язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Ахборот, ахборотлаштириш ва алоқа соҳасидаги бошқарув ва назорат/ Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Махсус авария-тиклаш бошқармаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 01.07.1998 й. 274-сонли қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

1998 йил 1 июлдаги

274-сонли қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ахборот

технологиялари ва коммуникацияларини

ривожлантириш вазирлигининг Махсус

авария-тиклаш бошқармаси тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Махсус авария-тиклаш бошқармаси (15361-ҳарбий қисм), кейинги ўринларда "Бошқарма" деб аталади, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг таркибий бўлинмаси ҳисобланади.

2. Бошқарма ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг бошқа қарорларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Қуролли Кучларнинг умум қўшин уставларига, Фавқулотда вазиятлар вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг буйруқлари ва директиваларига, шунингдек мазкур Низомга амал қилади.

3. Бошқарманинг шахсий таркиби қуйидагилардан иборат бўлади:

а) контракт бўйича оддий аскар, сержант ва зобитлар таркибида ҳақиқий ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар;

б) ҳақиқий ҳарбий муддатли хизматга чақирилган ҳарбий хизматчилар;

в) Қуролли Кучлар ишчилари ва хизматчилари.

4. Фавқулодда вазиятлар вақтида махсус вазифаларни бажариш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш учун жалб этилган Бошқарма кучлари ва воситаларига Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бевосита раҳбарлик қилади.

5. Бошқарма ҳарбий хизматчилари ҳарбий хизматда бўладилар. Улар шу жумладан уларнинг оилалари белгиланган таъминот, ҳуқуқлар ва имтиёзларнинг барча турларидан Ўзбекистон Республикаси Фавқулотда вазиятлар вазирлиги нормалари бўйича фойдаланадилар.


6. Бошқарманинг контракт бўйича ҳарбий хизматчилари Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг контракт бўйича ҳарбий хизматчилари учун қабул қилинган кийим-кечак, эмблема ва фарқланиш белгиларига эга бўлади.

Бошқарманинг муддатли ҳарбий хизматчилари Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг муддатли ҳарбий хизматчилари учун белгиланган нормаларга мувофиқ кийим-кечак билан таъминланади.

7. Бошқарма ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг бошқа бўлимлари (бўлинмалари) ва бошқармалари, шунингдек Миллий гвардия, Фавқулотда вазиятлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги бошқа бўлинмалари ва хизматлари билан ўзаро хамкорликда амалга оширади.

8. Бошқарманинг оператив, махсус ва бошқа транспорт воситалари давлат автомобиль назорати органларида рўйхатдан ўтказилиши керак ва белгиланган тартибда тасдиқланган таниш белгилари, махсус сигналлар ва алоқа воситалари билан жиҳозланади.


9. Бошқарма юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвирланган, ўз номи Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида ёзилган муҳрга эга бўлади.



II. БОШҚАРМАНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


10. Қуйидагилар Бошқарманинг асосий вазифалари ҳисобланади:

а) тинч даврда:

ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш, модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг таркибий бўлинмалари билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси алоқа объектлари ва телекоммуникация тармоқларида авария-тиклаш ҳамда қурилиш-монтаж ишларини бажариш;

сафарбарлик захирасининг моддий воситаларини ва фавқулодда вазиятларда авария-тиклаш ишларини бажариш учун уларнинг захирасини тўплаш ҳамда ва сифатли сақлаш;

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Махсус авария-тиклаш бошқармасини сафарбарликка жалб этиш режасини ишлаб чиқиш, тайёрлаш ва амалга ошириш;

Бошқармани белгиланган вазифаларни бажаришга доимий жанговар тайёргарлик даражасида сақлаш;

мобиль алоқа воситаларини ва Ўзбекистон Республикаси фуқаро муҳофазаси бошлиғининг мобиль бошқарув пунктини белгиланган мақсадда қўллашга доимий тайёр ҳолда сақлаш ва уларнинг техник таъминотини модернизация қилиш;

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги тузилмаси объектларини ҳарбийлаштирилган ҳолда қўриқлаш;

Бошқарма ҳарбий хизматчилари ва хизматчиларини ўқув маркази базасида ўқитиш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил қилиш ва кейинчалик муддатли ҳарбий хизматчиларни Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг мудофаа ишлари бошқармалари ва бўлимлари орқали махсус тузилмаларга бириктириш;

Бошқарма шахсий таркибини Ўзбекистон Республикасининг Президенти ва халқига, ҳарбий қасамёд ва ҳарбий бурчга садоқат, Ватан тарихи ва анъаналарини чуқур ҳурмат қилиш, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари қоидаларини сўзсиз бажариш, командирларга (бошлиқларга) онгли равишда бўйсуниш руҳида тарбиялашга қаратилган тизимли ишларни ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан келишган ҳолда жанговар тайёргарлик, алоҳида муҳим ва тоифаларга ажратилган алоқа объектларини қўриқлаш, идоралараро ўқув-машғулотларда тезкор алоқани таъминлаш ва бошқа махсус вазифаларни бажариш масалаларида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат хавфсизлик хизмати билан ҳамкорлик қилиш.


III. БОШҚАРМАНИНГ ШАХСИЙ ТАРКИБИНИ

БУТЛАШ ВА ХИЗМАТНИ ЎТАШ


11. Бошқармани контракт бўйича ҳарбий хизматчилар билан бутлаш Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги орқали амалга оширилади.

12. Бошқарма бошлиғи ва унинг ўринбосарлари, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ва Фавқулодда вазиятлар вазирининг қўшма буйруғи билан лавозимга тайинланади.

13. Бошқарманинг таркибий бўлинмаларида мансабдор шахслар бошқарма бошлиғи томонидан тайинланади, контракт бўйича ҳарбий хизматчиларга ҳарбий унвонлар қонунчиликда белгиланган тартибда берилади.

14. Контракт бўйича ҳарбий хизматчиларни қабул қилиш, тайинлаш ва бўшатиш Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан келишган ҳолда амалга оширилади.


15. Контракт бўйича ҳарбий хизматчиларнинг Бошқарма ичида бир лавозимдан бошқасига ўтиши Бошқарма бошлиғининг буйруғи билан амалга оширилади.

17. Бошқармани муддатли ҳарбий хизматчилар билан бутлаш Бошқарма бошлиғининг буюртманомаси бўйича белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги орқали амалга оширилади.



IV. МОЛИЯВИЙ ТАЪМИНОТИ


18. Бошқарма сарф-харажатлари Ўзбекистон Республикаси бюджети маблағлари ҳисобига маблағ билан таъминланади.


19. Бошқарманинг объектларни қўриқловчи идоравий қўриқлаш бўлинмаларининг таъминоти билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги тизимининг нодавлат мулк объектларини қўриқлаш Бошқарма билан тузилган шартномаларга мувофиқ ушбу объектлар маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

20. Харажатларнинг йиллик бюджет сметасини Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири тасдиқлайди.

21. Бошқармани маблағ билан таъминлаш ҳар ойда бир йилга тасдиқланган сметанинг ўн иккидан бир қисми доирасида амалга оширилади.


22. Сафарбарлик захирасига ғамланадиган моддий бойликларга ва фавқулодда вазиятлар давридаги захирага ҳақ тўлаш белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат захираларини бошқариш қўмитаси томонидан амалга оширилади.

23. Бошқарманинг молия-хўжалик фаолияти Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан назорат қилинади.


V. МОДДИЙ-МАИШИЙ ТАЪМИНОТИ


24. Бошқарма ўз фондларида жойлаштирилади.


25. Контракт бўйича ҳарбий хизматчилар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда уй-жой билан таъминланади.

26. Бошқарма таъминотнинг барча турлари билан табеллар ва таъминот нормаларига мувофиқ тўғридан-тўғри шартномалар тузилиши йўли билан вазирликлар ва идораларнинг таъминотчи органларига ҳақ тўлаш ҳисобига таъминланади.


27. Бошқармага ёнилғи-мойлаш материалларига фондлар моторесурсларнинг нормалари ва белгиланган лимитларига мувофиқ ҳисобланган эҳтиёжига қўра Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги орқали ажратилади.