язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм/ Жисмоний тарбия ва спорт/ Спорт соҳасини бошқариш, спортчиларни тайёрлаш/ Тренерлик фаолияти билан шуғулланиш юзасидан аттестация ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 13.07.2012 й. 214-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2012 йил 13 июлдаги

214-сон қарорига

1-ИЛОВА



Тренерлик фаолияти билан шуғулланиш юзасидан

аттестация ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ тренерлик фаолияти билан шуғулланиш юзасидан аттестация ўтказиш, тренерлик фаолияти билан шуғулланишга рухсатномани расмийлаштириш ва бериш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низом талаблари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тренерлик фаолиятини амалга оширишни хоҳловчи жисмоний шахслар, шунингдек жисмоний тарбия ва спортни оммалаштирувчи ёки ушбу соҳада аҳолига хизматлар кўрсатувчи юридик ва жисмоний шахслар учун мажбурий ҳисобланади.

Ушбу Низом спорт йўналишидаги муассасалардан ташқари, давлат умумтаълим мактабларида, коллежларда, лицейларда ва олий ўқув муассасаларида жисмоний тарбия бўйича ўқитувчилар сифатида ўз фаолиятини амалга оширувчи шахсларга татбиқ этилмайди.


3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


тренерлик фаолияти билан шуғулланиш юзасидан аттестация (кейинги ўринларда аттестация деб аталади) - жисмоний шахсларнинг жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги малакасини, билимларини ва касбий кўникмалари даражасини уларнинг тренерлик фаолияти билан шуғулланишига рухсат бериш мақсадида аниқлаш;


тренерлик фаолияти - аҳоли ва спортчилар билан ўқув-тренировка, жисмоний тарбия-спорт ҳамда соғломлаштириш тадбирларини ўтказишга, шунингдек спорт натижаларига эришиш учун уларнинг мусобақа фаолиятига раҳбарликни амалга оширишга йўналтирилган фаолият;


тренер - спорт бўйича тренер, тренер-ўқитувчи ёки тренерлик фаолияти билан шуғулланиш учун тегишли рухсатномага эга бўлган тренер-инструктор сифатида тренерлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахс;


тренерлик фаолияти билан шуғулланишга рухсатнома - Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жисмоний шахсга тренерлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берадиган ҳужжат.


4. Қуйидагилар аттестация ўтказишнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

ўқув-тренировка, жисмоний тарбия-спорт ва соғломлаштириш машғулотларини ўтказишда аҳоли хавфсизлигини таъминлаш;

тренерларнинг малака, методологик маданияти даражасини мақсадли, узлуксиз оширишини, шахсий, касбий ўсишини, уларнинг замонавий педагогик технологиялар ва амалий кўникмалардан фойдаланишини рағбатлантириш;

спортчиларни тайёрлаш самарадорлиги ва сифатини ошириш, аҳоли билан жисмоний тарбия-спорт ва соғломлаштириш машғулотларини ўтказиш.


5. Коллегиаллик, ошкоралик, очиқ-равшанлик, талабгорга холисона муносабатда бўлиш ва камситишларга йўл қўймаслик аттестациянинг асосий тамойиллари ҳисобланади.



II. ТРЕНЕРЛИК ФАОЛИЯТИ БИЛАН ШУҒУЛЛАНИШ

ЮЗАСИДАН АТТЕСТАЦИЯДАН ЎТКАЗИШ БЎЙИЧА

РЕСПУБЛИКА КОМИССИЯСИ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


6. Аттестация Тренерлик фаолияти билан шуғулланиш юзасидан аттестациядан ўтказиш бўйича Республика комиссияси (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) томонидан ўтказилади.


7. Комиссиянинг шахсий таркиби Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар, спорт турлари бўйича республика спорт ташкилотлари (федерациялари, уюшмалари ва бошқалар), жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги таълим муассасалари ходимларидан шакллантирилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Комиссия аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда унинг таркибига ушбу лавозимларга янгидан тайинланган ёхуд зиммасига тегишли функцияларни бажариш юкланган шахслар киритилади.


8. Комиссия раиси ваколатига қуйидагилар киради:

Комиссия ишларини ташкил этиш ва унинг фаолиятига раҳбарлик қилиш;

Комиссия аъзоларининг Комиссияга юкланган вазифаларни бажариш бўйича ишларини мувофиқлаштириш;

Комиссия мажлислари кун тартибини белгилаш ва мажлисларни чақириш;

Комиссия томонидан қабул қилинган қарорларнинг бажарилиши юзасидан назоратни ташкил этиш;

бошқа ваколатларни амалга ошириш.


9. Комиссия раиси бўлмаган тақдирда унинг вазифаларини Комиссия раисининг ўринбосари бажаради.


10. Комиссия аъзолари ваколатларига қуйидагилар киради:

Комиссия ишида қатнашиш;

Комиссия қарорларини қабул қилиш бўйича овоз беришда қатнашиш;

Комиссиянинг кўриб чиқиши учун киритиладиган материаллар бўйича тегишли хулосаларни ўз вақтида тақдим этиш;

эксперт гуруҳлар таркибига киритиш учун экспертлар номзодларини кўриб чиқиш;

эксперт гуруҳларнинг амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботларини эшитиш.


11. Комиссия котиби ваколатларига қуйидагилар киради:

Комиссия қарорлари ижроси мониторингини юритиш ва унинг натижаларини Комиссиянинг кўриб чиқиши учун тақдим этиш;

ишчи орган ва эксперт гуруҳларнинг Комиссия мажлисига материаллар тайёрлаш бўйича фаолиятини ташкил этиш;

Комиссия раиси билан мажлисларни ўтказиш муддатлари ва жойлари, шунингдек таклиф этиладиганлар контингентини келишиш;

Комиссия протоколларини юритиш ва тасдиқланган протоколларни Комиссия аъзоларига юбориш;

Комиссия ваколатига кирадиган масалалар бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларга сўровлар тайёрлаш.


12. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг Сертификатлаштириш ва компьютерлаштириш маркази (кейинги ўринларда ишчи орган деб аталади) Комиссиянинг ишчи органи ҳисобланади.

13. Ишчи орган:

Комиссия мажлисларини ташкилий-техник жиҳатдан таъминлашни амалга оширади;

Комиссия мажлисларини ўтказишга барча зарур материалларнинг ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди ҳамда унга давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан, шунингдек Комиссия аъзоларидан зарур материалларни ва тренерлик фаолиятига тааллуқли эксперт хулосаларни олиш ҳуқуқи берилади;

Комиссия мажлислари ўтказилишини ва кун тартибидаги масалалар бўйича таҳлилий материаллар тайёрлашни ташкил қилади;

аттестацияни сифатли ўтказиш билан боғлиқ ишларни ташкил этиш учун малакали мутахассислардан ишчи ва эксперт гуруҳларни шакллантиради ва уларнинг ишларини мувофиқлаштиради;

ишчи ва эксперт гуруҳлар фаолиятини ва Комиссия қабул қилган қарорларнинг бажарилишини жойларга борган ҳолда ўрганади;

Комиссия аъзоларини ва таклиф этиладиган шахсларни мажлиснинг ўтказиладиган санаси, жойи ва вақти тўғрисида тегишли материалларни юборган ҳолда хабардор қилади;

Комиссия қарорига кўра аттестациядан ўтган шахсларга тренерлик фаолияти билан шуғулланиш юзасидан рухсатномаларни расмийлаштиради ва беради;

"Тренерлик фаолияти билан шуғулланиш юзасидан рухсатномага эга бўлган шахслар реестри" Давлат ахборот ресурсини юритади;

Комиссия қарорларига мувофиқ бошқа материалларни Комиссиянинг кўриб чиқиши учун тақдим этади.

Комиссия қарори бўйича ишчи органга Комиссиянинг фаолияти самарадорлигини ошириш ва аттестация ўтказиш мақсадида бошқа функциялар ҳам юкланиши мумкин.



III. АТТЕСТАЦИЯНИ ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


14. Талабгорни аттестациядан ўтказиш 3 йилда бир марта ўтказилади, Комиссия томонидан аттестациядан ўтишнинг бошқа муддатлари белгиланадиган қуйидаги ҳолатлар бундан мустасно:

талабгорда давлат ва халқаро спорт унвонлари ва/ёки мукофотлари мавжуд бўлса ёхуд талабгор Ўзбекистон Республикасида спортни ва тренерлик фаолиятини ривожлантиришга салмоқли улуш қўшган бўлса;

талабгорларда тренерлик фаолияти билан шуғулланишга, уларда кўрсатилган муддатларни ҳисобга олган ҳолда, спорт турлари бўйича халқаро федерациялар томонидан берилган рухсат берувчи ҳужжатлар мавжуд бўлса. Бунда спорт турининг хусусияти (олимпиада, ноолимпиада, миллий ва бошқа спорт турлари) эътиборга олинади.


15. Ҳомиладор аёллар, шунингдек уч ёшгача болалари бўлган аёллар аттестацияга жалб этилмайди.


16. Илгари ижтимоий хавфли, оғир ва алоҳида оғир жиноятлари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига қарши қаратилган жиноятлари учун жиноий жавобгарликка тортилган шахслар аттестацияга қўйилмайди.

20.

Қабул қилинган тўлов маблағлари ишчи органнинг аттестациядан ўтказиш, тренерлик фаолияти билан шуғулланиш учун рухсатномани расмийлаштириш ва бериш ишларини ташкил этиш билан боғлиқ харажатларини қоплашга йўналтирилади.

21. Аттестация икки босқичда ўтказилади. Биринчи босқич Комиссиянинг ишчи органи томонидан минтақаларда ўтказилади. Аттестациянинг биринчи босқичи муваффақиятли ўтгандан кейин иккинчи босқич республика минтақаларида спорт турлари республика (минтақа) ташкилотларини (федерациялар, уюшмалар ва бошқаларни) жалб этган ҳолда ўтказилади.

23. Аттестациянинг биринчи босқичи давомида талабгорлар малака синовларидан (мутахассислар базавий назарий билимлари даражасининг аттестация мезонларига мувофиқлигини аниқлаш жараёни) ўтадилар, бунда компьютер дастурлари қўлланилган ҳолда ёки ёзма шаклда уларнинг тренерлик фаолиятини амалга ошириш асосларини, физиология соҳасидаги умумий масалаларни, ўқув-тренировка ва жисмоний тарбия-соғломлаштириш машғулотларини ўтказиш, ўқув-тренировка ва жисмоний тарбия-соғломлаштириш машғулотларини ўтказиш пайтида шикастланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш методикаларини билишлари ҳамда тренерлик фаолияти билан шуғулланиш жараёнида зарур бўлган бошқа умумий назарий билимларни билишлари аниқланади. Саволлар ва баҳолаш мезонларининг намунавий рўйхати ишчи органнинг тақдимномаси бўйича Комиссия томонидан тасдиқланади.

Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия ва спорт университетини ёки ихтисослаштирилган олимпия захираси мактаб-интернатларини тамомлаганлик тўғрисидаги дипломларга эга бўлган шахслар кўрсатиб ўтилган таълим муассасаларини тамомлагандан кейин тегишли спорт турлари бўйича уч йил мобайнида аттестациянинг биринчи ва иккинчи босқичидан ўтган деб ҳисобланадилар.

Бошқа олий таълим муассасаларининг жисмоний тарбия ва спорт факультетларини тамомлаганлик тўғрисидаги дипломларга эга бўлган шахслар кўрсатиб ўтилган таълим муассасаларини тамомлагандан кейин уч йил мобайнида аттестациянинг биринчи босқичидан ўтган деб ҳисобланадилар.

24. Узрли сабаб билан аттестацияга келмаган талабгорлар навбатдаги аттестацияга, бироқ кўпи билан бир марта қўйиладилар. Узрли сабаб билан бир мартадан ортиқ аттестацияга келмаганлик узрсиз сабаб билан келмаган деб баҳоланади, талабгор эса аттестациядан ўтмаган деб ҳисобланади.


25. Узрсиз сабаблар билан аттестацияга келмаган талабгорларга ишчи орган томонидан (ҳужжатлар/материаллар асосида) талабгорни аттестациядан ўтмаган деб ҳисоблаш ҳамда унга тренерлик фаолияти билан шуғулланишга рухсатнома бериш рад этилганлиги тўғрисида қарор чиқарилганлиги ҳақидаги ёзма билдиришнома юборилади.

Узрсиз сабаб билан аттестацияга келмаган шахслар олдинги аттестация вақтидан бошлаб кўпи билан 1 (бир) ойдан кейин аттестациядан такрорий ўтиш ҳуқуқига эгадирлар.


26. Аттестациянинг биринчи босқичидан муваффақиятли ўтилган тақдирда, талабгорларнинг ҳужжатлари Комиссияга юборилади, у беш кун муддатда умумжисмоний тайёргарлик бўйича тренер-инструкторлар сифатида тренерлик фаолияти билан шуғулланишга рухсатнома бериш ёхуд рухсатнома беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Талабгорлар спорт турлари бўйича тренерлар сифатида фаолиятни амалга ошириш хоҳишини билдирган тақдирда улар спортнинг тегишли тури бўйича тренерларга қўйиладиган касбий сифатлари, билимлари ва маҳоратларини аниқлаш ҳамда спорт турлари бўйича тренерлар, спорт турлари бўйича тренер-ўқитувчилар ва тренер-инструкторлар сифатида тренерлик фаолияти билан шуғулланишга рухсатнома бериш мақсадида хулоса олиш учун спорт турлари бўйича республика (минтақа) ташкилотларига (федерациялари, уюшмалари ва бошқаларга) юборилади. Тегишли спорт ташкилотлари ёки малакали ходим мавжуд бўлмаган тақдирда спортнинг тегишли тури бўйича аттестациянинг иккинчи босқичини ўтказиш тартиби Комиссия томонидан белгиланади.


27. Аттестациянинг иккинчи босқичи давомида талабгорлар спортнинг оммалаштирилаётган турига оид назарий ва амалий билимлари бўйича синовдан ўтадилар, синов якуни бўйича хулоса берилади.

Хулосани бериш тартиби, муддатлари ва шартлари Комиссия билан келишган ҳолда спорт турлари бўйича республика (минтақа) ташкилотлари (федерациялари, уюшмалари ва бошқалар) томонидан тасдиқланади.


28. Ишчи орган томонидан аттестациянинг биринчи босқичи натижалари ва спорт турлари бўйича республика (минтақа) ташкилотлари (федерациялари, уюшмалари ва бошқалар)нинг аттестациянинг иккинчи босқичи якунлари бўйича хулосалари тренерлик фаолияти билан шуғулланишга рухсатнома бериш ёхуд рухсатнома беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш учун Комиссияга юборилади.


29. Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози" ёки "Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози" унвонига, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида илмий даражага эга бўлган шахслар аттестациядан ўтмасдан ва аттестациядан ўтганлик учун ҳақ тўламасдан тренерлик фаолияти билан муддатсиз шуғулланишга рухсатнома оладилар. Давлат унвонлари ва халқаро унвонларга ва/ёки мукофотларга эга бўлган, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида тренерлик фаолиятини ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшган шахслар спорт тури бўйича тегишли республика федерацияси (ассоциацияси)нинг илтимосномаси бўйича Комиссиянинг қарори билан аттестациядан ўтишдан ва аттестация ўтказилганлиги учун ҳақ тўлашдан озод қилиниши мумкин.

Спортнинг тури бўйича тегишли Республика федерацияси (ассоциацияси)нинг илтимосномаси Комиссиянинг кўриб чиқиши учун ишчи органга юборилади.

30. Комиссия мажлиси унда Комиссия аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисми қатнашган тақдирда ваколатли ҳисобланади. Қарорлар очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади. Агар талабгор Комиссия аъзоси ҳисобланса, у аттестациядан ўтишда ўз номзоди бўйича овоз беришда қатнашмайди.

Комиссия қарори, унинг учун Комиссиянинг мажлисда қатнашаётган аъзоларининг оддий кўпчилиги овоз берган тақдирда, қабул қилинган деб ҳисобланади. Овозлар тенг бўлган тақдирда, раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.


31. Комиссия мажлислари заруриятга кўра ўтказилади ва сўров йўли билан амалга оширилиши мумкин.


32. Комиссия қарори протокол билан расмийлаштирилади, у раис ёки унинг ўринбосари томонидан имзоланган кундан бошлаб кучга киради.

34. Тренерлик фаолияти билан шуғулланишга рухсатнома бланки қатъий ҳисобот бериладиган ҳужжат ҳисобланади ва тартиб рақамига эга бўлади. Тренерлик фаолияти билан шуғулланишга рухсатнома бланки рақамланган, ип ўтказиб тикилган ҳамда раҳбарнинг имзоси ва ишчи органнинг муҳри билан тасдиқланган тегишли дафтарда мажбурий тартибда рўйхатдан ўтказилади.


35. Комиссия қарори юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят билдирилиши мумкин.


36. Жисмоний шахс аттестациядан ўтмаган тақдирда, тўлов қайтариб берилмайди.


37. Аттестациядан ўтмаган жисмоний шахс олдинги аттестация бўлган пайтдан бошлаб 1 (бир) ойдан кейин аттестациядан такроран ўтиш ҳуқуқига эгадир.

37-1. Спортнинг олимпия ва паралимпия турлари ҳамда Осиё ўйинлари дастурига киритилган спорт турлари бўйича Олимпия ва Паралимпия ўйинлари, Осиё ўйинлари, жаҳон ва Осиё чемпионатлари мусобақаларининг ғолиб ва совриндор спортчилари тегишли спорт федерациялари (уюшмалари) тавсиялари асосида аттестациянинг биринчи ва иккинчи босқичларидан ўтмасдан, спорт мактабларида тренер сифатида ишлаш учун тренерлик фаолияти билан шуғулланишга белгиланган тартибда тегишли рухсатнома оладилар.

Қорақалпоғистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар жисмоний тарбия ва спорт бошқармаларининг тавсиялари асосида умумтаълим мактабларининг жисмоний тарбия фани ўқитувчилари спорт мактабларида тренер-инструктор сифатида ишлаш учун аттестациянинг биринчи ва иккинчи босқичларидан ўтмасдан тренер-инструкторлик фаолияти билан шуғулланишга белгиланган тартибда тегишли рухсатнома оладилар.

37-2. Тренерлик фаолияти учун амал қиладиган рухсатномаси бўлган шахслар берилган рухсатноманинг амал қилиш муддати тугагунига қадар бошқа спорт турлари бўйича тренерлик фаолиятини амалга ошириш учун рухсатномани олишга ариза беришлари мумкин.

Бунда, агар талабгор унга амал қилувчи рухсатнома берилган кундан бошлаб олти ой мобайнида рухсатнома олиш учун мурожаат қилган тақдирда, талабгор аттестациянинг биринчи босқичидан ўтмасдан аттестациянинг иккинчи босқичидан ўтиш учун спорт тури бўйича тегишли республика спорт ташкилотига (федерацияга, уюшмага ва бошқаларга) юборилади.

Янги рухсатнома расмийлаштирилганлиги ва берилганлиги учун ушбу Низомнинг 20-бандида кўрсатилган йиғимнинг ярми миқдорида йиғим ундирилади.

37-3. Спорт тури бўйича тренер-йўриқчи сифатида фаолият билан шуғулланишга рухсатномага эга бўлган шахслар спортнинг айнан шу тури бўйича тренер ёки тренер-ўқитувчи сифатида фаолиятни амалга ошириш бўйича ариза бериши мумкин.

Бунда, агар талабгор янги рухсатнома олиш учун унга амал қиладиган рухсатнома берилган кундан бошлаб саккиз ойгача муддатда мурожаат қилган тақдирда, у аттестациянинг биринчи босқичини ўтмасдан аттестациянинг иккинчи босқичидан ўтиш учун тегишли республика спорт ташкилотига (федерацияга, уюшмага ва бошқаларга) юборилади.

37-4. Тренерлик фаолияти билан шуғулланишга рухсатномани узайтириш, тўхтатиб туриш, тиклаш, амал қилишини тўхтатиш ва қайта расмийлаштириш "Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-тамойиллари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талаблари ҳисобга олинган ҳолда ушбу Низомда белгиланган тартибда амалга оширилади.


IV. ТРЕНЕРЛАРГА МАЛАКА ТОИФАЛАРИ БЕРИШ


38. Тренерлик фаолияти билан шуғулланишга рухсатноманинг мавжудлиги, иш жараёнида юқори спорт ва меҳнат натижаларига эришганлик тренерларга малака тоифаси бериш учун асос ҳисобланади.


39. Тренерларга малака тоифаси бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан тасдиқланади.

40. Тренерларга малака тоифасининг амал қилиш муддати 5 йилни ташкил қилади.



V. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


41. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2012 йил, 29-сон, 332-модда