ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий хўжалик суди Пленумининг қарорлари / Низоларнинг айрим тоифалари / Хўжалик ширкатлар ва жамиятлар фаолияти /

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 20.06.2014 й. 262-сон "Иқтисодий судлар томонидан корпоратив низоларни ҳал этишнинг айрим масалалари тўғрисида"ги қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

20.06.2014 й.

N 262


ИҚТИСОДИЙ СУДЛАР ТОМОНИДАН КОРПОРАТИВ

НИЗОЛАРНИ ҲАЛ ЭТИШНИНГ АЙРИМ

МАСАЛАЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Иқтисодий судлар томонидан корпоратив низоларни ҳал қилишда қонун ҳужжатларининг тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида "Судлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 47-моддасига асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. Судлар иштирокчилар ўртасида, иштирокчилар билан хўжалик ширкатлари ўртасида, шу жумладан, акциядорлар ўртасида, акциядор билан акциядорлик жамияти ўртасида хўжалик ширкатлари фаолиятидан келиб чиқадиган низоларни ҳал қилишда Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади), Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади), "Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги, "Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида"ги, "Хўжалик ширкатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва бошқа қонун ҳужжатларини қўллашлари лозим.

3. Хўжалик ширкатининг таъсис шартномасини тараф сифатида имзолаб, хўжалик ширкатини ташкил этиш мажбуриятини олган юридик ва (ёки) жисмоний шахс ёки улар томонидан ваколат берилган шахс ушбу ширкат ва жамиятнинг муассиси (таъсисчиси) ҳисобланади.

Хўжалик ширкати қонунда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиб, юридик шахс мақомини олганидан сўнг унда ўз улуши (пайи, ҳиссаси)га эга бўлган юридик ва (ёки) жисмоний шахс ушбу хўжалик ширкатининг иштирокчиси ҳисобланади.

Акциядорлик жамияти томонидан жойлаштирилган акцияларни олувчи юридик ва (ёки) жисмоний шахс унинг депо ҳисобварағига тегишли кирим ёзуви белгиланган тартибда киритилган пайтдан эътиборан ушбу жамиятнинг акциядори ҳисобланади.


4. Судлар эътиборга олишлари лозимки, шахснинг хўжалик ширкатининг иштирокчиси (акциядори) эканлигини аниқлаш учун:

тўлиқ ва коммандит ширкатлардан таъсис шартномасининг белгиланган тартибда тасдиқланган нусхаси;

масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлардан таъсис шартномаси (агар муассислар сони икки ва ундан ортиқ бўлса) ва жамият уставининг белгиланган тартибда тасдиқланган нусхаси;

акциядорлик жамиятларидан акциядорлар реестридан;

устав фондидаги улушни олувчи фойдасига улушдан воз кечилганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

жамиятнинг устав фондидаги улуш очиқ кимошди савдоси орқали сотилганда кимошди савдоси натижалари ҳақидаги баённома талаб қилиб олиниши лозим.

7. Судларнинг эътибори жамият директори, жамият бошқаруви аъзолари, ишончли бошқарувчи ҳамда жамият ўртасида "Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 79-моддасининг саккизинчи қисмига асосан тузилган шартнома бўйича юзага келадиган низо жамият фаолиятидан келиб чиқса-да, иқтисодий судга тааллуқли эмаслигига қаратилсин, чунки ушбу низо меҳнат муносабатларидан келиб чиқади. Худди шу қоида масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятнинг яккабошчилик асосидаги ижро этувчи органи (директор) ҳамда жамият ўртасида "Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 39-моддасининг иккинчи қисмига асосан тузилган шартнома бўйича юзага келган низоларга нисбатан ҳам қўлланилади.

Агар акциядор айни вақтда жамиятнинг ходими бўлиб, меҳнатга оид низо юзасидан иқтисодий судга мурожаат қилган бўлса, бундай даъво аризаси ИПКнинг 31-1-моддаси талабларидан келиб чиққан ҳолда тааллуқлилигига кўра фуқаролик ишлари бўйича судга ўтказилиши, агар даъво аризаси иш юритишга қабул қилинган бўлса, иш материалларини судга тааллуқлилигига кўра фуқаролик ишлари бўйича судга кўриб чиқиш учун ўтказиш ва иқтисодий суд ишини юритишни тугатиш тўғрисида ажрим чиқарилиши лозим.

8. Судлар инобатга олишлари керакки, мазкур тоифадаги ишлар бўйича ИПКнинг 94-моддасида кўрсатилган даъвони таъминлаш чоралари қўлланилади. Бунда даъвони таъминлаш чоралари арз қилинган талабларга мос келиши, яъни бевосита низо предметига боғлиқ, даъво талабларига мутаносиб, суд ҳужжати ижросини таъминлаш учун керакли ва етарли бўлиши лозим.

9. Судларнинг эътибори хўжалик ширкати зиммасига унинг бошқарув органлари ваколатига кирадиган мажбурият (масалан, устав фондини (устав капиталини) кўпайтириш ёки камайтириш, ширкатнинг ташкилий тузилмасини тасдиқлаш, ижроия органини тузиш, унинг раҳбарини сайлаш (тайинлаш ва раҳбарнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш)ни юклаш ҳақидаги даъво талаби, ушбу мажбурият қонун ҳужжатлари билан ширкат бошқарув органининг ваколатига киритилганлиги сабабли, рад этилиши лозимлигига қаратилсин.

10. "Хўжалик ширкатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 19-моддасининг бешинчи қисмига кўра ширкат ишларини юритиш бўйича бир ёки бир неча иштирокчига берилган ваколатлар, асослар мавжуд бўлган тақдирда, хусусан ваколатли шахс (шахслар) ўз ваколатларини қўпол равишда бузган ҳолларда ёки унинг (уларнинг) ширкат ишларини юритишга қобилиятсизлиги аниқланганда, ширкатнинг бир ёки бир неча бошқа иштирокчиларининг талабига биноан суд томонидан тугатилиши мумкин. Суднинг ҳужжати асосида ширкатнинг таъсис шартномасига зарур ўзгартишлар киритилади.

Судларга тушунтирилсинки, иштирокчининг ваколатини тугатиш ҳақидаги даъво аризаси билан ҳар қандай иштирокчи (иштирокчилар) у(лар)нинг жамият устав фондидаги улуши ҳамда айнан ушбу масала бўйича умумий йиғилиши қарори мавжудлигидан қатъи назар мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.


11. "Хўжалик ширкатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 22-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ ширкат иштирокчилари бирор-бир иштирокчини қолган иштирокчиларнинг бир овоздан қабул қилган қарорига кўра ва бунга асослар мавжуд бўлган тақдирда, хусусан ана шу иштирокчи ўз мажбуриятларини қўпол равишда бузган ҳолларда ёки унинг ширкат ишларини юритишга қобилиятсизлиги аниқланганда, ширкатдан суд тартибида чиқариб юборишни талаб қилишга ҳақлидирлар.


12. Судлар иштирокчиларнинг ваколатларини тугатиш, иштирокчини ширкатдан чиқариш ҳақидаги низоларини кўриш жараёнида мазкур иштирокчининг ваколатларини ширкатнинг таъсис ҳужжатларини ўрганган ҳолда аниқлашлари лозим. Бунда жавобгарнинг (жавобгарларнинг) ўз ваколатларини қўпол равишда бузганлиги ёки унинг (уларнинг) ширкат ишларини юритишга қобилиятсизлигини исботлаш даъвогар (даъвогарлар)нинг мажбурияти ҳисобланади.


13. Судлар акцияларнинг ҳаммасини ёки муайян қисмини акциядорлик жамияти томонидан қайтариб сотиб олиш мажбуриятини юклаш ҳақидаги даъво аризаси билан фақат "Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 40-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган овоз берувчи акцияга эга бўлган акциядорлар мурожаат қилишга ҳақлилигини назарда тутишлари лозим.

Жамиятни қайта ташкил этиш, жойлаштирилган акцияларни йириклаштириш, йирик битим тузиш, жамият уставига овоз берувчи акция эгаси бўлган акциядорнинг ҳуқуқларини чеклайдиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ёки янги таҳрирдаги уставни тасдиқлаш ҳақида акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан қарор қабул қилишда, башарти акциядор қайд этилган масалалар бўйича ёқлаб овоз берган бўлса ёхуд бу масалалар бўйича овоз беришда узрсиз сабабларга кўра иштирок этмаган бўлса, акциядорнинг ўзига қарашли акцияларини қайтариб сотиб олиш мажбуриятини жамиятга юклаш ҳақидаги талабини қаноатлантириш рад этилади.

Даъвогарнинг акциядорлар умумий йиғилишида қатнашмаганлигининг сабабларини аниқлашда, судлар у йиғилишни ўтказиш вақти ва жойи ҳақида қонунда белгиланган тартибда хабардор қилинганлигини текширишлари лозим.


13.1. Судлар шуни эътиборга олишлари керакки, акциядорнинг ўзига қарашли акцияларни қайтариб сотиб олиш тўғрисидаги талабини акциядорлар умумий йиғилишининг тегишли қарори қабул қилинган кундан эътиборан кечи билан ўттиз кун ичида жамиятга тақдим қилишлари керак. Ушбу талаб ёзма шаклда берилиши ва унда акциядорнинг яшаш манзили (жойлашган манзили) ҳамда у қайтариб сотиб олинишини талаб қилаётган акциялар сони кўрсатилган бўлиши керак. Бунда қайд этилган ўттиз кунлик муддат низони судгача ҳал этиш муддати ҳисобланишини назарда тутиш лозим. Судлар бундай даъволарни кўриш жараёнида акциядор томонидан талабнома жамиятга қарор қабул қилинган кундан эътиборан ўттиз кун ичида юборилганлигини текширишлари лозим. Агар талабнома ушбу муддат ичида юборилган бўлмаса, даъво бўйича иш юритиш ИПК 110-моддасининг 8-бандига асосан тугатилиши лозим.

"Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 41-моддасининг тўртинчи қисмига кўра ўттиз кунлик муддат тугаганидан сўнг жамият қайтариб сотиб олиш талабини қўйган акциядордан акцияларни ўн кун ичида сотиб олиши шарт.

Судлар эътиборга олишлари керакки, ўн кунлик муддатни ҳисоблаш акциядорлар умумий йиғилишининг тегишли қарори қабул қилинган кундан эътиборан ўттиз кун ўтганидан сўнг бошланади.

Агар ҳал қилув қарорини қабул қилиш пайтида мазкур банднинг биринчи ва иккинчи хатбошиларида кўрсатилган муддатлар ўтмаган бўлса, акцияларни қайтариб сотиб олиш ҳақидаги мажбуриятни юклаш тўғрисидаги даъво талаби, жамият томонидан мажбуриятни бажариш муддати келмаганлиги сабабли, рад этилиши лозим. Ушбу асос билан даъво талабининг рад этилганлиги, мажбуриятни бажариш муддати келгач, даъвогарнинг айни даъво талаби билан судга қайтадан мурожаат қилишига тўсқинлик қилмайди.


13.2. Судлар шуни эътиборга олишлари лозимки, акцияларни қайтариб сотиб олиш тўғрисидаги даъвони қаноатлантиришда сотиб олишга ажратиладиган маблағларнинг умумий суммаси акциядорларда ўзларига қарашли акцияларни қайтариб сотиб олишни талаб қилиш ҳуқуқи вужудга келишига сабаб бўлган қарор қабул қилинган кундаги жамият соф активлари қийматининг ўн фоизидан ошиб кетиши мумкин эмас, бундан жамиятнинг ўзгартирилиши ҳолатлари мустасно. Шу муносабат билан акцияларни қайтариб сотиб олиш ҳақидаги мажбуриятни юклаш тўғрисидаги талабни кўришда судлар назарда тутишлари керакки, бундай даъво талаби фақат жамият соф активлари қийматининг ўн фоизидан ошмаган миқдорда қаноатлантирилиши мумкин, бундан жамиятнинг ўзгартирилиши ҳолатлари мустасно.


14. "Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 60-моддасининг тўққизинчи қисмига кўра, агар акциядор узрли сабабларга кўра акциядорлар умумий йиғилишида иштирок этмаган ёки бундай қарор қабул қилинишига қарши овоз берган бўлса, у акциядорларнинг умумий йиғилишида қабул қилинган қарор устидан судга шикоят қилишга ҳақлидир.

Акциядорларнинг умумий йиғилишида иштирок этмаган акциядор томонидан акциядорларнинг умумий йиғилиши қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида даъво аризаси берилганда, судлар даъвогар мазкур йиғилишда иштирок этмаганлигининг сабабини аниқлашлари, йиғилишда иштирок этилмаганлигининг сабаби узрли деб топилганда эса умумий йиғилиш қарорининг қонунийлигини текширишлари, бундай сабаблар узрли деб топилмаганда эса даъвони қаноатлантиришни рад этишлари лозим.

Судлар шуни эътиборга олишлари керакки, йиғилишда иштирок этиб, низоли масала юзасидан қабул қилинган қарорни ёқлаб овоз берган шахс ушбу қарорни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида судга мурожаат қилганда, унинг талабини қаноатлантириш рад этилиши лозим, акциядорнинг алдаш, зўрлик, қўрқитиш таъсирида овоз берганлиги ҳолатлари бундан мустасно.


14.1. Акциядорлар умумий йиғилишининг қарори у қонунчиликка зид бўлган ва (ёки) умумий йиғилиш қонун ҳужжатлари ва жамият уставида белгиланган тартибни бузган ҳолда ўтказилган ҳоллардагина, ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

14.2. Жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиш қарори битим ҳисобланмаслиги сабабли умумий йиғилиш қарорини ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ ишларни кўришда ФКнинг битимларга оид нормаларни қўллашга йўл қўйилмайди.

15. Судларга тушунтирилсинки, "Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 62-моддасида назарда тутилган талаблардан ташқари бошқа талаблар бўйича умумий даъво муддати (уч йил) ҳисобланади.

Ўтказиб юборилган даъво муддатини тиклаш масаласи ФКнинг 159-моддасида кўрсатилган тартибда ҳал этилади.


16. "Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 56-моддаси биринчи қисмининг мазмунига кўра қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи инвесторларнинг, қимматли қоғозлар эгаларининг, давлатнинг манфаатларини кўзлаб судда даъво қўзғатишга ҳақли. Шу муносабат билан судларга тушунтирилсики, ваколатли давлат органининг даъво аризасида кимнинг манфаати кўзланаётганлиги кўрсатилиши шарт. Даъво аризасида у кимнинг манфаатини кўзлаб берилаётганлиги кўрсатилган бўлмаса, даъво аризаси ИПК 155-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан қайтарилади. Агар даъво аризаси иш юритишга қабул қилинган бўлса, у кўрмасдан қолдирилиши лозим.

17. Акциядорлик жамиятининг бошқарув органларининг (умумий йиғилиш, кузатув кенгаши, ижроия органи) қарорларини тўлиқ ёки қисман ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги даъволар бўйича жавобгар бўлиб ушбу бошқарув органлари эмас, балки жамиятнинг ўзи ҳисобланади. Даъво аризасида жавобгар сифатида муайян бошқарув органи кўрсатилганлиги, даъво аризасини қабул қилишни рад этиш учун асос бўлади.

Масъулияти чекланган ёки қўшимча масъулиятли жамиятнинг бошқарув органлари қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида берилган даъво аризаларини иш юритишга қабул қилиш масаласи ҳам худди шу тартибда ҳал этилади.


18. "Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 32-моддасининг саккизинчи қисмига кўра жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) камайтириш ёки жамиятни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинмаган тақдирда унинг акциядорлари, кредиторлари, шунингдек ваколатли давлат органлари жамиятни суд тартибида тугатишни талаб қилишга ҳақли. Бунда судлар шуни эътиборга олишлари керакки, ИПК 25-моддаси биринчи қисмининг 5-бандига мувофиқ жамиятни тугатиш ҳақидаги акциядорларнинг талаблари иқтисодий судга тааллуқлидир. Жамиятнинг кредиторлари, шунингдек давлат томонидан ваколат берилган органларнинг бундай талабларининг тааллуқлилиги масаласи эса умумий асослар бўйича ҳал этилиши лозим.

19. "Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 8-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ иштирокчини жамиятдан чиқариш талаби билан судга фақат жами улушлари жамият устав фонди (устав капитали)нинг камида ўн фоизини ташкил этадиган жамият иштирокчилари мурожаат қилишлари мумкин. Бунда судлар эътиборга олишлари лозимки, жами улушлари жамият устав фонди (устав капитали)нинг камида ўн фоизини ташкил этадиган битта иштирокчи ҳам, жами улушлари жамият устав фонди (устав капитали)нинг камида ўн фоизини ташкил этадиган бир нечта иштирокчи ҳам бундай талаб билан судга мурожаат қилиши мумкин. Бир нечта иштирокчи судга мурожаат қилганда даъво аризаси ушбу иштирокчиларнинг барчаси ёки уларнинг вакили (вакиллари) томонидан имзоланган бўлиши керак. Бунда даъвогар (даъвогарлар) улушининг миқдори белгиланган тартиба тасдиқланган таъсис ҳужжатлари асосида аниқланади.

Агар даъвогар иштирокчининг улуши ёки бир нечта иштирокчиларнинг жами улушлари жамият устав фонди (устав капитали)нинг ўн фоизидан кам бўлса ёхуд даъво аризаси жамиятнинг ўзи томонидан берилган бўлса, даъво аризасини қаноатлантириш рад этилиши лозим. Судлар ушбу тоифадаги ишларни кўришда жавобгар ўз мажбуриятларини қўпол бузаётганлиги, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан жамиятнинг фаолият кўрсатишига имкон бермаётганлиги ёки уни жиддий тарзда қийинлаштираётганлиги ҳолатлари мавжудлигини аниқлашлари лозим.


20. "Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 41-моддасига асосан жамият бошқарув органининг қарори ушбу қарорни қабул қилиш бўйича овоз беришда иштирок этмаган ёки баҳсли қарорга қарши овоз берган жамият иштирокчисининг даъвоси билан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Судлар шуни эътиборга олишлари керакки, йиғилишда иштирок этиб, низоли масала юзасидан қабул қилинган қарорни ёқлаб овоз берган шахс ёки кун тартибига қўйилган масала бўйича овоз беришдан ўзини тийган йиғилиш иштирокчиси ушбу қарорни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида судга мурожаат қилганда, унинг талабини қаноатлантириш рад этилиши лозим, иштирокчининг овоз беришдаги хоҳиш-иродаси бузилган ёки хоҳиш иродасини ифода этиш имконияти бўлмаган ҳолатлар, шунингдек, иштирокчини алдаш, зўрлик, қўрқитиш таъсирида овоз берганлиги ҳоллари бундан мустасно.

20.1. Жамият иштирокчилари умумий йиғилиши қарори у қонунчиликка зид бўлган ва (ёки) умумий йиғилиш қонунчилик ва жамият уставида белгиланган тартибга риоя этилмаган ҳолда ўтказилган ҳоллардагина, ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Жамият иштирокчилари умумий йиғилиши қарорини ҳақиқий эмас деб топилиши, ушбу қарор асосида тузилган битимларнинг ҳақиқий эмаслиги ва бошқа ҳаракатларнинг ўз-ўзидан ноқонунийлигини келтириб чиқармайди. Бироқ, ушбу ҳолат манфаатдор шахсни битимларнинг ҳақиқий эмаслиги ва бошқа ҳаракатларнинг ноқонунийлигини низолашиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди.

20.2. "Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 41-моддасининг биринчи қисмига кўра жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик, жамиятнинг устави талаблари бузилган ҳолда қабул қилинган ҳамда жамият иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузадиган қарори овоз беришда иштирок этмаган ёки баҳсли қарорга қарши овоз берган жамият иштирокчисининг аризасига кўра суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Бундай ариза жамият иштирокчиси қабул қилинган қарор тўғрисида билган ёки билиши лозим бўлган кундан эътиборан икки ой ичида берилиши мумкин. Бунда икки ойлик муддат йиғилишда иштирок этган иштирокчи учун қарор қабул қилинган кундан, йиғилишда иштирок этмаган иштирокчи учун эса, у қарор тўғрисида билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб ҳисобланади.

Жамиятдан чиқиб кетган иштирокчи томонидан умумий йиғилиш қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талаб қўйилган тақдирда, даъво талаби қаноатлантирилиши рад этилиши лозим, иштирокчининг чиқиб кетиши ва унинг ҳуқуқига тўғридан-тўғри дахлдор бўлган умумий йиғилиш қарори бундан мустасно.

Судлар шуни эътиборга олишлари лозимки, "Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 41-моддасида белгиланган икки ойлик муддат махсус даъво муддати ҳисобланади ва у суд томонидан фақат низодаги тарафнинг суднинг ҳал қилув қарори қабул қилунгунга қадар берган аризасига мувофиқ қўлланилади. Ушбу муддатнинг ўтказиб юборилганлиги сабаблари даъвогарнинг илтимосномасига асосан суд томонидан узрли деб топилиб, ФКнинг 159-моддасига мувофиқ тикланиши мумкин.

Қайд этилган даъво муддати масъулияти чекланган ёки қўшимча масъулиятли жамият кузатув кенгашининг, жамият яккабошчилик асосидаги ижро этувчи органининг, жамият коллегиал ижро этувчи органининг қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъволар бўйича қўлланилмайди. Бундай даъволарга нисбатан суд томонидан умумий даъво муддати қўлланилиши мумкин.


20.3. Судлар масъулияти чекланган ёки қўшимча масъулиятли жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ишларни кўришда ишнинг барча ҳолатларини тўлиқ ўрганишлари, даъвогарнинг овози овоз бериш натижаларига қай даражада таъсир кўрсата олиши мумкинлигини аниқлашлари лозим. Агар ариза берган жамият иштирокчисининг овози овоз бериш натижаларига таъсир кўрсата олиши мумкин бўлмаса ва (ёки) йўл қўйилган қоидабузарлик жиддий бўлмаса ва (ёки) қарор жамиятнинг ана шу иштирокчисига ёки жамиятга зарар етказмаган бўлса, суд ишнинг барча ҳолатларини ҳисобга олиб, даъвони қаноатлантиришни рад этиши мумкин.

20.4. Умумий йиғилиш қарорининг ҳақиқий эмаслик оқибатларини қўллаш тўғрисидаги ҳуқуқни ҳимоя қилиш усули қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилмаганлиги сабабли бундай даъво талаби ҳар қандай ҳолатда қаноатлантирилиши рад этилиши лозим.

21. "Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 8-моддаси биринчи қисмининг олтинчи хатбошисига кўра жамият иштирокчиси "...жамият бошқа иштирокчиларининг розилигидан қатъи назар ушбу Қонунда ва жамиятнинг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган тартибда исталган вақтда жамиятдан чиқишга... ҳақли". Шу муносабат билан эътиборга олиш керакки, иштирокчи томонидан жамиятга нисбатан берилган ўзини жамиятдан чиқариш ҳақидаги талаб билан судга мурожаат қилинганда, бундай талабни қаноатлантириш рад қилинади.


22. "Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 22-моддасининг бешинчи қисмига мувофиқ жамиятдан чиқарилган ёки ундан чиқиб кетган жамият иштирокчисининг улуши жамиятга ўтади. Бунда жамият ундан чиқарилган ёки чиқиб кетган иштирокчига улушининг чиқарилиш ёки чиқиб кетиш санасидан олдинги охирги ҳисобот даври учун жамиятнинг бухгалтерия ҳисоботлари маълумотлари бўйича аниқланадиган ҳақиқий қийматини тўлаши ёки жамиятдан чиқарилган ёки чиқиб кетган иштирокчисининг розилиги билан унга худди шундай қийматдаги мол-мулкни асли ҳолида бериши шарт.

Жамиятдан чиқарилган ёки ундан чиқиб кетган иштирокчининг ўз улушини масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятдан ундириш тўғрисидаги талаблар бўйича ишларни кўришда судлар назарда тутишлари керакки, жамият киритилган мол-мулкни натура шаклида беришга рози бўлмаган ҳолда, иштирокчи жамият устав фондига улуш сифатида айнан ўзи киритган мол-мулкини талаб қилишга ҳақли эмас, шу сабабли бундай талабни қаноатлантириш рад этилади.


22.1. "Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 15-моддасининг бешинчи қисмига кўра жамиятдан чиқарилган ёки ундан чиқиб кетган иштирокчи томонидан жамиятнинг устав фондига (устав капитали) ҳисса тариқасида фойдаланиш учун берилган мол-мулк, агар таъсис ҳужжатида бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, у қанча муддатга берилган бўлса, шунча муддат давомида жамият фойдаланишида қолаверади.

Судларга тушунтирилсинки, иштирокчининг у томонидан жамиятнинг устав фондига (устав капитали) ҳисса сифатида фойдаланиш учун киритилган мол-мулкни талаб қилиб олиш ҳақидаги даъво талаби, агар мулкдан фойдаланиш муддати тугаган бўлса, қаноатлантирилиши лозим, агар таъсис ҳужжатида бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса.


22.2. "Масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 22-моддасининг тўққизинчи қисмига кўра улуш (улушнинг бир қисми) жамиятга ўтган пайтдан эътиборан бир йил ичида, агар жамиятнинг уставида камроқ муддат назарда тутилган бўлмаса, жамият улушнинг (улуш бир қисмининг) ҳақиқий қийматини тўлаши ёки худди шундай қийматдаги мол-мулкни асли ҳолида бериши шарт.

Судлар инобатга олишлари керакки, агар жамият уставида улушнинг ҳақиқий қийматини тўлаш ёки худди шундай қийматдаги мол-мулкни асли ҳолида бериш учун бир йилдан камроқ муддат белгиланган бўлса, бу ҳолда уставда кўрсатилган муддат қўлланилади. Агар жамият уставида бир йилдан кўпроқ муддат кўрсатилган бўлса, бу ҳолда "Масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 22-моддасининг тўққизинчи қисмида белгиланган муддат қўлланилади.

Назарда тутиш керакки, жамиятдан чиқарилган ёки чиқиб кетган иштирокчида ўз улуши қийматини суд тартибида ундириш ҳуқуқи қонунда ёки жамият уставида белгиланган муддат ўтганидан сўнг вужудга келади. Агар жамиятдан чиқарилган ёки чиқиб кетган иштирокчи ушбу муддатлар ўтмасдан судга мурожаат этса, даъво аризасини қаноатлантириш рад этилиши лозим.

Ушбу асос билан даъво талабининг рад этилганлиги, мажбуриятни бажариш муддати келгач, даъвогарнинг айни даъво талаби билан судга қайтадан мурожаат қилишига тўсқинлик қилмайди.


22.3. Жамиятдан чиқарилган ёки чиқиб кетган иштирокчининг улуши чиқарилиш ёки чиқиб кетиш санасидан олдинги охирги ҳисобот даври учун жамиятнинг бухгалтерия ҳисоботлари маълумотлари бўйича аниқланишини инобатга олиб, ишдаги ҳужжатлардан улуш қийматини аниқлаш имконияти бўлмаганда ёки ушбу масала юзасидан низо вужудга келганда тарафларнинг илтимосига асосан улуш қиймати экспертиза тайинлаш йўли билан аниқланиши керак.

Судлар шуни алоҳида эътиборга олишлари лозимки, "Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг мазмунига кўра улуш қиймати экспертизани тайинлаш йўли билан аниқланганда, эксперт олдига иштирокчи улушининг бозор баҳосидаги қиймати эмас, балки улушнинг жамият бухгалтерия ҳисоботларидаги маълумотлар бўйича қийматини аниқлаш тўғрисида савол қўйилиши лозим, чунки қонун ҳужжатларида иштирокчининг улуши бозор баҳосида тўланиши назарда тутилмаган, бундан чет эллик инвестор бўлган иштирокчи мустасно.


22.4. "Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 56-моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ Чет эллик инвестор чет эл инвестициялари иштирокидаги корхонадан чиқиб кетган ёки бу корхона тугатилган тақдирда, корхона мол-мулкидаги ўз улуши пул ёки бозор баҳосига мувофиқ равишда товар шаклида қайтарилиши ҳуқуқини олади.

Чет эллик инвестор улуши қийматининг бозор баҳосини ишдаги ҳужжатлардан аниқлаш имконияти бўлмаганда ёки ушбу масала юзасидан низо вужудга келганда тарафларнинг илтимосномасига асосан улуш қийматининг бозор баҳоси экспертиза тайинлаш йўли билан аниқланиши керак.


23. Умумий қоидага кўра маънавий зарарни ундириш ҳақидаги талаблар иқтисодий судлар томонидан кўрилмайди. Шу билан бирга судлар инобатга олишлари керакки, ИПК 25-моддаси биринчи қисмининг 5-бандида назарда тутилган ишлар бўйича иштирокчилар (акциядорлар) - жисмоний шахсларнинг маънавий зарарни ундириш ҳақидаги талаблари иқтисодий судга тааллуқлидир. Шунинг учун маънавий зарарни ундириш тўғрисидаги даъво аризасини ёки талабни қабул қилишни рад этишга йўл қўйилмайди.

24. Судлар шуни инобатга олиши лозимки, ИПКнинг келишув битими институтини тартибга солувчи нормалари ИПК 25-моддаси биринчи қисмининг 5-бандида назарда тутилган низолар бўйича ишларга ҳам татбиқ этилади. Келишув битими қонун ҳужжатларига хилоф бўлмаса, шунингдек бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаса, у суд томонидан тасдиқланиши мумкин.

            

Олий хўжалик суди раиси

                     

К. Камилов

Пленум котиби,

Олий хўжалик суди судьяси

                

К. Давлетова

        




















Время: 0.1881
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск