язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Ахборот ва ахборотлаштиришнинг умумий масалалари/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 28.09.2005 й. ПҚ-191-сон "Ўзбекистон Республикасининг Жамоат таълим ахборот тармоғини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

28.09.2005 й.

N ПҚ-191



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ЖАМОАТ ТАЪЛИМ АХБОРОТ ТАРМОҒИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикасининг "Ахборотлаштириш тўғрисида"ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Компьютерлаштиришни янада ривожлантириш ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш тўғрисида" 2002 йил 30 майдаги ПФ-3080-сонли Фармонига мувофиқ Ўзбекистон вазирликлари ва идоралари, жамоат бирлашмалари томонидан таълим ва ёшларни маънавий-ахлоқий тарбиялаш соҳасида ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда хизматларини ривожлантириш борасида аниқ мақсадга йўналтирилган ишлар олиб борилмоқда.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан Миллий ахборот-излаш тизимини яратиш, ижтимоий-маданий йўналишдаги ахборот ресурсларини шакллантириш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан мамлакатнинг барча олий таълим муассасаларини ягона ахборот тизимига бирлаштирган корпоратив компьютер тармоғи ташкил этилиб, ривожлантирилмоқда.

Халқ таълими вазирлиги томонидан умумтаълим мактабларида ўқув компьютер синфларини ташкил қилиш Дастури амалга оширилмоқда.

Кейинги уч йил ичида умумтаълим мактабларидаги шахсий компьютерлар сони 1,11 баравар кўпайиб, 59,4 мингтага етди, коллежлар ва лицейларда уларнинг сони деярли икки баравар ошди. Таълим муассасаларини маълумотлар узатиш миллий тармоғига, шу жумладан Интернетга улаш ишлари амалга оширилмоқда.

"Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан республикада Интернет тармоғига жамоа бўлиб уланиш пунктларини ташкил этиш дастури амалга оширилмоқда. Мамлакатда интернет-кафелар сони кейинги уч йил мобайнида 20 баравардан ортиқроқ кўпайди ва 493 тага етди.

Шу билан бирга республикада таълим ва ёшлар йўналишидаги ахборот ресурсларини тизимга солувчи ягона ахборот тармоғи мавжуд эмас.

Миллий ижтимоий-сиёсий, илмий-таълим ва маданий-маърифий ахборот ресурсларининг етарлича бойитилмаганлиги, уларнинг ишлашини таъминлашда тизимлиликнинг йўқлиги ёшлар ўртасида хорижий ахборот интернет-сайтлари тарқалишига имконият яратмоқда.

Мана шуларнинг ҳаммаси миллий телекоммуникация тизимида ўқув-таълим, илмий, ёшлар ҳамда болалар муассасалари ва ташкилотлари учун мўлжалланган ахборот материалларини бирлаштирувчи ягона ахборот-ресурс майдончага эга бўлган жамоат таълим ахборот тармоғини шакллантириш заруратини юзага келтирмоқда.

Мамлакат мактаблари, лицейлари, коллежлари ўқувчиларининг, олий таълим муассасалари талабаларининг ахборотга бўлган талаб-эҳтиёжларини ҳар томонлама қондириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш, шунингдек Интернет тармоғининг миллий сегментида таълим ва билим берадиган ахборот ресурсларини ривожлантириш мақсадида:


1. Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликларининг ҳамда "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракатининг республикадаги турли тузилмалар томонидан маълумотлар узатиш тармоқларида ташкил этилаётган таълим ва ёшларга мўлжалланган ахборот ресурсларини ягона "ZiyoNET" ахборот тармоғига бирлаштириш ва тизимлаштириш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.


2. Қуйидагилар "ZiyoNET" тармоғининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

ёшлар учун: уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш самарадорлигини оширишга; ўсиб келаётган ёш авлоднинг Ватанга муҳаббат туйғусини, Ўзбекистоннинг бой тарихи, халқнинг миллий анъаналари ва маънавий қадриятларини билишга асосланган юксак маънавий-ахлоқий фазилатларини мустаҳкамлашга; фаол ҳаётий мавқега эга бўлган баркамол шахсни вояга етказишга қаратилган миллий ахборот ресурсларини шакллантириш ва ривожлантириш;

Ўзбекистоннинг миллий манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, ёшларнинг маънавий, ақлий жиҳатдан камол топишига кўмаклашадиган ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, таҳлилий, маънавий-маърифий, илмий-таълим ҳамда бошқа ахборотдан кенг кўламда фойдаланишни таъминлаш;

ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, ҳар хил спорт турларини оммалаштириш;

республика ўқувчилари ва ёшлари учун масофавий таълим усулларини, бошқа ахборот-коммуникация хизматларининг кенг комплексини таълим тизимига жорий этишда кўмаклашиш.


3. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (Р. Қосимов) ва Халқ таълими вазирлиги (Т. Жўраев):

бир ой муддатда Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг Компьютер ҳамда ахборот технологияларини ривожлантириш ва жорий қилиш "Ўзинфоком" маркази таркибида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги бўлимлари билан иловага* мувофиқ "ZiyoNET" тармоғининг Ресурс марказини ташкил этсинлар;

шу йилнинг охиригача "ZiyoNET" тармоғининг Ресурс марказини тегишли ихтисосдаги юқори малакали ходимлар билан таъминласинлар;

"ZiyoNET" тармоғини шакллантириш ва ривожлантиришни, шунингдек Ресурс маркази ва бўлимларининг тармоқ ахборот ресурсларини мунтазам суратда жамлаш ва янгилаш борасида самарали фаолият кўрсатишини таъминласинлар.

Белгилансинки, "ZiyoNET"нинг коммуникация тармоғини ҳамда техник базасини ривожлантириш учун жавобгарлик Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги зиммасига, "ZiyoNET" тармоғи ахборот ресурсларининг мазмунини шакллантириш учун жавобгарлик Олий ва ўрта махсус таълим ва Халқ таълими вазириликлари зиммаларига юкланади.

4. Қуйидагилар белгилансин:

мамлакат мактаблари, академик лицейлари, коллежлари, олий таълим муассасалари, ёшлар ташкилотлари, кутубхоналар, музейлар ҳамда бошқа илмий-таълим ва маданий-маърифий муассасаларини халқаро ахборот тармоқларига, шу жумладан Интернет тармоғига улаш фақат "ZiyoNET" тармоғи орқали амалга оширилади;

"ZiyoNET" тармоғи ахборот ресурсларини шакллантириш Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг Оммавий коммуникациялар соҳасидаги мониторинг маркази билан ҳамкориликда амалга оширилади;

"ZiyoNET" тармоғидан фойдаланувчиларнинг халқаро ахборот тармоқлари, шу жумладан Интернет тармоғининг ахборот ресурсларига кириши уларнинг Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг Оммавий коммуникациялар соҳасидаги мониторинги маркази томонидан белгиланадиган рейтинг кўрсаткичларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади;

шахсий домен номларни рўйхатга олиш, ахборот ресурсларини "ZiyoNET" тармоғи Ресурс марказининг технологик майдончасида жойлаштириш, сақлаш ва қўллаб-қувватлаш, электрон почта хизматлари мактаблар, академик лицейлар, коллежлар, олий ўқув юртлари, ёшлар ташкилотлари, кутубхоналар, музейлар ҳамда бошқа таълим, илмий ва маданий-маърифий муассасалардаги фойдаланувчиларга бепул кўрсатилади.


5. Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги (А.Арипов):

уч ҳафта муддатда Миллий ахборот-излаш тизимини шакллантириш ва ривожлантириш Дастурини ҳисобга олган ҳолда, агрессив интернет-контентдан муҳофаза қилиш воситаларини ўз ичига олган зарур дастурий таъминот билан "ZiyoNET" тармоғи Ресурс марказининг ягона технологик майдончасини яратиш чора-тадбирларининг комплекс режасини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

бир ой муддатда "ZiyoNET" тармоғининг Ресурс маркази тўғрисидаги Низомни, ахборот ресурсларини таснифлаш Миллий рейтинг тизими тўғрисидаги Низомни, жамоа ва якка тартибда фойдаланувчиларни "ZiyoNET" тармоғига улаш бўйича операторлар ҳамда провайдерларга нисбатан техник талаблар ва шартларни, шунингдек балоғатга етмаган фарзандлари бўлган якка тартибдаги фойдаланувчиларни тармоққа улашнинг имтиёзли пакетини жорий этиш тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

икки ой муддатда илмий-таълим ва маданий-маърифий муассасаларга Интернет хизматлари кўрсатувчи юридик шахсларнинг лицензия битимларига халқаро ахборот тармоқлари, шу жумладан Интернет тармоғига фақат "ZiyoNET" тармоғи орқали чиқиш ташкил этилишини назарда тутувчи қўшимча шартларни ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда киритсин.


6. Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги (А.Арипов) Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (Р.Қосимов), Халқ таълими вазирлиги (Т.Жўраев), Маданият ва спорт ишлари вазирлиги (А.Азизхўжаев), "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати (Б.Убайдуллаев), бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:

"ZiyoNET" тармоғининг ўзбек ва рус тилларида ёшларга мўлжалланган ижтимоий-сиёсий, илмий-таълим, маданий-маърифий ва маълумот-таҳлилий материаллардан иборат ахборот ресурсларини яратиш, ривожлантириш ва жамлаш дастурини;

мамлакат мактаблари, академик лицейлари, коллежлари, олий ўқув юртлари, ёшлар ташкилотлари, кутубхоналар, музейлар ва бошқа таълим, илмий ва маданий-маърифий муассасаларни "ZiyoNET" тармоғига улаш режа-жадвалини;

ахборот ресурсларини яратиш, экспертизадан ўтказиш ва "ZiyoNET" тармоғининг технологик майдончасида жойлаштириш тартибини ишлаб чиқсинлар ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсинлар.

7. Қуйидагилар маълумот учун қабул қилинсин:

"ZiyoNET" тармоғи ресурс марказининг фаолиятини молиялаштириш ва моддий-техника жиҳатдан таъминлаш, шунингдек унинг технологик майдончасини яратиш ва ривожлантиришни, ахборот ресурслари шакллантирилишини молиялаштириш Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади;

"ZiyoNET" тармоғининг Ресурс маркази ва унинг бўлимлари Давлат ахборот тизимларини ташкил этиш ва кўллаб-қувватлаш ягона интегратори, шунингдек Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ташкилотлари ҳамда корхоналари штатидаги ходимлар ҳисобига мутахассислар билан таъминланади.

8. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (Р.Қосимов) ва Халқ таълими вазирлиги (Т.Жўраев), Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги (А.Арипов) билан келишилган ҳолда "ZiyoNET" тармоғи Ресурс маркази бўлимларини жойлаштириш, фойдаланаётган хоналар ҳамда кўрсатилаётган техник, коммунал ва бошқа хизматлар учун ҳақ ундирмасдан уларни зарур ташкилий-техника, анжомлар, алоқа воситалари билан жиҳозлашни таъминласинлар.


9. Ўзбекистон Телерадиокомпаниясига (А.Хаджаев), Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига (М.Ҳазратқулов) Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги (Б.Алимов) билан биргаликда "ZiyoNET" ахборот тармоғи фаолиятини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш тавсия этилсин.


10. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари А.Арипов ва Р.Қосимов зиммаларига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                  И.Каримов



*) Илова рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2005 йил, 40-сон, 305-модда.