язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Меҳнат ва аҳолининг бандлиги/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Меҳнат муносабатлари соҳасида бошқарув ва назорат/ Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 10.10.1991 й. 253-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

1991 йил 10 октябрдаги

253-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси

Меҳнат вазирлиги тўғрисида

НИЗОМ


1. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги* давлат бошқарувининг республика ижтимоий-иқтисодий органи ҳисобланади ва ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади. Иттифоқ органи билан ўзига республика томонидан берилган ваколатлар доирасида ҳамжиҳатликни амалга оширади.


2. Вазирликнинг бош вазифалари қуйидагилардан иборат:

аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш чораларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни ташкил этиш;

бозор муносабатлари шаклланиши шароитларида меҳнат ва унга ҳақ тўлаш соҳасида ягона умумдавлат сиёсатини ўтказиш;

меҳнатга лаёқатли аҳолининг оқилона банд бўлишига эришиш;

меҳнат бозорининг аҳволини ўрганиш ва олдиндан кўра билиш, ўз вақтида ишчи кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, бўшаб қоладиган ходимларни касбга йўналтириш ва уларга қайта касб ўргатиш;

республика ҳудудида ишга жойлаштиришнинг (меҳнат биржалари), иш билан банд бўлмаган меҳнатга яроқли аҳолини ҳисобга олишнинг, уларни ўз вақтида ишга жойлаштириш ва ижтимоий ёрдам кўрсатишнинг ягона тизимини ташкил этиш;

меҳнат муаммоларига сифат жиҳатидан янгича ёндашувларни амалга ошириш, уни ташкил этиш ва рағбатлантиришнинг илғор шаклларини ривожлантириш, ишлаб чиқаришда меҳнат шартлари ва меҳнат қонунларига риоя қилиш устидан давлат назоратини йўлга қўйиш.


3. Вазирлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг бошқа қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонларига, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа норматив актларга, шунингдек мазкур Низомга амал қилади.


4. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги иқтисодий органлар билан ҳамжиҳатликда ўз фаолиятини республика вазирликлари, идоралари, концернлари ва уюшмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ижроия қўмиталари билан кўпроқ бошқарувнинг иқтисодий усулларидан фойдаланиб амалга оширади.

Ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасидаги барча асосий масалаларни ҳал қилишда мулкдорларнинг манфаатларини ифодаловчи касаба уюшмалари органлари билан доимий ҳамкорликни амалга оширади.


5. Вазирлик ўзига юклатилган вазифаларга мувофиқ:

республика ҳудудида халқнинг турмуш даражасини ошириш бўйича умумдавлат тадбирларини, меҳнатга ҳақ тўлаш, иш билан бандлик, фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги умумиттифоқ ва республикалараро дастурларни рўёбга чиқаришни ташкил этади;

энг оз истеъмол бюджетини, чакана нархларнинг ўзгариши муносабати билан аҳолининг даромадларини индексациялаш механизмини белгилаш учун ижтимоий нормативлардан, ягона принциплардан фойдаланиш асосида аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини давлат томонидан бошқариш механизмини ишлаб чиқади ва такомиллаштиради;

республиканинг зарур бўлган вазирликлари ва идораларини жалб қилган ҳолда энг кам истеъмол бюджетини аниқлайди ва уни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг тасдиғига киритади. Истеъмол нархлари кўрсаткичининг ўсишини ҳисобга олиб, ҳар йили энг оз истеъмол бюджетининг қиймат катталигини ҳамда ҳар беш йилда истеъмол дастурхони таркибини қайта кўриб чиқади. Расмий нашрларда республика энг кам истеъмол бюджетининг тузилиши ва қиймат катталиги тўғрисидаги маълумотларни эълон қилишни ташкил этади;

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт қўмитаси иштирокида республиканинг миллий хусусиятлари ва ўзига хос шароитларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикасининг ўз манбалари ҳисобига молиявий таъминланадиган энг оз иш ҳақи миқдорлари ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш чоралари бўйича таклифларни ишлаб чиқади ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг кўриб чиқишига киритади ҳамда тасдиқлангандан кейин бажарилишини йўлга қўяди;

аҳолининг, энг аввало, унинг кўпроқ муҳтож табақаларининг - болалар, кўп болали, ёш ва нотўлиқ оилалар, олий ўқув юртларининг талабалари, ўрта махсус ўқув юртлари, ҳунар-техника билим юртлари ва умумтаълим мактаблари ўқувчилари, ишлаш қобилияти чекланган шахслар, пенсионерлар ва ишсизларнинг турмуш даражасига мадад бериш ва уларни ижтимоий ҳимоя қилиш юзасидан давлат кафолатлари тизимини тузади;

иш билан бандлик, қайта тайёрлаш, бўшаб қоладиган ходимларга ва банд бўлмаган аҳолига касб ўргатиш ва уларни касбга йўналтириш бўйича дастурлар ишлаб чиқади ва амалга оширади, меҳнат бозорини, меҳнат ресурслари ва ишчи ўринлари мутаносиблигини ўрганади ва олдиндан кўра билади, янги ишчи ўринлари ва жамоат ишларини ташкил этишни мувофиқлаштиради;

меҳнат ресурслари мавжудлигидан келиб чиққан ҳолда халқ хўжалиги барча тармоқларининг янги корхоналарини жойлаштириш ва ишлаб турганларини кенгайтириш бўйича хулосаларни, шунингдек шаҳарлар ва ноҳияларни ривожлантириш схемаларини беради;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ижроия қўмиталари билан биргаликда республика ҳудудида ишга жойлаштиришнинг (меҳнат биржалари), банд бўлмаган аҳолини ҳисобга олишнинг, уларни ўз вақтида ишга жойлаштириш ва ижтимоий ҳимоя қилишнинг ягона тизимини ташкил этади;

аҳолининг иш билан бандлиги жамғармасини тузади ва фойдаланишнинг асосий йўналишларини белгилайди;

ўз нашрлари ва оммавий ахборот воситалари орқали бўш ишчи ўринлари ва эгалланмаган лавозимлар мавжудлиги тўғрисида аҳолига маълумот беришни ташкил этади;

Қорақалпоғистон Республикаси Меҳнат вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар меҳнат, иш билан бандлик ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бошқармалари, кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, бўшаб қоладиган ходимларни касбга йўналтириш ва касбга қайта ўргатиш марказлари, шунингдек шаҳар ва ноҳия меҳнат биржалари фаолиятига ташкилий-методик раҳбарликни амалга оширади ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради, уларнинг моддий-техника негизи ва кадрлар таркиби-ни мустаҳкамлашга ёрдам беради;

Давлат иш билан бандлик хизмати, Ўзбекистон ишчи кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, бўшаб қоладиган ходимларни касбга йўналтириш ва касбга қайта ўргатиш республика маркази, Ўзбекистон меҳнат ва ижтимоий муаммолар илмий-тадқиқот институти, Ўзбекистон социологик тадқиқотлар республика маркази, иш билан бандликка ёрдам бериш жамғармасининг ижроия дирекцияси, алоҳида ахборот-ҳисоблаш маркази ва меҳнат шероитларини давлат экспертизаси (текшируви)дан ўтказувчи республика марказий лабораторияси фаолиятига бевосита раҳбарликни амалга оширади;

республика ҳудудида меҳнатга ҳақ тўлаш ва бозор хилидаги меҳнат муносабатларини шакллантиришнинг умумдавлат сиёсатини ўтказишни таъминлайди;

чўл ва сувсиз, баланд тоғ шароитларида ишлаганлик учун иш ҳақига коэффициентларни, минтақавий ва тармоқ коэффициентларини кўриб чиқади ва тасдиқлайди;

ишлаб чиқаришда меҳнат қонунларига, меҳнат шартларига риоя қилиш, ноқулай меҳнат шароитларида ишлаганлиги учун имтиёзлар ва компенсациялар бериш устидан давлат назоратини амалга оширади;

миграция сиёсатининг асосий принципларини шакллантиради, республикалараро ва давлатлараро битимларни ишлаб чиқишда қатнашади, республика ҳудудида уларнинг бажарилишини ташкил этади, миграция жараёнларини бошқариб боради, Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг аҳоли миграцияси тўғрисидаги қарорларининг бажарилишини назорат қилади, ишчи кучларини олиб келишга ва экспорт қилишга рухсатномалар беради;

нуфусий жараёнларни, аҳолининг умумий масалаларини ўрганади ҳамда нуфус сиёсатини шакллантириш учун таклифлар ва чораларни ишлаб чиқади;

меҳнатга рағбатни кучайтириш, унга ҳақ тўлашни, уни ташкил этиш ва нормалашни такомиллаштириш бўйича чораларни ишлаб чиқади, вазирликларга, идораларга, концернларга, уюшмаларга, бирлашмалар ва корхоналарга меҳнатни ташкил этишнинг, уни нормалаш ва унга ҳақ тўлашнинг илғор шаклларини жорий қилиш, меҳнатни ташкил этиш ва рағбатлантиришнинг мамлакатимиз ва чет эл илғор тажрибасини ўрганиш ва татбиқ қилиш бўйича методик ёрдам кўрсатади, бозор муносабатлари шароитларида унинг унумдорлигининг ўсишига ёрдам беради;

меҳнат бўйича тармоқлараро нормалар ва нормативларни ишлаб чиқади, республика ҳудудида уларнинг қўлланилишини назорат қилади, тармоқ нормаларини ишлаб чиқишда вазирликлар, идоралар, концернлар ва уюшмалар ишини мувофиқлаштириб боради;

бошқа иқтисодий органлар ва Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси кенгаши иштирокида меҳнат ҳуқуқлари, иш билан бандлик ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қонун актлари ва норматив-методик ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлайди;

ишлаб чиқаришда ва турмушда хотин-қизларнинг аҳволини яхшилаш, оилани мустаҳкамлаш ва унга мадад бериш юзасидан ижтимоий-иқтисодий чоралар туркумини амалга ошириш бўйича таклифларни тайёрлайди, хотин-қизларга бериладиган ҳуқуқлар ва кафолатларга риоя қилинишини назорат этади;

ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини ўрганишда ва давлат ёшлар сиёсатининг устун йўналишларини ишлаб чиқишда ҳамда уларни бошқаришда иштирок этади;

Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси кенгаши билан биргаликда меҳнаткашлар билан коллектив шартномалар, контрактлар, тариф битимлари ва бошқа бктимлар тузиш тартибини белгилайди;

республикадаги меҳнат, иш билан бандлик муаммолари ва ижтимоий масалалар бўйича илмий тадқиқотларни мувофиқлаштиради;

ўз ҳуқуқ доирасига кирувчи масалалар бўйича республикада жамоатчилик фикрини ўрганишни ташкил қилади;

белгиланган тартибда халқаро муносабатлар ва алоқаларни амалга оширади, Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ўтказадиган тадбирларда иштирок этади.


6. Вазирликка ўз олдида турган вазифаларни ҳал қилиш ва ўзига юклатилган мажбуриятларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқлар берилади:

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг меҳнат, унинг шартлари ва унга ҳақ тўлаш, иш билан бандлик ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича қарорларининг вазирликлар, идоралар, уюшмалар, концернлар, корхоналар ва ташкилотлар томонидан, уларнинг мулкчилик шаклидан қатъи назар, бажарилишини назорат қилишни амалга ошириш;

вазирликлар, давлат қўмиталари, уюшмалар, концернлар, корхоналар ва ташкилотларнинг меҳнат ва унга ҳақ тўлаш тўғрисидаги қонунларга зид келувчи буйруқлари ва йўриқномалари ижросини тўхтатиб қўйиш, зарур ҳолларда эса Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасига уларни бекор қилиш ҳақида таклифлар киритиш;

ҳайъат мажлисларида вазирлик ҳуқуқ доирасига кирувчи масалалар бўйича вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, концернлар, уюшмалар, бирлашмалар, корхоналар, ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш;

Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари, идораларига Меҳнат вазирлиги ҳуқуқ доирасига кирувчи меҳнат муаммолари бўйича ишларни ўтказишни топшириш, улар билан келишувга кўра бу муаммоларни ишлаб чиқишга бирлашмаларни, корхоналарни, муассасаларни, ташкилотларни, олий ўқув юртларини, шунингдек олимларни ва юқори малакали мутахассисларни жалб қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасидан меҳнат, унга ҳақ тўлаш ва ижтимоий ривожланиш, аҳолининг табиий ҳаракати ва миграцияси ва бошқа масалалар бўйича статистика маълумотларини, вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, уюшмалар, концернлар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлардан вазирлик ҳуқуқ доирасига кирувчи масалалар бўйича зарур маълумотларни олиш;

Ўзбекистон Республикаси касаба уюшмалари билан биргаликда халқ хўжалигида меҳнат шароитлари, хотин-қизлар ва ўсмирлар меҳнатидан фойдаланилганлик учун имтиёзлар ва тўловларнинг тўғри қўлланилиши устидан назоратни амалга ошириш;

аҳолининг иш билан банд бўлишига ёрдам берувчи давлат жамғармасининг маблағларини бошқариш;

аҳолининг иш билан бандлиги хизматларини бошқаришнинг минтақавий тузилмаларини ишлаб чиқиш, меҳнат шароитларини текширишдан ўтказиш, аҳолининг миграцияси, меҳнатни ташкил этиш ва унга ҳақ тўлаш масалалари бўйича республикалараро ва халқаро алоқаларни амалга ошириш;

меҳнат ва унга ҳақ тўлаш, иш билан бандлик ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида илғор тажрибани алмашиш мақсадида белгиланган тартибда конференциялар, семинарлар, кенгашлар чақириш, кўргазмалар ўтказиш;

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда иш билан бандлик, ижтимоий ҳимоя қилиш, меҳнат ва унга ҳақ тўлаш муаммолари бўйича Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, идоралари, уюшмалари тасдиқлайдиган илмий тадқиқотлар режаларини кўриб чиқиш ва мувофиқлаштириш;

истеъмол фондини шакллантирувчи маблағлардан солиқ олиш тизимини такомиллаштиришда иштирок этиш.


7. Вазирликнинг мансабдор кишилари белгиланган тартибда ўз хизмат вазифаларини бажариш учун вазирликларга, давлат қўмиталарига, идораларга, уюшмаларга, концернларга, бирлашмаларга, корхоналарга, муассасаларга, ташкилотларга бориш, вазирлик ҳуқуқ доирасига кирувчи масалалар бўйича ҳисоботлар, статистика маълумотлари ва бошқа материаллар билан танишиш ҳуқуқига эгадирлар.


8. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Меҳнат вазирлиги, халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар Кенгаши ижроия қўмиталарининг меҳнат, иш билан бандлик ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бошқармалари, уларнинг кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, бўшаб қоладиган ходимларни касбга йўналтириш ва касбга қайта ўргатиш марказлари, шаҳар ва ноҳия биржалари Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлигининг тузилмасини ташкил этади.

Кўрсатилган меҳнат органлари тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоят ижроия қўмиталарига, Тошкент шаҳар ижроия қўмитасига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлигига бўйсунади, вазирлик уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириб боради ва ташкилий-методик раҳбарликни амалга оширади.

Маҳаллий меҳнат органлари тўғрисидаги низомлар, уларнинг тузилиши ва ходимлар сони белгиланган тартибда тасдиқланади.


9. Қуйидагилар вазирликка бевосита бўйсунадилар:

Ўзбекистон Республикаси давлат иш билан бандлик хизмати;

Ўзбекистон кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, бўшаб қоладиган ходимларни касбга йўналтириш ва касбга қайта ўргатиш республика методик маркази;

Ўзбекистон меҳнат ва ижтимоий муаммолар ипмий-тадқиқот институти (ЎзмеҳнатИТИ);

Ўзбекистон социологик тадқиқотлар республика маркази;

Алоҳида ахборот-ҳисоблаш маркази;

Иш билан бандликка ёрдам бериш жамғармасининг ижро этувчи дирекцияси;

Меҳнат шароитларини давлат экспертизаси (текшируви)дан ўтказиш республика марказий лабораторияси,

Кўрсатилган органлар тўғрисидаги низомларни, уларнинг тузилишини, ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондини Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги тасдиқлайди.


10. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги ўз ҳуқуқ доирасига кирувчи масалалар бўйича вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, концернлар, уюшмалар, бирлашмалар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган қарорлар чиқаради, зарур ҳолларда зса улар билан биргаликда қарорлар қабул қилади.


11. Вазирликда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари - Ўзбекистон Республикаси меҳнат вазири бошчилик қиладиган, таркибида вазир ўринбосарлари (лавозими бўйича), ҳайъат аъзолари бўлган ҳайъат тузилади.

Вазир ўринбосарлари ўртасида вазифаларни Ўзбекистон Республикаси меҳнат вазири тақсимлайди.


12. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари - Ўзбекистон Республикаси меҳнат вазири Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ тайинланади, Ўзбекистон Республикаси меҳнат вазирининг тақдимномасига кўра вазир ўринбосарларини Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси тайинлайди, ҳайъат аъзоларини эса тасдиқлайди,


13. Ўзбекистон Республикаси меҳнат вазири вазирликка бошчилик қилади, вазирликка юклатилган вазифалар ва мажбуриятларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради, ўз фаолиятининг алоҳида соҳаларига раҳбарлик учун, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги тизимига кирувчи меҳнат органларининг иши учун вазир ўринбосарлари ва ҳайъат аъзоларининг, бошқармалар, бўлимлар бошлиқларининг, бошқа бўлинмалар раҳбарларининг масъулият даражасини белгилайди.

Ўзбекистон Республикаси меҳнат вазири ўзига юклатилган вазифаларни бажариш чоғида Ўзбекистон Республикаси вазирликлари тўғрисидаги Умумий қоидаларга ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг бошқа қарорларига мувофиқ ҳуқуқлардан фойдаланади.

Вазирликлар ва идоралар, халқ депутатлари Кенгашлари ижроқўмларининг меҳнат, иш билан бандлик, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолиятларини мувофиқлаштириб бориш учун Ўзбекистон Республикаси меҳнат вазирига Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари ҳуқуқи берилади.

Ўзбекистон Республикаси меҳнат вазири Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги тизимига кирувчи меҳнат органлари бажаришлари мажбурий бўлган буйруқлар ва йўриқномалар чиқаради.


14. Ҳайъат қарорлари вазирнинг қарорлари ва буйруқлари билан ҳаётга жорий қилинади. Вазир ва ҳайъат аъзолари ўртасида ихтилоф туғилганда вазир ўз қарорини ҳаётга жорий қилаверади, пайдо бўлган ихтилоф тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасига маълум қилади, ҳайъат аъзолари эса ўз навбатида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасига ўз фикрларини етказишлари мумкин.


15. Вазирлик Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси билан биргаликда меҳнат ва ижтимоий ривожланиш муаммолари бўйича бирлашган илмий кенгаш тузади, унга меҳнат, меҳнат ресурслари, ижтимоий ривожланиш ва бошқариш, ёшларни касбга йўналтириш масалалари юзасидан барча илмий-методик ишларга сифат жиҳатидан баҳо бериш, меҳнат, унга ҳақ тўлаш, ижтимоий ривожланиш ва аҳолининг кўпайиши муаммолари бўйича барча илмий-тадқиқот ташкилотлари ўтказадиган тадқиқотларни истиқболли ва жорий режалаштиришни мувофиқлаштириш вазифалари юклатилади.


16. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги марказий аппаратининг тузилиши, ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади ва белгиланади. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари - Ўзбекистон Республикаси меҳнат вазири белгиланган ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармаси доирасида вазирлик марказий аппарати тузилишига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқига эга.


17. Вазирлик юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби акс этган ҳамда ўз номи ўзбек ва рус тилларида ёзилган муҳрга эга бўлади. Ўзбекистон Республикаси Давлат банкининг тегишли бўлимида бюджет ва ҳисоб-китоб счётига эга бўлади.


-------------------------

* кейинги ўринларда "вазирлик" деб аталади



"Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари тўплами", 1991 й., N 10, 34-модда.