язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Маълумотларни тармоқлар орқали узатишни ташкиллаштириш. Интернет/ Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 30.12.2012 й. 378-сон қарорига 1-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2012 йил 30 декабрдаги

378-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив

давлат хизматлари портали тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали тўғрисидаги ушбу Низом (кейинги ўринларда Низом деб аталади) "Ахборотлаштириш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда юридик ва жисмоний шахслар билан ўзаро ҳамкорлигини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2007 йил 23 августдаги 181-сон, "Интернет тармоғида Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумат порталини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2007 йил 17 декабрдаги 259-сон қарорларига мувофиқ интерактив давлат хизматларидан фойдаланишда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг (кейинги ўринларда фойдаланувчилар деб аталади) давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари (кейинги ўринларда давлат органлари деб аталади) билан ўзаро ҳамкорлиги шартлари ва тартибини белгилайди.


2. Ягона портал давлат органлари томонидан кўрсатиладиган, шу жумладан, пулли асосда кўрсатиладиган интерактив давлат хизматларидан эркин фойдаланишнинг ягона нуқтаси ҳисобланади.


3. Ягона портал орқали интерактив давлат хизматлари кўрсатиш ушбу Низомга мувофиқ рўйхатга олиш ва авторлаштириш тартиботидан ўтган аризачилар учун амалга оширилади.


4. Давлат тили Ягона порталнинг асосий мулоқот тили ҳисобланади, шунингдек рус, инглиз тиллари ва бошқа тиллардаги версиялари ҳам бўлиши мумкин.


5. Ягона порталнинг ахборот ва техник кузатуви Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг "Ўзинфоком" компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ва жорий этиш маркази (кейинги ўринларда "Ўзинфоком" маркази деб аталади) томонидан амалга оширилади.


II. АСОСИЙ ТУШУНЧАЛАР


6. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар ва атамалар қўлланилади:


Ягона интерактив давлат хизматлари портали (Ягона портал) - фойдаланувчиларнинг интерактив давлат хизматлари тўғрисидаги маълумотлардан эркин фойдаланишини, шунингдек электрон шаклда давлат хизматлари кўрсатишни таъминловчи Интернет тармоғида Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумат порталидаги маълумот-ахборот портали;


фойдаланувчининг шахсий кабинети - интерактив давлат хизматлари олишда давлат органлари билан ўзаро муносабатлар учун ўзида фойдаланувчи тўғрисидаги маълумотлар, шу жумладан, шахсий маълумотлар мавжуд бўлган Ягона порталдаги электрон ресурс.



III. ЯГОНА ПОРТАЛНИНГ МАҚСАДИ ВА ВАЗИФАЛАРИ


7. Ягона портал фойдаланувчилар томонидан интерактив давлат хизматларидан, шу жумладан, пулли асосда эркин фойдаланиш мақсадида ташкил этилган.


8. Ягона порталнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

фойдаланувчиларга давлат органларига тўғридан-тўғри мурожаат қилиш учун имконият бериш;

фойдаланувчиларни ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги бошқа лойиҳалар билан интеграциялаш;

фойдаланувчиларнинг давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлиги самарадорлигини ошириш;

давлат органларига мурожаат қилинганда фойдаланувчилар учун бюрократик тўсиқларни қисқартириш ва уларни бартараф этиш;

"электрон ҳукумат"ни янада ривожлантириш ва давлат бошқарувига замонавий ахборот технологияларини жорий этишда кўмаклашиш.


9. Ягона портал замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш асосида интерактив давлат хизматлари олишда фойдаланувчининг шарт-шароитларини ривожлантириш ва имкониятларини кенгайтириш учун мўлжалланган.



IV. ЯГОНА ПОРТАЛДАН ЭРКИН ФОЙДАЛАНИШГА

РУХСАТНОМА БЕРИШ ШАРТЛАРИ ВА ТАРТИБИ


10. Ягона порталдан эркин фойдаланишга рухсатнома фойдаланувчининг шахсий кабинети орқали амалга оширилади.


11. Жисмоний шахслар (ариза ва паспорт асосида) ва юридик шахслар (ариза ва рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома асосида) учун шахсий кабинетдан эркин фойдаланиш учун рухсатнома:

"Ўзинфоком" маркази ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Компьютерлаштириш маркази томонидан бир иш куни мобайнида;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги компьютерлаштириш марказлари томонидан икки иш куни мобайнида берилади.


12. "Ўзинфоком" маркази ёки Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги компьютерлаштириш марказлари фойдаланувчининг ташаббусига кўра Ягона порталдан эркин фойдаланишни бекитиб қўйиш ёки ёпиб қўйиш ҳуқуқига эгадир.


13. Фойдаланувчи ўзи тўғрисидаги ҳар қандай маълумотлар ўзгарганда, беш кун муддатда бу ҳақда "Ўзинфоком" маркази ёки Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги компьютерлаштириш марказлари масъул шахсига хабар бериши шарт.



V. ЯГОНА ПОРТАЛ ОРҚАЛИ ИНТЕРАКТИВ

ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ


14. Ягона портал орқали фойдаланувчига бир томонлама ва икки томонлама шаклдаги интерактив давлат хизматлари, шунингдек давлат органлари томонидан кўрсатиладиган транзакцион хизматлар кўрсатилади.


15. Интерактив давлат хизматлари Йиғма реестри (кейинги ўринларда Йиғма реестр деб аталади) 2013 - 2020 йилларда Ўзбекистон Республикасининг Миллий ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш комплекс дастурини амалга оширишни мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссияси томонидан тасдиқланади.

16. Йиғма реестрга киритилган интерактив давлат хизматлари мажбурий тартибда Ягона портал орқали берилиши керак.



VI. МУРОЖААТЛАРНИ БЕРИШ ТАРТИБИ


17. Фойдаланувчилар шахсий кабинет орқали ўз мурожаатларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ва давлат органларига (кейинги ўринларда Олувчи деб аталади) юборишлари мумкин. Мурожаат бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳамда мурожаатларда қўйилган масалаларни ҳал этиш ваколатига кирадиган бир нечта давлат органларига юборилиши мумкин.

17-1. Фойдаланувчиларнинг шахсий кабинети орқали Олувчига юбориладиган мурожаатлари электрон рақамли имзо ва уларни идентификациялаш имконини берадиган бошқа реквизитлар билан тасдиқланиши керак.

18. Фойдаланувчи ўз мурожаатига: мурожаат шакли тўлдирилганда кўрсатилган почта манзилига электрон шаклда - электрон почта манзилига ёхуд ёзма равишда жавоб олиш турини танлаш имкониятига эга.

Шахсий кабинетдан мурожаат олингандан кейин уни кўриб чиқиш ишлари ёзма мурожаатлар учун белгиланган тартибда ва муддатларда амалга оширилади.

Фойдаланувчига унинг мурожаатига электрон тарздаги жавоб раҳбарнинг ёки Олувчининг бошқа мансабдор ваколатли шахсининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланиши керак.

19. Мурожаат олувчи мажбурий тартибда фойдаланувчига мурожаат электрон шаклда қабул қилинганлиги тўғрисида билдиришнома жўнатади.


20. Қуйидагилар фойдаланувчининг шахсий кабинет орқали тушган мурожаатини кўриб чиқишни рад этиш учун асос ҳисобланади:

одобсизлик мазмунидаги мурожаатлар (уятсиз ёхуд ҳақоратли иборалар, таҳдидлар, мантиқ ва маъноси бўлмаган таклифлар ва шунга ўхшаш мурожаатлар);

мурожаат матнида тушунарсиз қисқартиришлар ёки реклама материаллари мавжуд бўлган, таркибида аниқ аризалар, шикоятлар ёки таклифлар бўлмаган мурожаатлар.

Олувчи томонидан мурожаатни кўриб чиқиш рад этилганда бир иш куни мобайнида мурожаатни кўриб чиқишни рад этишнинг асосланган сабаблари кўрсатилган ҳолда фойдаланувчига электрон шаклда рад этиш тўғрисида хабарнома юборилади.


21. Фойдаланувчи томонидан шахсий кабинет орқали юборилган мурожаат унда кўрсатилган масалаларни ҳал этиш ваколатига кирмайдиган давлат органларига тушганда, беш кун муддатдан кечикмасдан танланган хабар бериш турига асосан бу тўғрида фойдаланувчини хабардор қилган ҳолда тегишли органга юборилади.



VII. МУРОЖААТЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ


22. Шахсий кабинет орқали берилган мурожаат мажбурий қабул қилиниши ва кўриб чиқилиши керак, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. Бунда ушбу мурожаат Олувчининг электрон почтасига келиб тушган сана мурожаат қабул қилинган сана ҳисобланади.


23. Олувчига шахсий кабинет орқали келиб тушган фойдаланувчининг мурожаати Олувчи ёки мурожаатларни кўриб чиқиш вазифаси юкланган мансабдор шахс томонидан кўриб чиқилади.

24. Қонунда назарда тутилган ҳолларда Олувчи мурожаатни кўрмай қолдиради.

25. Ягона порталда "Кўпинча бериладиган саволлар" бўлими ташкил этилади. Ушбу бўлимни шакллантириш ва сақлаш учун жавобгарлик Олувчига юклатилади.


26. Фойдаланувчининг мурожаатларини кўриб чиқиш муддатлари:

таклифлар - Олувчига келиб тушган кундан бошлаб бир ойгача муддатда, қўшимча ўрганишлар талаб қилинадиган таклифлардан ташқари, бу тўғрида таклиф киритган Фойдаланувчига ўн кун муддатда хабар берилади;

аризалар ёки шикоятлар - Олувчига келиб тушган кундан бошлаб ўн беш кун мобайнида масалани моҳияти бўйича ҳал этилиши, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш ўтказиш, қўшимча ҳужжатлар сўраб олиш талаб қилинган тақдирда эса - бир ойгача муддатда ҳал этилиши шарт.

27. Фойдаланувчининг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий ҳолатидан қатъи назар, мурожаатни қабул қилиш ва кўриб чиқишда камситиш тақиқланади.



VIII. НАЗОРАТ ВА ЖАВОБГАРЛИК


28. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси интерактив давлат хизматлари кўрсатиш тартибига риоя қилиниши юзасидан назоратни амалга оширади.

29. Давлат органлари раҳбарлари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг таркибий бўлинмалари Ягона портал орқали кўрсатиладиган интерактив давлат хизматлари кўрсатишнинг асоссиз рад этилганлиги ва хизматлар сифатсиз кўрсатилганлиги учун жавоб берадилар.


30. Фойдаланувчи нотўғри маълумотлар берганлиги, уйдирма ва ҳақоратлар бўлган мурожаатлар узатганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 14 январь, 2-сон, 23-модда