язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Банклар ва бошқа кредит ташкилотлари/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 11.07.2000 й. 265-сон "Устав сармоясида давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган тижорат банклари кенгашлари раисларини тасдиқлаш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

11.07.2000 й.

N 265



УСТАВ САРМОЯСИДА ДАВЛАТ УЛУШИ

50 ФОИЗДАН ОРТИҚ БЎЛГАН ТИЖОРАТ

БАНКЛАРИ КЕНГАШЛАРИ РАИСЛАРИНИ

ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Банк тизимини ислоҳ қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2000 йил 24 мартдаги 104-сон қарорини бажариш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:

2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки тўғрисида" 1993 йил 21 январдаги 45-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг Уставига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қушимчалар киритилсин.


3. Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки Уставни, киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни ҳисобга олган ҳолда, Марказий банкда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қайта рўйхатдан ўтказсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг Бошқаруви тўғрисида" 1993 йил 13 августдаги 413-сон қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки тўғрисида" 1993 йил 21 январдаги 45-сон қарорининг 3-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Б.С. Ҳамидов зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                          И. Каримов






Вазирлар Маҳкамасининг

2000 йил 11 июлдаги

265-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

"Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият

миллий банки тўғрисида" 1993 йил 21 январдаги

45-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон

Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият

миллий банкининг Уставига киритилаётган

ўзгартириш ва қўшимчалар


1. 22-26-бандлар қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"22. Банк, банк сармоясини сақловчи сифатида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

- Банк Уставини, унга киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчаларни тасдиқлайди;

- Банк Устав сармоясини ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилади;

- Банкни тугатиш ёки қайта ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилади;

- Банк Кенгаши фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни эшитади;

- амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


23. Банкда Банк Кенгаши тузилади. Банк Кенгашини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тайинланадиган Раис бошқаради.

Банк Кенгаши таркибига лавозимига кўра қуйидагилар киради:

- Ўзбекистон Республикаси Молия вазири;

- Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазири;

- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Инвестиция дастурлари департаменти бошлиғи;

- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ташқи иқтисодий фаолиятни мувофиқлаштириш департаменти бошлиғи;

- Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раисининг биринчи ўринбосари;

- Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирининг биринчи ўринбосари;

- Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари.


24. Банк Кенгаши Мажлиси ҳар йили камида икки марта чақирилади. Зарурат бўлганда Банк Кенгашининг Навбатдан ташқари мажлислари:

- Вазирлар Маҳкамаси;

- Марказий банк;

- Банк Кенгаши Раиси;

- Банк Кенгашининг икки ва ундан ортиқ аъзолари;

- Банк Бошқаруви;

- ички аудит хизмати раҳбари;

- Банкнинг ташқи аудитори ташаббуси билан чақирилади.

Банк Кенгаши мажлисида қарорлар қатнашчиларнинг 3/4 овози билан қабул қилинади. Кенгаш мажлисида Кенгашнинг ҳар бир аъзоси битта овозга эга бўлади.

Банк Кенгаши Мажлиси унда Банк Кенгаши аъзолари рўйхатдаги таркибининг камида 75 фоизи қатнашган тақдирда ваколатли ҳисобланади. Бунда мажлисларда Кенгаш Раисининг қатнашиши мажбурий ҳисобланади.

Банк Кенгаши ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига ва ушбу Уставга амал қилади.


25. Банк Кенгаши;

- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Банк Уставини, унга ўзгартириш ва қўшимчаларни тасдиқлаш учун тақдим этади;

- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Банк устав сармоясини ўзгартириш тўғрисидаги таклифларни тасдиқлаш учун тақдим этади;

- Банк фаолияти йиллик натижаларини тасдиқлайди;

- Банк Бошқаруви тавсиясига кўра даромадни тақсимлаш, шунингдек, зарарларни қоплаш тартибини тасдиқлайди;

- Банкнинг йиллик бизнес-режасини тасдиқлайди;

- Банк Бошқаруви аъзолари таркибини тасдиқлайди, Бошқарув Раиси ва Бошқарув Раисининг ўринбосарлари бундан мустасно;

- Банкнинг кредитлар бериш, активлар ва пассивларни бошқариш, инвестицияларни амалга ошириш ва Банк мижозларига хизматларнинг янги турларини кўрсатиш соҳасидаги сиёсати асосий йўналишларини белгилайди:

- Банк Бошқаруви ҳисоботларини эшитади;

- Банк билан боғлиқ шахслар билан битишувлар тузиш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

- битишувни тузиш тўғрисида қарор қабул қилинадиган кунда қиймати банк активлари баланс қийматининг йигирма беш фоизидан ортиқ бўлган битишувлар ёки бир нечта ўзаро боғлиқ битишувлар тузиш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

- Банкнинг филиаллари, ваколатхоналари, шўъба ва номустақил корхоналарини ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш тўғрисида қарорлар қабул қилади ҳамда уларнинг низомлари ва уставларини тасдиқлайди;

- банк Бошқаруви фаолияти тартибини белгиловчи ҳужжатларни тасдиқлайди.


26. Раис бошқарадиган Бошқарув Банкнинг ижро этувчи органи ҳисобланади.

Банк Бошқаруви Раиси ва унинг ўринбосарлари лавозимга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайинланадилар.

Банк Бошқаруви Раиси Банкнинг юқори мансабдор шахси ҳисобланади, у Банк Устави билан ўзига берилган ваколатларга мувофиқ Банк фаолиятига раҳбарлик қилади ва Банкка юкланган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради.

Бошқарув Раиси ва унинг ўринбосарлари билан бир қаторда, Бошқарув таркибига, Банк Кенгаши қарорига биноан, Банкнинг таркибий бўлинмалари раҳбарлари лавозимига кўра кирадилар.

Банк Бошқаруви:

Банк фаолиятини ташкил қилади ва унга тезкор раҳбарликни амалга оширади, Уставдаги вазифаларнинг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишларининг ҳамда Банк Кенгаши қарорларининг бажарилишини таъминлайди;

ушбу Уставга кўра Банк Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан кўриб чиқилиши керак бўлган барча масалаларни олдиндан кўриб чиқади, улар бўйича тегишли материаллар, таклифларни ва қарорлар лойиҳаларини тайёрлайди;

Банк тузилмасини белгилайди;

Бошқарув кўриб чиқиши учун киритилган бошқа масалаларни кўриб чиқади ва ҳал қилади.

Банк Бошқаруви Ҳукуматнинг валюта-молия муносабатлари соҳасидаги сиёсатини, Банкни ривожлантириш ва жорий фаолиятини Банк томонидан амалга ошириш билан боғлиқ барча масалаларни бамаслаҳат ва Бошқарув аъзолари фикр-мулоҳазаларини ҳисобга олган ҳолда кўриб чиқади.

Бошқарув қарорлари уларни қабул қилиш учун Бошқарув аъзолари рўйхатдаги таркибининг камида тўртдан уч қисми фикр билдиришган тақдирда қабул қилинган ҳисобланади".


2. 27-банднинг иккинчи хатбоши "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг" сўзларидан кейин "ва Банк Кенгашининг" сўзлари билан тўлдирилсин.