язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Суғурта/ Суғурта бозори иштирокчилари. Суғурта ташкилотлари/ Суғурталовчининг, суғурта брокерининг ҳамда улар алоҳида бўлинмаларининг раҳбарига ва бош бухгалтерига қўйиладиган малака талаблари тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 30.05.2013 й. 2462-сон билан рўйхатга олинган молия вазирининг 30.04.2013 й. 42-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2013 йил 30 майда 2462-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

молия вазирининг

2013 йил 30 апрелдаги

42-сонли буйруғига

ИЛОВА


Суғурталовчининг, суғурта брокерининг

ҳамда улар алоҳида бўлинмаларининг раҳбарига

ва бош бухгалтерига қўйиладиган малака

талаблари тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг "Суғурта фаолияти тўғрисида"ги Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2002 й., 4-5-сон, 68-модда) ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 26 ноябрдаги ПҚ-1438-сонли "2011 - 2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устувор йўналишлари тўғрисида"ги қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 48-сон, 442-модда) мувофиқ суғурталовчининг, суғурта брокерининг ҳамда улар алоҳида бўлинмаларининг раҳбарига ва бош бухгалтерига қўйиладиган малака талабларини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


суғурталовчининг (суғурта брокерининг) раҳбари - қонун ҳужжатлари ва суғурталовчининг (суғурта брокерининг) таъсис ҳужжатларига мувофиқ тайинланиши ёки сайланиши натижасида, тузилган меҳнат шартномасига асосан суғурталовчининг (суғурта брокерининг) ягона ижро этувчи органи бўлиб ҳисобланадиган ёки суғурталовчининг (суғурта брокерининг) коллегиал ижро этувчи органи устидан бошқарадиган жисмоний шахс;


суғурталовчининг (суғурта брокерининг) алоҳида бўлинмасининг раҳбари - тайинланиши натижасида, тузилган меҳнат шартномаси ва берилган ишончномага асосан суғурталовчининг (суғурта брокерининг) алоҳида бўлинмасининг ягона ижро этувчи органи бўлиб ҳисобланадиган жисмоний шахс;


суғурталовчининг (суғурта брокерининг) бош бухгалтери - суғурталовчининг (суғурта брокерининг) бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқаруви функцияларини амалга оширувчи, бухгалтерия ҳисобини юритишни ҳамда моддий ва молиявий ресурсларнинг оқилона, тежамкорлик билан ишлатилишини назорат қилишни таъминлайдиган жисмоний шахс;


суғурталовчининг (суғурта брокерининг) алоҳида бўлинмасининг бош бухгалтери - суғурталовчининг (суғурта брокерининг) алоҳида бўлинмасининг бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқаруви функцияларини амалга оширувчи, бухгалтерия ҳисобини юритишни ҳамда моддий ва молиявий ресурсларнинг оқилона, тежамкорлик билан ишлатилишини назорат қилишни таъминлайдиган жисмоний шахс;


алоҳида бўлинма - суғурталовчининг (суғурта брокерининг) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги филиали (ваколатхонаси).


2. Суғурталовчиларнинг, суғурта брокерларининг ҳамда улар алоҳида бўлинмаларининг раҳбарлари ва бош бухгалтерлари лавозимларига тавсия этилаётган номзодлар (бундан буён матнда номзодлар деб юритилади) мазкур Низомда белгиланган малака талабларига мос келган тақдирда тайинланади (сайланади).


3. Суғурталовчи (суғурта брокери) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига (бундан буён матнда Молия вазирлиги деб юритилади) номзоднинг мазкур Низомда белгиланган малака талабларига мос келишини тасдиқловчи ҳужжатларни у суғурталовчининг, суғурта брокерининг ҳамда улар алоҳида бўлинмаларининг раҳбари ва бош бухгалтери лавозимларига тайинланишидан (сайланишидан) аввал тақдим этишга мажбур.


4. Суғурталовчининг алоҳида бўлинмаларининг штатдаги сони 2 тадан кам бўлмаслиги лозим (суғурталовчининг алоҳида бўлинмасининг раҳбари ва бош бухгалтери).


5. Суғурталовчининг, суғурта брокерининг ҳамда улар алоҳида бўлинмаларининг раҳбари ва бош бухгалтерининг бўш ўринлари 3 ой муддат ичида бутланиши лозим.



2-БОБ. МАЛАКА ТАЛАБЛАРИ


6. Суғурталовчининг (суғурта брокерининг) раҳбари қуйидаги малака талабларига мос келиши лозим:

а) Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларида олинган олий маълумотга ёки хорижий давлатларнинг таълим муассасаларида олинган ҳамда қонун ҳужжатларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасидаги олий маълумотга эквивалент деб тан олинган олий маълумотга эга бўлиши;

б) суғурта соҳасида 3 йилдан кам бўлмаган иш стажига эга бўлиши (суғурта агенти сифатидаги, шунингдек ёрдамчи, техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлар лавозимларидаги иш стажи ҳисобга олинмайди);

в) қуйидаги йўналишлардаги билимларга эга бўлиши:

Ўзбекистонда демократик жамият қуриш назарияси ва амалиёти;

суғурта фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари.


7. Суғурталовчининг (суғурта брокерининг) бош бухгалтери қуйидаги малака талабларига мос келиши лозим:

а) Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларида олинган олий (бухгалтерлик, молиявий, иқтисодий) маълумотга ёки хорижий давлатларнинг таълим муассасаларида олинган ҳамда қонун ҳужжатларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасидаги олий маълумотга эквивалент деб тан олинган олий (бухгалтерлик, молиявий, иқтисодий) маълумотга эга бўлиши;

б) бухгалтер сифатида 4 йилдан кам бўлмаган иш стажига эга бўлиши, шундан суғурта соҳасида бухгалтер сифатида 2 йилдан кам бўлмаган иш стажига эга бўлиши;

в) қуйидаги йўналишлардаги билимларга эга бўлиши:

суғурта фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари;

бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатлари.


8. Суғурталовчининг (суғурта брокерининг) алоҳида бўлинмасининг раҳбари қуйидаги малака талабларига мос келиши лозим:

а) Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларида олинган олий маълумотга ёки хорижий давлатларнинг таълим муассасаларида олинган ҳамда қонун ҳужжатларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасидаги олий маълумотга эквивалент деб тан олинган олий маълумотга эга бўлиши;

б) суғурта соҳасида 1 йилдан кам бўлмаган иш стажига эга бўлиши (суғурта агенти сифатидаги, шунингдек ёрдамчи, техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлар лавозимларидаги иш стажи ҳисобга олинмайди).


9. Суғурталовчининг (суғурта брокерининг) алоҳида бўлинмасининг бош бухгалтери қуйидаги малака талабларига мос келиши лозим:

а) Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларида олинган олий (бухгалтерлик, молиявий, иқтисодий) маълумотга ёки хорижий давлатларнинг таълим муассасаларида олинган ҳамда қонун ҳужжатларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасидаги олий маълумотга эквивалент деб тан олинган олий (бухгалтерлик, молиявий, иқтисодий) маълумотга эга бўлиши;

б) бухгалтер сифатида 1 йилдан кам бўлмаган иш стажига эга бўлиши.


10. Суғурталовчининг, суғурта брокерининг ҳамда улар алоҳида бўлинмаларининг раҳбари (бош бухгалтери) этиб, раҳбар (бош бухгалтер) томонидан амалга оширилган ҳаракатлар юридик шахсни банкротликка ёки уни мажбурий тугатиш тўғрисида суд томонидан қарор чиқарилишига олиб келганлиги бўйича маълумотлар мавжуд бўлган ҳолларда, банкрот деб топилган ёки суд томонидан уни мажбурий тугатиш тўғрисидаги қарор чиқарилган пайтгача 1 йил мобайнида юридик шахснинг раҳбари (бош бухгалтери) бўлиб ҳисобланган шахс тайинланиши (сайланиши) мумкин эмас.



3-БОБ. НОМЗОДЛАРНИНГ МАЛАКА ТАЛАБЛАРИГА

МОС КЕЛИШИНИ АНИҚЛАШ


11. Суғурталовчи (суғурта брокери) Молия вазирлигига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

мазкур Низомнинг иловасига мувофиқ келтирилган шакл бўйича тўлдирилган анкета;

олий маълумот тўғрисидаги дипломнинг иш жойида тасдиқланган нусхаси ёки олий маълумот тўғрисидаги хорижий ҳужжатнинг эквивалентлигини тан олиш тўғрисида ваколатли давлат органи гувоҳномасининг иш жойида тасдиқланган нусхаси (хорижий давлатларнинг таълим муассасаларида олинган олий маълумот мавжуд бўлган тақдирда);

меҳнат дафтарчасининг иш жойида тасдиқланган нусхаси. Ўриндошлик бўйича меҳнат стажи мавжуд бўлган тақдирда, бу ҳақда меҳнат дафтарчасида қайд қилинган бўлиши лозим.

Кўрсатилган ҳужжатлар бир нусхада тақдим қилинади.


12. Номзоднинг мазкур Низом билан белгиланган малака талабларига мос келишини аниқлаш учун Молия вазирлиги томонидан Комиссия ташкил этилади.


13. Суғурталовчининг (суғурта брокерининг) раҳбарлари ва бош бухгалтерлари лавозимларига тавсия этилаётган номзодлар мазкур Низом билан белгиланган малака талабларига мос келиши тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш ва номзодлар билан суҳбат ўтказиш йўли билан аниқланади. Номзодлар билан суҳбат Молия вазирлиги томонидан тасдиқланган ва Молия вазирлигининг веб-сайтида жойлаштирилган саволнома асосида ўтказилади.

Суғурталовчининг (суғурта брокерининг) алоҳида бўлинмаларининг раҳбари ва бош бухгалтери лавозимларига тавсия этилаётган номзодлар мазкур Низом билан белгиланган малака талабларига мос келиши тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш орқали аниқланади.


14. Комиссия раис, раис ўринбосари ва камида учта аъзодан иборат бўлади, шу жумладан котиб.

Комиссияси таркибига Молия вазирлиги ходимлари киритилади.


15. Комиссия тўғрисидаги низом ва унинг шахсий таркиби Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг буйруғи билан тасдиқланади.

Комиссия, Комиссиянинг 50 фоиздан кам бўлмаган таркибда Комиссия раиси ёки раис ўринбосарининг мажбурий иштирокида йиғилишларни ўтказишга ҳақлидир.


16. Комиссия иши йиғилиш шаклида амалга оширилади ва баённомалар билан расмийлаштирилади. Баённомалар Комиссия раиси томонидан тасдиқланади (у бўлмаган тақдирда эса - унинг ўринбосари томонидан) ва йиғилишларда иштирок этган Комиссия аъзолари томонидан имзоланади.


17. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта назорати давлат инспекцияси Комиссиянинг ишини ташкил этиш масалалари бўйича ишчи органи ҳисобланади.


18. Тақдим этилган ҳужжатлар ишчи органга келиб тушган кундан бошлаб 2 кун муддатда Комиссияга кўриб чиқиш учун киритилади.

Комиссия 10 кун муддатда тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади (суҳбат ўтказади) ва номзоднинг мазкур Низом билан белгиланган малака талабларига мос келиши ёки мос келмаслиги ҳақида қарор қабул қилади.


19. Мазкур Низомнинг 11-бандида кўрсатилган ҳужжатлар тақдим этилмаган ва/ёки ўрнатилган тартибда расмийлаштирилмаган ҳолда тақдим этилган тақдирда (улардан бири ёки бир нечтаси), тақдим этилган ҳужжатлар суғурталовчи (суғурта брокери) барча зарур ҳужжатларни ўрнатилган тартибда расмийлаштирилган ҳолда тақдим этмагунига қадар Комиссияга кўриб чиқиш учун киритилмайди, бу ҳақда ишчи орган 2 кун муддатда суғурталовчини (суғурта брокерини) ёзма равишда огоҳлантиради.



4-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


20. Номзодлар мазкур Низомда белгиланган малака талабларига мос келган тақдирда, Молия вазирлиги бу ҳақда суғурталовчига (суғурта брокерига) Комиссия қарор қабул қилган кундан бошлаб 3 кун муддатда ёзма равишда хабар беради.


21. Номзодлар мазкур Низомда белгиланган малака талабларига мос келмаган тақдирда, Молия вазирлиги бу ҳақда суғурталовчига (суғурта брокерига) мос келмаганлик сабабларини кўрсатган ҳолда Комиссия томонидан қарор қабул қилинган кундан бошлаб 3 кун муддатда ёзма равишда хабар беради.


22. Суғурталовчи (суғурта брокери) мазкур Низом талабларини бузган тақдирда, суғурталовчига (суғурта брокерига) қонун ҳужжатларига мувофиқ чоралар кўрилади.


23. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.






Низомга

ИЛОВА




















Фотосурат

учун





















(суғурталовчининг (суғурта брокерининг) номи









































(лавозимнинг тўлиқ номи))






















лавозимига тавсия этилаётган номзод



тўғрисида маълумотлар



АНКЕТАСИ


Биринчи қисм. Анкетани тўлдириш қоидалари

Анкетанинг барча саволларига тўлиқ ва аниқ жавоблар берилиши ҳамда анкетанинг бирор қисми тўлдирилмасдан қолмаслиги шарт. Ҳатто битта тўлдирилмай қолган қисмининг мавжудлиги, бутун анкетанинг тўлиқ тўлдирилмаганлигини англатади ва у суғурталовчига (суғурта брокерига) қайтарилади. Зарур бўлган тақдирда, тўлиқ маълумот келтириш учун анкетага қўшимча варақлар илова қилиниши мумкин.

Анкетага сўнгги 6 ой мобайнида қилинган 3 х 4 ўлчамида рангли фотосурат бириктирилади.


Иккинчи қисм. Анкета


1. Анкета тўлдирувчининг шахси тўғрисидаги маълумотлар

       

Код

Саволлар


Жавоблар


1.

Фамилияси



2.

Исми



3.

Отасининг исми



4.

Аввалги фамилияси (агар фамилия ўзгарган бўлса)



5.

Туғилган йили



6.

Туғилган жойи



7.

Паспорт рақами ва серияси



8.

Яшаш жойи манзили



9.

Телефон рақамлари (уй, иш, уяли алоқа)



       

2. Охирги 10 йил мобайнида иш билан таъминланганлиги тўғрисидаги маълумотлар (маълумотлар ҳар бир ташкилот ва лавозим бўйича алоҳида келтирилади)

     

Код

Саволлар


Жавоблар


10.

Ташкилот номи



11.

Ташкилотнинг анкета тўлдирувчига маълум бўлган охирги манзили



12.

Лавозим (лавозимлар)



13.

Иш даври


"___" _____________ йилдан

"___" _____________ йилгача


14.

Иш билан таъминланганлик тавсифи (керагини белгиланг)


а) меҳнат шартномаси бўйича;

б) якка тартибдаги тадбиркор;

в) ишламаган.


"б" ва "в" бандлари бўйича батафсил маълумот келтиринг



      

3. Маълумоти тўғрисидаги маълумотлар (фақат олий таълим муассасаларидаги таълим кўрсатилади, ҳар бир муассаса бўйича алоҳида)

      

Код

Саволлар


Жавоблар


15.

Олий таълим муассасасининг номи



16.

Ушбу муассасанинг анкета тўлдирувчига маълум бўлган охирги манзили



17.

Таълим шакли (керагини белгиланг)


а) кундузги;

б) сиртқи;

в) кечки.


18.

Кирган сана



19.

Ўқишни якунлаган сана



20.

Олган даражаси



21.

Олган мутахассислиги



22.

Таълим муассасасида ўқишни якунлаганлиги тўғрисидаги диплом ёки бошқа ҳужжат серияси ва рақами


Серияси ______

Рақами _______

23.

Агар анкета тўлдирувчи ушбу таълим муассасасида ўқишни якунламаган бўлса, сабабини кўрсатинг



    

4. Қўшимча маълумотлар

     

Код

Саволлар


Жавоблар


24.

Анкета тўлдирувчи у томонидан амалга оширилган ҳаракатлар юридик шахсни банкротликка ёки уни мажбурий тугатиш тўғрисида суд томонидан қарор чиқарилишига олиб келганлиги бўйича маълумотлар мавжуд бўлган ҳолларда, банкрот деб топилган ёки суд томонидан уни мажбурий тугатиш тўғрисидаги қарор чиқарилган пайтгача бир йил мобайнида юридик шахснинг раҳбари (бош бухгалтери) бўлиб ҳисобланганми (керагини белгиланг).


а) йўқ;


б) ҳа.

"б" жавоби белгиланган тақдирда, ташкилот номи ва анкета тўлдирувчининг лавозимини кўрсатинг



Мен:

ушбу анкетада келтирилган маълумотлар ҳақиқийлиги ва тўлиқлигини;

ушбу анкетани тўлдириш қоидалари билан танишганлигимни тасдиқлайман.


Анкета тўлдирувчининг тўлиқ

фамилияси, исми, отасининг исми


Анкета тўлдирувчининг имзоси


Имзо санаси


Анкета тўлдирувчи менинг ҳузуримда анкетанинг ҳар бир варағини ўз қўли билан имзолаганлигини тасдиқлайман.


Суғурталовчининг (суғурта брокерининг) масъул ходимининг тўлиқ фамилияси, исми, отасининг исми


Суғурталовчининг (суғурта брокерининг) масъул ходимининг имзоси


Имзо санаси


         

М.Ў.

"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 3 июнь, 22-сон, 296-модда