язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Оммавий ахборот воситалари/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 07.05.1996 й. ПФ-1462-сон "Ўзбекистоннинг ижтимоий тараққиётида телевидение ва радионинг ролини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

07.05.1996 й.

N ПФ-1462



ЎЗБЕКИСТОННИНГ ИЖТИМОИЙ

ТАРАҚҚИЁТИДА ТЕЛЕВИДЕНИЕ ВА

РАДИОНИНГ РОЛИНИ ОШИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Демократиянинг, конституциявий тараққиётни таъминлашнинг қонунчиликка риоя этишнинг, инсон ҳуқуқлари ва қадр-қимматини ҳимоя қилишнинг ғоят муҳим муассасаси сифатида телерадиоэшиттиришни янада ривожлантириш, шунингдек унинг республикадаги туб иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ислоҳотларни амалга оширишга таъсирини кучайтириш мақсадида:


1. Ўзбекистон Давлат телерадиоэшиттириш компанияси жойларда худудий бўлинмаларига эга бўлган Ўзбекистон Телерадиокомпанияси (Ўзтелерадио)га ўзгартирилсин.


2. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Телерадиокомпанияси:

Давлат телерадиоэшиттириш компаниясининг ҳуқуқий вориси, Ўзбекистонда телерадиоэшиттириш соҳасидаги мувофиқлаштирувчи орган ҳисобланади ва ўз фаолияти тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот бериб боради;

жамоатчиликнинг оммавий ахборотга бўлган эҳтиёжларини қондириш мақсадида маҳсулот ишлаб чиқариш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш учун ташкил этилган юридик шахс ҳуқуқларига эга бўлган хўжалик юритувчи мустақил субъект ҳисобланади;

оммавий ахборот воситаларининг муассиси, таҳририяти, тарқатувчиси ва ношири ҳуқуқларига эга;

республика бюджетидан, шунингдек тижорат ва хўжалик фаолиятидан олинадиган маблағлар ҳисобидан маблағ билан таъминланади.


3. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Телерадиокомпаниясининг ҳудудий (минтақавий) бўлинмалари:

Ўзбекистон Телерадиокомпанияси ва тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан таъсис этиладилар:

юридик шахс ҳуқуқлари билан Ўзбекистон Телерадиокомпанияси таркибига кирадилар ва ўз фаолиятини ҳудудий телерадиокомпания тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширадилар;

махаллий ва республика бюджетларидан, шунингдек тижорат фаолиятидан тушадиган маблағлар ҳисобидам маблағ билан таъминланадилар.


4. Қуйидагилар Телерадиокомпаниянинг асосий вазифалари ва фаолиятининг йўналишлари этиб белгилансин:

ахборотларнинг мафкурадан мутлақо холи бўлишини назарда тутган ҳолда, аҳоли ҳамда жамиятнинг холисона, ҳаққоний ва хилма-хил ахборотларга бўлган эҳтиёжларини ўрганиш ва қониқтириш;

мамлакат аҳолисини, шунингдек чет эл жамоатчилигини Ўзбекистоннинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий-маданий ҳаётида содир бўлаётган ўзгаришлар тўғрисида кенг хабардор қилиш;

мустақил давлатни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга жамоатчилик таъсирининг ортиб боришини таъминлаш, турли ижтимоий табақалар, сиёсий партиялар ва ҳаракатларни замонавий маданиятли жамият барпо этишнинг долзарб муаммоларини ошкора ва амалий муҳокама қилишга фаол жалб этиш;

мамлакатда конституциявий нормалар ва қонунчиликни чуқур тушунтириш, уларни рўёбга чиқаришга ва ҳуқуқий жамиятни барпо этишга ҳар томонлама кўмаклашиш;

жамоатчилик фикрининг хилма-хиллигини акс эттириш, инсоннинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамланган эътиқодлар ва инсон қадр-қиммати, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳурмат қилинишини таъминлаш;

республика ичкарисида ва унинг ташқарисида телерадиоэшиттиришларни юксак даражадаги одоб, аниқлик ва ҳаққоният мезонлари асосида ташкил қилиш ҳамда ахборотларни тарқатиш. Шафқатсизликни тарғиб қиладиган, инсон қадр-қимматини таҳқирлайдиган ёки одамларни уларнинг дини, миллий ва маданий белгиларига қараб ҳақоратлаш сифатида талқин этилишн мумкин бўлган материаллардан фойдаланишга йўл қўймаслик;

аҳолини фуқаролик жамияти қурилишига фаол жалб этиш, одамларни умуминсоний демократик қадриятлар ва миллий меросни ҳурмат қилиш, миллатлараро тотувлик ва дўстлик руҳида тарбиялаш, ёш авлодда юксак маънавий фазилатларни, Ватанга меҳр-муҳаббат ва садоқатни шакллантириш;

эркин бунёдкорлик меҳнати ва тадбиркорлик тажрибасини фаол тарғиб этиш, ижтимоий соҳага йўналтирилган бозор иқтисодиёти вазифаларини рўёбга чиқариш борасидаги энг мақбул ва муқобил йўлларни излаб топишни рағбатлантириш;

телерадиоэшиттириш соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, замонавий техника билан жиҳозлаш ҳамда кўрсатув ва эшиттиришларнинг илғор технологияларига ўтиш йўли билан дастурларнинг касб маҳорати даражаси ва сифатини ошириш, уларнинг жанр жиҳатдан хилма-хиллигини таъминлаш;

ҳудудий телерадиоэшиттириш бўлинмаларига амалий ёрдам бериш ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириб бориш;

етакчи хорижий телерадиокомпаниялар билан ижодий ҳамкорлик қилиш, Ўзбекистонда уларнинг филиаллари ҳамда ваколатхоналари очилишига фаол кўмаклашиш.


5. Ўзбекистон Телерадиокомпанияси:

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда, бюджетдан маблағ билан таъминлаш миқдорлари аста-секин камайтириб борилишини ҳисобга олган ҳолда, компаниянинг 2000 йилдан бошлаб ўзини ўзи пул билан таъминлашга босқичма-босқич ўтишига оид таклифларни бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва тақдим этсин;

Молия вазирлиги ва Меҳнат вазирлиги билан биргаликда телерадиокомпания ходимлари меҳнатини меъёрлаш ва унга ҳақ тўлашнинг илғор шаклларига, яъни ходимлар меҳнатига тўланадиган ҳақ миқдори телекўрсатув ҳамда радиоэшиттиришларнинг амалдаги ҳажмига, сифатига, жанрларига ва рейтингига боғлиқ қилиб қўйилишини кўзда тутувчи шаклларига ўтиш тўғрисидаги низомни икки ой муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.


6. Ўзбекистон Телерадиокомпанияси, унинг корхоналари ва ташкилотлари хўжалик, реклама ҳамда бошқа фаолиятдан тушган фойдадан олинадиган солиқдан 2000 йилгача озод қилинсин ва бўшайдиган маблағлар компаниянинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга йўналтирилсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Алоқа вазирлиги Ўзбекистон телерадиокомпанияси, "Ўзистиқболстат" давлат қўмитаси ва Молия вазирлиги билан биргаликда, етакчи хорижий телерадио ҳамда бошқа компаниялар орқали жалб этиладиган замонавий алоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда, телевизион кўрсатувлар ва радиоэшиттиришларни мамлакатнинг барча минтақаларига тарқатиш бўйича умумдавлат дастурини икки ой муддатда ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси телевидение ва радиоэшиттириш Давлат қўмитасини Ўзбекистон Давлат телерадиоэшиттириш компаниясига айлантириш тўғрисида" 1992 йил 7 январдаги Фармони ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 10 кун муддатда ушбу Фармонни амалга ошириш юзасидан қарор қабул қилсин.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                            И. Каримов