язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Оммавий ахборот воситалари/ Телерадиоузатиш/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 17.12.2014 й. ПҚ-2273-сон "Mahalla" маърифий телерадиоканалини ташкил этиш ва рақамли телекўрсатувларни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

17.12.2014 й.

N ПҚ-2273



"MAHALLA" МАЪРИФИЙ

ТЕЛЕРАДИОКАНАЛИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

ВА РАҚАМЛИ ТЕЛЕКЎРСАТУВЛАРНИ ЯНАДА

КЕНГАЙТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Республика аҳолисини, айниқса ёшларни демократик давлат ва фуқаролик жамиятини шакллантиришда, ижтимоий масалаларни ҳал этишда маҳалла институтининг роли ва аҳамияти тўғрисида кенг хабардор қилиш, шунингдек энг аввало ўсиб келаётган авлодни маънавий-ахлоқий тарбиялаш, оила қадриятларини мустаҳкамлаш, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, кексаларга ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига манзилли ёрдам кўрсатиш, бандликни таъминлаш, одамларнинг ижтимоий-маиший яшаш шароитларини яхшилаш ва ҳудудларни ободонлаштириш соҳасида маҳалла фаолияти тажрибасини ҳар тарафлама ёритиш мақсадида:


1. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Молия вазирлиги, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди ва Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг кенг жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланган қуйидаги:

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси таркибида давлат унитар корхонаси шаклидаги янги кечаю-кундуз ишлайдиган рақамли республика "Mahalla" маърифий телерадиоканалини ташкил этиш;

"Машъал" радиоканалини "Sport" телерадиоканали" давлат унитар корхонаси (ДУК)дан янги ташкил этилаётган "Mahalla" телерадиоканали таркибига мавжуд штат бирлиги ва белгиланган харажатлар сметаси билан бирга ўтказиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.


2. Қуйидагилар "Mahalla" телерадиоканали" ДУК фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб белгилансин:

ўзбек халқининг кўп асрлик тарихи давомида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи сифатида шаклланган ноёб миллий тузилма - маҳалла институтининг жамият ва давлатни барқарор ривожлантиришдаги, аҳоли учун ҳаётий муҳим ижтимоий масалаларни ечиш, кучли давлатдан кучли фуқаролик жамиятига ўтишдан иборат мақсадли вазифага эришишдаги роли ва аҳамияти тўғрисида мамлакатимиз аҳолисини кенг хабардор қилиш, шунингдек маҳалланинг ҳар томонлама ривожланишини ва самарали фаолият юритишини таъминлайдиган ташкилий-ҳуқуқий механизмларни яратиш тажрибасини ёритиш;

жамиятда юксак маънавий-ахлоқий қадриятларни қарор топтиришда, миллий урф-одатлар ва анъаналарни авайлаб-асраш ва ҳурмат қилиш, мамлакатда тинчлик ва барқарорликни, миллатлараро ва динлараро тотувликни сақлаш ва мустаҳкамлашда, жойларда жамоат хавфсизлиги ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлашда маҳалла институтининг роли ва аҳамиятини намоён этадиган дастурлар яратиш;

оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, оилаларда соғлом маънавий-ахлоқий шароитни, ўзаро ҳурмат ва тотувлик муҳитини шакллантириш, кексаларга бўлган ғамхўрлик ва эътиборни кучайтириш, ўсиб келаётган авлодни, айниқса қизларни тарбиялашга кўмаклашиш, эрта никоҳларнинг олдини олиш, йигит ва қизларни соғлом ва мустаҳкам оила қуриш учун маънавий-руҳий жиҳатдан тайёрлаш, тўй ҳамда бошқа тантана ва маросимларни ортиқча дабдабаларсиз ўтказишни, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига манзилли моддий ва маънавий ёрдам кўрсатишни ташкил қилиш юзасидан намунали маҳаллалар фаолиятининг илғор тажрибаларини оммалаштириш бўйича телерадиодастурлар тайёрлаш;

аҳоли бандлиги, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, ҳунармандчилик, касаначиликни ва оилавий бизнесни ривожлантириш, маҳалла ижтимоий инфратузилмасининг даражаси ва сифатини ошириш, болалар ва спорт майдончаларини жиҳозлаш, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларини ечишда маҳалла фаолиятини кенг ёритиш;

маҳаллаларнинг пенсия, ижтимоий ва тиббий таъминот, халқ таълими, маданият ва спорт органлари, жамоат тузилмалари билан кексалар ва ногиронларга доимий эътиборда бўлиш, ёшларни маънавий-ахлоқий тарбиялаш, диний маърифат, касб-ҳунар коллежлари ва лицей битирувчиларини иш билан таъминлаш масалаларида ижтимоий ҳамкорлик қилишни кенгайтириш, шунингдек ушбу масалаларда қонунчиликка риоя қилиниши ва давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тизимида маҳалла функцияларини кучайтириш бўйича телерадиодастурлар ташкил этиш.


3. Қуйидагилар:

"Mahalla" телерадиоканали" ДУК ходимларининг чекланган штат сони 154 нафар, шу жумладан, бошқарув ходимлари сони 10 нафар, улардан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси таркибидаги корхона ва ташкилотлар ходимлари сонини мақбуллаштириш ҳисобидан шакллантириладиган ходимлар сони 91 нафар бўлган ташкилий тузилмаси 1-иловага* мувофиқ;

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси тизими ходимларининг умумий штат сони 4 648 нафар, улардан бошқарув ходимлари сони 204 нафар бўлган янгиланган ташкилий тузилмаси 2-иловага* мувофиқ;

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси марказий аппаратининг ходимлари чекланган штат сони 230 нафар, улардан бошқарув ходимлари сони 58 нафар бўлган тузилмаси 3-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.

"Mahalla" телерадиоканали" ДУК ходимларига Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг фаолият кўрсатаётган телерадиоканаллари ходимлари учун назарда тутилган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари татбиқ этилсин.

4. Белгилаб қўйилсинки, 2014 йилнинг охиригача "Mahalla" телерадиоканали" ДУКни молиялаштириш Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси таркибидаги корхона ва ташкилотлар ходимларининг штат сонини мақбуллаштириш натижасида бўшайдиган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, 2015 йилдан бошлаб, Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети параметрларида ушбу қарорда белгиланган тадбирларни молиялаштириш учун зарур маблағларни назарда тутсин.


5. Янги ташкил этилаётган "Mahalla" телерадиоканали" ДУК Тошкент шаҳри, Навоий кўчаси, 69-уй манзилидаги Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси биноларига жойлаштирилсин.


6. 2015 йилнинг 1 январидан бошлаб, рақамли форматда телевизион кўрсатувларнинг ўртача суткалик ҳажмлари 4-иловага* мувофиқ белгилансин, бунда 2015 - 2020 йилларда "Navo" телеканалини босқичма-босқич ўз харажатларини ўзи тўлиқ қоплашга ўтказилиши ҳамда "Madaniyat va marifat", "Dunyo boylab", "Kinoteatr" телеканаллари ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг ҳудудий бўлинмалари харажатларини молиялаштиришда бюджетдан ташқари даромадлар улушининг кўпайтирилиши назарда тутилсин.


7. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёв зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                        И. Каримов



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2014 йил 22 декабрь, 51-сон, 603-модда