язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Меҳнат ва аҳолининг бандлиги/ Меҳнат муҳофазаси/ Турли соҳаларда меҳнат муҳофазаси ва ишлар хавфсизлиги қоидалари/ Гўшт-сут маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи, шу жумладан, заҳарланган хом ашё билан ишловчи ходимлар учун меҳнатни муҳофаза қилиш Қоидалари (АВ томонидан 24.01.2014 й. 2557-сон билан рўйхатга олинган меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг 31.12.2013 й. 88-Б-сонли буйруғи билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2014 йил 24 январда 2557-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

меҳнат ва аҳолини ижтимоий

муҳофаза қилиш вазирининг

2013 йил 31 декабрдаги

88-Б-сонли буйруғига

ИЛОВА



Гўшт-сут маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи,

шу жумладан, заҳарланган хом ашё билан ишловчи

ходимлар учун меҳнатни муҳофаза қилиш

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 5-сон, 223-модда) ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 12 июлдаги 267-сонли "Меҳнатни муҳофаза қилишга доир меъёрий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш ва ишлаб чиқиш тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларининг тўплами, 2000 й., 7-сон, 39-модда) ҳамда 2010 йил 20 июлдаги 153-сонли "Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 28-29-сон, 234-модда) қарорларига мувофиқ, гўшт-сут маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи, шу жумладан, заҳарланган хом ашё билан ишловчи ходимлар учун меҳнатни муҳофаза қилиш тартибини белгилайди.



I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидалар гўшт-сут маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи, шу жумладан, заҳарланган хом ашё билан ишловчи барча ташкилотларга (бундан буён матнда ташкилотлар деб юритилади) тааллуқлидир.


2. Мазкур Қоидалар талаблари биноларни ва иншоотларни лойиҳалаш, қуриш ва қайта қуришда, иш жойларини техник жиҳозлаш ва қайта жиҳозлашда, технологик жараёнлар ҳамда ускуналардан фойдаланиш ва таъмирлашда инобатга олиниши лозим.


3. Мазкур Қоидалар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талаблари бажарилиши шартлигини истисно этмайди.


4. Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назорати бунга махсус ваколат берилган давлат органлари томонидан, жамоатчилик назорати эса - меҳнат жамоалари ва касаба уюшмаси ташкилотлари томонидан меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллар орқали амалга оширилади.



II БОБ. ХАВФСИЗЛИККА ҚЎЙИЛАДИГАН

УМУМИЙ ТАЛАБЛАР


1-§. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ташкил этиш


5. Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни ташкил қилиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил этиш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 273, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилади.


6. Ташкилотларда қуйидаги асосий ҳужжатлар ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши лозим:

меҳнат шароитлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини яхшилаш, санитария-соғломлаштириш бўйича қоидаларни ўз ичига олган жамоа шартномаси;

тасдиқланган меҳнат шароитларини баҳолаш ва иш ўринларини аттестация қилиш услубига мувофиқ иш ўринларини аттестация қилиш карталари;

меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг чораклик иш режалари;

ходимлар ва муҳандис-техник ходимларни ўқитиш, йўл-йўриқ бериш ва билимларини синовдан ўтказиш дастурлари;

меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича назорат юритиш журнали (уч босқичли назорат);

ходимларга ёнғинга қарши йўл-йўриқ бериш ва ёнғин-техникавий минимум машғулотларини ўтказиш дастури;

ҳар бир касб ва иш турлари учун меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқномалар.


7. "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 5-сон, 223-модда) 14-моддасига мувофиқ, ходимлар сони 50 нафар ва ундан ортиқ бўлган ташкилотларда махсус тайёргарликка эга шахслар орасидан меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари тузилади (лавозимлар жорий этилади), 50 ва ундан зиёд транспорт воситаларига эга бўлган ташкилотларда эса, бундан ташқари, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматлари тузилади (лавозимлар жорий этилади). Ходимлар сони ва транспорт воситалари миқдори камроқ ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг вазифаларини бажариш раҳбарлардан бирининг зиммасига юклатилади.


8. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ўз мақомига кўра ташкилотнинг асосий хизматларига тенглаштирилади ва унинг раҳбарига бўйсунади ҳамда ташкилотнинг фаолияти тугатилган тақдирда бекор қилинади.


9. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг мутахассислари лавозим йўриқномасига биноан уларнинг мажбуриятлари жумласига киритилмаган бошқа ишларни бажаришга жалб қилиниши мумкин эмас.


10. Ташкилотларда меҳнат фаолияти билан боғлиқ равишда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва бошқа жароҳатланишларни текшириш ва ҳисобини юритиш Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сонли қарори (Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларининг тўплами, 1997 й., 6-сон, 21-модда) билан тасдиқланган Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилиши лозим.



2-§. Ходимларни ўқитиш, уларнинг билимларини синовдан

ўтказиш ва уларга йўл-йўриқ беришни ташкил этиш


11. Ходимлар ўз касблари ва иш турлари бўйича белгиланган тартибда ўқишлари, уларнинг билимлари синовдан ўтказилиши ва уларга йўл-йўриқ берилиши керак.


12. Ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича билимларини синовдан ўтказиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ўқишларни ташкил қилиш ва билимларни синаш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 272, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилади.


13. Ҳар бир касб ва иш турлари учун меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқномалар Меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқиш тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 870, 2000 йил 7 январь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси, 2000 й., 1-сон) мувофиқ ишлаб чиқилади ҳамда ташкилот ходимларини ва иш жойларини ушбу йўриқномалар билан таъминлаш ташкилот раҳбарияти зиммасига юклатилади.



3-§. Хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари


14. Ташкилотлар ГОСТ 17.2.3.02-78 "Табиатни муҳофаза қилиш. Атмосфера. Саноат корхоналари зарарли моддаларининг йўл қўйиладиган чиқаришларини ўрнатиш қоидалари" бўйича хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари, уларнинг тавсифи, юзага келиш манбалари, ходимларга таъсир қилиш хусусиятлари ва саломатлик учун хавфлилик даражаси ва келгусидаги оқибатлари тўғрисида тўлиқ ва холисона маълумотга эга бўлиши лозим.


15. Иш жойларидаги ишлаб чиқариш муҳити ҳамда хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари тўғрисидаги маълумотлар ишлаб чиқариш муҳитининг физик, кимёвий, радиологик, микробиологик ва микроиқлим ўлчови натижалари, шунингдек меҳнат шароитларини аттестация қилиш орқали белгиланиши керак.


16. Янги зарарли моддалар пайдо бўлишига ёки хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари йўқолишига олиб келадиган технологик жараёнлар ўзгарганда, хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари тўғрисидаги маълумотларга ташкилот раҳбари томонидан тегишли ўзгартиришлар киритилиши лозим.



4-§. Ўта хавфли касблар ва ишлар рўйхати


17. Ташкилотлар ўта хавфли касблар ва ишлар рўйхатига эга бўлиши лозим.


18. Лавозим йўриқномаларига мувофиқ, хавфли моддалар билан бажариладиган ишларни, баландликда, ифлосланган ҳаво ва сув муҳитида, юқори ҳарорат ва намлик шароитида бажариладиган ишларни, буғ ва сув иситиш қозонлари, юк кўтариш механизмлари, босим остида ишлайдиган сиғимлар, электр қурилмаларга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ ишларни ҳамда тегишли тармоқ тариф-малака маълумотномасига мувофиқ бошқа хавфли ишларни бажаришни назарда тутувчи касблар ўта хавфли касблар рўйхатига, мазкур вазифаларнинг бир марталик топшириқ асосида бажарилишини назарда тутувчи ишлар ўта хавфли ишлар рўйхатига киритилиши зарур.


19. Ўта хавфли ишларни бажариш фақат белгиланган тартибда расмийлаштирилган ҳужжат (наряд-рухсатнома)га мувофиқ амалга оширилиши лозим.


20. Барча ходимлар ўта хавфли ишларни бажариш топшириғини олишдан олдин, меҳнат муҳофазаси бўйича йўл-йўриқ олишлари ва ишларни хавфсиз бажариш усулларини ўзлаштиришлари шарт.


21. Ўта хавфли ишларни режалаштириш, ташкиллаштириш ва хавфсиз бажариш белгиланган талабларга мувофиқ амалга оширилиши учун ташкилот раҳбарияти жавобгардир.



5-§. Жамоавий ва якка тартибдаги ҳимоя воситаларини қўллаш


22. Ходимлар хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларидан жамоавий ва якка тартибдаги ҳимоя воситалари билан ҳимояланган бўлиши лозим.


23. Жамоавий ҳимоя воситалари хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари ишлаб чиқариш хоналари ва иш жойларидаги барча ходимларга таъсир қилган тақдирда қўлланилиши зарур ҳамда ташкилот биноларини қуриш ёки реконструкция қилиш лойиҳаларига киритилиши шарт.


24. Жамоавий ҳимоя воситаларига қуйидагилар киради:

ишлаб чиқариш хоналари ва иш жойларининг ҳаво муҳитини нормаллаштириш воситалари (шамоллатиш ва ҳаво тозалаш, иситиш, ҳаво ҳарорати ва намлигини бир хил меъёрда сақлаш ва бошқалар);

ишлаб чиқариш хоналари ва иш жойларининг ёруғлигини нормаллаштириш воситалари (ёритиш асбоблари, ёруғликдан ҳимоя қилиш мосламалари ва бошқалар);

шовқиндан, тебранишдан, электр ва статик токлар уришидан ҳамда қурилмалар юзасини юқори даражадаги ҳароратдан ҳимоя қилиш воситалари;

механик ва кимёвий омилларнинг таъсиридан ҳимоя қилиш воситалари.


25. Ходимлар Гўшт-сут ишлаб чиқариши ходимлари учун махсус кийим, махсус пойабзал ва бошқа якка тартибда ҳимояланиш воситаларини бепул беришнинг намунавий меъёрларига (рўйхат рақами 1916, 2009 йил 7 март) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 10-11-сон, 123-модда) мувофиқ якка тартибдаги ҳимоя воситалари билан таъминланиши лозим.


26. Якка тартибдаги ҳимоя воситаларидан фойдаланадиган ходимлар уларни қўллаш, ҳимоя хусусиятлари ва амал қилиш муддати тўғрисидаги маълумотларга эга бўлиши керак.


27. Ташкилотда қуйидагилар таъминланиши шарт:

жамоавий ва якка тартибдаги ҳимоя воситаларининг самарадорлиги ва созлиги;

якка тартибдаги ҳимоя воситаларининг зарур миқдори ва номенклатураси;

якка тартибдаги ҳимоя воситаларини қўллаш ва улардан тўғри фойдаланиш устидан доимий назоратни амалга ошириш;

хавфли ва заҳарли моддалар билан ишлашда фойдаланилган якка тартибдаги ҳимоя воситаларини дезинфекция қилиш, бир марта қўлланиладиган воситалар бундан мустасно.


28. Заҳарли моддалар билан ишлашда тери касалликларининг олдини олиш учун профилактик паста ва мазлардан фойдаланиш зарур.



6-§. Касбий танлов


29. Ташкилотларда танлов ўтказилиши лозим бўлган касблар ва мутахассисликлар рўйхати бўлиши лозим.


30. Ходимлар ва ишлаб чиқариш участкаларининг раҳбарлари тегишли тармоқ тариф-малака маълумотномасига мувофиқ зарур маълумотга ва иш тажрибасига эга бўлиши керак.


31. Босим остида ва бошқа ўта хавфли ишларда ишловчи ходимлар махсус курсларда тайёргарликдан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлиши шарт.


32. Ўн саккиз ёшдан кичик шахсларнинг меҳнати қўлланиши тақиқланадиган ноқулай меҳнат шароитлари ишлари рўйхатига (рўйхат рақами 1990, 2009 йил 29 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 30-31-сон, 355-модда) мувофиқ, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар зарарли ва ноқулай меҳнат шароити мавжуд бўлган ишларга қабул қилинмаслиги лозим.


33. Аёллар меҳнатидан фойдаланиш тўлиқ ёки қисман тақиқланадиган меҳнат шароити ноқулай бўлган ишлар рўйхатига (рўйхат рақами 865, 2000 йил 5 январь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси, 2000 й., 1-сон) мувофиқ, аёллар зарарли ва ноқулай меҳнат шароити мавжуд бўлган ишларга қабул қилинмаслиги керак.



7-§. Ходимларни ишлаб чиқариш жараёнида

қатнашишга қўйиш шарт-шароитлари


34. Ходимларни ишлаб чиқариш жараёнида қатнашишга қўйиш олдидан қуйидагилар текширилиши зарур:

иш жойининг мазкур Қоидаларда белгиланган санитария ва гигиена, хавфсизлик талабларига, шунингдек шовқин ва тебранишга, шамоллатиш ва иситишга қўйиладиган талабларга мувофиқлиги;

ходимнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича билимларини синовдан ўтказиш, унга йўл-йўриқ бериш ва саломатлигини назорат қилиш даврийлигига амал қилинганлиги;

технологик жараёнларда иштирок этувчи асбоб-ускуналар ва уларнинг ҳимоя воситалари созлиги;

жамоавий ҳимоя воситаларининг созлиги, ходимнинг якка тартибдаги ҳимоя воситаларига эгалиги.



8-§. Ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш


35. Ташкилотларда ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 2387, 2012 йил 29 август) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 35-сон, 407-модда) асосида амалга оширилиши лозим.


36. Ташкилот раҳбарияти касаба уюшмаси қўмитаси ва соғлиқни сақлаш муассасаси билан биргаликда ҳар йили даврий тиббий кўрикдан ўтиши лозим бўлган ходимларнинг рўйхатини тузиши ҳамда ходимларнинг тиббий кўрикдан ўтишини таъминлаши зарур.


37. Тиббий кўриклар ташкилотга тиббиёт хизмати кўрсатувчи даволаш-профилактика муассасалари томонидан, агар улар бўлмаган тақдирда, ташкилот жойлашган жойдаги ҳудудий даволаш-профилактика муассасаси томонидан ўтказилади.


38. Тиббий кўрикдан ўтишдан ёки тиббий комиссияларнинг текширувлар натижасида берган тавсияларини бажаришдан бўйин товлаган ходимларни иш берувчи ишга қўймасликка ҳақлидир.


39. Ташкилот раҳбарияти ўз ходимларининг мажбурий тиббий кўрикдан ўз вақтида ўтиши учун ва мажбурий тиббий кўрикдан ўтмаган шахсларни ишга қўйиш натижасида фуқароларнинг соғлиғига етказилган зарарли оқибатлар учун жавобгар бўладилар.


40. Ходимларни соғлиғининг ҳолати туфайли уларга рухсат этилмаган ишларга қўйиш тақиқланади.



9-§. Санитария ва гигиенага қўйиладиган талаблар


41. Ташкилот иш ҳудудидаги ҳавонинг ҳарорати, нисбий намлиги ва ҳаракатланиш тезлиги ГОСТ 12.1.005-88 "Иш ҳудудининг ҳавоси. Умумий санитария-гигиеник талаблари"га мувофиқ бўлиши керак.


42. Ташкилотнинг ишлаб чиқариш хоналари қуйидаги талабларга мувофиқ сақланиши лозим:

ҳавонинг ҳарорати, нисбий намлиги ва ҳаракатланиш тезлиги иш жойларидаги ортиқча иссиқлик, бажарилаётган ишнинг оғирлик даражасига кўра тоифаси ва йил мавсумини ҳисобга олган ҳолда белгиланиши;

ишлаб чиқариш, санитария-маиший, хом ашё ва тайёр маҳсулотни сақлаш хоналарининг ёруғлиги ҚМҚ 3.01.05-98 "Табиий ва сунъий ёритиш. Лойиҳалаштириш меъёрлари"га мувофиқ бўлиши ҳамда меҳнат шароитларини яратиш учун етарли ёруғлик кучини таъминлаши;

ёритиш асбоблари чанг тўпланишига имконият бермайдиган конструкцияга эга бўлиши, шунингдек синган тақдирда унинг парчалари сочилиб кетмаслиги учун ёпиқ бўлиши.


43. Ноқулай омиллар таъсирига қарши ҳимоя тадбирларини амалга оширишда самарали ҳаво алмашинуви тизимини ҚМҚ 2.04.05-97 "Иситиш, вентиляция ва кондиционерлаш" талабларига мувофиқ ташкил қилиш лозим.


44. Ишлаб чиқариш, санитария-маиший, хом ашё ва тайёр маҳсулотни сақлаш хоналарини гигиеник жиҳатдан тоза сақлаш ва ходимларнинг шахсий гигиенасига қўйиладиган талаблар тегишли норматив ҳужжатларда белгиланган қоидаларга мувофиқ бўлиши лозим.



10-§. Ташкилот майдонларига қўйиладиган хавфсизлик талаблари


45. Ташкилот майдонлари ва биноларининг жойлашуви ҚМҚ II 89-80 "Саноат ташкилотларининг бош плани" талабларига мос бўлиши керак.


46. Ташкилотда транспорт воситалари ва пиёдаларнинг ташкилот ҳудудида ҳаракатланиш чизмаси ишлаб чиқилган ва тасдиқланган бўлиши ҳамда ташкилотга кириш ва чиқиш жойлари ҳамда иш жойларининг кўринарли қисмига осиб қўйилиши зарур.


47. Ташкилот майдонлари кўкаламзорлаштирилган ва сув қуйиш қувурлари тармоқлари билан таъминланган бўлиши лозим. Майдонлардаги ўтиш жойлари мустаҳкам ёпқичлар, сув оқиб кетадиган иншоотлар билан жиҳозланган бўлиши керак.


48. Ёзги мавсумда йўлаклар ва ўтиш жойларига сув сепилган бўлиши керак.


49. Қишки мавсумда йўлаклар ва ўтиш жойлари қордан тозаланиб, қум сепилган ҳамда биноларнинг томлари қордан, карнизлари эса муздан тозалаб турилиши зарур.


50. Йўловчилар учун мўлжалланган йўлаклар ва ташкилотга кириш жойи текис, кенглиги камида 1,5 м бўлиб, ён томонлари деворча ва тўсиқларга эга бўлиши керак.


51. Ташкилот ҳудудида ҳар куни тозалаб ва дезинфекция қилиб туриладиган ахлат ташланадиган идишлар бўлиши шарт.


52. Ташкилотнинг ҳудуди чегара бўйлаб тўсилган ва унинг ҳудудига бегоналарнинг кириши чекланган ва назорат остига олинган бўлиши лозим.



11-§. Бино ва иншоотларга қўйиладиган хавфсизлик талаблари


53. Ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари ҚМҚ 2.09.02-85 "Ишлаб чиқариш бинолари" талабларига, ёрдамчи бинолар ва хоналар ҚМҚ 2.09.04-98 "Ташкилотларнинг маъмурий ва маиший бинолари" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


54. Ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари ҳамда ёрдамчи бинолар ва хоналардаги ҳавонинг ҳарорати, нисбий намлиги ва ҳаракатланиш тезлиги ГОСТ 12.1.005-88 "Иш ҳудудининг ҳавоси. Умумий санитария-гигиеник талаблари"га мувофиқ бўлиши керак.


55. Мунтазам ишлашга мўлжалланган хоналарнинг полларига ёғоч тўшамалар ва панжаралар ётқизилган бўлиши, мазкур пол тўшамалари зарарли моддалар, ишлаб чиқаришдаги кирлар ва чанглардан енгил тозаланган бўлиши зарур.


56. Бинонинг транспорт воситалари кириш жойларида дарвозалар ва сигнал асбоб-ускуналари ўрнатилган бўлиши лозим.


57. Дарвоза тавақалари дарвозанинг ёпиқ ва очиқ ҳолатида махсус мосламалар билан мустаҳкам тутиб турилган бўлиши керак.


58. Транспорт воситаларининг бинога кириши учун дарвоза эни фойдаланилаётган транспорт воситалари энидан ортиқ бўлиши, дарвозаларнинг баландлиги транспорт воситаларининг баландлигидан камида 0,2 м ортиқ бўлиши зарур.


59. Ташкилотларда бинолар ва иншоотлардан фойдаланиш ҳолатини мунтазам кузатиш ташкил этилган бўлиши керак.


60. Барча ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари бир йилда камида икки марта (баҳорги ва кузги мавсумда) ташкилот раҳбари тайинлаган комиссия томонидан техник кўрикдан ўтказилиши лозим. Техник кўрик хулосалари аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тадбирлар ва уларни амалга ошириш муддатлари кўрсатилган далолатномалар билан расмийлаштирилиши зарур.


61. Ходимлар учун хавф туғдирувчи ҳалокат тусидаги бузилишлар тезда бартараф этилиши керак. Бунда хавфли ҳудудлардаги иш жараёни ҳалокат бартараф этилгунга қадар тўхтатиб турилиши ва у ердаги ходимлар хавфсиз жойга кўчирилиши керак.


62. Ташкилотнинг ишлаб чиқариш хоналари ва омборхоналари ёнғиндан хабар берувчи ва ёнғинни бартараф этувчи автоматик қурилмалар билан жиҳозланган бўлиши лозим.


63. Кириш ва чиқиш йўллари турли жисмлар ва асбоб-ускуналар билан тўсиб қўйилмаслиги керак. Эвакуация чиқиш йўлларининг барча эшиклари бинодан чиқиш йўналиши бўйича очилиши зарур.



12-§. Шовқин ва тебранишга қўйиладиган талаблар


64. Иш жойларида, хоналарда ва ташкилот ҳудудида шовқин ва тебранишнинг даражаси СанҚваМ 0120-01 "Иш жойларида шовқиннинг йўл қўйилган даражасининг санитария меъёрлари", СанҚваМ 0122-01 "Иш жойларида умумий ва локал тебранишнинг санитария меъёрлари", ГОСТ 12.1.003-89 "Шовқин. Умумий хавфсизлик талаблари" ва ГОСТ 12.1.012-90 "Тебранма. Умумий хавфсизлик талаблари"га мувофиқ бўлиши керак.


65. Иш жойларида шовқин ва тебраниш даражаси мунтазам назорат қилиб турилиши керак. Агарда у белгиланган меъёрлардан юқори бўлса, уни пасайтириш учун қуйидаги тадбирлар қўлланиши лозим:

деталларнинг зарбали ҳаракатларини зарбасиз ҳаракатларга, илгарилама-қайтма ҳаракатларни айланма ҳаракатларга ўзгартириш;

шовқин чиқарувчи агрегат ёки унинг айрим қисмларига шовқинни тўсувчи қобиқлар ўрнатиш;

агрегатдан чиқаётган аэродинамик шовқинларга қарши самарали товуш сўндиргичлар қўллаш;

шовқинли ускуналарни (парраклар, компрессор) тўсилган хоналарда ёки ишлаб чиқариш хоналаридан ташқарига жойлаштириш;

тебраниш манбаларини (электр двигателлар, парраклар ва бошқалар) полдан ва бинонинг бошқа конструкцияларидан изоляцияланган мустақил пойдеворларда ёки махсус ҳисоблаб чиқилган амортизаторларга ўрнатиш.


66. Шовқинни техник воситалар билан бартараф этиш имкони бўлмаса, эшитиш аъзоларини якка тартибдаги ҳимоя воситалари ва шовқинга қарши каскалардан фойдаланган ҳолда ҳимоялаш керак.



13-§. Шамоллатиш ва иситиш тизимига қўйиладиган талаблар


67. Шамоллатиш ва иситиш тизими ҚМҚ 2.04.05-97 "Иситиш, шамоллатиш ва кондиционерлаш" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


68. Оқимли шамоллатишларни ташқи ҳаво тизимидан олиш ердан камида 2 м баландликда бажарилиши керак.


69. Ўтиш жойларида жойлашган иситиш жиҳозлари ўтиш йўлакларининг кенглигига қўйилган талабларни бузмаслиги зарур.


70. Иш жойларидаги ҳаво ҳарорати енгил жисмоний ишда 21° С, ўртача оғир ишда 17° С ва оғир ишда 16° С дан паст бўлмаслиги керак.


71. Ходимларнинг исиниши учун мўлжалланган хоналардаги ҳаво ҳарорати 22° С дан кам бўлмаслиги керак.


72. Ходимларнинг исиниши учун мўлжалланган хоналаргача бўлган масофа биноларда жойлашган иш жойларидан 75 м дан ва бино ташқарисидаги иш жойларидан 150 м дан кўп бўлмаслиги керак.



14-§. Сув таъминоти ва канализация тизимига

қўйиладиган талаблар


73. Сув таъминоти ва канализация тизими ҚМҚ 2.04.01-98 "Биноларнинг ички сув қувури ва канализацияси" талабига мос келиши зарур.


74. Ичимлик суви О`zDSt 950-2011 "Ичимлик суви. Гигиеник талаблар ва сифатини назорат қилиш" талабларига мувофиқ бўлиши, унинг ҳарорати 8° С дан 20° С гача бўлиши керак.


75. Ичимлик сувидан фойдаланиш учун сув қувурига уланган фавворачалар ўрнатилиши ёки махсус идишларда қайнатилган сув бўлиши лозим.



15-§. Ёритишга қўйиладиган талаблар


76. Ташкилот ҳудуди ва ишлаб чиқариш хоналарини табиий ва сунъий ёритиш ҚМҚ 2.01.05-98 "Табиий ва сунъий ёритиш" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


77. Ёритиш воситалари тоза ва соз ҳолатда бўлиши зарур. Ёруғлик тушувчи ойналар ҳар йили камида икки маротаба тозаланиши лозим.


78. Ёруғлик тушувчи ойна ва эшиклар турли буюмлар билан тўсиб қўйилмаслиги керак.


79. Сунъий ёритиш умумий ва бирлашган тизим орқали амалга оширилиши зарур. Биргина маҳаллий ёритишни қўллаш тақиқланади.


80. Ташкилот ҳудуди ва ишлаб чиқариш хоналарида ёритиш воситаларининг кўзни қамаштиришидан сақлаш чоралари кўрилган бўлиши керак.


81. Иш жойлари ва хоналарда портлаш хавфи бўлган газ ва чанг концентрацияси йиғилиб қолиш эҳтимоли мавжуд бўлса, электр ёритиш тизими хонадан ташқарида ўрнатилиши керак.


82. Хавфлилик даражаси юқори бўлган хоналарда кучланиши 36 V дан юқори бўлмаган кўчма электр ёриткичлар ишлатилиши керак. Ускуналар ва иншоотлар (бункерлар, қудуқлар, буғлантириш камералари, туннеллар ва бошқалар)нинг ички сиртини ёритиш учун ишлатиладиган кўчма электр ёриткичларнинг кучланиши 12 V дан ошмаслиги керак.


83. Кўчириб юрилувчи ёриткичлар шишали ҳимоя қопқоқлари ва металл тўр билан жиҳозланган бўлиши лозим. Ушбу ёриткичлар ва бошқа кўчириб юрилувчи аппаратлар учун мис толали эгилувчан электр ўтказгичлар қўлланилиши зарур.


84. Эвакуация йўлаклари ва зинапояларда авария ёриткичлари бўлиши керак.


85. Авария ёриткичлари бошқа ёриткичлардан тури, ўлчами ва махсус туширилган белгилари билан ажралиб туриши ва вақти-вақти билан чангдан тозалаб турилиши лозим.


86. Авария ёритиш тармоқларига электр энергия истеъмолчиларининг уланиши тақиқланади. Авария ёритилишларининг созлиги ҳар чоракда камида бир марта текширилиши зарур.



16-§. Маиший иморатларга қўйиладиган талаблар


87. Ташкилотларнинг маиший бино ва хоналари ШНҚ 2.09.04-09 "Ташкилотларнинг маъмурий ва маиший бинолари" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


88. Кийим алмаштириш хоналари, душхоналарнинг ўлчамлари, душ сеткалари, оёқ ванналари, бет-қўл ювгичлар, ичимлик суви таъминоти қурилмалари, ҳожатхоналар ва бошқа маиший хона ва жиҳозларнинг сони сменадаги энг кўп ходимлар сони ҳисобга олинган ҳолда белгиланиши зарур.


89. Душхоналар ва ҳожатхоналардаги тарновлар, каналлар, траплар, писсуарлар ва унитазлар мунтазам равишда тозаланиши, ювилиши ва дезинфекция қилиниши лозим.


90. Барча маиший иморатлар озода сақланиши, мунтазам дезинфекция қилиниши ва сутканинг қоронғи пайтида ёритилган бўлиши керак.



17-§. Атроф табиий муҳитни муҳофаза

қилишга қўйиладиган талаблар


91. Ташкилот фаолияти атроф табиий муҳитнинг (ҳаво, тупроқ, сув ҳавзалари) ифлосланишига ва зарарли омилларнинг тегишли нормалардан ортиқ даражада тарқалишига олиб келмаслиги лозим.


92. Ташкилотларда ишлаб чиқариш жараёнларини амалга оширишда атроф табиий муҳитни оқова сувлар, шамоллатиш тизими чиқиндилари ва бошқа чиқиндилар билан ифлосланиши эҳтимолини истисно этадиган шароитлар таъминланиши лозим.


93. Ташкилотларда чиқиндиларни йиғиш учун атрофи ўралган махсус жой ажратилиши ва чиқиндилар учун махсус идишлар билан таъминланиши керак. Ушбу идишлар чиқиндилар бўшатилганда хлорли оҳак эритмаси билан дезинфекция қилиниши ва ювилиши керак.



18-§. Меҳнат ва дам олишга қўйиладиган талаблар


94. Ходимларнинг иш вақти, шу жумладан, қисқартирилган иш вақти, дам олиш ва танаффуслар вақти ташкилот томонидан меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.



III БОБ. ТЕХНОЛОГИК ЖАРАЁНЛАРГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


1-§. Умумий талаблар


95. Технологик жараёнлар ГОСТ 12.3.002-75 "Меҳнат хавфсизлиги стандартлари тизими. Ишлаб чиқариш жараёнлари. Хавфсизлик бўйича умумий талаблар"га мувофиқ ташкил этилиши керак.


96. Ишлаб чиқариш хоналаридаги технологик жараёнларнинг хавфсизлиги қуйидаги талабларни амалга ошириш орқали таъминланиши лозим:

ишлаб чиқариш ускуналарига хизмат кўрсатиш тартибидаги иш турлари ва усулларини қўллаш;

хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларининг тарқалишини чекловчи воситаларни қўллаш;

технологик жараёнлар натижасида атроф-муҳитнинг (ҳаво, тупроқ, сув ҳавзалари) ифлосланиши ва зарарли омилларнинг тегишли меъёрларидан ортиқ даражада тарқалишининг олдини олиш.


97. Технологик жараёнларни амалга оширувчи ускуналар кетма-кетлиги блокировка (автоматик тўхтатиб қўйиш) тизими билан таъминланган бўлиши зарур.


98. Ускуна ва автоматлаштирилган тармоқларда уларнинг ишга туширилганлигини билдирувчи овозли ва ёруғлик сигналлари бўлиши керак. Сигнал элементлари (электр қўнғироқ, ўчиб-ёнувчи чироқ) механик бузилишлардан ҳимояланган ва хизмат кўрсатувчи ходимлар эшитадиган даражада бўлиши лозим.


99. Автоматлаштирилган линиялар огоҳлантирувчи ёруғлик сигнали бериш мосламасига эга бўлиши керак.

Автоматлаштирилган линия тўхтатилгандан сўнг, уни овозли ва ёруғлик сигнали бермасдан ишга тушириш тақиқланади.


100. Технологик жараёнларни амалга оширувчи ускуналар улар ишга яроқли, назорат-ўлчаш асбоблари ва блокировка (автоматик тўхтатиб қўйиш) тизими соз ҳолатда бўлганида ишга туширилиши лозим.


101. Барча тармоқларда технологик жараёнлар хавфсиз бажарилиши лозим.


102. Блокировка (автоматик тўхтатиб қўйиш) тизими электр тизимига улангандан кейин ишга туширилувчи ускуналарда блокировка (автоматик тўхтатиб қўйиш) мосламаси мазкур ускуналар электр тизимига улангандан кейин дарҳол ишга туширилиши керак.


103. Ташкилотларда технологик жараёнларни амалга оширувчи барча ускуналарнинг техник ҳужжатлари (паспорти, чизмаси ва ишлатишга доир қўлланмаси) бўлиши керак.


104. Технологик ускуналарга ташкилот раҳбари томонидан мазкур ишни бажариш топширилган ходим томонидан хизмат кўрсатилиши лозим. Бегона шахсларнинг ишлаб чиқариш жойларида бўлишларига йўл қўйилмаслиги зарур.


105. Ишлаб чиқариш жойларидаги йўлакларга хом ашё, тайёр маҳсулот ва чиқиндиларни жойлаштириш (қолдириш) тақиқланади.


106. Барча ишлаб чиқариш жойларида механизмларни тозалаш ва иш жойларини тартибга келтириш учун зарур жиҳозлар бўлиши лозим. Ускуна ишлаб турганда уни артиш, созлаш, таъмирлаш ва чиқиндиларни олиб ташлаш тақиқланади.


107. Ускуналарга электр энергияси, сув, буғ ва мой келмай қолганда, улар келадиган манбалар беркитилиши ва технологик жараён тўхтатилиши керак.


108. Шамоллатиш тизими носоз ҳолга келганда, технологик жараён тўхтатилиб, авария-шамоллатиш тизими ишга туширилиши лозим.


109. Агрегат механизмларнинг нормал ишидаги ҳар қандай бузилишлар ундаги барча механизмларнинг автоматик тарзда тўхтатилиши билан якунланиши лозим.


110. Ишлаб турган ускуналар жойлашган жойлар зарур тўсиқлар, ҳимоя ва сақловчи мосламалар билан жиҳозланган бўлиши керак. Иш жойлари ва ишлаб чиқариш биноларига бегона шахсларнинг киришига йўл қўйилмаслиги лозим.



2-§. Ёнғин ва портлаш хавфсизлигига қўйиладиган талаблар


111. Ишлаб чиқариш жараёнларини режалаштиришда, ташкиллаштиришда ва олиб боришда ёнғин ва портлаш хавфсизлиги ГОСТ 12.1.004-91 "Ёнғин хавфсизлиги. Умумий талаблари" ва ГОСТ 12.1.010-90 "Портлаш хавфи. Умумий талаблари"га мувофиқ таъминланиши лозим.


112. Белгиланган тартибда синовдан ўтказилмаган ёнғин ва портлаш хавфи мавжуд ҳамда токсик хусусиятларга эга бўлган моддалар ва материалларни ишлаб чиқаришда қўллаш тақиқланади.


113. Ишлаб чиқариш бинолари ва хоналарининг портлаш жиҳатидан хавфлилик даражалари лойиҳа ташкилоти томонидан ШНҚ 2.01.19-09 "Бино, хона ва ташқи қурилмаларни портлаш, ёнғин ва ёнғин хавфлилиги тоифаларини аниқлаш"га мувофиқ ҳар бир ҳолат учун алоҳида аниқланиши керак.


114. Ишлаб чиқариш жараёнларини амалга оширишда ёнғинлар, портлашлар, авариялар, заҳарланишлар содир бўлиши эҳтимолини истисно этадиган шароитлар таъминланиши лозим.


115. Ишлаб чиқариш бинолари ва хоналари дастлабки ёнғинни ўчириш воситалари билан таъминланган бўлиши шарт.


116. Шамоллатиш тизими ёнғиндан дарак берувчи сигнализация билан бирлаштирилган бўлиши лозим.


117. Ёнғин сув манбаи йўлаклари ҳамда ёнғинни ўчириш воситаларига борадиган йўлаклар доимо бўш бўлиши керак.


118. Ёнғин ва портлаш хавфи мавжуд бўлган ускуналар ва иш жойларида очиқ оловдан фойдаланишни тақиқловчи ҳамда алангаланувчи ва портловчи моддалар билан ишлашда эҳтиёткорликка риоя қилиш зарурлиги тўғрисида огоҳлантирувчи белгилар бўлиши зарур.


119. Аралашганида портловчи модда ҳосил қилиши мумкин бўлган газларни умумий коллекторга чиқариш тақиқланади.


120. Ишлаб чиқариш амалга ошириладиган бўлимларда тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш тақиқланади.


121. Ходимлар билан ёнғин хавфсизлиги бўйича машғулотлар ўтказилиши ва уларга ёнғиннинг олдини олиш бўйича йўл-йўриқлар берилиши керак.



3-§. Электр қурилмаларига қўйиладиган хавфсизлик талаблари


122. Ташкилотларда электр қурилмаларини ўрнатишда ва улардан фойдаланишда Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан техник фойдаланиш қоидалари (рўйхат рақами 1383, 2004 йил 9 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 27-сон, 317-модда) ҳамда Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан фойдаланишда техника хавфсизлиги қоидалари (рўйхат рақами 1400, 2004 йил 20 август) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 33-сон, 379-модда) талабларига риоя қилиниши керак.


123. Электр энергиясидан фойдаланадиган ташкилотларда ташкилот раҳбарининг буйруғи билан муҳандис-техник ходимлардан электр хавфсизлиги учун масъул ходим тайинланган бўлиши ва бу ходим электр хавфсизлиги бўйича тегишли малака гуруҳига эга бўлиши шарт.


124. Электр хавфсизлиги учун масъул ходим кучланиши 1000 V ва ундан юқори бўлган электр ускуналарга хизмат кўрсатиши учун электр хавфсизлиги бўйича V малака гуруҳига, кучланиши 1000 V гача бўлган электр ускуналарга хизмат кўрсатиш учун эса IV малака гуруҳига эга бўлиши талаб этилади. Масъул ходим даврий равишда ва ўрнатилган тартибда ташкилотда тузилган электр хавфсизлиги бўйича комиссияда синовдан ўтиши шарт.


125. Электр хавфсизлиги учун масъул ходим:

электр қурилмаларининг ишончли, тежамли ва хавфсиз ишлашини;

электр қурилма ва тармоқларда режали таъмирлаш ишлари ҳамда профилактик синовларнинг белгиланган муддатларда ўтказилишини;

электр энергия сарфининг ҳисоби олиб борилишини;

ҳимоя воситалари ва ёнғинга қарши жиҳозлар мавжудлиги ҳамда уларнинг ўз вақтида синовдан ўтказиб турилишини таъминлаши керак.


126. Электр токи ўтказувчи қисмлар, тақсимловчи қурилмалар, аппаратлар ва ўлчаш асбоблари, шунингдек турли сақловчи қурилмалар, рубильниклар ва бошқа ишга туширувчи аппаратлар ва мосламалар фақат ёнмайдиган асосларда монтаж қилиниши лозим.


127. Юқори намлик ва иссиқлик ажралиб чиқувчи хоналарда электр ёриткичлар намликдан, электр двигателлари эса - суюқлик сачрашидан ҳимояланган бўлиши шарт.


128. Тақсимловчи қурилмалар изоляциясининг қаршилиги ва чидамлилиги текшириб турилиши зарур.


129. Ишлаб чиқариш бинолари ва маиший хоналарда қўлланилувчи люминесцент ёриткичлар ёпиқ ҳолда, намлик ва чанг ўтказмайдиган махсус арматурада бажарилиши лозим.


130. Кабеллар ва электр симларнинг изоляцияси, ташқи бирикмалар, электр токидан ҳимояловчи ерга уланган симлар, электр двигателларнинг ишлаш режими кўрикдан ўтказилиши ва ўлчаш асбоблари орқали текшириб турилиши керак.


131. Электр аппаратлари ва агрегатларининг ноллаш ва ерга улаш симлари бутунлиги камида 6 ойда бир марта текширилиши, текшириш натижалари далолатнома билан расмийлаштирилиши зарур.


132. Қуйидаги электр қурилмалари нолланиши ёки ерга уланиши лозим:

кучланиши 380 V ундан юқори бўлган ўзгарувчан ток ҳамда 440 V ва ундан юқори бўлган ўзгармас токда ишловчи барча электр қурилмалари;

номинал кучланиши 42 V дан юқори, лекин 380 V дан паст бўлган ўзгарувчан ток ва 110 V дан юқори, лекин 440 V дан паст ўзгармас токда ишловчи юқори хавфли ташқи қурилмалар.


133. Номинал кучланиши 42 V гача бўлган ўзгарувчан токда ва 110 V гача бўлган ўзгармас токда ишлайдиган электр қурилмаларини ноллаш ёки ерга улаш талаб этилмайди, металл конструкцияга ўрнатилган назорат кабеллари, куч кабелларининг металл қобиқлари ҳамда портлаш хавфи бўлган хоналардаги электр қурилмалар, пайвандлаш трансформаторининг иккиламчи чўлғамалари бундан мустасно.


134. Битта электр штепселига бир нечта истеъмолчиларни улаш тақиқланади.


135. Чангларнинг статик электр разрядларидан алангаланиб кетмаслиги учун ускуналарнинг ғилофлари, асосий валлари ва ҳаво қувурлари ерга уланган бўлиши лозим.


136. Ҳаво қувурларининг фильтрлари майда катакли металл тўр билан ўралган ва тўр ерга уланган бўлиши лозим.


137. Ташкилотнинг бино ва иншоотлари яшин қайтаргичлар ўрнатилган ҳолда тўғридан-тўғри яшин уришидан ҳимояланган бўлиши зарур. Яшин қайтаргичлар ҳар йили баҳорги мавсумда текшириб турилиши, аниқланган носозликлар бартараф этилиши лозим.



4-§. Хом ашё, ярим тайёр маҳсулот ва тайёр

маҳсулотларга қўйиладиган талаблар


138. Ишлаб чиқаришга келиб тушаётган хом ашёга унинг сифатини тасдиқловчи ҳужжат ҳамда токсикологик ва ёнғин тавсифи илова қилиниши лозим.


139. Қабул қилинган хом ашё омборларда ишлаб чиқарувчи (етказиб берувчи) ташкилотнинг бирламчи ўрамида сақланиши керак.


140. Хом ашё ишлаб чиқариш жараёнига қўйилишидан олдин лаборатория текширувидан ўтказилиши ҳамда ташкилотнинг сифатни назорат қилиш бўлимининг хом ашёнинг илмий-техник ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги ҳақидаги хулосаси олиниши зарур.


141. Ярим тайёр ва тайёр гўшт-сут маҳсулотларининг микроблар билан зарарланишининг олдини олиш мақсадида, хом ашёни ишлаб чиқариш жараёнига тайёрлаш (идиш ва ўрамдан олиш) ишлари алоҳида хонада амалга оширилиши лозим.


142. Хом ашё, ярим тайёр маҳсулот ва тайёр маҳсулотларни қўлда олиш тақиқланади, технологик жараёнлар тўлиқ автоматлаштирилмаган ҳолларда, уларни олиш учун махсус жиҳозлардан фойдаланиш керак.



5-§. Омборлар, ярим тайёр маҳсулот ва тайёр маҳсулотларни

сақлашга қўйиладиган хавфсизлик талаблари


143. Омборлар, айвонлар, эстакадалар ва очиқ омбор майдончалари қурилиш меъёрлари ва қоидалари ҳамда ёнғин хавфсизлиги қоидалари талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


144. Омборларда одамлар ўтиши учун мўлжалланган эшикларнинг эни ва бўйи 2 м дан кам бўлмаслиги керак. Тайёр маҳсулот омборлари камида иккита эшикка эга бўлиши лозим.


145. Ишлаб чиқариш жараёнига хизмат қилувчи транспорт воситалари (аравачалар, электр юк ортгичлар ва бошқалар) ҳаракатланадиган омборлардаги ўтиш йўлакларининг эни юк ортилган транспорт воситаларининг ўлчами ҳисобга олинган ҳолда бир томонлама ҳаракатланишда яна 0,8 м, икки томонлама ҳаракатланишда девордан колоннагача ҳар икки томондан 1 м дан масофа қолишини ҳисобга олган ҳолда белгиланиши лозим.


146. Иккинчи ва ундан юқори қаватларда жойлашган омборларнинг кўринарли жойига полнинг бир квадрат метрига рухсат этилган юк оғирлиги кўрсатилган ёзувлар осиб қўйилиши зарур.


147. Маҳсулотлар жойлаштирилган қутилар штабелларининг баландлиги 2,0 - 2,5 м дан ортиқ бўлмаслиги лозим. Бўш қутилар тўғри бурчакли штабелларга 2 м дан ортиқ бўлмаган баландликда, ундан кейинги қутилар ушбу штабелга пирамида кўринишида жойлаштирилиши зарур. Пирамиданинг горизонтга нисбатан нишаблиги 450 дан, штабелнинг умумий узунлиги 6 м дан ортиқ бўлмаслиги лозим.


148. Омборларни жойлаштиришда уларга автомобиль транспортининг келиши инобатга олиниши лозим.


149. Хом ашё сақлаш майдончаларини очиқ ва ёпиқ ҳолда жойлаштиришга рухсат этилади. Очиқ хом ашё майдончалари бостирмага эга бўлиши керак.


150. Омборлар, қоида тариқасида, биноларнинг биринчи қаватида жойлаштирилиши лозим. Турли мақсадларга мўлжалланган омборларни битта бинода ёки бошқа бинолар билан биргаликда жойлаштириш технологик жараён шартлари, санитария нормалари ва қоидалари ҳамда ёнғин хавфсизлиги талаблари, шунингдек техник-иқтисодий шароитни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши лозим.


151. Заҳарли газ (сульфидли ангидрид ва бошқалар) солинган баллонлар махсус ёпиқ хоналарда сақланиши лозим. Заҳарли бўлмаган газлар солинган баллонларни ёғингарчиликлар ва қуёш нури таъсиридан ҳимоя қилинган ҳолда очиқ жойларда сақлашга рухсат этилади.


152. Маҳсулотларни омборда сақлаш тегишли норматив ҳужжатлар талабларига риоя қилган ҳолда амалга оширилиши зарур.


153. Хом ашё майдончалари мунтазам равишда чиқиндилар ва бошқа ортиқча буюмлардан тозалаб турилиши лозим.



6-§. Ишлаб чиқариш чиқиндиларини чиқариб

юбориш ва зарарсизлантиришга қўйиладиган

хавфсизлик талаблари


154. Гўшт-сут маҳсулотларини ишлаб чиқаришда қўлланиладиган ускуналардан фойдаланишда ГОСТ 12.2.003-91 "Меҳнат хавфсизлиги стандартлари тизими. Тайёр гўшт-сут маҳсулотларини ишлаб чиқариш технологик жараёнлари. Умумий хавфсизлик талаблари"га риоя қилиниши керак.


155. Технологик чиқиндилар улар атмосферага чиқариб юборилишидан олдин зарарли маҳсулотлардан тозаланиши ёки тизимга қайтарилиши шарт.


156. Ишлаб чиқаришдаги ва бошқа чиқиндилар мунтазам равишда махсус мўлжалланган печларда ёқиб юбориш йўли билан йўқ қилиниши ёки махсус белгиланган жойларга олиб чиқилиши лозим.


157. Ташкилотда йўқ қилиниши лозим бўлган ўраш ва қадоқлаш материалларини йўқ қилиш, шунингдек бошланғич хом ашё ва яроқсиз деб топилган маҳсулотларнинг ўғирланишига йўл қўймаслик чоралари кўрилиши зарур.


158. Қуритиш ва намуналарни танлаб олиш жараёнлари ёнғин ва портлаш жиҳатидан хавфли моддалар билан ифлосланиш эҳтимолини истисно этиши ва зарур бўлганда, маҳаллий тортиб олиш ускуналари билан жиҳозланиши лозим.


159. Токсик, тез алангаланувчи ва агрессив суюқликлар учун сиғимли ускуналардаги сатҳларни ўлчаш ишлари ускуналарнинг қопқоғини очиш заруратини истисно этувчи ва ёнғин жиҳатидан хавфсиз бўлган сатҳ ўлчагичлар ёрдамида амалга оширилиши керак.


160. Заҳарли, токсик ва тез ўт олувчи суюқликларнинг сатҳини ўлчаш учун ўлчов ойналарини қўллашга рухсат этилмайди.



7-§. Маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнига

қўйиладиган хавфсизлик талаблари


161. Гўшт-сут маҳсулотларини ишлаб чиқариш жараёнида қўлланиладиган янчиш машиналари, қуритгичлар, қоргичлар, гўшт-сут маҳсулотларини қадоқлаш ва ўрамига солиш машиналари белгиланган турдаги тўсиқлар ва блокировкалар билан жиҳозланган бўлиши лозим.


162. Гўшт-сут маҳсулотларини ишлаб чиқаришда портлаш жиҳатидан хавфли бўлган чанг ажралиши эҳтимоли мавжудлиги сабабли, технологик жараённи ташкил қилиш ва ускуналардан фойдаланиш ишлари ГОСТ 12.1.005-88 "Меҳнат хавфсизлик стандартлар тузуми. Ишчи доираси ҳавосига умумий санитария-гигиеник талаблар"га мувофиқ амалга ошириш лозим.


163. Гўшт-сут маҳсулотларини ишлаб чиқаришни лойиҳалаштириш ва улардан фойдаланишда битта агрегатда бир нечта операцияни бажариш назарда тутилиши зарур.


164. Гўшт-сут маҳсулотларини кўздан кечириш ва яроқсизларини ажратиш столлари маҳаллий ёритиш асбоблари ҳамда ҳаво тортиш қурилмаси билан жиҳозланган бўлиши керак.



8-§. Юк ортиш ва тушириш ишларига

қўйиладиган хавфсизлик талаблари


165. Юк ортиш ва тушириш ишлари ҳамда юкларни жойлаштириш Юк ортиш ва тушириш ишларидаги юкчилар учун ишларнинг хавфсизлиги қоидалари (рўйхат рақами 1582, 2006 йил 13 июнь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 24-сон, 221-модда) талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


166. Вазни 50 кг дан ортиқ бўлган юкларни ортиш ва тушириш ишлари механизациялаштирилган бўлиши керак.


167. Оғир ва йирик юкларни ортиш, тушириш, ташиш ишлари махсус ажратилган ходим раҳбарлиги остида амалга оширилиши лозим.


168. Юк ортиш, тушириш ва ташиш ишларини бажаришда ходимлар кўтарилаётган ёки туширилаётган юк остида, шунингдек ташилаётган юкнинг устида турмасликлари керак.


169. Юк сақлаш майдончаларининг сатҳи текис, чуқурчаларсиз ва нишаблиги 5° дан ошмайдиган бўлиши зарур.


170. Юк сақлаш майдончалари қопламасининг баландлиги унга келувчи йўллар қопламасининг баландлигига тенг бўлиши лозим.


171. Омбор ёки юк сақлаш майдончалари ҳудудига кириш жойида ҳаракат йўналиши, юк ортиш ва тушириш жойи ҳамда транспорт воситаларининг тўхтаб туриш жойини кўрсатувчи чизма осилган бўлиши керак.


172. Автоюклагичлар фақат қаттиқ қопламага эга бўлган текис майдончаларда қўлланилиши зарур. Мазкур майдончаларда пайдо бўлган чуқурлар дарҳол таъмирланиши лозим.


173. Автоюклагичлар, автокарлар ва шу каби бошқа воситалар ташкилотнинг ички транспорти сифатида қўлланилиши мумкин. Бунда автоюклагичларнинг вилкали ушлагичлари бир текисликда туриши лозим. Ички ёнув двигателли автоюклагичлар ва автокарларни ишлаб чиқариш бинолари ва омборларга киритиш тақиқланади.


174. Автоюклагич ва автокарларга юклашга рухсат этилган юк оғирлиги унинг техник ҳужжатларига мувофиқ бўлиши зарур.


175. Автоюклагич ва автокарларда ходимларни ташиш, шунингдек ортилаётган ва туширилаётган ҳамда ташилаётган юк (контейнерлар ва бошқалар) устида туриш тақиқланади.



IV БОБ. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ АСБОБ-УСКУНАЛАРИГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ХАВФСИЗЛИК ТАЛАБЛАРИ


1-§. Умумий талаблар


176. Ишлаб чиқариш асбоб-ускуналарини ва технологик линияларни жойлаштириш, ўрнатиш, монтаж қилиш, ишлатиш ва таъмирлаш уларнинг техник ҳужжатлари талаблари асосида амалга оширилиши лозим.


177. Ишлаб чиқариш асбоб-ускуналарида улар билан ишлайдиган ходимнинг ишлаб чиқариш асбоб-ускуналарининг ҳаракатланувчи ёки ток ўтказувчи қисмлари билан алоқага киришиш эҳтимоли истисно этилган бўлиши зарур.


178. Ишлаб чиқариш асбоб-ускуналарининг валлари, улов муфталари ҳамда тасмали, занжирли, фрикцияли ва очиқ тишли узатмалари металл тўрли тўсиқ ёки узлуксиз тўсиқлар билан жиҳозланган бўлиши керак.


179. Хом ашёни қайта ишловчи ҳар бир асбоб-ускуналар электр энергияси тармоғидан узиб қўйиладиган ажратиш ҳамда уни тўхтатиш учун қулай жойга ўрнатилган тўхтатиш мосламасига эга бўлиши лозим.


180. Ускуналарнинг бошқарув тугмачалари, дастаклари, штурвал ва бошқа қисмлари аниқ, яққол кўринадиган ёзув ёки белгиларга эга бўлиши ва белгиланган ҳолатда мустаҳкам туриши зарур.


181. Ускуналарни ишлатиш жараёнини бошқарувчи бош пульт қуйидагилар билан жиҳозланган бўлиши керак:

қувурсимон печ ва аралаштиргичларда суюқ ҳамда газсимон моддаларнинг ҳолати, босими ва ҳароратини кўрсатувчи мосламалар;

ҳаво ва асосий хом ашёнинг сарфини ўлчовчи асбоблар;

доимий ҳарорат режимини ушлаб турадиган автоматик созлаш тизими.


182. Ходимлар ускунадаги иш режими ўзгарганлиги ҳақида огоҳлантирувчи қурилмага ўрнатиладиган товушли сигнал тизими, асосий узеллар ва бошқарув пультларидан туриб бошқариладиган сирена орқали огоҳлантирилиши лозим.


183. Назорат-ўлчов асбоблари технологик жараённинг давом этишини кузатиш учун уларнинг хизмат кўрсатиладиган қисмлари ёритилишини таъминлаган ҳолда ўрнатилиши керак.

Асептик (ёпиқ) шароитларда қўлланиладиган ускуналарда технологик жараён параметрларини назорат қилиш учун қайд қилувчи асбоблар бўлиши керак.


184. Гўшт-сут маҳсулотларини тайёрлаш ва уларнинг сифатини назорат қилиш учун қўлланиладиган тарози ва ўлчов асбоблари даврий равишда умумий қабул қилинган усулларда калибровка ва текширувдан ўтказилиши зарур.


185. Ускуналарнинг конструкцияси қуйидаги талабларга мувофиқ бўлиши керак:

бошланғич хом ашё, ярим маҳсулот ёки тайёр маҳсулот тегиб турадиган қисмлари дезинфекциялаш воситаларини қўллашга чидамли бўлган силлиқ ва токсик бўлмаган, коррозияга бардошли материалдан тайёрланган бўлиши ҳамда уларни ювиш, дезинфекциялаш ёки стериллашни енгиллаштириш учун қисмларга ажраладиган бўлиши зарур;

фойдаланиш жараёнида қўлланиладиган материаллар (масалан, мойлаш материаллари) тайёр маҳсулотларнинг ифлосланиши ёки уларнинг сифати пасайишига сабаб бўлмаслиги лозим;

барча узатувчи қурилмалар (транспортёрлар, трансмиссия приводлари) ёпиқ ёки тўсилган бўлиши керак;

бункерлар, идишлар ва бошқа турдош ускуналар ёпиқ бўлиши зарур;

барча технологик идишлар ва ускуналарни даврий равишда тозалаш, ювиш ҳамда дезинфекциялаш жадваллари тузилган, ушбу жадвалларда қўлланиладиган барча воситалар кўрсатилган ҳамда ташкилотнинг бош муҳандиси ёки раҳбари томонидан тасдиқланган бўлиши лозим.


186. Барча асбоб-ускуналарни ишга туширишдан олдин дезинфекциялаш ёки стериллаш бўйича тегишли йўриқномалар талаблари бажарилиши керак.


187. Сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришда қўлланиладиган ускуналарнинг ишлашга тайёрлиги СанҚваМ 0281-09 "Сут маҳсулотларини ишлаб чиқаришга гигиеник талаблар"га мувофиқ назорат қилиниши зарур.


188. Гўшт-сут маҳсулотларининг ягона турини ишлаб чиқаришда қўлланиладиган ускуналар маҳсулотнинг турли тоифалари аралашиб кетишига йўл қўймайдиган усулда тозаланиши лозим.



2-§. Совутгич ускуналаридан фойдаланишга

қўйиладиган хавфсизлик талаблари


189. Совутгич ускуналарини ўрнатиш ва фойдаланиш норматив ҳужжатлар ҳамда ишлаб чиқарувчи ташкилот томонидан белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши керак.


190. Совутгич ускуналари билан ишловчи ходим унинг тузилиши, ишлаш усуллари, техника хавфсизлиги талаблари, фойдаланишни ва ушбу жараёнда ҳужжатларни расмийлаштириш тартибини билиши шарт.


191. Совутгич машиналари (агрегатлари) ўрнатилган иш жойлари ҳар томонлама иҳоталанган бўлиши лозим. Совутгич машиналари (агрегатлари)нинг устки қисми ва девор тарафи ўралмаслигига рухсат этилади.


192. Совутгич ускуналарининг электр схемаси ва сувутгич машиналари (агрегатлари)нинг электр двигителлари узоқ муддатли зўриқиш билан ишлашдан, шунингдек электр энергиясининг қисқа узилишларидан, автоматик бошқариладиган ускуналар эса, кўп марта ўчириб ёқилишдан ҳам ҳимояланган бўлиши лозим.


193. Совутгич ускуналари ичидаги электр симлар намлик тушишидан ҳимояланган бўлиши зарур.


194. Ўчириб-ёқиш ва бошқариш тугмалари кўрсатгич белгилари билан таъминланиб, уларни ҳаракатлантириш натижасида юзага келадиган ҳолатлар кўрсатилиши лозим.


195. Совутиш шкафлари ва камераларининг эшиклари контейнер кучланиши билан ташқари ва ичкаридан очилиши лозим. Қулфларнинг конструкцион тузилиши эшиклар ёпилиб қолганда ичкаридан очилишига имкон бериши керак.


196. Контейнерлар ва тараларни итаришда фойдаланиладиган махсус мосламалар талаб этиладиган даражада қаттиқ ва мустаҳкам бўлиши зарур.


197. Совутиш камераларидаги гўшт маҳсулотларини осиш учун мўлжалланган илгичлар 1000 N оғирликдаги кучни тутиб туриши лозим.


198. Совутгич ускуналарининг термокўрсатгичларини уларнинг эшигини очмаган ҳолда кўриш имконияти бўлиши лозим. Бунда симобли термометрлардан фойдаланишга рухсат этилмайди.


199. Мунтазам ёруғлик талаб этадиган ускуналар люминесцент ёриткичлар билан таъминланиши лозим. Муайян муддатга ёруғлик талаб этадиган ускуналарни чўғлама лампалар ёрдамида ёритишга рухсат этилади.


200. Совутиш камераларидан ташқари, муайян муддатга ёритиладиган ускуналарнинг чироқлари эшикларнинг очилиб ёпилишига мувофиқ автоматик тарзда ёниши ва ўчиши лозим. Совутиш камералари ташқаридан ёқиб-ўчириладиган чироқлар билан ёритилиши керак.



3-§. Ишлаб чиқариш ускуналарини жойлаштиришга

қўйиладиган хавфсизлик талаблари


201. Ишлаб чиқариш ускуналари уларга эркин яқинлашиш имконияти таъминланган ҳамда тозалаш учун қийин ва ноқулай жойлар қолдирмаган ҳолда ўрнатилиши лозим.


202. Ишлаб чиқариш ускуналарини ўрнатишда қуйидаги кенгликдаги йўлаклар қолдирилиши назарда тутилиши лозим:

ходимлар доимий турадиган ва бошқариш жойида хизмат кўрсатиш учун мўлжалланган асосий йўлаклар - 2 м;

машиналар, сиғимли аппаратлар, маҳаллий ўлчов воситаларига хизмат кўрсатиш бўйлаб асосий йўлаклар - 1,5 м;

айланасига хизмат кўрсатилиши зарур бўлса, ускуналар орасидаги ҳамда улар билан хона деворлари орасидаги йўлакларнинг кенглиги - 1 м;

ускуналарни кўрикдан ўтказиш, даврий текшириш ҳамда ростлашда фойдаланиладиган йўлакларнинг кенглиги - 0,8 м;

алоҳида турувчи насослар орасидаги йўлакларнинг кенглиги - 0,8 м.


203. Пол сатҳидан 0,6 м ва ундан юқори баландликда жойлашган майдончалар, ўтиш кўприкчалари, зиналар, ўрачалар ва бостирмалардаги тешиклар пол сатҳидан 0,14 м жой қолдирилган ҳолда баландлиги 0,9 м бўлган узлуксиз қопламали панжара билан тўсилган бўлиши лозим.


204. Босим остида ишловчи идишлар, иссиқлик ишлатувчи қурилмалар, компрессорлар, юк кўтарувчи машиналар ва бошқа ускуналар хавфли юкларни қуриш ва улардан фойдаланиш хавфсизлиги талабларига мувофиқ жойлаштирилиши лозим.


205. Пол устидан ўтказиладиган қувурлар ўтиш жойлари билан кесишиш ерларида ариқчага ётқизилган ёки ўтиш кўприкчалари (пандуслар) билан қопланган бўлиши зарур.


206. Ўтиш жойлари тепасидан ўтган агрессив суюқликлар ҳамда иссиқ эритмалар ва буғ ўтадиган қувурларнинг барча гардишли бириктирувчи қисмлари ҳимоя қурилмаларига эга бўлиши лозим.


207. Қувурлар ГОСТ 14202-69 "Саноат корхоналари қувурлари. Таниб олиш бўёқ белгиси, огоҳлантириш белгиси ва тамға босиш мосламаси" талабларига мувофиқ бўлиши керак.


208. Узиб қўйиш қурилмаларида якуний (очиқ-ёпиқ) ҳолатларни кўрсатувчи белгилар бўлиши лозим. Бундай белгилар, қоида тариқасида, автоматик ростловчи қопқоқлар ва клапанлар учун талаб қилинмайди. Агар узиб қўйиш қурилмаларининг ҳолатини якуний ҳолатни кўрсатиш усулида белгилаш имкони бўлмаса, йўналиш стрелкаси ёки ёзувлардан фойдаланиш зарур.


209. Ер устидан ўтказилган қувурлар хавфли эгилиши ва деформацияланишининг олдини олиш мақсадида қувурларнинг илгаклари ва гардишли бириктирувчи қисмларининг ҳолати назорат қилиб турилиши, аниқланган ҳар қандай носозликлар дарҳол бартараф этилиши шарт.


210. Кристалланувчи ва ёпишқоқ суюқликлар учун қувурларни ўтказишда уларни буғ ёрдамида тозалаш, ювиш, зарур ҳолларда, қисмларга ажратиш имконияти назарда тутилиши керак.


211. Капитал таъмирлашдан сўнг, ускуналар ва қувурларнинг механик чидамлилиги ва герметиклиги қисилган ҳаво ёки инерт гази босими ёрдамида синовдан ўтказилиши лозим.


212. Агрессив, зарарли ва портлаш жиҳатидан хавфли моддалар оқиб ўтадиган транзит технологик қувурларни бинолар, иншоотлар ва қурилмалар устидан ёки остидан ўтказиш тақиқланади.


213. Фойдаланилмаётган ускуналар ёки қувурларнинг клапанларини очиқ қолдириш тақиқланади ва улар ишлаётган ускуналар ёки қувурлардан узиб қўйилиши лозим.


214. Музлаб қолган қувурларни очиқ олов ёрдамида эритиш тақиқланади.


215. Қувурларни жойлаштиришда қувурларнинг ўзини, қулфлаш ва ростлаш клапанини, қувурларга уланган ёки бевосита яқин ерда жойлашган ускуналарни монтаж қилиш, таъмирлаш, уларга хизмат кўрсатиш ишларини хавфсиз ва қулай бажариш имконияти таъминланиши лозим.


216. Доимий иш жойлари зарур мебель ва жиҳозлар, хусусан, стол-стуллар, иш ва авария асбоблари учун шкаф, зарур миқдорда якка тартибдаги ҳимоя воситалари, тиббиёт қутичаси, ишлаб чиқариш йўриқномалари тўплами ҳамда ёнғин хавфсизлиги бўйича йўриқнома билан жиҳозланиши керак.


217. Технологик ускуналарни ички кўрикдан ўтказиш ва тозалаш учун мўлжалланган дарчалар тўсилмаган бўлиши зарур.


218. Коррозияга учраши мумкин бўлган металл идишлар ҳар 12 ойда ички кўрикдан ва синовдан ўтказилиши керак.


219. Таъмирлаш, ички кўрик ва синовдан ўтказишдан олдин портлаш жиҳатидан хавфли ва токсик моддали аппаратларни ювиш, ҳаво ёрдамида тозалаш учун сув, буғ ёки инерт газ тармоқларини улашга мўлжалланган штуцерлар назарда тутилган бўлиши керак.


220. Идиш билан сақлагич клапани ўртасида қулфлаш қурилмаси бўлмаслиги лозим.


221. Сақлагич қурилмалари ва заҳарли, ёнувчан ёки портлаш жиҳатидан хавфли бўлган газлар босими остида ишлайдиган стационар идишлар ўртасида очиб-ёпиш кранини ўрнатиш мумкин. Бунда очиб-ёпиш крани идишни иккита сақлагич қурилмалари билан бирлаштирадиган штуцерда монтаж қилиниши ва кран пробкасининг исталган ҳолатида сақлагич қурилмаларидан бири ёки ҳар иккиси стационар идиш билан уланган бўлиши шарт.


222. Заҳарли, ёнувчан ёки портлаш жиҳатидан хавфли моддалар бўлган ускуналарга ўрнатилган сақлагич клапанларини имкон қадар кам ҳолатда ишга тушишини таъминловчи чоралар кўрилиши лозим.


223. Заҳарли газлар бўлган ускуналарга ўрнатилган клапанлардан чиқадиган ҳаводан оғир чиқиндилар уларни ишлаб чиқаришга қайтариш имконини берувчи махсус ёпиқ тизимга юборилиши лозим.


224. Сақлагич пластинаси (мембранаси) сақлагич клапанидан олдин, улар ўртасида пластина созлигини назорат қилиш имконини берувчи қурилма бўлгандагина ўрнатилиши мумкин.


225. Барча сақлагич пластиналарида (мембраналарида) ишлаб чиқарувчи ташкилот тамғаси бўлиши ва унда пластинани очувчи босим кўрсатилган бўлиши шарт.


226. Коррозия белгилари, эгилган, қирилган жойлари ва бошқа механик шикастланишлари бўлган сақлагич пластиналарини (мембраналарини) ўрнатиш тақиқланади.


227. Портловчи пластиналар (мембраналар)ни ўрнатишда зарарли ва портлаш жиҳатидан хавфли газларнинг ажралиши, портловчи пластиналар (мембраналар) ишлаб кетган тақдирда, учқун чиқиши ҳамда унинг парчалари ва қисмларидан жароҳатланиш эҳтимолини истисно этиш чоралари кўрилиши зарур.


228. Ёрилиб кетадиган пластиналар (мембраналар) ўрнатилганлиги махсус дафтарда қайд қилиниши ва масъул шахс имзоси билан тасдиқланиши лозим.


229. Босимли идишларда сатҳ кўрсатгичлар ва новлар тўлиб кетишига йўл қўймайдиган сақлагич қувурлари бўлиши шарт.


230. Идишларни тез алангаланувчи суюқликлар билан эркин оқим усулида тўлдириш тақиқланади.


231. Газларни сиқиш махсус компрессорлар ёрдамида амалга оширилиши лозим.


232. Автоклавлар ўрнатилаётган махсус хонани (автоклав хонасини) лойиҳалаштириш ҳамда автоклавларни ўрнатиш ва улардан фойдаланиш Автоклавларда ишлашда меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига (рўйхат рақами 1913, 2009 йил 28 февраль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 йил, 10-11-сон, 116-модда) мувофиқ амалга оширилиши зарур.


233. Ускуналарнинг ҳаракатланувчи ва айланувчи қисмлари, тасмали ва тишли узатмалари, электр ускуналари контакти ва валларнинг чиқиб турувчи учларида олиб қўйилиши мумкин бўлган ғилофлар бўлиши лозим.


234. Ускуналарни таъмирлаш учун тўсиқларни ечиш ускуна ўчирилганидан ва механизмлар тўлиқ тўхтаганидан сўнг амалга оширилиши керак.


235. Таъмирлаш, кўрикдан ўтказиш ва тозалаш ишлари якунланган ускуналар ҳимоя тўсиқлари жойига ўрнатилганидан ва унинг барча қисмлари мустаҳкамланганидан сўнг ишга туширилиши керак.


236. Бостирмалардаги барча ўтиш жойларида ва монтаж ўринларида баландлиги камида 0,9 м ни ҳамда пастидан борт баландлиги 0,14 м ни ташкил этадиган тўсиқлар ўрнатилган бўлиши лозим.


237. Таркибида олтингугурт, хлор, цианли ва фосфорли бирикмаларнинг буғлари ва газлари ажралиши мумкин бўлган хоналарда рухсат этиладиган энг юқори газ концентрациясини аниқловчи ускуна ўрнатилиши зарур.


238. Портлаш жиҳатидан хавфли миқдор мавжудлиги ҳақида дарак берувчи сигнализаторларнинг датчиклари:

компрессор хоналарида - ҳар бир компрессорга биттадан;

насос хоналарида - насослар сонига мувофиқ, ҳар бир насослар гуруҳига биттадан ўрнатилиши лозим.


239. Ёнғин ва портлаш жиҳатидан хавфли бўлган барча иш жойлари телефон алоқаси билан, зарур ҳолларда, ўзаро боғлиқ иш жойлари ўзаро боғлиқ агрегатларнинг ишлаши ҳақида дарак берувчи сигнализация билан таъминланган бўлиши керак.


240. Барча ускуналар уларни иш жойидан бевосита ускуна олдида турган ҳолда ишга тушириш ва тўхтатиш имконияти билан таъминланган бўлиши зарур.


241. Транспортёрлар ва конвейерларда уларнинг бутун узунлиги бўйича исталган жойдан туриб тўхтатиш қурилмалари назарда тутилган бўлиши лозим.



V БОБ. ТАЪМИРЛАШ ИШЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИШГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ХАВФСИЗЛИК ТАЛАБЛАРИ


242. Ускуналар уларнинг техник ҳужжатлари талабларига мувофиқ ҳолда сақланиши лозим.


243. Ускуналарни зарур техник ҳолатда сақлаб туриш учун унга хизмат кўрсатишни яхшилаш, режавий-профилактик таъмирлашнинг бажарилиши ва таъмирлаш ишларининг сифатини яхшилаш бўйича чоралар кўрилиши зарур.


244. Технологик жараёнда қўлланиладиган асосий асбоб-ускуналарни капитал ва жорий таъмирлаш ташкилот томонидан ишлаб чиқиладиган ва тасдиқланадиган дастурга мувофиқ амалга оширилиши керак.


245. Капитал ва жорий таъмирлаш дастурларида таъмирлашни ўтказиш учун масъул шахслар, шунингдек таъмирлаш ишларини бажариш тартиби ва ходимларнинг хавфсизлигини таъминлаш чоралари белгиланиши лозим.


246. Таъмирлаш ишларини ўтказишда бажариладиган ишларнинг технологик кетма-кетлиги акс эттирилган таъмирлаш ҳужжатлари расмийлаштирилган бўлиши ва уларда қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши керак:

ишларни бажариш усуллари ва услублари;

амалга оширилиши лозим бўлган хавфсизлик чоралари ва махсус технологик жараёнлар;

таъмирлаш учун зарур бўлган асбоб-ускуна ва анжомларнинг турлари;

таъмирланган ускуналар ва уларнинг қисмлари техник талабларга жавоб бериши ҳақидаги ҳужжатлар.


247. Аралаштирувчи ҳовуз ва гидроаралаштиргичларнинг ичига ходимларнинг тушиши билан боғлиқ ички кўриклар ўтказиш ва таъмирлаш фақатгина наряд-рухсатнома асосида амалга оширилиши зарур.


248. Пудратчи ташкилотлар томонидан бажариладиган таъмирлаш, қурилиш ва монтаж ишлари наряд-рухсатнома билан расмийлаштирилиши лозим.


249. Барча ҳолларда таъмирлаш ишларини бажариш тартиби ва усуллари бош муҳандис ёки унинг ўринбосари билан келишилиши керак.


250. Таъмирлаш ишлари ташкилот раҳбари томонидан тайинланган масъул ходим раҳбарлиги ва назорати остида бажарилиши лозим.


251. Таъмирлаш ишлари бажариладиган ҳудуд тўсилган ва у ерда хавфсизлик белгилари ўрнатилган бўлиши лозим.


252. Таъмирлаш ишларини бошлашдан олдин унда иштирок этадиган барча ходимлар таъмирлаш ишларини ташкил этиш лойиҳаси билан таништирилиши ва уларга таъмирлаш ишларини бажариш пайтида хавфсизлик чораларига риоя қилиш бўйича йўл-йўриқ берилиши зарур.


253. Таъмирлаш жараёнида ечиб олинган агрегатлар, деталлар ва металл конструкциялар йиғиштириб қўйилиши лозим.


254. Таъмирлаш пайтида иш жойлари, йўллар ва зинапояларни турли буюмлар билан тўсиб қўйиш тақиқланади.


255. Суюқ ёнилғи сақланадиган сиғимлар, битум сақлагичлар, конвейерлар, шимдириш ванналари ва нефть маҳсулотлари мавжуд бошқа сиғимларни таъмирлашда ушбу сиғимлар ундаги маҳсулотлардан бўшатилиши зарур.


256. Қисмларга ажратиш билан боғлиқ таъмирлаш ишлари амалга ошириладиган компрессорлар бошқа барча технологик қувурлар ва ўтказгичлардан узиб қўйилиши лозим.


257. Сиғимлар, бункерлар ва бошқа чуқур жойларда ишлаётган ходим маҳкамланган қутқарув арқонига эга бўлиши, арқоннинг иккинчи учи ташқарига чиқарилган ва кузатувчи назорати остида бўлиши керак.


258. Баландликда таъмирлаш ишларини бажаришда ҳавоза ва тахта тўшамалардан фойдаланиш зарур.


259. Ҳавоза ва тахта тўшама ўрнатишнинг имкони бўлмаса, ходимлар баландликда ишлаш учун эҳтиёт камарлари ва арқонлардан фойдаланишлари шарт. Эҳтиёт камарлари ва арқонлар маҳкамланадиган жойлар конструкцияларда олдиндан белгилаб қўйилган бўлиши лозим.


260. Баландликда таъмирлаш ишларини бажарганда, асбоб-ускуна ва материалларни майдонча қирғоғига қўйиш ёки ерга ташлаш тақиқланади. Асбоб-ускуналарни сақлаш ва ташишда махсус сумка ёки қутилардан фойдаланиш зарур.


261. Қизиган ускунанинг ичига кирган ҳолда таъмирлаш ишларини олиб боришга ускуна шамоллатилиб, ичидаги газлар бутунлай чиқариб юборилгандан ва ундаги ҳарорат камида 40° С гача пасайтирилгандан сўнг рухсат этилади.


262. Материалларни ускунанинг иш майдончасига узатиш механизациялашган бўлиши ва тушиб кетмайдиган усулда бажарилиши керак.


263. Ёритиш чироқларини таъмирлаш ишларида фақат 12 V кучланишдаги кўчма лампалар, портлашдан ҳимояланган аккумуляторли чироқлардан фойдаланиш керак.


264. Ёритиш мақсадида машъала, гугурт, керосинли фонарлар, шамчироқлардан фойдаланиш тақиқланади.


265. Асбоб-ускуналарни таъмирлаш ва созлаш ишлари махсус ўқитилган ва йўл-йўриқ берилган, тегишли билим ва малакага эга ходим томонидан амалга оширилиши керак.


266. Капитал таъмирлашдан сўнг асбоб-ускунани ишга туширишга ташкилот бош механиги (бош энергетик), меҳнат муҳофазаси хизмати ходими, ишлаб чиқариш мажмуаси бошлиғи ва касаба уюшмаси вакилларидан иборат таркибдаги комиссия томонидан ташкилот раҳбари ёки бош муҳандис тасдиқлайдиган тегишли далолатнома тузилиб, қабул қилингандан сўнг рухсат берилади.


267. "Ёқилмасин, одамлар ишлаяпти!" деб ёзилган ёзувни олиб ташлаш, хавфсизлик техникаси бўйича талаблар қўйиладиган ишлар бажарилгандан сўнг ускунани ишга тушириш, фақат масъул ходим рухсати билан амалга оширилиши лозим.


268. Таъмирлаш ишлари тугагач, барча кераксиз конструкциялар, асбоб-ускуналар, материаллар ва чиқиндилар иш жойидан олиб кетилиши, тўсиқлар, сақловчи мосламалар ўз жойига ўрнатилиши керак.



VI БОБ. МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ҚОИДАЛАРИНИ

БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


269. Мазкур Қоидаларга амал қилиш учун жавобгарлик тегишли ишларни бажарувчи ташкилотлар зиммасига юклатилади.


270. Мансабдор шахслар ва ходимлар меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя қилмаганликлари учун қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.



VII БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


271. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси, Ички ишлар вазирлиги, "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси, Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги, Ўзбекистон Фермерлари кенгаши ва Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмаси билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2014 йил 27 январь, 4-сон, 56-модда