язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Меҳнат ва аҳолининг бандлиги/ Меҳнат муҳофазаси/ Турли соҳаларда меҳнат муҳофазаси ва ишлар хавфсизлиги қоидалари/ Дори-дармонларни сақлашда меҳнатни муҳофаза қилиш Қоидалари (АВ томонидан 26.06.2009 й. 1976-сон билан рўйхатга олинган меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг 02.06.2009 й. 25/Б-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2009 йил 26 июнда 1976-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий

муҳофаза қилиш вазирининг

2009 йил 2 июндаги

25/Б-сонли буйруғига

ИЛОВА



Дори-дармонларни сақлашда

меҳнатни муҳофаза қилиш

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 5-сон, 223-модда) мувофиқ дорихона муассасалари ва омборхоналарда (бундан кейинги ўринларда муассасалар деб юритилади) дори-дармонларни (бундан кейинги ўринларда дори воситалари деб юритилади) сақлашда меҳнатни муҳофаза қилиш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидалар мулкчилик шаклидан қатъи назар, дори воситалари сақланадиган барча муассасаларнинг ходимлари (бундан кейинги ўринларда ходимлар деб юритилади) томонидан қўлланиши шарт.


2. Мазкур Қоидаларга мувофиқ дори воситалари деганда, келиб чиқиши табиий ва сунъий бўлган бир ёки бир неча дори моддалари (субстанциялари) ҳамда ёрдамчи моддалар асосида ҳосил қилинган, касалликнинг олдини олиш, ташхис қўйиш ва даволаш учун қўллашга рухсат этилган воситалар тушунилади. Улар жумласига иммунобиологик, радиофармацевтик ва парафармацевтик препаратлар, гомеопатик, ташхис қўйиш ва стерилизация воситалари киради.


3. Мазкур Қоидалар қурилиш меъёрлари ва қоидалари, санитария нормалари ва қоидалари, гигиена нормативлари, давлат стандартларининг тегишли қоидалари, шунингдек бошқа тармоқ норматив ҳужжатлари талаблари бажарилиши шарт эканлигини истисно этмайди.


4. Дори воситаларини сақлаш бўйича меҳнатни муҳофаза қилишга доир қонун ҳужжатларига ва мазкур Қоидаларга риоя этилиши устидан давлат назорати, бунга махсус ваколат берилган давлат идоралари томонидан, жамоатчилик назорати эса, меҳнат жамоалари ва касаба уюшмалари томонидан сайланадиган меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллар томонидан амалга оширилади.



II. ХАВФСИЗЛИКНИНГ

УМУМИЙ ТАЛАБЛАРИ


1-§. Меҳнатни муҳофаза қилиш

хизматини ташкил этиш


5. Дори воситаларини сақлаш бўйича меҳнатни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни ташкил қилиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил этиш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 273, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилади ҳамда қуйидагилар назорат қилиниши лозим:

иш жойларининг аҳволи;

меҳнат қонунчилигига риоя қилиниши;

бахтсиз ҳодисаларнинг ўз вақтида ва тўғри ўрганиб чиқилиши;

меҳнатни муҳофаза қилишга ажратилган маблағларнинг тўғри сарфланиши;

меҳнатни муҳофаза қилиш чора-тадбирларининг бажарилиши.


6. Ўзбекистон Республикаси "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунининг 14-моддасига мувофиқ ишловчилар сони 50 ва ундан ортиқни ташкил қилувчи муассасаларда махсус тайёргарликдан ўтган шахслар орасидан меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ташкил қилинади (лавозимлари очилади). Ишловчилар сони 50 дан кам бўлган муассасаларда меҳнатни муҳофаза қилиш функцияларини бажариш унинг раҳбарларидан бирининг зиммасига юклатилади.


7. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ўз мақомига кўра муассасаларнинг асосий хизматларига тенглаштирилади ва унинг раҳбари ёки бош муҳандисига бўйсунади ҳамда муассаса фаолияти тугатилган тақдирда бекор қилинади.


8. Дори воситаларини сақлаш билан боғлиқ ҳолда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва бошқа жароҳатланишларни ўрганиш ва ҳисобини юритиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами, 1997 й., 6-сон, 21-модда) билан тасдиқланган Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилиши лозим.



2-§. Ходимларга йўл-йўриқ бериш, ўқитиш

ва уларнинг билимларини синовдан

ўтказиш ишларини ташкил этиш


9. Муассасаларнинг барча ходимлари, шу жумладан, раҳбарлари ўз касблари ва иш турлари бўйича белгиланган тартибда ўқишлари, йўл-йўриқлар олишлари, билимлари синовдан ўтказилиши лозим.


10. Ходимларни меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномалардан ўтказиш, ўқитиш ва билимларини текшириш Меҳнат муҳофазаси бўйича ўқишларни ташкил қилиш ва билимларни синаш тўғрисидаги Намунавий низомга (рўйхат рақами 272, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилиши лозим.


11. Ишларни технологик регламент бўйича хавфсиз юритиш йўриқномалари Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқиш тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 870, 2000 йил 7 январь) мувофиқ ишлаб чиқилади ва ишловчилар ҳамда иш жойларини шу йўриқномалар билан таъминлаш муассаса раҳбарияти зиммасига юклатилади.



3-§. Касбий танлов


12. Муассасаларда касбига кўра танлов ўтказилиши лозим бўлган касблар ва мутахассисликлар рўйхати бўлиши лозим.


13. Дори воситаларини сақлаш ишларига тегишли касбий маълумотга эга бўлмаган шахсларни қабул қилиш ман этилади.



4-§. Ходимларнинг

саломатлигини назорат қилиш


14. Муассаса маъмурияти (ёки иш берувчи) касаба уюшмаси қўмитаси ва соғлиқни сақлаш органлари билан биргаликда ҳар йили даврий тиббий кўрикдан ўтиши лозим бўлган ходимларнинг рўйхатини тузиши ҳамда ходимларнинг кўрикка келишини таъминлаши лозим.


15. Муассасаларда ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг 2000 йил 6 июндаги 300-сон "Ўзбекистон Республикасида ходимларни ишга қабул қилишда дастлабки ва даврий тиббий кўрикдан ўтказиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги буйруғи (рўйхат рақами 937, 2000 йил 23 июнь) асосида амалга оширилиши лозим.

Ходимлар тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлашга ҳақли эмас.


16. Тиббий кўриклар муассасанинг тиббий-санитария қисмлари ва поликлиникалари, улар мавжуд бўлмаган ҳолда даволаш-профилактика муассасаси томонидан ўтказилиши лозим. Тиббий кўриклар даволаш-соғломлаштириш тадбирлари белгиланган текшириш далолатномаси билан якунланиши лозим.


17. Муассаса маъмурияти (ёки иш берувчи) ва касаба уюшмаси қўмитаси тиббий кўрик далолатномаси билан танишиб чиқиши, иш берувчи эса далолатномада кўзда тутилган барча тадбирлар ва кўрсатмаларни бажариши лозим.


18. Даврий тиббий кўриклар ўз вақтида, сифатли ўтказилиши ва тавсияларнинг бажарилиши учун жавобгарлик муассаса маъмурияти зиммасига юкланади.


19. Ходимларни соғлиғи туфайли уларга рухсат этилмаган ишларда ишлатиш тақиқланади.


20. Ходим тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлаган ёки тиббий комиссиялар томонидан ўтказилган текширишлар натижаларига кўра берилган тавсияларни бажармаган тақдирда, муассаса маъмурияти ушбу ходимни ишга қўйишга ҳақли эмас.



5-§. Дори воситаларини сақлашда

хавфли ва зарарли омиллар


21. Муассасаларда дори воситаларини сақлашнинг аниқ шарт-шароитлари ҳисобга олинган ҳолда хавфли ва зарарли омиллар ҳамда уларнинг таъсирини камайтириш ёки уларни тўлиқ бартараф этишнинг рўйхати мавжуд бўлиши керак.


22. Дори воситаларини сақлашда ходимларнинг соғлиғига хавфли ва зарарли омилларнинг қуйидаги гуруҳлари таъсир этиши мумкин:

а) жисмоний хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари гуруҳи:

ҳаракатланувчи машиналар ва механизмлар;

иш зонасининг ҳавосидаги миқдори юқори бўлган чанг ва газ;

ускуналар ва материалларнинг ҳарорати юқори ёки паст бўлган юзаси;

иш зонасининг ҳарорати юқори ёки паст бўлган ҳавоси;

табиий ёруғлик мавжуд эмаслиги.

б) кимёвий хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари гуруҳи:

нафас олиш йўллари ва тери қопламаси орқали таъсир этувчи зарарли суюқ, қаттиқ, буғсимон моддалар ва аэрозоллар;

нафас олиш йўллари, тери қопламаси ва кўзга таъсир этувчи ўювчи суюқ, қаттиқ ва буғсимон моддалар.

в) психофизиологик зарарли ва хавфли ишлаб чиқариш омиллари гуруҳи:

сезги органларининг ҳаддан ташқари зўриқиши;

меҳнатнинг ҳамиша бир хиллиги.


23. Янги зарарли моддалар пайдо бўлишига ёки хавфли ва зарарли омиллар йўқолишига олиб келадиган технологик жараёнлар ўзгаришида ёки янги ишлаб чиқариш ускуналари жорий қилинганда рўйхатларга тегишли ўзгартиришлар киритилиши лозим.



6-§. Ходимларнинг жамоа ва

якка тартибдаги ҳимоя воситалари


24. Муассаса ходимларига хавфли ва зарарли омилларнинг таъсирини камайтириш ёки уларни бартараф этиш учун жамоа ва якка тартибдаги ҳимоя воситалари қўлланилиши лозим.


25. Жамоавий ҳимоя воситалари жумласига қуйидагилар киради:

дори воситаларини сақлаш хоналари (бундан кейинги ўринларда сақлаш хоналари деб юритилади) ва иш жойларининг ҳаво муҳитини меъёрлаштириш воситалари (шамоллатиш ва ҳаво тозалаш, иситиш, ҳаво ҳароратини, намлигини бир хил меъёрда сақлаш ва бошқалар);

сақлаш хоналари ва иш жойларининг ёруғлигини меъёрлаштириш воситалари (ёритиш асбоблари, ёруғлик ўринлари, ёруғликдан ҳимоя қилиш мосламалари ва бошқалар);

электр токи уриши ва статик электрдан ҳимоя қилиш воситалари;

механик ва кимёвий омилларнинг таъсиридан ҳимоя қилиш воситалари.

Муассаса раҳбари ходимларни белгиланган меъёрларга мувофиқ, керакли якка тартибдаги ҳимоя воситалари билан таъминлаши, улардан фойдаланиш муддатларига ҳамда сақлаш, ювиш, тозалаш ва таъмирлаш бўйича зарурий шартларига риоя қилинишини таъминлаган ҳолда якка тартибдаги ҳимоя воситаларини бериш ҳисобини юритиши шарт.


26. Иш вақтида муассаса ходимлари уларга берилган махсус кийим, махсус пойабзал ва бошқа якка тартибда ҳимояланиш воситаларидан фойдаланишлари шарт.


27. Махсус кийим, махсус пойабзал ва бошқа якка тартибда ҳимояланиш воситаларини ишлатиш муддати ходимларга берилган кундан бошлаб ҳисобланади.


28. Муассаса раҳбари ходимларга боғлиқ бўлмаган ҳолда, белгиланган ишлатиш муддати тугамасдан илгари яроқсиз ҳолга келган махсус кийим, махсус пойабзал ва бошқа якка тартибда ҳимояланиш воситаларини алмаштириши ёки таъмирлаши шарт.



7-§. Дори воситаларини сақлашда

санитария ва гигиена талаблари


29. Дори воситаларини сақлаш хоналарида сақлашда рухсат этилган ҳарорат, нисбий намлик, ҳавонинг ҳаракатланиш тезлиги, иш жойларидаги ортиқча иссиқлик, бажарилаётган ишнинг оғирлик даражасига кўра тоифаси ва йил мавсуми ҳисобга олиниши лозим.


30. Санитария-маиший хоналар ва сақлаш хоналари қуйидаги санитария режими қоидаларига мувофиқ сақланиши лозим:

хоналарнинг электр ёруғи ҚМҚ 3.01.05-98 "Табиий ва сунъий ёруғлик. Лойиҳалаштириш меъёрлари" талабларига жавоб бериши;

электр токининг одамга таъсир этишининг олдини олиш бўйича хавфсизлик талаблари ГОСТ 12.1.019-86 ССБТ "Электр хавфсизлик. Умумий талаблар"га жавоб бериши;

статик электрдан ҳимоя қилиш тадбирларининг ГОСТ 12.1.18-93 ССБТ "Статик электр. Учқун хавфсизлиги. Умумий талаблар"га мувофиқ амалга оширилиши.



8-§. Маиший ва қўшимча

хоналарга қўйиладиган талаблар


31. Муассасаларда ҚМҚ 2.09.12-98 "Корхоналарнинг маъмурий ва маиший хоналари" ва СанҚваМ 0152-04 "Дорихона ва дори воситалари сақланадиган омборхоналарнинг тузилиши, жиҳозланиши ва ишлатилиши" талабларига мувофиқ қуйидаги маиший ва қўшимча хоналар бўлиши керак:

ходимларнинг иш ва шахсий кийимлари учун алоҳида шкафлар билан жиҳозланган кийиниш хонаси;

ҳожатхона (қўл ювиш жиҳози билан);

ювиниш хонаси (душхона);

ходимларнинг овқатланиш ва дам олиш хонаси.

Маиший ва қўшимча биноларни лойиҳалаш ҳамда қуриш уларни ишлаб чиқариш объектлари билан бир пайтда ишга тушириш зарурлигини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши лозим.

Кийиниш хоналари, ҳожатхоналар ва ювиниш хоналари эркаклар ва аёллар учун алоҳида бўлиши лозим.


32. Кийиниш хоналари ва душхоналарнинг ўлчамлари, бет-қўл ювгичлари, истеъмол сув таъминоти қурилмалари, ҳожатхоналар ва шу каби қурилмаларнинг сони ходимларнинг сони ҳисобга олинган ҳолда белгиланади.


33. Душхоналар ва ҳожатхоналардаги тарновлар, каналлар, траплар ва унитазлар мунтазам равишда тозаланиши, ювилиши ва зарарсизлантирувчи моддалар (хлорамин, хлорли оҳак ва бошқалар) билан тозалаб турилиши керак.


34. Ҳожатхоналарнинг поллари қуруқ ҳолда сақланиши лозим. Ювиниш хоналарининг поллари намга чидамли бўлиб, сирпанчиқ бўлмаслиги керак, девор сиртлари эса 2,5 метр баландликда намга чидамли, енгил артиб туриш мумкин бўлган материаллар билан қопланган бўлиши керак.


35. Ҳар бир ювиниш жиҳози иссиқ ва совуқ сув келадиган қувурларга уланган бўлиши лозим. Ювиниш хоналарида электр сочиқлар, кўзгу, кийим илгичлар, суюқ совун учун идишлар ва қаттиқ совун солгичлар кўзда тутилиши лозим.


36. Маиший ва қўшимча хоналар оқиб келувчи ва сўрувчи вентиляция воситалари билан жиҳозланган бўлиши лозим.



9-§. Сақлаш хоналарига

қўйиладиган талаблар


37. Муассасаларнинг бинолари, сақлаш хоналарини сони, майдон ўлчамлари, жойлашиши ва жиҳозланиши СанҚваМ 0152-04 "Дорихона ва дори воситалари сақланадиган омборхоналарнинг тузилиши, жиҳозланиши ва ишлатилиши", ҚМҚ 2.08.02-96 "Умумий бинолар ва иншоотлар" ва ҚМҚ 2.04.05-97 "Иситиш, вентиляция ва кондициялаш" талабларига мувофиқ бўлиши керак.


38. Сақлаш хоналарида ҳаво ҳарорати ва намлиги бир кунда камида 1 марта текшириб турилиши лозим. Бу ўлчовларни текшириш учун термометр ва гигрометрлар сақлаш хоналарининг деворларига иситиш ускуналаридан узоқда, полдан 1,5 - 1.7 метр баландликда ва эшикдан 3 метрдан кам бўлмаган оралиқда ўрнатилиши керак.


39. Ҳар бир бўлимда хонадаги ҳарорат ва намлик даражасини қайд этиш жадвали юритилиши керак.


40. Хона ҳавосининг тозалигини таъминлаш учун ҳаво бериш ва тортиш вентиляция ускунаси билан жиҳозланган бўлиши керак. Агар ҳаво бериш ва тортиш вентиляция ускунасини ўрнатишнинг иложи бўлмаса, деразаларга дарчалар ва иккинчи панжарали эшиклар ўрнатилиши керак.


41. Сақлаш хоналари етарли миқдорда жавон(стеллаж)лар, шкафлар, тагликлар билан таъминланиши керак.


42. Жавонлар девордан 0,15 - 0,20 метр оралиқда, шифтдан камида 0,5 метр паст, полдан камида 0,25 метр баланд ва уларнинг ораси камида 0,75 метр бўлган масофаларда ўрнатилиши лозим.


43. Сақлаш хоналари тоза тутилиши керак, хона поллари вақти-вақти билан (кунига камида бир маротаба) рухсат этилган ювиш воситаси билан намлаб тозаланиши керак.


44. Сақлаш хоналарида ва унинг ҳудудларида кемирувчилар, ҳашоратлар ва бошқа зараркунандаларга қарши кураш бўйича тадбирлар ўтказиб турилиши керак.


45. Сақлаш хоналарида шахсий буюмлар, материаллар ва кийимлар сақлаш ман этилади.


46. Дори воситалари сақланадиган бинонинг майдончалари, пол ва зинапоялари тоза тутилиши, шунингдек мойлар, эритиладиган суюқликлар ва бошқа моддалардан сирпанчиқ юзалар ҳосил бўлишига йўл қўймаслик керак.


47. Деворда, шифтда, полларнинг юзаларида нотекисликлар бўлмаслиги ва уларни тозалаш ишларини олиб бориш учун қулай бўлиши керак.


48. Сақлаш хоналари жойлашган бинонинг томи ўз вақтида таъмирланган бўлиши керак.


49. Дераза панжараларини ўрнатишда уларни артиш ва ташқи юзини хонадан туриб таъмирлаш ҳисобга олиниши керак.


50. Хоналарнинг поли сув ўтказмайдиган, кучли моддалар таъсирига чидамли қилиб ишланиши керак. Полларнинг юзи текис ва сирпанмайдиган, тозалашга қулай бўлиши керак. Полларда ўйилган жойлар, тешиклар, нотекисликлар, қувурлар тармоғи ва бошқалар бўлмаслиги керак.


51. Полдаги коммуникация ариқчалари металл плиткалар билан полнинг юзаси текислигида ёпиб қўйилиши керак.


52. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлаш хоналарига қўйиладиган техник талаблар Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлаш бўйича техник талаблар ҳақидаги низом (рўйхат рақами 1048, 2001 йил 11 июль) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси, 2001 йил, 13-сон) талабларига мувофиқ бўлиши лозим.



III. ДОРИ ВОСИТАЛАРИНИ

САҚЛАШДА ХАВФСИЗЛИК ТАЛАБЛАРИ


I БОБ. ДОРИ ВОСИТАЛАРИНИ САҚЛАШНИНГ

УМУМИЙ ХАВФСИЗЛИК ТАЛАБЛАРИ


53. Дори воситаларини сақлаш хоналарига жойлаштиришда фармакологик тартиб ҳисобга олиниши лозим.


54. Сақлаш жараёнида бир ойда камида бир марта идишларнинг аҳволи, дори воситалари ташқи кўринишидаги ўзгаришлар кўздан кечирилиши лозим. Идишлар зарарланган бўлса, дарҳол уларнинг нуқсонларини бартараф этиш ёки унинг ичидаги дорини бошқа идишга солиш керак. Дори воситаларининг ташқи кўриниши ўзгарган бўлса белгиланган тартибда уларнинг сифати текширилади ва ишлатишга яроқлилиги аниқланади.


55. Сақлаш хоналаридаги товар-моддий бойликлар турларига кўра сақланиши керак, бунда тез алангаланадиган суюқликларнинг бошқа материаллар билан биргаликда сақланишига йўл қўйилмайди.


56. Барча тайёр дори воситалари устига ёрлиқ ёпиштирилиши, ўзига хос алоҳида ўрамга жойланиши ва беркитиб маҳкамланиши керак. Жавонларда, токчаларда ва шкафларда дориларнинг номлари, серияси, сақлаш муддати ҳамда миқдори кўрсатилган варақчалар бўлиши лозим. Варақча сотиш учун ҳар бир келиб тушган янги сериядаги дори воситалари учун янгиланиб туради. Бундан ташқари, бўлимда сақлаш муддатлари бўйича картотека бўлиши лозим. Сақлаш муддати ўтиб кетган ва қайта назоратдан ўтказилиши лозим бўлган препаратлар, таҳлил натижалари олингунга қадар бошқаларидан ажратилиб, алоҳида сақланиши лозим.


57. Сақлаш хоналарида дори воситалари қуйидаги тартибда алоҳида-алоҳида қилиб жойлаштирилади:

фармакологик группасига кўра;

қўлланиш усулига (ички, сиртқи) кўра;

агрегат ҳолатига (суюқлик, сочилувчи ва газ ҳолатида) кўра;

дори воситаларининг физик ва кимёвий хусусиятлари ва ташқи муҳитнинг ҳар хил омиллари таъсирига кўра.


58. Номлари бир-бирига ўхшаш дори воситаларини ва ичиладиган дозаси катта фарқ қиладиган дори воситаларини ёнма-ён қўйиб жойлаштириш ман этилади.


59. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар "Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлаш, бериш, сотиш, тақсимлаш ва ҳисобга олиш шартлари тўғрисида"ги низом (рўйхат рақами 1090, 2001 йил 29 декабрь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси, 2001 йил, 23-24-сон) талабларига мувофиқ сақланади.



II БОБ. ДОРИ ВОСИТАЛАРИНИ САҚЛАШДА

ЁНҒИН ХАВФСИЗЛИГИ ТАЛАБЛАРИ


60. Муассаса ҳудудида бирламчи ёнғин ўчириш воситалари ва сақлаш хоналарида ёнғинни ўчириш воситалари ва ускуналари бўлиши керак.


61. Ёнғин ўчириш воситалари ва ускуналари (ўт ўчирадиган асбоблар, сувли бочка, қумли қутилар ва кураклар, шунингдек ички ёнғин ўчириш кранлари) тайёр ҳолатда бўлиши лозим. Ички ёнғин ўчириш кранларининг шкафлари ёпиқ ва тамғаланган бўлиши лозим. Ушбу шкафларнинг эшикларини қулфлаб қўйиш тақиқланади.


62. Бирламчи ёнғин ўчириш асбобларидан ёнғин ўчириш билан боғлиқ бўлмаган бошқа мақсадларда фойдаланиш қатъиян ман этилади.


63. Сақлаш хоналарида "Ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича масъул шахс: Ф.И.О." деб ёзилган лавҳа бўлиши керак. Бу масъул ходим муассаса маъмуриятининг буйруғи билан тайинланган бўлиши керак.


64. Иш вақти тугагандан кейин ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича масъул ходим хоналарни синчковлик билан кўриб чиқиши, ёнғинга олиб келиши мумкин бўлган барча камчиликларни бартараф этиб, ёритиш ва бошқа электр жиҳозларини (музлатгичдан ташқари) ўчириб қўйиш керак.


65. Сақлаш хоналари иситиш тармоғи билан жиҳозланиши керак. Хоналарни очиқ алангали газ жиҳозлари ва очиқ спиралли электр иситиш жиҳозлари билан иситиш тақиқланади.


66. Сақлаш хоналари қўриқлаш ва ёнғинни зудликда сезувчи ҳамда хабар берувчи мосламалар билан жиҳозланиши керак.


67. Муассаса биноларида инсонларни ва моддий бойликларни қутқариш мақсадида қўшимча чиқиш йўллари мавжуд бўлиши керак.


68. Ёнғин ёки фавқулодда ҳодисалар содир бўлганда инсонларни ва моддий бойликларни қутқариш бўйича режа ишлаб чиқилган бўлиши ҳамда кўринарли жойларга осиб қўйилган бўлиши лозим.


69. Машиналар ўтадиган йўллар, бирламчи ёнғин ўчириш воситаларига олиб борадиган йўллар, йўлаклар, зиналар ва бошқа қутқариш йўлларини ҳар хил буюмлар билан тўсиб қўйиш тақиқланади.


70. Қутқариш йўлларининг тузилиши одамларнинг ташқарига тез чиқишини таъминлайдиган бўлиши керак. Асосий меҳнат ва қутқариш йўллари ҳар доим очиқ бўлиши лозим. Асосий ўтиш жойларининг кенглиги 1,5 метрдан кичик бўлмаслиги керак.


71. Чекиш учун "Чекиш жойи" деб ёзилган махсус жойлар ажратилган бўлиши ва сигарет қолдиқлари учун кулдонлар билан таъминланган бўлиши керак.


72. Муассасалар бинолари ёнғин ўчириш учун сув билан таъминланган бўлиши керак. Ёнғинга қарши водопровод бўлмаган ҳолларда сув таъминоти табиий кўлдан ёки сиғими камида 50 кв.куб бўлган сунъий ҳовузлар орқали амалга ошириладиган бўлиши керак.


73. Биноларда электр-газ пайвандлаш ва бошқа ёнғин чиқариш хавфи бўлган ишларни фақат муассаса раҳбари ёки унинг ўринбосарининг ёзма рухсати билан амалга оширишга йўл қўйилади.


74. Ёнғин содир бўлганда зудлик билан "01" телефон рақами орқали ёнғин хавфсизлиги хизматига хабар бериб, улар келгунга қадар электр тармоқларини ўчириб, имконият борича инсонларни ва моддий бойликларни ёнғиндан сақлаб қолишга ва ёнғин ўчириш воситалари билан ёнғинни ўчиришга ҳаракат қилиш лозим.



III БОБ. ЁНҒИН ЧИҚАРАДИГАН ВА

ПОРТЛАЙДИГАН ДОРИ ВОСИТАЛАРИНИ

САҚЛАШДА ХАВФСИЗЛИК ТАЛАБЛАРИ


1-§. Умумий талаблар


75. Ёнғин чиқарадиган ва портлайдиган дори воситаларини (бундан кейинги ўринларда ЁЧПДВ деб юритилади) физик, кимёвий ва ёнғин чиқариш хусусиятларининг ўхшашлиги ҳамда улар ёнганда қўлланадиган ўчириш воситаларининг бир хиллигини ҳисобга олган ҳолда сақлаш керак.


76. Портловчи аралашмага айланишга қодир, ҳаво, сув ва ёнувчи моддалар билан қўшилганда ёки қуёш нури таъсирида ёниб кетувчи дори воситаларини ҳаво, сув, юқори иссиқлик ва механик таъсирлардан эҳтиёт қилган ҳолда сақлаш керак.


77. ЁЧПДВни сақлаш хоналари ва юк туширадиган жойларнинг полларида чуқурчалар ва бошқа нотекисликлар бўлмаган қаттиқ ва текис қоплама бўлиши керак. Полларни текислаш учун тахта ва тунукалар қўллаш мумкин эмас. ЁЧПДВни сақлаш хоналаридаги пол эшикдан ичкари тарафга қия қилиб цемент қилинган бўлиши ва эшикнинг катта бўлмаган баландликдаги остонаси бўлиши керак.


78. ЁЧПДВни сақлаш хоналари керакли оғирликларни кўтара оладиган, ёнмайдиган ва мустаҳкам жавон билан жиҳозланган бўлиши керак.


79. ЁЧПДВни иситиш жиҳозларининг олдида сақлаш мумкин эмас. Жавон билан иситиш жиҳози орасидаги масофа 1 метрдан кичик бўлмаслиги керак.


80. ЁЧПДВни қабул қилиш, бериш ва қадоқлаш хоналари доим назорат остида бўлиши керак.


81. ЁЧПДВ келганда тезликда тақсимлаб, асосий сақлаш хоналарига жойлаштириш керак. Бахтсиз ҳодисанинг олдини олиш учун, қабул қилиш ва бериш хоналарида ЁЧПДВни қисқа муддатда ҳам сақлаш қатъиян ман қилинади. ЁЧПДВни қабул қилиб олаётганда, аввало ўзига хос сақлаш идишларининг беркитилганига эътибор бериш керак.


82. Бир хонада бир неча турдаги ЁЧПДВни бир вақтда қадоқлаш қатъиян ман қилинади.


83. Муассасаларда тез алангаланадиган ва ёнувчан суюқликларни сақлаш учун эшикларининг эни 0,7 метр, бўйи 1,2 метрдан кам бўлмаган, ёнмайдиган шкафлардан фойдаланишга рухсат этилади.


84. Сақлаш хоналарининг қадоқлаш бўлимларида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилган ҳолда, фақат кундалик ишлатиладиган, керакли миқдордаги ЁЧПДВни сақлаш мумкин. Иш тугагандан кейин ЁЧПДВ асосий сақлаш жойига қайтариб қўйилади. Ҳар бир дори воситаси тури қадоқлангандан кейин қадоқлаш хонаси шамоллатилади.


85. ЁЧПДВни кислота ва ишқорлар билан бирга сақлаш қатъиян ман этилади.


86. ЁЧПДВни очиқ идишда сақлаш мумкин эмас. ЁЧПДВни девори қалин идишларда сақлаш лозим.


87. ЁЧПДВ билан ишлайдиган ходимлар махсус кийим ва махсус-пойабзал ва бошқа якка тартибда ҳимояланиш воситалари билан таъминланиши керак.


88. ЁЧПДВ сақлаш хоналарининг ташқи ва ички тарафларида ювса кетмайдиган ва яққол кўринадиган "Ёнғин хавфи бор", "Чекиш мумкин эмас" ва "Ёнғин чиққанда 01 га телефон қил" огоҳлантирувчи ва тақиқловчи белгилари бўлиши керак.


89. Ҳар қандай авария ҳолатида дарҳол раҳбарга хабар бериш, шикастлантириш омилларининг одамларга таъсири ва авария ҳолати кучаймаслиги учун кечиктириб бўлмайдиган чораларни кўриш керак.


90. Агар ишқор тўкилиб кетса, унга қум ёки қипиқ сепилади, кейин қумни олиб ташлаб хлорид ёки сирка кислотаси аралашмалари қуйилиши керак.


91. Агар кислота тўкилиб кетса, унга қум сепилади, кейин қумни олиб ташлаб, сода сепилади, шундан сўнг сода олиб ташланиб, сув билан ювилади.


92. ЁЧПДВ сақлаш хоналарида ёритиш тармоғи бузилганда шам ёки керосин лампалар билан кириш мумкин эмас. Бу ҳолларда электр фонардан фойдаланиш керак.


93. Агар суюқ ёнғин чиқарадиган дори воситалари (бундан кейинги ўринларда ЁЧДВ деб юритилади) тўкилиб кетса:

дарҳол электр жиҳозлари ўчирилиши;

эшик ва ойналар очилиб, хона шамоллатилиши;

тўкилган суюқлик резина қўлқоп кийиб латта билан артиб олиниши ва латта, қўлқоп ювиб ташланиши лозим.


94. Агар суюқ ЁЧДВ ёниб кетса:

электр жиҳозлари ўчирилиши;

олов асбест полотно билан ёпилиши;

лозим бўлганда ёнғин ўчиргичдан фойдаланилиши;

спирт, пергидроль ва сувда эрийдиган бошқа суюқликлар сув қуйиб ўчирилиши керак.



2-§. ЁЧДВни сақлашда

хавфсизлик талаблари


95. Ёнғин чиқарадиган ва тез ёнадиган дори воситалари минерал кислоталар, олтингугурт, эфир, спирт ва спирт қўшилмалари, спирт настойкаси, эфир экстрактлари, сирка кислотаси, калий, натрий, пергидроль, скипидар, коллодий, ўсимлик ёғлари, доривор ўсимликлар, пахта ва боғлаш материалларидан иборат.


96. ЁЧДВ сақлаш хоналаридаги электр сим, ёритиш ва бошқа электр жиҳозлари ёнғин хавфсизлиги қоидалари талабларига жавоб бериши керак.


97. Муассасаларда 10 кг дан кўп бўлмаган ЁЧДВни ёнмайдиган, эшигининг эни 0,7 метр, бўйи 1,2 метрдан кичик бўлмаган темир шкафларда сақлаш мумкин. Темир шкафлар иссиқлик таъсир қилмайдиган ва олдига бемалол бориш мумкин бўлган жойларга ўрнатилиши керак.


98. Бошқа соҳага тегишли иморатда жойлашган хоналарда ёпиқ идишдаги тез ёнадиган суюқликларнинг миқдори 100 кг дан ошмаслиги керак.


99. Тез ёнадиган суюқликлар миқдори 100 кг дан кўп бўлса, уларни алоҳида жойлашган бинода шиша ёки металл идишларда бошқа группадаги ЁЧДВни сақлаш хоналаридан ажратилган ҳолда сақлаш керак.


100. Муассасаларда концентрланган минерал кислоталарни девори қалин шиша идишда, жипс ёпишиб турадиган шиша қопқоғи ёпилган ҳолда, ҳавони тортувчи шкафда, нураш(коррозия)га чидамли тагликларнинг устида сақлаш лозим.


101. ЁЧДВни иситиш керак бўлганда, ЁЧДВ солинган иссиққа чидамли идишни сув солинган катта идишга ёки спиралли ёпиқ электр плиткага қўйиб иситиш мумкин.


102. Тез ёнадиган суюқликлар (коллодий, этил спирти, скипидар, эфир ва бошқалар) буғланиб кетмаслиги учун зич тахланиб, маҳкам ёпилган шиша ёки металл идишларда сақланиши керак.


103. Тез ёнадиган суюқликлар солинган катта ҳажмдаги шиша идиш, бочка ва канистрлар бир қатор ва бир хил баландликда сақланади, уларни устма-уст қилиб тахлаш ман этилади.


104. Муассасаларнинг ишлаб чиқариш хоналарида ЁЧДВни бир кунга етарли миқдорда, идишларнинг қопқоғи ёпиқ ҳолда сақлаш керак.


105. ЁЧДВни идишларга тўлдирилган ҳолда сақлаш мумкин эмас. Идишларнинг тўлдирилиши 90 фоизли меъёрдан ошмаслиги керак.


106. ЁЧДВ билан ишлаётганда (қадоқлаш, ташиш, ортиш ва ҳоказо) юқори даражадаги эҳтиёткорликка амал қилиш керак. Идишларнинг зич ёпилганига ва бутунлигига доимо эътибор бериб бориш керак. Идишдан бирор-бир нуқсон топилса тезда уни йўқотишга киришиш ёки унинг ичидагини бошқа бутун идишга ўтказиш керак. Полга суюқлик тўкилса, тезликда уни бартараф этиш чораларини кўриш керак.


107. Баъзи бир ЁЧДВ (спирт, эфир ва бошқалар) сақлаш мобайнида статик электр токи ҳосил қилади, унинг учқуни суюқликни ёндириб юбориши мумкин. Шунинг учун бундай суюқликларни қуйишни алоҳида, бирламчи ёнғин ўчириш воситалари билан жиҳозланган хоналарда бажариш керак. Суюқликларни қуйиш ва қадоқлашда темир идишлар ерга уланган ҳимоя сими билан таъминланиши керак.


108. ЁЧДВдан бўшаган идишларни маълум бир вақт очиқ қолдириш керак.


109. ЁЧДВни минерал кислоталар (айниқса сульфат ва азот кислоталар), сиқилган газлар ва тез ёнувчи моддалар (ўсимлик ёғлари, олтингугурт, доривор ўсимликлар, боғлаш материаллари) билан бирга сақлаш мумкин эмас.


110. ЁЧДВ солинган катта шиша идишларни махсус ясалган сават ёки мосламаларда икки киши бўлиб кўтариш керак. Оғирлиги 20 кг дан кўп бўлган шиша идиш солинган саватлар ва ЁЧДВ солинган бошқа идишларни юмшоқ юрадиган махсус араваларда ташиш керак.


111. Аммиакли сувни (нашатир спирт) ЁЧДВни сақлаш хоналарида сақлаш керак. Суюқ аммиакнинг буғи нафас олиш марказини ишдан чиқаради, идишни очаётганда ходим респиратор ёки противогаз билан ишлаши ва шериги уни ҳимоя қилиб туриши керак.


112. Сирка кислотасини ЁЧДВни сақлаш хоналарида, оксидловчи моддалардан алоҳида сақлаш керак. Тўйинган сирка кислотаси терини куйдиради, у билан ишлаганда эҳтиёт бўлиш керак.


113. Ўювчи натрий (гидрооксид натрий, каустик) ва ўювчи калийни (гидрооксид калий) ҳаво ва намлик ўтмайдиган, зич қилиб ёпилган идишда сақлаш керак. Калий ва натрий ҳавода ёниб кетиши сабабли, уни керосин остида сақлаш ва ёнганда қум билан ўчириш керак.


114. Этил спиртини ташиш ва сақлашда темир бочкалардан фойдаланиш ҳамда уларнинг тўлдирилиши 75 фоизли меъёрдан ошмаслиги керак. Бочкалар фақат мустаҳкам резбали темир қопқоқ билан резина прокладка қўйиб ёпилади. Бочканинг қопқоғини очиш ва ёпишда учқун чиқармайдиган, юмшоқ металлдан (мис) ясалган асбоблар ёки ёғоч болғалардан фойдаланиш керак.


115. Спиртни сақлаш хонаси ҳавони кучли оқим билан берадиган ва тортадиган вентиляция билан таъминланиши керак.


116. Спиртни сақлаш хонасига бошқа нарсаларни қўйиш ва бегона кишиларнинг кириши ман этилади.



3-§. Портлайдиган дори воситаларини

сақлашда хавфсизлик талаблари


117. Портлайдиган дори воситалари (бундан кейинги ўринларда ПДВ деб юритилади) гуруҳига портлайдиган ва портлаш хавфи бўлган, яъни портловчи аралашмага айланиши мумкин бўлган дори воситалари киради.

Нитроглицерин, калий перманганат ва кумуш нитрат - ПДВ, хлорид кислотаси, эфир, кальций гидрохлорид ва азот кислотаси - портловчи аралашмага айланиши мумкин бўлган дори воситалари гуруҳига киради. ПДВни сақлашда портлашга олиб келадиган чанг билан ифлосланмаслик чораларини кўриш керак.


118. ПДВ солинган идишлар (штангласлар, тунука барабанлар, шиша идишлар ва ҳоказо) қопқоғини ҳаво ва буғ кирмаслиги учун зич қилиб ёпиш керак.


119. Нитроглицерин эритмасини ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилган ҳолда салқин, қоронғи жойларда сақлаш керак.


120. Тўкилган нитроглицериннинг буғланиши портлаш хавфини туғдириши сабабли, улар билан ишлашда жуда эҳтиёткорлик талаб этилади.


121. Калий перманганат чанг, олтингугурт, органик ёғлар, эфир, спирт, глицерин, органик кислота ва бошқа органик моддалар билан қўшилганда портлаш хавфини туғдиради. Калий перманганатни омборхонанинг махсус жойларида тунука барабанларда, дорихоналарда эса юқорида кўрсатилган моддалардан алоҳида жипс ёпишиб турадиган қопқоқли штангласларда сақлаш керак. Калий перманганат солинган тунука барабан ва штангласларни ўз вақтида ишқаламасдан ва эҳтиёткорлик билан чангдан тозалаб туриш лозим.


122. Хлорид кислотасини оксидловчилардан, айниқса азот кислотасидан алоҳида сақлаш керак. Ҳар қандай тўйинган хлорид кислотасини фторопластдан, 35 фоизли хлорид кислотасини полиэтилендан қилинган идишда сақлаш лозим.


123. Эфирни ишлаб чиқарувчининг ўрамида, салқин ва қоронғи (олов ва иситиш жиҳозларидан узоқ) жойларда сақлаш керак. Эфир ҳаво билан қўшилганда портлайдиган аралашма ҳосил қилади, бу аралашма силкитилганда, урилганда, ишқаланганда ёки иссиқлик кўтарилганда портлаши мумкин. Ёнғин чиққанда уни қум ва углекислотали ёнғин ўчирувчи мослама билан ўчириш керак.


124. Кальций гидрохлорид ёнмайди, лекин суюқ, ёғсимон органик маҳсулотлар билан қўшилганда уларнинг ёниб кетишига сабаб бўлиши мумкин, аммоний тузлари ва аммиак билан қўшилганда портлайди, уни шу хусусиятлари сабабли алоҳида сақлаш керак.


125. Азот кислотасини сақлашда ёғоч материаллари, похол ва бошқа органик моддалар билан қўшилмаслик чораларини кўриш керак.


126. Азот кислотаси спирт ва скипидар билан қўшилганда портлайди, ёнғин чиққанда эса қум, кул ва турпоқ билан ўчирилиши керак


127. Тўйинган азот кислоталарини полиэтилен идишларда сақлаш мумкин эмас.


128. Азот (60-70%) кислотасини фторопластдан қилинган идишда сақлаш лозим.



4-§. Водород переоксидини

сақлашда хавфсизлик талаблари


129. Водород переоксиди (бундан кейинги ўринларда пергидроль деб юритилади) ёнмайдиган, лекин кучли оксидловчи суюқлик ҳисобланиб, бошқа материаллар билан қўшилганда ёнғинга олиб келади.


130. Пергидроль ўз-ўзидан сувга ва кислородга ажралиши мумкин бўлиб, ёнадиган материалларни аланга олдириш хусусиятига эга.


131. Пергидроль ёнғин чиқарганда жуда кўп сув оқими билан ўчирилади.


132. Пергидролни ва унинг буғини (конденсат) темир, хром, қўрғошин, кумуш, марганец ва унинг тузлари ҳамда қоғоз, картон, пахта ва ёғоч материаллари билан қўшилишига йўл қўйиш мумкин эмас.


133. Пергидроль ҳаво иссиқлиги 30°С дан ошмайдиган, қуёш нурларидан ҳимоя қилинадиган омборхоналарда сақланиши керак.


134. Пергидролнинг иссиқлигини 30°С дан оширмайдиган, ҳароратни бир хил қилиб тутиб турадиган (изотермик) мосламаси бор идишларда, қуёш нуридан ҳимоя қиладиган соябони бор очиқ майдончаларда сақлаш лозим.


135. Пергидролни қорамтир шиша ёки полиэтилен идишларда сақлаш керак. Идишни тўлдириш коэффициенти - 0,92 дан ошмаслиги керак. Идишлар буғ чиқадиган тешиги бор қопқоқлар билан ёпилиши керак. Шиша идишдаги пергидроль шкафларда темир яшик ёки ён девори баланд тунука товага солиб сақланади.


136. Пергидроль билан иш олиб бориладиган хоналар ҳавони кучли оқим билан тортадиган алоҳида вентиляция билан таъминланиши керак.


137. Пергидроль буғининг иш жойидаги ҳавода тўйинганлигининг мумкин бўлган охирги даражаси - 0,3 мг/кв.куб бўлиши керак.


138. Пергидролнинг эритмалари тери ва кўзни куйдиради, буғи шиллиқ пардани яллиғлантиради.



IV БОБ. ДОРИ ВОСИТАСИ

БЎЛГАН ГАЗЛАРНИ САҚЛАШДА

ХАВФСИЗЛИК ТАЛАБЛАРИ


1-§. Умумий талаблар


139. Муассасаларга ёки унинг сақлаш хоналарига қабул қилинаётган газли баллонлар диққат билан текширилиб, қуйидагиларга эътибор берилади:

кислородли баллоннинг ранги ҳаво ранг ва "кислород мед." ёзуви ҳамда закись азотли баллоннинг ранги кулранг ва "закись азот" ёзуви бўлишига;

ҳар бир газли баллонда зарб қилиб қўйилган рақами ва текширилганини тасдиқловчи давлат белгиси борлигига;

ҳимоя қалпоқлари, ёрлиғи, ишлаб чиқарувчи корхонанинг пломбаси борлигига ва уларнинг бутунлигига (баллонда иккита ёрлиқ, улардан бири пломба билан қалпоқнинг устки қисмида, иккинчиси эса қалпоқ ичида бўлиши лозим);

газли баллондаги, ёрлиқдаги ва қўшиб берилган ҳужжатдаги (аналитик паспорт) рақамлар бир-бирига тўғри келишига (аналитик паспортда рақами чиқмаган баллонлар қабул қилиб олинмайди);

ҳар бир газли баллонда икки донадан қалинлиги 25 мм дан кам бўлмаган резина ҳалқалари борлигига.


140. Газли баллонга уни ишлаб чиқарувчи корхона томонидан қўшиб берилган аналитик паспортда қуйидагилар кўрсатилиши керак:

таъминловчи корхонанинг номи;

маҳсулотнинг номи;

партиянинг рақами;

ишлаб чиқарилган вақти;

шу партиядаги ҳар бир баллоннинг рақами;

маҳсулотнинг қўйилган талабларга тўғри келиши ҳақида хулоса.


141. Сақлаш хоналаридан даволаш-профилактика муассасаларига сиқилган газ берилганда юк хати ёки бошқа ҳужжатларда албатта берилган партиянинг ва газли баллоннинг рақами ёзилиши керак.


142. Ишлатилган газли баллонлар ишлаб чиқарувчи корхонага ёрлиқ-эслатмаси ўрнатилган, резина ҳалқалари кийдирилган, қалпоғи ёпилган ва пломбаланган ҳолда қайтарилади. Газли баллонларга жавобгар шахс тасдиқлаган, жўнатувчининг штампи урилган, баллонларнинг сони ва ҳар бирининг рақами ёзилган ҳужжат (сертификат) қўшиб берилади.



2-§. Сиқилган газли баллонларни

ишлатишда хавфсизлик талаблари


143. Даволаш-профилактика муассасаларида газли баллонларни фақат ёрлиғи бор, ишлаб чиқарувчининг пломбаси бузилмаган ва баллонларнинг рақами ёрлиқдаги рақамларга тўғри келган ҳолларда ишлатиш лозим. Ёрлиқ ва пломба газ ишлатилаётган вақтда бўлиши керак.


144. Портлаш рўй бермаслиги учун газли баллон ва унинг жўмрагини ёғ ва мойлар тегиб кетишидан сақлаш керак.


145. Газли баллон жўмраги фақат қўл билан очилади ва қўл билан ёпилади. Газли баллон жўмраги музлаб қолганда фақат иссиқ сув ёки буғ билан иситиб очиш керак. Иситиш учун олов ишлатиш қатъиян ман этилади.


146. Газдан фойдаланиб бўлгандан кейин газли баллоннинг жўмраги ёпиб қўйилади.


147. Газли баллонга маҳкамланган ёрлиқнинг дубликати ҳисобланган ёрлиқ-хотиранома ҳимоя қалпоқнинг тагига ўрнатилади.


148. Ёрлиқ-хотираноманинг орқа тарафига газдан фойдаланган даволаш-профилактика муассасаси томонидан қуйидагилар ёзилади:

газли баллон рақами;

газли баллонда қолган газнинг босими;

газдан фойдаланган муассасанинг номи;

газдан тўғри фойдаланилганлиги ҳақида жавобгар шахснинг имзоси ва сана.


149. Газли баллондаги газнинг босими 0,5 кгс/скв.м дан кам бўлмаслиги керак.


150. Ёрлиқ-эслатма қўйилган ҳимоя қалпоғи билан баллон ёпилади ва пломбаланади.



3-§. Газли баллонларни сақлашда

хавфсизлик талаблари


151. Газли баллонларни нотўғри сақлаш ёки уларни ишлатишни билмаслик ёнғин чиқишининг манбаларидан бири ҳисобланади.


152. Газли баллонлар махсус сақлаш хоналарида ёки ёғингарчилик ва қуёш нуридан сақлайдиган соябонли, панжарали жойларда сақланади.


153. Газ билан тўла баллонлар партияси (серияси) бўйича қопқоқлари ёпилган, пломбаланган ва ёрлиғига тўғри келган ҳолда, ётқизилган ҳолда орасига қистирма (прокладка) қўйиб ёки тикка ҳолда махсус тўсиқ ичида сақланади.


154. Ҳар хил газли баллонларни бирга сақлаш ман қилинади.


155. Ишлатилган газли баллонлар тўла газли баллонлардан алоҳида, тўлдирилган ёрлиқ-хотиранома қўйилган қопқоқлари ёпилган ва пломбаланган ҳолда сақланади.


156. Сиқилган газли баллонларни ҳамма турдаги транспортларда, белгиланган қоидаларга риоя қилиб ташиш лозим.


157. Газ билан тўла баллонларни транспортга ортишда, туширишда ва ташишда, уларнинг тушиб кетиш, бир-бирига урилиш, бузилиш ва ифлос бўлишдан сақловчи эҳтиёт чораларини кўриш керак.


158. Газли баллонларни бортли автомобилларда ташишда:

ётқизилган ҳолда - баллоннинг айланаси ўлчамида кесиб тайёрланган махсус тахталарнинг устига, жўмрагини кузовнинг ич тарафига қилиб қўйиш керак;

тикка ҳолда - ҳар бир баллонга икки донадан қалинлиги 25мм дан кам бўлмаган резина ҳалқалар кийдириш ва баллонларнинг ағдарилиб кетмаслик чораларини кўриш керак;

куннинг қуёш чиқиб турган вақтида газли баллонларнинг устига брезент ташлаш керак.


159. Газли баллонлар ортилган автомобиль бортини ёпиш ва очишни икки юкчи автомобилнинг ён тарафида туриб бажариш керак.


160. Газли баллонларни бортли автомобилдан тушириш енгил бўлиши учун баллонларнинг таг тарафи қараган бортни очиш керак.



IV. МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ

ҚОИДАЛАРИНИ БУЗГАНЛИК

УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


161. Мазкур Қоидаларга риоя қилмаган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортиладилар.


162. Ишларни бажариш билан боғлиқ ҳолда ходимларнинг саломатлигига етказилган зарарлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланади.



V. ЯКУНИЙ ҚОИДА


163. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши ва "Дори-Дармон" акциядорлик компанияси билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 26-сон, 310-модда.