язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси/ Ҳайвонот дунёси тўғрисидаги қонунчилик/ Умумий қоидалар/ 2014-2017 йилларда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўсимлик ва ҳайвонот дунёси генофонди институтининг Ботаника боғини ривожлантириш Концепцияси (ЎзР ВМ 01.08.2014 й. 211-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2014 йил 1 августдаги

211-сон қарорига

1-ИЛОВА


2014-2017 йилларда Ўзбекистон Республикаси

Фанлар академияси Ўсимлик ва ҳайвонот

дунёси    генофонди    институтининг

Ботаника боғини ривожлантириш

КОНЦЕПЦИЯСИ


Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўсимлик ва ҳайвонот дунёси генофонди институтининг Ботаника боғи (кейинги ўринларда Ботаника боғи деб аталади) - Ўзбекистоннинг ўз фаолиятини 1920 йилда бошлаган қадимий ботаника боғларидан бири ва Марказий Осиё минтақасидаги энг катта ботаника боғи ҳисобланади, Тошкент шаҳрининг шимолий-шарқий қисмида жойлашган ва 66 гектар майдонни эгаллайди.

Боғнинг дендрарийси Шарқий Осиё, Шимолий Америка, Марказий Осиё, Узоқ Шарқ, Европа, Қрим ва Кавказ дендрофлоралари экспозицияларидан ташкил топган.

Ботаника боғи коллекцияси дарахтлар, буталар, ярим буталар, лианалар, ўтсимон ва сув ўсимликларининг 4500 дан ортиқ турлари, шакллари, хиллари ва навларидан иборат.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўсимлик ва ҳайвонот дунёси генофонди институтининг Ботаника боғининг бой тарихи, хилма-хил ўсимлик дунёси ва орттирилган илмий-тадқиқот тажрибаси уни замонавий илмий-тадқиқот, маданий-маърифий давлат муассасаси ва экологик туристик объект сифатида янада комплекс ривожлантириш учун барча шарт-шароитлар яратмоқда.



I. КОНЦЕПЦИЯНИНГ МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ


Кўп функцияли етакчи таълим, илмий-тадқиқот ва маданий-маърифий муассаса сифатида ўз фаолиятининг барча йўналишларида ҳам кўп асрлик миллий анъаналарни, ҳам жаҳоннинг илғор тажрибасини оқилона уйғунлаштириш Ботаника боғини ривожлантириш асосларини яратиш Концепциянинг асосий мақсади ҳисобланади.

Мазкур Концепциянинг базавий қоидалари Ботаника боғини ривожлантиришнинг қуйидаги асосий йўналишларини белгилаб беради:

инфратузилмалар ва моддий-техника базасини такомиллаштириш;

илмий-тадқиқот ва селекция фаолиятини ривожлантириш;

ўсимлик дунёси генофондини сақлаш ва бойитиш;

таълим ва экология-маданий-маърифий фаолиятни ривожлантириш;

ахборот-коммуникация технологияларини фаол жорий этиш ва кенг қўллаш, шу жумладан, реклама-туристик манфаатларидаги фаолиятни ривожлантириш.



II. БОТАНИКА БОҒИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

ФАОЛИЯТИНИНГ АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ


2.1. Инфратузилмалар ва моддий-техника

базасини ривожлантириш


Ботаника боғида илмий-тадқиқот, рекрацион ва маърифий-хабардор қилувчи ва туристик фаолиятни ривожлантириш биринчи навбатда Ботаника боғининг ишлаб турган инфратузилма объектларини реконструкция қилиш ва янги инфратузилма объектларини қуриш, шунингдек техникалар паркини янгилашни талаб қилади.

Ботаника боғининг инфратузилмасини ривожлантириш қуйидагиларни назарда тутади:

Ботаника боғининг асосий магистрал йўналиши бўйича кириш ҳудуди ва объектларини реконструкция қилиш;

Ботаника боғининг визит-марказини қуриш;

Ўзбекистоннинг табиий-маданий меросини ва бойлигини акс эттирадиган намунали экспозициясини қуриш;

флористик ва фаунистик тадқиқотларни ривожлантириш учун гербарийлар ва зоология коллекцияларини ўз ичига олган замонавий илмий комплексни, шунингдек молекуляр биология ва биотехнология лабораториясини қуриш;

илмий-маърифий тусдаги маданий тадбирларни ўтказиш учун яшил театр қуриш;

боғнинг йўл тармоғини модернизация қилиш;

коммунал хўжалиги (электр, газ ва сув таъминоти тармоқлари), суғориш ва сув чиқариш тизимларини, жумладан ариқлар ва кўллар тизимини реконструкция қилиш;

ҳар бир экспозиция ҳудудини уларнинг мавзу йўналишларини ҳисобга олган ҳолда ободонлаштириш;

оранжерея ва иссиқхона комплексини реконструкция қилиш.



2.2. Илмий-тадқиқот ва селекция фаолиятини ривожлантириш


Ботаника боғи ташкил қилинган кундан бошлаб, турли флоралардаги ўсимликларнинг янги тупроққлим шароитларига иқлимлаштиришнинг дастлабки босқичи (интродукция) ва янги иқлимга кўниктириш (акклимитизация) натижалари умумлаштириладиган илмий-тадқиқот муассасаси сифатида фаолият юритади.

Илмий тадқиқотларнинг янада юқори даражага эришиши мақсадида Ботаника боғининг илмий салоҳиятини жумладан инновация йўналишлари бўйича ошириш қуйидагиларни таъминлайдиган чора-тадбирларни қабул қилишни талаб қилади:

тадқиқотларнинг замонавий йўналишлари бўйича янги ихтисослаштирилган бўлинмаларни (бўлимлар ва лабораторияларни) ташкил этган ҳолда илмий бўлимлар тузилмасини ривожлантириш ва улар таркибини кенгайтириш;

илмий тадқиқотларнинг замонавий даражасини таъминлаш учун лаборатория ва ахборот инфратузилмаларини такомиллаштириш;

узлуксиз гуллайдиган ўсимликлар учун илмий асосланган тизимни шакллантириш ва 0,1 га майдонда кўчатхона ташкил этиш;

Ботаника боғининг ўсимлик дунёси зараркунандалари ва касалликлари - унинг барча ҳудудларида ўсимликларни ҳимоя қилиш устидан доимий мониторинг олиб бориш;

дарахтзор ва кўкаламзорлаштиришнинг бошқа объектларини барпо этиш учун келтириладиган турларга нисбатан маҳаллий шароитларга чидамли ва жиддий устунликларга эга бўлган қимматбаҳо ва ноёб ўсимликларни ёпиқ илдиз системаси билан экиладиган уруғ ва ниҳолларни ўстиришнинг замонавий технологияларига ўтиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш.

Ўсимлик дунёсининг биохилма-хиллик соҳасидаги тадқиқотларни замонавий илмий-методик даражада бажариш учун шунингдек молекуляр-биокимё ва интродукция тадқиқотларининг приборлар базасини мустаҳкамлаш талаб қилинади. Энг аввало, коллекция фондларини паспортлаштириш учун электрофоретик приборлар тўпламини сотиб олиш, биотехнология тадқиқотлари (автоклав, ламинар-бокслар), тарози хўжалиги, спектрал приборлар (спектрофотометрлар, фотоколориметр, микроскоплар), фитомониторингнинг замонавий компьютер тизими, метеокузатувлар учун асбоб-ускуналарни, шунингдек бошқа ўта зарур бўлган лаборатория асбоб-ускуналарини янгилаш зарур.



2.3. Ўсимлик дунёси генофондини сақлаш ва бойитиш


Ботаника боғининг (Тошкент Ботаника боғининг диққатга сазовор хусусиятларидан бири бўлган унинг хилма-хиллиги) янги ва мавжуд экспозицияларини тўлдириш тадбирларини ишлаб чиқиш шу жумладан қуйидаги йўл билан назарда тутилади:

ўсимлик хилма-хиллигини хатловдан ўтказиш;

Ботаника боғи ўсимликлар хилма-хиллигининг маълумотлар базасини яратиш;

Ботаника боғи коллекцияларидаги маҳаллий ва бошқа районларга тегишли ўсимлик ресурсларининг биологик хилма-хиллигини сақлаш ва тўлдириш, улардан илмий ва амалий фойдаланиш бўйича чора-тадбирларни мунтазам равишда амалга ошириш;

Ўзбекистон флорасининг қизил китобга киритилган, йўқолиб кетаётган ва маҳаллий жайдари турлари коллекциясини кенгайтириш;

Ботаника боғини миллий аҳамиятга эга бўлган ноёб табиий-ўсимликлар комплексига айлантириш ва дунё миқёсига чиқиш;

боғ генофондини хорижий ботаника боғлари билан уруғларни индекс айирбошлаш воситаси орқали сақлаш ва бойитиш, шунингдек карантин инспекцияси назорати остида интродукциядан муваффақиятли ўтган, олиб келтирилган уруғлар учун сертификатлар бериш.



2.4. Таълим ва маданий-маърифий фаолиятни ривожлантириш


Ботаника боғлари ресурсларнинг ноёб комплекслари сифатида ўз минтақаларида ва мамлакатда умуман барқарор ривожланиш мақсадлари учун ўсимликларнинг генли банки ва қимматбаҳо ресурслари манбалари сифатида муҳим ижтимоий-экологик ўринни тутган ҳолда университетлар доирасидаги тор ихтисослик доирасидан кенг ўрин тутади.

Қайд этиш лозимки, Ботаника боғидаги таълим жараёнининг ажратиб турадиган асосий хусусияти, ўқитиш генетик ресурслардан амалиётда фойдаланиш, шунингдек дала тадқиқотлари ва ер ишлари билан чамбарчас боғланган ҳолда амалга оширилади. Бунда Ботаника боғи лабораторияларда ва табиий шароитларда ўсимликлар билан ишлашнинг амалий кўникмаларини олиш учун бир хил имкониятни берадиган ресурс сифатида муҳим аҳамиятни касб этади.

Ботаника боғининг таълим дастури барча даражадаги таълим сифатини яхшилаш, таълимнинг турли шаклларидан фойдаланишни кенгайтириш, илмий муассасалар илмий-педагогик кадрлари ва битирувчиларининг малакали ваколатларини оширишга қаратилган давлат дастурларининг устувор йўналишларидан келиб чиқади.

Ботаника боғининг таълим дастури қуйидаги турларга бўлинади:

мактабгача таълим;

умумтаълим мактаб таълими;

ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим;

маданий ва маърифий фаолият.

Мактабгача таълим "Ниҳол - Росток" болалар бадиий ижодиёти экология студиясини ташкил этиш ва мактабгача ёшдаги болалар учун "Экология мактаби" машғулотларини ташкил этишни назарда тутади.

Умумтаълим мактаб таълими ўқувчилар учун мультимедияли таълим ресурсларини ишлаб чиқиш, Ботаника боғида дарслар ўтказиш, бевосита ўқувчилар иштирокида синфдан ташқари илмий-амалий ва тадқиқотчилик фаолиятини амалга оширишни назарда тутади.

Ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим коллежлар ўқувчилари ва олий таълим муассасалари талабалари учун мультимедияли таълим ресурсларини ишлаб чиқиш, Ботаника боғида ишлаб чиқариш, диплом олди амалиётларини ўташ, бакалаврларнинг диплом, битириш малака ишларини ҳамда магистрлик диссертацияларини тайёрлаш, шунингдек ўқув курсларини ташкил этишни кўзда тутади.

Маданий ва маърифий фаолият кенг кўламли тадбирларни ўз ичига олади, жумладан:

Ботаника боғи тўғрисида кўргазмали ахборот материаллари ишлаб чиқиш, нашр этиш, тайёрлаш ва эълон қилиш;

экскурсиялар, сайёр дастурлар, кўргазмалар, оммавий лекциялар, телекўрсатувлар ташкил этиш, оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш;

"Бутунжаҳон ер куни", "Бутунжаҳон сув куни", "Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни", "Бутунжаҳон биология хилма-хиллик куни" ва бошқалар каби атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиатни муҳофаза қилиш муаммоларига бағишланган дунё миқёсидаги байрамлар билан боғлиқ бўлган тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш.



2.5. Ахборот-коммуникация технологияларини жорий

этиш ва кенг қўллаш, жумладан реклама-туристик

фаолиятни ривожлантириш


Ботаника боғи фаолиятининг самарадорлигини ошириш, ахборот ресурсларидан кенг фойдаланиш ва аниқ мақсадли аудиторияни маърифий фаолият билан янада самарали қамраб олиш, шунингдек Ботаника боғининг реклама-туристик салоҳиятини ривожлантириш мақсадида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини фаол жорий этиш ва кенг қўллаш бўйича комплекс чора-тадбирлар қабул қилади.

Ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва кенг қўллаш уларнинг функцияларидан келиб чиқиб, қуйидаги йўл билан амалга оширилади:

ахборот-ўқитиш ресурсларини тақдим этиш (электрон кутубхоналар, электрон китоблар, электрон даврий нашрлар, ахборот тизимлари);

интерфаол шаклда (веб-сайт, электрон почта, электрон телеконференция);

қидирув ресурслари (каталоглар, қидирув тизимлари) орқали.

Ботаника боғида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш тадбирлари қуйидаги асосий йўналишларни ўз ичига олади:

Интернет тармоғининг глобал тармоғида Ботаника боғининг веб-сайтини яратиш;

оммавий электрон қидирув тизимларида (Google ва бошқалар) Ботаника боғи тўғрисида батафсил маълумотни жойлаштириш;

Ботаника боғи ўсимлик дунёси генофонди тарихига бағишланган мақолаларни тайёрлаш ҳамда "ZiyoNet" умумтаълим тармоғида жойлаштириш;

iOS ва Android платформалари учун мобиль иловаларни (Ботаника боғи тўғрисида фото-ахборотли илова) яратиш;

Ботаника боғининг бутун ҳудудида аудио-гид хизматларини ташкил этиш;

Ботаника боғининг ноёб ўсимлик дунёси тўғрисида зарур обзорли ахборотни тақдим этган ҳолда, йўл кўрсатувчи - электрон картани ташкил этиш, жумладан Ботаника боғининг бутун ҳудуди бўйича электрон ахборот дисплейларини қўллаш;

Ботаника боғи маъмурий-бошқарув биноларини кенг полосали Интернет билан таъминлаш.



III. КОНЦЕПЦИЯНИ АМАЛГА ОШИРИШ МЕХАНИЗМИ


Концепцияни амалга ошириш Тадбирлар режасини тўлиқ ва ўз вақтида бажариш орқали рўёбга чиқарилади.

Мазкур қарор билан тасдиқланган Тадбирлар режасининг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини мувофиқлаштириш ҳамда тўлиқ ҳажмда ва белгиланган муддатларда амалга оширилиши устидан назорат қилиш Фанлар академияси томонидан олиб борилади, бунда:

ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигига Ўзбекистон Республикасининг Инвестиция дастурига киритиш учун тегишли лойиҳалар бўйича таклифлар киритади;

тегишли бажарувчилар билан биргаликда моддий-техника ресурслари, технологик қувватлар ва шунга ўхшаш омилларнинг мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда ушбу Дастурнинг тадбирларини ўрганади ҳамда аниқлаштириш ва тузатиш бўйича таклифларни тайёрлайди;

ушбу Концепцияни амалга ошириш учун ажратилган молиявий маблағлар ва моддий ресурслардан мақсадли ва самарали фойдаланиш устидан мониторингни амалга оширади;

Тадбирлар режаси, шунингдек Концепцияни амалга ошириш механизмини такомиллаштириш, амалга ошириш услублари ва шарт-шароитлари бўйича таклифлар киритади;

Концепцияни амалга ошириш бўйича Тадбирлар режасининг бажарилиши тўғрисида ахборотни ҳар чоракда Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади.

Масъул бажарувчилар:

белгиланган муддатлар ва ишлар ҳажмига мувофиқ тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини;

тадбирларни амалга ошириш учун мўлжалланган молиявий маблағлардан аниқ мақсадга йўналтирилган ва самарали фойдаланишни;

Фанлар академиясига ҳар йили кейинги йилги тадбирларни амалга ошириш бўйича иш режаси тақдим этилишини;

Фанлар академиясига ҳар чорак асосида Концепция ва Тадбирлар режасининг амалга оширилиши тўғрисида ахборот тақдим этилишини;

ҳар йили, белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлигига (Фанлар академияси билан биргаликда ёки Фанлар академиясини бу тўғрисида бир вақтда хабардор қилган ҳолда) кейинги йил учун давлат бюджети маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган тадбирларни амалга ошириш учун молиявий маблағларга бўлган эҳтиёжлар тўғрисида асосланган таклифлар киритилишини;

доимий асосда қўйилган мақсадлар ва вазифаларга эришишга таъсир қилиши мумкин бўлган хавф-хатарларни бартараф этиш бўйича ўз вақтида зарур чораларни кўриш учун бўлиши мумкин бўлган хавф-хатарларнинг мониторинги юритилишини таъминлайдилар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2014 йил 11 август, 32-сон, 400-модда