язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Ахборот, ахборотлаштириш ва алоқа соҳасидаги бошқарув ва назорат/ Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 19.12.2012 й. 356-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2012 йил 19 декабрдаги

356-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ахборот-коммуникация технологияларини

ривожлантириш жамғармаси тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда "Жамғарма" деб аталади) алоқа, ахборотлаштириш ва ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш соҳасида устувор ва ижтимоий аҳамиятга молик бўлган лойиҳалар, илмий-тадқиқот ишларини маблағ билан таъминлаш мақсадида ташкил этилган.


2. Жамғарма ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа қонун ҳужжатларига ва ушбу Низомга амал қилади.


3. Жамғарма нотижорат ташкилот ҳисобланади, ўз балансига, банк ҳисоб рақамларига, Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга, штампларга, бланкларга эгадир.

Жамғарма ўз мажбуриятлари бўйича ўзининг барча активлари билан жавоб беради.

Жамғарманинг маблағлари ушбу Низомда назарда тутилган мақсадлар ва вазифаларни амалга оширишга йўналтирилади.



II. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ МАНБАЛАРИ


4. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:

телекоммуникациялар соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия берилганлиги учун давлат божи тўлашдан тушувчи маблағларнинг 50 фоизи;

2018 йил 1 январгача абонент рақамидан фойдаланганлик учун ҳақ тўлашдан тушган маблағларнинг 14 фоизи;

2018 йил 1 январдан бошлаб абонент рақамидан фойдаланганлик учун ҳақ тўлашдан тушган маблағларнинг 70 фоизи;

алоқа соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари, стандартлар, кўрсатилаётган хизматлар сифати бузилганлиги учун мулкчилик шакллари ва идоравий бўйсунишидан қатъи назар, алоқа соҳасида фаолиятни амалга ошираётган юридик шахслардан жарима жазолари сифатида ундириладиган маблағларнинг 45 фоизи, рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун солинадиган иқтисодий жазолар ва жарималар бундан мустасно;

Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ банк депозитлари шаклида ва бошқа шаклларда жойлаштиришдан тушган даромадлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг, шунингдек халқаро ташкилотларнинг хайрия эҳсонлари.



III. ЖАМҒАРМАНИНГ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФАОЛИЯТИНИНГ АСОСИЙ

ЙЎНАЛИШЛАРИ


5. Қуйидагилар Жамғарманинг вазифалари ва фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади:

а) ушбу Низомнинг 4-бандида кўрсатилган манбалардан тушган маблағларни жамлаш;

б) Жамғарма ҳисоб рақамларида жамланган маблағлардан:

давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг идоралараро интеграциялаштирилган ахборот тизимларини жорий этишни, маълумотлар узатишнинг идоралараро тармоқларини ташкил этишни, "Электрон Ҳукумат" тизимларини ва қидириш тизимларининг миллий сегментини шакллантириш бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқиш, амалга ошириш ва кузатиб боришни;

халқаро стандартларга мувофиқ ва мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг узоқ муддатли истиқболларини ҳисобга олган ҳолда алоқа, телевидение ва радиоэшиттириш соҳасида телекоммуникация тармоқлари ва тизимларини ривожлантириш ва модернизация қилишни;

Интернет тармоғининг миллий сегментини шакллантиришни, турли йўналишдаги замонавий маҳаллий ахборот ресурсларини, шу жумладан аҳолининг, айниқса ёш авлоднинг ахборотга бўлган ва интеллектуал эҳтиёжларини қондириш учун тармоқ ресурсларини шакллантиришни;

давлат ахборот ресурслари ва маълумотлар базасини шакллантириш, сақлаш ва улардан фойдаланишнинг ягона тизимини ишлаб чиқиш, амалга ошириш ва кузатиб боришни;

маълумотлар узатиш тармоқларини ва ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш соҳасида устувор лойиҳаларни амалга оширишни, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, илмий-тадқиқот ишлари ва дастурларни ишлаб чиқиш, шунингдек ушбу соҳада лойиҳаларни тайёрлаш учун тадқиқотлар ўтказишни;

алоқа, ахборот-коммуникация технологиялари, республиканинг бутун ҳудудида маълумотларни узатиш миллий ва халқаро ахборот тармоқларидан юқори тезликда фойдаланиш соҳасида хизматларнинг янги турларини ишлаб чиқиш ва жорий этишни;

алоқа, компьютер ва тармоқли технологиялар, дастурлаштириш ва электрон маълумотлар базасини яратиш соҳасида мутахассислар тайёрлаш ва уларни қайта тайёрлаш тизимини ривожлантиришни, шунингдек компьютер ва ахборот технологияларидан кенг фойдаланишга асосланган ўқитиш тизимини;

Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси ва Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб фаолиятини ходимларни қўшимча равишда моддий рағбатлантириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш юзасидан;

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги тизимига кирувчи телекоммуникация ва ахборот тизимлари устидан бошқариш ва назорат қилиш органларини, шунингдек алоқа объектлари давлат кадастри хизматлари, электрон рақамли имзолар калитларини рўйхатдан ўтказиш марказлари фаолиятини, терминология ва луғатларни, стандартлаштириш бўйича базавий ташкилотларни ва базавий метрологик хизматни, шунингдек ахборотлаштиришни жорий этиш ва ривожлантириш бўйича мустақил даромад манбаига эга бўлмаган хизматларни ривожлантиришга кўмаклашишни;

ахборот ва почта хавфсизлиги, телекоммуникация тармоқлари тизимини, ахборот тизимлари ва ресурсларини ҳимоя қилиш технологияларини жорий этишни, замонавий талаблар ва стандартларга мувофиқ ахборот ва почта хавфсизлигини таъминлаш бўйича техник инфратузилмани ривожлантиришни;

танлов асосида танлаб олинадиган алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасини реконструкция қилиш, уларни ривожлантириш ва компьютерлаштириш бўйича лойиҳаларни амалга оширишни;

эфирга рухсат берилмаган чиқишларнинг ва давлат тузилмалари радио воситаларига тўсқинлик қилишнинг олдини олиш мақсадида радио частота спектридан фойдаланиш устидан давлат назорати учун махсус назорат-ўлчов техникаси сотиб олиш харажатларини қисман қоплашни;

ахборот-коммуникация технологияларининг сифатли воситаларини ва маҳаллий дастурий маҳсулотларни, шу жумладан, ижтимоий-кўнгилочар ва таълим йўналишидаги дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантиришни;

қишлоқ жойларда хизматлар кўрсатувчи алоқа, радиоэшиттириш ва телевидение ташкилотларига вақтинча молиявий ёрдам беришни;

Ўзбекистон Республикасининг қишлоқлари ва чекка аҳоли пунктларининг телекоммуникация инфратузилмасини мақсадли қайта жиҳозлаш ва янада ривожлантиришни;

операторлар ва провайдерлар томонидан кўрсатиладиган универсал алоқа хизматларини ривожлантиришни;

дастурлаштириш, тизимли маъмуриятчилик, компьютер дизайни, анимациялар ва ахборот технологияларининг бошқа йўналишлари бўйича танловлар, мусобақалар ва беллашувлар ўтказиш йўли билан ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида мутахассислар фаолиятини рағбатлантиришни;

лицензиялар берилганлиги, абонент рақамидан фойдаланганлик учун мобил алоқа операторлари томонидан тўланадиган тўлов, алоқа соҳасида фаолиятни амалга оширувчи юридик шахслардан олинган жарима санкцияларининг ундиришдан тушган маблағлар суммасининг 2 фоизи миқдорида давлат божи Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Ахборот-кутубхона муассасаларини ривожлантириш жамғармасига ажратилиши бўйича харажатларни молиялаштиришда фойдаланиш; электрон тижорат соҳасида давлат миқёсидаги ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни ишлаб чиқиш, амалга ошириш ва қўллаб-қувватлаш;

"Хавфсиз шаҳар" ягона аппарат-дастурий комплексини яратиш бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқиш, амалга ошириш ва қўллаб-қувватлаш ҳамда уни янада ривожлантириш;

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда зарурат бўлганда Ахборот хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга кўмаклашиш маркази фаолияти;

ҳудудларда ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш дастурларини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган манзилли рўйхатга киритилган устувор лойиҳаларнинг амалга ошириш;

белгиланган тартибда ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасида халқаро консалтинг компаниялари ва экспертларни жалб қилиш, ўзининг IT-инфратузилмасини ривожлантириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг ходимларини, шунингдек, давлат органлари бўлинмаларининг ва бошқа бюджет ташкилотларининг ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш учун масъул бўлган раҳбарларини моддий рағбатлантириш чора-тадбирларини амалга ошириш.


IV. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИШ ТАРТИБИ


6. Жамғарма маблағлари фақат тегишли лицензиялар асосида ўз фаолиятини республика ҳудудида амалга оширувчи, мулкчилик шаклларидан қатъи назар юридик шахсларга, шунингдек алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида ўқув, илмий-тадқиқот муассасаларига, тартибга солиш, бошқариш органларига ҳамда ушбу соҳа ташкилотларига маълумотлар базасини сақлаш ва шакллантиришнинг идоралараро интеграциялашган ахборот тизимларини жорий этиш учун берилиши мумкин.

Юридик шахслар йилнинг ҳар чорагида Жамғармадан олинган маблағлар ижроси тўғрисида ҳисобот тақдим этадилар ва улардан мақсадли фойдаланилиши учун жавоб берадилар.


7. Жамғарма маблағлари:

беғараз молиявий қўйилмалар ва грантлар, тасдиқланган харажатлар сметалари доирасида мақсадли беғараз молиялаштириш;

Жамғарма томонидан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг махсус комиссияси танловидан ва Акциядорлик тижорат "Алоқабанк"да экспертизадан ўтган алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида ривожлантириш лойиҳалари учун бериладиган қарзлар;

Жамғарманинг акциядорлик тижорат "Алоқабанк"да очилган кредит линияси орқали кредитлар шаклида ажратилади.

8. Жамғарма томонидан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигидан экспертизадан ўтган ҳамда Жамғарманинг тасдиқланган бюджетига мувофиқ Очиқ акциядорлик тижорат "Алоқабанк"да очилган алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологияларини, радиоэшиттириш ва телевидение воситалари ва тармоқларини ривожлантиришнинг аниқ лойиҳаларига ажратилади ҳамда ушбу маблағларга фойдаланилиши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида амалга ошириладиган маблағлар учун назарда тутилган солиқ солиш тартиби татбиқ этилади.


V. ЖАМҒАРМАНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ


9. Жамғарма қуйидаги ҳуқуқларга эга бўлади:

мазкур Низомнинг II бўлимида белгиланган манбалардан тушувчи маблағларни ўзининг банк ҳисоб рақамларида жамлаш;

маблағларни алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасидаги ташкилотлар сармоясига инвестиция қилиш йўли билан улардан фойдаланиш, уларга Жамғарманинг акциядорлик тижорат "Алоқабанк"да очилган кредит линияси орқали кредитлар бериш;

Жамғарма томонидан ажратиладиган маблағлардан мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш, маблағ билан таъминлашни тўхтатиб қўйиш ёки қонун бузилиши аниқланган тақдирда ажратилган маблағларни чақириб олиш;

вақтинча бўш маблағларни қисқа муддатли ликвидли молиявий воситалар (депозитлар, қимматли қоғозлар, облигациялар ва ҳоказолар)га жойлаштириш.


10. Жамғарма маблағларини жойлаштиришга доир барча операциялар Жамғарма Кенгаши томонидан ҳар йили тасдиқланадиган Жамғарма бюджети доирасида Жамғарма Кенгаши билан келишган ҳолда амалга оширилади.


11. Жамғарма, Жамғарманинг маблағларини алоқа воситалари ва тармоқларини ривожлантириш ва реконструкция қилиш, маълумотларни узатиш ва ахборот-коммуникация технологиялари, радиоэшиттириш ва телевидениенинг аниқ лойиҳаларига ажратишда шартларни белгилашга ҳақлидир.


12. Жамғарма савдо-воситачилик, лизинг, траст, ипотека операцияларини амалга ошириш, шунингдек қарз маблағларини жалб этиш ҳуқуқига эга эмас.


13. Жамғарма қонун ҳужжатларига мувофиқ ушбу Низомда назарда тутилган фаолиятни таъминлаш учун Жамғарма Кенгашининг қарорларига мувофиқ мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқига эгадир.



VI. ЖАМҒАРМАНИНГ МАЖБУРИЯТЛАРИ


14. Жамғарма:

ресурслардан самарали фойдаланилишини таъминлашга;

маблағлар тушуми ва сарфланиши ҳисоби ва ҳисоботини юритишга;

ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тугаган давр учун Жамғарма фаолияти тўғрисида ёйма ҳисобот тақдим этишга;

Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилиши юзасидан назорат қилишга;

ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа хизматларининг барча турларини ривожлантириш ва такомиллаштиришга кўмаклашишга;

ҳар йилнинг 1 декабридан кечикмай чораклар, тушум манбалари ва харажатлар йўналишлари бўйича навбатдаги йилга прогноз бюджетни тузишга ҳамда уни Жамғарма Кенгаши тасдиқлаши учун киритишга;

ҳар бир календарь чоракдан кейин йигирма кун мобайнида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тугаган чорак учун молия-хўжалик фаолияти тўғрисида ҳисобот тақдим этишга мажбурдир.


VII. ЖАМҒАРМАНИ БОШҚАРИШ


15. Жамғарма Кенгаши Жамғармани бошқаришнинг юқори органи ҳисобланади.

Жамғарма Кенгашининг шахсий таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Жамғарма Кенгашининг раиси ҳисобланади.

Жамғарма Кенгаши раиси ва аъзолари ўз вазифаларини жамоатчилик асосида бажарадилар.


16. Жамғарма Кенгаши маблағлардан, шу жумладан, фойдадан фойдаланишнинг устувор йўналишлари ва шартларини белгилайди, Жамғарма бюджетини кўриб чиқади ва маблағлардан фойдаланиш тўғрисида Жамғарма директорининг ҳисоботини эшитади, шунингдек зарурият бўлганда, ходимларнинг белгиланган умумий сони доирасида Жамғарма бошқарув аппарати тузилмасига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқига эга бўлади.


17. Жамғарма Кенгаши мажлислари бир чоракда камида бир марта ўтказилади. Зарурат бўлганда навбатдан ташқари мажлислар чақирилиши мумкин.


18. Жамғарманинг жорий фаолиятига ва Жамғарма Кенгаши қарорлари бажарилишига раҳбарлик қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган ҳамда лавозимга Жамғарма Кенгаши томонидан тасдиқланадиган директор бошчилигидаги дирекция томонидан амалга оширилади.

19. Жамғарма директори:

Жамғарманинг жорий фаолиятини ташкил этади ва Жамғармага юкланган вазифалар бажарилиши учун жавоб беради;

Жамғарма ходимларини ишга қабул қилади ва ишдан бўшатади;

давлат органлари, муассасалар ва ташкилотлар, юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан, хорижий давлатларнинг юридик ва жисмоний шахслари, шунингдек халқаро ташкилотлар олдида Жамғарма манфаатларини ифодалайди;

юридик ва жисмоний шахслар билан Жамғарма фаолиятига тегишли шартномаларни тузади, Жамғарма номидан ишончномасиз иш кўради;

штат рўйхатини, Жамғарма маблағлари ҳисобига Жамғарма аппарати таъминотига харажатлар сметасини тузади ва тасдиқлаш учун Жамғарма Кенгашига тақдим этади;

лавозим йўриқномаларини ва Жамғарманинг бошқа ички ҳужжатларини тасдиқлайди;

Жамғарма номидан даъво аризалари беради;

Жамғарма ходимлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар ва фармойишлар чиқаради;

ушбу Низомга ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа масалалар бўйича қарорлар қабул қилади.


20. Жамғарма Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ тугатилади ва қайта ташкил этилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2012 йил, 51-сон, 577-модда