язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Ахборот, ахборотлаштириш ва алоқа соҳасидаги бошқарув ва назорат/ Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлиги тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 22.11.2000 й. 458-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2000 йил 22 ноябрдаги

458-сон Қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар

агентлиги тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1.Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) почта алоқаси ва телекоммуникациялар соҳасида давлат бошқаруви ва тартибга солиб боришнинг махсус ваколатли органи ҳисобланади.


2.Агентлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси бошқа қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга амал қилади.


3.Агентлик Халқаро электр алоқаси иттифоқида, Жаҳон почта иттифоқида ҳамда почта ва телекоммуникациялар соҳасидаги бошқа халқаро ташкилотларда Ўзбекистон Республикаси номидан вакиллик қилувчи ваколатли орган ҳисобланади.


4.Агентлик юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвирланган, ўз номи Ўзбекистон Республикаси давлат тилида ёзилган муҳрга, ҳисоб-китоб ва валюта ҳисоб рақамларига эга бўлади.



II. АГЕНТЛИКНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


5.Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг, корхоналар, ташкилотлар, муассасалар ва аҳолининг турли хизматларга бўлган эҳтиёжларини қондирувчи почта ва телекоммуникацияларни такомиллаштириш ва янада ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш бўйича давлат сиёсатини амалга ошириш;

почта ва телекоммуникациялар соҳасидаги фаолиятни ўз ваколатлари доирасида тартибга солиш ва бошқаришни такомиллаштириш, почта ва телекоммуникациялар соҳасида маркетинг тадқиқотларини ва мониторингни ташкил этиш;

телекоммуникация тизимлари ва технологияларини ривожлантириш ва такомиллаштиришга хорижий инвестицияларни жалб этиш учун шароитлар яратиш;

телекоммуникация ва почта технологияларини яратиш, жорий этиш ҳамда улардан фойдаланиш бўйича ягона шартлар ва талабларни тасдиқлаш;

истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, почта ва телекоммуникациялар тармоғининг ахборот хавфсизлигини, давлат ҳокимияти ва бошқаруви, Ўзбекистон Республикаси мудофааси ва миллий хавфсизлиги манфаатлари учун ҳамда фавқулодда вазиятлар шароитларида улардан устуворлик билан фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирларини амалга ошириш.

почта алоқаси ва телекоммуникациялар соҳасида ислоҳотларни чуқурлаштириш, ушбу соҳада рақобат муҳитини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш.



III. АГЕНТЛИКНИНГ АСОСИЙ ФУНКЦИЯЛАРИ


6.Агентлик ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:

почта ва телекоммуникацияларни ривожлантириш миллий дастурлари ва концепцияларини ишлаб чиқади ва уларни амалга оширишни ташкил қилади;

иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришнинг узоқ ва қисқа муддатли прогнозларини ишлаб чиқишда қатнашади;

почта ва телекоммуникациялар тизимлари соҳасидаги фаолият масалаларига оид қонунчилик ва норматив ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади;

почта ва телекоммуникациялар соҳасидаги стандартлар, нормалар, техник шартлар ва талабларни ҳамда илғор технологияларни яратиш, жорий этиш ва улардан фойдаланишга доир қоидаларни ишлаб чиқади, юридик ва жисмоний шахсларнинг почта ва телекоммуникациялар соҳасидаги ўзаро муносабатларини улар фаолияти учун тенг шароитлар яратиш йўли билан белгилайди;

почта тўловлари давлат белгилари намуналарини тасдиқлайди ва бу белгиларни нашр этиш, жорий қилиш ва муомаладан чиқариш тартибини белгилайди;

почта индексларини, ёзма хат-хабарларни олиш частотаси нормативларини, шунингдек почта жўнатмалари ўтишининг операторлар ва провайдерлар учун мажбурий бўлган назорат муддатларини тасдиқлайди;

телекоммуникациялар тармоқларини улаш, операторлар томонидан ўзаро хизматлар кўрсатиш ва улар ўртасида ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби ва шартларини тасдиқлайди;

телекоммуникациялар тизимларини, технологиялар ва хизматларни, тармоқ стандартлари ва техник шартларини ривожлантириш ва такомиллаштириш бўйича муаммоли тадқиқотлар, маркетинг ва мониторинг ишларини ташкил қилади;

радиочастота функциясини амалга оширади, радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмалардан фойдаланишни назорат қилиш, шунингдек радионуқсонларни, шу жумладан индустриал нуқсонларни йўқотиш ишларини ташкил қилади;

хўжалик юритувчи субъектларнинг почта ва телекоммуникация тармоқларини ташкил қилиш ва ишлатиш фаолияти устидан давлат назоратини йўлга қўйиш ва амалга ошириш қоидалари ва тартибини белгиланган тартибда ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

почта ва телекоммуникацияларнинг техник воситалари ва хизматларини сертификациялаш ишларини ташкил қилади;

телекоммуникациялар соҳасидаги айрим фаолият турларини лицензиялашни амалга оширади;

телекоммуникациялар тармоқларини рақамлаш режасини ва тизимини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди, рақамлаш ресурсларини ҳисобга олиш, туркумлаш ва улардан фойдаланишни назорат қилишни амалга оширади;

почта ва телекоммуникациялар тармоқлари ва воситалари фаолият кўрсатишининг ахборот хавфсизлигини таъминлашга оид талабларни белгилайди ҳамда операторлар ва провайдерларнинг ушбу масала бўйича фаолиятини мувофиқлаштириб боради;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда, идоравий мансублигидан қатъи назар, хўжалик юритувчи субъектларнинг техникавий кучларидан фойдаланган ҳолда мудофаа қобилияти ва миллий хавфсизликни таъминлаш, табиий офатлар оқибатларини тугатиш комплекс чора-тадбирларини ишлаб чиқади ва уларнинг бажарилишини ташкил қилади;

почта ва телекоммуникациялар соҳасидаги универсал хизматлар рўйхатини ҳамда уларнинг сифатига қўйиладиган талабларни қонунчиликда белгиланган тартибда белгилайди;

фойдаланувчилар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда почта ва телекоммуникациялар хизматларининг айрим, шу жумладан универсал турларига, шунингдек телекоммуникацияларни тармоқлараро улашга тарифларни қонунчиликда белгиланган тартибда бошқариб боради;

почта ва телекоммуникациялар хизматлари бозорини шакллантириш ва ривожлантиришга кўмаклашади;

фойдаланувчилар ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилади, операторлар, провайдерлар ва фойдаланувчилар ўртасидаги ўзаро муносабатлар масалаларини кўриб чиқади;

операторлар ва провайдерлар фаолияти учун тенг шароитлар яратишга кўмаклашади;

Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда почта ва телекоммуникациялар соҳасида рақобатни ривожлантиришга кўмаклашади, ноҳалол рақобатчилик ҳолларини бартараф этиш ва монополистик фаолиятни чеклаш бўйича қонунчиликда белгиланган чора-тадбирларни кўради;

давлат бошқаруви органлари, операторлар ва провайдерларнинг почта ва телекоммуникациялар тармоқлари ва хизматларини ривожлантириш масалалари бўйича фаолиятини мувофиқлаштириб боради;

технологиялар, телекоммуникациялар ва почта алоқаси соҳасидаги халқаро фаолиятда Ўзбекистон Республикасининг ваколатли алоқа маъмурияти сифатида иш кўради. Халқаро электр алоқаси иттифоқи, Жаҳон почта иттифоқи ҳамда почта ва телекоммуникациялар соҳасидаги бошқа халқаро ташкилотларнинг конгрессларида, съездларида, конференцияларида Ўзбекистон Республикаси номидан қатнашади;

почта ва телекоммуникациялар тизимлари соҳасидаги халқаро, ҳукуматлараро битимлар ва шартномалар лойиҳаларини тайёрлайди;

инвестиция сиёсатини ишлаб чиқишда ва амалга оширишда қатнашади, хорижий инвестицияларни почта ва телекоммуникациялар воситалари ва тармоқларини ривожлантиришга, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган хизматларни, илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлашга, мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашга жалб этиш чора-тадбирларини амалга оширади;

молия ташкилотлари, хорижий мамлакатлар ҳукуматларининг почта ва телекоммуникациялар учун ажратиладиган грантларидан фойдаланишнинг устувор йўналишларини белгилайди ва уларни тақсимлайди;

инвестицияларни, шу жумладан хорижий инвестицияларни почта ва телекоммуникацияларни ривожлантиришга жалб этиш бўйича тендерлар, танловлар ва савдоларни ташкил қилишда қатнашади;

ўз тасарруфидаги давлат ташкилотлари, корхоналар ва муассасалар ишига бевосита раҳбарлик қилади, улар фаолиятининг асосий йўналишларини белгилайди, раҳбарларни белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади, уларни рағбатлантириш ёки жазолаш тўғрисида қарор қабул қилади;

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ, почта ва телекоммуникациялар соҳаси тузилмасини такомиллаштириш бўйича таклифларни белгиланган тартибда ишлаб чиқади ва киритади;

Агентлик тизимининг сафарбарлик режасини, давлат моддий маблағлар захирасидаги жамғармалар тузилмаси, таркиби, нормалари ва режасини ишлаб чиқади, ҳарбий қисм куч ва воситалари билан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларини алоқа билан таъминлаш учун авария  тиклаш ишларини бажаришни, Агентлик тизимининг алоҳида муҳим объектларини қўриқлашни ташкил қилади;

бюджетдан маблағ билан таъминланадиган ўқув юртлари, махсус корхоналар, ҳарбий бўлинмалар эҳтиёжини умумлаштиради ва уларни бюджетдан маблағ билан таъминлашни ташкил қилади;

почта ва телекоммуникациялар соҳасида статистик ҳисоботни такомиллаштириш ишларини ташкил қилади, йиғма статистик ҳисоботни амалга оширади, асосий техник-иқтисодий кўрсаткичларни таҳлил қилади;

почта ва телекоммуникациялар соҳасидаги ўқув юртларининг юқори иқтидорли талабалари учун Агентлик стипендияларини белгилайди.

Агентлик қонунчиликда назарда тутилган бошқа функцияларни ҳам бажаради.



IV. АГЕНТЛИКНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ


7.Агентлик қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўз ваколати доирасида Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ почта алоқаси ва телекоммуникациялар хизматлари кўрсатувчи ёки улардан фойдаланувчи, шунингдек, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, почта ва телекоммуникациялар тизимлари ҳамда иншоотларини лойиҳалаш ва қуришни амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахслар учун мажбурий бўлган норматив ҳужжатлар чиқариш;

телекоммуникациялар соҳасидаги фаолият турларига лицензиялар бериш, берилган лицензиялар шартларининг бажарилишини тасарруфидаги органлар орқали назорат қилиш;

Ўзбекистон Республикасида алоқанинг техник воситаларини қўллашга белгиланган тартибда сертификатлар ва радиоэлектрон воситалардан ва юқори частотали қурилмалардан фойдаланишга рухсатномалар бериш;

Агентлик ваколатига кирувчи масалаларни давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида ҳал қилиш, тегишли таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига белгиланган тартибда киритиш;

фавқулодда ҳолатларда (ҳарбий ҳаракатлар, зилзила, сув тошқини, эпидемиялар ва шу кабиларда) почта ва телекоммуникацияларнинг исталган тармоқлари ва воситаларидан устувор равишда фойдаланиш, шунингдек уларнинг ишлашини чеклаш ёки тўхтатиб қўйиш;

радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмалар белгиланган стандартларга ва техник нормаларга мувофиқ бўлмаганда, фуқаролар хавфсизлигини, атроф муҳитни муҳофаза қилишни таъминламаганда, шунингдек бошқа алоҳида ҳолатларда уларни ишлатишни белгиланган тартибда тақиқлаш;

ўз ваколати доирасида зиммасига юкланган вазифалардан келиб чиқувчи бошқа ҳуқуқлар.

Агентлик почта тўлови давлат белгиларини муомалага киритиш ва муомаладан чиқариш борасида мутлақ ҳуқуққа эгадир.



V. АГЕНТЛИКНИНГ ТАШКИЛИЙ ТУЗИЛМАСИ


8.Агентлик тизимига қуйидагилар киради:

Почта ва телекоммуникациялар тармоқлари ва воситаларини ривожлантириш, техника билан қайта жиҳозлаш ва реконструкция қилиш соҳасидаги устувор ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган лойиҳаларни ҳамда илмий-тадқиқот ишларини маблағ билан таъминлаш учун телекоммуникациялар тизимлари корхоналари маблағларининг бир қисмини, шунингдек бошқа молиявий маблағларни жамлаш бўйича  Почта ва телекоммуникацияларни ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси;

Почта ва телекоммуникациялар тизимларининг муаммоли тадқиқотлар, маркетинг ва мониторинг, техник воситаларни сертификациялаш бўйича  Ахборот тизимларининг илмий-техника ва маркетинг тадқиқотлари маркази;

Ўзбекистон Республикасида почта ва телекоммуникациялар хўжалик юритувчи субъектлари фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш бўйича  Давлат алоқа инспекцияси;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида частоталарни давлат томонидан тартибга солиш ва бошқариш бўйича  Ўзбекистон Республикаси радиочастоталар бўйича давлат комиссияси;

Почта ва телекоммуникациялар соҳасидаги хўжалик юритувчи субъектлар учун мутахассислар тайёрлаш бўйича  Тошкент алоқа электротехника институти, Тошкент алоқа коллежи;

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви юқори органлари хат-хабарларини ва дипломатик хат-хабарларни қабул қилиш, етказиб бериш бўйича  Давлат чопарлик хизмати;

Республика муассасалари, ташкилотлари ва корхоналарининг махсус хат-хабарларини ва жўнатмаларини қабул қилиш, етказиб бериш бўйича  Республика махсус алоқа узели;

телекоммуникациялар тармоқларининг самарали фаолият кўрсатишини мувофиқлаштириш, телекоммуникациялар ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва уларни ривожлантириш, телекоммуникациялар хизматларига бўлган эҳтиёжларни энг тўлиқ қондириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, Ўзбекистон Республикаси мудофааси ва миллий хавфсизлиги манфаатларини кўзлаб тармоқлардан устувор фойдаланиш учун турли операторлар тармоқларини мувофиқлаштирган ҳолда бошқариш тизимини яратиш бўйича  Шаҳарлараро ва халқаро тармоқларни бошқариш маркази;

давлат ва жамоатчилик органлари, фуқаролар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ахборотларга бўлган эҳтиёжларини қондириш учун Маълумотларни узатиш миллий тармоғи фаолият кўрсатишини ва уни ривожлантиришни таъминлаш, техника воситаларини жорий этиш, республика ягона ахборот маконининг коммуникация асосларини такомиллаштириш ва унинг жаҳон ахборот маконига қўшилиши имкониятларини кенгайтириш бўйича  "UzPAK" маълумотларни узатиш давлат тармоғи корхонаси;

телерадиодастурларни Ўзбекистон Республикаси бутун ҳудуди бўйлаб тарқатиш ва трансляция қилиш бўйича  Радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение корхонаси;

ташкилотлар, муассасалар, компаниялар, маҳаллий, шаҳарлараро ва халқаро почта ва телекоммуникациялар тармоқларининг, умумий фойдаланишдаги электр ва почта алоқаси хизмати кўрсатадиган радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение тармоқларининг корхоналари, ҳарбий бўлинма.



VI. АГЕНТЛИК ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


9.Агентлик Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади.


10.Агентликни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган бош директор бошқаради.


11.Бош директорнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайинланадиган тўрт нафар ўринбосари, шу жумладан бир нафар биринчи ўринбосари бўлади.


12.Бош директор лавозимига кўра Ўзбекистон Республикаси вазирига, биринчи ўринбосар ва ўринбосарлар-тегишли равишда вазирнинг биринчи ўринбосарига ва ўринбосарларига тенглаштирилади.


13.Агентликнинг Бош директори айни вақтда Ўзбекистон Республикаси радиочастоталар бўйича давлат комиссияси раиси ҳисобланади.


14.Бош директор:

Агентликка юкланган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради, ўринбосарлар ўртасида вазифаларни тақсимлайди, ўринбосарларнинг, тасарруфидаги ташкилотлар ва корхоналар раҳбарларининг жавобгарлик даражасини белгилайди;

почта ва телекоммуникациялар хизматларини айирбошлашни ташкил этишда хорижий давлатларнинг бунга вакил қилинган мансабдор шахслари билан битимлар ва шартномаларни Ҳукумат номидан имзолашга белгиланган тартибда вакил қилинган;

Агентлик аппарати иш ҳақи фондини, штатлар жадвалини, аппаратни маблағ билан таъминлаш харажатлари сметасини тасдиқлайди, рағбатлантириш ҳамда иш ҳақи тўлаш миқдори ва тизимини белгилайди;

ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун буйруқлар ва фармойишлар чиқаради;

тасдиқланган номенклатурага мувофиқ Агентлик аппарати ходимларини, тасарруфидаги давлат ташкилотлари, корхоналари, муассасалари раҳбарларини лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади.


15.Агентликда таркибига бош директор (ҳайъат раиси), лавозими бўйича бош директор ўринбосарлари, шунингдек Агентлик тизимининг бошқа раҳбар ходимлари кирувчи 11 кишидан иборат ҳайъат тузилади. Ҳайъатнинг шахсий таркиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Ҳайъат ўз мажлисларида алоқа тармоғини ривожлантириш, фан-техника ютуқларидан кенг кўламда фойдаланиш, идоралараро ва давлатлараро алоқаларни ривожлантириш бўйича асосий масалаларни ҳамда фаолиятнинг бошқа масалаларини кўриб чиқади, қонунчилик ва норматив ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилади.

Ҳайъат қарорлари, қоидага кўра, Агентлик буйруқлари билан ҳаётга татбиқ этилади. Бош директор ва ҳайъат ўртасида келишмовчилик пайдо бўлган тақдирда бош директор пайдо бўлган келишмовчилик тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига маълум қилган ҳолда, ўз қарорини ҳаётга татбиқ этаверади, ҳайъат аъзолари, ўз навбатида, ўз фикр-мулоҳазаларини Вазирлар Маҳкамасига маълум қилишлари мумкин.


16.Агентлик аппаратини маблағ билан таъминлаш Почта ва телекоммуникацияларни ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси, шунингдек қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалар маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


17.Агентликни тугатиш ёки қайта ташкил қилиш Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.