язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Транспорт/ Йўналишсиз таксилар учун ҳисоблагичлар (таксометрлар) ва таниш белгиларини етказиб бериш бўйича юридик шахсларни танлов асосида танлаб олиш тартиби тўғрисида Низом (АВ томонидан 19.08.2011 й. 2256-сон билан рўйхатга олинган Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги бошлиғининг 08.07.2011 й. 112-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2011 йил 19 августда 2256-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон автомобиль

ва дарё транспорти

агентлиги бошлиғининг

2011 йил 8 июлдаги

112-сон буйруғига

ИЛОВА



Йўналишсиз таксилар учун ҳисоблагичлар

(таксометрлар) ва таниш белгиларини етказиб

бериш бўйича юридик шахсларни танлов асосида

танлаб олиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 майдаги 139-сон "Йўналишсиз таксилар фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 йил, 20-21-сон, 201-модда) мувофиқ йўналишсиз таксилар учун ҳисоблагичлар (таксометрлар) ва таниш белгиларини етказиб бериш бўйича юридик шахсларни танлов асосида танлаб олиш (кейинги ўринларда конкурс танлови деб юритилади) тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Танловнинг барча иштирокчилари учун тенг рақобат шароитлари яратиш, ошкоралик, баҳолашнинг холислиги ва талабларнинг ягоналиги конкурс танловини ташкил этиш ва ўтказишдаги асосий принциплар ҳисобланади.


2. Конкурс танлови очиқ бўлиб, унда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтган ҳар қандай юридик шахс иштирок этиши мумкин.


3. Банкрот деб эълон қилинган ёки тугатиш босқичида бўлган ёки мол-мулки хатланган талабгорлар конкурс танловида иштирок этишига йўл қўйилмайди.


4. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:


ваколатли вакил - конкурс танловида иштирок этиш учун талабгор томонидан ишончнома асосида вакил қилинган жисмоний шахс;


конкурс танлови иштирокчиси - конкурс танловида иштирок этишга қўйилган талабгор;


конкурс танлови шартлари - конкурс танлови жараёнига қўйиладиган жами талаблар, шу жумладан, уни ўтказиш санаси, танлов мезонлари, танлов ҳужжатларини олиш жойи, юридик шахслар томонидан танлов таклифларини бериш муддати, танлов таклифларини очиш жойи, санаси ва вақти;


конкурс танлови ғолиби - таклифлари конкурс танловининг бошқа иштирокчиларига нисбатан белгиланган талабларга энг тўлиқ жавоб берадиган конкурс танлови иштирокчиси;


талабгор - таклиф этилган шартларда конкурс танловида иштирок этиш ниятини маълум қилган юридик шахс;


танлов комиссияси - қонун ҳужжатлари талабларига энг тўлиқ риоя этилишини таъминлашга қодир бўлган юридик шахсларни аниқлаш учун Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги томонидан ташкил этиладиган доимий орган;


танлов таклифлари - конкурс танлови иштирокчисининг ҳисоблагичлар (таксометрлар) ва таниш белгиларини етказиб бериш фаолиятини амалга оширишда қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатлари;


танлов ҳужжатлари - танлов савдоларининг техник, молиявий, тижорат, ташкилий тавсифлари ва бошқа тавсифлари тўғрисидаги ҳамда танлов савдоларини ташкил этиш ва ўтказиш шартлари, тартиб-қоидалари тўғрисидаги дастлабки ахборот мавжуд бўлган ҳужжатлар туркуми.



II. ТАНЛОВ КОМИССИЯСИ ИШИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


5. Конкурс танлови асосда ишлайдиган танлов комиссияси (кейинги ўринларда Комиссия деб юритилади) томонидан ўтказилади.


6. Комиссия таркиби Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги бошлиғининг буйруғи билан тасдиқланади.

Комиссия таркибига Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги, Ички ишлар вазирлиги, "Ўзстандарт" агентлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси вакиллари (келишувга асосан) киритилади.

Комиссия аъзолари сони тоқ, қоида тариқасида, 7 кишидан иборат бўлиши керак.

Комиссияга Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги бошлиғи ўринбосари бошчилик қилади.

Комиссия, заруриятга кўра, Комиссия раиси, шунингдек унинг аъзолари тақдимига биноан, ярим йилда бир марта чақирилади.


7. Комиссия:

конкурс ҳужжатлари таркибини (шаклини) ҳамда юридик шахсларнинг танлов таклифларини, конкурс танлови иштирокчиларига қўйиладиган малака талабларини ва бошқа талабларни тасдиқлайди;

танлов ҳужжатлари туркуми қиймати миқдорини уни тайёрлашнинг ҳақиқий таннархи бўйича, эълонларни чоп этишга харажатларни ҳисобга олган ҳолда тасдиқлайди;

конкурс танловини ўтказиш, уни ўтказиш санаси тўғрисида қарор қабул қилади, танлов ҳужжатлари олиш жойини, юридик шахслар томонидан танлов таклифларини бериш муддатини, танлов таклифларини очиш жойи, санаси ва вақтини белгилайди;

юридик шахсларнинг танлов таклифлари қайд этилган конвертларни очишни белгиланган тартибда амалга оширади, уларнинг танлов ҳужжатларида назарда тутилган талабларга (ҳужжатларни тақдим этишнинг тўлиқлиги, расмийлаштириш ва шу кабиларга) мувофиқлигини текширади, танлов таклифларини белгиланган мезонларга мувофиқ баҳолайди ва конкурс танлови натижалари бўйича баённомани тасдиқлайди;

зарурият бўлганда, танлов таклифларини баҳолаш учун мустақил экспертларни (маслаҳатчиларни) жалб этади;

Комиссия зиммасига юкланган вазифаларни ҳал этиш учун зарур бўлган бошқа функцияларни амалга оширади.


8. Комиссия қарорлари, агар мажлисда унинг аъзоларининг камида тўртдан уч қисми иштирок этса, қонуний ҳисобланади. Қарорлар Комиссиянинг мажлисда иштирок этадиган аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган тақдирда Комиссия раисининг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.

Комиссия қарорлари ёзма равишда, баённомалар шаклида расмийлаштирилади ва комиссия мажлисидан кейин беш иш куни мобайнида конкурс танлови ғолибига етказилади.


9. Комиссия фаолиятини ташкил этиш унинг ишчи органи - Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги тизимига кирувчи Автомобиль ва дарё транспорти ривожланишини маъмурий-техник таъминлаш республика марказига юкланади.


10. Комиссиянинг ишчи органи:

танлов ҳужжатларини тайёрлайди, танлов ўтказилишидан камида ўттиз кун олдин конкурс танлови предметини, унинг асосий шартларини, уни ўтказиш тартиби, вақти ва жойини, шу жумладан, танлов иштирокчилари томонидан ҳужжатларни расмийлаштириш тартибини оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилади;

Комиссия аъзоларини чақиришни, уларга иш хоналари, ташкилий-техника ва мажлисларни ўтказиш учун сарфланадиган материалларни ажратишни ташкил қилади, шунингдек танловни зарур даражада ўтказишга доир бошқа чора-тадбирларни кўради;

иштирокчиларнинг танлов таклифларини қабул қилади ҳамда таклифларнинг ҳисобга олинишини, сақланишини, уларнинг Комиссия томонидан белгиланган тартибда очилгунгача бўлган даврда маҳфийлигини таъминлайди;

Комиссия томонидан жалб этиладиган экспертлар ва маслаҳатчиларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради, шунингдек уларнинг хизматларига ҳақ тўлаш бўйича харажатларни амалга оширади.



III. ТАНЛОВ ҲУЖЖАТЛАРИ


11. Конкурс танловида иштирок этишни хоҳловчи талабгорлар танлов ҳужжатлари туркумини олиш учун Комиссияга ёзма буюртманома беришлари керак. Буюртманомалар бериш ва танлов ҳужжатларини олиш учун белгиланган муддат конкурс танлови ўтказиладиган санадан беш кун олдин тугайди. Барча буюртманомалар Комиссиянинг тартиб рақами қўйилган ва ип ўтказиб тикилган журналида рўйхатдан ўтказилади.


12. Танлов ҳужжатлари туркуми қуйидагилардан иборат бўлади:

иштирокчи ҳақидаги маълумотлар шакли;

конкурс танлови иштирокчиси учун йўриқнома;

йўналишсиз такси учун ҳисоблагичлар (таксометрлар) ва таниш белгиларини етказиб бериш бўйича фаолиятни ташкил этишга қўйиладиган талаблар;

иштирокчининг танлов таклифлари шакли;

Комиссияга танлов таклифлари ва иштирокчи тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш учун конверт.


13. Талабгор танлов ҳужжатлари туркуми қийматини уни тайёрлашнинг ҳақиқий таннархи бўйича, эълонларни чоп этишга харажатларни ҳисобга олган ҳолда тўлаши керак. Келиб тушган маблағлар Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигининг махсус ҳисоб рақамига ўтказилади ва фақат конкурс танловини ташкил этиш мақсадида фойдаланилади.


14. Конкурс танловида иштирок этиш учун талабгор Комиссия томонидан белгиланган шаклда танлов таклифларини тақдим этади.


15. Танлов таклифлари шахсан, курьер орқали ёки елимланган конвертда почта жўнатмаси орқали йўлланади ва улар фақат Комиссия йиғилишида очилади.


16. Танлов таклифларининг қабул қилиниши конкурс танлови ўтказилишидан бир кун олдин якунланади.


17. Танлов таклифлари топширилганидан сўнг иштирокчилар уларга бирон-бир тузатиш киритишга ҳақли эмас.



IV. ТАНЛОВ ТАКЛИФЛАРИНИНГ МАЗМУНИ


18. Танлов таклифларида қуйидаги кўрсаткичлар кўзда тутилиши лозим:

а) йўналишсиз таксилар учун ҳисоблагичлар (таксометрлар) етказиб берувчилар учун:

ҳисоблагичлар (таксометрлар) қиймати - сўмда;

дастурланадиган тарифлар сони (камида 4 та - ярим километрлик, соатбай (тўхтаб туришга оид), бронлаштириш учун (ўтирганлик учун), қўшимча хизматлар учун - сони;

ҳисоблагичларнинг (таксометрларнинг) хизмат қилиш муддати - иш соатларида;

фискал хотирасида сақланадиган маълумотлар ҳажми - қайдлар сони;

тахограф, GPS функциялари ва пластик карточкалар билан ҳисоб-китоб қилувчи терминал - мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги;

б) йўналишсиз такси учун ягона таниш белгиларини етказиб берувчилар учун:

таниш белгиларининг қиймати - сўмда;

таниш белгилари хизмат қиладиган муддат - ойларда;

плафоннинг тўлиқ светодиод ёритилиши - мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги;

плафон тайёрланадиган материал - материал тури.


19. Танлов таклифларининг барча бандлари бўйича иштирокчи Комиссия ўрнатган тартибда тўлиқ ва якуний маълумот бериши керак.


20. Талабгор томонидан танлов таклифи тўлиқ бўлмаган ҳажмда ёки белгиланган талаблар бузилган ҳолда тақдим этилганда, танлов таклифи конкурс танловида иштирок этишига йўл қўйилмайди ва талабгорга қайтарилади.



V. КОНВЕРТЛАРНИ ОЧИШ, ТАНЛОВ ТАКЛИФЛАРИНИ

БАҲОЛАШ ВА ҒОЛИБНИ АНИҚЛАШ


21. Танлов таклифлари солинган конвертларни очиш Комиссия томонидан белгиланган санада ва соатда амалга оширилади.

Танлов ўтказиш пайтида битта иштирокчи талабгор бўлса, Комиссия ушбу иштирокчини ғолиб деб эълон қилиш ҳуқуқига эга, бунда ушбу иштирокчининг танлов таклифлари қўйилган талабларга мос бўлиши керак.

Иштирокчилар ёки ваколатли вакиллар танлов таклифлари солинган конвертларнинг очилишида иштирок этиши мумкин.

Комиссия томонидан танлов таклифлари солинган конвертлар очилган пайтда Комиссия белгиланган шартлар ва тартибга риоя қилинишини, танлов ҳужжатларида кўрсатилган ҳужжатларнинг мавжудлиги текширилади.


22. Танлов таклифларини баҳолаш ва ғолибни аниқлаш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

а) йўналишсиз таксилар учун ҳисоблагичлар (таксометрлар) етказиб берувчилар учун:

Комиссия томонидан белгиланган қиймат учун 10 балл. Қиймат пасайганда (ошганда) 10 баллга ошириш (камайтириш) коэффициенти қўлланилади, у ошириш (камайтириш) қийматига тўғри пропорционал тарзда ҳисоб-китоб қилинади;

дастурланадиган тарифлар сони учун - 4 тариф мавжудлиги учун 5 балл;

кўпроқ тарифлар таклиф этилган ҳолларда, 5 баллга ошириш коэффициенти қўлланилади, у тарифлар сони кўпайишига тўғри пропорционал тарзда ҳисоб-китоб қилинади. 4 тадан кам дастурланадиган тариф таклиф қилинган ҳолларда, танлов таклифи рад этилади;

ҳисоблагич (таксометр) хизмат қилиш муддати 20000 иш соати бўлган тақдирда - 10 балл. Хизмат кўрсатиш муддати камайганда (ошганда) 10 баллга нисбатан камайтириш (ошириш) коэффициенти қўлланилади, у ошириш (камайтириш) қийматига тўғри пропорционал тарзда ҳисоб-китоб қилинади;

фискал хотирада сақланадиган маълумотлар ҳажми учун - 1500 қайд сақланишини таъминлаганлиги учун 5 балл. Фискал хотирада бундан кўпроқ қайдларни сақлаш мумкин бўлса, 5 баллга ҳар бир қўшимча 1000 қайд учун 0,5 баллдан қўшилади. 1500 дан кам қайдни сақламайдиган ҳисоблагичлар (таксометрлар) конкурс танловига қўйилмайди;

тахограф функциялари мавжудлиги учун - 3 балл, GPS функциялари мавжудлиги учун - 5 балл, пластик карточкалар билан ҳисоб-китоб қилувчи терминал мавжудлиги учун - 10 балл;

б) йўналишсиз такси учун ягона таниш белгилари таъминотчилари учун:

таниш белгилари қиймати учун - Комиссия томонидан белгиланган қиймат учун 10 балл. Қиймат пасайганда (ошганда) 10 баллга ошириш (камайтириш) коэффициенти қўлланилади, у камайтириш (ошириш) қийматига тўғри пропорционал тарзда ҳисоб-китоб қилинади;

таниш белгилари хизмат қиладиган муддат учун - 120 ой (10 йил) бўлган ҳолларда - 10 балл. Хизмат кўрсатиш муддати камайганда (ошганда) 10 баллга камайтириш (ошириш) коэффициенти қўлланилади, у ошириш (камайтириш) қийматига тўғри пропорционал тарзда ҳисоб-китоб қилинади;

плафон тўлиқ светодиод ёриткичга эга бўлса - 5 балл, светодиод ёриткич бўлмаса, балл берилмайди;

плафон ясалган материал - конкурс талабларида кўрсатилган материаллардан фойдаланилганда - 6 балл, бошқа материаллар қўлланилганда - 5 балл.

Иштирокчи конкурс таклифларининг якуний баҳоси юқоридаги кўрсаткичлар бўйича балларни қўшиш орқали аниқланади. Агар талабгор бевосита ҳисоблагичлар (таксометрлар) ва таниш белгиларини ишлаб чиқарувчи бўлса, якуний баҳосига 1,5 коэффициент қўлланилади. Таклифлари энг кўп балл тўплаган иштирокчи конкурс танлови ғолиби деб тан олинади.


23. Танлов натижаларига кўра бир неча иштирокчи тенг баҳоларга сазовор бўлса, ғолиб Комиссия аъзолари томонидан яширин овоз бериш йўли билан аниқланади.


24. Конкурс танловини ўтказиш учун зарур бўлган шакллар ва йўриқномавий-услубий ҳужжатлар, танлов таклифларининг баҳоси Комиссия ишчи органи томонидан ишлаб чиқилади ва Комиссия томонидан тасдиқланади.


25. Комиссия конкурс танлови натижаларини баённома шаклида танлов таклифлари солинган конверт очилган санадан сўнг 5 кунгача бўлган муддат ичида расмийлаштиради.


26. Баённомада қуйидагилар кўрсатилади:

Комиссия таркиби;

конкурс танлови иштирокчилари ва уларнинг таклифлари ҳақидаги маълумотлар;

барча иштирокчиларнинг танлов таклифлари натижалари;

конкурс танлови ғолиби.

Баённома Комиссиянинг барча аъзолари томонидан имзоланади ва Комиссия раиси томонидан тасдиқланади.

Баённома Комиссия раиси томонидан тасдиқлангач, конкурс танлови иштирокчилари ушбу ҳужжат билан танишиш ҳуқуқига эга.


27. Баённома имзоланишидан аввал Комиссия ғолибнинг конкурс таклифларининг ҳаққонийлигини текшириб кўришга ҳақли.

Ғолибнинг конкурс таклифларининг ҳаққонийлиги тасдиқланмаса, ғолибдан сўнг энг кўп балл йиққан, конкурс таклифлари ишончлилиги Комиссия томонидан аниқланган навбатдаги иштирокчи ғолиб деб топилади.


28. Конкурс танловини ўтказиш пайтида юзага келган баҳслар ва мунозаралар қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.


29. Конкурс танлови қуйидаги ҳолларда бўлиб ўтмаган, деб ҳисобланади:

белгиланган муддатда танловда иштирок этиш учун талабгорлардан буюртманомалар келиб тушмаган бўлса;

танлов ғолиби йўналишсиз такси учун ҳисоблагичлар (таксометрлар) ва таниш белгиларини етказиб беришдан бош тортса.

Конкурс танловлари такроран ўтказилганда дастлабки конкурс шартлари қайта кўриб чиқилмайди.


30. Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги ғолиб ҳақидаги маълумотларни оммавий ахборот воситаларида ва агентликнинг веб-сайтида жойлаштириш орқали ташувчиларга йўналишсиз такси учун ҳисоблагичларни (таксометрларни) ва таниш белгиларини етказиб бериш бўйича шартномаларни конкурс танловининг ғолиби билан тузишни тавсия этади.


31. Ахборотда қуйидаги маълумотлар келтирилган бўлиши керак:

конкурс танловида иштирок этган иштирокчиларнинг рўйхати;

ҳар бир иштирокчи учун танлов таклифлари;

иштирокчиларнинг танлов таклифлари баҳоси (ҳар бир иштирокчи томонидан тўпланган баллар сони);

конкурс танлови ғолиби, ғолиб тўплаган баллар сони.



VI. ЖАВОБГАРЛИК


32. Комиссия қуйидагилар учун масъул ҳисобланади:

конкурс танловининг ўтказилишида ва натижаларини аниқлашда очиқлик ва ошкорликни таъминлаш;

келиб тушган конкурс таклифларини баҳолашда холислик.


33. Комиссиянинг ишчи органи келиб тушган барча буюртманомаларнинг тўлиқ ҳисобга олиниши, уларнинг сақланиши, шунингдек маҳфий ахборотларнинг ошкор бўлмаслиги учун масъул ҳисобланади.



VII. ЯКУНИЙ ҚОИДА


34. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, "Ўзстандарт" агентлиги ва Савдо-саноат палатаси билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 34-35-сон, 353-модда