язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Давлат ҳуқуқий тизими асослари/ Норматив-ҳуқуқий актларни тайёрлаш, қабул қилиш ва тизимлаштириш/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 05.08.2011 й. 227-сон "Қонунлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш бўйича дастурларини тайёрлаш ва қабул қилиш, шунингдек уларнинг бажарилиши мониторинги тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

05.08.2011 й.

N 227



ҚОНУНЛАР ЛОЙИҲАЛАРИНИ ИШЛАБ ЧИҚИШ ВА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИНИНГ

ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИГА КИРИТИШ БЎЙИЧА

ДАСТУРЛАРИНИ ТАЙЁРЛАШ ВА ҚАБУЛ ҚИЛИШ,

ШУНИНГДЕК    УЛАРНИНГ    БАЖАРИЛИШИ

МОНИТОРИНГИ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ

НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА


Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини сўзсиз бажариш бўйича Ҳукуматнинг қонун лойиҳаларига доир фаолиятини аниқ мақсадга йўналтирилган ва изчил ташкил этиш, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг қонун лойиҳаларига доир иши самарадорлигини ошириш, ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар талабларига мувофиқ бўлган қонунлар лойиҳаларини ўз вақтида ва сифатли тайёрлашни таъминлаш мақсадида, шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг "2011 йилда қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш дастури тўғрисида" 2011 йил 10 мартдаги 68-сон қарорига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. Қонунлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш бўйича дастурларини (кейинги ўринларда қонун лойиҳаларига доир ишлар дастурлари деб аталади) тайёрлаш ва қабул қилиш, шунингдек уларнинг бажарилиши мониторинги тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Белгилаб қўйилсинки:

а) қонун лойиҳаларига доир ишлар дастурлари ҳар йили қабул қилинади ва келгуси йил мобайнида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритишга мўлжалланаётган қонунлар лойиҳаларини тайёрлашни назарда тутади;

б) қонун лойиҳаларига доир ишлар дастурларига:

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ва қонунларида;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларида;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқларида;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва топшириқларида;

мамлакатни ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларини ҳисобга олган ҳолда давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ташаббусларида ва таклифларида назарда тутилган қонунлар лойиҳалари киритилади;

в) давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ташаббуси ва таклифлари бўйича қонунлар лойиҳаларини қонун лойиҳаларига доир ишлар дастурларига киритиш муфассал концепциялар ва уларни қабул қилишни асословчи зарур таҳлилий материаллар асосида амалга оширилади;

г) қонун лойиҳаларига доир ишлар дастурлари манфаатдор давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг таклифлари асосида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади ва Вазирлар Маҳкамасига киритилади.

3. Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:

қонунлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича таклифлар ушбу қарор билан тасдиқланган Низом талабларига қатъий риоя қилган ҳолда, ҳар йили 1 октябргача бўлган муддатда қонун лойиҳаларига доир ишлар дастурларига киритиш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тақдим этилишини таъминласинлар;

қонун лойиҳаларига доир ишлар дастурларига киритиш учун таклифларни тайёрлашда амалдаги қонун ҳужжатларига фақат ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш билан чекланиб қолмай, мустақил ва яхлит қонунлар лойиҳаларини ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратсинлар.

Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари зиммасига қонун лойиҳаларига доир ишлар дастурларини шакллантириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига киритилаётган таклифларнинг сифати, асосланганлиги ва ўз вақтида киритилиши учун шахсий масъулият юклансин.


4. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:

қонун лойиҳаларига доир ишлар дастурлари лойиҳасига киритиш учун таклифларни тайёрлашда, унга киритилган қонунлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, келишиш ва киритишда вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари иши амалда мувофиқлаштирилишини таъминласин;

келгуси йилга қонун лойиҳаларига доир ишлар дастури лойиҳаси жорий йилнинг 1 декабридан кечиктирмай белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритилишини таъминласин;

қонун лойиҳаларига доир ишлар дастурлари бажарилиши устидан самарали ва тизимли мониторинг ўрнатсин, қонунлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, келишиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритишда вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига зарур ёрдам кўрсатсин;

ҳар чоракда Вазирлар Маҳкамасига қонунлар лойиҳалари ўз вақтида киритилмаслиги сабаблари ва шартлари, уларнинг паст сифати кўрсатилган, шунингдек қонунлар лойиҳаларини ўз вақтида ва сифатли ишлаб чиқиш ва киритишни таъминлаш бўйича таклифлар билдирилган ҳолда қонун лойиҳаларига доир ишлар дастурлари бажарилиши тўғрисида ахборот тақдим этсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари ва маслаҳатчилари, Вазирлар Маҳкамасининг котибиятлари мудирлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисидаги ваколатли вакили:

тегишли котибиятларга бириктирилган вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда қонун лойиҳаларига доир ишлар дастурларига киритиш учун асосли таклифлар ўз вақтида тайёрланишини таъминлаш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрсинлар;

тасдиқланган қонун лойиҳаси ишлари дастурларига мувофиқ қонунлар лойиҳалари ишлаб чиқилиши, келишилиши ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритилиши устидан доимий назорат ўрнатсинлар.

6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бир ой муддатда:

қонун ҳужжатлари лойиҳалари концепцияси ва тушунтириш хатларига, тузилмасига ва мазмунига, уларга илова қилинадиган таҳлилий ва ахборот материалларига, шунингдек Вазирлар Маҳкамаси вакилларини шакллантириш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталарида қонун ҳужжатлари лойиҳаларини муҳокама этишда иштирок этиш тартибига қўйиладиган асосий талабларни кўзда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

манфаатдор вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари иштирокида қонун лойиҳаларига доир ишлар дастурларига киритиш учун таклифлар тайёрлашни ташкил этиш, қонун ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш, экспертизадан ўтказиш ва келишиш, шунингдек улар бажарилиши мониторинги масалалари бўйича семинарлар ўтказсин. Кейинчалик бундай семинарларни тизимли асосда ўтказсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари ва Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Н.Т. Юлдашев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                             Ш. Мирзиёев






Вазирлар Маҳкамасининг

2011 йил 5 августдаги

227-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг

ўз кучини йўқотган айрим қарорлари

РЎЙХАТИ


1. Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 15 майдаги "Ҳукуматнинг қонун лойиҳаларига доир иш режаларини тайёрлаш ва қабул қилиш ҳамда уларнинг ижроси мониторингини олиб бориш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида" 84-сон қарори.


2. Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 5 августдаги "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2006 йил иккинчи ярим йиллигидаги қонун лойиҳаларига доир иш режаларини тасдиқлаш тўғрисида" 159-сон қарори.


3. Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 22 декабрдаги "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2007 йилги қонун лойиҳаларига доир иш режаларини тасдиқлаш тўғрисида" 264-сон қарори.


4. Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 20 декабрдаги "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2008 йилги қонун лойиҳаларига доир иш режаларини тасдиқлаш тўғрисида" 262-сон қарори.


5. Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 25 декабрдаги "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2009 йилги қонун лойиҳаларига доир иш режаларини тасдиқлаш тўғрисида" 278-сон қарори.


6. Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 25 декабрдаги "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2010 йилги қонун лойиҳаларига доир иш режасини тасдиқлаш тўғрисида" 331-сон қарори.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 32-33-сон, 335-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами", 2011 йил, 8-сон, 69-модда