язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Электрон тижорат/ Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида электрон харидларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 11.06.2013 й. 166-сон қарорига 2-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2013 йил 11 июндаги

166-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон республика товар-хом ашё

биржасида электрон харидларни ташкил

этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида (кейинги ўринларда биржа деб аталади) бошланғич нархни пасайтириш юзасидан электрон харидларни аукцион савдолар шаклида ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомнинг амал қилиши жалб этилган хорижий кредитлар ва грантлар ҳисобига амалга ошириладиган товарлар (ишлар, хизматлар)ни харид қилишга татбиқ этилмайди, агар уларни тақдим этиш шартларида харидларни амалга оширишнинг ўзгача тартиби белгиланган бўлса, шунингдек Давлат харидлари бўйича Ҳукумат комиссияси ёки уларда давлат улуши устун бўлган табиий монополиялар субъектлари, корхоналар ва ташкилотларнинг электрон харидлари бўйича Ҳукумат комиссияси қарорларида товарлар (ишлар, хизматлар)ни харид қилишнинг бошқача тартиби белгиланган бўлса.


3. Ушбу Низом мақсадлари учун қуйидаги атамалар ва таърифлардан фойдаланилади:


Ҳукумат комиссияси - Давлат харидлари бўйича Ҳукумат комиссияси ва/ёки Давлат улуши устун бўлган табиий монополиялар субъектлари, корхоналар ва ташкилотларнинг электрон харидлари бўйича Ҳукумат комиссияси;


давлат харидлари - бюджет тизими бюджетларининг маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган товарлар (ишлар, хизматлар) харидлари;

корпоратив харидлар - давлат улуши устун бўлган табиий монополиялар субъектлари, корхоналар ва ташкилотлар электрон харидлари бўйича Ҳукумат комиссияси томонидан аниқланадиган рўйхат бўйича устав фондидаги давлат улуши 50 фоиздан кўп бўлган табиий монополиялар субъектлари, давлат унитар корхоналари ва хўжалик жамиятлари томонидан амалга ошириладиган товарлар (ишлар, хизматлар) харидлари;


агент - биржада аккредитация тартиб-қоидасидан ўтган ҳамда буюртмачилар ва етказиб берувчиларга топшириқ шартномаси асосида уларнинг электрон аукцион савдоларда қатнашишини таъминлашга доир профессионал хизматлар кўрсатадиган юридик шахс;


буюртмачи - электрон аукцион савдоларда товар (ишлар, хизматлар)ни харид қилувчи юридик ёки жисмоний шахс;


етказиб берувчи - таклиф этилган шартларда ўзининг электрон аукцион савдоларда қатнашиш ва савдоларда ғолиб чиққан тақдирда, товар (ишлар, хизматлар)ни етказиб бериш ниятини билдирган хўжалик юритувчи субъект, шу жумладан, хусусий тадбиркор);


фойдаланувчининг индивидуал рақами - биржанинг ҳисоб-китоб-клиринг палатаси томонидан буюртмачилар ва етказиб берувчиларга уларнинг биржанинг ҳисоб-китоб-клиринг палатаси талаб қилиб олгунгача иккиламчи депозит ҳисоб рақамига ўтказиладиган аванс тўловларини ҳисобга олиш учун бериладиган индивидуал тартиб рақами;


ҳисоб-китоб-клиринг палатаси - биржанинг буюртмачилар ва етказиб берувчиларнинг аванс тўловларини депонентга қўйиш ва ҳисобга олиш йўли билан контрактлар бўйича мажбуриятларни бажаришга қодир бўлган буюртмачилар ва етказиб берувчиларни электрон аукцион савдоларга қўйишни таъминлайдиган таркибий бўлинма;


электрон аукцион савдолар предмети (кейинги ўринларда савдолар предмети деб аталади) - товарлар, ишлар ва хизматлар;


Ҳукумат комиссиясининг ишчи органи - Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги - давлат харидларини ташкил этиш бўйича ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси - корпоратив харидларни ташкил этиш бўйича;

махсус ахборот портали - биржанинг буюртмачиларнинг электрон савдолар ўтказиш тўғрисидаги, давлат ва корпоратив буюртмани жойлаштириш натижалари тўғрисидаги ахборотни ҳамда харид жараёни қатнашчилари учун зарур бўлган бошқа ахборот жойлаштирилиши ва кўздан кечирилишини таъминлайдиган махсус сайти;


режа-жадвал - Ҳукумат комиссияси томонидан аниқланадиган рўйхат бўйича буюртмаларни, товарлар (ишлар, хизматлар)ни жойлаштириш ҳажмлари ва муддатларини назарда тутувчи ҳужжат;


савдолар - ушбу Низомга мувофиқ ўтказиладиган бошланғич нархни пасайтириш юзасидан аукцион савдолари шаклидаги, буюртмачилар томонидан белгиланган мезонлар ва шартлардан келиб чиққан ҳолда, товарларга (ишларга, хизматларга) энг кам нархни таклиф этган товарлар (ишлар, хизматлар)нинг мақбул етказиб берувчисини танлаш усулидан иборат бўлган электрон харидлар;


электрон тизим - барча манфаатдор шахслар қатнашиши мумкин бўлган савдолар ўтказилишини таъминлайдиган дастурий-техник комплексдан фойдаланиш воситасида етказиб берувчилар ўртасида товарлар (ишлар, хизматлар)ни харид қилишга буюртмаларни жойлаштириш тизими;


аванс тўлови - биржанинг воситачилик йиғимини, шунингдек томонларнинг Ҳукумат комиссияси белгилайдиган закалатларини ўз ичига оладиган, буюртмачилар ва етказиб берувчилар томонидан киритиладиган молиявий маблағлар суммаси;


контрактни рўйхатдан ўтказиш - томонлар имзолаган контрактни тузилган контрактлар реестрига биржа томонидан киритиш;


биржанинг минтақавий бўлинмаси - биржанинг филиали ёки савдо майдончаси;


тузилган контрактлар реестри - томонлар имзолаган ва биржа штампи билан тасдиқланган контрактлар рўйхати;


бўлиб ўтмаган битимлар реестри - лотлар рўйхати, улар бўйича ушбу Низомга мувофиқ бўлиб ўтмаган деб эътироф этилган савдолар натижалари;


контракт - савдолар натижалари тўғрисида электрон тизим томонидан шакллантирилган, шартнома кучига эга бўлган протокол;


эълон - савдолар муддатлари ва талаблари тўғрисида буюртмачи томонидан махсус ахборот порталида жойлаштирилган маълумотлар;


персонал кабинет - махсус ахборот порталидаги индивидуал саҳифа, унинг воситасида савдоларда қатнашиш учун зарур ахборотдан фойдаланиш таъминланади. Персонал кабинетдан буюртмачи ёки етказиб берувчи (уларнинг агентлари) тегишли индивидуал логинлар ва паролларни қўллаб фойдаланишади;


буюртмачининг буюртманомаси - буюртмачининг электрон тизимда жойлаштириладиган очиқ офертаси;


етказиб берувчининг буюртманомаси - акцепт, электрон тизимда жойлаштириладиган офертанинг етказиб берувчи томонидан тўлиқ ва сўзсиз қабул қилиниши;


Давлат харидлари ва корпоратив харидлар масалалари бўйича баҳслар ва келишмовчиликларни кўриб чиқиш бўйича махсус комиссия (кейинги ўринларда Махсус комиссия деб аталади) - савдоларни ўтказиш ва уларнинг натижаларини расмийлаштириш билан боғлиқ масалаларни судгача кўриб чиқиш учун биржа томонидан тузилган орган;


маҳсулотларнинг юқори ликвидли турлари - Вазирлар Маҳкамасининг "Маҳсулотлар, хом ашё ва материалларнинг юқори ликвидли турларини сотишнинг бозор механизмларини жорий этишни давом эттириш тўғрисида" 2004 йил 5 февралдаги 57-сон қарорида назарда тутилган маҳсулотлар турлари;


маҳсулотларнинг монопол турлари - хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ишлаб чиқариладиган, Товар ёки молия бозорида устунлик мавқеини эгаллаган хўжалик юритувчи субъектларнинг давлат реестрига киритилган товарлар (ишлар, хизматлар);

кафолатлайдиган етказиб берувчи - Кафолатлайдиган етказиб берувчилар реестрига киритилган ва ушбу Низомда белгиланган тартибда буюртмани савдоларда жойлаштириш бўйича контракт тузиш кафолатини таъминлайдиган етказиб берувчи.


4. Ҳукумат комиссияси томонидан белгиланадиган рўйхат бўйича битта контракт бўйича 300 АҚШ долларидан 100 минг АҚШ долларигача тенг бўлган суммада товарлар (ишлар, хизматлар)нинг давлат харидлари ва корпоратив харидлар фақат ушбу Низомга мувофиқ ташкил этиладиган ва ўтказиладиган савдолар орқали амалга оширилади, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.


5. Битта контракт бўйича 300 АҚШ долларигача тенг бўлган суммадаги давлат харидлари ва корпоратив харидлар ҳам буюртмачининг ташаббуси билан ушбу Низомга мувофиқ амалга оширилиши мумкин.

Устав фондидаги давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган, бюджет ташкилотлари, табиий монополиялар субъектлари, давлат унитар корхоналари ва хўжалик жамиятлари ҳисобланмайдиган ташкилотлар ушбу Низомга мувофиқ товарлар (ишлар, хизматлар)ни харид қилиш ҳуқуқига эга.



II. САВДОЛАРНИ ЎТКАЗИШГА ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИШ


6. Савдоларни ўтказишга тайёргарлик кўриш қуйидагиларни ўз ичига олади:

буюртмачилар ва етказиб берувчиларни савдоларнинг қатнашчилари сифатида аккредитациядан ўтказиш;

махсус ахборот порталида харидларнинг йиллик ёки чораклик режа-жадвалларини ва/ёки савдоларни ўтказиш тўғрисидаги эълонни жойлаштириш;

буюртмачилар ва етказиб берувчилар томонидан, уларнинг савдоларда қатнашишини таъминлайдиган аванс тўловларини тўлаш;

буюртмачиларнинг буюртманомалари (лотлари)ни шакллантириш.


7. Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар ҳисобланадиган буюртмачиларни аккредитация қилиш биржа томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилиги ва биржа маълумотлар базаларининг ўзаро электрон алоқаси йўли билан автоматик режимда марказлаштирилган тартибда амалга оширилади.

Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар ҳисобланадиган аккредитация қилинган буюртмачилар савдоларда биринчи марта қатнашаётганда (мустақил ёки агентлар орқали) биржага (кейинчалик биржага бериш учун буюртмачи рўйхатдан ўтказилган жой бўйича биржанинг минтақавий бўлинмаларига) буюртмачининг раҳбари ва бош бухгалтерининг юридик шахс ёки юқори ташкилот муҳри билан тасдиқланган имзолари намуналари қўйилган карточкаларни тақдим этадилар. Микрофирмалар учун бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқариш функциясини амалга оширувчи шахс имзосининг намунасини тақдим этиш талаб қилинмайди.

8. Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар ҳисобланмайдиган буюртмачиларни аккредитация қилиш учун ариза берувчилар биржага (кейинчалик биржага бериш учун буюртмачи рўйхатдан ўтказилган жой бўйича биржанинг минтақавий бўлинмаларига) қуйидагиларни тақдим этадилар:

белгиланган шаклдаги ариза;

давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг ксеронусхаси (жисмоний шахслар учун - паспортларининг ксеронусхалари);

буюртмачи - юридик шахс раҳбари ва бош бухгалтерининг тасдиқланган имзолари намуналари, шахсий имзонинг тасдиқланган намунаси (жисмоний шахслар учун) қўйилган карточка. Микрофирмалар учун бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқариш функциясини амалга оширувчи шахс имзосининг намунасини тақдим этиш талаб қилинмайди.


9. Етказиб берувчи сифатида аккредитациядан ўтказиш учун ариза берувчи юридик шахс муҳри билан биржага (кейинчалик биржага бериш учун етказиб берувчи рўйхатдан ўтказилган жой бўйича биржанинг минтақавий бўлинмаларига) қуйидагиларни тақдим этади:

белгиланган шаклдаги ариза;

давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг ксеронусхаси;

етказиб берувчининг раҳбари ва бош бухгалтерининг юридик шахс ёки юқори ташкилот муҳри билан тасдиқланган имзолари намуналари, шахсий имзонинг тасдиқланган намунаси (хусусий тадбиркорлар учун) қўйилган карточка. Микрофирмалар учун бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқариш функциясини амалга оширувчи шахс имзосининг намунасини тақдим этиш талаб қилинмайди;

раҳбар имзолаган ва ариза берувчи юридик шахс муҳри билан тасдиқланган (кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун) ходимлар сони ва кичик бизнес субъектларига тегишлилиги тўғрисидаги маълумотнома (Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги, Давлат солиқ қўмитаси ва биржанинг маълумотлар базаларининг ўзаро электрон алоқаси таъминлангунгача);

тегишли лицензиянинг ёки рухсатнома тусидаги ҳужжатнинг ксеронусхаси (агар фаолият савдолар предмети ҳисобланадиган товарларни етказиш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ бўлса ва қонун ҳужжатларига мувофиқ лицензиялашни ёки рухсатнома тусидаги ҳужжат олишни талаб қилса).

Тақдим этилган маълумотларнинг ҳаққонийлиги учун етказиб берувчилар жавоб берадилар.

Етказиб берувчиларни аккредитация қилиш натижалари бўйича биржа аккредитация қилинган етказиб берувчилар реестрини шакллантиради, у махсус ахборот порталига жойлаштирилади ва барча фойдаланувчилар учун очиқ ҳисобланади.


10. Электрон тизимда давлат ёки корпоратив буюртма бўйича контракт тузишнинг кафолатлари кафолатловчи етказиб берувчиларни давлат ёки корпоратив харидлар жараёнида қатнашган ҳолда таъминланиши мумкин, улар савдоларда ғолиб чиққан етказиб берувчи контрактни имзолашни рад этган ёки ундан бошқача тарзда бош тортган тақдирда контрактни ушбу Низомда белгиланган тартибда имзолашни таъминлайдилар.


11. Кафолатловчи етказиб берувчилар сифатида аккредитация қилишга:

савдоларга савдолар предметини етказиб беришни аккредитациядан олдинги охирги 12 ой мобайнида амалга оширувчи;

аккредитациядан олдинги 18 ой мобайнида ноҳалол етказиб берувчилар реестрига киритилмаган юридик шахслар ва хусусий тадбиркорлар қўйиладилар.

Кафолатловчи етказиб берувчиларни аккредитация қилиш биржа томонидан амалга оширилади.


12. Кафолатловчи етказиб берувчи сифатида аккредитация қилиниши учун етказиб берувчи биржага улар бўйича у кафолатловчи етказиб берувчи сифатида аккредитация олишни мўлжаллаган товарлар (ишлар, хизматлар)ни кўрсатган ҳолда аккредитация қилиш тўғрисидаги аризани тақдим этади.


13. Буюртмачилар ва етказиб берувчиларни аккредитация қилиш бепул амалга оширилади ва муддатсиз тусга эга бўлади. Ташкилий-ҳуқуқий шакли, номи, манзили, банк реквизитлари ёхуд аккредитациянинг ҳолатига ёки амал қилишининг давом этишига таъсир қиладиган бошқа ўзгаришлар бўлган тақдирда, буюртмачилар ва етказиб берувчилар беш кун муддатда биржага (кейинчалик биржага бериш учун биржанинг буюртмачи рўйхатдан ўтган жойдаги минтақавий бўлинмаларига) тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда ушбу ўзгаришлар тўғрисидаги ёзма маълумотларни беришлари шарт.


14. Аккредитация натижалари бўйича биржа:

буюртмачига ва етказиб берувчига берилган фойдаланувчининг индивидуал тартиб рақамига мувофиқ алоҳида шахсий ҳисоб рақамлари очади. Буюртмачилар ва етказиб берувчиларнинг аванс тўловлари ҳисоб-китоб-клиринг палатасининг талаб қилиб олингунгача иккиламчи депозит ҳисоб рақами доирасида ушбу шахсий ҳисоб рақамларида ҳисобга олинади;

савдолар қатнашчиларига (буюртмачиларга, етказиб берувчиларга ёки уларнинг агентларига) персонал кабинет ташкил этади, унга улар томонидан амалга оширилган битишувлар тўғрисидаги ва бошқа зарур маълумотларни юборади.

Буюртмачи ва етказиб берувчи махсус ахборот порталида рўйхатдан ўтишда улар томонидан уларнинг персонал кабинетларига кириш учун фойдаланиладиган индивидуал логин ва паролни кўрсатадилар.

Буюртмачи ва етказиб берувчи ўз логинлари ва паролларига тааллуқли маълумотларнинг сақланиши ва тарқатилмаслигини таъминлайдилар.


15. Буюртмачилар махсус ахборот порталида келгуси давр (йил, йил чораги) учун буюртмаларни жойлаштириш режа-жадвалларини жойлаштиришлари мумкин.

Режа-жадвалларга буюртмачилар томонидан буюртма жойлаштирилишидан олдин 30 кундан кечикмай қуйидаги ҳолларда тузатишлар киритилиши мумкин:

савдолар предметларини сотиб олишнинг режалаштирилаётган қиймати кўпайганда, бунинг оқибатида режа-жадвалда назарда тутилган контрактнинг бошланғич (максимал) нархига мувофиқ товарлар (ишлар, хизматлар)ни харид қилиш мумкин бўлмаганда;

савдолар предметини сотиб олишнинг режалаштирилаётган муддатлари (даврийлиги), харид қилиш усули ўзгарганда, буюртмачи томонидан харид қилишнинг режа-жадвалида назарда тутилган усули буюртмачи томонидан ёки бошқа сабаблар бўйича бекор қилинганда.


16. Буюртмачи савдоларда қатнашиш учун мустақил равишда ёки агент орқали махсус ахборот порталига эълон жойлаштиради.

Зарурат бўлганда, буюртмачи ёки унинг агенти эълонни (ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш учун савдолар ўтказишда) савдолар предмети бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатлар билан тўлдириши ҳам мумкин.

Махсус ахборот порталида жойлаштирилган эълон, ҳисоб-китоб клиринг палатасининг иккиламчи депозит ҳисоб рақами доирасида буюртмачининг ҳисоб рақамида унинг аванс тўлови мавжуд бўлган тақдирда, автоматик тарзда буюртмачининг буюртманомасига айланади.


17. Савдолар буюртмачининг буюртманомасида баён қилинган талабларни ҳисобга олган ҳолда ўтказилади.

Агар буюртмачининг буюртманомасида алоҳида бошқача талаб кўрсатилмаган бўлса, етказиб берувчи янги товар етказиб бериши шарт.

Бунда буюртмачининг эълони ва буюртманомаси матнига савдолар предметига тааллуқли бўлмаган ва етказиб берувчилар ўртасида рақобатни чекловчи талабларни киритиш тақиқланади.

Имконияти юқори етказиб берувчиларга нисбатан чеклашлар белгилаш зарур бўлганда, буюртмачи эълонга тегишли талабларни фақат Ҳукумат комиссиясининг рухсати билан киритиши мумкин.


18. Буюртмачилар ва етказиб берувчиларнинг ўз агентлари билан ўзаро муносабатлари, шу жумладан, агентни тақдирлаш суммаси ҳамда индивидуал логини ва паролидан фойдаланиш шартлари улар ўртасида тузилган топшириқ шартномаси асосида белгиланади. Бунда товарларнинг давлат харидлари бўйича агентни тақдирлаш суммаси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлиги билан келишган ҳолда биржа томонидан белгиланадиган чекланган миқдордан ортиқ бўлиши мумкин эмас.


19. Савдоларда қатнашиш учун аккредитациядан ўтган буюртмачилар эълон жойлаштиргунга қадар ҳисоб-китоб-клиринг палатасининг иккиламчи депозит ҳисоб рақами доирасида ўз шахсий ҳисоб рақамларига олдиндан аванс тўловларини ўтказишлари шарт. Аванс тўловларисиз буюртмачиларнинг буюртманомалари жойлаштирилмаган ҳисобланади ва активлаштирилмайди.

Буюртмачи томонидан тўланган аванс тўловлари электрон тизим томонидан савдолар ғолиби аниқлангунга қадар блокировка қилинади.


20. Аккредитациядан ўтган етказиб берувчилар савдоларда қатнашиш учун ҳисоб-китоб-клиринг палатасининг иккиламчи депозит ҳисоб рақами доирасида ўз шахсий ҳисоб рақамларига аванс тўловларини ўтказишлари шарт.

Етказиб берувчи томонидан киритилган аванс тўлови бошқа етказиб берувчи томонидан кам нарх кўрсатилган таклиф берилгунга қадар блокировка қилинади.

Савдолар ғолибининг молиявий закалати у контрактни имзолагунга қадар блокировка қилинади.



III. ТОВАРЛАР (ИШЛАР, ХИЗМАТЛАР)НИ ХАРИД

ҚИЛИШГА ОИД БУЮРТМАЛАРНИ ЖОЙЛАШТИРИШ

ТЎҒРИСИДАГИ МАЪЛУМОТЛАРДАН ЕТКАЗИБ

БЕРУВЧИЛАРНИ ХАБАРДОР ҚИЛИШ


21. Махсус ахборот порталида қуйидаги маълумотлар жойлаштирилади:

а) бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар ҳисобланадиган буюртмачилар томонидан:

электрон савдолар ёки тендер (тендер савдолари) воситасида давлат харидларини ўтказиш тўғрисида эълон;

давлат харидларининг ҳар йилги ёки чораклик режа-жадвали;

электрон савдолар ёки тендер (тендер савдолари)ни ўтказиш якунлари бўйича давлат буюртмаларини жойлаштириш натижалари тўғрисида ахборот;

б) бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар ҳисобланмайдиган буюртмачилар томонидан:

электрон савдолар ёки тендер (тендер савдолари) воситасида корпоратив харидларни ўтказиш тўғрисида эълон;

корпоратив харидларнинг ҳар йилги ёки чораклик режа-жадвали;

электрон савдолар ёки тендер (тендер савдолари)ни ўтказиш якунлари бўйича корпоратив буюртмаларни жойлаштириш натижалари тўғрисида ахборот;

в) маҳсулотларнинг юқори ликвидли ва монопол турларини ишлаб чиқарувчи ташкилотлар, шунингдек улгуржи гуруҳлар бўйича уларни қайта сотувчи ташкилотлар томонидан - ушбу маҳсулотнинг биржадан ташқари бозорда сотиладиган ҳажмлари ва нархлари тўғрисидаги ахборот.


22. Давлат харидларини ташкил этиш бўйича савдоларни ўтказиш тўғрисидаги эълон етказиб берувчи - савдоларнинг ғолибини аниқлаш санасидан камида 10 кун олдин жойлаштирилиши керак.

Корпоратив харидларни ташкил этиш бўйича савдоларни ўтказиш тўғрисидаги эълон етказиб берувчи - савдоларнинг ғолибини аниқлаш санасидан камида 15 кун олдин жойлаштирилиши керак.

Рўйхати Ҳукумат комиссияси томонидан аниқланадиган товарлар (ишлар, хизматлар)нинг давлат ёки корпоратив хариди бўйича савдолар ўтказиш тўғрисида илгари жойлаштирилган эълонлар бўйича автоматик шакллантирилган буюртманомаларда буюртмачи томонидан, савдолар тугаши санасидан камида 10 кун олдин савдолар предметининг бошланғич нархи, бозор конъюнктурасидан келиб чиққан ҳолда аниқлаштирилиши мумкин.


23. Давлат буюртмасини ёки корпоратив буюртмани жойлаштириш, биржадан ташқари бозорда маҳсулотнинг юқори ликвидли турларини сотиш натижалари тўғрисидаги ахборот ташкилотлар ёки уларнинг агентлари томонидан ахборотни контрактлар тузилган кундан бошлаб уч иш кунидан кечикмай махсус ахборот портали маълумотлари базасига бевосита киритиш орқали жойлаштирилади.


24. Корпоратив харидларни ташкил этиш бўйича савдолар ўтказиш тўғрисидаги эълонни махсус ахборот порталида жойлаштириш учун биржа томонидан ташкилотдан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда биржа тасдиқлайдиган миқдорларда тўлов ундирилади.

Бюджет ташкилотлари савдолар ўтказиш йўли билан амалга ошириладиган давлат харидлари тўғрисидаги ахборотни махсус ахборот порталида жойлаштириш учун тўловдан озод қилинадилар.

Давлат харидларини ташкил этиш бўйича савдолар ўтказиш тўғрисидаги эълонни махсус ахборот порталида жойлаштириш учун агент томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда биржа аниқлайдиган чекланган миқдордан ошмайдиган миқдорда тўлов ундирилади.


25. Махсус ахборот порталида жойлаштириладиган давлат ёки корпоратив харидларнинг режа-жадвалида қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:

савдолар предмети;

савдоларни ўтказиш ойи;

буюртмачининг номи ва манзили;

савдолар предметини молиялаштириш манбалари (давлат харидлари учун);

савдолар предметининг мўлжалланаётган бошланғич нархи;

товарларни етказиб бериш, ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш муддатлари ва шартлари;

товарларни етказиб бериш, ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш жойи (манзили);

савдолар предметининг индивидуал параметрларини характерловчи алоҳида шартлар.


26. Савдолар ўтказиш тўғрисидаги эълонда қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:

буюртмачининг номи ва манзили;

савдолар предметини молиялаштириш манбалари (давлат харидлари учун);

савдоларнинг биринчи ва охирги куни (савдолар муддати);

савдолар предметининг бошланғич нархи;

савдолар предметининг тавсифи (савдолар предметининг спецификацияси);

савдолар предметини лотлар бўйича бўлиш ва ҳар бир лотнинг миқдори;

товарларни етказиб бериш, ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш муддатлари ва шартлари;

товарларни етказиб бериш, ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш жойи (манзили);

лицензиянинг ёки рухсатнома тусидаги ҳужжатнинг мавжудлиги (агар фаолият савдолар предмети ҳисобланадиган товарларни етказиб бериш, ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ бўлса ва лицензияланиши керак бўлса ёки қонун ҳужжатларига мувофиқ рухсатнома тусидаги ҳужжатни олишни талаб қилса);

савдолар предметининг индивидуал параметрларини характерловчи алоҳида шартлар.


27. Агар қонун ҳужжатларига мувофиқ, товарлар (ишлар, хизматлар) айрим турларининг давлат харидлари фақат ёки устун даражада кичик бизнес субъектларидан амалга оширилиши керак бўлса, савдолар ўтказиш тўғрисидаги эълонда ушбу шарт мажбурий тартибда кўрсатилади.

Бунда, агар қонун ҳужжатларига мувофиқ товарлар (ишлар, хизматлар) алоҳида турларининг давлат харидлари фақат кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектларидан амалга оширилиши керак бўлса, кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳисобланмайдиган етказиб берувчилар савдоларда қатнашишга қўйилмайди.


28. Биржа махсус ахборот порталида жойлаштирилган ахборотнинг маълумотлар базаларида у жойлаштирилган вақтдан бошлаб беш йил мобайнида сақланишини таъминлайди.


29. Биржа махсус ахборот порталидаги қуйидагилар:

электрон савдолар ёки тендер (тендер савдолари) воситасида давлат ёки корпоратив харидларни ўтказиш тўғрисида эълонлар ҳақидаги;

давлат ва корпоратив харидларнинг ҳар йилги ёки чораклик режа-жадваллари тўғрисидаги;

электрон савдолар ёки тендер (тендер савдолари)ни ўтказиш натижалари бўйича давлат ва корпоратив буюртмаларни жойлаштириш натижалари тўғрисидаги;

унинг бўйича ўтказилган биржа савдолари натижаларига кўра вужудга келган нархлар тўғрисидаги;

биржадан ташқари бозорда сотиладиган маҳсулотнинг юқори ликвидли ва монопол турлари нархлари тўғрисидаги;

ноҳалол етказиб берувчилар реестридаги;

кафолатловчи етказиб берувчилар реестридаги;

давлат ва корпоратив харидлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган ташкилотларга, шу жумладан, буюртмачилар ва етказиб берувчиларнинг мансабдор шахсларига нисбатан кўрилган чора-тадбирлар тўғрисидаги ахборотлардан эркин фойдаланилишини таъминлайди.


30. Биржа давлат ва корпоратив харидларни амалга ошириш жараёни юзасидан зарур даражада назоратни амалга ошириш, нархларни манипуляция қилишга қарши курашиш, моддий-техника ресурсларининг энг муҳим турларини қайта сотиш ва нархлар бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган чеклашларга риоя этиш мақсадида махсус ахборот порталида сақланаётган ахборотлардан давлат ва хўжалик бошқаруви, бошқа ваколатли органларнинг фойдаланишини белгиланган тартибда таъминлайди.


31. Махсус ахборот порталида ахборотни жойлаштириш ва ундан фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда биржа билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан белгиланади.


IV. САВДОЛАРНИ ЎТКАЗИШ ВА ТУЗИЛГАН

КОНТРАКТЛАРНИ РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИШ


32. Савдолар электрон тизимда, бошланғич нархни босқичма-босқич пасайтирган ҳолда ўтказилади. Савдолар босқичининг ўлчами биржа томонидан белгиланади.


33. Савдоларни ўтказиш, тўланган аванс тўлови суммасига мувофиқ ҳар бир лот бўйича савдоларга қўйиш, савдолар ғолибларини аниқлаш, битимларни рўйхатга олиш ва контрактни шакллантириш электрон тизим орқали автоматик режимда амалга оширилади.


34. Биржа электрон тизимнинг оператори сифатида:

электрон тизимнинг узлуксиз ишлашини;

савдоларнинг ушбу Низомга ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ ўтказилишини;

ушбу лот бўйича савдоларга қўйилган барча етказиб берувчиларнинг жойлашиш жойидан қатъи назар, барчасига савдоларда бир вақтнинг ўзида қатнашиш имконияти берилишини;

савдоларни ўтказишда ва уларнинг натижаларини чиқаришда ошкоралик ва аниқ-равшанликни;

аккредитация қилинган барча савдолар қатнашчиларининг ҳуқуқлари тенглигини;

нархи бўйича энг яхши буюртманомаларни аниқлаш жараёнини автоматлаштириш йўли билан савдолар ғолибларини аниқлашнинг холисоналигини;

етказиб берувчиларни улар томонидан аванс тўлови тўлангандан кейин савдоларга қўйиш йўли билан уларнинг буюртманомаларини таъминлаши шарт.


35. Етказиб берувчиларнинг муқобил буюртманомаларини қабул қилиш буюртмачининг эълони электрон тизим орқали автоматик тарзда буюртманомага айлантирилган вақтдан бошланади.

Электрон тизим, агар буюртманомадаги нарх буюртмачининг бошланғич нархига тенг ёки ундан паст бўлса ёки бошқа етказиб берувчининг илгари берилган буюртманомасидаги нархдан паст бўлса, етказиб берувчиларнинг буюртманомалари қабул қилинишини таъминлайди.


36. Савдоларда қатнашаётган аккредитация қилинган етказиб берувчиларнинг номи ва уларнинг боғланиш маълумотлари электрон тизимда акс эттирилмайди, ушбу Низомнинг 40-бандида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.


37. Савдолар давомида электрон тизим етказиб берувчиларнинг берилган буюртманомаларидан энг кам нархли буюртманомани автоматик тарзда танлайди, у электрон тизимда акс эттирилади ҳамда савдоларнинг барча қатнашчиларига - ушбу пайтдаги буюртмачилар ва етказиб берувчиларга маълум бўлади.


38. Агар савдоларда камида икки нафар етказиб берувчи қатнашса, савдолар бўлиб ўтган деб ҳисобланади.

Агар давлат харидларини ташкил этишда 10 кун мобайнида ёки корпоратив харидларни ташкил этишда 15 кун мобайнида савдоларда икки нафардан кам етказиб берувчи қатнашса, савдолар бўлиб ўтмаган деб ҳисобланади, савдолар ғолиби аниқланмайди, буюртмачи савдоларни тегишлича, давлат харидлари бўйича 10 кунга ва корпоратив харидлар бўйича 5 кунга узайтиради. Савдоларни узайтириш буюртмачи томонидан, асосий савдолар тугаган вақтдан бошлаб амалга оширилади.

Савдоларни узайтиришда буюртмачи, зарурат бўлганда, бошланғич нархни аниқлаштиришга ҳақлидир.

Узайтирилган савдолар бўлиб ўтмаган деб эълон қилинган тақдирда, электрон тизим буюртмачининг буюртманомасини кафолатловчининг буюртманомаси билан бирлаштиради.

Улар бўйича кафолатловчи етказиб берувчиларнинг буюртманомалари йўқ бўлган узайтирилган савдолар бўлиб ўтмаган деб эълон қилинган тақдирда буюртмачилар товарлар (ишлар, хизматлар)ни камида учта хўжалик юритувчи субъектга товарлар (ишлар, хизматлар) сотиб олишнинг охирги буюртманомада эълон қилинган шартларини ўзгартирмасдан сотиб олиш юзасидан таклифлар юбориш йўли билан энг яхши таклифларни танлаб олиш асосида сотиб олишлари мумкин. Бунда буюртмачилар электрон тизимга янги буюртманомани жойлаштириш ҳуқуқига эгадирлар.

Энг яхши таклифлар танловига ноҳалол етказиб берувчилар реестридаги мавжуд хўжалик юритувчи субъектлар қўйилмайди.

Бунда буюртмачилар энг яхши таклифлар танлови ғолибини аниқлаш вақтида товарлар (ишлар, хизматлар)ни сотиб олиш юзасидан таклиф юборилган хўжалик юритувчи субъектнинг махсус ахборот порталида жойлаштирилган ноҳалол етказиб берувчилар реестрида йўқлигини текшириши ва унга ишонч ҳосил қилиши шарт.

Буюртмачининг раҳбарлари етказиб берувчини танлашни ўтказиш тартибига риоя қилиниши юзасидан шахсан жавоб берадилар.


39. Етказиб берувчилардан таклифлар бўлмаслиги (ёки савдоларда фақат бир нафар етказиб берувчи қатнашиши) сабабли, бюджет ташкилоти ёки бюджет маблағлари олувчи ҳисобланган буюртмачи учун озиқ-овқат маҳсулотларининг давлат хариди бўйича савдолар бўлиб ўтмаган деб эътироф этилган тақдирда, ғазначилик бўлинмалари билан келишган ҳолда савдоларни узайтирмасдан буюртмани жойлаштиришга йўл қўйилади.

Бюджет ташкилоти ёки бюджет маблағлари олувчи ҳисобланган буюртмачи озиқ-овқат маҳсулотларининг давлат хариди бўйича буюртмани савдони узайтирмасдан жойлаштириш тўғрисидаги қарорни келишиш учун тегишли ғазначилик бўлинмаларига лот рақамини кўрсатган ҳолда ёзма мурожаат юборади. Бунда ғазначилик бўлинмалари уч иш куни мобайнида биржа томонидан маълумотлар базасининг электрон алоқаси воситасида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигига тақдим қилинган содир этилмаган битимлар реестрида лот тартиб рақамининг мавжудлигини текширадилар.

Савдоларни узайтирмасдан буюртмани жойлаштириш тўғрисидаги қарорни келишиш муддати ғазначилик бўлинмаларига келишиш тўғрисидаги мурожаат тушган кундан бошлаб уч иш кунидан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

Савдоларни узайтирмасдан етказиб берувчи билан контракт фақат илгари махсус электрон порталда жойлаштирилган ушбу буюртма бўйича эълонда назарда тутилган шартларда тузилиши мумкин. Бунда тузилган контрактнинг нархи:

савдоларда бошланғич нархдан паст нархни таклиф қилган фақат битта етказиб берувчи қатнашган ҳолларда - ягона етказиб берувчи бўлган савдолар қатнашчиси нархидан;

ўтказилган савдоларда етказиб берувчилардан таклифлар бўлмаган ҳолларда - эълон қилинган бошланғич нархнинг 10 фоизидан ортиқ бўлмаслиги керак.


40. Савдоларнинг тугаш вақти келганда тизим савдоларнинг ўтказилиш вақти мобайнида берилган энг паст нархли буюртманомани автоматик тарзда аниқлайди. Энг паст нархли буюртманомани берган етказиб берувчи электрон тизим орқали савдоларнинг ғолиби сифатида танлаб олинади. Етказиб берувчининг номи электрон тизимда акс эттирилади ва бунда буюртмачининг буюртманомасида баён қилинган шартларга мувофиқ автоматик тарзда амалга оширилган битимни қайд этади ҳамда контрактни, шунингдек унинг электрон шакли буюртмачи ва етказиб берувчининг персонал кабинетига юбориладиган воситачилик йиғимини тўлаш учун счёт-фактурани шакллантиради.


41. Электрон тизимда амалга оширилган битимлар натижалари бўйича контракт расмийлаштирилади.

Давлат буюртмасини жойлаштириш бўйича контракт шакли биржа ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги томонидан тасдиқланади.

Корпоратив буюртмани жойлаштириш бўйича контракт шакли биржа ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан тасдиқланади.

42. Биржа (биржанинг минтақавий бўлинмаси) ва савдоларда ғолиб чиққан етказиб берувчи ёки унинг агенти савдолар ғолиби аниқланган вақтдан бошлаб беш иш куни мобайнида контрактни имзолаши, айни бир вақтда уни биржа (биржанинг минтақавий бўлинмаси) томонидан рўйхатдан ўтказиши шарт.

Буюртмачи ва етказиб берувчининг контракт бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлари контракт биржа (биржанинг минтақавий бўлинмаси) ва етказиб берувчи (ёки унинг агенти) томонидан имзоланган вақтдан бошлаб юзага келади.

Юридик шахслар ҳисобланадиган бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар - буюртмачилар ўзларига электрон тарзда биржа томонидан персонал кабинет орқали юборилган контрактлар нусхаларини мустақил равишда кўчириб оладилар, уларни ташкилотнинг раҳбари имзоси ва муҳри билан тасдиқлайдилар ва ўзларига хизмат кўрсатадиган ғазначилик бўлинмаларига рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этадилар.

Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар ҳисобланмайдиган буюртмачилар ўзларига персонал кабинет орқали электрон тарзда биржа томонидан юборилган контрактлар нусхаларини мустақил равишда кўчириб оладилар ва зарурат бўлганда, ўзи жойлашган ҳудуддаги биржада (биржанинг минтақавий бўлинмасида) тасдиқлайдилар.

43. Савдоларда ғолиб чиққан етказиб берувчи контракт тузишни рад этганда ёки уни тузишдан бошқача тарзда бош тортганда, унинг молиявий закалати савдолар ғолиби аниқланган санадан бошлаб бир ҳафта муддатда, етказилган зарар учун компенсация сифатида, буюртмачининг тегишли ҳисоб рақамига (агар буюртмачи ғазначилик ижроси билан қамраб олинган бўлса - бюджет маблағлари ёки бюджетдан ташқари маблағлар бўйича тегишли шахсий ғазна ҳисоб рақамини кўрсатган ҳолда ягона ғазна ҳисоб рақамига, агар буюртмачи ғазначилик ижроси билан қамраб олинмаган бўлса - унинг банкдаги талаб қилиб олингунгача депозит ҳисоб рақамига) ўтказилади.


44. Етказиб берувчи контракт тузишни рад этган ёки уни тузишдан бошқача тарзда бош тортган тақдирда буюртмачи контракт тузишдан бош тортиш туфайли етказилган зарарларни қоплаш талаби билан судга мурожаат қилишга ҳақлидир. Савдоларда ғолиб чиққан, бироқ контракт тузишни рад этган ёки уни тузишдан бошқача тарзда бош тортган етказиб берувчи биржа томонидан ноҳалол етказиб берувчилар реестрига киритилади, қуйидаги ҳолатлар бундан мустасно:

енгиб бўлмайдиган кучлар юзага келганлиги муносабати билан рад этиш;

Битимни электрон тизимда етказиб берувчининг агенти томонидан буюртманомани етказиб берувчининг кўрсатмаларига мувофиқ бўлмаган параметрлар билан киритиш асосида амалга ошириш;

Битимни электрон тизимда етказиб берувчининг агенти томонидан буюртманомани етказиб берувчининг кўрсатмаларига мувофиқ бўлмаган параметрлар билан киритиш асосида амалга ошириш натижалари бўйича тузилган контрактни етказиб берувчи имзолашни рад этган тақдирда, етказиб берувчи ўз агентидан буюртмачи фойдасига неустойкани тўлаш билан боғлиқ харажатларни қоплашини талаб қилишга ҳақлидир.

Ноҳалол етказиб берувчилар реестрига, давлат ёки корпоратив буюртмани жойлаштириш шаклидан қатъи назар, ўз мажбуриятларини бажармаганликда ёки зарур даражада бажармаганликда суд тартибида айбдор деб эътироф этилган етказиб берувчилар ҳам киритилади.

Етказиб берувчиларни ноҳалол етказиб берувчилар реестрига киритиш тўғрисидаги қарор Махсус комиссия томонидан, буюртмачининг ёки бошқа манфаатдор шахсларнинг аризаси асосида қабул қилинади.

Етказиб берувчи томонидан тузилган контракт бўйича ўз шартнома мажбуриятлари бажарилмаган тақдирда буюртмачилар товарлар (ишлар, хизматлар)ни, охирги буюртманомада эълон қилинган товарлар (ишлар, хизматлар)ни сотиб олиш шартларини ўзгартирмасдан, товарлар (ишлар, хизматлар)ни сотиб олиш юзасидан таклифларни камида уч нафар хўжалик юритувчи субъектга юбориш йўли билан энг яхши таклифларни танлаб олиш асосида сотиб олишлари мумкин. Бунда буюртмачилар электрон тизимда янги буюртманомани жойлаштириш ҳуқуқига эгадирлар.


45. Ноҳалол етказиб берувчилар реестрига киритилган етказиб берувчилар олти ой мобайнида савдоларда қатнашишга қўйилмайди. Етказиб берувчини ноҳалол етказиб берувчилар реестрига киритиш тўғрисидаги ахборот махсус ахборот порталига жойлаштирилади.


46. Ўз мижози номидан контрактни тузиш муддатларига риоя этилмаганда, контрактни тузиш рад этилганда, унинг номидан контракт тузилган мижозга тузилган контракт тақдим этилмаганда ёки ўз вақтида тақдим этилмаганда, буюртманомаларнинг шартлари ўз мижозининг топшириқлари шартларига мувофиқ бўлмаганда буюртмачининг (етказиб берувчининг) агенти Махсус комиссия қарори билан савдоларга қатнашишдан олти ой муддатга четлаштирилади.


47. Савдоларда ғолиб чиққан етказиб берувчи контрактни имзолашни рад этганда ёки бошқача тарзда ундан бош тортганда, буюртмачи учун навбатдаги энг яхши нархни таклиф этган бошқа етказиб берувчи савдолар ғолиби бўлади, бунда ушбу етказиб берувчи уни савдолар ғолиби деб эътироф этишга ва контрактни имзолашга рози бўлиши шарт. Иккинчи етказиб берувчи билан тузиладиган намунавий контракт биржа томонидан, савдоларда иккинчи етказиб берувчи таклиф этган нархни ҳисобга олган ҳолда шакллантирилади.

Биржа икки иш куни мобайнида тегишли билдиришномани иккинчи етказиб берувчига ва буюртмачига (ёки уларнинг агентларига) юборади. Иккинчи етказиб берувчи билан тузилган контракт биржа (биржанинг минтақавий бўлинмаси) ва иккинчи етказиб берувчи (ёки унинг агенти) томонидан, биржа билдиришномани юборган вақтдан бошлаб беш иш кунидан кечикмай имзоланади.

Контракт белгиланган муддатда иккинчи етказиб берувчи томонидан имзоланмаган тақдирда, савдоларда қатнашган ва буюртмачининг бошланғич нархидан ошмайдиган нархни таклиф этган кафолатловчи етказиб берувчи савдолар ғолиби бўлади. Савдоларда бир нечта кафолатловчи етказиб берувчилар қатнашган тақдирда контракт энг кам нархни таклиф этган кафолатловчи етказиб берувчи билан тузилади. Бир нечта кафолатловчи етказиб берувчилар томонидан бир хил нарх кўрсатилган буюртманомалар берилган тақдирда бошқалардан илгари буюртманома берган кафолатловчи етказиб берувчи савдолар ғолиби деб эътироф этилади. Биржа кафолатловчи етказиб берувчини унинг савдолар ғолиби деб эътироф этилганлиги тўғрисида тегишли билдиришнома юбориш йўли билан хабардор қилади.

Кафолатловчи етказиб берувчи билан тузилган контракт биржа (биржанинг минтақавий бўлинмаси) ва кафолатловчи етказиб берувчи (ёки унинг агенти) томонидан, билдиришнома юборилган вақтдан бошлаб беш иш кунидан кечикмай имзоланади.


48. Битим ҳолати бўйича ҳисоб-китоб-клиринг палатаси буюртмачилар ва етказиб берувчиларнинг аванс тўловлари суммасидан ҳар қайси томондан битимнинг амалдаги суммасидан биржанинг воситачилик йиғимини ундиради.

Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар ҳисобланадиган буюртмачилардан, шунингдек етказиб берувчилар - кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектларидан ундириладиган биржанинг воситачилик йиғими миқдори ҳар қайси томондан битим суммасининг 0,05 фоизи миқдорида белгиланади.

Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар ҳисобланмайдиган буюртмачилардан, шунингдек кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳисобланмайдиган етказиб берувчилардан ундириладиган воситачилик йиғими миқдори Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда биржа томонидан белгиланади.

49. Контрактни рўйхатдан ўтказиш уни тузилган контрактлар реестрига киритиш йўли билан амалга оширилади.

Давлат харидлари бўйича тузилган контрактлар реестри биржа томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигига Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги ва биржа маълумотлар базаларининг ўзаро электрон алоқаси йўли билан юборилади.


50. Ҳисоб-китоб-клиринг палатаси буюртмачи ва савдоларда ғолиб чиққан етказиб берувчининг аванс тўловининг блокировкадан чиқарилган қолдиқларини бир иш куни мобайнида уларнинг талаб қилиб олингунгача депозит ҳисоб рақамларига (шахсий ғазна ҳисоб рақамларига) ўтказади ёки уларнинг ёзма билдиришномасига кўра, бошқа савдоларда қатнашиш учун аванс тўловлари ҳисобига қабул қилади.


51. Савдоларнинг ғолиби деб эътироф этилмаган етказиб берувчининг аванс тўловини қайтариш у блокировкадан чиқарилгандан кейин бир иш куни мобайнида амалга оширилади.



V. САВДОЛАР ҚАТНАШЧИЛАРИНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ


52. Буюртмачи:

савдоларни ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатларнинг ишончлилиги ва қонун ҳужжатларига мувофиқлиги;

буюртмачи томонидан товарларнинг давлат корпоратив харидларини амалга оширишда - Ҳукумат комиссиясининг ишчи органига ушбу Низомнинг бажарилиши мониторинги олиб борилиши учун ишончли ахборот тақдим этилиши;

томонлар ўртасидаги контракт мажбуриятларини бажариш тугаллангандан кейин беш йил мобайнида савдолар предмети бўйича эълонлар ва техник ҳужжатларнинг асл нусхалари сақланиши;

логин ва паролдан зарур даражада фойдаланилиши;

персонал кабинетдан тўғри фойдаланилиши;

буюртманомаларда жойлаштириладиган ахборотларнинг тўлиқлиги ва сифати;

тузилган контракт шартларининг бажарилмаганлиги учун жавоб беради.


53. Етказиб берувчи:

савдоларда қатнашиш учун тақдим этилган ҳужжатларнинг ишончлилиги;

миқдор, сифат, техник параметрлар, шунингдек таклиф этилаётган товарлар (ишлар, хизматлар)ни етказиб бериш муддатлари ва жойи бўйича етказиб берувчи буюртманомалари шартларининг буюртмачи буюртманомаларида назарда тутилган шартларга мувофиқлиги;

тегишли лицензиянинг ёки рухсатнома тусидаги ҳужжатнинг мавжудлиги ва ишончлилиги (агар фаолият савдолар предмети ҳисобланадиган товарларни етказиб бериш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ бўлса ва лицензияланиши керак бўлса ёки қонун ҳужжатларига мувофиқ рухсатнома тусидаги ҳужжат олишни талаб қилса);

логин ва паролдан зарур даражада фойдаланилиши;

персонал кабинетдан тўғри фойдаланилиши;

контрактни тузиш муддатига риоя этилиши, контрактни имзолашнинг рад этилганлиги ёки ундан бош тортилганлиги;

тузилган контракт шартларининг бажарилмаганлиги;

савдолар шартларининг бошқача бузилишлари учун жавоб беради.


54. Агент:

етказиб берувчи номидан контрактни тузиш муддатига риоя этилиши, контрактни имзолашнинг рад этилганлиги ёки ундан бош тортилганлиги;

ўз номидан контракт тузилган мижозга тузилган контрактнинг тақдим этилмаганлиги ёки ўз вақтида тақдим этилмаганлиги;

буюртманомалар шартларининг ўз мижози топшириқлари шартларига мувофиқлиги;

мижознинг логин ва паролдан зарур даражада фойдаланилмаганлиги;

мижознинг персонал кабинетидан тўғри фойдаланилиши;

ўз мижозлари топшириқларини бажариш жараёнида ўзи фойдаланадиган ахборотнинг маҳфийлигига риоя этилиши;

савдолар шартларининг бошқача бузилишлари учун жавоб беради.


55. Биржа:

савдолар ўтказиш тўғрисидаги эълоннинг махсус ахборот порталида ўз вақтида чоп этилиши;

буюртмачилар, етказиб берувчилар ва уларнинг агентларини аккредитация қилишнинг ёки уларни савдоларга қўйишнинг асоссиз рад этилганлиги;

савдоларни ташкил этиш ва ўтказиш ҳамда савдолар ғолибини аниқлаш тартиб-қоидасига риоя этилиши;

контрактни имзолаш муддатларининг бузилганлиги ёки имзолашнинг асоссиз рад этилганлиги;

электрон тизим ва махсус ахборот порталининг узлуксиз ишлаши;

савдолар натижалари бўйича томонлар тузган контрактнинг рўйхатдан ўтказилиши учун жавоб беради.


56. Давлат ва корпоратив харидларни, шунингдек биржадан ташқари бозорда товарларни сотишни амалга оширувчи ташкилотларнинг мансабдор шахслари махсус ахборот порталида жойлаштириладиган маълумотларнинг тўлиқлиги ва ишончлилиги, шунингдек ахборотни жойлаштириш муддатларига риоя этилиши юзасидан жавоб берадилар.


57. Савдоларни ўтказиш ва уларнинг натижаларнинг расмийлаштириш масалаларини судгача кўриб чиқиш учун биржа томонидан ташкил этилган махсус комиссия ваколатига қуйидагилар киради:

етказиб берувчиларнинг (улар агентларининг) контрактларни имзолашни рад этганлиги ёки ундан бош тортганлиги учун ушбу Низомга мувофиқ ёхуд савдолар шартларининг бошқача бузилишлари учун жавобгарлигини белгилаш;

етказиб берувчиларни ноҳалол етказиб берувчилар реестрига киритиш;

етказиб берувчиларни ноҳалол етказиб берувчилар реестридан чиқариш.

Махсус комиссия ўз ваколати доирасида бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқиши мумкин.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 17 июнь, 24-сон, 315-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2013 йил, 6-сон, 38-модда