язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Ахборот, ахборотлаштириш ва алоқа соҳасидаги бошқарув ва назорат/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 23.07.1997 й. ПФ-1823-сон "Ахборот тизимлари соҳасини қайта ташкил этиш ва бошқаришни такомиллаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

23.07.1997 й.

N ПФ-1823



АХБОРОТ ТИЗИМЛАРИ СОҲАСИНИ

ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТИШ ВА БОШҚАРИШНИ

ТАКОМИЛЛАШТИРИШГА ОИД ЧОРА-ТАДБИРЛАР

ТЎҒРИСИДА


Почта алоқасини, ахборот тизимлари ва телекоммуникацияларни бошқаришни янада такомиллаштириш, бозор муносабатларини ривожлантириш, мулкни давлат тасарруфидан чиқариш жараёнларини чуқурлаштириш ва шу соҳага хорижий сармояларни жалб этиш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Алоқа вазирлиги тугатилсин ҳамда унинг негизида Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлиги ташкил қилинсин.


2. Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлиги зиммасига қуйидаги асосий вазифаларни ҳал этиш юклатилсин:

маҳаллий, шаҳарлараро, халқаро телефон-телеграф ва почта алоқасини, радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение тармоқларини вужудга келтириш, уларнинг фаолияти ва хизматлар кўрсатиш соҳасидаги сиёсатни ишлаб чиқиб, амалга ошириш;

почта алоқаси ва телекоммуникациялар соҳасидаги фаолиятни йўналтириш ҳамда бошқаришни такомиллаштириш, маркетинг тадқиқотлари ва мониторингни ташкил қилиш, бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш, бу соҳада рақобат муҳитини яратиш ва ривожлантириш;

телекоммуникация тизимлари ҳамда технологияларини ривожлантириш ва такомиллаштиришга хорижий сармояларни жалб этиш учун шарт-шароитларни вужудга келтириш;

телекоммуникация технологияларини яратиш, жорий этиш ва фойдаланиш бўйича ягона шартлар ҳамда талабларни тасдиқлаш, шунингдек мазкур шартлар ва талабларга риоя этилиши устидан давлат назоратини ташкил қилиш;

истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш, миллий телекоммуникация тармоғи фаолиятининг ахборот соҳасидаги хавфсизлигини таъминлаш.


3. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси хамда умумий фойдаланишдаги телекоммуникация ва почта тармоқларининг ишлашини таъминлайдиган хўжалик юритувчи субъектларнинг "Ўзбекистон почтаси" давлат-акциядорлик компаниясини ташкил қилиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

4. Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлиги ҳузурида почта ва телекоммуникацияларни давлат йўли билан қўллаб-қувватловчи бюджетдан ташқари Жамғарма ташкил қилиниб, қуйидагилар шу Жамғарма фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари сифатида белгилаб қўйилсин:

почта алоқаси ҳамда телекоммуникациялар тармоқлари ва воситаларини ривожлантириш, техника билан қайта қуроллантириш ва қайтадан тиклаш соҳасидаги устувор ҳамда ижтимоий жиҳатдан аҳамиятли лойиҳалар ва илмий-тадқиқот ишларини молиялаш;

мутахассислар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини ривожлантиришни молиялашда қатнашиш;

Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлиги маҳкамасининг фаолиятини, шунингдек унинг тизимига кирувчи мустақил даромад манбаларига эга бўлмаган телекоммуникация тизимларини тартибга солувчи, бошқарувчи ва назорат қилувчи давлат органларининг фаолиятини молиялаш.

5. Шу нарса белгилансинки, Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлиги томонидан амалдаги қонунларга мувофиқ ўз ваколати доирасида чиқариладиган норматив ҳужжатлар телекоммуникация ва почта алоқаси хизмати кўрсатувчи ёки улардан фойдаланувчи, шунингдек мулкчилик шаклларидан қатъи назар телекоммуникация ва почта тизимлари ҳамда иншоотларини лойиҳалаш ва қуриш ишларини амалга оширувчи барча юридик ва жисмоний шахслар томонидан ижро этиш учун мажбурийдир.


6. "Ўзбекистон почтаси" давлат акциядорлик компанияси таркибига кирувчи давлат корхоналари ва акциядорлик жамиятлари 1998 йилнинг 1 январидан бошлаб асосий фаолият бўйича фойдадан солиқ тўлашдан 2 йил муддатга озод қилинсин, бунда бўшаб қолган маблағлар уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга йўналтирилиши шарт.


7. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бир ой муддатда Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни киритсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддат ичида Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлиги фаолиятини ташкил қилиш масалалари бўйича қарор тайёрласин.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                              И. Каримов



“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Ахборотномаси”, 1997 йил, 8-сон, 196-модда