язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Суд хокимияти. Одил судлов/ Судьяларни танлаш ва тайинлаш тартиби. Судьяларнинг мақоми. Халқ маслаҳатчилари/ Судьяларга, суд органлари ходимларига, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, прокуратура органлари, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, давлат солиқ хизмати ва давлат божхона хизмати органлари ходимларига имтиёзли шартларда уй-жой сотиб олишга узоқ муддатли ипотека кредитлари бериш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 31.10.2012 й. 312-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2012 йил 31 октябрдаги

312-сон қарорига

1-ИЛОВА


Судьяларга, суд органлари ходимларига,

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, прокуратура

органлари, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

ҳузуридаги  Иқтисодий  жиноятларга  қарши  курашиш

департаменти, давлат солиқ хизмати ва давлат божхона

хизмати органлари ходимларига имтиёзли шартларда

уй-жой сотиб олишга узоқ муддатли ипотека

кредитлари бериш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом "Ипотека тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Суд тизими ходимларини ижтимоий муҳофаза қилишни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2012 йил 2 августдаги ПФ-4459-сон, "Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 18 июлдаги ПФ-5116-сон, "Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 10 августдаги ПФ-5147-сон, "Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 12 апрелдаги ПФ-5414-сон, "Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 13 июлдаги ПФ-5482-сон фармонларига, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2013 йил 13 ноябрдаги ПҚ-2065-сон,"Судлар ва адлия органлари фаолиятини моддий-техник ва молиявий таъминлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида" 2017 йил 23 августдаги ПҚ-3240-сон қарорларига мувофиқ тижорат банклари томонидан судьяларга, Конституциявий суд, Судьялар олий кенгаши, Олий суд, қуйи судлар аппаратлари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ва унинг ҳудудий бўлимлари (кейинги ўринларда суд органлари деб аталади), Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, прокуратура органлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти (кейинги ўринларда прокуратура органлари деб аталади) ва давлат солиқ хизмати ва давлат божхона хизмати органлари ходимларига имтиёзли шартларда уй-жой сотиб олишга узоқ муддатли ипотека кредити бериш тартибини белгилайди.

Ушбу Низомнинг амал қилиши судьяларга, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди судьяларига (кейинги ўринларда судьялар деб аталади), суд органлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ходимларига, прокуратура, давлат солиқ хизмати ва давлат божхона хизмати органлари ходимларига татбиқ этилади.

2. Тижорат банклари томонидан судьяларга, суд органлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, прокуратура, давлат солиқ хизмати ва давлат божхона хизмати органлари ходимларига узоқ муддатли ипотека кредити (кейинги ўринларда ипотека кредити деб аталади) бериш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳамда тижорат банкларининг ички кредит сиёсатига мувофиқ амалга оширилади.

3. Ипотека кредитлари якка тартибдаги уй-жой ёки кўп квартирали уйда квартира сотиб олиш учун қайтаришлик, тўловлилик, таъминланганлик ва муддатлилик шартларида тижорат банклари томонидан берилади.


4. Тижорат банклари томонидан ипотека кредитлари қуйидагилар ҳисобидан берилади:

халқаро ва хорижий молиявий институтларнинг ипотека кредити учун берилган кредит линиялари, шу жумладан имтиёзли кредит линиялари, грантлари ва инвестициялари;

тижорат банкларининг ўз маблағлари ва жалб қилган маблағлари.


5. Ипотека кредити ипотека кредити ҳисобига сотиб олинадиган ва белгиланган тартибда судьянинг, суд органлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, прокуратура, давлат солиқ хизмати ва давлат божхона хизмати органлари ходимларининг мулкига ўтадиган якка тартибдаги уй-жойни ёки кўп квартирали уйдаги квартирани ипотекага олиш учун берилади.

Муомаладан олиб қўйилган ва бегоналаштирилиши мумкин бўлмаган кўчмас мулк ипотека предмети бўлиши мумкин эмас.


6. Тижорат банки томонидан бериладиган ипотека кредити миқдори ипотека кредити олиш учун буюртманома берилган кунда республикада белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг 2000 бараваридан ортиқ бўлиши мумкин эмас.


7. Ипотека кредити судьяларга, суд органлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, прокуратура, давлат солиқ хизмати ва давлат божхона хизмати органлари ходимларига камида 10 йил муддатга берилади.

7-1. Ипотека кредитлари судьяларга, суд органлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, прокуратура органлари ходимларига уч йиллик имтиёзли давр билан берилади ва мазкур давр мобайнида кредитлар бўйича фақат фоизлар тўланади.

8. Ипотека кредитидан фойдаланганлик учун фоиз ставкаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг кредит комиссияси (кредит қўмитаси) томонидан ипотека кредити бериш тўғрисида қарор қабул қилинган кунда амалда бўлган қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида белгиланади.


9. Тижорат банки томонидан бериладиган ипотека кредити миқдори сотиб олинадиган якка тартибдаги уй-жой ёки кўп квартирали уйдаги квартира қийматининг 75 фоизидан ошиши мумкин эмас.


10. Судья, суд органлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, прокуратура, давлат солиқ хизмати ва давлат божхона хизмати органлари ходими тижорат банкидан ипотека кредити олиш учун сотиб олинадиган якка тартибдаги уй-жой ёки кўп квартирали уйдаги квартира қийматининг камида 25 фоизи миқдоридаги ўз маблағига эга бўлиши керак.

Кўрсатиб ўтилган маблағлар тижорат банкида судьянинг, суд органлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, прокуратура, давлат солиқ хизмати ва давлат божхона хизмати органлари ходимининг номига миллий валютада очилган жамғарма ҳисоб рақамида (кейинги ўринларда судьянинг, прокуратура, давлат солиқ хизмати ва давлат божхона хизмати органлари ходимининг ҳисоб рақами деб аталади) бўлиши керак.


II. СУДЬЯЛАРНИНГ ВА СУД ОРГАНЛАРИ

ХОДИМЛАРИНИНГ ДАСТЛАБКИ БАДАЛНИ

ОЛИШ, БЕРИШ ВА ҚАЙТАРИШ ТАРТИБИ

11. Сотиб олинадиган якка тартибдаги уй-жой ёки кўп квартирали уйдаги квартира қийматининг 25 фоизи миқдоридаги дастлабки бадал (кейинги ўринларда дастлабки бадал деб аталади) судьянинг, суд органлари ходимининг ҳисоб рақамига Суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) маблағлари ҳисобидан ўтказилиши мумкин.

12. Жамғарма маблағлари ҳисобидан дастлабки бадални ўтказиш учун судья, суд органлари ходими иш жойида тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти директори (кейинги ўринларда суд органи раҳбари деб аталади) номига қарз бериш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилади.

Судья, суд органлари ходими Жамғарма маблағлари ҳисобидан қарз бериш тўғрисидаги ариза билан бирга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

судьянинг, суд органлари ходимининг ва у билан бирга яшайдиган оила аъзоларининг даромадлари тўғрисида охирги 12 ой учун доимий иш жойидан берилган маълумотномалар ёки судьянинг, суд органлари ходимининг ва унинг оила аъзоларининг охирги 12 ой учун даромадлари тўғрисидаги декларацияларнинг уларнинг яшаш жойидаги давлат солиқ органи томонидан тасдиқланган нусхалари;

судьянинг, суд органлари ходимининг оиласи таркиби тўғрисида яшаш жойидан берилган маълумотнома ва унинг паспорти нусхаси;

судьяни, суд органлари ходимини тайинлаш (сайлаш) тўғрисидаги тегишли қарор (буйруқ)нинг нусхаси.

13. Ариза ва ушбу Низомнинг 12-бандида кўрсатилган барча ҳужжатлар олингандан кейин суд органи раҳбари уларни ўрганиш (текшириш) натижаларига кўра Жамғарма маблағлари ҳисобидан қарз бериш тўғрисидаги ариза ва барча зарур ҳужжатлар олинган кундан бошлаб беш кун муддатда Жамғармага (аризани ва барча зарур ҳужжатларни илова қилган ҳолда) илтимоснома билан мурожаат қилади.

14. Суд органи раҳбарининг илтимосномаси ва ушбу Низомнинг 12-бандида кўрсатилган барча ҳужжатлар олингандан кейин Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти (кейинги ўринларда Департамент деб аталади) ўрганиш ва текшириш натижаларига кўра Жамғарманинг Кузатувчи кенгашига дастлабки бадал учун қарз бериш мумкинлиги тўғрисида хулоса киритади.

15. Жамғарманинг Кузатувчи кенгаши суд органи раҳбарининг илтимосномасини, Жамғарма маблағлари ҳисобидан қарз бериш тўғрисидаги аризани, унга илова қилинган барча ҳужжатларни ва Департаментнинг хулосасини кўриб чиқиб аризани қаноатлантириш ёки рад этиш сабабларини кўрсатган ҳолда қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Департамент томонидан хулоса бериш ва Жамғарманинг Кузатувчи кенгаши томонидан қарор қабул қилиш муддати суд органи раҳбари томонидан Жамғарма маблағлари ҳисобидан қарз бериш тўғрисидаги ариза ва ушбу Низомнинг 12-бандида кўрсатилган барча ҳужжатлар илова қилинган илтимоснома тақдим этилган кундан бошлаб ўн беш иш кунидан ошмаслиги керак.

16. Жамғарманинг Кузатувчи кенгаши томонидан ижобий қарор қабул қилинган тақдирда Департамент бу тўғрида зудлик билан суд органи раҳбарини ёзма равишда хабардор қилади ва судья ёки суд органи ходими билан қарз шартномаси тузилади.

Қарз гаров таъминоти ёки кафиллик ҳужжати тақдим этилган ҳолда фоизсиз ва қайтариш асосида берилади. Қарзни қайтариш муддати ипотека кредитини қайтариш муддатидан кам бўлиши мумкин эмас.


17. Жамғарма қарз шартномаси тузилган кундан бошлаб ўн кун муддатда маблағларни судьянинг ёки суд органи ходимининг ҳисоб рақамига ўтказади.

Кредит шартномасига мувофиқ тўланган дастлабки бадал якка тартибдаги уй-жой ёки кўп квартирали уйдаги квартира қийматининг 25 фоизидан ортиқ бўлган тақдирда судья ёки суд органи ходими ортиқча суммани кредит шартномаси имзоланган кундан бошлаб икки кун мобайнида Жамғармага қайтаради.

18. Жамғарманинг Кузатувчи кенгаши томонидан Жамғарма маблағлари ҳисобидан қарз бериш тўғрисидаги аризани қаноатлантиришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган тақдирда Департамент бу тўғрида зудлик билан суд органи раҳбарини ёзма равишда хабардор қилади. Хабарномада маблағ беришни рад этиш сабаблари кўрсатилиши керак.

Қуйидагилар рад этиш сабаблари бўлиши мумкин:

судья ёки суд органи ходими томонидан зарур тарзда расмийлаштирилмаган ҳужжатлар тақдим этилса;

судья ёки суд органи ходими томонидан тақдим этилган ҳужжатларда ишончсиз ёки нотўғри маълумотлар мавжуд бўлса;

Жамғарма маблағлари етишмаса.

Суд органи раҳбари Департаментдан хабарнома олинган кундан бошлаб бир кун муддатда судьяга ёки суд органи ходимига Жамғарманинг Кузатувчи кенгаши қарорини етказади.

19. Судья ёки суд органи ходими томонидан қарзни қайтариш қуйидаги шаклларда амалга оширилиши мумкин:

иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, пенсиялар, гонорарлар, дивидендлар, фоизлар ва қимматли қоғозлар бўйича олинадиган бошқа даромадлар ҳисобидан нақд пулсиз маблағ ўтказиш;

нақд пул топшириш;

судьянинг ёки суд органи ходимининг тижорат банкларидаги омонатлар бўйича ҳисоб рақамларидан нақд пулсиз маблағ ўтказиш.

Бунда қарз бўйича қарз маблағлари қарз шартномасига илова қилинган жадвалга мувофиқ тўланади.

Судьялар ва суд органлари ходимлари қарзни қарз шартномасида белгиланган муддатдан олдин қайтариш ҳуқуқига эга.


II-1 БОБ. ДАВЛАТ СОЛИҚ ХИЗМАТИ ОРГАНЛАРИ

ХОДИМЛАРИНИНГ ДАСТЛАБКИ БАДАЛНИ

ОЛИШИ, УНИ БЕРИШ ВА ҚАЙТАРИШ ТАРТИБИ

19-1. Дастлабки бадал давлат солиқ хизмати органлари ходимининг ҳисоб рақамига Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси (кейинги ўринларда Махсус жамғарма деб аталади) маблағлари ҳисобидан киритилиши мумкин.


19-2. Давлат солиқ хизмати органлари ходимларига дастлабки бадални тўлаш учун Махсус жамғарма маблағларидан ажратиш мақсадида иш тартиби Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланадиган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Давлат солиқ бошқармаларида тегишли комиссия (кейинги ўринларда ҳудудий комиссиялар деб аталади) ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси комиссияси (кейинги ўринларда ДСҚ комиссияси деб аталади) ташкил этилади.


19-3. Махсус жамғарма маблағлари ҳисобидан дастлабки бадални ўтказиш учун давлат солиқ хизмати органлари ходими иш жойи бўйича ҳудудий комиссияларга, Давлат солиқ қўмитаси марказий аппарати ходимлари эса ДСҚ комиссиясига қарз бериш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилади.

Давлат солиқ хизмати органлари ходими қарз бериш тўғрисидаги ариза билан биргаликда қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

давлат солиқ хизмати органлари ходимининг ва у билан бирга яшайдиган оила аъзоларининг даромадлари тўғрисида охирги 12 ой учун доимий иш жойидан берилган маълумотномалар ёки давлат солиқ хизмати органлари ходимининг ва унинг оила аъзоларининг охирги 12 ой учун даромадлари тўғрисидаги декларацияларнинг уларнинг яшаш жойидаги давлат солиқ органи томонидан тасдиқланган нусхалари;

давлат солиқ хизмати органлари ходимининг оиласи таркиби тўғрисида яшаш жойидан берилган маълумотнома ва унинг паспорти нусхаси;

давлат солиқ хизмати органлари ходимини тайинлаш тўғрисидаги тегишли қарорнинг нусхаси.


19-4. Ариза ва ушбу Низомнинг 19-3-бандида кўрсатилган барча ҳужжатлар олингандан кейин ҳудудий комиссия ўн кун муддатда тақдим этилган ҳужжатларни ўрганади ва уларда кўрсатилган маълумотларнинг ҳақиқийлигини текширади.

Ижобий қарор қабул қилинган тақдирда ҳудудий комиссия икки кун муддатда ушбу қарорни (зарур ҳужжатларни илова қилган ҳолда) ДСҚ комиссиясига юборади.

Маблағ ажратишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган тақдирда ҳудудий комиссия бир кун муддатда давлат солиқ хизмати органлари ходимини рад этиш сабаблари аниқ кўрсатилган ҳолда ёзма равишда хабардор қилади.


19-5. ДСҚ комиссияси бир ҳафта муддатда ҳудудий комиссия қарори ва унга илова қилинган ҳужжатларни кўриб чиқади ва кўриб чиқиш натижалари юзасидан икки нусхада баённома тузади. Баённоманинг ҳар икки нусхаси ДСҚ комиссияси раиси томонидан тасдиқланади.

Маблағ ажратиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда ДСҚ комиссияси икки кун муддатда баённоманинг бир нусхасини Давлат солиқ қўмитаси Ҳайъати (кейинги ўринларда ДСҚ Ҳайъати деб аталади) қарори лойиҳасини тайёрлаш учун Давлат солиқ қўмитаси раисига киритади.

Маблағ ажратишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган тақдирда бир кун муддатда ҳудудий комиссия рад этиш сабаблари аниқ кўрсатилган ҳолда ёзма равишда хабардор қилинади.

Қуйидагилар рад этиш сабаблари бўлиши мумкин:

ҳужжатларда ишончсиз ёки нотўғри маълумотлар мавжудлиги;

Махсус жамғарма маблағлари етишмаса.


19-6. ДСҚ Ҳайъати қарори тасдиқлангандан кейин икки кун муддатда ДСҚ комиссияси бу ҳақда ҳудудий комиссияни ёзма равишда хабардор қилади ва давлат солиқ хизмати органлари ходими билан қарз шартномасини тузади.

Қарз гаров таъминоти ёки кафиллик ҳужжати тақдим этилган ҳолда фоизсиз ва қайтариш асосида берилади. Қарзни қайтариш муддати ипотека кредитини қайтариш муддатидан кам бўлиши мумкин эмас.


19-7. Дастлабки бадални тўлаш давлат солиқ хизмати органлари ходими хизмат кўрсатувчи тижорат банки билан кредит шартномасини тузгандан кейин ходимнинг тижорат банкида очилган махсус депозит ҳисоб рақамига пул ўтказиш йўли орқали амалга оширилади.

Дастлабки бадал учун ажратиладиган сумма якка тартибдаги уй-жой ёки кўп квартирали уйдаги квартира қийматининг 25 фоизи миқдоридан ошмаслиги керак.


19-8. Давлат солиқ хизмати органлари ходими томонидан қарзни қайтариш қуйидаги шаклларда амалга оширилиши мумкин:

иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, пенсиялар, гонорарлар, дивидендлар, фоизлар ва бошқа даромадлар, шу жумладан қимматли қоғозлар бўйича олинадиган даромадлар ҳисобидан нақд пулсиз маблағ ўтказиш;

нақд пул топшириш;

давлат солиқ хизмати органлари ходимининг тижорат банкларидаги омонатлар бўйича ҳисоб рақамларидан нақд пулсиз маблағ ўтказиш.

Бунда қарз бўйича қарз маблағлари қарз шартномасига илова қилинган жадвалга мувофиқ тўланади.

Давлат солиқ хизмати органлари ходимлари қарзни қарз шартномасида белгиланган муддатдан олдин қайтариш ҳуқуқига эга.



II-2 БОБ. ДАВЛАТ БОЖХОНА ХИЗМАТИ ОРГАНЛАРИ

ХОДИМЛАРИНИНГ ДАСТЛАБКИ БАДАЛНИ ОЛИШИ,

УНИ БЕРИШ ВА ҚАЙТАРИШ ТАРТИБИ

19-9. Дастлабки бадал давлат божхона хизмати органлари ходимининг ҳисоб рақамига Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси (кейинги ўринларда Махсус жамғарма деб аталади) маблағлари ҳисобига киритилиши мумкин.


19-10. Давлат божхона хизмати органлари ходимларига дастлабки бадални тўлаш учун Махсус жамғармадан маблағ ажратиш мақсадида иш тартиби Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан белгиланадиган Давлат божхона қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри бўйича бошқармаларида, "Тошкент-АЭРО" ихтисослантирилган божхона комплекси, Божхона институти, Миллий кинология марказида тегишли комиссия (кейинги ўринларда ҳудудий комиссиялар деб аталади) ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси комиссияси (кейинги ўринларда ДБҚ комиссияси деб аталади) ташкил этилади.

19-11. Махсус жамғарма маблағлари ҳисобига дастлабки бадални ўтказиш учун давлат божхона хизмати органлари ходими иш жойи бўйича ҳудудий комиссияларга, Давлат божхона қўмитаси марказий аппарати ходими эса ДБҚ комиссиясига қарз бериш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилади.

Давлат божхона хизмати органлари ходими қарз бериш тўғрисидаги ариза билан биргаликда қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

давлат божхона хизмати органлари ходимининг ва у билан бирга яшайдиган оила аъзоларининг даромадлари тўғрисида охирги 12 ой учун доимий иш жойидан берилган маълумотномалар ёки давлат божхона хизмати органлари ходимининг ва унинг оила аъзоларининг охирги 12 ой учун даромадлари тўғрисидаги декларацияларнинг уларнинг яшаш жойидаги давлат солиқ органи томонидан тасдиқланган нусхалари;

давлат божхона хизмати органлари ходимининг оиласи таркиби тўғрисида яшаш жойидан берилган маълумотнома ва унинг паспорти нусхаси;

давлат божхона хизмати органлари ходимини тайинлаш тўғрисидаги тегишли буйруқнинг нусхаси.


19-12. Ариза ва ушбу Низомнинг 19-11-бандида кўрсатилган барча ҳужжатлар олингандан кейин ҳудудий комиссия ўн кун муддатда тақдим этилган ҳужжатларни ўрганади ва уларда кўрсатилган маълумотларнинг ҳақиқийлигини текширади.

Ижобий қарор қабул қилинган тақдирда ҳудудий комиссия икки кун муддатда ушбу қарорни (зарур ҳужжатларни илова қилган ҳолда) ДБҚ комиссиясига юборади.

Маблағ ажратишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган тақдирда ҳудудий комиссия бир кун муддатда давлат божхона хизмати органлари ходимини рад этиш сабаблари аниқ кўрсатилган ҳолда ёзма равишда хабардор қилади.


19-13. ДБҚ комиссияси бир ҳафта муддатда ДБҚ марказий аппарати ходимининг аризасини ва ҳудудий комиссия қарорини ва унга илова қилинган ҳужжатларни кўриб чиқади ва кўриб чиқиш натижалари юзасидан икки нусхада баённома тузади. Баённоманинг ҳар икки нусхаси ДБҚ комиссияси раиси томонидан тасдиқланади.

Маблағ ажратиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда ДБҚ комиссияси икки кун муддатда баённоманинг бир нусхасини Давлат божхона қўмитаси Ҳайъати (кейинги ўринларда ДБҚ Ҳайъати деб аталади) қарори лойиҳасини тайёрлаш учун Давлат божхона қўмитаси раисига киритади.

Маблағ ажратишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган тақдирда ДБҚ комиссияси уч кун муддатда ДБҚ марказий аппарати ходими ва ҳудудий комиссияни рад этиш сабаблари аниқ кўрсатилган ҳолда ёзма равишда хабардор қилинади.

Ҳудудий комиссия бир кун муддатда давлат божхона хизмати органи ходимини рад этишнинг аниқ сабабларини кўрсатган ҳолда ёзма равишда хабардор қилади.

Қуйидагилар рад этиш сабаблари ҳисобланади:

зарур тарзда расмийлаштирилмаган ҳужжатлар тақдим этилиши;

ҳужжатларда ишончсиз ёки нотўғри маълумотлар мавжудлиги;

Махсус жамғарма маблағлари етишмаслиги.


19-14. ДБҚ Ҳайъати қарори тасдиқлангандан кейин икки кун муддатда ДБҚ комиссияси бу ҳақда ҳудудий комиссияни ёзма равишда хабардор қилади ва давлат божхона хизмати органлари ходими билан қарз шартномасини тузади.

Қарз гаров таъминоти ёки кафиллик ҳужжати тақдим этилган ҳолда фоизсиз ва қайтариш асосида берилади. Қарзни қайтариш муддати ўн йилдан ортиқ бўлиши мумкин эмас.


19-15. Дастлабки бадални тўлаш давлат божхона хизмати органлари ходими хизмат кўрсатувчи тижорат банки билан кредит шартномаси тузгандан кейин ходимнинг тижорат банкида очилган махсус депозит ҳисоб рақамига пул ўтказиш орқали амалга оширилади..

Дастлабки бадал учун ажратиладиган сумма якка тартибдаги уй-жой ёки кўп квартирали уйдаги квартира қийматининг 25 фоизидан ошмаслиги керак.


19-16. Божхона органлари ходими томонидан қарзни қайтариш қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, пенсиялар, гонорарлар, дивидендлар, фоизлар ва бошқа даромадлар, шу жумладан, қимматли қоғозлар бўйича олинадиган даромадлар ҳисобига нақд пулсиз маблағ ўтказиш;

нақд пул топшириш;

давлат божхона хизмати органлари ходимларининг тижорат банкларидаги омонатлари бўйича ҳисоб рақамларидан нақд пулсиз маблағ ўтказиш.

Бунда қарз бўйича қарз маблағлари қарз шартномасига илова қилинган жадвалга мувофиқ тўланади.

Давлат божхона хизмати органлари ходимлари қарзни қарз шартномасида белгиланган муддатдан олдин қайтариш ҳуқуқига эга.



III. ИПОТЕКА КРЕДИТИ ОЛИШ УЧУН БУЮРТМАНОМАНИ

КЎРИБ ЧИҚИШ ВА БУЮРТМАНОМА БЎЙИЧА

ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛИШ


20. Якка тартибдаги уй-жой ёки кўп квартирали уйда квартира сотиб олиш учун судья, суд органлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, прокуратура, давлат солиқ хизмати ва давлат божхона хизмати органлари ходимлари тижорат банкига ипотека кредити олиш учун сўралаётган кредит суммасини кўрсатган ҳолда қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

судьянинг, суд органлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, прокуратура, давлат солиқ хизмати ва давлат божхона хизмати органлари ходимларининг ва улар билан бирга яшайдиган оила аъзоларининг даромадлари тўғрисида охирги 12 ой учун доимий иш жойидан берилган маълумотномалар ёки судьянинг, суд органлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, прокуратура, давлат солиқ хизмати ва давлат божхона хизмати органлари ходимларининг ва уларнинг оила аъзоларининг охирги 12 ой учун даромадлари тўғрисидаги декларацияларнинг уларнинг яшаш жойидаги давлат солиқ органи томонидан тасдиқланган нусхалари;

банкнинг пул маблағлари судьянинг, суд органлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, прокуратура, давлат солиқ хизмати ва давлат божхона хизмати органлари ходимларининг ҳисоб рақамига қўйилганлиги тўғрисидаги маълумотномаси;

судьянинг, суд органлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, прокуратура, давлат солиқ хизмати ва давлат божхона хизмати органлари ходимларининг оиласи таркиби тўғрисида яшаш жойидан берилган маълумотнома ва унинг паспорти нусхаси;

судьяни, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, тайинлаш (сайлаш) тўғрисидаги тегишли қарорнинг, суд органлари, прокуратура, давлат солиқ хизмати ва давлат божхона хизмати органлари ходимларини лавозимга тайинлаш тўғрисидаги буйруқнинг нусхалари.

21. Судья, суд органлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ходимлари, прокуратура, давлат солиқ хизмати ҳамда давлат божхона хизмати органлари ходимлари ипотека кредити олиш учун тижорат банкига мурожаат қилгандан кейин тижорат банки уларни ипотека кредити олиш жараёнидаги тахминий харажатлар турлари билан таништиради. Судья, суд органлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ходимлари, прокуратура, давлат солиқ хизмати ва давлат божхона хизмати органлари ходимлари ипотека кредити олишда қуйидаги харажатларни амалга оширишлари керак:

ипотека тўғрисидаги шартномани нотариал тасдиқлаш учун давлат божи;

гаровга қўйилган кўчмас мулкни суғурталаш билан боғлиқ харажатлар;

баҳолаш ташкилотининг мулк қийматини аниқлаш хизматларига ҳақ тўлаш;

ипотека тўғрисидаги шартномани рўйхатдан ўтказиш учун тўлов.


22. Ипотека кредити олиш учун ариза ва ушбу Низомнинг 20-бандида кўрсатилган барча зарур ҳужжатлар қабул қилиб олингандан кейин тижорат банки ходими томонидан улар бир ҳафта муддатда ўрганилади ва уларда кўрсатилган маълумотларнинг ишончлилиги текширилади.


23. Гаровга қўйилган мулкни баҳолаш судья, суд органлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, прокуратура, давлат солиқ хизмати ва давлат божхона хизмати органлари ходимлари (ипотекага қўювчи) ва тижорат банки (ипотекага олувчи) ўртасидаги битимга кўра бозор қиймати бўйича амалга оширилади.

24. Ушбу Низомнинг 22-бандига мувофиқ ўтказилган ўрганиш ва текшириш натижаларига кўра тижорат банкининг ипотека кредити олиш юзасидан аризанинг кўриб чиқилиши учун масъул бўлган ходими томонидан тижорат банкининг кредит комиссиясига (кредит қўмитасига) кредит беришнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида асосланган хулоса киритилади.


25. Кредит комиссияси (кредит қўмитаси) ипотека кредити олиш юзасидан аризани, унга илова қилинган барча ҳужжатларни ва ушбу ариза бўйича банкнинг масъул ходими хулосасини кўриб чиқиб аризани қаноатлантириш ёки ипотека кредити олиш юзасидан аризани қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Ипотека кредити олиш юзасидан аризани кўриб чиқиш муддати ариза ва ушбу Низомнинг 20-бандида кўрсатилган барча зарур ҳужжатлар тақдим этилган кундан бошлаб 30 иш кунидан ошмаслиги керак.


26. Кредит комиссияси (кредит қўмитаси) томонидан ипотека кредити бериш тўғрисида ижобий қарор қабул қилингандан кейин:

тижорат банки кредит шартномаси тузиш учун бу ҳақда судьяни, суд органлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, прокуратура, давлат солиқ хизмати ва давлат божхона хизмати органлари ходимларини уч кун муддатда ёзма равишда хабардор қилади. Шунингдек, сотувчининг номига йўқлаб олинадиган депозит ҳисоб рақами очиш учун улар томонидан якка тартибдаги уй-жойни ёки кўп квартирали уйдаги квартирани сотувчининг (кейинги ўринларда сотувчи деб аталади) банкка келишини таъминлашнинг зарурлиги ҳам ёзма шаклда кўрсатилади;

ипотекага қўювчи банк фойдасига ўз ҳисобидан якка тартибдаги уй-жойни ёки кўп квартирали уйдаги квартиранинг тўлиқ қийматини йўқолиш ва шикастланиш хавфларидан суғурта қилиши, агар мулкнинг тўлиқ қиймати ипотека билан таъминланган олинган кредит суммаси ва унинг бўйича ҳисобланган фоизлар миқдоридан ортиқ бўлса, у ҳолда банк олдидаги ушбу мажбурияти суммасидан паст бўлмаган суммага суғурта қилиши шарт;

тижорат банки судья, суд органлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, прокуратура, давлат солиқ хизмати ва давлат божхона хизмати органлари ходимлари билан "Ипотека тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ нотариал тасдиқланиши ва давлат рўйхатидан ўтказилиши керак бўлган ипотека тўғрисида шартнома, шунингдек кредит шартномаси тузади.

27. Кредит комиссияси (кредит қўмитаси) томонидан ипотека кредити беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда тижорат банки қарор қабул қилинган кундан бошлаб уч кун муддатда судьяга суд органлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, прокуратура, давлат солиқ хизмати ва давлат божхона хизмати органлари ходимларига хулосани ёзма равишда, ипотека кредити беришнинг рад этилиши сабабларини кўрсатган ҳолда жўнатади.


IV. ИПОТЕКА КРЕДИТИНИ БЕРИШ

ВА ҚАЙТАРИШ ТАРТИБИ


28. Якка тартибдаги уй-жойни ёки кўп квартирали уйдаги квартирани сотиб олиш учун ипотека кредити бериш тижорат банки томонидан судья, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, суд органлари, прокуратура, давлат солиқ хизмати органлари ва давлат божхона хизмати органлари ходимлари номига алоҳида ссуда ҳисоб рақами очиш ҳамда ушбу ҳисобрақамидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда расмийлаштирилган якка тартибдаги уй-жой ёки кўп квартирали уйдаги квартиранинг олди-сотди шартномаси нусхаси илова қилинган ҳолда судьянинг, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, суд органлари, прокуратура, давлат солиқ хизмати ва давлат божхона хизмати органлари ходимларининг ёзма топшириқномаси асосида, сотувчининг (мулкдорнинг) омонат ҳисобрақамига пул маблағларини нақд пулсиз шаклда мемориал ордер воситасида ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

29. Судья, суд органлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, прокуратура, давлат солиқ хизмати ва давлат божхона хизмати органлари ходимлари томонидан ипотека кредитини қайтариш қуйидаги шаклларда амалга оширилиши мумкин:

иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, пенсиялар, гонорарлар, дивидендлар, фоизлар, шу жумладан қимматли қоғозлар бўйича олинадиган бошқа даромадлар ҳисобидан нақд пулсиз маблағ ўтказиш;

нақд пул топшириш;

судьянинг, суд органлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, прокуратура, давлат солиқ хизмати ва давлат божхона хизмати органлари ходимларининг тижорат банкларидаги омонатлар бўйича ҳисоб рақамидан нақд пулсиз маблағ ўтказиш.

Судья, суд органлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, прокуратура, давлат солиқ хизмати ва давлат божхона хизмати органлари ходимлари асосий қарзни ва ҳисобланган фоизларни муддатидан олдин, кредит шартномасида белгиланган қайтариш муддати бошлангунгача, кредитни муддатидан олдин қайтарганлиги учун воситачилик тўлови тўламасдан қайтариш ҳуқуқига эга.

30. Тижорат банклари судьялар, суд органлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, прокуратура, давлат солиқ хизмати ва давлат божхона хизмати органлари ходимлари томонидан ипотека кредитлари бўйича ўз мажбуриятларининг бажарилиши юзасидан доимий мониторингни амалга оширадилар.

Мониторинг жойига борган ҳолда амалга оширилиши мумкин. Тижорат банки томонидан мониторингни амалга ошириш тартиби кредит шартномасида белгиланган бўлиши керак.


31. Асосий қарз ва унинг бўйича ҳисобланган фоизлар кредит шартномасида белгиланган муддатларда қайтарилмаган тақдирда тижорат банки ходими судья, суд органлари, давлат солиқ хизмати ва давлат божхона хизмати органлари ходимлари билан шахсан учрашиб мажбуриятларнинг бажарилмаётгани сабабларини аниқлайди ва муддатида қайтарилмаган ипотека кредитининг қайтарилишини таъминлаш чораларини кўришни талаб қилади.

32. Судья, суд органлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, прокуратура, давлат солиқ хизмати ва давлат божхона хизмати органлари ходимлари томонидан ипотека кредити ва ҳисобланган фоизлар бўйича тўловлар тўланмаганда ёки ўз вақтида тўланмаганда, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда тижорат банки ундирувни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда гаровга қўйилган мулкка қаратади.


V. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


33. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2012 йил, 44-сон, 506-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами", 2012 йил, 10-сон, 78-модда