язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Меҳнат ва аҳолининг бандлиги/ Меҳнат муҳофазаси/ Турли соҳаларда меҳнат муҳофазаси ва ишлар хавфсизлиги қоидалари/ Магистраль нефть маҳсулотлари қувурларидан фойдаланишда хавфсизлик Қоидалари (АВ томонидан 27.06.2014 й. 2598-сон билан рўйхатга олинган "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси бошлиғининг 06.06.2014 й. 73-сонли буйруғи билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2014 йил 27 июнда 2598-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги

Ер қаърини геологик ўрганиш,

саноатда, кончиликда ва коммунал-

маиший секторда ишларнинг бехатар

олиб борилишини назорат қилиш

давлат инспекцияси бошлиғининг

2014 йил 6 июндаги

73-сонли буйруғига

ИЛОВА



Магистраль нефть маҳсулотлари қувурларидан

фойдаланишда хавфсизлик

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 12 июлдаги 267-сонли "Меҳнатни муҳофаза қилишга доир меъёрий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш ва ишлаб чиқиш тўғрисида"ги ҳамда 2010 йил 20 июлдаги 153-сонли "Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш тўғрисида"ги қарорларига мувофиқ магистраль нефть маҳсулотлари қувурларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидалар магистраль нефть маҳсулотлари қувурларидан фойдаланадиган ташкилотларга (бундан буён матнда ташкилот деб юритилади) нисбатан татбиқ этилади.


2. Мазкур Қоидалар талаблари ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотларини лойиҳалаш, қуриш ва қайта қуришда, технологик жараёнларни ва цехларни техник жиҳозлаш ва қайта жиҳозлашда ҳамда ускуналардан фойдаланишда ҳисобга олиниши лозим.


3. Мазкур Қоидалар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талаблари бажарилиши шартлигини истисно этмайди.



2-БОБ. ХАВФСИЗЛИККА ҚЎЙИЛАДИГАН

УМУМИЙ ТАЛАБЛАР


1-§. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ташкил этиш


4. Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни ташкил қилиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил этиш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 273, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилади.


5. Ташкилотларда қуйидаги асосий ҳужжатлар ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши лозим:

меҳнат шароитлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини яхшилаш, санитария-соғломлаштириш бўйича қоидаларни ўз ичига олган жамоа шартномаси;

тасдиқланган меҳнат шароитларини баҳолаш ва иш ўринларини аттестация қилиш услубига мувофиқ иш ўринларини аттестация қилиш карталари;

меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг чораклик иш режалари;

ходимлар ва муҳандис-техник ходимларни ўқитиш, йўл-йўриқ бериш ва билимларини синовдан ўтказиш дастурлари;

меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича назорат юритиш журнали (уч босқичли назорат);

ходимларга ёнғинга қарши йўл-йўриқ бериш ва ёнғин-техникавий минимум машғулотларини ўтказиш дастури;

ҳар бир касб ва иш турлари учун меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқномалар.


6. "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасига мувофиқ, ходимлар сони 50 нафар ва ундан ортиқ бўлган ташкилотларда махсус тайёргарликка эга шахслар орасидан меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари тузилади (лавозимлар жорий этилади), 50 ва ундан зиёд транспорт воситаларига эга бўлган ташкилотларда эса бундан ташқари йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматлари тузилади (лавозимлар жорий этилади). Ходимлар сони ва транспорт воситалари миқдори камроқ ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг вазифаларини бажариш раҳбарлардан бирининг зиммасига юклатилади.


7. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ўз мақомига кўра ташкилотнинг асосий хизматларига тенглаштирилади ва унинг раҳбарига бўйсунади ҳамда ташкилотнинг фаолияти тугатилган тақдирда бекор қилинади.


8. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг мутахассислари лавозим йўриқномасига биноан уларнинг мажбуриятлари жумласига киритилмаган бошқа ишларни бажаришга жалб қилиниши мумкин эмас.


9. Ташкилотларда меҳнат фаолияти билан боғлиқ равишда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва бошқа жароҳатланишларни текшириш ва ҳисобини юритиш Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сонли қарори билан тасдиқланган Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилиши лозим.



2-§. Ходимларни ўқитиш, уларнинг билимларини синовдан

ўтказиш ва уларга йўл-йўриқ беришни ташкил этиш


10. Ходимлар ўз касблари ва иш турлари бўйича белгиланган тартибда ўқишлари, уларнинг билимлари синовдан ўтказилиши ва уларга йўл-йўриқ берилиши керак.


11. Ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича билимларини синовдан ўтказиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ўқишларни ташкил қилиш ва билимларни синаш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 272, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилади.


12. Ҳар бир касб ва иш турлари учун меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқномалар Меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқиш тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 870, 2000 йил 7 январь) мувофиқ ишлаб чиқилади ҳамда ташкилот ходимларини ва иш жойларини ушбу йўриқномалар билан таъминлаш ташкилот раҳбарияти зиммасига юклатилади.



3-§. Хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари


13. Ташкилотлар ГОСТ 17.2.3.02-78 "Табиатни муҳофаза қилиш. Атмосфера. Саноат корхоналари зарарли моддаларининг йўл қўйиладиган чиқаришларини ўрнатиш қоидалари" бўйича хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари, уларнинг тавсифи, юзага келиш манбалари, ходимларга таъсир қилиш хусусиятлари ва саломатлик учун хавфлилик даражаси ва келгусидаги оқибатлари тўғрисида тўлиқ ва холисона маълумотга эга бўлиши лозим.


14. Иш жойларидаги ишлаб чиқариш муҳити ҳамда хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари тўғрисидаги маълумотлар ишлаб чиқариш муҳитининг физик, кимёвий, радиологик, микробиологик ва микроиқлим ўлчови натижалари, шунингдек меҳнат шароитларини аттестация қилиш орқали белгиланиши керак.


15. Янги зарарли моддалар пайдо бўлишига ёки хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари йўқолишига олиб келадиган технологик жараёнлар ўзгарганда, хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари тўғрисидаги маълумотларга ташкилот раҳбари томонидан тегишли ўзгартиришлар киритилиши лозим.



4-§. Ўта хавфли касблар ва ишлар рўйхати


16. Ташкилотлар ўта хавфли касблар ва ишлар рўйхатига эга бўлиши лозим.


17. Лавозим йўриқномаларига мувофиқ, хавфли моддалар билан бажариладиган ишларни, баландликда, ифлосланган ҳаво ва сув муҳитида, юқори ҳарорат ва намлик шароитида бажариладиган ишларни, буғ ва сув иситиш қозонлари, юк кўтариш механизмлари, босим остида ишлайдиган сиғимлар, электр қурилмаларга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ ишларни ҳамда тегишли тармоқ тариф-малака маълумотномасига мувофиқ бошқа хавфли ишларни бажаришни назарда тутувчи касблар ўта хавфли касблар рўйхатига, мазкур вазифаларнинг бир марталик топшириқ асосида бажарилишини назарда тутувчи ишлар ўта хавфли ишлар рўйхатига киритилиши зарур.


18. Ўта хавфли ишларни бажариш фақат белгиланган тартибда расмийлаштирилган ҳужжат (наряд-рухсатнома)га мувофиқ амалга оширилиши лозим.


19. Барча ходимлар ўта хавфли ишларни бажариш топшириғини олишдан олдин, меҳнат муҳофазаси бўйича йўл-йўриқ олишлари ва ишларни хавфсиз бажариш усулларини ўзлаштиришлари шарт.


20. Ўта хавфли ишларни режалаштириш, ташкиллаштириш ва хавфсиз бажариш белгиланган талабларга мувофиқ амалга оширилиши учун ташкилот раҳбарияти жавобгардир.



5-§. Жамоавий ва якка тартибда ҳимояланиш воситаларини қўллаш


21. Ходимлар хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларидан жамоавий ва якка тартибдаги ҳимоя воситалари билан ҳимояланган бўлиши лозим.


22. Жамоавий ҳимоя воситалари хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари ишлаб чиқариш хоналари ва иш жойларидаги барча ходимларга таъсир қилган тақдирда қўлланилиши зарур ҳамда ташкилот биноларини қуриш ёки реконструкция қилиш лойиҳаларига киритилиши шарт.


23. Жамоавий ҳимоя воситаларига қуйидагилар киради:

ишлаб чиқариш хоналари ва иш жойларининг ҳаво муҳитини нормаллаштириш воситалари (шамоллатиш ва ҳаво тозалаш, иситиш, ҳаво ҳарорати ва намлигини бир хил меъёрда сақлаш ва бошқалар);

ишлаб чиқариш хоналари ва иш жойларининг ёруғлигини нормаллаштириш воситалари (ёритиш асбоблари, ёруғликдан ҳимоя қилиш мосламалари ва бошқалар);

шовқиндан, тебранишдан, электр ва статик токлар уришидан ҳамда қурилмалар юзасини юқори даражадаги ҳароратдан ҳимоя қилиш воситалари;

механик ва кимёвий омилларнинг таъсиридан ҳимоя қилиш воситалари.


24. Ходимлар Нефть ва газ ишлаб чиқариш корхоналари ходимлари учун махсус кийим, махсус пойабзал ва бошқа якка тартибда ҳимояланиш воситаларини бепул беришнинг намунавий меъёрларига (рўйхат рақами 2132, 2010 йил 13 август) мувофиқ махсус кийим, махсус пойабзал ва бошқа якка тартибдаги ҳимояланиш воситалари билан таъминланиши лозим.


25. Якка тартибдаги ҳимоя воситаларидан фойдаланадиган ходимлар уларни қўллаш, ҳимоя хусусиятлари ва амал қилиш муддати тўғрисидаги маълумотларга эга бўлиши керак.


26. Ташкилотда қуйидагилар таъминланиши шарт:

жамоавий ва якка тартибдаги ҳимоя воситаларининг самарадорлиги ва созлиги;

якка тартибдаги ҳимоя воситаларининг зарур миқдори ва номенклатураси;

якка тартибдаги ҳимоя воситаларини қўллаш ва улардан тўғри фойдаланиш устидан доимий назоратни амалга ошириш;

хавфли ва заҳарли моддалар билан ишлашда фойдаланилган якка тартибдаги ҳимоя воситаларини дезинфекция қилиш, бир марта қўлланиладиган воситалар бундан мустасно.


27. Заҳарли моддалар билан ишлашда тери касалликларининг олдини олиш учун профилактик паста ва мазлардан фойдаланиш зарур.



6-§. Касбий танлов


28. Ташкилотларда танлов ўтказилиши лозим бўлган касблар ва мутахассисликлар рўйхати бўлиши лозим.


29. Ходимлар ва ишлаб чиқариш участкаларининг раҳбарлари тегишли тармоқ тариф-малака маълумотномасига мувофиқ зарур маълумотга ва иш тажрибасига эга бўлиши керак.


30. Босим остида ва бошқа ўта хавфли ишларда ишловчи ходимлар махсус курсларда тайёргарликдан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлиши шарт.


31. Ўн саккиз ёшдан кичик шахсларнинг меҳнати қўлланиши тақиқланадиган ноқулай меҳнат шароитлари ишлари рўйхатига (рўйхат рақами 1990, 2009 йил 29 июль) мувофиқ, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар зарарли ва ноқулай меҳнат шароити мавжуд бўлган ишларга қабул қилинмаслиги лозим.


32. Аёллар меҳнатидан фойдаланиш тўлиқ ёки қисман тақиқланадиган меҳнат шароити ноқулай бўлган ишлар рўйхатига (рўйхат рақами 865, 2000 йил 5 январь) мувофиқ, аёллар зарарли ва ноқулай меҳнат шароити мавжуд бўлган ишларга қабул қилинмаслиги керак.



7-§. Ходимларни ишлаб чиқариш жараёнида

қатнашишга қўйиш шарт-шароитлари


33. Ходимларни ишлаб чиқариш жараёнида қатнашишга қўйиш олдидан қуйидагилар текширилиши зарур:

иш жойининг мазкур Қоидаларда белгиланган санитария ва гигиена, хавфсизлик талабларига, шунингдек шовқин ва тебранишга, шамоллатиш ва иситишга қўйиладиган талабларга мувофиқлиги;

ходимнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича билимларини синовдан ўтказиш, унга йўл-йўриқ бериш ва саломатлигини назорат қилиш даврийлигига амал қилинганлиги;

технологик жараёнларда иштирок этувчи асбоб-ускуналар ва уларнинг ҳимоя воситалари созлиги;

жамоавий ҳимоя воситаларининг созлиги, ходимнинг якка тартибдаги ҳимоя воситаларига эгалиги.



8-§. Ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш


34. Ташкилотларда ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 2387, 2012 йил 29 август) асосида амалга оширилиши лозим.


35. Ташкилот раҳбарияти касаба уюшмаси қўмитаси ва соғлиқни сақлаш муассасаси билан биргаликда ҳар йили даврий тиббий кўрикдан ўтиши лозим бўлган ходимларнинг рўйхатини тузиши ҳамда ходимларнинг тиббий кўрикдан ўтишини таъминлаши зарур.


36. Тиббий кўриклар ташкилотга тиббиёт хизмати кўрсатувчи даволаш-профилактика муассасалари томонидан, агар улар бўлмаган тақдирда ташкилот жойлашган жойдаги ҳудудий даволаш-профилактика муассасаси томонидан ўтказилади.


37. Тиббий кўрикдан ўтишдан ёки тиббий комиссияларнинг текширувлар натижасида берган тавсияларини бажаришдан бўйин товлаган ходимларни иш берувчи ишга қўймасликка ҳақлидир.


38. Ташкилот раҳбарияти ўз ходимларининг мажбурий тиббий кўрикдан ўз вақтида ўтиши учун ва мажбурий тиббий кўрикдан ўтмаган шахсларни ишга қўйиш натижасида фуқароларнинг соғлиғига етказилган зарарли оқибатлар учун жавобгар бўладилар.


39. Ходимларни соғлиғининг ҳолати туфайли уларга рухсат этилмаган ишларга қўйиш тақиқланади.



9-§. Санитария ва гигиенага қўйиладиган талаблар


40. Ташкилот иш ҳудудидаги ҳавонинг ҳарорати, нисбий намлиги ва ҳаракатланиш тезлиги ГОСТ 12.1.005-88 "Иш ҳудудининг ҳавоси. Умумий санитария-гигиеник талаблари"га мувофиқ бўлиши керак.


41. Ташкилотнинг ишлаб чиқариш хоналари қуйидаги талабларга мувофиқ сақланиши лозим:

ҳавонинг ҳарорати, нисбий намлиги ва ҳаракатланиш тезлиги иш жойларидаги ортиқча иссиқлик, бажарилаётган ишнинг оғирлик даражасига кўра тоифаси ва йил мавсумини ҳисобга олган ҳолда белгиланиши;

ишлаб чиқариш, санитария-маиший, хом ашё ва тайёр маҳсулотни сақлаш хоналарининг ёруғлиги ҚМҚ 3.01.05-98 "Табиий ва сунъий ёритиш. Лойиҳалаштириш меъёрлари"га мувофиқ бўлиши ҳамда меҳнат шароитларини яратиш учун етарли ёруғлик кучини таъминлаши;

ёритиш асбоблари чанг тўпланишига имконият бермайдиган конструкцияга эга бўлиши, шунингдек синган тақдирда унинг парчалари сочилиб кетмаслиги учун ёпиқ бўлиши.


42. Ноқулай омиллар таъсирига қарши ҳимоя тадбирларини амалга оширишда самарали ҳаво алмашинуви тизимини ҚМҚ 2.04.05-97 "Иситиш, вентиляция ва кондиционерлаш" талабларига мувофиқ ташкил қилиш лозим.


43. Ишлаб чиқариш, санитария-маиший, хом ашё ва тайёр маҳсулотни сақлаш хоналарини гигиеник жиҳатдан тоза сақлаш ва ходимларнинг шахсий гигиенасига қўйиладиган талаблар тегишли норматив ҳужжатларда белгиланган қоидаларга мувофиқ бўлиши лозим.



10-§. Ташкилот майдонларига қўйиладиган хавфсизлик талаблари


44. Ташкилот майдонлари ва биноларининг жойлашуви ҚМҚ II 89-80 "Саноат ташкилотларининг бош плани" талабларига мос бўлиши керак.


45. Ташкилотда транспорт воситалари ва пиёдаларнинг ташкилот ҳудудида ҳаракатланиш чизмаси ишлаб чиқилган ва тасдиқланган бўлиши ҳамда ташкилотга кириш ва чиқиш жойлари ҳамда иш жойларининг кўринарли қисмига осиб қўйилиши зарур.


46. Ташкилот майдонлари кўкаламзорлаштирилган ва сув қуйиш қувурлари тармоқлари билан таъминланган бўлиши лозим. Майдонлардаги ўтиш жойлари мустаҳкам ёпқичлар, сув оқиб кетадиган иншоотлар билан жиҳозланган бўлиши керак.


47. Ёзги мавсумда йўлаклар ва ўтиш жойларига сув сепилган бўлиши керак.


48. Қишки мавсумда йўлаклар ва ўтиш жойлари қордан тозаланиб, қум сепилган ҳамда биноларнинг томлари қордан, карнизлари эса муздан тозалаб турилиши зарур.


49. Йўловчилар учун мўлжалланган йўлаклар ва ташкилотга кириш жойи текис, кенглиги камида 1,5 м бўлиб, ён томонлари деворча ва тўсиқларга эга бўлиши керак.


50. Ташкилот ҳудудида ҳар куни тозалаб ва дезинфекция қилиб туриладиган ахлат ташланадиган идишлар бўлиши шарт.


51. Ташкилотнинг ҳудуди чегара бўйлаб тўсилган ва унинг ҳудудига бегоналарнинг кириши чекланган ва назорат остига олинган бўлиши лозим.



11-§. Бино ва иншоотларга қўйиладиган хавфсизлик талаблари


52. Ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари ҚМҚ 2.09.02-85 "Ишлаб чиқариш бинолари" талабларига, ёрдамчи бинолар ва хоналар ҚМҚ 2.09.04-98 "Ташкилотларнинг маъмурий ва маиший бинолари" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


53. Ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари ҳамда ёрдамчи бинолар ва хоналардаги ҳавонинг ҳарорати, нисбий намлиги ва ҳаракатланиш тезлиги ГОСТ 12.1.005-88 "Иш ҳудудининг ҳавоси. Умумий санитария-гигиеник талаблари"га мувофиқ бўлиши керак.


54. Мунтазам ишлашга мўлжалланган хоналарнинг полларига ёғоч тўшамалар ва панжаралар ётқизилган бўлиши, мазкур пол тўшамалари зарарли моддалар, ишлаб чиқаришдаги кирлар ва чанглардан енгил тозаланган бўлиши зарур.


55. Бинонинг транспорт воситалари кириш жойларида дарвозалар ва сигнал асбоб-ускуналари ўрнатилган бўлиши лозим.


56. Дарвоза тавақалари дарвозанинг ёпиқ ва очиқ ҳолатида махсус мосламалар билан мустаҳкам тутиб турилган бўлиши керак.


57. Транспорт воситаларининг бинога кириши учун дарвоза эни фойдаланилаётган транспорт воситалари энидан ортиқ бўлиши, дарвозаларнинг баландлиги транспорт воситаларининг баландлигидан камида 0,2 м ортиқ бўлиши зарур.


58. Ташкилотларда бинолар ва иншоотлардан фойдаланиш ҳолатини мунтазам кузатиш ташкил этилган бўлиши керак.


59. Барча ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари бир йилда камида икки марта (баҳорги ва кузги мавсумда) ташкилот раҳбари тайинлаган комиссия томонидан техник кўрикдан ўтказилиши лозим. Техник кўрик хулосалари аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тадбирлар ва уларни амалга ошириш муддатлари кўрсатилган далолатномалар билан расмийлаштирилиши зарур.


60. Ходимлар учун хавф туғдирувчи ҳалокат тусидаги бузилишлар тезда бартараф этилиши керак. Бунда хавфли ҳудудлардаги иш жараёни ҳалокат бартараф этилгунга қадар тўхтатиб турилиши ва у ердаги ходимлар хавфсиз жойга кўчирилиши керак.


61. Ташкилотнинг ишлаб чиқариш хоналари ва омборхоналари ёнғиндан хабар берувчи ва ёнғинни бартараф этувчи автоматик қурилмалар билан жиҳозланган бўлиши лозим.


62. Кириш ва чиқиш йўллари турли жисмлар ва асбоб-ускуналар билан тўсиб қўйилмаслиги керак. Эвакуация чиқиш йўлларининг барча эшиклари бинодан чиқиш йўналиши бўйича очилиши зарур.



12-§. Шовқин ва тебранишга қўйиладиган талаблар


63. Иш жойларида, хоналарда ва ташкилот ҳудудида шовқин ва тебранишнинг даражаси СанҚваМ 0120-01 "Иш жойларида шовқиннинг йўл қўйилган даражасининг санитария меъёрлари", СанҚваМ 0122-01 "Иш жойларида умумий ва локал тебранишнинг санитария меъёрлари", ГОСТ 12.1.003-89 "Шовқин. Умумий хавфсизлик талаблари" ва ГОСТ 12.1.012-90 "Тебранма. Умумий хавфсизлик талаблари"га мувофиқ бўлиши керак.


64. Иш жойларида шовқин ва тебраниш даражаси мунтазам назорат қилиб турилиши керак. Агарда у белгиланган меъёрлардан юқори бўлса, уни пасайтириш учун қуйидаги тадбирлар қўлланиши лозим:

деталларнинг зарбали ҳаракатларини зарбасиз ҳаракатларга, илгарилама-қайтма ҳаракатларни айланма ҳаракатларга ўзгартириш;

шовқин чиқарувчи агрегат ёки унинг айрим қисмларига шовқинни тўсувчи қобиқлар ўрнатиш;

агрегатдан чиқаётган аэродинамик шовқинларга қарши самарали товуш сўндиргичлар қўллаш;

шовқинли ускуналарни (парраклар, компрессор) тўсилган хоналарда ёки ишлаб чиқариш хоналаридан ташқарига жойлаштириш;

тебраниш манбаларини (электр двигателлар, парраклар ва бошқалар) полдан ва бинонинг бошқа конструкцияларидан изоляцияланган мустақил пойдеворларда ёки махсус ҳисоблаб чиқилган амортизаторларга ўрнатиш.


65. Шовқинни техник воситалар билан бартараф этиш имкони бўлмаса, эшитиш аъзоларини якка тартибдаги ҳимоя воситалари ва шовқинга қарши каскалардан фойдаланган ҳолда ҳимоялаш керак.



13-§. Шамоллатиш ва иситиш тизимига қўйиладиган талаблар


66. Шамоллатиш ва иситиш тизими ҚМҚ 2.04.05-97 "Иситиш, шамоллатиш ва кондиционерлаш" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


67. Оқимли шамоллатишларни ташқи ҳаво тизимидан олиш ердан камида 2 м баландликда бажарилиши керак.


68. Ўтиш жойларида жойлашган иситиш жиҳозлари ўтиш йўлакларининг кенглигига қўйилган талабларни бузмаслиги зарур.


69. Иш жойларидаги ҳаво ҳарорати енгил жисмоний ишда 21° С, ўртача оғир ишда 17° С ва оғир ишда 16° С дан паст бўлмаслиги керак.


70. Ходимларнинг исиниши учун мўлжалланган хоналардаги ҳаво ҳарорати 22° С дан кам бўлмаслиги керак.


71. Ходимларнинг исиниши учун мўлжалланган хоналаргача бўлган масофа биноларда жойлашган иш жойларидан 75 м дан ва бино ташқарисидаги иш жойларидан 150 м дан кўп бўлмаслиги керак.



14-§. Сув таъминоти ва канализация тизимига қўйиладиган талаблар


72. Сув таъминоти ва канализация тизими ҚМҚ 2.04.01-98 "Биноларнинг ички сув қувури ва канализацияси" талабига мос келиши зарур.


73. Ичимлик суви О`zDSt 950-2011 "Ичимлик суви. Гигиеник талаблар ва сифатини назорат қилиш" талабларига мувофиқ бўлиши, унинг ҳарорати 8° С дан 20° С гача бўлиши керак.


74. Ичимлик сувидан фойдаланиш учун сув қувурига уланган фавворачалар ўрнатилиши ёки махсус идишларда қайнатилган сув бўлиши лозим.



15-§. Ёритишга қўйиладиган талаблар


75. Ташкилот ҳудуди ва ишлаб чиқариш хоналарини табиий ва сунъий ёритиш ҚМҚ 2.01.05-98 "Табиий ва сунъий ёритиш" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


76. Ёритиш воситалари тоза ва соз ҳолатда бўлиши зарур. Ёруғлик тушувчи ойналар ҳар йили камида икки маротаба тозаланиши лозим.


77. Ёруғлик тушувчи ойна ва эшиклар турли буюмлар билан тўсиб қўйилмаслиги керак.


78. Сунъий ёритиш умумий ва бирлашган тизим орқали амалга оширилиши зарур. Биргина маҳаллий ёритишни қўллаш тақиқланади.


79. Ташкилот ҳудуди ва ишлаб чиқариш хоналарида ёритиш воситаларининг кўзни қамаштиришидан сақлаш чоралари кўрилган бўлиши керак.


80. Иш жойлари ва хоналарда портлаш хавфи бўлган газ ва чанг концентрацияси йиғилиб қолиш эҳтимоли мавжуд бўлса, электр ёритиш тизими хонадан ташқарида ўрнатилиши керак.


81. Хавфлилик даражаси юқори бўлган хоналарда кучланиши 36 V дан юқори бўлмаган кўчма электр ёриткичлар ишлатилиши керак. Ускуналар ва иншоотлар (бункерлар, қудуқлар, буғлантириш камералари, туннеллар ва бошқалар)нинг ички сиртини ёритиш учун ишлатиладиган кўчма электр ёриткичларнинг кучланиши 12 V дан ошмаслиги керак.


82. Кўчириб юрилувчи ёриткичлар шишали ҳимоя қопқоқлари ва металл тўр билан жиҳозланган бўлиши лозим. Ушбу ёриткичлар ва бошқа кўчириб юрилувчи аппаратлар учун мис толали эгилувчан электр ўтказгичлар қўлланилиши зарур.


83. Эвакуация йўлаклари ва зинапояларда авария ёриткичлари бўлиши керак.


84. Авария ёриткичлари бошқа ёриткичлардан тури, ўлчами ва махсус туширилган белгилари билан ажралиб туриши ва вақти-вақти билан чангдан тозалаб турилиши лозим.


85. Авария ёритиш тармоқларига электр энергияси истеъмолчиларининг уланиши тақиқланади. Авария ёритилишларининг созлиги ҳар чоракда камида бир марта текширилиши зарур.



16-§. Маиший иморатларга қўйиладиган талаблар


86. Ташкилотларнинг маиший бино ва хоналари ШНҚ 2.09.04-09 "Ташкилотларнинг маъмурий ва маиший бинолари" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


87. Кийим алмаштириш хоналари, душхоналарнинг ўлчамлари, душ сеткалари, оёқ ванналари, бет-қўл ювгичлар, ичимлик суви таъминоти қурилмалари, ҳожатхоналар ва бошқа маиший хона ва жиҳозларнинг сони сменадаги энг кўп ходимлар сони ҳисобга олинган ҳолда белгиланиши зарур.


88. Душхоналар ва ҳожатхоналардаги тарновлар, каналлар, траплар, писсуарлар ва унитазлар мунтазам равишда тозаланиши, ювилиши ва дезинфекция қилиниши лозим.


89. Барча маиший иморатлар озода сақланиши, мунтазам дезинфекция қилиниши ва сутканинг қоронғу пайтида ёритилган бўлиши керак.



17-§. Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилишга

қўйиладиган талаблар


90. Ташкилот фаолияти атроф табиий муҳитнинг (ҳаво, тупроқ, сув ҳавзалари) ифлосланишига ва зарарли омилларнинг тегишли нормалардан ортиқ даражада тарқалишига олиб келмаслиги лозим.


91. Ташкилотларда ишлаб чиқариш жараёнларини амалга оширишда атроф табиий муҳитнинг оқова сувлар, шамоллатиш тизими чиқиндилари ва бошқа чиқиндилар билан ифлосланиши эҳтимолини истисно этадиган шароитлар таъминланиши лозим.


92. Ташкилотларда чиқиндиларни йиғиш учун атрофи ўралган махсус жой ажратилиши ва чиқиндилар учун махсус идишлар билан таъминланиши керак. Ушбу идишлар чиқиндилар бўшатилганда хлорли оҳак эритмаси билан дезинфекция қилиниши ва ювилиши керак.



18-§. Меҳнат ва дам олишга қўйиладиган талаблар


93. Ходимларнинг иш вақти, шу жумладан, қисқартирилган иш вақти, дам олиш ва танаффуслар вақти ташкилот томонидан меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.



3-БОБ. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ЖАРАЁНЛАРИГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ХАВФСИЗЛИК ТАЛАБЛАРИ


1-§. Умумий талаблар


94. Ишлаб чиқариш жараёнларида хавфсизликни таъминлашда:

магистраль нефть маҳсулотлари қувурларидан фойдаланишда мос бўлган технологик жараёнларни қўллаш;

шикастланиш ва касб касалликларига олиб келмайдиган ишлаб чиқариш ускуналарини қўллаш;

ташкилот ҳудудини ободонлаштириш;

назорат-ўлчов асбобларини, аварияларга қарши ҳимоя қурилмаларини ҳамда ахборотни қабул қилиш, қайта ишлаш ва узатиш воситаларини қўллаш;

тезкор ва герметик ишлайдиган беркитувчи ва тартибловчи арматураларни ҳамда хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларини чегараловчи воситаларни қўллаш;

ишлаб чиқариш ускуналарини қулай жойлаштириш ва иш жойларини ташкил қилиш;

ходимларни касбига кўра танлаш, уларни ўқитиш, меҳнат муҳофазасига доир билим ва малакаларини текшириш;

ходимларни жамоавий ва якка тартибда ҳимояланиш воситалари билан таъминлаш;

портлашнинг олдини олиш ва ёнғиндан ҳимояланишга доир техник ва ташкилий тадбирларни амалга ошириш зарур.


95. Ишлаб чиқаришда газ хавфи бор ишларни бажариш фақат белгиланган тартибда расмийлаштирилган ҳужжат (наряд-рухсатнома)га мувофиқ амалга оширилиши лозим.


96. Магистраль нефть маҳсулотлари қувурларидан фойдаланишдаги жараёнларда ёнғин ва портлаш хавфи бор муҳитнинг рухсат этилган чегараси ҳақида хабар берувчи ва қурилмани хавфсиз тарзда тўхтатиб қўядиган ёки жараённи хавфсиз ҳолатга ўтказадиган автоматик ҳимоя тизими режалаштирилиши лозим.



2-§. Нефть маҳсулотларини ҳайдовчи станцияларни

ишлатишда хавфсизлик талаблари


97. Нефть маҳсулотларини ҳайдовчи станцияларнинг ускуналарини ишлатиш тезкор (навбатчи) ва ишлатиш-таъмирлаш ходимлари томонидан амалга оширилиши керак.


98. Нефть маҳсулотлари ҳайдовчи станцияларнинг асосий ускуналари ва ёрдамчи тизимлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ва ишлаб чиқариш йўриқномалари талабларини ҳисобга олган ҳолда мос равишда ишлатилиши керак.


99. Нефть маҳсулотларини ҳайдовчи станцияларда қуйидагилар амалга оширилиши лозим:

техник хизмат кўрсатиш;

тезкор, режали, режадан ташқари диагностик текширув ўтказиш;

ускуналар ва бошқа техник жиҳозлар носоз ҳолга келганда кундалик, ўрта ва капитал таъмирлаш ишларини ўтказиш;

нефть маҳсулотларини ҳайдовчи станцияларни регламентли тўхтатиш.


100. Нефть маҳсулотларини ҳайдовчи станцияларда қуйидагилар таъминланган бўлиши керак:

ускуналарни ишлатишни ишлаб чиқарувчи ташкилотнинг йўриқномаси талаблари асосида ишлаб чиқилган йўриқномаларга мувофиқ ташкил қилиш;

нефть маҳсулотларини ҳайдовчи станциялар тизимини ишлатишда технологик режимларга риоя қилиш;

ускуналарнинг ишлаш қобилиятини текшириш ва баҳолаш;

ёнғинга қарши восита ва тизимнинг мавжудлиги ва уларнинг созлигини текшириш.


101. Агрегатни ишга тушириш қуйидаги ҳолатларда тақиқланади:

насос суюқлик билан тўлдирилмаганда;

оқимли-сўрувчи шамоллатиш тизими ёқилмаганда;

мой тизими ёқилмаганда;

мой тизимига нефть маҳсулоти тушганда;

герметиклиги бузилганда;

носоз ва сабаблари аниқланмаган бошқа технологик бузилишлар мавжуд бўлганда.


102. Насос агрегатларини ишлатиш жараёнида ҳар чоракда камида бир марта мойдан намуна олиниши ва кимёвий таҳлил қилиниши керак.


103. Мой қурилмасидаги мой қуйидаги белгилар аниқланганда янгиси билан алмаштирилиши керак:

унда нефть маҳсулоти мавжуд бўлса;

сув миқдори 0,25% дан кўп бўлса;

механик аралашмалар миқдори 1,5% дан кўп бўлса;

кислоталилиги 1 г мойга 1,5 мг КОН дан юқори бўлса;

брункер бўйича чақнаш температураси 150° С дан паст бўлса.


104. Мой блокини мой билан таъминлашнинг тасдиқланган схемаси осиб қўйилган бўлиши керак. Баклардаги мойнинг сатҳи ва босими белгиланган чегараларда бўлиши керак. Бакнинг сатҳи тегишли сигнализация тизими билан жиҳозланган бўлиши ҳамда автоматик равишда назорат қилиниши лозим.


105. Совутувчи муҳитнинг босими ва ҳароратининг рухсат этилган қийматлари кўрсатилган электр двигателнинг совутиш тизими схемаси осиб қўйилган бўлиши керак.



3-§. Нефть маҳсулотларини иситиш пунктларини

ва уларни аралаштириш станциясини ишлатишда

хавфсизлик талаблари


106. Иситиш пунктларидаги резервуарларда нефть маҳсулотлари захирасининг зарур миқдорини ва унинг иситиш ҳарорати қийматини белгилаш нефть маҳсулоти ўтказгичи участкасининг технологик регламенти асосида, ҳамда атроф-муҳитнинг минимал ҳароратида ҳайдалаётган нефть маҳсулотини навбатдаги иситиш пунктигача бўлган масофада йўқотадиган иссиқлик компенсациясини ва унинг оқувчанлигини таъминлашни (нефть маҳсулотлари қотиш ҳароратидан 3° С - 5° С гача ҳароратда) ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши керак.


107. Нефть маҳсулоти қотиб қолишининг олдини олиш ва коммуникацияларда қотиб қолган нефть маҳсулотини силжитиш учун унинг ички циркуляция тизими иш ҳолатида бўлиши лозим.


108. Иситиш печларини ишлатиш ташкилотнинг бош муҳандиси томонидан тасдиқланган иситиш печининг технологик картасига мувофиқ амалга оширилади.


109. Иситиш печларини қуйидаги ҳолларда авариявий тўхтатиш керак:

нефть маҳсулотининг печь орқали циркуляцияси тўхтаганда;

ўчоқда тортиш кучи камайганда;

горелка олдида ҳаво босими камайганда;

горелкалардан бирида аланга йўқолганда;

горелкалар олдида газ босими камайганда.



4-§. Нефть маҳсулотидан намуна олиш ва сатҳини

ўлчашда хавфсизлик талаблари


110. Резервуарлардан намуна олиш ГОСТ 2517-85 "Нефть ва нефть маҳсулотлари. Намуна олиш усуллари" талабларига мувофиқ бажарилиши лозим.


111. Резервуар ва цистерналардан нефть маҳсулоти намуналарини олишда ёнғин хавфсизлиги чораларига қатъиян риоя қилиш лозим.


112. Резервуардаги нефть маҳсулоти сатҳини ўлчовчи стационар ўлчов воситалари ёнғиндан хавфсиз бўлиши керак.


113. Нефть маҳсулоти сатҳини ўлчашда, ўлчов люки четига лот урилиши ҳамда ўлчов тасмасини йўналтирувчи қувурча деворига ишқалаши туфайли учқун чиқишининг олдини олиш мақсадида ниҳоятда эҳтиёткорлик билан бажарилиши керак.


114. Намуна олиш ёки сатҳни ўлчаш жараёнида резервуар томига нефть маҳсулоти тўкилганда, резервуар томи қуруқ қилиб артилиши лозим. Резервуар томида жиҳозлар қолдириш тақиқланади.



5-§. Электр қурилмалари ва электр ускуналарини

ишлатишда хавфсизлик талаблари


115. Ташкилотларда электр қурилмаларини ўрнатишда ва улардан фойдаланишда Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан техник фойдаланиш қоидалари (рўйхат рақами 1383, 2004 йил 9 июль) ҳамда Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан фойдаланишда техника хавфсизлиги қоидалари (рўйхат рақами 1400, 2004 йил 20 август) талабларига риоя қилиниши керак.


116. Электр энергиясидан фойдаланадиган ташкилотларда ташкилот раҳбарининг буйруғи билан муҳандис-техник ходимлардан электр хавфсизлиги учун масъул ходим тайинланган бўлиши ва бу ходим электр хавфсизлиги бўйича тегишли малака гуруҳига эга бўлиши шарт.


117. Электр хавфсизлиги учун масъул ходим кучланиши 1000 V ва ундан юқори бўлган электр ускуналарга хизмат кўрсатиши учун электр хавфсизлиги бўйича V малака гуруҳига, кучланиши 1000 V гача бўлган электр ускуналарга хизмат кўрсатиш учун эса IV малака гуруҳига эга бўлиши талаб этилади. Масъул ходим даврий равишда ва ўрнатилган тартибда ташкилотда тузилган электр хавфсизлиги бўйича комиссияда синовдан ўтиши шарт.


118. Электр хавфсизлиги учун масъул ходим:

электр қурилмаларининг ишончли, тежамли ва хавфсиз ишлашини;

электр қурилма ва тармоқларда режали таъмирлаш ишлари ҳамда профилактик синовларнинг белгиланган муддатларда ўтказилишини;

электр энергияси сарфининг ҳисоби олиб борилишини;

ҳимоя воситалари ва ёнғинга қарши жиҳозлар мавжудлиги ҳамда уларнинг ўз вақтида синовдан ўтказиб турилишини таъминлаши керак.


119. Электр токи ўтказувчи қисмлар, тақсимловчи қурилмалар, аппаратлар ва ўлчаш асбоблари, шунингдек турли сақловчи қурилмалар, рубильниклар ва бошқа ишга туширувчи аппаратлар ва мосламалар фақат ёнмайдиган асосларда монтаж қилиниши лозим.


120. Юқори намлик ва иссиқлик ажралиб чиқувчи хоналарда электр ёриткичлар намликдан, электр двигателлари эса суюқлик сачрашидан ҳимояланган бўлиши шарт.


121. Тақсимловчи қурилмалар изоляциясининг қаршилиги ва чидамлилиги текшириб турилиши зарур.


122. Ишлаб чиқариш бинолари ва маиший хоналарда қўлланилувчи люминесцент ёриткичлар ёпиқ ҳолда, намлик ва чанг ўтказмайдиган махсус арматурада бажарилиши лозим.


123. Кабеллар ва электр симларнинг изоляцияси, ташқи бирикмалар, электр токидан ҳимояловчи ерга уланган симлар, электр двигателларнинг ишлаш режими кўрикдан ўтказилиши ва ўлчаш асбоблари орқали текшириб турилиши керак.


124. Электр аппаратлари ва агрегатларининг ноллаш ва ерга улаш симлари бутунлиги камида 6 ойда бир марта текширилиши, текшириш натижалари далолатнома билан расмийлаштирилиши зарур.


125. Қуйидаги электр қурилмалари нолланиши ёки ерга уланиши лозим:

кучланиши 380 V ва ундан юқори бўлган ўзгарувчан ток ҳамда 440 V ва ундан юқори бўлган ўзгармас токда ишловчи барча электр қурилмалари;

номинал кучланиши 42 V дан юқори, лекин 380 V дан паст бўлган ўзгарувчан ток ва 110 V дан юқори, лекин 440 V дан паст ўзгармас токда ишловчи юқори хавфли ташқи қурилмалар.


126. Номинал кучланиши 42 V гача бўлган ўзгарувчан токда ва 110 V гача бўлган ўзгармас токда ишлайдиган электр қурилмаларини ноллаш ёки ерга улаш талаб этилмайди, металл конструкцияга ўрнатилган назорат кабеллари, куч кабелларининг металл қобиқлари ҳамда портлаш хавфи бўлган хоналардаги электр қурилмалар, пайвандлаш трансформаторининг иккиламчи чўлғамалари бундан мустасно.


127. Битта электр штепселига бир нечта истеъмолчиларни улаш тақиқланади.


128. Чангларнинг статик электр разрядларидан алангаланиб кетмаслиги учун ускуналарнинг ғилофлари, асосий валлари ва ҳаво қувурлари ерга уланган бўлиши лозим.


129. Ҳаво қувурларининг фильтрлари майда катакли металл тўр билан ўралган ва тўр ерга уланган бўлиши шарт.


130. Ташкилотнинг бино ва иншоотлари яшин қайтаргичлар ўрнатилган ҳолда тўғридан-тўғри яшин уришидан ҳимояланган бўлиши зарур. Яшин қайтаргичлар ҳар йили баҳорги мавсумда текшириб турилиши, аниқланган носозликлар бартараф этилиши лозим.



6-§. Магистраль нефть маҳсулотлари қувурларини

коррозиядан ҳимоялашга қўйиладиган талаблар


131. Электр кимёвий ҳимоя воситаларини танлаш иншоотларнинг жойлашиш шароитларини ва уларнинг металларига нисбатан муҳитнинг коррозияли фаоллиги ҳақидаги маълумотларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.


132. Қувур ва алоқа кабелларини биргаликда ҳимоя қилишда қувурлардан кабель қобиғига ток ўтишининг олдини олиш учун вентиль қурилмаси потенциал текисловчи электр туташтиргичлар билан жиҳозланган бўлиши лозим.


133. Анодли ертуташтиргич ва протекторларни ўрнатиш, солиштирма қаршилиги энг кам бўлган, тупроқнинг музлаш чуқурлигидан пастда кўзда тутилиши керак. Дренаж кабелининг анодли ертуташтиргич жойи танитувчи белги билан кўрсатилиши лозим.


134. Катод ва дренаж ҳимоя станциясининг атрофи тўсилган бўлиши керак.


135. Момақалдироқ вақтида катод ҳимояси станциясида ишлаш тақиқланади.


136. Магистраль нефть маҳсулотлари қувурлари объектларидан фойдаланиш жараёнида ички коррозия (занглаш) белгилари аниқланганда, унинг сабабларини аниқлаш, коррозияни тўхтатиш ва олдини олиш чоралари кўрилиши зарур.


137. Барча назорат-ўлчов пунктларидаги ер ости металл иншоотларининг коррозия ҳолатини назорат қилиш зарур.


138. "Иншоот - ер" потенциаллар фарқини ўлчаш учун йилига икки марта қуйидагилар амалга оширилиши лозим:

коррозиядан ҳимояланиш тизимининг самарадорлигини аниқлаш;

фаол ҳимоя схемалари ва уни ишлатиш режимларидаги зарур ўзгаришларни аниқлаш;

коррозияга нисбатан ўта хавфли участкаларни аниқлаш;

участкалар бўйича ҳимояловчи қопламаларни таъмирлаш.


139. Электр кимёвий ҳимоя қурилмаларига техник хизмат кўрсатиш камида:

ойига тўрт марта - дренаж ҳимоя қурилмаларида;

ойига икки марта - катод ҳимоя қурилмаларида;

олти ойда бир марта - текшириладиган протектор қурилмаларида амалга оширилиши керак.



7-§. Нефть маҳсулотлари қувурларининг тармоқ

қисмини ишлатишда ва уларга хизмат

кўрсатишда хавфсизлик талаблари


140. Тармоқ назоратчиси трассага чиқишдан олдин алоқа воситалари созлигини текшириши, ўзи билан тиббиёт қутичасини олиши, бир суткага етадиган озиқ-овқат маҳсулоти захирасини ва иссиқ чойли термосни олиши керак.

Тармоқ назоратчиси махсус кийим ва махсус пойабзал кийиши лозим.


141. Тармоқ қудуқларини кўздан кечиришни юқоридан туриб, манометр кўрсатишини қудуқ деворининг юқори қисмидаги кузатиш ойнаси орқали олиниши лозим. Қудуққа тушиш ва арматурани очиш ёки ёпиш тармоқ назоратчисига тақиқланади.


142. Тармоқ назоратчиси трассага чиқишда, трасса бўйлаб айланишда ва ундан қайтган вақтда хизмат кўрсатган объектнинг раҳбарини ўзи турган жой ҳақида хабардор қилиши зарур.


143. Темир йўл рельсларидаги кучланишни ўлчашда иккита ходим қатнашиши керак. Улардан бири бевосита ўлчашни ўтказиши, иккинчиси эса унинг ишини ва транспорт воситасининг ҳаракатларини кузатиши керак.


144. Қувурларни ажратишдан олдин уни электр кимёвий ҳимоя воситаларидан вақтинча узиб қўйиш ва ажратилган қисмлар орасига, дайди токлар таъсиридан учқун ҳосил бўлишининг олдини олиш учун кесими камида 25 кв. мм бўлган мис симдан туташтиргич ўрнатиш зарур.


145. Қувур ва беркитиш арматурасининг бутунлиги ва зичлиги бузилишида ва нефть маҳсулоти ер юзасига чиқишида тармоқ назоратчиси қуйидагиларни бажариши керак:

трасса бўйлаб текширишини тўхтатиши;

тармоқ диспетчерлик станциясига рация ёки бошқа алоқа воситаси орқали авария ҳақида хабар бериши;

нефть маҳсулоти чиқиш жойига қайтиши;

хавфсизлик белгиларини қўйиши ва авария бригадаси келгунга қадар участкани қўриқлаши.


146. Тармоқ қудуқлари яқинида тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш тақиқланади.



8-§. Магистраль нефть маҳсулотлари қувурларининг сунъий

ва табиий тўсиқлар билан кесишган жойларини

ишлатишда хавфсизлик талаблари


147. Магистраль нефть маҳсулоти қувурларининг темир йўл ва автомобиль йўллари билан кесишган жойлардаги ер ости ўтиш йўлларини ишлатиш жараёнида бир ойда бир марта қуйидагиларни текшириш зарур:

кузатиш ва четлатиш қудуқларини ва четлатиш каналларининг ҳолатини;

ер қопламасининг бузилишини;

нефть маҳсулотлари қувурлари учун хавфли бўлган грунтнинг чўкиши ва кўтарилишини;

ҳимоя ғилофи ва нефть маҳсулотлари қувурларининг ҳолатини ҳамда уларнинг изоляция аҳволини.


148. Магистраль нефть маҳсулотлари қувурларига унинг ҳимоя ғилофлари орқали электр ўтказувчанлик йўқлигини йилига бир марта текшириш лозим.


149. Тўсинли, осма ва арка туридаги ер усти ўтиш тармоқларини ишлатиш жараёнида, қувур ва уни кўтариб турган қирғоқли ва оралиқ таянчларнинг умумий ҳолатини, уларнинг чўкканлигини, шунингдек мачта, трос ва қувурнинг ердан чиққан жойидаги маҳкамланган тупроқ тўкмаларини визуал текшириш зарур.


150. Туннеллардан ўтказилган магистраль нефть маҳсулотлари қувурларига техник хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш бўйича ишларни бажаришда, буғ ва газлар концентрацияси текширилиши, бунда буғ ва газларнинг концентрацияси рухсат этилган чегарадан ошмаслиги зарур.

Туннеллар шамоллатиш тизими билан жиҳозланган бўлиши зарур.



9-§. Магистраль нефть маҳсулотлари қувурларининг линия

қисмининг ички бўшлиғини тозалашда ва мустаҳкамликка

синаш ўтказганда хавфсизлик талаблари


151. Магистраль нефть маҳсулотлари қувурлари нефть маҳсулотларини ўтказиш қобилиятини сақлаб туриш, сув тўпланишини ва ички чўкмалар ҳосил бўлишининг олдини олиш мақсадида уларнинг ички бўшлиғини тозалаш қурилмаси билан тозалаш керак.


152. Ташкилотда нефть маҳсулотлари қувурларини тозалаш ишлари бўйича йўриқномалар ишлаб чиқилган бўлиши лозим.


153. Нефть маҳсулотлари қувурларини ҳаво ҳайдаш йўли билан тозалашда ва мустаҳкамликка синашда мазкур Қоидаларнинг иловасига мувофиқ хавфли ҳудудлар белгиланиши керак.


154. Барча диаметрдаги қувурларни сув билан тозалашда, қувурдан ҳар иккала томонга 25 м масофада ва поршен-ажратгич отилиш йўналиши бўйича 100 м масофада муҳофаза зонаси ўрнатилади.


155. Қувурларни темир йўл ва автомобиль йўллари билан кесишиш ёки уларнинг аҳоли пунктларига яқин жойларида хавфли ҳудуднинг ташқарисида муҳофаза постларининг қўйилиши ва огоҳлантирувчи ва тақиқловчи белгилар ўрнатилиши лозим.


156. Лупинглар, резерв қувур линиялари ва параллель қувурлар орасидаги туташтиргич қувурлар тозаланаётганда асосий қувурдан узиб қўйилган бўлиши керак.


157. Нефть маҳсулотларининг янги қувурларини ёки тозалашлар оралиғида таъмирлаш ўтказилган нефть маҳсулотлари қувурларида тозалаш зарурати туғилганда ҳамда қувур ичи инспекцион снарядлар билан олдин текширилмаган нефть маҳсулотлари қувурларида тозалашни ташкил қилишда, снаряд-калибр ёки профилимерни ўтказиб, қувурнинг минимал ўтказиш кесими баҳоланиши керак.


158. Ташкилотда нефть маҳсулоти қувурларини тозалаш бўйича йиллик иш режалари тузилган ва тасдиқланган бўлиши керак. Нефть маҳсулоти қувурларини тозалаш бўйича йиллик иш режаларининг муддатлари бир йилда тўрт мартадан кам бўлмаслиги лозим.

Нефть маҳсулоти қувурларини тозалашлар оралиғида нефть маҳсулоти қувурининг ўтказиш қобилияти 3% ва ундан кўпга камайса, навбатдан ташқари тозалашни ўтказиш зарур.


159. Пасайтирилган режимларда ишлаётган магистраль нефть маҳсулотлари қувурлари ички бўшлиғини сувдан бўшатиш учун ҳафтада бир марта икки соат давомида соатига 1,5 м дан кўпроқ тезлик билан "резервуар орқали" схемаси бўйича нефть маҳсулотини ҳайдаш лозим.


160. Мустаҳкамликка синаш қуйидаги ҳолларда ўтказилади:

янги магистраль нефть маҳсулотлари қувурлари ўрнатилганда;

магистраль нефть маҳсулотлари қувурлари капитал таъмирланганда ва реконструкция қилинганда;

қувурнинг ички қисмини диагностикадан ўтказишнинг иложи бўлмаганда.


161. Мустаҳкамликка синаш техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мос равишда ўтказилиши керак.


162. Барча диаметрли қувурларни гидравлик синашда, қувурнинг иккала томони бўйича 50 м масофада хавфли ҳудуд ўрнатилади.


163. Қувурларни ер устида мустаҳкамликка синаш ўтказганда хавфли ҳудуд икки марта оширилган бўлиши керак. Қувурларни манфий ҳаво температурасида сув билан гидравлик синашда линия арматуралари ва ускуналар музлаб қолишининг олдини олиш зарур.


164. Мустаҳкамликка синаш ўтказувчи ходим синашдан олдин авария-таъмирлаш бригадаларини, линия назоратчилари ва хавфли ҳудудни қўриқловчи навбатчи постларни ва алоқа пунктларини текшириши лозим.


165. Магистраль нефть маҳсулотлари қувурларини мустаҳкамликка синаш ташкилот томонидан, зарур ҳолларда ихтисослашган ташкилот томонидан амалга оширилиши керак.

Магистраль нефть маҳсулотлари қувурлари линия қисмини мустаҳкамликка синашдан ўтказилаётган участка узунлиги 30 - 40 км дан ошмаслиги керак.


166. Нефть маҳсулотлари қувурларини синовдан ўтказишдан олдин тройникларни, четлатгич қувурларини, муфталарни, вақтинча ўрнатилган хомутларни, ямоқларни, эскирган ёки яроқсиз арматураларни ва бошқа ускуналарни алмаштириш ишлари ташкил қилинган бўлиши керак.


167. Мустаҳкамликка синов ўтказиш натижасида аниқланган қувурдаги шикастланишлар дарҳол бартараф этилиши керак.



4-БОБ. ТЕХНОЛОГИК УСКУНАЛАРГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


1-§. Магистраль нефть маҳсулотлари қувурларининг

линия қисмига қўйиладиган талаблар


168. Магистраль нефть маҳсулотлари қувурларининг линия қисмини тўғридан-тўғри кўриш мумкин бўлган жойларида - ҳар 500 - 1000 м да баландлиги 1,5 - 2 м "Шчитлар-кўрсаткич" деган ёзувли шчитлар-кўрсаткичлар ўрнатилиши керак.


169. Шчит-кўрсаткичда қуйидагилар бўлиши керак:

нефть маҳсулотлари қувурларининг номи ва унинг таркибига кирувчи иншоотлар номи;

нефть маҳсулотлари қувурлари ўқларининг жойлашуви;

магистраль нефть маҳсулотлари қувурларининг линия қисмининг узунлиги;

нефть маҳсулотлари қувурларининг муҳофаза ҳудуди ҳамда ушбу ҳудуддан фойдаланувчи ташкилотнинг манзили ва телефон рақамлари.


170. Нефть маҳсулотлари қувурларининг тўсинлари тўсиқлар билан жиҳозланиши керак.


171. Сув ва ҳавони чиқариш (тушириш) учун мўлжалланган қурилмалар, штуцерлар, тозалаш қурилмаларининг ўтишдаги сигнализациялар, намуна олувчи қурилмалар, босимни ўлчаш ва нефть маҳсулотларининг қувурлардан чиқишига ёрдам берувчи ускуналар беркитиш қурилмали ғилоф билан ўраб тўсилиши ва огоҳлантирувчи ёзув билан белгиланиши лозим.


172. Беркитиш арматураси унга хизмат кўрсатиш учун ўраб тўсилган майдончага эга бўлиши, технологик схемага мос равишда рақамлар тарзидаги ёзувлар ҳамда йўналиши бўйича "ёпиқ" ва "очиқ" ҳолатли кўрсаткичлар билан таъминланиши керак.



2-§. Ер усти ускуналарига талаблар


173. Беркитиш арматураси ва унинг бошқарув узелига ўтиш жойлари бўш бўлиши ва бегона шахслар томонидан бошқариш тақиқланади. Беркитиш арматурасига хизмат кўрсатиш майдончаси тоза ва соз ҳолатда сақланиши керак.


174. Нефть маҳсулотлари қувурлари тармоқ қисмида ўрнатилган беркитиш арматураси бут ҳолатда, шунингдек технологик схема бўйича рақамланган, очиқ ва ёпиқ ҳолати кўрсаткичига ва бошқариш бўйича белгили ёзувларга эга бўлиши ҳамда созланган ҳолатда сақланиши керак.


175. Тўсиқ ичидаги тармоқ қисмининг беркитиш арматураси жойлашиш майдончаси текисланган, юзаки ва грунт сувлари босишидан ҳимояланган ва қаттиқ қопламага (шағал, шебень ва ҳ.к.) эга бўлиши керак. Майдончаларга транспорт воситасининг бориш имкони кўзда тутилган бўлиши керак.


176. Беркитиш арматурасига техник хизмат кўрсатиш ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланган йиллик режага мувофиқ ўтказилиши керак.


177. Бир ойда бир марта қуйидагилар ўтказилиши зарур:

редуктор нозичлиги орқали, кабель ва электр двигатель герметиклиги бузилиши сабабли нефть маҳсулоти, мой оқиб кетишини аниқлаш мақсадида беркитиш арматурасини ташқи кўрикдан ўтказиш ва аниқланган барча камчиликларни бартараф қилиш;

музлаган (гидросиновдан сўнг) жойларни иссиқ қилиш;

редуктор ва охирги ўчиргичлар ваннасида мойнинг мавжудлигини, майда носозлик ва синишлар йўқлигини, зулфин штокини чанг ва ифлос чўкмалардан ҳимояловчи қалпоқ, аниқ белгиланган ёзув ва белгилар ҳамда штокнинг ҳолати кўрсаткичи мавжудлигини текшириш;

зарур ҳолларда зулфинларнинг ташқи юзасидан, тескари клапанлардан, хизмат кўрсатиш майдончаларидан ифлос, занг, муз, сув ва мой оқмаларини тозалаб ташлаш.


178. Йилига икки марта сальникларни тортиб маҳкамлаш лозим.


179. Боғламаларнинг силжиганлик эҳтимолини аниқлаш мақсадида, йилига икки марта (баҳорда ва кузда) тозалаш ва диагностик қурилмаларни ишга тушириш ва қабул қилиш узелларини кўздан кечириш лозим.



3-§. Резервуар паркларига қўйиладиган талаблар


180. Резервуар ва унга ўрнатилган ускуналар, арматуралар ва асбоблар резервуарни тўлдириш, бўшатиш, сақлаш, тозалаш, таъмирлаш, чўкинди ва маҳсулот ости сувини чиқариш, намуна олиш, сатҳнинг ҳароратини ва босимини ўлчаш пайтларида хавфсиз ишлашини таъминлаши лозим.


181. Резервуар ва насосхона оралиғидаги қувурлар авария вазиятларида бир резервуардан бошқасига маҳсулотни ўтказишни таъминлаши лозим.


182. Тез алангаланадиган ва ёнувчи суюқликлар сақланувчи резервуарлар авария ҳолатларида улардаги маҳсулотлардан бўшатиш учун масофадан туриб бошқариладиган, тез ҳаракатланувчи беркитувчи арматуралар билан жиҳозланган бўлиши керак. Ушбу арматуралар қулай жойларга ўрнатилиши лозим.


183. Резервуар деворида ўчиб, ювилиб кетмайдиган бўёқли трафаретда қуйидагилар кўрсатилиши лозим:

технологик схема бўйича резервуар рақами;

баландлик қиймати;

тўлдиришнинг максимал чегаравий сатҳи;

қопқоқларнинг очилиш-ёпилиш йўналиши ва қабул қилиш-тарқатиш патрубкасининг зулфини;

сифон жўмрагининг ҳолати.


184. Резервуар паркини умумий ёритиш прожекторлар ёрдамида амалга оширилади. Прожекторларни резервуардан камида 10 м узоқ масофада ўрнатиш лозим.



5-БОБ. ТАЪМИРЛАШ ИШЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИШГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ХАВФСИЗЛИК ТАЛАБЛАРИ


1-§. Умумий хавфсизлик талаблари


185. Ускуналар уларнинг техник ҳужжатлари талабларига мувофиқ ҳолда сақланиши лозим.


186. Ускуналарни зарур техник ҳолатда сақлаб туриш учун унга хизмат кўрсатишни яхшилаш, режавий-профилактик таъмирлашнинг бажарилиши ва таъмирлаш ишларининг сифатини яхшилаш бўйича чоралар кўрилиши зарур.


187. Технологик жараёнда қўлланиладиган асосий асбоб-ускуналарни капитал ва жорий таъмирлаш ташкилот томонидан ишлаб чиқиладиган ва тасдиқланадиган дастурга мувофиқ амалга оширилиши керак.


188. Капитал ва жорий таъмирлаш дастурларида таъмирлашни ўтказиш учун масъул шахслар, шунингдек таъмирлаш ишларини бажариш тартиби ва ходимларнинг хавфсизлигини таъминлаш чоралари белгиланиши лозим.


189. Таъмирлаш ишларини ўтказишда бажариладиган ишларнинг технологик кетма-кетлиги акс эттирилган таъмирлаш ҳужжатлари расмийлаштирилган бўлиши ва уларда қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши керак:

ишларни бажариш усуллари ва услублари;

амалга оширилиши лозим бўлган хавфсизлик чоралари ва махсус технологик жараёнлар;

таъмирлаш учун зарур бўлган асбоб-ускуна ва анжомларнинг турлари;

таъмирланган ускуналар ва уларнинг қисмлари техник талабларга жавоб бериши ҳақидаги ҳужжатлар.


190. Аралаштирувчи ҳовуз ва гидроаралаштиргичларнинг ичига ходимларнинг тушиши билан боғлиқ ички кўриклар ўтказиш ва таъмирлаш фақатгина наряд-рухсатнома асосида амалга оширилиши зарур.


191. Пудратчи ташкилотлар томонидан бажариладиган таъмирлаш, қурилиш ва монтаж ишлари наряд-рухсатнома билан расмийлаштирилиши лозим.


192. Барча ҳолларда таъмирлаш ишларини бажариш тартиби ва усуллари бош муҳандис ёки унинг ўринбосари билан келишилиши керак.


193. Таъмирлаш ишлари ташкилот раҳбари томонидан тайинланган масъул ходим раҳбарлиги ва назорати остида бажарилиши лозим.


194. Таъмирлаш ишлари бажариладиган ҳудуд тўсилган ва у ерда хавфсизлик белгилари ўрнатилган бўлиши лозим.


195. Таъмирлаш ишларини бошлашдан олдин унда иштирок этадиган барча ходимлар таъмирлаш ишларини ташкил этиш лойиҳаси билан таништирилиши ва уларга таъмирлаш ишларини бажариш пайтида хавфсизлик чораларига риоя қилиш бўйича йўл-йўриқ берилиши зарур.


196. Таъмирлаш жараёнида ечиб олинган агрегатлар, деталлар ва металл конструкциялар йиғиштириб қўйилиши лозим.


197. Таъмирлаш пайтида иш жойлари, йўллар ва зинапояларни турли буюмлар билан тўсиб қўйиш тақиқланади.


198. Суюқ ёнилғи сақланадиган сиғимлар, битум сақлагичлар, конвейерлар, шимдириш ванналари ва нефть маҳсулотлари мавжуд бошқа сиғимларни таъмирлашда ушбу сиғимлар ундаги маҳсулотлардан бўшатилиши зарур.


199. Қисмларга ажратиш билан боғлиқ таъмирлаш ишлари амалга ошириладиган компрессорлар бошқа барча технологик қувурлар ва ўтказгичлардан узиб қўйилиши лозим.


200. Сиғимлар, бункерлар ва бошқа чуқур жойларда ишлаётган ходим маҳкамланган қутқарув арқонига эга бўлиши, арқоннинг иккинчи учи ташқарига чиқарилган ва кузатувчи назорати остида бўлиши керак.


201. Таъмирлаш ишларини баландликда бажаришда ҳавоза ва тахта тўшамалардан фойдаланиш зарур.


202. Ҳавоза ва тахта тўшама ўрнатишнинг имкони бўлмаса, ходимлар баландликда ишлаш учун эҳтиёт камарлари ва арқонлардан фойдаланишлари шарт. Эҳтиёт камарлари ва арқонлар маҳкамланадиган жойлар конструкцияларда олдиндан белгилаб қўйилган бўлиши лозим.


203. Таъмирлаш ишларини баландликда бажарганда, асбоб-ускуна ва материалларни майдонча қирғоғига қўйиш ёки ерга ташлаш тақиқланади. Асбоб-ускуналарни сақлаш ва ташишда махсус сумка ёки қутилардан фойдаланиш зарур.


204. Қизиган ускунанинг ичига кирган ҳолда таъмирлаш ишларини олиб боришга ускуна шамоллатилиб, ичидаги газлар бутунлай чиқариб юборилгандан ва ундаги ҳарорат камида 40° С гача пасайтирилгандан сўнг рухсат этилади.


205. Материалларни ускунанинг иш майдончасига узатиш механизациялашган бўлиши ва тушиб кетмайдиган усулда бажарилиши керак.


206. Ёритиш чироқларини таъмирлаш ишларида фақат 12 V кучланишдаги кўчма лампалар, портлашдан ҳимояланган аккумуляторли чироқлардан фойдаланиш керак.


207. Ёритиш мақсадида машъала, гугурт, керосинли фонарлар, шамчироқлардан фойдаланиш тақиқланади.


208. Асбоб-ускуналарни таъмирлаш ва созлаш ишлари махсус ўқитилган ва йўл-йўриқ берилган, тегишли билим ва малакага эга ходим томонидан амалга оширилиши керак.


209. Капитал таъмирлашдан сўнг асбоб-ускунани ишга туширишга ташкилот бош механиги (бош энергетик), меҳнат муҳофазаси хизмати ходими, ишлаб чиқариш мажмуаси бошлиғи ва касаба уюшмаси вакилларидан иборат таркибдаги комиссия томонидан ташкилот раҳбари ёки бош муҳандис тасдиқлайдиган тегишли далолатнома тузилиб, қабул қилингандан сўнг рухсат берилади.


210. "Ёқилмасин, одамлар ишлаяпти!" деб ёзилган ёзувни олиб ташлаш, хавфсизлик техникаси бўйича талаблар қўйиладиган ишлар бажарилгандан сўнг ускунани ишга тушириш, фақат масъул ходим рухсати билан амалга оширилиши лозим.


211. Таъмирлаш ишлари тугагач, барча кераксиз конструкциялар, асбоб-ускуналар, материаллар ва чиқиндилар иш жойидан олиб кетилиши, тўсиқлар, сақловчи мосламалар ўз жойига ўрнатилиши керак.



2-§. Нефть маҳсулотлари қувурларида шикастланишларни

таъмирлашда хавфсизлик талаблари


212. Кўздан кечириш ёки таъмирлаш учун ер ости нефть маҳсулотлари қувурларини очишда, котлован ишлаш учун очиқ ва бўш бўлиши керак.


213. Траншея ва котлованлар ён бағри қиялиги ўрнатилган меъёрларга мувофиқ белгиланиши лозим.


214. Агар иш жараёнида траншея деворларида тупроқ уюми ағанаб тушиш хавфини келтирувчи ёриқлар пайдо бўлса, у ҳолда ходимлар уни дарҳол ташлаб чиқишлари ва тупроқ бузилишига қарши траншея деворларини мустаҳкамлаш, қияликни ошириш учун тупроқни кесиш ва бошқа шу каби чоралар қабул қилишлари керак.


215. Тўла очиш учун мосланмаган экскаватор чўмичидан қувур ўтказгич шикастланишининг олдини олиш учун қувурнинг юзи ва ён томонидаги тупроқ 0,15 - 0,20 м масофагача юмшатилиши зарур.


216. Ер ишлари олиб борилаётган жойларда электр кабели, сув ўтказгич магистраллари, газ ўтказгич ва бошқа номаълум ер ости коммуникациялари аниқланганда, ишларни тўхтатиш ва коммуникация эгасини чақириш зарур. Зарбли асбоблардан фойдаланиш тақиқланади ва кескин урилишларга йўл қўймасдан, белкуракдан фойдаланиш лозим.


217. Агар нефть маҳсулотлари қувурларини очаётганда ёки уни таъмирлаш жараёнида нефть маҳсулотининг оқиб чиқиши пайдо бўлса, ишларни тўхтатиш, экскаватор двигатели ва нефть маҳсулоти чиқиши яқинидаги механизмларни тўхтатиш ва ходимларни хавфли ҳудуддан чиқариш лозим. Содир бўлган воқеа ҳақида раҳбариятга ва диспетчерга хабар бериш ҳамда авария бригадаларини чақириб ўт ўчириш воситаларини тайёр ҳолга келтириш керак.

Нефть маҳсулотлари тўкилган жой сигнал байроқчалари ва кўрсаткичлар билан тўсилиши, "Олов билан яқинлашманг!", "Тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш тақиқланади!", "Хавфли, нефть маҳсулоти!" тунги вақтларда эса - сигнал берувчи фонарлар билан белгиланиши керак.


218. Қувур ўтказгичнинг юк кўтарувчи механизмлар ёрдамида кўтарилган ҳолатда қолдирилиши тақиқланади.


219. Магистраль ва технологик ўтказгич қувурларда катушкани (қувур бўлаги, ғалтак) оловсиз метод билан кесишда, дайди токлардан электр учқуни ҳосил бўлишининг олдини олиш учун шунтирловчи туташтиргични монтаж қилиш зарур.


220. Нефть маҳсулотлари қувурларини кўмишдан олдин, ишларнинг хавфсиз олиб борилишига жавобгар шахс траншеяда одам йўқлигига ишонч ҳосил қилиши керак.


221. Таъмирланаётган нефть маҳсулотлари қувурлари участкасида қувур юзасигача 0,8 м дан кам бўлган қалинликдаги тупроқ уюми қатламини ҳосил қилувчи жойдан бульдозернинг ўтиши тақиқланади.


222. Одамлар ўтиш жойларида ёки транспорт воситалари йўлларида траншея қазиганда, тегишли жойларда тўсиқлар ва хавфсизлик белгилари ўрнатилиши, тунги вақтларда эса ёруғлик хавфсизлик сигнали ўрнатилган бўлиши керак.


223. Нефть маҳсулоти қувурини котлованга марказлаштирилган ҳолда тушириб жойлаш ёки уни кўтариш ишлари бўйича барча операцияларни мастер ёки бригадирнинг бевосита раҳбарлиги остида ўтказиш лозим.


224. Газ билан кесувчилар ва электр пайвандчилар котлованда бир вақтда ишлаши тақиқланади.


225. Қувурларга изоляция қопламасини қоплаш механизациялашган усуллар билан бажарилади. Изоляция қоплашни қўлда бажаришга фақат изоляция қопламасининг шикастланган қисмини таъмирлашда ёки иш ҳажми унча кўп бўлмаганда рухсат берилади.


226. Қувурларни траншеяга тушириш бўйича ишларни бошлашдан олдин канатлар, блоклар, тормоз қурилмалари, қувур ётқизгичларнинг ҳолатларини ва пўлат сочиқларнинг юмшоқ қамраб олинганлигини текшириш зарур. Пўлат сочиқлар соз бўлиши, хавфсизлик меъёрларига мос келиши керак.



3-§. Нефть маҳсулотлари қувурларини мукаммал таъмирлаш

ишларини бажаришда хавфсизлик талаблари


227. Нефть маҳсулотлари қувурларини мукаммал таъмирлаш ишларини бажариш ушбу ишларга раҳбарлик қилишга қўйилган жавобгар ходим раҳбарлиги остида амалга оширилиши керак.


228. Нефть маҳсулотлари қувурларини битта қувур ётқизгич билан кўтариш тақиқланади.


229. Қувур ётқизгич кранларнинг канатларини, блоклари ва тормоз тизимларини ёки бошқа юк кўтарувчи механизмлар ва мосламаларнинг юмшоқ сочиқлари, троллейли осилчоқлари ҳолатини текшириш зарур.


230. Таъмирланаётган участканинг қувур ўтказгич ости қисмини бутунлай очилганидан сўнг ёки ундан чуқурроқ қазилгандан кейингина нефть маҳсулотлари ўтказгичларини кўтариш мумкин.


231. Нефть маҳсулотлари қувурларини тозалаш ва изоляция қилишдан олдин қуйидагиларни амалга ошириш зарур:

траншеянинг газлашганлик даражасини аниқлаш ва таҳлил натижаларини журналга ёзиб қўйиш;

машина қувват узатиши кабелида узилишлар йўқлиги ва изоляция бутунлигини текшириш;

кўчма электр станциянинг ерга туташганлигини текшириш;

"ер" клеммаси контактининг ишончлилигини ноль толали кучланиш кабели машинасида текшириш;

машинанинг ишчи қисмида сақлагичли шчитларнинг маҳкамлигини ва тўғри ўрнатилганлигини текшириш;

нефть маҳсулотлари қувурлари бутунлиги бузилишини ва машиналар синишининг олдини олиш учун қувурнинг ташқи юзасини синчковлик билан кўздан кечириш, хомут қистирма, вантуз ва қувур ўтказгичдаги тўсиқларнинг мавжудлигини текшириш.


232. Грунтовкалар ва эритгичлар билан ишлаганда қуйидагилар тақиқланади:

уларни очиқ идишда сақлаш ва ташиш;

юклаш ва тушириш ишларини бажаришда тўлдирилган сиғимни ташлаш;

учқун чиқарувчи ускуна ёки предметлар билан уриб тиқинни бураш ва қопқоғини очиш;

очиқ оловдан 50 м яқин бўлган жойларда уларни аралаштириш ва қуйиш;

бензолни қўллаш.


233. Нефть маҳсулоти қувурларининг ташқи юзасига грунтовкани суришда ушбу участкада бошқа ишларни бажариш тақиқланади.


234. Битум мастикасини тайёрлаш жойида ёнғин ўчириш воситалари доимо бўлиши керак.



6-БОБ. ҚОИДАЛАРНИНГ БУЗИЛИШИГА ЖАВОБГАРЛИК


235. Мазкур Қоидаларга амал қилиш учун жавобгарлик тегишли ишларни бажарувчи ташкилотлар зиммасига юклатилади.


236. Мансабдор шахслар ва ходимлар меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя қилмаганликлари учун қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.



7-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


237. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси, Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги, Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси, Электр энергетикада назорат бўйича давлат инспекцияси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ва "Ўзбекнефтегаз" миллий холдинг компанияси билан келишилган.






Қоидаларга

ИЛОВА



Нефть маҳсулоти қувурларининг таъмирланган

участкаларини ҳаво билан тозалашда ёки

мустаҳкамликка синашда белгиланадиган

муҳофаза ҳудудлар

Қувур диаметри


Муҳофаза ҳудуд


ичини тозалашда


мустаҳкамликка

синашда иккала

томонидан


қувурнинг иккала

томонидан


поршень отилиб

чиқиш йўналиши

бўйича


100 - 300 мм

40 м


600 м

100 м

300 - 500 мм

60 м


800 м

150 м

500 - 800 мм

60 м


800 м

200 м

800 - 1000 мм

100 м


1000 м

250 м

1000 - 1400 мм

100 м


1000 м

350 м

"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2014 йил 30 июнь, 26-сон, 322-модда