язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Меҳнат ва аҳолининг бандлиги/ Меҳнат муҳофазаси/ Турли соҳаларда меҳнат муҳофазаси ва ишлар хавфсизлиги қоидалари/ Маиший хизмат кўрсатиш ходимлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш Қоидалари (АВ томонидан 24.05.2013 й. 2458-сон билан рўйхатга олинган меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг 14.05.2013 й. 32-Б-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2013 йил 24 майда 2458-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

меҳнат ва аҳолини ижтимоий

муҳофаза қилиш вазирининг

2013 йил 14 майдаги

32-Б-сон буйруғига

ИЛОВА



Маиший хизмат кўрсатиш ходимлари

учун меҳнатни муҳофаза қилиш

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 5-сон, 223-модда) ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 12 июлдаги 267-сон "Меҳнатни муҳофаза қилишга доир меъёрий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш ва ишлаб чиқиш тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларининг тўплами, 2000 й., 7-сон, 39-модда) ҳамда 2010 йил 20 июлдаги 153-сон "Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 28-29-сон, 234-модда) қарорларига мувофиқ маиший хизмат кўрсатиш ходимлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш тартибини белгилайди.



I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидалар маиший хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи барча ташкилотларга (бундан буён матнда ташкилот деб юритилади) тааллуқлидир.


2. Мазкур Қоидалар биноларни ва иншоотларни лойиҳалаш, қуриш ва қайта қуришда, цехларни техник жиҳозлаш ва қайта жиҳозлашда, технологик жараёнлар ҳамда ускуналардан фойдаланиш ва таъмирлашда ҳисобга олиниши лозим.


3. Мазкур Қоидалар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талаблари бажарилиши шартлигини истисно этмайди.


4. Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича хавфсизликка оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилиши устидан давлат назорати бунга махсус ваколат берилган давлат органлари томонидан, жамоатчилик назорати эса - меҳнат жамоалари ва касаба уюшмаси ташкилотлари томонидан меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллар томонидан амалга оширилади.



II БОБ. ХАВФСИЗЛИККА ҚЎЙИЛАДИГАН

УМУМИЙ ТАЛАБЛАР


1-§. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ташкил этиш


5. Меҳнатни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни ташкил қилиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил этиш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 273, 1996 йил 14 август) мувофиқ ташкил этилади.


6. Ташкилотларда қуйидаги асосий ҳужжатлар ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши лозим:

меҳнат шароитлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини яхшилаш, санитария-соғломлаштириш чора-тадбирлари бўйича бўлимни ўз ичига олган жамоавий шартнома;

тасдиқланган меҳнат шароитларини баҳолаш ва иш ўринларини аттестация қилиш услубига мувофиқ иш ўринларини аттестация қилиш карталари;

меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг чораклик иш режалари;

ходимлар ва муҳандис-техник ходимларни ўқитиш, йўл-йўриқ бериш ва билимларини синовдан ўтказиш дастурлари;

меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича маъмурий-жамоатчилик назоратини юритиш журнали (уч босқичли назорат);

ходимларга ёнғинга қарши йўл-йўриқ бериш ва ёнғин-техникавий минимум машғулотларини ўтказиш дастури;

ҳар бир касб ва иш турлари бўйича меҳнатни муҳофаза қилиш йўриқномалари.


7. "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 5-сон, 223-модда) 14-моддасига мувофиқ, ходимлар сони 50 нафар ва ундан ошадиган ташкилотларда махсус тайёргарликка эга шахслар орасидан меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари тузилади (лавозимлар жорий этилади), 50 ва ундан зиёд транспорт воситаларига эга бўлган ташкилотларда эса, бундан ташқари, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматлари тузилади (лавозимлар жорий этилади). Ходимлар сони ва транспорт воситалари миқдори камроқ ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг вазифаларини бажариш раҳбарлардан бирининг зиммасига юклатилади.


8. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ўз мақомига кўра ташкилотнинг асосий хизматларига тенглаштирилади ва унинг раҳбарига бўйсунади ҳамда ташкилотнинг фаолияти тугатилган тақдирда, бекор қилинади.


9. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг мутахассислари лавозим йўриқномасига биноан уларнинг мажбуриятлари жумласига киритилмаган бошқа ишларни бажаришга жалб қилиниши мумкин эмас.


10. Ташкилотларда меҳнат фаолияти билан боғлиқ равишда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва бошқа жароҳатланишларни текшириш ва ҳисобини юритиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларининг тўплами, 1997 й., 6-сон, 21-модда) билан тасдиқланган Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилиши лозим.



2-§. Ходимларни ўқитиш, уларнинг билимларини синовдан

ўтказиш ва уларга йўл-йўриқ беришни ташкил этиш


11. Ташкилот ходимлари ўз касблари ва иш турлари бўйича белгиланган тартибда ўқишлари, уларнинг билимлари синовдан ўтказилиши ва уларга йўл-йўриқлар берилиши керак.


12. Ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича билимларини синовдан ўтказиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ўқишларни ташкил қилиш ва билимларни синаш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 272, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилади.


13. Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномалар Меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқиш тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 870, 2000 йил 7 январь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси, 2000 й., 1-сон) мувофиқ ишлаб чиқилади ҳамда ташкилот ходимларини ва иш жойларини ушбу йўриқномалар билан таъминлаш ташкилот раҳбарияти зиммасига юклатилади.



3-§. Хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари


14. Ташкилотлар ГОСТ 17.2.3.02-78 "Табиатни муҳофаза қилиш. Атмосфера. Саноат корхоналари зарарли моддаларининг йўл қўйиладиган чиқаришларини ўрнатиш қоидалари" бўйича хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари, уларнинг тавсифи, юзага келиш манбалари, ходимларга таъсир қилиш хусусиятлари ва саломатлик учун хавфлилик даражаси ва келгусидаги оқибатлари тўғрисида тўлиқ ва холисона маълумотга эга бўлиши лозим.


15. Иш жойларидаги ишлаб чиқариш муҳити ҳамда хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари тўғрисидаги маълумотлар ишлаб чиқариш муҳитининг физик, кимёвий, радиологик, микробиологик ва микроиқлим ўлчови натижалари, шунингдек меҳнат шароитларини аттестация қилиш орқали белгиланиши лозим.


16. Янги зарарли моддалар пайдо бўлишига ёки хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари йўқолишига олиб келадиган технологик жараёнлар ўзгарганда хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари тўғрисидаги маълумотларга ташкилот раҳбари томонидан тегишли ўзгартиришлар киритилиши лозим.



4-§. Ўта хавфли касблар ва ишлар рўйхати


17. Ташкилотлар ўта хавфли шароитда бажариладиган ишлар рўйхатига эга бўлишлари лозим. Рўйхатга хавфли моддалар билан бажариладиган ишлар, баландликда, ифлосланган ҳаво ва сув муҳитида, юқори ҳарорат ва намлик шароитида бажариладиган ишлар, буғ ва сув иситиш қозонлари, юк кўтариш механизмлари, босим остида ишлайдиган сиғимлар, электр қурилмаларга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ ишлар ҳамда амалдаги тармоқ рўйхатларига мувофиқ бошқа ишлар киритилиши шарт.


18. Барча ходимлар ўта хавфли ишларни бажариш топшириғини олишдан олдин, меҳнат муҳофазаси бўйича йўл-йўриқ олишлари ва ишларни хавфсиз бажариш усулларини ўзлаштиришлари шарт.


19. Ўта хавфли ишларни бажариш, фақат белгиланган тартибда расмийлаштирилган ҳужжат (наряд-рухсатнома)га мувофиқ амалга оширилиши лозим.


20. Ташкилот раҳбарияти ўта хавфли ишларни режалаштириш, ташкиллаштириш ва хавфсиз бажариш белгиланган талабларга мувофиқ амалга оширилишига жавобгардир.



5-§. Жамоавий ва якка тартибдаги ҳимоя воситаларини қўллаш


21. Ходимларни ишлаб чиқариш муҳитининг хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларидан ҳимоя қилиш жамоавий ва якка тартибдаги ҳимоя воситаларидан фойдаланиш орқали таъминланиши лозим.


22. Жамоавий ҳимоя воситалари хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари хонадаги барча ходимларга таъсир қилган тақдирда қўлланилиши шарт ва ташкилотни қуриш ёки реконструкция қилиш лойиҳаларига киритилиши лозим.


23. Жамоавий ҳимоя воситаларига қуйидагилар киради:

ишлаб чиқариш хоналари ва иш жойларининг ҳаво муҳитини нормаллаштириш воситалари (шамоллатиш ва ҳаво тозалаш, иситиш, ҳаво ҳароратини, намлигини бир хил меъёрда сақлаш ва бошқалар);

ишлаб чиқариш хоналари ва иш жойларининг ёруғлигини нормаллаштириш воситалари (ёритиш асбоблари, ёруғликдан ҳимоя қилиш мосламалари ва бошқалар);

шовқиндан, тебранишдан, электр ва статик токлар уришидан ҳамда қурилмалар юзасини юқори даражадаги ҳароратдан ҳимоя қилиш воситалари;

механик ва кимёвий омилларнинг таъсиридан ҳимоя қилиш воситалари.


24. Жамоавий ҳимоя воситалари хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари барча ходимларга таъсир қилганда қўлланиши шарт ва ташкилотларни қуриш ёки реконструкция қилиш лойиҳаларига киритилиши лозим.


25. Жамоавий ҳимоя воситалари хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларини рухсат этилган миқдоргача камайтириш имконини бермаган ҳолларда якка тартибдаги ҳимоя воситалари қўлланилиши лозим. Бундай ҳолларда якка тартибдаги ҳимоя воситаларисиз ходимларнинг ишга жалб қилиниши тақиқланади.


26. Якка тартибдаги ҳимоя воситаларидан фойдаланадиган ходимлар уларнинг қўлланилиши, ҳимоя хусусиятлари ва амал қилиш муддати тўғрисидаги маълумотларга эга бўлиши лозим.


27. Ташкилотда қуйидагилар таъминланиши шарт:

якка тартибдаги ҳимоя воситаларининг зарур миқдори ва номенклатураси;

якка тартибдаги ҳимоя воситаларини қўллаш ва улардан тўғри фойдаланиш устидан доимий назорат амалга оширилиши;

якка тартибдаги ҳимоя воситаларининг самарадорлиги ва созлиги текширилиши;

хавфли ва заҳарли моддалар билан ишлашда фойдаланилган якка тартибдаги ҳимоя воситаларининг дезинфекция қилиниши (бир марта қўлланиладиган ҳимоя воситалари бундан мустасно).


28. Турли агрессив моддалар билан ишлаётганда тери касалликларининг олдини олиш учун профилактик паста ва мазлардан фойдаланиш лозим.


29. Маиший хизмат кўрсатиш ходимлари учун махсус кийим, махсус пойабзал ва якка тартибда ҳимояланишнинг бошқа воситаларини бепул беришнинг намунавий нормаларига (рўйхат рақами 2226, 2011 йил 10 май) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 й., 19-сон, 195-модда) мувофиқ, ходимлар якка тартибдаги ҳимояланиш воситалари билан таъминланиши лозим.



6-§. Касбий танлов


30. Ташкилотларда танлов ўтказилиши лозим бўлган касблар ва мутахассисликлар рўйхати бўлиши лозим.


31. Ходимлар ва ишлаб чиқариш участкаларининг раҳбарлари тегишли маълумотга эга бўлишлари лозим.


32. Босим остида ишловчи асбоб-ускуналарда, шунингдек хавфи юқори бўлган ишларда банд бўлган ходимлар махсус курсларда тайёргарликдан ўтган ва тегишли гувоҳномага эга бўлиши шарт.


33. Ўн саккиз ёшдан кичик шахсларнинг меҳнати қўлланиши тақиқланадиган ноқулай меҳнат шароитли ишлар рўйхатига (рўйхат рақами 1990, 2009 йил 29 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 30-31-сон, 355-модда) мувофиқ, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар зарарли ва ноқулай меҳнат шароити мавжуд ишларга қабул қилинмаслиги лозим.


34. Аёллар меҳнатидан фойдаланиш тўлиқ ёки қисман тақиқланадиган меҳнат шароити ноқулай бўлган ишлар рўйхатига (рўйхат рақами 865, 2000 йил 5 январь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси, 2000 й., 1-сон) мувофиқ, аёллар зарарли ва ноқулай меҳнат шароитига эга бўлган ишларга қабул қилинмайди.



7-§. Ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш


35. Ташкилотларда ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 2387, 2012 йил 29 август) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 35-сон, 407-модда) асосида амалга оширилиши лозим.


36. Ташкилот раҳбарияти касаба уюшмаси қўмитаси ва соғлиқни сақлаш органлари билан биргаликда ҳар йили тиббий кўрикдан ўтиши лозим бўлган ходимларнинг рўйхатини тузиши ҳамда ходимларнинг тиббий кўрикдан ўтишини таъминлаши лозим.


37. Тиббий кўриклар ташкилотларнинг тиббий муассасаларида, улар мавжуд бўлмаган ҳолларда, даволаш-профилактика муассасаларида ўтказилиши лозим.


38. Ходим тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлаган ёки тиббий кўрик натижаларига кўра берилган тавсияларни бажармаган тақдирда, ушбу ходим ишга қўйилиши мумкин эмас.


39. Даврий тиббий кўриклар ўз вақтида, сифатли ўтказилиши ва уларнинг натижаларига кўра тавсиялар бажарилиши учун жавобгарлик ташкилот раҳбарияти зиммасига юкланади.


40. Ходимларни соғлиғининг ҳолати туфайли уларга рухсат этилмаган ишларда ишлатиш тақиқланади.



8-§. Санитария ва гигиенага қўйиладиган талаблар


41. Ташкилот хоналари ва иш ҳудудидаги ҳарорати, нисбий намлик, ҳавонинг ҳаракатланиш тезлиги ва бошқалар ГОСТ 12.1.005-88 "Иш ҳудудининг ҳавоси. Умумий санитария-гигиеник талаблар"га мувофиқ бўлиши керак.


42. Ташкилотнинг ишлаб чиқариш хоналари қуйидаги санитария қоидаларига мувофиқ сақланиши лозим:

хоналарнинг ҳарорати, нисбий намлик ва ҳавонинг ҳаракатланиш тезлиги, иш жойларидаги ортиқча иссиқлик, бажарилаётган ишнинг оғирлик даражасига кўра тоифаси, йил мавсуми ҳисобга олинган ҳолда белгиланиши;

ишлаб чиқариш, санитария-маиший, хом ашё ва тайёр маҳсулотни сақлаш хоналарининг ёруғлиги ҚМҚ 3.01.05-98 "Табиий ва сунъий ёритиш. Лойиҳалаштириш меъёрлари"га мувофиқ бўлиши ҳамда меҳнат шароитларини яратиш учун етарли ёруғлик кучини таъминлаши;

хоналарда ёритиш асбоблари чанг тўпланишига имконият бермайдиган конструкцияга эга бўлиши, шунингдек синган тақдирда унинг парчалари сочилиб кетмаслиги учун ёпиқ бўлиши.


43. Ноқулай омиллар таъсирига қарши ҳимоя тадбирларини тузишда самарали ҳаво алмашинуви тизимини ҚМҚ 2.04.05-97 "Иситиш, вентиляция ва кондиционерлаш" талабларига мувофиқ ташкил қилиш лозим.


44. Ишлаб чиқариш, санитария-маиший, хом ашё ва тайёр маҳсулотни сақлаш хоналарини гигиеник жиҳатдан тоза сақлаш ва ходимларнинг шахсий гигиенасига қўйиладиган талаблар қонун ҳужжатларида белгиланган қоидаларга мувофиқ бўлиши лозим.



9-§. Ташкилот майдонларига қўйиладиган хавфсизлик талаблари


45. Ташкилот майдонлари ва биноларининг жойлашуви ҚМҚ II-89-80 "Саноат ташкилотларининг бош плани" талабларига мос бўлиши керак.


46. Ташкилотларда транспорт воситаларининг ва пиёдаларнинг ташкилот ҳудудида ҳаракатланиш чизмаси ишлаб чиқилган ва тасдиқланган бўлиши керак.


47. Транспорт воситалари ва пиёдаларнинг ҳаракатланиш чизмаси ташкилотларнинг кириш, чиқиш, иш участкалари ва цехларининг кўринарли жойларига осиб қўйилиши керак.


48. Ташкилотнинг ҳудуди кўкаламзорлаштирилган ва сув қуйиш қувурлари тармоғи билан таъминланган бўлиши керак.


49. Ёзги мавсумда йўлаклар ва ўтиш жойларига сув сепилган бўлиши керак.


50. Қишки мавсумда йўлаклар ва ўтиш жойлари қордан тозаланиб, қум сепилган ҳамда биноларнинг томлари қордан ва карнизлари эса музлардан тозаланиб туриши зарур.


51. Йўловчилар учун йўлак ва ташкилотга кириш жойи текис, кенглиги камида 1,5 м бўлиб, ён томонлари деворча ва тўсиқларга эга бўлиши керак.


52. Ташкилотларнинг ҳудуди ГОСТ 12.4.009-83 "Объектларни ҳимоялаш учун ёнғин техникаси. Асосий турлари. Жойлашиши ва хизмат кўрсатилиши" талабларига мос келувчи ёнғин ўчириш воситалари билан жиҳозланган бўлиши керак.


53. Ташкилот ҳудуди ҳар куни тозаланадиган, шунингдек дезинсекция, дезинфекция ва дератизация қилиб туриладиган ахлат ташланадиган идишлар бўлиши лозим.


54. Ҳовлидаги ҳожатхоналар озода сақланиши, мунтазам дезинфекция қилиниши ва сутканинг қоронғу пайтида ёритилган бўлиши керак.


55. Ташкилотнинг ҳудуди чегара бўйлаб тўсилган бўлиши ва унинг ҳудудига бегоналарнинг кириши чекланган ва назорат остига олинган бўлиши лозим.


56. Ходимлар учун алоҳида чекиш жойлари белгиланиб, махсус идишлар қўйилиши ва "Чекиш жойи" деган ёзув билан жиҳозланиши керак.



10-§. Бино ва иншоотларга қўйиладиган хавфсизлик талаблари


57. Ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари ҚМҚ 2.09.02-85 "Ишлаб чиқариш бинолари" талабларига, ёрдамчи бинолар ва хоналар ҚМҚ 2.09.04-98 "Ташкилотларнинг маъмурий ва маиший бинолари" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


58. Ишлаб чиқариш биноларининг ҳавосидаги зарарли моддалар миқдори СанҚваМ 0294-11 "Иш жойидаги ҳаводаги зарарли моддаларнинг рухсат этилган миқдорининг гигиеник меъёрлари" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


59. Мунтазам ишлашга мўлжалланган иш жойларининг нам хоналарида ҳамда иссиқ ўтказувчи полларида (бетонли, ғиштли, плитали ва бошқалар) ёғоч тўшамалар ва панжаралар ётқизилган бўлиши керак.


60. Бинога транспорт воситаларининг кириш жойлари дарвозалар ва сигнал берувчи асбоб-ускуналар билан жиҳозланган бўлиши лозим.


61. Дарвоза тавақалари дарвозанинг ёпиқ ва очиқ ҳолатида махсус мосламалар билан мустаҳкам тутиб турилган бўлиши керак.


62. Дарвозалар баландлиги фойдаланилаётган транспорт воситасининг баландлигидан камида 0,2 м дан баланд бўлиши керак.


63. Барча ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари бир йилда камида икки мартадан (баҳор ва кузда) ташкилот раҳбари тайинлаган комиссия томонидан техник кўрикдан ўтказилиши лозим. Техник кўрик хулосалари топилган нуқсонларни бартараф этиш бўйича тадбирлар ва муддати кўрсатилган далолатномалар билан расмийлаштирилиши керак.


64. Ходимлар учун хавф туғдирувчи ҳалокат тусидаги бузилишлар тезда бартараф этилиши керак. Хавфли ҳудудларда ишлаш жараёнлари вақтида ҳалокат бартараф этилгунга қадар тўхтатиб турилиши, шунингдек хизмат кўрсатувчи ходимлар хавфсиз жойга кўчирилиши керак.


65. Ташкилотнинг ишлаб чиқариш хоналари ва омборхоналари ёнғиндан хабар берувчи ва ёнғинни бартараф этувчи автоматик қурилмалар билан жиҳозланган бўлиши лозим.


66. Кириш ва чиқиш йўллари турли жисмлар ва асбоб-ускуналар билан тўсиб қўйилмаслиги керак. Эвакуация чиқиш йўлларининг барча эшиклари бинодан чиқиш йўналиши бўйича очилиши лозим.



11-§. Шамоллатиш ва иситиш тизимига қўйиладиган талаблар


67. Шамоллатиш ва иситиш тизими ҚМҚ 2.04.05-97 "Иситиш, шамоллатиш ва кондиционерлаш" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


68. Оқимли шамоллатишларни ташқи ҳаво тизимидан олиш ердан камида 2 м баландликда бажарилиши лозим.


69. Ўтиш жойларида жойлашган иситиш жиҳозлари рухсат этилган ўтиш йўлакларининг энини камайтирмаслиги лозим.


70. Иш жойларида ҳаво ҳарорати енгил жисмоний ишда 21° С, ўртача оғир ишда 17° С ва оғир ишда 16° С дан паст бўлмаслиги керак.


71. Ходимларнинг исиниши учун хоналардаги ҳарорат 22° С дан кам бўлмаслиги керак.


72. Исиниш хоналаригача бўлган масофа биноларда жойлашган иш жойларидан 75 м дан ва бино ташқарисидаги иш жойларидан эса - 150 м дан кўп бўлмаслиги керак.



12-§. Шовқин ва тебранишга қўйиладиган талаблар


73. Иш жойларида, хоналарда ва ташкилот ҳудудида шовқин ва тебранишнинг даражаси СанҚваМ 0120-01 "Иш жойларида шовқиннинг йўл қўйилган даражасининг санитария меъёрлари", СанҚваМ 0122-01 "Иш жойларида умумий ва локал тебранишнинг санитария меъёрлари", ГОСТ 12.1.003-89 "Шовқин. Умумий хавфсизлик талаблари" ва ГОСТ 12.1.012-90 "Тебранма. Умумий хавфсизлик талаблари"га мувофиқ бўлиши керак.


74. Иш жойларида шовқин ва тебраниш даражаси мунтазам назорат қилиб турилиши керак. Агарда у белгиланган меъёрлардан юқори бўлса, уни пасайтириш учун қуйидаги тадбирлар қўлланиши лозим:

деталларнинг зарбали ҳаракатларини зарбасиз ҳаракатларга, илгарилама-қайтма ҳаракатларни айланма ҳаракатларга ўзгартириш;

шовқин чиқарувчи агрегат ёки унинг айрим қисмларига шовқинни тўсувчи қобиқлар ўрнатиш;

агрегатдан чиқаётган аэродинамик шовқинларга қарши самарали товуш сўндиргичлар қўллаш;

шовқинли ускуналарни (парраклар, компрессор) тўсилган хоналарда ёки ишлаб чиқариш хоналаридан ташқарида жойлаштириш;

тебранишни камайтириш учун, унинг манбалари (электр двигателлар, парраклар ва бошқалар) полдан ва бинонинг бошқа конструкцияларидан изоляцияланган мустақил пойдеворларда ёки махсус ҳисоблаб чиқилган амортизаторларга ўрнатилиши керак.


75. Хоналарда шовқинни техник воситалар билан бартараф этишнинг иложи бўлмаса, эшитиш аъзоларини якка тартибда ҳимоя қилувчи воситалардан ва шовқинга қарши каскалардан фойдаланиш керак.



13-§. Сув таъминоти ва канализация тизимига

қўйиладиган талаблар


76. Сув билан таъминлаш ва канализация тизими ҚМҚ 2.04.01-98 "Биноларнинг ички сув қувури ва канализацияси" талабларига мос бўлиши керак.


77. Ташкилотларнинг ишлаб чиқариш оқова сувлари ташқи канализацияга етиб келгунга қадар зарарли моддалардан тозаланиши керак.


78. Ичимлик сувидан фойдаланиш учун сув қувурига уланган фавворачалар ўрнатилиши ва сув қувурлари бўлмаганда, махсус идишларда қайнатилган сув бўлиши лозим.


79. Ичимлик суви О`zDSt 950-2011 "Ичимлик суви. Гигиеник талаблар ва сифатини назорат қилиш" талабларига жавоб бериши керак.


80. Ичимлик сувининг ҳарорати 8° С дан 20° С гача бўлиши керак.


81. Ташкилот ҳудудидаги ҳожатхоналар иссиқ сув ва канализация тизимига уланган бўлиши лозим.


82. Ташкилотда канализация тизими бўлмаганда, давлат санитария назорати органлари билан келишилган ҳолда, ташкилотда ер қатламини ифлослантирмаган ҳолда душхоналардан ва юз-қўл ювгичлардан сув оқмайдиган қурилмали ахлат ўраларининг бўлишига рухсат этилади.



14-§. Ёритишга қўйиладиган талаблар


83. Ташкилот ҳудуди ва ишлаб чиқариш хоналарини табиий ва сунъий ёритиш ҚМҚ 2.01.05-98 "Табиий ва сунъий ёритиш" талабларига мос бўлиши лозим.


84. Ёритиш воситалари тоза ва соз ҳолатда бўлиши керак. Ёруғлик тушувчи ойналарни йилида камида икки маротаба тозалаш лозим.


85. Ёруғлик тушадиган дераза ва эшикларни турли предметлар билан тўсиб қўймаслик керак.


86. Сунъий ёритиш умумий ва бирлашган тизим орқали амалга оширилади. Биргина маҳаллий ёритишни қўллаш тақиқланади.


87. Ёритиш воситалари кўзни қамаштиришидан сақлаш учун чоралар кўрилган бўлиши керак.


88. Участка ва хоналарда портлаш бўйича хавфли газ ва чанглар концентрацияси йиғилиб қолиши эҳтимоли бўлса, электр ёритиш тизими хонадан ташқарида ўрнатилиши керак.


89. Хавфлилик даражаси юқори бўлган хоналарда кучланиши 36 В дан юқори бўлмаган кўчма электр ёриткичлар ишлатилиши керак. Ускуналар ва иншоотлар (бункерлар, қудуқлар, буғлантириш камералари, туннеллар ва бошқалар)нинг ички сиртини ёритиш учун ишлатиладиган кўчма электр ёриткичларнинг кучланиши 12 В дан ошмаслиги керак.


90. Кўчириб юрилувчи ёриткичлар шишали ҳимоя қопқоқлари ва металл тўр билан жиҳозланган бўлиши лозим. Ушбу ёриткичлар ва бошқа кўчириб юрилувчи аппаратлар учун мис толали эгилувчан кабель ва электр ўтказгичлар қўлланиши лозим.


91. Эвакуация йўлаклари ва зинапояларда авария ёриткичлари бўлиши лозим.


92. Авария ёриткичлари бошқа ёриткичлардан тури, ўлчами ва махсус туширилган белгилари билан ажралиб туриши ва вақти-вақти билан чангдан тозаланиб туриши лозим.


93. Авария ёритиш тармоқларига электр энергияси истеъмолчиларининг уланиши тақиқланади. Авария ёритилишларининг созлиги ҳар чоракда камида бир марта текширилиши лозим.



15-§. Маиший иморатларга қўйиладиган талаблар


94. Ташкилотларда маиший ва овқатланиш хоналари ҳамда тиббий пунктлар бўлиши керак. Ташкилотларнинг маиший бино ва хоналари ШНҚ 2.09.04-09 "Ташкилотларнинг маъмурий ва маиший бинолари" талабларига мувофиқ ҳолда ташкил этилиши лозим.


95. Кийим алмаштириш ва ювиниш хоналари, ичимлик суви таъминоти қурилмалари, ҳожатхоналар ва шу каби қурилмаларнинг сони ташкилотнинг умумий контингент сони ҳисобга олинган ҳолда белгиланиши лозим.


96. Душхоналар ва ҳожатхоналардаги тарновлар, каналлар, траплар, писсуарлар ва унитазлар мунтазам равишда тозаланиши, ювилиши ва дезинфекция қилиниши лозим.



16-§. Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилишга

қўйиладиган талаблар


97. Ташкилот атроф табиий муҳитнинг (ҳаво, тупроқ, сув ҳавзалари) ифлосланишига ва зарарли омилларнинг тегишли нормалардан ортиқ даражада тарқалишига олиб келмаслиги лозим.


98. Ташкилотларда ишлаб чиқариш жараёнларини амалга оширишда атроф табиий муҳитнинг чиқиндилар (оқова сувлар, шамоллатиш тизими чиқиндилари ва бошқалар) билан ифлосланиши эҳтимолини истисно этадиган шароитлар таъминланиши лозим.


99. Ташкилотларда чиқиндиларни йиғиш учун атрофи ўралган махсус жой ажратилиши ва чиқиндилар учун махсус идишлар билан таъминланиши ва ушбу идишлар бўшатилгандан сўнг хлорли оҳак эритмаси билан дезинфекция қилиниши ва ювилиши керак.



17-§. Меҳнат ва дам олишга қўйиладиган талаблар


100. Ходимларнинг иш вақти, шу жумладан, қисқартирилган иш вақти, дам олиш ва танаффуслар вақти ташкилотлар томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.



III БОБ. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ (ТЕХНОЛОГИЯ)

ЖАРАЁНЛАРИГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


1-§. Умумий талаблар


101. Технологик жараёнларни амалга оширишда иш бажарадиган дастгоҳ ва механизмлар кетма-кетлиги блокировка тизими билан таъминланган бўлиши зарур. Авария ҳолатида бирор-бир механизм тўхтаб қолса, барча дастгоҳ ва механизмларнинг тўхташи назарда тутилган бўлиши керак.


102. Ускуна ва автоматлаштирилган тармоқларда улар ишга туширилганлигини билдирувчи овозли ва ёруғлик сигналлари бўлиши керак. Сигнал элементлари (электр қўнғироқ ва ўчиб-ёнувчи лампа) механик бузилишлардан ҳимояланган бўлиб, хизмат кўрсатувчи ходимлар эшитадиган даражада бўлиши лозим.


103. Линияни тўхтатгандан сўнг, овозли ва ёруғлик сигнали бермасдан уни ишга тушириш тақиқланади.


104. Технологик жараёнлар соз асбоб-ускуналар ва назорат-ўлчаш асбоблари, ҳимоя тўсиқлари, блокировкалар ҳамда ишга туширувчи аппаратлари мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилиши лозим.



2-§. Ёнғин ва портлашга қўйиладиган хавфсизлик талаблари


105. Ишлаб чиқариш жараёнлари ёнғин ва портлаш хавфсизлиги, уларни режалаштиришда, ташкиллаштиришда ва олиб боришда ГОСТ 12.1.004-91 "Ёнғин хавфсизлиги. Умумий талаблар" ва ГОСТ 12.1.010-90 "Портлаш хавфи. Умумий талаблар"га ва мазкур Қоидаларга мувофиқ таъминланиши лозим.


106. Ишлаб чиқариш жараёнларини амалга оширишда ёнғинлар, портлашлар, авариялар, заҳарланишлар содир бўлиши ҳамда атроф-муҳит унинг чиқиндилари (оқова сувлари, шамоллатиш чиқиндилари ва бошқалар) билан ифлосланиши эҳтимолини истисно этадиган шароитлар таъминланиши лозим.


107. Ишлаб чиқариш бинолари ва хоналари дастлабки ёнғинни ўчириш воситалари билан таъминланган бўлиши шарт.


108. Шамоллатиш тизими ёнғиндан дарак берувчи сигнализация билан бирлаштирилган бўлиши керак.


109. Ёнғин сув манбаи йўлаклари ҳамда ёнғинни ўчириш воситаларига борадиган йўлаклар доимо бўш бўлиши керак.


110. Портлашнинг олдини олиш учун машина ва агрегатларнинг ишқаланувчи қисмларининг қизиб кетишига йўл қўймаслик лозим.


111. Аралашганда портловчи модда ҳосил қилиши лозим бўлган газларни умумий коллекторга чиқариш тақиқланади.


112. Коллектордан чиқадиган суюқлик миқдори ва инерция натижасида статик ток ҳосил бўлишини ҳисобга олган ҳолда коллектор сим орқали ерга уланиши керак.


113. Ишлаб чиқариш биноларига (омборхона, цех, лаборатория, участка ва бошқа) ёнғин хавфсизлиги хизмати билан келишилган ёнғин хавфсизлиги бўйича йўриқнома ишлаб чиқилиши ва кўринадиган жойга осиб қўйилиши лозим.


114. Цехларда (бўлимларда, омборхоналарда, устахоналарда, лабораторияларда ва бошқа иш участкаларида) ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича, шунингдек ёнғин ўчириш анжомларининг соз ҳолда бўлишига шу бўлинмаларнинг бошлиқлари ёки бошлиқ вазифасини бажарувчи ходимлари масъулдир.


115. Ёнғин ва портлаш хавфи бўлган ишлаб чиқариш бинолари ёнғиндан хабар берувчи ва ёнғинларни бартараф этувчи автоматик қурилмалар билан жиҳозланган бўлиши лозим.


116. Ёнғинга қарши сув ҳавзалари доимо соз ҳолатда, ичидаги сув ҳажми ёнғинни ўчириш учун етарли бўлиши керак. Сув ҳавзаларининг ишга яроқлилиги йилига камида икки маротаба, баҳор ва куз мавсумларида текширилиши лозим.


117. Қўлда ясалган, автоматика тизими носоз бўлган ёки ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган маиший иситиш асбобларидан фойдаланиш тақиқланади.



3-§. Электр қурилмаларга қўйиладиган хавфсизлик талаблари


118. Ташкилотларда электр қурилмаларни ўрнатиш ва улардан фойдаланишда Истеъмолчиларнинг электр қурилмалардан техник фойдаланиш қоидалари (рўйхат рақами 1383, 2004 йил 9 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 27-сон, 317-модда) ҳамда Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан фойдаланишда техника хавфсизлиги қоидалари (рўйхат рақами 1400, 2004 йил 20 август) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 33-сон, 379-модда) ва мазкур Қоидалар талабларига риоя қилиниши керак.


119. Электр энергиясидан фойдаланишда ташкилот раҳбарининг буйруғи билан муҳандис-техник ходимлардан электр хўжалиги учун жавобгар ходим тайинланган бўлиши ва бу ходим электр хавфсизлиги бўйича тегишли малака гуруҳига эга бўлиши лозим.


120. Электр хўжалиги учун масъул ходим кучланиши 1000 В ва ундан юқори бўлган электр ускуналарга хизмат кўрсатиш учун электр хавфсизлиги бўйича V малака гуруҳига, кучланиши 1000 В гача бўлган электр ускуналарга хизмат кўрсатиш учун эса - IV малака гуруҳига эга бўлиши талаб этилади. Масъул ходим даврий равишда ва ўрнатилган тартибда электр хавфсизлиги бўйича ташкилотда тузилган комиссияда билим синовидан ўтиши шарт.


121. Электр токи ўтказувчи қисмлар, тақсимловчи қурилмалар, аппаратлар ва ўлчаш асбоблари, шунингдек турли сақловчи қурилмалар, рубильниклар ва бошқа ишга туширувчи аппаратлар ва мосламалар ёнмайдиган қилиб монтаж қилиниши лозим.


122. Юқори намлик ва иссиқлик ажралиб чиқувчи хоналарда электр ёриткичлар намликдан ва электр двигателлар эса - суюқлик сачрашидан ҳимояланган бўлиши шарт.


123. Тақсимловчи қурилмалар изоляциясининг қаршилиги ва чидамлилиги текшириб турилиши лозим.


124. Ишлаб чиқариш ва маиший хоналарда қўлланувчи люминесцент ёриткичлар ёпиқ ҳолда, намлик ва чанг ўтказмайдиган махсус арматура билан қопланиши лозим.


125. Кабеллар ва электр ўтказгичларнинг изоляцияси, ташқи бирикмалар, электр токидан ҳимояловчи ерга уланган симлар, электр двигателларнинг ишлаш режими кўрикдан ўтказилиши ва асбоблар билан ўлчаш орқали текшириб турилиши лозим.


126. Ток узатилмаганлиги сабабли ускуна тўхтатилган ҳолларда, электр двигателлар ўчирилиши керак.


127. Электр аппаратлари ва агрегатларининг нолга ва ерга улаш симларининг бутунлиги камида олти ойда бир марта текширилиши лозим. Текшириш натижалари далолатнома билан расмийлаштирилади.


128. Кам қувватли электр лампалари ва асбобларини каттароқ қувватлиларига алмаштириш тармоқ учун йўл қўйилувчи юкланишни ҳисобга олган ҳолда электр хўжалиги учун масъул ходимнинг рухсати билан амалга оширилиши лозим.


129. Битта электр штепселига бир нечта истеъмолчиларни улаш тақиқланади.


130. Чангларнинг статик электр разрядларидан алангаланиб кетмаслиги учун машиналарнинг ғилофлари, унинг асосий валлари ва ҳаво қувурлари ерга уланган бўлиши лозим.


131. Ҳаво қувурларининг фильтрлари майда катакли металл тўрлар билан ўралган ва ерга уланган бўлиши лозим.


132. Ташкилотнинг барча турдаги бинолари яшин қайтаргичлар ўрнатилган ҳолда тўғридан-тўғри яшин уришидан ҳимояланган бўлиши лозим.


133. Яшин қайтаргичлар ҳар йили баҳорда текшириб турилиши ва носозликлари бартараф этилиши лозим.


134. Момақалдироқ вақтида электр ўлчашларни амалга ошириш тақиқланади.



4-§. Бирламчи материаллар, ярим маҳсулот ва чала тайёр

маҳсулотлар, тайёр маҳсулот ва чиқиндиларни сақлаш

ва транспортда ташишга қўйиладиган

хавфсизлик талаблари


135. Омборхонанинг деворлари бўйлаб ўралган ҳар бир жавонда олти тахламгача бўлган миқдорда хом ашё, ярим тайёр ва тайёр маҳсулотларни сақлаш лозим. Тахламлар оралиғидаги масофа 0,5 м дан, ён томон майдонлардаги тахламлар билан оралиғи эса - 1,5 м дан кам бўлмаслиги керак.


136. Чиқиндиларни инвентаризация қилиш, шунингдек уларнинг турлари бўйича хавфлилик даражасини белгилаш лозим.


137. Чиқиндиларни рухсат этилмаган жойларда сақлаш, қайта ишлаш ва кўмиб ташлаш тақиқланади.


138. Ташкилотларда чиқиндилар билан ишлашга оид йўриқномалар ишлаб чиқилган бўлиши лозим.


139. Иккиламчи хом ашёлар ташкилотга инфекцияга қарши дориланган ва боғламларга ўралган ҳолда қабул қилиниши керак.


140. Иккиламчи хом ашё боғламларини ёпиқ омборхоналарда ёки қаттиқ қопламали соябонли майдонларда сақлаш лозим.


141. Очиқ сақлаш майдонлари атроф ҳудудига нисбатан 0,2 м дан кам бўлмаган ҳолда баланд ва 0,5 м дан кам бўлмаган ҳолда ёнмайдиган девор билан ўралган бўлиши керак.


142. Иккиламчи хом ашё тахламлари баландлиги 5 м дан ва ҳар бир тахлам ўлчами 0,25 х 0,15 м дан ошмаслиги керак.


143. Қути ва қоплардаги юклар омборхонада ағанамайдиган ва сурилиб кетмайдиган қилиб устма-уст тахланган бўлиши лозим. Қўлда тахланганда унинг баландлиги 3 м дан, юк кўтариш механизми ёрдамида тахланганда эса - 6 м дан ошмаслиги лозим. Энг юқоридаги қоп билан шип орасидаги масофа камида 1 м бўлиши лозим.


144. Чиқиндиларни йиғиш жойи цехлардан камида 50 м узоқликда бўлиши лозим.


145. Юк сақланадиган омборхона ва майдончалар ҳудудининг кириш жойларида транспорт воситаларининг ҳаракат йўналиши ҳамда юкларни ортиш ва тушириш жойлари кўрсатилган схемалар осиб қўйилган бўлиши лозим.


146. Кимёвий моддалар махсус жиҳозланган бинода (омборхонада) кимёвий таъсир хусусиятига кўра боғлиқлиги бўйича алоҳида жойларда сақланиши зарур. Омборхоналарда ҳар хил кимёвий моддалар биргаликда сақланиши учун уларнинг рўйхати бўлиши лозим.



IV БОБ. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ АСБОБ-УСКУНАЛАРИГА

(ҚУРИЛМАЛАРИГА) ҚЎЙИЛАДИГАН ХАВФСИЗЛИК

ТАЛАБЛАРИ


1-§. Тикувчилик хизмати кўрсатишда қўйиладиган

хавфсизлик талаблари


147. Тикувчилик ташкилотларида фойдаланиладиган ускуналарга умумий хавфсизлик талаблари ГОСТ 12.2.003-91 "ССБТ. Ишлаб чиқариш ускуналари. Хавфсизлик умумий талаблари"га мувофиқ бўлиши лозим.


148. Ишлаб чиқариш биноларида устки кийим ва бош кийимлар ишлаб чиқариш ва таъмирлашда 1 иш жойи учун 6-7 кв.м бўлиши лозим.


149. Кийимларни бичиш, бурма солиш, гофрировкалашда 1 иш жойи учун 12 кв.м ва мўйнадўзликда эса - 8 кв.м бўлиши керак.


150. Тикувчилик ташкилотлари ишлаб чиқариш бўлинмаларида иш жойларини ташкил этиш ГОСТ 12.2.061-81 "ССБТ. Ишлаб чиқариш ускуналари. Иш жойлари хавфсизлиги умумий талаблари"га мувофиқ бўлиши лозим.


151. Иш жойларини ташкил этиш эргономик талаблари ГОСТ 12.2.032-78 "ССБТ. Ишларни ўтириб бажаришда иш жойлари. Умумий эргономик талаблар" ва ГОСТ 12.2.033-78 "ССБТ. Ишларни тик туриб бажаришда иш жойлари. Умумий эргономик талаблар"га мувофиқ бўлиши лозим.


152. Бинода алоҳида жойлашган машиналар ва ускуналар ўртасидаги масофа технологик лойиҳалаш нормаларига мувофиқ бўлиши ҳамда 0,6 дан 1,5 м гача бўлиши лозим.


153. Тикиш агрегатлари учун ускуналар ишчи томонидан ўртасидаги масофа 3 м дан ошмаслиги лозим.


154. Машина, аппарат ва бошқа ускуналарнинг барча хавфли жойлари тўсилган бўлиши лозим.


155. Барча машиналардаги қўшув мосламаси конструктив тўсиқларнинг ташқи томонида бўлиши керак.


156. Ускуналарни тозалаш, мойлаш ва кўздан кечириш машина тўлиқ тўхтагандан сўнг амалга оширилиши лозим. Ҳаракатдаги ускуналарни таъмирлаш ҳамда тузатиш ва ишчиларнинг носоз ускуналарда ишлаши тақиқланади.


157. Матоларни ўлчаш ва яроқсизларини ажратиш машинаси қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:

ўрам очиш валикларини мустаҳкамлашда подшипниклар тушиб кетмаслиги ва ўтказувчи қурилма чекланган бўлиши;

ўлчовчи-яроқсизликларни аниқлаш столлари машиналарнинг столи ва материал юзасидан статик электр зарядларни йўқотувчи ускуналар билан жиҳозланган бўлиши;

тўхтатиш тугмалари машинада ишловчи ҳар иккала ишчи ўчириши учун бир хил масофада бўлиши ва машина қўшилишидан огоҳлантирувчи товушли ва чироқли сигнализация билан жиҳозланган бўлиши.


158. Бичиш машиналари қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:

лентасимон бичиш машиналари лента узилганда автоматик ҳаракатланувчи тормозли лента ушлагичлар, шунингдек электр двигателни автоматик равишда тўхтатувчи мослама билан таъминланган бўлиши;

ҳар бир лентали бичиш машинасида қайчиларни механик ўткирлаш учун мосламалар ўрнатилган бўлиши;

лентали бичиш машиналари юқори ва пастки шкиви, шунингдек лентаси, ишчи қисмидан ташқари, қоплама билан қопланган бўлиши лозим;

ярим тайёр маҳсулотларни (мато, мато қирраси, плёнка) ҳаракатланувчи пичоқ ёрдамида кесишга мўлжалланган барча дискли ва вертикал пичоқли бичиш машиналари ишловчининг қўлини жароҳатламаслик учун пичоқларининг тепа қисми бошқариладиган бўлиши;

алмаштириладиган шкивлар ва лентали пичоқларнинг тўсиқларида "Ишлаётганда очманг", "Хавфли" деган ёзувлар бўлиши;

лента ушлагичлари таъминоти учун узатиладиган ток кучланиши 42 В дан ошмаслиги лозим;

машиналарга ток қуввати эгилувчан, пол сатҳидан 2,5 м баландликда бўлган кабель бўлиши ва барча ток келувчи қисмлар мустаҳкам қилиб изоляцияланган бўлиши.


159. Тикув машиналари қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:

барча тикув машиналарида бармоқларни игна суқилишидан ҳимояловчи мосламалар ўрнатилган бўлиши;

машиналар ип тортувчи, корпусдан ишчи томон юрувчи қисмлари ҳалқа билан тўсилган бўлиши;

ротацион ип тортувчи тўсиқ билан ёпилган ва узилган ипларни кесиш учун бошқариладиган пичоқ билан таъминланган бўлиши;

тикув машиналарининг ишчи стол қопқоқлари ва қўшимча платформалар текис қопланмага эга бўлиши;

электр двигатель вали, фрикцион муфта ва камарли ўтказгич осон олинувчи тўсиқлар билан тўсилган бўлиши;

иш столининг оёқларида вибрацияни камайтирувчи қоплама бўлиши;

иш столининг педалларида резинали қопламалар ўрнатилган бўлиши.


160. Дазмолловчи пресслар қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:

прессларни бошқариш схемаси қўшиш ва ўчириш кнопкалари билан жиҳозланган бўлиши;

қўшиш ва ўчириш тугмалари бир тугма босилганда иккинчисига тегиб кетмайдиган бўлиши ва бир-биридан етарлича узоқликда бўлиши;

прессларда носозликлар юз берганда ва қўшилиб кетганда ишловчига зарар етишининг олдини олиш учун ҳимоя мосламалари бўлиши;

прессларда кучланиш пайдо бўлганда огоҳлантирувчи чироқли сигнал ўрнатилиши;

юқори дазмоллаш ёстиқчасининг ишчи юзаси прессни очиш вақтида куйишдан сақланиш ва иссиқ ажралишини камайтириш учун экранлаштирилган бўлиши;

буғ тақсимловчи қурилма ва қувурларининг очиқ жойлардаги қисмлари иссиқликдан изоляцияланган ёки ҳимоя қопламаси билан ёпилган бўлиши.


161. Буғловчи аппаратлар қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:

манометрда ва сув ўлчагичлар ойнасида рухсат этилган босим ва сув миқдори тўғрисида белги бўлиши ва буғловчи аппарат қизиб кетганда автоматик равишда токдан ўчадиган бўлиши;

буғловчи аппарат ҳимоя тўсиғининг ишловчи томони буғни ўтказмаслиги;

буғ қозонида ортиқча босим йиғилганда ва буғни атмосферага чиқариб юбориш учун ҳимоя клапани ўрнатилган бўлиши.


162. Дазмоллар ва дазмоллаш столлари қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:

дазмолларнинг электр контактлари изоляцияланган ва ёпиқ қоплама билан ёпилган бўлиши;

дазмоллар ток ўтказмайдиган ва иссиқликни кам ўтказувчи материалдан тайёрланган ҳамда дазмолловчининг қўлидан сирғаниб тушиб кетмайдиган қилиб ишланган бўлиши;

дазмоллар учун тагликлар ёнмайдиган ва ўзига иссиқликни кам олувчи материалдан ясалиши, дазмоллаш столи билан бир хил баландликда жойлашиши ҳамда уч томонида тўсиқлари бўлиши;

дазмоллаш столидаги электр ўтказгич кабеллар газ қувурлари орқали ўтказилиши;

шнурли электр дазмолларга (резина изоляцияли, кўчма, енгил шнур) шлангли ўтказма орқали ўтказилиши, кронштейн орқали дазмолга юқоридан олиб келиниши, иш вақтида дазмоллаш столи устида ётмаслиги;

шнурсиз дазмоллардан фойдаланилганда, ток келувчи контактлар дазмол қутиси ичида ёпиқ ҳолда бўлиши;

дазмоллаш столининг барча металл қисмлари, шнурсиз дазмоллар тагликлари, рубильник ва контакт қутиси қопламаси, электр ўтказиладиган газ трубалари заминланган бўлиши ва тўлиқ изоляцияланган ва заминланган қисмлар билан тўқнашмайдиган шнурли электр дазмол тагликлари истисно қилиниши мумкин.


163. Механик тозалагичлар қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:

механик тозалагичнинг барча боғламлари ва деталлари, барабан ишчи қисмидан ташқарида тўсиқ билан ёпилган бўлиши;

механик тозалагичлар статик электр зарядларидан халос қилиш ускунаси билан жиҳозланган бўлиши;

тозалагич ва стол орасидаги оралиқ масофа 5 мм дан ошмаслиги;

механик тозалагичларда чангсизлаштириш ва тозалагич ҳамда стол юзасидаги чиқиндиларни сўрувчи вентиляцион қурилма бўлиши;

тозалагич ишловчи томондан олдинга қараб айланиши.


164. Дазмолловчининг иш жойи полида токдан изоляцияловчи қоплама ёки гиламча бўлиши лозим.


165. Игна билан ишловчилар бармоқлари ҳажмига тўғри келувчи ангишвоналар ва игналарни сақлаш учун мосламалар билан таъминланган бўлиши лозим.


166. Яроқсиз ҳолга келган лентали пичоқлар ўз вақтида белгиланган жойга олиб ташланиши керак.



2-§. Фотография ишларини бажаришда қўйиладиган

хавфсизлик талаблари


167. Фотография ташкилотларининг бинолари ҚМҚ 2.08.02-96 "Жамоат бинолари ва иншоотлари" ва мазкур Қоидалар талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


168. Расмга тушириш залининг майдони камида 18 кв.м ни ташкил этиши лозим.


169. Фотоматериалларни қайта ишлаш хонасининг майдони битта лаборантга камида 10 кв.м ни ташкил этиши лозим.


170. Расмларни чоп этиш хоналари бинонинг ишловчи машиналар вибрацияси камроқ бўлган қисмларига жойлаштирилиши ва деразаларга ёруғликни тўсувчи пардалар ўрнатилган бўлиши лозим.


171. Фотоматериалларни суюқлик оқими билан ювиш сув тошиб кетмаслиги учун деворларга керамик плита терилган ёруғроқ хоналарда амалга оширилиши лозим.


172. Ёруғлик негатив материалларни қайта ишлаш хоналарига тўғридан-тўғри тушмаслиги ва мазкур хоналарнинг эшиклари ташқари томонга очилиши керак.


173. Расмга тушиш хонаси вентиляция ва ёритиш билан жиҳозланган махсус кабина билан жиҳозланган бўлиши зарур. Ёритиш тугмаси кабина ичида жойлашиши лозим.


174. Расмларни қайта ишлаш хонасининг поли қоплама билан қопланган ва соз ҳолатда бўлиши керак.


175. Фотоматериалларни қайта ишлаш хонаси расмга тушириш хонасидан алоҳида бўлиши лозим. Хонада бир сменага етадиганидан ортиқ химикатларни сақлаш тақиқланади.


176. Заҳарли моддаларни сақлаш учун ёнғиндан ҳимояланган ва ёпиладиган ёки пломбаланадиган махсус хона ёки шкаф (сейф) ажратилган бўлиши лозим.


177. Заҳарли моддалар сўриб олувчи шакафларда майдаланиши зарур, заҳарли суюқликларни оғиз билан тортиш ва ҳидлаб кўриш тақиқланади.


178. Эритмаларни тайёрлашда кимёвий моддалар массасини ўлчаш учун чинни ёки пластмасса идишлардан ва пинцет ёки қисқичдан фойдаланиш лозим.


179. Кислотани сувга аралаштиришда кислота сувга қуйилади. Бу иш сўрувчи шкафда амалга оширилиши лозим.


180. Ўювчи ишқорлар ва кучли кислоталар (олтингугурт, азот, хлорид ва бошқалар) ишлатиш учун фақат ишлатиш концентрациясида берилиши лозим. Ушбу моддалардан ишлатиш концентрацияси тайёрлаш махсус хоналарда ва масъул шахс томонидан амалга оширилиши лозим.


181. Барча машиналар, аппаратлар, дастгоҳлар қимирламайдиган ва тебранмайдиган ҳолда мустаҳкам қилиб ўрнатилиши керак.


182. Дастгоҳ ва машиналарнинг ҳаракатланувчи очиқ қисмлари тўсилган бўлиши лозим.


183. Тўсиқ металлдан ишланган, қаттиқ тузилишга эга, мустаҳкам ўрнатилган, шунингдек ишлашда, тозалашда ва таъмирлашда фойдаланиш учун қулай бўлиши лозим.


184. Носоз машина ва дастгоҳларда, шунингдек олиб ташланган ёки носоз ҳолатдаги тўсиқларда ишлашга йўл қўйилмайди.


185. Қўшув механизмлари (қўшиш тугмаси, педали, рубильниги) тасодифий тўқнашиш, зарб ва бошқалар натижасида ўз-ўзидан қўшилиб кетмайдиган қилиб ўрнатилган бўлиши керак.


186. Кўчма лампа, софит, прожекторларнинг шнурлари зирҳ билан қопланган ёки резина шланг ичидан ўтказилган бўлиши лозим.


187. Электр аппаратуралар қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:

ишлаш чоғида хавфсиз бўлиши;

электр тармоғидан тезда ўчирилиши ва ёқилиши;

ускуна ва аппаратуралардаги кучланиш 220 В дан ошмаслиги.


188. Электр аппаратуралар ва электр асбобларни улашга мўлжалланган штепселли бирикмаларнинг ток ўтказувчи қисмлари изоляцияланган ва заминланган бўлиши лозим.


189. Фотография ташкилотлари ускуналарининг белгиланган нормаларга мувофиқ жойлаштирилиши лозим.


190. Ретушчилар столлари орасидаги масофа камида 1,5 м бўлиши керак.


191. Фотография ташкилотларидаги иш жойлари ГОСТ 12.2.032-78 "ССБТ. Ишларни ўтириб бажаришда иш жойлари. Умумий эргономик талаблар" ва ГОСТ 12.2.033-78 "ССБТ. Ишларни тик туриб бажаришда иш жойлари. Умумий эргономик талаблар"га мувофиқ бўлиши лозим.


192. Стол ва жавонларнинг ишчи юзаси текис, ўнқир-чўнқирсиз, ёриқлар ва бошқа нуқсонларсиз бўлиши керак.


193. Суръатларни кўринадиган қилиш (проявкалаш), ювиш, бўяш ва фотоматериалларни қўшимча ишлаш жойлари тортувчи вентиляция билан жиҳозланган бўлиши лозим.



3-§. Ҳаммом ва кир ювиш хизмати кўрсатишда

қўйиладиган хавфсизлик талаблари


194. Ҳаммом ва кир ювиш ташкилотларининг бинолари ҚМҚ 2.08.02-96 "Жамоат бинолари ва иншоотлари" ва мазкур Қоидалар талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


195. Иш хоналарининг дераза ва поллари майдонининг нисбати 1:8 дан, ёрдамчи хоналарда эса - 1:12 дан кам бўлмаслиги лозим.


196. Кир ювиш хоналарининг полдан шипгача бўлган баландлиги қуйидагича бўлиши лозим:

бир сменада 500 кг гача бўлган кирларни ювишда 3,6 м;

сменада 1000 кг дан 3000 кг гача бўлган кирларни ювишда камида 4,2 м.


197. Ташкилотларнинг кир ювиш майдони бир сменадаги кир ювиш унумдорлигидан келиб чиқиб белгиланиши лозим.


198. Кир ювиш ташкилотлари алоҳида хоналарининг жойлашиши технологик жараённинг узлуксизлигини таъминлаши, кир ва тоза буюмларнинг кесишмаслиги ва тўқнашмаслигини назарда тутиши лозим.


199. Кир буюмларни олиш ва тозаларини топшириш жойлари алоҳида бўлиши лозим.


200. 50 ўрингача бўлган ҳаммомларда ечиниш ва кутиш жойларини бирлаштирмаслик керак.


201. Битта буғхонанинг сиғими 10 кишигача бўлиши лозим.


202. Буғхонада ўтириш учун 1,2 х 0,5 м ва ётиш учун 1,8 х 0,5 м ёғоч курсилар бўлиши лозим.


203. Буғхона полкаларининг баландлиги 1,8 м дан баланд бўлмаслиги керак.


204. Чўмилиш бассейнларининг майдони 300 кв.м дан кам бўлмаслиги ва чуқурлиги 1,5 м дан кўп бўлмаслиги лозим.


205. Ҳаммом ва кир ювиш биноларида ҚМҚ 2.04.05-97 "Табиий ва сунъий ёритиш" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


206. Бир қаватли биноларда печли иситиш тизими ўрнатилишига рухсат этилади.


207. Сменада 500 кг гача кир ювиладиган ташкилотларда табиий тортувчи вентиляция, 1000 кг гача кир ювиладиган ташкилотларда эса - марказлашган вентиляция ўрнатилиши лозим.


208. Ишлатиш учун сув олиш жойларидаги иссиқ сув ҳарорати 50° С - 75° С дан ортиқ бўлмаслиги лозим.


209. Чўмилиш бассейнларидаги сувни вақти-вақти билан дезинфекция қилиб туриш керак.


210. Дезинфекциялаш Дезинфекция станциялари, дезинфекция бўлимлари, профилактик дезинфекция бўлинмалари, санитария-эпидемиология станциялари ходимлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига (рўйхат рақами 2374, 2012 йил 21 июнь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 25-сон, 283-модда) мувофиқ амалга оширилиши лозим.


211. Ҳаммом ва кир ювиш ташкилотларининг бинолари ёнғин хавфсизлиги талабларига кўра қуйидаги тоифаларга бўлинади:

қабул қилиш-саралаш ва қуритиш-дазмоллаш цехлари - В тоифага;

ҳаммом ва кир ювиш ташкилотларининг қозонхоналари - Г тоифага;

кир ювиш цехи, хизмат кўрсатувчи хоналари ва технологик эритмаларни тайёрлаш бўлимлари - Д тоифага.


212. Енгил алангаланувчи ва портлаш хавфи мавжуд бўлган моддалар билан ишлашга ёнғинни ўчириш воситаларидан фойдаланиш бўйича тегишли билим ва кўникмаларга эга бўлган шахсларга рухсат этилади. Енгил алангаланувчи суюқликлар билан ишлаш ва уларни сақлаш ёнғин хавфсизлиги бўйича ГОСТ 12.1.004-91 "ССБТ. Ёнғин хавфсизлиги. Умумий талаблар"га жавоб бериши лозим.


213. Кир ювиш ташкилотларининг майдони 100 кв.м ва ундан ортиқ бўлган қуритиш-дазмоллаш цехлари автоматик ёнғин хавфсизлиги сигнализацияси билан жиҳозланиши лозим.


214. Ювиш материаллари омборхоналари ёнмайдиган материалли деворлар билан тўсилган алоҳида хоналарга (отсекларга) бўлинган ва бир-биридан изоляцияланган бўлиши лозим. Ҳар бир хонада бир хил турдаги ювиш воситалари сақланиши керак.


215. Ёнғин хавфи бўлган кир ювиш воситаларини (водород перикиси, сирка кислотаси) бошқа кир ювиш кукунлари ва воситалари билан биргаликда сақлаш тақиқланади.


216. Тўкилган ва сочилган ювиш моддалари зудлик билан тозалаб олиниши ва зарарсизлантирилиши лозим.


217. Кир кийим, чойшаб, сочиқ ва бошқа буюмларнинг (ресторан, овқатланиш ва савдо шохобчаларининг буюмлари) ўз-ўзидан ёнишининг олдини олиш учун қуйидагилар таъминланиши зарур:

кимёвий воситалар билан ёғсизлантириш ва биринчи навбатда ювиш;

дазмоллангандан сўнг, тўлиқ совимагунча зич қилиб тахламаслик;

металл жавонларда 20 кг гача бўлган тахламларни сақлаш;

иш тугагандан сўнг, барча тахламларни совиганлигига ишонч ҳосил қилиш учун текшириш;

ювишга қадар мой (ёғ) доғлари бўлган буюмларни сақлаш учун алоҳида хона ажратиш.


218. Ҳаммом ва кир ювиш ташкилотларининг электр жиҳозлари техник жиҳатдан соз бўлиши ва ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб бериши лозим.


219. Электр печкаларда (каменкаларда) ёпиқ типдаги термоэлектр иситгичлардан фойдаланиш зарур.


220. Электр печкаларнинг бошқарув аппаратлари буғхона билан ёнма-ён бўлган қуруқ хонада жойлаштирилиши лозим.


221. Электр печкалардан фойдаланишда қуйидагиларга риоя қилиш лозим:

печка ҳароратини ва назорат қилиш автоматик қурилмаларининг ҳолатини текшириб туриш;

электр печкаларнинг изоляцияси қаршилигини ва заминланишини ўлчаб бориш;

электр иситиш элементлари ва кабелларини даврий равишда йилида камида бир маротаба текшириб ва носозликларини тўғрилаб бориш;

печка ташқи юзаси ҳароратининг қизиб кетмаслигини кузатиб бориш.

Ҳар бир сеансдан сўнг, хизмат кўрсатувчи ходим печкалар созлигини ва сауналар ёғоч конструкцияларини, айниқса, печка ёнидагиларни текшириши лозим.


222. Юзага келган хавфдан (электр энергиясининг ўчиши, буғ босими ошиши ва бошқалар) огоҳлантириш учун сигнал элементлари сифатида товушли-чироқли ва рангли сигнализаторлар қўлланилиши талаб этилади, бунда сигнал қурилмалари хизмат кўрсатувчи ходим томонидан кўринадиган ва эшитиладиган жойга ўрнатилиши лозим.


223. Буғ ва конденсат етказувчи қувурлар, шунингдек машина элементларининг ҳарорати 60° С дан юқори, хизмат кўрсатувчи ходим тегиши мумкин бўлган юзаси (ишчи юзасидан ташқари) изоляция қилинган, тўсилган ва ҳимоя экранлари билан ёпилган бўлиши лозим.


224. Бак ва реакторлар назорат-ўлчаш аппаратуралари (дистанцион термометр, даража ўлчагич, манометр, сув ўлчагич), шунингдек нормадан ошиш ёки тушиб кетиш ҳолати юзага келганда товушли ва чироқли сигнализация билан жиҳозланган бўлиши ва баклар зич ёпиладиган қопқоқли бўлиши лозим.


225. Бакларда қуювчи ва ортиқча суюқликни канализацияга ёки махсус бакка оқизувчи қурилма бўлиши лозим. Ювиш материалларини аралаштириш механик аралаштиргич ёки марказдан қочувчи айланма насос ёрдамида амалга оширилиши ва насослар соз ҳолатда бўлиши лозим.


226. Баклар устида тортувчи вентиляция жойлаштирилиши лозим.


227. Кўпик ва ювиш воситалари юза қисмини тезда сўндириш учун спринклер қурилмали қувурлар ўрнатилиши лозим.


228. Буғ линияларида такроран авария клапанлари ўрнатилган бўлиши лозим. Бу клапан хонага кириш жойида жойлашган бўлиши керак.


229. Кўпикни сўндириш спринклер қурилмаси жўмраги бакдан 3 м дан кам бўлмаган масофада жойлаштирилиши лозим.


230. Баклар совиганидан сўнг, кўрикдан ўтказилиши ва тозаланиши лозим.


231. Кимёвий моддаларни юклаш учун бакда қулай кўприкчалар ёки баландлиги 1 м бўлган суянчиқли, яхлит қопламали, баландлиги 0,15 м бўлган майдонча бўлиши лозим.


232. Эритмаларни тайёрлаш вақтида бак қопқоғини очиш тақиқланади.


233. Реакторлар герметик бўлиши, шунингдек қопқоғида пломбаланган ҳимоя буғ клапани бўлиши лозим.


234. Реактордаги босим манометр бўйича 0,5 - 0,75 кгс/кв.см дан ошмаслиги лозим.


235. Ён томонидан юкланадиган кир ювиш машиналарида барабандаги суюқлик даражаси ва ҳароратини кўрсатувчи кўрсаткич бўлиши лозим.


236. Кир ювиш машиналарида цикл бошланиши ва тугашидан хабар берувчи товушли ёки чироқли сигнализация ўрнатилган бўлиши лозим.


237. Ташқи ва ички барабан люки қопқоғи енгил очилиши ва мустаҳкам ёпилганлигидан далолат берувчи фиксаторга эга бўлиши лозим.


238. Ташқи барабанлар қопқоқлари машина қопқоғи очиқ турган ҳолда ишлашига йўл қўймайдиган блокировкага эга бўлиши ва ўз-ўзидан очилиб кетмайдиган бўлиши лозим.


239. Машина ишлаётган вақтда унинг қопқоғи очилган тақдирда, блокировка автоматик равишда электр двигателни ўчириши лозим.


240. Ювиш эритмаларини етказувчи электромагнит клапанни қўлда ёки бошқа предметлар ёрдамида очиш тақиқланади.


241. Машиналарга белгиланган нормадан ортиқча буюмларни юкламаслик лозим.


242. Жароҳатланишнинг олдини олиш учун ички барабан қопқоғини очиш пневматик калити махсус кронштейнга илиб қўйилиши керак.


243. Машиналар авариявий ўчириш тумблерига эга бўлиши лозим.


244. Центрифуга мустаҳкам ва текис асосга ўрнатилиши лозим.


245. Центрифугада ишлашни бошлашдан олдин ротор қопқоғи қулф билан ишончли ёпилганлигига ишонч ҳосил қилиш зарур.


246. Тормозлаш қурилмаси тормоз лентаси узилган ҳолатда конструктив хавфсиз бўлиши лозим.


247. Центрифуга электр двигателни ўчириб, саватни механик ёки қўл тормози ёрдамида тўхтатилиши лозим. Сават айланишини қўлда ёки бошқа предмет билан тўхтатиш ёки секинлатиш тақиқланади.


248. Центрифугадан буюмларни олишга центрифуга тўлиқ тўхтагандан сўнггина рухсат этилади.


249. Барча ишлатиладиган механик асбоб ва аппаратларнинг хавфли қисмлари тўсилган бўлиши лозим.


250. Қуритиш-дазмоллаш машинаси электр двигатели қўшув тугмаси орқали ёқилиши ва ўчирилиши лозим. Ушбу машиналарни тўғридан-тўғри улаш орқали ёқиш ва ўчириш тақиқланади.


251. Қуритиш-дазмоллаш машинасининг буғ етказувчи ва конденсат етказувчи қувурлари изоляцияланиши лозим.


252. Қуритиш-дазмоллаш машинаси тўхтамасидан олдин қуйидагилар тақиқланади:

машинанинг ўтказувчи тасмаларини ечиш ва ўрнатиш;

машинани мойлаш ва тозалаш;

машинани кўрикдан ўтказиш, бошқариш ва созлаш;

тўсиқларни таъмирлашни амалга ошириш;

нуқсони бор буюмларни тўғрилаш.


253. Қуритиш-дазмоллаш машинасида ишлаганда қуйидагилар тақиқланади:

буғ цилиндри иситиш босқичини бармоқлар билан тўғрилаш;

машина тўсиқларига буюм ва бошқа предметларни қўйиш.


254. Қуритиш машинасидаги буғ босими машина паспортида кўрсатилган меъёрдан юқори бўлганда ишлашга рухсат этилмайди.


255. Қуритиш камераси буюмларни эркин жойлаштириш ва олиш имконини берадиган тарзда жойлаштириши лозим.


256. Қуритиш камераси ишлаётган вақтда унга кириш тақиқланади.


257. Қуритиш камерасидаги буюмлардан тушадиган тукларни ҳар 10 кунда камида бир маротаба, камера тўлиқ тўхтаган ва совутилгандан кейин тозалаш лозим.


258. Ҳар бир дазмоллаш столи ёнида изоляция сифатида ёғоч таглик бўлиши зарур.


259. Иш тугагандан сўнг ёки стол ёнида дазмолловчи бўлмаган вақтда барча дазмоллар ўчирилиши лозим.



4-§. Сартарошхона ва гўзаллик салонларида хизмат

кўрсатишда қўйиладиган хавфсизлик талаблари


260. Сартарошхона ва гўзаллик салонларининг бинолари ёнғинга чидамли бўлиши лозим.


261. Енгил алангаланувчи суюқликлар билан ишлаш ва сақлаш ГОСТ 12.1.004-91 "ССБТ. Ёнғин хавфсизлиги. Умумий талаблар"га мувофиқ бўлиши лозим.


262. Енгил алангаланувчи суюқликлар омборхоналарда бошқа материаллардан алоҳида сақланган ҳолда, ҳимоя конструкцияси ёнмайдиган материаллардан тайёрланган махсус идишларда сақланиши лозим.


263. Енгил алангаланувчи суюқликларни иситиш қурилмаларининг яқинига жойлаштириш тақиқланади.


264. Бино ва хоналарни иситиш учун электр плиталардан фойдаланишга рухсат этилмайди.


265. Сартарошхона ва гўзаллик салонларида биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун тиббиёт қутичаси бўлиши лозим.


266. Мажбурий сертификатланиши лозим бўлган материаллар (косметика, парфюмерия моллари ва препаратлар) ва маҳсулотлар белгиланган тартибда берилган мувофиқлик сертификатига эга бўлиши лозим. Материаллардан фойдаланиш муддати ишлаб чиқарувчи томонидан белгиланган фойдаланиш муддатларига мос бўлиши лозим.


267. Гигиеник хулосага эга бўлмаган якка тартибдаги рецепт асосида тайёрланган маҳсулотларни ишлатиш, сотиш, қўллаш ва сақлашга йўл қўйилмайди.


268. Енгил алангаланувчи ва ёнувчи суюқликлар алоҳида зич ёпиладиган шкаф ва қутиларда (металл) сақланиши лозим. Енгил алангаланувчи суюқликлар, газ баллонлари ва аэрозол қадоқларини ертўла, электр тақсимлаш ва ҳаво алмаштириш қурилмалари ўрнатилган хоналарда сақлаш тақиқланади.


269. Аэрозол қадоқларини оксидловчи моддалар (водород перекиси ва марганцовка), ёнувчи газлар, енгил алангаланувчи ва ёнувчи суюқликлар билан биргаликда сақлаш тақиқланади.


270. Фойдаланиладиган барча материаллар соз ҳолатда, зич ёпиладиган идишда маҳсулот номи ва ишлатилиш муддатлари кўрсатилган ёрлиғи мустаҳкам ёпиштирилган ҳолда сақланиши лозим.


271. Ёриткичлардан сақланаётган моддаларгача бўлган масофа камида 0,5 м бўлиши лозим. Ёриткичлар шиша қопқоқлар билан ҳимояланган бўлиши лозим.


272. Кўринадиган жойда химикатларни сақлаш ва улардан фойдаланиш йўриқномаси осиб қўйилган бўлиши лозим.


273. Сочга кимёвий моддалар билан ишлов беришда моддалар зарарли таъсирининг олдини олиш учун мазкур жараён алоҳида хонада амалга оширилиши лозим. Бундай имконият бўлмаган тақдирда, кимёвий ишлов бериш тортувчи вентиляция билан жиҳозланган хоналарда амалга оширилиши керак.


274. Ишчилар иш вақтида керак ҳимоя воситаларидан фойдаланишлари ва ишдан сўнг, уларни сартарошхона ва гўзаллик салонларидан ташқарига олиб чиқмасликлари керак.


275. Сартарошхона ва гўзаллик салонларида ишлатиладиган соч кесиш ва тараш, маникюр ва педикюр иш анжомлари енгил дезинфекцияланадиган ва дезинфекция воситаларига чидамли материаллардан тайёрланган бўлиши керак.


276. Электр аппаратура ва электр асбоблар ГОСТ 12.2.013.0-91 "ССБТ. Қўл электр машиналари. Хавфсизлик умумий талаблари ва синаш услублари" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


277. Кучланиши 220 В гача бўлган кўчма электр асбоблар электр қисмлари пластмасса корпусда ишланган ва ўтказувчи қисмлари хизмат кўрсатувчи ходим ва мижозни электр токидан шикастламаслигини кафолатлаган ҳолда, уларни заминлаш талаб этилмайди (сочларни қуритиш ва тўғрилаш қўл электр фени, сочларни қирқиш учун электр машина ва бошқалар).


278. Сартарошхона ва гўзаллик салонларида қўлланиладиган электр аппаратура ва асбоблар (сочни қуритиш, сочга буғ билан ишлов бериш аппарати, стерилизатор, сочларни қуритиш ва тўғрилаш қўл электр қуритгичи, сочларни қирқиш учун электр машинаси ва бошқалар) қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:

электр тармоғига тезда уланиши ва ўчирилиши, ўз-ўзидан уланиши ва ўчирилиши истисно қилинган бўлиши;

ишлатиш учун хавфсиз бўлиши ва ток етказувчи қисмларига фавқулодда тегиб кетишига йўл қўймайдиган бўлиши;

электр аппаратура ва асбоблар таъминоти кучланиши 220 В дан ортиқ бўлмаслиги.


279. Электр қурилмалари жойлаштирилган жойлардаги ер билан уланган барча металл деталлар (иситиш тизими қувурлари, канализация ва бошқалар) изоляция қилинган бўлиши зарур. Сочни қуритиш вақтида мижоз оёқлари остида изоляцияловчи таглик бўлиши лозим.


280. Сартарошхона ва гўзаллик салонларига хизмат кўрсатувчи электрик томонидан қўлланиладиган барча электр аппаратуралар ҳар ойда камида бир марта техник кўрикдан ўтказилиши лозим.


281. Нуқсонлари бўлган электр аппаратураларни фойдаланишга бериш ва улардан фойдаланиш тақиқланади.


282. Сартарошхона ва гўзаллик салонларидаги мебель жиҳозларининг қопламаси нам ҳолда тозаланиши лозим.


283. Иш жойлари қатор бўйлаб жойлаштирилганда улар орасидаги масофа камида 3 м бўлиши керак.


284. Маникюрчининг иш жойи полдан ишчи юзасигача бўлган баландлиги 75 см, эни 45 см, узунлиги 80 см бўлган махсус столча билан жиҳозланган бўлиши ва столча юзаси силлиқланган ойна ёки пластик билан қопланиши лозим.



V БОБ. ТАЪМИРЛАШ ИШЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИШГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ХАВФСИЗЛИК ТАЛАБЛАРИ


285. Ташкилотнинг таъмирлаш хизмати ускуналарнинг меҳнат хавфсизлиги стандартлари, уларнинг техник паспортлари, техник йўриқномалари ва ишлаб чиқарувчи заводнинг бошқа ҳужжатларининг талабларига мослигини таъминлаши керак.


286. Ташкилот томонидан асбоб-ускуналарнинг зарур техник ҳолатини сақлаб туриш учун хизмат кўрсатиш сифати яхшиланиши, режали-профилактик таъмирлаш қатъий бажарилиши ва таъмирлаш ишлари сифатининг яхшиланиши бўйича тегишли чоралар кўрилиши лозим.


287. Асбоб-ускуналарни капитал ва жорий таъмирлаш белгиланган тартибда ишлаб чиқилган ва тасдиқланган ишларни ташкил этиш лойиҳасига мувофиқ амалга оширилиши лозим. Ишларни ташкил этиш лойиҳаларида таъмирлашни ўтказишга жавобгар шахслар, шунингдек таъмирлаш ишларининг тартиби ва ходимларнинг хавфсизлигини таъминловчи чоралар кўрилиши лозим.


288. Барча ҳолларда таъмирлаш ишларининг бажарилиш тартиби ва усуллари бош муҳандис ёки унинг ўринбосари билан келишилиши керак.

Таъмирлаш ишларини ўтказишда ишларнинг бажарилиши технологик кетма-кетликда кўрсатилиши керак.


289. Таъмирлаш жиҳозлари ва ускуналари ишлаш учун қулай жойлаштирилиши ва иш ҳолатида осон ўрнатилиб ечилиши лозим.


290. Иш зонаси ҳавосидаги зарарли моддаларнинг таркиби рухсат этилган меъёрий концентрациядан ошмаслиги лозим.


291. Дастгоҳларни йиғиш, қайд этиш, бириктириш элементларини қисиш, қотишма, флюс қоплаш ва бошқа йиғма деталларни ўрнатиш махсус қўлланма асосида ёки технологик ҳужжатларда кўрсатилган тартибда амалга оширилиши лозим.


292. Таъмирлаш ишлари тугагач, барча кераксиз конструкциялар, асбоб-ускуналар, материаллар ва чиқиндилар цехдан олиб кетилиши, тўсиқлар, сақловчи блокировка мосламалари ўз жойига ўрнатилиши керак.



VI БОБ. МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ҚОИДАЛАРИНИ

БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


293. Мазкур Қоидаларга амал қилиш учун жавобгарлик тегишли ишларни бажарувчи ташкилотлар зиммасига юклатилади.


294. Мансабдор шахслар ва ходимлар меҳнатни муҳофаза қилиш Қоидаларига риоя қилмаганликлари учун қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.



VII БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


295. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, "Саноатгеоконтехназорат" Давлат инспекцияси, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси ҳамда Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 27 май, 21-сон, 278-модда