"СБХ"нинг 5.07.2012 йилдаги 28 (936)-сонида турли хил фаолият билан шуғулланувчи корхоналарнинг иккинчи чорак учун ягона солиқ тўлови ҳисоб-китобига доир тавсиялар чоп этилган эди. "Norma Ekspert" мутахассислари етти вазиятда солиқдан қисман озод қилиш, солиқ солинадиган базани камайтириш, солиқ ставкасини камайтириш тарзида имтиёзлар мавжуд бўлганда ЯСТни қандай қилиб ҳисоблаш, ЯСТнинг энг кам миқдори ва бюджетга тўланадиган ЯСТ суммасини қандай қилиб белгилаш лозимлигини тушунтирдилар. Ҳар бир вазият ЯСТ ҳисоб-китоби ва унга иловаларни, шунингдек Энг кам миқдорнинг маълумотнома-ҳисоб-китобини тўлдириш бўйича тавсиялар билан бирга ёритилган.
Мазкур мавзуни давом эттириб, экспертлар учинчи чорак учун ЯСТ ҳисоб-китоби ва ҳисоботни тўлдириш бўйича тавсиялар тайёрлашди. Газетхонларимизга таниш 7 вазият асос сифатида олинди. Улар амалиётдан олинган, бухгалтерларда саволлар туғдирадиган янги қизиқарли ҳолатлар билан тўлдирилди.
360-модда. Ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш, унинг
ҳисоб-китобларини тақдим этиш ва уни тўлаш тартиби
Ягона солиқ тўлови солиқ солинадиган базадан ва белгиланган ставкалардан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади.
Қўшилган қиймат солиғи тўловчилар учун ягона солиқ тўлови суммаси бюджетга тўланиши лозим бўлган қўшилган қиймат солиғи суммасига, лекин ягона солиқ тўлови суммасининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорга камайтирилади...
Ягона солиқ тўловининг ҳисоб-китоби солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органига ортиб борувчи якун билан:
микрофирмалар ва кичик корхоналар томонидан - йилнинг ҳар чорагида ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса йиллик молиявий ҳисобот топшириладиган муддатда;
микрофирмалар ва кичик корхоналар жумласига кирмайдиган корхоналар томонидан - ҳар ойда ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса йиллик молиявий ҳисобот топшириладиган муддатда тақдим этилади.
Ягона солиқ тўловини тўлаш ҳисоб-китобни тақдим этиш муддатидан кечиктирмай амалга оширилади.
... Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда айрим турдаги солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқаришда уларнинг тўланиши лозим бўлган энг кам миқдори белгиланади.
2010 йилнинг 1 июлидан бошлаб чакана савдо корхоналари, хизмат кўрсатиш соҳасидаги микрофирмалар ва кичик корхоналар ягона солиқ тўловини Солиқ кодексига мувофиқ, лекин айнан шундай фаолият турини амалга ошираётган якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган қатъий белгиланган солиқ миқдоридан кам бўлмаган миқдорда тўлайдилар.
2011 йилнинг 1 июлидан бошлаб қатъий белгиланган солиқни ҳисобга олган ҳолда ЯСТ тўловчилар жумласига кирмайдиган корхоналар ягона солиқ тўловини Солиқ кодексига мувофиқ, бироқ энг кам миқдордан - эгаллаб турган ер майдонидан келиб чиқиб, жойлашган жойи ва амалга ошираётган фаолият турларига боғлиқҳолда пасайтирувчи коэффициентларни ҳисобга олган ҳолда ҳисоблаб чиқариладиган ер солиғининг 3 бараваридан кам бўлмаган миқдорда тўлайдилар.