язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик/ Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 25.05.2011 й. 149-сон "Қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини тўхташ жойларига олиб келиш, жойлаштириш ва сақлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

25.05.2011 й.

N 149



ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИ БУЗИЛГАНЛИГИ УЧУН

УШЛАНГАН ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИ ТЎХТАШ

ЖОЙЛАРИГА    ОЛИБ    КЕЛИШ,    ЖОЙЛАШТИРИШ

ВА САҚЛАШ ТАРТИБИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ТЎҒРИСИДА


Қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини тўхташ жойларига олиб келиш, жойлаштириш ва сақлашда қонунийликни таъминлаш, санитария ва ёнғинга қарши қоидаларга риоя қилиш, сақлаш жойларига қўйиладиган талабларни белгилаш, транспорт воситалари сақланиши учун жавобгарликни ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. 2011 йил 1 сентябрдан бошлаб қуйидагича тартиб белгилансин, унга мувофиқ:

қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда ваколатли давлат органлари томонидан ушланган транспорт воситаларини сақлаш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан танлаб олинган юридик шахслар томонидан амалга оширилади;

ушланган транспорт воситаларини сақлаш бўйича хизматлар кўрсатиш учун танлаб олинган юридик шахслар ваколатли давлат органининг хабари (мурожаати) асосида қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини сақлаш жойига олиб келишни (ташишни) таъминлайдилар;

транспорт воситаларини олиб келиш (ташиш) ва сақлаш бўйича кўрсатиладиган хизматлар учун тўловларнинг чекланган миқдорлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланади.


2. Қуйидагилар:

Қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини тўхташ жойларига олиб келиш, жойлаштириш ва сақлаш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

Қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини сақлаш хизматлари кўрсатувчи юридик шахслар танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ;

Қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини сақлаш хизматлари кўрсатиш бўйича фаолиятни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

бир ой муддатда - Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда транспорт воситаларини олиб келиш (ташиш) ва сақлаш бўйича кўрсатиладиган хизматлар учун тўловнинг чекланган миқдорини тасдиқласинлар;

икки ой муддатда - транспорт воситаларини сақлаш бўйича хизматлар кўрсатувчи юридик шахслар танловини ўтказсинлар;

ушбу қарор талаблари бажарилиши тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига 2012 йил 15 январда ахборот берсинлар.


4. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда:

бир ой муддатда - қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиришлар ва қўшимчалар тўғрисида;

икки ой муддатда - Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига тўхташ ва тўхтаб туриш қоидалари бузилганлиги учун транспорт воситаларини ушлашни ва тўхташ жойига мажбурий олиб келишни назарда тутадиган ўзгартиришлар ва қўшимчалар ҳақида таклифлар киритсин.


5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.А. Хўжаев ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири Б.А. Матлюбов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                       Ш. Мирзиёев



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 20-21-сон, 207-модда.


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами", 2011 йил, 5-сон, 42-модда