язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Ахборотлаштириш. Телекоммуникациялар тараққиёти/ Ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ва ривожлантириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат буюртмасини шакллантириш ва молиялаштириш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 25.01.2013 й. 18-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2013 йил 25 январдаги

18-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ахборот-коммуникация технологияларини

жорий қилиш ва ривожлантириш бўйича лойиҳаларни

амалга ошириш учун давлат буюртмасини шакллантириш

ва молиялаштириш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом 2013-2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш комплекс дастурини амалга оширишни мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси томонидан тасдиқланадиган ҳамда Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасининг маблағлари, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга ошириладиган ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ва ривожлантириш лойиҳаларини амалга ошириш учун давлат буюртмасини шакллантириш ва молиялаштириш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги атамалар ва таърифлардан фойдаланилади:


ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ва ривожлантириш лойиҳаларини амалга ошириш учун давлат буюртмаси (кейинги ўринларда давлат буюртмаси деб аталади) - маълумотлар банкларини сақлаш, қайта ишлаш ва бошқариш ҳамда турли интерактив хизматлар кўрсатиш учун давлат органларининг идоралараро интеграциялашган ахборот тизимларини жорий қилиш, идоралараро маълумотлар узатиш тармоқларини яратиш, "Электрон ҳукумат" тизимини, миллий қидирув тизимларини ва датамарказларни шакллантириш бўйича лойиҳаларнинг ягона реестри;


лойиҳа ташаббускори - давлат буюртмаси доирасида лойиҳа амалга оширилишини бошлаб берувчи вазирлик, давлат қўмитаси, агентлик, идора, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ёки Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва давлат бошқаруви бошқа органлари;


ишчи орган - давлат буюртмасини шакллантириш ва амалга ошириш бўйича ишларнинг мувофиқлаштирилишини амалга оширувчи Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги;

давлат буюртмасини шакллантириш учун Ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ва ривожлантиришнинг устувор лойиҳаларини танлаб олиш бўйича Идоралараро комиссия (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) - камида ўн бир кишидан иборат таркибда шакллантириладиган ва 2013-2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш комплекс дастурини амалга оширишни мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси томонидан тасдиқланадиган комиссия;

танлов (тендер) савдолари - ахборот тизимлари, ахборот ресурслари ва маълумотлар базаларини жорий қилиш, материаллар, дастурий маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва асбоб-ускуналар сотиб олиш учун савдолар ўтказилишини ташкил қилиш механизми;


"Электрон ҳукумат" тизими - ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш йўли билан юридик ва жисмоний шахслар томонидан давлат хизматлари ҳамда давлат органларининг фаолияти натижалари тўғрисида ахборот олиш (алмашиш) тезкорлиги ва қулайлигининг сифат жиҳатдан янги даражасини таъминловчи давлат органларининг фаолиятини ташкил қилиш шакли;


идоралараро интеграциялашган ахборот тизими - давлат органлари ўртасида ахборотни йиғиш, сақлаш, қидириш, қайта ишлаш ва фойдаланишни амалга ошириш имконини берувчи ахборот ресурслари, ахборот тизимлари ва алоқа воситаларининг ташкилий жиҳатдан тартибга солинган мажмуи;


идоралараро маълумотлар узатиш тармоғи - фойдаланувчиларга давлат ресурсларидан масофадан фойдалана олишни ва ушбу ресурслардан жамоа бўлиб фойдаланишни таъминловчи давлат органлари ўртасида ҳудудий жиҳатдан бўлиб жойлаштирилган маълумотларни қайта ишлаш тизимлари, телекоммуникация воситалари ва (ёки) тизимларининг ўзаро боғлиқ йиғиндиси;


миллий қидирув тизими - Интернет тармоғида ахборотни қидириш имкониятини тақдим этувчи тегишли интерфейсга эга дастурий-аппарат комплекси;


датамарказ - давлат органларининг манфаатларида идоралараро характердаги ахборотни қайта ишлаш, сақлаш ва тарқатиш бўйича ҳисоблаш ресурслари, ахборот тизимлари воситалари ва маълумотларини бирлаштирилган ҳолда сақлаш ва жойлаштириш учун ихтисослаштирилган технологик майдонча.


3. Давлат буюртмаси идоралараро интеграциялашган ахборот тизимлари, ахборот ресурслари ва маълумотлар базалари, идоралараро маълумотлар узатиш тармоқларини жорий қилиш ва ривожлантириш бўйича лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилган ва эришилган кўрсаткичларни ҳар чоракда аниқлаштирган ҳамда давлат буюртмасининг манзилли қисмини янгилаган ҳолда ҳар йиллик асосда шакллантирилади.


4. Давлат буюртмаси лойиҳаларнинг мақсадлари, вазифалари, йўналишлари, кутиладиган натижалари ва баҳолаш қиймати, лойиҳани амалга ошириш учун йиллар бўйича молиялаштиришга бўлган эҳтиёж тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олади.


5. Давлат буюртмаси йиғма жадваллар бўлган таҳлилий ва манзилли қисмлардан иборат.


6. Қуйидагилар давлат буюртмасини шакллантиришнинг асосий принциплари ҳисобланади:

ахборотлаштириш соҳасидаги ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаш, шунингдек лойиҳаларни танлаш амалий механизмини шакллантириш ва уларни амалга ошириш мониторинги асосида маблағлардан самарали фойдаланиш механизмини яратиш;

давлат органлари манфаатлари учун энг муҳим ва устувор идоралараро лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш;

"Электрон ҳукумат" тизимини шакллантириш соҳасидаги лойиҳаларни давлат бошқаруви самарадорлиги ва юридик ҳамда жисмоний шахсларга интерактив давлат хизматлари кўрсатиш сифати оширилишини таъминловчи ҳажмларда биринчи навбатда молиялаштириш;

идоралараро интеграциялашган ахборот тизимлари, ахборот ресурслари ва маълумотлар базалари, идоралараро маълумотлар узатиш тармоқларини шакллантириш;

давлат органлари манфаатлари учун лойиҳаларни давлат буюртмасининг манзилли қисмига киритиш;

давлат буюртмасининг мақсадли вазифасига жавоб берадиган илгари бошланган лойиҳаларнинг тугатилишини биринчи навбатда молиялаштириш.

Лойиҳаларнинг самарадорлиги, ахборотлаштиришнинг алоҳида йўналишларини ривожлантириш устувор вазифалари, давлат органлари манфаатлари учун лойиҳаларни тугатишда эришиладиган кўрсаткичлар лойиҳаларни шакллантиришдаги асосий мезонлар ҳисобланади.


7. Давлат буюртмасини шакллантиришда йирик ва ўта муҳим лойиҳалар алоҳида киритилади, катта бўлмаган бир хилдаги лойиҳалар бир бутун сифатида киритилиши мумкин (масалан, ахборот тизимлари комплексларини яратиш, интерактив давлат хизматларини жорий қилиш).


8. Давлат буюртмаси ҳар йили 2013-2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш комплекс дастурини амалга оширишни мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси (кейинги ўринларда Республика комиссияси деб аталади) қарори билан тасдиқланади.

9. Республика комиссияси қарорлари Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) томонидан давлат буюртмаси лойиҳаларини молиялаштириш учун асос бўлиб ҳисобланади.


II. ДАВЛАТ БУЮРТМАСИНИНГ ТАҲЛИЛИЙ

ҚИСМИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ


10. Таҳлилий қисм мақсадли маблағларнинг капитал қўйилмалари ҳажмларини асослашни, давлат буюртмасининг самарадорлигини баҳолашни, лойиҳаларни танлаб олиш мезонларини ўз ичига олади.


11. Таҳлилий қисм таркибида лойиҳаларнинг йўналишлари ("Электрон ҳукумат" тизимини ривожлантириш, идоралараро интеграциялашган ахборот тизимлари, ахборот ресурслари ва маълумотлар базаларини ривожлантириш, идоралараро маълумотлар узатиш тармоқларини ривожлантириш) бўйича умуман давлат буюртмаси юзасидан маблағларнинг капитал қўйилмалари таркиби белгиланади.

Бунда лойиҳалар амалга оширилганидан кейин идоралараро ўзаро ҳамкорлик самарадорлигининг прогноз қилинадиган натижалари ҳисоб-китоб қилинади.



III. ДАВЛАТ БУЮРТМАСИНИНГ МАНЗИЛЛИ

ҚИСМИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ


12. Манзилли қисм қуйидагилар учун амалга ошириладиган лойиҳалардан иборат бўлади:

Миллий ахборот тизими доирасида "Электрон ҳукумат" тизимини шакллантириш, идоравий ахборот тизимларининг интеграцияси;

давлат органлари манфаатлари учун идоралараро интеграциялашган ахборот тизимлари, ахборот ресурслари ва маълумотлар базаларини, идоралараро маълумотлар узатиш тармоқларини жорий қилиш;

миллий қидирув тизимларини жорий қилиш, миллий датамарказларни яратиш.


13. Давлат буюртмасининг манзилли қисмини шакллантириш жараёни давлат органлари манфаатлари учун ҳар бир лойиҳа бўйича батафсил ахборот тайёрлаш, устуворлиги бўйича лойиҳани танлаб олиш ва лойиҳалар рўйхатини шакллантиришдан иборат.


14. Ҳар бир лойиҳа (лойиҳалар гуруҳи) бўйича ахборот лойиҳа ташаббускорлари томонидан тайёрланади ва қуйидагиларни ўз ичига олади:

лойиҳа паспорти;

лойиҳани амалга ошириш ва молиялаштириш режа-жадвали;

давлат буюртмасининг манзилли қисмини шакллантириш санасига лойиҳани амалга ошириш ҳолати тўғрисида батафсил ахборот.


15. Лойиҳа паспорти қуйидагиларни ўз ичига олади:

лойиҳанинг мақсад ва вазифалари;

техник таснифи;

кутилаётган натижалар;

ташкилий тадбирлар самарадорлигини баҳолаш ва уларнинг кўламлари;

лойиҳани амалга ошириш учун зарур маблағлар ҳажми ва уларга бўлган эҳтиёж;

асосий моддий ва инсон ресурсларининг мавжудлиги.


16. Муайян лойиҳани танлаб олиш уни амалга оширишнинг мақсадга мувофиқлиги, иқтисодий ва молиявий самарадорлиги, амалга оширилиши ва давлат органлари манфаатларида идоралараро интеграциялашган ахборот тизимлари, ахборот ресурслари ва маълумотлар базалари, идоралараро маълумотлар узатиш тармоқларини жорий қилиш бўйича комплекс дастур вазифаларига мувофиқлиги асосида амалга оширилади.


17. Қуйидагилар лойиҳанинг устуворлигини аниқлаш мезонлари ҳисобланади:

лойиҳанинг ахборотлаштириш соҳасидаги давлат сиёсатига мувофиқлиги;

дастурий маҳсулотлар ва ахборот тизимлари соҳасидаги маҳаллий ишланмалардан фойдаланиш даражаси;

кутилаётган натижалар;

лойиҳанинг ижтимоий аҳамияти;

лойиҳани амалга оширишга тайёрлик даражаси (техник лойиҳа, бизнес-режа, лойиҳа бўйича хулосанинг мавжудлиги);

ишга туширилганидан кейин фойдаланиш харажатлари миқдори.


18. Ҳар бир мезоннинг муҳимлик даражаси ахборотлаштириш соҳасидаги давлат сиёсати ва давлат органлари манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ишчи орган томонидан белгиланади.


19. Лойиҳани танлаб олиш натижалари асосида давлат буюртмасининг манзилли қисми шакллантирилади.



IV. ДАВЛАТ БУЮРТМАСИГА КИРИТИШ УЧУН

ЛОЙИҲАЛАРНИ ТАНЛАБ ОЛИШ ТАРТИБИ


20. Давлат буюртмаси лойиҳаларини танлаб олиш ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширувчи Комиссия томонидан амалга оширилади.


21. Комиссия таркибига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари ахборот-таҳлил департаменти, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, шунингдек бошқа идораларнинг вакиллари киради.

22. Комиссиянинг шахсий таркиби камида ўн бир кишидан иборат этиб шакллантирилади, унинг таркибига раис, унинг ўринбосари ва котиб киради, Республика комиссияси томонидан тасдиқланади.


V. ДАВЛАТ БУЮРТМАСИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ

МУДДАТЛАРИ


23. Лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат буюртмасини шакллантириш жараёни йиллик циклга эга ва ҳар бир йилнинг охирига янгиланган манзилли қисмнинг тайёрланишини таъминловчи иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.


24. Ишчи орган ҳар йили 1 августгача давлат органларига амалга оширилаётган ахборотлаштиришни ривожлантириш бўйича давлат сиёсати, "Электрон ҳукумат" тизимини шакллантириш ва интеграциялашган ахборот тизимлари ва бошқаларни жорий қилиш вазифалари ва мақсадли йўналишлардан келиб чиққан ҳолда давлат буюртмасига киритиш учун таклифлар тайёрлаш бўйича услубий кўрсатмаларни юборади.

25. Давлат буюртмасига киритиш учун таклифларни тайёрлаш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

лойиҳа ташаббусчилари идоралараро интеграциялашган ахборот тизимлари, ахборот ресурслари ва маълумотлар базаларини жорий қилиш бўйича комплекс дастурлар ҳамда ахборотлаштириш соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишлари асосида жорий йилнинг 1 сентябригача кўриб чиқиш ва танлаб олиш учун ишчи органга лойиҳаларини тақдим этадилар;

ишчи орган жорий йилнинг 1 октябригача лойиҳаларни кўриб чиқиш учун Комиссияга тақдим этади;

Комиссия ўз мажлисида жорий йилнинг 15 октябридан кечиктирмай тақдим этилган лойиҳаларни кўриб чиқади, танлаб олинган ва бутланган лойиҳалар давлат буюртмасининг манзилли қисмига киритиш учун Комиссия томонидан маъқулланади.

Комиссия тақдим этилган лойиҳаларни самарали танлаб олиш мақсадида қуйидаги мезонлар асосида ўрганиб чиқади:

ахборотлаштириш соҳасидаги лойиҳаларнинг муҳимлиги ва устуворлиги:

ҳукумат қарорлари билан амалга оширилиши назарда тутилган лойиҳалар;

ахборот технологияларини ривожлантиришнинг жаҳон миқёсини, ахборотни муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланишни ҳисобга олган ҳолда, идоралараро интеграциялашган ахборот тизимлари, ахборот ресурслари ва маълумотлар базалари, идоралараро маълумотлар узатиш тармоқларини жорий қилиш бўйича комплекс дастурлар доирасида амалга ошириладиган лойиҳалар.

Ишчи орган жорий йилнинг 20 октябридан кечиктирмасдан шакллантирилган ва бутланган давлат буюртмасини тасдиқлаш учун Республика комиссиясига киритади.

Республика комиссияси жорий йилнинг 1 ноябридан кечикмасдан давлат буюртмасини тасдиқлайди.

26. Истисно тариқасида йил давомида давлат буюртмасининг манзилли қисмига киритиш учун ишчи орган келгусида тасдиқлаш учун Республика комиссиясига киритиш учун бевосита Комиссия томонидан кўриб чиқиладиган лойиҳаларни таклиф қилиши мумкин.


VI. ДАВЛАТ БУЮРТМАСИНИ

МОЛИЯЛАШТИРИШ ТАРТИБИ


27. Жамғарма маблағлари, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар давлат буюртмасини молиялаштириш манбалари ҳисобланади.


28. Ишчи орган Республика комиссияси томонидан давлат буюртмаси тасдиқланганидан кейин лойиҳа ташаббусчилари билан биргаликда белгиланган тартибда Жамғарма маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган давлат буюртмасининг янги бошланадиган лойиҳалари бўйича танлов (тендер) савдоларини ўтказади.

Ўтказилган танлов (тендер) савдолари натижалари бўйича ишчи орган, лойиҳалар ташаббусчилари ва ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги хизматлар тизим интеграторлари ва/ёки товарларни (ишлар ва хизматларни) етказиб берувчилар ўртасида белгиланган тартибда давлат буюртмаси лойиҳаларини амалга ошириш учун шартномалар тузилади.

29. Қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган давлат буюртмасининг янгидан бошланадиган лойиҳалари бўйича танлов (тендер) савдолари лойиҳалар ташаббусчилари томонидан белгиланган тартибда ўтказилади.


30. Давлат буюртмасини молиялаштириш учун Жамғарма маблағларининг ажратилиши ишчи орган ва Жамғарма ўртасида имзоланган шартнома асосида талабномалар бўйича амалга оширилади.


31. Давлат буюртмасини Жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштириш ишчи органнинг ваколатланган банкдаги махсус ҳисоб рақами орқали белгиланган тартибда амалга оширилади.


32. Лойиҳаларни молиялаштириш бажарилган ишлар далолатномалари асосида лойиҳаларни амалга ошириш жадвалларига кўра босқичма-босқич амалга оширилади.


33. Лойиҳа амалга оширилганидан кейин бажарилган ишларнинг якунловчи далолатномасини имзолаш учун ишчи орган мутахассислари ва лойиҳа ташаббусчиларидан иборат қабул қилиш комиссияси ташкил этилади.


34. Қабул қилиш комиссияси бажарилган лойиҳанинг техник топшириққа ва қўйилган вазифаларга мувофиқлиги тўғрисида хулоса тузади, шунингдек давлат буюртмаси лойиҳасини амалга ошириш доирасида ишлаб чиқилган, сотиб олинган ва жорий қилинган аппарат-дастурий комплекслар ҳамда дастурий маҳсулотларни қабул қилиш-топшириш далолатномасини шакллантиради.

Давлат буюртмаси доирасида Жамғарма маблағлари ҳисобига ишлаб чиқилган, сотиб олинган ва жорий қилинган аппарат-дастурий комплекслар ҳамда дастурий маҳсулотлар:

"Электрон ҳукумат" тизимининг идоралараро инфратузилмаси (идоралараро интеграциялашган ахборот тизимлари, ахборот ресурслари ва маълумотлар базалари, датамарказлар, идоралараро маълумотлар узатиш тармоқлари)ни жорий қилиш лойиҳалари бўйича ишчи органга;

тармоқ ахборот тизимлари, ахборот ресурслари ва маълумотлар базаларини жорий қилиш лойиҳалари бўйича лойиҳалар ташаббускорларига топширилади.

Лойиҳа ташаббускорлари давлат буюртмаси доирасида амалга оширилган ахборот тизимлари, ахборот ресурслари ва маълумотлар базаларининг кейинги кузатилиши ва қўллаб-қувватланишини таъминлашлари керак.


35. Қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалардан олинган маблағлар ҳисобига лойиҳаларни молиялаштириш белгиланган тартибда амалга оширилади.



VII. ДАВЛАТ БУЮРТМАСИНИНГ БАЖАРИЛГАН

ЛОЙИҲАЛАРИ МОНИТОРИНГИ


36. Ишчи орган давлат буюртмасининг бажарилган лойиҳалари доирасида амалга оширилган ахборот тизимлари, ахборот ресурслари ва маълумотлар базаларини кейинги кузатиш ва қўллаб-қувватлаш ҳолатининг мониторингини олиб боради.


37. Мониторинг натижалари давлат буюртмаси лойиҳаларини амалга оширишнинг бориши тўғрисидаги ҳар чораклик ҳисоботларни Республика комиссиясига тақдим этиш учун тайёрлашда фойдаланилади.


VIII. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


38. Лойиҳаларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши, шунингдек давлат буюртмаси лойиҳаларини амалга ошириш учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли фойдаланиш учун жавобгарлик ишчи орган зиммасида бўлади.


39. Давлат буюртмаси лойиҳаларини амалга ошириш доирасида яратилган ахборот тизимлари, ахборот ресурслари ва маълумотлар базаларини кейинги кузатиш ва қўллаб-қувватлаш, тайёрланаётган лойиҳалар (лойиҳалар гуруҳи) бўйича ахборотнинг ишончлилиги учун жавобгарлик лойиҳалар ташаббусчилари зиммасида бўлади.






Низомга

ИЛОВА


Ахборот-коммуникация технологияларини жорий

қилиш ва ривожлантириш бўйича лойиҳаларни амалга

ошириш учун давлат буюртмасини шакллантириш

СХЕМАСИ

Босқичлар


Тадбирлар


Муддатлар


Масъуллар


1-босқич

Ишчи орган давлат буюртмасига киритиш учун таклифларни тайёрлаш бўйича методик кўрсатмаларни давлат органларига юборади.


ҳар йили

1 августгача

Ишчи орган

2-босқич

Лойиҳа ташаббускорлари лойиҳалар бўйича таклифлар ва дастлабки ахборотни тайёрлайдилар, йиллик давр учун давлат буюртмасига киритиш учун ишчи органнинг кўриб чиқиши учун киритадилар.


1 сентябргача

Лойиҳалар ташаббускорлари, ишчи орган


3-босқич

Ишчи орган ахборотлаштириш соҳасида ривожлантириш устуворликларига мувофиқ лойиҳаларни ўрганиб чиқади ва уларни Комиссиянинг кўриб чиқиши учун тақдим этади.


1 октябргача

Ишчи орган, Комиссия

4-босқич

Комиссия давлат буюртмаси лойиҳаларини белгиланган тартибда кўриб чиқади, танлаб олинган ва бутланган лойиҳалар давлат буюртмасининг манзилли қисмига киритиш учун тақдим этилади.


15 октябргача

Комиссия

5-босқич

Ишчи орган давлат буюртмасининг лойиҳасини тасдиқлаш учун Республика комиссиясига киритади.


20 октябргача

Ишчи орган, Республика комиссияси


6-босқич

Давлат буюртмасининг лойиҳаси Республика комиссиясининг протоколи қарори билан тасдиқланади.


1 ноябргача

Республика комиссияси


7-босқич

Давлат буюртмасини амалга оширишнинг биринчи йилига киритиладиган янги бошланадиган лойиҳалар бўйича танлов (тендер) савдолари ўтказилади.


ноябрь - январь

Ишчи орган, лойиҳалар ташаббускорлари


8-босқич

Тасдиқланган давлат буюртмаси ва ўтказилган танлов (тендер) савдоларига мувофиқ белгиланган тартибда лойиҳаларни амалга ошириш учун шартномалар тузилади.


январь-февраль

Ишчи орган, лойиҳалар ташаббускорлари, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги тизим интеграторлари, товарларни (ишлар ва хизматларни) етказиб берувчилар


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 4 февраль, 5-сон, 54-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2013 йил, 1-сон, 4-модда