язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Қишлоқ ва сув хўжалиги/ Фермер хўжаликлари/ Фермер хўжалигининг ер майдонини мақбуллаштириш ва уни тугатиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 31.01.2013 й. 22-сон қарорига илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2013 йил 31 январдаги

22-сон қарорига

ИЛОВА



Фермер хўжалигининг ер майдонини

мақбуллаштириш ва уни тугатиш

тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом фермер хўжалигининг ер майдонини мақбуллаштириш ва уни тугатиш тартибини белгилайди.


2. Фермер хўжалиги давлат мулки бўлган ер майдонини ижара шартномаси тузиш асосида узоқ муддатли ижарага бериш, фермер томонидан тегишли мажбуриятлар қабул қилиш йўли билан ташкил этилади.


3. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


фермер хўжалигининг ер майдонини мақбуллаштириш - ер-сув ресурсларидан янада оқилона фойдаланиш ва фермер хўжалигининг молиявий барқарорлигини таъминлаш мақсадида унинг ер майдони ҳажмини ўзгартириш;


фермер хўжалигини тугатиш - фермер хўжалигини ихтиёрийлик асосида ёки мазкур Низом ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ тугатиш;


тугатувчи - фермер хўжалиги раҳбари ёки иқтисодий суд томонидан тайинланадиган тугатиш комиссияси ёки жисмоний шахс;

Комиссия - ер майдонларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича туман (шаҳар) комиссияси.



II. ИХТИЁРИЙЛИК АСОСИДА ФЕРМЕР

ХЎЖАЛИГИНИНГ ЕР МАЙДОНИНИ

МАҚБУЛЛАШТИРИШ ВА УНИ

ТУГАТИШ


4. Фермер хўжалиги ер майдонини камайтиришни назарда тутган ҳолда ихтиёрийлик асосида уни мақбуллаштириш фермер хўжалиги раҳбарининг туман (шаҳар) ҳокимига берилган ариза асосида амалга оширилади.

Ўзининг ер майдонини кенгайтирган ҳолда уни ихтиёрийлик асосида мақбуллаштиришни хоҳловчи фермер хўжалиги давлат мулки бўлган ер майдонларини узоқ муддатли ижарага бериш танловида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қатнашиши керак.

Туман (шаҳар) ҳокими ариза тушгандан сўнг уч кун муддатда ҳужжатларни туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига тақдим этади.

Туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши беш кун мобайнида аризаларни кўриб чиқади ва уларни кўриб чиқиш натижалари бўйича хулоса чиқаради.

Туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши хулосаси аризалар билан биргаликда тегишли хулосани олиш учун Комиссияга юборилади.

5. Комиссия тақдим этилган ҳужжатлар асосида фермер хўжалиги ер майдонини ихтиёрийлик асосида мақбуллаштириш масаласини бир ҳафта муддатда кўриб чиқади. Бунда Комиссия фермер хўжалигига биркитилган ер майдонини яхлит ҳолда кўриб чиқади.

Кўриб чиқиш натижалари бўйича Комиссия қарор қабул қилади, ушбу қарор протокол билан расмийлаштирилади ва барча ҳужжатлар, шу жумладан туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг қарори билан биргаликда кўриб чиқиш учун халқ депутатлари туман Кенгашига юборилади.

Халқ депутатлари туман Кенгаши энг яқиндаги сессияда Комиссия томонидан тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади ва тегишли қарор қабул қилади. Ушбу қарор туман (шаҳар) ҳокимига юборилади.

6. Туман (шаҳар) ҳокими халқ депутатлари туман Кенгашининг ижобий қарори асосида бир ҳафта муддатда ихтиёрийлик асосида фермер хўжалиги ер майдонини мақбуллаштириш тўғрисида қарор қабул қилади. Бунда бўшаб қолган ер майдони олиб қўйилади ва келгусида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда талабгорларга танлов асосида берилади.

7. Ихтиёрийлик асосида амалга оширилган мақбуллаштиришдан сўнг фермер хўжалигида қолган ер майдони "Фермер хўжалиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида назарда тутилган минимал миқдордан кам бўлмаслиги керак, деҳқончилик маҳсулоти етиштиришга ихтисослаштирилган фермер хўжалиги учун ижарага бериладиган ер майдонининг энг кам ўлчами пахтачилик ва ғаллачилик учун - камида 30 гектар, боғдорчилик, узумчилик, сабзавотчилик ва бошқа экинлар етиштириш учун - камида 5 гектар бўлади. Фермер хўжалиги ер майдонини мақбуллаштиришда ер майдони контурларининг яхлитлиги бузилишига йўл қўйилмайди.


8. Туман (шаҳар) ҳокимининг ихтиёрийлик асосида фермер хўжалиги ер майдонини мақбуллаштириш тўғрисидаги қарори ер майдонларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича вилоят (Қорақалпоғистон Республикаси) комиссиясига кўриб чиқиш учун юборилади, Комиссия ўн кун мобайнида туман (шаҳар) ҳокимининг қарорини тасдиқлайди ёки уни рад этиш тўғрисида асосланган қарор чиқаради.


9. Туман (шаҳар) ҳокимининг фермер хўжалиги ер майдонини мақбуллаштириш тўғрисидаги қарори ер майдонларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича вилоят (Қорақалпоғистон Республикаси) комиссияси томонидан тасдиқлангандан сўнг, туман (шаҳар) ҳокими ва фермер хўжалиги раҳбари ўртасида тузилган ер майдонини узоқ муддатли ижарага бериш шартномасига ўзгартиришлар белгиланган тартибда расмийлаштирилади.


10. Ихтиёрийлик асосида фермер хўжалиги ер майдонини мақбуллаштириш ушбу Низомнинг 1-иловасига мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.


11. Фермер хўжалигини ихтиёрийлик асосида тугатиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида" 2007 йил 27 апрелдаги ПҚ-630-сон қарорига мувофиқ амалга оширилади.



III. ФЕРМЕР ХЎЖАЛИГИ ТОМОНИДАН ШАРТНОМА

ИНТИЗОМИ БУЗИЛИШИНИНГ ҲАМДА ХЎЖАЛИК

ФАОЛИЯТИ САМАРАСИЗ ЮРИТИЛИШИНИНГ

АНИҚЛАНГАН ҲОЛАТЛАРИ АСОСИДА

ФЕРМЕР ХЎЖАЛИГИ ЕР МАЙДОНИНИ

МАҚБУЛЛАШТИРИШ ВА УНИ

ТУГАТИШ


12. Фермер хўжалиги томонидан шартнома интизоми бузилишининг ҳамда хўжалик фаолияти самарасиз юритилишининг аниқланган ҳолатлари асосида фермер хўжалиги ер майдонини мақбуллаштириш маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ташаббуси билан амалга оширилади.


13. Ер майдонини узоқ муддатли ижарага олиш шартномасини бекор қилиш ва фермер хўжалигини тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари (туман (шаҳар) ҳокими) томонидан тақдим этиладиган даъволар асосида, иқтисодий суд қарорига биноан амалга оширилади.

14. Фермер томонидан ўз зиммасига олинган шартнома мажбуриятлари бажарилишининг чуқур таҳлили натижасида қуйидаги ҳолатларнинг аниқланиши:

а) ер майдонини ижарага олиш шартномаси шартларининг қўпол равишда бузилганлиги, энг аввало, фермер хўжалигига ижарага берилган қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан бошқа мақсадларда фойдаланилганлиги - ер ресурслари ва давлат кадастри, қишлоқ хўжалиги органлари ҳамда туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан;

б) фермер хўжалигини шакллантириш чоғида фермер хўжалиги ихтисослашувининг бузилганлиги - ер ресурслари ва давлат кадастри, қишлоқ хўжалиги органлари ҳамда туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан;

в) ижарага берилган қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан оқилона фойдаланмаслик, мунтазам (кетма-кет уч йил мобайнида) норматив кадастр баҳосидан паст ҳосил олинганлиги - қишлоқ хўжалиги, ер ресурслари ва давлат кадастри органлари ҳамда туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан;

г) фермер хўжалиги билан тайёрлов ташкилотлари ўртасида, энг аввало, давлат эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш бўйича тузилган контрактация шартномалари шартларининг мунтазам (кетма-кет уч йил мобайнида) бажарилмаганлиги (форс-мажор ҳолатларининг вужудга келиши ҳолатлари бундан мустасно) - қишлоқ хўжалиги органлари, туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, шунингдек тайёрлов ташкилотлари томонидан;

д) хўжалик фаолиятининг самарасиз ва паст рентабеллик билан юритилиши - қишлоқ хўжалиги органлари, давлат солиқ хизмати органлари, шунингдек туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан фермер хўжалиги ер майдонини мақбуллаштириш ва уни тугатиш билан боғлиқ масалалар бўйича даъво аризаларини қўзғатиш ва иқтисодий судга бериш учун асос ҳисобланади.

15. Аниқланган ҳолатлар юзасидан далолатнома тузилади, унга йўл қўйилган қонун бузилишлари ҳолатини тасдиқловчи зарур ҳужжатлар ва материаллар илова қилинади, далолатнома мазкур Низомнинг 14-бандида кўрсатилган органлар (ташкилотлар) вакиллари ва фермер хўжалиги раҳбари томонидан имзоланади.


16. Фермер хўжалиги раҳбари далолатномани имзолашдан бош тортган тақдирда, далолатномада бу тўғрида ёзув қайд қилинади, у туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси ҳамда икки нафар жисмоний шахс томонидан тасдиқланади. Далолатнома икки нусхада тузилади, улардан бири фермер хўжалиги раҳбарига топширилади.

17. Далолатнома асосида мазкур Низомнинг 14-бандида кўрсатилган органлар (ташкилотлар) бир кун мобайнида тегишли тақдимномани далолатнома, шунингдек зарур ҳужжатлар ва материаллар билан бирга туман (шаҳар) ҳокимига юборадилар.

18. Туман (шаҳар) ҳокими уч кун муддатда барча ҳужжатлар ва материалларни туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига юборади.

Туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши икки кун мобайнида ҳужжатлар ва материалларни кўриб чиқади ва уларни кўриб чиқиш натижалари бўйича хулоса чиқаради.

Туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг хулосаси ҳужжатлар ва материаллар билан биргаликда тегишли хулосани олиш учун Комиссияга юборилади.

19. Далолатномада кўрсатилган ҳолатлар тасдиғини топмаган ва (ёки) асосланмаганлиги аниқланган тақдирда, Комиссия мазкур Низомнинг 14-бандида кўрсатилган органлар (ташкилотлар)нинг тақдимномасини қайтариш тўғрисида қарор қабул қилиб, туман (шаҳар) ҳокимига ва кўрсатилган органлар (ташкилотлар)га билдиришнома юборади ва киритилган ҳужжатларни қайтаради.

20. Далолатномада кўрсатилган ҳолатлар тасдиғини топган тақдирда, Комиссия бир ҳафта муддатда тақдим этилган ҳужжатлар ва материалларни таҳлил қилиш асосида ер участкасини ижарага бериш шартномасини бекор қилиш тўғрисида ёхуд унинг майдонини мақбуллаштириш тўғрисида хулоса тайёрлайди, ушбу хулоса барча ҳужжатлар билан биргаликда кўриб чиқиш учун халқ депутатлари туман Кенгашига юборилади.

Халқ депутатлари туман Кенгаши энг яқиндаги сессияда Комиссия томонидан тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади ва тегишли қарор қабул қилади, ушбу қарор Комиссия томонидан тақдим этилган ҳужжатлар билан биргаликда туман (шаҳар) ҳокимига юборилади.

21. Туман (шаҳар) ҳокими халқ депутатлари туман Кенгашининг ер участкасини ижарага бериш шартномасини бекор қилиш ёхуд ер майдонини мақбуллаштириш тўғрисидаги қарори асосида, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, халқ депутатлари туман Кенгашининг қарорини, Комиссиянинг хулосасини, туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг хулосасини, далолатномани ва бошқа зарур ҳужжатлар ҳамда материалларни илова қилган ҳолда фермер хўжалиги раҳбари билан ер участкасини ижарага бериш шартномасини бекор қилиш ёхуд унинг ер участкаси майдонини мақбуллаштириш тўғрисида фермер хўжалиги раҳбарига таклиф киритади.

Шартномани бекор қилиш тўғрисидаги таклиф фермер хўжалиги раҳбари томонидан рад этилганда ёки Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 384-моддасида белгиланган муддатда жавоб олинмаганда туман (шаҳар) ҳокими, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, халқ депутатлари туман Кенгашининг қарорини, Комиссиянинг хулосасини, туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг хулосасини далолатномани ва бошқа зарур ҳужжатлар ва материалларни илова қилган ҳолда фермер хўжалиги билан ер участкасини ижарага бериш шартномасини бекор қилиш юзасидан иқтисодий судга даъво аризасини юборади.

22. Ижара шартномасини бекор қилиш юзасидан даъво аризаси қондирилиши иқтисодий суд томонидан рад этилган тақдирда туман (шаҳар) ҳокими ушбу Низомнинг 14-бандида кўрсатилган органлар (ташкилотлар)нинг тақдимномасини рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади ҳамда халқ депутатлари туман Кенгашига, туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига, Комиссияга ва тегишли органларга (ташкилотларга) билдиришнома юборади ва киритилган материалларни қайтаради.

23. Даъво аризаси иқтисодий суд томонидан қониқтирилган тақдирда суд қарори қонуний кучга кирган кундан бошлаб туман (шаҳар) ҳокими бир ҳафта муддатда фермер хўжалиги ер майдонини захирага олиб қўйиш ва фермер хўжалигини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилади, қарорга мувофиқ фермер хўжалиги ишларини бошқариш юзасидан барча ваколатлар тугатиш комиссиясига ўтади.

Тугатилган фермер хўжалигининг ер майдони олиб қўйилади ва кейинчалик қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бошқа талабгорларга танлов асосида берилади.


24. Фермер хўжалигини тугатишда мулк ҳуқуқи билан унга қарашли бўлган иморатлар, иншоотлар ёки экинлар жойлашган ер майдонини олиб қўйишга фақат қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилади.

Туман (шаҳар) ҳокимининг қарори асосида мулкдорга олиб қўйилган мол-мулкка тенг қийматли мол-мулк бериш ва унинг кўрган зарарларини қоплаш ёки мулк ҳуқуқи бекор қилиниши туфайли етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ ҳажмда қоплаш тегишли ер майдонини уни узоқ муддатли ижарага бериш танлови натижалари асосида олган фермер хўжалиги томонидан амалга оширилади.


25. Фермер хўжалиги томонидан шартнома интизомининг бузилиши ва хўжалик фаолиятининг самарасиз юритилиши аниқланган ҳолатлар асосида фермер хўжалиги ер майдонини мақбуллаштириш ва уни тугатиш ушбу Низомнинг 2-иловасига мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.



IV. ТУГАТИЛАЁТГАН ФЕРМЕР ХЎЖАЛИГИНИНГ

ҚАРЗЛАРИНИ ТЎЛАШ МЕХАНИЗМИ


26. Тугатилаётган фермер хўжалигининг қарзларини тўлаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


27. Фермер хўжалиги ихтиёрийлик асосида тугатилганда унинг қарзларини тўлаш тугатувчи томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида" 2007 йил 27 апрелдаги ПҚ-630-сон қарори билан тасдиқланган Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.


28. Кредиторларнинг талабларини тўлиқ қондиришнинг имкони йўқлиги аниқланган тақдирда тугатувчи фермер хўжалигини иқтисодий ночор (банкрот) деб эътироф этиш тўғрисидаги ариза билан иқтисодий судга мурожаат қилиши шарт. Фермер хўжалиги банкрот деб эътироф этилган вақтдан бошлаб ихтиёрий тугатиш тўхтатилади ва бундан кейинги тартибот банкротлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

29. Тугатилаётган фермер хўжалигининг маблағлари ва мол-мулки етарли бўлмаган тақдирда, унинг бюджетга ва бюджетдан ташқари жамғармаларга мажбурий тўловлар бўйича тўланмаган қарзлари давлат солиқ хизмати органлари томонидан умидсиз солиқ қарзларини ҳисобдан чиқариш учун белгиланган тартибда ҳисобдан чиқарилади.

30. Қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда, солиқлар ва мажбурий тўловлар бўйича тўланмаган қарзларнинг пайдо бўлишига йўл қўйган тугатилаётган фермер хўжалигининг мансабдор шахсларига нисбатан материаллар давлат солиқ хизмати органлари ва бюджетдан ташқари жамғармалар томонидан айбдор шахсларни қонунда белгиланган жавобгарликка тортиш ва давлатга етказилган моддий зарарни қоплаш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига берилади.



V. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


31. Ушбу Низомда тартибга солинмаган масалалар, шунингдек уни қўллашда юзага келадиган келишмовчиликлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


32. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

1-ИЛОВА


Ихтиёрийлик асосида фермер хўжалиги ер

участкаси майдонини мақбуллаштириш

СХЕМАСИ

        

Босқичлар

Тадбирлар


Масъуллар


Муддати




1-босқич

     

Фермер хўжалиги раҳбари томонидан унга ижарага берилган ер участкаси майдонини камайтиришни назарда тутувчи ихтиёрийлик асосида мақбуллаштириш тўғрисида туман (шаҳар) ҳокимига ариза тақдим этилиши.

         


Фермер хўжалиги раҳбари


Қарор қабул қилинган кунда













2-босқич

     

Фермер хўжалиги раҳбарининг аризаси асосида ҳужжатларни туман фермерлари кенгашига тақдим этиш.

       


Туман (шаҳар) ҳокими


Ариза тақдим этилгандан сўнг уч кун муддатда









3-босқич

     

Туман фермерлари кенгаши аризаларни кўриб чиқади ва уларни кўриб чиқиш натижалари бўйича хулоса чиқаради. Туман фермерлари кенгашининг хулосаси аризалар билан биргаликда тегишли хулосани олиш учун Комиссияга юборилади.

         


Туман фермерлари кенгаши


Ариза тақдим этилгандан сўнг икки кун муддатда









4-босқич

     

Комиссия тақдим этилган ҳужжатлар асосида фермер хўжалигининг ер участкаси майдонини ихтиёрий мақбуллаштириш тўғрисидаги масалани кўриб чиқади. Бунда Комиссия фермер хўжалигига бириктирилган ер участкасини яхлит кўриб чиқади.

Кўриб чиқиш натижалари бўйича Комиссиянинг қарори протокол билан расмийлаштирилади ва барча ҳужжатлар, шу жумладан туман фермерлари кенгашининг хулосаси билан биргаликда кўриб чиқиш учун халқ депутатлари туман Кенгашига юборилади.

         


Ер майдонларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича туман (шаҳар) комиссияси


Ҳужжатлар тақдим этилгандан сўнг бир ҳафта муддатда











5-босқич

     

Халқ депутатлари туман Кенгаши энг яқиндаги сессияда Комиссия томонидан тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади ва тегишли қарор қабул қилади, ушбу қарор туман ҳокимига юборилади.

        


Халқ депутатлари туман Кенгаши


Сессия ўтказилгандан кейин уч кун муддатда









6-босқич

      

Халқ депутатлари туман Кенгашининг ижобий хулосаси асосида фермер хўжалиги ер участкаси майдонини мақбуллаштириш тўғрисида қарор қабул қилинади.

         


Туман (шаҳар) ҳокими


Ижобий хулоса тақдим қилингандан сўнг бир ҳафта муддатда









7-босқич

       

Туман (шаҳар) ҳокимининг фермер хўжалиги ер участкаси майдонини мақбуллаштириш тўғрисидаги қарорини кўриб чиқиш учун ер майдонларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича вилоят комиссиясига (Қорақалпоғистон Республикаси комиссиясига) юбориш.

       


Туман (шаҳар) ҳокими


Қарор қабул қилинган кундан бошлаб уч кун муддатда













8-босқич

     

Туман (шаҳар) ҳокимининг фермер хўжалиги ер участкаси майдонини мақбуллаштириш тўғрисидаги қарорини кўриб чиқиш ва қабул қилинган қарорни тасдиқлаш (рад этиш).

     


      

Ер майдонларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича вилоят комиссияси (Қорақалпоғистон Республикаси комиссияси)

     


Ўн кун муддатда










          

Туман (шаҳар) ҳокимининг ихтиёрийлик асосида фермер хўжалиги ер участкаси майдонини мақбуллаштириш тўғрисидаги қарори ер майдонларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича вилоят комиссияси (Қорақалпоғистон Республикаси комиссияси) томонидан тасдиқланган тақдирда туман (шаҳар) ҳокими билан фермер хўжалиги раҳбари ўртасида тузилган ер участкасини узоқ муддатли ижарага бериш шартномасига ўзгартиришлар белгиланган тартибда расмийлаштирилади.

       







9-босқич


Туман (шаҳар) ҳокими


Қарор тасдиқлангандан сўнг бир ҳафта муддатда




      

Туман (шаҳар) ҳокимининг  ихтиёрийлик асосида фермер хўжалиги ер участкаси майдонини мақбуллаштириш тўғрисидаги қарори ер майдонларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича вилоят комиссияси (Қорақалпоғистон Республикаси комиссияси) томонидан рад этилган тақдирда туман (шаҳар) ҳокими фермер хўжалиги раҳбарининг ихтиёрийлик асосида мақбуллаштириш юзасидан берган аризасини рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

       



















Низомга

2-ИЛОВА


Фермер хўжалиги томонидан шартнома

интизоми бузилишининг, шунингдек хўжалик

фаолияти самарасиз юритилишининг аниқланган

ҳолатлари асосида фермер хўжалиги ер участкаси

майдонини мақбуллаштириш ва уни тугатиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Тадбирлар


Масъуллар


Муддати



1-босқич

       

Фермер хўжалиги томонидан шартнома интизоми ва қонунчилик нормалари бузилиши, шунингдек хўжалик фаолиятининг самарасиз юритилиши ҳолатларини аниқлаш.

       


Низомнинг 14-бандида кўрсатилган тегишли органлар


Иш режасига мувофиқ













2-босқич

       

Қонунчилик нормалари бузилиши ҳолатларини тасдиқлайдиган зарур ҳужжатлар ва материаллар илова қилинган ҳолда далолатнома тузилади ва у мазкур Низомнинг 14-бандида кўрсатиб ўтилган органлар (ташкилотлар) вакиллари ва фермер хўжалиги раҳбари томонидан имзоланади.

       


Фермер хўжалиги раҳбари ва Низомнинг 14-бандида кўрсатилган тегишли органлар


Қонунчилик нормалари бузилиши аниқланган кунда











3-босқич

      

Далолатнома асосида мазкур Низомнинг 14-бандида кўрсатилган органлар (ташкилотлар) далолатномани ҳамда зарур ҳужжатлар ва материалларни илова қилган ҳолда тегишли тақдимномани туман (шаҳар) ҳокимига юборадилар.

        


Низомнинг 14-бандида кўрсатилган тегишли органлар


Бир кун муддатда











4-босқич

       

Туман (шаҳар) ҳокими барча ҳужжатлар ва материалларни туман фермерлари кенгашига тақдим этади.

     


Туман (шаҳар) ҳокими


Далолатнома киритилган кундан бошлаб уч кун муддатда









5-босқич

     

Туман фермерлари кенгаши ҳужжатлар ва материалларни кўриб чиқади ҳамда уларни кўриб чиқиш натижалари бўйича хулоса чиқаради.

Туман фермерлари кенгашининг хулосаси ҳужжатлар ва материаллар билан биргаликда тегишли хулосани олиш учун Комиссияга юборилади.

        


Туман фермерлари кенгаши


Икки кун мобайнида











6-босқич

       

Далолатномада кўрсатилган ҳолатлар тасдиғини топмаган ва (ёки) асосланмаганлиги аниқланган тақдирда, Комиссия мазкур Низомнинг 14-бандида кўрсатилган органлар (ташкилотлар)нинг тақдимномасини қайтариш тўғрисида қарор қабул қилиб, туман (шаҳар) ҳокимига ва кўрсатилган органлар (ташкилотлар)га билдириш-нома юборади ва киритилган ҳужжатларни қайтаради.

       


Ер майдонларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича туман (шаҳар) комиссияси


Уч кун мобайнида



           

Далолатномада кўрсатилган ҳолатлар тасдиғини топган тақдирда Комиссия бир ҳафта муддатда тақдим этилган ҳужжатлар ва материалларни таҳлил қилиш асосида ер участкасини ижарага бериш шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги ёхуд унинг майдонини мақбуллаштириш тўғрисида хулоса тайёрлайди, ушбу хулоса барча ҳужжатлар билан биргаликда кўриб чиқиш учун халқ депутатлари туман Кенгашига юборилади.

         


Ер майдонларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича туман (шаҳар) комиссияси


Ҳужжатларни тақдим этгандан кейин бир ҳафта муддатда













7-босқич

          

Халқ депутатлари туман Кенгаши энг яқиндаги сессияда Комиссия томонидан тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади ва тегишли қарор қабул қилади, ушбу қарор Комиссия томонидан тақдим этилган ҳужжатлар билан биргаликда туман (шаҳар) ҳокимига юборилади.

      


Халқ депутатлари туман Кенгаши


Сессия ўтказилгандан кейин уч кун мобайнида










     

Туман (шаҳар) ҳокими халқ депутатлари туман Кенгашининг ер участкасини ижарага бериш шартномасини бекор қилиш ёхуд ер участкаси майдонини мақбуллаштириш тўғрисидаги хулосаси асосида, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, халқ депутатлари туман Кенгашининг қарорини, Комиссиянинг хулосасини, туман фермерлар кенгашининг хулосасини, далолатномани ва бошқа зарур ҳужжатлар ва материалларни илова қилган ҳолда фермер хўжалиги раҳбари билан ер участкасини ижарага бериш шартномасини бекор қилиш ёхуд унинг ер майдонини мақбуллаштириш юзасидан фермер хўжалиги раҳбарига таклиф юборади.

          


8-босқич


Туман (шаҳар) ҳокими


    

Хулоса тақдим этилгандан сўнг уч кун муддатда

      













9-босқич

      

Фермер хўжалиги раҳбари томонидан шартномани бекор қилиш таклифи қабул қилинган тақдирда туман (шаҳар) ҳокими фермер хўжалиги ер участкасини захирага олиб қўйиш ва уни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилади.

      



Туман (шаҳар) ҳокими


Розилик олингандан сўнг уч кун муддатда













       

Шартномани бекор қилиш тўғрисидаги таклиф фермер хўжалиги раҳбари томонидан рад этилганда ёки Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 384-моддасида белгиланган муддатда жавоб олинмаган тақдирда туман (шаҳар) ҳокими қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда халқ депутатлари туман Кенгашининг қарорини, Комиссиянинг хулосасини, туман фермерлари кенгашининг хулосасини, далолатномани, бошқа зарур ҳужжатлар ва материалларни илова қилган ҳолда фермер хўжалиги билан ер участкасини ижарага бериш шартномасини бекор қилиш юзасидан иқтисодий судга даъво аризаси юборади.

     



Туман (шаҳар) ҳокими


30 кунлик муддат тугагач











       

Ижара шартномасини бекор қилиш юзасидан даъво аризасини қондириш иқтисодий суд томонидан рад этилган тақдирда туман (шаҳар) ҳокими мазкур Низомнинг 14-бандида кўрсатилган органлар (ташкилотлар) тақдимномасини рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

        


10-босқич


Туман (шаҳар) ҳокими


Уч кун муддатда









      

Даъво аризаси иқтисодий суд томонидан қондирилган ва суд қарори қонуний кучга кирган тақдирда туман (шаҳар) ҳокими ер участкасини захирага олиб қўйиш ва фермер хўжалигини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилади.

        


Туман (шаҳар) ҳокими


Бир ҳафта муддатда










      

Тугатилган фермер хўжалигининг ер участкаси олиб қўйилади ва кейинчалик қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бошқа талабгорларга танлов асосида берилади.

    


      

Ер майдонларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича туман (шаҳар) комиссияси

       


Туман (шаҳар) ҳокимининг қарори кучга кирган кунда

11-босқич








"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 4 февраль, 5-сон, 56-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2013 йил, 1-сон, 6-модда