язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Савдо. Умумий овқатланиш. Маиший хизмат кўрсатиш/ Чакана савдо/ Ўзбекистон Республикасида чакана савдо Қоидалари (ЎзР ВМ 13.02.2003 й. 75-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2003 йил 13 февралдаги

75-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасида чакана савдо

ҚОИДАЛАРИ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чакана савдони тартибга солади.

Мазкур Қоидаларнинг амал қилиши савдо расталари ва бозорлардаги савдо ўринлари орқали чакана савдо қилувчи юридик ва жисмоний шахсларга татбиқ этилмайди.


2. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чакана савдо билан шуғулланиш ҳуқуқига эгадирлар:

юридик шахслар;

қонун ҳужжатларига мувофиқ юридик шахс бўлмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахслар.


II. АСОСИЙ ТУШУНЧАЛАР ВА АТАМАЛАР


3. Мазкур Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалар ва атамалардан фойдаланилган:


чакана савдо - савдо соҳасида пировард истеъмолчи учун, тижорат мақсадларида фойдаланиш ҳуқуқисиз аҳолига нақд пулга доналаб ёки унча кўп бўлмаган миқдорда товарлар сотишни назарда тутувчи фаолиятни амалга ошириш;


воситачилик савдоси - чакана савдо фаолиятининг воситачилар томонидан воситачилик шартномалари бўйича сотиш учун уларга берилган товарлар сотилишини назарда тутувчи тури;


савдо объекти - мулкчилик шаклларидан, сотув ҳажмидан, иншоотнинг ўлчамидан ва ҳоказолардан қатъи назар товарлар ва хизматларни сотишга мўлжалланган (мослаштирилган) жой ёки иншоот.

Чакана савдонинг савдо объектларига қуйидагилар тегишлидир: бозор, гипермаркет, супермаркет, савдо маркази, савдо комплекси, универсам, универмаг, минимаркет, озиқ-овқатлар дўкони, ихтисослаштирилган дўконлар, палаткалар, лотоклар, автодўконлар, павильонлар, киоскалар, ларёклар.

Савдо объектлари турғун ва кўчма объектларга бўлинади.


турғун савдо шохобчалари - давлат ҳокимияти маҳаллий органлари томонидан белгиланган жойларда доимий асосда жойлашган савдо объектлари (дўконлар, киоскалар, ларёклар, павильонлар, дорихоналар, оптика, автомобиль ёнилғиси қуйиш шохобчалари);

кўчма савдо объектлари - вақтинча жойлашган ва мавсумий ёки мақсадли хусусиятга эга бўлган, шунингдек иш куни тамом бўлгандан кейин йиғиштириб олишни ва объект кўчирилишини талаб этиш асосида жойлаштирилган савдо объектлари (лотоклар, пештахталар, палаткалар, автодўконлар ва ҳоказолар);


савдо зали - товарларнинг оммавий офертасига ва/ёки товарларнинг чакана олди-сотди шартномаларини амалга оширишга мўлжалланган савдо объекти майдони;


сотувчи - савдо фаолиятини амалга оширувчи ва олди-сотди шартномасининг бир томони сифатида иш кўрувчи юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор (жисмоний шахс);


сотувчи-ходим - сотувчи номидан иш кўрувчи ва товарни бевосита сотувчи ёки истеъмолчиларга хизмат кўрсатувчи шахс;

тармоқли маркетинг - тармоқли ташкилот томонидан товарларни мустақил тарқатадиган сотувчи агентлар ташкил этилишига асосланган товарларни чакана сотиш тури;

тармоқли ташкилот - Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мустақил равишда ёхуд тармоқли маркетинг йўли билан сотувчи агентлар орқали савдони амалга оширувчи Ўзбекистон Республикаси юридик шахси;

сотувчи агент - турғун савдо шохобчалари орқали товарларни бевосита сотувчи, шунингдек уйга буюртма олиш воситасида, муассасалар, ташкилотлар, корхоналарда, транспорт ёки кўчада потенциал харидорлар билан ишлайдиган, даромади фақат сотув ҳажмига боғлиқ бўлган жисмоний шахс - юридик шахс ташкил этмаган якка тартибдаги тадбиркор.


III. СОТУВЧИЛАРГА, САВДО

ОБЪЕКТЛАРИГА ВА ТОВАРЛАРГА

ҚЎЙИЛАДИГАН АСОСИЙ ТАЛАБЛАР


4. Сотиш учун тавсия қилинаётган товарлар ассортименти, кўрсатилаётган хизматлар турлари, шунингдек хизмат кўрсатиш шакли сотувчининг ихтисоси ва у ўз фаолиятини ихтисослаштиришига мувофиқ сотувчи томонидан мустақил белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан чакана савдо шохобчасида бўлиши шарт бўлган асосий озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари рўйхати белгиланиши мумкин, бундай чакана савдо тармоғининг жойлашиши республика туманлари ва шаҳарлари ҳокимликлари томонидан тасдиқланади.


4-1. Товарларнинг олиб кирилишини ва божхона божлари амалда тўланганлигини тасдиқлайдиган божхона декларацияси расмийлаштирилган санадан бошлаб 12 ой ўтгандан кейин ушбу Қоидаларга 3-иловага мувофиқ рўйхат бўйича тайёр импорт истеъмол товарларини сотувга қўйиш ва чакана сотишга йўл қўйилмайди.

5. Сотувчи ўз фаолияти ихтисоси ва ихтисослашувини ҳисобга олган ҳолда давлат стандартларида, санитария, ветеринария қоидаларида, ёнғинга қарши қоидаларда ва бошқа норматив ҳужжатларда (кейинги ўринларда матнда "стандартлар" деб юритилади) белгиланган мажбурий талабларга риоя қилиши шарт.


6. Сотувчи техник регламентлар ёки стандартлар талабларига мувофиқ товарларни қабул қилиб олишда, сақлашда, савдо олди тайёргарлигида ва сотиш пайтида уларнинг сифати ва хавфсизлиги савдонинг зарур шарт-шароитларини, шунингдек харидорларнинг товарларни танлаш имкониятини таъминлайдиган зарур жойлар, асбоб-ускуналар ва инвентарга эга бўлиши шарт.

7. Сотувчи қўллашга рухсат берилган ўлчов асбобларига эга бўлиши ва уларни соз ҳолатда сақлаши, уларнинг метрологик текширувини ўз вақтида ва белгиланган тартибда ўтказиши шарт.


8. Барча ўлчов воситалари, оғирликни ўлчаш приборлари "Ўзстандарт" агентлиги органларининг текшириш тўғрисидаги кўзга яққол ташланадиган ишонч тамғасига ёки гувоҳномасига эга бўлиши керак, улар белгиланган мақсадида қўлланилиши ҳамда ўлчовларнинг бирлиги ва ишончлилигини таъминлаши ҳамда тегишли паспортга эга бўлиши керак.

Носоз ва қўллашга рухсат берилмаган ўлчов воситаларидан фойдаланиш тақиқланади.


9. Тарозилар ва бошқа ўлчов приборлари сотувчи-ходимларнинг иш жойларида харидорлар товарни тортиш ва беришнинг бутун жараёнини кўрадиган қилиб ўрнатилиши керак. Тарозиларни пештахтанинг фасадига томон бурчак остида ўрнатиш, уларнинг олдини товарлар, дарпардалар, инвентарь ва бошқа нарсалар билан тўсиб қўйиш тақиқланади.

Тарозилар ҳар хил тебранишлар ва зириллашларга учрамайдиган мустаҳкам, барқарор горизонтал жойга ўрнатилади.

Савдо залларида харидорларга қулай жойда назорат тарозилари ва бошқа ўлчов приборлари ўрнатилган бўлиши керак.

Товарларни электрон тижорат шаклида сотишда иш жойларидан ташқарида тарозилардан ва бошқа ўлчов приборларидан фойдаланишга йўл қўйилади.

10. 3 ва ундан кўп иш ўринли озиқ-овқат дўконларининг савдо залларида назорат тарозилари ўрнатилиши керак. Майдони 1500 кв.м ва ундан ортиқ бўлган савдо залларида назорат тарозилари икки жойда ўрнатилади.


11. Савдо автоматлари, дозаторлар, автосатураторлар ҳамда товарларни тортиш, дозалаш ва сотиш учун бошқа приборларни ўрнатиш ва монтаж қилиш, шунингдек ишга тайёрлаш етказиб бериш комплектига кирадиган ушбу буюмларга заводда тайёрланган ҳужжатлар талабларига мувофиқ ўтказилиши керак. Бунда техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилишга алоҳида эътибор бериш зарур.


12. Мазкур Қоидалардан тегишли кўчирмалар сотувчи томонидан кўргазмали ва қулай шаклда харидорлар эътиборига етказилади.

Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари сотиш жойларида уларни 20 ёшга тўлмаган шахсларга сотишга йўл қўйилмаслиги, шунингдек алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг инсон соғлиғига салбий таъсири тўғрисидаги огоҳлантирувчи ёзув жойлаштирилган бўлиши керак.

13. Харидорнинг танишиши учун қулай жойларда қуйидаги маълумотлар жойлаштирилиши керак:

сотувчи - юридик шахс тўғрисидаги маълумотлар - ўз корхонасининг номи, унинг жойлашган жойи (почта манзили ва иш режими);

сотувчи - якка тартибдаги тадбиркор тўғрисидаги маълумотлар - давлат рўйхатидан ўтказилганлик ва рўйхатдан ўтказган органнинг номи.

Агар сотувчи амалга оширадиган фаолият лицензияланиши керак бўлса, у лицензиянинг тартиб рақами ва амал қилиш муддати тўғрисидаги, шунингдек уни берган орган ҳақидаги маълумотни тақдим этиши керак.


14. Сотувчи қонун ҳужжатларида назарда тутилган товарлар тўғрисидаги қуйидаги зарур ва ишончли маълумотларни харидорнинг эътиборига ўз вақтида кўргазмали ва қулай шаклда етказиши шарт:

товарнинг номи;

товарнинг штрихли коди (мавжуд бўлганда);

товардан самарали ва хавфсиз фойдаланиш қоидалари ва шартлари;

агар у аниқ бир товар учун белгиланган бўлса - кафолатли муддати;

агар улар аниқ бир товар учун белгиланган бўлса - хизмат қилиш муддати ёки яроқлилик муддати, шунингдек кўрсатилган муддатлар тамом бўлгандан кейин харидор амалга ошириши керак бўлган зарур хатти-ҳаракатлар ҳақидаги ҳамда, агар товарлар кўрсатилган муддатлар тамом бўлгандан кейин харидорнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулки учун хавф туғдирса ёки фойдаланиш учун яроқсиз бўлиб қолса, бундай ҳаракатлар бажарилмаган тақдирда келиб чиқиши мумкин бўлган оқибатлар тўғрисидаги маълумотлар;

товарнинг нархи ва уни сотиб олиш шартлари;

уларнинг мажбурий талабларига товар мувофиқ бўлиши керак бўлган техник регламентлар ва стандартларнинг белгиланиши;

товарнинг асосий истеъмол хоссалари тўғрисидаги маълумотлар (агар улар ўрамда кўрсатилмаган бўлса);

мажбурий тартибда сертификатланиши шарт бўлган маҳсулотларга мувофиқлик сертификати.

Агар харидор томонидан сотиб олинадиган товар истеъмол қилинган бўлса ёки унинг камчилиги (камчиликлари) бартараф этилган бўлса, харидорга бу тўғрида маълумот берилиши керак.

Сотувчи харидорнинг талабига кўра:

товарни тайёрловчининг номи ва жойлашган жойи (юридик манзили), харидорлардан эътирозларни қабул қилиб олишга ва товарни тузатувчи ва унга техник хизмат кўрсатувчи тайёрловчи (сотувчи) томонидан вакил қилинган ташкилот (ташкилотлар)нинг жойлашган жойи тўғрисидаги ахборотни;

сертификатнинг асл нусхаси эгаси ёки сертификатни берган товарларни сертификатлаш бўйича орган томонидан тасдиқланган сертификатнинг нусхасини (мажбурий тартибда сертификатланиши шарт бўлган маҳсулотларни сотишда);

тайёрловчи ёки етказиб берувчи (сотувчи) томонидан зарур тарзда расмийлаштирилган товарга илова қилинадиган ҳужжатларни тақдим этиши шарт.


15. Ёввойи ҳайвонларни, уларнинг нимталанган гўштини, ҳаёт фаолияти маҳсулотларини, улардан тайёрланган маҳсулотларни, ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни сотиш, шунингдек ҳайвонот ва ўсимлик дунёси объектларидан тайёрланган товарларни (мўйна, чарм, тикув, атторлик, декоратив, ёдгорлик буюмлари, пойабзал, озиқ-овқат маҳсулотлари, доривор-техник хом ашё) сотиш Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ овлаш (тайёрлаш) қонунийлигини тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади, Ўзбекистон Республикаси фауна ва флораси учун хос бўлмаган объектлар ва улардан тайёрланган товарлар бўйича эса - Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органлари томонидан берилган олиб кириш учун рухсатномалар мавжудлиги ҳам талаб этилади.


16. Сотувчи, товарлар ва уларни тайёрловчилар тўғрисидаги маълумотлар харидорлар эътиборига давлат тилида етказилади, шунингдек бошқа тилларда такрорланиши мумкин.


17. Истеъмолчига шунингдек кўрсатиладиган хизматлар, уларнинг нархлари ва хизматлар кўрсатиш шартлари, шунингдек товарларни сотишда хизмат кўрсатишнинг қўлланиладиган шакллари тўғрисида (олдиндан буюртма бериш, товарларни уйда сотиш, кредитга сотиш, газламаларни бичиш, совға ва комплектли тўпламларни комплектлаш бўйича ва бошқа шакллардаги) кўргазмали ва ишончли ахборот тақдим этилиши керак.


18. Товарни сотишда харидорга мустақил равишда ёки сотувчи- ходимнинг ёрдамида зарур товарлар билан танишиш, тош-тарозининг тўғрилигини, унга берилган товарнинг ўлчамини текшириш имкони берилиши керак.

Харидор тавсия этилаётган товарни кўздан кечиришга, агар товарнинг хусусияти буни истисно этмаса ва мазкур Қоидалар талабларига зид бўлмаса, ўзининг ҳозирлигида унинг хоссаларини текширишни ёки унинг ҳаракатлари намойиш қилинишини талаб қилишга ҳақлидир.

Сотувчи агар текшириш техник регламентлар ва стандартларининг мажбурий талабларида ёки шартнома шартларида назарда тутилган бўлса сотиш учун тавсия қилинаётган товарнинг сифатини ва хавфсизлигини (кўриб чиқиш, синов, анализ, экспертиза) текширишга мажбурдир.

19. Сотувчи томонидан сотиладиган товарларнинг нархи, шунингдек шартноманинг бошқа шартлари томонларнинг келишувига кўра белгиланади, қонунларда ёки бошқа норматив ҳуқуқий ҳужжатларда ўзгача ҳол назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.


20. Сотувчи-ходим товарнинг номи, унинг сорти, маркаси, модели, типи, товарнинг оғирлиги, ўлчами ёки бирлигига нархи кўрсатилган ҳолда сотиладиган товарларнинг ягона намунадаги ва аниқ расмийлаштирилган нархномалари бўлишини таъминлашга мажбурдир.


21. Товарлар учун харидорлар билан нақд пулли ҳисоб-китоблар назорат-касса машиналари қўлланилган ҳолда амалга оширилади, Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. Савдо объекти раҳбари сотувчи-ходимни назорат-касса машиналарида ишлаш қоидалари билан таништириши шарт.

Турғун савдо шохобчаларида ва кўчма савдо объектларида банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда тўловларни қабул қилиш бўйича ҳисоб-китоб терминалининг мавжудлиги таъминланиши керак.

22. Сотувчи томонидан харидорга касса ёки товар чеки ёхуд товарнинг ҳақи тўланганлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжат берилган пайтдан бошлаб, агар сотувчи билан харидор ўртасида қонунда ёки шартномада ўзгача ҳол назарда тутилмаган бўлса, чакана олди-сотди шартномаси зарур шаклда тузилган деб ҳисобланади.

Чакана савдони назорат-касса машинасини қўлламасдан амалга ошираётган сотувчи - якка тартибдаги тадбиркор харидорга сотиб олинган товар билан биргаликда сотувчининг фамилияси ва имзоси, якка тартибдаги тадбиркорнинг (юридик шахс бўлмаган деҳқон хўжалигининг) давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг тартиб рақами, товар сотилган сана ва унинг қиймати кўрсатилган ҳолда квитанция ёки шунга ўхшаш ҳужжатни бериши шарт.

23. Сотувчи-ходим харидорга харид билан биргаликда касса чекини, товарларнинг айрим турларини (антиквариат буюмлари, қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмлари, табиий мўйнадан тикилган буюмлар ва бошқаларни) сотишда ҳақи тўланганлиги тўғрисидаги белги қўйилган товар чекини бериши шарт, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.


24. Товарлар сотилиши муносабати билан сотувчи томонидан тавсия қилинадиган хизматлар фақат харидорнинг розилиги билан кўрсатилиши мумкин.

Харидор товарни сотишда тавсия этиладиган хизматларни рад этишга, шунингдек унинг розилигисиз кўрсатилган хизматлар учун тўланган суммани қайтариб беришни сотувчидан талаб қилишга ҳақлидир.

Сотувчи айрим товарлар бошқа товарлар сотиб олиниши ёки улар сотилиши муносабати билан хизматлар кўрсатилиши шарти билан сотилишини шарт қилиб қўйишга ҳақли эмас, товарлар техник талабларга кўра тегишли мутахассисларнинг иштирокисиз йиғилиши ва (ёки) ўрнатилиши (уланиши) мумкин бўлмаган ҳоллар бундан мустасно.


25. Сотувчи-ходим харидорга зарур сифатга эга бўлган товарни идишда ва (ёки) ўралган ҳолда, муайян тўпламда (товарлар комплекти) ва комплектлиликда товарга тегишли бўлган ҳужжатлар ва анжомлар билан бирга бериши керак.

Полимер плёнкали пакетларни бепул бериш, уларнинг қийматини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотиладиган товарлар қийматига қўшиш, шунингдек, уларни ўз таннархидан паст нархларда сотиш (тутқичсиз ва товарларнинг ажралмас қисми ҳисобланган пакетлар бундан мустасно) тақиқланади.

26. Сотиладиган товарнинг сифатига, идиш ва (ёки) ўраб-жойлаштирилишига, унинг комплектлилиги, анжомлари ва ҳужжатларига, товарларнинг комплектига, шунингдек товарни етказиб бериш шартларига қўйиладиган талаблар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланади.


27. Харидор ноозиқ-овқат товар унга берилган пайтдан бошлаб 10 кун мобайнида, агар бундан узоқроқ муддат сотувчи томонидан эълон қилинмаган бўлса, сотиб олинган товарни айнан шундай ўлчам, шакл, габарит, фасон, рангдаги ёки комплектациядаги бошқа товарга харид қилинган жойда ва сотувчи томонидан эълон қилинган бошқа жойларда нархида тафовут бўлган тақдирда сотувчи билан зарур ҳисоб-китоб қилган ҳолда алмаштиришга ҳақлидир.

Алмаштириш учун сотувчида зарур товар бўлмаган тақдирда харидор сотиб олинган товарни сотувчига қайтаришга ва унинг учун тўланган суммани қайтариб олишга ҳақлидир.


28. 27-бандда кўрсатилган харидорнинг товарни алмаштириш ёхуд қайтариш тўғрисидаги талаби, агар товар истеъмол қилинмаган бўлса, унинг товар кўриниши, истеъмол хоссалари, пломбаси, ёрлиқлари сақланган бўлса, шунингдек ушбу сотувчидан сотиб олинганининг исботи мавжуд бўлса қондирилиши керак, зарур сифатга эга бўлган, қайтарилмайдиган ёки ноозиқ-овқат товарлари рўйхатида кўрсатилган, ана шундай ўлчам, шакл, габарит, фасон, ранг ёки комплектациядаги бошқа товарга (мазкур Қоидаларга 1-илова) алмаштирилиши мумкин бўлмаган товарлар бундан мустасно.


29. Ўзига зарур сифатга эга бўлмаган товар сотилган харидор, агар нуқсонлар сотувчи томонидан айтилмаган бўлса, ўзининг танлашига кўра сотувчидан (озиқ-овқат товарларига нисбатан харидор харид қилингандан кейин 24 соат мобайнида бундай ҳуқуққа эга бўлади):

айнан шундай маркадаги (модел, артикулдаги) товарга алмаштиришни;

харид нархини тегишли равишда қайта ҳисоб-китоб қилган ҳолда бошқа марка (модел, артикул)даги айнан шундай товарга алмаштиришни;

харид нархи мутаносиб равишда камайтирилишини;

товарнинг нуқсонлари дарҳол бепул бартараф этилишини;

товарнинг нуқсонларини бартараф этиш харажатлари қопланишини талаб этишга ҳақлидир.

Бунда харидор зарур сифатга эга бўлмаган товар сотилганлиги оқибатида ўзига етказилган зарар тўлиқ қопланишини талаб қилишга ҳақлидир.

Техник жиҳатдан мураккаб ёки қимматбаҳо товарнинг сифатига қўйиладиган талаблар жиддий равишда бузилган тақдирда (бартараф этилмайдиган нуқсонлар, мутаносиб харажатларсиз ёки вақт сарфисиз бартараф этиб бўлмайдиган нуқсонлар аниқланиши, нуқсонлар қайта-қайта аниқланса ёхуд бартараф этилгандан кейин қайта намоён бўлса ҳамда шунга ўхшаш бошқа нуқсонлар) харидор унинг алмаштирилишини талаб қилишга ҳақлидир.

Узоқ муддат фойдаланиладиган товарнинг нуқсонлари сотувчи томонидан бартараф этилиши тўғрисида харидор томонидан талаб қўйилган ёки бундай товар алмаштирилиши талаб қилинган тақдирда, харидор бир вақтнинг ўзида тузатиш даврида ёки зарур сифатга эга бўлмаган товарни алмаштириш даврида зарур сифатга эга бўлган айнан шундай товар берилишини талаб қилишга ҳақлидир. Уларга нисбатан харидорнинг тузатиш ёки алмаштириш даврида унга ана шундай товар текин берилиши тўғрисидаги талаби татбиқ этилмайдиган узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар рўйхатида (мазкур Қоидаларга 2-илова) кўрсатилган товарлар бундан мустасно.

Хоссалари бартараф этиб бўлинмайдиган товарнинг нуқсонлари аниқланган тақдирда (пардоз-андоз буюмлари, маиший кимё товарлари ва бошқа товарлар), харидор ўзининг танлаши бўйича бундай товарни зарур сифатга эга бўлган товар билан алмаштиришни ёхуд харид нархи мутаносиб равишда камайтирилишини талаб қилишга ҳақлидир.

Кўрсатиб ўтилган талабларни тақдим этиш ўрнига, харидор сотиб олинган товарни рад этишга ва товар учун тўланган пул суммаси қайтарилишини талаб қилишга ҳақлидир.

Зарур сифатга эга бўлмаган товарни алмаштириш ёки қайтаришда, харидор ўзи сотиб олган зарур сифатга эга бўлмаган товарни сотувчининг ҳисобидан қайтариши керак.

Товар учун тўланган пул суммасини харидорга қайтаришда сотувчи товардан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганлиги, унинг товар кўриниши йўқолганлиги ёки бошқа шунга ўхшаш ҳолатлар туфайли товарнинг қиймати пасайган суммани харидордан ушлаб қолишга ҳақли эмас.


30. Сотувчи-ходим ёки шартнома асосида сотувчининг функциясини бажарувчи шахс, товарнинг сифатини текшириш зарур бўлган тақдирда, зарур сифатга эга бўлмаган товарни харидордан қабул қилиб олишга мажбурдир. Харидор товарнинг сифатини текширишда қатнашишга ҳақлидир.

Товарнинг нуқсонлари пайдо бўлиши сабаблари тўғрисида низо келиб чиққан тақдирда сотувчи ўз ҳисобидан товарнинг мустақил экспертизасини ўтказиши шарт. Харидор бундай экспертиза хулосаси юзасидан суд тартибида шикоят қилишга ҳақлидир.


31. Сотувчи томонидан харидорнинг талаблари қондирилиши муддатлари, шунингдек ушбу муддатлар бузилганлиги учун жавобгарлик "Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ белгиланади.


32. Агар нуқсонлар кафолат муддати ёки яроқлилик муддати мобайнида аниқланган бўлса, харидор мазкур Қоидаларнинг 29-бандида кўрсатилган товарнинг камчиликларига нисбатан талаб қўйишга ҳақлидир.

Товарнинг кафолат муддати товар харидорга сотилган кундан бошлаб ҳисобланади. Агар товарнинг сотилган кунини аниқлаш мумкин бўлмаса, ушбу муддат товар тайёрланган кундан бошлаб ҳисобланади.

Товарнинг яроқлилик муддати у фойдаланишга яроқли бўлган муддат мобайнида ёки товар фойдаланишга яроқли бўлган санадан бошлаб товар тайёрланган кундан ҳисоблаб чиқиладиган давр билан белгиланади.

Агар товар йиғилиши ва (ёки) махсус ўрнатилиши (уланиши) керак бўлса, кафолат муддати у йиғилган ва (ёки) ўрнатилган (уланган) кундан бошлаб ҳисобланади. Агар йиғиш ва (ёки) ўрнатиш (улаш) кунини аниқлаш имкони бўлмаса, ушбу муддат олди-сотди шартномаси тузилган кундан бошлаб ҳисобланади.

Кафолат муддати олти ойдан кам этиб белгиланган ва товарнинг нуқсонлари харидор томонидан кафолат муддати тамом бўлгач, бироқ товар харидорга берилган кундан бошлаб олти ой доирасида аниқланган тақдирда, агар харидор товарнинг нуқсонлари товар харидорга берилгунга қадар ёки шу пайтгача пайдо бўлган сабаблар туфайли пайдо бўлганлигини исботласа, сотувчи жавоб беради.


33. Агар товарга кафолат муддати ёки яроқлилик муддати белгиланмаган бўлса, товарнинг нуқсонлари билан боғлиқ бўлган талаблар харидор томонидан нуқсонлар мақбул муддатда, бироқ товар харидорга берилган кундан бошлаб олти ой мобайнида ёхуд шартномада белгиланган узоқроқ муддат давомида аниқланиши шарти билан берилиши мумкин.

Мавсумий товарлар учун товарнинг нуқсонлари билан боғлиқ бўлган эътирозлар билдириш муддати товар харид қилинган санадан кейин тегишли мавсум бошланган пайтдан бошлаб ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасининг иқлим шароитларидан келиб чиқиб мавсумлар қуйидагичадир:

қишки мавсум - 25 ноябрь - 10 март;

баҳорги мавсум - 11 март - 14 май;

ёзги мавсум - 15 май - 15 сентябрь;

кузги мавсум - 16 сентябрь - 24 ноябрь.


34. Давлат корхонаси чакана савдо объектининг иш режими (иш бошланиши, тамом бўлиши, тушлик танаффус, дам олиш кунлари) давлат ҳокимияти маҳаллий органларининг қарорларига кўра, мулкчиликнинг бошқа шаклларидаги ташкилотларда эса мулкдор томонидан белгиланади. 10 иш ўринли ва ундан кўп иш ўринли савдо корхоналари, шунингдек мажбурий рўйхатда назарда тутилган товарларни сотиш бўйича жойлаштиришга киритилган корхоналар корхонанинг ёпилиши тўғрисида харидорларни олдиндан хабардор қилишлари керак.


35. Якка тартибдаги тадбиркорнинг (юридик шахс бўлмаган деҳқон хўжалигининг) давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома, якка тадбиркорнинг рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси ва бошқа ҳужжатлар савдо объектида туриши ҳамда назорат органларининг биринчи талаби билан кўрсатилиши керак.

36. Барча савдо объектлари уларнинг мазкур Қоидалар талабларига мувофиқлиги юзасидан мажбурий текширувдан ўтказилиши керак. Текшириш савдо объекти очилганда давлат ҳокимияти маҳаллий органлари томонидан бир марта ўтказилади.



IV. ОЗИҚ-ОВҚАТ ТОВАРЛАРИ БИЛАН

ЧАКАНА САВДО ҚИЛИШ ХУСУСИЯТЛАРИ


37. Озиқ-овқат товарлари тўғрисидаги маълумотларда, мазкур Қоидаларнинг 15-бандида кўрсатилган талаблардан ташқари техник регламентлар ва стандартларнинг мажбурий талабларига мувофиқ, товарларнинг турига боғлиқ равишда:

озиқ-овқат маҳсулотлари таркибига кирадиган ингрединтларнинг номлари, шу жумладан озиқ-овқатга солинадиган қўшимча масаллиқлар;

озиқлик қиймати (маҳсулотнинг калориялилиги, оқсиллар, ёғ, углеводлар, витаминлар, микроэлементлар мавжудлиги), оғирлиги ва метрик бирликлардаги ҳажми тўғрисидаги маълумотлар;

қўлланиладиган соҳаси (болалар, даволаш-профилактика, озиқ-овқат маҳсулотлари ва парҳез таомлар ва бошқалар учун);

тайёрлаш усуллари ва шартлари (концентратлар ва ярим тайёр маҳсулотлар учун) ва қўлланилиши (болалар, даволаш-профилактика маҳсулотлари ва парҳез таомлар учун);

мувофиқлик сертификати ёки маҳсулотнинг тайёрловчи корхоналарда сертификация қилинганлиги тўғрисидаги маълумотлар (мажбурий тартибда сертификатланиши шарт бўлган маҳсулотлар учун);

сақлаш шартлари (улар учун сақлаш шароитларига нисбатан мажбурий талаблар белгиланган товарлар учун);

тайёрланган санаси;

касалликларнинг айрим турларида истеъмол қилиш ножоизлиги (улар тўғрисидаги маълумотда касалликларнинг айрим турларида истеъмол қилиш ножоизлиги тўғрисида маълумот бўлиши керак бўлган товарлар учун);

тамаки маҳсулоти қутиси (ўрами) олд томони асосий майдонининг камида қирқ фоизини ва орқа томонидаги асосий майдоннинг камида 40 фоизини эгаллайдиган, шунингдек алкоголли маҳсулот идиши этикеткаси асосий майдонининг камида 40 фоизини эгаллайдиган матнли ёзув ва (ёки) расм шаклидаги тиббий огоҳлантириш бўлиши керак.

38. Товарлар савдо залига ёки сотиладиган бошқа жойга қўйилгунга қадар идишдан, ўраш ва боғлаш материалларидан, металл клипсдан олиниши керак. Товарнинг ифлос бўлган юзаси ёки қисми тозаланиши керак. Сотувчи-ходим шунингдек товарларнинг сифатини текшириши (ташқи белгиларига қараб), уларда зарур ҳужжатлар ҳамда маълумотлар мавжудлигини текшириши, товарларни брак қилиши ва сортларга ажратиши керак.


39. Туз, шакар, ун, ёрма ва бошқа сочилувчан товарларни қадоқлаш ва сотишда алоҳида куракчалардан фойдаланилади.


40. Озиқ-овқат товарларини витринада қуёш нурлари ва ёғингарчиликларнинг тўғридан-тўғри таъсирига учрайдиган ҳолатда, шунингдек товарларни ёнма-ён сақлаш тартиби бузилган ҳолда сақлашга ва жойлаштиришга йўл қўйилмайди.


41. Тортиб сотиладиган товарларни сотишда темир-терсак, чиқиндилар, увоқлар стандартларда белгиланган йўл қўйиладиган нормалардан ортиқ бўлмаслиги керак.


42. Тортиб сотиладиган товарлар сотишдан олдин сотувчи томонидан қадоқланган ва ўралган тақдирда, яроқлилик муддати қисқа бўлган товарларни қадоқлаш ҳажми савдонинг бир куни мобайнида улар сотиладиган ҳажмдан ортиқ бўлмаслиги керак.

Қадоқланган товар ўрамига этикетка ёпиштирилади, унда унинг номи, тайёрловчи корхонанинг ёки тайёрловчи мамлакатнинг номи, бир бирлигининг баҳоси, тайёрланган санаси, яроқлилик муддати, қадоқланган санаси, қадоқловчининг тартиб рақами ёки фамилияси кўрсатилади.

Ўрамдаги оғирлиги кўрсатилган, тайёрловчи томонидан қадоқланган ва ўраб-жойланган озиқ-овқат товарларини сотишда улар қўшимча равишда тарозида тортилмайди.


43. Тортиб сотиладиган озиқ-овқат товарлари харидорга ўралганлиги учун қўшимча ҳақ ундирилмасдан ўралган ҳолда берилади.

Ўраш учун давлат стандартининг мажбурий талабларига мувофиқ бўлган ва аниқ товарларни ўрашга рухсат берилган материаллардан фойдаланилади.


44. Тортиб сотиладиган тортиладиган озиқ-овқат товарларининг нархи нетто оғирлиги бўйича белгиланади.


45. Харидорнинг илтимосига кўра сотувчи-ходим гастрономия товарларини кесилган ҳолда сотиши мумкин.


46. Гўшт-сут, балиқ, қандолатчилик маҳсулотлари (бисквит тортлар, пирожноелар ва бошқалар), ярим тайёр маҳсулотлар, тайёр масаллиқлар ва бошқа тез бузиладиган маҳсулотларни сотишга фақат совутиладиган пештахталар, витриналар бўлган тақдирда рухсат берилади.


47. Тамаки маҳсулотларини акциз маркаларисиз ва 20 ёшдан кичик шахсларга сотишга рухсат берилмайди.

47-1. Озиқ-овқат маҳсулотларига қўшиладиган 10 фоиздан ортиқ концентрацияли сирка кислотасини чакана савдода сотишга йўл қўйилмайди.

48. Озиқ-овқат товарлари чаканалаб сотиладиган жойларда қўшимча озиқ-овқат товарлари сотилиши ва умумий овқатланиш хизматлари кўрсатилиши мумкин. Қўшимча товарлар билан савдо қилиш ва умумий овқатланиш хизматлари кўрсатиш техник регламентлар ва стандартларнинг мажбурий талаблари билан белгиланган озиқ-овқат товарлари сифати ёмонлашишига ва хавфсизлигига ва уларни сотиш шароитлари ёмонлашишига олиб келмаслиги керак.

49. Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун тегишли ҳужжатларга эга бўлмаган жисмоний шахслардан озиқ-овқат товарларини қабул қилиб олиш (қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан ташқари) тақиқланади.


50. Нон ва нон-булка маҳсулотлари савдосини амалга оширувчи савдо корхоналарида белгиланган иш соатларида ассортимент рўйхатида назарда тутилган ассортиментдаги нон ва нон-булка маҳсулотлари бўлиши лозим.

Ихтисослаштирилган нон дўконининг савдо залида ёки нон маҳсулоти савдосини амалга оширувчи бўлимда кўринарли жойга маҳсулотнинг тайёрловчилари, олиб келиш жадваллари, нон маҳсулотларини сотиш муддатлари, парҳезбоп нон маҳсулотлари ва янги турдаги маҳсулотларнинг хусусиятлари тўғрисидаги маълумотлар бўлиши лозим.

Нон сотиш ва сақлаш учун мўлжалланган жой қуруқ ва шамоллатиб туриладиган бўлиши керак.

Нон ва нон-булка маҳсулотлари сотувчи савдо объектлари махсус анжомлар (вилкалар, пичоқлар, ажратувчи тахталар, стеллажлар, полкаларни нон ушоқларидан тозалаш учун чўтка ва бошқалар) билан жиҳозланган бўлиши керак, нон ва нон-булка маҳсулотларини электрон тижорат шаклида сотиш ҳолатлари бундан мустасно.

Савдо объектида дезинфекцияловчи воситалар бўлиши шарт.


51. Нон ва нон-булка маҳсулотларини қабул қилишда сотувчи маҳсулот сифатини органолептик кўрсаткичлар бўйича, ҳар бир маҳсулот вазнининг маҳсулотнинг аниқ тури учун амалда бўлган норматив ҳужжатларга мувофиқлигини текшириши лозим. Бузилишлар аниқланган тақдирда маҳсулот тайёрловчига қайтарилади.

Етказиб берувчининг илова ҳужжатида ушбу товарлар тўғрисида "Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5 ва 6-моддаларида назарда тутилган тўлиқ маълумотлар бўлиши лозим.

Нон ва нон-булка маҳсулотлари фақат нон маҳсулотлари ташишга мўлжалланган ихтисослаштирилган автомашиналарда ташилади.


52. Ихтисослаштирилган ва фирма нон-қандолат дўконларида ва бошқа дўконларнинг нон бўлимларида нон, нон-булка маҳсулотлари ва қандолатчилик маҳсулотларидан ташқари шакар, чой, кофе, какао, ун, ёрма, макарон маҳсулотлари, болалар овқати учун қуруқ маҳсулотлар, озиқ-овқат концентратлари, кафетерийга эга бўлган дўконларда эса, шунингдек иссиқ ичимликлар (чой, кофе, какао, сут) шу жумладан ўзлари ишлаб чиқарган хамир ва қандолатчилик маҳсулотлари сотилиши мумкин.


53. Нон, нон-булка маҳсулотларининг тандирдан чиққандан кейин сотувда бўлиши мумкин бўлган муддатлари фақат маҳсулотнинг ҳар бир тури учун норматив-техник ҳужжатларга мувофиқ белгиланган тартибда белгиланади.


54. Харидорлар хоҳишига кўра оғирлиги 0,4 кг ва ундан ортиқ бўлган нон, нон-булка маҳсулотлари (ўралганларидан ташқари) 2-4 та тенг бўлакларга кесилиши ва тарозида тортилмасдан сотилиши мумкин.


55. Амалдаги техник регламентлар ёки стандартлар талабларига мувофиқ бўлмаган, шунингдек нотўғри сақлаш туфайли бузилганлик белгилари бўлган нон, нон-булка маҳсулотларини сотиш тақиқланади.

Нон маҳсулотлари савдо объектларида нотўғри сақланганлиги туфайли бузилган тақдирда бунинг учун савдо объектлари жавоб беради.

Нон техник регламентлар ёки стандартларга мувофиқ сақланади.

Харидорларга нон ва нон-булка маҳсулотлари, махсус анжом қўлланилмаган тақдирда, махсус қўлқоплар (полиэтилен қўлқоплар ёки бошқа қўлқоплар) воситасида берилиши мумкин.

Сифатсиз (ғарч-ғурч қилган, куйган, ичи бўш, яхши қорилмаган, бошқа нарсалар аралашган) нон ёки нон маҳсулотлари сотилган тақдирда сотувчи-ходимлар харидор талабига кўра уларни сифатлисига сўзсиз алмаштириб беришлари ёки пулини қайтаришлари керак. Харидорлар томонидан қайтариб берилган нон ва нон-булка маҳсулотлари санитария жиҳатидан яроқсиз ҳисобланади.

Нон маҳсулотлари зарур сифатга эга бўлмаган тақдирда сотиш муддатлари доирасида алмаштирилади.


56. Нон, нон-булка маҳсулотларини сақлаш ва сотиш жараёнида уларда картошка касаллиги белгилари аниқланган тақдирда сотувчи бу ҳақда маҳсулот етказиб берувчига дарҳол хабар бериши керак. Зарарланган маҳсулотлар сотувдан чиқарилади ва амалдаги қоидаларга мувофиқ йўқ қилинади. Нон маҳсулотларида картошка касаллиги мавжудлиги ва уларнинг йўқ қилинганлиги ҳақидаги далолатнома белгиланган тартибда тузилади.

Картошка касаллиги мавжуд бўлган маҳсулот сақланган токчалар, шкафлар, лотоклар, идишлар картошка касаллигининг олдини олиш бўйича йўриқномага мувофиқ белгиланган тартибда зарарсизлантирилади.



V. АЛКОГОЛЬ ВА ТАМАКИ МАҲСУЛОТЛАРИ БИЛАН

ЧАКАНА САВДО ҚИЛИШ ХУСУСИЯТЛАРИ

57. Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш белгиланган тартибга мувофиқ берилган алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо ҳуқуқи учун рухсатнома асосида ва ушбу мақсадлар учун ҳимояланган фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналаридан, шунингдек банк пластик карточкаларидан тўловларни қабул қилиш бўйича ҳисоб-китоб терминалларидан мажбурий тартибда фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

58. Сифатига кўра техник регламентлар ёки стандартларнинг мажбурий талабларига мувофиқ бўлган, белгиланган намунадаги акциз маркалари билан маркаланган (пиводан ташқари) алкоголь ва тамаки маҳсулотлари сотилиши керак.

Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг, шу жумладан импорт алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг сотувчиси маҳсулотларнинг ҳар бир номи бўйича тайёрловчи ёки етказиб берувчининг имзоси билан тасдиқланган ҳамда ҳисобга олиш ва рўйхатдан ўтказиш рақамлари, унинг амал қилиш муддати ва сертификатни берган орган кўрсатилган ҳолда маҳсулотнинг ҳар бир номи бўйича мувофиқлик сертификати мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган товар-транспорт ҳужжатларига эга бўлиши керак.

Мувофиқлик сертификати харидорнинг талабига кўра сотувчи томонидан тақдим этилиши керак.

Сертификацияланган маҳсулот белгиланган тартибда мувофиқлик белгиси билан маркаланади.

Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш фақат алкоголли маҳсулотларни сақлаш ва сотишнинг санитария нормалари ва қоидаларига мувофиқ бўлган омборхоналари ва асбоб-ускуналари бўлган (шу жумладан назорат-касса машиналарини ва банк пластик карточкаларидан тўловларни қабул қилиш бўйича ҳисоб-китоб терминалларини қўлланиш, моддий бойликларнинг тўлиқ сақланишини таъминлаш шароитларига эга бўлган), алоҳида кириш жойи ҳамда шаҳарларда - камида 25 квадрат метрли, қишлоқ жойларда - камида 15 квадрат метрли (фақат алкоголли маҳсулотлар сотиш учун мўлжалланган) савдо зали, узоқ тоғли жойларда - алоҳида савдо бўлими мавжуд бўлган турғун савдо шохобчаларида амалга оширилиши мумкин.

59. Мулкчилик шаклларидан қатъи назар, чакана савдо объектлари томонидан алкоголли маҳсулотларни сотиш вақти Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги махсус комиссиялар томонидан, алкоголли маҳсулотлар сотиш шартларига мувофиқ белгиланади.

60. Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини:

болалар ўйинчоқлари, конфетлар ёки болалар ассортименти бошқа товарлари кўринишида;

сотиш жойларида алкоголли ичимликлар йигирма ёшга тўлмаган шахсларга сотилмаслиги, шунингдек алкоголли маҳсулотлар ва тамаки маҳсулотларининг инсон соғлиғига салбий таъсири тўғрисида огоҳлантирувчи ёзувлар бўлмаганда;

алкоголли маҳсулот идишида ёки тамаки маҳсулоти қутисида (ўрамида) алкоголли маҳсулотлар ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг инсон соғлиғига салбий таъсири тўғрисидаги матн ва (ёки) расм шаклидаги тиббий огоҳлантириш мавжуд бўлмаганда;

20 ёшга тўлмаган шахсларга;

мувофиқлик сертификатисиз;

яроқлилик муддати ўтиб кетган ҳолда;

акциз маркалари билан маркаланмаган ҳолда (пиводан ташқари) ёки қалбаки акциз маркалари билан;

ишлаб чиқарилган корхонани аниқлаш имконини берадиган даражада аниқ маркаланмаган ҳолда;

алкоголли маҳсулотлар тайёрлашга лицензияси бўлмаган маҳаллий ишлаб чиқарувчи томонидан тайёрланганда;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларини етказиб бериш ҳуқуқига эга бўлмаган ёки божхона тартибга солиши, савдо белгилари ва фирма номларидан фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатларида, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган қоидаларни бузган ҳолда етказиб берган етказиб берувчилардан сотиб олинганда;

алкоголли маҳсулотларни сақлаш ва сотиш учун санитария нормалари ва қоидаларига мувофиқ бўлмаган хона ва жойларда;

таълим, спорт ва диний муассасалардан камида беш юз метр радиусда жойлашган савдо корхоналарида;

тамаки маҳсулотларига нисбатан - доналаб, қутисиз (ўрамсиз);

савдо автоматлари орқали;

жамоат транспорти бекатларида, шу жумладан метрополитен бекатларида, жамоат жойларида ва дам олиш жойларида, даволаш-профилактика ва спорт-соғломлаштириш муассасалари ҳудудида, ушбу муассасалар ва ишлаб чиқариш корхоналарининг ошхоналарида, аэропортларга, темир йўл вокзаллари ва автостанцияларга туташиб кетган жойларда жойлашган савдо корхоналарида;

этикеткаларсиз, ифлос (ички ёки ташқи томони), синган (оғзи учган, ёрилган), тиқини учган, умумий кўриниши тиниқ бўлмаган, чет нарсалар аралашган, чўкиндили бутилкаларда (винолар тўпламидан ташқари);

алкоголли маҳсулотларга қонун ҳужжатларида белгиланган энг паст чакана нархдан паст нархларда (пиводан ташқари) сотиш тақиқланади.

60-1. Алкоголли маҳсулотларни ва тамаки маҳсулотларини сотаётган сотувчи кўриниши йигирма ёшдан кичик кўринган харидордан унинг ёшини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатишни талаб қилиши, ҳужжат мавжуд бўлмаган тақдирда эса алкоголли маҳсулотларни ва тамаки маҳсулотларини сотишни рад этиши шарт.

61. Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари маҳсулотнинг тегишли тури бўйича норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ ҳолда сақланиши керак.

Узум, мева винолари, коньяклар, шампан қуйилган, пўстлоқ тиқинли бутилкалар тиқинларнинг қуриб қолмаслиги ва ҳаво кирмаслиги учун омборхоналарда ётиқ ҳолатда, бошқача тиқинли бутилкалар эса тик ҳолатда сақланади.


62. Сотувчи алкоголь ва тамаки маҳсулотлари савдо залига қуйишдан олдин ташқи белгиларига қараб уларнинг сифатини текшириб кўришга мажбурдир.

63. Алкоголли маҳсулотларни сотиш чоғида сотувчи сотувдаги мавжуд товар намуналарига маҳсулот номи ёзилган, уларнинг идиши ва қадоқлаш қиймати қўшилган нархлари кўрсатилган нархномаларни биркитиб қўяди.

64. Сотувчи-ходимларнинг иш ўринлари (алкоголли маҳсулотларни қуйиб сотувчи шахслар учун) тегишли савдо ускунаси, давлат текширувидан ўтган ўлчов мензуркалари ва ўлчов кружкалари билан жиҳозланган ва алкоголли маҳсулотларни 20 ёшга тўлмаган шахсларга сотишга йўл қўйилмаслиги, алкоголли маҳсулотларнинг инсон соғлиғига салбий таъсири тўғрисидаги огоҳлантирувчи ёзувга эга бўлиши керак.

65. Харидор камчиликлари бўлган алкоголь ва тамаки маҳсулотлари сотиб олган тақдирда сотувчи харидор талабига кўра уларни сифатли товарга алмаштириб беришга ёки, агар мазкур камчиликлар товарнинг яроқлилик муддати доирасида аниқланган бўлса, харидорга унинг тўлаган суммасини қайтариб беришга мажбурдир.

Сотувчи айби билан белгиланган яроқлилик муддати доирасида камчиликлари бўлган алкоголь ва тамаки маҳсулотларини сотиш оқибатида истеъмолчи ҳаёти ва саломатлигига етказилган зарар амалдаги қонунчиликка мувофиқ қопланиши керак.

66. Ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан қатъи назар, чакана савдо корхоналарининг сотувчи-ходимлари, раҳбарлари ва бошқа мансабдор шахслари аҳолига алкоголь ва тамаки маҳсулотлари сотиш тартибини бузганлик ёки ёмон сифатли алкоголь ва тамаки маҳсулотлари сотганлик, шунингдек уларни сақлаш тартибини бузганлик учун амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавоб берадилар.

67. Пиво алкоголли маҳсулот ҳисобланади (алкоголсизлари бундан мустасно). Пивони (алкоголсизлари бундан мустасно) алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо ҳуқуқи учун рухсатнома мавжуд бўлган тақдирда юридик шахслар томонидан сотишга йўл қўйилади.


VI. МЕВА-САБЗАВОТ ТОВАРЛАРИ

БИЛАН ЧАКАНА САВДО

ҚИЛИШ ХУСУСИЯТЛАРИ


68. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ихтисослаштирилган мева-сабзавот дўконларида, озиқ-овқат дўконларининг бўлимлари ва секцияларида, шунингдек мулкчиликнинг барча шаклларидаги павильонларда янги узилган сабзавот, ҳўл мева, узум, резавор мева, субтропик ўсимликлар, ёнғоқмевалар, полиз маҳсулотлари, қўзиқорин, ёввойи ҳолда ўсувчи мевалар, картошка ва уларни қайта ишлашдан олинган маҳсулотлар (кейинги ўринларда матнда "мева-сабзавот товарлари" деб юритилади)ни чакана сотиш соҳасидаги асосий талабларни белгилаб беради.


69. Чакана савдо корхоналари мева-сабзавот маҳсулотлари ва картошка кўплаб келтириладиган даврда туманлар, шаҳарлар ҳокимликлари ва санитария назорати органларининг рухсати билан лотоклар, тележкаларда сотишни, шунингдек деҳқон бозорлари, гузарлар, ярмаркалар ва ушбу мақсадлар учун ажратилган бошқа жойларда майда улгуржи савдонинг кенг тармоғини ташкил этадилар.

Майда чакана савдо тармоғи мева-сабзавот ва бошқа қўшимча товарлар билан ўзлари таркибига кирадиган, ушбу маҳсулотлар билан савдо қиладиган корхоналар ва ташкилотлар томонидан таъминланади.


70. Мева-сабзавот билан савдо қилувчи корхоналар ва ташкилотлар қўшимча равишда қадоқланган бошқа озиқ-овқат товарлари: зиравор, кетчуплар, дориворлар, асал, ўсимлик мойи, туз, озиқ-овқат маҳсулотларига қўшиладиган 10 фоиздан ортиқ бўлмаган концентрацияли сирка кислотаси, мева-сабзавот шарбатлари ва чанқовбосди ичимликлар ҳам сотиши мумкин.

71. Иш шароитларига қараб мева-сабзавот товарлари билан савдо қилувчи корхоналар ва ташкилотлар хўжалик товарлари: картошка-сабзавот тозалагич, шарбатсиққич, қопқоқлаш машиналари, ҳар хил идишлар, тиқин ва ўраш материаллари, кичик механизация воситалари, боғ-полиз анжомлари, полиэтилен плёнка, мева-сабзавот экинлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларининг уруғлари ва кўчатларини сотиши мумкин.


72. Сотувга қўйиладиган мева-сабзавот товарлари сортларга ажратилган бўлиши ва сифатига кўра техник регламентлар ёки стандартлар талабларига мувофиқ бўлиши керак. Саралаш сифатига салбий таъсир кўрсатадиган олманинг айрим думбул навлари ("Оқ олма", "Астрахань оқ олмаси", "Розмарин"), резавор мевалар (қулупнай, малина (хўжағат), смородина (қорағат), данакли мевалар (олча, гилос, олхўри, ўрик) ва узум учун бундан истисно қилишга йўл қўйилади. Агар яроқсизлик ва чиқит миқдори олмалар учун 5 фоиздан, данакли мевалар ва узум учун 10 фоиздан ортиқ бўлмаса, кўрсатиб ўтилган маҳсулотлар сортларга ажратилмасдан сотувга қўйилиши мумкин.

73. Мева-сабзавот товарлари тайёрлаш (қабул қилиш), сақлаш, қайта ишлаш, сотиш (савдо) жойларига товарни механик шикастланишдан сақлашни таъминловчи идишда ва ўрамда келтирилади. Мева-сабзавот товарларининг носоз, ифлос ва ўзига хос ҳид келиб турадиган идишда ва транспорт воситаларида идишсиз ташилишига йўл қўйилмайди.


74. Мева-сабзавот товарлари транспортнинг очиқ турлари билан ташилганда уларнинг устига брезент ёки ўраш материали ёпилган бўлиши керак.


75. Идиш эҳтиёткорлик билан, махсус асбоблар ёрдамида очилиши керак. Савдо корхонаси ва ташкилотига келтириладиган барча мева-сабзавот идиши унинг сақланишини таъминлайдиган ҳамда айниқса зарарли моддалар билан ифлосланишига йўл қўймайдиган шароитларда сақланиши керак. Идишни савдо залида, тамбурда ва савдо корхоналарининг олд томонида сақлаш тақиқланади. Идишни сақлаш учун махсус бино ёки атрофи ўралган бостирмали майдон ажратилади.


76. Ҳўл, қуритилган, қайта ишланган мева-сабзавот товарлари бунинг учун махсус ажратилган, табиий ёруғлик тушмайдиган, яхши шамоллатиладиган, совутиладиган жойларда идишга солинган ҳолда сақланади. Товарнинг ҳар бир тури сақлаш жойларида алоҳида жойлаштирилади. Маҳсулот солинган яшиклар, лотоклар, саватлар 1,5-2 метр баландликдаги сўриларга қўйилади. Товарлар контейнерларда сақланганда уларнинг полдан баландлиги бино шипининг баландлигига ва кўтариш механизмлари жиҳозланганлигига боғлиқ бўлади.


77. Ҳўл мева, сабзавот ва картошкани сақлаш учун қуйидаги шароитлар таъминланиши керак:

Маҳсулотнинг номи


Цельсий бўйича

ҳарорат даражаси


Ҳавонинг нисбий

намлиги, фоиз


Картошка


+2 дан +3 гача

85-95

Сабзи, петрушка, сельдерей, шолғом, ерқалампир (хрен), лавлаги, турп, редиска, брюква, пиёз


-1 дан +1 гача

90-95

Карам


-1 дан +3 гача

90-95

Помидор


+10 дан +13 гача

75-80

Бодринг, кабачки, қовоқ, патиссон, бақлажон


+13 дан +15 гача

90-95

Салат, исмалоқ, кўкпиёз, боғламли редиска ва бошқа ошкўклар


+1 дан +3 гача

90-95

Қовун


+10 дан +13 гача

85-90

Тарвуз


+3 дан +4 гача

80-85

Олма


+4 дан +5 гача

95

Нок


+2

95

Узум


0 дан -1 гача

90-95

Данакли мевалар (олча, гилос, ўрик, олхўри, шафтоли)


0 дан +1 гача

80-95

Қалампир


+6 дан +7 гача

90-95

Булғор қалампири


+10 дан +13 гача

90-95

Сариқ, тўқ сариқ тусли цитрус мевалар


+2 дан +3 гача

85-90

Мандарин, апельсин ва лимон


+2 дан +3 гача

85-90

Пишган ананас


+8 дан +9 гача

85-90

Пишган банан


+12 дан +14 гача

90-95

Бундай шароитлар яратиш имкони бўлмаган истисно ҳолларда пўчоқли уруғи бўлган мевалар, цитрус мевалар, сабзавотлар (ошкўклардан ташқари) ва картошка икки кеча-кундуздан ортиқ бўлмаган муддатда ҳавонинг нисбий намлиги 80-85 фоиз бўлган ҳолда +10 дан +12 гача даражали ҳароратда сақланиши мумкин.


78. Мевалар бузилишининг олдини олиш учун фумигация қилинган олма, нок ва цитрус меваларни савдо жойларида сақлаш 24 соатдан ошмаслиги керак.


79. Тузланган карам, тузланган ва сиркаланган бодринг ва помидорлар ёғоч бочкаларда, бидонларда полда, шиша идишда - сўкчакларда ёки яшикларда, полиэтилен қопчаларда-яшикларда: карам - 0 дан - 2°С гача, бодринг ва помидор -1 дан +4°С гача ҳароратда, совутиладиган хоналар бўлмаган тақдирда омборларда +12°С дан ошмайдиган ҳароратда тунги вақтда мажбурий шамоллатишни қўллаган ҳолда кўпи билан икки кеча-кундуз сақланади.


80. Қуритилган мевалар, сабзавот ва қўзиқоринлар 0 даражадан +10 даражагача ҳароратда ва ҳавонинг нисбий намлиги 75 фоиздан юқори бўлмаган қуруқ, салқин хоналарда яшикларда, сўкчакларга жойлаштирилган полиэтилен ёки крафт қопчаларда сақланади.


81. Ҳаво кирмайдиган, стерилизация қилинган металл, полимер, шиша идишдаги консервалар, шарбат ва ичимликлар ёғоч (ёки пластмасса) қутиларда +3 дан +10°С даражагача ҳароратда ва ҳавонинг нисбий намлиги 85 фоиздан ошмайдиган шароитда сақланади.


82. Музлатилган мева ва сабзавотлар ҳарорати -8 - -10°С даражадан ошмайдиган паст ҳароратли камераларда ва пештахталарда сақланади.


83. Янги резавор мевалар солинган очиқ саватлар ва ғалвирлар усти енгил газлама (масалан, дока ва ҳоказолар) билан ёпилади.


84. Картошка ва мева-сабзавот товарлари сотишга қўйишдан аввал яроқсиз ва ностандартларга ажратиб сараланади, шунингдек уларнинг ифлосланган устки қисми тозаланади. Қайта ишлаш учун саралаш столлари, имкониятга қараб саралаш - калибрлаш машиналари билан жиҳозланган махсус хона ажратилади.

Резавор мевалар, гилос, олча ва узум дастлабки қайта ишловларсиз савдога қўйилиши мумкин.


85. Дўконларда янги ва қуритилган мева-сабзавот товарлари ва картошкани сотиш товарнинг нархи ва сорти кўрсатилган, қадоқланган ҳолда амалга оширилади.


86. Дўконларда картошка ва мева-сабзавот товарлари полкаларда, этажеркаларда ва пештахталарда, шу жумладан совутиш пештахталарида, чакана савдо столларида, саватларда, яшикларда ва бошқа асбоб-ускуналар ва жиҳозларда кўрсатиб қўйилади, картошка ва мева-сабзавот товарларини электрон тижорат шаклида сотиш бундан мустасно.

87. Ўз-ўзига хизмат кўрсатиш усули билан савдога тайёрланадиган товарлар дўконларда боғламланади, қадоқланади, овқат тайёрлаш учун тўплам қилиб қўйилади, ип ва полиэтилен тўрхалталарга, қопчаларга ва бошқа ўраш-жойлаш материалларига жойланади ҳамда маркаланади.


88. Тортиб сотиладиган картошка, мева-сабзавот товарларини оғирлиги харидорга кўринарли жойда кўрсатилган идишда тортишга йўл қўйилади.


89. Тузланган карам, тузланган ва сиркаланган қўзиқорин амалдаги техник регламентлар ёки стандартларга мувофиқ фоиз нисбатларидаги шарбат, тузли ва сиркали сув билан бирга сотилади.

Бошқа тузланган ва сиркаланган мева-сабзавот товарларини сотишда суюқлик товар тортиб бўлингандан сўнг харидор илтимосига кўра қўшилади.

Юқорида кўрсатилган маҳсулотларни сотишда махсус анжомлар (қошиқ, вилка, куракчалар) қўлланилади.


90. Сотувчи харидорга картошка, мева-сабзавот товарларини сотишда савдо жараёнида вужудга келган яроқсиз ва сифати паст маҳсулотларни ажратиб ташлашга мажбурдир.


91. Сифати паст мева-сабзавот товарларини сотиш тақиқланади.



VII. ҚИММАТБАҲО МЕТАЛЛАРДАН ВА ҚИММАТБАҲО

ТОШЛАРДАН ЯСАЛГАН БУЮМЛАР БИЛАН

ЧАКАНА САВДО ҚИЛИШ ХУСУСИЯТЛАРИ


92. Қимматбаҳо металлардан ва қимматбаҳо тошлардан ясалган буюмлар билан чакана савдо қилиш хўжалик юритувчи субъектлар - белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган юридик шахслар томонидан амалга оширилиши мумкин.

93. Қимматбаҳо металлардан ва қимматбаҳо тошлардан ясалган товарларни сотиш фақат ихтисослаштирилган заргарлик дўконлари, универмаглар, савдо марказларининг бўлимлари, секцияларида амалга оширилади. Уларда кўрсатиб ўтилган бойликларнинг ҳисобга олиниши, ишончли сақланиши (қўриқлаш ва ёнғин хавфсизлиги сигнализацияси мавжудлиги, савдо бўлимидан тўсилган мустаҳкамланган, ёнмайдиган пўлат сандиқ мавжудлиги) ва уларни харидорларнинг танлаши учун зарур шароитлар таъминланади.

Дўконлар ва бўлимларда қуйидагилар мавжуд бўлиши шарт: "Ўзстандарт" агентлигининг давлат текширувчилари томонидан текширилган биринчи ёки иккинчи класс аниқликдаги торозилар, гардиш ўлчагичлар, бармоқ ўлчагичлар, пробани аниқлаш учун реактивлар.


94. Ихтисослаштирилган заргарлик дўконларида, универмаглар, савдо марказларининг бўлимлари ва секцияларида харидорларга қимматбаҳо металлардан ва қимматбаҳо тошлардан ясалган буюмларни кўрсатиш қулай бўлиши таъминланиши керак.

Харидорларга қулай бўлиши учун заргарлик зеб-зийнатлари, столни тузаш буюмлари ва бошқа буюмлар вазифаси ва хилига кўра гуруҳларга ажратилиши керак.


95. Савдо залларида қимматбаҳо металлардан ва қимматбаҳо тошлардан ясалган буюмлар учун Ўзбекистон Республикасида белгилангагн пробалар тўғрисидаги ахборот, шунингдек қимматбаҳо металлардан ва қимматбаҳо тошлардан ясалган буюмларни тамғалаш тартиби тўғрисидаги норматив ҳужжатлардан кўчирмалар, проба тамғалари тасвири, чакана савдо корхонаси Давлат пробани аниқлаш палатасида рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома, мазкур Қоидалар ва харидорлар учун зарур бўлган бошқа маълумотлар кўзга кўринарли жойга осиб қўйилиши керак.

96. Қимматбаҳо металлардан ва қимматбаҳо тошлардан ясалган буюмлар уларда уларни тайёрлаганларнинг тамғалари ва Давлат пробани аниқлаш палатаси томонидан қўйилган проба тамғалари мавжуд бўлсагина сотилади.

Чет элдан келтирилган хорижда ишлаб чиқарилган буюмларда ҳам Давлат пробани аниқлаш палатасининг тамғаси бўлиши шарт.


97. Сотувга қўйилган қимматбаҳо металлардан ва қимматбаҳо тошлардан ясалган буюмларда маҳсулотнинг номи, тайёрловчи, артикул, проба, 1 грамм маҳсулотнинг массаси ва нархи, сотувга қўйилган буюмларнинг тури, уларнинг хусусияти, буюмнинг массаси ва чакана нархи кўрсатилган ҳолда пломбаланган ёрлиқлар бўлиши керак.

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ тамғаланмайдиган қимматбаҳо металлардан ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмлари ва бошқа маиший буюмларнинг айрим турларида сифат сертификати бўлиши керак.


98. Қимматбаҳо металлардан ва қимматбаҳо тошлардан ясалган буюмлар савдо залига қўйилгунга қадар сотувдан олдинги тайёргарликдан ўтиши керак. Бу тайёргарлик буюмларни кўздан кечириш ва брак қилишни, белгиланган проба тамғалари, пломба ва ёрлиқлар мавжудлигини текширишни, ўлчамларига кўра сортларга ажратишни ўз ичига олади.

Сотувчи қимматбаҳо металлардан ва қимматбаҳо тошлардан ясалган буюмларни танлашда харидорга малакали ёрдам бериши ва уни зарур маслаҳат билан таъминлаши, харидорни сотувдаги мавжуд намуналар билан таништириши керак.

Харидорнинг хоҳишига кўра сотувчи-ходим харидор танлаган қимматбаҳо тошлардан тайёрланган буюмларни дўкон иш кунининг охиригача бўлган муддатга сақлаб туришга мажбурдир.

Қимматбаҳо металлардан ва қимматбаҳо тошлардан ясалган безаклар якка тартибда ўраб-жойланган бўлиши керак.

Сотувчи қўшимча товарлар сотишни ташкил этиши ва харидорга қўшимча хизматлар комплексини кўрсатиши мумкин (ўйма нақш солиш, олдиндан буюртма қабул қилиш, совғани етказиб бериш ва топшириш, чиройли қилиб ўраб-жойлаш ва хизматларнинг бошқа шакллари).


99. Қимматбаҳо металлардан ва қимматбаҳо тошлардан ясалган буюмлар алмаштирилмайди ва қайтариб олинмайди, уларда чакана савдо корхонаси томонидан қайд этилмаган нуқсонлар (зиракка тошлар, илгакларнинг, билакузукка шарнирли бирикмаларнинг сифатсиз маҳкамланганлиги, ёрлиқлар, ушалган жойлар, тирналган жойлар, ғудурлар ва бошқа нуқсонлар) аниқланган, давлат проба тамғаси муҳрининг заргарлик қотишмаси амалдаги пробасига, буюм хусусиятининг пломбаланган ёрлиқ маълумотларига мос келмаслиги бундан мустасно.


100. Қимматбаҳо металлардан ва қимматбаҳо тошлардан ясалган буюмларда чакана савдо корхонаси томонидан қайд қилинмаган нуқсонлар аниқланган тақдирда харидор уларни харид қилинган кундан бошлаб 6 ой ичида харид нархи тегишлича қайта ҳисобланган ҳолда ана шундай буюмларга ёки бошқа буюмларга алмаштириш ҳуқуқига эга бўлади ёхуд улардаги нуқсонлар текин бартараф этилиши ёки харид нархи мутаносиб равишда камайтирилиши керак.

Харидор шунингдек зарар қопланган ҳолда олди-сотди шартномасини бекор қилишга ҳам ҳақли бўлади. Харидорнинг кўрсатиб ўтилган талаблари товар чеки тақдим этилгандан кейин кўриб чиқилади.


101. Алмаштириш ёки нуқсонларни текин бартараф этиш муддатлари бузилган тақдирда сотувчи "Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ неустойка тўлаши шарт.


102. Сифатга оид нуқсонлар пайдо бўлиши сабаблари масаласида келишмовчиликлар келиб чиқса сотувчи қимматбаҳо металлардан ва қимматбаҳо тошлардан ясалган буюмни харидордан қабул қилиб олишга ва уни мустақил экспертиза ўтказиш учун Давлат пробани аниқлаш палатасига юборишга мажбурдир.

Харидор экспертиза ўтказишда қатнашишга ҳақлидир.


103. Сотилган қимматбаҳо металлардан ва қимматбаҳо тошлардан ясалган буюмлар учун харидордан нақд пулни қабул қилиш назорат-касса машиналари қўлланган ҳолда амалга оширилади.

Қимматбаҳо металлардан ва қимматбаҳо тошлардан ясалган сотилган буюм учун харидорга касса чеки ҳамда савдо ташкилоти қайди қўйилган ва сотувчи-ходим томонидан имзоланган товар чеки нусхаси берилади. Товар чеки нусхасида буюмнинг номи, артикули, нархи ва сотиш санаси, сотувчи-ходимнинг имзоси ва савдо корхонаси штампи кўрсатилади.


104. Қимматбаҳо металлардан ва қимматбаҳо тошлардан ясалган буюмлар билан воситачилик савдоси товарлар билан воситачилик савдоси қоидаларига мувофиқ мазкур Қоидаларнинг 93-бандига биноан амалга оширилади.

105. Сотувчи қимматбаҳо металлардан ва қимматбаҳо тошлардан ясалган буюмларни сотиш қоидалари бузилганлиги учун амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда харидор олдида жавоб беради.


106. Давлат проба тамғаларисиз ёки пломбирланган ёрлиқсиз сотувга тушган қимматбаҳо металлардан ва қимматбаҳо тошлардан ясалган буюмлар муҳрланиши ва Марказий банк ҳузуридаги Қимматбаҳо металлар агентлигининг Давлат пробани аниқлаш палатасига жўнатилиши керак.


VIII. ҚИММАТБАҲО МЕТАЛЛАР, ТОШЛАР

ВА УЛАРДАН ЯСАЛГАН БУЮМЛАРНИ

АҲОЛИДАН СОТИБ ОЛУВЧИ ПУНКТЛАРНИНГ

ИШ ҚОИДАЛАРИ ХУСУСИЯТЛАРИ


107. Қимматбаҳо металлар, қимматбаҳо тошлар синиқларини ва улардан ясалган буюмларни аҳолидан сотиб олувчи сотиб олиш пунктлари, дўконлар ва бошқа юридик шахслар (матнда кейинги ўринларда "сотиб олиш пунктлари" деб юритилади) Давлат пробани аниқлаш палатаси томонидан белгиланган тартибда бериладиган рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасига эга бўлишлари керак. Заргарлик буюмларини қайта ишлаш ва тайёрлашда Давлат пробани аниқлаш палатаси томонидан белгиланган тартибда бериладиган рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасига эга бўлиш керак.

108. Сотиб олиш пунктлари кўрсатиб ўтилган қимматли бойликлар ишончли сақланишини таъминлайдиган, шунингдек топширувчиларга хизмат кўрсатиш учун зарур шароитларга эга бўлган махсус жиҳозланган биноларда жойлаштирилиши керак.


109. Сотиб олинган бойликлар сотиб олиш пункти томонидан уларнинг ҳақи тўлангандан кейин қимматли бойликларни сотувчига қайтариб берилмайди.


110. Сотиб олиш пунктлари аҳолидан шартнома асосида:

қимматбаҳо металлар (олтин, платина, палладий ва кумуш) ва улардан ясалган буюмларни;

қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошларни;

монеталарни (олтин, платина ва кумуш тангаларни);

корпусига олтин қопланган мамлакатимизда ишлаб чиқарилган ва импорт соатларни;

кумуш гардишли чинни ва биллур буюмларни сотиб олади.


111. Сотиб олиш пунктларининг:

техник олмосларни;

қайта ишланмаган шаклдаги қимматбаҳо тошларни;

ёмби, олтин чўкинди, олиб қўйиладиган ясама тиш, сим ва кукун шаклидаги олтин, платина, палладий ва кумушни;

олтин, платина, палладий ва кумушдан ясалган ишлаб чиқариш-техника мақсадидаги буюмларни (чега, лаборатория идиши ва бошқаларни);

давлат ва жамоат корхоналари ва ташкилотларидан қимматли бойликларни сотиб олиши тақиқланади.


112. Қимматбаҳо металларнинг пробасини аниқлаш ва қимматли бойликларни тош-тарозида тортиш учун сотиб олиш пунктлари:

барча аниқланган пробаларни аниқлаш учун кимёвий реактивларга;

қимматбаҳо тошларни тош-тарозида тортиш учун аналитик тарозиларга;

олтин, платина, палладий, ярим қимматбаҳо, ишлов берилган ва синтетик тошларни тортиш учун I классли техник тарозиларга;

кумушни тош-тарозида тортиш учун II классли техник тарозиларга эга бўлиши керак.


113. Бойликларни тош-тарозида тортиш:

олтин, платина, палладий ва ушбу металлардан ясалган буюмлар учун - 0,01граммгача;

кумуш ва кумушдан ясалган буюмлар учун - 0,1 граммгача;

гардишсиз қимматбаҳо тошлар учун - 0,01 каратгача;

ярим қимматбаҳо тошлар учун - 0,01 граммгача;

ишлов берилган тошлар учун - 0,1 граммгача аниқликда бўлиши керак.

Харид қилиш пайтида буюмдан олиш мумкин бўлмаган ёки буюмдан олиш мақсадга мувофиқ бўлмаган барча қимматбаҳо тошлар каратомер бўйича 0,1 каратгача аниқликда аниқланади.


114. Бойликларни харид қилиш билан боғлиқ барча операциялар бойликларнинг эгаси иштирокида амалга оширилади (пробани аниқлаш, тортиш, штифт, канифолни йўқотиш ва бошқалар).


115. Бойликларнинг нархи сотувчи билан келишилгандан кейин сотиб олувчи товаршунос белгиланган намунадаги квитанцияни 4 нусхада ёзади, квитанцияни сотиб олувчи товаршунос ва бойликларни сотувчи имзолайди.


116. Сотиб олинган ҳар бир қимматли бойлик квитанция билан биргаликда ҳақи тўлангандан кейин дарҳол конвертга солинади ва реестрга ёзиб қўйилади, конвертда квитанциянинг рақами ва қабул қилинган сана кўрсатилади. Шундан кейин конверт елимланади. Конвертга сиғмайдиган сотиб олинган йирик ҳажмли қимматли бойликлар қоғозга ўралади, уларга конвертда кўрсатиладиганга ўхшаш маълумотлар бўлган ёрлиқ ёпиштирилади. Ҳар куни, иш куни охирида сотиб олувчи товаршунос ичига қимматли бойликлар солинган барча конвертларни пакетга (ёки қопга) ўрайди ва ўзининг пломбири билан пломбалайди. Пломбаланган пакетлар сейфда сақланади. Сейфнинг калити сотиб олиш пунктининг мудирида сақланади, агар сотиб олиш пункти дўкон ҳузурида бўлса - сотиб олувчи товаршуносда сақланади. Қимматли бойликларни сақлаш учун қабул қилишда сотиб олиш пункти мудири реестрни имзолайди. Реестрнинг бир нусхаси сотиб олувчи товаршуносда қолади. Пакетга ёки қопга жойланган қимматли бойликлар учун сотиб олувчи товаршунос тўлиқ моддий жавоб беради.


117. Кейинги иш кунида, аҳолидан сотиб олинган қимматли бойликлар кўздан кечирилгандан кейин, товаршунос сотиб олиш пункти раҳбари билан биргаликда бундан кейин сотиш учун яроқли бўлган заргарлик буюмларини сотиш учун қўяди. Бундан кейин сотиш учун яроқли бўлмаган буюмларга эга бўлган сотиб олиш пункти:

ушбу буюмларни қайта ишлаши ва ўзининг цехлари (устахоналари)да, улардан заргарлик буюмлари тайёрлаши мумкин. Ўзининг цехлари (устахоналари)да тайёрланган заргарлик буюмлари бундан кейин ўзининг ихтисослаштирилган савдо объектларида ёки шартнома асосида бошқа ихтисослаштирилган савдо объектларида сотилиши мумкин;

ушбу буюмларни бундан кейин қайта ишлаш ва улардан заргарлик буюмлари тайёрлаш учун корхоналарга бериш ёки шартнома асосида сотиши мумкин. Тайёрланган маҳсулот буюртмачининг ихтисослаштирилган савдо объектларида бундан кейин сотиш учун буюртмачига қайтарилиши ёки ўзининг ихтисослаштирилган савдо объектлари орқали тайёрловчи корхоналарга сотилиши мумкин.

118. Қуйидаги масалалар бўйича сотиб олиш пунктлари иши устидан назорат:

пунктлар ишининг тўғри ташкил этилганлиги -тасарруфида ушбу пунктлар бўлган ташкилотлар томонидан;

рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси мавжудлиги, ҳисобга олиш ва пул операцияларини юритиш, шунингдек назорат-касса машиналари қўлланилиши бўйича қонун ҳужжатларига риоя қилиниши - Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан;

шартномавий нархлар (тарифлар) шакллантирилиши ва қўлланилишининг тўғри иқтисодий асосланганлиги - Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан;

буюмларнинг сифати, уларда Давлат проба тамғаси оттисклари борлиги, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси пробани аниқлаш тамғаси мавжудлиги - Марказий банк ҳузуридаги Қимматбаҳо металлар агентлигининг Давлат пробани аниқлаш палатаси томонидан амалга оширилади.


IX. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУДУДИДА

ЯНГИ АВТОМОТОТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИ

ЧАКАНА СОТИШ ХУСУСИЯТЛАРИ


119. Сотувга фақат мувофиқлик сертификатига эга бўлган (мажбурий тартибда сертификатланиши шарт бўлса) автомототранспорт воситалари (автомобиллар, мотоцикллар, тиркамалар, мамлакатимизда ва чет элда ишлаб чиқарилган рақамли агрегатлар) қўйилади.

Янги импорт автомобилларни сотиш фақат юридик шахслар - ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг расмий дилерлари томонидан амалга оширилади.

Автомототранспорт воситаларини сотувчи дўконларнинг жойлашиши автомототранспорт воситаларини намойиш қилиш учун зарур савдо майдонлари ва сотиш учун тегишли шарт-шароитлар мавжудлиги ҳисобга олинган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқланади.


120. Автомототранспорт воситалари савдо залига қўйилгунига қадар ишлаб чиқарувчи томонидан белгиланган ишлар ҳажмига мувофиқ савдо олди тайёргарлигидан ўтиши керак. Бундай тайёргарлик сотувчи ёки сотувчи билан тузилган шартнома асосида бундай талабни бажарувчи корхона томонидан амалга оширилади. Сервис дафтарида ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжатда тайёргарлик ўтказилганлиги тўғрисида белги қайд этилади. Ҳужжатда бундай белгини қайд этмасдан автомототранспорт воситалари сотилиши мумкин эмас.


121. Сотувчи расмийлаштиришгача харидорга автомототранспорт воситасини сотишдан олдин тайёрлашга доир бажарилган ишларнинг сифатини, унинг бутланганлигини текшириш, шунингдек кафолат мажбуриятлари шартлари билан танишиш имконини бериши керак.

Чет элда ишлаб чиқарилган автомототранспорт воситасидан фойдаланишга доир амалий қўлланма давлат тилига қўшимча ҳақ ундирилмасдан таржима қилиниши керак.


122. Сотувчи автомототранспорт воситасини танлашда малакали ёрдам берилишини таъминлаши, харидорни ушбу воситаларнинг сотувда мавжуд бўлган русумлари ва моделлари билан таништириши керак.

Автомототранспорт воситалари савдо залида ёки сотиш қулай бўлган бошқа жойларда харидор уни эркин кўриб чиқадиган қилиб жойлаштирилиши керак.

Сотувчи қўшимча товарлар сотилишини ташкил этиши ва қўшимча ҳақ тўлаш эвазига харидорга комплекс хизматлар (автомобилга қўшимча аксессуарлар, қурилмалар ва механизмлар ўрнатиш, автомобилларни сақлаш, ёнилғи қуйиш ва бошқалар) кўрсатиши мумкин.


123. Сотилган автомототранспорт воситаси учун сотувчи харидорга қуйидагиларни бериши керак: сервис дафтарчаси, фойдаланиш бўйича амалий қўлланма, пул банк муассасаси орқали олинганлигини тасдиқловчи товар (касса) чеки ёки бошқа ҳужжат, автомототранспорт воситаси комплексига кирувчи анжомлар тўплами, агар бундай тўплам ишлаб чиқарувчи томонидан назарда тутилган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органларида рўйхатдан ўтказиш учун асос бўлиб хизмат қилувчи маълумотнома-счёт.

Номерли агрегат (двигатель, шассе, кузов, рама) сотилганда харидорга қуйидагилар берилади:

ишлаб чиқарувчи томонидан назарда тутилган техник ҳужжатлар (баёни), товар (касса) чеки ёки пул банк муассасаси орқали олинганлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжат, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органларида рўйхатдан ўтказиш учун асос бўлиб хизмат қилувчи маълумотнома-счёт.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги автомототранспорт воситаларини сотувчи корхоналарни белгиланган тартибда тегишли ҳимояланганлик даражасига эга бўлган маълумотнома-счёт бланкалари билан таъминлайди ва уларнинг сарфланишини назорат қилади.


124. Ҳақи тўланган автомототранспорт воситасини олиш харидор томонидан рад этилган тақдирда тўланган сумма унга қонунчиликда белгиланган тартибда қайтарилади.


125. Автомототранспорт воситасига ишлаб чиқарувчининг кафолатномаси норматив-техник ҳужжатларда белгиланган муддат давомида ёки муайян километр юрилиши мобайнида амал қилади.

Кафолат муддати автомототранспорт воситаси харидорга сотилган кундан бошланади.


126. Фойдаланишнинг кафолат муддати даврида сотилган автомототранспорт воситаларида сотувчи томонидан қайд этилмаган камчиликлар ва ишлаб чиқаришдаги яширин нуқсонлари аниқланган тақдирда автомототранспорт воситаси эгасининг танлови бўйича шунга ўхшаш русумдаги янги автомототранспорт воситаси билан ёки харид нархи тегишли равишда қайта ҳисоб-китоб қилинган ҳолда бошқа русумдаги автомототранспорт воситаси билан алмаштирилиши, ёхуд улардаги камчиликлар текин бартараф этилиши ёки уларни бартараф этиш харажатлари тўланиши, ёхуд харид нархи тегишлича камайтирилиши керак (автомобиллар бундан мустасно).

Кафолат муддати мобайнида автомобилларни алмаштириш, кузов ёки камида иккита агрегатни алмаштириш зарур бўлган тақдирда, эксперт комиссияси қарорига кўра (ушбу Қоидаларнинг 130-бандига мувофиқ) амалга оширилади. Автомототранспорт эгаси, шунингдек зарарлар тўланган ҳолда олди-сотди шартномасини бекор қилишга ҳақлидир (автомобиллар бундан мустасно). Кўрсатиб ўтилган талаблар автомототранспорт воситасини сотувчига қўйилади.

Истисно ҳолларда (сотувчи қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тугатилганда) камчиликларни текин бартараф этиш ёки бартараф этиш бўйича ўз харажатларини қоплаш, бошқа автомототранспорт воситасига алмаштириш тўғрисидаги талаб автомототранспорт воситаси эгаси томонидан товарни ишлаб чиқарувчига берилиши мумкин. Автомототранспорт воситаси эгаси ушбу талабларни қўйиш ўрнига носоз автомототранспорт воситасини ишлаб чиқарувчига қайтаришга ҳамда унинг учун тўланган сумма қайтарилишини талаб қилишга ҳақлидир.

Сотувчи, ишлаб чиқарувчи аниқланган камчиликлар бўйича автомототранспорт воситаси эгасининг талабларини қондириш борасида уларнинг функциясини бажаришга вакил қилинган корхоналар ташкил этишлари, шунингдек ушбу мақсадларда бошқа корхоналар билан (кейинги ўринларда матнда "уларнинг функцияларини бажарувчи корхоналар" деб юритилади) шартномалар тузишлари мумкин.

Сотувчи, тайёрловчи (уларнинг функцияларини бажарувчи корхона) томонидан автомототранспорт воситаси эгасининг шахсий аризаси рўйхатдан ўтказилган кун ушбу бандда санаб ўтилган талаблар қўйиладиган муддат бошланадиган кун ҳисобланади.


127. Автомототранспортда аниқланган камчиликларни бартараф этиш қуйидаги (республика ташқарисидан келтириладиган зарур эҳтиёт қисмлар мавжуд бўлмаган тақдирда, уларни келтириш талаб қилинадиган вақтни ҳисобга олмасдан, бироқ уч ойдан ортиқ бўлмаган) муддатларда амалга оширилади:

кўпи билан 10 кун - автомототранспорт воситаси эгаси томонидан камчиликларни бартараф этиш тўғрисида тегишли талаб берилган пайтдан бошлаб ишлаб чиқарувчи (унинг функцияларини бажарувчи корхона) томонидан;

кўпи билан 20 кун -камчиликларни бартараф этиш тўғрисида автомототранспорт воситаси эгаси томонидан тегишли талаб берилган пайтдан бошлаб савдо корхонаси (унинг функцияларини бажарувчи корхона) томонидан.


128. Автомототранспорт воситасидаги камчиликлар бартараф этилган тақдирда ишлаб чиқарувчи завод томонидан белгиланган кафолат муддати транспорт воситасидан фойдаланилмаган вақтга узайтирилади. Кўрсатиб ўтилган вақт автомототранспорт эгасининг камчиликларни бартараф этиш ҳақидаги талаб билан мурожаат қилган кундан бошлаб ҳисобланади ва автомототранспорт воситаси тузатилгандан кейин олинган пайтдан бошлаб тамом бўлади.


129. Нуқсонлари бўлган автомототранспорт воситасини сотувчи, ишлаб чиқарувчи (унинг функцияларини бажарувчи корхона) томонидан алмаштириш етти кун муддатда (агар алмаштириш тўғрисида талаб берилган пайтда шунга ўхшаш автомототранспорт воситаси бор бўлса), сифатни қўшимча равишда текшириш зарур бўлганда эса автомототранспорт воситаси эгаси томонидан талаб берилган кундан бошлаб 20 кун ичида амалга оширилади. Автомобилларни алмаштириш муддатлари мазкур Қоидаларнинг 127-бандига мувофиқ эксперт комиссияси қарори қабул қилинган санадан бошлаб ҳисобланади.

Шунга ўхшаш автомототранспорт воситаси мавжуд бўлмаганда автомототранспорт воситаси эгасининг нуқсонли автомототранспорт воситасини алмаштириш тўғрисидаги талаби эътироз берилган пайтдан бошлаб бир ой ичида қондирилиши керак.

Автомототранспорт воситасини алмаштиришда кафолат муддати автомототранспорт воситаси эгасига берилган кундан бошлаб ҳисобланади.


130. Камчиликлар (носозликлар) пайдо бўлиши масаласида келишмовчиликлар келиб чиққан тақдирда сотувчи, ишлаб чиқарувчи (унинг функцияларини бажарувчи корхона) автомототранспорт воситаси эгаси мурожаат қилган жой бўйича эксперт комиссияси ташкил этади. Комиссия таркибига тайёрловчининг, сотувчининг (унинг функцияларини бажарувчи корхонанинг) вакили ва автомототранспорт эгасининг хоҳиши бўйича истеъмолчилар жамоатчилик ташкилоти вакили ёки бошқа шахс киради. Автомототранспорт воситаси эгаси экспертиза ўтказилишида қатнашиш ҳуқуқига эгадир.

Комиссия камчилик (носозлик):

а) агар автомототранспорт эгаси томонидан автомототранспорт воситасидан фойдаланиш бўйича завод йўриқномаси талабларига риоя этмаслик, шу жумладан йўриқномада кўрсатилган фойдаланиш материалларини қўллаш бўйича талабларга риоя этмаслик;

б) автомототранспорт воситаси авария натижасида шикастланиши, агар авария автомототранспорт воситасининг техник носозлиги натижасида юз бермаса;

в) агар узеллар ва агрегатлар автомототранспорт воситаси эгаси томонидан автомототранспорт воситасини кафолатли тузатиш пунктига ёки завод вакилига жойида кўрсатмасдан қисмларга ажратилиши ёки тузатилиши;

г) автомототранспорт эгаси томонидан автомототранспорт воситаси конструкциясига ўзгартиришлар киритилиши, конструкцияси автомототранспорт воситасини тайёрловчи завод билан келишилган қўл билан бошқариш деталлари намунавий комплектларини мустақил ўрнатишдан ташқари;

д) агар автомототранспорт воситаси эгаси томонидан ўз ташаббуси билан ёки ўз кучи билан стандарт узеллар ва деталлар қисмларга ажратилиши ва норматив-техник ҳужжатларда назарда тутилмаган бошқа узеллар ва деталлар монтаж қилиниши;

е) ишлаб чиқарувчи заводнинг розилигисиз автомототранспорт воситасидан пойгаларда ёки мусобақаларда фойдаланиш натижасида;

ж) носозликлар автомототранспорт воситаси эгасининг эҳтиётсизлиги (совуққонлиги), нуқсонлар келиб чиқишининг олдини олиш учун зарур хатти-ҳаракатлар кўрмаганлиги оқибатида келиб чиққан дейиш учун етарлича асос бўлган бошқа ҳолларда автомототранспорт воситаси эгасининг талабини кўриб чиқмаслиги мумкин.

Мазкур бандда санаб ўтилган сабаблар туфайли пайдо бўлган камчиликларни бартараф этиш умумий асосларда амалга оширилади.


131. Автомототранспорт воситаларини тузатиш, нархини пасайтириш, алмаштириш учун келтириш ва уларни харидорга қайтариш сотувчи, ишлаб чиқарувчи (унинг функцияларини бажарувчи корхона) томонидан текин амалга оширилади.

Ушбу мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда сотувчи, ишлаб чиқарувчи (унинг функцияларини бажарувчи корхона) товарни келтириш ва қайтариш билан боғлиқ зарур харажатларни автомототранспорт воситаси эгасига тўлашга мажбурдир.


132. Экспертиза ўтказиш, автомототранспорт воситасини тузатиш, нархини пасайтириш, алмаштириш учун келтириш ва қайтариш билан боғлиқ харажатларни, агар камчиликлар автомототранспорт эгасининг айби туфайли ёки енгиб бўлмайдиган куч оқибатида келиб чиққанлиги исбот қилинмаган бўлса, сотувчи, ишлаб чиқарувчи (унинг функцияларини бажарувчи корхона) тўлайди.


133. Мазкур Қоидаларнинг 127 ва 129-бандларида кўрсатилган муддатлар вақти ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун сотувчи, ишлаб чиқарувчи (унинг функцияларини бажарувчи корхона) автомототранспорт воситаси эгасига автомототранспорт воситаси қийматининг бир фоизи миқдорида неустойка тўлайди.


134. Носоз автомототранспорт воситаси ана шундай русумдаги автомототранспорт воситасига, бироқ ўзгартирилган нарх билан алмаштирилганда қиймати қайта ҳисобланмайди, нарх ошган тақдирда бошқа моделга алмаштиришда қийматни қайта ҳисоблаш алмаштириш кунида амалда бўлган нархдан келиб чиқиб амалга оширилади.

Носоз автомототранспорт воситаси қайтарилганда ва шу муносабат билан олди-сотди шартномаси бекор қилинганда автомототранспорт воситаси эгаси билан ҳисоб-китоблар нарх ошган тақдирда - тегишли талаб қўйилган кунда ушбу транспорт воситасининг қийматидан келиб чиқиб, нарх пасайган тақдирда эса - харид кунидаги қийматдан келиб чиқиб амалга оширилади.


135. Кафолат муддати тамом бўлган автомототранспорт воситасининг камчиликларини бартараф этиш "Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 15-моддасига мувофиқ амалга оширилади.



X. ВОСИТАЧИЛИК САВДОСИ ХУСУСИЯТЛАРИ


136. Воситачилик савдоси якка тартибдаги тадбиркорлар сифатида рўйхатдан ўтказилган ҳам юридик, ҳам жисмоний шахслар бўлган хўжалик юритувчи субъектлар томонидан амалга оширилиши мумкин.


137. Воситачалик савдосида ҳисоб ва ҳисобот Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


138. Товарлар воситачилик савдосига юридик ва жисмоний шахслардан қабул қилиб олинади.


139. Комитент (товарни топширувчи)да, агар олди-сотди шартномасида ўзгача ҳол назарда тутилмаган бўлса, товар сотилган (берилган) пайтгача комиссионер (сотувчи) томонидан воситачилик савдосига қабул қилинган товарга мулк эгаси ҳуқуқи сақланиб қолади.

Комиссионер воситачилик савдосига қабул қилинган товарнинг йўқолиши ва шикастланганлиги учун комитент олдида тўлиқ жавоб беради. Комитентга етказилган зарар миқдори ва уни қоплаш тартиби томонларнинг келишувига кўра аниқланади.


140. Товарларни воситачилик савдосига қабул қилиб олиш комиссионер ва комитент томонидан имзоланадиган воситачилик битими (воситачилик шартномаси, квитанция, юк хати ва бошқа турлари) тузиш йўли билан расмийлаштирилади. Воситачилик битимида қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:

ҳужжатнинг тартиб рақами, у тузилган сана;

томонларнинг (манзили, ҳисоб-китоб рақами, телефони), комиссионернинг номи ва реквизитлари, паспортига оид маълумотлар ва комитентнинг шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатдаги маълумотлар;

товарнинг номи;

товарнинг ҳолатини тавсифловчи маълумотлар: янги, фойдаланилган, эскириш даражаси, асосий товар белгилари, товарнинг нуқсонлари;

товарнинг нархи;

воситачилик тақдирлаш ҳақи миқдори ва уни тўлаш тартиби;

товарни воситачилик савдосига қабул қилиб олиш шартлари;

товарни арзонлаштириш тартиби ва арзонлаштириш миқдори;

товар арзонлаштирилгунгача ва ундан кейин уни сотиш муддатлари;

комиссионер томонидан сотилмаган товарни комитентга қайтариш шартлари ва тартиби;

комиссионер ва комитент ўртасидаги ҳисоб-китоблар шартлари ва тартиби;

агар томонларнинг келишувига кўра ушбу харажатлар қопланиши керак бўлса, воситачилик савдосига қабул қилинган товар сақланганлиги учун комиссионернинг харажатларини тўлаш миқдори.

Томонларнинг келишувига кўра воситачилик битимига қонун ҳужжатларига мувофиқ қўшимча шартлар киритилиши мумкин.

Агар воситачилик савдосига бир нечта товар топширилса, уларнинг номлари ва нархлари воситачилик битимининг ажралмас қисми ҳисобланган товарлар рўйхатида кўрсатилиши мумкин.

Воситачилик битими икки нусхада тузилади: биринчи нусхаси комитентга топширилади, иккинчи нусхаси комиссионерда қолади.


141. Унга нисбатан товарнинг белгиланган талабларга мувофиқлиги, яроқлилик муддатлари ёки хизмат кўрсатиш муддатлари тасдиқланиши тўғрисида ахборот тақдим этилиши керак бўлган товар фақат ана шундай ахборот мавжуд бўлган тақдирда воситачилик савдосига қабул қилинади ва сотилади.


142. Воситачилик савдосига Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида чакана савдода сотиш тақиқланган товарлардан бошқа барча товарлар қабул қилинади.

Мазкур Қоидаларнинг 15-бандида санаб ўтилган товарлар воситачилик савдосига фақат мазкур бандда кўрсатилган тегишли ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда қабул қилинади.


143. Антиквариат буюмларини воситачилик савдосига қабул қилиб олиш ва сотиш мазкур Қоидаларга мувофиқ ҳамда Ўзбекистон Республикасининг антиквариат буюмларини сотиш тартибини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилинган ҳолда амалга оширилади.


144. Озиқ-овқат товарлари билан воситачилик савдоси мазкур Қоидаларнинг 49-банди талабларига мувофиқ амалга оширилади.


145. Қайтарилмайдиган ёки бошқа ўлчам, шакл, габарит, модель, ранг ёки комплектациядаги ана шундай товарга алмаштирилмайдиган товарлар; профилактикага ва касалликларни уй шароитида даволашга мўлжалланган товарлар; шахсий гигиена буюмлари, пардоз-андоз товарлари, тикув ва трикотаж ич кийимлари, пайпоқлар, озиқ-овқат маҳсулотлари билан биргаликда ишлатилган полимер материаллардан ясалган, шу жумладан бир марта фойдаланиш учун мўлжалланган буюмлар ва материаллар, фойдаланилган буюмлар ва материаллар, маиший кимё товарлари, дори воситалари воситачилик савдосига қабул қилинмайди.

146. Воситачилик савдосига қабул қилинадиган товарларнинг нархи ва комиссионернинг тақдирлаш пули комитент билан комиссионер ўртасидаги ўзаро аҳдлашувга кўра белгиланади, бу воситачилик битимида қайд этилади (ёзиб қўйилади) ва ҳар иккала томоннинг имзолари билан тасдиқланади.


147. Муайян вақт мобайнида сотилмаган товарни қайта баҳолаш воситачилик битими шартларидан келиб чиқиб комиссионер томонидан амалга оширилади, унга мазкур ҳужжатларни имзолаш чоғида комитент розилик билдиради. Товарларни қайта баҳолаш комитентни чақирмасдан амалга оширилиши мумкин, комитентнинг воситачилик битимидаги имзоси билан унинг бу шартларга розилиги тасдиқланади.


148. Сотилган товар учун пул комиссионер томонидан берилган воситачилик битими ва фуқаролик паспорти тақдим этилган ҳолда сарф-харажат-касса далолатномаси бўйича комитентга - жисмоний шахсга тўланади.


149. Сотилган товар учун пул тўлаш, шунингдек сотилмаган товарни қайтариш комиссионер томонидан белгиланган тартибда расмийлаштирилган ишончнома ва воситачилик шартномаси тузилганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилгач комитент томонидан вакил қилинган шахсга берилиши мумкин.


150. Давлат даромадига ўтиши керак бўлган эгасиз мол-мулк мерос қилиб қолдириш ҳуқуқи бўйича давлатга ўтган мол-мулк ва хазинани ҳисобга олиш, баҳолаш ва сотиш тартиби Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.


151. Фойдаланилган товарлар, шунингдек қонунда белгиланган тартибда сотилиши керак бўлган товарлар (давлат даромадига ўтиши керак бўлган мол-мулк, мерос ҳуқуқи бўйича давлатга ўтган мулк; эгасиз мол-мулк; судларнинг ҳукмлари ва қарорларини ижро этиш юзасидан етказилган зарарни қоплаш учун фуқаролардан олиб қўйилган мол-мулк; ва ҳоказолар) фақат бундай воситачилик савдосини амалга оширувчи ихтисослаштирилган савдо объектлари орқали сотилади.


152. Кафолат муддати тамом бўлмаган фойдаланилган товарларни сотишда харидорга комитентдан олинган кафолат талони, паспорт, сервис дафтарчаси ёки кафолатнинг қолган муддатидан сотувчининг фойдаланиши ҳуқуқини тасдиқловчи бошқа ҳужжат берилади.


153. Воситачилик савдосини амалга оширувчи ихтисослаштирилган савдо объектларидан сотиб олинган фойдаланилган товарлар харидорлардан қайтариб олинмайди, товарларни сотиш учун қабул қилишда аниқланмаган нуқсони бўлган товарлар, ва агар улар харид қилингандан кейин 2 иш кунидан кечикмай қайтарилса бундан мустасно. Қабул қилиб олиш пайтида аниқланмаган нуқсони бўлган товарларни қайтаришда улар сақланганлиги учун тўлов ундирилмайди.


154. Сотиш учун қабул қилиб олиш пайтида аниқланмаган ва харидорга сотиш (бериш)гача аниқланган яширин нуқсони бўлган янги товарлар сотишдан олиб қўйилиши ва, агар нуқсонлар комиссионернинг айби билан пайдо бўлганлиги исбот қилинмаса, товарлар сақланганлиги учун комиссионернинг харажатларига ҳақ тўланмасдан комитентга қайтарилиши керак.


155. Комитент комиссионерга берилган топшириқни бекор қилиб исталган пайтда воситачилик битимини бажаришни рад этишга ҳақлидир. Комиссионер топшириқ бекор қилинганлиги туфайли келиб чиққан зарарлар қопланишини талаб қилишга ҳақлидир. Комитент воситачилик шартномасида белгиланган муддатда, агар бундай муддат белгиланган бўлмаса, дарҳол ўзининг комиссионернинг ихтиёридаги мулкини тасарруф қилиши керак. Агар комитент ушбу мажбуриятни бажармаса, комиссионер товарни комитентнинг ҳисобидан сақлаш учун топширишга ёхуд уни комитент учун қулайроқ нархда сотишга ҳақлидир.


156. Комитентнинг воситачилик шартномасини зарур даражада бажармаслик билан боғлиқ бўлган талаблари комиссионерга, агар томонларнинг битишувида ўзгача муддат белгиланмаган бўлса, сотилган товар учун комитентга пул тўланган ёхуд сотилмаган товар унга қайтарилмаган кундан бошлаб 30 кун мобайнида берилиши керак.



XI. ТЎҚИМАЧИЛИК, ТРИКОТАЖ,

ТИКУВ БУЮМЛАРИ, МЎЙНАЛИ ТОВАРЛАР

ВА ПОЙАБЗАЛНИ СОТИШ ХУСУСИЯТЛАРИ


157. Тўқимачилик товарлари (газламалар ва ногазлама материаллар ва улардан тайёрланган буюмлар), трикотаж буюмлар, тикув товарлари (кийим-кечак, ички кийимлар, бош кийимлар), мўйнадан тайёрланган буюмлар ва пойабзал савдо залига қўйилгунгача савдо олди тайёргарлигидан ўтиши керак. Савдо олди тайёргарлиги қуйидагиларни ўз ичига олади: товарни ўровдан олиш, сортларга ажратиш ва кўздан кечириш; товарнинг сифатини (ташқи белгиларига кўра) ҳамда товар ва уни тайёрловчи тўғрисида зарур маълумотлар борлигини текшириш; зарурат бўлганда буюмларни тозалаш ва дазмоллаш ҳамда майда тузатиш.


158. Сотувга тавсия этилаётган товарлар турлари, моделлари, ўлчамлари, бўйига кўра гуруҳларга ажратилиши ва савдо залига қўйилиши керак. Савдо хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда савдо залида харидорга танлаш ва ўзига керакли товарни харид қилиш имконини берувчи сотиш учун тавсия қилинаётган товарларнинг намуналари қўйилиши керак.

Эркаклар, аёллар ва болаларга мўлжалланган трикотаж, тикув буюмлари, мўйнали товарлар ва пойабзал савдо залида алоҳида жойлаштирилиши керак.

Газламалар турларига ва улар тайёрланган толанинг хилига кўра, мўйнали товарлар мўйнанинг турига кўра гуруҳларга ажратилади.

Газламанинг ҳар бир намунасига шунингдек у тайёрланган толанинг фоиз миқдори тўғрисидаги, мўйнадан ясалган буюмларга эса мўйнанинг тури тўғрисидаги маълумотлар илова қилиниши керак.


159. Товарлар ўз номи, артикули, нархи, ўлчами (кийим-кечак, ички кийимлар ва бошқа тикув буюмлари, пойабзал, бош кийимлар учун) ва бўйи (кийим-кечак ва ички кийимлар учун) кўрсатилган ҳолда ёрлиқларга эга бўлиши керак.


160. Сотувчи харидорга тикув, устки трикотаж буюмлар, бош кийимлар, мўйнали товарлар ва пойабзални кийиб кўриш учун шароитлар яратиши керак. Ушбу мақсадда савдо заллари банкетка ёки скамейкалар, қўйгичлар ўрнатилган, кийим кийиб кўриладиган ойнали хоналар билан жиҳозланиши керак.


161. Харидорга сотишда жун газламалар, ватин ва бошқа оғир, ҳажмли газламаларни кийиб кўриш пештахта (стол) эркин ҳолатда йиғилмасдан турган газламага қаттиқ стандарт метрни қўйиш йўли билан амалга оширилади. Нозик ва енгил газламалар хонтахтадан газламани метрга тортмасдан эркин қўйиш йўли билан қаттиқ стандарт метрда ўлчанади. Газламанинг барча турларини ўлчаш, жун газламалар ва трикотаж полотнолардан ташқари, шунингдек бир томонига тамғали металл ўлчов лентаси монтаж қилинган пештахта (стол)га газламани қўйиш йўли билан ҳам амалга оширилиши мумкин.

Харидга қирқилган газламани қўшиш, шунингдек газламани, агар безаги бузилган бўлса ва тамға тескари томонга қўйилмаган бўлса, парчаларини фабрика ёрлиғи ва тамға (хазли учлар) билан сотиш тақиқланади.


162. Сотувни амалга ошираётган шахс газлама, кийим-кечак, мўйнали товарлар ва пойабзални сотишда харидорнинг иштирокида товарнинг сифатини (сиртдан кўздан кечириш йўли билан), ўлчам (сони)нинг аниқлигини, харид қиймати тўғри ҳисоблаб чиқилганлигини текширади.


163. Газлама, кийим-кечак, мўйнали товарлар ва пойабзал харидорга ўралганлиги учун қўшимча ҳақ ундирилмасдан ўралган ҳолда берилади (алоҳида полимер плёнкали пакетларга ўраш (жойлаш) бундан мустасно).

164. Товар билан биргаликда харидорга товар чеки берилади, унда товар ва сотувчининг номи, сотилган сана, товарнинг артикули, сорти ва нархи кўрсатилади, шунингдек сотувни бевосита амалга оширилган шахснинг имзоси қўйилади.



XII. ТЕХНИК ЖИҲАТДАН МУРАККАБ МАИШИЙ

ТОВАРЛАРНИ СОТИШ ХУСУСИЯТЛАРИ


165. Маиший радиоэлектрон аппаратлар, алоқа воситалари, ҳисоблаш ва кўпайтириш техникаси, фото ва киноаппаратлар, соатлар, мусиқа товарлари, маиший электр приборлари, машина ва жиҳозлар, техник жиҳатдан мураккаб бошқа маиший товарлар савдо залига ёки харидни бериш жойига чиқарилгунга қадар савдоолди тайёргарлигидан ўтиши керак, у товарни очиш, завод мойларини, чангларни, қириндиларни тозалаш; товарни кўздан кечириш; буюмнинг бутлигини, сифатини текшириш, товар ва унинг тайёрловчиси, зарурат бўлганда буюмни йиғиш ва созлаш тўғрисидаги зарур маълумотлар мавжудлигини текширишларни ўз ичига олади.


166. Сотувга қўйилган товарлар намуналари савдо залига жойлаштирилиши, уларда товарнинг номи, маркаси, модели, артикули, нархи кўрсатилган ёрлиқлари, шунингдек унинг асосий техник тавсифлари ёзилган қисқача аннотация бўлиши керак.


167. Харидорнинг талабига кўра у товарларнинг тузилиши ва ишлаши билан таништирилиши, товарлар йиғилган, техник жиҳатдан соз ҳолатда намойиш қилиниши керак. Ишлатиш учун махсус жиҳозни талаб қилмайдиган товарлар ишлаётган ҳолатда намойиш қилинади.


168. Сотувчи харидор иштирокида товарнинг сифатини, унинг бутлигини, унга тааллуқли ҳужжатларнинг мавжудлигини, нархининг тўғрилигини текширади.


168-1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Республикада сотиладиган маиший электр приборларини, янгидан қуриладиган бинолар ва иншоотларни энергетика жиҳатидан мажбурий маркировкалаш ва сертификатлаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2015 йил 9 апрелдаги 86-сон қарорида назарда тутилган, маиший электр приборларга илова қилинадиган техник ҳужжатларида, маркировкасида ва этикеткаларида энергия самарадорлигининг класси тўғрисидаги ахборотлар мавжуд бўлмаган маиший электр приборларини сотиш ва сотиш учун сақлаш тақиқланади.

169. Техник жиҳатдан мураккаб маиший товарларни харидорга бериш чоғида айни бир вақтда товарни тайёрловчи томонидан қўйилган буюмлар ва ҳужжатлар комплекти (сотиш санаси ва жойи кўрсатилган техник асбоб ёки унинг ўрнини босадиган ҳужжат, ишлатиш бўйича йўриқнома ва бошқа ҳужжатлар) ҳам берилади. Чет элда ишлаб чиқарилган товарларнинг ишлатиш бўйича йўриқномаси ва бошқа ҳужжатлари харидорга давлат тилида тақдим этилади. Бунда уларнинг таржимаси учун харажат харидорлардан ундирилмайди. Харидорга товар билан бирга ушбу Қоидаларнинг 164-бандида кўрсатилган маълумотлардан иборат бўлган товар чеки ҳам берилади.


170. Сотувчи ёки сотувчи функциясини бажарувчи ташкилот улар билан шартнома бўйича техник жиҳатдан мураккаб бўлган, техник регламентлар ёки стандартлар ёки товарга илова қилинган ҳужжатлар (техник паспорт, ишлатиш бўйича йўриқнома) талабларга мувофиқ товарни харидор томонидан мустақил равишда йиғиш ва (ёки) ишлатишга йўл қўйилмайдиган товарларни харидорнинг уйида йиғиши ва (ёки) ўрнатиши (ишлатиши) шарт.

Кўрсатиб ўтилган ишларни бажарувчи ташкилотлар тўғрисида маълумотларни сотувчи товарларни сотиш чоғида харидорга маълум қилиши шарт.

Агар товарни йиғиш ва (ёки) ўрнатиш қиймати унинг нархига киритилган бўлса, у ҳолда мазкур ишлар сотувчи ёки тегишли ташкилот томонидан бепул бажарилиши керак.



XIII. АТТОРЛИК-ПАРДОЗ ТОВАРЛАРИНИ

СОТИШ ХУСУСИЯТЛАРИ


171. Атторлик-пардоз товарлари тўғрисидаги маълумотларда ушбу Қоидаларнинг 14 ва 15-бандларида кўрсатилган маълумотлардан ташқари, муайян товар хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда унинг мақсадда ишлатилиши, буюм таркибига кирувчи ингредиентлар, таъсири ва самараси, қўлланиш учун чеклашлар (ишлатиш мумкин бўлмаган ҳолатлар), қўлланиш усуллари ва шартлари тўғрисидаги маълумотлар бўлиши керак.


172. Атторлик-пардоз товарлари савдо залига қўйилгунгача очилади ва кўрикдан ўтказилади, ҳар қайси товарнинг (ташқи белгилари бўйича) сифати ҳамда унинг тўғрисидаги зарур маълумотлар мавжудлиги текширилади.


173. Харидорга атирлар, одеколонлар, пардоз сувининг ҳиди билан танишиш имконияти, бунинг учун хушбуй суюқлик шимдирилган лакмус қоғозчалари, товарларни тайёрловчилар томонидан бериладиган ҳидлаш учун намуналар, шунингдек сотувга қўйилган товарларнинг бошқа хоссалари ва тавсифлари билан танишиш имконияти яратилади.


174. Товарлар целлофан ёки фирма лентаси билан ўралган ҳолда берилган тақдирда харидорга ўрамдаги буюмни целлофан ёки фирма лентасини ечиш йўли билан текшириб кўриш тавсия қилиниши керак. Товарнинг аэрозоль идишининг соз ҳолатдалиги товар сотувчи томонидан харидор иштирокида текширилади.



XIV. ҲАЙВОН ВА ЎСИМЛИКЛАРНИ

СОТИШ ХУСУСИЯТЛАРИ


175. Сотувга қўйиладиган ҳайвон ва ўсимликлар тўғрисидаги маълумотларда ушбу қоидаларнинг 14-бандида кўрсатилган маълумотлардан ташқари, улар турининг номи, сақлаш ва кўпайтириш хусусиятлари тўғрисидаги маълумотлар ҳам бўлиши керак. Сотувчи шунингдек қуйидагилар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиши керак:

ёввойи ҳайвонлар ва ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни қидириб топишга (тайёрлашга) Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ берилган рухсатнома (лицензия) тартиб рақами ва санаси;

ёввойи ҳайвонлар ва ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг муайян турларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига келтиришга Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ берилган рухсатноманинг тартиб рақами ва санаси;

сотувга қўйиладиган ёввойи ҳайвон унинг бир қисми ҳисобланадиган зоология коллекциясига, давлат ҳисобига қўйилган зоология коллекциялари реестрига киритиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда берилган гувоҳноманинг тартиб рақами ва санаси (ноэркин ҳолда кўпайтирилган ва зоология коллекциясининг бир қисми ҳисобланадиган ёввойи ҳайвонлар учун).


176. Сотувга мўлжалланган ҳайвонлар техник регламентлар ва стандартларнинг мажбурий талабларига жавоб берадиган шароитларда, ҳайвонларга мурувватли муносабатда бўлишнинг умумий қабул қилинган нормаларига мувофиқ равишда сақланиши керак.

177. Товар билан биргаликда харидорга сотишни бевосита амалга оширувчи шахс томонидан имзоланган товар чеки берилади, унда ҳайвон ёки ўсимликлар турининг номи ва сони, сотувчининг номи, сотиш санаси, нархи; ушбу Қоидаларнинг 190-бандида кўрсатилган ҳужжатлардан бирининг тартиб рақами ва санаси тўғрисидаги маълумотлар (ёввойи ҳайвон ёки ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликни сотишда); Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси томонидан белгиланган тартибда расмийлаштирилган ҳайвоннинг соғлигини тасдиқловчи ветеринария гувоҳномаси (ветеринария маълумотномаси) кўрсатилади.


XV. МАИШИЙ КИМЁ ТОВАРЛАРИНИ

СОТИШ ХУСУСИЯТЛАРИ


178. Маиший кимё товарлари (хоналар, мебель, идишлар, маиший анжомлар ва уй-рўзғор буюмлари, ички кийимлар, кийим-кечаклар, пойафзал, автомобилларни ювиш, тозалаш воситалари ва бошқа воситалар; елимлар, лаклар, бўёқлар ва бошқа лак-бўёқ маҳсулотлари; дезинфекциялаш воситалари ва маиший шароитларда фойдаланиш учун мўлжалланган маиший хашаротлар ва кемирувчиларга қарши курашиш воситалари; маиший шароитларда таъмирлаш ва пардозлаш ишлари учун мўлжалланган кимёвий моддалар, уларнинг бирикмалари ва улардан тайёрланган буюмлар ҳамда шунга ўхшаш бошқа товарлар) тўғрисидаги маълумотларда ушбу Қоидаларнинг 14 ва 15-бандларида кўрсатилган маълумотлардан ташқари қуйидагилар бўлиши керак:

маиший кимё товарлари таркибига кирувчи ингредиентлар номи;

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда берилган давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳноманинг санаси ва тартиб рақами (дезинфекцияловчи воситалар, маиший хашаротлар ва кемирувчиларга қарши курашиш воситалари учун);

техник гувоҳноманинг санаси ва тартиб рақами (қурилишда қўлланиш учун яроқлилигини тасдиқлаш бўйича мажбурий талаблар белгиланган товарлар учун);

сақлаш шартлари (сақлаш шароитларига мажбурий талаблар белгиланган товарлар учун).


179. Маиший кимё товарлари савдо залига қўйилгунгача (сотиш жойига жойлаштирилгунгача) савдоолди тайёрланишидан ўтиши керак, у ташиш идишидан бўшатиш, товарни сортларга ажратиш, идишининг бутлигини (шу жумладан аэрозоль идишнинг ишлашини) ва товар сифатини (ташқи белгилари бўйича), товар ва унинг тайёрловчиси тўғрисидаги зарур маълумотларнинг, товарларни қўлланиш бўйича йўриқномаларнинг мавжудлигини, нархларининг тўғрилигини текширишдан иборат бўлади.


180. Сотувга қўйилган маиший кимё товарлари уларни танлашнинг қулайлигини таъминлаш учун буюмнинг қандай мақсадга мўлжалланганлигига кўра турларга ажратилган бўлиши керак.


181. Аэрозоль идишдаги маиший кимё товарларини харидорга беришда савдо биносида идишнинг ишлашини текшириш амалга оширилмайди.



XVI. ПЕСТИЦИДЛАР ВА АГРОХИМИКАТЛАРНИ

СОТИШ ХУСУСИЯТЛАРИ


182. Пестицидларни (ўсимликларнинг зараркунандалари ва касалликларига, бегона ўтларга, сақланаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари зараркунандаларига, маиший зараркунандаларга ва ҳайвонларнинг ташқи зараркунандаларига қарши курашиш учун шахсий ёрдамчи хўжаликларда фойдаланиладиган кимёвий ёки биологик препаратларни, шунингдек ўсимликларнинг ўсишини тартибга солиш, йиғим-теримдан олдин баргларни тўктириш, ўсимликларни ўриш-йиғишдан олдин қуритиш учун фойдаланиладиган кимёвий ёки биологик препаратларни) ҳамда агрохимикатларни (шахсий ёрдамчи хўжаликларда фойдаланиладиган ўғитлар, шу жумладан тупроқ грунтлари, кимёвий мелиорантлар ва озуқа қўшимчаларини) сотиш Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ ва ушбу Қоидаларда белгиланган хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.


183. Пестицидлар ва агрохимикатлар тўғрисидаги маълумотларда ушбу Қоидаларнинг 14 ва 15-бандларида кўрсатилган, шунингдек Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган маълумотлардан ташқари, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда берилган пестицид ёки агрохимикатни давлат рўйхатидан ўтказиш гувоҳномасининг тартиб рақами ва санаси, унинг хавфлилик класси, таъсирчан модда концентрацияси, нетто массаси ёки ҳажми, тайёрланган санаси, заҳарланганда биринчи ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги маълумотлар ҳам бўлиши керак.


184. Пестицидлар ва агрохимикатлар савдо залига қўйилгунгача савдоолди тайёрлашдан ўтиши керак, у товарни очиш ва идишининг сифатини текшириш; сортларга ажратиш; зарур маълумотлар, қўлланиш бўйича йўриқномалар мавжудлигини, нархларининг тўғрилигини текширишдан иборат бўлади.


185. Савдо залида пестицидлар ва агрохимикатлар ишлатилиш мақсади (ўсимликларни ҳмиоя қилиш учун инсектицидлар, ҳайвонларни ҳимоя қилиш учун инсектицидлар, фунгицидлар, гербицидлар, родентицидлар, минерал ўғитлар, органик ўғитлар, тупроқ грунтлари, мелиорантлар, озуқа қўшимчалари) бўйича гуруҳларга ажратилиши керак.

Сотувчи пестицидлар ва агрохимикатларни сақлашда, савдо залига жойлаштиришда ва сотишда хавфсизликнинг мажбурий талабларига риоя қилинишини таъминлаши шарт.


186. Пестицидлар ва агрохимикатларни сотиш фақат тайёрловчининг идишида ва қўлланиш бўйича йўриқнома мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади.



XVII. ДОРИ ВОСИТАЛАРИ ВА

ТИББИЙ БУЮМЛАРНИ СОТИШ

187. Дори воситалари ва тиббий буюмларни сотиш Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


XVII-1. ТАРМОҚЛИ МАРКЕТИНГ ЙЎЛИ БИЛАН

ЧАКАНА САВДО ҚИЛИШ ХУСУСИЯТЛАРИ

187-1. Тармоқли ташкилот томонидан товарларни сотувчи агентлар орқали сотиш улар ўртасида тузиладиган шартнома (олди-сотди, воситачилик, топшириқ ва бошқалар) асосида нақд бўлмаган ҳисоб-китоб бўйича амалга оширилади. Бунда тармоқли ташкилот улгуржи савдо қилиш учун лицензияга эга бўлиши керак.

Тармоқли маркетинг йўли билан чакана савдо қилиш сотувчи агентлар томонидан турғун савдо шохобчаларида амалга оширилади.


187-2. Сотувчи агентлар турғун савдо шохобчаларидан ташқарида уйга буюртмалар қабул қилиш, муассасалар, ташкилотлар, корхоналарда, транспорт ёки кўчада савдо қилиш орқали потенциал харидорлар билан ишлайдилар. Сотувчи агентлар товарларни харид қилишга қизиқмайдиган истеъмолчиларга товарларни зўрлаб тиқиштирмасликлари, шунингдек уларнинг биринчи талаби билан товарларни таклиф қилишни тўхтатишлари керак.


187-3. Сотувчи агентлар томонидан буюртмалар бевосита мулоқот қилиш асосида харидорларнинг товарнинг у ёки бу турини харид қилиши учун қабул қилинади.

Буюртма икки нусхадаги бланкаларда расмийлаштирилади, бланкада:

буюртманинг тартиб рақами;

сотувчи агентнинг фамилияси, исми, отасининг исми;

сотувчи агент ва тармоқли ташкилот ўртасида тузилган шартноманинг тартиб рақами ва санаси;

сотиладиган товарнинг номи, нархи, миқдори ва умумий қиймати, шунингдек қўшимча хизматлар кўрсатилса, кўрсатиладиган қўшимча хизматлар қиймати;

сотиб олинадиган товарга ҳақ тўлаш усули;

буюртма қабул қилинган ва у бажариладиган сана;

харидорнинг фамилияси (исми, отасининг исми) ва имзоси кўрсатилади.

Буюртма бланкасининг биринчи нусхаси харидорга берилади, иккинчи нусхаси сотувчи агентда сақланади.


187-4. Сотувчи агент товарларни таклиф қилишда уларни ишлаб чиқарувчилар, келиб чиқиш мамлакатлари, сифат тавсифлари, бирор-бир чеклашлар бор-йўқлиги ва бўлиши мумкин бўлган қўшимча тўловлар тўғрисидаги маълумотларни потенциал харидорга тўлиқ маълум қилишга мажбурдир.


187-5. Хорижий тижорат ташкилотларининг ваколатхоналари орқали биоактив қўшимчалар, дори воситалари ва тиббий буюмларни тармоқли маркетинг йўли билан сотувчи агентлар орқали сотиш тақиқланади.

Қуйидагилар орқали:

тадбиркорлик фаолияти субъекти ҳисобланмаган жисмоний шахслар орқали;

хорижий тижорат ташкилотларининг ваколатхоналари орқали тармоқли маркетинг воситасида импорт товарларни олиб келиш ва сотишга йўл қўйилмайди.


187-6. Сотувчи агентларнинг истеъмолчилардан тўловларни қабул қилиши фақат фискаль хотирага эга бўлган назорат-касса машиналаридан ва тўлов терминалларидан фойдаланган ҳолда турғун савдо шохобчаларида амалга оширилади.

Тармоқли ташкилотлар ва (ёки) уларнинг сотувчи агентлари томонидан товарларни сотишдан олинган барча нақд пул тушумлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда банкка инкассация қилиниши (топширилиши) керак.


187-7. Тармоқли ташкилот ўз фаолиятида:

сотиб олинган товарлар сотувчи агент томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фақат нақд бўлмаган ҳисоб-китоб бўйича сотилишига;

сотувчи агентлар билан тузилган шартномалар асосида тармоқли маркетингни амалга ошириш учун сотувчи агентларни жалб этишга;

қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда ва тартибда солиқ ва молия ҳисоботи тақдим этишга;

сотувчи агентларга тармоқли ташкилотнинг товарлари улар томонидан сотилиши ҳуқуқидан далолат берувчи гувоҳнома, сотиладиган товарларнинг зарур сертификатлари ва юкхатлари нусхаларини беришга;

сотилмаган товарларни олдин улар учун қабул қилинган пул маблағларини қайтарган ҳолда сотувчи агентлардан сўзсиз қайтариб олишга мажбурдир.

18 ёшга тўлмаган шахсларни ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчиларини сотувчи агентлар сифатида жалб этиш тақиқланади.


187-8. Тармоқли маркетингни амалга оширишда:

шартнома тузиш учун сотувчи агент сотиб олиши керак бўлган товарларнинг минимал миқдорини белгилашга;

тўловни аъзолик бадали шаклида ундиришга;

шартнома тузилгандан кейин сотувчи агент томонидан бошқа сотувчи агентларни жалб этиш тўғрисида талаб белгиланишига йўл қўйилмайди.


187-9. Сотувчи агентга Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида якка тадбиркорлар учун белгиланган тартибда солиқ солинади.



XVIII. УШБУ ҚОИДАЛАРГА РИОЯ

ЭТИЛИШИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


188. Ушбу Қоидаларга риоя этилишини назорат қилиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Назорат органлари (муассасалари) ушбу Қоидаларга риоя этилишини текширишга мутахассисларни, истеъмолчиларнинг жамоат ташкилотлари вакилларини жалб этиши мумкин. Савдо корхоналари ва якка тартибдаги тадбиркорлар текширувчи шахсларга текширишларни ўтказишда ва камчиликлар ва қоида бузилишларини бартараф этиш чора-тадбирларини кўришда кўмаклашиши керак.



XIX. САВДО ҚОИДАЛАРИ БУЗИЛИШИ ТУРЛАРИ


189. Ушбу Қоидаларни бузганлик қуйидаги ҳолларда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Жиноий кодексига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади:

нархларни асоссиз равишда ошириш;

товарлар, маҳсулотларни нотўғри ўлчаш, нотўғри тортиш ёки хизматлар кўрсатмаслик;

товарлар, маҳсулотларни (хизматларни) чек (квитанция, счет) бермасдан сотиш;

харидорга товарнинг сифати, бутлиги, ўлчами, оғирлигини текшириш имконияти яратишдан бош тортиш;

харидорга узоқ муддат фойдаланиладиган сифати, ёмон товарни таъмирлаш ёки алмаштириш даврида яхши сифатли ана шундай товарни беришдан бош тортиш;

пластик карточкалардан фойдаланилган тўловни қабул қилишдан бош тортиш;

носоз ёки тамғаланмаган тортиш ва ўлчаш приборларидан фойдаланиш;

товарларнинг мажбурий рўйхатига риоя қилмаслик;

қуйидагиларга:

тўлов терминаллари билан жиҳозлаш ва пул ҳисоб-китобларини амалга оширишда уларни қўллаш тартибига;

назорат-касса машиналарини қўллаш тартибига;

аудиовизуал асарларни сотиш;

ёнилғи-мойлаш материалларини сотиш тартибига;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларини сотиш;

қуйидагиларни:

аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурларнинг контрафакт нусхаларини;

сифатсиз, бут бўлмаган товарларни, кулинария буюмларини ва атайин ностандарт маҳсулотларни сотиш, шунингдек харидорга сотилган сифатсиз, бут бўлмаган товарни алмаштириб беришдан ёки пулларни қайтариб беришдан бош тортиш;

товарларни уларнинг сифатини ва ишлаб чиқариш маркасини тасдиқловчи ёки сертификацияланган маҳсулотнинг белгиланган талабларга мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатларсиз сотиш;

ишлаб чиқариш маркасида ёки товар белгисида тайёрловчининг номи ва жойлашган ўрни тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилмаган товарларни сотиш;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Республикада сотиладиган маиший электр приборларини, янгидан қуриладиган бинолар ва иншоотларни энергетика жиҳатидан мажбурий маркировкалаш ва сертификатлаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2015 йил 9 апрелдаги 86-сон қарорида назарда тутилган, маиший электр приборларга илова қилинадиган техник ҳужжатларда, маркировкасида ва этикеткаларида энергия самарадорлигининг класси тўғрисидаги ахборотлар мавжуд бўлмаган маиший электр приборларини сотиш;

яроқлилик муддати ўтган товарларни сотиш;

кимёвий моддалар қолдиқлари юқори миқдорда мавжуд бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини сотиш;

товарларнинг олиб кирилишини ва божхона божлари амалда тўланганлигини тасдиқлайдиган божхона декларацияси расмийлаштирилган санадан бошлаб 12 ой ўтгандан кейин ушбу Қоидаларга 3-иловага мувофиқ рўйхат бўйича тайёр импорт истеъмол товарларини сотувга қўйиш ва чакана сотиш; полимер плёнкали пакетларни бепул бериш, уларнинг қийматини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотиладиган товарлар қийматига қўшиш, шунингдек, уларни ўз таннархидан паст нархларда сотиш (тутқичсиз ва товарларнинг ажралмас қисми ҳисобланган пакетлар бундан мустасно).

190. Ушбу Қоидалар талабларини бузганлик учун жавобгарлик чоралари:

товарнинг ёнма-ён туришига риоя қилинмаганда ва товарларнинг сақлаш шароитлари бузилганда;

савдонинг зарур шарт-шароитлари ва харидорлар томонидан товарларни танлаш имконияти мавжуд бўлмаганда;

корхонанинг номи, унинг иш режими тўғрисидаги маълумотлар бўлмаганда, харидорга ушбу Қоидаларда назарда тутилган маълумотларни бериш рад этилганда;

савдо объекти иш режимига риоя қилинмаганда;

товарларда нархномалар бўлмаганда ёки атайин нотўғри расмийлаштирилган нархномалар қўйилганда;

битта товарни сотиш учун бошқа товарни мажбуран сотиб олиниши ёки уларнинг сотилиши муносабати билан мажбурий равишда хизматлар кўрсатилиши шарт қилиб қўйилганда;

харидорнинг зарур даражада сифатли бўлмаган ноозиқ-овқат товарларини алмаштириш бўйича ушбу Қоидаларда назарда тутилган талабларига риоя қилинмаганда;

рухсат берилмаган анжом қўлланилганда;

техник регламентлар ёки стандартлар талабларига жавоб бермайдиган товарлар сотилганда қўлланилади;

полимер плёнкали пакетларни бепул бериш, уларнинг қийматини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотиладиган товарлар қийматига қўшиш, шунингдек, уларни ўз таннархидан паст нархларда сотиш (тутқичсиз ва товарларнинг ажралмас қисми ҳисобланган пакетлар бундан мустасно).

"Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида", "Стандартлаштириш тўғрисида", "Метрология тўғрисида", "Маҳсулотлар ва хизматларни сертификациялаш тўғрисида"ги қонунлар моддалари ва ушбу Қоидалар талаблари бузилганлиги жавобгарликка тортиш учун асос бўлиши мумкин.





Ўзбекистон Республикасида

чакана савдо қоидаларига

1-ИЛОВА


Зарур сифатдаги, қайтариб олинмайдиган ёки шунга ўхшаш

товарга алмаштирилмайдиган ноозиқ-овқат товарлари

РЎЙХАТИ


1. Уй шароитларида касалликларни профилактика қилиш ва даволаш учун товарлар (металл, резина, тўқимачилик ва бошқа материаллардан тайёрланган санитария ва гигиена буюмлари, тиббий буюмлар, приборлар ва аппаратлар, оғиз бўшлиғи гигиенаси воситалари, кўзойнак линзалари, болаларни парвариш қилиш буюмлари, дори воситалари.

2. Шахсий гигиена буюмлари (тиш чўткалари, тароқлар, соч тўғноғичлар, соч бигудилари, улама сочлар, шиньонлар ва бошқа шу каби товарлар.


3. Атторлик-пардоз товарлари.


4. Тўқимачилик товарлари (ип-газлама, зиғир толали, ипак, жун ва синтетик газламалар, газлама тусидаги нотўқима материаллардан тайёрланган товарлар - ленталар, жияклар, тўрлар ва бошқалар); кабель маҳсулотлари (симлар, шнурлар, кабеллар); қурилиш ва пардозлаш материаллари (линолеум, плёнка, гилам қопламалар ва бошқалар) ҳамда метрлаб сотиладиган бошқа товарлар.


5. Тикувчилик ва трикотаж буюмлари (тикувчилик буюмлари ва трикотаж ички кийимлар, пайпоқ ва қўлқоп буюмлари).


6. Полимер материаллардан тайёрланган, озиқ-овқат материаллари билан боғлиқ бўлган, шу жумладан бир марта фойдаланиладиган буюм ва материаллар (ошхона ва кухня идиш-товоқлари ва анжомлари, озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш ва ташиш учун идишлар ва ўров материаллари).


7. Маиший кимё товарлари, пестицидлар ва агрохимикатлар.


8. Мебель (мебель гарнитурлари ва тўпламлари).


9. Қимматбаҳо тошлардан фойдаланган ҳолда қимматбаҳо металлардан тайёрланган, ярим қимматбаҳо ва синтетик тошлардан фойдаланган ҳолда қимматбаҳо металлардан тайёрланган буюмлар, силлиқланган қимматбаҳо тошлар.


10. Автомобиллар ва мотовелотоварлар, уларга тиркамалар ва номерли агрегатлар; қишлоқ хўжалиги ишлари учун кичик механизация кўчма воситалари; сайр қилиш қайиқлари ва бошқа маиший сузиш воситалари.


11. Кафолат муддатлари белгиланган техник жиҳатдан мураккаб маиший товарлар (металл қирқувчи ва ёғочга ишлов берувчи маиший дастгоҳлар; маиший электр машиналари ва маиший электр приборлари; маиший радиоэлектрон аппарат; маиший ҳисоблаш ва кўпайтириш техникаси; фото ва киноаппаратлар; телефон аппаратлари ва факсимиль аппарати; электр мусиқа асбоблари; электрон ўйинчоқлар).

12. Ҳайвонлар ва ўсимликлар.






Ўзбекистон Республикасида

чакана савдо қоидаларига

2-ИЛОВА


Харидорнинг таъмирлаш даврида унга текин бериб

туриш ёки худди шундай марка (модель, артикул)даги

товарни алмаштириш тўғрисидаги талаби татбиқ

этилмайдиган узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар

РЎЙХАТИ


1. Автомобиллар, мотоцикллар ва мототехниканинг бошқа турлари, уларга тиркамалар ва номерли агрегатлар (ногиронлар фойдаланиши учун мўлжалланган товарлар, сайр қилиш қайиқлари ва сузиш воситаларидан ташқари).


2. Мебель.


3. Пардоз буюмлари сифатида ва тиббий мақсадларда фойдаланиладиган маиший электр приборлари (электрбритвалар, электрофенлар, сочни жингалак қилиш учун электрқисқичлар, тиббий электррефлекторлар, электргрелкалар, электрбинтлар, электрпледлар, электродеяллар).


4. Маҳсулотларни термик қайта ишлаш ва овқат тайёрлаш учун фойдаланиладиган маиший электр приборлари (маиший СВЧ печлари, электрпечлар, тостерлар, электр сув қайнатгичлар, электрчайниклар, электриситгичлар ва бошқа товарлар).






Ўзбекистон Республикасида

чакана савдо қоидаларига

3-ИЛОВА



Товарларнинг олиб кирилишини ва божхона

божлари амалда тўланганлигини тасдиқлайдиган

божхона декларацияси расмийлаштирилган санадан

бошлаб 12 ой ўтгандан кейин сотувга қўйилишига

ва чакана савдода сотилишига йўл қўйилмайдиган

тайёр импорт истеъмол товарлари

РЎЙХАТИ

         

Т/р

Товарнинг қисқача номи


ТИФ ТН коди


  

I. ТИКУВЧИЛИК БУЮМЛАРИ, УСТКИ ТРИКОТАЖ,

ИЧКИ ТРИКОТАЖ, СПОРТ ТРИКОТАЖИ, ПАЙПОҚЛАР


1.

Пальто, яримпальто, ёпқичлар, плашлар, калта камзуллар (шу жумладан, чанғи камзуллари), ветровкалар, сув ўтказмайдиган махсус кийимлар ва шунга ўхшаш буюмлар


6101,6102, 6201, 6202

2.

Костюмлар, комплектлар, пиджаклар, блейзерлар, шимлар, кўкракка тутиладиган фартукли ва лямка (елка тасма)ли комбинезонлар, жакетлар, кўйлаклар, юбкалар, юбка-шимлар, бриджилар ва калта шимлар (чўмилишда кийиладиган калта шимлардан ташқари)


6103,6104, 6203, 6204

3.

Эркаклар ёки ўғил болалар учун кўйлаклар


6105, 6205

4.

Аёллар ёки қизлар учун блузкалар, блузлар ва блузонлар


6106, 6206

5.

Кальсонлар, трусилар, тунги кўйлаклар, пижамалар, ювиниш халатлари, уй халатлари ҳамда эркаклар ва ўғил болалар учун шунга ўхшаш буюмлар


6107, 6207

6.

Комбинациялар, пастки юбкалар, трусилар, панталонлар, тунги кўйлаклар, пижамалар, пеньюарлар, ювиниш халатлари, уй халатлари ва аёллар ёки қизлар учун шунга ўхшаш трикотаж буюмлар


6108, 6208

7.

Майкалар ва бошқа ички фуфайкалар


6109, 6207 91 000 0, 6207 99 000 0, 6208 91 000 0, 6208 92 000 0, 6208 99 000 0


8.

Свитерлар, пуловерлар, кардиганлар, нимчалар ва шунга ўхшаш трикотаж буюмлар


6110

9.

Болалар трикотаж кийимлари ва болалар кийимлари учун анжомлар


6111, 6209

10.

Спорт, чанғи ва ювиниш костюмлари. Бошқа кийим-кечак буюмлари (трикотаж кийимлардан ташқари).


6112, 6211

11.

5903, 5906 ёки 5907 ТИФ ТН товар позицияли трикотаж полотнодан тикилган кийим-кечак буюмлари


6113 00

12.

Бошқа трикотаж кийим-кечак буюмлари


6114

13.

Колготкалар, чулкилар, гольфлар, пайпоқлар ва патаклар ҳамда бошқа пайпоқлар, шу жумладан, босим тақсимланган компрессион пайпоқлар ва тагчармсиз трикотаж пойабзал


6115

14.

Қўлқоплар ва трикотаж митенкилар


6116

15.

Кийимлар учун бошқа тайёр анжомлар


6117 10 000 0 - 6117 80, 6217 10 000 0


16.

Бюстгальтерлар, камарлар, корсетлар, шимни кўтариб турадиган икки елкага осиладиган тасмалар, пайпоқ боғичлари ва шунга ўхшаш буюмлар ва уларнинг қисмлари


6212

17.

Рўмоллар


6213

18.

Шолрўмоллар, шарфлар, кашнелар (шарфлар), мантильялар, вуаллар (шляпанинг юзни бекитиб турадиган тўри) ва шунга ўхшаш буюмлар


6214

19.

Галстуклар, капалакнусха галстуклар ва бўйинбоғлар


6215

20.

Қўлқоплар ва митенкилар


6216 00 000 0

II. ТЮЛ-ГАРДИН ПОЛОТНОСИ ВА УНДАН ТИКИЛГАН БУЮМЛАР

1.

Трикотаж тюл-гардин полотноси. Пардалар (шу жумладан, эшик ва дераза пардалари) ва ички дарпардалар, эшик ёки дераза пардасининг устки безакли қисмлари ёки кроватлар учун тўр ҳошиялар


6005 31 100 0, 6005 32 100 0, 6005 33 100 0, 6005 34 100 0, 6006 31 100 0, 6006 32 100 0, 6006 33 100 0, 6006 34 100 0, 6303


III. КЎРПА-ТЎШАК ҒИЛОФЛАРИ, ПАХМОҚ СОЧИҚЛАР, ЧОЙШАБЛАР

1.

Кўрпа-тўшак, ошхона, ҳожатхона ғилофлари


6302

IV. ЧАРМ ПОЙАБЗАЛ

1.

Резина, пластмасса тагчармли, тоза чармдан ёки турли материаллардан тикилган пойабзал, устки қисми тоза чармдан тикилган пойабзал


6403

V. ТЕЛЕВИЗОРЛАР

1.

Телевизорлар, телевизион алоқани қабул қилиш учун аппаратлар


8528 72 - 8528 73 000 0

VI. СОВУТГИЧЛАР

1.

Маиший совутгичлар-музлатгичлар


841810


2

Совутгичлар


8418 21 - 8418 29 000 0


VII. КОНДИЦИОНЕРЛАР

1.

Кондиционерлар


8415 10, 8415 20 000 9, 8415 81009 0, 8415 82 000 9


VIII. ЭЛЕКТР ДАЗМОЛЛАР

1.

Электр дазмоллар


8516 40