язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Архив фонди. Архивлар/ Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 30.10.1999 й. 482-сон Қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

1999 йил 30 октябрдаги

482-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси

Миллий архив фонди тўғрисида

НИЗОМ


1. Мазкур Низом "Архивлар иши тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ Ўзбекистон ҳудудида мавжуд бўлган барча архив ҳужжатларининг тўлиқ қамраб олинишини таъминлашга, Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фондининг яхлитлигини сақлаб қолишга ва фуқаролар, жамият ва давлатнинг ижтимоий, маданий илмий ва бошқа эҳтиёжларини қондириш мақсадида архив ҳужжатларини рўйхатдан ўтказиш, жамлаш, экспертизадан ўтказиш, ҳисобга олиш, сақлаш ҳамда улардан фойдаланишнинг ягона тартибини белгилашга қаратилгандир.

Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди - Ўзбекистон халқининг моддий ва маънавий ҳаётини акс эттирган, тарихий, илмий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва маданий аҳамиятга эга бўлган архив ҳужжатларининг тарихан таркиб топган ва доимо бойитиб бориладиган мажмуи.

Миллий архив фонди Миллий архив фондининг давлатга тегишли қисми ва давлатга тегишли бўлмаган қисмидан иборат.


МИЛЛИЙ АРХИВ ФОНДИНИНГ

ДАВЛАТГА ТЕГИШЛИ ҚИСМИ

2. Миллий архив фондининг давлатга тегишли қисмини қуйидагилар ташкил этади:

2.1. Ўзбекистон Республикаси таркибига кирувчи ҳудуддаги мавжуд ва ўзининг барча тарихи давомида мавжуд бўлган давлат юридик шахслари:

- давлат ҳокимияти ва бошқарувининг олий, республика ва маҳаллий, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқарич органлари, прокуратуралар, судлар, банкларнинг;

- саноат, транспорт, алоқа, капитал қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва халқ хўжалигининг бошқа тармоқлари, фан, халқ таълими, маданият соҳасидаги давлат корхоналари, муассасалари, ташкилотлар ва бирлашмаларнинг;

- устав капиталида давлат мулки бўлган аралаш мулкчилик шаклларидаги корхоналар, ташкилотлар ва бирлашмаларнинг;

- ватанимизнинг чет элда бўлган ва (ёки) чет элдаги давлат корхоналари, муассасалари, ташкилотлари ва бирлашмаларининг фаолиятида пайдо бўлган архив ҳужжатлари;


2.2. Касаба уюшмалари, сиёсий ташкилотлар, ижодий ва бошқа жамоат ташкилотлари, бирлашмаларнинг Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ рўйхатдан ўтгунча қадар ўз фаолиятларида пайдо бўлган ҳужжатлари, дин давлатдан ажратилгунгача бўлган даврга тегишли диний муассасаларнинг архив ҳужжатлари;


2.3. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳаракатда бўлган барча даражадаги ҳарбий қисмлар бошқармалари ва штаблари, қўшилмалар ва бирлашмалар, ўқув муассасалари, ташкилотлари, армия, чегара ва ички қўшинларнинг архив ҳужжатлари;


2.4. Қонуний асосда давлат мулкига, шу жумладан, чет эллардан келиб тушган ёки уларга берилган юридик ва жисмоний шахсларнинг архив ҳужжатлари;

2.5. Архив ҳужжатларининг асл нусхаси, шунингдек, давлат мулкига чет эллардан қонуний асосда келиб тушган архив ҳужжатлари нусхалари.


3. Миллий архив фондининг давлатга тегишли қисми таркибига қонун ҳужжатлари, бошқарув, лойиҳа, конструкторлик, махсус ҳужжатлар, шунингдек уларнинг бошқа моддий жисмлардаги ёзувлари, дастурлар, алгоритмлар ва машина - йўналтирилган (механографик) ҳужжатлар, кинофотофоно ҳужжатлар, видеофонограммалар, илмий, адабий, бадиий, мусиқий қўлёзмалар ва бошқа қўлёзмалар, расмлар, кундаликлар, хотираномалар, ёзишмалар ҳамда фуқаролар, жамият ва давлат учун аҳамиятли бўлганлиги учун сақланиши керак бўлган, кимнинг тасарруфида эканлигидан қатъи назар, давлат мулки бўлган ҳужжатларнинг бошқа тоифалари киради.

4. Давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг ҳужжатлари Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Ўзархив" агентлиги ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги архив иши бўйича ҳудудий бошқармалари, шунингдек уларга идоравий мансуб давлат архивлари томонидан Миллий архив фондининг давлатга тегишли қисми таркибига киритилади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Ўзархив" агентлиги давлат томонидан сақланиши керак бўлган ҳужжатларнинг намунавий рўйхатларини, шу жумладан, сақлаш муддатларини кўрсатган ҳолда тасдиқлайди.

5. Қуйидагилар Миллий архив фондининг давлатга тегишли қисми ҳужжатларини доимий сақлайдилар:

5.1. Ўзбекистон Республикасининг давлат архивлари тегишли йўналишдаги ҳужжатлар билан ишлаш бўйича республика илмий-услубий марказлари, жумладан: Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архиви, Ўзбекистон Республикаси илмий-техникавий ва тибиёт ҳужжатлари Марказий давлат архиви ва Ўзбекистон Республикаси кинофотофоно ҳужжатлар Марказий давлат архиви давлат ҳокимияти ва бошқаруви республика органлари, Ўзбекистон Республика Прокуратураси, судлари, Марказий банки ва республика бошқа банклари, корхоналари, муассасалари, ташкилотлари ва бирлашмаларининг ҳужжатлари, шунингдек, сақлаш учун илгари қабул қилинган архив фондлари ва архив ҳужжатлари;


5.2. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар давлат архивлари (уларнинг филиаллари) ва Тошкент шаҳар давлат архивлари маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, шаҳарлар, туманлар прокуратуралари ва судлари, уларнинг ҳудудларидаги корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва бирлашмаларнинг архив ҳужжатлари, шунингдек, сақлаш учун илгари қабул қилинган архив фондлари ва архив ҳужжатлари;


5.3. Ҳужжатларни доимий сақлаш ҳуқуқи берилган вазирликлар, идоралар, тармоқ давлат фондлари ва ташкилотлар архивлари (иловага мувофиқ) тегишли ихтисосдаги архив фондлари ва архив ҳужжатлари;


5.4. Давлат музейлари ва кутубхоналари қонуний асосда давлат мулкига кирувчи юридик ва жисмоний шахсларнинг архив ҳужжатлари, шунингдек давлат томонидан сақлаш учун илгари қабул қилинган архив фондлари ва архив ҳужжатлари.


6. Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикаси давлат архивлари (уларнинг филиаллари) тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши томонидан тузилади.

Вилоятлар давлат архивлари (уларнинг филиаллари) ва Тошкент шаҳар давлат архиви тегишли вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарори билан тузилади.


7. Ўзбекистон Республикаси давлат архивлари тўғрисидаги низомлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Ўзархив" агентлиги томонидан тасдиқланади.

Қорақалпоғистон Республикаси Марказий давлат архиви (унинг филиаллари) ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат архивлари (уларнинг филиаллари) тўғрисидаги низомлар, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар архив иши ҳудудий бошқармалари томонидан тасдиқланади.

Вилоятлар архив фонди ҳужжатларини доимо сақлашни амалга оширувчи вазирликлар, идоралар, тармоқ давлат фондлари ва ташкилотлар архивлари тўғрисидаги низомлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган Идоравий архив тўғрисидаги Намунавий низомга асосан ишлаб чиқилади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Ўзархив" агентлиги билан келишилган ҳолда уларнинг раҳбарлари томонидан тасдиқланади.

8. Миллий архив фондининг давлатга тегишли қисми ҳужжатларини вақтинча сақлашни давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, қўшма (давлат иштирокидаги) корхоналар, давлат корхоналари, муассасалари, ташкилотлари ва бирлашмалари, улар томонидан ташкил этиладиган идоравий, бирлашган идоравий, идоралараро архивлар қуйидаги муддатларда амалга ошириладилар:

давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан ташкил этиладиган хўжалик бошқаруви органлари, Ўзбекистон Республикаси прокуратураси, судлари, банклари, республикага бўйсунувчи давлат корхоналари, муассасалари, ташкилотлари ва бирлашмаларининг архив ҳужжатлари - 15 йил мобайнида;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар давлат бошқаруви органлари, прокуратураси, судлари, банкларининг тегишли ҳудудий бўлинмалари ва вилоятга бўйсунувчи корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва бирлашмаларнинг архив ҳужжатлари - 10 йил мобайнида;

туман ва шаҳарга бўйсунувчи давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг архив ҳужжатлари - 5 йил мобайнида;

Фуқаролик ҳолати ҳужжатлари ёзувлари, шахсий таркиб бўйича ҳужжатлар, нотариал характлари, суд ишлари, хўжалик дафтарлари ёзувлари 75 йил мобайнида агар қонун ҳужжатларида ўзгача ҳол назарда тутилмаган бўлса;

Қўшма (давлат иштирокидаги) корхоналар, ташкилотлар ва мулкчиликнинг аралаш шаклларидаги бирлашмалар фаолиятини амалга оширишда пайло бўлган архив ҳужжатлари - 10 йил мобайнида;

илмий, технологик, конструкторлик ва патент ҳужжатлари - 20 йил мобайнида;

Капитал қурилиш бўйича лойиҳа ҳужжатлари - 25 йил мобайнида;

Телеметрик ҳужжатлар - 5 мобайнида;

Овозли ёзувлар, видеоёзувлар, киноленталар, фотосуратлар, фотография плёнкалари тайёрланган вақтдан бошлаб кўпи билан - 3 йил;

Машинада ўқиладиган ҳужжатлар - 5 йил мобайнида;

Махфий ҳужжатлар - 30 йил мобайнида.

Бошқарув ҳужжати таркибига кирувчи фотосуратлар, овоз ёзилган ленталар ушбу ҳужжатларни сақлаш учун назарда тутилган муддатлар мобайнида сақланади.

Илмий-техника ҳужжатлари таркибига кирадиган кино ва сурат-овозли ҳужжатлар, овозли ва видео ёзувлар, машина омилидаги ҳужжатлар илмий-техника ҳужжатларини сақлаш учун назарда тутилган муддатлар иобайнида сақланади.

Фуқаролар ва жамият (давлат) ўртасида хизмат, меҳнат ва ижтимоий-ҳуқуқий муносабатлар тўғрисидаги шахсий таркиб бўйича ҳужжатлар сақланиши таъминлаш мақсадида республика шаҳарлари ва ткманлари ҳокимликлари томонидан шахсий таркиб бўйича идораларо архивлар тузилади.

Идоравий архивларда вақтинчак сақланаётган Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди хужжатларини рўйхатдан ўтказилишни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган тартибга мувофиқ давлат архивлари амалга оширадилар.

9. Миллий архив фондининг давлатга тегишли қисмини доимий сақлаш ҳуқуқи берилган вазирликлар, идоралар, тармоқ давлат фондлари ва ташкилотлар (илова мувофиқ) Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди ҳужжатларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Ўзархив" агентлигида рўйхатдан ўтказадилар, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Ўзархив" агентлиги билан келишиб олинган идоравий меъёрий ҳужжатлар асосида архив ҳужжатларини жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланишни амалга оширадилар.

10. Ўзбекистон Республика Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, шаҳарлар, туманлар давлат ҳокимияти ва бошқаруви, прокуратуралар, судлар, банклар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, давлат, қўшма (давлат иштирокидаги) корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва бирлашмалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Ўзархив" агентлиги органлари ва муассасалари қоидалари ва йўриқномаларига мувофиқ доимий сақлашга бериш учун Миллий архив фондининг давлатга тегишли қисми ҳужжатлари жамланишини, ҳисобга олинишини, сақланишини, танланишини ва тайёрланишини таъминлайдилар, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Ўзархив" агентлиги органлари ва муассасалари билан келишган ҳолда иш юритиш хизматлари ва идоравий архивлар ишини белгиловчи меъёрий-услубий ҳужжатларни ишлаб чиқадилар ва тасдиқлайдилар; архив ҳужжатлари сақланиши учун жавоб берадилар.

11. Вақтинчалик саълашнинг охирги муддатлари тугаши билан Миллий архив фондининг давлатга тегишли қисми ҳужжатлари тартибга солинган ва ишлов берилган ҳолда тегишли илмий-маълумот аппарати ва алоҳида қиматли ва ноёб ҳужжатларга суғурта нусхалари билан доимий сақлаш учун тегишли давлат архивларига берилади.

Ҳужжатларни тайёрлаш ва доимий сақлашга бериш, шунингдек, суғурта нусхаларини тайёрлаш,ҳужжатларга ишлов бериш ва жўнатиш билан боғлик барча ишлар ҳужжатларни топширувчи Ўзбекистон Республикаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар давлат ҳокимияти ва бошқаруви, прокуратуралар, судлар, банклар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, давлат, қўшма (давлат иштирокидаги) корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва бирлашмалар маблағлари ҳисобига бажарилади.

Тегишли давлат архив ёки муассасаси томонидан доимий сақланадиган йиғмажилдлар учун рўйхатлар тасдиқлангандан ва шахсий таркиб бўйича йиғмажилдлар учун рўйхатлар келишиб олингандан сўнг сақлаш муддати тугаган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Ўзархив" агентлиги органлари ва муассасалари томонидан белгиланадиган тартибда йўқ қилинади.

12. Ўзбекистон Республикаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, прокуратуралар, судлар, банклар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, давлат, қўшма (давлат иштирокидаги) корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар қайта ташкил этилганда, шунингдек уларнинг мулкчилик шакллари ўзгарган ҳолларда улар ўз фаолиятларини амалга оширишда пайдо бўлган архив ҳужжатлари тартибга келтирилган ҳолатда тегишли давлат архивлари билан келишган ҳолда кўрсатиб ўтилган ҳужжатларга давлат мулк эгалиги сақланган ҳолда ҳуқуқий ворисларга берилади.

Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар тугатилган тақдирда уларнинг архив ҳужжатлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли давлат архивларига берилади.

Ҳужжатларнинг сақланиши таъминлаш мақсадида ва уларнинг бундан буён сақлаш жойи тўғрисидаги масалани ҳал этиш учун йиғмажилдлар ва мулкларни бериш учун тузилган комиссиялар таркибига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Ўзархив" агентлиги органлари ва муассасаларининг вакиллари киритилади.

13. Миллий архив фондининг давлатга тегишли қисми ҳужжатлари давлат тасарруфидан чиқариш, хусусийлаштириш, олди-сотди ёки бошқа хил битишувлар объекти бўлолмайди.

Давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари давлат тасарруфидан чиқарилган ва хусусийлаштирилган тақдирда уларнинг архив ҳужжатлари, шу жумладан, шахсий таркиб бўйича ҳужжатлар давлат мулк эгалигида қолади ва белгиланган тартибда давлат архивларига берилади.

14. Миллий архив фондининг давлатга тегишли қисми ҳужжатлари, сақланиш жойи, манба тури, ахборотни мастаҳкакмлаш техникаси ва усулидан қатъи назар, давлат ҳисобида туриши шарт. Ушбу ҳужжатларни давлат ҳисобига олиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси, қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар давлат ҳокимияти ва бошқаруви, прокуратуралар, судлар, банклар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, давлат, кўшма (давлат иштирокидаги) корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва бирлашмалар Ўзбекистон Республикаси Миллий Архив фонди ҳужжатларининг тўлиқлиги, ишончлилиги ва ҳисоб бўйича маълумотларни тақдим этиш муддатларига риоя қилиниши учун белгиланган тартибда жавоб берадилар.

15. Миллий архив фондининг давлатга тегишли қисми ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Ўзархив" агентлиги муассасаларида, давлат музейларида, кутубхоналарида, идоравий архивлардафондлар, коллекциялар, сақлаш бирликлари (йиғмажилдлар) бўйича сақланади ва ҳисобга олинади.

16. Миллий архив фондининг давлатга тегишли қисми ҳужжатлари фойдаланиш учун барча юридик ва жисмоний шахсларга берилади.

Давлат ва идоравий архивлар юридик ва жисмоний шахсларга қуйидаги хизмат турларини кўрсатадилар: сақланаётган архив фондлари ва архив ҳужжатлари тўғрисида ахборот бериш, архивлар ўкув залларида ишлаётган тадқиқотчиларга хизмат кўрсатиш, ҳужжатлардан белгиланган тартибда тасдиқланган нусхалар ва кўчирмалар тайёрлаш, ижтимоий-ҳуқуқий тусдаги маълумотномаларни белгиланган тартибда бериш, кўргазмалар, экскурсиялар ташкил этиш, ҳужжатларнинг рўйхатини тузиш, архив йиғмажилдларини вақтинчалик фойдаланиш учун юридик шахсларга бериш.

Хизматлар кўрсатиш юридик ёки жисмоний шахсларнинг ёзма сўровлари асосида малга оширилади ва иш юритиш йўриқномасига мувофиқ журналларда рўйхатдан ўтказилади.

Архив йиғмажилдлари ва ҳужжатлар фақат архив раҳбарининг ёзма рухсатномасига асосан кўрсатилади. Ёши 16 га етмаган, суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахсларнинг архив ҳужжатларидан фойдаланишига рухсат этилмайди.

Архивлар томонидан пулли хизматлар ҳам кўрсатилади. Пулли хизматлар кўрсатиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Пулли хизматлар шартномаларга мувофиқ кўрсатилади, уларда хизматларнинг ҳажми ва тури, бажариш муддати ва тўлов тартиби келишиб олинади.

Хизматлар прейскурантлари белгиланган тартибда тегишли вазирликлар ва идоралар билан келишилган ҳолда "Ўзбошархив" бошқармаси томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.


17. Давлат сири ва қонун билан муҳофаза қилинадиган бошқа сирларни, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ Миллий архив фондининг давлатга тегишли қисми ҳужжатларидан фойдаланишни чеклаш Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Алоҳида қимматли ва ноёб ҳужжатлардан, шунингдек,жисмоний ҳолати қониқарсиз бўлган ҳужжатлардан фойдаланишни чеклашга йўл қўйилади. Бундай ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Ўзархив" агентлиги муассасалари, давлат музейлари ва кутубхоналари, идоравий архивлар кўрсатиб ўтилган ҳужжатлардан фойдаланиш фондини тузадилар.

18. Сир сақлаш муддати тугаши муносабати билан ёки Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ сирли хусусиятини йўқотган Миллий архив фондининг давлатга тегишли қисми ҳужжатларини ошкор қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Ўзархив" агентлиги муассасалари, давлат музейлари ва кутубхоналари, идоравий архивлар томонидан фонд ташкил этувчи муассасалар мутахассислари ёки уларнинг меросхўрлари билан биргаликда амалга оширилади.


МИЛЛИЙ АРХИВ ФОНДИНИНГ ДАВЛАТГА

ТЕГИШЛИ БЎЛМАГАН ҚИСМИ

19. Миллий архив фондининг давлатга тегишли бўлмаган қисмини нодавлат корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар фаолияти натижасида ташкил этилган архив ҳужжатлари, шунингдек жисмоний шахсларнинг шахсий архив ҳужжатлари ташкил этади:

Ўзбекистон Республикасининг жамоат ташкилотлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб жамоат бирлашмалари ва ташкилотларидаги юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан, касаба уюшмалари, хайрия жамғармалари, сиёсий партиялар ва ҳаракатлар, диний бирлашмалар ва ташкилотларнинг;

Нодавлат бирлашмалари (компаниялар, корпорациялар, концернлар, уюшмалар, акциядорлик жамиятлари)даги саноат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари, қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари, фан, маданият, таълим, ижтимоий соҳа, оммавий ахборот воситаларининг;

Жисмоний шахслардаги (шахсий ҳужжатлар, оилавий архивлар, ҳужжатлар коллекцияси ва бошқалар) нодавлат юридик ва жисмоний шахсларнинг архив фондлари ва архив ҳужжатларидан ташкил топади.


20. Ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фондининг давлатга тегишли бўлмаган қисми таркибига ўтказиш ёки ҳужжатларни ундан чиқариш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Ўзархив" агентлиги органлари ва муассасалари томонидан нодавлат юридик ва жисмоний шахслар билан биргаликда уларнинг ҳужжатлари қиммати экспертиза қилингандан сўнг амалга оширилади.

Эксперт текшириш комиссиясининг ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фондининг давлатга тегишли бўлмаган қисмига ўтказиш тўғрисидаги қарорни тасдиқлангандан сўнг кўрсатилган қарорни тасдиқлаган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Ўзархив" агентлиги органи ёки муассасаси Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди ҳужжатларини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги тартибга мувофиқ рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасини расмийлаштиради.

21. Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фондининг давлатга тегишли бўлмаган қисми ҳужжатларини сақловчи нодавлат юридик ва жисмоний шахслар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Ўзархив" агентлиги органлари ва муассасалари сўровларига кўра уларни давлат ҳисобига қўйиш мақсадида ўзларининг архив фондлари ва архив ҳужжатлари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этадилар.

Миллий архив фондининг давлатга тегишли бўлмаган қисми ҳужжатлари эгалари ва (ёки) сақлаш жойи алмашганда нодавлат юридик ва жисмоний шахслар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Ўзархив" агентлиги органи ва муассасасини ушбу ҳужжатларнинг янги эгаси ва уларнинг бундан кейинги сақланиш жойи тўғрисида хабардор қиладилар.

22. Миллий архив фондининг давлатга тегишли бўлмаган қисмига тегишли деб топилган ҳужжатларнинг эгалари бўлган нодавлат юридик ва жисмоний шахслар ушбу ҳужжатлар шу мақсадларда ташкил этиладиган архивлар ёки идоравий архивларда, шунингдек жисмоний шахсларнинг шахсий архив ҳужжатлари таркибида доимий сақланишини таъминлайдилар.

Доимий муддатда сақланадиган ҳужжатлар йўқ қилинмайди. Шахсий таркиб бўйича ҳужжатлар (иш стажи, иш ҳақи, ўқиш, мукофотлаш тўғрисидаги ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Ўзархив" агентлиги органлари ва муассасалари билан келишилмасдан нодавлат юридик ва жисмоний шахслар томонидан йўқ қилиниши мумкин эмас.

23. Нодавлат юридик ва жисмоний шахслар ўз ҳужжатларини давлат мулки қилиб давлат архивлари, музейлар ва кутубхоналарда сақлашга беришлари мумкин. Бундай ишлар битим (шартнома) билан, зарур ҳолларида ҳужжатларни сақлаш ва улардан фойдаланиш шартлари аниқланган ҳолда, расмийлаштирилади.

Нодавлат корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва бирлашмалар тугатилганда ёка шахсий архив ҳужжатлари эгаси вафот этганда, ворислар ва қонуний меросхўрлар бўлмаганда уларнинг ҳужжатлари давлат мулкига ўтказилиб, доимий сақлаш учун давлат архивларига топширилади.

Нодавлат юридик шахсларни давлат рўйхатдан ўтказувчи органлар қонун ҳужжатларига мувофиқ талаб қилинадиган бошқа ҳужжатларга қўшимча равишда уларнинг архив фонди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Ўзархив" агентлиги муассасаларига ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжат мавжуд бўлган тақдирда уларни давлат рўйхатдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қиладилар.

24. Нодавлат юридик ва жисмоний шахслар Миллий архив фондининг давлатга тегишли бўлмаган қисми ҳужжатларини вақтинчалик, шу жумладан, депозитар сақлашга давлат архивларига, музейларга ва кутубхоналарга беришлари мумкин.

Миллий архив фондининг давлатга тегишли бўлмаган қисми ҳужжатларини вақтинча, шу жумладан, депозитар сақлашга бериш шартлари ва тартиби ҳужжат эгалари билан давлат архивлари, музейлар ва кутубхоналар ўртасида тузилган битимлар (шартномалар)да белгиланади.

25. Миллий архив фондининг давлатга тегишли бўлмаган қисми сотиладиган ҳолларда давлат архивлари уларни сотиб олиш учун имтиёзли ҳуқуққа эга бўлади. Ҳужжат эгалари, ким ошди савдоси ташкилотчилари, савдо-воситачилик ташкилотлари бўлажак сотишгача кечи билан бир ой олдин у тўғрисида аниқ сотиш вақти ва жойи кўрсатилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Ўзархив" агентлиги органлари ва муассасаларига хабар беришлари зарур.

26. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Ўзархив" агентлиги органлари ва муассасалари нодавлат юридик ва жисмоний шахсларнинг илтимосига кўра уларнинг архив ҳужжатларини жамлашда, ҳисобга олишда, сақлашда ва улардан фойдаланишда услубий ёрдам кўрсатадилар. Нодавлат юридик ва жисмоний шахслар билан келишилганига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Ўзархив" агентлиги муассасалари уларнинг архивларига ҳужжатларни илмий-техник ишлов бериш, иш юритиш бўйича меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, йиғмажилдларни таъмирлаш ва муқовалаш, архив ҳужжатларидан фойдаланиш юзасидан пулли хизматлар кўрсатишлари, шунингдек, нодавлат архивларига бошқача кўмаклашишлари мумкин.

27. Ўзбекистон республикаси Миллий архив фонди тўғрисида Низом талабларини бузган нодавлат юридик ва жисмоний шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Миллий архив

фонди ҳужжатларини доимий сақловчи

вазирликлар, идоралар, тармоқ давлат

фондлари ва ташкилотлари

РЎЙХАТИ


Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги

Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат хавфсизлиги хизмати

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси

Ўзбекистон Республикаси Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитасининг Давлат геология фонди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гидрометеорология бош бошқармаси

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон давлат стандартлаш, метрология ва сертификация марказининг давлат стандартлари тармоқ фонди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Геодезия, картография ва давлат кадастри бош бошқармасининг картография-геодезия фонди

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги музейлари ва кутубхоналари