язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Ахборот, ахборотлаштириш ва алоқа соҳасидаги бошқарув ва назорат/ Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 23.09.2002 й. 328-сон қарорига 2-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2002 йил 23 сентябрдаги

328-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ахборот-коммуникация технологияларини

ривожлантириш жамғармаси тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси (бундан буён матнда "Жамғарма" деб юритилади) алоқа ва ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш соҳасида устувор ва ижтимоий аҳамиятга молик бўлган лойиҳалар, илмий-тадқиқот ишларини маблағ билан таъминлаш мақсадида ташкил этилган.


2. Жамғарма ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, мазкур Низомга амал қилади.


3. Жамғарма юридик шахс ҳисобланади, ўз балансига, банк ҳисоб рақамларига, Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга, штампларга, бланкларга эгадир.

Жамғарма ўз мажбуриятлари бўйича ўзининг барча активлари билан жавоб беради.

Жамғарманинг маблағлари мазкур Низомда назарда тутилган мақсадлар ва вазифаларни амалга оширишга йўналтирилади.



II. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ МАНБАЛАРИ


4. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:

алоқа ва ахборотлаштириш соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия берилганлиги учун давлат божи тўлашдан тушувчи маблағларнинг 50 фоизи;

юридик ва жисмоний шахсларнинг, шунингдек халқаро ташкилотларнинг беғараз бадаллари;

Жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ банк депозитлари шаклида ва бошқа шаклларда жойлаштиришдан тушган даромадлар;

алоқа соҳасида норматив ҳужжатлар талаблари, давлат тармоқ стандартлари, кўрсатилаётган хизматлар сифати бузилганлиги учун мулкчилик шакллари ва идоравий бўйсунишидан қатъи назар алоқа соҳасида фаолиятни амалга ошираётган юридик шахсларга солинган жарима жазолари маблағларининг 45 фоизи, рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун солинадиган иқтисодий жазолар ва жарималар бундан мустасно;

абонент рақамидан фойдаланганлик учун ҳақ тўлашдан тушган маблағларнинг 10 фоизи.


III. ЖАМҒАРМАНИНГ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФАОЛИЯТИНИНГ АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ


5. Қуйидагилар Жамғарманинг вазифалари ва фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади:

мазкур Низомнинг 4-бандида кўрсатилган манбалардан тушган маблағларни жамлаш;

Жамғарма ҳисоб рақамларида жамланган маблағлардан:

маълумотлар узатиш тармоқларини ва ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш соҳасида устувор лойиҳалар, илмий-тадқиқот ишлари ва дастурлар;

алоқа, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида хизматларнинг янги турларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш ҳамда республиканинг бутун ҳудудида миллий ва халқаро ахборот тармоқларидан юқори тезликда фойдаланиш;

алоқа, компьютер ва тармоқли технологиялар, дастурий маҳсулотлар ва маълумотларнинг электрон базалари соҳасида мутахассислар тайёрлаш ва уларни қайта тайёрлаш тизимини ривожлантириш, шунингдек компьютер ва ахборот технологияларидан кенг фойдаланишга асосланган ўқитиш тизими;

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги аппарати, шунингдек унинг тизимига кирувчи даромадларнинг мустақил манбаига эга бўлмаган телекоммуникация тизимларини тартибга солиш, бошқариш ва назорат қилиш давлат органлари фаолияти;

танлов асосида танланадиган алоқа ва ахборотлаштириш соҳасини реконструкция қилиш, ривожлантириш ва компьютерлаштириш лойиҳалари;

эфирга рухсат берилмаган чиқишларнинг ва давлат тузилмалари радио воситаларига тўсқинлик қилишнинг олдини олиш мақсадида радио частота спектридан фойдаланиш устидан давлат назорати учун махсус назорат-ўлчов техникаси сотиб олиш харажатларини қисман қоплаш;

сифатли ахборот-коммуникация технологиялари ва мамлакатимизнинг дастурий маҳсулотларини ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш;

қишлоқ жойларда хизматлар кўрсатувчи алоқа, радиоэшиттириш ва телевидение корхоналарига вақтинчалик молиявий ёрдам бериш;

почта ходимлари учун формали кийим бош ва велосипед сотиб олиш харажатларини қисман қоплаш;

Ўзбекистон Республикасининг қишлоқлари ва чекка аҳоли пунктларининг телекоммуникация инфратузилмасини мақсадли қайта жиҳозлаш ва янада ривожлантириш;

операторлар ва провайдерлар томонидан кўрсатиладиган универсал алоқа хизматларини ривожлантиришни маблағ билан таъминлаш;

телекоммуникация асбоб-ускуналари етказиб бериш бўйича тузилган контрактлар бўйича "Ўзбектелеком" акциядорлик компаниясининг қарзларини қисман қайтаришни маблағ билан таъминлашда фойдаланиш.



IV. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИШ ТАРТИБИ


6. Жамғарма маблағлари ўз фаолиятини республика ҳудудида тегишли лицензиялар асосида амалга оширувчи, асосий фаолияти бўйича хизматлар ҳажми тушум бутун ҳажмининг камида 60 фоизини ташкил этувчи, мулкчилик шаклларидан қатъи назар фақат юридик шахсларга, шунингдек алоқа ва ахборотлаштириш соҳасидаги ўқув, илмий-тадқиқот муассасаларига ҳамда тартибга солиш, бошқариш органларига ажратилиши мумкин.


7. Жамғарма маблағлари:

беғараз молиявий қўйилмалар ва грантлар;

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг махсус комиссияси танловидан ва "Алоқабанк" акциядорлик-тижорат банки экспертизасидан ўтган алоқа ва ахборотлаштириш соҳасида ривожлантириш лойиҳалари учун Жамғарма томонидан бериладиган қарзлар;

Жамғарманинг "Алоқабанк" акциядорлик-тижорат банкидаги кредит линияси орқали кредитлар шаклида ажратилади.


8. Жамғарма маблағлари Жамғарманинг тасдиқланган бюджетига мувофиқ Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги ҳамда "Алоқабанк"нинг экспертизасидан ўтган алоқа воситалари ва тармоқларини, маълумотларни узатиш ва ахборот-коммуникация технологияларини, радиоэшиттириш ва телевидениени ривожлантиришнинг аниқ лойиҳаларига ажратилади.

Жамғарма маблағлари шунингдек алоқа ва ахборотлаштириш соҳасидаги кичик бизнес субъектларига Жамғарманинг тасдиқланган бюджетига мувофиқ Жамғарманинг "Алоқабанк" акциядорлик-тижорат банкидаги кредит линияси орқали кредитлар шаклида ажратилиши мумкин.


V. ЖАМҒАРМАНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ


9. Жамғарма қуйидаги ҳуқуқларга эга бўлади:

мазкур Низомнинг II бўлимида белгиланган манбалардан тушувчи маблағларни ўзининг банк ҳисоб рақамларида жамлаш;

маблағларни алоқа корхоналари сармоясига инвестиция қилиш йўли билан улардан фойдаланиш, алоқа корхоналарига Жамғарманинг "Алоқабанк" акциядорлик-тижорат банки ва унинг филиалларидаги кредит линияси орқали кредитлар бериш;

Жамғарма томонидан ажратиладиган маблағлардан мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш, маблағ билан таъминлашни тўхтатиб қўйиш ёки қонун бузилиши аниқланган тақдирда ажратилган маблағларни чақириб олиш;

вақтинча бўш маблағларни қисқа муддатли ликвидли молиявий воситалар (депозитлар, қимматли қоғозлар, облигациялар ва ҳоказолар)га жойлаштириш.


10. Жамғарма маблағларини жойлаштиришга доир барча операциялар Жамғарма Кенгаши томонидан ҳар йили тасдиқланадиган Жамғарма бюджети доирасида Жамғарма Кенгаши билан келишган ҳолда амалга оширилади.


11. Жамғарма Жамғарманинг маблағларини алоқа воситалари ва тармоқларини ривожлантириш ва реконструкция қилиш, маълумотларни узатиш ва ахборот-коммуникация технологиялари, радиоэшиттириш ва телевидениенинг аниқ лойиҳаларига ажратиш учун шартлар, талаблар ва қоидаларни белгилашга ҳақлидир.


12. Жамғарма савдо-воситачилик, лизинг, траст, ипотека операцияларини амалга ошириш, шунингдек қарз маблағларини жалб этиш ҳуқуқига эга эмас.



VI. ЖАМҒАРМАНИНГ МАЖБУРИЯТЛАРИ


13. Жамғарма:

ресурслардан самарали фойдаланилишини таъминлашга;

Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилиши юзасидан қарз олувчини назорат қилишга;

ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа хизматларининг барча турларини ривожлантириш ва такомиллаштиришга кўмаклашишга;

ҳар йилнинг 1 декабридан кечикмай чораклар, тушум манбалари ва харажатлар йўналишлари бўйича навбатдаги йилга прогноз бюджетни тузишга ҳамда уни Жамғарма Кенгаши тасдиқлаши учун киритишга;

ҳар бир календарь чоракдан кейин йигирма кун мобайнида Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигига, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тугаган чорак учун молия-хўжалик фаолияти тўғрисида ҳисобот тақдим этишга;

ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тугаган давр учун Жамғарма фаолияти тўғрисида ёйма ҳисобот тақдим этишга мажбурдир.



VII. ЖАМҒАРМАНИ БОШҚАРИШ


14. Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги, Молия вазирлиги, Давлат мулки қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизматининг Махсус алоқа хизмати раҳбарларининг ўринбосарларидан иборат таркибдаги Жамғарма Кенгаши Жамғармани бошқаришнинг юқори органи ҳисобланади.

Жамғарма Кенгашининг шахсий таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги Бош директорининг ўринбосари Жамғарма Кенгашининг раиси ҳисобланади.

Жамғарма Кенгаши раиси ва аъзолари ўз вазифаларини жамоатчилик асосида бажарадилар.


15. Жамғарма Кенгаши маблағлардан, шу жумладан фойдадан фойдаланишнинг устувор йўналишлари ва шартларини белгилайди, бюджетни кўриб чиқади, Жамғарма маблағларидан фойдаланиш тўғрисида Жамғарма директорининг ҳисоботини эшитади.


16. Жамғарма Кенгаши мажлиси бир чоракда камида бир марта ўтказилади. Зарурат бўлганда навбатдан ташқари мажлислар чақирилиши мумкин.


17. Жамғарманинг жорий фаолиятига ва Жамғарма Кенгаши қарорлари бажарилишига раҳбарлик қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда Ўзбекистон алоқа ва ахборот агентлиги томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган ҳамда лавозимга Жамғарма Кенгаши томонидан тасдиқланадиган директор бошчилигидаги дирекция томонидан амалга оширилади.


18. Жамғарма директори:

Жамғарманинг жорий фаолиятини ташкил этади ва Жамғармага юкланган вазифалар бажарилиши учун жавоб беради;

Жамғарма ходимларини ишга қабул қилади ва ишдан бўшатади;

давлат органлари, муассасалар ва корхоналар, юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан хорижий давлатларнинг юридик ва жисмоний шахслари, шунингдек халқаро ташкилотлар олдида Жамғарма манфаатларини ифодалайди;

юридик ва жисмоний шахслар билан Жамғарма фаолиятига тегишли шартномаларни тузади, Жамғарма номидан ишончномасиз иш кўради;

штат рўйхатини, Жамғарма маблағлари ҳисобига Жамғарма аппарати таъминотига харажатлар сметасини тузади ва тасдиқлаш учун Жамғарма Кенгашига тақдим этади;

лавозим йўриқномаларини ва Жамғарманинг бошқа ички ҳужжатларини тасдиқлайди;

Жамғарма номидан даъво аризалари беради;

Жамғарма ходимлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар ва фармойишлар чиқаради;

мазкур Низомга ва амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа масалалар бўйича қарорлар қабул қилади.


19. Жамғарма Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ тугатилади ва қайта ташкил этилади.