язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Меҳнат ва аҳолининг бандлиги/ Меҳнат муҳофазаси/ Турли соҳаларда меҳнат муҳофазаси ва ишлар хавфсизлиги қоидалари/ Кўзи ожизлар жамиятининг ўқув-ишлаб чиқариш ташкилотлари ходимлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш Қоидалари (АВ томонидан 08.04.2010 й. 2092-сон билан рўйхатга олинган Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг 09.03.2010 й. 101-Б-сонли буйруғи билан тасдиқланган

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2010 йил 8 апрелда 2092-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

меҳнат ва аҳолини ижтимоий

муҳофаза қилиш вазирининг

2010 йил 9 мартдаги

101-Б-сонли буйруғига

ИЛОВА



Кўзи ожизлар жамиятининг ўқув-ишлаб

чиқариш ташкилотлари ходимлари

учун меҳнатни муҳофаза қилиш

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 5-сон, 223-модда) мувофиқ кўзи ожизлар жамиятига қарашли ўқув-ишлаб чиқариш ташкилотлари ходимлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидалар кўзи ожизлар жамиятига қарашли ўқув-ишлаб чиқариш ташкилотларига (бундан кейинги ўринларда ташкилотлар деб юритилади) тааллуқлидир.


2. Мазкур Қоидалар ишлаб чиқариш биноларини ва иншоотларини лойиҳалаш, қуриш ва қайта қуришда, техник жиҳозлаш ва қайта жиҳозлашда, технологик жараёнлар ҳамда ускуналардан фойдаланишда ҳисобга олиниши лозим.


3. Мазкур Қоидалар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талаблари бажарилиши шарт эканлигини истисно этмайди.


4. Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилиши устидан давлат назорати бунга махсус ваколат берилган давлат органлари томонидан, жамоатчилик назорати эса меҳнат жамоалари ва касаба уюшмаси ташкилотлари томонидан сайланадиган меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллар томонидан амалга оширилади.



II. ХАВФСИЗЛИК БЎЙИЧА УМУМИЙ ТАЛАБЛАР


1-§. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ташкил этиш


5. Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни ташкил қилиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил этиш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 273, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилиши лозим.


6. Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил қилиш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 273, 1996 йил 14 август) мувофиқ ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ички назоратнинг асосий турлари қуйидагилар ҳисобланади:

ишларга раҳбарлик қилувчи ва бошқа мансабдор шахсларнинг тезкор назорати;

маъмурий-жамоатчилик назорати (уч босқичли назорат);

бош мутахассислар хизмати томонидан амалга ошириладиган назорат.

Қуйидагилар назорат қилиниши лозим:

иш жойларининг аҳволи;

меҳнат қонунчилигига риоя қилиниши;

меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш вазифаларини амалга оширишга доир ишларни бажариш;

ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларнинг ўз вақтида, тўғри ўрганиб чиқилиши;

меҳнатни муҳофаза қилиш чора-тадбирларининг бажарилиши;

меҳнатни муҳофаза қилишга ажратилган маблағларнинг тўғри сарфланиши.


7. Ташкилотларда қуйидаги асосий ҳужжатлар ишлаб чиқилади (тасдиқланади) ва юритилади:

меҳнат шароитлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини яхшилаш, санитария-соғломлаштириш чора-тадбирлари бўйича бўлимни ўз ичига олган жамоавий шартнома;

тасдиқланган меҳнат шароитларини баҳолаш ва иш ўринларини аттестация қилиш услубига мувофиқ иш ўринларини аттестация қилиш карталари;

меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг чораклик иш режалари;

ходимларни ўқитиш, йўл-йўриқ бериш ва билимларини синовдан ўтказиш дастурлари;

меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича маъмурий-жамоатчилик назоратини юритиш журнали (уч босқичли назорат);

ходимлар билан ёнғинга қарши йўл-йўриқ бериш ва ёнғин-техникавий минимум машғулотларини ўтказиш дастури;

ҳар бир касб ва иш турлари бўйича меҳнатни муҳофаза қилиш йўриқномалари.


8. Ўзбекистон Республикаси "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 йил, 5-сон, 223-модда) 14-моддасига мувофиқ ходимлар сони 50 нафар ва ундан ошадиган ташкилотларда махсус тайёргарликка эга шахслар орасидан меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари тузилади (лавозим жорий этилади). Ходимлар сони камроқ ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг вазифаларини бажариш раҳбарлардан бирининг зиммасига юклатилади.


9. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ўз мақомига кўра ташкилотнинг асосий хизматларига тенглаштирилади ва ташкилот раҳбари ёки унинг ўринбосарига бўйсунади ҳамда ташкилотнинг фаолияти тугатилган тақдирда бекор қилинади.


10. Ташкилотларда меҳнат фаолияти билан боғлиқ равишда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва бошқа жароҳатланишларни текшириш ва ҳисобини юритиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сонли қарори билан тасдиқланган Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисидаги низомга (Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари тўплами 1997 й., 6-сон 21-модда) мувофиқ амалга оширилиши лозим.



2-§. Ходимларга йўл-йўриқ бериш, ўқитиш ва уларнинг

билимларини синовдан ўтказиш ишларини ташкил этиш


11. Ташкилотларнинг барча ходимлари, шу жумладан, раҳбарлари ўз касблари ва иш турлари бўйича белгиланган тартибда ўқишлари, йўл-йўриқлар олишлари ҳамда билимлари синовдан ўтказилиши керак.


12. Ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича билимларини синовдан ўтказиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ўқишларни ташкил қилиш ва билимларни синаш ҳақидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 272, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилиши лозим.


13. Ишларни технологик регламент бўйича хавфсиз юритиш йўриқномалари Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқиш тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 870, 2000 йил 7 январь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси 2000 й., 1-сон) мувофиқ ишлаб чиқилади ва ходимлар ҳамда иш жойларини шу йўриқномалар билан таъминлаш ташкилот раҳбарияти зиммасига юклатилади.



3-§. Ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш


14. Ташкилот раҳбарияти (ёки иш берувчи) касаба уюшмаси қўмитаси ва ваколатли соғлиқни сақлаш органлари билан биргаликда ҳар йили даврий тиббий кўрикдан ўтиши лозим бўлган ходимларнинг рўйхатини тузиши ҳамда ходимларнинг кўрикка келишини таъминлаши лозим.


15. Ташкилотларда ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш "Ходимларни ишга қабул қилишда дастлабки ва даврий тиббий кўрикдан ўтказиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги буйруқ (рўйхат рақами 937, 2000 йил 23 июнь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси, 2000 й., 12-сон) асосида амалга оширилиши лозим.


16. Тиббий кўрикдан ўтишдан ёки тиббий комиссияларнинг текширувлар натижасида берган тавсияларини бажаришдан бўйин товлаган ходимларни ташкилот раҳбарияти ишга қўймасликка ҳақлидир.


17. Тиббий кўриклар ташкилотнинг тиббий-санитария қисмлари ва поликлиникалари, улар мавжуд бўлмаган ҳолда даволаш-профилактика ташкилоти томонидан ўтказилиши лозим. Тиббий кўриклар даволаш-соғломлаштириш тадбирлари белгиланган текшириш далолатномаси билан якунланиши лозим.


18. Ташкилот раҳбарияти (ёки иш берувчи) ва касаба уюшмаси қўмитаси тиббий кўрик далолатномаси билан танишиб чиқиши, ташкилот раҳбарияти (ёки иш берувчи) томонидан далолатномада кўзда тутилган барча тадбирлар ва кўрсатмаларни бажариши лозим.


19. Даврий тиббий кўриклар ўз вақтида, сифатли ўтказилиши ва уларнинг натижаларига кўра тавсиялар бажарилиши учун жавобгарлик ташкилотнинг раҳбари зиммасига юкланади.


20. Ходимларни уларнинг соғлиғи туфайли рухсат этилмаган ишларда ишлатиш тақиқланади.



4-§. Хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларининг рўйхати


21. Ташкилотлар ГОСТ 17.2.3.02-78 бўйича хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари, уларнинг тавсифи, юзага келиш манбалари, ходимларга таъсир қилиш хусусиятлари ва саломатлик учун хавфлилик даражаси ва келгусидаги оқибатлари тўғрисида тўлиқ ва холисона маълумотга эга бўлиши лозим.


22. Иш жойларидаги ишлаб чиқариш муҳити ва меҳнат жараёнининг хавфли ҳамда зарарли омиллари тўғрисидаги маълумотлар ишлаб чиқариш муҳитининг физик, кимёвий, радиологик, микробиологик ва микроиқлим ўлчови натижалари, шунингдек меҳнатнинг оғирлиги иш жойларини меҳнат шароитлари бўйича аттестация қилиш орқали тасдиқланиши лозим.


23. Янги зарарли моддалар пайдо бўлишига ёки хавфли ва зарарли омиллар йўқолишига олиб келадиган технологик жараёнлар ўзгаришларида ёки янги ишлаб чиқариш ускуналарини жорий қилишда рўйхатларга тегишли ўзгартиришлар киритилиши лозим.



5-§. Жамоавий ва якка тартибдаги ҳимоя воситаларини қўллаш


24. Ташкилотларда зарарли ишлаб чиқариш омилларининг таъсирини камайтириш ёки уларни бартараф этиш учун жамоа ва якка тартибдаги ҳимоя воситалари қўлланилиши лозим.


25. Жамоавий ҳимоя қилиш воситалари жумласига қуйидагилар киради:

ишлаб чиқариш хоналари ва иш жойларининг ҳаво муҳитини меъёрлаштириш воситалари (шамоллатиш ва ҳаво тозалаш, иситиш, ҳаво ҳароратини, намлигини бир хил меъёрда сақлаш ва бошқалар);

ишлаб чиқариш хоналари ва иш жойларининг ёруғлигини меъёрлаштириш воситалари (ёритиш асбоблари, ёруғлик ўринлари, ёруғликдан ҳимоя қилиш мосламалари ва бошқалар);

шовқин, тебранма, электр токи уриши, статик электр, ускуналар юзасининг юқори даражадаги ҳароратдан ҳимоя қилиш воситалари;

механик ва кимёвий омилларнинг таъсиридан ҳимоя қилиш воситалари.


26. Якка тартибдаги ҳимоя воситалари қуйидаги турларга бўлинади:

махсус кийим-кечак;

махсус пойабзал;

махсус бош кийими;

нафас аъзоларининг ҳимоя воситалари;

қўлни ҳимоялаш воситалари;

бош учун ҳимоя воситалари;

юзни ҳимоялаш воситалари;

эшитиш аъзоларини ҳимоя қилиш воситалари;

кўзни ҳимоя қилиш воситалари.


27. Ташкилот раҳбарияти ходимларни белгиланган меъёрларга мувофиқ, керакли якка тартибдаги ҳимоя воситалари билан таъминлаши, улардан фойдаланиш муддатларига ҳамда сақлаш, ювиш, тозалаш ва таъмирлаш бўйича зарурий шартларига риоя қилинишини таъминлаган ҳолда якка тартибдаги ҳимоя воситаларини бериш ҳисобини юритиши шарт.



6-§. Касбий танлов


28. Ташкилотда касбига кўра танлов ўтказилиши лозим бўлган касблар ва мутахассисликлар рўйхати бўлиши лозим.


29. Ташкилот мутахассислари, ишлаб чиқариш участкаларининг раҳбарлари тегишли маълумотга ва иш тажрибасига эга бўлиши лозим.


30. Босим остида ишловчи ускуналар ва хавфи юқори бўлган бошқа ишларда хизмат кўрсатувчи ходимлар махсус курсларда тайёргарликдан ўтган ва тегишли гувоҳномага эга бўлиши шарт.


31. Хавфли ишларга тегишли касбий маълумотга эга бўлмаган шахсларни қабул қилиш ман этилади.


32. "Ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар меҳнатидан фойдаланиш тақиқланган меҳнат шароити ноқулай бўлган ишлар рўйхати"га (рўйхат рақами 1990, 2009 йил 29 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 30-31-сон, 355-модда) мувофиқ ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар зарарли ва ноқулай меҳнат шароити мавжуд ишларга қабул қилинмаслиги лозим.


33. Ходимнинг маълум касб (лавозим)га профессионал тарзда мос келишини баҳолаш, ходимнинг ушбу касб учун керак бўладиган барча сифатларга эгалигини комплекс тарзда ўрганиш натижаларига қараб амалга оширилиши керак.


34. Кўзи ожизларга қолдиқ кўриш қобилиятини пасайтирадиган ёки йўқотадиган иш турлари бериш тақиқланади.


35. Касбий танловдан ўтиб, ишга қабул қилинган ходимлар устидан, уларнинг ишга қандай мослашишлари ҳамда бундай касблар учун ҳақиқатда тўғри танланганликларини тасдиқлаш ва керак бўлган ҳолларда, танлов пайтида аниқланган баъзи сифатларга керакли ўзгартиришлар киритиш мақсадида назорат ўрнатилиши керак.



7-§. Ташкилот майдонларига бўлган хавфсизлик талаблари


36. Ташкилот майдонлари ва биноларнинг жойлашуви СанМваҚ П-89-80 "Саноат ташкилотларининг бош плани"га мос бўлиши керак.


37. Ташкилотда транспорт воситаларининг ва пиёдаларнинг ташкилот ҳудудида ҳаракатланиш чизмаси ишлаб чиқилган ва тасдиқланган бўлиши керак.


38. Транспорт воситалари ва ташкилот ҳудудида пиёдаларнинг ҳаракати чизмаси ташкилотга кириш ва чиқиш ҳамда йўл ва йўлакларнинг кўринарли жойларига осиб қўйилиши керак.


39. Ташкилот майдонлари кўкаламзорлаштирилган ва сув қуйиш қувурлари тармоқлари билан таъминланган бўлиши керак.


40. Ташкилот майдонидаги ўтиш жойлари мустаҳкам ёпқичлар, сувлар оқиб кетадиган иншоотлар билан жиҳозланган бўлиши керак.


41. Йилнинг ёз вақтида йўлаклар ва ўтиш жойларига сув сепилган, қишда қордан тозаланиб, қум сепилган бўлиши керак.


42. Йўловчилар учун йўлак ва ташкилотга кириш жойи текис, кенглиги камида 1,5 м ён томонларида деворча ва тўсиқларга эга бўлиши лозим.


43. Биноларнинг томларини қишки мавсумда қордан, карнизларни қотган музлардан тозалаб туриш зарур.


44. Ташкилот ҳудудида ҳар куни тозалаб ва дезинфекция қилиб туриладиган ахлат ташланадиган идишлар бўлиши шарт.


45. Ҳовлидаги ҳожатхоналарни озода сақлаш, мунтазам дезинфекция қилиш, сутканинг қоронғи пайтида эса ёритиш керак.



8-§. Бино ва иншоотларга бўлган хавфсизлик талаблари


46. Ишлаб чиқариш ва ёрдамчи хоналарни (ҳарорати, нисбий намлиги, ҳавонинг ҳаракатланиш тезлиги ва бошқалар) микроиқлими ГОСТ 12.1.005-88 талабига жавоб бериши керак.


47. Ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари СанМваҚ 2.09.02-85 "Ишлаб чиқариш бинолари" талабига мос келиши керак.


48. Ёрдамчи бинолар ва хоналар ҚМҚ 2.09.04-98 "Ташкилотларнинг маъмурий ва маиший бинолари" талабига мос келиши лозим.


49. Бинога транспорт воситаларининг кириш жойлари дарвозалар ва сигнал асбоб-ускуналари билан таъминланган бўлиши лозим.


50. Дарвоза тавақалари ёпиқ ва очиқ ҳолатида махсус мосламалар мустаҳкам ўрнатилган бўлиши керак.


51. Транспорт воситаларининг бинога кириши учун дарвоза эни фойдаланилаётган автомобиллар эни миқдоридан ошиқ бўлиши керак.


52. Дарвозалар баландлиги транспорт воситасининг баландлигидан камида 0,2 м дан ошиқ бўлиши керак.


53. Барча ташкилотларда бинолар ва иншоотлардан фойдаланиш ва ҳолатини мунтазам кузатиш ташкил этилган бўлиши керак.


54. Барча ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари бир йилда икки мартадан (баҳор ва кузда) кам бўлмаган ҳолда ташкилот раҳбари тайинлаган комиссия томонидан техник кўрикдан ўтказилиши лозим. Кўрик хулосалари, улардан топилган нуқсонларни бартараф этиш бўйича тадбирлар ва муддати кўрсатилган далолатномалар орқали расмийлаштирилиши керак.


55. Ходимлар учун хавф туғдирувчи ҳалокат тусидаги бузилишлар тезда бартараф этилиши керак. Ҳалокат бартараф этилгунига қадар ишлаб чиқариш жараёнлари хавфли ҳудудларда тўхталиши лозим, хизмат кўрсатувчи ходимлар хавфсиз жойга кўчирилиши керак.



9-§. Шамоллатиш ва иситиш тизимига қўйиладиган талаблар


56. Шамоллатиш ва иситиш ҚМҚ 2.04.05-97 "Иситиш, шамоллатиш ва кондиционерлаш" талабини қониқтириши лозим.


57. Оқимли шамоллатишларни ташқи ҳаво тизимидан олиш ердан камида 2 м баландликда бажарилиши лозим.


58. Ўтиш жойларида (галереяларда, зинапоялар майдончаларида ва шунга ўхшаш) жойлашган иситиш жиҳозлари (қувурлар, регистрлар ва шунга ўхшашлар) рухсат этилган ўтиш йўлкаларининг энини камайтирмаслиги керак.


59. Иш жойларига очиқ дарвоза, эшик ёки технологик тешикдан келувчи ҳаво ҳарорати йилнинг совуқ даврида енгил жисмоний ишда 21°С, ўрта оғир ишда 17°С, оғир ишда 16°С дан паст бўлмаслиги керак.


60. Ходимларнинг исиниши учун хоналарда ҳаво ҳарорати 22°С дан кам бўлмаслиги керак.


61. Биноларда жойлашган иш майдонларидан ходимларнинг исиниш хоналаригача бўлган масофа 75 м, ташкилот майдонидаги иш жойларидан 150 м дан кўп бўлмаслиги керак.



10-§. Сув таъминоти ва канализация тизимига қўйиладиган талаблар


62. Сув билан таъминлаш ва канализация тизими ҚМҚ 2.04.01-98 "Биноларнинг ички сув қувури ва канализацияси" талабига мос келиши керак.


63. Ичимлик сувидан фойдаланиш учун сув қувурига уланган фавворачалар бўлиши керак. Сув қувурлари йўқ бўлганда бакларда қайнатилган сув бўлиши лозим.


64. Ичимлик сувининг ҳарорати 8°С дан 20°С гача бўлиши керак.


65. Ташкилот ҳудудидаги ҳожатхоналар иссиқ ва канализация тизимига уланган бўлиши лозим.


66. Ташкилотда канализация тизими йўқ бўлганда давлат санитар назорати органлари билан келишилган ҳолда ташкилотда ер қатламини ифлослантирмасликка ва ишлаб чиқариш канализациясига душхоналардан ва юз-қўл ювгичлардан сув оқмайдиган қурилмали ахлат ўраларига рухсат этилади.



11-§. Ёритишга қўйиладиган талаблар


67. Ташкилот майдонида, ишлаб чиқариш ва ёрдамчи бинолар ва хоналарда табиий ва сунъий ёритишлар ҚМҚ 2.01.05-98 "Табиий ва сунъий ёритиш"га мос келиши керак.


68. Авария ёритиш тармоқларига электр энергия истеъмолчиларини улаш тақиқланади. Авария ёритиш тармоқларининг созлиги камида чоракда бир марта текширилиши лозим.


69. Ёруғлик тушувчи ойналарни йилда камида икки марта тозалаш лозим.


70. Ёруғлик тушадиган дераза ва эшикларни бегона предметлар (ускуна, тайёр маҳсулот ва бошқалар) тўсиб қўйишига рухсат этилмайди.



12-§. Меҳнат ва дам олишга қўйиладиган талаблар


71. Ташкилотларда ходимларнинг иш вақти, дам олиш вақти, шунингдек қисқартирилган иш вақти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартдаги 133-сон қарори билан тасдиқланган Меҳнат шароити ўта зарарли ва ўта оғир ишларда банд бўлган ходимлар учун иш вақтининг чекланган муддатининг талаблари инобатга олинган ҳолда, ташкилотларнинг ички меҳнат қоидалари асосида белгиланади.



III. БОШЛАНҒИЧ МАТЕРИАЛЛАР, ЯРИМ ТАЙЁР

ВА ТАЙЁР МАҲСУЛОТЛАРНИ САҚЛАШ ВА

ТРАНСПОРТДА ТАШИШ


72. Ишлов берилувчи материаллар ва ярим тайёр маҳсулотлар ҳажм ўлчамлари ишловни бажарувчи ускуна паспорти кўрсаткичларига мувофиқ бўлиши лозим.


73. Омборлар ва юк сақлаш учун майдончалар қурилма ва ускуналари, уларнинг қурилиши санитария ва ёнғинга қарши меъёрлар ва қоидалар ҳамда белгиланган тартибда тасдиқланган технологик лойиҳа меъёрлари талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


74. Юклаш-тушириш ишлари ва юкларни жойлаштириш Юк ортиш ва тушириш ишларидаги юкчилар учун ишларнинг хавфсизлиги қоидалари (рўйхат рақами 1582, 2006 йил 13 июнь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 24-сон, 221-модда) талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


75. Омбор ва юк сақлаш учун майдончаларда барча юклаш-тушириш ва оғир меҳнат тоифасига тегишли юкни ҳаракатлантириш жараёни механизациялашган бўлиши лозим.


76. Юк сақлаш учун майдончалар сатҳи текис бўлиб, чуқурчаларсиз ва 5°С дан ошмайдиган нишаби бўлиши керак. Юк сақлаш учун майдончалар қопламаси унга келувчи йўллар қопламасига тенг бўлиши лозим. Йилнинг қиш ойларида юк сақлаш учун майдончалар доимо қор ва муздан тозаланиб, қум, кул ёки шлак сепилиши керак.


77. Омбор ёки юк сақлаш учун майдончалар ҳудудига кираверишда ҳаракат йўналиши, юклаш-тушириш жойи ёки транспорт воситаларининг тўхтаб туриш жойини кўрсатувчи чизма осилган бўлиши керак.


78. Яшик ва қоплардаги юклар омборда ағнамайдиган қилиб устма-уст тахланган бўлиши лозим. Қўлда ортилганда устма-уст тахланиш баландлиги 3 м дан ошмаслиги, юк кўтариш механизми ёрдамида тахланганда - 6 м дан ошмаслиги лозим. Йиртилган ва носоз идишдаги юкни устма-уст тахлаш тақиқланади.


79. Омборда устма-уст тахланган ёки юк идишлари стеллажлар оралиғидаги йўлакнинг эни 1,5 м дан кам бўлмаслиги лозим. Омборда транспорт воситалари ишлатилганда, йўлакка қўшимча қўлланиладиган транспорт воситалари ўлчамлари кенглигидаги йўл бўлиши лозим.


80. Бўшаган идиш ва бошқа ўровчи материаллар доимо омбордан шу мақсадлар учун ажратилган жойга чиқарилиши лозим.


81. Ҳар бир омбор учун материалларни сақлаш ва ишларни хавфсиз олиб бориш бўйича йўриқнома ташкилот раҳбарияти томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.



IV. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ЖАРАЁНЛАРИГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


1-§. Электр хавфсизлигига талаблар


82. Ташкилотларда электр қурилмаларини ва тармоқларини монтаж қилиш ва ишлатиш вақтида Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан техник фойдаланиш қоидалари (рўйхат рақами 1383, 2004 йил 9 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 27-сон, 317-модда) ҳамда Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан фойдаланишда техника хавфсизлиги қоидалари (рўйхат рақами 1400, 2004 йил 20 август) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 33-сон, 379-модда) талабларига риоя қилиниши керак.


83. Электротехник қурилмалар билан ишлайдиган барча ходимлардан мазкур Қоидаларни мукаммал билишлари ва уларга қатъий риоя этишлари талаб этилиши керак.


84. Ушбу Қоидаларга асосан ҳар бир ташкилотда электр хавфсизлиги бўйича IV-V гуруҳга эга бўлган муҳандис-техник ходимлардан алоҳида буйруқ билан электр хўжалик бўйича масъул ходим тайинланиши лозим. У ташкилотда электр хўжалигининг умумий ҳолати бўйича жавобгар ҳисобланади.


85. Ташкилотда бош энергетик лавозими бўлган тақдирда, электр хўжалик бўйича жавобгарлик унинг зиммасига юклатилади.


86. Электр хўжалик бўйича жавобгар ходим бўлмаган ташкилотларда электр ускуналаридан фойдаланиш ман этилади.


87. Штатлар жадвалида электрик лавозими мавжуд бўлмаган ташкилотларда электр жиҳозларидан фойдаланиш ихтисослашган ташкилотларга шартнома асосида топшириш ёки бошқа ташкилотларда ишловчи электрикни ўриндошлик асосида ишга қабул қилиш орқали амалга оширилади.


88. Ташкилотларда электр хўжалиги бўйича жавобгар ходим қуйидагиларни таъминлаши шарт:

электр қурилмаларнинг ишончли, тежамли ва хавфсиз ишлашини;

электр қурилма, аппаратура ва тармоқларда режавий таъмирлаш ишлари ва профилактик синовлар белгиланган муддатларда ўтказилишини ташкил этишни;

электр энергия сарфининг ҳисобини олиб боришни;

ҳимоя воситалари ва ёнғинга қарши жиҳозлар мавжудлиги ва уларнинг ўз вақтида синовдан ўтказиб турилишини.


89. Электротехник ходимларнинг билимлари ҳар йили бир марта даврий равишда синовдан ўтказиб турилади.


90. Ташкилот электриклари электр кучланиш остида бўлган ускуна, жиҳоз ва кабеллар билан ишлаганда электр токидан жароҳат олишдан муҳофаза қилувчи асосий (изоляция қилувчи штангалар, изоляция қилувчи дастали қисқичлар, диэлектрик қўлқоп ва этиклар, диэлектрик ғилофли асбоб-ускуналар) ва қўшимча сақлагичлар (изоляция қилувчи тагликлар, резинапоя гиламчалар) ҳамда ҳимоя воситалари билан таъминланишлари шарт.


91. Ташкилот электр хўжалигида юқори электр кучланиш остида бўлган қурилмалар, кабеллар билан ишлашда сақлагичларсиз ишлаш қатъиян ман этилади.


92. Электр кучланиш таъсирида бўлган электротехника қурилмаларининг изоляция қилинмаган қисмларига ходимларнинг тасодифан тегиб кетиши ҳолатларининг олдини олиш мақсадида қурилмаларни тўсиқлар билан тўсиб қўйиш талаб қилинади.


93. Ускуналар электр тармоғида изоляциянинг бузилиши оқибатида электр токининг ускуна металл қобиғига ўтиши билан боғлиқ бўлган электрдан шикастланишларнинг олдини олиш учун электр қурилмалар ерланган ёки нолланган бўлиши шарт.


94. Кўчма ёритиш асбоблари 36 В ток манбаидан ишлайдиган бўлиши зарур.



2-§. Ёнғин ва портлаш хавфсизлиги талаблари


95. Ишлаб чиқариш жараёнлари ёнғин ва портлаш хавфсизлиги, уларни режалаштиришда, ташкиллаштиришда ва олиб боришда ГОСТ 12.1.004-91 "Ёнғин хавфсизлиги. Умумий талаблари"га ва ушбу Қоидаларга мувофиқ таъминланиши лозим.


96. Ишлаб чиқаришда ўрганилмаган ёнғин ва портлаш хавфи ва токсик хусусиятларига эга бўлган моддалар ва материалларни ишлаб чиқариш жараёнида қўллаш тақиқланади.


97. Технологик жараёнларни амалга оширишда ёнғинлар, портлашлар, авариялар, заҳарланишлар содир бўлиши ҳамда атроф-муҳит ишлаб чиқариш чиқиндилари (оқова сувлари, вентиляция чиқиндилари ва шу каби) билан ифлосланиш эҳтимолини истисно этадиган шароитлар таъминланиши лозим.


98. Барча ишлаб чиқариш цехлари, хом ашё ва тайёр маҳсулот омборхоналари ва бошқа ёрдамчи бинолар ҳамда иншоотлар дастлабки ёнғинни ўчириш воситалари билан таъминланган бўлиши шарт.


99. Вентиляция тизими ёнғиндан дарак берувчи сигнализация билан бирлаштирилган бўлиши лозим.


100. Ҳар бир цех, участка, омборда мавжуд меъёрлар асосида, ҳудудий ёнғин хавфсизлиги хизмати билан келишилган ёнғин хавфсизлиги бўйича йўриқнома ишлаб чиқилиши ва кўринадиган жойга осиб қўйилиши лозим.


101. Ташкилотларда барча ишлаб чиқариш, ёрдамчи ва маиший хоналарда ёнғин хавфсизлигига жавобгар ходим ташкилот раҳбариятининг буйруғига асосан тайинланиши лозим.


102. Ташкилотларда ёнғин хавфсизлиги идоралари томонидан белгиланган меъёрларда ёнғинга қарши курашиш учун ўт ўчириш воситалари бўлиши лозим.


103. Ходимлар билан ёнғин хавфсизлиги бўйича машғулотлар ўтказилиши ва уларга тегишли йўл-йўриқлар берилиши лозим.


104. Бино ва ёнғин сув манбаи йўлаклари ҳамда ёнғин воситалари ва ускуналарига борадиган йўлаклар доимо бўш бўлиши керак. Бинолар оралиғидаги ёнғинга қарши масофа узилмаларида материаллар, ускуналар, бўш идишларни сақлаш ва транспорт воситалари тўхташ жойи учун ишлатишга рухсат этилмайди.


105. Эвакуация йўллари ва коридорлари ёнмайдиган материаллар билан пардозланиши лозим.



V. КЎЗИ ОЖИЗ НОГИРОН ХОДИМЛАР МЕҲНАТИ

ХАВФСИЗЛИГИГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


106. Ташкилотларнинг бино ва иншоотларини лойиҳалаш, қуриш ва фойдаланиш ҚМҚ 2.07.02-07 "Инсонларнинг ҳаёти ва фаолияти муҳитини, ногиронлар эҳтиёжини ва аҳолини кам ҳаракатланувчи гуруҳларини ҳисобга олган ҳолда лойиҳалаш" талабларига мувофиқ амалга оширилиши лозим.


107. Кўзи ожиз ходимлар учун бино ва иншоотларда мослаштирилган пандуслар билан жиҳозланган кириш жойлари кўзда тутилган бўлиши керак.


108. Кўзи ожиз ходимлар учун биноларга кириш жойлари, соябонлар ва улар остида ўлчамлари 1,7 х 1,7 м дам кам бўлмаган майдончалар ташкил этилган бўлиши керак.


109. Бино ва хоналарга кириш жойларидаги йўллар бўсағаларсиз ташкил этилиши керак, бўсағалар бўлиши керак бўлган айрим ҳолларда эса, уларнинг баландлиги 0,025 м дан баланд бўлмаслиги керак.


110. Кўзи ожиз ходимларни ёрдамчи мосламалар (ёғоч таёқлар, қўлтиқтаёқ ва бошқалар) билан ҳаракат қилувчи жойлар кенглиги таёқлар учун 0,7 м, қўлтиқтаёқлар ва бошқалар учун 1 м гача олиниши, икки томонлама ҳаракатланишларда эса кенглик икки маротаба ортиши керак.


111. Бинолар ичида кресло коляскаларда ўтириб ишларни бажарувчи кўзи ожиз ходимлар учун даҳлиз (коридор)лар кенглиги 1,8 м дан кам бўлмаслиги керак.


112. Дарвозалар қўшимча равишда полдан 0,8 м юқорида горизонтал тарзда жойлаштирилган узунлиги 0,2-0,3 м ли тутқичлар билан жиҳозланган бўлиши керак.


113. Ойнали эшикларни қўллашда, кириш эшиги олдидаги деворда, полдан 1,5 м баландликда, кенглиги 0,15 м ли горизонтал чизиқ тортилган бўлиши кўзда тутилиши керак. Эшиклар тепасига мўлжал олиш учун овозли сигнал ўрнатилиши керак.


114. Кўзи ожиз ходимлар учун зинапоялар текис ва сирпанчиқ бўлмаган юзали этиб тайёрланган бўлиши керак.


115. Нишаб йўлак ёки кўзи ожиз ходимлар юрадиган зинапояларнинг икки томонида полдан 0,9 м баландликда деворларга ишончли ҳолатда қотирилган тутқичлари бўлиши керак. Тутқичларнинг учки қисмлари девор томонга қайтарилган (девор ичига киритилган) ҳолатда бўлиб, юқориги ва пастки зинапоялардан камида 0,3 м чиқиб туриши керак. Тутқичлар қўллар билан ушлаш учун қулай бўлган доира кесмасининг диаметри 0,05 м дан ошмаслиги керак.


116. Ташкилотдаги мавжуд зинапояларнинг бошланиш ва охирги зиналари кўриш қобилияти сақланиб қолган ходимларга қулайликлар яратиш мақсадида кўринадиган рангларга бўялади.


117. Турли ҳаракатларнинг олдини олиш мақсадида зинапоялар бошланишига 20 см масофада буткул кўрмайдиган ходимлар мўлжал олиши учун 30 см кенгликда оёққа сезиладиган қилиб шағал ёки шунга ўхшаш нарса қуйилади.


118. Барча биринчи қаватдан юқорида жойлашган кўзи ожиз ходимлар киришига мослаштирилган бино ва хоналарда кабина ҳажмлари (габаритлари) 1,5 х 1,5 м ли, эшик оралари кенглиги 0,85 м ли лифтлар кўзда тутилган бўлиши керак.


119. Лифт кабинаси периметри бўйича полдан 0,8 - 0,9 м баландликда тутқичлар бўлиши керак. Лифтларда кабина ичида туриб автоном тарзда ва бинодаги қаватлардан туриб бошқариладиган бошқарув панел тизимига эга бўлиши керак.


120. Лифтлардаги панел бошқарув тизимлари, пол юзасидан 1,2 м дан юқори бўлмаган баландликда жойлашган бўлиши керак.


121. Эвакуация учун белгиланган лифтлардан фойдаланишда, уларда биринчи даражали ишончлилигига эга бўлган энергия таъминоти, ҳаво ҳайдаш тизими, ёнғин сигнализацияси, эвакуация ва авариявий ёритиш чироқлари бўлиши керак.


122. Бино ва иншоотлардаги кўзи ожиз ходимларнинг кириши билан боғлиқ бўлган жойлардаги, электр включатель ва турли хилдаги аппаратларнинг тутқичлари, кранлар, тугмалар ва бошқалар пол юзасидан 1 м баландликда ва бинодаги ён девордан 0,4 м масофада жойлашган бўлиши керак.


123. Кўзи ожиз ходимлар бориши мумкин бўлган барча умумий фойдаланиш жойларига белгилар қўйилиши лозим.


124. Эвакуация чиқиш йўллари, зинапоялар ва лифтлар жойлашган жойларда уларни ифодаловчи рангли ва товушли белгилари бўлиши керак.



VI. МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ҚОИДАЛАРИНИ

БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


125. Кўзи ожизлар жамиятининг ўқув-ишлаб чиқариш ташкилотларини лойиҳалаштиришда, қуришда (монтаж қилишда) мазкур Қоидаларга амал қилиш учун жавобгарлик тегишли ишларни бажарувчи ташкилотлар зиммасига юклатилади.


126. Мансабдор шахслар ва ходимлар меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя қилмаганликлари учун Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.



VII. ЯКУНИЙ ҚОИДА


127. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, "Саноатконтехназорат" давлат инспекцияси, "Ўздавэнергоназорат" давлат инспекцияси ва Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти марказий бошқаруви билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2010 йил, 14-15-сон, 115-модда.