язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Конституциялар ва кодекслар/ Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси/ Фуқаролик кодекси. (23-28 боблар. 313-385 моддалар)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ФУҚАРОЛИК КОДЕКСИ



23-28-боблар


23-БОБ. МАЖБУРИЯТДАГИ ШАХСЛАРНИНГ ЎЗГАРИШИ


313-модда. Кредитор ҳуқуқларининг бошқа

шахсга ўтиш асослари ва тартиби

Мажбурият асосида кредиторга тегишли бўлган ҳуқуқ (талаб) унинг томонидан битим бўйича бошқа шахсга ўтказилиши (талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш) ёки қонун асосида бошқа шахсга ўтиши мумкин.

Кредиторнинг ҳуқуқлари бошқа шахсга ўтиши учун, агар қонун ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қарздорнинг розилиги талаб қилинмайди.

Агар қарздор кредиторнинг ҳуқуқлари бошқа шахсга ўтганлиги ҳақида ёзма равишда хабардор қилинган бўлмаса, янги кредитор шу туфайли келиб чиққан ўзи учун ноқулай оқибатлар хавфини ўз зиммасига олади. Мазкур ҳолда мажбуриятнинг дастлабки кредиторга нисбатан бажарилиши тегишли кредиторга нисбатан бажариш деб ҳисобланади.

Кредитор ҳуқуқларининг бошқа шахсга ўтиши ҳақидаги қоидалар регресс талабларга нисбатан қўлланилмайди.


314-модда. Бошқа шахсларга ўтиши

мумкин бўлмаган ҳуқуқлар

Кредиторнинг шахси билан чамбарчас боғланган ҳуқуқларнинг, хусусан алиментлар тўғрисидаги ва ҳаётга ёки соғлиққа етказилган зарарни тўлаш тўғрисидаги талабларнинг бошқа шахсга ўтишига йўл қўйилмайди.


315-модда. Бошқа шахсга ўтадиган

кредитор ҳуқуқларининг ҳажми

Агар қонунда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, дастлабки кредиторнинг ҳуқуқи янги кредиторга ҳуқуқ ўтиш пайтида мавжуд бўлган ҳажмда ва шартлар асосида ўтади. Хусусан янги кредиторга мажбуриятнинг бажарилишини таъминлайдиган ҳуқуқлар, шунингдек талаб билан боғлиқ бошқа ҳуқуқлар, шу жумладан тўланмаган фоизларга ҳуқуқ ҳам ўтади.


316-модда. Янги кредитор ҳуқуқларининг исботи

Ўз талабидан бошқа шахс фойдасига воз кечган кредитор талаб қилиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни унга бериши ва талабни амалга ошириш учун аҳамиятли бўлган маълумотларни билдириши керак.

Қарздор талаблар янги кредиторга ўтганлигини исботловчи ҳужжатлар ўзига тақдим этилмагунича унга нисбатан мажбуриятни бажармасликка ҳақли.



317-модда. Қарздорнинг янги кредитор

талабига қарши эътирозлари

Қарздор мажбурият бўйича ҳуқуқлар янги кредиторга ўтганлиги ҳақида огоҳлантириш олган пайтида дастлабки кредиторга қарши эътирозларини янги кредиторнинг талабига қарши қўйишга ҳақли.


318-модда. Кредитор ҳуқуқларининг

қонун асосида бошқа шахсга ўтиши

Кредиторнинг мажбурият бўйича ҳуқуқлари бошқа шахсга қуйидаги ҳолларда ўтади:

1) кредитор ҳуқуқларидаги универсал ҳуқуқий ворислик натижасида;

2) кредитор ҳуқуқларини бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги суднинг қарорига мувофиқ;

3) қарздорнинг мажбурияти ушбу мажбурият бўйича қарздор бўлмаган кафил ёки гаровга қўювчи томонидан бажарилиши оқибатида;

4) суғурта ҳолати бошланиши учун жавобгар бўлган қарздорга нисбатан кредитор ҳуқуқларининг суғурта қилувчига суброгацияси (ўтиши) натижасида;

5) қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда.


319-модда. Талабдан бошқа шахс

фойдасига воз кечиш шартлари

Кредиторнинг ўз талабидан бошқа шахс фойдасига воз кечишига, башарти у қонунларга ёки шартномага зид бўлмаса, йўл қўйилади.

Кредиторнинг шахси қарздор учун муҳим аҳамиятга эга бўлган мажбурият бўйича талабдан қарздорнинг розилигисиз бошқа шахс фойдасига воз кечишга йўл қўйилмайди.



320-модда. Талабдан бошқа шахс

фойдасига воз кечиш шакли

Оддий ёзма ёки нотариал шаклда тузилган битимга асосланган талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш ўша шаклда амалга оширилиши керак.

Давлат рўйхатидан ўтказиш талаб қилинадиган битим бўйича талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш ушбу битимни рўйхатга олиш учун белгилаб қўйилган тартибда рўйхатга олиниши керак.

Ордерли қимматли қоғоз бўйича талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш ушбу қимматли қоғозга индоссамент (талаб қилиш ҳуқуқини ўтказиш ёзуви) йўли билан амалга оширилади.


321-модда. Талабдан бошқа шахс фойдасига

воз кечган кредиторнинг жавобгарлиги

Талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечган дастлабки кредитор янги кредитор олдида унга ўтказилган талабнинг ҳақиқий эмаслиги учун жавоб беради, бироқ қарздор бу талабни бажармаганлиги учун жавоб бермайди, дастлабки кредитор янги кредитор олдида қарздор учун ўз зиммасига кафолатни олган ҳоллар бундан мустасно.


322-модда. Қарзни бошқа шахсга ўтказиш

Қарздорнинг ўз қарзини бошқа шахсга ўтказишига фақат кредиторнинг розилиги билан йўл қўйилади.

Янги қарздор кредитор билан дастлабки қарздор ўртасидаги муносабатларга асосланган барча эътирозларни кредитор талабига қарши қўйишга ҳақли.

Агар кафил ёки гаровга қўювчи янги қарздор учун жавоб беришга рози бўлмасалар, қарз бошқа шахсга ўтказилиши билан кафиллик ёки учинчи шахс томонидан белгиланган гаров бекор бўлади.

Қарзни бошқа шахсга ўтказиш шаклига ушбу Кодекс 320-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларидаги қоидалар тегишинча қўлланилади.



323-модда. Қарзни ва ижрони бир

пайтда бошқа шахсга ўтказиш

Қарздорни қарзни тўлаш мажбуриятидан озод қилмаган ҳолда қарзни ёки унинг қисмини бошқа шахсга ўтказишга рухсат берилади. Бу ҳолда ҳар иккала қарздор мажбуриятнинг бажарилиши учун солидар жавобгар бўлади.

Қарздорнинг учинчи шахс билан шартномаси асосида учинчи шахс мажбуриятнинг бажарилиши бўйича кредитор олдида эмас, балки фақат қарздор олдида бурчли бўлади.



24-БОБ. МАЖБУРИЯТЛАРНИ БУЗГАНЛИК

УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


324-модда. Қарздорнинг зарарни тўлаш мажбурияти

Қарздор мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги туфайли кредиторга етказилган зарарни тўлаши шарт.

Агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада ўзгача тартиб назарда тутилган бўлмаса, зарарни аниқлашда мажбурият бажарилиши керак бўлган жойда, қарздор кредиторнинг талабларини ихтиёрий қаноатлантирган кунда, борди-ю, талаб ихтиёрий қаноатлантирилган бўлмаса, - даъво қўзғатилган кунда мавжуд бўлган нархлар эътиборга олинади. Суд вазиятга қараб, зарарни тўлаш ҳақидаги талабни қарор чиқарилган кунда мавжуд бўлган нархларни эътиборга олган ҳолда қаноатлантириши мумкин.

Бой берилган фойдани аниқлашда кредитор томонидан уни олиш учун кўрилган чоралар ва шу мақсадда кўрилган тайёргарликлар ҳисобга олинади.


325-модда. Неустойка ва зарар

Агар мажбуриятни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун неустойка белгиланган бўлса, зарарнинг неустойка билан қопланмаган қисми тўланади.

Қонунда ёки шартномада зарарни эмас, балки фақат неустойкани ундириб олишга йўл қўйиладиган; зарар ҳам неустойкадан ташқари тўла ҳажмда ундириб олиниши мумкин бўлган; кредиторнинг танловига кўра ёки неустойка ёхуд зарар ундириб олиниши мумкин бўлган ҳоллар белгиланиши мумкин.


326-модда. Неустойкани камайтириш

Агар тўланиши лозим бўлган неустойка кредиторнинг мажбуриятини бузиш оқибатларига номутаносиблиги кўриниб турса, суд неустойкани камайтиришга ҳақли. Бунда қарздор мажбуриятни қай даражада бажарганлиги, мажбуриятда иштирок этаётган тарафларнинг мулкий аҳволи, шунингдек кредиторнинг манфаатлари эътиборга олиниши керак.

Суд алоҳида ҳолларда қарздор ва кредиторнинг манфаатларини ҳисобга олиб, кредиторга тўланиши лозим бўлган неустойкани камайтириш ҳуқуқига эга.


327-модда. Пул мажбуриятини бажармаганлик

учун жавобгарлик

Бошқа шахсларнинг пул маблағларини ғайриқонуний ушлаб қолиш, уларни қайтариб беришдан бош тортиш, уларни тўлашни бошқача тарзда кечиктириш ёхуд бошқа шахс ҳисобидан асоссиз олиш ёки жамғариш натижасида улардан фойдаланганлик учун ушбу маблағлар суммасига фоиз тўланиши керак.

Фоизлар миқдори кредитор яшайдиган жойда, кредитор юридик шахс бўлганида эса, унинг жойлашган ерида пул мажбурияти ёки унинг тегишли қисми бажарилган кунда мавжуд бўлган банк фоизининг ҳисоб ставкаси билан белгиланади. Қарз суд тартибида ундириб олинганида суд кредиторнинг талабини даъво қўзғатилган кундаги ёки қарор чиқарилган кундаги банк фоизининг ҳисоб ставкасига қараб қондириши мумкин. Ушбу қоидалар қонунда ёки шартномада бошқа фоиз миқдори белгиланган бўлмаса қўлланилади.

Кредиторнинг пул маблағларидан қонунсиз фойдаланиш туфайли унга етказилган зарар ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларига асосан унга тегиши керак бўлган фоизлар суммасидан ошиб кетса, кредитор қарздордан зарарнинг бу суммадан ортиқча бўлган қисмини тўлашни талаб қилишга ҳақли.

328-модда. Мажбуриятнинг қарздор

ҳисобидан бажарилиши

Қарздор ашёни тайёрлаш ва кредиторга мулк қилиб, хўжалик юритишга ёки оператив бошқаришга топшириш ёхуд ашёни фойдаланиш учун кредиторга бериш ёхуд унинг учун муайян ишни бажариш ёки унга хизмат кўрсатиш мажбуриятини бажармаган тақдирда кредитор, агар қонун ҳужжатларидан, шартномадан ёки мажбуриятнинг моҳиятидан бошқача тартиб англашилмаса, учинчи шахсларга мажбуриятни оқилона муддатда оқилона баҳоларда ижро этишни топширишга ёинки уни ўз кучлари билан бажаришга ҳамда қарздордан қилинган зарур харажатларни ва бошқа зарарни тўлашни талаб қилишга ҳақли.


329-модда. Субсидиар жавобгарлик

Қонун ҳужжатлари ёки мажбурият шартларига мувофиқ асосий қарздор бўлган бошқа шахснинг жавобгарлигига қўшимча равишда жавобгар бўлган (субсидиар жавобгарлик) шахсга талаблар қўйишдан олдин кредитор асосий қарздорга талаб қўйиши керак.

Агар асосий қарздор кредиторнинг талабини қондиришдан бош тортса ёки кредитор ундан қўйилган талабга оқилона муддатда жавоб олмаган бўлса, бу талаб субсидиар жавобгар бўлган шахсга қўйилиши мумкин.

Кредитор асосий қарздорга бўлган ўз талабини қондиришни субсидиар жавобгар шахсдан талаб қилишга ҳақли эмас, башарти бу талаб асосий қарздорга муқобил талабни ҳисобга ўтказиш ёки маблағларни асосий қарздордан низосиз ундириб олиш йўли билан қондирилиши мумкин бўлса.

Субсидиар жавобгар шахс ўзига кредитор томонидан қўйилган талабни қондиришдан олдин бу ҳақда асосий қарздорни огоҳлантириши, борди-ю бундай шахсга нисбатан даъво қўзғатилган бўлса - асосий қарздорни ишда қатнашишга жалб қилиши керак. Акс ҳолда асосий қарздор ўзининг кредиторга қарши эътирозларини субсидиар жавобгар шахснинг регресс талабига қарши қўйиш ҳуқуқига эга.



330-модда. Жавобгарлик ва мажбуриятни

асл ҳолида бажариш

Башарти, қонунда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, мажбурият лозим даражада бажарилмаган тақдирда неустойка тўлаш ва зарарни қоплаш қарздорни мажбуриятни асл ҳолида бажаришдан озод қилмайди.

Башарти қонунда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, мажбурият бажарилмаган тақдирда зарарни қоплаш ва унинг бажарилмаганлиги учун неустойка тўлаш қарздорни мажбуриятни асл ҳолида бажаришдан озод қилади.

Кечиктириб юбориш оқибатида ўзи учун аҳамиятини йўқотган (ушбу Кодекс 337-моддасининг иккинчи қисми) ижрони кредиторнинг қабул қилишдан бош тортиши, шунингдек воз кечиш ҳақи тарзида белгиланган неустойкани тўлаш (ушбу Кодекснинг 342-моддаси) қарздорни мажбуриятни асл ҳолида бажаришдан озод қилади.



331-модда. Хусусий белгили ашёни топшириш

мажбуриятини бажармаслик оқибатлари

Хусусий белгили ашёни кредиторнинг мулки қилиб, унинг хўжалик юритишига, оператив бошқарувига ёки фойдаланишига топшириш мажбурияти бажарилмаган тақдирда кредитор бу ашёни олиб қўйишни ва мажбуриятда назарда тутилган шартлар асосида ўзига топширишни талаб қилишга ҳақли. Бу ҳуқуқ ашё бир хил ҳуқуққа эга бўлган учинчи шахсга топширилган бўлса, бекор бўлади. Агар ашё ҳали топширилмаган бўлса, вазият қайси кредиторнинг фойдасига олдинроқ вужудга келган бўлса, ўша кредитор устунликка эга бўлади, башарти буни аниқлаш мумкин бўлмаса, олдин даъво қўзғатган кредитор устунликка эга бўлади.

Кредитор мажбурият нарсаси бўлган ашёни ўзига топширишни талаб қилиш ўрнига, зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақли.


332-модда. Мажбуриятлар бўйича

жавобгарлик ҳажмини чеклаш

Мажбуриятларнинг айрим турлари бўйича ҳамда муайян фаолият тури билан боғлиқ мажбуриятлар бўйича қонунда зарарни тўла қоплашга бўлган ҳуқуқ чеклаб қўйилиши мумкин (чекланган жавобгарлик).

Қўшилиш шартномаси ёки кредитор истеъмолчи сифатида иш олиб борувчи фуқаро бўлган бошқа шартнома бўйича қарздорнинг жавобгарлик ҳажмини чеклаш тўғрисидаги келишув ҳақиқий эмас, башарти мажбуриятларнинг ушбу тури ёки ушбу тартиббузарлик учун жавобгарлик ҳажми қонун билан белгилаб қўйилган бўлса ва агар мажбуриятни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун жавобгарликни келтириб чиқарадиган вазиятлар юз бергунча келишувга эришилган бўлса.


333-модда. Мажбуриятларни бузганлик

учун жавобгарлик асослари

Қарздор айби бўлган тақдирда мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, жавоб беради. Қарздор мажбуриятни лозим даражада бажариш учун ўзига боғлиқ бўлган ҳамма чораларни кўрганлигини исботласа, у айбсиз деб топилади.

Айбнинг йўқлиги мажбуриятни бузган шахс томонидан исботланади.

Башарти, қонунда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган шахс мажбуриятни лозим даражада бажаришга енгиб бўлмайдиган куч, яъни фавқулодда ва муайян шароитларда олдини олиб бўлмайдиган вазиятлар (форс-мажор) туфайли имкон бўлмаганлигини исботлай олмаса, жавобгар бўлади. Қарздорнинг шартлашувчи шериклари томонидан мажбуриятларнинг бузилиши, мажбуриятни бажариш учун зарур товарларнинг бозорда йўқлиги, қарздорда зарур пул маблағларининг бўлмаганлиги бундай вазиятлар жумласига кирмайди.

Мажбуриятни қасддан бузганлик учун жавобгарликни бартараф қилиш ёки чеклаш тўғрисидаги аввалдан келишилган битим у тузилган пайтдан бошлаб ҳақиқий эмас.


334-модда. Учинчи шахсларнинг ҳаракатлари

учун қарздорнинг жавобгарлиги

Башарти, қонун ҳужжатлари ёки шартномада бевосита ижрочи бўлган учинчи шахснинг жавобгарлиги белгилаб қўйилмаган бўлса, зиммасига мажбуриятни бажариш вазифаси юклатилган учинчи шахсларнинг мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун қарздор жавоб беради.



335-модда. Кредиторнинг айби

Агар кредитор қасддан ёки эҳтиётсизлик туфайли мажбуриятни бажариш мумкин бўлмаслиги юз беришига ёки бажармаслик туфайли етказилган зарар миқдорининг кўпайишига кўмаклашган бўлса, шунингдек кредитор мажбуриятни бажармасликдан етказилган зарарни камайтириш чораларини қасддан ёки эҳтиётсизлик туфайли кўрмаган бўлса, суд ишнинг ҳолатларига қараб тўланадиган ҳақ миқдорини камайтиришга ёки кредиторга ҳақ тўлашни батамом рад этишга ҳақли.


336-модда. Икки тарафлама шартномани

бажармаслик оқибатлари

Агар икки тарафлама шартномада бир тараф ўзи жавобгар бўлган вазият туфайли уни бажариши мумкин бўлмай қолса, иккинчи тараф, башарти қонунда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, шартномадан воз кечишга ва шартноманинг бажарилмаслиги туфайли етказилган зарарни ундириб олишга ҳақли.


337-модда. Ижронинг қарздор ва кредитор

томонидан кечиктириб юборилиши

Ижрони кечиктириб юборган қарздор кечиктириб юбориш туфайли етказилган зарар учун ва кечиктириб юбориш даврида тасодифан ижрони бажариш мумкин бўлмаслиги вужудга келганлиги учун кредитор олдида жавоб беради.

Агар қарздор ижрони кечиктириб юборганлиги туфайли кредитор учун унинг аҳамияти қолмаган бўлса, у ижрони қабул қилишдан бош тортиши ва зарарни тўлашни талаб қилиши мумкин.

Агар кредитор қарздор томонидан таклиф қилинган лозим даражадаги ижрони қабул қилишдан бош тортган бўлса ёки ўзи амалга ошириши керак бўлган ва амалга оширилгунича қарздор ўз мажбуриятини бажара олмаган ҳаракатларни қилган бўлмаса, кредитор муддатни кечиктириб юборган ҳисобланади.


338-модда. Кредиторнинг ижрони

кечиктириб юбориш оқибатлари

Кредиторнинг шартнома бўйича ўзига тегишли нарсани қабул қилишни кечиктириб юбориш, қарздорга кечиктириб юбориш туфайли етказилган зарарни ундириб олиш ҳуқуқини беради ва кейинчалик мажбуриятни ижро этиш мумкин бўлмай қолса, уни жавобгарликдан озод қилади, қарздорнинг қасддан иш тутиши ёки қўпол эҳтиётсизлик қилиш ҳоллари бундан мустасно.

Пул мажбурияти бўйича кредитор ижрони кечиктириб юборган вақт учун қарздор фоиз тўлашга мажбур эмас.


339-модда. Ижронинг кечиктириб юборилганлиги

учун кредиторни жавобгарликдан озод қилиш

Агар кредитор ижронинг кечиктириб юборилиши қонунга мувофиқ ёки кредиторнинг топшириғи билан ижрони қабул қилиш вазифаси юклатилган шахслар қасддан иш тутганлиги ёки эҳтиётсизлиги туфайли келиб чиққанлигини исботласа, у ижронинг кечиктириб юборилганлиги учун жавобгарликдан озод қилинади.


25-БОБ. МАЖБУРИЯТЛАРНИНГ БЕКОР БЎЛИШИ


340-модда. Мажбуриятларнинг бекор бўлиш асослари

Мажбурият ушбу Кодексда, бошқа қонунларда ёки шартномада назарда тутилган асосларга кўра тўлиқ ёки қисман бекор бўлади.

Мажбуриятни тарафлардан бирининг талаби билан бекор қилишга қонун ҳужжатлари ёки шартномада назарда тутилган ҳоллардагина йўл қўйилади.


341-модда. Мажбуриятнинг бажарилиши

билан бекор бўлиши

Мажбурият, қоида тариқасида,унинг лозим даражада бажарилиши билан бекор бўлади.


342-модда. Воз кечиш ҳақи

Тарафларнинг келишувига мувофиқ мажбурият уни бажариш ўрнига воз кечиш ҳақини бериш (пул тўлаш, мол-мулк бериш ва шу кабилар) билан бекор қилиниши мумкин. Воз кечиш ҳақининг миқдори, муддатлари ва уни бериш тартибини тарафлар белгилайдилар.



343-модда. Ҳисобга ўтказиш билан

мажбуриятнинг бекор бўлиши

Муддати тўлган ёки муддати кўрсатилмаган ёхуд талаб қилиш пайти билан белгиланган муқобил ўхшаш талаб ҳисобга ўтказилиши билан мажбурият тўлиқ ёки қисман бекор бўлади.

Ҳисобга ўтказиш учун бир тарафнинг аризаси кифоя қилади.



344-модда. Ҳисобга ўтказишга йўл қўйилмаслиги

Қуйидаги талабларни ҳисобга ўтказишга йўл қўйилмайди:

даъво муддати ўтган талабларни;

фуқаронинг соғлигига шикаст етиши ёки унинг вафоти муносабати билан етказилган зарарни тўлаш ҳақидаги талабини;

алиментлар ундириш ҳақидаги талабни;

умрбод асраш шарти билан уй-жойни бошқа шахсга топшириш талабини;

қонунда ёки шартномада назарда тутилган бошқа ҳоллардаги талабни.



345-модда. Талабдан бошқа шахс фойдасига

воз кечилганида ҳисобга ўтказиш

Талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечилган тақдирда қарздор ўзининг дастлабки кредиторга муқобил талабини янги кредиторнинг талабига қарши ҳисобга ўтказишга ҳақли.

Агар талаб қарздор бу талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечилгани тўғрисидаги билдиришни олган пайтгача мавжуд бўлган асосга кўра вужудга келган бўлса ва талаб қилиш муддати ана шу билдириш олингунча келган бўлса ёки ушбу муддат кўрсатилмаган ёхуд талаб қилиш пайти билан белгиланган бўлса, ҳисобга олиш амалга оширилади.


346-модда. Қарздор билан кредитор бир шахс

бўлиб қолганида мажбуриятнинг бекор бўлиши

Қарздор билан кредитор бир шахс бўлиб қолганида мажбурият бекор бўлади.



347-модда. Мажбурият янгиланиши

билан унинг бекор бўлиши

Тарафлар ўз ўрталаридаги дастлабки мажбуриятни бошқа нарсани ёки бошқача ижро этиш усулини назарда тутувчи янги мажбурият билан алмаштириш (мажбуриятни янгилаш) ҳақида келишиб олсалар, мажбурият бекор бўлади.

Ҳаёт ёки соғлиққа етказилган зарарни қоплаш ва алиментларга нисбатан мажбуриятлар хусусида янгилашни амалга оширишга йўл қўйилмайди.

Агар тарафларнинг келишувига мувофиқ бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, мажбуриятни янгилаш дастлабки мажбурият билан боғлиқ бўлган қўшимча мажбуриятларни бекор қилади.




348-модда. Қарздан воз кечиш

Кредитор қарздорни унинг зиммасидаги мажбуриятлардан озод қилиши билан, агар бу ҳол бошқа шахсларнинг кредитор мол-мулкига нисбатан ҳуқуқларини бузмаса, мажбурият бекор бўлади.



349-модда. Бажариш мумкин бўлмаганлиги

туфайли мажбуриятнинг бекор бўлиши

Агар тарафлардан биронтаси ҳам жавоб бермайдиган вазият туфайли мажбуриятни бажариш мумкин бўлмай қолса, у бекор бўлади.

Башарти, қарздор мажбуриятни кредиторнинг айбли ҳаракатлари туфайли бажариши мумкин бўлмаса, кредитор ўзининг мажбурият бўйича бажарганларини қайтариб беришни талаб қилишга ҳақли эмас.


350-модда. Мажбуриятнинг давлат органи

ҳужжати асосида бекор бўлиши

Агар давлат органининг ҳужжати чиқиши натижасида мажбуриятни бажариш тўлиқ ёки қисман мумкин бўлмай қолса, мажбурият тўлиқ ёки унинг тегишли қисми бекор бўлади. Бунинг натижасида зарар кўрган тарафлар ушбу Кодекснинг 12 ва 15-моддаларига мувофиқ уни тўлашни талаб қилишга ҳақлидирлар.

Давлат органининг мажбурият бекор бўлишига асос бўлган ҳужжати белгиланган тартибда ҳақиқий эмас деб топилганида, агар тарафларнинг келишувидан ёки мажбуриятнинг моҳиятидан бошқача тартиб келиб чиқмаса ва мажбуриятни бажариш кредитор учун ўз аҳамиятини йўқотмаган бўлса, мажбурият тикланади.


351-модда. Фуқаро вафот этиши билан

мажбуриятнинг бекор бўлиши

Агар мажбуриятни қарздорнинг шахсий иштирокисиз бажариш мумкин бўлмаса ёки мажбурият бошқача тарзда қарздорнинг шахси билан чамбарчас боғлиқ бўлса, қарздор вафот этиши билан мажбурият бекор бўлади.

Агар мажбуриятни бажариш шахсан кредитор учун мўлжалланган ёки мажбурият бошқача тарзда кредиторнинг шахси билан чамбарчас боғлиқ бўлса, кредитор вафот этиши билан мажбурият бекор бўлади.


352-модда. Юридик шахс тугатилиши

билан мажбуриятнинг бекор бўлиши

Юридик шахс (қарздор ёки кредитор) тугатилиши билан мажбурият бекор бўлади, қонун ҳужжатлари билан тугатилган юридик шахснинг мажбуриятларини бажариш бошқа шахс зиммасига юклатилган (ҳаётга ёки соғлиққа етказилган зарарни тўлаш талаби ва бошқа талаблар бўйича) ҳоллар бундан мустасно.


2-КИЧИК БЎЛИМ. ШАРТНОМА

ТЎҒРИСИДА УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


26-БОБ. ШАРТНОМА ТУШУНЧАСИ ВА ШАРТЛАРИ


353-модда. Шартнома тушунчаси

Икки ёки бир неча шахснинг фуқаролик ҳуқуқлари ва бурчларини вужудга келтириш, ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги келишуви шартнома дейилади.

Шартномаларга ушбу Кодекснинг 9-бобида назарда тутилган икки ва кўп тарафлама битимлар тўғрисидаги қоидалар қўлланилади.

Шартномадан келиб чиққан мажбуриятларга, агар ушбу бобнинг қоидаларида ва ушбу Кодексда шартномаларнинг айрим турлари тўғрисида баён этилган қоидаларда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, мажбуриятлар тўғрисидаги умумий қоидалар (ушбу Кодекснинг 234-352-моддалари) қўлланилади.

Иккитадан ортиқ тарафлар тузадиган шартномаларга, бундай шартномаларнинг кўптарафламалик хусусиятига зид бўлмаса, шартнома тўғрисидаги умумий қоидалар қўлланилади.



354-модда. Шартнома тузиш эркинлиги

Фуқаролар ва юридик шахслар шартнома тузишда эркиндирлар.

Шартнома тузишга мажбур қилишга йўл қўйилмайди, шартнома тузиш бурчи ушбу Кодексда, бошқа қонунда ёки олинган мажбуриятда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Тарафлар қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган шартномани ҳам тузишлари мумкин.

Тарафлар турли шартномаларнинг элементларини ўз ичига оладиган шартнома (аралаш шартнома) тузишлари мумкин. Аралаш шартнома бўйича тарафларнинг муносабатларига, агар тарафларнинг келишувидан ёки аралаш шартноманинг моҳиятидан бошқача тартиб англашилмаса, элементлари аралаш шартномада бўлган шартномалар тўғрисидаги қоидалар қўлланилади.

Шартноманинг шартлари тарафларнинг хоҳиши билан белгиланади, тегишли шартнинг мазмуни қонун ҳужжатларида кўрсатиб қўйилган ҳоллар бундан мустасно.

Шартноманинг шарти тарафлар келишувида бошқача тартиб белгилаб қўйилмаганлиги туфайли қўлланиладиган норма (диспозитив норма)да назарда тутилган ҳолларда тарафлар ўзаро келишиб, унинг қўлланишини бекор қилишлари ёки унда назарда тутилганидан бошқача шартни белгилашлари мумкин. Бундай келишув бўлмаганда шартноманинг шарти диспозитив норма билан белгиланади.

Агар шартнома шартлари тарафлар ёки диспозитив норма билан белгилаб қўйилган бўлмаса, тегишли шартлар тарафлар ўртасидаги муносабатларга нисбатан қўлланилиши мумкин бўлган иш муомаласи одатлари билан белгиланади.



355-модда. Ҳақ эвазига ва текинга

тузиладиган шартномалар

Шартнома бўйича тараф ўз бурчларини бажарганлиги учун ҳақ олиши ёки унга бошқа муқобил тўлов тўланиши лозим бўлса, бундай шартнома ҳақ эвазига тузилган шартнома бўлади.

Шартнома бўйича бир тараф иккинчи тарафга ундан ҳақ ёки бошқа муқобил тўлов олмасдан бирон нарсани бериш мажбуриятини олса, бундай шартнома текинга тузилган шартнома ҳисобланади.

Агар қонун ҳужжатларидан, шартноманинг мазмуни ёки моҳиятидан бошқача ҳол англашилмаса, шартнома ҳақ эвазига тузилган шартнома ҳисобланади.


356-модда. Баҳо

Шартномани бажарганлик учун тарафларнинг келишуви билан белгиланган баҳода ҳақ тўланади.

Қонунда назарда тутилган ҳолларда тегишли ваколатга эга бўлган давлат органлари белгилайдиган ёки тартибга соладиган баҳолар (тарифлар, расценкалар, ставкалар ва ҳ.к.) қўлланилади.

Шартнома тузилганидан кейин баҳони ўзгартиришга қонун ҳужжатлари ёки шартномада назарда тутилган ҳолларда ва шартларда йўл қўйилади.

Ҳақ тўлашни назарда тутадиган шартномада баҳо назарда тутилмаган ва шартнома шартлари бўйича белгиланиши мумкин бўлмаган ҳолларда шартномани бажарганлик учун ўхшаш вазиятларда одатда шундай товарлар, ишлар ёки хизматлар учун олинадиган баҳо бўйича ҳақ тўланиши керак.


357-модда. Шартноманинг амал қилиши

Шартнома тузилган пайтидан бошлаб кучга киради ва тарафлар учун мажбурий бўлиб қолади.

Тарафлар ўзлари тузган шартноманинг шартларини уларнинг шартнома тузишидан олдин вужудга келган муносабатларига нисбатан қўлланилади деб белгилаб қўйишга ҳақлидирлар.

Қонунда ёки шартномада шартноманинг амал қилиш муддати тугаши тарафларнинг шартнома бўйича мажбуриятлари бекор бўлишига олиб келади, деб белгиланиши мумкин.

Бундай шарт ёзиб қўйилмаган шартнома тарафлар мажбуриятни бажаришининг шартномада белгилаб қўйилган охирги муддатигача амал қилади, деб ҳисобланади.

Шартноманинг амал қилиш муддати тугаши тарафларни уни бузганлик учун жавобгарликдан озод қилмайди.


358-модда. Оммавий шартнома

Ташкилот томонидан тузилган ҳамда унинг бундай ташкилот ўз фаолияти хусусиятига кўра ўзига мурожаат қиладиган ҳар бир шахсга нисбатан амалга ошириши шарт бўлган товарлар сотиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш соҳасидаги вазифаларини (чакана савдо, умумий фойдаланишдаги транспортда йўловчи ташиш, алоқа хизмати, энергия билан таъминлаш, тиббий хизмат, меҳмонхона хизмати ва ш.к.) белгилаб қўядиган шартнома оммавий шартнома дейилади. Бундай ташкилот оммавий шартнома тузишда бир шахсни бошқа шахсга нисбатан афзал кўришга ҳақли эмас, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Товарлар, ишлар ва хизматларнинг баҳоси, шунингдек оммавий шартноманинг бошқа шартлари ҳамма истеъмолчилар учун бир хил қилиб белгиланади, қонун ҳужжатларида истеъмолчиларнинг айрим тоифалари учун имтиёзлар берилишига йўл қўйиладиган ҳоллар бундан мустасно.

Ташкилотнинг истеъмолчига тегишли товарларни бериш, хизматлар кўрсатиш, унинг учун тегишли ишларни бажариш имконияти бўла туриб оммавий шартнома тузишдан бош тортишига йўл қўйилмайди.

Ташкилот оммавий шартнома тузишдан асоссиз бош тортганида ушбу Кодекс 377-моддасининг олтинчи ва еттинчи қисмларида назарда тутилган қоидалар қўлланилади.

Қонунда назарда тутилган ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати оммавий шартномаларни тузиш ва бажаришда тарафлар учун мажбурий бўлган қоидалар (намунавий шартномалар, қоидалар ва ҳ.к.) чиқариши мумкин.

Оммавий шартноманинг ушбу модда иккинчи ва бешинчи қисмлари билан белгилаб қўйилган талабларга мос келмайдиган шартлари ҳақиқий эмас.


359-модда. Шартноманинг намунавий шартлари

Шартномада унинг айрим шартлари тегишли турдаги шартномалар учун ишлаб чиқилган намунавий шартлар билан белгиланиши назарда тутилиши мумкин.

Шартномада намунавий шартларга ҳавола қилинмаган ҳолларда бундай намунавий шартлар тарафларнинг муносабатларига иш муомаласи одатлари сифатида қўлланилади.

Намунавий шартлар намунавий шартнома ёки ушбу шартларни ўз ичига олувчи бошқа ҳужжат шаклида ифодаланиши мумкин.



360-модда. Қўшилиш шартномаси

Шартларини тарафлардан бири формулярлар ёки бошқа стандарт шаклларда таърифлаган ҳамда иккинчи тараф фақат таклиф қилинган шартномага бутунлай қўшилиш йўли билан қабул қилиши мумкин бўлган шартнома қўшилиш шартномаси дейилади.

Агар қўшилиш шартномаси гарчи қонун ҳужжатларига зид бўлмаса-да, бироқ қўшилувчи тарафни одатда ана шундай турдаги шартномалар асосида бериладиган ҳуқуқлардан маҳрум этса, иккинчи тарафнинг мажбуриятларни бузганлик учун жавобгарлигини истисно этса ёки чекласа ёхуд унда қўшилган тараф учун очиқдан-очиқ оғир бўлган, бу тарафда шартнома шартларини белгилашда қатнашиш имконияти бўлганида у ўзининг манфаатларини кўзлаб қабул қилмайдиган шартлар ёзиб қўйилган бўлса, шартномага қўшилган тараф шартномани бекор қилишни ёки ўзгартиришни талаб қилишга ҳақли.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳолатлар мавжуд бўлганида ўз тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириши муносабати билан шартномага қўшилган тараф қандай шартлар асосида шартнома тузаётганлигини билган ёки билиши лозим бўлган бўлса, шартномага қўшилган тарафнинг шартномани бекор қилиш ёки ўзгартириш ҳақида қўйган талаби қондирилмайди.



361-модда. Дастлабки шартнома

Дастлабки шартнома бўйича тарафлар келгусида мол-мулк бериш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш ҳақида дастлабки шартномада назарда тутилган шартлар асосида шартнома тузиш (асосий шартнома) мажбуриятини оладилар.

Дастлабки шартнома асосий шартнома учун белгиланган шаклда, борди-ю, асосий шартноманинг шакли аниқланмаган бўлса, ёзма шаклда тузилади. Дастлабки шартноманинг шакли тўғрисидаги қоидаларга риоя қилмаслик унинг ҳақиқий саналмаслигига сабаб бўлади.

Дастлабки шартномада асосий шартноманинг нарсасини, шунингдек бошқа муҳим шартларини белгилаб қўйиш имконини берадиган шартлар бўлиши керак.

Дастлабки шартномада тарафлар қанча муддатда асосий шартномани тузиш мажбуриятини олиши кўрсатилади. Агар дастлабки шартномада бундай муддат белгилаб қўйилган бўлмаса, асосий шартнома дастлабки шартнома тузилган пайтдан бошлаб бир йил ичида тузилиши шарт.

Дастлабки шартномани тузган тараф асосий шартномани тузишдан бош тортган тақдирда ушбу Кодекс 377-моддасининг олтинчи ва еттинчи қисмларида назарда тутилган қоидалар қўлланилади.

Агар тарафлар асосий шартномани тузишлари лозим бўлган муддатнинг охиригача у тузилмаса ёки тарафларнинг биронтаси ҳам иккинчи тарафга ана шундай шартнома тузиш ҳақида таклиф юбормаса, дастлабки шартномада назарда тутилган мажбуриятлар бекор бўлади.


362-модда. Учинчи шахс фойдасига

тузиладиган шартнома

Тарафлар қарздор ижрони кредиторга эмас, балки шартномада кўрсатилган ёки кўрсатилмаган, қарздордан мажбуриятни ўз фойдасига бажаришни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлган учинчи шахсга бажариши мажбур деб белгилаб қўйган шартнома учинчи шахс фойдасига тузилган шартнома дейилади.

Агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада ўзгача тартиб назарда тутилган бўлмаса, учинчи шахс шартнома бўйича ўз ҳуқуқидан фойдаланиш ниятини қарздорга билдирган пайтдан бошлаб тарафлар ўзлари тузган шартномани учинчи шахснинг розилигисиз бекор қилишлари ёки ўзгартиришлари мумкин эмас.

Қарздор кредиторга қарши қўйиши мумкин бўлган эътирозларини шартномада учинчи шахснинг талабларига қарши қўйишга ҳақли.

Учинчи шахс шартнома бўйича ўзига берилган ҳуқуқдан фойдаланишдан воз кечган тақдирда, башарти қонун ҳужжатлари ва шартномага зид бўлмаса, кредитор бу ҳуқуқдан фойдаланиши мумкин.


363-модда. Шартномани шарҳлаш

Суд шартнома шартларини шарҳлашда ундаги сўз ва ибораларнинг асл маъносини эътиборга олади. Шартноманинг шарти аниқ бўлмаса, унинг асл маъноси уни бошқа шартларга ва бутун шартноманинг маъносига таққослаш йўли билан аниқланади.

Агар ушбу модданинг биринчи қисмида баён этилган қоидалар шартноманинг мазмунини аниқлаш имконини бермаса, тарафларнинг ҳақиқий умумий хоҳиш-иродаси шартноманинг мақсадини ҳисобга олган ҳолда аниқланиши керак. Бунда барча тегишли ҳолатлар, шу жумладан шартнома тузиш олдидан олиб борилган музокаралар ва ёзишмалар, тарафларнинг ўзаро муносабатларида қарор топган амалиёт, иш муомаласи одатлари, тарафларнинг кейинчалик ўзларини қандай тутганлиги эътиборга олинади.


27-БОБ. ШАРТНОМА ТУЗИШ


364-модда. Шартнома тузиш тўғрисидаги асосий қоидалар

Агар тарафлар ўртасида шартноманинг барча муҳим шартлари юзасидан шундай ҳолларда талаб қилинадиган шаклда келишувга эришилган бўлса, шартнома тузилган ҳисобланади.

Шартноманинг нарсаси тўғрисидаги шартлар, қонун ҳужжатларида бундай турдаги шартномалар учун муҳим ёки зарур деб ҳисобланган шартлар, шунингдек тарафлардан бирининг аризасига кўра келишиб олиниши зарур бўлган ҳамма шартлар муҳим шартлар ҳисобланади.

Шартнома тарафлардан бирининг оферта (шартнома тузиш ҳақида таклиф) йўллаши ва иккинчи тараф уни акцептлаши (таклифни қабул қилиши) йўли билан тузилади.




365-модда. Шартноманинг тузилиш пайти

Оферта йўллаган шахс унинг акцептини олган пайтда шартнома тузилган ҳисобланади.

Агар қонунга мувофиқ шартнома тузиш учун мол-мулкни топшириш ҳам зарур бўлса, шартнома тегишли мол-мулк топширилган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади (ушбу Кодекснинг 185-моддаси).



366-модда. Шартноманинг шакли

Агар қонунда муайян турдаги шартномалар учун маълум бир шакл белгилаб қўйилган бўлмаса, шартнома битимлар тузиш учун назарда тутилган ҳар қандай шаклда тузилиши мумкин.

Нотариал тасдиқланиши ёки давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт бўлган шартнома нотариал тасдиқланган ёки рўйхатдан ўтказилган пайтдан эътиборан, нотариал тасдиқланиши ва рўйхатдан ўтказилиши зарур бўлганда эса - шартнома рўйхатдан ўтказилган пайтдан эътиборан шартнома тузилган ҳисобланади.

Агар тарафлар шартномани муайян шаклда тузишга келишган бўлсалар, гарчи қонунда бу турдаги шартномалар учун бундай шакл талаб қилинган бўлмаса-да, шартнома белгиланган шаклга келтирилганидан кейин тузилган ҳисобланади.

Ёзма шартнома тарафлар имзолаган битта ҳужжатни тузиш йўли билан, шунингдек почта, телеграф, телетайп, телефон, электрон алоқа ёки ҳужжат шартномадаги тарафдан чиққанлигини ишончли суратда аниқлаш имконини берадиган бошқа алоқа ёрдамида ҳужжатлар алмашиш йўли билан тузилиши мумкин.

Агар шартнома тузиш ҳақидаги ёзма таклиф ушбу Кодекс 370-моддасининг тўртинчи қисмида назарда тутилган тартибда олинган бўлса, шартноманинг ёзма шаклига риоя қилинган ҳисобланади.


367-модда. Оферта

Бир ёки бир неча муайян шахсга юборилган, етарли даражада аниқ бўлган ва таклифни киритган шахснинг ўзини таклиф йўлланган ва уни қабул қиладиган шахс билан шартнома тузган деб ҳисоблаш ниятини ифода этадиган таклиф оферта ҳисобланади.

Офертада шартноманинг муҳим шартлари ифода қилинган бўлиши керак.

Оферта уни йўллаган шахсни оферта йўлланган шахс билан у офертани олган пайтдан бошлаб боғлайди.

Агар офертани чақириб олиш тўғрисидаги билдириш офертанинг ўзидан олдин ёки у билан бир вақтда келган бўлса, оферта олинмаган ҳисобланади.


368-модда. Офертанинг чақириб олинмаслиги

Қабул қилувчи тараф олган оферта уни акцептлаш учун белгилаб қўйилган муддат мобайнида чақириб олиниши мумкин эмас, башарти бошқача тартиб офертанинг ўзида шарт қилиб қўйилган бўлмаса ёки таклифнинг моҳиятидан ёхуд у йўлланган пайтдаги вазиятдан англашилмаса.



369-модда. Офертага таклиф этиш. Оммавий оферта

Номуайян шахслар доирасига йўлланган реклама ва бошқа таклифлар, агар таклифда бошқача ҳол тўғридан-тўғри кўрсатилган бўлмаса, офертага таклиф этиш деб қаралади.

Шартноманинг барча асосий шартларини ўз ичига олган, таклиф киритаётган шахснинг жавоб қайтарган ҳар қандай шахс билан таклифда кўрсатилган шартлар асосида шартнома тузишга бўлган хоҳиш-иродаси билиниб турган таклиф оферта (оммавий оферта) ҳисобланади.


370-модда. Акцепт

Оферта юборилган шахснинг уни қабул қилганлиги ҳақидаги жавоби акцепт ҳисобланади.

Акцепт тўлиқ ва писандасиз бўлиши керак.

Агар қонундан, иш муомаласи одатидан ёки тарафларнинг иш бўйича аввалги муносабатларидан бошқача маъно келиб чиқмаса, сукут сақлаш акцепт бўлмайди.

Офертани акцептлаш учун белгиланган муддатда олган шахснинг унда кўрсатилган шартнома шартларини бажариш юзасидан қилган ҳаракатлари (товарларни жўнатиш, хизматлар кўрсатиш, ишлар бажариш, тегишли суммани тўлаш ва ҳ.к.), агар қонун ҳужжатларида ёки офертада бошқача тартиб назарда тутилмаган ёки кўрсатилмаган бўлса, акцепт ҳисобланади.


371-модда. Акцептни чақириб олиш

Агар акцептни чақириб олиш ҳақидаги билдириш оферта юборган шахсга акцептдан олдинроқ ёки у билан бир вақтда етиб келган бўлса, акцепт олинмаган ҳисобланади.



372-модда. Акцепт муддати кўрсатилган

оферта асосида шартнома тузиш

Офертада акцепт муддати кўрсатилган бўлса, акцепт оферта йўллаган шахс томонидан унда кўрсатилган муддат мобайнида олинса, шартнома тузилган ҳисобланади.



373-модда. Акцепт муддати кўрсатилмаган

оферта асосида шартнома тузиш

Ёзма офертада акцепт муддати кўрсатилмаган акцепт оферта йўллаган шахс томонидан қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган муддатларда, агар бундай муддат белгилаб қўйилган бўлмаса - бунинг учун нормал зарур бўлган вақт мобайнида олинса, шартнома тузилган ҳисобланади.

Оферта акцепт учун муддат кўрсатмасдан оғзаки тарзда қилинганида бошқа тараф уни акцептлаганини дарҳол айтган бўлса, шартнома тузилган ҳисобланади.



374-модда. Кечикиб олинган акцепт

Акцепт тўғрисида ўз вақтида йўлланган билдириш кечикиб олинган ҳолларда оферта йўллаган тараф бошқа тарафга акцепт кечикиб олинганини дарҳол билдириб қўймаса, акцепт кечиккан ҳисобланмайди.

Агар оферта йўллаган тараф бошқа тарафга унинг кечикиб олинган акцептини қабул қилганини дарҳол маълум қилса, шартнома тузилган ҳисобланади.



375-модда. Бошқа шартлар асосидаги акцепт

Офертада таклиф қилинганидан бошқача шартлар асосида шартнома тузишга розилик билдириш ҳақидаги жавоб акцепт ҳисобланмайди. Бундай жавоб акцептдан бош тортиш ва айни вақтда янги оферта ҳисобланади.


376-модда. Шартноманинг тузилган жойи

Агар шартномада унинг тузилган жойи кўрсатилган бўлмаса, шартнома оферта йўллаган фуқаронинг яшаш жойида ёки юридик шахснинг жойлашган ерида тузилган ҳисобланади.


377-модда. Мажбурий тартибда шартнома тузиш

Ушбу Кодексга ёки бошқа қонунларга мувофиқ оферта (шартнома лойиҳаси) йўлланган тараф учун шартнома тузиш мажбурий бўлган ҳолларда бу тараф оферта олинган кундан бошлаб ўттиз кун мобайнида бошқа тарафга акцепт тўғрисида ёки акцептдан бош тортиши тўғрисида ёхуд офертани бошқа шартларда акцептлаши тўғрисида (шартнома лойиҳасига келишмовчиликлар баённомаси) билдириш йўллаши керак.

Оферта йўллаган ҳамда шартнома тузиши мажбурий бўлган тарафдан офертани бошқа шартларда акцептлаш тўғрисида билдириш (шартнома лойиҳасига келишмовчиликлар баённомаси) олган тараф бундай билдириш олинган ёки акцепт учун муддат тугаган кундан бошлаб ўттиз кун мобайнида шартнома тузиш чоғида юз берган келишмовчиликларни кўриб чиқиш учун судга топширишга ҳақли.

Ушбу Кодексга ёки бошқа қонунларга мувофиқ шартнома тузиш оферта (шартнома лойиҳаси) йўллаган тараф учун мажбурий бўлган ва унга ўттиз кун мобайнида шартнома лойиҳасига келишмовчиликлар баённомаси юбориладиган ҳолларда бу тараф келишмовчиликлар баённомасини олган кундан бошлаб ўттиз кун мобайнида бошқа тарафга шартномани унинг таҳририда қабул қилишини ёки келишмовчиликлар баённомасини рад этишини билдириши шарт.

Келишмовчиликлар баённомаси рад этилганида ёки уни кўриб чиқиш натижалари тўғрисидаги билдириш кўрсатилган муддатда олинмаганида келишмовчиликлар баённомасини йўллаган тараф шартнома тузиш чоғида юз берган келишмовчиликларни кўриб чиқиш учун судга топширишга ҳақли.

Ушбу модданинг биринчи, иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмларида назарда тутилган муддатлар тўғрисидаги қоидалар, агар қонун ҳужжатларида бошқа муддатлар белгиланган бўлмаса ёки тарафлар уларни келишиб олган бўлмасалар, қўлланилади.

Агар ушбу Кодексга ёки бошқа қонунларга мувофиқ шартнома тузиши мажбурий бўлган тараф уни тузишдан бош тортса, иккинчи тараф уни шартнома тузишга мажбур қилиш талаби билан судга мурожаат қилишга ҳақли.

Шартнома тузишдан асоссиз бўйин товлаётган тараф шу туфайли етказилган зарарларни бошқа тарафга тўлаши керак.


378-модда. Шартнома олдидан бўладиган низолар

Шартнома тузиш чоғида юз берган келишмовчиликлар ушбу Кодекснинг 377-моддасига мувофиқ қараб чиқиш учун судга берилган ҳолларда шартноманинг тарафлар ўртасида келишмовчиликлар чиқишига сабаб бўлган шартлари суд қарорига мувофиқ белгиланади.


379-модда. Ким ошди савдосида шартнома тузиш

Агар шартноманинг мазмунидан бошқача тартиб англашилмаса, у ким ошди савдосини ўтказиш йўли билан тузилиши мумкин. Шартнома ким ошди савдосида ғолиб чиққан шахс билан тузилади.

Ашёнинг мулкдори ёки мулкий ҳуқуқ эгаси ёхуд ихтисослашган ташкилот ким ошди савдосининг ташкилотчиси бўлиши мумкин. Ихтисослашган ташкилот ашёнинг мулкдори ёки мулкий ҳуқуқ эгаси билан шартнома тузиш асосида иш олиб боради ва улар номидан ёки ўз номидан ҳаракат қилади.

Ушбу Кодексда ёки бошқа қонунда кўрсатилган ҳолларда ашёни ёки мулкий ҳуқуқни сотиш тўғрисидаги шартномалар фақат ким ошди савдоси ўтказиш йўли билан тузилиши мумкин.

Ким ошди савдоси аукцион ёки танлов шаклида ўтказилади.

Ким ошди савдосининг шакли, агар қонунда бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, сотиладиган ашёнинг мулкдори ёки сотиладиган мулкий ҳуқуқнинг эгаси томонидан белгиланади.

Фақат битта иштирокчи қатнашган аукцион ва танлов ўтказилмаган ҳисобланади.

Ушбу Кодекснинг 380 ва 381-моддаларида назарда тутилган қоидалар, агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, суд қарорини ижро этиш тартибида ўтказиладиган ким ошди савдосига нисбатан ҳам қўлланилади.


380-модда. Ким ошди савдосини ташкил

этиш ва уни ўтказиш тартиби

Аукционлар ва танловлар очиқ ва ёпиқ бўлиши мумкин. Очиқ аукционда ва очиқ танловда хоҳлаган шахс қатнашиши мумкин. Ёпиқ аукцион ва ёпиқ танловда шу мақсад учун махсус таклиф этилган шахсларгина қатнашадилар.

Агар қонунда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ташкилотчи ким ошди савдоси ўтказилиши тўғрисида камида ўттиз кун олдин хабар қилиши керак. Хабарда, ҳар қандай ҳолда ҳам, ким ошди савдосининг вақти, жойи ва шакли, ким ошди савдосига нима қўйилаётгани ва уни ўтказиш тартиби, шу жумладан ким ошди савдосида қатнашишни расмийлаштириш тўғрисидаги, шунингдек бошланғич нарх тўғрисидаги маълумотлар бўлиши керак.

Агар ким ошди савдосига фақат шартнома тузиш ҳуқуқи қўйилаётган бўлса, бўлажак ким ошди савдоси тўғрисидаги хабарда бунга бериладиган муддат кўрсатилиши керак.

Агар қонунда ёки ким ошди савдоси ўтказилиши ҳақидаги хабарда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, хабар берган ким ошди савдосининг ташкилотчиси аукцион ўтказишдан хоҳлаган вақтида, лекин у ўтказиладиган кундан камида уч кун олдин, танлов ўтказишдан эса - танлов ўтказиладиган кундан камида ўттиз кун олдин бош тортишга ҳақли.

Ким ошди савдосининг ташкилотчиси уни ўтказишдан мазкур муддатларни бузиб бош тортган ҳолларда иштирокчиларнинг кўрган ҳақиқий зарарларини тўлаши шарт.

Ёпиқ аукцион ёки ёпиқ танлов ташкилотчиси хабар юборилганидан кейин айнан қанча муддатда ким ошди савдосидан бош тортганлигидан қатъи назар, ўзи таклиф этган иштирокчиларнинг реал зарарини тўлаши шарт.

Ким ошди савдосининг қатнашчилари ким ошди савдоси ўтказилиши тўғрисидаги хабарда кўрсатилган миқдорда, муддатларда ва тартибда закалат пули тўлайдилар. Агар ким ошди савдоси ўтказилмаса, закалат қайтариб берилиши керак. Закалат ким ошди савдосида қатнашган, лекин унда ғолиб чиқмаган шахсларга ҳам қайтариб берилади.

Ким ошди савдосида ғолиб чиққан шахс билан шартнома тузишда у тўлаган закалат суммаси тузилган шартнома бўйича мажбуриятларни бажаришда ҳисобга олинади.

Ким ошди савдосида ғолиб чиққан шахс ва ким ошди савдосининг ташкилотчиси аукцион ёки танлов ўтказилган куни ким ошди савдосининг натижалари тўғрисида баённома имзолайдилар, бу баённома шартнома кучига эга бўлади. Ким ошди савдосида ғолиб чиққан шахс баённомани имзолашдан бош тортса, тўлаган закалатидан маҳрум бўлади. Баённомани имзолашдан бош тортган ким ошди савдосининг ташкилотчиси закалатни икки ҳисса қилиб қайтариши, шунингдек ким ошди савдосида ғолиб чиққан шахсга ким ошди савдосида қатнашиш туфайли ўзига етказилган зарарнинг закалат пулидан ортиқ бўлган қисмини тўлаши шарт.

Агар ким ошди савдосига фақат шартнома тузиш ҳуқуқи қўйилган бўлса, бундай шартномани тарафлар ким ошди савдоси тамом бўлганидан ҳамда баённома расмийлаштирилганидан кейин кечи билан йигирма кунда ёки хабарда эълон қилинган бошқа муддатда имзолашлари керак. Улардан бири шартнома тузишдан бош тортган тақдирда, иккинчи тараф судга мурожаат қилиб, шартнома тузишга мажбур этишни, шунингдек уни тузишдан бош тортиш натижасида етказилган зарарни тўлашни талаб қилишга ҳақли.



381-модда. Ким ошди савдосини ўтказиш

қоидаларини бузиш оқибатлари

Қонунда белгиланган қоидалар бузиб ўтказилган ким ошди савдоси манфаатдор шахс талаби билан суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Ким ошди савдосини ҳақиқий эмас деб топиш ким ошди савдосида ғолиб чиққан шахс билан тузилган шартноманинг ҳақиқий эмаслигига сабабчи бўлади.



28-БОБ. ШАРТНОМАНИ ЎЗГАРТИРИШ

ВА БЕКОР ҚИЛИШ


382-модда. Шартномани ўзгартириш

ва бекор қилиш асослари

Агар ушбу Кодексда, бошқа қонунларда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, шартнома тарафларнинг келишувига мувофиқ ўзгартирилиши ва бекор қилиниши мумкин.

Тарафлардан бирининг талаби билан шартнома суд томонидан фақат қуйидаги ҳолларда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин:

1) иккинчи тараф шартномани жиддий равишда бузса;

2) ушбу Кодекс, бошқа қонунлар ва шартномада назарда тутилган ўзга ҳолларда.

Тарафлардан бирининг шартномани бузиши иккинчи тарафга у шартнома тузишда умид қилишга ҳақли бўлган нарсадан кўп даражада маҳрум бўладиган қилиб зарар етказиши шартномани жиддий бузиш ҳисобланади.

Бир тараф шартномани бажаришдан тўла ёки қисман бош тортиб, қонун ёхуд тарафларнинг келишувида бунга йўл қўйилса, шартнома тегишлича бекор қилинган ёки ўзгартирилган ҳисобланади.


383-модда. Вазият жиддий ўзгариши муносабати

билан шартномани ўзгартириш ва бекор қилиш

Шартнома тузишда тарафлар учун асос бўлган вазиятнинг жиддий ўзгариши, агар бошқача тартиб шартномада назарда тутилган бўлмаса ёки унинг моҳиятидан англашилмаса, шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади.

Вазиятнинг тарафлар олдиндан кўра билганларида шартномани умуман тузмасликлари ёки анча фарқ қиладиган шартлар билан тузишлари мумкин бўлган даражада ўзгариши унинг жиддий ўзгариши ҳисобланади.

Агар тарафлар шартномани жиддий ўзгарган вазиятга мувофиқлаштириш ёки уни бекор қилиш ҳақида келиша олмаган бўлсалар, шартнома манфаатдор тарафнинг талаби билан суд томонидан бекор қилиниши, ушбу модданинг бешинчи қисмида назарда тутилган асосларга кўра эса - ўзгартирилиши мумкин, агар айни вақтда қуйидаги шартлар мавжуд бўлса:

1) шартномани тузиш пайтида тарафлар вазиятда бундай ўзгариш юз бермайди, деб ҳисоблаган бўлсалар;

2) вазиятнинг ўзгаришини келтириб чиқарган сабабларни, улар пайдо бўлганидан кейин манфаатдор тараф шартноманинг хусусиятига ва муомала шартларига кўра ўзидан талаб қилинадиган даражада виждонийлик ва эҳтиёткорлик қилган бўлишига қарамай, бу сабабларни енга олмаган бўлса;

3) шартномани унинг шартларини ўзгартирмасдан бажариш тарафлар мулкий манфаатларининг шартномага мос келадиган нисбатини бузса ва манфаатдор тарафга зарар етказса, натижада улар шартнома тузишда умид қилишга ҳақли бўлган нарсадан кўп даражада маҳрум бўлсалар;

4) иш муомаласи одатларидан ёки шартноманинг моҳиятидан вазиятнинг ўзгариши хавфига манфаатдор тараф учраши кераклиги англашилмаса.

Вазиятнинг жиддий ўзгариши оқибатида шартнома бекор қилинганида суд ҳар қандай тараф талаби билан шартномани бекор қилиш оқибатларини аниқлашда тарафларнинг ушбу шартномани бажариш билан боғлиқ харажатларини улар ўртасида адолатли тақсимлаш зарурлигига асосланади.

Вазиятнинг жиддий ўзгариши муносабати билан шартноманинг ўзгартирилишига шартномани бекор қилиш ижтимоий манфаатларга зид бўлган ёки тарафларга шартномани суд томонидан ўзгартирилган шартлар асосида бажариш учун талаб қилинадиган харажатлардан анча ортиқ зарар келтирадиган фавқулодда ҳолларда суд қарори билан йўл қўйилади.


384-модда. Шартномани ўзгартириш ва бекор қилиш тартиби

Шартнома қандай шаклда тузилган бўлса, уни ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисидаги келишув ҳам шундай шаклда тузилади, башарти қонун ҳужжатларидан, шартнома ёки иш муомаласи одатларидан бошқача тартиб келиб чиқмаса.

Бир тараф шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги таклифга иккинчи тарафдан рад жавоби олганидан кейингина ёки таклифда кўрсатилган ёхуд қонунда ёинки шартномада белгиланган муддатда, бундай муддат бўлмаганида эса - ўттиз кунлик муддатда жавоб олмаганидан кейин, шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги талабни судга тақдим этиши мумкин.


385-модда. Шартномани ўзгартириш

ва бекор қилишнинг оқибатлари

Шартнома ўзгартирилганида тарафларнинг мажбуриятлари ўзгартирилган ҳолда сақланиб қолади.

Шартнома бекор қилинганида тарафларнинг мажбуриятлари бекор бўлади.

Шартнома ўзгартирилган ёки бекор қилинган тақдирда, агар келишувдан ёки шартномани ўзгартириш хусусиятидан бошқача тартиб англашилмаса, тарафлар шартномани ўзгартириш ёки бекор қилишга келишган пайтдан бошлаб, шартнома суд тартибида ўзгартирилган ёки бекор қилинганида эса - суднинг шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги қарори қонуний кучга кирган пайтдан бошлаб мажбуриятлар ўзгартирилган ёки бекор қилинган ҳисобланади.

Агар қонунда ёки тарафларнинг келишувида бошқача тартиб белгилаб қўйилган бўлмаса, тарафлар шартнома ўзгартирилгунча ёки бекор қилингунча мажбурият бўйича ўзлари бажарган нарсаларни қайтариб беришни талаб қилишга ҳақли эмаслар.

Агар шартномани ўзгартириш ёки бекор қилишга тарафлардан бирининг шартномани жиддий бузиши асос бўлган бўлса, иккинчи тараф шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш туфайли етказилган зарарни тўлашни талаб қилишга ҳақли.