язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Электрон тижорат/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 30.01.2007 й. 21-сон "Электрон тижоратни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

30.01.2007 й.

N 21


ЭЛЕКТРОН ТИЖОРАТНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



"Электрон тижорат тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш, шунингдек замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда савдони ривожлантиришни рағбатлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги:

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги билан биргаликда 2007 йил 1 апрелгача бўлган муддатда Электрон давлат харидларини ташкил этиш ва уларни амалга ошириш тартиби тўғрисида Вақтинчалик низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги, Давлат божхона қўмитаси ва Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда 2007 йил 1 июлгача бўлган муддатда электрон шаклдаги контрактга талабларни ва электрон тижоратда қўлланиладиган ҳужжатларнинг бошқа намунавий шаклларини белгиланган тартибда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Марказий банк, Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги билан биргаликда 2007 йил 1 октябргача бўлган муддатда вазирлик тизимига кирадиган ташкилотлар ва корхоналар томонидан арзонбаҳо инвентарлар сотиб олиш учун электрон давлат харидлари тизимини яратиш бўйича келишилган лойиҳани Давлат бюджети ижросининг ғазначилик тизими билан автоматлаштирилган ўзаро ҳамкорлик қилишни ҳисобга олган ҳолда тайёрласин ва амалга оширсин;

2008 йил 1 апрелгача бўлган муддатда келишилган лойиҳа натижаларига кўра тўпланган тажрибани товарлар ва хизматлар бошқа турларининг давлат харидларига нисбатан татбиқ этиш, шунингдек тизимни республиканинг барча давлат муассасалари эҳтиёжлари учун ривожлантириш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


2. Савдо-саноат палатаси Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги билан биргаликда тадбиркорлар ҳамда манфаатдор вазирликлар ва идоралар мутахассислари кенг доирасини жалб этган ҳолда конференциялар, семинарлар, давра суҳбатлари, тренинглар ўтказиш, шунингдек электрон тижоратнинг имкониятлари тўғрисидаги ахборот материалларини ишлаб чиқиш ва уларни электрон тижоратнинг салоҳиятли иштирокчилари ўртасида оммалаштириш чора-тадбирларини амалга оширсин.


3. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда тадбирларни ўтказиш давомида олинган таклифлар ва илғор халқаро тажрибани ўрганиш асосида 2008 йил 1 февралгача бўлган муддатда Вазирлар Маҳкамасига электрон тижоратни янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастурини киритсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Марказий банки, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги, Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги, Савдо-саноат палатаси манфаатдор хўжалик юритувчи субъектлар билан биргаликда уч ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига улгуржи ва чакана электрон савдони амалга оширишда тўловларни қабул қилиш ва тўлаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек уни амалга оширишда замонавий аппаратлар ва техника воситаларини жорий этиш бўйича таклифлар киритсинлар.


5. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси билан биргаликда электрон тижорат соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар кўрсин.


6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Р.С. Азимов ва А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                         Ш. Мирзиёев



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2007 йил, 4-6-сон, 43-модда.