язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Меҳнат ва аҳолининг бандлиги/ Меҳнат муҳофазаси/ Турли соҳаларда меҳнат муҳофазаси ва ишлар хавфсизлиги қоидалари/ Мўйнадан ва қўй терисидан пўстин ишлаб чиқариш ходимлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш Қоидалари (АВ томонидан 25.12.2012 й. 2407-сон билан рўйхатга олинган меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг 29.11.2012 й. 76-Б-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2012 йил 25 декабрда 2407-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

меҳнат ва аҳолини ижтимоий

муҳофаза қилиш вазирининг

2012 йил 29 ноябрдаги

76-Б-сон буйруғига

ИЛОВА



Мўйнадан ва қўй терисидан пўстин ишлаб чиқариш

ходимлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 5-сон, 223-модда) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 12 июлдаги 267-сон "Меҳнатни муҳофаза қилишга доир меъёрий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш ва ишлаб чиқиш тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами, 2000 й., 7-сон, 39-модда) ва 2010 йил 20 июлдаги 153-сон "Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 28-29-сон, 234-модда) қарорларига мувофиқ мўйнадан ва қўй терисидан пўстин ишлаб чиқариш ходимлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш тартибини белгилайди.



I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидалар мўйнадан ва қўй терисидан пўстин ишлаб чиқариш ходимлари учун ишларни амалга оширувчи барча мўйнадан ва қўй терисидан пўстин ишлаб чиқарувчи ташкилотларда (кейинги ўринларда ташкилотлар деб юритилади) тааллуқлидир.


2. Мазкур Қоидалар ишлаб чиқариш биноларини ва иншоотларини лойиҳалаш, қуриш ва қайта қуришда, техник жиҳозлаш ва қайта жиҳозлашда, технологик жараёнлар ҳамда ускуналардан фойдаланишда ҳисобга олиниши лозим.


3. Мазкур Қоидалар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талаблари бажарилиши керак эканлигини истисно этмайди.


4. Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш ва ишлаб чиқариш бўйича хавфсизликка оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилиши устидан давлат назорати бунга махсус ваколат берилган давлат органлари томонидан, жамоатчилик назорати эса - меҳнат жамоалари ва касаба уюшмаси ташкилотлари томонидан сайланадиган меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллар томонидан амалга оширилади.



II БОБ. ХАВФСИЗЛИККА ҚЎЙИЛАДИГАН

УМУМИЙ ТАЛАБЛАР


1-§. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ташкил этиш


5. Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни ташкил қилиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил этиш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 273, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилади.


6. Ташкилотларда қуйидаги асосий ҳужжатлар ишлаб чиқилади (тасдиқланади) ва юритилади:

меҳнат шароитлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини яхшилаш, санитария-соғломлаштириш чора-тадбирлари бўйича бўлимни ўз ичига олган жамоавий шартнома;

тасдиқланган меҳнат шароитларини баҳолаш ва иш ўринларини аттестация қилиш услубига мувофиқ иш ўринларини аттестация қилиш карталари;

меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг чораклик иш режалари;

ходимлар ва муҳандис-техник ходимларни ўқитиш, йўл-йўриқ бериш ва билимларини синовдан ўтказиш дастурлари;

меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича маъмурий-жамоатчилик назоратини юритиш журнали (уч босқичли назорат);

ходимларга ёнғинга қарши йўл-йўриқ бериш ва ёнғин-техникавий минимум машғулотларини ўтказиш дастури;

ҳар бир касб ва иш турлари бўйича меҳнатни муҳофаза қилиш йўриқномалари.


7. Ўзбекистон Республикаси "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 5-сон, 223-модда) 14-моддасига мувофиқ ходимлар сони 50 нафар ва ундан ошадиган ташкилотларда махсус тайёргарликка эга шахслар орасидан меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари тузилади (лавозимлар жорий этилади), 50 ва ундан зиёд транспорт воситаларига эга бўлган ташкилотларда эса бундан ташқари йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматлари тузилади (лавозимлар жорий этилади). Ходимлар сони ва транспорт воситалари миқдори камроқ ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг вазифаларини бажариш раҳбарлардан бирининг зиммасига юкланади.


8. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ўз мақомига кўра ташкилотнинг асосий хизматларига тенглаштирилади ва унинг раҳбарига бўйсунади ҳамда ташкилотнинг фаолияти тугатилган тақдирда бекор қилинади.


9. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг мутахассислари лавозим йўриқномасига биноан уларнинг мажбуриятлари жумласига киритилмаган бошқа ишларни бажаришга жалб этилишлари мумкин эмас.


10. Ташкилотларда меҳнат фаолияти билан боғлиқ равишда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва бошқа жароҳатланишларни текшириш ва ҳисобини юритиш Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами, 1997 й., 6-сон 21-модда) билан тасдиқланган Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилиши лозим.



2-§. Ходимларни ўқитиш, уларнинг билимларини синовдан

ўтказиш ва уларга йўл-йўриқ беришни ташкил этиш


11. Ташкилот ходимлари ўз касблари ва иш турлари бўйича белгиланган тартибда ўқишлари, уларнинг билимлари синовдан ўтказилиши ва уларга йўл-йўриқлар берилиши керак.


12. Ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича билимларини синовдан ўтказиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ўқишларни ташкил қилиш ва билимларни синаш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 272, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилиши лозим.


13. Ишларни технологик регламент бўйича хавфсиз юритиш йўриқномалари Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқиш тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 870, 2000 йил 7 январь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси, 2000 й., 1-сон) мувофиқ ишлаб чиқилади ҳамда ташкилот ходимларини ва иш жойларини ушбу йўриқномалар билан таъминлаш ташкилот раҳбарияти зиммасига юклатилади.



3-§. Хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари


14. Ташкилотлар ГОСТ 17.2.3.02 бўйича хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари, уларнинг тавсифи, юзага келиш манбалари, ходимларга таъсир қилиш хусусиятлари ва саломатлик учун хавфлилик даражаси ва келгусидаги оқибатлари тўғрисида тўлиқ ва холисона маълумотга эга бўлиши лозим.


15. Иш жойларидаги ишлаб чиқариш муҳити ҳамда меҳнат жараёнининг хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари тўғрисидаги маълумотлар ишлаб чиқариш муҳитининг физик, кимёвий, радиологик, микробиологик ва микроиқлим ўлчови натижалари, шунингдек меҳнатнинг оғир шароитларини аттестация қилиш орқали белгиланиши лозим.


16. Янги зарарли моддалар пайдо бўлишига ёки хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари йўқолишига олиб келадиган технологик жараёнлар ўзгаришларида ёки янги ишлаб чиқариш ускуналарини жорий қилишда хавфли ва зарарли омиллар тўғрисидаги маълумотларга тегишли ўзгартиришлар киритилиши лозим.



4-§. Ўта хавфли касблар ва ишлар рўйхати


17. Ташкилот ўта хавфли шароитда бажариладиган ишлар рўйхатига эга бўлиши лозим. Рўйхатга хавфли моддалар билан бажариладиган ишлар, баландликда, ифлосланган ҳаво ва сув муҳитида, юқори ҳарорат ва намлик шароитида бажариладиган ишлар, буғ ва сув иситиш қозонлари, юк кўтариш механизмлари, босим остида ишлайдиган сиғимлар, электр ускуналарга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ ишлар ва амалдаги тармоқ рўйхатларига мувофиқ бошқа ишлар киритилиши шарт.


18. Барча ходимлар ўта хавфли ишларни бажариш топшириғини олишдан олдин, меҳнат муҳофазаси бўйича йўл-йўриқ олиши ва ишларни бажариш усулларини ўзлаштириб олиши шарт.


19. Ўта хавфли ишларни бажариш фақат белгиланган тартибда расмийлаштирилган наряд-рухсатномага мувофиқ амалга оширилиши лозим.


20. Ташкилот раҳбарияти ўта хавфли ишларни режалаштириш, ташкиллаштириш ва хавфсиз бажариш белгиланган талабларга мувофиқ амалга оширилишига тўла жавобгардир.



5-§. Жамоавий ва якка тартибдаги ҳимоя воситаларини қўллаш


21. Ходимларни хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларидан ҳимоя қилиш жамоавий ва якка тартибдаги ҳимоя воситаларидан фойдаланиш орқали таъминланиши лозим.


22. Жамоавий ҳимоя қилиш воситаларига қуйидагилар киради:

ишлаб чиқариш хоналари ва иш жойларининг ҳаво муҳитини меъёрлаштириш воситалари (шамоллатиш ва ҳаво тозалаш, иситиш, ҳаво ҳароратини, намлигини бир хил меъёрда сақлаш ва бошқалар);

ишлаб чиқариш хоналари ва иш жойларининг ёруғлигини нормаллаштириш воситалари (ёритиш асбоблари, ёруғликдан ҳимоя қилиш мосламалари ва бошқалар);

шовқиндан, тебранишдан, электр ва статик токлар уришидан ҳамда ускуналар юзасини юқори даражадаги ҳароратдан ҳимоя қилиш воситалари;

механик ва кимёвий омилларнинг таъсиридан ҳимоя қилиш воситалари.


23. Жамоавий ҳимоя воситалари хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари бўлган хонадаги барча ходимларга таъсир қилганда қўлланиши шарт ва ташкилотни қуриш ёки реконструкция қилиш лойиҳаларига киритилиши лозим.


24. Жамоавий ҳимоя воситалари хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларини рухсат этилган миқдоргача камайтириш имконини бермаган ҳолларда якка тартибдаги ҳимоя воситалари қўлланилиши лозим. Бундай ҳолларда якка тартибдаги ҳимоя воситаларисиз ходимларнинг ишга жалб қилиниши тақиқланади.


25. Якка тартибдаги ҳимоя воситаларидан фойдаланадиган ходимлар уларни қўллаши, ҳимоя хусусиятлари ва амал қилиш муддати тўғрисида маълумотларга эга бўлиши лозим.


26. Ташкилотда қуйидагилар таъминланиши шарт:

якка тартибдаги ҳимоя воситаларининг зарур миқдори ва номенклатураси;

ҳимоя воситаларини қўллаш ва тўғри фойдаланиш устидан доимий назорат амалга оширилиши;

ҳимоя воситаларининг самарадорлиги ва созлиги текширилиши;

якка тартибдаги ҳимоя воситаларидан хавфли ва заҳарли моддалар муҳитида фойдаланилганда уларнинг дезинфекция қилиниши (бир марта қўлланиладиган ҳимоя воситалари бундан мустасно).


27. Турли агрессив моддалар билан ишлаётганда тери касалликларининг олдини олиш учун профилактик паста ва мазлардан фойдаланиш лозим.


28. Ходимлар махсус кийим, махсус пойабзал ва бошқа якка тартибда ҳимояланиш воситалари билан белгиланган тартибда бепул таъминланиши лозим.



6-§. Касбий танлов


29. Ташкилотларда танлов ўтказилиши лозим бўлган касблар ва мутахассисликлар рўйхати бўлиши лозим.


30. Ходимлар, ишлаб чиқариш участкаларининг раҳбарлари тегишли маълумотга ва иш тажрибасига эга бўлиши керак.


31. Босим остида ишловчи асбоб-ускуналар ва хавфи юқори бўлган ишларда хизмат кўрсатувчи ходимлар махсус курсларда тайёргарликдан ўтган ва тегишли гувоҳномага эга бўлиши шарт.


32. Ўн саккиз ёшдан кичик шахсларнинг меҳнати қўлланиши тақиқланадиган ноқулай меҳнат шароитли ишлар рўйхатига (рўйхат рақами 1990, 2009 йил 29 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 30-31-сон, 355-модда) мувофиқ, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар зарарли ва ноқулай меҳнат шароити мавжуд ишларга қабул қилинмаслиги лозим.


33. Аёллар меҳнатидан фойдаланиш тўлиқ ёки қисман тақиқланадиган меҳнат шароити ноқулай бўлган ишлар рўйхатига (рўйхат рақами 865, 2000 йил 5 январь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси, 2000 й., 1-сон) мувофиқ, аёллар зарарли ва ноқулай меҳнат шароитига эга бўлган ишларга қабул қилинмайди.



7-§. Ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш


34. Ташкилотларда ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 2387, 2012 йил 29 август) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 35-сон, 407-модда) асосида амалга оширилиши лозим.


35. Ташкилот раҳбарияти касаба уюшмаси қўмитаси ва соғлиқни сақлаш органлари билан биргаликда ҳар йили даврий тиббий кўрикдан ўтиши лозим бўлган ходимларнинг рўйхатини тузиши ҳамда ходимларнинг тиббий кўрикдан ўтишини таъминлаши лозим.


36. Тиббий кўриклар ташкилотнинг тиббий муассасаларида, улар мавжуд бўлмаган ҳолларда, даволаш-профилактика муассасаларида ўтказилиши лозим.


37. Ходим тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлаган ёки тиббий кўрик натижаларига кўра берилган тавсияларни бажармаган тақдирда, ушбу ходим ишга қўйилиши мумкин эмас.


38. Даврий тиббий кўриклар ўз вақтида, сифатли ўтказилиши ва уларнинг натижаларига кўра тавсиялар бажарилиши учун жавобгарлик ташкилот раҳбарияти зиммасига юкланади.


39. Ходимларни соғлиғи туфайли уларга рухсат этилмаган ишларда ишлатиш тақиқланади.



8-§. Санитария ва гигиенага қўйиладиган талаблар


40. Ташкилот хоналари иш ҳудудидаги ҳарорат, нисбий намлик, ҳавонинг ҳаракатланиш тезлиги ва бошқалар ГОСТ 12.1.005-88 "Иш ҳудудининг ҳавоси. Умумий санитария-гигиеник талаблар"га мувофиқ бўлиши керак.


41. Ташкилотнинг ишлаб чиқариш хоналари қуйидаги санитария қоидаларига мувофиқ сақланиши лозим:

хоналарда рухсат этилган ҳарорат, нисбий намлик ва ҳавонинг ҳаракатланиш тезлиги, иш жойларидаги ортиқча иссиқлик, бажарилаётган ишнинг оғирлик даражасига кўра тоифаси, йил мавсуми ҳисобга олинган ҳолда белгиланиши;

ишлаб чиқариш, санитария-маиший хоналарнинг, хом ашё ва тайёр маҳсулотни сақлаш хоналарининг ёруғлиги ҚМҚ 3.01.05-98 "Табиий ва сунъий ёритиш. Лойиҳалаштириш меъёрлари"га мувофиқ бўлиши ҳамда меҳнат шароитларини яратиш учун етарли ёруғлик кучини таъминлаши;

хоналарда ёритиш асбоблари чанг тўпланишига имконият бермайдиган конструкцияга эга бўлиши, шунингдек синган тақдирда, унинг парчалари сочилиб кетмаслиги учун ёпиқ бўлиши.


42. Ноқулай омиллар таъсирига қарши ҳимоя тадбирларини тузишда самарали ҳаво алмашинуви тизимини ҚМҚ 2.04.05-97 "Иситиш, вентиляция ва кондициялаш" талабига мувофиқ ташкил қилиш лозим.


43. Ишлаб чиқариш, санитария-маиший хоналарни, хом ашё ва тайёр маҳсулотни сақлаш хоналарини гигиеник жиҳатдан тоза сақлаш ва ходимларнинг шахсий гигиенасига қўйиладиган талаблар қонун ҳужжатларида белгиланган қоидаларга мувофиқ бўлиши лозим.



9-§. Ташкилот майдонларига бўлган хавфсизлик талаблари


44. Ташкилот майдонлари ва биноларининг жойлашуви ҚМҚ II 89-80 "Саноат ташкилотларининг бош плани" талабларига мос бўлиши керак.


45. Ташкилотда транспорт воситаларининг ва пиёдаларнинг ташкилот ҳудудида ҳаракатланиши чизмаси ишлаб чиқилган ва тасдиқланган бўлиши керак.


46. Транспорт воситалари ва ташкилот ҳудудида пиёдаларнинг ҳаракати чизмаси ташкилотга кириш ва чиқиш ҳамда иш участкалари ва цехларнинг кўринарли жойларига осиб қўйилиши керак.


47. Ташкилот майдонлари кўкаламзорлаштирилган ва сув қуйиш қувурлари тармоқлари билан таъминланган бўлиши лозим.


48. Ташкилот майдонидаги ўтиш жойлари мустаҳкам ёпқичлар, сувлар оқиб кетадиган иншоотлар билан жиҳозланган бўлиши керак.


49. Йилнинг ёз вақтида йўлаклар ва ўтиш жойларига сув сепилган, қишда қордан тозаланиб, қум сепилган бўлиши лозим.


50. Йўловчилар учун йўлак ва ташкилотга кириш жойи текис, кенглиги камида 1,5 м, ён томонларида деворча ва тўсиқлар бўлиши лозим.


51. Биноларнинг томларини қишки мавсумда қордан, карнизларни қотган музлардан тозалаб туриш зарур.


52. Ташкилот ҳудудида ҳар куни тозалаб ва дезинфекция қилиб туриладиган ахлат ташланадиган идишлар бўлиши шарт.


53. Ҳовлидаги ҳожатхоналарни озода сақлаш, мунтазам дезинфекция қилиш, сутканинг қоронғи пайтида эса ёритиш керак.


54. Ташкилот жойлашган майдон бутун чегара бўйлаб тўсилган бўлиши, унинг ҳудудига бегоналарнинг кириши чекланган ва назорат остига олинган бўлиши лозим.



10-§. Бино ва иншоотларга бўлган хавфсизлик талаблари


55. Ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари ҚМҚ 2.09.02-85 "Ишлаб чиқариш бинолари" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


56. Ёрдамчи бинолар ва хоналар ҚМҚ 2.09.04-98 "Ташкилотларнинг маъмурий ва маиший бинолари" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


57. Ишлаб чиқариш ва ёрдамчи хоналарнинг (ҳарорати, нисбий намлиги, ҳавонинг ҳаракатланиш тезлиги ва бошқалар) микроиқлими ГОСТ 12.1.005-88 талабларига жавоб бериши керак.


58. Нам хоналарда ҳамда иссиқ ўтказувчи полларда (бетонли, ғиштли, плитали ва бошқалар) мунтазам ишлашга мўлжалланган иш жойларида ёғоч тўшамалар ва панжаралар ётқизилган бўлиши керак.


59. Пол тўшамалари зарарли моддалар, ишлаб чиқаришдаги кирлар ва чанглардан енгил тозаланадиган бўлиши керак.


60. Бинога транспорт воситаларининг кириш жойлари дарвозалар ва сигнал асбоб-ускуналари билан таъминланган бўлиши лозим.


61. Дарвоза тавақалари ёпиқ ва очиқ ҳолатида махсус мосламалар мустаҳкам ўрнатилган бўлиши керак.


62. Транспорт воситаларининг бинога кириши учун дарвоза эни фойдаланилаётган транспорт воситалари эни миқдоридан ошиқ бўлиши керак.


63. Дарвозаларнинг баландлиги транспорт воситасининг баландлигидан камида 0,2 м дан ошиқ бўлиши керак.


64. Ташкилотларда бинолар ва иншоотлардан фойдаланиш ҳолатини мунтазам кузатиш ташкил этилган бўлиши керак.


65. Барча ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари бир йилда икки мартадан (баҳор ва кузда) кам бўлмаган ҳолда ташкилот раҳбари томонидан тайинланган комиссия томонидан техник кўрикдан ўтказилиши лозим. Техник кўрик хулосалари уларда топилган нуқсонларни бартараф этиш бўйича тадбирлар ва муддати кўрсатилган далолатномалар орқали расмийлаштирилиши керак.


66. Ходимлар учун хавф туғдирувчи ҳалокат тусидаги бузилишлар тезда бартараф этилиши керак. Хавфли ҳудудларда ишлаб чиқариш жараёнлари ҳалокат бартараф этилгунга қадар тўхтатиб турилиши лозим, шунингдек хизмат кўрсатувчи ходимлар хавфсиз жойга кўчирилиши керак.


67. Кириш ва чиқиш йўллари, коридор, тамбур, нарвонлар турли жисмлар ва асбоб-ускуналар билан тўсиб қўйилмаслиги лозим. Эвакуация чиқиш йўлларининг барча эшиклари бинодан чиқиш йўналиши бўйича очилиши лозим.


68. Ташкилотнинг ишлаб чиқариш хоналари ва омборхоналар автоматик ёнғиндан хабар берувчи ва ёнғинларни бартараф этувчи қурилмалар билан жиҳозланган бўлиши лозим.



11-§. Шамоллатиш ва иситиш тизимига қўйиладиган талаблар


69. Шамоллатиш ва иситиш тизими ҚМҚ 2.04.05-97 "Иситиш, шамоллатиш ва кондиционерлаш" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


70. Оқимли шамоллатишларни ташқи ҳаво тизимидан олиш ердан камида 2 м баландликда бажарилиши лозим.


71. Ўтиш жойларида жойлашган иситиш жиҳозлари рухсат этилган ўтиш йўлакларининг энини камайтирмаслиги лозим.


72. Иш жойларида ҳаво ҳарорати енгил жисмоний ишда 21° С, ўртача оғир ишда 17° С ва оғир ишда 16° С дан паст бўлмаслиги керак.


73. Ходимларининг исиниши учун хоналарда ҳарорат 22° С дан кам бўлмаслиги керак.


74. Исиниш хоналаригача бўлган масофа биноларда жойлашган иш жойларидан 75 м дан, бино ташқарисидаги иш жойларидан эса - 150 м дан кўп бўлмаслиги лозим.



12-§. Сув таъминоти ва канализация тизимига

қўйиладиган талаблар


75. Сув билан таъминлаш ва канализация тизими ҚМҚ 2.04.01-98 "Биноларнинг ички сув қувури ва канализацияси" талабига мос келиши керак.


76. Ичимлик сувидан фойдаланиш учун сув қувурига уланган фавворачалар бўлиши керак. Сув қувурлари йўқ бўлганда, бакларда қайнатилган сув бўлиши лозим.


77. Ичимлик сувининг ҳарорати 8° С дан 20° С гача бўлиши керак.


78. Ташкилот ҳудудидаги ҳожатхоналар иссиқ сув ва канализация тизимига уланган бўлиши лозим.


79. Ташкилотда канализация тизими йўқ бўлганда, давлат санитария назорати органлари билан келишилган ҳолда ташкилотда ер қатламини ифлослантирмаган ҳолда душхоналардан ва юз-қўл ювгичлардан сув оқмайдиган қурилмали ахлат ўраларининг мавжуд бўлишига рухсат этилади.



13-§. Ёритишга қўйиладиган талаблар


80. Ишлаб чиқариш хоналарини табиий ва сунъий ёритиш ҚМҚ 2.01.05-98 "Табиий ва сунъий ёритиш" талабларига мос бўлиши лозим.


81. Ёритиш воситалари тоза ва соз ҳолатда бўлиши керак. Ёруғлик тушувчи ойналарни йилида камида икки маротаба тозалаш лозим.


82. Ёруғлик тушадиган дераза ва эшикларни турли предметлар (ускуна, тайёр маҳсулот ва бошқалар) билан тўсиб қўйишга рухсат этилмайди.


83. Сунъий ёритиш умумий ва бирлашган (умумий маҳаллий билан биргаликда) тизим орқали амалга оширилади. Биргина маҳаллий ёритишни қўллаш тақиқланади.


84. Участка ва хоналарда портлаш бўйича хавфли газ ва чанглар концентрацияси йиғилиб қолиши эҳтимоли бўлса, электр ёритиш тизими портлашдан алоҳида бажарилиши керак.


85. Хавфлилик даражаси юқори бўлган хоналарда кучланиши 36 В дан юқори бўлмаган кўчма электр ёриткичлар ишлатилиши керак. Ускуналар ва иншоотлар (бункерлар, қудуқлар, буғлантириш камералари, туннеллар ва бошқалар)нинг ички сиртини ёритиш учун ишлатиладиган кўчма электр ёриткичларнинг кучланиши 12 В дан ошмаслиги керак.


86. Кўчириб юрилувчи ёриткичлар шишали ҳимоя қопқоқлари ва металл тўр билан жиҳозланган бўлиши лозим. Ушбу ёриткичлар ва бошқа кўчириб юрилувчи аппаратлар учун мис толали эгилувчан кабель ва электр ўтказгичлар қўлланиши лозим.


87. Эвакуация йўлаклари ва зинапояларда авария ёриткичлари бўлиши лозим.


88. Авария ёриткичлари бошқа ёриткичлардан тури, ўлчамлари ва махсус туширилган белгилари билан ажралиб туриши ва вақти-вақти билан чангдан тозаланиб туриши лозим.


89. Авария ёритиш тармоқларига электр энергияси истеъмолчиларининг уланиши тақиқланади. Авария ёритилишларининг созлиги ҳар чоракда камида бир марта текширилиши лозим.



14-§. Маиший иморатларга қўйиладиган талаблар


90. Ташкилот маиший хоналар, овқатланиш хоналари, тиббий пунктлар билан жиҳозланган бўлиши керак.


91. Кийим алмаштириш хоналари, душхоналарнинг ўлчамлари, душ сеткалари, оёқ ванналари, бет-қўл ювгичлар, истеъмол суви таъминоти қурилмалари, ҳожатхоналар ва шу каби қурилмаларнинг сони сменадаги энг кўп ходимлар сони ҳисобга олинган ҳолда белгиланиши лозим.


92. Душхоналар ва ҳожатхоналардаги тарновлар, каналлар, траплар, писсуарлар ва унитазлар мунтазам равишда тозаланиши, ювилиши ва дезинфекция қилиниши лозим.



15-§. Атроф табиий муҳитни муҳофаза

қилишга бўлган талаблар


93. Ташкилот атроф-муҳитнинг (ҳаво, тупроқ, сув ҳавзалари) ифлосланишига ва зарарли омилларнинг тегишли нормалардан ортиқ даражада тарқалишига олиб келмаслиги лозим.


94. Ташкилотларда ишлаб чиқариш жараёнларини амалга оширишда атроф-муҳитнинг чиқиндилар (оқова сувлар, шамоллатиш тизими чиқиндилари ва бошқалар) билан ифлосланиши эҳтимолини истисно этадиган шароитлар таъминланиши лозим.


95. Ташкилотларда чиқиндиларни йиғиш учун атрофи ўралган махсус жой ажратилиши ва контейнерлар билан таъминланиши, контейнерлар чиқиндилардан бўшатилгандан сўнг хлорли оҳак эритмаси билан дезинфекция қилиниши ва ювилиши керак.



16-§. Меҳнат ва дам олишга қўйиладиган талаблар


96. Ходимларнинг иш вақти, шу жумладан, қисқартирилган иш вақти, дам олиш ва танаффуслар вақти ташкилотлар томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.



III БОБ. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ (ТЕХНОЛОГИК)

ЖАРАЁНЛАРИГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


1-§. Мўйнали тери хом ашёсини ошлаш

ва бўяшда хавфсизлик талаблари


97. Ишлаб чиқариш технологик жараёнлари ГОСТ 12.3.002-75 "Ишлаб чиқариш жараёнлари. Умумий хавфсизлик талаблари"га мувофиқ бўлиши лозим.


98. Мўйнали тери хом ашёсини ошлаш ва бўяшдан олдин полларни ювиш керак.


99. Мўйнали тери хом ашёсини ошлаш ва бўяш жойида шикастланган (кимёвий зарарли эритмалар, кислота) тана қисмлари ва кўзларни зудлик билан ювиш учун фавворалар, шунингдек куйишдан жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиши лозим.



2-§. Ёнғин ва портлашга қўйиладиган хавфсизлик талаблари


100. Ишлаб чиқариш жараёнлари ёнғин ва портлаш хавфсизлиги, уларни режалаштиришда, ташкиллаштиришда ва олиб боришда ГОСТ 12.1.004-91 "Ёнғин хавфсизлиги. Умумий талаблар" ва ГОСТ 12.1.010-90 "Портлаш хавфи. Умумий талаблар"га ва ушбу Қоидаларга мувофиқ таъминланиши лозим.


101. Ишлаб чиқаришда синалмаган ёнғин ва портлаш хавфи мавжуд ҳамда токсик хусусиятларга эга бўлган моддалар ва материалларни қўллаш тақиқланади.


102. Ишлаб чиқариш бинолари ва хоналарининг портлаш жиҳатдан хавфлилик тоифалари лойиҳа ташкилоти томонидан ТЛТМ 24-86 "Технологик лойиҳалаштириш тармоқ меъёрлари"га мувофиқ ҳар ҳолат учун алоҳида аниқланиши лозим.


103. Ишлаб чиқариш жараёнларини амалга оширишда ёнғинлар, портлашлар, авариялар, заҳарланишлар содир бўлиши ҳамда атроф-муҳит унинг чиқиндилари (оқова сувлари, шамоллатиш чиқиндилари ва бошқалар) билан ифлосланиши эҳтимолини истисно этадиган шароитлар таъминланиши лозим.


104. Ишлаб чиқариш бинолари ва хоналари дастлабки ёнғинни ўчириш воситалари билан таъминланган бўлиши шарт.


105. Шамоллатиш тизими ёнғиндан дарак берувчи сигнализация билан бирлаштирилган бўлиши керак.


106. Бино ва ёнғин сув манбаи йўлаклари ҳамда ёнғинни ўчириш воситаларига борадиган йўлаклар доимо бўш бўлиши керак.


107. Портлашнинг олдини олиш учун машина ва агрегатларининг ишқаланувчи қисмлари қизиб кетишига йўл қўймаслик лозим.


108. Аралашганда портловчи модда ҳосил қилиши лозим бўлган газларни умумий коллекторга чиқариш тақиқланади.


109. Ишлаб чиқариш бинолари ва хоналари учун ҳудудий ёнғин хавфсизлиги хизмати билан келишилган ёнғин хавфсизлиги бўйича йўриқнома ишлаб чиқилиши ва кўринадиган жойга осиб қўйилиши лозим.


110. Ходимлар билан ёнғин хавфсизлиги бўйича машғулотлар ўтказилиши ва ёнғиннинг олдини олиш бўйича йўл-йўриқлар берилиши керак.


111. Ишлаб чиқариш биноларининг барча хоналари, ишлаб чиқариш, омборхона ва ёрдамчи биноларнинг кўринарли жойларида ёнғин хавфсизлиги хизматининг телефон рақамлари ёзилган эслатма ёзувлар бўлиши керак.


112. Архив, омборхона ва ҳаво алмаштириш ускуналари ўрнатилган хоналарнинг эшиклари ёнғинга чидамли қилиб ишланган бўлиши керак.


113. Ташкилот биноларининг ҳар бир қаватида ёнғин содир бўлганида ходимларни ва моддий бойликларни қутқариш чизмаси ўрнатилиши шарт. Чизмада хоналар, йўлаклар, бирламчи ёнғин ўчириш воситалари, телефон жойлашуви, ходимларнинг фавқулодда ҳолатда захира чиқиш йўлларидан ҳаракат қилиш йўналишлари кўрсатилиши лозим.


114. Бино ва иншоотларда қуйидагилар тақиқланади:

ертўлада ёнувчи суюқликлар, газ сиғимлари, портлаш хавфи бўлган молларни сақлаш;

чордоқларда, техник қаватларда, венткамералар ва бошқа техник хоналарда асбоб-ускуналарни сақлаш;

захира чиқиш йўллари деворларига, шифт ва полларига енгил ёнувчи материаллар билан ишлов бериш, бўяш, шунингдек зинапоялар ва улар олдидаги хоналарга ёнувчи қурилиш материалларидан ишлов бериш, ёғоч панеллар билан безаш, турли қўшимча хизмат хоналарини қуриш;

хоналардаги электр иситгич асбоблар, компьютер ва ёрдамчи асбоб-ускуналарни электр тармоғига уланган ҳолда қолдириш;

электр асбоб-ускуналар ва жиҳозлардан фойдаланишдан аввал уларни ишлаб чиқарган ташкилот томонидан берилган тавсия ва йўриқномада келтирилган фойдаланиш қоидалари билан танишиб чиқмасдан ишлатиш.


115. Ёнғин ўчириш воситаларидан хўжалик ишларини бажариш мақсадларида фойдаланиш тақиқланади.


116. Ташкилот бино ва иншоотларида ўрнатилган ички ёнғин ўчириш жўмраклари сув тармоғига уланган бўлиб, улар ёнғин ўчириш енг ва дастаклар махсус ёнғин қутилари ичида жойлаштирилиши керак. Енг ва дастаклар ёнғин ўчириш ички жўмрагига улаб қўйилган бўлиши керак.


117. Ёнғинга қарши сув ҳавзалари доимо соз ҳолатда бўлиши, ичидаги сув ҳажми ёнғинни ўчириш учун етарли бўлиши керак. Сув ҳавзаларининг ишга яроқлилиги йилига камида икки маротаба, баҳор ва куз мавсумларида текширилиши лозим.



3-§. Электр қурилмаларига қўйиладиган хавфсизлик талаблари


118. Ташкилотларда электр қурилмаларини ўрнатиш ва улардан фойдаланишда Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан техник фойдаланиш қоидалари (рўйхат рақами 1383, 2004 йил 9 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 27-сон, 317-модда) ҳамда Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан фойдаланишда техника хавфсизлиги қоидалари (рўйхат рақами 1400, 2004 йил 20 август) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 33-сон, 379-модда) ва мазкур Қоидалар талабларига риоя қилиниши керак.


119. Электр энергиясидан фойдаланишда ташкилот раҳбарининг буйруғи билан муҳандис-техник ходимлардан электр хўжалиги учун жавобгар ходим тайинланган бўлиши ва бу ходим электр хавфсизлиги бўйича тегишли малака гуруҳига эга бўлиши шарт.


120. Кучланиши 1000 В ва ундан юқори бўлган электр ускуналарга хизмат кўрсатишда электр хўжалиги учун масъул ходим электр хавфсизлиги бўйича V малака гуруҳига ва кучланиши 1000 В гача бўлган электр ускуналарга хизмат кўрсатишда IV малака гуруҳига эга бўлиши талаб этилади. Масъул ходим даврий равишда ва ўрнатилган тартибда электр хавфсизлиги бўйича ташкилотда тузилган комиссияда билим синовидан ўтиши шарт.


121. Электр токи ўтказувчи қисмлар, тақсимловчи қурилмалар, аппаратлар ва ўлчаш асбоблари, шунингдек турли сақловчи қурилмалар, рубильниклар ва бошқа ишга туширувчи аппаратлар ва мосламалар фақат ёнмайдиган асосларда монтаж қилиниши лозим.


122. Юқори намлик ва иссиқлик ажралиб чиқувчи хоналарда электр ёриткичлар намликдан, электр двигателлари эса - суюқлик сачрашидан ҳимояланган бўлиши шарт.


123. Тақсимловчи қурилмалар изоляциясининг қаршилиги ва чидамлилиги текшириб турилиши лозим.


124. Ишлаб чиқариш бинолари ва маиший хоналарда қўлланувчи люминесцент ёриткичлар ёпиқ ҳолда, намлик ва чанг ўтказмайдиган махсус арматурада бажарилиши лозим.


125. Кўчириб юрилувчи ёриткичлар шишали ҳимоя қалпоқлари ва металл тўр билан жиҳозланган бўлиши лозим. Ушбу ёриткичлар ва бошқа кўчириб юрилувчи аппаратлар учун мис толали эгилувчан кабель ва электр ўтказгичлар қўлланилиши лозим.


126. Кабеллар ва электр ўтказгичларнинг изоляцияси, ташқи бирикмалар, электр токидан ҳимояловчи ерга уланган симлар, электр двигателларнинг ишлаш режими кўрикдан ўтказилиши ва асбоблар билан ўлчаш орқали текшириб турилиши лозим.


127. Ток узатилмагани сабабли ускуна тўхтатилган ҳолларда электр двигателлар ўчирилиши керак.


128. Электр аппаратлари ва агрегатларининг нолга ва ерга улаш симларининг бутунлиги камида 6 ойда бир марта текширилиши лозим. Текшириш натижалари далолатнома билан расмийлаштирилади.


129. Кам қувватли электр лампалари ва асбобларини каттароқ қувватлиларига алмаштириш тармоқ учун йўл қўйилувчи юкланишни ҳисобга олган ҳолда электр хўжалиги учун масъул ходимнинг рухсати билан амалга оширилиши лозим.


130. Битта электр штепселига бир нечта истеъмолчиларни улаш тақиқланади.


131. Чангларнинг статик электр разрядларидан алангаланиб кетмаслиги учун машиналарнинг ғилофлари, унинг асосий валлари ва ҳаво қувурлари ерга уланган бўлиши лозим.


132. Ҳаво қувурларининг фильтрлари майда катакли металл тўрлар билан ўралган ва тўр ерга уланган бўлиши лозим.


133. Ташкилотнинг барча турдаги бино ва иншоотлари яшин қайтаргичлар ўрнатилган ҳолда тўғридан-тўғри яшин уришидан ҳимояланган бўлиши лозим. Яшин қайтаргичлар ҳар йили баҳорда текширилиб туриши ва носозликлари бартараф этилиши лозим.


134. Момақалдироқ вақтида электр ўлчашларни амалга ошириш тақиқланади.



4-§. Кимёвий эритмалар тайёрлаш учун хавфсизлик талаблари


135. Ёғсизлантирувчи, ошловчи, бўяш эритмалари ҳамда ёғли эмульсиялар учун эритмалар тайёрлаш махсус жиҳозланган хоналарда (лаборатория) ишлаб чиқарилиши керак.


136. Кимёвий моддалар билан ишлаш хоналари изоляцияланган бўлиши керак.


137. Лабораторияларда кимёвий моддаларни сақлаш муддати бир суткадан ошмаслиги керак.


138. Кимёвий моддалар билан ишланадиган хоналарда вентиляция мосламалари бўлиши керак.


139. Кимёвий моддалар билан ишлаш хоналарида, умумий вентиляциялар билан бир қаторда хонанинг 3/2 қисми пастки томонидаги ҳавони тозалайдиган вентиляция билан жиҳозланиши керак.


140. Тоза ҳавонинг келиш тезлиги 0,3 м/с дан кўп бўлмаслиги керак.


141. Кимёвий моддаларни майдалаш механизациялаштирилган усулда бажарилиши керак.


142. Кимёвий моддаларни тайёрлаш ва сақлаш асбоб-ускуналари кислотага чидамли бўлиши керак.



5-§. Юк ортиш ва тушириш ишларидаги хавфсизлик талаблари


143. Юк ортиш ва тушириш ишларидаги ва юкларни жойлаштириш Юк ортиш ва тушириш ишларидаги юкчилар учун ишларнинг хавфсизлиги қоидалари (рўйхат рақами 1582, 2006 йил 13 июнь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 24-сон, 221-модда) талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


144. Вазни 50 кг дан ортиқ бўлган юкларни ортиш ва тушириш ишлари механизациялаштирилган бўлиши лозим.


145. Оғир ва йирик юкларни ташиш, ортиш ва тушириш ишлари маъмурий-техник ходимлар томонидан махсус ажратилган шахс раҳбарлиги остида амалга оширилиши лозим.


146. Юк ортиш ва тушириш ишларини бажаришда ходимлар кўтарилаётган ёки туширилаётган юк остида турмаслиги керак.


147. Юк сақлаш учун майдончалар сатҳи текис бўлиб, чуқурчаларсиз ва 5° бурчак остидан ошмайдиган нишаби бўлиши керак. Юк сақлаш учун майдончалар қопламаси унга келувчи йўллар қопламасига тенг бўлиши лозим.


148. Омбор ёки юк сақлаш учун майдончалар ҳудудига киришда ҳаракат йўналиши, юклаш-тушириш жойи ёки транспорт воситаларининг тўхтаб туриш жойини кўрсатувчи чизма осилган бўлиши керак.


149. Автоэлектрюклагич қўлланишига фақат қаттиқ қопламага эга бўлган текис майдончаларда рухсат берилади. Чуқурлар пайдо бўлганда уни тўлдирадиган шошилинч таъмир ўтказилиши керак.


150. Цех ички транспорти сифатида электр юклагичлар, электрокарлар ва ҳоказолар қўлланилиши мумкин. Ички ёнув двигателли автоюклагичлар ва автокарларнинг ишлаб чиқариш бинолари ва омборларга кириши тақиқланади.


151. Электр юклагичларнинг вилкали ушлагичлари битта текисликда туриши лозим.


152. Юклагичга рухсат этилган юк оғирлиги унинг техник ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.


153. Одамларни электр юклагичлар ва электрокарларда ташиш, шунингдек кўтарилаётган ва ташилаётган юк (контейнерлар ва ҳоказолар) устида туриш тақиқланади.



IV БОБ. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ АСБОБ-УСКУНАЛАРИГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


1-§. Катта тоғораларга қўйиладиган хавфсизлик талаблари


154. Катта тоғоралар борти баландлиги полдан 0,5 м дан кам бўлмаслиги керак.


155. Тоғорани ичига ходимларни тозалаш учун туширганда ёки бошқа ишларнинг бажарилишида техника хавфсизлиги бўйича ходимлар учун тозалаш қурилмалари, кўлмаклар, қудуқлар, канализация тармоқлари ва бошқа қурилмаларга хизмат кўрсатиш махсус йўриқномаларга амал қилиниши керак.


156. Тоғорага тушиш учун қўлланиладиган нарвонларнинг юқори қисмида тоғорага маҳкамланадиган махсус илгаклари бўлиши керак.



2-§. Баркасларга (очиқ барабанлар) қўйиладиган

хавфсизлик талаблари


157. Баркасларнинг устки қисмида териларни юклаш учун қопқоқларга эга ғилов бўлиши керак.


158. Баркаслар ташқарисига терилар тушиб кетмаслиги учун илгичларга эга бўлиши керак.


159. Баркасларни туширувчи туйнук махсус ва қулай очиладиган бўлиши керак.


160. Баркаслардан суюқликни бошқа жойларга тўкмасдан чиқариш учун махсус труба бўлиши керак.


161. Труба тўсиғининг баландлиги 0,5 м дан кам бўлмаган ва трубанинг баландлиги 15 см дан кам бўлмаслиги керак.


162. Баркасларга хизмат кўрсатадиган иш майдончалари ва уларнинг нарвонлари баландлиги 1 м дан кам бўлмаган тўсиқларга ва пастдан баландлиги 15 см дан кам бўлмаган яхлит ушлагичга эга бўлиши керак.



3-§. Барабанларга қўйиладиган хавфсизлик талаблари


163. Тўсиқ баландлиги 1 м дан кам бўлмаслиги керак.


164. Барабанлар териларни солиш вақтида мустаҳкам ёпиладиган ҳимоя қопқоқларига эга бўлиши керак.


165. Барабанлар бўлган хоналарда вентиляция бўлиши керак.



4-§. Центрифугаларга қўйиладиган хавфсизлик талаблари


166. Янгидан ўрнатиладиган центрифугалар қопқоқ очиқ пайтида ишга тушиб кетишига ёки ишлаб турганда қопқоқнинг очилиб кетишига йўл қўймайдиган блокировка билан жиҳозланган бўлиши керак.


167. Саватга солинган хом ашёларни текис жойлаштириш керак.


168. Центрифугани синаш вақтида бошқа ходимлар кириши тақиқланади.



5-§. Жун кесиш (қирқиш) машиналарига

қўйиладиган хавфсизлик талаблари


169. Тасмали пичоқ узунлиги бўйича пичоқ тагига қўл тушишининг олдини оладиган тўсиқлар бўлиши керак. Пичоқлар махсус ғилофларда ва белгиланган хоналарда сақланиши керак.


170. Тасмали пичоқни алмаштириш махсус ходим томонидан амалга оширилиши керак.


171. Терининг букилган чеккаларини пичоққа йўналтирганда ёғочли белкуракча бўлиши керак (белкуракча ишчининг доимо ёнида бўлиши керак).



6-§. Терини силлиқлаб, ёғидан тозалаш машиналарига

қўйиладиган хавфсизлик талаблари


172. Машинанинг пичоқли валини ўткирлаш махсус мослама билан чархланиши керак. Ўткирлаш мосламасида ҳимояловчи ғилоф бўлиши керак.


173. Терини силлиқлаш машиналарини ювиш учун иссиқ сув билан таъминланган бўлиши керак.


174. Машинани ювиш учун махсус кранга уланадиган резина шланглари бўлиши керак.


175. Доимий равишда чиқиндиларни механик, гидравлик ва пневматик тарзда йўқ қилиш керак.



7-§. Дискли пичоқ билан терини силлиқлаб, ёғдан тозалаш

машиналарига қўйиладиган хавфсизлик талаблари


176. Дискли пичоқнинг иш қисмида қўлни ҳимояловчи мосламаси бўлиши керак.


177. Дискли пичоқни ўткирлаш фақат махсус ходим томонидан бажарилиши керак.



8-§. Терини бўладиган ҳамда тасмалайдиган машиналарга

қўйиладиган хавфсизлик талаблари


178. Тасмали пичоқлар махсус ғилофларда олиб юрилиши ва махсус жойларда сақланиши керак.


179. Тасмали пичоқларни алмаштириш махсус ходим томонидан амалга оширилиши керак.


180. Транспортировка қиладиган валларга териларни узатиш учун махсус ёғоч белкуракча ёки мослама бўлиши керак.



9-§. Сиқадиган ва ажратадиган машиналарга

қўйиладиган хавфсизлик талаблари


181. Транспортировка қилаётган машинанинг узунлиги валларнинг узунлиги билан бир хил ва мос бўлиши керак.


182. Сиқув машиналари манометр билан таъминланган бўлиши керак.


183. Машиналар сиқиб чиқарилган суюқликларни олиб кетадиган мослама билан таъминланиши керак.


184. Иш жойлари машиналарга яқин тўшамалар билан жиҳозланган бўлиши керак.



10-§. Қуритиш қурилмасига қўйиладиган хавфсизлик талаблари


185. Қуритиш қурилмаси ёрилиш ҳолатида ушлаб қолувчи занжирга эга бўлиши керак.


186. Қуритиш қурилмасидан иссиқ ҳаво чиқишининг олдини олиш учун кучланишсиз ишлаши керак.


187. Қуритиш ускунасининг қобиғи ёки камеранинг девори иссиқликни айирувчи бўлиши керак, ташқи ҳарорати 45°С дан ошмаслиги керак.


188. Териларни мустаҳкамлаш учун сиқилишларнинг созлигини доимий текшириб туриш керак.



11-§. Дазмоллаш машиналарига қўйиладиган

хавфсизлик талаблари


189. Бошқарув функциялари ва назорат-ўлчов асбоблари иш жойидаги машина бошқариш пультида жойлашган бўлиши керак.


190. Машиналарда маҳаллий чанг ва чиқиндиларни сўриб оладиган мослама бўлиши керак.


191. Машинада дазмоллаш айланасининг иситганини ёқилиши ёки ўчирилишидан хабар берувчи сигнал ва лампа бўлиши керак.



12-§. Тикув машиналарига қўйиладиган

хавфсизлик талаблари


192. Тикув машиналарининг юзаси силлиқ ва текис бўлиши керак.


193. Барча тикув машиналарига бармоқларга игна кириб кетмаслиги учун ҳимояловчи мосламалар ўрнатилган бўлиши керак.


194. Илгак, тугма қадаш ва тугма тешикларини тикиш машиналари ходимларни синиқ игна ва тугмалардан зарар кўришларининг олдини олувчи қалқончалар билан жиҳозланган бўлиши керак.


195. Ўтказувчи тасмаларнинг чоки юмшоқ бўлиши керак.


196. Тасмаларни ҳалқалар билан бирлаштириш тақиқланади.


197. Машиналарда мойларни сачратишдан сақловчи мосламалар бўлиши керак.



13-§. Мўйнадўзлик машиналарига қўйиладиган

хавфсизлик талаблари


198. Машиналар ишончли тормоз билан таъминланган бўлиши керак.


199. Майин жунли қатламли терини (юмронқозиқ, каламуш, ондатра) тикиш чоғида машиналар пневматик жунларни текислайдиган мосламага эга бўлиши керак.


200. Маҳаллий ёритиш ишлари электр хавфсизлиги Қоидаларига риоя этган ҳолда олиб борилиши керак.



14-§. Тасмали бичув машиналарига қўйиладиган

хавфсизлик талаблари


201. Машинада пичоқ синганда, тасмани ушлаб қолувчи электромагнит қурилма бўлиши керак.


202. Машиналар, материални бичиш ва тасмали пичоқни ўткирлаш вақтида ажралувчи чангларни олиш учун маҳаллий сўриш мосламасига эга бўлиши керак.


203. Тасмали пичоқларни сақлаш ва олиб юриш учун махсус ғилофлар бўлиши керак.



15-§. Жунни титиш ва жун ювадиган машиналарга

қўйиладиган хавфсизлик талаблари


204. Жун титувчи машиналарда яхлит ғилоф бўлиши керак. Тўсиқлар эшиклари блокировкага эга бўлиши ва машина бутунлай тўхтаганда очилиши керак.


205. Машиналарга юклаш ишлари механизацияланган ҳолда бажарилиши керак.


206. Жун ювиш машиналарига кимёвий эритмаларни қувурлар орқали етказиб бериш.



V БОБ. ТАЪМИРЛАШ ИШЛАРИНИ АМАЛГА

ОШИРИШДА ХАВФСИЗЛИК ТАЛАБЛАРИ


207. Ташкилотнинг таъмирлаш хизмати ускуналарнинг меҳнат хавфсизлиги стандартлари, уларнинг техник паспортлари, техник йўриқномалари ва ишлаб чиқарувчи заводнинг бошқа ҳужжатларининг талабларига мослигини таъминлаши керак.


208. Ускуналарни зарур техник ҳолатда тутиб туриш учун ташкилотда унга хизмат кўрсатишни яхшилаш, режавий-олдини олувчи таъмирлаш қатъий бажарилиши ва таъмирлаш ишларининг сифатини яхшилаш бўйича чоралар кўрилиши керак.


209. Асосий ускуналарни капитал ва жорий таъмирлаш ишлаб чиқилган ва тасдиқланган ишларни ташкил этиш лойиҳасига мувофиқ амалга оширилиши керак.


210. Барча ҳолларда таъмирлаш ишларининг бажарилиш тартиби ва усуллари бош муҳандис ёки унинг ўринбосари билан келишилиши керак.


211. Таъмирлаш ишлари бажариладиган ҳудуд тўсилган ҳолатда бўлиши ва у ерда хавфсизлик плакати ва белгилари ўрнатилган бўлиши керак.


212. Таъмирлаш ишлари бошланишидан аввал таъмирлашда банд бўлган барча ходимлар ишларни ташкил этиш лойиҳаси билан таништирилиши ва таъмирлаш ишларини бажариш пайтида хавфсизлик чораларига риоя қилиш бўйича йўриқномадан ўтказилиши керак.


213. Оғир юкларни жойидан кўчириш ишлари юк ортиш ва тушириш ишлари учун жавобгар шахсларнинг рухсати билан бажарилиши керак.


214. Носоз юк кўтарувчи механизм ва мосламаларда, шунингдек шаҳодатланган, муддати тугаган механизмларда ишлашга йўл қўйилмаслиги керак.


215. Ечиб олинган агрегатлар, деталлар ва металл конструкциялар йиғиштириб қўйилиши керак.


216. Таъмирлаш пайтида иш жойларини, йўлларни, йўлакларни ва зинапояларни турли нарсалар билан тўсиб қўйиш тақиқланади.


217. Таъмирлаш ишлари бажарилаётган ҳудуддаги электр ўтказгичлар ёки ускуналарнинг кучланиш остида бўлган очиқ қисмлари олдиндан электр токидан ўчириб қўйилган ёки махсус изоляцияловчи воситалар билан ишончли ҳимояланган бўлиши керак.


218. Ходимларнинг қизиган ускунанинг ичига кирган ҳолда таъмирлаш ишларини олиб боришига ускунани шамоллатиб, ичидаги газлар бутунлай чиқариб юборилгандан ва ҳавонинг ҳарорати кўпи билан 40° С гача пасайтирилгандан сўнг рухсат этилади.


219. Барча таъмирлаш ишлари цех, ташкилот раҳбари томонидан тайинланган шахсларнинг раҳбарлиги ва назорати остида бажарилиши керак.


220. Материалларни ускунанинг иш майдончасига узатиш механизациялашган бўлиши ва улар тушиб кетмайдиган усулда бажарилиши керак.


221. Таъмирлаш тугагач, барча кераксиз конструкциялар, ускуналар, материаллар, асбоблар ва чиқиндилар цехдан олиб кетилиши, тўсиқлар, сақловчи мосламалар, блокировкалар ўз жойига ўрнатилиши керак.



VI БОБ. МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ҚОИДАЛАРИНИ

БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


222. Мазкур Қоидаларга амал қилиш учун жавобгарлик тегишли ишларни бажарувчи ташкилотлар зиммасига юклатилади.


223. Мансабдор шахслар ва ходимлар меҳнатни муҳофаза қилиш Қоидаларига риоя қилмаганликлари учун қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.



VII БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


224. Мўйнадан ва қўй терисидан пўстин ишлаб чиқариш ходимлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари Ўзбекистон Республикаси "Давархитектқурилиш" қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси, "Ўзстандарт" агентлиги, "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси, "Ўзбекчармпойабзали" уюшмаси билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2012 йил, 52-сон, 596-модда