язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Электрон рақамли имзо. Электрон ҳужжат айланиши/ Электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда электрон шаклда давлат статистика ҳисоботини тақдим этиш тартиби тўғрисида Низом (АВ томонидан 17.07.2013 й. 2479-сон билан рўйхатга олинган Давлат статистика қўмитасининг 24.06.2013 й. 3-мб-сон қарори билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2013 йил 17 июлда 2479-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Давлат статистика қўмитасининг

2013 йил 24 июндаги

3-мб-сон қарорига

ИЛОВА


Электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда

электрон шаклда давлат статистика ҳисоботини

тақдим этиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг "Давлат статистикаси тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2002 й., 12-сон, 219-модда), "Электрон рақамли имзо тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 4-сон, 41-модда), "Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 20-сон, 230-модда) қонунларига мувофиқ, Интернет тармоғи орқали электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда электрон ҳужжат кўринишида давлат статистика ҳисоботини (бундан буён матнда статистика ҳисоботи деб юритилади) тақдим этиш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


статистика ҳисоботи - кўрсаткичлар номи, маълумотларни тўлдириш учун жой, мансабдор шахснинг имзоси, шу жумладан электрон рақамли имзоси реквизитларини ўз ичига олган, респондент томонидан бирламчи ҳисоб ва бухгалтерия ҳужжатларини умумлаштириш асосида тўлдириладиган, белгиланган тартибда тасдиқланган давлат статистика кузатуви шакли;

респондент - статистика ҳисоботини тақдим этувчи юридик шахс (зарур ҳолларда унинг ваколатхонаси ёки филиали);


электрон намуна - кўрсаткичлар тавсифини, бирламчи статистик маълумотларни текшириш қисмларини, зарур меъёрий-ахборот маълумотларини ўз ичига олган махсус дастурий таъминотнинг бир қисми бўлган статистика ҳисоботининг электрон шакли;


электрон рақамли имзо - электрон ҳужжатдаги мазкур электрон ҳужжат ахборотини электрон рақамли имзонинг ёпиқ калитидан фойдаланган ҳолда махсус ўзгартириш натижасида ҳосил қилинган ҳамда электрон рақамли имзонинг очиқ калити ёрдамида электрон ҳужжатдаги ахборотда хатолик йўқлигини аниқлаш ва электрон рақамли имзо ёпиқ калитининг эгасини идентификация қилиш имкониятини берадиган имзо;


электрон ҳужжат - электрон шаклда қайд этилган, электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ҳамда электрон ҳужжатнинг уни идентификация қилиш имконини берадиган бошқа реквизитларига эга бўлган ахборот;


респондентнинг электрон рақамли имзоси (бундан буён матнда РЭРИ деб юритилади) - респондент номидан статистика ҳисоботини тақдим этувчи, калит сертификатининг эгаси бўлган шахснинг электрон рақамли имзоси;


статистика органининг электрон рақамли имзоси (бундан буён матнда СОЭРИ деб юритилади) - электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда статистика ҳисоботларини электрон шаклда йиғиш тизими доирасида электрон рақамли имзодан фойдаланиш ваколатига эга бўлган, калит сертификатининг эгаси ҳисобланган статистика органи ходимининг электрон рақамли имзоси;


Электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда статистика ҳисоботларини электрон шаклда йиғиш тизими (бундан буён матнда Тизим деб юритилади) - статистика ҳисоботларини Интернет тармоғи орқали электрон шаклда қабул қилиш, жўнатиш ва қайта ишлашни таъминловчи ахборот тизими;


статистика ҳисоботи олинганлиги ҳақида хабарнома (бундан буён матнда Хабарнома деб юритилади) - статистика ҳисоботи келиб тушган санаси ва статистика органи томонидан кўриб чиқиш натижасини тақдим этиш муддати тўғрисидаги маълумотни ўз ичига олган, Тизим томонидан автоматик тарзда шаклланувчи хабар;


тўғриланиши лозим бўлган статистика ҳисоботини тақдим этиш ҳақида кўрсатма (бундан буён матнда Кўрсатма деб юритилади) - статистика ҳисоботи бузиб кўрсатилганлиги (ишончсизлиги) аниқланган ҳолларда, статистика органининг СОЭРИ билан имзоланган ва респондентга юбориладиган электрон ҳужжат;


статистика ҳисоботи қабул қилинганлиги ҳақида маълумотнома (бундан буён матнда Маълумотнома деб юритилади) - статистика органи томонидан статистика ҳисоботининг қабул қилинганлигини тасдиқловчи, санаси ва қабул қилган ходимнинг фамилияси кўрсатилган, СОЭРИ билан имзоланган ва респондентга юбориладиган электрон ҳужжат;


қайта ишлаш даври - йиғма статистика маълумотларининг ўз вақтида тарқатилишини таъминловчи, олинган статистик ҳисоботларни таҳлил қилиш ва умумлаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси томонидан белгиланган вақт оралиғи. Қайта ишлаш даври тегишли йиғма статистика маълумотларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган Давлат статистика ишлари дастурида белгиланган тарқатиш муддатидан ошмаслиги керак.

2. Статистика ҳисоботини электрон шаклда тақдим этиш респондентнинг ўз хоҳишига кўра ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда амалга оширилиши мумкин.

Статистика ҳисоботларини электрон шаклда тақдим этувчи респондентлар, уларнинг қоғоз шаклидаги нусхасини тақдим этишга мажбур эмас.


3. Статистика ҳисоботларини электрон шаклда тақдим этмайдиган респондентлар учун, уларни қоғоз шаклида, тегишли статистика органига тақдим этишнинг амалдаги тартиби сақланиб қолинади.


4. Статистика органлари томонидан статистика ҳисоботини белгиланган тақдим этиш даврийлигидан кўпроқ талаб қилинишига йўл қўйилмайди.


5. Электрон шаклдаги статистика ҳисоботи қоғоз ҳужжатга тенглаштирилади ва у билан бир хил юридик кучга эга ҳамда белгиланган тартибда архивда сақланиши лозим.

Электрон шаклдаги статистика ҳисоботининг сақланиш муддати, қоғоз шаклидаги статистика ҳисоботлари учун белгиланган муддатдан кам бўлмаслиги керак.


6. Заруриятга кўра, статистика органи томонидан электрон статистика ҳисоботининг қоғоз шаклидаги нусхаси тайёрланиши мумкин, нусхада тегишли реквизитлар, тайёрланган вақти ва санаси кўрсатилади. Электрон статистика ҳисоботининг қоғоз шаклидаги нусхаси уни тайёрлаган статистика органи раҳбари томонидан имзоланади.


7. Статистика ҳисоботини киритиш, қайта ишлаш, текшириш, жўнатиш ва сақлаш бўйича махсус дастурий таъминот ва электрон намуна Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг расмий сайти (www.stat.uz) орқали бепул тақдим этилади.


8. Статистика ҳисоботи шаклига белгиланган тартибда ўзгартиришлар киритилган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси тегишли электрон намунага зарур ўзгартиришларни киритиб, расмий сайт орқали респондентни ўзгартиришлар тўғрисида хабардор қилади.

Электрон намунанинг ўзгарганлиги тўғрисида маълумот олинганда, респондент статистика ҳисоботини тақдим этиш учун ўзгартирилган электрон намунадан фойдаланиши зарур.



2-БОБ. СТАТИСТИКА ҲИСОБОТИНИ

ЭЛЕКТРОН ШАКЛДА ТАҚДИМ ЭТИШ


9. Статистика ҳисоботини электрон шаклда тақдим этиш учун респондент:

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг расмий сайти орқали Тизимга мурожаат қилади;

ўзининг шахсий компьютерига мустақил равишда махсус дастурий таъминотни ўрнатади, шунингдек ундан фойдаланган ҳолда ўзига керак бўлган статистика ҳисоботларининг электрон намунасини ўрнатади;

тегишли статистика ҳисоботи шаклини тақдим этиш даврийлиги ва белгиланган муддатидан кечиктирмай электрон статистика ҳисоботини шакллантиради ва жўнатади.


10. Электрон шаклда тақдим этилган статистика ҳисоботлари, тўлиқ тўлдирилган ва ҳисобот маълумотларининг мантиқий яхлитлигини текшириш дастурий модулини қўллаган ҳолда текширилган бўлиши керак.

Электрон намунанинг ҳар бир катакчасида статистика ҳисоботи намунасида ёки унга илова қилинган рўйхатда (номенклатура, таснифлагич) келтирилган ўлчов бирликлари бўйича фақат битта кўрсаткич кўрсатилади.

Тегишли катакчада:

кўрсаткич йўқ бўлган ҳолда "-" белгиси;

кўрсаткич қиймати белгиланган ўлчов бирлигидан кам бўлган ҳолда "0" қиймати ёзиб қўйилади.


11. Статистика ҳисоботида қуйидаги мажбурий реквизитлар кўрсатилган бўлиши шарт:

респондентнинг номи ва идентификацион кодлари (КТУТ, СТИР);

респондентнинг электрон ва почта манзили;

ҳужжат яратилган сана;

уни тузишга масъул бўлган мансабдор шахслар тўғрисида маълумотлар;

РЭРИ.


12. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси қошидаги Янги технологиялар илмий-ахборот марказининг электрон рақамли имзолар калитларини рўйхатга олиш маркази томонидан берилган РЭРИ билан имзоланган ва ўзида мажбурий реквизитларни акс эттирган электрон шаклдаги статистика ҳисоботи респондентдан чиқувчи деб ҳисобланади.

Белгиланган намунага мос келмаган ва РЭРИ билан имзоланмаган электрон шаклдаги статистика ҳисоботи статистика органлари томонидан кўриб чиқилмайди.



3-БОБ. СТАТИСТИКА ҲИСОБОТЛАРИНИ

ТАҚДИМ ЭТИШДА ЭЛЕКТРОН ҲУЖЖАТ АЙЛАНИШИ

ИШТИРОКЧИЛАРИНИНГ ЎЗАРО ҲАМКОРЛИГИ


13. Респондентдан электрон статистика ҳисоботини қабул қилишда, Тизим унинг электрон манзилини автоматик равишда рўйхатдан ўтказади. Тизим томонидан электрон манзилнинг рўйхатдан ўтказилиши, респондент учун статистика ҳисоботларини фақат электрон шаклда тақдим этиш мажбуриятини бермайди.


14. Статистика ҳисоботини юборгандан сўнг респондент унинг олинганлиги ва уни кўриб чиқиш муддати тўғрисида Тизим орқали автоматик тарзда шакллантирилган электрон Хабарномани олади, ушбу хабар унинг статистика органи томонидан қабул қилинганлигини тасдиқламайди.


15. Хабарномада кўрсатилган вақтдан кечиктирмай, респондент қуйидаги электрон ҳужжатлардан бирини олади:

Маълумотномани - агар қайта ишлаш учун келиб тушган статистика ҳисоботи статистика органларининг назорат тизимидан муваффақиятли ўтса ва статистика маълумотларида қоидабузилишлар (арифметик хатолар, мантиқий қарама-қаршиликлар, аввалги ҳисобот даврлари маълумотлари билан таққослангандаги номувофиқликлар) йўқ бўлса;

Кўрсатмани - тақдим этилган статистика ҳисоботида қоидабузилишлар аниқланганда.


16. Агар респондент, жорий ҳисобот даври учун статистика ҳисоботини юборгандан сўнг, ундаги хатолар ва номувофиқликларни мустақил аниқласа, у статистика органларига тўғриланган ҳисоботни тушунтиришлар билан юборади.

Қайта ишлаш даври ўтгунига қадар респондент томонидан тўғриланган ҳисоботнинг қайта юборилиши, давлат статистика ҳисоботини тақдим этиш тартибини бузиш ҳисобланмайди, ҳисобот мазкур Низомда белгиланган тартибда статистика органлари томонидан қабул қилинади ва қайта ишланади.


17. Респондент томонидан мустақил тўғриланган ҳисоботнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган Давлат статистика ишлари дастурида белгиланган маълумотларни тарқатиш муддатларидан кечикиб қайта юборилиши давлат статистика ҳисоботларини тақдим этиш тартибини бузиш ҳисобланади ва қонун ҳужжатларига мувофиқ мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жазо чоралари қўлланилишига сабаб бўлади.


18. Статистика органи ходими, жорий ҳисобот даври учун респондентдан электрон шаклдаги статистика ҳисоботини қабул қилганда:

Хабарномада белгиланган муддатдан кечиктирмай уни қайта ишлашни таъминлаши;

статистика ҳисоботини қайта ишлаш тугаганидан сўнг бир соатдан кечиктирмай, респондентга СОЭРИ билан имзоланган Маълумотнома ёки Кўрсатмани юбориши;

жорий ҳисобот даври учун статистика ҳисоботи ўрнатилган муддатдан эрта келиб тушса, ҳисоботни қабул қилиши, уни қайта ишлашни амалга ошириши ва бир соатдан кечиктирмай, респондентга СОЭРИ билан имзоланган Маълумотнома ёки Кўрсатмани юбориши лозим.


19. Ҳисоботдаги статистика маълумотларида қоидабузилишлар аниқланган ҳолларда, статистика органи томонидан респондентга Кўрсатма юборилади. Кўрсатма барча хато ва номувофиқликлар рўйхатини, уларни бартараф этиш бўйича тавсияларни, шунингдек тўғриланган маълумотларни тақдим этиш муддати ва қайта ишлашни ўтказган ходимнинг СОЭРИни ўз ичига олиши лозим.

Кўрсатмадаги маълумотларни тўғрилаб тақдим этиш муддати, қайта ишлаш даврини ҳисобга олган ҳолда белгиланади.


20. Респондент Кўрсатмани олгандан сўнг, статистика ҳисоботини тўғрилаб, уни статистика органига қайтадан юборади.

Агар жорий ҳисобот даври учун тўғриланган статистика ҳисоботи Кўрсатмада белгиланган муддатда тақдим этилган бўлса, ҳисоботларни тақдим этиш муддатларини бузганлиги учун белгиланадиган маъмурий жазо чоралари қўлланилмайди.


21. Агар жорий ҳисобот тўғри бўлиб, жорий статистика ҳисоботидаги номувофиқликлар илгари йўл қўйилган хатолар ва бузиб кўрсатишлар (ўтган ҳисобот даврларида) билан боғлиқ бўлганлиги учун респондент томонидан уни тўғрилаш мумкин бўлмаса, бу ҳолда респондент Кўрсатмада белгиланган муддатдан кечиктирмай:

номувофиқликлар сабабларига изоҳ берган ҳолда, жорий ҳисоботни статистика органига қайта юборади;

ўтган ҳисобот даврлари учун тўғриланган статистика ҳисоботини статистика органига тақдим этади (электрон ёки қоғоз шаклида).


22. Номувофиқликлар сабабларига изоҳ берилган ҳолда юборилган жорий ҳисоботни респондентдан олганда, статистика органи:

жорий статистика ҳисоботини қабул қилади ва респондентга Маълумотнома юборади;

респондентдан бузиб кўрсатишлар йўл қўйилган барча ўтган даврлар учун тўғриланган статистика ҳисоботини қабул қилади ва уларга нисбатан тегишли қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарлик чораларини кўриш масаласини ҳал этади;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда йиғма давлат статистика маълумотларига ўзгартиришлар киритиш бўйича зарур ҳаракатларни амалга оширади.


23. Респондентда Маълумотнома мавжуд бўлган тақдирда, статистика ҳисоботи қабул қилинган деб ҳисобланади. Маълумотномада кўрсатилган вақт ва сана статистика ҳисоботи топширилган муддат бўлиб ҳисобланади.

Респондент Маълумотномани статистика ҳисоботини архивда сақлаш учун белгиланган муддат давомида сақлайди.


24. Техник сабабларга кўра, мазкур Низомда белгиланган муддатларда Хабарнома, Маълумотнома ёки Кўрсатмани олмаган респондент, ушбу ҳолат бўйича ўзи жойлашган жойдаги статистика органига хабар (электрон почта орқали, телефонда ёки шахсан) беради.


25. Статистика органи хабарни олгандан сўнг, респондент билан биргаликда, 8 соатдан ошмаган муддатда мазкур ҳолатнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш ва уни бартараф этиш бўйича зарур ҳаракатларни амалга оширади.



4-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


26. Электрон шаклдаги статистика ҳисоботларини қабул қилувчи статистика органлари ходимлари уларнинг ўз вақтида қайта ишланиши ва олинган маълумотлар маҳфийлигини таъминлаган ҳолда улардан келгусида фақат статистика мақсадларида фойдаланилиши учун шахсан жавобгардирлар.


27. Статистика органлари ходимлари статистика ҳисоботининг РЭРИ билан ноқонуний имзоланиши учун жавобгар бўлмайдилар.


28. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади.


29. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 22 июль, 29-сон, 380-модда