язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш/ Кредитлаш/ Микрокредитлаш. Фермер хўжаликлари ва кичик корхоналарга кредит бериш/ Микрокредит ташкилотлари томонидан активлар сифатини таснифлаш, активлар бўйича эҳтимолий йўқотишларни қоплаш захираларини яратиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида Низом (АВ томонидан 16.07.2012 й. 2378-сон билан рўйхатга олинган Марказий банк Бошқарувининг 23.06.2012 й. 19/3-сонли қарори билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2012 йил 16 июлда 2378-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Марказий банки Бошқарувининг

2012 йил 23 июндаги

19/3-сонли қарорига

ИЛОВА



Микрокредит ташкилотлари томонидан активлар

сифатини таснифлаш, активлар бўйича эҳтимолий

йўқотишларни қоплаш захираларини яратиш

ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида" (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 й., 12-сон, 247-модда), "Микрокредит ташкилотлари тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 37-38-сон, 372-модда) қонунларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 26 ноябрдаги ПҚ-1438-сон "2011 - 2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устувор йўналишлари тўғрисида"ги қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 48-сон, 442-модда) мувофиқ, микрокредит ташкилотлари томонидан активлар сифатини таснифлаш, активлар бўйича эҳтимолий йўқотишларни қоплаш захираларини яратиш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.



I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


активлар бўйича эҳтимолий йўқотишларни қоплаш захираси (кейинги ўринларда активлар бўйича захира деб юритилади) - микрокредит ташкилоти кредит портфели ва балансдан ташқари мажбуриятлари юзасидан кўрилиши мумкин бўлган зарарларни қоплаш учун ташкил этиладиган захира;


махсус захира - "субстандарт", "шубҳали" ва "умидсиз" деб таснифланган активлар бўйича юзага келиши мумкин бўлган зарарларни қоплашга мўлжалланган захира;


муддати ўтган ссудалар (активлар) - кредит шартномасида кўрсатилган микроқарз, микрокредит ва микролизингнинг асосий қисмини қайтариш ва (ёки) унга доир ҳисобланган фоизларни тўлаш жадвали бўйича муддати кечиктирилган ва тўланмаган ссудалар;


шартлари қайта кўриб чиқилган (реструктуризация қилинган) ссудалар (активлар) - қарздорнинг молиявий аҳволи ёмонлашиши сабабли тўловнинг дастлабки шартлари ўзгарган (фоиз ставкасининг камайтирилиши ёки ҳисобланган фоизларнинг ундириб олинмаслиги, жами асосий қарзнинг камайтирилиши ёки ундан воз кечилиши, кредитни тўлаш муддатининг кечиктирилиши ёки узайтирилиши, фоизларга доир тўловларнинг бир қисми ёки умумий миқдоридан воз кечиш, кредитни реструктуризациялаш зарурлиги натижасида қилиниши мумкин бўлган бошқа имтиёзлар) ссудалар.


2. Микрокредит ташкилотининг ҳисоботларида активлар сифати тўғри акс эттирилиши лозим.


3. Микрокредит ташкилоти активларни ўз вақтида ва тўғри таснифлаши ҳамда улар бўйича захира ташкил этиши шарт.



II БОБ. АКТИВЛАР СИФАТИНИ ТАСНИФЛАШ ТИЗИМИ


4. Микрокредит ташкилотининг хавф-хатарга эга бўлган барча активлари, шу жумладан, кўрсатиладиган микромолиявий хизматлар, бошқа кредит ташкилотларидаги барча маблағлари, инвестициялари, қарздорларга берилган активларнинг ўрнига гаровга қўйилган мол-мулклари, балансдан ташқари мажбуриятлари (кафолати, кафиллиги ва бошқа мажбуриятлари) таваккалчилик даражасидан келиб чиқиб, доимий равишда таснифланиши ва уларга лозим даражада активлар бўйича захира яратилиши шарт.

Бунда захиралар "яхши", "субстандарт", "шубҳали" ва "умидсиз" деб таснифланадиган активлар бўйича тоифаларга ажратилади.


5. "Яхши" деб таснифланган активлар бўйича захира ташкил этиш талаб қилинмайди. "Субстандарт" активлар бўйича - 25 фоиз, "шубҳали" активлар бўйича - 50 фоиз, "умидсиз" активлар бўйича - 100 фоиз миқдорда захира яратилади.

Активларнинг таснифланиши ва уларга белгиланган миқдорда захира яратилиши ушбу активларнинг қолдиқ суммаси ҳисоб-китоби асосида амалга оширилади.


6. Қайтмаслик хавфи бўлмаган активлар "яхши" деб таснифланади. Муддати ўтган ва шартлари қайта кўриб чиқилган (реструктуризация қилинган) ссудалар (активлар) "яхши" актив сифатида таснифланиши мумкин эмас.


7. Ссудаларни (активларни) қайтариш графигига асосан, асосий қарз суммаси ва (ёки) у бўйича ҳисобланган фоизлар 30 кундан ортиқ муддатга кечиктирилганда "субстандарт" актив сифатида, асосий қарз суммаси ва (ёки) у бўйича ҳисобланган фоизлар 60 кундан ортиқ муддатга кечиктирилганда "шубҳали" актив сифатида ҳамда асосий қарз суммаси ва (ёки) у бўйича ҳисобланган фоизлар 90 кундан ортиқ муддатга кечиктирилганда ёки шартнома бўйича охирги қайтариш муддати ўтганда "умидсиз" актив сифатида таснифланади ва белгиланган миқдорда захиралар ташкил этилади.



III БОБ. АКТИВЛАР БЎЙИЧА ЗАХИРАЛАРНИ

ЯРАТИШ ВА УЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ


8. Активлар бўйича захираларнинг яратилиши даврий равишда ҳар ойнинг сўнгги санасига қадар камида бир марта ҳар бир актив бўйича амалга оширилиши шарт.

Активлар бўйича яратилган захиралар Фойда ва зарарлар тўғрисидаги ҳисоботда акс эттирилиши лозим.


9. Активнинг ҳисобдан чиқарилиши активнинг қисман ёки тўлиқ қайтарилиши мумкинлигини инкор этмайди.


10. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки активлар микрокредит ташкилоти томонидан мазкур Низом талаблари асосида таснифланиб, етарли даражада захира яратилмаган ҳолларда, активлар бўйича захираларни яратиш бўйича қўшимча ажратмалар ажратилишини талаб қилади.


11. Активлар бўйича захирани яратишга оид бухгалтерия ўтказмалари қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


12. Микрокредит ташкилотининг ижро этувчи органи активлар бўйича захираларнинг етарлилик даражасини доимий равишда ушлаб туришнинг таъминланиши учун жавобгардир.


13. "Умидсиз" активлар тегишли захираларни камайтириш ҳисобига микрокредит ташкилотининг юқори бошқарув органи қарорига асосан ҳисобдан чиқарилиши мумкин.


14. Микрокредит ташкилоти ижро этувчи органи молиявий йил якуни бўйича микрокредит ташкилоти иштирокчилари (акциядорлари) умумий йиғилишида "умидсиз" активларни ундириш бўйича қўлланган чора-тадбирлар ҳақида ҳисобот бериши керак.



IV БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


15. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортиладилар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2012 йил, 29-сон, 340-модда