язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Оммавий ахборот воситалари/ Телерадиоузатиш/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 27.12.2005 й. ПҚ-245-сон "Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси фаолиятини ташкил этиш бўйича тадбирлар ҳақида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

27.12.2005 й.

N ПҚ-245



ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ

ТЕЛЕРАДИОКОМПАНИЯСИ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

БЎЙИЧА ТАДБИРЛАР ҲАҚИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мустақил телерадио каналларини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 2005 йил 8 ноябрдаги ПФ-3678-сонли Фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (бундан буён матнда - Ўзбекистон МТРК)ни қайта ташкил этиш ва замон талабларига жавоб берадиган телерадиоэшиттириш (кўрсатув)ларни яратишга қаратилган самарали тадбирларни амалга ошириш мақсадида:


1. Ўзбекистон МТРК, телерадиоканаллар ижодий-ишлаб чиқариш жамоалари, "Ўзбектелефильм" давлат унитар корхонаси (ДУК) ва компания корхоналарининг уларнинг ташкилий таркиби ва ходимлар сони ҳақидаги таклифларига розилик берилсин.

Белгилаб қўйилсинки:

Ўзбекистон МТРК ходимлар сонини оптималлаштириш натижасида тежаб қолинадиган 791,3 миллион сўм миқдордаги бюджет маблағлари Ўзбекистон МТРК ижодий ва ишлаб чиқариш ходимларини рағбатлантириш ва мукофотлаш учун йўналтирилади;

ходимлар сонини оптималлаштириш телерадиоканалларга ажратиладиган бюджет маблағлари ҳажмининг камайишига олиб келмайди.


2. "O`zbekiston" телерадиоканали, "Sport" телерадиоканали, "Toshkent" телерадиоканали, "Respublika teleradiomarkazi", "O`zbektelefilm" давлат унитар корхоналарининг ҳамда Ўзбекистон МТРКнинг ташкилий таркиби 1 - 5-иловаларга* мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон МТРК Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддат ичида амалдаги тартиб бўйича Ўзбекистон МТРК ҳудудий бўлинмаларининг ходимлар сонини оптималлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг раисига, зарур ҳолларда, таркибий бўлинмаларнинг ташкилий тузилмасига Ўзбекистон МТРК тизимининг умумий штат бирлиги доирасида ўзгартишлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

3. "Yoshlar" телерадиоканали АЖнинг ташкилий таркиби 7-иловага* мувофиқ маъқуллансин.

"Yoshlar" телерадиоканали акциядорлик жамиятининг устав жамғармаси қуйидаги тартибда тақсимлансин:

давлат улуши - 50%;

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи улуши - 50%.

Ўзбекистон МТРКнинг телерадиодастурлар тайёрлаш учун зарур техника воситалари, идора жиҳозлари, интеллектуал мулк объектлари ва бошқа мулклари амалдаги тартиб бўйича қайта баҳолаш амалга оширилгандан сўнг "Yoshlar" телерадиоканали АЖнинг устав жамғармасидаги давлат улуши сифатида тақдим этилади.

4. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясини ислоҳ қилиш бўйича ташкилий тадбирлар Дастури, шунингдек Ўзбекистон МТРКни ислоҳ қилиш бўйича ишчи гуруҳи таркиби 8-9-иловаларга* биноан тасдиқлансин.

Ишчи гуруҳ 2006 йил 1 апрелга қадар Ўзбекистон МТРКни қайта ташкил этиш бўйича ташкилий-техникавий тадбирларни якунлаш ва мустақил телерадиоканаллар ҳамда бошқа таркибий бўлинмаларнинг фаолият кўрсата бошлашини таъминласин.


5. Ўзбекистон МТРК телерадиоканаллари ва ҳудудий бўлинмаларининг аналог форматдаги телевизион кўрсатувлари ва радио эшиттиришлари бир кеча-кундузлик ўртача ҳажми, давлат бюджети маблағлари ҳисобига телефильмлар ишлаб чиқариш йиллик ҳажми 10-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон МТРК Раисига телерадиоканалларнинг бир кеча-кундузлик ўртача эшиттиришлари (кўрсатувлари) ҳажмига мазкур қарорда тасдиқланган параметрлар доирасида ўзгартиришлар киритишга рухсат берилсин.


6. Ўзбекистон МТРК республика Молия вазирлиги билан биргаликда икки ҳафта муддат ичида Ўзбекистон МТРК таркибига кирувчи давлат унитар корхоналари ва "Yoshlar" телерадиоканали АЖ фаолиятини маблағ билан таъминлаш ва кўрсатадиган хизматлари учун тариф - баҳоларни шакллантириш тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

Белгилаб қўйилсинки:

"Yoshlar" телерадиоканали" АЖ ҳузуридаги "Bolajon" ва "Navo" телеканаллари, шунингдек Ўзбекистон МТРК таркибига кирувчи бошқа телерадиоканаллар ва ҳудудий бўлинмалар фаолиятини молиялаштириш Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларида назарда тутилган бюджетдан ташқари даромадлар ҳисобидан амалга оширилади;

телерадиоканаллар ва "O`zbektelefilm" меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармаси конкрет (муайян) телекўрсатув, радиоэшиттириш ва фильмларни тайёрлаш учун ижодий ходимларни муддатли шартномалар бўйича жалб этишга йўналтириладиган харажатларни ҳисобга олган ҳолда белгиланади;

Ўзбекистон МТРК таркибига кирувчи корхоналар ва ташкилотлар учун сотиб олинадиган, шунингдек ҳукумат қарорларига мувофиқ олинган асосий воситаларнинг амортизация тўловлари (харажатлари) давлат унитар корхоналари кўрсатган хизмат учун тарифлар таркибига киритилмайди.

7. Ўзбекистон МТРК ва "O`zbekiston" телерадиоканали, "Sport" телерадиоканали, "Toshkent" телерадиоканали давлат унитар корхоналари ва "Yoshlar" телерадиоканали АЖнинг телерадиокўрсатув ва эшиттиришларнинг юқори сифатини таъминлаган, янги, юксак бадиий-ғоявий телерадиодастурлар ва фильмлар тайёрлаш, телерадио кўрсатув ва эшиттиришларда замонавий ахборот, компьютер ва медиожараёнларни жорий қилишни таъминлаган ижодий жамоалар, студиялар ва алоҳида ходимларни моддий рағбатлантириш мақсадида улар ҳузурида рағбатлантириш жамғармаларини ташкил этиш ҳақидаги таклифлари маъқуллансин.

Жамғармалар қуйидаги манбалардан шаклланиши белгилансин:

тежаб қолинган бюджет маблағлари, шу жумладан ходимлар сонини оптималлаштириш эвазига эришилган маблағ;

реклама фаолияти, пуллик хизмат кўрсатиш, шартномалар бўйича бажарилган ишлардан тушган даромаднинг 25% гача бўлган қисми;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа манбалар.

Телерадиоканалларнинг рағбатлантириш жамғармаси ҳақидаги умумий низом 11-иловага* биноан тасдиқлансин.


8. Ўзбекистон МТРК:

бир ой муддат ичида Давлат мулки қўмитаси билан биргаликда Ўзбекистон МТРКнинг ишлаб турган таркибларида мавжуд техника ва ишлаб чиқариш қувватларини инвентаризация қилишни якунласин. Шаклланаётган телерадиотаркибларнинг эшиттириш ва кўрсатувлари ҳажми ҳамда уларнинг олдига қўйилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда "Respublika teleradiomarkazi" билан телерадиоканаллар ўртасидаги топшириш далолатномалари (ҳужжатлари) ва ажратиш балансларини тайёрласин;

уч ой муддат ичида мамлакат бадиий телерадиомаҳсулотлари (телевизион, ҳужжатли, мультипликацион фильмлар ва бошқалар) ҳажми босқичма-босқич ошиб бориши назарда тутилган ҳолда, аҳолининг билим ва маданий савиясини кўтариш, миллий анъаналарни, тарихий ва маънавий меросни сақлаб қолиш, фуқаролар онгида демократик қадриятларни шакллантириш, ёшларни ва ўсиб келаётган авлодни ватанпарварлик, Ватанга муҳаббат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадларига йўналтирилган "Миллий сериал" ижодий-ишлаб чиқариш дастурини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсин;

янги ташкил этилаётган телерадиоканаллар ва таркибларни юқори малакали ижодий-ишлаб чиқариш ходимлари билан таъминласин.


9. Давлат мулки қўмитаси Ўзбекистон МТРК билан биргаликда:

икки ой муддат ичида "Yoshlar" телерадиоканали ЁАЖнинг таъсис ҳужжатларини ишлаб чиқиш, таъсис мажлисини ўтказиш, унинг низомини тасдиқлаш ва белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказишни таъминласин;

уч ой муддат ичида "Yoshlar" телерадиоканали ЁАЖнинг активларни баҳолаш ва таъсис ҳужжатларини, шунингдек, кейин чиқариладиган акциялар асосида устав жамғармасини шакллантиришни таъминласин;

"Yoshlar" телерадиоканали АЖ акцияларни чиқариш лойиҳасини рўйхатдан ўтказганлиги учун Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетига тўловлардан озод қилинсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги икки ой муддат ичида вазирлик таркибида Ўзбекистон МТРКдан ўтказиладиган бадиий жамоалар Ижодий бирлашмасини ташкил этсин;

Маданият ва спорт ишлари вазирлигида ташкил этилаётган Ижодий бирлашма билан Ўзбекистон МТРК ўртасидаги ҳамкорликнинг узоқ муддатга мўлжалланган дастурини ишлаб чиқишни таъминласин, унинг асосида Ижодий бирлашма бадиий жамоаларининг Ўзбекистон МТРК телерадиоканаллари кўрсатувлари ва эшиттиришларида қатнашуви ҳақида шартномалар тузсин.


11. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Хоразм вилояти ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари икки ой муддат ичида амалдаги тартиб бўйича Ўзбекистон МТРКдан Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлигига ўтказиладиган бадиий жамоаларни жойлаштириш учун бинолар ажратиб, уларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун шароит яратиш бўйича тадбирларни амалга оширсинлар.


12. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                  И. Каримов



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2005 йил, 52-сон, 386-модда.