язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Лицензиялаш. Рухсат бериш тартиб-таомиллари/ Савдо. Спирт. Алкоголь маҳсулотлари. Тамаки маҳсулотлари/ Улгуржи савдо фаолиятини лицензиялаш тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 05.11.2005 й. 242-сон қарорига илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2005 йил 5 ноябрдаги

242-сон қарорига

ИЛОВА



Улгуржи савдо фаолиятини лицензиялаш тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом улгуржи савдо фаолиятини лицензиялаш тартибини белгилайди.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа лицензиялар асосида товарларнинг айрим турлари, шунингдек, товар-хом ашё биржаларининг очиқ электрон савдоларида истеъмол товарлари билан улгуржи савдо қилувчи юридик шахсларнинг улгуржи савдо фаолиятини амалга ошириш лицензиясини олишлари талаб этилмайди.

2. Улгуржи савдони амалга ошириш фаолияти лицензияланиши керак.

Тижорат мақсадларида фойдаланиш ёки ўз ишлаб чиқариш-хўжалик эҳтиёжлари учун ҳисоб-китобларнинг нақд пулсиз шаклида харид қилинадиган товарларни сотиш улгуржи савдо фаолияти деб эътироф этилади.


3. Улгуржи савдо фаолияти билан фақат юридик шахслар шуғулланишлари мумкин.


4. Улгуржи савдо фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига намунавий (оддий) лицензиялар берилади.


5. Улгуржи савдо фаолиятини лицензиялаш юридик шахс-лицензия талабгори рўйхатдан ўтказилган жойдаги шаҳар (туман) ҳокимлиги (кейинги ўринларда "лицензияловчи орган" деб аталади) томонидан амалга оширилади.


6. Лицензияловчи орган томонидан лицензия талабгорининг аризаси кўриб чиқилганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида йиғим ундирилади. Лицензия бериш юзасидан ҳужжатлар кўриб чиқилганлиги учун йиғим суммаси лицензияловчи орган ҳисоб рақамига ўтказилади.

7. Лицензия берилганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида давлат божи ундирилади. Давлат божи суммаси республика бюджетига ўтказилади.


8. Улгуржи савдо фаолиятини амалга ошириш учун лицензия чекланмаган муддатга берилади.



II. ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ ВА ШАРТЛАРИ


9. Қуйидагилар улгуржи савдо фаолиятини амалга оширишнинг лицензия талаблари ва шартлари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикасининг улгуржи савдо фаолиятини амалга оширишни тартибга солувчи қонун ҳужжатларига риоя қилиш;

мажбурий тартибда сертификатланиши керак бўлган товарлар сотилган тақдирда мувофиқлик сертификатлари ёки маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналарда сертификатланганлиги тўғрисидаги маълумотлар ёхуд уларнинг нусхалари мавжуд бўлиши.



III. ЛИЦЕНЗИЯ ОЛИШ УЧУН

ЗАРУР БЎЛГАН ҲУЖЖАТЛАР


10. Лицензия олиш учун лицензия талабгори лицензияловчи органга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

а) юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, унинг жойлашган жойи (почта манзили), банк муассасасининг номи ва банк муассасасидаги ҳисоб рақами, фаолиятнинг лицензияланадиган тури кўрсатилган ҳолда лицензия бериш тўғрисида ариза;

б) юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси;

г) лицензия бериш тўғрисидаги ариза лицензияловчи орган томонидан кўриб чиқилганлиги учун йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат.


11. Лицензия талабгоридан мазкур Низомда назарда тутилмаган ҳужжатлар ва бошқа маълумотларнинг тақдим этилишини талаб қилишга йўл қўйилмайди.


12. Ҳужжатлар лицензия талабгори томонидан лицензияловчи органга бевосита ёхуд олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан почта алоқаси воситаси орқали етказиб берилади.


13. Лицензия олиш учун тақдим этилган ҳужжатлар лицензияловчи орган масъул ходими томонидан рўйхат бўйича қабул қилинади, рўйхатнинг нусхаси ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана тўғрисида белги қўйилган ҳолда ариза берувчига юборилади (топширилади).



IV. АРИЗАНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ВА ЛИЦЕНЗИЯ

БЕРИШ ЁКИ ЛИЦЕНЗИЯ БЕРИШНИ РАД ЭТИШ

ТЎҒРИСИДА ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛИШ


14. Ҳужжатларни кўриб чиқиш ва улгуржи савдо фаолиятини амалга оширишга лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш муддати ариза ва лицензия олиш учун барча зарур ҳужжатлар тушган кундан бошлаб икки иш кунини ташкил этади.


15. Лицензияловчи орган тегишли қарор қабул қилингандан кейин бир иш куни мобайнида лицензия талабгорини қабул қилинган қарор тўғрисида хабардор қилади.

Лицензия бериш ҳақида қарор қилинганлиги тўғрисидаги билдиришнома лицензия талабгорига банк ҳисоб рақами реквизитлари ва давлат божи тўлаш муддати кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда юборилади (топширилади).


16. Лицензия битими лицензияловчи орган билан лицензиат ўртасида тузилади, унда қуйидагилар бўлиши керак:

битимни имзолаган шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, эгаллаб турган лавозими;

томонларнинг реквизитлари;

амалга оширилишига лицензия берилаётган фаолият тури номи;

лицензиатга қўйиладиган лицензия талаблари ва шартлари;

лицензия битими талаблари ва шартлари бузилганлиги учун томонларнинг жавобгарлиги;

лицензиат томонидан лицензия битими талаблари ва шартлари бажарилишини лицензияловчи орган томонидан назорат қилиш тартиби.

Лицензия битими икки нусхада - лицензиат ва лицензияловчи орган учун бир нусхадан тузилади.


17. Лицензиялар лицензияловчи орган томонидан мазкур Низомга илова қилинган шакл бўйича бланкаларда расмийлаштирилади ва шаҳар (туман) ҳокими ёки унинг ўринбосарлари томонидан имзоланади.

Лицензиялар бланкалари қатъий ҳисобот бериладиган ҳужжатлар ҳисобланади, ҳисобга олиш сериясига, тартиб рақамига ва ҳимояланганлик даражасига эга бўлади.

Лицензиялар бланкаларини тайёрлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 20 декабрдаги 488-сон қарорига мувофиқ амалга оширилади.


18. Лицензия талабгори томонидан давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилган кунда лицензия битими тузилади ва лицензия берилади.


19. Агар лицензиат лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақидаги билдиришнома юборилган (топширилган) вақтдан бошлаб уч ой мобайнида лицензияловчи органга лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этмаса ёхуд лицензия битимини имзоламаса, лицензияловчи орган лицензияни бекор қилишга ҳақлидир.


20. Лицензия бериш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасида назарда тутилган асослар бўйича рад этилиши мумкин.

Лицензия беришни бошқа асосларга, шу жумладан мақсадга мувофиқ эмаслиги сабабларига кўра рад этишга йўл қўйилмайди.

Лицензия талабгори лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор, шунингдек лицензияловчи орган мансабдор шахсининг хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эгадир.


21. Лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда рад этиш тўғрисидаги билдиришнома лицензия талабгорига рад этишнинг аниқ сабаблари ва лицензия талабгори кўрсатиб ўтилган сабабларни бартараф этиб ҳужжатларни қайта кўриб чиқишга тақдим этиши учун етарли бўлган муддат кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда юборилади (топширилади). Лицензия беришни рад этиш ҳақидаги хабарномада кўрсатилган муддат камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўлган вақтга мутаносиб бўлиши керак.

22. Лицензия бериш рад этилишига асос бўлган сабаблар лицензия талабгори томонидан бартараф этилган тақдирда, ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш лицензия талабгорининг аризаси барча зарур ҳужжатлар билан биргаликда олинган кундан бошлаб бир иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда амалга оширилади.

Лицензия талабгорларининг аризалари такроран кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди.

Лицензия талабгорининг аризасини қайта кўриб чиқишда илгари лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилмаган янги асослар бўйича лицензия беришни рад этишга йўл қўйилмайди.

Лицензия бериш рад этилганлиги тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддат ўтгандан кейин берилган ариза янгидан берилган ариза ҳисобланади.



V. ЛИЦЕНЗИЯЛАРНИ ҚАЙТА

РАСМИЙЛАШТИРИШ, ДУБЛИКАТ БЕРИШ


23. Лицензиат ўзгартирилган, унинг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарган тақдирда, лицензиат ёки унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтказилгандан ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгаргандан кейин бир ой муддатда лицензияловчи органга кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштириш учун лицензияловчи органга мурожаат қилиши шарт.

Янгидан вужудга келган юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш санасида улгуржи савдо фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган лицензиатлар қўшиб юборилган тақдирда, лицензияни ушбу банднинг биринчи хатбошида назарда тутилган тартибда қайта расмийлаштиришга йўл қўйилади.

24. Лицензиат лицензия қайта расмийлаштирилгунга қадар унда кўрсатилган фаолиятни илгари берилган лицензия асосида амалга оширади.


25. Лицензияни қайта расмийлаштиришда лицензияловчи орган лицензиялар реестрига тегишли ўзгартиришлар киритади. Лицензияни қайта расмийлаштириш лицензияловчи орган томонидан тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияларни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза олинган кундан бошлаб икки кун мобайнида амалга оширилади.

Лицензияни қайта расмийлаштиришда қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг ярми миқдорида йиғим ундирилади. Лицензия қайта расмийлаштирилганлиги учун йиғим суммаси лицензияловчи орган ҳисоб рақамига ўтказилади.


26. Йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган лицензия ўрнига лицензиатнинг аризасига кўра унинг дубликати берилиши мумкин.

Лицензия дубликати олиш учун лицензиат лицензияловчи органга юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли кўрсатилган ва лицензия дубликати берилганлиги учун йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этган ҳолда дубликат бериш тўғрисида ариза беради.

Лицензия дубликати беришда қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг ярми миқдорида йиғим ундирилади. Лицензия дубликати берилганлиги учун йиғим суммаси лицензияловчи орган ҳисоб рақамига ўтказилади.



VI. ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ ВА ШАРТЛАРИГА

РИОЯ ЭТИЛИШИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


27. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назорат қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда текширишлар ўтказиш йўли билан тегишли назорат қилувчи органлар томонидан амалга оширилади.

Тегишли назорат қилувчи органлар лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текшириш чоғида пайдо бўладиган масалалар юзасидан лицензиатдан зарур ахборотни сўраши ва олишлари мумкин.

Текширишлар натижалари асосида текшириш далолатномаси тузилади. Бузилишлар аниқланган тақдирда, текшириш далолатномасида лицензия талаблари ва шартлари бузилишларининг аниқ ҳолатлари кўрсатилади.

Текшириш далолатномаси нусхаси лицензияловчи органга юборилади, лицензияловчи орган лицензия талаблари ва шартлари бузилиши ҳолатлари мавжуд бўлган тақдирда лицензиатга лицензия талаблари ва шартларининг аниқланган бузилишларини бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарор чиқаради, бундай бузилишларни бартараф этиш муддатларини белгилайди.


28. Текшириш далолатномаси икки нусхада тузилади, уларнинг биттаси лицензиатга берилади, иккинчи нусхаси назорат қилувчи органда қолади.



VII. ЛИЦЕНЗИЯНИНГ АМАЛ ҚИЛИШИНИ

ТЎХТАТИБ ТУРИШ, ТЎХТАТИШ,

ЛИЦЕНЗИЯНИ БЕКОР ҚИЛИШ


29. Лицензиянинг амал қилишини ўн кундан ортиқ бўлмаган муддатга тўхтатиб туриш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-моддасига мувофиқ лицензияловчи орган томонидан амалга оширилади.

Лицензиянинг амал қилишини ўн кундан ортиқ муддатга тўхтатиб туриш суд тартибида амалга оширилади.

Лицензияловчи органнинг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори юзасидан судга шикоят қилиш мумкин. Лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилиши асоссиз эканлиги суд томонидан эътироф этилган тақдирда, лицензияловчи орган лицензиат олдида лицензиат кўрган зарар миқдорида жавоб беради.


30. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш ва уни бекор қилиш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 23 ва 24-моддаларига мувофиқ амалга оширилади.



VIII. ЛИЦЕНЗИЯЛАР РЕЕСТРИ


31. Лицензияловчи орган белгиланган тартибда лицензиялар реестрини юритади.


32. Лицензиялар реестрида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

а) лицензиатлар ҳақидаги асосий маълумотлар, у қуйидагиларни ўз ичига олади: юридик шахснинг тўлиқ ва қисқартирилган номи, давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақидаги маълумотлар (рўйхатга олиш санаси, берилган санаси ва давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг тартиб рақами), почта манзили ва мавжуд бўлган тақдирда, телефон, факс рақами, электрон почта манзили;

б) фаолиятнинг лицензияланадиган тури;

в) лицензиянинг берилган санаси ва тартиб рақами;

г) лицензияни қайта расмийлаштириш, унинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тиклашнинг асослари ва санаси;

д) лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш асослари ва санаси;

е) лицензияни бекор қилишнинг асослари ва санаси.


33. Лицензияларнинг реестрларида мавжуд бўлган маълумотлар лицензияловчи органнинг веб-сайтида жойлаштирилади ва танишиш учун очиқ бўлади.





Низомга

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби

Ўзбекистон Республикаси

_______________________________ ҳокимлиги


ЛИЦЕНЗИЯ

АА  №  000


Мазкур лицензия билан ___________________________________________га

(лицензия эгасининг тўлиқ номи)


___________________________________________________________________

(фаолиятнинг рухсат берилган тури)


_______________________________ ни амалга оширишга рухсат берилади.


Лицензия эгасининг жойлашган жойи (почта манзили): ________________


___________________________________________________________________


Солиқ тўловчи-лицензия эгасининг идентификация рақами _____________


Лицензия берилган сана _____________________________


Лицензиянинг амал қилиш муддати чекланмаган.


Реестр бўйича тартиб рақами ______________________________


Ваколатли шахс:

(Ф.И.О.)

(имзо)


М.Ў.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2005 йил, 43-44-сон, 331-модда.