун ҳам аҳамиятли бўлган ҳуқуқ ва бурчларни вужудга келтиради. Уларнинг энг муҳимлари давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт қилиб белгиланган. Шахс ва жамият учун энг муҳим бўлган воқеа (ҳаракат)ларнинг рўйхати тугал ҳисобланади, аммо уни ЎзР ФК 38-моддасига ўзгартиришлар киритиб тўлдириш ва кенгайтириш мумкин. Умуман, фуқаролик ҳолати ҳужжатларининг давлат томонидан қайд этилиши фуқароларнинг мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида, шунингдек, давлат манфаатларини кўзлаб белгиланади.

Фуқаролик ҳолати ҳужжатларини қайд этиш ФҲДЁ органи томонидан фуқаролик ҳолати ҳужжатларини қайд этиш дафтарига (ҳужжатлар дафтарига) тегишли ёзувларни киритиш йўли билан амалга оширилади. Фуқаролик ҳолати ҳужжатларини ёзиш органлари ўз фаолиятини ЎзР Конституцияси, ЎзР ОК, фуқаролик ҳолати ҳужжатларини қайд этиш Қоидалари, ЎзР ВМнинг 1999 йил 12 апрелда 171-сонли Қарорига 1-илова, ФҲДЁ органларида иш юритиш тартиби бўйича қўлланма ҳамда ФҲДЁ органлари фаолиятига алоқадор бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ амалга оширадилар. ФҲДЁ органлари фаолиятига умумий раҳбарлик: ФҲДЁ органларини ташкил этиш, бирлаштириш, тугатиш ва ФҲДЁ органлари фаолияти устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилади. Адлия вазирлиги ФҲДЁ органларини ва Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги консуллик муассасаларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган қатъий ҳисобда турувчи гербли гувоҳномалар бланкалари билан таъминлайди.

ФҲДЁ органларини ва консуллик муассасаларини фуқаролик ҳолати ҳужжатларини ёзиш бланкалари ва бошқа ҳужжатлар билан мос равишда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан таъминланади.

ФҲДЁ органлари ёзувлар киритиш йўли билан қуйидаги фуқаролик ҳолати ҳужжатларини қайд этадилар:


а) туғилиш;

б) никоҳ тузилганлиги;

в) никоҳдан ажралиш;

г) ўлим.


Фуқаролик ҳолати ҳужжатларининг ёзувлари давлат аҳамиятига эга ҳужжат бўлиб, икки нусхада тузилади ҳамда ФҲДЁ органларида қайд этилганидан сўнг 75 йил мобайнида сақланади.

Фарзандликка олиш, оталикни белгилаш, фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш, жинснинг ўзгартирилиши каби воқеа ва фактлар (юридик фактлар) юқорида санаб ўтилган фуқаролик ҳолати ҳужжатларида уларга тегишли ўзгартишлар киритиш йўли билан ифодаланади.

ФҲДЁ органларининг ходимлари, шунингдек, консул ўзи, эри ёки хотини ва болалари тўғрисида ҳужжатларни қайд қилишга ёки тегишли ўзгартириш, тўғрилаш ва қўшимча киритишга ҳақли эмаслар.

Қуйидаги ҳолатларда фуқаролик ҳолати ҳужжатларини қайд этиш рад этилиши мумкин:

- агар ҳужжатни қайд этиш қонунга зид бўлса;

- ҳужжатни қайд этиш юзасидан мурожаат қилган шахснинг бунга ҳуқуқи бўлмаса ёки муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса.

Фуқаролик ҳолати ҳужжатларини қайд этишни рад этилиши устидан юқори турувчи фуқаролик ҳолати ҳужжатларини қайд этувчи органга ёки суд тартибида шикоят келтириш мумкин.

Фуқаролик ҳолати ҳужжатлари ёзувларини қайд этишдан ташқари ФҲДЁ органлари зарурат туғилганда илгари тузилган фуқаролик ҳолати ҳужжатларини ёзувларига тузатиш ва ўзгартиришлар киритадилар. Бундай тузатиш ва ўзгартиришларни киритиш тартиби фуқаролик ҳолати ҳужжатларини қайд этиш Қоидаларининг X бўлими, ЎзР ВМнинг 1999 йил 12 апрелдаги 171-сонли Қарорининг 1-иловаси билан тартибга солинади. ФҲДЁ органлари содир этилган ёзувларга тузатиш ва ўзгартиришларни киритишни рад этганда, ҳуқуқ тўғрисида низо бўлмаганда масала суд томонидан алоҳида юритув тартибида ҳал этилади.



4-БОБ. ЮРИДИК ШАXСЛАР


§ 1. Умумий қоидалар (39-57-моддалар)

§ 2. Тижорат ташкилотлари (58-72-моддалар)

§ 3. Тижоратчи бўлмаган ташкилотлар (73-78-моддалар)



1-§. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


39-модда. Юридик шахс тушунчаси

40-модда. Юридик шахсларнинг турлари

41-модда. Юридик шахснинг ҳуқуқ лаёқати

42-модда. Юридик шахсларнинг вужудга келиши

43-модда. Юридик шахснинг таъсис ҳужжатлари

44-модда. Юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш

45-модда. Юридик шахснинг органлари

46-модда. Юридик шахснинг номи ва жойлашган ери

47-модда. Ваколатхоналар ва филиаллар

48-модда. Юридик шахснинг жавобгарлиги

49-модда. Юридик шахсни қайта ташкил этиш

50-модда. Юридик шахсларни қайта ташкил этишда ҳуқуқий ворислик

51-модда. Топшириш ҳужжати ва тақсимлаш баланси

52-модда. Юридик шахс қайта ташкил этилганида

кредиторлар ҳуқуқларининг кафолатлари

53-модда. Юридик шахсни тугатиш

54-модда. Юридик шахсни тугатиш тўғрисида

қарор қабул қилган шахснинг бурчлари

55-модда. Юридик шахсни тугатиш тартиби

56-модда. Кредиторларнинг талабларини қаноатлантириш

57-модда. Юридик шахснинг ночорлиги (банкротлиги)



39-модда. Юридик шахс тушунчаси


Ўз мулкида, хўжалик юритишида ёки оператив бошқарувида алоҳида мол-мулкка эга бўлган ҳамда ўз мажбуриятлари юзасидан ушбу мол-мулк билан жавоб берадиган, ўз номидан мулкий ёки шахсий номулкий ҳуқуқларга эга бўла оладиган ва уларни амалга ошира оладиган, мажбуриятларни бажара оладиган, судда даъвогар ва жавобгар бўла оладиган ташкилот юридик шахс ҳисобланади.

Юридик шахслар мустақил баланс ёки сметага эга бўлишлари керак.


1. Шарҳланаётган модданинг биринчи қисмида юридик шахсларнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъийй назар уларни ташкил қилишга ва фаолиятига асос бўладиган умумий белгилар белгилаб берилади. ЎзР ФК МДҲ давлатлари фуқаролик қонун ҳужжатлари учун анъанавий бўлган юридик шахс белгилари изчиллигига амал қилади, ушбу белгилар ташкилий бирлик, алоҳида мол-мулкка эга бўлиши, ўз мажбуриятлари юзасидан ўзига тегишли мулк билан жавоб бериш, ўз номидан мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларни олиш ва мажбуриятларга эга бўлиш, шунингдек, судда даъвогар ва жавобгар бўлиш лаёқатидан иборат.

ФКда юридик шахс белгилари ажратилиши нафақат назарий, балки амалий мақсадлар билан белгиланган ва айнан, том маънода эмас, балки ҳуқуқни қўллаш позициясидан келиб чиққан ҳолда кенгроқ шарҳланиши лозим, чунки ушбу белгилар рўйхати нафақат юридик шахс фаолиятини ташкил қилиш мазмуни, балки тамойилларига нисбатан ҳам умумий талабларни белгилаб беради. Ушбу белгилардан ҳар бирининг мавжудлиги зарурий ҳисобланади, уларнинг жами йиғиндисигина бирор-бир ташкилот ёки муассасанинг юридик шахс сифатида тан олинишига асос бўлиши мумкин.

Юридик шахснинг ташкилий бирлиги унинг Таъсис ҳужжатлари: устав ва/ёки таъсис шартномаси ёки алоҳида турдаги фаолиятни ташкил қилиш тўғрисидаги умумий низом (масалан, Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 12 октябрдаги "Холдинглар тўғрисида"ги Низоми) ёки у ёки бу турдаги юридик шахслар фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари билан мустаҳкамланади. Юридик шахснинг ташкилий бирлиги унинг яккабошчилик асосидаги ёки коллегиал бошқарув органларининг муайян иерархияси, уларнинг ўзаро тоъбелиги, шунингдек, бир томондан унинг иштирокчилари ўртасидаги муносабатларнинг тартибга солиниши, иккинчи томондан иштирокчилар ва юридик шахснинг ўзи ўртасидаги муносабатларнинг тартибга солинишида намоён бўлади. Ушбу белги орқали иштирокчиларнинг хоҳишларини юридик шахснинг фуқаролик муомаласидаги ягона иродасига айлантириш имконияти белгиланади.

Юридик шахснинг мулкий мустақиллиги деганда умумий қоидага кўра юридик шахснинг ягона мулкий комплексга бирлаштирилган ва қолган иштирокчиларнинг мулкидан чегараланган у ёки бу турдаги турли фуқаролик ҳуқуқи объектларига мустақил мулк ҳуқуқлар эгаси бўлиш лаёқати тушунилади. Мол-мулкнинг алоҳида бўлиши (мулкий мустақиллик) мулк ҳуқуқи (ЎзР ФК 164-моддаси), хўжалик юритиш ҳуқуқи (ЎзР ФК 176-моддаси) ёки оператив бошқариш ҳуқуқи (ЎзР ФК 178-моддаси) асосидаги моддий қимматликлар ва молиявий маблағларни юридик шахсга бириктириш ва унинг мустақил мулкий-молиявий балансида (устав сармояси, устав фонди, улушли капитал сармоя, пай жамғармаси ва ҳоказо.) акс эттириш заруратидан келиб чиқади.


2. ЎзР ФК “юридик шахснинг алоҳида мол-мулки” таърифидан фойдаланади, унинг айнан талқини юридик шахснинг мол-мулкларига эга бўлиш имкониятини англатади, ташкилотнинг (муассасанинг) ўз мулкида, хўжалик юритишида ёки оператив бошқарувида мол-мулкка эга эмаслиги эса уни табиий равишда уни юридик шахс деб тан олишга тўсқинлик қилади. Ушбу ҳолат фуқаролик ҳуқуқи назариясида танқид остига олиниб(1), бу юридик шахснинг мулки тушунчасига ашёлар билан бирга мажбурият ҳуқуқларини ҳам киритиш мумкинлиги билан асосланган. Чунки барча мол-мулки банк ҳисоб рақамидаги маблағлар ва ижарага олинган бинодан иборат юридик шахслар бўлиши ҳам мумкин. Мазкур фикрларнинг асослилигини тан олган ҳолда мазкур модда нормаларини янада кенгроқ талқин қилиш заруратини белгилаб берувчи бошқа далилларни ҳам келтириш мумкин. Масалан, давлат рўйхатига олиш пайтида айрим юридик шахслар, хусусан нотижорат ташкилотлари ҳеч қандай мол-мулкка эга бўлмайди, баъзида умуман ҳеч қандай ашёлар, талаб қилиш ҳуқуқлари ва фуқаролик-ҳуқуқий мажбуриятларга эга бўлмайди, бу умуман олганда амалдаги қонунчиликка зид эмас. Хусусан, қонун улар учун энг кам устав фондини белгилаш мажбуриятини ўрнатмайди ва кўпгина нотижорат ташкилотлари узоқ вақт давомида ҳеч қандай мол-мулксиз фаолият юритадилар, бироқ бунда юридик шахс мақомини йўқотмайдилар. Шунга ўхшаш айрим турдаги тижорат ташкилотлари ташкил қилиш пайтида фақат мажбурият ҳуқуқларига эга бўлиши ва муайян вақт давомида ўзининг мулкий базасини шакллантириши мумкин. Масалан, Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 26 апрелдаги “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини химоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 20-моддасига мувофиқ акциядорлик жамиятлари таъсис ҳужжатларида кўзда тутилган ўз устав фондларини давлат рўйхатидан ўтган пайтдан бошлаб бир йил ичида шакллантиришлари мумкин.

Юридик шахснинг мулкий мустақиллиги (алоҳида мол-мулкига эгалиги) унинг мустақил фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлиги, юридик шахснинг ўз мажбуриятлари бўйича ўзига тегишли мулк билан жавоб бериш лаёқати билан узвий боғлиқ, чунки юридик шахс мол-мулкини алоҳида ажратишнинг маъноси эҳтимолий кредиторлар ундириб олишни қаратиши мумкин бўлган (юридик шахс иштирокчиларининг бошқа мулкини ундан фарқлаш учун) моддий объектларни (молиявий маблағлар ва ҳоказо.) ажратишга асосланади. Фараз қилиш керакки, бу ерда ҳам қонун чиқарувчи юридик шахс жавобгарлигини тор маънода талқин қилади, чунки алоҳида мажбуриятлар бўйича кредиторларнинг ундириб олиши юридик шахснинг мулкий базасига эмас, балки унинг мажбурият ҳуқуқларига йўналтирилиши мумкин. Масалан, ЎзР ФК 553-моддасига мувофиқ (Янги муддатга мулк ижараси шартномаси тузишда ижарага олувчининг имтиёзли ҳуқуқи), агар ижарага берувчи (бу юридик шахс бўлиши ҳам мумкин) ижарага олувчи билан янги муддатга шартнома тузишни рад этса-ю, аммо у билан тузилган шартнома муддати тугаганидан кейин бир йил ичида бошқа шахс билан мулк ижараси шартномасини тузса, ижарага олувчи ўз хоҳишига кўра ёки тузилган шартнома бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлар ўзига ўтказилишини ва ўзи билан шартномани янгилашни рад этиш оқибатида ўзига етказилган зарарнинг тўланишини ёки фақат зарарнинг ўзи тўланишини суд орқали талаб қилишга ҳақли.

Ўз ФК 39-моддасининг мазкур қисмини кенг талқин қилган ҳолда қуйидагиларни фараз қилиш мумкин. Хусусан, умумий қоидага кўра, юридик шахснинг мол-мулки билан бирга интеллектуал фаолият натижаларига оид мутлақ ҳуқуқлар ва унга тенглаштирилган юридик шахсни индивидуаллаштиришнинг мулкий тусдаги бошқа воситалари, маҳсулот, бажариладиган ишлар ёки кўрсатиладиган хизматларни индивидуаллаштириш воситаларини қонун мол-мулк хисобламайди (ЎзР ФК 81-модда) бироқ алоҳида мол-мулк таркибига киради ва шубҳасиз юридик шахснинг жавобгарлиги ушбу фуқаролик муносабатлари объектлари ҳисобидан қонун ёки шартномалар билан белгиланадиган тартибда ва ҳажмда қаратилиши мумкин.


3. Юридик шахснинг ўз номидан мулкий ёки шахсий номулкий ҳуқуқларга эга бўлиш, мажбуриятларни бажара олиш, судда даъвогар ва жавобгар бўлиш қобилияти - юридик шахснинг ўзига хос якуний белгилари ва муайян даражада уни ташкил қилишдан кўзланган мақсаддир. Барча ашёвий ва мажбурият ҳуқуқий муносабатларида юридик шахс доимо ўз номидан иштирок этади ва унинг ўз номидан шахсий номулкий ҳуқуқ сифатида фойдаланиши уни бошқа унга ўхшаш субъектлардан ажратиш имконини беради ва шунинг учун унинг фуқаролик ҳуқуқий субъектлигининг зарурий шарти ҳисобланади.

Мазкур белгининг ўзига хослиги сифатида яна шуни кўрсатиш мумкинки, у юридик шахсга фуқаролик муомаласига фақат ўз номи остида, ҳеч қандай “тахаллус” ёки шунга ўхшаш номларни ишлатмасдан (жисмоний шахслардан фарқли равишда), киришиш мажбуриятини юклайди, шунингдек, юридик шахс фуқаролик муомаласида аноним тартибда иштирок этиши ҳам истисно этилмайди.

Юридик шахснинг мустақил баланс ёки сметага эга бўлиш мажбурияти ҳам юридик шахс белгиларига киритилган, чунки ушбу ҳужжатларнинг мавжудлиги кўп жиҳатдан юридик шахснинг реал мулкий алоҳида ажратилиши ва қонунчилик нуқтаи назаридан унинг мулкий мустақиллигини ташкиллаштиришни таъминлайди. Молиявий қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ юридик шахс баланси юридик шахснинг бухгалтерия баланси ибораси билан аталиши шарт ва у - юридик шахснинг барча мол-мулки, тушумлари, ҳаражатлари, активлари ва пассивларини акс эттирувчи ва юридик шахснинг муайян санадаги ҳақиқий молиявий аҳволини тавсифловчи ҳужжат кўринишида намоён бўлади (батафсил маълумот олиш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг "Молиявий ҳисобот шакллари ва уларни тўлдириш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида"ги 2002 йил 27 декабрдаги 140-сонли буйруғига қаранг). Бухгалтерия баланси юридик шахснинг молиявий фаолияти устидан назорат қилиш учун қонун билан ваколатланган давлат ҳокимияти органлари олдида юридик шахс фаолияти тўғрисида ҳисобот тақдим этишда кўрсатилиши шарт. Ўзбекистон Республикасининг "Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида"ги 30.08.1996 йил 30 августдаги Қонунига мувофиқ ушбу органларга солиқ ва статистика органлари киради. Қонунда кўзда тутилган айрим ҳолларда ушбу органларга бошқа давлат ҳокимияти органлари ҳам киритилиши мумкин.


4. Юридик шахснинг сметаси (даромадлар ва ҳаражатлар сметаси) содда қилиб айтганда юридик шахснинг мулкдори томонидан молиялаштириладиган молиявий режаси, яъни юридик шахснинг ташқи манба ҳисобидан молияланадиган режаси ҳисобланади (амалдаги қонунчилик нормаларига мувофиқ бугунги кунда бундай юридик шахслар фақат давлат бюджети ҳисобидан молияланадиган муассасалар бўлиши мумкин). Ушбу ҳужжатда юридик шахснинг ҳам мулк эгасидан, ҳам мулкдорнинг мулкидан фойдаланиш воситасида рухсат этилган ишлаб чиқараиш фаолиятини амалга оширишдан олинган барча даромадлари, шунингдек, мулкдор ишлаб чиқарувчига олинган даромадлар ҳисобидан тўлашга рухсат этган барча ҳаражатлар акс эттирилади.

Жуда кўп адабиётларда юридик шахснинг сметаси бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи ҳужжатлари кирмаслиги, уни тузиш ва ижро этиш одатда бюджет процесси бўғини ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасининг локал меъёрий ҳужжатларига мувофиқ давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган ташкилотлар учун уларнинг даромадлар ва ҳаражатлар сметаси бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботининг мажбурий ҳужжати ҳисобланади.



40-модда. Юридик шахсларнинг турлари


Фойда олишни ўз фаолиятининг асосий мақсади қилиб олган (тижоратчи ташкилот) ёки фойда олишни ана шундай мақсад қилиб олмаган ташкилот (тижоратчи бўлмаган ташкилот) юридик шахс бўлиши мумкин.

Тижоратчи ташкилот бўлган юридик шахс хўжалик ширкати ва жамияти, ишлаб чиқариш кооперативи, унитар корхона ва қонунларда назарда тутилган бошқача шаклда тузилиши мумкин.

Тижоратчи ташкилот бўлмаган юридик шахс жамоат бирлашмаси, ижтимоий фонд ва мулкдор томонидан молиявий таъминлаб туриладиган муассаса шаклида, шунингдек, қонунларда назарда тутилган бошқача шаклда ташкил этилиши мумкин.

Тижоратчи бўлмаган ташкилот ўзининг уставда белгиланган мақсадларига мос келадиган доираларда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши мумкин.

Юридик шахслар уюшмалар (иттифоқлар)га ва бошқа бирлашмаларга қонунга мувофиқ бирлашишлари мумкин. (ЎзР 175-II-сонли Қонунининг 15-моддаси 13-бўлими 2-банди тахрирда).

Юридик шахс ушбу Кодекс, бошқа қонун ҳужжатлари шунингдек, устав ва бошқа таъсис ҳужжатлари асосида иш олиб боради.


1. Шарҳланаётган моддада юридик шахслар тижорат ва нотижорат ташкилотларига ажратилган ҳолда таснифланади. Бунда улар фаолиятининг асосий мақсади уларни фарқлашнинг бош ҳуқуқий ва иқтисодий мезони ҳисобланади. Тижорат ташкилотларида асосий мақсад фойда олиш, нотижорат ташкилотларида эса - фойда олишдан бошқа ҳар қандай мақсадлар ҳисобланади. Бироқ амалиётда нотижорат ташкилотининг тадбиркорлик фаолиятидан фойда олиши унинг асосий ёки қўшимча мақсади эканлиги масаласини ҳал қилиш баъзан жуда мураккаб муаммога айланади. Бунинг устига Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига мувофиқ фойданинг ўзи оддий олинган даромадлар ва сарфланган ҳаражатлар ўртасидаги фарқ сифатида белгиланади (ЎзР СК 128-модда).

Мамлакатимиз СКдан қатъий назар, МДҲ давлатлари қонун чиқарувчилари ушбу ташкилотларни ўз фуқаролик-ҳуқуқий меъёрларида самарали ажратиш учун қўшимча мезон ўрнатадилар, у янада аниқ ва самарали ҳисобланади: нотижорат ташкилотлари олинган фойдани ўз иштирокчилари ўртасида тақсимлашга ҳақли эмаслар (матлубот кооперативлари бундан мустасно), тижорат юридик шахслар учун эса бундай чеклов ўрнатилмаган. Республикамизда қонун чиқарувчи мазкур бўшлиқни фақат солиқ қонунчилиги (ЎзР СК 17-моддаси) ва нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги қонун (Қонуннинг 3-моддаси) нормалари билан тўлдиради.


2. Афсуски, юридик шахсларга бағишланган мамлакатимиз илмий адабиётларида муаллифлар одатда тижоратчи бўлган ва тижоратчи бўлмаган ташкилотларга қонун асосида бўлинишнинг муҳимлигини қайд этган ҳолда, ана шундай бўлинишнинг муаллифлар томонидан асослаб беришга, Шунингдек, уларни ажратишнинг эътироф этилган умумий мезонларини чуқур таҳлил қилишга ўтмайдилар. Шуни айтиш керакки, тижоратчи бўлган ва тижоратчи бўлмаган ташкилотларга бўлинишнинг аҳамияти, уларни ажратиш мезонларига оид масалалар синчиклаб таҳлил қилинадиган бўлса, анчайин изчил эмаслиги намоён бўлади, бу эса ҳуқуқнинг қўлланилиши бўйича мунозарали талқинларни келтириб чиқаради.

Цивилистика доктринасида (таълимотида) тижоратчи бўлган ва тижоратчи бўлмаган ташкилотлар мезонларини танқид қилишга уринишлар бўлганлигини кўришимиз мумкин. Айрим олимларнинг фикрига кўра, бундай бўлиниш амалий аҳамиятга касб этмайди, чунки кўпинча тижоратчи бўлмаган ташкилотлар умумий қоидаларга бўйсунмаган ҳолда, бутунлай тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланадилар.

Бундай фикрлар ўринли эмас. Аксинча, қонун чиқарувчи томонидан юридик шахсларнинг бундай бўлиниши фуқаролик муомаласининг зарур даражада ривожланиши учун муҳим аҳамият касб этади, давлатнинг ўзи учун ҳам унинг оммавий ташаббуслари учун (айниқса фуқаролик жамиятини шакллантиришда), ҳудди шу каби фуқаролик муомаласининг иштирокчилари учун ҳам муайян ижобий ҳуқуқий оқибатларга эга. Айтиш мумкинки, қонун чиқарувчи томонидан юридик шахсларни тижоратчи бўлган ва тижоратчи бўлмаган ташкилотларга бўлиниши тарихий жиҳатдан қуйидаги сабаблардан келиб чиққан:

- Фуқаролик кодексига тижоратчи бўлган ташкилотларнинг мутлақ рўйхатини киритиш амалий жиҳатдан зарур бўлган, чунки бу бозор иқтисодиётининг ўтиш даврида муҳим шарт бўлиб ҳисобланар эди. Тижоратчи бўлган ташкилотларнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклларини белгилаш қонун чиқарувчи учун уларни оммавий-ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш зарурати билан изоҳланади;

- бу турдаги ташкилотлар учун кейинги солиқ тартиботини ўрнатиш, уларнинг давлат бюджетига мажбурий тўловлари белгилаб қўйиш зарурати бундай фарқлашни шарт қилиб қўяди(2);

- юридик шахслар ўз иштирокчилари ўртасида фойдани бўлиш масаласини ҳал этиши зарурати ҳам мавжудлигини эсдан чиқармаслик лозим.

Маълумки, тижоратчи бўлмаган ташкилотларнинг ижтимоий-ҳуқуқий моҳияти бундай хусусиятлардан маҳрум. Аммо қонун чиқарувчи уларнинг жамият ва давлат ўртасидаги демократик алоқаларни таъминлаб турувчи муҳим бўғин сифатида ёндашиб, уларга нисбатан аҳоли олдидаги ўз ижтимоий вазифаларини адо этишлари учун бир мунча енгиллик яратиб берган, уларнинг ташкилий-ҳуқуқий мақомини оммавий даражада ҳам, фуқаролик-ҳуқуқий қонун ҳужжатлари даражасида ҳам белгилаб қўйган.


3. Иккинчи қисмда тижоратчи ташкилотлар ташкилий-ҳуқуқий шакллар рўйхати берилган. Бу хўжалик ширкатлари ва жамиятлари, ишлаб чиқариш кооперативлари, шунингдек, унитар корхоналардир. Ушбу нормада тижоратчи ташкилотлар қонунда назарда тутилган бошқача шаклларда тузилиши ҳам мумкинлиги кўрсатилган. ЎзР 2003 йил 28 декабрда “Хусусий корхона тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниши билан янги ташкилий-ҳуқуқий шакл - хусусий корхона жорий этилди.

ЎзР ФК шунингдек, тижоратчи бўлмаган юридик шахслар ташкилий-ҳуқуқий шаклларини ёпиқ рўйхат сифатида белгиланади. Улар Фуқаролик кодексида бевосита назарда тутилган шаклларда (матлубот кооперативлари, жамоат бирлашмалари ва жамоат фондлари, муассасалар, юридик шахсларнинг уюшмалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари), шунингдек, махсус қонунларда кўзда тутилган бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклларда ташкил этилиши мумкин. Хусусан, махсус қонунларда тижоратчи бўлмаган ташкилотлар қаторига уй-жой хусусий мулкдорларининг ширкатлари, адвокатлик уюшмалари, диний ташкилотлар ва ҳ к. киритилган. Давлатимиз томонидан олиб борилаётган ижтимоий вазифалар миқёсининг нақадар кенглигини ҳисобга олиб, тижоратчи бўлмаган ташкилотларнинг яна янги-янги шакллари келиб чиқиши мумкинлигини башорат қилса бўлади.


4. Умумий қоидага кўра, айнан фуқаролик қонун ҳужжатлари учун тижоратчи бўлмаган ташкилотларни молиялаштириш манбалари ҳал қилувчи аҳамият касб этмайди. Уларни молиялаштириш манбаларини назорат қилиш зарурати оммавий қонун ҳужжатлари меъёрларидан, аниқроғи, солиқ ва маъмурий қонунчилигидан, шунингдек, бир қанча ижтимоий-сиёсий омиллардан келиб чиқади. Тижоратчи бўмаган ташкилот ўз муассислари ва иштирокчилари (кириш ва аъзолик бадаллари) таъминотида бўлиши, ўз фаолиятидан олинаётган фойда ҳисобидан ўзини ўзи молиялаштириши мумкин. Қолаверса, қонун унинг ёрдамчи тадбиркорлик фаолиятидан фойда олишини тақиқламайди, бироқ бу фойда иштирокчиларнинг ўртасида тақсимланишига йўл қўйилмайди. Бунда қонун ҳужжатларида тўғридан-тўғри муайян турдаги тижоратчи бўлмаган ташкилотлар учун кўзда тутилган айрим ҳолатлар истисно этилади. Масалан, қонунга мувофиқ сиёсий партияларга чет давлатлар; чет давлатларнинг юридик шахслари, уларнинг ваколатхоналари ва филиаллари; халқаро ташкилотлар, уларнинг ваколатхоналари ва филиаллари; чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар; чет эл фуқаролари; фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан пул маблағлари шаклидаги, мол-мулк бериш, хизматлар кўрсатиш, ишлар бажариш тариқасидаги (шу жумладан, грантлар ажратиш, техник ёрдам кўрсатиш, сафарлар билан, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва ундан ташқарида ўтказиладиган тренинглар, семинарлар, конференциялар билан боғлиқ ҳаражатларга ҳақ тўлаш орқали) хайрия ёрдами берилишига йўл қўймайди.

Шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, диний ташкилотлар ва аноним ёки фақат тахаллуси кўрсатилган шахслар томонидан сиёсий партияларга пул маблағлари шаклида, мол-мулк бериш, хизматлар кўрсатиш, ишлар бажариш тарзида хайрия ёрдами берилишига ҳам йўл қўйилмайди.

Бундай шахслардан олинган хайрия ёрдами олинган кундан эътиборан бир ой ичида хайрия ёрдами берувчига қайтарилиши, қайтариш имконияти бўлмаган тақдирда эса, давлат даромадига ўтказилиши лозим. (ЎзР “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида” 2004 йил 30 апрелдаги Қонунига қаранг).


5. Шарҳланаётган модданинг тўртинчи қисми тижоратчи бўлмаган ташкилот ўзининг уставда белгиланган мақсадларига мос келадиган доираларда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши мумкинлиги кўрсатилганки, бу шарҳланаётган модданинг ўз фаолиятидан фойда олишни ва иштирокчилар ўртасида тақсимлашни мақсад қилиб олмаган ташкилот тижоратчи бўлмаган ташкилот саналиши кўрсатилган биринчи қисми билан ҳамоҳангдир. Шарҳланаётган модданинг бу қисмида тижоратчи бўлмаган ташкилот томонидан бевосита ўзи ёки ўзи тузган тижорат тузилмалари орқали, ёхуд хўжалик жамиятларида иштирок этиш билан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишига йўл қўйилади. ФКда фақат тадбиркорлик фаолиятидан олинган натижалар (маблағлар) рўйхати тижоратчи бўлмаган ташкилотнинг уставида белгилаб қўйиладиган мақсадга ва вазифаларга кўра тўғридан-тўғри ишлатилиши шарт эканлиги белгиланади.

Модданинг бешинчи қисмига асосан юридик шахсларга уюшмалар, иттифоқлар ва бошқа бирлашмалар ташкил этиш ҳуқуқи берилган. Бунда дастлаб, бундай бирлашмалар тижоратчи бўлган, ҳудди шу каби тижоратчи бўлмаган ташкилотлар томонидан ҳам ташкил этилиши ва уларга буниси ҳам, униси ҳам аъзо бўлиб кириши мумкиндек кўринади. Аммо ЎзР ФКнинг 77-моддаси тижорат ва нотижорат ташкилотлари бирлашмалари мақоми алоҳида-алоҳида кўриб чиқилиши ва уларнинг юридик шахс ташкилий-ҳуқуқий шаклида бирлашуви масласини аралаштирмаслик зарурлигини талаб қилади (ЎзР ФК 77-моддаси).

Шарҳланаётган норманинг охирги қисмида юридик шахслар фаолиятини тартибга солувчи махсус қонунларнинг меъёрларини қўллаш имконини берадиган умумий қоида мавжуд. Унга кўра, юридик шахслар фаолиятининг ҳуқуқий меъёр қўланиши зарур бўлган ҳар қандай ҳолатда, унинг ташкилий-ҳуқуқий шаклидан, фаолиятини тартибга солувчи алоҳида қонун мавжуд эканлигидан қатъийй назар, унинг таъсис ҳужжатларида кўзда тутилган меъёрлардан қатъийй назар, ҳуқуқий меъёрларни қўллашда биринчи даражали аҳамият ФК меъёрларига ажратилади. Қонунларнинг меъёри ва юридик шахснинг таъсис ҳужжатлари меъёрлари ФК қоидаларига зид бўлмаслиги шарт.



41-модда. Юридик шахснинг ҳуқуқ лаёқати


Юридик шахс ўзининг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган фаолияти мақсадларига мувофиқ фуқаролик ҳуқуқ лаёқатига эга бўлади.

Юридик шахснинг ҳуқуқ лаёқати у тузилган пайтдан бошлаб вужудга келади (ушбу Кодекс 44-моддасининг тўртинчи қисми) ва уни тугатиш якунланган пайтдан эътиборан тугатилади (ушбу Кодекс 55-моддасининг ўнинчи қисми).

Юридик шахснинг махсус ҳуқуқ лаёқати унинг устави, низоми ёки қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Юридик шахс қонунда рўйхати белгилаб қўйилган айрим фаолият турлари билан фақат махсус рухсатнома (лицензия) асосидагина шуғулланиши мумкин.

Юридик шахснинг ҳуқуқлари қонунда назар тутилган ҳолларда ва тартибдагина чекланиши мумкин. Юридик шахснинг ҳуқуқларини чеклаш ҳақидаги қарор устидан судга шикоят қилиниши мумкин.


Шарҳланаётган модданинг биринчи қисмида юридик шахснинг махсус, алоҳида ҳуқуқ лаёқатининг умумий қоидаси ўрнатилган, унга кўра юридик шахс фақат ўз фаолиятининг мақсадларига мос келадиган ва таъсис ҳужжатларида қайд этилган ҳуқуқ ва мажбуриятлар олиши мумкинлиги белгиланган. Қонун чиқарувчининг бу тарзда ёндашуви асосан ўзини оқлайди. Хусусан, нотижорат ташкилотини (муассаса, фонд ва ш.к.) ташкил этар экан, унинг муассислари муайян социал, маданий ва бошқа умумижтимоий фойдали қандай манфаатларга эга мақсадларни кўзда тутади. Бундай юридик шахснинг устав бўйича ҳар қандай чекловлардан озод этилиши, унинг ҳатти-ҳаракатларига тўлиқ эркинлик берилиши муассислар манфаатларини писанд қилинмаслигига олиб келган бўларди. Шунингдек, давлат ҳам ташкилотга (унитар корхона ёки муассасага) ўз мол-мулкини бириктириб қўяр экан, ундан мақсадли, ташкилот уставида белгиланган фаолият предметига мос равишда фойдаланишини назарда тутади. Аммо ЎзР ФКда ва бошқа тармоқ қонунларида бошқача меъёрларнинг мавжудлиги шарҳланаётган модданинг мазкур қисмини анча кенгроқ талқин этишни талаб қилади. Хусусан, юридик шахс ҳуқуқ лаёқатининг фуқаролик ҳуқуқларига эга бўлишлик ва мажбуриятларни зиммага олиш кўринишидаги мазмуни ва ҳажмини иккита мезон, А) мақсадлар ва Б) фаолият тури асосида аниқлаш зарур. Таъсис ҳужжатларида фаолият мақсади белгилаб қўйилиши ҳар қандай юридик шахс мавжудлигининг зарурий шартидир. Таъсис ҳужжатларида фаолият мақсадини белгилаб қўйилиши ҳар қандай юридик шахс мавжудлигининг зарур шартидир. Таъсис ҳужжатларида кўзда тутилган юридик шахс фаолият мақсадининг мавжудлиги жуда кенг маънони: фаолият жараёнидан фойда олиш ёки фойда олмаслик маъносини қамраб олади (ЎзР ФК 40-моддаси 1-қисми).


2. Фаолият турига кўра юридик шахслар икки гуруҳга ажралади. Биринчи гуруҳга - қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолият тури билан шуғулланишга ҳақли бўлган ва тегишли равишда қонунда ва бошқа меъёрий ҳужжатларда назарда тутилган барча фуқаролик ҳуқуқлари ва мажбуриятларини олган юридик шахслар киради. Бундай юридик шахслар умумий (универсал) ҳуқуқ лаёқатига эгадирлар.

Юридик шахсларнинг бошқа гуруҳи фақат ўз таъсис ҳужжатларида кўрсатилган ҳамда уларни ташкил этилиш мақсадларига мувофиқ келадиган фаолият турлари билан шуғулланиш ҳуқуқига эгадирлар. Бундай юридик шахсларнинг фуқаролик ҳуқуқлари ва бурчлари уларнинг устав фаолиятига мос келиши, ҳуқуқ лаёқати эса алоҳида махсус хусусиятга (махсус ҳуқуқ лаёқати) эга бўлиши шарт.

Умумий қоидага кўра биринчи гуруҳга унитар корхоналардан ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ташкилотлардан ташқари барча тижорат ташкилотлари киради. Иккинчи гуруҳга барча нотижорат ташкилотлари киради.

Қонун чиқарувчи юридик шахснинг ҳуқуқ лаёқатининг вужудга келиши ва бекор бўлишини унинг алоҳида субъект сифатида давлат рўйхатидан ўтказиш орқали фуқаролик муомаласига киришган ва ундан чиққан (ягона давлат реестрига киритиш ва ундан чиқариш) пайтларига боғлаган. Назарий жиҳатдан ҳам, амалий жиҳатдан ҳам юридик шахс ҳуқуқ лаёқатининг вужудга келиши ва бекор бўлиши унинг муомала лаёқати вужудга келиши ва бекор бўлиши билан мос келади, бунинг маъноси шуки, юридик шахсларнинг ўз ҳатти-ҳаракати билан фуқаролик ҳуқуқ ва мажбуриятларини олиш, вужудга келтириш, амалга ошириш ва ижро этиш имкониятига эга бўлиши бир пайтда рўй беради.


3. Шарҳланаётган модданинг учинчи қисмида қонун чиқарувчи барча юридик шахсларни ўз фаолиятини Устав қоидалари ёки Қонун ҳужжатлари қоидалари билан ўрнатиладиган махсус ҳуқуқ лаёқати доирасида амалга ошириш мажбуриятини юклайдики, бу нарса қонун билан тақиқланмаган ҳамма нарса рухсат этилган деган тамойилга зид келади. Бошқа мамлакатлар ФКда бундай чекловлар назарда тутилмайди.

Хусусан, тижорат ташкилотларининг иштирокчилари ўз ҳуқуқ лаёқатларини махсус йўл билан, уставда ўз фаолиятларининг аниқ мақсадларинини мустаҳкамлаб қўйиш орқали белгилаб олишлари шарт. Бундан ташқари, тижорат ташкилотларининг махсус ҳуқуқ лаёқати аввал бошдан уларнинг фаолиятини муайян бир тижорат фаолиятида уйғунлаштириш мақсадида қонун билан, қолаверса лицензия олиб фаолият юритиладиган тартибда ўрнатиб қўйилган бўлиши мумкин. Буларга мисол қилиб, банк фаолиятини, кредит уюшмалари, молия гуруҳлари ва суғурта компаниялари фаолиятини кўрсатиш мумкин.

Лицензия - лицензияловчи орган томонидан юридик ёки жисмоний шахсга берилган, лицензия талаблари ва шартларига сўзсиз риоя этилгани ҳолда фаолиятнинг лицензияланаётган турини амалга ошириш учун рухсатнома (ҳуқуқ) ҳисобланади. Қонунчиликка кўра фаолиятнинг лицензияланадиган турлари жумласига амалга оширилиши фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, соғлиғига, жамоат хавфсизлигига зарар етказиши мумкин бўлган ҳамда тартибга солиб турилиши лицензиялашдан ташқари усуллар билан амалга оширилиши мумкин бўлмаган фаолият турлари киради (ЎзР 2000 йил 25 майдаги “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги Қонунининг 7-моддаси).

Лицензиялаш соҳасини давлат томонидан тартибга солишни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳамда лицензияловчи органлар амалга оширади, бунда Вазирлар Маҳкамасининг ўзи лицензияловчи органларни ва фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тартибини белгилайди, қонунда тўғридан-тўғри назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Фақат лицензия олган ҳолда амалга ошириладиган фаолият турлари тўғрисидаги қоидалар юридик шахсларга уларнинг умумий ёки махсус ҳуқуқ лаёқатига эга эканликларидан қатъийй назар тегишлидир. Бундан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тузилган давлат унитар корхоналари ва муассасалари, башарти уларни ташкил этиш тўғрисидаги ҳужжатларда фаолиятнинг мазкур турини амалга ошириш назарда тутилган бўлса, истисно этилади. Мазкур қоидада кўрсатилган корхоналар ва муассасаларни лицензия талаблари ва шартларини, шунингдек, фаолиятнинг лицензияланадиган турларини амалга ошириш билан боғлиқ, қонун ҳужжатларига мувофиқ қўйиладиган бошқа талабларни бажаришдан озод этмайди (ЎзР 2000 йил 25 майдаги “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги Қонуни, 9-моддаси).

Лицензия беришни рад этиш, уни бекор қилиш ва амал қилишини тугатилиши устидан судга шикоят қилиш мумкин.


4. Шарҳланаётган модданинг бешинчи қисми меъёрлари воситасида қонун чиқарувчи юридик шахснинг ҳуқуқ лаёқатини таъминлашнинг ҳуқуқий кафолатларини белгилаб берган ва мустаҳкамлаб қўйган ҳамда юридик шахснинг ҳуқуқлари фақат бевосита қонунда кўзда тутилган ҳолатларда ва тартибда чекланиши мумкинлиги аниқ кўрсатилган. Юридик шахсларнинг айрим ҳуқуқларини чеклаш ҳолатлари ва тартиби, одатда, юридик шахсларнинг муайян тоифасига оид қонунларда назарда тутилади. Қоидага кўра, бу юридик шахслар томонидан амалдаги қонун ҳужжатлари меъёрлари, таъсис ҳужжатларида белгиланган қоидалар бузилганда, шунингдек, жамият манфаатларига дахлдор қандайдир фавқулодда вазиятлар вуджудга келганда (табиий офатлар, ҳарбий ҳаракатлар ва ш.к.) қўлланиладиган чекловлардир. Кўрсатиб ўтилган чекловлар қаторига, масалан, хўжалик юритиш ёки оператив бошқарув асосидаги корхонанинг ўзига бириктирилган мол-мулкини тасарруф этиши юзасидан мол-мулк эгасининг розилигини олиш тўғрисидаги чекловни ёки Ўзбекистон Рсепубликаси Молия вазирлиги томонидан суғурта ташкилотларига нисбатан қўлланадиган айрим чекловларни ёхуд Ўзбекистон Рсепубликаси Марказий банкининг қонун ҳужжатларини баъзи талабларини бузган банкларга ва бошқа кредит ташкилотларига нисбатан чекловларини киритиш мумкин.

Ҳуқуқларни чеклаш ҳамиша фақат шундай ваколат берилган орган томонидан амалга оширилади.

Давлатнинг ваколатли органи томонидан қабул қилинган ҳуқуқларни чеклаш тўғрисидаги Қарори устидан юридик шахс судга шикоят қилиш мумкин.



42-модда. Юридик шахсларнинг вужудга келиши


Юридик шахслар мулкдор ёки у вакил қилган шахс томонидан ёхуд ваколатли органнинг фармойиши асосида, шунингдек, қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ташкил этилади.

Мулкдорлар, хўжалик юритиш ёки оператив бошқариш ҳуқуқи субъектлари ёхуд улар вакил қилган шахслар юридик шахсларнинг муассислари ҳисобланади.


1. Шарҳланаётган модданинг биринчи қисмида юридик шахсларнинг вужудга келиш усуллари ва бундан кейинги фуқаролик муомаласидаги иштироки бўйича меъёрлар муассисларнинг мақомига, ташкил этилган юридик шахсга нисбатан уларнинг ашёвий ва мажбуриятли ҳуқуқларига боғлиқ ҳолда белгиланган.

Қонун чиқарувчи юридик шахсларнинг айрим ташкилий-ҳуқуқий шакллари учун уларни ташкил этишнинг муайян тартиби ва усуларини ўрнатганки, булар фармойиш бериш, рухсат бериш, хабардор қилиш ёки юридик шахс муассисларининг мурожаат қилиш асосида амалга оширилиши мумкин. Хусусан, давлат ваколатли органларининг фармойиши асосида оператив бошқарув ҳуқуқи билан унитар корхоналар ташкил этилиши мумкин. Хабардор қилиш тартиби асосида кўпчилик тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим(3).

Юридик шахсларни рухсат бериш тартибида ташкил этилиши умумий қоидага кўра шуниси билан ажралиб турадики, бунда юридик шахсни ташкил этиш ташаббуси давлат органидан эмас, балки хусусий шахслардан (фуқаролар, юридик шахслардан) чиқиб, олдин давлат органидан рухсат (розилик) олиш зарурати билан боғлиқ. Давлат органи мазкур юридик шахсни ташкил этилишнинг қонунийлигини ва мақсадга мувофиқлигини текширади ва бунга тегишли равишда рухсат беради.

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилиги юридик шахсларни рўйхатга олишни мақсадга номувофиқлиги важидан рад этилишига йўл қўймайди (ФКнинг 44-моддаси иккинчи қисми), аммо истисно тарзида юридик шахсларни ташкил этишда муайян турдаги тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш учун рухсат бериш тартибини сақлаб қолади. Хусусан, кон қазиб чиқариш фаолияти билан шуғулланиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори талаб этилади, аудиторлик фирмаларини тузиш учун эса Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг лицензияси зарур.

Юридик шахсларни муассисларнинг мурожжат қилиш асосида ташкил этилиши деганда, уни таъсис этаётган шахслар (жисмоний шахслар ва юридик шахслар) гуруҳи томонидан эркин ташкил этиш мумкинлиги қонунда назарда тутилган тартиби бўйича вужудга келиши тушунтирилади ва бунда ҳар қандай юридик шахсни давлат органи эътироф этишга мажбур эканлиги келиб чиқади. Юридик шахсларни бу тарзда вужудга келиш усули учун учинчи шахсларнинг, шу жумладан, давлат органларининг розилиги ёки рухсати талаб этилмайди.


2. Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисми юридик шахсларни таъсис этиш ҳуқуқига фуқаролик муомаласининг у ёки бу ашёвий ҳуқуққа, яъни мулк ҳуқуқига, хўжалик юритиш ҳуқуқига ёки оператив бошқарув ҳуқуқига эга бўлган барча иштирокчилари эга эканлигини белгилайди (13-14-боблар шарҳига қаранг.). Шарҳланаётган модданинг ушбу қисми мулкдорлар ёки хўжалик юритиш ва/ёки оператив бошқарув ҳуқуқи эгалари томонидан юридик шахсни ташкил этиш ваколатларининг муайян жисмоний ёки юридик шахсларга тақдим этилиши орқали юридик шахсларнинг вужудга келиши тўғрисидаги меъёрларни ҳам ўз ичига олган. Масалан, вафот этган фуқаронинг васияти асосида нодавлат нотижорат ташкилоти шаклларидан бири ҳисобланган хайрия фонди тузилиши ёки банклар томонидан раҳбари банк бошқарувчи томонидан берилган ишончнома асосида ҳаракат қилувчи филиаллар, ихтисослашган мини-банклар ташкил этилишига йўл қўйилади, булар ҳам давлат рўйхатидан ўтказилади.



43-модда. Юридик шахснинг таъсис ҳужжатлари


Юридик шахс устав асосида ёки таъсис шартномаси ва устав асосида ёхуд фақат таъсис шартномаси асосида иш олиб боради. Қонунда назарда тутилган ҳолларда тижоратчи ташкилот бўлмаган юридик шахс шу турдаги ташкилотлар ҳақидаги низом асосида иш олиб бориши мумкин.

Юридик шахснинг таъсис шартномаси унинг муассислари томонидан тузилади, устави эса - тасдиқланади.

Ушбу Кодексга мувофиқ бир муассис томонидан ташкил этилган юридик шахс шу муассис тасдиқлаган устав асосида иш олиб боради.

Юридик шахснинг устави ва бошқа таъсис ҳужжатларида юридик шахснинг номи, унинг жойлашган ери (почта манзили), юридик шахс фаолиятини бошқариш тартиби белгилаб қўйилиши, шунингдек, уларда тегишли турдаги юридик шахслар тўғрисида қонунда назарда тутилган бошқа маълумотлар бўлиши керак. Тижоратчи бўлмаган ташкилотлар ва унитар корхоналарнинг, қонунда назарда тутилган ҳолларда эса, бошқа тижоратчи ташкилотларнинг ҳам таъсис ҳужжатларида юридик шахс фаолиятининг соҳаси ва мақсадлари белгилаб қўйилган бўлиши керак. (ЎзР 20.08.1999 йил 832-I-сон Қонуни таҳриридаги қисм)

Таъсис шартномасида тарафлар (муассислар) юридик шахс ташкил этиш мажбуриятини оладилар, уни ташкил этиш соҳасида биргаликда фаолият кўрсатиш тартибини, унга ўз мол-мулкларини бериш ҳамда унинг фаолиятида иштирок этиш шартларини белгилайдилар. Шартномада фойда ва зарарларни иштирокчилар ўртасида тақсимлаш, юридик шахс фаолиятини бошқариш, муассисларнинг унинг таркибидан чиқиш шартлари ва тартиби ҳам белгилаб қўйилади. Таъсис шартномасига муассисларнинг келишувига мувофиқ бошқа шартлар ҳам киритилиши мумкин.

Таъсис ҳужжатларидаги ўзгартиришлар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб, қонунда белгиланган ҳолларда эса - давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи орган ана шундай ўзгартиришлар ҳақида хабардор қилинган пайтдан бошлаб учинчи шахслар учун кучга эга бўлади. Юридик шахслар ва уларнинг муассислари мазкур ўзгартиришларни ҳисобга олиб иш юритган учинчи шахслар билан муносабатларда ана шундай ўзгартиришлар рўйхатга олинмаганлигини важ қилиб кўрсатишга ҳақли эмаслар.


1. Шарҳланаётган модданинг биринчи қисми ҳар қандай қонун ҳужжатлари билан бир қаторда таъсис ҳужжатлари - устав ва таъсис шартномаси ҳам юридик шахс фаолиятининг ҳуқуқий асоси эканлиги ҳақидаги меъёрдан ташкил топган. Айнан ана шу ҳужжатларда муассислар ҳуқуқнинг умумий нормаларини юридик шахсни ташкил этиш ва фаолият кўрсатиши бўйича ўз манфаатларига нисбатан конкретлаштирадилар, шунингдек, ташкил этилган юридик шахсларнинг учинчи шахсларга нисбатан ҳуқуқий лаёқатини белгилайдилар.

Шарҳланаётган модданинг меъёрларида таъсис ҳужжатларининг турлари юридик шахсларнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклларига боғлиқ равишда турлича бўлиши мумкинлиги таъкидланган. Хусусан, масуълияти чекланган ва қўшимча маъулиятли жамиятлар (улар битта шахс томонидан ташкил этилаётган ҳолатлар бундан мустасно) ва акционерлик жамиятлари таъсис шартномаси ва устав асосида ташкил этилади. Хўжалик ширкатларининг таъсис ҳужжати таъсис шартномаси бўлиб ҳисобланади, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оператив бошқарувга асосланган давлат унитар корхоналари эса уставлар асосида фаолият юритади.

Шарҳланаётган моддада қонун чиқарувчи томонидан Шунингдек, тижоратчи ташкилот бўлмаган юридик шахслар тегишли ташкилот тўғрисидаги алоҳида низомлар асосида ташкил этилиб фаолият юритиши мумкинлиги тўғрисидаги меъёрлар белгиланган. Ҳозиргги кунда бу меъёр кўп ҳолларда соғлиқни сақлаш, таълим каби соҳалардаги давлат муассасаларига нисбатан қўлланилади. Масалан, вилоят кўп профилли тиббиёт марказларининг, вилоят тиббий ташҳис марказларининг, қишлоқ шифокорлик шаҳобчаларининг ҳуқуқий мақоми Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган алоҳида Низомлар асосида белгиланади(4).


2. Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисмида юридик шахснинг таъсис ҳужжатлари ўртасидаги ҳуқуқий фарқни уларнинг мазмунидан келиб чиққан ҳолда аниқлаштирилиб, уларнинг ҳуқуқий кучга кириш пайти белгиланган.

Таъсис шартномаси ўз моҳиятига кўра, консенсуал шартнома бўлиб, юридик шахс ташкил этилаётган ва фаолят юритаётган жараёнда муассислар ўртасидаги муносабатларни тартибга солади. Унда муассислар юридик шахсни вужудга келтиришни шартлашиб оладилар, уни ташкил этиш юзасидан биргаликдаги фаолият тартибини, унга ўз мол-мулкларини ўтказиш ва унинг фаолиятида қатнашиш шартларини белгилайдилар.


3. Шарҳланаётган модданинг учинчи қисмига биноан бир муассис томонидан ташкил этилган юридик шахс шу муассис томонидан тасдиқланган устав асосида иш олиб боради. Кўриниб турибдики, бугунги кунда қонун чиқарувчининг бу кўрсатмаси нафақат оммавий манфаатлар, ҳудди шу каби хусусий манфаатлар асосида ташкил этилган унитар корхоналарга нисбатан, шунингдек, масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар томонидан тадбиқ этилиши мумкин. Бунда уларнинг уставлари уларга тегишли ҳуқуқий мақомни ва фаолият тартибини белгиловчи махсус қонун меъёрларига мос бўлиши шарт.


4. Шарҳланаётган модданинг тўртинчи қисмида барча турдаги юридик шахсларнинг таъсис ҳужжатларига киритилиши шарт бўлган талаблар рўйхати келтирилган. Улар жумласига қуйидагилар киради: юридик шахснинг тегишли равишда унинг ташкилий-ҳуқуқий шаклини белгиловчи номи, жойлашган ери (юридик манзили), юридик шахс фаолиятини бошқариш тартиби ва муайян юридик шахснинг ташкилий-ҳуқуқий шаклига боғлиқ равишда бошқа талаблар. Шу қисмнинг ўзида қонун чиқарувчи юридик шахсларнинг таъсис ҳужжатларида шунингдек, фаолиятининг предмети ва мақсади белгилаб қўйилиши мумкинлиги тўғрисидаги меъёрни ўрнатган. Айтиш мумкинки, юридик шахсларнинг таъсис ҳужжатларида фаолият предмети ва мақсадининг кўрсатилиши, мазкур юридик шахс махсус ҳуқуқ лаёқатига эга эканлигини билдиради.

Айтиш мумкинки, шарҳланаётган қисмнинг охирида тилга олинган талаб юридик шахс ҳуқуқлари берилган давлат корхоналарига нисбатан ҳам тадбиқ этилади.


5. Шарҳланаётган модданинг бешинчи қисмида юридик шахсларнинг ҳуқуқий мақомининг хусиятини ҳисобга олган ҳолда таъсис ҳужжатларига киритилиши шарт бўлган меъёрлар назарда тутилган. Буларнинг қаторига муассисларнинг юридик шахсни ташкил этиш, бу соҳада биргаликда фаолият кўрсатиш тартибини, унга ўз мол-мулкларини бериш ҳамда унинг фаолиятида иштирок этиш, фойда ва зарарларни иштирокчилар ўртасида тақсимлаш шартларини белгилаш кабилар киради. Айтиш мумкинки, таъсис шартномасининг мазкур шартлари муҳим шартлар таркибига киритилиши зарур, бу шартлар мавжуд бўлмаган ҳолда (агар махсус қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса), таъсис шартномаси тузилган деб ҳисобланмаслиги мумкин.

Шарҳланётган моддада юридик шахсларнинг таъсис ҳужжатларида қонунчилик талаби асосида акс эттириладиган юқорида зикр этилган қоидалардан ташқари, қонун чиқарувчи юридик шахсларнинг муассисларига таъсис ҳужжатларига қонунга зид бўлмаган бошқа қоидалар киритиш ҳуқуқини беради.


6. Шарҳланаётган модданинг олтинчи қисмида юридик шахсларнинг таъсис ҳужжатларидаги ўзгартиришларнинг учинчи шахслар учун кучга кириш пайти борасида сўз юритилади.

Умумий қоидага кўра, таъсис ҳужжатлари қонунда ва мазкур ҳужжатларнинг ўзида назарда тутилган тартибда ўзгартирилади. Уставни ўзгартириш тўғрисидаги қарор қоидага кўра, юридик шахснинг олий органи томонидан (муассасаларга нисбатан) ёки унинг таъсисчилари томонидан қабул қилинади. Қонунда қатор ҳолатларда таъсис ҳужжатларини суд Қарори билан ўзгартирилиши кўзда тутилган. Ўзгаришлар юридик шахсларнинг ўзи рўйхатдан ўтказилган орган томонидан ва ўша тартибда рўйхатга олинади. Шарҳланаётган модданинг олтинчи қисмига мувофиқ таъсис ҳужжатидаги ўзгартиришлар учинчи шахслар учун давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб, қонунда алоҳида кўрсатилган ҳолатларда эса, мана шундай ўзгартиришлар қабул қилингани тўғрисида рўйхатга олувчи орган хабардор этилган пайтдан бошлаб, яъни тегишли ҳужжатлар топширилган пайтдан бошлаб кучга киради. Аммо, агар учинчи шахслар қабул қилинган ўзгартиришлар тўғрисида хабар топиб, ана шу ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда иш юритган бўлсалар, юридик шахснинг ўзи ҳам, унинг муассислари (иштрокчилари) ҳам рўйхатдан ўтказилмаганини важ қилиб аввалги таъсис ҳужжатлари (устав ва/ёки таъсис шартномаси) меъёрларини қўллашни талаб қилишга ҳақли эмаслар.



44-модда. Юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш


Юридик шахс қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим. Давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақидаги маълумотлар барчанинг танишиб чиқиши учун очиқ бўлган юридик шахсларнинг ягона давлат реестрига киритилади.

Юридик шахсни ташкил этишнинг қонунда белгилаб қўйилган тартибини бузиш ёки унинг таъсис ҳужжатлари қонунга мос келмаслиги юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказишнинг рад этилишига сабаб бўлади. Давлат рўйхатидан ўтказишнинг хабардор қилиш тартиби белгиланган юридик шахсларни рўйхатдан ўтказишни рад этиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади. Юридик шахсни ташкил этиш мақсадга мувофиқ эмас деган важ билан уни рўйхатдан ўтказишни рад этишга йўл қўйилмайди. (ЎзР 13.04.2007 йил ЎРҚ-91-сон Қонуни таҳриридаги қисм)

Давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш, шунингдек, рўйхатдан ўтказиш муддатини бузиш устидан судга шикоят қилиниши мумкин.

Юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб ташкил этилган ҳисобланади.

Юридик шахс қонунда белгиланган ҳоллардагина қайта рўйхатдан ўтказилиши лозим.


1. Шарҳланаётган модданинг биринчи қисми юридик шахсни ташкил этишнинг якунловчи босқичини тартибга солади, бунда ваколатли давлат органи ташкилотни ҳуқуқ субъекти сифатида эътироф этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Юридик шахсларнинг давлат рўйхатидан ўтказилиши уларнинг вужудга келиши ва фаолиятининг қонун ҳужжатлари ва таъсис ҳужжатларида белгиланган доирада легаллашувини билдиради. Ўзбекистон Республикасида юридик шахсларни ҳисобга олиш ягона давлат реестри Ўзбекистон Республикаснинг Статистика давлат қўмитаси томонидан жойлардаги сатистика органларида тўлдириладиган рўйхатга олиш варақалари асосида юритилади.

Бугунги кунда Ўзбекистон Рсепубликаси қонунчилигига мувофиқ юридик шахсларни рўйхатдан ўтказиш тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, юридик шахсни унинг ташкилий-ҳуқуқий мақомига уйғун ҳолда тадбиркорлик фаолияти субъекти сифатида эътироф этиш ёки эътироф этмаслик билан боғлиқ равишда ўтказилади.

Тадбиркорлик субъекталарини рўхатдан ўтказиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 20 августдаги Қарори билан тасдиқланган “Тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш ва ҳисобга қўйиш ва рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби тўғрисида”ги Низомда(5), шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори билан тасдиқланган 2006 йил 24 майдаги “Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйишнинг хабардор қилиш тартиби тўғрисида”ги Низомда(6) кўзда тутилган.

Мазкур низомларнинг меъёрларига мувофиқ, аудиторлик ташкилотлари, суғурталовчилар ва суғурта брокерлари, биржалар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати Қарорлари билан ташкил этиладиган акциядорлик компаниялари шаклидаги хўжалик бошқаруви органлари (шу жумладан, давлат акциядорлик компаниялари ва холдинглар), шунингдек, хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар ва Тошкент шаҳрида ташкил этилаётган бозорлар ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолатларда рўйхатдан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан, айни вақтда солиқ ва статистика органларида ҳисобга қўйиш орқали амалга оширилади.

Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар ва тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ташкил этиладиган бозорлар ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда бошқа ташкилотлар - Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар адлия бошқармалари томонидан давлат рўйхатидан ўтказилади.

Бошқа барча тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, хорижий сармоя иштирокидаги корхоналар, юқорида санаб ўтилганлардан ташқари - туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциялари (кейинги ўринларда матнда Инспекция деб юритилади) томонидан амалга оширилади.

Қонунчиликка мувофиқ Давлат рўйхатидан ўтказиш учун зарур ҳужжатларни тайёрлаш муассисларнинг ихтиёрига кўра муассисларнинг ўзлари томонидан ёки шартнома асосида - Савдо-саноат палатаси ёхуд бошқа консалтинг фирмалари, бошқа шахслар томонидан амалга оширилади.

Тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилганлиги учун давлат божи тўланади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигида ва вилоятлар адлия бошқармаларида давлат рўйхатидан ўтказилганлик учун:

- хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар учун - энг кам ойлик иш ҳақининг беш баравари, шунингдек, 500 АҚШ доллари;

- суғурта ва аудиторлик ташкилотлари, биржалар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг тегишли қарорлари билан акциядорлик компаниялари (шу жумладан, давлат-акциядорлик компаниялар ва холдинглар) шаклида ташкил этилаётган хўжалик бошқаруви органлари ва бозорлар учун - энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт баравари миқдорида давлат божи тўланади.

- Давлат божининг 20 фоизи Судлар ва адлия органларини ривожлантириш жамғармасига, қолган сўмма тегишли равишда республика бюджетига, Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига ва маҳаллий бюджетларга ўтказилади.

Тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилганлиги учун Инспекцияларда давлат божи ундирилади, унинг ставкалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. Олинган маблағларнинг 60 фоизи Инспекцияларда уларни молиялаштириш манбалари сифатида қолади ва фақат уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга ҳамда ходимларни рағбатлантиришга йўналтирилади, қолган маблағлар маҳаллий бюджетга ўтказилади.

Қонунчиликда шунингдек, тадбиркорликнинг айрим субъектлари учун имтиёзли ставкалар назарда тутилган. Масалан, Давлат рўйхатидан ўтказилганлик учун деҳқон хўжаликлари, шунингдек, давлат корхоналари негизида ташкил қилинадиган акциядорлик жамиятларидан давлат божи олинмайди. Бориш қийин бўлган ва тоғли туманларда ташкил этиладиган тадбиркорлик субъектларидан давлат божи белгиланган миқдорнинг 20 фоизи миқдорида ундирилади, бориш қийин бўлган ва тоғли туманларда ташкил этиладиган савдо корхоналаридан рўйхатдан ўтказиш йиғими энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида олинади.

Нотижорат ташкилотларини рўйхатдан ўтказиш ҳам, Шунингдек, адлия органлари томонидан ўтказилади. Хусусан, бунда нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун талаб этиладиган таъсис ҳужжатлари, давлат божининг миқдори, рўйхатга олиш муддати ва бошқалар ўзига хосликларга эга. Агар тадбиркорлик субъекталрини рўйхатдан ўтказиш икки кун ичида бажарилса (давлат рўйхатига олиниши хабардор қилиш тартибида ўтказилмайдиган субъектлардан ташқари), нотижорат ташкилотлари учун қонунчиликда икки ойлик муддат кўзда тутилган.


2. Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисми ташкил этилаётган юридик шахсни давлат рўйхатига олишни рад этиш асосларини белгиловчи меъёрларни ҳам кўзда тутади. Умумий қоидага кўра, рўйхатдан ўтказиш учун қонун томонидан белгиланган ҳужжатларни тақдим этмаслик, ёки уларни тўлиқ ҳажмда тақдим этмаслик, ёхуд ҳужжатлар тегишли бўлмаган рўйхатга олиш органига тақдим этилганда, шунингдек, ташкил этилаётган юридик шахс муассисларидан бири тугатиш жараёнидаги ташкилот бўлган ҳолатларда рад этиш мумкин. Давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш учун шунингдек, таъсис ҳужжатларида, муҳр ва штамп эскизларида кўрсатилган фирма номининг бир хил ёки адаштириш даражасида ўхшаш бўлган фирма номи мавжуд эмаслиги ҳақидаги маълумотномада кўрсатилган ном билан номутаносиблиги; таъсис ҳужжатларида, муҳр ва штамп эскизларида кўрсатилган ташкилий-ҳуқуқий шаклнинг Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган ташкилий-ҳуқуқий шакллларга мос келмаслиги, шунингдек, таъсис ҳужжатларида Ўзбекистон Рспубликасида тақиқланган фаолият турлариинг кўрсатилганлиги асос бўлиши мумкин.

Буларга қўшимча равишда, қонун томонидан рўйхатга олиш чоғида устав жамғармасининг энг кам миқдорини шакллантириш белгилаб қўйилган юридик шахсларни рўйхатдан ўтказишни рад этиш учун, таъсис ҳужжатларида кўзда тутилган устав жамғармасининг Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган миқдорга мос эмаслиги асос бўла олади.

Хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналарни рўйхатга олишни рад этишга хорижий инвестиция улушининг миқдори Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида ана шу турдаги корхоналар учун белгиланган миқдорга мос эмаслиги, Шунингдек, корхона муассислари таркибида хорижий юридик шахснинг мавжуд эмаслиги асос бўлади.


3. Шарҳланаётган қисмда юридик шахсни тузиш мақсадга мувофиқ эмаслигини важ қилиб рўйхатдан ўтказишдан бош тортишга йўл қўйилмаслиги тўғрисидаги меъёр белгилаб қўйилган. Бунинг маъноси шуки, қонун чиқарувчи бу қисмда юридик шахсларни ташкил этишнинг “мурожаат этиш” деб аталувчи тартибини ўрнатган. Рўйхатга олувчи орган фақат тақдим этилган таъсис ҳужжатларининг ва таъсисчилар ҳаракатининг қонунчилик меъёрларига мослигини текширади, ташкил этилаётган юридик шахснинг мақсадга мувофиқлиги ёки фойдали эканлиги масаласини олдиндан ҳал этишга ҳақли эмас. Юридик шахсни ташкил этиш тартиби ва таъсисчиларнинг хатти-ҳаракати асосланиши зарур бўлган талаблар, шунингдек, таъсис ҳужжатларига мажбурий тартибда қўйиладиган талаблар юридик шахсларнинг алоҳида турлари тўғрисидаги қонунларда ёки ташкилий-ҳуқуқий меъёрларда белгилаб қўйилади.


4. Шарҳланаётган модданинг учинчи қисмига биноан, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъийй назар, юридик шахсни ташкил этаётган шахслар давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш, шунингдек, рўйхатдан ўтказиш муддатини бузиш устидан судга шикоят қилиши мумкин. Таасуфки, ЎзР ФКда бундай шикоятни кўриб чиқиш қайси суднинг юрисдикциясига кириши кўрсатилмаган. Хўжалик процессуал қонунчилигининг меъёрларига мувофиқ, бундай турдаги шикоятларни кўриб чиқиш хўжалик судлари томонидан бажарилади (ЎзР ХПК, 24-моддаси).


5. Шарҳланаётган модданинг тўртинчи қисми юридик шахс рўйхатдан ўтказилган пайтдан ташкил этилган ҳисобланиши тўғрисидаги императив меъёр жой олган, бу эса унга берилган давлат рўйхатидан ўтказиш гувоҳномаси билан тасдиқланади. Рўйхатга олиш гувоҳномалари юридик шахснинг рўйхат рақамини, ташкилий-ҳуқуқий шаклини (ТШТ), мулкчилик шаклини (МШТ), почта манзилини (МҲБТ), юридик шахсга тегишли кодни (КТУТ), тармоқ кодини (ХХТУТ) ва солиқ тўловчининг алоҳида идентификация рақамини (СТИР) кўрсатилган ҳолда берилади. Гувоҳнома билан бирга рўйхатга олинган юридик шахсга “Рўйхатга олинди” белгиси туширилган, рўйхатдан ўтказувчи органнинг муҳри билан тасдиқланган таъсис ҳужжатлари ҳамда эскизи билан бирга муҳр ва штамп тайёрлаш учун рухсатнома берилади.

Шарҳланаётган модданинг бешинчи қисми юридик шахсни қайта рўйхатдан ўтказиш бевосита қонунда белгиланган ҳолатлардагина амалга оширилиши тўғрисидаги императив қоида белгиланган. Масалан, юридик шахслар бир юридик шахснинг иккинчи юридик шахсга қўшилиши орқали қайта ташкил этилганда, қайта рўйхатдан ўтказиш алоҳида турдаги юридик шахсларнинг устав жамғармаси ўзгартирилиши тўғрисидаги меъёр кучга кирган ҳолат билан боғлиқ бўлиши мумкин. Хусусан, бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарорига(7) мувофиқ 2010 йилнинг бошидан АҚШ доллари эквивалентидан Еврога ўтказилиши сабабли устав жамғармалари қайта шакллантирилаётган суғурта компанияларини қайта рўйхатдан ўтказиш талаб этилиши мумкин.

Ҳамма ҳолатларда ҳам юридик шахсларни қайта рўйхатдан ўтказиш уларнинг таъсис ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилиши орқали ўтказилади, бу юридик шахс номининг ўзгариши, устав фондининг камайтирилиши ёки кўпайтирилиши, муассислар таркибининг ўзгариши, юридик манзилининг ўзгариши, раҳбарият таркибининг ўзгариши ва бошқалар бўлиши мумкин.

Қонунчиликда юридик шахсни қайта рўйхатдан ўтказганлик учун давлат божининг ундирилиши кўзда тутилган. Хусусан, тадиркорлик субъектларига нисбатан бу ўрнатилган давлат божи миқдорининг ёки рўйхатга олиш йиғимларининг 50 фоизи ҳажмида белгиланган.



45-модда. Юридик шахснинг органлари


Юридик шахс қонунларга ва таъсис ҳужжатларига мувофиқ иш олиб борадиган ўз органлари орқали фуқаролик ҳуқуқларига эга бўлади ва ўз зиммасига фуқаролик бурчларини олади. Юридик шахс органларини тайинлаш ёки сайлаш тартиби қонун ҳужжатлари ва таъсис ҳужжатлари билан белгиланади.

Қонунда назарда тутилган ҳолларда юридик шахс ўз иштирокчилари орқали фуқаролик ҳуқуқларига эга бўлиши ва фуқаролик бурчларини ўз зиммасига олиши мумкин.

Қонунга ёки юридик шахснинг таъсис ҳужжатларига мувофиқ юридик шахс номидан иш олиб борадиган шахс ўзи вакили бўлган юридик шахс манфаатлари йўлида ҳалол ва оқилона иш олиб бориши керак. У юридик шахс муассислари (иштирокчилари, аъзолари) талаби билан, агар қонунда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, юридик шахсга етказган зарарини тўлаши шарт.


1. Қонунчиликда назарда тутилган юридик шахс белгилари (ФКнинг 39-моддаси шарҳига қаранг) ким ёки нима юридик шахснинг хатти-ҳаракатини йўналтириб туради, юридик шахснинг яхлитлигини таъминлайди, унинг мол-мулкини тасарруф этади, фуқаролик муомаласида ва судда унинг номидан иш кўради ва ш.к. саволларга жавоб бермайди. Шарҳланаётган модданинг биринчи қисми ФК 39-моддасининг қоидаларини аниқлаштириб, юридик шахс фуқаролик муносабатларида ўзнинг ички ташкилий тузилмасига кирувчи органлар орқали иштирок этишини назарда тутади.

Ҳуқуқни қўллаш маъносида моддадаги матн мазмунига кўра, органлар тушунчасини ташкилотнинг манфаатларини бошқа ҳуқуқ субъектлари билан бўладиган муносабатларда алоҳида махсус ваколатларсиз, яъни ишончномасиз ифодалайдиган шахсни (яккабошчи органни) ёки шахслар гуруҳини (коллегиал органини) англатувчи ҳуқуқий атама маъносида англаш лозим. Юридик шахснинг фуқаролик муносабатида иштирок этиши махсус ҳуқуқий восита - вакиллик институтлари орқали таъминланади.

Юридик шахс битта органга (директор, бошқарув ва ш.к.), ҳудди шу каби бир вақтнинг ўзида бир неча органга (масалан, директор ва дирекция, бошқарув ва бошқарув раиси) эга бўлиши мумкин. Агарда юридик шахс таъсисчи битта бўлса орган тайинланади, агарда иштирокчилар (таъсисчилар) бир нечта бўлса, орган сайланади.

Шарҳланаётган моддада юридик шахснинг ижро органлари тўғрисида гап кетар экан, айнан унинг кундалик (жорий) ишларини бошқарувчи, кўпгина юридик шахсларда (масалан, хўжалик жамиятлари - МЧЖ, АЖ ва бошқалар) мустақил ваколат бериб қўйилган орган тўғрисида сўз юритилаётганини тушуниш тўғри бўлади. Улар, қонунда ва таъсис ҳужжатларида кўрсатилганидан ташқари, юридик шахсларнинг иродасини таркиб топтирувчи органлар жумласига кирмайди. Булар жумласига юридик шахслар аъзоларининг (иштирокчиларининг) умумий йиғилишлари, айрим турдаги юридик шахсларда эса - шунингдек, уларнинг аъзолари (иштирокчилари) томонидан сайланадиган кузатув кенгаши (бошқарув) киритилади.

Таъкидлаш керакки, кўрсатиб ўтилган юридик шахслар билан бир қаторда, алоҳида турдаги шундай юридик шахслар ҳам борки, уларда иродани таркиб топтирувчи вазифалар билан фуқаролик ҳуқуқ муносабатларида ижро вазифаларида иштирок этиш бир-биридан ажратилмайди. Булар юридик шахсларни бошқаришнинг битта органи ваколатига киритилган. Хусусан, хўжалик ширкатларида унинг аъзоларнинг (иштирокчиларининг) умумий йиғилиши, унитар корхоналар ва муассасаларда - уларнинг раҳбарлари ана шундай орган бўлиб ҳисобланади.


2. Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисмида қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатларда юридик шахслар ўз органларини четлаб ўтиб иштирокчилари орқали фуқаролик ҳуқуқларга эга бўлиши ва ўз зиммасига фуқаролик мажбуриятларни олиши мумкинлиги тўғрисидаги меъёрлар ўрнатилган. Бундай ҳолатлар, хусусан, уларнинг номидан ишончнома асосида иш кўрувчи хўжалик ширкатлари, шунингдек, акциядорлик жамиятларидаги аффилланган шахслар учун қўлланади(8).

Шарҳланаётган модданинг учинчи қисмида қонунга ёки юридик шахснинг таъсис ҳужжатларига мувофиқ юридик шахс номидан иш олиб борадиган шахс ўзи вакил бўлган юридик шахс манфаатлари йўлида ҳалол ва оқилона иш олиб бориши, ўз имконияти даражасида ва қонуний усуллар ва воситалар ёрдамида ўзи вакиллик қилаётган юридик шахснинг мақсадига эришиши учун ва унинг манфаатларини ҳимоя этиш учун ҳаракат қилиши лозимлиги тўғрисидаги меъёрлар белгилаб берилган. Шарҳланаётган қисмнинг меъёрларига мувофиқ у бу талабларнинг бузилганлиги учун жавобгарликка тортилади, бу жавобгарлик юридик шахсга етказилган зарарни тўлаш мажбуриятида ифодаланган. Айтиш мумкинки, шарҳланаётган қисмнинг зарарни ундиришга оид меъёрлари диспозитив хусусиятга эга бўлиб, улар нафақат қонун ҳужжатлари томонидан, балки шартнома томонидан ҳам ўзгартирилиши ёки тўлиқ бекор қилиниши мумкин. Агар юридик шахс ва унинг номидан иш кўраётган жисмоний шахс ўртасида меҳнат шартномаси тузилган бўлса, жисмоний шахс меҳнат ҳуқуқлари асосида жавобгарликка эга бўлади. Шунингдек, таъкидлаш жоизки, мазкур қисм таҳририда кўзда тутилган жавобгарлик айбдорлик тамойилига асосланганлигига шубҳа қилмаса ҳам бўлади.



46-модда. Юридик шахснинг номи ва жойлашган ери


Юридик шахс ўзининг ташкилий-ҳуқуқий шаклини билдирадиган номига эга бўлади. Тижоратчи бўлмаган ташкилотлар, унитар корхоналарнинг номлари, қонунда назарда тутилган ҳолларда эса - бошқа тижоратчи ташкилотларнинг ҳам номлари юридик шахс фаолиятининг хусусиятини кўрсатиши керак.

Юридик шахснинг номига тўла ёки қисқартирилган расмий номни (давлатнинг номини) киритишга, юридик шахс ҳужжатларининг реквизитларига ёки реклама материалларига ана шундай номни ёхуд давлат рамзлари элементларини қўшишга Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати белгилайдиган тартибда йўл қўйилади.

Юридик шахснинг жойлашган ери, агар қонунга мувофиқ юридик шахснинг таъсис ҳужжатларида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, у давлат рўйхатидан ўтказилган жой билан белгиланади.

Юридик шахс ўзи билан бўладиган алоқа амалга ошириладиган почта манзилига эга бўлиши лозим ҳамда ўзининг почта манзили ўзгарганлиги тўғрисида ваколатли давлат органларини хабардор этиши шарт. (ЎзР 20.08.1999 йил 832-I-сон Қонуни таҳриридаги қисм)

Юридик шахснинг номи ва жойлашган ери (почта манзили) унинг таъсис ҳужжатларида кўрсатилади. (ЎзР 20.08.1999 йил 832-I-сон Қонуни таҳриридаги қисм)

Тижоратчи ташкилот бўлган юридик шахс ўз фирма номига эга бўлиши лозим.

Юридик шахс ўз фирмасининг номидан фойдаланиш мутлақ ҳуқуқига эгадир.

Ўзга фирма номидан ғайриқонуний суратда фойдаланаётган шахс фирма номига эгалик қилиш ҳуқуқи бўлган шахснинг талаби билан ундан фойдаланишни тўхтатиши ҳамда етказилган зарарларни тўлаши лозим.


Шарҳланаётган модданинг биринчи қисми ўз ичига риоя қилиниши мажбурий меъёрларни олган бўлиб, уларга кўра юридик шахсга алоҳида ном берилиши ва уни таъсис ҳужжатларида мустаҳкамлаб қўйлиши унинг фуқаролик муомаласида индивидуаллаштириш мақсадига хизмат қилади, яъни юридик шахсни ўзига ўхшаган кўплаб субъектлар ичидан муайян фарқловчи белгиси хисобланади, ҳамда юридик ушбу номдан фойдаланиш бўйича мутлоқ ҳуқуққа эга бўлади. Шарҳланаётган моддада қонун чиқарувчи юридик шахсларнинг номланиши мазмунини тартибга солувчи бир қатор мажбурий қоидалар белгилайди. Хусусан, барча юридик шахсларнинг номлари беистисно тарзда уларнинг ташкилий-ҳуқуқий шакллларини кўрсатиб туриши шарт, бу эса моҳиятига кўра уларнинг бошқа барча учинчи шахслар билан, шу жумладан, давлат ҳокимияти билан муносабатларини тартибга солишда муҳим аҳамиятга эга. Қонун чиқарувчи Шунингдек, барча тижоратчи бўлмаган ташкилотлар ва унитар корхоналар, айрим ҳолларда эса бошқа тижоратчи бўлган ташкилотлар ҳам (масалан, банклар, суғурта компаниялари ва бошқалар) ўз номларида уларнинг фаолият хусусиятини ҳам кўрсатиб беришлари шартлигини белгилайди. Айтиш мумкинки, бундай кўрсатма қонун билан махсус ҳуқуқ лаёқати тақдим этилган ҳар қандай юридик шахсларнинг номланишида фаолият хусусиятинининг кўрсатилишини қонун чиқарувчи зарур деб ҳисоблаши сабабли киритилган.


2. Иккинчи қисмда юридик шахслар томонидан ўз номига тўлиқ ёки қисқартирилган кўринишда расмий номни (давлат номини) киритишга тақиқ ўрнатилган. Шарҳланаётган моддада, шунингдек, ҳужжатлар реквизитига ёки юридик шахснинг реклама материалларига ана шундай номни ёхуд давлат рамзлари элементларини (герб, байроқ) қўшиш тақиқланиши, бунга фақат Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати белгилайдиган тартибда йўл қўйилиши кўрсатилган. Айтиш керакки, бундай қоида тўлиғича фақат тижоратчи бўлган ташкилотларга тегишлидир, чунки нотижорат ташкилотларига нисбатан тармоққа оид қонун ҳужжатларида, тижорат ташкилотларининг рамзлари Ўзбекистон Республикасининг ёки хорижий давлатнинг мавжуд рамзларига ўхшашлиги ман этилишини истисно этилганда, бундай тақиқ тўғридан-тўғри назарда тутилмайди. Бунга мисол тариқасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасини, Ўзбекистон Халқ демократик партиясини кўрсатиш мумкинки, буларнинг таъсис ҳужжатларида, ҳудди шундай номланиш кўзда тутилган.


3. Шарҳланаётган модданинг учинчи қисмида юридик шахснинг яна бир индивидуаллаштириш белгиси - юридик шахснинг жойлашган ери эканлиги кўрсатилган. Умумий қоидага кўра, юридик шахснинг жойлашган ери муҳим ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлиб, у орқали кўплаб ҳуқуқий ва амалий масалалар ҳал этилади, мисол учун юридик шахс иштирок этаётган мажбуриятни ижро этиш, низоларни судда кўриб чиқиш, солиқ тўловларини амалга ошириш ва ҳоказо. жойи сифатида зарур. Таъкидлаш жоизки, қонун чиқарувчи шарҳланаётган қисмда диспозитив меъёр ўрнатиш йўлидан боради ва юридик шахснинг жойлашган ери, агар таъсис ҳужжатларида, қонунга мувофиқ бошқа қоида ўрнатилган бўлмаса, у давлат рўйхатидан ўтказилган жой билан аниқланади.


4. Айтиш керакки, ўз фаолияти давомида юридик шахс ўзи жойлашган ерни бир неча бор алмаштириши мумкин, шу муносабат билан ҳуқуқни қўллаш амалиётида ташкилотнинг “юридик манзили”, яъни унинг таъсис ҳужжатларида белгиланган жойлашган ери билан, “почта манзили”, яъни айни пайтда ташкилотнинг ҳақиқатда жойлашган ери фарқланади. Почта манзили бўлишининг мажбурий эканлиги шарҳланаётган модданинг тўртинчи қисмида ифода топган меъёрларда белгиланган. Қонун чиқарувчи юридик шахсларга ўз почта манзилининг ўзгарганлигини ваколатли давлат органларига хабар қилиш мажбуриятини юклаган.


5. Шарҳланаётган модданинг бешинчи қисмида юридик шахснинг номи ва жойлашган ерини (почта манзилини) унинг таъсис ҳужжатларида кўрсатиш зарурлиги мажбурияти белгиланган. Таъкидлаш жоизки, қонун чиқарувчи киритган юридик шахснинг жойлашган ерини унинг таъсис ҳужжатларида кўрсатилиши зарурлиги тўғрисидаги қоида, шарҳланаётган модданинг учинчи қисмида белгиланган юридик шахснинг жойлашган ери, агар қонунга мувофиқ юридик шахснинг таъсис ҳужжатларида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, у давлат рўйхатидан ўтказилган жой билан белгиланади деган қоиданинг амалда қўллаш эҳтимолини камайтиради. Бу қисмда қонун чиқарувчи қоидани мантиқий жиҳатдан охирига етказмагандек кўринади, чунки юридик шахслар ўз жойлашган ерларини объектив сабабларга кўра тез-тез алмаштириб турадилар.


6. Модданинг олтинчи қисмида шундай қоидалар ўрнатилганки, уларга кўра тижорат ташкилоти бўлган юридик шахс ўз фирма номига эга бўлиши лозим, бу ном тўлиқ ва қисқартма кўринишда бўлиши мумкин. Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 18 сентябрдаги “Фирма номлари тўғрисида”ги Қонунига(9) мувофиқ, фирма номи юридик шахс бўлган тижорат ташкилотининг индивидуал номланиши ҳисобланади ва қуйидагиларни ўз таркибига олиши мумкин эмас:

- давлатнинг расмий номи, халқаро, ҳукуматлараро ёки нодавлат нотижорат ташкилотининг қисқартирилган ёки тўлиқ номини;

- тарихий ёки Ўзбекистон Республикасида машҳур бўлган шахснинг тўлиқ ёки қисқартирилган исмини, агар белгиланган тартибда рухсат олинган бўлмаса;

- фирма номининг эгаси, унинг фаолият тури ёки у келиб чиққан мамлакат хусусидаги сохта ёки истеъмолчини чалғитиши мумкин бўлган белгиларни;

- жамият манфаатларига, инсонпарварлик ва ахлоқ принципларига зид бўлган белгиларни.

Фирма номида қуйидаги чалғитиш, адаштириб юбориш даражасида бир хил ёки уларга ўхшаш бўлган белгилар ҳам кўрсатилмаслиги керак:

- илгари Ўзбекистон Республикасида бошқа юридик шахс номига рўйхатдан ўтказилган ёки рўйхатдан ўтказиш сўраб талабнома берилган, илгарироқ устуворликка эга бўлган фирма номлари;

- илгари Ўзбекистон Республикасида бошқа шахс номига рўйхатдан ўтказилган ёки рўйхатдан ўтказиш сўраб талабнома берилган, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ рўйхатдан ўтказилмай муҳофаза қилинадиган товар белгилари (хизмат кўрсатиш белгилари);

- белгиланган тартибда ҳаммага маълум деб эътироф этилган товар белгилари (хизмат кўрсатиш белгилари);

- белгиланган тартибда қонун ҳужжатлари билан муҳофаза қилинадиган товарлар келиб чиққан жойларнинг номлари билан, шундай номдан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган шахс номига рўйхатдан ўтказиш ҳоллари бундан мустасно.

Амалдаги қонун ҳужжатларида юридик шахсларнинг ташкил этилиши пайтиданоқ ўхшаш фирма номларнинг пайдо бўлишининг олдини олиш ҳуқуқий механизми кўзда тутилган. Юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказилгунга қадар муассислар рўйхатдан ўтказувчи органга туман (шаҳар) давлат статистика органлари томонидан юридик шахс ўзига расмийлаштиришни сўраган фирма номи билан адаштириб юбориш даражасида бир хил ёки уларга ўхшаш бўлган фирма номи мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотнома тақдим этишлари шарт(10).

Бир хил ёки чалғитиш, адаштириш даражасида ўхшаш бўлган фирма номи мавжуд эмаслиги ҳақида маълумотнома олиш учун ариза берувчи шахсан ўзи келиб, почта алоқаси, электрон почта алоқаси ёки факсимил алоқа орқали туман (шаҳар) давлат статистика органига сўралаётган фирма номи, шунингдек, фирма номининг 5 тагача муқобил варианти кўрсатилган ариза билан мурожаат қилади.

Туман (шаҳар) давлат статистика органи аризани олганидан кейин Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат статистика органларига электрон почта алоқаси ёки факсимил алоқа орқали тегишли сўровнома юборади.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат статистика органи, туман (шаҳар) давлат статистика органининг сўровномасини олгач, Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасига электрон почта алоқаси ёки факсимил алоқа орқали тегишли сўровнома юборади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг масъул ходими сўралаётган ва қабул қилиниши мумкин бўлган фирма номини фирма номларининг марказлаштирилган маълумотлар базасига тегишли ёзувни киритиш йўли билан захирага қўйиш бўйича зарур ҳаракатларни амалга ошириши шарт.

Бир хил ёки адаштириш даражасида ўхшаш бўлган ва рўйхатдан ўтказилган тегишли юридик шахс билан рўйхатдан ўтказиладиган юридик шахсни адаштирилишига олиб келиши мумкин бўлган фирма номини захирага қўйиш мумкин эмас.

Заҳирага олинган фирма номи ёхуд бир хил ёки адаштириш даражасида ўхшаш бўлган фирма номи мавжудлиги ҳақида маълумот Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг масъул ходими томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар статистика органларига электрон почта алоқаси ёки факсимил алоқа орқали юборилади.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат статистика органи олинган маълумотни уни сўраган туман (шаҳар) давлат статистика органига электрон почта алоқаси ёки факсимил алоқа орқали юборади.

Туман (шаҳар) давлат статистика органи захирага олинган фирма номини ёхуд бир хил ёки адаштириш дажарасида ўхшаш бўлган фирма номи КТЯДРда мавжуд эканлиги ҳақидаги маълумотномани олгач, тегишли маълумотномани расмийлаштиради ва беради.

Бир хил ёки адаштириш даражасида ўхшаш бўлган фирма номи мавжуд эканлиги ҳақидаги маълумотномани олган ариза берувчи, қайтадан ариза билан бошқа фирма номларини кўрсатган ҳолда бир хил ёки адаштириш даражасида ўхшаш бўлган фирма номи мавжуд эмаслиги ҳақида маълумотнома беришни сўраб мурожаат қилишга ҳақли.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ аризани кўриб чиқиш ва тегишли маълумотномани бериш муддати кўпи билан 2 иш кунини ташкил этади. Бир хил ёки адаштириш даражасида ўхшаш бўлган фирма номи мавжуд эканлиги (мавжуд эмаслиги) ҳақида маълумотнома берганлик учун тўлов олинмайди.

Бир хил ёки адаштириш даражасида ўхшаш бўлган фирма номи мавжуд эмаслиги ҳақида маълумотноманинг амал қилиш муддати 2 ой.


7. Шарҳланаётган модданинг еттинчи қисмида юридик шахс томонидан ўз фирма номидан фойдаланишнинг мутлақ ҳуқуқининг ҳимоя қилиниши ва таъминланишининг умумий асослари мустаҳкамлаб қўйилган. Таъкидлаш жоизки, қонунчиликка мувофиқ фирма номи юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилган вақтдан эътиборан, чет эл юридик шахсининг фирма номи эса, чет эл юридик шахси Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фуқаролик муомаласи иштирокчиси сифатида фаолиятни амалга оширишни бошлаган санадан эътиборан ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилинади.

Юридик шахс томонидан ўз фирма номидан фойдаланиши фирма номини расмий бланкаларда, муҳрларда, штампларда ва юридик шахснинг фаолияти билан боғлиқ бўлган бошқа ҳужжатларда акс эттириш; фирма номини товарларда, уларнинг идиши ва ўровида, рекламада, пешлавҳаларда, босма маълумотномаларда, ҳисобварақларда, босма нашрларда, товарларни Ўзбекистон Республикасида ўтказиладиган кўргазмалар ва ярмаркаларда намойиш этиш вақтида ишлатиш орқали амалга оширилади. Фирма номидан шунингдек, товар белгисининг (хизмат кўрсатиш белгисининг) элементи сифатида фойдаланилиши мумкин.

Юридик шахс ўз фирма номидан фойдаланиш учун бошқа юридик шахсга қонун ҳужжатларига мувофиқ улар ўртасида тузилган лицензия шартномаси ёки комплекс тадбиркорлик лицензияси (франшизинг) шартномаси асосида рухсат бериши мумкин. Бу шартномаларда истеъмолчини чалғитишни истисно этадиган чора-тадбирлар назарда тутилиши керак.

Фирма номига бўлган ҳуқуқнинг бошқа шахсга ўтишига фақат юридик шахс қўшиб юбориш, қўшиб олиш, бўлиш ва ажратиб чиқариш йўли билан қайта ташкил этилган ёки бутун корхона мулкий мажмуа сифатида сотилган ҳоллардагина йўл қўйилади. Юридик шахслар қўшиб юборилганда ва юридик шахс бошқа юридик шахсга қўшиб олинганда фирма номига бўлган ҳуқуқнинг бошқа шахсга ўтиши топшириш ҳужжатига мувофиқ амалга оширилади.

Юридик шахс бўлинганда ёки у юридик шахс таркибидан ажралиб чиққанида фирма номига бўлган ҳуқуқнинг бошқа шахсга ўтиши тақсимлаш балансига мувофиқ амалга оширилади.

Фирма номини ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилиш юридик шахс тугатилган ёки унинг фирма номи ўзгартирилган тақдирда тугатилади.

Ўзга фирма номидан ғайриқонуний суратда фойдаланаётган шахс фирма номига мутлоқ ҳуқуқи бўлган шахснинг талаби билан ундан фойдаланишни тўхтатиши ҳамда етказилган зарарларни тўлаши лозим. Таъкидлаш жоизки, қонун чиқарувчи фирма номига эгалик қилувчига фирма номига бўлган мутлақ ҳуқуқни ундан ноқонуний фойдаланишдан ҳимоя қилишнинг анчагина кенг усулар тақдим этиладики, булар қуйидаги усулларда амалга оширилади:

- юридик шахснинг ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш мақсадида суд Қарори тўғрисида оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш;

- ноқонуний фойдаланилган фирма номини контрафакт товарлар, ёрлиқлар, идишлар ва ўровлардан ҳуқуқбузар ҳисобидан олиб ташлаш;

- ноқонуний фойдаланилган фирма номини контрафакт товарлар, ёрлиқлар, идишлар ва ўровлардан олиб ташлаш мумкин бўлмаган тақдирда, уларни ҳуқуқбузар ҳисобидан йўқ қилиб ташлаш;

- контрафакт товарлар, ёрлиқлар, идишлар ва ўровларни фирма номига бўлган ҳуқуққа эгалик қилувчи юридик шахсга бериш орқали амалга оширилади.

Қонун ҳужжатларига кўра, агар товар белгисига (хизмат кўрсатиш белгисига), домен номига бўлган ҳуқуқ фирма номига бўлган ҳуқуқдан илгари олинган бўлса, товар белгисида (хизмат кўрсатиш белгисида), домен номида ушбу фирманинг номидан фойдаланиш фирма номига бўлган мутлақ ҳуқуқнинг бузилиши деб эътироф этилмайди.



47-модда. Ваколатхоналар ва филиаллар


Ваколатхона юридик шахснинг у турган ердан ташқарида жойлашган, юридик шахс манфаатларини ифодалайдиган ва уларни ҳимоя қиладиган алоҳида бўлинмасидир.

Филиал юридик шахснинг у турган ердан ташқарида жойлашган ҳамда унинг барча вазифаларини ёки вазифаларининг бир қисмини, шу жумладан, ваколатхона вазифаларини бажарадиган алоҳида бўлинмасидир.

Агар қонунда бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, ваколатхона ва филиаллар юридик шахс ҳисобланмайди. Улар ўзларини ташкил этган юридик шахс томонидан мол-мулк билан таъминланадилар ҳамда у тасдиқлаган низомлар асосида иш олиб борадилар. Ваколатхона ва филиалларнинг раҳбарлари юридик шахс томонидан тайинланади ҳамда унинг ишончномаси асосида иш олиб боради.


1. Юридик шахсларнинг ваколатхоналари ва филиаллари уларнинг алоҳида таркибий бўлинмаси бўлиб, уларнинг фаолият соҳасини ва иқтисодий манфаатларини кенгайтиришга хизмат қилади. Ўз моҳиятига кўра улар юридик шахсларнинг бўлимлар, бўлинмалар, цехлар ва ш.к. ташкилий тузилмалари вазифаларига оид бошқа барча унсурлар билан ўхшашдир. Аммо шарҳланаётган модданинг биринчи ва иккинчи қисмларининг меъёрлари ваколатхоналар ва филиалларнинг тушунчасини очиб берар экан, аввало уларнинг юридик шахснинг турган еридан ташқарида жойлашган эканлигини белгилайди.


2. Қонун чиқарувчи ваколатхоналар ва филиаллар ўртасидаги тафовутни улар бажарадиган муайян функцияларни амалга ошириш юзасидан берилган ваколатлар доирасида кўрсатиб берган, хусусан, ваколатхоналар фуқаролик муомаласида улар ташкил этувчи юридик шахс номидан иш кўради, яъни унинг манфаатларини ифодалайди ва ҳимоя қилади. Филиаллар фаолиятининг предмети ва соҳаси анча кенгроқ: улар юридик шахс манфаатларини ифодалаш билан бирга, барча вазифаларини ёки вазифаларининг бир қисмини, шу жумладан, ваколатхона вазифаларини бажаради. Хусусан, ваколатхоналар алоҳида шартномалар тузиши, уларнинг ижросини назорат этиши, ўз ташкилотига оид тижорат ва ижтимоий хусусиятга эга реклама билан шуғулланиши мумкин. Аммо юридик шахс шуғулланаётган ишлаб чиқариш ва хўжалик фаолиятини олиб бориш ҳуқуқи фақат филиалга берилади. Таъкидлаш жоизки, филиалнинг ваколатлари ушбу филиал тижорат ташкилотининг алоҳида бўлинмасими, ёки нотижорат ташкилотининг алоҳида бўлинмаси эканлигига боғлиқ равишда ўзгариши мумкин.


3. Шарҳланаётган модданинг учинчи қисмида ваколатхоналар ва филиаллар, қонунда бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, юридик шахс ҳисобланмаслиги тўғрисидаги меъёр мустаҳкамланган. Ваколатхоналар ва филиаллар уларни ташкил этган юридик шахс томонидан мол-мулк билан таъминланади ва улар томонидан тасдиқланган низом асосида фаолият кўрсатади (бунда улар мол-мулкка нисбатан қандай ҳуқуққа эга эканлиги аниқлаштирилмаган). Ваколатхоналар ва филиалларнинг раҳбарлари юридик шахс томонидан тайинланади ва у берган ишончнома асосида иш юритади.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда бу борада қонун чиқарувчи томонидан тижорат ва нотижорат ташкилотларининг ваколатхоналари ва филиаллари хусусида бир мунча фарқли ёндашувни кўришимиз мумкин. Агар нодавлат нотижорат ташкилотларининг ваколатхоналари ва филиаллари тўғрисида улар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан юридик шахс ваколатини олишлари (ЎзР 1999 йил 14 апрелдаги “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги Қонуни, 9-моддаси) мустаҳкамлаб қўйилган бўлса, махсус қонунларда тижорат ташкилотларининг ваколатхоналари ва филиаллари тўғрисида қонун чиқарувчи аниқ бир меъёрни белгилаб бермаган. Бундай ҳолатларда ҳар сафар қонун ости ҳужжатлари меъёрларига хавола қилинади.

Қонун ҳужжатлари хорижий юридик шахсларнинг ваколатхоналари ва филиалларига нисбатан ҳам мана шу мавқеда туради. Бу эса кўпинча суд амалиётида фуқаролик ва солиқ қонун ҳужжатлари меёёрларига нисбатан турли манфаатларнинг тўқнашувига олиб келиши мумкин. Масалан, "Mining Investment group" хорижий фирманинг ваколатхонасида солиқ органи солиқларнинг ҳисобланиши ва тўлаб борилишининг тўғрилиги юзасидан текширув ўтказади ва даромад солиғи бўйича солиқ миқдорига қўшимча суммани қўшиб ҳисоблаб, уни низосиз ундириб олиниши бўйича қарор чиқаради. Ваколатхона Фарғона вилоят хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат этиб, уни ҳақиқий эмас деб тан олишни талаб этади. Суд даъвони қабул қилиб оладию, аммо кейинчалик ажрим асосида ишни тўхтатиб қўяди. Апелляция инстанцияси уни ўз кучида қолдиради. Бунга рози бўлмаган ваколатхона кассация шикояти киритади. Бу ҳолда биринчи инстанция ва апелляция судларининг ажримларининг мазмуни қуйидаги маънога эга эди. Хўжалик судида иш қўзғатиш ҳуқуқига юридик шахслар эга. Ваколатхоналар, шу жумладан, хорижий фирмаларнинг ваколатхоналари, бу мақомга эга эмас, демак, хўжалик судига ўз номидан мурожаат этишга ҳақли эмас. У даъвони фақат ўзини таъсис этган хорижий фирма номидан, унинг ишончномаси асосида бериши мумкин. Бироқ даъво аризасида ваколатхонанинг ўзи кўрсатилган ва шу ваколатхона раҳбари томонидан имзоланган. Судга ваколатхона номига расмийлаштирилган ва унга фирма манфаатларини судда ифодалаш ваколати берилганлигини тасдиқловчи ишончнома йўқ. Шу сабабли ваколатхона судга даъво аризаси билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эмас.

Ваколатхона ўз талабларида мустақил солиқ тўловчи эканлигини, солиқ органида рўйхатдан ўтказилганлигини кўрсатади. Солиқ органи солиқ суммаларини қонунчиликни бузган ҳолда ҳисоблаб чиқарган ва натижада ноҳақ равишда қўшимча суммани ҳисоблаб ёзган. Ваколатхонанинг солиқ тўловчи сифатидаги ҳуқуқлари бузилганлиги сабабли, у ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида судга мурожаат этишга ҳақли деб ҳисоблайди.

Ишнинг материаллари билан танишиб чиқиб ва уларга амалдаги қонунчилик меъёрларини тадбиқ этиб, кассация ҳайъати қуйидагиларни аниқлаган:

- хорижий фирма ваколатхонаси хўжалик судига даъво аризаси билан ўз номидан мурожаат этган;

- хўжалик судининг муҳокамасига тақдим этилган низо солиқ органи ва хорижий фирма ўртасида (унинг ваколатхонаси ўртасида эмас) келиб чиққан;

- ЎзР ХПКнинг 1-моддасининг биринчи қисмига (хўжалик судига мурожаат этиш ҳуқуқи) ва 221-моддасига (хорижий ва халқаро ташкилотларнинг, шунингдек, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган чет эл фуқароларининг процессуал ҳуқуқлари) мувофиқ бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида хоржий фирманинг ўзи мурожаат этишга ҳақли;

- ХПКнинг 49-моддасининг биринчи қисмига (ишни вакиллар орқали олиб бориш) мувофиқ хорижий фирма хўжалик судида ишни ўз ваколатхонаси орқали олиб бориш ҳуқуқига эга;

- Олий Хўжалик суди Пленуми (1999 йил 5 феврал,77-сон) “Хўжалик судлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг жавобгарлик тўғрисидаги нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги Қарорининг 15-бандига мувофиқ ваколатхона ўз номидан эмас, балки фақат хорижий фирма номидан ва унинг ишончномаси мавжуд бўлган ҳолда даъво киритиши мумкин бўлган;

- ваколатхона судга фирма номидан даъволарни имзолаш ҳуқуқига эга эканлиги тўғрисида ишончнома тақдим этмаган.

Ҳайъат даъво тегишли даъвогар томонидан киртилмаган деб топди ва иш бўйича иш юритувининг тўхтатилишини тўғри деб ҳисоблади, чунки мазкур ҳолатда низони хўжалик судида муҳокама қилиш лозим эмас(11).



48-модда. Юридик шахснинг жавобгарлиги


Юридик шахс ўз мажбуриятлари бўйича ўзига қарашли бутун мол-мулк билан жавоб беради.

Давлат корхонаси ва мулкдор томонидан молиявий таъминланадиган муассаса ўз мажбуриятлари бўйича ушбу Кодекс 72-моддаси бешинчи қисмида ҳамда 76-моддаси учинчи қисмида назарда тутилган тартибда ва шартлар асосида жавоб берадилар.

Юридик шахс муассиси (иштирокчиси) ёки унинг мол-мулкининг эгаси юридик шахснинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди, юридик шахс эса муассис (иштирокчи) ёки мулкдорнинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди, ушбу Кодексда ёки юридик шахснинг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Агар юридик шахснинг ночорлиги (банкротлиги) шу юридик шахс учун мажбурий кўрсатмаларни бериш ҳуқуқига эга бўлган муассис (иштирокчи) сифатидаги шахснинг ёки юридик шахс мол-мулки мулкдорининг ғайриқонуний ҳаракатлари туфайли вужудга келтирилган бўлса, юридик шахснинг мол-мулки етарли бўлмаган тақдирда бундай шахс зиммасига унинг мажбуриятлари бўйича субсидиар жавобгарлик юклатилиши мумкин. (ЎзР 27.12.1996 йил 357-I-сон Қонуни таҳриридаги қисм)

Муассис (иштирокчи) ёки юридик шахс мол-мулкининг мулкдори шу юридик шахснинг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган тақдирдагина мажбурий кўрсатмалар бериш ҳуқуқига эга.

Юридик шахс учун мажбурий кўрсатмалар бериш ҳуқуқига эга бўлган муассис (иштирокчи) ёки мулкдор юридик шахснинг муайян ҳаракатни амалга ошириши оқибатида ночор (банкрот) бўлиб қолишини олдиндан билиб, ўз ҳуқуқидан унинг ана шундай ҳаракатни амалга оширишини кўзлаб фойдаланган ҳолдагина юридик шахснинг ночорлиги (банкротлиги) уларнинг томонидан вужудга келтирилган деб ҳисобланади.


1. Шарҳланаётган модданинг биринчи қисмида умумий тамойил белгиланган бўлиб, унга кўра юридик шахс ўз мажбуриятлари бўйича ўзига қарашли бутун мол-мулк билан жавоб беришлигини, бунда мазкур мол-мулк қандай турга ва жамғармага мансубилиги, асосий, айланма ёки заҳира воситаси (капитали), кўчар мулкми ёки кўчмас мулкми, пул маблағларида бўлса, нақд пулми ёки нақдсиз шаклдами, қимматли қоғоздами ёки бошқа хўжалик ташкилотларидаги иштирокининг улуши ва ҳоказо. эканлигидан қатъийй назар, жавоб беришини белгилаб қўйган. Айнан ана шу таомилнинг амал қилиши асосида юридик шахснинг ночор (банкрот) деб ҳисобланиши натижасида унинг тугатилиши учун имконият яратилади (ЎзР ФК 57-моддаси).


2. Шарҳланаётган модданинг кейинги иккинчи қисмда келтирилган умумий тамойилга нисбатан истиснодан иборат бўлиб, унда давлат корхоналарининг, шунингдек, ўзларига бириктирилган мол-мулк мулкдори томонидан молиявий таъминланадиган муассасаларининг нотижорат ташкилоти сифатидаги жавобгарлигига оид қоидалар ва шартларнинг хусусиятлари келтирилган. Қонун чиқарувчи бу қисмда эътиборни 72-модданинг бешинчи қисмига ва 76-модданинг учинчи қисмига қаратадики, уларга мувофиқ давлат корхонасининг мол-мулки етарли бўлмаганда давлат унинг мажбуриятлари бўйича субсидар жавобгар бўлиши, муассаса пул маблағларининг мажбуриятлари бўйича жавоб беришга етарли бўлмаса, тегишли мол-мулкнинг эгаси унинг мажбуриятлари юзасидан субсидар жавобгар бўлишлиги белгиланган.


3. Шарҳланаётган модданинг учинчи қисмида юридик шахснинг учинчи шахслар олдида мустақил фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарликка эга эканлиги қоидаси мустаҳкамланган, унга кўра юридик шахс муассислари (иштирокчилари) ёки унинг мол-мулкининг эгаси умумий қоидага биноан юридик шахснинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди, юридик шахс эса, муассисларнинг ёки мулкдорнинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди. Бунда, ФКда ёки юридик шахснинг таъсис ҳужжатларида бу қоидадан истиснолар кўзда тутилиши мумкинлиги қайд этилган. Ана шундай истиснолардан бири шарҳланаётган модданинг иккинчи қисмида мавжуд. Бунда давлат корхонасининг ва/ёки муассасанинг мулкдорига, унинг ҳеч қандай айби ёки енгиб бўлмас кучнинг таъсири бўлмаган ҳолда, кўрсатиб ўтилган жавобгарлик юклатилади. Унинг жавобгарлиги объектив хусусиятга эга.


4. Шарҳланаётган тўртинчи, бешинчи ва олтинчи қисмлари юридик шахснинг ночорлиги (банкротлиги) сабабли, муассисларнинг (иштирокчиларнинг) Шунингдек, мулкдорнинг унинг мажбуриятлари бўйича субсидар жавобгарлигига оид қўшимчадан, яъни айнан субъектив асослардан ташкил топган. Бунда қонун чиқарувчи юридик шахснинг ночорлиги (банкротлиги) шу юридик шахс учун мажбурий кўрсатмаларни бериш ҳуқуқига эга бўлган муассис (иштирокчи) бўлган шахснинг ёки юридик шахс мол-мулки эгасининг ғайриқонуний ҳаракатлари туфайли вужудга келган ҳолатга алоҳида эътибор қаратади. Бу меъёрлар юридик шахсни тугатиш жараёнида мол-мулкнинг барча кредиторларнинг талабларини қаноатлантириш учун етарли бўлмаган ҳолда қўлланилади. Шўъба корхонанинг банкротлиги вужудга келишида айбдор ҳисобланган асосий корхона ҳам ана шу қоидага асосан жавоб беради. Бу ҳолда асосий корхона тугатилаётган шўъба корхонанинг ҳамма кредиторлари олдидаги барча мажбуриятлари бўйича субсидар жавобгарликка эга бўлади (ФКнинг 67-моддаси шарҳига қаранг).


5. Қонун чиқарувчи тўртинчи қисм меъёрларининг қўлланиши учун айрим субъектив шартларнинг аниқланиши ва риоя этилиши зарурлигини қайд этади. Жумладан, қонун чиқарувчи ўрнатган меъёрга кўра, муассис (иштирокчи) ёки юридик шахс мол-мулкининг мулкдори юридик шахснинг ночорлигини (банкротлигини) келтириб чиқарган мажбурий кўрсатмалар бериш ҳуқуқига эга эканлиги шу юридик шахснинг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган бўлишлиги ва айнан ана шу шахс юридик шахснинг муайян ҳаракатни амалга ошириши оқибатида ночор (банкрот) бўлиб қолишини олдиндан билиб, ўз ҳуқуқидан унинг ана шундай ҳаракатни амалга оширишини кўзлаб фойдаланган бўлишлиги шарт қилиб қўйилган.



49-модда. Юридик шахсни қайта ташкил этиш


Юридик шахсни қайта ташкил этиш (қўшиб юбориш, қўшиб олиш, бўлиш, ажратиб чиқариш, ўзгартириш) унинг муассислари (иштирокчилари) ёки таъсис ҳужжатларида шунга вакил қилинган юридик шахс органи Қарорига мувофиқ амалга оширилиши мумкин.

Қонунда белгиланган ҳолларда юридик шахсни бўлиш ёки унинг таркибидан бир ёхуд бир неча юридик шахсни ажратиб чиқариш шаклида уни қайта ташкил этиш вакил қилинган давлат органларининг Қарори билан ёхуд суд Қарори билан амалга оширилади.

Агар юридик шахс муассислари (иштирокчилари), улар вакил қилган орган ёки юридик шахснинг ўз таъсис ҳужжатлари билан қайта ташкил этишга вакил қилинган органи юридик шахсни ваколатли давлат органининг Қарорида белгиланган муддатда қайта ташкил этмаётган бўлса, суд мазкур давлат органининг даъвоси бўйича юридик шахснинг бошқарувчисини тайинлайди ва унга ушбу юридик шахсни қайта ташкил этишни топширади. Бошқарувчи тайинланган пайтдан бошлаб унга юридик шахснинг ишларини бошқариш ваколатлари ўтади. Бошқарувчи судда юридик шахс номидан ҳаракат қилади, тақсимлаш балансини тузади ва уни юридик шахсларни қайта ташкил этиш натижасида вужудга келадиган таъсис ҳужжатлари билан бирга кўриб чиқиш учун судга топширади. Суднинг ушбу ҳужжатларни тасдиқлаши янгидан вужудга келаётган юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун асос бўлади.

Қонунда белгиланган ҳолларда юридик шахсларни қўшиб юбориш, қўшиб олиш ёки ўзгартириш шаклида қайтадан ташкил этиш ваколатли давлат органларининг розилиги билангина амалга оширилиши мумкин.

Қўшиб олиш шаклида қайта ташкил этиш ҳолларини истисно қилганда, янгидан вужудга келган юридик шахслар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб юридик шахс қайта ташкил этилган ҳисобланади.

Юридик шахс унга бошқа юридик шахсни қўшиб олиш шаклида қайта ташкил этилганида қўшиб олинган юридик шахснинг фаолияти тўхтатилгани ҳақидаги ёзув юридик шахсларнинг ягона давлат реестрига киритилган пайтдан бошлаб юридик шахс қайта ташкил этилган ҳисобланади.


1. Шарҳланаётган моддада қайта ташкил этиш тушунчасининг ўзига таъриф берилмасдан, унинг юридик шахсни қўшиб юбориш, қўшиб олиш, бўлиш, ажратиб чиқариш ва ўзгартириш каби шакллари очиб берилган. Қонун чиқарувчининг бундай ёндашуви фуқаролик ҳуқуқи назариясида қонунчиликнинг таркиб топиб улгурган асосий таянч меъёрий ҳужжатларида қайта ташкил этишнинг фақат кенг қамровли таърифидан унинг барча ўзига хос ҳуқуқий белгилари билан бирга ифодалашгагина уриниб қолмасдан, балки ана шундай белгиларнинг моҳиятини бир хилда тушунилишини шакллантиришга ҳам ҳаракат қилинганини кўрсатади. Ҳозирги кунда илмий қарашларнинг асосий қисми қайта ташкил этиш тушунчаси юридик шахснинг фаолиятини бекор қилишни ифодалаб, фақат бунда унинг мол-мулки тугатилмайди ва мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятлари бекор бўлмайди, балки бошқа юридик шахсга - ҳуқуқий ворисга ўтказиб берилади, деган маънодан келиб чиқади. Асосий ҳуқуқий ва иқтисодий мазмун бунда ҳуқуқий ворислик тизимига келиб тақалади.

Юридик шахсни қўшиб юбориш шаклида қайта ташкил этиш иккита ёки ундан кўп юридик шахсларнинг битта янги юридик шахсга бирлашувини англатади. Бунда бирламчи юридик шахснинг йўқ бўлиб кетиши асосий шарт бўлиб ҳисобланади. Қўшиб олишда бир юридик шахс бошқасининг таркибига киради ва тегишинча ўзининг юридик мавжудлигини йўқотади. Ажратиб чиқариш шаклида қайта ташкил этилганда битта юридик шахсдан яна битта ёки бир неча юридик шахслар ажралиб чиқади. Бунда бирламчи юридик шахс ҳам мавжуд бўлиб қолаверади.

Юридик шахсни бўлишда бирламчи юридик шахс ўз мавжудлигини йўқотади ва унинг ўрнига иккита ёки бир неча, шуниси ҳам борки бунда турли ташкилий ҳуқуқий шаклдаги янги юридик шахслар ташкил этилади. Юридик шахс ўзгартирилганда унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли ўзгаришга учрайди. Муайян турдаги юридик шахс ўзгартирилиши мумкин бўлган ташкилий-ҳуқуқий шакллар қонунчилик томонидан белгиланади. Масалан, масъулияти чекланган жамият, иштирокчиларининг сони 50 тадан ортиб кетса, бир йил ичида очиқ акционерлик жамиятига ёки ишлаб чиқариш кооперативига ўзгартирилиши шарт (ЎзР 2001 йил 6 декабрдаги “Масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги Қонунининг 7-моддасига қаранг).

Ташкилий-ҳуқуқий шаклни ўзгартириш воситасида қайта тузиш фақат қонунчилик талаби асосида эмас, балки юридик шахс муасисларининг ихтиёрига кўра, қўшиб олиш жараёнида амалга оширилиши ҳам мумкин. Хусусан, бир юридик шахснинг иккинчисига қўшилиши иккаласининг ҳам ўзаро розилиги асосида бошқасига қўшилаётган юридик шахснинг ташкилий ҳуқуқий шаклининг ўзгаришини келтириб чиқариши мумкин. Масалан, масъулияти чекланган жамиятга хусусий корхонанинг қўшилишида, уларнинг мол-мулк базаси замирида акционерлик жамияти ёки қўшимча масъулиятли жамият ташкил топади.


2. Умумий қоидага, кўра юридик шахсларни қайта ташкил этиш ихтиёрийлик асосида ўтказилади. Аммо шарҳланаётган модданинг иккинчи ва учинчи қисмларида юридик шахсни бўлиш ёки унинг таркибидан бир ёки бир неча юридик шахсларни ажратиб чиқариш шаклида қайта тузилганда, ваколатли давлат органининг ёки суднинг Қарори асосида қайта ташкил этилиши ҳам мумкинлиги белгилаб қўйилган. Айтиш мумкинки, шарҳланаётган модда мазкур қисмларининг амалдаги таҳрири фуқаролик қонунчилиги қоидаларига мувофиқ юридик шахсларни мажбурий тарзда қайта ташкил этишнинг асосларини назарда тутади. Мамлакатимизда нашр этилган илмий манбаларда кўрсатилишича, ваколатли давлат органи бўлиб, шарҳланаётган модданинг меъёрларига тўғридан-тўғри ва қонуний қўлланилиш мумкин бўлган жиҳатдан олганда, ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикасининг монополиядан чиқариш, рақобатни ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш Давлат қўмитаси ҳисобланади(12). ЎзР 1996 йил 27 декабрдаги “Товар бозорларида монополистик фаолиятни чеклаш ва рақобат тўғрисида”ги Қонунига(13) мувофиқ мазкур органга устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъект монополияга қарши қонун ҳужжатларини бузган тақдирда, монополияга қарши давлат органига рақобатни ривожлантириш мақсадида уни мажбурий тарзда бўлиб юбориш ёки ундан таркибий бўлинмалар негизида бир ёки бир неча юридик шахсни ажратиб чиқариш ҳақида судга даъво аризаси бериш ҳуқуқи берилган.


3. Фикримизча, ҳозирги пайтда юқорида зикр этилган қонуннинг ва ФКнинг меъёрлари талабларидан қуйидагилар келиб чиқади: биринчидан, монополияга қарши кураш органининг мажбурий ажратиб юбориш (бўлиш) борасидаги ҳаракати мулкдор томонидан ёки у ваколат берган орган томонидан бажарилиши шарт ҳисобланади. Бунинг маъноси шуки, юридик шахсга нисбатан тегишли кўрсатма чиқарилган ҳолда, юридик шахснинг мутасадди органи иштирокчиларнинг умумий йиғилиши томонидан қайта ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қиилиниши билан боғлиқ барча зарур чораларни кўриши (юридик шахс иштирокчиларини мана шундай йиғилиш ўтказилиши тўғрисида хабардор этиши, ажратиш балансини тузиши ва ҳоказо.) лозим. Лекин юридик шахсларни мажбурий қайта ташкил этиш учун асос бўлиб монополияга қарши кураш органининг кўрсатмаси (амрномаси) эмас, балки иштирокчилар умумий йииғилишининг Қарори хизмат қилади. Айни чоғда бу қарорда монополияга қарши кураш органи томонидан кўрсатмасида (амрномасида) уқдирилган ажратиб чиқариш (бўлиш) нинг шартлари ҳам ифода этиши шарт.

Иккинчидан, мажбурий қайта ташкил этиш ишлари кўрсатмада (амрномада) тайин этилган муддатларда тугалланиши зарур. Лекин, агар юридик шахс белгиланган муддат ичида кўрсатмада белгиланган қайта ташкил этишни амалга оширмаса, монополияга қарши кураш органининг даъвоси асосида суд юридик шахс бошқарувчисини тайинлаши ва тайинланган пайтдан бошлаб юридик шахснинг ишларини бошқариш ваколати унга ўтказилиши мумкин. Бунда бошқарувчи қайта ташкил этишга доир барча чора-тадбирларни амалга ошириши ва тасдиқлаш учун судга тақсимлаш балансини ва янги юридик шахснинг таъсис ҳужжатларини тақдим этиши талаб этилади. Ушбу ҳолда тегишли равишда, ЎзР ФКнинг 49-моддаси учинчи қисми асосида ўтказилаётган қайта ташкил этиш суд Қарори асосида амалга оширилади.


4. Шарҳланаётган модданинг тўртинчи қисмида риоя қилиш мажбурий бўлган алоҳида меъёрлар назарда тутилган, уларга мувофиқ қонунда белгиланган холларда юридик шахслар қўшиб юбориш, қўшиб олиш ва ўзгартириш орқали қайта ташкил этилганда ваколатли давлат органларининг розилиги талаб этилади. Қонун чиқарувчининг бу кўрсатмаси иқтисодий муносабатлар барқарор ривожланишини таъминлаш, унинг иштирокчиларининг мулкий манфаатлари камситилишига йўл қўймаслик заруратидан келиб чиққан. Хусусан, бундай давлат органлари қаторига монополияга қарши кураш давлат органи киритилади ва у рақобат устидан назорат олиб бориш жараёнида қуйидагилар устидан ҳам бевосита назорат олиб боради:

- юридик шахслар бирлашмаларини ташкил этиш, қўшиб юбориш ва бирлаштириш;

- хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юбориш ва бирлаштириш, молия-саноат гуруҳлари, холдинг компаниялари ташкил этиш;

Ушбу усулларда хўжалик субъектларини қўшиб юбориш, бирлаштириш ва тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган шахслар ёки органлар монополияга қарши давлат органига қуйидагиларни тақдим этадилар:

- хўжалик юритувчи субъектларни ташкил этиш, қайта ташкил этиш, тугатишга розилик бериш тўғрисидаги илтимоснома;

- бирлашаётган хўжалик юритувчи субъектлардан ҳар бирининг асосий фаолият турлари, уларнинг тегишли товар бозоридаги улуши ва бирлашмага киришга розилиги тўғрисидаги маълумотлар.

Монополияга қарши давлат органи қарор чиқариш учун зарур бўлган бошқа ахборотларни ҳам сўраб олишга ҳақлидир. Кўрсатиб ўтилган маълумотларни тақдим этиш хусусияти ва шаклларига қўйиладиган талаблар монополияга қарши давлат органи томонидан тасдиқланадиган қоидаларда белгиланади.

Хўжалик юритувчи субъектни ташкил этиш, қўшиб юбориш, бирлаштириш тегишли хўжалик юритувчи субъектнинг устун мавқеи вужудга келиш ёки кучайишига ёхуд рақобатнинг чекланишига олиб келган ҳолларда хўжалик юритувчи субъектнинг муассислари, қўшиб юбориш, бирлаштириш тўғрисида қарор қабул қилган шахслар ёки органлар монополияга қарши давлат органининг талабига биноан рақобат учун зарур шароитларни тиклаш чора-тадбирларини кўришлари шарт.

Мазкур ҳолларда хўжалик юритувчи субъектларни давлат рўйхатидан ўтказиш, шунингдек, хўжалик юритувчи субъектлар тугатилиши муносабати билан уларни реестрдан чиқариш тўғрисида ёзиб қўйиш рўйхатга олувчи орган томонидан фақат монополияга қарши давлат органининг олдиндан розилигини олиб амалга оширилади.

Юридик шахсларни ташкил этиш, қўшиб юбориш ёки бирлаштириш, хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юбориб ва бирлаштириб, молия-саноат гуруҳлари, холдинг компаниялар ташкил этиш, шунингдек, ушбу модданинг иккинчи қисмига мувофиқ монополияга қарши давлат органи қўйган талабларни бажармаслик давлат рўйхатига олишни монополияга қарши давлат органининг даъвосига биноан суд тартибида ҳақиқий эмас деб топиш учун асос бўлади.

Хўжалик юритувчи субъектлар қўшиб юборилган, бирлаштирилган тақдирда хўжалик юритувчи субъектнинг муассислари, қўшиб юбориш, бирлаштириш тўғрисида қарор қабул қилган шахслар ёки органлар бу ҳақда фаолиятнинг турини, маҳсулот ишлаб чиқариш ва реализация қилиш ҳажмларини кўрсатган ҳолда монополияга қарши давлат органини ўн беш кунлик муддат ичида хабардор қилишлари лозим.

Жисмоний шахс активларининг жами баланс қиймати энг кам иш ҳақининг икки минг баробари миқдоридан ортиқ бўлган икки ва ундан ортиқ хўжалик юритувчи субъектларнинг ёки айни бир турдаги товар гуруҳи бўйича реестрга киритилган ёхуд айни бир турдаги ишлаб чиқариш-сотиш жараёнининг турли босқичидаги товарлар гуруҳи бўйича реестрга киритилган хўжалик юритувчи субъектларнинг ижроия органлари, кузатув кенгашларида иштирок этган тақдирда бу шахс кўрсатилган органларга ёки кенгашларга киргани ёки сайланганидан сўнг ўн беш кун ичида монополияга қарши давлат органига хабар бериши зарур. Монополияга қарши давлат органига хабар берилаётганида аризачи унга ариза билан бирга шахс тўғрисидаги тўлиқ ахборотни ҳам тақдим этади.

Қонунда белгиланган тартибни бузган ҳолда тузилган, устун мавқенинг вужудга келиши ёки кучайишига ёки рақобатнинг чекланишига олиб келадиган битимлар ёки ҳаракатлар ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.


5. Шарҳланаётган модданинг бешинчи ва олтинчи қисмларида юридик шахс қайта ташкил этишнинг муайян усулига боғлиқ равишда, қайта ташкил этилди деб ҳисобланадиган пайтнинг аниқланиши муҳим аҳамиятга эга эканлиги акс этган. Хусусан, битта юридик шахснинг бошқасига қўшиб олинган ҳолда, уларнинг биринчиси юридик шахсларнинг ягона давлат реестрига юридик шахснинг фаолияти тўхтатилгани ҳақидаги ёзув киртилганидан бошлаб, қўшиб олинган юридик шахс қайта ташкил этилган ҳисобланади. Бошқа барча ҳолатларда янгидан вужудга келган юридик шахслар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб юридик шахслар қайта ташкил этилган ҳисобланади.



50-модда. Юридик шахсларни қайта

ташкил этишда ҳуқуқий ворислик


Юридик шахслар қўшиб юборилганида улардан ҳар бирининг ҳуқуқ ва бурчлари топшириш ҳужжатига мувофиқ янгидан вужудга келган юридик шахсга ўтади.

Юридик шахс бошқа юридик шахсга қўшилганида, бу юридик шахсга қўшилган юридик шахснинг ҳуқуқ ва бурчлари топшириш ҳужжатига мувофиқ ўтади.

Юридик шахс бўлинган тақдирда унинг ҳуқуқ ва бурчлари тақсимлаш балансига мувофиқ янгидан вужудга келган юридик шахсларга ўтади.

Юридик шахс таркибидан бир ёки бир неча юридик шахс ажралиб чиққанида қайта ташкил этилган юридик шахснинг ҳуқуқ ва бурчлари тақсимлаш балансига мувофиқ уларнинг ҳар бирига ўтади.

Бир турдаги юридик шахс бошқа турдаги юридик шахсга айлантирилганида (ташкилий-ҳуқуқий шакли ўзгартирилганида), қайта ташкил этилган юридик шахснинг ҳуқуқ ва бурчлари топшириш ҳужжатига мувофиқ янгидан вужудга келган юридик шахсга ўтади.


1. Шарҳланаётган модданинг меъёрлари юридик шахслар қайта ташкил этилганда ҳуқуқий ворисликни ҳужжатли расмийлаштириш масалаларига бағишланган. Қайта ташкил этиш натижаларини расмийлаштиришнинг асосий ҳужжатлари сифатида қайта ташкил этишнинг шаклига боғлиқ равишда тақсимлаш баланси ва топшириш далолатномаси (ФКнинг 51-моддаси шарҳига қаранг) қўлланилади. Аммо таъкидлаш жоизки, қайта ташкил этганда қайта ташкил этилаётган юридик шахснинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари муқаддам мавжуд бўлган ва/ёки янги ташкил этилаётган ҳуқуқ субъектларига универсал ҳуқуқий ворислик тартибида ўтади, чунки улар ҳуқуқий ворисга ягона муштаракликда, яъни улар қайта ташкил этилаётган юридик шахсга қайта ташкил этиш пайтида қандай кўринишда, ҳажмда ва ҳолатда тегишли бўлган бўлса, ҳудди ўшандайлигича ўтказилади. Бўлиш шаклида қайта ташкил этилган ҳолатлар бундан истисно этилиши мумкин, чунки бунинг натижасида янги ташкил этилган юридик шахслардан бирига фақат мажбуриятлар, иккинчисига фақат ҳуқуқлар ўтказилади.


2. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, шарҳланаётган модданинг умумий мазмуни нафақат фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятдаги балки маъмурий ҳуқуқий муносабатлар бўйича мол-мулкка нисбатан ҳуқуқларнинг ҳам ворисга ўтказилишини назарда тутади. Жумладан, солиқ қонунчилигига кўра қайта ташкил этилган юридик шахснинг солиқларни тўлаш ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича мажбуриятлари, мазкур мажбуриятлар бажарилмаган ёки лозим даражада бажарилмагани тўғрисида қайта ташкил этишдан аввал ҳуқуқий ворис хабардор бўлганми ёки бўлмаганми эканидан қатъийй назар, унинг ҳуқуқий вориси (ҳуқуқий ворислари) томонидан ижро этилади (ЎзР ФК 51-моддаси).



51-модда. Топшириш ҳужжати ва тақсимлаш баланси


Топшириш ҳужжати ва тақсимлаш баланси қайта ташкил этилган юридик шахснинг барча кредиторлари ва қарздорларига нисбатан барча мажбуриятлари бўйича, шу жумладан, тарафлар баҳслашаётган мажбуриятлар бўйича ҳам, ҳуқуқий ворислик тўғрисидаги қоидаларни ўз ичига олган бўлиши керак.

Топшириш ҳужжати ва тақсимлаш баланси юридик шахс муассислари (иштирокчилари) томонидан ёки юридик шахсларни қайта ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилган орган томонидан тасдиқланади ҳамда таъсис ҳужжатлари билан бирга янгидан вужудга келган юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш ёки мавжуд юридик шахсларнинг таъсис ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш учун тақдим этилади.

Таъсис ҳужжатлари билан бирга тегишинча топшириш ҳужжатини ёки тақсимлаш балансини тақдим этмаслик, шунингдек, уларда қайта ташкил этилган юридик шахснинг мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворислик тўғрисидаги қоидаларнинг йўқлиги янгидан вужудга келган юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказишнинг рад этилишига олиб келади.


1. Шарҳланаётган модданинг биринчи қисмидаги меъёрларда топшириш ҳужжати ва тақсимлаш балансига қайта ташкил бўлаётган юридик шахсдан унинг ҳуқуқий ворисга (ҳуқуқий ворисларига) ўтказиб берилиши тан олинган ва баҳсли ҳисобланган ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг таркибини белгиловчи ҳужжатлар сифатида муҳим аҳамият берилади. Аммо, айтиш керакки, айнан шу қисмида, қонун чиқарувчи мазкур ҳужжатларга ҳуқуқ ўрнатувчи хусусият, яъни бу ҳужжатларсиз тегишли ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг ўтказилишининг имкони бўлмайдиган хусусият бермаган. Қонун чиқарувчи кўпроқ бу ҳужжатлар воситасида қайта ташкил этилаётган юридик шахснинг ўз ҳуқуқлари ва мажбуриятларининг тақсимланишига розилигини тасдиқлашни кўзда тутади, чунки ҳуқуқий ворисга бу ҳужжатларда ўз аксини топмаган, ва ҳатто қайта ташкил этилган аввалги ҳуқуқ эгаларининг қайта ташкил этиш пайтида аниқланмаган ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам ўтиши мумкин.

Қонун ҳужжатларига(14) мувофиқ қайта ташкил этилаётган юридик шахснинг топшириш ҳужжати ёки тақсимлаш баланси қуйидаги иловаларни ўз ичига олиши шарт:


а) қайта ташкил этилаётган корхона активлари ва мажбуриятлари таркиби, шунингдек, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда активлар ва мажбуриятларни топширишни расмийлаштириш санасидан олдинги охирги ҳисобот санасига бўлган уларнинг баҳоси акс эттирилган, Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 30 августдаги "Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида"ги Қонунида(15) назарда тутилган таркибда молиявий ҳисобот;


б) топшириш далолатномаси ёки тақсимлаш балансини тузиш олдидан қонун ҳужжатларига(16) мувофиқ ўтказилган ва уларнинг тўғрилигини (активлар ва мажбуриятларнинг мавжудлиги, ҳолати ва баҳосини) тасдиқловчи, қайта ташкил этилаётган корхонанинг активлари ва мажбуриятларини инвентаризация қилиш далолатномалари (хатлаш ҳужжатлари);


в) моддий ва номоддий активлар бўйича бошланғич ҳужжатлар (асосий воситалар, номоддий активлар, товар-моддий захиралар ва бошқаларни қабул қилиш-топшириш далолатномалари (юкхатлари), корхоналарни қайта ташкил этишда қабул қилиниши-топширилиши лозим бўлган бошқа активларнинг рўйхатлари (хатлаш ҳужжатлари);


г) қайта ташкил этилаётган корхоналар давлат рўйхатидан ўтган пайтдан бошлаб мол-мулки ва тегишли шартномалар ва контрактлар бўйича мажбуриятлари, тегишли бюджетлар, давлат мақсадли жамғармалари ва бошқалар билан ҳисоб-китоблар ҳуқуқий ворисга ўтганлиги ҳақида уларнинг кредиторлари ва дебиторларига белгиланган муддатда (қайта ташкил этиш ҳақида қарор қабул қилинган санадан эътиборан 30 кундан кечиктирмай) ёзма равишда хабардор этганлиги тўғрисидаги ахборот кўрсатилган кредиторлик ва дебиторлик қарзлари бўйича изоҳлар (уларни хатлаш ҳужжатлари) ва бошқалар

Тегишли бюджетлар, давлат мақсадли жамғармалари билан хисоб-китоблар изоҳи.

Бўлиш чоғида тақсимлаш баланси аввал фаолият кўрсатган юридик шахс бўйича умумий балансдан ва илгари аввалги юридик шахснинг таркибига кирган тузилмалар асосида ташкил топган ҳар бир янги юридик шахснинг балансларидан иборат бўлади.

Бюджет ташкилотлари қайта ташкил этилганда, қонун ҳужжатларига мувофиқ, қайта ташкил этишни маблағларни тасарруф этувчи билан келишиб олиш зарур, шу сабабли топшириш ҳужжатидан ташқари даромадлар ва ҳаражатлар сметасини бажариш бўйича бухгалтерия ҳисоботини тузиб, уни аввалги ва янги бўйсуниш бўйича юқори идоралар маблағларни бош тасарруф этувчисига тақдим этилади. Мазкур сметалар, шунингдек, тегишли бюджетларни бажариш учун масъул бўлган органларга ҳам топширилади.


2. Шарҳланаётган модданинг иккинчи ва учинчи қисмларида белгиланган меъёрларга кўра, топшириш ҳужжати ва тақсимлаш баланси юридик шахснинг муассиалри (иштирокчилари) томонидан ёки юридик шахсларни қайта ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилган орган томонидан тасдиқланади ҳамда таъсис ҳужжатлари билан бирга янгидан вужудга келган юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш ёки мавжуд юридик шахсларнинг таъсис ҳужжатларига ўзгаришлар киритиш учун тақдим этилади. Қонун чиқарувчи бу талабга риоя этмаслик янгидан вужудга келган юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказишнинг рад этилишига олиб келишини белгилаб қўйган. Шунингдек, топшириш ҳужжатида ёки тақсимлаш балансида қайта ташкил этилган юридик шахснинг мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворислик қоидаларининг йўқлиги ҳам янгидан вужудга келган юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказишнинг рад этилишига олиб келади.

Топшириш ҳужжати ёки тақсимлаш балансини белгиланган тартибда тасдиқлаш санаси муассисилар томонидан ёки юридик шахсларни қайта ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилган орган томонидан қайта ташкил этишнинг муассисларнинг қайта ташкил этиш тўғрисидаги шартномасида (Қарорида) белгиланган муддат доирасида қонунчиликда назарда тутилган зарур расмий тартибларни (кредиторларни, акциядорларни, иштирокчиларни қайта ташкил этиш тўғрисида қабул қилинган қарор тўғрисида хабадор этиш ва улар томонидан мажбуриятларнинг тўхтатилиши ёки муддатидан аввал ижро этилиши ва зарарни қопланиши бўйича талабларни қўйиш, активлар инвентаризациясини ўтказиш ва ҳоказо.ни) ҳисобга олган ҳолда тасдиқланади.



52-модда. Юридик шахс қайта ташкил этилганида

кредиторлар ҳуқуқларининг кафолатлари


Юридик шахсни қайта ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилган юридик шахс муассислари (иштирокчилари) ёки орган қайта ташкил этилаётган юридик шахснинг кредиторларини бу ҳақда ёзма равишда хабардор қилишлари шарт.

Қайта ташкил этилаётган юридик шахснинг кредитори шу юридик шахснинг қарздор бўлишига олиб келган мажбуриятларни бекор қилишни ёки муддатидан олдин бажаришни ҳамда зарарни тўлашни талаб қилишга ҳақли.

Агар тақсимлаш баланси қайта ташкил этилган юридик шахснинг ҳуқуқий ворисини аниқлаш имконини бермаса, янгидан вужудга келган юридик шахслар қайта ташкил этилган юридик шахснинг ўз кредиторлари олдидаги мажбуриятлари бўйича солидар жавобгар бўладилар.


1. Юридик шахснинг қайта ташкил этилиши ўз навбатида шубҳасиз унинг мулкий ҳолатининг ўзгаришига ҳам олиб келади, бу эса кредиторлар манфаатига таъсир кўрсатади. Хусусан, қўшиб олиш чоғида ҳуқуқий ворислик натижасида янги мажбуриятлар келиб чиқиши мумкин, ажратиб ташлашда эса янги юридик шахсга энг ликвидли мол-мулкнинг бир қисми ўтиб кетиши мумкин, ўзгартириш натижасида ташкилотнинг қарзлари бўйича муассисларнинг қўшимча жавобгарлиги истисно этилади ва ҳоказо. Ҳудди шу сабабли, шарҳланаётган модданинг биринчи қисмида қайта ташкил этилаётган юридик шахс кредиторларининг манфаатларини таъминлашга оид меъёрлар кўзда тутилган. Бунда қонун чиқарувчи қайта ташкил этиш учун иккита зарур шартни қўяди. Биринчиси: юридик шахс кредиторларини олдиндан ёзма равишда хабардор этиш, иккинчиси: ёзма хабарнома кредиторларга юридик шахснинг ўзи томонидан эмас, балки муассис (иштирокчилар) ёки қайта ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилган орган томонидан юборилишига оид шарт.

Ёзма хабарнома ҳар бир кредиторга юборилиши шарт. Шарҳланаётган моддада хабарномани юбориш муддатлари белгиланмаган. Тегишли муддатлар юридик шахсларнинг алоҳида турларини тартибга солувчи қонунларда келтирилади. Масалан, бундай муддатлар ЎзР 1996 йил 24 апрелдаги “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 95-моддасида(17), ЎзР 2001 йил 6 декабрдаги “Масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги Қонуннинг 49-моддасида(18) қайта ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинган санадан ўттиз кун мобайнида қилиб белгилаб қўйилган.

Айтиш мумкинки, агар махсус қонунда (жумладан, хўжалик ширкатлари тўғрисидаги, ишлаб чиқариш кооперативлари тўғрисидаги) кредитораларга хабар бериш муддати белгиланмаган бўлса хам, улар тегишли вазиятларда тижорат ташкилотларига оид қонун талаб асосларида, нотижорат ташкилотлар учун эса, оқилона муддат доирасида иш кўришлари мумкин.

Кредиторларни келгусида қайта ташкил этиш борасида ёзма равишда хабардор этиш мажбуриятини бажариш тўғрисида давлат рўйхатидан ўтказиш учун берилган аризада ҳам кўрсатиб ўтилади. Бунда ажратиб чиқариш ва қўшиб олиш шаклида қайта ташкил этилган ҳолда тадбиркорлик субъектларидан юридик шахсга маълум бўлган барча кредиторларни ёзма равишда хабардор этиш ва қайта ташкил этилиши тўғрисидаги ахборотни оммавий ахборот воситларида эълон қилиш талаб этилади (2006 йил 24 майдаги “Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйишнинг хабардор қилиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 33-банди).

Кредиторларни хабардор этиш мажбуриятининг қонун чиқрувчи томонидан юридик шахснинг ўзига эмас, балки юридик шахснинг иштирокчиларига (муассисларга) ёки қайта ташкил этиш тўғрисида қарор чиқарган органга юклатилиши бир томондан, айнан зикр этилган субъектлар юридик шахсни қайта ташкил этиш тўғрисида қарор чиқариши ва унинг натижаларини расмийлаштириши билан боғлиқ. Иккинчи томондан эса, ушбу мажбуриятнинг юридик шахснинг иштирокчиларига (муассисларига) ёки қайта ташкил этиш тўғрисида қарор чиқарган органга юклатилиши, бу мажбурият бажарилмай қолган ва бунинг натижасида кредиторлар зиён кўрган тақдирда уларни жавобгарликка тортиш имконини беради.


2. Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисми қайта ташкил этилаётган юридик шахснинг у билан ёки ҳуқуқий ворислар билан муносабатларни давом эттиришни истамайдиган кредиторга танлаш ихтиёрини беради. У мажбуриятларнинг муддатидан олдин бажарилишини талаб қилиш ёки бошқа усулда, масалан, талабларнинг ҳисобга ўтказилиши, воз кечиш хақини қўллаш талабини тақдим этилиши ва ш.к. орқали унинг бекор бўлишини талаб қилиши мумкин. Айтиш мумкинки, мазкур талабларни талаб этиш имконияти қандайдир сабабаларга эмас ва тўлиғича кредиторнинг ўз ихтиёрига боғлиқ бўлиб, бунда мажбуриятларнинг бекор бўлиши қонунда белгиланган умумий қоидаларга асосан амалга оширилади.

Шарҳланаётган қисмнинг меъёрлари кредиторга мажбуриятларнинг муддатидан илгари бажарилиши ёки бекор қилиниши сабабидан етказилган зарарларнинг тўланишини талаб этиш ҳуқуқни ҳам беради. Зарарлар тўлиқ ҳажмда, яъни бевосита ҳақиқий зарар ва бой берилган фойда ундирилади. Уларнинг мавжудлигини ва ҳажмини кредитор исботлаши лозим. Масалан, мажбуриятлар бекор қилинган ҳолатларда кўрилган зарар қолган вақт ичида олинмай қолган тўловларда ифодаланиши мумкин.


3. Шарҳланаётган модданинг учинчи қисми ўз моҳиятига кўра алоҳида ҳуқуқий-техник усулдан(19) иборат бўлиб, унинг ёрдамида қонун чиқарувчи қайта ташкил этилган юридик шахс кредиторлари манфаатларининг риоя этилишини кафолатлаган. Агар тақсимлаш баланси қайта ташкил этилган юридик шахснинг ворисини аниқлаш имконини бермаса, қайта ташкил этилиши натижасида вужудга келган юридик шахслар қайта ташкил этилган юридик шахснинг кредиторлари олдида солидар жавобгар эканлиги тўғрисидаги қоидани том маънода тушунмаслик зарур. Баъзи ҳолларда махсус қонунларнинг ва қонун остки ҳужжатларининг меъёрларида солидар мажбуриятлар ўрнатилиши кўзда тутилганки, унинг бажарилмаслиги натижасида солидар жавобгарлик келиб чиқади. Бундай жавобгарлик ҳуқуқий муносабатлардаги ноаниқлик кимнинг айби билан содир бўлганлиги ва мажбуриятнинг бажарилмаслигида ким айбдор эканлигидан, шунингдек, у ёки бу юридик шахсга ҳақиқатга ўтган улушдан қатъийй назар, вужудга келади. Ушбу шарт-шароитлар фақат қайта ташкил этилиши натижасида вужудга келган юридик шахсларга нисбатан аҳамият касб этади.



53-модда. Юридик шахсни тугатиш


Юридик шахсни тугатиш унинг ҳуқуқ ва бурчлари ҳуқуқий ворислик тартибида бошқа шахсга ўтмасдан бекор қилинишига олиб келади.

Юридик шахс қуйидаги ҳолларда тугатилиши мумкин:

унинг муассислари (иштирокчилари)нинг ёки таъсис ҳужжатлари билан тугатишга ваколат берилган юридик шахс органининг Қарорига мувофиқ, шу жумладан, юридик шахснинг амал қилиш муддати тугаши, уни ташкил этишдан кўзланган мақсадга эришилганлиги муносабати билан ёки юридик шахсни ташкил қилиш чоғида қонун ҳужжатлари бузилишига йўл қўйилганлиги сабабли, агар бу бузилишларни бартараф этиб бўлмаса, суд юридик шахсни рўйхатдан ўтказишни ҳақиқий эмас деб топганида;

фаолият рухсатномасиз (лицензиясиз) амалга оширилган ёки қонун томонидан тақиқланган фаолият амалга оширилган ёхуд олти ой мобайнида (савдо ва савдо-воситачилик корхонаси эса - уч ой мобайнида) банк ҳисобварақлари бўйича пул операцияларини ўтказиш билан боғлиқ молия-хўжалик фаолияти амалга оширилмаган, деҳқон ва фермер хўжаликлари бундан мустасно, ва (ёки) давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан бир йил ичида устав фонди таъсис ҳужжатларида назарда тутилган миқдорда шакллантирилмаган тақдирда, қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, шунингдек, ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа ҳолларда суднинг Қарорига мувофиқ. (ЎзР 20.08.1999 йил 832-I-сон Қонуни таҳриридаги хат боши)

Суднинг юридик шахсни тугатиш тўғрисидаги Қарорида унинг муассислари (иштирокчилари) ёхуд юридик шахснинг таъсис ҳужжатлари билан уни тугатишга вакил қилинган орган зиммасига юридик шахсни тугатишни амалга ошириш вазифаси юклатилиши мумкин.


1. Тугатиш юридик шахсни бекор қилиш шаклларидан биридир. Шарҳланаётган модданинг биринчи қисмида белгиланишича, юридик шахсларни бекор қилишнинг бошқа шакли - қайта ташкил этишдан (ФК 49-моддасига қаранг) фарқли ўлароқ, тугатиш тартибида ҳуқуқий ворислик назарда тутилмайди. Юридик шахс тугатилганидан сўнг мол-мулки қоладиган бўлса, мана шу мулкка нисбатан ашёвий ва мажбуриятли ҳуқуққа эга бўлган муассислар ўртасида тақсимланади ёки агар тугатилаётган ташкилот тижоратчи бўлмаса, кредиторлар билан ҳисоб-китоб ўтказилганидан кейин қолган мол-мулк унинг уставида кўзда тутилган мақсадларга йўналтирилади. Таъкидлаш жоизки, кўп ҳолларда нотижорат ташкилотларининг уставида бу борада мол-мулкни тугатилаётган ташкилотнинг фаолиятига ўхшаш фаолият билан шуғулланувчи бошқа нотижорат ташкилотга ўтказиб берилиши кўзда тутилади.

Тугатиш жараёнида ҳуқуқий ворислик кўзда тутилмагани сабабли, у юридик шахснинг мажбуриятларининг бекор қилинишини келтириб чиқаради. Мажбуриятлар фақат бу холат қонунда назарда тутилган бўлса сақланиб қолиши мумкин. Хусусан, кишиларнинг ҳаёти ва соғлигига етказилган зарар юридик шахс томонидан тугатиш вақтида капиталлаштирилган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади (ЎзР ФК 1015-модда).


2. Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисмида юридик шахсларни ихтиёрий тарзда ҳам, шунингдек, мажбурий тарзда ҳам тугатилиши учун асослар рўйхати келтирилади. Ихтиёрий тартибда юридик шахс унинг муассислари (иштирокчилари)нинг таъсис ҳужжатлари билан тугатишга ваколат берилган юридик шахс органининг Қарорига мувофиқ тугатилади. Ихтиёрий тугатиш учун кўпинча юридик шахснинг бундан кейин мавжудлигининг мақсадга мувофиқ эмаслиги, ташкил этишда белгилаб қўйилган муддатининг тугаши, ташкилотнинг устав мақсадларига эришганлиги ёки аксинча бу мақсадларга мутлақо эришиб бўлмаслиги асос бўлади. Қонунчиликда алоҳида кўринишдаги юридик шахсларни тугатишнинг махсус шакллари назарда тутилиши мумкин. Масалан, бугунги кунда тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий асосда тугатилиши Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 27 апрелдаги Қарори(20) билан тасдиқланган “Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тартибда тугатиш ва фаолиятини тўхтатиш тўғрисида”ги Низомга мувофиқ амалга оширилади.


3. Таъкидлаш жоизки, шарҳланаётган моддада юридик шахсларни мажбурий тугатиш борасида белгиланган асослар барча юридик шахслар учун умумий хусусиятга эга бўлганидек, махсус - алоҳида юридик шахсларга қаратилган хусусиятга ҳам эга. Хусусан, қонун чиқарувчи юридик шахснинг ташкилий ҳуқуқий шаклидан ва фаолият туридан қатъийй назар, уни мажбурий тугатиш юридик шахсни ташкил қилиш чоғида қонун ҳужжатлари бузилишига йўл қўйилганлиги сабабли ва бу бузилишларни бартараф этиб бўлмаганда, суд Қарори билан амалга оширилиши мумкинлигини уқтиради. Шунингдек, қонун томонидан тақиқланган фаолият амалга оширилган ёхуд олти ой мобайнида (савдо ва савдо-воситачилик корхонаси эса - уч ой мобайнида) банк ҳисобварақлари бўйича пул операцияларини ўтказиш билан боғлиқ молия-хўжалик фаолияти амалга оширмаган юридик шахслар мажбурий тугатилиши (деҳқон ва фермер хўжаликларини истисно этган ҳолда) барча юридик шахсларга тегишлидир.

Тижорат ташкилотларини мажбурий тугатиш учун унинг устав жамғармасини давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин бир йил давомида таъсис ҳужжатларида кўзда тутилган миқдорда шакллантирилмаганлиги ҳам, агар қонунда бошқача тартиб кўзда тутилган бўлмаса, асос бўлади.

Қонун ҳужжатларида фаолиятни рухсатномасиз (лицензиясиз) амалга оширилишини ҳам юридик шахсларни мажбурий тугатиш учун асос сифатида белгилаб қўйган. Бунда лицензиянинг амал қилиш муддати тугаганидан кейин ёки бекор қилинганидан кейин ҳам фаолиятни амалга ошириш лицензиясиз фаолият амалга ошириш тоифасига киради деб айтиш мумкин. Бу ҳолда юридик шахсда тегишли лиценезия олиш учун ҳали реал имконият мавжуд эканлиги аҳамият касб этмайди. Агар юридик шахс бир неча турдаги фаолиятни амалга ошираётган бўлса, лицензиянинг бекор бўлиши агар юридик шахс лизцензия мавжуд бўлмаган фаолиятни тўхтатган бўлса, унинг тугатилишига олиб келмайди. Акс ҳолда эса, юридик шахс суд Қарори асосида тугатилиши мумкин.

Шарҳланаётган модданинг учинчи қисмига мувофиқ, суднинг юридик шахсни тугатиш тўғрисидаги Қарорида унинг муассислари (иштирокчилари) ёхуд юридик шахснинг таъсис ҳужжатлари билан уни тугатишга вакил қилинган орган зиммасига юридик шахсни тугатишни амалга ошириш вазифаси юклатилиши мумкин. Агар бу ҳолда мазкур шахслар юридик шахсни тугатишни белгиланган муддатда амалга оширмаслар, суд тугатувчини тайинлайди ва юридик шахсни тугатишни амалга оширилишини унга топширади.



54-модда. Юридик шахсни тугатиш тўғрисида

қарор қабул қилган шахснинг бурчлари


Юридик шахсни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган юридик шахс муассислари (иштирокчилари) ёки орган бу ҳақда юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органга дарҳол ёзма хабар беришлари керак, давлат рўйхатидан ўтказувчи орган юридик шахс тугатиш жараёнида эканлиги ҳақидаги маълумотларни юридик шахсларнинг ягона давлат реестрига киритиб қўяди.

Юридик шахсни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган юридик шахс муассислари (иштирокчилари) ёки орган тугатувчини - тугатиш комиссиясини ёки жисмоний шахсни тайинлайдилар ҳамда ушбу Кодексга мувофиқ тугатиш тартиби ва муддатини белгилайдилар. Юридик шахсни тугатиш тўғрисидаги қарор суд томонидан қабул қилинган тақдирда, тугатувчи юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган билан келишилган ҳолда тайинланади. (ЎзР 14.12.2007 йил ЎРҚ-127-сон Қонуни таҳриридаги қисм).

Тугатувчи тайинланган пайтдан бошлаб юридик шахснинг ишларини бошқариш бўйича ваколатлар тугатувчига ўтади. Тугатувчи тугатилаётган юридик шахс номидан судда иштирок этади. (ЎзР 14.12.2007 йил ЎРҚ-127-сон Қонуни таҳриридаги қисм).


1. Шарҳланаётган модданинг меъёрларида юридик шахсни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган шахсларнинг умумий бурчлари белгиланган. Юридик шахс муассислари (иштирокчилари) ёки юридик шахсни ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилган орган бу ҳақда юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органга дарҳол ёзма хабар беришлари керак, давлат рўйхатидан ўтказувчи орган юридик шахс тугатиш жараёнида эканлиги ҳақидаги маълумотларни юридик шахсларнинг ягона давлат реестрига киритиб қўяди. Айтиш мумкинки, қонун чиқарувчининг ваколатли давлат органини юридик шахсни тугатиш тўғисида қарор қабул қилинганлигидан албатта хабардор этиш хусусидаги кўрсатмаси давлат реестрида юридик шахсни тугатиш тўғрисида маълумотларнинг мавжуд бўлишлиги кредиторларга ва бошқа барча манфаатдор шахсларга тегишли ахборотни олишга имкон беришлиги билан боғлиқ. Бундан ташқари, ягона давлат реестрига тегишли ёзув киритилиш пайти билан қонунда муаян фуқаролик-ҳуқуқий ва ҳудди шу каби маъмурий-ҳуқуқий ҳарактердаги оқибатлар келиб чиқиши назарда тутилган. Хусусан, айни шу пайтдан бошлаб, тугатилаётган юридик шахснинг таъсис ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилишига, шунингдек, тугатилаётган юридик шахс муаассис сифатида чиқаётган юридик шахсларни рўйхатга олишга йўл қўйилмайди.


2. Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисмида юридик шахсни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган шахслар жисмоний шахс ёки комиссиядан иборат тугатувчини тайинлашлари лозимлиги белгиланган. Тугатиш Комиссияси таркиби ҳам юридик шахсни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган орган (шахслар) томонидан тасдиқланади. Айрим ҳолларда қонунчилик тугатиш комиссиясининг таркибига алоҳида талаблар қўяди. Масалан, агар давлат тугатилаётган акциядорлик жамиятининг иштирокчиси бўлса, тугатиш комиссиясининг таркибига давлат мулкини тасарруф этишга ваколатли бўлган органнинг вакили киритилиши шарт (Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 26 апрелдаги “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун, 101-моддаси 6-қисми).

Юридик шахсни тугатиш тўғрисидаги қарор суд томонидан қабул қилинган ҳолатда тугатувчи юридик шахсларни рўйхатдан ўтказувчи орган билан келишилган ҳолда тайинланади. Таъкидлаш жоизки, бу ҳолда қонун чиқарувчи бундай келишувнинг шартлари ва тартибини белгилаб бермайди, ушбу масала қонун ости меъёрий ҳужжатлари тартибга солинади.


3. Ушбу учинчи қисмида тугатувчи тайинланган пайтдан бошлаб юридик шахснинг ишларини бошқариш бўйича ваколатлар тугатувчига ўтиши белгиланган. Тугатувчи тугатилаётган юридик шахс номидан судда иштирок этади. Шунингдек, тугатиш жараёни билан боғлиқ бошқа вазифаларни бажаради: юридик шахснинг тугатилиши тўғрисида маълумотларни эълон қилдиради, кредиторлар билан ҳисоб-китобларни амалга оширади, дебитор қарздорлиги юзасидан тўловларни талаб қилади, оралиқ ва тугатиш балансини тузади. Тугатилаётган юридик шахснинг мол-мулки кредиторлар билан ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун етарли эмаслиги маълум бўлиб қолса, тугатувчи хўжалик судига қарздор бўлган юридик шахснинг ўз аризаси билан уни бакрот деб тан олиниши тўғрисида мурожаат этади. “Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 24 майдаги “Банкротлик тўғрисида”ги Қонуни)(21). Мазкур мажбурият бузилган ҳолда, тугатувчи (тугатиш комиссияси аъзолари) кредиторларнинг пул мажбуриятлари бўйича талабларини ҳамда қарздорнинг мажбурий тўловларини бажармаганлик учун субсидар равишда жавобгар бўлади (“Банкротлик тўғрисида”ги Қонун, 9-моддаси).



55-модда. Юридик шахсни тугатиш тартиби


Тугатувчи оммавий ахборот воситаларида юридик шахснинг тугатилиши ҳақида, шунингдек, унинг кредиторлари томонидан талабларни баён этиш тартиби ва муддати тўғрисида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда эълон беради. (ЎзР 14.12.2007 йил ЎРҚ-127-сон Қонуни таҳриридаги жумла) Бу муддат тугатиш ҳақида хабар эълон қилинган пайтдан бошлаб икки ойдан кам бўлиши мумкин эмас.

Тугатувчи кредиторларни аниқлаш ва дебиторлик қарзини олиш чораларини кўради, шунингдек, кредиторларни юридик шахс тугатилиши ҳақида ёзма равишда хабардор қилади. (ЎзР 14.12.2007 йил ЎРҚ-127-сон Қонуни таҳриридаги қисм)

Кредиторлар томонидан талабларни қўйиш учун белгиланган муддат тамом бўлганидан кейин тугатувчи оралиқ тугатиш балансини тузади, бу баланс тугатилаётган юридик шахс мол-мулкининг таркиби, кредиторлар қўйган талаблар рўйхати, шунингдек, уларни қараб чиқиш натижалари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олади. (ЎзР 14.12.2007 йил ЎРҚ-127-сон Қонуни таҳриридаги қисм)

Оралиқ тугатиш баланси юридик шахсни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган юридик шахс муассислари (иштирокчилари) ёки орган томонидан тасдиқланади. Юридик шахсни тугатиш тўғрисидаги қарор суд томонидан қабул қилинган тақдирда, оралиқ тугатиш баланси юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган билан келишилган ҳолда тасдиқланади. (ЎзР 04.04.2006 йил ЎРҚ-28-сон Қонуни таҳриридаги қисм)

Агар тугатилаётган юридик шахс (муассасалардан ташқари) ихтиёридаги пул маблағлари кредиторларнинг талабларини қондириш учун етарли бўлмаса, тугатувчи юридик шахснинг мол-мулкини ким ошди савдоси орқали суд қарорларини ижро этиш учун белгиланган тартибда сотади. (ЎзР 14.12.2007 йил ЎРҚ-127-сон Қонуни таҳриридаги қисм)

Тугатилаётган юридик шахс кредиторларига пул суммаларини тўлаш тугатувчи томонидан ушбу Кодекснинг 56-моддасида белгилаб қўйилган навбат тартибида, оралиқ тугатиш балансига мувофиқ, у тасдиқланган кундан бошлаб амалга оширилади. (ЎзР 14.12.2007 йил ЎРҚ-127-сон Қонуни таҳриридаги қисм)

Кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилиш тугаганидан кейин тугатувчи тугатиш балансини тузади, уни юридик шахсни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган юридик шахс муассислари (иштирокчилари) ёки орган тасдиқлайди. Юридик шахсни тугатиш тўғрисидаги қарор суд томонидан қабул қилинган тақдирда, тугатиш баланси юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган билан келишилган ҳолда тасдиқланади. (ЎзР 14.12.2007 йил ЎРҚ-127-сон Қонуни таҳриридаги қисм)

Тугатилаётган давлат корхонасининг мол-мулки, тугатилаётган муассасанинг эса - пул маблағлари кредиторларнинг талабларини қондириш учун етарли бўлмаса, кредиторлар ўз талабларининг қолган қисмини ушбу корхона ёки муассаса мулкдори ҳисобидан қондириш тўғрисида судга даъво билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эгадирлар.

Юридик шахснинг кредиторлар талаблари қондирилганидан кейин қолган мол-мулки унинг шу мол-мулкка ашёвий ҳуқуқларга ёки ушбу юридик шахсга нисбатан мажбурий ҳуқуқларга эга бўлган муассисларига (иштирокчиларига), агар қонун ҳужжатларида ўзгача тартиб назарда тутилмаган бўлса, топширилади.

Давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган корхоналарни тугатиш, шунингдек, уларни муассислари йўқлигида тугатиш таомили ва хусусиятлари қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади. (ЎзР 20.08.1999 йил 832-I-сон Қонуни таҳриридаги қисм)

Юридик шахснинг тугатилиши ҳақидаги ёзув юридик шахсларнинг ягона давлат реестрига киритиб қўйилганидан сўнг юридик шахсни тугатиш тамомланган, юридик шахснинг фаолияти эса тугаган ҳисобланади.


1. Шарҳланётган модда юридик шахсни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган иштирокчилари (муассислари), ваколатли орган ёки суд рўйхатдан ўтказувчи органни ёзма равишда уни тугатиш жараёни бошлангани тўғрисида хабардор этганидан сўнг юридик шахсни тугатиш тартибини белгилаб беради. Таъкидлаш жоизки, мазкур модда юридик шахсларни тугатиш борасидаги умумий қоидалардан ташкил топган бўлиб, бу қоидалар юридик шахсларнинг алоҳида турлари тўғрисидаги қонунлар ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар ёрдамида тўлдирилиши мумкин, аммо уларнинг фақат ФК меъёрларига зид бўлмаган қисми амал қилади.

Шарҳланаётган модданинг биринчи қисмида тугатувчини оммавий ахборот воситаларида юридик шахснинг тугатилиши ҳақида, шунингдек, унинг кредиторлари томонидан талабларни билдириш тартиби ва муддати тўғрисида эълон бериш мажбуриятини таъкидланган. Бу муддат тугатиш ҳақида хабар эълон қилинган пайтдан бошлаб икки ойдан кам бўлиши мумкин эмас. Мазкур мажбурият ҳар бир кредитор бевосита хабардор этилганидан қатъийй назар бажарилиши шарт. Ахборотда юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган ери, тугатувчининг жойлашган манзили, шунингдек, кредиторлар томонидан талабларни қўйиш тартиби ва муддатлари кўрсатилади.

Таъкидлаш жоизки, кредиторларга талабларни қўйиш учун ўрнатилган икки ойлик муддат батамом узил-кесил хусусиятга эга эмас, кредиторларнинг талаблари бу муддат ўтгач, юридик шахсни тугатиш охирига етказилгунча ҳам қўйилиши мумкин. Аммо бунда, муддатнинг ўтказиб юборилганлиги сабабли бу кредиторга ўз талабларни ўз вақтида тақдим этган кредиторлар қаноатлантирилганидан кейин қолган мол-мулк ҳисобидан қаноатлантириш ҳуқуқини беради.


3. Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисми тугатувчи зиммасига кредиторларни аниқлаш ва дебиторлик қарзини олиш чораларини кўриш, шунингдек, кредиторларни юридик шахс тугатилиши ҳақида ёзма равишда хабардор қилиш мажбуриятларини юклайди. Таъкидлаш жоизки, мазкур ҳолатда тугатиш тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали хабардор этиш тўғрисида эмас, балки тугатувчига маълум бўлган кредиторларни шахсан хабардор қилиш учун жўнатиладиган хабарнома назарда тутилган.

Тугатилаётган юридик шахснинг кредиторлари бўлиб, у қарздор бўлган шахслар ҳисобланади. Бунда тугатувчи томонидан фақат фуқаролик-ҳуқуқий мажбуриятлар бўйича кредиторлар эмас, балки бошқа кердиторлар ҳам (бюджет, бюджетдан ташқари жамғармалар, тугатилаётган юридик шахснинг ходимлари ва ш.к.) кўзда тутилган. Қарздор қарзнинг мавжудлигига розилигидан ёки уни рад этиш учун асослари бор-йўқлигидан қатъийй назар, тугатувчи томонидан кредиторга хабар берилиши шарт.

Тугатилаётган юридик шахс кредиторларининг талаблари тугатувчига тугатиш тўғрисида берилган эълонда кўрсатилган манзилга юборилади. Кредиторнинг аризасига тегишли талабни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилиниши шарт. Кредитор томонидан тақдим этилган ҳужжатлар асосида тугатувчи қўйилган талабалрни эътироф этиш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Эътироф этилган талаблар оралиқ тугатиш балансини тузиш чоғида ҳисобга олинади. Талаб рад этилган ҳолда эса, кредитор уларни суд орқали эътироф этилишини талаб қилишга ҳақли.

Қонун чиқарувчи дебиторлик қарзларини олиш бўйича тугатувчининг бурчини ҳам аниқ белгилаб берган. Дебиторлик қарзи деганда бошқа субъектларнинг - фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар бўйича шериклар, зарар етказиш туфайли ёки асоссиз бойиш сабабли вужудга келган ва шартномалар билан боғлиқ бўлмаган қарздорларнинг, шу жумладан, давлат тузилмаларининг тугатилаётган юридик шахс олдидаги қарздорлиги тушунилади. Дебитор қарздорлигини ундириш юзасидан чора-тадбирлар кўриш қарздорлар билан музокара олиб бориш, уларга нисбатан тезкор таъсир чораларини кўриш (мол-мулкини ушлаб қолиш), судга тегишли даъво аризаларини бериш каби турли ҳаракатларни ўз ичига олиши мумкин.


4. Шарҳланаётган модданинг учинчи қисмида кредиторлар томонидан талабларни қўйиш учун белгиланган муддат тамом бўлганидан кейин тугатувчи оралиқ тугатиш балансини тузиши, бу баланс тугатилаётган юридик шахс мол-мулкининг таркиби, кредиторлар қўйган талаблар рўйхати, шунингдек, уларни қараб чиқиш натижалари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олиши шартлиги тўғрисидаги меъёрлар ўрин олган. Бунда тугатилаётган юридик шахс мол-мулкини инвентаризациядан ўтказиш унинг оралиқ тугатиш балансини тузишнинг мажбурий шарти ҳисобланади. Мол-мулкнинг жойлашган еридан қатъийй назар, тугатилаётган юридик шахснинг барча мол-мулки ва мажбуриятлари, шу жумладан, музлатиб қўйилган асосий воситалари, алоҳида балансга ажратилган, аммо юридик шахс мақомига эга бўлмаган таркибий қисмлар (ёрдамчи хўжаликлар, турар-жой коммунал хўжаликлари ва ҳоказо.)нинг мол-мулки, ишлаб чиқариш заҳиралари ва тугатилаётган юридик шахсга тегишли бўлмаган, лекин унинг балансдан ташқари ҳисобида турган (консигнацион мулк, маъсулиятли сақлашга топширилган, ижарага олинган, қайта ишлаш учун қабул қилинган), ижарага берилган, шунингдек, бирон сабаб билан ҳисобга олинмаган бошқа турдаги мол-мулклар инвентаризациядан ўтказилиши шарт.

Инвентаризация ўтказишнинг моҳият мақсади: тугатилаётган юридик шахснинг амалда мавжуд мол-мулкни аниқлаш ва уни бахгалтерия ҳисоби билан солиштириш; ноликвид ва тўлиқ эскирган мол-мулкни аниқлаш; мол-мулк ва мажбуриятлар ҳисобини юритишда қийматининг баҳоланганлиги ва уларнинг тўғрилигини текшириш; мол-мулк ва мажбуриятларнинг ҳақиқий баланс қийматини аниқлашдан иборат.


5. Шарҳланаётган модданинг тўртинчи қисмида оралиқ тугатиш балансини юридик шахсни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган юридик шахс муассислари (иштирокчилари) ёки орган тасдиқлаши белгилаб қўйилган, бундан тугатиш тўғрисидаги қарор суд томонидан қабул қилинган ва оралиқ тугатиш баланси юридик шахларни рўйхатдан ўтказучи орган билан келишилган ҳолда тасдиқланган ҳолатлар истисно этилади.

Орлиқ тугатиш баланси қарздорнинг тугатиш бошланаётган пайтда мавжуд мол-мулки тўғрисидаги ҳамда кредиторлар томонидан қўйилган талаблар тўғрисидаги маълумотларни жамлашга қаратилган. Орлиқ тугатиш баланси асосида қарздорнинг мол-мулки кредиторлар талабларини қондириш учун етарлилиги тўғрисида хулоса чиқариш мумкин. Оралиқ тугатиш балансининг тузилиши белгиланган муддат ичда ўз талабларини қўя олмаган кредиторлар томонидан талабларнинг қўйилишига тўсиқ бўла олмайди.


6. Шарҳланаётган модданинг бешинчи ва олтинчи қисмларида кредиторларнинг талабларини оралиқ тугатиш баланси тасдиқланган кундан бошлаб қонун ҳужжатларида кўзда тутилган навбат асосида пул маблағларини тўлаш орқали қаноатлантириш шарти белгиланган (ФКнинг 56-моддаси шарҳига қаранг). Агар тугатилаётган юридик шахс ихтиёридаги пул маблағлари кредиторларнинг талабларини қондириш учун етарли бўлмаса, тугатувчи юридик шахснинг мол-мулкини ким ошди савдоси орқали суд қарорларини ижро этиш учун белгиланган тартибда, аниқроғи Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 29 августдаги “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги(22) Қонуни асосида сотилади. Бундан фақат муассасалар истисно этилади. Тугатилаётган муассасанинг қарзини пул маблағларидан бошқа мол-мулкига қаратишга йўл қўйилмайди. Чунки ЎзР ФКнинг 76-моддасига биноан муассаса ўз мажбуриятлари бўйича ихтиёридаги пул маблағлари билан жавоб бериши белгилаб қўйилган. Бу маблағлар етарли бўлмаса, муассасанинг мажбуриятлари юзасидан тегишли мол-мулкнинг эгаси субсидиар жавобгар бўлади.


7. Шарҳланаётган модданинг еттинчи қисми белгилаган меъёрларга кўра кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилиш тугаганидан кейин тугатувчи тугатиш балансини тузади, уни юридик шахсни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган юридик шахс муассислари (иштирокчилари) ёки орган тасдиқлайди, юридик шахсни тугатиш тўғрисидаги қарор суд томонидан қабул қилинган тақдирда эса, тугатиш баланси юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган билан келишилган ҳолда тасдиқланади. Тугатиш баланси тугатилаётган ташкилотнинг кредиторлар билан ҳисоб-китоб тугаллангандан кейинги ҳолатини акс эттиради. Тугатиш баланси ҳудди оралиқ баланси тасдиқланган тартибда тасдиқланади ҳамда рўйхатдан ўтказувчи органга юридик шахснинг тугатилганлиги далолатномасини давлат рўйхтидан ўтказиш учун тақдим қилинади.


8. Шарҳланаётган модданинг саккизинчи қисмида давлат корхонаси ёки муассаса тугатилаётганда кредиторларинг талабини қарздор ҳисобидан қаноатлантириш имкони бўлмаган тақдирда, ундирувни уларнинг мулкдорлариннг мол-мулкига қаратиш кўзда тутилган. Бундай вазият корхонанинг қарз ундирувини қаратиш мумкин бўлган пул маблағлари ва бошқа мол-мулки мавжуд бўлмаган ҳолда, муассасанинг эса - етарли пул маблағлари бўлмаган ҳолда вужудга келади.

Тугатилаётган юридик шахснинг қарзлари бўйича субсидар жавобгарлик шунингдек, коммандит ширкатларидаги тўлиқ шерикларга, қўшимча масъулиятли жамиятнинг иштирокчиларига ва бошқаларга юклатилиши мумкин.


9. Шарҳланаётган модданинг тўққизинчи қисми юридик шахснинг кредиторлар талаблари қондирилганидан кейин қолган мол-мулки унинг шу мол-мулкка ашёвий ҳуқуқларга ёки ушбу юридик шахсга нисбатан мажбурият ҳуқуқларга эга бўлган муассисларига (иштирокчиларига) топширилиши тўғрисидаги меъёрлардан ташкил топган. Юридик шахснинг мол-мулкига ашёвий ҳуқуқларга муассасаларнинг, давлат корхоналрининг муассислари эга бўладилар. Хўжалик ширкатларининг, жамиятларнинг, ишлаб чиқариш ва матлубот кооперативларининг иштирокчиларида тугатилаётган юридик шахсга нисбатан мажбурият ҳуқуқий асос сақланиб қолади.

Тугатилаётган ташкилотнинг мол-мулкини муассислар ўртасида тақсимлаш тўғрисидаги қоида агар қонунда, бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда ва юридик шахснинг таъсис ҳужжатларида бошқача тартиб ўрнатилмаган бўлса, қўлланилади.


10. Шарҳланаётган модданинг ўнинчи қисми давлат рўйхатидан ўтган пайтидан эътиборан молиявий-хўжалик фаолияти билан шуғулланмаган, шунингдек, муассислари бўлмаган корхоналарни тугатиш ҳолатларини белгиловчи меъёрлардан иборат. Бугунги кунда бу тамойил Вазирлар Маҳкамасининг Қарори билан 1999 йил 3 июлда тасдиқланган “Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналарни тугатиш тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ амалга оширилади.

Юридик шахснинг тугатилиши ҳақидаги ёзув юридик шахсларнинг ягона давлат реестрига киритиб қўйилганидан сўнг юридик шахсни тугатиш тамомланган ҳисобланади. Тугатишни давлат рўйхатидан ўтказиш тугатилаётган юридик шахснинг жойлашган еридаги рўйхатдан ўтказиш органи томонидан амалга оширилади.



56-модда. Кредиторларнинг талабларини қаноатлантириш


Юридик шахс тугатилаётганида биринчи навбатда фуқароларнинг меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиқадиган, алиментларни ундиришдан ва муаллифлик шартномалари бўйича мукофот тўлаш ҳақидаги талаблари, шунингдек ҳаётига ёки соғлиғига зарар етказганлиги учун тугатилаётган юридик шахс жавобгар бўлган фуқароларнинг талаблари ҳам тегишли вақтбай тўловларни капиталлаштириш йўли билан қаноатлантирилади.

Бошқа кредиторларнинг талаблари қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ва шартларда қаноатлантирилади.


1. Шарҳланаётган моддада тугатилаётган юридик шахс кредиторлари талабларини қаноатлантиришнинг навбати ва тартиби белгилаб берилган. Юридик шахснинг оралиқ тугатиш балансининг тасдиқланиши кредиторларга пул суммаларини тўлай бошлаш учун асос бўлиб хизмат қилади (ФК 55-модда, 4-қисм).

Биринчи навбатда меҳнат шартномаси асосида ишлаётган ёки ишлаган шахсларга ишдан бўшаш нафақаларини ва меҳнатига ҳақ тўлаш, ҳамда муаллифлик шартномалари бўйича мукофот тўлаш бўйича ҳисоб-китоблар амалга оширилади. Юридик шахс тугатилиши оқибатида жисмоний шахсларнинг бу тоифаси бошқа кредиторларга нисбатан анча ноқулай ҳолатда бўлади. Биринчидан, уларга юридик шахс томонидан тақдим этилаётган даромад умумий қоидага кўра асосий, кўп ҳолларда эса - ягона даромад бўлиб ҳисобланади. Иккинчидан, ёлланма меҳнат кишилари ва уларга тенглаштирилган шахслар ўз меҳнатлари билан амалда қайсидир маънода юридик шахсни аванслайди, - уларнинг иш ҳақи, масалан, иш тамом бўлганидан, масалан товар сотилганидан кейингина тўланади, аммо бошқа кредиторлардан фарқли ўлароқ бу шахслар ўз кредитлари юзасидан бирор-бир кафолатга эга эмас. Учинчидан, жисмоний шахсларнинг ушбу тоифаси, одатда ягона қарздорнинг кредитори бўлиб ҳисобланадилар ва бинобарин, у тугатилган тақдирда бор-будларидан, шу жумладан иш жойидан айрилиб қоладилар, айни вақтда қолган кредиторлар бошқа қарздорларга ҳам эга бўлиб, мавжуд бўлган кўплаб талаблари орасидан фақат биттасини йўқотишлари эҳтимол тутилади холос.

Меҳнатга ҳақ тўлаш талабларининг қаноатлантирилиши аввало ХМТ (Халқаро Меҳнат Ташкилоти)нинг 173-сонли “Тадбиркорнинг тўловга қодир бўлмаслиги ҳолатида меҳнаткашларнинг талабларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Конвенциясига (Женева, 1992 йил 23 июнь) мос келади. Конвенцияда меҳнаткашларнинг талабларига меҳнат муносабатлари орасида бошқа имтиёзли талаблардан, масалан давлат талабларидан ва ижтимоий таъминот талабларидан кўра юқорироқ устиворлик берилган.

Мазкур талаблар билан бир қаторда алиментларни ундириш талаблари қаноатлантирилади, бу эса бундай тўловларнинг ижтимоий аҳамияти билан боғлиқдир.

Шунингдек, биринчи навбатда ҳаётига ёки соғлиғига зарар етказганлиги учун тугатилаётган юридик шахс жавобгар бўлган фуқароларнинг талаблари ҳам тегишли вақтбай тўловларни капиталлаштириш йўли билан тўланади ҳамда маънавий зарарни қоплаш тўғрисидаги талаблар қаноатлантирилади. Ана шу мақсадларда юридик шахс келгусида етказилган зарарни қоплаш учун пул маблағлари суммасини капиталлаштириб қўйиши шарт.


2. Тугатилаётган юридик шахснинг мол-мулки етарли бўлмаган ҳолда, ночорлик (банкротлик) оқибатида тугатилаётган ташкилотга хос хусусият шундан иборатки, бунда агар қонунда бошқа тартиб белгиланган бўлмаса, мол-мулк кредиторлар ўртасида қаноатлантирилиши шарт бўлган талабларнинг суммасига мос навбат асосида тақсимланади. Тугатилаётган юридик шахснинг мол-муки етарли бўлмагани сабабли қаноатлантирилмай қолган кредиторларнинг талаблари ҳам, шунингдек сўндирилган деб ҳисобланади.



57-модда. Юридик шахснинг ночорлиги (банкротлиги)


Тижоратчи ташкилот бўлган юридик шахс, давлат корхонасидан ташқари, шунингдек матлубот кооперативи ёки ижтимоий фонд шаклида иш олиб бораётган юридик шахснинг кредиторлар талабларини қондиришга қурби етмаса, суднинг қарорига мувофиқ у ночор (банкрот) деб ҳисобланиши мумкин.

Юридик шахснинг банкрот деб ҳисобланиши унинг тугатилишига олиб келади.

Тижоратчи ташкилот бўлган юридик шахс, шунингдек матлубот кооперативи ёки ижтимоий фонд шаклида иш олиб бораётган юридик шахс банкротлик аломатлари мавжуд бўлган тақдирда ўзини банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этади. (ЎзР 25.04.2003 й. 482-II-сон Қонуни таҳриридаги қисм)

Суднинг юридик шахсни банкрот деб ҳисоблаши асослари, шунингдек бундай юридик шахсни тугатиш тартиби қонунда белгиланади. (ЎзР 25.04.2003 й. 482-II-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


1. Шарҳланаётган модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида тижоратчи ташкилот бўлган юридик шахс, давлат корхонасидан ташқари, шунингдек матлубот кооперативи ёки жамоат фонди шаклида иш олиб бораётган юридик шахснинг ночорлиги - банкрот бўлгани сабабидан тугатиш асоси кўриб чиқилган.

Юридик шахснинг банкротлик аломатлари сифатида қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини қондиришга ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини бажаришга қодир эмаслиги, агар тегишли мажбуриятлар ва (ёки) тўловлар мажбурияти юзага келган кундан эътиборан уч ой давомида қарздор томонидан бажарилмаган бўлса, унинг банкротлик аломатлари деб эътироф этилади. (“Ўзбекистон Республикасининг 24.04.2003 йилдаги “Банкротлик тўғрисида”ги Қонуни, 4-модда).

Юридик шахснинг ночорлиги (банкротлиги) фақат хўжалик судининг қарори асосида эътироф этилади. Тугатишнинг бошқа ҳолатларида бўлгани каби, юридик шахсни ночор (банкрот) деб эътироф этилиши мажбурий тарзда - суд қарори билан, ва ихтиёрий тарзда - қарздорнинг аризасига кўра амалга оширилиши мумкин.

Банкротлик тўғрисидаги иш банкротлик аломатлари мавжуд бўлган тақдирда, агар қарздор юридик шахсга нисбатан жами талаблар энг кам иш ҳақи миқдорининг камида беш юз каррасини ташкил этадиган бўлса қўзғатилади. (“Ўзбекистон Республикасининг 24.04.2003 йилдаги “Банкротлик тўғрисида”ги Қонуни, 4-модда).


2. Шарҳланаётган модданинг учинчи қисмида белгиланган меъёрларга кўра тижорат ташкилоти бўлган, шунингдек матлубот кооперативи ёки жамоат фонди ҳисобланган юридик шахс банкротлик аломатлари мавжуд бўлган тақдирда ўзини банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этади. Бунда юридик шахс хўжалик судига қонунчиликда белгиланган муддат ичида, аниқроғи уч ой ичида пул мажбуриятларини ва (ёки) мажбурий тўловлар юзасидан мажбуриятларини қаноатлантира олмайдиган ҳолатда бўлишини кўрсатувчи шарт-шароитлар мавжуд бўлган ҳолда ҳам ўзини банкрот деб эътироф этиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат этишга ҳақлидир.

Юридик шахс ҳўжалик судига ўзини банкрот деб эътироф этиш тўғрисидаги ариза билан, хўжалик судига қарздор юридик шахс қарздор муассисларининг (иштирокчиларининг) ёки қарздор мол-мулки эгасининг қарори ёхуд қарздор мол-мулкининг эгаси томонидан вакил қилинган органнинг қарори асосида ўзини банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза билан, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, хўжалик судига мурожаат этади.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, қарздор юридик шахсдан (айрим ҳолларда тугатувчидан) ташқари, мажбурий тўловлар мажбуриятини бажармаганлиги натижасида қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза билан хўжалик судига мурожаат этиш ҳуқуқига прокурор, давлат солиқ хизмати органлари ва бошқа ваколатли органлар эга.


3. Таъкидлаш жоизки, ночорлик тўғрисидаги қонун ҳужжати фақат ночор деб эътироф этилган қарздорни тугатиш борасидаги меъёрларнигина ўз ичига олиб қолмайди. Банкротлик тўғрисида қўзғатилган иш доирасида қарздорга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 24 апрелдаги “Банкротлик тўғрисида”ги Қонунида назарда тутилган қуйидаги таомиллар: кузатув, суд санацияси, ташқи бошқарув, келишув битими тугатишга доир иш юритиш қўлланилади. Банкротлик таомилларининг ҳар бири ўз мақсад ва вазифаларига, шунингдек амалга ошириш усулларига эга. Масалан, кузатиш таомили хўжалик суди томонидан қарздор юридик шахсга нисбатан унинг мол-мулки бут сақланишини таъминлаш, қарздорнинг молиявий аҳволи таҳлилини ўтказиш мақсадида тайин қилинади. Кузатув банкротлик тўғрисида иш қўзғатилганда хўжалик суди қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги аризани иш юритишига қабул қилган санадан эътиборан жорий этилади, қонунга мувофиқ банкротликнинг бошқа таомили қўлланилиши лозим бўлган ҳоллар бундан мустасно. Банкротлик тўғрисида иш қўзғатилган тақдирда хўжалик судининг аризани иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажримида кузатув жорий этилганлиги кўрсатилади.


4. Суд санацияси ва ташқи бошқарув банкротлик таомиллари деб аталсада, аслида хўжалик суди томонидан қарздор юридик шахсга нисбатан унинг тўлов қобилиятини тиклаш мақсадида қўлланилади. Суд санацияси хўжалик суди томонидан кредиторлар йиғилишининг қарори асосида жорий этилади, ташқи бошқарув эса, хўжалик суди томонидан кредиторлар йиғилишининг илтимосномасига кўра, устав жамғармасида давлат улуши мавжуд корхоналар бўйича эса, банкротлик ишлари бўйича давлат органининг аризасига биноан, агар қарздорнинг тўлов қобилиятини тиклашнинг ҳақиқий имкониятлари мавжуд бўлса, қабул қилинади.

Суд санацияси мажбуриятларни бажариш таъминотини берган шахслар кредиторларнинг талабларини қондириши учун йигирма тўрт ойдан кўп бўлмаган муддатга жорий этилади, бу муддат хўжалик суди томонидан кўпи билан олти ойга узайтирилиши мумкин.


5. Келишув битими ночорлик тўғрисидаги иш юритувини тугатиш мақсадини кўзда тутади. Бунда кредиторлар билан эришилган келишувга мувофиқ, қарздор ўз фаолиятини давом эттириши ёки суддан ташқари тартибда тугатилиши мумкин. Келишув битимини тузиш тўғрисидаги қарор кредиторлар номидан кредиторлар йиғилиш томонидан қабул қилинади. Кредиторлар йиғилишининг келишув битими тузиш тўғрисидаги қарори кредиторлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади ва қарор, башарти қарздорнинг гаров билан таъминланган мол-мулки мажбуриятлари бўйича барча кредиторлар уни ёқлаб овоз берган бўлса, қабул қилинган деб ҳисобланади.

Келишув битими хўжалик суди томонидан тасдиқланиши керак, бу ҳақда ажрим чиқарилиб, унда банкротлик тўғрисида иш юритишни тугатиш кўрсатилади. Агар келишув битими қарздорни тугатишга доир иш юритиш жараёнида тузилган бўлса, хўжалик суди келишув битимини тасдиқлаш тўғрисида ажрим чиқаради, унда қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисидаги қарор ижро этилмаслиги кўрсатилади.

Келишув битими қарздор, кредиторлар, шунингдек келишув битимида иштирок этаётган учинчи шахслар учун хўжалик суди томонидан тасдиқланган кундан эътиборан кучга киради ва улар учун мажбурий ҳисобланади. Кучга кирган келишув битимини бажаришдан бир томонлама бош тортишга йўл қўйилмайди.



2-§. ТИЖОРАТ ТАШКИЛОТЛАРИ


58-модда. Хўжалик ширкатлари ва жамиятлари

тўғрисидаги асосий қоидалар

59-модда. Хўжалик ширкати ёки жамияти

иштирокчиларининг ҳуқуқ ва бурчлари

60-модда. Тўлиқ ширкат

61-модда. Коммандит ширкат

62-модда. Масъулияти чекланган жамият

63-модда. Қўшимча масъулиятли жамият

64-модда. Акциядорлар жамияти

65-модда. Очиқ акциядорлар жамияти

66-модда. Ёпиқ акциядорлар жамияти

67-модда. Шўъба хўжалик жамияти

68-модда. Қарам хўжалик жамияти

69-модда. Ишлаб чиқариш кооперативлари

70-модда. Унитар корхона

71-модда. Хўжалик юритиш ҳуқуқига асосланган унитар корхона

72-модда. Оператив бошқарув ҳуқуқига

асосланган давлат унитар корхонаси



58-модда. Хўжалик ширкатлари ва жамиятлари

тўғрисидаги асосий қоидалар


Улушларга (қўшилган ҳиссаларга) ёки муассисларнинг (иштирокчиларнинг) акцияларига бўлинган устав фонди (устав капитали)га эга бўлган тижоратчи ташкилотлар хўжалик ширкатлари ва жамиятлари ҳисобланади. Муассислар (иштирокчилар) қўшган ҳиссалар ёки улар сотиб олган акциялар ҳисобига вужудга келтирилган, шунингдек хўжалик ширкати ёки жамияти ўз фаолияти жараёнида ишлаб чиқарган ва сотиб олган мол-мулк мулк ҳуқуқи асосида унга тегишлидир.

Хўжалик ширкатлари ва жамиятлари тўлиқ ширкат, коммандит ширкат, масъулияти чекланган ёки қўшимча масъулиятли жамият, акциядорлар жамияти шаклида тузилиши мумкин.

Якка тадбиркорлар ва (ёки) тижоратчи ташкилотлар тўлиқ ширкатларнинг иштирокчилари ҳамда коммандит ширкатларда тўлиқ шериклар бўлишлари мумкин.

Фуқаролар ва юридик шахслар хўжалик жамиятларида иштирокчилар ва коммандит ширкатларда ҳисса қўшувчилар бўлишлари мумкин.

Агар қонунда бошқача тартиб белгилаб қўйилган бўлмаса, давлат ҳокимияти органлари хўжалик жамиятларининг иштирокчилари ҳамда коммандит ширкатларга ҳисса қўшувчилар бўлишга ҳақли эмаслар.

Мулкдорлар томонидан молиявий таъминлаб туриладиган муассасалар, қонунда бошқача тартиб белгилаб қўйилган бўлмаса, мулкдорнинг розилиги билан хўжалик жамиятларининг иштирокчилари ва коммандит ширкатларга ҳисса қўшувчилар бўлишлари мумкин.

Қонун айрим тоифадаги фуқароларнинг хўжалик ширкатларида ва жамиятларида иштирок этишини тақиқлаб ёки чеклаб қўйиши мумкин, очиқ акциядорлар жамиятлари бундан мустасно.

Хўжалик ширкатлари ва жамиятлари бошқа хўжалик ширкатлари ва жамиятларининг муассислари (иштирокчилари) бўлишлари мумкин, ушбу Кодексда ва бошқа қонунларда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Хўжалик ширкати ёки жамиятининг мол-мулкига пул, қимматли қоғозлар, пул билан баҳоланадиган бошқа ашёлар ёки мулкий ҳуқуқлар ёхуд бошқа шахсга ўтказиладиган ўзга ҳуқуқлар ҳисса сифатида қўшилиши мумкин.

Хўжалик жамияти иштирокчисининг қўшган ҳиссасини пул билан баҳолаш жамиятнинг муассислари (иштирокчилари) ўртасидаги келишувга мувофиқ амалга оширилади, қонунда назарда тутилган ҳолларда эса мустақил эксперт текширувидан ўтказилиши керак.

Хўжалик ширкатлари ва жамиятлари (акциядорлар жамиятидан ташқари) акциялар чиқаришга ҳақли эмас.


1. Шарҳланаётган модданинг биринчи қисми хўжалик ширкатлари ва жамиятларининг умумий моҳиятини уларнинг тузилиши орқали иштирокчиларнинг капиталлари ва шахсий фаолияти фойда олиш юзасидан умумий мақсадига эришиш учун бирлаштириладиган тижорат ташкилотлари сифатида белгилаб беради. Хўжалик жамиятлари иштирокчиларнинг тадбиркорлик таваккалилигини чеклашга имкон беради, уларнинг жозибадорлиги кўп жиҳатдан айнан шу билан изоҳланади. Шарҳланаётган модда хўжалик ширкатлари ва жамиятларининг ўртасидаги умумий фарқлаш мезонларини бермайди, лекин Ўзбекистон Республикаси ФКнинг хўжалик ширкатлари ва жамиятларининг барча ташкилий-ҳуқуқий шаклларига бағишланган махсус моддаларидан келиб чиқиб, уларнинг орасидаги асосий фарқини қуйидаги мезон бўйича ўтказиш мумкин, деб таъкидлай оламиз: хўжалик ширкатларида ширкатлар иштирокчиларининг капиталлари ва бевосита шахсий фаолиятларининг бирлаштирилиши бўлса, жамиятларда капиталларнинг бирлаштирилиши амалга оширилади, фаолиятни юритиш фақат маълум шахсларга юклатилиши мумкин. Бошқача айтганда, хўжалик ширкатлари - бу шахслар ва улардан ҳар бирининг бевосита ҳаракатлари (то жавобгарликкача) фойда олиш мақсадида бирлашуви бўлса, хўжалик жамиятлари эса фақат уларнинг иштирокчилари капиталларининг бирлашуви бўлиб, улардан ҳар бирининг жамият фаолиятида бевосита иштирокисиз амалга ошади. Шу туфайли ширкатнинг ҳар бир иштирокчиси (коммандит ширкатдаги коммандитчилар бундан истисно) ширкатнинг барча мажбуриятлари бўйича ўзининг барча мол-мулки билан чекланмаган тарзда жавобгар бўлади. Хўжалик жамиятининг иштирокчилари эса, унга иштирокчиларининг шахсий саъи-ҳаракатлари эмас, уларнинг мол-мулкини бирлаштириш хос бўлгани туфайли, жамиятнинг мажбуриятлари бўйича чекланмаган жавобгар бўлмайди (қўшимча масъулиятли жамиятлардан ташқари), уларнинг тадбиркорлик таваккалчилиги уларнинг жамият устав фонидига киритган ҳиссаларининг миқдори билан чекланади.


2. Шарҳланаётган модданинг биринчи қисми хўжалик ширкатлар ва жамиятларга иккита асосий малакалаш белгилари хос, деб кўрсатади. Биринчидан, улар тижорат ташкилотлари, яъни ўз фаолиятининг асосий мақсади сифатида иштирокчилар ўртасида тақсимланиши мумкин бўлган фойдани олишни кўзловчи юридик шахслар бўлади. Иккинчидан, улар иштирокчиларнинг улушларига ёки таъсисчиларнинг акцияларига бўлинган устав фондига ёки устав капиталига эга бўлади. Устав фондидаги (устав капиталидаги) улуш иштирокчига ширкатнинг (жамиятнинг) унга юридик шахс сифатида мулк ҳуқуқида тегишли бўлган мол-мулкига ҳеч қандай ашёвий ҳуқуқларни бера олмайди. Иштирокчининг ширкатга (жамиятга) нисбатан мажбурият ҳуқуқий характердаги ҳуқуқлари, яъни фойданинг ва тугатишдан кейин қолган мол-мулкнинг маълум қисмини, ёхуд ширкатнинг (жамиятнинг) таркибидан чиқиб кетганда унинг мол-мулкнинг маълум бир қисмининг қийматини олиш ҳуқуқи, шунингдек иштирокчининг ширкатни (жамиятни) бошқариш юзасидан ҳуқуқлари ва ҳоказо ҳуқуқлар қонун ҳужжатлари билан ёки таъсис ҳужжатлари билан белгиланади.

Устав фонди (устав капитали) ширкатнинг (жамиятнинг) кредиторлари манфаатларини ҳимоя қилиш учун катта аҳамиятга эга бўлгани сабабли, унинг ФКда ва унга мувофиқ қабул қилинадиган махсус қонунларда тартибга солинишига бир қатор қоидалар бағишланган. Хўжалик жамиятлари ва ширкатлари мажбуриятлари бўйича уларнинг иштирокчилари (умумий қоидага кўра) шахсий жавобгар бўлмайди, хўжалик жамиятлари ва ширкатлари учун устав капиталининг минимал миқдори белгиланади ва уни тўлаш, унинг миқдорини кўпайтириш ва камайтиришга тегишли бўлган батафсил қоидалар киритилади.


3. Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисми хўжалик ширкатлари ва жамиятлари тўлиқ ширкат, коммандит ширкат, масъулияти чекланган ёки қўшимча масъулиятли жамият, акциядорлар жамияти шаклида тузилиши мумкинлгини белгилайди, лекин умумий маънода қонун чиқарувчи хўжалик жамияти атамасини фақат шўъба ва қарам хўжалик жамиятларига нисбатан қўллайди. Қонун чиқарувчининг бундай ёндашуви, эҳтимол, у ушбу хўжалик жамиятларини юридик шахсларнинг алоҳида ташкилий-ҳуқуқий шаклига ажратиб кўрсатмасликка ҳаракат қилиши билан белгиланади, чунки улар ҳар қандай ҳолатда ёки акциядорлик жамиятлари, ёки масъулияти чекланган ёки қўшимча масъулиятли жамиятлар бўлади (шўъба хўжалик жамиятлари ҳолатида), ёки фақат акциядорлик жамиятлари бўлади (қарам хўжалик жамиятлари ҳолатида) (батафсилроқ 67-68-моддаларига шарҳларни қаранг).


4. Шарҳланаётган модданинг учинчи-еттинчи қисмлари хўжалик ширкатлари ва жамиятларида иштирок этишнинг меъёрларини белгилайди. Масалан, тўлиқ ширкатларнинг иштирокчилари ҳамда коммандит ширкатларда тўлиқ шериклар фақат тадбиркорлар- ҳам якка тартибдаги тадбиркорлар, ҳам уюшган тадбиркорлар (тижоратчи ташкилотлар) бўлишлари мумкин. Бунда улар фақат битта тўлиқ ширкатнинг иштирокчилари (тўлиқ иштирокчи) бўлиши мумкин (Ўзбекистон Республикаси ФК 60-модданинг иккинчи қисми), ва айни пайтда коммандит ширкатда ҳам тўлиқ иштирокчи бўла олмайди (Ўзбекистон Республикаси ФК 61-модданинг тўртинчи қисми). Қонун чиқарувчининг бундай йўл тутиши ҳар бир иштирокчининг (тўлиқ иштирокчининг) ширкатнинг фаолиятида шахсий иштирок этиши ҳамда улардан ҳар бирининг ширкатнинг ўз мулки етишмаганда ширкатнинг мажбуриятлари бўйича чекланмаган субсидиар(23) жавобгар бўлиши зарурлигидан келиб чиқади. Бошқача айтганда, тўлиқ ширкатнинг ҳар бир иштирокчиси (тўлиқ иштирокчиси), аслида тадбиркор бўлгани ҳолда, унга тегишли бўлган барча мол-мулки билан ширкатнинг келиб чиқиши мумкин бўлган қарзлари юзасидан кафил бўлади, тадбиркор ўзининг айни бир мол-мулки билан мустақил субъектлар бўлган бир нечта тўлиқ ширкатларнинг барча мажбуриятлари бўйича кафил бўлиши эса "иқтисодий тартибсизлик…" ка йўл қўймаслик мақсадида мумкин бўлмайди.


5. Қонунда бевосита кўрсатилган айрим ҳолатлардан ташқари давлат ҳокимияти органлари хўжалик жамиятларининг иштирокчилари ҳамда коммандит ширкатларга ҳисса қўшувчилар бўлишнинг қонундаги тақиқланиши уларнинг шундай иштирок этиши ҳолатларида улар ўзларининг махсус ваколатларидан четга чиқиши мумкинлиги ёки ҳатто ушбу ваколатларини суиистеъмол қилган ҳолда хусусий субъектларнинг ҳуқуқларини бузиши мумкинлиги билан белгиланади.

Шарҳланаётган модданинг саккизинчи қисмида қонун чиқарувчи хўжалик ширкатлари ва жамиятларининг мазкур Кодекс ва бошқа қонунларда кўзда тутилган ҳолатлардан ташқари бошқа хўжалик ширкатлари ва жамиятларининг таъсисчилари (иштирокчилари) бўлишининг имконияти юзасидан умумий диспозитив меъёрларни кўзда тутади. Бу истиснолар, чунончи, хўжалик ширкати томонидан қарам хўжалик жамиятининг тузилиши (унда иштирок этиши) ёки унинг томонидан хусусий корхонанинг тузилиши мумкин эмаслиги ва шу кабилар билан боғлиқ.


6. Шарҳланаётган модданинг тўққизинчи ва ўнинчи қисмларида хўжалик ширкати ёки жамиятининг бирламчи тарзда таъсисчилар ҳиссалари ҳисобига шакллантириладиган устав фондини (устав капиталини) шакллантириш тартиби тўғрисидаги меъёрлар келтирилган. Бундай ҳисса фақат пулда баҳоланадиган буюмлар ва мулкий ҳуқуқлар бўлиши мумкин. Ширкатлар ва жамиятларнинг иштирокчиларининг ҳиссаларини пулда баҳолаш уларнинг келишуви асосида амалга оширилади, бунда қарор бир овоздан қабул қилиниши лозим. Ўнинчи қисмида қонун чиқарувчи шунингдек хўжалик жамияти иштирокчисининг ҳиссасини мустақил экспертлик баҳоланиши асосида пуллик баҳоланиши мумкинлиги ҳақидаги меъёрларни белгилайди.

Кўпинча доктринада ҳам, амалиётда ҳам интеллектуал мулк объекти (патент, муаллифлик ҳуқуқининг объекти, жумладан ЭҲМ дастурлари, ва ҳоказо) ёки "ноу-хау" хўжалик ширкати ёки жамиятининг мол-мулкига ҳисса бўла олмаслиги ҳақидаги қоидалар белгиланади. Лекин жамиятга ёки ширкатга лицензия шартномасига мувофиқ бундай объектдан фойдаланиш ҳуқуқи ҳисса сифатида тан олиниши мумкин, бунда шартнома қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган бўлиши лозим. Бу изоҳни асосли деб топиш қийин. Ушбу қоидалар ўзи пул баҳосига эга бўлмаган объектдан фойдаланиш ҳуқуқи қандай қилиб пул баҳосига эга бўлиши мумкинлигини тушунтириб бермайди. Бундан ташқари, интеллектуал мулкнинг ҳар қандай объекти пулда баҳоланмайди, деган хулосанинг ўзи интеллектуал мулк объектлари эгаларининг мулкий ва мутлақ ҳуқуқларини мустаҳкамловчи интеллектуал мулк тўғрисидаги амалдаги ҳуқуқий меъёрларга қиёсан хато бўлиб кўринади. Амалиёт эса камида патент билан тасдиқланган ихтиро, товар белгиси, хизмат кўрсатиш белгиси, ЭҲМ учун дастур, селекция ютуқлари, саноат мулкининг объектлари каби мутлақ ҳуқуқларнинг объектлари сўзсиз иқтисодий қийматига эга бўлиши ва, демакки, пулда баҳоланишини мумкинлигини кўрсатади. Қонун чиқарувчи уларни қийматини пулда баҳоланиши учун фақат хўжалик ширкатлари ва жамиятларининг иштирокчилари хоҳиши мавжуд бўлиши кераклигини белгилаб беради.

Шунингдек фуқаронинг қадр-қиммати ва шаъни, унинг касбий малакалари, билимлари, кўникмалари ва бошқа шахсий хусусиятлари, шунингдек хўжалик ширкати ёки жамиятининг фаолиятида иштирок этувчи якка тартибдаги тадбиркорнинг ва (ёки) тижорат ташкилотининг ишчанлик обрўси каби номоддий бойликлар ўз табиатига кўра пул баҳосига эга бўла олмайди ва шунинг учун хўжалик жамиятининг ёки ширкатининг мулкига ҳисса бўла олмайди, деб айтиш мумкин.


7. Шарҳланаётган модданинг ўн биринчи қисми 1996 йил 24 апрелдаги Ўзбекистон Республикасининг "Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонунида белгилаб ўтилган, акцияларни чиқариш ҳуқуқи фақат ёпиқ ва очиқ турдаги акциядорлик жамиятларига берилиши ҳақидаги меъёрларни такрорлайди.



59-модда. Хўжалик ширкати ёки жамияти

иштирокчиларининг ҳуқуқ ва бурчлари


Хўжалик ширкати ёки жамиятининг иштирокчилари қуйидагиларга ҳақлидирлар:

ширкатнинг ёки жамиятнинг ишларини бошқаришда қатнашиш, бошқа қонунларда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

таъсис ҳужжатларида белгилаб қўйилган тартибда ширкатнинг ёки жамиятнинг фаолияти тўғрисида ахборот олиш ҳамда унинг бухгалтерия дафтарлари ва бошқа ҳужжатлари билан танишиш;

фойдани тақсимлашда қатнашиш;

ширкат ёки жамият тугатилган тақдирда, кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилинганидан кейин қолган мол-мулкнинг бир қисмини ёки унинг қийматини олиш.

Хўжалик ширкати ёки жамиятининг иштирокчилари ушбу Кодексда, бошқа қонун ҳужжатларида, ширкат ёки жамиятнинг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари мумкин.

Хўжалик ширкати ёки жамиятининг иштирокчилари:

таъсис ҳужжатларида назарда тутилган тартибда, миқдорда, усулларда ва муддатларда ҳисса қўшишлари;

ширкат ёки жамиятнинг фаолияти тўғрисидаги махфий ахборотни ошкор қилмасликлари шарт.

Хўжалик ширкати ёки жамияти иштирокчиларининг ширкат ёки жамият таъсис ҳужжатларида назарда тутилган бошқа бурчлари ҳам бўлиши мумкин.


1. Шарҳланаётган моддада хўжалик ширкати ёки жамиятларининг барча турлари учун умумий бўлган иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятларининг рўйхати кўзда тутилган. Ширкатлар ёки жамиятларнинг айрим турларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси ФК ва махсус қонунларда иштирокчиларнинг бошқа ҳуқуқлари ҳам кўзда тутилади. Шуни қайд этиш лозимки, иштирокчиларнинг ҳуқуқлари хўжалик ширкати ёки жамиятининг таъсис ҳужжатлари билан кенгайтирилиши мумкин, шарҳланаётган моддада кўрсатилган иштирокчилар ҳуқуқларини таъсис ҳужжатлари чеклай олмайди, чунки модданинг қоидалари императив хусусиятига эга. Таъсис ҳужжатлари билан фақат ушбу ҳуқуқларни амалга ошириш тартиби белгиланади. Масалан, МЧЖ ва ЁАЖ иштирокчилари эга бўлган улушни (акцияни) сотиб олишнинг имтиёзли ҳуқуқи ўз улушини (акциясини) сотаётган шахснинг уни биринчи навбатда қолган иштирокчиларга таклиф қилиш мажбуриятини кўзда тутади (Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 224-моддасига шарҳларни қаранг).


2. Хўжалик ширкатининг иштирокчилари, ЎзР 2001 йил 6 декабрдаги "Хўжалик ширкатлари тўғрисида"ги Қонунида кўрсатилишича, қуйидагиларга ҳақлидирлар:

- хўжалик ширкатининг ишларини бошқаришда қатнашиш, мазкур Қонунниг 29-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган айрим ҳоллар бундан мустасно;

- таъсис шартномасида белгилаб қўйилган тартибда хўжалик ширкатининг фаолияти тўғрисида ахборот олиш ҳамда унинг бухгалтерия дафтарлари ва бошқа ҳужжатлари билан танишиш;

- фойдани тақсимлашда қатнашиш;

- хўжалик ширкати тугатилган тақдирда, кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилинганидан кейин қолган мол-мулкнинг бир қисмини ёки унинг қийматини қонунчилик билан белгиланган тартибда олиш.

Хўжалик ширкатининг иштирокчилари қонун ҳужжатларида ва ширкатнинг таъсис шартномасида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари мумкин.

Айни шу Қонуннинг 7-моддасига мувофиқ хўжалик ширкатининг иштирокчилари:

- мазкур Қонунда ва таъсис шартномасида назарда тутилган тартибда, миқдорда, усулларда ва муддатларда ҳисса қўшишлари;

- хўжалик ширкатининг фаолияти тўғрисидаги махфий ахборотни ошкор қилмасликлари шарт.

Хўжалик ширкати иштирокчиларининг қонунчиликда ва ширкатнинг таъсис шартномасида назарда тутилган бошқа мажбуриятлари ҳам бўлиши мумкин.

Хўжалик ширкатининг иштирокчиси ўзининг мазкур Қонун ва таъсис шартномасида кўзда тутилган ўз мажбуриятларини бажармаган ва бу ҳолат ширкатга ёки унинг иштирокчиларига зарар етказган ҳолда бошқа иштирокчилар зарарларнинг қопланишини талаб қилишга ҳақлидир.

Масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар иштирокчиларига нисбатан ЎзР 2001 йил 6 декабрдаги "Масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида"ги Қонуни қуйидаги ҳуқуқларни белгилайди:

- ушбу Қонунда ва жамиятнинг таъсис ҳужжатларида белгиланган тартибда жамиятнинг ишларини бошқаришда иштирок этиш;

- қонун ҳужжатларида ва жамият таъсис ҳужжатларида белгиланган тартибда жамиятнинг фаолияти тўғрисида ахборот олиш ҳамда унинг бухгалтерия дафтарлари ва бошқа ҳужжатлари билан танишиш;

- жамиятнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) ўз улушини ёхуд унинг бир қисмини ушбу Қонунда ва жамиятнинг уставида назарда тутилган тартибда мазкур жамиятнинг бир ёки бир неча иштирокчисигасотиш ёки ўзга тарзда уларнинг фойдасига воз кечиш;

- жамият бошқа иштирокчиларининг розилигидан қатъи назар ушбу Қонунда ва жамиятнинг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган тартибда исталган вақтда жамиятдан чиқиш;

- жамият тугатилган тақдирда, кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилинганидан кейин қолган мол-мулкнингбир қисмини ёки унинг қийматини олиш.

Жами улушлари жамият устав фондининг (устав капиталининг) камида ўн фоизини ташкил этадиган жамият иштирокчилари ўз мажбуриятларини қўпол бузаётган ёхуд ўз ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан жамиятнинг фаолият кўрсатишига имкон бермаётган ёки уни жиддий тарздақийинлаштираётган иштирокчини жамиятдансуд тартибида чиқарилишини талаб қилишга ҳақлидирлар.

Жамият иштирокчилари қонун ҳужжатларида ва жамиятнинг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларгаҳам эга бўлишлари мумкин.

Юқоридаги Қонунинг 9-моддаси билан итирокчиларнинг мажбуриятлари белгиланади, улар қуйидагилардан иборат:

Жамият иштирокчилари:

- ушбу Қонунда ва жамиятнинг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган тартибда, миқдорда, усулларда ва муддатларда жамият устав фондига ҳисса қўшишлари;

- жамият фаолияти тўғрисидаги сир тутилган ахборотни ошкор қилмасликлари шарт.

Жамият иштирокчиларининг қонун ҳужжатларида ва жамиятнинг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мажбуриятлари ҳам бўлиши мумкин.


3. ЎзР 1996 йил 26 апрелдаги "Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонуни уларнинг умумий ҳуқуқлари ва мажбуриятларини, шунингдек улар эгалик қилган акцияларга боғлиқ ҳолда айрим ҳуқуқлари ва мажбуриятларини белгилайди. Масалан, акциядорларнинг умумий ҳуқуқларига қуйидагиларга бўлган ҳуқуқлар киради:

- тегишли акциядорлик жамиятининг акциядорлари реестрига киритилиш;

- акциядорлик жамияти акциядорлари реестридан ўзлари ҳақида қимматли қоғоз ҳисобланмайдиган кўчирмалар олиш;

- жамият фойдасининг бир қисмини дивидендлар тарзида олиш;

- акциядорлик жамияти тугатилган тақдирда ўзларига тегишли улушга мувофиқ мол-мулкнинг бир қисмини олиш;

- акциядорлик жамиятини бошқаришда иштирок этиш;

- акциядорлик жамиятининг уставига мувофиқ эмитентнинг молия-хўжалик фаолияти натижалари тўғрисида тўлиқ ва тўғри ахборот олиш;

- олган дивидендини эркин тасарруф этиш;

- давлат томонидан қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш ва мувофиқлаштириш юзасидан ваколат берилган органда, шунингдек судда ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;

- инвестиция институтлари ва эмитентларнинг уқувсиз ёки гаразли хатти-ҳаракатлари туфайли кўрган зарарнинг тўланишини талаб қилиш;

- ўз манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш мақсадида уюшмалар ва бошқа жамоат ташкилотларига бирлашиш;

- қимматли қоғозлар сотиб олиш вақтида зарар кўриш ва (ёки) фойданинг бир қисмини йўқотиш эҳтимоли билан боғлиқ таваккалчиликни суғурталаш ҳуқуқига эга.

Акциядорлар жамият уставида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўладилар.



60-модда. Тўлиқ ширкат


Иштирокчилари ўз ўрталарида тузилган шартномага мувофиқ ширкат номидан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланадиган ҳамда унинг мажбуриятлари бўйича ўзларига қарашли бутун мол-мулк билан жавоб берадиган ширкат тўлиқ ширкат ҳисобланади.

Шахс фақат битта тўлиқ ширкатнинг иштирокчиси бўлиши мумкин.

Тўлиқ ширкатнинг фирма номи унинг барча иштирокчиларининг номлари (номланиши)ни, шунингдек "тўлиқ ширкат" деган сўзларни, ёхуд бир ёки бир неча иштирокчининг "ва компания" деган сўзлар қўшилган номи (номланиши)ни, шунингдек "тўлиқ ширкат" деган сўзларни ўз ичига олиши керак.


1. Тўлиқ ширкат - хўжалик ширкатлари ёки жамиятларининг ҳуқуқий тизимларга маълум бўлган илк ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан биридир. Масалан, немис ҳуқуқида тўлиқ ширкат (расман у юридик шахс этиб тан олинмаса ҳам) шахсларнинг шартномавий бирлашмаси сифатида personengesellschaften деб аталади. Унга ва коммандит ширкатларга масъулияти чекланган жамиятлар ва акциядорлик жамиятлари (кўпинча уставли бирлашмалар деб аталади) капиталларнинг бирлашмалари - kapitalgessellschaften сифатида қарама-қарши қўйилади. Англия - Америка ҳуқуқида partnership ва limited partnership деб аталадиган ширкатлар фарқланади, улар тўлиқ ва коммандит ширкатларга, шунингдек Европадаги акциядорлик жамиятлари ва масъулияти чекланган жамиятларнинг тушунчасига мос келади, ҳамда stock corporation ва close corporation, private company ва limited liability company деб аталадиган корпорациялар ёки компаниялар мавжуд бўлади.

Тўлиқ ширкатда шахсий элемент энг ёрқин ифодаланади, ва аксинча, иштирокчиларнинг ширкат мажбуриятлари бўйича масъулиятининг чекланиши умуман бўлмайди. Шунинг учун тўлиқ ширкат шаклидан фойдаланиш унинг иштирокчилари учун юқори таваккалчилик билан боғлиқ. Лекин тўлиқ ширкатнинг афзаликлари ҳам унинг айнан шу камчилиги билан яқиндан боғлиқ бўлади, ва уни тадбиркорликнинг ўта мақбул шаклига айлантиради. Тўлиқ ширкат кредиторларнинг талаблари нафақат жамланма капитал, балки шерикларнинг хусусий мулки билан ҳам кафолатлангани учун, у одатда кредит олиш учун унчалик қийинчилик туғдирмайди; тижорат ҳамкорларининг ишончига сазовор бўлади, чунки унинг иштирокчилари ўз зиммасига олган мулкий таваккалчилик даражаси уларнинг ниятлари жиддий эканлигидан ва корхонанинг ишончли эканлигидан далолат беради.


2. Шарҳланаётган модданинг биринчи қисми ширкат тўлиқ деб тан олиниши учун бешта муҳим мезонни белгилаб беради: 1) унинг асосида иштирокчилар ўртасидаги шартнома ётиши лозим; 2) тўлиқ ширкат тадбиркорлик фаолияти учун тузилади, яъни тижорат ташкилоти ҳисобланади; 3) тўлиқ ширкатнинг фаолиятида барча шерикларнин шахсий иштирок этиши кўзда тутилади; 4) тадбиркорлик фаолияти ширкат - юридик шахснинг номидан амалга оширилади; 5) ширкат иштирокчилари унинг мажбуриятлари бўйича ўзларига тегишли бўлган мол-мулки билан жавобгар бўлади. Шуни қайд этиш лозимки, ушбу жавобгарликнинг хусусияти ва ҳажми Ўзбекистон Республикаси ФК 59-моддаси билан ва Ўзбекистон Республикасининг "Хўжалик ширкатлари тўғрисида"ги Қонуни билан белгилаб берилади.

Тўлиқ ширкат уни тузаётган иштирокчилар томонидан имзоланиши керак бўлган таъсис шартномаси асосида тузилади. Ушбу шартноманинг давлат рўйхатидан ўтган пайтидан эътиборан тўлиқ ширкат юридик шахс деб тан олинади.


3. Тўлиқ ширкатнинг таъсис шартномасида қуйидагилар тўғрисида маълумотлар бўлиши лозим:

- ширкат фаолиятининг предмети, мақсадлари ва муддати(24) тўғрисида;

- таъсисчилар - иштирокчилар (тўлиқ иштирокчилар) таркиби тўғрисида;

- таъсис этиладиган ширкатнинг фирма номи ва почта манзили тўғрисида.

-ширкатнинг устав фонди (устав капитали) миқдори ва унинг тузилишнинг тартиби тўғрисида. Ширкатнинг устав фонди (устав капитали) унинг иштирокчилари улушларининг номинал қийматларидан таркиб топади, ва ширкатнинг давлат рўйхатидан ўтказилиши учун ҳужжатларнинг тақдим этилиши санасига қонунчиликда белгиланган минимал ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан кам бўлмаслиги лозим;

- ширкатнинг ҳар бир иштирокчисининг улуши (ҳиссалари) миқдори ва номинал қиймати, уларнинг киритилишининг муддатлари ва тартиби тўғрисидаги маълумотлар. Қонун чиқарувчи ушбу холатлар бўйича қатъий нормалар белгиланмайди, буни ҳал этиш ширкат иштирокчиларига, ўз улушини тўлиқ топширган, тўлаган иштирокчига бу ҳақда гувохнома берилиши тўғрисидаги норма бундан мустасно.

- ширкатнинг устав фондини (устав капиталини) кўпайтириш ва камайтириш тартиби тўғрисида. У ширкат иштирокчиларининг умумий йиғилишининг бир овоздан қабул қилинган қарорига кўра амалга оширилади, лекин баъзи ҳолатларда қонунчилик ширкат томонидан ўз устав фондини (устав капиталини) мажбурий тартибда камайтиришини кўзда тутиши мумкин. Бунда ширкатнинг устав фондини (устав капиталини) кўпайтиришга фақат унинг тўлиқ тўланганидан кейин йўл қўйилади, ва у ширкатнинг мол-мулки ҳисобига ва (ёки) ширкат иштирокчиларининг қўшимча ҳиссалари ҳисобига ва (ёки), агар бу ширкатнинг таъсис шартномаси билан тақиқланган бўлмаса, ширкатга қабул қилинадиган учинчи шахсларнинг ҳиссалари ҳисобига амалга оширилади. Ширкатнинг устав фондини (устав капиталини) камайтириш ўз иштирокчиларининг ширкат устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларининг номинал қийматини камайтириши ва (ёки) ширкатга тегишли улушларнинг ҳақини тўлаш орқали амалга оширилади. Ширкат, агар бундай камайтириш натижасида устав фондининг (устав капиталининг) миқдори ширкатнинг таъсис шартномасидаги тегишли ўзгартишларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳужжатларни тақдим этиш санасидаги ҳолатга кўрақонунчиликка мувофиқ белгиланган устав фондининг (устав капиталининг) минимал миқдоридан кам бўлиб қолса, ширкат ўзининг устав фондини (устав капиталини) камайтиришга ҳақли эмас. Ширкат ўз устав фондини (устав капиталини) камайтириш тўғрисида қарор қабул қилинган санадан эътиборан ўттиз кун ичида ширкатнинг устав фонди (устав капитали) камайтирилгани ва унинг янги миқдори ҳақида ширкатнинг ўзига маълум бўлган барча кредиторларини ёзма равишда хабардор қилиши, шунингдек қабул қилинган қарор тўғрисида оммавий ахборот воситаларида хабар эълон қилиши шарт;

- ширкат фаолиятини бошқариш тартиби тўғрисида. Тўлиқ ширкатнинг фаоиятини бошқариш унинг иштирокчиларининг шахсий-ишончи асосида, уларнинг томонидан бир овоздан ёки, агар таъсис шартномасида шундай кўзда тутилган бўлса, овозларининг кўпчилиги билан қабул қилинган қарорлари асосида амалга оширилади. Бунда ҳар бир ширкат иштирокчиси бир овозга эга бўлади, агар таъсис шартномасида иштирокчилар овозларини аниқлашнинг бошқача тартиби: масалан, улушининг миқдорига қараб аниқлаш белгиланмаган бўлса. Ишларни юритиш эса, умумий одатга кўра, иштирокчилардан ҳар бири томонидан амалга оширилади. Бу ҳолда ширкат юридик шахс сифатида бир нечта (иштирокчилар сонига қараб) мустақил ва тенг ҳуқуқли органларга эга бўлади. Ширкатнинг таъсис шартномаси билан белгиланадиган бошқача турлари ҳам бўлиши мумкин. Масалан: барча иштирокчилар томонидан биргаликда - битта коллегиал органи, ёки улардан баъзилари - битта ёки бир нечта якка тартибдаги органлар орқали иш юритиш. Лекин тўлиқ ширкатнинг ташкилий тузилишининг барча санаб ўтилган турлари бир вақтнинг ўзида қўлланилиши мумкин эмас. Шунинг учун ширкат ишларини юритишни иштирокчилардан бирига юклатиш қолганларини ширкат манфаатларини ишончномасиз ифода этиш ҳуқуқидан маҳрум этади;

- фойдани тақсимлаш ва зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида. Тўлиқ ширкатнинг фойда ва зарарлари унинг иштирокчилари ўртасида уларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларига мувофиқ тақсимланади, агар таъсис шартномасида бошқача қоида кўзда тутилган бўлмаса. Иштирокчиларнинг улардан бирортасини фойдалар ёки зарарларни тақсимлашда иштирок этишдан четлаштириш тўғрисидаги келишуви ҳақиқий бўлмайди. Агар ширкат кўрган зарарлари оқибатида унинг соф активларининг қиймати унинг устав фондининг (устав капиталининг) миқдоридан камроқ бўлиб қолса, ширкатнинг олган фойдаси унинг иштирокчилари ўртасида то соф активларининг қиймати ширкатнинг устав фондининг (устав капиталининг) миқдоридан ортиб кетмагунча тақсимланмайди.

- Ширкатнинг филиаллари ва ваколатхоналари тўғрисида маълумотлар;

- Ширкатни қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби тўғрисида.


Умумий қоидага кўра, тўлиқ ширкатни қайта ташкил этиш ва тугатиш барча юридик шахслар учун қонунчиликда кўзда тутилган асосларда, шартларда ва тартибда амалга оширилади. Тўлиқ ширкатнинг таркибида ягона иштирокчи қолганда ҳам у тугатилиши мумкин. Бундай иштирокчи у ширкатнинг ягона иштирокчиси бўлиб қолган пайтидан бошлаб олти ой ичида янги иштирокчиларни қабул қилиши ва ширкатни сақлаб қолиши, ширкатнинг амалга оширадиган фаолиятини молиялаштириш тўғрисида ҳисса қўшувчилар билан шартнома тузиши ва коммандит ширкатни вужудга келтириши мумкин.


4. Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисми шахс фақат битта тўлиқ ширкатнинг иштирокчиси бўлиши мумкин, деган меъёрни кўзда тутади. 59-моддадаги шарҳларда қайд этилишича, қонун чиқарувчининг бундай нуқтаи назари ширкатнинг ўз мулки етишмаган ҳолда иштирокчиларнинг ширкат мажбуриятлари бўйича субсидиар жавобгарлиги билан белгилаб берилади. Қонун чиқарувчи тўлиқ ширкатнинг тадбиркор бўлган ҳар бир иштирокчисини (тўлиқ иштирокчини) битта ширкатнинг эҳтимолий қарзлари бўйича ўзининг барча мол-мулки билан кафил бўлишга мажбур этиши орқали ширкат кредиторларининг манфаатларини ҳимоя қилади.


5. Модданинг учинчи қисмига мувофиқ, тўлиқ ширкатнинг фирма номи унинг барча иштирокчиларининг номларини, шунингдек “тўлиқ ширкат” сўзларини, ёки битта ёки бир нечта иштирокчиларнинг номларини ҳамда “ва компания” сўзларини, шунингдек "тўлиқ ширкат" сўзларини ўз ичига олиши лозим. Қонун чиқарувчининг бундай нуқтаи назари ширкатнинг фирма номи мазмунига қараб, унинг контрагентлари айрим шерикларининг мустақиллигини ҳисобга олган ҳолда унинг эҳтимолий тўловга лаёқатлилигини баҳолаш имкониятига эга бўлишидан келиб чиқади, деб ўйлаш мумкин.



61-модда. Коммандит ширкат


Ширкат номидан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширадиган ҳамда ширкатнинг мажбуриятлари бўйича ўзларининг бутун мол-мулклари билан жавоб берадиган иштирокчилар (тўлиқ шериклар) билан бир қаторда ширкат фаолияти билан боғлиқ зарар учун ўзлари қўшган ҳиссалар доирасида жавобгар бўладиган ҳамда ширкат томонидан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда қатнашмайдиган бир ёки бир неча иштирокчи (ҳисса қўшувчи, коммандитчи) мавжуд бўлса, бундай ширкат коммандит ширкат ҳисобланади.

Коммандит ширкатда қатнашаётган тўлиқ шерикларнинг ҳуқуқлари ва уларнинг ширкат мажбуриятлари бўйича жавобгарлиги ушбу Кодекснинг қоидалари билан белгиланади.

Шахс фақат битта коммандит ширкатда тўлиқ шерик бўлиши мумкин.

Тўлиқ ширкат иштирокчиси коммандит ширкатда тўлиқ шерик бўла олмайди.

Коммандит ширкатдаги тўлиқ шерик ўша ширкатнинг ўзида ҳисса қўшувчи ва бошқа тўлиқ ширкатда иштирокчи бўлиши мумкин эмас.

Коммандит ширкатнинг фирма номи барча тўлиқ шерикларнинг номлари (номланиши)ни, шунингдек "коммандит ширкат" деган сўзларни ёки камида битта тўлиқ шерикнинг "ва компания" деган сўзлар қўшилган номи (номланиши)ни, шунингдек "коммандит ширкат" деган сўзларни ўз ичига олиши керак.

Агар коммандит ширкатнинг фирма номига ҳисса қўшувчининг номи киритилган бўлса, бундай ҳисса қўшувчи тўлиқ шерикка айланади.

Коммандит ширкатга тўлиқ ширкат ҳақидаги қоидалар қўлланилади, агар бу ҳол ушбу Кодекснинг қоидаларига зид бўлмаса.


1. Шарҳланаётган модданинг биринчи қисми коммандит ширкатнинг асосий ҳуқуқий белгиларини мустаҳкамлайди: а) худди тўлиқ ширкат каби, коммандит ширкат тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун тузилади; б) ўз номидан фаолиятини амалга оширади. Лекин, бунда қонун чиқарувчи ушбу ширкатда иштирок этувчи шахсларнинг (иштирокчиларнинг), яъни ширкатнинг номидан тадбиркорлик фаолиятини олиб борувчи шахслар - тўлиқ иштирокчиларнинг, шунингдек ширкат томонидан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда қатнашмайдиган, балки фақат ҳисса қўшувчилар бўлган - коммандитистларнинг ҳар хил жавобгарлиги тўғрисидаги меъёрларни белгилайди(25). Тўлиқ шериклар ширкатнинг мажбуриятлари бўйича ўзининг барча мол-мулки билан жавобгар бўлади, ҳисса қўшувчилар учун жавобгарлик маълум маблағлар (ҳиссаси) билан чекланади. Бу эса юридик шахснинг алоҳида ташкилий-ҳуқуқий шакли сифатидаги коммандит ширкатнинг учинчи белгисини ташкил этади.

Биринчи иккита белгиси тўлиқ ва коммандит ширкатлар учун умумий ҳисобланади. Барча шериклар турли ҳажмдаги жавобгарлиги бўлган иккита гуруҳга бўлинишига доир учинчи белгиси коммандит ширкатни тўлиқ ширкатдан ажратиб турган асосий белгисидир. Коммандит ширкатни тўлиқ ширкатдан ажратиб турувчи қолган барча фарқлари ушбу белгидан келиб чиқади.

Ўзбекистон Республикасининг хўжалик ширкатларига оид қонунчилигида коммандитчилар ва тўлиқ иштирокчиларнинг сони белгиланмаган, лекин коммандит ширкат ҳеч бўлмаса битта коммандитчи ва битта тўлиқ иштирокчидан иборат бўлади.


2. Ушбу норманинг иккинчи қисмига кўра, коммандит ширкатда иштирок этувчи тўлиқ иштирокчиларнинг ҳуқуқлари ва уларнинг ширкат мажбуриятлари бўйича жавобгарлиги ФКнинг қоидалари билан белгиланади, уларга кўра айнан тўлиқ иштирокчилар коммандит ширкатни бошқаришни амалга оширади, тегишли ҳуқуқлар ва мажбуриятларга эга бўлади. Ҳисса қўшувчилар коммандит ширкатни бошқариш ва ишларини юритишда иштирок эта олмайди, унинг номидан фақат ишончнома орқалигина ҳаракат қилиш мумкин. Ҳисса қўшувчилар тўлиқ иштирокчиларнинг ширкатни бошқариш ва ишларини юритиш юзасидан ҳаракатлари устидан шикоят қила олмайди (ЎзР 2001 йил 6 декабрги "Хўжалик ширкатлари тўғрисида" Қонунининг 29-моддаси).


3. Юқоридагилардан келиб чиқиб, тўлиқ иштирокчиларнинг ички ва ташқи ўзаро муносабатлари тўлиқ ширкатлар тўғрисидаги тегишли қоидалар билан тартибга солинади, деган хулосага келиш мумкин. Коммандитчи-иштирокчилар ширкатда иштирок этишга фақат унинг капиталини кўпайтириш мақсадида қўйилади: улар ширкатга фақат ўз ҳиссаларини қўшади ва унинг ишларини юритишда ҳар қандай иштирок этишдан воз кечади. Шунинг учун уларнинг тўлиқ иштирокчилар билан алоқалари соф мулкий хусусиятга эга бўлиб, коммандит ширкатнинг шартномаси фақат уларнинг мулкий ўзаро муносабатларини белгилайди. Шунингдек, ҳисса қўшувчилар тўлиқ иштирокчиларнинг ширкатни бошқариш ва ишларини юритиш юзасидан ҳаракатлари устидан шикоят қила олмайди, деган қонун меъёрлари фақат улар тижорат ва ташкилий қарор қабул қилиш жараёнига ва коммандит ширкатнинг учинчи шахслар билан муносабатларига аралаша олмаслигини билдиради. Лекин агар ишларни юритиш ҳуқуқига эга бўлган тўлиқ иштирокчиларнинг айби билан ширкат зарар кўрса, коммандитчилар, юридик шахснинг ҳар қандай таъсисчилари (иштирокчилари) каби, уларга ушбу зарарларни қоплаш тўғрисида талаб қўйишга ҳақлидир.


4. Шарҳланаётган модданинг учинчи, тўртинчи, бешинчи қисмлари, шахс фақат битта коммандит ширкатда тўлиқ иштирокчи бўлиши мумкинлиги, тўлиқ ширкат иштирокчиси коммандит ширкатда тўлиқ иштирокчи бўла олмаслиги, шунингдек коммандит ширкатдаги тўлиқ шерик айни пайтда худди шундай бошқа коммандит ширкатда ҳисса қўшувчи ҳамда бошқа тўлиқ ширкатнинг иштирокчиси бўла олмаслиги тўғрисидаги меъёрларни белгилаганда ҳам ширкатнинг ўз мулки етишмаган ҳолда унинг мажбуриятлари бўйича иштирокчининг субсидиар жавобгарлиги белгиланганлигидан келиб чиқади. Қонун чиқарувчи тадбиркор бўлган ҳар бир тўлиқ иштирокчи ўзига тегишли бўлган барча мол-мулки билан битта ширкатнинг эҳтимолий қарзлари бўйича кафил бўлишга мажбур этиш орқали коммандит ширкат кредиторларнинг манфаатларини ҳам таъминлайди.


5. Шарҳланаётган модданинг олтинчи ва еттинчи қисмларига мувофиқ коммандит ширкатнинг фирма номларига ҳисса қўшувчиларнинг номлари кирмайди, унинг номи фақат барча тўлиқ шерикларнинг номларини, шунингдек "коммандит ширкат" сўзларини, ёки камида битта тўлиқ иштирокчининг номини ва "ва компания" сўзларини, шунингдек "коммандит ширкат" сўзларини ўз ичига олиши лозим. Бундай ёндашув коммандитчитлар қонун орқали ширкатнинг ишларини юритишдан четлатилганлиги ва унинг мажбуриятлари бўйича ўзининг қўшган ҳиссаси доирасида жавобгар бўлиши билан белгиланади, бу эса аслида, қонун чиқарувчининг мантиқий фикрича, коммандитчиларнинг кимлиги учинчи шахслар иқтисодий ёки шахсий манфаатларига таъсир қилмайди. Шунингдек ҳисса қўшувчиларинг номларини коммандит ширкатнинг номига киритилиши фақат учинчи шахсларни ширкатнинг ҳақиқий иштирокчилари ҳақидаги тасаввурларини чалғитиш мумкинлиги нуқтаи назаридан ҳам қонун чиқарувчининг мантиқий хулосаси тўғри деб тан олиш керак. Айнан шу асосда ҳисса қўшувчилардан бирининг номини киритиш уни автоматик равишда тўлиқ иштирокчига айлантиради, деган қоида амал қилади.

Шуни қайд этиш лозимки, коммандит ширкатнинг тузилиши ва фаолиятининг тартиби таъсис шартномасида белгиланади, уни ширкатнинг ишларида шахсан иштирок этувчилар ва коммандитчитларга қараганда кўпроқ миқдорда жавобгар бўлганлар сифатида фақат тўлиқ иштирокчилар имзолайди.

Коммандит ширкатнинг таъсис шартномасининг мазмуни тўлиқ ширкат таъсис шартномасининг мазмунига мос келади, фақат бир қоида бундан истисно: унда ҳисса қўшувчилар томонидан киритиладиган ҳиссаларнинг жами миқдори тўғрисида маълумотлар қайд этилиши лозим.



62-модда. Масъулияти чекланган жамият


Масъулияти чекланган жамият деб бир ёки бир неча шахс томонидан таъсис этилган, устав фонди (устав капитали) таъсис ҳужжатлари билан белгилаб қўйилган миқдорлардаги улушларга бўлинган жамият тан олинади. Масъулияти чекланган жамиятнинг иштирокчилари унинг мажбуриятлари бўйича жавобгар бўлмайдилар ва жамият фаолияти билан боғлиқ зарар учун ўзлари қўшган ҳиссалар қиймати доирасида жавобгар бўладилар.

Жамиятнинг ўз ҳиссасини тўла қўшмаган иштирокчилари жамият мажбуриятлари бўйича ҳар бир иштирокчи ҳиссасининг тўланмаган қисмининг қиймати доирасида солидар жавобгар бўладилар.

Масъулияти чекланган жамиятнинг фирма номи жамиятнинг номини, шунингдек "масъулияти чекланган" деган сўзларни ўз ичига олиши керак.

Масъулияти чекланган жамиятнинг ҳуқуқий мавқеи, унинг иштирокчиларининг ҳуқуқ ва бурчлари ушбу Кодекс ҳамда бошқа қонунлар билан белгиланади.


1. Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 62-моддасида масъулияти чекланган жамиятга доир асосий қоидалар берилади (қуйида МЧЖ). Ҳозирги вақтда МЧЖ мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи юридик шахснинг энг кўп тарқалган ва энг оммавий ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан бири ҳисобланади. Фойда олиш ва уни МЧЖ иштирокчилари ўртасида тақсимлаш имконияти жамият фаолиятининг асосий мақсади ҳисобланади. МЧЖ фаолиятнинг исталган (қонунчилик билан тақиқланмаган) турини амалга оширишга ҳақлидир, лекин ЎзР 2001 йил 6 декабрдаги 310-II-сон "Масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ, МЧЖ уставида ушбу МЧЖ фаолиятининг предмети белгиланган бўлиши лозим, яъни махсус ҳуқуқий лаёқати белгиланади. Бизнинг фикримизча, бу ҳолат бозор иқтисодиёти ва тадбиркорлик фаолиятининг руҳига мос келмайди, сабаби шуки, бу тадбиркорлик субъектининг танлов эркинлигини чеклайди, чунки таъсисчилар ўзлари тузаётган МЧЖ шуғулланиши мумкин бўлган барча фаолият турларини аниқ ва тўлиқ олдиндан кўра олади, деб тасаввур қилиш қийин.

МЧЖ битта шахс ёки бир нечта шахслар томонидан таъсис этилиши мумкин. Таъсисчилар сифатида фуқаролар ва (ёки) юридик шахслар бўлиши мумкин. Қонунчиликда жисмоний шахсларнинг айрим тоифаларининг МЧЖ да иштирок этиши тақиқланиши ёки чекланиши мумкинлигини айтиб ўтиш лозим. Шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, агар қонун ҳужжатларида бошқача белгиланган бўлмаса, МЧЖ иштирокчилари бўла олмайди. МЧЖ битта шахс томонидан таъсис этилиши мумкин, у ҳолда бу шахс унинг ягона иштирокчиси бўлади. Жамият кейинчалик ягона иштирокчиси бўлган жамиятга айланиши мумкин. Лекин, МЧЖ нинг ягона иштирокчиси битта шахсдан иборат бўлган бошқа хўжалик жамияти бўла олмайди. МЧЖ иштирокчиларининг сони элликтадан ортиқ бўлиши мумкин эмас (юқоридаги Қонуннинг 7-моддаси).

Масъулияти чекланган жамият - бу иштирокчиларнинг улушларига бўлинган устав капиталига эга бўлган ва ўз мажбуриятлари бўйича мустақил жавоб берувчи тижорат ташкилотидир. Жамият иштирокчиси улушининг миқдори фоизларда ёки каср шаклида белгиланади ҳамда унинг улушининг номинал қиймати ва жамият устав капиталининг нисбатига тенг бўлиши лозим. Шунингдек, МЧЖ иштирокчилари унинг мажбуриятлари бўйича жавобгар бўлмайди, Ўзбекистон Республикаси ФК 48-моддасининг тўртинчи ва олтинчи қисмлари ва 67-моддаси тўртинчи қисмида кўзда тутилган ҳолатлар бундан истисно. Бу, масалан, МЧЖ жавобгар бўлган иш бўйича хўжалик суди томонидан қабул қилинган қарорни таъминлаш чораси сифатида МЧЖ иштирокчининг мулки хатланиши мумкин эмаслигини билдиради.


2. Ушбу модданинг иккинчи қисмида ўз ҳиссаларини тўла қўшмаган МЧЖ иштирокчилари ушбу МЧЖ жамият мажбуриятлари бўйича ҳар бир иштирокчи ҳиссасининг тўланмаган қисмининг қиймати доирасида солидар жавобгар бўлиши кўзда тутилади. Бу МЧЖ кредитори ўз ҳиссасини тўламаган ҳар қандай иштирокчига солидар қарздор сифатида, лекин фақат унинг ҳиссасининг тўланмаган қисмидан ошмайдиган миқдорда даъво талабини қўйиши мумкинлигини билдиради. Шундай қилиб, бу ҳолда Ўзбекистон Республикаси ФКда чекланган солидар жавобгарлик кўзда тутилади. Иштирокчиларнинг чекланган солидар жавобгарлиги тўлиқ солидар жавобгарликдан шуниси билан фарқ қиладики, унинг миқдори тўланмаган устав капиталининг бутун миқдорига тенг бўлмайди, балки тегишли талаб қўйилган иштирокчи ҳиссасининг тўланмаган қисми билан чекланади. Солидар жавобгарликнинг бундай тури улушли жавобгарликка маълум даражада ўхшаш бўлади, лекин ундан МЧЖ иштирокчилари кредиторларнинг олдида ўз мажбуриятлари бўйича эмас, балки МЧЖ мажбуриятлари бўйича ўзининг тўланмаган устав капиталдаги улуши миқдорида жавоб бериши билан фарқланади. Бу эса, чунончи, умумий қоидага кўра МЧЖ жавобгар бўлган иш бўйича хўжалик суди томонидан қабул қилинган қарорни таъминлаш чораси сифатида МЧЖ иштирокчининг мулки хатланиши мумкин эмаслигини билдиради.


3. Юридик шахснинг - тижорат ташкилотининг фирма номи унинг индивидуал номи бўлиб, унинг давлат рўйхатидан ўтиши пайтида унга мутлақ ҳуқуқи юзага келади (ЎзР 2006 йил 18 сентябрдаги ЎРҚ-51-сонли "Фирма номлари тўғрисида"ги Қонунининг 3-моддаси биринчи қисми). Ўзбекистон Республикаси ФК 62-моддаси учинчи қисмининг МЧЖ фирма номига бағишланган қоидалари ЎзР 2001 йил 6 декабрдаги 310-II-сонли "Масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида"ги Қонунининг 6-моддаси биринчи, иккинчи, тўртинчи ва бешинчи қисмларида ривожлантирилган. Уларга кўра МЧЖ давлат тилидаги ва бир вақтда жамиятнинг хоҳишига биноан бошқа тиллардаги тўлиқ фирма номига эга бўлиши лозим ва қисқартирилган фирма номига эга бўлишга ҳақлидир.

Масъулияти чекланган жамиятнинг тўлиқ фирма номи жамиятнинг тўлиқ номини ва "масъулияти чекланган жамият" сўзларини ўз ичига олиши керак. Масъулияти чекланган жамиятнинг қисқартирилган фирма номи унинг тўлиқ ёки қисқартирилган номини ҳамда "масъулияти чекланган жамият" деган сўзларни ёки MChJ аббревиатурасини ўз ичига олиши керак.

Жамиятнинг фирма номи унинг ташкилий-ҳуқуқий шаклини акс эттирувчи, шу жумладан чет тиллардан ўзлаштирилган бошқа атамалар ва аббревиатураларни, агар қонунларда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, ўз ичига олиши мумкин эмас. Яъни ташкилотнинг фирма номида ташкилий-ҳуқуқий шаклини, масалан, айни пайтда ҳам рус тилида, ҳам чет тилларида акс эттирувчи аббревиатурадан фойдаланишга йўл қўйилмайди, масалан "Навруз" Ltd" масъулияти чекланган жамияти".

Чет элликлар иштирокида ташкил этилаётган жамиятнинг фирма номига унинг муассислари қайси давлатга мансублигини кўрсатувчи қайд киритилиши мумкин.

МЧЖ Жамият тўлиқ фирма номи давлат тилида ифодаланган ва жамиятнинг жойлашган манзили кўрсатилган думалоқ муҳрга эга бўлиши керак. Жамиятнинг муҳрида унинг фирма номи жамиятнинг хоҳишига биноан бошқа тилларда ҳам ифодаланиши мумкин. МЧЖ ўзининг фирма номи ёзилган штампларига ва бланкаларига, ўз эмблемасига, шунингдек белгиланган тартибда рўйхатга олинган товар белгисига ва бошқа ўз белги-аломатларига эга бўлишга ҳақлидир (ЎзР "Масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида"ги Қонунининг 5-моддаси тўртинчи, бешинчи қисмлари).


4. МЧЖ нинг, шунингдек унинг иштирокчиларининг ҳуқуқий мақоми Ўзбекистон Республикаси ФК, ЎзР "Масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида"ги Қонуни билан белгиланади. Юқоридаги Қонун МЧЖ нинг ҳуқуқий мақомини, унинг иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини, унинг тузилиши, қайта ташкил этилиши ва тугатилиши тартибини белгилаб беради. Масъулияти чекланган жамиятлар тўғрисидаги қонунчилик бошқа қонунчилик ҳужжатларини ҳам ўз ичига олади.


5. МЧЖ ўз ривожланиши учун акцияларни чиқариш орқали маблағларни жалб этиши мумкин эмаслигини ҳам айтиб ўтиш лозим (Ўзбекистон Республикаси ФК 58-моддаси ўн биринчи қисми). Шунинг учун қарз маблағлари МЧЖ қўшимча ресурсларининг асосий манбаи ҳисобланади. Уларни олиш учун МЧЖ хўжалик ширкатининг иштирокчилари ширкат мажбуриятлраи бўйича субсидиар жавобгарлиги билан боғлиқ бўлган хўжалик ширкатининг ўзига хос афзаллигидан фойдалана олмайди (қўшимча масъулиятли жамият бундан истисно - Ўзбекистон Республикаси ФК 63-моддасига қаранг). Устав капитали миқдори кичик бўлганда МЧЖ иштирокчилари уни рвиожлантириш учун МЧЖ қарзлари бўйича жавобгарликни ўз зиммаларига олишга, ўз кафиллиги билан кредитлар қайтарилиши ва МЧЖ қабул қилган бошқа мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлашга, шунингдек МЧЖ га қарз олиш, ижара шартномалари ва ҳоказолар бўйича пул маблағлари ва мол-мулкини беришга мажбур бўлади.



63-модда. Қўшимча масъулиятли жамият


Бир ёки бир неча шахс томонидан таъсис этилган, устав фонди таъсис ҳужжатларида белгиланган миқдорлардаги улушларга бўлинган жамият қўшимча масъулиятли жамият ҳисобланади. Бундай жамиятнинг иштирокчилари унинг мажбуриятлари бўйича ўз мол-мулклари билан қўшган ҳиссалари қийматига нисбатан ҳамма учун бир хил бўлган, жамиятнинг таъсис ҳужжатларида белгиланадиган каррали миқдорда солидар тарзда субсидиар жавобгар бўладилар. Иштирокчилардан бири ночор (банкрот) бўлиб қолганида унинг жамият мажбуриятлари бўйича жавобгарлиги, агар жамиятнинг таъсис ҳужжатларида жавобгарликни тақсимлашнинг бошқача тартиби назарда тутилган бўлмаса, бошқа иштирокчилар ўртасида уларнинг қўшган ҳиссаларига мутаносиб равишда тақсимланади.

Қўшимча масъулиятли жамиятнинг фирма номи жамиятнинг номини, шунингдек "қўшимча масъулиятли" деган сўзларни ўз ичига олиши керак.

Ушбу Кодекснинг масъулияти чекланган жамият ҳақидаги қоидалари, агар ушбу моддада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қўшимча масъулиятли жамиятга нисбатан қўлланилади.


1. Қўшимча масъулиятли жамият (қуйида ҚМЖ) масъулияти чекланган жамият билан биргаликда юридик шахснинг мустақил ташкилий-ҳуқуқий шакли ҳисобланади. Лекин МЧЖ ҳам, ҚМЖ ҳам жуда кўп ўхшаш жиҳатларга эга. Ушбу ташкилий-ҳуқуқий шаклларнинг ўхшашлиги қонун чиқарувчига Ўзбекистон Республикаси ФКнинг масъулияти чекланган жамият тўғрисидаги қоидаларни қўшимча масъулиятли жамиятга ҳам тааллуқли қилишига имкон берди, жавобгарликнинг ҳуқуқий тартибга солиниши бундан истисно. Шуни ҳисобга олиш керакки, МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси томонидан 1996 йил 2 ноябрда тасдиқланган "Масъулияти чекланган жамият тўғрисида"ги тавсиявий қонунчилик ҳужжатида (МПА Ахборот бюллетени, 1996, N 12), ҚМЖ эса МЧЖ нинг бир тури сифатида баҳоланади.

Юқорида айтилишича, ҚМЖ нинг МЧЖ дан асосий фарқи жавобгарликнинг ҳуқуқий тартибга солинишидан иборат. МЧЖ дан фарқли равишда, ҚМЖ нинг иштирокчилари унинг қарзлари бўйича ўз мулки билан солидар тартибда жавобгар бўлади. Бу эса кредитор ҚМЖ нинг барча иштирокчиларидан (солидар қарздорлардан) биргаликда, ҳам улардан исталган биридан алоҳида, бундан ташқари, қарзни тўлиқлигича ёки бир қисмини ижро этилишини талаб қилишга ҳақли эканлигини билдиради. Жамиятнинг битта иштирокчисидан талаби тўлиқ қондирилмаган кредитор қолган иштирокчилардан қолган ундирилмаган маблағларни талаб қилишга ҳақли бўлади. То мажбурияти тўлиқ ижро этилмагунча мажбурият иштирокчилар зиммасида қолади (Ўзбекистон Республикаси ФК 252-моддасига қаранг). Иштирокчининг қўшимча масъулиятининг хажми бевосита чекланган: у иштирокчининг бутун шахсий мол-мулки эмас, фақат унинг қисми билан белгиланади ва тегишли иштирокчининг ҚМЖ устав капиталига қўшган ҳиссасининг бир баравар, икки баравар, уч баравар ва ҳоказо қийматини ташкил этиши мумкин. Ушбу нисбат кўрсаткичи барча иштирокчилар учун тенг бўлади. Умуман олганда шу билан кредиторларниг манфаатларини кафолатлайдиган мулкнинг минимал миқдорининг ўзига хос ортиши юз беради, дейиш мумкин (жамият устав капиталидан ташқари). Шу жиҳатдан жамият иштирокчиларининг қўшимча масъулияти кредитни таъминлаш элементи сифатида қаралиши мумкин, бу эса қўшимча масъулиятли жамиятга МЧЖ га қараганда қарз маблағларини олишда қўшимча имтиёзларни беради.

Қўшимча масъулиятли жамиятнинг ўзига хослиги шундаки, унинг иштирокчиларидан бирининг банкротлиги ҳолатида қўшимча масъулият қолган жамият иштирокчиларининг улушларига мутаносиб ёки таъсис ҳужжатларида белгиланган бошқача тартибда, гўёки уларнинг улушларига қўшилиб борган ҳолда тақсимланади.

Ўзбекистон Республикаси ФК 63-моддасининг биринчи қисмида ҚМЖ иштирокчиларининг субсидиар жавобгарлиги ҳақида гапирилгани туфайли, бундай жавобгарликни амалга ошириш тартибига Ўзбекистон Республикаси ФК 329-моддасининг қоидалари қўлланади (шу модданинг шарҳига қаранг). Бундан ташқари, ҚМЖ кредиторларига қулайлик учун Ўзбекистон Республикаси ФК нафақат унинг иштирокчиларииннг жамият мажбуриятлари бўйича субсидиар жавобгарлигини кўзда тутади, балки шунингдек унга солидар жавобгарлик хусусиятини ҳам беради, шунинг учун ҚМЖ нинг кредитори ҚМЖ иштирокчиларидан исталган бирига мурожаат қилиш ва алоҳида иштирокчидан, баъзи иштирокчилардан ёки биргаликда барчасидан, томони жамият бўлган пул мажбуриятининг (пул маблағларини тўлаш мажбуриятининг) бажарилишини талаб қилишга, бунда иштирокчилар ҳиссасининг қийматидан камроқ, ортиқроқ ёки тенг бўлган миқдорда ижро этилишини талаб қилишга ҳақлидир (бу охирги ҳолатда ҚМЖ иштирокчилари жавобгарлигининг бир неча баравар миқдорида), ёки агар тегишли талаб барча иштирокчиларга бўлмаса-да, битта ёки бир иштирокчиларга қўйилса, бу маблағдан ортиқроқ миқдорда, ҳар қандай ҳолатда кредитор битта иштирокчи томонидан ҚМЖ иштирокчилари субсидиар жавобгарлиги коэффициентига кўпайтирилган устав капиталининг миқдоридан ортиқ бўлмаган миқдорда пул мажбуриятининг ижро этилишини талаб қилишга ҳақли бўлади (Ўзбекистон Республикаси ФК 252-моддаси).


2. ҚМЖнинг фирма номини шакллантиришнинг ўзига хос хусусиятлари, шунингдек улар билан боғлиқ масалалар МЧЖнинг фирма номи юзасидан келиб чиқадиган шунга ўхшаш масалалардан тубдан фарқ қилмайди (Ўзбекистон Республикаси ФК 62-моддасига шарҳларни қаранг). ЎзР 2001 йил 6 декабрдаги 310-II-сонли "Масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида"ги Қонуни 6-моддасининг биринчи, учинчи, тўртинчи ва бешинчи қисмларига кўра, ҚМЖ давлат тилидаги ва бир вақтда жамиятнинг ихтиёрига биноан бошқа тиллардаги тўлиқ фирма номига эга бўлиши лозим ва қисқартирилган фирма номига эга бўлишга ҳақлидир.

Қўшимча масъулиятли жамиятнинг тўлиқ фирма номи жамиятнинг тўлиқ номини ва "қўшимча масъулиятли жамият" деган сўзларни ўз ичига олиши керак. Қўшимча масъулиятли жамиятнинг қисқартирилган фирма номи жамиятнинг тўлиқ ёки қисқартирилган номини ҳамда "қўшимча масъулиятли жамият" деган сўзларни ёки QMJ аббревиатурасини ўз ичига олиши керак

Жамиятнинг фирма номи унинг ташкилий-ҳуқуқий шаклини акс эттирувчи, шу жумладан чет тиллардан ўзлаштирилган бошқа атамалар ва аббревиатураларни, агар қонунларда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, ўз ичига олиши мумкин эмас.

Чет элликлар иштирокида ташкил этилаётган жамиятнинг фирма номига унинг муассислари қайси давлатга мансублигини кўрсатувчи қайд киритилиши мумкин.

ҚМЖ Жамият тўлиқ фирма номи давлат тилида ифодаланган ва жамиятнинг жойлашган манзили кўрсатилган думалоқ муҳрга эга бўлиши керак. Жамиятнинг муҳрида унинг фирма номи жамиятнинг ихтиёрига биноан бошқа тилларда ҳам ифодаланиши мумкин. МЧЖ ўзининг фирма номи ёзилган штампларига ва бланкаларига, ўз эмблемасига, шунингдек белгиланган тартибда рўйхатга олинган товар белгисига ва бошқа ўз белги-аломатларига эга бўлишга ҳақлидир (ЎзР "Масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида"ги Қонунининг 5-моддаси тўртинчи, бешинчи қисмлари).


3. Қўшимча масъулиятли жамиятга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ФКнинг масъулияти чекланган жамият ҳақидаги қоидалари, агар ушбу моддада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, шунингдек. ЎзР 2001 йил 6 декабрдаги 310-II-сонли "Масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида"ги Қонуни ва бошқа қонунчилик ҳужжатларининг қоидалари қўлланилади (ЎзР "Масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида"ги Қонунининг 5-моддаси иккинчи қисми).



64-модда. Акциядорлар жамияти


Устав фонди муайян акциялар сонига бўлинган жамият акциядорлар жамияти ҳисобланади; акциядорлар жамиятининг иштирокчилари (акциядорлар) унинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайдилар ва жамият фаолияти билан боғлиқ зарар учун ўзларига қарашли акциялар қиймати доирасида жавобгар бўладилар.

Акциялар ҳақини батамом тўламаган акциядорлар акциядорлар жамиятининг мажбуриятлари бўйича ўзларига қарашли акциялар қийматининг тўланмаган қисми доирасида солидар жавобгар бўладилар.

Акциядорлар жамиятининг фирма номида жамиятнинг номи ҳамда бу жамият акциядорлик жамияти эканлиги ўз ифодасини топиши керак.

Акциядорлар жамиятининг ҳуқуқий мавқеи ҳамда акциядорларнинг ҳуқуқ ва бурчлари ушбу Кодекс ва бошқа қонунлар билан белгиланади.


1. Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 64-моддаси акциядорлик жамиятининг (қуйида АЖ) нинг туб негизларини ташкил этувчи белгиларини, унинг юридик шахс сифатида ҳуқуқлари ва мажбуриятларини, шу жумладан АЖ нинг фуқаролик муомиласида индивидуаллашуви билан боғлиқ бўлган ҳуқуқлари ва мажбуриятларини белгилайди. АЖ уни тузган акциядорларнинг ҳуқуқий мақомидан фарқли мустақил ҳуқуқий мақоми бўлган ташкилот ҳисобланади. АЖ нинг мол-мулки акциядорлариннг мол-мулкидан алоҳида мулк бўлиб, жамиятнинг балансида ҳисобга олинади. АЖ ўз номидан мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларни олиши ҳамда амалга ошириши, зиммасига мажбуриятлар олиши, яъни фуқаролик муомиласининг мустақил субъекти бўлиб чиқиши ва демак судда даъвогар ва жавобгар бўлиши мумкин.

АЖ тижорат ташкилоти сифатида қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган ҳар қандай фаолият турларини амалга ошириш учун зарур бўлган битимлар тузишга хақли.

ЎзР 1996 йил 26 апрелдаги 223-I-сонли "Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонунининг 20-моддасига мувофиқ, АЖ жамиятнинг давлат рўйхатидан ўтиши санасига Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг курси бўйича тўрт юз минг АҚШ долларига эквивалент бўлган миқдоридан кам бўлмаган устав фондига эга бўлиши лозим. АЖнинг устав фонди акциядорлар сотиб олган жамият акцияларининг номинал қийматидан ташкил топади. Жамият чиқарадиган барча акцияларнинг номинал қиймати бир хил бўлиши лозим. АЖнинг устав фонди унинг мол-мулкининг ўз кредиторлари манфаатларини кафолатлайдиган даражадаги энг кам миқдорини белгилайди. Жамият давлат мулки негизида тузилганда корхонанинг (мол-мулкнинг) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аниқланган бозор баҳоси жамият устав фондининг суммасини ташкил этади (юқоридаги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 19-моддаси). ЎзР 2008 йил 22 июлдаги ЎРҚ-163-сонли "Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида"ги Қонунининг 3-моддасига мувофиқ, акция - амал қилиш муддати белгиланмаган, унинг эгасининг акциядорлик жамияти фойдасининг бир қисмини дивидендлар шаклида олишга, акциядорлик жамиятини бошқаришда иштирок этишга ва унинг тугатилишидан кейин қолган мол-мулкиннг бир қисмига бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи эгаси ёзилган эмиссиявий қимматли қоғоздир.

Акциялар ўз турига кўра оддий ва имтиёзли бўлиши мумкин. Акциялар мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқи асосида тегишли бўлган юридик ёки жисмоний шахс акция эгаси - акциядор деб тан олинади. Оддий (одатдаги) акциялар овоз берувчи бўлиб, уларнинг эгаларига дивидендлар олиш, жамиятнинг умумий йиғилишларида ва жамиятни бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқини беради. Акция эгаларига дивидендларни, шунингдек акциядорлик жамияти тугатилганда акцияларда ифодаланган маблағларни биринчи навбатда олиш ҳуқуқини берадиган акциялар имтиёзли акциялар ҳисобланади. Имтиёзли акциялар уларнинг эгаларига, корхона фойда кўриш-кўрмаслигидан қатъи назар, муайян дивидендлар олиш ҳуқуқини беради. Чиқариладиган акцияларнинг хиллари, уларни тарқатиш ва жойлаштириш, улар бўйича дивидендлар тўлаш тартиби акциядорлик жамиятининг уставида қонун ҳужжатларига мувофиқ белгилаб қўйилади (ЎзР "Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонунининг 24-моддаси). Шунингдек "олтин акция" деган тушунча ҳам мавжуд. "Олтин акция" - стратегик аҳамиятга эга бўлган давлат корхоналарини хусусийлаштиришда ёки акциядорлик жамиятларининг давлат акциялари тўпламини хусусий мулк қилиб сотишда Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарори асосида жорий этиладиган ва мамлакатнинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлайдиган айрим ациядорлик жамиятларини бошқаришда давлат иштирокининг махсус ҳуқуқидир. "Олтин акция" қийматга эга эмас, бошқа бировга ўтказилмайди ва гаровга қўйилмайди, устав фонди миқдорини белгилашда ва дивидендларни қўшишда ҳисобга олинмайди. "Олтин акция" устав капиталида давлат улуши бўлмаган ёки бу улуш 25 фоиздан ортиқ бўлмаган акциядорлик жамиятларида жорий этилади. Давлат томонидан "Олтин акция" дан фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. (ЎзР "Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонуннинг 24-1-моддаси).

Акциядор ва жамият ўртасидаги муносабатлар корпоратив хусусиятга эга; бунда ўз маблағларини жамиятнинг капиталига қўшувчи шахс жамиятга нисбатан мажбурият-ҳуқуқий характердаги ҳуқуқларга - даромадларнинг бир қисмини (дивидендларни) олиш ҳуқуқи ва бир қатор бошқа ҳуқуқларга эга бўлади. Акциядор томонидан акцияларни тўлаш ҳисобига берилган пул маблағлари ва бошқа мулкий бойликлар жамиятнинг мулкига айланади, ва акциядор уларнинг қайтарилишини талаб қила олмайди; қонун ҳужжатларида назарда тутилган холлардан ташқари, у жамиятдан чиқиб кетиш пайида илгари сотиб олинган акцияларини пули қайтариб берилишини талаб қила олмайди. Акцияларни фақат сотиш, ҳадя қилиш, мерос қолдириш, яъни янги акциядорнинг фойдасига қонунчилик билан белгиланган тартибда воз кечиш мумкин.


2. Акциядорлик жамиятининг иштирокчилари (акциядорлар) унинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди, АЖ эса - ўз иштирокчилариинг қарзлари бўйича жавоб бермайди. Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 64-моддасининг ушбу қоидаларида фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар субъектининг мустақил жавобгарлигининг тамойили акс эттирилган. Бундан истиснолар фақат қонунчиликда кўзда тутилган ҳолларда бўлиши мумкин. Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисмига кўра акциялар ҳақини батамом тўламаган акциядорлар акциядорлик жамиятининг мажбуриятлари бўйича ўзларига қарашли акциялар қийматининг тўланмаган қисми доирасида солидар жавобгар бўладилар. Ушбу меъёр акциядорларнинг сотиб олинадиган акциялар ҳақини белгиланган муддат ичида тўлаш мажбуриятига асосланган (бир йил; ЎзР "Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонунининг 20-моддаси); у айни пайтда жамият кредиторларнинг манфатларини ҳимоя қилади, уларнинг иқтисодий кафолати акцияларнинг ҳақини тўлаш ҳисобига шакллантириладиган жамият устав капитали бўлиши лозим.

Ўзбекистон Республикасининг "Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонунининг 4-моддасида акциядорлар акциядорлик жамиятининг қарзлари бўйича жавобгарликка тортилиши мумкин бўлган яна бир ҳолат кўзда тутилган - Агар жамиятнинг ночорлиги (банкротлиги) жамият учун мажбурий кўрсатмаларни бериш ҳуқуқига эга бўлган акциядор сифатидаги шахснинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари туфайли вужудга келтирилган бўлса, мазкур акциядор зиммасига жамиятнинг мол-мулки етарли бўлмаган тақдирда унинг мажбуриятлари бўйича субсидиар жавобгарлик юклатилиши мумкин. Буларга жамиятнинг бошқариш органларида раҳбарлик лавозимларини эгаллаган ёки акцияларнинг назорат қилувчи тўпламларига (назорат пакетлари) эга бўлган акциядорлар киради. Акциядорларнинг жавобгарлиги бу ҳолларда субсидиар (қўшимча) хусусиятга эга (Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 329-моддаси).

АЖ акциядорлари учун маълум хавф акцияларнинг курси пасайиши, уларнинг бозор қийматининг камайиши билан боғлиқ. Бу ҳолларда сотмоқчи бўлган акцияларнинг котировкалари ўсиши ҳисобига даромад олишни кўзда тутган АЖ иштирокчиларининг иқтисодий манфаатларига путур етади.


3. Ўзбекистон Республикаси ФК 64-моддаси учинчи қисми ва Ўзбекистон Республикасининг "Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонуни 3-моддасининг биринчи, иккинчи қисмларига кўра, АЖ ўз фирма номига эга бўлади, бу ном фирманинг ташкилий-ҳуқуқий шакли ва турини (очиқ ёки ёпиқ) акс эттириши керак. Жамият давлат тилида ва айни пайтнинг ўзида жамият хоҳишига кўра бошқа тилларда ўзининг тўлиқ ва қисқартма номларига эга бўлишга ҳақлидир.


4. Акциядорлик жамиятининг ҳуқуқий ҳолати, акциядорларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари Ўзбекистон Республикаси ФК, Ўзбекистон Республикасининг "Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланади.

Қишлоқ хўжалик, банк, инвестицион ва суғурта фаолиятининг соҳаларида, шунингдек давлат корхоналарини хусусийлаштиришда акциядорлик жамиятларининг тузилиши ва ҳуқуқий ҳолатининг хусусиятлари қонун ҳужжатлари билан белгиланади (ЎзР "Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонуни 1-моддаси).



65-модда. Очиқ акциядорлар жамияти


Иштирокчилари ўзларига қарашли акцияларни бошқа акциядорларнинг розилигисиз ўзга шахсларга беришлари мумкин бўлган акциядорлар жамияти очиқ акциядорлар жамияти ҳисобланади. Бундай акциядорлар жамияти ўзи чиқарадиган акцияларга қонун ҳужжатларида белгилаб қўйиладиган шартлар асосида очиқ обуна ўтказишга ва уларни эркин сотишга ҳақли.

Очиқ акциядорлар жамияти ҳар йили йиллик ҳисобот, бухгалтерия баланси, фойда ва зарарлар ҳисобварағини барчанинг танишиб чиқиши учун эълон қилиши шарт.


1. АЖ томонидан жойлаштирилган акцияларнинг эркин муомаласи тамойили очиқ акциядорлик жамиятига нисбатан энг тўлиқ амалга оширилади (қуйида ОАЖ). АЖ ёки унинг акциядорлариниг ушбу жамият акциядорлари томонидан бегоналаштириладиган акцияларни сотиб олишининг имтиёзли ҳуқуқи белгиланмаган жамият очиқ деб ҳисобланади, бундан ташқари, ОАЖ иштирокчилари уларга тегишли акцияларни бошқа акциядорларнинг розилигисиз бегоналаштириши мумкин.

Очиқ акциядорлик жамияти қонунчилик талабларини ҳисобга олган ҳолда ўзи чиқарадиган акцияларга очиқ обунани ўтказишга ва уларнинг эркин сотувини амалга оширишга ҳақлидир. Шунингдек ОАЖ ўзи чиқараётган акцияларга ёпиқ обуна ўтказишга ҳақли, жамият уставида ва қонун ҳужжатларида ёпиқ обунани ўтказиш имконияти чеклаб қўйилган ҳоллар бундан мустасно (ЎзР "Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонуни 6-моддасининг иккинчи, учинчи қисмлари). Лекин, жамият томонидан овоз берувчи акцияларга айирбошланадиган акциялар ва қимматли қоғозларни жойлаштириш ҳолатида, уларнинг ҳақи пул билан тўланадиган ҳолда жамият уставида жамият овоз берувчи акцияларининг эгалари бўлмиш акциядорлар уларга тегишли бўлган жамият овоз берувчи акцияларининг миқдорига мутаносиб миқдорда ушбу қимматли қоғозларни сотиб олишнинг имтиёзли ҳуқуқига эга бўлиши ҳам кўзда тутилиши мумкин. Овоз берувчи акцияларга айирбошланадиган акциялар ва қимматли қоғозларни сотиб олишнинг имтиёзли ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг рўйхати ушбу қимматли қоғозларни чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиш санасига бўлган жамият акциядорларининг реестри маълумотларига асосланади. Ушбу қоидалар Ўзбекистон Республикасининг "Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонунининг 29-моддасига мувофиқ овоз бериш ҳуқуқини олган жамият имтиёзли акцияларининг эгаларга тааллуқли эмас. Очиқ акциядорлик жамияти акциядорларининг сони чегараланмайди (ЎзР "Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонунининг 6-моддаси тўртинчи қисми).


2. Ўзбекистон Республикаси ФК 65-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ, ОАЖ ҳар йили 1) йиллик ҳисобот; 2) бухгалтерия баланси; 3) фойда ва зарарлар ҳисобварағини барчанинг танишиб чиқиши учун эълон қилиши шарт. Жамият томонидан ўзи ҳақида маълумотларнинг мажбурий эълон қилиниши манфаатдор шахсларнинг кенг доирасини, энг аввало унинг ишларини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқи бўлган АЖ, шунингдек эҳтимолий сармоядорларни жамият фаолияти тўғрисиида хабардор қилиш мақсадида амалга оширилади, улар жамиятнинг молиявий аҳволи тўғрисида, демакки, унинг қимматли қоғозларининг бозор қиймати тўғрисида тасаввурга эга бўлиши лозим.

Шунингдек акциядорлик жамияти, шу жумладан ёпиқ турдаги жамият ҳам, облигациялар ёки қимматли қоғозларни ошкора жойлаштирган тақдирда, бу хусусдаги маълумотларни ваколатли давлат органи белгилаган ҳажм ва тартибда оммавий ахборот воситаларида эълон қилиши шарт (ЎзР "Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонуни 108-моддасининг иккинчи қисми).

Бундан ташқари, ОАЖ йиллик молия ҳисоботини ҳар йилги текшириш ва тасдиқлаш учун жамият ёки акциядорлар билан мулкий манфаатлар негизида боглиқ бўлмаган профессионал аудиторни жалб этиши шарт.



66-модда. Ёпиқ акциядорлар жамияти


Акциялари фақат ўзининг муассислари орасида ёки олдиндан белгилаб қўйиладиган бошқа шахслар доирасида тақсимланадиган акциядорлар жамияти ёпиқ акциядорлар жамияти ҳисобланади. Бундай жамият ўзи чиқарадиган акцияларга очиқ обуна ўтказишга ёки уларни сотиб олиш учун чекланмаган доирадаги шахсларга бошқача тарзда тавсия этишга ҳақли эмас.

Ёпиқ акциядорлар жамияти иштирокчиларининг сони қонун билан белгилаб қўйилган миқдордан ошмаслиги керак. Бу сон белгиланган миқдордан ошиб кетган ҳолда у бир йил ичида очиқ акциядорлар жамиятига айлантирилиши, ушбу муддат тамом бўлганидан кейин эса, агар акциядорлар сони белгиланган даражагача камаймаса, суд тартибида тугатилиши лозим.

Қонунда назарда тутилган ҳолларда ёпиқ акциядорлар жамияти ушбу Кодекс 65-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган ҳужжатларни барчанинг танишиб чиқиши учун эълон қилиши шарт.


1. Ёпиқ акциядорлик жамияти (қуйида ЁАЖ) акцияларни жойлаштиришни фақат ёпиқ обуна орқали ўтказишга ҳақлидир. Ёпиқ жамият учун нафақат акцияларга очиқ обуна ўтказиш, балки акцияларни чекланмаган доирадаги шахсларга бошқа ҳар қандай воситали жойлаштириш имкониятларини қўллаш тақиқланган. Жумладан, очиқ обуна орқали ёпиқ жамиятнинг акцияларига айирбошланадиган облигацияларни ва ёпиқ жамият акцияларини сотиб олиш ёки сотиш ҳуқуқини тасдиқловчи опцион гувоҳномаларини очиқ обуна орқали жойлаштиришга йўл қўйилмайди. ЁАЖ акциядорлари уларга тегишли бўлган акцияларни ҳар қандай усул (сотиш, алмашиш, ҳадя этиш, гаровга қўйиш) билан бошқа акциядорларнинг ва жамиятнинг ўзининг розилигисиз бегоналаштиришга ҳақлидир. Лекин ЁАЖ ушбу жамиятнинг бошқа акциядорлари сотаётган акцияларни учинчи шахсга таклиф этилаётган нархда сотиб олишда имтиёзли ҳуқуққа, улардан ҳар бирига тегишли бўлган акцияларнинг миқдорига мутаносиб равишда, эга бўладилар, агар жамиятнинг уставида ушбу ҳуқуқни амалга оширишнинг бошқача тартиби кўзда тутилмаган бўлса. Агар акциядорлар акцияларни сотиб олишда ўз имтиёзли ҳуқуқларидан фойдаланмасалар, жамият акциядорлар томонидан сотиладиган акцияларни сотиб олиш учун имтиёзли ҳуқуққа эга бўлиши унинг уставида кўзда тутилиши мумкин (ЎзР "Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонунининг 7-моддаси).

Ўз акцияларини учинчи шахсга сотмоқчи бўлган жамият акциядори бу ҳақда жамиятнинг қолган акциядорларини ва жамиятнинг ўзини сотиладиган акциянинг нархи ва бошқа шартларини ёзма кўрсатган ҳолда хабардор этиши лозим. Акциядорлар сотаётган акцияларни сотиб олишда имтиёзли ҳуқуқдан фойдаланиш тартиби, муддати жамият уставида белгилаб қўйилади. Имтиёзли ҳуқуқдан фойдаланиш муддати акциялар савдога қўйилган пайтдан бошлаб 30 кундан кам ва 60 кундан кўп бўлиши мумкин эмас (ЎзР "Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонуни 7-моддасининг тўртинчи қисми).

Жамият акциядорлари ва (ёки) жамият сотиш учун таклиф қилинаётган барча акцияларни сотиб олишда имтиёзли ҳуқуқдан, бу ҳақда хабар берилган кундан эътиборан бир ой ичида фойдаланмаган тақдирда (агар жамият уставида қисқароқ муддат назарда тутилган бўлмаса) акциялар жамиятга ва унинг акциядорларига хабар қилинган баҳоларда ва шартларда учинчи шахсга сотилиши мумкин.


2. Ёпиқ акциядорлик жамияти акциядорларининг сони эллик нафардан зиёд бўлиши мумкин эмас. Белгиланган чегарадан ортиб кетган тақдирда у ёпиқ акциядорлик жамиятлари учун миқдори акциядорларнинг чегараланган лимитидан ортиб кетган шахслар акциядорлар реестрида рўйхатга олинган кундан эътиборан олти ой ичида очиқ акциядорлик жамиятига айлантирилиши, ёхуд ушбу муддат тугагач, суд тартибида тугатилиши лозим (ЎзР "Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонуни 7-моддасининг иккинчи қисми).


3. Қонунчиликда кўзда тутилган ҳолларда ёпиқ акциядорлик жамияти Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 65-моддаси иккинчи қисмида кўрсатилган ҳужжатларни барчанинг эътибори учун эълон қилиши шарт.



67-модда. Шўъба хўжалик жамияти


Агар бир (асосий) хўжалик жамияти ёки ширкати иккинчи хўжалик жамиятининг устав фондида ундан устунлик мавқеига эга бўлган ҳолда иштирок этиши туфайли ёхуд улар ўртасида тузилган шартномага мувофиқ ё бўлмаса бошқача тарзда иккинчи хўжалик жамияти томонидан қабул қилинадиган қарорларни белгилаб бериш имконига эга бўлса, ушбу иккинчи хўжалик жамияти шўъба хўжалик жамияти ҳисобланади.

Шўъба хўжалик жамияти юридик шахс ҳисобланади.

Шўъба хўжалик жамияти ўзининг асосий жамияти (ширкати)нинг қарзлари бўйича жавоб бермайди.

Асосий жамият (ширкат) айби билан шўъба хўжалик жамияти ночор (банкрот) бўлиб қолган тақдирда, асосий жамият (ширкат) унинг қарзлари бўйича субсидиар жавобгар бўлади.

Шўъба хўжалик жамияти иштирокчилари (акциядорлари) асосий жамиятдан (ширкатдан) унинг айби билан шўъба жамиятга етказилган зарарни тўлашни, агар қонунда бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, талаб қилишга ҳақли.


1. Шарҳланаётган модданинг биринчи қисмида шўъба хўжалик жамиятининг белгилари ўз ифодасини топган, улар мвжуд бўлганда у ёки бу хўжалик жамияти шўъба жамияти деб тан олиниши мумкин (Хўжалик жамиятлари ва ширкатларининг тушунчаси ва турларини қаранг: 1) Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 58-моддаси, 2) ЎзР 1992 йил 9 декабрдаги "Хўжалик жамиятлари ва ширкатлари тўғрисида"ги Қонуни).

Шўъба жамияти фақат мақсади фойда олиш бўлган юридик шахс (тижорат ташкилоти) бўлиши мумкин - ушбу шарт юридик шахснинг шўъба хўжалик жамияти деб тан олиш учун ушбу юридик шахснинг мақсади фойда олишга қаратилган бўлииши лозимлигидан келиб чиқади. Нотижорат юридик шахсни, ҳатто унинг устав фондида бошқа юридик шахснинг устувор хажмларда иштирок этиши мавжуд бўлса-да, шўъба жамият деб тан олиш мумкин эмас.


2. Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ (Ўзбекистон Республикасининг "Хўжалик жамиятлари ва ширкатлари тўғрисида"ги Қонунининг 1-моддаси, Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 58-моддаси иккинчи қисми) шўъба жамиятининг фақат учта тури мавжуд (булар акциядорлик жамияти, масъулияти чекланган жамият ва қўшимча масъулиятли жамият) ва фақат уларни шўъба хўжалик жамиятлари деб тан олиш мумкин, ёки агар тижорат ташкилоти бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклига эга бўлса (масалан, ширкат), у ҳолда юридик шахс уни кейинчалик шўъба хўжалик жамияти деб тан олиш учун уни жамиятларнинг ушбу турларидан бирига айлантириши лозим.

Жамиятни шўъба деб тан олиш учун ушбу жамиятнинг устав фондида бошқа (асосий) жамиятнинг ёки ширкатнинг устунлик мавқеига эга бўлган ҳолда иштирок этиши мавжуд бўлиши лозим, ёки уларнинг ўртасида тузилган шартномасига мувофиқ ёки бошқача тарзда асосий жамият ёки ширкат бундай жамият томонидан қабул қилинадиган қарорларни белгилаб бериш имкониятига эга бўлиши лозим. Ушбу шартни шарҳлаш учун қонун чиқарувчи "устунлик мавқеига эга бўлган ҳолда иштирок этиш…" тушунчаси деганда нимани кўзда тутганлигини англаш лозим, чунки айнан ушбу шарт жамиятни шўъба хўжалик жамияти деб тан олиш учун асосий белгилаб берувчи шарт бўлади. "Устунлик мавқеига эга бўлган ҳолда иштирок этиш" деганда қуйидагиларни тушуниш мумкин:

а) Жамият иштирокчиларидан бири (хўжалик ширкати ёки жамияти) ушбу жамиятнинг бошқа иштирокчиларга нисбатан шўъба жамиятининг устав фондида кўпроқ акциялар ёки улушлар миқдорига эга бўлиши лозим (масалан: 100% акциялар шундай тарзда тақсимланганки, "А" иштирокчи акциядорлик жамияти акцияларининг 40% қисмига, "Б" иштирокчи 35% қисмига, "В" иштирокчи эса 25% акцияларига эга бўлади - бу ҳолда биз "А" иштирокчининг ушбу жамиятнинг устав фондида устунлик мавқеида иштирок этишини кўрамиз. Лекин у доимо ушбу жамият томонидан қабул қилинадиган қарорларни белгилаб бера оладими? Йўқ, чунки "Б" ва "В" иштирокчиларининг фикрлари бир-бирига мос келганда, "А" иштирокчи ўз устуворлигидан маҳрум бўлади, чунки "Б" ва "В" иштирокчилари акцияларининг миқдори устав фондининг 60% қисмини ташкил этади. Ушбу мисолда мазкур тушунчанинг шундай талқин этилиши доимо мантиқий асосли бўлавермаслиги кўринади, чунки ҳар доим ҳам иштирокчининг ушбу жамият томонидан қабул қилинадиган қарорларни белгилаб бера олиш имконияти бўлавермайди.

б) Жамият иштирокчиларидан бири (хўжалик ширкати ёки жамияти) ушбу жамиятнинг устав фондида ярмидан кўпроқ акциялар ёки улушлар миқдорига эга бўлиши лозим. Бу ҳолда акцияларнинг ёки улушларнинг ярмидан ортиқ қисмига эга бўлган иштирокчи (акцияларнинг назорат қилувчи тўплами) қолган иштирокчилар бу ҳақда қандай фикрда бўлишидан қатъи назар, жамият томонидан қабул қилинадиган қарорларни белгилаб бера олади (ушбу шарт акциядорлик жамиятига таллуқли бўлмайди, агар жамиятнинг устави ёки шартномасида бошқача кўзда тутилган бўлмаса). Ушбу шартнинг маъносидан келиб чиқиб, "устунлик мавқеида иштирок этиш…" асосий жамият ёки ширкатнинг хўжалик жамиятининг устав капиталида иштирокчиларнинг умумий йиғилишидаги овоз бериш натижаларини белгилаб беришга имкон берувчи акциялар ёки улушлар сонига эга бўлишини назарда тутади деган мазмунда талқин этиш тўғрироқ бўлади. Муайян шўъба жамиятининг хусусиятларига боғлиқ ҳолда унинг устав капиталидаги акциялар (улушлар) назорат қилувчи тўпламининг миқдори турли миқдорлар билан белгиланиши мумкин.

Акцияларинг назорат қилувчи тўплами (иқтисодий тушунча) - уларга эгалик қилиш акциядорлик жамиятининг фаолиятини назорат қилишни таъминлайдиган акциялар миқдоридир. Назарий жиҳатдан АЖ фаолияти устидан назоратни амалга оширши учун овоз бериш ҳуқуқини берувчи акцияларнинг 51 % қисмига эгалик қилиш лозим бўлади.

Бошқа ҳолларда жамиятнинг шўъба жамияти эканлиги масалси муайян хўжалик жамиятининг хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ҳал этилиши лозим. Бунда жамият таъсис ҳужжатларининг мазмуни, унинг устав капиталининг тузилиши, шунингдек акцияларга (улушларга) эгалик қилиш билан боғлиқ бўлган ва нисбатан йирик акциялар (улушлар) тўпламига эга бўлган иштирокчи хўжалик жамиятининг иштирокчиларнинг умумий йиғилишида ўз иродасини ўтказиши учун мақбул шароитларни яратадиган бошқа ҳолатлар кўзда тутилади.

Шарҳланаётган модданинг биринчи қисмида битта (асосий) жамият ёки ширкатда бошқа жамият томонидан қабул қилинадиган қарорларни белгилаб бера олиш имконияти пайдо бўладиган шартномалар турлари ва хусусиятлари айтиб ўтилмаган. Ушбу ҳолат туфайли бу тоифага жамият томонидан шартноманинг бошқа томонининг кўрсатмаларига мувофиқ, жамият учун жиддий аҳамиятли бўлган маълум қарорларни қабул қилиш мажбуриятини кўзда тутадиган ҳар қандай шартнома киритилиши мумкин. Бундай шартлар, масалан, жамиятнинг ижро этувчи органи ваколатларини бошқарувчи ташкилотга бериш шартномасида бўлиши мумкин.

Асосий жамиятнинг (ширкатнинг) бошқа жамият томонидан қабул қилинадиган қарорларни бошқача тарзда белгилаб бера олиш имконияти - бу ҳолда асосий жамиятнинг (ширкатнинг) шўъба хўжалик жамиятига бевосита таъсир этиши (бу эса устав капиталидан устунлик мавқеида иштирок этишни ва шартномани кўзда тутади) эмас, жамият фаолиятини назорат қилишнинг воситаси, унинг томонидан қабул қилинадиган қарорларни белгилаб бера олишга имкон берувчи шакллари ҳақида гапирилмоқда (масалан, тегишли жамият (ширкат) бошқа жамиятни ўзининг шўъба жамиятлари орқали назорат қилган ҳолати, бунда улардан ҳар бири алоҳида устидан назорат ўрнатиладиган жамиятнинг устав капиталида устунлик мавқеида иштирок этишига эга эмас). Шу билан бирга "бошқача тарзда қабул қилинадиган қарорларни белгилаб бера олиш имкониятига эга" формуласини кенг талқин этиш шўъба жамияти худди аффилланган шахслар каби белгилар бўйича белгиланишига олиб келиши аниқ, бу эса шўъба жамиятларини ўзига хос хусусиятлари бўлмаган ва кераксиз тоифага айлантиради. Шу жиҳатдан шўъба жамият тўғрисидаги модданинг қоидаларини аниқлаш ва то шундай аниқлашлар киритилмагунча уларнинг чекловчи талқин этилиши шартлиги мақбул кўринади.

Аффилланган шахс тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи юридик ва (ёки) жисмоний шахсларнинг фаолиятига таъсир кўрсата олувчи жисмоний ёки юридик шахсдир.

Шарҳланаётган модданинг иккничи қисмига кўра, шўъба хўжалик жамияти юридик шахс мақомига эга ва ҳар қандай юридик шахс эга бўлган барча минимал хусусиятларга эга бўлади (юридик шахснинг белгилари Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 39-моддасига шарҳларда келтирилган).

Шарҳланаётган модданинг учинчи қисмига кўра, шўъба хўжалик жамияти ўзининг асосий жамиятининг (ширкатининг) қарзлари бўйича жавобгар бўлмайди. Ушбу модданинг 3-қисми мазмунидан, агар асосий жамият ёки ширкат қарздор бўлса ва ўз ҳолатлари туфайли кредиторнинг олдидаги мажбуриятларини бажара олмайдиган бўлса, у ҳолда у ўзининг шўъба хўжалик жамиятидан унинг мажбуриятларини бажаришини талаб этишга ҳақли бўлмаслиги (агар ушбу ҳуқуқ асосий жамиятга ёки ширкатга шўъба хўжалик жамияти билан тузилган шартномага асосан берилган ҳоллардан ташқари) ҳақида хулосага келиш мумкин, бундай талаб қўйилган ҳолда эса шўъба хўжалик жамияти ушбу талабни бажармасликка ҳақли бўлади.


3. Мазкур модданинг тўртинчи қисми қоидалари асосий жамиятни (ширкатни) унинг айби билан шўъба хўжалик жамияти ночор (банкрот) бўлиб қолган тақдирда, унинг қарзлари бўйича субсидиар жавобгарликка тортиш асосларини белгилайди. Шарҳланаётган модданинг тўртинчи қисми мазмунини аниқлаш учун қуйидаги тушунчаларни аниқлаб олиш лозим:

- Ночорлик (банкротлик);

- айб;

- субсидиар жавобгарлик;

- қарз;

ЎзР 2003 йил 24 апрелдаги "Банкротлик тўғрисида"ги Қонунининг 3-моддасига мувофиқ:

Банкротлик қтисодий ночорлик) - хўжалик суди томонидан эътироф этилган, қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини тўла ҳажмда қондиришга ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини тўла ҳажмда бажаришга қодир эмаслигидир.

Айб  ЎзР 1996 йил 24 апрелдаги "Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонунининг 9-моддаси тўртинчи қисмига мувофиқ: "Асосий жамият шўъба хўжалик жамиятнинг муайян ҳаракатларни амалга ошириш оқибатида ночор (банкрот) бўлиб қолишини олдиндан билиб, юқорида айтилган ўз ҳуқуқлари ва (ёки) имкониятидан шўъба хўжалик жамиятнинг шундай ҳаракатларни амалга оширишини кўзлаб фойдаланган ҳоллардагина шўъба хўжалик жамиятнинг ночорлиги (банкротлиги) асосий жамиятнинг айби билан юз берган деб ҳисобланади". Шундай қилиб, асосий жамиятнинг айби мкавжудлиги учун қуйидагилар керак:

1) Асосий жамият ёки ширкат ўзининг ҳуқуқидан фойдаланиши ҳамда ўзининг шўъба хўжалик жамиятига кўрсатма берганлиги;

2) ушбу кўрсатма асосида шўъба хўжалик жамияти маълум ҳаракатни амалга ошириши лозим.

3) ушбу ҳаракат шўъба хўжалик жамиятининг банкротлигига олиб келиши лозим;

4) асосий жамият ёки ширкат шўъба хўжалик жамиятнинг (асосий жамият ёки ширкатнинг кўрсатмасига биноан) муайян ҳаракатларни амалга ошириш оқибатида ночор (банкрот) бўлиб қолишини олдиндан билиши шарт;

Фақат мазкур шартлар мавжуд бўлганда асосий жамият ёки ширкатни унинг шўъба хўжалик жамиятининг банкротлигида айбдор деб тан олиш мумкин.

Субсидиар жавобгарлик - фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарликнинг турларидан бири (лат. subsidiarus резервли, қўшимча), у қуйидаги мазмунига эга - фуқаролик ҳуқуқининг маълум субъектларига қонун, шартнома ёки бошқа шартлар юзасидан юкланадиган қўшимча жавобгарликдир, бу шартлар мавжуд бўлганда кредитор, агар асосий қарздор қарзни тўлай олмаса, олинмаган қарзни бошқа бурчли бўлган шахсдан ундириш ҳуқуқига эга бўлади. (Масалан, шўъба хўжалик жамиятининг асосий жамият ёки ширкатнинг айби билан банкрот бўлиши ҳолатида, юзага келган ҳолатлар туфайли шўъба жамиятнинг қарзни қоплаш учун мол-мулки етмай қолганда қарзнинг қолга қисми асосий жамиятдан ундирилади).


4. Қарз - битимнинг (шахснинг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги) оқибатида юзага келувчи (шартномавий ёки шартномавий бўлмаган) мажбурият бўлиб, унинг бажарилмаслиги суд қарорига кўра зарарнинг қопланишига олиб келади (жарима, неустойка ва ҳоказо).

Мазкур модданинг бешинчи қисмида келтирилган таърифнинг том маъносидан келиб чиқиб, мазкур меъёр шўъба хўжалик жамиятининг иштирокчиларига асосий жамиятнинг ёки ширкатнинг айби мавжуд бўлганда асосий жамият ёки ширкат томонидан шўъба хўжалик жамиятга етказилган зарарни қоплаб беришни талаб қилиш ҳуқуқини беради, деган хулосага келиш мумкин. ЎзР 1996 йил 36 апрелдаги "Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонунининг 9-моддаси тўртинчи қисмига кўра: "Шўъба хўжалик жамият акциядорлари асосий жамиятдан унинг айби билан шўъба хўжалик жамиятга келтирилган зиённи тўлашни талаб қилишга ҳақлидир. Асосий жамият шўъба хўжалик жамиятнинг муайян ҳаракатларни амалга ошириш оқибатида зиён кўришини олдиндан билиб, ўз ҳуқуқлари ва (ёки) имкониятидан шўъба хўжалик жамиятнинг шундай ҳаракатларни амалга оширишини кўзлаб фойдаланган ҳолдагина зиён асосий жамиятнинг айби билан келтирилган деб ҳисобланади".

Шўъба хўжалик жамияти иштирокчиларининг (акциядорларининг) асосий жамият ёки ширкат томонидан шўъба хўжалик жамиятига етказилган зарарларни қоплаб бериш тўғрисидаги талаблари иштирокчиларнинг (акциядорларнинг) тегишли даъво билан судга мурожаат қилиш орқали қўйилиши мумкин - жамият иштирокчилари етказилган зарарларни асосий жамиятдан ёки ширкатдан қоплаш ниятини билдириши ва ушбу истагини маълум шаклида ифодалаши (асосий жамиятга ёки ширкатга зарарларнинг қопланиши юзасидан мурожаат қилиши, асосий жамият ёки ширкат воз кечган ҳодлда эса судга мурожаат қилиши) лозим.



68-модда. Қарам хўжалик жамияти


Хўжалик жамиятида иштирок этувчи бошқа жамият хўжалик жамиятига қарашли овоз берадиган акцияларнинг йигирма фоизидан кўпроғига эга бўлса, бундай хўжалик жамияти қарам жамият деб ҳисобланади.

Қарам хўжалик жамияти юридик шахс ҳисобланади.

Хўжалик жамиятида иштирок этувчи бошқа жамият қарам жамият устав фондининг тегишли қисмини қўлга киритиб олганлиги ҳақидаги маълумотларни қонунда назарда тутилган тартибда дарҳол эълон қилиши шарт.

Хўжалик жамиятлари бир-бирларининг устав фондларида ўзаро қатнашишининг чегараси ва бундай жамиятлардан бири бошқа жамият иштирокчилари ёки акциядорларининг умумий йиғилишида фойдаланиши мумкин бўлган овозлар сони қонунда белгилаб қўйилади.


1. Шарҳланаётган модда муайян "Хўжалик жамияти" қарам деб тан олинишини шартларини белгилайди, бундан қарам жамият деб фақат хўжалик жамиятни тан олиш мумкинлиги келиб чиқади. Ўз навбатида "хўжалик" деганда асосий мақсади фойда олиш бўлган юридик шахсни тушуниш мумкин. "Жамият" деганда муайян ташкилий-ҳуқуқий шакл тушунилади. Жамиятнинг қарам жамият деб тан олиниши учун бошқа тижорат юридик шахс (яъни жамият) қарам хўжалик жамиятининг иштирокчиси бўлиши ва унинг овоз берувчи акциялариинг 20 фоизидан ортиқ қисмига эга бўлиши лозим. ЎзР 1996 йил 36 апрелдаги "Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонунининг 24-моддасига мувофиқ, акциялар хиллари ва турларига (тоифаларига) кўра фарқланади. Акцияларнинг турлари: эгаси кўрсатилган, тақдим этувчига тегишли акциялар. Акцияларнинг турлари (тоифалари): имтиёзли, оддий.

Оддий (одатдаги) акциялар овоз берувчи бўлиб, уларнинг эгаларига дивидендлар олиш, жамиятнинг умумий йиғилишларида ва жамиятни бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқини беради.

Акция эгаларига дивидендларни, шунингдек акциядорлик жамияти тугатилганда акцияларга қўйилган маблағларни биринчи навбатда олиш ҳуқуқини берадиган акциялар имтиёзли акциялар ҳисобланади. Имтиёзли акциялар уларнинг эгаларига, корхона фойда кўриш-кўрмаслигидан қатъи назар, муайян дивидендлар олиш ҳуқуқини беради.

Юқоридагилардан жамият қуйидаги шартлар мавжуд бўлганда қарам хўжалик жамияти деб тан олиниши мумкин, деган хулосага келамиз:

- фақат агар у акциядорлик хўжалик жамияти бўлса;

- унинг акциялари мулкий ҳуқуқи асосида бошқа иштирок этувчи жамиятда бўлганда;

- бошқа иштирок этувчи жамият овоз берувчи акцияларнинг йигирма фоизидан ортиқ қисмига эга бўлиши лозим.

Ушбу шартларнинг мавжудлиги хўжалик жамиятининг ушбу турини унга ўхшаш бўлган бошқа турларидан (масалан, шўъба хўжалик жамиятидан) фарқлашга ёрдам беради.


2. Шарҳланаётган модданинг учинчи қисми иштирок этувчи жамиятни унинг қарам хўжалик жамиятининг овоз берувчи (оддий) акцияларининг 20% қисмидан ортиқ миқдорини сотиб олганлиги тўғрисидаги маълумотларни дарҳол эълон қилиши шартлиги ҳақида мажбурият юклайди. "Шарт" сўзи ушбу меъёрнинг жамият овоз берувчи акцияларнинг 20% дан ортиқ миқдорини сотиб олган иштирок этувчи жамият учун императив (мажбурий) эканлигидан далолат беради. Ушбу мажбуриятни иштирок этувчи жамият "қонун билан белгиланган тартибда" амалга ошириши лозим. Қонун чиқарувчи ушбу мажбуриятни қайси қонун тартибга солишини кўрсатмайди, лекин у бу қонунда кўзда тутилганлигини аниқ таъкидлайди. Шунингдек шу қисмида "бошқа жамият қарам жамият устав фондининг тегишли қисмини қўлга киритиб олганлиги ҳақидаги маълумотларни дарҳол эълон қилиш" ибораси мавжуд. Қонун чиқарувчи эълон қилишнинг аниқ муддати ўрнига "дарҳол" тушунчасидан фойдаланган, шунингдек эълон қилиш манбаи айтиб ўтилмайди, фақат эълон қилиш шартлиги кўрсатилади. "Устав фондиинг тегишли қисми" тушунчаси деганда фақат иштирок этувчи жамият томонидан овоз берувчи акцияларнинг 20% дан ортиқ миқдорини сотиб олишини тушуниш мумкин.

Мазкур модданинг тўртинчи қисмини шарҳлашдан аввал у мазкур модда билан қанчалик мос келишини аниқлаш керак. "Хўжалик жамиятлари бир-бирларининг устав фондларида ўзаро қатнашиши" деганда нимани тушуниш керак? Бу ерда иккита хулосага келиш мумкин.

1) Агар қонун чиқарувчи шу иборада хўжалик жамиятларидан бири қарам хўжалик жамият эканлигини кўзда тутган бўлса, у ҳолда мазкур модданинг шарҳланаётган қисми маъносидан келиб чиқиб, қонун чиқарувчи ўзига-ўзи зид келади, деган хулосага келиш мумкин, чунки ушбу қисмига кўра нафақат акциядорлик жамияти, балки жамиятнинг бошқа турлари ҳам (масалан, масъулияти чекланган жамият) қарам хўжалик жамият деб тан олиниши мумкин. Ушбу хулоса "бошқа жамият иштирокчилари ёки акциядорларининг умумий йиғилишида фойдаланиши мумкин бўлган" деган иборасидан келиб чиқиши мумкин. ЎзР 2001 йил 6 декабрдаги "Масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида"ги Қонунининг 29-моддасига кўра, "иштирокчиларнинг умумий йиғилиши" тушунчаси фақат масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятга нисбатан қўлланиши мумкин, юридик шахсларнинг фақат шу ташкилий-ҳуқуқий шаклида қонун чиқарувчи бундай бошқарув органининг мавжудлигини кўзда тутади. Ўзбекистон Республикасининг "Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонунининг 63-моддасига мувофиқ, ушбу жамиятда қонун чиқарувчи "акциядорларнинг умумий йиғилиши" каби орган бўлишини кўзда тутади ва ушбу орган фақат акциядорлик жамиятида бўлиши мумкин. Шарҳланаётган модданинг биринчи қисми маъзмунидан келиб чиқиб (бу ерда қонун чиқарувчи қарам хўжалик жамиятининг тушунчасини беради), фақат акциядорлик жамияти қарам жамият деб тан олинади (бу хақда мазкур модданинг 1-қисмига шарҳларда қаранг). Бу ҳолда ҳуқуқни қўлловчи меъёрлардан қайси бирига таяниши кераклиги масаласи ҳал этилмаганлигича қолади.

2) Агар қонун чиқарувчи норманинг ушбу қисмида фақат ҳар қандай жамиятларнинг бир-бирига нисбатан ўзаро иштирокининг чегараларинигина писанда қилаётган бўлса (биринчи ва иккинчисида бир-бирининг устав фондларида маълум улушлари мавжуд бўлганда) бизга қонунга ҳавола қилган ҳолда ва улардан бири қарам жамият эканлигини кўзда тутмаган ҳолда, ушбу моддадан мазкур қисмини чиқариб ташлаш ва уни мазкур параграфнинг асосий қоидаларига киритиш лозим.

Иккала ҳолда қонун чиқарувчи "қонундан белгиланган" деган иборани қўллаб, қонунга ҳавола этади. Бундай қонунлар. ЎзР 1996 йил 26 апрелдаги "Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонуни; ЎзР 2001 йил 6 декабрдаги "Масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида"ги Қонуни ва ҳоказолар бўлиши мумкин.



69-модда. Ишлаб чиқариш кооперативлари


Фуқароларнинг шахсий иштирок этиш ҳамда аъзоларнинг (иштирокчиларнинг) мулк билан қўшиладиган пай бадалларини бирлаштириш асосида биргаликда ишлаб чиқариш ёки бошқа хўжалик фаолиятини олиб бориш учун аъзолик негизидаги ихтиёрий бирлашмаси ишлаб чиқариш кооперативи ҳисобланади. Қонунда ва ишлаб чиқариш кооперативининг таъсис ҳужжатларида унинг фаолиятида аъзолик асосида юридик шахслар ҳам иштирок этиши назарда тутилиши мумкин.

Ишлаб чиқариш кооперативининг аъзолари кооперативнинг мажбуриятлари бўйича қонунда ва кооператив уставида назарда тутилган миқдорларда ва тартибда субсидиар жавобгар бўладилар.

Кооперативнинг фирма номи кооперативнинг номини, шунингдек "ишлаб чиқариш кооперативи" деган сўзларни ўз ичига олган бўлиши лозим.

Ишлаб чиқариш кооперативларининг ҳуқуқий мавқеи ва улар аъзоларининг ҳуқуқ ҳамда бурчлари ушбу Кодекс ва бошқа қонунлар билан белгиланади.


1. Шарҳланаётган модданинг биринчи қисми ишлаб чиқариш кооперативларининг моҳиятини белгилайди, булар бир нечта шахсларнинг шахсий меҳнати билан иштирок этиши ҳамда аъзоларнинг (иштирокчиларнинг) мулк билан қўшиладиган пай бадалларини бирлаштириш асосида биргаликда ишлаб чиқариш ёки бошқа хўжалик фаолиятини олиб бориш учун аъзолик негизидаги ихтиёрий бирлашмасидир.

Иштирокчиларнинг бундай бирлашиш шакли ишлаб чиқариш кооперативларини хўжалик ширкатлари ва жамиятларига яқинлаштиради. Лекин ширкатлардан фарқли равишда, ишлаб чиқариш кооперативларида якка тартибдаги тадбиркор бўлмаган фуқаролар иштирок этади. Қонун ҳужжатларида ёки ишлаб чиқариш кооперативлариинг таъсис ҳужжатларида кўзда тутилган ҳолларда уларда юридик шахслар ҳам иштирок этиши мумкин, бунда улар тижоратчи бўлиши шарт эмас. Иштирокчилари ўртасида даромаднинг тақсимланиши уларнинг улушларига жамиятнинг устав фондига мулкий ҳиссаларига мутаносиб амалга ошириладиган хўжалик жамиятларидан фарқли равишда, ишлаб чиқариш кооперативларида иштирокчилар ўртасида даромадларнинг тақсимланиши фақат улардан ҳар бирининг бажарилган меҳнатига мувофиқ амалга оширилади. Шунингдек, ишлаб чиқариш кооперативлари хўжалик жамиятларидан фарқли равишда бир шахс томонидан тузилиши мумкин эмас.

Ишлаб чиқариш кооперативи фуқароларнинг истагига кўра ва (ёки) юридик шахсларнинг ташаббусига кўра мутлақ ихтиёрий асосларда тузилади. Ишлаб чиқариш кооперативнинг аъзолари бўлган фуқароларнинг сони камида уч киши бўлиши лозим.

Ишлаб чиқариш кооперативининг таъсис ҳужжати унинг Устави бўлиб, у ишлаб чиқариш кооперативини таъсис этмоқчи бўлган фуқароларнинг умумий йиғилиши томонидан ёки юридик шахсларнинг ваколатли вакилларининг йиғилиши томонидан қабул қилинади, ва кооперативнинг жойлашган манзилида давлат рўйхатидан ўтади. Ишлаб чиқариш кооперативининг Уставида қонун чиқарувчи томонидан талаб этиладиган умумий маълумотлардан ташқари қуйидагилар белгиланиши лозим:

- ишлаб чиқариш кооперативининг аъзолари томонидан ўз пай бадалларини киритиш тартиби ва миқдори;

- аъзоларнинг ишлаб чиқариш кооперативи фаолиятида иштирок этишининг хусусияти ва тартиби. Ишлаб чиқариш кооперативининг фаолиятида аъзоларининг шахсий иштирокидан ташқари меҳнат шартномалари (контрактлари) асосида шахсларнинг иштирок этиши кўзда тутилиши мумкин;

- аъзоларнинг ишлаб чиқариш кооперативи қарзлари бўйича субсидиар жавобгарлигининг миқдори ва шартлари;

- ишлаб чиқариш кооперативи ва унинг аъзолари ўртасида, ишлаб чиқариш кооперативининг бошқариш органлари ва ёлланма ходимлари ўртасида ўзаро муносабатлар ва ҳоказо.

Ишлаб чиқариш кооперативлари битта шахс томонидан тузилиши мумкин эмаслиги туфайли, уларнинг ички ташкилий тузилиши корпоратив моҳияти билан белгиланади. Ишлаб чиқариш кооперативнинг олий бошқариш органи фуқароларнинг (иштирокчиларнинг) умумий йиғилиши (конференцияси, анжумани) бўлиб, у раисни (бошқарувни), тафтиш комиссиясини (тафтишчини) сайлайди ва уларга ўзининг кооперативни бошқариш ваколатларини беради. Бунда ишлаб чиқариш кооперативининг ҳар бир (жумладан жамоавий-яъни юридик шахслар) иштирокчиси унинг мулкий ҳиссасидан қатъи назар бир овозга эга бўлади. Ишлаб чиқариш кооперативида меҳнат шартномаси (контракт) асосида ишлайдиган шахслар умумий йиғилишда маслаҳат овози ҳуқуқи билан иштирок этади.

Ишлаб чиқариш кооперативининг мутлақ ваколатларига (функцияларига) юқоридагилардан ташқари қуйидагилар киради:

- кооператив Уставига белгиланган тартибда ўзгартириш ва қўшимчаларни киритиш;

- кооператив раиси ва тафтиш комиссиясининг ўз фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларини тинглаш;

- кооператив аъзолигига қабул қилиш, ундан чиқариш масалаларини, шунингдек кооперативдан чиқиш билан боғлиқ бўлган масалаларни ҳал қилиш;

- кооперативнинг ички меҳнат тартиби қоидаларини қабул қилиш ва ўзгартириш, кооператив мулкига етказилган зарар учун моддий жавобгарлик тўғрисида, меҳнат ҳақи тўғрисида ва кооперативнинг бошқа ички ҳужжатлари тўғрисида;

- кириш, пай ва бошқа бадалларининг миқдорини белгилаш;

- кооператив фаолиятининг режаларини ва уларинг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботларини тасдиқлаш;

- кооператив фойдасини тақсимлаш тартибини, фондлари ва резервларининг турлари, миқдорлари ва ишлатиш йўналишларини белгилаш;

- кооперативнинг қайта ташкил этилиши ва фаолиятининг тугатилиши, унинг хўжалик уюшмаларига кириши ва улардан чиқиши масалаларини ҳал қилиш ва бошқалар.

Зарур ҳолларда ишлаб чиқариш кооперативларида умумий йиғилишни олиб боришга оид масалаларни ҳал қилиш учун вакилларнинг йиғилишлари чақирилиши мумкин.

Ишлаб чиқариш кооперативининг тафтиш комиссияси (тафтишчиси) кооперативнинг (бошқарувнинг) молиявий ва хўжалик фаолиятини текширади ва фақат умумий йиғилишга ҳисоб беради.

Ишлаб чиқариш кооперативининг барча аъзолари унинг ишларини бошқаришда тенг ҳуқуқларга эга, ва юқорида қайд этилганидек, умумий йиғилиш томонидан қарор қабул қилишда доимо ҳиссалариинг миқдоридан қатъи назар фақат бир овозга эга бўлади. Улар шунингдек қуйидагиларга ҳақли:

- кооперативда ишлаб чиқариш эҳтиёжларини, ўзининг касбий тайёргарлигини ҳисобга олган ҳолда ишга эга бўлиш ва меҳнатининг хавфсиз шароитларининг таъминланиши;

- кооперативнинг бошқариш ва назорат органларига сайлаш ва сайланиш, кооперативнинг фаолиятини яхшилаш тўғрисидаги таклифларни киритиш, унинг органлари ва мансабдор шахсларининг ишида камчиликларни бартараф қилиш;

- кооперативдан ўз ихтиёрига кўра чиқиш ва ўз пай ҳиссасининг бутун миқдорини, шунингдек кооператив даромадининг ўз меҳнат ва мулкий ҳиссасига мутаносиб қисмини олиш;

- кооперативнинг аъзолари ўртасида уларнинг меҳнат ва мулкий ҳиссасига мувофиқ тақсимланиши лозим бўлган даромадининг улушини, тугатиш пайтида эса мулкининг улушини кооперативнинг Уставида кўзда тутилган тартибда олиш;

- кооперативнинг мулкидан, Уставда кооперативнинг аъзолари учун кўзда тутилган имтиёзлар ва афзалликлардан фойдаланиш;

- кооперативнинг мансабдор шахсларидан унинг фаолиятига тегишли бўлган ҳар қандай масала бўйича маълумотларни олиш;

- кооператив мулкининг уларга тегишли бўлган улушини мерос қилиб қолдириш ва ҳоказо.

Ишлаб чиқариш кооперативининг аъзолари мажбуриятларининг ичига кооператив Уставига амал қилиш, умумий йиғилишнинг, кооперативнинг сайланадиган бошқариш ва назорат органлари қарорларини бажариш, кооперативга хўжалик фаолиятини юритиш учун берилган табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни асраш ҳамда атроф муҳитни муҳофаза қилиш чораларини амалга ошириш, ва х.к.


2. Шарҳланаётган модда ишлаб чиқариш кооперативининг аъзолари (иштирокчилари) масъулиятининг тартибини белгилайди. Ушбу қисмда белгиланган қоидага кўра ишлаб чиқариш кооперативининг аъзолари кооперативнинг мажбуриятлари бўйича субсидиар жавобгар бўладилар. Бунинг маъноси шуки, агар кооперативнинг мол-мулки унинг қарзларини қоплаш учун етарли бўлмаса, кооперативнинг аъзолари қарзнинг етмаган қисмини ўз шахсий маблағлари ҳисобидан (юридик шахслар бўлган аъзолари эса- юридик шахснинг маблағлари ҳисобидан) қоплашлари шарт. Субсидиар жавобгарлик қўлланишининг миқдорлари ва тартиби қонунда, шунингдек кооператив уставида назарда тутилади.

Шарҳланаётган модда иштирокчиларни ишлаб чиқариш кооперативининг тузилишида унинг фирма номида кооперативнинг номини (яъни юридик шахснинг индивидуаллаштирувчи белгиси бўлган номини), шунингдек "ишлаб чиқариш кооперативи" деган сўзларни кўрсатиш шартлигини белгилайди. Ушбу шарт битта юридик шахсни бошқасидан фарқлаш учун, барча жисмоний шахсларни у ёки бу ташкилот мавжудлиги ҳақида умумий маълумотлар бўлиши учун, ҳисобга олиш ва назорат қилиш учун киритилган.

Шарҳланаётган модда ишлаб чиқариш кооперативининг ҳуқуқий мавқеи ва улар аъзоларининг ҳуқуқ ҳамда бурчлари батафсилроқ таърифланган "бошқа қонунлар" га ҳавола қилади. Қонун чиқарувчи ишлаб чиқариш кооперативлари тўғрисида битта эмас, бир нечта қонунлар чиқарилиши имкониятига йўл қўяди.



70-модда. Унитар корхона


Ўзига бириктириб қўйилган мол-мулкка нисбатан мулкдор томонидан мулк ҳуқуқи берилмаган тижоратчи ташкилот унитар корхона ҳисобланади.

Унитар корхонанинг мол-мулки бўлинмасдир ва у қўшилган ҳиссалар (улушлар, пайлар) бўйича, шу жумладан корхона ходимлари ўртасида ҳам, тақсимланиши мумкин эмас.

Унитар корхонанинг уставида ушбу Кодекс 43-моддасининг тўртинчи ва бешинчи қисмларида кўрсатилган маълумотлардан ташқари корхона устав фондининг миқдори тўғрисидаги, уни ташкил этиш тартиби ва манбалари тўғрисидаги маълумотлар бўлиши керак.

Унитар корхонанинг мол-мулки унга хўжалик юритиш ёки оператив бошқариш ҳуқуқи асосида тегишлидир.

Унитар корхонанинг фирма номида унинг мол-мулкининг эгаси кўрсатилган бўлиши керак.

Унитар корхонани бошқариш органи унинг раҳбари бўлиб, бу раҳбар мулкдор томонидан ёки мулкдор вакил қилган орган томонидан тайинланади ҳамда уларга ҳисоб беради.

Унитар корхона ўз мажбуриятлари бўйича ўзига қарашли бутун мол-мулк билан жавоб беради.

Унитар корхона ўз мол-мулки эгасининг мажбуриятлари бўйича жавобгар бўлмайди.

Унитар корхоналарнинг ҳуқуқий мавқеи ушбу Кодекс ҳамда бошқа қонунлар билан белгиланади.

Унитар корхона мол-мулкининг эгаси корхона мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди, ушбу Кодекс 48-моддасининг учинчи ва тўртинчи қисмларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. Бу қоида шўъба корхона таъсис этган унитар корхонанинг шўъба корхона мажбуриятлари бўйича жавобгарлигига нисбатан ҳам қўлланилади.


1. Шарҳланаётган модданинг биринчи қисми умумий меъёрларни белгилайди, уларга кўра ўзига бириктириб қўйилган мол-мулкка нисбатан мулкдор томонидан мулк ҳуқуқи берилмаган тижоратчи ташкилот унитар корхона деб тан олинади. Ушбу меъёрлар унитар корхоналарнинг турларидан қатъи назар мажбурий аҳамиятга эга.

Унитар корхонанинг мамлакатимиз фуқаролик қонунчилигида белгиланган ҳуқуқий мавқеи аввалги давлатга хос иқтисодиётнинг "мероси" бўлиб қолган, унда хўжалик юритувчи субъектларнинг асосий қисмини давлат корхоналари ташкил қилар эди. Давлат (жамоат) устувор манфаатларини ва йўналишларини якка ўзи белгилаган ҳолда давлат унга тегишли бўлган мулк ҳисобидан ўз корхоналарини тузар, уларнинг бошқариш органларини тайинлар, уларнинг устав мақсадларини, ҳуқуқ лаёқатининг ҳажмини ва ҳоказоларни белгилар эди. Бунда, уларнинг бутун мол-мулкининг эгаси бўлиб қолаверган ҳолда давлат уларга мустақил юридик шахсларнинг мавқеини берар эди ва расман уларнинг фаолиятининг натижалари учун жавоб бермас эди. Янги ФКнинг (01.03.1997 йил) амалга киритилиши Ўзбекистон Республикасининг иқтисодиёти "ўтиш" даврига тўғри келди, бу эса мулкдори давлат бўлган унитар корхонанинг конструкциясини қонунчиликда сақланиб қолинишини тушунишга имкон беради(26).

Унитар корхона тижорат ташкилоти ҳисобланади, лекин унинг ўзига хос хусусияти (ва бунинг оқибатида унинг тузилишини ва ҳуқуқий субъектлигини белгилаб берувчи айрим меъёрларнинг ажратиб кўрсатилиши) шундан иборатки, у корпоратив юридик шахс эмас, унинг фаолияти унинг иштирокчиларининг аъзолиги асосида барпо этилмайди. У битта шахс - мулкдор, одатда давлат томонидан тузилади(27). Давлат эса ўзи унитар корхонага оператив бошқариш ҳуқуқида ёки хўжалик юритиш ҳуқуқида берадиган мол-мулкига бўлган мулкий ҳуқуқини, шунингдек унитар корхона томонидан унинг фаолияти жараёнида эгаллаган мол-мулкига бўлган мулкий ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади. Бунда мулкдор унитар корхонанинг давлат рўйхатидан ўтказилиши пайтига келиб унинг устав фондини тўлиқ тўлаши шарт. Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисмида унитар корхонанинг мол-мулки қўшилган ҳиссалар (улушлар, пайлар) бўйича, шу жумладан корхона ходимлари ўртасида ҳам, тақсимланиши мумкин эмаслиги тўғрисида қатъий меъёрлар мавжуд.


2. Шарҳланаётган модданинг учинчи қисмида унитар корхонанинг таъсис ҳужжатларига қўйилган талаблар келтирилган. Унитар корхонанинг таъсис ҳужжати Устав бўлиб, тегишли давлат идораларида рўйхатдан ўтказилади. Қонунчиликнинг умумий белгиланган меъёрларига мувофиқ, унитар корхонанинг Уставида қуйидаги маълумотлар бўлиши лозим:

- фирма номи, манзили (почта манзили). Бунда шарҳланаётган модданинг бешинчи қисмига кўра унитар корхонанинг фирма номида мулкининг мулкдори кўрсатилган бўлиши лозим;

- фаолиятининг предмети ва мақсадлари;

- корхонанинг фаолиятини бошқариш тартиби;

- устав фондининг миқдори, уни шакллантиришнинг тартиби ва манбалари, унинг кўпайтирилиши ва камайтирилишининг тартиби;

- мол-мулкини тасарруф қилиш шартлари;

- даромадни (фойдани) тақсимлаш ва зарарларни қоплаш тартиби;

- раҳбарининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги, ва ҳоказолар.

Уставга қонунчиликка зид бўлмаган бошқа қоидалар ҳам киритилиши мумкин.


3. Шарҳланаётган модданинг олтинчи қисмига мувофиқ, унитар корхонани бошқариш органи бўлиб унинг раҳбари хисобланади, бу раҳбар мулкдор томонидан ёки мулкдор вакил қилган орган томонидан тайинланади ҳамда уларга ҳисоб беради.

Унитар корхонанинг раҳбари корхона олдига қўйилган вазифаларнинг бажарилишини ташкил этади, қонунчилик билан белгиланган тартибда корхонанинг номидан ишончномасиз иш юритади, жумладан унинг манфаатларини ифода этади, белгиланган тартибда корхонанинг номидан битимларни тузади, ходимларнинг ишга қабул қилинишини амалга оширади, улар билан меҳнат шартномаларини тузади, ўзгартиради ва бекор қилади, буйруқлар чиқаради, ишончномалар беради.


4. Шарҳланаётган модданинг еттинчи, саккизинчи ва ўнинчи қисмларининг меъёрлари унитар корхоналарнинг ва уларни тузган мулкдорларнинг мустақил жавобгарлигини белгилайди. Хусусан, қонун чиқарувчи унитар корхона ўз мажбуриятлари бўйича мустақил жавобгар бўлишини ҳамда уни тузган мулкдорнинг мажбуриятлари бўйича жавобгар бўлмаслигини аниқ белгилаб беради. Ўз навбатида, унитар корхона мол-мулкининг эгаси ҳам корхона мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди, ушбу Кодекс 48-моддасининг учинчи ва тўртинчи қисмларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно (ФКнинг 48-моддаси юзасидан шарҳларга қаранг). Бу қоида шўъба корхона таъсис этган унитар корхонанинг шўъба корхона мажбуриятлари бўйича жавобгарлигига нисбатан ҳам қўлланилади.



71-модда. Хўжалик юритиш ҳуқуқига асосланган унитар корхона


Хўжалик юритиш ҳуқуқига асосланган унитар корхона мулкдорнинг ёки у вакил қилган органнинг қарорига мувофиқ ташкил этилади.

Хўжалик юритиш ҳуқуқига асосланган корхонанинг таъсис ҳужжати унинг белгиланган тартибда тасдиқланган уставидан иборатдир.

Хўжалик юритиш ҳуқуқига асосланган унитар корхона ўз мол-мулкининг бир қисмини хўжалик юритиш учун белгиланган тартибда топшириш йўли билан юридик шахс бўлган бошқа унитар корхона (шўъба корхона) ташкил этиши мумкин.

Муассис шўъба корхонанинг уставини тасдиқлайди ва унинг раҳбарини тайинлайди.


Шарҳланаётган моддада хўжалик юритиш ҳуқуқига асосланган унитар корхонанинг ҳуқуқий ҳолатининг хусусиятлари белгилаб берилган (батафсилроқ ФКнинг 176, 177-моддалари юзасидан шарҳларни қаранг). Ушбу корхонанинг ҳуқуқий ва иқтисодий моҳияти шундан иборатки, у одатда давлат мулкида бўлган мол-мулк негизида тузилган бўлади.

Мол-мулки хўжалик юритиш ҳуқуқида тегишли бўлган унитар корхона Ўзбекистон Республикаси ФК билан белгиланадиган доирада ушбу мол-мулкка эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади.

Мол-мулк эгаси ёки унинг томонидан ваколатланган орган хўжалик юритиш ҳуқуқига асосланган унитар корхонанинг тузилиши пайтида қонунга мувофиқ, унинг фаолиятининг предмети ва мақсадларини белгилаш, уни қайта ташкил этиш ва тугатиш масалаларини ҳал этади, корхонанинг директорини (раҳбарини) тайинлайди, корхонага тегишли бўлган мол-мулкнинг мақсадли ишлатилиши ва сақланиши устидан назоратни амалга оширади.

Мулкдор ёки унинг томонидан ваколатланган орган корхонанинг хўжалик юритувида бўлган мол-мулкдан фойдаланишдан тушган фойданинг бир қисмини олишга ҳақлидир. Корхона эса унга хўжалик юритиш ҳуқуқида қарашли бўлган кўчмас мулкни мулкдор ёки унинг томонидан ваколатланган орган розилигисиз сотишга, уни ижарага бериш, гаровга қўйиш, хўжалик ширкати ёки жамиятларининг устав фондига ҳисса тариқасида киритишга ёки уни бошқача тарзда тасарруф этишга ҳақли эмас. Корхонага қарашли бўлган бошқа мол-мулкни у мустақил тасарруф этади.

Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисми хўжалик юритиш ҳуқуқига асосланган корхонанинг белгиланган тартибда тасдиқланган уставидан иборат бўлган унинг таъсис ҳужжатларига умумий талабларни белгилайди. Унитар корхонанинг Уставида биз аввалги моддада кўриб чиққан маълумотлар бўлиши лозим (ФКнинг 70-моддасига шарҳларни қаранг).

Шарҳланаётган модданинг учинчи ва тўртинчи қисмларининг меъёрлари хўжалик юритиш ҳуқуқига асосланган унитар корхона ўз мол-мулкининг бир қисмини хўжалик юритиш учун белгиланган тартибда топшириш йўли билан юридик шахс бўлган бошқа унитар корхона (шўъба корхона) ташкил этишини белгилайди. Бунда таъсисчи шўъба корхонасининг уставини тасдиқлайди ва унинг раҳбарини тайинлайди. Шуни қайд қилиш керакки, бу ҳолда шўъба корхонасини шўъба хўжалик жамияти билан адаштириш мумкин эмас. Шўъба корхонасининг ажратиб турувчи хусусияти шуки, унинг ягона (якка) таъсисчиси фақат хўжалик юритиш ҳуқуқига асосланган унитар корхона бўлади.



72-модда. Оператив бошқарув ҳуқуқига

асосланган давлат унитар корхонаси


Оператив бошқарув ҳуқуқига асосланган давлат унитар корхонаси

Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда, давлат органининг қарорига мувофиқ давлат мулки бўлган мол-мулк негизида оператив бошқарув ҳуқуқига асосланган давлат унитар корхонаси (давлат корхонаси) ташкил этилиши мумкин.

Давлат корхонасининг таъсис ҳужжати унинг уставидир.

Оператив бошқарув ҳуқуқига асосланган давлат корхонасининг фирма номи унинг давлат корхонаси эканлигини кўрсатиши керак.

Давлат корхонасининг ўзига бириктириб қўйилган мол-мулкка бўлган ҳуқуқи ушбу Кодекснинг 178 ва 179-моддаларига мувофиқ белгиланади.

Давлат корхонасининг мол-мулки етарли бўлмаганида давлат унинг мажбуриятлари бўйича субсидиар жавобгар бўлади.

Давлат корхонаси уни тузган давлат органининг қарорига мувофиқ қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши мумкин.


1. Шарҳланаётган модда айнан давлат мулки бўлган мол-мулк негизида оператив бошқарув ҳуқуқига асосланган давлат корхонаси ташкил этилиши қоидаларини белгилайди. Давлат корхонаси қонунчилик билан белгиланган доирада, ўз фаолиятининг мақсадларига, мулкдорнинг (ёки унинг топшириғи бўйича - унинг томонидан ваколатланган давлат органи-таъсисчининг) топшириқларига ва мулкнинг мақсадига мувофиқ унга бириктирилган мол-мулкка нисбатан эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқларини амалга оширади. Давлат корхонасининг таъсисчиси ушбу органларнинг мавқеини белгилайдиган ҳужжатларга мувофиқ белгиланган ваколатлари доирасида давлат корхонасини таъсис этиш учун ваколатланган давлат бошқаруви органлари, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари бўлиши мумкин.

Умумий қоидага кўра давлат корхонаси алоҳида мол-мулкига эга бўлади, мустақил балансига, банк ҳисоб рақамларига, шу жумладан валюта ҳисоб рақамларига, ўз рамзлари, штамплари ва бланклари, Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири туширилган, унинг фирма номи давлат тилида кўрсатилган думалоқ муҳрига эга бўлади. Шарҳланаётган модданинг учинчи қисми меъёрларига мувофиқ, давлат корхонасининг фирма номи унинг давлат корхонаси эканлигини кўрсатиши керак, яъни унинг таркибида "давлат корхонаси" сўзлари бўлиши лозим.

Давлат корхонаси ўз номидан қонунчилик билан белгиланган тартибда мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларга эга бўлиши, мажбуриятларни бажариши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши мумкин.

Давлат корхонаси ўз таъсисчисининг розилиги билан тижорат ташкилотлари, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ уларда юридик шахснинг иштирок этишига йўл қўйиладиган нотижорат ташкилотларининг иштирокчиси (аъзоси) бўлиши мумкин. У фақат бошқа давлат корхонасининг таъсисчиси бўлиши мумкин эмас.


2. Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисми давлат корхонасининг таъсис ҳужжатларига умумий талабларни белгилайди, булар унинг қуйидагиларнинг қарорига асосан тасдиқланадиган Устави ҳисобланади:

- Ўзбекистон Республикаси Президенти;

- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси;

- давлат бошқариш органи;

- жойлардаги давлат ҳокимияти органи.

Давлат корхонасининг Устави қонунчилик билан белгиланган тартибда тегишли давлат органларида давлат рўйхатидан ўтказилади.

Давлат корхонасининг Уставида қуйидаги маълумотлар бўлиши лозим:

- фирма номи ва манзили;

- фаолиятининг предмети ва мақсадлари;

- давлат корхонасининг фаолиятини бошқариш тартиби;

- устав фондининг миқдори, уни шакллантиришнинг тартиби ва манбалари;

- устав фондини кўпайтириш ва камайтириш тартиби;

- мол-мулкини тасарруф этиш шартлари;

- даромадни (фойдани) тақсимлаш ва зарарларни қоплаш тартиби;

- захира фонди ва бошқа фондларни ташкил қилиш тартиби;

- раҳбарнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги;

- йиллик ҳисоботларини тузиш, текшириш ва тасдиқлаш тартиби;

- давлат корхонасини қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби.

Қонунчиликка мувофиқ, давлат рўйхатидан ўтказилиши, тегишли кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилишидан кейин бир ҳафта муддат ичида давлат бошқариш органлари ёки жойлардаги давлат ҳокимияти органлари томонидан таъсис этилган давлат корхоналари тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси Давлат Мулк қўмитасига ёки унинг ҳудудий бошқармасига қуйидаги ҳужжатларнинг нусхаларини тақдим этади:

- давлат корхонасининг тузилиши тўғрисидаги қарор;

- корхонанинг рўйхатдан ўтказилган устави.

Устав фондини шакллатириш тугатилганидан кейин бир ҳафта ичида ушбу корхоналар тегишли равишда Давлат Мулк қўмитасига ёки унинг ҳудудий бошқармасига давлат мулкини қабул қилиш-топшириш далолатномаларининг нусхаларини тақдим этади.


3. Шарҳланаётган модданинг тўртинчи қисмига мувофиқ, давлат корхонасининг унга бириктирилган мол-мулкига ҳуқуқлари Ўзбекистон Республикаси ФКнинг мол-мулкни оператив бошқаришнинг умумий меъёрлари тўғрисидаги меъёрларига мувофиқ белгиланади (батафсилроқ ФК 178, 179-моддаларига шарҳларни қаранг). Бунда давлат корхонасининг таъсисчиси қонунчилик билан белгиланган тартибда қуйидаги ҳуқуқларга эга: давлат корхонаси фаолиятининг мақсадлари, предмети, турларини белгилаш; ўзи таъсис этган давлат корхонасининг уставига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш; меҳнат қонунчилиги билан белгиланган тартибда давлат корхонасининг раҳбари билан меҳнат шартномасини муддатидан илгари тугатиш; давлат корхонасининг қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши тўғрисида қарор қабул қилиш, тугатиш комисиясини тайинлаш ва тугатиш балансларини тасдиқлаш; судга давлат корхонасининг мол-мулки юзасидан битимни ҳақиқий эмас деб тан олиш тўғрисидаги даъво билан мурожаат қилиш; давлат корхонасининг ортиқча, ишлатилмайдиган ёки мақсадсиз ишлатилаётган мол-мулкини олиб қўйиш ва уни тасарруф этиш; зарур бўлганда Вазирлар Маҳкамасига давлат корхонасини давлат тасарруфидан чиқариш ёки хусусийлаштириш тўғрисида таклифлар киритиш; давлат корхонасининг раҳбарига давлат корхонасига етказилган зарарларни қоплаш тўғрисида даъво қўйиш; корхонанинг уставига мувофиқ, ўзи томонидан корхонага берилган мол-мулкдан фойдаланишдан тушган фойданинг бир қисмини ёки ҳаммасини олиш ҳуқуқи.

Давлат корхонасининг таъсисчиси зиммасига қуйидаги мажбуриятлар юкланади: давлат корхонасининг раҳбарини тайинлаш, мехнат қонунчилигига мувофиқ у билан меҳнат шартномасини тузиш; давлат корхонасининг давлат рўйхатидан ўтказилиши пайтидан бошлаб уч ой ичида унинг оператив бошқарувига давлат мол-мулкини бериш йўли билан унинг устав фондини шакллантириш; ҳар йили корхонанинг бизнес-режасини тасдиқлаш, ҳар йил чорагида ижроия органининг унинг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботини тинглаш; тегишли равишда Давлат Мулк қўмитаси ёки унинг ҳудудий бошқармаси билан давлат корхонасининг ижроия органига мол-мулкни тасарруф этиш юзасидан рухсатнома берилишини келишиш; корхонага берилган давлат мулкининг мақсадли ишлатилиши ва сақланиши, шунингдек бегоналаштирилиши устидан назоратни амалга ошириш.


4. Давлат корхонасининг мулки: таъсисчи томонидан корхонага оператив бошқариш ҳуқуқида бириктирилган мол-мулки; давлат корхонасининг ўз фаолиятидан тушган даромадлари; қонунчиликка зид келмайдиган бошқа манбалар ҳисобидан шакллантирилади.

Давлат корхонаси мол-мулкининг қиймати корхонанинг мустақил балансида акс эттирилади.

Давлат корхонаси мол-мулкини тасарруф қилиш қуйидаги ҳолларда давлат корхонасининг ижро органи томонидан таъсисчиси билан келишилган ҳолда амалга оширилади:

- асосий воситаларниннг сотилиши, ижарага бериши ёки гаровга қўйилиши;

- мол-мулкининг хўжалик жамиятининг устав фондига ҳисса тариқасида киритилиши;

- хўжалик жамиятларининг акцияларини (улушларини) сотиб олиш;

- хўжалик жамиятларида давлат корхонасига тегишли бўлган акцияларини (улушларини) сотиш;

- давлат корхонасининг фаолияти мақсадларига мос бўлмаган мол-мулкни бошқача тасарруф этиш.

Давлат корхонаси ўз таъсисчиси билан келишилган ҳолда қонунчилик талабларига риоя қилган ҳолда филиалларни тузиш ва ваколатхоналарни очишга ҳақлидир. Давлат корхонаси филиал тузилиши ёки ваколатхона очилишидан кейинги бир ҳафта муддат ичида бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Давлат Мулк қўмитасини (унинг ҳудудий бошқармасини) хабардор этиши лозим.

Давлат корхонасининг филиаллари ва ваколатхоналари уларни тузган давлат корхонаси номидан давлат корхонаси томонидан тасдиқланган низомлар асосида фаолият юритади ва уларни барпо этган давлат корхонасининг мол-мулки билан таъминланади.

Давлат корхонасининг филиали ёки ваколатхонасининг раҳбари давлат корхонасининг таъсисчиси билан келишилган ҳолда унинг раҳбари томонидан тайинланади ва унинг ишончномаси асосида иш юритади. Филиал ёки ваколатхонанинг раҳбари билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда ишончнома давлат корхонасининг раҳбари томонидан бекор қилиниши лозим.

Давлат корхонасида барча солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни бюджетга ва бюджетдан ташқари фондларга тўлашдан кейин қолган соф фойдаси корхонанинг тасарруфида қолади ва таъсичининг қарорига кўра ишлатилади. Давлат корхонаси унинг тасарруфида қолган соф фойдаси ҳисобига захира фонди ва бошқа фондларни, корхонанинг уставида назарда тутилган тартибда ва миқдорда тузишга ҳақлидир, уларнинг миқдори таъсисчи томонидан тасдиқланади.


5. Шарҳланаётган модданинг бешинчи қисмининг меъёрлари давлат корхонасининг мол-мулки етарли бўлмаганида давлатга унинг мажбуриятлари бўйича субсидиар жавобгарликни юклатади. Шуниси муҳимки, давлат корхонаси таъсисчининг, яъни давлатнинг мажбуриятлари бўйича жавобгар бўлмайди.

Шарҳланаётган моддада давлат корхонасининг уни тузган давлат органининг қарорига мувофиқ қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши юзасидан умумий меъёрлар бор. Шуни қайд этиш лозимки, давлат органининг бундай қарори Давлат Мулк қўмитаси ёки унинг ҳудудий бошқармаси билан келишилган ҳолда, қонунчилик билан белгиланган тартибда ёки суд қарорига кўра амалга оширилади.



3-§. ТИЖОРАТЧИ БЎЛМАГАН ТАШКИЛОТЛАР


73-модда. Матлубот кооперативи

74-модда. Жамоат бирлашмалари

75-модда. Жамоат фондлари

76-модда. Муассасалар

77-модда. Юридик шахслар бирлашмалари

78-модда. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари



73-модда. Матлубот кооперативи


Иштирокчиларнинг моддий (мулкий) эҳтиёжларини қондириш мақсадида фуқароларнинг аъзоликка асосланган ихтиёрий бирлашмаси матлубот кооперативи ҳисобланиб, бу бирлашув унинг аъзолари томонидан ўз мулкий (пай) бадалларини қўшиш йўли билан амалга оширилади.

Матлубот кооперативининг уставида ушбу Кодекс 43-моддасининг тўртинчи ва бешинчи қисмларида кўрсатилган маълумотлардан ташқари қуйидаги маълумотлар бўлиши керак: кооператив аъзолари қўшадиган пай бадалларининг миқдори тўғрисидаги; кооператив аъзолари пай бадалларининг таркиби ва уларни қўшиш тартиби ҳамда уларнинг бадални қўшиш мажбуриятини бузганлик учун жавобгарлиги тўғрисидаги; кооперативни бошқариш органларининг таркиби ҳамда ваколатлари ва улар томонидан қарорлар қабул қилиш тартиби, шу жумладан қарорлар бир овоздан ёки овозларнинг малакали кўпчилиги билан қабул қилинадиган масалалар тўғрисидаги; кооператив кўрган зарарларни кооператив аъзолари томонидан тўлаш тартиби тўғрисидаги.

Матлубот кооперативининг номида унинг фаолиятининг асосий мақсади кўрсатилиши, шунингдек "кооперативи" сўзи ёки "матлубот уюшмаси" ёхуд "матлубот жамияти" деган сўзлар бўлиши керак.

Матлубот кооперативининг аъзолари кўрилган зарарни йиллик баланс тасдиқланганидан кейин уч ой мобайнида қўшимча бадаллар тўлаш йўли билан қоплашлари шарт. Ушбу бурч бажарилмаган тақдирда кооператив кредиторларнинг талабларига мувофиқ суд томонидан тугатилиши мумкин.

Матлубот кооперативининг аъзолари унинг мажбуриятлари бўйича ҳар бир кооператив аъзоси тўлайдиган қўшимча бадалнинг тўланмаган қисми доирасида субсидиар жавобгар бўладилар. Бу ҳолда кооператив аъзолари солидар жавоб берадилар.

Матлубот кооперативининг тижорат фаолиятига нисбатан ушбу Кодекснинг тижоратчи ташкилотлар тўғрисидаги қоидалари қўлланилади.

Матлубот кооперативларининг ҳуқуқий мавқеи, шунингдек улар аъзоларининг ҳуқуқ ва бурчлари ушбу Кодексга ва бошқа қонунларга мувофиқ белгиланади.


1. Шарҳланаётган моддага кўра матлубот кооперативларининг ҳуқуқий мақоми иштирокчиларнинг моддий (мулкий) эҳтиёжларини қондириш мақсадида фуқароларнинг аъзоликка асосланган, унинг аъзолари томонидан ўз мулкий (пай) бадалларини қўшиш йўли билан амалга ошириладиган ихтиёрий бирлашмаси деб белгиланади.

Матлубот кооперативининг ташкилий-ҳуқуқий шакли уни нотижорат ташкилотлари тизимида объектив ажратиб кўрсатувчи ва уни бошқа шаклларидан жиддий даражада фарқлаб турувчи муайян фуқаролик-ҳуқуқий белгилар ва механизмларнинг мажмуидан иборат. Аҳолига хизмат кўрсатиш соҳасида турли-туман хўжалик фаолиятини амалга оширган ҳолда (кооператив савдо, умумий овқатланиш ва аҳолига маиший хизмат кўрсатишнинг бошқа турлари), матлубот кооперативи тижорат ва нотижорат ташкилоти(28) ўртасидаги маълум бир "оралиқ" бўғин(29) ҳисобланади, нотижорат ташкилотларининг мақоми тўғрисидаги умумий қоидалардан четлашган ҳолда қонун чиқарувчи томонидан матлубот кооперативига баъзи тижорат ҳуқуқларидан фойдаланиш бўйича "ён босишлар" берилган. Масалан, тижорат фаолиятидан тушган даромадларни ўз аъзолари ўртасида тақсимлаш ҳуқуқи.

Матлубот кооперативининг олий бошқарув органи кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши ҳисобланади.


2. Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисми матлубот кооперативининг уставига нисбатан талабларни белгилаб беради. Унда фақат матлубот кооперативининг уставига доир айрим талаблар санаб ўтилади, бироқ махсус меъёрий ҳужжатлар эса кенгроқ талаблар доирасини белгилаб беради, уларга кўра матлубот кооперативининг уставида яна қуйидагилар бўлиши лозим: а) унинг номи, манзили, фаолиятининг предмети ва мақсадлари; б) кооперативнинг қайта ташкил этилиши ва фаолиятининг тугатилиши шартлари; в) матлубот кооперативининг филиаллари ва ваколатхоналари тўғрисида маълумотлар; г) матлубот кооперативи аъзоларининг унинг фаолиятида шахсий меҳнат иштирокининг хусусияти ва тартиби; д) матлубот кооперативи ва унинг аъзолари ўртасидаги, матлубот кооперативининг ижроия органи ва ёлланма ходимлар ўртасидаги муносабатлар; е) матлубот кооперативининг уставида амалдаги қонунчиликка зид келмайдиган бошқа қоидалар ҳам бўлиши мумкин.


3. Шарҳланаётган модданинг учинчи қисмида матлубот кооперативининг номига бўлган талаблар келтирилган, уларга кўра матлубот кооперативининг номида унинг фаолиятининг асосий мақсади кўрсатилиши, шунингдек "кооперативи" сўзи ёки "матлубот уюшмаси" ёхуд "матлубот жамияти" деган сўзлар бўлиши керак. У қонунчиликда кўзда тутилган қўшимча маълумотларни ўз ичига олиши мумкин.


4. Матлубот кооперативининг балансида бўлган мол-мулкининг эгаси юридик шахс сифатида кооперативнинг ўзи ҳисобланади, ва мол-мулкини тасарруф этиш унинг олий органининг қарорига кўра амалга оширилади. Матлубот кооперативининг мулкий негизи матлубот кооперативи аъзоларининг мулкий (пай) ҳиссалари, аъзоларнинг бадалларидан, хўжалик фаолиятидан тушган даромадлардан, фуқаролар ва юридик шахсларнинг хайр- эҳсонларидан ҳамда қонунчиликка зид келмайдиган бошқа манбалардан ташкил топади. Матлубот кооперативи пайчисининг мулкий (пайли) ҳиссаси пул, қимматли қоғозлар, ашёлар, ер участкалари (майдонлари), пул баҳосига эга бўлган бошқа мулкий ҳиссалар, шунингдек интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқлар бўлиши мумкин. Бунда матлубот кооперативининг мол-мулкидаги барча аъзоларининг улушлари уларнинг ҳиссаларига мутаносиб белгиланади.

Мулкий (пай) ҳиссалари, матлубот кооперативлари фаолиятининг амалиёти кўрсатишича, уларнинг моддий-моолиявий базасининг асосий манбаи ҳисобланади. Шуни ҳисобга олган ҳолда, қонун чиқарувчи шарҳланаётган модданинг тўртинчи қисмида матлубот кооперативининг аъзолари кўрилган зарарни йиллик баланс тасдиқланганидан кейин уч ой мобайнида қўшимча бадаллар тўлаш йўли билан қоплашга мажбур этади. Ушбу бурч бажарилмаган тақдирда кооператив кредиторларнинг талабларига мувофиқ суд томонидан тугатилиши мумкин.

Шарҳланаётган модданинг тўртинчи ва бешинчи қисмини том маънода талқин этиш шуни кўрсатадики, кооперативнинг аъзолари унинг мажбуриятлари бўйича фақат ҳар бир кооператив аъзоси тўлайдиган мулкий (пай) ҳиссасининг тўланмаган қисми доирасида жавобгар бўладилар. Айни пайтда кооператив аъзолари ҳар йили унинг зарарларини қўшимча бадал кииритиш орқали қоплашга мажбур бўладилар. Ушбу мажбуриятини бажаришда улар аслида кооперативнинг ўтган молиявий йиллари учун мажбуриятлар бўйича субсидиар жавобгар бўладилар. Кооперативларнинг тўлов лаёқатини сақлаб туриш учун матлубот кооперативининг аъзолари ҳар йили вужудга келган зарарларни қоплаб, унинг кредитга лаёқатлилигини тиклашлари лозим. Ушбу жавобгарлик кооперативга нисбатан субсидиар ва кооперативнинг бошқа аъзоларига нисбатан улушли жавобгарлик бўлади - кооперативнинг ҳар бир аъзоси ўз пайига мутаносиб тарзда солидар жавобгар бўлади.


5. Шарҳланаётган модданинг олтинчи қисми белгилайдиган меъёрларига кўра матлубот кооперативининг тижорат фаолиятига Фуқаролик кодексининг тижорат ташкилотлар тўғрисидаги меъёрлари қўлланади.

Ўзбекистон Республикаси ФК 59-моддасининг тўртинчи қисмига кўра хўжалик ширкати ёки жамиятининг иштирокчилари фойдани тақсимлашда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади.

Ушбу масалаларни ҳал этишда матлубот кооперативининг тижорат ташкилотларидан, жумладан ишлаб чиқариш кооперативидан фарқланиши масаласи келиб чиқади, уни қонун чиқарувчи, юқорида кўрсатилганидек, тижорат ташкилотларига киритади. Амалиёт ва қонунчиликнинг таҳлили кўрсатганидек, матлубот кооперативининг нотижорат ташкилоти сифатида тижорат ташкилотидан фарқи - ҳам ўзининг, ҳам контрагентларнинг моддий эҳтиёжларини қондиришдир, тижорат ташкилотининг мақсади эса - фойда олиш ҳисобланади. Бунда матлубот кооперативи фаолиятининг шакллари турли-туман бўлиши мумкин, лекин асосийси - бу пайчиларнинг моддий ва бошқа эҳтиёжларини қондиришга қаратилган нотижорат турдаги фаолиятидир. Масалан, энг осони ўз пайчи ва уларнинг оила аъзолари учун кундалик эхтиёж маҳсулотларини келтириш ва берилишини ташкил этишдир. Бунинг усули осон: пайчилардан йиғма капитал вужудга келтириш, бу пулга маҳсулотларни сотиб олиш, келтириш ва тарқатиш, бунда товарларни сотиб олиш нархлари бўйича тарқатиш (сотиш эмас, айнан тарқатиш). Товарларни келтириш, қисқа муддатли сақлаш ва тарқатиш билан боғлиқ харажатларни (транспорт ва ҳоказо) пайчиларнинг ўзлари уларга ой давомида берилган товарларнинг жами қийматига мутаносиб равишда зиммаларига оладилар.

Матлубот кооперативларининг фуқаролик-ҳуқуқий ҳолатини белгилаб, амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ улар демократик бошқарув, ихтиёрий кириш ва чиқиш, мулкий (пай) ҳиссасини тўлаш мажбурияти, ўзаро ёрдам ва ўз аъзоларининг манфаатларини ҳимоя қилиш, матлубот кооперативининг фаолияти тўғрисидаги маълумотлари билан ўзининг барча аъзолари танишуви мумкинлиги асосида иш юритишини айтиб ўтиш лозим. Матлубот кооперативларида меҳнат ва ташкилий муносабатлар меҳнат қонунчилиги ва матлубот кооперативларининг Уставлари билан тартибга солинади. Матлубот кооперативи аъзоларининг унинг фаолиятида шахсий меҳнат иштироки учун тўлов миқдори, шунингдек индивидуал меҳнат шартномаси бўйича ишлайдиган шахсларнинг иш ҳақи миқдори умумий йиғилишнинг қарори билан белгиланади. Матлубот кооперативи аъзоларининг унинг фаолиятида шахсий меҳнати билан иштироки мажбурий эмас.

Матлубот кооперативи фаолиятининг натижаларини (таёрланган ёки сотиб олинган товарлар, ишлар, хизматлар) асосий истеъмолчилари унинг аъзолари бўлади.

Шарҳланаётган моддада матлубот кооперативларининг ҳуқуқий мақоми, шунингдек уларнинг аъзоларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари мазкур Кодекс ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланиши мумкинлиги тўғрисидаги ҳавола меъёрлари мавжуд. Бугунги кунда матлубот кооперативларининг ҳуқуқий ҳолати ва фаолияти Ўзбекистон Республикаси ФКдан ташқари ЎзР 1991 йил 14 июндаги "Кооперация тўғрисида"ги Қонуни билан тартибга солинади.



74-модда. Жамоат бирлашмалари


Маънавий ёки ўзга номоддий эҳтиежларни қаноатлантириш учун ўз манфаатларининг муштараклиги асосида қонунда белгиланган тартибда бирлашган фуқароларнинг ихтиёрий бирлашмалари жамоат бирлашмалари ҳисобланади.

Жамоат бирлашмалари ўз уставларида назарда тутилган ишлаб чиқариш ёки ўзга тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга ҳақлидирлар.

Жамоат бирлашмаларининг иштирокчилари (аъзолари) ушбу

бирлашмаларга мулк қилиб берган мол-мулкларига, шу жумладан аъзолик бадалларига бўлган ҳуқуқларини сақлаб қолмайдилар. Улар аъзо сифатида иштирок этаетган жамоат бирлашмаларининг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайдилар, мазкур бирлашмалар эса - ўз аъзоларининг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайдилар.

Жамоат бирлашмалари ҳуқуқий мавқеининг хусусиятлари қонун ҳужжат лари билан белгиланади.


1. Жамоат бирлашмаси ўзига хос умумий тушунча ҳисобланади. Жамоат бирлашмаси деганда сиёсат, иқтисодиёт, ижтимоий ривожланиш, фан, маданият, экология ва ҳаётнинг бошқа соҳаларида ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини биргаликда амалга ошириш учун бирлашган фуқароларнинг эркин ҳоҳиш билдириши натижасида юзага келган кўнгилли тузилмаси тушунилади. Сиёсий партиялар, оммавий ҳаракатлар, касаба иттифоқлари, аёллар, ёшлар, болалар ташкилотлари, фахрийлар ва ногиронлар ташкилотлари, илмий, техникавий, маданий-маърифий, жисмоний тарбия-спорт ва бошқа кўнгилли жамиятлар, ижодий уюшмалар, ватандошлар уюшмалари, ассоциациялар ва фуқароларнинг бошқа бирлашмалари (ЎзР 1991 йил 15 февралдаги 223-XII-сонли "Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги Қонуни 1-моддаси) жамоат бирлашмалари ҳисобланади.

Жамоат бирлашмаларига Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган фуқаролари аъзо бўлиши мумкин. Аъзолик якка тартибдаги ариза ёки ташкилот аъзолари сонини ҳисобга олиш имконини берувчи ҳужжат асосида расмийлаштирилади. Жамоат ташкилотининг олий раҳбарлик органи съезд (конференция) ёки умумий йиғилиш ҳисобланади. Жамоат ташкилотининг доимий фаолият олиб борувчи раҳбарлик органи съезд (конференция) ёки умумий йиғилишга ҳисобот берадиган сайланадиган ижро органи ҳисобланади.


2. Жамоат бирлашмалари бошқа юридик шахслар сингари тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга ҳақлидирлар. Бироқ унинг юритилиши иккита шарт билан чегараланган: биринчидан, у фақат мазкур ташкилотни (бирлашмани) тузиш учун асос бўлган мақсадларга эришишига қаратилган бўлиши лозим, иккинчидан, у ушбу мақсадларга мувофиқ бўлиши лозим.

Жамоат бирлашмаси қонунчиликда белгиланган тартибда ишлаб чиқариш ва бошқа тадбиркорлик фаолиятини амалга оширади ва устав вазифаларини бажариш мақсадида юридик шахс ҳуқуқларига эга бўлган корхоналар ҳамда хўжалик ҳисобидаги ташкилотларни тузишга ҳақлидир. Жамоат бирлашмаларининг ишлаб чиқариш ва бошқа тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадлари ушбу бирлашмаларнинг аъзолари (иштирокчилари) ўртасида тақсимланмайди ва фақат устав вазифларини амалга ошириш учун ишлатилади; жамоат бирлашмаларига ўз маблағларини, гарчи уставларида кўрсатилмаган бўлса ҳам, хайрия мақсадларига ишлатишга рухсат этилади. Жамоат бирлашмалари томонидан ташкил этиладиган корхона ва ташкилотлар қонунда белгиланган тартибда ва миқдорда бюджетга тўловларни тўлайдилар (ЎзР "Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги Қонуни 17-моддаси).


3. Жамоат бирлашмалари, уларнинг ташкилотлари бинолар, иншоотлар, турар-жой фондлари, ускуналар, инвентарлар, маданий-касбий ва соғломлаштириш мақсадларига мўлжалланган мол-мулк, пул маблағлари, акциялар, бошқа қимматли қоғозлар ва уларнинг уставларида кўзда тутилган фаолиятни моддий таъминлаш учун зарур бошқа мулкка, шунингдек интеллектуал мулк объектларига эгалик қилишлари мумкин. Жамоат бирлашмаларининг мулкида ушбу бирлашмаларнинг маблағлари ҳисобидан уларнинг уставларида кўрсатилган мақсадларга мувофиқ ташкил қилинган нашриётлар, бошқа корхоналар, хайрия муассасалари бўлиш мумкин. Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари, Қорақалпоғистон Республикасида эса Қорақалпоғистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан давлат ва жамият хавфсизлиги талаблари нуқтаи назаридан ёки халқаро шартномаларга мувофиқ жамоат бирлашмалари мулкида бўлиши мумкин бўлмаган мол-мулк турлари белгиланиши мумкин. Жамоат бирлашмаларининг пул маблағлари кириш ва аъзолик бадалларидан, агар уларнинг тўланиши уставда кўзда тутилган бўлса: кўнгилли бадаллар ва хайр-эҳсонлар; уставга мувофиқ маърузалар, кўргазмалар, спорт ва бошқа тадбирлар, лотереялар ўтказишдан тушган маблағлар; ишлаб чиқариш, хўжалик ва ноширлик фаолиятидан олинган даромадлар; бошқа қонунда тақиқланмаган тушумлар ҳисобидан шаклланади.

Сиёсий мақсадларни кўзлаган сиёсий партиялар ва оммавий ҳаракатларга хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар ва чет давлатларнинг юридик шахслари, уларнинг филиаллари ва ваколатхоналари, чет эл инвестиция иштирокидаги корхоналар, чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, диний ташкилотлар, аноним шахслар ёки тахаллус остидаги шахслардан молиявий ва бошқа турдаги моддий ёрдам олиш тақиқланади. Кўрсатилган маблағлар олинган тақдирда қайтариб берилиши, қайтариш имконияти бўлмаган ҳолда эса давлат даромадига ўтказилиши лозим. Сиёсий партияларни молиялаш Ўзбекистон Республикасининг “Сиёсий партияларни молиялаш тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ амалга оширилади. Сиёсий партиялар ҳар йили ўз бюджетларини оммавий ахборот учун эълон қиладилар. Жамоат бирлашмаларининг мулки қонун билан муҳофаза қилинади. Уюшмалар ва уларга кирувчи бирлашмаларнинг ушбу уюшмалар ва уларга кирувчи бирлашмаларга тегишли мол-мулка эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш ваколатлари жамоат бирлашмалари уюшмалари уставлари билан белгиланади.

Жамоат бирлашмасининг ҳар битта алоҳида иштирокчиси ёки ҳатто жамоат ташкилотининг аъзоси ундан чиққан ҳолда ҳам, жамоат бирлашмасига тегишли мол-мулкдан улуш олиш ҳуқуқига эга бўлмайди.

Жамоат бирлашмаси юридик шахс сифатида ўз мажбуриятлари юзасидан ўзига тегишли мол-мулк билан жавоб беради, бироқ ўз иштирокчилари ёки аъзоларининг мажбуриятлари учун жавобгар ҳисобланмайди. Жамоат бирлашмаларининг иштирокчилари ёки аъзолари ҳам жамоат бирлашмаларининг мажбуриятлари юзасида жавобгар бўлмайди.


4. Жамоат бирлашмалари юридик шахс ҳуқуқларини олиш учун давлат рўйхатидан ўтишлари шарт. Жамоат бирлашмаси фақат давлат рўйхатидан ўтгандан кейин юридик шахс ҳуқуқларига ва юридик шахсга хос ҳуқуқ лаёқатга эга бўлади.

Шуни қайд этиш зарурки, жамоат бирлашмалари юридик шахс ҳисоблангани ҳолда бирлашманинг устав мақсадлари билан белгиланган махсус ҳуқуқ лаёқатга эга бўлади.



75-модда. Жамоат фондлари.


1. ФКда биринчи марта юридик шахс сифатида жамоат фондлари алоҳида ажратиб кўрсатилмоқда, жамоат фонди тушунчаси белгиланиб, унинг ҳуқуқий ва мулкий мақоми мустахкамланмоқда. Мавжуд тушунчадан келиб чиқиб фондларни қуйидаги муҳим белгиларини фарқлаш мумкин:


а) фондлар нотижорат ташкилоти хисобланади;

б) фондлар аъзолик асосидаги ташкилот эмас;

в) фондлар жисмоний шахслар томонидан ҳам ва (ёки) юридик шахслар томонидан ҳам таъсис этилиши мумкин;

г) фондлар ихтиёрий мулкий бадаллар асосида ташкил этилади;

д) фондлар ижтимоий хайрия, маданий ва бошқа ижтимоий фойдали мақсадларни амалга оширади.


Айни пайтда фонднинг асосий белгиси бўлиб (гарчи у шарҳланаётган моддада кўрсатилмаган бўлса ҳам устав мақсадларини амалга ошириш учун мол-мулкини шакллантиришнинг шартлиги, мажбурийлиги ҳисобланади. Фонд ташкил этиш учун зарур бўлган дастлабки маблағларнинг мининмал миқдори ЎзР Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади (ЎзР 2003 йил 29 августдаги 527-II-сонли “Жамоат фондлари тўғрисида”ги Қонунинг 20-моддаси тўртинчи қисми)

ФК фондларни таснифламайди. Бироқ улар турли мезонлар бўйича туркумланиши мумкин. Масалан, уларни муассислари кимлигига қараб:

1) бир жисмоний шахс ёки бир оила томонидан тузилган хусусий фондлар;

2) бир ёки бир неча юридик шахслар - тижорат ва (ёки) нотижорат ташкилотлари томонидан таъсис этилган корпоратив фондлар;

3) юридик шахслар жамоат бирлашмалари, шунингдек бир оила аъзолари бўлмаган жисмоний шахслар томонидан таъсис этилган ижтимоий фондлар;

4) ЎзР давлат вакиллик органлари қарорлари асосида тузилган давлат фондлари;

5) Махаллий давлат ҳокимияти ижро органлари томонидан таъсис этилган муниципал фондлар.

ЎзР қонун ҳужжатлари жамоат фондларини улар фаолияти худуди бўйичагина фарқлайди. ЎзРда Республика ва маҳаллий фондлар фаолият кўрсатади. Уставларига мувофиқ фаолият республика ёки икки ва ундан ортиқ вилоятлар ҳудудларида (масалан, Қорақолпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ҳудудларида) амалга ошириладиган фондлар республика фондлари хисобланади. Уставларига мувофиқ фаолияти туман(лар), шаҳар(лар) вилоят ёки Қорақолпоғистон Республикаси ҳудудида амалга ошириладиган фондлар маҳаллий фондлар ҳисобланади. (Жамоат фондлари тўғрисидаги Қонуннинг 4-моддаси)


2. Шархланаётган модданинг иккинчи қисмига кўра фондга унинг муассислари (муассиси) берган ёки васият қилувчи қолдирган мол-мулк фонд мулки хисобланади.

Шархланаётган нормада фондлар мол-мулкларини шакллантиришнинг барча эҳтимол тутилган манбалари тўлиқ очиб берилмаган. Фонд “ихтиёрий мулкий бадаллар” қўшиш асосида таъсис этилади деб белгиланган холос. Ихтиёрий мулкий бадаллар деганда энг аввало фондга муассислар берган ёки васият қилувчи қолдирган мол-мулк тушунилади. “Жамоат фондлари тўғрисида”ги Қонуннинг 21-моддасида фонд мол-мулкини шакллантиришнинг қуйидаги манбалари белгилаб қўйилган:

муассислар (муассис) томонидан бир йўла тўланадиган (ўтказиладиган) ёки мунтазам келиб турадиган пул ва бошқа тушумлар;

фонд васиятнома бўйича ташкил этилган тақдирда васият қилувчининг фондга ўтказилган мол-мулки;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ихтиёрий хайриялари;

юридик ва жисмоний шахслар, давлат, чет эл ва халқаро ташкилотлар, чет давлатлар ажратадиган грантлар;

фонднинг тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган даромадлар (фойда);

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Ушбу ҳолатларда берилган мол-мулк муассисларнинг эмас, жамоат фондининг мулкига айланади. Фонд муассислари ёки васиятнома бўйича ташкил этилган фонд бўйича васият ижрочиси фонд мажбуриятлари бўйича жавобгар эмас, ўз навбатида фонд ҳам муассислар ёҳуд васият ижрочиси мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди. Фонд мол-мулки қуйидаги манбалар хисобига ҳам кўпайиши мумкин: турли хайр - эхсонлар, уставга мувофиқ фонд ўтказган тадбирлардан - масалан, маърузалар, кўргазмалар, лотореялар ва шу кабилардан келган тушумлар.


3. “Жамоат фондлари тўғрисида”ги Қонуннинг 20-моддасига кўра бинолар, иншоатлар, тураржойлар ва бошқа иморатлар, асбоб ускуналар, инвентарь, пул маблағлари, шу жумладан чет эл валютасидаги маблағлар, қимматли қоғозлар ва ўзга мол-мулк фондининг мулки бўлиши мумкин. Фонд мол-мулки унинг таъсисчилари ўртасида тақсимланмайди ва фақатгина фонд мақсади ва вазифаларини амалга ошириш учун фойдаланилади. Фонд мол-мулки гаровга қўйилиши ёки мажбуриятлар ижросини таъминловчи бошқа усуллар сифатида фойдаланиш, шунингдек, кредит сифатида берилиши мумкин эмас.

Фонднинг мол-мулкидан фойдаланиш тартиби “Жамоат фондлари тўғрисида”ги Қонуннинг 24-моддасида белгилаб қўйилган. Унга кўра фонднинг мол-мулкидан фонд уставида белгиланган мақсад ва вазифаларни амалга ошириш ҳамда маъмурий харажатларни қоплаш учун фойдаланилади.

Фонднинг маъмурий харажатлари фонд томонидан ҳисобот даврида фондни бошқариш учун қилинган барча харажатларни ва биринчи навбатда унинг активларини асраш ҳамда сақлаб туриш учун зарур харажатларни, фонднинг ўз уставида белгиланган мақсад ва вазифаларни амалга ошириш учун рекламага сарфлаган харажатларини, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ фонд фаолияти билан боғлиқ харажатларни ва тўловларни ўз ичига олади.

Ҳар йилги маъмурий харажатларнинг жами суммаси, шунингдек фонднинг васийлик кенгаши ҳамда тафтиш комиссияси аъзоларига ҳақ тўлаш ҳамда уларнинг ўз вазифаларини бажариш билан боғлиқ харажатларини компенсация қилиш фонд барча харажатлари суммасининг йигирма фоизидан ошмаслиги керак.

Фонднинг мол-мулки фондга алоқадор шахслар ўртасида тақсимланиши мумкин эмас.

Фонднинг мол-мулкини кўпайтириш учун фондга маблағ киритган шахслар маблағ бераётганда бу маблағлардан белгиланган мақсадда фойдаланилиши, шу жумладан фондни қайта ташкил этишда ёки тугатишда маблағларни қайтариш шартлари тўғрисида фонд билан шартномалар тузиши мумкин.

Шархланаётган нормага кўра фондлар тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга хақли, бироқ бунда икки шартга риоя қилиниши шарт:


а) у фонд ташкил этилишида назарда тутилган ижтимоий фойдали мақсадларга эришиш учун зарур бўлиши лозим;

б) у ушбу мақсадларга мувофиқ бўлиши керак.


Биринчи шартнинг моҳияти шундан иборатки, тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадлар устав мақсадларини амалга ошириш учун фойдаланиладиган мол-мулкни шакллантириш манбаси бўлиб хизмат қилиши лозим.

Иккинчи томондан, фондлар тадбиркорлик фаолиятини йўналиши фонд устав мақсадлари доираси билан чекланиши талаб этилади.

Тадбиркорлик фаолиятининг айрим турлари билан фақат лицензия асосида шуғулланиш мумкин. Жамоат фондларини тижорат ташкилотларини устав фондларида (устав капиталида) иштирок этиш хусусиятлари ва тартиби ЎзР Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади (“Жамоат фондлари тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддаси).


4. Шархланаётган модданинг тўртинчи қисмига кўра жамоат фондини ўз фаолияти тўғрисида йиллик хисоботлар эълон қилиши шарт. “Жамоат фондлари тўғрисида”ги Қонуннинг 25-моддасида унинг асослари белгилаб қўйилган.

Фонд ўз фаолияти натижалари ҳисобини юритади ҳамда белгиланган тартибда давлат солиқ хизмати органлари ва давлат статистика органларига ҳисобот тақдим этади.

Фонд ҳар йили олдинги йилдаги ўз фаолияти тўғрисида қуйидагиларни ўз ичига олган ҳисобот эълон қилади:

фонднинг ҳисобот давридаги фаолияти шарҳини, бу фаолият фонднинг уставида белгиланган мақсад ва вазифаларга мувофиқлиги даражасини кўрсатган ҳолда;

фонднинг йиллик молиявий ҳисоботини, аудиторлик ташкилотининг хулосасини кўрсатган ҳолда;

фонд олган ихтиёрий хайриялар тўғрисидаги маълумотларни;

фонднинг тадбиркорлик фарлиятидан олинган даромадлари (фойдаси) тўғрисидаги маълумотларни, бу даромадларнинг (фойданинг) келиб чиқиш манбаларини алоҳида-алоҳида кўрсатган ҳолда;

харажатлар умумий суммасини, фонд фаолиятининг айрим турлари бўйича ва маъмурий харажатлар бўйича алоҳида-алоҳида кўрсатган ҳолда;

фонд устави ва фонд органларидаги ўзгаришлар тўғрисидаги маълумотларни;

фонднинг уставида ёки фонднинг васийлик кенгаши томонидан белгиланган бошқа маълумотларни.

Бундан ташқари, барча юридик шахслар каби жамоат фондлари ҳам ўз фаолияти натижаларини хисобини юритади ва белгиланган тартибда давлат солиқ ва статистика органларига хисоботлар тақдим этади.


5. Жамоат фонди юридик шахс сифатида ўз устави асосида белгиланган тартибда бошқарилади ва бошқарув органлари шакллантирилади. Фонднинг бошқарув органлари фонд хомийлик кенгаши, фонд бошқаруви ва фонд бошқаруви рахбаридан иборат (“Жамоат фондлари тўғрисида”ги Қонун V-бўлими).

Фонднинг васийлик кенгаши фонднинг органи бўлиб, у фонд фаолияти устидан назоратни амалга оширади.

Фонд васийлик кенгашининг таркиби камида уч кишидан иборат бўлиши керак. Васийлик кенгаши дастлабки таркибининг аъзолари муассислар (муассис) томонидан ёки фонд васиятнома бўйича ташкил этилган бўлса, васиятномада назарда тутилган тартибда тайинланади.

Фонднинг васийлик кенгашини тузиш, васийлик кенгаши йиғилишларини чақириш ва васийлик кенгашининг қарорларини қабул қилиш тартиби фонд уставида белгиланади.

Фонд васийлик кенгашининг аъзолари айни бир вақтнинг ўзида фонднинг бошқаруви ва тафтиш комиссиясига аъзо бўлишлари мумкин эмас.

Фонднинг уставида фонд васийлик кенгашининг аъзоларига ҳақ тўлаш ва уларнинг ўз вазифаларини бажариш билан боғлиқ харажатларини компенсация қилиш назарда тутилиши мумкин.

Фонд бошқаруви фонднинг ижроия органидир. Фонд бошқарувининг таркиби фонд васийлик кенгаши томонидан шакллантирилади.

Фонд бошқарувининг раҳбари ва аъзолари фонд васийлик кенгаши ва тафтиш комиссиясининг аъзолари бўлиши мумкин эмас.

Фонд бошқаруви йилига камида бир марта ўз фаолияти тўғрисида васийлик кенгашига ҳисобот тақдим этади.

Фонд бошқарувининг раҳбари фонд бошқаруви фаолиятига раҳбарлик қилади, давлат органлари, халқаро ташкилотлар ва чет эл ташкилотлари, шунингдек бошқа юридик ва жисмоний шахслар билан муносабатларда фонд номидан иш кўради.


6. Шархланаётган норманинг олтинчи ва еттинчи қисмлари жамоат фонди устави мазмунига қўйиладиган талаблар белгилаб қўйилган.

Фонд устави фонд муассислари (муассиси) томонидан тасдиқланади.

Фонд васиятнома бўйича ташкил этилган тақдирда, фонд устави васиятномани ижро этувчи томонидан васиятномага мувофиқ равишда тузилади.

Фонд уставида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

"жамоат фонди" деган сўзларни ўз ичига олган фонднинг номи;

фонднинг жойлашган ери (почта манзили);

фонднинг мақсад ва вазифалари;

фонд органларининг тузилиши, ваколатлари ва шакллантирилиш тартиби;

фонд органларининг мансабдор шахсларини тайинлаш (сайлаш) ва лавозимидан озод қилиш тартиби;

фонднинг мол-мулкини шакллантириш манбалари, фонднинг, унинг ваколатхоналари ҳамда филиалларининг мол-мулкни бошқариш борасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

фонд ваколатхоналарини очиш ва филиалларини ташкил этиш тартиби;

фондни қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби;

фонд тугатилган тақдирда унинг мол-мулкидан фойдаланиш тартиби;

фонд уставига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тартиби.

Фонд уставида фонднинг тегишли тартибда рўйхатдан ўтказилган рамзий белгисининг тавсифи, шунингдек қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа қоидалар ҳам бўлиши мумкин.

Устав фонди муассис (муассислар) томонидан, фонд васият бўйича ташкил этилганда эса васиятга мувофиқ васият ижрочиси томонидан тасдиқланади.


7. Жамоат фондлари ҳуқуқий холатининг ўзига хос жиҳатлари ФК нормалари, “Жамоат фондлари тўғрисида”ги Қонун, 1999 йил 14 апрелда қабул қилинган 763-I-сонли “Нодавлат нотижорат ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун билан белгиланади, хайрия фондларига нисбатан эса 2007 йил 2 майда қабул қилинган ЎРҚ-96-сонли “Хомийлик тўғрисида”ги Қонун нормалари таълуқлидир.

Баъзи ташкилотлар фондлар деб аталса ҳам, бироқ ўз моҳиятига давлат молия-кредит муассасалари бўлиб хисобланади. Бундай фондлар жумласига ЎзР бюджетидан ташқари Пенсия жамғармаси (фонди) ва ш.к. киради.



76-модда. Муассасалар


Бошқарув, ижтимоий-маданий вазифаларни ёки тижоратчиликдан иборат бўлмаган бошқа вазифаларни амалга ошириш учун мулкдор томонидан ташкил этилган ва тўла ёки қисман молиявий таъминлаб туриладиган ташкилот муассаса ҳисобланади.

Муассасанинг ўзига бириктириб қўйилган ва ўзи сотиб олган мол-мулкка бўлган ҳуқуқлари ушбу Кодекснинг 178 ва 180-моддаларига мувофиқ белгиланади.

Муассаса ўз мажбуриятлари бўйича ихтиёридаги пул маблағлари билан жавоб беради. Бу маблағлар етарли бўлмаса, тегишли мол-мулкнинг эгаси унинг мажбуриятлари юзасидан субсидиар жавобгар бўлади.

Айрим турдаги давлат муассасалари ва бошқа муассасалар ҳуқуқий мавқеининг хусусиятлари қонун ҳужжатлари билан белгиланади.


1. Муассаса - бу мулкдор томонидан бошқарув, ижтимоий, маданий ва ёки тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган вазифаларни амалга ошириш учун тузиладиган ташкилотдир. Қонун чиқарувчи муассасанинг фаолияти мулкдор томонидан тўлиқ ёки қисман молиялаштирилишини аниқ белгилаб қўяди.

Асосий фаолияти ноишлаб чиқариш соҳасига тааллуқли бўлган нотижорат ташкилотларнинг ушбу тури икки типда бўлади: бу давлат ва хусусий муассасалар. Умумий қоидага кўра, давлат муассасаларига бошқарув ташкилотлари, тиббиёт муассасалари, маориф, таълим ва маданият муассасалари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органлари ва ҳ.к. киради. Ушбу ташкилотлар, бошқарув, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органларидан ташқари, хусусий ҳам бўлишлари мумкин, агар уларнинг таъсисчилари сифатида жисмоний ёки нодавлат юридик шахслар қатнашсалар. Масалан, амалиётда хусусий болалар боғча, мактаб, музейларни ва ҳ.к. тузиш ҳолатлари тез-тез учраб туради.

Муассасанинг таъсис ҳужжати бўлиб, умумий қоидага кўра, фақатгина унинг Устави ҳисобланади, алоҳида турдаги муассасалар ваколатли органнинг фармойишига асосан ўз фаолиятини ташкил этади ва амалга оширади и в порядке предусмотренном законодательством.


2. Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисми, оператив бошқарув тўғрисидаги ФК нормаларига (ФК 178-моддасига шарҳларни қаранг) ва муассаса мол-мулкини тасарруф этиш тартибига (ФК 180-моддасига шарҳларни қаранг) ҳавола қилиб, муассасаларнинг бошқа нотижорат ташкилотлардан фарқловчи томонини белгилайди, яъни улар мулкдори бўлиб ҳисобланмаган, лекин унга нисбатан ашёвий ҳуқуқига эга бўлган мол-мулкларига ҳуқуқларининг хусусияти ўзига хосликларга эга. Масалан, давлат муассасаларида мол-мулк оператив бошқарув ҳуқиқи остида бўлади, унга кўра улар бириктирилган мол-мулкни ва смета бўйича мулкдор (яъни давлат ёки унинг органи) томонидан ажратилган маблағлар ҳисобидан сотиб олинган мол-мулкни ўзга шахсларга беришга ёки бошқа тарзда тасарруф этишга ҳақли эмас. Агар таъсис ҳужжатларига биноан унга даромад келтирувчи айрим фаолият турларини амалга ошириш ҳуқуқи берилган бўлса, унда шундай фоалиятдан олинган даромадлар ва ушбу даромадлар ҳисобидан сотиб олинган мол-мулк муассасанинг мустақил тасарруфига қабул қилиниб, алоҳидаги балансда ҳисобга олинади.


3. Муассасанинг фаолияти мулкдор томонидан унинг олдига қўйилган мақсадлари билан белгиланади. Мулкдор муассаса фаолиятининг қоидаларини ҳам белгилаб бериши керак. Шарҳланаётган модданинг учинчи қисмига биноан муассаса ўз мажбуриятлари бўйича ўз ихтиёридаги мол-мулк ва пул маблағлари билан жавоб беради. Улар етарли бўлмаганида, унинг мажбуриятлари бўйича субсидиар жавобгарлик тегишли муассасанинг мулкдорига юкланади.

Алоҳида турдаги давлат ва бошқа муассасаларнинг ҳуқуқий мавқеининг ўзига хос хусусиятлари ҳамда уларнинг фаолияти қонунчиликнинг алоҳида ҳужжатлари билан белгиланиши мумкин. Хусусан, ҳозирги кунда тиббиёт ва таълим муассасаларининг ҳуқуқий мақоми Ҳуқумат томонидан тасдиқланган махсус низомлар, қарорлар билан белгиланади.



77-модда. Юридик шахслар бирлашмалари


Тижорат ташкилотлари ўзларининг тадбиркорлик фаолиятларини мувофиқлаштириш, шунингдек муштарак мулкий манфаатларини ифода этиш ҳамда ҳимоя қилиш мақсадида нотижорат ташкилотлар ҳисобланувчи уюшмалар (иттифоқлар) ва ўзга бирлашмаларига бирлашишлари мумкин. Агар иштирокчиларнинг қарорига мувофиқ уюшмага (иттифоққа) ва ўзга бирлашмага тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш вазифаси юклатилса, бундай уюшма (иттифоқ) ва ўзга бирлашма ушбу Кодексда назарда тутилган тартибда хўжалик ширкати ёки жамиятига айлантирилиши керак ёхуд тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун хўжалик жамиятлари тузиши ёки уларда иштирок этиши мумкин.

Нотижорат ташкилотлари ўз фаолиятларини мувофиқлаштириш, шунингдек муштарак манфаатларини ифода этиш ҳамда ҳимоя қилиш мақсадида уюшмалар (иттифоқлар) шаклида бирлашмалар тузишлари мумкин.

Уюшма (иттифоқ) ва ўзга бирлашмалар юридик шахс ҳисобланади.

Уюшма (иттифоқ) ва ўзга бирлашмаларнинг аъзолари ўз мустақилликларини ва юридик шахс ҳуқуқларини сақлаб қоладилар.

Уюшма (иттифоқ) ва ўзга бирлашмалар ўз аъзоларининг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди.

Уюшма (иттифоқ) ва ўзга бирлашмаларнинг аъзолари уларнинг мажбуриятлари бўйича уюшма (иттифоқ) ва ўзга бирлашмаларнинг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган миқдорда ва тартибда субсидиар жавобгар бўладилар.

Уюшма (иттифоқ) ва ўзга бирлашмаларнинг номи уларнинг асосий фаолиятини кўрсатиши, унга "уюшмаси", "иттифоқи" сўзлари ёки бирлашма турини кўрсатадиган бошқа сўз киритилган бўлиши керак.

Қонун ҳужжатларида юридик шахслар бирлашмалари ҳуқуқий мавқеининг хусусиятлари белгиланиши мумкин.


1. Шарҳланаётган модда юридик шахсларга уюшмалар (иттифоқлар)га бирлашиш ҳуқуқини беради. Таъкидлаш жоизки, қонун чиқарувчи юридик шахслар бирлашмаларининг фаолият доирасини чекловчи айрим чегараларни ҳам белгилаб қўйган. Уларнинг иштирокчилари, ихтиёрий равишда бирлашиб, ўз уставларидаги айрим вазифаларнинг бажарилишини мувофиқлаштирадилар ёки таъсис ҳужжатларида белгиланган ижтимоий-хўжалик ишларига оид вазифаларни биргаликда амалга оширадилар. Агар иштирокчиларнинг қарори билан бирлашмага тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириши юклатилган бўлса, бундай бирлашмани хўжалик жамиятига ёки ширкатига айлантириш шарт, ёхуд тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш учун хўжалик жамиятлари тузиш ёки унда иштирок этиш зарур бўлади. Айтиш мумкинки, юридик шахслар бирлашмалари учун белгиланган асосий фаолият тури сифатида тадбиркорлик билан шуғулланишнинг тақиқланиши, уюшмалар (иттифоқлар) тадбиркорлик билан эмас, балки бошқа вазифа билан шуғулланиши зарурлигидан далолат беради.

Ягона ҳуқуқий тартибни аниқ-тиниқ белгилаган ҳолда, қонун чиқарувчи “уюшма” ва “иттифоқ” тушунчалари ўртасидаги фарқни аниқлаштирмаган. Ассоцияциялар ва иттифоқлар нотижорат ташкилотларининг мустақил ташкилий-ҳуқуқий шакли ҳисобланади, шу сабабли ўз моҳиятига кўра юридик шахснинг ташкилий-ҳуқуқий шакли тўғрисдаги маълумотларни бирлаштирган “уюшма” (ёки “иттифоқ”) сўзи албатта юридик шахсларнинг тегишли бирлашмаси номига қўшиб қўйилиши шарт (шарҳланаётган модданинг еттинчи қисми).


2. Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисмида нотижорат ташкилотлари ҳам ўз фаолиятларини мувофиқлаштириш, шунингдек муштарак манфаатларини ифода этиш ҳамда ҳимоя қилиш мақсадида уюшмалар (иттифоқлар) шаклида бирлашмалар тузишлари мумкинлигини кўзда тутади. Мазкур қисмнинг мазмунидан юридик шахслар бирлашмаларининг аъзолари ёки тижорат ташкилотлари, ё нотижорат ташкилотлари бўлишилиги мумкинлиги англашилади, аммо бундан униси ҳам буниси ҳам биргаликда деган маъно чиқмайди. Чунки уларнинг хўжалик соҳасидаги мақсадлари турличадир. Аммо, қандай бўлмасин, тижоратчи ва тижоратчи бўлмаган ташкилотларнинг умумижтимоий ёки ижтимиоий-сиёсий вазифаларни ҳал этиш учун бирлашуви зарур бўлиб қолган тақдирда, амалдаги қонунчиликка мувофиқ улар ижтимоий бирлашмаларга хос бўлган ташкилий-ҳуқуқий шакллардан биронтасини танлаб олишлари талаб этилади.

Давлат ва фуқаролар юридик шахслар бирлашмаларига аъзо бўла олмайдилар.


3. Шарҳланаётган модданинг тўртинчи ва олтинчи қисмларида юридик шахслар бирлашмалари аъзоларининг ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб берилган. Юридик шахслар бирлашмаларининг таркибига кирар экан, унинг аъзоси ўз мустақиллигини ҳамда юридик шахсга оид ҳуқуқларини, шунингдек ундан эркин чиқиш имкониятини сақлаб қолади. Уюшма (итттифоқ) аъзоларининг сони чекланмаган, аммо қонун мазмунига қараганда, иттифоқлар ва ташкилотлар камида иккита муассисга эга бўлиши шарт.

Бирлашмаларнинг ўзи ҳам юридик шахс бўлиб ҳисобланади, ўз мустақил балансига ва йиғма балансга, банк ҳисоб варақларига ва бошқарув органларига эга бўлади. Улар ўз таркибига кирган иштирокчиларнинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди, аммо иштирокчилар бирлашманинг мажбуриятлари бўйича юридик шахс бирлашмасининг таъсис ҳужжатларида кўзда тутилган миқдорда ва тартибда субсидар жавобгар бўлади. Таъкидлаш жоизки, шарҳланаётган модданинг олтинчи қисми маъносига кўра, уюшма аъзолари ўз мажбуриятлари бўйича таъсис ҳужжатларида жавобгарликдан тўлиқ озод этилмайди. Агар таъсис ҳужжатларида тегишли қоидалар мавжуд бўлмаса, бундай мажбуриятлар иштирокчиларга ЎзР ФКда назарда тутилган умумий тартибда юклатилиши мумкин (қаранг: ФКнинг 329-моддаси). Бу борада уюшманинг (иттифоқнинг) таъсис ҳужжатларида уюшманинг мажбуриятлари бўйича аъзоларга субсидар жавобгарлик юклатилишининг чекланган миқдори ва тартиби кўрсатилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Шунингдек, уюшмадан чиқиб кетган ёки чиқариб юборилган аъзонинг бирлашма мажбуриятлари бўйича субсидар жавобгарлиги унинг чиқиб кетган пайтидан бошлаб муайян муддат ичида киритган бадалига мутаносиб белгиланиши белгилаб қўйилса, ўринли бўлур эди. Бундай ёндашув уюшманинг (иттифоқнинг) таъсис ҳужжатларида жавобгарлик ҳажмининг чегараланишига олиб келсада, уни бутунлай истисно этмайди.

Таъкидлаш жоизки, юридик шахсларнинг бирлашмалари ўз аъзолари устидан бошқарув ва назорат ўрнатиш, қолаверса, уларнинг мол-мулкини тасарруф этиш ҳуқуқига эга эмаслар.


4. Шарҳланаётган модданинг еттинчи қисмида юридик шахслар бирлашмаларининг номи уларнинг асосий фаолиятини кўрсатиши, унга "уюшмаси", "иттифоқи" сўзлари ёки бирлашма турини кўрсатадиган бошқа сўз киритилган бўлиши зарурлиги тўғрисдаги қоида белгиланган. Фаолиятининг асосий предмети деганда бирлашманинг барча аъзоларининг мустақил хўжалик юритувчи субъектлар сифатидаги асосий фаолиятига оид умумий хусусиятларни англаш керак. Бошқача айтганда, бу шундай тадбиркорлик фаолияти ёки умумий мулкий манфаатлардирки, уюшманинг (иттифоқнинг) тузилиши орқали уларни мувофиқлаштириш, биргаликда ифода этиш ва ҳимоялаш назарда тутилади. Жумладан, бундай бирлашмаларнинг номига хўжалик фаолиятининг тури ёки ҳудудини, фаолиятни амалга ошириш шаклини, услубини ва ҳ.к. акс эттирувчи ифода киритилиши мумкин.

Юридик шахсларнинг бирлашмалари таъсис ҳужжатлари Устав ва таъсис шартномасидан иборат бўлиб, уларда бирлашманинг номи, ташкилий тузилмаси, мақсадлари ва вазифалари, шунингндек иштирокчиларнинг ўзаро ҳуқуқлари в мажбуриятлари белгилаб қўйилади.

Юридик шахслар бирлашмаларнинг мулкий-молиявий базаси асосан, иштирокчилар томонидан киртиладиган улушлардан таркиб топади, аммо қонун чиқарувчи нотижорат ташкилотларнинг бошқа турлари учун хос бўлиб ҳисобланган бошқа манбаларни (хайриялар, грантлар ва ҳ.к.) ҳам чеклаб қўймаган.

Бунда бирлашма иштирокчилари ўз бирлашмаларига нисбатан ҳеч қандай мулкий ҳуқуққа эга эмаслар, шу сабабли иштирокчининг улушини бошқа шахсларга ўтказиб беришга, худди шу каби бирлашмадан чиқиш чоғида улушнинг бўлинишини талаб этишга йўл қўйилмайди.



78-модда. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари


Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари юридик шахс сифатида фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларнинг қатнашчиларидир.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари яратган ёки сотиб олган мол-мулк уларнинг мулкидир.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳуқуқий мавқеи қонун ҳужжатлари билан белгиланади.


1. Шарҳланаётган модданинг биринчи қисми фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини юридик шахс сифатида тан олиш ва мазкур мақом воситасида фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда иштирок этиш имконияти учун кенг шарт-шароитларни юзага келтиради. Қонунчиликка мувофиқ фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига маҳаллий аҳамиятга эга масалаларни мустақил ҳал этиш мақсадида ташкил қилинган қўрғон, қишлоқ ва овул фуқаролар йиғинлари, шунингдек шаҳар, қўрғон, қишлоқ ва овуллар маҳаллалари киради (Ўзбекистон Республикасининг 1999 йил 14 апрелдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонун 7-моддаси(30)).

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўз фаолияти жараёнида фуқароларга уларнинг жамият ва давлат ишларида иштирок этиш ҳуқуқларини амалга оширишга кўмаклашади, ўз ҳудудларида ижтимоий ва бошқа вазифаларни, хусусан хўжалик масалаларини (ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва ҳ.к.) ҳал қилади, оммавий ва маданий тадбирларни ўтказади, фуқароларни давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонлари, қарорлар ва бошқа меъёрий ҳужжатларга риоя қилишда кўмаклашиш учун бирлаштиради, ёшлар ўртасида тарбиявий ишларни олиб боради ва ҳ.к.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмайди, ўз фаолиятини муайян ҳудудда амалга оширади, юридик шахс ҳуқуқларидан фойдаланади, белгиланган намунадаги муҳрга эга бўлади ва жойлардаги давлат ҳокимияти органларида рўйхатдан ўтишлари лозим.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг асосий тамойиллари демократизм, ошкоралик, адолат, инсонпарварлик ва маҳаллий аҳамиятга эга масалаларни ҳал қилишда мустақиллик ҳисобланади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг юридик шахс сифатида фуқаролик-ҳуқуқий тавсифи ва қонуний мустаҳкамланиши ҳозирги пайтда бир мунча “турли йўналишли”, шу туфайли айрим зиддиятли хулосаларни чиқариш мумкин. Масалан, бир томондан, назарий жиҳатдан - фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини квази - юридик шахслар сифатида таърифлаш мумкин, чунки қонун чиқарувчи уларни юридик шахс сифатида ташкил қилишнинг алоҳида тартибини белгиламайди. Шунингдек, ҳеч қаерда матлубот кооперативлари, жамоат бирлашмалари ва ш.к. билан бўлган ҳолатда каби улар фақат давлат рўйхатидан ўтгандан сўнг юридик шахсга айланиши тўғрисидаги норма мустаҳкамланмаган. Ўзбекистон Республикасининг 1999 йил 14 апрелдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонунида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари юридик шахс ҳуқуқларидан фойдаланиши ва жойлардаги давлат ҳокимияти органларида рўйхатдан ўтиши лозимлиги тўғрисидаги нормани мустаҳкамлайди холос. Бироқ айни пайтда қонун чиқарувчи фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига, уларнинг иерархик ташкилий тузилмасини тасдиқлаган ҳолда, юридик шахс сифатида қарайди. Хусусан, мазкур Қонуннинг 9-моддасига мувофиқ фуқаролар йиғинлари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқаришининг олий органи ҳисобланади ва улар тасдиқлаган низомлар асосида фаолият юритади. Ушбу низомларда қуйидагилар кўзда тутилиши лозим:

- фуқаролар йиғинининг номи ва ваколатлари;

- фуқаролар йиғинини чақириш тартиби;

- фуқаролар йиғини кенгашини ташкил қилиш тартиби;

- фуқаролар йиғини раисини (оқсоқолни) ва унинг маслаҳатчиларини, шунингдек фуқаролар йиғинининг бошка мансабдор шахсларини сайлаш тартиби;

- фуқаролар йиғини комиссияларини ташкил қилиш тартиби;

- фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари ваколатлари;

- фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи фаолиятининг молиявий асоси;

- фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органини қайта ташкил этиш ва фаолиятини тугатиш тартиби ва қонунчиликка зид бўлмаган бошқа маълумотлар ва бошқалар.

Фуқаролар йиғини чақириладиган орган ҳисобланади ва фуқаролар йиғини Раиси (Оқсоқоли) ёки кенгаши томонидан заруратга кўра, бироқ ҳар чоракда камида бир марта чақирилади. Фуқаролар йиғинларини чақириш оралиғидаги жорий даврда фаолиятни ташкиллаштиришни унинг кенгаши ва фуқаролар йиғини Раиси (Оқсоқоли) амалга оширади. Раис (оқсоқол) ва унинг маслаҳатчилари ҳамда фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссиялар раисларидан ташкил топадиган фуқаролар йиғини Кенгаши, тартибга солувчи орган сифатида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича иш олиб боради. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг фуқаролий-ҳуқуқий муомаласидаги бевосита иштироки эса Раис (оқсоқол) орқали амалга оширилади, у фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи номидан шартномалар, шу жумладан меҳнат шартномалари тузиш ваколатига эга бўлади.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг иерархик ташкилий тузилмаси юридик шахсларнинг бошқа турларига деярлик ўхшайди. Юридик шахс сифатида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи номидан ташқи муомалада Раис (оқсоқол) қатнашади, фаолиятнинг молиявий асослари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органини қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби масалаларини фуқаролар йиғини ҳал қилади. Ва эҳтимол, юқоридагилар сабабли, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи учун алоҳида мулкий-молиявий базанинг реал зарурати туфайли улар томонидан турли хил ижтимоий-хўжалик фаолиятини амалга оширишда, уларни мурожаат қилиш тартибида ташкил этиладиган юридик шахслар сифатида белгилаш мумкин.


2. Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисми фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан яратилган ёки олинган мол-мулк уларнинг мулки ҳисобланиши тўғрисидаги нормаларни белгилайди. Мавжуд хўжалик ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти кўрсатганидек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг мулкий-молиявий асоси ўз маблағлари, туман ва шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари томонидан ажратиладиган бюджет маблағлари, фуқаролар ва юридик шахсларнинг кўнгилли хайр-эҳсонлари, шунингдек қонунчиликда кўзда тутилган бошқа маблағлар ҳисобидан ташкил топади. Бунда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари мулкида қурилган, сотиб олинган ёки уларга белгиланган тартибда берилган ижтимоий, ижтимоий-маиший ва бошқа мақсадларга мўлжалланган объектлар, шунингдек транспорт воситалари, хўжалик инвентарлари ва бошқа кўчар ҳамда кўчмас мулк бўлиши мумкин.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг молиявий маблағлари банк муассасасидаги мустақил ҳисобрақамда сақланади, улар томонидан белгиланган тартибда мустақил равишда ишлатилади ва олиб қўйилмайди.

Моддада фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари мақоми ва фаолиятига нисбатан Ўзбекистон Республикасининг 1999 йил 14 апрелдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонуни нормалари, шунингдек тармоқ қонунчилиги нормаларини қўллашни белгиловчи ҳавола қилувчи нормалар мавжуд. Қонун чиқарувчининг бундай ёндашуви шу билан белгиланганки, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ўз фаолиятида турли маъмурий, хўжалик ва ижтимоий аҳамиятга эга функцияларни амалга ошириш ваколатлари берилган.



5-БОБ. ДАВЛАТ ФУҚАРОЛИК-ҲУҚУҚИЙ

МУНОСАБАТЛАР ИШТИРОКЧИСИ

СИФАТИДА


79-модда. Давлатнинг фуқаролик-ҳуқуқий

муносабатларда иштирок этиши

80-модда. Давлат  ва  юридик шахслар

жавобгарлигининг фарқлаб қўйилиши



79-модда. Давлатнинг фуқаролик-ҳуқуқий

муносабатларда иштирок этиши


Давлат фуқаролик қонун ҳужжатлари билан тартибга солинадиган муносабатларда уларнинг бошқа иштирокчилари билан баравар асосларда иштирок этади.

Фуқаролик қонун ҳужжатлари билан тартибга солинадиган муносабатларда давлат номидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда улар махсус вакил қилган бошқа органлар иштирок этадилар.

Давлат ўзининг фуқаролик-ҳуқуқий мажбуриятлари бўйича ўз мулки бўлган маблағлари билан жавоб беради.


1. ФКнинг 79-моддасида ЎзР ФКнинг 2-модда иккинчи қисмида баён этилган давлатнинг фуқаролик - ҳуқуқий муносабатларда иштирокига доир қоидалар ривожлантирилган. Давлат ва унинг органларининг республика ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш, давлат хавфсизлиги ва миллий хавфсизликни таъминлаш, Ўзбекистон халқининг фаровонлигини қўллаб-қувватлаш ва юксалтириш бўйича фаолияти бундай иштирокнинг иқтисодий асоси бўлиб ҳисобланади. Мазкур модданинг биринчи қисмида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда улар махсус вакил қилган органларнинг фуқаролик - ҳуқуқий муносабатлари соҳасида Конституцияда белгилаб қўйилган оммавий ҳокимият ваколатларидан, дахлсизликдан воз кечиши тўғрисидаги олий меъёр ўз ифодасини топган. Давлат, шундай муносабатларнинг бошқа иштирокчилари - фуқаролар ва юридик шахслар билан тенг мақомга қўйилади.

Айни чоғда, давлат ва давлат органлари фуқаролик - ҳуқуқий муносабатларида иштирок этишда, агар қонундан ёки мазкур субъектларнинг ўзига хос хусусиятларидан бошқача қоида келиб чиқмаса, юридик шахслар учун кўзда тутилган умумий меъёрларни татбиқ этадилар. Бунинг маъноси шуки, фуқаролик қонун ҳужжатларида - ЎзР ФКда ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларида беистисно давлат ва давлат идораларига бағишланган ҳуқуқий меъёрлар мавжуд. ЎзР ФКда республика ва муниципал мулк ҳуқуқи тўғрисидаги (ЎзР ФК 214 ва 215-модда), мулк ҳуқуқининг бекор қилиниши тўғрисидаги (ЎзР ФК 199, 202, 203-модда) ва шу каби меъёрларни шу жумлага киритиш мумкин.


2. Фуқаролик - ҳуқуқий муносабатларда давлат ўзининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда улар махсус вакил қилган органлар орқали қатнашади. Бунда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари хусусан Ўзбекистон Республикаси манфаатларини ифода этади.

Бундан ташқари, юридик шахс саналган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари (масалан, ижро ҳокимияти органлари, маҳаллий ҳокимият органлари), фуқаролик - ҳуқуқий муносабатларда ўзининг асосий фаолиятини хўжалик таъминоти бўйича тор мақсадларни кўзда тутган ҳолда ўз номидан ва ўз манфаатлари учун ҳаракат қилиши мумкин. Бунда қонун уларнинг асосий фаолияти бюджетдан молиялаштириш асосида қонунда белгиланган соҳада ҳукумат ваколатларини амалга оширишидан иборат эканлигидан келиб чиқади. Шу сабабли давлат ҳокимияти органларини ва бошқарув органларини тижоратлаштиришга йўл қўйиб бўлмайди. Йўл қўйиб бўлмаслигининг яна бир сабаби шуки, бу нарса давлат ичидаги мазкур оммавий ҳукумат органларининг обрўсизланишига ҳамда фуқароларнинг ва юридик шахсларнинг фуқаролик - ҳуқуқий муносабатлари соҳасидаги манфаатларининг камситилишига олиб келиши мумкин.

Бошқа томондан, фуқаролик қонун ҳужжатларида ва бошқа меъёрий ҳужжатларда юридик шахслар тўғрисида давлатга, давлат бошқаруви органларига нисбатан татбиқ этиб бўлмайдиган меъёрлар мавжуд. Хусусан, ЎзР ФКнинг юридик шахсни ташкил этишга, унинг таъсис ҳужжатларига, юридик шахсни қайта ташкил этишга доир меъёрларнинг фуқаролик ҳуқуқининг давлат бошқарув субъектларига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Худди шу каби уларга нисбатан ЎзР ФКнинг юридик шахснинг фуқаролик ҳуқуқ лаёқати тўғрисидаги 41-моддани ҳам татбиқ этиш мумкин эмас. Давлат, давлат бошқарув органлари учун Конституцияда ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда мустаҳкамлаб қўйилган ваколатлар ва вазифалар билан белгиланадиган махсус ҳуқуқ лаёқати тўғрисидаги тушунча кўпроқ мос келади. Давлат, давлат бошқарув органларининг асосий мақсади улар томонидан оммавий ҳукумат функциясининг амалга оширилишидан иборат. Давлат ва давлат бошқаруви органларининг хўжалик (тадбиркорлик) фаолияти билан шуғулланиши қоидага кўра, истисно этилади. Қонунчиликда кўзда тутилган ҳолатларда бундай фаолият мана шу мақсадда юридик шахс мақомида махсус ташкил этиладиган давлат муассасалари ва ташкилотлари томонидан амалга оширилиши лозим.

Қонун ҳужжатларида давлат ва давлат бошқаруви органлари томонидан фуқаролик ҳуқуқларининг бузилиши ва фуқаронинг ҳамда юридик шахснинг қонун томонидан қўриқланадиган ҳуқуқларининг ҳукумат ваколатларини амалга ошириш билан боғлиқ равишда бузилиши борасида алоҳида қоидалар белгилаб қўйилган (жумладан ЎзР ФК 12, 15-модда).


3. Шарҳланаётган модданинг учинчи қисмида баён этилган қоидаларга биноан, давлат ўзининг фуқаролик-ҳуқуқий мажбуриятлари юзасидан фуқаролар ва юридик шахслар билан бир хил умумий асосларда ўзига тегишли маблағлар билан жавоб беради. Кредиторлар олдидаги қарздорлик бўйича ундиришга қаратилиши мумкин бўлган мулкка нисбатан иккита истисно мавжуд. Биринчидан, давлат ва давлат бошқаруви органлари томонидан ташкил этилган юридик шахсларга хўжалик юритиш (ЎзР ФК 176-модда) ёки опрератив бошқариш ҳуқуқи билан бириктириб қўйилган мол-мулк, шунингдек фақат давлат мулки ҳисобланган мол-мулк (ЎзР ФК 167-168-моддалар) мана шундай мулк таркибига киритилади. Иккинчидан, ундирув республика ёки муниципал мулк ҳисобида турган ерга ва бошқа табиий ресурсларга фақат қонунда назарда тутилган ҳоллардагина қаратилиши мумкин.



80-модда. Давлат ва юридик шахслар

жавобгарлигининг фарқлаб қўйилиши


Давлат томонидан тузилган юридик шахс давлатнинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди. Қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари давлат ўзи тузган юридик шахснинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди.

Ушбу модданинг қоидалари давлат тузган шартнома асосида юридик шахснинг мажбуриятлари бўйича ўз зиммасига кафиллик олган (кафолат берган) ёки мазкур юридик шахс давлатнинг мажбуриятлари бўйича ўз зиммасига кафиллик олган (кафолат берган) ҳолларга тааллуқли эмас.


1. ЎзР ФКнинг 80-моддаси биринчи қисмида давлат томонидан тузилган юридик шахсларнинг мажбуриятлари бўйича, бир томондан ва юридик шахсларни тузган давлатнинг мажбуриятлари бўйича иккинчи томондан, бир-бирига боғлиқ бўлмаган мустақил жавобгарликлар тўғрисидаги қоида мустаҳкамлаб қўйилган. Бироқ, давлатнинг ўзи томонидан тузилган юридик шахсларнинг мажбуриятлари бўйича жавобгар бўлишига оператив бошқарув ҳуқуқига асосланган унитар корхоналар мисол бўлиши мумкин (ФК 72-модда). Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда, давлат органининг қарорига мувофиқ давлат мулки бўлган мол-мулк негизида оператив бошқарув ҳуқуқига асосланган давлат унитар корхонаси (давлат корхонаси) ташкил этилиши мумкин. Давлат корхонасининг мол-мулки етарли бўлмаганида давлат унинг мажбуриятлари бўйича субсидиар жавобгар бўлади (ФК 73-моддаси бешинчи қисми).


2. Бироқ, шарҳланаётган модданинг иккинчи қисмида давлат юридик шахснинг мажбуриятлари бўйича ўз зиммасига кафиллик олиши (кафолат бериши) ва аксинча, юридик шахс давлатнинг мажбуриятлари бўйича ўз зиммасига кафиллик олиши (кафолат бериши) мумкинлиги тўғрисидаги муҳим қоида мустаҳкамлаб қўйилган. Бу ҳолларда шарҳланаётган модданинг биринчи қисми қоидалари татбиқ этилмайди.



3-КИЧИК БЎЛИМ. ОБЪЕКТЛАР


6-боб. Умумий қоидалар (81-82-моддалар)

7-боб. Моддий неъматлар (83-96-моддалар)

8-боб. Номоддий неъматлар (97-100-моддалар)



6-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


81-модда. Фуқаролик ҳуқуқлари объектларининг турлари

82-модда. Фуқаролик ҳуқуқлари объектларининг муомалада бўлиши



81-модда. Фуқаролик ҳуқуқлари объектларининг турлари


Фуқаролик ҳуқуқларининг объектларига ашёлар, шу жумладан пул ва қимматли қоғозлар, бошқа ашёлар, мол-мулк, шу жумладан мулкий ҳуқуқлар, ишлар ва хизматлар, ихтиролар, саноат намуналари, фан, адабиёт, санъат асарлари ва интеллектуал фаолиятнинг бошқа натижалари, шунингдек шахсий номулкий ҳуқуқлар ва бошқа моддий ҳамда номоддий бойликлар киради.


Фуқаролик - ҳуқуқий муносабатини вужудга келтирган нарса объект деб ҳисобланади. Фуқаролик ҳуқуқининг энг кўп тарқалган объектлари бўлиб - ашёлар (уларнинг қаторига жумладан, пуллар, валюта қимматликлари, қимматли қоғозлар киритилади) ва ашёларга бўлган ҳуқуқ ҳисобланади. Ашёлар ва ашёларга (мол-мулкка) бўлган ҳуқуқдан ташқари, 81-моддада объектларнинг яна учта мустақил тури: ишлар ва хизматлар, интеллектуал фаолият натижалари, шунингдек номоддий бойликлар санаб ўтилган.

Фуқаролик ҳуқуқлари объектлари бир вақтнинг ўзида фуқаролик мажбуриятлари объектлари бўлиб ҳисобланади. Фуқаролик - ҳуқуқий муносабатлари объектлари деганда, уларнинг нимага йўналтирилганлиги, нима боисдан вужудга келганлиги ва мавжуд бўлишлиги тушунилади. Фуқаролик - ҳуқуқий муносабатининг тегишли предметга йўналтирилганлиги шунингдек фуқарорлик ҳуқуқлари объектини ҳам ифодалайди. ФКнинг фуқаролик ҳуқуқлари объектларига бағишланган меъёрларининг мазмунини мана шу мушохадалар орқали идрок этиш зарур.

Шарҳланаётган моддада фуқаролик ҳуқуқлари объектларининг батафсил рўйхати келтирилган: мол-мулк, ишлар ва хизматлар, интеллектуал фаолият натижалари (интеллектуал мулк) ва номоддий бойликлар. Ахборот (98-модда), интеллектуал мулк (1031-модда) ва номоддий бойликлар (97-модда) юзасидан ФКда умумлаштирилган легал таърифлар мавжуд бўлгани ҳолда, анча кенг тарқалган ва анаъанавий объект турлари бўлмиш мол-мулк, ишлар ва хизматлар тўғрисида ҳам буни айтиш қийин.

“Мол-мулк” тушунчаси фуқаролик ҳуқуқидан анчайин кенг мазмун моҳиятга эга. Кенг маънода у ашёларни, мулкий ҳуқуқларни ва мулкий мажбуриятларни қамраб олади. Масалан, Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 11 декабрдаги 558-II-сонли “Хусусий корхона тўғрисида”ги Қонунининг 3-моддасида, ФК юридик шахсларни қайта ташкил этишда ворислик тўғрисидаги моддасида, ФК мерос асосида ўтаётган мол-мулкка бағишланган моддаларида худди шу маънода ишлатилган.

“Мол-мулк” тушунчаси ашёларнинг ва мулкий ҳуқуқларннг йиғиндиси сифатида асосан мажбуриятга оид ҳуқуқий муносабатларда (234-модда ва б.). Ашёлар маъносида ва ашёвий-ҳуқуқий хусусиятдаги мулкий ҳуқуқлар маъносида бу тушунча ФКнинг фуқаронинг мулкий жавобгарлиги тўғрисидаги 25-моддасида, ФКнинг юридик шахснинг жавобгарлиги тўғрисидаги 48-моддасида, мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар тўғрисидаги (ФКнинг 13-боби) моддаларда, шунингдек ФКнинг бошқа моддаларида ишлатилади.

Мол-мулкнинг ашё сифатида тушунилиши ҳозирга қадар кўпроқ фуқаролик ҳуқуқида кенг тарқалган. Бу ҳолат бўлинадиган ва бўлинмайдиган ашёлар тўғрисидаги 88-моддада, асосий ва мансуб ашёлар тўғрисидаги 90-моддада, мураккаб ашёлар тўғрисидаги 91-моддада, мол-мулкни бошқа шахснинг ноқонуний эгалигидан талаб қилиб олиш тўғрисидаги 228-моддада ва ш.к. мустаҳкамланган.

Ўзбекистон жамиятининг бозор иқтисодиётига ўтиши муносабати билан фуқаролик ҳуқуқида мулкий ҳуқуқлар ўрни ва аҳамиятининг ўсиши билан боғлиқ муайян аниқ йўналиши намоён бўлмоқда.

Мол-мулк тушунчасининг маъносини аниқлаш учун ҳар бир ҳолатда эътибор билан ва малакали ёндашиш талаб этилади.

Ашёлар деганда, моддий-жисмий субстанцияга эга бўлган қаттиқ, суюқ, газсимон ҳолатдаги нарсалар англашилади. Бу жонли ва жонсиз табиат объектларидир. Бунда шу ҳам эътиборда тутиладики, бундай ашёлар ўзлаштирилган ва инсон ҳамда жамият учун очиқ ва шу сабабли ҳам Ўзбекистон Республикаси жисмоний ва юридик шахсларининг фуқаролик ҳуқуқлари объекти сифатида намоён бўлиши мумкин.

Фан ва техника ривожланиб боргани сайин фуқаролик ҳуқуқларининг бундай объектлари тобора кўпайиб боради.

Ашёларнинг асосий вазифаси одамларнинг ва жамиятнинг муайян эҳтиёжларини қаноатлантиришдан иборат. Фуқаролик ҳуқуқида пуллар ва қимматли қоғозлар ўзларида мужассамланадиган ҳуқуқлар воситаси сифатида ашёларнинг алоҳида тоифасини ташкил этади. Улар ўзига хос восита вазифасини ўтайдилар ва одамларнинг ва жамиятнинг озиқ-овқатга, уй-жойга, кийимга, транспортга, ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва амалга оширишга ва ҳ.к. бўлган эҳтиёжларини қондириш учун хизмат қиладиган муайян моддий бойликларга эришиш йўлини очиб беради.

Ишлар ва хизматлар асосан мажбуриятга оид ҳуқуқий муносабатларда фуқаролик ҳуқуқлари объекти бўлиб чиқиши мумкин (234-модда ва б.).

Ишлар ва хизматлар - бир тартиб асосидаги тушунчалар ҳисобланади. Улар субъектлар томонидан фуқаролик - ҳуқуқий муносабатларини амалга ошириш жараёнида бажарилган хатти-ҳаракат натижасидир. Улардаги тафовут олинган натижанинг хусусияти билан белгиланади. Ишлар бажарилган ҳолда натижа ашё шаклига эга бўлса, хизматлар бажарилганда ноашёвий шаклда бўлади. Иш пудрат кўринишидаги мажбуриятга оид ҳуқуқий муносабатлар объекти ҳисобланади, хизмат эса - банк амалиётлари, йўловчилар ва юкларни ташиш, экспедиция, сақлаш, топшириқни бажариш, воситачилик хизмати ва ноашёвий шаклдаги натижага эришиладиган бошқа хатти-ҳаракатлар соҳасидаги мажбуриятга оид ҳуқуқий муносабатлардан иборат.



82-модда. Фуқаролик ҳуқуқлари объектларининг муомалада бўлиши


Фуқаролик ҳуқуқларининг объектлари эркин суратда бошқа шахсларга берилиши ёки универсал ҳуқуқий ворислик (мерос қилиб олиш, юридик шахсни қайта ташкил этиш) тартибида ёхуд бошқа усул билан, агар улар муомаладан чиқарилмаган ёки уларнинг муомалада бўлиши чеклаб қўйилмаган бўлса, бир шахсдан иккинчи шахсга ўтиши мумкин.

Муомалада бўлишига йўл қўйилмайдиган фуқаролик ҳуқуқлари объектларининг турлари (муомаладан чиқарилган объектлар) қонунда тўғридан-тўғри кўрсатилган бўлиши керак.

Муайян муомала иштирокчиларигагина қарашли бўла оладиган ёки муомалада бўлишига махсус рухсатнома билан йўл қўйиладиган фуқаролик ҳуқуқлари объектларининг (муомалада бўлиши чекланган объектларнинг) турлари қонунда кўрсатилган тартибда белгиланади.


Фуқаролик кодексининг 82-моддасида фуқаролик ҳуқуқлари объектлари тегишли объектларнинг муомалага киришувига кўра уч гуруҳга ажратилган. Муомалага киришуви деганда объектни олди-сотди шартномаси асосида бегоналаштирилиши ёки универсал ҳуқуқий ворислик асосида бир шахсдан бошқа шахсга ўтказилиши мумкинлиги назарда тутилади.

Биринчи гуруҳга эркин муомаладаги ҳуқуқий объектлар, иккинчисига -муомаласи чекланган, учинчисига - муомаладан тўлиқ чиқарилган объектлар киритилган.

Фуқаролик - ҳуқуқий объектларининг эркин муомаласи умумий қоида, муомалага киришувни чеклаш, қолаверса уни тўлиқ муомаладан чиқариш - умумий қоидага истисно бўлиб ҳисобланади.

Ҳар қандай истисно тариқасидаги меъёрлар каби, юқорида сўз юритилаётган чеклаш ва муомиладан чиқариш қоидаларини ҳам кенг маънода талқин этиш мумкин эмас.

Муомалага киришувни чеклаш объектларнинг тегишли турлари фақат давлатга тегишли эканлиги ёхуд фақат фуқаролар ва юридик шахсларга тегишли эканлиги, ёки бўлмаса фақат махсус рухсатномалар бўйича муомалага киритилиши (масалан, қурол-яроғ, табиий бойликлардан фойдаланиш ҳуқуқи) орқали ифодаланди.

Шарҳланаётган моддада муомалага киришувнинг ҳар қандай чекланиши қонунда назарда тутилган тартибда амалга оширилиши зарурлиги кўзда тутилган. Бунинг маъноси шуки, ҳеч бўлмаганда, муомалага киришуви чекланаётган объектларнинг турлари қай тарзда аниқланиши қонун даражасида белгилаб қўйилиши шарт. Бошқа барча масалаларни, шу жумладан чекловга тушаётган объектларнинг доираси масаласини, қонун томонидан ваколат берилган ҳар қандай орган ҳал этиши мумкин.

ФКда муомаладан чиқаришга қатъийроқ ёндашилган: муомаладан чиқарилган объектлар турлари қонуннинг ўзида белгилаб қўйилиши шарт.

Муомалада чекланиши мумкин бўлган барча фуқаролик ҳуқуқлари объектлари орасидан қонун чиқарувчи ер ва бошқа табиий захира бойликларини алоҳида ажратиб кўрсатади (Ўзбекистон Конституцияси, 55-модда, Ер Кодекси, 16-модда ва ҳ.к.). Мазкур объектлар фақат Ер кодексида ва бошқа табиий заҳиралар тўғрисидаги қонунларда назарда тутилган муомалада бўлиш бўйича белгиланган тартибда бегоналаштирилиши ва бошқа усулда бир шахсдан бошқасига ўтказилиши мумкин. Хусусан, ер участкаси эгасига уни сотиш, ҳадя қилиш, гаровга ёки ижарага қўйиш ва бошқа тарзда тасарруф этишни фақат қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга ошириш ҳуқуқи берилган. Бу билан, табиий заҳираларга бағишланган ҳужжатларга киритилган меъёрларнинг ФКга нисбатан махсус хусусиятга эга эканлиги яна бир карра таъкидланмоқда.

Кодексда фуқаролик ҳуқуқи объектларига уларнинг турли хусусиятларини мезон сифатида ҳисобга олган ҳолда тасниф берилган. Бундай тарзда таснифлашдан зарур ҳолларда у, ёки бу объектларнинг ўзига хос томонларини ифодаловчи махсус тартибларни жорий этиш мақсади кўзда тутилган.



7-БОБ. МОДДИЙ НЕЪМАТЛАР


83-модда. Мол-мулкнинг турлари

84-модда. Кўчмас мол-мулкни давлат рўйхатидан ўтказиш

85-модда. Корхона

86-модда. Ашёларнинг таснифи

87-модда. Хусусий ва турга хос аломатлари

билан белгиланадиган ашёлар

88-модда. Бўлинадиган ва бўлинмайдиган ашёлар

89-модда. Истеъмол қилинадиган ва истеъмол қилинмайдиган ашёлар

90-модда. Асосий ва мансуб ашёлар

91-модда. Мураккаб ашёлар

92-модда. Ҳосил ва даромадларга бўлган ҳуқуқ

93-модда. Ҳайвонлар

94-модда. Пул (валюта)

95-модда. Валюта қимматликлари

96-модда. Қимматли қоғозлар



83-модда. Мол-мулкнинг турлари


Мол-мулк фуқаролик ҳуқуқлари объекти сифатида кўчмас мулкка ва кўчар мулкка бўлинади.

Кўчмас мулк жумласига ер участкалари, ер ости бойликлари, бинолар, иншоотлар, кўп йиллик дов-дарахтлар ва ер билан узвий боғланган бошқа мол-мулк, яъни белгиланган мақсадига номутаносиб зарар етказмаган ҳолда жойини ўзгартириш мумкин бўлмайдиган объектлар киради.

Қонунда бошқа мол-мулк ҳам кўчмас мол-мулк қаторига киритилиши мумкин.

Кўчмас мол-мулкка бўлган ҳуқуқларни қўлга киритиш ва улар бекор бўлишининг хусусиятлари қонунлар билан белгилаб қўйилади.

Кўчмас мулк жумласига кирмайдиган мол-мулк кўчар мулк ҳисобланади. Кўчар мулкка бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказиш талаб этилмайди, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.


1. Ашёларнинг кўчмас ва кўчар мулкка бўлиниши бозор иқтисодиёти даври фуқаролик қонун ҳужжатлари учун энг муҳим хусусият ҳисобланади. Бундай бўлинишнинг ҳуқуқий аҳамияти қуйидаги асосий йўналишлар бўйича кўчмас ва кўчар ашёлар учун турлича ҳуқуқий тартиб ўрнатилиши билан боғлиқ: а) кўчмас ашёларга оид битимларни рўйхатдан ўтказиш заруратига боғлиқ ҳолда (ФК 111, 185-моддалар) кўчмас мулкларни бегоналаштириш ва сотиб олиш беистисно тарзда учинчи шахслар танишуви учун очиқ ошкоралик шароитида амалга оширилади. Кўчар мулкларга оид битимларни давлат рўйхатидан ўтказилиши эса фақат қонунда махсус кўрсатилган ҳолатларда бажарилади; б) эгасиз кўчар ва кўчмас ашёларга эгалик ҳуқуқини қўлга киритишнинг турли тартиби кўзда тутилган (ФК 191-модда); в) ипотека фақат кўчмас ашёларга нисбатан қўлланилиши мумкин (ФК 265-модда); г) кўчмас ашёларни меросга олиш ва бунинг ҳуқуқий тартиби улар мавжуд жойда амал қилиб турган ҳуқуқий меъёрлар бўйича, кўчар мулклар бўйича (меросга олишда) - меросхўрнинг охирги доимий яшаш жойида амал қилиб турган ҳуқуқий меъёрлар бўйича белгиланади.


2. Шарҳланаётган моддада кўчмас ва кўчар ашёларга тегишли қоидалар берилган, аммо ашёвий ҳуқуқ четлаб ўтилган.

ФКда кўчмас ва кўчар ашёларни уларга оид ҳуқуқлардан алоҳида айри ҳолда келиши маълум маънода сунъий хусусиятга эга. Кўчмас ва кўчар ашёларга оид ҳуқуқий тартибларда мавжуд бўлган юқорида кўрсатиб ўтилган тафовут ашёларнинг ўзига нисбатан эмас, аввало ашёвий ҳуқуққа нисбатан қўлланилади. Гап ашёларнинг ўзини эмас, уларга бўлган ҳуқуқни рўйхатга олиш тўғрисида бораётган бўлсада, ФКнинг 84-моддаси “Кўчмас мол-мулкни давлат рўйхатидан ўтказиш” деб номланиши бежиз эмас, кўчмас ва кўчар ашёларга бағишланган шарҳланаётган моддада эса бир неча бор “мол-мулк” атамасидан фойдаланилган.

Шарҳланаётган моддада кўчмас ашёларнинг икки тури ажратиб кўрсатилади: ўз табиатига кўра кўчмас ашёлар ва қонун асосан кўчмас мол-мулклар қаторига киритилган ашёлар. Ўз навбатида ўз табиатига кўра кўчмас ашёлар икки тоифага бўлинади: а) ер участкалари, ер ости бойликлари, яъни ер участкалари билан яхлит ягоналикка эга бўлган объектлар; б) ер билан узвий боғланган, яъни белгиланган мақсадига номутаносиб зарар етказмаган ҳолда жойини ўзгартириш мумкин бўлмайдиган объектлар, масалан, ўрмонлар, кўп йиллик дов-дарахтлар, бинолар, иншоотлар киради.

Кўчмас мулк жумласига кирмайдиган ашёлар кўчар ашё деб эътироф этилади. ФКда ҳам, бошқа бирон қонун ҳужжатида ҳам уларнинг таърифи берилмаган. Кўчар мулк, қоидага кўра, мустақил равишда ҳаракатланиш лаёқатига эга (ҳайвонлар), ёки инсон ёрдамида ўзи учун белгиланган мақсадга зарар етказилмаган ҳолда жойидан жилдирилиши мумкин. Кўчар ашёларнинг жойи ва фойдаланилиши, қоидага кўра, қандайдир ер участкаси билан боғланмайди. Бироқ, агар кўчар ашёлар кўчмас турдаги мол-мулк мажмуининг таркибий қисмини ташкил этадиган бўлса, улар ана шу таркибга кирган муддат ичида ўз-ўзидан кўчар мулк хусусиятидан маҳрум бўлади.



84-модда. Кўчмас мол-мулкни давлат рўйхатидан ўтказиш


Кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар, бу ҳуқуқларнинг вужудга келиши, бошқа шахсларга ўтиши, чекланиши ва бекор бўлиши давлат рўйхатидан ўтказилиши керак.

Кўчмас мол-мулкка бўлган ҳуқуқларни ва у ҳақда тузиладиган битимларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган ҳуқуқ эгасининг илтимосига кўра амалга оширилган рўйхатдан ўтказишни рўйхатдан ўтказилган ҳуқуқ ёки битим тўғрисида ҳужжат бериш ёхуд рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатга устхат ёзиш йўли билан тасдиқлаши шарт.

Кўчмас мол-мулкка бўлган ҳуқуқларни ва у ҳақда тузиладиган битимларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган амалга оширилган рўйхатдан ўтказиш ҳамда рўйхатдан ўтказилган ҳуқуқлар ҳақидаги ахборотни ҳар қандай шахсга бериши шарт.

Ахборот, рўйхатдан ўтказиш қаерда амалга оширилганидан қатъи назар, кўчмас мол-мулкни рўйхатдан ўтказувчи ҳар қандай орган томонидан берилади.

Кўчмас мол-мулкка бўлган ҳуқуқни ёки у ҳақда тузилган битимни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш ёхуд рўйхатдан ўтказиш муддатларининг бузилиши устидан судга шикоят қилиниши мумкин.

Давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби ва рўйхатдан ўтказишни рад этиш асослари қонун ҳужжатлари билан белгилаб қўйилади.


1. Кўчмас ашёларга нисбатан ашёвий ҳуқуқни, шунингдек улар бўйича тузиладиган битимларни давлат рўйхатидан ўтказиш давлат муассасалари томонидан бажарилиши лозим. Рўйхатдан ўтказиш рўйхатдан ўтказилаётган ҳуқуқ эгалари учун ҳам, худди шу каби учинчи шахслар учун ҳам ҳуқуқни белгиловчи хусусият касб этади. Рўйхатдан ўтказиш очиқ (ошкора), учинчи шахслар учун очиқ бўлиши шарт. Кўчмас ашёларга нисбатан ашёвий ҳуқуқни, шунингдек улар бўйича ўтказиладиган битимларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби шарҳланаётган моддада ва ЎзР 1998 йил 28 августдаги 666-I-сонли “Давлат ер кадастри тўғрисида”ги Қонунида ва “Бинолар ва иншоотларнинг давлат кадастрини юритиш тартиби тўғрисида”ги Низомда (ЎзР ВМ 1997 йил 2 июндаги 278-сонли қарорига 1-илова) белгилаб қўйилган, унда “Бинолар ва иншоотлар давлат кадастри ҳудудий принцип бўйича ташкил этилади ва бу объектларнинг ҳуқуқий, хўжалик ва архитектура-қурилиш мақоми тўғрисидаги маълумотлар тизимини мужассамлаштиради” дейилган.


2. Бинолар ва иншоотлар давлат кадастри бинолар ва иншоотлардан самарали фойдаланишни ва уларни муҳофаза қилишни, мулк эгаларининг ва бу объектлардан бошқа фойдаланувчиларнинг ҳуқуқларини, шунингдек бинолар ва иншоотларга мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилишини (кейинги ўринларда бинолар ва иншоотларни давлат рўйхатидан ўтказиш деб аталади) таъминлаш учун юритилади.

Бинолар ва иншоотларга мулк эгаси бўлган ёки ашёвий ҳуқуқларга эга бўлган юридик ва жисмоний шахслар уларни тегишли давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги ҳужжатларга эга бўлишлари шарт.

Бино ва иншоотни давлат рўйхатидан ўтказиш мажбурияти мулк эгасига ёхуд бино ёки иншоотга ашёвий ҳуқуқларга эга бўлган шахсга юкланади. Улар бино ёки иншоотни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича барча ёки айрим мажбуриятларини учинчи шахсларга юклашлари мумкин. Бу ҳуқуқларни ва мажбуриятларни рўёбга чиқариш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Бинолар ва иншоотлар мерос қилиб олинган тақдирда бинолар ва иншоотларга мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар меросхўрга, ворисга ёки давлатга қонунчиликда белгиланган тартибда ўтгандан кейин давлат рўйхатидан ўтказилади.

Кўчмас мулкка мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилиши зарур.

Кўчмас мулкка ашёвий ҳуқуқни рўйхатдан ўтказиш билан бир қаторда, унга нисбатан ҳуқуқларнинг чекланиши (юкланиши), шу жумладан сервитут, ипотека, ишончли бошқарув, ижара ҳам давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.

Ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказилиши Ўзбекистон Республикасининг бутун худудида юқорида кўрсатилган қонунга кўра кўчмас мол-мулкни ҳар бир объектига ҳуқуқлар тўғрисида ёзувлар тизимига асосан кўчмас мол-мулкка нисбатан ҳуқуқлар ва улар билан боғлиқ битимларнинг Ягона давлат реестрига ёзув киритилиши орқали бажарилади. Давлат рўйхатидан ўтказилган сана деб Ҳуқуқларнинг Ягона давлат реестрига ҳуқуқлар тўғрисидаги тегишли ёзув киритилган кун ҳисобланади. Ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш кўчмас мулк жойлашган жойдаги рўйхатдан ўтказиш ҳудуди доирасида бажарилади. Ҳуқуқларни давлат рўйхатига олиш рад этилганлиги ёки тегишли орган рўйхатга олишдан бўйин товлаши устидан белгиланган тартибда судга шикоят қилиниши мумкин.



85-модда. Корхона


Бутун корхона мулкий комплекс сифатида кўчмас мулк ҳисобланади.

Бутун корхона ёки унинг қисми олиш-сотиш, гаровга қўйиш, ижара ҳамда ашёвий ҳуқуқларни белгилаш, ўзгартириш ва бекор қилиш билан боғлиқ бошқа битимларнинг объекти бўлиши мумкин.

Мулкий комплекс бўлган корхона таркибига унинг фаолияти учун мўлжалланган ҳамма мулк турлари, шу жумладан ер участкалари, бинолар, иншоотлар, ускуна, инвентар, хом ашё, маҳсулот, талаб қилиш ҳуқуқи, қарзлар, шунингдек корхонани, унинг маҳсулоти, ишлари ва хизматларини акс эттирувчи хусусий аломатларга (фирма номи, товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари) бўлган ҳуқуқлар ва бошқа мутлақ ҳуқуқлар, агар қонун ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, киради.


1. “Корхона” атамаси фуқаролик ҳуқуқида ҳуқуқ субъектларига нисбатан ҳам, ҳуқуқ объектларига нисбатан ҳам ишлатилади. Хусусан, ФКда хўжалик юритиш ҳуқуқига асосланган унитар корхона, шунингдек оператив бошқарув ҳуқуқига асосланган давлат унитар корхонаси (71-72-моддалар) юридик шахсларнинг бир тури сифатида эътироф этилади. Айни вақтда шу атаманинг ўзи ҳуқуқ объектларининг муайян турини ифодалаш учун ҳам ишлатилади. ФКнинг 85-моддасида худди ана шу маънода сўз юритилади.


2. Кўрсатиб ўтилган маънода корхона деганда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун фойдаланиладиган муайян мол-мулк мажмуи ифода этилади. Бу мажмуага корхона фаолияти учун мўлжалланган барча мол-мулк йиғиндиси киради. Шарҳланаётган моддада мазкур мол-мулк таркибида ер участкалари, бинолар, иншоотлар, ускуналар, инвентар, хом ашё, маҳсулот, талаб қилиш ҳуқуқи, қарзлар, шунингдек корхонани, унинг маҳсулоти, ишлари ва хизматларини акс эттирувчи хусусий аломатларга (фирма номи, товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари) бўлган ҳуқуқлар ва бошқа мутлақ ҳуқуқлар, агар қонун ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, киришлиги кўрсатилган.

Ҳар қандай ҳуқуқлар, шу жумладан юқоридаги рўйхатда келтирилган ҳуқуқлар, қонун чиқарувчи томонидан субъект сифатида тан олинадиган, яъни биринчи навбатда юридик шахс сифатида эътироф этиладиган, демакки, давлат унитар корхоналарига тегишли эканлиги равшан.

Бошқа барча “корхоналар”, яъни бошқа мулкдорлар ҳуқуқий объекти таркибини ташкил этувчилар ҳам ўзларида турли русумдаги мол-мулк мажмуини ифодалаши мумкин. Бундай ҳолда ашёлар йиғиндиси билан бирга сотиб олувчига фақат корхона эгасига тегишли бўлган ва фақат бегоналаштирилаётган ашёларга хос бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятларгина ўтиши мумкин.

Корхона турли битимлар объекти сифатида намоён бўлади. Бунда кўпинча хусусийлаштирилиши муносабати билан уларнинг сотилиши тўғрисида сўз юритилади.

Корхона гаров (ипотека) предмети бўлиши ҳам мумкин. У ижарага топширилиши ва мерос қилиб ўтказилиши мумкин.

Корхонанинг олди-сотдиси ФКнинг 85-моддасида белгиланган мол-мулк таркибида амалга оширилади. Бироқ ундан чекинишларга ҳам йўл қўйилади, фақат тегишли объектни торайтириш тарафга эмас, балки кенгайтириш тарафига чекиниш бўлиши мумкин. Хусусан, ФКнинг 272-моддаси учинчи қисмида: корхонани ипотекага топширишда тегишли мол-мулкка бошқалар билан бир қаторда талаб қилиш ҳуқуқи ва мутлақ ҳуқуқлар, шу билан бир қаторда ипотека даврида олинган ҳуқуқлар ҳам, агар қонун ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, киришлиги кўзда тутилган.

Ҳуқуқнинг алоҳида объекти сифатида бутун бир корхонанинг ўзи эмас, балки унинг қисми назарда тутилиши ҳам мумкин. Бундай ҳолда тузилаётган битимнинг муҳим шарти бўлиб ана шу қисмни ташкил этувчи мол-мулкнинг рўйхати ҳисобланади.



86-модда. Ашёларнинг таснифи


Ашёлар фуқаролик ҳуқуқларининг объектлари сифатида қуйидагиларга бўлинади:

хусусий ва турга хос аломатлари билан белгиланган ашёлар; бўлинадиган ва бўлинмайдиган ашёлар;

истеъмол қилинадиган ва истеъмол қилинмайдиган ашёлар; асосий ва мансуб ашёлар;

мураккаб ашёлар.


Ашёлар тушунчасини тизимлаштириш учун, уни таснифлаш зарур. Ашёларнинг мазмуни ва турлари тушунчаси ЎзР ФКнинг 87, 88, 89, 90, 91-моддаларида очиб берилган.

Хусусий - муайян ёхуд хусусий аломатлари билан белгиланадиган ашёлар - бу бирлик сонда мавжуд бўлган ашёлардир. Улар хусусийликка эга ва бошқа ашё билан алмаштирилиши мумкин эмас. Масалан: соат - отамнинг совғаси, рассомнинг расми, турар-жой ва ҳ.к.

Виндикация даъволари (ЎзР ФК 228, 229-моддалар) мулкдорнинг муайян хусусий аломатлари билан белгиланадиган аниқ бир предметни бошқа шахснинг қонунсиз эгалигидан талаб қилиб олишга қаратилган. Турга хос аломатларига кўра ажратилган ашёлар алоҳида қиёфага ва хусусий белгиларга эга бўлмайди (масалан, 20 қоп буғдой).

Ашёларни бўлинадиган ва бўлинмайдиган турларга ажратилиши, фуқарорлик муомаласида умумий мулкни тақсимлаш, ундан тегишли улушни ажратиб олиш эҳтиёжи билан боғлиқ. Ашё бўлинадиган ҳолатларда, масалан 2 та ховли, бу жуда осон, ашё бўлинмайдиган ҳолатларда эса масалан, автомобиль мураккаб ҳолдир. Бундай ҳолатларда улушнинг ажратилиши ЎзР ФКнинг 223, 226-моддалари қоидасига мувофиқ бўлинмас ашёнинг мулкдорларидан бирига улуши миқдорида компенсация тўлаш орқали бажарилади.

Ашёларнинг бошқа турларига хос хусусиятлар (истеъмол қилинадиган ва истеъмол қилинмайдиган, асосий ва мансуб ашёлар, мураккаб ашёлар) аввал кўрсатиб ўтилганидек, ЎзР ФКнинг 89-91 моддаларида очиб берилган.



87-модда. Хусусий ва турга хос аломатлари

билан белгиланадиган ашёлар


Алоҳида, фақат ўзигагина хос, уни бир хил ашёлар орасидан ажратиб турадиган ва шу тариқа хусусий аломатларга эга бўлган ашё хусусий аломатлари билан белгиланган ашё ҳисобланади. Хусусий аломатлари билан белгиланган ашёлар жумласига ноёб, яъни ўзи бир дона бўлган ашёлар, шунингдек муайян усул билан ажратиб қўйилган ашёлар (муҳр босиш, алоҳида белгилар тушириш, номер, рақам бериш ва шу кабилар) киради.

Хусусий аломатлари билан белгиланган ашёлар бошқаси билан алмаштириб бўлмайдиган ашёлардир.

Бир турдаги ҳамма ашёларга хос аломатларга эга бўлган ҳамда сони, оғирлиги, ўлчови ва шу кабилар билан белгиланадиган ашёлар турга хос аломатлари билан белгиланадиган ашёлар ҳисобланади.

Турга хос аломатлари билан белгиланадиган ашёлар бошқаси билан алмаштирса бўладиган ашёлардир.


Шарҳланаётган модда ашёларни хусусий аломатлари билан ажралиб турадиган ва турга оид аломатлари билан ажралиб турадиган (хусусий аломатли ва турдош) ашёларга ажратади. Хусусий аломатларга эга ашёлар алоҳида, фақат ўзигагина хос аломатлар билан ажралиб туради (масалан, С.Азимов кўчасидаги 22-уй, фалон русумдаги, алоҳида рақамга эга автомобил ва ҳ.к.). Турига кўра ажратиладиган ашёлар сони, вазни, ўлчами ва ш.к. билан, яъни бир турга оид ашёларнинг муайян миқдори билан тавсифланади (муайян маркадаги 10 тонна пўлат; бешта “Газел” юк автомобили ва ҳ.к.). Турга оид деган тушунча одатда фақат кўчар ашёларга нисбатан ишлатилади, зеро кўчмас ашёлар давлат рўйхатидан ўтказилиши зарурлиги сабабли хусусий аломатга эга ашё бўлиб ҳисобланади.

Хусусий аломатлари билан белгиланадиган ашёлар юридик жиҳатдан бошқаси билан алмаштириб бўлмайдиган ашёлардир. Бундай ашёлар нобуд бўлган ёки бузилган ҳолатларда мажбуриятга эга шахсдан шунга ўхшаш ашёларни тақдим этишини эмас, балки фақат зарарни қоплаб беришини талаб қилиш мумкин. Шу билан бир қаторда хусусий аломатларга эга ашёларни бурчли шахсдан асл ҳолида талаб этиб олиш мумкин (масалан, у олди-сотди шартномасини бажармаган ҳолда ёки виндикацион даъво бўйича). Кўчар ашёлар ҳам, кўчмас ашёлар ҳам хусусий аломатларга эга бўлиши мумкин.

Турига оид аломатлари билан белгиланадиган ашёлар юридик жиҳатдан алмаштириладиган ашёлардир. Шу боис уларни ўтказиш бўйича мажбуриятнинг бажарилмаслиги (масалан, бундай ашёларни нобуд бўлиши, ёки алоҳида партиядаги молларнинг йўқолиши сабабли) ваколатли шахсга умумий қоидага мувофиқ шу турдаги ашёларнинг худди ўша миқдорини талаб қилиб олиш ҳуқуқини беради. Айтайлик, металл тайёрловчи харидорга 10 тонна пўлат сотиш мажбуриятни олди, шартнома шартига биноан бунда металлга эгалик ҳуқуқи товарга пул тўланган пайтдан бошлаб харидорга ўтиши белгиланган. Бироқ сотувчининг ҳисоб рақамига пуллар келиб тушганидан кейин у ўзи тайёрлаган 10 тонна пўлатни тўлиғича бошқа харидорга сотиб юборди. Бундай ҳолатда биринчи харидор янги тайёрланган партиядан худди ўша миқдордаги металлни етказиб берилишини ёки зарарни қоплашни талаб этиши мумкин, аммо бошқа истеъмолчига сотиб юборилган пўлатнинг 10 тоннасини олиб берилишини талаб этишга ҳақли эмас.

Айрим битимлар предмети сифатида фақат хусусий аломатларга эга ашёлар бўлиши мумкин (масалан, фойдаланилган мол-мулкнинг қайтарилиши кўзда тутиладиган ижара шартномасида), айни пайтда бошқа битимларда бундай сифатга фақат турга оид белгиларга эга ашёлар бўлиши мумкин (масалан, келишувга кўра, қарз олувчи қарз берувчига худди ўша турдаги, ўша миқдордаги ва ўша сифатдаги ашёларни қайтариб бериши тўғрисидаги қарз шартномасида). Мулк ҳуқуқ ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар объектлари хусусий аломат белгиларига эга ашёлар ҳам бўла олади.



88-модда. Бўлинадиган ва бўлинмайдиган ашёлар


Бўлиш натижасида ҳар қайси қисми бутуннинг хоссаларини ўзида сақлаб қоладиган ва шу билан бирга ўзининг хўжалик (мақсадли) аҳамиятини йўқотмайдиган ашё бўлинадиган ашё ҳисобланади.

Бўлиш натижасида қисмлари дастлабки ашёнинг хоссаларини йўқотадиган, унинг хўжалик (мақсадли) аҳамиятини ўзгартирадиган ашё бўлинмайдиган ашё ҳисобланади.


88-моддадан маълум бўлишича, ўз мақсадли аҳамиятини йўқотмаган ҳолда бўлинувчи ашёлар бўлинадиган ва бундай тарзда бўлинмайдиган ашёлар бўлинмайдиган ҳисобланади.

Бўлинувчанлик асосан умумий мулк (иккита ва ундан ортиқ шахслар мулки) бўлимига татбиқ этилганда ҳуқуқий аҳамият касб этади. Хусусан, умумий мулк улуш асосида бўлганда (унда ҳар бир мулкдор ўзининг қатъий белгиланган улуши - ярми, учдан бири, чораги ва ш.к. эга бўлади), мулкдорлардан ҳар бири ўз улушини асл ҳолда ажратиб берилишини талаб этиши мумкин. Бироқ, агар мулкдорга тегишли ашё бўлинмайдиган ашё (автомашина) бўлса, у бўлиш чоғида мулкдорлардан бирига ўтказиб берилади ва қолганларга улушига мувофиқ қиймати пулда тўланади (ФК 223-модда).



89-модда. Истеъмол қилинадиган ва

истеъмол қилинмайдиган ашёлар


Бир карра фойдаланиш натижасида йўқолиб кетадиган ёки дастлабки ҳолатида мавжуд бўлмай қоладиган ашёлар (хом ашё, ёқилғи, озиқ-овқат маҳсулотлари ва шу кабилар) истеъмол қилинадиган ашёлар ҳисобланади.

Қайта-қайта фойдаланишга мўлжалланган, бунда ўзининг дастлабки ҳолатини узоқ вақт давомида сақлаб қоладиган ҳамда аста-секин емирилиб борадиган ашёлар (бинолар, ускуналар, транспорт воситалари) истеъмол қилинмайдиган ашёлар ҳисобланади.


Айрим ҳолларда ашёларни истеъмол қилинадиган ва истеъмол қилинмайдиган ашёларга бўлиниши фуқаролик-ҳуқуқий аҳамият касб этади. Истеъмол қилинадиганлар сирасига фойдаланиш жараёнида йўқ бўлиб кетадиган ашёлар, масалан, ишлаб чиқариш хом ашёси ёки қурилиш материаллари киради. Бундай ашёлар вақтинчалик фойдаланиладиган предмет бўлиши мумкин эмас, чунки уни дастлабки эгасига қайтариб бўлмайди. Уларни фақат бошқа шахслар фойдасига бегоналаштирилиши мумкин. Фақат кўчар мулклар истеъмол қилинадиган ашёлар бўлиши мумкин. Истеъмол қилинмайдиган ашёлардан фойдаланилган чоғда, хусусан, муайян узоқ вақт давомида, секин-аста эскириб, емирилиб боради (амортизацияга учрайди). Бу нарса улардан ижара воситаси, ишончли бошқарув предмети ва ўзгаларнинг мулкидан вақтинчалик фойдаланиш юзасидан бошқа битимлар предмети сифатида хизмат қилиш имконини беради. Айрим битимларда эса, аксинча, фақат истеъмол қилинадиган ашёлар предмет сифатида юз кўрсатиши мумкин (масалан, қарз шартномасида).



90-модда. Асосий ва мансуб ашёлар


Фойдаланиш туфайли вужудга келадиган муносабатларнинг моҳияти билан бошқа ашё (мансуб ашё)га боғлиқ мустақил ашё асосий ашё ҳисобланади.

Асосий ашёга хизмат қилиши керак бўлган ва у билан умумий хўжалик вазифаси орқали боғлиқ ашё мансуб ашё ҳисобланади.

Мансуб ашё, агар қонунлар ёки шартномада бошқача тартиб белгилаб қўйилган бўлмаса, асосий ашёнинг тақдирига боғлиқ бўлади.


Фуқаролик ҳуқуқида ашёлар анаънавий равишда асосий ва мансуб ашёларга тақсимланади. Мансуб ашё асосий ашёга хизмат қилиши керак ва умумий вазифаси орқали унга боғлиқдир. Шу боисдан, агар қонунлар ёки шартномада бошқача тартиб белгилаб қўйилган бўлмаса, умумий қоидага кўра, у асосий ашёнинг тақдирига бўйсинади. Бу ҳолда бу ашёларнинг нисбий қиймати аҳамият касб этмайди (масалан, суратнинг нусхаси солиб қўйилган қимматбаҳо ром, мансуб ашёлигича қолаверади).

Бинобарин, ускунани ижарага олувчи, агар ижара шартномасида бошқа қоида ўрнатилган бўлмаса, ушбу ускунанинг меъёрида ишлатиш учун зарур бўлган эҳтиёт қисмлар ҳам ижарага берувчи тарафидан тақдим этилишига умид боғлашга ҳақлидир.

Асосий ва мансуб ашёлар мураккаб ашё бўлиб ҳисобланмайди, мансуб ашёни эса асосий ашёнинг таркибий қисми сифатида талқин этиб бўлмайди. Бу ашёларнинг ҳар бири тўлиқ равишда мустақил бўлиб, ўз мақсад вазифасига эга. Асосий ашё ва мансуб ашё тушунчалари ўзаро нисбий боғлиқдир, чунки мазкур ашёларнинг ўзи хўжалик ёки бошқа жиҳатдан боғлиқ бўлиб, ана шу доирада мансуб ашё асосий ашёга нисбатан қатъий бўйсунувчанлик хусусиятини касб этади.

Қадимий анъанавий мулкий муомалада ҳар доим ер (ер участкаси) асосий ашё, унда жойлашган барча объектлар, шу жумладан бинолар, иншоотлар ва бошқа кўчмас объектлар мансуб ашё (яъни улар умумий қоидага кўра бегоналаштирилганда асосий ашёнинг тақдирига бўйсиниши шарт) ҳисобланади. Ерга нисбатан давлатнинг мутлақ эгалиги шароитида, мамлакат ҳуқуқ тартиботига мувофиқ, ерда жойлашган бинолар, иншоотлар ва шу каби объектлар асосий ашё бўлиб ҳисобланади-ки, улар бегоналаштирилган тақдирда, ўз-ўзидан ердан фойдаланиш ҳуқуқи ҳам келиб чиқади (Ер кодексининг 22-моддаси).

Ерга хусусий мулкчиликнинг тан олиниши ва ривожланиши билан анъанавий ёндашувга қайтиш содир бўлади ва бунда кўчмас объектни бегоналаштирувчи ва қабул қилиб олувчи биринчи навбатда ана шу объект жойлашган ер тақдирини ҳал этадилар.



91-модда. Мураккаб ашёлар


Агар турли хил ашёлар бирикманинг моҳияти билан белгиланадиган вазифаси бўйича фойдаланиш имконини берадиган яхлит бир бутунни ташкил этса, улар битта ашё (мураккаб ашё) ҳисобланади.

Мураккаб ашё хусусида тузилган битим, агар шартномада бошқача тартиб белгилаб қўйилган бўлмаса, унинг барча таркибий қисмларига тааллуқли бўлади.


Ашёларнинг мазкур тури ФКда илк марта қайд этилган. Тегишли моддада (91) турли хил ашёлар улардан битта ашё сифатида фойдаланиш имконини берадиган тарзда яхлитликни ташкил этадиган ҳолатлар назарда тутилган. Мураккаб ашёга мисол қилиб бинолар, ускуналар ва ш.к. ўзида мужассам этган корхонани ёки фермер хўжалигини келтириш мумкин.

Ашёларнинг бундай турининг ажратилиш ахамияти шундаки, моҳиятан ана шундай ашё тўғрисидаги битимнинг амал қилиш доираси унинг таркибига кирувчи барча турдаги ашёларни ҳам ўз ичига олади. Бунинг маъноси шуки, қабул қилиб олаётган шахсга, масалан фермер хўжалигини олувчига, айни вақтда ер участкасига, экинларга, хўжалик ва бошқа қурилмаларга, мелиоратив ва бошқа иншоотларга тегишли ҳуқуқлар ҳам ўтади.

Шарҳланаётган модда диспозитив ҳисобланади ва шу боисдан, шартлашувчи тарафлар ўзгача қоидани: “мураккаб ашё” таркибига кирган айрим ашёларни истисно этилишини кўзда тутишлари мумкин.



92-модда. Ҳосил ва даромадларга бўлган ҳуқуқ


Ашёдан келадиган ҳосил ва даромадлар, агар қонун ёки шартномада бошқача тартиб белгилаб қўйилган бўлмаса, ашё эгасига тегишлидир.


Кўрсатиб ўтилган барча объектлар ўзидан турли хил ҳосилалар чиқариш хусусиятига эга. Бу ўринда гап кенг маънодаги ҳосил тўғрисида (шахсга тегишли даладан олинган ҳосил, чорвадан ёки паррандадан олинган насл ва ҳ.к.) техник ҳосила (корхона ишлаб чиқарган маҳсулот) тўғрисида ҳам, иқтисодий (муайян фаолиятни амалга ошириш натижасида олинган даромад, шу жумладан ўзгаларга тегишли маблағлардан олинган фоизлар) ҳосила тўғрисида ҳам бормоқда. Шарҳланаётган моддада ажратиб олинадиган, қолаверса, “ажратиб олинган ҳосиллар” кўзда тутилган, зеро ажратиб олинмаган ҳосиллар (дарахтдаги олмалар) асосий ашёнинг эгасига тегишли ҳисобланади. Шу сабабли ФКнинг 92-моддасида белгиланган меъёрлар “ҳосил ажратиб олингандан кейин” кучга киради.

Сўз юритилаётган, асосий ашёдан ажратиб олинган объектларнинг мустақил хусусиятга эга эканлиги, жумладан, гаровга бағишланган моддаларда таъкидланган. Хусусан, ФКнинг 272-моддасининг икиинчи қисмида гаровга қўйилган мол-мулкдан фойдаланиш натижасида олинган ҳосил, маҳсулот ва даромадларга гаров ҳуқуқи шартномада назарда тутилган ҳолларда жорий қилиниши белгиланган.

бир қатор бошқа моддаларида ҳосиллар, маҳсулот ва даромадларга оид умумий қоидаларга аниқлик киритилган. Хусусан, 181-моддада мазкур масала хўжалик юритишида, оператив бошқарувда бўлган мол-мулкка, шунингдек унитар корхона ёки муассаса томонидан қабул қилиб олинган мол-мулкка татбиқан ҳал этилган.



93-модда. Ҳайвонлар


Қонун ҳужжатларида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, мол-мулк тўғрисидаги умумий қоидалар ҳайвонларга нисбатан ҳам қўлланилади.

Ҳуқуқларни амалга ошириш чоғида ҳайвонлар билан шафқатсиз муносабатда бўлишга йўл қўйилмайди.


Бу масала ФКда илк марта қайд этилган. Бу ҳолда қонун чиқарувчи биринчидан, ҳайвонлар тобора фуқаролик-ҳуқуқий битимларининг (олди-сотди, айирбошлаш, ҳадя қилиш, васият ва ҳ.к.) предмети бўлаётганлиги туфайли, фуқаролик муомаласига ҳайвонларни киритиш зарурати билан иш кўрган бўлса, иккинчидан, ҳайвонларга нисбатан уларнинг эгалари ёки бошқа турдаги ашёвий ҳуқуққа эга шахслар томонидан меҳр-мурувватли муносабатни таъминлаш зарурати билан иш кўрган.

Шарҳланаётган меъёрнинг мазмунига кўра, бу ўринда гап уй ҳайвонлари, қолаверса, хонакилаштирилган ҳайвонлар тўғрисида кетяпти. Шундай экан, бу меъёрлар табиий эркинлик шароитидаги ҳайвонларга татбиқ этилмайди. Чунки мазкур ҳайвонлар, агар амалдаги қонунчилик меъёрларига зид бўлмаса, одатда “эгасиз ашё” ҳисобланади ва уларни тутиб олган ҳар бир кишининг мулк ҳуқуқи объектига айланиши мумкин. ФК 189-моддасидан худди шундай хулоса чиқади.

Шарҳланаётган модда иккита меъёрдан ташкил топган: улардан бири ҳайвонларга ҳам (агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқа қоида кўзда тутилган бўлмаса) бошқа барча ҳуқуқ объектларига нисбатан амал қилувчи қоидалар татбиқ этилишини белгилайди. Иккинчисида ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлиш тақиқланади. Бунда инсоний меҳр-муруват тамойилларига зид муносабат кўзда тутилган. ФК 93-моддасининг иккинчи қисмида тартибга солинаётган объектга нисбатан “ҳуқуқни амалга ошириш чоғида”ги хатти-ҳаракат англашилади. Бу меъёр қонун ҳимоясига олинган ҳайвонларнинг эгаларига, яъни уларнинг мулкдори ёки қонуний эгаси ҳисобланган шахсларга қаратилгандир.

Иккинчи қисмда келтирилган қоидадан ҳайвонларга нисбатан белгиланган тартибдаги муносабат талабларининг бузилишига ҳуқуқларни суиистеъмол қилиш деб қаралиши ва тегишли равишда ФКнинг 9-моддаси олтинчи қисмида кўрсатилган оқибатни, яъни шахсга қарашли ҳуқуқни ҳимоя қилишни рад этилишини келтириб чиқариши зарур. Бунга мулкдор (қонуний эгаси) нинг бошқа шахснинг ноқонуний эгалигига ўтган ҳайвонни қайтариб олиш тўғрисидаги даъвоси, агар ҳайвоннинг мулкдори (қонуний эгаси) ҳайвонга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлган ҳолатда, рад этилиши мисол бўлиши мумкин. Қаровсиз ҳайвонларга, уларга нисбатан мулк ҳуқуқини қўлга киритишга, шунингдек уларни боқиш харажатларини қоплаб бериш ва мукофот тўлашга оид махсус меъёрлар ФКнинг 195-моддасида келтирилган.



94-модда. Пул (валюта)


Ўзбекистон Республикасининг пул бирлиги сўмдир.

Сўм ёзиб қўйилган қиймати бўйича қабул қилиниши шарт бўлган қонуний тўлов воситасидир.

Тўловлар нақд пул билан ва нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тарзида амалга оширилади.

Ҳисоб-китобларни чет эл валютасида амалга ошириш ҳоллари, тартиби ва шартлари қонун ҳужжатлари билан белгилаб қўйилади.


1. Ўзбекистон Республикасида пул бирлиги бўлиб сўм ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасида бошқа пулларни жорий этиш ва эмиссия қилишга йўл қўйилмайди. Сўмнинг ҳимояланишини ва барқарорлигини таъминлаш - Ўзбекистон Республикаси Мараказий банкининг асосий вазифасидир ва у бу вазифани давлат ҳокимиятининг бошқа органларидан мустақил равишда амалга оширади.

Хусусан, шуни айтиб ўтиш керакки, сўм билан олтин ўртасида, худди шу каби бошқа қимматбаҳо металлар ўртасида расмий мутаносиблик ўрнатилмайди. Сўмнинг бошқа давлатларнинг пул бирликларига нисбатан расмий курси ЎзР Марказий банки томонидан белгиланади ва ўзи ўрнатган мунтазамликда эълон қилиб борилади.

Ягона ва ёлғиз эмиссия маркази бўлиб ЎзР Марказий банки иш юритади. Нақд пуллар банк билетлари (банкнотлар) ва металл тангалар тарзида муомалага чиқарилади. Пулларнинг униси ҳам, буниси ҳам Ўзбекистон банкининг муқаррар мажбурияти ўлароқ, унинг барча активлари билан таъминланади.

Банкнотлар ҳам, металл тангалар ҳам ЎзР бутун ҳудудида ўзининг ёзилган қиймати бўйича барча тўловлар бўйича қабул қилиниши, шунингдек ҳисоб рақамига, омонатларга, аккредитивларга киритиш учун қабул қилиниши шарт ҳисобланади.

Сўм қўлланилиши мажбурий қонуний тўлов воситаси саналади. Шу сабабли, сўмни тўловларни тўлаш учун қабул қилишни рад этиш, тегишли шахс учун салбий оқибатларни келтириб чиқаради. Жумладан, таклиф этилаётган купюрлардан қатъий назар, сўмларни олишдан бош тортиш, кредиторнинг шартнома бўйича ўзига тегишли нарсани қабул қилишни кечиктириб юбориш, қарздорга кечиктириб юбориш туфайли етказилган зарарни ундириб олиш, шунингдек, ФКнинг 338-моддасида санаб ўтилган бошқа оқибатларни келтириб чиқаради.

Пул мажбурияти бўйича валютадан фойдаланиш шартлари ФКнинг 245-моддасида ёритилган.


2. ЎзР ҳудудида тўловлар нақд пул шаклида ҳам, нақдсиз ҳисоб китоблар шаклида ҳам амалга оширилади. Бунда ЎзР ҳукумати юридик шахслар ўртасида нақд пулда ҳисоб-китоб қилишнинг чекланган миқдорини ўрнатади ва у мунтазам ўзгариб туради.

Нақд пулсиз ҳисоб-китоблар шакллари Марказий банкнинг ЎзР қонун ҳужжатларига мувофиқ ишлаб чиққан қоидалари билан белгиланади. Худди шу қоидаларда нақд пулсиз ҳисоб-китоблар учун ишлатиладиган тўлов ҳужжатларининг намуналари ҳам берилади (жумладан, тўлов топшириқномалари, векселлар ва чеклар назарда тутилган).

Резидентлар ўртасидаги ҳисоб-китоблар ЎзР валютасида амалга оширилади. Норезидентлар томонидан Ўзбекистон Республикасида валютани сотиб олиш ва ундан фойдаланиш қоидалари Марказий банк томонидан тасдиқланади. Шунингдек Марказий банк ЎзРдан республика валютасида ифодаланган валюта ва қимматли қоғозларни олиб чиқиб кетиш ва жўнатиш, ҳамда ЎзРга республика валютасида ифодаланган валюта ва қимматли қоғозларни олиб кириш ва жўнатиш тартибини ўрнатади.

Резидентлар хорижий валютани Марказий банк томонидан ўрнатилган тартибда сотиб олиш ҳуқуқига эгадирлар.

Ваколатли банклар ўртасида хорижий валюта олди-сотдисига оид битимлар ҳам Марказий банк томонидан белгиланган тартиб асосида валюта биржаси орқали амалга оширилади. Хорижий валютани ваколатли банклардан четда сотиб олиш ва сотиш тақиқланади.

Норезидентлар ваколатли банкда, яъни валюта амалиётларини ўтказиш учун ЎзР Марказий банкининг лицензиясини олган банкда ҳисоб рақамларига эга бўлишлари мумкин. Норезидентлар валюта қимматликларини, агар бу қимматликлар ЎзРга кўчириб ўтказилган, олиб кирилган ёки жўнатилган бўлса, ёхуд қонуний асосда ЎзРда сотиб олинган бўлса, шунингдек қонунда назарда тутилган бошқа ҳолатларда, ЎзРдан тўсқинликсиз (божхона қоидаларига риоя этган ҳолда) кўчириб ўтказишлари, олиб чиқиб кетишлари ва жўнатишлари мумкин.



95-модда. Валюта қимматликлари


Валюта қимматликлари деб ҳисобланадиган мол-мулк турлари ва улар хусусида битимлар тузиш тартиби қонун билан белгилаб қўйилади.

Валюта қимматликларига мулк ҳуқуқи умумий асосларда ҳимоя қилинади.


Валюта қимматликлари қаторига киритилган мол-мулк ЎзР 1993 йил 7 майдаги 841-XII-сонли “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги Қонун (янги таҳрири) билан белгиланади. Мазкур мол-мулк таркибига чет эл валютасидаги тўлов ҳужжатлари (чеклар, векселлар, аккредитивлар ва бошқалар), фонд қийматликлари (акциялар, облигациялар ва бошқалар), ҳар қандай кўриниш ва ҳолатдаги қимматбаҳо металлар (олтин, кумуш, платина ҳамда платина гуруҳига кирувчи металлар) киради, шундай металлардан ишланган заргарлик ашёлари ва бошқа рўзғор ашёлари ҳамда уларнинг парчалари бундан мустасно, табиий қимматбаҳо тошлар - сайқал берилган ва сайқал берилмаган шаклдаги олмос, лаъл, зумрад, ёқут, александрит, шунингдек марварид киради, шундай тошлардан ишланган заргарлик ва бошқа рўзғор ашёлари ҳамда уларнинг парчалари бундан мустасно.

ЎзР Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан “Қимматбаҳо ва нодир металлар, қимматбаҳо тошлар қазиб олиш фаолиятини лицензиялаш тўғрисида”ги Низом (ЎзР ВМ 2004 йил 9 мартдаги 112-сонли қарорининг 1-иловаси) ва “Қимматбаҳо металлар ва тошлардан заргарлик ашёлари тайёрлаш фаолиятини лицензиялаш тўғрисида”ги Низом (ЎзР ВМ 2006 йил 27 сентябрдаги 205-сонли қарорига 1-илова) тасдиқланган. Мазкур низомларда улар татбиқ этиладиган объектларнинг (стандарт ва ўлчамли олтин ва кумуш ёмби, таркибида олтин ва кумуш бўлган минерал ва иккиламчи хомашё, таркибида олтин ва кумуш бўлган ва заргарлик ҳамда бошқа маиший ашёлар, шунингдек таркибида олтин ва кумуш бўлган ярим тайёр маҳсулотлар, қимматбаҳо тошлар) доираси белгилаб берилган. Тегишли битимларни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг чекланган доираси белгилаб қўйилган: Марказий банк ва махсус ваколатли банклар, қазилма бойликлардан фойдаланувчилар, харид қилувчи корхоналар ва Низомда алоҳида кўрсатиб ўтилган бошқа шахслар.

Олтин ва кумуш юзасидан вужудга келувчи пул муносабатлари бевосита сўмларда ифодаланади ва тўланади. Мана шу умумий қоидалар билан бирга алоҳида ашёлар билан тегишли битимларни амалга оширишнинг махсус қоидалари ҳам мавжуд, жумладан минерал хомашёни қазиб олиш ва қайта ишлашдан тортиб, олтин ва кумуш ёмбилари, таркибида қимматбаҳо металл мавжуд бўлган тангаларни ва ш.к. ўз ичига олган.



96-модда. Қимматли қоғозлар


Мулкий ҳуқуқларни белгиланган шаклга ва мажбурий реквизитларга амал қилган ҳолда тасдиқловчи ҳужжатлар қимматли қоғозлар ҳисобланиб, уларни тақдим этган тақдирдагина мазкур ҳуқуқларни амалга ошириш ёки бошқа шахсларга бериш мумкин бўлади.

Қимматли қоғозлар бошқа шахсга берилиши билан улар томонидан тасдиқланадиган ҳамма ҳуқуқлар ҳам ўша шахсга ўтади.

Қимматли қоғозлар жумласига қуйидагилар киради: облигация, вексель, чек, депозит ва жамғарма сертификатлари, коносамент, акция ҳамда қонун ҳужжатлари билан қимматли қоғозлар жумласига киритилган бошқа ҳужжатлар киради.


1. Қимматли қоғозлар - бозор асосида хўжалик юритишнинг зарур атрибутидир. Уларни фуқаролик ҳуқуқларининг объектлари сифатида ашёлар қаторига киритилади, зеро улар ашёларнинг алоҳида туридир (ФК 81-модда).

Илгари, давлат иқтисодиётида зарурат юзасидан қимматли қоғозлар муомаласи ниҳоятда қашшоқ бўлиб, асосан битта турдаги қимматли қоғозлар - облигациялардан, тақдим этилувчи омонат дафтарчаларидан ва давлат меҳнат омонат кассаларининг аккредитвларидан, ютуқли лотерея билетларидан ташкил топган, юридик шахслар ўртасидаги ҳисоб-китобларда эса ҳисоб-китоб чекидан фойдаланиш мумкин бўлган. Бозор иқтисодиётига ўтилиши билан қимматли қоғозлар муомаласи кенгайди, унинг бозори шакллана бошлади. Бироқ бунда асосий эътибор “инвестицион” деб номланувчи қимматли қоғозлар - хусусий тижорат тузилмаларининг акциялари ва облигацияларига қаратилди. Тараққий топган муомилада қимматли қоғозларнинг ўнлаб турлари мавжуд бўлади.

Буларнинг ҳаммаси қимматли қоғозларнинг туркумини аниқ белгилаш ва уларни ҳуқуқий тартибга солиш нақадар муҳимлигини кўрсатади. Фуқаролик кодекси 96-модданинг учинчи қисмида қимматли қоғозларнинг турларини санаб ўтилар экан, уларнинг рўйхати тугалланмаган, ёпилмаган. Шу билан бирга унда ҳужжатларни қимматли қоғозлар жумласига киритиш қонун ҳужжатларининг имтиёзли ҳуқуқи эканлиги кўрсатилган. Шу сабабли қимматли қоғозларнинг янги шакллари тижорат банкларининг ёки хусусий шахсларнинг ташаббуси билан эмас, фақат қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда вужудга келиши мумкин.

Мулкий муомалада алоҳида мақсадга қаратилган қимматли қоғозларнинг хилма-хил турлари мавжуд. Хусусан, денгизда ташиш шартномаси асосида қабул қилинган юкни қабул қилиб олганлиги тўғрисида ташувчи юкни жўнатувчига қимматли қоғоз ҳисобланадиган ва хилма-хил турларга эга бўлган коносамент тузиб, тақдим этади.

Профессионал сақловчининг омборида муайян партиядаги моллар мавжудлигини тасдиқловчи гувоҳнома варрантлар ҳам қимматли қоғоз бўлиши, шунингдек улар товарни тасарруф этиш ҳужжати, ипотекани расмийлаштирувчи гаров хати (кўчмас мулк гарови) ва ҳ.к. вазифасини бажариши мумкин.


2. ФК 96-моддасининг биринчи қисмида қимматли қоғозга мулкий ҳуқуқларни тасдиқловчи, улар тақдим этилгандагина мазкур ҳуқуқларни амалга ошириш ёки бошқа шахсларга бериш мумкин бўлган, қатъий белгиланган шаклга эга ҳужжат сифатида таъриф берилган. Бинобарин, қимматли қоғоз биринчидан, муайян мулкий ҳуқуқни (муайян миқдордаги пулни тўлашни, муайян мол-мулкни ўтказиб беришни талаб этиш ҳуқуқини) тасдиқловчи ҳужжат эканлиги келиб чиқади. Унда мана шу ҳуқуқлар ва мол-мулк субъекти ҳамда мажбуриятли шахс тўғрисидаги ахборот ёзилган бўлади. Иккинчидан, гап айнан ҳужжат, яъни қатъий шаклга ва мажбурий реквизитларга эга бўлган расмий ёзув тўғрисида кетяпти. Учинчидан, бу ҳужжат унда ифода этилган мулкий ҳуқуқ билан чамбарчас боғлиқ, чунки бу ҳуқуқни амалга ошириш ёки бошқа шахсга ўтказиш фақат ана шу ҳужжатнинг ўзидан тегишли равишда фойдаланилган ҳолда бажарилиши мумкин. Бошқача айтганда, бундай ҳужжатдан фойдаланилиши, ёки уни бошқа шахсга ўтказиб берилиши унда ифодаланган ҳуқуқдан фойдаланилиши ёки бошқа шахсга ўтказилиши билан баравардир.

Ҳозирги замон мол-мулк муомаласида унинг иштирокчиларини қайд этишнинг электрон-ҳисоблаш техникаси қўлланиладиган янги шаклларидан фойдаланилмоқда. Бунда қимматли қоғозлар бевосита қоғоз воитасида чоп этиб чиқарилмайди (эмиссия), балки уларнинг эгалари ҳақидаги, ана шу шахсларга тегишли ҳуқуқларнинг мазмуни тўғрисидаги тегишли ёзувлар ЭҲМнинг хотирасига бухгалтерия ҳисоб варағи шаклида киритиб қўйилади. Бу ҳолат ҳуқуқларни қайд этишнинг анъанавий умумий қоидаларини мана шу усулларга нисбатан ҳам қўлланилиши мумкинлиги масаласини ўртага қўймоқда, чунки улар кўпинча “беҳужжат” (“қоғозсиз”) қимматли қоғозлар деб аталмоқда.

Аввало шуни эътибордан четда қочирмаслик керакки, бу муаамо барча турдаги қимматли қоғозларга тегишли бўлиши мумкин эмас. Шубҳасиз, мол-мулк муомаласига оид ҳуқуқларнинг бу тарзда қайд этилишини тақдим этувчига бериладиган қимматли қоғозларга нисбатан ишлатиб бўлмайди, чунки улар қоғозда чоп этилишдан бошқа бирон шаклда мавжуд бўла олмайди. Бу усулни шунингдек, векселлар, чеклар, депозит ва жамғарма сертификатлари, коносаментлар, варрантлар, гаров хатлари каби қимматли қоғозларга нисбатан, ҳатто улар эгасининг номи ёзилган шаклда бўлса ҳам, қўллаб бўлмайди. Юқорида айтилган гапларга беистисно тарзда акциялар ва облигацияларга тегишли бўлиб, улар ўз эгасининг номи кўрсатиладиган қатъий хусусиятга эга бўлса-да, ўзлари тасдиқлаётган ҳуқуқларнинг “қоғозсиз” шаклда қайд этилишига йўл қўйиб беради.

Аммо бу ҳолатларда гап оддий қимматли қоғозлар тўғрисида ва уларга мўлжалланган қоидалар тўғрисида юритилмайди. Зеро, ЭҲМ хотирасида сақланиб турган “ҳисоб варақда”ги ёзувни унинг эгаси йўқотишигина эмас, ҳатто ҳар қандай расмиятчиликка риоя этган ҳолда бошқа шахсга ўтказиб бериши ҳам мумкин эмас: бунда бирон ёзув тўлиғича ўчириб ва йўқ қилиб ташланади ва бошқа ёзув билан алмаштирилади. Шу сабабли бундай “Қимматли қоғозлар”нинг “муомаласи” ниҳоятда ўзига хосдир. Ҳолбуки, унинг эгаси амалда мулк эгалиги ҳуқуқини (ёки бошқа ашёвий ҳуқуқни) берувчи бирон бир ашёга эга бўлолмайди ва “ҳисоб варақдаги ёзув” бўйича ҳужжатли қимматли қоғоз эгаси каби хатти-ҳаракатларни амалга ошириш имкониятидан маҳрум бўлади.

Қимматли қоғозлар (одатда акциядорлик жамиятларининг акциялари) қоғозли шаклда ҳам, қоғозсиз шаклда ҳам эмиссия қилинмайдиган, балки эгаларининг ҳуқуқи махсус реестрда мустаҳкамлаб қўйиладиган ҳолатларни “ҳужжатсиз қимматли қоғозлар” билан адаштириш мумкин эмас. Бундай ҳолатларда мулкий ҳуқуқ субъектларида уларнинг ҳуқуқларини тасдиқловчи қимматли қоғозлар ёки умуман бўлмайди, ёхуд уларнинг вазифасини акцияларнинг сертификатлари (булар қонунда белгиланган шароитларда махсус қимматли қоғозлар деб эътироф этилади), ё бўлмаса қимматли қоғоз деб саналмайдиган “акциядорлар рўйҳатидан кўчирмалар” бажаради. Бироқ бундай ҳолатлар эндиликда фақат қонунда тўғридан-тўғри кўрсатилган шартлар асосида, ёки уларда қайд этилган рухсат асосида содир бўлиши мумкин.



8-БОБ. НОМОДДИЙ НЕЪМАТЛАР


97-модда. Интеллектуал фаолият натижалари

98-модда. Хизмат ва тижорат сири

99-модда. Шахсий номулкий ҳуқуқлар ва бошқа номоддий неъматлар

100-модда. Шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш



97-модда. Интеллектуал фаолият натижалари


Ушбу Кодекс ва бошқа қонунларда белгиланган ҳолларда ва тартибда интеллектуал фаолиятнинг аниқ ифода этилган натижалари ҳамда юридик шахснинг бу натижаларга тенглаштирилган ўзига хос воситалари, ана шу ишлар ёки хизматларни адо этаётган жисмоний ёки юридик шахснинг маҳсулотлари (фирма номи, товар белгиси, хизмат кўрсатиш белгиси ва ҳ.к.)га нисбатан фуқаронинг ёки юридик шахснинг мутлақ ҳуқуқи эътироф этилади.

Мутлақ ҳуқуқ объекти бўлган интеллектуал фаолият натижалари ва ўзига хос воситаларидан учинчи шахслар ҳуқуқ эгасининг рухсати билангина фойдаланишлари мумкин. (ЎзР 16.01.2007 й. ЎРҚ-79-сон Қонуни таҳриридаги қисм).


1. Интеллектуал мулкни фуқаролик ҳуқуқлари объектлари жумласига киритилиши муҳим аҳамиятга эга. Интеллектуал мулк - қонунчиликда янги атама. Интеллектуал мулкни баҳолаш ва ундан иқтисодий муомилада самарали фойдаланишни ҳали ўрганишимиз даркор.

Номоддий объектлар жумласига киритилувчи ҳуқуқлар, ўзида интеллектуал ижодий фаолият натижасини ёки товар ишлаб чиқарувчнинг ёхуд товарнинг индивидуаллаштириш воситасини ифода этиб, анъанавий равишда фуқаролик ҳуқуқлари таркибига киради, чунки улар тегишли мулкий қийматга эга.

Интеллектуал мулк институти, шунингдек, фойда олиш мақсадида ижодий меҳнатнинг турли асарларидан фойдаланиш тадбиркорлар манфаатлари учун ҳам хизмат қилади. Аммо бу нарса интеллектуал мулкнинг бу муносабатларни шакллантирувчи ижтимоий аҳамиятини ҳеч қанча пасайтирмайди. Зеро, товар сифатида намоён бўлувчи асарни фойдаланиш учун монополия у туфайли ўрнатилади ва монопол ҳуқуқнинг муаллифдан тадбиркорга ўтказиш тартиби ва шартлари мустаҳкамланади.

Шарҳланаётган модданинг меъёри тизимлаштирувчи аҳамиятга эга, бунинг маъноси шуки, у интеллектуал мулкни ташкил этувчи мутлақ ҳуқуқларнинг барча турлари бўйича универсал хусусиятларини мужассам этган.

Интеллектуал мулк ҳуқуқий муносабатлари - фуқаролик қонунчилигининг бир қисмидир. Айни вақтда ФК бу соҳага оид барча қонун меъёрларини тўлиқ қамраб олиши мумкин эмас ва бу унинг вазифаси ҳам эмас. Қонун асосида тартибга солишнинг асосий оғирлиги махсус қонунларга ва кўплаб қонун ости меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга юклатилади.


2. Интеллектуал мулк фақат мутлақ ҳуқуқлар ўрнатилиши ва ҳимояланиши мумкин бўлган натижаларни ўз таркибига олади. Бошқача айтганда, гап саноат мулки объекти бўлиб ҳисобланган ва алоҳида тартибда рўйхатдан ўтказиладиган патент лаёқатига эга аниқ белгилаб қўйилган институтлар тўғрисида ёки рўйхатдан ўтказилмайдиган, аммо ноқонуний нусха кўчириш ёки ўзлаштириб олишдан қўриқланадиган (муаллифлик асарлари, ишлаб чиқариш сирлари ва б.) объектлар тўғрисида бормоқда.

Илмий-техникавий маҳсулотларнинг ва ҳужжатларнинг хилма-хил турлари, ахборот манбаларида мавжуд турли-туман билимлар ва маълумотлар, талаб қилинмаган ғоялар, назариялар, концепциялар, услублар, усуллар ва бошқа ижодий натижалар, улардан иқтисодий муомалада фаол фойдаланилаётган бўлса-да, ўз ҳолича мутлақ ҳуқуқлар билан ҳимояланиши мумкин эмас.

Шарҳланаётган модда интеллектуал мулк объектларининг рўйхатини эмас, балки уларнинг икки тоифасини: интеллектуал фаолият натижаларига бўлган ҳуқуқни ҳамда шу натижаларга тенглаштирилган юридик шахсни, маҳсулотни, бажарилаётган иш ёки хизматларни индивидуаллаштириш воситаларига бўлган ҳуқуқни назарда тутади.


3. Стокголмда 1967 йилнинг 14 июлида қабул қилинган Бутунжаҳон Интеллектуал мулк ташкилотини (БИМТ) таъсис этиш тўғрисидаги конвенция (Ўзбекистон 1993 йилнинг 28 июнидан мазкур ҳукуматлараро ташкилот аъзоси ҳисобланади) интеллектуал мулк объектлари жумласига қуйидагиларни киритади:

1) адабий, бадиий асарлар ва илмий асарлар (муаллифлик ҳуқуқи билан қўриқланади);

2) артистларнинг ижро фаолияти, фонограммалар ва радио эшиттиришлар (турдош муаллифлик ҳуқуқлари иблан қўриқланади);

3) ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари, товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари, фирма номлари, тижорат номлари ва аломатлари (патент ҳуқуқи ва саноат мулки ҳуқуқи билан қўриқланади).

Шарҳланаётган моддада интеллектуал мулкнинг типик объектлари бўлган инсон тафаккуриниг маҳсули интеллектуал фаолиятнинг натижалари, ва уларга тенглаштирилган индивидуаллаштириш воситалари (буларда ижод унсури мавжуд бўлса-да, равшан сезилиб турмайди) сифатида ажратиб кўрсатилади. Бироқ, товар ишлаб чиқарувчини ва товарнинг ўзини алоҳида ажратиб кўрсатувчи воситларда ифодаланган ахборот бозори учун, истеъмолчи учун ниҳоятда муҳим ва мутлақ ҳуқуқлар ёрдамида қўриқланишга мухтож ҳисобланади. Биринчи гуруҳга муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар предметлари ҳамда патент ҳуқуқи предметлари киритилади; иккинчисига - саноат мулки объектлари киритилади.

Интеллектуал мулк масалалари ФКнинг IV “Интеллектуал мулк” бўлимида батафсил кўриб чиқилади.



98-модда. Хизмат ва тижорат сири


Фуқаролик қонун ҳужжатлари хизмат ёки тижорат сири бўлган ахборотни, башарти бу ахборот учинчи шахсларга номаълумлиги сабабли ҳақиқий ёки нисбий тижорат қимматига эга бўлган, қонун йўли билан ундан эркин баҳраманд бўлиш мумкин бўлмаган ҳамда ахборот эгаси унинг махфийлигини сақлашга доир чоралар кўрган ҳолларда ҳимоя этади.


1. 98-модда хизмат ва тижорат сирлари аломатларини фуқаролик ҳуқуқининг объектлари сифатида талқин этади, шунингдек уни фуқаролик ҳуқуқларининг бир мунча кенгроқ объекти - ахборотнинг алоҳида тури сифатида ҳимоялашнинг асослари ва шаклларини кўзда тутади.

Ахборот “уларнинг тақдим этилиш шаклидан қатъий назар шахслар, предметлар, далиллар, воқеалар, ҳолатлар ва жараёнлар тўғрисидаги маълумотлар” дан иборат бўлади.

Тижорат ва хизмат сири фуқаролик ҳуқуқининг объекти сифатида учта белгига эга: тегишли ахборот учинчи шахсларга номаълум, улардан қонуний асосда эркин баҳраманд бўлиш имкони йўқ, ахборот эгаси унинг махфийлигини сақлаш учун чоралар кўрган бўлиши шарт.

Бундай ҳуқуқ эгаси қонунда ва бошқа ҳуқуқий ва таъсис ҳужжатларида назарда тутилган тартибда хизмат ва тижорат сирини ташкил этувчи маълумотлар доирасини белгилаб қўяди. Бундай рўйхатга ҳуқуқ эгасининг нуқтаи назаридан ўзи амалга ошираётган фаолият бўйича манфаатдорлик мавжуд бўлган маълумотлар киритилиши мумкин. Махфийликни сақлаш зарурати қонуний асосда келиб чиқиши ҳам мумкин. Хусусан, ФКнинг 133-моддаси, тўртинчи қисмига биноан тижорат вакили ўзига берилган топшириқни бажариб бўлганидан кейин ҳам савдо битимлари тўғрисида ўзига маълум бўлган маълумотлар сир сақланишини таъминлаш шарт; 786-моддаси банклар зиммасига банк ҳисоб варағи, банк омонати, ҳисоб варақ бўйича операциялар ҳамда мижоз ҳақидаги маълумотларни сир сақлаш юклатилган.


2. Тегишли ахборотга оид сирга боғлиқ масалалар хусусан ЎзР “Телекоммуникациялар тўғрисида”ги (1999) Қонунида изчил тартибга солинган. Унда телефон сўзлашувларининг, телеграф ва бошқа электр ҳамда почта тармоқлари орқали узатилаётган хабарлар қонун билан қўриқланиши назарда тутилган. Телекоммуникация тармоқлари орқали узатилаётган хабарлар тўғрисидаги ахборот, шунингдек бу жўнатмаларнинг ўзи фақат жўнатувчиларга ва жўнатма аталган шахсларга ёки уларнинг қонуний вакилларига берилиши мумкин. Телефон сўзлашувларини эшитиш, телекоммуникация хабарлари билан танишиш, улар тўғрисида маълумот олиш, шунингдек сўзлашув ва ёзишмаларнинг махфийлигига оид чекловлар фақат қонунда назарда тутилган ҳолатларда ва тартибда қўлланилишлиги алоҳида таъкидлаб ўтилган (Қонуннинг 15-моддаси).


3. ФК, бошқа қонунлар ва ҳуқуқ ҳужжатларида юридик шахс тегишли органларга (солиқ, статистика идоралари ва б.) хабар қилиши ёки барчани диққат-эътиборига ҳавола этиши шарт бўлган маълумотлар доираси ҳам белгилаб қўйилган. Масалан, ФКнинг 65-моддасида очиқ акциядорлик жамиятлари зиммасига ҳар йили йиллик ҳисобот, бухгалтерия баланси, фойда ва зарарлар ҳисоб-варағини барчанинг танишиб чиқиши учун эълон қилиш мажбурияти юкланган. ФКнинг 55-модда, биринчи қисмига мувофиқ, худди шу тарзда юридик шахснинг тугатилиши тўғрисидаги маълумотлар эълон қилиниши шарт, ФК 75-моддасига мувофиқ жамоат фондига ҳар йили ўз мол-мулкидан қандай фойдалангани ҳақида ҳисобот босиб чиқариш юклатилган ва ҳ.к. ФК қонун ёки бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ бошқа маълумотлар бундай доирага киритилиши мумкинлигини кўзда тутади. Банкротлик тўғрисидаги қонунда келгусида қарздорнинг мол-мулки сотилиши ҳақидаги маълумот, қарздорнинг банкрот деб эълон қилиниши тўғрисидаги қарор оммавий ахборот воситаларида эълон қилиши белгилаб қўйилган.


4. ФКда хизмат ва тижорат сирини ҳимоялаш Кодексда ва бошқа қонунларда назарда тутилган тартибда амалга оширилиши белгиланган. Бунда етказилган зарарни қоплаш назарда тутилган (ФК 14-модда). Бундай мажбурият икки тоифа шахсларга юклатилиши мумкин. Бу - меҳнат шартномаси ёки контрактига зид равишда хизмат ёки тижорат сирини ошкор этган ходим, ёки жабрланувчи билан фуқаролик-ҳуқуқий шартномалари тузилиши натижасида тегишли маълумотлар бўйича ахборотга эга бўлиб қолган ҳар қандай бошқа шахслар (харидорлар, пудратчилар, ижарачилар, ҳўжалик ширкатлари ва жамиятларнинг иштирокчилари ва ҳ.к.) бўлиши мумкин. Буларнинг ҳар иккиси учун ҳам зарарни қоплаш мажбуриятининг вужудга келишига меҳнат шартномасида, контрактида ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартномада тегишли маълумотларни ошкор этмаслик мажбуриятининг юклатилгани сабаб бўлади. Ходимларга нисбатан бундай маълумотларнинг йиғиндиси юридик шахс томонидан тузилган далолатномада, бошқа барча шахслар учун эса улар томонидан тузилаётган фуқаролик-ҳуқуқий шартномасида белгилаб қўйилиши мумкин.

Кўриб чиқилаётган ҳуқуқларни ҳимоялашнинг бошқа усулларидан фойдаланилиши ҳам мумкин. Жумладан, нафақат меҳнат шартномасини, балки фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларнинг бекор қилиниши, зарур далиллар мавжуд бўлган ҳолларда шунингдек, ҳимоялашнинг ФКнинг 11-моддасида кўрсатилган усуллар қўлланилишини кўрсатиб ўтиш мумкин.



99-модда. Шахсий номулкий ҳуқуқлар

ва бошқа номоддий неъматлар


Шахснинг ҳаёти ва соғлиғи, шаъни ва қадр-қиммати, шахсий дахлсизлиги, ишчанлик обрўси, шахсий ҳаётининг дахлсизлиги, хусусий ва Оила сири, номга бўлган ҳуқуқи, тасвирга бўлган ҳуқуқи, муаллифлик ҳуқуқи, бошқа шахсий номулкий ҳуқуқлар ҳамда туғилганидан бошлаб ёки қонунга мувофиқ фуқарога тегишли бўлган бошқа номоддий неъматлар тортиб олинмайди ва ўзга усул билан бошқа шахсга берилмайди. Вафот этган кишига тегишли бўлган шахсий номулкий ҳуқуқлар ва бошқа номоддий неъматлар қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда бошқа шахслар, шу жумладан ҳуқуқ эгасининг ворислари томонидан амалга оширилиши ва ҳимоя этилиши мумкин.


Номодиий неъматлар ўзининг ноиқтисодий табиати билан, инсоннинг беқиёслиги ва бетакрорлигини таъкидлаган ҳолда шахс билан бевосита боғлиқ эканлиги билан ажралиб туради.

Номга бўлган ҳуқуқи (ФКнинг 19-моддаси шарҳига қаранг), муаллифлик ҳуқуқи, бошқа шахсий номулкий ҳуқуқлар инсонда қонунга мувофиқ вужудга келади. Бу ҳуқуқлар ҳуқуқий лаёқат мазмунига тегишли бўлиб, бунга кўра ҳар бир фуқаро томонидан фуқаролик ҳуқуқларига эга бўлишлик ва мажбуриятлар олишлик лаёқатига эга (ФКнинг 18-моддаси шарҳига қаранг).

Номоддий неъматлар жумласига киритилган ҳаёт, саломатлик, шахсий дахлсизлик, инсоннинг жисмоний ҳолати билан боғлиқ бўлиб, туғилган пайтидан унга тегишлидир. Ҳаёт энг асосий номоддий немат сифатида қолган барча ҳуқуқларни келтириб чиқаради.

Бошқа номоддий неъматлар инсоннинг ижтимоий муҳитда мавжудлиги билан боғлиқ ва унга қонунга мувофиқ тегишли бўлиб ҳисобланади. Бу шаън ва қадр-қиммат, шахсий ва оила сири кабилардир. Инсон бошқаларда ўзига тегишли бўлган сифатлари билан, ижтимоий бурчини адо этиш даражаси билан қизиқиш уйғотади. Инсонда бошқа одамларга нисбатан ҳурмат, хайрихоҳлик, олийжаноблик, меҳр-шафқат туйғулари ва бошқа ижобий хусусиятлар қанчалик ривожланган бўлса, жамият учун у шунчалик кўпроқ қимматга эга бўлади ва шаън, қадр-қиммат, ишчанлик обрўси каби ахлоқий мезон ёрдамида шунчалик юқори баҳо олади.

Инсон қардр-қимматининг шаклланишида унинг ўз атрофидаги борлиққа муносабати, ўз теварагидаги жамоа билан ўзаро муносабати муҳим ҳисобланади. Жамият ҳар бир алоҳида шахсга баҳо беришида инсон қадр-қиммати мезон бўлиб хисобланади. Шаън деганда инсонга бериладиган муайян ижобий ижтимоий баҳо ёки унинг қадр-қиммати бошқа кишилар онгидаги иниъкоси англашилади.

Фуқаронинг шаъни ва қадр-қиммати билан бир қаторга унинг ишчанлик обрўси қўйилган. Бу нарса фақат фуқаролар учунгина хос бўлмай, балки юридик шахсларга ҳам тегишлидир. Бозор ва рақобат шароитида обрў-эътибор тадбиркорлик дунёсида юқори баҳоланади.

Ишчанлик обрўси фуқаронинг ёки юридик шахснинг касбий, ишлаб чиқариш, воситачилик, савдо ва бошқа фаолиятлари жараёнида шаклланади.

Номоддий неъматларга тажовуз фақат бошқа фуқаролар ва ташкилотлар томонидан эмас, балки неъмат эгасининг ўзи томонидан бўлиши ҳам мумкин. У ўзининг саломатлигига наркотик моддалар, алкогол истеъмол қилиш, даволаниш кўрсатмаларини бажармаслик ёки шифокор ёрдамини назарга илмаслик орқали зиён етказиши, ўзини ҳаётдан маҳрум этиши мумкин.

Номоддий неъматларга тажовуз бошқа фуқаролар ёки ташкилотлар томонидан бўлса, турли хил ҳимоя воситаларини қўллаш чорасини кўрувчи неъмат эгаси тажовузга қарши туради. Худди шу имконият ҳуқуқ эгасининг ворисларига, қонуний вакиллари (ота-онаси, фарзандликка олувчиси, васийлари) га ҳам берилган.

Шаън, қадр-қиммат, ишчанлик обрўсини (ЎзР ФКнинг 100-моддаси шарҳига қаранг) ҳимоя қилиш тобора кенг қўлланилмоқда. Бузилган номоддий неъматларга ёки шахсий номулкий ҳуқуқнинг моҳиятига нисбатан, ана шу бузишнинг оқибатига боғлиқ равишда ФКнинг 11-моддасида мустаҳкамлаб қўйилган ҳимоялаш усуллари қўлланади. Фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳолатлари ва чегаралари бошқа қонунлар воситасида ўрнатилиши ҳам мумкин. Масалан, муаллифлик ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилиш улар бузилган тақдирда, шунингдек яратилган асарга тажовуз содир этилганда жоиз бўлади. Бунда тажовуз асарни қалбакилаштириш, ўзга шахснинг асарини ўзбошимчалик билан ва ноқонуний тайёрлаш ва тарқатишда ифодаланади. ЎзР “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонуннинг (2006 йил 20 июль) 65-моддасида назарда тутилган муаллифлик ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилиш усуллари ЎзР ФКнинг 11-моддаси меъёрларига мос келади. Зарарни қоплаш ўрнига муаллифлик ва турдош ҳуқуқларни бузувчи томонидан олинган даромадни ундириб олишга рухсат берилади.



100-модда. Шаън, қадр-қиммат ва

ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш


Фуқаро ўзининг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар юзасидан, башарти бундай маълумотларни тарқатган шахс уларнинг ҳақиқатга тўғри келишини исботлай олмаса, суд йўли билан раддия талаб қилишга ҳақли.

Манфаатдор шахсларнинг талабига кўра фуқаронинг шаъни ва қадр-қимматини унинг вафотидан кейин ҳам ҳимоя қилишга йўл қўйилади.

Башарти, фуқаронинг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар оммавий-ахборот воситаларида тарқатилган бўлса, айни шу оммавий-ахборот воситаларида раддия берилиши лозим.

Башарти, бундай маълумотлар ташкилотдан олинган ҳужжатда учраса, бундай ҳужжат алмаштирилиши ёки чақириб олиниши керак.

Бошқа ҳолларда раддия бериш тартиби суд томонидан белгиланади.

Фуқаро оммавий ахборот воситаларида унинг ҳуқуқлари ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларини камситувчи маълумотлар эълон қилинганда у айни ўша оммавий ахборот воситалари орқали чиқиб, ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.

Башарти, суднинг ҳал қилув қарори бажарилмаса, суд қоидабузарга қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда ва тартибда ундириладиган жарима солишга ҳақлидир. Жаримани тўлаш қоидабузарни суднинг ҳал қилув қарорида назарда тутилган ҳаракатларни бажариш вазифасидан озод этмайди.

Ўзининг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар тарқатилган фуқаро бундай маълумотлар рад этилиши билан бир қаторда уларни тарқатиш оқибатида етказилган зарарлар ва маънавий зиёнинг ўрнини қоплашни талаб қилишга ҳақлидир.

Ушбу моддадаги фуқаронинг ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қоидаси юридик шахснинг ишчанлик обрўсини ҳимоя этишга нисбатан ҳам тегишли йўсинда татбиқ этилади.


1. “Шаън”, “қадр-қиммат”, “обрў” тушунчалари аслида шахснинг маънавий мақомини, унинг ўзига берадиган баҳосини ва жамиятдаги ўрнини белгиловчи қадриятларга мос тушади. Ҳар бир инсоннинг шаън ва қадр-қимматга тажовуз қилинишидан ҳимояланиш ҳуқуқи эътироф этилади ва давлат томонидан олий қадрият сифатида қўриқланади (ЎзР Конституциясининг 27-моддаси). Ишчанлик обрўси фуқарони ходим сифатида тавсифлайди, унинг меҳнат бозорида талаб қилинадиган касбий сифатларига баҳо беради.

Путур етказувчи маълумотларни тарқатиш - бундай маълумотларни кенг жамоатчиликка, бир неча ёки хеч бўлмаганда битта одамга ошкор қилинишидир. Хабар бериш оммавий ёки хусусий тарзда, ёзма ёки оғзаки шаклда, оммавий ахборот воситаларидан фойдаланилган ҳолда, шунингдек тасвирий усулда (расм, фотомонтаж) амалга оширилиши мумкин.

Шаън, қадр-қиммат ва ишчанликка путур етказувчи маълумотларни бу маълумотлар тегишли бўлган шахснинг ўзига хабар қилиниши бундай маълумотларни тарқатиш деб тан олинмайди.

Суд қароралари ва ҳукмлар, дастлабки тергов органларининг қарорлари таркибида ва шикоят киритиш бўйича қонунларда ўзгача тартиб ўрнатилган бошқа расмий ҳужжатлар таркибида мавжуд маълумотларни шарҳланаётган моддада белгиланган тартибда рад этиш талаблари кўриб чиқилмайди (демак, ушбу ҳолатларга шархланаётган норма тааълуқли эмас).

Фуқаронинг шаъни ва қадр-қиммати шунингдек, туҳмат ва ҳақорат учун жавобгарликни (ЎзР ЖК, 139, 140-моддалар) назарда тутган қонун билан ҳам ҳимояланади. Туҳмат ва ҳақорат - била туриб қасддан содир этиладиган жиноятлардир. Агар жабрланувчи ўзини шарманда қилувчи маълумотлар атайлаб тарқатилган деб ҳисобласа, айбдорни жиноий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги шикоят билан судга мурожаат этишга ҳақли. Жиноят ишини кўриб чиқиш ва бир вақтнинг ўзида ЎзР ФКнинг 100-моддаси бўйича даъвони ҳал этишга йўл қўйилмайди. Бироқ жинояий иш қўзғатишни рад этилиши ёки унинг тўхтатилиши, ҳукм (айбловчи ёки оқловчи) эълон қилиниши шаън ва қадр-қимматни фуқаролик судлови тартибида кўриб чиқилиши учун тўсқинлик қилмайди.

Путур етказувчи маълумотлар фуқаронинг шаъни ва қадр-қимматини жамоатчилик фикрида ёки алоҳида шахслар фикрида камситилишидир. Тарқатилган маълумотларнинг путур етказувчи хусусиятга эга эканлигини суд томонидан эътироф этиш учун объектив мезон бўлиб амалдаги ҳуқуқий меъёрлар, умуминсоний ва касб-кор ахлоқига оид тамойиллар, ишчанлик муомаласи урф-одатлари хизмат қилади.

Мазкур меъёрлар ва тамойилларнинг бузилишига оид даъволар одатда, фуқаро томонидан муайян ножўя ҳатти-ҳаракатларнинг амалга оширилгани тўғрисидаги путур етказувчи маълумотлардан, таъбир жоиз бўлса, мулохаза фактидан иборат бўлади. Мулохазаларнинг фактларидан қилинишидан баҳо беришни (фикр билдириш, талқин этишни) ажрата билиш зарур. Баҳолашда факт қайд этилмайди, балки инсоннинг предметга ёки унинг алоҳида белгиларига (“яхши-ёмон”, “сахий-бахил”, “жуда соз-нобоп”, “жозибадор-нафратлантирувчи” ва ш.к.) муносабати ифода этилади. Шу сабабли баҳолашга нисбатан ҳаққоний ёки ёлғон тушунчаларини қўллаб бўлмайди. Айни чоғда шуни ҳам ҳисобга олиш керакки, аниқ ва тавсифловчи мулоҳазалар билан бир қаторда, тилда кенг қатламли далилга иқтибос қилинадиган баҳоловчи иборалар, яъни ўз таркибига баҳолаш шаклидаги мулоҳазаларни киритган муайян талқинга эга сўзлар ҳам мавжуд (“жиноятчи”, “инсофсиз”, ёлғончи”, “нолойиқ”, “лафзсиз” ва ш.к.). Бундай мулоҳазаларнинг ҳақиқатга мослигини текшириб кўриш ва исботланмаган тақдирда, рад этиш зарур. Ҳар қандай ҳолда ҳам, аниқланганлик даражасидан қатъий назар, сиёсий ва мафкуравий баҳолашлар; илмий иш ёки концепция юзасидан танқидий мулоҳазалар; ахлоқий ва ишчанлик жиҳатидан характер хусусиятлари, жисмоний камчиликлар тўғрисидаги маълумотлар путур етказувчи маълумот деб эътироф этилиши мумкин эмас.


3. Шарҳланаётган модда шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини фақатгина путур етказувчи маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаган ҳоллардагина ҳимоя қилади. Шу сабабли ҳаққонийлигини текшириб бўлмайдиган ҳақоратловчи иборалар ва ўхшатишларни рад этиш мумкин эмас. Нашр муаллифи томонидан фойдаланилган материални етказиб бериш шакли, баён этиш услуби, бадиий усуллар шарҳланаётган модда бўйича даъво предмети бўлиши мумкин эмас. Исботланганлиги жиҳатидан фақатгина мулоҳазалар эмас, балки таҳминлар (эҳтимоллар) ҳам текширилиши мумкин. Умумий қоидага кўра, таҳминий мулоҳазаларда фактлар тасдиқ билан таъкидланмагани сабабли, суд томонидан рад этилмайди. Аммо суд мажлисида ёлғонлиги аниқланган далилларга асосланган эҳтимолларга (шубҳаларга) уларнинг путур етказувчи маъно бахш этишини инобатга олиб, ўша далилларнинг ўзи билан бирга раддия берилиши шарт (шубҳа билан боғланмаган фактларнинг ўзи алоҳида ҳолда ҳуқуқий ва ахлоқий жиҳатдан нейтрал бўлиши мумкин). Ҳодисалар, миш-мишлар, гап-сўзларга иқтибос келтирилган ҳолатларда, миш-мишлар ҳақиқатан ҳам тарқалганлигини ва тарқатиш манбаи мавжуд бўлганлигини исботлаш зарур. Акс ҳолда миш-мишлар уларнинг манбаи тўғрисидаги маълумот рад этилиши шарт. Тарқатилган маълумотларнинг хусусиятини аниқлаш учун судя нашрнинг мақсади ва жанрини, можарога сабаб бўлган сўз ёки ибора ишлатилган матн маъносини инобатга олиши даркор.


4. Шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш тўғрисидаги даъво билан муомалага лаёқатли фуқаролар, агар улар ўзлари тўғрисида путур етказувчи ва ҳақиқатга мос келмайдиган маълумотлар тарқатилган деб ҳисобласалар, чиқишлари мумкин. Вояга етмаган ва муомалага лаёқатсизларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш масаласида судга уларнинг қонуний вакиллари мурожаат этиши мумкин. Шарҳланаётган модда фуқаронинг шаъни ва қадр-қимматини унинг вафотидан кейин ҳам ҳамоя қилиш имконини беради. Бундан манфаатдор бўлган шахслар сифатида фуқаролар (қариндошлар, ворислар, ҳаммуаллифлар) ҳам, юридик шахслар (масалан, марҳум бошчилик қилган ташкилот) ҳам чиқиши мумкин.

Шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилишга оид ишда путур етказувчи маълумотларни тарқатган шахслар жавобгар бўлиб ҳисобланади. Оммавий ахборот воситалари орқали тарқатилган маълумотларни рад этиш ҳақидаги даъволар бўйича мажбурий равишда солидар жавобгарлик вужудга келади: жавобгар шахслар сифатида муаллиф ва тегишли ОАВнинг таҳририяти жалб этилади. Агар бундай маълумотларни кўриб чиқиш чоғида муаллифнинг номи кўрсатилмаган ёки у таҳаллусдан фойдаланган бўлса, даъво бўйича фақат таҳририят жавоб беради.

Агар ОАВ таҳририяти юридик шахс ҳисобланмаса, ишда жавобгар сифатида мазкур ОАВнинг муассиси жалб этилади. Бироқ, юридик шахс ҳисобланмаса-да, таҳририят - ОАВдаги путур етказувчи маълумотларни рад этиш талаби қўйилган барча даъволар бўйича - тегишли жавобгар хисобланади.

ЎзР 1997 йил 26 декабрдаги “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонунининг (Янги таҳрири) 5-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида оммавий ахборот воситалари эркин бўлиб, ўз фаолиятларини мазкур қонунга ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади, бу эса моҳиятан уларнинг эркинликларини англатади.

Мазкур Қонуннинг 7-моддасига кўра оммавий ахборот воситаларини цензура қилишга йўл қўйилмайди. Эълон қилинаётган хабарлар ёки материаллар олдиндан келишиб олинишини, шунингдек матннинг ўзгартирилишини ёки уларни тўлиқ нашрдан (эфирдан) олиб қолинишини талаб этишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Мазкур Қонуннинг 15-моддасига мувофиқ Таҳририят ўзининг касбий фаолиятида мустақилдир.

Шу сабабли суднинг раддия чоп этиш (радиодан ва телевидениедан ўқиб эшиттириш) тўғрисидаги қарори ишда ҳам жавобгар сифатида иштирок этаётган ОАВ таҳририятига бевосита қаратилиши шарт. Акс ҳолда қарор амалда бажарилмай қолади. Даъво қаноатлантирилган тақдирда муассисга зарарни ва маънавий зиённи қоплаш жавобгарлиги юклатилиши мумкин.

Раддия - шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўси бузилган ҳолатда қўлланиладиган махсус ҳимоя чорасидир. Раддия бериш мажбурияти айбдорлиги ёки айбдор эмаслигидан қатъий назар, путур етказувчи ва ҳақақатга мос келмайдиган маълумотларни тарқатувчининг зиммасига юклатилади. Хусусан, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонуннинг 40-моддасида оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилиши учун жавобгарлик белгиланган.

Бош муҳаррир, шунингдек журналист оммавий ахборот воситаларида ҳақиқатга мос келмайдиган материалларни тарқатганлик учун қуйидаги ҳолларда жавобгар бўлмайди:

агар бу маълумотлар расмий хабарлардан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан ёки расмий статистика ҳисоботлари маълумотларидан ёхуд ахборот агентликлари ёки давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг матбуот хизматлари орқали олинган бўлса;

агар бу маълумотлар олдиндан ёзиб олинмасдан эфирга бериладиган муаллифлик чиқишларида мавжуд бўлса ёки чиқишларнинг сўзма-сўз такрорланиши (стенография, аудио, видеоёзуви) бўлса.

Аммо бу ҳолларда ҳам раддия (суд қарори тўғрисидаги хабар кўринишида) бериш мажбурияти ОАВ таҳририятига юклатилади, зеро махсус ҳимоя чораси учун асос бўлиб ҳуқуқ бузилиш ҳолатининг ўзи хизмат қилган. ЎзР ФКнинг 100-моддаси тартибида даъво муайян бир путур етказувчи маълумотларни тарқатган бир неча ОАВ га қўйилиши ҳам мумкин. Барча жавобгарлар бу маълумотларга раддия беришга мажбур бўлиб ҳисобланадилар, жавобгарлик эса ана шундай маълумотлар биринчи бўлиб тарқатилган ОАВ таҳририятига ёки уларни етказиб берган фуқаролар ёки ташкилотларга юклатилади.

Раддия бериш тартиби “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонуннинг 34-моддасида батафсил тартибга солинган.

Юридик ёки жисмоний шахс оммавий ахборот воситасида эълон қилинган, ҳақиқатга мос келмайдиган ҳамда ўзининг шаъни ва қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсини таҳқирловчи маълумотлар учун раддия беришни таҳририятдан талаб қилишга ҳақлидир.

Эълон қилинган материал туфайли ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган юридик ва жисмоний шахслар мазкур оммавий ахборот воситасида раддия ёки жавобни эълон қилишга ҳақлидир. Раддия ёки жавоб жавоб берилишига сабаб бўлган материал босилган айни ўша саҳифада махсус рукн остида эълон қилиниши керак.

Раддия ёки жавоб газеталарда улар олинган кундан эътиборан бир ой ичида, бошқа даврий нашрларда навбатдаги сонда эълон қилиниши шарт.

Теле, радио, видео, кинохроникал дастурлар ва оммавий ахборотни даврий тарқатишнинг бошқа электрон шакллари таҳририяти томонидан олинган раддия ёки жавоб айнан ўша дастур ёки туркумда, келган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай эфирга берилади.

Агар раддия ёки жавобни эълон қилиш ҳажми ва вақти оммавий ахборот воситасининг фаолиятига зарар етказиши мумкин бўлса, матнни ахборот манбаи ёки муаллиф билан келишилган ҳолда асосланган таҳрир қилишга йўл қўйилади.

Оммавий ахборот воситаси раддияни, жавобни эълон қилишдан бўйин товласа ёхуд уларни эълон қилиш учун белгилаб қўйилган муддатни бузса, юридик ёки жисмоний шахс даъво аризаси билан судга мурожаат қилишга ҳақлидир.

Қонунда ҳужжат таркибини ташкил этувчи маълумотларни рад этишнинг ҳам алоҳида тартиби назарда тутилган: у алмаштирилиши ёки чақириб олиниши зарур. Бошқа ҳолатларда рад этиш тартиби суд томонидан путур етказувчи ахборотнинг тарқатилиши усулига кўра белгиланади. Суд томонидан кўпинча жавобгарга юклатиладиган “даъвогардан узр сўраш” мажбурияти ҳам қонунга мувофиқ келмайди. Раддия узр билдиришда эмас, балки маълумотнинг ҳақиқатга мос эмаслигини хабар қилишдан иборат.

Шарҳланаётган моддада фуқаро унинг ҳуқуқлари ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларини камситувчи маълумотлар эълон қилинганида, у айни ўша оммавий ахборот воситалари орқали чиқиб, ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқи мустаҳкамлаб қўйилган.

Юридик ва жисмоний шахс таҳририятдан оммавий ахборот воситасида эълон қилинган ҳақиқатга мос келмайдиган ва уни камситувчи ва шаъни, қадр-қимматига путур етказувчи маълумотларни рад этишни талаб қилишга ҳақлидир.

Эълон қилиш натижасида ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган юридик ва жисмоний шахслар ўша оммавий ахборот воситасининг ўзида раддия беришга ҳақлидирлар.

Бундай турдаги маълумотлар жумласига фуқаро таржимаи ҳолининг ёки меҳнат фаолиятининг бузиб кўрсатилиши ёхуд ҳақиқатга мос бўлса-да, шахсий ҳаётга дахл қилиш билан боғлиқ, шахсий ёки оила сирини ошкор этувчи ахборотлар киради.

ЎзР “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонунда шунингдек оммавий ахборот воситаси раддия ёки жавобни эълон қилишдан бош тортган ҳолда ёхуд эълон қилишнинг ўрнатилган муддатини бузган ҳолда юридик ёки жисмоний шахс судга даъво аризаси билан мурожаат этиш ҳуқуқи кўзда тутилган.

Шарҳланаётган моддада бу меъёр кўрсатиб ўтилмаган.

ОАВга нисбатан шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилишга оид даъволар бевосита судга тақдим этилади. Аввалдан таҳририятга раддия бериш тўғрисида мурожаат этилганлиги кейинчалик путур етказувчи ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни суд орқали рад этилишини талаб этиш ҳуқуқининг ҳуқуқий табиатига таъсир эта олмайди. Барча ҳолатларда ҳам шаън, қадр-қиммат ва ишчанилик обрўсини суд орқали ҳимоя қилиниши ОАВ таҳририятининг раддияни эълон қилишдан бош тортганлиги устидан шикоятни кўриб чиқиш тарзида эмас, даъво ишини кўриш тарзида амалга оширилади.

Шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотларни эълон қилиш орқали етказилган зиённи қоплаш ЎзР ФКнинг “Зарар етказишдан келиб чиқадиган мажбуриятлар” номли 57-бобида келтирилган меъёрлар асосида амалга оширилади. Маънавий зарар ЎзР ФКнинг 1022-моддасига мувофиқ қопланади.

ОАВга даъво ишлари бўйича қоплаш миқдори путур етказувчи маълумотларнинг хусусияти ва мазмунига, уни тарқатиш миқёсига боғлиқ. ЎзР “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонунида (40-модда) оммавий ахборот воситаларида ҳақиқатга мос келмайдиган материалларни эълон қилганлик учун бош муҳаррир ва журналистни жавобгарликдан озод қилувчи, демак-ки путур етказувчи ва ёлғон маълумотларни тарқатганлик учун жавобгарликдан озод қилувчи ҳолатлар рўйхати берилган.

Агар ОАВ таҳририяти даъвогарни қаноатлантирувчи раддияни ихтиёрий равишда берган бўлса, маънавий зарарни қоплаш тўғрисидаги талаб алоҳида бериши ҳам мумкин. Аммо шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш тўғрисидаги даъвони, агар эълон қилинган материал муаллифи раддиядан норози бўлса, маънавий зарарни қоплаш тўғрисидаги даъвога айлантиришга йўл қўйилмайди.


5. ЎзР ФКда шарҳланаётган модданинг тўққизинчи қисмига биноан юридик шахснинг ишчанлик обрўси фуқаронинг ишчанлик обрўси ҳимоя қилинадиган қоидаларга мувофиқ ҳимоя қилинади. Юридик шахс суд орқали раддия беришни талаб қилиш, ўз жавобини ОАВ орқали эълон қилиш каби ҳуқуқларга эга. Манфаатдор шахсларнинг (масалан, ҳуқуқий ворисларнинг) талаби бўйича юридик шахснинг ишчанлик обрўсини ҳимоя қилишга у тугатилганидан кейин ҳам йўл қўйилади.

Бунда шуни эътибордан қочирмаслик керакки, шаън ва қадр-қимматдан фарқли равишда, ишчанлик обрўси тўғрисидаги эслатма Конституцияда мавжуд эмас ва мутлақо фуқаролик ҳуқуқи даражаси сифатида кўрсатиб ўтилади. Фуқаролик-ҳуқуқий маънода бу тушунча фақат тадбиркорлик фаолиятида, иш муомаласида иштирок этаётган юридик шахсларга нисбатан қўлланилиши мумкин. ЎзР ФКда “иш муомаласи одатлари” (ЎзР ФК 6-модда) тўғрисида сўз боради. Маъмурий бўйсинишга асосланган муносабатларга нисбатан фуқаролик қонун ҳужжатлари қўлланилмайди (ЎзР ФК 2-модда). Ҳокимият ва бошқарув вазифаларини бажараётган давлат органлари ишчанлик обрўсини сохиби бўлиб ҳисобланмайдилар ва уни судда ҳимоя этишни талаб қилишга ҳақли эмаслар. ЎзР ФКнинг 79-моддасига мувофиқ давлат (унинг органлари) фақат фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларнинг тенг ҳуқуқли иштирокчилари сифатида қатнашаётганида фуқаролик ҳуқуқлари субъектлари бўлиши мумкин. Фуқаролик қонунчилиги билан тартибга солинадиган муносабатларда давлат номидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ва улар махсус вакил қилган бошқа органлар иштирок этадилар.

ФК путур етказилган юридик шахсга етказилган маънавий зарарни қоплаш масаласида етарли даражада аниқ фикр айтилмаган. Шарҳланаётган модданинг тўққизинчи қисмида юридик шахснинг ишчанлик обрўсини ҳимоя қилишга фуқаронинг ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш тўғрисидаги барча қоидаларни ҳеч қандай ўзгаришсиз татбиқ этиб (“тегишли йўсинда” дегани “худди шу каби”, тенг миқдорда”, “шунингдек” деган маъноларни англатиши ҳам мумкин), айни чоғда юридик шахснинг маънавий зарарни ундиришга бўлган ҳуқуқини кўзда тутади. Бошқа томондан, ЎзР ФКнинг 1022-моддасида маънавий зарар жисмоний ва маънавий азоблар сифатида таърифланиб, унинг учун товон олиш ҳуқуқи фақат фуқарога нисбатан мустаҳкамлаб қўйилган.

Шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилишни талаб этишга нисбатан даъво муддати қўлланилмайди.

Путур етказувчи ва ҳақиқатга мос келмайдиган маълумотларни тарқатиш орқали етказилган зарарни қоплаш ва маънавий зарарни ундириш учун 3 йиллик умумий даъво муддати қўлланилади.

Даъвогарга маълумотларнинг тарқатилганлиги ва улар путур етказувчи хусусиятга эга эканлигини исботлаш мажбурияти юклатилган. Жавобгар маълумотлар ҳақиқатга мос эканлигини исботлаши шарт.

Шарҳланаётган модданинг тузилиши фуқарони диффамациядан, яъни унга путур етказувчи ҳақиқий маълумотларни тарқатилишидан ҳимоялай олмайди. Бироқ, фикримизча, ЎзР Конституциясининг 27-моддаси, унинг шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимоялар экан, фуқарога ЎзР ФКнинг 1022-моддасига мувофиқ диффамация туфайли етказилган маънавий зарарни қоплашни талаб этиш ҳуқуқини беради. Ўйлаймизки, агар шахсий ҳаётга оид тарқатилган маълумотлар ижтимоий аҳамиятга эга бўлса (масалан, юқори лавозимли амалдорлар ва сиёсатчиларнинг улар томонидан ўз лавозим вазифаларини лозим даражада бажариш учун тўсқинлик қиладиган касалликлари ва нуқсонлари тўғрисидаги ахборот), жавобгарлик вужудга келмайди.



4-КИЧИК БЎЛИМ. БИТИМЛАР ВА ВАКИЛЛИК


9-боб. Битимлар (1-2-§§. 101-128-моддалар)

10-боб. Вакиллик ва ишончнома (129-144-моддалар)



9-БОБ. БИТИМЛАР


1-§. Битимлар тушунчаси, турлари ва шакли (101-112-моддалар)

2-§. Битимларнинг ҳақиқий эмаслиги (113-128-моддалар)



1-§. БИТИМЛАР ТУШУНЧАСИ, ТУРЛАРИ ВА ШАКЛИ


101-модда. Битимлар тушунчаси

102-модда. Битим турлари

103-модда. Бир тарафлама битимларни ҳуқуқий тартибга солиш

104-модда. Шартли битимлар

105-модда. Битимларнинг шакли

106-модда. Битимнинг оғзаки шакли

107-модда. Битимнинг ёзма шакли

108-модда. Битимнинг оддий ёзма шакли

109-модда. Битимнинг оддий ёзма шаклига

риоя қилмаслик оқибатлари

110-модда. Битимларни нотариал тасдиқлаш

111-модда. Битимларни давлат рўйхатидан ўтказиш

112-модда. Битимнинг нотариал шаклига ва уни рўйхатдан

ўтказиш талабига риоя қилмасликнинг оқибатлари



101-модда. Битимлар тушунчаси


Битимлар деб фуқаролар ва юридик шахсларнинг фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларини белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилишга қаратилган ҳаракатларига айтилади.


1. Битимлар - жисмоний ва юридик шахсларнинг онгли, аниқ мақсадга қаратилган, эрк-ирода асосидаги хатти-ҳаракатлари бўлиб, уларни амалга ошириш орқали улар муайян ҳуқуқий оқибатларга эришишга интиладилар. Масалан, қарзга пул бериш қарзга пул берган шахсда (қарз берувчида) қарзни қайтариб олиш ҳуқуқини, қарзни олган шахсда (қарздор) эса қарзга олган пулини ёки ашёларни қайтариш мажбуриятини вужудга келтиради.

Битимнинг моҳияти субъектнинг эрк изхорига асосланган, унинг негизида унинг иродаси ётади. Эрк-ирода - шахснинг қўйилган мақсадга эришиш йўлига йўналтирилган ва асосланган истагидир. Битим субъектларининг эрк-иродаси мазмуни ижтимоий-иқтисодий омиллар таъсири остида шаклланади: тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи шахслар фойда олиш мақсадида товарларнинг сотилиш, хизмат кўрсатиш учун битим тузадилар; фуқаролар битим тузиш орқали моддий ва маънавий эҳтиёжларини қондирадилар ва ҳ.к.

Эрк-изхори - шахснинг ўз ифодасини ташқарига баён этмоғи бўлиб, шу орқали бошқа шахслар ҳам ундан воқиф бўлишлари мумкин бўлади. Эрк-изхори - битимнинг айнан моҳиятидир. Шу сабабли, умумий қоидага кўра, барча ҳуқуқий оқибатлар эрк- изхори билан боғланади. Айрим ҳолларда битимдан ҳуқуқий оқибат вужудга келиши учун, фақат эрк изхорининг ўзигина эмас, балки мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш ҳаракати ҳам талаб этилади. Масалан, ашёни ҳадя қилиш битими вужудга келиши учун ҳадя қилувчининг ҳадя қилиш, ҳадя олувчининг ҳадяни олиш эрк изхоридан ташқари, ҳадя қилувчи ашёни ҳадя қилинаётган шахсга ўтказиб бериши талаб этилади.

Битим - субъект томонидан учинчи шахсларга қаратилган эрк изхоридир. Ўз-ўзига нисбатан битимни амалга ошириш мумкин эмас. Битимларга субъектнинг шундай эрк изхорини киритиш мумкин-ки, бунда субъектнинг учинчи шахслар билан муносабати ҳуқуқ ва мажбуриятларни белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилиш мақсадида амалга оширилади.

Субъектнинг иродаси атрофдагилар учун аниқ ва тушунарли тарзда ифодаланиши зарур. Битим тузаётган субъектлар иродасини ифодалаш, мустаҳкамлаб қўйиш ёки тасдиқлаш амаллари битим шакллари деб аталади. Ирода қуйидагича ифода этилиши мумкин:

- оғзаки;

- ёзма;

- конклюдент ҳатти-ҳаракатларни бажриш;

- сукут (ҳаракатсизлик).

Битим шаклини субъектнинг иродасини ифодаси деб эътироф этилиши қуйидаги азалий масалани ўртага қўяди: битим қатнашчиларининг ҳақиқий майиллари (хоҳиши) ва мақсадларини аниқлаш учун асосий эътиборни нимага қаратиши - юқорида кўрсатиб ўтилган шакллардан бирида амалга оширилган эрк-изҳорига қаратиш зарурми ёки иродагами? Худди шу ўринда битимни талқин этишда муаммо юзага келади. Бу муаммо цивилистиканинг абадий муаммоларидан ҳисобланади. Сўз ва ирода ўртасидаги тарафларнинг кураши бутун мумтоз (классик) юриспруденция орқали ўтади(31).

Амалдаги қоунучилик битимларнинг ҳаққонийлиги ёки ҳаққоний эмаслиги масаласини ҳал этишда муайян ҳолатларда субъектнинг эрк изхорини эмас, балки унинг ҳақиқий иродасини устувор қўяди. Бу нарса айниқса кўзбўямачилик битимини, яъни бошқа битимни ниқоблаш учун тузилган битимни ифодалашда яққол намоён бўлади (ФК 124-модданинг иккинчи қисми). Шахснинг эрк изхорини ифода этувчи кўзбўямачилик битимининг ўзи ҳамиша ўз-ўзича хақиқий эмасдир. Бунда шахснинг кўзбўямачлик битими остига яширилган ҳаққоний хоҳиши, иродаси устуворликка эга бўлади. Шу сабабли, қонун бундай ҳолларда кўзбўямачилик битимларига тааллуқли қоидаларни қўллаш зарурлигини тақозо этади.

Шу билан бирга қайд этиш лозим-ки, амалдаги фуқаролик қонун ҳужжатларида умумий қоида сифатида эрк-изхорининг хоҳиш ирода олдидаги устуворлиги эътироф этилади. ФКнинг 363-моддасига биноан шартноманинг шартларини шарҳлашда суд томонидан унда мавжуд сузлар ва ибораларнинг асл, том маъноси эътиборга олинади. Шартноманинг шарти аниқ бўлмаса, унинг асл маъноси уни бошқа шартларга ва бутун шартноманинг маъносига таққослаш йўли билан аниқланади. Агар баён этилган қоидалар шартноманинг мазмунини аниқлаш имконини бермаса, тарафларнинг ҳақиқий хоҳиш-иродаси шартноманинг мақсадини ҳисобга олган ҳолда аниқланиши керак. Бунда барча тегишли ҳолатлар, шу жумладан шартнома тузиш олдидан олиб борилган ёзишмалар, тарафларнинг ўзаро муносабатларида қарор топган амалиёт, иш муомаласи одатлари, тарафларнинг кейинчалик ўзини қандай тутганлиги эътиборга олинади.

Кўриниб турибдики, шартномани шарҳлашнинг қонун томонидан белгилаб берилаётган услублари биринчи навбатда тарафларнинг эрк-изхорининг мазмунини аниқлашга қаратилган, ва фақат буни аниқлашнинг имкони бўлмаган тақдирда, уларнинг ҳақиқий хоҳиши (иродаси) аниқланиши даркор.


2. Битимнинг асоси (мақсади)

Битим - субъектнинг учинчи шахсларга нисбатан ҳуқуқ ва мажбуриятларни юзага келтириш, ўзгартириш ёки бекор қилиш мақсадида амалга ошириладиган эрк изҳоридир. Битимни тузаётган субъектлар томонидан кўзланаётган мақсад ҳамиша ҳуқуқий хусусиятга эга бўлади - мулк ҳуқуқини, муайян ашёдан фойдаланиш ҳуқуқини қўлга киритиш ва ҳ.к. Шу сабабли, ҳуқуқий мақсадни кўзда тутмайдиган маънавий-маиший келишувлар - учрашув тўғрисидаги, сайр қилиш тўғрисидаги келишувлар битим бўла олмайди. Битимлар амалга оширилиши учун асос бўлувчи мана шундай турдаги битимлар учун хос бўлган типик ҳуқуқий мақсад битимнинг асоси деб аталади.

Хусусан, қарз шартномасининг асоси (типик ҳуқуқий мақсад) қарз берувчи томонидан қарз олувчининг эгалигига пул ёки бошқа тур белгилари билан ажратиладиган ашёларни унинг зиммасига ўша миқдордаги пулни ёки ўша турдаги ва сифатдаги тенг миқдордаги ашёларни қайтариш шарти билан ўтказиб беришдан иборат. Ҳадя шартномаси учун ҳадя қилувчи томонидан мол-мулкни ҳадя олувчининг эгалигига текин ўтказиб бериш асос (типик ҳуқуқий мақсад) бўлиб ҳисобланади. Табиийки, агар бирон шахс иккинчисининг эгалигига, айтайлик, пул ўтказиб бераётган бўлса, уларнинг иккаласи учун ҳам пулни бераётган томонидан қандай ҳуқуқий мақсад - уларни қайтариш мажбуриятисиз текин ўтказиб беришми, ёки уларни қайтариш мажбурияти биланми, яъни ҳадя ёки қарз кўзда тутилганини билиш муҳимдир. Мана шу ҳолатда нима сабабдан ҳуқуқий мақсад битимнинг асоси деб аталиши кўриниб турибди. Битимни ҳуқуқ ва мажбуриятларни белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилиш мақсадида амалга оширилувчи ҳатти-ҳаракат деб таърифланиши мавҳум тушунча ҳисобланади. Битим тузаётган шахс томонидан кўзда тутилган ҳуқуқий мақсад туфайли у муайян ҳуқуқий аниқликка эга бўлади, яъни бу битим эрк-изхорининг амалдаги фуқаролик қонун ҳужжатлари томонидан эътироф этилган қайси турига (бир тарафлама битим ёки шартнома) киради деган саволга жавоб бериш имконини беради.

Битимнинг тузилиши сабабли субъектлар учун келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг ҳуқуқий натижасини ташкил этади. Битимларнинг ҳуқуқий натижалари ниҳоятда турли-туман. Бу мулк ҳуқуқини қўлга киртиш, мажбурият бўйича талаб қилиш ҳуқуқининг кредитордан учинчи шахсга ўтказилиши, вакилга тегишли ваколатларнинг вужудга келиши ва ҳ.к. бўлиши мумкин.

Битим тарзида ноқонуний ҳаракатлар амалга оширилган ҳолатларда мақсадлар ва ҳуқуқий натижа мос келмаслиги мумкин. Агар, ҳадя қилиш баҳонаси остида фуқаро жиноий йўл билан қўлга киритган мол-мулкини мусодара этилишидан қутқариб қолаётган бўлса, қалбаки битимнинг ҳақиқий эмаслиги сабабли мулк ҳуқуқининг ўтказиб бериш тарзидаги ҳуқуқлари кучга кирмайди ва мол-мулк мусодара қилинаверади. Битим субъектлари интилган ҳуқуқий натижага, масалан, битимдан келиб чиқадиган мажбуриятнинг бажарилмай қолиши ёки битим предмети ҳисобланган ашёнинг нобуд бўлиши каби ҳолатларда ҳам натижага эришилмаслиги мумкин.

Битимнинг ҳуқуқий мақсадларини унинг амалга оширилишига сабаб бўлган истак- майлдан (мотивидан) ажрата билиш зарур мотив онгли эҳтиёж, онгли интилиш сифатида субъектларни битимни тузишга даъват этади ва унинг ҳуқуқий таркибий қисми бўлиб хизмат қилмайди.


3. Битим қонуний ҳатти-ҳаракат сифатида.

Фақат қонун талабларига мувофиқ равишда амалга оширилган қонуний ҳатти-ҳаракатлар битим деб ҳисобланиши мумкин. Битимнинг қонунийлиги унинг битимни тузаётган шахслар вужудга келишини хоҳлаган ҳамда мазкур битим учун қонунда белгилаб қўйилган ҳуқуқий оқибатларни юзага келтирувчи юридик факт сифатига эга эканлигини англатади. Шу сабабли қонун талабларига мувофиқ амалга оширилган битим ҳақиқий, яъни битим субъектлари хоҳлаган ҳуқуқий натижани вужудга келтирган ҳуқуқий факт ҳисобланади.

Фуқаролик қонунчилиги битим қонуний хатти-ҳаракат эканлигидан келиб чиққан ва келиб чиқади. Ўғирланган мол-мулкнинг сотилиши, қарз олиш ёки бошқа шаклда амалга оширилган ўзгаларнинг мол-мулкини фирибгарлик йўли билан эгаллаб олиниши ҳуқуқий натижани - мулк ҳуқуқининг ўтказиб берилишини юзага келтирмайди, зеро бу хатти-ҳаракатлар ноқонуний бўлиб, фақат битим кўринишида ниқобланган. Бундай хатти-ҳаракатлар қонун чиқарувчи томонидан ноқонуний хатти-ҳаракатларни амалга оширилиши борасида кўзда тутган оқибатларни келтириб чиқариши мумкин. Бинобарин, қонунда битимларни ҳақиқий эмас деб топилишининг асослари ва оқибатлари ўрнатилар экан, қонун чиқарувчи бу орқали мазкур ҳолатларда битим кўриниши остида ноқонуний хатти-ҳаракатлар бажарилганлигини ҳисобга олади.

Битимларнинг ижтимоий ва иқтисодий аҳамияти уларнинг моҳияти ва алоҳида юридик-ҳуқуқий хусусиятларидан келиб чиқади. Фуқаролик ҳуқуқи тенг, мустақил ва бир-бирига тобе холи бўлмаган тарафларнинг товар-пул ва бошқа турдаги муносабатларининг тартибга солинишига хизмат қилади. Юқорида кўрсатиб ўтилган субъектлар ўртасида ҳуқуқий муносабатларни ўрнатиш ва бу муносабатларнинг мазмунини белгилаш учун асосий ҳуқуқий восита бўлиб битимлар хизмат қилади. Айнан битимлар шундай ҳуқуқий воситадир-ки, унинг ёрдамида ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан тенг ҳуқуқли ва мустақил субъектлар ўзларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқлайдилар ва шу орқали ўзаро муносабатларининг қонуний чегараларини белгилайдилар.

Жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида икки тарафлама (кўп тарафлама) битимлар - шартномалар алоҳида аҳамият касб этади. Шартномалар иқтисодий фаолият субъектлари хоҳиши бўйича келишув воситасидир. Шу сабабли шартномаларни иқтисодий тизимнинг шу шартномалар доирасида ҳаракат қилаётган фуқаролар ва ташкилотларнинг тенглигига асосланган ўз-ўзини тартибга солиш воситаси дейиш мумкин. Товарларни, хизматларни айирбошлаш бўйича кўплаб иқтисодий амалиётларни бирлаштириб турувчи шартномалар туфайли бозор ишлаб чиқариши шароитларида жамиятдаги иқтисодий манфаатларнинг мутаносиблигига эришилади, зеро шартномалар жамият аъзоларининг реал эҳтиёжлари ва манфаатларини ҳисобга олиш имконини беради.

Битимларнинг тузилиши - субъектив фуқаролик ҳуқуқларининг амалга оширилишининг муҳим қонуний усулидир. Битимлар тузиш орқали субъектлар ўзларига тегишли ижтимоий-иқтисодий неъматларни тасарруф этадилар ва бошқаларга тегишли неъматларни олиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Битмилар жамият ҳаётида кўп қиррали аҳамият касб этади. Шу сабабли фуқаролик ҳуқуқида қонун билан тақиқланмаган ҳар қандай битим ҳақиқий деб эътироф этиладиган йўл қўйиб бериш тамойили, яъни битимларнинг эркинлиги тамойили ўрнатилган (ФК 8-модда).



102-модда. Битим турлари


Битимлар бир тарафлама, икки тарафлама ёки кўп тарафлама (шартномалар) бўлиши мумкин.

Битим тузиш учун қонун ҳужжатларига ёки тарафларнинг келишувига мувофиқ бир тарафнинг хоҳиши зарур ва етарли бўлса, бундай битим бир тарафлама битим ҳисобланади.

Шартнома тузиш учун икки тараф (икки тарафлама битим) ёки уч ёхуд ундан кўп тараф (кўп тарафлама битим) келишиб хоҳиш билдирган бўлиши керак.


1. Барча битимларда умумий аломатларнинг мавжуд эканлиги уларни қуйидаги турларга ажратилишини истисно этмайди:


а) бир тарафлама, икки тарафлама ва кўп тарафлама;

б) текин ва хақ эвазига;

в) реал ва консенсуал;

г) сабабли ва мавҳум;

д) фидицуар (ишончга асосланган) ва нофидицуар (ишончга асосланмаган).


Битимлар таснифланаётган пайтда қўйиладиган мақсадига кўра бошқача тарзда таснифланиши ҳам мумкин. Масалан, тарафларнинг иродасини баён этилиш усулига кўра битимлар оғзаки ва ёзма турларга ажратилиши мумкин. Битимларни юридик таъсир механизми хусусиятларига кўра шартли ва шартсиз битимларга ажратилади ва ҳ.к. Битимларни корпорация аъзолари ва унинг ижро органлари ўртасидаги можароларнинг олдини олиш, битим тузилишидан манфаатдор шахслар томонидан мол-мулк ҳуқуқининг суиистеъмол қилинишига йўл қўймаслик асосида амалга оширишнинг алоҳида тартибига кўра, йирик битимлар ва манфаатдор шахслар томонидан тузилган битимларга ажратилади.

Бир тарафлама, икки тарафлама ва кўп тарафлама битимлар

Битимларнинг мазкур таснифи амалдаги қонунга асосланган. 102-модданинг биринчи қисмига мувофиқ битимлар икки ва кўп тарафлама (шартномалар) ва бир тарафлама бўлиши мумкин.


2. Битим тузиш учун қонун ҳужжатларига ёки тарафларнинг келишувига мувофиқ бир тарафнинг хоҳиши зарур ва етарли бўлса, бундай битим бир тарафлама битим ҳисобланади (ФК 102-модданинг иккинчи қисми).

Бир тарафлама битимларнинг амал қилиш механизми. ЎзР ФКнинг 103-моддасига кўра бир тарафлама битим уни тузган шахс учун ҳуқуқ ва бурчларни келтириб чиқаради. У бошқа шахслар учун қонунларда ёки бу шахслар билан келишувда белгиланган ҳоллардагина мажбуриятлар келтириб чиқариши мумкин. Бир тарафлама битим тузиш орқали мажбуриятларни юклатилишининг кўхна мисоли сифатида васият мажбуриятини кўрсатиш мумкин. ФКнинг 1132-моддасига мувофиқ васият қилувчи васият бўйича меросхўрнинг зиммасига бир ёки бир неча шахс (васият мажбурияти юзасидан ҳуқуқ олувчилар) фойдасига бирон-бир мажбуриятни (васият мажбуриятини) мерос ҳисобидан бажаришни юклашга ҳақли.

Умумий қоидага кўра, бир тарафлама битимда хоҳиш бир вақтнинг ўзида бир неча шахслар томонидан баён этилган бўлиши мумкин. Масалан, уйнинг сотилиши бўйича ишончнома унинг бир неча мулкдорлари томонидан берилиши, танловни ўтказувчилар сифатида бир гуруҳ шахслар чиқишлари мумкин. Мазкур шахслар бу ҳолда битта тараф сифатида иш кўрадилар. Айни вақтда, васият битта шахс томонидан, шахсан амалга оширилиши шарт (ФК 1120-модда).

Бир тарафлама битимларга нисбатан, икки ва кўп тарафлама битимларнинг ҳақиқийлиги ва ҳақиқий эмаслигига тегишли меъёрлар қўлланилади. ФКнинг 103-моддасига мувофиқ бир тарафлама битимларга нисбатан, башарти қонун ҳужжатларига, битимнинг табиати ва моҳиятига зид бўлмаса, мажбуриятлар ва шартномалар тўғрисидаги умумий қоидалар тегишинча қўлланилади.

Тузилиши натижасида бир шахснинг иродаси иккинчи шахснинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини келтириб чиқарадиган бир томонлама битимлар ижтимоий муносабатларни фуқаролик-ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш учун хос эмас. Фуқаролик ҳуқуқларни келтириб чиқарувчи, ўзгартирувчи ва бекор қилувчи асосий юридик фактлар билан фуқаролик-ҳуқуқий тартибга солиш услубининг диспозитивлиги сабабли, икки тарафнинг (икки тарафлама битимлар) ёки уч ва ундан кўпроқ тарафларнинг (кўп тарафлама) келишилган хоҳишини ифода этувчи ҳужжатлар ҳисобланади.


3. Икки тарафлама битим фақат ўз ҳуқуқий мақсадларини кўзловчи икки тарафнинг эрк-изхори мавжуд ҳолатларда ҳуқуқий натижани вужудга келтиради. Бунда тарафларнинг ҳар қайсиси битта ёки бир неча субъектлардан иборат бўлиши мумкин. Хусусан, олди-сотди битими харидор тарафида ҳам бир неча шахс, сотувчи томонида ҳам бир неча шахс иштирок этса ҳам-ки, ҳамиша икки тарафлама битим бўлиб қолади. Шу сабабли икки тарафлама битимда тарафларнинг миқдорини иштирокчиларнинг миқдори билан адаштирмаслик даркор.

Икки тарафлама битимда тарафларнинг иродаси муқобил ва мос келувчи бўлиши шарт. Ироданинг муқобиллик шарти тарафларнинг ўзаро қаноатлантириладиган манфаатлари билан белгиланади (масалан, мол-мулк ижараси битимида бир тараф ашёдан фойдаланишни хоҳлайди, иккинчи тараф - уни вақтинчалик фойдаланишга беришни). Эрк-изхорининг мос келиш хусусияти уларнинг ўзаро келишилганлигини билдиради (масалан, молни етказиб бериш тўғрисидаги шартнома, агар тарафлар етказиб бериладиган товарнинг номлари ва миқдори юзасидан келишиб олсаларгина тузилган деб ҳисобланади). Тарафларнинг муқобил эрк изхорларининг келишилиши туфайли, икки тарафлама битим тарафларнинг келишуви сифатида ягона хоҳиш-ирода ҳужжати тарзида намоён бўлади. Мутлақо кўпчилик ҳолатларда бундай ягона хоҳиш-ирода ҳужжатлари шартномалар шаклини олган бўлади. Кўп тарафлама битимни тузиш учун уч ёки ундан кўпроқ тарафларнинг келишилган хоҳиши ифода топиши керак (ФК 102-модданинг учинчи қисми). Кўп тарафлама битимда ҳуқуқий натижа иккидан ортиқ тарафларнинг эрк-изхори ифода топганда эришилади (гарчанд амалиётда икки тарафли кўп тарафлама битимлар учраб турса ҳам). Кўп тарафлама битимга мисол бўлиб биргаликдаги фаолият тўғрисидаги шартномани (оддий ширкат тўғрисидаги шартнома) кўрсатиш мумкин. У умумий хўжалик мақсадига эришиш воситаси сифатида намоён бўлиши мумкин, масалан, бир неча юридик шахс томонидан туристик мажмуанинг қурилишини молиялаш ва қуриш бўйича фаолият ва ш.к. Кўп тарафлама битим турларидан бири бўлиб хўжалик ширкатлари ва жамиятларини тузиш тўғрисидаги таъсис шартномалари ҳисобланади. Бундай шартномалар кўп тарафлама саналади, чунки қонунда таъсисчиларнинг сони чеклаб қўйилмаган.

Битимларнинг бир тарафлама, икки тарафлама ва кўп тарафлама турларга бўлиниши “ҳар қандай битим шартнома эмас, аммо ҳар қандай шартнома битимдир”, деган нақлнинг тўғрилигини тасдиқлайди.


4. Битимларнинг бошқа турлари

Битимлар хақ эвазига ва текин турларга ҳам бўлинади. Бадалли (хақ эвазига) битим деб бир тарафнинг муайян ҳаракатни амалга ошириш бўйича мажбуриятлари иккинчи тарафнинг моддий ёки бошқа неъматларни тақдим этиш бўйича муқобил мажбуриятларига мос келишига айтилади. Битимдаги бадаллилик пул, ашёларни бериш, муқобил хизматларни тақдим этиш, ишларни бажариш ва ҳ.к. орқали ифодаланади. Бадалсиз (текин) битимда иккинчи тарафдан муқобил қаноатлантириш мажбурияти бўлмайди. Шу сабабли фақат икки тарафлама ва кўп тарафлама битимлар бадалли (хақ эавзига) бўлиши мумкин. Бир тарафлама битим ҳамиша текиндир.

Битимларнинг бадаллилиги ёки бадалсизлиги уларнинг табиатига кўра ёки томонларнинг келишувига биноан кўзда тутилиши мумкин. Фақат товар-пул айирбошлаш мақсадида амалга оширилган мол-мулкни мулк сифатида ўтказиб бериш битимлари табиатига кўра бадалли (хақ эвазига) битимлар турига киради. Ўз навбатида, ҳадя битими ҳамиша бебадал (текин) битимдир. Тарафларнинг келишувига биноан, масалан, топшириқ шартномасининг, сақлаш шартномасининг ва ш.к. бадалли ёки бадалсиз бўлишлиги белгиланиши мумкин.

Бебадал (текин) битимлар фуқаролар ўртасидаги муносабатларда чекловларсиз амалга оширилиши мумкин. Юридик шахслар иштирокидаги муносабатларда фақат қонун ҳужжатлари талабларига зид келмайдиган ҳолатлардагина бебадал (текин) битимлар тузилиши мумкин (ФК 505-модда).


5. Икки тарафлама ва кўп тарафлама битимлар (шартномалар) консенсуал ва реал турларга бўлинади. Консенсуал (лот. Consensus - келишув) битимлар - шундай битимлардир-ки, уларда фуқаролик ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тарафлар ўзаро келишувга эришган пайтларидан бошлаб вужудга келади. Кейинчалик ашёни ўтказиб бериш ёки бошқа хатти-ҳаракатларни амалга ошириш келишувни ижро этиш мақсадида бажарилади. Олди-сотди, ижара ва бошқа кўплаб ишларни бажариш ва хизматларни кўрсатиш бўйича битимлар (пудрат шартномаси, воситачилик шартномаси ва ҳ.к.) консенсуал битимлар ҳисобланади.

Реал (лот. res - ашё) битимни амалга ошириш учун тарафлар ўртасидаги келишувнинг ўзи кифоя қилмайди. Бундан ташқари ашёни ўтказиб бериш ёки бошқа бирон ҳаракатни амалга ошириш талаб этилади. Баъзи битимлар мол-мулкни мулк ёки бошқа турдаги ашёвий ҳуқуқ асосида ўтказиб берилиши (масалан, совға қилиш ёки қарз беришни ваъда қилиш шаклида расмийлаштирилмаган) ҳадя ва қарз шартномалари реалдир. Ашёларни вақтинчалик ўтказиб бериш тўғрисидаги баъзи битимлар (масалан, сақлаш, юкларни ташиш ва шу каби шартномалар) ҳам реалдир.


6. Барча битимлар яна казуал ва абстракт турларга фарқланади. Ҳар қандай битим ҳуқуқий асосга - субъектлар эришишни кўзлаётган ҳуқуқий мақсадга эга. Шу сабабли (казуал) битимда ундан қандай мақсад кўзда тутилаётгани, яъни нима сабабдан тузилаётгани кўриниб туради. Хусусан, олди-сотди шартномасида харидор қандай мол-мулкка мулк ҳуқуқини қўлга киритмоқчи эканлигини ва сотувчи қандай молни сотиш сабабидан харидорда тўлов мажбурияти юзага келаётганини ҳамиша билиб олиш мумкин.

Субъектларнинг казуал (сабабли) битимдан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятлари унинг асосига - ҳуқуқий мақсадига мос келиши, унга таяниши шарт. Шу сабабли битим асосида вужудга келган ҳуқуқий муносабатни амалга ошириш, яъни мана шу ҳуқуқий муносабатнинг мазмунини ташкил этувчи субъектив ҳуқуқ ва мажбуриятларни амалга ошириш фақат битимнинг шартларини бажариш асосида бўлиши мумкин. Шу сабабли бизнинг мисолимизда сотилган мол-мулк тўловини талаб этиш ҳуқуқининг ҳақиқийлиги тўғридан-тўғри олди-сотди шартномаси ўзининг ҳақиқийлигига ҳамда ана шу талаб қилиш ҳуқуқи олди-сотди шартномасининг мақсадга мувофиқ эканлигига боғлиқ. Сотилган мол-мулк учун тўлов бўйича талабни амалга ошириш имконияти сотувчи томонидан сотилган мол-мулкни ўтказиб бериш бўйича мажбуриятининг, ёки битимнинг шартларига кўра бошқа мажбуриятнинг бажарилиши билан мустаҳкам боғланган бўлади.

Абстракт (мавҳум) битимлар - гўёки битим асосидан узилиб қолган ҳуқуқ ва мажбуриятларни вужудга келтирувчи битимлардир (лот. abstrahere - узиш, ажратиш). Абстракт битимга мисол - вексел бериш. Гап шундаки, вексел ёки вексел берувчининг ҳеч нарса билан шартланмаган мажбуриятини тасдиқлайди (оддий вексел), ёхуд векселда таклиф этилган ва ҳеч нарса билан шартланмаган ва унда кўрсатилган миқдордаги пул маблағини векселда кўзда тутилган муддат етиб келгач тўловчига тўлаб бериш (ўтказма вексел) мажбуриятини тасдиқлайди. Векселдан вексел сақловчининг пул маблағларини тўлаб берилишини талаб этиш ҳуқуқи қандай асосда вужудга келганлиги кўринмайди. Унинг муомалага киришувчанлик лаёқати худди шунга асослангандир.


7. Битим иштирокчиларининг ўзаро муносабатларига хос алоҳида хусусиятларга кўра битимларни фидицуар ва нофидицуар турга ажратиш мумкин. Фидуциар битимлар (лот. fiducia - ишонч) - бу тарафларнинг алоҳида шахсий ишонч муносабатларига асосланган битимлардир. Тарафлар ўртасидаги муносабатларда ана шу ишончнинг йўқотилиши тарафларнинг ҳар бирига битимни ижро этишдан бош тортиш ҳуқуқини беради (масалан, топшириқ шартномасида топшириқ олган ҳам, худди шу каби топшириқ берувчи ҳам исталган вақтда сабабларини кўрсатмасдан уни ижро этишни рад қилиши мумкин). Тўлиқ ширкат иштирокчиси исталган вақтда бошқа иштирокчиларнинг розилигисиз ширкатдан чиқиши мумкин, бу эса таъсис шартномасидан эркин чиқиш маъносини билдиради. Бундай битимлар камдан-кам бўлиб, асосан мол-мулк муомиласига тегишлидир.



103-модда. Бир тарафлама битимларни

ҳуқуқий тартибга солиш


Бир тарафлама битим уни тузган шахс учун бурчлар келтириб чиқаради. У бошқа шахслар учун қонунларда ёки бу шахслар билан келишувда белгиланган ҳоллардагина бурчлар келтириб чиқариши мумкин.

Бир тарафлама битимларга нисбатан, башарти қонун ҳужжатларига, битимнинг табиати ва моҳиятига зид бўлмаса, мажбуриятлар ва шартномалар тўғрисидаги умумий қоидалар (ушбу Кодекснинг III-бўлими) тегишинча қўлланилади.


Ушбу нормага мувофиқ бир тарафлама битим уни тузган субъектлар учун мажбуриятларни юзага келтиради. У қонунчилик ҳужжатларида ёки ушбу шахслар билан тузилган битим билан белгиланган ҳоллардагина бошқа шахслар учун мажбуриятларни юзага келтириши мумкин. Бир тарафлама битим тузиш йўли билан мажбуриятларни юклашга мисол сифатида васиятнома асосида васият ижрочисига мажбурият юкловчи васиятномани кўрсатиш мумкин. 1132-моддасига мувофиқ мерос қолдирувчи васиятнома ёки қонун бўйича бир ёки бир нечта меросхўр зиммасига мерос ҳисобидан бирон-бир мажбуриятни бажаришни юклашга ҳақлидир (васият мажбурияти).

Умумий қоидага кўра бир тарафлама битимда бир неча киши томонидан эрк-ирода билдирилиши мумкин. Масалан, уйни сотиш учун ишончнома унинг бир нечта эгалари томонидан берилиши мумкин, танлов уюштирувчилар бир гуруҳ шахслар бўлиши мумкин ва ҳ.к. Ушбу шахслар мазкур ҳолатда бир тараф сифатида иштирок этадилар. Шу билан бирга баъзи битимлар, масалан, васиятнома фақат шахсан, бир шахс томонидан тузилиши мумкин (ФК 1120-моддаси).

Бир тарафлама битимларга тегишлича икки ва кўп тарафлама битимларнинг ҳақиқийлиги ёки ҳақиқий эмаслиги шартларига тегишли нормалар қўлланилиши лозим. ФК 103-моддасига мувофиқ бир тарафлама битимларга нисбатан мажбуриятлар ва шартномалар тўғрисидаги умумий қоидалар қўлланилади, агарда бу қонун ҳужжатлари, битимнинг табиати ва моҳиятига зид бўлмаса.

Битим тузувчи бир шахснинг истаги бошқа шахс учун унинг хоҳишидан ташқари ҳуқуқ ва мажбуриятларни юзага келтирадиган бир тарафлама битимлар ижтимоий муносабатларни фуқаролик-ҳуқуқий тартибга солиш учун хос эмас.

Фуқаролик-ҳуқуқий тартибга солиш усулининг диспозитивлиги сабабли фуқаролик ҳуқуқ ва мажбуриятларини юзага келтирувчи, ўзгартирувчи ва бекор қилувчи асосий юридик фактлар икки тарафнинг (икки томонлама битимлар), ёки уч ёки ундан ортиқ тарафнинг (кўп томонлама битимлар) келишилган иродасини акс эттирувчи ҳужжатлар ҳисобланади.



104-модда. Шартли битимлар


Агар тарафлар ҳуқуқ ва бурчларнинг келиб чиқишини юз бериши ёки бермаслиги номаълум бўлган ҳолатга боғлиқ қилиб қўйсалар, битим кечиктириш шарти билан тузилган ҳисобланади.

Агар тарафлар ҳуқуқ ва бурчларнинг бекор бўлишини юз бериши ёки бермаслиги номаълум ҳолатга боғлиқ қилиб қўйсалар, бундай битим бекор бўлиш шарти билан тузилган битим ҳисобланади.

Агар шартнинг юз беришига унинг юз беришидан манфаатдор бўлмаган тараф инсофсизлик билан қаршилик кўрсатган бўлса, бу шарт юз берган деб ҳисобланади.

Агар шартнинг юз беришига ушбу шартнинг юз беришидан манфаатдор бўлган тараф инсофсизлик билан ёрдамлашган бўлса, бу шарт содир бўлмаган ҳисобланади.


Шартли битимларнинг юзага келиши ёки бекор бўлиши муайян вазиятларнинг юз бериши ёки бермаслигига боғлиқ қилиб қўйилган битимлар киради. Бекор бўлиш шартига эга битимлар ва (бино эгаси уни ижарага бериш шартномасини, агар унинг эгасига мазкур бинода ресторан очиш учун лицензия берилса, бекор қилиш шарти тузади) кечиктириш шарти билан тузилган битимлар (худди шу мулкдор фермер хўжалиги билан, агар унга мазкур бинода ресторан очишга рухсат этувчи лицензия берилса, уни турли маҳсулотлар билан таъминлаш тўғрисида шартнома тузади) тегишинча фарқланади.

Шартли битимни тузишга бўлган қизиқиш шунда-ки, бекор қилувчи ёки кечиктирувчи шартдан келиб чиқувчи мажбурият тарафларни муайян тарзда боғлайди. Агар келтирилган мисолда мулкдор лицензия бериш рад этилганига қарамасдан бошқа шахс билан шартнома тузса, ёки лицензия олгандан сўнг бошқа шахслардан қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сотиб олса, у ижарачи билан шартномани бекор қилиш ёки фермер билан тузилган шартномани рад этиш сабабли юзага келган зарарларни қоплашига тўғри келади.

“Шарт”га доир муайян талаблар мавжуд. Шартли битимни бекор қилинган деб тан олиш учун ушбу талаблардан биттасининг ўзи мавжуд бўлиши ҳам етарлидир. Шарт тарафнинг иродасига боғлиқ бўлмаган ва келгуси замонга тегишли ҳолат бўлиши лозим. Бунда тарафларга тегишли вазият юзага келиши ёки келмаслиги ноъмалум бўлиши шарт. Шу тариқа, шартларнинг ҳам юз бериши, ҳам юз бермаслиги эҳтимоли доимо мавжуд бўлиши лозим. Агар мазкур ҳодиса содир бўлиш лозимлиги аниқ маълум бўлса, мазкур ҳолатда гап “шарт” эмас, балки алоҳида тарзда қайд этилган (аниқ ҳодисани кўрсатиш йўли билан) “битимдаги муддат” тўғрисида боради.



105-модда. Битимларнинг шакли


Битимлар оғзаки ёки ёзма (оддий ёки нотариал тасдиқланган) шаклда тузилади.

Сукут сақлаш қонун ҳужжатларида ёки тарафларнинг келишувида назарда тутилган ҳолларда битим тузишга бўлган хоҳиш-ироданинг ифодаси ҳисобланади.


Мазкур моддада битимларни амалга ошириш мумкин бўлган шакллари рўйхати берилади. Бундай шаклларнинг ҳар бирига нисбатан қўйиладиган талаб, шунингдек уларни алоҳида турдаги битимлар учун қўллаш хусусиятлари бошқа нормалари, бошқа қонунлар ва қонуности ҳужжатлари билан белгиланади.

Битим шакли, биринчидан битимни амалга оширувчи томонлар манфаатларига хизмат қилади: у битим тузувчи шахсларнинг ҳақиқий эрк-иродасини аниқлашга хизмат қилиши, ушбу эрк уни изҳор этилишига мувофиқликни таъминлаши ва битим тузишга тўсқинлик қилувчи сунъий, расмий тўсиқларни яратмаслиги лозим. Иккинчидан, шакл битимнинг қонунийлиги устидан назорат қилиш ва оммавий (масалан, фискал) манфаатларни ҳимоя қилиш учун ишлатилади. Шундан келиб чиққан ҳолда қонун тарафларга битим шаклини танлаш имкониятини беради. Шунинг учун битта битимнинг ўзи оғзаки, ёзма ва хатто нотариал тасдиқланган шаклда амалга оширилиши мумкин. Қонун белгиланган шаклдан келиб чиққан ҳолда битимларнинг айрим турлари учун: оғзаки - ёзма - нотариал тасдиқланган шаклларни ўрнатади.



106-модда. Битимнинг оғзаки шакли


Қонун ҳужжатларида ёки тарафларнинг келишувида ёзма шакл белгилаб қўйилмаган, жумладан у тузилаётган вақтнинг ўзидаёқ бажариладиган битим оғзаки тузилиши мумкин. Шахснинг хатти-ҳаракатидан унинг битим тузишга бўлган хоҳиш-иродаси билиниб турган ҳолда ҳам бундай битим тузилган ҳисобланади.

Жетон, патта ёки одатда қабул қилинган бошқа белги бериш йўли билан тасдиқланган битим, агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, оғзаки шаклда тузилган битим ҳисобланади.

Ёзма шаклда тузилган шартномани бажаришга қаратилган битимлар, агар қонун ҳужжатлари ва шартномага зид бўлмаса, тарафларнинг келишувига мувофиқ оғзаки тузилиши мумкин.


1. Битимларнинг оғзаки шакли шунда-ки, тарафлар ўз хоҳишларини сўзлар билан (учрашувда, телефон орқали) ифода этадилар, шу сабабли бевосита қабул қилинади. Оғзаки шаклдаги битимларни қўллаш соҳаси тўғрисидаги қоидани умумий кўринишда қуйидагича таърифлаш мумкин қонун ҳужжатлари ёки тарафларнинг келишуви билан ёзма шакли белгиланмаган битим оғзаки тузилиши мумкин. (ФК 106-моддасининг биринчи қисми). Бу билан битим тузувчи субъектларга оғзаки ва ёзма шаклдан бирини танлаш ҳуқуқи берилган.

Тузилаётган вақтнинг ўзидаёқ бажариладиган барча битимлар оғзаки тузилиши мумкин. Бунда битим тузиладиган сумма ҳисобга олинмайди. Бундай битимга мисол қилиб дўкондан товар харид қилишни кўрсатиш мумкин, бунда олиш ва тўлов бир пайтда амалга оширилади. Мазкур ва унга ўхшаш ҳолатларда оғзаки шакл кифоя, чунки битимларни уларни тузиш пайтида бажариш уларнинг шу вақтдан бошлаб тугашини англатади.

Келтирилган қоидадан истисно мавжуд - тузилаётган вақтда бажариладиган битимлар, агар улар учун нотариал шакл ўрнатилган ёки бундай битимларга нисбатан уларнинг оддий ёзма шакли бузилиши уларнинг бекор бўлишига олиб келиши белгиланган бўлса, оғзаки амалга оширилмайди. Фуқароларнинг энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баробаридан ошмайдиган суммадаги битимлари оғзаки шаклда амалга оширилади. Бироқ қонунда кўзда тутилган ҳолларда ушбу битимлар учун ҳам ёзма шакл ўрнатилиши мумкин (ФК 108-моддасининг 2-банди).


2. Қонунда оғзаки шаклда тузилишига рухсат этилган битимлар конклюдент ҳаракатлар, яъни шахснинг ўзини тутишидан битимни тузиш истаги яққол кўринадиган ҳулқ-атвори орқали тузилиши мумкин. Битимларнинг катта қисми оғзаки шаклда тузилади. Тарафлар конклюдент ҳаракатларидан фақат бирон-бир шартларни келишиш зарурати бўлмаган ва қонун, шунингдек битим моҳияти бундай тузиш шаклига йўл қўядиган ҳолларда фойдаланадилар. Бунга мисол қилиб савдо автоматлари орқали товарлар сотиб олиш ёки валюта айирбошлаш, банкоматлардан нақд пуллар олиш (ФК 430-модда), амалда ҳаракатларни содир этиш йўли билан меросни қабул қилиш (ФК 1147-модда), бирон-бир турдаги товар билан дўкончада ёки бозорда савдо қилувчи майда савдогарлардан товарни доналаб сотиб олиш ва ҳ.к.лар киради.

Қонунда кўзда тутилган ҳолларда, тарафлар ёзма шаклда расмийлаштиришни талаб қилувчи битимни тузишда муайян конклюдент ҳаракатлардан фойдаланиши, масалан шартнома шартлари қабул қилинганлигидан далолат берувчи (товарларни юклаб жўнатиш, хизматлар кўрсатиш ва бошқалар, яъни акцепт), ёки шартнома муддати узайтирилганда (ижара шартномаси муддати тугаганда ижарага олинган мулкдан фойдаланишни давом эттириш - ФК 553-модда) ҳаракатларни амалга ошириши мумкин.


3. Сукут сақлаш (ҳеч қандай ҳаракатларнинг содир этилмаслиги) кўпчилик ҳолларда сукут сақловчининг битим тузиш ниятини билиш имкониятини бермайди. Шунинг учун фақат қонунда ёки тарафларнинг келишуви билан ўрнатилган ҳолларда эътиборга олиниши мумкин. Бунда сукут сақлашни шахснинг битим тузишга розилиги сифатида баҳолаш шартлари аниқ белгиланиши лозим. Бунга ФК 553-моддаси тўртинчи қисми мисол бўла олади: агар мулк ижараси шартномасининг муддати тамом бўлганидан кейин ҳам ижарага олувчи мулкдан фойдаланишни давом эттирса, ижарага берувчининг сукут сақлаши шартномани аввалги шартлар асосида номуайян муддатга қайтадан тузишга розилиги сифатида баҳоланади.



107-модда. Битимнинг ёзма шакли


Ёзма шаклда тузилган битимни, агар иш муомаласи одатларидан бошқача тартиб келиб чиқмаса, тарафлар ёки уларнинг вакиллари имзолаши керак.

Агар қонун ҳужжатларига ёки иштирокчилардан бирининг талабларига зид бўлмаса, битим тузиш чоғида имзодан факсимиле усулида нусха кўчириш воситаларидан фойдаланилишига йўл қўйилади.

Икки тарафлама битимлар ҳар бирини бераетган тараф имзолайдиган ҳужжатларни ўзаро айирбошлаш йўли билан тузилиши мумкин.

Xатлар, телеграммалар, телефонограммалар, телетайпограммалар, факслар ёки субъектларни ва улар хоҳиш-иродасининг мазмунини ифодалайдиган бошқа ҳужжатларни ўзаро айирбошлаш, агар қонун ҳужжатларида ёки тарафларнинг келишувида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ёзма шаклда тузилган битимга тенглаштирилади.

Қонун ҳужжатларида ва тарафларнинг келишувида битим шакли мос келиши шарт бўлган қўшимча талаблар (муайян шаклдаги бланкада тузилиши, муҳр босиб тасдиқланиши ва бошқалар) белгилаб қўйилиши ва бу талабларга риоя этмаслик оқибатлари назарда тутилиши мумкин.

Агар фуқаро жисмоний камчилиги, касаллиги ёки саводсизлиги туфайли битимни шахсан ўзи имзолай олмаса, унинг илтимосига биноан битимни бошқа фуқаро имзолаши мумкин. Бошқа фуқаронинг имзоси нотариус ёки бундай нотариал ҳаракатни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган бошқа мансабдор шахс томонидан гувоҳлантирилиб, битим тузувчи уни шахсан ўзи имзолай олмаслигининг сабаблари кўрсатилиши шарт.

Ёзма шаклда тузилган битимни бажарган тараф иккинчи тарафдан ижрони тасдиқловчи ҳужжат талаб қилишга ҳақли. Оғзаки тадбиркорлик битимини бажарган тараф ҳам ана шундай ҳуқуққа эга, тузилган вақтнинг ўзидаеқ бажариладиган битимлар бундан мустасно.


1. Шарҳланаётган модда ёзма шаклдаги битим деганда унинг мазмунини акс эттирувчи ягона ҳужжатни тузишни назарда тутади.

Бундай ҳужжат битимни тузувчи ҳар битта шахс ёки битимни имзолаш ваколатига эга шахс томонидан имзоланиши лозим. Битимни имзолаш ваколати битим иштирокчиси томонидан берилади ёки қонун билан белгиланади. Юридик шахсларнинг битимлари уларнинг раҳбарлари ёки вакиллари томонидан имзоланиши лозим. Пул ва ҳисоб-китоб ҳужжатлари, молиявий ва кредит битимлари ҳам бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқарув функцияларини амалга оширувчи шахс (бош бухгалтер) томонидан имзоланиши лозим, акс ҳолда бундай битимлар ҳақиқий эмас деб топилади (ЎзР “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги Қонуни 8-моддаси).


2. Қонун ҳақиқий саналмаслик таҳдиди асосида алоҳида ҳужжат тузиш заруратини махсус шарт қилиб қўядиган битимлар мавжуд (кўчмас мол-мулкни сотиш шартномаси - 479-модда, корхонани сотиш шартномаси - 489-модда).

Бошқа битимлар учун ёзма шаклда содда вариантлардан фойдаланиш - муайян алоқа турлари ёрдамида ҳужжатлар алмашишга рухсат этилади (ФК 366-моддаси тўртинчи қисми). Бунда баъзан алоқанинг қандай турда бўлиши шарт қилиб қўйилади. Масалан, олди-сотди шартномалари тўғрисидаги Конвенция ёзма шаклда электрон алоқа турларидан фақат "телеграф ва телетайп" бўйича хабарларни киритади (1980 йилдаги Вена Конвенцияси 13-моддаси). Бундай ҳужжатлар унинг ташаббусчиси бўлган тараф томонидан имзоланиши лозим.

Битим тузишнинг ёзма шаклга тенглаштирилган шакллари мавжуд. Айрим ҳолларда битим тузиш тўғрисидаги ёзма таклиф “ижро учун қабул қилиниши” йўли билан битим тузилган ҳисобланади: бунда бир тараф ёзма таклиф юборади, иккинчи тараф эса ушбу таклифни ФК 370-моддаси тўртинчи қисмида кўзда тутилган тартибда қабул қилади.

Бошқа ҳолларда, агар тарафлардан бири битим тузишни тасдиқловчи ва унинг шартларини акс эттирувчи (ўз ичига олувчи) ҳужжатни берса, битим тузилган ҳисобланади. Хусусан, ФК 917-моддаси учинчи қисмига мувофиқ суғурта шартномаси фақат суғурталовчи томонидан суғурта қилувчига суғурталовчи имзолаган суғурта полиси (гувоҳномаси, сертификати) тақдим қилиниши йўли билан тузилиши мумкин. Бундай ҳужжатларга полисдан ташқари, ишончнома, вексел, жамғарма дафтарчаси, акция, гаров ҳужжати, омборхона гувоҳномаси, банк (жамғарма) сертификати, коносамент, транспорт юк хати ва бошқалар киради. Қонун бундай ҳужжатларни реквизитлари, айрим ҳолларда улар тузилиши лозим бўлган бланкаларга ҳам жиддий талабларни қўяди. Ушбу талабларга риоя этилмаслиги, агар меъёрий ҳужжатлар ёки шартномада бошқа оқибатлар кўрсатилмаган бўлса, одатда битимнинг ҳақиқий саналмаслигига олиб келади.


3. Битимнинг ёзма шаклига нисбатан қўшимча талаблар (стандарт бланка, муҳр босилиши ва б.) иш муомаласи одатлари ёки тарафларнинг келишуви билан белгиланиши мумкин. Одатда бундай талаблар тарафларни контрагентни танлашдаги эҳтимолий хатоларни олдини олади, битим тузувчи шахснинг тараф ўз контрагенти сифатида танлаган шахс билан айнанлигини тасдиқловчи қўшимча далиллар тақдим этишдан озод қилади, шунингдек битим тузувчи шахснинг ваколатларини тасдиқлаш воситаси хисобланади.

Битим тузувчи шахснинг шахсий имзоси аналогларидан фойдаланишга, бу қонун, бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар ёки тарафларнинг битимлари билан бевосита кўзда тутилган ҳолларда, рухсат этилади. Бундай аналоглар механик ёки бошқа нусха олиш воситалари ёрдамида имзони факсимил тиклаш, электрон-рақамли имзо ҳисобланади. Кейинги усул компютер тармоғи мижозлари ўртасида ахборот алмашишнинг махсус ишлаб чиқилган кодлар, калитлардан фойдаланишни кўзда тутувчи, бошқа шахсларнинг рухсатсиз киришига йўл қўймайдиган алоҳида тартиби ёрдамида битим тузувчи шахсни муаллифлаштиришнинг мураккаб техник тартибини ифодалайди. "Бундай имзо билан тасдиқланган битим иштирокчилари ўртасидаги келишмовчиликлар фақат электрон имзо тизимидан фойдаланиш иштирокчилари томонидан келишилган қоидалар, ёки қонун ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар нормалари асосида тартибга солиниши мумкин".

Фуқаро ҳар доим ҳам ҳужжатга имзо чекиш имкониятига эга бўлмайди. Қонунда мазкур ҳолат инобатга олинган ҳолда, битимни уни тузувчи шахс эмас, балки унинг илтимосига кўра бошқа шахс имзолаши имкониятини кўзда тутади. Агар фуқаро жисмоний камчилиги, касаллик ёки саводсизлиги сабабли ўз қўли билан имзо чекиш имкониятига эга бўлмаса, битимни унинг илтимосига кўра бошқа шахс фуқаро имзолаши мумкин. Имзоловчи кишининг имзоси нотариус ёки бундай нотариал ҳаракатни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган бошқа мансабдор шахс томонидан, битим тузувчи уни шахсан имзолай олмаслиги сабаблари кўрсатилган ҳолда тасдиқланиши лозим.

ФК 137-моддасида кўрсатилган битимларни тузиш ва уларни амалга ошириш учун ишончномаларни тузишда фуқаронинг имзоси шахсан имзо чека олмайдиган фуқаро ишлайдиган ташкилот, ёхуд фуқаро даволанишда бўлган даволаш муассасасининг маъмурияти томонидан тасдиқланиши мумкин.



108-модда. Битимнинг оддий ёзма шакли


Нотариал тасдиқланиши талаб этиладиган битимлардан ташқари, қуйидаги битимлар оддий ёзма шаклда тузилади:

1) юридик шахсларнинг ўзаро ва фуқаролар билан битимлари;

2) фуқаролар ўртасидаги белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг ўн бараваридан ортиқ суммадаги битимлар, қонунда белгиланган ҳолларда эса - битим суммасидан қатъи назар бошқа битимлар.

Ушбу Кодекснинг 106-моддасига мувофиқ оғзаки тузилиши мумкин бўлган битимлар учун оддий ёзма шаклга риоя этиш талаб қилинмайди.


1. Шарҳланаётган модда ёзма шаклда тузишни талаб қиладиган битимларнинг умумий белгиларини мустаҳкамлайди. Бундай белгилар субъектлар таркиби ва битим суммаси ҳисобланади.

Субъект белгисига кўра юридик шахслар томонидан тузиладиган битимлар ёзма шаклга эга бўлиши лозим. Шу тариқа, ушбу шакл улар учун норма ҳисобланади. Уларга фақат қонунда кўрсатилган ҳолларда (ФК 106-модда), битим шаклларини танлаш ҳуқуқи мавжуд бўлмаган айрим битимларни нотариал тасдиқлаш тўғрисидаги кўрсатмаларни (ФК 110-модда) ҳисобга олмаганда белгиланган шаклдан четга чиқишга рухсат этилади.

Фуқаролар ўртасида тузиладиган битимлар учун қўшимча белги ўрнатилади: агар битим суммаси қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақидан камида 10 марта ортиқ бўлса, бундай битимлар ёзма шаклда тузилиши лозим. Бироқ қонунда айрим битимлар учун суммасидан қатъий назар ёзма шакл кўзда тутилган: ишончнома (ФК 134-модда), кафиллик (ФК 292-модда), заклат (ФК 311-модда), ҳадянинг айрим турлари (ФК 504-модда), 1 йилдан ортиқ муддатга мулкий ижара шартномаси (ФК 539-модда) ва б.

Фуқароларнинг битимларида битим шаклини танлашга таъсир қилувчи суммани белгилаш учун муқобил тўлов қиймати (ФК 355 ва 356-моддалар), текинга тузиладиган битимларда - берилаётган мулк ёки кўрсатиладиган хизматлар нархи эътиборга олинади.

Агар битим у тузилаётган пайтда ижро этилса, ёзма шаклда тузиш мажбурийлиги шарти бекор бўлади (ФК 106-модда). Бундай ҳолларда оғзаки шаклда ҳам юридик шахсларнинг фуқаролар билан битимлари (чакана савдо, маиший хизмат кўрсатиш соҳаси), ҳам фуқароларнинг шартнома суммасидан қатъий назар ўзаро тузган битимлари, ва ниҳоят юридик шахслар ўртасида тузиладиган битимлар тузилади. Айни пайтда юридик шахс иштирокидаги ҳар қандай битим уни тузиш шаклидан қатъий назар ушбу битимни бухгалтерия ҳисоби ҳужжатларида акс этиришни, айрим ҳолларда эса битимни тасдиқлаш учун бошқа тарафга бериладиган бошқа ҳужжатларни тузишни (касса ва товар чеклари, ҳисоб-фактуралар ва ҳ.к.) талаб қилади.

Битимлар, агар улар учун нотариал шакл белгиланган ёки оддий ёзма шаклга риоя қилмаслик битимнинг ҳақиқий эмаслигига олиб келадиган бўлса, оғзаки шаклда тузилиши мумкин эмас (ҳатто тузиш пайтида ижро этиладиган битимлар ҳам).



109-модда. Битимнинг оддий ёзма шаклига

риоя қилмаслик оқибатлари


Битимнинг оддий ёзма шаклига риоя қилмаслик унинг ҳақиқий эмаслигига олиб келмайди, бироқ низо чиққан тақдирда тарафларни битимнинг тузилганлигини, мазмунини ёки бажарилганлигини гувоҳларнинг кўрсатувлари билан тасдиқлаш ҳуқуқидан маҳрум қилади.

Тарафлар битимнинг тузилганлигини, мазмуни ёки бажарилганлигини ёзма ёки бошқа далиллар билан тасдиқлашга ҳақлидирлар.

Қонунда ёки тарафларнинг келишувида тўғридан-тўғри кўрсатилган ҳолларда битимнинг оддий ёзма шаклига риоя қилмаслик унинг ҳақиқий эмаслигига олиб келади.


1. Шарҳланаётган модда қонун билан тасдиқланган (ФК 108-модда) оддий ёзма шаклга риоя қилмасликнинг умумий оқибати процессуал тусдаги оқибат ҳисобланишини белгилаб беради: тарафлар низо юзага келган ҳолда битим ва унинг шартлари тасдиқлаш учун гувоҳлик кўрсатмаларига ҳавола қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади. Мазкур чеклов бошқа исботлаш воситаларига: тарафларнинг тушунтиришлари (жавобгарнинг тан олиши), ёзма ва ашёвий далиллар, эксперт хулосасига нисбатан татбиқ этилмайди. Шу тариқа, битимнинг қонун билан тасдиқланган ёзма шаклига риоя қилмаган тарафлар ҳуқуқбузарлик содир этган деб ҳисобланмайди, чунки бундай битимдан улар учун ҳуқуқ ва мажбуриятлар юзага келмайди. Бироқ бунда улар бундай битимни тузиш ва унинг шартларини судда исботлаш бурчини ўз зиммаларига оладилар, чунки исботланмаган шарт мавжуд эмас ҳисобланади.

Тарафларнинг ўзаро келишувида кўзда тутилган ёзма битимга риоя этмаслигини бошқача баҳолаш лозим. Бундай битим низо юзага келган тақдирда тузилмаган деб ҳисобланиши лозим, чунки ФК 364-моддасига мувофиқ агар тарафлар ўртасида тегишлича ҳолатларда талаб қилинган шаклда шартноманинг барча муҳим шартлари бўйича келишувга эришилган бўлсагина шартнома тузилган ҳисобланади.


2. Махсус ҳолатларда битимнинг оддий ёзма шаклига риоя этмаслик янада жиддий оқибатга - унинг ҳақиқий эмаслигига олиб келиши мумкин. Бироқ бундай оқибат қонунда мазкур турдаги битимларга нисбатан бевосита кўрсатилиши лозим ёки тарафларнинг келишуви билан ўрнатилади. ФКда бевосита кўрсатилгани туфайли битимнинг оддий ёзма шаклига риоя этмаслик унинг ҳақиқий эмаслигига олиб келишига кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Мажбуриятлар ижросини таъминлаш усулларини белгиловчи деярли барча битимлар ҳақиқий эмасликка олиб келиш таҳдиди билан ёзма шаклга риоя этишни талаб қилади, улар: неустойка (ФК 262-модда), гаров (ФК 264-модда), кафиллик (ФК 292-модда), заклат (ФК 311-модда).

Бундан ташқари, бундай оқибатлар кўпчилик мустақил битимлар учун ҳам белгиланади: кўчмас мулкни сотиш (480-модда), корхонани сотиш (490-модда), бинолар ва иншоотларни ижарага бериш (574-модда), кредит шартномаси (745-модда), банк омонати шартномаси (761-модда), суғурта (927-модда), ишончли бошқарув (854-модда), ва бошқалар.


3. Ташқи иқтисодий (ташқи савдо) битимлар учун ҳақиқий эмасликка олиб келиш таҳдиди билан оддий ёзма шаклга мажбурий риоя этиш талаби махсус ўрнатилади. Мазкур норма халқаро савдо муомиласи амалиётига мувофиқ келади ва Ўзбекистоннинг халқаро шартномалардаги иштироки билан белгиланган. Хусусан, “олди-сотди шартномалари тўғрисида”ги Конвенциянинг 12-моддасида битимнинг ёзма шаклига риоя қилиш зарурати ва мазкур қоидадан четга чиққан келишувларнинг ҳақиқий эмаслиги алоҳида шарт қилиб қўйилади.

Бундай битимлар учун бундан ташқари қўшимча талаблар белгиланиши мумкин: битимнинг ҳар бир иштирокчисининг иккита шахсий имзоси зарурати, шартноманинг ёзма матнини олдиндан келишиш ва унга шартнома тузиш тўғрисида музокаралар олиб борган шахсларнинг исму шарифларини ёзиш (шартномани тасдиқлаш).



110-модда. Битимларни нотариал тасдиқлаш


Битимни нотариал тасдиқлаш ушбу Кодекснинг 107-моддаси талабларига мос келадиган ҳужжатда нотариус ёки бундай нотариал ҳаракатни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган бошқа мансабдор шахс томонидан тасдиқловчи устхат ёзиб қўйиш йўли билан амалга оширилади.

Қуйидаги ҳолларда битимларни нотариал тасдиқлаш шарт:

1) қонунда кўрсатилган ҳолларда;

2) тарафлардан бирининг талаби бўйича.


Битимни нотариал тасдиқлаш қонунда кўзда тутилган ҳолларда ёки тарафлардан бирининг талабига кўра амалга оширилиши мумкин. Қонун ҳужжатларида битимни нотариал шаклда тузиш зарурати тўғрисидаги кўрсатмалар кам учрайди ва қоидага кўра, энг муҳим мол-мулкка тегишли бўлади. Масалан, қонунда ипотека тўғрисидаги шартномани нотариал тасдиқлаш талаб қилинади (ФК 271-моддаси учинчи қисми).

Битимнинг нотариал шаклига амал қилмаслик унинг ҳақиқий эмаслигини келтириб чиқаради. Бундай битим ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмайди (ФК 112-моддаси биринчи қисми). Шу билан бирга муайян ҳолатларда битимни нотариал тасдиқлаш мавжуд эмаслиги ҳолати суд қарори билан бартараф этилиши мумкин. Бунга, агар тарафлардан бири нотариал тасдиқлашни талаб қилувчи битимни тўлиқ ёки қисман бажарган бўлса, иккинчи тараф эса битимни нотариал тасдиқлашдан бош тортса, рухсат этилади. Суд битимни бажарган тарафнинг талабига кўра уни ҳақиқий деб топиши мумкин. Бу ҳолда битимни кейинчалик нотариал расмийлаштириш талаб қилинмайди (ФК 112-моддаси иккинчи қисми). Бунда битимни нотариал тасдиқлашдан бош тортаётган тараф битимни тасдиқлаш кечиктирилганлиги туфайли етказилган зарарни иккинчи тарафга тўлаши лозим (ФК 112-моддаси тўртинчи қисми).



111-модда. Битимларни давлат рўйхатидан ўтказиш


Ер участкалари ва бошқа кўчмас мол-мулк билан боғлиқ битимлар (бошқа шахсга бериш, ипотека, узоқ муддатли ижара, меросни қабул қилиб олиш ва бошқалар) давлат рўйхатидан ўтказилиши керак.

Кўчмас мол-мулк хусусида тузилган битимларни рўйхатдан ўтказиш ва тегишли реестрларни юритиш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Қонун ҳужжатларида муайян турдаги кўчар мол-мулк хусусида тузиладиган битимларни давлат рўйхатидан ўтказиш белгилаб қўйилиши мумкин.


Битимлар ва ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш битимлар ва улар билан боғлиқ ҳуқуқларни фуқаролик муомаласида мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотларнинг давлат (оммавий) томонидан ошкоралигини таъминлаш воситаси ҳисобланади. Шу муносабат билан битимларни мажбурий давлат рўйхатидан ўтказиш қонунда белгиланган ҳолларда бундай битимларга асосланган фуқаролик-ҳуқуқий оқибатлар фақат улар давлат рўйхатидан ўтказилгандан сўнг тўла ҳажмда юзага келади. Бундай ҳолларда битим ва унинг давлат рўйхатидан ўтказиш мураккаб юридик таркибий элементлари ҳисобланади.

Амалдаги қонун ҳужжатларида мажбурий давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги қонун талаби бузилиши ҳолатлари учун икки турдаги оқибатлар белгиланган.

Биринчидан, ФК 112-моддаси биринчи қисми нормасига мувофиқ қонуннинг битимни давлат рўйхатидан ўтказиш талабига риоя қилмаслик унинг ҳақиқий эмаслигини келтириб чиқаради. Хусусан, ФК 271-моддаси бешинчи қисмида ипотека (кўчмас мулк гарови) тўғрисидаги шартномани давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги қоидага риоя қилмаслик унинг ҳақиқий эмаслигига сабаб бўлади.

Иккинчидан, агар битим тегишли шаклда тузилган бўлса, бироқ иккинчи тараф уни рўйхатга ўтказишдан бош тортса, рўйхатга олиш шарт бўлган ҳолларда суд битимни рўйхатга олиш тўғрисида қарор чиқаришга ҳақлидир. Бундай ҳолларда битим суд қарори асосида рўйхатга олинади.



112-модда. Битимнинг нотариал шаклига ва уни рўйхатдан

ўтказиш талабига риоя қилмасликнинг оқибатлари


Битимнинг нотариал шаклига ёки уни давлат рўйхатидан ўтказиш талабига риоя қилмаслик битимнинг ҳақиқий эмаслигини келтириб чиқаради.

Бундай битим ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмайди.

Агар тарафлардан бири нотариал тасдиқлаш талаб қилинадиган битимни тўла ёки қисман бажарган бўлса, иккинчи тараф эса - битимни нотариал расмийлаштиришдан бош тортса, суд битимни бажарган тарафнинг талаби бўйича уни ҳақиқий деб ҳисоблашга ҳақлидир. Бу ҳолда битимни кейинчалик нотариал расмийлаштириш талаб қилинмайди.

Агар давлат рўйхатидан ўтказиш талаб қилинадиган битим керакли шаклда тузилган бўлиб, аммо тарафлардан бири уни рўйхатдан ўтказишдан бош тортса, суд бошқа тарафнинг талаби билан битимни рўйхатдан ўтказиш тўғрисида қарор чиқаришга ҳақли. Бу ҳолда битим суд қарорига мувофиқ рўйхатдан ўтказилади.

Ушбу модданинг иккинчи ва учинчи қисмларида назарда тутилган ҳолларда битимни нотариал тасдиқлаш ёки давлат рўйхатидан ўтказишдан асоссиз бош тортаетган тараф битимни тузиш кечиктирилганлиги туфайли етказилган зарарни иккинчи тарафга тўлаши лозим.


1. Шарҳланаётган модда битимнинг нотариал шаклига ва уни давлат рўйхатидан ўтказиш талабига риоя қилмаслик оқибатларини белгилаб беради. Мажбурий нотариал шаклга риоя қилмаслик барча ҳолларда битимнинг ҳақиқий эмаслигини келтириб чиқаради.

Бундай битимларнинг ҳақиқий эмаслиги уларнинг ҳеч қандай аҳамиятга эга эмаслиги сифатида тушунилади. Уни ижро этиш қонун билан тақиқланган. Бундай битимни бажариш учун содир этилган ҳаракатлар битим тарафлари учун ҳам, учинчи шахсларга нисбатан ҳам ҳуқуқ ва мажбуриятларни юзага келтирмайди.

Агар тарафлардан бири битимни тўла ёки қисман бажарган бўлса, иккинчи тараф эса уни нотариал расмийлаштиришдан бош тортса, Бу ҳолда қонун бажарган тарафни ўз ҳимоясига олади. Суд битимни бажарган тарафнинг талаби бўйича уни ҳақиқий деб ҳисоблашга ҳақлидир. Бу ҳолда суд қарори битимни тегишлича расмийлаштириш ўрнини босади.

Бир тарафнинг битимни нотариал тасдиқлашдан бош тортишини турли важлар: битимни фойдасиз шартлар асосида ижро этишни истамаслик, битимни бекор қилишни ёки ҳақиқий эмас деб топишни хоҳлаш ва бошқа сабаблар юзага келтириши мумкин. Бундай ҳолларда иккинчи тараф, агар у битимни тўла ёки қисман бажарган бўлса, битимни ҳақиқий деб топиш талаби билан судга мурожаат қилишга ҳақлидир. Агар суд барча қонун талабларига риоя этилганини аниқласа, битим тегишлича расмийлаштирилган деб тан олинади ва қонуний кучга киради.


2. Битимларни давлат рўйхатидан ўтказиш бироз бошқачароқ хусусиятга эга. Битимни давлат рўйхатидан ўтказиш учун тегишли муассасага бундай битимнинг барча иштирокчилари мурожаат қилишлари лозим. Бироқ, агар тарафлардан бири бундай рўйхатдан ўтказишдан бош тортса, иккинчи тараф судга мурожаат қилиши лозим, суд бошқа тарафнинг хоҳишига қарши бўлса ҳам ўз қарори билан битимни давлат рўйхатидан ўтказишни мажбурий қилиб қўйиши мумкин. Башарти, битим тегишли шаклда тузилган ва ҳақиқий эмаслик шартларига эга бўлмаса. Нотариал шаклда тузилган битимлар бундан мустасно. Ҳаттоки, қонун бўйича бундай битимлар учун нотариал шакл талаб қилинмаса ҳам, унга риоя қилиш тарафга бир томонлама тартибда битимни давлат рўйхатидан ўтказишни талаб қилиш ҳуқуқини беради.

Битимни нотариал тасдиқлаш ёки давлат рўйхатидан ўтказишдан асоссиз равишда бош тортиш ҳуқуқбузарлик ҳисобланади ва бош тортган тарафга битимни расмийлаштиришни кечиктириш туфайли кўрилган зарарни тўлаш мажбуриятини келтириб чиқаради. Қонунда зарарларни тўлаш тўғрисида айтиб ўтилган. Уларга ҳақиқий зарар (мулкни сақлаш, уни транспортировка қилиш, таъмирлаш харажатлари, унинг шикастланиши ёки нобуд бўлиши сабабли юзага келган зарарлар), шунингдек "бой берилган фойда" (ФК 14-моддаси иккинчи қисми) - оддий фуқаролик муомаласи шароитида шахс, агар унинг ҳуқуқлари бузилмаганда, олиши мумкин бўлган, бироқ ҳуқуқбузарлик сабабли олинмаган даромадлар киради.



2-§. БИТИМЛАРНИНГ ҲАҚИҚИЙ ЭМАСЛИГИ


113-модда. Низоли ва ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битимлар

114-модда. Битимлар ҳақиқий эмаслигининг

оқибатлари тўғрисидаги умумий қоидалар

115-модда. Битимнинг қонун талаб қиладиган шаклига риоя этмаслик

116-модда. Қонун ҳужжатларининг талабларига

мувофиқ бўлмаган битимнинг ҳақиқий эмаслиги

117-модда. Ўн тўрт ёшга тўлмаган шахс томонидан

тузилган битимнинг ҳақиқий эмаслиги

118-модда. Ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга

етмаган шахс томонидан тузилган битимнинг ҳақиқий эмаслиги

119-модда. Муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаро

томонидан тузилган битимнинг ҳақиқий эмаслиги

120-модда. Муомала лаёқати чекланган фуқаро

томонидан тузилган битимнинг ҳақиқий эмаслиги

121-модда. Ўз ҳаракатларининг аҳамиятини тушуна

олмайдиган ёки уларни бошқара олмайдиган фуқаро

томонидан тузилган битимнинг ҳақиқий эмаслиги

122-модда. Янглишиш таъсирида тузилган

битимнинг ҳақиқий эмаслиги

123-модда. Алдаш, зўрлик, қўрқитиш, бир тараф вакилининг

иккинчи тараф билан ёмон ниятда келишиши ёки оғир ҳолатлар

юз бериши таъсирида тузилган битимнинг ҳақиқий эмаслиги

124-модда. Қалбаки ва кўзбўямачилик учун

тузилган битимнинг ҳақиқий эмаслиги

125-модда. Юридик шахс ҳуқуқий лаёқатидан ташқарига

чиқадиган битимнинг ҳақиқий эмаслиги

126-модда. Битим тузиш ваколатларини чеклаш оқибатлари

127-модда. Битимнинг ҳақиқий эмас деб ҳисобланиш пайти

128-модда. Битимнинг бир қисми ҳақиқий эмаслигининг оқибатлари



113-модда. Низоли ва ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битимлар


Битим ушбу Кодексда белгилаб қўйилган асосларга кўра, суд

ҳақиқий эмас деб топганлиги сабабли (низоли битим) ёки бундай деб топилишидан қатъий назар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади (ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битим).

Низоли битимни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талабни ушбу Кодексда кўрсатилган шахслар қўйишлари мумкин.

Ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битим ҳақиқий эмаслигининг оқибатларини қўлланиш тўғрисидаги талабни ҳар қандай манфаатдор шахс қўйиши мумкин. Суд бундай оқибатларни ўз ташаббуси билан қўллашга ҳақли.


1. Битимнинг ҳақиқий эмаслиги шуни англатади-ки, битим кўринишида амалга оширилган ҳаракат субъектлар содир бўлишини истаган фуқаролик-ҳуқуқий оқибатларни юзага келтирадиган юридик факт сифатларига эга бўлмайди.

Ҳақиқийлик шартларидан бири бузилган ҳоллардагина битимнинг ҳақиқий эмаслиги тўғрисида гапириш мумкин. Яъни битимнинг ҳақиқий эмаслиги қуйидагилар билан белгиланиши мумкин:


а) мазмунининг ноқонунийлиги;

б) уни тузувчи юридик ва жисмоний шахсларнинг битим тузишга ҳақли эмаслиги;

в) эрк-ирода ва эрк-ирода изҳорини номувофиқлиги;

г) битим шаклига риоя этилмаганлиги.


Битимнинг ҳақиқий эмаслигининг қонуний таърифи ФК 113-моддаси биринчи қисми нормасида берилади, унга мувофиқ битим ФК ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган асослар бўйича, суд ҳақиқий эмас деб топганлиги сабабли (низоли битим), ёки бундай деб топилишидан қатъий назар (ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битим) ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Бошқача сўзлар билан айтганда мазкур тасниф “ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган” атамасини “мутлақо ҳақиқий бўлмаган” атамасига ўхшаш атама сифатида, “низоли” атамасини эса “нисбатан ҳақиқий бўлмаган” атамасига ўхшаш атама сифатида ишлатиш имконини беради. Таклиф этилган тасниф анча тўғрироқ ҳисобланади, чунки у объектив мезонга, аниқроғи битимларнинг ҳақиқий эмаслиги шаклида содир этилган ҳаракатларнинг турли ноқонунийлик даражасига таянади.


2. Ўз-ўзидан ҳақиқий эмаслик

Битимнинг ўз-ўзидан ҳақиқий эмаслиги шуни англатади-ки, битим кўринишида амалга оширилган ҳаракат қонунга номувофиқлиги сабабли унинг иштирокчилари истаган ҳуқуқий оқибатларни юзага келтирмайди ва юзага келтириши мумкин эмас.

Ўғирланган ашёларни сотиб олиш, муомалага лаёқатсиз шахсдан қимматли ашёни харид қилиш сотиб олувчида мулк эгаси ҳуқуқларини юзага келтирмайди; нотариал тасдиқланмаган кўчмас мулк гарови гаровга олувчи ҳуқуқларини вужудга келтирмайди ва ҳ.к.

Ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битим ноқонуний ҳаракат бўлгани ҳолда фақат қонунда ушбу ҳолат учун кўзда тутилган ҳуқуқбузарликка қарши оқибатларни юзага келтиради. Ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битим оқибатларини қўллаш тўғрисидаги талаб ҳар қандай манфаатдор шахс томонидан билдирилиши мумкин. Суд бундай оқибатларни ўз ташаббусига кўра қўллашга ҳақлидир. Ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битимлар шаклида амалга оширилган мутлақ кўпчилик ҳаракатларнинг ноқонунийлиги ниҳоятда равшан, мисол учун руҳий касаллик туфайли муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаро билан битимни амалга ошириш ҳолатида. Шунинг учун бундай ҳолларда суднинг вазифаси қонунда кўзда тутилган битимларнинг ҳақиқий эмаслиги билан боғлиқ оқибатларни қўллашдан иборат бўлади.


3. Низолилик

Битимнинг низоли эканлиги шуни англатадики, битим шаклида амалга оширилган ҳаракатлар фақат қонунда кўрсатилган ваколатли шахсларнинг даъвоси бўйича қонунда кўзда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилади.

Бошқача айтганда, агар ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битим унинг иштирокчилари хоҳишидан қатъий назар, яроқсизлик факти сабабли ҳақиқий бўлмаса, низоли битим, унинг иштирокчиси ёки бунга қонун билан ваколатланган бошқа шахснинг истагига кўра баҳслашилмагани ҳолда, ҳақиқий ва унинг иштирокчилари интилган оқибатларни юзага келтиради. Масалан, алдов таъсирида тузилган битим, суд алданган кишининг даъвосига кўра ҳақиқий эмас деб топгунга қадар ҳақиқий ҳисобланади ва у билан кўзда тутилган барча оқибатларни келтириб чиқаради.

Низоли битимларга хос белгилар иккита ҳолат ҳисобланади. Биринчидан, уларнинг бошидан ҳақиқий эмаслиги эмас, балки қонун ҳужжатларида белгиланган ҳақиқий эмас деб топиш имконияти белгилаб қўйилганлиги.

Иккинчидан, юқорида кўрсатилганидек, уларнинг фақат қонунда кўрсатилган шахслар томонидан баҳслашиш имконияти мавжудлиги.

Учинчидан, тузилган пайтидан бошлаб барча ҳолатларда ҳақиқий ҳисобланмаган ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битимдан фарқли равишда, агар низоли битимнинг мазмунидан унинг фақат келажак вақт учун бекор қилиниши мумкинлиги англашилса, суд битимни ҳақиқий эмас деб топган ҳолда уни келажак вақт учун ҳаракатдан тўхтатади. Бу ерда гап асосан қисман бажарилган низоли битимлар тўғрисида бормоқда. Фараз қилинг, суд фуқаро ўзига тегишли бўлган уйни фуқарони ўз қарамоғига олган ҳолда умрбод таъминлаш мажбуриятини зиммасига олган рента тўловчига мулк қилиб берган ўз қарамоғига олган ҳолда умрбод таъминлаш шартномасини бекор қилади (ФК 503-моддаси биринчи қисми). Фуқаронинг хусусиятлари, унинг меҳнатга лаёқатсизлиги ва фуқаронинг ушбу билан боғлиқ равишда рента тўловчининг ўз қарамоғига олиш харажатларини тўлашга қодир эмаслигини ҳисобга олган ҳолда, суд шартноманинг келажак вақт учун амал қилишини бекор қилади.


4. Ҳақиқий бўлмаган битимларнинг турлари орасида айрим фарқлар мавжуд. Улардан бири шундаки, ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битим тузилган пайтидан бошлаб ҳақиқий эмас, айни пайтда низоли битим суд қарори бўйича уни тузиш ёки суд қарорини чиқариш пайтидан бошлаб ҳақиқий эмас деб топилади. Фарқ шундаки, битимнинг ўз-ўзидан ҳақиқий эмаслиги ва унинг оқибатлари тўғрисидаги талабни ҳар қандай шахс қўйиши мумкин, айни пайтда низоли битим фақат манфаатдор шахснинг аризаси бўйича ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Манфаатдор шахс ролида битимни тузган шахс ва учинчи шахс бўлиши мумкин (хусусан, муайян ҳолатларда ижарага берувчи томонидан ижарага олинган мулкни сотиб олувчи билан тузилган битимнинг ҳақиқийлигини ижарага олувчи баҳслашиши мумкин).

Шарҳланаётган бобда ФК 112, 116, 117, 119, 124-моддаларида кўрсатилган асослар бўйича ҳақиқий бўлмаган битимлар ўз-ўзидан ҳақиқий эмас деб кўрсатилган.

Бундан ташқари, Кодекснинг 23-моддасида кўзда тутилган битимлар ўз-ўзидан ҳақиқий эмас деб ҳисобланади (фуқаронинг ҳуқуқ лаёқатидан ёки муомала лаёқатидан тўла ёки қисман воз кечиши ва ҳуқуқ лаёқати ёки муомала лаёқатини чеклашга қаратилган бошқа битимлар).

Айни пайтда бир қанча моддалари уларда кўрсатилган битимлар низоли, мунозарали ҳисобланишидан келиб чиқади. Тегишли қоидалар асосан шарҳланаётган битимлар тўғрисидаги бобнинг моддаларида мавжуд. Ушбу бобдан ташқаридаги моддалардан гаровга олувчининг талабларини судга мурожаат этмасдан қондиришга тегишли 280-модда иккинчи қисми ёки белгиланган қоидаларга зид равишда амалга оширилган ким-ошди савдоларнинг ҳақиқийлигини низолашишга йўл қўювчи 381-модда мисол бўла олади.



114-модда. Битимлар ҳақиқий эмаслигининг

оқибатлари тўғрисидаги умумий қоидалар


Ҳақиқий бўлмаган битим унинг ҳақиқий эмаслиги билан боғлиқ бўлган оқибатлардан ташқари бошқа юридик оқибатларга олиб келмайди ва у тузилган пайтидан бошлаб ҳақиқий эмасдир.

Битим ҳақиқий бўлмаганида тарафларнинг ҳар бири бошқасига битим бўйича олган ҳамма нарсани қайтариб бериши, олинган нарсани аслича (шу жумладан олинган нарса мол-мулкдан фойдаланиш, бажарилган иш ёки кўрсатилган хизмат билан ифодаланганда) қайтариб бериш мумкин бўлмаганида эса, агар битим ҳақиқий эмаслигининг бошқа оқибатлари қонунда назарда тутилган бўлмаса, унинг қийматини пул билан тўлаши шарт.


Битимни ҳақиқий эмас деб топишнинг умумий ва махсус асослари ва худди шунингдек бундай деб тан олишнинг умумий ва махсус оқибатлари фарқланади. Сўз юритилаётган умумий асослар 116-моддада мустаҳкамланган бўлиб, унда қонун ҳужжатларининг талабларига мувофиқ бўлмаган битимлар ҳақиқий эмас деб топилади. Битимни ҳақиқий эмаслигининг умумий оқибатларини ФК 114-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ икки томонлама реституция, яъни, тарафларни улар битим тузишдан олдинги ҳолатга келтириш ташкил қилади.

Ҳақиқий бўлмаган битим тарафларини улар битим тузишдан олдинги ҳолатга келтириш учун қонун тарафларнинг ҳар бири учун бошқа тарафга битим бўйича олинган ҳамма нарсани қайтариш мажбуриятини юклайди. Агар олинган нарсаларни асл ҳолида қайтариш мумкин бўлмаса, қийматни пул билан қоплаш лозим. Олинган нарсани асл ҳолида қайтариш мумкин бўлмаган ҳолларда (мулкдан фойдаланиш, ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш) қоплаш миқдори мазкур вазиятда юзага келган мулкдан фойдаланиш, ўхшаш ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш ҳақи миқдоридан келиб чиққан ҳолда белгиланиши мумкин.

Мулкни асл ҳолида қайтаришда унинг ҳолати ҳисобга олиниши лозим. Агар мулк шикастланган бўлса, нормал амортизация ҳисобга олинган ҳолда унинг ёмонлашиши қопланиши лозим. Агар мулкдан фойдаланган шахс мулкка унинг қиймати ошишига олиб келувчи ўзгартиришлар киритган бўлса, тегишли сумма мулк қайтарилаётган тараф томонидан берилиши лозим.



115-модда. Битимнинг қонун талаб қиладиган

шаклига риоя этмаслик


Битимнинг қонун талаб қиладиган шаклига риоя этмаслик қонунда тўғридан-тўғри кўрсатилган ҳолдагина унинг ҳақиқий змаслигига сабаб бўлади.


Кодексда айрим ҳолларда нафақат мажбурий ёзма шакл кўзда тутилган, балки ушбу талабнинг бузилиши битимларнинг ҳақиқий эмаслигига олиб келиши кўрсатилган. Битимнинг ҳақиқий эмаслиги ёзма шакл тўғрисидаги талабни бузиш оқибати сифатида 262, 271, 292, 361 ва бошқа моддаларида белгиланган. Бундан ташқари, оғзаки битимнинг ҳақиқий эмаслиги тарафларнинг келишувида ҳам кўзда тутилиши мумкин.

Нотариал шакл тўғрисидаги талаб бузилган ҳолда битим ўз-ўзидан ҳақиқий эмас деб топилади; худди шунингдек, мажбурий давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги қоидани бузувчи битим ҳам ўз-ўзидан ҳақиқий эмас ҳисобланади (ФК 112-моддаси биринчи қисми).

Қонунда белгиланган ҳолларда, битимни рўйхатга олиш талабининг бузилиши ҳам битимни ҳақиқий эмас деб топиш учун асос бўлади.

Бироқ айрим ҳоллар учун кўрсатилган битимларнинг ҳақиқий эмаслигини бартараф қилиш имконияти кўзда тутилган. Гап тегишли битим тўлиқ ёки қисман бажарилган, бажаришдан манфаат олган тараф эса нотариал тасдиқлаш ёки давлат рўйхатидан ўтказишдан бош тортган ҳолат тўғрисида бормоқда. Бунда битимни бажарган тараф ўз манфаатларини ҳимоя қилишни сўраб судга мурожаат қилиши мумкинлиги белгиланган. Суд қарорининг ҳар икки вазият учун аҳамияти турлича. Тегишли қарор нотариал тасдиқлашнинг ўрнини босади, демак, суд битимни ҳақиқий деб топгандан сўнг нотариусга мурожаат қилишнинг зарурати қолмайди. Айни пайтда суднинг рўйхатга олинмаган битимни ҳақиқий деб топиш тўғрисидаги қарори рўйхатдан ўказишнинг ўрнини боса олмайди. Бироқ кўрсатилган қарор тегишли орган учун тарафлардан бирининг истагига қарши равишда битимни давлат рўйхатидан ўтказиш мажбуриятини келтириб чиқариши учун етарлидир. Суднинг бундай қарори тегишли битим белгиланган шаклда тузилган, бироқ фақат рўйхатидан ўтмаган ҳолдагина чиқарилиши мумкин (ФК 112-модда).

Ўз-ўзидан равшанки, у ва бу ҳолда ҳам битимнинг мазмуни қонунга зид эмаслиги кўзда тутилади, акс ҳолда битимни ҳақиқий деб топиш тўғрисидаги даъво рад этилиши мумкин.



116-модда. Қонун ҳужжатларининг талабларига

мувофиқ бўлмаган битимнинг ҳақиқий эмаслиги


Қонун ҳужжатларининг талабларига мувофиқ келмайдиган мазмундаги битим, шунингдек ҳуқуқ-тартибот ёки аҳлоқ асосларига атайин қарши мақсадда тузилган битим ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир.

Бундай битимга нисбатан ушбу Кодекс 114-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган қоидалар қўлланилади.


1. Бундай турдаги ўз-ўзидан ҳақиқий эмас деб ҳисобланган битимлар тоифасига киради. Битимни ҳақиқий эмас деб топиш учун шахснинг қасддан ҳаракат қилганлиги асос бўлади. Бунда нафақат бевосита, балки билвосита ғараз ҳам кўзда тутилади (яъни шахс тегишли оқибатларни истаган ҳолда ва бундай оқибатларга онгли равишда йўл қўйган ҳолда). Фуқаролик ҳуқуқи учун иккинчи вариант хосдир.

Атайин ҳуқуқ-тартибот ёки аҳлоқ асосларига зид мақсадда тузилган битим аввал бошидан ўз-ўзидан ҳақиқий эмас.

Бундай битим тарафларининг ҳар иккисида ғаразли ният бўлган бўлса - битим икки тараф томонидан ҳам бажарилган ҳолда - улар битим бўйича олган барча нарсалар Ўзбекистон Республикаси даромадига ундириб олинади, битим бир тараф томонидан бажарилган ҳолда эса иккинчи тарафдан у олган барча нарсалар ва бунинг эвазига биринчи тарафга берилиши лозим бўлган барча нарсалар Ўзбекистон Республикаси даромадига ундириб олинади.

Бундай битимнинг фақат бир тарафида ғаразли ният бўлган ҳолда у битим бўйича олган барча нарсалар иккинчи тарафга қайтарилиши лозим, иккинчи тараф битим бажарилиши эвазига олган ёки олиши лозим нарсалар Ўзбекистон Республикаси даромадига ундириб олинади.

Атайин ҳуқуқ-тартибот ёки аҳлоқ асосларига зид мақсадларда тузилган битимлар ҳақиқий бўлмаган битимларнинг энг “хавфли”, энг зарарли таркибини ташкил қилади. Улар бажарилган тақдирда ўта оғир оқибатларга сабаб бўладиган ўз-ўзидан ҳақиқий эмас битимлар тоифасига киритилади. Амалиётда ва назарияда бундай битимлар антиижтимоий деб номланади.

Мазкур битимнинг асосий белгилари қуйидагилар ҳисобланади, биринчидан, мақсад: битим ҳуқуқ-тартибот ёки аҳлоққа зид мақсадда тузилади; иккинчидан, бундай битимни тузган тарафларнинг ҳеч бўлмаганда биттасида ғаразли ният бўлади.

Шарҳланаётган модда мазмуни бир нечта хулосалар чиқариш учун асос бўлади. Биринчидан, ундан келиб чиқадики, мақсаднинг ўзи битимни ҳақиқий бўлмаган битимларнинг мазкур турига киритиш учун етарлича бўлиши мумкин. Битим ҳам мазмуни, ҳам шаклига кўра қонунийга ўхшайди, бироқ мақсад уни ўта хавфли ҳақиқий бўлмаган битимга айлантиради. Иккинчидан, равшанки, ҳуқуқ-тартибот асослари ва аҳлоқ асослари қонун томонидан битим хавфлилигини баҳолашнинг тенг мезонлари сифатида кўриб чиқилади. Яъни битимни ҳақиқий эмас деб топиш учун ушбу асосга кўра у масалан, аҳлоқий асосларга қарши мақсадда тузилганининг ўзи етарлидир.

Бироқ бундай мақсад ҳар доим очиқ-ойдин кўринмайди. Бу битим учун одатдаги юридик мақсад эмас. Гап тарафларнинг битим бўйича ҳуқуқий натижага эришиш учун (бошқа вазиятда бутунлай қонуний) жиноят таркиби ёки бошқа хавфли ҳуқубузарликни (маъмурий ножўя иш ёки ғайри қонуний ҳаракатни) ташкил қилувчи хатти-ҳаракатни қасддан содир этиши тўғрисида бормоқда. Мазкур ҳаракат битимни бажариш учун зарур ўша “хавфли натижа” бўлганлиги сабабли битим атайлаб ҳуқуқ-тартибот ёки аҳлоқ асосларга зид мақсадда амалга оширилган ҳисобланади. Мақсаднинг ўзи битим сингари ҳеч қандай оқибатларни келтириб чиқармайди. Оқибатлар бундай битимни ижро этишга доир ҳаракатлар билан боғланади. Шу тариқа гап жиноий ҳаракатлар, маъмурий қилмишлар ва бошқа қўпол ҳуқуқбузарликлар оқибатларига эга фуқаролик-ҳуқуқий таснифлаш тўғрисида бормоқда.



117-модда. Ўн тўрт ёшга тўлмаган шахс томонидан

тузилган битимнинг ҳақиқий эмаслиги


Ўн тўрт ёшга тўлмаган шахс томонидан тузилган битим ўз-ўзидан ҳақиқий эмас, ушбу Кодекс 29-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган битимлар бундан мустасно.

Бундай битимдаги тарафларнинг ҳар бири битим бўйича олган ҳамма нарсани иккинчи тарафга қайтариб бериши, олинган нарсани асл ҳолида қайтариб бериш мумкин бўлмаганида эса - унинг қийматини пул билан тўлаши шарт. Бундан ташқари, муомалага лаёқатли тараф, агар иккинчи тарафнинг муомалага лаёқатсизлигини билган ёки билиши лозим бўлган бўлса, иккинчи тарафга у кўрган ҳақиқий зарарни тўлаши шарт.


1. ФК 14 ёшга тўлмаган вояга етмаганларни (кичик ёшдаги болаларни) муомалага лаёқатсизлар тоифасига киритади (уларнинг ФК 29-моддасида рухсат этилган чекланган муомалага лаёқатли шахслар сифатида бажарадиган ҳаракатлар бундан мустасно). Бу шу билан исботланади-ки, улар амалга оширадиган битимларга шарҳланаётган модда қоидалари қўлланилади. Муомалага лаёқатсиз шахс томонидан тузилган битимни ижро этишдаги каби, кичик ёшдаги бола томонидан тузилган битим тарафларининг ҳар бири битим бўйича олган ҳамма нарсани иккинчи тарафга қайтариб бериши, олинган нарсани асл ҳолида қайтариб бериш мумкин бўлмаганида эса - унинг қийматини пул билан тўлаши шарт. Худди шунингдек муомалага лаёқатли тараф, агар кичик ёшдаги иккинчи тарафнинг ёшини (муомалага лаёқатсизлигини) билган ёки билиши лозим бўлган бўлса, иккинчи тарафга у кўрган ҳақиқий зарарни тўлаши шарт.

Кичик ёшдаги бола, муомалага лаёқатсизларнинг манфаатлари учун ота-оналар (фарзандликка олувчилар, васийлар), агар битим кичик ёшдаги боланинг фойдасига тузилган бўлса, суддан бундай битимни ҳақиқий деб топишни талаб қилиш мумкин (119-моддага шарҳларни қаранг).

14 ёшга тўлмаган вояга етмаганлар (кичик ёшдаги болалар) қонун билан икки гуруҳга ажратилади: 6 ёшгача бўлган муомалага бутунлай лаёқатсиз кичик ёшдаги болалар, ва муайян юридик ҳаракатларни амалга ошириш рухсат этилган (ФК 29-модда) 6 ёшдан 14 ёшгача бўлган болалар. Қонун кичик ёшдаги болаларнинг муомала лаёқати мазмунига текин манфаат кўришга қаратилган, нотариал тасдиқлашни ёки давлат рўйхатидан ўтказишни талаб қилмайдиган майда маиший битимларни, шунингдек қонуний вакиллари (ота-она, фарзандликка олувчилар, васийлар) томонидан берилган маблағларни ёки уларнинг розилиги билан тасарруф этишга доир битимларни амалга оширишни киритади. Бундай битимлар ҳақиқий ҳисобланади. Улар тегишли ҳуқуқ ва мажбуриятларни келтириб чиқаради. Бироқ бундай битимлар бўйича жавобгарлик кичик ёшдаги болалар эмас, уларнинг ота-оналари (фарзандликка олувчилар, васийлар) зиммасига юклатилади (ФК 29-модда).



118-модда. Ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган

вояга етмаган шахс томонидан тузилган

битимнинг ҳақиқий эмаслиги


Ўн тўрт ешдан ўн саккиз ешгача бўлган вояга етмаган шахс томонидан ушбу Кодекснинг 27-моддасига мувофиқ унинг ота-онаси, фарзандликка олувчилари ёки ҳомийсининг розилиги талаб қилинадиган ҳолларда уларнинг розилигисиз тузилган битим ота-онаси, фарзандликка олувчилари ёки ҳомийсининг даъвоси бўйича суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Агар бундай битим ҳақиқий эмас деб топилса, ушбу Кодекс 117-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган қоидалар қўлланилади.

Бу модданинг қоидалари ушбу Кодекс 22-моддасининг иккинчи қисми ва 28-моддасида назарда тутилган ҳолларда тўла муомала лаёқатига эга бўлган вояга етмаганларга нисбатан тадбиқ этилмайди.


1. 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган вояга етмаган шахслар қисман муомала лаёқатига эга бўлади. Улар ўзлари ишлаб топган пуллар, стипендиялари, даромадларини тасарруф этиш бўйича мустақил битимларни амалга оширишлари, фан, адабиёт, санъат асари, ихтиро ёки ўз интеллектуал фаолиятининг қонун билан ҳимоя қилинадиган натижалари муаллифи ҳуқуқларидан фойдаланишлари, кредит муассасаларига маблағлар киритишлари ва уларни тасарруф этишлари, майда маиший битимлар ва ФК 29-моддасида кичик ёшдаги болалар учун кўзда тутилган бошқа битимларни амалга оширишлари мумкин.

Вояга етмаган шахслар 16 ёшга тўлгандан кейин ишлаш ва иш ҳақи олиш, ўқиш ва стипендия олиш, адабиёт, санъат асарларини яратиш, ижрочилик фаолияти билан шуғулланиш, ихтиро, саноат намунаси учун патент олиш ва ҳ.к. ларни амалга оширишлари мумкин. Ўз фаолияти даромадларини тасарруф этиш битимлари, улар билан боғлиқ ҳуқуқларни амалга ошириш ва мажбуриятларни бажариш битимлар тўғрисидаги умумий қоидаларга бўйсинади.

Битимни ҳақиқий эмас деб топиш учун махсус асос шу билан боғлиқ равишда юзага келадики, вояга етмаганлар, ушбу юқорида санаб ўтилганлардан ташқари, қонуний вакилларининг (ота-оналари, фарзандликка олувчилари ёки ҳомийларининг) ёзма розилиги билан бошқа битимларни тузишлари мумкин (ФК 17-моддаси биринчи қисми). Вакилларнинг розилигисиз тузилган битим уларнинг даъвоси бўйича ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Бундай ҳолларда битим тарафларининг ҳар бири олинган барча нарсаларни асл ҳолида қайтариши, агар қайтариш мумкин бўлмаса - қийматини пул билан қоплаши шарт. Муомалага лаёқатли тараф, агар у вояга етмаган шахс билан иш кўраётганлигини билган бўлса, иккинчи тарафга кўрилган реал зарарни қоплаши лозим.


2. Шарҳланаётган модда қоидалари вояга етган шахс муомалага лаёқатли деб эълон қилинган (эмансипация) ёки қонун 18 ёшга етгунга қадар никоҳдан ўтишга рухсат этган ҳолларга нисбатан тадбиқ этилмайди. Шахс никоҳдан ўтган вақтдан эътиборан тўла ҳажмда муомала лаёқатига эга бўлади. Бундай ҳолда қонуний вакилларнинг розилигисиз тузилган битимни ҳақиқий эмас деб топиш учун асослар бекор бўлади.

Тўла ҳажмдаги муомала лаёқати эмансипация асосида ҳам белгиланади (ФК 28-модда). 16 ёшга тўлган вояга етмаган шахс меҳнат шартномаси бўйича ишлаётган бўлса ёки қонуний вакилларининг розилигига биноан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган бўлса, у тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши мумкин. Вояга етмаган шахснинг эмансипацияси қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади (28-моддаси иккинчи қисми).



119-модда. Муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаро

томонидан тузилган битимнинг ҳақиқий эмаслиги


Руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги сабабли муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаро томонидан тузилган битим ўз-ўзидан ҳақиқий эмас. Бундай битимга нисбатан ушбу Кодекс 117-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган қоидалар қўлланилади.


Шарҳланаётган модда битимни ҳақиқий эмас деб топиш учун асослардан бири сифатида битимнинг муомалага лаёқатсиз шахс томонидан тузилишини белгилайди. Агар фуқаро руҳий касаллиги сабабли ўз ҳаракатларининг моҳиятини тушунмаса ва уларни бошқара олмаса суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилади. Битимларни унинг номидан суд қарори асосида тайинланадиган васий амалга оширади (ФК 30-модда).

Бундай шахс томонидан тузилган битим қонун томонидан ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битим деб таснифланади. У битим иштирокчилари учун ҳеч қандай ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқармайди. Уни ижро этиш тақиқланади. Акс ҳолда шарҳланаётган моддада кўрсатилган чоралар қўлланиши мумкин. Тарафларнинг ҳар бири иккинчи тарафга олинган нарсаларнинг ҳаммасини асл ҳолида қайтариши шарт. Олинган нарсани асл ҳолида қайтариш мумкин бўлмаган ҳолларда унинг қиймати пулда тўланиши лозим.

Шуни ҳисобга олиш муҳим-ки, қонун мазкур нормада муомалага лаёқатсиз шахс билан бирга тузилган эмас, балки муомалага лаёқатсиз шахс томонидан тузилган битимларга тасниф беради. Унинг бундай битим иштирокчиларига нисбатан келгусида қўлланиладиган барча чораларни белгиловчи бош белгиси битимнинг муомалага лаёқатсиз шахс томонидан тузилиши ҳисобланади.

Шунинг учун қонунда битимнинг иккинчи тарафи муомалага лаёқатли шахс бўлган ҳолатлар учун алоҳида оқибатларни кўзда тутади. Муомалага лаёқатли тараф зиммасига, агар у иккинчи тарафнинг муомалага лаёқатсизлигини билган ёки билиши лозим бўлган бўлса, иккинчи тарафга у бундай битим туфайли кўрган ҳақиқий зарарни тўлаш мажбурияти юклатилади (ФК 14-модда).

Васийнинг илтимосига кўра муомалага лаёқатсиз шахс томонидан тузилган битим, агар у муомалага лаёқатсиз шахс манфаатларига мувофиқ бўлса ва унинг фойдасига амалга оширилган бўлса, суд томонидан ҳақиқий деб топилиши мумкин. Гап муомалага лаёқатсиз шахс фойдасига ҳадя қилиш битимларини ижро этиш, унинг учун муҳим аҳамиятга эга ашёларни унга фойдали нархларда сотиш тўғрисида кетмоқда. Уларни муомалага лаёқатсиз шахсдан битимнинг ўз-ўзидан ҳақиқий эмаслиги сабабли қайтаришни талаб қилиш васийнинг илтимосига кўра суд томонидан рад этилиши мумкин. Айрим ҳолларда ҳадя қилиш ваъдасини ижро этиш тўғрисидаги даъво қондирилиши мумкин.



120-модда. Муомала лаёқати чекланган фуқаро томонидан

тузилган битимнинг ҳақиқий эмаслиги


Спиртли ичимликларни ёки гиёҳванд воситаларни суиистеъмол қилиш оқибатида муомала лаёқати чекланган фуқаро томонидан ҳомийсининг розилигисиз тузилган битимни суд ҳақиқий эмас деб топиши мумкин. Агар бундай битим ҳақиқий эмас деб топилса, ушбу Кодекс 117-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган қоидалар қўлланилади.

Бу модданинг қоидалари ушбу Кодекс 29-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ тузилган вақтнинг ўзидаеқ бажариладиган майда маиший битимларга тааллуқли бўлмайди.


1. Шарҳланаётган модда битимни ҳақиқий эмас деб топиш учун асос сифатида битимнинг муомала лаёқати чекланган шахс томонидан тузилишини белгилайди. Фуқаронинг муомала лаёқатини чеклаш унинг спиртли ичимликларни ёки гиёҳванд воситаларни суиистеъмол қилиши оқибатида, агар у ўз ҳаракатлари билан оиласини қийин моддий аҳволга солаётган бўлса, суд томонидан амалга оширилади. Мазкур чеклов фуқаро устидан ҳомийлик ўрнатилишида ифодаланади. Шундан кейин у фақат майда маиший битимларни мустақил равишда амалга ошириши мумкин бўлади. У фақат ҳомийнинг розилиги билан бошқа битимларни тузиши, шунингдек, иш ҳақи, пенсия ва бошқа даромадларини олиши ҳамда уларни тасарруф этиши мумкин бўлади.

Бироқ ушбу субъект қолган масалаларда ҳатти-ҳаракатларини англаши ва уларни бошқара олиши сабабли у томонидан тузилган битим, ҳатто у майда маиший битимлар доирасидан четга чиқса ҳам, ҳақиқий эмас деб ҳисобланиши мумкин эмас. Ҳомий, агар у битим ҳомийлик остидаги шахс ва унинг оила аъзолари манфаатларига жавоб бермайди деб топса, ушбу битим юзасидан низолашишга ҳақлидир. Бироқ, даъво билдирилиши унинг қондирилиши шартлигини англатмайди. Қонун судга бундай қарорни қабул қилиш ҳуқуқини беради, бироқ фақат ҳомийнинг битимни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талаби учунгина қарор қабул қилиш мажбуриятини юкламайди. Бироқ даъвони рад этиш учун жиддий асослар бўлиши лозим: масалан, ҳомийнинг ўз ҳуқуқини фақат ҳомийлик остидаги шахсни “жазолаш” учун амалга ошириши; ҳомийлик остидаги шахс ва унинг оила аъзолари манфаатлари учун тузилган, амалда ҳомий томонидан маъқулланган битим ва ҳ.к.

Агар битим суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилса, унинг оқибатлари муомалага лаёқатсиз шахс билан тузилган битимларни ҳақиқий эмас деб топиш ҳолатидаги билан бир хил бўлади. Тарафларнинг ҳар бири олган ҳамма нарсани иккинчи тарафга қайтариб бериши (олинган нарсани асл ҳолида қайтариб бериш мумкин бўлмаганида эса - унинг қийматини қоплаши), муомалага лаёқатли тараф, агар у контрагентнинг муомалага лаёқатсизлигини билган ёки билиши лозим бўлган бўлса, иккинчи тарафга у битимни ижро этиш натижасида кўрган ҳақиқий зарарни тўлаши шарт (ФК 117-модда).


2. Муомала лаёқати суд томонидан чекланган шахс томонидан амалга оширилган битимни ҳақиқий эмас деб топиш имконияти бундай шахс ҳомийнинг розилигисиз амалга ошириши мумкин бўлган майда маиший битимларга нисбатан татбиқ этилмайди (ФК 27-модда).



121-модда. Ўз ҳаракатларининг аҳамиятини тушуна

олмайдиган ёки уларни бошқара олмайдиган фуқаро

томонидан тузилган битимнинг ҳақиқий эмаслиги


Гарчи муомалага лаёқатли бўлсада, бироқ битим тузиш вақтида ўз ҳаракатларининг аҳамиятини тушуна олмайдиган ёки уларни бошқара олмайдиган ҳолатда бўлган фуқаро томонидан тузилган битим шу фуқаронинг ёки ҳуқуқлари ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бундай битимни тузиш натижасида бузилган бошқа шахсларнинг даъвоси бўйича суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Кейинчалик муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаро томонидан тузилган битимни, агар битимни тузиш пайтида фуқаро ўз ҳаракатларининг аҳамиятини тушуна олмаганлиги ёки уларни бошқара олмаганлиги исботланган бўлса, унинг васийси қилган даъвога мувофиқ суд хақиқий эмас деб топиши мумкин.

Агар битим ушбу модда асосида ҳақиқий эмас деб топилган бўлса, ушбу Кодекс 117-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган қоидалар қўлланилади.

Бундан ташқари, битим тузиш пайтида ўз ҳаракатларининг аҳамиятини тушуна олмаган ёки уларни бошқара олмаган тарафга иккинчи тараф, агар у ўзи билан битим тузган фуқаронинг бундай ҳолатда эканлигини билган ёки билиши лозим бўлган бўлса, қилинган харажатларни, йўқотилган мол-мулкнинг ёки унга етказилган шикастнинг ҳақини тўлаши керак.


1. Битим ҳақиқийлигининг зарур шарти битимни тузувчи эрки-иродасини билдириш тузувчинг хоҳишига мувофиқлигидир. Шунинг учун фуқаро атрофдаги вазиятни англамаган, содир этган ҳаракатларининг оқибатини тушунма олмайдиган ва уларни бошқара олмайдиган ҳолатда тузган битимларни ҳақиқий деб ҳисоблаш мумкин эмас. Бундай ҳолатларнинг сабаблари турлича бўлиши мумкин: касаллик ва алкоголдан (наркотик) заҳарланишдан, бирор-бир ҳодиса ёки ҳаракатлар сабабли пайдо бўлган кучли руҳий ҳаяжон. Шу сабабли шарҳланаётган модда, биринчидан ФК 119-моддасини тўлдиради. У вақтинча ёки барқарор руҳий касалликка учраган шахсларни, суд уларни муомалага лаёқатсиз деб топгунга ва ўз қарори билан келгусидаги бундай хатти-ҳаракатлар оқибатларидан ҳимоя қилгунга қадар, “хоҳиш эксцессларидан” муҳофаза қилиши лозим. Бундай қарор қонуний кучга кирган пайтдан бошлаб ва у бекор қилинган пайтгача ушбу шахсларнинг ҳеч қандай битимлари, ҳатто уларнинг “тўла ақли расолиги” исботланса ҳам, ҳеч қандай юридик аҳамиятга эга бўлмайди. Иккинчидан, у ФК 120-моддасига нисбатан ҳам ўхшаш функцияни бажаради. Кучли алкогол ёки наркотик мастлиги ҳолатида битим тузган шахс ва унинг оила аъзолари, спиртли ичимликларни ёки гиёҳванд воситаларни суиистеъмол қилувчи фуқаронинг муомала лаёқати суд томонидан чеклангангунга қадар мазкур модда ёрдамидан фойдаланишлари мумкин. Ниҳоят, учинчидан, ушбу модда такрорланувчи ушбу икки типик ҳолатга кирмайдиган, бироқ шахс ўз эҳтиётсизлиги, ўзига ортиқ даражада ишониши, бахтсиз ҳодиса натижасида ёки ҳатто бошқа шахсларнинг айбли ҳаракатлари туфайли тушиши мумкин бўлган барча вазиятларни қамраб олади. У бундай ҳолатга ўз организми имкониятларига ва унинг турли доривор воситаларга таъсирчанлигига ортиқча баҳо бериш, бошқа шахснинг психик (гипноз) ёки жисмоний (заҳарлаш) таъсири натижасида тушиши мумкин.

Бироқ, мураккаблик таснифлашда эмас, балки бундай ишлар бўйича исботлаш базасини таъминлашдадир. Айнан сўнги гуруҳдаги ҳолатларда даъвогарга фуқаролик жараёнида далилларни таъминлаш жуда қийин, чунки процессуал мустаҳкамлаш деярли мумкин бўлмаган аниқ маълумотларни тўплаш ва ўрганишга тўғри келади: ахир суд шахснинг битимни тузиш пайтидаги руҳий ҳолатини баҳолаши лозим. Бунинг учун мураккаб эксперт баҳолашидан фойдаланиш, битим ҳодисасига шоҳид бўлаган гувоҳларни сўроқ қилиш, касалликлар тарихини ўрганиш ва ҳ.к.ни амалга оширишга тўғри келади. Бундай ҳолларда суд учун одатда “муқобил тақдим этишларнинг номувофиқлиги”, “айирбошлашнинг аниқ ноэквивалентлиги” - мезонлари бўйичагина эмас, балки бошқа сабабларга кўра - адашиш, алдаш, зўравонлик ва ҳ.к. туфайли ҳақиқий эмас деб топиш учун асос бўлувчи вазиятлар энг ишончли мезонлар ҳисобланади. Буларнинг барчаси бундай даъволарни фуқаролик суд жараёнида (унинг тез ўтиб кетиши ва тарафларнинг далиллар тўплашда ўз кучига ишониши билан) қаноатлантиришда кам истиқболли эканлигига сабаб бўлади. Фақат бу билан бирга иш бўйича бошқа, шахснинг ҳолати эмас, балки битимни тузиш тартиби бузилганидан далолат берувчи янада салмоқли фактлар аниқлангандагина ишни ютиб чиқиш эҳтимоли пайдо бўлади. Хусусан, гувоҳларнинг даъвогар битимни нотариал тасдиқлаш пайтида маст ҳолатда бўлганлигини тасдиқловчи кўрсатмалари судга бундай битимни ҳақиқий эмас деб топиш учун асос беради.

Ушбу битим низоли битим ҳисобланади. Уни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талаб бундай ҳолатда бўлган фуқаронинг ўзи, шунингдек битим тузиш оқибатида ҳуқуқлари бузилган бошқа шахс томонидан билдирилиши мумкин. Бошқа шахсларга эр-хотин, оиланинг бошқа аъзолари, шунингдек ушбу шахснинг ворислари киради. Амалиётда ушбу асос бўйича мерос қолдирувчи томонидан у қандайдир касалликни бошидан кечирган даврда тузилган васиятномани низолашиш ҳолатлари учрайди. Бундай ишларда даъвогарнинг муваффақият қозониш имкониятлари кўпроқ, бироқ бундай ҳолларда ҳам касаллик, ҳатто руҳий хасталик мавжудлигининг ўзи васиятнинг ҳақиқий эмас деб тан олинишини кафолатламайди. Васият қилувчининг ўзи йўқ бўлган пайтда васият қилувчи васиятномани тузиш вақтида “алоҳида ҳолатда” бўлганлигини исботлаш зарур. Бундай ишларда ҳатто экспертлар ҳам қарама-қарши хулосаларни беришлари мумкин. Суд ишга доир барча вазиятларни, шу жумладан суд томонидан аниқланган барча фактларни ҳисобга олган ҳолда тузилган васиятнома васият қилувчининг ҳақиқий хоҳишига қанчалик мос келишига эътибор қаратиши лозим бўлади.


2. Қонун руҳий касалликка учраган, бироқ ҳали муомалага лаёқатсиз деб топилмаган шахснинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг алоҳида ҳолатини кўзда тутади. Унга ва бошқа манфаатдор шахсларга умумий асосда даъво билдириш мумкин, бундай натижага иккита жараён натижалари бўйича эришиш мумкин. Биринчи жараёнда шахс муомалага лаёқатсиз деб топилади. Суднинг шахсни муомалага лаёқатсиз деб топиш тўғрисидаги қарори асосида васий томонидан ушбу шахс томонидан тузилган битимни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги даъво билдирилади. Бу даъвогар муомалага лаёқатсиз шахснинг битимни тузиш пайтида руҳий ҳолатини исботлаш заруратидан озод қилинишини англатмайди. Бироқ энди у бундай ҳолатнинг сабабини исботлаши зарур эмас, чунки муомалага лаёқатсиз шахснинг содир этадиган ҳаракатларини англамаслиги ва уларни бошқара олмаслигига сабаб бўлган руҳий касалликнинг мавжудлиги биринчи ишда тасдиқланган. Шу тариқа, муомалага лаёқатсиз шахс битимни тузиш пайтидаги шундай руҳий хасталик ҳолатида бўлганлигини тасдиқлаш қолади холос, бу кўп ҳолларда битим ҳақиқий эмас деб топилиши учун етарли бўлади.


3. Битим кўриб чиқилаётган асос бўйича ҳақиқий эмас деб топилган ҳолда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган шахслар томонидан тузилган битимлар сингари оқибатларни икки томонлама реституция, агар муомалага лаёқатли тараф битим тузган тарафнинг муомалага лаёқатсизлигини билган ёки билиши лозим бўлган бўлса, иккинчи тарафга у кўрган ҳақиқий зарарни тўлаши юзага келади.



122-модда. Янглишиш таъсирида тузилган

битимнинг ҳақиқий эмаслиги


Жиддий аҳамиятга эга бўлган янглишиш таъсирида тузилган битим янглишиш таъсирида ҳаракат қилган тарафнинг даъвоси бўйича суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Битимнинг табиати, унинг нарсасининг ўз вазифаси бўйича фойдаланиш имкониятини анча пасайтирадиган ўхшашлиги ёки сифати ҳақида янглишиш жиддий аҳамиятга эгадир. Битимнинг сабаблари хусусида янглишиш жиддий аҳамиятга эга эмас.

Агар битим янглишиш таъсирида тузилганлиги туфайли ҳақиқий эмас деб топилса, ушбу Кодекс 114-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган қоидалар қўлланилади.

Бундан ташқари, ўз даъвосига кўра битим ҳақиқий эмас деб топилган тараф янглишиш иккинчи тарафнинг айби билан юз берганлигини исботлай олса, иккинчи тарафдан ўзига етказилган ҳақиқий зарарни тўлашни талаб қилишга ҳақли. Агар бу ҳол исботланмаса, ўз даъвосига кўра битим ҳақиқий эмас деб топилган тараф иккинчи тарафнинг талаби билан, башарти ҳатто янглишиш янглишган тарафга боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра юз берган бўлса ҳам, етказилган ҳақиқий зарарни унга тўлаши шарт.


1. Янглишиш деганда шахснинг тузилаётган битим элементлари тўғрисида нотўғри, хато, ҳақиқатга мувофиқ бўлмаган тасаввурини тушуниш қабул қилинган. Бундай ҳолларда хоҳишнинг ташқи ифодаси унинг ҳақиқий мазмунига мувофиқ бўлмайди. Суратнинг асл, ҳақиқий деб ўйланган нусхасини сотиб олиш, товар тўлови сифатида қалбаки пулларни олиш, яшаш учун яроқсиз турар жойни сотиб олиш ва шунга ўхшаш ҳолатлар битим бўйича натижа тарафнинг ҳақиқий истагига мувофиқ эмаслигидан далолат беради.

Бироқ янглишиш турли вазиятларга тегишли бўлиши мумкин. Масалан, иштирокчи квартирани сотишнинг ҳақиқий мақсадлари (бошқа жойга кўчишни истамаслик, қўшнилар билан ёмон муносабатлар, қўшниларнинг ғайриижтимоий феъл-атвори, бино ёки ускунанинг квартирада яшовчи шахс учун ноқулайликлар туғдирувчи техник камчиликлари ва ҳ.к.) тўғрисида нотўғри тасаввурга эга бўлиши мумкин. Айрим янглишишлар битимга, унинг шартларидан бирига тегишли, бошқалари эса тегишли эмас.

Қонунда шундай дейилади: янглишиш битим сабабларига нисбатан жиддий аҳамиятга эга эмас. Масалан, корхона билан мебел етказиб бериш бўйича шартнома тузган тараф уни ҳақиқий эмас деб топишни талаб қилган, чунки тараф уни тузиш пайтида шартнома бўйича олинган мебел офисни жиҳозлаш учун ишлатилишини мўлжаллаган бироқ, ижарага берувчи ижара мудатини узайтирмаган ва тараф офиссиз қолган. Бироқ ушбу янглишиш мебел етказиб бериш шартномаси учун жиддий аҳамиятга эга эмас, чунки мазкур шартнома бўйича етказиб берувчи учун харидор битим тузаётганда нималарга таянгани аҳамиятсиз ҳисобланади.

Битим ҳақиқий эмас деб топилиши учун янглишиш битим тузиш пайтида мавжуд бўлиши ва битим учун жиддий аҳамиятга эга бўлиши лозим. "Янглишиш таъсирида тузилган" иборасини шундай тушуниш мумкин, бундай янглишиш битимнинг усиз тузилиши мумкин бўлмаган шартига тегишли бўлганда мавжуд бўлади (янглишиш йўқ - битим йўқ формуласи бўйича). Сурат нусха эканлиги, квартира яшаш учун яроқсизлигини ва ҳ.к. билганда харидор битимни амалга оширмаган бўлар эди.

Янглиши таъсирида тузилган битимни ҳақиқий эмас деб топишнинг асосий оқибати икки томонлама реституция ҳисобланади: тарафларининг ҳар бири битим бўйича олган ҳамма нарсани иккинчи тарафга қайтариб бериши, олинган нарсани асл ҳолида қайтариб бериш мумкин бўлмаганида эса - унинг қийматини пул билан тўлаши шарт.

Қонун чиқарувчи тарафлардан бирининг феъл-атвори билан боғлиқ таваккалчилик хавф тўғрисида гап бораётганлигини англаган ҳолда ушбу таваккалчилик бурчини тақсимлашнинг оқилона чораларини ўрнатади. Даъвосига кўра битим ҳақиқий эмас деб топилган тараф, агар янглишиш иккинчи тарафнинг айби билан содир бўлган бўлса, иккинчи тарафдан битим тузилиши сабабли унга етказилган ҳақиқий зарарни қоплашни талаб қилиши мумкин. Қонун матнида айб шакли кўрсатилмаган. Бироқ иккинчи тараф атайлаб янглиштирган бўлса, битимни ҳақиқий эмас деб топиш учун асос янглишиш эмас, балки ФК 123-моддасида кўзда тутилган алдаш бўлган бўлар эди. Мазкур ҳолда гап эҳтиётсизлик, эътиборсизлик, бепарволик тўғрисида бормоқда.

Агар иккинчи тарафнинг айби бўлмаса, янглишиш таъсирида битим тузган шахс иккинчи тарафга етказилган ҳақиқий зарарни қоплаши лозим. Бу ҳолда битимни ҳақиқий эмас деб топишнинг салбий оқибатларини янглишган томон зиммасига юкланади.



123-модда. Алдаш, зўрлик, қўрқитиш, бир тараф вакилининг

иккинчи тараф билан ёмон ниятда келишиши ёки оғир ҳолатлар

юз бериши таъсирида тузилган битимнинг ҳақиқий эмаслиги


Алдаш, зўрлик, қўрқитиш, бир тараф вакилининг иккинчи тараф билан ёмон ниятда келишиши таъсирида тузилган битим, шунингдек фуқаро оғир ҳолатлар юз бериши туфайли ўзи учун ўта ноқулай шартлар билан тузишга мажбур бўлган, иккинчи тараф эса бундан фойдаланиб қолган битим (асоратли битим) жабрланувчининг даъвоси бўйича суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Агар битим юқорида кўрсатилган асослардан бирига кўра ҳақиқий эмас деб топилса, иккинчи тараф жабрланувчига унинг битим бўйича бажарган ҳамма нарсасини қайтариб бериши керак, олинган нарсани асл ҳолида қайтаришнинг иложи бўлмаганида эса - унинг қийматини пул билан тўлаши керак. Жабрланувчи битим бўйича иккинчи тарафдан олган мол-мулк, шунингдек иккинчи тарафга топширилган нарса эвазига ўзига тегишли бўлган мол-мулк давлат даромадига ўтказилади. Мол-мулкни асл ҳолида давлат даромадига ўтказиш мумкин бўлмаса, унинг қиймати пул билан ундириб олинади. Бундан ташқари, жабрланувчига иккинчи тараф унинг қилган харажатларини, унинг мол-мулки йўқотилиши ёки бузилиши натижасида етказилган зарарни тўлайди.


1. Шарҳланаётган моддада кўзда тутилган беш битимнинг барчаси бир қарашда бир-биридан жиддий фарқ қилади. Уларни тан олиш асослари бутунлай турлича. Улардан бирлари битимни тузиш сабабларига (зўрлик, қўрқитиш) тегишли ва шахсий (ички) эрк-ирода, хоҳишнинг йўқлиги, бошқалари эса хоҳишнинг битимда хоҳиш билдиришга, изҳор этишга номувофиқлиги (алдаш, вакилнинг ёмон ниятдаги битими, асоратли битим) хусусиятига эга. Иккита ҳолат уларни бирлаштириш имконини беради. Биринчи: ушбу турлича бўлган бешта асоснинг барчаси битта умумий шарт билан эътиборга олиниши мумкин - уларнинг ҳар бири битим тузишнинг зарурий сабаби бўлиши лозим. Бусиз тегишли битимлар тузилмаган бўлар эди. Иккинчи - бундай битимларни ҳақиқий эмас деб топишнинг умумий оқибатлари.

Биринчи хусусият на битимнинг шартларини, на уни амалга ошириш тартибини, ва ниҳоят на битимнинг шаклини эътиборга олмаслик имконини беради. Улар бутунлай қонуний бўлиши мумкин. Энг асосийси битим ниманинг таъсирида амалга оширилгани. Беш ҳолатнинг барчасида тарафлардан бири иккинчи тарафнинг ноқонуний ҳаракатларидан жабрланувчи ҳисобланади. Ушбу ноқонуний ҳаракатлар иккинчи тарафнинг битимни тузишига жиддий таъсир кўрсатган.

Шу сабабдан мазкур норма фақат ушбу ноқонуний ҳаракатларнинг фуқаролик-ҳуқуқий таснифини беришига эътибор қаратиши зарур. У шунга ўхшаш ҳолларда бундай ҳаракатларни амалга оширган шахслар учун юзага келиши мумкин бўлган жиноий, маъмурий ва бошқа жавобгарликка оид эмас. Алдаш, зўрлик, қўрқитиш ва қолган ҳаракатлар муайян шароитларда жиноий ёки маъмурий қонунчиликда кўзда тутилган чораларни қўллаш ҳуқуқини беради.

Қуйидаги битимларнинг ҳар бири, агар у:

биринчи, алдаш таъсирида;

иккинчидан, зўрлик таъсирида;

учинчидан, қўрқитиш таъсирида;

тўртинчидан, бир тараф ваиклининг иккинчи тараф билан ёмон ниятли битими таъсирида;

бешинчидан, ўзи учун жуда фойдасиз шартлар асосидаги оғир вазиятлар таъсирида (асоратли битим) тузилган бўлса ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Шарҳланаётган модда ҳар қандай иштирокчилар - ҳам жисмоний шахслар, ҳам юридик шахсларнинг битимларига нисбатан тадбиқ этилади.


2. Алдаш тарафни атайлаб янглиштиришни ифода этади. У ундан иккинчи тарафни битим тузишга кўндириш воситаси сифатида фойдаланилганда юридик аҳамият касб этади. Битимни тузишдан манфаатдор бўлган тараф атайлаб жабрланувчида битим характери, унинг шартлари, иштирокчиларнинг шахсияти, предмети, унинг битим тузиш қарорига таъсир қилувчи бошқа вазиятлар тўғрисида ҳақиқатга мувофиқ бўлмаган тасаввурни ҳосил қилади. Алдаш муайян фактларни тасдиқлаш ва билиш жабрланувчини битим тузишдан қайтариши мумкин бўлган фактлар ва вазиятларни яширишдан иборат бўлиши мумкин.

Масалан, шахс банкка омонатни мерос бўйича олиш ҳуқуқини берувчи қалбаки ёки ҳақиқатга тўғри келмайдиган ҳужжатларни, ёки битим тузиш ваколатини тасдиқловчи сохта ҳужжатни тақдим этади ва ҳ.к.


3. Шарҳланаётган моддада зўрлик - битим иштирокчиси шахсиятига ёки агар у фуқаро бўлса бевосита тарафнинг ўзига, ёки юридик шахснинг вакиллари (ходимлари) ва органларига жисмоний таъсир кўрсатиш ҳисобланади. Улар калтаклаш, тан жароҳати етказиш, қотиллик, жисмоний азоб бериш, ҳаракатланиш эркинлигини чеклаш ёки ундан маҳрум қилишда ифодаланиши мумкин. Зўрлик тарафнинг мол-мулкига тажовуз қилиш - мол-мулкни йўқ қилиш ёки шикастлаш, уни эгаллаб олишда намоён бўлиши мумкин.

Зўрлик ҳам битимдаги тарафга, ҳам тарафга яқин кишиларга (фарзандлари, ота-онаси, эр-хотинига), унинг контрагентлари ёки аффиляцияланган шахсларига нисбатан ишлатилиши мумкин. Бундай ҳолларда битим тарафи учун гап маънавий азоб етказиш, мижозлар, акциядорлар, шўъба жамиятларини йўқотиш ва ҳ.к. тўғрисида бормоқда.

Зўрлик албатта жиноий жазоланадиган бўлиши шарт эмас, бироқ доимо ноқонуний бўлиши лозим. Бошлиқнинг ўзига бўйсунувчи ходимни битим тузишга мажбур қилиш учун ўз ҳокимиятидан фойдаланиши (хайфсан эълон қилиш, лавозимини тушириш, мукофотдан маҳрум қилиш ва ҳ.к.) ҳам зўрликнинг бир туридир.

Зўрлик битим тузишга розилик олишга эмас, балки бундай розилик кўринишини ҳосил қилувчи ҳаракатни содир этишга мажбур қилишга қаратилган. Зўрловчига битим тузилган деб ҳисобланиши учун шартнома, ариза, далолатнома, бошқа ҳужжатлар остида имзо қўйдириш муҳим.


4. Қўрқитиш ҳам, агар у битимда ифодаланган хоҳишнинг уни тузувчи шахснинг ҳақиқий хоҳишига номувофиқлигига сабаб бўлган бўлса, битим ҳақиқий эмас деб топилиши учун асос ҳисобланиши мумкин. Қўрқитиш шахсга нисбатан жисмоний зўрлик ишлатиш, маънавий азоб етказиш, ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотларни тарқатиш, ёки бирор-бир ноқонуний ҳаракатни амалга ошириш таҳдиди остида уни битим тузишга мажбур қилиш мақсадида унинг иродасига руҳий таъсир ўтказишда ифодаланади.


5. Оғир вазиятларнинг тўғри келиб қолиши шахсни ўз хоҳишига тўла мувофиқ бўлмаган ҳолда ҳаракат қилишга мажбур этади, чунки ушбу вазиятлар унга ҳар доим ҳам танлаш имконини бермайди. Оғир касаллик, банкротлик, ишдан ҳайдалиш ва шунга ўхшаш вазиятлар харидорлар, сотувчилар, кредиторлар ва ҳ.к.ларни танлашда эътиборсиз бўлишга мажбур қилади. Шу билан бирга оғир вазиятлар тўғри келиб қолишининг ўзи битимни ҳақиқий эмас деб топиш учун асос бўла олмайди. Бундай битимнинг мажбурий белгиси битим шартларининг жуда фойдасизлиги бўлиши лозим. Бундай битимлар, масалан яшаш учун маблағи қолмаган (боқувчисини йўқотган), ўзларига тегишли мол-мулкни (уй, квартирани) қарзларни зудлик билан тўлаш, болаларини боқиш учун бозор қийматидан бир неча баравар арзон нархда сотиш тарзида намоён бўлади.

Бундай битимнинг иккинчи мажбурий шарти иккинчи тарафнинг виждонсиз феъл-атвори ҳисобланади: у вазият оғирлигини билган ҳолда битимни атайлаб иккинчи тараф учун жуда бефойда, оғир шартлар асосида тузади.

Бунда ноинсоф тарафнинг ҳаракатлари характери эътиборга олинмаслиги лозим. У фаол ҳаракат қилиши мумкин, ёхуд шунчаки битимни тузишга “розилилик билдириши” ҳам мумкин. Ушбу шахс томонидан бундай битимдан алоҳида фойда олинганини исботлаш талаб қилинмайди.

Асоратли битимлар ҳам фуқароларга, ҳам юридик шахсга нисбатан амалга оширилиши мумкин. Бундай хусусият, масалан, фоизлари кредит суммаси ва инфляция суръатлари ва бундай битимлар учун одатдаги банк даромадларидан анча юқори бўлган кредит битимларига хос бўлиши мумкин.

Бироқ битимларнинг асосратли эканлигини исботлаш жисмоний шахс учун ҳам, юридик шахслар учун ҳам катта қийинчиликлар билан боғлиқ. Шахслар, агар битим тузмасалар янада катта зарар кўришларини билган ҳолда, ўзлари учун фойдасиз шартлар асосида, жумладан оғир вазиятлар юзага келиши шартлари асосида битимлар тузишлари мумкин. Шахс ўз мулкини қарзини тўлаш ёки даволаниш ёки мажбурий кўчиш харажатлари учун сотиши бошқа, ва яқин келажакда фоизлар ошиши, ёки сотиб олиш учун кредит олинаётган товарларнинг нархлари кўтарилишидан хавфсираган ҳолда инсофсиз фоизлар билан қарз кўтариши бутунлай бошқа ҳолат.


6. Шарҳланаётган моддада кўзда тутилган битимлар характери уларнинг оқибатларини олдиндан белгилаб беради. Битимда ноқонуний ҳаракат қилган тараф ва жабрланувчи тараф бўлгани учун бундай ҳаракатларни содир этганлиги учун ҳуқуқбузарга нисбатан қўлланадиган жарима тусидаги, жавобгарлик чоралари муҳим аҳамиятга эга бўлади. Жабрланувчига ундан иккинчи тараф олган барча нарсалар қайтариб берилади. Агар олинган нарсани асл ҳолида қайтариш мумкин бўлмаса унинг қиймати пулда қопланади. Жабрланувчи иккинчи тарафдан олган (ёки олиши лозим бўлган) нарсалар давлат даромадига ундириб олинади. Ушбу чоралар фуқаролик ҳуқуқида бир томонлама реституция деб аталади. Бир тараф, жабрланувчи дастлабки ҳолатига қайтарилади, иккинчи тараф берган ёки бериши лозим бўлган лозим бўлган барча нарсалар мусодара қилинади.

Мазкур моддада кўрсатилган барча битимлар низоли битимлар ҳисобланади. Битимларни тузган шахслар уларни ҳақиқий эмас деб топишни талаб қилишга ҳақли, бироқ мажбур эмас. Ишни кўриб чиқаётган суд бундай битимларнинг ҳақиқий эмаслиги тўғрисидаги қарорни барча ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда қабул қилиши лозим, чунки қонун уни барча ҳолатларда шундай қарор чиқаришга мажбур этмайди. Хусусан, суд, агар битимнинг ижросини орқага қайтарилмаслиги аниқланса, ҳақиқий эмаслик шартлари бекор бўлса (жабрланувчи тараф уни кейинчалик маъқулласа) ва битим натижалари жабрланувчи учун манфаатли бўлган бошқа ҳоллардаги асослар бўйича битимни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъвони рад қилиши мумкин.



124-модда. Қалбаки ва кўзбўямачилик учун

тузилган битимнинг ҳақиқий эмаслиги


Юридик оқибатлар туғдириш нияти бўлмаган ҳолда, номигагина тузилган битим (қалбаки битим) ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир. Агар битим бошқа битимни ниқоблаш мақсадида тузилган бўлса (кўзбўямачилик битими), тарафлар томонидан ҳақиқатда назарда тутган битимга доир қоидалар қўлланилади.


1. Шарҳланаётган модда қалбаки битимнинг моҳиятини очиб берган ҳолда, ушбу ҳаракатлар мазкур битимда қатнашмаётган муайян шахсларни, уларда битим иштирокчиларининг ниятлари тўғрисида сохта тасаввур ҳосил қилган ҳолда, алдаш учун амалга оширилишини белгилайди. Бунда турли мақсадлар кўзланади: банкротлик содир этилган жиноят учун мол-мулкни мусодарада этиш хавфи юзага келганда мол-мулкни қалбаки сотиш, ва битимнинг қалбакилиги тарафларнинг битим уларни боғламаслиги ва улар уни ижро этиш ёки ижро этишни талаб қилиш ниятига эга эмаслигини тушуниши билан боғланади.

Қалбаки битим ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир. У ҳеч қандай ҳуқуқий оқибатларни туғдирмайди. Тарафлар ушбу битимни ижро этиш ниятида эмас, бироқ у бажарилаётгани тўғрисида тасаввур ҳосил қилиш учун айрим ҳаракатларни: мол-мулкни бошқага бериш, зарур ҳужжатларни тузиш ва ҳ.к.ни амалга оширадилар.

Тарафлар номигагина тузган бўлса ҳам, улар ва атрофдаги шахслар учун тарафлар битимни ҳақиқатдан ҳам ижро этиш ниятида бўлган ҳолатдаги сингари ҳуқуқий оқибатларни яратадиган битимлар қалбаки бўлиши мумкин эмас. Гап мавҳум, ҳақиқийлиги ижро этиш асосига боғлиқ бўлмаган битимлар тўғрисида бормоқда. Пул эквиваленти ҳисобга олинмасдан, келгусида фойдасига ёзиб берилган шахс томонидан сотиб олиниши мўлжалланган ҳолда банкда ҳисобга олиш учун ёзиб берилган вексельь уни имзолаган шахслар учун оддий вексельь сингари оқибатларни юзага келтиради.


2. Кўзбўямачилик битими бошқа битимни беркитиш мақсадида тузилади. Олди-сотди шартномасидан ҳадя қилиш битимини беркитиш ва аксинча мақсадда фойдаланиш мумкин, чунки улар бир-биридан осон ниқобланадиган текинлик белгиси билан ажралиб туради. Қалбаки битим билан бўлган ҳолатдаги сингари, тарафлар учинчи шахсларни ўз ниятларидан чалғитишни мақсад қилиб олади ва тузилган битимни ижро этиш ниятига эга бўлмайди. Бироқ, бу ерда тарафлар ҳар ҳолда ҳуқуқий оқибатларни яратишни истайдилар. Бироқ ушбу оқибатларни яширишни хоҳлайдилар. Мазкур ҳолда икки битим мавжуд: учинчи шахсларда ёлғон тасаввур уйғотиш учун тузиладиган ва сохта бўлган ёлғондакам ҳисобланган битим, ва у билан беркитилган, тарафлар назарда тутган ва ижро этиш ниятида бўлган битим.

Қалбаки битими ўз-ўзидан ҳақиқий эмас ҳисобланади. Кўзбўямачилик битимга келсак, қонун уни ҳақиқий деб топиш имкониятини беради. Бундай ҳолда тарафларнинг ҳаракатларини баҳолашда тарафлар назарда тутган битимга тегишли бўлган талаблар қўлланилиши лозим. Бунда беркитилган битим қонуний бўлиши (ҳадя этиш шахсий сирга тегишли маълумотлар ошкор бўлмаслиги учун олди-сотди шаклида амалга оширилган) ёки ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин (улушнинг бошқа умумий мулк иштирокчилари, хўжалик жамияти таъсисчилари (иштирокчилари) томонидан имтиёзли сотиб олиниши қоидасини четлаб ўтиш мақсадида олди-сотди ҳадя қилиш кўринишида амалга оширилган).



125-модда. Юридик шахс ҳуқуқий лаёқатидан ташқарига

чиқадиган битимнинг ҳақиқий эмаслиги


Юридик шахс томонидан унинг устав мақсадларига зид ҳолда тузилган ёки тегишли фаолият билан шуғулланишга лицензияси бўлмаган юридик шахс томонидан тузилган битим унинг муассиси (иштирокчиси) ёки ваколатли давлат органининг даъвоси бўйича суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.


1. Шарҳланаётган модданинг номиёқ унинг мазмунини белгилаб беради, чунки унда юридик шахс ўз ҳуқуқий лаёқатидан ташқарига чиқишининг иккита ҳолати кўрсатилган. Биринчи ҳолат юридик шахс фаолиятининг мақсадлари уставда унинг ўзи томонидан аниқ чекланган вазият билан боғлиқ. Бунда ФК 41-моддасига мувофиқ умумий ҳуқуқ лаёқатига эга юридик шахслар кўзда тутилмоқда. Демак, гап асосан ўз таъсис ҳужжатларида уларга муайян битимларни амалга оширишни (масалан, биржа битимлари, ёки бошқа бирор-бир аниқ фаолият билан боғлиқ битимлар тузишни ва ҳ.к.) тақиқловчи чекловларни кўзда тутишлари мумкин бўлган хўжалик ширкатлари ва жамиятлари тўғрисида бормоқда. Сўз юритилаётган битимлар низоли ҳисобланади ва юридик шахснинг ўзи, унинг таъсисчиси (иштирокчиси) талабига кўра ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.


2. Иккинчи ҳолат юридик шахсда муайян фаолият билан шуғулланиш учун қонун бўйича зарур лицензия бўлмаслиги билан боғлиқ. ФК бундай битимларни иккита вазиятни назарда тутган ҳолда низоли битимларга киритган. Биринчиси тегишли ташкилот контрагентини ҳимоя қилиш заруратидан иборат.

Иккинчи вазият шундан иборатки, ҳар қандай лицензиялаш мажбурий лицензиялаш билан қамраб олинадиган фаолият устидан назоратни амалга ошириш вазифасига эга орган томонидан тегишли ҳокимият ваколати амалга оширилишини тақозо этади. Шу муносабат билан битимни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талабни мазкур ҳолатда лицензия олмаган юридик шахс, унинг таъсисичиси (иштирокчиси) билан бирга ваколатли орган ҳам тақдим этиши мумкин.

Шу билан бирга назарда тутиш лозимки, 41-модда нотижорат, шунингдек унитар корхоналар ва қонунда кўзда тутилган бошқа турдаги ташкилотлар учун фақат юридик шахсни ташкил қилиш мақсадларига мувофиқ бўлган фуқаролик ҳуқуқларига эга бўлиш имкониятини тақозо этувчи махсус ҳуқуқий лаёқат тамойилини сақлаб қолади.

Махсус ҳуқуқ лаёқати доирасидан четга чиқувчи битимларни ҳақиқий эмас деб топиш учун ФК 125-моддаси асос бўлади. Тегишли равишда бундай турдаги битимлар ҳақиқий эмас ҳисобланади ва икки томонлама реституцияни келтириб чиқариши лозим. Мазкур ҳолатда махсус ҳуқуқ лаёқати тўғрисидаги нормалар императив характерга эга бўлгани учун, иккинчи тараф, у битим бўйича контрагентини ҳуқуқий лаёқати чекланганини билмаган ва билиши лозим бўлмаганлигига ҳавола қилинган ҳолда, битим ҳақиқий эмас деб топилиши юзасидан низолашиш имкониятидан маҳрумдир.



126-модда. Битим тузиш ваколатларини чеклаш оқибатлари


Агар шахснинг битим тузиш ваколатлари шартнома билан ёки юридик шахс ваколатлари унинг таъсис ҳужжатлари билан ишончномада, қонунда белгилаб қўйилганига нисбатан ёинки битим тузилаётган вазиятдан аниқ кўриниб турган деб ҳисобланиши мумкин бўлган ваколатларига нисбатан чеклаб қўйилган бўлса ва битимни тузиш пайтида бундай шахс ёки орган ана шу чеклашлар доирасидан чиқиб кетган бўлсалар, битимдаги иккинчи тараф мазкур чеклашларни билган ёки олдиндан билиши лозим бўлганлиги исботланган ҳоллардагина битим чеклаш белгиланишидан манфаатдор бўлган шахснинг даъвоси бўйича суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.


Шарҳланаётган модда бағишланган вазиятни ваколатларга эга бўлмаган шахс ҳаракатларининг оқибатларидан ажратиш зарур (ФК 132-модда). Мазкур ҳолатда шахс ишончнома ёки қонунда кўрсатилган, ёки вазиятдан аниқ келиб чиқувчи ваколатлар доирасида, бироқ вакил ва ваколат берувчи ўртасидаги шартнома ёки таъсис ҳужжатларида мавжуд чекловларни ҳисобга олмаган ҳолда ҳаракат қилади. Масалан, унинг номидан уй сотиб олишга ишончнома олган шахс ишонч билдирувчи томонидан уй учун тўланиши мумкин бўлган энг юқори нарх тўғрисида огоҳлантирилган. Таъсис шартномасида бош директорга юридик шахсга тегишли кўчмас мулкни сотиш таъқиқланган. Ниҳоят, бундай чеклов шахснинг хоҳиши тўғрисида унинг амалий хатти-ҳаракатларидан келиб чиққан ҳолда (хусусан, дўкондаги сотувчи ва харидор назарда тутилмоқда) хулоса қилинадиган конклюдент ҳаракатлар хусусида ҳам бўлиши мумкин.

Умумий қоидага кўра кўрсатилган чекловлар битимни тузаётган шахснинг, ёки номидан битим тузилаётган шахснинг учинчи шахслар билан муносабатларига таъсир кўрсатмайди. Учинчи шахс мавжуд чекловлар тўғрисида билган ёки билиши лозим бўлган ҳолатлар бундан мустасно. Масалан, агар ваколат берувчи ишончномада тегишли маълумотлар мавжуд бўлмаган ҳолда учинчи шахс - сотувчига сотиб олинадиган уй учун шартномага киритилиши мумкин бўлган энг юқори нархни маълум қилса, ёки акциядорлик жамияти директори томонидан имзоланган шартнома тузаётган кўчмас мулк сотувчиси мавжуд чекловлардан хабардор бўлса, чунки унинг ўзи акциядорлик жамияти акциядори ва устав тасдиқланган акциядорлар умумий йиғилишида иштирок этган бўлса. Ниҳоят, дўконда харидор тўловни фақат касса орқали амалга оширишни талаб қилувчи эълон осиб қўйилганига қарамасдан, бевосита сотувчи билан ҳисоб-китоб қиладиган вазият бўлиши мумкин.

Кўрсатилган ҳолатларда битим низоли ҳисобланади, бироқ чеклов кимнинг фойдасига белгиланган бўлса ўша шахс талаб қўйиши мумкин. Бунда талаб билдирувчи иккинчи тараф мавжуд чекловлар тўғрисида билган ёки билиши лозим бўлганлигини исботлаш талаб қилинади. Ушбу ҳолат учун махсус оқибатлар ўрнатилмагани учун икки томонлама реституцияда ифодаланган умумий оқибатларга риоя қилиш зарур.



127-модда. Битимнинг ҳақиқий эмас деб ҳисобланиш пайти


Ҳақиқий эмас деб топилган битим у тузилган пайтдан бошлаб ҳақиқий эмас ҳисобланади. Битимнинг мазмунидан унинг фақат келажак вақт учун бекор қилиниши мумкинлиги англашилса, ҳақиқий эмас деб топилган битим келажак вақт учун ҳаракатдан тўхтайди.


Суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилган битим у ўз-ўзидан ҳақиқий эмас, ёхуд низоли битим эканлигидан қатъийй назар тузилган пайтидан бошлаб шундай деб тан олинади. Агар ҳақиқий бўлмаган битимни ижро этиш учун бирор-бир ҳаракатлар амалга оширилган бўлса, улар ноқонуний деб топилади ва тарафлар битим тузишгача бўлган ҳолатга қайтарилиши лозим.

Қонун низоли битимни, агар бу унинг мазмуни ва суд қарори бўйича келиб чиқса, келажак вақт учун бекор қилиш имкониятини кўзда тутади. Бундай ҳолда ушбу битимни ижро этиш учун амалга оширилган ҳаракатлар кўрсатилган вақтгача ҳақиқий эмас деб топилади.



128-модда. Битимнинг бир қисми ҳақиқий

эмаслигининг оқибатлари


Битимнинг бир қисми ҳақиқий саналмаслиги битимга ҳақиқий саналмаган қисм қўшилмаса ҳам у тузилган бўлар эди, деб тахмин қилиш мумкин бўлса, унинг бошқа қисмларининг ҳақиқий саналмаслигига сабаб бўлмайди.


Қатор ҳолларда ФКда кўрсатилган талабларга битимнинг фақат бир қисми, яни унинг алоҳида шартлари, ижро этиш жойи, вақти ва ҳ.к. тўғрисидаги шартлар зид келиши мумкин. Ушбу ҳолат учун ФК (128-модда) умумий презумпцияга эга, унга кўра битимнинг бир қисми ҳақиқий саналмаслиги битимни умуман ҳақиқий деб топишга тўсқинлик қилмайди. Ушбу маънода битимнинг бир қисми ҳақиқий эмаслигини “тузатиш мумкин”. Бироқ бунда шуни кўзда тутиш лозимки, барча ҳолатларда бундай "тузатиш" фақат битимдан ҳақиқий бўлмаган шартни алмаштириш эмас, балки чиқариш йўли билан амалга оширилиши мумкин. Масъулияти чекланган жамиятни тузиш тўғрисидаги таъсис шартномаси қисман, масалан таъсисчи устав сармоясига ўзига тегишли бўлмаган мулкни киритган ҳолда, ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Агар бу жамият давлат рўйхатига олингандан сўнг содир бўлса, суд жамиятни юридик шахс сифатида сақлаб қолиш ва айни пайтда қонунни бузган таъсисчини жамиятдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин. Бироқ битим ушбу ҳақиқий бўлмаган шартсиз ҳам тузилиши мумкинлигини тахмин қилиш учун асос бўлмаса, фақат битта вариант - бутун битимни ҳақиқий эмас деб тан олиш қолади.



10-БОБ. ВАКИЛЛИК ВА ИШОНЧНОМА


129-модда. Вакиллик

130-модда. Муомалага лаёқатли шахслар номидан вакиллик қилиш

131-модда. Муомалага лаёқатсиз шахслар номидан вакиллик қилиш

132-модда. Ваколатсиз вакиллик

133-модда. Тижорат вакиллиги

134-модда. Ишончнома

135-модда. Ишончноманинг шакли

136-модда. Нотариал тасдиқланган ишончномаларга

тенглаштирилган ишончномалар

137-модда. Ишончномаларнинг бошқа шакллари

138-модда. Юридик шахснинг ишончномаси

139-модда. Ишончноманинг муддати

140-модда. Ишончнома бўйича ваколатларни

бошқа шахсга бериш (бошқа шахсга ўтказиш)

141-модда. Ишончноманинг бекор бўлиши

142-модда. Ишончноманинг бекор бўлганлиги

ҳақида шахсларга хабар бериш

143-модда. Ишончнома олган шахснинг ишончнома

бекор бўлганидан кейин қилган ҳаракатлари

144-модда. Ишончномани қайтариш мажбурияти



129-модда. Вакиллик


Ишончномага, қонунга, суд қарорига ёки вакил қилинган давлат органининг ҳужжатига асосланган ваколат билан бир шахс (вакил) томонидан бошқа шахс (ваколат берувчи) номидан тузилган битим ваколат берувчига нисбатан фуқаролик ҳуқуқ ва мажбуриятларини бевосита вужудга келтиради, ўзгартиради ва бекор қилади.

Ўз характерига кўра фақат шахсан тузилиши мумкин бўлган битимни, шунингдек қонунларда назарда тутилган бошқа битимларни вакил орқали тузишга йўл қўйилмайди.

Вакил ўзига ваколат берган шахс номидан шахсан ўзига нисбатан ҳам, у айни бир вақтда вакили бўлган бошқа шахсга нисбатан ҳам битимлар тузиши мумкин эмас, тижорат вакиллиги бўлган ҳоллар бундан мустасно.


1. Вакиллик - вакилни ваколат берувчи шахс билан боғлайдиган ҳуқуқий муносабатдир. Вакилликнинг мақсади - вакил томонидан битимни - қонуний юридик ҳаракатни амалга оширишдир.

Вакил бошқа шахс - ваколат берувчининг номидан иш юритади (129-модданинг биринчи қисми). Бунинг маъноси шуки, вакилнинг ҳаракатлари ваколат берувчида фуқаролик ҳуқуқлари ва мажбуриятларини дарҳол туғдиради, ўзгартиради ва бекор қилади. Ушбу оқибатлар вакил учун фақат у ўзига берилган ваколатлар доирасида ҳаракатларни амалга оширганда юзага келиши мумкин. Бу ваколатларнинг асоси бўлиб ишончнома (ФКнинг 134-144-моддаларига қаранг), қонун (масалан, ФКнинг 29-моддасига асосан 14 ёшгача бўлган вояга етмаганлар учун ота-оналари, фарзандликка олувчилари ва васийлари, ФКнинг 30-моддасига асосан муомалага лаёқатсиз фуқаролар номидан эса васийлари битим тузишлари мумкин), шунга ваколатланган давлат органи ёки фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш органининг ҳужжати (масалан, Ўзбекистон Республикаси Давлат Мулк қўмитасига маълум шахсларга шартнома асосида акциядорлик жамиятининг директорлари кенгашида давлат манфаатларини ифода этишни топшириш ҳуқуқи берилган) хизмат қилиши мумкин. ФКнинг 32-моддасига асосан васийликка олинганларнинг вакиллари бўлган васийлар ҳомийлик ва васийлик бўлими томонидан тайинланади.


2. Вакил унга берилган ваколатлар доирасида иш юритади. Ваколат бевосита ваколат берувчининг ўзга номидан чиқиш ҳуқуқидан иборат. Бу бошқа шахс номидан чиқиш ҳуқуқларининг ҳажми вакилнинг ваколат берувчидан олган ваколатлари билан белгиланишини билдиради. Вакилнинг ваколатлари бўлмаганда унинг ваколат берувчи учун амалга оширган битими тузилмаган бўлади. Ваколат берувчи томонидан тузилган битим унинг ваколатлари, жумладан ишончномасида белгиланган ваколатлари доирасига кирган, лекин ваколат берувчининг учинчи шахс билан аввалдан келишувига зид бўлган ҳолатларда бошқача оқибат юзага келади. Масалан, фирманинг учинчи шахс билан шартномасида унинг филиалининг раҳбари юридик шахснинг номидан фақат кўчар мулкни сотиш ҳуқуқига эга бўлиши кўзда тутилган. Бу ҳолда, филиал раҳбарининг ишончномасида унинг томонидан юридик шахснинг номидан ҳар қандай ҳаракатларни амалга ошириш имконияти кўрсатилиши мумкин бўлса ҳам, филиал номидан бино сотилиши юзасидан битим 126-моддага биноан ҳақиқий эмас деб тан олинади (барча келиб чиқадиган оқибатлари билан), чунки учинчи шахс тегишли чекловлар тўғрисида билган (учинчи шахс мавжуд чекловлар тўғрисида билиши лозим бўлган ҳолатда ҳам худди шундай оқибатлар юзага келади).

Вакил, ўзганинг номидан ва ўзганинг манфаатида иш юритиб, барибир ўз иродасини билдиради. Чунки айнан унинг ваколат билан берилган ҳуқуқларни амалга ошириш юзасидан амалдаги ҳаракатлари маълум натижаларга олиб келади.

Ваколатларнинг мавжудлиги - вакилликнинг зарурий шартидир. Шу туфайли вакиллик тегишли ваколатларсиз вакилликка хос бўлган оқибатларга олиб кела олмайди, яъни бир шахс-вакилнинг ҳаракатлари билан номидан битим тузилган шахснинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини юзага келтира олмайди, деган қоида умумий ҳисобланади.



130-модда. Муомалага лаёқатли шахслар

номидан вакиллик қилиш


Муомалага лаёқатли шахслар ўзлари танлаган вакиллар орқали битимлар тузишлари мумкин, битим ўз характерига кўра фақат шахсан тузилиши мумкин бўлган ҳоллар, шунингдек қонунда кўрсатилган ҳоллар бундан мустасно.


Ваколат берувчи ва вакил ўртасида ҳуқуқий муносабатларнинг юзага келиши асослари, яъни вакилнинг ҳуқуқий лаёқатини туғдирувчи юридик фактлар қуйидаги ҳолатлар ҳисобланади:

1) ваколат берувчининг вакилга ваколатларни бериш тўғрисидаги шартномада ёки ишончномада ифодаланган иродаси;

2) шунга ваколатланган давлат органи ёки маҳаллий ўз-ўзини бошқариш органининг субъектга бошқа шахсларнинг вакили сифатида ҳаракат қилишни белгилаб берувчи ҳужжати;

3) қонун бўйича мавжудлиги бир шахснинг иккинчи шахс вакили бўлиши юзасидан ваколатларини вужудга келтиради.

Вакиллик муносабатларини туғдирувчи шартномалар топшириқ шартномаларидир (ФКнинг 46-боби). Улар бўйича битта томон (топшириқ шартномасидаги вакил шахс) бошқа томоннинг (топшириқ шартномасидаги топшириқ берувчи) номидан ва ҳисобидан маълум юридик ҳаракатларни амалга ошириш мажбуриятини зиммасига олади. Вакилнинг ваколатларини тасдиқловчи бир томонлама битим унга ваколат берувчи томонидан ишончноманинг берилиши ҳисобланади. Ваколат берувчи ва вакил ўртасидаги шартнома битими асосида юзага келадиган вакиллик, ваколат берувчига вакил томонидан ишончнома берилиши асосида юзага келадиган вакиллик билан биргаликда, ихтиёрий вакиллик деб аталиши қабул қилинган.

Вакил ўзганинг (ваколат берувчининг) номидан ва ўзганинг манфаатида, унга топшириқ шартномаси билан берилган ваколатлар доирасида иш юритади.

Шу билан бирга вакил ўз характерига кўра ваколат берувчи томонидан фақат шахсан амалга оширилиши мумкин бўлган битимни, масалан, васият тузишни амалга оширишга ҳақли бўлмайди.



131-модда. Муомалага лаёқатсиз шахслар

номидан вакиллик қилиш


Муомалага лаёқатсиз фуқаролар номидан битимларни уларнинг ота-оналари, фарзандликка олувчилари ва васийлари тузадилар.


Шарҳланаётган модда муомалага лаёқатсизлар учун вакиллик қилиш ва улариннг номидан фуқаролик-ҳуқуқий битимларни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг доирасини қатъийй белгилайди. Булар болаларнинг хусусий мулкини фуқаролик қонунчилиги билан белгиланган тартибда бошқариш ва тасарруф этишга ҳамда муомалага лаёқатсизларнинг номидан битимларни ишончномасиз амалга оширишга ҳақли бўлган ота-оналари, фарзандликка олувчилари ва васийларидир (Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 94-моддаси).

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 74-моддасига мувофиқ, болаларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш уларнинг ота-оналарига юклатилади.

Ота-оналар ўз болаларининг қонуний вакиллари бўлиб, ҳар қандай жисмоний ва юридик шахслар билан муносабатларда, жумладан судларда махсус ваколатларсиз уларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиб чиқадилар.

Ота-оналар, агар ҳомийлик ва васийлик идораси томонидан ота-оналар ва фарзандларнинг манфаатлари ўртасида зиддиятлар борлиги аниқланган ҳолда фарзандларининг манфаатларини ифодалашга ҳақли эмас. Ота-оналар ва фарзандлар ўртасида зиддиятлар бўлганда ҳомийлик ва васийлик идораси фарзандларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун вакилни тайинлаши шарт.

ЎзР Оила кодексининг 165-моддаси фарзандликка олинган болаларни фарзандликка олувчининг ўз болаларига барча шахсий ва мулкий ҳуқуқларида тенглаштиради, бу ўз навбатида фарзандликка олувчининг (фарзандликка олувчиларнинг) фарзандликка олинган боланинг ота-онаси (ота-оналари) сифатида чиқиш ҳуқуқини билдиради.

ЎзР Оила кодексининг 181-моддасига кўра васийлар васийликка олинганларнинг қонуний вакиллари бўлади ҳамда уларнинг номидан ва уларнинг манфаатларини кўзлаб барча зарур битимларни амалга оширади.

Ота-оналар, фарзандликка олувчилар ва васийлар томонидан васийлик остидагиларнинг мулки билан амалга оширадиган битимларининг қонунийлиги устидан назоратни ҳомийлик ва васийлик идоралари амалга оширади, улар битимларнинг қонунийлигига гумон туғилган ҳолда суд тартибида ота-оналар, фарзандликка олувчилар ва васийлар томонидан амалга оширилган битимларни бекор қилишни талаб қилишга ҳақлидир.



132-модда. Ваколатсиз вакиллик


Вакил қилинмаган шахс томонидан бошқа шахс номидан тузилган ёки ваколатлардан ташқари чиқиб тузилган битим ваколат берган шахс ушбу битимни кейинчалик маъқуллаган тақдирдагина унинг учун ҳуқуқ ва мажбуриятларни вужудга келтиради, ўзгартиради ва бекор қилади. Битим тузишга ваколат берган шахс битимнинг ижрога қабул қилинганлигидан гувоҳлик берувчи ҳаракатлар қилган ҳолда ҳам бундай битим маъқулланган ҳисобланади.

Битим тузишга ваколат берган шахс томонидан битимнинг кейинчалик маъқулланиши уни тузилган пайтидан бошлаб ҳақиқий битимга айлантиради.


1. Битимлар ва бошқа юридик ҳаракатлар бу ҳаракатларни амалга оширувчи шахслар учун ҳуқуқлар ва мажбуриятларни юзага келтиради (ФКнинг 8-моддаси). Битимнинг асосида ҳаракатни амалга оширган шахсдан бошқа шахсда юридик оқибатлар юзага келиши учун махсус ҳуқуқ керак бўлади. Вакилликда бундай ҳуқуқ ваколатдан ташкил топади. Шунинг учун ваколатсиз ёки ундан четлашган ҳолда амалга оширилган битим ваколат берувчи учун ҳуқуқий оқибатларга олиб келмайди.

Қонун аввалдан вакиллик қилишни кейинчалик маъқуллаш билан алмаштиришга йўл қўяди. Бу ҳолда ваколат берувчи учун ҳуқуқий оқибатлар битимни ёки бошқа юридик ҳаракатни тузиш пайтидан бошлаб юзага келади, яъни орқага қайтиш кучига эга бўлади. Юридик шахснинг номидан амалга оширилган битимни маъқуллаш, қайси шаклда қилинган бўлмасин қонуннинг талабига мувофиқ тегишли ваколатларга эга бўлган орган ёки шахсдан келиб чиқиши лозим.


2. Битим номидан ва манфаатини кўзлаб амалга оширилган шахснинг ваколатисиз ёки ваколатидан ошиб кетган ҳолда улар билан битим тузган шахсларнинг ҳуқуқларини муҳофаза қилиш мақсадида қонунда ваколат берувчи кейинчалик ушбу битимни тўғридан-тўғри маъқуллаши шарти билан мазкур битим уни амалга оширган шахснинг номидан ва унинг манфаатида тузилган ва ҳақиқий деб ҳисобланиши кўзда тутилган.

Кейинги маъқуллаш исталган шаклда амалга оширилиши мумкин. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Хўжалик судида кўриб чиқилган ишларнинг бирида корхона брокерлик фирмаси билан шартномада белгиланган нарх бўйича биржада маҳсулот сотиб олиш юзасидан топшириқ шартномасини тузган. Брокерлик фирмаси корхона номидан олди-сотди шартномасини тузиш пайтида маҳсулот ҳақини қимматроқ нархда тўлашга рози бўлди. Маҳсулотнинг нусхасини олганидан кейин мижоз шартномада аввалдан белгилангани каби маҳсулот ҳақини олдиндан тўлади. Кейинчалик ушбу шароитларда шартнома ҳақиқий деб ҳисобланиши мумкинми, деб юзага келган низо юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Хўжалик суди харидорнинг бутун маҳсулот партияси ҳақини тўлаш юзасидан ҳаракатлари ваколатларидан ташқари тузилган битимни маъқуллаш деб баҳоланиши лозим, деб тан олди.



133-модда. Тижорат вакиллиги


Тадбиркорлар шартномалар тузаётганида улар номидан доимо ва мустақил суратда вакиллик қилувчи шахс (тижорат вакили) вакилнинг ваколатлари кўрсатилган ёзма шартнома асосида, бундай ваколатлар кўрсатилмаган тақдирда эса - ишончнома асосида ҳам иш олиб боради.

Тижорат вакили ўзининг иштирокида тузилган шартномадаги турли тарафларнинг манфаатларини фақат бу тарафларнинг розилиги билан ҳамда қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳоллардагина айни бир вақтда ифодалаши мумкин.

Агар тарафлар билан тузилган битимда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, тижорат вакили шартлашилган ҳақни ва топшириқни бажариш вақтида қилган чиқимларини тенг улушларда тўлашни шартномадаги тарафлардан талаб қилишга ҳақли.

Тижорат вакили ўзига берилган топшириқни бажариб бўлганидан кейин ҳам савдо битимлари тўғрисида ўзига маълум бўлган маълумотларни сир сақлаши шарт.

Тадбиркорлик фаолиятининг айрим соҳаларидаги тижорат вакиллигининг хусусиятлари қонун ҳужжатлари билан белгиланади.


133-модда фуқаролик ҳуқуқи учун янги бўлган вакиллик турини киритади. Тижорат вакили - доимо тадбиркорлар номидан тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлган битимларни сурункали ва мустақил суратда амалга оширадиган тадбиркордир. Тегишли ҳолатни ҳисобга олган ҳолда анъанавий вакилликдан жиддий фарқ қилувчи вакиллик конструкцияси яратилган. Вакилликнинг ушбу тури учун белгиланган ҳуқуқий режимнинг хусусиятларидан бири шундан иборатки, тижорат вакили одатдаги битимлардан ташқари ундан бошқа ҳеч ким туза олмайдиган битимларни ҳам тузиши мумкин.

Гап шундаки, ФКнинг 133-моддаси айни бир вақтда иккала томоннинг (сотувчи ва харидор, қарз берувчи ва қарздор, пудратчи ва буюртмачи, ижарага берувчи ва ижарачи, ва ҳоказо) вакили бўлган тижорат вакили томондан битим тузилишига йўл қўяди.

Битимда иккала томоннинг манфаатларида жиддий таъсир этиши мумкин бўлган шу турдаги муносабатларнинг ўзига хос хусусиятини ҳисобга олиб, ФК бундай моделдан фойдаланишнинг бир қатор мажбурий шартларини белгилайди. Улардан ҳеч бўлмаса биттасининг йўқлиги - тижорат вакили томонидан тузилган битимни тузилмаган, яъни ваколат берувчилар учун бирор-бир оқибатларни юзага келтира олмайдиган деб тан олиш учун етарли асос бўлади.

Бундай мажбурий шартларнинг таркибига қуйидагилар киради:


1. Томонлар бир вақтнинг ўзида тижорат вакилликка розилигини билдиришади. Бу қоидадан истиснолар фақат қонун ҳужжатлари билан белгиланган ҳолларда мумкин бўлади.


2. Тижорат вакили унинг айни бир вақтдаги вакиллигига бўлган ҳуқуқларини кўзда тутадиган тўғридан-тўғри ифодаланган ваколатларга эга бўлиши лозим. Бундай ваколатлар бўлғуси битимнинг иккала томони тижорат вакили билан тузган ёзма шартномаларда, ёки улардан ҳар бири томонидан берилган ишончномаларда бўлиши мумкин.

Тижорат вакилига ФК билан тегишли ҳуқуқлар берилади, ва шу билан бирга унга маълум, унинг мавқеининг хусусиятидан келиб чиқадиган мажбуриятлар юклатилади. Тижорат вакиллиги тадбиркорлик фаолияти соҳасида амалга оширилиши туфайли, тижорат вакили ва унинг ваколат берувчилари ўртасида шартномалар ҳақ эвазига амалга оширилиши кўзда тутилади. Бунда вакил мукофот билан биргаликда, шунингдек ўзи амалга оширган харажатларини қоплашни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Иккала томоннинг манфаатларини ҳимоя қилиш учун уларнинг тижорат вакили билан тузган шартномаларида тўлов миқдори белгиланмаган ҳолда мукофот ва харажатларни қоплаш тенг улушларда тўланиши лозимлиги белгиланган.

Шарҳланаётган моддада тижорат вакилининг ўзи амалга ошираётган савдо битимлари тўғрисида маълумотларни сир сақлаш мажбуриятлари алоҳида ажратиб кўрсатилган. Ушбу мажбурият тижорат вакили томонидан топшириқ бажарилганидан кейин ҳам сақланиб қолади.

ФК тадбиркорлик фаолиятининг маълум соҳаларида амал қилувчи тижорат вакиллиги тўғрисидаги махсус қоидаларнинг қонун ёки бошқа ҳужжат билан белгиланишига йўл қўяди. Ҳозирча бундай махсус ҳужжатлар йўқ.



134-модда. Ишончнома


Бир шахс (ишонч билдирувчи) томонидан иккинчи шахсга (ишончли вакилга) учинчи шахслар олдида вакиллик қилиш учун берилган ёзма ваколат ишончнома ҳисобланади. Ишончли вакил ўзига ишончнома билан берилган ваколатлар доирасида иш олиб боради.

Юридик шахс номидан, шунингдек юридик шахсга ҳам ишончнома фақат юридик шахснинг уставида (низомида) кўрсатилган фаолият мақсадларига зид бўлмаган битимларни тузиш учунгина берилиши мумкин.


1. Ишончнома ўзининг юридик моҳиятига кўра - бир томонлама битим, ва шунинг учун унинг ҳақиқийлиги ва амал қилиши учун ваколат берувчининг (ишонч билдирувчининг) қонунга мувофиқ иродаси билдирилиши етарли. Ишонч билдирувчи иродасининг мазмуни унинг ўз вакилини унинг номидан ва манфаатини кўзлаб бир ёки бир нечта битимни ёхуд бошқа юридик ҳаракатни содир этиш учун ваколат бериш истагидан далолат бериши лозим.

Одатда ваколат берувчи учун ишончнома вакилга берилади, лекин ишончнома - бир томонлама битим бўлиб, вакилликнинг юзага келиши ва амалга оширилиши учун вакилнинг розилиги талаб этилмаслиги туфайли, ваколат берувчи ишончномани унинг иштирокида битим тузиладиган, ёки вакил ваколат берувчи учун ҳаракатларни унга нисбатан амалга оширадиган учинчи шахснинг бевосита ўзига бериши мумкин.

Ишончнома - бу учинчи шахсларнинг олдида нафақат ваколат мавжудлигини, балки унинг мазмунини, шунингдек ишончноманинг амал қилиш муддатини ҳам тасдиқлайдиган ҳужжатдир. Ишончноманинг реквизитларига қуйидагилар киради: ҳужжат номи "ишончнома", берилган жойи ва санаси, ваколат берувчининг ва вакилнинг тўлиқ номи, ваколатнинг мазмуни, ваколат берувчининг имзоси.

Ишончноманинг мазмунига қараб, уларнинг учта тури фарқланади. Бир марталик ишончнома, масалан, уйни сотиб олиш, стипендияни олиш каби битта маълум ҳаракатни амалга ошириш учун берилади. Махсус ишончнома вакилни ишонч билдирувчи учун бир қанча бир турдаги ҳаракатларни, асосан маълум вақт давомида амалга оширишга ваколат беради. Бундай ишончнома бир вақтда ёки маълум муддатларда ҳар хил ҳудудларда бир турдаги маҳсулотларни сотиб олиш учун берилиши мумкин. Бош ишончнома (ваколатнома) вакилни ишонч билдирувчининг бутун ҳуқуқлари ҳажми юзасидан битимларни ва бошқа ҳаракатларни амалга ошириш учун ваколатлайди. Бундай ишончнома одатда юридик шахснинг ваколатхоналарига берилади, у тижорат вакилига, устидан патронаж шаклида васийлик ўрнатилган фуқаронинг вакилига, ишончли бошқарувда берилиши мумкин.


2. Ишончнома маълум тарзда расмийлаштирилиши лозим. У алоҳида ҳужжат тарзида бўлиши ёки ваколат берувчининг ва вакилнинг ички муносабатларини белгилайдиган шартномага киритилиши мумкин.

Ишончнома доимо ёзма шаклда бўлиши лозим, қонунда кўрсатилган ҳолларда эса, - нотариал тасдиқланиши ёки шарҳланаётган моддада тўғридан-тўғри айтиб ўтилган ташкилотлар ва шахслар томонидан тасдиқланиши талаб этилади.

Ҳам фуқаро, ҳам юридик шахс томонидан бериладиган ишончномада ишонч билдирувчининг имзоси бўлиши лозим. Юридик шахснинг номидан ишончномани унинг раҳбари ёки таъсис ҳужжатлари билан шунга ваколатланган бошқа шахс имзолайди. Шунингдек бундай ишончномадаги имзони ташкилотнинг муҳри билан тасдиқлаш лозим.

Давлат мулкига асосланган юридик шахс пул ва бошқа моддий бойликларни олиш ёки бериш учун ишончномани берадиган ҳолларда ишончномадаги имзога оид ўзига хос қоидалар амал қилади. Бундай ҳолларда иккинчи имзо, яъни ишонч билдирувчи ташкилотнинг бош ёки катта ҳисобчисининг имзоси керак бўлади.


3. Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисми юридик шахс томонидан ишончнома бўйича битимларни амалга оширганда унинг Уставида кўзда тутилган ҳуқуқлар ва мажбуриятларга амал қилиш лозимлиги ҳақидаги қоидани белгилайди, улар юридик шахснинг уставида кўрсатилган унинг махсус ҳуқуқ лаёқатига ва фаолият мақсадларига мос келиши лозим.

Белгиланган қоида ишонч билдирувчига ишончли вакилга унинг ўзи амалга ошириши рухсат этилмаган битимларни амалга ошириш учун ишончнома беришни тақиқлайди.



135-модда. Ишончноманинг шакли


Ишончнома оддий ёзма шаклда ёки нотариал шаклда расмийлаштирилади.

Нотариал шаклни талаб қилувчи битимларни тузиш ёхуд юридик шахсларга нисбатан ҳаракатларни амалга ошириш учун берилган ишончнома нотариал тасдиқланган бўлиши керак, ушбу Кодекснинг 136, 137, 138-моддаларида назарда тутилган ҳоллар ва қонун ҳужжатлари билан ишончноманинг ўзгача шакли белгилаб қўйилган бошқа ҳоллар бундан мустасно.


Шарҳланаётган модда ишончноманинг оддий ёзма ва нотариал шаклларини белгилайди.

Ишончнома бир томонлама битим ҳисобланади, ва унга шу турдаги битимлар учун, жумладан битимларнинг шакли бўйича белгиланган умумий қоидалар қўлланади (Ўзбекистон Республикаси ФК 103, 107, 110-моддаларига шарҳлар).


1. Умумий қоидага кўра ишончнома фақат муомалага лаёқатли фуқаролар томонидан берилиши мумкин. 14 ёшга етмаган шахслар номидан, шунингдек муомалага лаёқатсиз деб тан олинган фуқаролар номидан ишончномаларни уларнинг ота-оналари, фарзандликка олувчилари, васийлари амалга оширади (Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 29, 30-моддалари). 14 дан 18 ёшгача бўлган вояга етмаганлар ўз ота-оналари, фарзандликка олувчилари, ҳомийларининг ёзма розилиги билан ишончномаларни бериши мумкин (Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 27-моддаси). Агар ишончнома вакилни вояга етмаган шахс мустақил ҳолда амалга оширишга ҳақли бўлган ҳаракатларни бажариш учун ваколатлайдиган бўлса, бундай розилик талаб этилмайди (Ўзбекистон Республикаси ФК 27-моддасининг иккинчи қисми).

Юридик шахслар уларнинг фаолияти мақсадларига мувофиқ битимларни амалга ошириш учун ишончномаларни беришлари мумкин, акс ҳолда уларнинг устидан Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 125 ва 134-моддаларига мувофиқ шикоят қилиниши мумкин.

Агар ишончномада кўзда тутилган ҳаракатлар айни шу шахсларнинг бир турдаги манфаатларига оид бўлса, бир нечта шахсларнинг номидан ишончноманинг берилишига йўл қўйилади (масалан, бир нечта жавобгарга нисбатан даъво бўйича ишни юритиш учун ишончнома).

Ишончнома фақат ёзма шаклда амалга оширилади. Уни алоҳида ҳужжат, хат, телеграмма ва ҳоказолар шаклида тузиш мумкин. Бунда тегишли ҳужжатда уни ишончнома деб тан олиш учун зарур бўлган қуйидагилар бўлиши керак: тузилиш санаси; бериладиган ваколатларнинг моҳияти; ваколат берувчининг ва вакилнинг фамилияси, исми, отасининг исми, турар жойи. Юридик шахснинг номидан бериладиган ишончномада унинг тўлиқ номи, манзили ва ишончномани имзолаган шахснинг лавозими кўрсатилади.

Ишончнома нотариал шаклини талаб этадиган битимларни амалга ошириш учун берилганда (Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 110-моддаси), у Адлия Вазирлиги томонидан 1997 йил 28 апрелда тасдиқланган 33/1-сонли "Давлат ва хусусий нотариуслари томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида"ги Йўриқномасида кўзда тутилган тартибда нотариал тасдиқланади.

Ишончноманинг нотариал тартибда тасдиқланишининг мажбурийлиги шунингдек махсус қонунларда кўзда тутилиши мумкин (Ўзбекистон Республикасининг "Нотариат тўғрисида"ги Қонуни).



136-модда. Нотариал тасдиқланган ишончномаларга

тенглаштирилган ишончномалар


Қуйидагилар нотариал тасдиқланган ишончномаларга тенглаштирилади:

госпиталларда, санаторийларда ва бошқа ҳарбий-даволаш муассасаларида даволанаётган ҳарбий хизматчиларнинг ҳамда бошқа шахсларнинг шу муассасаларнинг бошлиқлари, уларнинг тиббий қисм бўйича ўринбосарлари, катта ва навбатчи шифокорлари томонидан тасдиқланган ишончномалари автомототранспорт воситаларини бошқариш ва тасарруф этиш ҳақидаги ишончномалар бундан мустасно; (ЎзР 27.09.2006 йил ЎРҚ-56-сон Қонунини 2-моддасининг 1-бандига асосан таҳрирга сўзлар киритилди)

ҳарбий хизматчиларнинг, ҳарбий қисмлар, қўшилмалар, муассасалар ҳамда ҳарбий ўқув юртлари жойлашган, нотариал идоралар ва нотариал ҳаракатларни амалга оширувчи бошқа органлар бўлмаган пунктларда эса - ишчи ва хизматчиларнинг, улар оилаларининг ва ҳарбий хизматчилар оила аъзоларининг шу қисм, қўшилма, муассаса ва ўқув юртларининг командирлари (бошлиқлари) томонидан тасдиқланган ишончномалари автомототранспорт воситаларини бошқариш ва тасарруф этиш ҳақидаги ишончномалар бундан мустасно; (ЎзР 27.09.2006 йил ЎРҚ-56-сон Қонунини 2-моддасининг 1-бандига асосан таҳрирга сўзлар киритилди)

озодликдан маҳрум қилиш жойларида бўлган ёки қамоқда сақланаётган шахсларнинг тегишли муассасалар бошлиқлари томонидан тасдиқланган ишончномалари автомототранспорт воситаларини бошқариш ва тасарруф этиш ҳақидаги ишончномалар бундан мустасно. (ЎзР 27.09.2006 йил ЎРҚ-56-сон Қонунини 2-моддасининг 1-бандига асосан таҳрирга сўзлар киритилди).


Нотариал тузиш шаклини талаб этувчи битимлар учун ишончнома нотариал тасдиқланиши керак, қонунчиликда кўзда тутилган ҳоллар бундан истисно.

Шарҳланаётган модда берилган ишончномалар нотариал тасдиқланган ишончномаларга тенглаштириладиган ҳолатларни белгилайди. Улар алоҳида тартибда расмийлаштирилади. Шарҳланаётган модда ўз юридик кучига кўра нотариал тасдиқланган ишончномаларга тенглаштириладиган ишончномаларни тасдиқлашга ҳақли бўлган мансабдор шахсларни санаб ўтади.

Шарҳланаётган моддада санаб ўтилган мансабдор шахслар томонидан тасдиқланган ишончномаларни нотариал тасдиқланган ишончномаларга тенглаштириб, қонун чиқарувчи бундай расмийлаштиришнинг ҳақиқий имкониятидан келиб чиққан. Ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий қисмларнинг дислокация пунктларида жойлашган бошқа шахслар дислокация жойларининг аҳоли пунктларидан узоқлиги ва шу туфайли ҳарбий қисмларнинг ёнида нотариал идоралар (нотариуслар) йўқлиги туфайли нотариусларнинг хизматларидан фойдаланиш имконияти эга бўлмайди.

Ҳарбий бошлиқлар, шифокорлар, пенитенциар муассасаларининг бошлиқларига ишончномани тасдиқлаш ҳуқуқининг берилиши уларнинг қўл остидаги шахсларнинг ишончномаларини тасдиқлаш муаммосини ҳал этади. Бундан ташқари, ҳарбий хизматчилар (ҳарбий қисм ҳудудида бўлиши шартлиги ва ундан махсус рухсатсиз чиқишнинг таъқиқланиши), даволаш муассасаларидаги беморлар, қамоқда сақланаётган ёки озодликдан маҳрум бўлган шахсларнинг (эркин ҳаракатланиш имкони чекланганлар) алоҳидаги ўзига хос ҳолати ҳам уларнинг ишончномаларини тасдиқлашнинг алоҳида шакли киритилишининг заруратини талаб этади.



137-модда. Ишончноманинг бошқа шакллари


Хат-хабарларни, шу жумладан пул ва посилкаларни олишга, иш ҳақини ҳамда меҳнат муносабатлари билан боғлиқ бўлган бошқа тўловларни олишга, муаллифлар ва кашфиётчиларга тўланадиган ҳақларни, пенсиялар, нафақалар ва стипендияларни, шунингдек банк муассасаларидан суммаларни олиш ҳақидаги ишончнома ваколат берувчи ишлайдиган ёки ўқийдиган ташкилот, у яшайдиган уйга хизмат кўрсатувчи уй-жойдан фойдаланиш ташкилоти, ўзининг яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёхуд фуқаро даволанишда бўлган даволаш муассасасининг маъмурияти томонидан тасдиқланиши мумкин.


Шарҳланаётган моддага кўра, ишончноманинг соддалаштирилган тартибда берилиши мумкин.

Фуқаролар томонидан кенг тарқалган ҳаракатларнинг содир этилиши юзасидан ишончнома фуқаронинг иш, ўқиш ёки яшаш жойига кўра ташкилот томонидан, унинг касаллиги ҳолатида эса - касалхонанинг маъмурияти томонидан тасдиқланиши мумкин. Бундай ҳаракатларнинг рўйхати шарҳланаётган модда билан белгиланади ва мутлақо тўлиқ ҳисобланади. Шу билан бирга махсус қонунлар худди шундай тарзда ишончномаларни расмийлаштиришга йўл қўйиладиган бошқа ҳолатларни кўзда тутиши ҳам мумкин. Бу, масалан, хўжалик жамиятлари иштирокчиларининг умумий йиғилишларида иштирок этиш учун ишончномаларга тегишли (Ўзбекистон Республикаси "Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонунинг 74-моддаси, "Масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида"ги Қонуннинг 34-моддаси).

Фуқаронинг вакили томонидан унинг банкдаги омонатини ва унинг банк ҳисоб рақамидан маблағларни олиш учун ишончномалар ҳам тегишли пул маблағлари жойлашган банк томонидан тасдиқланиши мумкин. Фуқарога жўнатилган пул, жўнатма ва бошқа хат-хабарларни олиш учун ишончнома алоқа ташкилоти томонидан тасдиқланиши мумкин. Ушбу ҳолатларда ишончномаларни тасдиқлаш учун ҳақ олинмайди.

Иш ҳақини ва меҳнат муносабатлари билан боғлиқ бўлган бошқа тўловларни, муаллифлар ва кашфиётчиларнинг (ихтирочиларнинг) мукофотларини, нафақаларни ва стипендияларни, фуқароларнинг банкдаги омонатларини олиш учун ҳамда хат-хабарларни, жумладан пул ва жўнатма хат-хабарларни олиш учун ишончнома шунингдек ишонч билдирувчи ишлайдиган ёки ўқийдиган ташкилот, унинг яшаш манзилидаги турар -жой фойдаланиш ташкилоти ҳама у даволанаётган стационар даволаш муассасасининг маъмурияти томонидан тасдиқланиши мумкин.



138-модда. Юридик шахснинг ишончномаси


Юридик шахс номидан бериладиган ишончнома раҳбар томонидан имзоланиб, унга ушбу юридик шахснинг муҳри босилади.

Давлат мулкига асосланган юридик шахс номидан пул ва бошқа мулкий бойликларни олиш ёки топшириш учун бериладиган ишончнома шу юридик шахснинг бош (катта) бухгалтери томонидан ҳам имзоланиши керак. Банкда операцияларни амалга оширишга ишончнома бериш тартиби ва унинг шакли қонун ҳужжатлари билан белгилаб қўйилади.


Юридик шахснинг номидан бериладиган ишончнома унинг раҳбари ёки бунга таъсис ҳужжатлари билан ваколатланган бошқа шахс (раҳбарнинг ўринбосари, ширкатнинг тўлиқ шериги ва ҳоказо) томонидан имзоланади. Бундай тартиб юридик шахснинг ташкилий-ҳуқуқий шакли ва ваколатнинг мазмунидан қатъий назар қўлланади. Мулкий бойликларни олиш ёки бериш учун ишончнома унитар корхонанинг ёки давлат мулкига асосланган муассасанинг номидан берилган ҳолатлар бундан истисно. Бундай ишончномалар нафақат ташкилотнинг раҳбари, балки бош ҳисобчиси томонидан ҳам имзоланади.

Бухгалтерлик ҳисоби тўғрисидаги қонун бошқача қоидани белгилайди (Ўзбекистон Республикасининг "Бухгалтерлик ҳисоби тўғрисида"ги Қонунининг 8-моддаси):

"Пулларни, товар-моддий ва бошқа бойликларни қабул қилиш ва бериш учун асос бўлган ҳужжатлар, корхона, муассаса ва ташкилотнинг кредит ва ҳисоб-китоб мажбуриятлари, шунингдек бухгалтерлик ҳисоботлари ва баланслари раҳбар ёки унинг томонидан белгиланадиган шахслар томонидан имзоланади.

Раҳбар имзо ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг иккита рўйхатини тасдиқлайди. Биринчи рўйхатига раҳбарлик вазифаларини амалга оширадиган шахслар, иккинчисига - бухгалтерлик ҳисоби ва молиявий бошқариш вазифаларини бажарадиган шахслар киради.

Мазкур модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган шахсларнинг имзоси бўлмаган ҳужжатлар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади".

Ушбу меъёрга кўра исталган юридик шахс томонидан бериладиган пул маблағларини, маҳсулотлар ва ҳоказоларни олиш ва бериш учун ишончномалар иккита имзо билан тасдиқланиши лозим, акс ҳолда улар қонун талабларига мос келмайдиган бўлиб, ҳақиқий эмас деб ҳисобланади (Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 116-моддаси).

Ишончномани тегишлича расмийлаштирилган деб тан олиш учун у ҳам имзо, ҳам муҳр билан тасдиқланган бўлиши лозим. Ишончномада юридик шахснинг муҳри йўқлиги вакил томонидан тузилган битимнинг ҳақиқий эмаслигига олиб келиши мумкин.



139-модда. Ишончноманинг муддати


Ишончнома кўпи билан уч йил муддатга берилиши мумкин. Агар ишончномада муддат кўрсатилган бўлмаса, у берилган кундан бошлаб бир йил мобайнида ўз кучини сақлайди.

Берилган куни кўрсатилмаган ишончнома ҳақиқий эмас.

Нотариус томонидан тасдиқланиб, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида ҳаракат ларни амалга оширишга мўлжалланган, амал қилиш муддати кўрсатилмаган ишончнома уни берган шахс томонидан бекор қилингунича ўз кучини сақлайди.


1. Шарҳланаётган модданинг биринчи қисмида ишончноманинг максимал амал қилиш муддатини белгилайди (3 йил). Агар ишончномада белгиланган муддат уч йилдан ортиқ бўлса, бу унинг ҳақиқий эмаслигига олиб келмайди. Ишончнома бу ҳолда уч йилга берилган деб ҳисобланади. Бу ерда аслида битимнинг бир қисми ҳақиқий эмаслиги мавжуд бўлади (Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 28-моддаси). Бу қисми ишончномада кўрсатилган амал қилиш муддати уч йилдан ортиқ бўлган қисми муддатига алоҳида ишончноманинг берилишидан иборат. Битимнинг қолган қисми, яъни уч йил муддатга ишончнома амал қилишда давом этади.

Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 139-моддаси иккинчи қисмидаги ҳар қандай ишончнома уч йилдан ошмаган амал қилиш муддатига эга бўлиши лозим, деган қоида умумий қоидадан истисно бўлиб, чет элда ҳаракатларни амалга ошириш учун берилган ишончномаларга нисбатан амал қилмайди. Агар нотариал тасдиқланган ишончнома чет элда ҳаракатларни амалга ошириш ва амал қилиш муддати бўлмаса, у ҳолда унга ишончномани берган шахс уни бекор қилмагунча уни ўз кучини сақлаб олган деб ҳисобланиши лозим.

Чет элда ҳаракатларни амалга ошириш учун берилган ишончнома нафақат унинг ишонч билдирувчи томонидан бекор қилиниши оқибатида, балки Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 141-моддаси биринчи қисмида кўзда тутилган ишончнома бекор бўлишини бошқа асослари мавжуд бўлганда ҳам тугатилади (ишончноманинг муддати бундан истисно). Хусусан, чет элда ҳаракатларни амалга ошириш учун берилган ишончноманинг амал қилиши Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 141-моддаси 3, 4, 5, 6, 7-бандлари асосида ишончнома берилган шахснинг рад этиши туфайли; ишончнома унинг номидан берилган юридик шахснинг фаолияти тугатилиши туфайли; ишончнома унинг номига берилган юридик шахснинг фаолияти тугатилиши туфайли; ишончномани берган фуқарони муомалага лаёқатсиз, муомалага чекланган лаёқатли, бедарак йўқолган деб тан олиш туфайли ёки унинг вафоти туфайли; ишончнома берилган фуқарони муомалага лаёқатсиз, муомалага чекланган лаёқатли, бедарак йўқолган деб тан олиш туфайли ёки унинг вафоти туфайли тугатилиши мумкин.

Ишончноманинг берилган санаси бўлмагани туфайли уни ҳақиқий эмас деб тан олиш ҳар қандай манфаатдор шахснинг талабига кўра ва суднинг ташаббусига кўра Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 113-моддаси учинчи қисмидаги умумий қоидаларга асосан амалга оширилади.


2. Вакиллик муносабатларининг ўзига хос хусусиятлари туфайли ишончноманинг ҳақиқий эмаслиги нафақат ваколат берувчи ва вакил ўртасидаги муносабатлар, балки вакилнинг ҳаракати натижаси, яъни битим ёки ваколат берувчи ҳамда учинчи шахс ўртасидаги муносабатларни юзага келтирган, ўзгартирган ёки бекор қилган бошқа ҳуқуқий ҳаракат, содир этилган пайтидан бошлаб, ҳақиқий эмас деб тан олинишига олиб келади.

Ҳақиқий бўлмаган ишончноманинг юридик оқибати нафақат ваколат берувчи ва вакил олган, балки ваколат берувчига нисбатан учинчи шахс олган барча нарсаларни қайтариш бўлади. Бунда олинган нарсалар мол-мулкдан фойдаланишда, ишларни бажариш ёки хизматларни тақдим этишда ифодаланган ҳолларда, яъни олинганларни натурал ҳолда қайтариш мумкин бўлмаганда, унинг қиймати пулда қоплаб берилиши лозим.



140-модда. Ишончнома бўйича ваколатларни

бошқа шахсга бериш (бошқа шахсга ўтказиш)


Ишончнома берилган шахс ўз ваколатидаги ҳаракатларни шахсан амалга ошириши шарт. Башарти, унга ишончнома билан ваколат берилган бўлса ёки уни ишончнома берган шахснинг манфаатларини ҳимоя қилишга шароит мажбур қилса, у ҳаракатларни амалга оширишни бошқа шахсга ўтказиши мумкин.

Ваколатларнинг бошқа шахсга берилишига асос бўлган ишончнома нотариал тасдиқланган бўлиши керак, ушбу Кодекснинг 136, 137, 138-моддаларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Бошқа шахсга ўтказиш бўйича берилган ишончноманинг амал қилиш муддати унинг берилишига асос бўлган асосий ишончноманинг амал қилиш муддатидан ошиб кетиши мумкин эмас.

Ваколатларини бошқага берган шахс ишончнома берган шахсга буни маълум қилиши ҳамда мазкур шахс ва унинг яшаш жойи тўғрисидаги зарур маълумотларни хабар қилиши керак. Мазкур бурчлар бажарилмаса, ўз ваколатларини бошқага берган шахс ундан ваколат олган шахснинг ҳаракатлари учун худди ўзининг ҳаракатлари каби жавобгар бўлади.


Ваколат берувчи, агар у шундан манфаатдор бўлса, ишончномада нафақат ушбу ишончномада кўрсатилган вакил, балки бошқа шахсга ишониб топшириш тартибида бу ҳуқуқни олувчи шахс томонидан унинг учун битимларни ёки бошқа ҳаракатларни амалга ошириш имкониятини кўзда тутиши мумкин. Агар ишончномада бошқа шахсга ишониб топшириш имконияти айтиб ўтилмаган бўлса, у фақат вакилнинг шахсан фаолиятининг имконини истисно этувчи ҳолатлар юзага келганда ваколат берувчининг манфаатларини ҳимоя этиш учун мумкин бўлади.

Ишончномада кўрсатилган вакил бошқа шахсга ишониб топширишда ваколат берувчига бу ҳақда билдириши ва унга унинг ўрнини босувчи шахс тўғрисида барча маълумотларни бериши шарт, чунки вакиллик муносабатлари кўп жиҳатдан шахсий, ишончга асосланган бўлади. Бу мажбуриятни бажармаслик учун жавобгарлик шундан иборатки, вакилга ишониб топширишни амалга оширувчи шахс фаолиятининг барча оқибатлари юклатилади.

Ваколат берувчининг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида бошқа шахсга ишониб топшириш тартибида бериладиган ишончноманинг мажбурий нотариал тасдиқлаш тартиби ҳамда унинг амал қилиш муддати бирламчи ишончнома амал қиладиган муддатдан узоқроқ бўлиши мумкин эмаслиги белгиланган.

Бундай ҳаракатга ваколатламаган ҳолда бошқа шахсга ишониб топшириш истисно сифатида, фавқулодда ҳолат таъсирида ва фақат ваколат берувчининг манфаатларини ҳимоя этиш учун йўл қўйилади. Бундай шартлар бўлмаганда ваколатларсиз амалга оширилган бошқа шахсга ишониб топшириш ҳақиқий бўлмаган битим ҳисобланади.

Бошқа шахсга ишониб топширишни нотариал тасдиқлаш тўғрисидаги қоида юридик шахс томонидан берилган ишончномага нисбатан ҳам амал қилади. Филиал ёки ваколатноманинг раҳбари филиал ходимига ёки бошқа шахсга ишончномани фақат бошқа шахсга ишониб топшириш тартибида, уни нотариал тасдиқлаган ҳолда бериши мумкин.



141-модда. Ишончноманинг бекор бўлиши


Ишончноманинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда бекор бўлади:

1) ишончнома муддатининг тамом бўлиши;

2) ишончнома берган шахснинг уни бекор қилиши;

3) ишончнома берилган шахснинг бош тортиши;

4) номидан ишончнома берилган юридик шахс фаолиятининг тўхтатилиши;

5) номига ишончнома берилган юридик шахс фаолиятининг тўхтатилиши;

6) ишончнома берган фуқаронинг муомалага лаёқатсиз, муомала лаёқати чекланган ёки бедарак йўқолган деб ҳисобланиши, ёхуд унинг вафот этиши;

7) ишончнома олган фуқаронинг муомалага лаёқатсиз, муомалага лаёқати чекланган ёки бедарак йўқолган деб ҳисобланиши, ёхуд унинг вафот этиши.

Ишончнома берган шахс истаган вақтда ишончномани бекор қилиши, ишончнома берилган шахс эса - ундан воз кечиши мумкин. Бу ҳуқуқдан воз кечиш ҳақидаги битим ҳақиқий эмас.

Ишончноманинг амал қилиши бекор бўлиши билан уни бошқа шахсга ўтказиш ҳам ўз кучини йўқотади.


1. Ишончнома ўзи берилган муддат тугаши оқибатида бекор қилинади. Муайян ҳаракатларни бажариш учун ваколатлайдиган ишончнома, агар улар ҳақиқатда бажарилган бўлса, бекор бўлади.

Вакиллик муносабатларининг ўзига хос, шахсий ишончга асосланган хусусияти ишончномани берган шахснинг уни бекор қилиш ҳуқуқини, ишончнома берилган шахсда эса ундан воз кечиш ҳуқуқини кўзда тутади. Бошқа шахсга ишониб топширилган шахс томонидан ишончноманинг бекор бўлиши тўғрисида хабарнома олингунча, ишончнома ишониб топширилган бошқа шахснинг ҳаракатлари инсофлилиги туфайли ҳам ишониб топширилган бошқа шахс ёки унинг ҳуқуқий ворислари учун, ҳам учинчи шахслар учун ўз кучини сақлаб қолади. Яъни ишончноманинг амал қилиши уни бекор қлиш ёки рад этиш пайтидан эмас, бошқа томонга бу ҳақда маълум бўлган санадан бошлаб бекор бўлади.


2. Ишончнома вакиллик муносабатларининг иштирокчиларидан бирининг мавжудлиги ҳолати тугаши муносабати билан ҳам ўз кучини йўқотади. Бунда фуқаронинг вафоти ва юридик шахснинг тугатилиши (унинг тугатилиши ва қайта ташкил этилиши) назарда тутилмоқда. Фуқаронинг вафоти билан (уни вафот этган деб эълон қилиш билан) вакиллик автоматик равишда тугайди, яъни унинг номидан юридик ҳаракатлар амалга оширилиши лозим бўлган ваколатли шахс ёки субъект бўлмай қолади. Шахсни бедарак йўқолган деб тан олиш ҳолатида ҳам ушбу қоида амал қилади (Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 33, 34-моддаларига шарҳни қаранг). Юридик шахснинг тугатилишига келсак, баъзи ҳолларда бу шахснинг берган ёки олган ишончномаси ўз кучини сақлаб қолиши мумкин. Бу ерда бошқа юридик шахснинг ажратиб чиқарилиши йўли билан қайта ташкил этиш ҳолатлари ҳақида гап боради (Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 49-моддаси). Агар қайта ташкил этиш вакиллик вазифаларини амалга ошириш имконига таъсир этмаса ёки маълум фаолиятининг зарурати сақланиб қолган бўлса, ишончнома бекор бўлмаслиги ҳам мумкин.

Ишончномани берган ёки у билан ваколатланган фуқарони муомалага лаёқатсиз деб тан олиш унинг бекор бўлишига олиб келади, чунки бундай фуқаро ҳам ўз номидан, ҳам бошқа шахсларнинг номидан юридик ҳаракатларни мустақил амалга ошириш қобилиятидан маҳрум бўлади (Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 30-моддасига шарҳни қаранг). Кейинчалик муомалага лаёқатсиз деб тан олинган шахс томонидан берилган ишончнома, агар уни амалга ошириш пайтида фуқаро ўз ҳаракатларининг маъносини тушуна олмаган ва уларни бошқара олмаганлиги исботланган бўлса, низоли бўлиши мумкин ва суд томонидан Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 121-моддаси тартибида ҳақиқий эмас деб тан олиниши мумкин.

Вакилнинг ёки ваколат берувчининг муомалага лаёқатининг чекланиши ишончноманинг бекор бўлишига олиб келади. Бундай шахс томонидан майда маиший битимлардан ташқари битимларни ўз номидан ёки бошқа шахслар номидан амалга ошириш фақат васийнинг номидан мумкин бўлади (Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 31-моддасига шарҳни қаранг). Агар ҳомий муомалага лаёқати чекланган шахснин иштирокида вакиллик муносабатларини сақлаб қолишга розилик берган бўлса, унинг амал қилиши сақланиб қолиши ҳам мумкин.


3. Ишончноманинг бекор қилиниши ҳақида хабардор қилинган ёки ишончноманинг бошқа бирор-бир асосларга кўра тугатилиши тўғрисида билган учинчи шахслар ишониб топширилган бошқа шахс билан битимларни амалга оширишга ҳақли эмас. Акс ҳолда ишониб топширилган бошқа шахс ёки уни ҳуқуқий ворислари бундай битимларнинг натижаларини қабул қилмасликка ва етказилган зарарларни ундиришни талаб қилишга ҳақли бўлади. Ишончнома ишониб топширилган бошқа шахс ишончноманинг тугатилиши тўғрисида хабарномани олиб, унинг асосида битимларни амалга оширишни давом этган ҳолатларда ҳам худди шундай оқибатлар юзага келади.

Шарҳланаётган модданинг биринчи қисмида санаб ўтилган асослардан бири бўйича ишончноманинг бекор бўлиши бошқа шахсга ишониб топшириш тартибида берилган ишончноманинг амал қилишини тўхтатади.

Ишончномани бекор қилиш ва ундан воз кечиш бир томонлама битимлар ҳисобланади ва демак вакилнинг ёки ваколат берувчининг розилигини талаб этмайди. Бу ҳуқуқлардан воз кечиш ҳақиқий бўлмаган битим ҳисобланади.



142-модда. Ишончноманинг бекор бўлганлиги

ҳақида шахсларга хабар бериш


Ишончнома берган шахс унинг бекор бўлганлиги ҳақида ишончнома олган шахсни, шунингдек ишончнома қаратилган ўзига маълум учинчи шахсларни ҳам хабардор қилиши шарт. Ишончнома ушбу Кодекс 141-моддаси биринчи қисмининг 4-7-бандларида назарда тутилган асослар бўйича бекор қилинган ҳолларда ишончнома берган шахснинг ҳуқуқий ворислари зиммасига ҳам шундай вазифа юклатилади.


Ваколат берувчи берилган ишнчномани бекор қилган ҳолда, бу ҳақда ўз вакилига, шунингдек ишончнома уларнинг олдида вакиллик қилиш учун мўлжалланган, ўзига маълум бўлган учинчи шахсларга билдириши лозим. Ишончнома Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 141-моддаси биринчи қисмининг 4, 6-бандларида назарда тутилган асослар бўйича бекор қилинган ҳолларда ишончнома берган шахснинг ҳуқуқий ворислари (қайта ташкил этилган юридик шахснинг ҳуқуқий ворислари, вафот этган фуқаронинг меросхўрлари, шунингдек муомалага лаёқатсиз деб тан олинган шахснинг васийсига, муомалага лаёқати чекланган шахснинг ҳомийси, бедарак йўқолган шахснинг мулкини бошқарувчи) зиммасига ҳам шундай вазифа юклатилади.

Ишониб топширувчи ёки унинг ҳуқуқий ворислари томонидан Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 142-моддаси биринчи қисмида таърифланган мажбуриятларини бажармаслиги бундай бажармаслик оқибатида ишониб топширилган шахсда ёки учинчи шахсларда юзага келиши мумкин бўлган зарарлар учун жавобгар бўлишига олиб келади.

Шарҳланаётган моддада кўзда тутилган қоидаларга риоя этмаслик ваколат берувчини (ҳуқуқий ворисларни) ишончноманинг белгиланган муддатларда бекор этилишига асосланиш ва оқибатида ишончноманинг бекор бўлишидан кейин амалга оширилган битимларнинг оқибатларини бекор қилишни талаб этиш ҳуқуқидан маҳрум этади. Ваколат берувчининг (ҳуқуқий вориснинг), вакил ишончноманинг бекор бўлиши тўғрисида хабарномасиз ҳам билган ёки билиши лозим бўлган эди, деган важлари суд томонидан процессуал тартибда кўриб чиқилади.



143-модда. Ишончнома олган шахснинг ишончнома

бекор бўлганидан кейин қилган ҳаракатлари


Ишончнома олган шахснинг ишончнома бекор бўлганлигини билгунча ёки билиши лозим бўлгунича қилган ҳаракатлари ишончнома берган шахс ёки унинг ҳуқуқий ворислари учун учинчи шахсларга нисбатан ўз кучини сақлаб қолади.

Ишончнома олган шахснинг ишончнома бекор бўлганлигини билган ёки билиши лозим бўлганидан кейин қилган ҳаракатлари ишончнома берган шахс учун ҳуқуқ ва мажбуриятларни вужудга келтирмайди.

Агар учинчи шахс ишончноманинг амал қилиши бекор бўлганлигини билган ёки билиши лозим бўлган бўлса, ушбу модданинг қоидалари қўлланилмайди.


Ишончнома Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 141-моддаси биринчи қисмида белгиланган ҳолатлардан бири юзага келган пайтидан бошлаб ўз кучини йўқотади. Вакилнинг ишончнома тугатилишидан кейинги фаолияти ваколатсиз вакиллик деб баҳоланади. Ҳаракатларни амалга ошириш пайтида вакил ишончнома бекор бўлиши ҳақида билмаган ва билиши мумкин бўлмаган ҳолатлар бундан истисно. Бу ҳолда ваколат берувчи (унинг ҳуқуқий ворислари) вакил томонидан бажарилган барча ҳаракатларни қабул қилиши лозим. Шу билан бирга ишончноманинг бекор бўлишидан кейин тузилган битим низоли бўлади. Суд, агар вакил томонидан битим тузилиши пайтида учинчи шахс ишончнома ўз кучини йўқотганлигини билган ёки билиши лозим бўлганлиги исботланган бўлса, ушбу битимни ҳақиқий эмас деб тан олиши мумкин.



144-модда. Ишончномани қайтариш мажбурияти


Ишончноманинг амал қилиши бекор бўлганидан кейин ишончнома олган шахс ёки унинг меросхўрлари (ҳуқуқий ворислари) дарҳол ишончномани қайтариб беришлари шарт.


Бекор бўлган ишончнома унинг кейинги ноқонуний ишлатилиши имкониятининг олдини олиш учун вакил (унинг ҳуқуқий ворислари) томонидан уни берган шахсга қайтариб берилиши лозим.

Ишончноманинг нусхалари, жумладан нотариал тасдиқланган нусхалари эмас, фақат униг асл нусхасигина юридик кучига эга бўлади. Ушбу норма асосида вакилда бирор-бир сабабга кўра ишончноманинг асл нусхасининг йўқлиги ишончномани бекор қилиш ва уни шундан кейин ваколат берувчига қайтаришнинг қатъийй презумпциясини юзага келтиради.



5-КИЧИК БЎЛИМ. МУДДАТЛАР. ДАЪВО МУДДАТИ


11-боб. Муддатларни ҳисоблаш (145-148-моддалар)

12-боб. Даъво муддати (148-163-моддалар)



11-БОБ. МУДДАТЛАРНИ ҲИСОБЛАШ


145-модда. Муддат белгилаш

146-модда. Вақт даври билан белгиланган муддатнинг бошланиши

147-модда. Вақт даври билан белгиланган

муддатнинг тамом бўлиши

148-модда. Муддатнинг охирги кунида

ҳаракатни амалга ошириш тартиби



145-модда. Муддат белгилаш


Қонун ҳужжатларида ёки битимда белгиланган, шунингдек суд томонидан тайинланадиган муддат календар сана билан ёхуд йиллар, ойлар, ҳафталар, кунлар ёки соатлар билан ўлчанадиган вақт даврининг ўтиши билан белгиланади.

Муддат муқаррар юз бериши керак бўлган воқеани кўрсатиш билан ҳам белгиланиши мумкин.


1. Мулкий ва шахсий номулкий муносабатларни тартибга солишда муддат ФК, бошқа қонунлар, бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар, битимлар ёки суд фуқаролик ҳуқуқлари ва мажбуриятларининг юзага келиши, ўзариши ва тугатилишини боғлайдиган юридик фактлардан бири сифатида муҳим ўрин тутади.

Шарҳланаётган моддага мувофиқ муддатлар бевосита меъёрий ҳужжатлар билан, битимларнинг иштирокчилари (юридик ва жисмоний шахслар) томонидан ва суд томонидан белгиланади.

Қонун билан белгиланган баъзи муддатлар битимларнинг иштирокчилари томонидан аниқлаштирилиши ёки ўзгартирилиши мумкин эмас. Булар, масалан, даъво, сотиб олиш муддатларидир (Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 149-152, 187-моддалари), меросдан воз кечиш ҳуқуқининг муддати (Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 1147-моддаси).

Бошқа муносабатлар учун қонун маълум максимал мудддатни кўзда тутади, унинг доирасида манфаатдор шахслар уларга у ёки бу ҳаракатларни амалга ошириш учун уларга зарур бўлган бошқа муддатни белгилашнинг кенг имкониятига эга бўлади. Масалан, ишончноманинг муддати уч йилдан ортиқ бўла олмайди (Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 139-моддаси). Лекин ишончнома уч йил ичидаги ҳар қандай муддатга берилиши мумкин.

Баъзи муддатларни меъёрий ҳужжатлар, агар ҳуқуқий муносабатларнинг иштирокчилари бошқача қарор қилмаган бўлмаса, шундай ҳолатлар учун белгилайди. Кафиллик, масалан, агар кафолат шартномаси билан бошқача муддат кўзда тутилмаган бўлса, кафиллик билан таъминланган мажбуриятнин муддати келган кунидан бошлаб бир йил ўтган санада тугайди.

Фуқаролик - ҳуқуқий муносабатларининг юзага келиши, ўзгариши ёки тугатилиши боғлиқ бўлган муддатларнинг кўпчилиги меъёрий ҳужжатлар билан эмас, бевосита ҳам бир томонлама, ҳам икки томонлама битимларнинг иштирокчилари томонидан белгиланади. Томонларнинг келишуви (шартнома) билан белгиланадиган муддатлар энг кўп тарқалган.

Фуқаролик ҳуқуқлари ва мажбуриятларини амалга ошириш, тегишли ҳаракатларини амалга ошириш муддатларини шунингдек суд (умумий судлов, хўжалик суди, хакамлик суд) белгилаши мумкин.


2. Шарҳланаётган моддада суд томонидан ФПК, ХПК ёки хакамлик судлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланадиган процессуал муддатлар эмас, моддий-ҳуқуқий ҳаракатларни амалга ошириш, фуқаролик ҳуқуқлари ва мажбуриятларини амалга ошириш муддатлари ҳақида гапирилади. Масалан, суд ОАВ ни тегишли муддатда аввал эълон қилинган, фуқаронинг қадр-қиймати ва шаънини ёки юридик шахснинг ишчанлик обрўсини бадном маълумотларнинг раддиясини эълон қилишга мажбур этиши мумкин.


3. Муддатлар турли мезонларга кўра таснифланади. Ҳуқуқий оқибатларига қараб улар ҳуқуқни вужудга келтирувчи, ҳуқуқни ўзгартирувчи ва ҳуқуқни бекор қилувчи муддатларга бўлинади. Уларнинг томонлар келишувига кўра ўзгартириши имкониятига боғлиқ ҳолда муддатлар императив ва диспозитив муддатларга бўлинади. Муддатларни фуқаролик ҳуқуқларини амалга ошириш муддатлари ва фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш муддатларига бўлиш муҳим аҳамиятга эга. Биринчи навбатда чекловчи муддатларни ажратиш лозим, уларнинг тугаши субъектив ҳуқуқнинг ўзи тугашига олиб келади (масалан, меросдан воз кечишнинг 6-ойлик муддати), иккинчи навбатда - даъво муддатлари фарқланади, уларнинг тугаши субъектив ҳуқуқнинг ўзи мавжудлигини бекор бўлишига олиб келмаган ҳолда суддан уни ҳимоя қилишни талаб қилиш имкониятини тугатади.

Муддат вақт даври сифатида фақат Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 145-моддасида кўзда тутилган бирликларда белгиланиши ва ҳисобланиши лозим. Битимда бошқача бирликлардаги муддатнинг белгиланиши ёки муддат тўғрисидаги шартларининг ёки бутун битимнинг ҳақиқий бўлмаслигига олиб келиши мумкин (Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 116-моддаси). Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 145-моддасида кўзда тутилган муддатни белгилаш бирликларидан ташқари, шунингдек ярим йил (Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 147-моддаси иккинчи қисми), йил чораги (Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 147-моддаси учинчи қисми), ярим ой (Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 147-моддаси бешинчи қисми) каби бирликлар қўлланиши мумкин.

Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисми, муддат муқаррар юз бериши керак бўлган воқеани кўрсатиш билан ҳам белгиланиши мумкинлигини белгилайди. Шунинг учун муддат, масалан, мажбур бўлган томоннинг шартнома бўйича ўз мажбуриятини бажариш пайтини кўрсатиш билан белгиланиши мумкин эмас. Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 145-моддаси иккинчи қисмининг воқеани муқаррар юз бериши кераклиги ҳақидаги талабини бажармаслик муддатни белгиланган деб ҳисоблашга имкон бермайди.



146-модда. Вақт даври билан белгиланган

муддатнинг бошланиши


Вақт даври билан белгиланган муддат календар санадан кейинги ёки унинг бошланиш куни деб белгиланган воқеа юз берганидан кейинги кундан ўта бошлайди.


Вақт даври - бу аниқ сана эмас, йиллар, йил чораклари, ойлар, ҳафталар, кунлар ёки соатлар билан ўлчанадиган муддатдир. Бу ҳолда муддатни ҳисоблаш календар санадан ёки унинг бошланиши қилиб белгиланган воқеанинг юз беришидан кейинги кундан бошлаб ҳисобланади (масалан, шартномани тузиш санаси, мерос қолдирувчининг вафоти, ашёнинг топширилиши ва ҳоказолар).

Агар шартнома бир йилга тузилган, унинг тузилиш санаси эса мажбуриятнинг муддати ўтишининг бошланиши деб қараладиган бўлса, у ҳолда муддатнинг ўтиши шартнома имзоланган пайтидан кейинги кундан бошланади.

Муддат ўтишининг бошланиши тегишли воқеанинг юз бериши билан боғланган ҳолда муддатнинг ўтиши бу воқеа юз беришидан кейинги кундан бошланади. Масалан, фуқаро 2003 йил 23 сентябрь куни вафот этди, меросни қабул қилиш ҳақида билдириш учун белгиланган 6 ойлик муддат 2003 йил 24 сентябрдан бошланади.

Йиллик (ёки кафиллик шартномасида кўзда тутилган бошқа) муддат асосий қарздор томонидан мажбурият бажарилиши учун белгиланган муддат тугаганидан кейинги кундан бошланади. Агар бундай муддат 23 июль бўлган бўлса, кафилнинг қарздор учун унинг мажбуриятини бажариш мажбуриятининг муддати - 24 июлдан бошланади.

Темир йўл транспорти билан юкни етказиб бериш муддати ташиш шартномаси тузилган (ташувчига юк топширилган), темир йўл юкхатида акс эттирилган санадан кейинги кундан бошланади.



147-модда. Вақт даври билан белгиланган

муддатнинг тамом бўлиши


Йиллар билан ҳисобланадиган муддат унинг охирги йилидаги тегишли ой ва кунда тамом бўлади.

Ярим йил деб белгиланган муддатга нисбатан ойлар билан ҳисобланадиган муддатлар учун белгиланган қоидалар қўлланилади.

Йил чораклари билан ҳисобланадиган муддатга нисбатан ойлар билан ҳисобланадиган муддатлар учун белгиланган қоидалар қўлланилади. Бунда йил чораги уч ойга тенг деб ҳисобланади, йил чоракларининг ҳисоби эса - йил бошидан юритилади.

Ойлар билан ҳисобланадиган муддат шу муддатнинг охирги ойидаги тегишли кунда тугайди.

Ярим ой деб белгиланган муддатга кунлар билан ҳисобланадиган муддат деб қаралади ва у ўн беш кунга тенг бўлади.

Агар ойлар билан ҳисобланадиган муддатнинг тамом бўлиши тегишли рақам бўлмаган ойга тўғри келса, у ҳолда муддат шу ойнинг охирги кунида тугайди.

Ҳафталар билан ўлчанадиган муддат шу муддатнинг охирги ҳафтасидаги тегишли кунда тугайди.


Муддат йиллаб ҳисобланганда унинг ўтиши муддатнинг охирги йилининг тегишли ой ва кунида тугайди. Яъни, агар бирор-бир ҳолат 2004 йил 2 июль куни, 5 йиллик муддати билан юзага келган бўлса, бу муддатнинг тугаши 2009 йил 2 июль куни юз беришини билдиради.

Ойлаб ҳисобланадиган муддатнинг тугаши муддатнинг охирги ойининг тегишли санасига тўғри келади. 2005 йил 3 сентябрь куни бошланган 4 ойлик муддат 2006 йил 3 январь куни тугайди. Агар муддатинг тугайдиган ойида муддатнин кечиши бошланган сана бўлмаса, у ҳолда муддатнинг - февраль ойида 28 ёки 29 сана - апрель, июнь, сентябрь, ноябрь ойларида 30 сана, қолган ойларда 31 сана ойнинг охирги санаси бўлади. Масалан, 3 ойлик муддатнинг бошланиши - 2005 йил 31 январь бўлса, муддатнинг тугаши - 2005 йил 30 апрель куни бўлади.

Ярим йил ёки йил чораги билан белгиланган муддатни ҳисоблаш тартиби ойлаб ҳисобланадиган муддат учун белгиланган тартибга айнан ўхшаш бўлади. Масалан, ярим йил ёки иккита йил чораги бўлган муддат 2006 йил 3 февраль куни бошланади. Ушбу муддатнинг кечиши 2006 йил 3 август куни, яъни 6 ойдан кейин тугайди.

Ярим ой, ҳафталар билан ҳисобланадиган муддат ярим ой ёки ҳафтанинг тегишли охирги кунида тугайди, ярим ой - 15 кун, икки ҳафта - 14 кун ва ҳоказо. Агар ярим ой муддати 2006 йил 21 январь кунидан бошланган бўлса, у 2006 йил 5 февраль кунида тугайди. 2006 йил 21 январь кунидан ҳисобланадиган икки ҳафталик муддат 2006 йил 4 февраль куни тугайди.

Баъзан муддатнинг бошланиши нафақат кун, балки тегишли соатлар билан ҳам белгиланади. Масалан, меҳмонхоналарда ҳисоб-китоб вақти эрталаб 10, 12 соатлардан бошланади. Бу ҳолда меҳмонхона билан ҳисоб-китоб қилиш учун муддатнинг тугаши нафақат кириб келган куни билан, балки тегишли соати билан ҳам боғлиқ бўлади. Масалан, агар шахс меҳмонхонага 21-санада соат 18 да уч кун муддатга яшаш учун келган бўлса, унинг яшаш муддати 24-санада соат 10, 12 ларда тугайди. Бу меҳмонхона қоидаларини билиш муҳим, чунки меҳмонхонада 10 ёки 12 соатлардан кейин хонани эгаллаш янги бир кун сифатида қаралиши мумкин.



148-модда. Муддатнинг охирги кунида

ҳаракатни амалга ошириш тартиби


Агар муддат бирор-бир ҳаракатни амалга ошириш учун тайинланган бўлса, бу ҳаракат муддатнинг охирги кунидаги соат йигирма тўртга қадар бажарилиши мумкин.

Агар, бу ҳаракат ташкилотда амалга оширилиши керак бўлса, у ҳолда муддат белгиланган қоидаларга мувофиқ ушбу ташкилотда тегишли операциялар тўхтатиладиган соатда тамом бўлади.

Муддатнинг охирги кунида соат йигирма тўртга қадар алоқа ташкилотига топширилган ёки бошқа алоқа воситалари билан юборилган барча ёзма баёнотлар ва хабарлар, пул ўтказмалари муддатида қилинган ҳисобланади.


1. Амалга оширилиши учун маълум кун белгиланган ҳаракат шу куни бажарилиши лозим.

Бу қоидадан истиснолар ушбу ҳаракат иш куни маълум соатлар билан чекланган ташкилотда амалга оширилиши лозим бўлган ҳолатлар учун кўзда тутилган. Масалан, нотариал идора ҳар куни соат 20 гача ишлайди. Пулни депозитга киритиш ушбу ҳаракатни амалга ошириш муддати тугайдиган куннинг соат 20 вақтигача амалга оширилиши мумкин. Агар ташкилот мижозга (ташриф буюрган шахсга ва ҳоказо) боғлиқ бўлмаган сабаблар билан унинг учун белиланган иш режимини бузса (бу ҳозирги пайтда кам учрайдиган ҳолат эмас) ва ҳаракат шу сабабга кўра ўз вақтида амалга оширилиши мумкин бўлмаса, фуқаро ёки юридик шахс ушбу ташкилот ўз нормал ишини тиклайдиган давргача ўз муддатини тугамаган деб ҳисоблашга ҳақли бўлади.


2. Агар ҳаракат ёзма аризалар ва хабарномаларни топшириш билан боғлиқ бўлса, улар ташкилотга муддатнинг охирги кунининг соат 24 гача топширилган ҳолатида ўз вақтида топширилган деб ҳисобланади, бу одатда хатжилд, квитанция ёки бошқа ҳужжатдаги почта тамғаси билан тасдиқланади.

Ёзма ариза деганда муносабатларнинг иштирокчилари бир-бирига ёки учинчи шахсларга билдириши керак бўлган ҳар қандай ёзма материаллар тушунилади. Хабарномалар деб у ёки бу тадбирларнинг (жумладан, йиғилишлар, текширишлар, мажлислар) маълум жойда ва тегишли вақтда ўтказилиши ҳақидаги хабарлар ҳисобланади, масалан, ҳар йиллик акциядорлар умумий йиғилишининг ўтказилиши тўғрисидаги хабарнома.


3. ФКда почта орқали эмас, балки янги замонавий алоқа: факсимиль ёки электрон алоқа воситаларидан фойдаланиб юборилган ёзма ариза ёки хабарноманинг ўз муддатида амалга оширилган деб тан олиниши ҳақидаги масаланинг жавоби мавжуд эмас. Масалан, хабарнома муддат тугайдиган куннинг соат 22 вақтида борилган. У кейинги куни олинган, чунки юридик шахс бўлган АЖда иш куни соат 18 да тугаган.

Бу ҳолда, афтидан, алоқа идоралари учун белгиланган қоидаларга таяниб иш юритиш жоиз бўлади.

Иш кунлари бўлмаган кунлар дам олиш ва байрам кунлари, шунингдек белгиланган тартибда тегишли идоралар томонидан иш кунлари бўлмаган деб тан олинган бошқа кунлар ҳисобланади (масалан, Ҳукумат томонидан кўчирилган дам олиш кунлари).

Дам олиш кунлари умумий - шанба, якшанба, 6 кунлик иш ҳафтаси учун фақат якшанба, ёки баъзи ташкилотлар учун уларнинг ишининг ўзига хослигини ҳисобга олиб белгиланган бошқа ҳафта кунлари бўлади. Масалан, дам олиш куни душанба ёки ҳафтанинг бошқа куни бўлиши мумкин. Агар муддат дам олиш куни тугайдиган бўлса, муддатнинг тугаган куни дам олиш кунидан (кунларидан) кейинги энг биринчи иш куни бўлади. Масалан, 2005 йил 15 январь шанба куни бўлган эди. 5 кунлик иш ҳафтасида, агар муддатнинг тугаши 2005 йил 15 январга тўғри келган бўлса, унин тугаган санаси деб 2005 йил 17 январь куни ҳисобланиши лозим.

Агар қарздор (масалан, дўкон) шанба куни ишлайдиган бўлса, шанба куни муддатнинг ўтишидан чиқариб ташланмайди. Муддат якшанба куни (дўкон учун дам олиш куни) тугайдиган бўлса, у душанба куни тугайди. Агар душанба куни дам олиш куни бўлса, мудатнинг тугаш куни сешанба бўлади.

Дам олиш кунларидан бошқа иш куни бўлмаган кунлар бўлиши мумкин. Масалан, дўкон у ерда ўтказилаётган текширув сабабли ёки унинг санитар ишлов бериш зарурати туфайли ёпиқ бўлади. Дўконнинг ўзи учун бундай кун иш куни бўлади. Лекин унинг харидорлари учун у иш куни бўлмайди. Шунинг учун агар харидор сотилган ашёни алмаштиришни талаб қилган кафолат муддати шундай кунда тугайдиган бўлса, унинг тугаши дўконнинг биринчи нормал иш кунига тўғри келади. Бошқа мисол: қишлоқдаги ягона почта бўлими ҳисоб-китоб учун ёпилган. Юк олувчининг ташувчига эътироз даъвосини билдиришининг охирги куни айнан шу куни тугайди. Транспорт идорасига даъво билдиришнинг 6 ойлик муддатининг тугайдиган куни почта бўлиминин очилишидан кейинги биринчи иш куни бўлади.

Байрам кунлари деганда белгиланган тартибда бундай кунлар деб тан олинган кунлар тушунилади.

Байрам ва дам олиш кунлари устма-уст тушганда иш куни бўлмаган кунларнинг миқдори дам олиш кунларига устма-уст тушган байрам кунлари сонига орттирилади.



12-БОБ. ДАЪВО МУДДАТИ


149-модда. Даъво муддати тушунчаси

150-модда. Умумий даъво муддати

151-модда. Махсус даъво муддатлари

152-модда. Даъво муддатларини ўзгартириш

тўғрисидаги битимнинг ҳақиқий саналмаслиги

153-модда. Даъво муддатини қўллаш

154-модда. Даъво муддатининг ўта бошлаши

155-модда. Мажбуриятдаги шахслар алмашинганида даъво муддати

156-модда. Даъво муддати ўтишининг тўхтатилиши

157-модда. Даъво муддати ўтишининг узилиши

158-модда. Даъво кўрилмасдан қолдирилган

тақдирда даъво муддатининг ўтиши

159-модда. Даъво муддатини тиклаш

160-модда. Махсус даъво муддатининг

тўхтатилиши, узилиши ва тикланиши

161-модда. Даъво муддати ўтганидан кейин мажбуриятни бажариш

162-модда. Қўшимча талабларга нисбатан даъво муддатларини қўллаш

163-модда. Даъво муддати жорий қилинмайдиган талаблар



149-модда. Даъво муддати тушунчаси


Даъво муддати - шахс ўзининг бузилган ҳуқуқини даъво қўзғатиш йўли билан ҳимоя қилиши мумкин бўлган муддатдир.


1. Даъво муддати - бу манфаатдор шахс ўз ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилиши мумкин бўлган муддат эмас. Судга унинг тугаганидан кейин ҳам мурожаат қилиш мумкин (Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 153-моддаси биринчи қисмига қаранг). Бу муддатнинг тугаши ҳуқуқнинг ўзини тугашига ҳам олиб келмайди. Шунинг учун қарздор даъво муддати тугаганидан кейин ихтиёрий бажарилганларни қайтаришни талаб этишга ҳақли бўлмайди (Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 161-моддасига қаранг). Даъво муддати унга риоя қилинганда умумий судлов судлари, хўжалик ёки хакамлик суди ҳуқуқи бузилган шахсга суд орқали ҳимояланишини таъминлаши шарт. Муддатини ўтказиб юбориш эса, агар бу ҳақда манфаатдор томон талаб қўйса, суд томонидан даъвони рад этиш ҳақидаги қарорни чиқариш учун асос бўлади (Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 153-моддасининг иккинчи қисмига қаранг).


2. Даъво муддатини эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддати, чекловчи (преклюзив) муддатлари ва эътироз муддатларидан фарқлаш лозим.

Эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтириш муддати - бу унинг тугаганида қонунда белгиланган шартлар асосида мулк ҳуқуқига эга бўладиган муддатдир (Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 187-моддаси).

Чекловчи (преклюзив) муддат - бу унинг тугаганида талаб қилиш ҳуқуқининг ўзи бекор қилинадиган муддатдир. У тугаганда судга мурожаат қилиш орқали бузилган ҳуқуқни ҳимоя қилишга эга бўлиш мумкин эмас. ФКда бу турдаги муддатлар кредиторларнинг кафилга қўйган даъволарига нисбатан кўзда тутилган (Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 298-моддаси учинчи қисми). Бенефициар томонидан банк кафолати бўйича талабни қўйиш муддатининг моҳияти ҳам шунга ўхшаш (Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 305-моддаси иккинчи қисми).

Эътироз муддатлари - бу қонунда ёки шартномада қарздор шахсга судгача тартибда талаб қўйиш учун кўзда тутилган муддатлар. ФКда (Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 724-моддаси биринчи қисми) юк ташишдан келиб чиқадиган ташувчиларга талаблар бўйича шундай муддатлар тегишли транспорт устави ёки кодекси билан белгиланиши кўзда тутилган. Бундай муддатларнинг давомийлиги ва уларни ҳисоблаш тартиби турли асосларга кўра муайян транспорт уставлари ва кодексларида бир хил эмас. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Темир йўллари Уставига кўра (152-банди) темир йўлга эътирозлар 6-ойлик муддат ичида, жарималарни тўлаш юзасидан эътирозлар эса - 45 кун ичида қўйилиши мумкин ва Ўзбекистон Республикаси Ҳаво кодексига кўра (124-модда) ички ташишлар ҳолатида ташувчига эътирозлар олти ой давомида, жарималарни тўлаш юзасидан эътирозлар эса - 45 кун ичида қўйилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси ХПКда (6-модда) белгиланишича, агар қонунда низоларнинг маълум тоифаси учун судгача талабнома асосида ҳал этиш тартиби белгиланган ёки у шартномада кўзда тутилган бўлса, иш хўжалик судида фақат томонларнинг ўзаро муносабатларини ихтиёрий тартибга солиш чораларини кўрганидан кейингина қўзғатилиши мумкинлиги кўзда тутилган. Бунда прокурор, давлат ёки бошқа органларининг аризасига кўра ишларни қўзғатиш томонларнинг ушбу чораларни қабул қилишидан қатъий назар амалга оширилади.

Хўжалик судларининг амалиётида шартномада талабнома билдириш тартиб кўзда тутилган ҳолларда унга риоя қилиши шарт ҳисобланади. Эътироз (талабнома) муддатларидан қонунда ёки шартномада олди-сотди шартномаси бўйича сотилган товарнинг аниқланган камчиликлари ҳақида хабардор қилиш муддатларини фарқ қилиш лозим (Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 416-моддаси биринчи қисми). Уларга амал қилмасликнин оқибатлари қонун билан белгиланган (Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 416-моддаси иккинчи, учинчи қисмлари). Шунингдек кафолат муддати (одлди-сотди бўйича қаранг, жумладан, Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 403, 404, 410-моддалари) бошқача юридик тусга эга.

Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини муҳофаза қилиш тўғрисидаги Қонунда талаблар билдиришнинг махсус муддатлари белгиланган.


3. Даъво муддати тўғрисидаги қоидалар қарши даъволарга нисбатан ҳам қўлланиши лозим, чунки улар даъво қўзғатиш тўғрисидаги умумий қоидаларга мувофиқ кўрсатилади (ЎзР ХПК 120-модда иккинчи қисми, ЎзР ФПК 246-модда иккинчи қисми). Айни пайтда улар даъво бўйича жавобгарнинг эътирозига нисбатан мустақил талаб ҳисобланмаган ҳимоя воситаси сифатида қўлланилмайди (ЎзР ХПК 108-модда, ЎзР ФПК 159-модда). Шу билан бирга, агар жавобгар муддат ўтганлигига ҳавола қилаётган бўлса, даъво муддати суд томонидан ҳисобга ўтказилишига нисбатан қўйиладиган талабга нисбатан қўлланилмайди (ЎзР ФПК 246-модда, ЎзР ФК 344-модда). Даъво жавобгарнинг берилган товар, бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматлар нархи белгиланган талабларга номувофиқлигини кўрсатган ҳолда уларни қисман ёки тўлиқ тўламаган ҳолда жавобгарнинг улар нархини камайтириш тўғрисидаги аризаси суд томонидан ҳисобга ўтказилиши талаби эмас, балки даъво бўйича эътироз сифатида тансифланишини лозим.

Амалиётда учрайдиган, жавобгар унга нисбатан қўзғатилган даъво сабабли даъво кўрсатишга асос бўлган низолашилаётган битимни ҳақиқий эмас деб топиш масаласини қўядиган ҳолатларга алоҳда эътибор қаратиш лозим. Тегишли равишда, даъвогар бунга жавобан жавобгарнинг даъво муддатини ўтказиб юборганлигига ҳавола қилса ФК 153-моддасида кўрсатилган қоидаларни қўллаш мумкин (153-модда ва унга шарҳларни қаранг).



150-модда. Умумий даъво муддати


Умумий даъво муддати - уч йил.


Турли давлатлар қонунчилигига турли умумий даъво муддатлари кўрсатилган. Аксарият МДҲ давлатларида умумий муддат - 3 йил. Уч йиллик даъво муддати қонун чиқарувчи томонидан умумий деб номланишига сабаб шуки, у Қонунда махсус деб аталган бошқа муддатлар белгиланганидан ташқари барча ҳолатларда қўлланиши лозим.

Даъво муддати - даъво талаби қондирилиши мумкин бўлган вақт даври, яъни муддат тури.

Шарҳланаётган моддада кўрсатилган умумий муддат даъво муддатининг давомийлиги чекланишини англатмайди. Даъво муддатининг умумий муддатларини белгилаш савдо ҳуқуқидан маълум, масалан Халқаро товарлар олди-сотдисидаги даъво муддати тўғрисидаги Конвенциянинг 23-моддасида (Нью-Йорк, 1974 йил 14 июнь) қайд этилганидек, даъво муддати ҳар қандай ҳолатда ҳам у ўта бошлаганидан кейин камида 10 йил давом этади.

Шарҳланаётган моддада белгиланган умумий даъво муддати ҳам, махсус даъво муддатлари ҳам (ЎзР ФК 151-модда) томонларнинг келишуви бўйича ўзгартилмайди (ЎзР ФК 152-модда).



151-модда. Махсус даъво муддатлари


Айрим турдаги талаблар учун қонунларда умумий даъво муддатига қараганда қисқартирилган ёки узайтирилган махсус даъво муддатлари белгиланиши мумкин.

Агар қонунда бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, ушбу Кодекс 152-162-моддаларининг қоидалари махсус даъво муддатларига ҳам жорий қилинади.


1. Шарҳланаётган модда махсус даъво муддатлари тўғрисидаги қоидани белгилайди. Махсус даъво муддатининг бундай аталишига сабаб, у умумий (уч йиллик) муддатдан кўп ёки кам вақтга белгиланади.

Қисқартирилган даъво муддатлари белгиланганлиги ҳуқуқ эгасини ўзининг бузилган ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун тезроқ чоралар кўришга ундаш мақсадида камроқ муддат давомида сақланиб қолиши мумкин бўлган муносабатларда қўлланилади. Бир йиллик даъво муддати эмиссион қимматли қоғозларни чиқаришни чиқарилган эмиссион қимматли қоғозларни жойлаштириш якунланган пайтдан бошлаб ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талаблар учун белгиланган (Ўзбекистон Республикаси 2008 йил 22 июлдаги “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги ЎРҚ-163-сонли Қонунининг 59-моддаси).

Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги Қонуннинг 59-моддасига мувофиқ эмитент ва қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ваколатли давлат органи томонидан қабул қилинган эмиссион қимматли қоғозларни чиқариш, эмиссион қимматли қоғозларни жойлаштиришда амалга оширилган битимлар тўғрисидаги қарорларни ҳақиқий эмас деб топиш учун даъво муддати эмиссион қимматли қоғозларни чиқариш якунланган пайтдан бошлаб бир йилни ташкил қилади.

Вексель эгасининг индоссантлар ва вексель берувчига талаблари бўйича даъво муддати белгиланган муддатда қўзғатилган даъво кунидан бошлаб ёки харажатсиз айланма шарти белгиланган ҳолда тўлов муддати кунидан бошлаб бир йилни ташкил қилади.

Индоссантларнинг бир-бирларига ва вексель берувчига талаблари бўйича даъво муддати индоссантни вексельни тўлаган кундан, ёки унга нисбатан даъво билдирилган кундан бошлаб олти ойга тенг.

Қисқартирилган даъво муддатлари, хусусан юк ташиш шартномасдан келиб чиқувчи даъволар учун ўрнатилган (ЎзР ФК 724-моддаси учинчи қисми даъво муддатини - 1 йил қилиб белгилайди).


2. Шарҳланаётган модда даъво муддатлари фақат қонун билан белгиланишидан келиб чиқади. ФК - бундай муддатларни белгиловчи ягона қонун ҳужжати эмас. Махсус даъво муддатлари махсус қонунлар, хусусан транспорт қонунчилиги ҳужжатлари билан белгиланиши мумкин (масалан, юклар, багаж, юкбагаж ташишни амалга ошириш билан боғлиқ равишда юзага келган темир йўлга нисбатан даъволар талабнома билдиришга асос бўлган ҳодиса содир бўлган кундан бошлаб 6 ой мобайнида, жарима тўлаш тўғрисидаги даъволар эса 45 кун мобайнида тақдим этилиши мумкин).

ЎзР ТЙУ дан келиб чиқувчи темир йўлга нисбатан даъволар, ЎзР ТЙУ 155-бандига мувофиқ темир йўл мазкур Уставнинг 153-бандида кўзда тутилган муддатларда даъвони тўлиқ ёки қисман қондиришдан бош тортган ёки даъвога жавоб олинмаган ҳолдагина тақдим этилиши мумкин. ЎзР ТЙУ 153-бандига мувофиқ Темир йўллар даъво олинган кундан бошлаб қуйидаги муддатларда билдирилган даъвони кўриб чиқиши ва аризачини даъво қондирилиши ёки рад этилиши тўғрисида хабардор қилиши шарт: а) темир йўлда ташиш бўйича юзага келган даъволар юзасидан - 3 ой мобайнида; б) жарималар тўлаш тўғрисидаги даъволар бўйича - 45 кун мобайнида.

Кўрсатилган даъволар ўрнатилган тартибда даъво кўрсатилган темир йўл ижро органи жойлашган ердаги хўжалик судига темир йўлдан жавоб олинган кундан ёки жавоб учун белгиланган муддат тугаган кундан бошлаб 2 ойлик муддатда тақдим этилади.


3. Махсус даъво муддатларига умумий муддат учун белгиланган қўллаш қоидалари тадбиқ этилиши (ЎзР ФК 151-модда иккинчи қисми), уларнинг юридик характери мос эканлиги билан белгиланган. Бироқ уларнинг қўлланиши қатор ҳолларда тегишли муносабатларнинг хусусиятлари билан белгилангани учун, ФК қонунда ушбу қоидалардан четга чиқишга йўл қўяди. Масалан, ЎзР ФК 724-моддаси учинчи қисмида юк ташишдан келиб чиқадиган талаблар бўйича махсус даъво муддати транспорт уставлари ва кодексларига мувофиқ белгиланишидан келиб чиқилади. Қонун чиқарувчининг бундай ёндашувини шу билан изоҳлаш мумкинки, юк ташувчига нисбатан талаблар учун қонун билан мажбурий даъво қўзғатиш тартиби ўрнатилган (ЎзР ФК 724-моддаси иккинчи қисми). Хусусан ЎзР Ҳаво кодекси 126-моддасига мувофиқ, юк ташувчи уч ойда даъвони кўриб чиқиши ва аризачини даъво қондирилиши ёки рад этилиши тўғрисида хабардор қилиши шарт, ушбу муддат тўғридан тўғри аралаш қатновда юк ташиш бўйича эса - олти ойни ва жарима тўлаш тўғрисидаги даъво бўйича 45 кунни ташкил қилади. Ҳавода ташиш бўйича юк ташувчига нисбатан даъволар эса ЎзР Ҳаво кодекси 127-моддасига мувофиқ ҳаво кемаси манзилга етиб келган кундан ёки ҳаво кемаси манзилга етиб келиши лозим бўлган кундан ёки ташиш даъвогарнинг хоҳиши бўйича тўхтатилган кундан бошлаб икки йил мобайнида: юк ташиш шартномаси тузишда воситачилик қилган юк ташувчи жойлашган манзил бўйича, унинг агентлиги жойлашган манзил бўйича ушбу манзилдаги тегишли судда қўзғатилади.

Махсус даъво муддатларига мисол қилиб ҳақиқий бўлмаган битимлар бўйича даъво муддатларини кўрсатиш мумкин: умумий улушли мулк иштирокчисининг улушга доир ҳуқуқларни ва сотиб олувчи мажбуриятларини унга ўтказиш йўли билан бузилган имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисидаги талаби бўйича уй ой муддат белгиланади (ЎзР ФК 224-модда) ва ҳ.к.



152-модда. Даъво муддатларини ўзгартириш

тўғрисидаги битимнинг ҳақиқий саналмаслиги


Даъво муддатлари ва уларни ҳисоблаш тартиби тарафларнинг келишуви билан ўзгартирилиши мумкин эмас.

Даъво муддатлари ўтишини тўхтатиш ва унинг узилиш асослари ушбу Кодекс билан белгиланади.


Шарҳланаётган модданинг биринчи қисмида даъво муддатлари ва уларни ҳисоблаш тартиби тўғрисидаги нормалар императивлиги, ва демак уларни томонларнинг келишуви бўйича ўзгартириб бўлмаслиги таъкидланган.

Даъво муддатлари ва уларни ҳисоблаш тартибини ўзгартириш тўғрисидаги битимлар ўз-ўзидан ҳақиқий эмас битимлар ҳисобланади.

Даъво муддатини тўхтатиш ва ундаги узилишлар тўғрисидаги асослар мазкур Кодекс ва бошқа қонунлар билан белгиланган.

Даъво муддатларини тўхтатиш ва улардаги узилишлар хусусида ЎзР ФК 156, 157-моддаларига қаранг.



153-модда. Даъво муддатини қўллаш


Бузилган ҳуқуқни ҳимоя қилиш талаби даъво муддатининг ўтганлигидан қатъий назар судда кўриб чиқиш учун қабул қилинади.

Даъво муддати суд томонидан фақат низодаги тарафнинг суд қарор чиқаргунича берган аризасига мувофиқ қўлланади.

Қўлланиш тўғрисида низодаги тараф баён қилган даъво муддатининг ўтиши суднинг даъвони рад этиш ҳақида қарор чиқариши учун асос бўлади.


1. Даъво муддати ёрдамида субъектив моддий ҳуқуқнинг суд орқали ҳимояланиш имконияти вақт чегаралари ўрнатилади. Суд даъво аризасини кўриб чиқишни, у ҳатто даъво муддатидан ташқарида билдирилган бўлса ҳам, рад этишга ҳақли эмас.

Томоннинг даъво муддати ўтиши тўғрисидаги низо тўғрисидаги аризаси ҳам ёзма, ҳам оғзаки шаклда бевосита суд муҳокамаси жараёнида тақдим этилиши мумкин.


2. Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисмига мувофиқ даъво муддатини қўллаш низодаги томоннинг ихтиёрига берилган. Суд ўз ташаббуси бўйича даъво муддатини қўллашга ҳақли эмас.

Биргаликда жавобгарлардан бирининг даъво муддатини қўллаш тўғрисидаги аризаси бошқа биргаликда жавобгарларга нисбатан, жумладан солидар мажбурият (жавобгарликда) ҳам тадбиқ этилмайди. Бироқ биргаликда жавобгарлардан фақат биттасининг даъво муддати ўтганлиги тўғрисидаги аризаси мавжуд бўлганда, башарти, қонун ёки шартномага мувофиқ ёки низоли ҳуқуқий муносабат хусусиятидан келиб чиқилган ҳолда даъвогарнинг талаби бошқа биргаликда жавобгарлар ҳисобидан қондирилиши (тўлиқ ёки қисман) мумкин бўлмаса, масалан, бир нечта шахсларнинг биргаликдаги мулкида бўлган бўлинмайдиган ашёни талаб қилиш тўғрисидаги даъво кўрсатилган ҳолда, суд даъвони қондиришни рад этишга ҳақлидир.

Шарҳланаётган модда томонларнинг қайси бири: даъвогар ёки жавобгар назарда тутилаётганини аниқ кўрсатмайди. Амалиётдан мазкур нормалар, қоидага кўра жавобгар фойдаланади. Унинг даъвогар томонидан билдирилган талаб бўйича даъво муддати ўтганлиги тўғрисидаги аризаси суд томонидан кўриб чиқилиши шарт. Жавобгарнинг аризаси асосли бўлган ҳолда даъвогарнинг талаби фақат ушбу сабабга кўра рад этилиш мумкин.

Суд амалиётида жавобгар нафақат даъво муддати ўтганлиги, балки бошқа сабабларга кўра ҳам даъвогарнинг талаблари рад этилишига эришиш учун даъво муддатини қўллаш масаласини қўймадиган ёки даъвогар қарши эътироз билдириш воситаларидан бири сифатида унинг ўтганлигини билдирмайдиган ҳолатлар кўп учрайди. Масалан, даъвогарда талаб қилиш ҳуқуқи йўқлиги ёки ушбу ҳуқуқ бузилганлигини рад этиш боғлиқ равишд. Бундай ҳолда суд ишни моҳиятига кўра кўриб чиқади.

Даъво муддати ўтганлиги тўғрисидаги қоида даъвогар томонидан ҳам қўлланиши мумкин. Хусусан, даъвогар, агар талабга нисбатан даъво муддати қўлланиши лозим бўлган ва ушбу муддат ўтган бўлса, жавобгарнинг талаби ҳисобга олиниши мумкин эмаслигини билдириши мумкин (ЎзР ФК 344-модда).

Суд томонидан даъво муддати қўлланилишини низодаги томонлар ихтиёрига боғлаган ҳолда, қонун бу билан фуқаролик муомаласи иштирокчиларини ўз ҳуқуқларини амалга ошириш ва мажбуриятларини ижро этишга нисбатан виждонан ва оқилона муносабатда бўлишга ундайди.


3. Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисмида томоннинг даъво муддати ўтганлиги тўғрисидаги аризадан фойдаланиш имконияти чегараси ўрнатилган. Бундай ариза фақат иш бўйича қарор чиқарилгунга қадар берилиши мумкин. ФКда қайси инстанция суди назарда тутилиши кўрсатилмаган. ФПК ва ХПКда биринчи инстанция суди томонидан қабул қилинган қарор бекор қилингандан кассация ва назорат инстанциялари томонидан янги қарор чиқарилишига йўл қўйилади. Бу борада турлича қарашлар мавжуд. Низодаги томоннинг даъво муддатини қўллаш тўғрисидаги аризаси, башарти, у биринчи инстанция суди томонидан қарор чиқарилишигача бўлган жараённинг исталган босқичида тақдим этилган ва мазкур муддат ўтганлиги ишга доир материаллар билан тасдиқланган бўлса, даъвони рад этиш учун асос ҳисобланиши тўғрисидаги фикрни энг тўғри деб ҳисоблаймиз. Даъво муддати ўтганлигига ҳавола қилишга фақат ишни кейинги (апелляция, кассация ёки назорат) эмас, балки биринчи инстанция судида кўриб чиқиш жараёнида йўл қўйиш мумкин. Бироқ биринчи инстанция суди қарори бекор қилиниб иш янгитдан кўриб чиқишга йўналтирилган ҳолда даъво муддати ўтганлиги тўғрисида ариза бериш мумкин.

Қарор чиқарилгунга қадар даъво муддатини қўллаш тўғрисидаги ариза ишни кўриб чиқишга тайёргарлик кўриш, далилларни ўрганиш, томонларнинг баҳслашишлари жараёнида, яъни биринчи инстанция суди қарор қабул қилиш учун чиққунгача тақдим этилиши мумкин.

Даъво муддатининг ўтиши оқибатлари тўғрисида ЎзР ФК 149-моддасига шарҳларга қаранг.



154-модда. Даъво муддатининг ўта бошлаши


Даъво муддати шахс ўзининг ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан ўта бошлайди. Бу қоидадан истиснолар ушбу Кодекс ва бошқа қонунлар билан белгиланади.

Муайян ижро муддатига эга бўлган мажбуриятлар бўйича даъво муддати ижро муддати тамом бўлганидан кейин ўта бошлайди.

Ижро этиш муддати белгиланмаган ёки талаб қилиш пайти ижро этиш муддати билан белгиланган мажбуриятлар бўйича даъво муддати кредиторда мажбуриятни бажариш тўғрисида талаб қўйиш ҳуқуқи пайдо бўлган вақтдан ўта бошлайди, борди-ю, қарздорга бундай талабни бажариш учун имтиёзли муддат берилса, даъво муддати имтиёзли муддат тамом бўлганидан кейин ҳисоблана бошлайди.

Регресс мажбуриятлар бўйича даъво муддати асосий мажбурият бажарилган пайтдан ўта бошлайди.


1. ЎзР ФК 154-моддаси биринчи қисми умумий қоидасига кўра даъво муддати шахс ўзининг ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан ўта бошлайди. Бу қоидадан истиснолар ушбу фақат қонун билан белгиланади.

Ушбу истисноларнинг айримлари шарҳланаётган модданинг ўзида белгиланган. Хусусан, даъво муддатининг ўтиши белгиланган мажбуриятлар бўйича даъво муддатининг ўтиши бундай муддат тугагандан сўнг бошланади (ЎзР ФК 154-моддаси иккинчи қисми).


2. Даъво муддати ўтишининг бошланиши манфаатдор томонда даъво ҳуқуқи, яъни уни суд орқали мажбурий тартибда амалга ошириш имконияти пайдо бўлишига мос келади. Бунда суд ҳимоясига ким: ҳуқуқлари бузилган шахснинг ўзи ёки унинг манфаатлари учун қонун шундай мурожаат қилишга рухсат этган шахслар мурожаат этганлиги аҳамиятга эга эмас. Тугатиш комиссияси тугатилаётган юридик шахс номидан даъво билдиришидан манфаатдор ташкилот олдида қарздор бўлган учинчи шахсларга нисбатан даъво билдирган ҳолда даъво муддатини ушбу ҳуқуқ бузилганлиги тугатиш комиссиясига эмас, ушбу ҳуқуқ эгасига маълум бўлган пайтдан бошланади. Даъво муддатининг ўтишини манфаатдор шахс бу ҳақда ҳуқуқбузарлик содир этилган кунда билган ҳолларда аниқлаш жуда осон. Агар ҳуқуқни бузиш куни ва ундан хабар топиш куни мос келмаса, даъво муддати ўтишининг бошланиши шахс ўзининг ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кун билан боғланади. Масалан товар олди-сотди шартномаси бўйича уни юклаб жўнатиш сотувчи харидордан товар ҳақи тўланганлиги тўғрисидаги тўлов топшириқномаси нусхасини олган кундан бошлаб 3 кун ичида амалга оширилиши лозим. Агар сотувчи товар тўланганлиги тўғрисидаги тўлов топшириқномаси нусхасини олган бўлишига қарамасдан товар юклаб жўнатилган бўлмаса, даъво муддатининг ўтиши товар тўланганлиги тўғрисидаги тўлов топшириқномаси нусхасини олинган кундан кейин 3 кун кун ўтгач бошланади.

Мулкдор ёки бошқа мулкий ҳуқуқ эгаси ўзининг ҳуқуқи бузилганлигини ҳуқуқбузарлик кунидан анча кейин хабар топиши мумкин. Масалан, умумий мулкда бўлган биргаликдаги эгалик қилувчилар орасида улардан узоқ муддатли хизмат сафарида бўлган бирининг улуши ҳисобга олинмаган ҳолда тақсимланган бўлса, бундай биргаликда эгалик қилувчи учун даъво муддати ўтишининг бошланиши уй бўлинган кун эмас, балки у бундай бўлиш тўғрисида билган ёки билиш лозим бўлган кун ҳисобланади.


3. Ушбу умумий қоидадан истиснолар ФК ва бошқа қонунлар билан белгиланади.

Хусусан, шарҳланаётган модданинг тўртинчи қисмида регресс мажбуриятлар бўйича даъво муддати асосий мажбурият бажарилган пайтдан бошланиши белгиланган. ЎзР ФК 957-моддасига мувофиқ суғурта товонини тўлаган суғурталовчининг учинчи шахсга нисбатан талаби бўйича даъво муддатининг ўтиши бошланиши суғурта товони (суброгация) тўланган суғурта қилдирувчи учун даъво муддати ўтиши бошланган кундан бошланади.


4. Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисмида шахс ўзининг муайян ижро муддатига эга бўлган мажбуриятлари бўйича ҳуқуқи бузилганини билиши лозим бўлган вақт белгиланган.

Бундай ҳолда даъво муддатининг ўтиши ижро этиш муддати тугаган кундан бошланади. Мажбуриятларни ижро қилиш муддати ҳақдор шахсга маълум. Ушбу муддатнинг тугаши шахс ўзининг ҳуқуқи бузилганини билишини англатади. Масалан, банк ва қарз олувчи ўртасида тузилган кредит шартномаларида кредитни қайтариш муддати белгиланган. Кредит ушбу муддат етиб келганда қайтарилмаган ҳолда кредитни қайтариш ва уни қайтаришни кечиктириш учун санкциялар тўғрисидаги талаблар учун даъво муддати ушбу муддат етиб келиши билан бошланади.

Кредитор ва қарздор ўртасидаги узоқ муддатли муддатли муносабатлар расмийлаштирилган шартномаларда ҳар битта мажбуриятни бажариш учун алоҳида муддатлар белгиланиши мумкин, масалан етказиб берувчининг ҳар ойда маҳсулот жўнатиш, пудратчининг - объект қурилишини босқичма-босқич топшириш, ижарачининг - ижара ҳақини ҳар чоракда тўлаш мажбурияти каби. Ушбу ҳолда даъво муддатининг ўтиши ҳар битта мажбуриятни ижро этиш муддати тугашига боғлиқ равишда, яъни етказиб бериш ойи ёки қурилиш бўйича тегишли ишларни топшириш босқичи, ижара тўлаш учун чорак тугагандан сўнг бошланади.

Ижро муддати белгиланмаган ёки талаб қилиш пайти билан белгиланган мажбуриятлар бўйича (ЎзР ФК 154-моддаси учинчи қисми) - ФК даъво муддати ўтишининг бошланишини кредиторда мажбуриятларни ижро этиш тўғрисидаги талабни билдириш ҳуқуқи пайдо бўлган кун билан боғлайди.

ЎзР ФК 242-моддасига мувофиқ, агар мажбуриятни ижро этиш муддати талаб қилиш пайти билан белгиланган бўлса, кредитор ҳар қачон ижрони талаб қилишга, қарздор эса - ижрони ҳар қачон амалга оширишга ҳақлидир. Қарздор бундай мажбуриятни, агар мажбуриятни дарҳол бажариш вазифаси қонун, шартнома ёки мажбуриятнинг моҳиятидан англашилмаса, кредитор талаб қилган кундан бошлаб етти кунлик муддат ичида бажариши шарт.

Масалан, суғурта товонини тўлашни талаб қилиш ҳуқуқи ЎзР ФК 951-моддасига мувофиқ суғурта ҳодисаси юз бериши билан боғлиқ. Пудратчининг шартнома шартларидан ишни ёмонлаштирувчи оғишларга йўл қўйиши ёки бошқа ишдаги камчиликлар бўйича даъво муддатининг бошланиши ЎзР ФК 652-моддасида белгиланган. Тегишли сифатга эга бўлмаган маҳсулот етказиб беришдан келиб чиқувчи даъволар учун даъво муддатининг ўтиши харидор тегишли тартибда унга етказиб берилган товарлар камчиликларини аниқлаган кундан бошланади.

Агар муддати белгиланмаган ва талаб қилиш пайти билан белгиланган талабларни бажариш учун қарздорга имтиёзли муддат берилса, даъво муддатининг ўтишини ҳисоблаш имтиёзли давр тугагандан сўнг бошланади.

Шарҳланаётган моддада кредиторнинг мажбуриятни бажариш тўғрисида талаб қўйиш ҳуқуқи тўғрисида айтилади. Юридик шахслар ва тадбиркор фуқаролар ўртасидаги низоларни тартибга солишнинг мажбурий судгача (талабнома) тартиби бекор қилиниши сабабли кредитор (агар қонун ёки шартнома бошқа кўзда тутилмаган бўлса) қарздорга олдиндан мурожаат қилмасдан ўз ҳуқуқини тиклаш учун судга мурожаат қилиши мумкин. Бунда гап даъво билдиришга процессуал ҳуқуқ тўғрисида эмас, балки моддий ҳуқуқни суд орқали мажбурий амалга ошириш ҳақида кетмоқда.



155-модда. Мажбуриятдаги шахслар

алмашинганида даъво муддати


Мажбуриятдаги шахсларнинг алмашиниши даъво муддати ва уни ҳисоблаш тартибининг ўзгаришига олиб келмайди.


ФКнинг шарҳланаётган моддаси универсал характерга эга. У мажбуриятдаги шахсларнинг алмашиниши учун асослардан қатъийй назар талабдан бошқанинг фойдаси учун воз кечиш (кредитор ҳуқуқларининг бошқа шахсга ўтиши) ҳам, қарзнинг қарздор томонидан бошқа шахсга ўтказилиш учун ҳам қўлланилади. Уни ҳам универсал (юридик шахс қайта ташкил этиш ва мерос қолдиришда), ҳам сингуляр (хусусий (талабдан бошқанинг фойдасига воз кечиш, қарзни бошқага ўтказиш) ҳуқуқий ворисликка нисбатан қўллаш мумкин. Шунингдек ҳуқуқий вориснинг даъвогар даъво муддатини ўтказиб юборганлиги тўғрисидаги такрорий аризаси, агар бундай ариза ҳуқуқий ворис алмаштирган шахс томонидан тақдим этилган бўлса, талаб қилинмайди.

Мажбуриятда шахслар алмашиши нафақат даъво муддати, балки уни ҳисоблаш тартибида ҳам ўзгартиришларни юзага келтирмайди. Демак, бунда ҳам ФК қоидалари, ҳам даъво муддатига тегишли бошқа қонунлар қоидалари ҳисобга олиниши шарт.

ЎзР ФК 155-моддасига шарҳлардан келиб чиқадики, юридик шахснинг тугатилиши ва унинг номидан тугатиш комиссияси даъво қўзғатиши ҳам, юридик шахс раҳбариятидаги ўзгаришлар ҳам шахслар алмашиши ҳисобланмайди.



156-модда. Даъво муддати ўтишининг тўхтатилиши


Даъво муддатининг ўтиши қуйидаги ҳолларда тўхтатилади:

1) агар даъво қўзғатилиши учун муайян шароитларда олдини олиб бўлмайдиган фавқулодда ҳодиса (енгиб бўлмас куч) тўсқинлик қилган бўлса;

2) Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати мажбуриятларни бажаришни кечиктирганлиги (мораторий) туфайли;

3) агар даъвогар ёки жавобгар ҳарбий ҳолатга ўтказилган Қуролли Кучлар, чегара қўшинлари ва ички қўшинлар таркибида бўлса;

4) агар муомалага лаёқатсиз шахснинг қонуний вакиллари бўлмаса;

5) тегишли муносабатни тартибга солувчи қонун ҳужжатларининг амал қилиши тўхтатилган бўлса.

Агар ушбу моддада кўрсатилган ҳолатлар даъво муддатининг охирги олти ойида, бу муддат олти ойдан кам бўлса, даъво муддатида вужудга келган ёки давом этиб турган бўлса, даъво муддатининг ўтиши тўхтатилади.

Муддатнинг тўхтатилишига турилишига асос бўлган ҳолат барҳам топган кундан бошлаб даъво муддатининг ўтиши давом этади, бунда муддатнинг қолган қисми олти ойгача, даъво муддати олти ойдан кам бўлса, даъво муддатига қадар узайтирилади.


Даъво муддати ўтишининг тўхтатилиши қонунда кўрсатилган вазиятлар бўйича ҳуқуқларни ҳимоя қилиш мумкин бўлмаган вақт даврида унинг ўтиши содир бўлмаслигини англатади.

ФКнинг мазкур нормасида бундай вазиятлар рўйхати берилган.

ЎзР ФК 156-моддасида ўрнатилган даъво муддати ўтишининг тўхтатилиши учун асослар рўйхати мукаммал ҳисобланади. Шарҳланаётган модда қоидалари императив ҳисобланади ва уларни томонларнинг келишуви бўйича ўзгартириб бўлмайди (шунингдек ЎзР ФК 152-моддасига қаранг).

Қонун ёки бошқа ҳуқуқий ҳужжат амал қилишининг тўхтатилиши қонун чиқариш амалиётида учрайдиган ҳолат. Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амал қилишини уни чиқарган орган тўхтатиши мумкин. Агар бундай қарор қабул қилинса, мазкур қонун, бошқа ҳуқуқий ҳужжат билан белгиланган талаб бўйича даъво муддатининг ўтиши низодаги ҳар икки тараф учун тўхтатилади.

Шарҳланаётган модда қоидаси бўйича даъво муддати ўтишининг тўхтатилиши учун асослар рўйхати тугал ҳисобланади. Бироқ ФКда даъво муддати ўтишининг тўхтатилишини келтириб чиқарадиган бошқа вазиятлар ҳам кўрсатилган. ФКда бундай вазият ЎзР ФК 158-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган ва жиноий иши бўйича қўзғатилган даъво муддати ўтишини тўхтатиш билан боғлиқ. Хусусан унда айтилишича, "Агар жиноят иши бўйича қўзғатилган даъво суд томонидан кўрилмасдан қолдирилган бўлса, даъво қўзғатилгунга қадар ўта бошлаган даъво муддати даъвони кўрмасдан қолдирган ҳукм қонуний кучга киргунича тўхтатиб турилади, даъво муддати тўхтатиб турилган вақт даъво муддатига қўшилмайди. Бунда муддатнинг қолган қисми олти ойдан кам бўлса, у олти ойгача узайтирилади".

Шарҳланаётган модда қоидалари, агар унда кўрсатилган вазиятлар сўнги 6 ойда юзага келган ва давом этиб келган бўлса, қўлланилади. Демак, шарҳланган моддада кўзда тутилган вазиятлар сўнг 6 ойдан олдинги даврдаги даъво муддатининг ўтишига юридик таъсир кўрсатмайди.

Даъво муддати 6 ойга тенг ёки 6 ойдан кам бўлса, шарҳланаётган модданинг иккинчи қисмида кўзда тутилган вазиятлар етиб келиши даъво муддати тўхтатилишини келтириб чиқаради.

Даъво муддати тўхтатилиши даъво муддатини тўхтатишга асос бўлган вазиятлар тугагунга қадар давом этади. Масалан, белгиланган тартибда ҳарбий ҳолат, мораторий бекор қилиниши ёки меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатнинг амал қилиши тўхтатилиши билан даъво муддатининг ўтиши давом этади. Даъво муддатининг тўхтатилиши фақат сўнги 6 ойда мумкин бўлгани учун муддатнинг қоган қисми 6 ойгача узайтирилади. Агар даъво муддати 6 ойдан кам бўлса, даъво муддатигача узайтирилади.

Масалан, мораторий умумий даъво муддати тугашига 3 ой қолганда жорий қилинган. Мораторий бекор қилингандан сўнг даъво муддати 6 ойга тенг бўлади.



157-модда. Даъво муддати ўтишининг узилиши


Даъво муддатининг ўтиши белгиланган тартибда даъво қўзғатилиши билан, шунингдек мажбур шахс қарзни тан олганлигини кўрсатувчи ҳаракатларни қилиши билан узилади.

Узилишдан кейин даъво муддатининг ўтиши янгидан бошланади, узилишгача ўтган вақт эса - янги муддатга қўшилмайди.


1. Шарҳланаётган модда даъво муддатининг ўтиши узилиши мумкин бўлган вазиятларни белгилайди.

Даъво муддатининг ўтиши узилиши узилишгача бўлган барча вақт ўз аҳамиятини йўқотишини англатади. Даъво муддати узилиш кунидан бошлаб янгидан ўта бошлайди. Узилишгача бўлган вақт янги муддатга қўшилмайди. Гўё у бўлмагандек. Шарҳланаётган моддада белгиланган (ЎзР ФК 152-моддаси иккинчи қисми) даъво муддатининг ўтишини узиш учун асослар рўйхати томонларнинг хоҳишига кўра ўзгартирилиши ёки тўлдирилиши мумкин эмас ва кенг талқин қилинмайди. Иккита вазият даъво муддатини узиши мумкин: белгиланган тартибда даъво қўзғатиш ва мажбуриятли шахс томонидан қарзни тан олишдан далолат берувчи ҳаракатлар амалга оширилиши.


2. Умумий юрисдикция судлари ва хўжалик судларига даъволар билан мурожаат қилиш тартиби ФПК ва ХПКда белгиланган. Ҳакамлик судларига даъволар билан мурожаат қилиш тартиби ҳакамлик судлари тўғрисидаги ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгиланган (ЎзР 2006 йил 16 октябдаги “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги ЎРҚ-64-сонли Қонуни).

Суд даъво талабларини кўриб чиқишга қабул қилиши учун даъвогар процессуал қонунчиликда кўзда тутилган шартларга риоя қилиши лозим. Агар даъвогар ушбу талабларни бузса, даъво белгиланган тартибда қўзғатилган деб ҳисобланмайди.

ФПК ва ХПК даъвогар даъво қўзғатиш шартлари бузганган ҳолда келиб чиқадиган турли оқибатлар белгиланган.

ФПКга мувофиқ даъво аризасини қабул қилиш рад этилиши мумкин (ЎзР ФПК 152-модда), ёки даъво аризаси даъвогарга қайтарилади (ЎзР ФПК 153-модда). Ариза қабул қилиниши, бироқ ҳаракатсиз қолдирилиши мумкин (ЎзР ФПК 154-модда). Умумий юрисдикция судининг даъво аризасини кўриб чиқиш учун қабул қилишни рад этиши ёки даъво аризасининг қайтарилиши даъво қўзғатишнинг белгиланган тартибига риоя қилинмагани ва даъво муддати узилишини англатади. Агар суд ЎзР ФПК 149, 150-моддаларида баён қилинган талабларга (даъво аризаси шаклини бузиш, мазкур аризанинг жавобгарлар сони бўйича нусхалари йўқлиги ва б.) риоя қилинмагани сабабли даъвони ҳаракатсиз қолдирса, даъвогар суд томонидан белгиланган муддатда даъво аризасидаги камчиликларни бартараф этиши мумкин. Шунда даъво даъвогарнинг судга биринчи мурожаати кунида белгиланган тартибда тақдим этилган ҳисобланади. Айнан шу кундан даъво муддатининг ўтиши узилади. Агар даъвогар суд кўрсатмаларини белгиланган муддатда бажармаса, ариза тақдим этилмаган ҳисобланади ва даъвогарга қайтарилади. Бу ҳолда талабларни билдириш тартибига риоя қилинмаган ва даъво муддатининг ўтиши узилмаган ҳисобланади.

ФПКга мувофиқ, суд даъво аризасини қабул қилишни ЎзР ФПК 117-моддасида кўрсатилган асослар бўйича рад этади. Даъво аризасини қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги қарор юзасидан шикоят қилиниши мумкин. Қарор бекор қилинган ҳолда даъво аризаси хўжалик судига биринчи мурожаат қилиш кунида тақдим этилган ҳисобланади.

Судья ЎзР ФПК 118-моддасида кўрсатилган асослар мавжуд бўлган ҳолда даъво аризаси ва унга илова қилинган ҳужжатларни қайтаради.

Даъво аризасини қайтариш тўғрисидаги қарор юзасидан шикоят қилиниши мумкин. Қарор бекор қилинган ҳолда даъво аризаси хўжалик судига биринчи мурожаат қилиш кунида тақдим этилган ҳисобланади.

Даъво аризасининг қайтарилиши йўл қўйилган камчиликлар тугатилгандан сўнг у билан хўжалик судига умумий тартибда иккинчи марта мурожаат қилишга тўсқинлик қилмайди.

Бу ҳолда судга мурожаат қилиш даъво муддатининг ўтишини узмайди, чунки даъво белгиланган тартибни бузган ҳолда қўзғатилан. Агар даъво аризаси қайтарилгандан сўнг даъвогар унинг камчиликларини тузатиб судга яна мурожаат этса ва суд аризани қабул қилса, даъво муддати иккинчи марта даъво қўзғатиш кунидан узилади.

Пул суммаларини ундириш ёки қарздордан кўчмас мулкни талаб қилиб олиш тўғрисидаги талаб бўйича кредитор (ундирувчи) ҳуқуқларини суд томонидан ҳимоя қилиш нафақат даъво қўзғатиш тартибида, балки умумий юрисдикция суди томонидан суд буйруғи тартибида амалга оширилиши мумкин, бу мазкур тоифадаги ишларни кўриб чиқишнинг соддалаштирилган тартиби ҳисобланади. Ундирувчи томонидан ЎзР ФПК 238-1-238-11-моддаларида кўзда тутилган қоидаларга риоя қилинган ҳолда суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза тақдим этилиши даъво муддатининг ўтишини, худди юқорида кўрсатилган талаблар бўйича белгиланган тартибда даъво аризаси беришдаги сингари узади.


3. Даъво муддатининг ўтиши узилишига олиб келадиган иккинчи ҳолат - мажбуриятли шахс томонидан қарзни тан олишдан далолат берувчи ҳаракатлар амалга оширилишидир. Ушбу норма қарздор фуқароларга ҳам, юридик шахсларга ҳам, улар давлатга қарашли ёки хусусий эканлигидан қатъийй назар, тадбиқ этилади.

Шарҳланаётган моддада қарздорнинг қарзни тан олиши сифатида баҳолаш мумкин бўлган ҳаракатлар баён қилинмаган. Бу қарздор ўзини кредиторга нисбатан мажбуриятли деб тан олишини аниқлаш мумкин бўлган ҳар қандай ҳаракатлар бўлиши мумкин. Даъво муддатининг ўтишини узиш мақсадида қарзни тан олишдан далолат берувчи ҳаракатларга қуйидагилар кириши мумкин: даъвони тан олиш; қарздор ёки унинг розилиги билан бошқа шахс асосий қарз ва (ёки) санкциялар суммаларини қисман тўлаши, асосий қарз бўйича фоизлар тўланиши; ваколатли шахс томонидан шартномага қарздорнинг қарзи мавжудлигини тан олишини кўрсатувчи ўзгартиришлар киритилиши, шунингдек қарздорнинг шартномага шундай ўзгартиришлар киритиш (масалан, тўлов муддатини узайтириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш) тўғрисидаги илтимоси; инкассо топшириқномасининг акцептланиши. Бунда, мажбурият бўлиб-бўлиб ижро этиш ёки даврий тўловларни кўзда тутган, ва қарздор фақат қисман (даврий тўловни) тан олишдан далолат берувчи ҳаракатларни амалга оширган ҳолларда, бундай ҳаракатлар бошқа қисмлар (тўловлар) бўйича даъво муддати ўтишини узиш учун асос ҳисобланмайди.

Қарзни тан олиш турли хил ҳужжатлар ва хатларда бўлиши мумкин. У кредиторнинг талаби қисман қондирилганидан (қарзга олинган сумманинг бир қисми қайтарилганидан), қонун ёки шартномада кўзда тутилган жарималар тўланганидан маълум бўлади.

Қарзни тан олиш оғзаки равишда кредиторга бошқа шахслар (гувоҳлар) иштирокида ёки учинчи шахсларга билдирилиши мумкин. Агар қарзни тан олиш факти аниқланса, даъво муддати бундай тан олиш кунидан узилади. Агар мажбуриятли шахс келгусида яна қарзни тан олишдан далолат берувчи ҳаракатларни амалга оширса, даъво муддати яна узилади.

Суд томонидан жалб қилинган бошқа жавобгар ёки иккинчи жавобгарга нисбатан талаблар бўйича даъво муддатининг ўтиши даъвогар тегишли илтимосномани тақдим этган кундан, бундай илтимоснома мавжуд бўлмаган ҳолда - суд бундай жавобгарни ишда қатнашиш учун жалб этган пайтдан узилади.



158-модда. Даъво кўрилмасдан қолдирилган

тақдирда даъво муддатининг ўтиши


Агар даъво суд томонидан кўрилмасдан қолдирилган бўлса, даъво қўзғатилганга қадар ўта бошлаган даъво муддати умумий тартибда давом этади.

Агар жиноят иши бўйича қўзғатилган даъво суд томонидан кўрилмасдан қолдирилган бўлса, даъво қўзғатилгунга қадар ўта бошлаган даъво муддати даъвони кўрмасдан қолдирган ҳукм қонуний кучга киргунича тўхтатиб турилади, даъво муддати тўхтатиб турилган вақт даъво муддатига қўшилмайди. Бунда муддатнинг қолган қисми олти ойдан кам бўлса, у олти ойгача узайтирилади.


1. Шарҳланаётган модда қоидаси билан даъво суд томонидан кўрилмасдан қолдирилган ҳолда даъво муддати ўтишининг алоҳида тартиби белгиланган.

ФК даъво муддати умумий тартибда давом этишини қандай тушуниш кераклигини тушунтириб бермайди. Бу саволга жавобни процессуал қонунчиликдан - ХПК ва ФПКдан излаш керак бўлади, чунки мазкур модда ХПК ва ФПК да мавжуд тегишли процессуал қоидалар билан боғланган.


2. ЎзР ХПКда даъво суд томонидан кўрилмасдан қолдирилиши учун асослар ЎзР ХПК 88-модда биринчи қисми 1-9-бандида берилган. Мазкур модданинг биринчи қисми 1, 3, 5-бандларига мувофиқ суд, ЎзР ХПК 112 ва 113-моддаларида кўзда тутилган даъво аризанинг шакли ва мазмунига доир талаблар бузилгани сабабли даъвони кўрмасдан қолдиради.

ЎзР ХПК 88-моддасида берилган бошқа асосларга келсак, ушбу саволга жавоб бериш осон эмас. ЎзР ХПК 88-моддаси биринчи қисми 8-бандида кўзда тутилган даъвони кўрмасдан қолдириш учун асос фактларни аниқлаш тўғрисидаги аризани кўриб чиқишда ҳуқуқ тўғрисидаги низонинг келиб чиқиши ҳисобланади. Мазкур банд моддага "Даъво аризасини кўрмасдан қолдириш учун асослар" номи билан киритишига қараганда фактларни аниқлаш тўғрисида ариза бериш даъво аризасини тақдим этишдаги сингари оқибатларни келтириб чиқаради. Бироқ ариза ўрнатилган тартибда берилган. Шунинг учун судга фактларни аниқлаш тўғрисида ариза бериш билан юзага келган ҳуқуқ тўғрисидаги низо бўйича даъво муддати узилганини тан олиш тўғрироқ бўларди.

ЎзР ХПК 88-моддаси биринчи қисми 2-банди таҳлилидан шунга ўхшаш хулоса чиқариш зарур. 2-бандга мувофиқ даъво жавобгарнинг низо моҳияти бўйича иш хўжалик судида кўрилишига рози эмаслиги, чунки низони ҳал қилиш учун ҳакамлик судига топшириш ҳақида келишув мавжудлиги тўғрисидаги аризаси сабабли даъво кўрилмасдан қолдирилади. Бундай ҳолда суд даъвогар эмас, балки жавобгарга боғлиқ сабабларга кўра ишни моҳияти бўйича кўриб чиқмасдан қолдиради. Даъвогар ҳатто низони кўриб чиқиш учун ҳакамлик судига топшириш ҳақида келишув мавжуд бўлса ҳам, хўжалик судига мурожаат қилишга, суд эса - ишни қўзғатиш ва кўриб чиқишни тайинлашга ҳақлидир, чунки даъво билдириш тартибида бузилишлар бўлмаган. Бундай даъво, белгиланган тартибда қўзғатилган даъво сифатида даъво муддатини узади. Демак, баён қилинган ҳолларда (ЎзР ХПК 88-моддаси биринчи қисми 2 ва 8-бандлари) даъво муддатининг умумий тартибда ўтиши давом этиши шуни англатадики, кўриб чиқилмасдан қолдирилган даъво (ариза) белгиланган тартибда тақдим этилгани сабабли муддатнинг ўтиши бошидан бошланади.

Умумий юрисдикция судининг кўриб чиқмасдан қолдириши учун асослар ЎзР ФПК 175-моддасида белгиланган, унга мувофиқ суд қуйидаги ҳолларда: томонлар судга иккинчи чақириқда узрсиз сабабга кўра келмаса, шунингдек аризани кўриб чиқмасдан қолдириши, шунингдек фақат даъвогар судга иккинчи чақириқда узрсиз сабабга кўра келмаса суд жавобгарнинг розилиги билан аризани кўриб чиқмасдан қолдириши мумкин.

Аввал ҳаракатсиз қолдирилган, кейин судья томонидан кўрсатилган камчиликларни тузатиш учун берилган муддат ўтганлиги сабабли аризачига қайтарилган даъво белгиланган қоидаларга зид равишда тақдим этилган ҳисобланади. Бундай даъво берилмаган ҳисобланади ва тегишли равишда даъво муддати узилмайди.

ЎзР ФПК 152-моддасида белгиланган асосларга кўра даъво аризасини қабул қилиш суд томонидан рад этилган ёки даъвогарга қайтарилган ҳолатларни, ЎзР ФПК 154-моддасида кўрсатилган аризани ҳаракатсиз қолдириш ҳолатларидан фарқлаш лозим.

Биринчи ҳолатда даъво муддати ариза белгиланган тартибга риоя қилинган ҳолда судга тақдим этилган кундан узилади.

Иккинчи ҳолатга келсак, даъвогар суднинг аризани ҳаракатсиз қолдириш тўғрисидаги ажримида кўрсатилган талабларни ўз вақтида бажарган ҳолда даъво муддати аризани биринчи марта тақдим этиш кунидан узилган ҳисобланади (бунинг учун ЎзР ФПК 154-моддаси иккинчи қисми асос бўлади).


3. Жиноят ишида тақдим этилган фуқаролик даъвоси кўрилмасдан қолдирилган ҳолда даъво муддатини ҳисоблаш тўғрисидаги масала алоҳида ҳал қилинган.

Жиноят суд жараёнида жиноят ишини судда кўриб чиқиш якунланмагунга қадар фуқаролик даъвосини кўрмасдан қолдириш имкони бўлмагани учун, бундай кўриб чиқиш даврида даъво муддатининг ўтиши тўхтатилади.

Бу ҳақдаги қарор суднинг жиноят иши бўйича қарорида (ҳукмида) баён қилинади. Даъво қўзғатилгунгача бошланган даъво муддатининг ўтиши суд қарори қонуний кучга киргунгача тўхтатилади. Жиноят ишини муҳокама қилишга, қарор қонуний кучга киргунгача сарфланган вақт даъво муддатига киритилмайди. Ушбу вақтга даъво муддатининг ўтиши тўхтатилади.

Қарор қонуний кучга киргандан сўнг даъво муддати ўтиши давом этади. Бироқ қолган вақт 6 ойдан кам бўлса, даъво муддати 6 ойга узайтирилади.

Амалиётда ишни судда кўриб чиқиш даврида ва шарҳланаётган модданинг биринчи қисмида кўзда тутилган ҳолларда даъво муддатини тўхтатиш мумкинлиги масаласи юзага келган. ФКда даъво муддатини тўхтатиш ҳолатларининг батафсил рўйхати ЎзР ФК 156-моддаси ва ЎзР ФК 158-моддаси иккинчи қисмида берилган. Қонунда кўзда тутилмаган ҳолатларда даъво муддатини тўхтатиш мумкин эмас.

Шундай қилиб, шарҳланаётган модданинг иккинчи қисмида, гарчи даъво муддатини тўхтатишнинг мазкур асоси ЎзР ФК 156-моддасида кўзда тутилган вазиятлар рўйхатига киритилмаган бўлса ҳам, даъво муддатини тўхтатишнинг алоҳида ҳолати берилган.

Эҳтимол, қонун чиқарувчи ЎзР ФК 156-моддасида шарҳланаётган моддага ҳаволани кўзда тутиши лозим эди.

Даъвони кўрилмасдан қолдириш учун асослар ЎзР ФПК 175-моддаси, ЎзР ХПК 88-моддасида белгиланган.



159-модда. Даъво муддатини тиклаш


Башарти, суд даъво муддатининг ўтказиб юборилганлиги сабабини узрли деб топса, бузилган ҳуқуқ ҳимоя қилиниши керак. Даъво муддатини ўтказиб юбориш сабаблари даъво муддатининг охирги олти ойида, бу муддат олти ойга тенг ёки олти ойдан кам бўлса, даъво муддатида юз берган бўлса, улар узрли деб ҳисобланиши мумкин.


Даъво муддатининг тикланиши унинг янги муддатга узайтирилишини англатмайди. Унинг маъноси шундаки, суд даъво муддати ўтказиб юборилганлигига қарамасдан бузилган ҳуқуқни ҳимоя қилади.

Бундай вазиятлар даъво муддатининг охирги 6 ойида ёки даъво муддатида юз берган бўлса (агар 6 ойдан кам ёки унга тенг бўлса), улар эътиборга олиниши, кўрсатилиши ҳам аҳамиятли ҳисобланади.

Мазкур моддада даъво муддати қандай шахслар учун, уни ўтказиб юбориш сабабларига боғлиқ равишда, тикланиши мумкинлигини белгиламайди. Шундан келиб чиққан ҳолда фараз қилиш мумкинки, уни ҳам жисмоний шахс (фуқаролар), ҳам юридик шахсларнинг даъволари бўйича қўллаш мумкин.



160-модда. Махсус даъво муддатининг

тўхтатилиши, узилиши ва тикланиши


Даъво муддатининг тўхтатилиши, узилиши ва тикланиши ҳақидаги қоидалар (ушбу Кодекснинг 156, 157 ва 159-моддалари), агар қонунда бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, махсус даъво муддатига нисбатан ҳам қўлланади.


Шарҳланаётган модда махсус даъво муддатининг тўхтатилиши, узилиши ва тикланиши бўйича қандайдир алоҳида қоидаларни ўрнатмайди, ва қўллашни барча учун умумий қоидаларни ўрнатувчи ФК 156-157, 159-моддаларига ҳавола қилади. Бироқ бунда қонунда белгиланган ҳолларда бошқача қоидаларни қўллашга ижозат этади.



161-модда. Даъво муддати ўтганидан

кейин мажбуриятни бажариш


Даъво муддати ўтганидан кейин мажбуриятини бажарган шахс ижро этиш пайтида даъво муддатининг ўтиб кетганлигини билган ёки билиши лозим бўлганлигидан қатъий назар бажарган нарсасини қайтаришни талаб қилишга ҳақли эмас.


Шарҳланаётган модда даъво муддатининг тугаши субъектив ҳуқуқнинг ўзини бекор қилмаслигини ва даъво муддати тушунчасининг даъво муддатининг ўтиши ҳуқуқни ўзини бекор қилмаслигига асосланган моҳиятидан келиб чиқади (ЎзР ФК 149-моддасига шарҳларга қаранг). Шарҳланаётган модда қоидаси даъво муддатининг бузилган ҳуқуқларни суд орқали суд ҳуқуқий ҳужжати воситасида ҳимоя қилишни (тиклашни) таъминловчи моддий ҳуқуқ институти сифатидаги моҳияти билан белгиланган. Даъво муддати ўтганда мажбуриятли шахсга нисбатан талаб эмас, балки манфаатдор томоннинг талаби бўйича уни суд орқали ҳимоя қилиш имконияти бекор бўлиши мумкин. Ушбу муддатнинг ўтиши жавобгар учун даъвогарнинг ўз ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун суд томонидан мажбур қилишни амалга оширишига тўсқинлик қилиш қилиш имконини беради, бироқ бузилган ҳуқуқнинг ўзи бекор қилинган деб ҳисобланишига йўл қўймайди.

Даъво муддатининг ўтиши мажбуриятли шахсни мажбуриятни бажаришдан озод қилмайди.

Кредитор ҳуқуқининг ўзи мавжуд экан, қарздор у даъво муддати ўтгандан сўнг кўнгилли равишда бажарган нарсани қайтаришни талаб қила олмайди. Яъни, агар даъво муддати ўтишига қарамасдан қарздор мажбуриятини бажарса, энди у бажарган нарсани қайтаришни талаб қилишга ҳақли бўлмайди. Даъво муддати ўтгандан сўнг амалга оширилган бажаришни орқага қайтаришни ман этиш шуни англатадики, қонун чиқарувчи бундай бажаришни қонуний деб тан олади. Қонун қарздор даъво муддати ўтганлигини билган ёки билмаганлиги фактига юридик аҳамият қаратмайди. Даъво муддати ўтгандан сўнг мажбуриятларни бажариш учун берилган мулк кредиторнинг асоссиз бойлик орттириши ҳисобланмайди (ЎзР ФК 1030-модда).



162-модда. Қўшимча талабларга нисбатан

даъво муддатини қўллаш


Асосий талаб бўйича даъво муддати ўтиши билан қўшимча талаблар (неустойка, гаров, кафолат ва шу кабилар) бўйича даъво муддати ҳам ўтган ҳисобланади.


ФКнинг шарҳланаётган моддаси қўшимча талабларга мисол сифатида улар тадбиқ этиладиган неустойка, гаров, кафолатни кўрсатади. Ушбу рўйхатга мажбурият бажарилишини таъминлашнинг ФК 259-моддасида кўрсатилган яна иккита усулини: қарздорнинг мол-мулкини ушлаб қолиш ва заклатни киритиш зарур. Мажбурият бажарилишини таъминлашнинг барча бешта усулининг хусусияти шундаки, улар асосий мажбурият билан боғлиқ. Асосий мажбурият тугаши билан қўшимча мажбурият ўзи-ўзидан бекор бўлади.


1. Мажбурият муносабатларидаги қўшимча талабларнинг табиати шундайки, улар бош талаб бор бўлгани учунгина мавжуддир. Демак, қўшимча талаблар мустақил маънога эга эмас. Неустойка, гаров, қарздорнинг мол-мулкини ушлаб қолиш, кафиллик, кафолат, заклат ва бошқаларга асосланган талабларнинг қўшимчалик ёки акцессорлик хусусияти уларни асосий талаб асосланган ҳуқуқларни ҳимоя қилишдан мустақил равишда муҳофаза қилиш имкониятини бермайди. Шарҳланаётган модда қўшимча талабларнинг айнан шундай тушунилишини мустаҳкамлайди ва уларнинг даъво муддатини асосий талаб муддати тугаши билан бекор қилади.

Масалан, пул маблағларини қайтариш ёки тўлаш талаби бўйича даъво муддатининг тугаши ФК 327-моддасига мувофиқ ҳисобланадиган фоизларни тўлаш талаби бўйича даъво муддатининг тугашини келтириб чиқаради; асоссиз орттирилган бойликни қайтариш талаби бўйича даъво муддатининг тугаши (ФК 1025, 1026-модда) олинмаган даромадларни тўлаш талаби бўйича даъво муддатининг тугашига олиб келади - ФК 1028-моддаси биринчи қисми.

Ушбу ҳолатда қўшимча талаб деганда асосий мажбурият билан белгиланган талаб тушунилади.


2. Чунки қўшимча талаблар асосий мажбурият билан боғланган, улар бўйича даъво муддатининг тугаши ўз-ўзидан қўшимча талабларга ҳам тадбиқ этилади. Агар қўшимча талаб, масалан неустойка ундириш ёки кредиторнинг ундириб олишни гаровдаги мулкка қаратиш тўғрисидаги талабини қондириш бўйича даъво билдирилган бўлса, жавобгар неустойка ёки гаров билан таъминланган асосий талаб бўйича даъво муддати ўтганлиги тўғрисидаги эътирозни билдириши мумкин. Бу ҳолда неустойка ундириш ёки ундириб олишни гаровдаги мулкка қаратиш тўғрисидаги даъво, ҳатто асосий талабни таъминлаш чоралари асосий мажбуриятни бажариш муддати келишидан кечроқ келишилган бўлса ҳам, рад қилинади.

Қўшимча талаб бўйича даъво муддати ўтишига нисбатан ёндашув бошқачароқ. Ушбу муддатнинг ўтиши асосий талаб бўйича даъво муддатининг кечишига таъсир қилмайди. Масалан, кафиллик муддати - 1 йил (агар қонун ёки шартномада бошқа шарт белгиланмаган бўлса). Агар қарздор мажбуриятни бажаришни рад этганидан сўнг бир йил давомида кафилга қарздорнинг ўрнига мажбуриятни бажариш талаби билдирилмаса, кафилга нисбатан даъво муддати ўтганлиги сабабли кафиллик бекор қилинади. Бироқ асосий талаб бўйича қарздорга нисбатан даъво муддати давом этади.

Қарз шартномаси, кредит шартномаси ва тижорат кредитида тўланиши лозим бўлган фоизлар (ЎзР ФК 734, 744, 748-моддалари) ўзининг юридик табиатига кўра пул маблағлари бериш учун тўловни (яъни уларнинг нархини) ифода этади. Суд амалиёти ва адабиётларда учрайдиган, улар пул маблағларини қайтариш тўғрисидаги талабга нисбатан қўшимча характерга эга эканлиги ва шунинг учун уларга нисбатан ЎзР ФК 162-моддасини қўллаш мумкинлиги тўғрисидаги фикрни ишонарли деб бўлмайди: қонунга мувофиқ кўрсатилган шарномалар турларида фоизлар тўлаш қарз олувчининг қўшимча эмас, балки мустақил мажбурияти ҳисобланади. Олди-сотди шартномаси бўйича харидорнинг товарнинг нархини тўлаш мажбурияти товарни қабул қилишга нисбатан қўшимча эмас, балки мустақил мажбурият сифатида таснифланиши ҳам шунга ўхшайди. Агар шартнома шартлари бўйича фоизлар қарз (кредит) суммасидан олдин тўланиши лозим бўлса, уларни ундириб олиш учун даъво муддати қарз (кредит) суммасини қайтариш талабига оид даъво муддати тугашидан олдин тугайди. Ва аксинча, агар шартномада фоизлар қарз (кредит) суммасини қайтариш муддатидан олдин тўланиши кўзда тутилган бўлса, даъво муддати шартномада белгиланган фоизлар тўлаш санасидан ҳисобланади.

ЎзР ФК 154-моддаси тўртинчи қисмига мувофиқ регресс мажбуриятларга нисбатан даъво муддатини ҳисоблашнинг алоҳида тартиби ўрнатилган, унга кўра даъво муддатини ҳисоблаш асосий мажбуриятни бажариш пайтидан бошланади. Регресс талабларга нисбатан шарҳланаётган моддада кўзда тутилган асосий талаб билан боғлиқлик оқибатларининг қўлланиши ЎзР ФК 154-моддаси тўртинчи қисми таъсирини йўқотган бўлар эди.



163-модда. Даъво муддати жорий қилинмайдиган талаблар


Даъво муддати қуйидагиларга жорий қилинмайди:

шахсий номулкий ҳуқуқларни ва бошқа номоддий бойликларни ҳимоя қилиш ҳақидаги талабларга, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

омонатчиларнинг ўз омонатларини бериш тўғрисида банкка қўядиган талабларига;

фуқаронинг ҳаётига ёки соғлиғига етказилган зарарни тўлаш ҳақидаги талабларга. Даъво муддати ўтганидан кейин қўзғатилган талаблар даъво қўзғатилишидан олдинги кўпи билан уч йил бўйича қондирилади;

жиноят туфайли етказилган зарарни тўлаш ҳақидаги талабларга;

мулкдорнинг ёки бошқа эгалик қилувчининг ўз ҳуқуқини ҳар қандай бузишларни, шу жумладан, эгалик қилишдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган бузишларни (ушбу Кодекснинг 231-моддаси), бартараф этиш ҳақидаги талабларига;

мамлакат мустақиллиги эълон қилинишидан олдин унинг чегараларидан ташқарига олиб чиқиб кетилган тарихий, маданий ва илмий-бадиий қийматга эга бўлган мол-мулкни ҳамда бошқа қимматбаҳо объектларни қайтариб бериш ҳақидаги талабларга;

қонунда белгиланган ҳолларда бошқа талабларга.


1. Даъво муддати Оила муносабатлардан келиб чиқувчи талабларга нисбатан тадбиқ этилмайди, бузилган ҳуқуқни ҳимоя қилиш муддати Оила кодекси (ОК) билан белгиланган ҳолатлар бундан мустасно. Хусусан ЎзР ОКнинг Оила муносабатларда даъво муддатини қўллаш тўғрисидаги 12-моддасида шундай белгиланган "Оила муносабатлардан келиб чиқувчи талабларга нисбатан даъво муддати қўлланилмайди, мазкур Кодексда белгиланган ҳолатлар бундан мустасно. Суд даъво муддатини белгиловчи нормаларни қўллашда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексига амал қилади".

Шунингдек, даъво муддати маънавий зарарни қоплаш тўғрисидаги талабларга нисбатан ҳам тадбиқ этилмайди, чунки улар шахсий номулкий ҳуқуқлар бузилиши ва бошқа номоддий бойликлардан келиб чиқади.

Бир марта бериладиган нафақа ва зарарни қоплаш суммаларини тўлашни даъво қилиш муддати тўғрисидаги масала ҳам шундай ҳал қилинади. Бундай зарар тўғрисидаги талабга нисбатан даъво муддати тадбиқ этилмайди. Фуқаронинг ҳаёти ва саломатлигига етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги талабларнинг ўзи эса даъво кўрсатишдан олдинги кўпи билан уч йил мобайнида қондирилиши лозим.


2. Мулкдорнинг ёки бошқа эгалик қилувчининг ўз ҳуқуқини ҳар қандай бузилишларни, шу жумладан гарчи улар эгалик қилишдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган бўлса ҳам, уларни бартараф этиш ҳақидаги талабларига (негатар даъво) даъво муддати қўлланилмайди. Шарҳланаётган модда мустаҳкамланаётган кўрсатмани Ўзбекистон Республикаси ФКнинг ашёвий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги бобида (Ўзбекистон Республикаси ФК 19-боби) жойлаштирилган 231-моддага ҳавола қилган ҳолда бевосита асослайди, бу билан ашёвий ҳуқуқларнинг мутлақ характерини таъкидлайди.

Шарҳланаётган моддада Ўзбекистон Республикаси ФК 231-модасида кўзда тутилган негатор даъволар назарда тутилади. Ушбу даъволарга нисбатан даъво муддати тадбиқ этилмайди.

Ушбу нормада унинг қўлланишини шахсий номулкий ҳуқуқлар ва бошқа номоддий бойликларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги талаблар билан боғлаш имконияти кўзда тутилган. Модда қоидалари қонунчиликда кўзда тутилганидан ташқари ҳолларда қўлланилади. Иккинчи чеклов фуқаронинг ҳаёти ва саломатлигига етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги талабларга тегишлидир. Улар даъво кўрсатишдан олдинги кўпи билан уч йил мобайнида қондирилиши лозим. Аслида, мазкур ҳолатда умумий даъво муддати қўлланилган (ФК 150-модда, бироқ муддатни ҳисоблаш талаб қилиш муддати бирданига вужудга келмайдиган чўзиладиган талаблар тўғрисидаги қоидалар бўйича амалга оширилган (ФК 154-модда шарҳларига қаранг).

Шарҳланаётган моддада ҳимоя қилиниши даъво муддати билан чекланмаган талабларнинг тўлиқ рўйхати берилмаган. Бироқ санаб ўтилган айрим талаблар бўйича масала бошқача ҳал этилиши мумкин. Шахсий номулкий ҳуқуқларни ва бошқа номоддий бойликларни ҳимоя қилиш ҳақидаги алоҳида талаблар учун даъво муддати қонунда кўзда тутилиши мумкин.

Даъво муддати ФК 1021, 1022-моддаларида баён қилинган маънавий зарарни қоплаш тўғрисидаги талаблар, шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш тўғрисидаги талабларга нисбатан тадбиқ этилмайди.



II-БЎЛИМ. МУЛК ҲУҚУҚИ ВА БОШҚА АШЁВИЙ ҲУҚУҚЛАР


13-боб. Умумий қоидалар.(164-175-моддалар)

14-боб. Хўжалик юритиш ҳуқуқи. Оператив

бошқариш ҳуқуқи (176-181-моддалар)

15-боб. Мулк ҳуқуқининг вужудга келиши

ва унинг бекор бўлиши (182-206-моддалар)

16-боб. Хусусий мулк (207-212-моддалар)

17-боб. Оммавий мулк (213-215-моддалар)

18-боб. Умумий мулк (216-227-моддалар)

19-боб. Мулк ҳуқуқини ва бошқа ашёвий

ҳуқуқларни ҳимоя қилиш (228-233-моддалар)



13-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


164-модда. Мулк ҳуқуқи тушунчаси

165-модда. Мулкдор бўлмаган шахсларнинг

ашёвий ҳуқуқларининг мазмуни

166-модда. Мулкнинг дахлсизлиги

167-модда. Мулк шакллари

168-модда. Мулк ҳуқуқининг субъектлари

169-модда. Мулк ҳуқуқининг объектлари

170-модда. Ерга ва бошқа табиий ресурсларга бўлган

мулк ҳуқуқи ва ўзга ашёвий ҳуқуқлар

171-модда. Уй-жойга бўлган мулк ҳуқуқи ва бошқа

ашёвий ҳуқуқларни амалга ошириш хусусиятлари

172-модда. Мулк ҳуқуқини амалга ошириш шартлари

173-модда. Ўзганинг ер участкасидан чекланган

тарзда фойдаланиш (сервитут) ҳуқуқи

174-модда. Мол-мулкни сақлаш вазифаси

175-модда. Мол-мулкнинг тасодифан нобуд бўлиш ёки бузилиш хавфи



164-модда. Мулк ҳуқуқи тушунчаси


Мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборатдир. Мулк ҳуқуқи муддатсиздир.


1. ФК шарҳланаётган бўлими мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқларга бағишланган. ФК ушбу бўлимида ашёвий ҳуқуқларнинг пайдо бўлиши, амалга оширилиши ва тугатилиши юзасидан муносабатлар тартибга солинади. Мажбурият ҳуқуқлари билан ашёвий ҳуқуқлар фуқаролик муомаласи иштирокчиларнинг иқтисодий манфаатларини қондириш учун ҳизмат қиладилар. Шу маънода ашёвий ҳуқуқлар мулк эгалланишини, мансублигини тавсифлаб берувчи иқтисодий муносабатларни, яъни мувозанат муносабатларни, мажбурият ҳуқуқлари эса бир шахсдан иккинчи шахсга товар ҳаракати, мол-мулк ўтиши жараёнини, яъни динамик муносабатларни тартибга солиш учун хизмат қиладилар. Ашёвий ҳуқуқлар моҳиятини ва уларнинг бошқа фуқаролик ҳуқуқлардан фарқини тўлароқ тушуниш учун ашёвий ҳуқуқларнинг бир қатор ўзига хос хусусиятларини ажратиш лозим.

Ашёвий ҳуқуқ мутлақ ҳуқуқдир. Ашёвий ҳуқуқларнинг мутлақлиги, ушбу ҳуқуқларнинг (мулк ҳуқуқи, хўжалик юритиш, оператив бошқариш ҳуқуқи, сервитут ва бошқалар) объектларига, унинг ашёга нисбатан ҳуқуқини бузмасликка мажбур субъектларнинг чекламанган доираси қарши турганлигидир. Бунга қарама-қарши мажбурият ҳуқуқлари эгаларига у билан мажбурият муносабатларда бўлган шахсларнинг чекланган гуруҳи қарши туради.

Ашёвий ҳуқуқларнинг кейинги ажратиб турадиган хусусияти бўлиб, унинг объекти ҳисобланади. Мажбурият ҳуқуқлардан фарқли ўлароқ ашёвий ҳуқуқларнинг объекти бўлиб хусусий аломатли ашёлар ҳисобланади. Турга хос аломатлар билан белгиланадиган ашёлар, номоддий неъматлар ашёвий ҳуқуқларнинг объекти бўлмайди.

Мажбурият ҳуқуқлардан фарқланиб ашёвий ҳуқуқлар қонун билан ўрнатилади. Ушбу ҳолда қонун деб ФК ва ўзга қонунлар тушунилади. Фуқаролик ҳуқуқ субъектлари шартнома ва бошқа битимлар асосида ашёвий ҳуқуқларнинг янги турларини вужудга келтириш ҳуқуқи йўқлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Аксинча, мажбурият муносабатлари иштирокчилари қонунда назарда тутилган ҳам, тутилмаган ҳам, лекин унга зид бўлмаган битимларга киришиш ҳуқуқига эга.

Ашёвий ҳуқуқнинг ўзига хос хусусиятларидан бири бўлиб эргашма ҳуқуқ ҳисобланади. Эргашма ҳуқуқнинг моҳияти ашёга нисбатан мулк ҳуқуқи ва ўзга ашёвий ҳуқуқлар бошқа шахсга ўтиши ушбу ҳуқуқлар тугатилишига асос бўлиб ҳисобланмаслигидир. ФК 165-моддасининг иккинчи қисмига биноан мол-мулкка эгалик қилиш ҳуқуқининг бошқа шахсга ўтиши, бу мол-мулкка нисбатан ўзга ашёвий ҳуқуқларнинг бекор бўлиши учун асос бўлмайди. Агар ашё олди-сотиқ шартномасига асосан бошқа субъектга ўтган бўлса, ашёвий ҳуқуқ унинг кетидан боришни давом этади. Бу борада фуқаролик назарияда, шак-шубҳасиз, мулкка нисбатан мулк ҳуқуқи бошқа шахсга ўтиши, ушбу мулкка ўзга ашёвий ҳуқуқлар тугатилиши учун асос эмаслиги эътироф қилинган.


2. Мулк ҳуқуқи ўзга ашёвий ҳуқуқлар тизимида негиз (бошланғич) ҳисобланади. Бошқа ҳуқуқлар ушбу ҳуқуқдан вужудга келиш ҳарактерига эгадир. Мулк ҳуқуқи ашёвий ҳуқуқнинг барча аломатларига эга бўлиб, муддатсиз ҳисобланади.

Мулк ҳуқуқи объектив ва субъектив жиҳатидан кўриб чиқилиши мумкин. Объектив жиҳатидан мулк ҳуқуқи мулкдор томонидан ўз мулкига эгаллик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш бўйича ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи меъёрлар тизимини ташкил этади. Бу нуқтаи назарда мулк ҳуқуқи - фуқаролик ҳуқуқининг марказий ва асосий институтидир. Ҳар қандай субъектив ҳуқуқ қаби субъектив жиҳатидан мулк ҳуқуқи ҳам, қонун томонидан бошқаришга ваколат берилган шахснинг маълум ҳаракатларни амалга ошириш имкониятидир. Ушбу нуқтаи назаридан у ўз эгасига - мулкдорига унга тегишл бўлган мулк хусусияти ва фойдаланиш имкониятларини белгилаш ва унга нисбатан тўлиқ хўжалик ҳукмдорлигини амалга ошириш имкониятини беради.

Инглиз-америка ҳуқуқ тизимидан фарқли улароқ, ЎзР ҳуқуқий тизими мансуб бўлган қитъа ҳуқуқ тизимида мулк ҳуқуқи “битта ашё - битта мулкдор” оддий мулк ҳуқуқи моделига таянади. Инглиз-америка тизимида “тақсимланган мулк” модели ҳукмронлик қилиб, унга мувофиқ битта мулкка бир неча шахсларнинг ҳуқуқи эътироф этилади. Мазкур моддада қонун чиқарувчи қитъа модели асосида мулк ҳуқуқининг муҳим хусусиятларини белгилайди. Шу боис Ўзбекистон қонунчилигига кўра, мулкдор томонидан ўз қонуний ваколатларининг бир қисмини ва хатто аксарият қисмини бошқа шахсга берилиши мулкдорнинг ашёга нисбатан мулк ҳуқуқини йўқ бўлишини билдирмайди. Фақат ашё бошқанинг тасарруфига ўтганида (сотилганда, алмаштирилганда ва ҳ.к.), унга нисбатан бўлган мулк ҳуқуқи бошқа шахса ўтади. Шундай қилиб, миллий мулк ҳуқуқи тизимига мувофиқ битта мулк объектига нисбатан бир неча мулкдорлар бўлиши мумкин эмас.


3. Шарҳланаётган моддада қонун чиқарувчи мулкдорнинг анъанавий қонуний ҳуқуқлари “триадаси” (мулкга эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш) билан бир қаторда мулк ҳуқуқининг мазмунини очиб бериш учун “ўз ихтиёрига кўра” ва “ўз манфаатларида” каби мезонларни ишлатади. Бу амалдаги ФК ўзига хос новелласидир.

Мулк ҳуқуқини очиб бериш учун эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш тушунчалари билан янада батафсилроқ танишиб чиқиш лозим. Шу сабабдан таъкидлаш керакки, олдингилари каби амалдаги ФК ҳам мулкдорнинг ушбу қонуний ҳуқуқлар мазмунини очиб бермайди. Мулкдорнинг қонуний ҳуқуқлари фақат ўз мулкига нисбатан маълум тарзда ҳаракатлар содир этишнинг амалдаги имконияти билан чекланиб қолмаслиги керак, балки унинг ўз ҳукмронлигини амалга оширишнинг юридик имкониятидир.


4. Эгалик қилиш ҳуқуқи - шахснинг ашёга нисбатан юридик ҳукмдорлиги, унга амалда ва хўжалик жиҳатидан эгалик қилиш. Эгалик қилиш мулк ҳуқуқининг зарурий элементи бўлиб, фойдаланиш ҳуқуқи билан ажралмас боғлиқ, чунки ашёдан мустақил фойдаланиш учун бир вақтнинг ўзида унга эгалик қилиш ҳам керак. Мулкка эгалик қилишни мулкдор ҳам, мулкдор билан шартнома асосида ёки ўзга ҳуқуқий асосларда бошқа шахслар ҳам амалга оширишлари мумкин. Масалан, ижара шартномаси бўйича ижарачининг, гаров шартномаси бўйича гаровга берувчининг мол-мулкига эгалик қилиш, мерос қилиб қолдириш асосида умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи бўйича мол-мулкка эгалик қилиш, хўжалик юритиш, оператив бошқарув ва б. Бу ҳолда эгалик қилиш мулк ҳуқуқининг эмас, балки бошқа субъектив фуқаролик ҳуқуқларнинг таркибий қисми бўлиб ҳисобланади. Бизнинг ҳуқуқий тизимимизда эгалик қилиш мустақил ашёвий ҳуқуқ ҳисобланмайди.

Ашёга эгалик қилиш қонуний ва ноқонуний бўлиши мумкин. Эгалик қилиш шартномага асосланган ёки ўзга ҳуқуқий асосларда (ҳуқуқий титулда) бўлса, у қонуний ҳисобланади. Бундай эгалик қилиш мулкдорнинг эгалиги билан баравар қонуннинг ҳимоясида бўлади. Ҳар қайси ҳуқуқий титулга асосланган эгалик килиш, агар мулкдор ёки у ашёни эгалик қилишга бераётган шахс томонидан қонунчиликнинг барча шартлари бажарилганидагина вужудга келади. Мулкдор бўлмаган шахснинг эгалик қилиш ҳуқуқи мулк ҳуқуқига қараганда ҳосила ва тобе тусга эгадир, чунки у мулкдор белгилаган доирада амал қилиши мумкин.

Қонуний титул асосга асосланмаган эгалик қилиш ноқонуний ҳисобланади. Ноқонуний эгалик қилиш кимнингдир субъектив фуқаролик ҳуқуқлари бузилишини назарда тутади, шунинг учун ҳам қонун томонидан ҳимоя қилинмайди. Фақат бир ҳолатдагина, мулк ҳуқуқини вужудга келтирувчи эгалик қилиш муддатига асосланган титулсиз эгалик қилиш қонун томонидан ҳимоя қилинади (ФК 187-моддаси шарҳларига қаранг).


5. Фойдаланиш ҳуқуқи - ашёдан фойдаланиш жараёнида унинг фойдали, хўжалик хусусиятларини юридик жиҳатидан таъминланган истеъмол қилиш имкониятидир. Фойдаланиш ҳуқуқининг мазмунига ашё келтирадиган ҳосил ва даромадларни ўзлаштириш ҳуқуқи ҳам киради. Масалан, ФК 92-моддасига мувофиқ, ашёдан келадиган ҳосил ва даромадлар, агар қонун ёки шартномада бошқача тартиб белгилаб қўйилган бўлмаса, ашё эгасига тегишлидир.

Фойдаланиш ҳуқуқи эгалик қилиш ҳуқуқига асосланади. Шунинг учун ашёнинг фойдали хусусиятларини нафақат мулкдорлар, балки мулкдор эгалик қилиш ҳуқуқи билан ушбу ҳуқуқларни тақдим қилган шахслар ҳам олишлари мумкин. Демак, ким мулкка эгалик қилса, у ундан фойдаланиш имкониятига эгадир. Чунки, ашёга эгалик қилмасдан, ундан фойдаланиш мумкин эмас.

Фойдаланиш ҳуқуқи қонун билан кафолатланади ва учинчи шахсларнинг тажовузидан ҳимоя қилинади. Бу билан бирга, амалдаги қонунчилик уни амалга ошириш чегараларини белгилаб қўяди. Фойдаланиш ҳуқуқини амалга оширишда мулкдор ва ўзга титул эгалари бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун томонидан ҳимоя қилинадиган манфаатларини бузмасликлари керак, ахлоқий тамойилларни ва жамиятнинг маънавий меъёрларини ҳурмат қилишлари керак. Қонунчиликда назарда тутилган талабларга риоя қилинмаган тақдирда, суд шахсга тегишли бўлган фойдаланиш ҳуқуқини ҳимоя қилишда рад жавобини бериши мумкин.


6. Тасарруф этиш ҳуқуқи - мулкдорнинг ашёга нисбатан юридик ва амалдаги ҳаракатларни амалга ошириш орқали унинг амалдаги ва юридик тақдирини қонун томонидан кафолатланган белгилаш имкониятидир. Эгалик қилиш ва фойдаланиш ҳуқуқларидан фарқли ўлароқ, тасарруф этиш ҳуқуқи фақат мулк эгасига тегишлидир. Ашёларнинг юридик тақдирини белгилаш уларни сотиш, алмаштириш ёки бошқалар тасарруфига ўтишнинг бошқа шакллари орқали амалга оширилади, ашёларнинг амалдаги тақдирини тасарруф этиш эса мулкни истеъмол қилиш ёки уни йўқ қилиш орқали амалга оширилади. Мулкдор тасарруф этиш ҳуқуқини амалга ошириб, ашёга нисбатан мулк ҳуқуқини бекор қилиши (сотиб юбориш, ҳадя қилиш, алмаштириш, хўжалик жамиятлар ёки ширкатларнинг устав фондига бериш ва ҳ.к.) ёки эгалик қилиш ва фойдаланиш бўйича ҳуқуқлар (ижарага, сақлашга бериш) амалга оширилишини вақтинча тўхтатиб туриши мумкин.

Қонун ҳужжатларида томонидан тасарруф этиш ҳуқуқини амалга ошириш бўйича маълум чеклашлар ва тақиқлар ўрнатилиши мумкин. Масалан, мулк хатланганда, қонунчиликда назарда тутилган банкротлик таомиллари жорий қилинганида, мулкдор тасарруф этиш ҳуқуқини вақтинчалик амалга ошириши мумкин эмас.


7. Мулк ҳуқуқи тушунчасига “ўз ихтиёрига кўра” ва “ўз манфаатларида” каби тоифаларни жорий қилиш, биринчидан, мулкдорлар ва бошқа титул эгаларининг мол-мулкка бўлган ҳуқуқларини фарқлайди, иккинчидан эса, мулк ҳуқуқининг фақат қонун билан чекланган бўлиб, унга тегишли мулкка нисбатан ҳар қайси ҳаракатларни амалга оширишда намоён бўладиган мулк ҳуқуқининг мутлақ хусусиятини исботлаб беради. Албатта, “ўз манфаат”ига мулкдор бўлмаслиги ҳам мумкин, лекин мулкдор ўз мол-мулкка нисбатан ўз ҳаракатлари унинг хоҳиши асосида амалга оширилади.


8. Мулк ҳуқуқи мутлақ ҳуқуқдир, чунки бундай ҳуқуқий муносабатда ҳуқуқдор шахсга (мулкдорга) ҳар бири мулкдорнинг ҳуқуқларини бузишдан ўзларини сақлашлари шарт бўлган бурчли (мулкдор бўлмаган) шахсларнинг номуайян доираси қарши туради. Мулкдорга тегишли бўлган ашёни эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этишда унинг манфаатини қондириш, агар мулкдор ўз ихтиёрига кўра тасарруф этиш ва бошқаларнинг унга ҳар қандай таъсир кўрсатишидан чегаралаш мумкин бўлгандагина амалга оширилиши мумкин. Шунинг учун ушбу манфаатни қондириш воситаси сифатида хизмат қилувчи субъектив мулк ҳуқуқи бошқа шахслардан унга эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этишда тўсқинлик қиладиган ҳаракатларни бажаришдан ўзларини сақлашларини талаб қилиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.


9. Шарҳланаётган моддада мулк ҳуқуқининг муддатсизлик тамойили ўрнатилиши ФК новелласидир. Мазкур тамойил мулкдор ўз мулкидан фойдаланишда, истаган вақтида ўз ихтиёрига кўра мулк ҳуқуқини амалга оширишда муддатсиз ҳуқуқига эга эканлигини билдиради.



165-модда. Мулкдор бўлмаган шахсларнинг

ашёвий ҳуқуқларининг мазмуни


Мулк ҳуқуқи билан бир қаторда хусусан қуйидагилар ашёвий ҳуқуқлар ҳисобланади:

хўжалик юритиш ҳуқуқи ва оператив бошқариш ҳуқуқи;

мерос қилиб қолдириладиган ер участкасига умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи;

ер участкасига доимий эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқи;

сервитутлар.

Мол-мулкка эгалик қилиш ҳуқуқининг бошқа шахсга ўтиши, агар қонун ҳужжатларида ўзга тартиб назарда тутилган бўлмаса, бу мол-мулкка нисбатан ўзга ашёвий ҳуқуқларнинг бекор бўлиши учун асос бўлмайди.

Мулкдор бўлмаган шахснинг ашёвий ҳуқуқларининг бузилиши ушбу Кодекснинг 232-моддасида назарда тутилган тартибда ҳимоя қилинади.


1. Шарҳланаётган моддада чекланган ашёвий ҳуқуқларни турлари ва ашёвий ҳуқуқларга оид асосий қоидалар белгиланади. Чекланган ашёвий ҳуқуқларнинг мазмуни ФК алоҳидаги моддаларида белгиланади.

Ашёвий ҳуқуқнинг асосий белгилари 164-моддага шарҳларда келтирилган.


2. Мол-мулка ашёвий ҳуқуқлар нафақат мулкдорларга, балки фуқаролик муомаласининг бошқа шахсларига ҳам тегишли бўлиши мумкин, шунинг учун улар “чекланган ашёвий ҳуқуқлар” деб номланадилар. Чекланган ашёвий ҳуқуқлар ҳар доим мулк ҳуқуқининг ҳосиласи бўлиб, улар камроқ ҳуқуқлар ҳажми билан фарқ қиладилар. Мулкдор чекланган ашёвий ҳуқуқлар амал қилиш вақтида мол-мулкка мулк ҳуқуқини сақлаб қолади, лекин у ёки вақтинча, ёки муддатсиз у ёки муайян даражада ушбу ҳуқуқни амалга оширишда ўзини чеклаб қўяди. Демак, чекланган ашёвий ҳуқуқлар мавжудлиги мулкдорнинг ҳуқуқларини ўзига хос чекланишидир.

Бозор муносабатларига ўтилиши, барча мулк шаклларини ва айниқса хусусий мулк ҳуқуқи тенглигини эътироф этилиши, тадбиркорлик ривожланиши чекланган ашёвий ҳуқуқлар вужудга келишига сабаб бўлди.

Совет даврида қонунчиликда чекланган ашёвий ҳуқуқларга тегишл бўлган меъёрлар ҳеч қандай тарзда изоҳланмаган эди. 1922 йилдаги РСФСР ФК ашёвий ҳуқуқларни тартибга солувчи махсус бўлим бўлган (52-195 моддалар), унга мулк ҳуқуқи билан бир қаторда иморат солиш ҳуқуқи ва мулк гарови киритилган эди. Кейинроқ, иқтисодиёт давлатлаштирилганидан ва хусусий мулк инкор этилишидан сўнг, ушбу институтлар амалда деярли қўлланмай қолдилар. Узоқ вақтдан бери юридик унутилишидан сўнг ўзганинг кўчмас мулкидан чекланган фойдаланиш ҳуқуқининг қайта тикланиши фақатгина ҳозирги замон босқичида амалга оширилди ва биринчи навбатда ҳозирги амалдаги ФК қабул қилиш билан боғлиқдир.


3. Чекланган ашёвий ҳуқуқларнинг объекти бўлиб, одатда, ҳар доим кўчмас мулк ҳисобланади. Чекланган ашёвий ҳуқуқлар фақатгина муайян мақсадларда объектдан фойдаланиш имкониятини берадилар. Чекланган ашёвий ҳуқуқлар маълум ашёдан узоқ вақт давомида фойдаланиш, бошқа шахсга ашёга мулк ҳуқуқи ўтиш сабабли уларда пайдо бўлиши мумкин салбий оқибатлардан ўз хавфсизлигини таъминлаш мақсадини кўзлаган шахсларнинг мулкий манфаатларига хизмат қиладилар.


4. Чекланган ашёвий ҳуқуқлар шартнома, бир тарафлама битим, суд қарори, давлат органлари ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларининг актлари ва ҳуқуқий ворислик асосида юзага келади. Масалан, ФК 173-моддасининг тўртинчи қисмида сервитут белгилашни талаб қилаётган шахс билан ўзга ер участкасининг эгаси ўртасидаги битимга мувофиқ сервитут белгиланишини назарда тутади. ФК ушбу 173-моддасида фойдаланиш учун қўшни участкадан чекланган фойдаланиш ҳуқуқи ўрнатилиши талаб қилинадиган ер участкаси мулкдори ва қўшни ер участкасининг мулкдори ўртасидаги сервитутни белгилаш хусусида низо пайдо бўлган ҳолда, сервитут белгилашни талаб қилаётган шахснинг даъвоси бўйича суд томонидан ҳал этилади, ва мазкур ҳолатда қўши участкадан чекланган фойдаланиш ҳуқуқи суд қарори билан ўрнатилган асос ва ҳажмларда юзага келади.

Чекланган ашёвий ҳуқуқлар қонун, шартнома, ашёвий ҳуқуқ тегишли бўлган томоннинг бир тарафлама ҳаракати, суд қарори асосида, хусусий аломатли ашё нобуд ёки йўқ бўлиши, бир шахснинг ўзида чекланган ашёвий мулк мулкдори ва объекти тўғри келиши, шундай ҳуқуқлар фойдасига ўрнатилган шахснинг ўлими ёки юридик шахс тугатилиши сабабли тўхтатилиши мумкин.

Чекланган ашёвий ҳуқуқлар вужудга келиши ва бекор бўлиши давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.


5. Шарҳланаётган моддада мулк ҳуқуқига қўшимча қилиб бешта ашёвий ҳуқуқлар айтиб ўтилади: хўжалик юритиш ҳуқуқи (176-моддаси шарҳларига қаранг) ва оператив бошқариш ҳуқуқи (178-моддаси шарҳларига қаранг), мерос қилиб қолдириладиган ер участкасига умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи, ер участкасига доимий эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқи (170-моддаси шарҳларига қаранг) ва сервитутлар (173-моддаси шарҳларига қаранг).

Ушбу ашёвий ҳуқуқларнинг мазмуни ФК ва ЕК тегишли нормаларида белгиланади.


6. Айтиб ўтиш жоизки, ушбу ашёвий ҳуқуқларнинг рўйхати тўла-тўкис тусга эга эмас. Модданинг матнида қонун чиқарувчи ўзга ашёвий ҳуқуқлар ҳам мавжуд бўлиши мумкинлигини белгиловчи “хусусан” сўзини ишлатади. Аммо бу билан бирга, ҳисобга олиш керакки, мажбурият ҳуқуқларидан фарқли ўлароқ янги ашёвий ҳуқуқлар ҳар доим фақат алоҳида қонун билан ўрнатиладилар. Фуқаролик муомаласининг субъектлари ўзаро келишув асосида ашёвий ҳуқуқлар мазмунини ўрнатиш ва белгилаш ҳуқуқига эга эмас.


7. Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисмида ашёвий ҳуқуқнинг негиз тамойилларидан бири - эргашма ҳуқуқи мустаҳкамлаб қўйилган, агар қонунчиликда бошқача белгиланмаган бўлса, бошқа шахсга мол-мулкка нисбатан мулк ҳуқуқи ўтишда ашёвий ҳуқуқни сақланиб қолишини билдиради.


8. Мулкдорлар каби чекланган ашёвий ҳуқуқлар субъектлари ҳам, ашёвий-ҳуқуқий даъволар воситасида ўз ҳуқуқларининг мутлақ ҳимоясидан фойдаланадилар. Мулкдор бўлмаган шахсларнинг ашёвий ҳуқуқлари ҳимояси ҳақида батафсилроқ ФК 232-моддасига шарҳларда қаранг.



166-модда. Мулкнинг дахлсизлиги


Мулк дахлсиздир ва қонун билан қўриқланади.

Мулкнинг дахлсизлиги мулкдорга қарши турган барча субъектларнинг мулк ҳуқуқини бузишдан ўзларини сақлашларидан иборатдир.

Мулкдорнинг мол-мулкини олиб қўйишга, шунингдек унинг ҳуқуқларини чеклашга фақат қонунларда назарда тутилган ҳоллардагина йўл қўйилади.


1. Шарҳланаётган модда мулк ҳуқуқига эгалик қилиш барқарорлигини тартибга солувчи бир қатор ҳолатларни мустаҳкамлаб қўяди.

Мулк ҳуқуқи мутлақ ҳуқуқдир ва қонун билан қўриқланади. “Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин” (ЎзР Конституциясининг 53-моддаси).

Мулк ҳуқуқи нафақат фуқаролик қонунчилиги меъёрлари билан, балки жиноят, маъмурий, меҳнат, ер ва оила қонунчилиги меъёрлари билан қўриқланиши, ҳар қайси жамиятни нормал, маданий мавжудлик шарти сифатида, ҳар қайси ҳуқуқий тизимнинг муҳим вазифаларидан бири сифатида эътироф этилади.


2. Ушбу конституциявий нормани ривожланишида фуқаролик қонунчилиги алоҳида аҳамиятга эга. Асосий тамойиллар орасида ФК 1-моддаси мулк дахлсизлигини алоҳида таъкидлайди. Мулк дахлсизлиги нафақат фуқаролик қонунчилиги учун, балки умуман ҳуқуқ тартиботи учун негиз аҳамиятга эгадир. Ҳар қандай ноқонуний тажовузлардан мулк ҳимояланиш кафолатлари қанчалик реал бўлишига қараб, фуқаролик муомаласининг барқарор ривожланиши таъминланади. Давлат-ҳуқуқий (оммавий-ҳуқуқий) тизими мулкдорга ўз ҳуқуқларини амалга оширишда унга тўсқинлик қилмасликнинг умумий пассив мажбуриятини барчага ўрнатиш йўли билан мулк ҳуқуқини қўриқлайди. Ҳеч ким субъектив мулк ҳуқуқига тажовуз қилувчи ҳаракатларни содир этмаслиги керак. Барча шахслар мулкдорнинг ҳуқуқини бузиши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан сақланишлари шарт. Мулкдор, қонун ёки мулкдор ўзи билан шартномада назарда тутилган ҳаракатлардан ташқари, ўзининг мулкига ҳар қандай таъсирни тақиқлаб қўйиш ёки истисно қилишга ҳақли.


3. Мулк дахлсизлик тамойили мулкдорга ўз манфаатларида унга тегишли мулкдан, бошқаларни ўзбошимчалик билан аралашишлари ёки таъқиқлашлари ёхуд фойдаланишда чеклашларидан қўрқмасдан, фойдаланиш имкониятини таъминлашни билдиради. Шунинг учун қонун чиқарувчи мулк муносабатлари мустаҳкамлиги ва барқарорлигини сақлаб қолиш ва қўллаб-қувватлаш учун мулкни олиб қўйиш ва мулк ҳуқуқининг чеклаш тартиб ва асосларни махсус тартибга солади.

Мулкдордан мулкини олиб қўйилиши ҳамда унинг ҳуқуқларини чекланиши асослари ҳақида ФК 197-206-моддалари шарҳларига қаранг.



167-модда. Мулк шакллари


Ўзбекистон Республикасида мулк хусусий мулк ва оммавий мулк шаклларида бўлади.


1. ЎзР Конституциясининг 53-моддасида таъкидланадики “Бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат ... мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди.

Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир...”. Конституциясида “хилма-хил шакллардаги мулк”, “барча мулк шакллари ҳимояланиши” ҳақида айтилишига қарамай, бугунги кунда мулк шаклларининг рўйхати хусусий мулк ва оммавий мулк билан чегараланиб қолади.

Айни пайтда шуни ҳам унутмаслик лозимки, мулк шакллари тушунчаси Конституцияда ҳам, ФК ҳам тушунтириб берилмайди. Мулк шаклларининг ажратилиши манфаатлар турли бўлиши белгиси бўйича амалга оширилади. Рим ҳуқуқидаёқ оммавий ва шахсий манфаатлар қарши қўйилган. Рим юристи Ульпианнинг айтишича, “Оммавий ҳуқуқ бу рим давлатининг ҳолатига тегишли бўлади, хусусий ҳуқуқ эса алоҳида шахсларнинг манфаатига тегишли бўлади”.


2. Ўзбекистон Республикасида оммавий мулк республика мулкидан ва маъмурий-ҳудудий тузилмаларнинг мулкидан (муниципал мулк) иборат.

Хусусий мулк субъектлари бўлиб фуқаролар, тижорат ва нотижорат нодавлат юридик шахслар ҳисобланади.

Замонавий фуқаролик қонунчилиги эгалик қилиш, мулк ҳуқуқини амалга ошириш ва бекор бўлишининг ягона тартибини ўрнатиш орқали мулк шаклларининг юридик тенглигини таъминлайди. Ушбу тартибдан истиснолар фуқаролик муомаласиннг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, қонунчилик томонидан белгиланади. Масалан, реквизиция ва мусодара қилиш оммавий мулк субъектлари учунгина мулк ҳуқуқи вужудга келиши учун асос бўладилар.

1963 йилдаги ЎзССР ФКдан фарқли ўлароқ, амалдаги ФК баравар тарзда ҳеч бир мулк субъектига алоҳидаги имтиёзларни тақдим қилмасдан, барча мулкдорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилади. Масалан, 1963 йилдаги ЎзССР ФКда ноқонуний эгаликдан давлат мулкини қайтарилиши ҳақидаги давлат ташкилотларининг талабларига даъво муддати қўлланмаслигини белгилаб қўйилган эди. Мулк шаклларни бир ҳил ҳимоялаш тамойилидан келиб чиқиб, ЎзР ФК ўзганинг ноқонуний эгалигидан мол-мулкни талаб қилиб олиш (виндикация) бўйича даъво муддатининг барча субъектлар учун умумий бўлган ягона муддати ўрнатилган.



168-модда. Мулк ҳуқуқининг субъектлари


Фуқаролар, юридик шахслар ва давлат мулк ҳуқуқининг субъектларидир.

Мол-мулк мулк ҳуқуқи асосида бир шахсга ёки икки ва ундан ортиқ шахсларга қарашли бўлиши мумкин.

Мол-мулк фуқаро, юридик шахс ёки давлатнинг мулки бўлишига қараб мулк ҳуқуқини, мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ҳамда уни тасарруф этиш ҳуқуқини вужудга келтириш ва бекор қилиш хусусиятлари қонун ҳужжатлари билан белгилаб қўйилади.


1. Шарҳланаётган модда мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ҳамда уни тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлган мулк ҳуқуқи субъектларининг рўйхатини келтиради.


2. Мулк ҳуқуқи асосида мол-мулкка эга бўлиш фуқароларнинг ҳуқуқ лаёқатлилиги мазмунидаги асосий ҳуқуқлардан биридир. Таъкидлаш лозимки, фуқаролик қонунчилиги “фуқаро” сўзида нафақат ЎзР фуқароларини назарда тутади. ЎзР ҳудудида ЎзР фуқароси бўлмаган кишилар - бошқа давлатлар фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам истиқомат қиладилар. Шунинг учун ФК 16-моддасида белгилаб қўйилганки, фуқаролар (жисмоний шахслар) деганда Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, бошқа давлатларнинг фуқаролари, шунингдек фуқаролиги бўлмаган шахслар тушунилади. Шундай қилиб, мулк ҳуқуқи асосида мол-мулкка эга бўлиш фуқаролигидан қатъий назар барча жисмоний шахслар учун тегишлилиги эътироф этилади.

Фуқароларнинг мулк ҳуқуқини амалга оширишда муомилага лаёқатлилиги, Оила ҳолати ва бошқалар қатта аҳамиятга эгадир. Муомалага лаёқатлилик ўз ҳаракатлари билан фуқаролик ҳуқуқларга эгалик қилиш ва амалга ошириш, ўзи учун фуқаролик мажбуриятларни яратиш ва уларни бажариш қобилиятларидан иборат. Муомалага лаёқатлилик ҳажми кишининг ёши, ҳолати ва бошқалар билан боғлиқ. Масалан, шахс ўз хатти-ҳаракатлари аҳамиятини англаши ёки уларни бошқариши мумкин бўлмаган руҳий касаллик сабабли уни муомалага лаёқатсиз деб эътироф этилганида, унинг мулкига нисбатан мулк ҳуқуқини амалга ошириш васийлар зиммасига юкланади. Ўз оиласини оғир моддий аҳволга солиб қўювчи шахс спиртли ичимликлар ёки гиёҳванд моддаларни суиистеъмол қилиши сабабли чекланган муомила лаёқат деб эътироф этилган ҳолда, унинг мулкий муносабатларда иштироки ҳомийлик органи томонидан тайинланган ҳомий орқали амалга оширилади.

Эр (хотин) ўзининг номига расмийлаштирган умумий кўчмас мол-мулкни тасарруф этиш бўйича битим тузиши учун хотин (эр)нинг нотариал тартибда тасдиқланган розилигини олиши лозим. Кўрсатилган битимни тузишга нотариал тартибда тасдиқланган розилиги олинмаган эр ёки хотин мазкур битим амалга оширилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб бир йил давомида бу битимни суд тартибида ҳақиқий эмас деб топишни талаб қилишга ҳақлидир (ЎзР ОК 24-моддаси тўртинчи қисми).


3. Мулкий алоҳидалик - юридик шахслар ҳуқуқ субъектлигининг зарурий элементидир. Юридик шахслар мулкий алоҳидалигининг белгиларидан бири - мол-мулкнинг уларга мулк ҳуқуқи асосида бириктирилишидир. Умумий қоидага кўра, барча нодавлат ва нотижорат юридик шахсларнинг мол-мулки уларга мулк ҳуқуқи асосида тегишлидир, ва улар ўз мулкининг ягона мулкдорлари бўлиб ҳисобланади. Мазкур юридик шахсларнинг мулкига нисбатан муассисларнинг улушли ёки жамоали мулки вужудга келмайди. Давлат ташкилотларида мол-мулкнинг алоҳидалиги, давлат мулкининг уларга хўжалик юритиш ёки оператив бошқариш ҳуқуқи асосида бириктирилиши билан ифодаланади.

Юридик шахс органлари устав ва амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, уларга тегишли бўлган мол-мулкка нисбатан мулкдорнинг қонуний ҳуқуқини амалга оширадилар. Юридик шахслар мулки шаклланишининг ўзига хос хусусиятлари, уни тасарруф қилиш ва фойдаланиш тартиби муайян ташкилийҳуқуқий шаклига нисбатан, алоҳида махсус қонунларга биноан бошқарилади.


4. Фуқаролик ҳуқуқий муносабатларда давлатнинг ўзига хос ҳуқуқ субъектлиги, унинг мулк ҳуқуқи субъекти сифатидаги ҳолатига маълум тарзда таъсир кўрсатади. Бу, унинг давлат мулкига нисбатан эгалик ҳуқуқини амалга ошириш, фуқаролик муомаласи барча бошқа қатнашчиларининг мулкий муносабатларини тартибга солувчи меъёрийҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш бўйича ваколатларига эга эканлиги билан ифодаланади. Бундан ташқари, давлат, унга юклатилган вазифалардан келиб чиқиб, бошқа субъектлардан фарқли равишда мулк ҳуқуқини фақат умум давлат манфаатларида амалга оширади.

Давлат мулкининг турлари бўлиб, республика мулки ва муниципал мулк ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси, Ўзбекистон Республикасининг Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумати ёки улар ваколатлаган идоралар, агар қонун ҳужжатларида бошқача назарга тутилмаган бўлса, республика мулки таркибига кирувчи мол-мулкни тасарруф қиладилар. Муниципал мулк таркибига кирувчи мулкни давлат ҳукуматининг маҳаллий идоралари ёки улар ваколат берган идоралар, агар қонун ҳужжатларида бошқача назарда тутилмаган бўлса, тасарруф қиладилар (бу ҳақда батафсил маълумотларни ФК 213-215-моддаларига бўлган шарҳларда қаранг).


5. Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисми юқорида кўрсатилган барча субъектлар мулк ҳуқуқини биргаликда ёки якка тартибда амалга ошириши мумкинлигини билдиради. Фуқаролик қонунчилигига мувофиқ, фуқаролар, юридик шахслар ва давлат умумий мулкни ташкил қилишлари ва умумий мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини биргаликда амалга оширишлари мумкин. Бу - амалдаги ФК янгиликларидан биридир, чунки аввал совет қонунчилигига биноан, давлат билан фуқаролар ўртасида умумий мулкнинг вужудга келишига йўл қўйилмаган (ЎзССР ФК 136-моддаси). Бунга социалистик ва хусусий мулкнинг турли ҳуқуқий режими сабаб бўлган.

Мол-мулк икки ёки ундан ортиқ шахсларга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ҳолларда, мазкур мулкка нисбатан умумий мулк вужудга келади. Умумий мулк учун субъектларнинг кўпчилиги, ҳамда битта ашё ёки ашёларнинг мажмуидан иборат бўлган мулкнинг мавжудлиги каби хусусиятлар хосдир. Демак, умумий мулк ҳуқуқи деб, бир объектга нисбатан бир нечта шахсларга тегишли бўлган мулк ҳуқуқига айтилади. Мулкдорлар орасида вужудга келадиган муносабатларнинг хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, ФК умумий мулкни иккита турга бўлади: улушли ва биргаликдаги мулк. Умумий биргаликдаги мулкда, улушли мулкдан фарқли равишда, ҳар бир иштирокчининг улуши олдиндан белгилаб қўйилмайди. Умумий биргаликдаги мулк фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда вужудга келиши мумкин. Мулкдорларнинг келишуви ёки суд қарори, мулкни умумий биргаликдаги режимдан умумий улушли мулк режимига ўтказилиши учун асос бўлиб ҳисобланади. Умумий улушли мулк қонун ёки фуқароликҳуқуқий муносабатлар субъектлари орасидаги шартномага асосан келиб чиқиши мумкин. Шуни таъкидлаш лозимки, умумий биргаликдаги (улушли ва биргаликдаги) мулк иштирокчилари (мулкдорлари) умумий объектни тасарруф қилиш ҳуқуқи чекланган. Улардан ҳеч ким умумий мулкдан якка тартибда тасарруф қилишга ҳақли эмасдир: улар биргаликда эгалик қиладилар, фойдаланадилар ва тасарруф қиладилар (бу ҳақда батафсил маълумотларни ФК 216-227-моддаларига бўлган шарҳларда қаранг).


6. Шарҳланаётган модданинг учинчи қисми меъёрлари, амалдаги қонун ҳужжатлари бўйича, мол-мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини сотиб олиш ва бекор бўлиш хусусиятлари, ҳамда мулкнинг оммавий ёки хусусий мулкка киришига қараб, унга эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф қилиш хусусиятлари ўрнатилиши мумкинлигини белгилайдилар. Бундай хусусиятлар ФК ва махсус қонунлар билан тартибга солинади. Масалан, акциядорлик жамиятлари, масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли хўжалик жамиятлари, хусусийлаштириш ва бошқа қонунлар. Мисол учун, национализация ва реквизицияда мулк фуқаролар ва юридик шахслар эгалигидан давлат тасарруфига ўтади ва аксинча, хусусийлаштириш бир вақтнинг ўзида фуқаролар ва юридик шахсларнинг мулк ҳуқуқи вужудга келиши учун асос ва давлат мулки ҳуқуқининг бекор бўлиши учун асос бўлиб ҳисобланади.



169-модда. Мулк ҳуқуқининг объектлари


Ер, ер ости бойликлари, сувлар, ҳаво бўшлиғи, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар, корхоналар, ашёлар, шу жумладан бинолар, хонадонлар, иншоотлар, асбоб-ускуналар, хом ашё ва маҳсулот, пул, қимматли қоғозлар ва бошқа мол-мулк, шунингдек ақлий мулк объектлари мулк бўлиши мумкин.


1. Шарҳланаётган моддада мулк ҳуқуқи объектларининг етарли даражада кенг рўйхати келтирилган. Мулк ҳуқуқи фуқаролик ҳуқуқларнинг бир тури бўлгани сабабли, мулк ҳуқуқининг объектлари ҳам фуқаролик ҳуқуқларининг объектлари доирасига киритилади.

Таъкидлаш лозимки, амалдаги фуқаролик қонунчилиги томонидан ашё тушунчаси ва белгилари таърифланмаган. Моддий объектларни ашёлар сифатида таснифлаш учун, улар бир нечта белгиларга, яъни ашёларнинг моддий олам жисмлари сифатида жисмоний мавжудлигини англаб етишга асос бўлган, моддийлик белгисига; одам томонидан ашёга эга бўлиш имконияти билан таърифланадиган - имкониятлилик белгиси; ашёнинг одам муайян эҳтиёжларини қондира олиш хусусияти - фойдалилик белгисига жавоб бериши керак. Демак, ашёлар - одамларнинг эгалик қилиш учун имкониятли бўлган, жисмоний шаклда ифодаланган ва унинг муайян эҳтиёжларини қондира оладиган моддий олам жисмларидир.

Мулк ҳуқуқининг объекти бўлиб ашёларнинг барчаси эмас, балки уларнинг хусусий ва жисмий (тур) аломатлари билан белгиланадиган турлари ҳисобланади. Хусусий-аломатлари билан белгиланадиган ашёларга, фақат уларга хос бўлган ҳамда уларни шунга ўхшаш ашёларнинг ичидан ажратишга имкон берувчи сифат, хоссаларга эга бўлган ашёлар киради. Хусусийлик белгилар бўйича ашёларни қуйидагиларга бўлиш мумкин: маълум даражада ягона, ноёб ашёлар; шунга ўхшашлардан махсус аломатлари билан фарқ қилувчи ашёлар; танлаш ёки саралаш жараёнида алоҳидалашган ашёлар. Хусусийаломатли ашёлар, одатда, юридик жиҳатдан алмаштириб бўлмайдиган ашёлар бўлиб, уларнинг нобуд бўлиши қарздорни бу ашёларни топшириш мажбуриятидан озод қилади.

Ушбу нуқтаи назардан, самовий ҳудудни мулк ҳуқуқи объектлари доирасига киритган қонун чиқарувчининг фикри асоссиз кўринади. Мазкур объект юқорида кўрсатилган, мулк ҳуқуқининг объектлари сифатида ашёларга қўйиладиган талабларга жавоб бермайди. Самовий ҳудуд, фуқаролик эмас, балки халқаро ва конституцион ҳуқуқ категориясидир, чунки самовий ҳудудга давлатнинг мустақиллиги қўлланади. Ўзбекистон Республикасининг самовий ҳудуди Ўзбекистон давлати ҳудудининг ажралмас қисмидир. Самовий ҳудудга нисбатан мулк ҳуқуқи ҳақида эмас, балки давлатнинг мутлоқ ҳуқуқи ҳақида гапириш даркор.

Фуқаролик кодексидан фарқли ўлароқ, ЎзР Ҳаво кодекси самовий ҳудуднинг ҳуқуқий режимини айни шу аснода белгилайди. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Ҳаво кодексининг 1-моддаси бўйича, Республиканинг қуруқликдаги ерлари ва сув ҳавзалари устидаги самовий ҳудудига Ўзбекистон Республикаси тўла ва танҳо эгалик қилади.

Худди шундай тарзда, мулк ҳуқуқининг объектларига “ақлий мулк” (интеллектуал мулк) объектлари ҳам киритилиши мумкин. Ақлий мулк - ижодий фаолиятининг натижалари ва индивидуаллаштириш воситаларига бўлган мутлоқ ҳуқуқларнинг мажмуини англатувчи умумлаштирувчи тушунчадир. У адабий, бадиий ва илмий асарларга, артистларнинг ижрочилик фаолиятига, овоз ёзувлари, радио ва телевизион кўрсатувлар, ихтиролар, саноат намуналари, товар белгилари, фирма номлари ва ҳоказоларга тааллуқли бўлган ҳуқуқларни ўз ичига олади. Юридик шахслар ва фуқаролар ақлий фаолиятнинг натижалари ва индивидуаллаштириш воситалари - номоддийдир.

Интеллектуал мулк объектларига нисбатан мулкнинг ашёвийҳуқуқий режими эмас, балки мутлоқ ҳуқуқлар режими қўлланилиши керак. Интеллектуал мулк объектларига бўлган мутлақ ҳуқуқлар - ақлий фаолият натижаларини, уларнинг номоддий табиатини ҳисобга олган ҳолда, ҳар қандай усул ва ҳар қандай шаклда фойдаланиш ва тасарруф қилишнинг қонун томонидан кафолатланган юридик имкониятидир. Шу билан бир қаторда, интеллектуал мулк объектига бўлган мутлоқ ҳуқуқни, ҳамда ақлий фаолият натижаси мужассам бўлган объектга (моддий ашё) эгалик ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқни фарқлаш лозим. Ушбу ҳолда, фақат моддий ашё мулк ҳуқуқининг объекти ҳисобланади. Моддий ашё мулкдорни ўзгариши, интеллектуал мулк объектига мутлоқ ҳуқуқлар ўзгаришига олиб келмайди.


3. Мулк ҳуқуқи объектларининг ҳуқуқий режими бир хил бўлмайди. Мазкур моддада келтирилган барча объектлар ҳам мулк ҳуқуқининг барча субъектларига тегишли бўлиши мумкин эмас. Масалан. ФК 214-моддаси бўйича, ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар республика мулки эканлиги белгиланган. Мазкур объектлар қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибда, фуқаролар ва юридик шахсларга фойдаланиш ва эгалик қилиш учун, баъзида эса мулк сифатида тақдим қилиниши мумкин. Масалан, юридик шахслар доимий эгалик қилиш, доимий фойдаланиш, муддатли (вақтинча) фойдаланиш, ижарага олиш ва мулк ҳуқуқи асосида ер майдонларига эга бўлишлари мумкин; жисмоний шахслар мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш, доимий фойдаланиш, муддатли (вақтинча) фойдаланиш, ижарага олиш ва мулк ҳуқуқи асосида ер майдонларига эга бўлишлари мумкин. (ЕК 17-моддаси).


4. Қимматли қоғозлар ҳам мулк ҳуқуқининг объектлари сифатида ўзига яраша хусусият билан таърифланади. ЎзР “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги” Қонуннинг 3-моддасига мувофиқ, қимматли қоғозларҳужжатлар бўлиб, улар бу ҳужжатларни чиқарган юридик шахс билан уларнинг эгаси ўртасидаги мулкий ҳуқуқларни ёки қарз муносабатларини тасдиқлайди, дивидендлар ёки фоизлар тарзида даромад тўлашни ҳамда ушбу ҳужжатлардан келиб чиқадиган ҳуқуқларни бошқа шахсларга ўтказиш имкониятини назарда тутади. Қимматли қоғозларнинг асосий хусусияти, уларда ифодаланган ҳуқуқларнинг уларнинг ҳужжатли шакли билан чамбарчас боғлиқлигидан иборат, яъни қимматли қоғозга бириктирилган талаб қилиш ҳуқуқи қимматли қоғознинг ўзи билан чамбарчас боғланган. Ушбу боғлиқлик ҳуқуқнинг ўтказилишида қимматли қоғозга бўлган ҳуқуқнинг ҳам ўтказилишини тақозо этади.

Қимматли қоғозларнинг фақат ҳужжатли шаклга ва хусусиймуайян белгиларга эга бўлган турларигина мулк ҳуқуқи объектлари бўлиб ҳисобланади. Шу билан бирга таъкидлаш лозимки, мулк ҳуқуқининг объектлари бўлиб, қимматли қоғозлар билан тасдиқланган мулкий ҳуқуқлар эмас, балки қимматли қоғознинг ўзи ҳисобланади. Бу нуқтаи назардан, ҳужжатсиз қимматли қоғозлар мулк ҳуқуқининг объектлари бўлиб ҳисобланмайди. Ушбу ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда, ЎзР “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги” Қонуннинг 32-моддасида, қонун чиқарувчи ҳужжатсиз қимматли қоғозларнинг сотиб олувчига ўтказилиши хусусида “ҳужжатсиз қимматли қоғозга бўлган ҳуқуқлар” атамасини, ҳужжатли қимматли қоғозларнинг ўтказилиши хусусида эса “мулк ҳуқуқи” атамасини қўллайди.

Эгасининг номи ёзилган ҳужжатли қимматли қоғозга бўлган мулк ҳуқуқи олувчига қимматли қоғоз бланкасига белгиланган тартибда тегишли ёзув киритилган пайтдан эътиборан ўтади.

Тақдим этувчига тегишли ҳужжатли қимматли қоғозга бўлган мулк ҳуқуқи олувчига қимматли қоғоз бланкаси берилган пайтда, қимматли қоғоз бланкасини сақлаш ва унга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш депозитида амалга оширилган ҳолда эса олувчининг депо ҳисобварағи бўйича кирим ёзуви амалга оширилган пайтда ўтади.


5. Пуллар, фуқаролик ҳуқуқларининг объектлари сифатида, уларнинг ҳам ашё, ҳам ҳуқуқ сифатида намоён бўлиш хусусиятидан иборат бўлган, икки тарафлама табиатга эга. Маълумки, пуллар фуқаролик муомаласида икки шаклда - нақд ва нақдсиз кўринишда мужассам бўладилар. Нақд пулларга нисбатан субъектлар ашёвий ҳуқуқларга эга, нақдсиз пулларга нисбатан эса - мажбурият ҳуқуқларига эга.

Нақд пуллар жинсли, алмаштириб бўладиган ва истеъмол қилинадиган ашёларидир. Тур, белгилар билан белгиланадиган ашёлар сифатида нақд пулларга нисбатан эгалик ҳуқуқи ёки ўзгача ашёвий ҳуқуқ, уларнинг хусусий мулк бўлган пайтидан бошлаб, яъни тегишли соҳиб эгалигига кириши билан вужудга келади.

Нақдсиз пуллар ашёлар эмас, балки талаб қилиш ҳуқуқларидир. Масалан, банк ҳисобварағи тўғридаги шартнома бўйича, банкда бўлган нақдсиз пул маблағлари эгасининг мулки бўлиб ҳисобланмайди, балки унинг банкдан талаб қилиш мажбурият ҳуқуқини ифодалайди.


6. Корхона - мулк ҳуқуқининг ўзига хос объектидир. ФКда “корхона” атамаси икки маънода қўлланилади - фуқаролик ҳуқуқининг субъекти сифатида (унитар корхоналар, давлат корхоналари) ва кўчмас мулкнинг алоҳида тури сифатидаги корхона сингари. Фақат кўчмас мулкнинг алоҳида тури сифатидаги корхона мулк ҳуқуқининг объекти бўлиши мумкин.

Корхона, тадбиркорлик фаолиятини бевосита амалга ошириш учун мўлжалланган, мулк мажмуи сифатида қабул қилинади. ЎзР ФК 85-моддасига мувофиқ, мулкий мажмуа бўлган корхона таркибига унинг фаолияти учун мўлжалланган ҳамма мулк турлари, шу жумладан, ер майдонлари, бинолар, иншоотлар, ускуна, инвентар, хом ашё, маҳсулот, талаб қилиш ҳуқуқи, қарзлар, шунингдек, корхонани, унинг маҳсулоти, ишлари ва хизматларини акс эттирувчи хусусий аломатларга (фирма номи, товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари) бўлган ҳуқуқлар ва бошқа мутлоқ ҳуқуқлар, агар қонун ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, киради (бу ҳақда батафсил маълумотларни ФК 85-моддасига бўлган шарҳларда қаранг).

Умумий қоидага кўра, корхонани мулк ҳуқуқининг объекти сифатида унинг эгаси тасарруф этади. Корхона мулк ҳуқуқининг объекти сифатида фақатгина давлатга эмас, балки фуқароларга (жисмоний шахсларга ва юридик шахс ташкил қилмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи тадбиркорларга) ва ҳам тижорат, ҳам нотижорат юридик шахсларга ҳам тегишли бўлиши мумкин.



170-модда. Ерга ва бошқа табиий ресурсларга

бўлган мулк ҳуқуқи ва ўзга ашёвий ҳуқуқлар


Ерга ва бошқа табиий ресурсларга бўлган мулк ҳуқуқи ва ўзга ашёвий ҳуқуқлар ушбу Кодекс ҳамда бошқа қонунлар билан тартибга солинади.


1. Табиий ресурслар - одам фойдаланиши учун ишлатиладиган ёки потенциал фойдали бўлган жонли ва жонсиз табиат объектларининг мажмуидир. Табиий ресурслар қаторига ер, ер ости бойликлари, ўрмонлар, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси киради.

Ер ва бошқа табиий ресурслар (ер ости бойликлари, сув, ўрмонлар) Ўзбекистон Республикаси иқтисодий мустақиллигининг асосидир. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ, ер, ер ости бойликлари, ўрмонлар, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойликлардир, улардан оқилона фойдаланилади ва давлат томонидан қўриқланади.


2. Ерга ва бошқа табиий ресурсларга бўлган мулк ҳуқуқи ва ўзга ашёвий ҳуқуқлар ФК, Ер кодекси (ЕК) ва ер ости бойликлари, ўрмонлар, сув ва сувдан фойдаланиш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси тўғрисидаги қонунлар ва бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

ФК 214-моддаси билан, ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар республика мулки эканлиги белгиланган. Умумий қоидага кўра, мазкур табиий ресурсларга нисбатан мутлоқ давлат мулки ўрнатилган бўлиб, улар фуқаролар ва юридик шахслар мулкига ўтказилмайди. Лекин, шу билан бирга, қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибда, табиий ресурслар хусусий шахсларга фойдаланиш ва эгалик қилиш учун, баъзида эса мулк сифатида тақдим қилиниши мумкин (масалан, ер майдонлари). Табиий ресурсларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ёки улар махсус вакил қилган органлар тасарруф қиладилар.


3. Ерга бўлган мулк ҳуқуқи ва ўзга ашёвий ҳуқуқларга доир масалалар Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси билан тартибга солинади. Мулк ҳуқуқининг ва ўзга ашёвий ҳуқуқлар объекти сифатида, ер - унинг сирти, тупроқ қопламасини англатади. Ер давлат мулки - умуммиллий бойликдир, ундан оқилона фойдаланиш зарур, у давлат томонидан қўриқланади ҳамда олди-сотди қилинмайди, айирбошланмайди, ҳадя этилмайди, гаровга қўйилмайди, Ўзбекистон Республикасининг қонунларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно. (ЕК 16-моддаси).

Фуқаролар ва юридик шахсларнинг ер майдонларига бўлган ҳуқуқи ҳақида ФК 188-моддасига шарҳларда қаранг.

Жисмоний шахслар ерга доир қонун ҳужжатларига мувофиқ мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш, доимий фойдаланиш, муддатли (вақтинча) фойдаланиш, ижарага олиш ва мулк ҳуқуқи асосида ер участкаларига эга бўлишлари мумкин. Юридик шахслар доимий эгалик қилиш, доимий фойдаланиш, муддатли (вақтинча) фойдаланиш, ижарага олиш ва мулк ҳуқуқи асосида ер участкаларига эга бўлишлари мумкин.

Ер майдонига бўлган мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи, доимий (муддатсиз) фойдаланиш ҳуқуқи, доимий эгалик қилиш ва фойдаланиш ҳуқуқи, давлат мулки бўлган - ер майдонидан фойдаланиш ҳуқуқини ифодалайди.

Ер участкалари мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида фақат Ўзбекистон Республикасининг фуқароларига, деҳқон хўжалиги юритиш учун, якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун, жамоа боғдорчилиги ва узумчилиги юритиш учун берилади, ҳамда ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқига бўлган Давлат далолатномаси билан тасдиқланади. Ерга доир қонун ҳужжатлари, ер майдонларидан фойдаланиш мақсадларидан келиб чиқиб, умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида тақдим қилинадиган ерларнинг аниқ ўлчамларини белгилайди. Масалан, шаҳарлар ва посёлкаларда, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ҳамда ўрмон хўжалиги корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг эгалигидаги ерлар таркибига кирмаган қишлоқ аҳоли пунктларида доимий яшаб турган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳар бир оилага 0,06 гектаргача, якка тартибда уй-жой қуриш учун 0,04 гектаргача доирада ер участкалари берилади.

Умрбод эгалик қилиш учун берилган ер участкалари хусусийлаштирилиши ва олди-сотди, гаров, ҳадя, айирбошлаш объекти бўлиши мумкин эмас. Ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини кредитлар олиш учун гаровга бериш мумкин (ЎзР “Ипотека тўғрисидаги” Қонуннинг 6-моддаси).

Корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга, ер майдонлари қишлоқ ва ўрмон хўжаликларини юритиш учун доимий эгаликка берилади. Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда эса - бошқа мақсадлар учун ҳам берилиши мумкин.

Ўзлари фойдаланмаётган ерларни туман ва шаҳар ҳокимларининг қарорига биноан белгиланган тартибда ва шартларда юридик ва жисмоний шахсларга вақтинча фойдаланишга берадилар.

Доимий ёки муддатли (вақтинча) фойдаланиш учун ер майдонлари Ўзбекистон Республикаси фуқароларига, саноат, транспорт, ҳамда бошқа ноқишлоқ хўжалик корхоналари, муассасалари ва ташкилотларига, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарга, халқаро бирлашмалар ва ташкилотларга чет эллик юридик ва жисмоний шахсларга берилади.

Ер участкаларидан муддатли фойдаланиш қисқа муддатли - уч йилгача ва узоқ муддатли - уч йилдан ўн йилгача бўлиши мумкин. Ишлаб чиқариш зарурияти тақозо этганда бу муддатлар тегишлича қисқа муддатли ёки узоқ муддатли вақтинча фойдаланиш муддатларидан ортиқ бўлмаган даврга узайтирилиши мумкин. Ер участкаларидан вақтинча фойдаланиш муддатларини узайтириш шу участкаларни берган органлар томонидан амалга оширилади. Яйлов чорвачилиги учун ер участкалари қишлоқ хўжалиги корхоналари, муассасалари ва ташкилотларига йигирма беш йилгача муддатга берилиши мумкин (ЕК 20-моддаси).

Ўзганинг ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш (сервитут) ҳуқуқи ҳақида батафсил маълумотлар бўйича ЎзР ФК 173-моддасига бўлган шарҳларда қаранг.

Эгалик қилишга, фойдаланишга ижарага берилган ёки бошқа асосларга биноан олинган ер участкаси, Ер кодексининг 29-моддасига мувофиқ, турли тақиқлар, шартлар ёки мажбуриятлар билан таъминланиши мумкин (масалан, сотиш ёки ўзгача тарзда бошқаларга ўтказишни тақиқлаш, иккиламчи ижара, фаолиятнинг айрим турлари ва ҳ.к.)

Ер участкасини сақлаш вазифаси, шартлари унинг ҳуқуқий мақомига киритилиб, давлат рўйхатига олиниши лозим ва у ер участкаси бошқа шахсга ўтганида сақлаб қолинади.

Юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкасига бўлган ҳуқуқи жойнинг ўзида чегаралар белгиланганидан, ер участкаларининг чизмалари ва тавсифлари тузилиб, ер участкаларига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига олинганидан кейин вужудга келади.

Ер майдонларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш мажбурий бўлиб, туман ва шаҳарларнинг ер ресурслари ва кўчмас мулк кадастри хизматлари томонидан, “Ўзбекистон Республикасида ер майдонларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Йўриқнома асосида амалга оширилади. Ер майдонларига бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказиш ҳужжатлар билан тасдиқланган ер майдонларига бўлган ҳуқуқлар тўғрисидаги ахборотларни туман, шаҳар ер майдонларига доир ҳуқуқлар Давлат регистрига киритиш орқали амалга оширилади. (Йўриқноманинг 2.8-банди). Ер майдонларига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш улар жойлашган тегишли ҳудудий кадастр органлари томонидан амалга оширилади.

Ер майдонларига бўлган ҳуқуқлардан фойдаланадиган, шундай ҳуқуқлари пайдо бўладиган, ўзгарадиган ёки тўхтатиладиган барча юридик ва жисмоний шахслар рўйхатга олиш субъектлари ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ расмийлаштирилган ер майдонларига бўлган ҳуқуқни тегишлича тасдиқлайдиган, берадиган, ўзгартирадиган, чеклайдиган ёки тўхтатадиган юридик ҳужжатлар рўйхатга олиш объекти ҳисобланади.

Ер участкаларини давлат рўйхатидан ўтказиш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

- ер участкаларига мулк ҳуқуқи пайдо бўлганда - мулк ҳуқуқига давлат ордери, олди-сотди шартномалари ва қонун ҳужжатларида кўзда тутилган бошқа ҳужжатлар асосида;

- ер участкаларига эгалик қилиш ва улардан фойдаланиш ҳуқуқи пайдо бўлганда - ерни бериш тўғрисида тегишли идоранинг (мансабдор шахснинг) қарори асосида;

- ижара ҳуқуқи пайдо бўлганда - ер участкасини ижарага бериш тўғрисидаги қарор ва ижара шартномаси асосида;

- ер участкаларига эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқи ўтказилганда - бинолар ва иншоотларнинг олди-сотди шартномаси, уларни алмаштириш, ҳадя қилиш, рента шартномаси, мерос ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома ёки мулк эгасининг ёхуд унинг ваколатли идоранинг (шахснинг) қарори асосида;

сервитутларда - шартнома ёки суд қарори асосида;

хусусийлаштиришда - тегишли органларнинг қарорлари асосида (Йўриқноманинг 4.3-банди).

Ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказиш рўйхатга олувчи орган аризани кўриб чиқиш учун қабул қилган кундан бошлаб ўн кун мобайнида амалга оширилади.

Ҳужжатлар рўйхатга олиш учун берилган кун ва вақтда рўйхатга олинган деб ҳисобланади, бу ҳақда реестрда қайд этилади. Ҳуқуқ устунлиги ариза реестрда қайд этилган саналар бўйича белгиланади.

Рўйхатга олувчи орган рўйхатга олинган ҳуқуқ тўғрисидаги ҳужжатни (гувоҳномани) бериш ёки рўйхатга олиш учун тақдим этилган ҳужжатларда ёзиб қўйиш билан рўйхатга олинганликни тасдиқлайди.

Ер қонунчилигига мувофиқ, ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатига олишда, уларга кадастр рақамлари берилади. Ҳуқуқларни рўйхатга олишда ер майдонларига кадастр рақамларини бериш, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 21 январдаги 35-сонли “Жисмоний шахсларга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган бинолар ва иншоотлар бўйича инвентаризацион баҳолаш ишларини ўтказиш тўғрисида”ги Қарор билан тасдиқланган, ер майдонлари, бинолар ва иншоотларни кодлаш Ягона тизимига мувофиқ, рўйхатга олувчи идоралар томонидан амалга оширилади. Кадастр рақами ўзгармайди ва ер майдонида, унинг ягона объект сифатида мавжуд бўлиши давомида сақланади.


3. Ер ости бойликларига (ер қаърига) нисбатан мулк ҳуқуқининг ҳуқуқий режими ЎзР “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги Қонуни билан белгиланади. Ер ости бойликлари - тупроқ қатламидан пастроқда, унинг йўқлигида эса, ер юзидан ёки сув ҳавзаларининг тубидан пастроқда жойлашган, геологик ўрганиш ва ўзлаштириш учун имкони бўлган қаърларгача чўзилган ер қобиғининг бир қисмидир.

Ер ости бойликлари Ўзбекистон Республикасининг мулки бўлиб, улардан оқилона фойдаланилади ва давлат томонидан қўриқланади. Умумий қоидага биноан, ер ости бойликлари олди-сотди қилинмайди, айирбошланмайди, ҳадя этилмайди, меросга берилмайди, гаровга қўйилмайди ёки ўзгача шаклда бегоналаштирилмайди. Давлат, ер ости бойликларининг мулкдори сифатида, фойдали қазилмалар конларини қазиш, юридик ва жисмоний шахсларга фойдаланиш учун ер ости бойликлари участкаларини тақдим қилиш, тегишли идоралар орқали ер ости бойликларини геологик ўрганиш, фойдаланиш ва қўриқлаш устидан назоратни амалга ошириш ҳуқуқига эга. Давлат ер ости бойликларига бўлган мулк ҳуқуқини тегишли идоралар орқали амалга оширади. “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги Қонуннинг 7-моддасига мувофиқ, кончилик муносабатлари соҳасидаги давлат бошқаруви Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари, шунингдек, махсус ваколатли давлат идоралари томонидан амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси, саноатда, кончиликда ва коммуналмаиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш бўйича Давлат инспекцияси кончилик муносабатлари соҳасидаги махсус ваколатли давлат идоралари ҳисобланади.

Ер ости бойликлари фойдаланувчилар - юридик ва жисмоний шахсларга муддатли (муваққат) ва муддатсиз фойдаланишга берилиши мумкин.

Геологик жиҳатдан ўрганиш учун, фойдали қазилмаларни кавлаб олиш, техноген минерал ҳосилалардан фойдаланиш учун ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи юзага келишининг асоси лицензия ҳисобланади. (“Ер ости бойликлари тўғрисида”ги Қонуннинг 26-моддаси). Ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини бериш тартиби ҳамда фойдаланиш шартлари “Ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини бериш тартиби ва шартлари тўғрисида”ги Низом билан белгиланади. Ер қаъридан фойдаланиш бўйича муносабатлар ЎзР “Концессиялар тўғрисида”ги ва “Маҳсулотни тақсимлашга оид битим тўғрисида”ги Қонунлари билан тартибга солинади.

Давлат мулкида абадий қоладиган ер ости бойликларидан фарқли ўлароқ, фойдали қазилмалар мулк ҳуқуқи асосида ер қаъридан фойдаланувчилар юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлиши мумкин. “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддасига мувофиқ, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кавлаб олинган фойдали қазилмалар давлат мулки, юридик ва жисмоний шахсларнинг мулки бўлиши мумкин. Ушбу меъёрнинг моҳияти шундаки, ер қаъридан фойдаланувчида мулк ҳуқуқи, қазиб олинган фойдали қазилмалар минерал хом ашё ёки техноген минерал ҳосилаларга айланган пайтдан бошлаб вужудга келади. Фойдали қазилмаларни кавлаб олиш ва минерал хом ашёни қайта ишлаш жараёнида юзага келган техноген минерал ҳосилаларга бўлган мулк ҳуқуқи ер қаъридан фойдаланувчида ер қаъри участкасидан фойдаланиш муддатига сақланиб қолади. Фойдали қазилмалар ва техноген минерал ҳосилалар мулкдори мазкур табиий ресурсларни мустақил тасарруф қилишга ва уларга нисбатан турли хил фуқаровийҳуқуқий битимлар тузишга ҳақлидир.


5. Ўзбекистон Республикасида ўрмонлар давлат мулки - умуммиллий бойлик бўлиб, улардан оқилона фойдаланиш лозим ҳамда улар давлат томонидан қўриқланади (ЎзР “Ўрмон тўғрисида”ги Қонуннинг 4-моддаси). Ўрмоннинг табиий объект сифатида табиий иқтисодий хусусиятларини эътиборга олган ҳолда, ўрмонлар массивининг кенг майдонларига хусусий мулк ҳуқуқини ўрнатиш - мақсадга номувофиқдир. Бу ўрмоннинг ўсиш жараёни узоқ давом этиши, кўпинча инсон ҳаётининг муддатларидан ошиши билан боғлиқлиги туфайлидир. Бу ҳолатларни ҳисобга олиб, қонунчиликда ўрмон фондига нисбатан давлат мулк ҳуқуқи ўрнатилган. Ҳамма ўрмонлар давлат ўрмон фондини ташкил этади ва у давлат аҳамиятига эга бўлган ўрмонлардан, (яъни давлат ўрмон хўжалиги органлари қарамоғидаги ўрмонлардан) ҳамда бошқа идоралар ва юридик шахслар фойдаланишидаги ўрмонлардан иборат. Шу билан бирга, қуйидагилар давлат ўрмон фондига кирмайди: қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардаги дарахтлар ва туп-туп дарахтлар, экинзорларнинг иҳота дарахтзорлари, шунингдек бошқа дарахтзорлар ва бутазорлар; темир йўл, автомобиль йўллари, каналлар ва бошқа сув объектларининг ажратилган минтақаларидаги иҳота дарахтзорлари; шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларидаги дарахтлар ва туп-туп дарахтлар, шунингдек кўкаламзорлаштириш учун экилган ўсимликлар; томорқалардаги ва боғ участкаларидаги дарахтлар ҳамда туп-туп дарахтлар.

Ўрмонларни қўриқлаш, муҳофаза қилиш, фойдаланиш ва ўстириш соҳасидаги давлат бошқаруви Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига қарашли Ўрмон хўжалигининг Бош бошқармаси ва Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан амалга оширилади.

Давлат ўрмон фонди участкалари юридик ва жисмоний шахсларга доимий ва вақтинчалик фойдаланишга берилиши мумкин. Ўрмон фонди ерлари доимий эгалик қилишга бериб қўйилган ўрмон хўжалиги корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари ўрмондан доимий фойдаланувчилардир. Ўрмондан вақтинчалик фойдаланиш қисқа муддатли - уч йилгача ва узоқ муддатли - ўн йилгача бўлиши мумкин. Ўрмондан фойдаланувчилар давлат ўрмон фондининг майдонларини фақат махсус рухсатномаларда назарда тутилган ўрмондан фойдаланиш турлари учун қўллашга ҳақлидир.


6. Сув объектларига бўлган мулк ҳуқуқининг мазмуни фуқаролик ва сув қонунчилиги билан белгиланади. ЎзР “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддасига мувофиқ, сув Ўзбекистон Республикасининг давлат мулки - умуммиллий бойлик ҳисобланади, сувдан оқилона фойдаланиш лозим бўлиб, у давлат томонидан қўриқланади. Ўзбекистон Республикасининг ягона давлат сув фонди: дарёлар, кўллар, сув омборлари, бошқа ер усти сув ҳавзалари ва сув манбалари, канал ва ҳовузларнинг сувларидан, ер ости сувлари ва музликлардан иборатдир.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги (ер усти сувлари), Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси (ер ости сувлари) ҳамда Ўзбекистон Республикаси саноатида, кончиликда ва коммуналмаиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш бўйича Давлат инспекцияси (ер ости иссиқ сувлари ва минерал сувлар) ўз ваколатлари доирасида сувдан фойдаланишни тартибга солиш соҳасида махсус ваколати бўлган давлат идоралари ҳисобланади.

Сув объектлари жисмоний ва юридик шахсларга тегишли ваколатга эга давлат идоралари томонидан қонунларда белгиланадиган тартибда фақат фойдаланиш ҳуқуқи асосида берилади.

Мулкчиликнинг барча шаклидаги корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, фермер ва деҳқон хўжаликлари ва Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, бошқа давлатларнинг фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслар сувдан фойдаланувчилар бўлишлари мумкин. Қонунларда назарда тутилган ҳолларда бошқа ташкилотлар ва шахслар ҳам сувдан фойдаланувчи бўлишлари мумкин.

Сув объектлари доимий ёки вақтинча фойдаланиш учун берилади. Муддати аввалдан белгиланмаган ҳолда фойдаланиш - доимий фойдаланиш деб эътироф этилади. Сувдан вақтинча фойдаланиш муддати: қисқа - уч йилгача ва узоқ - йигирма йилгача бўлиши мумкин. Сув объектларидан вақтинча фойдаланиш муддатлари сувдан фойдаланувчи манфаатдор томонлар илтимосномасига биноан, шу сув объектларини танҳо фойдаланиш учун бериш тўғрисида қарор чиқарган ёки ундан махсус фойдаланиш учун рухсатнома берган давлат органлари томонидан узайтирилиши мумкин.



171-модда. Уй-жойга бўлган мулк ҳуқуқи ва бошқа

ашёвий ҳуқуқларни амалга ошириш хусусиятлари


Уй жойга бўлган мулк ҳуқуқини амалга ошириш хусусиятлари ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.


1. Уй жойга бўлган мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар уйжой қонунчилиги томонидан, фуқаролик қонун ҳужжатларининг меъёрларини ҳисобга олган ҳолда тартибга солинади. Уй-жой тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ЎзР Уй жой кодексидан ҳамда бошқа қонун ҳужжатларидан иборат. Уй-жой тўғрисидаги қонун ҳужжатлари фуқаролар, юридик шахслар, давлат бошқарув органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти идораларининг турар жойларга мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш ва фойдаланиш ҳуқуқининг юзага келиши, амалга оширилиши, ўзгариши ҳамда бекор бўлиши масалалар бўйича муносабатларини тартибга солади.


2. Фуқароларнинг доимий яшашига мўлжалланган, белгиланган санитария, ёнғинга қарши, техник талабларга жавоб берадиган, шунингдек белгиланган тартибда махсус уйлар (ётоқхоналар, вақтинчалик уй-жой фонди уйлари, ногиронлар, фахрийлар, ёлғиз қариялар учун интернат-уйлар, шунингдек болалар уйлари ва бошқа махсус мақсадли уйлар) сифатида фойдаланишга мўлжалланган жойлар турар жой деб ҳисобланади (ЎзР Уй жой кодексининг 9-моддаси). Турар жойларга уйлар; кўп хонадонли уйлардаги хонадонлар; бошқа иморатлардаги яшаш учун мўлжалланган хоналар ва ўзга турар жойлар киради. Турар жой кўчмас мулк сифатида мулк ҳуқуқининг объекти бўлиб ҳисобланади ва давлат, жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлиши мумкин.

Турар жойга бўлган мулк ҳуқуқи муддатсиз бўлиб, фуқаролар ва юридик шахсларнинг, давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаган ҳолда шахснинг ўзига тегишли турар жойга ўз хоҳиши ва манфаатларига кўра эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек ўзининг мулк ҳуқуқи бузилишини бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборатдир. Шу сабабли шуни таъкидлаш лозимки, аввалгисидан фарқли ўлароқ, амалдаги уйжой ва фуқаролик қонунчилиги билан, турар жойларга бўлган хусусий мулк ҳуқуқи миқдор, ўлчам ва қиймат жиҳатдан чекланмайди (ЎзР ФК 207-модда, УЖК 11-модда).


3. Уй-жой фонди - инсон яшаши учун яроқли бўлган турар жойдан, шу жумладан уйлар, хонадонлар, хизмат турар жойлари, махсус уйлардан иборат бўлган фонддир. Фақат уйжой фондига кирган турар жойлар уйжой қонун ҳужжатларининг ҳуқуқий тартибга солиш соҳасига кирадилар. Уйлар ва турар жойларнинг уйжой фондига киритишнинг асослари ва шартлари “Уйлар ва турар жойларнинг уйжой фондига киритишнинг тартиби тўғрисида”ги Низом билан тартибга солинади. Мазкур Низомнинг 8-бандига мувофиқ, уйларда жойлашган савдо, маиший ва носаноат йўналишидаги ўзга эҳтиёжларга мўлжалланган, яшаш учун мўлжалланмаган жойлар; фуқароларнинг унда яшаш муддатларидан қатъий назар, мавсумий ва муваққат яшаш учун мўлжалланган уйлар, қурилмалар ва иморатлар қуриш учун ажратилган ер майдонларида ўзбошимча қурилган уйлар ва турар жойлар; турар жойларга қўйиладиган талабларга жавоб бермайдиган қурилмалар ва иморатлар уй-жой фондига кирмайди.

Мулк шаклига қараб Ўзбекистон Республикасида уйжой фонди хусусий ва давлат уй-жой фондларидан иборатдир. Хусусий уй-жой фонди фуқаролар ва нодавлат юридик шахсларга тегишли бўлган турар жойлардан иборат. Давлат уй-жой фонди, маҳаллий давлат хокимият идоралари ихтиёрида бўлган турар жойлар муниципал уй-жой фонди; давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг тўла хўжалик юритишида ёки оператив бошқарувида бўлган турар жойлар идоравий уй-жой фонди; ҳамда маҳаллий давлат хокимията органлари ихтиёрида бўлган турар жойлар мақсадли коммунал уй-жой фондидан иборат.


4. Таъкидлаш лозимки, УЖК турар жойларга бўлган мулк ҳуқуқининг вужудга келиш асослари ва тартиби фақат умумий тарзда тартибга солинади, янада мукаммал тартибга солиш фуқаролик қонунчилигининг тегишли меъёрлари билан амалга оширилади. Масалан. Масалан, УЖК 22-моддасида, фуқаролар ва юридик шахсларнинг турар жойга бўлган мулк ҳуқуқининг вужудга келиш асосларининг тахминий рўйхати келтирилган (якка тартибда уй-жой қуриш; якка тартибда қурувчиларнинг ширкатлари томонидан уй-жой қуриш; уй-жой облигацияларини олиш; уй-жой қуриш ва уй-жой кооперативларида иштирок этиш; олди-сотди, ҳадя ва айирбошлаш; умрбод таъминлаш шарти билан уйни (хонадонни) бошқа шахсга бериш; мерос олиш; хусусийлаштириш), УЖК 4-14-моддасида эса, турар жойларга мулк ҳуқуқининг пайдо бўлиш хусусиятлари ва ўтказилиши кўрсатилган. УЖК назарда тутилган юридик ҳолатлар асосида, уйга мулк ҳуқуқи вужудга келишининг тартиби бевосита фуқаролик қонунчилиги билан белгиланади. Бундан ташқари, турар жойларга бўлган мулк ҳуқуқи УЖК да назарда тутилган бошқа асослардан пайдо бўлиши ҳам мумкин, масалан, эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат асосида (ФК-187-моддаси). (бу ҳақда батафсил маълумотларни ФК 210-моддасига бўлган шарҳларда қаранг).


5. Турар жойга бўлган мулк ҳуқуқи бундай ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб вужудга келади. Турар жойларга бўлган мулк ҳуқуқини давлат рўйхатига олишни, туманлар ва шаҳарларнинг ер ресурслари ва кўчмас мулк кадастри хизматлари (БТИ) “Бинолар ва иншоотларни давлат рўйхатига олиш тартиби тўғрисида”ги Йўриқнома асосида амалга оширади. Турар жойларга бўлган ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатлар бўлиб, давлат идораларининг далолатномалари (бинолар ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқларини тан олиш (мавжуд ҳужжатларга асосан) тўғрисидаги маҳаллий ҳукумат идораларининг қарорлари, (давлат тасарруфидан чиқарилган ва хусусийлаштирилган давлат мулкига бўлган мулк ҳуқуқини тасдиқловчи давлат далолатномаси), суд қарорлари (турар жойларга бўлган мулк ҳуқуқини тасдиқловчи, қонуний кучга кирган суд қарорлари ва ажримлари), шартномалар (умрбод таъминлаш шарти билан турар-жойни топшириш, олдисотди, айирбошлаш, ҳадя, рента, воз кечиш) ва бошқа битимлар ҳисобланади.


6. Фуқаролик ва уйжой қонунчиликлари билан ўрнатилган тартибда мулкдорлар турар жойларга эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф қилиш ҳуқуқига эгадирлар. Яъни ижарага беришга, гаровга қўйишга, бутунлигича ва қисмлаб сотиш, шаклини ўзгартириш, қайта қуриш ёки бузиш ва бошқа ҳуқуқларга эгалар.

Хусусий мулкида уй, хонадонга эга бўлган фуқаролар, улардан шахсий яшаши ва ўз оила аъзоларининг яшаши учун фойдаланиш, ҳамда уй, хонадонга бошқа фуқароларни жойлаштиришга ҳақлидир. Мулкдор фуқароларга, ижара шартномасига асосан, турар жойларни яшаш учун бериши мумкин. Шунингдек, мулкида уйга, хонадонга эга бўлган юридик шахслар, уларни ижарага бериш ва уйжой қонунчилигига зид бўлмаган бошқа мақсадларда фойдаланишга ҳақли. Бу ҳолда, уйга, хонадонга эга бўлган мулкдор, уй, хонадонни ёки уларнинг бир қисмини фуқаролар ва юридик шахсларга, фақат у билан бирга яшовчи вояга етган оила аъзоларининг розилиги билан, юридик шахслар эса - юридик шахснинг ваколат берилган идорасининг қарори бўйича беришга ҳақли.

Фуқаролар ва юридик шахслар турар жойларга нисбатан айирбошлаш ва алмаштириш шартномасини тузиш ҳуқуқига эга. Фуқаролар турар жойни, эгалигида уй, хонадони бўлган бошқа мулкдорлар билан, барча вояга етган оила аъзоларининг, шу жумладан вақтинча йўқ бўлганларнинг ёзма розилиги олингандан сўнг, айирбошлаши мумкин. Бу ҳолда вояга етмаган оила аъзоларининг розилиги отаоналар орқали, улар йўқлигида эса - васийлик ва ҳомийлик идоралари орқали тасдиқланди.

Турар жой гаров (ипотека) предмети бўлиши мумкин. ЎзР “Ипотека тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддасига мувофиқ, кўп хонадонли уйлардаги хонадонлар ва бошқа турар жойлар ипотека предмети бўлиши мумкин (кўчмас мулк гарови). Бир нечта шахсга биргаликда қарашли бўлган турар жойлар унинг барча эгалари розилиги билангина гаровга қўйилиши мумкин (ЎзР “Гаров тўғрисида”ги Қонуннинг 7-моддаси).


7. Мулкдор ўзининг турар жойга нисбатан мулк ҳуқуқини, унинг мақсадига мувофиқ, қонунчиликнинг амалдаги меъёрларини, фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини, ҳамда жамоат манфаатларини бузмаган ҳолда амалга ошириши зарур.

Мулкдорнинг унга тегишли бўлган турар жойга нисбатан эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш бўйича ҳуқуқлари, унинг мақсади билан чекланади, бу унинг фақат шахсий яшаши ва ўз оила аъзоларининг яшаши учун фойдаланишини англатади. Амалдаги уйжой қонунчилиги турар жойларда саноат ишлаб чиқаришларини жойлаштиришга рухсат бермайди. УЖК 9-моддасига мувофиқ, кўп хонадонли уйлардаги турар жойларни саноат эҳтиёжлари учун ишлатиш, ижара ёки арендага бериш ман этилади. УЖКнинг мазкур меъёри қатъий характерга эга. Ушбу меъёрнинг мазмунига кўра, бу чекланиш бутун уйга, шунингдек ундаги алоҳида турар жойларга тааллуқлидир. Бундан ташқари, УЖК, кўп хонадонли уйлардаги яшаш учун мўлжалланмаган хоналарда (ертўла, чердак ва ҳок.да) ҳам саноат ишлаб чиқаришлари жойлаштирилишини тақиқлайди. Шу билан бирга, қонун яшаш учун мўлжалланмаган хоналарда, рўйхати Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамаси томонидан ўрнатиладиган фаолиятнинг баъзи турларини жойлаштиришга рухсат беради.

Кўп хонадонли уйдаги турар жойга бошқа корхоналар, муассасалар ва ташкилотларни ушбу жой яшаш учун мўлжалланмаган жойлар туркумига белгиланган тартибда ўтказилганидан кейингина жойлаштириш мумкин. Турар жойни яшаш учун мўлжалланмаган жойлар туркумига ўтказиш туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг қарорига биноан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўрнатган тартибда амалга оширилади.

Белгиланган тартибда уйда қилинадиган иш (касаначилик, ҳунармандлик) амалга ошириладиган турар жойларни яшаш учун мўлжалланмаган жойлар туркумига ўтказиш талаб қилинмайди (УЖК 9-моддаси учинчи қисми).

Мулкдор турар жойларга нисбатан фойдаланиш ҳуқуқини, ушбу турар жойда яшовчи фуқаролар, қўшниларнинг ҳуқуқларини ҳамда қонуний манфаатларини, ёнғинга қарши, санитариягигиена, экологик, қурилиш ва қонунчиликнинг бошқа талабларини ҳисобга олган ҳолда амалга ошириши шарт. Мулкчилик шаклларидан қатъи назар, турар жойлардан ва уй атрофидаги ерлардан фойдаланиш ва уларни сақлаш тартиби 1994 йил 28 июндаги “Турар жойлардан ва уй атрофидаги ерлардан фойдаланиш ва уларни сақлаш қоидалари тўғрисида”ги Қарори билан белгиланади.

Уй-жойлар, хонадонларнинг мулкдорлари уйдан фойдаланишни, унинг сақланишини, умумий мулк бўлган мулкнинг зарур санитария, ёнғин хавфсизлиги ва техник ҳолатини таъминлаш учун, шунингдек, бошқа мақсадларга уй-жойга ва умумий фойдаланиладиган жойга хизмат кўрсатиш учун ташкилотни мустақил белгилайдилар. (Қоидаларнинг 10-банди).

Уй-жойлар, хонадонларнинг мулкдорлари ўз ҳисобидан уйнинг сақланишини, уй, хонадоннинг зарур санитария ва техник ҳолатини таъминлашга, уларнинг жорий ва капитал таъмирлашни амалга оширишга мажбур. Турар жойни ижарага олувчилар, ижарага берувчилар хонадондаги ўзлари эгаллаб турган жойларни ва қўшимча хоналарни мунтазам равишда (ҳар 45 йилда) ўз ҳисобларидан жорий тузатишларини амалга оширишлари даркор. (Қоидаларнинг 20-банди).

Ижарага олувчилар, турар жой эгалари ва ижарадорлар ўзлари эгаллаб турган хоналарнинг техникавий ва санитария ҳолатини кузатиш ҳамда зарур тузатиш ишларини ўтказиш учун таъмирлаш-фойдаланиш ташкилотининг ҳодимларини белгиланган намунадаги шахсий гувоҳномаларини кўрсатганларидан кейин қўйишга мажбурдирлар. Уй-жой мулкдори бўлмаган пайтда уйга кириш ички ишлар идоралари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари иштирокида тегишли таъмирлаш-фойдаланиш ташкилотлари томонидан амалга оширилади.

Амалдаги уйжой қонунчилиги турар жойлардан мақсадга мувофиқ бўлмаган тарзда фойдаланишда жавобгарликка тортишни назарда тутади.

Агар ижарага олувчи, ижарадор, уй-жой эгаси ва улар билан бирга яшовчи шахслар турар жойларни мунтазам равишда бузсалар ёки улардан белгиланган мақсадда фойдаланмасалар, ўзлари билан бир хонадонда ёки бир уйда яшовчиларнинг яшашига имконият бермасалар, огоҳлантириш ва таъсир кўрсатиш чоралари натижасиз қолса, ижарага берувчи, ижарага олувчи ва бошқа манфаатдор шахсларнинг талаблари бўйича айбдорларни кўчириб чиқариш бошқа турар жой хонаси берилмасдан суд қарори билан амалга оширилади (Қоидаларнинг 42-банди).


8. Турар жойларга ҳуқуқлар тизими фақат мулк ҳуқуқи билан чекланмайди. Турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқидан ташқари, бошқа ашёвий ҳуқуқлар ва мажбурият ҳуқуқлари ҳам мавжуд. Улардан кенг тарқалгани, ижара шартномасидан келиб чиқадиган, эгалик қилиш ва фойдаланиш ҳуқуқидир, у ўз навбатида турар жойнинг тижорат ижара шартномасига ва турар жойнинг ижтимоий ижара шартномасига бўлинади. Турар жой ижара шартномасидан, турар жойга эгалик қилиш ва фойдаланиш, бу хона жойлашган уйнинг умумий мулкидан фойдаланиш субъект ҳуқуқлари, ҳамда фуқаролик ва уйжой қонунчилигида назарда тутилган, бошқа ҳуқуқлар ва мажбуриятлар вужудга келади.

Турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи, ҳам мулкдорнинг оила аъзоларида, ҳам турар жойни ижарага олувчида вужудга келади, УЖК нинг 32-моддасига мувофиқ, турар жой мулкдори ва турар жойни ижарага олувчининг оила аъзолари деб у билан доимий бирга яшаётган хотини (эри) ва уларнинг фарзандлари тан олинади. Меҳнатга қобилиятсиз боқимандалар, шунингдек мулкдор билан доимий бирга яшаётган фуқаролар, агар улар мулкдор билан умумий хўжалик юритаётган ва унинг турар жойида рўйхатдан ўтган бўлсалар, унинг оила аъзоси деб топилишлари мумкин. Эр-хотиннинг ота-онаси, шунингдек мулкдор билан доимий яшаётган оилали фарзандлари, агар илгари бу ҳуқуққа эга бўлмаган бўлсалар, фақат ўзаро келишувга биноан мулкдорнинг оила аъзоси деб тан олинишлари мумкин. Уй, хонадон мулкдорининг оила аъзолари, шунингдек, у билан доимий яшаётган фуқаролар, агар уларни кўчириб келган пайтда ёзма равишда бошқа ҳол қайд этилган бўлмаса, уйдаги, хонадондаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланишга ҳақлидирлар. Улар мулкдор берган турар жойга ўзларининг вояга етмаган фарзандларини кўчириб киритишга ҳақлидирлар. Бу шахслар уй, хонадоннинг, мулкдори билан оила муносабатларни тугатган тақдирда ҳам уларда турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолади. Уй, хонадоннинг мулкдори билан унинг собиқ оила аъзолари, шунингдек, у билан доимий яшаётган фуқаролар ўртасида турар жойдан фойдаланиш тартиби тарафлар келишуви билан белгиланади. Мулкдор ва ижарага олувчининг оила аъзолари, ҳар қандай шахслардан уларнинг турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқларининг бузилишларини бартараф қилишни талаб қилишлари мумкин. Уй ёки хонадоннинг мулкдори, унинг оила аъзолари, у билан доимий яшаётган фуқаролар ва собиқ оила аъзоси ўртасидаги турар жойдан фойдаланиш ҳамда қилинган харажатлардаги улуш миқдори ҳақидаги низолар суд тартибида хал этилади (УЖКнинг 32-моддаси саккизинчи қисми).



172-модда. Мулк ҳуқуқини амалга ошириш шартлари


Мулкдорнинг ўз ҳуқуқларини амалга ошириши бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шарт.

Қонунларда назарда тутилган ҳолларда, шартларда ва доирада мулкдор бошқа шахслар унинг мол-мулкидан чекланган тарзда фойдаланишига йўл қўйишга мажбур.

Мулкдор ўзининг устунлик мавқеини суистеъмол қилишга, бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини камситадиган ўзга ҳаракатларни қилишга ҳақли эмас.

Мулкдор ўз ҳуқуқини амалга оширганида фуқароларнинг соғлиғига ва атроф муҳитга зарар етказишининг олдини олиш чораларини кўришга мажбур.


1. Фуқаролик ҳуқуқларини амалга оширишнинг умумий қоидаларини ўрнатадиган ФК 9-моддасидан фарқли равишда, ушбу шарҳланаётган модда ўз мазмунига кўра махсус ҳисобланади ва мулк ҳуқуқларини амалга оширишнинг умумий шартларини ўрнатади.


2. Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисмига мувофиқ, мулкдорнинг ўз ҳуқуқларини амалга ошириши бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шарт. Умумий қоидага кўра, мулк ҳуқуқи мутлақ ҳуқуқдир ва мулкдор ўз ихтиёрига кўра ва ўзининг манфаатларида ўзига тегишли бўлган мулкка эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиши мумкин. Шу билан бирга, қонун томонидан кафолатланган мулк ҳуқуқи, алоҳида шахслар ва умуман жамиятнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш зарурлиги билан белгиланадиган, чегараларга эга. Ушбу ҳолатлар, ЎзР Конституциясининг 20-моддасида қайд қилинган, ҳуқуқни суистеъмол қилишга йўл қўймасликнинг конституциявий тамойилига асосланади. Унда, фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмасликлари шарт. Масалан, мулкдор турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқларини, унда яшовчи фуқаролар, қўшниларнинг ҳуқуқларини ҳамда қонуний манфаатларини ҳисобга олган ҳолда амалга ошириши шарт.


3. Мулкдорнинг бошқа шахслар манфаатларини ҳисобга олишининг битта белгиларидан бири, унинг бошқа шахсларга мулкдан чекланган тарзда фойдаланиш (сервитут) ҳуқуқини бериш бўйича мажбурияти ҳисобланади. Фуқаролик ҳуқуқида мулкдор томонидан мулкдан бундай чекланган фойдаланиш сервитут деб аталади. (бу ҳақда батафсил маълумотларни ФК 173-моддасига бўлган шарҳларда қаранг).


4. Мулкдор ўзининг устунлик мавқеини суистеъмол қилишга, бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини камситадиган ўзга ҳаракатларни қилишга ҳақли эмас. Устунлик мавқеига эга бўлган мулкдор, бозорда товарлар муомаласи умумий шартларига таъсир қилиш, хўжалик фаолиятининг бошқа иштирокчиларига ўзаро муносабатларнинг адолатсиз шартларини қабул қилдириш имкониятига эга. Устунлик мавқеи тушунчаси ва хўжалик юритувчи субъектнинг устунлик мавқеидан суистеъмолликлари шакли ЎзР “Товар бозорларида монополистик фаолиятни чеклаш ва рақобат тўғрисида”ги Қонуни билан белгиланади. Қонунинг 3-моддасига мувофиқ, устунлик мавқеи - ўрнини босувчиси бўлмаган товар бозорида ёки бир-бирининг ўрнини босадиган товарлар бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг (бир гуруҳ шахсларнинг) ўзига (ўзларига) рақобатни чеклашга ҳал қилувчи таъсир кўрсатиш, бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг бозорга кириш эркинлигини қийинлаштириш ёки уларнинг иқтисодий фаолият эркинлигини бошқача тарзда чеклаш имкониятини берадиган ҳукмрон мавқеидир. Бозордаги улуши олтмиш беш ва ундан ортиқ фоизни ташкил этадиган хўжалик юритувчи субъектнинг (бир гуруҳ шахсларнинг) мавқеи устун мавқе деб эътироф этилади.

Рақобатни чеклаш учун устунлик мавқеидан фойдаланиш, ҳам алоҳида шахсларга, ҳам бутун жамиятга зарар келтиради. Хусусий шахсларга бундай ҳаракатлар билан зарар келтириш ҳолларида, ҳуқуқбузар фуқароликҳуқуқий жавобгарликка тортилиши мумкин (шартномавий ёки деликт). Рақобатни чеклаш учун фуқаролик ҳуқуқларидан фойдаланишга доир маъмурий жазолар Қонуннинг 18-моддаси билан белгиланган. Монополияга қарши қонунчиликни бузганлиги учун жиноий жавобгарлик ўрнатилган (ЎзР ЖК 183-моддаси). Лекин, агар қонунда рақобатни чеклаш учун фуқаролик ҳуқуқларидан фойдаланишга доир муайян жазо назарда тутилмаган бўлса, рақобатни чеклаш мақсадида фуқаролик ҳуқуқларидан фойдаланувчи шахсга ФК 9-моддасига мувофиқ, ушбу ҳуқуқларни ҳимоя қилиш рад қилиниши мумкин.


5. Шарҳланаётган модданинг тўртинчи қисмига мувофиқ, мулкдор ўз ҳуқуқини амалга оширганида фуқароларнинг соғлиғига ва атроф муҳитга зарар етказишининг олдини олиш чораларини кўришга мажбур. Мазкур чоралар табиатни муҳофаза қилиш қонунчилиги томонидан белгиланади. Табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги муносабатлар Ўзбекистон Республикасида Табиатни муҳофаза қилиш Қонуни билан, ҳамда ер, сув, ўрмон қонунчиликлари, ер ости бойликлари қонунчилиги, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси қонунчиликлари билан тартибга солинади. Атроф муҳитнинг муҳофазасини таъминлаш мақсадида, мулк ҳуқуқи, табиий ресурслардан фойдаланиш, атроф табиий муҳитга ифлослантирувчи моддаларнинг чиқарилиши ва чиқиндиларнинг жойлаштирилишига тўсиқларни ўрнатиш йўли билан чеклаб қўйилиши мумкин. Масалан, ЎзР “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 24-моддасига кўра, Фаолияти атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддалар, биологик организмлар, иссиқхона газлари ва озонни бузувчи моддалар чиқариш ҳамда атмосфера ҳавосига физикавий омилларнинг зарарли таъсир кўрсатиши билан боғлиқ бўлган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар қуйидагиларни бажаришга мажбурдирлар: атмосферага чиқарилган чиқиндиларни тозалаш ва зарарли физикавий таъсирни камайтириш учун иншоотлар, асбоб-ускуналар ва аппаратуралардан, шунингдек улар устидан назорат қилиш воситаларидан фойдаланиш қоидаларига риоя қилиш; хўжалик объектлари теварагида санитария-муҳофаза зоналари барпо этиш; чиқиндилар чиқаришни ҳамда зарарли физикавий таъсирни камайтириш чора-тадбирларини кўриш; атмосферага бирваракайига ва авария туфайли чиқиндилар чиқиши, яширин хавфли вазиятлар юзага келишининг олдини олиш, шунингдек атмосфера ҳавосининг чегаралараро ифлосланишини камайтириш чора-тадбирларини кўриш; чиқиндиларни йўқ қилишни таъминлаш ҳамда улар тўпланиб қолганида ва қайта ишланаётганида атмосфера ҳавосини ифлослантиришнинг олдини олиш чора-тадбирларини кўриш ва ҳ.к. Транспорт воситалари ва бошқа қатнов воситалари ҳамда қурилмаларининг эгалари ишлатилган газлардаги ифлослантирувчи моддаларнинг миқдори ва улар физикавий омилларининг зарарли таъсир кўрсатиши нормативларига риоя қилинишини таъминлашлари шарт.

Атмосфера ҳавосига зарарли таъсир кўрсатганлик учун ҳуқуқбузарлардан белгиланган тартибда пуллик компенсация ундириб олинади.



173-модда. Ўзганинг ер участкасидан чекланган

тарзда фойдаланиш (сервитут) ҳуқуқи


Кўчмас мулк (ер участкаси, бошқа кўчмас мулк) эгаси қўшни ер участкасининг эгасидан, зарур ҳолларда эса - бошқа ер участкасининг эгасидан ҳам ўзганинг ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш (сервитут) ҳуқуқини беришни талаб қилишга ҳақлидир.

Ўзганинг ер участкасидан пиёда ва транспортда ўта олишни таъминлаш, электр узатгич, алоқа ва қувур тармоқларини ўтказиш ва улардан фойдаланиш, сув билан таъминлаш учун, шунингдек кўчмас мулк эгасининг эҳтиёжларини сервитут белгиламай туриб таъминланиши мумкин бўлмаган бошқа эхтиёжларини қондириш учун сервитут белгиланиши мумкин.

Ер участкасида сервитут белгиланиши ер участкаси эгасининг ушбу участкага эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқларидан маҳрум этмайди.

Сервитут белгилашни талаб қилаётган шахс билан ўзга ер участкасининг эгаси ўртасидаги битимга мувофиқ сервитут белгиланади ва у кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказиш учун белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилиши лозим. Сервитутни белгилаш хусусида келиша олинмаса ёки унинг шартларида муросага келинмаса, баҳс сервитут белгилашни талаб қилаётган шахснинг даъвоси бўйича суд томонидан ҳал этилади.

Участка мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи билан берилган ёки доимий эгалик қилиш ва фойдаланиш ҳуқуқи билан берилган шахснинг манфаатлари ва талаби бўйича ҳам ушбу модданинг биринчи, иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмларида назарда тутилган шартларда ва тартибда сервитут белгиланиши мумкин.

Сервитут белгиланган участканинг эгаси, агар қонунда бошқа тартиб назарда тутилган бўлмаса, сервитут кимнинг фойдасини кўзлаб белгиланган бўлса, ўша шахсдан участкадан фойдаланганлик учун мутаносиб ҳақ талаб қилишга ҳақлидир.


1. Бозор муносабатларига ўтиш ва мулкнинг барча шаклларини тенглигини тан олиш, янги ашёвий ҳуқуқларнинг вужудга келишига сабаб бўлди, уларга шунингдек, сервитут ҳам киради. Сервитут лотинча “servire” - хизмат кўрсатиш сўзидан келиб чиққан. Сервитутнинг моҳияти шундан иборатки, битта ер участкасининг афзалликлари ёки камчиликлари қўшни ҳисобига қондирилади, яъни манфаатдор субъектларга (қўшни ер участкаси мулкдорларига) ўзганинг кўчмас мулкдан чекланган тарзда фойдаланиш ҳуқуқи берилади.


2. Шарҳланаётган модданинг биринчи қисми билан, ер участкасига нисбатан ашёвий ҳуқуқнинг мустақил тури ўрнатилган ўзганинг ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш ҳуқуқи (сервитут). Сервитутнинг вужудга келиши, битта ер участкасининг мулкдорига бошқа ер участкаси мулкдоридан, сервитут ўрнатмасдан қондирилиши мумкин бўлмаган, муайян эҳтиёжларнинг мавжудлиги билан боғлиқ, тобе участкадан чекланган тарзда фойдаланиш ҳуқуқининг берилишини талаб қилиш ҳуқуқини берувчи иккита ер участкаларининг қўшнилиги, туташлигига асосланади.

Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисмига мувофиқ, ўзганинг ер участкасидан пиёда ва транспортда ўта олишни таъминлаш, электр узатгич, алоқа ва қувур тармоқларини ўтказиш ва улардан фойдаланиш, сув билан таъминлаш учун, шунингдек, кўчмас мулк эгасининг эҳтиёжларини сервитут белгиламай туриб таъминланиши мумкин бўлмаган бошқа эхтиёжларини қондириш учун сервитут белгиланиши мумкин. Шу билан бирга таъкидлаш лозимки, ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш бўйича муносабатлар фақатгина ФК билан эмас, балки ЕК билан ҳам тартибга солинади. Масалан, ЕК 30-моддасига мувофиқ, сервитут қуйидаги мақсадларда белгиланиши мумкин: ўзганинг ер участкаси орқали пиёда ёки транспортда ўтиш; ўзганинг ер участкасида дренаж ишлари ўтказиш; ўзганинг ер участкасидан электр узатиш, алоқа тармоқлари ва қувурлар, ирригация, муҳандислик ва бошқа тармоқлар ўтказиш ва улардан фойдаланиш; ўзганинг ер участкасидан экинзор ва молларни суғориш учун сув олиш; молларни ўзганинг ер участкаси орқали ҳайдаб ўтиш; ўзганинг ер участкасидан қидирув, тадқиқот ва бошқа ишларни бажариш учун вақтинча фойдаланиш; ўзганинг ер участкасида иҳота дарахтлари экиш ва табиатни муҳофаза қилишга тааллуқли бошқа объектлар барпо этиш. ФК ва ЕК да сервитут ўрнатиш мақсадларининг келтирилган рўйхати тўлиқ эмас. Сервитут қонунчиликка зид бўлмаган бошқа мақсадларда ҳам белгиланиши мумкин. Сервитутнинг барча ҳоллардаги жиддий шарти - кўчмас мулк эгасининг тегишли эҳтиёжларининг мавжудлиги ва уларни “сервитутни таъминлаш” тартибида, ўзга участкадан чекланган тарзда фойдаланиш ҳуқуқининг сервитут ўрнатмасдан қондирилишининг имконсизлигидир. Субъект томонидан ўзга ер участкаси сервитутидан фойдаланиш хусусияти, унинг ўрнатилиш мақсадларига жавоб бериши лозим. Шунинг учун, ер участкасининг бир қисми транспортда ўтиш учун ажратилган бўлса, у ердан молларни ҳайдаб ўтиш ёки электр ўтказгич тармоқларини ўтказиш учун фойдаланиш мумкин эмас.

Сервитут ўрнатилишини талаб қилиш ҳуқуқига, ер участкасининг ёки ўзга кўчмас мулк эгаси, ҳамда ер майдонига бўлган мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи ёки ер участкасидан доимий эгалик қилиш ва фойдаланиш ҳуқуқи бўлган шахс эга бўлади.

Ер участкасининг сервитут билан юклаштирилиши ашёвий тусга эга эканлиги ва бевосита ер майдони юклаштирилишидан келиб чиққан ҳолда, сервитут фақатгина ер участкасига мулк ҳуқуқини юклаштириши билан чиқмай, балки ушбу ер участкасига вужудга келадиган бошқа ҳуқуқларга ҳам юклаштирилади (ижара ҳуқуқи, текин фойдаланиш ҳуқуқи ва ҳ.к.).

Ер участкасига сервитутни ўрнатишда унинг эгаси манфаатларини ҳам эътиборга олиш даркор, чунки ушбу юклаштириш мулкдорнинг хўжалик ёки бошқа фаолиятини амалга оширишда жиддий тўсқинларнинг пайдо бўлишига олиб келмаслиги керак. Мулкдорга тегишли бўлган ер участкаси сервитут билан юкланиши оқибатида уни мақсадга мувофиқ фойдалана олмаса, мулкдор сервитутни бекор қилиш талаби билан судга мурожаат қилишга ҳақлидир.


3. Шарҳланаётган модданинг учинчи қисмига мувофиқ, ер участкасида сервитут белгиланиши ер участкаси эгасининг ушбу участкага эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқларидан маҳрум этмайди. Ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқи мулкдор томонидан, унинг ихтиёрига кўра амалга оширилади, лекин сервитут моҳиятидан келиб чиқадиган чекланишлар билан бирга сервитут ўрнатилган ер участкасига нисбатан мулкдор, сервитут ҳуқуқларини бузмайдиган ҳар қандай ҳаракатларни амалга ошириши мумкин. Масалан, мулкдор ер участкасини олдисотди, айирбошлаш, ҳадя қилиш, ижара шартномаларини тузиш ҳуқуқига эга. Чунки сервитут чекланган ашёвий ҳуқуқ бўлиб, мулкдор томонидан бундай шартномаларни тузиш сервитутнинг бекор қилинишига ёки унинг бекор бўлишига олиб келмайди. Бундай шартларни ўз ичига олган шартнома аҳамиятсиздир, яъни ўз-ўзидан ҳақиқий эмас.


4. Сервитут белгилашнинг асоси - сервитут белгилаш тўғрисидаги шартнома ёки сервитутни ўрнатиш тўғридаги суд қарори ҳисобланади.

Сервитут белгилаш тўғрисидаги шартнома, сервитут ўрнатилишини талаб қилувчи шахс билан юклаштирилаётган участканинг мулкдори орасида ёзма шаклда тузилади. Шартномада мулкдан чекланган тарзда фойдаланиш ҳуқуқи амалга оширилишининг мазмуни, муддатлари, шартлари, ҳамда участкадан фойдалангани учун ҳақ миқдори белгиланади.

Сервитутни ўрнатиш ёки унинг шартлари масаласи бўйича келишмаслик ҳолларида, сервитут суд қарорига биноан ўрнатилиши мумкин. Даъво, сервитут тақдим қилинишини талаб қилувчи шахс томонидан билдирилиши мумкин. Сервитут ўрнатилишини талаб қилувчи манфаатдор шахс, қўшни ер участкасини сервитут билан юклаштиришсиз ер участкасидан ёки бошқа кўчмас мулкдан фойдаланиш имкониятининг йўқлигини исботлаб бериши лозим, ва агар томонларда сервитут шартлари бўйича келишмовчиликлар мавжуд бўлса, улар суд тартибида ҳал қилинади.

ФК 84-моддасига мувофиқ, ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш ҳуқуқи, бундай ер участкасининг юклатилиши сифатида давлат рўйхатидан ўтказилиши керак. Сервитутнинг давлат рўйхатига олиниши шартнома ёки суд қарори асосида туман ва шаҳарларнинг ер ресурслари ва кўчмас мулк кадастри хизматлари томонидан, сервитут кимнинг фойдасини кўзлаб белгиланган бўлса, ўша шахснинг аризасига кўра амалга оширилади (Ўзбекистон Республикасида ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатига олиш тартиби тўғрисидаги Йўриқноманинг 4.4-банди). Рўйхатга олиниш, сервитут эгасига ўзга мулкдан чекланган тарзда фойдаланиш ҳуқуқини давлат рўйхатига олиниши тўғрисидаги гувоҳнома берилиши билан тасдиқланади. Сервитут давлат рўйхатига олинган пайтдан бошлаб кучга киради.


5. Шарҳланаётган модданинг олтинчи қисмига мувофиқ, сервитут белгиланган участканинг эгаси, сервитут кимнинг фойдасини кўзлаб белгиланган бўлса, ўша шахсдан участкадан фойдаланганлик учун мутаносиб ҳақ талаб қилишга ҳақлидир. Ушбу қоиданинг истисноси фақат қонун томонидан белгиланиши мумкин. Юклантирилган участкадан фойдаланганлик учун мутаносиб ҳақ, ҳамда уни тўлаш тартиби сервитутни ўрнатиш шартномаси билан, низо мавжудлигида эса - суд қарори билан белгиланади.



174-модда. Мол-мулкни сақлаш вазифаси


Ўзига қарашли мол-мулкни сақлаш, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, мулкдор зиммасидадир.


1. Мулк ҳуқуқи мулкдор учун фақатгина неъмат эмас, балки юк, мажбурият ҳамдир. Молмулкни сақлаш вазифаси мулкдорнинг оммавий мажбурияти бўлиб, мулкни жорий ва капитал таъмирлаш, суғурта қилиш, текшириш ва рўйхатга олиш учун тақдим қилиш бўйича мажбуриятларда ифодаланади. Тегишли давлат идоралари мулкдорнинг мулкни сақлаш бўйича мазкур мажбуриятларини бажариши устидан назоратни амалга оширадилар. Мулкни сақлаш бўйича мажбуриятларни лозим даражада бажармаслик учун қонун томонидан чоралар назарда тутилган. Масалан, ФКнинг 190-моддасига мувофиқ, агар мулкдор тарих ва маданият ёдгорликларига хўжасизларча муносабатда бўлса ва унинг сақланишини таъминламаса, тегишли органларнинг даъвосига кўра суд ёдгорликни олиб қўйиш ҳақида қарор чиқариши мумкин, бу ёдгорлик давлат мулкига ўтади.


2. Молмулкни сақлаш бўйича ҳаражатлар қонун ёки шартнома билан, бошқа шахсга тўлиқ ёки қисман юклатилиши мумкин. Масалан, ижара шартномасида ижарага олувчи мол-мулкни ўз ҳисобидан жорий таъмирлаши бўйича харажатларни қилиши лозимлиги назарда тутилиши мумкин (ФК 548-моддаси), гаровга олувчи гаровга қўйилган мулкнинг сақланишини таъминлаш учун зарур бўлган чораларни кўришга мажбур, агарда гаров шартномасининг шартлари бўйича гаровга қўйилган мулк гаровга олувчида бўлса (ФК 274-моддаси).


3. Қонунда назарда тутилган солиқларни тўлаш - мулк эгасининг муҳим оммавий мажбуриятларидан биридир. Солиқларни, шу жумладан, молмулк солиғининг юридик ва жисмоний шахслар томонидан тўлаш тартиби, Солиқ кодекси билан тартибга солинади.



175-модда. Мол-мулкнинг тасодифан

нобуд бўлиш ёки бузилиш хавфи


Мол-мулкнинг тасодифан нобуд бўлиш ёки бузилиш хавфи, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, мулк эгасининг зиммасидадир.


1. Мол-мулкнинг тасодифан нобуд бўлиш ёки бузилиш хавфи - мулк ҳуқуқи институтининг муҳим масалаларидан биридир. Мол-мулкнинг тасодифан нобуд бўлиш ёки бузилиши, учинчи шахсларнинг айбли ҳаракатлари билан вужудга келмаган, турли хил форсмажор вазиятлари (ёнғин, сув тошқини, ер қимирлаши, кўчкилар ва бошқалар) оқибатида содир бўлиши тушунилади. Шарҳланаётган модда бундай ҳолларда мол-мулкнинг нобуд бўлиш ёки бузилиш хавфини, мазкур хавф мулк ҳуқуқи вужудга келиши билан бир вақтнинг ўзида ўтадиган, мулк эгаси зиммасига юклайди. Фуқаролик қонунчилигига биноан, мулкни шартнома бўйича сотиб олувчида мулк ҳуқуқи, ашёнинг ўтказилган пайтидан бошлаб вужудга келади, агар қонун ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса. Агар мулкни бегоналаштириш шартномаси давлат рўйхатидан ўтиши ёки нотариал тасдиқланиши лозим бўлса, олувчида мулк ҳуқуқи шартномани рўйхатга олиш ёки тасдиқлаш пайтидан бошлаб, шартномани нотариал тасдиқлаш ва давлат рўйхатидан ўтказиш зарурлигида эса - уни рўйхатга олиш пайтидан бошлаб пайдо бўлади (ФК 185-моддасига бўлган шарҳларга қаранг).

Агар мол-мулкнинг нобуд бўлиш ёки бузилиши учинчи шахсларнинг айбли ҳаракатлари оқибатида бўлса, унда улар зарар етказганлик учун жавобгарлик тўғрисидаги умумий қоидаларга кўра мулкдорга зарарлар ўрнини, яъни мол-мулкнинг нобуд бўлиш ёки бузилиши оқибатида мулкдор қилган ҳаражатларни, ҳамда олинмаган даромадлар ўрнини қоплашга мажбур.


2. Шуни таъкидлаш лозимки, мазкур норма қатъий эмас, чунки қонун ёки шартномада назарда тутилган ҳолларда, мол-мулкнинг тасодифан нобуд бўлиш ёки бузилиши хавфларини тақсимлаш тўғридаги бошқа қоидалар назарда тутилиши мумкин. Норманинг қатъий эмаслиги, шартномага асосан молмулкнинг мулкдор ҳақиқий эгалигидан чиқиб кетиши, муайян тарзда унинг молмулкни сақлаш бўйича тегишли чоралар кўриш имкониятидан маҳрум бўлиши ва бу ҳолда мулкнинг нобуд бўлиш (бузилиш) хавфини мулкнинг ҳақиқий эгаси бўлган шахсга юклатиш мақсадга мувофиқлигига асосланади. Масалан, корхонани сотиш шартномаси бўйича сотиб олувчида мулк ҳуқуқи давлат рўйхатига олиш пайтидан бошлаб пайдо бўлади, бироқ ФК 493-моддаси учинчи қисмида, иккала тараф топшириш далолатномасини имзолаган кундан бошлаб корхона сотиб олувчига топширилган ҳисобланади, ҳамда корхона таркибида топширилган мол-мулкнинг тасодифан нобуд бўлиши ёки тасодифан бузилиши хавфи сотиб олувчига ўтиши алоҳида таъкидлаб ўтилган. ФК 392-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ, томонлар йўлда бўлган пайтида сотилган товарнинг тасодифан нобуд бўлиши ёки тасодифан шикастланиши хавфининг ўтиш вақтини, шартнома тузилган пайтдан бошлаб эмас, балки товарни харидорга топшириш пайтига ўзгартиришлари мумкин.



14-БОБ. ХЎЖАЛИК ЮРИТИШ ҲУҚУҚИ.

ОПЕРАТИВ БОШҚАРИШ ҲУҚУҚИ


176-модда. Хўжалик юритиш ҳуқуқи

177-модда. Хўжалик юритишида бўлган мол-мулкка

нисбатан мулкдорнинг ҳуқуқлари

178-модда. Оператив бошқариш ҳуқуқи

179-модда. Давлат корхонасининг мол-мулкини тасарруф этиш

180-модда. Муассаса мол-мулкини тасарруф этиш

181-модда. Хўжалик юритиш ва оператив бошқариш

ҳуқуқларининг вужудга келиши ва бекор бўлиши



176-модда. Хўжалик юритиш ҳуқуқи


Хўжалик юритиш ҳуқуқи асосида ихтиёрида мол-мулк бўлган унитар корхона бу мол-мулкка ушбу Кодексда белгиланадиган доирада эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади.


1. Хўжалик юритиш ҳуқуқи - бу унитар корхонасига ўз тижорат фаолиятини юритиш мақсадида, мулкдор томонидан бириктирилган мол-мулкдан фойдаланиши бўйича чекланган ашёвий ҳуқуқдир. Унитар корхона деб мулк эгаси томонидан унга бириктирилган мол-мулкка мулк ҳуқуқи берилмаган тижорат ташкилоти тан олинади. Унитар корхонанинг мулки бўлинмас мулкдир ва бадаллар (улушлар, пайлар) бўйича, шу жумладан корхона ишчи ходимлари ўртасида тақсимланиши мумкин эмас (ФКнинг 70-моддаси). Таъкидлаш лозимки, баъзи МДҲ мамлакатларининг (Россиия, Қозоғистон ва б.) фуқаролик қонунчилигидан фарқли ўлароқ ЎзР ФК бўйича, нафақат давлат, балки бошқа субъектлар ҳам унитар корхоналар кўринишидаги юридик шахсларни ташкил этишлари мумкин.


2. Унитар корхонанинг мулки унга хўжалик юритиш ҳуқуқи ёки оператив бошқариш ҳуқуқи асосида тегишли бўлиши мумкин. Хўжалик юритиш ҳуқуқининг субъекти сифатида хўжалик юритиш ҳуқуқи асосида ташкил этилган унитар корхона бўлиши мумкин, бунда уни оператив бошқариш ҳуқуқи асосида мулкка эгалик қиладиган ҳолда ташкил этилган давлат унитар корхонасидан (давлат корхонасидан) фарқлаш лозим, чунки хўжалик юритиш ҳуқуқдорини хуқуқлари ҳажми оператив бошқариш ҳуқуқдори бўлмиш субъекти (давлат корхонаси)ни ҳуқуқларининг ҳажмига нисбатан бирмунча кенгроқдир. Хўжалик юритиш ҳуқуқи асосида ташкил этилган унитар корхона мулк эгаси ёки унинг томонидан ваколатланган органнинг қарори асосида ташкил этилади.

Хўжалик юритиш ҳуқуқи, агарда қонунчилик томонидан ёки мулк эгасининг қарори билан бошқача белгиланган бўлмаса, мулкни унитар корхонага топшириш пайтидан вужудга келади. Унитар корхона, таъсис хужжатларига ва қонун ҳужжатларига мувофиқ, хўжалик юритиш ҳуқуқи асосида ўзига бариктирилган мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни идора қилиш, бошқариш ҳуқуқига эгадир. Хўжалик юритиш ҳуқуқи, бошқа субъектда (мулкдорида) худди ўша мулкка эгалик қилиш ҳуқуқининг мавжудлиги туфайли, чекланиш ҳусусиятига эга эканлигини таъкидлаш лозим.

Умумий қоида бўйича, хўжалик юритиш ҳуқуқи асосида унитар корхонага бириктирилган мулкка эгалик қилиш ва унидан фойдаланишга доир умумий ҳуқуқни амалга ошириш мазкур ҳуқуқни мулкдори томонидан амалга оширилишидан фарқ қилмайди.

Бироқ, шу билан бирга, ФКда унитар корхонанинг мулкни идора қилиши масаласига доир баъзи чекланишлар ўрнатилган. Масалан, мулк эгасининг розилигисиз унитар корхона хўжалик юритиш ҳуқуқи асосида ўзига тегишли бўлган кўчмас мулкни сотишга, ижарага топширишга, гаровга қўйишга, хўжалик ширкатлари ва жамиятларининг низом (жамғармали) капиталига бадал сифатида киритишга ёки бошқача йўл билан мазкур мол-мулкни тасарруф қилишга ҳақли эмас. Унитар корхоналарнинг мазкур тасарруф қилиш ҳуқуқи лаёқатининг чекланиши энг аввало мулк эгасининг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадларида ўрнатилган, ва мазкур ҳолат мулкдори учун мулкдан, биринчи галда кўчмас мулкдан фойдаланишни назорат қилиши учун имконият беради, чунки кўпчилик ҳолларда кўчмас мулк корхоналар томонидан юритиладиган хўжалик-ишлаб чиқариш фаолиятнинг асосидир. Қолган мол-мулк бўйича у, қонун ҳужжатларида бошқача белгиланган бўлмаса мустақил тарзда тасарруф этади. Лекин, шу билан бирга, корхонанинг ўзига бириктирилган мулкни идора қилишга доир харакатлари унинг устав фаолияти вазифалари билан ва мол-мулкнинг мақсадли мўлжалланиши билан узвий боғланиши лозим. Агарда корхона унга риоя қилмаса, мулкдорининг ёки унинг томонидан ваколатланган шахснинг даъво аризалари бўйича бундай битимлар суд томонидан ҳақиқий эмас деб тан олинишлари мумкин.


3. Шарҳланаётган моддада хўжалик юритиш объекти “мол-мулк” деган умумий атама билан номланган. Унитар корхоналарни ташкил этилиши мақсадларини инобатга олган ҳолда, шуни айтиш мумкинки, хўжалик юритиш объекти сифатида ягона мол-мулк мажмуаси бўлган корхона, ва шунингдек корхоналарнинг фаолияти учун мўлжалланган, мазкур мажмуа таркибига кирувчи мол-мулк ҳар қандай тури, яъни бинолар, иншоотлар, жиҳозлар, асбоб анжомлар, хом ашё, маҳсулот, талаб қилиш ҳуқуқи, қарзлар, ҳамда корхонани, унинг маҳсулотини, ишларни ва хизматларини индивидуаллаш воситаларига бўлган ҳуқуқлар (фирма номи, товар белгиси, хизмат кўрсатиш белгиси) ҳамда бошқа мутлоқ ҳуқуқлар (ФКнинг 85-моддасига шарҳни қаранг) киради.



177-модда. Хўжалик юритилишида бўлган

мол-мулкка нисбатан мулкдорнинг ҳуқуқлари


Хўжалик юритилишида бўлган мол-мулкнинг эгаси қонунга мувофиқ корхона ташкил этиш, унинг фаолият соҳасини ва мақсадларини аниқлаш, уни қайта ташкил этиш ва тугатиш масаласини ҳал қилади, корхона директорини (раҳбарини) тайинлайди, корхонага қарашли мол-мулкдан белгиланган мақсадларда фойдаланилиши ва унинг сақланишини назорат қилади.

Мулкдор корхонанинг хўжалик юритишида бўлган мол-мулкни ишлатишдан келган фойданинг бир қисмини олиш ҳуқуқига эга.

Унитар корхона хўжалик юритиш ҳуқуқи асосида ўзига қарашли бўлган кўчмас мулкни мулкдорнинг розилигисиз сотишга, ижарага беришга, гаровга қўйишга, хўжалик ширкатлари ва жамиятларининг устав фондига ҳисса сифатида топширишга ёки бу мол-мулкни бошқача усулда тасарруф этишга ҳақли эмас.

Корхонага қарашли бошқа мол-мулкни у мустақил тасарруф этади.


Шарҳ этилаётган моддада қонун чиқарувчи томонидан, хўжалик юритишига топширилган мол-мулкка нисбатан мулк эгаси ҳуқуқларининг чегаралари ва чекланган ашёвий ҳуқуқ соҳиби бўлган хўжалик юритиш ҳуқуқининг ҳажми белгиланган.


1. Модданинг биринчи қисмида унитар корхоналарнинг хўжалик юритиши учун топширилган мулк эгасининг қуйидаги асосий ҳуқуқлари белгиланган:

- корхонани ташкил этиш;

- корхона фолиятининг предмети ва мақсадларини белгилаш;

- корхонани қайта ташкил этиш ва уни тугатиш,

- корхона директорини (рахбарини) тайинлаш;

- корхонага тегишли мулкдан мақсадга мувофиқ фойдаланиш ва унинг яроқли ҳолда сақланиши устидан назоратни амалга ошириш;

- хўжалик юритилишида мавжуд бўлган мол-мулкнинг фойдаланишидан олинадиган даромаднинг бир қисмини олиш ҳуқуқи.

Мазкур рўйхат сир сақланадиган хужжатлар жумласига киришини ва мулкдорининг ҳуқуқи чегараларини белгилаган ҳолда, мазкур чегаралар миқёсида корхона ўзига бириктирилган мулкка нисбатан хўжалик юртиш ҳуқуқини амалга ошириши мумкинлигини таъкидлаш лозим.

Модданинг иккинчи қисми мулк эгасининг мол-мулкдан фойдаланиш ҳисобига даромад олиш ҳуқуқини белгилайди, бу хўжалик юритишда мавжуд бўлган мол-мулкдан фойдаланишнинг бозор муносабатлари ҳусусиятига эга эканлини таъкидлайди.

Шарҳланаётган модданинг учинчи қисмида унитар корхона томонидан тузилган кўчмас мулк бўйича тасарруф этиш битимларига нисбатан руҳсат олиш тизим ўрнатилади. Масалан, мулкдорнинг ёки унинг томонидан ваколатланган шахснинг розилигисиз унитар корхона хўжалик юритиш ҳуқуқи асосида ўзига қарашли кўчмас мулкни сотишга, уни ижарага топширишга, гаровга топширишга, хўжалик ширкатлари ва жамиятларининг устав жамғармасига бадал сифатида киритишга ёки бошқа хил йўл билан мазкур мулкни бегоналаштиришга ҳақли эмас. Унитар корхоналарнинг ўзларга бириктирилган мол-мулкни бошқариш ҳуқуқи чекланиши энг аввал мулкдорнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадларини кўзлайди ва мазкур ҳолат мулкдорга мол-мулкдан, ва биринчи галда кўчмас мол-мулкдан фойдаланишни назорат қилиши учун имконият беради, чунки кўпчилик ҳолларда кўчмас мулк корхоналарни хўжалик ишлаб чиқариш фаолиятининг асосидир. Қолган мол-мулкни, қонун ҳужжатларида бошқача белгиланмаган бўлса, у мустақил тарзда бошқаради. Бироқ, шу билан бирга, корхонанинг ўзига бириктирилган кўчар мол-мулкни бошқаришга доир харакатлари унинг устав фаолияти вазифалари ва мулкнинг мақсадли вазифалари билан узвий боғлиқ бўлиши керак. Мулкдорнинг ёки унинг томонидан ваколатланган шахснинг даъволари бўйича юқоридаги талабларга номувофиқ битимлар суд томонидан хақиқий эмас деб тан олинишлари мумкин. Бунда учинчи шахслар ўзларининг инсофли эканликларига ҳавола этолмайдилар, чунки ашёвий ҳуқуқ асосидаги мол-мулкни бошқариш бўйича чеклашлар қонун томонидан белгиланган.


2. Мисол тариқасида қуйидаги суд ишини кўриб чиқамиз:

Юридик шахс (бундан кейин - ҳусусий фирма) давлат қурилиш бирлашмаси (бунда кейин - бирлашма) таркибига кирувчи давлат корхонаси (бундан кейин -корхона) билан олди-сотди шартномасини имзолади ва ундан иккита омборни ҳамда идоранинг маъмурий биносини сотиб олди. Кейинроқ ҳўжалик судининг қарори билан ҳусусий фирма тугатилган эди, ва унинг мажбуриятлари бўйича бошқа юридик шахс (бундан кейин - фирма) унинг ҳуқуқий ворисига айланди. Маълум вақт ўтгач, юқорида кўрсатилган бинолар Давлат мулк Қўмитасининг кўрсатмасига биноан Республика кўчмас мулк биржасида учинчи шахсга такроран сотилган эди. Шу муносабат билан улар фирманинг амалдаги мулкдорларидан тортиб олинди ва янги мулк эгасига топширилди. Фирма биржада тузилган олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб тан олиш ва ноқонуний тарзда ундан тортиб олинган мулкни қайтариб бериш, ва шунингдек мазкур харакатлар билан етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги талаб билан Хўжалик судига мурожаат қилди. Ишда жавобгар сифатида иштирок этган бирлашма, ўз навбатида фирмага нисбатан қарши даъво аризаси билан чиқиб, аввал ҳусусий фирма ва корхона ўртасида тузилган олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб тан олиш илтимосини билдирди.

Даъвогарнинг вакиллари ўз далилларини, фирма суд қарори асосида ҳусусий фирманинг ҳуқуқ ворислиги айланганлиги билан асосладилар. Унинг балансида қолган барча мол-мулк, шу жумладан аввал ҳусусий фирма томонидан эгалик қилиш учун сотиб олинган учта бино, ҳуқуқ ворислиги тартибида фирмага ўтган эди. Бирлашма ва Давлат мулк Қўмитаси қонунни ва мулк ҳуқуқини бузиш тарзида, мазкур қурилмаларни фирмадан тортиб олиб, учинчи шахсга сотдилар.

Бирлашма вакиллари корхона, мол-мулкка мулк ҳуқуқига эга бўлмаганлари ва унинг шундай сотилиши учун мулкдор томонидан розилик олмаганликлари туфайли, мазкур мулкни сотиш ҳуқуқига эга бўлмаганликларини айтдилар.

Суд, иш материалларини ўрганиб чиқиб, томонларнинг далилларини, ва шунингдек Давлат мулкчилик Қўмитасининг вакилини (у суд жараёнида мустақил талаб билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида қатнашди) тинглагач, фирма талабларининг ноҳаққонийлиги тўғрисидаги қарорга келди. Суд ўз далилларини қуйидаги ҳолатларга қайд қилган ҳолда асослади:

- корхона давлат унитар корхонаси бўлиб, унинг балансида турган барча мол-мулк хўжалик юритиш ҳуқуқи асосида бириктирилган эди;

- корхона томонидан сотилган бинолар кўчмас мол-мулк бўлиб, мулкдорнинг тегишли розилигисиз корхона мол-мулкни ҳусусий фирмага сотиш ҳуқуқига эга бўлмаган эди;

- юқорида кўрсатилган кўчмас мулкнинг имзоланган олди-сотди шартномаси, Фуқаролик кодексининг 111-моддасининг талаби асосида рўйхатдан ўтказилмаган эди.

Шундай қилиб, Фуқаролик кодексининг 112-моддасининг асосида, корхона ва хусусий фирма ўртасидаги мазкур олди-сотди шартномаси, унинг имзоланиши пайтидан бошлаб хақиқий эмаслигини кўзда тутган ҳолда, суд фирма талабларини рад этди. ОХСнинг Судлов коллегияси биринчи инстанция суди ҳулосаларининг қонунийлигини ва асосланганлигини тасдиқлади, ва корхона давлат унитар корхонаси бўлганлиги сабабли, у Давлат мулк Қўмитасининг рухсатисиз кўчмас мол-мулкни, унинг мулкдори бўлмасдан, сотишга ҳақли бўлмаганлиги масаласига ойдинлик киритди. Мазкур кўчмас мулкка нисбатан “Давлат тасарруфидан чиқариш ва ҳусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ ҳусусийлаштириш ўтказилиши ва тегишли тарзда айни битимни давлат рўйхатига олиш йўли билан қонуний эгаликка ўтиши мумкин эди. Қонунчиликнинг мазкур талаблари сотиш пайтида бузилган эди ва шу сабабдан биринчи инстанция суди қонуний тарзда олди-сотди шартномасини хақиқий эмас деб тан олди. Бундан ташқари, айнан кўчмас мулкнинг сотиб олиниши учун фирма томонидан банкда олинган кредитнинг қайтариб берилишини таъминланиши учун айнан кўчмас мулкнинг гаровга қўйилганлигига эътиборни қаратди. Суд Фуқаролик кодекси 113, 114-моддаларининг қоидалари асосида, икки омбор ва идоранинг маъмурий биносини олди-сотди шартномаси ўз-ўзидан хақиқий эмас деб топди ва корхонага фирма тўлаган пул маблағларини ўзгани пуллардан фойдаланиш деб баҳолаб, фоизлари билан бирга қайтариб бериш хақида хал қилув қарори чиқарди. (Материал манбаи: Тошкент вилоят Хўжалик судининг 67/05-сонли иши бўйича 2002 йил 18 сентябрдаги Қарори, Тошкент вилояти Хўжалик суди Суд коллегиясининг 2003 йил 29 январдаги ажрими, ЎзР Олий хўжалик суди Суд коллегиясининг 2003 йил 5 мартдаги Қарори).



178-модда. Оператив бошқариш ҳуқуқи


Давлат корхонаси, шунингдек муассасаси ўзларига бириктириб қўйилган мол-мулкка нисбатан қонунда белгилаб қўйилган доирада, ўз фаолиятининг мақсадларига, мулкдорнинг топшириқларига ҳамда мол-мулкнинг вазифасига мувофиқ ҳолда эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқларини амалга оширадилар.

Давлат корхонаси ёки муассасасига бириктириб қўйилган мол-мулкнинг эгаси ортиқча, фойдаланилмаётган ёки ноўрин фойдаланилаётган мол-мулкни олиб қўйиш ҳамда уни ўзи хоҳлаган тарзда тасарруф этишга ҳақли.


1. Оператив бошқариш ҳуқуқи, хўжалик юритиш ҳуқуқи каби, чекланган ашёвий ҳуқуқни ташкил этади. Оператив бошқариш ҳуқуқининг моҳияти мулк эгаси маълум мақсадни кўзлаган ҳолда юридик шахсни ташкил этишида ва белгиланган мақсадни амалга ошириш учун атайлаб ажратилган ўз мулкини ўша юридик шахсга бириктиришидадир. Бунда мулк эгасининг мулки унинг томонидан ташкил этилган юридик шахснинг мулкига ўтмайди, балки фойдаланишга ва эгалигига топширилади.


2. Мазкур модданинг биринчи қисмига мувофиқ, оператив бошқариш субъектларига давлат корхоналари ва мулкдори томонидан молиялаштириладиган муассасалар киради. Давлат корхонасининг ҳуқуқий холати (тасарруфи), давлат корхонасини, унинг филиаллари ва ваколатхоналарини ташкил этилиши ва фаолиятининг ҳусусиятлари, таъсисчининг, ижрочи органнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, давлат корхонаси ва уни таъсисчисининг ўртасидаги мулкий муносабатлари давлат корхоналари тўғрисидаги Низом томонидан тартибга солинади. Оператив бошқариш ҳуқуқи асосида ташкил этилган давлат корхонаси, давлат эгалиги тасарруфида мавжуд бўлган мулк асосида давлат органининг қарори бўйича ташкил қилинади. Давлат корхонасининг таъсисчилари сифатида давлат мол-мулкини тасарруф қилиш ҳуқуқига эга бўлган, ўз мутасаддилиги чегаралари миқёсида давлат корхонасини таъсис этиш ваколатига эга бўлган давлат бошқаруви органи, жойлардаги давлат хокимлиги органлари чиқишлари мумкин.

Муассаса деб, мулкдор томонидан бошқарув, ижтимоий-маданий ёки бошқа хил нотижорат характердаги вазифаларни амалга ошириш учун ташкил этилган ҳамда унинг томонидан тўлиқ ёҳуд қисман молиялаштириладиган ташкилот тан олинади (ФКнинг 78-моддаси). Муассаса ўз мол-мулкининг мулкдори бўлмаган нотижорат юридик шахсларнинг ягона кўриниши эканлигини таъкидлаш лозим.

Давлат корхоналарининг муассасалардан бўлган асосий фарқлари - ташкил этилиши бош сабаби бўлмиш амалга ошириладиган фаолиятнинг мақсадлари, мулк эгаларининг субъектли таркибига, ва шунингдек оператив бошқариш асосида мулкни бошқариш бўйича ваколатлар ҳажмига тааллуқлидир. Фаолиятнинг мақсадларидаги фарқлар - давлат корхоналари - бу бош мақсади даромадни мунтазам олишдан иборат бўлган, тижорат фаолиятини амалга ошириш мақсадига қаратилган унитар корхоналарнинг бир кўриниши бўлганлиги, муассасанинг эса нотижорат ташкилот эканлигидадир.


3. Оператив бошқариш ҳуқуқи объекти - бу давлат корхонасига ёки муассасага бириктирилган мол-мулк мажмуасидир. Давлат корхонасига ёки муассасага бириктирилиши тўғрисидаги қарор қабул қилинган мол-мулкни оператив бошқариш ҳуқуқи, мазкур корхонада ёки муассасада, мулкнинг топширилиши пайтидан пайдо бўлади (ФК 181-моддаси биринчи қисми). Давлат корхонасига ёки муассасага бириктирилган мулкни топшириш-қабул қилиш далолатномасининг асосида амалга оширилади.


4. Хужалик юритиш ҳуқуқидан фарқли ўлароқ, оператив бошқариш ҳуқуқининг мазмуни, мазкур ҳуқуқ эгаларининг ваколатлари бўйича бирмунча кўпроқ чекланганлигидадир.

Шарҳланаётган модданинг биринчи қисмига мувофиқ, оператив бошқарувга топширилган мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни бошқаришга доир ваколатлар давлат корхоналари ва муассасалар томонидан нафақат қонунда белгиланган чегараларда, балки уни фаолиятининг мақсадларига, мулкдорининг вазифаларига ва мол-мулкнинг мақсадли вазифаларига қатъиян мувофиқлик тарзида амалга оширилади. Шу билан мазкур юридик шахсларнинг ҳуқуқ лаёқатларининг махсус ҳусусияти алоҳида таъкидланади.

Бундан ташқари, мазкур меъёр оператив бошқарув субъектини ваколатларини чегараларини белгилайди ва мулкдор учун оператив бошқарувга топширилган мулкдан фойдаланишни назорат қилиш бўйича янада кенгроқ имкониятлар беради. Мулк эгаси давлат корхонасига ёки муассасага бириктирилган мулкдан фойдаланишни назорат қилишга ҳақлидир, чунки уни маълум мақсадларга эришиш учун топширади. Айнан шу билан шарҳланаётган модданинг иккинчи қисмида мулкдор учун кўзда тутилган мазкур мулкни бошқариш бўйича янада кенгроқ ҳуқуқлар мавжудлигини тушунтириш мумкин. Мулкдор, ёки унинг томонидан ваколатланган орган, суддан ташқари тартибда давлат корхонасининг ёки муассасанинг ихтиёрида бўлган ортиқча, фойдаланишда бўлмаган ёҳуд мақсадга номувофиқ ҳолда фойдаланилаётган мулкни тортиб олишга ва уни ўз ихтиёрига кўра тасарруф этишга ҳақлидир. Шу билан бирга, муассасаларнинг таъсис хужжатларидаги руҳсат этилган фаолиятидан олинган даромадлар, ва шунингдек мана шу даромадлар ҳисобига сотиб олинган мулк, хаттоки ундан мақсадга номувофиқ тарзда фойдаланаётган бўлсалар ҳам, мулкдор томонидан тортиб олиниши мумкин эмас. Оператив бошқарувга топширилган мол-мулкни қайтариб олиш тўғрисидаги мулкдорнинг қарори суд томонидан бекор қилиниши мумкин.

Давлат корхонасига ёки муассасага оператив бошқариш асосида бириктирилган мулкка нисбатан мулкдорнинг ваколати, мол-мулкга оператив бошқариш ҳуқуқининг бекор бўлиши билан тўлиқ ҳажмда тикланади.



179-модда. Давлат корхонасининг мол-мулкини тасарруф этиш


Давлат корхонаси ўзига бириктириб қўйилган мол-мулкни унинг мулкдорининг розилиги билангина бошқа шахсга беришга ёки уни бошқача усулда тасарруф этишга ҳақли.

Давлат корхонаси ўзи ишлаб чиқарадиган маҳсулотни, агар қонун ҳужжатларида ўзгача тартиб белгилаб қўйилган бўлмаса, ўзи мустақил тасарруф этади.

Давлат корхонасининг даромадларини тақсимлаш тартиби унинг мулкдори томонидан белгиланади.


1. Шарҳланаётган модданинг биринчи қисми қатъий императивлик ҳусусиятига эга бўлиб, давлат корхонаси мулк эгасининг розилигисиз ўзига бириктирилган кўчар ва кўчмас мулкни тасарруф этишга ҳақли эмаслигини белгилайди. Мазкур тартиб мулкдор томонидан давлат корхоналарининг хўжалик фаолиятини юқори даражада тўлиқ ва самарали назорат қилишни таъминланиши учун имкон яратиш мақсадига хизмат қилиши керак.

Давлат корхонасининг мулкини бошқариш қуйидаги ҳолларда давлат корхонасининг ижрочи органи томонидан, таъсисчининг розилиги билан амалга оширилади, чунончи:

асосий воситаларни сотиш, уларни ижарага ёки гаровга топшириш;

мол-мулкни хўжалик жамиятининг устав жамғармасига улуш сифатида киритиш;

хўжалик жамиятларининг акцияларини сотиб олиш;

хўжалик жамиятларидаги давлат корхонасига тегишли акцияларни (улушларни) сотиш;

давлат корхонаси фаолиятининг мақсадлари бўйича фойдаланишда нокерак бўлган мол-мулкни бошқача тарзда тасарруф этиш (Давлат корхоналари тўғрисидаги Низомнинг 17-банди).

Давлат корхонаси томонидан таъсисчиларнинг - давлат бошқаруви органи, давлат корхонасини таъсис этиш ваколатига эга бўлган жойлардаги давлат хокимлиги органларининг розилигисиз тузилган барча битимлар ноқонуний ҳисобланади.

Давлат корхонаси томонидан ўзига тегишли мол-мулкни тасарруф этиш, шу жумладан мулкдорининг розилиги тасарруф этиш ҳуқуқининг амалга оширилиши уставда кўзда тутилган фаолиятнинг амалга оширилишига тўсқинлик қилмаслиги керак.


2. Агарда қонунларда ёки бошқа меъёрий ҳуқуқий ҳужжатларда бошқача белгиланмаган бўлса, давлат корхонаси ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотни (ишларни, хизматларни) мустақил сотиш ҳуқуқига эгадир.


3. Давлат корхонасининг даромадларини тақсимлаш тартиби мулк эгаси, яъни давлат бошқаруви органи ва жойлардаги давлат хокимлиги органлари томонидан белгиланади. Давлат корхоналари тўғрисидаги Низомнинг 23-бандига мувофиқ, барча солиқлар ва бюджетга тўланадиган мажбурий тўловлар амалга оширилганидан сўнг давлат корхонасида қоладиган соф фойда корхонанинг ихтиёрида қолади ва таъсисчининг қарорига асосан ишлатилади. Давлат корхонаси, миқдори таъсисчи томонидан тасдиқланган, корхона низомида кўзда тутилган тартибда ва миқдорларда, ўзининг ихтиёрида қолган соф фойда ҳисобига резерв (заҳира) ва бошқа хил жамғармаларни ташкил этиши мумкин. Бундан ташқари, таъсисчилар ўзларининг қарорлари билан хайрия мақсадларига ҳамда бегона юридик ва жисмоний шахсларга хомийлик ёрдами йўлида юбориладиган пул воситаларининг энг юқори миқдорини, давлат корхонасининг раҳбарига уларни тасарруф этиш ҳуқуқи ваколатини бериш билан белгилаш ҳуқуқига эгадирлар.



180-модда. Муассаса мол-мулкини тасарруф этиш


Муассаса ўзига бириктириб қўйилган мол-мулкни ва смета бўйича унга ажратилган маблағларга сотиб олинган мол-мулкни бошқа шахсга беришга ёки ўзгача усул билан тасарруф этишга ҳақли эмас.

Агар таъсис ҳужжатларига мувофиқ муассасага даромад келтирадиган фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқи берилган бўлса, бундай фаолиятдан олинган даромад ва бу даромад ҳисобидан сотиб олинган мол-мулк муассасанинг мустақил тасарруфига ўтади ва алоҳида балансда ҳисобга олинади.


1. Шарҳланаётган моддада муассасага бириктирилган мол-мулкни оператив бошқариш ҳуқуқининг ҳажми белгиланган. Шуни таъкидлаш лозимки, давлат корхонасига нисбатан, оператив бошқариш ҳуқуқи асосида мол-мулкни бошқариш йўсинида муассаса ҳуқуқ ва имконияларининг ҳажми янада кўпроқ чеклангандир. Муассаса нотижорат ташкилотларга тааллуқли эканлиги туфайли, муассасага оператив бошқариш ҳуқуқи асосида бириктирилган мулкдан фойдаланиш ўзига хос ҳусусиятларга эга.


2. Муассасаларнинг мол-мулки мулкдори томонидан смета бўйича ажратиладиган маблағ воситалари ҳисобига сотиб олинган мол-мулклардан ва мустақил хўжалик ёки бошқа йўналишдаги фаолият ҳисобига олинган воситалардан шаклланиши мумкин. Мазкур кўринишлардаги мулкнинг ҳуқуқий режими турли хил ҳусусиятларга эга.

Умумий қоидага мувофиқ, муассаса ўзига бириктирилган ёки смета бўйича ажратилган воситалар ҳисобига сотиб олинган мулкни ажратишга ёки бошқа хил усулда (сотиш, айрибошлаш, ижарага топшириш ва ш.ў.) уни тасарруф этишга ҳақли эмасдир. Муассаса ўзининг ихтиёридаги мол-мулкдан ва мулк эгаси томонидан смета асосида ажратиладиган пул воситаларидан, уларнинг мақсадли фойдаланиш вазифаларига қатъиян амал қилган ҳолда фойдаланиши лозим. Мазкур мол-мулк бўйича мулкдорнинг розилигисиз тузилган битимлар ўз-ўзидан ҳақиқий хисобланади.


3. Таъсис ҳужжатларига мувофиқ ҳолда муассасаларга даромад келтирувчи фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқи берилиши мумкин. Бундай фаолиятдан олинган даромадлар ва ушбу даромадлар ҳисобига сотиб олинган мол мулклар муассасанинг мустақил тасарруфига ўтади ва алоҳида балансда ҳисобга олинишлари лозим. Бундай даромадларга ва мол-мулкка мулкдори томонидан муассасага оператив бошқариш ҳуқуқи асосида бириктирилган мол-мулкнинг режими таъсир этмайди ва бундай мол-мулкни ФК 178-модда тартибида муассасадан тортиб олиш мумкин эмас. Шарҳланаётган моддада мустақил тасарруф этиш ҳуқуқининг ҳуқуқий табиати ва мазмуни ёритилмайди. Мазмуни таҳлил этилаётган модданинг иккинчи қисмига мувофиқ, муассаса мулкдори розилигисиз, яъни бундай фаолиятдан олинган мол-мулкни мустақил тасарруф этиш ҳуқуқига эга эканлигини инобатга олган ҳолда, қўриб чиқилаётган ҳуқуқ хўжалик юритиш ҳуқуқига кўпроқ даражада яқин эканлигини тахмин қилиш мумкин. Шундан келиб чиққан ҳолда ушбу асосда олинган мол-мулкни тасарруф этиш ҳуқуқига нисбатан ФК 177-моддаси тўртинчи қисмининг (хўжалик юритиш) қоидалари қўлланиши лозимлигини таъкидлаш мумкин. Муассасаларнинг махсус ҳуқуқ лаёқатини инобатга олган ҳолда, мустақил тасарруф этишга топширилаётган мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш устав мақсадларга мувофиқ тарзда амалга оширилиши зарурлигини таъкидлаш лозим.



181-модда. Хўжалик юритиш ва оператив бошқариш

ҳуқуқларининг вужудга келиши ва бекор бўлиши


Мулкдорнинг қарори билан унитар корхонага ёки муассасага бириктириб қўйилган мол-мулкни хўжалик усулида юритиш ҳуқуқи ёки оператив бошқариш ҳуқуқи ушбу корхона ёки муассасада унга мол-мулк топширилган пайтдан бошлаб вужудга келади, башарти қонун ҳужжатларида ёки мулкдорнинг қарори билан бошқача тартиб белгиланган бўлмаса.

Хўжалик юритишида ёки оператив бошқаришида бўлган мол-мулкдан фойдаланишдан олинган хосил, маҳсулот ва даромадлар, шунингдек унитар корхона ёки муассаса шартнома бўйича ёхуд бошқа асосларда вужудга келган мол-мулк ҳам ушбу Кодексда, бошқа қонун ҳужжатларида мулк ҳуқуқининг вужудга келиши учун белгилаб қўйилган тартибда корхона ёки муассасанинг хўжалик юритишига ёки оператив бошқаришига ўтади.

Мол-мулкни хўжалик усулида юритиш ҳуқуқи ва оператив бошқариш ҳуқуқи мулкдорнинг қарори билан ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа асосларда бекор қилинади.


1. Шарҳ қилинаётган моддада хўжалик юритиш ҳуқуқи ва оператив бошқариш ҳуқуқини вужудга келиши ва бекор бўлишининг умумий тартиби белгиланган.

Мазкур чекланган ашёвий ҳуқуқларининг пайдо бўлишига нисбатан мазкур модданинг биринчи қисмида баён этилган қоидалар диспозитив тарзда умумлаштириб келтирилган. Умумий қоидага мувофиқ, унитар корхонада ёки муассасада хўжалик юритиш ҳуқуқининг ёки оператив бошқариш ҳуқуқининг пайдо бўлиши пайти деб уларга мулкдор томонидан мол-мулкнинг топширилиши пайти ҳисобланади. Бу ўз навбатида, хўжалик юритиш ҳуқуқи ва оператив бошқариш ҳуқуқи мулкдори ёки унинг томонидан ваколатланган шахснинг унитар корхонани ёки муассасани ташкил этиш тўғрисидаги қарорининг қабул қилиниши ва унга мол-мулкнинг бириктирилиши билан эмас, балки мулкнинг топширилишидан кейин пайдо бўлишини билдиради. ФК 186-моддасига мувофиқ, топшириш деб сотиб олувчига ашёларни топширилиши таомили тан олинади, ашё эса унинг сотиб олувчи эгалиги ихтиёрига амалдаги ўтиши пайтидан бошлаб топширилган деб ҳисобланади. Қонун доирасидаги мазкур юридик шахсларнинг ташкил этиш ва фаолиятини тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда мол-мулкни топшириш белгилаб қўйилади. Масалан, Давлат корхоналари тўғрисидаги Низомнинг 15-бандига мувофиқ, ташкил этилган давлат корхонасида оператив бошқариш ҳуқуқи корхона раҳбари ва таъсисчи томонидан қабул қилиш-топшириш далолатномасининг имзоланиши пайтидан пайдо бўлади.

Модомики, модданинг шарҳланаётган қисми диспозитив ҳусусиятга эга экан, қонун ҳужжатлари томонидан ёки мулкдорининг қарори билан мулкни хўжалик юритишга ёки оператив бошқарувга топширишнинг бошқа пайти ҳам белгиланиши мумкин. Масалан, мол-мулкнинг топширилишида эмас, балки айни муддатдан кечроқ ёки олдинроқ бажарилишида ҳам намоён бўлади.


2. Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисми, юқоридаги қисмидан фарқли ўлароқ, қатъиян императив ҳусусиятга эгадир. Унга мувофиқ, хўжалик юритилишида ёки оператив бошқаришда бўлган мол-мулкдан фойдаланиш натижасида олинган ҳосил, маҳсулот ва даромадлар ва унитар корхона ёки муассаса томонидан сотиб олинган мол-мулк, уларнинг хўжалик юритиши ёки оператив бошқариши учун ФК 15-“Мулк эгалиги ҳуқуқининг вужудга келиши ва бекор бўлиши” бобида ёки бошқа қонун ҳужжатларида асосида белгиланган тартибда эгалик қилиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун келиб тушади. Унитар корхоналар ва муассасалар ўзларининг ихтиёрида мавжуд, фойдаланишида ва бошқаришда бўлган мол-мулкка нисбатан мулк ҳуқуқидан маҳрумдирлар. Мулкдори томонидан хўжалик юритишга ёки оператив бошқаришга топширилган, унитар корхонанинг ва муассасанинг мулки, ва шунингдек улар томонидан сотиб олинган бошқа кўринишдаги мулк, таъсисчиларга мулк ҳуқуқи асосида тегишлидир. Демак, унитар корхоналар ва муассасаларнинг мулкий балансига келаётган барча тушумларга хўжалик юритиш ҳуқуқи ёки оператив бошқариш ҳуқуқининг режими тааллуқли дейиш мумкин.


3. Шарҳланаётган модданинг учинчи қисмига мувофиқ, хўжалик юритиш ҳуқуқи ва мол-мулкни оператив бошқариш ҳуқуқи мулкдорининг қарори билан ва қонунчиликда белгиланган бошқа асосларга ҳам кўра бекор бўлади. Мулкдорининг мол-мулкни қайтариб олиш ва унитар корхонанинг ёки муассасанинг қайта ташкил этиш ёхуд тугатиш тўғрисидаги қарори асосида хўжалик юритиш ёки оператив бошқариш ҳуқуқи тугалланади. Унитар ёки давлат корхонасининг ҳусусийлаштирилиши ҳолатида давлат мулк ҳуқуқи билан бирга хўжалик юритиш ҳуқуқи ва оператив бошқариш ҳуқуқи ҳам бекор бўлади.

Шу билан бирга, ФКда кўзда тутилган мулк ҳукуқининг ҳамда бошқа ашёвий ҳуқуқларининг бекор бўлишига доир асосларнинг барчасини ҳам хўжалик юритилиши ҳуқуқига ва оператив бошқариш ҳуқуқига нисбатан қўллаш мумкин эмас. Масалан, хўжалик юритишда ва оператив бошқаришда мавжуд бўлган мол-мулк давлат мулкига айлантириш ва мусодара қилиш объекти бўлиши мумкин эмас.



15-БОБ. МУЛК ҲУҚУҚИНИНГ ВУЖУДГА

КЕЛИШИ ВА УНИНГ БЕКОР БЎЛИШИ


182-модда. Мулк ҳуқуқининг вужудга келиш асослари

183-модда. Мулкни яратиш ва кўпайтириш

184-модда. Битим бўйича мол-мулкни олиш

185-модда. Шартнома асосида мол-мулк олувчида

мулк ҳуқуқининг вужудга келиш пайти

186-модда. Ашёларни топшириш

187-модда. Эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат

188-модда. Ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқи

189-модда. Ҳамма йиғиб олиши мумкин

бўлган ашёларни мулкка айлантириш

190-модда. Тарих ва маданият ёдгорликларини

хўжасизларча сақлаш

191-модда. Эгасиз ашё

192-модда. Топилма

193-модда. Топилмага эгалик ҳуқуқини олиш

194-модда. Топилма билан боғлиқ харажатларни

тўлаш ва ашёни топиб олган шахсни тақдирлаш

195-модда. Қаровсиз ҳайвонлар

196-модда. Хазина

197-модда. Мулк ҳуқуқининг бекор бўлиш асослари

198-модда. Мол-мулкни тугатиш ва ҳисобдан чиқариш

199-модда. Мол-мулкни мулкдордан олиб қўйиш

200-модда. Қарзни низосиз тартибда ундириб олиш

201-модда. Қимматбаҳо металлар ва тошларга мулк ҳуқуқининг

вужудга келиш хамда бекор бўлиш хусусиятлари

202-модда. Национализация

203-модда. Реквизиция

204-модда. Мусодара

205-модда. Мол-мулкни олиб қўйиш чогида унинг

қийматини аниқлаш ва зарарларни ундириб олиш ҳуқуқи

206-модда. Мулкдорнинг мол-мулкини бевосита олиб қўйишга

қаратмаган ҳолда мулк ҳуқуқининг бекор қилиниши



182-модда. Мулк ҳуқуқининг вужудга келиш асослари


Мулк ҳуқуқининг вужудга келиш асослари қуйидагилардан иборат:

меҳнат фаолияти;

мол-мулкдан фойдаланиш соҳасидаги тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолияти, шу жумладан мол-мулкни яратиш, кўпайтириш, битимлар асосида қўлга киритиш;

давлат мол-мулкини хусусийлаштириш;

мерос қилиб олиш;

эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат;

қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа асослар.


1. Мулк ҳуқуқининг вужудга келиши қонун томонидан мулк ҳуқуқининг асослари деб номланувчи маълум юридик воситаларни кириб келиши билан анъанавий тарзда боғлиқ. Шарҳланаётган моддада мазкур далилларнинг тахминий ва тўлиқ бўлмаган рўйхати келтирилган. Муайян шахсларда маълум мол-мулкка мулк ҳуқуқини вужудга олиб келтирувчи, ҳуқуқ яратувчи фактлар сифатида, хам субъектларнинг харакатлари, ҳам кишиларнинг иродасига боғлиқ бўлмаган ходисалар чиқиши мумкин. Мазкур ҳуқуқ яратувчи юридик фактлар мулк ҳуқуқи пайдо бўлишининг асослари (титуллари) деб номланади. Мулк ҳуқуқи икки хил усул, яъни дастлабки ва хосилавий усуллар ёрдамида қўлга киритилади. Мулк ҳуқуқининг дастлабки усулда қўлга киритилишида, сотиб олувчининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари қонун томонидан белгиланади, хосилавий усулда эса собиқ мулкдорнинг иродаси, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, томонларнинг ўзаро розилиги ва давлат хокимлиги органларининг далолатномалари муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Дастлабки (бошланғич) усулларга мулк ҳуқуқи айни ашёга нисбатан биринчи бор пайдо бўладиган шароитдаги мулк ҳуқуқини (масалан, илгари мавжуд бўлмаган, ва шу сабабдан ҳечкимнинг эгалигида ҳали бўлмаган ёки гарчи мавжуд бўлганлиги тақдирида ҳам, бироқ ҳечкимга тегишли бўлмаган ашёлар) ёҳуд мазкур ашёга собиқ мулкдорнинг эрки-иродасидан қатъий назар мавжуд мулк ҳуқуқларини қўлга киритиш усулларини киритадилар. Мулк ҳуқуқини бундай қўлга киритиш усулларига янги ашёни яратилиши, ўсимлик, ҳайвонот оламининг ва нотирик табиатнинг умумий истеъмолга яроқли объектларининг йиғим терими, мулк ҳуқуқига нисбатан эгалик ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддати, эгасиз мулкка эга бўлиш ва бошқалар киради.

Хосилавий усуллар бўлиб мазкур шахс томонидан мулк ҳуқуқининг қўлга киритилиши дастлабки мулкдорининг мулк ҳуқуқига асосланадиган усуллар ҳисобланади. Юридик шахснинг қайта ташкил этишдаги ҳуқуқий ворислик тартибида тузиладиган мол-мулкни тақсимлаш битимлари асосида мулк ҳуқуқининг қўлга киритилиши мулк ҳуқуқини қўлга киритишнинг хосилавий усулларига тааллуқлидир.


2. Мулкчилик ҳуқуқини қўлга киритиш усулларини дастлабки асос ва хосилавий усулларга бўлиниши амалдаги ФКда қонуний мустаҳкамланмаганлигига қарамай, уни амалий мақсадлар учун қўллаш мумкин. Мулк ҳуқуқини қўлга киритилиши усулларини дастлабки ва хосилавий усулларга фарқлашнинг амалий ахамияти - уларнинг ёрдамида мулк ҳуқуқини олувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳажмининг белгиланишида намоён бўлади. Мулк ҳуқуқини қўлга киритишнинг хосилавий усулларида янги мулкдори, ўзининг ўтмишдошига тегишли бўлган худди ўша ҳуқуқлари, ва шулар билан бирга мазкур ҳуқуқнинг барча чекланишларини қўлга киритади. Дастлабки усулда олувчига мулк ҳуқуқининг ҳеч қандай чекловлари татбиқ этилмайди.



183-модда. Мулкни яратиш ва кўпайтириш


Мулк ҳуқуқи янги мол-мулкни яратиш ҳамда мулкдор ихтиёридаги мол-мулкни кўпайтириш натижасида вужудга келиши мумкин.

Агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, мол-мулкдан хўжалик усулида ва ўзгача усулда фойдаланиш натижалари, шу жумладан маҳсулот, хосил ва бошқа даромадлар мулкдорга тегишли бўлади.


1. Мулк ҳуқуқи пайдо бўлишининг энг оммабоп усули - бу янги мол-мулкни яратиш ва мулкдорида мавжуд бўлган мол-мулкни кўпайтиришдир. Янги мулкни яратиш деганда илгари мавжуд бўлмаган ашёнинг биринчи бор яратилишини тушуниш керак. Янги мол-мулкни яратиш, одатга кўра, фуқаролик муомаласи субъектларининг тадбиркорлик ёки бошқа хил хўжалик фаолияти доирасида амалга оширилади. Тадбиркорлик ёки бошқа хил хўжалик фаолиятини амалга ошириш натижасида яратилган мол-мулкка мулк ҳуқуқи пайдо бўлишининг мажбурий шартларига ашёни учинчи шахсларга етказиб бериш, сотиш учун ёки ажратиш учун эмас, балки “ўзи учун” яратилганлиги ва мазкур фаолиятни қонунга ҳамда бошқа хил ҳуқуқий ҳужжатларга риоя қилган ҳолда амалга ошириш киради. Масалан, умумий қоидага мувофиқ, ўзбошимчалик билан қурилишни амалга оширган шахс унга мулк ҳуқуқини қўлга қиритмайди. Худди шундай ҳолда, амалдаги қонунчилик томонидан тайёрланиши таъқиқланган ашёларни (масалан, гиёҳванд моддаларни, қуролларни) тайёрлаш ёки баъзи объектларни махсус руҳсатномасиз (лицензиясиз) тайёрлаш фаолияти шахсда мулк ҳуқуқини вужудга келтирмайди.

Ашёни мулкдор ўзи учун яратганлиги ашё фақат унинг ишлаб чиқарувчиси томонидан шахсан фойдаланиши мақсадида тайёрланганлигини билдирмайди. Кўпчилик ҳолларда тадбиркорлик фаолияти натижасида яратилган мол-мулк турли шартномалар асосида бошқа шахслар учун мўлжалланган бўлади. Бундай вазият, масалан, пудрат шартномаси асосида ёки ашёнинг олди-сотди шартномаси бўйича сотилишида рўй беради.

Янгидан яратилган кўчар мол-мулкка мулк ҳуқуқи вужудга келишининг пайти мазкур мол-мулк моддий оламнинг алоҳида объектига айланиши пайти ҳисобланади. Яратилган кўчмас мол-мулкка нисбатан бошқа қоидалар харакатда бўлади. ФКнинг 84-моддасига мувофиқ, кўчмас мулкка таллуқли мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар, шунингдек мазкур ҳуқуқларнинг вужудга келиши, (ўзга шахсга) ўтиши, чекланиши ва бекор бўлиши давлат руйхатидан ўтказилиши шарт. Давлат рўйхатидан ўтказилганидан сўнг, шахс янги яратилган кўчмас мулкка доир мулк ҳуқуқини ўз қўлига киритади.


2. Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисми хўжалик ва бошқа мақсадларда мол-мулкдан фойдаланиш, яъни мулкни кўпайтирилиши натижаларининг ҳуқуқий режимини белгилайди ва диспозитив ҳусусиятларга эгадир. Мазкур масала бўйича хосилдор ашёнинг органик ривожланиши натижасида етиштирган табиий (натурал) ҳосилини (ҳайвонларнинг болалари, жуни, сути, қишлоқ хўжалиги хосили ва ш.ў.), ва шунингдек, ашёдан фуқаролик муомаласида фойдаланишдан олинган фуқаролик фойдани (даромадларни) (ижара шартномаси бўйича ашёни топшириш эвазига тўловлар, қимматли қоғозлар бўйича дивидендлар ва б.) фарқлаш лозим. Умумий қоидага мувофиқ,мулкдан хўжалик ҳамда бошқа мақсадлардаги фойдаланишнинг натижалари, шу жумладан маҳсулот, мевалар ва бошқа даромадлар мулкдорга тегишлидир. Лекин, шу билан бирга, мазкур қоида қонун томонидан ёки томонларнинг битими билан ўзгартирилиши мумкин. Мол-мулкдан хўжалик юритиш ва бошқа йўналишдаги фойдаланишнинг натижалари унинг қонуний эгаларига ҳам, яъни маълум титул асосида унга эгалик қилаётган ва фойланаётган шахсларга тегишли бўлиши мумкин. Масалан, ФКнинг 538-моддасига мувофиқ ҳолда, ижарачи томонидан ижарага олинган мулкдан фойдаланиши натижасида олган ҳосил, мевалари ва бошқа хил даромадлари унинг эгалигидаги мулкни ташкил этади. Аммо, баъзи қонуний мулкдорлар, қонуннинг тўғридан-тўғри белгилашига кўра, мулкдан хўжалик ва бошқа йўналишдаги фойдаланишдан олинадиган натижаларга мулк ҳуқуқини олмайдилар. Масалан, хўжалик юритишда ёки оператив бошқаришда бўлган мол-мулкдан фойдаланиш натижасида олинган мевалар, маҳсулот ва даромадлар, ва шунингдек унитар корхона ёки муассаса томонидан шартнома асосида ёки бошқа асосларда сотиб олинган мол-мулк, корхонанинг ёки муассасанинг мулкига айланмайди, балки хўжалик юритилишига ёхуд оператив бошқаруви ҳуқуқи режимига келиб тушади (ФКнинг 181-моддасига келтирилган шарҳни қаранг). Худди шундай тарзда мол-мулкни ишончли бошқарувчи ишончли бошқариш шартномасига асосан, мол-мулкдан қонуний асосда фойдаланганлигига қарамай, маҳсулотга, меваларга ва даромадларга мулк ҳуқуқини қўлга киритолмайди.



184-модда. Битим бўйича мол-мулкни олиш


Мол-мулк олиш-сотиш, айрибошлаш, ҳадя қилиш шартномалари, ҳамда қонун билан тақиқланмаган бошқа битимлар асосида мулк қилиб олиниши мумкин.

Башарти, қонунларда бошқача кўрсатилмаган бўлса, мол-мулк янги мулкдорга ўтганида, универсал ҳуқуқий ворислик тартибида собиқ мулкдорнинг ҳуқуқ ва бурчлари ҳам унга ўтади.


1. Мулк ҳуқуқининг энг кўп тарқалган усули - бу мол-мулкга мулкдорлик мақомини вужудга келтирувчи, олди-сотди, айрибошлаш, хадя қилиш ва бошқа шартномаларидир. Шартнома асосида мулк ҳуқуқининг пайдо бўлиши мулк ҳуқуқини сотиб олишнинг хосилавий усулидир. Амалдаги қонун ҳужжатларида мол-мулкга шартномалар асосида мулк ҳуқуқи пайдо бўлишининг баъзи шарт-шароитлари кўзда тутилган. Биринчидан, шартнома тўғрисидаги қоидаларга мувофиқ битим, яъни томонларнинг ўзаро ихтиёрий келишуви - бир томоннинг мол-мулкни қабул қилишга, бошқа томоннинг уни топширишга розиликларининг мавжудлиги талаб этилади. Иккинчидан, шартнома ҳақиқий бўлиши, яъни қонунчиликнинг барча талабларига жавоб бериши керак. Ҳақиқий бўлмаган битим томонларнинг кўзда тутган юридик оқибатларини келтириб чиқармайди, яъни шартнома асосида, сотиб олувчида мол-мулкка мулк ҳуқуқи пайдо бўлмайди. Учинчидан, умумий қоидага мувофиқ, шартномада мол-мулкни бегоналаштирувчи шахс сифатида фақат битта, мулк ҳуқуқи асосида мол-мулкка эгалик қилаётган шахс иштирок этиши керак. Шу билан бирга, баъзи ҳолларда қонунчилик томонидан мулкдорлари бўлмаган шахслар томонидан мол-мулкнинг бегоналаштиришга йўл қўйилади. Масалан, комитент номидан мол-мулкни сотаётган ёки сотиб олаётган комиссионер, олди-сотди шартномасида ўз номидан иштирок этади (ФКнинг 832-моддаси). Шунга ўхшаш вазият гаровга топширилган мол-мулкни сотишда пайдо бўлади (ФКнинг 280-282-моддалари). Тўртинчидан, мол-мулк мулкдори мол-мулкни тасарруф этиш ҳуқуқидан маҳрум бўлмаслиги лозим. Мол-мулкни тасарруф этиш ҳуқуқидан маҳрум бўлган мулкдор, шартноманинг тузилиши оқибатида сотиб олувчига мулк ҳуқуқини ўтказмайди. Шунга қарамай, манфаатдор шахснинг талабига биноан мол-мулкни инсофли сотиб олувчидан қайтариб олиш тўғрисидаги масала ФКнинг 229-230-моддалари асосида тартибга солинади. Бешинчидан, шартнома белгиланган шаклга риоя қилиш шарти билан имзоланиши керак. Тегишли шаклга амал қилмаслик шартноманинг ҳақиқий эмаслигини келтириб чиқаради, бу эса сотиб олувчида мулк ҳуқуқининг пайдо бўлишига тўсқинлик қилади.


2. Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисмида кўзда тутилган қоидалар, шартнома асосида мулк ҳуқуқининг пайдо бўлиши мулк ҳуқуқини сотиб олинишнинг хосилавий усули эканлигининг далилловчи исботидир. Маълум бўлганидек, мулк ҳуқуқини сотиб олишнинг хосилавий усулида сотиб олувчининг ҳуқуқи ўтмишдошнинг ҳуқуқига асосланади, яъни ҳуқуқий ворислик ҳолати мавжуд. Мулк ҳуқуқининг шартнома асосида пайдо бўлишида мулк ҳуқуқининг фақат субъекти алмашади, собиқ мулкдорнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари эса янги сотиб олувчига универсал ҳуқуқий ворислик тартибида ўтади.



185-модда. Шартнома асосида мол-мулк олувчида

мулк ҳуқуқининг вужудга келиш пайти


Шартнома асосида мол-мулк олувчида мулк ҳуқуқи, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ашё топширилган пайтдан бошлаб вужудга келади.

Агар мол-мулкни бошқа шахсга бериш ҳақидаги шартнома давлат рўйхатидан ўтказилиши ёки нотариал тасдиқланиши керак бўлса, мол-мулкни олувчида мулк ҳуқуқи шартнома рўйхатдан ўтказилган ёки тасдиқланган пайтдан бошлаб, шартномани ҳам нотариал тасдиқлаш, ҳам давлат рўйхатидан ўтказиш зарур бўлганида эса - рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб вужудга келади.


1. Фуқаролик муомаласида шартнома асосидаги сотиб олувчида мулк ҳуқуқининг пайдо бўлишини аниқ белгилаб олиш жуда муҳим аҳамиятга эга. Чунки, айни пайтдан бошлаб сотиб олувчи мулкдор сотиб олинган мулкка эгалик қилишга, ундан фойдаланишга, уни тасарруф этишга доир ваколатларни амалга оширишга ҳақлидир, ва шунингдек унинг зиммасига мол-мулк билан боғлиқ тегишли мажбуриятлар оғирликлар (масалан, гаров) ва мулкнинг тасодифан нобуд бўлиши ҳамда бузилиши ҳавфлари ўтади.

Умумий қоидага мувофиқ, агарда қонунчиликда ёки шартномада бошқача назарда кўзда тутилмаган бўлса, ашёни сотиб олувчисида мулк ҳуқуқи унинг топширилиши пайтидан бошлаб пайдо бўлади. Мазкур меъёр диспозитив ҳусусиятга эга эканлиги туфайли, сотиб олувчига мулк ҳуқуқининг ўтиш пайти ашёнинг топширилиши пайтига тўғри келмаслиги, ва унинг амалга оширилишигача ёки қонунчиликда ёхуд шартномада кўзда тутилган қандайдир бошқача шарт, масалан сотиб олиш бахосининг тўланиши пайтидан бошланиши мумкин.

Мазкур қоидалардан четга чиқиш, мол-мулкнинг мулкдордан бегоналаштиришга қаратилган шартноманинг предмети нима эканлигига, (яъни хусусий аломатли ашё ёки тур белгилари билан ажралиб турган ашё) боғлиқ бўлиши мумкин. Маълум бўлганидек, мулк ҳуқуқи фақат хусусий аломатлари билан белгиланадиган ашёларга таълуқли бўлиши мумкин. Тур белгилари билан аниқланадиган ашёларга мулк ҳуқуқининг ўтиши, уларни сотиб олувчига топширилишига қадар мавжуд бўлиши мумкин эмас, чунки топшириш тур белгилари билан белгиланадиган ашёларнинг алоҳидалаштириш воситасидир. Шу сабабдан мол-мулкни шартнома асосида сотиб оладиган шахсда тур белгилари билан белгиланадиган ашёга мулк ҳуқуқи ҳар доим фақат ашёни топшириш пайтида пайдо бўлади. Демак, мулк ҳуқуқи ўтишининг пайти тўғрисидаги қоидалар фақат хусусий аломатлари билан белгиланидиган ашёларга нисбатан диспозитив бўладилар.


2. Шарҳланаётган модданинг олдинги қисмига нисбатан, унинг иккинчи қисми императивлик ҳусусиятига эга. Шунга мувофиқ, агарда мол-мулкни сотиб олиш тўғрисидаги шартнома давлат рўйхатидан ўтадиган ёки нотариал тасдиқланадиган бўлса, сотиб олувчида мулк ҳуқуқи шартноманинг рўйхатга олиниши ёки тасдиқланиши пайтидан бошлаб пайдо бўлади, шартноманинг ҳам нотариал тасдиқланишининг, ҳам давлат рўйхатига олинишининг зарурияти мавжуд бўлганлиги ҳолатида эса - унинг давлат рўйхатидан ўтган пайтида бошлаб мазкур ҳуқуқ пайдо бўлади. Мазкур меъёрнинг мазмунидан, ашёни сотиб олувчига амалдаги топширилишига қарамай, агарда тегишли шартнома ваколатли орган томонидан руйхатдан ўтказилмаганлиги ва нотариал тасдиқланмаганлиги тақдирида, мулк ҳуқуқи сотиб олувчига ўтмайди.

Мулк ҳуқуқи пайдо бўлишининг мазкур тартиби, асосан кўчмас мулкка нисбатан амалда бўлишини таъкидлаш лозим. Умумий қоидага мувофиқ, кўчмас мулкка мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар, уларнинг пайдо бўлиши, ўтиши, чекланиши ва бекор бўлиши давлат руйхатидан ўтказилиши шарт (ФКнинг 84-моддаси). Масалан, ФК 488-моддаси иккинчи қисми бўйича турар жой (уй)нинг, хонадоннинг, турар жойнинг ёки хонадоннинг бир қисмини сотиш тўғрисидаги шартномаси нотариал тасдиқланиши ва давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт.



186-модда. Ашёларни топшириш


Ашёларни олувчига топшириш, шунингдек етказиб бериш мажбуриятини олмаган ҳолда бошқа шахсга берилган ашёларни олувчига жўнатиш учун транспорт ташкилотига ёки алоқа ташкилотига топшириш ашёларни топшириш ҳисобланади.

Ашё олувчининг ёки у кўрсатган шахснинг ихтиёрига амалда тушган пайтдан бошлаб олувчига топширилган ҳисобланади.

Ашёни тасарруфдан чиқариш тўғрисидаги шартнома тузилаётган пайтгача у олувчининг ихтиёрига ўтиб бўлган бўлса, ашё унга шу пайтдан эътиборан топширилган ҳисобланади.

Коносаментни ёки ашёга тегишли бошқа тасарруф этувчи ҳужжатни топшириш ҳам ашёни топширишга тенглаштирилади.


1. Шарҳланаётган модда топшириш нима эканлигини ва қайси пайтдан бошлаб ашёсотиб олувчига топширилган деб ҳисобланиши мумкинлигини белгилайди. Мазкур модданинг меъёрлари императив тарзда ифодаланганлигини ва фуқаролик муомаласи иштирокчиларига айни масала бўйича ўз хоҳиши билан иш тутиш учун ҳуқуқ бермаслигини таъкидлаш лозим.


2. Ашёларни топшириш мазкур бандда кўрсатилган турли хил усулларда амалга оширилиши мумкин. Ашёларни топширишнинг энг кенг тарқалган усули - бу уларни сотиб олувчининг қўлига амалдаги топширилишидир. Сотиб олувчига ашёни қўлдан қўлга топширилиши - бу аниқ маънодаги топшириш демакдир - ашё бир шахсдан иккинчи шахсга қўлдан қўлга ўтади. Ашёни амалда қўлдан қўлга бериш йўли билан бундай топшириш олди-сотди, хадя ва қарз бериш шартномаларининг ижросида амалга оширилади. Топшириш усули сифатида шунингдек ашёларни транспорт ташкилотига ёки алоқа ташкилотига сотиб олувчига юбориш учун топширишни қонун тан олади. Топширишнинг бу усулида олиб сотувчига ашёни етказишни ёки уни юборишни амалга оширадиган учинчи шахс иштирок этади. Ашё амалда ҳали сотиб олувчининг қўлида эмас, лекин, қонун бундай ҳолатларда транспорт ташкилотларига ва алоқа ташкилотларига ашёларни топширилишини уларнинг олиб сотувчига амалдаги топширилиши билан тенглаштиради. Топширишнинг бундай усулида қонуннинг ягона ва жиддий талаби - ашёни етказиб бериш мажбуриятини юкланган ҳолда олинишидир. Агарда ашёлар шундай мажбурият юкланган ҳолда сотилган бўлса, бундай ташкилотларга ашёларни топшириш уларни топширишга тенглаштирилмайди ва топшириш пайти сифатида ашёни сотиб олувчи томонидан бевосита қабул қилиб олиниши ҳисобланади (ФК 711-моддасига шарҳни қаранг).


3. Шарҳланаётган модданинг учинчи қисмига мувофиқ, агарда ашё мулкдор тасарруфидан чиқаришга қаратилган шартноманинг тузилиши пайтида бошқа асосга (қонуний эгалик) кўра бўлажак сотиб олувчининг амалдаги эгалигида мавжуд бўлганида, айни ашё шартнома тузилган пайтдан бошлаб топширилган деб тан олинади. Масалан, ижара шартномаси имзоланган бўлса, ва кейин томонлар худди ўша нарсанинг олди-сотди шартномасини тузган бўлсалар, олди-сотди шартномаси тузилган пайтдан бошлаб айни ашё сотиб олувчига мулк сифатида топширилган ҳисобланади.


4. Ашёнинг топширилишига коносаментнинг ёки бошқа хил товарни тасарруф этувчи хужжатнинг топширилиши тенглаштирилади. Коносамент юкни денгиз орқали ташиб етказиб бериш шартномасининг шартларини мужассамлаган товарни тасарруф этувчи хужжатдир ва шу билан бирга айни хужжатни ўз қўлида сақлаган шахсга юкни тасарруф қилиш ҳуқуқини берувчи қимматли қоғоздир. Коносаментни топшириш оқибатида сотиб олувчида денгиз йўли билан ташиб етказиладиган товарларга мулк ҳуқуқи пайдо бўлади.



187-модда. Эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат


Мулкдор бўлмаган, лекин кўчмас мол-мулкка ўн беш йил давомида ёки бошқа мол-мулкка беш йил давомида ўзиники каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилган шахс бу мол-мулкка мулк ҳуқуқини олади (эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат).

Кўчмас ва бошқа мол-мулкка давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт бўлган мулк ҳуқуқи ушбу мол-мулкга эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат туфайли олган шахсда ана шундай рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб вужудга келади.

Эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат туфайли мулк ҳуқуқини олганга қадар мол-мулкка ўзиники каби эгалик қилиб турган шахс ўз эгалигини мол-мулкнинг эгалари бўлмаган, шунингдек қонунда ёки шартномада назарда тутилган бошқа асосларга кўра эгалик қилиш ҳуқуқи бўлмаган учинчи шахслардан ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.

Эгалик қилиш муддатини важ қилиб келтирадиган шахс ўзи ҳуқуқий вориси бўлган шахснинг бу мол-мулкка эгалик қилиб келган барча вақтини ўзининг эгалик қилиш вақтига қўшиши мумкин.

Шахс ихтиёрида бўлиб, ушбу Кодекснинг 228, 229, 230 ва 232-моддаларига мувофиқ унинг эгалигидан талаб қилиб олиниши мумкин бўлган ашёларга доир эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат тегишли талаблар бўйича даъво муддати тамом бўлганидан кейин ўта бошлайди.


1. Эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддати - ҳозирги замоннинг барча ҳуқуқий тизимларига кенг танилган, мулк мунособатларининг тегишли меъёрий тартибга солишни таъминлашга мўлжалланган фуқаролик ҳуқуқининг классик воситасидир. Биринчи бор мазкур ҳуқуқ тартиботи Рим ҳусусий ҳуқуқида пайдо бўлди ва таниқли рим юристи Гайнинг фикри бўйича, мазкур тартибот ижтимоий фаровонлик йўлида узоқ вақт ва қолаверса ҳар доим ҳам мулкдорлик муносабатларида ишончсизлик ва ноаниқлик пайдо бўлмаслигини таъминлаш учун яратилган эди.

Эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддатининг фуқаролиқ ҳуқуқи тартиботи сифатида пайдо бўлишининг мақсадларидан бири - эгаликни мулк ҳуқуқига айлантириш воситасида амалдаги эгалик қилиш бўйича юридик муносабатларнинг мустаҳкамлигини ва аниқлигини таъминланишидир. Шундай қилиб, эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддатининг ёрдамида реал ҳолат билан ҳуқуқ ўртасидаги ўзига хос “узилиш” бартараф этилади.


2. Эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддати Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик ҳуқуқи соҳасидаги янги тартиботларидан бирини ташкил қилади. Маълум бўлганидек, совет фуқаролик ҳуқуқида бундай тартибот мавжуд бўлмаган, ЎзССР ГКда ҳам мазкур тартибот тегишли тарзда бўлмаган эди. Совет даврининг фуқаролик қонунчилигида мулк ҳуқуқини шундай олиш усулининг бўлмаганлигини сабаби ўша даврда давлат мулкининг бошқаларга нисбатан устиворлиги асосида эгасиз, шу жумладан мулк эгалари бўлмаган шахсларнинг эгалигида бўлган мулк давлат мулкига айланарди.


3. Эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддати асосида мулк ҳуқуқини қўлга киритиш мулк ҳуқуқини қўлга киритишнинг бошланғич, дастлабки усулига тааллуқли, чунки эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи томонида мулк ҳуқуқи аввалги мулкдорнинг ихтиёридан қатъий назар ва унинг ҳуқуқларига боғланмаган ҳолда пайдо бўлади.


4. Шарҳланаётган модданинг биринчи қисмига мувофиқ, эгалик қилиш муддати бўйича мулк ҳуқуқини қўлга киритиш учун мулкдор бўлмаган шахс узоқ муддат давомида худди ўз мулки каби мулкка инсофли, очиқ ва узлуксиз тарзда эгалик қилиши керак. Бунда қонун чиқарувчи эгалик муддатини эгаликда қандай ашё бўлишига бевосита боғлайди. Агар бу кўчмас мулк бўлса - унга 15 йил давомида эгалик қилиш керак, бошқа хил мулклар бўлганида - 5 йил муддатли эгалик қилиш етарли.

Эгалик қилиш муддати бўйича мол-мулкка мулк ҳуқуқини фақат “амалдаги эгаси”, яъни ашёга ҳеч қандай асоссиз (юридик титулсиз) эгалик қилаётган шахс олиши мумкин. Ўз навбатида, барча фуқаролик ҳуқуқининг субъектлари (жисмоний ва юридик шахс, давлат) амалдаги эгаларга айланишлари мумкин.

Эгалик қилиш муддатининг объектлари - эгасиз ёки эгаси бор, лекин мулкдори бўлмаган кўчмас ва бошқа хил мулклар. Бироқ, эгасиз кўчмас ашёларга нисбатан мазкур тартиботнинг қўлланиши ўзига хос ҳусусиятларга эга. Мазкур ҳусусият топилма, хазина ва қаровсиз қолган ҳайвонларга мулк ҳуқуқининг олиниши эгалик қилиш муддатидан олдинроқ амалга оширилишидадир (ФК 191-моддасининг иккинчи қисми).

Муомаладан чиқариб олинган ашёлар ёки эгаси мулкдор бўлишга хақли бўлмаган ашёлар, унинг томонидан эгалик муддати бўйича олинишлари мумкин эмаслигини таъкидлаш лозим.


5. Шарҳланаётган модда эгалик қилиш муддати бўйича мулк ҳуқуқини олиш учун бешта зарурий шартларни, жумладан: объектив шартларни - ашёга узоқ муддатли, узлуксиз ва ошкора эгалик қилиш ва субъектив - ҳалол эгалик қилиш ва мулкка ўз мулки каби эгалик қилиш шартларни белгилайди.

Эгалик қилиш муддатининг биринчи мажбурий шарти (реквизити) - ашёга узоқ муддатли эгалик қилишдир. Аввал айтилганидек, қонун чиқарувчи мулкнинг турига қараб - кўчмас ёки кўчар мулк бўйича эгалик қилишнинг турли хил муддатларини ўрнатади. Демак, узоқ муддатли эгалик қилиш мазкур муддат бошланишининг аниқланишини, яъни эгалик қилиш муддати муҳлатининг бошланишини қайси даврдан ҳисобланишини талаб қилади. Умумий қоидага мувофиқ, муддатли муҳлатнинг давоми барча зарурий реквизитларга жавоб берадиган эгаликни пайдо бўлишининг пайтидан бошланади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1996 йил 29 августдаги "Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексини амалга киритиш тартиби тўғрисида"ги Қарорининг 6-моддасига мувофиқ, Кодекснинг 187-моддаси мулкка эгалик қилиш 1997 йилнинг 1 мартдан бошланиб, шундан кейин ҳам давом этаётган ҳолатлар учун тааллуқли. Яъни ФК 187-моддасининг меъёрларига орқага қайтиш кучи берилган. Мазкур тоифа ишларини кўриб чиқаётган судлар эгалик қилиш муддатининг муҳлатларини ҳисоблашда айни меъёрни инобатга олишлари лозим.

Лекин, шу умумий қоидадан битта истисно ҳолати ҳам мавжуд. Шарҳланадиган модданинг бешинчи қисмига мувофиқ, маълум шахснинг эгалигида турган ва ФКнинг 228, 229, 230 ва 232-моддалари асосида талаб қилиниши мумкин бўлган ашёларнинг эгалик қилиш муддати муҳлатларининг давоми тегишли талаблар асосидаги даъво муддатининг тугалланишидан эртароқ бошланиши мумкин эмас. Бундай истиснони киритиш мақсади мулкдорига ўзга шахснинг ноқонуний эгалигидаги мол-мулкни ўзига қайтарилишини талаб қилиб олиши учун имконият яратишдан иборат эканлигини таъкидлаш лозим. ФК 187-моддаси бешинчи қисмида кўзда тутилган қоиданинг қўлланиши учун тегишли талаблар бўйича даъво муддати бошланишини тўғри аниқлаб олиш даркор. ФК 154-моддасининг биринчи қисми шахс ўз ҳуқуқининг бузилганлиги ҳақида билиб олган, ёки билиб олиши керак бўлган пайтдан бошлаб, умумий қоидага мувофиқ даъво муддати ўтиши бошланишини белгилайди. Шундай қилиб, мазкур қоидаларга мувофиқ, эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддати бўйича олиш муҳлатнинг ўтиши даъво муддати умумий муҳлатининг тугалланишидан сўнг бошланади.

Бундан ташқари, олиш муддати муҳлатининг ҳисобланишида, шарҳланаётган модданинг тўртинчи қисмига мувофиқ, мулкка эгалик қилиш муддатини қайд қилаётган шахс, ўзининг эгалик қилиш вақтига ўзини ҳуқуқий вориси бўлган шахс томонидан айни мулкка эгалик қилган бутун даврни ҳам қўшиб олиши мумкин. Умуман олганда, мазкур меъёрни инсофли олувчилар учун олиш муддатининг имтиёзли муҳлати деб номлаш ҳам мумкин.


6. Эгалик қилиш муддати бўйича мулк ҳуқуқини олишнинг зарурий шартларидан бири - бу муддат давомийлигининг узлуксизлиги, унинг ичида қандайдир узилишларнинг йўқлигидир. Узлуксиз эгалик қилиш бутун муддат ўтиш жараёнида йўқотилмаслиги заруриятини билдиради. Узлуксиз эгалик қилишда узилишни хосил қиладиган юридик факт яъни, - мулкдорининг даъво аризаси ёки мол-мулкнинг амалдаги эгасининг мазкур мол-мулкка бошқа шахснинг мулк ҳуқуқини тан олишини исботловчи харакати, сабаб бўлиши мумкин. Муддатли эгалик амалда ҳам, яъни ашё (ашё) қандайдир сабабларга кўра муддатли (эга) шахснинг эгалигидан, унинг ихтиёри билан ёхуд ихтиёрига қарши чиқиб кетадиган ҳолларда узилиши мумкин. Ашёни ихтиёрий тарзда ўзга шахснинг амалдаги эгалигига топшириш муддатини ўтишини узмайди, балки эгаликни мустақиллиги ва эркинлигини фақат исботлайди, ва шунингдек “ўзиники каби” деб номланган мулк ҳуқуқини олиш муддатининг бошқа белгисига, шартига мувофиқ келади. Агарда муддатлик эга ушбу мол-мулкидан ихтиёрий тарзда, уни қайтариб олиш ниятисиз воз кечадиган бўлса, бундай эгаликни узлуксиз деб тан олиш мумкин бўлмайди. Эгалик қилиш муддати муддатлик эгасининг ихтиёрига қарши (ашёни йўқотиш, ўғирланиши ва ш.ў.) сабаблар билан узиладиган ҳолда, умумий қоидага кўра эгалик қилиш узилган деб ҳисобланади.


5. Эгаликнинг ошкоралиги, унинг яққоллигини, мол-мулкни биринчи галда уни даъво асосида тортиб олиши мумкин бўлган шахсдан яширишга ёки билдирмасликка харакат қилмасликни билдиради. Эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддатининг мазкур шартини бузилиши муддатли эгадорнинг мол-мулкка бўлган мулк ҳуқукини вужудга келмаслиги оқибатини келтириб чиқариши мумкин.


6. Эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддатининг субъектив шартларига ҳалол (инсофли) эгалик қилиш ва мулкка ўз мулки каби эгалик қилиш киради. Бошқа талабларнинг аҳамиятини камситмаган ҳолда мазкур субъектив шартлар эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддатининг жуда муҳим асослари эканлигини айтиш мумкин.

Мол-мулкка ўз мулки каби эгалик қилиш эгаси томонидан ашё устидан ҳукмронлик қилиш ва мазкур ҳукмронликни амалга ошириш имкониятининг самарасини англашида ифодаланади. Бундай англашсиз ёки ашё бошқа шахсга тегишли деб англаш билан ашёни эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат бўйича олиб бўлмайди. Шу сабабдан ижара, омонат сақлаш шартномаси ва шунга ўхшаш шартномалар бўйича, мазкур шартнома қайси муддатга тузилган бўлишидан қатъий назар ашёга вақтинча иккиламчи эгалик қилиш давомида мулк ҳуқуқини олиш мумкин эмас. ЎзР Олий суди Пленумининг 1999 йил 24 сентябрь "Фуқаролик кодексининг қўлланиши муносабати билан пайдо бўладига баъзи масалалар тўғрисида"ги Қарорининг 11-бандида эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддати ўзга шахснинг мулкига фактик асосларсиз эгалик қилиш ҳоллари учун тааллуқли эканлиги кўрсатилган. Эгаллаб турувчида эгалик қилиш учун қандайдир юридик асоснинг, масалан узоқ муддатли ижаранинг мавжудлиги эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддатининг қўлланишига йўл қўймайди. Шунинг ўзи билан қонун ўз мулкидаги ашёга эга бўлиш хоҳиши билан мустақил эгаллаб турувчини ва мазкур ашёга ўзга шахснинг мулк ҳуқуқини англаш билан иккиламчи эгаллаб турувчини фарқлайди. “Ўзиникидек” каби муносабатда бўлиш мустақил, ўзга шахснинг хоҳишига қарам бўлмайдиган, ашёнинг қонуний эгаси каби унга эгалик қилиш кўринишида бўлиши лозим.


7. Халоллик (инсофлилик), бошқа фазилатлар қатори эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддатининг энг муҳим шарти (реквизити)дир. Халоллик инсофлилик тушунчаси фуқаролик қонунчилигида янги эмас. Мазкур тартиботнинг амалиётда қўлланишида “халол эгалик қилиш” тушунчаси (ФК 187-моддаси) билан ФКнинг 230-моддаси томонидан виндикацион даъвога эътироз билдириш учун талаб этиладиган мол-мулкнинг “инсофли эгалловчи” тушунчасининг мазмунан бир хил бўлиши муаммоси келиб чиқиши мумкин. Шу масала бўйича “халол эгалловчи” ва “инсофли эгалловчи” тушунчалари мазмунан бир хил эмаслигини таъкидлаш лозим. “халол эгалловчи” тушунчаси “инсофли эгалловчи” тушунчасидан кенгроқ. Ўзини ашёнинг эгаси эмаслигини билмайдиган ва билиши мумкин бўлмаган шахсни сўзсиз халол эгадор деб тан олиш лозим. Бироқ, эгадор ашёнинг эгаси эмаслигини билмаганлиги ҳолати амалий жиҳатдан янада муҳимроқдир. Эгалигидан ФКнинг 228-230 ва 232-моддалари асосида ашё талаб этилиши мумкин бўлган эгадор шахс, умуман олганда айни ашёни эгалик қилиш муддати бўйича олишга қодир эканлигини аниқлайдиган ФК 187-модданинг бешинчи қисми мазкур вазиятга ойдинлик киритади. Мазкур моддаларда гап ўзга шахснинг ашёсига ноқонуний эгадор бўлган шахс тўғрисида боради. Бундай шахс мулк ҳуқуқини олиш эҳтимолидан ҳоли бўлмаган талабгорларнинг доирасидан чиқарилмайди. Бу, ўз навбатида, ФКнинг 187-моддаси нуқтаи назаридан ўз эгадорлигининг ноқонунийлиги ҳақида билиш халол бўлиш мумкинлигидан маҳрум қилмаслигини билдиради. Айни ашёга эгалик қилиши ноқонунийлигини билган шахс ФКнинг 187-моддасининг мақсадлари учун халол эгадор деб тан олинади. Бу ҳалол олувчилар тоифасига жиноят қонунчилик меъёрларининг бузилиши оқибатида мол-мулкни эгаллаб олган бўлган шахслар кирмайди. ЖК асосида жазоланадиган жиноятлар ҳар қандай шароитда мулк ҳуқуқининг вужудга келишига олиб келмайди. Бу ҳусусда, юқорида номи тилга олинган Олий суд Пленуми Қарорининг 12-бандида, мулк ҳуқуқининг вужудга келиши муддати бўйича мулк ҳуқуқини олиш учун мазкур мол-мулкка халол эгалик қилиш лозимлиги (яъни ашёнинг амалдаги эгаси мулкдорнинг эрки иродасига қарши уни ўғирламаганлиги ёки бошқа жиноят усуллари билан қўлга киритиб эгадорлик қилаётган шахс бўлмаслиги) шарти кўрсатилган. Эгадорлик оғир жиноят натижасида вужудга келганлигини биладиган ёки билиши мумкин бўлган эгадор халол деб номланиши мумкин эмас.

Шундай қилиб, ФКнинг 228-230 ва 232-моддаларидан фарқли ўлароқ, ФКнинг 187 моддасида “халол” тушунчасига умуман бошқа мазмун берилган. Шахс ўзининг эгадорлигининг ноқонунийлигини билганлиги ёки билмаганлиги, билиши кераклиги ёхуд шарт эмаслигидан қатъий назар, мол-мулкни жиноий йўл билан қўлга киритиш ҳолларидан ташқари, эгадорлик халол деб тан олиниши лозим.

Эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддатининг барча мажбурий шартлари мавжуд бўлган ҳолда муддатли эгадор мол-мулкнинг эгасига айланади, унинг собиқ эгаси эса ўз ҳуқуқидан маҳрум бўлади. Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисмига мувофиқ, давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт бўлган кўчмас ва кўчар мол-мулкка тегишли мулк ҳуқуқи, мазкур мол-мулкни эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддати асосида олган шахсда мазкур рўйхатга олинган пайтдан бошлаб пайдо бўлади.


8. Шарҳланаётган модданинг учинчи қисмига мувофиқ, эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддати асосида мол-мулкка эгалик қилувчи шахс унга тегишли мулк ҳуқуқи олинишигача, мол-мулкка ўз мулки каби муносабатда бўлади, мазкур мол-мулкнинг эгалари бўлмаган, ва қонунда ёки шартномада кўзда тутилган бошқа асосга мувофиқ мол-мулкка мулк ҳуқуқи бўлмаган учинчи шахслардан ўзининг эгадорлигини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эгадир. Мазкур ҳолат бизнинг қонунчилигимизда ноқонуний эгадорга ўз мол-мулкини учинчи шахслардан ҳимоя қилиш имконини берувчи ягона ҳолат эканлигини таъкидлаш керак. Учинчи шахслар ўз харакатлари билан ғайриқонуний тарзда мол-мулкка эгалик қилишдан маҳрум қилсалар ёки мол-мулкка ўзиники каби эгалик қилишига тўсқинлик қилсалар, айни шахс бузилган эгадорликнинг тикланишини ва тўсқинликларнинг бартараф қилинишини талаб қилишга ҳақлидир. Бироқ, ноқонуний эгадор эгалигининг мазкур ҳимояси чекланганлик ҳусусиятига эга. Эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат асосида эгалик қилувчи шахс мулкдорга, ва шунингдек қонун ёки шартнома асосида мулкка эгалик қиладиган бошқа шахсларга қарши мана шундай ҳимояни қўллай олмайди..



188-модда. Ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқи


Фуқаролар ва юридик шахсларнинг ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқи қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда, тартибда ва шартларда юзага келади.


1. Шарҳланаётган модда фуқаролар ва юридик шахслар қонун ҳужжатларида кўзда тутилган тартибда ва шартларда мулк ҳуқуқи асосида ер участкаларига эга бўлишлари мумкин эканлигини белгилайди. Ер участкаларини беришнинг бевосита тартиби ва шартлари асосан Ер қонунчилиги билан, ва уларга нисбатан мулк эгаларининг ҳуқуқи эса фуқаролик қонунларида белгиланади.


2. Мазкур муносабатларда мулк ҳуқуқининг объекти сифатида бевосита ер участкаси алоҳида хусусий аломатли ашё сифатида чиқади. Ер участкаси - давлат ер кадастрида акс эттирилган белгиланган чегарисига, ўз майдонига, жойланиш жойига, ҳуқуқий режимига ва бошқа тавсифий белгиларга эга бўлган ер фондининг бир қисмидир (ЕКнинг 10-моддаси). Шу сабабдан ер участкаси мулк ҳуқуқининг объектига айланишигача, у тегишли тарзда индивидуаллаштирилиши лозим. Ер участканинг алоҳидалаштирилиши Ер қонунчилиги томонидан белгиланган тартибда унинг ҳудудий чегараларини аниқлаш орқали амалга оширилади. Ер учатскасининг чегараси режаларда белгиланиб, натурага (маҳаллий жойга) кўчирилади. Ер участкасининг майдони унинг чегарасини натурага (маҳаллий жойга) кўчирилганидан сўнг белгиланади.

Ер участкасини алоҳидалаштирувчи (индивидуаллаштирувчи) воситаларга унинг кадастр рақами ҳам киради. Кадастр рақами - алоҳида, Ўзбекистон Республикасида такрорланмайдиган, ер участксининг, бинонинг, иншооотнинг шакллантирилишида қонун ҳужжатлари томонидан белгиланган таомилига мувофиқ уларга бериладиган ва рўйхатга олинган яхлит объект сифатида мавжуд бўлганликлари даврида сақланадиган рақамдир (Ўзбекистон Республикаси худудининг кадастр бўлиниши ва ер участкалари, бинолар ва иншоотларнинг кадастр рақамларининг шакллантирилиши тўғрисидаги Низомнинг 9-банди). Ер участкаси кадастр рақамининг шаклланиши ер участкаси кўчмас мулк объекти сифатида шаклланиб бўлганидан, ва унинг чегаралари туман (шаҳар) навбатчи индексли кадастр харитасига (режасига) кўчирилганидан сўнг бошланади. Ер участкаларига кадастр рақамларини бериш ер участкаларига ҳуқуқларни давлат рўйхатига олишни амалга оширишда шаҳарларда ва шаҳарчаларда кўчмас мулк кадастри хизматлари томонидан, Ўзбекистон Республикасининг бошқа худудларида эса ер заҳираларининг туман хизматлари томонидан бажарилади.


3. Ерга мавжуд ашёвий ҳуқуқларнинг тизими таркибида мулк ҳуқуқи чекланган ҳусусиятга эга бўлишини ва уни қўлланишининг соҳалари бевосита қонун ҳужжатлари томонидан белгиланганлигини таъкидлаш лозим.

ЕКнинг 8-моддаси биринчи қисмига мувофиқ ер участкаларига юридик ва жисмоний шахсларнинг мулк ҳуқуқи қонун ҳужжатлари томонидан ўрнатилган тартибда, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини ҳусусийлаштиришда эса - улар жойлашган ер участкалари билан бирга пайдо бўлади.


4. ЎзР Президентининг 2006 йил 24 июлдаги “Юридик ва жисмоний шахсларнинг бинолари билан банд бўлган ер участкаларининг ҳусусийлаштирилиши тўғрисида”ги Фармони қабул қилиниши билан ер муносабатларида эгалик ҳуқуқини қўллаш доираси кенгайди. Мазкур Фармоннинг 1-бандига мувофиқ 2007 йил 1 январидан Ўзбекистон Республикасининг резидентлари, яъни юридик шахсларга уларга эгалик ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкаларни ёки улар томонидан ҳусусийлаштириладиган биноларни ва иншоотларни, ишлаб чиқариш инфратаркиби объектларини ва шунингдек уларга турдош ер участкаларини ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш учун, қўлланадиган технологик жараёнларни, шаҳар меъморчилиги меъёрлари ва қоидаларини инобатга олган ҳолда ҳусусийлаштириш ҳуқуқи тақдим этилди. Мазкур бандда кўзда тутилган ер участкаларининг ҳусусийлаштирилиши ихтиёрий асосда, бозор қийматларидан келиб чиққан ҳолда, қонунчиликда белгиланган тартибда мулк ҳуқуқининг расмийлаштирилиши билан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси резидентлари - фуқароларига нисбатан белгиландики, 2008 йил 1 январидан улар ўзларига алоҳида (шахсий) турар жой биноларининг қурилишига ва яшаш жойига хизмат кўрсатиш учун ажратилган ер участкаларини ҳусусийлаштириш ҳуқуқига эга деб белгиланди.


5. Ўзбекистон Республикасида аккредация этилган дипломатик ваколатхоналар ва уларга тенглаштирилган халқаро ташкилотларнинг ер участкаларига мулк ҳуқуқи, улар томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда ваколатхоналарнинг биноларини, шулар билан бирга ваколатхона бошлиғининг қароргоҳи учун биноларни ёки биноларнинг қисмларини, ва шунингдек мазкур ваколатхона биноларининг қурилиши учун ер участкаларини сотиб олишларида вужудга келади.

Ўзбекистон Республикасида аккредация қилинган дипломатик корпуснинг ходимлари, матбуот вакиллари, фирмалар, компаниялар ва халқаро ташкилотларни домий ваколатхоналарининг ходимлари, доимий асосда чет элдан сармояланадиган корхонада ишловчи шахслар, ва шунингдек республикада доимий яшовчи ва истеъқомад ҳуқуқи хужжатига эга бўлган шахслар бўлган чет эллик юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига мулк ҳуқуқи улар томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда турар жой биноларини айни бинолар жойлашган ер участкалари билан бирга сотиб олишларида пайдо бўлади (ЕКнинг 18-моддаси).



189-модда. Ҳамма йиғиб олиши мумкин

бўлган ашёларни мулкка айлантириш


Қонун ҳужжатларида ёввойи мевалар, ёнғоқ, замбуруғлар, резавор мевалар ҳамда ўсимлик, ҳайвонот дунёси ва жонсиз табиатнинг ҳамма олиши мумкин бўлган бошқа объектларини йиғиш йўли билан фуқаролар мулкига айлантириш тартиби ва шартлари белгилаб қўйилиши мумкин.


1. Умумий йиғим-терим имконига эга бўлган маҳсулотлар (ашё)ларни фуқароларнинг мулкига айлантирилиши мулк ҳуқуқини вужудга келишни бошланғич дастлабки усулидир. Лекин, бу мазкур ашёлар эгасиз эканлигини билдирмайди, чунки ўсимлик ва ҳайвонот олами умуммиллий бойликни ташкил этиб, ундан унумли фойланиш лозим ва бу давлат томонидан ҳимояланади.


2. Ўсимлик, ҳайвонот оламининг ва нотирик табиатнинг умумий йиғим терим учун яроқли объектларига мулк ҳуқуқининг вужудга келиши уларни мулкка айлантиришга фақат қонун томонидан йўл қўйилганида ва мулкдорнинг, яъни давлатнинг умумий руҳсати билан мумкин бўлади. Ёввойи меваларни, ёнғоқларни, қўзиқоринларни, резаворларни ва бошқа хил умумий йиғим-терим учун яроқли объектларнинг бевосита теримини амалга оширган шахс мулк ҳуқуқига эга бўлади. Мазкур мулк ҳуқуқини қўлга киритишда фойдаланувчилар табиат муҳофазаси қонун ҳужжатлари талабларига амал қилишлари лозим.


3. Ўсимлик дунёси объектларидан умумий фойдаланиш тартибида фуқаролар ўрмонларда бўлишга, ўз эҳтиёжлари учун ёввойи ўсувчи доривор ва озуқабоп ўсимликларни, резаворлар ва қўзиқоринларни қонунчилик томонидан белгиланган шартлар асосида териш ҳуқуқига эга.

Фуқаролар ўрмонларда ёнғин ҳавфсизлигини сақлашга, дарахтлар ва буталарнинг синишларига, кесилишига, ўрмон ўсимликларининг зарарланишига, уларнинг ахлат билан ифлосланишига, чумолилар, қушларни уяларининг бузилиши ва йўқотилишига йўл қўймасликлари ва шунингдек қонунчилик томонидан ўрнатилган бошқа талабларни бажаришлари керак (ЎзР "Ўрмон тўғрисида"ги Қонунининг 30-моддаси).

Ҳайвонот оламининг объектларидан фойдаланиш умумий ва махсус фойдаланиш тартибида амалга оширилади Ҳайвонот оламининг объектларидан умумий фойдаланиш жисмоний шахслар томонидан бепул тарзда, қонунчилик томонидан ўрнатилган тартибда ва миқёсда амалга оширилади. Жисмоний шахслар томонидан ҳайвонот олами объектларидан фойдаланишнинг кенг тарқалган усуллари - бу ов ва балиқ овидир. Ҳайвонот оламидан фойдаланувчилар ҳайвонот олами объектларидан маълум шартларга асосланган ҳолда мувофиқ тарзда бериладиган имкониятлардан фойдаланишга ва ўзлари ов қилиб топган хайвонот олами объектларига ҳамда улардан маҳсулотга эгалик қилишга ҳақлидир (ЎзР "Ҳайвонот оламини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида"ги Қонунининг 15-16-моддалари).

Ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланувчилар ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш шартларига асосланган ҳолда фойдаланишга ва белгиланган тартибда ўсимлик дунёси объектларидан олинган маҳсулотни тасарруф этишга хақлидирлар (ЎзР "Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида"ги Қонунининг 10-моддаси).



190-модда. Тарих ва маданият ёдгорликларини эгасизларча сақлаш


Агар мулкдор ўзига қарашли тарих ва маданият ёдгорлигига эгасизларча муносабатда бўлса ва унинг яхши сақланишини таъминламаса, зиммасида ёдгорликларни сақлаш вазифаси бўлган давлат органлари мулкдорни ёдгорликка эгасизларча муносабатда бўлишни тўхтатиш ҳақида огоҳлантирадилар.

Агар мулкдор ушбу талабни бажармаса, тегишли органларнинг даъвосига кўра суд ёдгорликни олиб қўйиш ҳақида қарор чиқариши мумкин, бу ёдгорлик давлат мулкига ўтади. Олиб қўйилган тарих ва маданият ёдгорлигининг қиймати мулкдорга келишувда белгиланган, низо чиққан тақдирда эса - суд томонидан белгиланган миқдорда тўланади.

Кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда тарих ва маданият ёдгорлигини олиб қўйиш ҳақидаги даъво олдиндан огоҳлантирмасдан ҳам қўзғатилиши мумкин.


Шарҳланаётган модда тарих ва маданият ёдгорликларини эгасизларча сақланишининг ҳуқуқий оқибатларини белгилайди.


1. ЎзР Конституциясининг 49-моддасига мувофиқ, фуқаролар Ўзбекистон ҳалқининг тариҳий, маънавий ва маданий меросини асрашга мажбурдирлар. Маданият ёдгорликлари давлат томонидан муҳофаза қилинади.

Ўзбекистон халқининг умуммиллий бойлиги бўлган маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги муносабатлар ЎзР "Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида"ги Қонуни томонидан тартибга солинади.

Шарҳланаётган модда Маданий мерос объектлари давлат кадастрига киритилган тарих ва маданият ёдгорликларига нисбатан қўлланилади. "Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида"ги Қонунининг 3-моддасига мувофиқ, маданий мерос объектлари сифатида тарихий, илмий, бадиий ёки бошқа хил маданий қийматга эга бўлган ёдгорликлар, ансамбллар эътироф этилади

Маданий мерос объектлари давлат кадастрига тарихий-маданий қийматни ташкил этадиган объектларни киритиш Ўзбекистон Республикаси маданият ва спорт ишлари Вазирлиги томонидан жойлардаги давлат хокимлиги органларининг, ва шунингдек юридик ва жисмоний шахсларнинг таклифлари асосида амалга оширилади. Тарихий-маданий қийматга эга объектлар, мазкур объектларни Маданий мерос объектлари давлат кадастрига киритилишининг мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги тарихий маданий экспертиза хулосасининг олиниши кунидан бошлаб маданий мероснинг белгиланган объектларига тааллуқлидир (Қонуннинг 12-моддаси).

Маданий мерос объектлари давлат кадастрига киритилган объектга, мазкур маданий мерос объектининг ҳимояланадиган унсурларини ташкил қиладиган қисми тўғрисидаги маълумотлар, ва унинг асосий тавсифи киритиладиган маданий мерос объектининг паспорти берилади (Қонуннинг 13-моддаси).


2. Маданий мерос объектларининг юқори ижтимоий қадриятини ҳисобга олиб қонун чиқарувчи унинг мулкдори зиммасига, маданий мерос объектини бегоналаштиришга йўл қўймаслигини ва унинг тарихий, илмий ҳамда маданий қийматининг ўрнини тўлдириб бўлмаслигини инобатга олган ҳолда, унга тегишли маданий мерос объектини сақлаш бурчини юклайди. Маданий мерос объектлари жойлашган ер участкаларининг эга(эгадор)лари зиммасига мазкур объектларни сақлаб туриш шарти, ва шунингдек, қонунчиликка мувофиқ бошқа хил мажбуриятлар юклатилиши мумкин. Маданий мерос объектининг ижараси, таркибига маданий меросни сақлаб қолиниши бўйича талаблар киритилган ижара шартномаси асосида амалга оширилади.

"Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида"ги Қонунининг 24-моддасига мувофиқ, маданий мерос объектларининг эгалари бўлган юридик ва жисмоний шахслар, қонунчилик томонидан белгиланган талабларнинг мажбурий бажаришлари билан уларнинг сақланишини таъминлашга мажбурдирлар.


3. Шарҳланаётган модда тарих ва маданият ёдгорликларининг эгасизларча сақланиши ҳолати бўйича шундай объектларнинг мулкдорлардан автоматик тарзда тортиб олинишини белгиламаётганини таъкидлаш лозим.

Шарҳланаётган модданинг биринчи қисмига мувофиқ, мулкдор маданий мерос объектларига нисбатан эгасизларча муносабатда бўлиши ва уларнинг сақланишини таъминламаслиги ҳолларида, ваколатли давлат органлари мулкдорни маданий мерос объектларига нисбатан эгасизларча муносабатда бўлиши ҳолатига чек қўйиши тўғрисида огоҳлантиришлари керак. Маданий мерос объектларига эгасизларча муносабатда бўлиш деганда, мулкдорнинг мазкур объектларнинг бутунлиги ва сақланиши учун ҳавф туғдирувчи ҳамда уларнинг йўқолиб кетишига ва нурашига олиб келадиган харакатлари ёки харакатсизлигини тушуниш керак. Шошилинч ҳолларда тарих ва маданият ёдгорлигини олиб қўйиш тўғрисидаги даъво аризаси дастлабки огоҳлантиришсиз судга топширилиши мумкин.


4. Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисмига мувофиқ, агарда мулкдор маданий мерос объектларига эгасизларча муносабатда бўлишни тўхтатиш ва уларнинг сақланишини таъминлаш талабини бажармайдиган бўлса, ваколатли давлат органлари маданият мероси объектларини давлат эгалигига олиб қўйиш тўғрисидаги даъво аризасини судга билдириш ҳуқуқига эгадирлар. Маданий мерос объектларининг мулкдорлардан олиб қўйилиши айни объектларнинг эгасизларча сақланиши, фақат уларнинг ўз қийматини йўқотиш ҳавфи туғилган ҳолларда амалга оширилиши мумкинлигини инобатга олиш керак. Шу сабабдан ваколатли органлар судга мулкдорнинг маданий мерос объектларни эгасизларча сақлашдаги айби туфайли, уларнинг йўқолганлиги ёки нураганлиги келиб чиқишининг исботлаб беришлари лозим.

Маданий мерос объектларини мулкдорларидан олиб қўйиш тўлов тарзида, яъни пулли ҳақ эвазига амалга оширилади. Шу сабабдан мулкдордан олиб қўйилган маданий мерос объектининг қиймати қопланади, унинг миқдори томонларнинг келишув битими орқали ва келишолмаганлик ҳолларида суд томонидан белгиланади.



191-модда. Эгасиз ашё


Эгаси бўлмаган ёки эгаси номаълум бўлган ашё эгасиз ашё ҳисобланади.

Агар бу ҳол топилма тўғрисидаги, қаровсиз ҳайвонлар ва хазина тўғрисидаги қоидаларда рад этилмаган бўлса, эгасиз кўчар ашёларга эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат асосида қўлга киритилиши мумкин.

Эгасиз кўчмас ашёлар тегишли давлат органининг ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг аризасига мувофиқ кўчмас мол-мулкни давлат рўйхатига олувчи орган томонидан ҳисобга олинади.

Эгасиз кўчмас ашё ҳисобга олинганидан кейин уч йил муддат ўтгач, давлат мол-мулкини бошқаришга ваколати бўлган орган ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи бу ашёни давлат мулкига ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мулкига кирган деб ҳисоблаш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат этиши мумкин.

Суднинг ҳал қилув қарорига биноан давлат мулкига ўтмаган деб ҳисобланган эгасиз кўчмас ашё уни ташлаб кетган мулкдорнинг эгалигига, фойдаланишига ва тасарруфига яна қабул қилиниши ёки эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат асосида қўлга киритилиши мумкин.

Эгасиз ашёларни аниқлаш ва ҳисобга олиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланади.


1. Эгасиз ашёларга мулк ҳуқукининг вужудга келиши мулк ҳуқуқини вужудга келишини бирламчи, дастлабки усулидир.

Собиқ совет фуқаролик қонунчилиги бўйича эгасиз (эгасиз) ашё (буюм)ларга мулк ҳуқуқи давлат мулкининг презумпцияси асосида пайдо бўларди ва ҳар қандай эгасиз мулк давлат эгалигига ўтар эди. ЎзРда барча мулк шаклларининг тенглиги белгиланиши ва ФКда эгалик қилиш ҳуқуқининг вужудга келиши муддати тартиботининг жорий этилиши билан давлат мана шундай имтиёзни йўқотди. Бундан кейин нафақат давлат, балки жисмоний ва юридик шахслар ҳам эгасиз ашёларга мулк ҳуқуқини олишлари мумкин.


2. Шарҳланаётган моддада эгасиз ашё тушунчасининг легал таърифланиши келтирилган. Унга мувофиқ, ўз эгасига эга бўлмаган, ёки эгаси номаълум бўлган ашё эгасиз ашё деб ҳисобланади. Бугунги кунда эгасиз ашё тушунчаси эгасиз кўчмас ва кўчар ашёларни бирлаштирадиган, жамловчи тушунчадир. Лекин, шу билан бирга, ўз эгасига эга бўлмаган ёки эгаси номаълум бўлган ҳар қайси мулк ашёси ҳам эгасиз бўлавермайди. Масалан, мерос мол-мулкини, унинг эгаси меросхўр қабул қилиб олгунча эгасиз ашё деб ҳисоблаш мумкин эмас.


3. ФК бўйича кўчмас ва кўчар ашёларга мулк ҳуқуқи пайдо бўлишининг асоси ва тартиби бир хил эмас. Эгасиз кўчар ашёларга нисбатан ФКда мулк ҳуқуқини олинишининг тартибини белгиловчи махсус меъёрлар ўрнатилган. Уларга нисбатан шарҳланаётган моддада белгиланган қоидалар қўлланилмайди.

Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисмига мувофиқ, эгасиз кўчар ашёларга мулк ҳуқуқининг пайдо бўлишига доир, агарда бундай ҳолат топилма, назоратсиз ҳайвонлар ва ҳазина тўғрисидаги қоидалари қўлланмаса, эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддати тўғрисидаги меъёрлар фақат субсидиар тарзда қўлланиши мумкин.


4. Шарҳланаётган моддада эгасиз кўчмас ашёларга мулк ҳуқуқини олинишининг махсус тартиби белгиланган.

Шарҳланаётган модданинг учинчи қисмига мувофиқ, эгасиз кўчмас ашёлар кўчмас мол-мулкни давлат рўйхатига олишни амалга оширадиган орган томонидан тегишли давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқарув органининг аризасига биноан рўйхатга олинади. Мазкур банднинг мазмунидан келиб чиққан ҳолда эгасиз ашёларга мулк ҳуқуқини олиш масаласи бўйича маъмурий тартиб ўрнатилган деб айтиш мумкин. Чунки, илгари бўлгани каби, давлат органлари зиммасига эгасиз кўчмас ашёларни аниқлаш ва уларни рўйхатга олиш вазифаси юклатилган.

Эгасиз турар жой биноларини аниқлаш, рўйхатга олиш ва давлат эгалигига айлантириш тартиби 2006 йил 21 январдаги "Эгасиз турар жой биноларини аниқлаш, рўйхатга олиш ва давлат мулкига ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низоми асосида амалга оширилади. Эгасиз турар жой биноларини аниқлаш ишларини амалга ошириш вазифалари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 10 февралдаги ПҚ-3-сонли "Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолиятини такомиллаштириш борасида қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарорига мувофиқ шаҳар(туман)ларда ташкил этилган тураржой бинолари фондининг сақланиши устидан мониторинг бўйича комиссиялар зиммасига юклатилади.

Турар жой биносини эгасиз деб тан олиниши ва уни давлат мулкига айланиши мақсадларида, турар жой бино мулкдори мавжуд эмаслиги ёки мулкдорнинг маълум эмаслигининг аниқлаш қуйидаги тартибда белгиланади. Биринчидан, эгасиз турар жой биноси белгиларига эга бўлган турар жой биносини аниқлашда, мазкур турар жой биносининг эгасини ёки унинг ишончли вакилини аниқлаш бўйича чоралар кўрилади. Турар жой биноси эгасиз эканлигининг аломатлари сифатида Низомнинг 4-бандида кўрсатилган белгилар бўлиши мумкин. Унга мувофиқ, узоқ вақт (6 ойдан ортиқроқ) давомида бўш турган, яъни мазкур бинода қонуний асосда яшовчи кишиларнинг мавжуд эмаслиги аниқланган турар жой биноси эгасиз деб руйхатга олиниши мумкин. Иккинчидан, агарда кўрилган чоралар натижасида мулкдорнинг ёки унинг ишончли вакилининг турган жойи аниқланмаган бўлса, бу ҳолда шаҳар (туман) ҳокимликларининг аризалари асосида турар жой бинолари ва кўчмас мулкларга ҳуқуқларни ва у билан боғлиқ битимларни давлат руйхатига олиш бўйича тегишли органларда рўйхатга қўйилади (Низомнинг 3-банди). Турар жой бинолари ва кўчмас мулкларга ҳуқуқларни ва у билан боғлиқ битимларни давлат руйхатига олиш органи аниқланган эгасиз турар жой биноларни биноларга ва иншоотларга ҳуқуқларни рўйхатга олиш учун белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказади.

Шу билан бирга, эгаси:

озодликдан маҳрум қилиш жойларида жазо муддатини ўтаётган;

Ўзбекистон Республикаси худудидан ташқарига даволаниш, ўқиш, меҳнат фаолияти муносабати билан чиқиб кетган;

Қуролли Кучлар сафида харбий хизматни ўтаётган;

Ўзбекистон Республикаси тиббий муассасаларида узоқ муддатли даволаниш муолажаларини олаётган (Низомнинг 11-банди) ҳолларда турар жой биносини рўйхатга олинишига йўл қўйилмайди.


5. Шарҳланаётган модданинг тўртинчи қисмига мувофиқ, эгасиз қўчмас ашёлар уч йил давомида махсус рўйхатда туришлари лозим. Бундай тартиб мулкдорга эгасиз кўчмас ашёни қайтариб олиши учун, бошқа шахсларга эса эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат бўйича унга мулк ҳуқуқни олишлари учун имкон бериш мақсадида ўрнатилган.

Белгиланган муддатнинг тугалланишидан сўнг, давлат мулкини бошқаришга ваколатланган орган, ёки фуқароларнинг ўз ўзини бошқариш органи мазкур мол-мулкни давлат мулкига ўтган деб ёки фуқароларнинг ўз ўзини бошқариш органи мулкига ўтган деб тан олиш тўрисидаги ариза билан судга мурожаат қилишлари мумкин. Кўчмас ашёни эгасиз ва давлат мулкига ўтган деб тан олиш тўғрисидаги тегишли ариза матнида айнан қайси мулк эгасиз деб тан олиниши кераклиги, унинг ким томонидан аниқланганлиги, эгасиз сифатида қачон рўйхатга олинганлиги ҳамда мазкур кўчмас ашёнинг эгаси мавжуд эмаслиги ёки унинг номаълум эканлиги тўғрисида аниқ маълумотлар бўлиши шарт. Бундан ташқари, давлат мулкини бошқаришга ваколатланган орган, ёки фуқароларнинг ўз ўзини бошқариш органи, ўзининг аризасида мулкнинг эгасини аниқлаш имконияти йўқлигининг ёки ушбу мол-мулкни унга мулк ҳуқуқини сақлаш ниятисиз ташлаб кетганлигининг далилларини келтириши керак.

Эгасиз кўчмас ашёга давлат мулк ҳуқуқининг тан олиниши тўғрисидаги масала суднинг томонидан ҳал этилади. Кўчмас ашёнинг эгасизлигини тасдиқловчи далилларнинг етарли бўлмаганлиги ҳолатида ёки кўчмас мулкка ҳалол, ошкора ва узлуксиз ўз мулкидек эгалик қилаётган амалдаги эгасининг мавжудлиги ҳолида суд мулк ҳуқуқининг тан олинишини рад этиши мумкин.


6. Шарҳланаётган модданинг бешинчи қисмида эгасиз кўчмас ашёга давлат эгалик ҳуқуқини тан олинишига суд томонидан рад жавоби берилишининг ҳуқуқий оқибатлари белгиланган. Агарда кўчмас ашёни эгасизлик белгилари мавжуд бўлмаса ва у амалдаги эгасининг мулки бўлмаса, мулкдорнинг аниқланиши билан кўчмас ашё унга эгаликка, фойдаланишга, тасарруф этишга топширилади. Кўчмас мулк ўз мулкдорига эга бўлмаслиги ёки унинг номаълум эканлиги ҳолларида, амалда эгалик қилувчи, ФКнинг 187-моддаси асосида кўчмас ашёга эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат бўйича олиши мумкин. Шу билан бирга, эгасиз деб ҳисобланган кўчмас ашёнинг мулкдори кўрсатилган мулкни амалда эгалик қилувчидан ФКнинг 228-229-моддалари асосида талаб қилиб олиши мумкинлигини таъкидлаш лозим.



192-модда. Топилма


Йўқолган ашёни топиб олган шахс бу ҳақда уни йўқотган шахсни ёки ашё эгасини ёхуд уни олиш ҳуқуқига эга бўлган ўзга маълум шахслардан биронтасини дарҳол хабардор этиши ҳамда топилган ашёни шу шахсга қайтариши шарт.

Башарти, ашё бинода ёки транспортда топилган бўлса, у шу бинонинг ёки транспорт воситасининг эгаси бўлмиш шахсга топширилмоғи лозим. Топилма топширилган шахс ашёни топиб олган шахснинг ҳуқуқларини қўлга киритади ва унинг мажбуриятларини ўз зиммасига олади.

Башарти, топилган ашё қайтарилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахс номаълум бўлса ёки унинг манзили маълум бўлмаса, ашёни топиб олган шахс топилма тўғрисида милицияга, тегишли давлат органларига ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига маълум қилиши шарт.

Ашёни топиб олган шахс уни ўзида сақлаб туришга ёки сақлаш учун милиция, тегишли давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига ёхуд улар кўрсатган шахсга топширишга ҳақлидир.


1. Топилма деб йўқотилган ашё, яъни мулкдорнинг ихтиёридан ташқари эгаликдан чиқиб кетган ва ҳар қандай бошқа шахс томонидан топилган ашё ҳисобланади. Демак, топилган нарсани топилма деб таърифланиши учун, айни ашё мулкдорнинг эгалигидан чиқиб кетганлиги, ва бу мулкдорнинг ихтиёридан ташқари содир бўлганлиги талаб этилади. Шу сабабдан, агарда мулкдор ашёнинг қаерда эканлигини билса ва ашё мулкдорнинг эгалигида қолаётган бўлса, мазкур ашё топилма деб ҳисобланмайди.

Топилма ашё фақат кўчар мулк бўлиши мумкин (одатда кўчмас мулк йўқотилмайди)


2. Шарҳланаётган моддада, асосан ашёни топган шахснинг мажбуриятлари белгиланган. Биринчидан, унинг зиммасига топилма ҳақида ашёни йўқотган эгасини, агарда у маълум бўлса, ёки уни қабул қилиб олишга ҳақли бўлган бошқа шахсларни ҳабардор қилиши ва уларга топилган ашёни қайтариб бериш мажбурияти юклатилади. Иккинчидан, агарда ашё бино ичида ёки транспортда топилган бўлса, ашёни топиб олган шахс уни мазкур бинонинг ёки транспорт воситасининг эгасига ёки унинг вакили бўлган шахсга топшириши керак. Лекин, шу билан бирга айни мажбурият ашёни топган шахснинг аввалги мажбуриятини бекор қилмаслигини ва мулкдорнинг ёки ашёни қабул қилиб олишга ҳақли бўлган шахслар аниқланган ҳолда бажарилиши кераклигини таъкидлаш лозим. Топилган ашёнинг бино ёки транспорт воситасининг эгасига топширилиши ҳолатида, улар ашёни топган шахснинг ҳуқуқини қўлга киритадилар ва тегишли мажбуриятларни ўз зиммаларига оладилар.

Агарда топилган ашёни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахс топилмаган бўлса, шарҳланаётган модданинг учинчи қисмига мувофиқ, ашёни топган шахс топилма ҳақида милицияга, тегишли давлат органига ёки фуқароларни ўз ўзини бошқариш органига мурожаат қилиши керак, бунда топилма ҳам уни топган шахсда қолиши, ҳам кўрсатилган органларга топширилиши мумкин. Ашёни сақловчи шахс унинг яхши сақланишини таъминлаши лозим. Йўқотилган ашёни сақловчи шахснинг жавобгарлиги ашёнинг қиймати билан чекланади ва фақат қасддан ёки қўпол эҳтиётсизлик қилиши оқибатида топилган ашёнинг йўқолиши ёки нобуд бўлиши бундай жавобгарлик холларида кучга киради.

Ашёни топиб олган шахснинг барча юқорида санаб ўтилган мажбуриятлари қатъиян императив ҳусусиятларга эга эканлигини ва уларнинг бажарилмаслиги оқибатида мулкдор аниқланганлигида унинг мукофотланиш ҳуқуқидан маҳрум бўлиши ҳавфи келиб чиқишини, аниқланмаганлигида ва тегишли муҳлатнинг тугалланишида эса мазкур жиҳатлар мулк ҳуқуқининг пайдо бўлишига тўсқинлик қилишини таъкидлаш лозим.



193-модда. Топилмага эгалик ҳуқуқини олиш


Башарти, топилма тўғрисида милицияга ёки тегишли давлат органига хабар қилинган пайтдан эътиборан олти ой мобайнида йўқолган ашёни олишга ҳақли бўлган шахс аниқланмаса ҳамда ашёни топган шахсга ёхуд милиция, тегишли давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига ана шу ашёга бўлган ўз ҳуқуқи тўғрисида арз қилмаса, ашёни топиб олган шахс унга эгалик ҳуқуқини олади.

Башарти, ашёни топиб олган шахс топилган ашёни мулк қилиб олишдан бош тортса, ашё давлат мулкига ўтади.


1. Топилмага эгалик ҳуқуқини қўлга киритиш мулк ҳуқуқини қўлга киритишнинг дастлабки бошланғич усулидир, чунки қўлга киритувчининг ҳуқуқи ўтмишдош мулкдорнинг ҳуқуқи билан ҳечқандай боғланишга эга эмас.


2. Топилмага эгалик қилиш ҳуқуқини қўлга киритиш шартларига ўрнатилган олти ойлик муҳлатнинг тугалланиши ва ашёни топиб олган шахснинг ҳалол, инсофли бўлиши киради. Ашёга эгалик қилиш ҳуқуқи, уни топган шахс томонидан топилма тўғрисидаги аризанинг милицияга ёки тегишли давлат органига берилганидан фақат олти ойлик муҳлат ўтганидан сўнг, агарда мазкур муҳлат давомида айни топилмани олиш учун ваколатли шахс аниқланмаган бўлса топилмани топган шахс ўзининг ашёга бўлган ҳуқуқи тўғрисида ариза берган тақдирда, қўлга киритилиши мумкин.

Ашёни топган шахс томонидан ФКнинг 192-моддасида кўрсатилган мажбуриятлар бажарилган тақдирида, мазкур шахсда топилмага нисбатан эгалик ҳуқуқи пайдо бўлади. Ўз навбатида айни мажбуриятларнинг бажарилмаслиги ашёни топган шахсни инсофсиз эгалловчи сифатида тан олинишига олиб келади ва мулкдор учун ашёни ФКнинг 228-229-моддалари тартибида талаб қилиши учун имконият беради.


3. Шарҳланаётган модданинг учинчи қисмига мувофиқ, агарда ашёни топган шахс уни ўз эгалигига ўтказишдан воз кечса, мазкур ашё давлат эгалигига ўтади.



194-модда. Топилма билан боғлиқ харажатларни

тўлаш ва ашёни топиб олган шахсни тақдирлаш


Ашёни топиб олган ҳамда уни олишга ҳақли бўлган шахсга қайтариб берган шахс ана шу шахсдан, ашё давлат мулкига ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мулкига ўтган ҳолларда эса - тегишли давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органидан ашёни сақлаш, топшириш ёки сотиш билан боғлиқ харажатларни, шунингдек ашёни олишга ҳақли бўлган шахсни топиш учун кетган харажатларни ундириш ҳуқуқига эга.

Ашёни топиб олган шахс уни олишга ҳақли бўлган шахсдан топилма учун ашё қийматининг йигирма фоизига қадар миқдорида мукофот талаб қилишга ҳақлидир.

Башарти, топиб олинган ҳужжатлар ёки ўзга ашёлар уларни олишга ҳақли бўлган шахснинг ўзи учунгина қимматга эга бўлса, мукофот миқдори шу шахс билан келишув асосида, келишувга эришиб бўлмаган тақдирда эса - суд орқали белгиланади. Топилган ашёни қайтариб беришни талаб қилишга ҳақли бўлган шахс топилма учун кўпчилик ўртасида мукофот ваъда қилган бўлса, у кўпчилик ўртасида ваъда қилинган мукофотни ўша шартларга мувофиқ тўлайди.

Башарти, ашёни топиб олган шахс топилма ҳақида хабар қилмаган бўлса ёки уни яширишга уринган бўлса, мукофот олиш ҳуқуқи вужудга келмайди.


1. Шарҳланаётган модданинг биринчи қисмига мувофиқ, топилма тўғрисида ариза берилганидан кейинги олти ойлик муҳлатнинг тугашига қадар, ашёни топган ва қайтариб берган шахс ашёни олишга ҳақли шахсдан уни сақлаш, топшириш ёки сотиш билан боғлиқ бўлган сарф харажатларнинг, ва шунингдек мазкур ваколатли шахсни аниқланиши учун қилинган харажатларнинг қопланишини талаб қилиш ҳуқуқига эгадир. Шунингдек, сарф харажатларнинг қопланишини талаб қилиш ҳуқуқи йўқотилган ашёни сақлаш учун қабул қилган бинонинг ёки транспорт воситасининг эгасига ҳам тегишли бўлиши мумкин. Бундан ташқари, ашёнинг давлат эгалигига ўтиши ҳолатида, давлат органига ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи зиммасига ҳам тегишли мажбурият юкланади.


2. Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисмига мувофиқ ашёни топиб олган шахс уни олиш учун ваколатли шахсдан тақдирланишни талаб қилишга ҳақлидир. Мукофотнинг миқдори оқиллик, инсофлилик талабларидан келиб чиққан ҳолда томонларнинг келишуви билан белгиланиши мумкин, лекин ашё қийматининг 20%дан ортмаслиги керак. Мазкур меъёр императив бўлганлиги сабабли, ашёни топган шахс унда кўрсатилгандан ортиқроқ миқдордаги мукофотни талаб қилиш ҳуқуқига эга эмас.


3. Йўқотилган ашё уни олишга ваколатланган шахснинг фақат ўзи учун қимматли, аҳамиятли бўлган ҳолларда, тақдирланиш миқдори мазкур модданинг учинчи қисмида қўрсатилган меъёрларнинг диспозитивлиги туфайли томонларнинг келишуви билан аниқланади. Агарда томонлар тақдирланиш миқдори масаласида маълум келишувга эриша олмасалар, мазкур миқдор суд томонидан, оқиллик ва инсофлилик талабларига асосланган ҳолда аниқланиши керак. Тақдирланиш миқдори тўғрисидаги келишувнинг мавжуд эмаслиги ашёни топган шахс учун уни ўзида ушлаб туриш ҳуқуқини бермаслигини, чунки ФК 192-моддасининг биринчи қисми айни шахс зиммасига ашёни мулкдорга ёки уни олиш ҳуқуқига эга бўлган бошқа шахсга қайтариб бериши мажбуриятини юклашини таъкидлаш лозим.


4. Шарҳланаётган модданинг тўртинчи қисмига мувофиқ, агарда ашёни топиб олган шахс, топилма ҳақида ариза бермаган ёки уни яширишга харакат қилган бўлса, мазкур шахсда тақдирланиш ҳуқуқи ва сарф харажатларни қоплаш ҳуқуқи пайдо бўлмайди.



195-модда. Қаровсиз ҳайвонлар


Қаровсиз ёки адашган чорва молларини ёхуд бошқа қаровсиз ўй ҳайвонлари ёки қўлга ўргатилган ҳайвонларни тутиб олган шахс уларни эгасига қайтариши шарт, башарти ҳайвонларнинг эгаси ёки унинг қаердалиги номаълум бўлса, тутиб олган пайтдан бошлаб уч кундан кечиктирмай топилган ҳайвонлар тўғрисида милицияга, тегишли давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига хабар қилиши шарт, улар ҳайвонларнинг эгасини қидириш чораларини кўрадилар.

Ҳайвонларнинг эгаси қидирилаётган вақтда уларни сақлаш ҳамда улардан фойдаланиш учун тутиб олган шахсда қолдирилиши ёхуд зарур шароити бўлган бошқа шахсга сақлаш ва фойдаланиш учун топширилиши мумкин. Қаровсиз ҳайвонларни тутиб олган шахснинг илтимосига кўра ҳайвонларни боқиши учун зарур шароити бўлган шахсни топиш ҳамда ҳайвонларни унга топширишни милиция, тегишли давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи амалга оширади.

Қаровсиз ҳайвонларни тутиб олган шахс ҳамда бу ҳайвонлар сақлаш ва фойдаланиш учун бериб турилган шахс уларни лозим даражада сақлашлари шарт ва ҳайвонлар нобуд бўлиши ёки шикастланиши учун айбдор бўлсалар, ҳайвонларнинг нархи доирасида жавобгар бўладилар.


1. Қаровсиз ҳайвонларнинг ҳуқуқий режими шарҳланаётган модданинг меъёрлари билан тартибга солинади, чунки ҳайвонлар ҳуқуқнинг алоҳида объектидир. ФКнинг 93-моддасига мувофиқ, ҳайвонларга нисбатан мол-мулк тўғрисидаги умумий қоидалар қўлланади. Сабаби қонунчилик томонидан бошқа кўрсатма белгиланмаган. Ҳуқуқларни амалга оширишда ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлишга йўл қўйилмайди.

Мазкур модда меъёрлари қаровсиз ёки дайдиб юрган молларга, ва шунингдек бошқа хил қаровсиз хонаки ёки қўлга ўргатилган ҳайвонларга нисбатан қўлланади. Қаровсиз ёввойи ҳайвонларга нисбатан мазкур меъёрлар қўлланилмайди.

Ҳайвон ўз эгасининг ихтиёридан ташқари унинг эгалигидан чиқиб кетганлигида ва ушлаб олиниши пайтида бошқа шахснинг хўжалигида мавжуд бўлмаганлигида қаровсиз ҳисобланади. Дайдиб юрган ҳайвон деб, худди қаровсиз ҳайвон каби мулкдорнинг ихтиёридан ташқари, унинг эгалигидан чиқиб кетган лекин, ундан фарқли ўлароқ, ушлаб олиниши пайтида бошқа шахснинг хўжалигида бўлган ҳайвон ҳисобланади.


3. Шарҳланадиган модданинг меъёрлари, асосан қаровсиз ёки дайдиб юрган молларни ва шунингдек бошқа хил қаровсиз ёки қўлга ўргатилган ҳайвонларни ушлаб олган шахсларнинг асосий вазифаларини белгилайди.

Биринчидан, агарда қаровсиз ёки дайдиб юрган молнинг эгаси ҳайвонни ушлаб олган шахсга маълум бўлса, мазкур шахс зиммасига молни эгасига қайтариб бериш мажбурияти юклатилади. Иккинчидан, агарда мулкдор номаълум бўлса ёки унинг мавжуд бўлган жойи маълум бўлмаса, ҳайвонларни ушлаб олган шахс уларни ушлаб олиш пайтидан уч кундан кечикмай топилган ҳайвонлар тўғрисида милицияга, тегишли давлат органига ёки фуқроларнинг ўзини ўзи бошқариш органига ҳабар бериши керак. Ўз навбатида улар мулкдорни аниқлаш бўйича чораларни қабул қилишга мажбурдирлар.


4. Мазкур модданинг иккинчи қисмида мулкдорни қидируви вақтида ҳайвонларни сақлаш бўйича масалалар махсус тарзда тартибга солинади, чунки қонун ҳайвонларга нисбатан ғамхўрликни ва алоҳида эътиборли бўлишни талаб қилади. Ҳайвонларни кимнингдир қўлига сақлашга қолдиришнинг муҳим шарти - емиш, мослаштирилган хоналар ва шу каби сақлаш учун зарурий шароитларнинг мавжудлигидир. Агарда ҳайвонларни ушлаб олган шахсда ҳайвонларнинг сақланиши учун барча зарурий шароитлар мавжуд бўлса, бу ҳолда улар унинг қўлида қолдирилиши мумкин. Агарда у ҳайвонларни сақлаш имконига эга бўлмаса, улар бошқа шахсга сақлаш учун топширилиши мумкин, бунда мазкур шахс милиция, тегишли давлат органи, ёки фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органи томонидан тайинланиши мумкин. Ҳайвонларни сақлаётган шахслар, қонун томонидан белгиланган қоидалар доирасида, улардан хўжаликда фойдаланишлари (масалан, жун, сут олишлари) мумкин. Лекин, шу билан бирга мазкур шахслар айни ҳайвонларнинг наслини олиш ҳуқуқига эга эмаслар, чунки ФКнинг 92-моддасига биноан, ашё келтирадиган мевалар ва даромадлар ашёнинг эгасига тегишли.


5. Қаровсиз ҳайвонларни ушлаб олган шахс ва мазкур ҳайвонларни сақлаган шахснинг зиммаларига уларни талаб даражасида сақланмаганликлари оқибатида ҳайвонларнинг нобуд бўлиши ёки зарарланишида айби бўлган тақдирда, уларнинг қиймати доирасида мулкдор олдида жавобгарлик юклатилади.


6. ФКда қаровсиз ҳайвонларнинг режимини белгилаш ўзининг мантиқий ниҳоясига етказилмаганлигини таъкидлаш лозим. Мазкур модда ҳайвонларни ушлаб олган шахслар учун фақат мажбуриятларни белгилаб беради, бироқ қаровсиз ҳайвонларнинг кейинги юридик тақдирини аниқламайди. Қаровсиз ҳайвонларни пировардда ким қўлга киритади, қандай шартлар асосида ва қандай тарзда қаровсиз ҳайвонларни сақлаш харажатларининг қопланиши ва тақдирланиши амалга оширилади каби баъзи бир муҳим саволлар жавобсиз қолади. Бундан ташқари, қаровсиз ҳайвонларнинг кейинги юридик тақдирининг аниқланиши мақсадларида, модданинг таркибида кодексдаги бошқа меъёрларга, масалан топилма тўғрисидаги қоидаларга ҳавола келтирилмаган. Ушбу вазиятдан чиқиб кетиш йўлларидан бири қонунга ўхшашликнинг (қонун қиёсининг) қўлланишидир. ФКнинг 5-моддасига мувофиқ, муносабатлар қонун ҳужжатлари томонидан ёки тарафларнинг келишув билан тўғридан-тўғри тартибга солинмаган ҳолларда, фуқаролик қонун ҳужжатларининг ўхшаш муносабатларни тартибга солувчи меъёри қўлланади. Шундан келиб чиққан ҳолда, қаровсиз ҳайвонларга эгалик ҳуқуқини қўлга киритиш, қаровсиз ҳайвонларнинг сақланиши учун қилинган сарф харажатларни қоплаш ва тақдирлаш каби масалалар бўйича ўхшашлик тарзида ФКнинг 193-194-моддаларининг топилмаларга таалуқли масалаларни тартибга солувчи меъёрларини қўллаш мумкин. Лекин, бу ҳар қандай холда қаровсиз ҳайвонларнинг ҳуқуқий режимини тартибга солиши кейинги такомиллашуви тўғрисидаги масалани кун тартибидан олиб ташламайди.



196-модда. Хазина


Эгаси аниқланиши мумкин бўлмаган ёки қонунга биноан ҳуқуқларини йўқотган хазина, яъни ерга кўмилган ёки бошқача усулда яширилган пул ёхуд қимматбаҳо ашёлар хазина яшириб қўйилган мол-мулк (ер участкаси, иморат ва шу кабилар) мулкдори бўлган шахс ва хазинани топган шахс мулкига, агар улар ўртасидаги келишувга мувофиқ бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, тенг улушларда ўтади.

Хазина у яшириб қўйилган ер участкаси ёки бошқа мол-мулк эгасининг розилигисиз қазишма ишларини олиб борган ёки бойлик қидирган шахс томонидан топилган тақдирда, бу хазина у топилган ер участкасининг ёки бошқа мол-мулкнинг эгасига топширилиши керак.

Тарих ва маданият ёдгорликлари жумласига кирадиган ашёлардан иборат хазина топилган тақдирда, улар давлат мулкига топширилиши керак. Бунда хазина яшириб қўйилган ер участкаси ёки бошқа мол-мулкнинг эгаси ва хазинани топган шахс биргаликда хазина қийматининг эллик фоизи миқдорида мукофот олиш ҳуқуқига эгадирлар. Агар улар ўртасидаги келишувда бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, мукофот бу шахслар ўртасида тенг улушларда тақсимланади.

Бундай хазинани у яшириб қўйилган мол-мулк эгасининг розилигисиз қазишма ишларини олиб борган ёки бойлик қидирган шахс топиб олса, бу шахсга мукофот тўланмайди ва хазина батамом мулкдорнинг ихтиёрига ўтади.

Хазина топиш учун қазишма ва қидирув ишларини олиб бориш меҳнат ёки хизмат вазифаларига кирадиган шахсларга нисбатан ушбу модданинг қоидалари қўлланилмайди.


1 Эгасиз мулк турларидан бири хазинадир. Шарҳланаётган моддада келтирилаётган хазина тушунчаси ЎзССР ГК 159-моддасида ифода этилган хазина тушунчасидан кам фарқ қилади, бироқ амалдаги ФКда хазинани тартибга солишнинг бошқа жиҳатлари анча ажралиб туради. Эгаси аниқланиши мумкин бўлмаган ёки қонунга мувофиқ уларга ўз ҳуқуқини йўқотган, ерга кўмилган ёки бошқа йўл билан яшириб қўйилган пуллар ёхуд қимматли ашёлар хазинани ташкил қилади. Баъзи белгилар бўйича хазина топилмадан фарқ қилади. Топилмадан фарқли ўлароқ хазинанинг мулкдори бўлмайди ва унинг таркибини фақат пуллар ёки қимматли ашёлар ташкил этади. Бунда пулларни ёки бошқа хил қимматбахо ашёларни яширишнинг сабаблари ахамиятга эга эмас. Топилма ашёси учун эгалик хуқуқини кўзда тутадиган топилма тўғрисидаги қоидалардан фарқли равишда, ФК хазинага нисбатан дархол эгалик хуқуқининг пайдо бўлишини кўзда тутади. Чунки мулкнинг эгасини аниқлаб бўлмайди ёки у ўзининг эгалик ҳуқуқини йўқотган бўлади.


2. Агар илгари амалда бўлган фуқаролик қонунчилиги бўйича топилган хазина давлат мулки таркибига ўтадиган бўлса, энди, шарҳланаётган модданинг биринчи қисмига мувофиқ, хазина ўзи яшириб қўйилган мулк худуди (ер участкаси, бино ва ш.к.) мулкдорининг эгалигига ва хазинани топиб олган шахс мулкининг таркибига, агар улар ўртасидаги келишувга мувофиқ бошқача шартлар белгиланган бўлмаса, тенг улушларда ўтади. Шундай тарзда хазинани топган шахс билан тегишли ер участкаси ёки бино эгасининг, агар улар ўртасидаги келишувга мувофиқ бошқача шартлар белгиланган бўлмаса, умумий улушли мол-мулки пайдо бўлади.

Ер участкаси ва бинонинг эгалари хар хил шахслар бўлган ҳолларида, хазина эгаси ким бўлиши масаласи, хазинанинг қаерда топилганлигидан келиб чиққан ҳолда хал этилади. Агарда хазина ер участкасида топилган бўлса, умумий улушли мулкнинг иштирокчиси деб участка эгаси ҳисобланади, агар яширилган хазина бинода топилган бўлса, тегишли ҳолда бинонинг эгаси бу ўринни эгаллайди. Маълум бўлганидек, ер участкаларига мавжуд ашёвий ҳуқуқлар тизими фақат мулқ ҳуқуқи билан чекланмайди ва мазкур ҳуқуқларга фуқаролик ҳуқуқи субъектлари мерос қилиб қолдириладиган ер участкасига умрбод эгалик ҳуқуқи ёки доимий (муддатсиз) фойдаланиш ҳуқуқи каби бошқа ашёвий ҳуқуқлар асосида эга бўлишлари мумкин. Шу муносабат билан, “Ер участкаларига чекланган ашёвий ҳуқуқ субъектлари хазинага эга бўлишга ҳақлими?” деган савол туғилиши мумкин. Мазкур саволнинг жавоби мазкур модданинг биринчи қисмида мужассамланган бўлиб, унда хазина яширилган мол-мулк “мулкдори бўлган шахснинг эгалигига” ўтади деб аниқ ва очиқ ойдин кўрсатилган. Юқорида кўрсатилганидек, ер участкалари субъектларга нафақат мулк ҳуқуқи асосида, балки мерос қилиб қолдириладиган ер участкасига умрбод эгалик ҳуқуқи ёки доимий (муддатсиз) фойдаланиш ҳуқуқи асосларида ҳам тегишли бўлади. Шундай қилиб, ер участкаларига чекланган ашёвий ҳуқуқ субъектлари хазинадан улушини олишга ҳақли дейиш мумкин.


3. Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисмига мувофиқ турли қазишмалар ёки бойлик қидируви ер участкаси ёки бошқа бино мулкдорининг розилиги билан амалга оширилиши керак. Агар бундай ишлар хазинани топган шахс томонидан ер участкаси ёки бошқа хил мулкдорининг розилигисиз (яширин хазина изловчилар) олиб борилган бўлса, бу ҳолда топилган хазинага эгалик ҳуқуқи, у топилган ер участкасининг ёки бошқа мол-мулкнинг эгасида пайдо бўлади. Демак, бу ҳолда хазинани топган шахс билан тегишли ер участкасининг эгаси ўртасида умумий улушли эгалик пайдо бўлмайди. Хазина ашёсини тарих ёки маданият ёдгорликлари ташкил қилган холларда, қазишма ишларини ва бойлик қидирувини ер участкаси эгасининг розилигисиз олиб борган шахс тақдирланиш ҳуқуқини ҳам йўқотади.


4. Хазина ашёсини тарих ёки маданият ёдгорликлари ташкил қилган хазинанинг хуқуқий тартибга солиш умумий қоидалардан фарқ қилади. Ашёларнинг тарих ёки маданият ёдгорликларига тааллуқли эканлиги тарихий-маданий экспертиза текширувининг хулосаси асосида аниқланади. Бундай хазинага нисбатан хазинани топган шахсда ҳам, хазина яширилган мулкнинг эгасида ҳам ҳеч қандай ҳуқуқлар пайдо бўлмайди ва у давлат эгалигига топширилиши шарт. Бунда хазина яширилган мулкнинг эгаси ва уни топган шахс хазина қийматининг 50% миқдоридаги мукофот олишга ҳақлидирлар. Агарда хазина қиймати масаласида низо келиб чиқадиган бўлса, томонлар судга мурожаат қилишлари мумкин. Хазинанинг қиймати суд томонидан, тегишли соҳа мутахассисларини (нумизматлар, тарихчилар, этнографлар, санъатшунослар ва б.) жалб қилиш орқали аниқланади. Тақдирланиш давлат бюджети ҳисобидан тегишли молия органлари томонидан амалга оширилади.

Мукофот мулкдор ва хазинани топган шахс ўртасида, умумий қоида бўйича тенг улушларда тақсимланади. Уларнинг ўртасидаги келишув билан улушларнинг бошқа миқдорлари ҳам кўзда тутилган бўлиши мумкин.


5. Мазкур модданинг қоидалари меҳнат ёки хизмат вазифаларига хазинани қидириш кирган шахс томонидан хазина топилган ҳолларга нисбатан қўлланилмайди. Масалан, археологлар ёки археологик экспедицияларнинг бошқа ходимлари хазинадан улуш олишга ҳам, тақдирланишга ҳам ҳақли эмас (иш берувчи меҳнат қонунчилиги асосида рағбатлантириш ҳоллари бундан мустасно).



197-модда. Мулк ҳуқуқининг бекор бўлиш асослари


Мулк ҳуқуқи мулкдорнинг ихтиёрий суратда мажбуриятни бажариши, мулкдорнинг мол-мулк тақдирини ҳал қиладиган бир томонлама қарор қабул қилиши, суд қарори асосида мол-мулкни олиб қўйиш (сотиб олиш) йўли билан, шунингдек мулк ҳуқуқини бекор қилувчи қонун ҳужжатларига асосан бекор бўлади.


1. Мулк ҳуқуқининг бекор бўлиш тартиботини ўрганишда жамият ва мулкдор манфаатларининг ўзига хос тўқнашувини кузатиш мумкин. Бозор муносабатларини ривожлантириш учун уларнинг ўртасидаги мувозанатни сақлаш зарур ва бунга мулкчилик тизими муносабатларининг тартибга солиш жараёнида эришилади.

Хусусий мулкнинг дахлсизлигини эътироф қилаётган ЎзР Конституцияси 53-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ, "...Мулкдор ундан фақат қонун томонидан кўзда тутилган ҳолларда ва тартибда махрум этилиши мумкин" дейилган. Мазкур кўрсатмага таянган ҳолда ФК мулк ҳуқуқининг бекор бўлишининг асосларини, шунингдек ФКнинг биринчи моддасида ўрнатилган мулкнинг дахлсизлиги тамойилига асосланган ҳолда ҳам тартибга солади. Фуқаролик қонунчилигининг негизига кирган мулкнинг дахлсизлиги тамойили бозор иқтисодиёти шароитида мулк муомаласининг барқарорлигини қўллаб қувватлашда, мулкдор учун мол-мулкидан ўз хоҳишига кўра ва ўз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда фойдаланиши учун ҳар томонлама қулай шарт шароитларнинг яратилишида муҳим ўрин тутади. Мулк ҳуқуқи бекор бўлиши асосларининг фуқаролик-ҳуқуқий белгиланиши асосан фуқаролар ва юридик шахслар хусусий мулкининг дахлсизлигини таъминланиши учун қаратилган.


2. Мулк ҳуқуқининг бекор бўлиши қонун томонидан кўзда тутилган маълум, ҳуқуқни тўхтатувчи юридик фактларни пайдо бўлиши билан содир бўлади. Мазкур юридик фактлар вужудга келишининг ҳуқуқий оқибати мулк ҳуқуқининг бекор қилинишидир.

Мулк ҳуқуқининг бекор қилинишига фақат шархланаётган моддада кўрсатилган асослар бўйича йўл қўйилади. Бундай асосларга мулкдор томонидан мажбуриятнинг ихтиёрий ижро этилиши, мулкдор томонидан мулкнинг тақдирини ҳал этадиган бир томонлама қарорнинг қабул қилиниши, суд қарори ва қонун ҳужжатларининг мулк ҳуқуқини бекор қиладиган нормалари асосида мулкнинг олиб қўйиш (сотиб олиш) тааллуқлидир.


3. Мулк ҳуқуқининг бекор қилиниши бўйича мулкдорнинг ўз розилигини билдиришига боғлиқ ҳолда, юқорида кўрсатилган асосларни икки гуруҳга, яъни ихтиёрий (мулкдорнинг эрки бўйича) ва мажбурий (мулкдорнинг эркидан ташқари) асосларга бўлиш мумкин.

Мажбуриятнинг мулкдор томонидан ихтиёрий тарзда бажарилиши ва мулкдор томонидан мулкнинг тақдирини ҳал этадиган бир томонлама қарорнинг қабул қилиниши мулк ҳуқуқи бекор қилинишининг ихтиёрий асосларидир. Ўз навбатида, суд қарори ва қонун ҳужжатларининг мулк ҳуқуқини бекор қиладиган қоидалари асосида мулкнинг олиб қўйилиши (сотиб олиниши) мажбурий асосларга киради.


4. Мажбуриятнинг мулкдор томонидан ихтиёрий тарзда бажарилиши йўли билан мулк ҳуқуқининг бекор қилиниши мол-мулкни тасарруф этувчи шартномалар, яъни олди - сотди, айрибошлаш, хадя қилиш ва б. шартномалар асосида амалга оширилади. Бу ҳолда тасарруф этиш ҳуқуқини амалга ошираётган мулкдор ўзининг мулкига нисбатан ўз ихтиёрига кўра ва ўз манфаатларини кўзлаган ҳолда мулк ҳуқуқини бекор қилади.

Мулкдор томонидан мулкнинг тақдирини ҳал этадиган бир томонлама қарорнинг қабул қилиниши асосида, мулкдор томонидан мулкни истеъмол қилиш, йўқ қилиб ташлаш ёки рўйхатдан чиқариш натижасида, ва бир томонлама битимларнинг (масалан васиятнома) тузилиши туфайли мулк ҳуқуқи ихтиёрий тарзда тўхтатилади (васият қолдирувчи вафот этгач).


5. Ўз навбатида, мулк ҳуқуқининг мажбурий бекор қилинишини, мулк ҳуқуқининг бекор қилиниши учун нима асос бўлганлигига қараб икки гуруҳга бўлиш мумкин. Биринчи гуруҳга суд қарори асосида амалга ошириладиган мулк ҳуқуқининг бекор қилиниши усуллари киради. Буларга мулкдорнинг мажбуриятлари бўйича унинг мулкига нисбатан ундиришни қўллаш (199-моддага шарҳни қаранг), шахсга тегишли бўлиши мумкин бўлмаган мулкка нисбатан мулк ҳуқуқининг бекор қилиниши (199-моддага шарҳни қаранг), тарих ва маданият ёдгорликларни эгасизларча сақланиши (190-моддага шарҳни қаранг) ва мусодара қилиш (204-моддага шарҳни қаранг) таллуқлидир.

Иккинчи гуруҳни қонун ҳужжатлари асосида амалга ошириладиган мулк ҳуқуқини бекор қилиш усуллари ташкил қилади. Мулк ҳуқуқини тўхтатишнинг шундай усулларига национализация (202-моддага шарҳни қаранг), реквизиция (203-моддага шарҳни қаранг) ва мулкдордан мол-мулкни бевосита олиб қўйишга қаратилмаган ҳолда мол-мулк ҳуқуқининг бекор қилиниши (206-моддага шарҳни қаранг) киради.

Мулкнинг мажбурий тарзда олиб қўйилиши, мусодара ва мулкдорнинг мажбуриятлари бўйича унинг мол-мулкига нисбатан ундиришни қўллаш ҳолларидан ташқари, умумий қоида бўйича тўловли асосда амалга оширилади.


6. Юқорида айтилгандан ташқари, табиий офат (ёнғин, зилзила ва б.) натижасида ашёнинг нобуд бўлиши ҳолатида мулк ҳуқуқи бекор қилиниши мумкин. Ашёнинг нобуд бўлганидан кейин, сақланиб қолган унга тегишли таркибий қисмлар, агарда алоҳида маълум ашёларга нисбатан қўйиладиган талабларга жавоб берса, мулкдорига тегишли бўладилар.



198-модда. Мол-мулкни тугатиш ва ҳисобдан чиқариш


Мол-мулкни йўқ қилиш (тугатиш) натижасида мулк ҳуқуқини бекор қилишга қонунларга зид бўлмаган ҳолларда йўл қўйилади.

Мулкдор томонидан тарихий ёки маданий бойлик бўлган мол-мулкнинг йўқ қилинишига йўл қўйилмайди. Алоҳида ҳолларда суд қарори билан мазкур мол-мулк мусодара қилиниши ёки агар у йўқ қилинган бўлса, унинг қиймати ундириб олиниши мумкин.

Мол-мулкни юридик шахснинг баланс ҳисобидан чиқариш натижасида мулк ҳуқуқининг бекор қилиниши қонун ҳужжатларида ёки таъсис ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ва шартларда амалга оширилади.


1. Қонун мулкдор учун, ўз ихтиёрига кўра ва ўз манфаатларини кўзлаган ҳолда, ўзига қарашли мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни бошқариш ҳуқуқини тақдим этади. Мулкчилик ҳуқуқини амалга ошириш йўлида, мулкдорлар ўзларининг маълум эҳтиёжларини қондириш учун мол-мулкдан фойдаланишлари мумкин. Бу тоифа эҳтиёжлари истеъмолчилик ёки ишлаб чиқариш ҳусусиятларига эга бўлиши мумкин. Кўпчилик ҳолларда мазкур эҳтиёжларни қондириш жараёнида мулкнинг моддий ашёлар сифатида мавжуд бўлиши тўхтайди, яъни уни нобуд қиладилар. Мулк ҳуқуқи объектининг нобуд қилиниши ёхуд истеъмол билан, тегишли тарзда мулк ҳуқуқи ҳам бекор қилинади.


2. Мол-мулк тугатишда, мулкдор томонидан, умуман олганда, жамиятнинг ҳам, алоҳида олинган шахсларнинг манфаатлари инобатга олиниши керак. Мулкдор ўзга шахсларнинг манфаатларини фақат бузиш мақсадида мол-мулкни тугатишга ҳақли эмас, чунки бундай ҳаракат лар қонунчилик ва аҳлоқ меъёрларига зид бўлади. Агарда мулкнинг йўқ қилинишида жисмоний ёки юридик шахсларга зарар келтирилган бўлса, мулкдор ушбу зарарни қоплашга мажбур.


3. Мулкнинг учинчи шахсларнинг ғайриқонуний ҳаракат лари билан йўқ қилинишида, уларнинг етказган зарари сабабли мулкдор ва шу шахсларнинг ўртасида мажбурият пайдо бўлади. Учинчи шахслар зиммасига, ФКнинг 985-моддасига биноан, етказилган зарар учун мулкдор олдида мулкий жавобгарлик мажбурияти юклатилади.


4. Шарҳланадиган модданинг иккинчи қисмида, қонун чиқарувчи, жамият манфаатларини инобатга олган ҳолда, тарихий ёки маданий қийматга эга бўлган мол-мулкнинг эгаси зиммасига уни йўқ қилмаслик мажбуриятини юклайди.

Агарда мулкдор томонидан тарих ва маданият ёдгорликларининг эгасизларча сақланишида, уларнинг мажбурий олиб қўйилиши, пул тўлови асосида амалга ошириладиган бўлса, мулкдорнинг тарих ва маданият ёдгорликларини ташкил қилувчи мол-мулкни йўқ қилиш ниятини исботловчи ҳаракатлари мавжуд бўлган ҳолларда, тегишли органларнинг аризасига биноан, суд қарори асосида мол-мулк мусодара қилиниши мумкин. Бундай мол-мулкни йўқ қилиш ҳолларида мулкдордан унинг қиймати ундирилади.


5. Балансдаги хисобдан чиқариш йўли билан юридик шахслар мулк ҳуқуқининг бекор қилиниши қонун ҳужжатларида, бухгалтерлик ҳисоби тўғрисидаги қоидаларда кўзда тутилган тартибда амалга оширилиши керак.

Юридик шахсларнинг барча мол-мулки ва мажбуриятлари бухгалтерлик балансида акс эттирилиши лозим. Бухгалтерлик баланси бухгалтерлик ҳисобининг ҳужжати ва ташкилотнинг ҳисобот санасига бўлган мулкий ҳамда молиявий ҳолатини ифодалайди. Балансда активлар деб номланадиган қисми ташкилотнинг мол-мулк ва пассивлари бўлган қисмида уларнинг мажбуриятлари ҳақидаги маълумотлар қайд этилади.

Балансдан фақат активни, яъни унга таалуқли асосий воситаларни ва номоддий активларни ҳисобдан чиқаришга рухсат берилади. Асосий воситалар бу - узоқ муддатли хўжалик фаолиятини юритишда маҳсулотни ишлаб чиқариш, хизматларни кўрсатиш ёки маъмурий ва ижтимоий-маданий вазифаларни бажаришда фойдаланиш учун корхона томонидан сақланаётган моддий активлардир (БҲМС-5-сон, Асосий воситалар). Номоддий активлар бу - ўзининг хўжалик фаолияти ёки бошқариш учун, ва шунингдек узоқ (бир йилдан ортиқроқ) муддатда фойдаланиш учун мўлжалланган, хўжалик юритувчи субъект томонидан назорат қилинадиган моддий-ашёвий мазмунга эга бўлмаган объектлардир. (БҲМС-7-сон, Номоддий активлар).

Асосий воситаларни баланс рўйхатидан чиқарилиши “Асосий воситаларни баланс рўйхатидан чиқариш тартиби тўғрисида”ги Низом асосида амалга оширилиши лозим. Мазкур Низомнинг қоидалари барча корхоналарга ва ташкилотларга, уларнинг мулк шаклидан ва идоравий бўйсинишидан қатъийй назар (банклардан ташқари) тааллуқлидир. Мазкур Низомнинг 2-бандига мувофиқ, асосий воситалар, уларнинг тугатилиши, сотилиши, бепул асосда топширилиши, устав капиталига улуш сифатида ўтказишда, молиявий лизинг шартномаси бўйича топширишда, камомад ёки йўқотиш аниқланишида балансдан чиқарилади. Мол-мулкнинг ҳар бир асос бўйича хисобдан чиқарилиши тартиби, мазкур асослар ҳусусиятларни инобатга олган ҳолда, Низомда алоҳида тартибга солинади.



199-модда. Мол-мулкни мулкдордан олиб қўйиш


Мол-мулкни мулкдордан олиб қўйишга қонунларда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда мулкдорнинг мажбуриятлари бўйича ундирув ана шу мол-мулкка қаратилган тақдирда, шунингдек национализация қилиш, реквизиция ва мусодара қилиш тартибида йўл қўйилади.

Агар қонунга асосан шахсга тегишли бўла олмайдиган мол-мулк унинг мулки бўлиб қолса, ушбу мол-мулкка нисбатан мулк ҳуқуқи суд тартибида бекор қилиниб, олиб қўйилган мол-мулкнинг қиймати шахсга тўланади.


1. Мулкдор мажбуриятлари бўйича мол-мулкининг мулкдордан олиб қўйиш фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажармасликнинг оқибатидир.

Ночор қарздор деб пул тўлови мажбуриятлари бўйича қарз берувчиларнинг талабларини қондира олмайдиган фуқаро, шу жумладан, хусусий тадбиркор ёки юридик шахс ҳисобланади. ФКнинг 25-моддасига мувофиқ, фуқаро ўз мажбуриятлари бўйича, қонунга мувофиқ ҳолда ундириш чораси қўлланиши мумкин бўлмаган мол-мулкдан ташқари, ўзига тегишли барча мол-мулки билан жавоб беради. Юридик шахс ўз мажбуриятлари бўйича ўзига қарашли барча мол-мулки билан жавоб беради. Давлат корхонаси ва мулкдор томонидан молиялаштириладиган муассаса ўз мажбуриятлари бўйича ФК 72-моддасининг бешинчи қисмида ва 76-моддасининг учинчи қисмида кўзда тутилган тартибда ва шартларда жавоб берадилар.

Умумий қоидага мувофиқ, мулкдор мажбуриятлари бўйича мол-мулкка ундириш чорасини қўллаш йўли билан уни олиб қўйиш, агарда ундириш чорасини қўлланишининг бошқа тартиби қонун ёки шартномада кўзда тутилган бўлмаса, суд қарори асосида амалга оширилади. Шу билан бирга, ФКнинг баъзи меъёрлари томонлар учун қарздорнинг мулкига нисбатан ундириш чорасининг бошқа тартибининг қўлланиши тўғрисидаги битимни тузиш имконини беради. Масалан, ФК 280-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ, гаровга қўйилган кўчмас мулк ҳисобига гаровга олувчи шахснинг талабини судга мурожаат қилмасдан қондириш учун гаров ашёсига нисбатан ундириш чорасининг қўлланиши учун асослар пайдо бўлганидан кейин, гаровга олувчининг гаровга қўювчи билан нотариал тасдиқланган келишув битими асосида йўл қўйилади.

Қарздор мол-мулкига нисбатан ундириш чорасини қўллашда, суднинг мажбурияти талабнинг асослилигини аниқлаш билан чекланади. Шундан сўнг, тегишли суднинг қарори асосида мол-мулкни олиб қўйиш амалга оширилади. Суднинг қонуний кучга кирган қарорига асосан мол-мулкни олиб қўйиш суд томонидан бериладиган ижро варақларининг асосида амалга оширилади. Мол-мулкка нисбатан ундириш чораси қўлланишининг тартиби ЎзР ФПК ва ЎзР 2001 йил 29 августда қабул қилинган 258-II-сонли "Суд ҳужжатлари ва бошқа органларнинг ҳужжатлари ижро этиш тўғрисида"ги Қонуни томонидан тартибга солинади.

ЎзР "Суд ҳужжатларини ва бошқа органларнинг ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Қонунининг 47-моддасига мувофиқ, қарздорнинг мулкига нисбатан ундириш чорасининг қўлланиши қарздорнинг мулкини банд солиш (арест қилиш), олиб қўйиш ва мажбурий сотиш чораларидан иборат. Жисмоний ва юридик шахслардан ижро ҳужжат лари бўйича ундириш биринчи навбатда қарздорнинг, сўмларда ва чет эл валютасида қиймати ифодаланган, шу жумладан банкларда ва бошқа кредит ташкилотларида мавжуд бўлган пул воситаларига қаратилади. Қарздорнинг, сўмларда ва чет эл валютасида қиймати ифодаланган, ҳисоб рақамларида ва омонатларда мавжуд ёки банкларда ва бошқа кредит ташкилотларида сақланишда турган пул воситалари тўғрисидаги ахборотнинг мавжудлигида уларга нисбатан ҳибс (арест) қўлланади. Қарздорнинг бошқа шахсларда бўлган мол-мулкига ундириш чорасининг қўлланиши, белгиланган тартибда, мазкур мулкнинг қарздорга тегишли эканлигини тасдиқловчи ҳужжат ли маълумотлар мавжудлиги шартида амалга оширилади. Қарздорда ундирувчи талабгорнинг талабларини қондириш учун етарли пул воситалари мавжуд бўлмаган ҳолатда, ундириш чораси қарздорга тегишли, лекин қонунга мувофиқ ундириш чораси қўлланиши мумкин бўлмаган мол-мулкдан ташқари, бошқа барча мол-мулкка қаратилади. Қонуннинг 52-моддасига мувофиқ, жисмоний шахсларга нисбатан ижро ҳужжат ларини ижро этишда ундириш чораси, қонун ҳужжатларида кўзда тутилган бошқа ҳолатлардан ташқари, қарздор оиласининг зарур турмуш даражасини таъминлайдиган, унинг турар-жой биносига (уйга), хонадонга, уй жиҳозлари ва асбоб анжомларига, кийим-кечак ашёларига ва бошқа ашёларга нисбатан қўлланиши мумкин эмас. Қарздор мулкининг у ёки бу ашёларига нисбатан ундириш чораси қўлланишининг тартиби суд ижрочиси томонидан мазкур мол-мулкнинг бозори чаққонлигини (ликвидлигини) инобатга олган ҳолда аниқланади. Қарздорнинг мол-мулки бошқа шахслар билан умумий мулк тарзидаги мол-мулкни ташкил қиладиган ҳолларда, ундириш чораси, қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланадиган унинг улушига қаратилади.

Қарздорнинг мулкини хатлаш, ижро ишини қўзғатилиши тўғрисидаги қарорнинг қарздорга топширилган кундан бошлаб бир ойлик муҳлатдан кечикмаган ҳолда амалга оширилади, қонунда кўзда тутилган ҳолларда эса - уни топшириш билан бир вақтда ижро этилади. Қарздорнинг мулкига арест солиш мол-мулкни хатлашдан, уни тасарруф этишини таъқиқланишини эълон қилишдан, ва зарур бўлган ҳолларда мол-мулкдан фойдаланиш ҳуқуқини чеклашдан, уни олиб қўйишдан ёки сақлашга топширишдан иборат. Чекланишнинг турлари, ҳажми ва муддатлари суд ижрочиси томонидан ҳар бир муайян ҳолатда, мол-мулкнинг ҳусусиятларини, унинг эгаси ёки эгаси учун аҳамиятлилигини инобатга олган ҳолда аниқланади (Қонуннинг 53-моддаси).

Хатланган мол-мулкнинг баҳоланиши суд ижрочиси томонидан ижро кунига ҳаракат да бўлган нарх наволар бўйича, хатланишдан ўтадиган мол-мулк турларининг бозор талаби ва таклифи маълумотларини мужассамлаган бозор конъюнктураси ҳолати тўғрисидаги маълумотлар асосида амалга оширилади. Зарурият туғилган ҳолда суд ижрочиси мол-мулкнинг қийматини аниқлаш учун мутахассисни жалб қилиши керак (Қонуннинг 54-моддаси биринчи қисми).

Қарздорнинг арест солинган мол-мулкининг сотилиши, қонун бўйича муомаладан чиқарилган мол-мулкдан ташқари, ҳибснинг асосларидан ва мулк турларидан қатъийй назар, агарда қонунда бошқача белгиланмаган бўлса, арест солинган кунидан бошлаб икки ой давомида амалга оширилади. Қарздор мулкининг сотилиши, кўчмас мулкдан ташқари, шартнома-комиссион асосларда ёки ким ошди савдоси шартлари асосида амалга оширилади. Қарздорнинг кўчмас мулкини сотиш ихтисослаштирилган ташкилотлар томонидан, қонунчиликда кўзда тутилган тартибда ким-ошди савдоси ўтказиш йўли билан (Қонуннинг 56-моддаси) амалга оширилади.

Ундириш чораси қаратилган мол-мулкка мулкдорнинг мулк ҳуқуқи, мазкур мулк ўтадиган бошқа шахсда олиб қўйилмаган мол-мулкка мулк ҳуқуқи пайдо бўлиши пайтидан бошлаб, бекор қилинади. Бунгача собиқ мулкдорда мулкдан барча тушумларга мавжуд ҳуқуқлари сақланади, ва шунингдек мулкнинг сақланиши ва унинг тасодифан нобуд бўлиш ёки зарарланиш ҳавфи ҳам унинг зиммасида бўлади.


2. Национализация, реквизиция ва мусордара қилиш тартибида мол-мулкни мулкдордан олиб қўйиш ҳақида 202-204-моддаларига келтирилган шарҳда қаранг.


3. Фуқаролик қонун ҳужжатларида, давлат ва ижтимоий ҳавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳаёти ва саломатлини ва давлатнинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадларида, баъзи ашёларнинг муомаласи чекланади ёки умуман таъқиқланади.

Амалдаги қонун ҳужжатлари бўйича, муомаладан чиқарилган ашёлар фуқаролик- ҳуқуқий битимларнинг ашёлари бўлиши мумкин эмас ва мулк ҳуқуқи асосида давлатга тегишли бўлади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1995 йил 31 августдаги "Баъзи корхоналарнинг ва мол-мулкнинг давлат тасарруфидан чиқарилиши ва хусусийлаштирилишининг баъзи масалалари тўғрисида"ги Қарорида давлат тасарруфидан чиқарилмайдиган, хусусийлаштирилмайдиган ва сотиб олинмайдиган корхоналар ҳамда мулк турлари ва гуруҳларининг рўйхати келтирилган. Фуқароларнинг ва юридик шахсларнинг мол-мулки таркибига муомалада чекланган ашёларни сотиб олиш учун давлат ҳокимияти махсус органларининг рухсати талаб этилади. Рухсатномани бериш учун фуқаролар ва юридик шахслар томонидан қонунчиликка мувофиқ амалга ошириладиган фаолиятнинг маълум тури асос бўлади. Муомалада чекланган ашёларнинг рўйхати қонунчилик томонидан белгиланади.

Маълум ашёвий-ҳуқуқий оқибатлар ҳуқуқий режимининг ўзгариши боис, муомалада чекланмаган ашёлар чекланган ёки муомаладан чиқарилган ашёлар тоифасига ўтиши ва фуқароларга ҳамда жисмоний шахсларга тегишли бўлиши мумкин бўлмаслиги ҳоллар вужудга келади. Шарҳланадиган модданинг иккинчи қисмида шундай ашёвий-ҳуқуқий оқбатларнинг содир бўлиши кўзда тутилган. Уларга мувофиқ, шахснинг мол-мулки таркибида, қонунга мувофиқ унга тегишли бўлиши мумкин бўлмаган мол-мулк пайдо бўлиши ҳолларида, мазкур мол-мулкка мавжуд мулк ҳуқуқи суд тартибида бекор қилинади ва ундан олиб қўйилган мол-мулкнинг қиймати тўланиши орқали қопланади. Моддада мол-мулкни мулкдордан суд тартибида олиб қўйиш талабини қўйиши мумкин бўлган субъект кўрсатилмаганлигини таъкидлаш лозим. Эҳтимол, мазкур ашёларнинг ҳуқуқий режимини аниқлайдиган ва уларнинг муомаласини тартибга соладиган давлат органлари мулкдорга қарашли бўлиши мумкин бўлмаган мол-мулкнинг ундан олиб қўйилиши талабини кўрсатишга ваколатлангандирлар. Собиқ мулкдор олиб қўйилган мулкнинг қийматини қопланишини талаб қилишга ҳақлидир.



200-модда. Қарзни низосиз тартибда ундириб олиш


Мажбуриятлар бўйича қарзни, шу жумладан бюджетга тўловлар бўйича қарзни низосиз тартибда ундириб олишга қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда йўл қўйилади.

Мулкдор низосиз тартибда ундириб олиш тўғрисидаги қарорга рози бўлмаган тақдирда судга мурожаат қилишга ҳақли.


1. Амалдаги қонун ҳужжатлари бўйича, қарзларни сўзсиз, яъни судга мурожаат қилмасдан ундириш имконияти белгиланган.

Солиқ қонунчилигига мувофиқ, юридиқ ва жисмоний шахслардан солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарзларни, ва шунингдек молиявий санкциялар суммаларини ҳамда пеня пулларини ундириш солиқ органлари томонидан низосиз тартибда, ягона шартда - агарда қарздор шу ундириш чорасига рози бўлса, амалга оширилади. Агарда рози бўлмаса, бу ҳолда ундирув суд тартибида амалга оширилади.


2. Қонун томонидан кўзда тутилган алоҳида ҳолларда, мажбуриятларни мажбуран, низосиз тартибда ижро ёзувини (устхат) бажариш йўли билан амалга оширишга йўл қўйилади. ЎзР "Нотариат тўғрисида"ги Қонунининг 75-моддасига мувофиқ, қарздордан пул миқдорларини ундириш учун нотариус қарздорликни белгиловчи ҳужжат ларда ижро ёзувларини бажаради. Ижро ёзуви нотариус томонидан қарз берган шахснинг илтимосига биноан қарздорлик ва тўлов ҳужжат ида қарздордан пул суммаларини ёки мол-мулкни ундириш учун бажарилади. Ижро ёзуви, бир вақтнинг ўзида мажбурий ижро учун асос ҳам ва ижро ҳужжат идир. Қарздорликнинг низосиз тартибида ижро ёзувларига биноан ундирилиши учун асос бўлган ҳужжат ларнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. Қонуннинг 78-моддасига мувофиқ, нотариус қуйидаги шартлар мавжудлигида яъни:

а) агар кўрсатилган ҳужжат лар қарздорликнинг ёки қарздорнинг ундирувчи шахс олдида мавжуд бўлган бошқа мажбуриятининг сўзсизлигини тасдиқласа;

б) агар даъвони қўзғатиш ҳуқуқи пайдо бўлган кундан уч йилдан ортиқроқ вақт ўтмаган бўлса ижро ёзувини амалга оширади.

Агарда қонун томонидан ижро ёзуви бериладиган талаб учун бошқа муддат ўрнатилган бўлса, бу ҳолда ижро ёзуви мазкур муҳлат доирасида берилади.

Ижро ёзуви қарздорлик ҳужжат ининг асл нусхасида бажарилади ва уни қарздорлик ҳужжат идан алоҳида бажариш мумкин эмас.

Ижро ёзуви, агарда қонун ҳужжатлари томонидан бошқа муддатлар белгиланган бўлмаса, унинг бажарилган кунидан бошлаб уч йил мобайнида мажбурий ижро этиш учун тақдим этилиши мумкин. Нотариуснинг ижро ёзуви ижро ҳужжат ларига тенглаштирилади, ва мазкур ҳужжат бўйича ундиришлар суд қарорларини ижро этиш учун белгиланган тартибда амалга оширилади.

Низосиз ундириш тўғрисидаги қарорга рози бўлмаган мулкдор судга мурожаат қилишга ҳақлидир.



201-модда. Қимматбаҳо металлар ва тошларга мулк ҳуқуқининг

вужудга келиш ҳамда бекор бўлиш хусусиятлари


Хомаки ва ишлов берилган қимматбаҳо металлар ва тошларга (заргарлик ва бошқа маиший ашёлардан ташқари) мулк ҳуқуқининг вужудга келиши ҳамда бекор бўлиши хусусиятлари қонун ҳужжатлари билан белгилаб қўйилади.


1. Қимматбаҳо металлар ва тошлар фойдали қазилма ашёлари эканлигини инобатга олган ҳолда, уларга мулкдор ҳуқуқини қўлга киритиш ер ости бойликлари тўғрисидаги қонунчилик томонидан белгиланади. Кимматбаҳо металларини олтин, кумуш, платина ҳамда платина гуруҳига кирувчи металлар (палладий, иридий, родий, рутений ва осмий) ташкил қиладилар; табиий олмослар, зумрадлар, ёқутлар, сапфирлар ва александритлар, хомаки ва ишлов берилган кўринишдаги табиий марваридлар эса қимматбаҳо тошлардир. Қимматбаҳо металларни ва қимматбаҳо тошларни қазиб олиш фойдали қазилмаларни қазиб олиш учун ер ости бойликлари жойлашган участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисидаги лицензияси асосида амалга оширилади. ЎзР "Ер ости бойликлари тўғрисида"ги Қонуни 6-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, фойдали қазилмалар юридик ва жисмоний шахсларга мулк ҳуқуқи асосида, ер ости бойлигининг мулкдори бўлган давлат томонидан берилган лицензияга мувофиқ тегишли бўлиши мумкин.


2. ЎзР қонунчилиги томонидан ўрнатилган тартибда қўлга киритилган қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар давлат мулкчилигида ва юридик ҳамда жисмоний шахсларнинг мулкчилигида мавжуд бўлиши мумкин. Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошларнинг мулкдорлари, ФКга ва ЎзР "Валютани тартибга солиш ҳамда валюта назорати тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ, қимматбаҳо металларга ва қимматбаҳо тошларга ўзларининг мулк ҳуқуқларини амалга оширишлари мумкин.



202-модда. Национализация


Национализация - фуқароларга ҳамда юридик шахсларга қарашли национализация қилинаётган мол-мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини ҳақ тўлаш асосида қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат ихтиёрига ўтказишдан иборат.

Мазкур мол-мулк кейинчалик денационализация қилинган тақдирда, агар қонунларда ўзгача тартиб белгилаб қўйилган бўлмаса, собиқ мулкдорлар ушбу мол-мулкнинг қайтариб берилишини талаб қилишга ҳақлидирлар.


1. Мулк ҳуқуқини бекор қилишнинг мажбурий усулларидан бири национализациядир. Давлатнинг хусусий мулкни национализация қилиш учун ҳуқуқи бевосита давлат суверенитетидан келиб чиқади. Қолаверса, национализацияни амалга ошириш давлат суверенитетини намоён қилиш шаклларидан биридир Ҳар бир давлат ўз худудида ўзининг сиёсий ва иқтисодий тизимини, ва шунингдек айнан ўзи эга бўлган давлат суверенитетидан келиб чиққан ҳолда мулк ҳуқуқи тизимини ўрнатади. Давлат мулк ҳуқуқининг шакллари ва мазмуни, унинг вужудга келиши ва бекор бўлишини белгилашда мутлақ ваколатларга эгадир.

Хусусий мулкнинг национализацияси давлат ҳавфсизлигини ва иқтисодий мустақиллигини таъминлашга қаратилган, конституцион тузумни, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини, соғ-саломатлигини ҳимоя қилиш мақсадларини кўзлаган фавқулодда чора дейиш мумкин. Юқорида кўрсатилган ҳолат национализация умуман айнан жамият манфаатлари йўлида амалга оширилиши лозим эканлигининг яққол исботидир.


2. Ўзбекистон Республикасида давлат томонидан хусусий мулкни национализация қилиш ҳуқуқи қонун томонидан ўрнатилган. Чунончи, шарҳланаётган моддага мувофиқ, фуқароларга ва юридик шахсларга тегишли бўлган мулкнинг давлат мулки ўтказилиши (национализация қилиниши) қонунга мувофиқ тарзда пул тўлови асосдаги мулк ҳуқуқининг ўтишидан иборатдир. Национализациянинг бош ҳуқуқий оқибатини давлатда национализация қилинган мулкка мулқ ҳуқуқининг пайдо бўлиши ташкил этади.

Тарихга мурожаат қилинганида, собиқ совет давлатининг пайдо бўлишидан кейинги биринчи йиллар даврида хусусий мулкни иқтисодий турмушдан суриб чиқаришга ва шунингдек, хўжалик доирасида давлат гегемонлигини ўрнатишга қаратилган уринишларни кузатиш мумкин. Мазкур мақсадга эришиш хусусий мулкни национализация қилиш, ва бунда мулкдорлардан олинган мулкнинг ўрнига ҳеч нарса бермай, очиқдан-очиқ қўпол тарзда тортиб олиш воситаси орқали амалга оширилган. Ҳозирги даврда мамлакатимиз қонунчилиги мулк ҳуқуқининг ҳар қандай мажбурий бекор қилинишида, шу жумладан национализация қилинишида, компенсация тўловининг мажбурийлигини ўрнатади. ФКда шундай қоиданинг белгиланиши ҳуқуқий давлат тамойиллари билан уйғунлашганини таъкидлаш жоиз. Қонун асосида мулк ҳуқуқи бекор қилинишининг оқибатлари белгиланаётган ФКнинг 233-моддасига мувофиқ, мулк ҳуқуқини бекор қиладиган қонун қабул қилинган тақдирда, давлат томонидан нафақат мол-мулк қийматининг ўзи, балки мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши натижасида мулкдорга етказилган зарар ҳам қопланади. Мазкур ҳолатда тортиб олинаётган мулкнинг қиймати мутаносиб тарзда компенсация қиймати давлат томонидан белгиланади. Бироқ, давлат томонидан белгиланадиган қиймат миқдори шунчаки номига бўлиши керак эмас. Уни ФК 205-моддасининг биринчи қисмида белгиланган, яъни "мулк ҳуқуқи бекор қилинишидаги олиб қўйилаётган мол-мулкнинг қиймати мулк ҳуқуқи бекор бўлган пайтда амалда бўлган шу ёки шунга ўхшаш мол-мулкнинг баҳоси асосида белгиланади" меъёрига мувофиқ шакллантириш лозим. Бунда, компенсация миқдорига қониқмаган мулкдор, тегишли эътирозларини билдирган ҳолда судга мурожаат қилишга ҳақли. Худди шундай тарзда етказилган зарарни қоплаш жараёни рўй беради: национализация оқибатида етказилган зарар учун берилган компенсация миқдорини адолатли эмас деб ҳисоблаган мулкдор, шундай зарарни тўлиқ ҳажмда қопланиши талаби билан судга мурожаат қилиши мумкин. Бизнинг миллий қонунчилигимиз томонидан белгиланган мазкур тартиб, қонунчиликка мувофиқ мулкдорнинг эркига зид ҳолда мулк ҳуқуқининг бекор қилиниши фақат давлат ва ижтимоий эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда, зарар қопланиши, адолатли миқдордаги тўловни амалга ошириш йўли билан ҳуқуқ тартибот ва иқтисодий тизими ривожланган мамлакатларнинг мулк ҳуқуқини мажбурий бекор қилиниши амалиётига мувофиқ келишини таъкидлаш лозим.


3. Юридик шахсларга тегишли мулкнинг национализацияси мазкур асос бўйича қабул қилинган қонунга мувофиқ амалга оширилиши керак. Қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган асослар мавжуд бўлмаган ҳолларда амалга ошириладиган национализация эса, Конституция меъёрларига номувофиқ келадиган ва демак йўл қўйилмайдиган деб тан олинади. Национализациядан ўтадиган мол мулкларнинг, рўйхати, уларни олиб қўйиш ва уларга компенсация тўлаш тартиби, зиммасига мазкур ҳаракат ни амалга ошириш ва национализация жараёнининг етарли даражада ҳуқуқий тартибга солиш қоидаларига риоя қилинишини таъминлаш вазифалари юклатилган орган масалалари национализация тўғрисидаги қонунда акс эттирилиши керак. Бироқ, Ўзбекистон Республикасида мулк ҳуқуқи бекор қилинишининг бир усули сифатидаги национализацияни амалга оширишнинг шарт шароитларини ва тартибини белгилайдиган қонун ҳамон қабул қилингани йўқ. Бизнинг фикримизга кўра, айни пайтда шундай қонунни қабул қилиш зарурияти катта, ва мазкур позицияни қуйидаги далиллар тасдиқлаши мумкин. Биринчидан, национализация жараёнини батафсил тартибга солувчи қонунчилик меъёрларининг мавжуд эмаслиги, мулкдорнинг субъектив ҳуқуқларини ҳар хил кўринишдаги бузишлар учун “қулай муҳит”ни яратади, чунки бу ҳолда национализациянинг “турмушга тадбиқ этилиши” фақат умумий ҳусусиятларга эга бўлган ЎзР ФКнинг мавжуд меъёрлари асосида амалга оширилади. Мисол учун, амалдаги қонунчилик томонидан национализацияни ўтказиш мезонлари, уни ўтказишга ваколатланган субъектлар доираси, ва шунингдек компенсацияни (қопланиш пулини) тўлаш тартиби аниқланмаган. Иккинчидан, амалдаги қонунчилик (яъни ФКнинг 202-моддаси) ҳар қандай тоифа мулкнинг национализация қилиниши имкониятига йўл қўяди. Национализация тўғрисидаги қонунда, бизнинг нуқтаи назаримиздан, “ижтимоий эҳтиёжлар учун” мезонига айнан қандай мулкнинг кириши, ва демак шу билан национализация объектига айланишини белгилайдиган меъёрни ўрнатиш лозим. Бундан ташқари, мазкур қонунда, шарҳланаётган модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган денационализация масалаларини янада чуқур ва батафсилроқ тартибга солиш зарур. Шундай қилиб, национализация тўғрисидаги қоннунинг қабул қилиниши ҳозирги ҳуқуқий майдонни бўшлиқ жойларини бартараф этади ва шунингдек хусусий мулк эгалари ҳуқуларининг бузилмаслигини ва мулк тамойилларининг амалга оширилишини, хусусий ишларга ҳуқуқларни поймол қилиш тарзида аралашишга йўл қўйиб бўлмасликни, ва фуқаролик қонунчилигининг бош тамойиллари учун яхши кўмакдош бўлади.



203-модда. Реквизиция


Табиий офатлар, авариялар, эпидемиялар, эпизоотиялар юз берган тақдирда ва фавқулодда тусдаги бошқа вазиятларда мол-мулк жамият манфаатларини кўзлаб, давлат ҳокимияти органи қарорига мувофиқ мулкдордан унга мол-мулкнинг қийматини тўлаган ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва шартлар асосида олиб қўйилиши мумкин (реквизиция).

Реквизиция ўтказилишига сабаб бўлган вазиятларнинг амал қилиши тўхтаганидан кейин реквизиция қилинган мол-мулкнинг собиқ эгаси сақланиб қолган мол-мулкни ўзига қайтариб беришни талаб қилишга ҳақли.


1. Реквизиция, национализация каби мулк ҳуқуқини бекор қилишнинг мажбурий усулидир. Шарҳланаётган модданинг биринчи қисмига мувофиқ, табиий офатлар, авариялар, эпидемиялар, эпизоотиялар ва фавқулодда тусдаги бошқа хил вазиятлар рўй берганида, мол-мулк жамият манфаатлари кўзланган мақсадда, давлат ҳокимлиги органлари қарорига мувофиқ мулкдорлардан уларга мол-мулк (реквизиция) қиймати тўланган ҳолда, қонунчиликда белгиланган тартибда ва шартлар асосида олиб қўйилиши мумкин.

Национализация ҳолатидаги каби, ФК бу ерда ҳам реквизицияга олиб келадиган вазиятларнинг кенгайтирилгани ва аниқ белгилаш мезонларини ўрнатмаганлигини афсусланиш билан қайд этиш лозим. Бизнинг назаримизда, мазкур моддада, бошқа қонунчилик ҳужжат ларида ва махсус адабиётда кўрсатилган тушунчаларнинг моҳиятини аниқлаштириш фойдали бўларди. ФКнинг юқорида кўрсатилган моддасида келтирилган "фавқулодда тусдаги бошқа вазиятлар"га қайси ҳолатлар кириши ҳақидаги масала, қоронғи бўлиб қолмоқда, чунки бирорта ҳуқуқий ҳужжат да мазкур тоифага тааллуқли жиҳатлар санаб ўтилмайди. Бизнинг нуқтаи назаримиздан, уларга: Ўзбекистон Республикасининг конституцион тузумини зўравонлик билан ўзгартириш ҳаракат ларини; қуролли давлат тўнтариш уринишларини; оммавий тусдаги тартибсизликларни; террористик ҳаракат ларни; махсус худудларни ва ўта муҳим объектларни босиб олишлар; ноқонуний қуролли гуруҳларнинг фаолияти ва чиқишларини; фуқароларнинг ҳаёти ва ҳавфсизлиги, давлат ва маҳаллий ҳокимлик органларининг мунтазам иш фаолияти учун ҳавф туғдирувчи миллатлараро, динлараро ихтилофлар ва худудий низоларни киритиш мумкин. Юқорида санаб ўтилган вазиятлардан бирининг пайдо бўлиши билан, ижтимоий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида у ёки бу мулк тури, мулкдорга мазкур мулкнинг қийматини тўлаш эвазига, давлат фойдасига мажбуран олиб қўйилиши мумкин.

Демак, шарҳланаётган модданинг биринчи қисмига мувофиқ, мулк: 1) фавқулодда тусдаги вазиятларнинг олдини олиш; 2) уларнинг руй бериши натижасида етказилган зарарни шошилинч суръатда бартараф қилиш мақсадларида реквиция қилиниши шарт.


2. Мажбурий тартибда мулкдор ҳуқуқларининг бекор қилиниши, умумий тарзда ўрнатилган уларни ҳимоя қилиш тамойилига мувофиқ, қонун асосида амалга оширилиши лозим. Мазкур моддага мувофиқ, реквизиция, мулк ҳуқуқини бекор қилиш асосларидан бири сифатида, "қонунчилик томонидан ўрнатилган тартибда ва шартлар асосида" амалга оширилади. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида реквизицияни ўтказиш шартлари ва тартибини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжат и йўқ. Бу ўринда мавзуга муайян жиҳатдан дахлдор бир ҳолатни айтиб ўтиш мумкин. Собиқ совет давлати қонун ҳужжатларида ҳам реквизиция билан боғлиқ масалалар деярли тартибга солинмаган эди. Совет давлати мавжуд бўлган бутун давр мобайнида реквизияга таълуқли ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжат - Бутун Россия МИК ва ХКС 1927 йил 27 мартдаги қарори билан тасдиқланган “Мол-мулкларни реквизиция ва мусодара қилиш тўғрисида”ги Қонун(32) қабул қилинган. Албатта, бу билан Ўзбекистонда реквизиция тўғрисида махсус қонуннинг йўқлиги сабабли ушбу ҳужжатдан фойдаланиш мумкин деган фикр келиб чиқмайди. Хатто аксинча, ушбу қонун деярли юз йил олдин бугунги кундан мутлақо бошқа сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий вазиятларда қабул қилинган ва демак, унинг моҳияти мустақил Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, ФКга ва бошқа қонун ҳужжатларига мутлақо зид.

1927 йилги Қонунга кўра мол-мулкни реквизиция қилиш давлат органини махсус қарори асосида ўтказилган. Ўша пайтда бундай орган бўлиб РСФСРнинг иқтисодиёт бўйича Кенгаши (Экономика Кенгаши) ҳисобланган.

Мазкур модданинг биринчи қисми, гарчи давлат органининг қарори асосида реквизиция амалга оширилишини кўрсатса ҳам, қайси давлат органи шундай қарорни қабул қилиши масаласига барибир аниқлик киритмайди. Эҳтимол, реквизицияни ўтказиш тўғрисидаги қарорни руй берган вазиятга тўғридан-тўғри дахлдор бўлган органлар қабул қилишлари керакдир.

Олиб қўйиладиган мол-мулкнинг қиймати уни олиб қўйган давлат органи томонидан Ўзбекистон Республикасининг "Баҳолаш фаолияти тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ ҳолда баҳоланади. Олиб қўйиладиган мулк эвазига унинг бозор қиймати тўланиши керак, мазкур қиймат деганда битим томонлари ўз манфаатлари йўлида оқилона ва ўз ихтиёри билан, барча зарурий ахборотга эга бўлган ҳолда мазкур баҳоланиш объекти очиқ бозорда рақобат шароитида қандай аниқланса, худди шундай аниқланиши лозим. Бунда битим нархининг қийматига ҳеч қандай фавқулодда вазиятлар, шу жумладан томонлардан бирининг мазкур битим учун мажбурийлиги таъсир этмайди. Мулкнинг қиймати унинг мажбуран олиб қўйилишидан олдин ёки, ҳеч бўлмаса, шундай олиб қўйиш кунида тўланиши лозим. Агар тўлов у ёки бу узрли сабабларга кўра кечиктирилган бўлса, бу ҳолда мулкдор реквизицияни амалга ошириш пайтига қадар тузилган далолатнома асосида мулк қийматини талаб қилишга ҳақлидир.


3. Мулкдор ҳуқуқларининг ҳар томонлама ҳимоя қилиниши мақсадларида қонун томонидан бир қатор бошқа кафолатлар кўзда тутилган. Хусусан, 205-модданинг иккинчи қисмида келтирилган холат, яъни "олиб қўйилган мол-мулкнинг қийматини тўлаш баҳоси ҳақида мулкдор судга эътироз билдириши мумкин" деган норма тўлиқ даражада реквизицияга ҳам таллуқлидир. Тегишли давлат органи томонидан ўтказилган баҳолаш натижаларига норози бўлган мулкдор, олиб қўйиладиган мулк учун суд тартибида компенсация миқдорини аниқлаш талаби билан судга мурожаат қилиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси "Баҳолаш фаолияти тўғрисида"ги Қонуни 11-моддасининг иккинчи қисми томонидан, шунингдек баҳолаш объектининг қиймати тўғрисида низо келиб чиқишида, шу жумладан сотиб олишда ёки қонунчилик томонидан кўзда тутилган мулкдорлардан давлат эҳтиёжлари учун мол-мулкни олиб қўйишнинг бошқа кўринишларида баҳолашни ўтказиш мажбурийлиги белгиланган. Бу ҳолда, суд реквизицияга тушган мулкнинг қийматини ва унинг эвазига тўланадиган компенсация миқдорини баҳоловчи мутаҳассисларни жалб қилган ҳолда аниқлайди. Бироқ, мулкдорнинг тегишли даъво талабларини суд кўриб чиқиши вақтида, реквизиция тўхтатилмайди.

Агар реквизиция ноқонуний тарзда ёки белгиланган тартибни бузган ҳолда ўтказилган бўлса, бу ҳолда мулкдор ЎзР Конституциясининг 44-моддасига, ЎзР ФКнинг 11, 12, 16-моддаларига мувофиқ давлат органларининг ва уларнинг мансабдор шахсларининг ҳаракат лари (қарорлари) устидан шикоят билан судга мурожаат қилиши мумкин. Бунда мулкдор, ноқонуний тарзда ўтказилган реквизиция натижасида зарар кўриши оқибатида, олиб қўйилган мулкнинг қайтариб олиш ҳуқуқи билан бирга, бунда кўрилган зарарни қоплаш талабини қўйишга ҳам ҳақлидир.


4. Мулкдор манфаатларини ҳимоя қилиш масаласида яна бошқа, муҳим аҳамиятга молик қадам сифатида шарҳланаётган модданинг иккинчи қисмида ўрин олган меъёрни айтиш керак. Мазкур меъёрга мувофиқ, реквизиция қилинган мулкнинг собиқ мулкдори, реквизиция қилинишига сабаб бўлган вазиятларнинг ҳаракат и тўхташи билан сақланиб қолган мол-мулкни ўзига қайтариб берилишини талаб қилиши мумкин. Реквизиция қилинган мулкни қайтариб бериш талаби билан чиқиш, айни ҳолда, мулкдорнинг ўз хоҳишига тўлиқ даражада боғлиқ эканлиги тушунарли. Мазкур вазиятда томонлар ўртасида пайдо бўладиган мулкий муносабатлар, аниқроғи олиб қўйилган мулкнинг эскирганлиги даражасини аниқлаш ва уни тиклаш тартиби ва чегараларининг масалалари ФКда ўз ечимини топмаганлигига қайд этиш лозим.

Амалиётда реквизицияга олиб келган вазиятларни тўсатдан, фавқулоддалик ҳолатида ва олдиндан кўра билмаслик каби белгилари туфайли, реквизиция қилинадиган мулк учун компенсацияни тўлашга улгурмаслик ҳоллари рўй бериши мумкин. Агарда бундай вазиятлар тегишли компенсацияни тўлаш пайтигача мавжуд бўлмай қолса, бу ҳолда мулкдор ўз мулкини қайтариб бериш талаби билан бирга бошқа талабни ҳам, яъни давлат ва ижтимоий эҳтиёжларни қондириш даврида мулк ўзининг тузук кўринишини йўқотганлиги ёки у ёхуд бу тарзда зарарланганлиги учун компенсация тўланиши талаби билан даъво қилиши мумкин. Кўрсатилган муаммоларни айнан муваффақиятли ҳал этиш учун мулкдорга реквизиция қилинган мулкнинг қайтариб берилганидан сўнг пайдо бўладиган мулкий муносабатларни мумкин қадар тўлиқроқ даражада тартибга солиш лозим.


5. Мазкур моддада мол-мулкдан давлат ва ижтимоий эҳтиёжларни қондириш учун фойланган даврда ундан олинмаган фойданинг қопланишини мулкдор томонидан талаб қилиниши ҳуқуқи масаласи тартибга солинмаганлигини таъкидлаш зарур. Бироқ, ФКнинг 14 ва 205-моддаларининг мазмунидан келиб чиққан ҳолда, мулкдорда, мулкдан давлат ва ижтимоий эҳтиёжларни қондириш учун фойдаланган даврда ундан олинмаган фойданинг қопланишини талаб қилиш ҳуқуқи мажудлиги ҳақидаги хулосага келиш мумкин.


6. Гарчи ЎзР ФКда реквизицияга бағишланган алоҳида модда мавжуд бўлса ҳам унинг нормалари мазкур жараённи қисқа, узуқ-юлуқ тарзда тартибга солади, бу эса ўз навбатида амалиётда маълум муаммоларни келтириб чиқаради. Мазкур моддада реквизицияни "қонун ҳужжатлари томонидан ўрнатилган тартибда ва шартлар асосида", амалга ошириш кўзда тутилганлигига қарамай, бундай қонун ҳужжати ҳамон қабул қилингани йўқ. Шу муносабат билан реквизицияни ўтказиш шартларини ва тартибини батафсил тартибга соладиган қонуннинг қабул қилиниши қуйидаги иккиёқлама масалани, яъни 1) фавқулодда вазиятлар даврида мол-мулкнинг олиб қўйилиши тартиботи учун етарли даражада ҳуқуқий базани шакллантириш вазифасини; 2) мулкдорнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоя қилинишини кучайтириш вазифасини ҳал қилган бўлар эди.



204-модда. Мусодара


Қонунда назарда тутилган ҳолларда мол-мулк суднинг қарорига мувофиқ жиноят ёки ўзга ҳуқуқбузарлик қилганлик учун ҳақ тўламасдан мулкдордан олиб қўйилиши мумкин (мусодара).


1. Мусодара, мулкдорнинг ихтиёридан ташқари мулк ҳуқуқини бекор қилинишининг бир усулидир. Шарҳланаётган моддага мувофиқ, мусодара деганда мулкдор томонидан ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги учун жазо чораси сифатида ундан мол-мулкни мажбурий тарзда, тўловсиз олиб қўйшни тушуниш керак.

Мулкдор томонидан фуқаролик ёки маъмурий ҳуқуқбузарликнинг содир этилиши мусодара учун асос бўлади. Мусодара фақат қонун ҳужжат ларида кўзда тутилган ҳолларда қўлланилади. Мусодаранинг ҳуқуқий оқибати, бу бир томондан юридик ва жисмоний шахслар мулк ҳуқуқининг бекор қилиниши, бошқа томонидан эса мусодара қилинган мол-мулкка давлат мулк ҳуқуқининг пайдо бўлишидир.


2. Суд-ҳуқуқ соҳасида ўтказилган ислоҳотларнинг натижасида ҳаракат даги қонунчиликда мусодаранинг қўлланиш доираси сезиларди даражада чекланди. ЎзР 2001 йил 29 августдаги "Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонуни асосида, суд ҳукми бўйича жазо тариқасида ҳукм этилган шахснинг мол-мулкини мусодара қилиш имкониятини кўзда тутган ЖКнинг 53-моддаси ўз кучини йўқотди. Лекин, шу билан бирга, қонунчиликда “махсус мусодара” тартиботи, яъни қуролларнинг ва жиноят ашёсини, ашёвий далилларнинг мусодараси сақланиб қолди.


3. ЎзР Президентининг 2005 йил 14 июндаги "Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимояси тизимининг янада такомиллаштирилиши чоралар тўғрисида"ги Фармонининг қабул қилинишигача, қонунчилик томонидан кўзда тутилган ҳолларда мусодара қилиш маъмурий тартибда маъмурий ҳуқуқбузарлик учун амалга оширилар эди. Мазкур Фармонга мувофиқ, ҳозирги вақтда, ҳуқуқбузарлик ашёларининг давлат фойдасига тўловсиз олиб қўйилиши фақат суд қарори асосида амалга оширилиши керак.


4. Бир томон вакилининг бошқа томонни алдаши, зўравонлиги, қўрқитиш ёки оғир ҳолатларни рўй бериши таъсирида тузилган битимнинг хақиқий эмаслигида айбдор шахсларнинг ғараз нияти мавжуд бўлгани аниқланганида мусодара фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлик чораси сифатида суд томонидан қўлланилади (ФКнинг 123-моддасига шарҳни қаранг).


5. Мулкдор мулк мусодараси тўғрисидаги суд қарори бўйича эътироз билдириши мумкин. Мулкни давлат даромадига ўтказиш тўғрисидаги суд қарор бекор қилинган тақдирида мол-мулк ёки унинг қиймати қайтариб берилади. Агарда мол-мулк сотилган ёки қайта ишловга топширилган бўлса, мулк қийматининг қайтариб берилиши молия органлари томонидан тегишли бюджет воситалари ҳисобидан мол-мулк қийматининг қопланиши тўғрисидаги ариза берилган кундан бошлаб ўн кунлик муддат ичида амалга оширилади. Мулкни қайтариб бериш ёки уни қийматининг қопланиши, мулкни давлат фойдасига топшириш тўғрисидаги қарорнинг бекор қилинган кундан уч йил кечикмасдан қайтариб бериш тўғрисидаги ариза берилган ҳолатида амалга оширилади.


6. Суд қарори бўйича мусодара қилинган мулк 2004 йил 25 мартдаги “Давлат фойдасига олинаётган мол-мулкнинг олиб қўйилиши, сотилиши ёки йўқ қилиниши тартиби тўғрисида”ги Низомнинг қоидаларига мувофиқ тарзда сотилади.

Мулкни давлат фойдасига топширилиши ёки унинг йўқ қилиниши тўғрисидаги суд қарори, унинг томонидан тегишли қабул қилинган қарорнинг кучга кирган куннинг эртасидан кечикмай Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятининг моддий-техник ва молиявий таъминоти бўйича Департаментининг тегишли туман (шаҳар) суд ижрочилари бўлимига ижро этиш учун ижро ҳужжат и билан юборилади.

Суд ижрочиси суддан ёки бошқа ваколатли орган томонидан берилган ижро ҳужжат ини қабул қилиши ва қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳолда, ижро ҳужжат ининг ўзига етиб келганидан уч кунга кечикмай ижро ишини қўзғатиши шарт. Бунда суд ижрочиси, шу пайтдан бошлаб жавобгарни тасарруфига ўтган, сақланишда бўлган мол-мулкнинг хатланишини амалга оширади.

Мусодара қилинган мол-мулнинг сотилиши билан боғлиқ ҳаракат суд ижрочилари томонидан амалга оширилади. Кўчмас мулкдан ташқари, давлат фойдасига топширилган мулкнинг сотилиши шарномавий-комиссион асосларда ёки ким ошди савдоси шартларида амалга оширилади. Кўчмас мулкнинг сотилиши ихтисослаштирилган ташкилотлар томонидан сотувга қўйиш йўли билан, қонунчиликда кўзда тутилган тартибда амалга оширилади.



205-модда. Мол-мулкни олиб қўйиш чоғида

унинг қийматини аниқлаш ва зарарларни

ундириб олиш ҳуқуқи


Мулк ҳуқуқи бекор қилинганида олиб қўйилаётган мол-мулк қиймати, агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, мулк ҳуқуқи бекор бўлган пайтда амал қилиб турган шу ёки шунга ўхшаш мол-мулкнинг бахоси асосида белгиланади.

Олиб қўйилган мол-мулкнинг қийматини мулкдорга тўлаш бахоси ҳақида мулкдор судга эътироз билдириши мумкин.

Мулкдор мол-мулкининг олиб қўйилиши муносабати билан етказилган бошқа зарарларни тўлашни ҳам талаб қилишга ҳақли.


1. Мулкдорлардан мулкни тўлов асосида олиб қўйишда, низоларнинг аксарияти олиб қўйиладиган мулкнинг қиймати ва шундай олиб қўйиш билан боғлик зарарнинг қопланиши ҳусусида пайдо бўлади. Умумий қоидага мувофиқ, мулкдордан мулкни олиб қўйилишида, унга адолатли миқдорда компенсация тўлови тўлиқ тўланиши керак. Муаммонинг мазкур жиҳатини инобатга олган ҳолда, қонун чиқарувчи шарҳланаётган моддада мулкнинг олиб қўйилишида унинг қийматини аниқлаш масалаларини тартибга солади ва мулкни олиб қўйиш оқибатида келтирилган зарарни қоплаш ҳуқуқини белгилайди.


2. Шарҳланаётган модданинг биринчи қисмида келтирилган меъёрларнинг таҳлили, олиб қўйиладиган мулкнинг қиймати унинг бозор нархидан келиб чиққан ҳолда аниқланиши кераклиги тўғрисида айтишга имкон беради, чунки бозор иқтисодиётида "мазкур ёки тенг қийматли мулкнинг нархлари" ҳар доим айнан товарлар, меҳнат ва хизматлар бозорида ўрнатилади. Олиб қўйиладиган мулкнинг бозор нархи ёки қиймати қандай тарзда ва қайси мезонлар асосида белгиланиши масаласи баҳолаш фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларида аниқланган. ЎзР "Баҳолаш фаолияти тўғрисида"ги Қонунининг 7-моддасига мувофиқ, баҳолаш объектининг бозор нархи деб, мазкур объект очиқ бозорда рақобат шароитида, томонлар оқилона ва ихтиёрий равишда, барча зарурий ахборотга эга бўлган ҳолда ҳаракат қилганларида, ва битим қийматининг миқдорига хеч қандай фавқулодда вазиятлар, шу жумладан бир томон учун мазкур битимга кириш мажбурияти, таъсир қилмаган шароитда, белгиланиши мумкин бўлган энг эҳтимолий нарх тушунилади.

Шу билан бирга, шарҳланадиган модданинг биринчи қисмида келтирилган якуний қайд, яъни "агарда конун ҳужжатларида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса" ибораси фуқаролик қонунчилигининг бош тамойилларига зид келишини ва бошқа қонун ҳужжат ларга кўра олиб қўйиладиган мулкнинг қийматини ихтиёрий тарзда белгилаш (пайсатириш) учун имконият яратиб, мулкдорнинг ҳуқуқларини бузишини таъкидлаш лозим. Бизнинг фикримиз бўйича, мазкур қайд, Конституцияга ва ФКнинг мулк ҳуқуқи тўғрисидаги асосий холатларига зид келган норма сифатида бекор қилиниши керак.

Мулкдор олиб қўйиладиган мулк учун бериладиган компенсация миқдорига рози бўлмаган барча ҳолларда, судга мурожаат қилишга ҳақлидир. Бундан ташқари, ЎзР "Баҳолаш фаолияти тўғрисида"ги Қонуни 11-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ, давлат эҳтиёжлари учун мол-мулкни мулкдорлардан олиб қўйилишининг, яъни национализация ва унинг сотиб олиниши ёки қонунчиликда кўзда тутилган бошқа хил кўриниши амалга оширилганида объектнинг қиймати ҳусусида низо келиб чиққан ҳолатда баҳолашнинг ўтказилиши мажбурийдир. Бу ҳолларда, олиб қўйиладиган мулкнинг қиймати касбий баҳолаш фаолияти билан шуғулланувчи шахслар томонидан аниқланади.


3. Мазкур модданинг учинчи қисмига мувофиқ, мулкдор мол-мулкнинг олиб қўйилиши билан боғлиқ келтирилган моддий зарарни қоплаш талабини қўйишга ҳақлидир. ФК 14-моддасининг мазмунидан келиб чиққан ҳолда, мулкдор нафақат реал зарарни, яъни мулкни олиб қўйилиши муносабати билан ўзи қиладиган ёки қилиши зарур бўладиган сарф-харажатларнинг қопланишини талаб қилишга, балки бой берилган фойдани, яъни олинмаган даромадларни қоплаш талабини ҳам кўрсатишга ҳақлидир.



206-модда. Мулкдорнинг мол-мулкини бевосита

олиб қўйишга қаратмаган ҳолда мулк

ҳуқуқининг бекор қилиниши


Давлат органининг мулкдорнинг мол-мулкини олиб қўйишга бевосита қаратилмаган қарори муносабати билан, шу жумладан мулкдорга қарашли уй, бошқа иморатлар, иншоотлар ёки экинлар жойлашган ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарори муносабати билан мулк ҳуқуқининг бекор қилинишига қонунларда белгиланган ҳоллар ва тартибдагина йўл қўйилади, бунда мулкдорга олиб қўйилган мол-мулкка тенг мол-мулк берилади ва унинг кўрган бошқа зарарлари тўланади ёки мулк ҳуқуқи бекор қилиниши билан етказилган зарар тўла ҳажмда тўланади.

Мулк ҳуқуқининг бекор қилинишига олиб келадиган қарорга мулкдор рози бўлмаган тақдирда, бу қарор низо суд томонидан ҳал қилингунича амалга оширилиши мумкин эмас. Низони кўриб чиқиш вақтида мулкдорга етказилган зарарни тўлаш билан боғлиқ барча масалалар ҳам ҳал қилинади.


1. Турли хил объектив сабабларга кўра, кўчмас мулк жойлашган ер участкалари давлат ёки ижтимоий эҳтиёжлар учун олиб қўйилиши мумкин. Давлат эҳтиёжлари деганда, давлат вазифаларини амалга ошириш учун зарур бўлган, ва эҳтимол фақат ер участкаларини олиб қўйиш йўли билан қондирилиши (йўлларнинг, электр узатиш линияларини, алоқа тизимларини, магистрал қувурлари узатмаларини, ва шунингдек давлат аҳамиятига эга бўлган бошқа объектларнинг қурилиши) мумкин бўлган эҳтиёжларни тушуниш керак.

Бу ҳолда, давлат органининг мулк ҳуқуқининг бекор қилиниши тўғрисидаги қарори, мулк ҳуқуқини бекор қилинишининг мусодара қилиш, национализация, эгасизларча сақланаётган маданий бойликларни сотиб олиш ва ш.ў. каби бошқа усулларидан фарқли ўлароқ, ер участкасида жойлашган мол-мулкни олиб қўйишга тўғридан-тўғри қаратилмаганлигини, алоҳида таъкидлаш лозим.


2. Мулк ҳуқуқининг бекор қилинишини тартибга солувчи шарҳланадиган модданинг меъёрларини ер ва турар жой қонунчилигининг тегишли меъёрлари билан биргаликда кўриб чиқиш даркор.

ЕКнинг 37-моддасига мувофиқ, давлат ва ижтимоий эҳтиёжлари учун ер участкасини ёки унинг бир қисмини олиб қўйилиши тегишли тарзда туман, шаҳар, вилоят ҳокимининг қарори бўйича ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида, ер мулкдорининг розилиги билан ёхуд ердан фойдаланувчи ёки ижарачи билан келишилган ҳолда амалга оширилади. Ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарорнинг қабул қилинишининг тартиби “Давлат ва ижтимоий эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйиш муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган моддий зарарнинг қопланиши тартиби тўғрисида”ги Низомда аниқ баён этилган. Жумладан, мазкур Низомнинг 4-бандига бўйича, мувофиқ туманлар (шаҳарлар)нинг ҳокимлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, вилоятларнинг ва Тошкент шаҳрининг ҳокимлари ер участкасини олиб қўйиш ҳамда турар жой, ишлаб чиқариш ва бошқа хил биноларининг, иншоотларнинг ва экинзорларнинг бузиб ташланиши тўғрисида ўзларининг қарорларини чиқарадилар. Бундан, туман (шаҳар) ҳокимларининг бундай қарорлари юқоридаги қарорларни ижроси ҳусусиятига эга эканлиги ва улар ўзлари ер участкаларини олиб қўйиш тўғрисидаги қарорни мустақил тарзда қабул қилишга ҳақли эмаслиги келиб чиқади.

ЕКдан фарқли равишда, Низомда қўчмас мулкларнинг мулкдорларини ер участкаларининг келгусида олиб қўйилиши тўғрисида хабардор қилиш тартиби белгиланган. Тегишли туман (шаҳар)ларнинг ҳокимликлари, ер участкасини олиб қўйиш ва ер участкасида жойлашган турар жой, ишлаб чиқариш ва бошқа хил бинолар, иншоотларнинг, экинзорларнинг бузилиши тўғрисидаги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятларнинг ва Тошкент шаҳрининг ҳокимлари қарорларининг нусхаларини билдиришномага илова қилган ҳолда, турар жой, ишлаб чиқариш ва бошқа хил бинолар, иншоотларнинг, экинзорларнинг мулкдорларини қабул қилинган қарор тўғрисида ёзма равишда, тилхат асосида, бузилишдан камида олти ой олдин хабардор қилишга мажбурдирлар.

Туман (шаҳар) ҳокимлари томонидан ер участкасини олиб қўйиш ва ер участкасида жойлашган турар жой, ишлаб чиқариш ва бошқа хил бинолар, иншоотларнинг, экинзорларнинг бузилиши тўғрисидаги қарорнинг қабул қилинганидан сўнг, юқорида кўрсатилган турар жой уйлари (хонадонлар), иншоотлар, экинзорлар бошқа шахслар учун ажратиб берилмайди.

Ер мулкдори, ердан фойдаланувчи ва ижарачининг тегишли туман, шаҳар, вилоят хокининг ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарорига рози бўлмаслиги холатида мазкур қарорга суд орқали эътироз билдирилиши мумкин. Агарда тегишли давлат асосли қўйиш мақсадларда олиб қўйилаётган ер участкасидан, мазкур кўчмас мулкка мавжуд мулк ҳуқуқини бекор қилмасдан фойдаланишнинг мумкин эмаслигини исботлай олмаса, бу ҳолда кўчмас мулкни олиб қўйиш талаби қондирилмайди. Бундан ташқари, мулкдорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадларида, шарҳланаётган модданинг иккинчи қисмида, низонинг судда ҳал қилинишига қадар ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарорнинг амалга оширишга йўл қўйилмаслиги белгиланган.


3. Ер участкасининг олиб қўйилиши муносабати билан у жойлашган кўчмас мулкнинг бегоналаштирилиши, барча ҳолатларда тўловли (хақ эвазига) ҳусусиятларга эгадир. Шарҳланаётган модданинг биринчи қисмига мувофиқ, ер участкаларининг олиб қўйилиши мулкдорга тенг қийматли мол-мулкнинг берилиши ҳамда етказилган бошқа хил моддий зарарнинг қопланиши билан ёки мулк ҳуқуқининг бекор қилиниши муносабати билан унга етказилган моддий зарарнинг тўлиқ ҳажмда қопланиши шарти билан амалга оширилади.

“Давлат ва ижтимоий эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйиш муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган моддий зарарнинг қопланиши тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 8-бандига мувофиқ, ер участкаларининг олиб қўйилиши қуйидаги компенсация турларидан бирининг берилиши билан амалга оширилади, чунончи:

фуқароларга мол-мулк сифатида бошқа тенг қийматли, турар жойлар ижтимоий меъёридан кам бўлмаган майдонли, қулай жиҳозланган турар жой биносининг берилиши ва экинзорлар қиймати тўловининг амалга оширилиши;

фуқароларга бузилаётган турар жой (уй)нинг, бошқа иншоотларнинг ва экинзорларнинг қийматининг тўланиши;

фуқароларга, ер участкасини ўзлаштириш даврига, ижара шартномаси асосида икки йиллик муддатга вақтинча турар жой бериш ҳамда бузилаётган уйлар (хонадонлар), иншоотлар ва экинзорлар қийматининг тўлиқ ҳажмда қопланиши билан шахсий турар жой қурилиши учун белгиланган меъёр миқёсида ер участкасининг ажратиб берилиши;

юридик шахсларга тенг қийматли мол-мулкни тақдим этиш ҳамда давлат ва ижтимоий эҳтиёжлар учун ер участкасини олиб қўйиш орқали етказилган бошқа хил моддий зарарни қоплаш;

давлат ва ижтимоий эҳтиёжлар учун ер участкасини олиб қўйиш орқали етказилган моддий зарарни тўлиқ ҳажмда қоплаш;

фуқароларга ва юридик шахсларга тегишли бўлган, бузиладиган турар жой уйларини, биноларни ва иншоотларни кўчириш ва янги жойда тиклаш;

янги жойда турар жой уйларини, иншоотларни қуриш ва уларни фуқароларга ва юридик шахсларга топшириш.

Фуқаролар ва юридик шахсларга бериладиган компенсация тўловининг миқдори ва тури хусусида норози бўлган тақдирда судга мурожаат қилишлари мумкин.

Ўзбошимчалик билан қурилган турар жой, ишлаб чиқариш ва бошқа хил иморатларнинг ва иншоотларнинг қиймати қопланмаслигини таъкидлаш жоиз.


4. Давлат ва ижтимоий эҳтиёжлар учун ер участкасини олиб қўйиш орқали етказилган моддий зарар тўлиқ ҳажмда қопланади. Ер участкасини олиб қўйиш оқибатида етказилган моддий зарарнинг, шу жумладан бой берилган фойданинг қопланиши тегишли туманлар (шаҳарлар)нинг ҳокимликлари томонидан, йил чораги якунлари бўйича прогноз (кутилган)дан ташқари тушаётган маҳаллий бюджетларнинг даромадлар қисмининг маблағлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бюджетларининг заҳира фонди маблағлари ва (ёки) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тегишли ҳисоб рақамларига давлат мулкини давлат тасарруфидан чиқариш, хусусийлаштиришдан тушаётган ва тақсимланаётган маблағларнинг бир қисми ҳисобидан амалга оширилади. Олиб қўйиладиган ер участкаларининг корхоналарга, муассалаларга ва ташкилотларга ажратиб берилиши ҳолатида моддий зарарнинг қопланиши тўловлари, турар жой биноларини бериш, вақтинча турар жойлар билан таъминлаш ва янги жойга мол-мулкни ташиб етказиш харажатлари кўрсатилган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳисобидан, тегишли туман (шаҳар) ҳокимларининг қарори асосида амалга оширилади.



16-БОБ. ХУСУСИЙ МУЛК


207-модда. Хусусий мулк ҳуқуқи

208-модда. Хусусий мулк ҳуқуқининг субъектлари

209-модда. Хусусий мулк ҳуқуқининг объектлари

210-модда. Уй-жой (квартира)га мулк ҳуқуқининг вужудга келиш тартиби

211-модда. Кўп квартирали уйдаги турар жойлар ва яшаш учун

мўлжалланмаган жойлар мулкдорларининг умумий мол-мулки

212-модда. Ўзбошимчалик билан иморат қуриш ва унинг оқибатлари



207-модда. Хусусий мулк ҳуқуқи


Хусусий мулк ҳуқуқи шахснинг қонун ҳужжатларига мувофиқ тарзда қўлга киритган мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқидир.

Хусусий мулк бўлган мол-мулкнинг миқдори ва қиймати чекланмайди.


1. Ўтиш даври иқтисодиёти амалда бўлган мамлакатларда бозор иқтисодиётини барпо этиш учун хусусий мулк ҳаётий аҳамиятга эга. Хусусий мулк тадбиркорлик фаолияти учун асос бўлиб хизмат қилади ва шу сабабдан бозор муносабатлари тизимида алоҳида ўрин тутади. Мазкур жиҳатни инобатган олган ҳолда, ЎзР Конституциясининг 53-моддасида "Бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг асосини турли кўринишлардаги мулк ташкил этади. Мулкнинг бошқа кўринишлари билан бир қаторда, хусусий мулк дахлсиздир ва давлат томонидан ҳимоя қилинади" деб кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикасида хусусий мулкни ҳуқуқий тартибга солишни ривожланиши эволюцион йўл билан содир бўлганлигини таъкидлаш жоиз. Биринчи бор, мулкнинг бир кўриниши сифатида хусусий мулк 1990 йил 31 октябрдаги ЎзР "Мулкчилик тўғрисида"ги Қонунида кўзда тутилган эди. Қонуннинг 7-моддасига мувофиқ, хусусий мулк фуқароларнинг мулки сифатида муомалага киради, нодавлат юридик шахсларнинг ва уларга қарашли бирлашмаларнинг мулки эса ва шунингдек, ижтимоий ҳамда диний бирлашмаларнинг мулки Қонуннинг 8-моддасида хусусий эмас, балки жамоа мулки деб таърифланади. Демак, мазкур Қонун томонидан хусусий мулкнинг фақат битта тури - фуқароларнинг хусусий мулки тан олинади.

Ҳаракат даги ФКнинг қабул қилиниши ЎзРда хусусий мулк ҳуқуқини ривожлантиришдаги ҳал қилуви босқич бўлди. "Мулкчилик тўғрисида"ги Қонундан фарқли равишда ФК, хусусий мулк ҳуқуқининг субъектив таркибини жиддий тарзда кенгайтирган ҳолда, унинг таркибига нафақат фуқароларни, балки тижорат ҳамда нотижорат нодавлат юридик шахсларни ҳам киритди. Демак, бугунги кунда хусусий мулк ҳуқуқи фуқароларнинг ва нодавлат юридик шахсларнинг мулк ҳуқуқи сифатида муомалага кирмоқда.


2. Хусусий мулк ҳуқуқининг субъектлари, яъни фуқаролар ва нодавлат юридик шахслар ўз хоҳишларига кўра ва ўз манфаатлари йўлида, ўзларига тегишли мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ва шунингдек мулк ҳуқуқининг ҳар қандай бузилишларини, улар ким томонидан содир этилишидан қатъийй назар, бартараф қилишни талаб этишга ҳақлидирлар (бу ҳақда батафсилроқ ФКнинг 164-моддаси шарҳига қаранг).


3. Хусусий мулк эгалигида мавжуд бўлган мулкнинг миқдори ва қиймати чекланмайди. Масалан, Уй-жой Кодексининг 11-моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ, уй-жойларга, хонадонларга, уйнинг бир қисмига, хонадоннинг бир қисмига мавжуд хусусий мулк эгалиги миқдор, ўлчам ва қиймат бўйича чекланмайди. Лекин, шу билан бирга, қонунчиликда белгиланган ҳолларда, хусусий ва ижтимоий манфаатларини кўзлаш мақсадларида баъзи бир чеклашлар ўрнатилиши мумкин. Масалан, ЎзР "Гиёҳвандлик воситалари ва психотропли моддалар тўғрисида"ги Қонунининг 22-моддасига мувофиқ, юридик шахслар ўзларининг ишлаб чиқариш фаолиятида фойдаланиш учун, кўрсатилган фаолият тури учун лицензиянинг мавжудлиги ва йиллик ишлаб чиқариш эҳтиёжларидан ортиқ бўлмаган миқдорда, прекурсорларни сотиб олишлари мумкин ва сотиб олинган ёки буюртирилган прекурсор миқдори мазкур эҳтиёжлардан ортиб қолган ҳар бир ҳолатда махсус ваколатли органни шу ҳақда хабардор қилишга мажбурдирлар. Монополистик фаолиятни чеклаш ва унга чек қўйиш, ҳамда рақобатни ривожлантириш мақсадларида, монополияга қарши қонунчилик томонидан акцияларни маълум миқдорда сотиб олиш учун тегишли давлат органидан рухсатнома олиниши шартлиги кўзда тутилган. Жумладан, ЎзР "Товар бозорларидаги рақобатни ривожлантириш ва монополистик фаолиятнинг чекланиши тўғрисида"ги Қонунининг 15-моддасига мувофиқ, шахс, шахслар гуруҳи томонидан хўжалик субъектининг устав капиталидаги овоз ҳуқуқига эга бўлган акцияларнинг, улушларнинг сотиб олиниши ва шундай шахс кўрсатилган акциялар, улушларнинг ўттиз беш фоизидан ортиқроқ кисмини тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлиши имконинининг эҳтимоли пайдо бўлганида, уларни сотиб олиш монополияга қарши давлат органининг олдиндан розилигини олган ҳолда хўжалик юритувчи субъектнинг тақдимномаси асосида амалга оширилади.



208-модда. Хусусий мулк ҳуқуқининг субъектлари


Фуқаролар, хўжалик ширкатлари ва жамиятлари, кооперативлар, жамоат бирлашмалари, ижтимоий фондлар ва давлатга қарашли бўлмаган бошқа юридик шахслар хусусий мулк ҳуқуқининг субъектлари ҳисобланадилар.


1. Жамиятимизнинг ижтимоий-иқтисодий хаётидаги туб ўзгаришлар бевосита фуқароларнинг мулк хуқуқини қонунчилик томонидан белгиланишида ҳам намоён бўлди. Маълумки, собиқ совет фуқаролик қонунчилиги, фуқароларнинг қатъийян истеъмолчилик ҳусусиятига эга бўлган фақат шахсий мулк ҳуқуқини тан олар эди. Шахсий мулк ҳуқуқининг истеъмолчилик ҳусусиятига эга бўлганлиги туфайли, фуқаролар ўзларига тегишли мулкдан фақат ўзларининг шахсий, уй-рўзғор, оила эҳтиёжларини қондириш учун фойланардилар. Мол-мулкдан тадбиркорлик асосида даромад олиш мақсадида фойдаланиш, унинг мусодара қилиниши таҳдиди билан тўғридан-тўғри таъқиқланарди (ЎзССР ГКнинг 124-моддаси), бундай фойдаланишдан олинган даромадлар эса “меҳнатсиз топилган даромадлар” деб эълон қилинарди.

Шарҳланаётган моддага мувофиқ, фуқаролар ўзларига тегишли мол-мулкнинг хусусий мулкдорларидир ва шу сабабли улар ўзларига қарашли мол-мулкка нисбатан ўз хоҳишларига қўра қонунга ва бошқа ҳуқуқий ҳужжат ларга зид бўлмайлдиган ҳар қандай ҳаракат ларни содир этишлари мумкин. Хусусий мулк субъкти сифатида ҳар қайси фуқаро, ҳам шахсий тарзда, ҳам умумий улушли мулк асосларида хусусий мулк субъкти сифатида фаолият кўрсатиши мумкин. Фуқароларнинг хусусий мулки ишлаб чиқаришда иштирок қилишдан олинган даромадлар, меҳнат қилиш ҳуқуқини бошқа хил тарзда тасарруф этиш, тадбиркорлик фаолияти, ўз хўжалигини юритиш ва кредит муассасаларига, акцияларга ва бошқа хил қимматли қоғозларга сармоя қилинган воситалардан олинган даромадлар, мулкни мерос ҳуқуқи бўйича қўлга киритиш ва қонунга хилоф бўлмаган бошқа асослар ҳисобига яратилади ва кўпайтирилади.

Амалдаги қонунчилик фуқароларга, хусусий мулк ҳуқуқи асосида уларга тегишли ҳар қандай мулкдан, ҳам шахсий истеъмол учун, ҳам тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун фойдаланиш ҳуқуқини беради, мазкур ҳолат фуқаролар ҳуқуқ лаёқатининг мазмунида тадбиркорлик фаолияти, шунингдек қонун томонидан таъқиқланмайдиган ҳар қандай фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқи элементларида ўз мужассамини топган. Фуқаролар тадбиркорлик билан якка тартибда ёки юридик шахс ташкил этган ҳолда шуғулланишлари мумкин (ЎзР "Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида"ги Қонунининг 6-7-моддалари). Хусусий тадбиркорлик якка тадбиркор томонидан мустақил тарзда, ишчиларни ёллаш ҳуқуқисиз, мулк ҳуқуқи бўйича ўзига тегишли мол-мулк асосида ва шунингдек, мол-мулкка эгалик қилишга ва ундан фойдаланишга йўл қўядиган бошқа хил ашёвий ҳуқуқ асосида амалга оширилади. Фуқароларнинг биргаликдаги тадбиркорлик фаолияти, юридик шахсни ташкил қилмаган ҳолда оила тадбиркорлик шаклида, оддий ширкат ёки деҳқон хўжалиги кўринишида амалга оширилиши мумкин. Тадбиркорлик фаолиятининг субъектлари ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотнинг (бажарган ишларнинг хизматларнинг) ва уларни сотишдан олинадиган даромадларнинг (фойданинг) мулкдорларидир. Тадбиркорлик фаолияти субъектларининг, ишлаб чиқариш сарф харажатларининг қопланишидан, солиқлар, йиғимлар ва барча мажбурий тўловлар тўланишидан қолган даромадлари (фойдаси), суд тартибида мажбурий тарзда қарзларни ундириш ҳолларидан ташқари, уларнинг ўз хоҳиши билан тасарруф этилади (ЎзР "Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида"ги Қонунининг 20-моддаси).

Фуқаролар хусусий мулки ҳуқуқининг объектлари деб ер участкалари, турар жой уйлари, хонадонлар, дала ҳовлилар, гаражлар, уй-рўзғор ашёлари, шахсий истеъмол ашёлари, пул маблағлари, қимматли қоғозлар ва шунингдек, корхоналар ҳамда ишлаб чиқариш учун мўлжалланган бошқа хил мулкий мажмуалар, бинолар, иншоотлар, транспорт воситалари, ишлаб чиқаришнинг бошқа воситалари тан олинади. Мол-мулкнинг миқдори ва қиймати, агарда у мулк сифатида қонунга ёки шартномага мувофиқ олинган бўлса, чекланмайди.


2. Хўжалик ширкатлари ва жамиятлари, кооперативлар, жамоат бирлашмалари, жамоат фондлари ва бошқа нодавлат юридик шахслар юридик шахсларнинг хусусий мулк ҳуқуқи субъектлари деб тан олинади. Иштирокчилар, таъсисчиларнинг улушлари, хўжалик фаолиятидан олинган даромадлар ва бошқа қонун томонидан йўл қўйилган асослар бўйича олинган мол-мулклар нодавлат юридик шахслар мол-мулки шаклланишининг асосларидир. Давлат мақомидаги юридик шахслардан (унитар корхоналар, давлат корхоналари) фарқли равишда, мазкур юридик шахсларнинг мулки уларга хусусий мулк ҳуқуқи асосида тегишлидир.

Қонун томонидан кўзда тутилган ҳоллардан ташқари, юридик шахсларнинг хусусий мулки тасарруфида муомаладан чиқарилмаган ҳар қандай кўчмас ва кўчар ашёлар бўлиши мумкин.

Ҳаракат даги фуқаролик қонунчилиги бўйича, барча юридик шахслар, юритаётган фаолиятининг мақсадига боғлиқ ҳолда тижорат ва нотижорат тоифаларга бўлинади. Тижорат юридик шахс сифатида ўз фаолиятининг асосий мақсади сифатида фойда олишни кўзлаган ташкилот тан олинади, нотижорат ташкилот деб эса шундай мақсад сифатида фойда олишни мақсад қилиб қўймаган ташкилот ҳисобланади (бу ҳақда батафсилроқ ФКнинг 40-моддасига келтирилган шарҳни қаранг).

Юридик шахсларнинг шаклига қараб, юридик шахснинг мулкига нисбатан таъсисчилар (иштирокчилар) ҳуқуқларининг хусусияти ҳам фарқ қилади. Хўжалик ширкатларида ва жамиятларида ҳамда кооператив (ширкат)ларда таъсисчилар (иштирокчилар) юридик шахснинг мулкига нисбатан ҳеч қандай ашёвий ҳуқуқларга эга эмас ва фақат мажбурият ҳуқуқларига эгадирлар. Таъсисчилар (иштирокчилар)нинг улушлари ҳисобига яратилган мулк, ва шунингдек хўжалик ширкати томонидан фаолият юритиш жараёнида ишлаб чиқарилган ва сотиб олинган мол-мулк, мулк ҳуқуқи асосида унга тегишлидир (ФКнинг 58-моддасига келтирилган шарҳни қаранг). Барча устав фонд битта ягона жисмоний ёки юридик шахсга (масалан, 100%ли давлат иштирокидаги АЖ ёки битта шахс томонидан яратилган МЧЖ) тегишли бўлишига қарамай, тижоратчи юридик шахсларнинг мулки таъсисчиларга эмас, балки мулк ҳуқуқи асосида фақат шу юридик шахсларга тегишли бўлади. Таъсисчиларга мулк ҳуқуқи асосида фақат акциялар ва тегишли юридик шахсларнинг устав фондларидаги улушлари тегишлидир.

Тижоратчи юридик шахснинг тугатилишида кредиторлар талаблари қондирилганидан сўнг, қолган мол-мулк, мазкур мулкка нисбатан мажбурият ҳуқуқларига эга шахслар бўлмиш, унинг таъсисчиларига топширилади. (ФК 55-моддасининг тўққизинчи қисми).

Нотижорат юридик шахсларнинг мулки таркибига топширилган мол-мулкка нисбатан, таъсисчилар на мажбурият, на ашёвий ҳуқуқларни сақлай олмайдилар ва юридик шахснинг тугатилиши ҳолатида улуш олишга ҳам ҳақли эмас. Масалан, ЎзР "Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида"ги Қонунининг 36-моддасига мувофиқ, кредиторлар талаблари қондирилганидан кейин, қолган мол-мулк ташкилотнинг иштирокчилари (аъзолари) ва шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотнинг рахбарияти органларининг аъзолари ўртасида тақсимланиши мумкин эмас ва белгиланган тартибда тасарруф этилади.


3. Хўжалик жамиятлари ва ширкатлари фаолиятининг мулкий асосини устав (низом) фонди ташкил қилади. Акциядорлик жамиятларида устав фонди акциядорлар томонидан сотиб олинган жамият акцияларининг номинал қийматидан шаклланади (ЎзР "Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларининг ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонунининг 19-моддаси), масъулияти чекланган жамиятларда ва хўжалик ширкатларида эса улардаги иштирокчилар улушларининг номинал қийматларидан ташкил топади (ЎзР "Масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида"ги Қонунининг 14-моддаси, ЎзР "Хўжалик ширкатлари тўғрисида"ги Қонунининг 8, 14-моддалари).

Кооперативлар (ширкатлар) фаолиятининг мулкий асосини пайли (улушли) жамғарма ташкил қилади. Ширкатнинг мулки аъзоларнинг пулли ва моддий бадаллари, банк кредитлари, ишлаб чиқарилган маҳсулот, унинг сотилишидан олинган даромадлар, ширкат низомида кўзда тутилган бошқа фаолиятни юритиш ва қонун ҳужжат ларида маън этилмаган бошқа манбалар ҳисобига шаклланади.


4. Нодавлат нотижорат ташкилот - ўзини-ўзи бошқарадиган, жисмоний ва (ёки) юридик шахслар томонидан ташкил этилган, ўз фаолиятининг бош мақсади сифатида даромад (фойда) олишни кўзламайдиган ва олинган даромадларни (фойдани) ўзининг иштирокчилари (аъзолари) ўртасида тақсимламайдиган ташкилотдир (ЎзР "Нодавлат нотижорат ташкилотлар тўғрисида"ги Қонунининг 2-моддаси). Нодавлат нотижорат ташкилотлар жамоат бирлашмалар, жамоат фондлари, муассаса кўринишларида ва шунингдек, қонунчилик ҳужжат ларида кўзда тутилган бошқа шаклларида ташкил этилиши мумкин.

Нодавлат нотижорат ташкилоти мулкини шакллантиришнинг манбалари сифатида қуйидагилар бўлиши мумкин, яъни:

аъзолик бадаллари, агарда улар низомда кўзда тутилган бўлса;

таъсисчилар (иштирокчилар)дан тушадиган бир маротабали ва мунтазам пул тушумлари;

ихтёрий мулкий бадаллар ва ҳайр-эҳсонлар;

тадбиркорлик фаолиятидан олинган ва фақат низом устав вазифаларни бажариш учун фойдаланиладиган даромадлар (фойда);

қонун ҳужжат ларида таъқиқланмаган бошқа тушумлар.

Нодавлат нотижорат ташкилот ўз мулкининг таркибида бинолар, иншоотлар, жиҳозлар, асбоб анжомлар, пул маблағлари, шу жумладан чет эл валютасидаги маблағлар, қимматли қоғозлар ва бошқа мол-мулкка эга бўлиши мумкин. Мулкдори бевосита нодавлат нотижорат ташкилотининг ўзи ва юқорида кўрсатилганидек, унинг иштирокчилари (таъсисчилари) мазкур мулкка ҳеч қандай, яъни на ашёвий ва на мажбурият ҳуқуқларига эга бўлмайдилар. Мулкдорнинг ҳуқуқларини нодавлат нотижорат ташкилотлар уставларида (низомларида) кўрсатилган, мазкур ташкилотларнинг доимий рахбари органлари амалга оширадилар.

Нодавлат нотижорат ташкилотларнинг мулкидан устав (низомий) мақсадлар ва вазифаларнинг бажарилиши учун фойдаланиш лозим.

Нодавлат нотижорат ташкилот, қонунчиликка мувофиқ, ўзининг устав (низомий) мақсадлари доирасида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши мумкин.



209-модда. Хусусий мулк ҳуқуқининг объектлари


Қонун билан ман этилган айрим ашёлардан ташқари ҳар қандай мол-мулк хусусий мулк бўлиши мумкин.


1. Фуқаролар ва юридик шахсларнинг хусусий мулкида муомаладан чиқарилган ашёлардан ташқари ҳар қандай кўчар ва кўчмас ашёлар бўлиши мумкин (бу ҳақда батафсилроқ ФКнинг 82-83, 169-моддаларига қаранг).


2. Фуқаролар саломатлигини, ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, мамлакат мудофасини ва давлатнинг иқтисодий ҳавфсизлигини таъминлаш мақсадларида, қонунчилик томонидан фуқаролар ва юридик шахсларнинг хусусий мулки сифатида мавжуд бўлмайдиган объектлар назарда тутилган бўлиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Олий мажлисининг 31.08.1995 й. “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришнинг баъзи масалалари тўғрисида"ги Қарорига 1-иловада давлат тасарруфидан чиқарилмайдиган, хусусийлаштирилмайдиган ва сотиб олинмайдиган корхоналар ва мулк турлари ва гуруҳларининг рўйхати белгиланган, жумладан буларга:


1. Ўзбекистон Республикаси худуди доирасида ер (қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно), ер ости бойликлари, ички сувлар, ҳаво ҳавзаси, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси;


2. Маданий мерос объектлари, давлат фондларини киритган ҳолда, шу жумладан китобларнинг, кино, фото ва фоноҳужжатлар, архивлар ва илмий-тадқиқот муассасаларининг фондлари, музейлар ва музей бойликлари, шунингдек муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар;


3. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг, валюта заҳирасининг, давлат мақсадли жамғармаларининг, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг маблағлари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг олтин заҳираси;


4. Пул муомаласи бўйича хизмат кўрсатувчи давлат ташкилотлари, қимматли қоғозларни, орденларни, медалларни ва почта тўлови белгиларини ишлаб чиқаришни таъминловчи корхоналар ва ташкилотлар;


5. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг, Миллий ҳавфсизлик хизматининг ва Ички ишлар вазирлигининг корхоналари, муассасалари ва харбий-техникавий мол-мулки (саноат қайта ишлов берилгунига қадар, шунингдек саноатда қайта ишлов берилиши мумкин бўлмаган мол-мулк);


6. Ионловчи нурланиш манбаларидан фойдаланиб илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ишларини олиб борувчи, рентген ускуналари, асбоб-ускуналар ва жиҳозлар ишлаб чиқариш, тайёрлаш ва реализация қилишни амалга оширувчи корхоналар ва объектлар;


7. Радиоактив моддаларни кавлаб олиш, ишлаб чиқариш, ташиш, қайта ишлашни, радиоактив чиқиндиларни кўмишни, уран ва бошқа бўлинувчи материалларни, шунингдек улардан ясалган буюмларни реализация қилишни амалга оширувчи корхоналар ва объектлар;


8. Қурол-яроғ ва ўқ-дорилар, ҳимоя воситалари, ҳарбий техника, эҳтиёт қисмлар, бутловчи қисмлар ва улар учун асбоб-ускуналар, портловчи моддалар, пиротехника маҳсулотлари, шунингдек уларни ишлаб чиқариш учун махсус матуриаллар ва ускуналар ишлаб чиқиш, тайёрлаш, таъмирлаш ва реализация қилишни амалга оширувчи корхоналар;


9. Овчилик ва спорт сохасида фойдаланиладиган ўқотар қуроллар ва ўқ-дорилар, шунингдек тиғ қурол (совға тарзидаги миллий пичоқлар бундан мустасно) ишлаб чиқариш, таъмирлаш ва реализация қилишни амалга оширувчи корхоналар ва ташкилотлар;


10. Кучли таъсир этадиган заҳарлар, гиёҳвандлик моддалари ва заҳарли моддалар ишлаб чиқарувчи, шунингдек таркибида гиёҳвандлик моддалари ва заҳарли моддалар бўлган экинлар экувчи, етиштирувчи ва уларга қайта ишлов берувчи корхоналар;


11. Ўзбекистон Республикасининг давлат захиралари. Фуқаро муҳофазаси ва сафарбарлик мақсадидидаги объектлар ҳамда мол-мулк;


12. Атом энергетикаси объектларини (ускуналар, тизимлар ва аппаратларини ўрнатиш) ва стратегик аҳамиятдаги объектларни қуриш ва монтаж қилиш ишларини олиб бориш, улардан фойдаланиш ҳамда уларни таъмирлашни амалга оширувчи ихтисослаштирилган корхоналар ва ташкилотлар;


13. Портлаш хавфи бўлган заҳарли моддаларни ташишни амалга оширувчи ихтисослаштирилган корхоналар;


14. Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари. Харбийлаштирилган автоколонналар;


15. Санитария-эпидемиология станциялари. Суд-тиббий экспертизаси бюролари. Атроф муҳит ҳолатини назорат қилувчи ҳамда табиатни муҳофаза қилувчи хизматлар;


16. Даволаш-ишлаб чиқариш устахоналари, жазони ижро этиш муассасаларининг корхоналари;


17. Махсус вазифаларни бажарадиган корхоналар (Республика махсус алоқа узели, 15361 рақамли Ҳарбий қисм, Электромагнит мослик Маркази);


18. Қабристонлар.


ЎзР қонунчилиги томонидан хусусий мулкда мавжуд бўлиши мумкин бўлмаган яна бошқа объектлар ҳам назарда тутилиши мумкин.



210-модда. Уй-жой (хонадон)га мулк

ҳуқуқининг вужудга келиши тартиби


Белгиланган тартибда ажратиб берилган ер участкасида қурилаётган янги уй-жойга мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб вужудга келади.

Бир ёки бир неча шахслар томонидан қурилаётган уй-жой қурилиш тамом бўлгунча ва рўйхатдан ўтказилгунча маҳаллий ҳокимият органларининг рухсатисиз бошқа шахсга берилиши мумкин эмас.

Давлатга қарашли уй-жой (квартира)га мулк ҳуқуқи қонун ҳужжатларида назарда тутилган хусусийлаштириш тартибида вужудга келади.

Кооператив уй-жойга, квартирага, гаражга, чорбоққа ва бошқа биноларга мулк ҳуқуқи кооператив аъзоси пай бадалларини батамом тўлаб бўлганидан кейин вужудга келади.


1. Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси ўзининг ва оиласининг эҳтиёжлари учун хусусий мулк ҳуқуқи асосида зарурий томорқа хўжалик ҳамда ҳовли иншоотлари билан бирга тураржой иморатларини қуриш ҳуқуқига эгадир.

Янги қурилаётган тураржойга мулк ҳуқуқи мураккаб юридик таркиб, яъни: шахсий тураржой қурилиши учун ер участкасининг берилиши ва янги қурилаётган тураржойга эгалик ҳуқуқининг давлат рўйхатига олиниши туфайли пайдо бўлади.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларига хусусий тураржой қурилиши учун мўлжалланган ер участкалари мерос бўлиб ўтадиган умрбод фойдаланиш ҳуқуқи асосида берилади. 2008 йил 1 январигача хусусий тураржой қурилиши учун мўлжалланган ер участкаси умрбод фойдаланиши асосида мерос бўлиб ўтадиган ҳуқуқ бўйича битта оила учун 0,06 гектар ўлчамида белгиланган тартибда туман (шаҳар) ҳокимлари томонидан ажратиб берилар эди. 2008 йил 1 январидан бошлаб эса, тураржой қурилиши учун мўлжалланган ер участкалари қонунчилик томонидан белгиланган тартибда кимошди савдоси асосида сотилади. Ким ошди савдоларини тайёрлаш, ўтказиш, уларда томонларнинг (харидорлар ва ташкилотчилар) иштирокининг умумий тамойиллари, хисоб-китобларни амалга ошириш шакллари ва шунингдек ер участкасига, уни сотиш ҳуқуқисиз, мерос бўлиб ўтувчи умрбод фойдаланиш ҳуқуқи асосида унга эгалик қилишни расмийлаштириш тартиби 1995 йил 26 январда “Фуқароларнинг умрбод фойдаланиш асосида мерос бўлиб ўтувчи ҳуқуқлар асосида ер участкаларини кимошди савдоларида сотилиши тўғрисида”ги Муваққат низомида белгиланган. Қурувчи шахс ўзига берилган (сотилган) ер участкасини унинг берилиши (сотилиши) кунидан икки йил давомида ўзлаштиришни бошлаши шарт.

Турар жойни давлат рўйхатига олинишидан олдин уни қуриб битказиш лозим. Фуқаролар томонидан шахсий тураржой бино қурилишини амалга ошириш тартиби 2006 йил 30 декабрда хусусий тураржой бино қурилиши тўғрисидаги Низомда белгиланган. Мазкур Низомнинг 20-24-бандларига мувофиқ, тураржойнинг қурилиши намунали ёки алоҳида ишлаб чиқилган лойиҳа бўйича, шаҳарларнинг режалаштирилиши ва қурилиши лойиҳаларини инобатга олган ҳолда, шаҳарсозлик меъёрлар ва қоидаларига риоя қилган ҳолда амалга оширилиши керак. Бунда алоҳида ишлаб чиқилган лойиҳа туман (шаҳар) меъмори билан келишилган бўлиши лозим.

Қурилиш тугалланганидан кейин, қурувчи шахснинг мурожаатномаси бўйича тураржой туман (шаҳар) ҳокими тузадиган қабул қилиш комиссияси томонидан фойдаланишга қабул қилинади ва бу тўғрисида тегишли далолатнома тузилади. Ергеодезкадастр давлат қўмитасининг худудий органи ўн кунлик муддат ичида янгидан қурилган (қайта қурилган) тураржойни техник инвентаризациясини амалга оширади ҳамда туман (шаҳар) меъморчилик ва қурилиш органлари билан келишилган ҳолда, тураржойни қабул қилиниши далолатномасининг тасдиқланиши тўғрисидаги ҳоким қарорининг лойиҳасини киритади. Туман (шаҳар) ҳокимининг қарори, мувофиқ қарор лойиҳасининг киритилганидан кейин икки кун кечикмасдан қабул қилинади. Ҳокимнинг қарорига мувофиқ, қурувчи шахсга уй дафтари берилади (Низомнинг 28-30-бандлари).

Белгиланган тартибда ажратилган ер участкасида тураржой уйининг қурилиши тугалланганидан сўнг унинг давлат рўйхатига олиниши амалга оширилиши лозим.

Қурилган тураржой уйига мулк ҳуқуқи, шундай ҳуқуқнинг давлат рўйхатига олиниши пайтидан бошлаб пайдо бўлади. Давлат рўйхатига олишни туман ва шаҳарларнинг техник инвентаризация қилиш идоралари (БТИ) "Бинолар ва иншоотларнинг давлат рўйхатига олиниши тартиби тўғрисида"ги (1998 йил 7 январдаги) Йўриқномаси асосида амалга оширади.

Фақат давлат рўйхатига олинганидан кейин уй қурган шахс мулк ҳуқуқига эга бўлади ва демак-ки, ўз ихтиёрига кўра тураржойга эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш имкониятини қўлга киритади.

Хусусий тураржой қурилишининг молияланиши банкнинг ипотека кредитлари ҳисобига амалга оширилиши ҳолларида, қурувчи шахснинг янги қурилаётган тураржойга бўлган мулк ҳуқуқи кредит тўланганидан кейин пайдо бўлади.


2. Умумий қоидага мувофиқ, тугалланмаган қурилиш объекти кўчмас мулк ашёси деб тан олинмайди. Демак, бундай объектлар фуқролик ҳуқуқий битимларининг ашёлари бўлиши мумкин эмас. Лекин, шарҳланаётган модданинг иккинчи қисмида, умумий қоидага мустасно равишда, янгидан қурилаётган тураржой биноси, унинг қурилиши тугалланишигача, маҳаллий ҳокимлик органларининг руҳсатига кўра, бошқа шахсга ажратилиб берилиши мумкинлиги белгиланган. Шу муносабат билан “Хусусий тураржой уйларининг қурилиши тўғрисида”ги Низомнинг 29-бандида, турар жойлари қурувчи шахснинг ўз кучи ҳисобидан қуриладиган ҳолларда, битта (иккита) яшаш хоналари, ошхона, хожатхона, уй пештоқининг ташқи безагининг, уйни муҳандислик коммуникациялари билан таъминланишининг, лойиҳага мувофиқ, алоҳида турадиган ёрдамчи хўжалик қурилмалар ва ҳовли иншоотларисиз ҳамда худуднинг ободонлашмаганлиги ҳолатида уйнинг бир қисмини фойдаланиш учун қабул қилишга йўл қўйилиши белгиланган. Бу ҳолда тураржой қурилишининг ажратилиши тўғрисидаги қарор туман (шаҳар) ҳокими томонидан қабул қилинади.


3. Турар уй жой биносига (хонадонга) мулк ҳуқуқи давлат тураржойлар фондини хусусийлаштириш тартибида пайдо бўлиши мумкин. Давлат тураржойлар фондини хусусийлаштириш деганда, фуқароларга давлат тураржойлар фондининг мулки бўлган, улар эгаллаб турган ёки янги қурилган хонадонларни, уйларнинг (уйларнинг бир қисмини) сотилиши, шу жумладан имтиёзли асосда сотилиши ёки бепул тарзда мулк сифатида берилишини тушуниш лозим (ЎзР "Давлат тураржойлар фондини хусусийлаштириш тўғрисида"ги Қонунининг 1-моддаси). Давлат тураржойлар фондининг уйларида тураржой хоналарини шартнома асосида эгаллаб турган фуқаролар, биргаликда яшаётган балоғат ёшига етган барча оила аъзоларининг розилиги билан, қонунчиликда белгиланган шартлар асосида, мазкур биноларни мулк эгалигига, шу жумладан биргаликда ёки улушли мулкка (сотиб) олишга ҳақлидир. Мазкур Қонунга мувофиқ, давлат тураржойлар фондини хусусийлаштириш ҳуқуқи ЎзР фуқароларига фақат бир маротаба берилади. Музей-хонадонлар, меъморчилик, тарих ва маданият ёдгорликлари бўлган хонадонлар ва уйлар, ёпиқ харбий шаҳарчалар худудидаги хонадонлар, ётоқхона тоифасига кирувчи ётоқхоналардаги хоналар, белгиланган тартибда яшаш учун яроқли бўлмаган ёки хизмат турар-жой тоифаларига киритилган хонадонлар (хоналар), икки нафар ёки кўпроқ сонли ижарачилар яшайдиган хонадонлар, қолган ижарачиларни хусусийлаштиришга розилик билдирмаганлиги ҳолатида, юқорида санаб ўтилганлар хусусийлаштириш объекти бўлишлари мумкин эмас. Хусусийлаштириш субъектлари сифатида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, бошқа давлатларнинг фуқаролари, Ўзбекистон Республикаси худудида доимий яшаётган (рўйхатга олинган) фуқаролиги бўлмаган шахслар бўлиши мумкин.

Хусусийлаштирилган алоҳида уйга, хонадонга ва хонага нисбатан мулк ҳуқуқи тураржой қийматининг тўлиқ тўланиши (сотиб олиниши) пайтидан, ҳамда мулк ҳуқуқи учун давлат ордерининг олинишидан бошлаб пайдо бўлади.

Турар жойни хақ эвазига ва бепул асосда хусусийлаштирадиган фуқароларга, тураржой мулкдорининг қарори асосида, белгиланган ягона намуна шаклидаги мулк ҳуқуқининг давлат ордери берилади. Ордер хусусийлаштирилган тураржой учун ҳуқуқ ўрнатувчи ҳужжат бўлиб, техник инвентаризация органларида мажбурий рўйхатга олиниши шарт (Қонуннинг 19-моддаси).

Хонадон, уй (уйнинг бир қисми) учун бадални тўлиқ киритган ёки ҳокимликнинг маҳаллий органида ўз аризасини рўйхатга қўйган лекин мулк ҳуқуқига давлат ордерини олмаган фуқаро вафот этган тақдирида, унинг меросхўрлари мазкур хонадонга, уйга (уйнинг бир қисмига) ворисилик қилишга ҳақлидирлар.

Ўзбекистон Республикасида давлат тураржойлари фондини хусусийлаштиришнинг тартиби ва шартлари 1993 йил 1 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида давлат тураржойлари фондини хусусийлаштиришни ўтказиш тартиби ва шартлари тўғрисида”ги Низомда белгиланган.


4. Турар жойга мавжуд эҳтиёжларни қондириш учун фуқаролар тураржой ва тураржой қурилиши ширкатларига кооперативларига кириш ҳуқуқига эгадирлар. Тураржой қурилиши ва тураржой ширкатлари фуқароларнинг ихтиёрий бирлашуви асосида ташкил этиладиган матлубот кооперативидир. Тураржой қурилиши ва тураржой кооперативларининг ҳуқуқий ҳолати ЎзР УЖК меъёрлари билан бевосита тартибга солинади. УЖКнинг 96-моддасига мувофиқ, тураржой қурилиши кооперативи фуқароларнинг ўз маблағлари билан биргаликда иштирок этишлари орқали, кейинги фойдаланиш ва бус-бутун ҳолатда сақланишини таъминлаш учун тураржойнинг қурилишида иштирок этишлари йўли билан ташкил қилинади, тураржой кооперативи эса янги, қайта қурилган биноларни яшаш учун сотиб олиш ва улардан кейинги фойдаланиш мақсадида ташкил этилади.

Турар жой қурилиши ва тураржой ширкатларида тураржойларни олиш ва улардан фойдаланиш тартибини ЎзР УЖКнинг 99-104-моддалари тартибга солади. УЖК 99-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ кооператив аъзолигига қабул қилинган шахсга, умумий мажлис қарори бўйича, киритилган пай (улуш) бадали миқдорига мувофиқ битта ёки бирнеча хоналардан иборат бўлган алоҳида хонадон ажратиб берилади. Берилаётган хонадон ободонлашган бўлиши ва ўрнатилган санитария ва техник талабларга жавоб бериши кераклигини таъкидлаш жоиз. Хонадонларга кўчиб ўтиш жойлардаги давлат ҳокимлиги органи томонидан бериладиган ордер бўйича амалга оширилади.

УЖКнинг 101-моддасига мувофиқ, тураржой қурилиши ёки тураржой кооперативи аъзоларининг асосий ваколатларини тураржой мулкига эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этишнинг асоси бўлган пай (улуш) ҳуқуқи ва пай бадали сифатида унинг томонидан тўланган пул миқдорларига мулк ҳуқуқи ташкил қилади. Пайга мавжуд ҳақ-ҳуқуқ нафақат кооператив аъзосига, балки пай бадалини тўлашда қатнашадиган пайдошларга (масалан, асосий пайчи оиласининг аъзоларига) ҳам тегишли бўлиши мумкинлигини таъкидлаш лозим. Шу билан бирга, тураржой биносида яшаётган, пайдошлар бўлмаган бошқа шахслар фақат тегишли тураржойдан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Пай бадалининг бутун миқдорининг тўланиши кунидан бошлаб, тураржой қурилиши ёки тураржой кооперативи аъзоси ўзи эгаллаб турган тураржойга мулк ҳуқуқини қўлга киритади, пай бадалларининг бир қисмига ҳаққи бўлган пайчи оиласининг аъзолари эса тураржой биносига нисбатан умумий мулк ҳуқуқига эга бўладилар (УЖК 102-моддаси). Пай бадали тўлиқ миқдорда тўланганидан сўнг мулк ҳуқуқи субъектининг алмашинуви содир бўлади ва тураржой ёки хонадон кооператив мулкидан фуқароларнинг хусусий мулкига ўтади. Умумий қоидадан фарқли ҳолда, мазкур ҳолатда давлат рўйхатидан ўтиш пайтидан эмас, балки пай бадали тўловининг тугалланиши пайтидан бошлаб мулк ҳуқуқининг пайдо бўлишини таъкидлаш лозим. Шундан кейинги давлат рўйхатига олишнинг ўтказилиши фақат ҳуқуқни тасдиқловчи аҳамиятга эга.



211-модда. Кўп хонадонли уйдаги хонадон эгаларининг мол-мулки


Уйнинг бир неча квартираларга хизмат қиладиган умумий хоналари, хусусан устун ва тўсинлар, механик, электр, санитария-техника ва квартира ташқарисидаги ёки ичкарисидаги ўзга қурилмалари кўп квартирали уйдаги квартира эгаларига улушли мулк ҳуқуқи тарзида тегишлидир.

Уйнинг умумий мол-мулкига эгалик ҳуқуқидаги квартира эгалари улушининг миқдори ҳамда мазкур мол-мулкни сақлаш ва асраш бўйича харажатларни мулкдорлар ўртасида тақсимлаш тартиби уй-жой тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

Хонадон эгаси уй-жой умумий мол-мулкига эгалик ҳуқуқидаги ўз улушини тасарруфдан чиқаришга, шунингдек бу улушнинг квартирага бўлган мулк ҳуқуқидан алоҳида тарзда бошқа шахсга ўтишига олиб келувчи ўзга ҳаракатларни амалга оширишга ҳақли эмас.


1. Мазкур модда, тураржой хоналари (квартиралари) мулк ҳуқуқи асосида ҳар хил субъектларга қарашли бўлган кўп хонадонли (квартирали) уйда умумий мулк муносабатларини тартибга солади.


2. Кўп хонадонли (квартирали) уйдаги квартира мулкдорига ўзига тегишли хоналар билан бирга уйдаги умумий мол-мулкка нисбатан улушли мулк ҳуқуқи ҳам тегишлидир. Шархланаётган модданинг биринчи қисмига кўра кўп квартирали уйда умумий мулк объектлари бўлиб ушбу уйнинг умумий хоналари, жумладан устун, тўсин, девор конструкциялари, квартиралараро зинапоялар майдончалари, зиналар, лифтлар ва бошқа шахталар, йўлаклар, техник қаватлар, ертўлалар, чердаклар ва томлар, уй ичидаги инженерлик ва коммуникациялар тармоқлари, бино ичида ёки ташқарисида жойлашган, бир неча биноларга, квартираларга хизмат қилувчи механик, электр, техник-санитария ва бошқа қурилмалар ва ускуналар хисобланади. Ушбу объектлар кўп квартирали уйларга хизмат қилиш вазифаларини бажаришга мўлжалланган бўлиб ўзига хос тарзда ягона мол-мулк мажмуасини ташкил этади. Кўп квартирали уйдаги умумий мол-мулк ва ушбу умумий мол-мулкнинг алоҳида қисмлари мулк ҳуқуқининг мустақил объектлари бўлиб хисобланмайди ва бегоналаштиришга йўл қўйилмайди.

Кўп хонадонли уйдаги умумий мулк ягона, бўлинмас объектни ташкил этишини ва умумий улушли мулк таркибида мавжуд эканлигини таъкидлаш лозим. Кўп хонадонли уйдаги хонадон мулкдорида қонунга мувофиқ, уйдаги ўзи сотиб олган хонадонга мулк ҳуқуқининг пайдо бўлиши пайтида умумий мулк ҳуқуқидаги умумий мулкнинг улушли ҳуқуқи пайдо бўлади.


3. Кўп хонадонли уйда умумий мулк ҳуқуқидаги умумий мулкнинг улушли ҳуқуқи муҳим ахамиятга эга. Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисмидаги меъёрлар қайдловчи ҳусусиятга эгадир, чунки мазкур қисмда уйнинг умумий мулки таркибида мулк ҳуқуқидаги мулкдорларга тегишли улушларнинг миқдори ва мулкдорлар ўртасида уйни тутиш ва мазкур мулкни сақлаш бўйича сарф харажатларни тақсимлаш тартиби тураржой қонунчилиги томонидан белгиланиши аниқ кўрсатилган.

ЎзР УЖК 125-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, кўп хонадонли уйнинг умумий фойдаланиш объектларига ҳар бир умумий мулк иштирокчисининг мулк ҳуқуқидаги улуши унинг ўзига қарашли тураржой хоналари майдонининг уйнинг умумий майдонидаги улушига мувофиқ келади. Кўп хонадонли уйдаги хонадонни мулкка сотиб олинишида сотиб олувчи шахсга кўп хонадонли уйдаги умумий мулкка умумий мулк ҳуқуқидаги улуши ўтади. Умумий фойдаланиш объектларига мавжуд умумий мулк ҳуқуқидаги янги мулкдорнинг улуши дастлабки мулкдорнинг улушига мувофиқ келади.

Умумий қоидага мувофиқ, агарда қонунда ёки шартномада бошқа шарт кўзда тутилган бўлмаса, мулкдор ўзига қарашли мулкни бус-бутун сақлаш, асраш мажбуриятини ўз зиммасига олади. Кўп хонадонли уйларда яшовчи хонадон мулкдорлари, уйнинг умумий мулкига мавжуд умумий улушли мулкнинг иштирокчилари сифатида уни асраш ва сақлаш ва ундан фойдаланиш мажбуриятини бажаришлари лозим. Умумий мулк иштирокчиси кўп хонадонли тураржойидаги умумий фойдаланиш объектларини ва уйга қарашли худудни сақлаш ва уларни таъмирлаш бўйича қилинадиган чиқим харажатларини уйнинг умумий майдони таркибида ўзига қарашли хонадоннинг майдонига мувофиқ тарзда зиммасига олади. (ЎзР УЖК 125-моддасининг биринчи қисми).


4. Умумий мулкка мавжуд умумий мулк ҳуқуқидаги улуш қатъийй тарзда квартирага мавжуд мулкчилик ҳуқуқи оқибатидан кейин келиши шарт. Шунинг учун, шарҳланаётган модданинг учинчи қисмига мувофиқ, хонадон (квартира) мулкдори тураржой уйининг умумий мулкига мавжуд мулк ҳуқуқидаги ўз улушини тасарруфидан чиқармаслиги ва шунингдек мазкур улушнинг квартирага мавжуд мулк ҳуқуқидан алоҳида тарзда бошқа шахсларга ўтишини келтириб чиқарадиган ҳаракат ларни қилишга ҳақли эмас.



212-модда. Ўзбошимчалик билан иморат

қуриш ва унинг оқибатлари


Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида, шунингдек иморат қуриш учун зарур рухсатнома олмасдан ёки архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларини жиддий бузган ҳолда қурилган уй-жой, бошқа бино, иншоот ёки ўзга кўчмас мулк ўзбошимчалик билан қурилган иморат ҳисобланади.

Ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс унга мулк ҳуқуқини ололмайди. Бу шахс қурган иморатини тасарруф этишга - сотишга, ҳадя этишга, ижарага беришга, иморатга нисбатан бошқа битимлар тузишга ҳақли эмас.

Ўзбошимчалик билан иморат қуриш натижасида ҳуқуқлари бузилган шахснинг ёки тегишли давлат органининг даъвоси билан бундай иморат суднинг қарорига биноан иморатни қурган шахс томонидан ёки унинг ҳисобидан бузиб ташланиши лозим, ушбу модданинг тўртинчи ва бешинчи қисмларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Шахс ўзига қарашли бўлмаган ер участкасида ўзбошимчалик билан иморат қурган бўлса, унинг бу иморатга нисбатан мулк ҳуқуқи суд томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ эътироф этилиши мумкин.

Иморат қурилган ер участкасининг мулкдори бўлган, унга умрбод мерос сифатида эгалик қилаётган, доимий эгалик қилаётган ва фойдаланаётган шахснинг ҳам ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқи суд томонидан эътироф этилиши мумкин. Бу ҳолда иморатга нисбатан мулк ҳуқуқи эътироф этилган шахс иморат қурган шахснинг харажатларини суд белгилаган миқдорда қоплайди.

Башарти, ўзбошимчалик билан қурилган иморатнинг сақлаб қолиниши бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилишига сабаб бўлса, ёхуд фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирса, юқорида кўрсатилган шахсларнинг ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқи эътироф этилиши мумкин эмас.


1. Умумий қоида бўйича, муайян ер участкасига нисбатан мавжуд ашёвий ҳуқуқларнинг эгаси, ўша ерда биноларни ва иншоотларни қуриши, уларни қайта қуриши ёки бузиши мумкин. Бунда у қурилиш ва шаҳарсозлик меъёрлари ва қоидаларига ва шунингдек, ер участкасининг белгиланган мақсадга мувофиқ фойдаланиш тўғрисидаги қоидаларга риоя қилиши керак. Ер участкаларининг мулкдорлари, эгадорлари (эгалик қилувчилар), фойдаланувчилари ва ижарачилари, агарда қонунда ёки шартномада бошқа шарт белгиланган бўлмаса, қурилган кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини қўлга киритадилар. Қурилиш белгиланган қоидалар бузилган тарзда амалга оширилганлиги ҳолларида қурилган иморат ўзбошимчалик билан иморат қуриш деб бахоланади. Шарҳланаётган модда тураржойлари, бинолари, иншоотлари ҳамда бошқа турдаги кўчмас мулкнинг қурилишида қонунчилик бузилганлиги ҳолларида пайдо бўладиган муносабатларни тартибга солади.


2. Шарҳланаётган модданинг биринчи қисмига мувофиқ, ўзбошимчалик билан қурилган иморат - бу қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қурилиш мақсадлари учун ажратиб берилмаган ер участкасида қурилган, шунингдек иморат қуриш учун зарурий руҳсатномани олмаган ҳолда ёки меъморчилик ва қурилиш меъёрлари ва қоидаларини жиддий равишда бузган ҳолда қурилган уй-жой биноси, бошқа бинолар ёки бошқа турдаги кўчмас мулкдир.

Шундай қилиб, тураржой биноси ҳам, ҳар қандай бошқа турдаги кўчмас мулк ва бошқа хил иморат ҳам ўзбошимчалик билан қурилган иморат деб тан олинади, агарда у:

- Қонунчиликда ҳамда бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган тартибга мувофиқ мақсадлар учун ажратиб берилмаган ер участкасида қурилган бўлса;

- бунинг учун зарур бўлган рухсатномаларни олмай қурилган бўлса;

- шаҳарсозлик ва қурилиш меъёрларини ва қоидаларини жиддий равишда бузган ҳолда қурилган бўлса.

Бино, иморат ва бошқа турдаги кўчмас мулк кўрсатилган уччала белгилардан биттасининг мавжудлиги холида ўзбошимчалик билан қурилган иморат деб тан олинишини инобатга олиш лозим.


3. Ўзбошимчалик билан қурилган иморатнинг қурилиши қурувчи шахс учун бир қатор салбий моддий оқибатларни келтириб чиқаради. Биринчидан, ўзбошимча қурилишни амалга оширган шахс, унга мулк ҳуқуқини қўлга киритмайди ва қурилган иморатни тасарруф этишга яъни унга доир ҳар қандай битимларни тузишга ҳақли эмас. Ўзбошимча қурилган иморатлар билан тузиладиган битимлар ўз-ўзидан ҳақиқий эмас. Мазмунан, мазкур иморат, қонуннинг императив кўрсатмасига биноан, шу жумладан тугатилмаган қурилиш объекти сифатида ҳам фуқаролик муомаласидан чиқарилган ва давлат рўйхатига олинмайди. Иккинчидан, суд қарорига биноан, ўзбошимча қурилишни амалга оширган шахс қурилмани бузиши ёки уни бузиш билан боғлиқ харажатларни қоплаши керак. Ноқонуний равишда қурилиш бажарилган ер участкасининг мулкдори ёки шаҳарсозлик ва меъморчилик соҳасидаги назоратни амалга ошираётган ваколатли давлат органи тегишли талаб билан судга мурожаат қилиши мумкин.

Ўзбошимча қурилишни ва қурилманинг бузилишини амалга оширган шахс фойдаланилган материалларга мулк ҳуқуқини сақлаб қолади.


4. Илгари ҳаракат да бўлган фуқаролик қонунчилигидан фарқли равишда, шарҳланаётган модданинг тўртинчи бешинчи қисмлари ўзбошимчалик билан қурилган иморатга мулк ҳуқуқини суд тартибида қўлга киритиш имкониятига йўл қўяди, бу эса белгиланган талабларга жавоб берадиган иморатнининг бузилишидан сақлаб қолишга имкон беради.

Шарҳланаётган модданинг тўртинчи қисмига мувофиқ тарзда, ўзбошимчалик билан қурилган иморатга мулк хуқуқи суд томонидан, ўзига тегишли бўлмаган ер участкасида мазкур қурилишни амалга оширган шахсга нисбатан тан олиниши мумкин, бироқ бунда мазкур иморат қурилган ер участкаси белгиланган тартибда ўша шахсга берилиши шарт қилиб қўйилади. Ер участкаларини шахсий тураржойларнинг қурилиши учун бериш ёки сотилишининг тартиби ЕКда (26-27 моддаларда) белгиланган.

Шарҳланаётган модданинг бешинчи қисмига мувофиқ, ўзбошимчалик билан қурилган иморат ўзга шахсларнинг мулк ҳуқуқи, умрбод мерос сифатида эгалик қилаётган, доимий (муддатсиз) эгалик қилаётган ва фойдаланишида бўлган ер участкасида бўлган ҳолларда, ўзбошимчалик билан қурилишни амалга оширган шахс томонидан мулк ҳуқуқининг қўлга киритилишига йўл қўйилмайди. Бу ҳолда шарҳланаётган модда бундай ҳуқуқни, ўзбошимчалик билан қурилган ер участкаси мулкдори ёки ашёвий ҳуқуқ эгаларига бундай (мулк) ҳуқуқни тақдим этади. Ва бу ҳолда ҳам мулк ҳуқуқи худди шу тарзда, суд қарори билан ўрнатилади. Иморатга мулк ҳуқуқи тан олинган участка эгаси, ўзбошимчалик билан қурилишни амалга оширган шахсга суд томонидан белгиланган миқдорда қилинган қурилиш харажатларини қоплаши керак.

Ўзбошимчалик билан қурилган иморатга мулк ҳуқуқининг тан олиниши тўғрисидаги, қонуний кучга кирган суд қарорлари кўчмас мулкка мавжуд ҳуқуқларни давлат рўйхатига олиниши учун асос бўлади.

Шу билан бирга, ўзбошимча қурилган иморатга мавжуд мулк ҳуқуқи суд томонидан фақат, мазкур қурилманинг сақланиши ўзга шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун томонидан ҳимояланадиган манфаатларининг бузилмаслиги, одамларнинг ҳаётига ва саломатлигига ҳавф туғдирилмаслиги шартида тан олиниши мумкин.



17-БОБ. ОММАВИЙ МУЛК


213-модда. Оммавий мулк тушунчаси

214-модда. Республика мулки

215-модда. Муниципал мулк



213-модда. Оммавий мулк тушунчаси


Республика мулки ва маъмурий-ҳудудий тузилмалар мулкидан (муниципал мулк) иборат бўлган давлат мулки оммавий мулкдир.

Қорақалпоғистон Республикасида мулкчилик муносабатлари, шу жумладан оммавий мулк муносабатлари ушбу Кодекс билан, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.


1. Фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларида давлат (яъни оммавий-ҳуқуқий тузилма) юридик шахслар ва фуқаролар билан биргаликда анъанавий тарзда алоҳида, мустақил ҳуқуқ субъекти бўлиб чиқади. Давлат, нафақат оммавий муносабатларнинг иштирокчиси сифатида, балки, оммавий мулкдан фойдаланган ҳолда, ўз ихтиёрида хўжалик юритиш субъекти бўлиш имкониятини сақлайди.

Оммавий мулкка нисбатан ЎзР ФКнинг 213-моддасининг қўлланган тақдирида, мазкур модданинг нормалари оммавий мулк субъектларининг кўп сонлилиги тўғрисидаги қоидани мустаҳкамлайди ва мазкур мулк субъектлари сифатида бевосита Ўзбекистон Республикаси (республика мулкини ташкил этувчи мулкка нисбатан) ва унинг маъмурий-худудий тузилмалари (муниципал туман, шаҳар мулкини ташкил этувчи мулкка нисбатан) чиқадилар. Улар мулкий муомалада тегишли давлат тузилмаси номидан чиқадилар, ҳамда ўзларининг мутасаддилигига мувофиқ тарзда оммавий мулкдорнинг у ёки бу ваколатларини амалга оширадилар.

Давлат мулки таркибида мавжуд мулк икки қисмга бўлинади. Унинг бир қисми хўжаликни юритиш ёки оператив бошқарувнинг чекланган, лекин тўла даражали мустақил ашёвий ҳуқуқлари асосида давлат юридик шахсларига, корхоналарга ва муассасаларга бириктирилади. Бу “тақсимланган давлат мулки” деб номланган мулк мазкур ташкилотларнинг мустақил юридик шахслар сифатида муомалада бўлиши учун асос бўлиб хизмат қилади. У, давлатнинг мажбуриятлари ва қарзларини қоплашни таъминлаш учун хизмат қилаолмайди, чунки корхоналар ва муассасалар, юридик шахслар сифатида юридик шахснинг фаолияти билан боғлиқ бўлмаган давлат қарзлари бўйича ўз мол-мулки билан жавоб берамайдилар. Мазкур мулк билан улар ўз кредиторлари олдида ўз қарзлари бўйича жавоб берадилар.

Оммавий мулкнинг иккинчи таркибий қисми - бу давлат корхоналарига ва муассасаларига бириктирилмаган мулк ёки “тақсимланмаган” деб аталмиш давлат мулкидир. Бу энг аввал, тегишли бюджетнинг маблағлари, олтин заҳираси, валюта жамғармаси ва бошқа ҳар хил давлат жамғармаларидир. Бу мулк мулкдор давлатнинг мажбуриятлари бўйича унинг кредиторлари томонидан ундириш объектига айланиши мумкин бўлган мол-мулкдир.


2. Оммавий мулк субъектлари - бу умуман олганда Ўзбекистон Республикаси (республика мулки) ёки тегишли маъмурий-худудий тузилмалар (муниципал мулк)дир. Бунда, ЎзР ФК оммавий мулки объектларининг доирасини чекланмаганлигини унутмаслик керак. Унинг таркибида ҳар қандай мол-мулк мавжуд бўлиши мумкин. Муниципал мулк объектларининг доираси бирмунча торроқ. Унинг таркибига, ҳусусан, мутлоқ республика мулки объектлари кириши мумкин эмас.


3. Ҳуқуқни белгилаш йўсинида республика ва муниципал оммавий мулкини чегаралаш масаласи ҳал қилувчи аҳамиятга эгадир. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида республика ва муниципал оммавий мулки объектларини чегаралашнинг ҳар томонлама тартибини белгилайдиган махсус ҳужжат мавжуд эмас.

Мазкур меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат нинг мавжуд бўлмаганлиги сабабли умумий ва турдош масалаларни тартибга солувчи ҳужжат лардан фойдаланиш лозим.

Мазкур масалани тарихий ўтмишга расм солиш нуқтаи назаридан кўриб чиқилганида, 1992 йил 23 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан "Маҳаллий саноат, ахолига маиший хизмат кўрсатиш, давлат савдоси ва ижтимоий овқатланиш корхоналари ва ташкилотларини давлат тасарруфидан чиқариш чоралари тўғрисида"ги Қарор қабул қилинганлигини ва унда мазкур меъёрий ҳужжат нинг ижро этилишини таъминловчи муваққат меъёрий ҳужжат лар тасдиқланганлигини таъкидлаш лозим. Натижада, "Ўзбекистон Республикаси давлат мулкининг давлат мулки тасарруфидан чиқарилишига ва хусусийлаштирилишига ариза бериш ва уни кўриб чиқиш тартиби тўғрисида"ги Муваққат низом республика мулки объектлари бўйича мавжуд мулкни давлат тасарруфидан чиқаришга ва хусусийлаштиришга бериладиган аризаларни Ўзбекистон Республикаси Давлат мулк қўмитаси орқали, муниципал мулк объектлари бўйича эса Давлат мулк қўмитасининг худудий органлари орқали расмийлаштириш тартибини белгилар эди. Шундай қилиб, оммавий мулк тоифасининг миқёсида республика мулкини муниципал мулкдан расмий идора мезони бўйича чегаралаб қўйишга уриниш ҳаракати мавжуд бўлган эди.

1992 йил 29 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори билан "Республика давлат мулкининг республика мулкига ва маъмурий-худудий тузилмаларнинг (муниципал) мулкига бўлиниши тартиби" тасдиқланган эди. Мазкур Қарорга мувофиқ, давлат мулкини республика ва муниципал мулкка бўлиниши Ўзбекистон Республикаси балансидан Қорапақалпоғистон Республикаси ва Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг балансига мулкнинг тўловсиз ўтказиш асосида амалга оширилади. Бунда бўлиниш пайтида маъмурий-худудий тузилмаларнинг балансида мавжуд бўлган объектлар, уларнинг мулки таркибига низосиз тартибда ўтади.

"Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 7 майдаги "Мулкчилик тўғрисида"ги Қонунига ўзгаришлар ва қўшимчаларни киритиш тўғрисида"ги Қонунининг 22-моддаси вилоят, туман, шаҳар ёки бошқа маъмурий-худудий тузилманинг мулки объектлари сифатида маҳаллий бюджет ҳисобига ташкил этилган ва сотиб олинган мол-мулкни ва шунингдек давлат мулкидан берилган ва маҳаллий ахамиятга эга бўлган мол-мулкни белгилади. Ўша ҳужжат нинг ўзи билан давлатнинг мутлоқ мулкига тааллуқли объектлар муниципал мулкни таркибига кирмаслиги таъкидланди.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикасининг 1991 йил 19 ноябрдаги "Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида"ги Қонунининг 7-моддаси "республика мулки объектларини давлат тасарруфидан чиқариш ва уларни хусусийлаштириш тўғрисидаги қарорни қабул қилиш ҳуқуқига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ёки унинг томонидан ваколатланган давлат бошқаруви органлари эга бўлиши"ни кўзда тутади. Муниципал мулк объектларини давлат тасарруфидан чиқариш ва уларни хусусийлаштириш тўғрисидаги қарорларни қабул қилиш ҳуқуқига маҳаллий ҳокимлик ва бошқарув органлари эга бўлади. Мазкур модданинг учинчи қисми: "Ўзбекистон Республикаси давлат мулкини республика мулкига ва маъмурий-худудий тузилмаларнинг мулкига (муниципал мулкка) бўлиниши Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар махкамасининг таклифи бўйича амалга оширилади" деб аниқлик киритади.

Ушбу ҳужжат да шунингдек, республика мулки таркибида мавжуд бинолар ва иншоотларнинг Рўйхатини (9-сонли иловани) ҳамда муниципал мулкни ташкил қиладиган бинолар ва иншоотларнинг Рўйхатини (11-сонли иловани) юритиш тартибини кўзда тутадиган "Бинолар ва иншоотларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида"ги Йўриқномани қайд қилиш даркор (1997 йил 2 сентябрда Коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан 04-0183 рақами билан, 1997 йил 17 декабрда Давмеъморқурилиш қўмитаси томонидан, Макроиқтисодстат вазирлиги томонидан 1997 йил 10 декабрда, Давлат мулк қўмитаси томонидан 1997 йил 29 декабрда ва Геодезия, картография давлат кадастри Бош бошқармаси томонидан 1997 йил 2 сентябрда тасдиқланган. Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлиги томонидан 1997 йил 7 январда 387-сон рақам билан рўйхатга олинган).

Бироқ, аввал таъкидланганидек, қонун ҳужжатлари даражасида республика ва муниципал мулкини чегаралаш мезонлари ва тартиби назарда тутилмаган ва қоида тариқасида, бундай вазифа асосан идоралар, муассасалар даражасида амалга оширилади.

Шунга асосланган ҳолда, икки кўринишидаги оммавий мулкнинг юридик жиҳатдан, яъни республика ҳамда муниципал тоифаларга чегараланиши масаласи ҳамон тортишувларни келтириб чиқараётганлигини ва қўшимча тарзда аниқлик киритишни талаб қилганлигини таъкидлаш лозим.



214-модда. Республика мулки


Ер, ер ости бойликлари, сув, ҳаво бўшлиғи, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий бойликлар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви республика органларининг мол-мулки, давлат аҳамиятига эга бўлган маданий ва тарихий бойликлар, республика бюджетининг маблағлари, олтин заҳираси, давлатнинг валюта фонди ва бошқа фондлари республика мулкидир, шунингдек корхоналар ва бошқа мулкий комплекслар, ўқув, илмий, илмий-тадқиқот муассасалари ва ташкилотлари, интеллектуал фаолият натижалари, башарти булар бюджет ёки давлатнинг ўзга маблағлари ҳисобидан яратилган ёки сотиб олинган бўлса, бошқа мол-мулк республика мулки бўлиши мумкин.

Республика мулки бўлган мол-мулкни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ёки улар махсус вакил қилган органлар, агар қонунда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, тасарруф қиладилар.

Республика мулки бўлган мол-мулк давлат юридик шахсларига хўжалик юритиш ёки оператив бошқариш ҳуқуқи асосида бириктириб қўйилиши мумкин.

Республика мулки республика бюджетига тушадиган солиқлар, йиғимлар ва бошқа мажбурий тўловлардан, шунингдек қонунларда назарда тутилган асосларга мувофиқ бошқа тушумлар ҳисобидан ташкил этилади.

Республика мулки объектлари қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган тартибда ва шартлар асосида хусусий мулк қилиб берилиши мумкин.


1. ЎзР ФКнинг 214-модда биринчи қисмида республика мулки объекти сифатида тасарруф этиладиган мулк объектларининг рўйхати келтирилган.

Бунда, ернинг ва табиат заҳираларининг махсус режими ўрнатилган. Мазкур режимнинг айни ҳолатдаги моҳият мазмуни барча ерлар ҳамда фуқароларнинг ва юридик шахсларнинг ёки муниципал мулкнинг таркибига топширилмаган барча табиий заҳиралар республика мулки деб эълон қилинганлигида намоён бўлади.

Бошқача қилиб айтганда, ерга ва бошқа табиий заҳираларга республика мулки презумпцияси ўрнатилган. Мазкур қоида томонидан ерга ва бошқа табиий заҳираларга, уларнинг фақат давлат томонидан тўғридан-тўғри йўл қўйилган даражада хусусий ва муниципал мулк объекти бўлишлари мумкинлиги мазмунида, хусусий мулк сифатида маълум чекланишлар ўрнатилган.

Ердан тадбиркорлик фаолиятидаги кўчмас мулк объекти сифатида фойдаланиш, унинг мақсадли вазифаси инобатган олинган ҳолда амалга оширилиши лозим. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасига мувофиқ, ер ва бошқа табиий заҳиралардан оқилона фойдаланиш лозим ва улар давлат томонидан муҳофаза қилинади.

Ер участкаси тушунчаси Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексида ва 1998 йил 28 августдаги 666-I-сонли Ўзбекистон Республикасининг "Давлат ер кадастри тўғрисида"ги Қонунида мужассамланган. ЎзР ЕКнинг 10-моддасига мувофиқ, ер участкаси ер муносабатларининг объекти сифатида - белгиланган чегараларга, майдонга, жойланиш худудига, ҳуқуқий режимига ва давлат ер кадастрида акс эттириладиган бошқа тавсиф белгиларига эга бўлган ерлар фондининг бир қисмини ташкил этади.

Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 23 сентябрдаги "Ер ости бойликлари тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ, ер замини - бу тупроқ қатламидан пастроқда жойлашган ер пўстлоғининг бир қисми, унинг мавжуд бўлмаганлиги ҳолида эса ер юзасининг ёки геологик ўрганиш ва ўзлаштириш имконияти чегарасида бўлган сув объектлари тубининг пастроғида жойлашган ер пўстлоғининг қисмидир. Ер замини участкалари сотиб олиниш, сотиш, хадя қилиш, мерос, омонат, гаров объектлари бўлиши ёки бошқа кўринишда тортиб олиниши мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикаси "Ер ости бойликлари тўғрисида"ги Қонунининг 31-моддасига мувофиқ, ер мулкдорлари ва ердан фойдаланувчилар ўзларига берилган ер участкалари худуди чегараларида лицензия олинмаган тарзда, қонунчиликда белгиланган шартлар асосида фойдали қазилмаларнинг давлат баланси томонидан заҳиралари руйхатга олинмаган, умумий тарқалган фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва ўзларининг хўжалик ва маиший эҳтиёжлари учун портлаш ишларини қўлламай ер остки иншоотларни қурилишини амалга ошириш ҳуқуқига эгадирлар.

Бошқа хил фойдали қазилмалардан фойдаланишга нисбатан, қатъийй лиценлиялаш тартиби жорий қилинган. Ҳусусан, Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 7 декабрдаги 312-II-сонли "Маҳсулотнинг тақсимотига оид битимлар тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ, "чет эллик сармоядорга, тўлов асосида ва маълум муддатга шартномада кўрсатилган ер участкасида фойдали қазилмаланинг конлари қидируви, текширилиши ва қазиб олинишига ва мазкур ишларини олиб бориш учун алоҳида ҳуқуқ берилиши мумкин, сармоядор эса, ўз навбатида кўрсатилган ишларни ўз ҳисобидан ва ўзининг таваккал қилиши асосида амалга ошириш мажбуриятини ўз зиммасига олади".

Республика мулки таркибида маълум шартларда ўзга шахсларнинг мулкига ўтиши мумкин бўлган мулк ҳам мавжуд. Мазкур тоифага, масалан, республика бюджети маблағларини, олтин заҳирани, валюта жамғармасини ва бошқа давлат жамғармаларини, ва шунингдек, корхоналарни ҳамда давлатнинг бюджет ёки бошқа маблағлари ҳисобига яратилган ёхуд сотиб олинган интеллектуал фаолият натижалари билан тенг равишда бошқа ҳар хил мулк мажмуаларини киритиш лозим.


2. Республика мулки ҳуқуқи вужудга келиши асослари орасида, ўзига ҳос манбаъларни, яъни солиқлар кўринишидаги ёки бошқа ҳар хил мажбурий тўлов тушумларининг манбаъларини (масалан, давлат бюджетдан ташқари жамғармаларига қилинадиган ажратмаларни) кўрсатиш даркор.

Давлат бюджети, шунингдек мол-мулкнинг мусодара қилиниши, яъни ҳуқуқбузарлик учун жазо чораси сифатида мол-мулкнинг мажбурий тўловсиз давлат мулки таркибига олиб қўйилиши ҳамда реквизиция (яъни фавқулодда вазиятларда мулкдордан реквизицияланган (олиб қўйилган) мол-мулкнинг қийматининг қопланиши билан, давлат ва ижтимоий манфаатлар учун мулкдор мулкини мажбуран олиб қўйиш) воситалари ҳисобидан ҳам тўлдирилиши мумкин.

Шундай тарзда, мулк республика мулки таркибига нафақат умумий (умумфуқаролик) усуллари орқали, балки хусусий мулкчилик муносабатлари учун ҳос бўлмаган махсус усулларда, яъни солиқлар, тушумлар ва бож тўловлари ва шунингдек реквизиция, мусодара ҳамда национализация ёрдамида ҳам мол-мулк тушиши мумкин.

Оммавий мулкни вужудга келишининг асоси сифатида тураржойларни эгасиз деб тан олиниши хизмат қилиши мумкин. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 21 январдаги 8-сон билан тасдиқланган "Эгасиз тураржойларини аниқлаш, рўйхатга олиш ва давлат мулкига айлатириш тартиби тўғрисида"ги Низоми эгасиз уй жойларни давлат мулкига айлантириш тартибини назарда тутади.


3. Оммавий ҳуқуқий тузилмалар мулк ҳуқуқининг бекор қилиниши учун махсус асос ҳам, яъни хусусий мулк ҳуқуқи пайдо бўлишининг алоҳида, мустақил асоси бўлган хусусийлаштириш мавжуддир.

ЎзР ФК 214-моддасининг бешинчи қисмида республика мулки таркибидан чиқариш асоси яъни қонун томонидан белгиланган тартибда оммавий мулк тоифасидан хусусий мулкка ўтиш имкониятига ишора қилинади. Мазкур ҳолатларнинг энг кўп тарқалган кўринишларидан бири хусусийлаштиришдир. Бунда, муомаладан чиқарилган, давлатнинг алоҳида мол-мулкидан ташқари, махсус қонун томонидан белгиланган хусусийлаштириш объектига ҳарқандай кўчмас мулк киритилиши мумкин. Кўчар мол-мулкнинг оммавий ҳуқуқий тузилмалардан хусусий шахсларга ўтиши, қоида бўйича, мулкнинг тасарруф этиш бўйича анъанавий фуқаролик - ҳуқуқий битимлар тартибида, энг аввало фуқаролик қонунчилиги қоидаларига мувофиқ тузиладиган ва расмийлаштириладиган олди-сотди шартномалари асосида амалга оширилади. Бу ўринда оммавий ҳуқуқий тузилмаларга қарашли акциядорлик жамиятларнинг акциялари бундан мустасно бўлади ва улар фуқароларнинг ҳамда юридик шахсларнинг мулкига нафақат фуқаролик қонунчилигида назарда тутилган умумий тартибда, балки хусусийлаштириш тўғрисидаги қонунчилик томонидан белгиланган махсус тартибга ҳам тортиб олинишлари мумкин.


5. Оммавий мулк тоифасидан хусусий мулк таркибига корхоналар (мулкий мажмуалар), тураржой бинолари, хонадонлар, ер участкалари каби объектларнинг ўтиши махсус қонунлар томонидан назарда тутилган. Мазкур қонунлар, шунингдек, мулк ҳуқуқининг расмийлаштирилиши билан бирга, шундай ўтишнинг шартлари ва тартибини ҳам белгилайди. Шу сабабдан, ЎзР ФКнинг мулк ҳуқуқининг қўлга киритилиши ва бекор қилиниши тўғрисидаги умумий қоидалари фақат хусусийлаштириш тўғрисидаги қонунчиликда махсус кўрсатмалар мавжуд бўлмаганлиги шартидагина мазкур муносабатларга тааллуқли бўлади. Аслида бу, махсус қонун умумий қонундан устуворлиги тўғрисидаги умумий қоидага мувофиқ, хусусийлаштириш муносабатлари Кодекс қоидаларининг таъсири доирасидан қисман чиқарилганлигини билдиради.



215-модда. Муниципал мулк


Давлат ҳокимияти маҳаллий органларининг мол-мулки, маҳаллий бюджет маблағлари, муниципал уй-жой фонди ва коммунал хўжалик, корхоналар ва бошқа мулкий комплекслар, халқ таълими, маданият, соғлиқни сақлаш муассасалари, шунингдек бошқа мол-мулк муниципал мулк бўлади.

Муниципал мулк бўлган мол-мулкни, агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, давлат ҳокимияти маҳаллий органлари ёки улар вакил қилган органлар тасарруф этадилар.

Муниципал мулк бўлган мол-мулк юридик шахсларга хўжалик юритиш ёки оператив бошқариш ҳуқуқи асосида бириктириб қўйилиши мумкин.

Муниципал мулк маҳаллий бюджетга тушадиган солиқлар, йиғимлар ва бошқа тўловлардан, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган асосларга мувофиқ бошқа тушумлар ҳисобидан ташкил этилади.

Муниципал мулк объектлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва шартлар асосида хусусий мулк қилиб берилиши мумкин.


ЎзР ФК 215-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ёки улар томонидан ваколатланган органлар муниципал мулк ҳуқуқининг субъектлари деб эълон қилинган.

Муниципал мулк ҳуқуқининг субъектлари, одатда, мураккаб тизимли тузилмалар бўлиб, ўзининг маъмурий-бошқарув, ижтимоий-маданий, тезкор-хўжалик каби органларининг кенг тармоғи орқали фаолият юритадилар, аммо фақат улар билан чекланиб қолмайдилар.

Бунда, муниципал мулкнинг ҳуқуқий режимини вужудга келиши мол-мулкни давлатдан маъмурий-ҳудудий тузилмаларга беришнинг қонун томонидан тартибга солинган жараёни доирасида содир бўлади.

Бу ҳолда Ўзбекистон Республикаси 1993 йил 2 сентябрдаги 913-XII-сонли "Маҳалий давлат ҳокимияти тўғрисида"ги Қонуннинг 8-моддаси иккинчи қисмининг нормаларига таяниш лозим, унда қуйидагича кўрсатилган: "Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг мол-мулки, бюджет маблағлари, бюджетдан ташқари фондларнинг ва аниқ мақсадга қаратилган фондларнинг маблағлари вилоят, туман, шаҳар мулкидир. Вилоят, туман, шаҳар аҳамиятига эга бўлган муҳандислик инфраструктураси объектлари ва бошқа объектлар, корхоналар ва бирлашмалар, халқ таълими, соғлиқни сақлаш, ижтимоий таъминот, фан ва маданият муассасалари, вилоят, туман, шаҳар маблағи ҳисобидан ташкил этилган ёки сотиб олинган, шунингдек улушбай асосларда ташкил этилган ёки сотиб олинган ёхуд халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашига бошқа манбалардан бепул берилган қимматли қоғозлар ва молия активлари вилоят, туман, шаҳар мулки бўлиши мумкин"

Объектлар республика мулкидан кейинчалик муниципал мулк қилиб берилганда, шунингдек, мол-мулк мулкдорининг барча ҳуқуқлари ва унинг эркин хоҳиш билдиришига риоя қилинган ҳолда ўтказишнинг тегишли ҳуқуқий тартибига риоя қилиш зарур. Республика мулкини муниципал мулк тасарруфига ўтказишнинг олди-сотди ва бошқа ш.к. шакллари ҳам мавжуд деб ҳисоблаш мумкин. Аммо бу масалалар беистисно хусусий мулк битимларининг фуқаролик - ҳуқуқий конструкциялари доирасида ҳал қилинмаслигини ҳисобга олиш муҳимдир. Оммавий манфаатларни ҳисобга олган ҳолда бунда мазкур оммавий мулк объектларининг махсус ҳуқуқий режими қўлланиши лозим.

Шу сабабдан мазкур муносабатлар махсус ҳуқуқий тартибот объекти сифатида юзага чиқиши мумкин. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 9 августдаги 287-сонли "Тошкент шаҳар ҳокимлигининг муниципал мулк объектларини сотиш тўғрисида"ги Қарорида Тошкент шаҳар ҳокимлигига тегишли мол-мулкни сотиш тартибини назарда тутади.

Умуман олганда, муниципал мулк ҳуқуқининг объекти бўлган мол-мулк, республика мулкини ташкил этувчи мол-мулк қайси гуруҳларга бўлинса, худди шундай бўлинади:

- хўжалик юритиш ва оператив бошқариш ҳуқуқида муниципал корхона ва муассасаларга бириктирилган мол-мулк;

- муниципал корхона ва муассасаларга бириктирилмаган, муниципал бюджетни, муниципал уй-жой фондини ташкил этувчи мол-мулк ва б.

Биринчи гуруҳдаги мол-мулк асосан ижтимоий (таълим, тиббиёт, маданият) ва ишлаб чиқариш аҳамиятига эга. Иккинчи гуруҳга кирадиган мол-мулк эса аҳолининг тегишли маъмурий-ҳудудий бирлик ҳудудида яшаши билан боғлиқ эҳтиёжларини қондириши, шунингдек, маҳаллий ўз-ўзини бошқарув органларининг фаолиятини молиявий ва моддий жиҳатдан таъминлаши лозим.

Муниципал мулк сирасига кирадиган мол-мулк ўзининг тур, миқдор ва нарх ҳолати бўйича, табиийки, республика мулк ҳуқуқининг объекти бўлган мол-мулкка мос келмайди. Кўрсатилган параметрлар бўйича у анчайин чекланган ва ўзига хосдир, чунки маҳаллий аҳамиятга эга давлат вазифаларини ҳал этишга мўлжалланган.



18-БОБ. УМУМИЙ МУЛК


216-модда. Умумий мулк тушунчаси ва унинг вужудга келиш асослари

217-модда. Улушли мулкдаги улушларни аниқлаш

218-модда. Улушли мулкдаги мол-мулкни тасарруф этиш

219-модда. Улушли мулкдаги умумий мол-мулкка

эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш

220-модда. Улушли мулкдаги мол-мулкдан фойдаланиш

натижасида келадиган ҳосил, маҳсулот ва даромадлар

221-модда. Умумий улушли мулкдаги мол-мулкни

сақлаш харажатларини тақсимлаш

222-модда. Умумий мулк ҳуқуқидаги улушнинг

шартнома бўйича олувчига ўтиш пайти

223-модда. Улушли мулкдаги мол-мулкни

тақсимлаш ва ундан улуш ажратиш

224-модда. Имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқи

225-модда. Биргаликдаги мулк бўлган мол-мулкка эгалик

қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш

226-модда. Биргаликдаги мулк бўлган мол-мулкни

тақсимлаш ва ундан улуш ажратиш

227-модда. Ундирувни умумий мол-мулкдаги улушга қаратиш



216-модда. Умумий мулк тушунчаси

ва унинг вужудга келиш асослари


Икки ёки ундан ортиқ шахснинг эгалигида бўлган мол-мулк уларга умумий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлади.

Мол-мулк мулкдорлардан ҳар бирининг мулк ҳуқуқидаги улуши аниқлаб қўйилган (улушли мулк) ёки бундай улушлар аниқлаб қўйилмаган (биргаликдаги мулк) ҳолда умумий мулк бўлиши мумкин.

Умумий мулк бўлган мол-мулк улушларга бўлинади, қонунда бу мол-мулкнинг биргаликдаги мулкни ташкил этиши назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Умумий биргаликдаги мулк ўз вазифасини ўзгартирмаган ҳолда тақсимланиши мумкин бўлмаган (бўлинмайдиган ашёлар) ёки қонунга кўра тақсимланиши мумкин бўлмаган мол-мулк икки ёки ундан ортиқ шахс мулкига ўтган пайтда вужудга келади.

Тақсимланадиган мол-мулкнинг умумий биргаликдаги мулклиги қонун ҳужжатларида ёки шартномада назарда тутилган ҳолларда вужудга келади.

Биргаликдаги мулк иштирокчиларининг келишувига мувофиқ, келишувга эришилмаган тақдирда эса - суднинг қарорига мувофиқ умумий мол-мулк бу шахсларнинг улушли мулки қилиб белгилаб қўйилиши мумкин.


1. Мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқи алоҳида бир шахсга (фуқаро, юридик шахс, давлат, маъмурий-ҳудудий тузилма) тегишли бўлса, мулк бир субъектли ҳисобланади. Шунга мувофиқ, бу ҳолда мулкдорга қарши турган барча учинчи шахслар, ушбу шахснинг мулкдан фойдаланиш, унга эгалик қилиш ва уни тасарруф этиш билан боғлиқ ваколатларини амалга оширишга тўсқинлик қилувчи барча хатти-ҳаракатлардан ўзларини тийишлари керак. Агар мол-мулкка нисбатан мулк ҳуқуқи икки ёки ундан кўпроқ шахсга тегишли бўлса, умумий мулк вужудга келиб, бу ҳолда уни иштирокчиларининг барча учинчи шахслар билан ташқи муносабатларидан ташқари, ушбу мулк иштирокчиларининг ўртасида ички муносабатлар ҳам мавжуд бўлади. Бундай шахслар (шерик мулкдорлар) ўртасидаги ички муносабатларни тартибга солиш зарурияти умумий мулк институти деб аталувчи, мулкдорларнинг ўзларига тегишли умумий мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш билан боғлиқ ваколатларини амалга оширишда шерик мулкдорларнинг иродасини мувофиқлаштиришга мўлжалланган ҳуқуқий нормалар тизимини юзага келтирди.

Умумий мулкнинг барча турларига тааллуқли ўзига хос хусусиятлар бўйича қуйидагиларни қайд этиш мумкин:

- биринчидан, у икки ёки ундан кўпроқ шахсга тегишли, яъни кўп субъектлидир;

- иккинчидан, унинг предметини умумий тоифага кирувчи муайян бир мол-мулк ташкил этади;

- учинчидан, умумий мулкчиликда шерик мулкдорларнинг барча учинчи шахслар билан ташқи муносабатларидан ташқари, уларнинг ўртасида ички муносабатлар ҳам мавжуд бўлади.

Юридик адабиётда бир неча шахсга тегишли мулкни белгилаш учун айрим пайт "жамоа мулки" сингари атама ишлатилади, бу эса ҳуқуқий жиҳатдан унча тўғри эмас, чунки "жамоа мулки" тушунчасида гап мулкни ҳуқуқий субъект яхлитлигини ташкил этувчи бирон жамоага тегишли эканлиги тўғрисида бориши фараз қилинади. Ваҳоланки, кўп субъектли мулк муносабатларида гап мулкнинг ягона ҳуқуқ субъектини ташкил этмайдиган бир неча шахсга тегишли эканлиги хусусида боради. Бунинг устига айрим ҳолларда жамоавий деб юридик шахсларга тегишли мулк тушунилади.


2. Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисмга мувофиқ умумий мулкнинг икки хил: улушли ва биргаликдаги турлари фарқланади. Ҳар бир иштирокчининг улуши белгиланган мулк улушли бўлади, демак-ки, улушлар белгиланмаган мулк биргаликдаги ҳисобланади.

Қонун фақат қатъий белгиланган ҳоллардагина биргаликдаги мулк муносабатлари вужудга келишига йўл қўяди. Сабаби шуки, биргаликдаги мулк иштирокчилари томонидан ваколатларни амалга ошириш жуда ўзига хос бўлиб, улар томонидан ЎзР ФК ва махсус қонунчилик қоидаларининг қўлланилиши улар ўртасидаги муносабатларнинг юқори даражада ишончли деб фараз қилинади. Айнан шунинг учун ҳам қонун, биргаликдаги мулкни улушли мулкка айланишига рухсат берса ҳам, умумий қоида бўйича бунинг тескарисига йўл қўймайди.

Қайд этиш лозимки, биргаликдаги мулкда мол-мулкнинг умумийлиги улушли мулкка нисбатан кўпроқ даражада ифодаланган. Буни, биргаликдаги мулк иштирокчилари (эр-хотин, деҳқон хўжалиги аъзолари ва ҳ.) ўртасидаги муносабатлар анча ишончли ва барқарор хусусиятга эгалиги билан тушунтириш мумкин. Аммо бу биргаликдаги мулкда умуман улуш йўқлигини англатмайди. Бу масаладаги фарқ шундан иборатки, улушли мулкдаги ҳар бир иштирокчининг улуши, одатда, аввалдан белгиланган, биргаликдаги мулкда эса улуш фақат умумий мулк тақсимланганда ёки ажратилганда, яъни биргаликдаги мулк муносабатлари тугатилган пайтда аниқланади. Бу ҳолда ҳам улушли, ҳам биргаликдаги (юқорида кўрсатилган ҳолатларда) мулкдаги улушлар, қонун ёки шартномада ўзгача тартиб белгиланмаган бўлса, тенг деб фараз қилинади.


3. Умумий биргаликдаги мулк ўз вазифасини ўзгартирмаган ҳолда тақсимланиши мумкин бўлмаган (бўлинмайдиган ашёлар) ёки қонунга кўра тақсимланиши мумкин бўлмаган мол-мулк икки ва ундан ортиқ шахс мулкига ўтган пайтда вужудга келади.

Мол-мулкка нисбатан умумий мулкчилик, унинг бўлинмайдиган мол-мулклигидан, қонунга биноан бўлиниши мумкин бўлмаган мол-мулклигидан ёки бўлинадиган мол-мулклигидан қатъий назар вужудга келиши мумкин. Башарти мол-мулк вазифасини ўзгартирмаган ҳолда тақсимланиши ёки қонунга кўра тақсимланиши мумкин бўлмаса, унга нисбатан умумий мулкчилик мол-мулкка хос бўлган функционал сифатлар ёхуд унинг ҳуқуқий режими оқибатида пайдо бўлади. Мол-мулк бўлинувчи сирасига кирса, унга нисбатан умумий мулкчилик фақатгина қонун ёки шартномада назарда тутилган ҳолатлардагина вужудга келади.


4. ЎзР ФК умумий улушли ва умумий биргаликдаги мулкни таърифига ҳам, вужудга келиш асосларига ҳам турлича ёндашади. Умумий улушли мулкнинг вужудга келиш асослари тўла-тўкис аниқланмаган. У қонунда тўғридан-тўғри назарда тутилган ҳолатларда ҳам, томонларнинг келишуви, суднинг қарорида назарда тутилган ҳолатларда ҳам, шунингдек, умумий улушли мулк пайдо бўлишига сабаб бўладиган бошқа вазиятлар таъсирида ҳам вужудга келиши мумкин.

Умумий улушли мулк иштирокчиларининг доираси қонун билан чекланмаган. Улар мулкчиликнинг турли шаклларини турли бирикмада ифодалашлари мумкин. Фуқаролар, фуқаролар ва юридик шахслар ўртасида, юридик шахслар, маъмурий-ҳудудий тузилмалар, фуқаролар ва ҳоказолар ўртасида умумий улушли мулкчилик бўлиши мумкин. Жумладан, мерос мол-мулкнинг қисман эгасизлик ҳолатида бир томондан давлат мулкчилиги, иккинчи томондан эса фуқаролар ва юридик шахслар мулкчилиги вужудга келиши мумкин. Бу ҳолда қонун мулкчиликнинг турли шаклларини ифодаловчи субъектларнинг умумий мулкчилигини мажбурий тўхталишини талаб этмайди. Аксинча, умумий улушли мулкчилик фақат қонунда назарда тутилган ҳолатлардагина вужудга келиши мумкин, бунда қонун томонидан уни иштирокчиларининг доираси ҳам қатъийй белгиланган.


5. Ўз навбатида, мол-мулкка нисбатан биргаликдаги мулкчиликнинг пайдо бўлиши фақат қонунда белгиланган ҳоллардагина мумкин (эр-хотиннинг, деҳқон хўжалиги аъзоларининг биргаликдаги мулки). Мол-мулкка биргаликдаги мулк ҳуқуқи биргаликдаги мулк иштирокчиларининг келишувига биноан, келишувга эришилмаган тақдирда эса, суднинг қарори билан улушли мулкчилик ҳуқуқига алмаштирилиши мумкин. Бунда ҳар бир мулкдорнинг мулк ҳуқуқидаги улуши белгиланиши лозим.

Биргаликдаги мулк иштирокчилари ўртасидаги яқин алоқалари билан улушлидан ажралиб туради. Биргаликдаги мулк иштирокчилари улушга ҳақли эмаслар. Шу сабабли умумий мулкнинг бундай шаклини айрим пайт улушсиз деб ҳам аташади. Биргаликдаги мулк иштирокчилари ўз ҳуқуқларини учинчи шахсларга умумий мулкчилик режимини тўхтатмасдан беришга ҳақли эмаслар. Шундай қилиб, биргаликдаги мулк иштирокчиларининг таркиби тасарруфли битимлар асосида ўзгариши мумкин эмас. Биргаликдаги мулк иштирокчиларининг доираси қонунда аниқ белгиланган.

Биргаликдаги мулк иштирокчисининг тасарруф имкониятлари улушли мулкка нисбатан сезиларли даражада чекланган. У нафақат ўз ҳуқуқларини бошқанинг тасарруфига ўтказиши, балки, бошқа иштирокчилар билан муносабатларини улушли мулк муносабатларига ўзгартирмасдан туриб биргаликдаги мулк ажратилишини ёки тақсимланишини ҳам талаб қилишга ҳақли эмас. Бунда биргаликдаги мулк иштирокчилари келишув йўли билан уни улушли мулк сифатида қайта тузишга, шакллантиришга хақли. Қайта тузиш тўғрисида ҳам, улушларнинг миқдори тўғрисида ҳам келишувга эришилмаган тақдирда қарор суд томонидан қабул қилинади.



217-модда. Улушли мулкдаги улушларни аниқлаш


Агар улушли мулк иштирокчиларининг улушлари қонун асосида белгиланиши мумкин бўлмаса ҳамда унинг барча иштирокчиларининг келишуви билан белгилаб қўйилган бўлмаса, улушлар тенг деб ҳисобланади.

Улушли мулк барча иштирокчиларнинг келишуви билан иштирокчилардан ҳар бирининг улушини уларнинг умумий мол-мулкни вужудга келтириш ва кўпайтиришга қўшган ҳиссасига қараб аниқлаш ва ўзгартириш тартиби белгиланиши мумкин.

Умумий мол-мулкдан фойдаланишнинг белгилаб қўйилган тартибига амал қилган ҳолда ушбу мол-мулкни ўз ҳисобидан ажратиб олиш мумкин бўлмайдиган тарзда яхшилаган улушли мулк иштирокчиси умумий мулк ҳуқуқидаги ўз улушининг тегишли даражада кўпайтирилишига ҳақли бўлади.

Умумий мол-мулкдаги ажратиб олиш мумкин бўладиган яхшилашлар, агар улушли мулк иштирокчиларининг келишуви билан бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, бу яхшилашларни амалга оширган иштирокчининг мулкига қўшилади.


1. Шарҳланаётган модданинг биринчи қисми умумий улушли мулк иштирокчилари улушлари тенглигининг презумпциясини мустаҳкамлайди. Аммо бу презумпция рад қилиниши мумкин, чунки улушлар, башарти қонун асосида аниқланиши мумкин бўлмаса ҳамда умумий улушли мулкнинг барча иштирокчиларининг келишуви билан белгиланмаган бўлса тенг ҳисобланади.

Қонун чиқарувчи томонидан умумий улуш ҳуқуқидаги улушларнинг тенглиги презумпциясини ишлатилиши фуқаролик қонунчилигининг умумий тамойили-фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишда оқиллик ва адолат талабларига риоя қилишнинг кўринишларидан биридир. Умумий улушли мулк муносабатларининг иштирокчиларига келишувга эришиш орқали одатий тартибни ўзгартириш ҳамда умумий мулк ҳуқуқидаги улушларнинг ўзгача миқдорларини белгилаш имкони тақдим этилган.

Улушлар тенглигининг презумцияси том маънода умумий улушли мулкка нисбатан мустаҳкамланган бўлса ҳам, у умумий биргаликдаги мулкка нисбатан ҳам, қачонким у ажратилган ёки тақсимланган ҳолатда барчанинг ёхуд фақат ажралаётган шерик мулкдорнинг улушини аниқлаш зарурати вужудга келганда амал қилаверади. Бу хулоса Оила кодексининг эр-хотиннинг умумий биргаликдаги мулкига доир, шунингдек, деҳқон хўжалиги аъзоларининг умумий биргаликдаги мулкига доир нормаларида ўз тасдиғини топади.


2. Келишув билан улушни аниқлаш тартиби белгилаб қўйилиши мумкин. Бу ҳолда у барча иштирокчилар учун мажбурий бўлиб қолади ва улар улуш миқдорини келишувда кўрсатилганидан бошқача тарзда ҳисоб-китоб қилишга ҳақли эмаслар.

Башарти улуш миқдорининг умумий мулк объектига қўшилган ҳиссага боғлиқлик шарти тўғридан-тўғри қайд этилмаган бўлса, аммо тарафларнинг муносабатлари шундай шартни фараз қилса, у ҳолда улуш миқдори киритилган ҳиссани эътиборга олиб тегишли келишувга эришиш йўли билан, эришилмаган тақдирда эса суд томонидан белгиланади.

Бундан ташқари, улушлар тенглиги презумпциясидан чекинган ҳолда умумий улушли мулк иштирокчиларининг келишувига мувофиқ уларнинг улушлари ҳар бир шахснинг умумий мол-мулкни вужудга келтириш ва орттиришга қўшган ҳиссасига мувофиқ аниқланиши белгилаб қўйилиши мумкин. Ушбу ҳисса нафақат умумий мулкни ташкил этиш пайтида, балки унинг мавжудлиги ва фаолиятининг кейинги босқичларида ҳам унга киритилган моддий, меҳнат ва ўзга қўйилмаларни ҳисобга олиб аниқланиши мумкин. Бундай вазият, тарафлар ўз ҳиссаларини бирлаштириб, умумий хўжалик мақсадига етиш учун биргаликда ҳаракат қилишни бошлайдиган оддий ширкат шартномасини тузишда юзага келади. Биргаликдаги фаолият мобайнида ҳар бир иштирокчининг умумий мулкка қўшган ҳиссаси сезиларли даражада ўзгариши мумкин.


3. Улушларнинг миқдорини аниқлаш тўғрисидаги умумий қоидаларни ривожлантирган ҳолда ЎзР ФК 217-моддасининг учинчи қисми бунда умумий мулкка ажралмас ёки ажраладиган яхшилашлар киритилганини ҳисобга олишни таклиф этади.

Яхшилаш деганда қонун чиқарувчи мол-мулкнинг қийматини оширган ёки унинг истеъмол хусусиятларини қулайлаштирган оқилона ва ўринли ўзгартиришларни тушунади.

Ажратиб олинадиган деб ашёдан унга сезиларли зиён етказмасдан айириб олиш мумкин бўлган яхшилашлар тан олинади. Башарти бундай ажратиб олиш зарарни етказса унинг бошланғич ҳолатига нисбатан ашёнинг ёмонлашуви муқаррар бўлса, яхшилашлар ажратиб олинмайдиган деб ҳисобланади.

Агар улушли мулк иштирокчиси белгилаб қўйилган тартибга амал қилган ҳолда умумий мол-мулкни ўз ҳисобидан ажратиб олиш мумкин бўлмайдиган тарзда яхшилаган бўлса, у мол-мулк қийматининг ортишига мутаносиб равишда ўз улушининг тегишли даражада кўпайтирилишини талаб қилишга ҳақли бўлади. Бундан хулоса шуки, белгилаб қўйилган тартибга амал қилинмаган бўлса (масалан, мол-мулкка яхшилаш киритиш учун барча шерик мулкдорларнинг розилиги олинмаган бўлса), шерик мулкдор ўз улуши миқдорини кўпайтирилишига ҳақли бўлмайди. Яхшилашлар ажратиб олинадиган бўлса, шерик мулкдор яхшилаш киритиш учун умумий мулкнинг бошқа иштирокчиларини розилигини сўраши шарт эмас, чунки яхшилашлар умумий мулкка зиён етказмасдан ажратиб олиниши мумкин бўлади. Ажратиб олинадиган яхшилашларнинг тақдири барча шерик мулкдорларнинг розилиги бўйича аниқланади. Улар яхшилашни киритган шахсга умумий мулкдаги улушларни ўзгартирмаган ҳолда тегишли компенсация тўлаш; яхшилашни киритган шерик мулкдорнинг улушини кўпайтириш ва ҳ.к. тўғрисида келишиб олишлари мумкин. Бундай келишув бўлмаса ажратиб олинадиган яхшилашлар уларни киритган шахснинг мулкига ўтади.



218-модда. Улушли мулкдаги мол-мулкни тасарруф этиш


Улушли мулкдаги мол-мулк унинг барча иштирокчиларининг келишуви билан тасарруф этилади.

Улушли мулк иштирокчиси ўз хоҳишига қараб ўз улушини сотишга, совға қилишга, васият қилиб қолдиришга, гаровга беришга ёки бошқача тарзда тасарруф этишга улушни ҳақ эвазига бошқа шахсга бериш чоғида ушбу Кодекснинг 224-моддасида назарда тутилган қоидаларга амал қилган ҳолда ҳақли бўлади.


1. Шарҳланаётган модданинг нормаси билан улушли мулкчиликдаги мол-мулк ҳамда ушбу мол-мулкка нисбатан мулк ҳуқуқи улушини тасарруф этишнинг турли тартиби белгиланган. Жумладан, биринчи ҳолатда умумий мулкни барча иштирокчиларининг розилиги талаб қилинса, иккинчи ҳолда эса улушли мулк мулк иштирокчиси улушини ўз ихтиёрига кўра тасарруф қилиши мумкин. Мол-мулкни тасарруф қилиш деб унга нисбатан ҳар қандай битимларни тузиш, шунингдек, мол-мулкка нисбатан ўзга тасарруфий ҳатти-ҳаракатларни (уни ўзгартириш, қайта қуриш, мулкдан воз кечиш, мол-мулкни бузиш ва ш.к.) содир этишга айтилади

Умумий мулкни тасарруф этишда: умумий мулк ҳуқуқининг бир иштирокчиси - битта овоз тамойили амал қилади. Улушни миқдори инобатга олинмайди; барча шерик мулкдорларнинг бир овоздан қабул қилган қарори зарур бўлади. Келишув бўлмаган тақдирда низо шерик мулкдорлардан исталган бирининг даъвоси билан судда ҳал этилиши мумкин.


2. Умумий қоида бўйича, улушни тасарруф этиш учун бошқа шерик мулкдорларнинг розилиги талаб этилмайди. Улушли мулкнинг иштирокчиси ўз хоҳиш-ихтиёри билан мулк ҳуқуқидаги улушини сотиши, совға қилиши, васият қилиб қолдириши, гаровга бериши ёки бошқача тарзда тасарруф қилиши мумкин. Ҳақ олиб тасарруфдан чиқаришда улушли мулк иштирокчилари томонидан улушни имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқи амал қилади.

Иштирокчилардан бири томонидан умумий улушли мулкдаги мол-мулкни тасарруф қилишга оид битимлар ёки ўзга ҳаракатларнинг содир этиши бошқа иштирокчиларнинг розилиги бўлмаганда бундай битимларнинг ўз-ўзидан ҳақиқий эмаслигига олиб келади, шу билан у биргаликдаги мулк бўлган мол-мулкка нисбатан содир этилган битимларнинг низоли эканлигини назарда тутувчи фуқаролик нормаси қоидасидан фарқланади.



219-модда. Улушли мулкдаги мол-мулкка

эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш


Улушли мулкдаги мол-мулкка эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш унинг барча иштирокчиларининг келишувига мувофиқ, келишувга эришилмаган тақдирда эса - суд томонидан белгиланадиган тартибда амалга оширилади.

Улушли мулк иштирокчиси умумий мол-мулкнинг иштирокчи улушига тенг бўлган қисми ўзининг эгалигига ва фойдаланишига берилишига, бунинг иложи бўлмаган тақдирда эса - ўз улуши бўлган мол-мулкка эгалик қилаётган ва ундан фойдаланаётган бошқа иштирокчилардан тегишли ҳақ талаб қилиш ҳуқуқига эга.


1. Агар умумий мулкни тасарруф қилиш, аввало, учинчи шахслар билан битимлар тузишни назарда тутса, умумий мулкка эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш иштирокчилар ўртасидаги мол-мулкнинг ўзига, унинг фойдали хусусиятларини чиқариб олишга, ашё устидан ҳукмронлик қилиишга доир муносабатларни қамраб олади.

Бунда умумий мулкчиликда бўлган мол-мулкка эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш, шунингдек, уни тасарруф этиш ҳам барча иштирокчиларнинг келишувига кўра, улардан ҳеч бўлмаса бирининг эътирози бўлган тақдирда эса суд белгилаган тартибда амалга оширилади.


2. Мол-мулкка эгалик қилиш унинг устидан тўлиқ жисмоний назоратдан иборатдир. Мол-мулкни қўриқлаш, тураржойда истиқомат қилиш ёки тураржойга мўлжалланмаган бинода туриш эгаликнинг шакллари бўлиши мумкин. Эгалик барча иштирокчилар томонидан умумий келишувга мувофиқ амалга оширилади. Барча иштирокчиларнинг ашёга тенг эришуви (фойдаланиши) келишувда назарда тутилиши шарт эмас. Агар ҳеч бўлмаганда битта иштирокчи умумий розилик билан ашёни назорат қилаётган бўлса, эгалик амалга ошириляпти деб ҳисобланиши мумкин. Шунга мувофиқ, учинчи шахслар томонидан эгаликнинг бузилиши иштирокчилардан исталган бири томонидан ҳуқуқбузарга қарши қаратилган эгаликни (мулк ҳуқуқини) ҳимоялаш тўғрисида даъво киритиш ҳуқуқини беради.

Улушли мулкнинг иштирокчилари умумий мулкдан яхлит ҳолда ёки унинг айрим қисмларидан фойдаланишлари ва унга эгалик қилишлари мумкин. Танлов, одатда, умумий мулк ҳуқуқи объектига боғлиқ бўлади. Бўлинмас ашёлар ягона бирлик сифатида ишлатилади. Масалан, бир ёки бир неча қишлоқ хўжалик товарлари ишлаб чиқарувчиларнинг умумий мулки сифатида харид қилинган мураккаб техника ҳар бир шерик мулкдор томонидан мулк ҳуқуқидаги улушига мувофиқ муайян вақт ишлатилади. Умумий улушли мулкдаги хонадонга эга оила аъзолари хоналардан бир қисмини алоҳида (масалан, ётоқхона, кабинет ва х.к.), бошқа қисмидан эса (ваннахона, ошхона, каридор ва х.к.) биргаликда фойдаланадилар.


3. Иштирокчилар томонидан эгалик мулкдорлар сифатида амалга оширилади, шу сабабли улар, ўзлари учун эгалик қилган ҳолда, бир пайтнинг ўзида ашёдан фойдаланиш ҳуқуқини амалга оширмоқда, уни сақлаш бўйича мажбуриятларни бажармоқда ва бошқа жиҳатлардан ҳам ўзларини унинг мулкдори сифатида тутишяпти деб фараз қилинади. Демак, мол-мулкни иштирокчига (улуш эгасига) эгаликка ёки фойдаланишга ажратиш бир пайтнинг ўзида шу мол-мулкка нисбатан мулкдорнинг барча ҳуқуқларини алоҳида келишувсиз амалга оширишни билдиради. Аммо ашёдан фойдани унга эгалик қилмасдан ҳам чиқариб олишнинг имкони бўлса, бу ҳолда фойдаланиш алоҳида келишув предметига айланиши мумкин.



220-модда. Улушли мулкдаги мол-мулкдан фойдаланиш

натижасида келадиган ҳосил, маҳсулот ва даромадлар


Улушли мулкдаги мол-мулкдан фойдаланиш натижасида келадиган ҳосил, маҳсулот ва даромадлар умумий мол-мулк таркибига қўшилади ва улушли мулк иштирокчилари ўртасидаги келишувда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, улар ўртасида улушларига мутаносиб равишда тақсимланади.


1. ЎзР ФКнинг шарҳланаётган моддаси улушли мулк муносабатларига нисбатан ЎзР ФК 92-моддасининг қоидаларини аниқлаштиради. Улушли мулкда бўлган мол-мулкдан фойдаланиш натижасида олинган хосил, маҳсулот ва даромадларни тақсимлаш тартибини икки хусусият билан тавсифлайди:

- ҳосил, маҳсулот ва даромадлар улушли мулкчиликда бўлган умумий мулк таркибига келиб тушади;

- ҳосил, маҳсулот ва даромадлар улушли мулк иштирокчилари ўртасида уларнинг улушларига мутаносиб равишда қайта тақсимланади.

Улушли мулкда бўлган мол-мулкдан фойдаланиш натижасида олинган ҳосил, маҳсулот ва даромадларни тақсимлаш тартиби тўғрисида қоида диспозитив қоидалар сирасига киради. У, башарти иштирокчилар бошқа тартиб ўрнатишмаган тақдирда қўлланади.


2. Қачон-ки шерик мулкдорлар келишувга биноан умумий мол-мулкдан навбатма-навбат фойдаланишса, ҳосил, маҳсулот ва даромадлар мол-мулкдан, масалан, мураккаб қишлоқ хўжалик техникасидан фойдаланаётган ҳар бир шерик мулкдорнинг мулкига тушиши мумкин. Бунда фойдаланиш муддати умумий мулк ҳуқуқидаги улуш миқдорига боғлиқ бўлиши мумкин.

Агар улушли мулкдаги ер участкаси қишлоқ хўжалиги товарларини ишлаб чиқарувчига ижарага берилаётган бўлса, у ҳолда олинган маҳсулот ижарачига тегишли бўлиб, шерик мулкдорлар эса ушбу битимдан даромад сифатида ижара ҳақини оладилар.

Бошқа шахсларга истиқомат қилиш учун ижарага берилаётган уй-жойнинг шерик мулкдорларидан ҳар бири унинг мазкур уй-жойдаги умумий мулкидаги улушга мутаносиб равишда шартномада назарда тутилган тўловнинг (ижара ҳақини) бир қисмини олишга ҳақли бўлади.


3. Бундан ташқари, даромад деганда мол-мулк сақланишини эмас, унинг ортишини тушуниш лозим. Башарти иштирокчилардан бири умумий мулк таркибидан фойдаланиш учун гаражни олган бўлса, унга ўзининг автомашинасини қўйишга ҳақли бўлгани сабабли мабодо учинчи шахслардан гаражни ижарага олганда тўлаши мумкин бўлган харажатлардан тежаган суммалари даромад ҳисобланмайди ва тақсимланмайди.


4. Фақат реал тарзда олинган даромадлар тақсимланади, олиниши мумкин ёки олиниши лозим бўлган даромадлар эмас. Башарти даромад иштирокчилардан бирининг ҳуқуққа зид ҳаракатлари натижасида олинмаган бўлса, бошқа иштирокчилар томонидан мазкур иштирокчи барча учун даромад олишни зиммасига олган келишувдан ёхуд ўзга асослардан, масалан, умумий мол-мулкдан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги келишувдан ёки етказилган зиёндан келиб чиқиб, уни қоплаш тўғрисида талаблар қўйилиши мумкин.



221-модда. Умумий улушли мулкдаги мол-мулкни

сақлаш харажатларини тақсимлаш


Ҳар бир мулкдор умумий мол-мулк бўйича солиқлар, йиғимлар ва бошқа тўловларни тўлашда, шунингдек мол-мулкни сақлаш ва асраш чиқимларида, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, улушига қараб қатнашиши шарт.

Зарур бўлмаган ҳамда мулкдорлардан бири томонидан қолганларнинг розилигисиз қилинган харажатлар унинг ўз зиммасига тушади. Бунда келиб чиқадиган низолар суд тартибида ҳал қилиниши керак.


1. Шерик мулкдорлар улушларининг миқдори нафақат умумий мулкка эгалик қилиш ва ундан фойдаланишда, ҳосил, маҳсулот ва даромадларни тақсимлашда, балки уни сақлаб туриш, асраш харажатларни кўтаришда ҳам жиддий аҳамият касб этади. Ҳар бир шерик мулкдор ўз улушига мутаносиб равишда умумий мулкни сақлаш бўйича харажатларда иштирок этиши шарт.


2. Умумий мулкни сақлаш харажатлари деганда шерик мулкдорларнинг умумий мол-мулкни соз ва тузук ҳолда, хавфсиз ҳамда вазифасига мувофиқ фойдаланишга яроқли ҳолатда тутиб туришга кетадиган ҳар қандай харажатларини тушуниш керак.

Умумий мулкни асраш бўйича харажатларни икки гуруҳга бўлиш мумкин. Биринчидан, булар қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда ундириладиган солиқлар, йиғимлар, бошқа мажбурий тўловлардир (масалан, ер солиғи, мол-мулк солиғи). Агар умумий мулк иштирокчиларидан бири бу харажатларни нафақат ўзи, балки бошқа шерик мулкдорлар учун ҳам тўлаган бўлса, у бошқалардан бу харажатларни мулк ҳуқуқидаги улушларга мутаносиб равишда ундиришга ҳақли бўлади. Иккинчидан, бу шерик мулкдорлар томонидан ўзаро келишувга биноан амалга ошириладиган тўловлар, шунингдек, умумий мулкни сақлаш ва асраш бўйича чиқимлардир. Умумий мулкни суғурталаш, таъмирлаш, сақлаш бўйича харажатлар шулар жумласига киради. Ушбу харажатлар умумий мулкнинг барча иштирокчиларини келишувига биноан амалга оширилиши лозим, чунки мол-мулкни тегишли ҳолатда сақлаш унга эгалик қилиш ва ундан фойдаланишнинг таркибий қисмидир. Шу сабабли, агар шерик мулкдорлардан бири иккинчи гуруҳга доир харажатларни кўтарса, у бошқа шерик мулкдорлар бу харажатларга эътироз билдирган тақдирда харажатларни улардан ундириб олишга ҳақли бўлмайди. Масалан, тураржойга улушли мулкнинг иштирокчиларидан бири уни қўриқлашга топширса, у бошқа шерик мулкдорларни тегишли харажатларни тўлашга мажбур қила олмайди.

Умумий мулкка доир мол-мулкнинг бўлинмаслиги солиқлар, йиғимлар ва бошқа тўловларни тўлаш ҳамда умумий мулкни сақлаш ва асраш бўйича харажатларда иштирок этиш мажбурияти предметининг бўлинмаслигини англатмайди. Келишувга мувофиқ шерик мулкдорлардан айримлари бошқа шерик мулкдорлар зиммасига тўғри келадиган, умумий мулкни сақлаш бўйича харажатларни тўлашни зиммаларига олиши мумкин.



222-модда. Умумий мулк ҳуқуқидаги улушнинг

шартнома бўйича олувчига ўтиш пайти


Умумий мулк ҳуқуқидаги улуш шартнома бўйича олувчига, агар тарафларнинг келишуви билан бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, шартнома тузилган пайтдан бошлаб ўтади.

Умумий мулк ҳуқуқидаги улушнинг давлат рўйхатидан ўтказилиши керак бўлган шартнома бўйича бошқа шахсга ўтиш пайти ушбу Кодекс 185-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ белгиланади.


1. Қонун чиқарувчининг умумий улушли мулк тушунчасига ЎзР ФК нормаларида ифодаланган ёндашувини ҳисобга олганда, умумий мулк ҳуқуқидаги улушнинг ўтиши муайян мол-мулкка амалда эгаликнинг ўтиши билан биргаликда содир бўлмайди. Шу сабабдан ўтиш пайти тегишли шартнома тузилишига мутаносиб равишда белгиланган.

Қонун мазмуни бўйича, шарҳланаётган моддада гап тураржойга мулк ҳуқуқининг олди-сотди шартномаси бўйича улушли ўтиши тўғрисида эмас, балки умумий мулк ҳуқуқидаги улушнинг давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган ҳар қандай ўтиши хусусида бормоқда.


2. Башарти улушни тасарруфдан чиқариш тўғрисидаги шартнома давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлса, қонун ҳужжатларида ўзга тартиб белгиланмаган тақдирда улушга бўлган ҳуқуқ олувчига шундай рўхатдан ўтказиш пайтидан ўтади. Аммо бу ерда гап шартномани ўзини давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақида бормоқдами ёки давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган мол-мулкка мулк ҳуқуқининг ўтиши тўғрисидами - бу масала очиқ қолган.

Умумий мулк ҳуқуқидаги улуш учинчи шахсга сотилганда давлат рўйхатидан ўтказишнинг алоҳида тартиби белгиланган. Бу ҳолда давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги аризага, улушни сотувчи улушли мулкнинг бошқа иштирокчиларини ёзма шаклда ўз улушини сотиш нияти, сотиш баҳоси ва бошқа шартларини кўрсатган ҳолда хабардор қилганини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади. Давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги аризага улушли мулкни бошқа иштирокчиларининг улушни сотиб олишдан воз кечишини тасдиқловчи, ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органда расмийлаштирилган ёки нотариал тартибда тасдиқланган ҳужжатлар илова қилиниши мумкин. Бу ҳолда умумий мулкдаги улушни давлат рўйхатидан ўтказиш, улушни сотувчи томонидан улушли мулкни бошқа иштирокчиларини хабардор қилганидан сўнг қанча муддат ўтганидан қатъий назар амалга оширилади. Башарти, давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги аризага бошқа иштирокчиларининг улушни сотиб олишдан воз кечишини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинмаган бўлса, ҳуқуқни рўйхатдан ўтказувчи орган токи улушни сотувчи томонидан улушли мулкни бошқа иштирокчиларини хабардор қилган кундан бошлаб бир ойлик муддат ўтгунига қадар (агар давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги ариза берилган кунда бу муддат ўтмаган бўлса) давлат рўйхатидан ўтказишни тўхтатиб туриши керак.

Умумий мулкдаги улуш ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказишда улушли мулк иштирокчилари ўртасида юзага келган низолар суд тартибида ҳал этилиши керак.

Умумий мулк ҳуқуқидаги улуш бир шахсдан бошқа шахсга ўтганда умумий мулкнинг бир иштирокчиси бошқаси билан алмашади.



223-модда. Улушли мулкдаги мол-мулкни

тақсимлаш ва ундан улуш ажратиш


Улушли мулкдаги мол-мулк иштирокчилар ўртасида уларнинг келишувига мувофиқ тақсимланиши мумкин.

Улушли мулк иштирокчиси ўз улушини умумий мол-мулкдан ажратиб беришни талаб қилишга ҳақли.

Улушли мулк иштирокчилари умумий мол-мулкни тақсимлаш ёки улардан бирининг улушини ажратиш усули ва шартлари тўғрисида келишувга эриша олмасалар,улушли мулк иштирокчиси ўз улушини асл ҳолида ажратиб беришни суд орқали талаб қилишга ҳақли.

Агар улушни асл ҳолида ажратиб олишга қонун йўл қўймаса ёки уни умумий мулк бўлган мол-мулкка номутаносиб зарар етказмасдан ажратиб олиш мумкин бўлмаса, ажралиб чиқаётган мулкдор улушли мулкнинг бошқа иштирокчилари томонидан улушининг қиймати тўланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Ушбу модда асосида улушли мулк иштирокчисига асл ҳолида ажратиб берилаётган мол-мулкнинг унинг мулк ҳуқуқидаги улушига номутаносиблиги тегишли пул суммасини тўлаш ёки бошқача компенсация тўлаш йўли билан бартараф этилади.

Улушли мулк иштирокчисига унинг улушини асл ҳолида ажратиб бериш ўрнига бошқа мулкдорлар томонидан компенсация тўланишига иштирокчининг розилиги билан йўл қўйилади. Мулкдорнинг улуши арзимас бўлган, амалда ажратиб берилиши мумкин бўлмаган ва у умумий мол-мулкдан фойдаланишдан катта манфаатга эга бўлмаган ҳолларда суд ушбу мулкдор розилик бермаган тақдирда ҳам улушли мулкнинг қолган иштирокчилари зиммасига мазкур мулкдорга компенсация тўлаш мажбуриятини юклаши мумкин.

Ушбу моддага мувофиқ мулкдор компенсация олганидан кейин умумий мол-мулкдаги улушига бўлган ҳуқуқини йўқотади.


1. Улушли мулкдаги мол-мулкни тақсимлаш деганда мазкур мол-мулк қисмларининг шерик мулкдорларни ҳар бирининг эгалигига уларнинг умумий мулк ҳуқуқидаги улушларига мутаносиб равишда ўтишига ва ушбу мол-мулкка нисбатан умумий улушли мулкчиликнинг тугатилишига айтилади. Умумий мулкдан улуш ажратиш - ушбу мулкни бир қисмининг умумий мулк иштирокчисининг мулкига унинг умумий мулк ҳуқуқидаги улушига мутаносиб равишда ўтишига ва бу шахс учун умумий мулкдаги улушга нисбатан ҳукуқнинг бекор бўлишига айтилади. Тақсимлаш ҳам, ажратиш ҳам умумий улушли мулк иштирокчиларининг ўзаро келишуви бўйича амалга ошиши мумкин. Бунда уларни ҳар бирининг ўз улушини ажратишни талаб қилиш ҳуқуқи бўлади. Мазкур ҳуқуқни амалга ошириш учун улушли мулкни бошқа иштирокчиларининг розилиги талаб этилмайди.


2. Улушли мулкчиликда бўлган мол-мулкнинг тури уни тақсимлаш ёки ундан улуш ажратишнинг тартибига таъсирини кўрсатади. Мол-мулк, башарти қонунда йўл қўйилса ва мол-мулкка номутаносиб зарар етмаса, натура шаклида тақсимланиши мумкин. Худди шундай шарт-шароитда улушни ҳам натурада ажратиш имкони бўлади. Агар натура шаклида мол-мулкни тақсимлашга ёки улуш ажратишга йўл қуйилмаса, гап бошқа усуллар устида ҳам бориши мумкин, масалан, бутун мол-мулкни сотиб, тушум суммасини улушлар бўйича тақсимлаш ёки ажралаётган шерик мулкдорга унинг улуши қийматини тўлаб бериш.


3. Бўлинмас ашё натура шаклида тақсимланиши мумкин эмас. Тақсимлаш ашёни сотиш ва умумий мулкни ҳар бир иштирокчисига унинг умумий мулк ҳуқуқидаги улушига мутаносиб бўлган пул хиссасини тўлаш йўли билан амалга оширилади. Улуш шерик мулкдорлар томонидан умумий мулкнинг ажралиб чиқаётган иштирокчисига тегишли пул бадалини хиссасини тўлаш йўли билан амалга оширилиши мумкин.


4. Натура шаклида умумий мулкни тақсимлаш (улуш ажратиш)нинг имкони бўлмаганда муқобил йўл сифатида мол-мулкка (ундаги улушга) мулк ҳуқуқини сақлаб қолаётган бир ёки бир неча шерик мулкдор томонидан бошқа шерик мулкдор(лар)га пул бадалини тўлаш (бунда улар бадал олганидан сўнг бу ҳуқуқни йўқотадилар) бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, пул ёки ўзга турдаги бадални (хиссани) тўлаш ва мол-мулкни натура шаклида тақсимлашни ёки улушни ажратишни тўлиғича ўрнини босмасдан, балки улар билан бирга келиши мумкин, масалан, бунда натурада ажратилаётган мол-мулкнинг улушли мулк иштирокчисининг идеал миқдордаги улушига мутаносиблигига риоя қилишнинг имкони бўлмаса, қолган қисми пул бадали ёки иштирокчи розилиги билан бошқача мол-мулк тарзида берилади. Бадалнинг миқдори тарафларнинг келишуви билан, келишувга эришилмаган тақдирда, суд томонидан белгиланади, зарур бўлса, баҳолаш фаолияти бўйича мутахассислар жалб қилинади, бунда тақсимлаш пайтида умумий мулкнинг реал қийматидан келиб чиқилиб, натурада тақсимлашни техникавий таъминлаш учун сарфланадиган харажатлар ҳамда бундай тақсимлаш натижасида умумий мулкнинг ёмонлашиш эҳтимоли ҳисобга олинади.


5. Башарти улушли мулк иштирокчилари тақсимлаш ва ажратишнинг усули ва шартлари тўғрисида ўзаро бир тўхтамга келмасалар, юзага келган низо, фуқаролик ҳуқуқи тўғрисидаги низо сифатида суд тартибида ҳал этилмоғи керак. Бунда хиссаси ажралиб чиқаётган шерик мулкдор умумий қоида бўйича ўзининг улушини айнан натура шаклида ажратилишини талаб қилишга ҳақлидир. Қачонки бундай ажратишни улушга нисбатан аниқ бажаришни имкони бўлмаса, бу номутаносиблик тегишли пул суммасини тўлаш ёки ўзга тартибда бадал тўлаш усули билан бартараф этилади. Натурадаги улуш ҳуқуқидаги улушдан ортиб кетиши-кетмаслигига боғлиқ равишда компенсацияни тўлаш бўйича мажбурият улушли мулкни бошқа иштирокчиларининг фойдасига ажралиб чиқаётган шерик мулкдор зиммасига, ёки аксинча, ажралаётган шерик мулкдор фойдасига бошқа шерик мулкдорлар зиммасига юклатилади.


6. Суд амалиётида арзимас улушга эга шерик мулкдор уни ажратиб беришни талаб қиладиган ҳолатлар кўп учраб туради (масалан, уч хонали хонадонда 1/16 улушга эга меросхўр уни ажратиб беришни сўрайди). Бу ҳолда суд арзимаган улушга эга мулкдорга, унинг розилигисиз, компенсация тўлаб беришни бошқа шерик мулкдорлар зиммасига юклашга ҳақли. Улушнинг қанчалик даражада арзимаслигини суд белгилайди.



224-модда. Имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқи


Мулкдорлардан бири ўз улушини бошқа шахсга сотган вақтида қолган мулкдорлар сотилаётган улушни у сотиладиган нархда ва бошқа тенг шартларда имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқига эгадирлар, ким ошди савдоси орқали сотиш ҳоллари бундан мустасно.

Умумий мулкдаги улушни сотувчи ўз улушини ўзга шахсга сотиш нияти ҳақида бошқа мулкдорларга ёзма равишда маълум қилиб, улушнинг нархини ва уни сотишнинг бошқа шартларини кўрсатиши шарт.

Агар қолган мулкдорлар имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқини амалга оширишдан воз кечсалар ёки бу ҳуқуқни хабар қилинган кундан эътиборан кўчмас мулкка нисбатан бир ой давомида, бошқа мол-мулкка нисбатан эса - ўн кун давомида амалга оширмасалар, сотувчи ўз улушини ҳар қандай шахсга сотишга ҳақли бўлади.

Улуш имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқини бузган ҳолда сотилган тақдирда, бошқа мулкдорлар уч ой мобайнида сотиб олувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ўзларига ўтказишни суд тартибида талаб қилишга ҳақлидирлар.

Улушни сотиб олишнинг имтиёзли ҳуқуқини бошқа шахсга беришга йўл қўйилмайди.

Давлат органи ёки бошқа юридик шахс умумий мулк бўлган уй-жой (хонадон)даги ўз улушини сотган вақтида уйнинг (хонадоннинг) тегишли қисмида ижарага олувчилар сифатида яшаётган шахслар ушбу модда қоидалари асосида имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқига эга бўладилар, улар бу ҳуқуқдан воз кечсалар ёки уни амалга оширмасалар - бошқа мулкдорлар бу ҳуқуққа эга бўладилар.

Ушбу модданинг қоидалари айирбошлаш шартномаси бўйича улушни бошқа шахсга бериш чоғида ҳам қўлланилади.


1. Умумий мулк шерик мулкдорларни учинчи шахслар билан боғлайдиган ташқи муносабатлар ва шерик мулкдорларни ўзаро бир-бири билан боғлайдиган ички муносабатларнинг мураккаб боғланмаси билан тавсифланади. Шерик мулкдорлар умумий мулк муносабатларидан чиқиб кетаётган кишининг ўрнини ким олишига бефарқ эмаслар. Бундан ташқари, мулкдорлар ўзларига тегишли улуш миқдорини кўпайтиришдан манфаатдор бўлишлари мумкин. Ўз-ўзидан равшанки, ўрталарида умумий мулк муносабатлари сақланиб қолаётган шахсларнинг ҳамда бутун умумий мулкка эгалик қилиш, яъни умумий мулкдан бир субъектли мулкка ўтишни истайдиган шахсларнинг манфаатлари шу тарзда ҳисобга олиниши лозимки, бунда ҳар бир шерик мулкдорнинг ўз улушини эркин тасарруф этиш ҳуқуқи чекланмаслиги керак. Сотиб олишнинг имтиёзли ҳуқуқи тўғрисидаги қонунда мустаҳкамлаб қўйилган таомиллар айнан ўзаро манфаатларнинг қатъийй ҳисобга олинишда қарор топади.

Сотиб олишнинг имтиёзли ҳуқуқи умумий мулк иштирокчиларининг мулкдорлар сонини қисқартиришга бўлган манфаатини ифодалаб, бу уларнинг ҳар бири учун умумий мулкнинг қадрини, шунингдек, ҳар бир иштирокчи улушининг кўпайтиришга бўлган имкониятини оширади. Бундан ташқари, ушбу ҳуқуқ воситасида иштирокчилар маълум даражада биргаликдаги эгаларнинг шахсий таркибини назорат қилиш имконини қўлга киритадилар, бу ҳам улар учун сезиларли манфаатдир.

Сотиб олишнинг имтиёзли ҳуқуқи механизми шундан иборатки, умумий мулкнинг бошқа иштирокчилари белгиланган муддат ичида улушини сотган иштирокчи томонидан тузилган умумий мулк ҳуқуқининг олди-сотди шартномаси бўйича олувчи (харидор)нинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ўзларига ўтказишга ҳақлидирлар. Бу ҳуқуқ, сотувчи бошқа иштирокчиларни улуш сотилиши тўғрисида ёзма шаклда хабардор қилиш бўйича ўзига юклатилган мажбуриятни бажарганидан қатъий назар келиб чиқади.


2. Қонунда имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқининг доираси белгилаб берилган. Бу ҳуқуқ тўғрисида, биринчидан, улуш умумий мулк иштирокчилари жумласига кирмаган учинчи шахсга сотилганда, иккинчидан эса, улуш (бошқача тарзда тасарруфдан чиқарилмасдан) айнан сотилганда гап бориши мумкин. Бундан иккита муҳим амалий хулоса келиб чиқади. Шерик мулкдорлар, улуш улардан бирига сотилаётганда ёхуд у сотилмасдан, қонунда йўл қўйилган бошқа бирон усулда тасарруфдан чиқарилаётганда имтиёзли сотиб олиш хуқуқидан фойдалана олмайдилар. Ҳар иккала ҳолда ҳам сотиб олишнинг имтиёзли ҳуқуқи тўғрисида гап юритиш мумкин эмас. Биринчи ҳолда - ўз улушини сотиш учун умумий мулк иштирокчиларидан исталган кишини танлаб олиш ҳуқуқи айнан сотувчига тегишли бўлгани учун: сотувчи улардан хоҳлаган бирини танлаши мумкин. Иккинчи ҳолда эса улуш ҳеч кимга сотилмасдан, бошқача тарзда (масалан, ҳадя сифатида) тасарруфга ўтказилгани учун, бунда уни имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқи ҳам бўлмайди. Шерик мулкдор, қачонки у улушни сотувчи таклиф этган нархда ҳамда таклиф этилган ва барчага тенг бўлган бошқа шартларда сотиб олишга тайёр бўлса, имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин.

Улушни имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқи фақат умумий улушли мулкнинг (сотувчидан) бошқа иштирокчиларига тадбиқ қилингани сабабли мазкур ҳуқуқдан бошқанинг фойдасига воз кечишга йўл қўйилмайди.

Ким ошди савдосининг мақсади мол-мулкни (ва шу жумладан улушни ҳам) бошланғичга нисбатан энг баланд нарх таклиф қилган шахсга сотишдан иборат бўлгани сабабли, улуш кимошди савдосида сотилганда имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқи кўлланилмайди. Шу билан бирга шерик мулкдорлар кимошди савдосида умумий асосда иштирок этишлари мумкин.

Улуш қонунда назарда тутилган ҳолларда барча шерик мулкдорларнинг розилиги бўлмаганда ҳам кимошди савдосида сотилиши мумкин, масалан, умумий улушли мулк иштирокчисининг мажбуриятлари бўйича ундирув унинг мол-мулкига қаратилган тақдирда.


3. Шарҳланаётган моддада нафақат шерик мулкдорлар томонидан имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқининг мазмуни очиб берилади, балки мазкур ҳуқуқни амалга оширишнинг томонларнинг манфаатларини ҳисобга олувчи тартиб-амалиёти ҳам белгиланади. Сотувчи зиммасига ўз улушини ўзга шахсга сотиш нияти ҳақида умумий мулкнинг бошқа иштирокчиларига ёзма равишда маълум қилиб, улушнинг нархини ва уни сотишнинг бошқа шартларини кўрсатиш мажбурияти юкланади.

Шу сабабли қонун шерик мулкдорлар учун улушни сотиб олиш таклифига жавоб қайтариш муддатини белгилайди: гап кўчмас мулкдаги улушни сотиш тўғрисида бораётган бўлса, бу муддат бир ойни, кўчадиган мол-мулкдаги улуш сотилганда эса ўн кунни ташкил этади. Муддат улушини сотиш нияти ҳақида шерик мулкдорларга хабар берилган кундан ҳисобланади. Ўзининг юридик табиатидан келиб чиқилса, бу ҳуқуқнинг мавжудлик, амал қилиш муддати бўлиб, у, даъво муддатидан фарқли равишда, на тўхтатилиши, на узилиши ва на тикланиши мумкин эмас.

Башарти шерик мулкдорлар улушни сотиб олишдан воз кечсалар ёки сотувчининг таклифига ҳеч бир усулда жавоб қайтармасалар, кўрсатилган муддатлар (мос равишда ўн кун ёки бир ой) ўтиб бўлганидан сўнг сотувчи улушни исталган шахсга сотиб юборишга ҳақли бўлади. Шерик мулкдорларнинг сукут сақлаши бу ўринда, улар улушни имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқини йўқотиши сифатида юридик аҳамият касб этади.


4. Башарти улуш имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқини бузган ҳолда сотилган тақдирда (масалан, сотувчи улушини сотиши тўғрисида бошқа шерик мулкдорларни хабардор қилмаган ёки жавобни кутиш муддати тугашини кутмаган бўлса ёхуд улушини чет шахсга шерик мулкдорларга таклиф қилинганидан кўра имтиёзлироқ шартларда сотган бўлса), умумий мулкнинг бошқа ҳар қандай иштирокчиси уч ой мобайнида сотиб олувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ўзларига ўтказишни суд тартибида талаб қилишга ҳақлидир. Кўрсатилган муддат махсус даъво муддати ҳисобланади. Унинг бошланиши ЎзР ФК умумий қоидалари бўйича белгиланади.



225-модда. Биргаликдаги мулк бўлган мол-мулкка эгалик

қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш


Агар биргаликдаги мулк иштирокчилари ўртасидаги келишув билан бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, улар умумий мулкка биргалашиб эгалик қиладилар ва ундан фойдаланадилар.

Биргаликдаги мулк бўлган мол-мулк барча иштирокчиларнинг розилиги билан тасарруф этилади, мол-мулкни тасарруф этиш хусусидаги битим иштирокчилардан қайси бири томонидан тузилаётган бўлишидан қатъий назар, бундай розилик талаб қилинади.

Биргаликдаги мулкнинг ҳар бир иштирокчиси, агар барча иштирокчиларнинг келишувидан бошқача тартиб англашилмаса, умумий мол-мулкни тасарруф этиш хусусида битимлар тузишга ҳақли. Биргаликдаги мулк иштирокчиларидан бири тузган умумий мол-мулкни тасарруф этиш билан боғлиқ битим уни тузган иштирокчининг зарур ваколатлари йўқлиги сабабли, битимдаги иккинчи тараф буни билган ёки билиши лозим бўлганлиги исботланган тақдирдагина қолган иштирокчиларнинг талабига мувофиқ ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Биргаликдаги мулкнинг айрим турлари учун ушбу Кодексда ёки бошқа қонунларда ўзгача тартиб белгилаб қўйилган бўлмаса, ушбу модданинг қоидалари қўлланилади.


1. Биргаликдаги мулкни ҳуқуқий тартибга солиш улушли мулкка нисбатан ҳам умумий ва ҳам ўзига хос хусусиятларга эга.

Биргаликдаги мулкда бўлган мол-мулкка эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш шерик мулкдорлар томонидан биргалашиб амалга оширилади ҳамда улушли мулкдан фарқли равишда умумий мол-мулкни шакллантириш бўйича шерик мулкдорлардан ҳар бирини ҳиссасининг миқдорига боғлиқ бўлмайди.

Биргаликдаги мулк иштирокчиларининг ўртасидаги келишувга кўра умумий мулкка алоҳида эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш назарда тутилиши мумкин. Аммо эгалик қилиш ва фойдаланиш учун берилган мол-мулкнинг шерик мулкдорнинг умумий мол-мулкни яратишга қўшган ҳиссасига номутаносиб бўлган тақдирда у, улушли мулк иштирокчисидан фарқли ўлароқ, бошқа шерик мулкдорлардан тегишли компенсация талаб қилишга ҳақли эмас.

Шерик мулкдорлардан бири томонидан биргаликдаги мулкчиликдаги мол-мулкни тасарруф этишга доир битим тузилганда у барча шерик мулкдорларнинг келишувига мувофиқ амалга оширилган деб ҳисобланади. Таққослаб шуни айтиш лозимки, улушли мулкчиликда бўлган мол-мулкни тасарруф этишда уни барча иштирокчиларининг розилиги фараз қилинмайди. Шу сабабли улушли мулкнинг иштирокчиси, башарти улушли мулкнинг бошқа иштирокчилари томомнидан унга берилган ишончномага асосланган тегишли ваколатга эга бўлса, умумий мулкни тасарруф этишга ҳақли бўлади.

Биргаликдаги мулкчиликда бўлган мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф қилиш уни барча иштирокчиларининг розилиги билан амалга оширилиб, бу ҳолат фараз қилинади. Улар, башарти ўрталаридаги келишувда ўзгача тартиб назарда тутилмаган бўлса, умумий мулкка биргалашиб эгалик қиладилар ва ундан фойдаланадилар. Умумий мол-мулкни тасарруф этишга доир битим тузилганда ҳам, уни ким амалга оширганидан қатъий назар, шерик мулкдорларнинг розилиги фараз қилинади.


2. Барча иштирокчиларининг келишувидан ўзгача тартиб келиб чиқмаса, умумий мол-мулкни тасарруф этиш бўйича битимларни биргаликдаги мулкнинг ҳар бир иштирокчиси амалга ошириши мумкин. Масалан, бундай ҳуқуқ иштирокчилардан фақат бирига тақдим этилиши мумкин, бунинг учун бошқалар унга ишончнома беришлари лозим.

Башарти биргаликдаги мулкнинг иштирокчиларидан бири, зарур ваколатга эга бўлмасдан, умумий мулкни тасарруф этишга доир битимни амалга оширган бўлса, битимдаги қарши томон бу тўғрида билган ёки билиши лозим бўлгани исботланган тақдирдагина ушбу битим ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Бундай битим низоли битимлар жумласига киргани учун исботлаш мажбурияти битимни ҳақиқий эмас деб топишни талаб қилаётган томон зиммасига юкланади; битимдаги қарши томон (яъни битим тузган шерик мулкдор) қасддан ҳаракат қилиши ёки ҳеч бўлмаганда битимни содир этиш чоғида қўпол эҳтиётсизлик содир қилиши лозим. Битим ҳақиқий эмас деб топилса ҳар иккала томон дастлабки ҳолатига қайтаради. Иштирокчи томонидан зарур ваколатга эга бўлмаган ҳолда тузилган умумий мол-мулкни тасарруф этишга доир битим қарши томоннинг мазкур битимни амалга оширишга субъектив муносабатидан қатъий назар ҳақиқий эмас деб баҳоланиши мумкин. Аммо қарши томоннинг ҳатти-ҳаракатида қасд ёки қўпол эҳтиётсизлик бўлмаса, у томонидан битим бўйича олинганларнинг барчаси қайтарилмайди, биргаликда мулк иштирокчилари олдида эса ваколатга эга бўлмасдан битимни тузган иштирокчи жавобгар бўлади.



226-модда. Биргаликдаги мулк бўлган мол-мулкни

тақсимлаш ва ундан улуш ажратиш


Умумий мол-мулкни биргаликдаги мулк иштирокчилари ўртасида тақсимлаш, шунингдек улардан бирининг улушини ажратиш дастлаб иштирокчилардан ҳар бирининг умумий мулк ҳуқуқидаги улуши аниқланганидан кейин амалга оширилиши мумкин.

Умумий мулк тақсимланганида ва ундан улуш ажратилганида, агар қонунда ёки иштирокчиларнинг келишувида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, уларнинг улушлари тенг ҳисобланади.

Умумий мулкни тақсимлаш ва ундан улуш ажратиш асослари ҳамда тартиби ушбу Кодекс 223-моддаси билан, биргаликдаги мулкнинг айрим турлари учун эса - бошқа қонунлар билан белгиланади.


Биргаликдаги мулкни тақсимлаш ва ундан улушни ажратишнинг ҳуқуқий тартибга солинишини қуйидаги асосий қоидалар билан тавсифлаш мумкин:

- биринчидан, биргаликдаги мулкчиликда бўлган мол-мулкни тақсимлашда ҳам, ундан улушни ажратишда ҳам дастлаб ҳар бир иштирокчининг умумий мулкка ҳуқуқининг улушларини аниқлаш лозим. Биргаликдаги мулк иштирокчилари ўртасидаги келишувда, масалан, биргаликдаги мулкни ҳар бир иштирокчиси улушининг миқдори барча иштирокчилар улушининг тенглигидан келиб чиқиб аниқланиши ҳамда умумий мулкни дастлабки вужудга келтиришга ва уни кейинчалик орттиришга қўшган ҳиссасига қараб кўпайтирилиши ёки камайтирилиши мумкинлиги белгилаб қуйилиши мумкин;

- иккинчидан, агар қонунда ёки биргаликдаги мулк иштирокчиларнинг келишувида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, улушлар тенг ҳисобланади;

- учинчидан, тақсимлаш ва улуш ажратиш асослари ҳамда тартиби ЎзР ФК 223-моддаси билан белгиланади, агарда биргаликдаги фаолиятнинг айрим турлари учун ФК, бошқа қонунлар билан ўзга тартиб белгиланмаган ҳамда бундай тартиб биргаликдаги мулк иштирокчилари муносабатларининг моҳиятидан келиб чиқмаса.

Шундай қилиб, умумий мол-мулкни биргаликдаги мулк иштирокчилари ўртасида тақсимлаш, шунингдек улардан бирининг улушини ажратиш, фақат дастлаб биргаликдаги мулк улушлига мол-мулкка айлантирилиб, иштирокчилардан ҳар бирининг улуши аниқланганидан кейин амалга оширилиши мумкин.



227-модда. Ундирувни умумий мол-мулкдаги улушга қаратиш


Улушли ёки биргаликдаги мулк иштирокчисининг кредитори мулкдорда бошқа мол-мулк етарли бўлмаганида ундирувни қарздорнинг умумий мол-мулкдаги улушига қаратиш учун бу улушни ажратишни талаб қилишга ҳақли.

Агар бундай ҳолларда улушни асли ҳолида ажратиш мумкин бўлмаса ёки улушли ёхуд биргаликдаги мулкнинг қолган иштирокчилари бунга эътироз билдирсалар, кредитор қарздор ўз улушини умумий мулкнинг қолган иштирокчиларига ушбу улушнинг қийматига мутаносиб нархда сотиб, сотишдан тушган маблағларни қарзни узишга қаратишини талаб қилишга ҳақли.

Умумий мулкнинг қолган иштирокчилари қарздорнинг улушини сотиб олишдан воз кечган тақдирда кредитор ундирувни қарздорнинг умумий мулк ҳуқуқидаги улушига ушбу улушни ким ошди савдоси орқали сотиш йўли билан қаратишни суд орқали талаб қилишга ҳақли.


1. Шарҳланаётган модда қоидалари ҳам улушли, ҳам биргаликдаги мулкка тадбиқ қилинади. Ундирувни умумий мулкдаги улушга қаратишнинг ўрнатилган тартиби умумий мулк иштирокчисини кредиторининг ҳам, бошқа шерик мулкдорларнинг ҳам манфаатларини ҳисобга олади.


2. Жумладан, умумий мулк иштирокчисини кредитори, қачонки унинг талабларини қондириш учун мулкдорнинг бошқа мол-мулки етмаган тақдирда ундирув қаратилиши учун қарздорнинг умумий мулкдаги улуши ажратилишини талаб қилишга ҳақли бўлади. Бу қоида, умумий мулк муносабатларининг шаклланган тарзини бузмаслик учун белгиланган.


3. Бироқ, ундирувни қарздорнинг улушига қаратмасликни имкони бўлмасдан, аммо улушни асли ҳолида (натурада) ажратиш мумкин бўлмаса ёки бошқа шерик мулкдорлар бунга эътироз билдирсалар, уларга улушни бозор нархида имтиёзли тарзда сотиб олиб, сотувдан келган тушумни қарзни қоплашга йўналтириш ҳуқуқи берилади.

Бунинг учун кредитор улушни юқорида кўрсатилган шартларда бошқа шерик мулкдорларга сотишни қарздордан талаб қилишга ҳақлидир. Бу талабни бажариш қарздор учун мажбурий ҳисобланади. Шундай қилиб, бу вазиятда ҳам шерик мулкдорларга учинчи шахсни аралаштирмасдан умумий мулк муносабатларини сақлаб қолишнинг имкони берилади.


4. Агар бошқа шерик мулкдорлар қарздорнинг улушини сотиб олишдан бош тортсалар (масалан, маблағи етмаслиги сабабли), у ҳолда кредитор шу улушга уни кимошди савдосида сотиш орқали ундирув қаратилишини суд тартибида талаб қилишга ҳақли.


5. Иштирокчилардан бирининг кредиторини талаби бўйича улушни сотиб олиш ҳуқуқи, умумий мулк иштирокчилари учун муайян имтиёзларни назарда тутсада, имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқини бермайди. Шу сабабли, агар мазкур улуш иштирокчиларнинг сотиб олиш ҳуқуқини бузган ҳолда кимошди савдосида сотиб юборилса ёхуд ўзга тарзда сотилса, иштирокчилар фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоялашнинг умумий тартибига риоя қилган ҳолда ушбу битимни ҳақиқий эмас деб топилишини талаб қилишга ҳақли бўлади. Улуш кимошди савдосида сотилганда умумий мулк иштирокчилари томонидан низоли битим қоидалари бўйича даъво билдирилиши мумкин.



19-БОБ. МУЛК ҲУҚУҚИНИ ВА БОШҚА АШЁВИЙ

ҲУҚУҚЛАРНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ


228-модда. Мол-мулкни бошқа шахснинг қонунсиз

эгалигидан талаб қилиб олиш (виндикация)

229-модда. Мол-мулкни инсофли эгалловчидан талаб қилиб олиш

230-модда. Мол-мулк бошқа шахснинг қонунсиз эгалигидан

талаб қилиб олинганда даромадлар ва харажатларни тўлаш

231-модда. Мулкдорнинг ҳуқуқларини эгалик қилишдан

маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган

ҳуқуқбузарликлардан ҳимоя қилиш (негатор даъво)

232-модда. Мулкдор бўлмаган эганинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш

233-модда. Мулк ҳуқуқининг қонунга

мувофиқ бекор бўлиш оқибатлари



228-модда. Мол-мулкни бошқа шахснинг қонунсиз

эгалигидан талаб қилиб олиш (виндикация)


Мулкдор ўз мол-мулкини бошқа шахснинг қонунсиз эгалигидан талаб қилиб олишга ҳақли (виндикация).


1. Шарҳланаётган модда мулк эгалиги ҳуқуқини ҳимоя қилишнинг муҳим ашёвий-ҳуқуқий усулларидан бири - мулкдорнинг ўз мол-мулкини бошқа шахснинг қонунсиз эгалигидан талаб қилиб олиш имконияти (виндикация) га бағишланган.

Мол-мулкни ҳимоя қилишнинг ЎзР ФКнинг XIX-бобида баён этилган доирада ҳимоя қилинишини мулкдорнинг манфаатларини кенг маънода ҳимоя қилишдан фарқлаш лозим. Мулкдор манфаати турлича фуқаролик-ҳуқуқий усулларда амалга оширилиши мумкин:

- давлат органининг ёки маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органининг мулкдорнинг манфаатларини бузувчи ҳужжатини ҳақиқий эмаслигини эътироф этиш орқали;

- мулкдорга етказилган зарарни қоплаш орқали.

Мулк ҳуқуқини ва бошқа ашёвий ҳуқуқларни ҳимоя қилишнинг муҳим ашёвий-ҳуқуқий усулларидан бири низоли мол-мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини (хўжалик юритиш ҳуқуқи, оператив бошқариш ҳуқуқи ва б.) эътироф этиш тўғрисидаги даъво ҳисобланади.


2. Шарҳланаётган моддада ўз мол-мулки ўз эгалигидан чиқиб кетган мулкдорнинг мулкдор бўлмаган эгалик қилувчидан муайян мол-мулкни ноқонуний эгалик қилишидан талаб қилиб олиш виндикацияси белгилаб берилган. Мазкур иш юзасидан даъвогар мулк унга мулкк ҳуқуқи асосида тегишли эканлигини исботлаши шарт.

Виндикация даъвоси бўйича жавобгар бўлиб қонунсиз эгалик қилувчи шахс ҳисобланади. Қонунсиз эгалик қилиш - тегишли ҳуқуқий асосларсиз мол-мулкни эгаллаб олишдир. Фақатгина ўзбошимчалик билан мулкни ўзлаштириб олган (ўғирлаган, топилмани, қаровсиз чорвани ўзлаштириб олган) шахснигина қонунсиз деб ҳисобланмасдан, балки мол-мулкни тасарруф этиш ваколатига эга бўлмаган шахсдан сотиб олувчини ҳам қонунсиз эгалловчи деб ҳисобланади. Бунда, қонунсиз эгалик қилувчининг ҳаракатлари албатта айбли бўлиши шарт эмас. Мулкка нисбатан эгалик объектив жиҳатдан қонунсиз эканлиги муҳимдир.


3. Виндикация даъвоси доирасида мулк эгалиги титулини (рутба)ни исботлаш фақат ашёнинг қай йўсинда даъвогар мулкига айланганлиги асосларини аниқлашдан иборат бўлмай, балки жавобгарнинг эгалиги қай тарзда вужудга келганлиги шарт-шароитларини ҳам ўрганишдан иборатдир. Жумладан, агар мулк эгаси низоли мол-мулкни у бегоналаштириш тўғрисидаги битим асосида (масалан, олди-сотди) ёки мулкни вақтинчалик фойдаланиш учун ўтказилганлиги асосида (масалан, ижара) қўлга киритганлигини кўрсатса, ана шу битим суд томонидан баҳоланиши шарт. Агар битим ҳақиқий бўлса, шунинг ўзи виндикация даъвосини асоссиз деб топиш учун асос бўлади, зеро бунда жавобгарни қонунсиз эгалик қилувчи деб эътироф этиб бўлмайди.

Даъвогар ашёга нисбатан ўз эгалик ҳуқуқини исботлаш билан бир вақтнинг ўзида жавобгарнинг ана шу мол-мулкка нисбатан эгалигини келтириб чиқарган битимнинг хақиқий эмаслигига оид важларни ҳам келтириши шарт. Аммо агар даъвогар кўрсатаётган асослар битимнинг низоли эканлигидан далолат берса (масалан, мулк жавобгар томонидан ким ошди савдосида сотиб олинган), суд бир вақтнинг ўзида виндикация даъвосини ҳам, низоли битмини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисдаги даъвони ҳам кўриб чиқиши мумкин. Агар низолашув ҳуқуқига эга бўлган шахслар томонидан низоли битимни ҳақиқий эмаслигини эътироф этиш тўғрисида даъво аризаси киритилмаса, виндикация даъвоси ҳам қаноатлантирилмайди.


4. Виндикация даъвоси ёрдамида фақат муайян хусусий аломатлари билан белгиланадиган мол-мулк (ашё), қолаверса, қонунсиз эгалловчида асл (натура) ҳолида мавжуд бўлган мол-мулкка бўлган ҳуқуқ ҳимоя этилиши мумкин. Ноқонуний эгалик остида бўлган, аммо иш кўриб чиқиладиган кунда мавжуд бўлмаган мол-мулкка ноқонуний эгалик қилиб турган шахсга нисбатан келтирилган даъво қаноатлантирилмайди. Агар мулк йўқ қилиб юборилган бўлса, мулк эгаси унинг қайтарилишини талаб эта олмайди, у фақат мулкнинг йўқотилиши сабабли кўрилган зарарни қоплаш тўғрисида талаб қўйиши мумкин.


5. Виндикация даъвосини билдириш учун даъвогар ва жавобгар ўртасида низоли ашё юзасидан мажбуриятли муносабатлар мавжуд эмаслиги муҳим шартлардан бири ҳисобланади. Мулк эгаси мажбуриятли муносабатларга эга бўлган шахс томонидан мулкнинг қайтарилишини талаб қилинган даъво мажбурият ҳуқуқлари меъёрларига мувофиқ равишда ҳал этилиши даркор. Масалан, агар жавобгар мол-мулкка ижара шартномаси асосида эгалик қилаётган бўлса, виндикация даъвосини қаноатлантириш мумкин эмас.

Виндикация даъволарига нисбатан умумий даъво муддати тадбиқ этилади. Шу боисдан мулк ҳуқуқи билан боғлиқ низоларни ҳал этишда мулк ҳуқуқини вужудга келтирувчи эгалик муддатини қўллаш билан боғлиқ бўлса, эгалик ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддатининг ҳисоби кўрсатиб ўтилган уч йиллик муддат тугамасидан аввал бошланмаслигини унутмаслик лозим.



229-модда. Мол-мулкни инсофли эгалловчидан талаб қилиб олиш


Агар мол-мулк уни бошқа шахсга бериш ҳуқуқига эга бўлмаган шахсдан ҳақ тўлаб олинган бўлса, олувчи буни билмаган ва билиши мумкин бўлмаган (инсофли эгалловчи) бўлса, мол-мулк мулкдор томонидан ёки эгалик қилиш учун мулкдор берган шахс томонидан йўқотиб қўйилган ёхуд мулкдордан ёки у мол-мулкини берган шахсдан ўғирланган ё бўлмаса уларнинг ихтиёридан ташқари бошқача йўл билан уларнинг эгалигидан чиқиб кетган бўлса, мулкдор бу мол-мулкни олган шахсдан талаб қилиб олишга ҳақли.

Агар мол-мулк суд қарорларини ижро этиш учун белгиланган тартибда сотилган бўлса, мол-мулкни ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган асослар бўйича талаб қилиб олишга йўл қўйилмайди.

Агар мол-мулк уни бошқа шахсга бериш ҳуқуқига эга бўлмаган шахсдан ҳақ тўламасдан олинган бўлса, мулкдор мол-мулкни барча ҳолларда ҳам талаб қилиб олишга ҳақли.

Пул, шунингдек тақдим этувчига деб ёзилган қимматли қоғозлар инсофли эгалловчидан талаб қилиб олиниши мумкин эмас. (эски таҳрир)


1. Эгалик ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат бўйича мол-мулкка нисбатан узоқ муддатли руҳий муносабатни ифодаловчи халол эгалик қилишдан фарқли ўлароқ, инсофли эгаликка олиш, одатда, олувчи томонидан ўз хатти-ҳаракати орқали ҳеч кимнинг ҳуқуқларини бузмаётганлигини бир зумда баҳолаш орқали содир бўлади. Ҳолбуки, низоли мол-мулкни эгаликка олиш юзасидан битим тузилиши вақт жиҳатидан чўзилиб кетган бўлса (масалан, бевосита шартнома тузиш олдидан узоқ вақтли баҳслашувлар ёки музокаралар олиб борилганда), олувчига ана шу давр ичида маълум бўлиб қолган битим тўғрисидаги ҳар қандай ахборот эгаликка олиш таснифига таъсир кўрсатади. Хусусан, агар низоли мол-мулк юзасидан ҳақ тўлаб олинадиган битим тузилаётган пайтда олувчи унга нисбатан учинчи шахсларнинг даъволари мавжудлиги билган бўлса ва кейинчалик ўрнатилган тартибда ана шу даъволарнинг қонуний эканлиги исботланса, бундай харидорни инсофли эгаликка олувчи деб эътироф этилмайди.

Шундай эгаликка олишни инсофли деб ҳисоблаш мумкинки, унда эгаликка олувчида мол-мулкнинг бегоналаштирилиши билан боғлиқ битимнинг ноқонунийлиги тўғрисида ишончли маълумотлар бўлмайди (билмаган), айни чоғда бу битимнинг қонунийлигига битим тузилаётган шарт-шароит орқали фуқаролик муносабатида иштирок этаётган ҳар қандай оқил инсонда шубҳа туғилиши мумкин эмаслиги очиқ ойдин кўриниб турган (билиши мумкин бўлмаган) ҳолат муштарак келади. Мол-мулкни номутаносиб даражада арзон нархда битим асосида сотиб олиниши ва бу битимнинг атрофдагилардан яширин ҳолда бажарилиши ёки аввалдан бегоналаштираётган шахсга тегишли эмаслиги аниқ кўриниб турган мол-мулкнинг эгаликка олиниши ва ҳ.к. инсофсиз деб таснифланиши лозим. Сотиб олишнинг ана шундай ноинсоф шарт-шароитлари ҳар бир муайян ҳолатда суд томонидан эгаликка олувчининг шахсиятини, унда битимнинг шарт-шароитига оид маълумотлар бўлган ёки бўлмаганлигини ва ҳ.к. синчиклаб таҳлил қилинишини талаб этади. Агар эгаликка олувчи юридик шахс ҳисобланган ҳолатда (фақат айрим жамоат ва диний ташкилотларни истисно этганда), мол-мулкнинг эгаликка олинишида эҳтиётсизлик сабабли йўл қўйилган ноинсофликка оид шубҳаларни рад этиш мақсадида махсус ҳуқуқий маълумотларнинг йўқлигини, бозордаги шароит тўғрисидаги маълумотларни ва ҳ.к. важ қилиб кўрсатиш амалий жиҳатдан аҳамиятга эга эмас.


2. Шарҳланаётган моддада мулкдор ўзининг қонунсиз эгаликдаги мол-мулкини талаб қилиб олишга ҳақли бўлмаган шарт-шароитлар кўсатиб ўтилган. Бундай чеклов савдо муомаласининг бошқа қатнашчиси - инсофли эгаликка олган шахснинг манфаатларининг ҳимоя қилинишини таъминлаш учун киритилган.


3. Мулкдорнинг даъвосини судда рад этилиши учун инсофли эгалловчи қуйидагиларни исботлаши талаб этилади:

- бу мол-мулкни сотиш ҳуқуқига эга бўлмаган учинчи шахсдан сотиб олаётганини билмагани ва билиши мумкин бўлмаганлигини;

- ашёни ҳақ тўлаб олганлигини;

Низоли мулкни мулкдорнинг, ёки мол-мулк эгаликка ўтказиб берилган шахснинг эгалигидан уларнинг ихтиёридан ташқари (йўқолган, ўғирланган ва ш.к.) чиқиб кетганлиги исботини топган ҳолатлар бундан истисно этилади.

Бундай таомилларни кўчмас мулкка нисбатан қўлланилиши анча мушкул. Хусусан, кўчмас мулкни унинг табиий хусусиятларига кўра йўқотиш мумкин эмас. Бироқ, кўчмас мулкни қалбакилаштирилган ҳужжатлар орқали ўзлаштирилиши, мулкнинг ўзини эса мулкдорнинг номидан сотилишини; вояга етмаган шахснинг мол-мулки унинг ихтиёрига хилоф равишда унинг қонуний вакили томонидан сотилишини; кўчмас мол-мулкни ворислар томонидан бу мулкка нисбатан бошқа меросхўрларнинг ҳуқуқларини ҳисобга олмасдан сотиб юборилишини; юридик шахс раҳбари томонидан юридик шахсга тегишли кўчмас мол-мулкни ўз ваколатларини суиистеъмол қилган ҳолда сотиб юборилишини - мазкур ҳолатларнинг ҳаммасини мулкдордан ёки у мол-мулкини берган шахсдан уларнинг ихтиёридан ташқари, бошқача йўл билан уларнинг эгалигидан чиқиб кетган ҳолатлар деб ҳисобланади. Бинобарин, бундай ҳолатларда кўчмас мол-мулк мулкдорга ҳатто инсофли эгаликка олувчидан ҳам қайтариб олиб берилиши мумкин.


4. Шарҳланаётган модданинг учинчи қисмида мулкдорнинг инсофли эгаликка олувчига нисбатан виндикация даъвосини қаноатлантириш учун мустақил асос ифода этилган. Бунга эгаликка олувчи ашёни учинчи шахслардан ҳақ тўламасдан олинган ҳолат киритилади.


5. Шарҳланаётган модданинг тўртинчи қисмида мулкдор билан инсофли эгаловчи ўртасидаги низони ҳал этишининг яна бир усули кўзда тутилган. Қонунга кўра, пулларни ва шунингдек тақдим этувчига ёзилган қимматли қоғозларни инсофли эгалловчидан ҳар қандай ҳолатда ҳам талаб этиб олинмайди.


6. Бир вақтлар хўжалик судлари ва умумий юрисдикция судлари виндикация даъвосини ҳамда олди-сотди битимини мол-мулкни мулкдорга икки тарафлама реституция (ҳуқуқни тиклаш) тартибида ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъво ўртасидаги рақобат масаласига турлича жавоб беришар эди. Гап шундаки, виндикация даъвосига рад жавобини олган мулкдор кўпинча ўз мол-мулкини қайтариб олиш борасидаги муаммони унинг бегоналаштирилишига оид барча битимларни ҳақиқий эмас деб топиш бўйича даъво билдириш орқали ҳал этишга интилади. Айтиш мумкинки, виндикация даъволари ҳар қандай бошқа турдаги даъволардан ўзининг ҳуқуқий табиатига кўра (мол-мулкни бошқаларнинг қонунсиз эгалигидан талаб қилиб олиш) фарқланади ва уни битимлар бўйича мажбуриятли-ҳуқуқий муносабатлар билан аралаштириб юбориш тўғри эмас.



230-модда. Мол-мулк бошқа шахснинг қонунсиз эгалигидан

талаб қилиб олинганда даромадлар ва харажатларни тўлаш


Ушбу Кодекснинг 228-моддасига мувофиқ, мулкдор мол-мулкини талаб қилиб олаётганида қуйидагиларни ҳам талаб қилиб олишга ҳақлидир:

ўз эгалигининг қонуний эмаслигини билган ёки билиши лозим бўлган шахсдан (инсофсиз эгалловчи) ушбу шахс мол-мулкка эгалик қилган бутун вақт давомида олган ёки олиши лозим бўлган барча даромадларни қайтариб беришни ёки тўлашни;

инсофли эгалловчидан эса - у ўзининг эгалиги қонуний эмаслигини билган ёки билиши лозим бўлган пайтдан бошлаб ёхуд мулкдорнинг мол-мулкни талаб қилиб олиш ҳақидаги даъвоси бўйича талаб келган пайтдан бошлаб олган ёки чиқариб олиши лозим бўлган ҳамма даромадларни.

Ўз навбатида инсофли эгалловчи ҳам, инсофсиз эгалловчи ҳам мол-мулкдан қанча вақт давомида олинган даромад мулкдорга қайтарилиши керак бўлса, шунча вақт давомида мол-мулкка қилинган зарур харажатларини тўлашни мулкдордан талаб қилишга ҳақли.

Башарти, ашёни яхшилайдиган нарсаларни ашёга шикаст етказмасдан ажратиб олиш мумкин бўлса, инсофли эгалловчи мазкур нарсаларни ўзида қолдиришга ҳақли. Агар бундай нарсаларни ажратиб олиш мумкин бўлмаса, инсофли эгалловчи ашёни яхшилаш учун қилинган харажатларни талаб қилиб олиш ҳуқуқига эга, лекин бу харажатлар ашёга қўшилган қийматдан кўп бўлмаслиги керак.


1. Шарҳланаётган моддада “инсофли” ва “инсофсиз” тушунчаларидан фойдланилган. Бунда мол-мулкни қайтариш чоғида мулкдор билан ҳисоб-китоб қилишнинг қандай кўринишда бўлишлиги субъектив омилга - шахснинг ўз эгалигига ўтаётган ашёнинг ноқонуний эканлигини билган ёки билиши лозим бўлган эканлиги масаласига боғлаб талқин этилган.

Даромадларни ундириш ва зарарни қоплаш борасидаги муносабатлар ашёвий эмас, балки мабуриятга оид, муносабатдир. Бинобарин, биринчидан, жавобгарнинг даромадларни тўлаш жавобгарлиги ҳам, худди шу каби зарарни қоплаш жавобгарлиги ҳам даъво келтирилган пайт ҳолатига ашёнинг низоли эканлигига боғлиқ эмас. Иккинчидан, талабнинг ўзи ҳам бир вақтнинг ўзида виндикация даъвоси сифатида ҳам, ва унга боғлиқ бўлмаган ҳолда ҳам билдирилиши мумкин. Ҳолбуки, ана шундай даъво билдириш ҳуқуқига фақат мулк эгасининг ўзи эга бўлиб, у исботланиши талаб этиладиган барча холатларни исботлаши шарт. Учинчидан, мазкур мажбурият тарафлари кредиторга ва қарздорга қонун томонидан бериб қўйилган воситалардан, шу жумладан улар ҳисобга ўтказиш, мажбуриятни янгилаш, ушлаб қолиш, цессия каби ҳуқуқлардан фойдаланишга ҳақлидирлар.


2. Мулкдор инсофсиз эгалловчидан мол-мулкка инсофсиз эгалик қилган бутун вақт давомида олган ёки олиши мумкин бўлган барча даромадларни қайтариб беришни ёки тўлашни талаб қилишга ҳақли.

Қонунсиз эгаликда бўлган мол-мулкдан олинадиган даромадларни ундурувни талаб қилиш ҳуқуқига мол-мулкдан мулкор билан тузилган шартнома асосида эгалик қилган фойдаланган, бироқ мол-мулк ўз ихтиёридан ташқари бўлган усулда эгалигидан чиқиб кетган бошқа ҳуқуқ эгалари эгалловчилар, ашёвий ва мажбурият асосида эгадирлар. Мол-мулкдан олинган даромадларга ҳуқуқи бўлмаган қонуний эгалловчи томонидан мулкдорнинг манфаатларини кўзлаб уларни қоплаш тўғрисида тегишли талабнинг қўйилишига фақат мулкдор томонидан мустақил талаб қўйилиши ё объектив жиҳатдан мушкул ёки имконсиз бўлганда рухсат этилади. Бошқа ҳолларда мулкдор ё ўзига тегишли даромадларни ноқонуний эгалловчидан мустақил ундиради, ёхуд бу ишни ишончнома асосида бажариши учун қонуний эгалловчига тақдим этади.

Айтиш мумкинки, мол-мулкни сақлаш бўйича харажатлар ундан фойдаланишдан олинган даромадлар ҳисобидан қопланади. Шу муносабат билан мол-мулкдан олинган даромадлар мулкдорга ўтказила бошланган пайтдан эътиборан, мол-мулкни сақлаш харажатлари инсофли эгалловчининг зиммасида бўлгани сабабли, мулкдорнинг асоссиз равишда бойиши учун шароит яратади. Инсофли эгалловчи зарур харажатларининг ўзига тегишли даромадлардан ортиқ қисми (ёки бундай ортиқчалик бўлмаган ҳолда ҳам) мулкдор томонидан манфаатдор тараф исботлаган миқдорда қопланиши талаб этилади. Зеро инсофсиз эгалловчи аввал бошдан даромадларга ҳеч қандай ҳуқуққа эга бўлмагани сабабли, унинг томонидан мол-мулкка нисбатан амалга оширилган зарур харажатларни ҳар ҳолда мулкдор томонидан қопланишига тўғри келади.


3. Инсофли эгалловчи фақат у мол-мулк эгалигининг ноқонуний эканлигини билган ёки билиши лозим бўлган пайтдан бошлаб олган ёки мулкдорнинг мол-мулкни қайтариш тўғрисидаги даъвоси асосида судга чақириқ қоғозини олган пайтидан бошлаб қўлга киритган даромадларни қайтариши шарт.


4. Инсофли эгалловчи ҳам, худди шу каби ноинсоф эгалловчи ҳам мол-мулкка сарфлаган харажатларини (чорвани боқиш, мол-мулкни зарурий таъмирлаш каби харажатлар) мулкдор томонидан қайтарилиши тўғрисидаги талабни қўйишга ҳақли. Инсофли эгалловчи шунингдек мол-мулкни яхшилашга қаратилган хатти-ҳаракатининг тақдирини мулкдор билан ҳал этишга ҳақлидир.



231-модда. Мулкдорнинг ҳуқуқларини эгалик қилишдан

маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган ҳуқуқбузарликлардан

ҳимоя қилиш (негатор даъво)


Мулкдор ўз ҳуқуқларининг ҳар қандай бузилишини, гарчи бу бузиш эгалик қилишдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаса ҳам, бартараф этишни талаб қилиши мумкин (негатор даъво).


1. Негатор даъво ўз номини лотинча ифодадан олган бўлиб, у инкор этиш маъносини англатади. Даъвогар жавобгарнинг сервитутини инкор этади: ахир айнан сервитут ўз ашёсига эга бўлган мулкдорни бошқа шахснинг сервитут ҳуқуқи эгаси учун ноқулайликларни келтириб чиқарадиган, мулк ҳуқуқини тўлақонли амалга оширишига чекловларни жорий этади ва бунга кўникишга мажбур этади. Шу сабабли жавобгар сервитутни тан олмаган ҳолатларда, даъворгар ундан ўз мол-мулкидан фойдаланишига тўсқинликларни тўхтатилишини талаб этиб чиққан. Замонавий қонунчиликда негатор даъво деганда нафақат мулкдор билан унга тўсқинлик қилувчи ҳуқуқ бузувчи ўртасида сервитут мавжуд бўлган ҳолатларгина эмас, балки кенг доирали бошқа вазиятлар ҳам қамраб олинади.

Негатор даъво ҳам худди виндикация даъвоси каби ҳимояланишнинг ашёвий воситаси ҳисобланади. Бунинг маъноси шуки, агар тарафлар ўртасида шахсий (мажбуриятли) ҳуқуқий муносабатлар очиқ-ойдин мавжуд бўлса, худди шу нарса тегишли низони ҳал этишнинг асоси бўлиб хизмат қилади. Низо фақат тарафлар ўртасида бошқа ҳеч қандай алоқадорлик мавжуд бўлмаган ва фақатгина жавобгар томонидан ашёга кўрсатилган таъсирнинг қонунийлиги устида низолашилаётган ҳолатда кўриб чиқилиши мумкин.

Негатор даъво бинолардаги умумий фойдаланиладиган турар-жой ва нотурар-жой эгалари бўлган қўшнилар ўртасида ўртадан девор урилганлиги ва шунга ўхшаш қурилиш ишлари олиб борилганлиги натижасида умумий хоналардан фойдаланишда тўсқинлик вужудга келиши сабабидан туғилган низоларни ҳал этишда қўлланилади. Айни вақтда негатор даъво воситасида фақат тўсқинликларни йўқотиш чорасини кўриш мумкин, аммо барча фойдаланувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини кўзда тутадиган қандайдир тартиб ўрнатишнинг иложи бўлмайди. Негатор даъводан умумий фойдаланишда бўлган объектлар бўйича харажатларни тақсимлаш, жавобгар зиммасига қандайдир сарф-харажатларни юклаш учун ҳам қўллаб бўлмайди.


2. Шарҳланаётган моддада мулкдорга эгалик қилишдан маҳрум этмайдиган тўсқинликлардан ҳимояланиш имконини тақдим этади. Мана шундай даъво негатор даъво деб аталади ва мол-мулкдан фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялашга йўналтирилган бўлади. Бундай ишларда даъвогар мулкнинг эгаси бўлса, жавобгар эса - ноқонуний хатти-ҳаракатлари туфайли мулкдорни ўз мол-мулкидан фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқидан маҳрум этган шахсдир.


3. Негатор даъво ер участкаси, турар-жой ва нотурар-жой хоналари ва ш.к. бўйича қўшни бўлган шахснинг ноқонуний хатти-ҳаракатларидан ҳимояланишнинг ягона воситаси, десак муболаға бўлмайди. Масалан, агар қўшни қураётган биносини қўшни томондаги ер участкасини ёруғликдан буткул тўсиб қўядиган ҳолатда кўтарса, унинг ноқонуний хатти-ҳаракатидан негатор даъво ёрдамида ҳимояланиш мумкин.


4. Мол-мулкни тасарруф этишдаги (баъзан фойдаланишдаги) тўсиқларни бартараф этишга қаратилган даъвонинг яна бир тури мол-мулкни банд солишликдан (хатловга олишдан) озод этиш тўғрисидаги низолардир. Мол-мулкка банд солиш фақат бевосита қонунда кўрсатилган ҳолатларда даъвонинг ижросини таъминлаш ёки ундирувни қарздорнинг мол-мулкига қаратишда қўлланилади.

Кўпинча хатловга бошқа шахсларга мансуб бўлган мол-мулк ҳам қўшилиб кетади. Кўпинча бундай бошқа шахслар эр ёки хотин бўлиб, турмуш ўртоғининг шахсий мулки ёки ўртадаги умумий мол-мулкдаги улушни тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлмайди.

Бу турдаги даъволарни мол-мулкдан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум бўлган мулкдорлар (бошқа ашёвий ҳуқуқ эгалари) томонидан киритиладиган мол-мулкларни хатловдан озод этиш борасидаги даъволар билан тенглаштириб бўлмайди. Бундай даъво виндикация даъвоси сифатида таснифланади.


5. Негатор даъволарга даъво муддати тадбиқ этилмайди. Чунки ҳуқуқларнинг бузилиши мавжуд экан, бузилишни бартараф этишни талаб қилиб даъво билдириш ҳуқуқи ҳам сақланиб қолади. Ҳуқуқ бузилиши тўхташи билан даъво билдириш ҳуқуқи ҳам бекор бўлади, зеро шикоят предмети йўқ бўлган ҳисобланади. Аммо ҳуқуқларнинг бузилиши натижасида етказилган зарарни қоплашни талаб этиш ҳуқуқи сақланиб қолади.



232-модда. Мулкдор бўлмаган эганинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш


Гарчи мулкдор бўлмаса ҳам, лекин мол-мулкка мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик, хўжалик юритиш, оператив бошқариш ҳуқуқи асосида ёки қонун ёхуд шартномада назарда тутилган бошқа асосга кўра эгалик қилаётган шахс ҳам ушбу Кодекснинг 228-231-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқларга эга бўлади. Бу шахс ўз эгалигини мулкдордан ҳам ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.


1. Шарҳланаётган моддада қонуний асосга таянган эгаликни ҳимоялаш кўзда тутилган. Титул (рутба) эгалик қилувчи ҳимояланиш усулларига кўра мулк ҳуқуқига эга субъектга тенглаштирилади. У ашёни бошқа шахснинг қонунсиз эгалигидан талаб қилиб олиш, шунингдек эгалик қилишнинг ҳар қандай бузилишларини, гарчанд бу бузилиш эгаликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмасада, бартараф этилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга. Қонуний эгалик қилувчи мазкур ҳуқуқларини худди ашёнинг мулкдори каби шартларда амалга оширади.

Ҳимоя ҳар қандай қонуний эгалик борасида, унинг шартномада кўзда тутилган ёки қонунда назарда тутилган асосларда эканлигидан қатъийй назар, тақдим этилади. Қонунда титул (рутбасиз) эгаликни ҳимоя қилинишига йўл қўйиладиган ҳолатларда, субъектив ҳуқуқ эмас, балки қонун билан қўриқланадиган манфаатлар ҳимоя қилинади. Қонуний эгалик қилувчилар ва муқаддам эгалик қилувчилар томонидан билдириладиган ашёвий даъволарни виндикация ва негатор даъволарига ўхшаш таснифланиши ва тегишли даъволарни қаноатлантириш предмети, асослари ва шартлари хусусидаги қоидаларга биноан ҳал қилиниши лозим.

Қонуний эгалик қилувчига мутлақ ҳимоя тақдим этилади. Бунинг маъноси шуки, у ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун ҳар қандай шахс устидан, шу жумладан мулк эгаси устидан даъво келтириши мумкин.


2. Шарҳланаётган моддада гап ашёвий-ҳуқуқий ҳимоя тўғрисида юритилаётгани сабабли, фақат асл ҳолда мавжуд бўлган муайян-хусусий мол-мулк юзасидан даъво келтирилиши мумкин.


3. Қонуний эгалик қилувчи ҳам, шунингдек мулкдор (ёки бошқа қонуний эгалик қилувчи) ҳам иккаласи бир вақтнинг ўзида ҳимоядан фойдаланишни кўзлаган пайтда муайян қийинчиликлар келиб чиқади. Масалан, ижарага олувчидан ўғирланган мол-мулкни бир вақтнинг ўзида ижарага олган ҳам, мулкдор ҳам талаб этишади, айни пайтда мулкдор ижарачини ўз мажбуриятларини лозим даражада бажармаганликда айблайди ҳамда мулкнинг йўқотилишида уни ҳам айбдор деб ҳисоблайди. Бу ҳолда бир вақтнинг ўзида ҳам ашёвий ҳуқуқий, ҳам мажбурият ҳуқуқий низо вужудга келади, натижада қонуний эгалик қилувчи билан мулкдор муносабатлари мужбурият ҳуқуқий хусусиятга эга бўлгани учун мазкур ХIХ-боб доирасида тартибга солинмайди.



233-модда. Мулк ҳуқуқининг қонунга

мувофиқ бекор бўлиш оқибатлари


Мулк ҳуқуқини бекор қиладиган қонун қабул қилинган тақдирда, ушбу қонунни қабул қилиш натижасида мулкдорга етказилган зарар, шу жумладан мол-мулкнинг қиймати давлат томонидан тўланади. Зарарни тўлаш билан боғлиқ низолар суд томонидан ҳал қилинади.


1. Мулк ҳуқуқининг қонун ҳужжати қабул қилиниши муносабати билан бекор қилишини ер участкасининг давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан мулк ҳуқуқи бекор қилинишидан фарқлаш зарур, аслида мулк ҳуқуқини бекор қилинишининг бу иккала асоси ҳам фуқаролик муомаласи иштирокчисининг ножўя хатти-ҳаракати учун жазо чораси эмас, балки мавжуд давлат ва жамият манфаатлари билан объектив боғлиқ эканлиги билан бир-бирига ўхшайди. Шарҳланаётган моддада гап ЎзР ФКда назарда тутилган национализация ва реквизиция қилиш тўғрисида, шунингдек оммавий ҳокимият томонидан айрим фуқаролик ҳуқуқи объектларининг хусусий мулкчиликда бўлишлигига мораторий ўрнатувчи қонун ҳужжатларини қабул қилиш эҳтимол бўлган ҳолатлар тўғрисида юритилмоқда.


2. Шарҳланаётган моддада гап қонун асосида хусусий мулк ҳуқуқининг бекор қилиниши тўғрисида бормоқда. Тушунчанинг бундай ифодаланиши мулкка эгалик ҳуқуқининг шахсий асосда бекор бўлишини ҳам, худди шу каби национализация тўғрисидаги қонун асосида ўтказилган таомил доирасида мауйян мол-мулкнинг олиб қўйилишини ҳам ифодалайди.


3. Ҳар икки ҳолда ҳам мулкдорга етказилган зарарни ана шу мулкнинг бозор нархини ҳамда бой берилган фойда миқдорини қопланиши мулк ҳуқуқини ҳимоя қилишга риоя этилишининг муҳим кафолати бўлиб хизмат қилади.



III БЎЛИМ. МАЖБУРИЯТ ҲУҚУҚИ


1-кичик бўлим. Мажбуриятлар тўғрисида умумий қоидалар

2-кичик бўлим. Шартнома тўғрисида умумий қоидалар




1-КИЧИК БЎЛИМ. МАЖБУРИЯТЛАР

ТЎҒРИСИДА УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


20-боб. Мажбурият тушунчаси ва тарафлари (234-235-моддалар)

21-боб. Мажбуриятларни бажариш (236-258-моддалар)

22-боб. Мажбуриятларнинг бажарилишини

таъминлаш (259-модда. 1-6-§§)

23-боб. Мажбуриятдаги шахсларнинг ўзгариши

24-боб. Мажбуриятларни бузганлик учун жавобгарлик

25-боб. Мажбуриятларнинг бекор бўлиши

             

                    

20-БОБ. МАЖБУРИЯТ ТУШУНЧАСИ ВА ТАРАФЛАРИ

           

234-модда. Мажбурият тушунчаси ва

унинг вужудга келиш асослари

235-модда. Мажбуриятнинг тарафлари



234-модда. Мажбурият тушунчаси

ва унинг вужудга келиш асослари


Мажбурият - фуқаролик - ҳуқуқий муносабати бўлиб, унга асосан бир шахс (қарздор) бошқа шахс (кредитор) фойдасига муайян ҳаракатни амалга оширишга, чунончи: мол-мулкни топшириш, ишни бажариш, хизматлар кўрсатиш, пул тўлаш ва ҳоказо ёки муайян ҳаракатдан ўзини сақлашга мажбур бўлади, кредитор эса - қарздордан ўзининг мажбуриятларини бажаришни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Мажбуриятлар шартномадан, зиён етказиш натижасида ҳамда ушбу Кодексда кўрсатилган бошқа асослардан келиб чиқади.


1. ЎзР ФК 234-моддасининг биринчи қисмида “мажбурият” тушунчаси келтирилган. Мажбурият муайян фуқаролик - ҳуқуқий муносабатдан иборат бўлиб, унинг амал қилиши орқали бир шахс (қарздор) иккинчи шахс (кредитор) фойдасига маълум бир хатти-ҳаракатни бажариши шарт: мол-мулкни топшириш, ишни бажариши, хизмат кўрсатиши, пул тўлаши ва ш.к., ёки бирон ҳаракатни бажаришдан тийилиши зарур, кредитор эса қарздордан ўз мажбуриятини бажаришни талаб этишга ҳақлидир.

Кўриниб турибдики, юқорида айтилган мажбурият тушунчасига мувофиқ у қарздорнинг ҳаракатни бажариш (ҳаракатдан тийилиш) мажбуриятидан ва кредиторнинг талаб қилиш ҳуқуқидан иборат оддий бир схемада тасвирлаб берилди. Амалда эса мажбуриятли ҳуқуқий муносабатлар кўпинча мураккаб механизмдан иборат бўлади, зеро тарафларнинг ҳар қайсиси ҳам бир вақтнинг ўзида қарздор ва кредитор сифатида намоён бўлади. Қарздор ўз зимммасига бир вақтнинг ўзида муайян ҳаракатни бажариш ва маълум бир бошқа ҳаракатдан тийилиш мажбуриятини олиши мумкин. Масалан, ижарачи тегишли тўловни тўлаб бориши, зарур бўлганда ижара мулкини таъмирлаши зарур, айни чоғда унга шикаст етказувчи ёки унинг йўқолишига сабаб бўлувчи ҳаркатлардан тийилиши шарт. Умуман олганда мажбурият, одатда, қандай хатти-ҳараатлар ким томонидан, қачон ва қай тарзда бажарилиши лозимлигини белгилайди.

Фуқаролик ҳуқуқининг табиатига кўра кўпчилик мажбуриятлар мулкий муносабатлардан иборат бўлиб, мол-мулкни эгаликка ўтказиб бериш, контрагентига фойдаланиш учун бериш, унга қарз учун тўлов сифатида ёки кредит тарзида пул бериш, қурилиш ишларини бажариш, турли хил хизматлар кўрсатиш (ташиш, сақлаш, ҳисоб-китоб) ва б. дан ташкил топади. Бироқ мажбурият мазмунини ҳар қандай қонуний ҳаракатларни, агар улар қонунга мос келса ва ахлоқий муносабатлар соҳасига оил бўлмаса, бажарилишини талаб қилиш ва мажбуриятини олиш ҳуқуқидан иборат бўлиши мумкин.


2. Мажбуриятнинг вужудга келиши учун алоҳида юридик фактлар ёки юридик ҳаракат лар (масалан, айрим маҳсулотларни экспорт ёки импорт қилиш учун хорижий ёки мамлакатдаги контрагент билан шартнома тузишдан ташқари, шунингдек тегишли рухсатнома олиниши ҳам талаб этилади) мавжуд бўлиши лозим. Таъкидлаш жоизки, ЎзР ФК 234-моддаси мажбуриятни юзага келтирувчи фақат иккита асосни санаб ўтадики, булардан шартнома ва зарар етказиш аниқ кўрсатилиб, кейин эса ЎзР ФКда кўрсатилган бошқа асосларга хавола қилинади.

Мажбуриятнинг вужудга келиши учун шартнома кенг тарқалган асос бўлиб хизмат қилади. Шартнома деганда иккита ёки бир неча шахснинг фуқаролик муносабатларини ўрнатиш, ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисидаги келишуви англашилади (ЎзР ФК 353-модда шарҳига қаранг).

Фуқарони хаёти, соғлиғи, жисмоний ёки юридик шахснинг мол-мулкига етказилган зарар натижасида вужудга келган мажбурият бу зарарни зиён кўрганга тўлиқ ҳажмда, шу жумладан бой берилган фойдани қўшган ҳолда қоплаб бериш, ва қонунда назарда тутилган ҳолатларда етказилган маънавий зарар учн ҳам товон тўлаш шартлигида ифодаланади (ЎзР ФК 985-модда, 1021-модда).

ЎзР ФКда бевосита кўрсатиб ўтилган ёки унинг моддалари маъносидан келиб чиқадиган мажбуриятларни вужудга келтирувчи бошқа асослар қаторига қуйидагиларни киртиш мумкин:

бир тарафлама битимлар, бунда мажбурият томонларнинг бирининг эрки-иродаси орқали келиб чиқади (масалан, ЎзР ФКнинг 981-моддада кўрсатилган оммавий эълон қилинган мукофотни тўлаш мажбурияти);

асоссиз орттирилган бойлик, бунда бошқа шахснинг ҳисобидан мол-мулкни қонунда ёки битим шартларида белгилаб қўйилган асосларсиз эгаллаб олган ёки тежаб қолган шахснинг мажбурияти англашилади. Бундай асосда вужудга келган мажбуриятнинг моҳияти шундаки, бунда жабрланувчига ана шундай мол-мулк қайтарилиши шарт (ЎзР ФК 1023-модда)

ЎзР ФКда кўрсатилган, аммо амалда кам учрайдиган мажбурият предметларидан бири сифатида, масалан, топилмани айтиб ўтиш мумкин, бунда топилмани олишга ҳақли бўлган шахсга уни қайтариб берган шахс ашёни сақлаш, топшириш ёки сотиш билан боғлиқ харажатларни, шунингдек ашёни олишга ҳақли бўлган шахсни қидиришга кетган харажатларни тўланишини талаб қилишга хақли бўлади. Қаровсиз молларни тутиб олишдан келиб чиқадиган мажбурият бўйича ҳам ана шундай ҳайвонни тутиб олган шахс, шунингдек ҳайвонни сақлаш ва фойдаланиш учун топширилган шахс уни лозим даражада сақлашлари шарт ва ҳайвонлар нобуд бўлиши ёки шикастланиши учун ҳайвоннинг нархи даражасида жавобгар бўладилар (ЎзР ФКнинг 195-модда шарҳига қаранг).

Мажбуриятнинг вужудга келиши учун фуқаролик ҳуқуқлари ва мажбуриятларини белгилашга қаратилган суд қарори алоҳида асос бўлиши мумкин. Масалан, суд қарорига мувофиқ, тарафлар ўртасида шартномани тузиш жараёнида келишмовчилик мавжуд бўлса ва уни ҳал этиш учун судга мурожаат қилинган ҳолатда, суд қарори билан шартноманинг шартлари ЎзР ФКнинг 377-моддасига мувофиқ белгилаб берилади.



235-модда. Мажбуриятнинг тарафлари


Мажбуриятнинг тарафлари - кредитор ёки қарздор сифатида бир ёки бир пайтнинг ўзида бир неча шахс иштирок этиши мумкин.

Мажбуриятда қарздор томонида иштирок этган шахслардан бирига кредитор билдирган талабларнинг ҳақиқий эмаслиги, шунингдек бундай шахсга талаб қўйишга доир даъво муддати ўтиб кетганлиги кредиторнинг қолган шахсларга бўлган талабларига ўзича дахл этмайди.

Агар тарафлар шартномага биноан бир-бирларига нисбатан мажбуриятли бўлса, тарафлардан ҳар бири бошқа тараф олдида унинг фойдасига нима қилиши шарт эканлиги жиҳатидан унинг қарздори ва айни бир пайтнинг ўзида ундан нима талаб қилишга ҳуқуқли эканлиги жиҳатидан унинг кредитори ҳисобланади.

Мажбурият унда тарафлар сифатида қатнашмаган шахслар (учинчи шахслар) учун бурчлар ҳосил қилмайди.

Қонун ҳужжатларида ёки тарафларнинг келишувида назарда тутилган ҳолларда мажбурият учинчи шахслар учун мажбуриятнинг бир тарафи ёки ҳар иккала тарафига нисбатан ҳуқуқ вужудга келтириши мумкин.


ЎзР ФК 235-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилишича, мажбуриятнинг тарафлари - кредитор ёки қарздор сифатида бир ёки бир пайтнинг ўзида бир неча шахс иштирок этиши мумкин. Икки хил кўринишдаги вазият мавжуд бўлиши мумкинлиги ҳам белгиланган, оддий вазият ҳолатида мажбурият тарафларининг ҳар бирида битта шахс ва мураккаб вазиятда тарафларнинг биронтаси, ёхуд ҳар иккала тараф ҳам бир неча шахслардан иборат бўлади. Кейинги ҳолатда мажбуриятда кўплаб шахслар иштироки деб аталувчи вазият вужудга келади. Мана шундай ҳолатлар икки хил: улушли ва солидар (биргаликда) кўринишга бўлинади (ЎзР ФКнинг 251-253-моддалар шарҳига қаранг). Таъкидлаш муҳимки, мажбурият тарафлари бўлиб фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларнинг барча иштирокчилари: фуқаролар (жисмоний шахслар), юридик шахслар, Ўзбекистон Республикаси, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қатнашиши мумкин.

Мазкур модданинг иккинчи қисмида қарздор шахслар кўп бўлган ҳолда уларнинг ҳар бири билан кредиторнинг ҳуқуқий алоқада муайян даражада мустақил эканлиги кўзда тутилган. Умумий қоидага кўра барча қарздорлар кредитор олдида ё улушли, ёки солидар мажбурият тарзида бурчлидир (бу борада юқорида ҳам айтиб ўтилган эди). Масалан, хўжалик ширкати шаклидаги тижорат ташкилотини тузиш чоғида, таъсис ҳужжатига мувофиқ муассислар юридик шахснинг устав капиталини шакллантиришда улушли асосда иштирок этадилар (ЎзР ФК 58-модда). Солидар мажбуриятли ҳолатларда кредитор барча қарздорлардан мажбуриятни биргаликда ижро этишларини талаб қилиши ҳам, шунингдек уларнинг ҳар биридан алоҳида ижро этишини, бундан ташқари, қарзни тўлиғича ёки қисмларга бўлиб ижро этилишини талаб этиши ҳам мумкин. Қарздорларнинг биридан тўлиқ қаноат ҳосил қилмаган кредитор, олинмай қолган нарсани (манфаатни) бошқа солидар қарздорлардан талаб қилиш ҳуқуқига эга (ФК 252-модда).

Бироқ мажбуриятда қарздор томонида иштирок этаётган шахслардан биронтасига кредитор қўйган талабнинг ҳақиқий эмаслиги, мазкур мажбурият бўйича унинг бошқа қарздорларга нисбатан қўйиладиган талабларига дахл қилмайди.


2. Шарҳланаётган модданинг учинчи қисмида ифодаланган қоида тарафларнинг ҳар бири бир вақтнинг ўзида қарздор ҳам, кредитор ҳам бўлган ҳолатларда, яъни тегишли мажбурият икки томонлама хусусият касб этган ҳолатга оид қоида ҳисобланади. Қонун чиқарувчи иккала тараф ўртасида ҳатто мана шундай муқобил мажбуриятлар мавжуд бўлган чоғда ҳам, улар бир-бирига киришиб кетмайди, таъбир жоиз бўлса, улар ёнма-ён ҳолатда мавжуд бўлиб қолаверади. Мисол тариқасида олди-сотди шартномасини келтириш мумкин. У ашёни бошқа тарафга мулк сифатида хақ эвазига ўтказиб бериш мажбуриятидан ташкил топган бўлади ва бунда товарни топширишда қарздор сифатида сотувчи, кредитор сифатида харидор намоён бўлади ва муқобил мажбурият, яъни товарни қабул қилиб олиш ва унинг учун муайян миқдорда ҳақ тўлаш бўйича эса қарздор - сотиб олувчи ва кредитор - сотувчидир. Тарафларнинг ҳар бири у, ёки бу хатти-ҳаракатни амалга оширишининг навбати одатда икки томонлама тузиладиган шартномаларнинг ҳуқуқий қоидаларида мустаҳкамлаб қўйилади, аммо навбатнинг умумий қоидалари қонунчиликда ифодаланган бўлиши ҳам мумкин. Масалан, ЎзР ФКнинг 256-моддасида мажбуриятларни муқобил суратда бажариш тартиби белгиланган.


3. Мазкур модданинг тўртинчи қисмида мажбуриятда тарафлар сифатида қатнашмаган шахслар (учинчи шахслар) учун мажбурият бурчлар ҳосил бўлмаслиги тўғрисидаги умумий меъёр ифодаланган. Мажбуриятли ҳуқуқий муносабатларда ҳуқуқий алоқа фақат унинг икки тарафи - қарздор ва кредитор ўртасида бўлишлиги назарда тутилади.

Шу билан бирга, қонунда, ёки бошқа қонун ҳужжатларида ва тарафлар келишувида назарда тутилган ҳолатларда, мажбурият учинчи шахслар учун ҳам бирон тарафга ёки иккала тарафга нисбатан муайян ҳуқуқларни ҳосил қилиши мумкин. Мисол қилиб учинчи шахс фойдасига тузиладиган шартномани кўрсатиш мукин (ЎзР ФК 362-модда). Қарздор ижрони кредиторга эмас, балки шартномада кўрсатилган ёки кўрсатилмаган, қарздордан мажбуриятни ўз фойдасига бажаришни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлган учинчи шахсга бажариши мажбур деб белгилаб қўйилган шартнома учинчи шахс фойдасига тузилган шартнома дейилади.



21-БОБ. МАЖБУРИЯТЛАРНИ БАЖАРИШ


236-модда. Умумий қоидалар

237-модда. Мажбуриятни бажаришдан бир

томонлама бош тортишга йўл қўйилмаслиги

238-модда. Мажбуриятнинг келишилган ва

мақбул усулда бажарилиши

239-модда. Мажбуриятнинг қисмларга бўлиб бажарилиши

240-модда. Мажбуриятнинг тегишли шахс учун бажарилиши

241-модда. Мажбуриятни бажаришни

учинчи шахс зиммасига юклаш

242-модда. Мажбуриятни бажариш муддати

243-модда. Мажбуриятни муддатидан илгари бажариш

244-модда. Мажбуриятни бажаришни кечиктириш

ёки уни бўлиб-бўлиб бажариш

245-модда. Пул мажбуриятларининг валютаси

246-модда. Мажбуриятни бажариш жойи

247-модда. Фуқаронинг таъминоти учун

тўланадиган суммани кўпайтириш

248-модда. Пул мажбурияти бўйича талабларни қондириш навбати

249-модда. Қарзни депозитга қўйиш йўли

билан мажбуриятни бажариш

250-модда. Муқобил мажбуриятни бажариш

251-модда. Бир неча кредитор ёки бир неча

қарздор иштирок этадиган мажбуриятни бажариш

252-модда. Солидар қарздорлар мажбурияти

бўйича кредиторнинг ҳуқуқлари

253-модда. Солидар қарздорларнинг кредитор

талабларига қарши эътирозлари

254-модда. Солидар мажбуриятнинг қарздорлардан

бири томонидан бажарилиши

255-модда. Солидар талаблар

256-модда. Мажбуриятларни муқобил суратда бажариш

257-модда. Мажбуриятнинг бажарганлигини тасдиқлаш

258-модда. Мажбурият бажарилганлигини тасдиқлаш

ҳақидаги талабни бажармаслик оқибатлари



236-модда. Умумий қоидалар


Мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса - иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак.


1. Мажбуриятнинг бажарилиши бир томонлама битим саналади, зеро, моҳиятан бу ижро ҳаракати мавжуд бўлган мажбуриятларни кредиторнинг ёки учинчи шахснинг (агар мажбурият шартларида шу нарса назарда тутилган бўлса) фойдасига бажаришга қаратилгандир.

ЎзР ФК 236-моддасининг қоидаларида мажбуриятни ижро этишнинг муҳим таомили, яъни мажбуриятни лозим даражада бажариш ўз ифодасини топган. Шунингдек, мажбуриятни бажариш мезонлари ҳам ўрнатилганки, ижро уларга мос бўлиши шарт. Аввало, мажбуриятнинг бажарилиши мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ бўлиши шарт. Агар қонун ҳужжатларида қандайдир талаб кўзда тутилган бўлса-ю, бу талабни тарафлар шартномага киритмаган бўлса ҳам, мазкур талаб мажбуриятлар мазмунини ташкил этади ва тарафлар учун мажбурийдир. Масалан, маҳсулот етказиб бериш шартномаси, хизмат кўрсатиш, ишлар бажариш тўғрисидаги шартномаларнинг тарафлари учун маҳсулотнинг, хизматларнинг истеъмолчиларнинг ҳаёти ва саломатлиги, атроф муҳит ва ш.к. хавфсизлигига оид турли давлат стандартлари талаблари мажбурий ҳисобланади.


2. Башарти мажбуриятларни бажариш шартлари бевосита шартномада ёки қонун ҳужжатларида кўрсатилмаган бўлса, бундай ҳолатда мажбуриятлар иш муомаласи одатларига мувофиқ равишда, ёки одатда қўйиладиган талабларга мувофиқ ижро этилади. (ФК 6-модда шарҳига қаранг) “Одатда қўйиладиган талаблар” деганда фуқаролик муомаласида шаклланган ва ўрнашиб қолган ҳатти-ҳаракат қоидалари тушунилади.

Ижро предметига, субъектларига, жойига, муддатига ва бажариш усулига нисбатан қўйилган барча шартлар ва талабларга риоя этилган ҳолда ижро этилганда, мажбуриятлар лозим даражада бажарилган деб ҳисобланади.



237-модда. Мажбуриятни бажаришдан бир

томонлама бош тортишга йўл қўйилмаслиги


Мажбуриятни бажаришдан бир томонлама бош тортиш ва шартнома шартларини бир томонлама ўзгартиришга йўл қўйилмайди, қонун ҳужжатларида ёки шартномада назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.


1. ЎзР ФКнинг 237-моддасининг мазмуни фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларининг барқарорлигини таъминлашга йўналтирилган. Умумий қоидага кўра мажбуриятни бажаришдан бир томонлама бош тортишга ёки шартнома шартларини бир томонлама ўзгартиришга (агар шартномада кўзда тутилган бўлмаса) йўл қўйилмайди ва бу бекор қилиш ёки мажбуриятни ўзгартириш каби ҳуқуқий оқибатларни ҳам келтириб чиқармайди.

Бироқ, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатларда тарафга мажбуриятларни бажаришдан бир томонлама бош тортиш ва мажбуриятларни бир томонлама ўзгартиришга рухсат берилади, бу ҳолатга асосан бошқа тараф ўзининг муқобил мажбуриятларини бажармагани ёки лозим даражада бажармагани муносабати билан йўл қўйилади. Бу борада умумий қоида ЎзР ФК 382-моддасининг иккинчи қисмида, махсус қоидалар эса ФКнинг шартномаларнинг алоҳида турларига бағишланган бобларида ифодаланган. Масалан, олди-сотди шартномасига татбиқан сотувчи сотилган товарни харидорга беришни рад этган ҳолатларда йўл қўйилади (ЎзР ФК 401-модда), ёки унга тегишли даражада сифатли бўлмаган товарни топширганда (ЎзР ФК 408-модда) харидорнинг шартномадан бир томонлама бош тортишига йўл қўйилиши мумкин. Мазкур ҳолатларда мажбуриятни бажаришдан бош тортиш учун судга мурожаат этиш зарур эмас, иккинчи тарафга бош тортиш тўғрисида хабар берилса, етарли бўлади.


2. Айни вақтда қонун ҳужжатларида ҳуқуқнинг бузилиши ҳолати бўлмаган ҳолда ҳам мажбуриятни ижро этишдан бир томонлама бош тортиш имконияти кўзда тутилган, табиийки бунда тегишли равишда ўзаро ҳисоб-китоб таомили назарда тутилади. Масалан, пудрат шартномаси бўйича, агар пудрат шартномасида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, буюртмачи иш натижаси ўзига топширилгунга қадар истаган вақтда шартномадан воз кечиб, белгиланган баҳо бўйича буюртмачи шартномадан воз кечганлиги тўғрисида огоҳлантириш олгунга қадар бажарилган ишнинг мутаносиб қисмига ҳақ тўлаши мумкин (ЎзР ФК 642-модда тўртинчи қисм).

Бир тараф шартномани бажаришдан тўла ёки қисман бош тортиб, қонун ёхуд тарафларнинг келишувида бунга йўл қўйилса, шартнома тегишлича бекор қилинган ёки ўзгартирилган ҳисобланади (ЎзР ФК 382-модда тўртинчи қисм). Таъкидлаш муҳимки, иккинчи тараф бундай чора кўрилишининг қонунийлиги борасида низолашиш ҳуқуқидан маҳрум этилмаган.



238-модда. Мажбуриятнинг келишилган

ва мақбул усулда бажарилиши


Мажбурият келишилган ва тарафлар учун мақбул усулда бажарилиши шарт.

Мажбуриятни бажариш усули, агар бу усул мажбуриятнинг моҳиятидан англашилмаса ва қонун билан белгилаб қўйилган бўлмаса, шартномада кўрсатилган бўлиши керак.


1. ЎзР ФКнинг 238-моддаси қоидалари ЎзР ФКнинг 236-моддасида мустаҳкамлаб қўйилган мажбуриятларнинг бажарилишига нисбатан умумий талабларни изчиллик билан давом эттира бориб, уларни аниқлаштириб беради. Мажбурият келишилган ва томонлар учун мақбул усулда бажарилиши шарт, акс ҳолда мажбурият бажарилмаган деб эътироф этилиши ҳам мумкин.

Келишилганлик шартномада шартлашаётган тарафлар маъқул деб топган ижро этиш усулларининг кўрсатилганлигини, тарафларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини бузмаслигини ва тарафлар учун иқтисодий жиҳатдан фойдалилигини англатади. Масалан, товарларни етказиб беришда улар учун темир йўл транспорти орқали етказиб бериш муддатларига кўра ҳам, баҳосига кўра ҳам энг маъқул усул эканлигини тарафлар келишиб олишади. Авиация ёрдамида етказиб бериш эса номақбул, зеро иқтисодий жиҳатдан фойдали эмас. Мана шу масалани ҳар икки тарафнинг розилиги билан ҳал этилиши уларнинг келишилган иродаси ҳисобланади ва шартномада акс эттирилади. Агар тарафлардан бири ижро этишнинг келишилган усулларини бузса, иккинчи тараф фақат бажарилиши устида низолашуви ва уни лозим даражада эмас деб эътироф этиши мумкин.



239-модда. Мажбуриятнинг қисмларга бўлиб бажарилиши


Башарти бошқача тартиб қонун ҳужжатларида, шартномада назарда тутилган бўлмаса ёки иш муомаласи одатларидан ёхуд мажбуриятнинг моҳиятидан англашилмаса, кредитор мажбуриятнинг қисмларга бўлиб бажарилишини қабул қилмасликка ҳақли.


1. Кредитор мажбуриятнинг қисмларга бўлиб бажарилишини, масалан, башарти ижро предмети бўлинмайдиган ашё (ижарага берилган нотурар жой, ёки муаллифлик ҳуқуқи объекти сифатидаги санъат асари, ЎзР ФК 88-модда) бўлиб ҳисобланса, қабул қилмаслиги мумкин. Мажбуриятнинг қисмларга бўлиб бажарилишини қабул қилмасликнинг иқтисодий сабаблари ҳам бўлиши мумкин (қўшимча экспедиторлик харажатлари, сақлаш билан боғлиқ харажатлар ва ҳ.к.). Зеро қисмларга бўлиб бажариш чоғидаги харажатлар мажбуриятнинг бир мартада тўлиқ бажарилганда зарур бўладиган харажатлардан ортиб кетиши мумкин.

Шундай бўлса-да, қарздорнинг ижрони қисмларга бўлиб бажариш ҳуқуқи қонун ҳужжатларида кўзда тутилиши, ёки иш муомаласи одатларидан, ёхуд мажбурият моҳиятидан келиб чиқиши мумкин. Мисол учун, ЎзР ФКнинг 443-моддасида маҳсулот етказиб берувчининг айрим даврда тўлиқ етказиб берилмаган товарлар ўрнини тўлдириш бўйича ўрнатилган мажбуриятини кўрсатиш мумкин.

Қарздор томонидан мажбуриятни бирданига тўлиқ бажарилиши шартномада белгиланган ҳолда у томонидан мажбуриятни қисмларга бўлиб бажариш шартини таклиф этишида шартни кредитор қабул қилмасликка ҳақли (аммо мажбур эмас). Агарда қарздор буни амалда солидар қилса бу ҳолда қарздор ижро муддатини кечиктириб юборган деб ҳисобланади ва муддатни ўтказиб юборгани учун жавобгарликка тортилади (ЎзР ФК 337-модда). Агар, масалан кредитор қарзнинг бир қисмини олишдан ҳақли равишда бош тортса (ижро кредит мажбуриятига мувофиқ тўлиғича ижро этилиши шарт бўлган ҳолда), қарздор қарзнинг ҳамма суммасидан келиб чиққан ҳолда, шу жумладан кредитор олишдан ҳақли равишда бош тортган қисмини ҳам қўшган ҳолда, фоиз тўлаши шарт.



240-модда. Мажбуриятнинг тегишли шахс учун бажарилиши


Агар бошқача тартиб тарафларнинг келишувида назарда тутилган бўлмаса ва иш муомаласи одатларидан ёки мажбуриятнинг моҳиятидан англашилмаса, қарздор мажбуриятни бажариш чоғида ижрони кредиторнинг ўзи ёки бу иш учун у ваколат берган шахс қабул қилаётганлигини исботлашни талаб қилишга ҳақли бўлади ва бундай талабни қўймаганлик оқибатлари хавфи унинг зиммасида бўлади.


1. Амалиётда моддий неъматларни (товарлар, пул маблағлари ва ш.к.) кредиторга тегишли бўлмаган кредиторга, шахсга (қарздорнинг эҳтиётсизлиги, кредитор номидан учинчи шахслар томонидан қалбаки ҳужжатларнинг тақдим этилиши ва ш.к. оқибатида) ўтказиб берилиши, топширилиши ҳолатлари ҳам учраб туради. Шарҳланаётган моддада қарздорга ижрони талаб этаётган ёки қабул қилаётган шахснинг ваколатларини текшириб кўриш, унинг ҳақиқатдан ҳам кредитор эканлигига, ёки тегишли ваколатга эга шахс эканлигига ишонч ҳосил қилиш ҳуқуқи берилган.

Агар кредитор фуқаро бўлса, шу жумладан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи фуқаро бўлса, унинг шахси паспорти бўйича аниқланади, кредитор вакилининг ваколатлари (кредитор фуқаро ёки ташкилот эканлигидан қатъий назар) лозим даражада расмийлаштирилган ишончнома ҳамда вакилнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат асосида аниқланади. Агар вакил ташкилот бўлса (масалан, мижоз номидан ҳаракат қилувчи экспедитор), унинг ваколати кам деганда иккита ишончнома: мижознинг экспедиторга, яъни юридик шахсга берган ишончномаси ва экспедитор - юридик шахснинг ўз ходимига берган ишончномаси асосида аниқланади.

Ижрони қабул қилиб олаётган кредитор-ташкилот раҳбарининг ёки воситачи-ташкилот раҳбарининг ваколатлари хизмат гувоҳномаси асосида аниқланади. Зарур ҳолларда бошқа ҳужжатларни (устав, раҳбарни тайинлаш, сайлаш тўғрисидаги ҳужжатни) ҳам текшириш мумкин.

Тарафлар, амалиётнинг кўрсатишича, кўпинча шартномаларда ижрони қабул қилиб, олиш ҳуқуқини тасдиқлашнинг тартибини белгилашда ушбу масала бўйича меъёрий ҳужжатларда мавжуд кўрсатмаларга амал қилган ҳолда ёндашадилар. Масалан, экспедитор-ҳайдовчи учун юкни қабул қилиб олишда керак бўладиган ҳужжат йўл варақаси ҳисобланади ва у транспорт корхонасининг (ташкилотининг) ишончномаси вазифасини ўтайди. Жамғарма банкига омонат қўювчи омонатчи-фуқаронинг омонатни қайтариб олиш учун ваколатлари омонат дафтарчаси билан тасдиқланади, бунда фармойиш берувчи ҳужжатдаги имзо банкда мавжуд бўлган имзо намунаси билан солиштириб кўрилади.

Шартнома асосида банкдаги маблағларни тасарруф этиш ҳуқуқи берилган шахсларнинг ваколатларини текшириш банк томонидан банк қоидалари ва мижоз билан тузилган шартнома асосида амалга оширилади. Ташқи аломатларига кўра ваколатли шахсларнинг имзоларини ва муҳрни банк варақачасида мавжуд имзолар намунаси ҳамда муҳр изи билан таққосланади. Агар ҳисобварақда мавжуд пул маблағларини тасарруф этиш учун асос сифатида ишончнома кўрсатилган бўлса, ишончноманинг мавжудлиги текширилади.


2. Агар ижро лозим бўлмаган шахсга нисбатан бажарилган бўлса, кредитор ижрони ёки зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақлидир. Мажбуриятни бошқа шахсга ижро этиб юбориш эҳтимоли оқибатлари қарздорга юклатилади, агар бажариш имконияти мавжуд бўлса, (ЎзР ФК 330-моддага қаранг), қарздорнинг кечиктириши оқибатида кредитор учун ижрони аҳамияти сақланиб қолган бўлса (ЎзР ФК 337-модда), унинг мажбурияти сақланиб қолади.


3. Тарафларнинг келишуви, иш муомаласи одатлари, мажбурият моҳиятидан келиб чиқиб, кредитор ёинки унинг вакилининг шахсини тасдиқлаш учун махсус ҳужжатларнинг тақдим этилиши талаб этилмаслиги мумкин. Масалан, тақдим этувчига берилиши кўрсатилган қимматли қоғозлар бўйича маблағлар шу қоғозни тақдим этувчига тегишли бўлади, ҳолбуки уни ноқонуний эгалик қилувчи тақдим этаётган бўлиши ҳам мумкин. Кредитор вакилининг ваколатлари вакил ҳаракат қилаётган шароитдан очиқ-ойдин кўриниб турган бўлиши мумкин (ЎзР ФК 129-модда). Масалан, юклар (товарлар) қарздор томонидан кредитор ташкилот омборхонасида бевосита унинг ҳудудида топширилади.


4. ФК қарздорнинг кредиторга нисбатан қўядиган ижрони қабул қилганлигини тасдиқлатиб олиш ҳуқуқининг бажарилмаслиги оқибатларини белгиламайди. Айтиш мумкинки, кредитор, ўз ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиши мажбурият шартларига кўра зарур ҳолда тақдим этмаса, кредитор муддатни кечиктириб юборган ҳисобланади ва кредитор кечиктириб юбориши ҳолатлари учун кўзда тутилган барча оқибатлар келиб чиқади (ЎзР ФК 338-модда).



241-модда. Мажбуриятни бажаришни

учинчи шахс зиммасига юклаш


Шартномадан келиб чиққан мажбуриятни тўла ҳажмда ёки унинг бир қисмини бажариш, агар қонун ҳужжатлари ёки шартномада назарда тутилган бўлса, шунингдек агар учинчи шахс тарафлардан бири билан тегишли шартнома орқали боғлиқ бўлса, учинчи шахс зиммасига юклатилиши мумкин.

Агар мажбуриятни қарздорнинг шахсан ўзи ижро этишга мажбурлиги қонун ҳужжатлари, шартнома ёки мажбуриятнинг моҳиятидан англашилмаса, кредитор қарздор учун учинчи шахс томонидан таклиф қилинган ижрони қабул қилиши шарт.

Мажбурият бажарилмаганлиги учун, башарти қонун ҳужжатлари ёки шартномада учинчи шахснинг жавобгар бўлиши назарда тутилган бўлмаса, шартномадаги тараф жавобгар бўлади.


1. ЎзР ФКнинг 241-моддаси қоидаларида шартномадан келиб чиқадиган мажбуриятни учинчи шахс зиммасига юклаш имконияти кўзда тутилган. Бу ҳолатларда учинчи шахснинг мажбуриятни қабул қилишга розилигини олиш зарур, шунингдек тарафлар ўртасидаги шартномада тегишли қоида акс этган бўлиши, ёхуд учинчи шахсда ёки тарафлардан бирида тегишли шартнома мавжуд бўлиши, ё бўлмаса қонун ҳужжатида мазкур мажбуриятни учинчи шахс зиммасига ўтказилишини кўзда тутувчи қоида бўлиши талаб этилади. Айтиш керакки, мажбуриятларни учинчи шахсга юклаш фуқаролик муомаласида, айниқса тадбиркорлик фаолиятига татбиқан ва аввало субконтрагентлик муносабатларида кенг тарқалган. Мазкур модданинг қоидалари кўп ҳолларда транзит орқали етказиб беришда (таъминотчи товарларни харидорга етказиб берилишини ўзининг таъминотчисига, яъни товар ишлаб чиқарувчига топширади), субпудрат (ёрдамчи пудрат) ҳолатларида (пудратчининг топшириғи бўйича субпудратчи ижрони бевосита буюртмачига ўтказади), субижарада (субижарачи (иккиламчи ижарачи) ижарачининг топшириғига биноан ижара ҳақини бевосита ижарага берувчига топширади), субкомиссияда (субкомиссионер сотиб олинган товарни комиссионер берган топшириқ асосида бевосита комитентга ўтказиб беради) ва ҳ.к. тез-тез татбиқ этилади.


2. Агар мажбуриятни қарздорнинг шахсан ўзи ижро этишга мажбурлиги қонун ҳужжатлари, шартнома ёки мажбуриятнинг моҳиятидан англашилмаса, кредитор қарздор учун учинчи шахс томонидан таклиф қилинган ижрони қабул қилиши шарт. “Мажбуриятнинг моҳиятидан” деган иборанинг ва қарздорнинг шахсан ўзи ижро этиши тўғрисидаги шартларни киритилганлиги ижронининг ўтказилиши мажбурият предметини ташкил этувчи ҳатти-ҳаракатларнинг хусусиятига боғлиқ эканлигини кўрсатади. Қарздор, масалан, мажбурият ижодий хусусиятга эга бўлган ҳолатда (рассом, режиссёр, ёзувчи кабилар билан шартнома), уни учинчи шахсга ўтказиб бера олмайди. Қарздор мажбуриятни шахсан ижро этиши қонун ҳужжатларида шарт қилиб қўйилган ҳолатга ЎзР ФКнинг 884-моддасида келтирилган омонатни учинчи шахсга топширилиши буни юк топширувчининг манфаатлари зарур қилиб қўйган ва омонат сақловчи унинг розилигини олиш имкониятидан маҳрум бўлган ҳолатлардан бошқа барча ҳолатда тақиқланиши мисол бўла олади.

Табиийки, қарздорнинг мажбуриятларни бажармаганлик учун кредитор олдидаги жавобгарлиги масаласи, мажбурият учинчи шахсга ўтказиб берилишига қарамай сақланиб қолади. ЎзР ФКнинг 241-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ, мажбуриятнинг бажарилмаганлиги учун, башарти қонун ҳужжатларида ёки шартномада учинчи шахснинг жавобгар бўлиши назарда тутилган бўлмаса, шартномадаги тараф жавоб беради.

Шуни таъкидлаш мумкинки, учинчи шахс томонидан мажбурият ижроси бўйича тегишли хатти-ҳаракатларнинг амалга оширилиши билан, худди ана шу ҳаракатларни қарздорнинг ўзи амалга оширган ҳолатдаги каби, мазкур мажбуриятнинг бекор бўлишига олиб келади.



242-модда. Мажбуриятни бажариш муддати


Агар мажбуриятни бажариш муддати кўрсатилмаган ёки талаб қилиб олиш пайти билан белгилаб қўйилган бўлса, кредитор ҳар қачон ижрони талаб қилишга, қарздор эса - ижрони ҳар қачон амалга оширишга ҳақли бўлади. Мажбуриятни дарҳол бажариш вазифаси қонун, шартнома ёки мажбуриятнинг моҳиятидан англашилмаса, қарздор бундай мажбуриятни кредитор талаб қилган кундан бошлаб етти кунлик муддат ичида бажариши шарт.


1. Қоидага кўра, мажбурият унинг бажариш муддатини ҳам назарда тутади. Шартномада мажбуриятларни бажариш муддатининг кўрсатилиши, ўша шартнома мазмунининг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Бироқ, мажбуриятни бажариш муддати белгиланмаган бўлса, ёки талаб қилиш пайти деб белгиланган бўлса, ЎзР ФКнинг 242-моддасига мувофиқ, кредитор ҳар қачон ижрони талаб қилишга, қарздор эса ҳар қачон бажаришга ҳақли бўлади. Қарздор учун мажбуриятни бажаришнинг муайян муддати (талаб қўйилгандан бошлаб етти кун ичида) кредитор мажбуриятнинг бажарилишини талаб қилган кундан бошлаб аниқлаштирилади. Айтиш мумкинки, бу ҳолда кредитор томонидан талабнинг қўйилиши мажбуриятни бажариш муддатининг аниқлаштириш шарти ҳисобланади. Аммо қонун ҳужжатларида муддати кўрсатилмасдан тузилган мажбуриятларни бажаришнинг айрим ҳолатларини тартибга солувчи қоидалар мустаҳкамлаб қўйилган. Масалан, ЎзР ФК 735-моддасининг иккинчи қисмида қарз олувчи қарзини қарз берувчи қарзни қайтариш ҳақида талаб қўйган кундан бошлаб ўттиз кун мобайнида қайтариши; айни вақтда ЎзР ФК 762-моддасининг мазмунига биноан, омонатчи фуқаро томонидан банкка қўйилган талаб қилиб олгунча сақланадиган омонат талаб қилиниши биланоқ берилиши шарт. Ёки бўлмаса, мажбуриятни бажариш муддати шартноманинг амал қилиш муддатига мувофиқ (ЎзР ФК 357-модда) қилиб ўрнатилиши мумкин. Шартнома муддатининг тугаши, мазкур мажбуриятни келгуси вақт учун бекор қилади.

Шартномага оид бўлмаган мажбуриятлар ҳолатида (зарар етказиш, асоссиз бойиш ва ҳ.к. оқибатида) мажбуриятларни бажариш муддати қонун томонидан ёки суд қарори билан тартибга солинади. Масалан, ЎзР ФКнинг 1009-моддасида боқувчиси вафот этганлиги натижасида зиён кўрган шахсларга зарарни тўлаш муддатлари кўрсатилган.



243-модда. Мажбуриятни муддатидан илгари бажариш


Агар қонун ҳужжатлари ёки шартномада назарда тутилган бўлса ёхуд мажбуриятнинг моҳиятидан ёинки иш муомаласи одатларидан ёки одатда қўйиладиган бошқа талаблардан англашилса, қарздор мажбуриятни муддатидан илгари бажаришга ҳақли, кредитор эса - ижрони муддатидан илгари қабул қилиши шарт.


1. Мажбурият шартларига ёки моҳиятига кўра, қонун ҳужжатлари ва иш муомаласи одатига ва шартноманинг ўзига кўра бошқача англашилмаса, қарздор ўз ташаббуси билан мажбуриятни муддатидан илгари бажаришга ҳақли, кредитор эса уни қабул қилиши шарт. Мазкур модданинг қоидаси, шунингдек, қарздор томонидан мажбуриятни муддатидан илгани бажарилишига кредиторнинг розилиги бўлишини ҳам кўзда тутади. Шунингдек қонунчиликда мажбуриятларнинг муддатидан илгари бажарлишини чекловчи айрим ҳолатлар белгилаб қўйилган. Масалан, фоиз эвазига берилган қарз суммасини, агар шартномада ўзгача қоида кўзда тутилган бўлмаса, қарз берувчининг розилигисиз муддатидан илгари қайтарилишга йўл қўйиб бўлмайди (ЎзР ФК 735-моддаси тўртинчи қисми). Мажбуриятни кредиторнинг розилигисиз муддатидан илгари бажарилишига йўл қўйиб бўлмайдиган яна бир ҳолат мажбуриятнинг асл моҳиятининг ўзидан келиб чиқади. Масалан, эгасининг сафарга чиқиб кетиши муносабати билан қўйилган омонатни сақловчининг ташаббуси билан ашёнинг эгаси бўлган фуқарога, аввал белгилаб қўйилган муддатидан илгари қайтарилиши мажбуриятнинг моҳиятига зид бўлади (ЎзР ФК 878-модда).

Шу билан бирга, мажбуриятни муддатидан илгари бажарилиши айрим ҳолатларда ниҳоятда мақсадга мувофиқ бўлиб, ҳатто ЎзР ФКда рағбатлантирилади, яна айрим ҳолатларда қарздорга кредитор олдидаги мажбуриятини унинг хоҳишидан қатъий назар бажариш имкониятини тақдим этади. Масалан, фоизсиз қарз суммаси қарз олувчи томонидан муддатидан илгари қайтарилиши мумкин (ЎзР ФК 735-моддаси учинчи қисми) ёки қарздор банкрот бўлган ҳолатида қарздорликни сўндириш жадвалини муддатидан илгари бажариши мумкин (ЎзР 1994 йил 5 майдаги “Банкротлик тўғрисида”ги 1054-XII-сон Қонуни (Янги таҳрир) 8-моддаси бешинчи хатбоши). Таъкидлаш жоизки, мажбуриятни муддатидан илгари бажарлишини қабул қилишдан бош тортган кредитор (ЎзР ФК 337-моддаси учинчи қисми) муддатни кечиктириб юборган ҳисобланади ва ЎзР ФКнинг 338-моддасида кўзда тутилган оқибатларни келтириб чиқаради.

Қарздорнинг ташаббуси билан муддатидан илгари бажарилишини, кредиторнинг талаби билан қарздор мажбуриятни муддатидан аввал ижро этиши лозим бўлган ҳолатларни ажрата билиш шарт. Масалан, қарз олувчи томонидан шартноманинг олинган қарз суммасидан мақсадли фойдаланиш шартини бажарилмаган ҳолда, агар шартномада бошқа қоида кўзда тутилган бўлмаса, қарз берувчи қарз олувчидан қарз суммасини муддатидан олдин қайтариб беришни ва тегишли фоизларни тўлашни талаб қилишга ҳақли (ЎзР ФК 739-моддаси иккинчи қисм).



244-модда. Мажбуриятни бажаришни кечиктириш

ёки уни бўлиб-бўлиб бажариш


Агар қонун ҳужжатлари ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, мажбуриятни бажаришни кечиктиришга ёки уни бўлиб-бўлиб бажаришга йўл қўйилмайди.

Етарли асослар мавжуд бўлганида суд қарздорга мажбуриятни бажаришни кечиктириш ёки уни бўлиб-бўлиб бажариш имконини беришга ҳақли.


1. ЎзР ФКнинг 244-моддаси кредиторнинг манфаатларини ҳимоя қилишга ва фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларининг барқарорлигини таъминлашга йўналтирилган. Кўп ҳолларда мажбуриятни бажариш муддати шартномада ўрнатилган, ёки қонун ҳужжатларида кўзда тутилган бўлади. Қонунчиликда қарздор мажбуриятларини бажариш шартларини бузганда ва амалда мажбуриятни бажаришни қонун ҳужжатлари ва шартномага зид равишда кечиктирганда ёки бўлиб-бўлиб бажарганда жазо чоралари қўллаш ҳам кўзда тутилган (масалан, ЎзР ФК 736-моддаси биринчи қисми, ЎзР ФК 327-модда ва ҳ.к.).


2. Шу билан бир қаторда, етарли асослар мавжуд бўлса, суд мажбуриятнинг бажарилишини кечиктириш ёки уни бўлиб-бўлиб бажариш имконини беришга ҳақли. Бундай асосга мисол қилиб банкротликни кўрсатиш мумкин. Қарздорнинг банкротлик ҳолатида қарздорликни узиш жадвали тузилиб, хўжалик суди томонидан тасдиқланади (ЎзР нинг 1994 йил 5 майдаги “Банкротлик тўғрисида”ги 1054-XII-сон Қонуни (Янги таҳрир) 83-моддаси), бу жадвал қарздор томонидан мажбуриятини бажаришнинг ўзига хос кечиктирилиши ҳисобланади.



245-модда. Пул мажбуриятларининг валютаси


Пул мажбуриятида у сўмлар билан чет эл валютасидаги муайян суммага эквивалент бўлган суммада ёки шартли пул бирликлари билан (экю, "махсус қарз олиш ҳуқуқлари" ва бошқалар) тўланиши лозимлиги назарда тутилиши мумкин. Бундай ҳолларда сўмлар билан тўланиши лозим бўлган сумма тегишли валютанинг ёки шартли пул бирликларининг тўлов кунидаги расмий курси бўйича белгиланади, башарти уни белгилашнинг бошқача курси ёки бошқа санаси қонун ҳужжатларида ёки тарафларнинг келишувида белгилаб қўйилган бўлмаса.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мажбуриятлар бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш чоғида чет эл валютасидан, шунингдек чет эл валютасидаги тўлов ҳужжатларидан фойдаланишга қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар, тартиб ва шартлар асосида йўл қўйилади.


1. ЎзР ФК 245-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ пул мажбуриятида у сўмлар билан чет эл валютасидаги муайян суммага эквивалент бўлган суммада ёки шартли пул бирликлари билан (экю, "махсус қарз олиш ҳуқуқлари" ва бошқалар) тўланиши лозимлиги назарда тутилиши мумкин. “Хорижий валюта” тушунчасига Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 7 майдаги 841-XII-сонли “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги (Янги таҳрир) Қонуннинг 3-моддасининг иккинчи қисмида таъриф берилган (шунингдек ЎзР ФКнинг 94-моддага шарҳга қаранг). Шартли пул бирлигига мисол тариқасида қонун чиқарувчи экю билан махсус қарз олиш ҳуқуқларини санаб ўтган. Европа иқтисодий валюта иттифоқига аъзо мамлакатларда 2002 йилининг 1 январидан Экю ягона валюта - еврога алмаштирилган. Евро нақд пул муомаласида ҳам, нақдсиз ҳисоб-китобларда ҳам қўлланилади. Махсус қарз олиш ҳуқуқлари (МҚҲ) (ингл. Special drawing rights - SDR) сунъий заҳира ва тўлов воситаси бўлиб, Халқаро валюта фонди томонидан муомалага чиқарилади. Фақат банк ҳисобварақларидаги ёзувлар тариқасидаги нақд пулсиз шаклда бўлиб, қоғоз пулллар чиқарилмайди. МҚҲ бирлигининг қийматини ҳисоблаб чиқаришда асосий валюталарнинг (АҚШ доллари, евро, япон йенаси ва инглиз фунт стерлинги) муайян мутаносибликда олинган стандарт жамланмаси қўлланилади ва шу асосда МҚҲнинг бошқа валюталарга курси белгиланади.

Башарти шартномада пул мажбурияти хорижий валютада ифодаланиши ва тўланиши кўзда тутилган бўлса, аммо валюта қонунчилиги қоидаларига кўра бу мажбуриятни хорижий валютада бажариш имкони бўлмаса, агар шартнома моҳиятидан бошқа маъно чиқмайдиган бўлса (ЎзР ФК 363-модда), шартноманинг бундай шартини ҳам ЎзР ФК 245-модданинг биринчи қисмида кўзда тутилганидек кўриб чиқилиши даркор. Бу ҳолда тўлов сўмда амалга оширилади, бунинг учун сўмда тўланиши лозим бўлган сумма тегишли валютанинг тўлов кунидаги расмий курси бўйича (агар қонун ҳужжатларида ёки тарафларнинг келишувига мувофиқ бошқача курс ёхуд аниқлашнинг бошқа санаси белгилаб қўйилган бўлмаса) аниқланади. Юқорида айтиб ўтилган қоидаларнинг амалда қўлланилишига мисол қилиб фуқаролар томонидан мобил (уяли) алоқа операторлари билан тузиладиган битимларни кўрсатиш мумкин, бунда мазкур шартномалар тариф режасидаги нархлар АҚШ долларида кўрсатилади, тўлов эса ЎзР Марказий банкининг курси бўйича сўмда амлга оширилади.


2. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида барча ҳисоб-китоблар ва тўловлар миллий валютада амалга оширилади, Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 7 майдаги 841-XII-сонли “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги Қонунининг (Янги таҳрири) 18-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида валютадан фойдаланиш Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан тартибга солинади (ЎзР 1993 йил 7 майдаги 841-XII-сонли “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги Қонуни (Янги таҳрири), 1-модда). Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш бўйича операциялар миллий валютанинг чет эл валютасига нисбатан чет эл валютасига бўлган талаб ҳамда таклифнинг жорий нисбати асосида шаклланадиган алмашув курси бўйича амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки валюта операциялари бўйича бухгалтерия ҳисоби, статистика ҳисоботи ҳамда бошқа ҳисобот мақсадлари учун, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудида божхона ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш учун миллий валютанинг чет эл валютасига нисбатан курсини мунтазам равишда белгилаб боради.

Агар қонунда ва тарафлар келишувида курс ва қайта ҳисоб-китоб санаси белгиланган бўлмаса, суд қайта ҳисоб-китобни расмий курс бўйича амалдаги тўлов санасига кўра амалга оширади.

Хорижий валютада ифодаланган пул мажбурияти суммасига ҳисобланган қонуний ёки шартномавий фоизларга келганда эса, улар суммага хоржий валютада ёки шартли пул бирлигида ҳисоблаб ёзилади ва ана шу валютада (бирликда) ифодаланади ҳамда ЎзР ФКнинг 245-моддаси биринчи қисмидаги қоидалари асосида ундириб олинади. Ўхшаш пул мажбуриятлари бўйича неустойка ундириб олишда ҳам худди шу қоидалардан фойдаланилади.



246-модда. Мажбуриятни бажариш жойи


Агар мажбуриятни бажариш жойи қонун ҳужжатлари ёки шартнома билан белгилаб қўйилган бўлмаса ва мажбуриятнинг моҳиятидан ёхуд иш муомаласи одатларидан ёинки одатда қўйиладиган бошқа талаблардан англашилмаса, ижро қуйидаги жойларда амалга оширилиши керак:

1) кўчмас мол-мулкни топшириш мажбуриятлари бўйича - мол-мулк турган жойда;

2) ташишни назарда тутадиган товар ёки бошқа мол-мулкни топшириш мажбуриятлари бўйича - товарни кредиторга етказиб бериш учун уни биринчи ташувчига топшириш жойида;

3) қарздорнинг товарни ёки бошқа мол-мулкни топшириш юзасидан ўзга мажбуриятлари бўйича - мол-мулкни тайёрлаш ва сақлаш жойида, башарти мажбуриятнинг келиб чиқиши пайтида бу жой кредиторга маълум бўлган бўлса;

4) пул мажбурияти бўйича - мажбурият вужудга келган пайтда кредитор яшаган жойда, агар кредитор юридик шахс бўлса - унинг мажбурият вужудга келган пайтда жойлашган ерида, агар кредитор мажбуриятни бажариш вақтигача ўз яшаш жойини ёки жойлашган ерини ўзгартирган бўлса ва бу ҳақда қарздорни хабардор қилган бўлса - ижро этиш жойи ўзгартирилиши билан боғлиқ ҳамма харажатларни кредитор ҳисобидан қилган ҳолда, унинг янги яшаш жойида ёки жойлашган ерида;

5) бошқа барча мажбуриятлар бўйича - қарздорнинг яшаш жойида, агар қарздор юридик шахс бўлса, унинг жойлашган ерида.


1. Мажбурият лозим даражада бажарилишининг энг муҳим шартларидан бири уни бажариш жойи ҳисобланади. Амалда шартномавий мажбуриятни бажариш жойи шартноманинг ўзида кўрсатилади. ЎзР ФКнинг 246-моддаси жойни аниқлаштиришнинг диспозитив, яъни танловга йўл қўйиладиган қоидаларини белгилаб берганки, бунда қарздор томонидан ўша жойда мажбуриятнинг бажарилиши лозим даражада бажарилган деб эътироф этилади. Қонун чиқарувчи, шунингдек мажбуриятни бажариш жойи қонун ҳужжатлари, иш муомаласи одатларидан, ёинки одатда қўйиладиган бошқа талаблардан келиб чиқиб аниқланиши мумкинлигини кўрсатади. Масалан, юк ташиш шартномасидан юкни белгиланган манзилга етказиб берилиши кўзда тутилади (ЎзР ФК 711-модда).


2. Бироқ бажариш жойи юқорида санаб ўтилган усуллардан биронтаси билан ҳам белгиланмаган бўлса, ижро қуйидаги жойларда амалга оширилади:

1) кўчмас мол-мулкни топшириш мажбуриятлари бўйича - мол-мулк турган жойда. Мазкур банднинг қоидаси кўп жиҳатдан мажбуриятнинг моҳиятидан келиб чиқади. Масалан, агар мажбурият предмети уй, ёки шу уй ижарасидан иборат бўлса, табиийки, мажбуриятнинг бажарилиши уй жойлашган жойда амалга оширилади;

2) ташишни назарда тутадиган товар ёки бошқа мол-мулкни топшириш мажбуриятлари бўйича - товарни кредиторга етказиб бериш учун уни биринчи ташувчига топшириш жойида. Ушбу ҳолатда мажбуриятни қарздордан узоқ масофада (бошқа шаҳар, ҳатто бошқа мамлакатда) яшайдиган кредиторга нисбатан бажарилиши тартибга солинган. Бундай мажбуриятнинг бажариш жойи бўлиб товарни биринчи ташувчига топшириш жойи ҳисобланади (ЎзР ФК 390-модда). Аммо товар етказиб бериш шарти билан сотилган (бегоналаштирилган) ҳолда (сотувчи товарнинг ўзини бериш билан бир қаторда, уни харидорга ташиб етказиб бериш мажбуриятини ҳам олади) товар бевосита сотувчининг ўзи томонидан харидорга унинг яшаш жойига етказиб берилади;

3) қарздорнинг товарни ёки бошқа мол-мулкни топшириш юзасидан ўзга мажбуриятлари бўйича - мол-мулкни тайёрлаш ва сақлаш жойида, башарти мажбуриятнинг келиб чиқиши пайтида бу жой кредиторга маълум бўлган бўлса. Сўз юритилаётган қарздорнинг мажбуриятлари турли хил бўлиши мумкин: кредиторнинг буюртмасига биноан тайёрланган ашёларни етказиб бериш тўғрисидаги шартнома асосида; савдо корхоналарини улгуржи савдо ташкилотлари, воситачилар ва ш.к. орқали товарлар билан таъминлаш билан боғлиқ равишда вужудга келадиган шартномалар.

4) пул мажбурияти бўйича - мажбурият вужудга келган пайтда кредитор яшаган жойда, агар кредитор юридик шахс бўлса - унинг мажбурият вужудга келган пайтда жойлашган ерида, агар кредитор мажбуриятни бажариш вақтигача ўз яшаш жойини ёки жойлашган ерини ўзгартирган бўлса ва бу ҳақда қарздорни хабардор қилган бўлса - ижро этиш жойи ўзгартирилиши билан боғлиқ ҳамма харажатларни кредитор ҳисобидан қилган ҳолда, унинг янги яшаш жойида ёки жойлашган ерида. Агар кредитор фуқароларга хизмат кўрсатувчи, иш бажарувчи фуқаро бўлса, у билан ҳисоб-китоблар иш бажарилган, хизмат кўрсатилган ерда амалга оширилади. Бу нарса мажбуриятнинг моҳиятидан келиб чиқади. Фуқаронинг юридик шахслар билан ўзаро муносабатида эса, пул маблағлари унинг банкдаги ҳисоб рақамига ўтказиб берилади, ёки нақд пулда, ана шундай ҳисоб-китоблар учун белгиланган қоидалар ва чекловларга риоя этган ҳолда амалга оширилиши мумкин.

Нақд пулсиз амалга ошириладиган пул мажбуриятларига нисбатан мажбуриятни бажариш жойи бўлиб кредитор томонидан белгиланган банк, агар муайян банк аниқ кўрсатилмаган бўлса, кредиторнинг банк ҳисоб варағи мавжуд бўлган қарздорга маълум бўлган ҳар қандай банк ҳисобланади (тўловни қабул қилиб олар экан, ўзининг банк ҳисоб варағи тўғрисидаги шартномадан келиб чиқадиган кредиторнинг унинг ҳисобига келиб тушган пул маблағларини қабул қилиб олиш ва унинг ҳисоб варағига киритиб қўйишга оид мажбурияти асосида ҳаракат қилади). Кредитор ўз яшаш жойини ўзгартирганда, бу ҳақда қарздорни хабардор этиши шарт, бу ҳолда қарздор кредиторнинг яшаш жойи ўзгарганлиги муносабати билан юзага келган ўз харажатларини кредитор ҳисобидан қоплаш ҳуқуқига эга бўлади.

5) бошқа барча мажбуриятлар бўйича - қарздорнинг яшаш жойида, агар қарздор юридик шахс бўлса, унинг жойлашган ерида. Мазкур бандда мажбурият қарздорнинг яшаш жойи ёки турар жойида бажарилишини тартибга солувчи умумий қоида белгилаб қўйилган.



247-модда. Фуқаронинг таъминоти учун

тўланадиган суммани кўпайтириш


Пул мажбурияти бўйича бевосита фуқаронинг таъминоти учун тўланадиган сумма (ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарни тўлаш, умрбод таъминлаш шартномаси бўйича ва бошқа ҳолларда) меҳнатга тўланадиган ҳақнинг қонун томонидан белгилаб қўйилган энг кам миқдори оширилишига мутаносиб равишда кўпайтириб борилади.


1. Шарҳланаётган модда ижтимоий хусусиятга эга бўлиб, фуқаролар томонидан ўз таъминотлари учун оладиган пул маблағлари суммаси қадрсизланишининг (инфляция натижасида), миллий валюта - сўмнинг харид қуввати тебранишидан қатъий назар, олдини олишга қаратилган. Фуқаронинг таъминоти учун тўланадиган суммани кўпайтириш имконияти қонун томонидан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига боғлаб қўйилиши юқоридагиларни амалга оширишнинг механизми бўлиб хизмат қилади, ва у мунтазам равишда сўм курсининг тебранишини, иқтисодий жараёнларни ва давлатнинг Ўзбекистон фуқаролари ҳаёти фаровонлигини таъминлашга йўналтирилган ижтимоий-сиёсий сиёсатини ҳисобга олган ҳолда индексация қилиб борилади.

Иш ҳақининг энг кам миқдори шунингдек, меҳнатга ҳақ тўлашни тартибга солишда, пенсиялар ва ижтимоий нафақалар, ногиронлик, касб касаллиги ёки соғлиққа бошқача шикаст етиши натижасида етказилган зарарни қоплаш учун тўловлар миқдорини белгилашда ҳам татбиқ этилади.

Индексация мажбуриятни баришга татбиқан ЎзР ФКда айрим бошқа ҳолатларда ҳам қўлланилади. Хусусан, бу умрбод рента шартнома асосида тўланадиган тўловлар миқдорига нисбатан қўлланилади (ЎзР ФК 526-модда).



248-модда. Пул мажбурияти бўйича талабларни қондириш навбати


Амалга оширилган тўлов суммаси пул мажбуриятини батамом бажариш учун етарли бўлмаганида, бошқа келишув бўлмаса, у энг аввало кредиторнинг ижрони олишга қаратилган чиқимларини, сўнгра фоизларни, унинг қолган қисми эса - қарзнинг асосий суммасини узади.


1. Гап пул мажбуриятининг бутун суммаси ҳақида, яъни қарздор кредиторга қайтариши лозим бўлган қарзнинг асосий суммаси ва қарз маблағларидан фойдаланганлик учун тўловлар сифатидаги, шунингдек кредиторнинг қарзни олиш учун сарфлайдиган харажатлари сифатидаги нормал ҳуқуқий муносабатлар асосида шаклланиб борган (қоида бузилишлар содир этилмаган) ҳолда тегишли ҳисобланган қўшимча сумма ҳақида боряпти.

Агар қарздор томонидан кредиторга топширилган сумма қарзнинг жами суммасини (кўрсатиб ўтилган қўшимчаларни ҳисобга олганда) қопламаса, шарҳланаётган моддада кредиторнинг қайси талаблари бажарилган деб ҳисобланиши белгилаб қўйилган. Асосий қарзнинг узилмасдан қолган суммасига фоизлар ҳисоблаб ёзилади, бунда қарздор томонидан тўлов кечиктирилганда фоизларнинг ундирилиши мулкий жавобгарлик кўриниши бўлиб ҳисобланади (пул мажбурияти бўйича жавобгарлик ҳақида ЎзР ФКнинг 327-модда шарҳига қаранг). Бу ерда гап аввало қарз (кредит) мажбуриятлари тўғрисида бормоқда.

Агар пул мажбурияти бошқа, масалан маҳсулот етказиб бериш шартномасига асосланган мажбуриятнинг бир қисмини ташкил этса, қарздор-тўловчи мажбурияти маҳсулот, товарлар учун ҳақ тўлашдан иборат бўлади. Бу ҳолатда, агар мажбуриятларнинг бузилиши кузатилмаган бўлса, фоизлар тўлови назарда тутилмайди.

Шартномада кредиторга қарзни олиш юзасидан (масалан, шартномага кўра пул мажбуриятини бажариш жойи бўлиб ҳисобланган қарздорнинг яшаш жойи ўзгарганлиги муносабати билан) харажатларни қоплаш бўйича қарздорнинг мажбурияти кўзда тутилган. Бу ҳолда қарзнинг асосий суммасига кредиторнинг ана шу харажатлари ҳам қўшиб ҳисобланади, кредитор талабларини узиш тартиби, уларни қаноатлантириш навбати эса шарҳланаётган моддада белгилаб қўйилган.


2. Қарзнинг асосий суммасидан аввал сўндириладиган фоизлар деганда пул маблағларидан, хусусан заем, кредит, бўнак, олдиндан хақ тўлашдан ва ҳ.к. фойдаланганлик учун пул мажбурияти юзасидан тўланиши лозим бўлган фоизлар англашилади.


3. Битта кредиторнинг ягона ҳуқуқий муносабат доирасидаги талабларини қондириш навбати билан турли кредиторларнинг битта қарздор - юридик шахсга қўядиган талабларини бажариш кетма-кетилигидан фарқлаш зарур. Тўловлар банкка ҳисоб-китоб ҳужжатларининг келиб тушишига кўра календар навбат тартибида (тўлов муддати етиб келиши билан) бажарилади. Аммо тўлов ҳисобварақда унга қўйилган ҳамма талабларни қаноатлантириш учун етарли миқдорда пул маблағлари бўлсагина амалга оширилади (ЎзР ФК 784-модда). Ҳисобварақдаги пул маблағлари унга қўйилган барча талабларни қондириш учун етарли бўлмаган тақдирда, кредиторлар талабларини қондириш (пул маблағларини ҳисобдан чиқариш) ЎзР ФКнинг 784-моддаси, иккинчи қисмида кўзда тутилган навбатда бажарилади.

Агар қарз суммаси суд ҳужжати орқали ундирилаётган бўлса ва ҳисобварақдаги маблағлар етарли бўлмаса, ундирувни қарздорнинг мол-мулкига қаратилади. Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги қонунда ундирувни қарздорнинг мол-мулкига қаратиш навбати мол-мулкнинг мақсад-вазифасига, ишлаб чиқаришда фойдаланишдаги заруратига боғлиқ равишда муайян кетма-кетликда олиб қўйиш ва сотиш тартиби белгилаб қўйилган. Бунда ишлаб чиқариш мақсадларига хизмат қилувчи мол-мулкка хомашё, материаллар, ускуналар ва ш.к. ундирув охирги навбатда қаратилади.



249-модда. Қарзни депозитга қўйиш йўли

билан мажбуриятни бажариш


Қарздор ўзи тўлаши лозим бўлган пул ёки қимматли қоғозларни нотариуснинг депозитига, қонунда белгиланган ҳолларда эса - суднинг депозитига қўйишга ҳақли, башарти мажбурият қарздор томонидан қуйидагилар туфайли бажарилиши мумкин бўлмаса:

1) мажбурият бажарилиши лозим бўлган жойда кредитор ёки ижрони қабул қилиб олиш учун у вакил қилган шахс бўлмаса;

2) кредитор муомалага лаёқатсиз бўлса ва унинг вакили бўлмаса ёки вакил рози бўлмаса;

3) мажбурият бўйича ким кредитор эканлиги хусусида аниқлик йўқлиги кўриниб турган бўлса, хусусан бу ҳақда кредитор билан бошқа шахслар ўртасида низо чиққанлиги муносабати билан;

4) кредиторнинг ижрони қабул қилишдан бўйин товлаши ёки унинг томонидан бошқача йўл билан кечиктирилиши муносабати билан.

Пул суммасини ёки қимматли қоғозларни нотариус ёхуд суднинг депозитига қўйиш мажбуриятни бажариш ҳисобланади.

Депозитига пул ёки қимматли қоғозлар қўйилган нотариус ёхуд суд кредиторни бундан хабардор қилади.


1. ЎзР ФКнинг 249-моддасида қарздор тўлаши лозим бўлган пул ёки қимматли қоғозларни нотариуснинг депозитига, қонунда белгиланган ҳолларда эса суднинг депозитига қўйишнинг батафсил рўйхати белгиланган. Пул ёки қимматли қоғозларни кредиторга топшириш учун нотариус томонидан депозитга қабул қилиш мажбуриятни бажариш жойида амалга оширилади (ЎзР 1996 йил 26 декабрдаги 343-I-сонли “Нотариат тўғрисида”ги Қонуни, 74-модда). Пул маблағларини кредиторнинг ҳисоб варағига ўтказишни қарздор жойлашган ердаги (яшаш жойидаги) нотариус ёки суд депозитига ўтказилиши орқали мажбуриятни ижро этиш масалан, тугатиш бошқарувчиси томонидан амалга оширилиши мумкин, бу ҳақда кредиторга хабар қилинади (ЎзР 1994 йил 5 майдаги “Банкротлик тўғрисида”ги Қонуни (Янги таҳрир) 1054-XII-сон, 138-модда).

Таъкидлаш жоиз, мазкур модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ижрони депозитга ўтказишга оид барча асослар қарздор томонидан мажбуриятларни бевосита кредиторнинг ўзига бажаришнинг юридик ёки амалий имкониятлари мавжуд бўлмаган ҳолатларни жам этган.


2. Қарздорнинг тегишли пуллари ёки қимматли қоғозларини кредитор номига очилган депозитга ўз вақтида киритилиши, мажбурият бажарилган ҳолатга тенглаштирилади. Бинобарин, қарздор ўз мажбуриятини бажарган ҳисобланади ва тегишли равишда қарз суммасига фоизлар, шу жумладан ЎзР ФКнинг 327-моддасида кўзда тутилган фоизлар ҳисобланмайди.

Депозитига пул ёки қимматли қоғозлар қўйилган нотариус ёхуд суд кредиторни бундан хабардор қилади. Қарздор ўз мажбуриятларини бажариш мақсадида депозитга маблағ киритганлиги тўғрисидаги нотариус ёки суднинг хабарномасини олган кредитор ижрони қабул қилиб олмаса, ЎзР ФКнинг 337-моддасига мувофиқ кечиктирган деб ҳисобланади.

Айтиш ўринлики, кредитор депозитда сақланаётган мажбурият суммасини олмаган тақдирда, мазкур сумма қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда давлат эгалигига ўтади. Хусусан, ЎзР “Банкротлик тўғрисида”ги Қонунининг 138-моддасига кўра, мазкур сумма нотариус ёки суд депозитига ўтказилган пайтдан эътиборан уч йил ичида кредитор томонидан олинмаса, бу сумма тегишинча нотариус ёки суд томонидан давлат бюджетига ўтказилади.



250-модда. Муқобил мажбуриятни бажариш


Агар қарздор икки ёки бир неча ҳаракатлардан бирини қилиши ёхуд кредиторга бир ёки бошқа мол-мулкни топшириши лозим бўлса, башарти қонун ҳужжатлари, шартнома ёки мажбуриятнинг моҳиятидан бошқача тартиб англашилмаса, танлаш ҳуқуқи қарздор ихтиёрида бўлади.


1. Шарҳланаётган моддада мажбуриятни бажариш бўйича икки ёки бир неча ҳаракатлар қилиш имконияти бўлганда, қарздорга улардан бирини бажариши лозимлиги юзасидан танлаш имкониятини тақдим этилган, шу сабабли, қарздорнинг танлови учун кредиторнинг розилигини ёки маъқулашини олиш талаб этилмайди. Моҳиятан муқобил мажбуриятнинг мавжудлиги мазкур мажбурият мазмунидан келиб чиққан ҳолда ҳар қандай ҳаракатнинг бажарлиши билан кредиторнинг талаби бажарилган ҳисобланади. Мисол тариқасида шартнома бўйича кредиторга пул маблағларини тўлаш, ёки ана шу пул суммасига эквивалент бўлган муайян товарни етказиб бериш кўзда тутилган ҳолатни кўрсатиш мумкин.

Бироқ қарздорнинг мажбуриятни бажариш учун муқобил ҳаракатлардан бирини танлаш ҳуқуқи шартноманинг ўзида, қонун билан ёхуд мажбурият моҳиятига кўра чеклаб қўйилган бўлиши мумкин. Масалан, агар олди-сотди шартномасининг шартлари бузилиб, лозим даражада сифатли бўлмаган ашё сотилган бўлса, бу ҳолда кредитор сотувчидан (қарздордан) сотув нархини мутаносиб ҳолда камайтиришни, ёки товардаги камчиликларни текинга бартараф этилишини, ёинки уларни бартараф этиш учун сарфлаган ўз харажатларини қоплашни талаб этиши мумкин (ЎзР ФК 408-модда).



251-модда. Бир неча кредитор ёки бир неча қарздор

иштирок этадиган мажбуриятни бажариш


Агар улушли мажбуриятда бир неча кредитор ёки бир неча қарздор иштирок этса, башарти қонундан ёки шартномадан бошқача тартиб англашилмаса, у ҳолда ҳар бир кредитор мажбуриятни бошқалар билан тенг улушларда бажаришни талаб қилишга ҳақли, ҳар бир қарздор эса бу талабни бажариши шарт.


1. ЎзР ФКнинг 251-моддасида кредитор ёки қарздор томонида (ёхуд ҳар икки томонда ҳам) бир неча шахс иштирок этган ҳолатларни кўзда тутилган. Бу ҳолатларда шахсларнинг кўплиги вазияти вужудга келади. Кредитор томонида бир неча шахс иштирок этганда кўпчилик иштирокидаги фаол мажбурият юзага келади (масалан, бир неча қарз берувчи битта қарздор билан ягона шартнома тузадилар); мажбурият юзасидан қарздор томонида бир неча шахс иштирок этган ҳолда, кўпчилик иштирокидаги пассив мажбурият юзага келади (масалан, ижарага берувчи томонидан бир неча ижарачига топшириб қўйилган ижара предмети учун ижара ҳақини тўлаш); башарти мажбурият бўйича кредитор томонида ҳам, қарздор томонида ҳам бир нечадан шахс иштирок этса, буни кўпчилик иштирокидаги аралаш мажбурият дейилади (масалан, бир неча харидорга умумий мулк ҳуқуқи асосида битта ашёни бир неча эгалик қилувчи-сотувчилар томонидан сотилиши).

Қоидага кўра, кўпчилик шахслар иштирокидаги мажбуриятларда иштирокчиларниг улуши бўйича, башарти қонундан ёки шартномадан бошқача тартиб англашилмаса, ҳар бир иштирокчи бошқалар билан тенг улушларда деб ҳисобланади. Кредитор томонида ва/ёки қарздор томонида иштирокчиларнинг турли ҳажмлардаги улуш билан қатнашиши мумкин бўлган ҳолатлар шартномаларнинг алоҳида турларига бағишланган нормаларда кўриб чиқилган. Мисол тариқасида оддий ширкат иштирокчиларининг умумий мажбуриятлар юзасидан ҳар бир қатнашчининг умумий ишдаги иштирокига қўшган ҳиссасига мутаносиб равишда ўрнатилишини кўрсатиш мумкин (ЎзР ФК 967-моддаси учинчи қисми).



252-модда. Солидар қарздорлар мажбурияти

бўйича кредиторнинг ҳуқуқлари


Қарздорлар шерик бўлиб мажбурият олганида кредитор ҳамма қарздорлардан мажбуриятни солидар бажаришни ҳам, уларнинг ҳар биридан алоҳида-алоҳида бажаришни ҳам, шу билан бирга қарзни тўла ёки унинг бир қисмини бажаришни ҳам талаб қилишга ҳақли.

Солидар қарздорларнинг биридан тўлиқ қаноатланмаган кредитор ололмаган нарсасини бошқа солидар қарздорлардан талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Солидар қарздорлар мажбурият тўла бажарилгунича бурчли бўлиб қолаверадилар.


1. ЎзР ФКнинг 252-моддаси мазмуни қарздорлар солидар жавобгарликка эга бўлган ҳолатларда кредитор томонидан талабларни қўйиш ҳуқуқини амалга ошириш тартибини белгилашга йўналтирилган. Кредитор барча қарздорларга талаб қўйиши мумкин бўлгани каби, уларнинг ҳар бирига алоҳида тўлиқ равишда ёки қарзнинг бир қисмига талаб қўйишга ҳақли.

Қарздорлар солидар мажбуриятга эга бўлган ҳолатда то мажбурият тўлиқ ижро этилмагунга қадар жавобгар бўлиб қоладилар. Ўз навбатида, солидар мажбуриятнинг солидар қарздорларнинг биттаси томонидан тўлиқ бажарилиши ҳам солидар мажбуриятнинг бекор бўлишига олиб келади, шу боис қолган қарздорлар кредитор талабини бажаришдан озод бўладилар (ЎзР ФК 254-моддаси биринчи қисми).



253-модда. Солидар қарздорларнинг кредитор

талабларига қарши эътирозлари


Қарздор солидар бўлиб мажбурият олган тақдирда бошқа қарздорларнинг кредитор билан мазкур қарздор қатнашмайдиган муносабатларига асосланган эътирозларни кредиторнинг талабларига қарши қўйишга ҳақли эмас.


ЎзР ФКнинг 253-моддасида қарздор томонидан бошқа қарздорларнинг кредитор билан мазкур қарздор қатнашмайдиган муносабатларига асосланган эътирозларни кредиторнинг талабларига қарши қўйишига йўл қўйилмаслиги белгиланган. Агар харидор шартномада солидар деб эътироф этилган бир неча сотувчи билан олди-сотди шартномасини тузган бўлса, товарни етказиб бериш кечиктирилиши мумкинлиги борасида қарздорлардан бирига харидорнинг берган розилиги, бошқаларни товарни ўз вақтида етказиб бериш мажбуриятидан озод қилмайди.

ЎзР ФКнинг 235-моддаси иккинчи қисмида кўрсатиб ўтилган муносабатлар ҳам шу каби тартибга бўйсунади, яъни мажбуриятда қарздор томонида иштирок этган шахслардан бирига кредитор билдирган талабларнинг ҳақиқий эмаслиги, шунингдек бундай шахсга талаб қўйишга доир даъво муддати ўтиб кетганлиги кредиторнинг қолган шахсларга бўлган талабларига ўзича дахл этмайди (таълуқли эмас).

Бироқ қарздор кредиторнинг талабига қарши эътироз билдирганда, бошқа қарздорларда мавжуд эътирозларни рўкач қила олмайди. Масалан, агар қарздорлардан бирида кредиторга нисбатан муқобил (қарши) талаб қўйиш имконияти бўлса ва ана шу талабни ҳисобга ўтказиш орқали кредиторнинг талаби қисман сўндирилса, бошқа қарздор жавобгарликдан қутулиш учун анашу эътирозни рўкач қилиб кўрсатишга ҳақли эмас.



254-модда. Солидар мажбуриятнинг қарздорлардан

бири томонидан бажарилиши


Солидар мажбуриятнинг қарздорлардан бири томонидан тўлиқ бажарилиши қолган қарздорларни кредитор олдидаги мажбуриятни бажаришдан озод қилади.

Агар қонунларда ёки шартномаларда бошқача тартиб белгилаб қўйилган бўлмаса, солидар мажбуриятни бажарган қарздор ўз улушини чегириб ташлаб, бошқа қарздорларга тенг улушларда регресс талаби қўйиш ҳуқуқига эга бўлади. Солидар мажбуриятни бажарган қарздорга тўланмаган ҳақ бу ва бошқа қарздорлар зиммасига тенг улушларда тушади.


1. ЎзР ФК 254-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, мажбуриятнинг тўлиқ ижроси қарздорлардан биттаси томонидан бажарилганми, ёки барчаси томонидан эканлигидан қатъий назар, унинг лозим даражада бажарилишига оид оқибатга эришилади.


2. Бироқ, юқоридаги айтиб ўтилганлар натижасида, қарздорлар ўртасида, аниқроғи мажбуриятни адо этган қарздор билан бошқа қарздорлар ўртасида янги (регресс) солидар мажбурият ҳосил бўлади. Бу ҳолда қарзни тўлаб юборган қарздор энди бошқа солидар қарздорлар олдида кредитор ҳуқуқини олади ва ўз улушига тушадиган ҳиссани чиқариб ташлаган ҳолда, қолган қарздорлар ҳисобидан кредиторга тўлаб юборган суммани ундириб олиши (иш, хизматни қийматини қоплашни) шарт бўлади. Қолган қарздорларнинг (агар улар бир нечта бўлса) солидар мажбуриятни адо этган қарздорнинг регресс талаби бўйича бурчи, агар қонун ҳужжатларида ва шартномада бошқа қоида белгиланмаган бўлса, улушли бўлиши кўзда тутилади.

Улушларнинг тенг бўлмаслигига қонунда кўрсатилган ҳолатларда йўл қўйилади. Масалан, қўшимча масъулиятли жамият иштирокчиларидан бири банкрот бўлган ҳолда, унинг жамият мажбуриятлари бўйича улуши қолган шерик қарздорлар ўртасида уларнинг жамиятнинг устав капиталидаги улушига мутаносиб равишда тақсимланади. Тегишли равишда, жамият мажбуриятлари бўйича кредиторларга тўловни амалга оширган иштирокчи, тўлов суммасини жамиятнинг бошқа иштирокчиларидан устав капиталидаги уларнинг улушига мутаносиб равишда ундириб олади. Демак, агар киритилган бадаллар тенг бўлмаса, улушлар ҳам тенг бўлмайди.



255-модда. Солидар талаблар


Талаб солидар бўлиб қўйилганида ҳар қандай солидар кредитор қарздорга тўла ҳажмда талаб қўйишга ҳақли бўлади.

Қарздор солидар кредиторлардан бирининг талабига қарши ўзининг ушбу кредитор қатнашмайдиган бошқа солидар кредиторлар билан муносабатларига асосланган эътирозларни қўйишга ҳақли эмас.

Мажбуриятни солидар кредиторлардан бирига нисбатан тўла бажариш қарздорни мажбуриятни бошқа солидар кредиторларга нисбатан бажаришдан озод қилади.

Қарздордан мажбуриятнинг ижросини қабул қилиб олган солидар кредитор, башарти улар ўртасидаги муносабатлардан бошқача тартиб англашилмаса, бошқа кредиторларга тегишли бўлган улушларни уларга тўлаши шарт.


1. Шарҳланаётган моддада кредитор томонида шахсларнинг кўп бўлиш ҳолатига (солидар талабларга) оид масалалар ҳал этилган, бунда ҳар қандай солидар кредитор қарздорга тўла ҳажмда талаб қўйишга ҳақли бўлади. Бундай ҳолат масалан, биргаликдаги фаолият тўғрисидаги шартноманинг иштирокчилари мажбурият бўйича қарздорга қарши томон сифатида намоён бўлганда вужудга келади (ЎзР ФК 962-модда - Оддий ширкат шартномаси.), ёки биргаликдаги мулк бўлган мол-мулкнинг шерик мулкдорлари субъектлари билан муносабатларда бундай хол рўй бериши мумкин (ЎзР ФК 225-модда). Шарҳланаётган моддада қарздор томонидан солидар кредиторлардан бири олдидаги мажбуриятини ўз ташаббуси билан бажаришига оид ҳолатлар назарда тутилмаган. Айтиш мумкинки, қарздор кредиторнинг талаби бўлмаса ҳам, ўз ташаббуси билан солидар кредиторлар олдидаги мажбуриятларини улардан биттасига тўлиқ ижро этиб беришга ҳақлидир.

Мазкур модданинг иккинчи қисмига мувофиқ, қарздор солидар кредиторлардан бирининг талабига қарши ўзининг ушбу кредитор қатнашмайдиган бошқа солидар кредиторлар билан муносабатларига асосланган эътирозларни қўйишга ҳақли эмас. Бунинг маъноси шуки, масалан, кредиторлар бири билан ҳар бир кредитор учун ижрони бўлиб бўлиб бажаришга келишилганлиги, қарздорни бошқа кредиторлар олдидаги мажбурияти бўйича жавобгарликдан озод этмайди.


2. Мажбуриятни солидар кредиторлардан бирига нисбатан тўла бажариш қарздорни мажбуриятни бошқа солидар кредиторларга нисбатан бажаришдан озод қилади. Бу ҳолда солидар мажбурият бекор бўлади, аммо янги кўпчилик иштирокидаги фаол (актив) мажбурият ҳосил бўлади, яъни ижрони қабул қилиб олган солидар кредитор-қарздор, бошқа солидар кредиторлар эса - улушдаги кредиторларга айланиб қолади. Аммо шуни ҳам унутмаслик лозимки, бу механизм улар ўртасидаги муносабатларда бошқача қоида кўзда тутилган бўлмаган ҳолларда иш беради.



256-модда. Мажбуриятларни муқобил суратда бажариш


Тарафлардан бири шартномага мувофиқ бошқа тарафнинг ўз мажбуриятларини бажаришига боғлиқ қилиб қўйилган мажбуриятни бажариши муқобил бажариш ҳисобланади.

Бурчли тараф шартномада белгилаб қўйилган мажбуриятни бажармаган ёки мажбурият белгиланган муддатда бажарилмаслигини очиқ кўрсатиб турган вазият мавжуд бўлган тақдирда, муқобил ижрони ўз зиммасига олган тараф ўз мажбуриятини бажармай туришга ёки бу мажбуриятни бажаришдан бош тортишга ва кўрилган зарарни тўлашни талаб қилишга ҳақли.

Агар шартномада кўрсатилган мажбурият тўла ҳажмда бажарилмаган бўлса, муқобил ижрони ўз зиммасига олган тараф ўз мажбуриятининг иккинчи тарафнинг тўла ҳажмда бажарилмаган мажбуриятига мос келадиган қисмини бажаришни тўхтатиб қўйишга ёки бажаришдан бош тортишга ҳақли.

Агар бир тараф шартномада белгилаб қўйилган ўз мажбуриятини бажармаган бўлишига қарамай, иккинчи тараф мажбуриятнинг муқобил ижросини амалга оширган бўлса, биринчи тараф ўз мажбуриятини бажариши шарт.

Ушбу модданинг иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмларида назарда тутилган қоидалар шартнома ёки қонунда бошқача тартиб белгиланган бўлмаса қўлланилади.


1. Мажбуриятнинг муқобил тарзда бажарилишида тарафлардан бири томонидан ўз мажбуриятни бажариши шартномага мувофиқ бошқа тарафнинг ўз мажбуриятларини бажаришига боғлиқ қилиб қўйилиши кўзда тутилади. Яъни бу модданинг қоидалари муқобил ашёвий тақдимотларни (топширишларни) (олди-сотди, айирбошлаш, пудрат ва ш.к.) назарда тутувчи икки томонлама мажбуриятли шартномаларга тааллуқли бўлиб ҳисобланадики, бунда шартноманинг предметини ташкил этувчи мажбуриятларнинг бирига кўра кредитор ҳисобланган шахс бир вақтнинг ўзида муқобил мажбурият бўйича қарздор сифатида намоён бўлади. Бир томонлама мажбуриятли (заём, рента) шартномаларга, шунингдек ҳақ тўланмайдиган (ҳадя, текин фойдаланиш) шартномаларга нисбатан ЎзР ФКнинг 256-моддасини қўллаб бўлмайди. Масалан, агар маҳсулот етказиб бериш тўғрисидаги шартномада тўловни олдиндан ўтказиб бериш кўзда тутилган бўлса, маҳсулот етказиб берувчи товарни фақат сотувчининг пулини олганидан кейин етказиб беради (ЎзР ФК 420-модда). Бу ўринда бошқа томон мажбуриятни бажарганидан сўнг иккинчи томон ижро этадиган мажбурият муқобил мажбурият ҳисобланади.


2. Бир тараф муқобил ижрони тўхтатиб қўйиш, масалан, олдиндан тўлов ўтказиш тартибида маблағлар келиб тушмаган тақдирда товарларни беришни тўхтатиш (бу ҳолда шартномада белгиланган мажбуриятнинг ижроси бурчли томондан тақдим этилмаслиги), қолаверса, ҳатто бажаришни рад этиш ва кўрилган зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқига эга. Бурчли томон мажбуриятини ўз вақтида бажармаслигини очиқ кўрсатиб турган вазият деганда, масалан, бурчли томоннинг банкрот бўлишини англаш мумкин.

Агар шартномада кўрсатилган мажбурият тўла ҳажмда бажарилмаган бўлса, масалан, маҳсулот етказиб берувчига пул маблағларининг фақат бир қисми келиб тушганда, иккинчи тараф ўзининг муқобил мажбуриятини бажаришдан бош тортишга ёки бажарилмай қолган мажбуриятига мос келадиган қисмини бажаришни тўхтатиб қўйишга ҳақли. Маҳсулот етказиб берувчи йўл қўйилган қоида бузилишининг содир бўлишини асос қилиб, иккинчи тарафнинг айбидан қатъий назар, ана шундай хатти-ҳаракат қилишга ҳақлидир.


3. Таъкидлаш жоизки, ўзининг муқобил мажбуриятини бажаришдан бош тортиш ёки тўхтатиб қўйиш муқобил мажбурият бўйича бурчли бўлган тарафнинг мажбурияти эмас, ҳуқуқи ҳисобланади. Шу сабабли, агар бурчли тараф ана шу ҳуқуқидан фойдаланмасдан муқобил мажбуриятини бажарган бўлса, у иккинчи тарафдан шартномада белгиланган ўз мажбуриятларининг бажарлишини талаб этишга ҳақлидир.


4. Шу билан бир қаторда, ЎзР ФК 256-моддасининг бешинчи қисмида мазкур модданинг иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмларида кўзда тутилган қоидалар агар шартномада ёки қонунда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса қўлланишини кўрсатадики, бу холат шартномада иштирок этаётган тарафларга мазкур моддада кўрсатилган қоидалардан чекиниш имкониятини беради.



257-модда. Мажбуриятнинг бажарганлигини тасдиқлаш


Кредитор мажбуриятнинг бажарилишини қабул қилиб олган вақтида, қарздорнинг талаби билан унга мажбуриятнинг тўла ёки қисман бажарилишини қабул қилиб олганлиги ҳақида тилхат бериши шарт. Оғзаки битимлар юридик шахслар билан фуқаролар ўртасида бажарилганида товарлар ёки хизматлар ҳақини тўлаган юридик шахс бошқа тарафдан пул тўланганлигини тасдиқлайдиган ҳужжатни ва тўлов асосини олиши керак.

Агар қарздор мажбуриятни тасдиқлаш юзасидан кредиторга қарз ҳужжати берган бўлса, кредитор ижрони қабул қилиб олаётган вақтида ушбу ҳужжатни қайтариб бериши, қайтариб беришнинг имкони бўлмаганида эса - буни ўзи бераётган тилхатда кўрсатиши керак. Тилхат ўрнига қайтариб берилаётган қарз ҳужжатига устхат ёзилиши мумкин. Қарз ҳужжатининг қарздорда бўлиши, бошқа бир ҳол исботланмагунча, мажбуриятнинг бекор бўлганлигини тасдиқлайди.


1. ЎзР ФКнинг 257-моддасида кўрсатилган кредитор мажбуриятнинг бажарилишини қабул қилиб олган вақтида, қарздорнинг талаби билан унга мажбуриятнинг бажарилишини қабул қилиб олганлиги ҳақида тилхат бериш бўйича бурчи ҳам оғзаки, ҳам ёзма тарзда амалга ошириладиган битимлар қаторига киради ҳамда мажбуриятнинг қисман ва тўла бажарилишига оид шартлар таркибига киради. Кредиторнинг ушбу мажбурияти фақат қарздор томонидан тегишинча талаб қўйилган ҳолдагина вужудга келади. Бироқ, агар мажбурият ижроси юридик шахс ва фуқаролар ўртасида тузилган оғзаки битим бўлса, товарлар ва хизматлар ҳақини тўлаган юридик шахс иккинчи тарафдан пулнинг тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни ва унинг асосини олиши шарт.

Таъкидлаш жоизки, мажбурият қисман бажарилган ҳолатларда тилхат бериш мажбурияти фақат ана шундай қисман ижро мумкин бўлган ҳолатлардагина вужудга келади (ЎзР ФКнинг 239-моддаси шарҳига қаранг).


2. Агар қарздор мажбуриятни тасдиқлаш юзасидан кредиторга қарз ҳужжати берган бўлса, кредитор ҳужжатни қайтариб бериши лозим. Тилхат ўрнига қайтариб берилаётган қарз ҳужжатига устхат ёзилиши мумкин. Мажбуриятнинг бажарилганлиги далолати бошқа ёзма исботлар билан ҳам тасдиқланиши мумкин. Қарздорда қарз ҳужжати мавжудлигининг ўзиёқ мажбурият бекор бўлганлигини тасдиқлайди.

Шуни ҳам эътибордан четда қолдирмаслик керакки, низо содир бўлга ҳолда, кредитордан тилхат талаб қилиб олмаган, бинобарин ижрони тақдим этиш юзасидан оддий ёзма битим шаклига риоя этмаган қарздор ЎзР ФКнинг 109-моддасига мувофиқ мажбуриятнинг бажарганлигини гувоҳларнинг кўрсатмалари билан исботлаш ҳуқуқидан маҳрум бўлади ва фақат ёзма ёки бошқа ашёвий далиллар билан тасдиқлаши мумкин бўлади.



258-модда. Мажбурият бажарилганлигини тасдиқлаш

ҳақидаги талабни бажармаслик оқибатлари


Кредитор тилхат беришдан, қарз ҳужжатини қайтаришдан ёки қайтариб бериш имкони йўқлигини тилхатда кўрсатишдан бош тортган тақдирда, қарздор ижрони тўхтатиб туришга ҳақли бўлади. Бундай ҳолларда кредитор муддатни кечиктирган ҳисобланади.


1. Мазкур моддада кредиторнинг тилхат беришдан, қарз ҳужжатини қайтаришдан бош тортишининг ёки тилхатда бундай ҳужжатни қайтариш имконияти йўқлигини ёзиб қўйишининг оқибатлари белгилаб қўйилган. Бундай ҳолларда қарздор ижрони тўхтатиб туришга ҳақли бўлади. Кредитор томонидан шартнома бўйича шартлашилган нарсани топширишни кечиктириб юбориши қарздорга кечиктириш сабабли етказилган зарарни ундириш ҳуқуқини беради ва уни кейинчалик мажбуриятни бажара олмаслик учун жавобгарликдан озод этади, қарздорнинг қасддан иш тутиши ёки қўпол эҳтиётсизлиги билан рўй берган холатлар бу қоидадан мустасно (ЎзР ФК 338-моддаси биринчи қисми).

Шундай бўлсада, кредиторнинг кечиктириб юборишига оид қоидаларни татбиқ этилиши учун, қарздор кредитордан тилхат беришни, ёки унинг ўрнига қарз ҳужжатига устхат ёзиб беришни талаб қилганлигини исботлаши зарур бўлади.



22-БОБ. МАЖБУРИЯТЛАРНИНГ

БАЖАРИЛИШИНИ ТАЪМИНЛАШ


259-модда. Умумий қоидалар

1-§. Неустойка. (260-263-моддалар)

2-§. Гаров. (264-289-моддалар)

3-§. Ушлаб қолиш. (290-291-моддалар)

4-§. Кафиллик. (292-298-моддалар)

5-§. Кафолат. (299-310-моддалар)

6-§. Закалат. (311-312-моддалар)



259-модда. Умумий қоидалар


Мажбуриятнинг бажарилиши неустойка, гаров, қарздорнинг мол-мулкини ушлаб қолиш, кафиллик, кафолат, заклат ҳамда қонун ҳужжатлари ёки шартномада назарда тутилган бошқача усуллар билан таъминланиши мумкин.

Мажбуриятнинг бажарилишини таъминлаш тўғрисидаги келишувнинг ҳақиқий эмаслиги ушбу мажбуриятнинг (асосий мажбуриятнинг) ҳақиқий эмаслигига олиб келмайди.

Асосий мажбуриятнинг ҳақиқий эмаслиги унинг бажарилишини таъминлайдиган мажбуриятнинг ҳақиқий эмаслигига олиб келади.


1. Боб номининг ўзидан - мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш - мазкур институт қарздорнинг асосий мажбурият бўйича ўзининг мажбурияти (мажбуриятлари)ни лозим даражада бажаришга рағбатлантириш учун мўлжаллангани келиб чиқади, ўзининг мажбуриятини бажармаслик ҳолатида эса - кредитор манфаатларини қондириш воситаси бўлиб хизмат қилади.

ЎзР ФК 259-моддасининг биринчи қисми мажбуриятлар бажарилишини таъминлашнинг олтита энг кўп қўлланиладиган усулларини ўз ичига олади ва уларнинг ҳар бирига ЎзР ФК 22-бобида алоҳида параграф бағишланган. Лекин юқорида кўрсатилган рўйхат тўлиқ деб ҳисобланмайди. Ушбу модда қонун ҳужжатлари ёки шартномада назарда тутилган бошқа таъминлаш усулларини ҳам истисно этмайди. Масалан, ЎзР ФК 749-моддасига мувофиқ, мижоз ўзининг молия агенти олдидаги мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш мақсадида ҳам қарздорга нисбатан пул талабномасидан молия агенти фойдасига воз кечиши мумкин.

Шунинг учун, мажбуриятни таъминлашнинг у ёки бу усулининг ўзига хос хусусиятларини ва унинг муайян вазиятларга нисбатан қўллаш имкониятларини ҳисобга олиш керак. Айтайлик, неустойка ва заклат бир вақтнинг ўзида фуқароликҳуқуқий жавобгарликнинг чораларини ифодалайдилар ва улар сифатида қарздорни, ҳақиқатдан амалга ошадиган жавобгарликни қўллаш хавфи остида мажбуриятларни шундай усулда бажаришга ундайди, негаки неустойка ёки пеняни белгиланган миқдорда ундириш кредитордан унчалик жиддий саъйи ҳаракат лар сарфланишини талаб қилмайди, масалан, қачонки уларнинг хажмини асослаш ва исботлаш лозим бўлган зарарларни қоплаш ҳолатида.

Гаров, кафиллик, банк кафолати кредитор учун, қарздор томонидан улар таъминлаган мажбуриятни бузган ҳолларда, унинг талабларини қондириш эҳтимолини оширади.

Мажбуриятни таъминлаш усулини танлаш кўп жиҳатдан унинг туб маъносига боғлиқдир. Мисол учун, қарз шартномаси ёки кредит шартномасидан келиб чиқадиган мажбуриятлар учун гаров, банк кафолати ва кафиллик каби усуллар энг аҳамиятли бўлиб кўринади. Шу билан бирга, агар гап, пудрат, банк ҳисобварағи шартномаси ва бошқалардан келиб чиқадиган, ишни бажариш ёки хизмат кўрсатиш мажбуриятлари ҳақида кетса, неустойкани қўллаш афзалроқдир, негаки кредитор манфаати қарздордан пул суммасини олишдан эмас, балки муайян натижага эришишдан иборатдир.

Мажбуриятни санаб ўтилган ҳар қандай усуллардан бири билан таъминлаш ҳам кредитор билан қарздор (ёки қарздорнинг мажбуриятини таъминлайдиган бошқа шахс) орасида мажбуриятлар ҳуқуқий муносабатини вужудга келтиради.


2. Умумий қоидага кўра, мажбуриятни таъминлаш институти, тегишли равишда таъминланадиган асосий мажбуриятга нисбатан қўшимча хусусияти билан ажралиб туради. Қўшимча мажбурият тақдири асосий мажбуриятнинг ҳақиқийлигига таъсир кўрсатмайди. Мисол учун, мазкур мажбуриятнинг бажарилиши таъминланадиган, мажбурият бажарилишини таъминлаш тўғрисидаги битимнинг бекор қилиниши ҳолларида ҳам, шартнома ўз кучини сақлаб қолади. Ўз навбатида, агар қонун билан бошқаси белгиланмаган бўлса, асосий мажбуриятнинг бекор қилиниши уни таъминлайдиган мажбуриятнинг бекор қилинишига олиб келади. Бундай қоида бўйича истиснолардан бири - кафолатдир (ЎзР ФК 301 моддаси).

Шуниси диққатга сазоворки, кредитор ҳуқуқларининг бошқа шахсга ўтишида, таъминлайдиган мажбурият асосий мажбуриятнинг ортидан эргашади (ЎзР ФК 315 моддаси).



1-§. НЕУСТОЙКА


260-модда. Неустойка тушунчаси

261-модда. Неустойка шакллари

262-модда. Неустойка тўғрисидаги келишувнинг шакли

263-модда. Қонуний неустойка



260-модда. Неустойка тушунчаси


Қонун ҳужжатлари ёки шартнома билан белгиланган, қарздор мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдиpда кредиторга тўлаши шарт бўлган пул суммаси неустойка ҳисобланади.

Неустойка тўлаш ҳақидаги талаб бўйича кредитор ўзига етказилган зарарни исботлашга мажбур эмас.

Неустойка билан фақат ҳақиқий талаб таъминланади.

Агар қарздор мажбурият бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги учун жавобгар бўлмаса, кредитор неустойка тўлашни талаб қилишга ҳақли эмас.


1. Неустойка - мажбуриятларни таъминлашнинг кенг тарқалган усулидир. Неустойканинг маъноси, мажбуриятларини бажармаслик ёки лозим даражада бажармаслиги мавжудлиги холатида келтирилган зарарларнинг миқдори шунингдек, бажариш муддатини кечиктириш ҳоллари, тўланиши лозим бўлган муайян пул суммасига мутаносиб равишда қарздор томонидан тўлашдан иборат. Шартнома мажбуриятларини таъминлаш мақсадида неустойканинг кенг қўлланилиши, биринчи навбатда, қарздор томонидан мажбуриятларини бажармаслик ёки лозим даражада бажармаслиги оқибатида вужудга келган кредитор талофатларини ўрнини тўлдириш қулай воситаси эканлиги билан изоҳланади. Бу маънода неустойкага қуйидаги хусусиятлар хосдир: томонлар шартномани тузиш пайтидаёқ олдиндан мажбуриятнинг бузилиши ҳолатлари учун жавобгарлик миқдорининг олдиндан белгиланганлиги; бундай бузиш сабабли етказилган зарарлар мавжудлигини исботлаш зарурияти йўқлиги ҳолларида мажбуриятни бузиш ҳолатининг ўзи учун неустойкани ундириш; томонларнинг ўз ихтиёрига кўра неустойка тўғрисидаги шартнома шартини белгилаш имконияти (қонуний неустойкадан ташқари), шу жумладан, унинг миқдори, зарарлар билан ўзаро нисбати, ҳисоблаш тартиби қисмида, уни томонларнинг муайян ўзаро муносабатларига мослаштирган ва мақсадга мувофиқ таъсирини кучайтирган ҳолда шакллантиришга хақли эканлиги.

Келиб чиқиш асосларига кўра, шартномавий (шартномада белгиланган) ва қонуний (қонун билан белгиланган) неустойка фақланади. Неустойкани ташкил қилувчи пул суммасини ҳисоблаш тартиби турлича бўлиши мумкин: шартнома суммасидан ёки унинг бажарилмаган қисмидан фоизлар кўринишида; мажбуриятларни бажармаслик ёки лозим даражада бажармаслик суммасига каррали нисбатда; пул бирликларида ифодаланган қатъий суммада; ва ҳоказоларда. Бироқ, неустойка кўринишидан қатъий назар, фуқаролик - ҳуқуқий шартномада томонлардан бирига мажбуриятларни бузишнинг ҳар бир алоҳида ҳолатида неустойка миқдорини белгилаш бўйича ваколатларни бериш назарда тутилиши мумкин эмас.


2. Неустойкада жавобгарлик зарурий асосларининг таркиби, зарарларни қоплаш шаклидаги жавобгарлик асосларига қараганда чекланган. Неустойкани ундириш учун мажбуриятларни бажармаслик ёки лозим даражада бажармаслик ҳолати мавжудлигининг ўзи етарли бўлиши мумкин. Неустойка фуқаролик - ҳуқуқий жавобгарликнинг ўзига хос шаклидир ва ундан шу сифатда фойдаланиш хусусиятлари ЎзР ФК “Мажбуриятларнинг бузганлик учун жавобгарлик” номли 24-бобида назарда тутилади. Шуни таъкидлаш муҳимки, агар қарздор мажбуриятларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун жавобгар бўлмаса, кредитор неустойка тўланишини талаб қилишга ҳақли эмасдир (ЎзР ФК 349 моддасига шарҳларга қаранг).



261-модда. Жарима шакллари


Неустойка жарима ёки пеня шаклида бўлади.

Қарздор мажбуриятларни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган ҳолларда тўлайдиган ва, қоида тариқасида, қатъий пул суммасида ҳисобланадиган неустойка жарима ҳисобланади.

Қарздор мажбуриятларнинг бажарилишини кечиктириб юборганида тўлайдиган ва ўтказиб юборилган муддатнинг ҳар бир куни учун мажбуриятнинг бажарилмаган қисмига нисбатан фоиз билан ҳисобланадиган неустойка пеня ҳисобланади.


1. ЎзР ФК 261-моддасининг биринчи қисми неустойканинг иккита шаклини: жарима ва пеняни кўрсатади.

Одатда қатъий белгиланган пул суммаси шаклида ифодаланадиган бир марта ундириладиган сумма жарима ҳисобланади, гарчи у олдиндан белгиланган қийматга (пул миқдорига) мутаносиб фоизлар шаклида ифодаланиши мумкин бўлса ҳам (масалан, муддатида бажарилмаган ишнинг қийматидан 5%).

Пеня мажбуриятларнинг бажарилиши кечиктириб юборилганида қўлланилади ва ўтказиб юборилган муддатнинг ҳар бир куни учун муайян вақт ёки бутун кечиктириб юборилган вақт давомида ҳисобланади. У одатда мажбуриятнинг бажарилмаган қисмига нисбатан фоизларда белгиланади (масалан, кечиктирилган муддатнинг ҳар бир куни учун унинг бажарилиш пайтигача, муддатида бажарилмаган ишнинг қийматидан 5%).



262-модда. Неустойка тўғрисидаги келишувнинг шакли


Неустойка тўғрисидаги келишув ёзма шаклда тузилиши керак.


1. ЎзР ФК 262-моддасига мувофиқ, неустойка тўғрисидаги келишув ёзма шаклда тузилиши керак. Асосан, неустойка тўғрисидаги келишув шартнома шартларидан бири сифатида киритилиши мумкин, ҳамда неустойка билан таъминланган мажбуриятдан алоҳида тузилиши ҳам мумкин.

Неустойка тўғрисидаги келишувнинг ёзма шаклига риоя қилмаслик унинг хақиқий саналмаслигига олиб келади (ЎзР ФК 109-моддаси).



263-модда. Қонуний неустойка


Неустойка тўлаш тарафларнинг келишувида назарда тутилган ёки тутилмаганлигидан қатъи назар, кредитор қонунда белгиланган неустойка (қонуний неустойка)ни тўлашни талаб қилишга ҳақли.

Қонуний неустойканинг миқдори, агар қонун тақиқламаса, тарафларнинг келишуви билан кўпайтирилиши мумкин.


1. Қонуний неустойка тарафларнинг келишувида назарда тутилган ёки тутилмаганлигидан қатъий назар, тўланиши мажбурийдир. Хўжалик шартномаларини бажармаслик ёки лозим даражада бажармаслик учун жавобгарлик чоралари Ўзбекистон Республикаси 1998 йил 29 августдаги 670-I-сонли “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Қонунининг 25-32-моддаларида назарда тутилган.

Томонлар ўзларининг келишувларида қонуний неустойканинг янада катта миқдорини белгилашлари мумкин. Шундай қилиб, қатъий меъёр хисобланувчи қонуний неустойканинг миқдори аниқ қўлланилиши лозим, диспозитив таърифли меъёрлар билан тартибга солинадиган қонуний неустойка миқдори агар томонлар неустойканинг ўзгача миқдорини назарда тутмаган бўлсалар қўлланилади.

Таъкидлаш лозимки, агар шартномада, қонун императив нормасига нисбатан, неустойканинг кичик миқдори белгиланган бўлса, унда кўрсатилган шарт ҳақиқий ҳисобланмайди.



2-§. ГАРОВ


264-модда. Гаров тушунчаси ва унинг вужудга келиш асослари

265-модда. Гаров турлари

266-модда. Гаровга қўювчи

267-модда. Гаров нарсаси

268-модда. Гаров билан таъминланадиган талаб

269-модда. Гаровга қўйилган мол-мулкнинг

гаровга олувчига берилиши ва берилмаслиги

270-модда. Гаров ҳуқуқининг вужудга келиши

271-модда. Гаров тўғрисидаги шартнома, унинг

шакли ва шартномани рўйхатдан ўтказиш

272-модда. Гаровга олувчининг ҳуқуқлари

жорий қилинадиган мол-мулк

273-модда. Навбатдаги гаров

274-модда. Гаровга қўйилган мол-мулкни сақлаш ва асраш

275-модда. Гаровга қўйилган мол-мулк йўқолиши

ёки шикастланишининг оқибатлари

276-модда. Гаров нарсасини алмаштириш ва тиклаш

277-модда. Гаров нарсасидан

фойдаланиш ва уни тасарруф этиш

278-модда. Гаровга олувчининг гаров нарсасига

бўлган ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиши

279-модда. Ундирувни гаровга қўйилган

мол-мулкка қаратиш асослари

280-модда. Ундирувни гаровга қўйилган

мол-мулкка қаратиш тартиби

281-модда. Гаровга қўйилган мол-мулкни сотиш

282-модда. Гаров билан таъминланган мажбуриятни

муддатидан илгари бажариш ва ундирувни гаровга

қўйилган мол-мулкка қаратиш

283-модда. Гаровнинг бекор бўлиши

284-модда. Гаровга қўйилган мол-мулкка бўлган ҳуқуқ

бошқа шахсга ўтганида гаровнинг сақланиши

285-модда. Гаровга қўйилган мол-мулкни мажбурий

равишда олиб қўйишнинг оқибатлари

286-модда. Гаров тўғрисидаги шартнома бўйича

ҳуқуқлардан бошқа шахс фойдасига воз кечиш

287-модда. Гаров билан таъминланган мажбурият

бўйича қарзни бошқа шахсга ўтказиш

288-модда. Муомаладаги товарлар гарови

289-модда. Ашёларнинг ломбардда гаровга қўйилиши



264-модда. Гаров тушунчаси ва унинг вужудга келиш асослари


Бир шахснинг бошқа шахсга мол-мулкни ёки унга бўлган ҳуқуқни мажбуриятларни таъминлаш учун бериши гаров ҳисобланади.

Гаровга кўра қарздор гаров билан таъминланган мажбуриятни бажармаган тақдирда кредитор (гаровга олувчи) бу мажбурият бўйича ўз талаби гаровга қўйилган мол-мулкнинг қийматидан ушбу мол-мулк эгаси бўлган шахс (гаровга қўювчи)нинг бошқа кредиторларига қараганда имтиёзли суратда қаноатлантирилишига, қонунда белгилаб қўйилган чегиришлардан кейин, ҳақли бўлади.

Гаровга олувчи гаровга қўйилган мол-мулкни йўқотганлик ёки унга зиён етказганлик учун суғурта ҳақидан, бу мол-мулк кимнинг фойдасига суғурта қилинган бўлишидан қатъи назар, ўз талаби юқоридаги асосларда қаноатлантирилишига ҳақли, башарти мол-мулкни йўқотиш ёки унга зиён етказиш гаровга олувчи жавобгар бўлган сабабларга кўра юз берган бўлмаса.

Гаров шартнома ёки қонун асосида амалда юзага келади.


1. Гаров - мажбурият бажарилишини таъминлашнинг энг ишончли усулларидан биридир.

Гаров институти узоқ давом этган ривожланиш тарихига эга. Бунда, гаровнинг моҳияти ҳар доим бир хил бўлган, яъни у мажбуриятларни таъминлашга қаратилган, лекин унинг асосий элементлари ўзгариб турган.

Қарздор томонидан мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш учун гаров Қадимги Бобилда, Қадимги Юнонистонда ва Қадимги Римда фойдаланилган. Гаров кредиторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун қўлланилган. Гаров институти кредиторга шуниси билан афзалки, унда қарздор томонидан гаров нарсасида ифодаланган, мажбурият бажарилишининг ҳақиқий кафолати берилади.

Гаров билан таъминланган кедиторнинг талаблари қарздорнинг молиявий ёки ўзга ҳолатига боғлиқ бўлмайди. Қарздорнинг молиявий аҳволи ёмонлашган ҳолатида ва унинг кредитор олдидаги ўз мажбуриятларини бажариш имконияти бўлмаганда, кредиторнинг талаблари гаровга қўйилган молмулк ҳисобига қондирилади.


2. Гаровнинг моҳияти шундаки, қарздор кредиторга ўз мажбуриятларининг бажарилишини таъминлашга мўлжалланган молмулкини беради.

Таъкидлаш лозимки, гаровга бериладиган молмулк, ҳам қарздорга, ҳам бошқа шахсга тегишли бўлиши мумкин. Ўз мулкини гаровга қўювчи шахс гаровга қўювчи деб номланади. Талаблари гаров билан таъминланадиган кредитор - гаровга олувчидир.

Гаров мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқининг кредиторга ўтишини назарда тутмайди. Гаров кредиторга фақат, қарздорнинг бошқа кредиторларига нисбатан, ўз талабларини гаровга қўйилган мол-мулк қийматидан қаноатлантириш имкониятини беради. Қарздорнинг ўз мажбуриятларини бажармаслиги ҳолатида гаровга қўйилган мулк сотилади ва тушган пул суммасидан асосан кредиторнинг гаров билан таъминланган талаблари имтиёзли равишда қаноатлантирилади.

Шарҳланаётган модда кўрсатилган қоидалардан четга чиқишга рухсат беради. Бу, қонунда назарда тутилган ҳолларда, гаровга олувчининг талабларини қаноатлантириш ўзгача тартибда ҳал қилинишини англатади. Масалан, Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа орган ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 80-моддасида талаблар қондириладиган ундирувларнинг навбати белгиланади. Кўрсатилган моддага мувофиқ, гаровга қўйилган мол-мулкнинг қийматидан ундирув тўғрисидаги гаров билан таъминланган талаблар тўртинчи навбатда қондирилади. Демак, суд ҳужжатларини ижро этиш жараёнида гаровга олувчининг ҳуқуқи имтиёзли ҳисобланмайди.

Шунга ўхшаш қоида “Банкротлик тўғрисида”ги Қонун (янги таҳрири) билан, гаров нарсаси қарздорга мулк ҳуқуқи тегишли бўлган ҳолларда навбат белгиланган. Масалан, ушбу Қонуннинг 133-моддасига мувофиқ, агар гаровга қўйилган мол-мулкни (гаров нарсасини) сотишдан тушган сумма кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини тўла қондириш учун етарли бўлмаса, унда талабларнинг қолган қисми “Банкротлик тўғрисидаги” Қонуннинг 134-моддаси биринчи қисмида белгиланган навбат тартибида қондирилиши керак. Навбатдан ташқари қондирилиши лозим бўлган бундай харажатлар ва талаблар қуйидагилардир:

суд харажатлари;

суд бошқарувчиларига ҳақ тўлаш билан боғлиқ харажатлар;

коммунал хизматлар ва фойдаланиш харажатларига оид жорий тўловлар;

қарздорнинг мол-мулкини суғурта қилиш харажатлари;

қарздорнинг банкротлик тўғрисидаги иш қўзғатилганидан кейин юзага келган мажбуриятларига доир талаблар;

қарздор қайси фуқаронинг ҳаёти ёки соғлиғига зарар етказилганлиги учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлса, ана шу фуқаронинг талаблари.


4. Шарҳланаётган модданинг учинчи қисми, гаров ҳуқуқи фақат мулкнинг ўзига эмас, балки гаровга қўйилган мол-мулкни йўқотганлик ёки унга зиён етказганлик оқибатида вужудга келадиган жавобгарлиги суғуртали зарарни тўлдириш ҳуқуқига ҳам қўлланади. Масалан, агар гаровга қўйилган мол-мулк кимнинг фойдасига суғурта қилинган бўлишидан қатъий назар, суғурта ҳодисаси вужудга келганда, гаровга олувчи ўзининг гаров билан таъминланган талабларини суғурта ҳақидан қаноатлантиришга ҳақли. Бу қоидадан истисно ҳолатлар бўлиши мумкин, мол-мулкни йўқотиш ёки унга зиён етказиш гаровга олувчи айбига кўра юз берган бўлса, ёки гаровга олувчи жавобгар бўлган сабабларга кўра юз берган бўлса.

Гаров вужудга келишининг энг оддий ва кенг тарқалган усули - шартнома тузилишидир. Молмулкнинг гарови тўғрисидаги келишув, у билан таъминланадиган асосий мажбуриятлар вужудга келадиган асосий шартномада белгиланган бўлиши ҳам, шунингдек, биронбир мажбурият бажарилишини таъминлаш бўйича гаров тўғрисидаги алоҳида шартнома тузилиши орқали расмийлаштирилиши ҳам мумкин.

Гаров Қонунда белгиланган ҳолатларда, гаров тўғрисидаги шартномани тузмасдан ҳам вужудга келади. Масалан, насияга сотилган товар унинг ҳақи тўлаб бўлингунга қадар, сотиб олувчи томонидан товар ҳақини тўлаш мажбурияти бажарилишини таъминлаш учун сотувчида гаровда турган деб ҳисобланади (Фуқаролик кодекси 421-моддасининг еттинчи қисми). “Ипотека тўғрисида”ги Қонуннинг 64-моддасига мувофиқ, банк кредит маблағларидан фойдаланган ҳолда қурилаётган уй, янги қурилган уйга бўлган мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан ипотекага (яъни гаровга) қўйилган деб ҳисобланади. Шунингдек, рента тўлаш шарти билан мол-мулк берилганида рента олувчи рента тўловчи ўз мажбуриятларини бажаришини таъминлаш мақсадида бу мол-мулкка гаров ҳуқуқини олади. (Фуқаролик кодекси 516-моддасининг биринчи қисми).



265-модда. Гаров турлари


Гаров заклат, ипотека, шунингдек ҳуқуқлар гарови тарзида амал килиши мумкин.

Гаровга қўйиладиган мулк гаровга қўювчи томонидан гаровга олувчига ўтказилганда гаров заклат деб ҳисобланади.

Кўчмас мулкни гаровга қўйиш ипотека ҳисобланади.


Шарҳланаётган моддада гаров қуйидаги турларга бўлинади: заклат, ипотека, ҳуқуқлар гарови. Бундай бўлиниш гаров нарсасининг хусусиятларига, ҳамда гаров нарсаси кимнинг эгалигида қолишига қараб фарқланади. Гаровга қўйиладиган мол-мулк гаровга қўювчи томонидан гаровга олувчига ўтказилганда, топширилганда гаров заклат деб ҳисобланади. Одатда, кўчар мол-мулк заклат нарсаси сифатида чиқади.

Кўчмас мулкни гаровга қўйиш ипотека ҳисобланади. Бинолар, иншоотлар, кўп хонадонли уйлардаги хонадонлар, корхоналар, бошқа мулкий мажмуалар, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектлари, шунингдек турар жойлар улар жойлашган ер участкалари билан бирга, қонунда кўчмас мулк жумласига киритилган бошқа мол-мулк ипотека нарсаси бўлиши мумкин. Ипотека тўғрисидаги қоидалар “Ипотека тўғрисида”ги Қонунда янада батафсил тарзда тартибга солинган.

Заклатда гаровга олувчи гаров нарсасидан қонунда назарда тутилган ҳолларда фойдаланиши мумкин. Заклат гаров олувчига мажбуриятнинг тўлиқ бажарилишигача гаров нарсасини ушлаб туриш ҳуқуқини беради.

Гаровнинг кейинги тури - ҳуқуқлар гаровидир. Мулкий ҳуқуқ, шу жумладан, эгалик ва фойдаланиш ҳуқуқи, ижара ҳуқуқи ва мажбуриятлардан келиб чиқадиган бошқа ҳуқуқлар ҳам гаров нарсаси бўлиши мумкин. Амалда кўпинча ер участкасидан доимий фойдаланишга бўлган ҳуқуқ, фермер хўжалигини юритиш учун берилган ер участкасининг ижараси ҳуқуқи, хўжалик жамиятларининг устав капиталида иштирок этишидан келиб чиқадиган ҳуқуқлар, қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқлар гарови учрайди.

Шуни таъкидлаш лозимки, кредиторнинг шахси билан узвий боғлиқ бўлган талабномалар, хусусан ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги талаблар, алиментлар тўғрисидаги талаблар ҳамда бошқа шахсга берилиши қонун билан ман этилган бошқа талаблар бўйича ҳуқуқларини гаровга беришга йўл қўймайди.



266-модда. Гаровга қўювчи


Қарздорнинг ўзи ҳам, учинчи шахс ҳам гаровга қўювчи бўлиши мумкин.

Ашёнинг мулкдоpи ашёни гаровга қўювчи бўлиши мумкин.

Гаровга қўйиладиган ҳуқуқнинг эгаси бўлган шахс ҳуқуқни гаровга қўювчи бўлиши мумкин.

Башарти, қонунда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, мулкдорнинг розилигисиз ашёвий ҳуқуқни гаровга қўйишга йўл қўйилмайди.


Гаров томонларидан бири - мажбуриятлар бажарилишини таъминлашга ўз мулки ёки унга бўлган ҳуқуқларни берадиган гаровга қўювчидир. Бунда қонун, қарздорнинг ўзи ҳам, учинчи шахс ҳам гаровга қўювчи бўлиши мумкинлигини таъкидлайди. Фақат гаровга бериладиган мол-мулк ёки гаровга бериладиган ҳуқуқ эгаси бўлган шахс гаровга қўювчи бўлиши мумкинлиги - гаровнинг мажбурий шартидир.

Мулкдорнинг розилигисиз ашёвий ҳуқуқни гаровга қўйишга йўл қўйилмайди. Бу қоидадан четга чиқишлар шартнома ёки қонунда белгиланиши мумкин. Масалан, “Гаров тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, мол-мулк хўжалик юритиш ҳуқуқи билан биркитиб қўйилган корхона, шу мол-мулк эгасининг ёки у ваколат берган органнинг розилиги билан гаровни амалга оширади. Қонун (Ер кодексининг 90-моддаси биринчи қисми, “Ипотека тўғрисида”ги Қонун, “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги Қонун) баъзи бир ашёвий ҳуқуқларни гаровга беришни рухсат этади. Масалан, “Ипотека тўғрисида”ги Қонун бўйича, якка тартибда уй-жой қуриш ёки деҳқон хўжалигини юритиш учун мерос қилиб қолдириладиган ер участкасига умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи гаровга берилиши мумкин. Бу ҳолда ер участкаси мулкдорининг розилиги талаб қилинмайди.

Хўжалик юритиш ҳуқуқига асосан мол-мулк бириктирилган корхона, мулкий мажмуа сифатидаги унинг ташкилий бирликлари ва бўлинмаларининг, шунингдек, алоҳида бинолар ва иншоотларнинг гаровини, унинг мулкдори ёхуд у ваколат берган орган розилиги билан амалга оширади.



267-модда. Гаров нарсаси


Ҳар қандай мол-мулк, шу жумладан ашёлар ва мулкий ҳуқуқлар (талаблар) гаров нарсаси бўлиши мумкин, муомаладан чиқарилган мол-мулк, кредиторнинг шахси билан узвий боғлиқ бўлган талабномалар, хусусан ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги талаблар, алиментлар тўғрисидаги талаблар ҳамда бошқа шахсга берилиши қонун билан ман этилган бошқа талаблар бундан мустасно.

Фуқароларнинг ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган айрим турдаги мол-мулкини гаровга қўйиш қонун ҳужжатлари билан ман этилиши ёки чекланиши мумкин.


1. Шарҳланаётган модда гаров нарсаси нима бўлишини белгилайди. Қарздорнинг мажбуриятларини таъминлаш учун гаров сифатида бериладиган фуқаролик ҳуқуқлар объекти гаров нарсасини билдиради. Ҳар қандай мол-мулк гаров нарсаси бўлиши мумкин. Ашёлар ёки ашёларнинг мажмуи, ҳамда хусусий мулк ҳуқуқининг нарсаси бўлиши мумкин бўлган мулкий ҳуқуқлар молмулкни англатади. Бунда, Фуқаролик кодексининг 209-моддасига мувофиқ агар бу қонун билан ман қилинган бўлса, мол-мулкнинг алоҳида турлари хусусий мулк бўлиши мумкин эмаслигини унутмаслик лозим.

Шарҳланаётган моддани “Гаров тўғрисидаги” Қонуннинг 5-моддаси тўлдиради. Ушбу Қонунга биноан, гаровга қўювчи келгусида қўлга киритадиган ашёлар ва мулкий ҳуқуқлар ҳам гаров нарсаси бўлиши мумкин. Масалан, агар банк уй қурилишига кредит берса, гаров ҳуқуқи қурилаётган уйга ҳам ўтади. Уй қурилиб бўлгандан кейин, унинг давлат рўйхатига олинган пайтидан бошлаб у гаровга қўйилган деб ҳисобланади.

Мол-мулкка нисбатан гаров ҳуқуқи мол-мулкнинг мансуб қисмларини ва таркибий самарасини ҳам ўз ичига олади. Асосий ашёга хизмат қилувчи ва у билан умумий хўжалик мақсади билан боғлиқ бўлган ашёлар, мансуб ашёлар бўлиб ҳисобланади. Масалан, агар музқаймоқни ишлаб чиқариш бўйича жиҳозлар гаров нарсаси бўлса, унда мазкур жиҳозларнинг музлатувчи ускунасига ҳам гаров ҳуқуқи ўтади. (агарда, шартнома ёки қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса).

Гаровга қўйилган мол-мулкдан фойдаланиш натижасида олинган самара, маҳсулот ва даромадларга нисбатан гаров ҳуқуқи шартномада назарда тутилган ҳолларда татбиқ этилади.

Қимматли қоғозлар, валюта бойликлари ҳам гаров нарсаси бўлиши мумкин.


2. Шарҳланаётган моддада гаров нарсаси бўлиши мумкин бўлмаган объектлар белгиланган. Бу:

1) муомаладан чиқарилган ашёлар;

2) кредитор шахси билан узвий боғлиқ бўлган талаблар, хусусан, ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги талаблар, алиментлар тўғрисидаги талаблар ҳамда бошқа шахсга берилиши қонун билан ман этилган бошқа талаблар.

Бошқа шахслар ихтиёрига эркин ўтказилиши ёки берилиши мумкин бўлмаган ашёлар муомаладан чиқарилган ашёлар ҳисобланади.

Масалан, муомаладан чиқарилган ашёларга наркотик (гиёҳванд) ва психотроп воситалар киритилади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 31 июлдаги 293-сонли қарори билан, Ўзбекистон Республикасида муомалада бўлиши ман этилган наркотик воситаларнинг рўйхати тасдиқланган. Шунингдек, ушбу қарор билан Ўзбекистон Республикасида муомаласи чекланган наркотик, психотроп воситалар, прекурсорларнинг рўйхати тасдиқланган.

Миллий музей фонди таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекциялари гаров нарсаси бўлиши мумкин эмас, чунки “Музейлар тўғрисида”ги Қонун мазкур ашёларни бировнинг эгалигига ўтказилишини тақиқлайди. (“Музейлар тўғрисида”ги Қонуннинг 15-моддаси).

Давлат тасарруфидан чиқарилаётган (хусусийлаштирилаётган) корхонанинг хўжалик юритиш ёки оператив бошқариш ҳуқуқидаги мулки, мулкий ҳуқуқлари гаров нарсаси бўлиши мумкин эмас. Бу, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 21 июлдаги 145-сонли қарори билан тасдиқланган “Давлат мулки бўлган объектларни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ, давлат тасарруфидан чиқариш (хусусийлаштириш) тўғрисида қарорлар қабул қилинган, объектни давлат тасарруфидан чиқариш (хусусийлаштириш) юзасидан талабномалар берилган вақтдан бошлаб давлат тасарруфидан чиқарилаётган (хусусийлаштирилаётган) корхонанинг хўжалик юритиш ёки оператив бошқариш ҳуқуқидаги мол-мулкини, мулкий ҳуқуқларини бегоналаштириш (рўйхатдан чиқариш) тақиқланади.

“Ипотека тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, қонун ҳужжатларида мажбурий хусусийлаштирилиши назарда тутилган ёки хусусийлаштирилиши тақиқланган ёхуд чекланган корхоналар ва мол-мулк турлари ҳамда гуруҳлари гаров нарсаси бўлиши мумкин эмас (6-модда). Бундай объектлар рўйхати “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонун билан белгиланган (4-модда).

Давлат мулки ҳисобланган “олтин акция” гаров нарсаси бўлиши мумкин эмас (“Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 24-1-моддаси).

Кредитор шахси билан узвий боғлиқ бўлган талаблар гаров нарсаси бўлиши мумкин эмас. Масалан, одам соғлигига зарар келтириш оқибатида келиб чиқадиган талаблар, ходимга етказилган зарарни қоплаш бўйича талаблар, алиментлар тўғрисидаги талаблар ҳамда бошқалар гаров нарсаси бўлиши мумкин эмас.

Гаровнинг моҳияти ва шартидан келиб чиққан ҳолда шуни таъкидлаш керакки, пуллар ўзўзидан гаров нарсаси бўла олмайди, чунки пуллар сотилмайди, гаров эса гаров нарсасининг сотилишини ва сотишдан тушган суммадан гаровга қўювчининг талаблари қондирилишини талаб қилади. Шу билан бирга, омонат депозитларида бўлган пул маблағлари бир мунча бошқа вазиятда бўлади. Бу ҳолда, омонат депозитларида бўлган пул маблағларига ҳуқуқларни гаровга қўйиш мумкин. Шунингдек, валюта бойликлари гаров нарсаси бўлиши мумкин, чунки улар банк норматив ҳужжатларига мувофиқ сотилиши мумкин.



268-модда. Гаров билан таъминланадиган талаб


Агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, гаров талабнинг уни қондириш пайтидаги ҳажмини таъминлайди, хусусан фоизлар, неустойка, ижрони кечиктириб юбориш натижасида етказилган зарар тўланишини, шунингдек гаровга олувчининг гаровга қўйилган ашёни сақлашга қилган зарур харажатлари ва ундирув харажатлари тўланишини таъминлайди.


1. Мазкур моддада гаров нарсаси ҳисобига қондирилиши лозим бўлган гаров олувчининг талаблар ҳажми белгиланади. Ушбу ҳолда талаб, шартномадан ёки Фуқаролик кодексида назарда тутилган бошқа асослардан келиб чиққан, қарздор томонидан қондирилиши лозим бўлган гаровга олувчининг мулкий ҳуқуқларини билдиради. Одатда, талаб асосий мажбурият қийматидан ва мазкур мажбуриятни бажармаслик ёки лозим даражада бажармаслик туфайли етказилган зарарлардан иборат бўлади.


2. Коидага кўра, гаров қарздор мажбуриятининг асосий суммасидан ташқари қуйидаги тўланиши лозим бўлган:

- фоизларни;

- неустойкани;

- бажаришнинг кечиктирилиши билан етказилган зарарларни қоплашни;

- гаровга қўйилган ашёни сақлашга бўлган зарур харажатларни қоплашни;

- ундирув харажатларини таъминлайди.

Одатда, шартномаларда унинг шартларини бузиш ёки ижро этилишини кечиктириш ҳолларида фоизлар ва неустойкани тўлаш назарда тутилади. Гаров ушбу талабларни ҳам таъминлайди.

Бундай талабларни таъминлаш, шунингдек, “Ипотека тўғрисида”ги Қонунда кўзда тутилган.

Бундан ташқари, “Ипотека тўғрисида”ги Қонунида кўрсатилганидек, кредит шартномаси ёки қарз шартномаси бўйича мажбуриятнинг ижросини фоизлар тўлаш шарти билан таъминлаш учун белгиланган ипотека кредиторга (қарз берувчига) кредитдан (қарз маблағларидан) фойдаланганлиги учун унга тегиши керак бўлган фоизлар ҳам тўланишини таъминлайди.

Гаров гаровга олувчининг талабларини, уларни қаноатлантириш пайтидаги ҳажмда қаноатлантирилишини таъминлайди. Гаров билан таъминланган гаровга олувчининг талаблари ҳажми гаров шартномаси билан чекланиши мумкин. Масалан, шартномада гаров қарздорнинг фақат асосий мажбурияти қийматини таъминлаши назарда тутилиши мумкин.



269-модда. Гаровга қўйилган мол-мулкнинг

гаровга олувчига беpилиши ва беpилмаслиги


Агар шартномада ўзгача тартиб назарда тутилган бўлмаса, гаровга қўйилган мол-мулк гаровга қўювчида қолади.

Гаровга қўйилган муомаладаги товарлар гаровга олувчига топширилмайди.

Гаров нарсаси гаровга олувчи томонидан қулфланган ва муҳрланган ҳолда гаровга қўювчида қолдирилиши мумкин.

Гаров нарсаси гаровга қўйилганлигини билдиpувчи белгилар қўйган ҳолда гаровга қўювчида қолдирилиши мумкин (қатъий гаров).

Гаровга қўювчи томонидан эгалик қилиш ёки фойдаланиш учун вақтинча учинчи шахсга топширилган гаров нарсаси гаровга қўювчида қолдирилган ҳисобланади.

Қимматли қоғоз билан тасдиқланган мулкий ҳуқуқ гаровга қўйилганида, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, гаровга олувчига ёки нотариус депозитига топширилади.


Шарҳланаётган модда гаров нарсасининг кимнинг эгалигида қолишини белгилайди. Одатда, гаровга қўйилган молмулк гаровга қўювчида қолади. Бу гаровга қўювчига гаров нарсасидан ундан мақсадга мувофиқ фойдаланиш, самаралар ва даромадлар олиш имкониятини беради. Лекин шартнома билан, гаров нарсасини гаровга олувчига ёки бошқа шахсга берилиши назарда тутилиши мумкин.

“Гаров тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, гаровга қўйилган мол-мулк гаровга қўювчидан гаровга олувчи ихтиёрига бериладиган гаров - заклат деб эътироф этилади. Заклатда гаров нарсаси, агар бу шартномада назарда тутилган бўлса, гаровга олувчи томонидан ишлатилиши мумкин.

Шартномага мувофиқ, гаров нарсаси қатъий гаров шарти билан гаровга қўювчида қолдирилиши мумкин. Қатъий гаровда гаров нарсасига гаровга қўйилганлигини билдиpувчи белгилар қўйилади.



270-модда. Гаров ҳуқуқининг вужудга келиши


Гаров ҳуқуқи гаров тўғрисида шартнома тузилган пайтдан ёхуд, башарти шартнома нотариал тасдиқланиши шарт бўлса - нотариал тасдиқланган пайтдан, шартнома рўйхатдан ўтказилиши шарт бўлганида эса - у рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб вужудга келади.

Башарти, гаров нарсаси қонунга ёки шартномага асосан гаровга қўювчида бўлиши лозим бўлса, гаров ҳуқуқи унга гаров нарсаси берилган пайтдан, башарти бундай топшириш шартнома тузилишидан аввал амалга ошган бўлса - шартнома тузилган пайтдан бошлаб вужудга келади.


Шарҳланаётган моддада гап гаров ҳуқуқининг вужудга келиши ҳақида боради. Биринчи навбатда, гаров ҳуқуқи тушунчасига аниқлик киритиш лозим. Гаров ҳуқуқи бу - гаров нарсасининг қийматидан гаров билан таъминлаган мажбуриятни асосан қондирилиши билан боғлиқ бўлган гаров нарсасига нисбатан гаровга олувчининг ҳуқуқларидир. Бундай ҳуқуқлар сифатида қуйидагиларни кўрсатиш мумкин:

- гаров билан таъминланган мажбуриятни бажармаган тақдирда гаров нарсасига ундирувни қаратиш ҳуқуқи;

- гаров тўғрисидаги шартнома бўйича ўз ҳуқуқларини бошқа шахсга бериш ҳуқуқи;

- гаровга қўйилган мол-мулкни йўқотганлик ёки унга зиён етказганлик учун суғурта товонидан ўз талабини қаноатлантирилиш ҳуқуқи;

- гаров мол-мулкнинг гаровга олувчига беpилишини назарда тутган ҳолларда гаров нарсасидан фойдаланиш ҳуқуқи;

- гаров нарсасини сотишда ва ҳок.да гаровга қўювчига тегиши керак бўлган суммадан ўз талабларини имтиёзли равишда қаноатлантиришга бўлган ҳуқуқ.

Гаров ҳуқуқи:

- гаров тўғрисида шартнома тузилган пайтдан бошлаб, (қонун ҳужжатларига мувофиқ, шартнома нотариал тасдиқланиши ёхуд, у давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт бўлган, шунингдек, гаров нарсаси гаровга қўювчига топшириладиган холлар бундан мустасно);

- башарти шартнома нотариал тасдиқланиши шарт бўлса нотариал тасдиқланган пайтдан бошлаб;

- агар қонунчиликка мувофиқ, шартнома давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт бўлганида, давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб;

- агар бу шартномада назарда тутилган бўлса, гаров нарсасини гаровга олувчига берилган пайтдан, ёки гаров нарсаси гаровга олувчига шартнома имзолангунга қадар берилган бўлса, шартнома имзоланган пайтдан бошлаб вужудга келади.

Шуни таъкидлаш лозимки, агар гаров қонун асосида вужудга келса, унда гаров ҳуқуқи гаровга олиб келувчи вазиятлар рўй берган пайтдан бошлаб вужудга келади. Масалан, сотиб олинаётган мол-мулкни таъминлаш асосида, кредит шартномаси бўйича хонадон (квартира) сотиб олинаётган бўлса, гаров ҳуқуқи сотиб олинаётган хонадонга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатига олинган пайтдан бошлаб вужудга келади. Истеъмол учун мўлжалланган кредитга телевизор сотиб олиниши ҳолатида, ушбу телевизорга бўлган гаров ҳуқуқи, харидорнинг телевизорни сотиб олган пайтидан вужудга келади.



271-модда. Гаров тўғрисидаги шартнома, унинг

шакли ва шартномани рўйхатдан ўтказиш


Гаров тўғрисидаги шартномада гаров нарсаси ва унинг баҳоси, моҳияти, миқдори ва гаров билан таъминланадиган мажбуриятнинг бажарилиш муддати кўрсатилган бўлиши керак. Унда гаровга қўйилган мол-мулк тарафларнинг қайси бирида эканлиги ҳам кўpсатилиши шарт.

Гаров тўғpисидаги шартнома ёзма шаклда тузилиши керак.

Ипотека тўғрисидаги шартнома, шунингдек нотариал тасдиқланиши кеpак бўлган шартномага мувофиқ олинадиган мажбуриятларни таъминлаш юзасидан кўчар мол-мулкни ёки мол-мулкка бўлган ҳуқуқларни гаровга қўйиш тўғрисидаги шартнома нотариал тасдиқланиши шаpт.

Ипотека тўғрисидаги шартнома тегишли мол-мулк ҳақида тузиладиган битимларни рўйхатдан ўтказиш учун белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилиши керак.

Ушбу модданинг иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмларидаги қоидаларга риоя қилмаслик гаров тўғрисидаги шартноманинг ҳақиқий эмаслигини келтириб чиқаради.


1. Шарҳланаётган моддада гаров тўғрисидаги шартноманинг асосий шартлари белгиланади. Гаров тўғpисидаги шартнома шартлари “Гаров тўғрисида”ги Қонуннинг 10-11-моддаларида, ҳамда кўчмас мулк гарови тўғpисидаги шартнома шартлари эса “Ипотека тўғрисида”ги Қонуннинг 10-13-моддаларида назарда тутилади.

Гаров тўғpисидаги шартномада гаров нарсаси ва унинг баҳоси, гаровга қўйилган мол-мулк тарафларнинг қайси бирида сақланиши, ҳамда моҳияти, миқдори ва гаров билан таъминланадиган мажбуриятнинг бажарилиш муддати кўpсатилади.

Гаров тўғpисидаги шартномани тузишда асосий шартлардан бири гаров нарсаси ва унинг баҳосини аниқлаш ҳисобланади. Гаровга қўйиладиган молмулк мажбуриятнинг бажарилишини таъминлаши лозим, бунда унинг баҳоси, одатда мажбурият бажарилишини таъминлаш учун етарли бўлиши зарур. Қоидага кўра, гаровга қўйиладиган молмулкнинг баҳоланиши томонлар ўртасидаги келишув асосида амалга оширилади. Томонлар баҳолашни баҳолаш фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширишлари мумкин. Баҳолашни тегишли лицензияларга (рухсатномаларга) эга бўлган баҳолаш ташкилотлари амалга оширишлари мумкин.


2. Гаров тўғpисидаги қонун ҳужжатлари қўлланилишининг алоҳида масалалари Ўзбекистон Республикасининг Олий Суд ва Олий хўжалик суди қўшма Пленумининг 2006 йил 22 декабрдаги 13/50-сонли “Кредит шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажаришни таъминлаш тўғрисида"ги фуқаролик қонун ҳужжатлари нормаларини қўллашнинг баъзи масалалари тўғрисида”ги Қарорида назарда тутилган. Мазкур Қарорнинг 16-бандига мувофиқ, гаровга қўювчи қарздор бўлган ҳолларда асосий мажбуриятда, гаров билан таъминланган мажбуриятнинг моҳияти, миқдори ва муддатлари ҳақидаги шартларни келишилган деб эътироф этиш шарт, агар гаров тўғрисидаги шартномада асосий мажбуриятни тартибга келтирувчи ва тегишли шартларни ўз ичига олувчи шартномага бўлган ҳавола бўлса, гаров тўғрисидаги шартномада гаровга қўйилган молмулкни якка тартибда белгилайдиган маълумотлар йўқ бўлса, бундай шартнома тузилган деб ҳисобланмайди.

Шартномада қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган шартлар хам, томонлар келишуви асосида киритилиши мумкин.


3. Қонун ҳужжатларига риоя этилмаслиги гаров тўғpисидаги шартноманинг ҳақиқий эмаслигини келтириб чиқарадиган, гаров тўғpисидаги шартноманинг ёзма шаклини белгилайди (ЎзР ФК 271-моддаси бешинчи қисми). Ломбардда ашёларни гаровга қўйиш ҳақидаги шартнома ломбард томонидан гаров паттаси бериш йўли билан расмийлаштирилади.

Кўчмас мол-мулкни гаровга қўйиш тўғрисидаги шартнома нотариал тасдиқланиши ва Ер ресурслари Давлат қўмитаси идораларида давлат рўйхатидан ўтиши даркор. Шунингдек нотариал тасдиқланиши кеpак бўлган шартномага мувофиқ олинадиган мажбуриятларни таъминлаш учун гаровга қўйилган гаров нарсаси юзасидан гаров тўғрисидаги шартнома нотариал тасдиқланиши керак.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 7 мартдаги 38-сонли “Автомототранспорт воситаларини сотиб олиш, фойдаланиш ва бегоналаштирилишини тартибга солиш бўйича қўшимча чоратадбирлар тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, автомототранспорт воситаларининг гарови тўғрисидаги шартнома нотариал тасдиқланиши ва Йўл ҳаракати хавфсизлигининг Давлат хизмати идораларида давлат рўйхатидан ўтиши лозим.

Гаров тўғpисидаги шартноманинг ёзма шакли, нотариал тасдиқланиши ва давлат рўйхатидан ўтиши тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя қилмаслик шартноманинг ҳақиқий эмаслигини келтириб чиқаради. Шартномаларнинг ҳақиқий эмаслик оқибатлари ҳақида Фуқаролик кодексининг 112-моддасига бўлган шарҳларда қаранг.



272-модда. Гаровга олувчининг ҳуқуқлари

жоpий қилинадиган мол-мулк


Гаров нарсаси бўлган ашёга гаровга олувчининг ҳуқуқлари (гаров ҳуқуқи), агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ашёнинг кимга мансублигига қараб жоpий қилинади.

Гаровга қўйилган мол-мулкдан фойдаланиш натижасида олинган ҳосил, маҳсулот ва даромадларга гаров ҳуқуқи шартномада назарда тутилган ҳолларда жоpий қилинади.

Бутун корхона ёки бошқа мулкий мажмуа ипотекасида гаров ҳуқуқи унинг таркибига кирувчи кўчмас ва кўчар мол-мулкнинг ҳаммасига, шу жумладан талаб қилиш ҳуқуқи ва мутлақ ҳуқуқларга, шу билан бир қаторда ипотека даврида олинган ҳуқуқларга ҳам, агар қонун ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, жорий қилинади.

Бино ёки иншоот ипотекасига айни бир вақтнинг ўзида ўша шартнома бўйича шу бино ёки иншоот жойлашган ер участкасини ёхуд бу участканинг гаровга қўйилаётган объект ишлашини таъминлайдиган қисмини ёки гаровга қўювчига қарашли бўлган ушбу участкани ёхуд унинг тегишли қисмини ижарага олиш ҳуқуқини бир вақтда ипотекага қўйган тақдирдагина йўл қўйилади.

Ер участкасини ипотекага қўйишда гаров ҳуқуқи, агар шартномада бошқача шарт назарда тутилган бўлмаса, гаровга қўювчининг ушбу участкада бўлган ёки қурилаётган бинолари ва иншоотларига жорий қилинмайди.

Шартномада бундай шарт бўлмаса, ундирув гаровга қўйилган ер участкасига қаратилган тақдирда гаровга қўювчи ер участкаси унинг бино ёки иншоотдан ўз ўрнида фойдаланиш учун зарур бўлган қисмидан чекланган тарзда фойдаланиш (сервитут) ҳуқуқини сақлаб қолади. Участканинг бу қисмидан фойдаланиш шартлари гаровга қўювчининг гаровга олувчи билан келишуви асосида, низо чиққан тақдирда эса - суд томонидан белгиланади.

Агар гаровга қўювчига эмас, балки бошқа шахсга қарашли бинолар ёки иншоотлар жойлашган ер участкасига ипотека белгиланган бўлса, гаровга олувчи ундирувни ушбу участкага қаратганида ва у ким ошди савдосида сотилганида гаровга қўювчининг ушбу шахсга нисбатан ҳуқуқ ва бурчлари участкани сотиб олувчига ўтади.

Гаров тўғрисидаги шартномада, қонун асосида пайдо бўладиган гаровга нисбатан эса - қонунда, гаровга қўювчи келажакда эга бўладиган ашёларни ва мулкий ҳуқуқларни гаровга қўйиш назарда тутилиши мумкин.


1. Шарҳланаётган модда гаров ҳуқуқи жоpий қилинадиган объектларни белгилайди. Қоидага кўра, гаров ашёларни ва уларнинг қисмларини ўз ичига олади. Масалан, агар гаровга автомашина қўйилса, бу ҳолда гаров ҳуқуқи автомашинанинг барча деталларига жорий қилинади, шу жумладан, ажратиб олиш мумкин бўлганларига, масалан, ғилофига, магнитолага ва ҳок. ҳам. Гаров нарсасидан фойдаланиш натижасида олинган ҳосил, маҳсулот ва даромадлар ҳам, агар бу шартномада назарда тутилган бўлса, гаров таркибига киритилиши мумкин. Масалан, гаровга қўйилган акциялардан олинган дивидендлар ёки гаровга берилган узумзордан олинган ҳосил ва ҳок.


2. Шарҳланаётган модда корхонанинг мулкий мажмуа, кўчмас мулк сифатида гаровга қўйилишига нисбатан махсус талабларни белгилайди. Фуқаролик кодексининг бу қоидалари “Ипотека тўғрисида”ги Қонунда ривожлантирилган.

Мулкий мажмуа сифатидаги корхонанинг гаровга қўйилишида гаров ҳуқуқи унинг таркибига кирувчи барча мол-мулкка, талаб қилиш ҳуқуқи ва мутлақ ҳуқуқни қўшган ҳолда, шу жумладан гаров даврида вужудга келган шундай ҳуқуқларга нисбатан ҳам татбиқ этилади. Бунда ушбу меъёр ҳам диспозитив ҳисобланади, яъни шартнома ёки қонунда бошқача қоида назарда тутилиши мумкин. Корхонанинг мулкий мажмуа сифатида гаровга қўйилишининг шартлари батафсилроқ “Ипотека тўғрисида”ги Қонуннинг 58-60-моддаларида назарда тутилган.


3. Бино ва иншоотлар, ҳамда ер участкасининг гаровга қўйилишига нисбатан ҳам махсус шартлар белгиланган.

Масалан, бино ва иншоот гаровига айни бир вақтнинг ўзида шу бино ёки иншоот жойлашган ер участкасини ёхуд бу участканинг гаровга қўйилаётган объект ишлашини таъминлайдиган қисмини ёки гаровга қўювчига қарашли бўлган ушбу участкани ёхуд унинг тегишли қисмини ижарага олиш ҳуқуқини бир вақтда ипотекага қўйган тақдирдагина йўл қўйилади.

Ўзбекистон Республикасининг Олий Суд ва Олий хўжалик суди қўшма Пленумининг 2006 йил 22 декабрдаги 13/50-сонли “Кредит шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажаришни таъминлаш тўғрисида"ги фуқаролик қонун ҳужжатлари нормаларини меъёрларини қўллашнинг баъзи масалалари тўғрисида”ги Қарорининг 18-бандида бино ва иншоот билан бир вақтнинг ўзида улар жойлашган ер участкаси ипотекасининг алоҳида масалалари тушунтирилган. Кўрсатилган бандга мувофиқ, шарҳланаётган модда тўртинчи қисми билан ўрнатилган бино ёки иншоот ипотекасига айни бир вақтнинг ўзида шу бино ёки иншоот жойлашган ер участкасининг ипотекаси хусусидаги қоида, бино ёки иншоотнинг гаровга қўювчиси сифатида чиққан шахс тегишли ер участкасининг мулкдори ёки ижарачиси бўлган ҳоллардагина қўлланилади.

Мазкур Қарорда, ипотека нарсаси бўлган бино ёки иншоот, гаровга қўювчининг умрбод эгалигида ва фойдаланишида бўлган ер участкасида жойлашган бўлса, ФК 272-моддаси тўртинчи қисмига асосан ипотека тўғрисидаги шартнома қонунчиликка мувофиқ деб ҳисобланиши тушунтирилган.

Таъкидлаш лозимки, Ер кодексига мувофиқ, асосий ер ресурслари давлат мулкидир. Юридик ва жисмоний шахсларнинг ер майдонларига бўлган мулк ҳуқуқи, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини улар жойлашган ер участкалари билан бирга хусусийлаштирилишида вужудга келади.

Агар ер участкаси хусусийлаштирилмаган бўлса, ер участкасига нисбатан бошқа ашёвий ҳуқуқлар гаровга қўйилган бўлиши мумкин, масалан, ер участкасининг узоқ муддатли ижараси.

Ер участкасини гаровга қўйиш учун кўрсатилган талабга, риоя қилинмаслиги келишувнинг ҳақиқий эмаслигини келтириб чиқарадиган, гаров тўғрисидаги шартноманинг мажбурий шартидир.

Ер участкасининг гаров тўғрисидаги шартномада, шу участкада жойлашган ёки қурилаётган бинолари ва иншоотларига нисбатан гаров ҳуқуқининг татбиқ этилиши назарда тутилмаган бўлса, гаровга қўйилган ер участкасига нисбатан ундирув қаратилган ҳолларда сервитут вужудга келади, яъни ер участкасининг зарур қисмидан чекланган тарзда фойдаланиш ҳуқуқи. Бу ҳолда гаровга қўювчи кейинчалик бино ва иншоотдан сервитут асосида фойдалниши мумкин, ер участкасига бўлган ҳуқуқ бошқа шахсларга ўтган бўлса ҳам. Бундай сервитут шартлари томонларнинг келишуви билан белгиланади. Агар томонлар келишувга эришмасалар, унда бундай низо суд томонидан ҳал қилинади.


4. Шарҳланаётган модданинг охирги қисми гаровга қўйиш пайтида ҳали мавжуд бўлмаган ашёларни ва мулкий ҳуқуқларни гаровга қўйиш имкониятини беради. Ҳам шартномада, ҳам қонунда бундай гаров назарда тутилиши мумкин. Масалан, “Ипотека тўғрисидаги” Қонунга мувофиқ, қурилишига кредит берилган қурилаётган уй гаровга қўйилади. Бундай уйнинг рўйхатга олиниши пайтидан бошлаб у гаровга берилган деб ҳисобланади ва ипотека ўрнатилади.



273-модда. Навбатдаги гаров


Агар гаровга қўйилган мол-мулк бошқа талабларни таъминлаш учун яна бир гаров нарсасига айланса (навбатдаги гаров), навбатдаги гаровга олувчининг талаблари олдинги гаровга олувчиларнинг талаблари қаноатлантирилганидан кейин ушбу мол-мулк қийматидан қаноатлантирилади.

Агар гаров тўғрисидаги олдинги шартномаларда навбатдаги гаров тақиқлаб қўйилган бўлмаса, навбатдаги гаpовга йўл қўйилади.

Гаровга қўювчи ҳар бир навбатдаги гаровга олувчига ушбу мол-мулкнинг мавжуд бўлган барча гаровлари ҳақида маълум қилиши шарт ва у ушбу мажбуриятни бажармаслик туфайли гаровга олувчиларга етказилган зарар учун жавоб беради.


1. Шарҳланаётган модданинг биринчи қисми, олдиндан гаровда турган молмулкнинг кўп марталик гарови принципини белгилайди. Навбатдаги гаровга олувчининг талаблари навбатига қараб ушбу мол-мулк қийматидан қаноатлантирилади. Бироқ, гаров тўғрисидаги олдинги шартномалар билан навбатдаги гаров тақиқлаб қўйилиши мумкин.

Гаровга қўювчига ҳар бир навбатдаги гаровга олувчига ушбу мол-мулкнинг мавжуд бўлган барча гаровлари ҳақида маълум қилиш мажбурияти юклатилган. Ушбу мажбуриятни бажармаслик ҳолларида, гаровга қўювчи шу туфайли гаровга олувчиларга етказилган зарар учун жавоб беради.

Шарҳланаётган модданинг учинчи қисми қайта гаровга қўйишда гаровга қўювчининг жавобгарлигини назарда тутувчи ягона қоида эмас. ЎзР ФК 282-модданинг иккинчи қисми гаровга қўювчи навбатдаги гаров қоидасини бузган бўлса, гаровга олувчига гаров билан таъминланган мажбуриятни муддатидан илгари бажаришни талаб қилишга, агар унинг талаби қондирилмаса, ундирувни гаров нарсасига қаратишга ҳақли.


2. “Ипотека тўғрисида”ги Қонун билан ипотекага бўлган махсус меъёрлар назарда тутилган. Масалан, навбатдаги ипотекани давлат рўйхатига олиш ва барча олдинги ипотекалар тўғрисида реестрга рўйхат ёзувини киритиш зарур.



274-модда. Гаровга қўйилган мол-мулкни сақлаш ва асраш


Агар қонунда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, гаровга қўювчи ёки гаровга олувчи гаровга қўйилган мол-мулк кимдалигига қараб (ушбу Кодекснинг 269-моддаси):

1) гаровга қўйилган мол-мулк йўқолиши ёки шикастланиши хавфидан унинг тўла қиймати бўйича, борди-ю мол-мулкнинг тўла қиймати гаров билан таъминланган талабнинг миқдоридан ошиб кетса, талаб миқдоридан кам бўлмаган суммага гаровга қўювчи ҳисобидан суғурталаши;

2) гаровга қўйилган мол-мулкнинг асралишини таъминлаш учун, шу жумладан уни учинчи шахсларнинг тажовузлари ва талабларидан ҳимоя қилиш учун зарур чораларни кўриши;

3) гаровга қўйилган мол-мулк йўқолиши ёки унинг шикастланиши хавфи пайдо бўлганлиги тўғрисида иккинчи тарафни дарҳол огоҳлантириши шаpт.

Гаровга олувчи ва гаровга қўювчи иккинчи тарафдаги гаровга қўйилган мол-мулкнинг мавжудлигини, миқдорини, ҳолатини ва уни сақлаш шароитларини ҳужжатлар асосида ва амалда текширишга ҳақли.

Гаровга олувчи ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган бурчларни гаровга қўйилган мол-мулкнинг йўқолиш ёки шикастланиш хавфини туғдирадиган даражада қўпол суратда бузганида гаровга қўювчи гаровни муддатидан олдин бекор қилишни талаб қилишга ҳақли.


1. Шарҳланаётган модданинг биринчи қисми гаровга қўйилган мол-мулкни сақлаш ва асраш қоидаларини белгилайди. Молмулкни лозим даражада сақлаш ва асраш мажбурияти гаров муносабатларининг томонларига юклатилади (гаровга қўювчи ёки гаровга олувчига) ва бу билан уларга ЎзР ФК 174-модданинг қоидасини жорий қилади. Бу мажбуриятлардан ташқари, шарҳланаётган модда билан гаровга қўйилган мол-мулкни унинг тўла қиймати бўйича суғурталаш талаби ўрнатилади. Агар мол-мулкнинг тўла қиймати гаров билан таъминланган талабнинг миқдоридан ошиб кетса, талаб миқдоридан кам бўлмаган суммага суғурталашга рухсат берилади. Гаровга олувчига гаров объектини топширган гаровга қўювчи, шунингдек, гаровга қўйилган мол-мулкни ҳужжатлар асосида ва амалда текширишга бўлган ҳуқуқни ҳам олади. ФК тасарруфида молмулк бўлган гаров кредиторларнинг мажбуриятлар доирасини кенгайтирди. Улар фақат қарздор тақдим этган ҳужжатлари асосидагина эмас балки фактик холат бўйича ҳам жумладан, гаровга қўйилган молмулк жойлашган бинога кириши, кўздан кечиришга хақли. Агар гаров кредитори кенг солиқ операцияларини амалга оширса, кўпгина қарздорларга нисбатан ушбу мажбуриятларни бир вақтнинг ўзида бажариш унга оғирлик қилиши мумкин.


2. Шарҳланаётган модданинг учинчи қисми, гаровга қўювчи ва гаровга олувчига тенг ҳуқуқлар берадиган ва тенг мажбуриятларни юклайдиган, унинг биринчи ва иккинчи қисмлари билан мос эмас. Бироқ, учинчи қисм фақат гаровга олувчи учун мажбуриятлари бузилишининг оқибатларини назарда тутади.

Лекин, бу гаровга қўювчининг ўзи томонидан йўл қўйилган бузилишлари натижасида оқибатлар келиб чиқмаслигини ва гаровга олувчи ҳеч қандай ҳуқуқлар олмаслигини англатмайди. Бу вазиятларда гаровга олувчининг ҳуқуқлари худди шу параграфнинг бошқа моддаси билан белгиланади, яъни ФК 282-моддаси иккинчи қисми билан.



275-модда. Гаровга қўйилган мол-мулк йўқолиши

ёки шикастланишининг оқибатлари


Агар гаров тўғрисидаги шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, гаровга қўювчи гаровга қўйилган мол-мулкнинг тасодифан нобуд бўлиши ёки тасодифан шикастланиши хавфини ўз зиммасига олади.

Агар гаровга олувчи ушбу Кодекснинг 333-моддасига мувофиқ жавобгарликдан озод этилиши мумкинлигини исботлай олмаса, у ўзига топширилган гаров нарсасининг бутунлай ёки қисман йўқолганлиги ёхуд шикастланганлиги учун жавоб беради.

Гаров нарсаси гаровга олувчига топшириш чоғида қанча суммага баҳоланган бўлишидан қатъи назар, гаровга олувчи гаров нарсаси йўқолганлиги учун унинг хақиқий қиймати миқдорида, гаров нарсасига шикаст етказилганлиги учун эса - бу қиймат қанча суммага камайган бўлса, шунча сумма миқдорида жавоб беради.

Агар гаров нарсаси шикастланиш натижасида ундан бевосита ўз вазифаси бўйича фойдаланиш мумкин бўлмайдиган даражада ўзгарган бўлса, гаровга қўювчи ундан воз кечишга ва унинг йўқолганлиги учун ҳақ талаб қилишга ҳақли.

Шартномада гаровга олувчининг гаров нарсаси йўқолиши ёки шикастланиши туфайли гаровга қўювчига етказилган бошқа зарарни тўлаш мажбурияти назарда тутилиши мумкин.

Гаров билан таъминланган мажбурият бўйича қарздор бўлган гаровга қўювчи гаров нарсасининг йўқолиши ёки шикастланиши туфайли етказилган зарарни тўлаш тўғрисидаги талабни гаров билан таъминланган мажбуриятларни қоплаш учун ҳисобга олишга ҳақли.


1. Шарҳланаётган модда, Фуқаролик кодексининг 175-моддасида ўрнатилган умумий принципдан келиб чиққан ҳолда, мол-мулкнинг тасодифан нобуд бўлиши ёки тасодифан шикастланиши хавфи гаровга қўювчига, яъни эгасига юклатилади. Бу ҳолда, мол-мулкнинг тасодифан нобуд бўлиши ёки тасодифан шикастланиши хавфи гаровга қўйилган мол-мулкнинг тасодифан нобуд бўлиши ёки тасодифан шикастланиши сабабли вужудга келадиган ҳуқуқий оқибатларни англатади. Бундай оқибатларнинг келиб чиқишига ким жавобгар бўлишидан қатъий назар, унинг хавфи гаровга қўювчининг зиммасига юклатилади. Масалан, гаровга қўювчида қолдирилган гаровга қўйилган автомашина автоҳалокат туфайли фойдаланиш учун яроқсиз ҳолатга келган. Мазкур автомашинадан кейинги фойдаланиш имконсизлигининг хавфи, келтирилган зарарнинг ўрнини тўлдиришга қаратилган чораларни кўриш гаровга қўювчи зиммасига ўтади.

Бунда, ушбу меъёр ҳам диспозитив ҳисобланади ва шартномада бошқача қоида назарда тутилиши мумкин.

Агар гаровга қўйилган мол-мулк гаровга олувчига топширилган бўлса, унинг айби мавжудлигида у ўзига топширилган гаров нарсасининг бутунлай ёки қисман йўқолганлиги ёхуд шикастланганлиги учун жавоб беради. Айбининг йўқлиги гаровга олувчининг ўзи томонидан исботланади. Ушбу Кодекснинг 333-моддасига мувофиқ, ўз мажбуриятларини бажармаган шахс жавобгар бўлади, бунда унинг айби бор бўлса, ва агар қонун ёки шартнома билан бошқача ҳолат назарда тутилмаган бўлса. Агар гаровга олувчига топширилган гаровга қўйилган мол-мулк йўқолган ёки шикастланган бўлса, гаровга олувчи жавобгар бўлади, агар у мол-мулк йўқолиши ёки шикастланиши енгиб бўлмайдиган куч, яъни фавқулодда ва муайян шароитларда олдини олиб бўлмайдиган вазиятлар (форс-мажор) туфайли рўй берганини исботлай олмаса.


2. Шарҳланаётган модда ҳақиқий зарар билан чекланадиган гаров нарсасининг нобуд бўлиши ёки шикастланиши учун гаровга олувчининг жавобгарлик ҳажмини белгилайди. Масалан, гаровга олувчи гаров нарсаси йўқолганлиги учун унинг хақиқий қиймати миқдорида, гаров нарсасига шикаст етказилганлиги учун эса - бу қиймат қанча суммага камайган бўлса, шунча сумма миқдорида жавоб беради.

Шарҳланаётган модда агар гаров нарсаси шикастланиш натижасида ундан бевосита ўз вазифаси бўйича фойдаланиш мумкин бўлмайдиган даражада ўзгарган бўлса, гаровга қўювчи ундан воз кечишга бўлган ҳуқуқини назарда тутади. Бу ҳолда гаровга қўювчи гаров нарсасининг нобуд бўлгани учун ҳақ талаб қилиши мумкин.

Ҳақиқий зарардан ташқари, гаровга қўйилган мол-мулкнинг нобуд бўлиши ёки шикастланиши билан боғлиқ бўлган гаровга олувчининг бошқа зарарларни ҳам қоплаш бўйича бурчи шартномада назарда тутилиши мумкин.


3. Гаров билан таъминланган мажбурият бўйича қарздор бўлган гаровга қўювчи гаров билан таъминланган мажбуриятни тўлашга, гаров нарсасининг нобуд бўлиши ёки шикастланиши билан етказилган зарарлар қопланиши тўғрисидаги талабини гаровга олувчи ҳисобига ўтказишга ҳақлидир.



276-модда. Гаров нарсасини алмаштириш ва тиклаш


Гаров нарсасини алмаштиришга, агар қонунда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, гаровга олувчининг розилиги билан йўл қўйилади.

Агар гаров нарсаси нобуд бўлган ёки шикастланган ёхуд унга бўлган мулк ҳуқуқи ё хўжалик юритиш ҳуқуқи қонунда белгиланган асосларга кўра бекор қилинган бўлса, гаровга қўювчи оқилона муддатда (низо чиққан тақдирда эса - суд белгилаган муддатда) гаров нарсасини тиклашга ёки шартномада бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, уни тенг қийматли бошқа мол-мулк билан алмаштиришга ҳақли.


1. Юқорида таъкидланганидек, гаров асосий мажбурият бажарилишини таъминлаш учун мўлжалланган. Гаров нарсаси кредитор олдида мажбурият бажарилишини таъминлаш учун гаровга қўйилади, унга бўлган мулк ҳуқуқи, мажбурият бажарилмаса ҳам, ўз-ўзидан гаровга олувчига ўтмайди. Мажбуриятни бажармаслик ёки лозим даражада бажармаслик ҳолатида ундирувни гаров нарсасига қаратиш тартиби қўлланилади, бунда гаровга қўйилган молмулк ким ошди савдолари орқали сотилади. Шунинг учун, кредитор учун гаров нарсаси, қарздор томонидан мажбуриятни бажармаслик ҳолатида унга нисбатан ундирувни қаратишда, талабларни қондириш учун ликвидлиги (харидорлиги) ва етарлилигидан келиб чиққан ҳолда, муҳим аҳамият касб этади.


2. Шарҳланаётган моддага мувофиқ, гаров нарсасини тенг қийматли бошқа мол-мулк билан алмаштириш мумкин. Гаров нарсасини алмаштириш қуйидагиларга кўра амалга оширилади:

- гаровга қўювчининг ташаббусига кўра;

- қонунда белгиланган асослар вужудга келган ҳолларда;

- агар гаров нарсаси нобуд бўлган ёки шикастланган ёхуд гаровга қўювчининг мулк ҳуқуқи ёки хўжалик юритиш ҳуқуқи бекор қилинган бўлса, мажбурий равишда.

Биринчи ҳолда, гаровга қўювчи гаровга олувчининг розилиги билан гаров нарсасини бошқа ашёга алмаштириши мумкин. Гаров нарсасининг алмаштирилиши гаров тўғрисида"ги шартномага тегишли ўзгартиришларни киритиш билан расмийлаштирилади. Масалан, гаров нарсаси - “Матиз” автомашинаси, у мажбуриятлари гаров билан таъминланган қарздор дўстининг мулкидир. Бу орада қарздор “Нексия” автомашинасини меросга олади. Гаровга олувчининг розилиги билан, гаров нарсасини қарздорнинг мулки “Нексия” билан алмаштириш мумкин, бунда “Матиз”га бўлган гаров ҳуқуқи йўқолади.


3. Фуқаролик кодекси, “Гаров тўғрисида”ги ва “Ипотека тўғрисида”ги Қонунларда қуйидаги ҳолатлар назарда тутилган. Гаров нарсаси нобуд бўлса ёхуд шикастланса, гаровга қўювчи гаров нарсасини тиклашга ёки уни тенг қийматли бошқа мол-мулк билан алмаштиришга ҳақли. Агар гаровга қўювчи бу ҳуқуқдан фойдаланмаса, унда гаровга олувчи бажарилиши гаров билан таъминланган мажбуриятнинг муддатидан олдин бажарилишини талаб қилиши мумкин. Шундай қилиб шарҳланаётган моддага асосан, агар гаров нарсаси нобуд бўлган ёки шикастланган ёхуд унга бўлган мулк ҳуқуқи ё хўжалик юритиш ҳуқуқи бекор қилинган бўлса, гаровга қўювчи гаров нарсасини тиклашга ёки уни тенг қийматли бошқа мол-мулк билан алмаштиришга ҳақли. Мазкур қоида, агар гаров нарсаси бўлган мол-мулк жойлашган ер участкаси, Ер кодексида ўрнатилган тартибда давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйилганлиги ҳолатида ҳам амал қилади. Ушбу ҳолда, ўрнига-ўрин (бошма-бош) берилган мол-мулкка гаров ҳуқуқи ёки товон тўлаш тадбиқ этилади. Масалан, гаров нарсаси бўлган мол-мулк қонун билан белгиланган асослар ва тартибда, давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйилса, унинг ўрнига бошқа мол-мулк берилади, гаров ҳуқуқи ўзўзидан ўрнига-ўрин берилган мол-мулкка тадбиқ этилади. Агар унинг ўрнига тегишли ҳақ (пул) суммаси берилса, унда гаров ҳуқуқи ўзўзидан берилган ҳақ суммасига ҳам тадбиқ этилади. Шуни таъкидлаш лозимки, “Ипотека тўғрисида”ги Қонунга асосан, гаровга қўйилган мол-мулкка мулк ҳуқуқи қонунчиликда ўрнатилган тартибда бекор бўлса, ипотека олувчи мажбуриятнинг муддатидан олдин бажарилишини талаб қилиши, ҳамда ўрнига-ўрин берилган мол-мулкка ёки ҳақ суммасига ундирувни қаратиши мумкин.

Шарҳланаётган модда диспозитив ҳисобланади ва шартномада бошқаси назарда тутилиши мумкин. Шартномада, гаров нарсасини алмаштиришга йўл қўйилмаслиги, ҳамда гаровга қўйилган мол-мулк йўқолиши ҳолатида гаровга олувчи мажбуриятнинг муддатидан олдин бажарилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга эканлиги назарда тутилиши мумкин.



277-модда. Гаров нарсасидан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш


Агар шартномада ўзгача тартиб назарда тутилган бўлмаса ёки гаровнинг моҳиятидан англашилмаса, гаровга қўювчи гаров нарсасидан унинг вазифасига кўра фойдаланишга, шу жумладан ундан ҳосил ва даромадлар олишга ҳақли.

Агар қонунда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса ва гаровнинг моҳиятидан англашилмаса, гаровга қўювчи фақат гаровга олувчининг розилиги билан гаров нарсасини бошқа шахсга беришга, уни ижарага ёки бепул фойдаланиш учун бошқа шахсга топшиpишга ёхуд уни бошқача тарзда тасарруф этишга ҳақли.

Гаровга қўювчининг гаровга қўйилган мол-мулкни васият қилиб қолдириш ҳуқуқини чеклайдиган келишув ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир.

Гаровга олувчи ўзига топширилган гаров нарсасидан шартномада назарда тутилган ҳоллардагина фойдаланишга ҳақли бўлиб, гаровга қўювчига ундан фойдаланиш тўғрисида мунтазам ҳисобот беpиб туради. Шартномага мувофиқ гаровга олувчи зиммасига асосий мажбуриятни бажариш мақсадида ёки гаровга қўювчининг манфаатларини кўзлаб, гаров нарсасидан ҳосил ва даромадлар олиш бурчи юклаб қўйилиши мумкин.


1. Фуқаролик кодекси, “Гаров тўғрисида”ги ва “Ипотека тўғрисида”ги Қонунлар, гаровга қўювчининг фақат гаровга олувчининг розилиги билан гаровга қўйилган молмулкдан фойдаланиш, эгалик қилиш ва тасарруф этиш имкониятига йўл қўядилар.

Шуни таъкидлаш лозимки, гаровга қўйилган молмулкдан фойдаланиш, эгалик қилиш ва тасарруф этиш гаровга олувчининг гаров нарсасига нисбатан ҳуқуқлар ҳажмига таъсир қилмайди. Масалан, агар гаров нарсаси, гаровга олувчининг розилиги билан, бегоналаштирилса, унда у гаров ҳуқуқи юклатилган ҳолда бошқа шахсга ўтади.

Бундан ташқари, гаров нарсасидан фойдаланиш гаровга қўювчидан муайян мажбуриятлар бажарилишини талаб қилади. Масалан, гаровга қўйилган молмулкдан фойдаланишда гаровга қўювчи гаровга қўйилган молмулкнинг нобуд бўлиши, бузилиши ёки унинг баҳоси пасайишига олиб келувчи ҳаракатларни содир этмаслиги, ҳамда гаровга қўйилган мол-мулкни турли тажовузлардан ҳимоя қилиш учун зарур чораларни кўриши лозим.

Гаров нарсасини тасарруф этиш учун гаровга олувчининг розилиги талаб қилинади. Гаровга қўйилган молмулкни бошқа шахсга беришга, уни ижарага ёки бепул фойдаланишга берилиши гаровга олувчининг розилиги билан амалга оширилади. Шарҳланаётган модданинг ушбу меъёри диспозитив ҳисобланади. Шартномада гаровга қўйилган молмулкни тасарруф қилишга бўлган гаровга қўювчининг чекланмаган ҳуқуқи белгиланган бўлиши мумкин.

Гаровга қўйилган молмулкни бегоналаштиришга гаровга олувчининг розилигини олиш бўйича талабларга риоя қилмаслик, қонунчилик томонидан ҳақиқий бўлмаган битимлар учун белгиланган оқибатларга олиб келади.


2. Агар шартномада назарда тутилган бўлса, қонунчилик гаровга олувчига ҳам гаров нарсасидан фойдаланиш имкониятини рухсат беради. Бу заклатда, ҳамда ипотека нарсаси гаровга олувчига берилганда бўлиши мумкин. Гаровга олувчи томонидан гаровга қўйилган мулкдан фойдаланиш хусусияти шундан иборатки, гаровга олувчи гаровга қўювчига мол-мулкдан фойдаланиш тўғрисида мунтазам ҳисобот беpиб туради. Бундан ташқари, шарҳланаётган модда асосий мажбуриятни бажаришга йўналтириладиган ёки гаровга қўювчига бериладиган ҳосил ва даромадларни гаров нарсасидан олиш бурчини гаровга олувчига юклатилиш имкониятига йўл қўяди. Масалан, агар гаров нарсасини гаровга олувчига бериш шарти билан облигациялар гаровга қўйилса, бу облигацияларга қўшиб ёзиладиган дивидендлар мажбуриятларни тўлашга йўналтирилишини гаров тўғрисидаги шартномада олдиндан ҳисобга олиш белгилаб қўйиш мумкин.

Гаров нарсаси бўлган гаровга қўйилган мулкдан фақат бевосита ўз вазифасига мувофиқ фойдаланиш мумкин. Масалан, агар гаров нарсаси турар жой бўлса, ундан фақат яшаш мақсадларида фойдаланиш мумкин, ва тижорат мақсадларида, масалан, идора, офис сифатида фойдаланиш мумкин эмас.



278-модда. Гаровга олувчининг гаров нарсасига

бўлган ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиши


Гаровга олувчи ўз ихтиёрида бўлган ёки бўлиши лозим бўлган гаровга қўйилган мол-мулкни бошқа шахснинг қонунсиз эгаллашидан, шу жумладан гаровга қўювчининг эгаллашидан талаб қилиб олишга ҳақли (ушбу Кодекснинг 228, 229, 230, 232-моддалари).

Шартнома шартларига кўра гаровга олувчига ўзига топширилган гаров нарсасидан фойдаланиш ҳуқуқи берилган ҳолларда у бошқа шахслардан, шу жумладан гаровга қўювчидан ҳам, ўз ҳуқуқининг ҳар қандай бузилишини бартараф этишни, гарчи бу бузилишлар эгалик қилишдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаса ҳам (ушбу Кодекснинг 231, 232-моддалари), талаб қилиши мумкин.


1. Шарҳланаётган модда гаровга олувчининг ҳуқуқларини гаровга қўйилган мол-мулкка эгалик қилиш ва фойдаланиш имкониятини чеклайдиган бузилишлардан ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини ўрнатишга қаратилган.


2. Мулк ҳуқуқидан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлган бузилишлардан мулк ҳуқуқини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларига виндикация, яъни бузилишлардан ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмлари, мол-мулкни бошқа шахснинг қонунсиз эгалигидан талаб қилиб олиш (ФК 228-моддаси), мол-мулкни инсофли эгалловчининг эгалигидан талаб қилиб олиш (ФК 229-моддаси), мулк ҳуқуқидан маҳрум қилиш орқали олинган даромадлар ва талаб қилиб олиш билан боғлиқ бўлган ҳаражатларни қоплаш тўғрисидаги талаб қўйиш ҳуқуқлари (ФК 230-моддаси) белгилаб қўйилган. Мулкдор ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг юқорида санаб ўтилган чоралари, мулкдор бўлмаса ҳам, лекин мол-мулкка мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик, хўжалик юритиш, оператив бошқариш ҳуқуқи асосида ёки қонун ёхуд шартномада назарда тутилган бошқа асосга кўра эгалик қилаётган шахсга ҳам берилади. Жумладан, шартномада, гаровга олувчида гаров нарсасига бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳуқуқи мавжудлигини вужудга келтирадиган, унинг гаров нарсасидан фойдаланишга бўлган ҳуқуқи назарда тутилиши мумкин.

Шундай қилиб, гаровга олувчи ўз ихтиёрида бўлган гаровга қўйилган мол-мулкни, шу мол-мулк эгаси сифатида, гаровга қўйилган мол-мулкка бўлган ҳуқуқларнинг бузилишларидан бўлган ҳимояси тақдим қилинади.

Эгалик қилишдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлган бузилишлардан гаровга олувчининг гаровга қўйилган мол-мулкка бўлган ҳимоя қилиш ҳуқуқи мутлақдир, яъни гаровга олувчи гаровга қўйилган мол-мулкни барча шахслар, шу жумладан, гаровга қўювчининг эгаллашидан талаб қилиб олишга ҳақли.

Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисми эгалик қилишдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган бузилишлардан ҳуқуқларнинг ҳимоясини белгилайди. Ушбу ҳолатда гаров нарсаси гаровга олувчида қолади, лекин бошқа шахслар, шу жумладан гаровга қўювчининг баъзи ҳаракатлари гаровга қўйилган мол-мулкка зарар етказилишига олиб келиши мумкин. Гаровга олувчи бошқа шахслардан, шу жумладан гаровга қўювчидан ҳам, бундай бузилишларни бартараф этишни талаб қилиши мумкин.



279-модда. Ундирувни гаровга қўйилган

мол-мулкка қаратиш асослари


Гаровга олувчининг (кредиторнинг) талабларини қондириш учун ундиpувни қарздор гаров билан таъминланган мажбуриятни ўзи жавобгаp бўлган вазиятларда бажармаган ёки лозим даpажада бажармаган тақдирда гаровга қўйилган мол-мулкка қаратиш мумкин.

Агар гаров билан таъминланган мажбуриятнинг қарздор томонидан бузилиши жуда арзимас бўлса ва шу туфайли гаровга олувчининг талабларининг миқдори гаровга қўйилган мол-мулкнинг қийматига мутлақо мос келмаса, ундирувни гаровга қўйилган мол-мулкка қаратишни рад этиш мумкин, қонунда кўрсатилган ҳолатлар бундан мустасно.


1. Гаровнинг хусусияти шундан иборатки, у муайян процедуралар, таомиллар орқали мажбуриятлар бажарилишини таъминлайди. Гаровнинг кредитор талабларини қондиришга бевосита қаратилган энг муҳим қуроли гаровга қўйилган мол-мулкка ундиpувни қаратиш. Гаровга қўйилган мол-мулкка ундиpувни қаратиш - бу гаровга қўйилган мол-мулкнинг ким ошди савдоларида сотилишини ва қўлга киритилган маблағларнинг кредитор талабларини қондиришга қаратишни назарда тутувчи процедурадир. Гаровга қўйилган мол-мулкка ундиpувни қаратиш қарздор томонидан мажбуриятларини бажармаслиги ёки лозим даражада бажармаслиги ҳолатларида қўлланилади. Гаров билан таъминланган мажбуриятни бажармаслик сифатида, қарздор томонидан бажарилиши гаровга қўйилган молмулк билан таъминланган шартнома асосида белгиланган ўз мажбуриятларини бажармаслиги тушунилади.

Асосий мажбуриятнинг лозим даpажада бажармаганлиги гаров билан таъминланган мажбуриятни белгилайдиган шартнома шартларининг жиддий бузилишлари билан кечадиган мажбурият муносабатларида ифодаланади. Мажбуриятнинг лозим даpажада бажарилмаганлигида қарздор муайян ишларни бажаради, лекин улар шартнома доирасида кредиторнинг талабларини қондириш учун етарли эмас. Масалан, етказиб бериш шартномаси бўйича сифатли янги транспорт воситаси ўрнига эски, лекин қайта бўялган ва таъмирланган транспорт воситаси етказиб берилади, бу шартнома шартларининг жиддий бузилишидир.


2. Мажбуриятни лозим даpажада бажармаган тақдирда ундирувни қаратиш учун, йўл қўйилган бузилиш жиддий ва аҳамиятли бўлиши керак. Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисми, агар гаров билан таъминланган мажбуриятнинг бузилиши жуда арзимас бўлса ва шу туфайли гаровга олувчининг талабларининг (ҳажми) миқдори гаровга қўйилган мол-мулкнинг қийматига мутлақо мос келмаса, ундирув қаратишни рад этиш мумкинлигини таъкидлайди. Мазкур қоида гаровга қўювчини рўй бериши мумкин бўлган асосланмаган ундирувга қаратиш ҳолатларидан ҳимоя қилади. Шунингдек бундай қоида “Гаров тўғрисида”ги ва “Ипотека тўғрисида”ги Қонунларда назарда тутилади. Шу билан бирга, “Ипотека тўғрисида”ги Қонунда кўрсатилган умумий қоидадан четга чиқиш ҳам мавжуд. Ушбу қоида мажбуриятларнинг бажарилиши ипотека билан таъминланган даврий тўловлар муддатларининг бир неча бор бузилиши ҳолатида қўлланилмайди. Масалан, “Ипотека тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, мажбуриятни таъминлаш учун ундирувни гаровга қўйилган мол-мулкка қаратишга, бу тўловларни тўлаш муддатлари мунтазам равишда, яъни ўн икки ой давомида уч мартадан ортиқ бузилган тақдирда, йўл қўйилиши мумкин.



280-модда. Ундирувни гаровга қўйилган

мол-мулкка қаратиш тартиби


Гаровга олувчининг (кредиторнинг) талаблари гаровга қўйилган кўчмас мол-мулк қийматидан суднинг қарорига мувофиқ қондирилади.

Гаровга олувчининг талабини гаровга қўйилган кўчмас мол-мулк ҳисобидан судга мурожаат қилмасдан қондиришга ундирувни гаров нарсасига қаратиш учун асослар вужудга келганидан кейин гаровга олувчининг гаровга қўювчи билан нотариал тасдиқланган келишуви асосида йўл қўйилади. Мазкур келишув туфайли ҳуқуқлари бузилган шахснинг даъвосига кўра бундай келишув суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Агар гаровга қўювчининг гаровга олувчи билан келишувида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, гаровга олувчининг талаблари гаровга қўйилган кўчар мол-мулк ҳисобидан суд қарорига мувофиқ қондирилади. Агар қонунда бошқача тартиб белгилаб қўйилган бўлмаса, ундирув гаровга олувчига топширилган гаров нарсасига гаров тўғрисидаги шартномада белгиланган тартибда қаратилиши мумкин.

Ундирув гаров нарсасига қуйидаги ҳолларда фақат суднинг қарорига мувофиқ қаратилиши мумкин:

1) гаров тўғрисида шартнома тузиш учун бошқа шахс ёки органнинг розилиги ёхуд рухсати талаб қилинганида;

2) гаров нарсаси жамият учун тарихий, бадиий ёки ўзга маданий аҳамиятга эга мол-мулк бўлса;

3) гаровга қўювчи йўқолган бўлса ва унинг турган жойини аниқлаш мумкин бўлмаса.


1. Гаровга олувчи қарздорга нисбатан гаров билан таъминланган ўзининг талабларини гаровга қўйилган мол-мулк қийматидан қондириш ҳуқуқига эга, ва бу ким ошди савдосини ўтказиш йўли билан гаров нарсасини сотиш ва ўзининг гаров билан таъминланган ҳуқуқи ҳисобидан, сотиш суммасидан ўзининг талабларини имтиёзли равишда қондирилиши орқали ифодаланади. Кўрсатилган тартиб таомил гаровга қўйилган мол-мулкка ундирувни қаратиш деб аталади. Шуни унутмаслик лозимки, агар қарздор гаров билан таъминланган мажбуриятни бажармаган ҳолда, гаров гаровга қўювчининг гаров нарсасига нисбатан мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқларининг гаровга олувчига ўтказилишини назарда тутмайди.

Мажбуриятни бажармаган ҳолда, гаров нарсасига нисбатан мулк ҳуқуқининг гаровга олувчига ўтказилишини назарда тутувчи шартнома ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир.

Фақат ким ошди савдосида сотиш йўли билан гаровдаги мол-мулкка ундирувни қаратиш орқали талабнинг қондирилиши, ундирувни қаратиш жараёнида қарздор томонидан ўз мажбуриятини бажармаслигини аниқлаш ва ундирувни қаратиш учун асос борйўқлигини ойдинлаштириш билан боғлиқ.

Фараз қилайлик, қарздор шартнома бўйича қарзини қайтармаяпти, чунки ҳисобга ўтказишга асосан мажбуриятни тугаган деб ҳисоблайди. Бу ҳолда, кредиторгаровга олувчининг талабларини қондиришдан аввал, қарздор важларининг асосланганлигини текшириб чиқиш керак. Бундан ташқари, бу билан ушбу масалани ҳал қилишда адолат таъминланади ва барча манфаатдор шахсларга тенг ҳуқуқли ҳимоя берилади.


2. Шарҳланаётган модда ундирув қаратишнинг иккита тартибини белгилайди:

1) суд тартиби

2) суддан ташқари тартиб.

Биринчи ва энг кенг тарқалган усули - суд тартибида ундиришдир. Қонун ҳужжатларида ундирув қаратишнинг суд тартиби янада аниқ тарзда тартибга солинган. Шунингдек, суд тартиби ҳам кредитор - гаровга олувчининг, ҳам қарздор, гаровга қўювчининг ҳуқуқлари ва манфаатларининг ҳимоясини янада тўлиқ таъминлайди.

Қайси судга гаров нарсасига ундирувни қаратишга доир ишлар тегишли бўлади? Фуқаролик процессуал кодексига мувофиқ, томонларидан иккитаси ёки биттаси жисмоний шахслар бўлган ишлар фуқаролик ишлари бўйича судларга қарашли бўлади. Шунга мувофиқ тарзда, агар гаровга олувчи ёки гаровга қўювчи жисмоний шахслар бўлган ҳолларда, гаровга қўйилган мулкка ундирувни қаратишга доир иш фуқаролик ишлари бўйича тегишли судда кўриб чиқилади.

Агар гаров тўғрисида шартнома ва асосий мажбуриятнинг барча томонлари юридик шахслар ёки якка тартибдаги тадбиркорлар бўлса, ундирувни қаратишга доир иш хўжалик судида кўриб чиқилади.

Иккинчи усул - ипотека нарсасига ундирувни қаратишнинг суддан ташқари тартиби қуйидагиларга асосан амалга оширилади:

1. Гаровга олувчига гаров нарсасига бевосита ундирувни қаратиш имкониятини назарда тутувчи гаров тўғрисида шартномага асосан ундирувни қаратиш;

2. Суд иштирокисиз гаров нарсасига ундирув қаратилишини назарда тутувчи, гаровга қўйилган мулкка нисбатан ундирувни қаратиш учун асослар вужудга келгандан кейин тузиладиган, гаровга қўювчининг ва гаровга олувчининг ўртасидаги нотариал тасдиқланган шартнома.

Шарҳланаётган моддада кўрсатилган усуллардан ташқари, қонунчилик гаровга қўйилган мулкка нисбатан ундирувни қаратиш масаласини, томонлар орасидаги низо мавжудлигида ҳакамлар суди орқали кўриб чиқилишига ва уларнинг розилиги билан ҳакамлар томонидан муҳокама қилинишига йўл қўяди. Ҳакамлар суди - фуқаролик - ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни, шу жумладан тадбиркорлик субъектлари орасида вужудга келадиган хўжалик низоларини бартараф қилувчи нодавлат органдир.

Гаров тўғрисидаги шартнома томонлари келишув бўйича улар орасидаги низони бартараф қилиш учун муваққат ҳакамлар судини ташкил қилиши мумкин ёки доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлар судига мурожаат қилиши мумкин.

Ҳакамлар суди низони кўриб чиқиб қарор қабул қилади. Ҳакамлар судининг қарори ихтиёрий равишда ва мазкур қарорда белгиланган тартиб ва муддатларда ижро этилади. Агар Ҳакамлар судининг қарори ихтиёрий равишда ва мазкур қарорда белгиланган муддатларда ижро этилмаган бўлса, у Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунда ўрнатилган тартибда, ваколатли суд томонидан берилган ижро варақасига мувофиқ мажбурий ижро этилиши даркор


3. Шарҳланаётган модда, ундирув гаров нарсасига қайси ҳолларда фақат суднинг қарорига мувофиқ қаратилишини белгилайди. Суд қарори қуйидаги ҳолларда талаб қилинади:

1) гаров тўғрисида шартнома тузиш учун бошқа шахс ёки органнинг розилиги ёхуд рухсати талаб қилинганида;

2) гаров нарсаси жамият учун тарихий, бадиий ёки ўзга маданий аҳамиятга эга мол-мулк бўлса;

3) гаровга қўювчи йўқолган бўлса ва унинг турган жойини аниқлаш мумкин бўлмаса.



281-модда. Гаровга қўйилган мол-мулкни сотиш


Ушбу Кодекснинг 280-моддасига мувофиқ ундирув қаратилган гаровдаги мол-мулкни сотиш, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ким ошди савдосида сотиш йўли билан амалга оширилади.

Гаровга қўювчининг илтимосига кўра, суд ундирувни гаровга қўйилган мол-мулкка қаратиш тўғрисидаги қарорда уни ким ошди савдосида сотишни бир йилгача муддатга кечиктиришга ҳақли. Кечиктириш ушбу мол-мулкни гаровга қўйиш билан таъминланган мажбурият бўйича таpафларнинг ҳуқуқ ва буpчларига таъсир қилмайди ҳамда қарздорни кредиторнинг кечиктириш даври мобайнида кўпайган зарари ва неустойкани ундиришдан озод қилмайди.

Гаровга қўйилган мол-мулкнинг ким ошди савдоси бошланадиган вақтдаги бошланғич сотиш баҳоси ундирув суд тартибида мол-мулкка қаратилган ҳолларда суд қарори билан ёки бошқа ҳолларда гаровга олувчининг гаровга қўювчи билан келишуви натижасида белгиланади.

Гаровга қўйилган мол-мулк ким ошди савдосида энг юқори баҳони таклиф қилган шахсга сотилади.

Ким ошди савдоси амалга ошмаган деб эълон қилинганида гаровга олувчи гаровга қўювчи билан келишиб, гаровга қўйилган мол-мулкни сотиб олишга ва харид нархини гаров билан таъминланган ўз талаблари ҳисобига ўтказишга ҳақли. Бундай келишувга нисбатан олиб-сотиш шартномаси қоидалари қўлланилади.

Такрорий ким ошди савдоси амалга ошмаган деб эълон қилинганида гаровга олувчи гаров нарсасини такрорий ким ошди савдосидаги бошланғич сотиш нархидан кўпи билан ўн фоиз камайтирган суммада баҳолаб, ўзида олиб қолишга ҳақли.

Агар гаровга олувчи гаров нарсасини ўзида олиб қолиш ҳуқуқидан такрорий ким ошди савдоси амалга ошмаган деб эълон қилинган кундан эътиборан бир ой давомида фойдаланмаса, гаров шартномаси бекор қилинади.

Агар гаровга қўйилган мол-мулкни сотишдан тушган сумма гаровга олувчининг талабини қоплашга етарли бўлмаса, у, қонунда ёки шартномада бошқача кўрсатма бўлмаганида, етишмаётган суммани гаровга асосланган имтиёздан фойдаланмаган ҳолда қарздорнинг бошқа мол-мулкидан олиш ҳуқуқига эга.

Агар гаровга қўйилган мол-мулкни сотишдан тушган сумма гаровга олувчининг гаров билан таъминланган талабидан ошиб кетса, фарқ гаровга қўювчига қайтариб берилади.

Қарздор ёки учинчи шахс бўлган гаровга қўювчи гаров нарсаси сотилгунча хоҳлаган вақтда гаров билан таъминланган мажбуриятни ёки унинг ижроси кечиктириб юборилган қисмини бажариб, ундирувни унга қаратишга ва уни сотишга барҳам бериши мумкин. Бу ҳуқуқни чеклайдиган келишув ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир.


1. Ундирувни гаров нарсасига қаратиш тартиби ўзўзидан гаровга олувчининг талаблари қондирилишини таъминлаши мумкин эмас. Талабларнинг қондирилиши фақат гаров нарсасининг сотилишидан кейин, сотишдан тушган тушум ҳисобига амалга оширилиши мумкин.

Гаровга қўйилган мол-мулкни ким ошди савдосида ёки аукционда сотиш йўли билан амалга оширилади. Ким ошди савдоси - барча иштирокчиларига тенг имкониятларни бериш билан бирга кенг доирадаги харидор шахсларнинг иштирокини таъминлайдиган суд қарорларини ижро этиш тартибида ўтказиладиган савдодир. Ким ошди савдоларини ташкил қилиш ва ўтказиш, тегишли қонун ҳужжатларига мувофиқ, ихтисослаштирилган ташкилотлар томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 31 августдаги ПҚ-458-сонли Қарори билан “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда автомотранспорт воситалари ва кўчмас мулкни сотиш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланган. Мазкур Низомда ижро ҳужжатлари бўйича сотилиши лозим бўлган кўчмас мулкни сотиш тартиби белгиланган. Кўрсатилган Низомга мувофиқ, ихтисослашган ташкилотлар сифатида тегишли лицензияларга эга бўлган ҳамда Адлия вазирлиги томонидан белгиланадиган биржалар намоён бўлади.

Суд тартибида ундирувни қаратиш ҳолларида Ипотека тўғрисидаги шартнома бўйича гаровга қўйилган кўчмас мулк суд қарорларини ижро этиш тартибида сотилади. Ижро этиш ҳужжатларига асосан кўчмас мулкни сотиш махсус ажратилган савдо майдончаларида биржалар томонидан ўтказиладиган очиқ аукционларда амалга оширилади.


2. Ким ошди савдоси мол-мулк хатланган кундан бошлаб икки ой ичида ўтказилади (“Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 56-моддасининг биринчи қисми).

Агар гаров нарсаси кўчмас мулк бўлса, “Ипотека тўғрисида”ги Қонун гаровга қўйилган мол-мулкни сотиш бўйича ким ошди савдоси шу мол-мулк турган жойда ўтказилиш мажбуриятини белгилайди (“Ипотека тўғсирида”ги Қонун 41-моддаси иккинчи қисми). Қонун чиқарувчи ким ошди савдосини ўтказиш жойи сифатида, кўчмас мулкнинг хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, шу мол-мулк турган жойни белгилайди. Масалан, кўчмас мулк ҳуқуқи унинг жойлашган туманида рўйхатга олинади, кўчмас мулк билан боғлиқ бўлган шартномаларни нотариал тасдиқлаш ҳам унинг жойлашган туманида амалга оширилади.

“Ипотека тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, ким ошди савдоси ташкилотчиси ким ошди савдоси ўтказилишидан камида ўттиз кун олдин Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида тарқатиладиган камида иккита даврий босма нашрда ким ошди савдоси тўғрисидаги эълонни зарур маълумотлар билан бирга чоп этади.

Ким ошди савдосида сотилаётган мол-мулк учун энг юқори баҳони таклиф этган шахс ким ошди савдосида ғолиб чиққан деб эътироф этилади ва у билан олди-сотди шартномаси тузилади.


3. Қонунда ким ошди савдоларига талаблар ўрнатилган бўлиб, уларга риоя қилмаслик бундай савдоларнинг ҳақиқий эмаслигига олиб келади. “Ипотека тўғрисида"ги” Қонуннинг 43-моддаси биринчи қисмида ким ошди савдолари амалга ошмаганлигини тан олувчи вазиятлар кўрсатилади. Масалан, ким ошди савдоси ташкилотчиси қуйидаги ҳолларда ким ошди савдосини амалга ошмаган деб эълон қилади:

1) ким ошди савдоларига иккитадан кам харидорлар келган бўлса;

2) ким ошди савдоларида гаровга қўйилган мол-мулкнинг бошланғич сотиш баҳосидан ортиқ нархни харидорлар таклиф этмаса;

3) ким ошди савдосида ғолиб бўлган шахс белгиланган муддатда келишилган ҳақни тўламаган бўлса.

Ким ошди савдоси кўрсатилган ҳолатлардан биронтаси содир бўлганидан кейинги кундан кечиктирмай амалга ошмаган деб эълон қилиниши керак. (“Ипотека тўғрисида”ги Қонун 43-модданинг иккинчи қисми).

Ким ошди савдоси амалга ошмаган деб эълон қилинганида, гаровга олувчи гаровга қўювчи билан келишиб, гаровга қўйилган мол-мулкни сотиб олишга ва харид нархини гаров билан таъминланган ўз талаблари ҳисобига ўтказишга ҳақли. Бундай ҳолларда гаров бекор бўлади ва Фуқаролик кодексига мувофиқ оддий олибсотиш шартномаси тузилади.

Шарҳланаётган модда, агар гаровга олувчи гаров нарсасини ўзида олиб қолиш ҳуқуқидан такрорий ким ошди савдоси амалга ошмаган деб эълон қилинган кундан эътиборан бир ой давомида фойдаланмаса, ипотека бекор қилинишини таъкидлайди.

Ипотека ҳолатида вазият бир мунча фарқ қилади. “Ипотека тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, ким ошди савдоси амалга ошмаган деб эълон қилингандан кейин ўн кун ичида ипотекага олувчи ипотека нарсасини ўзида олиб қолиш ҳуқуқига эга. Агар ипотекага олувчи кўрсатилган ҳуқуқдан фойдаланмаса, ва гаровга қўйилган мол-мулкни сотиб олмаса, такрорий савдолар ўтказилади.

Гаровга қўйилган мол-мулкнинг бошланғич сотув нархи такрорий ким ошди савдосида 20 фоизга пасайтирилади. Такрорий ким ошди савдосида ғолиб бўлган шахс белгиланган муддатда харид нархини тўламаган ҳолларда, гаровга қўйилган мол-мулкнинг баҳоси камайтирилмайди (“Ипотека тўғрисида”ги Қонун 43-модда тўртинчи қисми).

Такрорий ким ошди савдоси амалга ошмаган деб эълон қилинганида гаровга олувчи гаров нарсасини биринчи ким ошди савдосидаги бошланғич сотиш нархидан кўпи билан 25 фоиз камайтирган суммада баҳолаб, ўзида олиб қолишга, ҳамда ипотека билан таъминланган ўзининг талабларини харид нархи ҳисобига ўтказишга ҳақли (“Ипотека тўғрисида”ги Қонуннинг 43-модданинг бешинчи қисми). Агар гаровга олувчи гаров нарсасини ўзида олиб қолиш ҳуқуқидан такрорий ким ошди савдоси амалга ошмаган деб эълон қилинган кундан эътиборан бир ой давомида фойдаланмаса, ипотека бекор қилинади (“Ипотека тўғрисида”ги Қонуннинг 43-модданинг олтинчи қисми).


4. Гаров нарсасини сотишда гаров қарздор талабларини имтиёзли равишда қондириш имкониятини таъминлайди. Гаровга қўйилган мол-мулкни сотишдан тушган сумма гаровга олувчининг барча талабларини қоплашга етарли бўлмаслиги мумкин. Бундай ҳолда, гаровга олувчи ўз талабларининг етишмаётган қисмини қарздорнинг бошқа мол-мулки ҳисобига олишга ҳақлидир. Бунда гаровга олувчи қарздор бошқа мол-мулкига нисбатан имтиёздан фойдаланиши мумкин эмас, чунки гаровга қўйилган мол-мулк сотилгандан кейин гаров бекор қилинади ва гаровга олувчининг имтиёзли ҳуқуқи йўқолади.

Агар гаровга қўйилган мол-мулкни сотишдан тушган сумма гаровга олувчининг гаров билан таъминланган талабидан ошиб кетса, фарқ гаровга қўювчига қайтариб берилади.


5. Шарҳланаётган модданинг охирги қисми қарздор ва гаровга қўювчининг хоҳлаган вақтда гаров билан таъминланган мажбуриятни бажаришга бўлган ҳуқуқини белгилайди. Қарздор ёки учинчи шахс бўлган гаровга қўювчи гаров нарсаси сотилгунча хоҳлаган вақтда мажбуриятни бажаришга ҳақлидир. Бу ҳолда гаровга қўйилган мол-мулкка ундирувни қаратиш ва уни сотиш бекор бўлади. Қарздор ва гаровга қўювчининг мазкур ҳуқуқи бирон бир келишув билан чекланиши мумкин эмас. Бундай келишув ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир.



282-модда. Гаров билан таъминланган мажбуриятни

муддатидан илгари бажариш ва ундирувни гаровга

қўйилган мол-мулкка қаратиш


Гаровга олувчи гаров билан таъминланган мажбуриятни қуйидаги ҳолларда муддатидан илгари бажаришни талаб қилишга ҳақли:

1) агар гаров нарсаси гаровга қўювчида қолдирилган бўлиб, гаров тўғрисидаги шартнома бузилган ҳолда унинг эгалигидан чиққан бўлса;

2) гаровга қўювчи гаров нарсасини алмаштириш қоидаларини бузган бўлса (ушбу Кодекснинг 276-моддаси);

3) гаров нарсаси гаровга олувчи жавоб бермайдиган вазиятларда йўқолган бўлса, агар гаровга қўювчи ушбу Кодекс 276-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқдан фойдаланмаган бўлса.

Гаровга олувчи қуйидаги ҳолларда гаров билан таъминланган мажбуриятни муддатидан илгари бажаришни талаб қилишга, агар унинг талаби қондирилмаса, ундирувни гаров нарсасига қаратишга ҳақли:

1) гаровга қўювчи навбатдаги гаров қоидасини бузган бўлса (ушбу Кодекснинг 273-моддаси);

2) гаровга қўювчи гаровга қўйилган мол-мулкни сақлаш ва асраш юзасидан ушбу Кодекс 274-моддаси биринчи қисмининг 1 ва 2-бандларида ҳамда иккинчи қисмида назарда тутилган бурчларни бажармаса;

3) гаровга қўювчи гаровга қўйилган мол-мулкни тасарруф этиш қоидаларини бузса (ушбу Кодекс 277-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмлари).


1. Шарҳланаётган модданинг биринчи қисми гаровга олувчига асосий мажбуриятни учта турли ҳолларда муддатидан илгари бажаришни талаб қилиш ҳуқуқини беради.

Шарҳланаётган модданинг биринчи қисми биринчи бандида гаровга қўювчида қолдирилган гаров нарсасининг унинг эгалигидан чиқиши тўғрисидаги қоида кўрсатилган. Шуни эътиборга олиш керакки, ЎзР ФК 269-моддаси бешинчи қисмига мувофиқ, гаровга қўювчи томонидан эгалик қилиш ёки фойдаланиш учун вақтинча учинчи шахсга топширилган гаров нарсаси гаровга қўювчида қолдирилган ҳисобланади. Шунинг учун, нарсанинг ушбу шахс эгалигидан чиқиб кетиши ҳам, асосий мажбуриятни муддатидан илгари бекор қилиш талабининг гаровга олувчи томонидан қўйилиши учун асос бўлиб ҳисобланади.

Шарҳланаётган норма ЎзР ФК 27-модда биринчи қисми иккинчи бандида ва учинчи қисмида назарда тутилган қоидаларни бузилиши ҳолатлари учун ўрнатилган санкциянинг биринчи қисмини ифодалайди. Унда, гаровга қўювчи томонидан гаровга қўйилган мол-мулкнинг асралишини таъминлаш учун, шу жумладан уни учинчи шахсларнинг тажовузлари ва талабларидан ҳимоя қилиш учун зарур чораларни кўришга мажбурлиги назарда тутилган. Бироқ ЎзР ФК 274-моддасида бу қоидаларни бузганлик учун санкция кўрсатилмаган. Шарҳланаётган меъёр бу камчиликни тўлдиради. Агар молмулк гаровга қўювчининг эгалигидан учинчи шахс эгалигига ўтиб кетган бўлса, бу гаровга қўювчининг тегишли тажовузлардан мулкни ҳимоя қилиш бўйича ўз мажбуриятини бажармаганлигидан далолат беради. Шархланаётган нормага асосан, агар учинчи шахсларнинг гаров нарсасига тажовузлари унинг гаровга қўювчи эгаллашидан чиқиб кетиши билан ифодаланган бўлса, гаровга олувчи асосий мажбуриятнинг муддатидан олдин ижро этилишини талаб қилишга ҳақли.


2. Шарҳланаётган модданинг биринчи қисми иккинчи банди, биринчи қарашдан, гаров кредиторлари манфаатларининг кафолати бўлиб кўринади. Лекин бундай кўриниш фақат чалғитади. Ҳақиқатда, бу ерда, умуман келиб чиқиши мумкин бўлмаган шарт билан, гаровга олувчига асосий мажбуриятнинг муддатидан олдин бажарилишини талаб қилиш ҳуқуқи берилади. Гаровга қўювчи ЎзР ФК 276-моддасида “ўрнатилган гаров нарсасини алмаштириш тўғрисида"ги қоидани бузишга қодир эмас, шунинг учунки мазкур модда унга ҳеч қандай мажбуриятни юкламайди, ва фақат унга ҳуқуқ беради. Ушбу модданинг биринчи қисмига мувофиқ, гаровга қўювчи гаров нарсасини алмаштириш йўли билан “гаров тўғрисида"ги шартномани ўзгартиришга ҳақли, лекин мажбур эмас. У ўзининг мазкур ҳуқуқидан фойдаланмаслиги мумкин, ва бу қоидани бузиш деб ҳисобланмайди. Худди шунингдек, агар гаров нарсаси нобуд бўлса, гаровга қўювчининг “гаров тўғрисида"ги шартномани ўзгартиришни рад қилиши, айтилган модданинг иккинчи қисмида келтирилган, ўз ҳуқуқидан фойдаланмасликдир, бу ҳам қоидани бузилиши деб ҳисобланмайди.


3. Шарҳланаётган модданинг биринчи қисми 3-банди бўйича агар гаров нарсаси гаровга олувчи жавоб бермайдиган вазиятларда йўқолган бўлса, гаровга қўйувчи эса уни янгиламаса, бу кредиторга асосий мажбуриятни муддатидан илгари бажаришни талаб қилиш ҳуқуқини беради. Бунда гаровга қўювчининг гаров нарсасини йўқолишига муносабати ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Гаровга қўювчи объект йўқолиши учун жавоб берганда ҳам, унинг бу мажбурият бўйича жавобгар бўлмаслигида ҳам, гаровга олувчи асосий мажбуриятни муддатидан илгари бажаришни талаб қилишга ҳақлидир.

Бироқ бунда гаровга олувчининг ҳуқуқи, ЎзР ФК 276-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган гаровга олувчининг ҳаттиҳаракатларига боғлиқ равишда қўйилган (ушбу моддага бўлган шарҳларни қаранг).


4. Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисми гаровга олувчига гаров билан таъминланган мажбуриятни муддатидан илгари бажаришни талаб қилишга, ҳамда ундирувни гаров нарсасига қаратишга бўлган субсидиар ҳуқуқни беради. У мазкур модданинг биринчи қисми билан белгиланган ҳоллардан кескин равишда фарқ қилувчи учта турли ҳолатларни бирлаштиради. Уларнинг ҳар бири алохида ҳолда рўй берганда ҳам гаров нарсасига ундирувни қаратишнинг ҳақиқий имконияти вужудга келади.

Шарҳланаётган модда иккинчи қисми биринчи банди етарли даражада аниқ таърифланмаган. У ЎзР ФК 273-моддаси нормалари билан ҳаволаки боғлиқ. Айни пайтда унинг матнида кўрсатилганидай ҳамма меъёрларини эмас, балки ЎзР ФК 273-моддасининг иккинчи қисми ва учинчи қисмида назарда тутилган меъёрларни бузганлиги учун санкцияни белгиловчи меъёрни ўз ичига олади.

Агар гаровга қўювчи шартнома таркибидаги тақиққа зид равишда навбатдаги гаровни амалга оширган бўлса, ёки ФК 273-моддаси учинчи қисмида назарда тутилган ҳар бир навбатдаги гаровга олувчига олдин мавжуд бўлган барча гаровлари ҳақида маълум қилиш мажбуриятини бузган бўлса, гаровга олувчи тегишли ҳуқуқларга эга бўлади.


5. Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисм иккинчи банди гаровга қўювчи томонидан гаровга қўйилган мол-мулкнинг асралишини таъминлаш учун зарур чораларни кўриши керак бўлган ўз мажбуриятларини бузилиши ҳолатларида ўрнатилган санкциянинг иккинчи қисмини ифодалайди. Бироқ бу қоидалар, учинчи шахсларнинг тажовузлари объектнинг гаровга қўювчининг эгалигидан чиқиб кетиши билан ифодаланмаган ҳолатларга тааллуқлидир. Бундай ҳолларда гаровга олувчи гаров билан таъминланган мажбуриятни муддатидан илгари бажаришни талаб қилишга ва ундирувни гаров нарсасига субсидиар қаратишга ҳақли.

Худди шу санкция гаровга қўювчи томонидан ЎзР ФК 274-моддаси иккинчи қисмидан чиқадиган ўз мажбуриятларининг бузилиши ҳолатлари учун амал қилади. У гаровга олувчига гаровга қўйилган мол-мулкнинг мавжудлиги, миқдори, ҳолати ва сақлаш шароитларини ҳужжатлар бўйича ва амалда текширишга бўлган ҳуқуқларни беради.



283-модда. Гаровнинг бекор бўлиши


Гаров қуйидаги ҳолларда бекор бўлади:

1) гаров билан таъминланган мажбурият бекор бўлганида;

2) ушбу Кодекс 274-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган асослар бўлганида гаровга қўювчининг талаби билан;

3) гаровга қўйилган ашё нобуд бўлганида ёки гаровга қўйилган ҳуқуқ бекор бўлганида, башарти гаровга қўювчи ушбу Кодекс 276-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқдан фойдаланган бўлмаса;

4) гаровга қўйилган мол-мулк ким ошди савдосида сотилган тақдирда, шунингдек уни сотиш мумкин бўлмаган тақдирда (ушбу Кодекс 281-моддасининг бешинчи, олтинчи ва еттинчи қисмлари). Ипотека бекор бўлгани ҳақида ипотека тўғpисидаги шартнома рўйхатга олинган реестрга белги қўйилиши керак.

Гаров билан таъминланган мажбурият бажарилиши натижасида ёки гаровга қўювчининг талаби билан гаров бекор бўлганида (ушбу Кодекс 274-моддасининг учинчи қисми) ихтиёpида гаровга қўйилган мол-мулк бўлган гаровга олувчи уни дарҳол гаровга қўювчига қайтариб бериши шарт.


1. Шарҳланаётган модда гаров бекор бўладиган ҳолатларни аниқлашга қаратилган. Гаровнинг бекор бўлиши гаровга қўювчининг гаровга олувчи билан гаровга қўйилган мол-мулкка нисбатан муносабатларининг тугалланишини англатади.

Шарҳланаётган моддага мувофиқ, гаров қуйидаги ҳолларда бекор бўлади:

1) гаров билан таъминланган мажбурият бекор бўлганида. Маълумки, гаров муносабатлари томонлар бажарилишини таъминлаш учун гаровга таянадиган мажбурий муносабатларнинг ҳосилаларидир. Агар асосий мажбурият бекор бўлса, гаровга бўлган зарурат ўзўзидан йўқолади. Бундан ташқари, гаров тўғрисидаги шартномада асосий мажбурият, ҳамда гаров мажбуриятларининг мазкур асосий мажбуриятдан ҳосила эканлиги кўрсатилади. Одатда, мажбуриятлар уларни лозим даражада бажарилиши билан, ҳамда ЎзР ФК 25-бобида назарда тутилган асосларга кўра тўхтайди.


2. Гаров ушбу Кодекс 274-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганида гаровга қўювчининг талаби билан бекор бўлади. Ушбу ҳолатда гап гаровга қўйилган мол-мулкнинг асралишини таъминлаш бўйича гаровга олувчи томонидан ўзининг мажбуриятларини бажармаслик ҳолатлари ҳақида кетади. Гаровга қўйилган мол-мулкнинг асралишини таъминлаш бўйича гаровга олувчи томонидан зарур чораларни кўрмаслик гаровни бекор қилиш учун асос бўлиб ҳисобланади.


3. Гаров нарсасининг нобуд бўлиши ёки гаров ҳуқуқининг бекор бўлиши ҳам гаровнинг бекор бўлишига олиб келади. Лекин ушбу ҳолатда, гаровга қўювчи гаров нарсасини тиклашга ёки уни тенг қийматли бошқа мол-мулк билан алмаштиришга ҳақли. Агар гаровга олувчи гаров нарсасини алмаштирилишига рози бўлмаса, гаров бекор бўлади.


4. Гаров шунингдек гаровга қўйилган мол-мулкка ундирув қаратилганда ва у ким ошди савдосида сотилган тақдирда бекор бўлади. Агар сотиш мумкин бўлмаган тақдирда, гаров нарсаси гаровга олувчида қолиши мумкин, шу билан гаров бекор бўлади. Башарти гаровга қўювчи бу ҳуқуқдан фойдаланган бўлмаса, бу ҳолда ҳам гаров бекор бўлади.

“Гаров тўғрисида”ги Қонунда (32-моддаси) гаров бекор бўлишининг бошқа ҳоллари ҳам назарда тутилган:

1) Гаров нарсаси бўлган мол-мулк гаровга қўювчидан қонунда белгиланган тартибда олиб қўйилган ҳолларда гаров бекор бўлади. ЎзР Фуқаролик кодексининг 202-204-моддаларида молмулкни олиб қўйишнинг махсус ҳолатлари назарда тутилган. Молмулкни олиб қўйишнинг ўзига хос хусусиятлари “Ипотека тўғрисида”ги Қонунда ҳам белгиланган. Масалан, агар гаровга қўювчининг гаров нарсаси бўлган мол-мулкка мулк ҳуқуқи давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйилганлиги (ҳақини тўлаб олиш), реквизиция ёки национализация (давлат мулкига айлантириш) оқибатида бекор бўлса, гаровга қўювчига бошқа мол-мулк берилади ёки тегишли ҳақ тўланади, ўрнига-ўрин берилган мол-мулкка гаров ҳуқуқи тадбиқ этилади ёки, гаровга олувчи гаровга қўювчига тегиши кеpак бўлган ҳақ суммасидан ўз талабини имтиёзли қаноатлантириш ҳуқуқига эга бўлади. Бу жиҳатдан, ипотекага олувчининг ҳуқуқлари бошқа гаровга олувчиларга қараганда кўпроқ ҳимояланган.

2) Гаров билан таъминланган мажбурият бўйича қарз бошқа шахсга ўтказилиши билан, агар гаровга қўювчи кредиторга янги қарздор учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беришга розилик берган бўлмаса, гаров бекор бўлади. Бу ерда, гаровга қўювчи ва қарздор ҳар хил шахслар бўлган, ва қарздор асосий мажбурият бўйича бошқа шахс билан алмаштирилиши ҳолати назарда тутилади. Агар учинчи шахс бўлган гаровга қўювчи қарздорнинг алмаштирилишига рози бўлмаса, гаров бекор бўлади.

3) Даъво муддати ўтганлиги сабабли гаров билан таъминланган мажбурият бўйича ўз талабларини қондириш кредитор учун мумкин бўлмай қолган тақдирда гаров бекор бўлади. Масалан, гаров билан таъминланган мажбуриятни бажариш муддати ўтган бўлса ва мажбурият бажарилмай қолса, лекин гаровга олувчи гаровга қўйилган мол-мулкка ундирувни қаратиш бўйича талаб қўймаган бўлса, ҳамда гаровга олувчининг ундирув қаратишга бўлган ҳуқуқларининг вужудга келиши пайтидан 3 йил ўтган бўлса ва мазкур ҳуқуқ амалга оширилмаган бўлса, даъво муддати ўтган ҳисобланади ва гаров бекор бўлади.

4) Гаров нарсасини ташкил қилувчи ҳуқуққа нисбатан даъво муддати ўтган ҳолларда гаров бекор бўлади. Масалан, агар гаров нарсаси ер участкасининг беш йиллик ижарага олиш ҳуқуқи бўлса, гаров мазкур беш йиллик муддат ўтгандан сўнг бекор бўлади.

“Ипотека тўғрисида”ги Қонунда гаров бекор бўлишининг яна бир ҳолати назарда тутилган. Ушбу Қоннунинг 28-моддасига мувофиқ, ипотека нарсаси бўлган мол-мулк амалда бу мол-мулкнинг мулкдори бошқа шахс эканлигига асосан (виндикация) ипотекага қўювчидан қонунда белгиланган тартибда олиб қўйилган ҳолларда ана шу мол-мулкка нисбатан ипотека, яъни гаров тугатилади.

Гаров қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда ҳам тугатилиши мумкин.



284-модда. Гаровга қўйилган мол-мулкка бўлган ҳуқуқ

бошқа шахсга ўтганида гаровнинг сақланиши


Гаровга қўйилган мол-мулкка мулк ҳуқуқи ёки уни хўжалик асосида юритиш ҳуқуқи бу мол-мулкни ҳақ олиб ёки ҳақ олмасдан бошқа шахсга беpиш натижасида ёхуд универсал ҳуқуқий ворислик тартибида гаровга қўювчидан бошқа шахсга ўтган тақдирда гаров ҳуқуқи ўз кучида қолади.

Агар гаровга олувчи билан келишувда ўзгача тартиб белгиланган бўлмаса, гаровга қўювчининг ҳуқуқий вориси гаровга қўювчининг ўрнига ўтади ва унинг ҳамма буpчларини бажаради.

Агар гаровга қўювчининг гаров нарсаси бўлган мол-мулки ҳуқуқий ворислик тартибида бир неча шахсга ўтган бўлса, ҳуқуқий ворисларнинг (мол-мулкни олувчиларнинг) ҳар бири гаров билан таъминланган мажбуриятни бажармасликнинг гаpовдан келиб чиқадиган оқибатига мазкур мол-мулкнинг ўзига ўтган қисмига мутаносиб равишда жавоб беради. Агар гаров нарсаси бўлинмаса ёки бошқа асосларга кўра ҳуқуқий ворисларнинг умумий мулки бўлиб қолса, улар солидар гаровга қўювчиларга айланадилар.


Шарҳланаётган моддада гаровнинг янада битта ўзига хос томони очилади, яъни гаров ҳуқуқи айни нарсага (ашёга ёки ҳуқуққа) нисбатан амал қилади ва у мулк ҳуқуқи ёки хўжалик юритиш ҳуқуқи бошқа шахсга беpилишидан қатъий назар сақланиб қолади. Гаров ҳуқуқининг сақланиши ҳам “Гаров тўғрисида”ги ва “Ипотека тўғрисида”ги Қонунларда назарда тутилади.

Мазкур модданинг биринчи қисмида, гаров ҳуқуқи сақланиб қоладиган, мулк ҳуқуқи ёки хўжалик юритиш ҳуқуқи ўтказилишининг икки тури кўзда тутилади:


1. Гаровга қўйилган мол-мулкни ҳақ олиб ёки ҳақ олмасдан бошқа шахсга беpиш.

ФК 277-моддасига мувофиқ, гаров муайян шартларга риоя қилган ҳолда, гаровга қўйилган мол-мулкни бошқа шахсга бериш бўйича шартномалар тузиш имкониятини истисно этмайди. Гаровга қўювчи гаровга олувчининг розилиги билан гаровга қўйилган мол-мулкни сотиш, ҳадя этиш, айирбошлаш орқали ёки ўзгача усул билан бегоналаштириш ҳуқуқига эга. Бунда, шартномада гаровга қўювчининг гаровга олувчининг розилигисиз, гаровга қўйилган мол-мулкни бегоналаштириш ҳуқуқига эга эканлиги назарда тутилиши мумкин.

Шарҳланаётган модданинг талабларини ҳисобга олган ҳолда, гаровга қўйилган мол-мулкни бошқа шахсга беришда гаров сақланади ва гаровга олувчи ҳам мазкур молмулкка бўлган ҳуқуқларини сақлаб қолади. Қарздор томонидан гаров билан таъминланган мажбуриятларни бажармаслик ҳолатларида гаровга олувчи гаровга қўйилган мол-мулкка нисбатан ундирувни қаратишга ҳақлидир, унинг эгаси бошқа шахс бўлган бўлса ҳам.


2. Универсал ҳуқуқий ворислик тартибида.

Универсал ҳуқуқий ворислик юридик шахснинг ҳуқуқий ворислик ёки қайта ташкил этилиши натижасида рўй беради.

Ҳуқуқларнинг, шунингдек мулк ҳуқуқлари ёки бошқа ашёвий ҳуқуқларнинг ҳуқуқий ворислигида, мерос қолдирувчининг, вориснинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари меросхўрларига, ҳуқуқий ворисларига ўтади.

Юридик шахснинг қайта ташкил этилиши ҳолларида, қайта ташкил этилаётган юридик шахснинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари янги ташкил этилган юридик шахсларга ўтади. Юридик шахс қайта ташкил этилишининг ўзига хос хусусиятлари ФК 50-моддасига бўлган шарҳларда кўриб чиқилади.


3. Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисми гаровга қўювчининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари унинг ҳуқуқий ворисига ўтишини белгилайди. Бунда ҳуқуқий ворис гаровга қўювчининг барча мажбуриятларини зиммасига олади. Қолаверса, ушбу меъёр диспозитив ҳисобланади, яъни гаровга қўювчининг ва гаровга олувчи ўртасидаги шартномада бошқача ҳолат назарда тутилиши мумкин

Шуни таъкидлаш лозимки, меросхўрлик ҳолатида ҳам, қайта ташкил этиш ҳолатида ҳуқуқий ворисликда ҳам, қонун ҳуқуқлар ва мажбуриятларининг бир нечта шахсларга ўтиши имкониятини назарда тутади. Масалан, меросхўрлар бир нечта шахс бўлиши мумкин, ёки қайта ташкил этиш натижасида бир нечта юридик шахслар пайдо бўлади.

Бундай ҳолларда шарҳланаётган модда алоҳида меъёрни белгилайди. Масалан, агар гаров нарсаси бўлган мол-мулки ҳуқуқий ворислик тартибида бир неча шахсга ўтган бўлса, ҳуқуқий ворисларнинг ҳар бири гаров билан таъминланган мажбуриятни бажармасликнинг гаpовдан келиб чиқадиган оқибатига мазкур мол-мулкнинг ўзига ўтган қисмига мутаносиб равишда жавоб беради. Агар гаров нарсаси бўлинмаса ёки бошқа асосларга кўра ҳуқуқий ворисларнинг умумий мулки бўлиб қолса, улар солидар гаровга қўювчиларга айланадилар.



285-модда. Гаровга қўйилган мол-мулкни мажбурий

равишда олиб қўйишнинг оқибатлари


Агар гаровга қўювчининг гаров нарсаси бўлган мол-мулкка мулк ҳуқуқи қонун билан белгиланган асослар ва тартибда, давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйилганлиги (ҳақини тўлаб олиш), реквизиция ёки национализация оқибатида бекор бўлса, гаровга қўювчига бошқа мол-мулк берилади ёки тегишли ҳақ тўланади. Бундай ҳолда ўрнига-ўрин берилган мол-мулкка гаров ҳуқуқи тадбиқ этилади ёки тегишинча, гаровга олувчи гаровга қўювчига тегиши кеpак бўлган ҳақ суммасидан ўз талабини имтиёзли қаноатлантириш ҳуқуқига эга бўлади.

Гаров нарсаси бўлган мол-мулк аслида ушбу мол-мулкнинг эгаси бошқа шахс эканлиги (ушбу Кодекснинг 228-моддаси) асосида ёки жиноят ёхуд бошқа ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун (ушбу Кодекснинг 204-моддаси) гаровга қўювчидан қонунда белгиланган тартибда олиб қўйилган ҳолларда ушбу мол-мулкнинг гаровга қўйилиши бекор бўлади.

Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган ҳолларда гаровга олувчи гаров билан таъминланган мажбуриятни муддатидан илгари бажаришни талаб қилишга ҳақли.


1. Шарҳланаётган моддага биноан, қонун ҳужжатларига мувофиқ, мол-мулк давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйилганлиги ҳолатида давлат тенг қийматдаги суммада тегишли ҳақ тўлайди. Шундай қилиб, гаровга қўйилган мол-мулкнинг мулкдори унинг мулк ҳуқуқи бекор бўлишигача тегишли товон ҳақини олади. Гаровга қўйилган мол-мулк тегишли ҳақ олиниши пайтида ҳали унинг мулк ҳуқуқида бўлишни давом этади ва демак, гаров нарсаси сифатида қолади. Шу сабабли шарҳланаётган модда гаров ҳуқуқини алмаштириб қўйилган (ўрнига ўрин берилган) мол-мулкка нисбатан таълуқли эканлигини белгилайди. Айни пайтда мол-мулк гаровга олувчидан давлат эҳтиёжлари учун олинган пайтдан бошлаб ўрнига ўрин берилган мол-мулкка нисбатан гаров ҳуқуқини ўтиши тўғрисидаги қоида юқоридаги нормани мантиқий давомидир деб айтиш мумкин. Шунинг учун, шарҳланаётган модда, ўрнига-ўрин берилган мол-мулкка гаров ҳуқуқи тадбиқ этилишини белгилаганда, у молмулкнинг ва гаровга қўювчидан давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши пайтида берилган мол-мулкка гаров ҳуқуқини тадбиқ этувчи қоидани ўрнатади.


2. Агар мулкнинг давлат ихтиёрига ўтказилиши билан бир нечта шахснинг манфаатлари боғлиқ бўлса, давлат уларнинг ҳар бирига молмулк ёки унинг манфаатига тенг қийматли тегишли ҳақ бериши лозим. Агар гаровда турган молмулкни давлат ихтиёрига ўтказиш назарда тутилса, унинг ўрнига бошқа мулк ёки пуллик товон олиш ҳуқуқидан фақатгина унинг мулкдори эмас, балки гаровга олувчи фойдаланиши мумкин, агарда улар бир нечта бўлса (навбатдаги гаровда) - барча гаровга олувчилар ҳам. Улардан ҳар бири - ўзининг иқтисодий манфаати доирасида бу ҳуқуқдан фойдаланади.


3. Шарҳланаётган модда, мазмунига кўра агар гаров нарсасининг мулкдори бўлмаган шахс уни гаровга қўйган бўлса, шартнома кучга эга бўлади, ва у фақат виндикацион даъвони қаноатлантириш учун молмулк бу шахсдан олиб қўйилган ҳолдагина бекор бўлади. Бу, ашёнинг мулкдоpи ашёни гаровга қўювчи бўлиши мумкинлигини белгилайдиган ЎзР ФК 266-моддасига зиддир. Ашёнинг уни ноқонуний эгаллаган шахс томонидан гаровга қўйилиши ҳақиқий эмасдир. Ҳақиқий мулкдор ўз ашёсини бировнинг ноқонуний эгалигидан талаб қилиб олишидан ёки олмаслигидан қатъий назар, у ҳеч қандай ҳуқуқий оқибатларга олиб келмайди.

Мол-мулк аслида, жиноят ёхуд бошқа ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун гаровга қўювчидан олиб қўйилган ҳолларда ушбу мол-мулкнинг гаровга қўйилиши бекор бўлади. Ушбу ҳолларда гаровга олувчи гаров билан таъминланган мажбуриятни муддатидан илгари бажаришни, ҳамда унга етказилган зарарлар қопланишини талаб қилишга ҳақли.


4. Шарҳланаётган модданинг учинчи қисми ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган ҳолларда гаровга олувчини гаров билан таъминланган мажбриятини муддатидан олдин ижро этилишини талаб қилиш ҳуқуқи вужудга келишини белгилайди.



286-модда. Гаров тўғрисидаги шартнома бўйича

ҳуқуқлардан бошқа шахс фойдасига воз кечиш


Гаровга олувчи талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш йўли билан кредиторнинг ҳуқуқларини бошқа шахсга бериш ҳақидаги қоидаларга (ушбу Кодекснинг 313-321-моддалари) риоя қилган ҳолда гаров тўғрисидаги шартнома бўйича ўз ҳуқуқларини бошқа шахсга беришга ҳақли.

Гаровга олувчининг гаров тўғрисидаги шартнома бўйича ўз ҳуқуқларидан бошқа шахс фойдасига воз кечиши, агар гаров билан таъминланган асосий мажбурият бўйича қарздордан талаб қилиш ҳуқуқидан ҳам ўша шахс фойдасига воз кечилган бўлса, ҳақиқий бўлади.

Агар бошқача ҳол исботланган бўлмаса, ипотека тўғрисидаги шартнома бўйича ҳуқуқлардан бошқа шахс фойдасига воз кечилиши ипотека билан таъминланган мажбурият бўйича ҳуқуқлардан бошқа шахс фойдасига воз кечилишини ҳам англатади.


1. Шарҳланаётган модда гаровга олувчи гаров тўғрисидаги шартнома бўйича ҳуқуқларининг бошқа шахсга ўтказилишини белгилайди.

Ҳуқуқлардан бошқа шахс фойдасига воз кечиш - битим турларидан бири бўлиб, унда ҳуқуқлар эгаси ўз ҳуқуқларини бошқа шахс фойдасига беради, бундай ўтказиш натижасида бошқа шахс ҳуқуқ эгасига айланади.

Битимнинг бундай тури гаров тўғрисидаги шартнома бўйича вужудга келган ҳуқуқларга нисбатан йўл қўйилади. Фуқаролик кодекси, “Гаров тўғрисида”ги ва “Ипотека тўғрисида”ги Қонунларда гаров тўғрисидаги шартнома бўйича ҳуқуқлардан бошқа шахс фойдасига воз кечиш ҳолатлари назарда тутилган.

Қонун гаров тўғрисидаги шартнома бўйича ҳуқуқлардан бошқа шахс фойдасига воз кечиш шартларини белгилайди ва бундай ҳуқуқларнинг асосий мажбуриятга нисбатан ҳосила хусусиятини ҳисобга олади.

Гаровга олувчининг гаров тўғрисидаги шартнома бўйича ўз ҳуқуқларидан бошқа шахс фойдасига воз кечиши, агар гаров билан таъминланган асосий мажбурият бўйича қарздордан талаб қилиш ҳуқуқидан ҳам ўша шахс фойдасига воз кечилган бўлса, ҳақиқий бўлади. Бу гаровнинг у томондан бажарилиши таъминланган асосий мажбуриятдан алоҳида мустақил ҳолда мавжуд бўлиши мумкин эмаслиги билан боғлиқ.

Шарҳланаётган модданинг биринчи қисми ҳуқуқлардан бошқа шахс фойдасига воз кечишга гаровга олувчикредиторнинг талаб қилиш ҳуқуқининг бошқа шахсга ўтказилиши сифатида қарайди. Бунга тегишли равишда, гаров тўғрисидаги шартнома бўйича ҳуқуқлардан бошқа шахс фойдасига воз кечиш, мажбуриятдаги шахсларнинг алмашиниши ҳолатларидан бири бўлиб ҳисобланади. ФК 313-моддасига мувофиқ, кредиторнинг ҳуқуқлари бошқа шахсга ўтиши учун қарздорнинг розилиги талаб қилинмайди. Ушбу қоидадан истиснолар қонунда ёки шартномада назарда тутилиши мумкин. Бундай қоиданинг ўрнатилиши, кредиторнинг, ушбу ҳолатда гаровга олувчининг ўзгартирилиши, қарздор томонидан ўзининг мажбуриятларини ижро этишга салбий таъсир кўрсатмайди.

Шуни таъкидлаш лозимки, гаров тўғрисидаги шартнома бўйича ҳуқуқлардан бошқа шахс фойдасига воз кечишда гаровга олувчининг ҳуқуқлари янги гаровга олувчига худди шу ҳажмда, ҳамда бундай ўтиш пайтига мавжуд бўлган шартларда ўтади. Бошқача қилиб айтганда, ҳуқуқларнинг ўтиш жараёнининг ўзи ўтказилаётган ҳуқуқларнинг мазмунига ҳам, ҳажмига ҳам, бошқа ҳусусиятларига ҳам таъсир кўрсатмайди.


2. Шарҳланаётган моддада кўчар ва кўчмас молмулк бўйича ҳуқуқлардан бошқа шахс фойдасига воз кечиш турлича тартибга солинади.

Унинг иккинчи қисмига кўра, кўчмас мулк гарови тўғрисидаги шартнома бўйича ҳуқуқлардан бошқа шахс фойдасига воз кечишда, асосий мажбурият бўйича кредиторнинг ҳуқуқлари ҳам худди шу шахсга ўтказилиши шарт. Бу гаров тўғрисидаги шартнома бўйича ҳуқуқлардан бошқа шахс фойдасига воз кечиш сифатидаги бундай битимнинг жуда муҳим шартидир ва унга риоя қилмаслик битимнинг ҳақиқий эмаслигини келтириб чиқаради.

Ипотека бўйича ҳуқуқлардан бошқа шахс фойдасига воз кечиш бошқа тарзда тартибга солинади. Шарҳланаётган моддадан ташқари мазкур масала “Ипотека тўғрисида”ги Қонунда тартибга солинади.

Ипотека тўғрисидаги шартнома бўйича ҳуқуқлардан бошқа шахс фойдасига воз кечишда, унга шунингдек, ипотека билан таъминланган асосий мажбурият бўйича қарздорга талаб қилиш ҳуқуқлари ўтади. Яъни, ипотека шартномасида ипотека бўйича ҳуқуқлардан бошқа шахс фойдасига воз кечиш, кредиторнинг асосий мажбуриятга нисбатан ҳуқуқларининг ўтишини англатади.



287-модда. Гаров билан таъминланган мажбурият

бўйича қарзни бошқа шахсга ўтказиш


Гаров билан таъминланган мажбурият бўйича қарз бошқа шахсга ўтказилиши билан, агар гаровга қўювчи кредиторга янги қарздор учун жавоб беришга розилик берган бўлмаса, (ушбу Кодекснинг 322-моддаси), гаров бекор бўлади.


Мажбурият ҳуқуқининг институтларидан бири - қарзнинг ўтказилишидир. Қарз ўтказилишининг умумий масалалари ФК 322-323-моддаларида ёритилган.

Шарҳланаётган моддада гаров билан таъминланган мажбурият бўйича қарзнинг бошқа шахсга ўтказилиши кўрсатилган. Агар олдинги моддада кредиторнинг алмаштирилиши ҳақида гап кетган бўлса, мазкур моддада аксинча, қарздорнинг алмаштирилиши содир бўлади.

Шуни айтиш керакки, шарҳланаётган модда қарздор ва гаровга қўювчи сифатида ҳар хил шахслар намоён бўлган гаровда вужудга келадиган муносабатларни тартибга солишга бағишланган. Яъни қарздор мажбуриятларининг бажарилиши, қарздорга эмас, ашёвий кафил сифатида намоён бўлган учинчи шахсга тегишли бўлган молмулк билан таъминланган.

Мажбурият ҳуқуқи мажбуриятда шахслар алмаштирилишини назарда тутадиган қарзнинг ўтказилиши сингари институтни ўз ичига олади. Қарзнинг ўтказилишида қарздорнинг кредитор олдидаги мажбуриятлари бунинг оқибатида қарздор бўладиган бошқа шахсга ўтади. Фуқаролик кодекси қарз ўтказилишининг фақат кредитор розилиги билан йўлга қўйилишини белгилайди, яъни гаров ҳолатида бунга унинг розилиги билан йўл қўйилади.

Шарҳланаётган модда, қарз бошқа шахсга ўтказилиши ҳолатида гаров муносабатларини давом эттириш учун гаровга қўювчининг розилиги талаб қилинади. Агар гаровга қўювчи янги қарздор учун жавобгар бўлишга рози бўлмаса, гаров бекор бўлади.



288-модда. Муомаладаги товарлар гарови


Товарларни гаровга қўйиб, уларни гаровга қўювчида қолдириш ва уларнинг умумий қиймати гаров тўғрисидаги шартномада кўpсатилганидан камаймаслигини шарт қилиб қўйган ҳолда гаровга қўювчига гаровга қўйилган мол-мулкнинг таркиби ва асл шаклини (товар захиралари, хом ашё, материаллар, ярим тайёр маҳсулотлар, тайёр маҳсулот ва шу кабилар) ўзгартириш ҳуқуқининг берилиши муомаладаги товарлар гарови ҳисобланади.

Гаровга қўйилган муомаладаги товарлар қийматининг камайишига, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, гаров билан таъминланган мажбуриятнинг бажарилган қисмига мос келадиган даражада йўл қўйилади.

Гаровга қўювчи томонидан бошқа шахслаpга беpилган муомаладаги товарлар эгалловчининг мулкига, хўжалик юритишига ёки оператив бошқарувига ўтган пайтдан бошлаб гаров нарсаси бўлмай қолади, гаровга қўювчи томонидан олинган, гаров тўғрисидаги шартномада кўрсатилган товарлар эса - гаровга қўювчида уларга нисбатан мулк ҳуқуқи вужудга келган пайтдан эътиборан гаров нарсасига айланади.

Гаровга қўювчи муомаладаги товарлар гарови шартларини бузган тақдирда, гаровга олувчи гаровга қўйилган товарларга ўз белгилари ва муҳрларини босиб, тартибни бузиш бартараф қилингунга қадар улар билан амалга ошиpиладиган операцияларни тўхтатиб туришга ҳақли.


1. Шарҳланаётган модда гаровга қўювчида баъзи бир талабларга риоя қилишда гаровга қўйилган мол-мулкнинг муомаласини чекламаслик имкониятини берувчи гаровнинг алоҳида турини белгилайди.

Мазкур ҳолатда гаровнинг нарсаси товарлар қайта ишланиши, қийматнинг ошиши, истеъмолчиларга гаров ҳуқуқини сақлаб қолмаган ҳолда мулк сифатида ўтиши билан ифодаланадиган уларнинг доимий муомаласи, ҳамда гаровга худди шу турдаги бошқа товарларнинг кириши доимий жараён сифатида рўй беради. Бундай турдаги гаровнинг нарсаси кўпинча товар захиралари, хом ашё, материаллар, ярим тайёр маҳсулотлар, тайёр маҳсулот ва шу кабилар тарзида намоён бўлади. Муомаладаги гаровга қўйилган товарларни уларнинг қайта ишланиши туфайли алмаштирилиши хўжалик муомаласидан ашёларни чиқармасдан туриб тадбиркорлик муносабатларини ривожлантиришга имкон беради. Бу ҳолда бундай гаровнинг шарти гаровга қўйилган товарлар умумий нархини сақлашдир.

Гаровга қўювчи томонидан товарлар бошқа шахслаpга беpилганда гаров ҳуқуқи йўқолади. Муомаладаги товарлар эгалловчининг мулкига, хўжалик юритишига ёки оператив бошқарувига ўтган пайтдан бошлаб гаров нарсаси бўлмай қолади. Бошқача қилиб айтганда, гаровга қўйилган мол-мулкнинг бошқа шахсга ўтган тақдирда гаров ҳуқуқи ўз кучида қолишини таъкидлайдиган, ФК 284-моддаси билан ўрнатилган қоида бундай товарларга нисбатан амал қилмайди.


2. “Гаров тўғрисида”ги шартномада назарда тутилган янги товарлар гаровга қўювчи томонидан олинганида, мазкур мол-мулкка нисбатан гаров ҳуқуқи вужудга келади. Гаров ҳуқуқининг вужудга келиш пайти бўлиб, мазкур товарларга нисбатан гаровга қўювчида мулк ҳуқуқи пайдо бўлиш пайти ҳисобланади. Ушбу меъёрдан гаров ҳуқуқининг вужудга келиши фақат гаровга қўювчи томонидан мулк қилиб оладиган товарларга нисбатан пайдо бўлиши белгиланади. Бундан шундай хулосага келиш мумкинки, гаров ҳуқуқини йўқотиш гаровга қўйилган мол-мулкнинг бошқа шахсга мулк, эгалик, хўжалик юритиш ёки оператив бошқаришга ўтказишда содир бўлади, гаров ҳуқуқини ўрнатиш учун эса мазкур товарларни эгаликка олиш зарур. Яъни, мазкур товарларни хўжалик юритиш ёки оператив бошқаришга ёки бошқа ашёвий ҳуқуқларга асосан олишда, уларга гаров ҳуқуқи жорий этилмайди.

Шарҳланаётган модда гаровга олувчининг муомаладаги товарлар гарови шартларини бузган тақдирдаги ҳуқуқларини назарда тутади. Гаровга қўювчи муомаладаги товарлар гарови шартларини бузган тақдирда, гаровга олувчи ҳуқуқбузарлик бартараф қилингунга қадар улар билан амалга ошиpиладиган операцияларни тўхтатиб туришга ҳақли. Операцияларнинг тўхтатиб турилиши гаровга қўйилган товарларга ўз белгилари ва муҳрларини босиш йўли билан амалга ошиpилади.



289-модда. Ашёларнинг ломбардда гаровга қўйилиши


Фуқаролардан шахсий истеъмолга мўлжалланган кўчар мол-мулкни қисқа муддатли кредитларни таъминлаш учун гаровга қабул қилиш ихтисослашган ташкилотлар - лицензияси бўлган ломбардлар томонидан тадбиpкоpлик фаолияти сифатида амалга оширилиши мумкин.

Ломбардда ашёларни гаровга қўйиш ҳақидаги шартнома ломбард томонидан гаров паттаси бериш йўли билан расмийлаштирилади.

Гаровга қўйилаётган ашёлар ломбардга топширилади.

Ломбард гаровга қабул қилинган ашёларни гаровга қабул қилиш пайтида шунга ўхшаш ва шундай сифатли ашёларнинг наpхлаpига мос баҳодаги тўлиқ суммасида ўз ҳисобидан гаровга қўювчи фойдасига суғурталаши шарт.

Ломбард гаровга қўйилган ашёлардан фойдаланишга ва уларни тасарруф этишга ҳақли эмас.

Ломбард ашёларнинг йўқолиши ёки шикастланиши енгиб бўлмас куч оқибатида юз берганлигини исботлай олмаса, гаровга қўйилган ашёларнинг йўқолганлиги ёки шикастланганлиги учун жавобгар бўлади.

Башарти, ломбардда ашёлар гарови билан таъминланган кредит суммаси белгиланган муддатда қайтариб берилмаган тақдирда, ломбард нотариуснинг ижро ёзуви асосида имтиёзли бир ойлик муддат ўтганидан кейин гаровга қўйилган мол-мулкни сотиш учун белгилаб қўйилган тартибда (ушбу Кодекс 281-моддасининг учинчи, тўртинчи, бешинчи, олтинчи, еттинчи, тўққизинчи ва ўнинчи қисмлари) ушбу мол-мулкни сотишга ҳақли. Шундан кейин ҳатто гаровга қўйилган мол-мулкни сотишдан тушган сумма талабларни тўлиқ қаноатлантириш учун етарли бўлмаса ҳам, ломбарднинг гаровга қўювчига (қарздорга) талаблари бекор бўлади.

Ломбардлар томонидан фуқароларга уларнинг ашёларини гаровга олиб кредит бериш қоидалари қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Ломбардда ашёларни гаровга қўйиш тўғрисидаги шаpтноманинг гаровга қўювчининг ҳуқуқларини ушбу Кодекс ёки бошқа қонунлар билан унга бериладиган ҳуқуқларга қараганда чеклаб қўядиган шаpтлаpи ўз-ўзидан ҳақиқий эмас.


1. Шарҳланаётган модда томонлари махсус ташкилотлар - ломбардлар ва фуқаролар бўлган гаровнинг махсус турига бағишланган. Гаровнинг мазкур тури ашёларнинг ломбардга гаровга қўйиш деб аталади.

Бундай гаровда шахсий фойдаланиш учун мўлжалланган кўчар молмулк фуқаролар томонидан улар олган қисқа муддатли кредитларни таъминлаш мақсадида ломбардга гаровга қўйилади.

Ломбардлар фуқароларга шахсий фойдаланиш учун мўлжалланган кўчмас молмулкни заклат кўринишидаги гарови остида қисқа муддатли (уч ойдан ошмаган муддатга) кредитлар бериши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2001 йил 12 майдаги 222-II-сонли Қарори билан тасдиқланган, амалга оширилиши лицензияларни талаб қилувчи фаолият турларининг рўйхатига мувофиқ, ломбардларнинг фаолияти лицензияланиши шарт. Ломбардлар фаолиятини лицензиялаш Ўзбекистон Республикасининг Марказий Банки томонидан амалга оширилади.

“Ломбардлар фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисида”ги Низом Ўзбекистон Республикаси Марказий Банки Бошқарувининг 2003 йил 22 сентябрдаги 23/3-сонли қарори билан тасдиқланган (АВ 10.12.2003 йилдаги рўйхат рақами 1291-сон).


2. Ашёларни ломбардга гаровга қўйишда гаровга қўйиладиган ашёлар кредитни таъминлаш сифатида берилади. Ломбардда ашёларни гаровга қўйиш ҳақидаги шартнома ломбард томонидан гаров паттаси бериш йўли билан расмийлаштирилади.

Бунда, ломбард гаровга қўйилган ашёлардан фойдаланишга ва уларни тасарруф этишга ҳақли эмас. Шунингдек, ломбард гаровга қўйилган ашёларнинг сақланишини таъминлайди. Ломбард гаровга қўйилган ашёларнинг йўқолганлиги ёки шикастланганлиги учун жавобгар бўлади. Ломбардлар фаолияти ва операцияларини амалга ошириш Қоидаларига мувофиқ (2003 йил 10 декабрдаги), ломбард гаровга қўйилган ашёларнинг йўқолиши ҳолатларида унинг эгасига гаров паттасида кўрсатилган нарх бўйича қайтаради, шикастланиш ҳолатларида эса, томонлар келишуви бўйича белгиланган мулкий зарарни қоплайди. Ломбард ашёларнинг йўқолиши ёки шикастланиши енгиб бўлмас куч оқибатида юз берганлигини исботлай олса, жавобгарликдан озод этилиши мумкин.


3. Шарҳланаётган модда ломбарднинг гаровга қабул қилинган молмулкни ўз ҳисобидан суғурталаш мажбуриятини белгилайди. Ломбард томонидан гаровга қабул қилинаётган ашёларнинг суғурта қилиниши, гаровга қабул қилиш пайтида шунга ўхшаш ва шундай сифатли ашёларнинг наpхлаpига мос баҳодаги тўлиқ суммасида амалга оширилади.

Гаровнинг ушбу тури қарздор томонидан мажбурият бажарилишини таъминлашга қаратилган, яъни ушбу ҳолда олинган кредит қайтарилишини таъминлашга. Агар қарздор ломбардда ашёлар гарови билан таъминланган кредит суммасини белгиланган муддатда қайтариб бермаган тақдирда, ломбард нотариуснинг ижро ёзуви асосида имтиёзли бир ойлик муддат ўтганидан кейин гаровга қўйилган мол-мулкни сотишга ҳақли.

Ломбардда ашёлар гарови билан таъминланган кредит суммаси белгиланган муддатда қайтариб берилмаган тақдирда, нотариуснинг ижро ёзуви ломбард ҳуқуқининг тасдиқномаси бўлиб хизмат қилади.

Бунда гаровга қўйилган мол-мулкнинг сотилиши, оддий гаров ҳолатида молмулкни сотиш учун ўрнатилган, умумий асосларда амалга оширилади. Кодекс 281-моддасининг учинчи, тўртинчи, бешинчи, олтинчи, еттинчи, тўққизинчи ва ўнинчи қисмлар меъёрлари қўлланилади.


4. Гаровга қўйилган мол-мулкнинг сотилишидан тушган сумма, агар шартнома билан бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ломбард талабларини қондиришга, шу жумладан кредит асосий суммасини, кредит бўйича фоизларни, неустойкани тўлашга, бажарилишнинг кечиктирилиши натижасида етказилган, ҳамда гаровга қўйилган мол-мулкнинг сақланиши ва суғурталаниши, сотилиши бўйича ҳаражатларни қоплашга йўналтирилади.

Агар гаровга қўйилган мол-мулкни сотишдан тушган сумма ломбарднинг барча талабларини қаноатлантириш учун етарли бўлмаса, ломбарднинг гаровга қўювчига бўлган талаблари бекор бўлган деб ҳисобланади.

Агар гаровга қўйилган мол-мулкни сотишдан тушган сумма ломбард талабларининг миқдоридан ошса, бундаги тафовут гаровга қўювчига тўланади.


5. Шарҳланаётган модда мазкур Кодекс ва бошқа қонунлар билан ўрнатилган гаровга қўювчи ҳуқуқларининг устиворлигини белгилайди. Агар ломбардда ашёларни гаровга қўйиш ҳақидаги шартнома гаровга қўювчи ҳуқуқларини чеклайдиган қоидаларни ўз ичига олса, бу шартнома шартлари ҳақиқий эмасдир.

Мазкур меъёр ломбардлар томонидан шартномада адолатсиз, асоратга солувчи шартларни ўрнатишдан гаровга қўювчини ҳимоя қилишга мўлжалланган.



3-§ УШЛАБ ҚОЛИШ


290-модда. Ушлаб қолиш асослари

291-модда. Талабларни ушлаб қолинган

ашё ҳисобидан қондириш



290-модда. Ушлаб қолиш асослари


Қарздорга ёки қарздор кўрсатган шахсга топширилиши лозим бўлган ашёни сақлаётган кредитор ушбу ашё ҳақини ёки у билан боғлиқ чиқимлар ва бошқа зарарни кредиторга тўлаш мажбуриятлари қаpздоp томонидан муддатида бажарилмаган тақдирда уни тегишли мажбурият бажарилгунга қадар ушлаб қолишга ҳақли.

Гарчи ашёнинг ҳақини тўлаш ёки унинг чиқимларини ва бошқа зарарни тўлаш билан боғлиқ бўлмаса-да, бироқ тарафлари тадбиркорлар сифатида иш кўраётган мажбуриятдан келиб чиққан талаблар ҳам ашёни ушлаб қолиш билан таъминланиши мумкин.

Ашё кредитор эгалигига ўтганидан кейин унга бўлган ҳуқуқлар учинчи шахс томонидан олинганлигига қарамасдан, кpедитоp ўз қўлидаги бу ашёни ушлаб қолиши мумкин.

Агар шартномада бошқа тартиб назарда тутилган бўлмаса, ушбу модданинг қоидалаpи қўлланилади.


1. Шарҳланаётган модда ушлаб қолиш деб номланадиган мажбурият бажарилишини таъминлашнинг яна бир турини белгилайди.

Аслини олганда, ушлаб қолиш кредитор томонидан қарздорга унга тегишли бўлган, ёки унга ёки у кўрсатган шахсга топширилиши лозим бўлган ашёни, қарздор ўз мажбуриятларини бажармагунча бермаслигидир. Масалан, маиший техникани таъмирлаш бўйича уста у таъмирлаган телевизорни, телевизор эгаси таъмирлаш бўйича хизмат ҳақини тўламагунича ушлаб туриши мумкин.

Бу жиҳатдан ушлаб қолиш гаровга ўхшашдир. Уларнинг ўхшашлиги, иккала ҳолда ҳам мажбурият бажарилишини таъминлашнинг нарсаси ашё эканлигидан иборат. Ушлаб қолиш ёки гаровдан фойдаланувчи кредитор мажбурият бажарилишини таъминлаш ашёсини ўзида қолдиради.

Ушлаб қолишга қарздорнинг ўз мажбуриятларини бажармаслик ҳолатида вужудга келадиган ўзганинг ашёсига нисбатан кредиторнинг ҳуқуқи сифатида қараш мумкин. Агар кредитор ушбу ҳуқуқдан фойдаланса, унинг ҳаракатларини бир томонлама битим сифатида тан олиш мумкин, бунда кредиторнинг ҳаракатлари туфайли битимлар учун хос бўлган фуқаролик ҳуқуқлари ва бурчлари вужудга келади.


2. Шарҳланаётган моддага мувофиқ, айтиш мумкинки, фуқаролик - ҳуқуқий муносабатлар объектлари орасида ушлаб қолиш объекти бўлиб, ашёлар, шунингдек, пуллар, қимматли қоғозлар бўлиши мумкин. Талаб қилиш ҳуқуқи, шахсий номулкий ҳуқуқлар ушлаб қолиш объектлари бўлиши мумкин эмас.

Пулга боғлиқ ҳолларда, агар қарздорнинг мажбуриятлари пул топшириш шаклида бўлмаса, улар ушлаб қолиш объектлари бўлиши мумкин. Агар пуллар пул топшириш бўйича талабларни таъминлаш учун ушлаб қолинса, унда бу ушлаб қолиш эмас, ҳисобга ўтказиш бўлади. Масалан, банк қарздорнинг муддати кечиктирилган кредитларини тўлаш ҳисобига унинг депозит рақамида мавжуд бўлган маблағларни ҳисобга ўтказиши мумкин.

Амалда умумий қоидага кўра, ушлаб қолиш, битимлари нотариал тасдиқланиши ёхуд давлат рўйхатидан ўтказиш лозим бўлмаган объектларга нисбатан амал қилади. Масалан, қурилишмонтаж фирмасига у томондан бажарилган ишларга пул тўланмаган ҳолларда у таъмирлаган офисни ушлаб қолиш қийин бўлади, чунки кўчмас мулк билан бўладиган битимлар уларнинг давлат рўйхатидан ўтгандан кейингина ҳақиқий ҳисобланади.

Ушлаб қолишга бўлган ҳуқуқлар субъекти сифатида фақат қарздорнинг бузган мажбурияти бўйича кредитор бўлиши мумкин. Бошқа шахс кредиторни унда сақланаётган ашёни ўз мажбурияти бажарилишини таъминлаш мақсадида ушлаб туришни сўрашга ҳаққи йўқ. Кредиторда ушлаб қолиш ҳуқуқи фақат қарздор томонидан ўз мажбуриятларини бажармаган ҳолларда вужудга келади.


3. Шарҳланаётган модда мажбурият хусусиятини ҳисобга олган ҳолда ушлаб қолишнинг ўзига хос хусусиятларини ажратади.

Шарҳланаётган модданинг биринчи қисмида қарздорга ёки қарздор кўрсатган шахсга топширилиши лозим бўлган ашёни сақлаётган кредитор ушбу ашё ҳақини ёки у билан боғлиқ чиқимлар ва бошқа зарарни кредиторга тўлаш мажбуриятлари ҳақида гап кетади. Ушбу ҳолда, қарздорга ёки қарздор кўрсатган шахсга топширилиши лозим бўлган ашёни сақлаётган кредитор ушбу ашё ҳақини ёки у билан боғлиқ чиқимлар ва бошқа зарарни кредиторга тўлаш мажбуриятлари қаpздоp томонидан муддатида бажарилмаган тақдирда уни тегишли мажбурият бажарилгунга қадар ушлаб қолишга ҳақли.

Мазкур модданинг иккинчи қисми юқорида кўрсатилган қоидадан четга чиқишни кўзда тутади, ҳамда агар тарафлар тадбиркорлар сифатида иш кўраётган бўлса, ушлаб қолинаётган ашё билан боғлиқ бўлмаган мажбуриятлар бўйича ушлаб қолишга рухсат беради.

Шундай қилиб, гарчи ашёнинг ҳақини тўлаш ёки унинг чиқимларини ва бошқа зарарни тўлаш билан боғлиқ бўлмаса-да, агар томонлар тадбиркорлар сифатида иш кўраётган бўлса, кредиторга тушган қаpздоpнинг ҳар қандай ашёси, унинг мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш учун ушлаб қолиниши мумкин.

Бунда шуни таъкидлаш керакки, ашё кредитор қўлига қонуний асосларда тушиши лозим. Қаpздоpнинг ашёсини ушлаб қолиш мақсадида эгаллаб олиш ноқонунийдир ва бошқа ҳуқуқий оқибатларга олиб келади.

Масалан, ижарага олувчи ижарачи ижарага олган бинода қолдирган мол-мулкни, ижара шартномасини бекор қилгандан сўнг, ижара ҳақини тўлашни таъминлаш мақсадида ушлаб қолиши мумкин.

Шарҳланаётган модданинг учинчи қисми ашёнинг бошқа шахс фойдасига воз кечилган ҳолатда ҳам, кредиторнинг ашёни ушлаб қолишга бўлган ҳуқуқларининг имтиёзли устуворлигини белгилайди. Мазкур меъёрга мувофиқ, ашё кредитор эгалигига ўтганидан кейин унга бўлган ҳуқуқлар учинчи шахс томонидан олинганлигига қарамасдан, кpедитоp ўз қўлидаги бу ашёни ушлаб қолиш ҳуқуқига эга.


4. Шарҳланаётган модданинг охирги қисми ушлаб қолишга бўлган ҳуқуқларнинг қўлланилишига бағишланган ва ушлаб қолишнинг диспозитив хусусиятини белгилайди. Демак, агар шартномада бошқаси назарда тутилмаса, ушлаб қолиш қўлланилади. Шартномада ушлаб қолишни бўйича чеклов назарда тутилиши мумкин. Бундай ҳолда, кредитор қарздорга тегишли бўлган ашёни ўзида ушлаб қолиш ҳуқуқига эга эмас.

Ушлаб қолишни қўллаш ҳақида гап кетганда, шуни таъкидлаш лозимки, ФКнинг шартномаларга бағишланган алоҳида моддаларида қарздорга тегишли бўлган ашёни ушлаб қолиш имконияти назарда тутилиши мумкин.

ФК 639-моддасида, шартноманинг бажарилиши муносабати билан буюртмачи пудратчига белгиланган тегишли ҳақни ёки бошқа суммани тўлаш мажбуриятини бажармаган тақдирда, буюртмачи томонидан тегишли сумма тўлангунга қадар пудратчи ишнинг натижаларини, шунингдек буюртмачига тегишли ускуналарни, қайта ишлаш (ишлов бериш) учун берилган ашёларни, фойдаланилмай қолган материал қолдиғи ва пудратчининг ихтиёридаги бошқа мол-мулкни ушлаб қолиш ҳуқуқига эга. Мазкур ҳуқуқ пудратчида буртмачи томонидан ўз мажбуриятларини бажармаганлиги ҳолатларида пайдо бўлади.

Шунингдек, ФК 715-моддаси ташувчининг ташиш учун топширилган юкларни ўзига тегишли кира ҳақини ва ташиш бўйича бошқа тўловларни таъминлаш мақсадида ушлаб туриш ҳуқуқини назарда тутади. Бу ҳолда мазкур меъёр ҳам диспозитив ҳисобланади, яъни шартнома ёки қонун билан бошқача ҳолат назарда тутилиши мумкин.

ФКда шунингдек, топшириқ шартномаси бўйича ашёни ушлаб қолиш имконияти назарда тутилган. Масалан, 818-моддага мувофиқ, тижорат вакили сифатида иш олиб борувчи ишончли вакил топшириқ берувчига топширилиши керак бўлган ўз қўлидаги ашёларни топшириқ шартномаси бўйича ўз талабларини таъминлаш учун ушлаб туришга ҳақли.



291-модда. Талабларни ушлаб қолинган

ашё ҳисобидан қондириш


Ашёни ушлаб қолган кредиторнинг талаблари унинг қийматидан гаров билан таъминланган талабларни қондириш учун назарда тутилган ҳажмда ва тартибда қондирилади.


1. Олдинги моддада кўрсатилганидай, ушлаб қолишнинг вазифаси кредитор талаблари бажарилишини таъминлашга қаратилган. Ушлаб қолишга бўлган ҳуқуқнинг қўлланилиши ўзўзидан мулк ҳуқуқининг кредиторга ўтишини назарда тутмайди. Кредитор фақат ушлаб қолинган ашёнинг қийматидан ўз талабларини қондириши мумкин. Ушлаб қолишнинг гаров билан ўхшашлиги мазкур моддада ҳам таъкидланади. Масалан, шарҳланаётган модда, ушлаб қолиш билан таъминланган кредиторнинг талаблари, ушлаб қолинган ашёнинг қиймати ҳисобига, гаров билан таъминланган талабларни қондириш учун назарда тутилган ҳажмда ва тартибда кондирилади.

Ушбу ҳолда, кредиторда қачон ушлаб қолинадиган ашё ҳисобига ўз талабларни қондириш ҳуқуқи пайдо бўлишини аниқлаш муҳимдир. Ушлаб қолиш ҳуқуқи қарздор томонидан ўзининг мажбуриятларини бажариш муддати тугаган пайтидан бошлаб вужудга келади.


2. Гаровга кўра қарздор гаров билан таъминланган мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда кредитор гаровга қўйилган мол-мулкка нисбатан ундирувни қаратиши мумкин. Ундирувни қаратиш суд тартибида ёки гаров нарсасига ундирув қаратилишини назарда тутувчи, гаровга қўйилган мулкка нисбатан ундирувни қаратиш учун асослар вужудга келгандан кейин тузиладиган, гаровга қўювчининг ва гаровга олувчининг ўртасидаги нотариал тасдиқланган шартномага мувофиқ амалга оширилади.

Бундан келиб чиққан ҳолда шуни айтиш мумкинки, ушлаб қолишда кредитор ундирувни қаратиш учун судга мурожаат қилиши мумкин ёки қарздор билан ушлаб қолинган ашёга ундирувни қаратиш тўғрисида нотариал тасдиқланган келишувни тузиши мумкин. Гаров нарсасига ундирувни қаратиш тартиби тўғрисида янада батафсилроқ ФК 279-281-моддаларига бўлган шарҳларда танишиши мумкин.


3. Ушлаб қолиш билан таъминланган кредитор талабларини қондириш ҳажми ҳам гаров сингари аниқланади. ФК 268-моддасига мувофиқ, ушлаб қолинган ашё у қондириш пайтига эга бўлган ҳажмда талабни таъминлаши зарур, хусусан, бажарилишнинг кечиктирилиши туфайли етказилган зарарлар, неустойка, фоизларни қоплаши, шунингдек гаровга олувчининг ушлаб қолинган ашёни сақлаш ва ундириш бўйича ҳаражатларни қоплаш.

Агар ушлаб қолинган ашёни сотишдан олинган сумма кредиторларнинг барча талабларини тўла қондириш учун етарли бўлмаса, унда кредитор қарздордан кредитор олдидаги унинг қарздорлиги бир қисмининг тўланишини талаб қилишга ҳақлидир.



4-§. КАФИЛЛИК


292-модда. Кафиллик шартномаси

293-модда. Кафилнинг жавобгарлиги

294-модда. Кафилга нисбатан даъво қўзғатилган

тақдирда унинг ҳуқуқ ва бурчлари

295-модда. Мажбуриятни бажарган кафилнинг ҳуқуқлари

296-модда. Қарздор мажбуриятини бажарганлиги

ҳақида кафилни хабардор қилиш

297-модда. Кафилнинг хизматларига ҳақ тўлаш

298-модда. Кафилликнинг бекор бўлиши



292-модда. Кафиллик шартномаси


Кафиллик шартномаси бўйича кафил бошқа шахс ўз мажбуриятини тўла ёки қисман бажариши учун унинг кредитори олдида жавоб беришни ўз зиммасига олади.

Кафиллик шартномаси келгусида вужудга келадиган мажбуриятни таъминлаш учун ҳам тузилиши мумкин.

Кафиллик шартномаси ёзма шаклда тузилиши керак. Ёзма шаклга риоя қилмаслик кафиллик шартномасининг ҳақиқий бўлмаслигига олиб келади.


1. Кафиллик - қарздор мажбуриятларининг бажарилиши учун учинчи шахс - кафил жавобгар бўладиган ҳуқуқий муносабатдир. Мазкур ҳолатда “жавобгар бўлади” деган ибора фақат мулкий жавобгарликни назарда тутади ва у қарздор ўз мажбуриятларини бажармаганлиги оқибатида кафилда жавобгарликни вужудга келтиради. Бошқача қилиб айтганда, агар қарздор ўз мажбуриятларини бажармаса ёки тўлиқ бажармаса, кафил қарздорнинг мажбуриятларини бажаришга мажбур бўлади.

Шунга ўхшаш муносабат гаровда ҳам намоён бўлади, қачонки гаровга қўювчи сифатида қарздор эмас, балки учинчи шахс чиқади, у ўз мулкини қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишини таъминлашга беради ва ашёвий кафил деб аталади. Агар гаровда ашёвий кафил мажбуриятлар бажарилишини гаровга қўйилган молмулк ҳисобига таъминласа, унда кафиллик шартномасини тузиш ҳолларида кафил қарздорнинг мажбуриятларини бажармаган ҳолларда бутун мулки билан жавоб беради.


2. Кафиллик асосий шартнома бўйича кафил ва кредитор ўртасида тузиладиган шартномага асосан вужудга келади. Шарҳланаётган модда кафиллик шартномаси субъектларини чекламайди, шунинг учун, томонлар сифатида ҳар қандай шахслар бўлиши мумкин. Бу ҳолда, юридик шахслар кафил сифатида чиқишлари мумкин, агар бу қонун ҳужжатларига, уларнинг таъсис ҳужжатларига ва фаолиятининг мақсадларига зид бўлмаса. Масалан, модомики улар давлат унитар корхоналарининг мақсадлари ва вазифаларига мувофиқ бўлмаса, давлат унитар корхоналари бошқа шахснинг мажбуриятлари бўйича кафил бўлиши мумкин эмас. Шунингдек, бюджет ташкилотлари хўжалик юритувчи субъектларнинг кафили бўла олмайди, чунки улар мақсадли тартибда ажратиладиган бюджет лимити чегарасида маблағ билан таъминланади.

Шарҳланаётган модда, ҳам мавжуд вазиятлар бўйича, ҳам келгусида вужудга келадиган мажбуриятлар бўйича кафиллик имкониятига йўл қўяди. Мазкур модданинг иккинчи қисмида кафиллик шартномаси келгусида вужудга келадиган мажбуриятни таъминлаш учун ҳам тузилиши бевосита назарда тутилади.

Келгусида вужудга келадиган мажбуриятлар бўйича кафилликка, фақат бундай мажбуриятнинг олдиндан аниқ таърифи, батафсил маълумотлари ва унинг ҳажмини аниқлаш мумкин бўлган ҳолдагина йўл қўйилади. Бу, кафиллик шартномасида бажарилиши учун кафил жавоб берувчи қарздорнинг мажбуриятини кўрсатиш зарурлиги билан боғлиқдир. Яъни келгусида вужудга келадиган мажбурият ҳам, ФК 234-моддасида ўрнатилган мажбуриятлар тушунчасига мувофиқ бўлиши керак. Шундай қилиб, мажбуриятнинг аниқ таърифи кафиллик шартномасининг муҳим шарти бўлиб ҳисобланади


3. Шарҳланаётган модданинг учинчи қисми кафиллик шартномасининг шаклини белгилайди. Кафиллик шартномаси ёзма шаклда тузилади. Ёзма шаклга риоя қилмаслик кафиллик шартномасининг ҳақиқий бўлмаслигига олиб келади.

Ўзбекистон Республикасининг Олий хўжалик суди Пленумининг 2002 йил 26 июлдаги 104-сонли “Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексининг кафиллик тўғрисидаги нормаларини қўллаш билан боғлиқ бўлган низоларни ҳал қилиш амалиётининг баъзи масалалари тўғрисида”ги Қарорининг 3-банди, кредитор томонидан қарздор ва кафил тузган ёзма ҳужжатда бажарилган кафилликни қабул қилиш тўғрисидаги имзо кафиллик битимининг ёзма шаклига риоя қилинган деб хисоблашга асос бўлади деб кўрсатилади.

Шунингдек, кафиллик тўғрисидаги шартлар, ҳам алоҳида шартнома билан расмийлаштирилиши, ҳам улар таъминлайдиган мажбуриятлар бўйича шартномага киритилишлари мумкин. Бу ҳолда шартнома кредитор, қарздор ва кафил томонидан имзоланади.



293-модда. Кафилнинг жавобгарлиги


Қарздор кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда кафил ва қарздор кредитор олдида солидар жавоб берадилар, башарти қонунда ёки кафиллик шартномасида кафилнинг субсидиар жавобгар бўлиши назарда тутилган бўлмаса.

Башарти, кафиллик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кафил кредитор олдида қарздор билан баравар ҳажмда жавоб беради, шу жумладан фоизлар тўлайди, қарзни ундириб олиш бўйича суд чиқимларини ва қарздор мажбуриятини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги туфайли кредитор кўpган бошқа зарарларни тўлайди.

Агар кафиллик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, биргалашиб кафил бўлган шахслар кредитор олдида солидар жавоб берадилар.


1. Шарҳланаётган модда кафил жавобгарлигининг хусусияти ва ҳажмини аниқлашга бағишланган. Кафилнинг жавобгарлиги қарздор томонидан кафиллик билан таъминланган мажбуриятларини бажармаслиги ёки лозим даражада бажармаслиги ҳолатларида вужудга келади. Бу ҳолда, бажармаслик ёки лозим даражада бажармаслик фақат мажбуриятга нисбатан бўлиши лозим.

Одатда, кафил кредитор олдида солидар жавобгар бўлади. Бунда қонунда ёки кафиллик шартномасида кафилнинг субсидиар жавобгар бўлиши назарда тутилиши мумкин.

Солидар жавобгарликда кафил қарздор билан бир хил даражада мажбуриятлар бажарилишини таъминлаши зарур. Бундан ташқари, кафил мажбуриятларининг солидарлиги, кредитор ўзининг талабларини ҳам қарздорга, ҳам кафилга қўйишини; ҳам биргаликда, ҳам алоҳида; ҳам тўлиқ, ҳам қарзининг бир қисмига талаб қўйишга ҳақли эканлигини англатади. Жавобгарликнинг бундай тури кредитор учун жуда фойдали ҳисобланади.

Субсидиар жавобгарликда кафил кредитор олдида қарздор жавобгарлигига қўшимча ҳажмда жавоб беради. Ушбу ҳолатда талаб аввал қарздорга қўйилади. Агар қарздор кафиллик билан таъминланган ўз мажбуриятларини бажаришга қурби етмаса, жавобгарлик кафилга ўтади ва кредитор ундан қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишини талаб қилишга ҳақли бўлади.

Субсидиар жавобгарлик кафил учун қулай фойдалидир. Қонунда субсидиар жавобгарликнинг кафилга юклатилиши йўл қўйилмайдиган ҳолатлар назарда тутилиши мумкин. Масалан, агар кредитор асосий қарздорга нисбатан муқобил талабларни қўйса ёки қарз мажбурияти хисобга ўтказилишида, субсидиар жавобгарлик қўлланмайди.


2. Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисми кафил жавобгарлигининг ҳажмини белгилайди. Кафил қарздор сингари кредитор олдида, худди шундай ҳажмда жавобгар бўлади, жумладан, фоизларни тўлаш, қарзни ундириш бўйича суд ҳаражатлари ва қарздор томонидан мажбуриятларини бажармаслиги ёки лозим даражада бажармаслиги билан келиб чиққан кредиторнинг бошқа чиқимларини қоплаш. Ушбу меъёр ҳам диспозитив ҳисобланади ва шартномада кафил жавобгарлигининг бошқача ҳажми назарда тутилиши ҳам мумкин.

Шарҳланаётган модданинг учинчи қисми биргаликда кафил бўлган шахслар жавобгарлигини белгилайди. Фуқаролик кодекси бир неча шахсларнинг кредитор олдида кафил сифатида иштирок этиш имкониятига йўл қўяди. Агар кафиллар бир нечта шахслар бўлса, ҳамда кафиллик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, улар кредитор олдида солидар жавоб берадилар. Бунда, ушбу ҳолатда, бирбири билан ўзаро биргаликда кафил бўлган шахсларнинг жавобгарлик хусусиятлари ҳақида гап кетади. Кредитор олдида вужудга келадиган улар жавобгарлигининг хусусиятлари шарҳланаётган модданинг биринчи қисмига асосан белгиланади. Масалан, агар кафиллик шартномаси билан кафилларнинг субсидиар жавобгар бўлиши назарда тутилган бўлса, улар биргаликда асосий қарздорнинг мажбуриятни бажармаган қисмида кредитор олдида солидар жавоб берадилар.



294-модда. Кафилга нисбатан даъво қўзғатилган

тақдирда унинг ҳуқуқ ва буpчлари


Кафил кредиторнинг талабига қарши қарздор билдириши мумкин бўлган ҳамма эътирозларни қўйишга ҳақли. Ҳатто қарздор ўз эътирозларидан воз кечган ёки ўз мажбуриятини тан олган тақдирда ҳам кафил ушбу эътирозларга бўлган ҳуқуқини йўқотмайди.

Агар кафилга нисбатан даъво қўзғатилган бўлса, у қарздорни ишда иштирок этиш учун жалб қилиши шарт. Акс ҳолда қарздор кредиторга қарши ўзининг барча эътирозларини кафилнинг қаpши талабига қаpама-қаpши қўйиш ҳуқуқига эга.


1. Шарҳланаётган модда кафилнинг кредитор томонидан унга нисбатан даъво келтирилган ҳолларда вужудга келадиган ҳуқуқлари ва мажбуриятларини белгилайди. Кредитор, одатда, қарздор томонидан мажбуриятларини бажармаслиги ёки лозим даражада бажармаслиги ҳолатларида даъво билдиради. Кафиллик моҳиятидан келиб чиққан ҳолда, даъво, ҳам қарздорга, ҳам кафилга қўйилиши мумкин, агар кафил зиммасига солидар жавобгарлик юклатилган бўлса. Шундай қилиб, шарҳланаётган моддада кўрсатилган кафилнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, қарздор томонидан мажбуриятларини бажармаслиги ёки лозим даражада бажармаслиги ҳолатида ва бунинг натижасида кредитор кафилга қарши даъво келтирган пайтдан бошланади. Модомики, кафил одатда солидар жавобгарликни зиммасига олгани туфайли у кредитор талабларига қарши, қарздор ўзининг асосий мажбурияти бўйича тақдим қилиши мумкин бўлгани каби, барча эътирозларни қўйиш ҳуқуқига эга. Шарҳланаётган модданинг биринчи қисмига мувофиқ, кафилнинг ушбу ҳуқуқи қарздорнинг иродасига боғлиқ эмас, яъни агар қарздор ўзининг эътирозларидан бош тортса ҳам, уларни кафил қўйиши мумкин. Кафилнинг мазкур агар қарздор ўзининг мажбуриятини тан олганда ҳам ҳуқуқи сақланади.


2. Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисми кредитор талаблари асосланганлигини таъминлаш мақсадини кўзлайди, чунки ушбу жараёнда қарздорнинг иштирокисиз буни аниқлаш қийин. Шунинг учун, ҳамда кафил манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадларида, мазкур модда, агар кафилга нисбатан даъво қўзғатилган бўлса, у қарздорни ишда иштирок этиш учун жалб қилиши бурчини белгилайди. Агар кафил қарздорни ишга жалб қилмаса ва оқибатда жараённи ютқизса ва кредиторга тўловларни амалга оширса, бундай ҳолда, агар кейинчалик кафил қарздордан кредиторга тўланган суммани регресс тартибида қопланишини талаб қилса, қарздор кредиторга қарши ўзининг барча эътирозларини кафилнинг қаpши талабига қаpама-қаpши қўйиш ҳуқуқига эга.



295-модда. Мажбуриятни бажарган кафилнинг ҳуқуқлари


Мажбуриятни бажарган кафилга кредиторнинг ушбу мажбурият бўйича ҳуқуқлари ҳамда гаровга олувчи сифатида кредиторга тегишли бўлган ҳуқуқлар кафил кредиторнинг талабини қанча ҳажмда қаноатлантирган бўлса, шунча ҳажмда ўтади. Кафил кредиторга тўланган суммага фоизлар тўлашни ва қарздор учун жавобгарлик муносабати билан кўрган бошқа зарарини тўлашни қарздордан талаб қилишга ҳақли.

Кафил мажбуриятни бажарганидан кейин кредитор қарздорга бўлган талабни тасдиқловчи ҳужжатларни кафилга топшириши ва бу талабни таъминлайдиган ҳуқуқларни бериши шарт.

Ушбу моддада белгиланган қоидалар агар қонунда ёки кафилнинг қарздор билан шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қўлланилади.


1. Шарҳланаётган модда кредитор талабларини қондирган кафилнинг ҳуқуқларини белгилайди. ФКнинг олдинги моддасидан кўриниб турибдики, кафил унга кредитор томонидан даъво билдирилган ҳолатларда, қарздорни ишга жалб қилади ва қарздорга регресс тартибида талаб қўйиш ҳуқуқига эга. Агар кафил даъво билдириш натижасида, ёки судгача бўлган муҳокама жараёнида, кредитор талабларини бажарса, унга кафиллик билан таъминланган мажбурият бўйича кредиторнинг барча ҳуқуқлари ўтади.

Бу ҳолда, ушбу ҳуқуқларнинг ҳажми кафил кредиторнинг талабини қанча ҳажмда қаноатлантирган бўлса, шунча ҳажм билан чекланади. Агар кафил сифатида бир нечта шахс бўлса, унда кредитор ҳуқуқлари кафилларга улар томонидан бажарилган кредитор талабларининг ҳажмига мутаносиб равишда ўтади.

Талабларнинг асосий суммасидан ташқари, кафил қарздордан кредиторга тўланган суммадан фоизлар тўланишини, ҳамда қарздор учун жавобгарлик билан боғлиқ бошқа ҳаражатлар қопланишини талаб қилишга ҳақлидир. Масалан, агар кредитор талабларини тўлаш билан боғлиқ равишда кафил банк ҳаражатларини қилса, у қарздордан бу маблағларнинг қопланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга


2. Мазкур модданинг иккинчи қисмида кредиторга қарздорга бўлган талабни тасдиқловчи ҳужжатларни кафилга топшириш мажбурияти юклатилади. Бундан ташқари, кафилга кредиторнинг талабини таъминлайдиган ҳуқуқлар берилади. Масалан, агар кафилликдан ташқари қарздорнинг мажбурияти гаров билан таъминланган бўлса, кредитор гаров ҳуқуқини кафилга топширади ва кафил гаровга қўйилган молмулк ҳисобига ўзининг муқобил талабини қондириш ҳуқуқига эга.

Шарҳланаётган модданинг меъёрлари ҳам диспозитив ҳисобланади ва улар, шартнома ёки қонун билан бошқача ҳолат назарда тутилган бўлса, қўлланилади.



296-модда. Қарздор мажбуриятини бажарганлиги

ҳақида кафилни хабардор қилиш


Кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажарган қарздор бу ҳақда кафилни дарҳол хабардоp қилиши шарт. Акс ҳолда ўз навбатида мажбуриятни бажарган кафил асоссиз олинганни кредитордан ундириб олишга ёки қарздорга регресс талаб қўйишга ҳақли. Регресс талаб қўйилган тақдиpда қарздор асоссиз олинганнигина кредитордан ундириб олишга ҳақли.


Шарҳланаётган модда қарздор мажбуриятининг бир неча бор бажарилишини бартараф қилишга қаратилган. Мазкур моддага мувофиқ, кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажарган қарздор бу ҳақда кафилни дарҳол хабардоp қилиши шарт. Акс ҳолда ўз навбатида мажбуриятни бажарган кафил асоссиз олинганни кредитордан ундириб олишга ёки қарздорга регресс талаб қўйишга ҳақли. Ушбу ҳолатда кафилнинг ҳуқуқлари у томондан кредиторга тўланган сумма миқдори билан чекланади.

Ўзбекистон Республикасининг Олий хўжалик суди Пленумининг 2002 йил 26 июлдаги 104-сонли “Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг кафиллик тўғрисидаги нормаларини қўллаш билан боғлиқ бўлган низоларни ҳал қилиш амалиётининг баъзи масалалари тўғрисида”ги Қарори билан, асосий қарздор у кредиторга қарши эга бўлган, кафилнинг регресс талабига қарши эътирозлар келтиришга ҳақли эмас, агар қарздор мажбуриятни бажарганлиги ҳақида кафилни хабардоp қилмаган бўлса.



297-модда. Кафилнинг хизматларига ҳақ тўлаш


Агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кафил қарздорга кўрсатган хизматлари учун ҳақ олиш ҳуқуқига эга.


Кафиллик ҳақ тўланадиган шартномалар қаторига киради. Шарҳланаётган модда кафилликнинг ҳақ тўланадиган хусусиятини белгилайди ва кафилнинг ҳақ олишга бўлган ҳуқуқларини белгилайди, агар шартнома билан бошқаси назарда тутилган бўлмаса. Кафил хизматлари учун хақ тўлаш муддатлари ва тартиби шартномада кўрсатилган бўлиши лозим.



298-модда. Кафилликнинг бекор бўлиши


Кафиллик билан таъминланган мажбурият бекор бўлгач, шунингдек ушбу мажбурият кафилнинг розилигисиз жавобгарликнинг ошишига ёки унинг учун бошқа ноқулай оқибатларга олиб келадиган тарзда ўзгартирилган тақдирда кафиллик бекор бўлади.

Кафиллик билан таъминланган мажбурият бўйича қарз бошқа шахсга ўтказилганида, агар кафил янги қарздор учун жавобгар бўлиш ҳақида кредиторга розилик берган бўлмаса, шунингдек кафил таъминлаган мажбуриятни бажариш муддати келганида кредитор қарздор ёки кафил таклиф қилган тегишли ижрони қабул қилишдан бош тортса, кафиллик бекор бўлади.

Шартномада кўрсатилган кафиллик муддати ўтганидан кейин кафиллик бекор бўлади. Агар бундай муддат белгиланган бўлмаса, кредитор кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажариш муддати келган кундан бошлаб бир йил давомида кафилга даъво қўзғатмаган тақдирда кафиллик бекор бўлади. Агар асосий мажбуриятни бажариш муддати кўрсатилмаган ва белгиланиши мумкин бўлмаган ёки талаб қилиб олиш пайти билан белгиланган бўлса, кредитор кафиллик шартномаси тузилган кундан бошлаб бир йил мобайнида кафилга нисбатан даъво қўзғатмаган тақдирда кафиллик бекор бўлади.


Шарҳланаётган модда кафилликнинг бекор бўлиш асосларини белгилайди. Бу асослар қуйидагилардир:


1. Кафиллик билан таъминланган асосий мажбуриятнинг бекор бўлиши. Кафиллик акцессор хусусиятга эга бўлгани учун, асосий мажбуриятнинг бекор бўлиши кафил мажбуриятларининг ҳам бекор бўлишига олиб келади.


2. Кафилнинг розилигисиз жавобгарликнинг ошишига олиб келувчи асосий мажбуриятнинг ўзгариши ёки кафил учун бошқа ноқулай оқибатлар вужудга келиши. Кафил, кафил бўлишдан олдин, бажарилиши учун жавобгар бўладиган асосий мажбуриятни ўрганади ва уни қабул қилади. Кафилнинг розилигисиз асосий мажбуриятнинг ўзгариши кафилликнинг бекор бўлишига олиб келади, чунки кафил бу ўзгаришлар ҳақида билмайди.


3. Кафиллик билан таъминланган мажбурият бўйича қарз бошқа шахсга ўтказилганида, агар кафил янги қарздор учун жавобгар бўлиш ҳақида кредиторга розилик берган бўлмаса. Бу қоида кафиллик шартномасининг мазмуни билан боғлиқдир. Шартномада кафил кимнинг мажбуриятлари бўйича жавобгар бўлиши кўрсатилган. Агар асосий мажбурият бўйича қарздор бошқа шахс бўлганида, агар кафил янги қарздор учун жавобгар бўлиш ҳақида кредиторга розилик берган бўлмаса, кафиллик бекор бўлади.


4. Кредитор қарздор ёки кафил таклиф қилган тегишли ижрони қабул қилишдан бош тортиши. Агар кредитор қарздор ёки кафил таклиф қилган тегишли ижрони қабул қилишдан бош тортса, кафиллик бекор бўлади.


5. Шартномада ёки қонун билан белгиланган кафиллик учун белгиланган муддатнинг ўтиши. Агар шу муддат ичида кредитор кафилга даъво қўзғатмаган тақдирда кафиллик бекор бўлади. Агар асосий мажбуриятни бажариш муддати кўрсатилмаган ва белгиланиши мумкин бўлмаган ёки талаб қилиб олиш пайти билан белгиланган бўлса, кредитор кафиллик шартномаси тузилган кундан бошлаб бир йил мобайнида кафилга нисбатан даъво қўзғатмаган тақдирда кафиллик бекор бўлади.



5-§. КАФОЛАТ


299-модда. Кафолат тушунчаси

300-модда. Принципалнинг мажбуриятларини

кафолат билан таъминлаш

301-модда. Кафолатнинг асосий мажбуриятдан мустақиллиги

302-модда. Кафолатнинг чақириб олинмаслиги

303-модда. Кафолат бўйича ҳуқуқларнинг

бошқа шахсга ўтказилмаслиги

304-модда. Кафолатнинг кучга кириши

305-модда. Кафолат бўйича талаб тақдим этиш

306-модда. Бенефициарнинг талабини кўриб

чиқишда кафилнинг мажбуриятлари

307-модда. Кафилнинг бенефициар

талабини қондиришни рад этиши

308-модда. Кафил мажбуриятларининг чегаралари

309-модда. Кафолатнинг бекор бўлиши

310-модда. Кафилнинг принципалга регресс талаблари



299-модда. Кафолат тушунчаси


Кафолатга биноан банк, бошқа кредит муассасаси ёки суғурта ташкилоти (кафил) бошқа шахс (принципал) нинг илтимосига кўра кафил ўз зиммасига олаётган мажбурият шартларига мувофиқ принципалнинг кредитори (бенефициар) пул суммасини тўлаш ҳақида ёзма талабнома тақдим этса, пулни унга тўлаш ҳақида принципалга ёзма мажбурият беради.


Кафолат - мажбуриятлар бажарилишини таъминлашнинг усулларидан биридир. У ўз хусусиятларига кўра кредиторнинг манфаатларини янада тўлароқ ҳимоя қилади. Фуқаролик ҳуқуқида кўпинча мажбуриятлар бажарилишини таъминлашнинг мазкур тури банк кафолати деб аталади, чунки кафил сифатида фақат банк ёки бошқа кредит муассасаси чиқиши мумкин.

Масалан, кафолатга биноан банк ёки бошқа кредит муассасаси бошқа шахснинг илтимосига кўра кафил ўз зиммасига олаётган мажбурият шартларига мувофиқ унинг кредиторига пул суммасини тўлаш бурчини зиммасига олади. Банк ёки бошқа кредит муассасаси кафил деб аталади. Илтимосига кўра кафил мажбуриятни ўз зиммасига юклайдиган бошқа шахс принципал деб номланади. Кафолат бўйича кафил пул суммасини тўлаши лозим бўлган кредитор - бенефициар деб номланади.

Кафолат моҳиятини тушуниш учун, унинг учта турдаги қонуний муносабатларни келтириб чиқаришини эътиборга олиш лозим. Биринчидан, асосий мажбуриятни келтириб чиқарган принципал билан бенефициар орасидаги муносабатлар. Иккинчидан, кафил билан принципал орасидаги муносабатлар. Учинчидан, кафил билан бенефициар орасидаги муносабатлар. Санаб ўтилган ҳуқуқий муносабатлар кафолат деб аталувчи ягона ҳуқуқий конструкцияни ташкил қиладилар, ва улар ўзаро бирбири билан боғланган.

Мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш учун кредитор қарздордан кафолатларни талаб қилади ва бунинг учун учинчи шахс -кафил билан ҳуқуқий муносабат вужудга келади, бунда у кредиторга муайян суммани тўлаш мажбуриятини зиммасига олади. Шарҳланаётган моддага мувофиқ, бенефициарга кафолат суммасини тўлаш учун, унинг тўланиши тўғрисидаги ёзма талабни тақдим қилиш зарур.



300-модда. Принципалнинг мажбуриятларини

кафолат билан таъминлаш


Кафолат принципалнинг бенефициар олдидаги ўз мажбуриятини (асосий мажбуриятни) лозим даражада бажаришини таъминлайди.

Кафолат берилгани учун принципал кафилга ҳақ тўлайди.


Шарҳланаётган модда мажбуриятлар бажарилишини таъминлашда ифодаланадиган кафолатнинг асосий мақсадини очади. Кафолат принципал томонидан, кафолатда бенефициар сифатида чиқувчи, кредитор олдида ўзининг мажбуриятларини лозим даражада бажаришни таъминлашга қаратилган.

Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисми кафолатнинг хақ эвазига бажарилиши хусусиятини кўрсатади. Кафолатни олиш учун принципал кафилга ҳақ тўлайди. Ҳақ тўлаш миқдори у билан тузиладиган келишувда белгиланади ва кафолат суммасига ҳамда таъминланадиган мажбуриятлар хусусиятига боғлиқ бўлади.



301-модда. Кафолатнинг асосий мажбуриятдан мустақиллиги


Кафилнинг бенефициар олдидаги кафолатда назарда тутилган мажбурияти улар ўртасидаги муносабатларда бажарилишини таъминлаш учун шу кафолат берилган асосий мажбуриятга, гарчи кафолатда ушбу мажбуриятга ҳавола қилинган бўлса-да, боғлиқ эмас.


Шарҳланаётган модда кафолатнинг, уни кафилликдан ва мажбуриятлар бажарилишини таъминлашнинг бошқа турларидан фарқлайдиган энг муҳим хусусиятларидан бирини очади. Кафолат асосий мажбуриятдан мустақилдир. Гарчи кафолатда ушбу мажбуриятга ҳавола қилинган бўлса-да, улар ўртасидаги муносабатларда бажарилишини таъминлаш учун шу кафолат берилган асосий мажбуриятга, боғлиқ эмас. Бенефициар ва принципал орасидаги ўзаро муносабатлар кафилнинг кафолат суммасини тўлашга бўлган мажбуриятига умуман таъсир қилмайди. Кафил асосий мажбуриятнинг ҳақиқийлигига қарши чиқа олмайди, асосий мажбурият бажармаганлигининг далилларини талаб қила олмайди, кафолат бўйича ўзининг мажбуриятларини бажаришдан бош торта олмайди.

Шарҳланаётган моддада қайд қилинган қоидалар - кафолатнинг муҳим шартларидир. Шунинг учун, кафолатда асосий мажбуриятдан муайян суммани тўлаш бўйича кафил мажбуриятларининг мустақиллиги назарда тутилиши лозим. Акс ҳолда, кафолатни, тўлаш мажбурияти фақат асосий мажбуриятнинг бузилиши ҳолатида вужудга келадиган, кафилликдан фарқлаш жуда қийин.



302-модда. Кафолатнинг чақириб олинмаслиги


Агар кафолатда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, у кафил томонидан чақириб олиниши мумкин эмас.


Кафолат, одатда, чақириб олинмайди. Бу - кафил томонидан кафолатдан келиб чиқадиган ўз мажбуриятларини чақириб олиниши мумкин эмаслигини англатади, агар шартнома бошқаси назарда тутилмаган бўлса.

Кафолатнинг чақириб олинмаслиги бенефициаркредитор манфаатларига хизмат қилиши мумкин. Амалиётда кафолатнинг чақириб олиш имкониятига йўл қўядиган турлари камданкам учрайди. Лекин бу ҳолда ҳам, кафилга талаблар тақдим этилгандан кейин кафолатни чақириб олиш мумкин эмас, чунки кафолатни таъминлайдиган чора сифатида амалга ошириш билан боғлиқ бўлган янги ҳуқуқий муносабатлар вужудга келди.



303-модда. Кафолат бўйича ҳуқуқларнинг

бошқа шахсга ўтказилмаслиги


Кафолат бўйича бенефициарга тегишли бўлган кафилга талаб қўйиш ҳуқуқи, агар кафолатда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, бошқа шахсга ўтказилиши мумкин эмас.


Шарҳланаётган модда бенефициарга тегишли бўлган ҳуқуқларнинг бошқа шахсга ўтказилиши мумкин эмаслигининг умумий қоидасини ўрнатади. Бенефициар кафилдан кафолатдан келиб чиқадиган ўз мажбуриятларининг бажарилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга. Шу билан бирга, кафолатда бундай ҳуқуқнинг бошқа шахсга ўтказиш имконияти назарда тутилиши мумкин.

Кафолат бўйича талаб қилиш ҳуқуқларини бошқа шахсга ўтказилишига йўл қўйилиши мумкин ва бундай ўтказишнинг содир бўлиши ҳолларида, мажбуриятда шахсларнинг алмаштирилиши учун белгиланган Фуқаролик кодексининг меъёрлари қўлланилади.



304-модда. Кафолатнинг кучга кириши


Агар кафолатда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, у берилган кундан эътиборан кучга киради.


Кафолат у берилган кундан эътиборан кучга киради, яъни уни имзолаш ва бенефициарга топшириш пайтидан бошлаб. Шу билан бирга кафолатнинг ўзида унинг кучга кириш бошқа муддати назарда тутилиши мумкин.



305-модда. Кафолат бўйича талаб тақдим этиш


Бенефициарнинг кафолат бўйича пул суммасини тўлаш ҳақидаги талаби кафолатда кўрсатилган ҳужжатларни илова қилган ҳолда кафилга ёзма равишда тақдим этилиши керак. Талабда ёки унга иловада бенефициар принципалнинг таъминлаш учун кафолат берилган асосий мажбуриятни бузиши нимадан иборатлигини кўрсатиши керак.

Бенефициарнинг талаби кафолатда белгиланган муддат тугагунча кафилга тақдим этилиши керак.


Шарҳланаётган модда бенефициарнинг кафолат бўйича пул суммасини тўлаш ҳақидаги талабини кафилга тақдим қилиш шартларини белгилайди. Шарҳланаётган модданинг биринчи қисми талабнинг ёзма равишда тақдим этилишининг мажбурийлигини қайд қилади. Шунингдек, талабга кафолатда кўрсатилган ҳужжатлар илова қилинади. Масалан, кафолатда, бенефициарнинг таъминлаш учун кафолат берилган асосий мажбурият бўйича ўз мажбуриятларининг бажарилганлигини тасдиқлайдиган ҳужжатларни кафилга тақдим қилиш зарурлиги кўрсатилган бўлиши мумкин.

Кафилга талабни тақдим этишнинг кейинги муҳим шарти принципалнинг таъминлаш учун кафолат берилган асосий мажбуриятни бузиши нимадан иборатлигини кўрсатишдир. Принципал томонидан асосий мажбуриятни бажариш бўйича йўлга қўйган бузилишлари талабда ёки унга бўлган иловада кўрсатилади. Бу бузилишлар ҳужжатлар билан тасдикланиши даркор.

Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисми бенефициарнинг талаби кафолатнинг амал қилиш муддати давомида кафилга тақдим этилиши кераклигини таъкидлайди. Кафолатнинг амал қилиш муддати кафолатнинг ўзида кўрсатилади. Мазкур муддат тугагандан кейин кафолат бўйича талаблар қабул қилинмайди



306-модда. Бенефициарнинг талабини кўриб

чиқишда кафилнинг мажбуриятлари


Кафил бенефициарнинг талабини олганидан сўнг бу ҳақда дарҳол принципални хабардор қилиши ва унга талабнинг нусхасини барча тегишли ҳужжатлар билан топшириши керак.

Кафил бенефициарнинг талабини унга илова қилинган ҳужжатлар билан биpга кафолатда кўрсатилган муддатда кўриб чиқиши, муддат кўрсатилмаганда эса - мутаносиб муддатда бу талаб ҳамда унга илова қилинган ҳужжатлар кафолат шартларига мос келиши ёки келмаслигини аниқлаш учун оқилона жонкуярлик кўрсатиши керак.


Шарҳланаётган модда кафил томонидан бенефициарнинг талабларини кўриб чиқиш жараёнига бағишланади. Кафил бенефициарнинг талабини олганидан сўнг бу ҳақда дарҳол принципални хабардор қилади ва унга талабнинг нусхасини барча тегишли ҳужжатлар билан топширади, яъни Фуқаролик кодексининг 305-моддасига мувофиқ, ушбу талабга илова қилинган бу ҳужжатларнинг нусхалари ҳам принципалга топширилади.

Кафил бенефициарнинг талабини унга илова қилинган ҳужжатлар билан биpга кафолатда кўрсатилган муддатда кўриб чиқиши, муддат кўрсатилмаганда эса - мутаносиб муддатда бу талаб ҳамда унга илова қилинган ҳужжатлар кафолат шартларига мос келиши ёки келмаслигини аниқлаш учун оқилона жонкуярлик кўрсатиши керак.



307-модда. Кафилнинг бенефициар

талабини қондиришни рад этиши


Агар бенефициарнинг талаби ёки унга илова қилинган ҳужжатлар кафолат шартларига мос келмаса ёхуд кафилга кафолатда белгилаб қўйилган муддат тамом бўлганидан кейин тақдим этилган бўлса, кафил бенефициарнинг талабини қондиришни рад этади.

Кафил бенефициарнинг талабини қондиришни рад этганлиги ҳақида уни дарҳол хабардор қилиши шарт.

Агар бенефициарнинг талаби қондирилгунга қадар кафолат билан таъминланган асосий мажбурият батамом ёки унинг тегишли қисми бажарилганлиги ёхуд бошқа асосларга кўра бекор бўлганлиги ёинки ҳақиқий эмас деб топилганлиги кафилга маълум бўлиб қолса, у бу ҳақда дарҳол бенефициарга ва принципалга хабар бериши шарт.


1. Шарҳланаётган модданинг биринчи қисми кафил бенефициарнинг талабини қондиришни рад этиши учун асосларини белгилайди.

Агар бенефициар талаби ёки унга илова қилинган ҳужжатлар кафолат шартларига мос келмаса, масалан, асосий мажбурият бузилишни кўрсатмаса, кафил бенефициарнинг талабини қондиришни рад этишга ҳақлидир. Бундан ташқари талабга кафолатда кўрсатилган ҳужжатлар илова қилинади. Масалан, бундай ҳужжатлар бўлиб, асосий мажбурият шартлари қанчалик бажарилганини кўрсатувчи ҳужжатлар бўлиши мумкин, жумладан, қабул қилиш-топшириш далолатномалари, бажарилган ишлар далолатномалари ва бошқалар. Агар бу ҳужжатлар талабга илова қилинмаса, унда кафил уни қондиришни рад этишга ҳақлидир.


2. Рад этиш учун иккинчи асос - кафолат муддатининг ўтиб кетганидан кейин талаб қўйилиши. Талаб кафолатда кўрсатилган муддат чегарасида кафилга берилиши шарт. Мазкур муддат ўтиб кетгандан кейин талаб қондирилмайди.

Кафил бенефициарнинг талабини қондиришни рад этганлиги ҳақида уни дарҳол хабардор қилиши шарт.

Агар бенефициарнинг талаби қондирилгунга қадар кафолат билан таъминланган асосий мажбурият батамом ёки унинг тегишли қисми бажарилганлиги ёхуд бошқа асосларга кўра кафил бенефициарнинг талабини қондиришни рад этиши мумкин. Асосий мажбурият батамом ёки унинг тегишли қисми бажарилганлиги ёхуд бошқа асосларга кўра бекор бўлганлиги ёинки ҳақиқий эмас деб топилганлиги кафилга маълум бўлиб қолса, у бу ҳақда дарҳол бенефициарга ва принципалга хабар бериши шарт.



308-модда. Кафил мажбуриятларининг чегаралари


Кафолатда назарда тутилган кафилнинг бенефициар олдидаги мажбурияти кафолат берилган суммани тўлаш билан чекланади.

Кафолат бўйича мажбурият бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги учун кафилнинг бенефициар олдидаги жавобгарлиги, агар кафолатда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кафолат берилган сумма билан чекланмайди.


Шарҳланаётган модда кафил мажбуриятларининг чегараларини белгилайди. Кафолатда назарда тутилган кафилнинг бенефициар олдидаги мажбурияти кафолат берилган суммани тўлаш билан чекланади.

Бундан ташқари, кафил кафолат бўйича ўз мажбуриятларининг бажарилмаганлиги учун жавобгар бўлади. Бу ҳолда, кафилнинг жавобгарлиги, агар кафолатда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кафолат берилган сумма билан чекланмайди. Модомики, кафолат пуллик мажбурият бўлгани учун, унинг кафил томонидан бузилишида, пуллик мажбуриятни бажармаганлик учун жавобгарликни белгилайдиган Фуқаролик кодексининг ҳолатлари қўлланилади. Масалан, ФК 327-моддаси тўлов муддатини кечиктирганлик учун фоизлар тўланишини назарда тутади.



309-модда. Кафолатнинг бекор бўлиши


Кафилнинг кафолат бўйича бенефициар олдидаги мажбурияти қуйидаги ҳолларда бекор бўлади:

1) кафолат берилган сумма бенефициарга тўланиши;

2) кафолатда белгиланган муддатнинг тамом бўлиши;

3) бенефициар кафолат бўйича ўз ҳуқуқларидан воз кечиши ва уни кафилга қайтариб бериши оқибатида;

4) бенефициар кафилни унинг мажбуриятларидан озод қилиши ҳақида ёзма ариза бериш йўли билан кафолат бўйича ўз ҳуқуқларидан воз кечиши оқибатида.

Кафил мажбуриятининг ушбу модда биринчи қисмининг 1, 2 ва 4-бандларида кўрсатилган асослар бўйича бекор қилиниши унга кафолат қайтариб берилган ёки қайтариб берилмаганлигига боғлиқ бўлмайди.

Кафолат бекор бўлганлигидан хабар топган кафил дарҳол бу ҳақда принципални хабардор қилиши керак.


Шарҳланаётган моддада кафолат бекор бўлиши ҳолларининг тўлиқ рўйхати белгиланган. Мазкур модданинг мазмунидан, мажбурият бекор бўлишининг қуйидаги асослари: ҳисобга ўтказиш; воз кечиш, новация - мажбуриятни янгилаш; хақини тўлаш; қарздан кечиб юбориш кафолатга қўлланиши мумкин эмаслиги келиб чиқади. Бу кафолат бўйича мажбуриятларнинг хусусиятлари билан боғлиқдир, уларнинг бажарилиш вақтининг бошланиши асосий мажбуриятнинг бажарилишига боғлиқдир. Шу билан бирга, мажбуриятлар бекор бўлишининг умумий асосларини кафилнинг бенефициар талаби қўйилгандан кейин мажбуриятига нисбатан қўллаш мумкин. Ушбу ҳолатда кафилнинг ўз мажбуриятларини бажариши ҳеч кимга боғлиқ эмас.

Бенефициарга кафолат суммасини тўлаш, ҳамда кафолат муддатининг тугаши кафолатнинг бекор бўлишига олиб келади. Масалан, кафолат бенефициарнинг кафолат бўйича ўз ҳуқуқларидан воз кечиши ҳолатларида бекор бўлади ва у икки шаклда амалга оширилиши мумкин: кафолатни кафилга қайтариб бериш йўли билан, ёки кафилни унинг мажбуриятларидан озод қилиши ҳақида ёзма ариза бериш йўли билан.

Кафолат бекор бўлишининг санаб ўтилган асосларидан фақат биттаси (3 банд) кафолатнинг, яъни кафилнинг мажбуриятлари расмийлаштирилган ҳужжатнинг қайтариб берилишини назарда тутади, қолганлари эса кафолатнинг кафилга қайтариб берилишига боғлиқ бўлмайди.

Шарҳланаётган модданинг охирги қисми кафолат бекор бўлганлигидан хабар топган кафилнинг дарҳол бу ҳақда принципални хабардор қилиш мажбуриятини белгилайди.



310-модда. Кафилнинг принципалга регресс талаблари


Кафилнинг принципалдан кафолат бўйича бенефициарга тўланган суммаларни регресс тартибида тўлашни талаб қилиш ҳуқуқи кафилнинг принципал билан бажариш юзасидан кафолат берилган келишувида белгилаб қўйилади.

Агар кафилнинг принципал билан келишувида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кафил бенефициарга кафолат шартларига номувофиқ тарзда ёки кафилнинг бенефициар олдидаги мажбуриятни бузганлиги учун тўланган суммаларни қоплашни принципалдан талаб қилишга ҳақли эмас.


Одатда, кафолат кафилнинг принципал билан келишувига мувофиқ, принципал илтимосига кўра берилади. ФК 300-моддасига биноан, кафолат берилгани учун принципал кафилга кафилнинг принципал билан келишувида белгиланган муайян ҳақ тўлайди. Кафил принципалдан кафолат бўйича бенефициарга тўланган суммаларни регресс тартибида тўлашни талаб қилиш ҳуқуқига эга Тўланган суммаларни қоплаш тартиби ҳам кафилнинг принципал билан келишувида белгилаб қўйилади.

Шарҳланаётган модда биринчи қисмининг мазмунидан кафилнинг регресс тартибида тўлашни талаб қилиш ҳуқуқи мавжудлиги келиб чиқади, агар у келишувда белгилаб қўйилган бўлса. Шунга мувофиқ, агар кафилнинг бундай ҳуқуқи келишувда кўрсатилмаган бўлса, унда принципал бенефициарга тўланган суммаларни қоплашга мажбур эмас.

Кафолат шартларига мувофиқ, қоплаш фақат бенефициарга тўланган суммалар чегарасида амалга оширилади. Агар кафил бенефициарга кафолат шартларига номувофиқ тарзда суммаларни тўласа, масалан, зарур ҳужжатларни талаб қилиб олмасдан, унда принципал бу суммани қоплашга мажбур эмас. Бунда кафил ва принципал орасидаги келишув билан, кўрсатилган вазиятлардан қатъий назар, харажатларни қоплашга бўлган ҳуқуқ назарда тутилиши мумкин.



6-§. ЗАКЛАТ


311-модда. Закалат тушунчаси.

Закалат тўғрисидаги келишув шакли

312-модда. Закалат билан таъминланган мажбуриятни

бекор қилиш ва бажармаслик оқибатлари



311-модда. Заклат тушунчаси.

Заклат тўғрисидаги келишув шакли


Шартнома тузаётган тарафлардан бири шартнома тузилганлигини исботлаш ва унинг ижросини таъминлаш юзасидан берадиган пул суммаси заклат ҳисобланади.

Заклат тўғрисидаги келишув заклатнинг суммасидан қатъи назар, ёзма равишда тузилиши керак.

Шартномадаги тараф амалга ошиpиши керак бўлган тўловлаp ҳисобидан тўланган сумма заклат эканлигига, хусусан ушбу модданинг иккинчи қисмида белгиланган қоидага риоя қилинмаслиги оқибатида, шубҳа туғилган тақдирда, бу сумма, агар бошқа ҳол исботланган бўлмаса, бўнак сифатида тўланган деб ҳисобланади.


1. Заклат - мажбуриятлар бажарилишини таъминлашнинг усулларидан биридир. Таъминлашнинг бошқа турларидан фарқли равишда, заклат шартнома тузилганлигини исботлаш ва унинг ижросини таъминлаш юзасидан бериладиган пул суммасидир.

Шундай қилиб, заклат бир вақтнинг ўзида учта функцияни бажаради: шартнома тузилганлигини тасдиқлайди, шартнома бўйича амалга ошириладиган тўловларнинг бир қисми ҳисобланади ва шартнома бўйича мажбуриятлар бажарилишини таъминлайди.


2. Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисми келишув шаклини белгилайди. Унга кўра заклат тўғрисидаги келишув ёзма равишда тузилиши керак. Мазкур талабга риоя қилинмаслиги оқибатида, унда бу тўланган сумма, шартнома бўйича берилиши лозим бўлган тўловлар ҳисобига, бўнак сифатида тўланган деб ҳисобланади. Масалан, хусусий корхона автомашина сотиб олганда автодўконга 10 млн. сўм пулни ўтказди, бу ўз мажбуриятларини таъминлаш учун автомашина шартномавий нархининг 50% ташкил қилади. Бунда, ёзма шаклдаги “заклат тўғрисида”ги келишув тузилмаган. Бу ҳолда 10 млн. сўмни пул миқдоридаги тўланган сумма бўнак сифатида тўланган деб ҳисобланади.


3. Шарҳланаётган модданинг учинчи қисмига мувофиқ шартномадаги тараф амалга ошиpиши керак бўлган тўловлаp ҳисобидан тўланган сумма заклат эканлигига, хусусан ушбу модданинг белгиланган қоидага риоя қилинмаслиги оқибатида, шубҳа туғилган тақдирда, бу сумма, агар бошқа ҳол исботланган бўлмаса, бўнак сифатида тўланган деб ҳисобланади.



312-модда. Заклат билан таъминланган мажбуриятни

бекор қилиш ва бажармаслик оқибатлари


Мажбурият уни бажаришдан олдин тарафларнинг келишувига мувофиқ ёки бажаришнинг имкони йўқлиги оқибатида (ушбу Кодекснинг 349-моддаси) бекор қилинган тақдирда заклат пули қайтариб берилиши керак.

Агар шартноманинг бажарилмаслиги учун заклат пули берган тараф жавобгар бўлса, заклат иккинчи тарафда қолади. Агар шартноманинг бажарилмаслиги учун заклат олган тараф жавобгар бўлса, у иккинчи тарафга заклатни икки баравар қилиб қайтариши шарт.

Бундан ташқари, шартноманинг бажарилмаслиги учун жавобгар бўлган тараф, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, заклат суммасини ҳисобга олган ҳолда иккинчи тарафга зарарларни тўлаши шарт.


Шарҳланаётган модданинг биринчи қисми заклат пулининг заклат берувчига, яъни заклат тўлаган томонга қайтариб берилиши керак бўлган вазиятни белгилайди. Мазкур меъёрга мувофиқ, Мажбурият уни бажаришдан олдин бекор қилинган тақдирда заклат пули қайтарилади. Бунда мажбурият тарафларнинг келишувига мувофиқ ёки бажаришнинг имкони йўқлиги оқибатида бекор қилинади

Шарҳланаётган модда заклатнинг мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш бўйича функциясини ойдинлаштиради. Заклат мазкур функциясининг моҳияти шундан иборатки, агар шартноманинг бажарилмаслиги учун заклат пули берган тараф жавобгар бўлса, заклат иккинчи тарафда қолади ва қайтарилмайди. Лекин шартноманинг бажарилмаслиги учун заклат олган тараф жавобгар бўлса, у иккинчи тарафга заклатни икки баравар қилиб қайтариши шарт.

Агар томонларнинг келишуви билан бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, заклатни тўлаш, заклат билан қопланмаган суммада, мажбуриятларнинг бажарилмаслиги билан етказилган зарарни қоплашдан озод қилмайди.



23-БОБ. МАЖБУРИЯТДАГИ ШАХСЛАРНИНГ ЎЗГАРИШИ


313-модда. Кредитор ҳуқуқларининг бошқа

шахсга ўтиш асослари ва тартиби

314-модда. Бошқа шахсларга ўтиши мумкин бўлмаган ҳуқуқлар

315-модда. Бошқа шахсга ўтадиган кредитор ҳуқуқларининг ҳажми

316-модда. Янги кредитор ҳуқуқларининг исботи

317-модда. Қарздорнинг янги кредитор талабига қарши эътирозлари

318-модда. Кредитор ҳуқуқларининг қонун асосида бошқа шахсга ўтиши

319-модда. Талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш шартлари

320-модда. Талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш шакли

321-модда. Талабдан бошқа шахс фойдасига

воз кечган кредиторнинг жавобгарлиги

322-модда. Қарзни бошқа шахсга ўтказиш

323-модда. Қарзни ва ижрони бир пайтда бошқа шахсга ўтказиш



313-модда. Кредитор ҳуқуқларининг бошқа

шахсга ўтиш асослари ва тартиби


Мажбурият асосида кредиторга тегишли бўлган ҳуқуқ (талаб) унинг томонидан битим бўйича бошқа шахсга ўтказилиши (талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш) ёки қонун асосида бошқа шахсга ўтиши мумкин.

Кредиторнинг ҳуқуқлари бошқа шахсга ўтиши учун, агар қонун ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қарздорнинг розилиги талаб қилинмайди.

Агар қарздор кредиторнинг ҳуқуқлари бошқа шахсга ўтганлиги ҳақида ёзма равишда хабардор қилинган бўлмаса, янги кредитор шу туфайли келиб чиққан ўзи учун ноқулай оқибатлар хавфини ўз зиммасига олади. Мазкур ҳолда мажбуриятнинг дастлабки кредиторга нисбатан бажарилиши тегишли кредиторга нисбатан бажариш деб ҳисобланади.

Кредитор ҳуқуқларининг бошқа шахсга ўтиши ҳақидаги қоидалар регресс талабларга нисбатан қўлланилмайди.


1. Мазкур боб мажбуриятларнинг муҳим бир жиҳати мажбуриятдаги шахсларнинг ўзгаришига бағишланган. Шарҳланаётган моддада кредитор ҳуқуқларининг бошқа шахсга ўтиши ҳақида гап бормоқда. Мазкур модданинг биринчи қисмига мувофиқ кредитор ҳуқуқининг бошқа шахсга ўтиши икки усулда: битим бўйича талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш ёки қонун асосида амалга ошиши мумкин.

Битим бўйича талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечишда дастлабки кредитор ўзига мажбурият асосида тегишли бўлган ҳуқуқини (талабни) ўтказиб бераётган шахс билан шартнома тузади, натижада ўша шахс аввалда мавжуд бўлган мажбурият юзасидан янги кредиторга айланади. Бу ҳолда талабни ўтказиб берилиши натижасида мажбурият бўйича кредитор ўзгаради, аммо мазкур вазият тарафларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳажмига ҳамда мажбуриятнинг моҳиятига таъсир кўрсатмайди.


2. Шарҳланаётган моддада ҳуқуқ ва талаб тенглаштириб ифодаланган, чунки кредиторнинг мажбурият бўйича ҳуқуқи қарздордан муайян хатти-ҳаракатларни бажаришни ёки бажаришдан тийилишни талаб қилишдан иборат. Масалан, тижорат фирмаси битим юзасидан кредитор бўлиб ҳисобланади. Тижорат фирмаси талабдан воз кечиш тўғрисидаги шартнома асосида ўзининг қарздорга нисбатан талаб қилиш ҳуқуқини бошқа юридик шахсга ўтказиб бериши мумкин. Фуқаролик ҳуқуқи илмида талабдан воз кечиш атамаси билан бирга рим ҳуқуқшунослигидан кириб келган “цессия” атамаси ҳам ишлатилади. Мазкур ҳолатда, тижорат фирмаси томонидан қарзни ундириб олиш талабининг ўтказиб берилиши цессия бўлиб ҳисобланади, зеро дастлабки кредитор, яъни тижорат фирмаси цедент деб, янгиси, яъни бошқа юридик шахс эса - цессионарий деб аталади. Талабдан воз кечишнинг шартлари ва шакли мазкур Кодекснинг 319, 320-моддаларида белгилаб қўйилган.

Кредитор ҳуқуқлари шунингдек қонун асосида ҳам ўтиши мумкин. Қонун бўйича ҳуқуқларнинг ўтказилиши тўғрисида Кодекснинг 318-моддасига шарҳда батафсил сўз юритилган.

Кредитор шахсияти қарздор томонидан ўз мажбуриятини бажаришига ҳеч қандай таъсир кўрсатмаслиги сабабидан, кредитор ҳуқуқларининг бошқага ўтказилишида қарздор розилигини олиш талаб этилмайди. Бу борада қонунда ёки шартномада алоҳида шарт кўзда тутилган бўлиши мумкин.


3. Кредитор ҳуқуқларининг бошқа шахсга ўтганлиги тўғрисида қарздорни ёзма равишда хабардор этиш даркор. Бу ҳолда кодексда қарздорга ҳуқуқлар ўтказиб берилгани тўғрисида ким хабар бериши лозимлиги, дастлабки кредиторми ёки янги кредитор эканлиги аниқ кўрсатилмаган. Кредитор ҳуқуқларининг бошқага ўтказилганлиги тўғрисида хабар бермаслик шарҳланаётган модданинг тўртинчи қисмида назарда тутилган оқибатларни келтириб чиқариши мумкин. Хусусан, қарздор кредиторнинг ҳуқуқлари бошқа шахсга ўтганлиги ҳақида ёзма равишда хабардор қилинган бўлмаса, янги кредитор шу туфайли келиб чиққан ўзи учун ноқулай оқибатлар хавфини ўз зиммасига олади. Қарздор томонидан мажбуриятнинг дастлабки кредиторга нисбатан бажарилиши ана шундай оқибатлардан бири саналади. Бу ҳолда ижро лозим даражада бажарилган деб ҳисобланади ва мажбурият бекор бўлади.

Регресс талаблар бўйича ҳуқуқларнинг бошқа шахсга ўтказилишига йўл қўйилмайди. Бунинг маъноси шу-ки, регресс мажбурият бўйича (масалан мажбуриятда бир неча қарздор мажуд бўлиб, қарздорлардан бири уни бажарган ҳолатда, ФК 254-модда) кредитор ўз ҳуқуқларини бошқа шахсга ўтказиб беришга ҳақли эмас.



314-модда. Бошқа шахсларга ўтиши мумкин бўлмаган ҳуқуқлар


Кредиторнинг шахси билан чамбарчас боғланган ҳуқуқларнинг, хусусан алиментлар тўғрисидаги ва ҳаётга ёки соғлиққа етказилган зарарни тўлаш тўғрисидаги талабларнинг бошқа шахсга ўтишига йўл қўйилмайди.


Шарҳланаётган моддада муайян ҳолатларда, яъни талабнинг ўзи кредиторнинг шахсияти билан чамбарчас боғлиқ бўлганда, талаблардан воз кечиш тақиқланиши белгиланган.

Бундай ҳуқуқлар тоифасига алиментлар тўғрисидаги, ҳаётга ёки соғлиққа етказилган зарарни тўлаш тўғрисидаги талаблар киритилади. Шунингдек, адабиёт, илм-фан ва санъат соҳасидаги муаллифлик ҳуқуқларига доир шахсий номулкий ҳуқуқлар билан боғлиқ талаблар ҳам шулар жумласига киритилади.



315-модда. Бошқа шахсга ўтадиган кредитор ҳуқуқларининг ҳажми


Агар қонунда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, дастлабки кредиторнинг ҳуқуқи янги кредиторга ҳуқуқ ўтиш пайтида мавжуд бўлган ҳажмда ва шартлар асосида ўтади. Хусусан янги кредиторга мажбуриятнинг бажарилишини таъминлайдиган ҳуқуқлар, шунингдек талаб билан боғлиқ бошқа ҳуқуқлар, шу жумладан тўланмаган фоизларга ҳуқуқ ҳам ўтади.


Шарҳланаётган моддада кредитор ҳуқуқларини ўтказилишининг асосий хусусиятини очиб берилган, бу нарса дастлабки кредиторнинг ҳуқуқи янги кредиторга ҳуқуқ ўтиш пайтида мавжуд бўлган ҳажмда ва шартлар асосида ўтишида ифодасини топган. Бироқ, тарафлар мазкур умумий қоидага ўзгартириш киритишлари ва шартномада талаб қилиш ҳуқуқининг бир қисми ўтказилишини кўрсатишлари мумкин.

Ушбу моддада янги кредиторга хусусан мажбуриятнинг бажарилишини таъминлайдиган ҳуқуқлар ўтиши таъкидланган.

Мажбуриятнинг бажарилишини таъминлайдиган ҳуқуқлар қаторига неустойка, гаров, қарздор мол-мулкини ушлаб қолиш, кафолат, кафиллик, закалат кабилар киради. Дастлабки кредитордан ҳуқуқларнинг ўтиши чоғида, шунингдек юқорида кўрсатиб ўтилган талабни таъминлайдиган усуллар билан боғлиқ бошқа ҳуқуқлар ҳам янги кредиторга ўтади.

Ушбу моддада шунингдек талаб билан боғлиқ бошқа ҳуқуқлар, шу жумладан тўланмаган фоизларга бўлган ҳуқуқ ҳам ўтиши белгилаб қўйилган.

Ҳуқуқларни ўтказиб бериш чоғида шуни назарда тутиш керакки, агар дастлабки кредитор тадбиркорлик фаолияти билан лицензия асосида шуғулланаётган бўлса ва у бошқа шахсга ўтказмоқчи бўлган ҳуқуқ ана шу фаолият билан боғлиқ бўлса, бунда янги кредиторга нисбатан дастлабки кредиторга қўйиладиган талаблар қўйилади. Масалан, кредит шартномаси бўйича кредитор ҳисобланган банк мазкур кредит шартномасидан келиб чиқадиган ўз ҳуқуқларини фақат банкка ёки тегишли лицензияга эга бошқа кредит ташкилотига ўтказиб бериши мумкин.



316-модда. Янги кредитор ҳуқуқларининг исботи


Ўз талабидан бошқа шахс фойдасига воз кечган кредитор талаб қилиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни унга бериши ва талабни амалга ошириш учун аҳамиятли бўлган маълумотларни билдириши керак.

Қарздор талаблар янги кредиторга ўтганлигини исботловчи ҳужжатлар ўзига тақдим этилмагунича унга нисбатан мажбуриятни бажармасликка ҳақли.


Шарҳланаётган модда Фуқаролик кодексининг 313-моддасида келтирилган кредитор ҳуқуқининг бошқага ўтказилиши ҳақида қарздорни хабардор этиш тўғрисидаги меъёрнинг мантиқий давоми бўлиб ҳисобланади. Бунда қарздор ўз мажбуриятларини янги кредитор олдида бажариши учун хабарноманинг ўзи етарли эмас. Мазкур моддада дастлабки кредитор бошқа шахсга талаб қилиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни ҳам топшириши, шунингдек талабни амалга ошириш учун аҳамиятли бўлган маълумотлардан хабардор этиши шарт.

Агар талаб қилиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар тақдим этилмаса, қарздор янги кредитор олдида талабни бажармасликка ҳақли ҳисобланади.

Ушбу модданинг маъносидан талаб қилиш ҳуқуқининг янги кредиторга ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар янги кредитор томонидан қарздорга тақдим этилиши келиб чиқади.



317-модда. Қарздорнинг янги кредитор талабига қарши эътирозлари


Қарздор мажбурият бўйича ҳуқуқлар янги кредиторга ўтганлиги ҳақида огоҳлантириш олган пайтида дастлабки кредиторга қарши эътирозларини янги кредиторнинг талабига қарши қўйишга ҳақли.


Мазкур Кодекснинг 315-моддасида дастлабки кредиторнинг ҳуқуқи янги кредиторга ҳуқуқ ўтиш пайтида мавжуд бўлган ҳажмда ва шартлар асосида ўтиши белгилаб қўйилган. Бинобарин, бундан шундай мантиқий хулоса келиб чиқадики, қарздорнинг ҳам ҳуқуқлар ўтказилгунча мавжуд бўлган барча эътирозлари сақланиб қолади. Мажбурият бўйича кредиторнинг алмашиниши ҳеч қайси жиҳатдан қарздорнинг аҳволини ёмонлаштриши ёки ўзгартириши мумкин эмас. Қарздор ўз мажбуриятини янги кредитор олдида ҳам ҳудди дастлабки кредиторга қандай тарзда бажариш лозим бўлса, ўша тарзда ижро этади.



318-модда. Кредитор ҳуқуқларининг

қонун асосида бошқа шахсга ўтиши


Кредиторнинг мажбурият бўйича ҳуқуқлари бошқа шахсга қуйидаги ҳолларда ўтади:

1) кредитор ҳуқуқларидаги универсал ҳуқуқий ворислик натижасида;

2) кредитор ҳуқуқларини бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги суднинг қарорига мувофиқ;

3) қарздорнинг мажбурияти ушбу мажбурият бўйича қарздор бўлмаган кафил ёки гаровга қўювчи томонидан бажарилиши оқибатида;

4) суғурта ҳолати бошланиши учун жавобгар бўлган қарздорга нисбатан кредитор ҳуқуқларининг суғурта қилувчига суброгацияси (ўтиши) натижасида;

5) қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда.


1. Шарҳланаётган моддада кредиторнинг ҳуқуқлари бошқа шахсга бевосита қонун асосида ёки қонунда кўзда тутилган муайян ҳолатларнинг вужудга келиши натижасида ўтказилиши тўғрисидаги меъёрлар белгилаб қўйилган.

Биринчи бандда универсал ҳуқуқий ворислик масаласи кўрсатилган бўлиб, унга кўра, кредитор бўлиб ҳисобланган шахснинг барча ҳуқуқлари ҳуқуқий ворисларга ўтказилади. Бу ҳолат жисмоний шахснинг вафоти ёки юридик шахснинг қайта ташкил этилиши натижасида рўй беради. Инсон вафот этганда унинг мажбурият бўйича ҳуқуқлари, худди мулкий ҳуқуқлар каби меросхўрларга ўтади. Бунда мазкур Кодекснинг 184-моддасига биноан меросхўрларга шунингдек, мерос қолдирувчининг мажбуриятлари ҳам ўтади.

Юридик шахслар қайта ташкил этилган ҳолда универсал ҳуқуқий ворислик вужудга келади, бунда қайта ташкил этилаётган юридик шахснинг ҳуқуқлар ва мажбуриятлари унинг ҳуқуқий ворисларига ўтади.

Кредиторнинг ҳуқуқи шунингдек суд қарори асосида ҳам бошқа шахсга ўтади. Суд қарори билан ҳуқуқларнинг ўтказилиши қатор қўшимча шарт-шароитлар мавжуд бўлган ҳолда амалга оширилади. Жумладан, кредитор ҳуқуқларини ўтказиш мумкинлиги қонунда белгиланган бўлиши шарт. Масалан, агар солидар қарздорлардан бири кредитор олдидаги барча қарздорларнинг мажбуриятини адо этса, энди у бошқа қарздорларга нисбатан регресс талаб қилиш ҳуқуқини қўлга киритади. Агар ушбу қарздорлар мазкур шахснинг талабларини бажаришдан бўйин товлайдиган бўлсалар, суд қарори билан уларни талабни бажаришга мажбур этиш мумкин. Шунингдек, мана шу ҳуқуқни амалга ошириш учун ҳам шахснинг ўзи судга мурожаат этиши шарт.


2. Мажбуриятни бажарган кафил мазкур мажбурият бўйича талаб қилиш ҳуқуқни қўлга киритади. Шунингдек, агар қарздор бўлиб ҳисобланмаган гаровга қўювчи қарздорнинг мажбуриятини бажарса, гаровга олувчи кредиторнинг мазкур мажбуриятга оид ҳуқуқлари унга ўтади.

Кредитор ҳуқуқларининг қонун асосида ўтказилиши шунингдек суброгация натижасида ҳам юз бериши мумкин. Суброгацияда суғурта қилдирувчи (наф олувчи) суғурталаш натижасида қопланган зарар учун жавобгар шахсга нисбатан талаб қилиш ҳуқуқини суғурта товонини тўлаган суғурталовчига тўлаган суммаси доирасида ўтказиб берилади. Бу ҳолда суғурталовчи зарар учун жавобгар бўлган шахсга нисбатан кредитор сифатида намоён бўлади.

Қонунда кредитор ҳуқуқларининг бошқа шахсга ўтишига доир бошқа ҳолатлар ҳам назарда тутилиши мумкин.



319-модда. Талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш шартлари


Кредиторнинг ўз талабидан бошқа шахс фойдасига воз кечишига, башарти у қонунларга ёки шартномага зид бўлмаса, йўл қўйилади.

Кредиторнинг шахси қарздор учун муҳим аҳамиятга эга бўлган мажбурият бўйича талабдан қарздорнинг розилигисиз бошқа шахс фойдасига воз кечишга йўл қўйилмайди.


Шарҳланаётган моддада риоя этилиш зарур ҳисобланган талаблардан бошқа шахс фойдасига воз кечиш шартлари белгиланган. Мазкур шартларнинг бажарилмаслиги талабдан воз кечишнинг ҳақиқий эмаслигини келтириб чиқаради. Мазкур моддада қонунларга ёки шартномага зид бўлмаган ҳолатлардагина талаблардан бошқа шахс фойдасига воз кечиш мумкинлиги таъкидланган. Шундай экан, агар қонунда талабдан воз кечиш тақиқланган бўлса, бундай битим ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Агар ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатда тўғридан-тўғри тақиқланган бўлмасагина, талабдан воз кечишни ҳақиқий деб ҳисобланади. Воз кечишга оид худди шу каби талабларни тарафлар шартномада кўрсатиб ўтишлари мумкин. Масалан, шартнома шартларидан бирида талабдан воз кечишни тақиқлаб қўйиш мумкин. Бу ҳолда талабдан воз кечишга йўл қўйилмайди.



320-модда. Талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш шакли


Оддий ёзма ёки нотариал шаклда тузилган битимга асосланган талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш ўша шаклда амалга оширилиши керак.

Давлат рўйхатидан ўтказиш талаб қилинадиган битим бўйича талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш ушбу битимни рўйхатга олиш учун белгилаб қўйилган тартибда рўйхатга олиниши керак.

Ордерли қимматли қоғоз бўйича талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш ушбу қимматли қоғозга индоссамент (талаб қилиш ҳуқуқини ўтказиш ёзуви) йўли билан амалга оширилади.


1. Шарҳланаётган модда талабдан воз кечиш битимининг шаклига бағишланган. Талабдан воз кечиш ҳам худди бошқа битимлар каби муайян шаклда бажарилади. Бунда унинг шакли талаб қилиш ҳуқуқи бошқа шахсга ўтказилаётган битимнинг ўзига боғлиқ бўлиб, битимнинг ўзи қандай бўлса, ўша шаклда тузилади. Хусусан, оддий ёзма шаклда тузилган битимдан келиб чиқадиган талабдан воз кечилишида, худди ўша оддий ёзма шаклга амал қилинади. Агар талабдан воз кечиш объекти нотариал тасдиқланган битимга асосланган бўлса, талабдан воз кечиш ҳам нотариал асосда амалга оширилиши шарт.


2. Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисмида талаб қилишдан воз кечишни давлат рўйхатидан ўтказиладиган ҳолатлар белгиланган. Хусусан, давлат рўйхатидан ўтказилган битим бўйича талабдан воз кечилганда, воз кечиш ҳам ана шундай битимларни рўйхатдан ўтказиш учун ўрнатилган тартибда рўйхатга олиниши шарт. Масалан, агар ипотекага олувчи ўзининг шартнома асосидаги талаб қилиш ҳуқуқини битим асосида бошқа шахсга ўтказиб бераётган бўлса, ушбу битимни ҳам ипотека битимларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартибида рўйхатга қўйилиши шарт. Бу ҳолатда ҳам, ипотекага асосланган талаб қилиш ҳуқуқидан воз кечилиши Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг рўйхатга олиш идоралари томонидан рўйхатга олинади.


3. Шарҳланаётган модданинг учинчи қисмида ордерли қимматли қоғоз бўйича талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш тартиби белгиланган. Ордерли қимматли қоғоз унга тегишли бўлган ҳуқуқлар эгасининг номи шу қимматли қоғознинг ўзида кўрсатилган қимматли қоғоз бўлиб, мазкур шахс ўз ҳуқуқларини бошқа шахсга ўтказиб бериши мумкин бўлади. Ордерли қимматли қоғоз бўйича талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш ўша қимматли қоғознинг ўзига тегишли ёзувни киритиш орқали амалга оширилади. Шу тарзда қимматли қоғозга унинг янги эгаси тўғрисидаги ахборот киритилади.



321-модда. Талабдан бошқа шахс фойдасига

воз кечган кредиторнинг жавобгарлиги


Талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечган дастлабки кредитор янги кредитор олдида унга ўтказилган талабнинг ҳақиқий эмаслиги учун жавоб беради, бироқ қарздор бу талабни бажармаганлиги учун жавоб бермайди, дастлабки кредитор янги кредитор олдида қарздор учун ўз зиммасига кафолатни олган ҳоллар бундан мустасно.


Шарҳланаётган моддада талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечган дастлабки кредиторнинг жавобгарлиги ҳажмини аниқлаштирилган. Мазкур нормани дастлабки кредиторнинг ҳуқуқлари бошқа шахсга битим асосида ўтказилганда қўлланилади. Ўз ҳуқуқларини ўтказиб бераётган дастлабки кредиторнинг, шунингдек талаб қилиш ҳуқуқини қўлга киритаётган янги кредиторнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари битим орқали белгиланганлиги сабабли, дастлабки кредитор ана шу битим, яъни талаб қилиш ҳуқуқидан воз кечиш битими доирасида жавобгарликка эга бўлади. Мазкур ҳолатда, дастлабки кредитор ўзи ўтказиб бераётган талаб қилиш ҳуқуқининг ҳақиқийлиги учун жавоб беради. Ҳолбуки, ўша талабнинг бажарилмай қолиши учун дастлабки кредитор жавоб бермайди. Бундан дастлабки кредитор ўз зиммасига қарздор учун кафиллик олган ҳолат истисно этилади.



322-модда. Қарзни бошқа шахсга ўтказиш


Қарздорнинг ўз қарзини бошқа шахсга ўтказишига фақат кредиторнинг розилиги билан йўл қўйилади.

Янги қарздор кредитор билан дастлабки қарздор ўртасидаги муносабатларга асосланган барча эътирозларни кредитор талабига қарши қўйишга ҳақли.

Агар кафил ёки гаровга қўювчи янги қарздор учун жавоб беришга рози бўлмасалар, қарз бошқа шахсга ўтказилиши билан кафиллик ёки учинчи шахс томонидан белгиланган гаров бекор бўлади.

Қарзни бошқа шахсга ўтказиш шаклига ушбу Кодекс 320-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларидаги қоидалар тегишинча қўлланилади.


Шарҳланаётган модда мажбуриятда шахслар алмашинувининг яна бир кўринишига бағишланган бўлиб, бунда мажбурият бўйича қарздорнинг алмашиниши содир бўлади. Қарзнинг ўтказилиши - бу мажбурият бўйича қарздорнинг келишув асосида алмаштиришдан иборат бўлиб, унга кўра қарздор ўз мажбуриятларини бошқа шахсга ўтказиб беради. Қарзни бошқа шахсга ўтказиб беришнинг муҳим шарти кредиторнинг розилигини олиш билан боғлиқ. Қонун чиқарувчи томонидан бу қоиданинг ўрнатилиши шу билан боғлиқки, қарздорнинг алмаштирилиши моҳиятан кредиторнинг манфаатларига дахл қилади ва у янги қарздорнинг тўловга лаёқатлилиги борасида ишонч ҳосил қилиши лозим.

Қарзнинг бошқа шахсга ўтказилишида, худди талаб қилиш ҳуқуқини ўтказиб беришда бўлгани каби, мажбуриятнинг моҳияти ўзгаришсиз қолади. Янги қарздор дастлабки қарздорнинг мажбурият ва ҳуқуқларини қабул қилиб олади. Шу боисдан янги қарздор кредиторнинг талабига қарши кредитор билан дастлабки қарздор ўртасидаги муносабатларга асосланган барча эътирозларни илгари суриши мумкин.

Қарзни бошқа шахсга ўтказиб бериш битимининг шаклига ҳам худди талаб қилиш ҳуқуқини ўтказиб бериш учун ўрнатилган қоидалар қўлланилади. Хусусан, қарзнинг ўтказилиши қарзнинг вужудга келишига асос бўлган битим қандай шаклда тузилган бўлса, ўша шаклда бажарилади.

Шунингдек, шарҳланаётган моддада кафиллик қилувчи ва гаровга қўювчи учинчи шахс бўлган ҳолатдаги гаров учун хос бўлган хусусиятлар кўрсатиб ўтилган. Хусусан, агар кафиллик ҳолатида кафил қарздор алмашувига рози бўлмаса, қарзнинг ўзини бошқа шахсга ўтказиш билан кафиллик бекор бўлади. Худди шу каби, гаровга қўювчи учинчи шахс томонидан белгиланган гаров агар у қарздорнинг алмаштирилишига рози бўлмаса, гаровни бекор бўлишига сабаб бўлади.



323-модда. Қарзни ва ижрони бир пайтда бошқа шахсга ўтказиш


Қарздорни қарзни тўлаш мажбуриятидан озод қилмаган ҳолда қарзни ёки унинг қисмини бошқа шахсга ўтказишга рухсат берилади. Бу ҳолда ҳар иккала қарздор мажбуриятнинг бажарилиши учун солидар жавобгар бўлади.

Қарздорнинг учинчи шахс билан шартномаси асосида учинчи шахс мажбуриятнинг бажарилиши бўйича кредитор олдида эмас, балки фақат қарздор олдида бурчли бўлади.


Шарҳланаётган моддада дастлабки қарздорнинг солидар жавобгарлигини сақлаб қолган ҳолда қарзни тўлиғича ёки қисман ўтказиш имконияти назарда тутилган. Бунда дастлабки қарздор мажбуриятидан озод қилинмаган ҳолда унинг қарзи бошқа шахсга ўтказилади.

Мазкур модданинг иккинчи қисмида қарздорнинг мажбуриятини учинчи шахс томонидан қарзни ўтказмасдан туриб шартнома асосида бажарилиши мумкинлиги белгиланган. Учинчи шахс қарздорнинг мажбуриятларини бажариш учун жалб этилади ва бу ҳолда учинчи шахс кредитор олдида эмас, балки қарздор олдида мажбурият олади. Бунда кредитор олдида солидар жавобгарлик юзага келмайди.



24-БОБ. МАЖБУРИЯТЛАРНИ БУЗГАНЛИК

УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


324-модда. Қарздорнинг зарарни тўлаш мажбурияти

325-модда. Неустойка ва зарар

326-модда. Неустойкани камайтириш

327-модда. Пул мажбуриятини бажармаганлик учун жавобгарлик

328-модда. Мажбуриятнинг қарздор ҳисобидан бажарилиши

329-модда. Субсидиар жавобгарлик

330-модда. Жавобгарлик ва мажбуриятни асл холида бажариш

331-модда. Хусусий белгили ашёни топшириш мажбуриятини бажармаслик оқибатлари

332-модда. Мажбуриятлар бўйича жавобгарлик ҳажмини чеклаш

333-модда. Мажбуриятларни бузганлик учун жавобгарлик асослари

334-модда. Учинчи шахсларнинг ҳаракатлари

учун қарздорнинг жавобгарлиги

335-модда. Кредиторнинг айби

336-модда. Икки тарафлама шартномани бажармаслик оқибатлари

337-модда. Ижрони қарздор ва кредитор

томонидан кечиктириб юборилиши

338-модда. Кредиторнинг ижрони кечиктириб юбориш оқибатлари

339-модда. Ижронинг кечиктириб юборилганлиги

учун кредиторни жавобгарликдан озод қилиш



324-модда. Қарздорнинг зарарни тўлаш мажбурияти


Қарздор мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги туфайли кредиторга етказилган зарарни тўлаши шарт. Агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада ўзгача тартиб назарда тутилган бўлмаса, зарарни аниқлашда мажбурият бажарилиши керак бўлган жойда, қарздор кредиторнинг талабларини ихтиёрий қаноатлантирган кунда, борди-ю, талаб ихтиёрий қаноатлантирилган бўлмаса, - даъво қўзғатилган кунда мавжуд бўлган нархлар эътиборга олинади. Суд вазиятга қараб, зарарни тўлаш ҳақидаги талабни қарор чиқарилган кунда мавжуд бўлган нархларни эътиборга олган ҳолда қаноатлантириши мумкин.

Бой берилган фойдани аниқлашда кредитор томонидан уни олиш учун кўрилган чоралар ва шу мақсадда кўрилган тайёргарликлар ҳисобга олинади.


1. Мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги туфайли кредиторга етказилган зарарни тўлаш фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш усулларидан бири ҳисобланади.

Мажбуриятлар ФКнинг 21-бобида ўрнатилган талабларга мувофиқ ижро этилиши шарт. Жумладан, мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса - иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак. Мажбуриятни бажаришда ундан бир томонлама бош тортишга йўл қўйилмаслиги; мажбурият келишилган ва тарафлар учун мақбул усулда; қисмларга бўлиб, тегишли шахсга; ижро этиш муддатларида ва жойида бажарилиши лозимлиги тўғрисидаги қоидалар ҳисобга олиниши шарт.

Мажбуриятнинг бажарилмаслиги, шартноманинг ёки уни вужудга келтирган бошқа асосларнинг турига қараб, турлича намоён бўлиши мумкин. Масалан, олди-сотди шартномаси бўйича харидор сотувчидан товарни қабул қилиб, аммо унга келишилган миқдордаги суммани тўламаса, ижарага берувчи мулк ижараси бўйича ижарага олувчига тегишли мулкни бермаса, йўл-транспорт ҳодисасида айбдор бўлган юридик шахс, шикастланган тарнспорт воситасини тузаттириб бермаса, мажбуриятнинг бажарилмаслиги ҳолати вужудга келади.

Мажбуриятни лозим даражада бажармасликка, масалан, шартнома муддатлари бузилган ҳолда бажарилишини, етказиб берилган товар миқдори шартномага мос эмаслигини, бинонинг сифатсиз таъмирланишини ва ҳ.к. киритиш мумкин.

Зарар деганда, ҳақиқий зарар ва бой берилган фойда тушунилади. Ҳақиқий зарарга ҳуқуқи бузилган шахснинг бузилган ҳуқуқини тиклаш учун қилган ёки қилиши лозим бўлган харажатлари, унинг мол-мулки йўқолиши ёки шикастланиши киритилади. Бу шахс ўз ҳуқуқлари бузилмаганида одатдаги фуқаролик муомаласи шароитида олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромадлари бой берилган фойда ҳисобланади (14-модда шарҳига қаранг).

Шуни унутмаслик кераки, мажбуриятлар зарар етказилиши натижасида ҳам вужудга келиши мумкин. Шу сабабали, давлат органларининг, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ёки ана шу органлар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаркатсизлиги) натижасида фуқарога ёки юридик шахсга етказилган зарар бир хил даражада ва тўла хажмда ундириб олинади.


2. Нархнинг тўғри белгиланиши зарарни ҳақиқатда ундириб олинишида муҳим. Нархлар ўзгариши, хусусан мажбуриятни бажариш муддати ва жойига боғлиқ равишда ўзгариши мумкин. Зарар ундириб олинаётган пайтдаги инфляцияни ҳисобга олган ҳолда нархлар мажбурият ижро этилиши лозим бўлган вақтдагидан анча баланд бўлиши мумкин. Шу муносабат билан кредитор манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида 324-модданинг иккинчи қисмида нархни аниқлашда кредитор талаби ихтиёрий қаноатлантирилаётган пайтда, даъво қўйилган ва ҳатто суд томонидан даъво бўйича қарор қабул қилинган пайтда мавжуд бўлган нархларни эътиборга олиш зарурлигидан келиб чиқилган. Шу билан бир қаторда шарҳланаётган модданинг иккинчи қисмида диспозитив меъёр ўрнатилган бўлиб, унга кўра қонун ҳужжатларида ёки шартномада нархни аниқлашнинг бошқа усуллари кўзда тутилиши мумкин.

Бой берилган фойдани аниқлашда шунингдек, кредитор уни олиш учун қандай чора-тадбирлар кўрганлиги ва шу мақсадда олиб борилган зарур тайёргарчилик ишлари ҳисобга олинади. Бундай чора-тадбирлар қаторига учинчи шахслар билан тузилган товар етказиб бериш тўғрисидаги шартномалар, қарздордан маблағлар олиниши ҳисобидан пудрат ишлари, хоналар ва биноларни, транспортни учинчи шахслар билан шартномавий муносабатларга кириш орқали тайёрлаш ва ҳ.к. киритилади.


3. Олий хўжалик суди Пленумининг 2007 йил 15 июндаги 163-сонли қарорида зарарни қоплаш билан боғлиқ низоларни ҳал этишда зарар кўрган тараф амалга оширган харажатларнинг зарурлиги ва уларнинг таркибий миқдори асосланган ҳисоб-китоблар, далиллар, жумладан тақдим этилган товардаги, иш ва хизматдаги камчиликларни бартараф этишга сарфланган харажатлар сметаси (калкуляция); мажбуриятларнинг бузилиши учун жавобгарлик миқдори белгилаб қўйилган шартнома ва ш.к. билан тасдиқланиши шарт. Олинмай қолган даромад (бой берилган фойда) миқдорини агар мажбурият бажарилган тақдирда кредитор сарфлаши зарур бўлган оқилона харажатларни ҳисобга олган ҳолда аниқланиши зарур. Хусусан, хом-ашё ёки бутловчи махсулотларнинг тўлиқ етказиб берилмаганлиги сабабли олинмай қолган фойда кўринишидаги зарарни ундириш тўғрисидаги талаб бўйича даромад миқдорини аниқлашда харидорлар билан тузилган шартномалар асосида тайёр товарларни сотиш баҳосидан етказиб берилмаган хом-ашёнинг ёки бутловчи махсулотларнинг қийматини, транспорт ва тайёрлаш харажатларини ҳамда товарни ишлаб чиқариш билан боғлиқ бошқа сарфларни чиқариб ташлаган ҳолда белгиланади (19-банд).



325-модда. Неустойка ва зарар


Агар мажбуриятни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун неустойка белгиланган бўлса, зарарнинг неустойка билан қопланмаган қисми тўланади.

Қонунда ёки шартномада зарарни эмас, балки фақат неустойкани ундириб олишга йўл қўйиладиган; зарар ҳам неустойкадан ташқари тўла ҳажмда ундириб олиниши мумкин бўлган; кредиторнинг танловига кўра ёки неустойка ёхуд зарар ундириб олиниши мумкин бўлган ҳоллар белгиланиши мумкин.


1. Неустойка (матбуотда ва бадий асарларда бебурдлик тўлови, айбона деб ҳам юритилади) мажбуриятни бажарилишини таъминлашнинг усули ҳисобланади ва қарздор мажбуриятни бажармаганлик ва лозим даражада бажармаганлик учун тўлаши зарур бўлган пул суммасидан ташкил топади. Неустойка жарима ёки пеня шаклида ифодаланади.

Умумий қоидага мувофиқ, зарар неустойка билан қопланмаган қисми ҳисобидан ундирилади, чунки мажбуриятни бажармаганлик учун жавобгарликнинг асосий вазифаси қарздор томонидан мажбуриятнинг бузилиши натижасида кредиторга етказилган зарарларни, мулкий йўқотишларнинг ўрнини тўлдиришдан иборат. Мазкур ҳолатда неустойка фақат ҳисобга ўтказиш вазифасини бажаради (ҳисобга ўтказиш неустойкаси). Айтайлик, муайян мажбурият бузилиши учун 100 минг сўм неустойка ундириб олиниши зарур. Мажбурият бузилиши натижасида вужудга келган зарар 250 минг сўмни ташкил этди. Неустойка ундириб олинганлиги сабабидан, етказилган зарарни 150 мин сўм миқдорида ундириб олиш лозим бўлади, яъни фақат неустойка билан қопланмай қолган қисми (250000-100000=150000) ундирилади.


2. Неустойкани ундириб олиш учун кредитор ўзига етказилган зарарни исботлаши талаб этилмайди, етказилган зарарни ундириб олиш учун, аксинча, кредитор етказилган зарарнинг исботини тақдим этиши шарт.

Зарар ва неустойкани ундириб олишнинг бошқа ҳолатлари фақат қонунда ёки шартномада кўзда тутилиши мумкин. Ҳолбуки ана шу ҳолатлар меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда эмас, айнан қонунда назарда тутилган бўлиши, шунингдек шартномада асосланган мажбуриятларда ҳисобга олинган бўлиши зарур.

Зарарни ундирмасдан фақат неустойканинг ўзини ундириб олиш (мутлақ неустойка) тури мавжуд. Бундай неустойка бир томондан контрагентларга мажбуриятнинг бузилиши натижасида юзага келган муаммоларни тезлик билан ҳал этиш имконини беради, иккинчи томондан эса - неустойкининг миқдорини келишиб олиш жараёнида эҳтимоли тутилган зарарни объектив баҳолашга ундайди.


3. Неустойкани зарар суммасидан ташқари алохида равишда тўлиқ миқдорда ундириб олишда (жарима неустойкаси) қўлланади. Бунда зарар тўлиқ миқдорда ундириб олинади, бунга қўшимча равишда неустойка ҳам ундирилади. Бундай неустойка жазоловчи вазифани бажаради. Қонунда бу нарса фақат айрим ҳолатлардагина, масалан, мажбуриятларда белгиланган товарларнинг сифатига амал қилмаслик каби бузилиш ҳолларига татбиқан назарда тутилади.

“Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Қонунда асосан жарима неустойкалари белгиланган.

Кредиторнинг танлови асосида ё неустойкани, ёки зарарни ундириб олиш (муқобил неустойка) тури хисобланади. Шартнома тузиш пайтида бундай неустойкани белгилаш учун мажбуриятнинг бузилиши натижасида етказилиши эҳтимол тутилаётган зарарнинг миқдорини аниқлаш имкони бўлмаган ҳолатда, шу билан бир қаторда, зарарни исботлаш таомилини четлаб ўтиш учун қўлланилади.


4. ЎзР Олий хўжалик суди Пленумининг 2002 йил 4 мартдаги 103-сонли Қарорининг 1-бандига мувофиқ шартнома мажбуриятларини бузганлик учун жавобгарлик чораларини қўллаганда судлар шуни назарда тутишлари лозимки, неустойка, аввало, шартнома мажбуриятларини бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун зарарни қоплашга қаратилгандир. Шу сабабли судлар бу соҳага оид ишларни кўриб чиқаётганда шартнома мажбурияти бажарилмаслиги натижасида етказилган зарар миқдорини аниқлаш чорасини кўришлари шарт. Зарур ҳолларда эса, тарафларнинг розилиги билан судлар экспертиза тайинлаши ва унинг натижаларига асосан неустойкани қўллаш ва етказилган зарар ва неустойка мутаносиблигини ҳисобга олган ҳолда унинг миқдорини белгилаш масаласини ҳал этишга ҳақлидирлар.



326-модда. Неустойкани камайтириш


Агар тўланиши лозим бўлган неустойка кредиторнинг мажбуриятини бузиш оқибатларига номутаносиблиги кўриниб турса, суд неустойкани камайтиришга ҳақли. Бунда қарздор мажбуриятни қай даражада бажарганлиги, мажбуриятда иштирок этаётган тарафларнинг мулкий аҳволи, шунингдек кредиторнинг манфаатлари эътиборга олиниши керак.

Суд алоҳида ҳолларда қарздор ва кредиторнинг манфаатларини ҳисобга олиб, кредиторга тўланиши лозим бўлган неустойкани камайтириш ҳуқуқига эга.


1. Ушбу шарҳланаётган нормани қўллаш учун неустойканинг мажбуриятни бузиш оқибатларига номутаносиблиги кўриниб турган бўлиши шарт ва у муайян шароитдан келиб чиққан ҳолда суд томонидан аниқланади. Биринчи навбатда қарздор томонидан мажбуриятнинг бузилишидан кредиторга етказилган салбий оқибатлар, яъни ҳақиқий зарар миқдори баҳоланади. Неустойкани камайтириш учун қарздор мажбуриятни бажариш юзасидан чора кўрганлигининг исботини судга тақдим этиши зарур, уларни ҳисобга олган ҳолда қарздор томонидан мажбуриятнинг бажарилганлик даражаси аниқланади.

Мажбурият тарафлари - кредитор ёки қарздор сифатида битта ёки бир вақтнинг ўзида бир неча шахс қатнашиши мумкин. Шу сабабли мажбуриятда кўрсатилган қатнашуви барча шахсларнинг мулкий аҳволи ҳисобга олинади.


2. Кредитор манфаатлари неустойка камайтирилган ҳолда зарар қай даражада қопланишига қараб аниқланади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, кредитор томонидан кўрилган зарар тўлиқ ҳажмда қопланиши шарт.

Айрим ҳолларда неустойка ва мажбуриятнинг бузилиши оқибатларидан қатъий назар суд неустойкани камайтириш ҳуқуқига эга. Бу ҳолда ҳам қарздор ва ҳам кредиторнинг манфаатлари ҳисобга олинади.

Суд фақат шартномавий неустойканинг ўзини камайтириши ҳам мумкин. Агар неустойканинг миқдори қонун томонидан (ФК 263-модда) белгиланган бўлса, суд уни камайтириш ҳуқуқига эга бўлмайди.

Аммо мажбуриятни бажармаслик ёки лозим даражада бажармаслик кредитор айбига боғлиқ бўлса, ФКнинг 335-моддаси қоидалари қўлланилади, унга кўра суд ишнинг ҳолатига қараб, мажбуриятда кўрсатилган неустойка шартномавийми, ёки қонунийми эканлигидан қатъий назар, неустойка миқдорини камайтиришга ёки кредиторга ҳақ тўлашни батамом рад этишга ҳақли.

Олий хўжалик суди Пленумининг 2002 йил 4 мартдаги 103-сонли Қарорининг 13-бандига мувофиқ неустойка (пеня, жарима) миқдорини аниқлашда шартноманинг қайси банди талаблари қанчалик даражада бузилганлиги, тарафлар тақдим этаётган ҳисоб-китобларда қайси давр учун ва қанча миқдорда жавобгарлик кўзда тутилаётганлигини, у қайси қонун ёки шартноманинг бандига асосан белгиланганлигини асослантиришлари, зарур ҳолларда неустойканинг ҳисоб-китобини қайта ҳисоблаб чиқишлари, тарафларнинг талаби билан мутахассисларни ҳисоб-китобларни аниқлаш учун жалб этишлари, экспертиза тайинлашлари лозим. Олий хўжалик суди Пленумининг 2007 йил 15 июндаги 163-сонли Қарори 4-бандига мувофиқ судлар шуни эътиборга олишлари лозимки, неустойканинг энг кам миқдори ФКнинг 327-моддасида кўрсатилган фоизлар миқдоридан кам бўлмаслиги лозим. ФКнинг 263-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ томонларнинг келишуви асосида қонунда белгиланган неустойка (қонуний неустойка) миқдорининг оширилиши ўз-ўзидан ундириб олинаётган сумманинг камайтирилиши учун асос бўла олмайди.



327-модда. Пул мажбуриятини бажармаганлик учун жавобгарлик


Бошқа шахсларнинг пул маблағларини ғайриқонуний ушлаб қолиш, уларни қайтариб беришдан бош тортиш, уларни тўлашни бошқача тарзда кечиктириш ёхуд бошқа шахс ҳисобидан асоссиз олиш ёки жамғариш натижасида улардан фойдаланганлик учун ушбу маблағлар суммасига фоиз тўланиши керак.

Фоизлар миқдори кредитор яшайдиган жойда, кредитор юридик шахс бўлганида эса, унинг жойлашган ерида пул мажбурияти ёки унинг тегишли қисми бажарилган кунда мавжуд бўлган банк фоизининг ҳисоб ставкаси билан белгиланади. Қарз суд тартибида ундириб олинганида суд кредиторнинг талабини даъво қўзғатилган кундаги ёки қарор чиқарилган кундаги банк фоизининг ҳисоб ставкасига қараб қондириши мумкин. Ушбу қоидалар қонунда ёки шартномада бошқа фоиз миқдори белгиланган бўлмаса қўлланилади.

Кредиторнинг пул маблағларидан қонунсиз фойдаланиш туфайли унга етказилган зарар ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларига асосан унга тегиши керак бўлган фоизлар суммасидан ошиб кетса, кредитор қарздордан зарарнинг бу суммадан ортиқча бўлган қисмини тўлашни талаб қилишга ҳақли.


1. Шарҳланаётган модда пул мажбуриятларининг бузилиши учун жавобгарликни белгилайди, яъни у бошқа мажбуриятларга нисбатан қўлланилмайди.

Пул мажбурияти бўйича жавобгарлик учун асос бўлиб ана шу мажбуриятнинг тегишли пул маблағларини муддатида қайтармасликда ифодаланган бузилиш факти хизмат қилади. Жавобгарликни белгилаш учун мазкур маблағларни қарздор томонидан ноқонуний ишлатилиши эмас, балки мана шу вазият муҳим аҳамият касб этади.


2. Пул малбағларидан тўлов воситаси сифатида, пуллик қарзни тўлаш воситаси сифатида фойдаланилаётган бўлса, шарҳланаётган модданинг қоидалари тарафларнинг муносабатларига нисбатан қўлланмайди. Шунингдек, мазкур модда тарафларнинг муносабатида валюта (пул) товар вазифасини ўтайдиган ҳолатларга нисбатан ҳам татбиқ этилмайди.

Пул мажбуриятининг бажарилмаслиги, яъни тегишли пул маблағларининг қайтарилмаслиги хусусан, уларнинг ғайриқонуний ушлаб қолиниши, қайтариб беришдан бош тортилиши, улар бўйича тўловни бошқа тарзда кечиктириб юборилиши, бошқа шахс ҳисобидан асоссиз равишда олиш ёки жамғариш оқибатида келиб чиқиши мумкин.

Асоссиз ушлаб қолиш - қонунга зид равишда ушлаб қолишдир. Бунда пуллар қай тарзда қарздорга ўтиб қолганлигининг, яъни қонунийми ёки ғайриқонунийми эканлиги аҳамият касб этмайди. Масалан, мижознинг контрагентларидан ҳисобварағига келиб тушган пул маблағларини банк мижозга беришни рад этган ҳолатни кўрсатиш мумкин.

Қайтариб беришдан бош тортиш. Бу ҳолда пул маблағларини мулкдордан олган шахс уларни қайтариб беришдан бош тортади. Мулкдор томонидан қарздорга пул маблағларини беришга нима асос бўлганлигининг бу ўринда аҳамияти йўқ.

Тўловни бошқа тарзда кечиктириш. Бунинг маъноси шартномада ва худди шу каби, қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган пул маблағларини тўлаш муддатининг ҳар қандай кечиктирилишини англатади.

Асоссиз олиш. Мисол сифатида, бирон шахс қонун ҳужжатларида ёки битимда белгилаб қўйилмаган асосларда бошқа шахснинг пул маблағлари ҳисобига мол-мулк сотиб олиб, пул маблағларини қайтармаган ҳолатни кўрсатиш мумкин. Бошқа шахс ҳисобидан асоссиз жамғариш. Асоссиз олишдан фарқли ўлароқ, бу ҳолда шахс томонидан сарфланиши шарт бўлган пул маблағлари суммасининг харажатни бошқа шахс амалга оширгани сабабли сақлаб қолиниши англашилади.


3. Пул мажбурияти бажариладиган кунга, ёки судга даъво бериладиган кунга, ёхуд суд томонидан қарор чиқарилган кунга нисбатан фоизлар миқдорини аниқлаш қарздор томонидан пул мажбуриятининг бажарилмаслиги оқибатида кредитор кўрган зарарни тўла хажмда қопланишига эришиш мақсадига қаратилгандир. Бу нарса инфляциянинг пул мажбуриятлари миқдорига таъсири билан боғлиқдир.

Банк фоизларининг ҳисобга олиш ставкаси сифатида банк ўз мижозларини кредитлаш чоғида қўллайдиган фоиз ставкаларидан фойдаланиш мумкин.

Мазкур фоиз ставкалари диспозитив хусусиятга эга, яъни қонунда ёки шартномада бошқаларнинг пул маблағларидан фойдаланганлик учун фоиз ставкаларининг бошқача миқдорлари ўрнатилиши мумкин.

Фоизларни тўлаш тўғрисидаги талабни қўйиш чоғида кредитор ўзига етказилган зарарни исботлаши шарт эмас. Айни чоғда, агар кредиторга етказилган зарар унга тегиши лозим бўлган фоизлар суммасидан ортиқ бўлса, кредитор қарздордан зарарни ана шу суммадан ортиқ қисмини қоплашини талаб этиши мумкин (яъни фоизларни ҳисобга олиш ҳуқуқига эга бўлади). Бу ҳолда кредитор ҳақиқатда кўрилган зарар суммасини исботлаши шарт бўлади.

Таъкидлаш жоизки, жавобгарликка тортишнинг умумий талабларидан келиб чиқиб, агар тарафлар пул мажбуриятларини бузганлик учун неустойка қўлланишини келишиб олган бўлсалар, кредитор қарздордан бошқаларнинг пул маблағларидан фойдаланганлиги учун бир вақтнинг ўзида ҳам неустойка, ҳам фоизлар тўланишини талаб этишга ҳақли эмас. Шу тарзда битта қоида бузилиши учун икки карра жавобгарлик бартараф этилади.


4. Олий хўжалик суди Пленумининг 2007 йил 15 июндаги 163-сонли Қарори 6-бандида хўжалик судларида солиқ, молиявий ва маъмурий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни кўриб чиқишда фуқаролик қонун ҳужжатлари қўлланилмайди, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно, деб кўрсатилган. Бинобарин, юридик шахсларнинг солиқ, божхона ва бошқа давлат органлари томонидан молиявий санкция сифатида асоссиз пул маблағларини қайтариш тўғрисидаги талабларини қаноатлантиришда, ушбу пул маблағларидан фойдаланилгани учун фоизлар ҳисобланмайди ҳамда бу ҳолда ФКнинг 327-моддаси татбиқ этилмайди. Бундай ҳолларда юридик шахслар ФКнинг 14-моддасига мувофиқ пул маблағларини асоссиз ундириб олиниши натижасида уларга етказилган зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақлидирлар.

Юқорида кўрсатилган Олий Хўжалик суди Пленумининг Қарори 9-бандида тегишли банк фоизи ҳисоб ставкасини танлашда, хусусан пул мажбурияти қанча вақт ичида бажарилмаганлиги, бу давр мобайнида ҳисоб ставкасининг миқдори ўзгарганлиги, ҳисоб ставкасининг ўзгармасдан қолганлигига узоқ вақт бўлганлиги кабилар эътиборга олиниши зарурлиги уқтирилган. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, агарда пул мажбуриятлари бажарилмаган вақтларда банк фоизи ҳисоб ставкаси ўзгарган бўлса, тўлов кечиктирилган барча давр мобайнида мавжуд бўлган ҳисоб ставкасига аҳамияти бўйича яқинроқ бўлган (даъво тақдим этилган ёки қарор чиқарилган кундаги) банк фоизи ставкасига устуворлик бериш мақсадга мувофиқ. Агар шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, фоизлар фақат тегишли пул маблағларига тўланиши мумкин, пул маблағларидан фойдаланганлик учун ўрнатилган фоизларга эса фоизлар ҳисобланмаслиги лозим.



328-модда. Мажбуриятнинг қарздор ҳисобидан бажарилиши


Қарздор ашёни тайёрлаш ва кредиторга мулк қилиб, хўжалик юритишга ёки оператив бошқаришга топшириш ёхуд ашёни фойдаланиш учун кредиторга бериш ёхуд унинг учун муайян ишни бажариш ёки унга хизмат кўрсатиш мажбуриятини бажармаган тақдирда кредитор, агар қонун ҳужжатларидан, шартномадан ёки мажбуриятнинг моҳиятидан бошқача тартиб англашилмаса, учинчи шахсларга мажбуриятни оқилона муддатда оқилона баҳоларда ижро этишни топширишга ёинки уни ўз кучлари билан бажаришга ҳамда қарздордан қилинган зарур харажатларни ва бошқа зарарни тўлашни талаб қилишга ҳақли.


Кредитор ФКнинг 328-моддасида кўзда тутилган ўз ҳуқуқидан қонун ҳужжатларидан, шартномадан ва мажбурият моҳиятидан бошқача тартиб ва қоида келиб чиқмаган тақдирда фойдаланиши мумкин. Таъкидлаш жоизки, ҳуқуқий ҳимоянинг ушбу воситасини қўллаш қарздор томонидан ўз мажбуриятлари бажарилмаган ҳоллардагина татбиқ этилиши мумкин ва уни қўллаш тўғрисидаги қарор кредитор томонидан муайян шарт-шароитдан ва ўз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда қабул қилинади.

Қарздорнинг ашёни тайёрлаш ва кредиторга ўтказиб бериш мажбурияти, хусусан пудрат шартномасидан, махсулот етказиб бериш шартномасидан ва ҳ.к. келиб чиқиши мумкин. Қарздорнинг кредитор учун ишни бажариш ёки хизмат кўрсатиш мажбурияти унга ҳақ тўланадиган хизмат кўрсатиш шартномасидан, топшириқдан, комиссиядан ва ҳ.к. келиб чиқиши мумкин.

Қарздор ҳисобидан мажбуриятни ижро этиш чоғида қўйиладиган асосий талаб шуки, кредитор ўз ҳуқуқини оқилона муддат ичида амалга ошириши зарур, бу муддатнинг давомийлиги мажбуриятни бажаришга оид муайян шарт-шароитлар билан белгиланади. Мажбурият бажарилишини учинчи шахсларга топширишда нарх ҳам оқилона бўлиши, яъни қарздор ўз мажбуриятини бажариш учун оладиган хақ бўйича нархга мутаносиб бўлиши шарт.



329-модда. Субсидиар жавобгарлик


Қонун ҳужжатлари ёки мажбурият шартларига мувофиқ асосий қарздор бўлган бошқа шахснинг жавобгарлигига қўшимча равишда жавобгар бўлган (субсидиар жавобгарлик) шахсга талаблар қўйишдан олдин кредитор асосий қарздорга талаб қўйиши керак.

Агар асосий қарздор кредиторнинг талабини қондиришдан бош тортса ёки кредитор ундан қўйилган талабга оқилона муддатда жавоб олмаган бўлса, бу талаб субсидиар жавобгар бўлган шахсга қўйилиши мумкин.

Кредитор асосий қарздорга бўлган ўз талабини қондиришни субсидиар жавобгар шахсдан талаб қилишга ҳақли эмас, башарти бу талаб асосий қарздорга муқобил талабни ҳисобга ўтказиш ёки маблағларни асосий қарздордан низосиз ундириб олиш йўли билан қондирилиши мумкин бўлса.

Субсидиар жавобгар шахс ўзига кредитор томонидан қўйилган талабни қондиришдан олдин бу ҳақда асосий қарздорни огоҳлантириши, борди-ю бундай шахсга нисбатан даъво қўзғатилган бўлса - асосий қарздорни ишда қатнашишга жалб қилиши керак. Акс ҳолда асосий қарздор ўзининг кредиторга қарши эътирозларини субсидиар жавобгар шахснинг регресс талабига қарши қўйиш ҳуқуқига эга.


1. Макур моддада қарздорга қўйилаётган талабларни мазкур асосий қарздорнинг мажбуриятлари бўйича қўшимча жавобгарликка эга бўлган бошқа (учинчи) шахс ҳисобидан қаноатлантириш орқали кредиторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қўшимча чоралари кўзда тутилган. Бундай жавобгарлик субсидиар жавобгарлик деб аталади ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда ёки мажбурият шартларида кўзда тутилиши мумкин.

Масалан, ФКнинг 63-моддасига биноан қўшимча мажбуриятли жамиятнинг иштирокчилари жамиятнинг мажбуриятлари юзасидан ўз мол-мулклари билан субсидиар жавобгардирлар (шунингдек 69, 73, 76, 77-моддаларга қаранг). Ёки, ФКнинг 48-моддасига мувофиқ, агар юридик шахснинг ночорлиги (банкротлиги) унинг муассиси (иштирокчиси) бўлган шахснинг ёхуд мазкур юридик шахс учун мажбурий кўрсатмалар бериш ҳуқуқига эга бўлган юридик шахс мол-мулки эгасининг ноқонуний ҳаракатлари билан вужудга келган бўлса, юридик шахснинг мол-мулки етарли бўлмаган ҳолда бундай шахсга унинг мажбуриятлари бўйича субсидиар жавобгарлик юклатилиши мумкин.

Агар учинчи шахснинг субсидиар жавобгарлиги кредитор билан асосий қарздор ўртасидаги шартнома асосида киритилган бўлса, ана шундай жавобгарликни ўрнатиш учун учинчи шахснинг розилиги зарур.

Субсидиар жавобгарлик юклатилган шахсга талаб қўйишнинг муҳим шарти талабни ундан олдин асосий қарздорга қўйишдан иборат. Шу тариқа субсидиар жавобгарликнинг мавжуд бўлишлиги асосий қарздорнинг жавобгарлиги билан боғлиқлигини тасдиқлайди. Фақат асосий қарздор кредитор талабини бажаришдан бош торганда ёки уни жавобсиз қолдиргандагина, кредиторнинг талаби субсидиар жавобгарликни олган шахсга қўйилиши мумкин. Бу ҳолда, сабабларидан қатъий назар, асосий қарздорнинг бош тортиши ноқонуний бўлиши шарт, акс ҳолда кредитор субсидиар жавобгарликни олган шахсга талаб қўя олмайди.


2. ФКнинг 343-моддасига кўра, муқобил ўхшаш талаб ҳисобга ўтказилиши билан мажбурият бекор бўлади, ҳолбуки, ҳисобга ўтказиш учун бир тарафнинг аризаси (эрки) кифоя қилади. Шу қоидадан келиб чиққан ҳолда, агар асосий қарздорнинг кредиторга нисбатан қарши муқобил талаби мавжуд бўлса ва уни қўйса, бу ҳолда кредитор ўзининг асосий қарздорга қўяётган талабини қаноатлантиришни субсидиар жавобгарликни олган шахсдан талаб қила олмайди. Башарти, муқобил талаб кредитор талабларини тўлиқ қопламаган ҳолатда, зиммасига субсидиар жавобгарликни олган шахсга муқобил талаб билан қопланмай қолган қисми юзасидан талаб қўйилиши мумкин.


3. Маблағларни низосиз ундириб олиш кредитор талабини, шу жумладан бюджетга тўловлар бўйича талабни қондириш усулларидан бири ҳисобланади ва маблағларни низосиз тартибда тўловчи ҳисоб варағидан чиқариб бериш тўғрисидаги олувчининг инкассо топшириғидан иборат бўлади. Бунда инкассо топшириқномаси қўйилишининг қонунийлиги бўйича жавобгарлик инкассо топшириқномасини қўйган шахсга юклатилади. Низосиз ундириб олишга фақат қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатларда йўл қўйилади. Маблағларни низосиз ундириб олишни амалга ошириш тартиби, шу жумладан уни амалга ошириш асослари ва инкассо топшириқномаси қўйишга ваколатли органлар рўйхати “Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги Низомда белгилаб қўйилган (15.04.2002 й., рўйхат рақами 1122-сон).

Шу муносабат билан, агар кредиторнинг талаби маблағларни асосий қарздорнинг ҳисоб варағидан низосиз усулда ундириб олиш билан қаноатлантиришнинг имкони бўлса, кредитор ўзининг асосий қарздорга бўлган талабини қондиришни субсидиар жавобгар шахсдан талаб этиши мумкин эмас.


4. Субсидиар жавобгарлик асосий қарздорнинг жавобгарлигидан келиб чиқиши сабабли, шунингдек кейинчалик асосий қарздорга регресс талаб қўйилиши эҳтимоли мажудлиги сабабли, ФК 329-моддасининг тўртинчи қисмида кредитор талабини субсидар жавобгарликни зиммасига олган шахс томонидан қаноатлантиришга нисбатан муайян талаблар қўйилган. Бу нарса шунингдек асосий қарздор кредитор талабини бажармаслик учун тўлиқ равишда қонуний асосларга эга бўлиши мумкинлиги билан боғлиқ. Шу сабабли субсидиар жавобгар шахс ўзига кредитор томонидан қўйилган талабни қондиришдан олдин бу ҳақда асосий қарздорни огоҳлантириши, борди-ю, бундай шахсга нисбатан даъво қўзғатилган бўлса - асосий қарздорни ишда қатнашишга жалб қилиши керак. Бу асосий қарздорнинг манфаатларига ҳам, шунингдек субсидиар жавобгарликни зиммасига олган шахс манфаатларига ҳам хизмат қилади. Бу талаб бажарилмаган тақдирда субсидиар жавобгарликни олган шахс регресс талабига асосий қарздор кредиторга қарши қўйиши мумкин бўлган эътирозларни билдиришга хақли.



330-модда. Жавобгарлик ва мажбуриятни асл ҳолида бажариш


Башарти, қонунда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, мажбурият лозим даражада бажарилмаган тақдирда неустойка тўлаш ва зарарни қоплаш қарздорни мажбуриятни асл ҳолида бажаришдан озод қилмайди.

Башарти қонунда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, мажбурият бажарилмаган тақдирда зарарни қоплаш ва унинг бажарилмаганлиги учун неустойка тўлаш қарздорни мажбуриятни асл ҳолида бажаришдан озод қилади.

Кечиктириб юбориш оқибатида ўзи учун аҳамиятини йўқотган (ушбу Кодекс 337-моддасининг иккинчи қисми) ижрони кредиторнинг қабул қилишдан бош тортиши, шунингдек воз кечиш ҳақи тарзида белгиланган неустойкани тўлаш (ушбу Кодекснинг 342-моддаси) қарздорни мажбуриятни асл ҳолида бажаришдан озод қилади.


1. Шарҳланаётган модданинг меъёрлари муҳим амалий аҳамиятга эга. Бу меъёрларда қарздор томонидан мажбуриятни бажармаслик ёки лозим даражада бажармаслик шаклида бузганлик учун неустойка тўланган ва зарарлар қопланган ҳолатда мажбуриятнинг тақдири белгилаб берилган (ФК 324-модда шарҳига қаранг).

Умумий қоидага кўра, мажбурият уни лозим даражада бажарилгандан кейин бекор бўлади (ФК 341-модда). Шу муносабат билан мажбурият лозим даражада бажарилмаган ҳолда, неустойканинг тўланиши ва зарарнинг қопланиши пировард натижада мажбуриятнинг бекор бўлишига олиб келмайди, яъни қарздор унинг ҳақиқатда бажарилиши учун жавобгар ҳолича қолаверади.

Айни вақтда, мажбурият бажарилмасдан, зарар тўлиқ қопланган ва неустойка тўланган бўлса, мажбурият бекор бўлади. Бу ҳолда қонун кредитор мажбуриятнинг бажарилишига мос келадиган товон хақи олишлигини назарда тутади.

Аммо кўрсатиб ўтилган иккала ҳолат ҳам диспозитив меъёр ҳисобланади, яъни қонунда ва шартномада бошқача ҳолатлар кўзда тутилиши ҳам мумкин. Хусусан, ФКнинг 436-моддасида сотувчи чакана олди-сотди шартномаси бўйича мажбуриятни бажармаган тақдирда, зарарни қоплаш ва неустойка тўлаш сотувчини мажбуриятни асл ҳолида бажаришдан озод этмаслиги кўрсатилган. Ёинки, “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 19-моддасида ижрочи томонидан мажбуриятни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун неустойка (пеня)нинг тўланиши ва зарарнинг қопланиши уни мажбуриятни асл ҳолида бажаришдан озод этмайди, деб кўрсатилган.

ФК 337-моддаси иккинчи қисмида ва ФКнинг 342-моддасида қарздорни мажбуриятни ҳақиқатда бажаришдан озод этилишининг баъзи бир ҳолатлари таъкидлаб ўтилган. Масалан, кечиктирилиши муносабати билан ўз аҳамиятини йўқотган мажбурият ижросини агар кредиторнинг ўзи қабул қилишдан бош тортса, шунингдек тарафлар неустойкани воз кечиш ҳақи тарзида белгилаган бўлса, зарарнинг қопланиши ва неустойканинг тўланганлиги қарздорни мажбуриятни асл ҳолида бажаришдан озод қилади.



331-модда. Хусусий белгили ашёни топшириш

мажбуриятини бажармаслик оқибатлари


Хусусий белгили ашёни кредиторнинг мулки қилиб, унинг хўжалик юритишига, оператив бошқарувига ёки фойдаланишига топшириш мажбурияти бажарилмаган тақдирда кредитор бу ашёни олиб қўйишни ва мажбуриятда назарда тутилган шартлар асосида ўзига топширишни талаб қилишга ҳақли. Бу ҳуқуқ ашё бир хил ҳуқуққа эга бўлган учинчи шахсга топширилган бўлса, бекор бўлади. Агар ашё ҳали топширилмаган бўлса, вазият қайси кредиторнинг фойдасига олдинроқ вужудга келган бўлса, ўша кредитор устунликка эга бўлади, башарти буни аниқлаш мумкин бўлмаса, олдин даъво қўзғатган кредитор устунликка эга бўлади.

Кредитор мажбурият нарсаси бўлган ашёни ўзига топширишни талаб қилиш ўрнига, зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақли.


1. Хусусий белгили ашё деб алоҳида, фақат ўзига хос бўлган, бир хил турдаги кўплаб ашёлар ичдан уни ажратиб турадиган ва шу орқали хусусий сифат бағишлайдиган аломатларга эга бўлган ашёга айтилади. Хусусий белгили ашёлар қаторига ноёб, ўз турига кўра ягона ашёлар, шунингдек муайян усулда ажратиб қўйилган (тамғалаш, алоҳида белги қўйиш, рақамлаш ва ҳ.к.) ашёлар киради. Хусусий белгили ашёларнинг мана шу хусусиятларидан келиб чиқиб, Кодекс кредиторга махсус ҳуқуқ - қарздордан ашёни олиб қўйиш ва кредиторга топшириш ҳуқуқини тақдим этади.


2. Шарҳланаётган модда ашёни ҳақ тўлаб ва ҳақ тўламасдан (текинга) ўтказиб берилиши ҳолатлари учун, агар уни мулк қилиб, хўжалик юритишга ёки оператив бошқаришга ўтказиб берилган бўлса, тааллуқлидир. Агар ашё фойдалниш учун ўтказиб берилаётган бўлса, шарҳланаётган модда фақат ҳақ тўлаб фойдаланишга нисбатан татбиқ этилади. Агар ашё кредитор талабига кўра қарздор томонидан кредиторга ихтиёрий суратда топширилмаса, у бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат этиши мумкин. Тегишли ҳолатларда, масалан, ашёга мулк ҳуқуқи кредиторга ўтказилганидан кейин ФКнинг 19-бобида келтирилган мулк ҳуқуқини ва бошқа ашёвий ҳуқуқларни ҳимоя қилишга қаратилган қоидалари татбиқ этилиши зарур. ФКнинг 328-моддасида белгиланган қоидалардан фарқли ўлароқ, мазкур ҳолатда кредитор ўзи талаб қилаётган ашёни ўз кучи ва ўз воситалари билан олиб қўйишга ҳақли эмас.

Бу ҳолда бошқа кредиторларнинг манфаатлари ҳам ҳимоя этилмоқда, зеро фуқаролик қонунчилиги тартибга солинаётган муносабатлар иштирокчиларининг тенглигини тан олишга асослангандир. Масалан, агар хусусий белгили ашё бир хил турдаги ҳуқуққа эга учинчи шахсга (юридик ёки жисмоний шахсга) топшириб юборилган бўлса, кредитор уни қарздордан олиб қўйилишини талаб қилолмайди. Агар бу ашё ҳали учинчи шахсга топширилмаган бўлса, Кодексда вазият қайси кредиторнинг фойдасига олдинроқ вужудга келган бўлса, ўша кредитор устунликка эга бўлишини белгилайди. Башарти буни аниқлашнинг имкони бўлмаса, ашё бошқа кредиторлардан олдин тегишли чораларни кўрган, яъни судга ашёни олиб қўйиш ва ўзига топшириш тўғрисида даъво тақдим этган кредитор устуликка эга бўлади.

Ҳар бир муайян ҳолатда кредитор ўз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ашёни олиб қўйиш ва ўзига топширишни талаб қилиш ўрнига умумий қоидаларга асосан қарздорга нисбатан етказилган зарарни қоплаш талабини қўйиши ҳам мумкин.



332-модда. Мажбуриятлар бўйича жавобгарлик ҳажмини чеклаш


Мажбуриятларнинг айрим турлари бўйича ҳамда муайян фаолият тури билан боғлиқ мажбуриятлар бўйича қонунда зарарни тўла қоплашга бўлган ҳуқуқ чеклаб қўйилиши мумкин (чекланган жавобгарлик).

Қўшилиш шартномаси ёки кредитор истеъмолчи сифатида иш олиб борувчи фуқаро бўлган бошқа шартнома бўйича қарздорнинг жавобгарлик ҳажмини чеклаш тўғрисидаги келишув ҳақиқий эмас, башарти мажбуриятларнинг ушбу тури ёки ушбу тартиббузарлик учун жавобгарлик ҳажми қонун билан белгилаб қўйилган бўлса ва агар мажбуриятни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун жавобгарликни келтириб чиқарадиган вазиятлар юз бергунча келишувга эришилган бўлса.


1. Қарздор томонидан мажбуриятнинг бузилишида жавобгарлик миқдорининг чекланиши, шубҳасиз кредиторнинг манфаатларига тўлиқ жавоб бермайди, аммо айни вақтда бу чекловлар хусусан, фуқаролик - ҳуқуқий муносабатларининг муайян тоифадаги иштирокчиларини қўллаб-қувватлаш, улар учун қулай иқтисодий шароит яратиб бериш учун жорий этилади.

Таъкидлаш жоизки, бундай чекловлар бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан эмас, фақат қонун билан белгиланиши мумкин. Кодекснинг ўзида ҳам жавобгарликка чеклов қўйилган бир неча қоидалар кўзда тутилган. Хусусан, МЧЖ иштирокчилари жамият фаолияти билан боғлиқ зарар учун ўзлари устав фондига қўшган ҳиссалар қиймати доирасида жавобгар бўладилар (62-модда), кафолатда назарда тутилган кафилнинг бенефициар олдидаги мажбурияти кафолат берилган суммани тўлаш билан чекланади (308-модда), қарздор томонидан мажбурият бузилган ҳолда зарарни эмас, фақат неустойкани ундириб олинади (325-модда).


2. Шу билан бирга, ФК 332-моддасининг иккинчи қисми истеъмолчи сифатида намоён бўлувчи фуқароларнинг, яъни фойда олиш билан боғлиқ бўлмаган мақсадаларда товар, иш ёки хизматни сотиб олмоқчи, буюрма буюрмоқчи бўлган шахснинг манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтирилган. Бинобарин у хусусий тадбикорларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Агар истеъмолчи сифатида намоён бўлаётган фуқаро кредитор бўлса, қарздорнинг жавобгарлик ҳажмини чеклашга қаратилган ҳар қандай келишув ҳақиқий эмас, башарти мажбуриятларнинг ушбу тури ёки ушбу ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик ҳажми қонун билан белгилаб қўйилган бўлса ва агар мажбуриятни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун жавобгарликни келтириб чиқарадиган вазиятлар юз бергунча келишувга эришилган бўлса. Масалан, “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун хизмат кўрсатувчи (ижро этувчи, сотувчининг) жавобгарлиги аниқ ҳажмларда белгилаб қўйилган, шу боис сотувчи (ижро этувчи, хизмат кўрсатувчи)нинг жавобгарлигини чекловчи ҳар қандай келишув ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.



333-модда. Мажбуриятларни бузганлик учун жавобгарлик асослари


Қарздор айби бўлган тақдирда мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, жавоб беради. Қарздор мажбуриятни лозим даражада бажариш учун ўзига боғлиқ бўлган ҳамма чораларни кўрганлигини исботласа, у айбсиз деб топилади.

Айбнинг йўқлиги мажбуриятни бузган шахс томонидан исботланади.

Башарти, қонунда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган шахс мажбуриятни лозим даражада бажаришга енгиб бўлмайдиган куч, яъни фавқулодда ва муайян шароитларда олдини олиб бўлмайдиган вазиятлар (форс-мажор) туфайли имкон бўлмаганлигини исботлай олмаса, жавобгар бўлади. Қарздорнинг шартлашувчи шериклари томонидан мажбуриятларнинг бузилиши, мажбуриятни бажариш учун зарур товарларнинг бозорда йўқлиги, қарздорда зарур пул маблағларининг бўлмаганлиги бундай вазиятлар жумласига кирмайди.

Мажбуриятни қасддан бузганлик учун жавобгарликни бартараф қилиш ёки чеклаш тўғрисидаги аввалдан келишилган битим у тузилган пайтдан бошлаб ҳақиқий эмас.


1. Мажбуриятни бузганлик учун жавобгарликнинг шарти бўлиб қарздорнинг айби, яъни қасддан ёки эҳтиётсизлик туфайли бузиши ҳисобланади. Айблилик фақат фуқаролар эмас, балки юридик шахслар жавобгарлигининг ҳам шарти ҳисобланади. Юридик шахслар, масалан, ходимлари томонидан ўз хизмат вазифаларини бажариш чоғида етказилган зарар учун жавоб беради. Қарздорнинг қасддан ҳаракати унинг томонидан ўз ҳатти-ҳаракатининг нохуш оқибатларини англаган ҳолда атайин ҳуқуқбузарликка йўл қўйишида ифодаланади. Эҳтиётсизлик шаклидаги айбдорлик ҳуқуқбузар ўз ҳатти-ҳаракатининг нохуш оқибатларини олдиндан кўра билмаган бўлса-да, ана шундай оқибатлар келиб чиқиши мумкинлигини ҳисобга олиши лозим бўлган ва бундай оқибатларнинг олдини олиш чора-тадбирларини кўрмаган ёҳуд унга йўл қўйган ҳолатларда вужудга келади.

Шу билан бирга, қарздорнинг айби бўлмаган ҳолда - қонунда ёки шартномада жавобгарликнинг бошқа асослари назарда тутилган ҳолатларда ҳам жавобгарлик вужудга келиши мумкин.

ФКнинг 333-моддасида қарздор айбсизлигининг аломатлари сифатида қарздор томонидан мажбуриятни лозим даражада бажариш учун ўзига боғлиқ бўлган ҳамма чораларни кўрганлиги келтирилади. Бироқ, бундай чораларнинг ҳеч бўлмаса умумий меъзонлари белгилаб берилмаган. Айтиш мумкинки, бундай чора-тадбирлар қаторига ҳар бир муйян ҳолатдан келиб чиққан ҳолда қарздор томонидан мажбуриятни лозим даражада бажариш учун ўз ихтиёрида ва имкониятида бўлган барча жонкуярлик ва эҳтиёт чораларининг кўрилишини, ана шу жонкуярлик ва эҳтиёт чораларининг мажбуриятнинг хусусиятига ва шартнома шартларига мос эканлиги англашилади.

Жиноят қонунчилигидан фарқли ўлароқ, фуқаролик қонунчилиги ҳуқуқбузарнинг айбдорлиги презумпциясидан келиб чиқади, яъни унинг айбдорлиги эҳтимол тутилади. Шу муносабат билан қарздор жавобгарликдан озод бўлиш учун, айбнинг йўқлигини исботлаши талаб этилади.


2. Тадбиркорлик соҳасидаги муносабатлар учун Кодексда мажбуриятни бузганлик учун жавобгарлик юзасидан бошқача асослар белгиланган бўлиб, улар диспозитив хусусиятга эга ва қонунда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса қўлланилади. Тадбиркорлик субъектлари жумласига якка тартибдаги хусусий тадбиркорлар ва юридик шахслар киради. Бу ҳолда тадбиркорлик фаолияти билан фақат тижорат ташкилотлари эмас, балки нотижорат ташкилотлари ҳам ўз уставида белгиланган доирада шуғулланишлари мумкин. Таъкидлаш жоизки, юридик шахс ташкил этмасдан ушбу модданинг биринчи қисми талабларини бузган ҳолда (яъни тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан) тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган фуқаро тузган битимлар хусусида ўзининг тадбиркор эмаслигини важ қилиб кўрсатишга ҳақли эмас (ФК 24-моддага қаранг).

Тадбиркорлик фаолиятини олиб бораётган шахс фақат форс-мажор ҳолати туфайли мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажаришнинг имкони бўлмаганлигини исботласа, мажбуриятини бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун жавобгарликдан озод қилинади.


3. ФК 333-моддасида форс-мажор ҳолатига енгиб бўлмайдиган куч, яъни фавқулотда ва муайян шароитларда олдини олиб бўлмайдиган вазиятлар киритилган. Бунда кўрсатиб ўтилган вазиятлар мажбуриятнинг бузилиши билан боғлиқ муайян шароитларга татбиқан кўриб чиқилиши, таҳлил қилиниши даркор.

Шу билан бирга мазкур моддада форс-мажор жумласига кирмайдиган бир қатор вазиятлар санаб ўтилади (қарздорнинг шартнома бўйича шериклари томонидан мажбуриятларнинг бузилиши, мажбуриятни бажариш учун зарур товарларнинг бозорда йўқлиги, қарздорда зарур пул маблағларининг бўлмаганлиги), бироқ бу рўйхат тугал эмас.

Фавқулотда вазият деганда шу нарса англашиладики, мажбуриятли шахс бундай шароитнинг вужудга келишини олдиндан кўра билмайди, зеро уларни олдиндан билиб бўлмайди, кутилмаганда содир бўлади. Вазиятнинг олдини олиб бўлмаслик шундан иборатки, бу вазият аввало мажбурият иштирокчиларининг хоҳиш-иродасидан ташқари содир бўлади (содир бўлмайди).

Амалда тарафлар форс-мажор ҳолати деганда уруш, зилзила, сув тошқини, талофатлар, ёнғинлар, ҳалокатлар, хавфли табиий ҳодисаларни, ҳукумат қарорларини ва ш.к. назарда тутадилар.

Таъкидлаш жоизки, бир вақтнинг ўзида фавқулотда ва енгиб бўлмас хусусиятга эга бўлган вазият форс-мажор деб эътироф этилади. Бинобарин, олдини олиб бўлмайдиган, аммо мажбурият вужудга келган пайтда олдиндан кўриш мумкин бўлган ҳодиса содир бўлганда, қарздор мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун жавобгарликдан озод этилмайди.


4. Агар мажбуриятни бажармаслик ёки лозим даражада бажармаслик факти юзага келгунга қадар тарафлар ўртасида мажбуриятни қасддан бузганлик учун жавобгарликни қўлламаслик ёки чеклаш бўйича келишув тузилган бўлса, бу битим тузилган пайтдан бошлаб ҳақиқий эмасдир. Таъкидлаш жоизки, агар келишув битими мажбурият бузилганидан кейин тузилган бўлса, ёки битимда мажбуриятни эҳтиётсизлик туфайли бузилганда жавобгарликдан озод этиш ёки уни юмшатиш (чеклаш) шарти белгиланган бўлса, бу қоида ФК 333-моддасининг иккинчи қисмига зид бўлмайди.



334-модда. Учинчи шахсларнинг ҳаракатлари

учун қарздорнинг жавобгарлиги


Башарти, қонун ҳужжатлари ёки шартномада бевосита ижрочи бўлган учинчи шахснинг жавобгарлиги белгилаб қўйилмаган бўлса, зиммасига мажбуриятни бажариш вазифаси юклатилган учинчи шахсларнинг мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун қарздор жавоб беради.


Мазкур модданинг асосий мазмуни шундаки, мажбуриятнинг ижросини учинчи шахсга ўтказилиши айни вақтда мажбуриятнинг ўзи ҳам ўтказиб берилишини англатмайди, шу муносабат билан учинчи шахснинг хатти-ҳаракатлари бўйича жавобгарлик қарздорнинг ўз зиммасида қолади.

Учинчи шахс қарздор билан шартнома асосида унинг мажбуриятларини бажараётган юридик шахс ҳам, фуқаролар ҳам бўлиши мумкин. Фуқаролар агар қарздор юридик шахснинг ходимлари ҳисобланса, учинчи шахслар жумласига кирмайди. Учинчи шахслар қарздор билан муносабатларда иккиламчи ижарачилар, ташувчилар (транспорт экспедицияси шартномаси асосида) ва ҳ.к. сифатида намоён бўлиши мумкин.

Мазкур модда меъёрлари диспозитив хусусиятга эга, яъни қонун ҳужжатларида ёки шартномада бевосита ижрочи бўлган учинчи шахсга жавобгарлик юкланиши белгилаб қўйилиши мумкин. Масалан, ФКнинг 408-моддасига мувофиқ сифатсиз товарни алмаштириб бериш ёки нуқсонни текинга бартараф этиш тўғрисидаги талаб сотувчига, ёки ишлаб чиқарувчига қўйилиши мумкин.

Таъкидлаш жоизки, ижрони учинчи шахсга топширган қарздорга кредитор томонидан жавобгарликка юклатилганда, учинчи шахснинг мажбуриятни бажариш бўйича қарздор билан тузилган битимида белгиланган учинчи шахс жавобгарлигининг ҳажми, шартлари ва асослари аҳамият касб этмайди. Шу муносабат билан учинчи шахснинг мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун жавобгарликдан озод этилиши қарздорни ушбу мажбурият бўйича кредитор олдидаги жавобгарликдан озод этмайди.



335-модда. Кредиторнинг айби


Агар кредитор қасддан ёки эҳтиётсизлик туфайли мажбуриятни бажариш мумкин бўлмаслиги юз беришига ёки бажармаслик туфайли етказилган зарар миқдорининг кўпайишига кўмаклашган бўлса, шунингдек кредитор мажбуриятни бажармасликдан етказилган зарарни камайтириш чораларини қасддан ёки эҳтиётсизлик туфайли кўрмаган бўлса, суд ишнинг ҳолатларига қараб тўланадиган ҳақ миқдорини камайтиришга ёки кредиторга ҳақ тўлашни батамом рад этишга ҳақли.


ФКнинг 9-моддасида фуқаролар ва юридик шахсларнинг бошқа шахсга зарар етказишга, бошқача шаклларда ҳуқуқни суистеъмол қилишга, шунингдек ҳуқуқни унинг мақсадига зид тарзда амалга оширишга қаратилган ҳаракатларига йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилган. ФКнинг 335-моддаси ана шу қоидаларга асосланган, яъни кредитор мажбуриятни бажармасликдан етказилган зарарни камайтириш чораларини қасддан ёки эҳтиётсизлик туфайли кўрмаган бўлса, суд ишнинг ҳолатларига қараб тўланадиган ҳақ миқдорини камайтиришга ёки кредиторга ҳақ тўлашни батамом рад этишга ҳақли. Бу ҳолда кредитор айби икки хил кўринишда содир бўлиши мумкин:


а) кредитор қарздор томонидан мажбуриятнинг бажариши мумкин бўлмай қолишига ёки зарар миқдорининг кўпайишига кўмаклашган. Бу ҳолда кредитор айби фаол хатти-ҳакаратда ифодаланади;


б) у қарздор томонидан мажбуриятларнинг бажарилмаслигидан етказилган зарарни камайтириш чораларини кўрмаган. Яъни кредитор айби унинг ҳаракатсизлиги орқали ифода топади.

ФКнинг 333-моддасига кўра, қарздорнинг мажбуриятни бузганликдаги айбини исботлаш кўзда тутилганини ҳисобга олиб, кредитор айбини исботлаш айнан қарздорга юклатилади.

Тўланадиган ҳақ миқдорини камайтиришга ёки кредиторга ҳақ тўлашни батамом рад этишга оид масалани суд ишнинг ҳолатларига, кредитор айбининг кўринишига, унинг ҳатти-ҳаракати мажбурият бажарилмаслигига ёки лозим даражада бажарилмаслигига қай даражада таъсир кўрсатганига қараб ҳал этади.



336-модда. Икки тарафлама шартномани бажармаслик оқибатлари


Агар икки тарафлама шартномада бир тараф ўзи жавобгар бўлган вазият туфайли уни бажариши мумкин бўлмай қолса, иккинчи тараф, башарти қонунда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, шартномадан воз кечишга ва шартноманинг бажарилмаслиги туфайли етказилган зарарни ундириб олишга ҳақли.


Икки тарафлама шартномага кўра тарафлар бир пайтнинг ўзида бир-бирларига ҳам кредитор, ҳам қарздор сифатида намоён бўлади. Бунда бир тараф мажбуриятининг бажарилиши иккинчи тараф мажбуриятининг бажарилишига боғлиқ бўлади. Бу ҳақида ФКнинг 256-модда шарҳига қаранг.

Мазкур моддада субъектив сабаблар туфайли икки тарафлама шартноманинг бажарилмаслиги оқибатлари тўғрисида сўз юритилмоқда. Аммо ФКнинг 349-моддасида назарда тутилгандек, агар объектив сабаблар туфайли бажариш мумкин бўлмай қолса, ФКнинг 336-моддасининг қоидалари татбиқ этилмайди.

Қарздор жавобгар бўладиган ҳолатларга хусусан, 333-моддада ифодаланган форс-мажор ҳисобланмайдиган (қарздорнинг шартнома бўйича шериклари томонидан мажбуриятларнинг бузилиши, мажбуриятни бажариш учун зарур товарларнинг бозорда йўқлиги, қарздорда зарур пул маблағларининг бўлмаганлиги ва ҳ.к.) ҳолатлар киритилади. Бундай ҳолатларда кредитор шартномадан бир томонлама воз кечишига, бу эса ўз-ўзидан унинг бекор бўлишига олиб келади, шунингдек шартномани бажармаслик сабабидан етказилган зарарни тўлашни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Шуни унутмаслик керакки, мазкур модда меъёрлари диспозитив хусусиятга эга - қонунда ёки шартномада бошқача қоидалар кўзда тутилиши мумкин.



337-модда. Ижронинг қарздор ва кредитор

томонидан кечиктириб юборилиши


Ижрони кечиктириб юборган қарздор кечиктириб юбориш туфайли етказилган зарар учун ва кечиктириб юбориш даврида тасодифан ижрони бажариш мумкин бўлмаслиги вужудга келганлиги учун кредитор олдида жавоб беради.

Агар қарздор ижрони кечиктириб юборганлиги туфайли кредитор учун унинг аҳамияти қолмаган бўлса, у ижрони қабул қилишдан бош тортиши ва зарарни тўлашни талаб қилиши мумкин.

Агар кредитор қарздор томонидан таклиф қилинган лозим даражадаги ижрони қабул қилишдан бош тортган бўлса ёки ўзи амалга ошириши керак бўлган ва амалга оширилгунича қарздор ўз мажбуриятини бажара олмаган ҳаракатларни қилган бўлмаса, кредитор муддатни кечиктириб юборган ҳисобланади.


1. Ижронинг кечиктириб юборилиши ФКнинг 242-моддасида кўзда тутилган мажбуриятни бажармаслик ҳолати ҳисобланади. Масалан, агар мажбуриятни бажариш муддати кўрсатилмаган ёки талаб қилиб олиш пайти билан белгилаб қўйилган бўлса, мажбуриятни дарҳол бажариш вазифаси қонун, шартнома ёки мажбуриятнинг моҳиятидан англашилмаса, қарздор бундай мажбуриятни кредитор талаб қилган кундан бошлаб етти кунлик муддат ичида бажариши шарт (ФКнинг 242-моддаси шарҳига қаранг).

Шарҳланаётган моддада ижронинг қарздор томонидан бўлгани каби, ҳудди шунингдек, кредитор томонидан ҳам кечиктирилиши тўғрисида сўз юритилмоқда.

Қарздор томонидан кечиктириш содир бўлганида у кредитор олдида қуйидагилар учун жавоб беради:

кечиктириш орқали етказилган зарар учун, бу ҳолда мажбуриятнинг ўзи амал қилишда давом этади;

кечиктирилган давр ичида тасодифан мажбуриятни бажариш мумкин бўлмайдиган ҳолат вужудга келса (ФК 349-модда), бунда у кредиторга мажбуриятни бажармаслик сабабли етказилган зарарни тўлайди (ФК 324-модда). Масалан, ижара муддати тугаганидан кейин ижарачи ижарага берувчига мол-мулкни қайтариб бермади ва кейинчалик ушбу мол-мулк табиий офат туфайли нобуд бўлди. Бу ҳолатда қарздор мол-мулкнинг нобуд бўлиши сабабли кредиторга етказилган зарарни қоплаши шарт.

Қарздор томонидан ижрони кечиктиришнинг бошқа бир оқибати шундаки, агар ана шу кечиктириш муддати ичида кредитор учун мажбуриятнинг бажарилиши аҳамиятини йўқотган бўлса, у ижрони қабул қилишдан бош тортиши мумкин. Кредитор бош тортганидан сўнг зарарни тўлаб беришни талаб қилиши мумкин (ФК 324-модда). Умумий қоидага кўра, кредитор мажбуриятнинг бажарилиши аҳамиятини йўқотганлигини исботлаши шарт эмас, акс ҳолда эса қарздордан исботлаш талаб этилади. Таъкидлаш жоизки, кредитор ўзининг ижрони қабул қилишдан бош тортиш ҳуқуқидан ижрони қабул қилиб олиш амалга оширилишидан аввал фойдаланиши мумкин, акс ҳолда у ушбу ҳуқуқдан маҳрум бўлади.

Кредиторнинг ижрони қабул қилишдан бош тортиши ҳар қандай ҳолатда ҳам мажбуриятнинг бекор бўлишига ёки унинг ўзгартирилишига олиб келади. Шу сабабли ФКнинг 384-моддасига кўра, бош тортиш ҳам бошқа мажбуриятни вужудга келтирувчи битим шаклида расмийлаштирилиши зарур.


2. Кредитор томонидан ижрони кечиктирилиши борасида шарҳланаётган моддада фақат бу тушунчанинг таърифи берилаган, бундай кечиктиришнинг оқибатлари эса ФКнинг кейинги иккита моддасида (338 ва 339) келтирилади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам кредитор томонидан кечиктириш қарздорнинг ўз мажбуриятларини бажариши имкониятлари масаласига бориб тақалади.

Масалан, қарздор мажбуриятни лозим даражада бажарди, кредитор эса уни қабул қилмайди. Эътиборни қарздор томонидан мажбурият айнан лозим даражада бажарилганига қаратиш лозим. Қарздор лозим даражада бажарилмаган мажбуриятни таклиф этган ҳолда эса кредитор кечиктирган деб ҳисобланмайди.

Ёинки, кредитор қонун, шартнома талабларига биноан ёки бошқа шароитлар сабабли айрим ҳатти-ҳаракатларни амалга оширмагани туфайли қарздор ўз мажбуриятини бажариши мумкин бўлмайди. Масалан, юк жўнатувчи транспорт ташкилотига юкларни ташиш учун олдиндан пул ўтказилишини амалга оширади, бироқ кредитор сифатида жўнатиладиган юкларни ўз вақтида тақдим этмаган ҳолатни кўрсатиш мумкин.



338-модда. Кредиторнинг ижрони кечиктириб юбориш оқибатлари


Кредиторнинг шартнома бўйича ўзига тегишли нарсани қабул қилишни кечиктириб юбориш, қарздорга кечиктириб юбориш туфайли етказилган зарарни ундириб олиш ҳуқуқини беради ва кейинчалик мажбуриятни ижро этиш мумкин бўлмай қолса, уни жавобгарликдан озод қилади, қарздорнинг қасддан иш тутиши ёки қўпол эҳтиётсизлик қилиш ҳоллари бундан мустасно.

Пул мажбурияти бўйича кредитор ижрони кечиктириб юборган вақт учун қарздор фоиз тўлашга мажбур эмас.


1. Шарҳланаётган модда ФКнинг 337-моддасидан фарқли ўлароқ, кредитор томонидан кечиктириш содир этилгандаги қарздорнинг ҳуқуқларини белгилаб беради.

Шарҳланаётган модданинг биринчи қисмида фақат кредиторнинг қарздор томонидан таклиф этилган лозим даражада бажарилган мажбуриятни қабул қилишдан бош тортишидан (ҳолбуки, ФКнинг 337-моддасига мувофиқ, шунингдек, ўзи амалга ошириши керак бўлган ва амалга оширилгунича қарздор ўз мажбуриятини бажара олмаган ҳаракатларни қилган бўлмаса, кредитор муддатни кечиктириб юборган ҳисобланади) келиб чиқадиган салбий оқибатлар белгилаб берилган. Бунда қарздор ФКнинг 337-моддаси, биринчи қисмида кўзда тутилганидек нафақат жавобгарликдан озод бўлибгина қолмай, балки кредиторнинг кечиктириб юборши сабабли зарарни ундириб олиш ҳуқуқига ҳам эга бўлади. Бироқ қарздорнинг ўзи қасддан ёки қўпол эҳтиётсизлиги сабабли кечиктириб юбориш содир бўлган бўлса, юқоридаги имкониятлардан маҳрум бўлади. Бу ҳолатни эса кредитор исботлаши шарт. Қасддан ёки эҳтиётсизлик сабабли кечиктириш муайян холатнинг вазиятидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.

ФК 338-моддасининг иккинчи қисми кредитор томонидан кечиктириб юборишнинг барча кўринишларига (фақат ижрони қабул қилишдан бош тортиш ҳолатигагина эмас) тааллуқли бўлиб, ФКнинг 327-моддасида кўзда тутилган қарздорни пул мажбуриятини бажармаганлиги учун жавобгарликдан озод этади.



339-модда. Ижронинг кечиктириб юборилганлиги

учун кредиторни жавобгарликдан озод қилиш


Агар кредитор ижронинг кечиктириб юборилиши қонунга мувофиқ ёки кредиторнинг топшириғи билан ижрони қабул қилиш вазифаси юклатилган шахслар қасддан иш тутганлиги ёки эҳтиётсизлиги туфайли келиб чиққанлигини исботласа, у ижронинг кечиктириб юборилганлиги учун жавобгарликдан озод қилинади.


Мазкур модда моҳиятан ФК 338-моддасининг биринчи қисмида кўзда тутилган кредиторни кечиктириб юбориш учун жавобгарликдан озод этиш асосларини (қарздор томонидан қасддан иш тутиш ва қўпол эҳтиётсизлик) тўлдиради. Агар кредиторнинг кечиктириб юбориши қонун томонидан ёки кредитор топшириғи билан ижрони қабул қилиб олиш топширилган шахсларнинг айби билан юзага келган бўлса, у кечиктириб юборганлик учун жавобгарликдан озод этилади. Юқорида кўрсатилган шахсларнинг айбдорлигини исботлаш вазифаси кредиторга юклатилади. Таъкидлаш жоизки, умумий қоидага кўра, кредитор кечиктириб юбориш енгиб бўлмас куч таъсири остида вужудга келганлигини исботлаган ҳолда ҳам жавобгарликдан озод этилади.



25-БОБ. МАЖБУРИЯТЛАРНИНГ БЕКОР БЎЛИШИ


340-модда. Мажбуриятларнинг бекор бўлиш асослари

341-модда. Мажбуриятнинг бажарилиши билан бекор бўлиши

342-модда. Воз кечиш ҳақи

343-модда. Ҳисобга ўтказиш билан мажбуриятнинг бекор бўлиши

344-модда. Ҳисобга ўтказишга йўл қўйилмаслиги

345-модда. Талабдан бошқа шахс фойдасига

воз кечилганида ҳисобга ўтказиш

346-модда. Қарздор билан кредитор бир шахс

бўлиб қолганида мажбуриятнинг бекор бўлиши

347-модда. Мажбурият янгиланиши билан унинг бекор бўлиши

348-модда. Қарздан воз кечиш

349-модда. Бажариш мумкин бўлмаганлиги

туфайли мажбуриятнинг бекор бўлиши

350-модда. Мажбуриятнинг давлат органи

ҳужжати асосида бекор бўлиши

351-модда. Фуқаро вафот этиши билан мажбуриятнинг бекор бўлиши

352-модда. Юридик шахс тугатилиши билан

мажбуриятнинг бекор бўлиши



340-модда. Мажбуриятларнинг бекор бўлиш асослари


Мажбурият ушбу Кодексда, бошқа қонунларда ёки шартномада назарда тутилган асосларга кўра тўлиқ ёки қисман бекор бўлади.

Мажбуриятни тарафлардан бирининг талаби билан бекор қилишга қонун ҳужжатлари ёки шартномада назарда тутилган ҳоллардагина йўл қўйилади.


Шарҳланаётган модда тарафлардан бирининг талаби билан мажбуриятнинг тўлиқ ёки қисман бекор бўлиш асосларини, шунингдек мажбуриятнинг бекор бўлиш имкониятининг чекланиши қоидаларини белгилайди. Чеклов умумий қоидаларга кўра мажбуриятнинг бекор қилиниши фақат тарафларнинг келишувига асосан амалга оширилиши мумкинлигидан келиб чиқади.

Қолган жиҳатдан мазкур модда умумий йўналтирувчи ва бланкет (хаволаки) меъёрлардан иборат. Жумладан, ФКнинг кейинги 341, 342, 352 ва б. моддаларида мажбуриятни бекор қилишнинг қатор асослари назарда тутилган. ФКнинг 382, 541, 542, 547, 627 ва б. моддаларида тарафлардан бири мажбуриятни бекор қилиш талабини қўйиши мумкин бўлган айрим ҳолатлар кўзда тутилган. ФКнинг 361-моддасида агар тарафлар асосий шартномани тузишлари лозим бўлган муддатнинг охиригача у тузилмаса ёки тарафларнинг биронтаси ҳам иккинчи тарафга ана шундай шартнома тузиш ҳақида таклиф юбормаса, дастлабки шартномада назарда тутилган мажбуриятлар бекор бўлиши белгилаб қўйилган.



341-модда. Мажбуриятнинг бажарилиши билан бекор бўлиши


Мажбурият, қоида тариқасида,унинг лозим даражада бажарилиши билан бекор бўлади.


Мазкур моддада мажбурият бекор бўлишининг энг муҳим асоси мустаҳкамлаб қўйилган. Бу мажбуриятнинг лозим даражада бажарилиши бўлиб, мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ равишда, ана шундай шартлар ва талаблар бўлмаганда иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ (ФКнинг 236-моддасининг шарҳига қаранг) бажариш маъносини англатади. Шу боисдан лозим даражада бажариш кўп жиҳатдан мажбуриятнинг барча тарафлари манфаатларига мос келади.



342-модда. Воз кечиш ҳақи


Тарафларнинг келишувига мувофиқ мажбурият уни бажариш ўрнига воз кечиш ҳақини бериш (пул тўлаш, мол-мулк бериш ва шу кабилар) билан бекор қилиниши мумкин. Воз кечиш ҳақининг миқдори, муддатлари ва уни бериш тартибини тарафлар белгилайдилар.


Мазкур шартномага мувофиқ воз кечиш ҳақи мажбуриятни бекор қилишнинг мутлақо тарафларнинг келишувига асосланган туридир, яъни бу шундай битимки, унда қарздор тараф мажбуриятни бажариш ўрнига кредиторга (у билан келишган ҳолда) мол-мулк (хизматлар, ишлар)ни ўтказиб беради, кредитор эса мажбуриятнинг бекор бўлишига розилик беради. Моддада воз кечиш ҳақи сифатида тақдим этилиши мумкин бўлган нарсаларнинг таҳминий рўйхати келтирилган ва бу борада ҳеч қандай чекловлар қўйилмаган. Шу муносабат билан воз кечиш ҳақи сифатида фуқаролик ҳуқуқининг муомаладан чиқарилмаган ҳар қандай объект (пул ва қимматли қоғозлар, бошқа предметлар, мол-мулк, шу жумладан мулкий ҳуқуқлар, ишлар ва хизматлар, интелектуал фаолият натижалари, шунингдек шахсий номулкий ҳуқуқлар ва бошқа моддий ва номоддий неъматлар) тақдим этилиши мумкин.

ФКнинг 342-моддаси маъносига мувофиқ воз кечиш ҳақи тўғрисидаги битим мажбуриятнинг ўзи вужудга келганидан кейин тузилади. Бинобарин, воз кечиш ҳақи тўғрисидаги битим ҳам худди воз кечилаётган мажбурият ҳақидаги битимнинг шаклида тузилиши шарт.



343-модда. Ҳисобга ўтказиш билан мажбуриятнинг бекор бўлиши


Муддати тўлган ёки муддати кўрсатилмаган ёхуд талаб қилиш пайти билан белгиланган муқобил ўхшаш талаб ҳисобга ўтказилиши билан мажбурият тўлиқ ёки қисман бекор бўлади.

Ҳисобга ўтказиш учун бир тарафнинг аризаси кифоя қилади.


1. Умумий қоидаларга кўра муқобил талаблар бўйича бир мажбурият юзасидан кредитор бўлган шахс бошқа мажбуриятга кўра қарздор бўлиб ҳисобланади, биринчи мажбуриятдаги қарздор эса, иккинчисида кредитор сифатида намоён бўлади. Шу билан бирга, ФКда бу умумий қоидадан айрим истиснолар назарда тутилган. Хусусан, ФКнинг 345-моддасига мувофиқ талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечилган тақдирда қарздор ўзининг дастлабки кредиторга муқобил талабини янги кредиторнинг талабига қарши ҳисобга ўтказишга ҳақли. Ёки ФКнинг 294-моддасига биноан кафил кредиторнинг талабига қарши қарздор билдириши мумкин бўлган ҳамма эътирозларни қўйишга ҳақли.

Талабларнинг ўхшаш бўлишлиги барча талабларнинг предмети бир хил турдаги ашёлар, масалан пулли талаблар (пул қийматида ўлчанадиган талаблар) бўлиши лозимлигини англатади.


2. Ҳисобга ўтказиш фақат бажариш муддати етиб келган, ёки муддати кўрсатилмаган ёхуд ижроси исталган вақтда талаб қилиниши мумкин бўлган талабларга нисбатан қўлланилиши мумкин. Мажбуриятни ҳисобга ўтказиш орқали бекор қилиш хусусиятига кўра бу уччала ҳолат асосий талаб учун ҳам, муқобил талаб учун ҳам бир хилда бўлиши шарт. Яъни агар, масалан, бир талаб бўйича бажариш муддати етиб келмаган бўлса-ю, бошқасида бажариш муддати белгиланмаган ёки талаб қилиш пайти билан белгиланган бўлса, ҳисобга ўтказишга йўл қўйилмайди.

Ҳисобга ўтказиш учун битта тарафнинг аризаси (хоҳиш иродаси) етарли бўлгани сабабли, гарчанд бундай битимни тарафларнинг келишуви асосида ўтказилиши ҳам мумкин бўлсада, ҳисобга ўтказиш бир тарафлама битим жумласига киритилади.

Ҳисобга ўтказиш орқали мажбурият фақат тўлиғича бекор қилинмасдан, балки қисман бекор қилиниши ҳам мумкин. Бундан ташқари, ҳисобга ўтказиш учун бир неча ўхшаш талаблар тақдим этилиши мумкин, бунда уларнинг жами қиймати асосий талабни тўлиғича ёки қисман сўндириш учун етарли бўлиши ҳисобга олинади.

Агар ҳисобга ўтказиш ёзма битим асосидаги мажбуриятни бекор қилишга йўналтирилган бўлса, ҳисобга ўтказиш тўғрисидаги ариза ҳам ёзма равишда бажарилиши шарт.

Хуллас, агар қонун ёки шартномада тақиқланмаган бўлса, ҳисобга ўтказишга йўл қўйилади, хусусан ФКнинг 344-моддасида талабларнинг ҳисобга ўтказилишига йўл қўйилмайдиган қатор ҳолатлар белгиланган.



344-модда. Ҳисобга ўтказишга йўл қўйилмаслиги


Қуйидаги талабларни ҳисобга ўтказишга йўл қўйилмайди:

даъво муддати ўтган талабларни;

фуқаронинг соғлигига шикаст етиши ёки унинг вафоти муносабати билан етказилган зарарни тўлаш ҳақидаги талабини;

алиментлар ундириш ҳақидаги талабни;

умрбод асраш шарти билан уй-жойни бошқа шахсга топшириш талабини;

қонунда ёки шартномада назарда тутилган бошқа ҳоллардаги талабни.


Мазкур моддада ҳисобга ўтказишга йўл қўйилмайдиган талабларнинг қатъийй очиқ рўйхати келтирилган.

Умумий даъво муддати - уч йил. Бироқ, ФКнинг 153-моддасига мувофиқ, даъво муддати ўз-ўзидан қўлланмасдан, балки фақат низодаги тарафнинг суд қарор чиқаргунча берган аризасига мувофиқ қўлланади. Бундан келиб чиқадики, талаб бўйича даъво қилиш муддати ўтиб кетган бўлса ва бу ҳақда иккинчи тараф арз этган бўлса, ҳисобга ўтказишга йўл қўйиб бўлмайди. Шундай экан, агар тараф даъво муддатини қўллаш тўғрисида арз этмаган бўлса, ҳисобга ўтказиш бажарилиши мумкин.

Фуқаронинг соғлиғига шикаст етиши ёки унинг вафоти муносабати билан етказилган зарарни тўлаш, алиментлар ундириш, умрбод асраш шарти билан уй-жойни бошқа шахсга топшириш ҳақидаги талаблар қарздорнинг шахсияти билан боғлиқ. Шу сабабли бундай талаблар ҳисобга ўтказилмайди.

Ҳисобга ўтказиш фақат қонун билангина тақиқланмайди. Фуқаролик қонунчилигининг асосий тамойилларидан, хусусан, фуқаролик муносабатларининг иштирокчилари тенглигидан келиб чиқадиган бўлсак, шарҳланаётган модда шунингдек ҳисобга олишга шартномаларда ҳам тақиқ қўйилиши мумкинлигини истисно этмайди.



345-модда. Талабдан бошқа шахс фойдасига

воз кечилганида ҳисобга ўтказиш


Талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечилган тақдирда қарздор ўзининг дастлабки кредиторга муқобил талабини янги кредиторнинг талабига қарши ҳисобга ўтказишга ҳақли.

Агар талаб қарздор бу талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечилгани тўғрисидаги билдиришни олган пайтгача мавжуд бўлган асосга кўра вужудга келган бўлса ва талаб қилиш муддати ана шу билдириш олингунча келган бўлса ёки ушбу муддат кўрсатилмаган ёхуд талаб қилиш пайти билан белгиланган бўлса, ҳисобга олиш амалга оширилади.


Мазкур моддада қарздор янги кредиторнинг талабига қарши аввалдан, яъни ҳуқуқ ва мажбуриятлар янги кредиторга ўтказилгани тўғрисидаги хабарни олмасидан олдин биринчи кредиторга нисбатан мавжуд бўлган эътирозларини қўйиши мумкинлигига асосланган (ФКнинг 317-моддасининг шарҳига қаранг).

Шу тариқа, талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш, яъни битим бўйича кредитор томонидан ўз ҳуқуқини (талабини) бошқа шахсга ўтказиб берилиши, қарздорнинг кредиторга нисбатан муқобил талабини ҳисобга ўтказиш бўйича унинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳеч қандай камситмайди.

Агар қарздор талаблари янги кредитор фойдасига воз кечилгани тўғрисидаги хабарни олганидан кейин дастлабки кредиторга нисбатан муқобил талаб вужудга келиб қолса, янги кредиторнинг талабига нисбатан ҳисобга ўтказиш бажарилмайди.



346-модда. Қарздор билан кредитор бир шахс

бўлиб қолганида мажбуриятнинг бекор бўлиши


Қарздор билан кредитор бир шахс бўлиб қолганида мажбурият бекор бўлади.


Қарздор ва кредиторнинг бир шахс бўлиб қолиш ҳолати юридик шахсларни қўшиб олиш ва бирлаштириш шаклида қайта ташкил этилганда содир бўлиши мумкин. Юридик шахсларни бирлаштиришда ҳар қайси юридик шахснинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари янги тузилган юридик шахсга ўтади, юридик шахсни бошқа юридик шахс томонидан қўшиб олиш чоғида эса, қўшиб олинаётган юридик шахснинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари қўшиб олаётган юридик шахсга ўтади. Шу тариқа, масалан, қарздор бўлган юридик шахснинг кредитор бўлган юридик шахсга қўшиб юборилиши натижасида юридик шахсларнинг - қарздор ва кредиторнинг бир шахсга айланиши содир бўладики, бу ҳолат мажбуриятни бекор қилади.

Қарздор ва кредиторнинг бир шахс бўлиб қолиши жисмоний шахсларда ҳам вужудга келиши мумкин. Масалан, кредитор васият бўйича бутун мол-мулкини қарздорга мерос қолдирган ҳолатни кўрсатиш мумкин.



347-модда. Мажбурият янгиланиши билан унинг бекор бўлиши


Тарафлар ўз ўрталаридаги дастлабки мажбуриятни бошқа нарсани ёки бошқача ижро этиш усулини назарда тутувчи янги мажбурият билан алмаштириш (мажбуриятни янгилаш) ҳақида келишиб олсалар, мажбурият бекор бўлади. Ҳаёт ёки соғлиққа етказилган зарарни қоплаш ва алиментларга нисбатан мажбуриятлар хусусида янгилашни амалга оширишга йўл қўйилмайди.

Агар тарафларнинг келишувига мувофиқ бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, мажбуриятни янгилаш дастлабки мажбурият билан боғлиқ бўлган қўшимча мажбуриятларни бекор қилади.


1. Янгиланишнинг асосий шартлари қуйидагилардан иборат:

дастлабки мажбуриятнинг мавжуд бўлиши ва унинг кейинги мажбурият билан ўзаро алмашинувчанлиги;

дасталбки мажбуриятни бошқа мажбурият билан алмаштириш тўғрисида келишувга эришилиши;

иштирокчилар таркибининг ўзгаришсиз қолдирилиши;

дастлабки мажбуриятнинг ҳақиқий эканлиги;

мажбуриятнинг предмети ёки бажариш усулининг ўзгариши.

Дастлабки мажбуриятни бошқаси билан алмаштириш тўғрисида келишувга эришиш зарурияти, янгилашнинг мажбурий шарти бўлиб, тарафларнинг янги мажбурият билан аввалгисини бекор қилишга аҳд қилишлари ва бу ниятни битимда ифодалашларидан иборатдир (акс ҳолда иккала мажбурият ҳам параллел мавжуд бўлиб қолаверади). Шу тарзда, янгилаш орқали тарафлар дастлабки мажбуриятни бекор қилиб, янгисини вужудга келтирадилар.

Дастлабки мажбуриятнинг ҳақиқий эмаслиги янгисининг ҳам ҳақиқий эмаслигини келтириб чиқаради, зеро янги мажбурият дастлабки мажбурият асосига қурилади. Айни пайтда агар янгилашга оид битимнинг ўзи ҳақиқий бўлмаса, бу нарса дастлабки мажбуриятнинг ҳақиқийлигига таъсир кўрсатмайди.


2. Мажбурият предмети деганда ашё, иш, хизмат, ёки моддий ёки ақлий фаолиятнинг бошқа маҳсули англашиладики, у мажбуриятни бажариш жараёнида қарздордан кредиторга ўтказиб берилади (масалан, олди-сотди шартномасидан келиб чиқадиган мажбуриятлар, айирбошлаш шартномалари ва ҳ.к.). Мажбуриятни бажариш усули деганда қарздор томонидан мажбуриятни бажариш учун амалга ошириладиган ҳаракатлар тартиби тушунилади (масалан, мажбуриятни тўлиқ ёки бўлиб-бўлиб бажариш, ижрони бевосита кредиторнинг ўзига топшириш ёки уни почта орқали жўнатиш ва ҳ.к.). ФКнинг 742-моддасида тарафларнинг келишувига мувофиқ олди-сотди, мулк ижараси натижасида вужудга келган ҳар қандай қарздорликни пул асосидаги қарз мажбурияти билан алмаштириш мумкин.

Талабларни ҳисобга ўтказиш чоғида бўлгани каби, соғлиққа ва ҳаётга етказилган зарарни қоплашга оид ва алиментга оид мажбуриятларни янгилашга йўл қўйиб бўлмайди.

Дастлабки мажбуриятга боғлиқ бўлган ва янгилаш натижасида ўз кучини йўқотадиган қўшимча мажбуриятлар деганда, хусусан неустойка, гаров, кафиллик, заклат каби мажбуриятни бажаришни таъминловчи усуллар тушунилади. Шу билан бирга, ФК 347-моддасининг учинчи қисми диспозитив хусусиятга эга, яъни мажбурият тарафлари мажбуриятни янгилаш чоғида дастлабки мажбурият билан боғлиқ қўшимча мажбуриятларни ўз кучида қолдириш ҳуқуқи берилган.

Мажбуриятларни бекор қилишнинг тарафлар келишуви билан амалга ошириладиган (ҳисобга ўтказиш, воз кечиш) ва уларга риоя этилганда мажбурият бажарилган деб ҳисобланадиган бошқа асосларидан фарқли ўлароқ, янгилашда мажбуриятнинг бекор бўлиши унинг бажарилган деб ҳисобланиши билан эмас, балки унинг ўрнига янги мажбурият вужудга келиши билан боғлиқдир.



348-модда. Қарздан воз кечиш


Кредитор қарздорни унинг зиммасидаги мажбуриятлардан озод қилиши билан, агар бу ҳол бошқа шахсларнинг кредитор мол-мулкига нисбатан ҳуқуқларини бузмаса, мажбурият бекор бўлади.


Мазкур модда фуқаролар ва юридик шахслар ўзларига тегишли фуқаролик ҳуқуқларини ўз ихтиёрларига кўра тасарруф этишларига ва бу ҳуқуқларнинг амалга оширилиши бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига дахл қилмаслиги зарур деган қоидага асосланган (ФКнинг 9-моддаси шарҳига қаранг). Бундан ташқари, қарздордан ўз мажбуриятларини бажаришни талаб қилиш кредиторнинг ҳуқуқи ҳисобланади. Шу сабабли қарздан воз кечиш фақат бир тараф - кредиторнинг хоҳиш-иродаси билан амалга оширилади. Бинобарин, қарздан воз кечиш бир томонлама битим ҳисобланади.

Шу билан бирга, ФКнинг 348-моддаси мазмунидан келиб чиқилса, қарздан воз кечиш шартсиз асосда бўлиши ва мажбуриятни тўлиқ бекор қилиши шарт. Бошқача айтганда, кредитор қандайдир шартларни ўртага қўйиши, ёки қарздорга нисбатан бошқа ҳуқуқларни қўлга киритишга интилиши мумкин эмас, кредитор қарздор зиммасидаги мажбуриятни бажаришдан қисман эмас, балки тўлиғича озод этиши зарур. Акс ҳолда, бу қарздан воз кечиш бўлиб ҳисобланмайди, балки янгилаш, мажбурият шартларини ўзгартириш ва ш.к. бўлиб қолади.

Агар қарздан воз кечиш кредиторнинг мол-мулкига нисбатан бошқа шахсларнинг ҳуқуқи бузилишини келтириб чиқарадиган бўлса, кредитор қарздан воз кечишга ҳақли бўлмайди. Масалан, юридик шахс томонидан ўз қарзидан таъсис этиш шаклида воз кечиши муассасанинг унга смета бўйича ажратилган маблағ ҳисобидан сотиб олинган мол-мулки билан боғлиқ бўлса, бу нарса муассаса мол-мулки эгасининг ҳуқуқлари бузилишига олиб келиши мумкин.



349-модда. Бажариш мумкин бўлмаганлиги

туфайли мажбуриятнинг бекор бўлиши


Агар тарафлардан биронтаси ҳам жавоб бермайдиган вазият туфайли мажбуриятни бажариш мумкин бўлмай қолса, у бекор бўлади.

Башарти, қарздор мажбуриятни кредиторнинг айбли ҳаракатлари туфайли бажариши мумкин бўлмаса, кредитор ўзининг мажбурият бўйича бажарганларини қайтариб беришни талаб қилишга ҳақли эмас.


1. Мазкур моддада мажбуриятни бажариш мумкин бўлмаганлиги туфайли бекор қилишнинг иккита асоси тўғрисида сўз бормоқда.

Биринчиси - объектив вазият туфайли вужудга келган имконсизлик бўлиб, бунинг учун тарафлар жавобгар ҳисобланмайди. Бундай вазиятлар қаторига, жумладан, енгиб бўлмас куч билан боғлиқ вазиятлар (ФКнинг 333-моддаси шарҳига қаранг), учинчи шахсларнинг хатти-ҳаракатлари киради. Масалан, сув тошқини натижасида ҳосил нобуд бўлиши сабабли фермер хўжалиги томонидан контрактация шартномаси бўйича ўз мажбуриятларини бажариши мумкин бўлмай қолди. Ёинки, рассом яратган асарнинг ягона нусхаси ўғирланди (учинчи шахсларнинг хатти-ҳаркати) ва уни сотувга қўйиш имконияти йўқ бўлди. Учинчи шахслар хатти-ҳаракатига шунингдек, давлат органлари хатти-ҳаракатлари ва қарорларини киритиш мумкин (ФКнинг 350-моддаси шарҳига қаранг).

Ҳар қандай ҳолатда ҳам мажбуриятнинг бажарилиши мумкин бўлмагани туфайли бекор бўлиши учун тарафлар бажаришнинг мумкин бўлмай қолишига тегишли вазиятлар сабаб бўлганлигини исботлаши даркор. Бунда муайян вазиятларни, тарафларнинг мажбуриятни бажариш бўйича мақсадлари ва хатти-ҳаракатларини ҳисобга олиш лозим.


2. Таъкидлаш жоизки, қарздор контрагентлари томонидан мажбуриятларнинг бузилиши, бозорда мажбуриятни бажариш учун зарур товарларнинг йўқлиги, қарздорда зарур бўлган пул маблағларининг йўқлиги форс-мажор вазиятларига кирмайди. Тегишли равишда, бу вазиятлар мажбуриятни бажариш мумкин бўлмаганлиги сабабли бекор бўлишига олиб келмайди, балки қарздорнинг мажбуриятни бузганлик учун жавобгарлигини келтириб чиқаради.


3. Иккинчиси - кредиторнинг айбли хатти-ҳаракатлари туфайли юзага келган бажаришнинг имконсизлиги. Бунда кредитор мажбурият бўйича ўзи бажарганни қайтарилишини талаб эта олмайди. Айтиш мумкинки, мазкур ҳолатда гап кредиторнинг ҳаракатсизлиги тўғрисида эмас, айбли ҳаракатлари тўғрисида кетяпти. Масалан, пудрат шартномаси бўйича буюртмачи (кредитор) олдиндан тўловни амалга оширган бўлса, аммо қарздор ўз мажбуриятини (автомобилни бўяшни) кредитор айби билан, яъни кредитор машинани олиб кетганлиги ва унда ташиш ишларини бажараётганлиги сабабли бажара олмаса, кредитор тўлаб қўйган суммасини қайтариб беришни талаб этишга ҳақли эмас. Агар кредитор омборхона хизматини кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъектга олдиндан тўловни ўтказиб қўйса-ю, аммо омборхонага товарларни олиб келиб қўймаса (яъни ҳаракатсизлик), бу ҳолда кредитор тўланган суммани қайтарилишини талаб қилишга ҳақли эмас, шуниси ҳам борки, мажбуриятнинг ўзи ҳам бажариш мумкин бўлмагани сабабли бекор бўлади.



350-модда. Мажбуриятнинг давлат органи

ҳужжати асосида бекор бўлиши


Агар давлат органининг ҳужжати чиқиши натижасида мажбуриятни бажариш тўлиқ ёки қисман мумкин бўлмай қолса, мажбурият тўлиқ ёки унинг тегишли қисми бекор бўлади. Бунинг натижасида зарар кўрган тарафлар ушбу Кодекснинг 12 ва 15-моддаларига мувофиқ уни тўлашни талаб қилишга ҳақлидирлар.

Давлат органининг мажбурият бекор бўлишига асос бўлган ҳужжати белгиланган тартибда ҳақиқий эмас деб топилганида, агар тарафларнинг келишувидан ёки мажбуриятнинг моҳиятидан бошқача тартиб келиб чиқмаса ва мажбуриятни бажариш кредитор учун ўз аҳамиятини йўқотмаган бўлса, мажбурият тикланади.


1. Мазкур модда асосида мажбуриятларнинг бекор бўлиши бажариш мумкин бўлмай қолишининг ўзига хос кўриниши ҳисобланади (ФКнинг 349-моддаси шарҳига қаранг). Мажбуриятларни бажариш учун имкон бўлмай қолишига олиб келиши мумкин бўлган ҳужжатлар сирасига айнан давлат органларининг ҳужжатлари киритилади. Шунга кўра, бошқа органларнинг, шу жумладан, фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш органларининг ҳужжатлари мажбуриятларни бекор қила олмайди, ҳолбуки, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан ана шундай қонунга зид ҳужжат қабул қилиниши натижасида фуқарога ёки юридик шахсга етказилган зарарни шу орган томонидан қопланиши шарт (ФКнинг 15-моддаси шарҳига қаранг).

ФКнинг 350-моддасида гап меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида ҳам, шунингдек давлат органларининг меъёрий хусусиятга эга бўлмаган (хусусий) ҳуқуқни қўлловчи ҳужжатлари тўғрисида ҳам бормоқда. Масалан, ҳукумат қарори билан хусусий тадбиркорларга муайян турдаги фаолият билан шуғулланиш тақиқлаб қўйилиши (давлат органи томонидан меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатнинг чиқарилиши) сабабли тадбиркор ана шу борада аввал олган мажбуриятини бажариши мумкин бўлмай қолди. Ёинки, муайян тадбиркорлик субъектининг рухсат олиб амалга ошириладиган фаолият учун олган лицензиясининг бекор қилиниши (давлат органи томонидан ҳуқуқни қўлловчи ҳужжатнинг чиқарилиши) сабабли, тадбиркор ўз зиммасига олган ана шу фаолият тури билан боғлиқ мажбуриятини бажариши мумкин бўлмай қолади.

Таъкидлаш жоизки, давлат органи томонидан ҳужжат қабул қилиниши мажбуриятнинг бажарилиши фақат тўлиқ истисно этмасдан, балки қисман истисно этиши ҳам мумкин.


3. Агар давлат органининг ҳужжати қонун ҳужжатларига мос бўлмаса, у суд томонидан ҳақиқий эмас деб эътироф этилиши мумкин. Бу ҳолда етказилган зарар давлат томонидан қопланиши шарт бўлади (ФКнинг 12 ва 15-моддалари шарҳига қаранг). Бундан ташқари, тегишли мажбурият тикланади, бу қоидадан: тарафлар мажбуриятни бекор қилиш тўғрисида битим тузган; моҳиятига кўра мажбуриятни тиклаб бўлмайдиган (масалан, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етказиб бериш билан боғлиқ мажбуриятлар фақат тегишли мавсум ичида бажарилиши мумкин); кредитор учун қарздорнинг қарз мажбуриятини бажариши аҳамитини йўқотган ҳолатлар истисно этилади.



351-модда. Фуқаро вафот этиши билан

мажбуриятнинг бекор бўлиши


Агар мажбуриятни қарздорнинг шахсий иштирокисиз бажариш мумкин бўлмаса ёки мажбурият бошқача тарзда қарздорнинг шахси билан чамбарчас боғлиқ бўлса, қарздор вафот этиши билан мажбурият бекор бўлади.

Агар мажбуриятни бажариш шахсан кредитор учун мўлжалланган ёки мажбурият бошқача тарзда кредиторнинг шахси билан чамбарчас боғлиқ бўлса, кредитор вафот этиши билан мажбурият бекор бўлади.


Фуқаронинг - қарздорнинг ёки кредиторнинг вафот этиши (вафот этган деб эълон қилиниши) сабабли мажбуриятнинг бекор бўлиши фақат мажбурият шахсий хусусиятга эга бўлган ҳолатларда йўл қўйилади. Бундай мажбурият қаторига қарздор ёки кредитор томонидан фақат шахсан бажарилиши лозим бўлган мажбуриятлар, ёки бошқа тарзда қарздор ёки кредитор шахсияти билан боғлиқ мажбуриятлар киритилади. Масалан, бадиий асар яратиш бўйича шартномага (ФК 1067-модда) асосланган мажбурият қарздор-муаллифнинг, топшириқ шартномаси (ФК 817-модда) бўйича мажбурият вакилнинг вафот этиши билан бекор бўлади ва ҳ.к. Шунингдек, тиббий хизмат кўрсатиш тўғрисидаги шартномага (ФК 703-модда) асосланган мажбурият кредитор-буюртмачининг (даволанувчининг) вафот этиши, умрбод таъминлаш шарти билан уй-жойнинг (хонадоннинг) бошқа шахсга бериш тўғрисидаги шартнома асосидаги (ФК 530-модда) умрбод таъминлаш мажбурияти уй-жойни берувчининг вафот этиши сабабли бекор бўлиши мумкин.

Фуқаронинг вафот этиши билан бекор бўлишлиги келиб чиқадиган мажбуриятнинг шахсий хусусияти мажбуриятнинг мақсадини, шунингдек унга муштарак вазиятларни ҳисобга олган ҳолда аниқланиши лозим. Агар мажбурият қарздорнинг ёки кредиторнинг шахсияти билан боғлиқ эмаслиги аниқланса, бу ҳолда фуқаронинг вафоти мажбуриятнинг бекор бўлишига олиб келмайди. Масалан, ФКнинг 848-моддасига кўра, комитент бўлган фуқаронинг ўлими комиссия шартномаси асосидаги унинг мажбуриятлари бекор бўлишига олиб келмайди - комиссионер ўзига берилган топшириқни токи вафот этган шахснинг ворисларидан аниқ топшириқ олмагунча бажаришда давом этиши зарур.



352-модда. Юридик шахс тугатилиши

билан мажбуриятнинг бекор бўлиши


Юридик шахс (қарздор ёки кредитор) тугатилиши билан мажбурият бекор бўлади, қонун ҳужжатлари билан тугатилган юридик шахснинг мажбуриятларини бажариш бошқа шахс зиммасига юклатилган (ҳаётга ёки соғлиққа етказилган зарарни тўлаш талаби ва бошқа талаблар бўйича) ҳоллар бундан мустасно.


Қайта ташкил этишдан фарқли ўлароқ, юридик шахснинг тугатилиши ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳуқуқий ворсилик тартибида бошқа шахсларга ўтказилмасдан унинг бекор бўлишини келтириб чиқаради. Юридик шахсни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинганидан кейин тугатиш жараёни бошланади ва унинг доирасида дебитор қарздорликларини ундириб олиш ва кредиторлар талабларини қаноатлантириш амалга оширилади. Юридик шахснинг тугатилиши ҳақидаги ёзув юридик шахсларнинг ягона давлат реестрига киритиб қўйилганидан сўнг юридик шахсни тугатиш тамомланган, юридик шахснинг фаолияти эса тугаган ҳисобланади (ФКнинг 53-57-моддалари шарҳига қаранг).

Умумий қоидага кўра юридик шахснинг - кредитор ёки қарздорнинг тугатилиши унинг иштирокидаги мажбуриятларнинг бекор бўлишини келтириб чиқаради. Қонунчиликда бу қоидага истиснолар кўзда тутилиши мумкин. Масалан, ФКнинг 55-моддасига мувофиқ, кредиторлар талабларини қаноатлантириш учун тугатилаётган давлат корхонасининг мол-мулки, тугатилаётган муассасанинг пул маблағлари етарли бўлмаган ҳолда эса, кредиторлар талабларнинг қолган қисмини мазкур корхона ёки муассаса мол-мулкининг эгаси (мулкдори) ҳисобидан қаноатлантиришга қаратилиши тўғрисидаги даъво билан судга мурожаат этишлари мумкин. ФКнинг 1015-моддасига кўра, ҳаёт ва соғлиққа етказилган зарар учун белгиланган тартибда жавобгар деб топилган юридик шахс тугатилган тақдирда, тегишли тўловлар жабрланувчига тўлаш учун капиталлаштирилиши лозим.



2-КИЧИК БЎЛИМ. ШАРТНОМА ТЎҒРИСИДА

УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


26-боб. Шартнома тушунчаси ва шартлари (353-363-моддалар)

27-боб. Шартнома тузиш (364-381-моддалар)

28-боб. Шартномани ўзгартириш ва бекор қилиш

           

                        

26-БОБ. ШАРТНОМА ТУШУНЧАСИ ВА ШАРТЛАРИ


353-модда. Шартнома тушунчаси

354-модда. Шартнома тузиш эркинлиги

355-модда. Ҳақ эвазига ва текинга тузиладиган шартномалар

356-модда. Баҳо

357-модда. Шартноманинг амал қилиши

358-модда. Оммавий шартнома

359-модда. Шартноманинг намунавий шартлари

360-модда. Қўшилиш шартномаси

361-модда. Дастлабки шартнома

362-модда. Учинчи шахс фойдасига тузиладиган шартнома

363-модда. Шартномани шарҳлаш



353-модда. Шартнома тушунчаси


Икки ёки бир неча шахснинг фуқаролик ҳуқуқлари ва бурчларини вужудга келтириш, ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги келишуви шартнома дейилади.

Шартномаларга ушбу Кодекснинг 9-бобида назарда тутилган икки ва кўп тарафлама битимлар тўғрисидаги қоидалар қўлланилади.

Шартномадан келиб чиққан мажбуриятларга, агар ушбу бобнинг қоидаларида ва ушбу Кодексда шартномаларнинг айрим турлари тўғрисида баён этилган қоидаларда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, мажбуриятлар тўғрисидаги умумий қоидалар (ушбу Кодекснинг 234-352-моддалари) қўлланилади.

Иккитадан ортиқ тарафлар тузадиган шартномаларга, бундай шартномаларнинг кўптарафламалик хусусиятига зид бўлмаса, шартнома тўғрисидаги умумий қоидалар қўлланилади.


1. ФК фуқаролик қонунчилигининг асосий таомиллари қаторига қуйидаги қоидаларни киритади: “Фуқаролар (жисмоний шахслар) ва юридик шахслар ўз фуқаролик ҳуқуқларига ўз эркларига мувофиқ эга бўладилар ва бу ҳуқуқларини ўз манфаатларини кўзлаб амалга оширадилар. Улар шартнома асосида ўз ҳуқуқ ва бурчларини белгилашда ва қонун ҳужжатларига зид бўлмаган ҳар қандай шартнома шартларини аниқлашда эркиндирлар...” (ФК 1-модда). “Мажбурият ҳуқуқи” номли III бўлимнинг иккинчи кичик бўлими шартномалар тўғрисидаги умумий қоидаларга бағишланган. учинчи кичик бўлим эса муайян турдаги шартномалар (олди-сотди, айирбошлаш, ҳадя, рента, мулк ижараси, пудрат, ташиш, қарз, кредит, суғурта ва ҳ.к.) билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади. Бундан ташқари қонунчилик қонунда бевосита кўзда тутилмаган, аммо унга зид бўлмаган шартномалар тузилишини ҳам назарда тутади.


2. Шартнома тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг ҳуқуқий асоси ҳисобланади. Тадбиркорлик фаолияти соҳасида тузилаётган шарномалар хўжалик шартномалари деб аталади. Ҳўжалик шартномаларининг муҳим аҳамиятини ҳисобга олиб Ўзбекистон Республикасининг “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинган бўлиб, унда хўжалик шартномаси тузишнинг, бажаришнинг, ўзгартиришнинг ва бекор қилишнинг ҳуқуқий асослари, хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, шунингдек жойлардаги давлат ҳокимият органларининг ҳамда шартномавий муносабатлар устидан давлат бошқарувини амалга оширувчи давлат органларининг ваколатлари белгилаб қўйилган.

ФКнинг 353-моддаси шартнома тушунчасига таъриф беради. Шартнома тўғрисида мазкур моддада кўзда тутилган таърифдан келиб чиқадиган бўлсак, шартноманинг қуйидаги хусусиятларини ажратиб кўрсатиш мумкин:

ҳуқуқий муносабат сифатида: у иштирокчиларнинг фуқаролик ҳуқуқлари ва мажбуриятларини белгилайди, ўзгартиради ёки бекор қилади;

мажбуриятларни келтириб чиқарувчи юридик факт сифатида: битимнинг тузилиши фуқаролик - ҳуқуқий муносабатларни вужудга келтиради;

иштирокчиларнинг хоҳиш-иродаси билан мажбуриятнинг юзага келишини қайд этувчи ҳужжат сифатида: битим ёзма шаклда тузилиши мумкин.


3. Шартнома битим кўринишларидан бири ҳисобланади (икки тарафлама ёки кўп тарафлама битим). Шу муносабат билан шартномаларга нисбатан икки- ва кўп тарафлама битим қоидалари, хусусан, битимларнинг шакли, ҳақиқий эмас деб топиш шартлари, уларни ҳақиқий эмас деб топилишининг асослари ва оқибатлари каби қоидалар тадбиқ этилади (қар. ФКнинг 9-моддасига шарҳ). Шартнома тузиш учун иккита ёки кўп тарафларнинг келишилган хоҳиш-иродаси ифода топмоқлиги шарт. Айни чоғда, бир тарафлама битимни (яъни шартнома ҳисобланмайдиган битимни) тузиш учун бир тарафнинг хоҳиш-иродаси ифода топиши зарур ва етарли бўлиб ҳисобланади.

Шунингдек “шартнома” ва “мажбурият” тушунчалари ҳам ўхшаш маънога эга эмас, ҳолбуки, мажбуриятлар асосан шартномалардан келиб чиқади. Мажбуриятлар шартномалардан ташқари зарар етказиш, асосиз бойишдан, бир тарафлама битимлардан ва ҳ.к. ҳам келиб чиқиши мумкин. (ФКнинг 8-моддаси шарҳига қаранг). Шартномада тарафлар сони иккитадан кам эмас, мажбуриятларда эса фақат иккита - кредитор ва қарздордан (ҳолбуки, муайян мажбуриятда улардан ҳар бирида бир неча шахс иштирок этиши мумкин) иборат. Ниҳоят, қонуннинг тўғридан-тўғри кўрсатишича (шарҳланаётган модданинг учинчи қисми), шартномадан келиб чиқадиган мажбуриятларга нисбатан ҳамиша ҳам мажбуриятлар тўғрисидаги умумий қоидалар қўлланилавермайди. Масалан, ФКнинг 322-моддасига мувофиқ, қарздор томонидан ўз қарзини бошқа шахсга ўтказилишига фақат кредиторнинг розилиги билан йўл қўйилади. Бу мажбурият тўғрисидаги умумий қоидалардан бири. Шу билан бир қарторда, ФКнинг 492-моддаси мол-мулк мажмуи сифатида корхонани кредиторнинг розилигисиз сотишга рухсат этади. Хусусан, корхона сотиб олувчига топширилгандан кейин қабул қилиб олинган корхона таркибига киритилган ва сотиб олувчига кредиторнинг розилигини олмасдан ўтказилган қарзлар юзасидан сотувчи ва сотиб олувчига солидар жавобгарликка эга бўладилар.


4. Юқорида айтиб ўтилганидек, шартномада тарафлар сони иккита ва ундан ортиқ бўлиши шарт. Бироқ шартнома тўғрисидаги умумий қоидалар икки тарафлама ва кўп тарафлама шартномаларга нисбатан бир хилда тадбиқ этилмайди. Масалан, агар кўрсатиб ўтилган қоидалар шартноманинг кўп тарафламалик хусусиятига зид келса, улар мазкур шартномага нисбатан қўлланилмайди. Мисол учун, оддий ширкат тўғрисидаги шартномага нисбатан мажбурий тартибда шартнома тузиш (ФК 377-моддага қаранг), шартноманинг оғзаки шакли, шартномани ким ошди савдосида тузиш каби қоидаларни тадбиқ этиш мумкин эмас.



354-модда. Шартнома тузиш эркинлиги


Фуқаролар ва юридик шахслар шартнома тузишда эркиндирлар.

Шартнома тузишга мажбур қилишга йўл қўйилмайди, шартнома тузиш бурчи ушбу Кодексда, бошқа қонунда ёки олинган мажбуриятда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Тарафлар қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган шартномани ҳам тузишлари мумкин.

Тарафлар турли шартномаларнинг элементларини ўз ичига оладиган шартнома (аралаш шартнома) тузишлари мумкин. Аралаш шартнома бўйича тарафларнинг муносабатларига, агар тарафларнинг келишувидан ёки аралаш шартноманинг моҳиятидан бошқача тартиб англашилмаса, элементлари аралаш шартномада бўлган шартномалар тўғрисидаги қоидалар қўлланилади.

Шартноманинг шартлари тарафларнинг хоҳиши билан белгиланади, тегишли шартнинг мазмуни қонун ҳужжатларида кўрсатиб қўйилган ҳоллар бундан мустасно.

Шартноманинг шарти тарафлар келишувида бошқача тартиб белгилаб қўйилмаганлиги туфайли қўлланиладиган норма (диспозитив норма)да назарда тутилган ҳолларда тарафлар ўзаро келишиб, унинг қўлланишини бекор қилишлари ёки унда назарда тутилганидан бошқача шартни белгилашлари мумкин. Бундай келишув бўлмаганда шартноманинг шарти диспозитив норма билан белгиланади.

Агар шартнома шартлари тарафлар ёки диспозитив норма билан белгилаб қўйилган бўлмаса, тегишли шартлар тарафлар ўртасидаги муносабатларга нисбатан қўлланилиши мумкин бўлган иш муомаласи одатлари билан белгиланади.


1. Шартнома тузиш эркинлиги, айтиш мумкинки, шартноманинг асосий моҳиятини ташкил этади. Шартнома тузиш эркинлигининг ҳар қандай бузилиши фуқаролик қонунчилигининг асосий таомилларига зид келади.

Шартнома тузиш эркинлиги бозор иқтисодиёти шароитларида алоҳида аҳамият касб этади. Иқтисодий фаолият субъектлари қонун билан тақиқланмаган ҳар қандай турдаги фаолият билан шуғулланишлари мумкин. Буларнинг ҳаммаси турли хил шартномалар кўринишида намоён бўлади.

Шартнома тузиш эркинлиги - бу фуқаролар ва юридик шахсларнинг ўз фуқаролик ҳуқуқларини ўзларининг хоҳиш-иродаларига ва манфаатларига мувофиқ вужудга келтириш ва амалга ошириш имкониятидир.

Шартнома тузиш эркинлиги қуйидаги қоидаларда ўз ифодасини топади.


2. Фуқаролар ва юридик шахслар ҳар қандай турдаги шартномавий муносабатларга киришиш ёки киришмаслик ҳуқуқига эгадирлар. Бунда улар ўзлари учун ҳамкор шерикларни мустақил танлайдилар. Масалан, фуқаролар ёки ташкилотлар олди-сотди, пудрат, ижара ва б. шартномасини тузиш ёки тузмаслик масаласини ўз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ўзлари ҳал этади. Худди шу каби, улар шартномани ким билан - фуқаро биланми ёки юридик шахс билан, давлат корхонаси биланми ёки хусуий корхона билан, акциядорлик жамияти биланми ёки унитар кохона билан, йирик корхона биланми ёки кичик корхона билан, кийим сотувчи ташкилот биланми ёки озиқ-овқат маҳсулотлари сотувчи ташкилот билан, бевосита ишлаб чиқарувчи биланми ёки воситачи билан ва ҳ.к. тузиш масаласини ҳам ўз ихтиёрларига биноан ҳал этадилар.

Қоидага кўра, қонун шартнома тузишга мажбур қилишни тақиқлайди. Фақат, ФК ва қонунда (қонун ости ҳужжатида эмас) тўғридан-тўғри назарда тутилган, шунингдек тарафлар ихтиёрий равишда тегишли мажбурият қабул қилган ҳолатларда, шахс ўзи билан шартнома тузишни талаб қилиши мумкин. Масалан, ФКнинг 358-моддаси ташкилотнинг истеъмолчига тегишли товарларни бериш, хизматлар кўрсатиш, унинг учун тегишли ишларни бажариш имконияти бўла туриб, оммавий шартнома (чакана савдо, умумий фойдаланишдаги транспортда йўловчи ташиш, алоқа хизмати, энергия билан таъминлаш, тиббий хизмат, меҳмонхона хизмати ва ш.к.) тузишдан бош тортишига йўл қўймайди. ФКнинг 459-моддасига мувофиқ давлат эҳтиёжлари учун товарлар етказиб бериш тўғрисидаги буюртма танлов бўйича жойлаштирилса, танлов ғолиби деб эълон қилинган маҳсулот етказиб берувчи (ижрочи) билан давлат контрактини тузиш давлат буюртмачиси учун мажбурий ҳисобланади. Шу каби, агар ким ошди савдосига фақат шартнома ҳуқуқи қўйилган бўлса, тарафлар ким ошди савдоси тамом бўлганидан ҳамда баённома расмийлаштирилганидан кейин бундай шартномани тузишлари шарт (ФК 380-модда). Тарафлар ихтиёрий суратда тузадиган дастлабки шартнома асосида тарафларнинг қай бири бўлмасин, асосий шартномани тузишдан бош тортган тақдирда, иккинчи тараф суд тартибида ана шу шартномани тузишни талаб этишга ҳақли (ФКнинг 361-моддаси шарҳига қаранг).


3. ФКда шартнома тўғрисидаги умумий қоидалар билан бирга, шартномаларнинг муайян турлари тўғрисидаги меъёрлар ҳам мавжуд бўлиб, улар алоҳида бобларда келтирилган. Бундан ташқари шартномаларнинг айрим турлари бўйича (масалан гаров, суғурта) махсус “Гаров тўғрисида”ги, “Ипотека тўғрисида”ги, “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги Қонунлар ҳам қабул қилинган. Бозор иқтисодиётининг, тадбиркорликнинг ривожланиши, хорижий инвестицияларнинг ортиб бориши, ташқи иқтисодий фаолиятнинг фаоллаштирилиши амалда янги турдаги шартномаларни (лизинг, франшизинг) кенг жорий этилишига олиб келди.

Тарафлар турли шартномаларнинг элементларини ўз ичига оладиган аралаш шартнома деб аталувчи шартнома тузишлари ҳам мумкин. Аралаш шартнома ўз ичига олган элементлардан ташкил топувчи шартномалар тўғрисидаги қоидалар билан тартибга солинади. Масалан, агар аралаш шартнома бўйича тарафлардан бири ижарага бинони топшириш мажбуриятини олса, иккинчи тараф эса муайян ишни бажаришни зиммасига олса, бундай шартномага нисбатан ижара шартномаси ва пудрат шартномасига оид қоидалар тадбиқ этилади. Бироқ бу диспозитив меъёр бўлиб ҳисобланади, яъни тарафларнинг битимидан ёки аралаш шартнома моҳиятидан бошқача қоида келиб чиқмаганлиги сабабли қўлланади. Масалан, олди-сотди шартномаси бўйича сотувчи харидорга сотувдаги товар тўғрисида зарур ва ишончли ахборотни тақдим этиши шарт. Мазкур шартномада ахборот хизмати кўрсатиш тўғрисидаги шартнома элементлари бўлса-да, фақат олди-сотди шартномаси тўғрисидаги қоиданинг ўзи қўллангани мақсадга мувофиқ. Бу талаб шартноманинг моҳиятидан келиб чиқади.


4. Умумий қоида тариқасида шартноманинг шартлари тарафларнинг ихтиёрига кўра белгиланади, бу эса фуқаролик қонунчилигининг асосий таомилларидан келиб чиқади. Шартноманинг риоя этилиши мажбурий бўлган шартлари фақат қонун ҳужжатларида кўзда тутилган бўлиши мумкин, яъни бундай шартлар қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президетининг норматив ҳуқуқий хужжатлари ҳужжатлари, Ҳукумат Қарорлари ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан назарда тутилиши мумкин. Масалан, Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 9-моддасига мувофиқ, олди-сотди шартномаларининг айрим турлари учун қоидалар, шунингдек айрим турдаги товарларни (ишлар, хизматларни) сотиш қоидалари Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари билан тасдиқланади. Юқорида кўрсатилган қонун нормаси асосида Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги 75-сонли “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларини ва Ўзбекистон Республикасида умумий овқатланиш маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарори қабул қилинган.

Кўп ҳолатларда қонунчиликда диспозитив деб номланувчи меъёрлар белгилаб қўйиладики, улар тарафларнинг келишуви орқали бошқа қоида ўрнатилмагани сабабидан қўлланилади. Бундай ҳолларда тарафлар ўз келишувлари орқали диспозитив меъёрларнинг қўлланишини истисно этишлар ёки ўз ихтиёрлари билан ҳар қандай бошқа шартни жорий этишлари мумкин. Масалан, тарафлар шартномада талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечишга йўл қўйилмаслиги кўрсатилиши мумкин, бунда тарафлар ўз келишувлари билан ФКнинг 333-моддаси қоидаларини ва унга боғлиқ бошқа нормалар қоидаларини истисно этади. Ёинки, ижара шартномасида тарафлар ижарачи томонидан ижарага олинган мол-мулкдан фойдаланиш натижасида олинган маҳсулот, ҳосил ва бошқа даромадлар ижарага берувчининг мулки бўлиб ҳисобланиши тўғрисида келишган бўлса, бу ҳолда тарафлар ихтиёрига кўра, ФКнинг 536-моддаси қоидасига кўра, даромад ижарачининг фойдасига эмас, балки ижарага берувчининг фойдасига ўтади.


5. ФКнинг 6-моддасига кўра, тадбиркорлик фаолиятининг бирор-бир соҳасида вужудга келган ва кенг қўлланиладиган, қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган хулқ-атвор қоидаси, бирор-бир ҳужжатда ёзилганлиги ёки ёзилмаганлигидан қатъий назар, иш муомаласи одати деб ҳисобланади. Шу муносабат билан иш муомаласи одатлари шартномадан келиб чиқадиган тарафларнинг муносабатларини тартибга солишда муҳим ўрин тутади. Агар тарафлар у, ёки бу сабабларга кўра шартномда қандайдир шартларни кўзда тутмаган бўлса ва бу борада тегишли диспозитив меъёрлар ҳам мавжуд бўлмаса, улар тарафларга ўзлари тузган шартномани муваффақиятли амалга ошириш имконини беради. Иш муомаласи одатлари тарафлар ўртасида низоларнинг вужудга келишининг ҳам олдини олади, мазкур шартномадан келиб чиқадиган низоларни ижобий ҳал этишга кўмак беради.



355-модда. Ҳақ эвазига ва текинга тузиладиган шартномалар


Шартнома бўйича тараф ўз бурчларини бажарганлиги учун ҳақ олиши ёки унга бошқа муқобил тўлов тўланиши лозим бўлса, бундай шартнома ҳақ эвазига тузилган шартнома бўлади.

Шартнома бўйича бир тараф иккинчи тарафга ундан ҳақ ёки бошқа муқобил тўлов олмасдан бирон нарсани бериш мажбуриятини олса, бундай шартнома текинга тузилган шартнома ҳисобланади.

Агар қонун ҳужжатларидан, шартноманинг мазмуни ёки моҳиятидан бошқача ҳол англашилмаса, шартнома ҳақ эвазига тузилган шартнома ҳисобланади.


1. Шартноманинг ҳақ эвазига (эвазли) эканлигининг маъноси шуки, бир тарафнинг шартнома асосидаги ашёвий тақдимотига иккинчи тарафнинг тегишинча ашёвий тақдимоти муқобил қилиб қўйилади. Муқобил тақдимот сифатида пул тўланиши - ҳақ тўланадиган шартноманинг энг кўп тарқалган туридир. Масалан, пудрат шартномаси асосида бир тараф (пудратчи) иккинчи тарафнинг (буюртмачи) топшириғига биноан муайян ишни бажариш ва ишнинг натижасини белгиланган муддатда буюртмачига топшириш мажбуриятини олади, буюртмачи эса иш натижасини қабул қилиб олиш ва ҳақини тўлаш мажбуриятини олади. Муқобил тақдимот бошқа ҳар қандай шаклда бўлиши ҳам мумкин. Хусусан, бир хил мол-мулкнинг ўрнига тенг қийматдаги бошқа мол-мулк, мулкий ҳуқуқлар, ашёвий ҳуқуқлар, шунингдек компенсациянинг (товар тўлови) иш бажариш, хизмат кўрсатиш каби шакллари тақдим этилиши мумкин. Муқобил тақдимотнинг пул тақдимотидан бошқа шаклларида ҳақ тўлаш эквивалентлик хусусиятини олади. Таъкидлаш жоизки, мазкур модданинг мазмунига кўра муқобил тақдимотнинг юқорида зикр этилган барча шакллари уйғунлашиб келиши ҳам мумкин. Масалан, харидор етказиб берилган маҳсулот учун қисман пул билан, қисман - иш бажариш орқали ва ҳ.к. ҳисоб-китоб қилиши мумкин.


2. Текинга тузиладиган (беэваз) шартномаларни имзолашда бир тараф иккинчи тарафга бирон нарсани ҳеч қандай муқобил тақдимот талаб қилмасдан топшириш мажбуриятини олади. Бирон нарсани текинга тузилган шартнома асосида олувчи тараф, ўша нарсани олишга ҳақли, аммо рад этса ҳам бўлади, яъни унинг зиммасига бошқа тарафдан бирон нарсани олиш мажбурияти юкланмаган. Текин шартномалар қаторига, жумладан, ҳадя шартномасини (ФК 502-модда), текинга фойдаланиш шартномасини (ФК 617-модда) киритиш мумкин.


3. Айрим шартномалар (масалан, қарз, топшириқ, сақлаш) қонунга кўра ҳақ эвазига тузиладиган шартнома ҳам, текинга тузиладиган шартнома ҳам бўлиши мумкин. Шу муносабат билан, агар қонун ҳужжатларидан, шартноманинг мазмуни ёки моҳиятидан бошқача ҳол англашилмаса, шартнома ҳақ эвазига тузилган шартнома ҳисобланишлиги муҳим аҳамият касб этади. Масалан, ўз таърифига кўра қарз шартномаси текин шартнома бўлиб ҳисобланмайди (ФК 732-модда). Шу билан бир қаторда, қонун билан ёки шартноманинг ўзида қарз берувчининг қарз олувчидан фоиз олиш ҳуқуқи кўзда тутилиши мумкин (ФК 734-модда). Қонунга биноан (ФК 817 ва 818-моддалар) тадбиркорлик фаолиятини амалга оширмайдиган шахслар ўртасида тузилган топшириқ шартномаси, агар қонунчиликда ёки шартномада бошқа қоида назарда тутилган бўлмаса, беэваз (текин) ҳисобланади. Ёки ҳадя тўғрисидаги шартноманинг моҳиятидан унинг текин хусусиятга эга эканлиги келиб чиқади (ФК 502-модда).



356-модда. Баҳо


Шартномани бажарганлик учун тарафларнинг келишуви билан белгиланган баҳода ҳақ тўланади.

Қонунда назарда тутилган ҳолларда тегишли ваколатга эга бўлган давлат органлари белгилайдиган ёки тартибга соладиган баҳолар (тарифлар, расценкалар, ставкалар ва ҳ.к.) қўлланилади.

Шартнома тузилганидан кейин баҳони ўзгартиришга қонун ҳужжатлари ёки шартномада назарда тутилган ҳолларда ва шартларда йўл қўйилади.

Ҳақ тўлашни назарда тутадиган шартномада баҳо назарда тутилмаган ва шартнома шартлари бўйича белгиланиши мумкин бўлмаган ҳолларда шартномани бажарганлик учун ўхшаш вазиятларда одатда шундай товарлар, ишлар ёки хизматлар учун олинадиган баҳо бўйича ҳақ тўланиши керак.


1. Баҳо ҳақ эвазига тузиладиган (эвазли) шартноманинг муҳим шартларидан ҳисобланади. Шартноманинг бошқа шартлари каби, баҳо ҳам тарафларнинг эркин хоҳиш-иродасига асосланган келишувига биноан белгиланади.

Фақат қонунда назарда тутилган ҳолатлардагина ваколатли давлат органлари тарифларни, нархларни, устамаларни ва ш.к тартибга солиб туради. Масалан, Ўзбекистон Республикасининг “Товар бозорларида монополистик фаолиятни чеклаш ва рақобат тўғрисида”ги Қонуни асосида Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 31 мартдаги 165-сонли Қарори қабул қилинган бўлиб, унда “Нархлар (тарифлар)ни шакллантириш ва уларнинг қўлланилишини назорат қилиш тартиби” тасдиқланган. Мазкур Тартибда нархларни давлат томонидан тартибга солишнинг қуйидаги усуллари кўзда тутилган:

монополист корхоналарнинг маҳсулотлари, товарлари ва хизматларига нархлар (тарифлар), устамалар ёки рентабелликнинг чекланган даражаларини декларация қилиш. Декларация қилиш натижаларига кўра молия органлари декларация қилинган чекланган нархни (тарифни) рўйхатдан ўтказадилар;

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорига кўра белгиланган ёки чекланган нархлар (тарифлар) ва устамалар жорий этиш;

ва жойлардаги давлат ҳокимияти органлари, шунингдек, давлат бошқаруви органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда белгиланган ёки чекланган нархлар (тарифлар) ва устамалар белгилаш йўли билан амалга оширилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 8 апрелдаги 102-сонли “Давлат мулкини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкалари Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси томонидан тақдим этилган ҳамда Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлиги билан келишилган ижаранинг энг кам ставкаларини ҳисоблаб чиқиш асосида тегишли коэффициентлар белгиланган ҳолда ҳар йили 31 декабргача Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқланади.


2. Умумий қоидага кўра, шартнома тузилганидан кейин баҳо ўзгаришсиз қолади. Фақат қонун ҳужжатларида ва шартномада назарда тутилган ҳолларда ва шартлар асосида баҳони шартнома тузилганидан кейин ўзгартириш мумкин. Масалан, Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 13-моддасига мувофиқ, нуқсонли товар сотилганда истеъмолчи, агар бу ҳол шартнома тузиш пайтида айтиб ўтилмаган бўлса, харид нархини нуқсонга мутаносиб равишда камайтиришни талаб этишга ҳақлидир.

Ўхшаш товарлар, ишлар ёки хизматлар баҳосини белгилаш учун қиёсий вазиятлар ҳар бир ҳолатда алоҳида аниқланади. Улар, хусусан, товарнинг нави, русуми, модели, истеъмол хусусиятларига ва ҳ.к. боғлиқ бўлиши мумкин.



357-модда. Шартноманинг амал қилиши


Шартнома тузилган пайтидан бошлаб кучга киради ва тарафлар учун мажбурий бўлиб қолади.

Тарафлар ўзлари тузган шартноманинг шартларини уларнинг шартнома тузишидан олдин вужудга келган муносабатларига нисбатан қўлланилади деб белгилаб қўйишга ҳақлидирлар.

Қонунда ёки шартномада шартноманинг амал қилиш муддати тугаши тарафларнинг шартнома бўйича мажбуриятлари бекор бўлишига олиб келади, деб белгиланиши мумкин.

Бундай шарт ёзиб қўйилмаган шартнома тарафлар мажбуриятни бажаришининг шартномада белгилаб қўйилган охирги муддатигача амал қилади, деб ҳисобланади.

Шартноманинг амал қилиш муддати тугаши тарафларни уни бузганлик учун жавобгарликдан озод қилмайди.


Мазкур модда муҳим амалий аҳамиятга эга, зеро шартноманинг кучга кириш, яъни фуқаролик ҳуқуқлари ва мажбуриятларининг тарафлар учун вужудга келиш пайтини аниқлаштириб беради. Шартнома имзоланган пайтидан кучга киради ва тарафлар учун мажбурий аҳамият касб этади, демакки, бажарилиши шарт бўлади.

Умумий қоидага кўра, шартнома орқага қайтиш кучига эга эмас. Фақат тарафлар ўзлари тузган шартноманинг шартлари бу шартнома тузилгунча даврдаги тарафларнинг муносабатларига нисбатан тадбиқ этилишини келишиб олишлари мумкин. Шартномада у орқага қайтиш кучига эга эканлиги тўғрисида аниқ белгиланган бўлмаса, бу борадаги ҳар қандай талабларга шартнома орқага қайтиш кучига эга эмас, деган талқин билан жавоб берилади. Равшанки, шартномавий муносабатлар қонун ҳужжатларига, тузилган шартномага ёки унинг моҳиятига зид бўлиши мумкин эмас. Акс ҳолда, тузилган шартноманинг шартларини тарафларнинг ўтмишдаги муносабатларига тадбиқ этиб бўлмайди.

ФКнинг 357-моддаси мазмунидан шартноманинг амал қилиш муддатининг тугаганлиги ўз-ўзидан мажбуриятнинг бекор бўлишини англатмайди. Масалан, қарз шартномасининг амал қилиш муддати тугаганлиги қарздорнинг кредитор олдидаги олган пул суммасини қайтариб бериш бўйича мажбуриятининг тугаганлигини билдирмайди. Шу билан бирга, қонунда ёки шартномада шартноманинг амал қилиш муддатининг тугаши билан шарнома бўйича мажбуриятнинг ҳам тугаши белгилаб қўйилган бўлиши мумкин. Хусусан, ФКнинг 298-моддасига мувофиқ кафолат шартномасида кўрсатилган амал қилиш муддати тугаши билан кафиллик муддати ҳам тамом бўлади.

Шартноманинг амал қилиш муддати тугаши тарафларнинг шартнома бўйича мажбуриятларининг бекор бўлишига олиб келмагани сабабли, тарафлар мажбуриятни бузганлик учун шартноманинг амал қилиш муддати тугаганидан кейин ҳам жавобгарликдан озод бўлмайди.



358-модда. Оммавий шартнома


Ташкилот томонидан тузилган ҳамда унинг бундай ташкилот ўз фаолияти хусусиятига кўра ўзига мурожаат қиладиган ҳар бир шахсга нисбатан амалга ошириши шарт бўлган товарлар сотиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш соҳасидаги вазифаларини (чакана савдо, умумий фойдаланишдаги транспортда йўловчи ташиш, алоқа хизмати, энергия билан таъминлаш, тиббий хизмат, меҳмонхона хизмати ва ш.к.) белгилаб қўядиган шартнома оммавий шартнома дейилади. Бундай ташкилот оммавий шартнома тузишда бир шахсни бошқа шахсга нисбатан афзал кўришга ҳақли эмас, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Товарлар, ишлар ва хизматларнинг баҳоси, шунингдек оммавий шартноманинг бошқа шартлари ҳамма истеъмолчилар учун бир хил қилиб белгиланади, қонун ҳужжатларида истеъмолчиларнинг айрим тоифалари учун имтиёзлар берилишига йўл қўйиладиган ҳоллар бундан мустасно.

Ташкилотнинг истеъмолчига тегишли товарларни бериш, хизматлар кўрсатиш, унинг учун тегишли ишларни бажариш имконияти бўла туриб оммавий шартнома тузишдан бош тортишига йўл қўйилмайди.

Ташкилот оммавий шартнома тузишдан асоссиз бош тортганида ушбу Кодекс 377-моддасининг олтинчи ва еттинчи қисмларида назарда тутилган қоидалар қўлланилади.

Қонунда назарда тутилган ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати оммавий шартномаларни тузиш ва бажаришда тарафлар учун мажбурий бўлган қоидалар (намунавий шартномалар, қоидалар ва ҳ.к.) чиқариши мумкин.

Оммавий шартноманинг ушбу модда иккинчи ва бешинчи қисмлари билан белгилаб қўйилган талабларга мос келмайдиган шартлари ҳақиқий эмас.


1. Оммавий шартнома энг кўп тарқалган шартнома тури ҳисобланади. Мазкур моддада бундай шартномаларнинг фақат таҳминий рўйхати - чакана савдо, умумий фойдаланишдаги транспортда йўловчи ташиш, алоқа хизмати, энергия билан таъминлаш, тиббий хизмат, меҳмонхона хизмати ва ш.к. келтирилган. Ташкилот мажбуриятидаги фаолият хусусиятларига мос келадиган ҳар қандай товарларни сотиш, ишларни бажариш ва хизмат кўрсатиш бўйича хатти-ҳаракати оммавий шартнома объекти бўлиши мумкин. Агар бундай мажбурият белгиланган бўлмаса (масалан, ташкилот ходимларига хизмат кўрсатиш учун ташкил этилган ошхона), шартномани оммавий шартномалар жумласига киритилмайди.


2. Оммавий шартноманинг мажбурий тарафи сифатида ташкилот, яъни юридик шахс кўрсатилган. Аммо ФКнинг 24-моддасига кўра жисмоний шахс - хусусий тадбиркор ҳам бундай шартноманинг тарафи бўлиши мумкин. Бу ҳолда шуни эътибордан қочирмаслик керакки, қонунчиликда якка тартибдаги хусусий тадбирокорларга айрим турдаги фаолиятни амалга ошириш тақиқланган (масалан, автомобил траспортида йўловчиларни ташиш, умумий овқатланиш соҳасида хизмат кўрсатиш) ёки ишнинг хусусиятига кўра якка тартибдаги тадбиркор амалга ошириш имкониятидан маҳрум (масалан, алоқа ва энергия таъминоти хизматларини кўрсатиш) бўлиши мумкин, чунки у ўз фаолиятини мустақил амалга оширади ва ишчиларни ёллаш ҳуқуқига эга эмас.


3. Ўзи билан омамавий шартнома тузилишини талаб этиши мумкин бўлган шахс сифатида жисмоний шахс ҳам, юридик шахс ҳам чиқиши мумкин. Бунда уларнинг ҳаммаси ташкилот олдида оммавий шартнома тузиш масаласида, агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб кўзда тутилган бўлмаса, тенг мавқега эга бўладилар.


4. Оммавий шартноманинг муҳим хусусиятларидан бири шуки, унда товарлар, ишлар ва хизматларнинг баҳоси шунингдек оммавий шартноманинг бошқа шартлари ҳамма истеъмолчилар учун бир хил қилиб белгиланади. Акс ҳолда шартноманинг шартлари ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Шу билан бирга қонун ҳужжатларида истеъмолчиларнинг айрим тоифалари учун имтиёзлар берилишига йўл қўйиладиган ҳоллар кўзда тутилиши мумкин. Хусусан бундай шахслар қаторига давлат мукофоти билан тақдирланганлар, ногиронлар, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, пенсия олувчиларнинг айрим тоифаларини киритиш мумкин.

Эътибордан қочирмаслик керакки, юқорида зикр этилган ҳолатларда гап истеъмолчиларнинг айрим тоифаларига бериладиган имтиёзлар борасида юритиляпти. Шу муносабат билан қонун ҳужжатлари улар учун оммавий шартнома шартларининг ёмонлашувига йўл қўймайди.

Агар ташкилот истеъмолчига тегишли товарларни, ишларни, хизматларни тақдим этиш имкониятига эга бўла туриб, у истеъмолчига тегишли оммавий шартнома тузишни рад этишга ҳақли эмас. Ташкилот асоссиз равишда оммавий шартнома тузишдан бош тортса, иккинчи тараф шартнома тузишга мажбур этишни ва шу муносабат билан ўзига етказилган зарарни қоплаш даъвоси билан судга мурожаат этишга ҳақли (қаранг ФК 377-моддаси).


5. Товарлар сотилиши, ишларнинг бажарилиши ва хизматлар кўрсатилишини тартибга солиш мақсадида, шу жумладан истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун, Ҳукумат томонидан тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган бўлиб, улар оммавий шартномаларни тузиш ва бажариш чоғида тарафлар учун мажбурий бўлиб ҳисобланади. Мана шундай ҳужжатлар қаторига, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолига маиший хизмат кўрсатиш” Қоидалари (Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 12 октябрдаги 399-сонли Қарори билан тасдиқланган), “Ўзбекистон Республикасида истеъмолчиларига газ етказиб бериш” Қоидалари (Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 10 январда 8-сонли Қарори билан тасдиқланган), “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо” Қоидалари, “Ўзбекистон Республикасида умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларини) ишлаб чиқариш ва сотиш” Қоидалари (Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги 75-сонли Қарори билан тасдиқланган), “Электр энергиясидан фойдаланиш” Қоидалари, “Иссиқлик энергиясидан фойдаланиш” Қоидалари (Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 27 январдаи 32-сонли Қарори билан тасдиқланган) кўрсатилиши мумкин. Бу турдаги қоидалар тегишли оммавий шартномаларини тузиш ва бажариш чоғида тарафлар учун мажбурий ҳисобланади, уларга риоя этмаслик эса шартноманинг ҳақиқий эмаслигини келтириб чиқаради.

Оммавий шартномаларнинг турли кўринишлари ФКнинг 425, 558, 656, 714, 759, 897, 902, 914-моддаларида назарда тутилган.



359-модда. Шартноманинг намунавий шартлари


Шартномада унинг айрим шартлари тегишли турдаги шартномалар учун ишлаб чиқилган намунавий шартлар билан белгиланиши назарда тутилиши мумкин.

Шартномада намунавий шартларга ҳавола қилинмаган ҳолларда бундай намунавий шартлар тарафларнинг муносабатларига иш муомаласи одатлари сифатида қўлланилади.

Намунавий шартлар намунавий шартнома ёки ушбу шартларни ўз ичига олувчи бошқа ҳужжат шаклида ифодаланиши мумкин.


1. Мазкур модда ФК 354-моддасининг хусусий кўриниши бўлиб, шартноманинг шартларини тарафларнинг ихтиёрига кўра белгиланишига оиддир. Тарафлар учун шартноманинг мажбурий бўлган шартларидан фарқли ўлароқ (ФКнинг 358-моддаси шарҳига қаранг), намунавий шартлар тавсия хусусиятига эга бўлиб, шартномани тузиш чоғида тарафлар учун йўл кўрсатувчи қўлланма хизматини ўтайди.


2. Намунавий шартномалар, худди бошқача шаклдаги намунавий шартлар каби, одатда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар таркибида бўлади, яъни улар давлат органлари (ҳукумат, вазирликлар, давлат қўмиталари, бошқа муассасалар, зарур ҳолларда хўжалик бошқарув органлари билан келишган ҳолда) томонидан белгиланади. Бинобарин, бу каби намунавий шартлар албатта эълон қилиниши шарт. Масалан, Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида Ягона буюртмачи хизмати томонидан хизмат кўрсатиш учун мол-мулкни “пудратчи” (уй-жой фондини сақлаш ва уни таъмирлаш бўйича хизмат кўрсатувчи ва таъмирлаш) ташкилотларига бериш тўғрисида намунавий шартнома (2000 йил 24 январдаги 22-сонли Қарори), “Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати билан кўп квартирали уйдаги турар жойга мўлжалланмаган бино мулкдори ўртасида”ги Намунавий шартнома (2006 йил 30 майдаги 100-сонли Қарори), “Ипотека кредити бериш тўғрисида”ги Намунавий шартнома (2009 йил 25 майдаги 148-сонли Қарори), шунингдек Давлат Божхона қўмитаси томонидан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси божхона органлари томонидан гаровдан фойдаланиш тўғрисида”ги Низомда (1999 йил 28 июнь рўйхат рақами 757-сон) “Гаров тўғрисида”ги шартноманинг намуна шакли кўзда тутилган.


3. Таъкидлаш жоизки, намунавий шартлар фақат тарафлар унинг қўлланилишини шартномада кўзда тутган, яъни уларга хавола этувчи тегишли изоҳ берилган ҳолларда тадбиқ этилади. Шартномада ана шундай хавола изоҳи мавжуд бўлмаса, намунавий шартлар фақат иш муомаласининг одатлари сифатида қўлланади. Таббийки, намунавий шартлар иш муомаласи одатлари сифатида қўлланишига шартноманинг шартлари императив меъёр билан ҳам, шартнома тарафлари келишуви билан ҳам, диспозитив меъёр билан ҳам аниқланмагани сабаб бўлади, ушбу намунавий шартлар эса, ФКнинг 6-моддаси талабларига мувофиқ келиши шарт.



360-модда. Қўшилиш шартномаси


Шартларини тарафлардан бири формулярлар ёки бошқа стандарт шаклларда таърифлаган ҳамда иккинчи тараф фақат таклиф қилинган шартномага бутунлай қўшилиш йўли билан қабул қилиши мумкин бўлган шартнома қўшилиш шартномаси дейилади.

Агар қўшилиш шартномаси гарчи қонун ҳужжатларига зид бўлмаса-да, бироқ қўшилувчи тарафни одатда ана шундай турдаги шартномалар асосида бериладиган ҳуқуқлардан маҳрум этса, иккинчи тарафнинг мажбуриятларни бузганлик учун жавобгарлигини истисно этса ёки чекласа ёхуд унда қўшилган тараф учун очиқдан-очиқ оғир бўлган, бу тарафда шартнома шартларини белгилашда қатнашиш имконияти бўлганида у ўзининг манфаатларини кўзлаб қабул қилмайдиган шартлар ёзиб қўйилган бўлса, шартномага қўшилган тараф шартномани бекор қилишни ёки ўзгартиришни талаб қилишга ҳақли.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳолатлар мавжуд бўлганида ўз тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириши муносабати билан шартномага қўшилган тараф қандай шартлар асосида шартнома тузаётганлигини билган ёки билиши лозим бўлган бўлса, шартномага қўшилган тарафнинг шартномани бекор қилиш ёки ўзгартириш ҳақида қўйган талаби қондирилмайди.


1. Қўшилиш шартномасининг шарти ҳамиша шартнома тузишни таклиф этаётган шартноманинг битта тарафидан аввалдан белгилаб қўйилади. Бу шартлар формулярлар ёки бошқа стандарт шаклларда таърифлаган бўлиб, таклиф этаётган тараф қандай шартлар асосида шартнома тузмоқчи эканлигини аниқ ва бир маънода ифодаб бериши шарт. Типовой ва намунавий шартномалардан фарқли ўлароқ, бундай формулярлар, бошқа стандарт шакллар давлат органлари томонидан тасдиқланиши талаб этилмайди.

Қўшилиш шартномалари турли соҳаларда кенг тарқалган. Бундай шартномаларга мисол тариқасида коммунал хизматлардан фойдаланиш, алоқа, меҳмонхоналар, транспорт хизматларидан фойдаланиш битимларини кўрсатиш мумкин.


2. Қўшилиш шартномасининг шартлари иккинчи тарафдан ё тўлиғича қабул қилиниши, ёки тўлиғича рад этилиши мумкин, яъни унга нисбатан келишмовчилик (эътироз) баённомасини тузиш ёхуд эътирозларни бошқа шаклда изҳор этиб тақдим қилиш мумкин эмас. Таклиф этилган шартномага қўшилиш шартноманинг формулярлар, бошқа стандарт шаклларда баён этилган барча шартларининг қабул этилганлигини билдиради. Шартномага қўшилганлик унинг шартларига рози бўлган тараф таклиф этилган шартномани, формулярни, бошқа стандарт шаклни имзолаши орқали бажарган конклюдент хатти-ҳаракати (яъни тарафнинг ҳуқуқий муносабатга киришиш тўғрисидаги хоҳиш-иродасини оғзаки ёки ёзма шаклда ифодалаб эмас, балки ана шундай мақсад мавжудлиги тўғрисида хулоса чиқариш мумкин бўлган хатти-ҳаракатлари билан ифода этиш) орқали ифода топади.


3. Мазкур моддада қўшилаётган тарафнинг кимлигига боғлиқ равишда шартномани бекор қилиш ёки ўзгартиришни талаб этишнинг турли имкониятлари белгиланган.

Агар бундай тараф жисмоний шахс бўлса, ёки ўзининг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда шартнома тузаётган юридик шахс бўлса, улар шартноманинг бекор қилинишини ёки ўзгартирилишни қуйидаги ҳолларда: агар қўшилувчи тарафни одатда ана шундай турдаги шартномалар асосида бериладиган ҳуқуқлардан маҳрум этса; иккинчи тарафнинг мажбуриятларни бузганлик учун формулярни ёки бошқа стандарт шаклни тузган тараф жавобгарлигини истисно этса ёки чекласа (ФКнинг 332-моддаси шарҳига қаранг); шартномада қўшилган тараф учун очиқдан-очиқ оғир бўлган бошқа шартлар мавжуд бўлса, талаб этишлари мумкин.

Агар қўшилаётган тараф жисмоний ёки юридик шахс бўлиб, ўзининг тадбикорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ равишда шартнома тузаётган бўлса, уларнинг ҳуқуқлари бир мунча чекланган. Улар шартномани бекор қилишни ёки ўзгартиришни шартнома қандай шартлар асосида тузилаётганлигини билмаган ёки билиши лозим бўлмаган экалигини исботлаган тақдирда талаб этишлари мумкин.

Таъкидлаш жоизки, ҳар қандай ҳолда ҳам, ҳар бир қўшилган тараф агар шартноманинг шартлари қонунчиликка зид бўлса, шартноманинг айрим шартларини ёки қўшилиш шартномасини бутунлай ҳақиқий эмас деб эътироф этилишини талаб қилишга ҳақлидир.



361-модда. Дастлабки шартнома


Дастлабки шартнома бўйича тарафлар келгусида мол-мулк бериш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш ҳақида дастлабки шартномада назарда тутилган шартлар асосида шартнома тузиш (асосий шартнома) мажбуриятини оладилар.

Дастлабки шартнома асосий шартнома учун белгиланган шаклда, борди-ю, асосий шартноманинг шакли аниқланмаган бўлса, ёзма шаклда тузилади. Дастлабки шартноманинг шакли тўғрисидаги қоидаларга риоя қилмаслик унинг ҳақиқий саналмаслигига сабаб бўлади.

Дастлабки шартномада асосий шартноманинг нарсасини, шунингдек бошқа муҳим шартларини белгилаб қўйиш имконини берадиган шартлар бўлиши керак.

Дастлабки шартномада тарафлар қанча муддатда асосий шартномани тузиш мажбуриятини олиши кўрсатилади. Агар дастлабки шартномада бундай муддат белгилаб қўйилган бўлмаса, асосий шартнома дастлабки шартнома тузилган пайтдан бошлаб бир йил ичида тузилиши шарт.

Дастлабки шартномани тузган тараф асосий шартномани тузишдан бош тортган тақдирда ушбу Кодекс 377-моддасининг олтинчи ва еттинчи қисмларида назарда тутилган қоидалар қўлланилади.

Агар тарафлар асосий шартномани тузишлари лозим бўлган муддатнинг охиригача у тузилмаса ёки тарафларнинг биронтаси ҳам иккинчи тарафга ана шундай шартнома тузиш ҳақида таклиф юбормаса, дастлабки шартномада назарда тутилган мажбуриятлар бекор бўлади.


1. Дастлабки шартноманинг пердмети келгусида асосий деб аталувчи бошқа шартномани тузишдан иборатдир. Бинобарин, асосий шартнома тузилиши билан дастлабки шартномадан кўзда тутилган мақсадга эришилади. Ўз навбатида, мазкур асосий шартноманинг предмети мол-мулк бериш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатишдан иборат, яъни у муайян иқтисодий натижага эришишга йўналтирилгандир.


2. Дастлабки шартномага қўйиладиган бош талаблардан бири сифатида қонунда шартноманинг шакли ажратиб кўрсатилади, яъни унинг шакли келгусида тузиладиган шартноманинг шаклида бўлиши зарур. Масалан, асосий шартноманинг пердмети агар кўчар мулкни бошқа шахсга рента тўлаш асосида ўтказилишидан иборат бўлса, дастлабки шартнома ҳам, ФКнинг 513-моддаси талабига мувофиқ нотариал тасдиқланган бўлиши шарт. Агар асосий шартноманинг шакли белгиланган бўлмаса, ҳар қандай ҳолатда ҳам, дастлабки шартнома ёзма шаклда тузилиши шарт.


3. Шарҳланаётган моддада, шунингдек дастлабки шартнома қандай шартлардан таркиб топиши зарурлиги ҳам белгилаб қўйилган. Бу асосий шартноманинг нарсасини, шунингдек бошқа муҳим шартларини белгилаб қўйиш имконини берадиган шартлар, яъни уларсиз асосий шартнома тузилган деб ҳисобланиши мумкин бўлмаган шартлардир (ФКнинг 364-моддаси шарҳига қаранг).

Дастлабки шартномага тарафларнинг ихтиёрига мувофиқ асосий шартномадан келиб чиқадиган мажбуриятларни белгилаш ва бажаришга оид бошқа шартлар ҳам киритилиши мумкин. Шу тариқа дастлабки шартнома асосий шартнома билан чамбарчас боғлиқдир.

Умумий қоидага кўра, дастлабки шартномада тарафлар асосий шартномани тузиш муддатини кўрсатиб қўядилар. Агар у, ёки бу сабабларга кўра бу ишни бажармаган бўлсалар, дастлабки шартнома тузилганидан кейин бир йил ичида асосий шартнома тузилиши шарт. Бу ҳолда, агар кўрсатилган муддатлар тугагунча асосий шартнома тузилмайдиган бўлса, ёки трарфлардан биронтаси иккинчи тарафга ана шундай шартномани тузиш тўғрисида таклиф юбормаса, дастлабки шартномада кўзда тутилган мажбуриятлар бекор бўлади. Шунга эътибор қилиш керакки, агар кўрсатилган муддатлар ичида тараф тегишли таклифни юборишга улгурса-ю, аммо асосий шартномани тузиш таомили чўзилиб кетса ва натижада кўрсатилган муддат ўтказиб юборилса, дастлабки шартнома токи асосий шартнома тузилгунча кучда қолаверади.

Дастлабки шартнома шартномавий алоқаларнинг мустаҳкамланишига кўмаклашади, у келгусида асосий шартномани тузишнинг муҳим кафолати бўлиб хизмат қилади. Тарафлардан бири асосий шартномани тузишдан асоссиз равишда бўйин товласа, бошқа тараф суд тартибида бўйин товлаётган тарафни мажбурий тарзда шартнома тузиш ва ўзига асоссиз бўйин товлаш натижасида етказилган зарарни қоплашни талаб этишга ҳақлидир.



362-модда. Учинчи шахс фойдасига тузиладиган шартнома


Тарафлар қарздор ижрони кредиторга эмас, балки шартномада кўрсатилган ёки кўрсатилмаган, қарздордан мажбуриятни ўз фойдасига бажаришни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлган учинчи шахсга бажариши мажбур деб белгилаб қўйган шартнома учинчи шахс фойдасига тузилган шартнома дейилади.

Агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада ўзгача тартиб назарда тутилган бўлмаса, учинчи шахс шартнома бўйича ўз ҳуқуқидан фойдаланиш ниятини қарздорга билдирган пайтдан бошлаб тарафлар ўзлари тузган шартномани учинчи шахснинг розилигисиз бекор қилишлари ёки ўзгартиришлари мумкин эмас.

Қарздор кредиторга қарши қўйиши мумкин бўлган эътирозларини шартномада учинчи шахснинг талабларига қарши қўйишга ҳақли.

Учинчи шахс шартнома бўйича ўзига берилган ҳуқуқдан фойдаланишдан воз кечган тақдирда, башарти қонун ҳужжатлари ва шартномага зид бўлмаса, кредитор бу ҳуқуқдан фойдаланиши мумкин.


1. Шартнома бўйича ҳуқуқлар ва мажбуриятлар умумий қоидага кўра бевосита шартнома тарафлари учун вужудга келади. Шу билан бирга, тарафлар шартномада қарздорнинг мажбуриятини кредиторга эмас, балки учинчи шахсга ижро этилишини белгилаб қўйишлари мумкин. Бу ҳолда шарҳланаётган моддада учинчи шахсни шартномада аниқ кўрсатиш шарт эканлиги белгиланмаган. Кўрсатилган шахс мажбуриятни ўз фойдасига бажарилишини талаб этиш ҳуқуқига эга эканлигининг кўрсатилиши шартноманинг зарурий аломати бўлиши зарур. Учинчи шахс фойдасига тузиладиган шартнома худди шу жиҳати билан тарафлар учинчи шахс томонидан қарздорга мустақил равишда талаб қўйиши кўзда тутилмайдиган учинчи шахс фойдасига воз кечилган шартномадан ажралиб туради.


2. Учинчи шахс фойдасига тузиладиган шартномага мисол тариқасида юкни (багажни) ташиш шартномасини, суғурта шартномасини кўрсатиб ўтиш мумкин. Хусусан, ФКнинг 711-моддасига кўра, юк ташиш шартномаси бўйича юк ташувчи юк жўнатувчи томонидан ўзига ишониб топширилган юкни белгиланган манзилга етказиб бериш ва уни олишга ваколат берилган шахсга (олувчига) топшириш, юк жўнатувчи эса юкни ташиб берганлик учун белгиланган ҳақни тўлаш мажбуриятини олади. ФКнинг 915-моддасига биноан, мулкий суғурта шартномаси бўйича бир тараф (суғурталовчи) шартномада шартлашилган ҳақ (суғурта мукофоти) эвазига шартномада назарда тутилган воқеа (суғурта ҳодисаси) содир бўлганда бошқа тарафга (суғурта қилдирувчига) ёки шартнома қайси шахснинг фойдасига тузилган бўлса, ўша шахсга (наф олувчига) бу ҳодиса оқибатида суғурталанган мулкка етказилган зарарни ёхуд суғурталанувчининг бошқа мулкий манфаатлари билан боғлиқ зарарни шартномада белгиланган сумма (суғурта пули) доирасида тўлаш (суғурта товони тўлаш) мажбуриятини олади.


3. Шарҳланаётган моддада шартнома бўйича учинчи шахснинг ҳуқуқлари вужудга келиши учун учинчи шахс томонидан хоҳиш-ирода билдирилиш зарурлиги тўғрисида кўрсатма мавжуд эмас. Айни чоғда, учинчи шахс қарздорга ўз фойдасига белгиланган фойдадан фойдаланиш истагини билдирса, шартнома тузаётган тарафлар унинг розилигисиз шартномани бекор қилиш ёки ўзгартириш ҳуқуқидан маҳрум бўладилар. Мазкур меъёр диспозитив хусусиятга эга, яъни фақат қонун ҳужжатларида ва шартномада бошқа қоида кўзда тутилмаган ҳолда тадбиқ этилади. Масалан, ФКнинг 945-моддасида суғурталовчи шартномада кўрсатилган наф олувчини, унинг розилигини олмай алмаштириш ҳуқуқи кўзда тутилган.

Қарздорнинг учинчи шахснинг талабига нисбатан эътирози, хусусан, бажариш мумкин бўлмаганлиги ва бунинг учун қарздор жавоб бермаслиги билан боғлиқ бўлиши, шартноманинг шартларидан, масалан унинг шартлари бажарилмаётганидан келиб чиқиши мумкин.

Агар учинчи шахс ўзига шартномада берилган ҳуқуқдан воз кечса, бу ҳуқуқ кредиторга ўтади, бу қоидадан ана шундай ўтказиш қонун билан ёки шартномада тақиқланган ҳолатлар истисно этилади.



363-модда. Шартномани шарҳлаш


Суд шартнома шартларини шарҳлашда ундаги сўз ва ибораларнинг асл маъносини эътиборга олади. Шартноманинг шарти аниқ бўлмаса, унинг асл маъноси уни бошқа шартларга ва бутун шартноманинг маъносига таққослаш йўли билан аниқланади.

Агар ушбу модданинг биринчи қисмида баён этилган қоидалар шартноманинг мазмунини аниқлаш имконини бермаса, тарафларнинг ҳақиқий умумий хоҳиш-иродаси шартноманинг мақсадини ҳисобга олган ҳолда аниқланиши керак. Бунда барча тегишли ҳолатлар, шу жумладан шартнома тузиш олдидан олиб борилган музокаралар ва ёзишмалар, тарафларнинг ўзаро муносабатларида қарор топган амалиёт, иш муомаласи одатлари, тарафларнинг кейинчалик ўзларини қандай тутганлиги эътиборга олинади.


1. Мазкур модда муҳим амалий аҳамиятга эга, негаки жуда кўп сабаблар билан шартномани шарҳлаш зарурати вужудга келади, бу нарса кўпинча шартноманинг шартларини аниқлаштириш жараёнида, шунингдек шартномани тузиш чоғида йўл қўйилган камчилик оқибатида юзага келади. Шунингдек бундай зарурат шартномада фойдаланилган атамалар, иборалар ҳар хил маънога эга бўлганда ва турлича тушунчаларни келтириб чиқарганда туғилади.

Шарҳланаётган моддада шартнома шартларини суд томонидан шарҳланиши устида бораётган бўлса-да, зарур бўлиб қолганда тарафларнинг ўзлари ҳам мазкур модданинг қоидаларини қўллашлари учун ҳеч қандай тўсқинлик йўқ. Келишувга эришиб бўлмаган ҳолда, низо суд тартибида ҳал этилади. Таъкидлаш жоизки, шартномадан келиб чиқадиган ҳар қандай низони кўриб чиқиш чоғида суд у, ёки бу даражада шартномани шарҳлашни амалга оширади.


2. ФКнинг 363-моддасида шарҳлаш жараёнида устиворлик бериладиган жиҳатлар белгиланган.

Биринчи навбатда, шартнома таркибидаги сўзлар ва ифодаларнинг сўзма-сўз маъносига эътибор берилади. Бу грамматик талқин бўлиб, фақат алоҳида сўзларнинг маъносини ва мазмунини тушуниш имкониятини бериб қолмай, балки улар ундай, ёки бундай уйғунликда англатаётган маънони англаш имконини ҳам беради.

Баъзан грамматик талқин орқали тарафларнинг шартномадаги хоҳиш-иродасини англаб олиш мумкин бўлмайди. Шу сабабли шартноманинг сўзма-сўз маъносини тушуниш имкони бўлмаганда, шарҳлашни шартноманинг муайян шартларини бошқа шартлари билан, шартноманинг маъноси билан таққослаш орқали амалга оширилади. Бу семантик талқин бўлиб, унда шартноманинг у, ёки бу шарти мазкур шарт маъносига кўра шартноманинг бошқа шартлари билан узвий боғлиқ эканлигидан келиб чиқади.

Агар грамматик ва семантик талқин орқали ҳам шартноманинг мазмунини аниқлаб бўлмаса, шартноманинг мақсадидан келиб чиққан ҳолда тарафларнинг ҳақиқий хоҳиши аниқланади. Қоидага кўра, шартноманинг мақсади шартноманинг мақсадларига, шунингдек унинг предмети ва вазифаларига бағишланган бўлимларини таҳлил қилиш орқали аниқланади. Бироқ кўпинча шартноманинг бундай шартлари тегишинча баён этилган бўлмайди ёки умуман тушириб қолдирилади. Бундай пайтда суд тегишли шартномани тузиш олдидан бўлиб ўтган барча вазиятларни: музокараларни ва ёзишмаларни (хатлар, телеграммалар, тарафлар бир-бири билан келишаётганда тузилган шартнома матнининг лойиҳаси, аҳдлашув баённомалари ва ҳ.к.), тарафларнинг ўзаро муносабатларида юзага келган тажриба, иш муомаласи одатлари, тарафларнинг кейинги хатти-ҳаракатлари ҳисобга олинади. Муайян вазиятдан келиб чиққан ҳолда суд, шартномани тўғри талқин қилишга ёрдам берувчи бошқа шарт-шароитларни ҳам ҳисобга олиши мумкин.



27-БОБ. ШАРТНОМА ТУЗИШ


364-модда. Шартнома тузиш тўғрисидаги асосий қоидалар

365-модда. Шартноманинг тузилиш пайти

366-модда. Шартноманинг шакли

367-модда. Оферта

368-модда. Офертанинг чақириб олинмаслиги

369-модда. Офертага таклиф этиш. Оммавий оферта

370-модда. Акцепт

371-модда. Акцептни чақириб олиш

372-модда. Акцепт муддати кўрсатилган

оферта асосида шартнома тузиш

373-модда. Акцепт муддати кўрсатилмаган

оферта асосида шартнома тузиш

374-модда. Кечикиб олинган акцепт

375-модда. Бошқа шартлар асосида акцепт

376-модда. Шартноманинг тузилган жойи

377-модда. Мажбурий тартибда шартнома тузиш

378-модда. Шартнома олдидан бўладиган низолар

379-модда. Ким ошди савдосида шартнома тузиш

380-модда. Ким ошди савдосини ташкил

этиш ва уни ўтказиш тартиби

381-модда. Ким ошди савдосини ўтказиш

қоидаларини бузиш оқибатлари



364-модда. Шартнома тузиш тўғрисидаги асосий қоидалар


Агар тарафлар ўртасида шартноманинг барча муҳим шартлари юзасидан шундай ҳолларда талаб қилинадиган шаклда келишувга эришилган бўлса, шартнома тузилган ҳисобланади.

Шартноманинг нарсаси тўғрисидаги шартлар, қонун ҳужжатларида бундай турдаги шартномалар учун муҳим ёки зарур деб ҳисобланган шартлар, шунингдек тарафлардан бирининг аризасига кўра келишиб олиниши зарур бўлган ҳамма шартлар муҳим шартлар ҳисобланади.

Шартнома тарафлардан бирининг оферта (шартнома тузиш ҳақида таклиф) йўллаши ва иккинчи тараф уни акцептлаши (таклифни қабул қилиши) йўли билан тузилади.


1. ФКнинг 353-моддасида таъриф берилганидек, икки ёки бир неча шахснинг фуқаролик ҳуқуқлари ва бурчларини вужудга келтириш, ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги келишувига шартнома дейилади. Шарҳланаётган моддада шартноманинг тузилишини унинг барча муҳим шартлари юзасидан келишувга эришиш билан боғланган.

Муҳим шартлар деганда шартномани тузиш учун зарур ва етарли бўлган шартлар англашилади, яъни агар ана шундай шартлардан лоақал биттагинаси келишилган бўлмаса, шартнома тузилган деб ҳисобланмайди.


2. Муҳим шартларга биринчи навбатда шартноманинг нарсаси (предмети) тўғрисидаги шартлар киритилади. Шартномалар айнан нарсасига кўра бир-биридан ажратилади. Масалан, олди-сотди шартномаси, айирбошлаш шартномаси, мулк ижараси шартномаси, пудрат шартномаси ва ҳ.к. Шу тариқа шартноманинг нарсаси битта шартномани бошқасидан ажратиб олишда енгиллик яратади, шартнома доирасида амалга оширилаётган хатти-ҳаракатларнинг хусусиятига қараб уларни ажратиб олиш эса анча мушкул. Масалан, топшириқ шартномаси бўйича ишончли вакил ваколат берувчи учун ва унинг ҳисобидан муайян юридик хатти-ҳаракатларни амалга ошириш мажбуриятини олади, аммо комиссия шартномаси доирасида комиссионер комитентнинг топшириғи билан ва унинг ҳисобидан битимларни амалга ошириш мажбуриятини олади. Бу ҳолатда шартномаларни предметига кўра ажратиб олиш жуда осон: топшириқ шартномаси бўйича ишончли вакил ваколат берувчи номидан ҳаракат қилади, комиссия шартномаси бўйича комиссионер - ўз номидан ҳаракат қилади.

Бундан ташқари, у, ёки бу шартноманинг муҳим ва зарур шартлари қонунчилик билан белгилаб қўйилиши мумкин. Хусусан, ФКнинг 488-модасига мувофиқ сотувчи сотиб олганидан кейин қонунга мувофиқ уй-жой биносидан фойдаланиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қоладиган шахслар яшаб турган уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини сотиш шартномасининг муҳим шарти - бу шахсларнинг сотилаётган уй-жой биносидан фойдаланиш ҳуқуқлари кўрсатилган рўйхати ҳисобланади. ФКнинг 768-моддасига биноан номига омонат қўйилаётган фуқаронинг исмини ёки юридик шахснинг номини кўрсатиш банк омонати тўғрисидаги тегишли шартноманинг муҳим шарти ҳисобланади.

Шартномаларнинг муҳим шартлари шунингдек, ФКнинг 853, 929-моддаларида ҳам ўрнатилган.


3. Шартнома тарафларнинг келишув бўлиб ҳисоблангани учун, тарафлар ёки улардан биронтаси у, ёки бу масалада келишувга эришиш зарурлигини талаб қилса, бу ҳам шартноманинг муҳим шартини ташкил этади. Бунда тарафнинг баён қилиш шакли оғзаки ҳам, ёзма равишда ҳам бўлиши мумкин.

Шартноманинг барча муҳим шартлари бўйича келишувга эришиш - шартнома тузишнинг зарур шарти аммо якка-ю ягона шарти эмас. Шартнома тегишли ҳолатда талаб этиладиган шаклда расмийлаштирилгандагина тузилган деб ҳисобланади. Қонуннинг шакл борасидаги талабларига риоя этмаслик шартнома мажбуриятларининг ҳақиқий эмаслигини келтириб чиқаради. Тарафлар келишиб олган шаклга риоя этмасдан расмийлаштрилса, шартнома тузилмаган деб эътироф этилади. Масалан, ФКнинг 292-моддасида кафиллик шартномаси учун ёзма шакл қўлланиши белгилаб қўйилган, тегишинча, бу шартноманинг барча муҳим шартлари юзасидан келишувлар ҳам ёзма равишда амалга оширилиши шарт.

Хуллас, шарҳланаётган моддада “оферта” шартномани тузиш борасидаги таклифни ва “акцепт” таклифнинг қабул этилишини ифодаловчи тушунчалар сифатида таърифланган. Оферта ва акцептга махсус моддалар бағишланган (ФКнинг 367-375-моддалари шарҳига қаранг). Бу тушунчалар шартномани тузиш жараёни билан чамбарчас боғлиқ, зеро шартнома тарафлардан бири томонидан оферта йўллаши ва бошқа томон уни акцептлаши орқали тузилади.



365-модда. Шартноманинг тузилиш пайти


Оферта йўллаган шахс унинг акцептини олган пайтда шартнома тузилган ҳисобланади.

Агар қонунга мувофиқ шартнома тузиш учун мол-мулкни топшириш ҳам зарур бўлса, шартнома тегишли мол-мулк топширилган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади (ушбу Кодекснинг 185-моддаси).


1. Бундан аввалги моддада (учинчи қисм) гап шартномани тузишнинг асосий қоидалари ҳақида кетган бўлса, шарҳланаётган моддада шартнома тузилган деб ҳисобланадиган пайт сифатида оферта йўллаган шахс томонидан унинг акцепти олинган пайт қайд этилмоқда.

Кўпгина маслаларнинг ҳал этилиши шартнома тузилган пайтга боғлиқ, зеро унинг оқибатлари ана шу пайтдан бошлаб намоён бўла бошлайди. Худди ана шу пайтда таклиф ва унинг қабул этилганлиги ниҳоясига етади.

Давомийлигига кўра акцептни олиш таомили ҳар хил муддатда бўлиши мумкин. Баъзан у анча узоқ вақт чўзилиши (масалан, агар оферта бошқа минтақада яшовчи шахсга почта орқали йўлланган ва ундан жавоб олинишини бир неча кун кутишга тўғри келган бўлса), баъзан эса жуда қисқа вақт давом этиши мумкин (масалан, сотувчи бозордаги товарни муайян шартлар асосида сотилишини шахсан таклиф этади, харидор эса шу заҳоти уни харид қилиш истагини билдиради). Электрон тижоратда шартнома тузиш чоғида акцептдан иборат бўлган электрон ҳужжатни олинган пайт деб электрон ҳужжатнинг ахборот тизими орқали электрон ҳужжатини олувчи кўрсатган электрон манзилга келиб тушган пайт эътироф этилади. Тарафлар ягона ҳужжатни тузган чоғда (ФКнинг 366-моддаси шарҳига қаранг) шартнома унинг тузилган ва имзоланган жойида ва пайтида тузилган деб ҳисобланади.


2. Шу тариқа, умумий қоидага кўра, оферта йўллаган шахс томонидан унинг акцепти олинган пайтда шартнома тузилган деб ҳисобланади. Бироқ қонунда шартномани тузиш учун мол-мулкни топшириш зарурлиги белгилаб қўйилган бўлиши мумкин. Хусусан, ФКнинг 185-моддасига кўра, шартнома асосида мол-мулк олувчида мулк ҳуқуқи, қоидага кўра, ашё топширилган пайтдан бошлаб вужудга келади. Бундай ҳолатларда оферта йўллаган шахснинг акцепт олган пайтдан эмас, тегишли мол-мулк топширилган пайтдан шартнома тузилган деб ҳисобланади. Худди шу каби, ФКнинг 732-моддасига биноан қарз шартномаси пул ёки ашёлар топширилган пайтдан тузилган деб ҳисобланади.



366-модда. Шартноманинг шакли


Агар қонунда муайян турдаги шартномалар учун маълум бир шакл белгилаб қўйилган бўлмаса, шартнома битимлар тузиш учун назарда тутилган ҳар қандай шаклда тузилиши мумкин.

Нотариал тасдиқланиши ёки давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт бўлган шартнома нотариал тасдиқланган ёки рўйхатдан ўтказилган пайтдан эътиборан, нотариал тасдиқланиши ва рўйхатдан ўтказилиши зарур бўлганда эса - шартнома рўйхатдан ўтказилган пайтдан эътиборан шартнома тузилган ҳисобланади.

Агар тарафлар шартномани муайян шаклда тузишга келишган бўлсалар, гарчи қонунда бу турдаги шартномалар учун бундай шакл талаб қилинган бўлмаса-да, шартнома белгиланган шаклга келтирилганидан кейин тузилган ҳисобланади.

Ёзма шартнома тарафлар имзолаган битта ҳужжатни тузиш йўли билан, шунингдек почта, телеграф, телетайп, телефон, электрон алоқа ёки ҳужжат шартномадаги тарафдан чиққанлигини ишончли суратда аниқлаш имконини берадиган бошқа алоқа ёрдамида ҳужжатлар алмашиш йўли билан тузилиши мумкин.

Агар шартнома тузиш ҳақидаги ёзма таклиф ушбу Кодекс 370-моддасининг тўртинчи қисмида назарда тутилган тартибда олинган бўлса, шартноманинг ёзма шаклига риоя қилинган ҳисобланади.


1. Шартноманинг шакли жуда муҳим юридик ва амалий аҳамиятга эга, қонунда белгиланган шаклга риоя этилмаслиги шартноманинг ҳақиқий эмаслигини келтириб чиқариши мумкин.

ФКнинг 102-моддасида кўрсатилишича, шартнома битим турларидан бири ҳисобланади. Шу сабабли шарҳланаётган модда шартнома шакли масаласида эътиборни битим тузишга оид шаклларга қаратади (ФКнинг 105, 106, 107, 108, 110, 111-моддалари шарҳига қаранг). Шу билан бирга, агар қонун томонидан шартномаларнинг айрим турлари учун муайян шакл белгилаб қўйилган бўлса, шартнома айнан ўша шаклда тузилиши зарур. Масалан, кредит шартномаси (ФК 745-модда), суғурта шартномаси (ФК 927-модда) учун ёзма шакл ўрнатилган. Кўчар мулкни рента тўловига асосан бошқа шахсга ўтказилишини кўзда тутувчи рента шартномаси нотариал тасдиқдан ўтказилиши шарт (ФК 513-модда). Корхона ижарасига оид шартнома нотариал тасдиқланиши ва давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим (ФК 580-модда).

ФКнинг 112-моддасига мувофиқ битимнинг нотариал шаклига ёки уни давлат рўйхатидан ўтказиш талабига риоя қилмаслик битимнинг ҳақиқий эмаслигини келтириб чиқаради. Шу муносабат билан, нотариал тасдиқланиши ёки давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган шартномалар борасида қонун уларнинг тузилган пайтини тегишли равишда нотариал тасдиқланган ёки давлат рўйхатидан ўтказилган пайт билан боғлайди. Агар шартнома ҳам нотариал тасдиқланиши, ҳам давлат рўйхатидан ўтказилиши зарур бўлса, у давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан тузилган ҳисобланади. Бундай шартномаларга баъзи мисоллар юқорида келтириб ўтилди.


2. Тарафларга шартнома шаклини танлаш ихтиёри берилади. Улар қонунда талаб этилмаган бўлса ҳам, шартноманинг ёзма шаклини ёки шартномани ёзма шаклда тузишнинг ўзи кифоя бўлгани ҳолда, нотариал тасдиқланган шаклини танлашлари мумкин. Масалан, бир фуқаро бошқа фуқарога қиймати энг кам иш ҳақининг ўн карра миқдоридан ортиқ бўлмаган ашёни қарзга бермоқда. Бандай шартнома қонунга кўра оғзаки шаклда тузилиши мумкин бўлса-да, улар уни ёзма шаклда тузишлари ҳам мумкин. Агар кўрсатиб ўтлган қарзнинг суммаси энг кам иш ҳақининг ўн карра миқдоридан ортиқ бўлса, шартномани оддий ёзма шаклда тузилиши кифоя қилган ҳолда, улар нотариал тасдиқланган шаклда тузишни келишиб олишлари мумкин. Бундай ҳолатларда шартнома тузилган ҳисобланади, фақатгина тарафлар белгилаган шаклга риоя этилган бўлса бас.


3. Шарҳланаётган моддада шартномани ёзма равишда тузиш усулларини белгилаб берилган. Ягона ҳужжатни тузиш ёзма шаклдаги шартномани расмийлаштиришнинг асосий, энг кўп қўлланиладиган усулларидан ҳисобланади. Унинг моҳияти шундаки, тарафлар ўзларининг биргаликдаги хоҳиш-иродаларидан ташкил топган ҳужжатни имзолайдилар. Бундай ҳужжат “шартнома” (масалан, пудрат шартномаси, ижара шартномаси), “контракт”, “келишув” деб аталиши мумкин ва унда хусусан, шартноманинг шартлари ва тарафларнинг реквизитлари кўрсатилади.

Шартномалар, шунингдек, хат ёзишмалари, телеграммалар ва почта, телеграф, телетайп, электрон алоқа воситасидаги бошқа ёзма ҳужжатлар орқали ҳам тузилиши мумкин. Мазкур алоқа воситаларидан фойдаланишга фақат ҳужжат келишув олиб борилаётган тарафга мансуб эканлигини аниқ тасдиқлаш имкони бўлсагина йўл қўйилади. Шуни эътиборга олиш керакки, хат, телеграмма, бошқа ҳужжатлар фақат тегишли шахслар томонидан имзоланган бўлиши шарт (агар у юридик шахс бўлса, унинг раҳбари томнидан, ёки ишончнома асосида ҳаракат қилувчи бошқа шахс томонидан), муҳими улар тарафларнинг ўзаро келишилган иродаларини ифода этиши зарур, чунки турли тарафларнинг иродасини ифодаловчи шартнома шартлари тарафлар томонидан алоҳида-алоҳида имзоланади.

Кейинги вақтда шартнома тузиш чоғида электрон ҳужжат айланмаси кенг тарқала бормоқда. “Электрон рақамли имзо тўғрисида”ги, “Электрон ҳужжат айланмаси тўғрисида”ги ва “Электрон тижорат тўғрисида”ги махсус қонунлар қабул қилинди. Электрон ҳужжатнинг мажбурий реквизитлари қуйидагилардан иборат: электрон рақамли имзо; электрон ҳужжатни жўнатувчи юридик шахснинг номи, жисмоний шахснинг исми, отасининг исми, фамилияси; электрон ҳужжатни жўнатувчининг почта ва электрон манзили; ҳужжат тузилган сана. Электрон ҳужжат қоғозда ифодаланадиган ҳужжатга тенглаштирилади ва у билан тенг юридик кучга эгадир.


4. ФКнинг 370-моддаси тўртинчи қисмига мувофиқ, офертани акцептлаш учун белгиланган муддатда олган шахснинг унда кўрсатилган шартнома шартларини бажариш юзасидан қилган ҳаракатлари (товарларни жўнатиш, хизматлар кўрсатиш, ишлар бажариш, тегишли суммани тўлаш ва ҳ.к.), агар қонун ҳужжатларида ёки офертада бошқача тартиб назарда тутилмаган ёки кўрсатилмаган бўлса, акцепт ҳисобланади. Бундай ҳолатларда шартнома тузилган ва шартноманинг ёзма шаклига риоя этилган деб ҳисобланади. Бошқача айтганда, оферта юборилган тараф томонидан амалда бажарилган ҳаракатлар, агар ушбу ҳаракатлар шартнома тузиш ҳақидаги таклифда билдирилган шартлар ижроси билан боғлиқ бўлса, унинг шартномани тузишга рози эканлигини билдиради.



367-модда. Оферта


Бир ёки бир неча муайян шахсга юборилган, етарли даражада аниқ бўлган ва таклифни киритган шахснинг ўзини таклиф йўлланган ва уни қабул қиладиган шахс билан шартнома тузган деб ҳисоблаш ниятини ифода этадиган таклиф оферта ҳисобланади.

Офертада шартноманинг муҳим шартлари ифода қилинган бўлиши керак.

Оферта уни йўллаган шахсни оферта йўлланган шахс билан у офертани олган пайтдан бошлаб боғлайди.

Агар офертани чақириб олиш тўғрисидаги билдириш офертанинг ўзидан олдин ёки у билан бир вақтда келган бўлса, оферта олинмаган ҳисобланади.


1. Шартнома тузиш тўғрисидаги ҳар қандай таклиф оферта саналавермайди. Оферта ўзига хос аломатларга эгаки, агар улар мавжуд бўлмаса, оферта тўғрисида деб хисоблаш учун асос бўлмайди.

Биринчидан, таклиф муайян шахсга ёки муайян шахсларга йўлланган бўлиши, яъни таклифда улар номма-ном санаб ўтилиши зарур. Агар таклиф номуайян шахслар доирасига (масалан, реклама жойлаштириш) қаратилган бўлса, бу оферта эмас, балки оферта қилишга даъват деб қаралиши керак (ФКнинг 369-моддаси шарҳига қаранг).

Иккинчидан, таклиф уни киритган шахснинг ўзини таклиф йўлланган ва уни қабул қиладиган шахс билан шартнома тузган деб ҳисоблаш ниятини ифода этиши зарур. Бошқача айтганда, таклиф шартнома тузиш имконияти тўғрисидаги оддий хабар бўлмасдан, балки ундан шартнома тузишга бўлган хоҳиш-ирода равшан акс этиб туриши лозим.

Учинчидан, таклифда шартноманинг муҳим шартлари ифода қилинган бўлиши керак (ФКнинг 364-моддаси шарҳига қаранг).


2. Шарҳланаётган модда оферта уни йўллаган шахсни, унда баён этилган шартлар орқали оферта йўлланган шахс билан у офертани олган пайтдан бошлаб боғлайди деб белгиланган. Бундан келиб чиқадики, офертани йўллаган шахс офертадан, шу жумладан унинг алоҳида шартларидан бош тортишга ҳақли эмас, шунингдек таклифнинг хусусиятини, таклиф этилган шартнома тузиш шартларини, офертанинг мазмунини ташкил этувчи бошқа элементларни ўзгартириши мумкин эмас, фақатгина оферта олувчига офетанинг мазмунига таъсир кўрсатмайдиган қўшимча ахборотни хабар қилиши мумкин.

Шу билан бирга, оферта йўллаган шахс уни чақириб олиш чораларини кўриши мумкин. Бунда агар офертани чақириб олиш тўғрисидаги билдириш офертанинг ўзидан олдин ёки у билан бир вақтда келган бўлса, оферта олинмаган ҳисобланади. Тегишинча, бу шахс энди ўзи оферта жўнатган шахс билан боғлиқ ҳисобланмайди. Шуни ҳам ҳисобга олиш керакки, амалда офертани чақириб олиш тўғрисидаги билдириш оферта билан “бир вақтда” келган иборасини қандай тушуниш керак (яъни ўша кун давомидами, ёки бошқа вақт оралиғидами) деган савол билан боғлиқ низолар келиб чиқиши мумкин. Қонунда бу масала аниқ белгилаб қўйилмаганини ҳисобга олган ҳолда, уни муайян шарт-шароитларни ҳисобга олиб кўриб чиқиш лозим.



368-модда. Офертанинг чақириб олинмаслиги


Қабул қилувчи тараф олган оферта уни акцептлаш учун белгилаб қўйилган муддат мобайнида чақириб олиниши мумкин эмас, башарти бошқача тартиб офертанинг ўзида шарт қилиб қўйилган бўлмаса ёки таклифнинг моҳиятидан ёхуд у йўлланган пайтдаги вазиятдан англашилмаса.


1. ФКнинг 365-моддасига мувофиқ оферта йўллаган шахс унинг акцептини олган пайтда шартнома тузилган ҳисобланади. ФКнинг 367-моддасига мувофиқ оферта уни йўллаган шахсни оферта йўлланган шахс билан у офертани олган пайтдан бошлаб боғлайди. Ушбу қоидалардан келиб чиқиб, шарҳланаётган моддада қабул қилиб олган шахс томонидан олинган оферта унинг ўзида акцептлаш учун белгилаб қўйилган муддат мобайнида, ёки қонунда белгилаб қўйилган ана шундай муддат ичида чақириб олиниши мумкин эмаслиги тўғрисидаги қоида белгилаб қўйилган.

Айни пайтда офета чақириб олинмаслиги тўғрисидаги меъёр диспозитив бўлиб ҳисобланади. Офертани фақат акцепт муддати тугагунча чақириб олиниши мумкинлиги офертанинг ўзида белгилаб қўйилган бўлса, таклифнинг моҳиятидан офертани чақириб олиш мумкинлиги аён бўлиб турса, ёки таклиф киритилган вазият офертанинг чақириб олиш имконини берсагина чақириб олиниши мумкин. Вазият билан боғлиқ чақириб олинишига офертанинг қўрқитиш, зўрлик, алдов туфайли амалга оширилганлигини киритиш мумкин. Бундай ҳолда офертани бир томонлама битим сифатида ФКнинг 123-моддасига мувофиқ суд қарори билан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.


2. Шунга ҳам эътибор бериш зарурки, шарҳланаётган модданинг меъёрлари фақат уни акцептлаш учун муддат белгилаб қўйилган оферталар учун тегишлидир. Бундан ташқари, агар оферта йўлланган шахс томонидан ҳали олинмаган бўлса, унинг чақириб олинмаслиги тўғрисида гапириш учун асоснинг ўзи ҳам йўқдир. ФК 367-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, агар офертани чақириб олиш тўғрисидаги билдириш офертанинг ўзидан олдин ёки у билан бир вақтда келган бўлса, оферта олинмаган ҳисобланади.



369-модда. Офертага таклиф этиш. Оммавий оферта


Номуайян шахслар доирасига йўлланган реклама ва бошқа таклифлар, агар таклифда бошқача ҳол тўғридан-тўғри кўрсатилган бўлмаса, офертага таклиф этиш деб қаралади.

Шартноманинг барча асосий шартларини ўз ичига олган, таклиф киритаётган шахснинг жавоб қайтарган ҳар қандай шахс билан таклифда кўрсатилган шартлар асосида шартнома тузишга бўлган хоҳиш-иродаси билиниб турган таклиф оферта (оммавий оферта) ҳисобланади.


1. Битта ёки бир неча муайян шахсга йўлланадиган офертадан фарқли ўлароқ, бу ҳолда офертага таклиф номуайян шахслар доирасига йўналтирилади. Шу билан бирга, бу ҳолат мазкур тушунчалар ўртасидаги ягона фарқ эмас. ФКнинг 367, 368-моддаларининг ва шарҳланаётган модданинг таҳлили уларнинг ўртасидаги бошқа чегараловчи фарқларни ҳам аниқлаш имконини беради. Хусусан, офертага таклиф шартнома тузилганлигини эмас, балки шахснинг шартнома тузиш ниятини англатади, унинг шартлари императив (мажбурий) хусусиятга эга эмас, яъни офертани олувчи шахс бошқа шартларни таклиф этиши мумкин, офертага таклиф бу таклифни киритаётган шахсни боғлаб қўймайди, унга нисбатан чақириб олинмаслик тўғисидаги талаб тадбиқ этилмайди, офертага таклиф юборган шахс шартнома тузишга мажбур қилинмайди.


2. Офертага таклиф этишга мисол тариқасида реклама қилиш, каталогларни, прайс-варақаларни, буклетларни, товар намуналарини тарқатишни ва бошқа шаклдаги номуайян шахслар доирасига йўлланган таклифларни кўрсатиш мумкин. Шу билан бирга, бундай таклифга, агар у ФКнинг 367-моддаси талабларига жавоб берса ва бунга таклифнинг ўзида тўғридан-тўғри ишора қилинган бўлса, оферта сифатида қараш мумкин.

Оммавий оферта - оферта турларидан бири. Аммо оммавий оферта бир қатор хусусиятларга эга бўлиб, бу уни ФКнинг 367-моддасида кўзда тутилган офертадан ажратиб туради. Хусусан, оммавий оферта муайян шахсга эмас, балки унга жавоб бериши мумкин бўлган ҳар қандай шахсга йўналтирилган бўлади, у офертада қўйилган шартлар асосида шартнома тузишга рози ҳар қандай шахс билан шартномани тузишга тайёр шахснинг хоҳиш-иродасини ёрқин ифодалаб туради, ҳолбуки, бунда жавоб берган шахслардан ҳеч қайсинисига устиворлик берилмайди.

Шарҳланаётган модда таҳлилидан офертага таклиф этиш билан оммавий оферта ўртасидаги фарқ кўриниб турибди. Офертага таклифдан фарқли ўлароқ, оммавий оферта шартноманинг барча муҳим шартларини ўз ичига олган бўлади, унда таклиф киритаётган шахснинг жавоб қайтарган ҳар қандай шахс билан таклифда кўрсатилган шартлар асосида шартнома тузишга бўлган хоҳиш-иродаси равшан ифода топади, қолаверса, оммавий офертанинг шартлари императив хусусиятга эга, яъни уларни бус-бутунлигича ё қабул қилиш ёки рад этиш мумкин, ҳатто офертани йўллаган шахснинг ўзи ҳам оферта мазмунини ўзгартириши мумкин эмас.



370-модда. Акцепт


Оферта юборилган шахснинг уни қабул қилганлиги ҳақидаги жавоби акцепт ҳисобланади.

Акцепт тўлиқ ва писандасиз бўлиши керак.

Агар қонундан, иш муомаласи одатидан ёки тарафларнинг иш бўйича аввалги муносабатларидан бошқача маъно келиб чиқмаса, сукут сақлаш акцепт бўлмайди.

Офертани акцептлаш учун белгиланган муддатда олган шахснинг унда кўрсатилган шартнома шартларини бажариш юзасидан қилган ҳаракатлари (товарларни жўнатиш, хизматлар кўрсатиш, ишлар бажариш, тегишли суммани тўлаш ва ҳ.к.), агар қонун ҳужжатларида ёки офертада бошқача тартиб назарда тутилмаган ёки кўрсатилмаган бўлса, акцепт ҳисобланади.


1. Акцепт офертанинг шартларига розилик ифодаси бўлиб, оғзаки ёки ёзма шаклда изҳор этилади. Бунда акцептнинг шартлари офертадаги шартлар билан тўла мос келиши шарт. Шартномавий мажбурият юзага келиши учун акцепт офертани юборган шахсга билдирилиши шарт.

Қонунда акцепт тўлиқ ва писандасиз бўлиши шартлиги белгилаб қўйилган.

Акцептнинг тўлиқ бўлишлигининг маъноси шуки, офертани олган шахс уни ёки тўлалигича қабул қилиши, ёки худди шу каби тўлиғича рад этиши мумкин. Бошқача айтганда, офертанинг бир қисмини қабул қилиб, бошқа қисмидан бош тортиш мумкин эмас.

Акцептнинг писандасиз бўлишлигинги маъноси шуки, оферта қандай кўринишда тузилган бўлса, ўша ҳолича, ҳеч қандай муқобил таклифлар киритилмасдан қабул қилинади. Бошқача айтганда, офертани муайян писандалар, ундаги у, ёки бу шартларга қўшимчалар, ўзгартишлар билан қабул қилинмайди. Акс ҳолда бу акцептни рад этиш ва ўз навбатида янги офертани таклиф этиш бўлиб қолади (ФКнинг 375-моддаси шарҳига қаранг).

Умумий қоидага кўрс, акцепт шакли оферта шаклига боғлиқ, яъни оферта ёзма шаклда йўлланган бўлса, акцепт ҳам ёзма шаклда бўлиши шарт. Бироқ, айрим ҳолатларда акцепт тузилган деб ҳисобланиши учун офертани олган шахснинг сукут қилиши етарли бўлади. Бундай ҳолатлар қонунда кўзда тутилган бўлиши, иш муомаласи одатларидан келиб чиқиши ёки тарафларнинг аввалги иш муносабатларидан келиб чиқиши мумкин. Хусусан, банк амалиётида мижозлар одатда ўз жамғармаларига белгиланган фоиз миқдорининг оширилишига сукут билан рози бўладилар. Аввалги иш муносабатларига, масалан, товарга буюртмаларни етказиб берувчи ҳеч қандай акцептсиз товарни жўнатиб юбориш ҳолатини кўрсатиш мумкин.


2. Акцептнинг яна бир шакли оферта олган шахс томонидан, агар қонунда бошқа қоида кўзда тутилган бўлмаса ёки офертанинг ўзида кўрсатилган бўлмаса, конклюдент ҳаракатларнинг амалга оширилиши ҳисобланади. Бироқ бундай ҳаракатлар акцепт учун ўрнатилган муддат ичида бажарлиши шарт. Масалан, буюртмачи офертада кўрсатилган шартлар асосида хизматлар учун олдиндан тўловни амалга оширади ёки офертада кўзда тутилган муайян ишларни бажаради. Конклюдент ҳаракатлар ёзма шаклдаги, худди шу каби оғзаки шаклдаги оферталарга жавобан амалга оширилишии мумкин. Бу ҳолда ФКнинг 366-моддасига мувофиқ, бундай ҳаракатларни бажариш чоғида шартноманинг ёзма шаклига риоя этилган деб ҳисобланади.



371-модда. Акцептни чақириб олиш


Агар акцептни чақириб олиш ҳақидаги билдириш оферта юборган шахсга акцептдан олдинроқ ёки у билан бир вақтда етиб келган бўлса, акцепт олинмаган ҳисобланади.


ФКнинг 365-моддасига мувофиқ оферта йўллаган шахс унинг акцептини олган пайтда шартнома тузилган ҳисобланади. Шу сабабли акцепт тўғрисида бидириш йўллаш орқали, уни йўллаётган шахс, ўзини ана шу акцепт билан боғлайди. Акцепт ҳам, худди оферта каби, чақириб олинмайди.

Шу муносабат билан акцептни фақат офертани йўллаган шахсга, токи у акцептни олгунча бўлган муддат ичида хабар бериш орқали чақириб олиш мумкин. Бу ҳолда акцептни чақириб олиш тўғрисидаги билдириш офертани жўнатган шахсга акцептнинг ўзидан аввал (масалан, акцепт оферентга буюртма хат билан жўнатиб юборилган, аммо акцептни йўллаган шахс кейинроқ оферентни телеграмма билан акцептни чақириб олиш тўғрисида огоҳлантирган) ёки акцепт билан бир вақтда етиб келса, акцепт олинмаган деб ҳисобланади.



372-модда. Акцепт муддати кўрсатилган

оферта асосида шартнома тузиш


Офертада акцепт муддати кўрсатилган бўлса, акцепт оферта йўллаган шахс томонидан унда кўрсатилган муддат мобайнида олинса, шартнома тузилган ҳисобланади.


Шарҳланаётган ва кейинги 373-моддада гап офертанинг турлари - акцепт муддати кўрсатилган ва акцепт муддати кўрсатилмаган акцептлар ҳақида гап боради.

Акцепт учун муддат офертада календар санаси билан ҳам, шунингдек муайян вақт қамрови билан ҳам (масалан, оферта юборилган кундан уч ой мобайнида) ифодаланиши мумкин.

Агар офертада ана шундай муддат кўрсатилган бўлса, оферент ўз офертасига жавобни ана шу бутун муддат ичида кутиши шарт. Бунда агар акцепт кўрсатилган муддат ичида олинса, офертада таклиф этилган шартлар асосида шартнома тузилган деб ҳисобланади. Шу муносабат билан, акцепт учун белгиланган муддат ичида, токи дастлабки контрагентдан рад жавобини олмагунча, оферент бошқа шахс билан худди шундай шартнома тузишга ҳақли эмас. Акс ҳолда, офертани акцептлаган шахс оферентдан у билан тузилган шартноманинг бажарилмаслиги натижасида кўрган зарарни қоплашни талаб қилиши мумкин. Масалан, оферентнинг офисини таъмирлаш ишларини бажариш тўғрисидаги офертани олган шахс ўз вақтида офертани акцептлаб, таъмирлаш учун зарур материалларни сотиб олади. Аммо оферент, офертада кўрсатилган муддатни кутиб ўтирмай, таъмирлаш ишларини бажариш юзасидан бошқа шахс билан шартнома тузади. Бундай ҳолатда биринчи контрагент мазкур таёргарлик ишлари билан боғлиқ барча харажатларни қоплаш талабини қўйиши мумкин.

Офертада кўрсатилган муддат ичида акцепт олмаган ҳолда оферент ўзи юборган офертадан келиб чиқадиган барча мажбуриятлардан тўлиқ озод бўлади.



373-модда. Акцепт муддати кўрсатилмаган

оферта асосида шартнома тузиш


Ёзма офертада акцепт муддати кўрсатилмаган акцепт оферта йўллаган шахс томонидан қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган муддатларда, агар бундай муддат белгилаб қўйилган бўлмаса - бунинг учун нормал зарур бўлган вақт мобайнида олинса, шартнома тузилган ҳисобланади.

Оферта акцепт учун муддат кўрсатмасдан оғзаки тарзда қилинганида бошқа тараф уни акцептлаганини дарҳол айтган бўлса, шартнома тузилган ҳисобланади.


1. Мазкур моддадан акцепт муддати нафақат офертанинг ўзидан, балки меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан ҳам белгилаб қўйилиши мумкинлиги келиб чиқади. Хусусан, ФКнинг 460-моддасига биноан давлат контракти лойиҳасини олган тараф кечи билан ўттиз кунлик муддатда уни имзолайди ва давлат контрактининг бир нусхасини бошқа тарафга қайтаради. Бундай ҳолатларда акцепт муддати белгилаб қўйилгани сабабли, ФКнинг 372-моддаси қоидаларига ҳамда муддатни ўрнатган тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат талабларига амал қилиш зарур бўлади.

Агар акцепт муддати ёзма офертада белгиланган бўлмаса, ёки меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда ҳам кўрсатилмаган бўлса, акцепт оферент томонидан ана шундай ҳолат учун мақбул ҳисобланган давр ичида олинса, шартнома тузилган деб ҳисобланади. Бу вақтнинг давомийлиги кўплаб омилларга, жумладан хабарни юбориш усулига (почта, телеграф, факс ва ҳ.к.) боғлиқ. Бу ҳолда шунингдек, офертани кўриб чиқиш учун талаб этиладиган минимал вақт ҳам ҳисобга қўшилади, бу эса, шубҳасиз, тузиш учун таклиф этилаётган шартноманинг хусусиятига боғлиқдир.

Таъкидлаш жоизки, мақбул ҳисобланган (нормал) вақтнинг бошланиш даври деб, олувчи шахс томонидан оферта олинган кун, охирги кун деб, оферент томонидан акцепт олинган кун ҳисобланади. Бинобарин, агар шахс офертани мақбул ҳисобланган вақт ичида акцептлаган бўлса-ю, аммо оферент уни бир мунча кечроқ олса, акцепт ўз вақтида тузилган деб ҳисоблаш учун асос бўлмайди. Шу сабабли, акцепт тўғрисидаги билдиришни жўнатиб юбориш усули ҳам катта аҳамият касб этади.


2. ФКнинг 106-моддасига мувофиқ қонун ҳужжатларида ёки тарафларнинг келишувида ёзма шакл белгилаб қўйилмаган бўлса, битим оғзаки тузилиши мумкин. Шу каби, бундай шароитда оферта ҳам оғзаки бажарилиши мумкин, масалан, шахсий учрашув вақтида, телефонда сўзлашув чоғида ва ҳ.к. Бундай оферта кўпинча жавобини бериш лозим бўлган муддати кўрсатилмаган ҳолда тузилади. Бундай ҳолда шартнома тузилган ҳисобланади, фақат шу шарт биланки, иккинчи тараф офертага ўша заҳотиёқ акцепт бериши зарур. Оғзаки офертани қабул этилгани тўғрисида ўша вақтнинг ўзидаёқ баён этилмаса, оферент мазкур оферта билан бошқа боғлиқ бўлиб ҳисобланмайди.



374-модда. Кечикиб олинган акцепт


Акцепт тўғрисида ўз вақтида йўлланган билдириш кечикиб олинган ҳолларда оферта йўллаган тараф бошқа тарафга акцепт кечикиб олинганини дарҳол билдириб қўймаса, акцепт кечиккан ҳисобланмайди.

Агар оферта йўллаган тараф бошқа тарафга унинг кечикиб олинган акцептини қабул қилганини дарҳол маълум қилса, шартнома тузилган ҳисобланади.


1. Мазкур модданинг қоидалари офертада акцепт муддати кўрсатилган ёки шундай муддат қонунда ўрнатилган ҳолатларда тадбиқ этилади. Бу ҳолда акцепт ўз вақтида жўнатилган бўлиши зарур, унинг кечикиб келиши эса кечикишининг сабабларидан қатъи назар, учинчи шахсларнинг (кўпинча почта, телеграф ва ҳ.к.) фаолияти билан боғлиқ бўлиши шарт.

Шарҳланаётган модданинг биринчи қисми оферта йўналтирилган шахснинг манфаатларини ҳимоя қилади. Умумий қоидага кўра, агар акцептга оид билдириш ўз вақтида жўнатиб юборилган бўлсаю, оферент уни кечикиб олган бўлса, ФКнинг 372-моддасига мувофиқ шартномани тузилмаган деб ҳисобланиши лозим бўлса-да, акцепт кечикиб қолган ҳисобланмайди. Фақат оферент акцептни жўнатган шахсни акцептни кечикиб олганлигини зудлик билан огоҳ этган тақдирагина, акцепт кечикиб келган деб ҳисобланади. Шуни назардан қочирмаслик керакки, бундай хабар фақат оферент акцептни кечикиб олган ҳоллардагина юборилади, бу эса оферент акцепт йўлда келаётган пайтда ўз офертасини чақириб олишига йўл қўймайди. Акцепт тўғрисидаги хабарнома ёзма шаклда тузилгани сабабли, унинг олинганлиги тўғрисидаги билдириш ҳам ёзма бўлиши шарт.

Шу билан бирга акцепт тўғрисидаги хабарномани ўз вақтида жўнатиб юборган шахс унинг кечикишига айбли бўлган учинчи шахсга (почта, телеграф ва ҳ.к.) етказилган зарарни қоплаш талабини қўйишга ҳақли. Акцепт ўз вақтида жўнатилганлигига исбот бўлиб почта муҳрлари, штемпели, буюртма хат олинганини тасдиқловчи квитанциялар, алоқа бўлимининг маълумотномаси ва ҳ.к. хизмат қилиши мумкин.


2. Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисми, айтиш мумкинки, оферент манфаатларини ҳимоя қилади. Агар акцепт кеч олинганлигига қарамай, оферент иккинчи тарафга зудлик билан мазкур акцептни ҳам қабул қилаверишини билдирса, шартнома тузилган ҳисобланади. Бинобарин, акцептга оид хабарнома юборган шахс, акцепт кечикканлиги важидан шартномани тузишдан бош тортишга ҳақли эмас.



375-модда. Бошқа шартлар асосидаги акцепт


Офертада таклиф қилинганидан бошқача шартлар асосида шартнома тузишга розилик билдириш ҳақидаги жавоб акцепт ҳисобланмайди. Бундай жавоб акцептдан бош тортиш ва айни вақтда янги оферта ҳисобланади.


Мазкур модданинг қоидалари акцептлаш муддати кўрсатилган офертага ҳам, худди шу каби муддати кўрсатилмаган офертага ҳам тааллуқлидир.

ФКнинг 370-моддасига кўра, акцепт тўлиқ ва писандасиз бўлиши шарт. Шу муносабат билан, агар оферта таркибидаги шартлардан биттаси бўлса ҳамки, оферта йўлланган шахс томонидан қабул қилинмаса, жавоб акцепт ўрнига ҳисобланмайди.

Одатда, шартномани офертада кўрсатилган шартлардан бошқача шартларда тузишга розилик тўғрисидаги жавоб, шартномага бошқа янги шартларни қўшиш ёки муайян шартларни олиб ташлаш, ёхуд дастлаб таклиф этилган шартларни бошқача ифодалаш алоҳида таклифда изҳор этилади.

Бошқа шартлар асосида шартнома тузишга розилик тўғрисидаги жавоб нафақат акцептдан бош тортиш бўлибгина қолмасдан, янги оферта бўлиб ҳисобланади, яъни тарафларнинг ўрни алмашади. Бу ҳолда дастлабки оферент ўзининг шартнома тузиш тўғрисидаги таклифи билан боғлиқликни йўқотади ва ўзига таклиф қилинган янги офертани акцептлаш ёки акцептлашдан бош тортиш ҳуқуқига эга бўлади. Агар дастлабки оферент мақбул ҳисобланган вақт ичида ўзи таклиф этган шартларни ўзгартиришга розилигини билдирмаса ёки уларни рад этмаса, шартнома тузилмаган ҳисобланади.

Янги оферта ва унинг акцепти ФКнинг 367-374-моддалари билан тартибга солинади.



376-модда. Шартноманинг тузилган жойи


Агар шартномада унинг тузилган жойи кўрсатилган бўлмаса, шартнома оферта йўллаган фуқаронинг яшаш жойида ёки юридик шахснинг жойлашган ерида тузилган ҳисобланади.


Шартноманинг тузилган жойи амалий аҳамиятга эга. Хусусан, ФКнинг 1181-моддасида битимнинг шакли у тузиладиган жой ҳуқуқига бўйсунади, деб кўрсатилган.

Умумий қоидага кўра шартноманинг тузилган жойи деб шартноманинг ўзида кўрсатилган жой эътироф этилади. Одатда тузилган жой шартноманинг охирида (масалан, “ушбу шартнома Тошкент шаҳрида тузилди”) кўрсатилади, бу бошқача кўринишда бўлиши ҳам мумкин.

Агар шарномада тузилган жойи кўрсатилмаган бўлса, шартнома оферентнинг, тегишли равишда фуқаро ёки юридик шахснинг яшаш жойида ёки жойлашган манзилида тузилган деб ҳисобланади.

ФКнинг 21-моддасига биноан, фуқаронинг доимий ёки асосан яшаб турган жойи унинг яшаш жойи ҳисобланади, ФКнинг 46-модасига кўра, юридик шахснинг жойлашган жойи у давлат рўйхатидан ўтказилган худуд билан белгиланади (мазкур моддалар шарҳига қаранг).



377-модда. Мажбурий тартибда шартнома тузиш


Ушбу Кодексга ёки бошқа қонунларга мувофиқ оферта (шартнома лойиҳаси) йўлланган тараф учун шартнома тузиш мажбурий бўлган ҳолларда бу тараф оферта олинган кундан бошлаб ўттиз кун мобайнида бошқа тарафга акцепт тўғрисида ёки акцептдан бош тортиши тўғрисида ёхуд офертани бошқа шартларда акцептлаши тўғрисида (шартнома лойиҳасига келишмовчиликлар баённомаси) билдириш йўллаши керак.

Оферта йўллаган ҳамда шартнома тузиши мажбурий бўлган тарафдан офертани бошқа шартларда акцептлаш тўғрисида билдириш (шартнома лойиҳасига келишмовчиликлар баённомаси) олган тараф бундай билдириш олинган ёки акцепт учун муддат тугаган кундан бошлаб ўттиз кун мобайнида шартнома тузиш чоғида юз берган келишмовчиликларни кўриб чиқиш учун судга топширишга ҳақли.

Ушбу Кодексга ёки бошқа қонунларга мувофиқ шартнома тузиш оферта (шартнома лойиҳаси) йўллаган тараф учун мажбурий бўлган ва унга ўттиз кун мобайнида шартнома лойиҳасига келишмовчиликлар баённомаси юбориладиган ҳолларда бу тараф келишмовчиликлар баённомасини олган кундан бошлаб ўттиз кун мобайнида бошқа тарафга шартномани унинг таҳририда қабул қилишини ёки келишмовчиликлар баённомасини рад этишини билдириши шарт.

Келишмовчиликлар баённомаси рад этилганида ёки уни кўриб чиқиш натижалари тўғрисидаги билдириш кўрсатилган муддатда олинмаганида келишмовчиликлар баённомасини йўллаган тараф шартнома тузиш чоғида юз берган келишмовчиликларни кўриб чиқиш учун судга топширишга ҳақли.

Ушбу модданинг биринчи, иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмларида назарда тутилган муддатлар тўғрисидаги қоидалар, агар қонун ҳужжатларида бошқа муддатлар белгиланган бўлмаса ёки тарафлар уларни келишиб олган бўлмасалар, қўлланилади.

Агар ушбу Кодексга ёки бошқа қонунларга мувофиқ шартнома тузиши мажбурий бўлган тараф уни тузишдан бош тортса, иккинчи тараф уни шартнома тузишга мажбур қилиш талаби билан судга мурожаат қилишга ҳақли.

Шартнома тузишдан асоссиз бўйин товлаётган тараф шу туфайли етказилган зарарларни бошқа тарафга тўлаши керак.


1. Умумий қоидага кўра, шартнома тузишга мажбурлашга йўл қўйилмайди. Бу умумий қоидадан қуйидаги ҳолатлар истисно этилади: шартномани тузиш мажбурияти Фуқаролик кодексида ёки бошқа қонунда назарда тутилган бўлса ёхуд мажбурият олинган бўлса. Мана шундай истиснолар тўғрисида ФКнинг 354-моддасига шарҳларда ёритилган.

Шарҳланаётган моддада шартнома тузиш мажбурий ҳисобланган иккита ҳолатни - оферта йўлланган томоннинг шартнома тузишга мажбур ҳисобланган ва оферент учун шартнома тузиш мажбурий ҳисобланган ҳолат кўриб чиқилган.

Шартнома тузиш оферта (шартнома лойиҳаси) йўлланган томон учун мажбурий бўлган ҳолатда, бу тараф ўттиз кун ичида бошқа тарафга тегишли хабарномани юбориши шарт. У қуйидаги кўринишларда бўлиши мумкин:

Акцепт тўғрисидаги хабарнома. Оферент уни олган пайтдан бошлаб шартнома тузилган ҳисобланади (ФКнинг 365-моддаси шарҳига қаранг).

Акцептдан бош тортиш тўғрисидаги хабарнома. Бу оферта йўлланган тараф шартнома тузишдан бош тортишини билдиради, бу ўз навбатида оферентга шартномани мажбурий тузиш масаласида судга мурожаат қилиш ҳуқуқини беради.

Акцепт орқали офертада таклиф этилган шартлардан бошқача шартлар асосида тузиш талабини қўйиш. Бироқ бундай хабарнома ФКнинг 375-моддасида келтирилган қоидадан фарқли ўлароқ, акцепт тузилганлигини билдиради. Бу ҳолда шартноманинг имзоланган лойиҳаси билан бирга оферентга келишмовчиликлар баённомаси ҳам қўшиб юборилади.


2. Эътибордан четда қолдирмаслик лозимки, акцепт учун муддат (30 кун) Фуқаролик кодексида, яъни қонун билан ўрнатилган ва бу муддат офертани олинган кундан бошлаб ҳисобланади. Бундан ташқари, шартноманинг таклиф этилаётган шартларини кўриб чиқиш ва жавоб ёзиш офертани олган шахснинг ҳуқуқи эмас, балки мажбуриятидир.

Оферент томонидан олинган оферта башқа шартлар асосида акцептлангани тўғрисидаги хабарнома оферентга вужудга келган келишмовчиликларни суд муҳокамасига тақдим этиш ҳуқуқини беради. Бу ҳолда у судга ана шундай хабарномани олганидан кейин ўттиз кун ичида мурожаат этишга ҳақлидир. Хабарномани олгани тўғрисида далил сифатида квитанциялар, почта жўнатмаси топширилгани тўғрисидаги хабарнома, олинганини тасдиқловчи телеграмма ва ҳ.к. хизмат қилиши мумкин. Оферент шунингдек, оферта йўлланган шахсдан бирор-бир хабарнома олмаса ҳам, акцепт учун берилган муддат давомида, яъни ўттиз кун ичида судга мурожаат этишга ҳақлидир (шарҳланаётган модданинг 1-қисмига қаранг). Бундай ҳолда оферент ўз ҳуқуқидан акцепт муддати ўтганидан кейин ўттиз кун ичида фойдаланиши мумкин.


3. Шартномани тузиш офертани (шартнома лойиҳасини) йўллаган тараф учун мажбурий бўлган ҳолатда, бошқа томон бунга жавобан шартнома лойиҳасига келишмовчилик баённомасини жўнатиши мумкин. Келишмовчилик баённомаси ўттиз кун ичида юборилиши шарт. Бундай ҳолатда оферент келишмовчилик баённомаси олганидан кейин ўттиз кун ичида қандай қарорга келганлиги тўғрисида хабардор этиши шарт. Бунда икки хил йўл тутиш мумкин.

Биринчиси - шартномани келишмовчилик баённомаси асосида қабул қилиш. Бу ҳолатда шартнома барча келиб чиқадиган оқибатлари билан тузилган ҳисобланади.

Иккинчиси - келишмовчилик баённомасини рад этиш. Бунда шартнома тузилган бўлиб ҳисобланмайди. Агар келишмовчилик баённомасини жўнатган тараф оферентдан юқорида айтиб ўтилган муддатда ҳеч қандай хабарнома олмаган тақдирда ҳам, худди шундай оқибат вужудга келади. Бундай ҳолатларда келишмовчилик баённомасини жўнатган тараф вужудга келган низони суд муҳокамасига тақдим этишга ҳақлидир.

Шунга эътибор бериш лозимки, мажбурий тартибда шартнома тузиш таомилига оид муддатлар диспозитив хусусиятга эга. Қонун ҳужжатлари билан бошқача муддатлар ҳам ўрнатилиши ёки тарафларнинг келишуви билан (масалан, офертада ёки унга берилган жавобда) белгиланиши мумкин.

Агар шартнома тузиши мажбурий бўлган тараф уни тузишдан бўйин товласа, у бошқа тарафнинг даъвоси асосида суд қарори билан шартномани тузишга мажбур қилиниши мумкин. Бўйин товлаган тарафга бошқа салбий оқибатлар ҳам келиб чиқади. У бошқа тарафга бўйин товлаш туфайли етказилган зарарни қоплаб бериши зарур. ФКнинг 14-моддасига мувофиқ, агар қонун ёки шартномада зарарни камроқ миқдорда тўлаш назарда тутилмаган бўлса, ҳуқуқи бузилган шахс ўзига етказилган зарарнинг тўла қопланишини талаб қилиши мумкин (ФКнинг 15 ва 324-моддалари шарҳига қаранг).



378-модда. Шартнома олдидан бўладиган низолар


Шартнома тузиш чоғида юз берган келишмовчиликлар ушбу Кодекснинг 377-моддасига мувофиқ қараб чиқиш учун судга берилган ҳолларда шартноманинг тарафлар ўртасида келишмовчиликлар чиқишига сабаб бўлган шартлари суд қарорига мувофиқ белгиланади.


Мажбурий тартибда шартнома тузиш чоғида юз берган келишмовчиликлар қараб чиқиш учун судга берилиши мумкин. Келишмовчиликлар тарафлар таклиф қилган шартнома шартларининг бирбирига мос келмаслиги туфайли, шунингдек, бир тарафнинг уни тузишдан бош тортиши туфайли ҳам вужудга келиши мумкин.

ФКнинг 10-моддасига асосан, келишмовчиликлар умумий юрисдикция судлари (фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлари), хўжалик суди ёки хакамлар судига топширилиши мумкин.

Шартнома олдидан бўладиган низоларни тартибга солишнинг даъво қилиш тартибига риоя қилиш қонун томонидан назарда тутилмайди.

Суд томонидан шартноманинг фақат тарафлар ўртасида келишмовчиликлар чиқишига сабаб бўлган шартлари белгиланади, яъни қолган шартлар томонларнинг ўзи билан белгиланади. Бунда суд томонидан оферентдан келган шартнома лойиҳасида, келишмовчиликлар баённомасида бўлган шартлар маъқулланиши мумкин, ёки суд ихтиёрига кўра бошқа шартлар белгиланади.



379-модда. Ким ошди савдосида шартнома тузиш


Агар шартноманинг мазмунидан бошқача тартиб англашилмаса, у ким ошди савдосини ўтказиш йўли билан тузилиши мумкин. Шартнома ким ошди савдосида ғолиб чиққан шахс билан тузилади.

Ашёнинг мулкдори ёки мулкий ҳуқуқ эгаси ёхуд ихтисослашган ташкилот ким ошди савдосининг ташкилотчиси бўлиши мумкин. Ихтисослашган ташкилот ашёнинг мулкдори ёки мулкий ҳуқуқ эгаси билан шартнома тузиш асосида иш олиб боради ва улар номидан ёки ўз номидан ҳаракат қилади.

Ушбу Кодексда ёки бошқа қонунда кўрсатилган ҳолларда ашёни ёки мулкий ҳуқуқни сотиш тўғрисидаги шартномалар фақат ким ошди савдоси ўтказиш йўли билан тузилиши мумкин.

Ким ошди савдоси аукцион ёки танлов шаклида ўтказилади.

Ким ошди савдосининг шакли, агар қонунда бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, сотиладиган ашёнинг мулкдори ёки сотиладиган мулкий ҳуқуқнинг эгаси томонидан белгиланади.

Фақат битта иштирокчи қатнашган аукцион ва танлов ўтказилмаган ҳисобланади.

Ушбу Кодекснинг 380 ва 381-моддаларида назарда тутилган қоидалар, агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, суд қарорини ижро этиш тартибида ўтказиладиган ким ошди савдосига нисбатан ҳам қўлланилади.


1. Шартнома тузишнинг усулларидан бири - ким ошди савдосини ўтказишдир. Ким ошди савдоларига ашёлар, шу жумладан мулкий ҳуқуқлар каби фуқаролик ҳуқуқларининг объектлари қўйилиши мумкин (ФК 81-моддасининг шарҳига қаранг). Қоидага кўра, бундай усул билан ҳар қандай шартнома тузилиши мумкин. Ким ошди савдосини ўтказиш йўли билан шартнома тузишнинг ягона чекланиши - шартнома моҳияти бўлиши мумкин. Масалан, ҳадя шартномаси, гаров шартномаси каби шартномаларни ким ошди савдосини ўтказиш йўли билан тузиш, бу шартномаларнинг моҳиятига зид бўлар эди.

Агар ашёнинг мулкдори ёки мулкий ҳуқуқ эгаси шартноманинг битта томони бўлса, унда бошқа томони - ким ошди савдоси ғолибидир. Ким ошди савдосининг ғолиби билан шартнома тузиш ашёнинг мулкдори ёки мулкий ҳуқуқ эгаларининг манфаатларига энг кўп даражада жавоб беради.


2. Ашёнинг мулкдори ёки мулкий ҳуқуқ эгасининг ўзи ким ошди савдосини ташкил қилиши ёки уни ихтисослашган ташкилотга топшириши мумкин. Ихтисослашган ташкилот тижорат ташкилоти бўлиб, унинг асосий фаолият тури ким ошди савдоларини ташкил қилиш бўлиши шарт. Шуни таъкидлаш лозимки, фаолиятнинг ушбу тури фаолият турлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2001 йил 12 майдаги 222-II-сонли Қарори билан тасдиқланган, лицензиялар талаб қилинадиган Фаолият турларининг Рўйхатига киритилмаган. Шу билан бирга, ихтисослашган ташкилот тури қонунда белгиланган бўлиши мумкин. Жумладан, автомототранспорт воситалари ва кўчмас мулкни, шу жумладан ер участкаси, қурилиши тугалланмаган объектлар, кўчмас мулкни узоқ муддатли ижарага олиш ҳуқуқи, ер участкасига нисбатан мулкий ҳуқуқлар, ақлий фаолият натижаларига ва индивидуаллаштириш воситаларига бўлган мулкий ҳуқуқларни сотиш бўйича суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда мулкни сотиш махсус ажратилган савдо майдончаларида биржалар томонидан амалга оширилади. (Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 56-моддаси).

Ашёнинг мулкдори ёки мулкий ҳуқуқ эгаси, ким ошди савдоси ўтказилишини ихтисослашган ташкилотга топширилиши ҳолатида, у билан топшириқ шартномаси ёки воситачилик шартномасини тузади.


3. Шарҳланаётган модда савдонинг иккита шаклини -аукцион ва танловни назарда тутади. Аукционда сотилаётган мол-мулк учун энг юқори баҳони таклиф этган шахс ғолиб чиққан деб эътироф этилади. Танловда эса ашё ёки мулкий ҳуқуқни сотиб олишнинг энг яхши шартларини таклиф қилган шахс ғолиб деб тан олинади. Масалан, давлат активларини сотишда, биринчи навбатда, янги иш жойларини ташкил қилишни, хусусийлаштириладиган корхоналарнинг самарали фойда келтирувчи фаолиятини, улардаги ишлаб чиқариш ҳажмларининг ўсишини таъминлайдиган шартлар белгиланади. Қонунчиликда, шунингек, “танлов” тушунчасига ўхшаш бўлган “тендер” тушунчаси ҳам қўлланилади.

Ким ошди савдосини ўтказиш йўли билан шартнома тузиш масаласи ашёнинг мулкдори ёки мулкий ҳуқуқ эгасининг ўзи томонидан ҳал қилинади. Жумладан, давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришнинг шаклларидан бири - давлат мулкини нодавлат юридик шахсларига ва жисмоний шахсларга танлов бўйича аукционда сотиш (Ўзбекистон Республикаси “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддаси).

Масалан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 21 ноябрдаги “Тендер савдоларини ташкил қилишни такомиллаштириш бўйича чоратадбирлар тўғрисида”ги 456-сонли қарорига мувофиқ, давлат бюджети, бюджетдан ташқари мақсадли жамғармалар, ҳамда халқаро ва чет эллик молиявий институтлари томонидан, ҳукумат кафолати остида бериладиган хорижий грантлар ва кредитлар ҳисобига молиялаштириладиган битта контракт бўйича чет эллик ва мамлакатимиз хом ашёси, материаллар, бутловчи ашёлар ва асбобускуналарни 100 минг АҚШ долларига тенг миқдордан ортиқ сотиб олиш тендер асосларида амалга оширилади. Хом ашё, материаллар, бутловчи ашёлар ва асбоб-ускуналар харид қилишга йўналтириладиган давлат бюджети, давлат бюджетида жамланадиган бюджетдан ташқари мақсадли жамғармалар маблағларидан, ҳукумат кафолати остида бериладиган хорижий кредитлар ва хорижий грантлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш; ҳамда харид қилинадиган хом ашё, материаллар, бутловчи ашёлар ва асбоб-ускуналар сифатини ошириш тендерлар ўтказишнинг мақсади ҳисобланади. Товарлар, ишлар ва хизматларнинг барча турларини сотиб олишда бюджет маблағларини олувчилар кўрсатилган қоидаларга амал қилишлари керак.

Шу билан бирга, Фуқаролик кодексида ёки бошқа қонунда белгиланган бўлса, шартномалар тузилганда ким ошди савдоларини ўтказиш мажбурийдир. Хусусан, тугатилаётган юридик шахснинг молмулкини сотиш ким ошди савдоларида амалга оширилади (ФК 55-моддаси). Умумий мулк ҳуқуқида қарздорнинг улушига ундирувни қаратиш мазкур улушни ким ошди савдоларида сотиш йўли билан амалга оширилади (ФК 227-моддаси). Гаровдаги мол-мулкни сотиш ким ошди савдоларида сотиш орқали амалга ошади (ФК 281-моддаси). Табиий монополиялар субъектлари, нархлари (тарифлари)ни ёки уларнинг сўнгги даражаларини тасдиқлашда ҳисобга олинадиган танлов асосида асосий воситалар сотилишини амалга оширишга мажбурлар (Ўзбекистон Республикаси “Табиий монополиялар тўғрисида”ги Қонуннинг 15-моддаси).


4. Умумий қоидага кўра, ким ошди савдосининг шакли (аукцион ёки танлов) сотиладиган ашёнинг мулкдори ёки сотиладиган мулкий ҳуқуқнинг эгаси томонидан белгиланади. Агар қонунда ким ошди савдосининг шакли бевосита белгиланган бўлса, улар худди шу шаклда ўтказилади. Масалан, маҳсулот тақсимотига оид битим бўйича ишларни бажаришнинг асосий шартларидан бири, келишув бўйича ишларни юритиш учун техника, асбобускуналар ва технологияларни фақат танлов асосида сотиб олишдир (техника ва асбобускуналарни тезкор сотиб олишни талаб қилувчи техноген фалокатлар ва форсмажор вазиятлар бундан мустасно). (Ўзбекистон Республикаси “Маҳсулот тақсимотига оид битимлар тўғрисида”ги Қонуннинг 12-моддаси). Устав жамғармасида давлат улуши эллик фоиздан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятларида аудиторлик текширувларини ўтказиш учун аудиторлик ташкилотини танлаш танлов асосида амалга оширилади (Ўзбекистон Республикаси “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 111-моддаси). Шундай қилиб, кўрсатилган ҳолларда ким ошди савдосининг шакли - танлов қонунлар билан белгиланган.


5. Ким ошди савдоларининг маъносидан келиб чиққан ҳолда, агар уларда фақат битта иштирокчи қатнашганда ўтказилмаган ҳисобланади. Бундай ҳолларда одатда такрорий ким ошди савдоси, бошланғич сотиш нархини камайтириш ёки ким ошди савдоси бошқа шартларини ўзгартириш йўли билан ўтказилади. Жумладан, Масалан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг. 2009 йил 29 январда 27-сонли Қарори билан тасдиқланган “Давлат активларини биржадан ташқари савдоларда, шу жумладан инвестицион мажбуриятлар билан сотиш тартиби тўғрисида”ги Низом, давлат активларини сотиш бўйича ким ошди савдоларининг ўтказилмаган деб топилган ҳолларда бир неча марта такрорий ким ошди савдоларининг ўтказилишини назарда тутади. Аукцион ёки танлов (тендер) ўтказилмаганлиги тўрт маротаба эълон қилинганидан кейин давлат активи қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа усуллар билан сотилади.


6. ФКнинг кейинги 380 ва 381-моддалари ким ошди савдоларини ташкил қилиш ва ўтказиш масалаларини тартибга солади, ҳамда савдоларни ўтказиш қоидаларининг бузилиш оқибатларини белгилайди. Ушбу моддаларнинг қоидалари, суд қарорини бажариш тартибида ўтказиладиган ким ошди савдоларига нисбатан ҳам қўлланилади, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 31 августдаги ПҚ-458-сонли Қарори билан “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда автомототранспорт воситалари ва кўчмас мулкни сотиш тартиби тўғрида”ги Низом тасдиқланган.



380-модда. Ким ошди савдосини ташкил

этиш ва уни ўтказиш тартиби


Аукционлар ва танловлар очиқ ва ёпиқ бўлиши мумкин. Очиқ аукционда ва очиқ танловда хоҳлаган шахс қатнашиши мумкин. Ёпиқ аукцион ва ёпиқ танловда шу мақсад учун махсус таклиф этилган шахсларгина қатнашадилар.

Агар қонунда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ташкилотчи ким ошди савдоси ўтказилиши тўғрисида камида ўттиз кун олдин хабар қилиши керак. Хабарда, ҳар қандай ҳолда ҳам, ким ошди савдосининг вақти, жойи ва шакли, ким ошди савдосига нима қўйилаётгани ва уни ўтказиш тартиби, шу жумладан ким ошди савдосида қатнашишни расмийлаштириш тўғрисидаги, шунингдек бошланғич нарх тўғрисидаги маълумотлар бўлиши керак.

Агар ким ошди савдосига фақат шартнома тузиш ҳуқуқи қўйилаётган бўлса, бўлажак ким ошди савдоси тўғрисидаги хабарда бунга бериладиган муддат кўрсатилиши керак.

Агар қонунда ёки ким ошди савдоси ўтказилиши ҳақидаги хабарда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, хабар берган очиқ ким ошди савдосининг ташкилотчиси аукцион ўтказишдан хоҳлаган вақтида, лекин у ўтказиладиган кундан камида уч кун олдин, танлов ўтказишдан эса - танлов ўтказиладиган кундан камида ўттиз кун олдин бош тортишга ҳақли.

Очиқ ким ошди савдосининг ташкилотчиси уни ўтказишдан мазкур муддатларни бузиб бош тортган ҳолларда иштирокчиларнинг кўрган ҳақиқий зарарларини тўлаши шарт.

Ёпиқ аукцион ёки ёпиқ танлов ташкилотчиси хабар юборилганидан кейин айнан қанча муддатда ким ошди савдосидан бош тортганлигидан қатьи назар, ўзи таклиф этган иштирокчиларнинг реал зарарини тўлаши шарт.

Ким ошди савдосининг қатнашчилари ким ошди савдоси ўтказилиши тўғрисидаги хабарда кўрсатилган миқдорда, муддатларда ва тартибда заклат пули тўлайдилар. Агар ким ошди савдоси ўтказилмаса, заклат қайтариб берилиши керак. Заклат ким ошди савдосида қатнашган, лекин унда ғолиб чиқмаган шахсларга ҳам қайтариб берилади.

Ким ошди савдосида ғолиб чиққан шахс билан шартнома тузишда у тўлаган заклат суммаси тузилган шартнома бўйича мажбуриятларни бажаришда ҳисобга олинади.

Ким ошди савдосида ғолиб чиққан шахс ва ким ошди савдосининг ташкилотчиси аукцион ёки танлов ўтказилган куни ким ошди савдосининг натижалари тўғрисида баённома имзолайдилар, бу баённома шартнома кучига эга бўлади. Ким ошди савдосида ғолиб чиққан шахс баённомани имзолашдан бош тортса, тўлаган заклатидан маҳрум бўлади. Баённомани имзолашдан бош тортган ким ошди савдосининг ташкилотчиси заклатни икки ҳисса қилиб қайтариши, шунингдек ким ошди савдосида ғолиб чиққан шахсга ким ошди савдосида қатнашиш туфайли ўзига етказилган зарарнинг заклат пулидан ортиқ бўлган қисмини тўлаши шарт.

Агар ким ошди савдосига фақат шартнома тузиш ҳуқуқи қўйилган бўлса, бундай шартномани тарафлар ким ошди савдоси тамом бўлганидан ҳамда баённома расмийлаштирилганидан кейин кечи билан йигирма кунда ёки хабарда эълон қилинган бошқа муддатда имзолашлари керак. Улардан бири шартнома тузишдан бош тортган тақдирда, иккинчи тараф судга мурожаат қилиб, шартнома тузишга мажбур этишни, шунингдек уни тузишдан бош тортиш натижасида етказилган зарарни тўлашни талаб қилишга ҳақли.


1. Ким ошди савдосининг иккала тури ҳам, аукционлар ва танловлар очиқ ва ёпиқ бўлиши мумкин, ва улар қатнашчиларининг доираси билан фарқ қиладилар.

Очиқ аукционда ва очиқ танловда ҳар қандай юридик ёки жисмоний шахс, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентлари ҳам қатнашиши мумкин. Бунда ким ошди савдосининг ташкилотчиси томонидан савдо бошланишидан олдин дастлабки танлов ўтказилиши мумкин ва унинг ёрдамида ким ошди савдоларида иштирок этишга қатнашчилар сараланади. Қонун ҳужжатлари билан алоҳида шахсларнинг очиқ ким ошди савдосида қатнашиши учун чекланишлар ўрнатилиши мумкин. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 21 ноябрдаги 456-сонли Қарори билан тасдиқланган “Хом ашё, материаллар, бутловчи қисмлар ва асбобускуналарни сотиб олиш бўйича тендер савдоларини ўтказиш тўғрисида”ги Низомга мувофиқ, тендерда қатнашишга қуйидаги ташкилотларга рухсат берилмайди. Хусусан: илгари тузилган контрактлар бўйича қабул қилинган мажбуриятларни талаб даражасида бажармаган; буюртмачи билан низо суд ёки ҳакамлик муҳокамасида кўриб чиқилаётган; тижорат ва молия кўрсаткичлари бўйича тендер комиссиясининг талабларига жавоб бермайдиган ташкилотлар. Ёхуд, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 31 августдаги ПҚ-458-сонли Қарори билан тасдиқланган “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда автомототранспорт воситалари ва кўчмас мулкни сотиш тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ, автомототранспорт воситалари ва кўчмас мулкни сотиш бўйича очиқ аукционларда ҳуқуқни ҳимоя қилиш ва баъзи бир бошқа давлат идоралар ходимларининг, шу жумладан, суд ижрочилари, ҳамда сотиладиган мулкнинг кўздан кечириш ва баҳоланишини амалга оширувчи мутахассисларнинг иштирок этиши ман этилган.


2. Ёпиқ савдоларни ўтказишда ашёнинг эгаси ёки мулкий ҳуқуқнинг эгаси унинг талабларига мос келувчи шахслар доирасини олдиндан белгилайди ва фақат уларга савдода иштирок этиш учун таклифномалар юборади. Савдонинг бундай тури, жумладан, агар техник мураккаб товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчиларнинг (ижрочиларнинг) чекланган сони томонидан ишлаб чиқарилган ҳолларда ўтказилади.

Умумий қоидага кўра, ташкилотчи ким ошди савдоси ўтказилиши тўғрисида камида ўттиз кун олдин хабар қилиши керак. Алоҳида ҳолларда қонун ҳужжатлари хабарнома юборишларининг бошқа муддатларини назарда тутади. Масалан, автомототранспорт воситалари ва кўчмас мулк аукционга қайта қўйилганда, уни ўтказиш шартларини ўзгартирмасдан, аукционнинг ўтказилиши ҳақидаги хабарнома унинг ўтказилишидан камида 15 кун олдин юборилиши шарт (“Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда автомототранспорт воситалари ва кўчмас мулкни сотиш тартиби тўғрисида”ги Низом 17-банди).

Очиқ ким ошди савдоларини ўтказишда улар тўғридаги ахборот даврий нашрларда босиб чиқарилади. Жумладан, давлат активларини сотиш бўйича аукцион ва танлов (тендер)ни ўтказиш тўғридаги хабарнома Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида тарқатиш учун мўлжалланган камида иккита даврий нашрларда чоп этилади, 2000 дан ортиқ тираж билан ва Интернет тармоғида ким ошди савдоси ташкилотчисининг вебсайтида.

Ёпиқ ким ошди савдоларида улар тўғридаги эълон оммавий ахборот воситаларида чоп этилмайди, балки муайян даъвогарлар манзилига таклифномалар тарқатилади.


3. Шарҳланаётган модда хабарнома ўз ичига олиши керак бўлган маълумотларнинг мажбурий рўйхатини белгилайди. Бу маълумотларга ким ошди савдоларининг вақти, жойи ва шакли (аукцион ёки танлов), уларнинг мазмуни ва ўтказилиш тартибини, шунингдек, ким ошди савдоларида иштирок этишни расмийлаштириш ҳақида (масалан, белгиланган намунадаги буюртмани тегишли муддатларда бериш, заклатнинг миқдори, муддати ва киритиш тартиби, уни киритиш учун банк реквизитлари), ҳамда бошланғич нархи тўғридаги маълумотлар киради. Хабарномада кўрсатилиши лозим бўлган ҳолат - шартномани тузиш учун тақдим қилинадиган муддат, агар савдонинг мақсади фақат шартнома тузиш бўлган бўлса. Ушбу маълумотларга қўшимча равишда ким ошди савдоси ташкилотчиси бошқа маълумотларни ҳам хабарномада кўрсатишга ҳақлидир. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 29 январдаги 27-сонли Қарори билан тасдиқланган “Давлат активларини биржадан ташқари савдоларда, шу жумладан инвестицион мажбуриятлар билан сотиш тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ, давлат активларини сотиш бўйича очиқ аукцион ва очиқ танлов (тендер) тўғридаги хабарнома қуйидаги қўшимча маълумотларни ўз ичига олиши керак:

ким ошди савдосининг ташкилотчисининг номи ва почта манзили, унинг алоқа телефони, телефакс, электрон почта манзили;

давлат активининг жойлашган ери;

баланс ушловчининг номи (яъни балансида ёки устав жамғармасида сотиладиган давлат активи бўлган юридик шахс), фаолиятининг соҳаси;

инвестицион ва бошқа мажбуриятларининг энг кичик ҳажми (танлов учун);

танловни ўтказиш шартлари (тендер);

олдисотди шартномасини тузишнинг охирги мудати;

танлов (тендер) ҳужжатлари ҳақини тўлаш учун миқдори ва уни киритиш учун банк реквизитлари.

Ким ошди савдосининг ташкилотчиси аукцион ўтказишдан хоҳлаган вақтида, лекин у ўтказиладиган кундан камида уч кун олдин, танлов ўтказишдан эса - танлов ўтказиладиган кундан камида ўттиз кун олдин бош тортишга ҳақли. Ушбу меъёр диспозитив меъёрдир, яъни у қонунда ёки ким ошди савдоси ўтказилиши ҳақидаги хабарда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса амал қилади.

Очиқ ким ошди савдосининг ташкилотчиси уни ўтказишдан мазкур муддатларни бузиб бош тортган ҳолларда иштирокчиларга зарар етказилишини ҳисобга олиб, ташкилотчи иштирокчиларга кўрган ҳақиқий зарарларини тўлаши шарт, яъни мазкур ҳолатда қўлдан бой берган фойда қопланмайди. Бироқ, очиқ ким ошди савдосининг ташкилотчиси иштирокчиларга ҳақиқий зарарларини фақат юқорида кўрсатилган муддатларнинг бузилиши билан ким ошди савдоларини ўтказишдан бош тортган ҳолларда қоплайди.


4. Савдо қатнашчилари, мажбурият бажарилишини таъминлаш усули функциясини бажарувчи, заклатни киритадилар. Заклатни киритиш миқдори, муддатлари ва тартиби савдони ўтказиш тўғридаги хабарномада кўрсатилади. Давлат активини сотиш бўйича аукционда ва танловда (тендерда) қатнашиш учун заклат миқдори давлат активининг бошланғич нархининг камида 15 фоизини ташкил этиши керак. Молиялаштиришнинг марказлаштирилган манбалари ҳисобига хом ашё, материаллар, бутловчи қисмлар ва асбобускуналарни сотиб олиш бўйича тендер савдолари учун заклат миқдори хариднинг тўлов қийматидан 15 фоизни ташкил қилади. Агар ким ошди савдоси ўтказилмаса, ҳамда савдода қатнашган, лекин унда ғолиб чиқмаган шахсларга, заклат қайтариб берилади. Савдода ғолиб чиққан шахс билан шартнома тузишда у тўлаган заклат суммаси тузилган шартнома бўйича мажбуриятларни бажаришда ҳисобга ўтказилади.

Ким ошди савдосида ғолиб чиққан шахс ва ким ошди савдосининг ташкилотчиси савдонинг натижалари тўғрисида баённома имзолайдилар. Бу баённома шартнома кучига эга бўлади, ва демак, унга нисбатан шартнома тўғридаги барча қоидалар амал қилади. Баённомани имзолашдан бош тортишда ушбу бош тортган шахс учун солбий оқибатлар вужудга келади, шу билан бирга, баённомани имзолашдан ким бош тортишига қараб, улар турлича бўлиши мумкин. Агар савдода ғолиб чиққан шахс баённомани имзолашдан бош тортса, у тўлаган заклатидан маҳрум бўлади. Баённомани имзолашдан бош тортган савдо ташкилотчиси эса заклатни икки ҳисса қилиб қайтаради. Бундан ташқари, ташкилотчи савдода ғолиб чиққан шахсга савдода қатнашиш туфайли ўзига етказилган зарарнинг заклат пулидан ортиқ бўлган қисмини тўлаши шарт.

Агар ким ошди савдосига фақат шартнома тузиш ҳуқуқи қўйилган бўлса, бундай шартномани тарафлар йигирма кунда имзолашлари керак. Агар ким ошди савдосини ўтказиш тўғридаги хабарда шартнома тузиш учун бошқа муддат кўрсатилган бўлса, унда шартнома кўрсатилган муддатдан кечиктирмасдан тузилиши лозим. Томонлардан бири шартнома тузишдан бош тортган тақдирда, иккинчи тараф судга мурожаат қилиб, шартнома тузишга мажбур этишни, шунингдек уни тузишдан бош тортиш натижасида етказилган зарарни тўлашни талаб қилишга ҳақли.



381-модда. Ким ошди савдосини ўтказиш

қоидаларини бузиш оқибатлари


Қонунда белгиланган қоидалар бузиб ўтказилган ким ошди савдоси манфаатдор шахс талаби билан суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Ким ошди савдосини ҳақиқий эмас деб топиш, ким ошди савдосида ғолиб чиққан шахс билан тузилган шартноманинг ҳақиқий эмаслигига сабабчи бўлади.


Шарҳланаётган моддада кўрсатилган қоидалар бузилишларига қуйидагилар кириши мумкин: ким ошди савдосида қатнашишга бўлган талабномани асоссиз қабул қилишни рад этиш; ким ошди савдолари ҳақида хабар бериш муддатларининг бузилиши; хабарнома мазмунига бўлган талабларнинг бузилиши; савдога қўйиладиган ашёлар ва мулкий ҳуқуқлар тўғридаги ахборотни яшириш; савдо бошланишидан олдин унинг қатнашчилари ҳақидаги маълумотларнинг тарқатилиши; махсус таклифнома олмаган шахсларнинг ёпиқ ким ошди савдоларига қўйилиши; у ёки бу шахснинг савдоларда иштирок этишини расмийлаштириш шартларининг бузилиши.

Ким ошди савдосини ҳақиқий эмас деб топиш талаби билан судга мурожаат қилиши мумкин бўлган манфаатдор шахслар бўлиб, биринчи навбатда, ким ошди савдоларининг қатнашчилари ва ташкилотчиси, шу жумладан, сотилган ашёнинг мулкдори ёки сотилган мулкий ҳуқуқ эгаси, ҳамда ким ошди савдоларида иштирок этиш рухсат берилмаган шахслар ҳисобланади. Ҳар бир муайян ҳолда бошқа шахслар ҳам, шу жумладан тегишли давлат идоралари ва фуқароларнинг ўзўзини бошқариш идоралари манфаатдор бўлиши мумкин.

Агар суд ким ошди савдоларини ҳақиқий эмас деб тан олса, ким ошди савдолари ғолиби билан тузилган шартнома ҳам ҳақиқий эмас деб тан олинади. Бу ФК 114-моддаси билан назарда тутилган битимнинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларига олиб келади.



28-БОБ. ШАРТНОМАНИ ЎЗГАРТИРИШ ВА БЕКОР ҚИЛИШ


382-модда. Шартномани ўзгартириш ва бекор қилиш асослари

383-модда. Вазият жиддий ўзгариши билан

шартномани ўзгартириш ва бекор қилиш

384-модда. Шартномани ўзгартириш ва бекор қилиш тартиби

385-модда. Шартномани ўзгартириш ва бекор қилишнинг оқибатлари



382-модда. Шартномани ўзгартириш ва бекор қилиш асослари


Агар ушбу Кодексда, бошқа қонунларда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, шартнома тарафларнинг келишувига мувофиқ ўзгартирилиши ва бекор қилиниши мумкин.

Тарафлардан бирининг талаби билан шартнома суд томонидан фақат қуйидаги ҳолларда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин:

1) иккинчи тараф шартномани жиддий равишда бузса;

2) ушбу Кодекс, бошқа қонунлар ва шартномада назарда тутилган ўзга ҳолларда.

Тарафлардан бирининг шартномани бузиши иккинчи тарафга у шартнома тузишда умид қилишга ҳақли бўлган нарсадан кўп даражада маҳрум бўладиган қилиб зарар етказиши шартномани жиддий бузиш ҳисобланади.

Бир тараф шартномани бажаришдан тўла ёки қисман бош тортиб, қонун ёҳуд тарафларнинг келишувида бунга йўл қўйилса, шартнома тегишлича бекор қилинган ёки ўзгартирилган ҳисобланади.


Шартнома ўзгартириш деб, унинг шартларига ўзгартиришлар, қўшимчалар ва тузатишлар киритиш ҳисобланади. Бекор қилиш - муддатидан олдин, яъни шартнома амал қилишининг белгиланган муддатдан олдин тугашидир.

Мазкур модда шартномавий муносабатларнинг барқарорлигини таъминлашга қаратилган ва шартнома ўзгартириш ва бекор қилишнинг қуйидаги асосларини ўрнатади.


1. Томонларнинг келишуви бўйича. Умумий қоида бўйича шартномани ўзгартириш ва бекор қилиш томонларнинг келишуви билан амалга оширилиши мумкин. Бундай келишув - худди шартнома сингари, чунки фуқаролик ҳуқуқлар ва мажбуриятларни ўзгартириш ёки бекор қилишга йўналган бўлиб, шунга мувофиқ равишда, унга нисбатан шартнома тўғрисидаги барча талаблар жорий этилади (ФКнинг 353-моддасига бўлган шарҳларга қаранг). Шунинг учун, шартнома бундай тарзда ўзгартирилиши ва бекор қилиниши юқори даражада томонларнинг манфаатларига жавоб беради. Бироқ, қонун ёки шартноманинг ўзи билан ушбу усулнинг қўлланилиши чекланган бўлиши мумкин. Масалан, ФК 362-моддасига мувофиқ, учинчи шахс томонидан қарздорга шартнома бўйича ўзининг учинчи шахс фойдасига бўлган ҳуқуқдан фойдаланиши истаги ҳақида хабар берган пайтдан бошлаб, учинчи шахснинг розилигисиз томонлар ўзлари томондан тузилган шартномани бекор қилишлари ёки ўзгартиришлари мумкин эмас.

Фуқаролик ҳуқуқларини амалга ошириш жараёни бошқа шахсларнинг қонун билан ҳимояланадиган ҳуқуқлари ва манфаатларини бузиши мумкин эмаслигини ҳисобга олган ҳолда, шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисидаги келишув, учинчи шахснинг даъвоси бўйича, агар у унинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузса, ёҳуд қонунга зид бўлса, суд томонидан ҳақиқий эмас деб тан олиниши мумкин.


2. Томонлардан бирининг талабига кўра суд тартибида. Шартноманинг бундай тарзда ўзгартириш ва бекор қилиш, фақат бошқа томоннинг шартномани жиддий равишда бузган ҳолларда ва қонун ёки шартномада назарда тутилган бошқа ҳолларда амалга оширилиши мумкин.

Шартномани жиддий равишда бузиш тушунчаси иқтисодий мезонни қўллашга, яъни ҳам ҳақиқий зарар, ҳам қўлдан бой берилган фойда шаклида бўлиши мумкин бўлган зарарнинг вужудга келишига асосланган. Шартномани жиддий равишда бузишнинг белгиси бўлиб, шунингдек, фақат муайян вазиятдан келиб чиққан ҳолда аниқланиши мумкин бўлган, зарарнинг ҳажми, даражаси ҳам ҳисобланади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, шартнома бузилишининг жиддийлиги суд томонидан аниқланади. Шу билан бирга, шартноманинг бузилиши жиддий деб эътироф этилиши муайян оқибатларга сабаб бўлиши мумкин. Жумладан, ФК 455-моддаси бундай вазиятларга, тегишли даражада сифатли бўлмаган, сотиб олувчи учун мақбул муддатда бартараф қилиб бўлмайдиган камчиликларга эга бўлган товарларни етказиб бериш; товарларни етказиб бериш муддатларини бир неча бор бузиш; сотиб олувчининг товарлар ҳақини тўлаш муддатларини бир неча бор бузиши; товарларни бир неча бор олиб кетмаслик ҳолатларни киритади.

ФК бир қатор моддаларида шартномани томонлардан биринининг талабига кўра ўзгартириш ва бекор қилиш имконияти бўлган ҳолатлар назарда тутилади. Масалан, томонлар шартномани тузишда асос қилиб олган вазиятларнинг жиддий ўзгариши, унинг ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши учун асос бўлиб ҳисобланади, агар шартномада бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса ёки унинг моҳиятидан ўзгача ҳолат келиб чиқмаган бўлса (383-модда). Чакана олдисотди шартномаси бўйича тегишли сифатга эга бўлмаган товар сотилганда харидор, агар шартномани тузишда унинг камчиликлари ҳақида олдиндан келишилмаган бўлса, ўз танловига кўра харид нархини мувофиқ тарзда камайтириш ёки келтирилган зарарларни қоплаган ҳолда шартномани бекор қилишни талаб қилишга ҳақлидир (434-моддаси). Контрактация шартномасига биноан, агар маҳсулот ишлаб чиқарувчининг ўз мажбуриятларини бажармаганлиги оқибатида, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари контрактация шартномасида назарда тутилган миқдорда ва ассортиментда етказиб бериш имконияти йўқлиги ҳақида олдиндан маълум бўлиб қолса, тайёрловчи шартномани бекор қилиш ёки ўзгартириш ва зарарларни қопланишини талаб қилишга ҳақлидир (466-моддаси). Ижарага берувчи томонидан капитал (тубдан) таъмирлашни амалга ошириш бўйича мажбуриятларнинг бузилиши, ижарачига ўз танлови бўйича ижара ҳақини тегишли равишда камайтириш ёки шартномани муддатидан олдин бекор қилишни ва зарарларни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқини беради (547-моддаси). Уйжой биносининг ижараси тўғрисидаги шартнома, шартнома томонларидан бирининг талабига биноан, агар бино доимий яшаш учун яроқсиз ҳолатга келиши, ҳамда унинг ҳалокатли (авария) ҳолатида бўлган ҳолларида суд тартибида бекор қилиниши мумкин (615-моддаси).

Шартномада томонлар, қандай ҳолларда ва қайси асосларга кўра томонлардан бири шартномани ўзгартириш ёки бекор қилишни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлишини назарда тутишлари лозим.


3. Шартномани ижро этишни бир томонлама рад қилиш. Бундай рад қилишга, фақат қонун ёки томонларнинг келишуви бўйича рухсат этилган бўлса, йўл қўйилади.

Масалан, ФК 455-моддасига мувофиқ маҳсулот етказиб бериш шартномасини ижро этишни бир томонлама рад қилиш, томонлардан бирининг шартномани жиддий бузган ҳолларда, рухсат берилади. ФК 476-моддасига мувофиқ электр таъминоти бўйича шартномага кўра, маиший истеъмол учун электр қувватидан фойдаланадиган абонентфуқаро, электр қуввати билан таъминловчи ташкилотни хабардор қилиш ва фойдаланилган қувват учун ҳақ тўлаш шарти билан, шартномани бир томонлама бекор қилишга ҳақлидир. ФК 731-моддасига мувофиқ, мижоз ёки экспедитор транспорт экспедицияси шартномасини, бошқа томонни ўн кун олдин огоҳлантирган ҳолда, бажаришдан воз кечишга ҳақлидир.

Шартномани бажаришдан бош тортиш тўлиқ ёки қисман бўлиши мумкин. Шартномани бажаришдан тўлиқ бош тортиш - шартномани бекор қилиш ҳисобланади, қисман бош тортиш эса - шартномани ўзгартириш ҳисобланади. Шартноманинг баъзи бир турлари, аслини олганда, қисман бажаришдан бир томонлама бош тортишга йўл қўймайди. Масалан, банк ҳисобварағи шартномаси бўйича мижоз уни бир томонлама тартибда бажаришдан қисман эмас, балки фақат тўлиқ бош тортиши мумкин (ФК 788-моддаси).

Қонун ёки шартномага мувофиқ амалга оширилган шартномани бажаришдан бир томонлама бош тортишда, судга шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш даъвоси билан мурожаат қилиш талаб этилмайди.



383-модда. Вазият жиддий ўзгариши муносабати

билан шартномани ўзгартириш ва бекор қилиш


Шартнома тузишда тарафлар учун асос бўлган вазиятнинг жиддий ўзгариши, агар бошқача тартиб шартномада назарда тутилган бўлмаса ёки унинг моҳиятидан англашилмаса, шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади.

Вазиятнинг тарафлар олдиндан кўра билганларида шартномани умуман тузмасликлари ёки анча фарқ қиладиган шартлар билан тузишлари мумкин бўлган даражада ўзгариши унинг жиддий ўзгариши ҳисобланади.

Агар тарафлар шартномани жиддий ўзгарган вазиятга мувофиқлаштириш ёки уни бекор қилиш ҳақида келиша олмаган бўлсалар, шартнома манфаатдор тарафнинг талаби билан суд томонидан бекор қилиниши, ушбу модданинг бешинчи қисмида назарда тутилган асосларга кўра эса - ўзгартирилиши мумкин, агар айни вақтда қуйидаги шартлар мавжуд бўлса:

1) шартномани тузиш пайтида тарафлар вазиятда бундай ўзгариш юз бермайди, деб ҳисоблаган бўлсалар;

2) вазиятнинг ўзгаришини келтириб чиқарган сабабларни, улар пайдо бўлганидан кейин манфаатдор тараф шартноманинг хусусиятига ва муомала шартларига кўра ўзидан талаб қилинадиган даражада виждонийлик ва эҳтиёткорлик қилган бўлишига қарамай, бу сабабларни енга олмаган бўлса;

3) шартномани унинг шартларини ўзгартирмасдан бажариш тарафлар мулкий манфаатларининг шартномага мос келадиган нисбатини бузса ва манфаатдор тарафга зарар етказса, натижада улар шартнома тузишда умид қилишга ҳақли бўлган нарсадан кўп даражада маҳрум бўлсалар;

4) иш муомаласи одатларидан ёки шартноманинг моҳиятидан вазиятнинг ўзгариши хавфига манфаатдор тараф учраши кераклиги англашилмаса.

Вазиятнинг жиддий ўзгариши оқибатида шартнома бекор қилинганида суд ҳар қандай тараф талаби билан шартномани бекор қилиш оқибатларини аниқлашда тарафларнинг ушбу шартномани бажариш билан боғлиқ харажатларини улар ўртасида адолатли тақсимлаш зарурлигига асосланади.

Вазиятнинг жиддий ўзгариши муносабати билан шартноманинг ўзгартирилишига шартномани бекор қилиш ижтимоий манфаатларга зид бўлган ёки тарафларга шартномани суд томонидан ўзгартирилган шартлар асосида бажариш учун талаб қилинадиган харажатлардан анча ортиқ зарар келтирадиган фавқулодда ҳолларда суд қарори билан йўл қўйилади.


1. Фуқаролар (жисмоний шахслар) ва юридик шахслар ўз фуқаролик ҳуқуқларига ўз эркларига мувофиқ эга бўладилар ва бу ҳуқуқларини ўз манфаатларини кўзлаб амалга оширадилар. Бу - фуқаролик қонунчилигининг асосий негизларидан биридир (ФКнинг 1-моддаси).

Шартнома тузишда тарафлар учун асос бўлган вазиятнинг жиддий ўзгариши, битта ёки барча томонлар манфаатларининг бузилишига олиб келади, чунки шартнома мажбуриятларининг бажарилиши иқтисодий жиҳатдан қийин бўлади. Шундан келиб чиққан ҳолда, шарҳланаётган модда умумий қоидани ўрнатади, унга кўра белгиланган вазиятларнинг жиддий ўзгариши шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади.


2. Вазиятлар жиддий ўзгаришининг бир қатор белгиларини ажратиш мумкин. Бу вазиятлар тарафларнинг назоратидан четда бўлиши даркор ва агар томонлар бу ўзгариш тўғрисида олдиндан билганларида (шартномани тузиш пайтида), шартнома умуман тузилмаган бўлар эди ёки сезиларли равишда фарқ қилувчи бошқа шартларда тузилган бўлар деб фарқ қилинади. Масалан, агар томонлар лизинг олувчи учун транспорт воситасини чет элда сотиб олинишини назарда тутувчи лизинг шартномасини тузиш пайтида, транспорт воситасини сотиб олиш вақтида унинг нархи икки баравар ошишини билганларида, улар лизинг шартномасини тузмаган бўлар эдилар ёки уни бошқа шартлар билан тузган бўлар эдилар. Ушбу ҳолда, лизинг берувчи томонидан транспорт воситасини чет элда сотиб олиниши лизинг олувчининг манфаатлари бузган бўлар эди, чунки лизинг тўловлари кескин ошган бўлар эди. Зарур шарт бўлиб, вазиятнинг жиддий ўзгаришини томонлар олдиндан билмасдан оқилона ҳаракат қилишлари, ўз манфаатларининг йўлида ўзидан талаб қилинадиган даражада эҳтиёткорлик ва жонкуярлик қилишлари ҳисобланади. Бу ҳолда томонларнинг инсофлилиги ва оқилоналиги назарда тутилади (ФКнинг 9-моддаси).

Шуни ҳисобга олиш лозимки, юқорида кўрсатилган ҳолатлар диспозитив меъёрлардир, яъни шартномада вазиятнинг жиддий ўзгариши туфайли унинг ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин эмаслиги назарда тутилади ёки унинг моҳиятидан келиб чиқиши мумкин.


3. Жиддий ўзгарган вазиятга боғлиқ равишда шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш учун, аввало томонларнинг ўзи жиддий ўзгарган вазиятга шартномани мувофиқлаштириш ёки уни бекор қилиш ҳақида келишувга эришиш бўйича чораларни кўришлари зарур. Агар тарафлар бу ҳақида келиша олмаган бўлсалар, шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш масаласи суд томонидан ҳал қилинади.

Шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлиб, қуйидаги тўртта шартларнинг бир вақтнинг ўзида мавжуд бўлиши хизмат қилади (яъни уларнинг ҳеч бўлмаса биттаси бўлмаса, шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш имконини йўқ қилади)

1) Шартномани тузиш пайтида тарафлар вазиятда бундай ўзгариш юз бермайди, деган фикрга асосланганликларини шубҳасиз аниқлаш лозим. Бунинг учун кўпгина ҳолларда, тарафлар вазиятларнинг жиддий ўзгариши бўлмайди, деб ўйлаб, аниқ нимага асосланганларини таҳлил қилиш талаб қилинади.

2) Вазиятнинг жиддий ўзгаришини келтириб чиқарган сабабларни, улар пайдо бўлганидан кейин манфаатдор тараф шартноманинг хусусиятига ва муомала шартларига кўра ўзидан талаб қилинадиган даражада инсофлилик ва эҳтиёткорлик қилган бўлишига қарамай, бу сабабларни енга олмаслигини, бартараф эта олмаслигини аниқлаш зарур. Бунда шартнома хусусияти ва муомала шартлари ҳисобга олинади.

3) Шуни таъкидлаш керакки, шартномани унинг шартларини ўзгартирмасдан бажариш тарафлар мулкий манфаатларининг шартномага мос келадиган нисбатини бузса ва манфаатдор тарафга зарар етказса, натижада улар шартнома тузишда умид қилишга ҳақли бўлган нарсадан кўп даражада маҳрум бўладилар. Масалан, бир неча йил давомида ижара ҳақи миқдорини ўзгартирмасдан сақлаш, нархлар миқёсининг ўзгариши туфайли, ижарага берувчининг мулкий манфаатларини бузади.

4) Иш муомаласи одатларидан ёки шартноманинг моҳиятидан, шартномани тузишда томонлар асосланган вазиятнинг жиддий ўзгаришидан келиб чиқадиган мулкий йўқотишлари хавфига судга мурожаат қилган манфаатдор тараф учрашиши таваккал қилиш бурчидан келиб чиқмаслиги шарт. Масалан, умумий қоидага кўра, материаллар тасодифий нобуд бўлиш ёки тасодифий шикастланиш хавфи, пудрадчи томонидан пудрат шартномасига асосан ишларни топшириш муддати бошланмагунича, материалларни етказган тараф зиммасида бўлади, бу муддат ўтгандан кейин эса - бу муддатни кечиктирган тараф (ФКнинг 633-моддаси) зиммасига юкланади.

Суд томонидан вазиятнинг жиддий ўзгариши муносабати билан масалани кўриб чиқишда, одатда, шартноманинг бекор бўлишига йўл қўйилади. Суд томонидан шартноманинг ўзгартирилиши фавқулотда ҳолатларда бўлиши мумкин, яъни, шартноманинг бекор қилиниши ижтимоий манфаатларга зид бўлган, ёки тарафларга ўзгартирилган шартларда шартноманинг бажарилиши учун зарур бўлган харажатлардан сезиларли ошадиган зарарни келтирган ҳолларда.

Шарҳланаётган модда бўйича шартномани бекор қилишда фақат бир тараф зиммасига зарарларини қоплаш юклатилиши назарда тутилмайди. Суд фақат шартномани бажариш билан боғлиқ харажатларини улар ўртасида адолатли тақсимлаш ҳақидаги масалаларни ҳал қилади.



384-модда. Шартномани ўзгартириш ва бекор қилиш тартиби


Шартнома қандай шаклда тузилган бўлса, уни ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисидаги келишув ҳам шундай шаклда тузилади, башарти қонун ҳужжатларидан, шартнома ёки иш муомаласи одатларидан бошқача тартиб келиб чиқмаса.

Бир тараф шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги таклифга иккинчи тарафдан рад жавоби олганидан кейингина ёки таклифда кўрсатилган ёхуд қонунда ёинки шартномада белгиланган муддатда, бундай муддат бўлмаганида эса - ўттиз кунлик муддатда жавоб олмаганидан кейин, шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги талабни судга тақдим этиши мумкин.


1. Шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги келишув ҳам бирламчи шартнома билан узвий боғланган шартнома ҳисобланади (ФКнинг 382-моддага бўлган шарҳларга қаранг). Шунга боғлиқ равишда қонун, шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги келишувни бирламчи шартнома тузилган шаклда тузилишини талаб қилади. Шу билан бирга, бу - диспозитив меъёрдир, яъни у қонун ҳужжатлари, шартнома ёки ишга муомаласи одатларидан бошқача қоида келиб чиқмаса, қўлланилади.

Масалан, ФКнинг 837-моддасига мувофиқ, агар воситачи ёзма шаклда тузилган воситачилик шартномаси бўйича, муайян вазиятдан келиб чиққан ҳолда, комитент манфаатларида шартнома шартларидан четга чиқишга мажбур бўлса ва бунда воситачи комитентга талабни олдиндан юбора олмаганда ёки оқилона муддат ичида ўзининг талабига жавоб олмаганда, унда шартнома шартларининг бундай ўзгариши ёзма шаклни талаб қилмайди. Бу ҳолда, хабарномани юбориш имконияти туғилган пайтдан бошлаб, комиссионер томонидан шартнома шартларидан йўлга қўйилган четга чиқишлар ҳақида хабарнома юбориш етарлидир.


2. Шарҳланаётган модда шартноманинг суд тартибида ўзгартирилиши ёки бекор қилинишининг жуда муҳим тартибини белгилайди. Судга мурожаат қилишдан олдин тарафлар шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақида келишувга эришишлари бўйича чоралар кўриш даркор. Бунинг учун, шартномани ўзгартириш ёки бекор қилишда манфаатдор бўлган тараф шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш таклифи билан бошқа тарафга мурожаат қилиши керак. Бунда таклифни кўриб чиқиш муддати таклифнинг ўзида ёки қонун ёки шартномада кўрсатилган бўлиши лозим. Белгиланган муддатда жавоб олмаслик, бундай муддат бўлмаганида эса - ўттиз кунлик муддатда жавоб олмаганидан кейин, ёки таклифга рад жавоби олинганидан кейин шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги талабни судга тақдим этиши мумкин.



385-модда. Шартномани ўзгартириш

ва бекор қилишнинг оқибатлари


Шартнома ўзгартирилганида тарафларнинг мажбуриятлари ўзгартирилган ҳолда сақланиб қолади.

Шартнома бекор қилинганида тарафларнинг мажбуриятлари бекор бўлади.

Шартнома ўзгартирилган ёки бекор қилинган тақдирда, агар келишувдан ёки шартномани ўзгартириш хусусиятидан бошқача тартиб англашилмаса, тарафлар шартномани ўзгартириш ёки бекор қилишга келишган пайтдан бошлаб, шартнома суд тартибида ўзгартирилган ёки бекор қилинганида эса - суднинг шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги қарори қонуний кучга кирган пайтдан бошлаб мажбуриятлар ўзгартирилган ёки бекор қилинган ҳисобланади.

Агар қонунда ёки тарафларнинг келишувида бошқача тартиб белгилаб қўйилган бўлмаса, тарафлар шартнома ўзгартирилгунча ёки бекор қилингунча мажбурият бўйича ўзлари бажарган нарсаларни қайтариб беришни талаб қилишга ҳақли эмаслар.

Агар шартномани ўзгартириш ёки бекор қилишга тарафлардан бирининг шартномани жиддий бузиши асос бўлган бўлса, иккинчи тараф шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш туфайли етказилган зарарни тўлашни талаб қилишга ҳақли.


1. Шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳолатлари бўйича, шарҳланаётган модда улар учун турли оқибатларни белгилайди. Агар шартномани ўзгартиришда ундан келиб чиқадиган мажбурият амал қилишни ўзгартирилган кўринишда давом этса, унда шартномани бекор қилишда тарафларнинг мажбуриятлари тўлиқ бекор бўлади.

Шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш асосларига қараб, шартноманинг ўзгартириш ёки бекор қилиш оқибатлари бошланишининг турли муддатлари белгиланган.

Масалан, умумий қоидага кўра, тарафларнинг келишуви мавжудлигида (ФК 382-модданинг биринчи қисми), бундай келишув тузилгандан пайтдан бошлаб мажбуриятлар ўзгартирилган ёки бекор қилинган ҳисобланади. Шу билан бирга, томонлар келишувида, келишув тузилган пайтдан эмас, балки аниқ вақт ўтгандан кейин (масалан, 30 кундан кейин) шартнома ўзгартирилгани ёки бекор қилингани назарда тутилиши мумкин. Бунда шартнома мажбуриятлари ҳам ўзгартирилган деб ҳисобланиши мумкин эмас, агар ўзгартиришлар хусусиятидан бундай мазмун бевосита келиб чиқмаса. Масалан, бир йилдан кам бўлмаган муддатга тузилган бино ва иншоотлар ижара шартномасига киритилган ўзгаришлари, шартномани ўзгартириш тўғридаги келишувни тузиш пайтидан қатъийй назар, шу ўзгартиришларни давлат рўйхатидан ўтказиш пайтидан бошлаб кучга киради.


2. Шартнома суд қарори билан ўзгартирилганда ёки бекор қилинганда (ФК 382-моддаси иккинчи қисми), суд қарори кучга кирган пайтидан бошлаб, шартнома мажбуриятлари ўзгартирилган ёки бекор қилинган деб ҳисобланади.

Шарҳланаётган модда шартномани бажаришдан бир томонлама бош тортишда шартнома мажбуриятларини ўзгартириш ёки бекор қилинишининг кучга кириш муддатини белгиламайди. Шу билан бирга, ФК 382-моддаси тўртинчи қисмига мувофиқ, шартномани тўлиқ ёки қисман бажаришдан бир томонлама бош тортиш ҳолларида, қачонки бундай бош тортиш қонун ёки томонларнинг келишуви билан йўл қўйилганда, шартнома тегишли равишда ўзгартирилган ёки бекор қилинган деб ҳисобланади. Шундан келиб чиққан ҳолда, ҳамда шарҳланаётган модданинг биринчи ва иккинчи қисми қоидаларига мувофиқ, шартномани бажаришдан бир томонлама бош тортиш, шунингдек, шартнома мажбуриятларини ўзгартириш ёки бекор қилинишининг кучга кириш пайти, биринчи навбатда, бундай бош тортишга йўл қўядиган қонун ёки томонларнинг келишуви билан белгиланади. Агар шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш қонун ёки томонларнинг келишуви билан ёки иш муомаласи одатлари билан белгиланган бўлмаса, унда шартномани бажаришдан бир томонлама бош тортиш пайти шартномани бажаришдан бир томонлама бош тортадиган тараф томонидан белгиланади. Одатда, бундай муддат мақсадга мувофиқ, оқилона бўлиши талаб этилади.


3. Қоидага кўра, шартнома ўзгартирилган ёки бекор қилингандан кейин томонлар улар томонидан мажбурият бўйича бажарилганни қайтариб беришни талаб қилишга ҳақли эмаслар. Лекин қонун ёки томонлар келишуви билан бу қоидадан четга чиқиш мумкин. Хусусан, “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 18-моддасига мувофиқ, истеъмолчи мақбул сифатли ноозиқ-овқат товарини харид қилган кунидан эътиборан ўн кун ичида ушбу товар сотиб олинган жойдаги сотувчидан уни айни шундай товарга алмаштириб олишга, бундай товар сотувда бўлмаса, пулини қайтариб олишга ҳақли. Ёхуд, ФК 413-моддасига кўра, агар сотувчи оқилона муддатда сотиб олувчининг товарни бутлаш тўғрисидаги талабини бажармаса, сотиб олувчи ўз ихтиёрига кўра олди-сотди шартномасини бажаришдан бош тортишга ва товар учун тўланган пул суммасини қайтариб беришни талаб қилишга ҳақли.

Тарафлардан бирининг шартномани жиддий равишда бузиши натижасида (ФКнинг 382-моддаси шарҳига қаранг), иккинчи тараф, одатда, шартномани ўзгартириш ёки бекор қилинишини талаб қилишга мажбур, натижада у зарар кўради, шунингдек, фойдани қўлдан бой беради. Бундай ҳолларда, зарар келтирилган томон шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиниши билан бир вақтда зарарлар қопланишини талаб қилишга ҳақлидир.




1) Рахманкулов Х.Р. Юридик шахс тушунчаси ҳақида // Хўжалик ва ҳуқуқ.Тошкент 2003. -N 6. - 62-65 б.

2) Тижоратчи бўлган ташкилотларининг моҳиятини белгилашнинг ва ташкилий-ҳуқуқий шаклларини таърифлашнинг бундай асослари илмий жамоатчилик ўртасида турлича кутиб олиниши тайин, чунки давлат тижоратчи бўлган субъектларга нисбатан қатъий манфаатпарастлик мақсадларини кўзда тутмоқда, ва бу табиийки, мазкур ташкилотларнинг фаолиятида салбий акс этиши мумкин. Қонун чиқарувчи бу турдаги ташкилотларни тартибга солиш ва ҳимоя қилишнинг кодекслаштирилган хусусий меъёрларни белгилар экан, анқроғи ана шундай меъёрлар билан таъминлар экан, келгусида ўзининг ички ва ташқи функцияларини қаноатлантириш учун оммавий меъёрлар даражасида бу турдаги ташкилотлар учун фаолиятнинг алоҳида шаклларига нисбатан муайян мажбурий тўловларни ўрнатиб қўйиш ҳуқуқига эга, десак тўғрироқ бўлади.

3) Қаранг. “Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйишнинг хабардор қилиш тартиби тўғрисида” Низом, ЎзР Президентининг 2006 йил 24 майдаги ПҚ-357-сонли Қарори билан тасдиқланган. / Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 йил, 20-21-сон, 174-модда

4) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 18 матрдаги “Соғлиқни сақлаш ҳудудий муассасаларининг таркибий тузилиши ва фаоляитини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, Ўзбекистон Республикаси Қонунлари тўплами, 2008 йил, 12-13-сон, 72-б.

5) Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати Қарорларининг тўплами, 2003 йил, 8-сон, 72-б

6) Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 йил, 20-21-сон, 174-б

7) Ўзбекистон Республикаси Президентининг2008 йил 21 майдаги “ПҚ-872-сонли “Суғурта хизматлари бозорини ислоҳ қилиш ва янада ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори / Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 йил, N 20-21, 172-б.

8) “Акциядорлик жамиятларида аффилланган шахслар, уларнинг ҳисобини олиб бориш ва ахборотларни ошкор қилиш тартиби тўғрисидаги низом” Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази, Молия вазирлиги ва Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг 2002 йил 20 ноябрдаги 2002-14, 131, 7-сон қарори билан тасдиқланган, Адлия Вазирлиги томонидан 29.01.2003 йилда рўйхатга олинган. (2003 йил 29 январь, рўйхат рақами 1212 - Ўзбекистон Республикасининг Қонун ҳужжатлари Тўплами, 2003 йил, 1-2-сон)

9) Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 йил, 37-38-сон, 370-модда.

10) Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйишнинг хабардор қилиш тартиби тўғрисида Низом, ЎзР Президентининг 24.05.2006 йил даги Қарори билан тасдиқланган. / Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 йил, 20-21-сон, 174-модда

11) Фарғона вилоят Хўжалик судининг архивидан. 2004 йил 15-273/54-хўжалик иши.

12) Кутлимуратов Ф.К. Юридик шахсларни мажбурий қайта ташкил этишни тартибга солишнинг фуқаролик-ҳуқуқий муаммолари. Юридик фанлар номзоди диссертацияси - Т., 2009. 104-106 б.

13) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Ахборотномаси, 1997 йил, 2-сон, 54-б.

14) БҲМС 23-сонҚайта ташкил этилаётганда молиявий ҳисоботни шакллантириш”. Молия вазирининг 12.04.2005 йилдаги 37-сонли буйруғи билан тасдиқланган, Адлия вазирлиги томонидан 27.06.2005 йилда 1484 рақами билан рўйхатга олинган. // Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 йил, N 25-26, 187-мд. Изоҳ. Мазкур ЎММБ Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги барча хўжалик юритувчи субъектларга нисабатан, мулкчилик шакли, фаолият тури, идоравий бўйсинишидан қатъий назар амал қилади (бюджет ташкилотлари, хусусийлаштирилган инвестицияя жамғармалари, банклар ва кредит уюшмаларидан ташқари).

15) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ахборотномаси, 1996 йил, N 9, 142-мд.

16) БҲМС 19-сон. “Инвентаризацияни ташкил этиш ва ўтказиш” Молия вазирлиги томонидан 1999 йил 19 октябрда N ЭГ/17-19-2075-рақами билан тасдиқланган, Адлия вазирлиги томонидан 1999 йил 2 ноябрда 833- рақами билан рўйхатга олинган.

17) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Ахборотномаси, 1996 йил, N 5-6, 61-мд

18) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Ахборотномаси, 2002 йил, N 1, 10-мд

19) Қаранг: Комментарий к Гражданскому кодексу Российской Федерации. Часть первая (постатейный)/ А. К. Губаева [и др.]; Отв. ред. Н.Д.Егоров, А.П.Сергеев. - қайта ишланган ва тўлдирилган 3-нашри.,- М.: ТК Велби, Изд-во Проспект, 2006.

20) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 27 апрелдаги Қарори “Тадбиркорлик субъектларни ихтиёрий тугатиш ва фаолиятини тўхтатиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”. // Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 йил, 17-18-сон, 179-мд.

21) Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2003 йил, 11-сон, 81-мд.

22) Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2001 йил, 21-сон.

23) Ўзбекистон Республикасининг “Хўжалик ширкатлари тўғрисида”ги 2001 йил 6 декабрда қабул қилинган Қонунининг 1-қисми.

24) ”Хўжалик ширкатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 4-моддасида шундай кўрсатилади, гарчи умумий қоидага кўра хўжалик ширкатлари номуайян муддатга тузилса ҳам.

25) “Коммандит” ибораси италяньча “commandare” сўзидан келиб чиққан, у эса ўз навбатида лотинча deponere - ишониб сақлашга топшириш, сақлаш маъносини англатади ва коммандитчилар ва тўлиқ иштирокчиларнинг ўртасидаги муносабатлар моҳиятини ифодалайди. Қаранг: Шершеневич Г.Ф. Курс торгового права. Т.1. - СПб., - С.365-366.

Адабиётларда таъкидланганидек тарихий жиҳатдан ширкатнинг ушбу тури савдогар (тадбиркор) томонидан унга бошқа шахслар томонидан, ишониб топширилган капиталлар (мол-мулклар) келишилган махсус мақсадлар бўйича денгиз савдосида битимлар тузиш усули сифатида вужудга келган, кейинчалик профессионал тижоратчи бўлмаган шахслар (энг аввало дворянлар) томонидан тадбиркорлик даромадларини олиш учун фойдаланилган. Қаранг: - Г.Д.Берман. Западная трация права: Эпоха формирования. - М.: МГУ, 1994 й. 332-б.

26) Гарчи ЎзР ФК 70-м. унитар корхона мулкдори фақат давлат бўлишини белгилаган бўлса хам, амалда шундай бўлиб чиқди. Бироқ ФК 70-м. умумий мазмунига кўра унитар корхона мулкдори хусусий шахс бўлиши хам истесно этилмайди.

27) Рахманкулов Х. Общая характеристика ва комментарии к первой части Гражданского кодекса Республики Узбекистан (на узбекском языке). - Т.: Иктисодиет ва хукук дунеси, 1997. - С. 199.

28) Россиялик цивилистлар, жумладан И.В.Елисеев бу ҳақда ўз асарларида қайд этадилар. Жумладан, унинг фикрича федерал хазина корхоналари билан бир қаторда матлубот кооперативларининг мавжудлиги (улар хар доим фойдани олиш мақсадини кўзламайдилар) қонун чиқарувчини тижорат ва нотижорат юридик шахсларини туркумлашда изчилликка риоя қилмаган деб хисоблашга имкон беради. Қаранг: Гражданское право. М.. “ПБОЮЛ Л.В.Рожников”, 2000 й. , 173-б.

29) Матлубот кооперативининг “оралиқ бўғиндаги” ўрнини инкор этган ҳолда баъзи Россиялик олимлар матлубот кооперативини нотижорат ташкилотлари тизимидан чиқариш фикрига мойиллик билдирадилар. Қаранг: Г.А.Кудрявцева. Предпринимателькая деятельность некоммерческих организаций. Правоприменительная практика. - 2002. N 3, 57-58-бет.

30) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси. 1999.,-N 5. - 110 б.

31) Қар. Римское частное право. Дарслик / И.Б.Новицкий ва проф. И.С.Петровский таҳрири остида. М.1996. 317-б. Бу ақида мазкур дарслик бир бобининг муаллифи И.С.Розентал томонидан рим адлияси тарихида бўлиб ўтган, causa Curiana сифатида ном чиқарган ворислик жараёнини ёритиш чоғида ифодалаб берилган. Кимдир васият қолдирибь, унда: “агар мен ўғил кўрсам ва у балоғат ёшига етмай нобуд бўлса, мен Курий ворисим бўлишлигини хоҳлайман” деб ёзибди. Тақдир тақазаоси билан умуман ўғил туғилмади. Собиқ олий коҳин Квинт Муций Сцевола васиятнинг сўзма-сўз матнига биноан Курий ушбу ҳолатда ҳуқуққа эга эмас, мерос эса қонуний ворисларга берилиши шарт. Машҳур нотиқ Красе васият қилувчининг иродасига ва васият маъносига иқтибос қилиб, курийнинг ҳуқуқини ҳимоя қилади. Курий жараёнда ютиб чиқади.

32) СУ РСФСР, 1927, N 28. 248-бет






















































Время: 0.2264
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск