язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Савдо. Умумий овқатланиш. Маиший хизмат кўрсатиш/ Юқори ликвидли маҳсулотларнинг айрим турларини ким ошди савдосида кафолатланган миқдорларда сотиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 12.07.2001 й. 298-сон қарорига 2-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2001 йил 12 июлдаги

298-сон қарорига

2-ИЛОВА



Юқори ликвидли маҳсулотларнинг айрим

турларини ким ошди савдосида кафолатланган

миқдорларда сотиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Валюта бозорини янада эркинлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2001 йил 22 июндаги 263-сон қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган ва юқори ликвидли маҳсулотларнинг айрим турларини муқобил ким ошди савдоси асосида хорижий компаниялар ҳамда фирмаларга эркин алмаштириладиган валютага кафолатланган миқдорларда сотиш тартибини белгилайди.


2. Низом ким ошди савдосини ўтказишнинг умумий тартибини ва унда қатнашиш шартларини тартибга солади, ким ошди савдоларини ўтказиш бўйича махсус органнинг ваколатларини, ҳисоб-китобларни ўтказиш механизмини, шунингдек сотиладиган юқори ликвидли товарларнинг айрим турларига эгалик қилиш ҳуқуқини расмийлаштириш тартиботларини белгилайди.


3. Ким ошди савдоларига юқори ликвидли товарларнинг хорижий компаниялар ва фирмаларга эркин алмаштириладиган валютага олдиндан ҳақ тўлаш шартларида, ҳам етказиб бериш муддатини кечиктирган ҳолла, ҳам тузилган контракт бўйича етказиб берган ҳолда, ушбу экспорт контрактларини Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигида рўйхатдан ўтказмасдан сотишга мўлжалланган айрим турлари қўйилади.


4. Ким ошди савдосида сотиладиган юқори ликвидли маҳсулотларнинг аниқ турлари ва миқдори Ҳукумат қарори билан товарлар (ишлар, хизматлар)ни экспорт қилиш прогнозини ҳар йилги тасдиқлаш чоғида, Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги, Марказий банк ҳамда Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги таклифлари асосида белгиланади.


5. Юқори ликвидди маҳсулотлар айрим турларининг ким ошди савдоларини зарур даражада ташкил этиш ва назорат қилишни таъминлаш учун Бирлашган барқарорлаштириш жамғармасини бошқариш кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги, Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги, Марказий банки, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва "Ўзбекинвест" экспорт-импорт миллий суғурта компанияси вакилларидан Ким ошди савдоларини ташкил этиш кенгаши тузилади, унинг шахсий таркиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Ким ошди савдоларини ташкил этиш кенгаши юқори ликвидли маҳсулотларнинг белгиланган турлари бўйича уларнинг ҳар қайси ким ошди савдосига қўйиладиган аниқ миқдорларини ва лотларнинг бошланғич нархларини белгилайди, ушбу Низомга риоя этилиши, маҳсулот сотишдан тушган маблағларнинг Бирлашган барқарорлаштириш жамғармасига тўлиқ ва ўз вақтида ўтказилиши устидан назоратни амалга оширади.


6. Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг шўъба корхонаси - "Ўзаукционсавдо" (кейинги ўринларда "Агент" деб аталади) юқори ликвидли маҳсулотларнинг айрим турларини сотиш бўйича ким ошди савдоларини ўтказувчи ихтисослаштирилган ташкилот ҳисобланади. Агент фаолияти устидан назоратни Ким ошди савдодарини ташкил этиш кенгаши амалга оширади.

Ким ошди савдолари Ўзбекистон республика товар хом ашё биржасининг савдо майдончасида ўтказилади.



II. АГЕНТНИНГ ФУНКЦИЯЛАРИ, ҲУҚУҚЛАРИ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


7. Агент зиммасига қуйидаги функциялар юкланган:'

ким ошди савдосига қўйиладиган савдо лотлари ҳужжатларини қабул қилиб олиш ва текшириш;

ким ошди савдосини ўтказиш учун зарур бўлган ҳужжатларни расмийлаштириш;

ким ошди савдоси ўтказилиши тўғрисидаги хабарни чоп этиш;

ким ошди савдоси қатнашчиларини ким ощди савдоларига қўйиладиган товарлар турлари ва миқдорлари тўғрисида хабардор қилиш;

қўйилаётган лотни идентификациялаш учун потенциал қатнашчиларга ҳужжатларни тақдим этиш;

ким ошди савдоси қатнашчиларини рўйхатдан ўтказиш ва қатнашчиларга чипталар бериш;

ким ошди савдосини ташкил этиш;

ким ошди савдосида қатнашиш шартларига риоя этиш устидан назоратни амалга ошириш;

ким ошди савдоси қатнашчиларини ким ощди савдолари натижаларидан хабардор қилиш;

ким ошди савдоларининг бориши ва натижалари тўғрисида протоколлар тузиш, кейинчалик уларни Ким ошди савдоларини ташкил этиш кенгашига бериш;

ким ошди савдолари ғолиблари билан олди-сотди шартномаларини расмийлаштириш ва уларни божхона органларида ҳисобга қўйиш;

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функциялар.


8. Агент савдоларни ўтказиш жараёнига бевосита аралашиш, шу жумладан ушбу Низом бузилган, тил бириктириш, форс-мажор ҳолатлар аниқланган ҳолларда лотни савдодан чиқариш, савдони тўхтатиб қўйиш ҳуқуқига эга. Агент мазкур лотни ким ошди савдосидан чиқариш сабабларини қатнашчиларга изоҳлаб бермасликка ҳақлидир.


9. Баъзи лотлар юзасидан фақат биттадан қатнашчи рўйхатдан ўтказилган тақдирда Агент ким ошди савдоси очилгунгача ўтказилмаган савдоларнинг протоколини расмийлаштириши ва қатнашчиларни хабардор қилган ҳолда ушбу лотларни ким ошди савдосидан чиқариши мумкин.



III. КИМ ОШДИ САВДОСИНИ ЎТКАЗИШГА

ТАЙЁРЛАНИШ


10. Агент Ким ошди савдоларини ташкил этиш кенгашининг қарори асосида республика ва зарурат бўлганда, халқаро оммавий ахборот воситаларида ким ошди савдоси ўтказилиши тўғрисидаги билдиришнома эълон қилади ҳамда хабарномаларни ким ошди савдоси ўтказиладиган санадан камида 30 кун олдин трейдер компанияларга жўнатади.


11. Билдиришнома ва хабарномада қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:

ким ошди савдосининг ўтказилиш вақти ва жойи;

ким ошди савдоларига қўйиладиган товарлар номи ва миқдорлари;

ким ошди савдосини ўтказиш, шу жумладан ғолибни аниқлаш тартиби;

қатнашчиларнинг ким ошди савдосида қатнашиш учун бадали миқдори;

закалат суммаси ва у ўтказилиши керак бўлган ҳисоб рақами;

ишлаб чиқарувчи омборидаги шартларда келтирилган бошланғич нарх тўғрисидаги маълумотлар;

етказиб бериш ва тўлов шартлари (товар турига кўра), етказиб бериш муддатлари;

буюртманомаларни қабул қилиш тугайдиган муддат;

низоларни ҳал қилиш тартиби, ким ошди савдоси қатнашчиларига қўйиладиган талаблар.

Кўрсатиб ўтилган шартлар Ким ошди савдоларини ташкил этиш кенгаши томонидан белгиланади.


12. Кўрсатиб ўтилган маълумотларни тақдим этиш шакли, қўшимча маълумотлар шартлари ва рўйхати Агент томонидан белгиланади.


13. Билдиришнома эълон қилинган ёки хабарнома олинган вақтдан бошлаб ташкилотчи ким ошди савдосининг барча қатнашчиларига қўйиладиган лотни идентификация қилиш учун ҳужжатларни тақдим этади. Ким ошди савдосининг потенциал қатнашчилари талаб қилишганда сотувчи ҳар қайси лот намунасини танишиш учун тақдим этади.


14. Ким ошди савдосида қатнашганлик учун тўлов, қайтариб берилмаган закалатлар ва қонунчилик билан рухсат этилган бошқа маблағлар ким ошди савдоларини ташкил этиш учун молиявий маблағлар манбалари ҳисобланади.



IV. КИМ ОШДИ САВДОСИДА ҚАТНАШИШ

ШАРТЛАРИ


15. Агентга қуйидагиларни муддатида тақдим этган компаниялар ва фирмалар ким ошди савдосида қатнашиш учун эксклюзив ҳуқуққа эгадир:

ким ошди савдосида қатнашиш учун буюртманома;

савдо реестридан кўчирма;

ким ошди савдосида қатнашиш учун банкнинг тавсияномаси.

Агентнинг ҳисоб рақамига эркин алмаштириладиган валютада буюртманома тақдим этилаётган лот бошланғич қийматининг 0,1 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда ким ошди савдосида қатнашиш учун бадал тўланганини тасдиқловчи тўлов ҳужжатининг нусхаси;

Агентнинг ҳисоб рақамига буюртманома тақдим этилаётган лот бўйича Ким ошди савдоларини ташкил этиш кенгаши томонидан белгиланган миқдорда эркин валютада закалат тўланганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжатининг нусхаси.


16. Агент томонидан зарур ҳужжатларни қабул қилиш ва рўйхатга олиш ким ошди савдоси ўтказилиши эълон қилинган санадан 5 иш куни олдин тўхтатилади.


17. Ким ошди савдосида қатнашишга қўйилган хорижий компаниялар ва фирмаларга харидорнинг ким ошди савдосида қатнашаётган тартиб рақами ва ким ошди савдосига қўйилган лотнинг тартиб рақами ёзилган ким ошди савдоси қатнашчисининг чиптаси берилади.


18. Агар буюртманома тақдим этган хорижий компания ёки фирма мазкур Низомнинг 15-бандида белгиланган талабларни бажармаган бўлса, буюртманома эгасининг ким ошди савдосида қатнашиши рад этилиши мумкин.


19. Ким ошди савдосида қатнашиш учун буюртманома тақдим этган хорижий компаниялар ва фирмалар тўғрисидаги маълумотлар ошкор этилмайди.



V. КИМ ОШДИ САВДОСИНИ

ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


20. Ким ошди савдоларини ўтказиш мақсадида Агент аукциончини тайинлайди, аукциончи Агентнинг ўз ходими ҳам, четдан контракт асосида жалб этилган шахс ҳам бўлиши мумкин.


21. Агент ва аукциончи ўзлари ташкил этган ким ошди савдосида қатнашчиларнинг манфаатларини ифодалаш ҳуқуқига эга эмаслар.


22. Ким ошди савдосини ўтказиш тартиботи қуйидагиларни назарда тутади:

ким ошди савдоси бошлангунга қадар сотилаётган лотнинг тартиб рақамини эълон қилади, ким ошди савдосига қўйилган товар ва савдо шартларини тарифлаб беради;

аукциончи тегишли лот бўйича ким ошди савдосида иштирок этиш учун рўйхатдан ўтказилган қатнашчиларнинг рўйхатдан ўтиш тартиби рақамини эълон қилади. Аукциончи томонидан тартиб рақами эълон қилинган иштирокчи ким ошди савдосида қатнашаётганлигини тасдиқлаб, қатнашчи карточкасини кўтариши лозим;

аукциончи лотнинг бошланғич баҳоси ва ким ошди савдосининг қадамини эълон қилган вақт ким ошди савдоси бошланган вақт ҳисобланади. Ким ошди савдоси қадамлари тўғрисидаги қарор аукциончи томонидан ҳар бир лот учун алоҳида қабул қилинади. Зарурият бўлганда аукциончи ким ошди савдоси давомида қадамни ўзгартириши мумкин;

бошланғич баҳо эълон қилинганидан кейин аукциончи унинг белгиланган қадамга мувофиқ ҳолда оширилиши юзасидан таклифларни кутади;

юқорироқ баҳони таклиф этмоқчи бўлган қатнашчи ўзининг қатнашчи карточкасини кўтаради, бу белгиланган қадам бўйича баҳони оширишга доир таклиф ҳисобланади. Аукциончи биринчи бўлиб юқорироқ баҳони таклиф этган иштирокчини эълон қилар экан таклиф этилган баҳо ва мазкур қатнашчининг тартиб рақамини эълон қилади. Агар аукциончи таклиф этган баҳони уч карра эълон қилганидан кейин қатнашчилардан ҳеч ким юқорироқ баҳо таклиф этмаса, аукциончи болғачанинг учинчи зарби билан айни бир вақтда лотнинг мазкур баҳони таклиф этган қатнашчига сотилганлигини эълон қилади. Шундан сўнг мазкур лотга доир ким ошди савдоси ёпилган ҳисобланади.


23. Лотнинг бошланғич баҳоси эълон қилинганидан кейин уни харид қилишни хоҳловчилар бўлмаса, лот ким ошди савдосидан чиқарилади.


24. Ким ошди савдоси ғолиби кейинчалик олди-сотди шартномасини тузиш учун асос бўлиб хизмат қиладиган ким ошди савдоси натижалари тўғрисидаги протоколни савдо ўтказилган кунда имзолаши керак.

Ким ошди савдоси ғолиби юқорида қайд этилган протоколни имзолашдан бош тортган тақдирда, Агент ким ошди савдоси натижаларини бекор қилиши мумкин. Бунда ғолиб тўлаган закалат суммаси қайтарилмайди.

Протокол икки нусхада харидор ва Агент томонидан имзоланади. Протоколда сотувчи ва харидор тўғрисидаги маълумотлар, сотилаётган объектнинг номи, узил-кесил баҳо, шунингдек томонларнинг олди-сотди шартномасини имзолаш бўйича мажбуриятлари кўрсатилади. Ким ошди савдоси натижалари тўғрисидаги протоколнинг бир нусхаси харидорга берилади ва харидорнинг олди-сотди шартномасини тузиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади.


25. Агар лот бўйича ким ошди савдоси, иштирокчилардан ҳеч бири мазкур лотни бошланғич баҳоси бўйича харид қилиш истагини билдирмаганлиги ёки унинг ким ошди савдосидан чиқарилганлиги ёҳуд бошқа сабабларга кўра ўтказилмаган деб эълон қилинган бўлса, ўтказилмаган ким ошди савдосининг протоколи тузилади.



VI. ШАРТНОМАНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ ВА

КИМ ОШДИ САВДОСИ ҚАТНАШЧИЛАРИ

БИЛАН ҲИСОБ-КИТОБ ҚИЛИШ


26. Олди-сотди шартномаси товар эгаси ва ким ошди савдоси ғолиби ўртасида ким ошди савдоси натижалари тўғрисидаги протоколга асосан, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ ким ошди савдоси тугаган ва протокол расмийлаштирилгандан кейин икки хафтадан кечикмай тузилади.

Агар ким ошди савдоси ғолиби тегишли ким ошди савдоси ўтказилган санадан эътиборан икки ҳафта муддат ичида шартномани имзоламаган бўлса, ким ошди савдоси натижалари бекор қилинади ва тўланган закалат суммаси унга қайтарилмайди.

Томонлардан бири шартномани тузишдан бош тортган тақдирда иккинчи томон шартномани тузишга мажбур қилиш, шунингдек шартнома тузишдан бўйин товлаш туфайли етказилган зарар тўғрисидаги талабнома билан судга мурожаат этиши мумкин.


27. Ким ошди савдоси ғолиби (кейинги ўринларда "харидор" деб юритилади) билан шартнома тузиш чоғида у тўлаган закалат суммаси тузилган шартнома бўйича мажбуриятларнинг бажарилиши сифатида ҳисобга олинади. Ким ошди савдосининг қолган иштирокчиларига закалат суммаси ким ошди савдоси натижалари эълон қилинган вақтдан эътиборан 3 иш куни мобайнида қайтариб берилади.


28. Олди-сотди шартномасида қуйидагилар кўрсатилади:

сотилган товарнинг номи;

сотилган товарнинг баҳоси ва миқдори;

сотувчи, харидор тўғрисидаги маълумотлар, товарни етказиб бериш шартлари, тўлов шакли ва муддатлари;

томонлар масъулияти юзага келиш шартлари ва доираси;

шартноманинг Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа шартлари.


29. Ким ошди савдоси натижалари бўйича тузилган олди-сотди шартномаси:

юқори ликвидли маҳсулотни олдиндан тўлов асосида маҳсулот етказиб бериш муддатини кейинга суриш, шунингдек контрактнинг тузилганлиги факти бўйича етказиб бериш шартларида сотиш;

олдиндан тўлов харидорнинг талаби билан тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва "Ўзбекинвест" экспорт-импорт миллий суғурта компанияси томонидан бериладиган банкнинг муқобил кафолатномаси ёки суғурта полиси остида амалга оширилади;

ким ошди савдоси шартларидан фарқ қилувчи маҳсулот етказиб беришга доир қўшимча шартларни назарда тутиши мумкин.


30. Харидор шартномага мувофиқ тўловларни у имзоланган вақтдан эътиборан икки ҳафтадан кечиктирмай амалга ошириши шарт.


31. Агар харидор белгиланган муддатда ҳисоб-китоб қилмаса, Агент ким ошди савдоси натижаларини бекор қилиш ҳуқуқига эга. Ушбу ҳолларда:

закалат қайтарилмайди;

ким ощди савдоси ғолиби Агент томонидан ўтказиладиган бошқа ким ошди савдоларида иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади.


32. Ким ошди савдосида сотилмай қолган лотлар кейинги ким ошди савдоларига (шу жумладан охирги ким ошди савдосида эълон қилинганидан бошқа баҳолар бўйича) қўйилиши мумкин.


33. Ким ошди савдоси жараёнида пайдо бўлган даъволар ким ошди савдоси ёпилгунга қадар Агент томонидан кўриб чиқилади. Агентнинг қарорлари устидан ваколатли органларга ёки суд тартибида шикоят қилиниши мумкин.


34. Ким ошди савдоси натижаларига оид тўлиқ маълумотлар киритилган ҳисобот ким ошди савдоси ўтказилгандан кейин икки ҳафта муддатда Ким ошди савдоларини ташкил этиш кенгашига киритилади.



VII. ЮҚОРИ ЛИКВИДЛИ ТОВАРЛАР КИМ

ОШДИ САВДОЛАРИДА СОТИЛГАНЛИГИ

УЧУН ҲИСОБ-КИТОБ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


35. Ким ошди савдоси натижалари тўғрисидаги протоколга мувофиқ ким ошди савдоси ғолиби юқори ликвидли товар эгаси билан кафолатланган миқдорларда харид қилинаётган товар учун тўланадиган маблағларнинг Агентнинг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Операциялар бошқармасида очилган махсус транзит валюта ҳисоб рақамига тушишини назарда тутувчи олди-сотди шартномасини тўлов муддатини кейинга суриш шарти билан тузади.


36. Агент юқори ликвидли маҳсулотни сотиш ва ким ошди савдосини ташкил этишдан олинган валюта тушумининг ҳаммасини Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига биржадан ташқари бозорнинг эркин курси бўйича, уни Бирлашган барқарорлаштириш жамғармасига мақсадли йўналтирган ҳолда сотади.


37. Агентга Ўзбекистон Республикаси Марказий банкидан миллий валюта - "сўм"да тушган тушум тузилган олди-сотди шартномасига мувофиқ ҳолда юқори ликвидли товар эгасининг ҳисобига (Ким ошди савдоларини ташкил этиш кенгаши томонидан белгиланган Агентнинг воситачилик ҳақи чегирилган ҳолда) ўтказилади.

Юқори ликвидли товар ким ошди савдосида марказлаштирилган экспортнинг белгиланган миқдорлари ҳисобига сотилган ҳолларда, Агентга Ўзбекистон Республикаси Марказий банкидан миллий валюта - "сўм"да тушган тушум тузилган олди-сотди шартномасига мувофиқ ҳолда юқори ликвидли товарни етказиб берувчининг ҳисобига (Ким ошди савдоларини ташкил этиш кенгаши томонидан белгиланган Агентнинг воситачилик ҳақи чегирилган ҳолда) ўтказилади, товарнинг маҳсулот етказиб берувчидан харид қилинган баҳоси билан ким ошди савдосидаги сотув баҳоси ўртасидаги фарқ эса - давлат бюджетига ўтказилади.



VIII. КИМ ОШДИ САВДОСИДА БИТИШУВЛАРНИ

АМАЛГА ОШИРИШ ЧОҒИДА ТОМОНЛАРНИНГ

ЖАВОБГАРЛИГИ


38. Юқори ликвидли товарни олди-сотди шартномасида назарда тутилган миқдорда, номенклатурада, сифат ва муддатларда етказиб бериш бўйича жавобгарлик товар етказиб берувчининг зиммасига юкланади.


39. Агент ва ким ощди савдоси иштирокчиларининг жавобгарлиги Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда белгиланади.


40. Агар тўловдан кейин ким ошди савдосини ўтказиш рад этилган бўлса, Агент ўзи таклиф этган иштирокчилар томонидан тўланган тўловларни 3 кун мобайнида уларга қайтариб беради.