язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Оммавий ахборот воситалари/ Телерадиоузатиш/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 01.04.2009 й. ПҚ-1088-сон "Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси тизимида юқори технологияли телерадиоускуналардан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

01.04.2009 й.

N ПҚ-1088



ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ

ТЕЛЕРАДИОКОМПАНИЯСИ

ТИЗИМИДА ЮҚОРИ ТЕХНОЛОГИЯЛИ

ТЕЛЕРАДИОУСКУНАЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ

САМАРАДОРЛИГИНИ ЯНАДА ОШИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ташкилотлари томонидан юқори технологияли ускуналар ва махсус телерадиотехникадан самарали фойдаланилишини таъминлаш, уларни замонавий медиатехнологиялар асосида қўллаш орқали кенг турдаги сифатли телерадиомаҳсулотлар яратиш, шунингдек телевидение муҳандислик-техника кадрларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини тубдан яхшилаш мақсадида:


1. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раҳбариятининг замонавий юқори технологияли теле- ва радиоускуналардан оқилона ва самарали фойдаланиш, шунингдек ушбу ускуналарда ишлай оладиган телевидение муҳандислик-техника ходимларининг кадрлар таркибини шакллантириш бўйича ишлари қониқарсиз деб ҳисоблансин.


2. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси марказий аппарати тузилмасига Телерадиокомпания раисининг биринчи ўринбосари лавозими киритилсин, раис ўринбосари лавозими тугатилсин.

3. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда эгаллаб турган лавозими, функционал вазифалари доираси, тегишли ускуналарда ишлаш кўникмалари ва тажрибасига эгалигига боғлиқ ҳолда, шунингдек телерадиодастурлар ишлаб чиқариш технологиялари талабларидан келиб чиқиб, аниқ мезонларни белгилаш орқали телерадиокомпаниянинг телевидение муҳандислик-техника ходимларига қўйиладиган асосий малака талабларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.


4. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси тизимининг телевидение муҳандислик-техника ходимларини аттестациядан ўтказиш бўйича доимий фаолият юритувчи комиссия 2-иловага* мувофиқ таркибда тузилсин.

Қуйидагилар Аттестация комиссиясининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

телерадиокомпаниянинг телевидение муҳандислик техника ходимларини уларнинг профессионал тайёргарлиги ва малака даражаси бўйича эгаллаб турган лавозимига лойиқлиги баҳоланишини ҳисобга олган ҳолда мунтазам равишда аттестациядан ўтказиш;

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси тизими ва унинг ҳудудий телерадиокомпаниялари кадрлари таркибини тегишли йўналишлар бўйича юқори малакали мутахассислар билан тўлдиришни мустаҳкамлаш чора-тадбирларини кўриш;

телерадиокомпания ходимларининг, шу жумладан, хорижий медиатехнологиялар ўқув марказларида тажриба орттиришни ўташи ҳисобига доимий равишда малакаси оширилиши ва профессионал даражаси ўсиши юзасидан мониторинг ўтказиш ҳамда назорат қилиш тизимини жорий этиш.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни, шунингдек Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси тизимидаги аттестациядан ўтказиладиган телевидение муҳандислик-техника ходимларининг лавозим рўйхатини тасдиқласин.


5. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Маданият вазирлиги ҳамда Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг 2009/2010 ўқув йилидан бошлаб:

Тошкент ахборот технологиялари университетида қуйидаги мутахассислар - телеоператор, махсус ёритиш муҳандиси, муҳандис-видеомонтажчи, компьютер графикаси муҳандиси ва овоз ёзиш муҳандислари тайёрлайдиган "Телевидение технологиялари" факультетини;

Тошкент шаҳар Бектемир туманида қурилаётган коллеж негизида қуйидаги ихтисосликлар - телеоператор ёрдамчиси, овоз ёзиш муҳандиси ёрдамчиси, махсус ёритиш бўйича техник, видеомонтажчи ёрдамчиси, телерадиоускуналарни таъмирлаш ва уларга хизмат кўрсатиш бўйича техник мутахассислар тайёрлайдиган Республика телевидение ва радио касб-ҳунар коллежини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Иқтисодиёт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамда Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги билан биргаликда ўн кун муддатда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмаларининг юқорида кўрсатиб ўтилган йўналишлар бўйича юқори малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёжини қондиришни ҳисобга олган ҳолда янгидан ташкил этиладиган "Телевидение технологиялари" факультетига ҳамда Республика телевидение ва радио касб-ҳунар коллежига қабул қилиш режасини белгиласин.


6. Тошкент шаҳрининг марказий қисмида энг замонавий техник асосда миллий телевизион фильмлар ва сериаллар яратиш, шунингдек телевидение учун концерт ва бошқа дастурларни уюштириш ҳамда ёзиб олишни таъминлашга имкон берадиган Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг замонавий медиамарказини ташкил этиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблансин.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги бир ҳафта муддатда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг медиамаркази қурилишини ташкил этиш учун тегишли ер участкасини белгиланган тартибда ажратсин.

Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда уч ой муддатда телерадиокомпаниянинг замонавий медиамарказини қуриш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқсинлар ва тасдиқласинлар.


7. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг медиамарказини 2009 йилнинг II чорагидан бошлаб, уни энг замонавий мультимедиа техник ускуналари билан жиҳозлашни назарда тутган ҳолда телерадиокомпаниянинг ўз маблағлари ва марказлаштирилган давлат капитал қўйилмалари ҳисобига қуриш таъминлансин.


8. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги билан биргаликда мунтазам равишда ўзбек халқ мумтоз санъати, анъанавий қўшиқчилик санъати, симфония мусиқаси мактаблари ютуқларига, шунингдек аҳолининг таълим ва маданий савиясини оширишга, миллий анъаналарни сақлаб қолишга, ёшларни ватанпарварлик, халқимизнинг бой маънавий меросини ҳурмат қилиш руҳида тарбиялашга йўналтирилган замонавий эстрада санъатининг энг яхши намуналарига бағишланган бадиий жиҳатдан юксак даражадаги теле- ва радио дастурлар туркуми тайёрланилишини таъминласин.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги бир ой муддатда:

Ўзбек халқ мумтоз санъати, анъанавий қўшиқчилик ва эстрада санъати, симфония мусиқаси мактаблари эришган ютуқлар тўғрисидаги теле- ва радио дастурларни тайёрлаш, намойиш қилиш ва эшиттириш ҳамда молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсинлар ва тасдиқласинлар;

мазкур теле- ва радио дастурларни тайёрлаш ҳамда намойиш қилиш ва эшиттиришни молиялаштиришнинг аниқ манбаларини белгиласинлар.


9. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, "Ўзбекистон", "Спорт" ва "Тошкент" телерадиоканалларининг 2009 йилнинг иккинчи ярим йиллигидан бошлаб бюджетдан ташқари манбаларнинг телерадиоканаллар умумий харажатларини молиялаштиришдаги улушини 2015 йилга бориб 50 фоизгача етказган ҳолда босқичма-босқич кўпайтириб бориш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган таклифи қабул қилинсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, унинг таркибига кирувчи корхоналар ва ташкилотлар томонидан импорт қилинадиган ускуналар, материаллар ва эҳтиёт қисмлар фойда солиғи, шунингдек божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) тўлашдан 2015 йилнинг 1 январигача озод этилсин, бўшайдиган маблағлар уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга мақсадли йўналтирилсин.

Белгилансинки, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси таркибига кирувчи ташкилотлар балансига бепул бериладиган, телерадиокомпания томонидан харид қилинган ускуналар, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар уларнинг даромадлари ҳисобланмайди ҳамда солиққа тортиш базасидан чиқариб ташланади.


11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 27 декабрдаги ПҚ-245-сон қарорига 6-илова ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиришлар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


12. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                         И. Каримов



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 14-сон, 156-модда.