язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Саноат/ Умумий қоидалар/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 07.03.2012 й. 64-сон "Саноатда ишлаб чиқариш харажатларини қисқартириш ва маҳсулот таннархини пасайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

07.03.2012 й.

N 64



САНОАТДА ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ХАРАЖАТЛАРИНИ

ҚИСҚАРТИРИШ ВА МАҲСУЛОТ ТАННАРХИНИ

ПАСАЙТИРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг маҳсулотлари рақобатбардошлигини ошириш, маҳсулотларни ички ва ташқи бозорларда сотиш ҳажмини кўпайтириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг барқарор ишлашини таъминлаш ва экспорт салоҳиятини кучайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Хўжалик бирлашмалари ва йирик саноат корхоналари томонидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда технологик жараёнларни ва хом ашё, материаллар ва энергия ресурслари сарфи меъёрларини оқилона ташкил этиш, ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражасини ошириш ва меҳнат унумдорлигини ўстириш, фойдаланиш ва ноишлаб чиқариш харажатларини қисқартириш, ходимлар сонини мақбуллаштириш ва бошқа омиллар ҳисобига саноат маҳсулоти таннархини пасайтиришга йўналтирилган объектма-объект комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилганлиги ва тасдиқланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Хўжалик бирлашмалари ва корхоналарнинг Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан келишилган 2012 йилда хўжалик бирлашмалари ва йирик саноат корхоналарида ишлаб чиқариш таннархини объектма-объект ўртача 11,2 фоизга қисқартиришнинг йиғма параметрлари бўйича 1-иловага* мувофиқ таклифлари маъқуллансин.

Вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари тармоқ бўйича таннархни қисқартиришнинг тасдиқланган йиғма параметрларидан келиб чиқиб ўн кун муддатда ўз таркибига кирувчи саноат корхоналари учун таннархни қисқартиришнинг мақсадли параметрларини тасдиқласинлар.


3. Вазирлар Маҳкамаси комплекслари, вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари ва корхоналар раҳбарлари:

корхоналарда маҳсулот таннархини пасайтириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар амалга оширилишининг ҳар чораклик мониторинги олиб борилишини белгиласинлар;

олиб бориладиган мониторинг якунлари бўйича, зарурият бўлганда, маҳсулот таннархини пасайтириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг тўлиқлиги ва самарадорлигидан келиб чиқиб, корхоналар раҳбарларини моддий рағбатлантириш ёки масъулиятини ошириш чораларини кўрсинлар.


4. Ушбу қарор билан белгиланган маҳсулот таннархини пасайтириш чора-тадбирларини амалга оширганлик учун саноат корхоналари раҳбар ходимлари фаолиятини баҳолашда ва уларни моддий рағбатлантиришда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 29 январдаги 26-сон қарори билан тасдиқланган Низомга амал қилинсин, унда қуйидагилар назарда тутилган:

маҳсулот таннархини пасайтириш натижасида тежалган маблағлар корхоналарнинг ўзида қолади ва улардан корхоналар томонидан ўз хоҳишига кўра фойдаланилади;

календарь йил якунлари бўйича таннархни пасайтиришнинг тасдиқланган параметрлари бажарилиши таъминланган тақдирда, корхоналарнинг раҳбар ходимларига қўшимча равишда олинган фойда ҳисобига 8 лавозим маоши миқдоригача бир йўла мукофот тўланади.


5. Белгилаб қўйилсинки, технологик жараёнларни оқилона ташкил этиш, хом ашё, материаллар ва энергия ресурслари харажатлари сарфи меъёрлари тасдиқланган норматив-техник ҳужжатлар доирасида ўзгариши, қувватлардан фойдаланиш даражасини кўпайтириш ва меҳнат унумдорлигини ўстириш, фойдаланиш харажатларини ва қўшимча харажатларни қисқартириш, харид қилинадиган хом ашё, материаллар ва бутловчи буюмлар қийматини камайтириш, бир йил учун ходимлар сонини мақбуллаштириш чора-тадбирларини амалга ошириш ҳисобига таннархни пасайтириш натижасида маҳаллийлаштириш даражасининг 2012 йилда пасайиши Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 21 июлдаги 154-сон қарори билан тасдиқланган Саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш Дастурини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомнинг бузилиши деб ҳисобланмайди.


6. Вазирлар Маҳкамасининг "Товарлар (ишлар, хизматлар)га тартибга солинадиган нархлар (тарифлар)ни декларация қилиш (тасдиқлаш) ва белгилаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2010 йил 28 октябрдаги 239-сон қарорининг 1-иловасига 2-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.


7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                       И. Каримов



*) 1-илова рус тилидаги матнда берилган.






Вазирлар Маҳкамасининг

2012 йил 7 мартдаги

64-сон қарорига

2-ИЛОВА



Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 28 октябрдаги

239-сон қарори билан тасдиқланган Товарлар (ишлар,

хизматлар)га тартибга солинадиган нархлар (тарифлар)ни

шакллантириш, декларация қилиш (тасдиқлаш) ва белгилаш

ҳамда уларнинг қўлланилишини давлат томонидан назорат

қилиш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган

ўзгартиришлар


1. Товарлар (ишлар, хизматлар)га тартибга солинадиган нархлар (тарифлар)ни шакллантириш, декларация қилиш (тасдиқлаш) ва белгилаш ҳамда уларнинг қўлланилишини давлат томонидан назорат қилиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 17-банди қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"17. Агар олдинги ҳисобот даврида хўжалик юритувчи субъект тасдиқланган норматив-техник ҳужжатлар доирасида хом ашё, материаллар ва энергия ресурслари харажатлари сарфи меъёрларининг ўзгариши (кўпайиши ёки камайиши)га олиб келадиган ресурсларни тежайдиган замонавий технологияларни жорий этиш ва технология жараёнларини оқилона ташкил этиш, қувватлардан фойдаланиш даражасини кўпайтириш ва меҳнат унумдорлигини ўстириш, фойдаланиш харажатларини ва қўшимча харажатларни қисқартириш, харид қилинадиган хом ашё, материаллар ва бутловчи қисмлар қийматини камайтириш, ходимлар сонини мақбуллаштириш чора-тадбирларини амалга ошириш ҳисобига маблағларни тежашга эришган бўлса, тартибга солинадиган нархларни (тарифларни) навбатдаги қайта кўриб чиқишда тежалган маблағларнинг 50 фоизгача бўлган суммаси соф фойда таркибида ҳисобга олинади, юқорида кўрсатилган харажатлар эса аниқлаштирилган параметрлар ҳисобга олинган ҳолда қабул қилинади".


2. 36-банднинг ўн биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"Тасдиқланган норматив-техник ҳужжатлар доирасида хом ашё, материаллар ва энергия ресурслари харажатлари сарфи меъёрларининг ўзгариши (кўпайиши ёки камайиши)га олиб келадиган ресурсларни тежайдиган замонавий технологияларни жорий этиш ва технология жараёнларини оқилона ташкил этиш, қувватлардан фойдаланиш даражасини кўпайтириш ва меҳнат унумдорлигини ўстириш, фойдаланиш харажатларини ва қўшимча харажатларни қисқартириш, харид қилинадиган хом ашё, материаллар ва бутловчи қисмлар қийматини камайтириш, ходимлар сонини мақбуллаштириш чора-тадбирларини амалга ошириш натижасида хўжалик юритувчи субъект томонидан қўшимча фойда олиниши ушбу Низомнинг бузилиши ҳисобланмайди ва кўрсатиб ўтилган фойда олиб қўйилмайди".



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2012 йил, 10-сон, 106-модда