язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Меҳнат ва аҳолининг бандлиги/ Меҳнат муҳофазаси/ Турли соҳаларда меҳнат муҳофазаси ва ишлар хавфсизлиги қоидалари/ Синтетик смолалар ишлаб чиқариш ходимлари учун хавфсизлик Қоидалари (АВ томонидан 19.05.2010 й. 2104-сон билан рўйхатга олинган "Саноатконтехназорат" давлат инспекцияси бошлиғининг 26.03.2010 й. 108-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2010 йил 19 майда 2104-сон

билан рўйхатга олинган

"Саноатконтехназорат" давлат

инспекцияси бошлиғининг

2010 йил 26 мартдаги

108-сон буйруғига

ИЛОВА



Синтетик смолалар ишлаб чиқариш

ходимлари учун хавфсизлик

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг "Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги тўғрисида"ги Қонунига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 39-сон, 386-модда) мувофиқ синтетик смолалар ишлаб чиқариш ходимлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидалар синтетик смолалар ишлаб чиқариш ташкилотларига (бундан кейинги ўринларда ташкилотлар деб юритилади) тааллуқлидир.


2. Ушбу Қоидалар ишлаб чиқариш биноларини ва иншоотларини лойиҳалаш, қуриш ва қайта қуришда, цехларни техник жиҳозлаш ва қайта жиҳозлашда, технологик жараёнлар ҳамда ускуналардан фойдаланишда ҳисобга олиниши лозим.


3. Мазкур Қоидалар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талаблари бажарилиши шарт эканлигини истисно этмайди.


4. Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилишга доир қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилиши устидан давлат назорати бунга махсус ваколат берилган давлат органлари томонидан, жамоатчилик назорати эса меҳнат жамоалари ва касаба уюшмаси ташкилотлари томонидан сайланадиган меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллар томонидан амалга оширилади.



II. ХАВФСИЗЛИК БЎЙИЧА УМУМИЙ ТАЛАБЛАР


1-§. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ташкил этиш


5. Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни ташкил қилиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил қилиш ҳақидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 273, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилиши лозим.


6. Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил қилиш ҳақидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 273, 1996 йил 14 август) мувофиқ ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ички назоратнинг асосий турлари қуйидагилар ҳисобланади:

ишларга раҳбарлик қилувчи ва бошқа мансабдор шахсларнинг тезкор назорати;

маъмурий-жамоатчилик назорати (уч босқичли назорат);

бош мутахассислар хизмати томонидан амалга ошириладиган назорат.

Қуйидагилар назорат қилиниши лозим:

иш жойларининг аҳволи;

меҳнат қонунчилигига риоя қилиниши;

меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш вазифаларини амалга оширишга доир ишларни бажариш;

ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларнинг ўз вақтида, тўғри ўрганиб чиқилиши;

меҳнатни муҳофаза қилиш чора-тадбирларининг бажарилиши;

меҳнатни муҳофаза қилишга ажратилган маблағларнинг тўғри сарфланиши.


7. Ташкилотларда қуйидаги асосий ҳужжатлар ишлаб чиқилади (тасдиқланади) ва юритилади:

меҳнат шароитлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини яхшилаш, санитария-соғломлаштириш чора-тадбирлари бўйича бўлимни ўз ичига олган жамоавий шартнома;

меҳнат шароитларини баҳолаш ва иш ўринларини аттестация қилиш услубига мувофиқ иш ўринларини аттестация қилиш карталари;

меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг чораклик иш режалари;

ходимларни ўқитиш, билимларини синовдан ўтказиш ва йўл-йўриқ бериш дастурлари;

меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича маъмурий-жамоатчилик назоратини юритиш журнали (уч босқичли назорат);

ходимлар билан ёнғин хавфсизлиги бўйича машғулотлар ўтказиш ва йўл-йўриқ бериш дастурлари;

ҳар бир касб ва иш турлари бўйича меҳнатни муҳофаза қилиш йўриқномалари.


8. Ўзбекистон Республикасининг "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 йил, 5-сон, 223-модда) 14-моддасига мувофиқ ходимлар сони 50 нафар ва ундан ошадиган ташкилотларда махсус тайёргарликка эга шахслар орасидан меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари тузилади (лавозим жорий этилади), 50 ва ундан ортиқ транспорт воситаларига эга бўлган ташкилотларда эса бундан ташқари йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматлари тузилади (лавозимлар жорий этилади). Ходимлар сони ва транспорт воситалари миқдори камроқ ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг вазифаларини бажариш раҳбарлардан бирининг зиммасига юклатилади.


9. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ўз мақомига кўра ташкилотнинг асосий хизматларига тенглаштирилади ва унинг раҳбари ёки бош муҳандисига бўйсунади ҳамда ташкилотнинг фаолияти тугатилган тақдирда бекор қилинади.


10. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг мутахассислари лавозим йўриқномасига биноан уларнинг мажбуриятлари жумласига киритилмаган бошқа ишларни бажаришга жалб қилиниши мумкин эмас.


11. Ташкилотларда меҳнат фаолияти билан боғлиқ равишда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва бошқа жароҳатланишларни текшириш ва ҳисобини юритиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сонли қарори билан тасдиқланган Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисидаги низомга (Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари тўплами 1997 й., 6-сон 21-модда) мувофиқ амалга оширилиши лозим.



2-§. Ходимларни ўқитиш, билимларини синовдан

ўтказиш ва уларга йўл-йўриқ беришни ташкил этиш


12. Ташкилотнинг барча ходимлари, шу жумладан, раҳбари ўз касблари ва иш турлари бўйича белгиланган тартибда ўқишлари, билимлари синовдан ўтказилиши ва йўл-йўриқлар олишлари лозим.


13. Бевосита ишлаб чиқаришда ишларни ташкиллаштириш ва бажариш билан боғлиқ ходимлар, раҳбарлар, муҳандис-техник ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича билимларини синовдан ўтказиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ўқишларни ташкил қилиш ва билимларни синаш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 272, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилиши лозим.


14. Ишларни технологик регламент бўйича хавфсиз юритиш йўриқномалари Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқиш тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 870, 2000 йил 7 январь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси 2000 й., 1-сон) мувофиқ ишлаб чиқилади ва ходимлар ҳамда иш жойларини шу йўриқномалар билан таъминлаш ташкилот раҳбарияти зиммасига юклатилади.



3-§. Хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари


15. Ташкилотлар ГОСТ 17.2.3.02-78 бўйича хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари, уларнинг тавсифи, юзага келиш манбалари, ходимларга таъсир қилиш хусусиятлари ва саломатлик учун хавфлилик даражаси ва келгусидаги оқибатлари тўғрисида тўлиқ ва холисона маълумотга эга бўлиши лозим.


16. Иш жойларидаги ишлаб чиқариш муҳити ва меҳнат жараёнининг хавфли ҳамда зарарли омиллари тўғрисидаги маълумотлар ишлаб чиқариш муҳитининг физик, кимёвий, радиологик, микробиологик ва микроиқлим ўлчови натижалари, шунингдек меҳнатнинг оғирлиги иш жойларини меҳнат шароитлари бўйича аттестация қилиш орқали тасдиқланиши лозим.


17. Янги зарарли моддалар пайдо бўлишига ёки хавфли ва зарарли омиллар йўқолишига олиб келадиган технологик жараёнлар ўзгаришларида ёки янги ишлаб чиқариш ускуналарини жорий қилишда хавфли ва зарарли омиллар тўғрисидаги маълумотларга тегишли ўзгартиришлар киритилиши лозим.



4-§. Ўта хавфли касблар ва ишлар рўйхати


18. Ташкилот ўта хавфли шароитда бажариладиган ишлар рўйхатига эга бўлиши лозим. Рўйхатга хавфли моддалар билан бажариладиган ишлар, баландликда, ифлосланган ҳаво ва сув муҳитида, юқори ҳарорат ва намлик шароитида бажариладиган ишлар, буғ ва сув иситиш қозонлари, юк кўтариш механизмлари, босим остида ишлайдиган сиғимлар, электр ускуналарга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ ишлар ва амалдаги тармоқ рўйхатларига мувофиқ бошқа ишлар киритилиши шарт.


19. Барча ходимлар ўта хавфли ишларни бажариш топшириғини олишдан олдин, меҳнат муҳофазаси бўйича йўл-йўриқ олиши ва ишларни бажариш усулларини ўзлаштириб олиши шарт.


20. Ўта хавфли ишларни бажариш, фақат белгиланган тартибда расмийлаштирилган наряд-рухсатномага мувофиқ амалга оширилиши лозим.


21. Ташкилот раҳбарияти ўта хавфли ишларни режалаштиришда, ташкиллаштиришда ва хавфсиз бажаришда белгиланган талабларга мувофиқ амалга оширилишига тўла жавобгардир.



5-§. Жамоавий ва якка тартибдаги

ҳимоя воситаларини қўллаш


22. Ташкилотларда ходимларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида жамоа ва якка тартибдаги ҳимоя воситалари қўлланиши лозим.


23. Жамоавий ҳимоя қилиш воситалари жумласига қуйидагилар киради:

хоналар ва иш жойларининг ҳаво муҳитини нормаллаштириш воситалари (шамоллатиш ва ҳаво тозалаш, иситиш, ҳаво ҳароратини, намлигини бир хил меъёрда сақлаш ва бошқалар);

хоналар ва иш жойларининг ёруғлигини нормаллаштириш воситалари (ёритиш асбоблари, ёруғлик ўринлари, ёруғликдан ҳимоя қилиш мосламалари ва бошқалар);

шовқин, тебранма, электр токи уриши, статик ток ва ускуналар юзасининг юқори даражадаги ҳароратдан ҳимоя қилиш воситалари;

механик ва кимёвий омилларнинг таъсиридан ҳимоя қилиш воситалари.


24. Жамоавий ҳимоя воситалари хавфли ва зарарли омилларни рухсат этилган миқдоргача камайтириш имконини бермаган ҳолларда шахсий ҳимоя воситалари қўлланиши лозим. Бундай ҳолларда шахсий ҳимоя воситаларисиз ишлар амалга оширилиши тақиқланади.


25. Шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланган ҳолда ишловчилар, уларнинг қўлланиши, ҳимоя хусусиятлари, амал қилиш муддати тўғрисида маълумотларга эга бўлиши ҳамда улардан фойдаланишга ўргатилиши лозим.


26. Ташкилот раҳбарияти ёки иш берувчи қуйидагиларни таъминлаши шарт:

амалдаги меъёрлар бўйича мазкур ишлаб чиқариш учун талаб қилинадиган барча шахсий ҳимоя воситаларининг зарур миқдори ва номенклатурасини;

ҳимоя воситаларини қўллаш ва тўғри фойдаланиш устидан доимий назоратни амалга оширишни;

қўлланилаётган ҳимоя воситаларининг самарадорлиги ва созлигини текширишни;

шахсий ҳимоя воситаларидан хавфли ва заҳарли моддалар муҳитида фойдаланилганда уларни дегазация ва дезинфекция қилишни (бир марта қўлланиладиган ҳимоя воситалари бундан мустасно).


27. Ташкилот раҳбарияти ходимларни махсус кийим, пойабзал ва бошқа якка тартибдаги ҳимоялаш воситалари билан Кимё ишлаб чиқариши ходимлари учун махсус кийим, махсус пойабзал ва бошқа якка тартибда ҳимояланиш воситаларини бепул беришнинг намунавий меъёрларига (рўйхат рақами 1958, 2009 йил 14 май) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й.,19-20-сон, 248-модда) мувофиқ таъминлаши шарт.



6-§. Касбий танлов


28. Ташкилотда касбига кўра танлов ўтказилиши лозим бўлган касблар ва мутахассисликлар рўйхати бўлиши лозим.


29. Ташкилот мутахассислари, ишлаб чиқариш участкаларининг раҳбарлари тегишли маълумотга ва иш тажрибасига эга бўлиши лозим.


30. Босим остида ишловчи ускуналар ва хавфи юқори бўлган бошқа ишларда хизмат кўрсатувчи ходимлар махсус курсларда тайёргарликдан ўтган ва тегишли гувоҳномага эга бўлиши шарт.


31. Хавфли ишларга тегишли касбий маълумотга эга бўлмаган шахсларни қабул қилиш ман этилади.


32. "Ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар меҳнатидан фойдаланиш тақиқланадиган меҳнат шароити ноқулай ишлар рўйхати"га (рўйхат рақами 1990, 2009 йил 29 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 30-31-сон, 355-модда) мувофиқ ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар зарарли ва ноқулай меҳнат шароити мавжуд ишларга қабул қилинмаслиги лозим.


33. "Аёллар меҳнатидан фойдаланиш қисман ёки тўлиқ тақиқланган ноқулай меҳнат шароитига эга ишлар рўйхати"га (рўйхат рақами 865, 2000 йил 5 январь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси 2000 й., 1-сон) мувофиқ аёллар зарарли ва ноқулай меҳнат шароитига эга бўлган ишларга қабул қилинмайди.



7-§. Ташкилот майдонларига бўлган хавфсизлик талаблари


34. Ташкилот майдонлари ва бинолар жойлашуви СанМваҚ П-89-80 "Саноат ташкилотларининг бош плани" талабига мос бўлиши керак.


35. Ташкилотда транспорт воситаларининг ва пиёдаларнинг ташкилот ҳудудида ҳаракатланиш чизмаси ишлаб чиқилган ва тасдиқланган бўлиши керак.


36. Транспорт воситалари ва ташкилот ҳудудида пиёдаларнинг ҳаракати чизмаси ташкилотга кириш ва чиқиш ҳамда иш участкалари ва цехларнинг кўринарли жойларига осиб қўйилиши керак.


37. Ташкилот майдонлари кўкаламзорлаштирилган ва сув қуйиш қувурлари тармоқлари билан таъминланган бўлиши лозим.


38. Ташкилот майдонидаги ўтиш жойлари мустаҳкам ёпқичлар, сувлар оқиб кетадиган иншоотлар билан жиҳозлангани бўлиши керак.


39. Йилнинг ёз вақтида йўлкалар ва ўтиш жойларига сув сепилган, қишда қордан тозаланиб, қум сепилган бўлиши лозим.



8-§. Бино ва иншоотларга бўлган хавфсизлик талаблари


40. Ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари СанМваҚ 2.09.02-85 "Ишлаб чиқариш бинолари" талабига мос келиши керак.


41. Ёрдамчи бинолар ва хоналар ҚМҚ 2.09.04-98 "Ташкилотларнинг маъмурий ва маиший бинолари" талабига мос келиши лозим.


42. Ишлаб чиқариш ва ёрдамчи хоналарнинг (ҳарорати, нисбий намлиги, ҳавонинг ҳаракатланиш тезлиги ва бошқалар) микроиқлими ГОСТ 12.1.005-88 талабига жавоб бериши керак.


43. Хўл жараёнлардаги хоналарда ҳамда иссиқ ўтказувчи полларда (бетонли, ғиштли, плитали ва бошқалар) мунтазам ишловчи иш жойларида ёғоч тўшамалар ва панжаралар ётқизилган бўлиши керак.


44. Пол тўшамалари зарарли моддалар, ишлаб чиқаришдаги кирлар ва чанглардан енгил тозаланишни таъминлаши керак.


45. Бинога транспорт воситаларининг кириш жойлари дарвозалар ва сигнал асбоб-ускуналари билан таъминланган бўлиши лозим.


46. Дарвоза тавақалари ёпиқ ва очиқ ҳолатида махсус мосламалар мустаҳкам ўрнатилган бўлиши керак.


47. Транспорт воситаларининг бинога кириши учун дарвоза эни фойдаланилаётган транспорт воситалар эни миқдоридан ошиқ бўлиши керак.


48. Дарвозалар баландлиги транспорт воситасининг баландлигидан камида 0,2 м дан ошиқ бўлиши керак.


49. Барча ташкилотларда бинолар ва иншоотлардан фойдаланиш ҳолатини мунтазам кузатиш ташкил этилган бўлиши керак.


50. Барча ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари бир йилда икки мартадан (баҳор ва кузда) кам бўлмаган ҳолда ташкилот раҳбари тайинлаган комиссия томонидан техник кўрикдан ўтказилиши лозим. Кўрик хулосалари, уларда топилган нуқсонларни бартараф этиш бўйича тадбирлар ва муддати кўрсатилган далолатномалар орқали расмийлаштирилиши керак.


51. Ходимлар учун хавф туғдирувчи ҳалокат тусидаги бузилишлар тезда бартараф этилиши керак. Хавфли ҳудудларда ишлаб чиқариш жараёнлари ҳалокат бартараф этилгунга қадар тўхтатиб турилиши лозим, шунингдек хизмат кўрсатувчи ходимлар хавфсиз жойга кўчирилиши керак.



9-§. Шамоллатиш ва иситиш тизимига қўйиладиган талаблар


52. Шамоллатиш ва иситиш ҚМҚ 2.04.05-97 "Иситиш, шамоллатиш ва кондиционерлаш" талабига жавоб бериши лозим.


53. Оқимли шамоллатишларни ташқи ҳаво тизимидан олиш ердан камида 2 м баландликда бажарилиши лозим.


54. Ўтиш жойларида (галереяларда, зинапоялар майдончаларида ва шунга ўхшаш) жойлашган иситиш жиҳозлари (қувурлар, регистрлар ва шунга ўхшашлар), рухсат этилган ўтиш йўлкаларининг энини камайтирмаслиги керак.


55. Ишчи жойларига очиқ дарвоза, эшик ёки технологик тешикдан келувчи ҳаво ҳарорати йилнинг совуқ даврида енгил жисмоний ишда 21°С, ўрта оғир ишда 17°С, оғир ишда 16°С дан паст бўлмаслиги керак.


56. Ходимларнинг исиниши учун хоналарда ҳаво ҳарорати 22°С дан кам бўлмаслиги керак.


57. Биноларда жойлашган ишчи майдонларидан ходимларнинг исиниш хоналаригача бўлган масофа 75 м, ташкилот майдонидаги ишчи жойларидан 150 м дан кўп бўлмаслиги керак.



10-§. Сув таъминоти ва канализация тизимига қўйиладиган талаблар


58. Сув билан таъминлаш ва канализация тизими ҚМҚ 2.04.01-98 "Биноларнинг ички сув қувури ва канализацияси" талабига мос келиши керак.


59. Ичимлик сувидан фойдаланиш учун сув қувурига уланган фавворачалар бўлиши керак. Сув қувурлари йўқ бўлганда бакларда қайнатилган сув бўлиши лозим.


60. Ичимлик сувининг ҳарорати 8°С дан 20°С гача бўлиши керак.


61. Ташкилот ҳудудидаги ҳожатхоналар иссиқ ва канализация тизимига уланган бўлиши лозим.


62. Ташкилотда канализация тизими йўқ бўлганда, давлат санитар назорати органлари билан келишилган ҳолда ташкилотда ер қатламини ифлослантирмаган ҳолда душхоналардан ва юз-қўл ювгичлардан сув оқмайдиган қурилмали ахлат ўраларига рухсат этилади.



11-§. Ёритишга қўйиладиган талаблар


63. Ташкилот майдонида, ишлаб чиқариш ва ёрдамчи бинолар ва хоналарда табиий ва сунъий ёритишлар ҚМҚ 2.01.05-98 "Табиий ва сунъий ёритиш" талабига мос келиши керак.


64. Авария ёритиш тармоқларига электр энергия истеъмолчиларини улаш тақиқланади. Авария ёритишларнинг созлиги ҳар чоракда камида бир марта текширилиши лозим.


65. Ёруғ тушувчи ойналарни йилда икки мартадан кам бўлмаган ҳолда тозалаш лозим.


66. Ёруғлик тушадиган дераза ва эшикларни бегона предметлар (ускуна, тайёр маҳсулот ва бошқалар) тўсиб қўйишига рухсат этилмайди.


67. Сунъий ёритишда икки тизим ишлатилади: умумий ва бирлашган (умумий маҳаллий билан биргаликда). Биргина маҳаллий ёритишни қўллаш тақиқланади.


68. Участкаларда ва хоналарда портлаш бўйича хавфли газ ва чанглар концентрацияси йиғилиб қолиш эҳтимоли бўлса, электр ёритиш тизими портлашдан холи ҳолда бажарилиши керак.


69. Юқори хавфли хоналарда кучланиши 36 В дан юқори бўлмаган кўчма электр ёриткичлар ишлатилиши керак. Ўта хавфли хоналарда, хоналардан ташқари ҳамда ускуналар ва иншоотлар (бункерлар, силосослар, қудуқлар, буғлантириш камералари, туннеллар ва бошқалар)нинг ички сиртини ёритиш учун кўчма электр ёриткичларнинг кучланиши 12 В дан ошмаслиги керак. Барча кўчма ёриткичлар ҳимояланиш даражаси IP54 дан кам бўлмаган ва металл ҳимояланиш тўри ҳамда шиша қалпоқ билан ускуналанган бўлиши керак.



12-§. Меҳнат ва дам олиш юзасидан талаблар


70. Ташкилотларда ходимларнинг иш вақти, дам олиш вақти, шунингдек қисқартирилган иш вақти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартдаги 133-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари тўплами, 1997 й., 3-сон, 11-модда) билан тасдиқланган Меҳнат шароити ўта зарарли ва ўта оғир ишларда банд бўлган ходимлар учун иш вақтининг чекланган муддати талаблари инобатга олинган ҳолда, ташкилотларнинг ички меҳнат қоидалари асосида белгиланади.



13-§. Ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш


71. Ташкилот раҳбарияти (ёки иш берувчи) касаба уюшмаси қўмитаси ва ваколатли соғлиқни сақлаш органлари билан биргаликда ҳар йили даврий тиббий кўрикдан ўтиши лозим бўлган ходимларнинг рўйхатини тузиши ҳамда ходимларнинг кўрикка келишини таъминлаши лозим.


72. Ташкилотларда ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 2387, 2012 йил 29 август) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 35-сон, 407-модда) асосида амалга оширилиши лозим.

73. Тиббий кўрикдан ўтишдан ёки тиббий комиссияларнинг текширувлар натижасида берган тавсияларини бажаришдан бўйин товлаган ходимларни ташкилот раҳбарияти ишга қўймасликка ҳақлидир.


74. Тиббий кўриклар ташкилотнинг тиббий-санитария қисмлари ва поликлиникалари, улар мавжуд бўлмаган ҳолда даволаш-профилактика ташкилоти томонидан ўтказилиши лозим. Тиббий кўриклар даволаш-соғломлаштириш тадбирлари белгиланган текшириш далолатномаси билан якунланиши лозим.


75. Ташкилот раҳбарияти (ёки иш берувчи) ва касаба уюшмаси қўмитаси тиббий кўрик далолатномаси билан танишиб чиқиши, ташкилот раҳбарияти (ёки иш берувчи) томонидан далолатномада кўзда тутилган барча тадбирлар ва кўрсатмаларни бажариши лозим.


76. Даврий тиббий кўриклар ўз вақтида, сифатли ўтказилиши ва уларнинг натижаларига кўра тавсиялар бажарилиши учун жавобгарлик ташкилот раҳбарияти зиммасига юкланади.


77. Ходимларни соғлиғи туфайли уларга рухсат этилмаган ишларда ишлатиш тақиқланади.



III. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ (ТЕХНОЛОГИК)

ЖАРАЁНЛАРИГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


1-§. Синтетик смолаларни ишлаб чиқариш


78. Синтетик смолалар ишлаб чиқариш технологик ҳужжатларда ҳисобга олиниши лозим бўлган хавфсизлик талаблари ГОСТ 12.3.002-75 "Ишлаб чиқариш жараёнлари. Умумий хавфсизлик талаблари"га мувофиқ бўлиши лозим.


79. Технолгик жараён узлуксиз, механизациялашган ва автоматизациялашган бўлиши лозим.


80. Синтетик смолаларни ҳосил қилганда токсикологик тавсифи камроқ хом ашё ва қўшимчалардан фойдаланиш керак.


81. Фтал кислотаси асосидаги пластификаторлар қўлланганда токсиклиги ва учувчанлиги пастроқ бирикмаларни қўллаш керак.


82. Акрил, метакрил кислота ва унинг эфирларининг ўз ҳолича полимеризацияланишини бартараф этиш учун юқори самарали ингибиторларнинг қўлланиши назарда тутилиши керак.


83. Стирол полимерлари ва сополимерлари ишлаб чиқарилишида полимеризация массасини авариявий тўкиш учун захира сиғимлари назарда тутилиши лозим.


84. Цех сиғимлари ва аппаратларига хом ашёнинг, ярим маҳсулотларнинг, суюқ маҳсулотларнинг олиб келиниши ёпиқ қувурлар тизими орқали амалга оширилиши лозим.


85. Пенополиуретаннинг ишлаб чиқарилишида суюқликларни майда идишларда (полимер ёки шишали) олиб келишга рухсат этилади.


86. Фенолформальдегид эпоксид смолаларни, пенополиуретанларни ва бошқа полимерларни ишлаб чиқаришида полимеризацион аралашмаларнинг қолипга қуйилиши ва ундаги ҳавонинг чиқариб юборилишида ходимларга мумкин қадар зарарли моддалар таъсирини камайтириш лозим.


87. Полимеризация аралашмаларини тайёрлаш, дастлабки полимеризация ва синтез, ҳайдаш кублари, аралаштирувчи, ювувчи аппаратларнинг люк ва штуцерлари осон ва зич ёпилиши керак.


88. Технологик жараён бўйича ингридиентларни аралаштириш аппаратлари экранлаштирилган аралаштиргичлар билан жиҳозланган бўлиши лозим.


89. Жиҳозларни тозалаш (полимеризаторлар, ювувчилар, центрифуга, қуритиш печлари) қўл меҳнатини истисно этувчи гидравлик ва механик усуллардан фойдаланган ҳолда, чангдан тозалаш эса - чанг тозаловчи қурилмалар ёрдамида бажарилиши лозим.


90. Синтетик смолалар билан ишлаганда қолдиқни бартараф қилиш, тозалаш, зарарсизлантириш, ювиш, бочкаларнинг, барабанларнинг, ишлаб чиқариш аппаратларининг ва бошқа идишларнинг буғланиши ҳимояланган бинода (махсус ювиш пункти) амалга оширилиши лозим.


91. Оқимда маҳсулот таркибини назорат қилиш (саноат газхромотографи ёрдамида) автоматик тарзда амалга оширилиши лозим.


92. Автоматик назорат қилишга имконият бўлмаган участкаларда технологик жараённи назорат қилиб туриш учун намуналарнинг олиниши зарарли моддаларнинг сизиб чиқишини истисно қилиши лозим.


93. Идишларга суюқ смола ва суспензияларнинг қуйилиши, қоп ва барабанларга қаттиқ смолаларнинг жойланиши самарали вентиляция тизими бўлган ҳолда бажарилиши лозим.


94. Гранул ва кукунли тўкилувчи материаллар цистернадан пневмотранспорт орқали омборнинг махсус сиғимларига ёки цехнинг захирадаги сиғимига бўшатилиши лозим.


95. Транспорт тасмалари материалларни транспортировка қилиш пайтида тўкилишининг олдини олувчи ва тасмадан маҳсулот қолдиқларини механик тозалашга имконият берувчи қурилма билан жиҳозланган бўлиши лозим.


96. Қаттиқ ва тўкилувчи саноат чиқиндиларини юк сақлаш ва кўчириш қўл меҳнатини истисно этувчи, алмашинадиган контейнерлар тизими орқали амалга оширилиши лозим.


97. Суюқ концентрацияланган чиқиндиларни вақтинча юк сақланадиган жойга кўчириш ёки термик зарарсизлантирилиши асосан қувурларда ёки зич ёпилган сиғимларда бажарилиши лозим.



2-§. Синтетик смола ва пластик массани

қайта ишлашда хавфсизлик қоидалари


98. Бункерларнинг, дозировка қурилмаларининг ва таблетмашиналарининг юкланиши механик усул ёки технологик контейнерлар орқали амалга оширилиши лозим.


99. Чанг ва газ ажратиб ишлайдиган жиҳозларнинг паспортида бирданига ажралиб чиқиши мумкин бўлган зарарли моддаларнинг миқдори кўрсатиб ўтилган бўлиши лозим.


100. Тортилган тайёрламаларни ва компонент аралашмаларини доимо тайёрлаш учун автоматик тароз ва дозаторлардан фойдаланиш керак.


101. Қўлда тайёрламаларнинг тортилиши сменада 1-2 мартагача рухсат этилади.


102. Буюмларга машина камерасида ишлов берилганида (қиздирилганида, бўяшда, ювишда) ходимларнинг камера ичида бўлиши ман этилади.


103. Чангланадиган материалларнинг майдаланиши, талқон қилиниши, элаш ва аралаштириш учун ишлаб чиқариш ускунасининг жойлашуви, транспортда ташиш ва йўллар масофасини максимал қисқартиришининг ҳисобга олиниши билан амалга оширилиши лозим.


104. Кукунли синтетик смолаларни қолдиқ намлигини йўқотиш учун қуритиш ёпиқ аппаратларда амалга оширилиши лозим.


105. Кукунли материаллардан бўшаган қоп идишларни омборда жойлаш ва пресслаш вентиляцияга эга ёпмаларда амалга оширилиши лозим.


106. Қўрғошиндан қопламалар тайёрланганда ва ишлатилганида ходимнинг тери юзасини ва иш ҳудуди ҳавосининг қўрғошин билан ифлосланишининг олди олиниши керак.


107. Синтетик смолалардан тайёрланган буюмларга механик ишлов берилганида ишлов пайтида камроқ чанг ажратувчи асбоб ва механизмдан (дискли пичоқ, олмос дисклар) ва хўл услубда ишлов беришни қўллаш лозим.


108. Елимлар ишчи аралашмасининг тайёрланиши ёпиқ аппаратларда (аралаштиргичларда, реакторларда) ёки маҳаллий сўрувчи вентиляцияга эга ёпмаларда амалга оширилиши лозим.


109. Елимланувчи деталларнинг юзасига елимнинг ва эритувчининг суртилиши чўтка, шприц ва бошқа мосламалар билан аспирацияга эга ёпмаларда бажарилиши лозим.


110. Пресслаш роторининг қиздириш белбоғининг ташқи юзалари иссиққа изоляцияланган бўлиши лозим.


111. Тайёр буюмлар ечилганидан кейин пресс-қолипларни тозаловчи тизимлари маҳсулотнинг газли ҳолати, чанг ва гратнинг ишчи хонага пуфланишини бартараф этиши лозим.


112. Фторопластларга термик ишлов бериш учун белгиланган жиҳозлар (пресслар, қовуштириш печлари) ҳарорати ошиб кетганида электр иситгичлар автоматик ўчиб овозли сигнал бериши лозим.


113. Буюмларни тоблаш учун ваннанинг юзаси ёпилган (сузувчи шариклар, қопқоқлар) бўлиб ва борт сўрмалари билан жиҳозланган бўлиши лозим.


114. Фторопласт чиқиндиларини майдаловчи майдалагичлар зичланган бўлиши лозим.


115. Печкалардан буюмларнинг туширилиши, печкалар 40°С гача совутилганидан кейин бажарилиши зарур.


116. Қаватли пластик ишлаб чиқарилаётганида эпоксид ва фенолформалдегид смолалар билан тўлдирувчиларнинг шимдирилиши (шимдириш қоғози, ип газлама мато, шиша мато) шимдириш машиналарида амалга оширилиши лозим.


117. Фенолформалдегид смолалар асосидаги қаватли лист пластикларни пресслаш учун мўлжалланган жиҳозлар ва уларга механик ишлов берилиши, буюмларнинг юкланиши, юк туширилиши ва транспортировка қилиниши мослама ва қурилмалар ҳисобига механизациялашган бўлиши лозим.


118. Технологик жараён бўйича гексаметилендиамин токсиклиги бўйича пастроқ қотирувчига алмаштирилиши лозим.


119. Смолалар ёки компаундлар билан майда деталларга ишлов берилиши ифлосланганда ташлаб юбориладиган қоғоз билан ёпилган махсус темир патнисларда бажарилиши лозим.



3-§. Ёнғин ва портлаш хавфсизлиги талаблари


120. Ишлаб чиқариш жараёнлари ёнғин ва портлаш хавфсизлиги, уларни режалаштиришда, ташкиллаштиришда ва олиб боришда ГОСТ 12.1.004-91 "Ёнғин хавфсизлиги. Умумий талаблари" ва ГОСТ 12.1.010-90 "Портлаш хавфи. Умумий талаблари"га ва ушбу Қоидаларга мувофиқ таъминланиши лозим.


121. Ишлаб чиқаришда ўрганилмаган ёнғин ва портлаш хавфи мавжуд ҳамда токсик хусусиятларга эга бўлган моддалар ва материалларни ишлаб чиқариш жараёнида қўллаш тақиқланади.


122. Ишлаб чиқариш бинолари ва хоналарининг портлаш жиҳатидан хавфлилик тоифалари лойиҳа ташкилоти томонидан ТЛТМ 24-86 "Технологик лойиҳалаштириш тармоқ меъёрлари"га мувофиқ ҳар бир ҳолат учун алоҳида аниқланиши керак.


123. Ишлаб чиқариш жараёнларини амалга оширишда ёнғинлар, портлашлар, авариялар, заҳарланишлар содир бўлиши ҳамда атроф-муҳит унинг чиқиндилари (оқова сувлари, вентиляция чиқиндилари ва бошқалар) билан ифлосланиши эҳтимолини истисно этадиган шароитлар билан таъминланиши лозим.


124. Ишлаб чиқариш бинолари ва хоналари дастлабки ёнғинни ўчириш воситалари билан таъминланган бўлиши шарт.


125. Вентиляция тизими ёнғиндан дарак берувчи сигнализация билан бирлаштирилган бўлиши керак.


126. Ишлаб чиқариш бинолари ва хоналари учун ҳудудий ёнғин хавфсизлиги хизмати билан келишилган ёнғин хавфсизлиги бўйича йўриқнома ишлаб чиқилиши ва кўринадиган жойга осиб қўйилиши лозим.


127. Ходимлар билан ёнғин хавфсизлиги бўйича машғулотлар ўтказилиши ва ёнғиннинг олдини олиш бўйича йўл-йўриқлар берилиши керак.



4-§. Зарарли ва хавфли ишлаб чиқариш омиллари юзага

келганлиги ҳақида ўз вақтида хабар бериш усуллари


128. Ёнувчи газлар ажралиб чиқиши эҳтимоли бўлган ишлаб чиқариш хоналарида ҳаво таркибида газларнинг портлаш жиҳатидан хавфли даражалари мавжудлигини назорат қилиш учун (газларнинг ажралиш эҳтимоли юқори бўлган жойларда) автоматик сигнализаторлар ўрнатилган бўлиши лозим.


129. Сигнализаторлар авария вентиляциясига уланган бўлиши зарур.


130. Аварияни бартараф этиш планида, ишчи ҳудудида зарарли моддаларнинг сизиб чиқиши ва йиғилиши чегаравий рухсат этилган ҳаводаги концентрацияларидан ошиб кетганида, чора-тадбирлар ишлаб чиқилган бўлиши лозим.


131. Авария ёки бошқа носозликлар аниқланган ҳолда, авария вазияти масъул шахслар томонидан баҳоланиши, шунингдек цехда авария ҳолати эълон қилиниши ҳамда бу тўғрисида ташкилот раҳбарияти хабардор қилиниши лозим.



5-§. Махсус талаблар


132. Ишлаб чиқаришларни табиий шамоллатиш ва табиий ёруғликсиз (ойнасиз ва фонарсиз) биноларда жойлаштириш тақиқланади.


133. Акрил ва метакрил мономерлар асосида (эфирлар, аминлар) полимер ва сополимер ишлаб чиқаришида бошланғич хом ашёнинг тайёрланиши ёки ишчи эритмаларни тайёрлаш, мономер, полимер ва сополимерларни олиш, қуритиш, қадоқлаш ёки қуйиш, тайёр маҳсулотларни вақтинча сақлаш изоляцияланган хоналарда амалга оширилиши лозим.


134. Полиэтилен ва полипропилен ишлаб чиқарганда эритмаларни регенерация қилиш бўлимларини, паст босимли полиэтилен ва полипропилен ишлаб чиқариш учун катализаторларни жойлаш изоляцияланган хоналарда бўлиши лозим.


135. Поливинилхлорид ишлаб чиқаришда, винилхлоридни полимеризацияси ва полимерни центрифугалаш бўлимлари, қуритиш ва тайёр маҳсулотни элаш бўлимлари алоҳида жойлашган биноларда бўлиши керак.


136. Фенолформальдегид смолаларни ишлаб чиқаришда смоланинг синтези, суюқ смолани тўкиш ва қаттиқ смолани идишларга солиш изоляцияланган бўлимларда амалга оширилиши лозим.


137. Эпоксид смолаларни ишлаб чиқаришда бошланғич компонентларни аралаштириш, маҳсулотларни ювиш, фильтрлаш ва қуритиш алоҳида изоляцияланган хоналарда амалга оширилиши лозим.


138. Стирол полимерларини ва сополимерларини ишлаб чиқариш, мономерларни тайёрлаш, уларнинг аралашмасини полимеризациялаш, ажратиш ва қуритиш алоҳида изоляцияланган хоналарда амалга оширилиши лозим.


139. Фторопластларни қайта ишлаш бўйича ишлаб чиқаришни бошқа турдаги полимер материалларини қайта ишлаш билан битта бинода жойлаштиришга рухсат этилмайди.


140. Хавфли 1 ва 2-гуруҳ моддалари бўлган синтетик смолалар билан ишлаганда ҳамда уларнинг қайта ишлаш бўйича автоматлаштирилган тизимлар билан ишлаганда бошқарув пульти ҳимояланган биноларда жойлашган бўлиши шарт.


141. Пластмассани қайта ишлаш ишлаб чиқариш хоналарини иситиш асосан ҳаво орқали амалга оширилиши керак.


142. Ҳаво алмашишини ташкил қилишда зарарли моддалари юқори класс хавфига эга бўлган хоналаридан (полиакрилатлар, фенопластлар, аминоплатлар, этроллар) ёнидаги хонага ўтиб кетмаслиги учун бу хоналарда юқори босимни ушлаб туриш лозим.


143. Берилаётган ҳаво бевосита иш ҳудудига созланувчи ҳаво тақсимлагичлар орқали берилиши лозим.


144. Умумалмашинув сўришни хонанинг пастки ҳудудидан фақат чиқиндиларни майдалаганда назарда тутиш лозим.


145. Қуйиш термопласт автоматларининг иккита ҳудудидан маҳаллий сўрмалар сўрилишини назарда тутиб, чиқарувчи соплонинг устидаги сўрма сўриш зонти сифатида ва буюмни қуйиш ва эритиш ҳудудининг тепа қопқоғи устидан сўрма ўрнатиш керак.


146. Рамали пресс-автоматлардан маҳаллий сўрмаларни жавон ёпмаларидек бажариш лозим.


147. Зарарли газлар ва чанглар чиқиши мумкин бўлган жойлар, маҳаллий сўриб олиш, пана жой (қопламалар) ва атмосферага ташлашдан олдин зарарли газ ва чангларни санитария меъёрларигача дастлабки тозалаш тизими билан жиҳозланган бўлиши керак.


148. Технологик ускунадан хавфлиликнинг 1 ва 2-даражали зарарли моддаларни йўқотадиган маҳаллий сўрувчи вентиляция ишламаганида, ускунанинг ишга тушишини чекловчи блокировка воситаси бўлиши лозим.


149. А ва Б категориядаги хоналар учун қўшимча битта захира вентилятор бўлишини назарда тутиш лозим.


150. Кукунсимон материаллардан халтали тарани омборда жойлаш ва пресслаш вентиляцияловчи пана жойларда (алоҳида хоналар, камераларда) амалга оширилиши лозим.


151. Ҳаво берувчи ва умумалмашинув тортувчи вентиляция қурилмаларини цех (участка, лаборатория) ишини бошлагунча 10 - 15 дақиқа олдин ёқиш зарур, бунда ҳаво тортувчи вентиляция ишга туширилади, сўнгра ҳаво берувчи вентиляция қурилмалари ишга туширилади.


152. Сменани қабул қилишдан олдин авария вентиляцияси тизими созлигини ташқи кўрикдан ўтказиш ва уни қисқа вақтга ишга тушириш билан ишонч ҳосил қилиш зарур.



6-§. Шовқин ва тебраниш хавфсизлигига доир талаблар


153. Шовқин ва тебранишнинг ходимларга бўлган зарарли таъсирини бартараф этиш мақсадида, қуйидаги чора-тадбирларни кўриш керак:

шовқин ва тебранишни ҳосил қилувчи ускунани алмаштириш имконини берувчи технологик жараёнга ўзгартириш ёки шовқин ва тебранишни ютувчи тузилмаларни қўллаш;

стационар ўрнатилган машиналар ва механизмлар (компрессорлар, электр юргизгичлар ва полимеризация реакторларининг редукторлари, центрифугалар, майдалагичлар, полимеризация жавонларининг вентиляторлари) остидаги фундаментга изоляцияловчи тагликни жойлаштириш;

агрегатлар учун шовқин тутувчи ёки унинг алоҳида қисмларини қўллаш, тебранаётган сиртни тебранишни тутувчи, юқори ички ишқаланишли материаллар (битум шимдирилган рубероид, махсус пластмасса ва мастикалар) билан қоплаш;

темир қисмларни, пластмасса деталларга ўзгартириш, хизмат кўрсатувчи ходимлар учун шовқин тутувчи кабиналарни жиҳозлаш;

агрегатларнинг чиқарувчи ва сўрувчи тешигига шовқин пасайтиргичларни ўрнатиш, юк кўтарувчи конструкцияларга турли шовқин ютувчи материаллар билан ишлов бериш;

синтетик смолаларга механик ишлов берилганида (кесиш, силлиқлаш, пармалаш) хоналарнинг ички сиртларини шовқин ютувчи материаллар билан қоплаш.


154. Товуш даражаси 85 dВА дан юқори бўлган ҳудудлар хавфсизлик белгилари билан кўрсатилган бўлиши лозим. Ушбу ҳудудларда шахсий ҳимоя воситаларидан тиқин ёки шовқинга қарши қулоқчинлар қўлланиши лозим.



7-§. Материаллар омборларида ва юкларни ортиш

ва тушириш ишларида хавфсизлик талаблари


155. Ташкилот ҳудудига келадиган материаллар ва ускуналар учун шу мақсадга ажратилган ва тайёрланган махсус омборлар ва юк ортиш-тушириш майдончалари бўлиши ва уларнинг тузилиши ва жойлашиши ҚМҚ 2.09.12-98 "Омбор бинолари" талабларига мос бўлиши керак.


156. Юклаш-тушириш ишлари ва юкларни жойлаштириш Юк ортиш ва тушириш ишларидаги юкчилар учун ишларнинг хавфсизлиги қоидалари (рўйхат рақами 1582, 2006 йил 13 июнь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 24-сон, 221-модда) талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


157. Омбор ва юк сақлаш учун майдончаларда барча юклаш, тушириш ва оғир меҳнат категориясига тегишли юкни ҳаракатлантириш жараёни механизациялашган бўлиши лозим.


158. Юк сақлаш учун майдончалар сатҳи текис бўлиб, чуқурчаларсиз ва 5° дан ошмайдиган нишаби бўлиши керак. Юк сақлаш учун майдончалар қопламаси унга келувчи йўллар қопламасига тенг бўлиши лозим. Йилнинг қиш оиларида юк сақлаш учун майдончалар доимо қор ва муздан тозаланиб, қум, кул ёки шлак сепилиши керак.


159. Омборларда материалларни тахлаш усуллари ёритилган меҳнатни муҳофаза қилиш ва ёнғин профилактикаси бўйича йўриқномалар кўринарли жойга осиб қўйилади. Бу йўриқномада ушбу омборда қандай материаллар, қанча миқдорда, қандай идишда сақланиши мумкинлиги кўрсатилади. Кўринарли жойларга юкларни жойлаш ва ортиш схемаси осиб қўйилади.


160. Омбор ёки юк сақлаш учун майдончалар ҳудудига киришда ҳаракат йўналиши, юк ортиш ва тушириш жойи ёки транспорт воситаларининг тўхтаб туриш жойини кўрсатувчи чизма осилган бўлиши керак.


161. Омборда устма-уст тахланган ёки стеллаждаги идишли юк йўлаклар оралиқ эни 1,5 м кам бўлмаслиги лозим. Омборда транспорт воситалари ишлатилганида, йўлакка қўшимча қўлланадиган транспорт воситалари ўлчамлари кенглигида йўл бўлиши лозим.


162. Ташкилотлардаги юк ортиш-тушириш эстакадалари, майдончалари, платформаларининг поллари вагон поли ёки транспорт воситаларининг кузови баландлиги билан баробар бўлиши керак.


163. Юк ортиш майдончаси периметри бўйича (бундан юк ташиш транспорти йўли мустасно) баландлиги 30 см ли мустаҳкам ҳимояловчи тўсиқ билан тўсилган бўлиши керак.


164. Синтетик смолаларнинг иш жойларига келтирилиши қопқоғи зич ёпиладиган махсус идишларда амалга оширилиши лозим.


165. Синтетик смолалар асосидаги аралашмаларнинг сақланиши учун бир маротаба ишлатиладиган картон идишлардан фойдаланиш лозим.


166. Синтетик смола ёки компаундан бўшаган идишларнинг ювилиши махсус яхшилаб шамоллатиладиган хоналарда махсус ювиш ванналарида механизациялашган усулда бажарилиши лозим.


167. Синтетик смолалар махсус омборларни ёпиқ юк сақлаш хоналарида ёки умумий омборхонанинг махсус ажратилган қисмларида сақланади.


168. Таркибида органик эритмалари бўлган эпоксид лак-бўёқ материалларни зич ёпилган идишларда енгил алангаланувчи моддалар сақланадиган хоналарда сақлаш керак.



8-§. Ишлаб чиқариш чиқиндиларини

зарарсизлантириш бўйича талаблар


169. Ташкилотларнинг чиқиндисиз ва кам чиқиндили технологияларни жорий қилиши, ишлаб чиқариш ва маиший чиқиндиларнинг ҳосил бўлишини қисқартириши, уларни зарарсизлантиришни, қайта ишлашни амалга ошириши, саралаш, сақлаш, кўмиб ташлаш ва утиллаштиришда белгиланган тартибларга риоя қилиши мажбурийдир.


170. Ташкилотларда мажбурий равишда барча турдаги чиқиндиларнинг инвентаризациясини ўтказиш ташкил этилиши, чиқиндиларнинг ҳар бир турига паспортлар ишлаб чиқилиши ва чиқиндиларнинг инсонларнинг ҳаёти ва атроф-муҳит учун хавфлилик даражаси аниқланиши шарт.


171. Ташкилотда чиқиндилар ташкил этилган жойларда ёпиқ контейнерларда, ёғингарчилик тушмайдиган ҳолда сақланиши лозим.


172. Чиқиндиларнинг хавфли турлари бегона шахсларнинг кириши чекланган жойларда, идентификация белгилари ва ёзувлари билан таъминланган ҳолда сақланиши лозим.


173. Чиқиндиларни рухсат этилмаган жойларда сақлаш, қайта ишлаш ва кўмиб ташлаш тақиқланади.


174. Ташкилотда барча турдаги чиқиндилар билан муомала юритиш бўйича йўриқнома ишлаб чиқилган бўлиши лозим. Чиқиндиларни йиғиш, жойлаштириш ва ташишни таъминлаётган ходимлар чиқиндилар билан муомала юритишнинг бехатар усуллари бўйича ўқитилган бўлиши шарт.



IV. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ УСКУНАСИГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


1-§. Ишлаб чиқариш ускуналарига қўйиладиган умумий талаблар


175. Ускуналарнинг конструкцияси ГОСТ 12.2.003-91 "Ишлаб чиқариш жиҳозлари. Хавфсизликнинг умумий талаблари" талабларига мувофиқ бўлиши лозим. Ишлаб чиқариш жараёнларида фойдаланиладиган ускуналар соз ҳолатда бўлиши шарт.


176. Ускуналарнинг конструкциясида унинг таркибий қисми бўлган буғ ўтказгичлар ва электр симларининг бехосдан зарарланиш хавфи бартараф этилган бўлиши керак.


177. Ускуналарнинг конструкция қисмлари ходимларнинг жароҳат олишига сабаб бўладиган ўткир бўғинли, ҳошияли, тиканли бўлмаслиги лозим.


178. Ускуналарнинг барча ҳаракатланувчи қисмлари, келтирувчи, узатувчи механизмлари унинг корпусида жойлашган бўлиши керак.


179. Муҳофазалаш конструкцияси қўшимча шовқин, вибрация, хавфли вазият юзага келтирмаслиги ва хизмат кўрсатишни қийинлаштирмаслиги лозим.


180. Ускуналарнинг иш жараёни кузатиладиган жойларнинг панжаралари тез ечиладиган (қопқоқ, люк, шит, тўр) ёки тез очиладиган бўлиши керак. Панжаралар, эшиклар, шитлар очилганида автоматик равишда ускуналар ишини тўхтатиш воситалари билан таъминланган бўлиши шарт.


181. Бошқарув тизими жойлашуви ва конструкцияси ишлаб чиқариш жиҳозларининг бевосита ва билвосита ҳаракатга келишининг олдини олиши лозим.


182. Ускуналарни кузатиш ва ҳолатини текшириш ишлари ташкилотнинг техник раҳбари томонидан тасдиқланган жадвал асосида олиб борилиши керак.


183. Ускуналарни техник жиҳатдан таъмирлаш ишлари ишлаб чиқарувчи ташкилотнинг фойдаланиш бўйича қўлланмасига асосан бажарилади.


184. Хавфли жойларда муҳофазалаш қурилмалари ва ҳимоя воситалари бўлмаган жиҳозларда ишлаш тақиқланади.


185. Бузилган жиҳоз устига унда ишлаш мумкин эмаслигини кўрсатувчи огоҳлантирувчи белги қўйилиши лозим. Бундан ташқари қурилмада уни таъмирлаш ишлари тугатилмагунига қадар ишга тушиб кетишига йўл қўймайдиган чоралар кўрилиши лозим.



2-§. Электр қурилмаларига қўйиладиган талаблар


186. Ташкилотларда электр қурилмаларини ўрнатиш ва улардан фойдаланишда Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан техник фойдаланиш қоидалари (рўйхат рақами 1383, 2004 йил 9 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 27-сон, 317-модда) ҳамда Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан фойдаланишда техника хавфсизлиги қоидалари (рўйхат рақами 1400, 2006 йил 18 август) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 33-сон, 379-модда) ва мазкур қоидалар талабларига риоя қилиниши керак.


187. Барча ток ўтказувчи қисмлар, тақсимловчи қурилмалар, аппаратлар ва ўлчаш асбоблари, шунингдек турли сақловчи қурилмалар, рубилниклар ва бошқа ишга туширувчи аппаратлар ва мосламалар фақат ёнмайдиган асослар (мармар, текстолит, гетинакс ва бошқалар)да монтаж қилиниши лозим.


188. Ёритиш ва қувватли ускуналар ва электр тармоқларининг тузилиши хоналардаги муҳит шароитларига ва улардаги ишлаб чиқаришнинг хусусиятига мос бўлиши шарт.


189. Электр қурилмалари мавжуд бўлган барча ишлаб чиқариш ва омборхоналар учун ёнғин ва портлаш хавфи даражаси белгиланган бўлиши шарт.


190. Юқори намлик ва иссиқлик ажралиб чиқувчи хоналарда (ферментацияловчи камералар, намловчи камералар, тамакини кесишга тайёрловчи бўлинмалар) электр ёритгичлар намликдан электр двигателлари эса суюқлик сачрашидан ҳимояланган ёки ёпиқ ижрода бўлиши шарт. Электр ўтказгичлари пўлат қувурларда ўтказилиши лозим.


191. Ёнғин хавфи бўлган ишлаб чиқариш ва омборхоналардаги ёритгичлар ёпиқ чанг ўтказмайдиган бўлиши лозим.


192. Тақсимловчи қурилмалар изоляциясининг қаршилиги ва электрик чидамлилиги текширилиб турилиши лозим.


193. Барча электр ўтказгичлар, шиналар, сақлагичлар белгиланган бўлиши, сақлагичларда, шунингдек уларнинг номинал токи кўрсатилган бўлиши лозим.


194. Электр тармоғидаги ва электр аппаратларидаги учқун, қисқа туташув, кабеллар ва электр ўтказгичларнинг ёнувчи изоляциясининг ҳаддан ташқари қизишига олиб келувчи носозликлар навбатчи ходимлар томонидан дарҳол бартараф этилиши лозим, носоз электр тармоғи ёнғин жиҳатдан бехатар ҳолатга келтирилгунга қадар ўчириб қўйилиши лозим.


195. Кабеллар ва электр ўтказгичларнинг изоляцияси, ташқи бирикмалар, ҳимояловчи ерга улагичлар, электр двигателларнинг ишлаш режими ташкилот электриклари томонидан ташқи кўрикдан ўтказиш ва асбоблар билан ўлчаш орқали текшириб турилиши лозим.


196. Янги электр аппаратлари ва агрегатларини мавжуд электр тармоғига улаш бош энергетик (механик)нинг рухсати билан амалга оширилиши лозим.


197. Электр аппаратлари ва агрегатлари нолга ва ерга улаш симларининг бутунлиги ташкилот бош энергетиги бошчилигидаги комиссия томонидан камида 6 ойда бир марта текширилиши лозим. Текшириш натижалари далолатнома билан расмийлаштирилади.


198. Ташкилотнинг барча турдаги бино ва иншоотлари яшин қайтаргичлар ўрнатилган ҳолда тўғридан-тўғри яшин уришидан ҳимояланган бўлиши лозим. Яшин қайтаргичлар ҳар йили баҳорда текширилиб турилиши ва носозликлари бартараф этилиши лозим. Бундан ташқари ҳар сафар момақалдироқдан сўнг яшин қайтаргичларнинг элементларини текшириб кўриш лозим.



V. ТАЪМИРЛАШ ИШЛАРИНИ БАЖАРИШДА

МЕҲНАТ ХАВФСИЗЛИГИ ТАЛАБЛАРИ


1-§. Таъмирлаш ишларини ўтказиш тартиби ва шароити


199. Ташкилот ҳудудида ишлаб чиқаришни (цех) ёки цехда қурилма, агрегат, айрим асбоб-ускуналарни таъмирлашга тўхтатиш учун ташкилот (цех) бўйича чиқарилган буйруқ (фармойиш) чиқарилиши лозим. Буйруқда пудратчилардан бевосита иш раҳбари, шунингдек кўрсатилган ишларга ускуналар ва объектни тўлиқ тайёрлаш, ишларни хавфсиз амалга ошириш ва пудратчилар ёки буюртмачининг таъмирлаш хизмати билан тезкор алоқалар учун жавобгар шахслар ҳамда тегишли чора-тадбирлар белгиланади.


200. Барча асбоб-ускуналарда ташкилот бош муҳандиси тасдиқлаган жадвал бўйича белгиланган муддатларда режали таъмирлаш ишлари ўтказилади.


201. Таъмирлаш ишларида банд бўлган пудратчининг барча ходимлари таъмирлаш ишлари бошланишидан олдин, ушбу цехда ишларни хавфсиз олиб бориш учун ходимлар хавфсизлик техникаси бўйича кириш йўриқномасидан ўтказилиши лозим.


202. Режалаштирилган ишларни бажаришдан олдин меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномадан ўтказиш ишлари пудратчи ташкилот томонидан ўтказилиши лозим.


203. Пудратчи ишлаётган ҳудудда буюртмачи томонидан зарарли ва ёниш хавфи бўлган моддаларнинг пайдо бўлишига йўл қўймайдиган меъёрий санитария-гигиеник шароитлар яратилиши керак.


204. Асбоб-ускуна ва коммуникацияларда таъмирлаш ишларини амалга оширишдан олдин қуйидагилар бажарилиши лозим:

а) электр энергия таъминотидан ўчириш;

б) асбоб-ускуна ва коммуникацияларни технологик муҳит қолдиқларидан, асбоб-ускунани зарарли, заҳарли ва ёнувчи газ ва маҳсулотлардан бўшатиш;

в) таъмирланадиган асбоб-ускуна, коммуникация, қудуқ ва ўралардаги инерт, ёнувчи, заҳарли газлар ва кислород миқдорини тегишли таҳлилларини ўтказиш йўли билан текшириш.


205. Баландликдаги ишларда фақат таянч ёки резинали қопламалар билан таъминланган соз нарвонлардан фойдаланиш лозим.


206. Ташкилот ҳудудида қазиш ишларини бажаришда буюртмачи пудратчига наряд-рухсатнома билан бирга тегишли цех ва хизматлар билан келишилган рухсатномани ёзма тарзда топшириши керак.


207. Пудратчининг эҳтиёжлари учун электр энергияни улаш, шунингдек иш тугаганидан кейин узиш, цех бошлиғининг рухсати бўйича буюртмачининг бош энергетик хизмати томонидан бажарилади.


208. Таъмирлаш ишлари тугалланганидан сўнг асбоб-ускуна ва коммуникацияларни қабул қилиш далолатномаси икки томонлама имзоланиб, ушбу асбоб-ускуна ва коммуникацияларни ишга тушириш ҳақида фармойиш чиққандан сўнг, фойдаланишга қабул қилиниши лозим.



2-§. Ускуна ва мосламани таъмирлашга топшириш

ва уни фойдаланишга қабул қилиш тартиби


209. Ишчилар бажариладиган иш хусусиятига мувофиқ соз асбоб ва мосламалар жамламаси билан таъминланиши лозим.


210. Асбоб ва мосламалар ҳолати ойига камида бир марта текширилиши лозим.


211. Техник хизмат кўрсатиш, даврий ва капитал таъмирлаш бўйича ишларни бажариш тартибида, ишлаб чиқарувчи завод тасдиқлаган таъмирлаш ва фойдаланиш ҳужжатида белгиланган зарур иш ҳажмини кўрсатиш лозим.


212. Технологик ускуна таъмирланганидан сўнг синаш ва ишлатиб кўриш зарур. Қисм ва дастгоҳларни ишлатиб кўриш аввало 2 соат давомида "бўш" ҳаракатда, сўнг 10 соат давомида иш юклови остида бажарилади.


213. Ишлатиб кўриш учун механизмларни ёқишдан олдин, тармоқлар тўғри йиғилгани, бегона жисмлар йўқлигини кўриши ва ишонч ҳосил қилиши, ҳаво узатиш пневматик тизимнинг тўғри уланганлиги, қотириш мустаҳкам ва тўғри қилинганлигига ишонч ҳосил қилиш лозим.


214. Агрегатнинг юритувчи электр юргизгичларини ёқишдан олдин, айланма арралаш ва фуговал дастгоҳ вентилятор патрубкаларини кўздан кечириш лозим.


215. Синов ва ишлатиб кўриш даврида таъмирланган тармоқ ва дастгоҳларни барча йиғиш дефекти, электродвигатель ва тармоқ подшипникларининг қизиш даражаси, мой оқиши бартараф қилинади.


216. Ускуна йиғилганидан ёки таъмирланганидан сўнг фойдаланиш учун уни ёқишдан олдин қуйидагиларни бажариш зарур:

а) одамларни хавфсиз жойга ўтказиш;

б) машина ташқариси ва ичидан бегона буюмларни олиб ташлаш;

в) ҳимоя тўсиқлари мавжудлиги ва мустаҳкамлигини текшириш;

г) ҳаракатланувчи қисмларни мойлаш ва созлаш;

д) ҳимоя сақловчи ва назорат ўлчов асбобларининг созлигини текшириш;

е) ускуна йиғилишининг тўғрилигини текширишда, ўзаро боғлиқ ҳаракатланувчи механизмларнинг тўлиқ циклида унинг ҳаракатланувчи қисмини айлантириш;

ж) ускунани бўш ҳаракатда ва иш юклови остида синаш.


217. Ускуна таъмирланганидан сўнг фойдаланишга яроқлилиги қабул қилувчи комиссиянинг далолатномасида қайд қилинади.



VI. МЕҲНАТ МУҲОФАЗАСИ ҚОИДАЛАРИНИ

БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


218. Мазкур Қоидаларга амал қилиш учун жавобгарлик тегишли ишларни бажарувчи ташкилотлар зиммасига юклатилади.


219. Мансабдор шахслар ва ходимлар меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя қилмаганликлари учун қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.



VII. ЯКУНИЙ ҚОИДА


220. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва "Ўзкимёсаноат" Давлат акциядорлик компанияси билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2010 йил, 20-сон, 157-модда.