язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм/ Соғлиқни сақлаш/ Тиббиёт муассасалари/ Ўзбекистои Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббиёт-санитария бирлашмаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 19.11.1992 й. 541-сон қарорига 2-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

1992 йил 19 ноябрдаги

541-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистои Республикаси Соғлиқни сақлаш

вазирлиги ҳузуридаги Тиббиёт-санитария

бирлашмаси тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Тиббиёт-санитария бирлашмаси мазкур Низом ва Ўзбекистон Республикасининг мавжуд қонунчилик актлари асосида фаолият кўрсатади.


2. Тиббиёт-санитария бирлашмаси ўзига қарашли муассасалар ва ташкилотлар фаолиятига раҳбарликни амалга оширади ҳамда уларнинг иш сифати учун жавоб беради, тасдиқланган номенклатурага мувофиқ бириктирилган контингентга санаторий-курорт ёрдами кўрсатади. Контингентни белгилаш ва унинг санаторий-курорт таъминоти Ўзбекистон Республикаси Президенти девони Ишлар бошқармаси ва Тиббиёт-санитария бирлашмаси ишлари бўйича республика комиссияси томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тиббиёт-санитария бирлашмасининг санаторий-курорт ва даволаш-профилактика фаолиятига, унинг ходимлари малакасини оширишга услубий раҳбарликни амалга оширади.


3. Бирлашма қарамоғида даволаш-профилактика, санаторий-курорт муассасалари, хўжалик ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар мавжуддир. Тасарруфидаги муассасалар ва ташкилотларнинг мажбуриятлари бўйича Бирлашма моддий жавоб бермайди.


4. Бирлашма бошлиғининг ўринбосарларини танлаш ва жой-жойига қўйиш бирлашма бошлиғининг тақдимномаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти девони Ишлар бошқармаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан амалга оширилади.


5. Тасарруфидаги муассасалар раҳбарларини ишга тайинлаш ва озод қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти девони Ишлар бошқармаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган ҳолда бирлашма бошлиғи томонидан амалга оширилади.


6. Тиббиёт-санитария бирлашмаси юридик шахс ҳисобланади, мустақил балансга, ўз номи кўрсатилган думалоқ муҳрга ва банк муассасаларида ўз счётига эга бўлади.



II. ТИББИЁТ-САНИТАРИЯ БИРЛАШМАСИНИНГ

ВАЗИФАЛАРИ


Қуйидагилар Тиббиёт-санитария бирлашмасининг бош вазифалари ҳисобланади:

бириктирилган контингентга юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш ва санаторий-курорт таъминотини ташкил қилиш,

бириктирилган контингент саломатлигини муҳофаза қилишда профилактик йўналишни ривожлантириш бўйича тадбирларни амалга ошириш;

юқумли ва юқумсиз касалликларнинг ҳамда овқатдан заҳарланишнинг олдини олиш ва уларни камайтириш тадбирларини ўтказиш;

бирлашма томонидан хизмат кўрсатиладиган даволаш-профилактика муассасаларида ва объектларида зарур санитария-эпидемиология шароитларини таъминлаш;

бирлашманинг даволаш-профилактика муассасаларини ва контингентни даволаш воситалари, бактерияли, вирусга қарши препаратлар ва бошқа тиббий буюмлар билан таъминлаш;

фан ва илғор тажриба ютуқларини тиббиёт амалиётига жорий этиш, шунингдек, меҳнатни илмий ташкил этиш, тасарруфидаги муассасаларда тиббиёт ходимлари малакасини оширишни таъминлаш, илғор ходимларнинг билими ва тажрибасидан яхшироқ фойдаланиш учун шароитлар яратиш;

Тиббиёт-санитария бирлашмаси тизимида тегишли бўлимлар мавжуд бўлмаган тақдирда илмий-тадқиқот институтлари ва республика марказлари билан шартнома тузиш асосида контингентнинг Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги бошқа даволаш-профилактика муассасаларида станционар даволанишини таъминлаш.



III. ТИББИЁТ-САНИТАРИЯ БИРЛАШМАСИНИНГ

ФУНКЦИЯЛАРИ


Тиббиёт-санитария бирлашмаси ўзига юклатилган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:

ўзига бўйсунувчи даволаш-профилактика, санаторий-курорт, санитария-профилактика муассасалари ва ташкилотлари фаолиятига умумий раҳбарликни ва назоратни амалга оширади ҳамда ишда уларга ёрдам кўрсатади;

олдини олувчи ва жорий санитария назоратини амалга оширади, шунингдек, бирлашма тизимида ва унинг назорати остидаги объектларда эпидемияга қарши тадбирларни ўтказади;

бириктирилган контингент саломатлигининг аҳволини ўрганади, касалликлар, ногиронлик ва ўлимнинг олдини олиш ва уларни камайтириш тадбирларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;

бириктирилган контингентга даволаш-профилактика, санаторий-курорт хизмати кўрсатиш ва дори-дармонлар билан ёрдам беришни ташкил қилади, юқори малакали тиббий ёрдамни ривожлантириш, такомиллаштириш бўйича тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади, илғор тажриба ҳамда тиббиёт фани ва техникасининг ютуқларини соғлиқни сақлаш амалиётига жорий этишни таъминлайди;

болаларни жисмоний ва гигиеник тарбиялаш ва уларни соғломлаштириш тадбирларини ишлаб чиқади;

бирлашма соғломлаштириш объектларида курорт омилларидан оқилона фойдаланишнинг самаралироқ усулларини жорий этишни таъминлайди;

ўзига қарашли соғлиқни сақлаш муассасалари учун даволаш-профилактика ва санаторий-курорт ёрдамини ташкил этиш ва такомиллаштириш масалалари, шунингдек, санитария ва эпидемияга қарши кураш масалалари бўйича услубий кўрсатмалар ишлаб чиқади;

бирлашмага қарашли соғлиқни сақлаш муассасаларини дори-дармонлар, беморларга қараш буюмлари, тиббиёт анжомлари, транспорт, инвентарь ва фонд материаллари билан таъминлашни амалга оширади, шунингдек, тиббиёт асбоб-ускуналари сотиб олишда кўмаклашади;

ўзига қарашли муассасаларда капитал қурилиш ва асосли тузатиш устидан режалаштиришни, раҳбарлик қилишни ва назоратни, шунингдек, техника хавфсизлигига риоя қилишни назорат қилишни амалга оширади;

Молия вазирлиги олдига ўзига қарашли муассасаларни маблағ билан таъминлаш масалаларини қўяди ҳамда уларнинг молия-хўжалик фаолияти устидан назорат (текшириш, тафтишни амалга оширади;

бухгалтерия ҳисобини юритади, белгиланган шаклда бухгалтерия ва статистика ахборотларини, шунингдек, тизим бўйича йиғма ҳисоботларни тузади ва Ўзбекистон Республикаси Солиқни сақлаш ва Молия вазирликларига тақдим этади;

бирлашма даволаш-профилактика муассасаларини малакали тиббиёт кадрлари билан бутлаш чораларини кўради, кадрлар жой-жойига тўғри қўйилишини таъминлайди, уларни танлаш ва жой-жойига қўйишни назорат қилади, мазкур масала бўйича амалдаги низомларга мувофиқ ўрта тиббиёт ходимларининг ўз мутахассисликлари бўйича малака оширишини, аттестациядан ўтишини ташкил қилади. Врачларни аттестациядан ўтказиш мавжуд низомларга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг аттестация комиссияларида ўтказилади.



IV. ТИББИЁТ-САНИТАРИЯ БИРЛАШМАСИГА

РАҲБАРЛИК ҚИЛИШ


1. Тиббиёт-санитария бирлашмасига раҳбарлик қилиш бирлашма бошлиғи томонидан амалга оширилади.

бирлашма Соғлиқни сақлаш муассасаларида даволаш-профилактика ва санитария-эпидемияга қарши кураш ишларининг қўйилишини, шунингдек, барча бўйсунувчи муассасалар ва ташкилотларда хўжалик фаолиятини назорат қилиш;

бирлашмага бериладиган пул ва моддий бойликларни тақсимлаш;

давлат банки бўлимларида ҳисоб-китоб ва бошқа счётларни очиш ва ёпиш, тўлов топшириқлари, чекларга имзо қўйиш ва счётларни акцептлаш;

тасдиқланган режалар ва сметаларга мувофиқ зарур тиббиёт асбоб-ускуналари, дори-дармонлар олиш ва соғлиқни сақлаш объектлари қурилиши учун шартномалар ва битимлар тузиш, шу жумладан, хорижий фирмалар, қўшма корхоналар билан;

бирлашма бўлимлари ҳамда бўйсунувчи муассасалар ва хўжаликлар тўғрисидаги низомни, уларнинг тузилмаси ва штатларини тасдиқлаш, ходимларнинг лавозим маошларига қўшимча тўловлар белгилаш ҳақида таклиф киритиш;

буйруқлар, йўриқномалар ва услубий кўрсатмалар чиқариш ва уларнинг бажарилишини текшириш;

бирлашма ходимларини ишга қабул қилиш ва ишдан бўшатиш;

бирлашмага қарашли муассасаларда меҳнат интизомини, қонунийликни, маънавий-руҳий иқлимни мустаҳкамлаш бўйича зарур тадбирларни амалга ошириш;

бирлашма эҳтиёжлари учун белгиланган тартибда мулкий ва моддий бойликларни олиш;

бирлашмага қарашли муассасаларда меҳнатни муҳофаза қилиш ва техника хавфсизлиги, ишлаб чиқариш санитарияси ва гигиенасининг ҳолати устидан назоратни амалга ошириш;

бирлашмани бош консультантлари иш режаларини тасдиқлаш, уларнинг ишини назорат қилиш ҳамда тегишли мутахассисликлар бўйича тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш мақсадида профилактика ва даволашнинг ижтимоий масалалари бўйича кўрсатмалар бериш; даволаш ва ташҳис қўйишнинг янги усулларини жорий этганликлари ҳамда самарали фаол ишлари учун бош консультантларни бирлашманинг тегишли жамғармаси ҳисобидан рағбатлантириш ҳукуқига эгадир.


2. Бирлашма ҳузурида бошлиқ (раис), унинг ўринбосари, бирлашма аппарати раҳбар ходимлари, даволаш-профилактика муассасалари раҳбарлари, шунингдек, бу ишга Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан жалб қилинадиган мутахассислардан иборат таркибда доимий ишловчи тиббиёт Кенгаши тузилади.

Тиббиёт Кенгашининг қарорлари Тиббиёт-санитария бирлашмаси бошлиғининг буйруқлари билан турмушга татбиқ этилади.



V. ТИББИЁТ-САНИТАРИЯ БИРЛАШМАСИНИ

МАБЛАҒ БИЛАН ТАЪМИНЛАШ


Тиббиёт-санитария бирлашмаси "Соғлиқни сақлаш" соҳаси бўйича бюджетдан ажратиладиган маблағлар ва Ўзбекистон Республикаси республика бюджетида назарда тутилган қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалардан тушган тушумлар ҳисобига Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан маблағ ва моддий-техника ресурслари билан таъминланади.