язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Лицензиялаш. Рухсат бериш тартиб-таомиллари/ Аудиовизуал асарларни тайёрлаш, дубляж қилиш ва экранда намойиш этиш бўйича фаолият турларини лицензиялаш тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 15.03.2012 й. 72-сон қарорига 2-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2012 йил 15 мартдаги

72-сон қарорига

2-ИЛОВА



Аудиовизуал асарларни тайёрлаш, дубляж қилиш

ва экранда намойиш этиш бўйича фаолият

турларини лицензиялаш тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом аудиовизуал асарларни тайёрлаш, дубляж қилиш ва экранда намойиш этиш бўйича фаолият турларини лицензиялаш тартибини белгилайди.


2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилди:


аудиовизуал асар - бир-бири билан боғлиқ бўлган (овоз жўрлигида ёки овоз жўрлигисиз) тасвирларнинг ёзиб олинган туркумидан иборат бўлган, тегишли техника воситалари ёрдамида кўриб ва эшитиб (овоз жўрлиги бўлса) идрок этиш учун мўлжалланган ёзув, шу жумладан, кинематография, мультипликация ва анимация асарлари ҳамда кинематографияникига ўхшаш воситалар билан ифодаланган барча асарлар (теле-, кино- ва видеофильмлар, клиплар, концерт дастурларининг ёзувлари, мультфильмлар, аниме, хэнтай ва шу кабилар);


аудиовизуал асарнинг экранда намойиш қилиниши - жамоа учун очиқ жойда ёки битта оиланинг аъзолари бўлмаган кенг шахслар доираси ҳозир бўлган жойда аудиовизуал асарни техник воситалар ёрдамида эшиттириш ва (ёки) кўрсатиш;


аудиовизуал асарни дубляж қилиш - аудиовизуал асарни таржима қилиш, бунда актёрларнинг нутқлари бир тилдан бошқа тилга қайта овоз бериш йўли билан ҳам субтитрлаш воситасида тўлиқ алмаштирилади;


субтитрлаш - аудиовизуал асарга ҳамкорни илова қилиш жараёни;


овоз бериш - овоз қаторини ташкил қилувчи дастлабки элементларнинг ҳаммасини битта жисмга ўтказиш (қайта ёзиш) йўли билан аудиовизуал асар фонограммасининг сўнгги (якуний) вариантини яратиш жараёни;


аудиовизуал асарни тайёрлаш - аудиовизуал асарни киноплёнкада, рақамли ёки бошқа бир жисмда яратишга оид фаолият;


ҳуқуқ эгаси - аудиовизуал асарнинг муаллифи ёки унинг ворислари, шунингдек шартнома бўйича ёки қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа асосга кўра аудиовизуал асардан фойдаланиш ҳуқуқини олган бошқа юридик ёки жисмоний шахслар.


3. Мазкур Низомнинг мақсадларига кўра қуйидаги фаолият турлари лицензияланади: аудиовизуал асарларни тайёрлаш, дубляж қилиш ва экранда намойиш қилиш.


4. Лицензияларни бериш, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тўхтатиш, шунингдек уни бекор қилиш ёки қайтадан расмийлаштириш ҳақидаги қарорлар Вазирлар Маҳкамаси (лицензияловчи орган) томонидан "Маънавият ва маърифат" Республика кенгашининг (кейинги ўринларда Кенгаш деб аталади) хулосаси асосида қабул қилинади.

Ҳужжатларни қабул қилиш, улар бўйича эксперт хулосаларни тайёрлаш, лицензияларни бериш ва қайта расмийлаштириш, лицензиатлар томонидан лицензия талаблари ва шартларининг бажарилиши устидан назоратни ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамаси ишчи органининг вазифаларини "Ўзбеккино" Миллий агентлиги (кейинги ўринларда ишчи орган деб юритилади) бажаради.

Кенгаш қарорларининг баённомаларини расмийлаштириш, Ишчи орган томонидан лицензияларнинг ўз вақтида берилишини назорат қилиб бориш ва уларнинг ҳисобини юритиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Маданият, санъат ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаменти томонидан амалга оширилади.

Ишчи орган лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш ёки лицензияни бекор қилиш ҳақида таклифлар тайёрлайди ва уларни кўриб чиқиш учун Кенгашга тақдим этади.


5. Аудиовизуал асарларни тайёрлаш, дубляж қилиш ва экранда намойиш этиш бўйича фаолият турлари юридик шахслар томонидан амалга оширилади.


6. Аудиовизуал асарларни тайёрлаш, дубляж қилиш ва экранда намойиш этиш бўйича фаолият турларини амалга ошириш ҳуқуқи учун намунали (оддий) лицензиялар берилади.

Лицензия талабгорининг аризасига кўра лицензия умуман фаолият турига ёки унинг бир қисмига берилади.


7. Аудиовизуал асарларни тайёрлаш, дубляж қилиш ва экранда намойиш этиш бўйича фаолият турларини амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензия 5 йил муддатга берилади. Лицензиянинг амал қилиш муддати лицензия берилган кундан эътиборан ҳисобланади.


8. Аудиовизуал асарнинг шахсий мақсадларда оилавий кўриш учун экранда намойиш қилиниши билан боғлиқ фаолият лицензияланмайди.


9. Лицензия талабгорининг ихтиёрида лицензияланган фаолиятни амалга ошириш учун фойдаланиладиган филиаллар мавжуд бўлганда, лицензия билан бир пайтда кўрсатилган филиаллар сонига қараб, ҳар бирининг жойлашган манзили кўрсатилган ҳолда, улар тегишли лицензия талаблари ва шартларига амал қилиш шарти билан, лицензияловчи орган томонидан тасдиқланган лицензия нусхалари берилади.



II. ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ ВА ШАРТЛАРИ


10. Аудиовизуал асарларни тайёрлаш, дубляж қилиш ва экранда намойиш этиш бўйича фаолият турларини амалга ошириш бўйича лицензия талаблари ва шартларига қуйидагилар киради:

лицензиатнинг муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мажбурий риоя қилиниши;

зўравонликни, порнографияни тарғиб қилиши, мамлакатда хавфсизлик ва ижтимоий-сиёсий барқарорлик, фуқаролар тинчлиги, миллатлараро ва динлараро тотувликни бузиши, Ўзбекистон ҳақида нотўғри ахборот тарқатиши ҳамда унинг тарихий, маданий ва маънавий қадриятларини бузиб кўрсатиши мумкин бўлган аудиовизуал асарларни тайёрлаш, дубляж қилиш ва экранда намойиш этишга йўл қўймаслик бўйича лицензиатнинг мажбуриятлари;

аудиовизуал асарлардан фойдаланганда ҳақ тўлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига мажбурий риоя қилиниши;

тайёрланадиган, дубляж қилинадиган ва экранда намойиш этиладиган аудиовизуал асарларнинг техник сифатига қўйиладиган техник тартибга солиш соҳасидаги қонун ҳужжатларига мажбурий риоя қилиниши;

аудиовизуал асарларни тайёрлаш, дубляж қилиш ва экранда намойиш этиш бўйича фаолият лицензиат томонидан ёнғин хавфсизлиги ва санитария нормалари талабларига жавоб берадиган биноларда амалга оширилиши;

лицензиатда мулкий ҳуқуқ асосида ёки бошқа қонуний асосда фаолият турини амалга ошириш учун зарур бўлган ишлаб чиқариш бинолари ва тегишли ишлаб чиқариш асбоб-ускуналарининг мавжудлиги;

лицензиат ёхуд буюртмачининг аудиовизуал асарларни тайёрлаш, дубляж қилиш ва экранда намойиш этиш ҳуқуқларини тасдиқлайдиган ҳужжатларнинг (аудиовизуал асарларни тайёрлаш, дубляж қилиш ва экранда намойиш этиш учун муаллифлар ёки ҳуқуқ эгалари билан тузилган шартномаларнинг) мавжудлиги;

аудиовизуал асарларни тайёрлаш, дубляж қилиш ва экранда намойиш этиш учун зарур бўлган тегишли моддий-техника база, асбоб-ускуналар ва бошқа техник воситаларнинг мавжудлиги;

лицензиат томонидан аудиовизуал асарларни тайёрлаш, дубляж қилиш ва экранда намойиш этиш бўйича ишлаб чиқариш фаолияти тегишли стандартлар талабларига мувофиқ келадиган асбоб-ускуналар ва бошқа техник воситалардан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши;

лицензиат томонидан экранда намойиш этиладиган аудиовизуал асарларнинг ҳисоби олиб борилиши.


11. Лицензия битимида мазкур Низомнинг 10-бандидан келиб чиқадиган аниқ лицензия талаблари ва шартлари назарда тутилиши мумкин.



III. ЛИЦЕНЗИЯ ОЛИШ УЧУН ЗАРУР БЎЛГАН ҲУЖЖАТЛАР


12. Лицензия талабгори лицензия олиш учун ишчи органга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

а) лицензия бериш ҳақида қуйидаги маълумотлар кўрсатилган ариза:

юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, унинг жойлашган жойи (почта манзили), банк номи ва банкдаги ҳисоб рақами;

лицензияланадиган фаолият тури (ёхуд унинг бир қисми);

б) юридик шахс давлат рўйхатидан ўтганлиги ҳақидаги гувоҳнома нусхаси;

г) мавжуд бинолар ва хоналарнинг ёнғин хавфсизлиги талаблари ва санитария нормаларига мос келиши ҳақида ёнғин ва санитария-эпидемиология назорати органлари хулосаларининг нусхалари;

д) Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг аудиовизуал асарларни экранда намойиш этиш учун тузилган шартномаларнинг муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқлиги ҳақидаги хулосаси;

е) лицензияланадиган фаолият турини амалга ошириш учун зарур бўлган моддий-техник база, асбоб-ускуналар ва бошқа техник воситаларнинг мавжудлиги ҳақидаги маълумот.


12-1. Ишчи орган лицензия бериш учун бошқа ваколатли органларда мавжуд бўлган зарур ҳужжатлар ва ахборотларни белгиланган тартибда ўзаро ахборот ҳамкорлиги йўли билан, шу жумладан электрон тарзда мустақил равишда олади, ушбу Низомнинг 12-бандида назарда тутилган ҳужжатлар ва ахборотлар бундан мустасно.

13. Лицензия талабгоридан мазкур Низомда назарда тутилмаган ҳужжатларнинг тақдим этилишини талаб қилишга йўл қўйилмайди.


14. Ҳужжатлар лицензия талабгори томонидан ишчи органга бевосита ёхуд улар олинганлиги ҳақидаги билдиришнома билан почта алоқаси воситалари орқали тақдим этилади.

Ҳужжатлар ишчи орган томонидан рўйхат бўйича қабул қилинади, рўйхатнинг нусхаси ҳужжатлар қабул қилинган сана ҳақида белги қўйилган ҳолда ариза берувчига юборилади (топширилади).

Лицензия талабгори нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар тақдим этганлиги учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.



IV. АРИЗАНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ВА ЛИЦЕНЗИЯ БЕРИШ

ЁКИ ЛИЦЕНЗИЯ БЕРИШНИ РАД ЭТИШ ҲАҚИДА

ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛИШ


15. Лицензия талабгорининг аризаси кўриб чиқилганлиги учун қонун ҳужжатларида тўлов кунида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида йиғим ундирилади.

Ариза кўриб чиқилганлиги учун йиғим суммаси ишчи орган ҳисоб рақамига ўтказилади.

Лицензия талабгори берилган аризадан воз кечган тақдирда, тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.


16. Аудиовизуал асарларни тайёрлаш, дубляж қилиш ва экранда намойиш этиш бўйича фаолият турларини лицензиялаш мазкур Низомга илова қилинаётган схемага мувофиқ амалга оширилади.

Лицензия талабгорига лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш ҳақидаги қарор лицензия талабгорининг аризаси келиб тушган кундан эътиборан 30 кундан ошмаган муддатда қабул қилинади.

Ишчи орган ариза олинган кундан эътиборан 15 кундан ошмаган муддатда ҳужжатларни кўриб чиқади, Кенгаш мажлисида кўриб чиқиш учун ҳужжатлар бўйича эксперт хулосани тайёрлайди.

Кенгаш ишчи органдан таклиф олингандан кейин ўн кундан ошмаган муддатда таклифни кўриб чиқади ва лицензия талабгорига лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш ҳақидаги ўз таклифини Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади. Вазирлар Маҳкамасининг Маданият, санъат ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаменти томонидан Кенгаш раиси (ёки раис ўринбосари) имзолайдиган мажлис баённомаси расмийлаштирилади. Зарур ҳолларда Кенгаш қарори сўров йўли билан қабул қилиниши мумкин.

Вазирлар Маҳкамаси Кенгаш таклифини олганидан сўнг 5 кундан ошмаган муддатда уни кўриб чиқади ва лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади.


17. Ишчи орган тегишли қарор қабул қилинганидан кейин уч кун мобайнида лицензия талабгорини қабул қилинган қарор ҳақида хабардор қилади.

Лицензия берилганлиги ҳақида қабул қилинган қарор тўғрисидаги хабарнома лицензия талабгорига ёзма равишда банк ҳисоб рақамининг реквизитлари ва давлат божини тўлаш муддати кўрсатилган ҳолда юборилади (топширилади).

Лицензия битими ишчи орган ва лицензиат ўртасида тузилади ва қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши керак:

битимни имзолаган шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, лавозими;

томонларнинг реквизитлари;

лицензия берилаётган аниқ фаолият турининг номи;

лицензиянинг амал қилиш муддати;

лицензиатга қўйиладиган лицензия талаблари ва шартлари;

лицензия битимининг талаблари ва шартлари бузилгани учун томонларнинг мажбуриятлари;

лицензиат томонидан лицензия битимининг талаблари ва шартлари бажарилиши устидан ишчи орган томонидан олиб бориладиган назорат тартиби.

Лицензия битими икки нусхада - лицензиат ва ишчи орган учун бир нусхадан тузилади.


18. Лицензиялар Ишчи орган томонидан белгиланган шаклдаги бланкларда расмийлаштирилади. Лицензиялар бланклари қатъий ҳисобда турадиган ҳужжатлар ҳисобланади, ҳисобга олиш сериясига, тартиб рақамига ва ҳимояланганлик даражасига эга бўлади. Лицензиялар бланкларининг намуналари ишчи орган томонидан Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда ишлаб чиқилади. Лицензиялар бланклари ишчи орган буюртмаси бўйича "Давлат белгиси" давлат ишлаб чиқариш бирлашмаси томонидан босмахона усулида тайёрланади. Ишчи орган раҳбари лицензия бланклари ҳисобга олиниши, сақланиши ва улардан мақсадли фойдаланилиши учун шахсан жавоб беради.

Ишчи орган томонидан лицензияларни расмийлаштириш ва бериш муддатларига риоя қилиниши, шунингдек берилган лицензияларнинг ҳисобини юритиш устидан назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Маданият, санъат ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаменти томонидан амалга оширилади.

Лицензиялар Ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар, маданият, санъат ва ёшлар сиёсати масалалари комплекси раҳбари томонидан имзоланади.

19. Лицензия лицензия талабгори томонидан давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат топширилгандан ва лицензия битими имзолангандан кейин уч кун муддатда берилади.


20. Агар лицензиат лицензия бериш ҳақидаги қарор қабул қилинганлиги тўғрисидаги хабарнома юборилган (топширилган) пайтдан эътиборан уч ой муддат давомида ишчи органга давлат божи тўланганини тасдиқлайдиган ҳужжатни топширмаган бўлса ёки лицензия битимини имзоламаган бўлса, Вазирлар Маҳкамаси лицензияни бекор қилиш ҳақида қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга.


21. Лицензия бериш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасида назарда тутилган асослар бўйича ҳам рад этилиши мумкин.

Лицензия талабгори лицензия беришни рад этиш ҳақидаги қарор, шунингдек ишчи орган ёки лицензияловчи органнинг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.


22. Лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, рад этиш тўғрисидаги билдиришнома лицензия талабгорига рад этишнинг аниқ сабаблари ва лицензия талабгори кўрсатиб ўтилган сабабларни бартараф этиб, ҳужжатларни такроран кўриб чиқишга тақдим этиш учун етарли бўлган муддат кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда юборилади (топширилади). Лицензия беришни рад этиш ҳақидаги хабарномада кўрсатилган муддат камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўлган вақтга мутаносиб бўлиши керак.


23. Лицензия беришни рад этиш учун асос бўлган сабаблар лицензия талабгори томонидан бартараф этилган тақдирда, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш барча зарур ҳужжатлар билан лицензия талабгорининг аризаси қабул қилинган кундан эътиборан ўн кундан ошмаган муддатда амалга оширилади.

Бунда ишчи орган ҳужжатлар қайта топширилгандан кейин уч кун муддатда Кенгаш мажлисида кўриб чиқиш учун ушбу ҳужжатлар бўйича эксперт хулосасини тайёрлайди.

Кенгаш эксперт хулосани олгандан кейин тўрт кун муддатда уни кўриб чиқади ва Вазирлар Маҳкамасига Кенгашнинг тегишли баённомаси билан лицензия талабгорига лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш ҳақидаги таклифни тақдим этади.

Вазирлар Маҳкамаси Кенгаш таклифини олгандан кейин уч кундан ошмаган муддатда уни кўриб чиқади ва лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади.

Лицензия талабгорларининг аризалари қайта кўриб чиқилгани учун тўлов ундирилмайди.

Лицензия талабгорининг аризасини қайта кўриб чиқишда илгари лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилмаган янги асослар бўйича лицензия беришни рад этишга йўл қўйилмайди.

Лицензия беришни рад этиш ҳақидаги хабарномада кўрсатилган муддат ўтганидан кейин топширилган ариза янгидан берилган ариза деб ҳисобланади.



V. ЛИЦЕНЗИЯНИ ҚАЙТА РАСМИЙЛАШТИРИШ, УНИНГ

АМАЛ ҚИЛИШ МУДДАТИНИ  УЗАЙТИРИШ,

ДУБЛИКАТ БЕРИШ


24. Лицензиат қайта ташкил этилган, номи ёки жойи (почта манзили) ўзгарган ҳолларда, лицензиат ёки унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтганидан кейин бир ой муддатда ишчи органга кўрсатилган маълумотларни тасдиқлайдиган ҳужжатларни илова қилган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштириш ҳақида ариза топшириши шарт.


25. Лицензия қайта расмийлаштирилгунга қадар лицензиат лицензияда кўрсатилган фаолиятни аввал берилган лицензия асосида амалга оширади.


26. Лицензияни қайта расмийлаштиришда ишчи орган лицензиялар реестрига тегишли ўзгартишлар киритади. Лицензияни қайта расмийлаштириш тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштириш ҳақида ариза ишчи органга тушган кундан эътиборан беш кун мобайнида амалга оширилади.

Лицензияни қайта расмийлаштиришда лицензия талабгорининг лицензия бериш ҳақидаги аризасини кўриб чиқиш учун тўланадиган сумманинг ярмига тенг миқдорда йиғим ундирилади. Йиғим суммаси ишчи орган ҳисоб рақамига ўтказилади.


27. Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш лицензиатнинг аризаси бўйича амалга оширилади.

Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш ҳақидаги ариза Ишчи органга лицензиянинг амал қилиш муддати тугашидан икки ойдан кечикмасдан топширилиши лозим.

Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш ёки амал қилиш муддатини узайтиришни рад этиш ҳақидаги қарор лицензия бериш учун назарда тутилган тартибда қабул қилинади.


28. Лицензиатнинг аризасига кўра амал қилиш муддати тугамасдан йўқотилган ёки яроқсиз ҳолга келган лицензия ўрнига унинг дубликати берилиши мумкин.

Лицензиянинг дубликатини беришда лицензия талабгорининг лицензия бериш ҳақидаги аризасини кўриб чиқиш учун тўланадиган сумманинг ярмига тенг миқдорда йиғим ундирилади. Йиғим суммаси ишчи органнинг ҳисоб рақамига ўтказилади.



VI. ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ ВА ШАРТЛАРИГА

РИОЯ ЭТИЛИШИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


29. Лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя қилиниши устидан назорат ишчи орган томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.


30. Лицензия талаблари ва шартларига риоя қилиш устидан назоратни амалга оширишда ишчи орган ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя қилиниши устидан белгиланган тартибда режали текширишлар олиб бориш;

лицензия талаблари ва шартлари лицензиат томонидан бузилганлигидан далолат берувчи ҳоллар мавжуд бўлган тақдирда, лицензиатнинг уларга риоя этишини белгиланган тартибда режадан ташқари текшириш;

лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текшириш чоғида пайдо бўладиган масалалар юзасидан лицензиатдан зарур ахборотни сўраш ва олиш;

текширишлар натижалари асосида, лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларининг аниқ бузилишларини кўрсатган ҳолда далолатномалар (маълумотномалар) тузиш;

лицензиатнинг зиммасига аниқланган камчиликларни бартараф этиш мажбуриятини юклайдиган қарорлар қабул қилиш, бундай камчиликларни бартараф этиш муддатларини белгилаш;

лицензияловчи орган кўриб чиқиши учун лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тўхтатиш ёхуд уни бекор қилиш тўғрисида таклиф киритиш;

хўжалик юритувчи субъектлар томонидан фаолиятни лицензиясиз амалга ошириш ҳоллари аниқланган тақдирда, материалларни қонун ҳужжатларида назарда тутилган чораларни кўриш учун белгиланган тартибда солиқ органларига юбориш.


31. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текширишда ишчи орган ходимлари томонидан икки нусхада далолатнома (маълумотнома) тузилади, уларнинг биттаси лицензиатга берилади, иккинчи нусхаси ишчи органда қолади.

Кенгаш ёки ишчи орган қарорига кўра лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши юзасидан текширишлар ўтказиш учун тегишли ташкилотлар мутахассислари жалб қилиниши мумкин.



VII. ЛИЦЕНЗИЯНИНГ АМАЛ ҚИЛИШИНИ ТЎХТАТИБ

ТУРИШ, ТЎХТАТИШ, ЛИЦЕНЗИЯНИ БЕКОР ҚИЛИШ


32. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тўхтатиш, лицензияни бекор қилиш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22 - 24-моддаларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда лицензияловчи орган қарорига кўра амалга оширилади.


33. Лицензияловчи органнинг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тўхтатиш ва лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги қарори юзасидан судга шикоят қилиш мумкин. Лицензияловчи орган қарори асоссиз эканлиги суд томонидан эътироф этилган тақдирда, лицензияловчи орган лицензиат олдида қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.



VIII. ЛИЦЕНЗИЯЛАР РЕЕСТРИ


34. Ишчи орган лицензиялар реестрини юритади.

Лицензиялар реестрида қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши керак:

юридик шахснинг номи, унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли, почта манзили, телефон рақами;

лицензияланадиган фаолият турининг номи;

лицензияланадиган фаолият амалга ошириладиган жой манзили;

лицензиянинг умуман фаолият турига ёки унинг бир қисмига берилганлиги тўғрисидаги маълумотлар;

лицензиянинг берилган санаси ва тартиб рақами;

лицензиянинг амал қилиш муддати;

лицензияни қайта расмийлаштириш, унинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тиклашнинг асослари ва санаси;

лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш асослари ва санаси;

лицензияни бекор қилишнинг асослари ва санаси;

дубликат бериш асослари ва санаси.


35. Лицензиялар реестрларида мавжуд бўлган маълумотлар ишчи органнинг веб-сайтида жойлаштирилади ва танишиш учун очиқ бўлади.



IX. ДАВЛАТ БОЖИНИ ТЎЛАШ ТАРТИБИ


36. Аудиовизуал асарларни тайёрлаш, дубляж қилиш ва экранда намойиш этиш бўйича фаолият турларини амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензия берилганлиги учун тўлов кунида қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баравари миқдорида давлат божи ундирилади.

Лицензия талабгорининг аризасига кўра лицензия беш йилдан кам муддатга берилган ва беш йилдан кам муддатга муддати узайтирилган тақдирда, давлат божи миқдори лицензиянинг амал қилиш муддатига мутаносиб равишда камаяди.

Давлат божи республика бюджети даромадига ўтказилади.






Низомга

ИЛОВА



Аудиовизуал асарларни тайёрлаш, дубляж қилиш

ва экранда намойиш этиш бўйича фаолият

турларини лицензиялаш

СХЕМАСИ

  

Босқичлар


Субъектлар

Чора-тадбирлар


Бажариш муддатлари







1-босқич



Лицензия талабгори - юридик

шахс

     

1. Аудиовизуал асарларни тайёрлаш, дубляж қилиш ва экранда намойиш этиш бўйича фаолият турларини лицензиялаш тўғрисидаги низомда назарда тутилган рўйхатга мувофиқ лицензия олиш учун зарур бўлган ҳужжатларни тайёрлайди.


2. Ҳужжатларни ишчи органга тўғридан-тўғри ёки почта алоқаси воситалари орқали, улар олинганлиги ҳақидаги билдиришнома хати билан бирга тақдим этади.

       


Лицензия талабгорининг хоҳиши бўйича











2-босқич


Ишчи

орган

         

1. Ишчи орган ҳужжатларни рўйхат бўйича қабул қилади, рўйхатнинг ҳужжатлар қабул қилинган сана ҳақида белги қўйилган нусхаси ариза берувчига юборилади (топширилади).


2. Ҳужжатларни кўриб чиқади, эксперт хулоса тайёрлайди ҳамда кўриб чиқиш учун уни Кенгашга тақдим этади.


3. Ҳужжатлар қайта тақдим этилганда, улар бўйича эксперт хулоса тайёрлайди ва кўриб чиқиш учун Кенгашга киритади.

     


1) ҳужжатлар қабул қилинган кунда;

2) ариза олинган кундан эътиборан 15 кундан ошмаган муддатда;

3) ҳужжатлар қайта тақдим этилгандан кейин 3 кун мобайнида


















3-босқич




Кенгаш


          

1. Ишчи органнинг хулосасини кўриб чиқади ва лицензия бериш ҳақида ёки лицензия беришни рад этиш ҳақида тегишли баённома билан расмийлаштирилган хулосани Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиш тўғрисида қарор қабул қилади.


2. Кенгашнинг қарори билан қабул қилинган баённома Кенгаш раиси (унинг ўринбосари) томонидан имзоланади.


3. Лицензия бериш ҳақида ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги хулосани Вазирлар Маҳкамасига киритади.

      


1) 10 кундан ортиқ бўлмаган муддатда;




2) ҳужжатлар қайта тақдим этилган тақдирда 4 кун мобайнида
















4-босқич





Вазирлар Маҳкамаси


      

Кенгаш хулосалари асосида лицензия бериш ҳақида ёки лицензия беришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади.

        


1) 5 кундан ортиқ бўлмаган муддатда;

2) ҳужжатлар қайта тақдим этилган тақдирда 3 кун мобайнида
















5-босқич




Ишчи

орган


      

1. Лицензия талабгорини қабул қилинган қарор тўғрисида ёзма равишда хабардор қилади.


2. Лицензия бериш рад этилиши тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, рад этиш тўғрисидаги билдиришнома лицензия талабгорига рад этишнинг аниқ сабаблари ва лицензия талабгори кўрсатиб ўтилган сабабларни бартараф этиб, ҳужжатларни такроран кўриб чиқишга тақдим этиши учун етарли бўлган муддат кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда юборилади (топширилади).


3. Реестрга тегишли ёзувни ёзиб қўяди.

       


Тегишли қарор қабул қилинганидан кейин 3 кун мобайнида


















6-босқич


Лицензиат

Ишчи органга лицензия бериш учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этади ва лицензия битимини имзолайди. Ушбу шартлар бажарилмаган тақдирда, Вазирлар Маҳкамаси лицензияни бекор қилиш ҳақида қарор қабул қилишга ҳақлидир.


Лицензия талабгорига лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақидаги билдиришнома юборилган вақтдан бошлаб уч ойдан кечикмай































Лицензия талабгори


     

1. Лицензия беришни рад этиш учун асос бўлиб хизмат қилган сабаблар бартараф этилган тақдирда ҳужжатларни қайта топшириш ҳуқуқига эга.


2. Лицензия талабгорларининг аризалари қайта кўриб чиқилгани учун йиғим ундирилмайди.


3. Лицензия беришни рад этиш ҳақидаги билдиришномада кўрсатилган муддат ўтганидан кейин топширилган ариза янгидан берилган ариза ҳисобланади.

      


Лицензия беришни рад этиш ҳақидаги билдиришномада кўрсатилган муддатда




























7-босқич


Ишчи

орган


       

1. Лицензия талабгори лицензия бериш учун давлат божи тўланганини тасдиқлайдиган ҳужжатни тақдим этиб, лицензия битимини имзолаганидан кейин тегишли лицензия бланкларини расмийлаштиради.


2. Расмийлаштирилган лицензия лицензиатга топширилади.

      


1) лицензия битими имзоланганидан ва давлат божи тўлангандан кейин бир кун муддатда;

2) лицензия битими имзоланганидан кейин бир кун муддатда











  

8-босқич


Вазирлар Маҳкамаси


        

Ахборот тизимлари ва коммуникациялар, маданият, санъат ва ёшлар сиёсати масалалари комплекси раҳбари.

       


Лицензиялар тақдим этилганидан кейин ишчи орган томонидан бир кун муддатда









    

    

"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2012 йил, 12-сон, 130-модда