язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Оммавий ахборот воситалари/ Телерадиоузатиш/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 10.03.2000 й. 85-сон "Ўзбекистон телерадиокомпанияси томонидан яратилаётган ва намойиш этилаётган бадиий-ҳужжатли видеофильмлар, телесериалларнинг бадиий савиясини яхшилаш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

10.03.2000 й.

N 85




ЎЗБЕКИСТОН ТЕЛЕРАДИОКОМПАНИЯСИ

ТОМОНИДАН ЯРАТИЛАЁТГАН ВА НАМОЙИШ

ЭТИЛАЁТГАН БАДИИЙ-ҲУЖЖАТЛИ

ВИДЕОФИЛЬМЛАР, ТЕЛЕСЕРИАЛЛАРНИНГ

БАДИИЙ САВИЯСИНИ ЯХШИЛАШ

ТЎҒРИСИДА



Кейинги йилларда Ўзбекистон телерадиокомпанияси томонидан бир қатор бадиий-ҳужжатли видеофильмлар, телесериаллар суратга олиниб, томошабинларга ҳавола этилди.

Халқимиз ҳаётини, унинг бой ва теран маданиятини, замондошларимизнинг орзу-интилишларини бадиий талқин этишга қаратилган миллий телесериалларнинг вужудга келаётгани эътиборга молик. Бу мақсадлар учун давлат томонидан катта маблағ сарфланмоқда.

Шу билан бирга, қайд этиш керакки, видеомаҳсулотларни яратишда шошма-шошарлик, юзакилик, масъулиятсизлик ҳолларига ҳам йўл қўйилмоқда. Сценарийларни танлаб олиш, уларни муҳокама қилиш жараёни, бадиий кенгаш фаолияти ўз ҳолига ташлаб қўйилгани, унинг ишига холис ва билимдон мутахассислар жалб этилмагани туфайли бадиий жиҳатдан саёз, ижрочилик нуқтаи назаридан сунъий асарлар ҳам вужудга келмоқда. Бунинг сабаби - Ўзтелерадиокомпания, хусусан, "Ўзбектелефильм" студияси раҳбариятида талабчанлик ва масъулиятнинг етишмаслигидир.

Ўзтелерадиокомпания, унга қарашли бўлган студия ва таҳририятлар томонидан бадиий-ҳужжатли видеоасарларни тайёрлашда йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш, оригинал ва таржима маҳсулотларининг бадиий савиясини яхшилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзтелерадиокомпания раиси - А.Кўчимовга йўл қўйилган камчиликлар учун шахсан жавобгарлиги кўрсатиб ўтилсин.


2. Юқорида кўрсатилган камчиликларга йўл қўйгани, видеоасарларни тайёрлаш ва намойиш этишдаги масъулиятсизлиги учун Ўзтелерадиокомпания раисининг биринчи ўринбосари Ф.Рўзиевга ҳайфсан эълон қилинсин.


3. Ўзтелерадиокомпания коллегиясининг "Ўзбектелефильм" студияси қошидаги бадиий кенгашни тарқатиб юбориш, ишда жиддий камчилик ва хатоларга йўл қўйгани учун студиянинг директори М.Алимовга қаттиқ ҳайфсан эълон қилиш, видеосериаллар бўлими бошлиғи М.Тошпўлатов, бўлим адабий ходими С.Салоҳиддинов, режиссёр М.Маҳамедовни лавозимидан озод этиш тўғрисидаги қарор маълумот учун қабул қилинсин.


4. Ўзтелерадиокомпания бошқаруви таркибига маърифий-мафкуравий тарғибот ишлари бўйича раиснинг биринчи ўринбосари лавозими киритилсин. Унинг Телерадиокомпания томонидан намойиш этиладиган бадиий-ҳужжатли видеоасарлар, бадиий, маърифий ва маънавий йўналишдаги барча кўрсатувлар ва радиоэшиттиришларни юксак савияда тайёрлашга раҳбарлик қилиши белгилаб қўйилсин.


5. Ўзтелерадиокомпания қошида миллий мафкура ва умуминсоний қадриятлар мезонларини пухта биладиган, профессионал етук, талабчан мутахассислардан иборат махсус бадиий кенгаш тузилсин ва унинг раҳбари этиб Ўзтелерадиокомпания раисининг маърифий-мафкуравий тарғибот ишлари бўйича биринчи ўринбосари тайинланиши назарда тутилсин.

Ўзтелерадиокомпания раҳбарияти икки ҳафта муддат ичида Кенгаш низоми ва таркибининг лойиҳасини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

6. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Ҳ. Кароматов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                 Ў. Султонов