язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Транспорт/ Шаҳар транспорти/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 09.10.2013 й. ПҚ-2048-сон "Тошкент шаҳрида йўловчи ташиш транспортини ташкил этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

09.10.2013 й.

N ПҚ-2048



ТОШКЕНТ ШАҲРИДА ЙЎЛОВЧИ

ТАШИШ ТРАНСПОРТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

ТИЗИМИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Шаҳар йўловчи ташиш транспортини ташкил этиш тизимини янада такомиллаштириш, йўловчилар ташиш хавфсизлиги ва сифатини ошириш, қулай ва шинам автобуслардан оқилона ва самарали фойдаланишни таъминлаш, транспорт ташкилотларининг молиявий-иқтисодий ҳолатини мустаҳкамлаш, йўловчилар ташишни бошқаришга замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш мақсадида:


1. Қуйидагилар шаҳар йўловчи ташиш транспортини ташкил этиш тизимини янада такомиллаштиришнинг энг муҳим вазифалари ва йўналишлари деб ҳисоблансин:

йўловчилар ташишни ташкил қилиш самарадорлигини ошириш, автобус йўналишларини янада оптималлаштириш, ҳаракатланадиган таркибнинг рационал миқдорини аниқлаш мақсадида Тошкент шаҳар жамоат транспортининг барча турларида йўловчилар оқимини тизимли асосда ўрганиб чиқиш;

сутканинг турли вақтларида йўловчилар оқими оз-кўплигига қараб битта йўналишда катта ва ўртача сиғимли автобуслардан самарали фойдаланишни назарда тутувчи ҳаракатланадиган таркибдан фойдаланишнинг принципиал янги тизимини жорий этиш;

шаҳар атрофи йўналишларининг охирги тўхташ пунктларини Тошкент ҳалқа автомобиль йўли бўйлаб жойлаштирган ҳолда йўловчиларнинг шаҳар атрофи йўналишларидан шаҳар йўналишларига чиқиб ўтиришлари учун энг қулай бўлган жойларда йўловчи ташиш автостанцияларини қуриш ва шаҳар атрофида қатновчи линиядаги таксиларнинг тўхташ жойлари учун майдончалар барпо этиш асосида шаҳар ва шаҳар атрофи йўналишлари схемаларини мақбуллаштириш;

шаҳар йўловчи ташиш транспорти тизимига шаҳар йўловчиларини ташишни бошқариш, жамоат транспорти қатнови графиклари ва интервалларига қатъий риоя этишни таъминлайдиган замонавий ахборот-коммуникация технологияларини, ҳаракатланадиган таркибнинг қатнови устидан "он-лайн" тартибида масофадан туриб назорат қиладиган (GPS) тизимларини жорий этиш;

шаҳар жамоат транспорти корхоналари молия-хўжалик фаолиятининг самарадорлиги ва рентабеллигини ошириш, ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш сарф-харажатларини қисқартириш, ёнилғи-мойлаш материалларидан самарали фойдаланиш, транспорт воситаларининг ўзини ўзи қоплашини таъминлаш;

базавий тариф ставкасига нисбатан рағбатлантирувчи тўловлар улушини оширишга қаратилган транспорт корхоналари ходимлари меҳнатини моддий рағбатлантириш тизимини такомиллаштириш.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда 2014-2015 йиллардаги даврда Тошкент шаҳрида йўловчи ташиш транспортини ташкил қилиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини қабул қилсин.

2. 2014 йилнинг 1 январидан бошлаб шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ Тошкент шаҳрида:

линиялардаги автобуслар ва йўналишли таксилар ўз йўналишлари бўйича бир-бирини такрорлаб қатнашига йўл қўйилмайди;

автобус саройлари таркибида йўловчиларни йўналишли таксиларда ташиш бўйича ихтисослаштирилган автоколонналар барпо этилади, улар малакали ҳайдовчи ходимлар билан ва йўловчилар ташиш хавфсизлиги талабларига мос келадиган замонавий ҳаракатланадиган таркиб билан таъминланади;

жисмоний шахслардан ижара шартлари асосида жалб қилинган автотранспорт воситалари (автобуслар ва микроавтобуслар)дан шаҳарда йўловчилар ташишда фойдаланиш тақиқланади;

йўловчиларни хусусий йўналишли таксиларда ташишнинг зарур бўлган тизими ва тартибини таъминлашга, биринчи навбатда йўловчилар ташиш хавфсизлигининг қатъий техник талабларига жавоб берадиган транспорт воситалари билан таъминланишига, шунингдек уларнинг сақланишига, автобус саройларида техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ишлари ўз вақтида ўтказилишига, автотранспорт воситалари қатновга чиқишдан олдин техник кўрикдан ва ҳайдовчилар тиббий кўрикдан мажбурий ўтказилишига алоҳида эътибор қаратилиши лозим.

Ушбу масала юзасидан Вазирлар Маҳкамаси хусусий йўналишли таксиларда йўловчилар ташиш тўғрисида махсус низом қабул қилсин.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва бошқа манфаатдор тузилмалар билан биргаликда 2014 йилнинг 1 январига қадар муддатда йўловчилар ташиш хавфсизлиги бўйича техник талабларни танқидий қайта кўриб чиқсин ва яна ҳам қаттиқроқ талаблар ўрнатсин, ҳаракатланадиган таркибнинг техник ҳолати устидан назоратни кучайтирсин.

4. Йўловчи ташиш бўйича "Тошшаҳартрансхизмат" уюшмаси ва унинг таркибига кирувчи "Тошавтобустранс" ва "Тошпасремсервис" акциядорлик компаниялари, "Тошэлектротранс" давлат компанияси тугатилсин.


5. Тугатилаётган "Тошшаҳартрансхизмат" уюшмаси, акциядорлик ва унитар транспорт ташкилотлари негизида "Тошшаҳартрансхизмат" акциядорлик компанияси 2-иловага* мувофиқ ташкил қилинсин.

Белгилаб қўйилсинки, "Тошшаҳартрансхизмат" акциядорлик компанияси "Тошшаҳартрансхизмат" уюшмасининг, "Тошавтобустранс", "Тошпасремсервис" акциядорлик компанияларининг ҳамда "Тошэлектротранс" давлат компаниясининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланади.


6. Бошқарув ходимларининг чекланган сони 41 кишидан иборат бўлган "Тошшаҳартрансхизмат" акциядорлик компанияси ижро этувчи аппаратининг тузилмаси 3-иловага* мувофиқ маъқуллансин.

"Тошшаҳартрансхизмат" акциядорлик компанияси раисига, Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан келишилган ҳолда, зарурат туғилганда компаниянинг ижро этувчи аппарати тузилмасига ходимларнинг белгиланган чекланган сони доирасида ўзгартишлар киритиш ҳуқуқи берилсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда "Тошшаҳартрансхизмат" акциядорлик компанияси фаолиятини ташкил этиш, мазкур қарорда назарда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан қарор қабул қилсин.

8. Тошкент шаҳар ҳокимлиги манфаатдор идоралар ва тузилмалар билан биргаликда бир ой муддатда "Тошшаҳартрансхизмат" акциядорлик компаниясининг таъсис йиғилиши ўтказилиши ҳамда унинг низоми қабул қилинишини таъминласин.


9. Белгилансинки, "Тошшаҳартрансхизмат" акциядорлик компанияси таркибига кирган ташкилотларнинг балансида бўлган бинолар ва иншоотларни сотишдан тушган маблағлар объектларни баҳолаш ва сотиш билан боғлиқ харажатларни чиқариб ташлаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг "Mercedes-Benz Conecto Low Floor" русумли 400 та автобусни сотиб олиш учун жалб этилган кредитларини қайтаришга йўналтирилади.


10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорларига 4-иловага мувофиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин.


11. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                       И. Каримов



*) 1 - 3-иловалар рус тилидаги матнда берилган






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2013 йил 9 октябрдаги

ПҚ-2048-сон қарорига

4-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

айрим қарорларига ва Ўзбекистон Республикаси

Ҳукуматининг қарорларига киритилаётган

ўзгартиш ва қўшимчалар


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тошшаҳартрансхизмат" уюшмаси ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги йўловчи транспортининг барча турлари ҳаракатини лицензиялаш ва мувофиқлаштириш департаменти фаолиятини ташкил этиш тўғрисида" 2006 йил 18 январдаги ПҚ-262-сон қарорининг 1-банди ва қарорга 1 - 5-иловалар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тошавтобустранс" акциядорлик компанияси корхоналарининг давлатга қарашли акциялари пакетларини хусусий мулк этиб сотиш тўғрисида" 2006 йил 3 июлдаги ПҚ-396-сон қарорининг 6-бандидаги "(А.Ҳ. Тўхтаев) ва "Тошшаҳартрансхизмат" уюшмаси раиси (Ш.Ш. Муҳамеджанов)" сўзлари "ва "Тошшаҳартрансхизмат" акциядорлик компанияси бошқаруви раиси" сўзлари билан алмаштирилсин.


3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тошкент шаҳрини йўловчи автобуслар билан қўшимча таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2008 йил 6 февралдаги ПҚ-788-сон қарорида (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 6-7-сон, 26-модда):


3-банднинг учинчи хатбошидаги "Тошшаҳартрансхизмат" уюшмаси маблағлари, шунингдек оладиган автобуслар миқдорига мутаносиб равишда "Тошавтобустранс" акциядорлик компанияси ва" сўзлари "Тошшаҳартрансхизмат" акциядорлик компанияси маблағлари, шунингдек оладиган автобуслар миқдорига мутаносиб равишда" сўзлари билан алмаштирилсин;


9-банддаги "уюшмаси" сўзи "акциядорлик компанияси" сўзлари билан алмаштирилсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тошкент шаҳрини йўловчи ташиш автобуслари билан таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2009 йил 6 майдаги ПҚ-1109-сон қарорида:


2-банднинг учинчи хатбошидаги "Тошшаҳартрансхизмат" уюшмаси маблағлари, шунингдек оладиган автобуслар миқдорига мутаносиб равишда "Тошавтобустранс" акциядорлик компанияси ва" сўзлари "Тошшаҳартрансхизмат" акциядорлик компанияси маблағлари, шунингдек оладиган автобуслар миқдорига мутаносиб равишда" сўзлари билан алмаштирилсин;


9-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;


10-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"10. Белгилансинки, "Тошшаҳартрансхизмат" акциядорлик компанияси томонидан таркибий бўлинмаларга "ЭвоБус ГмбХ" (Германия) фирмаси билан тузилган шартнома бўйича "Mercedes-Benz Conecto Low Floor" русумли 200 та шаҳар йўловчи ташиш автобусларини, уларга эҳтиёт қисмларни, шу жумладан, автобуслардан фойдаланишнинг кафолатли муддати даврида ишдан чиққан қисмлар ўрнига етказиб бериладиган эҳтиёт қисмлар ва материаллар қўшилган қиймат солиғи солиш объекти ҳисобланмайди".


5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тошкент шаҳрининг йўловчи автобуслари саройларини янада янгилаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2012 йил 5 мартдаги ПҚ-1721-сон қарорининг 9-бандидаги "уюшма" сўзи "акциядорлик компанияси" сўзлари билан алмаштирилсин.


6. Вазирлар Маҳкамасининг "Тошкент шаҳрида йўловчи транспорти тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2006 йил 31 январдаги 11-сон қарорида (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2006 й., 1-сон, 6-модда):


1-банднинг тўртинчи ва бешинчи хатбоши ҳамда қарорга 4 ва 5-иловалар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;


4-банднинг биринчи хатбошидаги "Тошавтобустранс" сўзи "Тошшаҳартрансхизмат" сўзи билан алмаштирилсин;


1-иловада:


8-бандга қуйидаги мазмундаги олтинчи хатбоши қўшилсин:

"йўловчи ташувчилар томонидан йўловчилар ташиш қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича йўналишда назоратни амалга ошириш";

олтинчи - ўн учинчи хатбошилар тегишли равишда еттинчи - ўн тўртинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.


7. Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 2 августдаги 156-сон қарори билан тасдиқланган Автомототранспорт воситалари ҳамда шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 4-бандидаги "уюшма" сўзи "акциядорлик компанияси" сўзлари билан алмаштирилсин.


8. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Транспорт ва транспорт коммуникациялари масалалари бўйича махсус комиссия ташкил этиш тўғрисида" 2009 йил 6 мартдаги 57-сон қарорига 1-иловадаги "Мухамеджонов Ш.Ш. - "Тошшаҳартрансхизмат" уюшмаси раиси" сўзлари "лавозимига кўра - "Тошшаҳартрансхизмат" акциядорлик компаниясининг раиси" сўзлари билан алмаштирилсин.


9. Вазирлар Маҳкамасининг "Mercedes-Benz Conecto Low Floor" русумли 200 та шаҳар йўловчи ташиш автобусларини сотиб олишнинг техник-иқтисодий ҳисоб-китобини тасдиқлаш тўғрисида" 2009 йил 28 июлдаги 215-сон қарорида:


2-банднинг биринчи ва тўртинчи хатбошидаги "уюшма" сўзи "акциядорлик компанияси" сўзлари билан алмаштирилсин;


4-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"4. "Тошшаҳартрансхизмат" акциядорлик компанияси раиси ва автобус саройлари раҳбарлари зиммасига жалб этиладиган кредит бўйича мажбуриятлар ўз вақтида бажарилиши учун шахсий жавобгарлик юклансин".


10. Вазирлар Маҳкамасининг "Шаҳар йўловчи ташиш электр транспортининг ҳаракатланадиган таркиби саройини янгилаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2009 йил 26 октябрдаги 281-сон қарорининг 2 ва 10-бандларидаги "уюшма" сўзи "акциядорлик компанияси" сўзлари билан алмаштирилсин.


11. Вазирлар Маҳкамасининг "Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикасида автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини бериш, ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида" 2006 йил 2 августдаги 156-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 19 августдаги ПҚ-1392-сон қарори)" 2010 йил 31 декабрдаги 325-сон қарорининг (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2010 й., 12-сон, 76-модда) 2-банди биринчи хатбошидаги ва 3-бандидаги "Тошшаҳартрансхизмат" уюшмаси" сўзлари "Тошшаҳартрансхизмат" акциядорлик компанияси" сўзлари билан алмаштирилсин.


12. Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 17 сентябрдаги 273-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида чекланган тарифлар бўйича аҳолига хизматлар кўрсатиш муносабати билан шаҳарда йўловчиларни мунтазам ташиш билан банд бўлган ташувчилар кўрадиган зарарларни молиялаштириш ва қоплаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 4-банди еттинчи хатбоши (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2012 й., 9-сон, 69-модда) қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"тушумларнинг тўлиқ йиғилишини таъминлаш, шунингдек кўрсатиладиган хизматлар таннархини пасайтириш тадбирларини ҳисобга олган ҳолда, чекланган тарифлар бўйича йўловчилар ва багажни ташиш бўйича хизматлар кўрсатилиши муносабати билан шаҳар йўловчи ташиш транспорти ташувчилари кўрадиган зарарларни қоплаш".


13. Вазирлар Маҳкамасининг "Тошкент шаҳар йўловчи автобуслари паркларини янада янгилаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2013 йил 3 майдаги 119-сон қарорининг 10-бандидаги "уюшма" сўзи "акциядорлик компанияси" сўзлари билан алмаштирилсин.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 14 октябрь, 41-сон, 545-модда