язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Ахборот ва ахборотлаштиришнинг умумий масалалари/ Ўзбекистон Республикасининг 12.05.2001 й. 218-II-сон "Интеграл микросхемалар топологияларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонуни

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

12.05.2001 й.

N 218-II



ИНТЕГРАЛ МИКРОСХЕМАЛАР

ТОПОЛОГИЯЛАРИНИ ҲУҚУҚИЙ

МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА


1-модда. Интеграл микросхемалар топологияларини

ҳуқуқий муҳофаза қилиш тўғрисидаги

қонун ҳужжатлари


Интеграл микросхемалар топологияларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг интеграл микросхемалар топологияларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



2-модда. Асосий тушунчалар


Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


интеграл микросхема - электрон вазифаларни бажаришга  мўлжалланган тугал ёки оралиқ шаклдаги микроэлектрон буюм бўлиб, ундаги элементларнинг ҳеч бўлмаганда бири фаол ҳисобланади, буюмдаги боғланишларнинг айримлари ёки барчаси бу буюм тайёрланган жисмлар таркибида ва (ёки) сиртида узвий шакл топган бўлади;


интеграл микросхема топологияси - интеграл микросхема элементларининг ва улар ўртасидаги боғланишлар мажмуининг моддий жисмда қайд этилган фазовий-геометрик жойлашуви;


ҳуқуқ эгаси - интеграл микросхема топологиясининг муаллифи, унинг меросхўри, шунингдек интеграл микросхема топологиясидан фойдаланиш мулкий ҳуқуқларини қонунга ёки шартномага асосан олган ва уларга эга бўлган юридик ёки жисмоний шахс.



3-модда. Интеграл микросхемалар топологияларини

ҳуқуқий муҳофаза қилиш объекти ва шартлари


Интеграл микросхеманинг ушбу қонунда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган ўзига хос топологияси (бундан буён матнда топология деб юритилади) интеграл микросхемалар топологияларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш объекти ҳисобланади.

Муаллифнинг ижодий фаолияти натижасида яратилган ва яратилган санасида интеграл микросхемалар ишлаб чиқувчи ёки тайёрловчиларга маълум бўлмаган топология бошқача ҳолат исботлангунга қадар ўзига хос деб эътироф этилади.

Яратилган санасида интеграл микросхемалар ишлаб чиқувчи ёки тайёрловчиларга маълум бўлган элементлардан таркиб топган топологияга, агар бундай элементлар йиғиндиси ушбу модда иккинчи қисмининг талабларига тўла мувофиқ бўлсагина, ҳуқуқий муҳофаза берилади.

Ушбу Қонун билан бериладиган ҳуқуқий муҳофаза топологияга сингдирилган ғоялар, усуллар, тизимлар, технология ёки кодлаштирилган ахборотга нисбатан татбиқ этилмайди.



4-модда. Топология муаллифи


Ижодий меҳнати билан топологияни яратган жисмоний шахс шу топология муаллифи деб эътироф этилади. Агар топология икки ёки ундан ортиқ жисмоний шахсларнинг биргаликдаги ижодий меҳнати билан яратилган бўлса, улар биргаликда муаллифлар (ҳаммуаллифлар) деб эътироф этилади.

Топологияни яратишга шахсан ижодий ҳисса қўшмаган, бироқ муаллифга техник, ташкилий ёки моддий ёрдам кўрсатган ёхуд топологиядан фойдаланиш ҳуқуқини расмийлаштиришга кўмаклашган жисмоний шахслар муаллифлар деб эътироф этилмайди.

Муаллифнинг топологияга бўлган ҳуқуқи бошқа шахсга ўтказилмайдиган шахсий номулкий ҳуқуқ ҳисобланади ва қонун билан муҳофаза қилинади.


5-модда. Топологиядан фойдаланиш ҳуқуқи


Ҳуқуқ эгасига топологиядан ўз ихтиёрига биноан фойдаланиш, шу жумладан уни тайёрлаш, қўллаш ва тарқатиш мутлақ ҳуқуқи тегишлидир.

Ҳуқуқ эгаси топологияда, шунингдек шундай топологияни ўз ичига олган буюмларда "Т" ҳарфи ёки айланадаги "Т" ҳарфи ёхуд бошқача тарзда ифодаланган "Т" ҳарфини жойлаштиради ва бу унинг Ўзбекистон Республикасида муҳофаза қилинишини кўрсатади.

Бир неча ҳуқуқ эгаларига тегишли ҳуқуқлардан фойдаланиш тартиби улар ўртасидаги шартномага биноан белгиланади.



6-модда. Топологиядан фойдаланишга бўлган

мутлақ ҳуқуқнинг бузилиши


Муҳофаза қилинадиган топологияни, шу топологияли интеграл микросхемани ёки шундай интеграл микросхемани ўз ичига олган буюмни ҳуқуқ эгасининг рухсатисиз қўллаш, олиб кириш, сотувга қўйиш, сотиш, такрорлаш (ўзига хос бўлмаган қисмини такрорлаш бундан мустасно) ва фуқаролик муомаласига бошқача тарзда киритиш топологиядан фойдаланишга бўлган мутлақ ҳуқуқнинг бузилиши деб эътироф этилади.

Қуйидагилар топологиядан фойдаланишга бўлган мутлақ ҳуқуқнинг бузилиши деб эътироф этилмайди:

топологиядан фойда олмаган тарзда шахсий мақсадларда, шунингдек уни баҳолаш, таҳлил қилиш, тадқиқ этиш ёки ўқитиш учун фойдаланиш;

қонунга хилоф равишда такрорланган топологияли интеграл микросхемани ёки шундай интеграл микросхемали буюмни сотиб олган шахснинг ҳаракатлари, агар бу шахс уларга қонунга хилоф равишда такрорланган топология киритилганини билмаган ва билиши мумкин ҳам бўлмаган бўлса;

айнан бир хилдаги топологияни мустақил равишда яратган шахсга нисбатан, ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳаракатлар.



7-модда. Хизмат топологияси


Ходим ўз хизмат вазифаларини ёки иш берувчининг топшириғини бажариш вақтида яратган (хизмат топологияси) топологиянинг рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома олиш ҳуқуқи, башарти бу улар ўртасидаги шартномада назарда тутилган бўлса, иш берувчига тегишли бўлади.

Хизмат топологияси учун муаллифга тўланадиган мукофот пулининг  миқдори, шартлари ва тартиби у билан иш берувчи ўртасидаги шартнома билан белгиланади.



8-модда. Топологияни рўйхатдан ўтказиш

учун талабнома бериш


Топологияни рўйхатдан ўтказиш учун талабнома муаллиф, иш берувчи ёки уларнинг ҳуқуқий вориси (бундан буён матнда талабнома берувчи деб юритилади) томонидан бевосита ёки ишончли вакил орқали Ўзбекистон Республикасининг Интеллектуал мулк агентлигига (бундан буён матнда Агентлик деб юритилади) берилади.

Топологияни рўйхатдан ўтказиш учун талабнома бериш, агар топологиядан фойдаланилган бўлса, ундан биринчи марта фойдаланилган санадан эътиборан икки йилдан ошмаган муддатда амалга оширилиши мумкин.

Топологияни рўйхатдан ўтказишга доир талабнома битта топологияга тааллуқли бўлиши керак.

Топологияни рўйхатдан ўтказишга доир талабномани расмийлаштириш учун зарур бўладиган ҳужжатларга доир талаблар Агентлик томонидан белгиланади.


9-модда. Топологияни рўйхатдан ўтказишга доир

талабноманинг давлат экспертизаси


Топологияни рўйхатдан ўтказишга доир талабноманинг давлат экспертизаси талабнома берилган санадан эътиборан икки ойлик муддат ичида Агентлик томонидан ўтказилади. Давлат экспертизаси натижаларига биноан топологияни рўйхатга олиш ёки уни рўйхатга олишни рад этиш тўғрисида қарор чиқарилиб, бу ҳақда талабнома берувчи хабардор қилинади.

Талабнома берувчи Агентликнинг сўровига биноан ёки ўз ташаббуси билан топологияни рўйхатга олиш тўғрисида қарор қабул қилингунга қадар талабнома материалларини тўлдириш, аниқлаштириш ва тузатишга ҳақлидир.

Топологияни рўйхатдан ўтказишга доир талабноманинг давлат экспертизасини ўтказиш тартиби Агентлик томонидан белгиланади.


10-модда. Давлат экспертизасининг хулосаси

устидан шикоят қилиш


Талабнома берувчи давлат экспертизасининг хулосаси устидан қарор қабул қилинган санадан эътиборан уч ой ичида Агентликнинг Апелляция кенгашига (бундан буён матнда Апелляция кенгаши деб юритилади) шикоят қилишга ҳақлидир.

Давлат экспертизасининг хулосаси устидан Апелляция кенгашига шикоят қилиш тартибини Агентлик белгилайди.

Талабнома берувчи Апелляция кенгашининг қарори устидан қарор қабул қилинган санадан эътиборан олти ой ичида судга шикоят қилишга ҳақлидир.


11-модда. Топологияни рўйхатга олиш


Давлат экспертизасининг хулосаси асосида Агентлик патент божи тўлангани тўғрисидаги ҳужжат олинган санадан эътиборан бир ой ичида топологияни Интеграл микросхемалар топологияларининг давлат реестрида рўйхатга олади. Реестрга киритиладиган маълумотлар таркиби Агентлик томонидан белгиланади.


12-модда. Топология рўйхатдан ўтказилгани

тўғрисидаги маълумотларни эълон қилиш


Топология рўйхатдан ўтказилгани тўғрисидаги маълумотлар Агентлик томонидан расмий ахборотномада эълон қилинади. Эълон қилинадиган маълумотлар таркиби Агентлик томонидан белгиланади.


13-модда. Топология рўйхатдан ўтказилганлиги

тўғрисидаги гувоҳнома


Топология рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ҳуқуқ эгасининг топологиядан фойдаланишга бўлган мутлақ ҳуқуқини тасдиқлайди.

Гувоҳномани бериш Агентлик томонидан топология рўйхатдан ўтказилгани тўғрисидаги маълумотлар эълон қилинган санадан эътиборан уч ой ўтгандан кейин амалга оширилади. Топология рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома шакли ҳамда унда кўрсатиладиган маълумотлар таркиби Агентлик томонидан белгиланади.


14-модда. Топологиядан фойдаланишга бўлган

мутлақ ҳуқуқнинг амал қилиш муддати


Топологиядан фойдаланишга бўлган мутлақ ҳуқуқ ўн йил давомида амал қилади.

Топологиядан фойдаланишга бўлган мутлақ ҳуқуқ амал қилиш муддатининг бошланиши қуйидаги саналардан энг олдингиси бўйича аниқланади:

топологиядан биринчи марта фойдаланиш санаси бўйича, бунда бу топология жаҳоннинг бирон-бир ерида фуқаро муомаласига олдинроқ киритилганлиги ҳужжатлар билан қайд этилган сана назарда тутилади;

топология рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумотлар расмий эълон қилинган сана бўйича.

Бошқа шахс томонидан мустақил равишда яратилган айнан бир хил топология пайдо бўлган ҳолларда, топологиядан фойдаланишга бўлган мутлақ ҳуқуқнинг амал қилиш умумий муддати ўн йилдан ошиб кетиши мумкин эмас.



15-модда. Топологияга бўлган ҳуқуқларни

бошқа шахсга ўтказиш


Топологияга бўлган ҳуқуқ тўла ёки қисман бошқа шахсга ўтказилиши мумкин.

Топологияга бўлган ҳуқуқларни бошқа шахсга бериш тўғрисидаги шартнома Агентликда рўйхатдан ўтказилиши керак.

Топологияга бўлган ҳуқуқларни бошқа шахсга бериш тўғрисидаги шартномани рўйхатдан ўтказиш тартиби ва шартлари Агентлик томонидан белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси миллий хавфсизлик мақсадларида ҳуқуқ эгасига қонун ҳужжатларида белгиланган компенсация тўлаган ҳолда топологиядан унинг розилигисиз фойдаланишга рухсат бериши мумкин.



16-модда. Топология рўйхатдан ўтказилганлиги

тўғрисидаги гувоҳноманинг бекор бўлиши


Топология рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома топологиядан фойдаланишга бўлган мутлақ ҳуқуқнинг амал қилиш муддати тугаши муносабати билан бекор бўлади.

Топология рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома:

Апелляция кенгашининг қарори;

ҳуқуқ эгаси томонидан Агентликка берилган ариза;

суд  қарори асосида муддатидан олдин бекор қилиниши мумкин.



17-модда. Патент божлари


Топологияни рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ юридик аҳамиятли ҳаракатларни содир этганлик учун патент божлари ундирилади. Патент божлари Агентликка тўланади.

Патент божларининг миқдори ва уларни тўлаш муддатлари, уларни тўлашдан озод қилиш, тўловларнинг миқдорини камайтириш ёки уларни қайтариб бериш асослари, шунингдек патент божларидан фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


18-модда. Топологияни бошқа давлатларда

рўйхатдан ўтказиш


Ўзбекистон Республикасининг юридик ёки жисмоний шахслари топологияни бошқа давлатларда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиш ҳуқуқига эгадирлар.



19-модда. Чет эл юридик ва жисмоний

шахсларининг ҳуқуқлари


Чет эл юридик ва жисмоний шахслари ушбу Қонунда назарда тутилган ҳуқуқлардан Ўзбекистон Республикасининг юридик ва жисмоний шахслари билан тенг равишда ёки ўзаро келишув принципи асосида фойдаланадилар.



20-модда. Низоларни ҳал қилиш


Топологияларни ҳуқуқий муҳофаза қилиш билан боғлиқ низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


21-модда. Интеграл микросхемалар топологияларини

ҳуқуқий муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун

ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик


Интеграл микросхемалар топологияларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишида айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                    И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2001 йил, 10-сон, 54-модда


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси", 2001 йил, 5-сон, 87-модда